Oybek. Ko’klam hislari

Ashampoo_Snap_2018.03.03_18h22m39s_010_a.png   Устоз Ойбек шеърларини соғиниб-соғиниб ўқийман. Бу, беназир шоирнинг ўзи айтганидек, «тоза, ёввойи туйғулар»дан дунёга келган шеърлардан юрак ёруғлашади, онгу шуурингда юлдузлар чақнайди…

ОЙБЕК
КЎКЛАМ ҲИСЛАРИ
08

ОЛТИН ҚЎНҒИЗГА
Кўклам туйғулари

Қўйинг, олтин қанотларин боғламанг,SRBIJA PRIRODA CVEĆE
Эрка кўнгли чечаклардек яшнасин.
Тутқунликда унинг қалбин доғламанг,
Бўстонларда бир оз кулиб яйрасин!

Ана кўклам ҳар томонга шеър сочмиш,
Боқчаларда очилмишдир чечаклар.
Лабларингдан ўпар қушлар — малаклар,
Олтин юзин гўзал қуёш ҳам очмиш.

Олтин қўнғиз, қанотларинг қайрилмиш,
Яна севги дардларини куйлайсан.
Парилардан ёниқ дилинг айрилмиш,
Англат менга, дардингними сўйлайсан?

Оёғингга ип тақилмиш, кел узай!
Сен-да бир оз япроқларда кул, яйра,
Эркинликнинг йўлларини кел тузай,
Руҳим учун сен нағма чал, бир сайра!

Олтин қўнғиз, ипни уздим, кўкка уч!
Севганингнинг юзларидан ўпиб, қуч.

1924

БУЛОҚЛАР ЁНИДА

Нағмангиз, ҳой, мунча ёниқ,
Тинглар сизни бутун борлиқ.
Ойнинг олтин кокиллари
Қўйнингизда очиқ-сочиқ.

Шод булоқлар, нағма чолинг!
Чўпонларнинг кўнглин олинг.
Сизга эмди боғланмишман,
Қочманг мендан, бир оз қолинг!

Бир оз сўнгра қуёш боқар,
Уфқларга лола тақар.
Билмам, сизга налар сўзлаб,
Кўксингизни ўт-ла ёқар.

Уваларга нағма сочиб,
Чўпон дилин гулдек очиб,
Қувишасиз, шод булоқлар,
Узоқларга мендан қочиб,

Ёш кўнглимга жўшиб оқди
Тотли, қувноқ куйларингиз,
Ўксиз руҳим қанот қоқди.
Қучсин сизни, қўл очингиз,
Эй табиат шоирлари!

1925

ЁШ ЙЎЛЧИ

Йўлим кўп узоқ,
Амалим порлоқ:
Орзулар тошди
Кўксимда бу чоқ.

Қутурма, денгиз,
Ҳовлиқма, денгиз.
Кичик қайиқни
Ирғитма, денгиз!

Ёш кучим толмас,
Тилагим қўрқмас.
Тоғдек тўлқининг
Йўлимни тўсмас.

Ёш кўнгил тошар,
Кўклардан ошар.
Севган юлдузин
Ахтариб қучар.

1925, сентябрь

ҚУЁШ БОТАРКАН

Оғир-оғир қанот қоқиб,
Увалардан қушлар учди.
Тоғ-тошларга чечак тақиб,
Уфқларни қуёш қучди.

Кенг қирларнинг эркин ели
Чечаклардан ўпиш олди.
Булоқларнинг эрка тили
Шеър сўйлаб, нағма чолди,

Тошди менда севги, амал.
Узоқларда юлдуз порлар.
Бу оқшомнинг руҳи гўзал,
Қучоғида кўнгил яйрар.

1925

КАПАЛАК

Қувдим боғларда,
Ёшлик чоғларда
Ўртоғим  эдинг
Лолазорларда.

Пир-пир этардинг,
Ташлаб кетардинг,
Тутқич бермасдан
Кўнглим эзардинг.

Гўзал капалак!
Сенга не керак?
Билдим… қалбингда
Сўлғун бир тилак.

