Chingiz Aytmatov. Nayman ona va manqurt qissasi & «Manqurt» badiiy filmi

055       12 декабрь — буюк адиб, Турк дунёсининг фахри Чингиз Айтматов туғилган кун

Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романидан ўрин олган  ушбу ривоят-қисса асар нашр этилиши билан довруқ қозонган, романнинг ўзидан кўра кўпроқ таҳлил этилган эди. Жаҳон адабиётида, айниқса, собиқ шўро империяси ичидаги миллий адабиётларда, энг аввало, шеъриятда Манқурт мавзуси билан боғлиқ йўналиш пайдо бўлган эди.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ
НАЙМАН ОНА ВА МАНҚУРТ ҚИССАСИ
Асил Рашидов таржимаси
033

   … biant_lit_12.jpgОна Байит қабристонининг ўз тарихи бор. Ривоятга кўра, ўтган замонларда Сариўзакни босиб олган жунгжанглар асрга тушган жангчиларга нисбатан беҳад шафқатсизлик қилар эканлар. Улар кези келиб бундай тутқунларни қўшни ўлкаларга қул қилиб сотиб юборишар экан. Бу эса тутқуннинг омади келгани ҳисобланар экан. Чунки сотиб юборилган қул эртами-кечми, бир кун ўз ватанига қочиб кетиши мумкин экан-да. Жунгжангларнинг қўл остида тутқун бўлиб қолганларнинг эса шўри қурир экан. Улар маҳкумнинг бошига тери қалпоқ тортиш йўли билан даҳшатли бир тарзда қийнаб, унинг хотирасини йўқотар эканлар. Одатда бундай жазога жангда асир тушган ёш йигитлар гирифтор бўлишарди. Аввалига жунгжанглар тутқуннинг сочини дастлаб ўнгидан, сўнгра тескарисидан тақир қириб гашлашади. Сартарошлик маросими тугагач, жунгжангларнинг чапдаст қассоблари каттакон бир туяни сўйиб, терисини шила бошлайдилар. Улар биринчи навбатда, энг қалин ва энг оғир бўлган бўйин терисини ажратиб бўлакларга бўлишар, ҳовури чиқиб турган ёпишқоқ терини шу заҳотиёқ ҳозирда сузувчилар киядиган қалпоқча сингари, тутқуннинг янги  қирилган тақир бошига кийгизиб қўйишарди. Мана шу — тери қоплаш дейилади. Бундай қийноққа дучор этилган қул ё даҳшатли азобларга бардош беролмай ўлиб кетар, ё хотирасидан умрбод маҳрум этилиб, ўтмишини эслай олмайдиган қулга — манқуртга айланиб қолар эди. Битта туянинг бўйин териси беш-олтита қалпоққа етади. Қалпоқ қоплангандан сўнг, ҳалокатга маҳкум этилган ҳар бир қул, қийналганда бошини ерга тегиза олмасин учун, бўйнига ёғоч бўйинтуруқ боғлашарди. Шу алфозда уларнинг юракни эзувчи, қулоқни қоматга кслтирувчи беҳуда дод-фарёдлари эшитилиб қолмасин, деб одамлардан йироққа, сувсиз, емишсиз, кимсасиз яйдоқ далага, оёқ қўллари боғлиқ ҳолда жазирама офтоб тиғига элтиб ташлар эдилар. Бу қийноқлар бир неча кун давом этарди. Керакли жойларга соқчилар қалин қўйилиб, асирларнинг қабиладошлари уларни кутқаришга келиб қолишса ўтказмаслик учун чора-тадбир кўриб қўйилган эди. Бироқ, қутқазишга уринишлар жуда кам бўларди, чунки очиқ далада қилт этган шарпа дарҳол сезилиб қоларди. Бунинг устига, жунгжанглар фалончини манқурт қилишибди, деган хабар тарқалган тақдирда, тутқуннинг энг яқин биродарлари ҳам уни қутқазишга ёки пул эвазига қайтариб олишга уринмаёқ қўярдилар, негаки, бу ўша одамнинг куруқ жасадинигина қайтариш деган сўз эди. Фақат биргина найман волидаси —  ривоятларда Найман она номи билан машҳур бўлиб кетган аёлгина ўз ўғлининг бу тахлит аччиқ қисмати билан муроса қила олмади. Сариўзак афсонаси шу ҳакда. Она Байит*— Онаизор макони қабристонининг номи ҳам шундан келиб чиққан.

  •  Она Байит номидаги иккинчи сўз «байт» маъносини билдиради, яъни фарзанд доғида изтироб чекаёпан онанинг аламли фарёди, муножаатини англатади. (Таржимон.)

Далага ташланган асирларнинг кўпи Сариўзак қуёши тиғида даҳшатли қийноқларга бардош беролмай ҳалок бўлган. Беш-олтита манқуртдан битта ёки иккитасигина тирик қолган. Бошқалари очликдан эмас, ҳатто ташналикдан ҳам эмас, каллага қопланган терининг куёш иссиғида қовжираб, қоқ мияни чидаб бўлмас даражада сиқиши натижасида жон таслим қилар эдилар. Олов пуркаб турган қуёш остида тери қалпоқ шафқатсиз равишда торайиб, қулнинг қирилган бошини темир чамбарак сингари жингиртоб қилиб қисарди. Орадан бир кун ўтиши билан жабрдийдаларнинг тақир бошида соч ниш ура бошлайди. Осиёликларга хос тикандай тик дағал сочлар баъзида хом терини тешиб  чиқарди, кўп ҳолларда эса, чиқишга йўл тополмай яна қайтадан қайрилиб, бош терисига қараб ўсарди ва аввалгидан ҳам баттар азоб берарди. Сўнгги синов давомида тутқунлар эс-ҳушларини буткул йўқотар эдилар. Орадан беш кун ўтгачгина жунгжанглар келиб тутқунлардан қайбири тирик қолганини кўздан кечиради. Ақалли битта тутқун тирик қолган бўлса ҳам, мақсадга эришилган ҳисобланарди. Бундай қулни қийноқдан бўшатиб, сув бериб, аста-секин кучга киритиб, оёққа турғизишарди. Бироқ у энди барибир одам саноғидан чиқарди, зўрлаб эс-ҳушидан жудо этилган кул — манкуртга айланарди, худди шунинг учун ҳам бундай қул ўнта соғлом тутқундан кўра қимматроқ турарди. Ҳатто шундай қонун-қоида ҳам бор эдики, ўзаро тўқнашувларда ўлдирилган битта манқурт учун бошқа эркин тутқунга нисбатан уч баробар ортиқ ҳақ ундириб олинарди.

Манкурт ўзининг ким эканини, қайси уруғ-аймокдан эканини, исмини, болалик кезларини, ота-онасининг кимлигини бутунлай ёддан чиқарган бўлиб, ўзининг одамлигини ҳам унутиб юборади. Ўзининг инсоний қадр-қимматини идрок этолмаган манқурт хўжалик ишлари нуқтаи назаридан бир қанча афзалликларга эга эди. У нотовон ва забонсиз бир махлуқ бўлгани учун ҳам мутлақо итоаткор ва беозор. Қочаман-кўяман деган хаёл унинг тушига ҳам кирмайди. Қулдор учун энг даҳшатли нарса — қулларнинг исёни. Ҳар бир қул сиймосида исёнкорлик руҳи яширинган. Ёлғиз манқуртгина бундан мустасно, исён кўтариш, бўйин товлаш унга бутунлай ёт. Бундай тушунчалар унга бегона! Унга соқчи қўйишга, айниқса бузуқ ниятли киши сифатида ундан гумонсирашга ҳожат йўқ. Манқурт худди ит каби фақат ўз эгасини танийди. Бошқалар билан иши йўқ. Унинг фикри-зикри қорин тўйғазишда, шундан бошқа ташвиши йўқ. Аммо ўзига топширилган ишни ўйламай-нетмай, ўлар-тириларига қарамай, муқаррар бажо келтиради. Манқуртлар одатда энг паст, энг оғир ишларни бажаришга мажбур этиладилар ёки бўлмаса, уларга энг зерикарли, энг машаққатли, овсарларча сабр-тоқат талаб этиладиган машғулотлар топширилар эди. Кимсасиз Сариўзак яйловлардаги туялар подасидан бир қадам ҳам нарига жилмасдан, яккаю ёлғиз яшашга маҳкум этиладиган манқуртгина бундай азоб-уқубатларга чидай олиши мумкин эди! Биргина манқуртнинг ўзи бундай олис жойларда бир қанча туячиларнинг ўрнини боса олар эди. Бор-йўғи нияти — қорни тўйса. Шунда у қишин-ёзин демай, ёлғизлик азобига ҳам, бошқа ҳар қандай маҳрумликларга ҳам парво  қилмай, тинимсиз ишлайверади. Хўжайиннинг амри манқурт учун фарз, ҳам қарз. Унинг ўзига эса, хўрагу дашти биёбонда музлаб қотиб қолмаслик учун кифоя қиладиган уст-бош бўлса бас. Бўлак ҳеч нарсани талаб қилмайди.

Инсоннинг инсонлик фазилати, яратилганда бирга яратилиб, ўлганда яна бир ўзи билан бирга кетадиган ва бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган бирдан-бир ноёб фазилати — хотираси, ақл-идроки бўлса-ю, уни таг-томири билан юлиб олсалар, ахир, бу қандай бедодлик?! Ундан кўра тутқуннинг қалбини поралаб, истаганча зиён-заҳмат етказиб, ўлимга маҳқум этишлари ёки бўлмаса бир йўла бошидан жудо этишлари юз чандон яхши эмасми? Ўэларининг мудҳиш тарихида хиёнаткор сифатида шуҳрат қозонган кўчманчи жунгжанглар энг муқаддас нарса — инсоннинг муқаддас инсонийлик моҳиятига ҳам чанг солдилар. Улар қулларни жонли хотирадан маҳрум этиш йўлини ўйлаб топдилар, бу билан бани одам зотига ақл бовар қиладиган ва бовар қилмайдиган ёвузликлар орасида энг қабиҳ жиноятга қўл урдилар.

Балки, шу боисдандир, манкуртга айлантирилган, ўғлининг ғами-ғуссаси оловида қоврилган Найман она шундай зикр қилди: «Бўталоғим сенинг хотирангдан жудо этаётганларида бошингга кўринмас териқалпоқ ўрнатиб эс-ҳушингдан ажратаётганларида, ёнғоқ чақадиган қисқичдек бошингга кийдирилган туятери аста-секин қуриб-қовжираб, бош чаноғингни жингиртоб қилиб сиқаётганида, даҳшатли қўрқувдан кўзларинг косасидан ирғиб чиққанида, Сариўзак даштининг дудсиз оташи остида ўлим талвасаси билан олишиб, лабингни ҳўллашга ҳам еру кўкдан бир томчи сув тополмай ташналик азобида қоврилаётганингда, ҳатто борлиққа ҳаёт бахш этувчи хуршиди  олам сенга сўқир, бало-қазо бўлиб, дунёдаги жамики юлдузлар қаро зулмат бўлиб кўрингандир.

Тулпорим, жон азобидаги юракни ўртовчи оҳу фарёдинг саҳро узра фалакка кўтарилганда, илондек тўлғаниб, бақириб-чақириб, туну кун тангрига илтижо қилганингда, нажотсиз кўкдан мадад кутганингда, азоб-уқубат ичра нафасинг хиппа бўғилганида, оғиз-бурнингга сув келиб, азойи баданингдан тер чиқиб, ўша бадбўй ҳидга булғаниб ётганингда, мўр-малахдай пашшалар тўдасига ем бўлиб эс-ҳушингни йўқотаётганингда бу дунёда барчамизни яратиб қўйиб, сўнгра унутиб қўйган тангрига жон-жаҳдинг билан лаънат ўқидингми?

Тулпорим, қийноқлардан майиб-мажруҳ бўлган ақл-идрокингга мангу тун чойшаби ёпилаётганда, хотиранг ришталари зўрлик билан юлиб-ситиб олиниб, ўтган умринг билан сени боғлаб турувчи ҳалқалардан, жон талвасасида ўзингни ҳарён уриб она нигоҳини, ёз кунлари қирғоғида сен ўйнаб юрган тоғ жилғасининг шовуллашини унутаётганингда, шуурингни парчалаб, хотирангдан ўз номингни, отангнинг номини ўчириб ташлаётганларида, атрофингдаги сен билан униб-ўсган одамларнинг чеҳралари сўнаётганида ва сенга уялиб, ийманиб табассум қилаётган маҳбубанинг жамоли қоронғулашаётганида, хотирасизлик жарига қулар экансан, ўз вужудида ҳомила пайдо этишга журъат этиб ва шу мудҳиш кун учун сени ёруғ дунёга таваллуд топтирган онаизорингга лаънатлар ёғдиргандирсан?..»