Гуллар очилди,
Ҳидлар сочилди,
Баҳор нашъаси
Ҳар ён ёйилди!

Уч, уч, қанот ёз!
Сен титрак бир соз,
Кўклам шеъридан
Тинглайин бир оз.

1925

ЧЕЧАКЛАР ТЕРГАНДА

Қўлимда даста-даста
Сўлдингиз, ёш чечаклар.
Қалбингиз энди хаста,
Сўндими у тилаклар?

Тоғларда очилдингиз,
Йўлларга сочилдингиз,
Шоирнинг кўнгли каби
Кулдингиз, ёйилдингиз.

Юзингиз тўла ҳасрат,
Боқдингиз малакларим!
На қилай, уздим фақат,
Эзилди юракларим…

1926

БАҲОРНИНГ КЕЛИШИ

Ботди қуёш — қиз,
Ёнди узоқда
Атлас этаги.
Кўкда бир юлдуз
Кулди шу чоқда…

Оқшом чечаги!
Енгил шамоллар
Тентираб қолди
Кўча-кўйларда.
Майин рўмоллар
Каби судралди
Оқ булут кўкда.

Баҳорнинг нозик,
Ипак нафаси
Етишди қонга.
Тарновдан «тик-тик»
Томчи пардаси
Учди ҳар ёнга…

Кўзимда қотган
Дард қанотланди,
Йўқликка учди.
Қалбда ухлаган;
Нашъа уйғонди,
Кўкламни қучди,

1929, апрель

* * *

Яна баҳор келди, яна қалб ёнар,
Яна гул палласи, яна ишқ фасли,
Узоқликлар сари кўнгил толпинар.
Яна ичда жўшар ҳисларнинг масти…

Уфқлар имлайди, кўк ҳам, булут ҳам,
Гунафша кўзида ёнар жонли ҳис,
Дарахтларга гулдан тож қўйган кўклам,
Ишқим юпатса-чи… йўқ, мендан олис!

Ариқларда лим-лим оқади шўх сув,
Йўқ, сув эмас, оқар жонли, ҳур қўшиқ,
Боғларни қучган бир олтин уйқу
Ҳар ёнда гўзаллик, ҳар ён бахт тўлиқ.

1929, апрель

ОНЛАР

I

Қуёш оғди уфқдан,
Бир тўплам олов сочин
Илиб қолди ўрмонлар…

Узоқликларда шу он
Секин ёзди қанотин
Мовий, майин туманлар.

Енгил табассум ёғар,
Осмон зангори, сўнгсиз
Коинотга боқаман.

Кўкда юлдузлар ёнар,
Абадият гўзал қиз
Каби ётар… толаман…

1929, апрель

II

Мен юраман аста-секин,
Йўллар қумли, ипак каби…
Уйғонмиш тонг ва шамоллар.

* * *

Узун йўлнинг ўнг ва чап
Қатор юксак яшил арча
Учларида қуёш ёнар.

* * *

Эркин қушлар ва япроқлар,
Куйлашади узоқ-яқин.
Бундан кўзни ололмайман.

* * *

Шунда битар ғам, фироқлар,
Мангу ҳаёт мусиқасин
Тинглаб-тинглаб қонолмайман…

1929, май, Ялта

ЯЛТА КЕЧАСИ

1

Кумуш булутлар қучоғида ой
шўнғиб сузади.
Бурушиқ тоғлар, дала, қир ва сой
мудраб ётади.

Оғочликларда япроқлар куйи
тунни аллалар.
Юлдузлар тўкар оҳиста қуйи
олтин хандалар…

Уринмай мағрур ётоғини тинч
қучгандир денгиз,
Қалбимда ўйнар сўнгсиз бир севинч,
кезаркан ёлғиз…

1929, май.

2

Ой кўкда бепарво тентирар яна,
Кумуш тун чексизлик қучоқлашганлар,
Тоғларда аллаким ёқди аланга,
Афсона девларнинг кўзидек ёнар.

Кўзимда белгисиз кўлканинг изи,
Севгим ҳам кўнгилда тип-тинч ухлайди,
Суюкли чечаклар, боғчалар қизи
Руҳимга нега нашъа тақмайди.