Бу воқеа Осиёнинг кўчманчи жанубий сарҳадларидан сиқиб чиқарилган жунгжанглар шимол сари ёпирилиб келиб, Сариўзак даштларини узоқ вақтгача эгаллаб, босиб олган ерларини кенгайтириш ва аҳолини қулликка солиш мақсадида туб халқлар билан тинимсиз уруш олиб борган замонларда юз берган эди. Дастлабки пайтларда улар тинч аҳоли устига тўсатдан бостириб келганлари туфайли Сариўзак атрофида яшовчи кўп сонли кишиларни, шу жумладан аёлларни ва болаларни асир туширадилар. Қўлга тушган тутқунларни эса ҳаммасини қулликка маҳкум этадилар. Бироқ, келгиндиларнинг босқинчилик ҳаракатига қарши кураш тобора кучая боради. Аёвсиз тўқнашувлар бошланади. Жунгжангларнинг Сариўзакдан кетадиган сиёғи сезилмасди, билъакс улар чорва учун кенг-мўл яйловлари бўлган бу манзилга тиш-тирноқлари билан ёпишиб олдилар. Маҳаллий қабилалар эса ўз ерларини йўқотишни истамас, эртами-кечми босқинчиларни бу ердан ҳайдаб чиқаришга ўзларини ҳақли ва бурчли ҳисоблашарди. Алқисса, бундай катта-кичик жангларда гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг қўли устун келиб турди. Аммо бундай урушлар орасида осойишта дамлар ҳам бўларди.

Осойишта дамларнинг бирида найманликларнинг юртига карвонда мол ортиб келиб қолган савдогарлар чой ичиб, гурунглашиб ўтираркан, ўзлари кўриб шоҳиди бўлган бир воқеани гапириб беришади. Айтишларича, Сариўзак даштининг жунгжанглар томонидаги қудуқлар ёнидан бамайлихотир ўтиб бораётганларида йўлида каттакон туялар подасини ўтлатиб юрган бир навқирон чўпонга кўзлари тушиб қолади. Савдогарлар у билан гаплашмоқчи бўлиб оғиз очганларида чўпоннинг манқурт эканлигини пайқаб қоладилар. Сиртдан қараганда, чўпон соғлом йигитга ўхшар,  бошидан нималар кечгани ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Балки у ҳам қачонлардир бошқалар сингари эс-ҳушли сўзамол бўлгандир. Ўн гулидан бир гули очилмаган, мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган, келбати келишган, аммо икки оғиз гаплашмоқчи бўлсанг, худди кеча туғилганга ўхшайди, бояқиш на ўзининг, на ота-онасининг исмини билади: жунгжанглар уни қандай кўйга солишганини, уруғ-аймоқлари кимлигини ҳам унутиб юборган. Бирор нарса сўрасанг лом-мим демайди, фақат «ҳа» ёки «йўқ» деган жавобни беради, доим бошига бостириб кийилган телпагидан қўлини туширмайди. Гуноҳ эканини билишса-да, жисмоний майиб-мажруҳларни ҳам одамлар мазах қилишади. Шундай манқуртлар ҳам бўлар эмишки, уларнинг бошига кийдирилган туя териси баъзан бош териси билан бирга қўшилиб ўсар эмиш ва ҳоказо хусусида сўз юритиб туришади. Бундай манқуртларни, кел, бошингни буғлаб юмшатамиз деб қўрқитишса, гўё бундан ортиқ жазо йўқдек, кўзлари қинидан чиқиб кетар экан. Асов от сингари депсиниб, бировнинг қўлини бошига яқинлаштирмас экан. Бу хил манқуртлар туну кун, ҳатто ухлаганда ҳам телпагини ечмас экан…

Аммо, лекин, суҳбатни давом эттиришади, меҳмонлар, манқурт ғирт аҳмоқ бўлса ҳам, ишига пухта экан — токи биз унинг туяларидан узаб кетмагунимизча кўз-қулоқ бўлиб турди. Карвончилардан бири ўша манқуртни мазах қилмоқчи бўлиб сўрабди:
— Борар еримиз олис. Сендан кимга, қайси сулувга, қайси юртларга салом айтайлик? Айтавер, яширмай. Эшитаяпсанми? Балки номингдан рўмол тортиқ қилайликми?

Манқурт йўловчига тикилганича узоқ вақт индамай турди-да, сўнг:
— Мен ҳар куни ойга тикиламан, ой эса менга тикилади. Аммо биз бир-биримизнинг овозимизни эшитмаймиз… У ёкда кимдир ўтирибди… — деди ғулдираб.

Гурунг пайтида ўтовда савдогарларга чой қуйиб ўтирган бир аёл ҳам бор эди. Бу Найман она эди. Сариўзак афсонасида у шундай ном билан қолди.

Найман она йўловчи меҳмонларга сир бой бермади. Бу хабарни эшитиб, ногоҳ даҳшатга тушганини, ранг-рўйи ўзгариб кетганини ҳеч ким сезмади. У савдогарлардан ёш манқурт тўғрисида яна нималарнидир сўраб-суриштиргиси келар, аммо худди мана шу нарса — яна ҳам кўпроқ нарсани билишдан ваҳимага тушарди. Найман она тилини тийди. Яраланган қушнинг чинқироғи сингари қалб туғёнини ичига ютди… Бу орада суҳбат мавзуи ўзгариб, турмушда нималар бўлмайди, деганларидек, бечора манқурт ҳақидаги ҳозиргина гаплашиб ўтиришган воқеани бутунлай унутишди. Найман она бўлса, бутун вужудини қамраб олган қўрқувдан ўзинн тинчитишга, қўлларининг титроғини босишга ҳаракат қиларди. У энди кўпдан бери оқара бошлаган сочларига ташлаб юрадиган қора рўмолини манглайи узра юзига тушириб олган эди.

Савдогарларнинг карвони кўп ўтмай ўз йўлига равона бўлди. Ўша кеча тонг отгунга қадар турли ўй-хаёллар оғушига чўмган Найман она Сариўзак даштидаги ўша манқурт чўпонни топиб, унинг ўғлими, йўқми эканига ишонч ҳосил қилмагунча кўнгли тинчимаслигини айтди. Она кўнглини аллақачонлардан бери жанг майдонида колган ўғлининг бедарак кетгани ғаш қилиб келар эди, энди ўша сезги, ўша гумон қайта қўзғалиб уни даҳшатга сола бошлади… Бундай кийноқлару, азоб-уқубатлардан бир умр ғам чекиб, гумонсираб, хавотирланиб юргандан кўра, албатта, ўғлини бир эмас, икки бор кўмгани яхши эмасми?

Унинг ўғли Сариўзак томонларида жунгжанглар билан бўлган жангда шаҳид бўлган эди. Эри ундан бир йил муқаддам ҳалок бўлган  — Найман элида маълум ва машҳур киши эди у. Кейин ўғил отасининг ўчини олиш учун биринчилардан бўлиб жангга отланди. Бу элат одатида ҳалок бўлганларни жанг майдонида қолдириб кетиш номус саналади. Қариндош-уруғлари жангчининг жасадини олиб келишлари лозим. Бироқ унинг иложи бўлмади. Ўша катта жангда қатнашганлардан кўпгина киши душман билан рўбарў келиб жангга киришганида Найман онанинг ўғли от ёлини қучоқлаганича йиқилганини, жанг суронидан чўчиган от уни олиб қочганини кўришган экан. Шунда йигит эгардан қулайди-ю, бир оёғи узангидан чиқмай ўзи отнинг ёнида осилиб қолади, бундан баттар ҳуркиб кетган от жон-жаҳди билан унинг жонсиз таиасини чўл ичкарисига судраб кетади. Водариғ, от ғаним томон суриб кетади. Олатасир қиёмат қўпганига, ҳар бир жангчи кураш майдонида бўлиши лозимлигига қарамай, қочиб бораётган отни ва марҳумнинг жасадини зудлик билан қўлга киритиш учун қабиладошларидан икки киши отларини йўрттириб кетишади. Аммо шу пайт жунгжангчиларнинг сой ичида пистирмада турган бир неча ҳайдар кокилли суворилари ҳийқиришганича, йўлни кесиб чиқишади. Найманлардан бири шу заҳотиёқ камон ўқига учиб ҳалок бўлади, иккинчиси эса оғир яраланиб ортга қайтади, сафдошлари ёнига аранг етиб келиб шу ерда кулайди. Шу воқеа сабаб бўлиб, урушнинг ҳал этувчи энг қулай пайти жунгжангларнинг ён томондан зарба беришга шайланиб турган гуруҳлари пистирмада яшириниб ётганини вақтида сезиб қолишади. Найманлар қайта саф тузиб, яна жангга кириш учун шошилинч равишда чекинишди. Албатта, бундай қизғин жанг ичида Найман онанинг ўғли — ёш жангчининг нима бўлганини суриштириб ўтиришга ким ҳам фурсат топибди, дейсиз. Отида чопиб келиб, ўз сафига аранг қўшилган ҳалиги ярадор наймаи йигитнинг кейинчалик онага айтиб беришича, ўғлини судраб кетаётган отни қувлаб бораётганларида, от номаълум томонга бурилиб кетиб, дарҳол кўздан ғойиб бўлган…

Жангчининг жасадини излаб найманлар неча кунлаб дала йўлларини кезиб чиқдилар. Бироқ,  на марҳумнинг жасадини, на олиб қочган отини, на тушириб қолдирган қурол-яроғини, на бошқа бирон белги-аломатни топа олдилар. Унинг ҳалок бўлгани ҳеч кимда шубҳа қолдирмаган эди. Борингки, ярадор бўлган тақдирда ҳам орадан ўтган кунлар орасида чўлда сувсизликдан ёки бўлмаса, қон кетишидан ҳалок бўлиши муқаррар. Ёш биродарларининг кимсасиз Сариўзак чўлида дафн этилмай қолиб кетгани адамидан ҳасрат-надомат чекдилар. Бу ҳаммага иснод эди. Найман она ўтовида овоз чиқариб йиғлашган хотин-халажлар эрлари ва оға-инилари шаънига таъна тошларини ёғдирдилар:
— Унинг кўзларини қузғунлар чўқиди, шоқоллар гўштини бурдалаб кетди, энди сизлар қайси юз билан эл орасида бош кўтариб юрасизлар!..

Ўша кундан бошлаб Найман она учун еру кўк ҳувиллаб қолди. Тўғри, уруш қурбонсиз бўлмайди, буни она ҳам яхши тушунади, бироқ ўғлининг жасади кўмилмасдан жанг майдонида қолиб кетгани унга сира ҳам тинчлик бермасди. Аччиқ қайғу, поёни йўқ ўй-хаёллар она қалбини поралар эди. Чексиз дард-андуҳини’ енгиллаштириш учун кимга айтиб, кимга зорлансин, ғам-андуҳини енгиллаштириш учун парвардигордан бўлак кимга ҳам илтижо қилсин…

Ўғлининг ўлимини ўз кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилмагунча, бундай мудҳиш хаёллардан қутулиб, жони жой топмас эди онанинг. Ўшанда тақдирга тан беришдан бўлак чора қолмаган бўларди. Ўғлининг оти ҳам дом-дараксиз кетгани кўнглини баттар хижил қиларди. От ҳалок бўлмаган, балки ҳуркиб қочган. У уюрдаги отлар сингари эртами-кечми, бир куни узангига осилиб қолган чавандоз жасадини судраб қадрдон жойига қайтиши керак эди. Шунда қанчалик даҳшатли бўлмасин, она ўғлининг жасади устида  дод-фарёд, ўпкаси тўлгунча йиғлаб, кўнглини бир оз бўшатиб олган бўларди. У ўз қисматидан, бахтиқаролигидан нолиб, юзларини тирноқлари билан юмдалаб тангрини лаънатлар эди. Ўғлининг дараги чиққанида-ку, эртаю кеч ич-этини еб, гумонсираб, кўнглида совуқ шубҳани кўтариб юрмаган бўларди. Худодан узоқ умр бергин, деб илтижо қилиб ўтирмасдан, орзу-умидларидан бир йўла маҳрум бўлган ҳолда ўлимга тайёр туриб берган бўларди. Бироқ ўғлининг жасади топилмади, оти қайтиб келмади. Ҳар қандай йўқотиш бора-бора эсдан чиқарилгани сингари бу воқеа ҳам вақт ўтиши билан уруғ-аймоқлари хотирасидан кўтарила бошлади… Фақат у — ёлғиз онаизоргина бесару омон, бетоқат кутарди. Ўй-хаёллар гирдобида онанинг фикри чувалгани чувалган. Отни қандай жин урди, эгар-жабдуқлари, қурол-яроғлари қаерда қолдийкин? Ақалли шулар топилганда ҳам ўғлининг аҳволи не кечганини тахминлаб англаб оларди. Ахир, жунгжанглар Сариўзак даштининг бирон ерида ҳолдан тойган отни ушлаб олган бўлишлари мумкин. Яхшигина эгар-жабдуқли, яна бунинг устига ўз оёғи билан келган тулпор нақд ўлжа-ку. Ундай бўлса узангида оёғи илиниб келган ўғлининг жасадини ғанимлар нима қилишди — ерга кўмишдими, ё чўл даррандаларига емиш бўлдими у? Борди-ю ҳали ўлмаган, фалакнинг гардиши билан тирик қолган бўлса-чи? Чала ўлик йигитни улар уриб ҳалок қилишган ёинки яйдоқ далага қуруқ жасадини ташлаб кетишган бўлишса-чи? Ё… агар…

Гумон-шубҳаларнинг чеки йўқ. Сайёҳ савдогарлар чой ичишиб ўтиришганда Сариўзакда учраган ёш манқурт ҳақида гап очиб Найман онанинг ўртанган юрагини баттар ўртаб, ярасига туз сепишганини ўзлари ҳам пайқашмаган эди. Она қандайдир фалокатни сезиб, юраги орқасига тортиб кетди. Ўша манқурт менинг ўғлим бўлиб чиқса-я, деган ҳадик борган сари кучайиб, унинг ақлу ҳушини, бутун вужудини тобора чуқурроқ, тобора кучлироқ чирмаб ола бошлади. Ўша манқуртни излаб топиб, ўз кўзи билан кўриб, унинг ўз пушти-камаридан бўлган ўғли эмаслигига ишонч ҳосил қилмагунча кўнгли тинчимаслигига кўзи етган эди…

…Минг хил ўй-хаёллар ва шубҳалар оғушида бораркан, она ясси қум тепаликларидан ошаётиб ногаҳон кўп сонли туялар уюрини кўриб қолди: қўнғир тусга кириб, семириб кетган юзлаб туялар майда буталару янтоқларнинг учларини кемириб, кенг майдонда бемалол ўтлаб юришарди. Найман она Оқмоясига қамчи босиб, чоптириб кетди. Уюрни излаб   топганидан қувончи ичига сиғмай нафаси бўғзига тиқилди. Аммо шу заҳотиёқ манқурт қилиб қўйилган ўғлини кўришни эслаб, қўрққанидан аъзойи бадани музлаб кетди. Сўнг юраги яна кувончга тўлди ва шу билан не аҳволга тушганини ўзи ҳам англамай қолди.

Мана, туялар ўтлаб юрибди, аммо туячи қаерда экан? Ҳарҳолда, шу атрофда юргандир. Шу пайт яйловнинг нариги чеккасида одамнинг қораси кўринди. Олисдан унинг кимлигини таниб бўлмасди. Туячи узун таёғига суянган ҳолда ортидаги юк ортилган туясининг тизгинини ушлаб, қош устига бостириб кийган телпаги остидан онанинг яқинлашиб келаётганини бамайлихотир кузатиб турди.

Найман она туячига яқин келиб уни танидию туясидан қандай тушганини билмай қолди. Йиқилиб тушдими, сурилиб тушдими — шу топда онага бунинг аҳамияти йўқ эди!

— Ўғилгинам, қароғим! Сени изламаган жойим қолмади! — дея ўғли томон талпинди.— Мен сенинг онангман!

Бирдан она аҳволни тушунди. Тушундию депсиниб қичқирганча йиғлаб юборди. Алам ва даҳшатдан лаблари дириллаб, шунча уринса ҳам ўзини қўлга ололмасди. Йиқилиб тушмаслик учун лоқайд ўғлининг елкасига ёпишиб олиб, қачонлардан бери хавф солиб турган, энди эса уни босиб тушган тоғдай ғам юки остида эзилиб фарёд чекар, кўз ёшлари селдай оқарди. Она бўзлаб йиғлар экан, кўз ёшлари орасидан, ҳўл бўлиб чаккаларига ёпишиб қолган бурул соч толалари орасидан, юзларини чанг билан булаган қалтироқ бармоқлари орасидан фарзандининг таниш қиёфасига боқар, унинг ўзига нигоҳ ташлашини орзиқиб кутар ва мени таниб қолар, деб умид қилар эди. Ахир, туққан онасини таниб олиш қийин эмас-ку!

Бироқ онанинг келгани унга гўё ҳар доим ёнида юргандай, заррача таъсир қилмади. У ҳатто онадан кимсан, нега йиғлаяпсан, деб сўрамади ҳам. Маълум лаҳзалардан сўнг туячи онанинг қўлини елкасидан суриб ташлаб, устида юк бор туясини етаклаганча одимлаб кетди: у шўхлик қилиб бир-бирлари билан ўйнашаётган бўталоқлар уюрдан узоқлашиб, ажралиб кетмасин, деб туялар тўдасининг нариги чеккаси томон йўл олган эди.

Найман она букчайиб ўтириб қолди, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлади ва шу ўтиришда юзини чангаллаганча бош кўтармай узоқ қолиб кетди. Сўнг бор кучини тўплаб, ўзини хотиржам кўрсатишга уриниб, ўғли томон юра бошлади.

Манқурт ўғил ҳеч нимани кўрмагандай-билмагандай, пинагини бузмасдан, бостириб кийиб олган телпаги остидан маъносиз ва лоқайдлик билан қараб турарди. Чўл шамолида қорайиб, дағаллашиб кетган юзида хиёл жилмайиш пайдо бўлди. Аммо кўзлари дунёни тарк этган кишининг кўзларидай лоқайд боқарди.

— Ўтир, гаплашамиз,— деди оғир хўрсиниб Найман она.

Улар ерга чўкдилар.
— Мени танияпсанми? — сўради она.

Манкурт йўқ дегандай бош чайқади.
— Отинг нима?
— Манқурт,— деди у.
— Сени хозир шундай деб аташади. Аввалги отинг эсингдами? Асли исмннгнн эслаб кўр-чи.

Манқурт жим қолди. У ҳақиқий исмини эслашга ҳаракат қилаёггапн, қийналганидан қаншари устида мунчоқдек тер томчилари пайдо бўлиб, кўз ўнгини туман қоплаганини она кўриб турди. Аммо қаршисида қапдайдир тўсиқ пайдо бўлдию уни, енгиб ўтишга қурби етмади…

— Отангнинг отинн биласанми? Ўзинг кимсан? Элу  юртинг қаерда? Қаерда туғилганингни биларсан, ахир?

Йўқ, манқурт ҳеч нимани тушунмасди, ҳеч нарсани эслай олмасди.

— Ҳали, шунчалик аҳволга солишдими сени! — дея пичирлади она,

У нажотсизликдан лаблари титраб, ғам-ғуссаю қаҳр-ғазабдан ўзини тута олмай яна қайтадан ўксиниб-ўксиниб йиғлади, тинчланишга беҳуда уринар эди, холос. Онанинг оҳу  фиғонига манқурт пинагини ҳам бузмади.

— Ердан маҳрум этиш мумкин, мол-дунёдан маҳрум этиш мумкин, ҳатто инсоини яшашдан маҳрум этиш ҳам мумкин,—дерди она ўз-ўзича гапириб,— бироқ одамни хотирасидан маҳрум этишни ким ўйлаб топди экан, бунга кимнииг қўли борди экан?! Ё раббий, агар оламда бор бўлсанг, бандаларингга бу ёвузликни қандай раво кўрдинг. Ер юзида усиз ҳам ёвузлик каммиди?

Она манқурт ўғлига қараб туриб, қуёш, худо ва ўзи тўғрисида тўқиган машҳур марсиясини айтди. Сариўзак воқеалари ҳақида гап очилиб қолганда, билган кишилар, ҳанузга қадар Найман онанинг ўша сўзларини бир-бирларига ривоят қилиб айтиб юришади…

Шунда она машҳур марсияни бошлади, билган кишилар бу сўзларни ҳозирга кадар эслаб юришади:

Тулубин келиб искаган,
Бўтаси ўлган бўз мояман…*

  • Туянинг боласи ўлганида, сут бермай кўймасин, деб бўталоғининг терисига сомон тиқиб, онасига кўрсатилади. Шунда ҳайвоннинг меҳри товланиб елинига сут келади. (Тарж.)

Она қалбидан отилиб чиққан дод-фарёд оҳанги кимсасиз, ҳад-ҳудудсиз Сариўзак чўлини ларзага солгандай янграб турди.

Бироқ бу нола-фарёд манкуртнинг тўпиғига ҳам чиқмади.

Шунда Найман она сўраб-суриштиришлар билан эмас, балки ақлини ковлаш, қитиқлаш билан эс-ҳушини ўзига келтирмоқчи бўлди.

— Сенинг отинг Жўломон. Эшитдингми? Сен Жўломонсан, отангнинг оти — Дўнанбой. Отангни эслай олмайсанми? Ахир, у сени болалик чоғингдан камон отишга ўргатган. Мен сенинг онангман. Сен эса менинг ўғлимсан. Сен найман уруғидансан, тушундингми? Сен наймансан…

Онасининг ҳамма гапларини ўғил аввалгидай мутлақо лоқайдлик билан эшитди. Она гўё деворга гапираётгандай эди. Онанинг сўзлари карнинг қулоғига азон айтгандай гап эди.

Найман она Манқурт ўғилдан сўради:
— Бу ерга келганингга қадар нималар бўлди?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ,— деди ўғил.
— Кечасимиди ё кундузимиди?
— Ҳеч нарса,— деди у.
— Ким билан гаплашгинг келади?
— Ой билан. Бироқ бир-биримизнинг гапимизни эшитмаймиз. У ерда кимдир ўтирибди.
— Яна нимани истагинг келади?
— Хўжайинимизнинг бошидаги сингари кокил қўйишни.
— Қани бери кел-чи, бошингни бир кўриб қўяй, улар нима қилиб қўйишганини — деб она ўғли томон талпинди.

Манқурт шартта тисарилиб, ўзини олиб қочди, бошидаги телпагини чангаллаган бўйича қайтиб онага боқмади. Бош ҳақида ҳеч қачон сўз очиш мумкин эмаслигини она энди тушунди.

Шу пайт олисдан туя минган кишининг қораси кўринди. У шу ёққа томон келаётган эди.
— Бу келаётган ким? — сўради она.
— У менга овқат олиб келяпти,— деди ўғил.

Найман она ташвишга тушди. Бевақт пайдо бўлиб  қолган бу жунгжангнинг кўзига чалинмаслик учун тезроқ ғойиб бўлиши керак эди. У туясини чўктириб, дарҳол миниб олди.
— Сен унга ҳеч нарса айтмагин. Мен тезда қайтиб келаман,— деди Найман она.

Ўғли лом-мим демади. Унинг парвойи палак эди. Ўтлаб юрган туялар орасидан қочиб бораётган Найман она хато иш қилиб қўйганини тушунди. Бироқ вақт ўтган эди. Оқ туяга миниб бораётган онани жунгжанг кўриб қолиши мумкин эди. Оқмоясини етаклаб, ўтлаб юрган туялар орасидан беркиниб яёв жўнаган маъқул эди.

Яйловдан хийла олислаб кетгач, Найман она четларида эрманшувоқлар ўсиб ётган чуқур жарликка кириб борди-да, Оқмояни чўктириб кузата бошлади. Гумони тўғри чиқди, пайқаб қолган экан. Кўп ўтмай, туясини йўрттириб келаётган ҳалиги жунгжангнинг қораси кўринди. У найза ва ўқ-ёй билан қуролланган эди. Жунгжанг, ҳалиги оқ туя миниб олган одам қаёққа ғойиб бўлди, дегандай атрофга аланглаб қарар эди хайратланиб. У қайси томонга қараб юришини билмай, гангиб қолган эди. Гоҳ у ёққа, бу ёққа туя чоптириб ўтди. Ниҳоят, жарликка жуда яқинлаб келди. Яхшиямки, Оқмоянинг тумшуғини рўмол билан боғлаб қўйиш эсига келган экан. Акс ҳолда, у бўкириб ёки пишқириб юбориши ҳам мумкин эди. Найман она жарлик ёқасидаги эрман орасига яшириниб олган жойидан жунгжангни энди аниқ кўра бошлади. У бароқ туя устида атрофга олазарак бўлиб қарарди, кўпчиб кетган юзлари жиддий тусда, бошидаги қора қалпоғининг иккала учи тепага қайрилиб кетган, гўё қайиқни эслатарди. Бошининг орқа томонида эса бир ўрам қопқора ҳайдар кокили ялтираб, осилиб турарди. Жунгжанг узангида тик туриб, найзасини ўқталганча кўзларини чақчайтириб атрофга назар ташларди. Бу одам Сариўзакни босиб олиб, қанчалаб аҳолини қул қилиб ҳайдаб кетган, онанинг оиласига ҳам чексиз қулфатлар келтирган ғанимлардан бири эмасми? Мана шу қутурган йиртқич ёвга қарши ёлғиз она — қурол-яроқсиз аёл нима ҳам қила оларди? Инсонни хотирасидан маҳрум этишдек шафқатсизлигу ваҳшийликка уларни қайси турмуш, қайси воқеа-ҳодисалар мажбур этди, деб ўйларди ожиз қолган она ўзича…

Жунгжанг у ёқ-бу ёққа зир югуриб ҳеч нимани учратмагандан сўнг тезда ортга, туялар тўдаси томон қайтди.