Хаёл кемасида сира чарчамай,
Кезаман жимгина мен коинотни…
Сен мени масхара қилма, гўзал ой!
Шоирлар севади шундай ҳаётни.

1929

* * *

Уфқлар қуроқ тутди.
Ранг-баранг булутлардан.
Юксак оғочлар учи
Қуёш сочлари билан
Секин ўйнайди…

Соф узоқлик,
Сўнгсизлик
Маъсум бола каби тинч,
Абадият қўйнида
Ётиб мудрайди…

Жимгина толаман…
Шу дамда
Кўнгил фалсафасига
Сажда қиламан.
Кўксимга сиғмайди —
Севги, севинч…

1929

КУНДУЗ

Катта оқ туя каби,
Булутлар секин чўкар
Яшил тоғ, тепаларга…

Анҳор кумуш лентаси
Уфқларга чўзилар…
На фусункор манзара!

Нозли сарвлар секин
Узоқларда рақс этар,
Ҳаво тиниқ, енгил, соф.

Узун олтин бандагин
Оғочликларда сургар
Кўклам қизи офтоб…

1930, Сочи

* * *

Булутлар сочингга кўз ёшим каби
Томчилаб ўтдилар бинафшазорда,
Кўз ёшим аралаш юрагим ғами
Ёзилиб кетганди бир чоғ баҳорда.

Булутлар қалдираб кечди ўт чақиб,
Чўпон уйқусига томчилар томди.
Сочларинг ёмғирдан гавҳарлар тақиб,
Кулардинг, боқишлар менга илҳомди.

Ҳар баҳор сургайди бинафшазорга,
Гулларнинг кўзидан, нозик ҳидидан
Ёдимга тушади эски хотира.
Бинафша ярқирар кўз томчисидан…

1934

КЎКЛАМ ҲИСЛАРИ

Бошимда олманинг хушбўй оқ гули,
Улуғ ерни қучиб ётибман уйғоқ.
Қулочим етмаса қалбим еткуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ.

Дарахтлар кўтармиш гул қадаҳчалар
Кўкламнинг, ҳаётнинг соғлиги учун…
Ясанса, қузонса қирлар, боғчалар,
Нега меҳнат, ерни мақтамай бугун?

Бирлашган меҳнат-ла техника ва фан,
Ҳаёт олтинини шахдам қазийди.
Колхознинг ҳар ёғи туташ бир гулшан
Бу ерда иш — меҳнат бир қўшиқ каби.

Ота-боболарнинг хотираларин
Бир сукут сингари сақлайди бу ер.
Фақат мафтун этар шоир хаёлин
Қўйнидаги кўклам, манглай тўккан тер.

1934

* * *

Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!

Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.

Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор…
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?…

1934, 21 декабрь

* * *

Майсада ётаркан, ўйладим сени,
Ёш эдик, шўх здик у чоқларда биз.
Қуёшдек яшарди ичда севгимиз,
Шодликнинг, кулгининг бормиди чеки?

Кўзлар хаёлчанди, бўсалар думбул,
Ҳисларга мажҳулди ҳижроннинг туни.
Дилларни тўлдирган бахт эди нуқул,
Майсада ётгандик бир баҳор куни…

1935

ТОҒ САЙРИ

Ахтариб топганимда «Ўн икки булоқ!»
Қалбимда ўн икки шеър бирдан жўш урди,
Ҳаммаси шивирлайди сиздек, шўх, иноқ…
Кўксимгз ҳам ўн икки баҳор югурди…

Порлоқ ва шаън ўн икки кўзнинг ишқида,
Кўзларим хийла замон адашиб қолди.
Севинч қайнар, жилдирар соф кумушида…
Ўн икки қиз изидан хаёл йўл солди…

Нурлардан ҳалқачалар оқар, жимирлар…
Тошларда еинар майин табассумлари,
Олтин ипга чизилар жонли инжулар,
Бўсадан-да шириндир, ич, ютумлари!

Ўн икки пиёланинг ялтироқ мавжи,
Тўкинган лабларимда қолар бир умр,
Кўзлари сени ўпган бирон йўловчи,
Балки бир чоғ севгимни ҳикоя қилур!