Кеч кириб қолтан эди. Қуёш ботган бўлса ҳам осмонни оловлантириб турган шўъласи алламаҳалгача дала юзини ёритиб турди. Сўнг бирдан қош қорайиб, борлиқни тун зулмати қоплади.

Найман она бу тунни танҳо ўзи бечора манқурт ўғли яқинида — даштда тунаб ўтказди. Ўғлининг ёнига боришга чўчиди, ҳалиги ҳавфсираб қолган жунгжанг кечаси уюр олдида қолиши ҳам мумкин.

Ўғлини қулликда ташлаб кетмай, бир амаллаб бирга олиб кетишга қарор қилди она. Ўғли манқурт бўлса ҳам, майли, ҳеч нимани тушуниб, англаб етмаса ҳам майли, кимсасиз чўлда, жунгжангларнинг туясини боқиб хор бўлиб юрганидан кўра ўз уйида, ўз одамлари орасида яшагани яхши эмасми? Она қалби шуни истарди. Бошқалар тақдирга тан бериб кетиши мумкин бўлган ҳолга она сира ҳам кўна олмасди. У ўз қони ва жонини, кўз қорачиғини қулликда қолдириб кетишни сира-сира истамасди. Балки боласи ўз ерида ҳушига келиб, болалик кезларинн эслаб, барча кўрган-кечирганларини қайта тиклаб олар, дея умид қкларди.

Эртасига эрталаб Найман она Оқмояга миниб яна йўлга тушди. Уюр бу ердан хийла узоқлашиб кетган эди. Излаб, айланма йўллардан эҳтиёткорона ўтиб, узоқ йўл босди. Туяларни кўргандан кейин хам жунгжанглардан биронтаси кўриниб қолмасин, деб узоқ вақт кузатиб турди. Ҳеч кимнинг йўқлигига кўзи етгач, ўглининг отннн айтиб чақирди.

— Жўломон! Жўломон! Омонмисан?

Ўғли бурилиб қараган эди, она қувончидан бақириб юборди, аммо шу заҳотиёқ, ўғли шунчаки, овоз чиққан томонга қараганини пайқаб қолди.

Найман она ўғлининг ҳотирасини тиклашга яна уриниб кўрди.

— Отинг нима, эслаб кўр-чи! — дея ялиниб-ёлвориб инонтиришга ҳаракат қиларди у.— Отангнинг оти Дўнанбой, билмайсанми уни? Сенинг исминг Манқурт эмас, Жўломон. Найманларнинг яйловига кўчиб  бораётганимизда йўлда туғилгансан. Шунинг учун отингни Жўломон қўйганмиз. Сен туғилганингда биз ўша ерда қолиб уч кеча-кундуз тўй-томоша қилганмиз.

Бу гаплар манқурт ўғилга заррача таъсир этмаётганини билса ҳам, бари бир она унинг сўнган хотирасида нимадир йилт этиб кўриниб қолар деган уммдда беҳуда уринардн.

Аммо у деворга гапираётгандай эди. Шунга қарамай, ўтган-кетганлардан гапириб, ҳадеб ўзиникини такрорлайверди:
— Отинг нима, эслаб кўр! Отангнинг оти Дўнанбой!

Сўнг она ўзи билан олиб келган таомларидан едириб-ичириб бўлгандан сўнг, алла айта бошлади.

Алла манқуртга маъқул келгандай бўлди шекилли, қулоқ солиб тинглаб ўтирди. Қорайиб, униқиб кетган юзига қандайдир илиқлик югургандай бўлди. Шунда она ўғлини бу ердан — жунгжангларнинг измидан ўз туғилиб ўсган қадрдон ерига бирга олиб кетишга кўндиришга киришди. Манқурт эса туяларни қолдириб, қаёққадир бош олиб кетишни миясига сингдира олмади, йўқ, хўжайиним туялардан бир қадам ҳам жилмайсан деб буюрган, шунинг учун уюрни ташлаб бирон ёққа кетмайман…

Чиқмаган жондан умид деганларидай, Найман она барбод этилган хотира эшигини очиб киришга қайта-қайта ҳаракат қиларди:
— Эслаб кўр-чи, кимнинг ўғлисан? Отинг нима? Отангнинг оти Дўнанбой!

Ўғлини ҳушига келтириш учун беҳуда уринаётган она орадан қанча вақт ўтганини ҳам пайқамай колди, шу маҳал уюр чеккасидан яна ўша жунгжанг туя миниб келаётганини кўриб эси чиқиб кетди. Бу сафар жунгжанг жуда яқин келиб қолганди, юриши ҳам жуда илдам. Найман она тезда Оқмояга мина солиб, қочиб қолди. Бироқ яйловнинг нариги томонидан яна бир жунгжанг туя йўрттириб онанинг йўлини кесиб чиқди, шунда Найман она туясида уларнинг ўртасига қараб солди. Бедов туя олға томон елдай учиб кетди, ортдан таъқиб остига олган жунгжанглар бақиришиб, қийқиришиб, найзаларини силтаб, дағдаға қилганча уни қувлаб боришарди. Бироқ Оқмояга етмоқ қаёқда?! Уларнинг ҳарсиллаб чарчаб қолган туялари орқада қолиб кетди. Оқмоя бўлса тобора қизишиб, нафасини ростлаб, Найман онани ўлимдан қутқарганча, Сариўзак чўллари бўйлаб қушдай учиб борарди.

Ғазабланган жунгжанглар қайтиб келгандан сўнг манқуртни роса дўппослашганини она билмасди. Аммо дўппослашгани билан манқурт нимани ҳам биларди. У ҳадеб бир гапни такрорларди:
— У сенинг онанг бўламан, деб айтаяпти.
— Ҳеч қанақа онанг эмас у! Сенда она йўқ! Бу ёққа нима учун келганини биласанми? Биласанми?! Телпагингни сидириб олиб, бошингни қайноқсувга солгани келган! — деб баттар қўрқита бошлашди жунгжанглар шўрлик манқуртни.

Бу сўзларни эшитиб, манқуртнинг қорамтир юзлари  бўздай оқариб — кўкариб кетди, қўллари билан телпагини чангаллаб, бўйнини елкалари орасига қисиб, худди йиртқичдай ола-кула атрофга қарай бошлади.
— Сен қўрқмагин! Мана буни ушла! — деб жунгжангнинг каттаси манқуртга ўқ-ёй тутқазди.
— Қани, мўлжалга ол-чи! — кичик жунгжанг қалпоғини осмонга отди. Ўқ қалпоқни тешиб ўтди.— Ўҳ-ў,— ажабланди қалпоқ эгаси.— Қўлида хотира сақланиб қолибди!

Уясидан чўчитиб учириб юборилган қуш каби Найман она Сариўзак чўлларида оёғи куйган товукдай елиб-югурарди. Энди нима қиларини, нимага умид боғлашни билмасди. Жунгжанглар энди нима қилишаркин? Ўтовдаги туяларни, манқурт ўғлини она етиб бора олмайдиган бошқа ерларга, ўзларининг катта ўрдаларига яқин жойга ҳайдаб кетишармикин ёки уни қўлга тушириш учун пайт пойлаб ётишармикан? Минг хил хаёлларга ғарқ бўлган она боши қотиб, пасткам йўллардан ўтиб бориб, яйловни синчковлик билан кузатаркан, ҳалиги иккита жунгжанг уюрни ташлаб кетиб бораётганини кўрди-да, қувониб кетди. Улар ўнгу сўлига қарамасдан ёнма-ён кетиб боришарди. Найман она узоқ вақт кўз узмай турди, қачонки уларнинг қораси кўринмай қолгач, ўғли томон йўл солиб қандай бўлмасин, уни ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлди. У ким бўлса ҳам майли, тақдир бошига шундай қора кунларни солиб, душманлар шунчалик таҳқир этган экан — бу унинг айби эмас. Майли, овсар бўлса ҳам ўғлини қулликда, асоратда қолдириб кетмайди. Босқинчилар тутқун этилган фарзандларимизни майиб- мажруҳ қилганларини, хўрлаб, ақлдан оздириб, нотавон бир аҳволга солиб қўйганларини найманлар кўриб қўйсин-да, ғазабдан, ор-номусдан қўлга қурол-яроғ олсин. Гап босиб олинган ерда эмас. Ер ҳаммага етиб ортади. Аммо лекин, жунгжангларнинг ёвузлигини сира ҳам кечириб бўлмайди, уларнинг хиёнаткорлиги етти ёт қўшни бўлиб ҳам яшаш мумкин эмаслигини кўрсатиб турибди…

Она ўғли томон борар экан, шу кечасиёқ бу ердан кетиш зарурлигини унга қандай қилиб тушунтирсам экан, деб йўл-йўлакай ўйлар эди.

Қош қорая бошлади. Қанчалаб ўтган ва ўтиши лозим бўлган сон-саноқсиз тунлар сингари ложувард—қизғиш шуълага чулғанган тағин бир тун сойликлару водийлар узра буюк Сариўзак саҳросини босиб кела бошлади. Оқмоя катта уюр томон бекасини елдириб борарди. Ботаётган қуёш шуълалари қўш ўркач ўртасида ўтириб олган она қиёфасини баралла кўрсатарди. У жиддий тусда, юзларининг қони  қочган ҳолда хушёр тортиб, хавотирланиб ўтирарди. Сочлари оқариб кетган, манглайини ажин босган, ғам-ғуссали кўзларига эса Сариўзак ҳуфтони сингари ғам-ташвиш чўккан эди… Мана, у уюрга ҳам етиб бориб, ўтлаб юрган туялар орасидан ўтиб кузата бошлади, бироқ ўғли кўринмасди. Туяси эса тизгинини чувалантириб судраганича бемалол ўтлаб юрарди… Нима бўлди экан унга?

— Жўломон! Қулуним Жўломон, қанисан? — деб чақира бошлади Найман она.

Қилт этган жон кўринмади, ҳеч қандай овоз эшитилмади.

— Жўломон! Қаердасан? Бу мен, онанг бўламан! Қаердасан?
Она ташвиш ичида атрофга олазарак боқар экан, манкурт ўғли туясининг соясига беркиниб, тиззалаб ўтирганича камонни таранг тортиб мўлжалга олаётганини пайқамай қолди. Фақат у қуёш нури кўзини қамаштираётгани сабабли қулай вазиятни кутаётган эди.

— Жўломон! Болагинам! — деб чақирди она ўғлини, бирон ҳодиса юз бермадимикан деб ташвишланиб. Сўнг эгарда ўтирганча ўгрилиб қараган эди, ўзини мўлжалга олиб турган ўғлига кўзи тушиб қолди. Шу заҳотиёқ Оқмояни буриб чап бермоқчи бўлган ҳам эдики, визиллаб келган ўқ унинг чап қўлтиғининг остига санчилди. Она: «Отма!» дейишга улгурди, холос.

0_a13da_55e6592b_XL.jpgБу ўлим зарбаси эди. Найман она икки букилди ва Оқмоянинг бўйнига ёпишганича шилқ этиб тушди. Лекин ундан олдинроқ бошидан оқ рўмол учиб кетиб, ҳавода қушга айланиб чирқирай бошлади: «Кимнинг фарзандисан, эслаб кўр! Отинг нима? Отангнинг оти Дўнанбой! Дўнанбой! Дўнанбой!..»

Ўшандан бери Сариўзак дашти тепасида ҳар куни кечаси Дўнанбой деган қуш учиб юради, дейишади. Ўша қуш йўловчига дуч келиб қолса: «Кимнинг фарзандисан, эслаб кўр! Эслаб кўр! Отинг нима? Отангнинг оти Дўнанбой, Дўнанбой! Дўнанбой!..» деб садо чиқарар экан.

Шундан бери Найман она дафн этилган ўша жой Сариўзак музофатида Она Байиг қабристони — Онаизор макони деб аталади… Chingiz Aytmatovning «Asrga tatigulik kun» romanidan o’rin olgan ushbu rivoyat-qissa asar nashr etilishi bilan dovruq qozongan, romanning o’zidan ko’ra ko’proq tahlil etilgan edi. Jahon adabiyotida, ayniqsa, sobiq sho’ro imperiyasi ichidagi milliy adabiyotlarda, eng avvalo, she’riyatda Manqurt mavzusi bilan bog’liq yo’nalish paydo bo’lgan edi.

CHINGIZ AYTMATOV
NAYMAN ONA VA MANQURT QISSASI
Asil Rashidov tarjimasi
033

biant_lit_11.jpgOna Bayit qabristonining o’z tarixi bor. Rivoyatga ko’ra, o’tgan zamonlarda Sario’zakni bosib olgan jungjanglar asrga tushgan jangchilarga nisbatan behad shafqatsizlik qilar ekanlar. Ular kezi kelib bunday tutqunlarni qo’shni o’lkalarga qul qilib sotib yuborishar ekan. Bu esa tutqunning omadi kelgani hisoblanar ekan. Chunki sotib yuborilgan qul ertami-kechmi, bir kun o’z vataniga qochib ketishi mumkin ekan-da. Jungjanglarning qo’l ostida tutqun bo’lib qolganlarning esa sho’ri qurir ekan. Ular mahkumning boshiga teri qalpoq tortish yo’li bilan dahshatli bir tarzda qiynab, uning xotirasini yo’qotar ekanlar. Odatda bunday jazoga jangda asir tushgan yosh yigitlar giriftor bo’lishardi. Avvaliga jungjanglar tutqunning sochini dastlab o’ngidan, so’ngra teskarisidan taqir qirib gashlashadi. Sartaroshlik marosimi tugagach, jungjanglarning chapdast qassoblari kattakon bir tuyani so’yib, terisini shila boshlaydilar. Ular birinchi navbatda, eng qalin va eng og’ir bo’lgan bo’yin terisini ajratib bo’laklarga bo’lishar, hovuri chiqib turgan yopishqoq terini shu zahotiyoq hozirda suzuvchilar kiyadigan qalpoqcha singari, tutqunning yangi qirilgan taqir boshiga kiygizib qo’yishardi. Mana shu — teri qoplash deyiladi. Bunday qiynoqqa duchor etilgan qul yo dahshatli azoblarga bardosh berolmay o’lib ketar, yo xotirasidan umrbod mahrum etilib, o’tmishini eslay olmaydigan qulga — manqurtga aylanib qolar edi. Bitta tuyaning bo’yin terisi besh-oltita qalpoqqa yetadi. Qalpoq qoplangandan so’ng, halokatga mahkum etilgan har bir qul, qiynalganda boshini yerga tegiza olmasin uchun, bo’yniga yog’och bo’yinturuq bog’lashardi. Shu alfozda ularning yurakni ezuvchi, quloqni qomatga ksltiruvchi behuda dod-faryodlari eshitilib qolmasin, deb odamlardan yiroqqa, suvsiz, yemishsiz, kimsasiz yaydoq dalaga, oyoq qo’llari bog’liq holda jazirama oftob tig’iga eltib tashlar edilar. Bu qiynoqlar bir necha kun davom etardi. Kerakli joylarga soqchilar qalin qo’yilib, asirlarning qabiladoshlari ularni kutqarishga kelib qolishsa o’tkazmaslik uchun chora-tadbir ko’rib qo’yilgan edi. Biroq, qutqazishga urinishlar juda kam bo’lardi, chunki ochiq dalada qilt etgan sharpa darhol sezilib qolardi. Buning ustiga, jungjanglar falonchini manqurt qilishibdi, degan xabar tarqalgan taqdirda, tutqunning eng yaqin birodarlari ham uni qutqazishga yoki pul evaziga qaytarib olishga urinmayoq qo’yardilar, negaki, bu o’sha odamning kuruq jasadinigina qaytarish degan so’z edi. Faqat birgina nayman volidasi — rivoyatlarda Nayman ona nomi bilan mashhur bo’lib ketgan ayolgina o’z o’g’lining bu taxlit achchiq qismati bilan murosa qila olmadi. Sario’zak afsonasi shu hakda. Ona Bayit*— Onaizor makoni qabristonining nomi ham shundan kelib chiqqan.

  • Ona Bayit nomidagi ikkinchi so’z «bayt» ma’nosini bildiradi, ya’ni farzand dog’ida iztirob chekayopan onaning alamli faryodi, munojaatini anglatadi. (Tarjimon.)

Dalaga tashlangan asirlarning ko’pi Sario’zak quyoshi tig’ida dahshatli qiynoqlarga bardosh berolmay halok bo’lgan. Besh-oltita manqurtdan bitta yoki ikkitasigina tirik qolgan. Boshqalari ochlikdan emas, hatto tashnalikdan ham emas, kallaga qoplangan terining kuyosh issig’ida qovjirab, qoq miyani chidab bo’lmas darajada siqishi natijasida jon taslim qilar edilar. Olov purkab turgan quyosh ostida teri qalpoq shafqatsiz ravishda torayib, qulning qirilgan boshini temir chambarak singari jingirtob qilib qisardi. Oradan bir kun o’tishi bilan jabrdiydalarning taqir boshida soch nish ura boshlaydi. Osiyoliklarga xos tikanday tik dag’al sochlar ba’zida xom terini teshib
chiqardi, ko’p hollarda esa, chiqishga yo’l topolmay yana qaytadan qayrilib, bosh terisiga qarab o’sardi va avvalgidan ham battar azob berardi. So’nggi sinov davomida tutqunlar es-hushlarini butkul yo’qotar edilar. Oradan besh kun o’tgachgina jungjanglar kelib tutqunlardan qaybiri tirik qolganini ko’zdan kechiradi. Aqalli bitta tutqun tirik qolgan bo’lsa ham, maqsadga erishilgan hisoblanardi. Bunday qulni qiynoqdan bo’shatib, suv berib, asta-sekin kuchga kiritib, oyoqqa turg’izishardi. Biroq u endi baribir odam sanog’idan chiqardi, zo’rlab es-hushidan judo etilgan kul — mankurtga aylanardi, xuddi shuning uchun ham bunday qul o’nta sog’lom tutqundan ko’ra qimmatroq turardi. Hatto shunday qonun-qoida ham bor ediki, o’zaro to’qnashuvlarda o’ldirilgan bitta manqurt uchun boshqa erkin tutqunga nisbatan uch barobar ortiq haq undirib olinardi.

Mankurt o’zining kim ekanini, qaysi urug’-aymokdan ekanini, ismini, bolalik kezlarini, ota-onasining kimligini butunlay yoddan chiqargan bo’lib, o’zining odamligini ham unutib yuboradi. O’zining insoniy qadr-qimmatini idrok etolmagan manqurt xo’jalik ishlari nuqtai nazaridan bir qancha afzalliklarga ega edi. U notovon va zabonsiz bir maxluq bo’lgani uchun ham mutlaqo itoatkor va beozor. Qochaman-ko’yaman degan xayol uning tushiga ham kirmaydi. Quldor uchun eng dahshatli narsa — qullarning isyoni. Har bir qul siymosida isyonkorlik ruhi yashiringan. Yolg’iz manqurtgina bundan mustasno, isyon ko’tarish, bo’yin tovlash unga butunlay yot. Bunday tushunchalar unga begona! Unga soqchi qo’yishga, ayniqsa buzuq niyatli kishi sifatida undan gumonsirashga hojat yo’q. Manqurt xuddi it kabi faqat o’z egasini taniydi. Boshqalar bilan ishi yo’q. Uning fikri-zikri qorin to’yg’azishda, shundan boshqa tashvishi yo’q. Ammo o’ziga topshirilgan ishni o’ylamay-netmay, o’lar-tirilariga qaramay, muqarrar bajo keltiradi. Manqurtlar odatda eng past, eng og’ir ishlarni bajarishga majbur etiladilar yoki bo’lmasa, ularga eng zerikarli, eng mashaqqatli, ovsarlarcha sabr-toqat talab etiladigan mashg’ulotlar topshirilar edi. Kimsasiz Sario’zak yaylovlardagi tuyalar podasidan bir qadam ham nariga jilmasdan, yakkayu yolg’iz yashashga mahkum etiladigan manqurtgina bunday azob-uqubatlarga chiday olishi mumkin edi! Birgina manqurtning o’zi bunday olis joylarda bir qancha tuyachilarning o’rnini bosa olar edi. Bor-yo’g’i niyati — qorni to’ysa. Shunda u qishin-yozin demay, yolg’izlik azobiga ham, boshqa har qanday mahrumliklarga ham parvo qilmay, tinimsiz ishlayveradi. Xo’jayinning amri manqurt uchun farz, ham qarz. Uning o’ziga esa, xo’ragu dashti biyobonda muzlab qotib qolmaslik uchun kifoya qiladigan ust-bosh bo’lsa bas. Bo’lak hech narsani talab qilmaydi.

Insonning insonlik fazilati, yaratilganda birga yaratilib, o’lganda yana bir o’zi bilan birga ketadigan va boshqa mavjudotlardan ajratib turadigan birdan-bir noyob fazilati — xotirasi, aql-idroki bo’lsa-yu, uni tag-tomiri bilan yulib olsalar, axir, bu qanday bedodlik?! Undan ko’ra tutqunning qalbini poralab, istagancha ziyon-zahmat yetkazib, o’limga mahqum etishlari yoki bo’lmasa bir yo’la boshidan judo etishlari yuz chandon yaxshi emasmi? O’elarining mudhish tarixida xiyonatkor sifatida shuhrat qozongan ko’chmanchi jungjanglar eng muqaddas narsa — insonning muqaddas insoniylik mohiyatiga ham chang soldilar. Ular qullarni jonli xotiradan mahrum etish yo’lini o’ylab topdilar, bu bilan bani odam zotiga aql bovar qiladigan va bovar qilmaydigan yovuzliklar orasida eng qabih jinoyatga qo’l urdilar.

Balki, shu boisdandir, mankurtga aylantirilgan, o’g’lining g’ami-g’ussasi olovida qovrilgan Nayman ona shunday zikr qildi: «Bo’talog’im sening xotirangdan judo etayotganlarida boshingga ko’rinmas teriqalpoq o’rnatib es-hushingdan ajratayotganlarida, yong’oq chaqadigan qisqichdek boshingga kiydirilgan tuyateri asta-sekin qurib-qovjirab, bosh chanog’ingni jingirtob qilib siqayotganida, dahshatli qo’rquvdan ko’zlaring kosasidan irg’ib chiqqanida, Sario’zak dashtining dudsiz otashi ostida o’lim talvasasi bilan olishib, labingni ho’llashga ham yeru ko’kdan bir tomchi suv topolmay tashnalik azobida qovrilayotganingda, hatto borliqqa hayot baxsh etuvchi xurshidi olam senga so’qir, balo-qazo bo’lib, dunyodagi jamiki yulduzlar qaro zulmat bo’lib ko’ringandir.

Tulporim, jon azobidagi yurakni o’rtovchi ohu faryoding sahro uzra falakka ko’tarilganda, ilondek to’lg’anib, baqirib-chaqirib, tunu kun tangriga iltijo qilganingda, najotsiz ko’kdan madad kutganingda, azob-uqubat ichra nafasing xippa bo’g’ilganida, og’iz-burningga suv kelib, azoyi badaningdan ter chiqib, o’sha badbo’y hidga bulg’anib yotganingda, mo’r-malaxday pashshalar to’dasiga yem bo’lib es-hushingni yo’qotayotganingda bu dunyoda barchamizni yaratib qo’yib, so’ngra unutib qo’ygan tangriga jon-jahding bilan la’nat o’qidingmi?

Tulporim, qiynoqlardan mayib-majruh bo’lgan aql-idrokingga mangu tun choyshabi yopilayotganda, xotirang rishtalari zo’rlik bilan yulib-sitib olinib, o’tgan umring bilan seni bog’lab turuvchi halqalardan, jon talvasasida o’zingni haryon urib ona nigohini, yoz kunlari qirg’og’ida sen o’ynab yurgan tog’ jilg’asining shovullashini unutayotganingda, shuuringni parchalab, xotirangdan o’z nomingni, otangning nomini o’chirib tashlayotganlarida, atrofingdagi sen bilan unib-o’sgan odamlarning chehralari so’nayotganida va senga uyalib, iymanib tabassum qilayotgan mahbubaning jamoli qorong’ulashayotganida, xotirasizlik jariga qular ekansan, o’z vujudida homila paydo etishga jur’at etib va shu mudhish kun uchun seni yorug’ dunyoga tavallud toptirgan onaizoringga la’natlar yog’dirgandirsan?..»

Bu voqea Osiyoning ko’chmanchi janubiy sarhadlaridan siqib chiqarilgan jungjanglar shimol sari yopirilib kelib, Sario’zak dashtlarini uzoq vaqtgacha egallab, bosib olgan yerlarini kengaytirish va aholini qullikka solish maqsadida tub xalqlar bilan tinimsiz urush olib borgan zamonlarda yuz bergan edi. Dastlabki paytlarda ular tinch aholi ustiga to’satdan bostirib kelganlari tufayli Sario’zak atrofida yashovchi ko’p sonli kishilarni, shu jumladan ayollarni va bolalarni asir tushiradilar. Qo’lga tushgan tutqunlarni esa hammasini qullikka mahkum etadilar. Biroq, kelgindilarning bosqinchilik harakatiga qarshi kurash tobora kuchaya boradi. Ayovsiz to’qnashuvlar boshlanadi. Jungjanglarning Sario’zakdan ketadigan siyog’i sezilmasdi, bil’aks ular chorva uchun keng-mo’l yaylovlari bo’lgan bu manzilga tish-tirnoqlari bilan yopishib oldilar. Mahalliy qabilalar esa o’z yerlarini yo’qotishni istamas, ertami-kechmi bosqinchilarni bu yerdan haydab chiqarishga o’zlarini haqli va burchli hisoblashardi. Alqissa, bunday katta-kichik janglarda goh u tomonning, goh bu tomonning qo’li ustun kelib turdi. Ammo bunday urushlar orasida osoyishta damlar ham bo’lardi.