Мен Эпокринни* ҳам унутдим ҳозир,
Афсона томиридан оқа берсин у.
Ўн икки шеър қалби бунда тошадир,
Илҳом қадаҳларининг чиройлиси шу.

Ҳар томчисида бутун қуёш бекинган,
Гуллар нафис бошларини эгмиш таъзимкор
Баргларини варақлаб шамол тинмасдан
Шивирлар чашмаларга… муҳаббат изҳор.

Чўмилган япроқларнинг сассиз чапаги,
Қўйнида қубба-қубба ёнғоқ юмалар.
Кўкнинг фирузасидан сирпаниб чопар
Ўн икки кўз қаъридан қувноқ нашъаси!

1936

*Эпокрин — юракни қувватлантирадиган дори

* * *

Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Кўк гулшани дурлар каби порлайди бу оқшом,
Ҳар тоғда-ю, қирда ётади нозли хуш ором,
Дунёдаги кўзлар аро шаҳлосини ёд эт!

Кўксимни эзар ҳажрида қалбимдаги туйғу,
Тепамда қуяр куйини булбул яна шўх, шаън.
Гуллар қадаҳин кечки Шамол аста тўкаркан,
Ёдимга тушар сен каби дилбар, гўзал орзу.

Ёлғиз кезаман шарқираган сув ёқасидан,
Ёдингни қучиб ўлтираман тош каби сокин.
Олам қочади, сен кирасан, қалбга шу чоғ тинч,
Ширингина рўё каби оқшом қорасинда…

Ёр кўзларининг ишқини, хумморини ёд эт!
Овозини, шўх созини ҳам нозини ёд эт!

1936, июль

* * *

Юраман, тошади севинчим.
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим…
Юлдузлар чамани гуллаган.

Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.

Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, қаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

1936, июль, Чимён

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.

Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.

Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

1936

ЁР

Кўксимдаги севинч шунча зўр,
Думалаймен майсада танҳо.
Гоҳ тентираб кетамен узоқ,
Ерни қучиб ўпамен гоҳо…

Қир, тепалар адирлар чаман,
Кўклам ёйган ҳар ерда гилам.
Олтинланган хушёқар ҳаво,
Шўх, маст шамол тинмайди бирдам.

Турналарнинг қоп-қора ипи
Жилпоқланиб кўкда сўнар жим.
От кишнаши ҳусн далага,
Гувиллайди сойда сув лим-лим…

Танҳо кезиб, мириқиб думалаб,
Соғинч билан ерни ўпаман,
Дейман: кўп соз меҳрли она,
Қучоғингга бир кун қайтаман…

Шимолий Тошкент канали,
1942, апрель.

* * *

Баҳор келди — кумуш ранг кимхоб,
Дарахтлар оппоқ гулда — машъал.
Бол терилур гул қадаҳлардан
Гул фасли — баҳор фасли… офтоб…

Гул фасли, нур фасли чақнайди,
Янграр қўшиқ ҳавода, кўкда.
Қирлар гулгун, лолаларга ғарқ,
Лолалардпн гилам кўк ўтда.

Парча булут тўкилиб кетди
Дув қуйилди марварид ёмғир.
«Бўри туғди», чақнайди кулгу,
Яланг оёқ болаларга ҳузур.

Боғ-қирлардан чопар шийпонга,
«Бўри туғди» — кулиб катталар.
Зум ўтмасдан тинади ёмғир,
Ачинади чопқир болалар.

Ариқларда, сойларда тошқин,
Дарахтлар-да гуллардан тошқин,
Баҳор келди, гул фасли келди,
Кўнгилларда севинчлар тошқин,

1965, апрель

Ustoz Oybek she’rlarini sog‘inib-sog‘inib o‘qiyman. Bu, benazir shoirning o‘zi aytganidek, “toza, yovvoyi tuyg‘ular”dan dunyoga kelgan she’rlardan yurak yorug‘lashadi, ongu shuuringda yulduzlar chaqnaydi…

OYBЕK
KO‘KLAM HISLARI
08

OLTIN QO‘NG‘IZGA
Ko‘klam tuyg‘ulari

Qo‘ying, oltin qanotlarin bog‘lamang,depositphotos_27910175-stock-photo-spring-wildflowers.jpg
Erka ko‘ngli chechaklardek yashnasin.
Tutqunlikda uning qalbin dog‘lamang,
Bo‘stonlarda bir oz kulib yayrasin!