Osoyishta damlarning birida naymanliklarning yurtiga karvonda mol ortib kelib qolgan savdogarlar choy ichib, gurunglashib o’tirarkan, o’zlari ko’rib shohidi bo’lgan bir voqeani gapirib berishadi. Aytishlaricha, Sario’zak dashtining jungjanglar tomonidagi quduqlar yonidan bamaylixotir o’tib borayotganlarida yo’lida kattakon tuyalar podasini o’tlatib yurgan bir navqiron cho’ponga ko’zlari tushib qoladi. Savdogarlar u bilan gaplashmoqchi bo’lib og’iz ochganlarida cho’ponning manqurt ekanligini payqab qoladilar. Sirtdan qaraganda, cho’pon sog’lom yigitga o’xshar, boshidan nimalar kechgani hech kimning xayoliga kelmas edi. Balki u ham qachonlardir boshqalar singari es-hushli so’zamol bo’lgandir. O’n gulidan bir guli ochilmagan, mo’ylabi endigina sabza ura boshlagan, kelbati kelishgan, ammo ikki og’iz gaplashmoqchi bo’lsang, xuddi kecha tug’ilganga o’xshaydi, boyaqish na o’zining, na ota-onasining ismini biladi: jungjanglar uni qanday ko’yga solishganini, urug’-aymoqlari kimligini ham unutib yuborgan. Biror narsa so’rasang lom-mim demaydi, faqat «ha» yoki «yo’q» degan javobni beradi, doim boshiga bostirib kiyilgan telpagidan qo’lini tushirmaydi. Gunoh ekanini bilishsa-da, jismoniy mayib-majruhlarni ham odamlar mazax qilishadi. Shunday manqurtlar ham bo’lar emishki, ularning boshiga kiydirilgan tuya terisi ba’zan bosh terisi bilan birga
qo’shilib o’sar emish va hokazo xususida so’z yuritib turishadi. Bunday manqurtlarni, kel, boshingni bug’lab yumshatamiz deb qo’rqitishsa, go’yo bundan ortiq jazo yo’qdek, ko’zlari qinidan chiqib ketar ekan. Asov ot singari depsinib, birovning qo’lini boshiga yaqinlashtirmas ekan. Bu xil manqurtlar tunu kun, hatto uxlaganda ham telpagini yechmas ekan…

Ammo, lekin, suhbatni davom ettirishadi, mehmonlar, manqurt g’irt ahmoq bo’lsa ham, ishiga puxta ekan — toki biz uning tuyalaridan uzab ketmagunimizcha ko’z-quloq bo’lib turdi. Karvonchilardan biri o’sha manqurtni mazax qilmoqchi bo’lib so’rabdi:
— Borar yerimiz olis. Sendan kimga, qaysi suluvga, qaysi yurtlarga salom aytaylik? Aytaver, yashirmay. Eshitayapsanmi? Balki nomingdan ro’mol tortiq qilaylikmi?

Manqurt yo’lovchiga tikilganicha uzoq vaqt indamay turdi-da, so’ng:
— Men har kuni oyga tikilaman, oy esa menga tikiladi. Ammo biz bir-birimizning ovozimizni eshitmaymiz… U yokda kimdir o’tiribdi… — dedi g’uldirab.

Gurung paytida o’tovda savdogarlarga choy quyib o’tirgan bir ayol ham bor edi. Bu Nayman ona edi. Sario’zak afsonasida u shunday nom bilan qoldi.

Nayman ona yo’lovchi mehmonlarga sir boy bermadi. Bu xabarni eshitib, nogoh dahshatga tushganini, rang-ro’yi o’zgarib ketganini hech kim sezmadi. U savdogarlardan yosh manqurt to’g’risida yana nimalarnidir so’rab-surishtirgisi kelar, ammo xuddi mana shu narsa — yana ham ko’proq narsani bilishdan vahimaga tushardi. Nayman ona tilini tiydi. Yaralangan qushning chinqirog’i singari qalb tug’yonini ichiga yutdi… Bu orada suhbat mavzui o’zgarib, turmushda nimalar bo’lmaydi, deganlaridek, bechora manqurt haqidagi hozirgina gaplashib o’tirishgan voqeani butunlay unutishdi. Nayman ona bo’lsa, butun vujudini qamrab olgan qo’rquvdan o’zinn tinchitishga, qo’llarining titrog’ini bosishga harakat qilardi. U endi ko’pdan beri oqara boshlagan sochlariga tashlab yuradigan qora ro’molini manglayi uzra yuziga tushirib olgan edi.

Savdogarlarning karvoni ko’p o’tmay o’z yo’liga ravona bo’ldi. O’sha kecha tong otgunga qadar turli o’y-xayollar og’ushiga cho’mgan Nayman ona Sario’zak dashtidagi o’sha manqurt cho’ponni topib, uning o’g’limi, yo’qmi ekaniga ishonch hosil qilmaguncha ko’ngli tinchimasligini aytdi. Ona ko’nglini allaqachonlardan beri jang maydonida kolgan o’g’lining bedarak ketgani g’ash qilib kelar edi, endi o’sha sezgi, o’sha gumon qayta qo’zg’alib uni dahshatga sola boshladi… Bunday kiynoqlaru, azob-uqubatlardan bir umr g’am chekib, gumonsirab, xavotirlanib yurgandan ko’ra, albatta, o’g’lini bir emas, ikki bor ko’mgani yaxshi emasmi?

Uning o’g’li Sario’zak tomonlarida jungjanglar bilan bo’lgan jangda shahid bo’lgan edi. Eri undan bir yil muqaddam halok bo’lgan — Nayman elida ma’lum va mashhur kishi edi u. Keyin o’g’il otasining o’chini olish uchun birinchilardan bo’lib jangga otlandi. Bu elat odatida halok bo’lganlarni jang maydonida qoldirib ketish nomus sanaladi. Qarindosh-urug’lari jangchining jasadini olib kelishlari lozim. Biroq uning iloji bo’lmadi. O’sha katta jangda qatnashganlardan ko’pgina kishi dushman bilan ro’baro’ kelib jangga kirishganida Nayman onaning o’g’li ot yolini quchoqlaganicha yiqilganini, jang suronidan cho’chigan ot uni olib qochganini ko’rishgan ekan. Shunda yigit egardan qulaydi-yu, bir oyog’i uzangidan chiqmay o’zi otning yonida osilib qoladi, bundan battar hurkib ketgan ot jon-jahdi bilan uning jonsiz taiasini cho’l ichkarisiga sudrab ketadi. Vodarig’, ot g’anim tomon surib ketadi. Olatasir qiyomat qo’pganiga, har bir jangchi kurash maydonida bo’lishi lozimligiga qaramay, qochib borayotgan otni va marhumning jasadini zudlik bilan qo’lga kiritish uchun qabiladoshlaridan ikki kishi otlarini yo’rttirib ketishadi. Ammo shu payt jungjangchilarning soy ichida pistirmada turgan bir necha haydar kokilli suvorilari hiyqirishganicha, yo’lni kesib chiqishadi. Naymanlardan biri shu zahotiyoq kamon o’qiga uchib halok bo’ladi, ikkinchisi esa og’ir yaralanib ortga qaytadi, safdoshlari yoniga arang yetib kelib shu yerda kulaydi. Shu voqea sabab bo’lib, urushning hal etuvchi eng qulay payti jungjanglarning yon tomondan zarba berishga shaylanib turgan guruhlari pistirmada yashirinib yotganini vaqtida sezib qolishadi. Naymanlar qayta saf tuzib, yana jangga kirish uchun shoshilinch ravishda chekinishdi. Albatta, bunday qizg’in jang ichida Nayman onaning o’g’li — yosh jangchining nima bo’lganini surishtirib o’tirishga kim ham fursat topibdi, deysiz. Otida chopib kelib, o’z safiga arang qo’shilgan haligi yarador naymai yigitning keyinchalik onaga aytib berishicha, o’g’lini sudrab ketayotgan otni quvlab borayotganlarida, ot noma’lum tomonga burilib ketib, darhol ko’zdan g’oyib bo’lgan…

Jangchining jasadini izlab naymanlar necha kunlab dala yo’llarini kezib chiqdilar. Biroq, na marhumning jasadini, na olib qochgan otini, na tushirib qoldirgan qurol-yarog’ini, na boshqa biron belgi-alomatni topa oldilar. Uning halok bo’lgani hech kimda shubha qoldirmagan edi. Boringki, yarador bo’lgan taqdirda ham oradan o’tgan kunlar orasida cho’lda suvsizlikdan yoki bo’lmasa, qon ketishidan halok bo’lishi muqarrar. Yosh birodarlarining kimsasiz Sario’zak cho’lida dafn etilmay qolib ketgani adamidan hasrat-nadomat chekdilar. Bu hammaga isnod edi. Nayman ona o’tovida ovoz chiqarib yig’lashgan xotin-xalajlar erlari va og’a-inilari sha’niga ta’na toshlarini yog’dirdilar:
— Uning ko’zlarini quzg’unlar cho’qidi, shoqollar go’shtini burdalab ketdi, endi sizlar qaysi yuz bilan el orasida bosh ko’tarib yurasizlar!..

O’sha kundan boshlab Nayman ona uchun yeru ko’k huvillab qoldi. To’g’ri, urush qurbonsiz bo’lmaydi, buni ona ham yaxshi tushunadi, biroq o’g’lining jasadi ko’milmasdan jang maydonida qolib ketgani unga sira ham tinchlik bermasdi. Achchiq qayg’u, poyoni yo’q o’y-xayollar ona qalbini poralar edi. Cheksiz dard-anduhini’ yengillashtirish uchun kimga aytib, kimga zorlansin, g’am-anduhini yengillashtirish uchun parvardigordan bo’lak kimga ham iltijo qilsin…

O’g’lining o’limini o’z ko’zi bilan ko’rib ishonch hosil qilmaguncha, bunday mudhish xayollardan qutulib, joni joy topmas edi onaning. O’shanda taqdirga tan berishdan bo’lak chora qolmagan bo’lardi. O’g’lining oti ham dom-daraksiz ketgani ko’nglini battar xijil qilardi. Ot halok bo’lmagan, balki hurkib qochgan. U uyurdagi otlar singari ertami-kechmi, bir kuni uzangiga osilib qolgan chavandoz jasadini sudrab qadrdon joyiga qaytishi kerak edi. Shunda qanchalik dahshatli bo’lmasin, ona o’g’lining jasadi ustida dod-faryod, o’pkasi to’lguncha yig’lab, ko’nglini bir oz bo’shatib olgan bo’lardi. U o’z qismatidan, baxtiqaroligidan nolib, yuzlarini tirnoqlari bilan yumdalab tangrini la’natlar edi. O’g’lining daragi chiqqanida-ku, ertayu kech ich-etini yeb, gumonsirab, ko’nglida sovuq shubhani ko’tarib yurmagan bo’lardi. Xudodan uzoq umr bergin, deb iltijo qilib o’tirmasdan, orzu-umidlaridan bir yo’la mahrum bo’lgan holda o’limga tayyor turib bergan bo’lardi. Biroq o’g’lining jasadi topilmadi, oti qaytib kelmadi. Har qanday yo’qotish bora-bora esdan chiqarilgani singari bu voqea ham vaqt o’tishi bilan urug’-aymoqlari xotirasidan ko’tarila boshladi… Faqat u — yolg’iz onaizorgina besaru omon, betoqat kutardi. O’y-xayollar girdobida onaning fikri chuvalgani chuvalgan. Otni qanday jin urdi, egar-jabduqlari, qurol-yarog’lari qaerda qoldiykin? Aqalli shular topilganda ham o’g’lining ahvoli ne kechganini taxminlab anglab olardi. Axir, jungjanglar Sario’zak dashtining biron yerida holdan toygan otni ushlab olgan bo’lishlari mumkin. Yaxshigina egar-jabduqli, yana buning ustiga o’z oyog’i bilan kelgan tulpor naqd o’lja-ku. Unday bo’lsa uzangida oyog’i ilinib kelgan o’g’lining jasadini g’animlar nima qilishdi — yerga ko’mishdimi, yo cho’l darrandalariga yemish bo’ldimi u? Bordi-yu hali o’lmagan, falakning gardishi bilan tirik qolgan bo’lsa-chi? Chala o’lik yigitni ular urib halok qilishgan yoinki yaydoq dalaga quruq jasadini tashlab ketishgan bo’lishsa-chi? YO… agar…

Gumon-shubhalarning cheki yo’q. Sayyoh savdogarlar choy ichishib o’tirishganda Sario’zakda uchragan yosh manqurt haqida gap ochib Nayman onaning o’rtangan yuragini battar o’rtab, yarasiga tuz sepishganini o’zlari ham payqashmagan edi. Ona qandaydir falokatni sezib, yuragi orqasiga tortib ketdi. O’sha manqurt mening o’g’lim bo’lib chiqsa-ya, degan hadik borgan sari kuchayib, uning aqlu hushini, butun vujudini tobora chuqurroq, tobora kuchliroq chirmab ola boshladi. O’sha manqurtni izlab topib, o’z ko’zi bilan ko’rib, uning o’z pushti-kamaridan bo’lgan o’g’li emasligiga ishonch hosil qilmaguncha ko’ngli tinchimasligiga ko’zi yetgan edi…

…Ming xil o’y-xayollar va shubhalar og’ushida borarkan, ona yassi qum tepaliklaridan oshayotib nogahon ko’p sonli tuyalar uyurini ko’rib qoldi: qo’ng’ir tusga kirib, semirib ketgan yuzlab tuyalar mayda butalaru yantoqlarning uchlarini kemirib, keng maydonda bemalol o’tlab yurishardi. Nayman ona Oqmoyasiga qamchi bosib, choptirib ketdi. Uyurni izlab topganidan quvonchi ichiga sig’may nafasi bo’g’ziga tiqildi. Ammo shu zahotiyoq manqurt qilib qo’yilgan o’g’lini ko’rishni eslab, qo’rqqanidan a’zoyi badani muzlab ketdi. So’ng yuragi yana kuvonchga to’ldi va shu bilan ne ahvolga tushganini o’zi ham anglamay qoldi.

Mana, tuyalar o’tlab yuribdi, ammo tuyachi qaerda ekan? Harholda, shu atrofda yurgandir. Shu payt yaylovning narigi chekkasida odamning qorasi ko’rindi. Olisdan uning kimligini tanib bo’lmasdi. Tuyachi uzun tayog’iga suyangan holda ortidagi yuk ortilgan tuyasining tizginini ushlab, qosh ustiga bostirib kiygan telpagi ostidan onaning yaqinlashib kelayotganini bamaylixotir kuzatib turdi.

Nayman ona tuyachiga yaqin kelib uni tanidiyu tuyasidan qanday tushganini bilmay qoldi. Yiqilib tushdimi, surilib tushdimi — shu topda onaga buning ahamiyati yo’q edi!

— O’g’ilginam, qarog’im! Seni izlamagan joyim qolmadi! — deya o’g’li tomon talpindi.— Men sening onangman!

Birdan ona ahvolni tushundi. Tushundiyu depsinib qichqirgancha yig’lab yubordi. Alam va dahshatdan lablari dirillab, shuncha urinsa ham o’zini qo’lga ololmasdi. Yiqilib tushmaslik uchun loqayd o’g’lining yelkasiga yopishib olib, qachonlardan beri xavf solib turgan, endi esa uni bosib tushgan tog’day g’am yuki ostida ezilib faryod chekar, ko’z yoshlari selday oqardi. Ona bo’zlab yig’lar ekan, ko’z yoshlari orasidan, ho’l bo’lib chakkalariga yopishib qolgan burul soch tolalari orasidan, yuzlarini chang bilan bulagan qaltiroq barmoqlari orasidan farzandining tanish qiyofasiga boqar, uning o’ziga nigoh tashlashini orziqib kutar va meni tanib qolar, deb umid qilar edi. Axir, tuqqan onasini tanib olish qiyin emas-ku!

Biroq onaning kelgani unga go’yo har doim yonida yurganday, zarracha ta’sir qilmadi. U hatto onadan kimsan, nega yig’layapsan, deb so’ramadi ham. Ma’lum lahzalardan so’ng tuyachi onaning
qo’lini yelkasidan surib tashlab, ustida yuk bor tuyasini yetaklagancha odimlab ketdi: u sho’xlik qilib bir-birlari bilan o’ynashayotgan bo’taloqlar uyurdan uzoqlashib, ajralib ketmasin, deb tuyalar to’dasining narigi chekkasi tomon yo’l olgan edi.

Nayman ona bukchayib o’tirib qoldi, xo’rsinib-xo’rsinib yig’ladi va shu o’tirishda yuzini changallagancha bosh ko’tarmay uzoq qolib ketdi. So’ng bor kuchini to’plab, o’zini xotirjam ko’rsatishga
urinib, o’g’li tomon yura boshladi.

Manqurt o’g’il hech nimani ko’rmaganday-bilmaganday, pinagini buzmasdan, bostirib kiyib olgan telpagi ostidan ma’nosiz va loqaydlik bilan qarab turardi. Cho’l shamolida qorayib, dag’allashib ketgan yuzida xiyol jilmayish paydo bo’ldi. Ammo ko’zlari dunyoni tark etgan kishining ko’zlariday loqayd boqardi.

— O’tir, gaplashamiz,— dedi og’ir xo’rsinib Nayman ona.

Ular yerga cho’kdilar.
— Meni taniyapsanmi? — so’radi ona.

Mankurt yo’q deganday bosh chayqadi.
— Oting nima?
— Manqurt,— dedi u.
— Seni xozir shunday deb atashadi. Avvalgi oting esingdami? Asli ismnngnn eslab ko’r-chi.

Manqurt jim qoldi. U haqiqiy ismini eslashga harakat qilayoggapn, qiynalganidan qanshari ustida munchoqdek ter tomchilari paydo bo’lib, ko’z o’ngini tuman qoplaganini ona ko’rib turdi. Ammo qarshisida qapdaydir to’siq paydo bo’ldiyu uni, yengib o’tishga qurbi yetmadi…

— Otangning otinn bilasanmi? O’zing kimsan? Elu yurting qaerda? Qaerda tug’ilganingni bilarsan, axir?

Yo’q, manqurt hech nimani tushunmasdi, hech narsani eslay olmasdi.

— Hali, shunchalik ahvolga solishdimi seni! — deya pichirladi ona,

U najotsizlikdan lablari titrab, g’am-g’ussayu qahr-g’azabdan o’zini tuta olmay yana qaytadan o’ksinib-o’ksinib yig’ladi, tinchlanishga behuda urinar edi, xolos. Onaning ohu fig’oniga manqurt pinagini ham buzmadi.

— Yerdan mahrum etish mumkin, mol-dunyodan mahrum etish mumkin, hatto insoini yashashdan mahrum etish ham mumkin,—derdi ona o’z-o’zicha gapirib,— biroq odamni xotirasidan mahrum
etishni kim o’ylab topdi ekan, bunga kimniig qo’li bordi ekan?! YO rabbiy, agar olamda bor bo’lsang, bandalaringga bu yovuzlikni qanday ravo ko’rding. Yer yuzida usiz ham yovuzlik kammidi?

Ona manqurt o’g’liga qarab turib, quyosh, xudo va o’zi to’g’risida to’qigan mashhur marsiyasini aytdi. Sario’zak voqealari haqida gap ochilib qolganda, bilgan kishilar, hanuzga qadar Nayman onaning o’sha so’zlarini bir-birlariga rivoyat qilib aytib yurishadi…

Shunda ona mashhur marsiyani boshladi, bilgan kishilar bu so’zlarni hozirga kadar eslab yurishadi:

Tulubin kelib iskagan,
Bo’tasi o’lgan bo’z moyaman…*

  • ‘Tuyaning bolasi o’lganida, sut bermay ko’ymasin, deb bo’talog’ining terisiga somon tiqib, onasiga ko’rsatiladi. Shunda hayvonning mehri tovlanib yeliniga sut keladi. (Tarj.)

Ona qalbidan otilib chiqqan dod-faryod ohangi kimsasiz, had-hududsiz Sario’zak cho’lini larzaga solganday yangrab turdi.

Biroq bu nola-faryod mankurtning to’pig’iga ham chiqmadi.

Shunda Nayman ona so’rab-surishtirishlar bilan emas, balki aqlini kovlash, qitiqlash bilan es-hushini o’ziga keltirmoqchi bo’ldi.

— Sening oting Jo’lomon. Eshitdingmi? Sen Jo’lomonsan, otangning oti — Do’nanboy. Otangni eslay olmaysanmi? Axir, u seni bolalik chog’ingdan kamon otishga o’rgatgan. Men sening onangman. Sen esa mening o’g’limsan. Sen nayman urug’idansan, tushundingmi? Sen naymansan…

Onasining hamma gaplarini o’g’il avvalgiday mutlaqo loqaydlik bilan eshitdi. Ona go’yo devorga gapirayotganday edi. Onaning so’zlari karning qulog’iga azon aytganday gap
edi.

Nayman ona Manqurt o’g’ildan so’radi:
— Bu yerga kelganingga qadar nimalar bo’ldi?
— Hech narsa bo’lgani yo’q,— dedi o’g’il.
— Kechasimidi yo kunduzimidi?
— Hech narsa,— dedi u.
— Kim bilan gaplashging keladi?
— Oy bilan. Biroq bir-birimizning gapimizni eshitmaymiz. U yerda kimdir o’tiribdi.
— Yana nimani istaging keladi?
— Xo’jayinimizning boshidagi singari kokil qo’yishni.
— Qani beri kel-chi, boshingni bir ko’rib qo’yay, ular nima qilib qo’yishganini — deb ona o’g’li tomon talpindi.

Manqurt shartta tisarilib, o’zini olib qochdi, boshidagi telpagini changallagan bo’yicha qaytib onaga boqmadi. Bosh haqida hech qachon so’z ochish mumkin emasligini ona endi tushundi.

Shu payt olisdan tuya mingan kishining qorasi ko’rindi. U shu yoqqa tomon kelayotgan edi.
— Bu kelayotgan kim? — so’radi ona.
— U menga ovqat olib kelyapti,— dedi o’g’il.

Nayman ona tashvishga tushdi. Bevaqt paydo bo’lib qolgan bu jungjangning ko’ziga chalinmaslik uchun tezroq g’oyib bo’lishi kerak edi. U tuyasini cho’ktirib, darhol minib oldi.
— Sen unga hech narsa aytmagin. Men tezda qaytib kelaman,— dedi Nayman ona.

O’g’li lom-mim demadi. Uning parvoyi palak edi. O’tlab yurgan tuyalar orasidan qochib borayotgan Nayman ona xato ish qilib qo’yganini tushundi. Biroq vaqt o’tgan edi. Oq tuyaga minib borayotgan onani jungjang ko’rib qolishi mumkin edi. Oqmoyasini yetaklab, o’tlab yurgan tuyalar orasidan berkinib yayov jo’nagan ma’qul edi.

Yaylovdan xiyla olislab ketgach, Nayman ona chetlarida ermanshuvoqlar o’sib yotgan chuqur jarlikka kirib bordi-da, Oqmoyani cho’ktirib kuzata boshladi. Gumoni to’g’ri chiqdi, payqab qolgan ekan. Ko’p o’tmay, tuyasini yo’rttirib kelayotgan haligi jungjangning qorasi ko’rindi. U nayza va o’q-yoy bilan qurollangan edi. Jungjang, haligi oq tuya minib olgan odam qayoqqa g’oyib bo’ldi, deganday atrofga alanglab qarar edi xayratlanib. U qaysi tomonga qarab yurishini bilmay, gangib qolgan edi. Goh u yoqqa, bu yoqqa tuya choptirib o’tdi. Nihoyat, jarlikka juda yaqinlab keldi. Yaxshiyamki, Oqmoyaning tumshug’ini ro’mol bilan bog’lab qo’yish esiga kelgan ekan. Aks holda, u bo’kirib yoki pishqirib yuborishi ham mumkin edi. Nayman ona jarlik yoqasidagi erman orasiga yashirinib olgan joyidan jungjangni endi aniq ko’ra boshladi. U baroq tuya ustida atrofga olazarak bo’lib qarardi, ko’pchib ketgan yuzlari jiddiy tusda, boshidagi qora qalpog’ining ikkala uchi tepaga qayrilib ketgan, go’yo qayiqni eslatardi. Boshining orqa tomonida esa bir o’ram qopqora haydar kokili yaltirab, osilib turardi. Jungjang uzangida tik turib, nayzasini o’qtalgancha ko’zlarini chaqchaytirib atrofga nazar tashlardi. Bu odam Sario’zakni bosib olib, qanchalab aholini qul qilib haydab ketgan, onaning oilasiga ham cheksiz qulfatlar keltirgan g’animlardan biri emasmi? Mana shu quturgan yirtqich yovga qarshi yolg’iz ona — qurol-yaroqsiz ayol nima ham qila olardi? Insonni xotirasidan mahrum etishdek shafqatsizligu vahshiylikka ularni qaysi turmush, qaysi voqea-hodisalar majbur etdi, deb o’ylardi ojiz qolgan ona o’zicha…

Jungjang u yoq-bu yoqqa zir yugurib hech nimani uchratmagandan so’ng tezda ortga, tuyalar to’dasi tomon qaytdi.

Kech kirib qoltan edi. Quyosh botgan bo’lsa ham osmonni olovlantirib turgan sho»lasi allamahalgacha dala yuzini yoritib turdi. So’ng birdan qosh qorayib, borliqni tun zulmati qopladi.

Nayman ona bu tunni tanho o’zi bechora manqurt o’g’li yaqinida — dashtda tunab o’tkazdi. O’g’lining yoniga borishga cho’chidi, haligi havfsirab qolgan jungjang kechasi uyur oldida qolishi ham mumkin.

O’g’lini qullikda tashlab ketmay, bir amallab birga olib ketishga qaror qildi ona. O’g’li manqurt bo’lsa ham, mayli, hech nimani tushunib, anglab yetmasa ham mayli, kimsasiz cho’lda, jungjanglarning tuyasini boqib xor bo’lib yurganidan ko’ra o’z uyida, o’z odamlari orasida yashagani yaxshi emasmi? Ona qalbi shuni istardi. Boshqalar taqdirga tan berib ketishi mumkin bo’lgan holga ona sira ham ko’na olmasdi. U o’z qoni va jonini, ko’z qorachig’ini qullikda qoldirib ketishni sira-sira istamasdi. Balki bolasi o’z yerida hushiga kelib, bolalik kezlarinn eslab, barcha ko’rgan-kechirganlarini qayta tiklab olar, deya umid qklardi.

Ertasiga ertalab Nayman ona Oqmoyaga minib yana yo’lga tushdi. Uyur bu yerdan xiyla uzoqlashib ketgan edi. Izlab, aylanma yo’llardan ehtiyotkorona o’tib, uzoq yo’l bosdi. Tuyalarni ko’rgandan keyin xam jungjanglardan birontasi ko’rinib qolmasin, deb uzoq vaqt kuzatib turdi. Hech kimning yo’qligiga ko’zi yetgach, o’glining otnnn aytib chaqirdi.

— Jo’lomon! Jo’lomon! Omonmisan?

O’g’li burilib qaragan edi, ona quvonchidan baqirib yubordi, ammo shu zahotiyoq, o’g’li shunchaki, ovoz chiqqan tomonga qaraganini payqab qoldi.

Nayman ona o’g’lining hotirasini tiklashga yana urinib ko’rdi.

— Oting nima, eslab ko’r-chi! — deya yalinib-yolvorib inontirishga harakat qilardi u.— Otangning oti Do’nanboy, bilmaysanmi uni? Sening isming Manqurt emas, Jo’lomon. Naymanlarning yayloviga ko’chib borayotganimizda yo’lda tug’ilgansan. Shuning uchun otingni Jo’lomon qo’yganmiz. Sen tug’ilganingda biz o’sha yerda qolib uch kecha-kunduz to’y-tomosha qilganmiz.

Bu gaplar manqurt o’g’ilga zarracha ta’sir etmayotganini bilsa ham, bari bir ona uning so’ngan xotirasida nimadir yilt etib ko’rinib qolar degan ummdda behuda urinardn.

Ammo u devorga gapirayotganday edi. Shunga qaramay, o’tgan-ketganlardan gapirib, hadeb o’zinikini takrorlayverdi:
— Oting nima, eslab ko’r! Otangning oti Do’nanboy!

So’ng ona o’zi bilan olib kelgan taomlaridan yedirib-ichirib bo’lgandan so’ng, alla ayta boshladi.

Alla manqurtga ma’qul kelganday bo’ldi shekilli, quloq solib tinglab o’tirdi. Qorayib, uniqib ketgan yuziga qandaydir iliqlik yugurganday bo’ldi. Shunda ona o’g’lini bu yerdan — jungjanglarning izmidan o’z tug’ilib o’sgan qadrdon yeriga birga olib ketishga ko’ndirishga kirishdi. Manqurt esa tuyalarni qoldirib, qayoqqadir bosh olib ketishni miyasiga singdira olmadi, yo’q, xo’jayinim tuyalardan bir qadam ham jilmaysan deb buyurgan, shuning uchun uyurni tashlab biron yoqqa ketmayman…

Chiqmagan jondan umid deganlariday, Nayman ona barbod etilgan xotira eshigini ochib kirishga qayta-qayta harakat qilardi:
— Eslab ko’r-chi, kimning o’g’lisan? Oting nima? Otangning oti Do’nanboy!

O’g’lini hushiga keltirish uchun behuda urinayotgan ona oradan qancha vaqt o’tganini ham payqamay koldi, shu mahal uyur chekkasidan yana o’sha jungjang tuya minib kelayotganini ko’rib esi chiqib ketdi. Bu safar jungjang juda yaqin kelib qolgandi, yurishi ham juda ildam. Nayman ona tezda Oqmoyaga mina solib, qochib qoldi. Biroq yaylovning narigi tomonidan yana bir jungjang tuya yo’rttirib onaning yo’lini kesib chiqdi, shunda Nayman ona tuyasida ularning o’rtasiga qarab soldi. Bedov tuya olg’a tomon yelday uchib ketdi, ortdan ta’qib ostiga olgan jungjanglar baqirishib, qiyqirishib, nayzalarini siltab, dag’dag’a qilgancha uni quvlab borishardi. Biroq Oqmoyaga yetmoq qayoqda?! Ularning harsillab charchab qolgan tuyalari orqada qolib ketdi. Oqmoya bo’lsa tobora qizishib, nafasini rostlab, Nayman onani o’limdan qutqargancha, Sario’zak cho’llari bo’ylab qushday uchib borardi.

G’azablangan jungjanglar qaytib kelgandan so’ng manqurtni rosa do’pposlashganini ona bilmasdi. Ammo do’pposlashgani bilan manqurt nimani ham bilardi. U hadeb bir gapni takrorlardi:
— U sening onang bo’laman, deb aytayapti.
— Hech qanaqa onang emas u! Senda ona yo’q! Bu yoqqa nima uchun kelganini bilasanmi? Bilasanmi?! Telpagingni sidirib olib, boshingni qaynoqsuvga solgani kelgan! — deb battar qo’rqita boshlashdi jungjanglar sho’rlik manqurtni.

Bu so’zlarni eshitib, manqurtning qoramtir yuzlari bo’zday oqarib — ko’karib ketdi, qo’llari bilan telpagini changallab, bo’ynini yelkalari orasiga qisib, xuddi yirtqichday ola-kula atrofga qaray boshladi.
— Sen qo’rqmagin! Mana buni ushla! — deb jungjangning kattasi manqurtga o’q-yoy tutqazdi.
— Qani, mo’ljalga ol-chi! — kichik jungjang qalpog’ini osmonga otdi. O’q qalpoqni teshib o’tdi.— O’h-o’,— ajablandi qalpoq egasi.— Qo’lida xotira saqlanib qolibdi!

Uyasidan cho’chitib uchirib yuborilgan qush kabi Nayman ona Sario’zak cho’llarida oyog’i kuygan tovukday yelib-yugurardi. Endi nima qilarini, nimaga umid bog’lashni bilmasdi. Jungjanglar endi nima qilisharkin? O’tovdagi tuyalarni, manqurt o’g’lini ona yetib bora olmaydigan boshqa yerlarga, o’zlarining katta o’rdalariga yaqin joyga haydab ketisharmikin yoki uni qo’lga tushirish uchun payt poylab yotisharmikan? Ming xil xayollarga g’arq bo’lgan ona boshi qotib, pastkam yo’llardan o’tib borib, yaylovni sinchkovlik bilan kuzatarkan, haligi ikkita jungjang uyurni tashlab ketib borayotganini ko’rdi-da, quvonib ketdi. Ular o’ngu so’liga qaramasdan yonma-yon ketib borishardi. Nayman ona uzoq vaqt ko’z uzmay turdi, qachonki ularning qorasi ko’rinmay qolgach, o’g’li tomon yo’l solib qanday bo’lmasin, uni o’zi bilan birga olib ketmoqchi bo’ldi. U kim bo’lsa ham mayli, taqdir boshiga shunday qora kunlarni solib, dushmanlar shunchalik tahqir etgan ekan — bu uning aybi emas. Mayli, ovsar bo’lsa ham o’g’lini qullikda, asoratda qoldirib ketmaydi. Bosqinchilar tutqun etilgan farzandlarimizni mayib- majruh qilganlarini, xo’rlab, aqldan ozdirib, notavon bir ahvolga solib qo’yganlarini naymanlar ko’rib qo’ysin-da, g’azabdan, or-nomusdan qo’lga qurol-yarog’ olsin. Gap bosib olingan yerda emas. Yer hammaga yetib ortadi. Ammo lekin, jungjanglarning yovuzligini sira ham kechirib bo’lmaydi, ularning xiyonatkorligi yetti yot qo’shni bo’lib ham yashash mumkin emasligini ko’rsatib turibdi…

Ona o’g’li tomon borar ekan, shu kechasiyoq bu yerdan ketish zarurligini unga qanday qilib tushuntirsam ekan, deb yo’l-yo’lakay o’ylar edi.

Qosh qoraya boshladi. Qanchalab o’tgan va o’tishi lozim bo’lgan son-sanoqsiz tunlar singari lojuvard—qizg’ish shu’laga chulg’angan tag’in bir tun soyliklaru vodiylar uzra buyuk Sario’zak sahrosini bosib kela boshladi. Oqmoya katta uyur tomon bekasini yeldirib borardi. Botayotgan quyosh shu’lalari qo’sh o’rkach o’rtasida o’tirib olgan ona qiyofasini baralla ko’rsatardi. U jiddiy tusda, yuzlarining qoni qochgan holda xushyor tortib, xavotirlanib o’tirardi. Sochlari oqarib ketgan, manglayini ajin bosgan, g’am-g’ussali ko’zlariga esa Sario’zak huftoni singari g’am-tashvish cho’kkan edi… Mana, u uyurga ham yetib borib, o’tlab yurgan tuyalar orasidan o’tib kuzata boshladi, biroq o’g’li ko’rinmasdi. Tuyasi esa tizginini chuvalantirib sudraganicha bemalol o’tlab yurardi… Nima bo’ldi ekan unga?

— Jo’lomon! Qulunim Jo’lomon, qanisan? — deb chaqira boshladi Nayman ona.

Qilt etgan jon ko’rinmadi, hech qanday ovoz eshitilmadi.

067— Jo’lomon! Qaerdasan? Bu men, onang bo’laman! Qaerdasan?
Ona tashvish ichida atrofga olazarak boqar ekan, mankurt o’g’li tuyasining soyasiga berkinib, tizzalab o’tirganicha kamonni tarang tortib mo’ljalga olayotganini payqamay qoldi. Faqat u quyosh nuri ko’zini qamashtirayotgani sababli qulay vaziyatni kutayotgan edi.

— Jo’lomon! Bolaginam! — deb chaqirdi ona o’g’lini, biron hodisa yuz bermadimikan deb tashvishlanib. So’ng egarda o’tirgancha o’grilib qaragan edi, o’zini mo’ljalga olib turgan o’g’liga ko’zi tushib qoldi. Shu zahotiyoq Oqmoyani burib chap bermoqchi bo’lgan ham ediki, vizillab kelgan o’q uning chap qo’ltig’ining ostiga sanchildi. Ona: «Otma!» deyishga ulgurdi, xolos.

Bu o’lim zarbasi edi. Nayman ona ikki bukildi va Oqmoyaning bo’yniga yopishganicha shilq etib tushdi. Lekin undan oldinroq boshidan oq ro’mol uchib ketib, havoda qushga aylanib chirqiray boshladi: «Kimning farzandisan, eslab ko’r! Oting nima? Otangning oti Do’nanboy! Do’nanboy! Do’nanboy!..»

O’shandan beri Sario’zak dashti tepasida har kuni kechasi Do’nanboy degan qush uchib yuradi, deyishadi. O’sha qush yo’lovchiga duch kelib qolsa: «Kimning farzandisan, eslab ko’r! Eslab ko’r! Oting nima? Otangning oti Do’nanboy, Do’nanboy! Do’nanboy!..» deb sado chiqarar ekan.

Shundan beri Nayman ona dafn etilgan o’sha joy Sario’zak muzofatida Ona Bayig qabristoni — Onaizor makoni deb ataladi…

045

(Tashriflar: umumiy 55 208, bugungi 7)

21 izoh

  1. Assalomu alaykum, ustoz. Sizdan bir iltimosim bor edi. Bugun Chingiz Aytmatovning yubileylariga bag’ishlangan kecha bo’lib o’tdi. U yerda olingan videoni topish imkoni bormi? Iltimos, topa olsangiz saytingiz yoki youtube dagi kanalizga joylasangiz juda xursand bo’lardik.

  2. Asar inson qalbini larzaga soladi.Ayniqsa,Nayman ona va òģlining holati kòzimda yosh qalqishiga sabab bòldi…

  3. Bu asar haqiqatdan ham asrga tatigulik voqeani gavdalantirgan. Menga juda ham yoqdi,asar juda ta’sirli ekan

  4. Chingiz Aytmatovning ushbu asarida ona mehri uning sadoqatining tengsiz ekanligini yana bir bor shohidi bo`lamiz

Izoh qoldiring