Ana ko‘klam har tomonga she’r sochmish,
Boqchalarda ochilmishdir chechaklar.
Lablaringdan o‘par qushlar — malaklar,
Oltin yuzin go‘zal quyosh ham ochmish.

Oltin qo‘ng‘iz, qanotlaring qayrilmish,
Yana sevgi dardlarini kuylaysan.
Parilardan yoniq diling ayrilmish,
Anglat menga, dardingnimi so‘ylaysan?

Oyog‘ingga ip taqilmish, kel uzay!
Sen-da bir oz yaproqlarda kul, yayra,
Erkinlikning yo‘llarini kel tuzay,
Ruhim uchun sen nag‘ma chal, bir sayra!

Oltin qo‘ng‘iz, ipni uzdim, ko‘kka uch!
Sevganingning yuzlaridan o‘pib, quch.

1924

BULOQLAR YONIDA

Nag‘mangiz, hoy, muncha yoniq,
Tinglar sizni butun borliq.
Oyning oltin kokillari
Qo‘yningizda ochiq-sochiq.

Shod buloqlar, nag‘ma choling!
Cho‘ponlarning ko‘nglin oling.
Sizga emdi bog‘lanmishman,
Qochmang mendan, bir oz qoling!

Bir oz so‘ngra quyosh boqar,
Ufqlarga lola taqar.
Bilmam, sizga nalar so‘zlab,
Ko‘ksingizni o‘t-la yoqar.

Uvalarga nag‘ma sochib,
Cho‘pon dilin guldek ochib,
Quvishasiz, shod buloqlar,
Uzoqlarga mendan qochib,

Yosh ko‘nglimga jo‘shib oqdi
Totli, quvnoq kuylaringiz,
O‘ksiz ruhim qanot qoqdi.
Quchsin sizni, qo‘l ochingiz,
Ey tabiat shoirlari!

1925

YoSh YO‘LCHI

Yo‘lim ko‘p uzoq,
Amalim porloq:
Orzular toshdi
Ko‘ksimda bu choq.

Quturma, dengiz,
Hovliqma, dengiz.
Kichik qayiqni
Irg‘itma, dengiz!

Yosh kuchim tolmas,
Tilagim qo‘rqmas.
Tog‘dek to‘lqining
Yo‘limni to‘smas.

Yosh ko‘ngil toshar,
Ko‘klardan oshar.
Sevgan yulduzin
Axtarib quchar.

1925, sentyabr

QUYOSH BOTARKAN

Og‘ir-og‘ir qanot qoqib,
Uvalardan qushlar uchdi.
Tog‘-toshlarga chechak taqib,
Ufqlarni quyosh quchdi.

Keng qirlarning erkin yeli
Chechaklardan o‘pish oldi.
Buloqlarning erka tili
She’r so‘ylab, nag‘ma choldi,

Toshdi menda sevgi, amal.
Uzoqlarda yulduz porlar.
Bu oqshomning ruhi go‘zal,
Quchog‘ida ko‘ngil yayrar.

1925

KAPALAK

Quvdim bog‘larda,
Yoshlik chog‘larda
O‘rtog‘im eding
Lolazorlarda.

Pir-pir etarding,
Tashlab ketarding,
Tutqich bermasdan
Ko‘nglim ezarding.

Go‘zal kapalak!
Senga ne kerak?
Bildim… qalbingda
So‘lg‘un bir tilak.

Gullar ochildi,
Hidlar sochildi,
Bahor nash’asi
Har yon yoyildi!

Uch, uch, qanot yoz!
Sen titrak bir soz,
Ko‘klam she’ridan
Tinglayin bir oz.

1925

ChЕCHAKLAR TЕRGANDA

Qo‘limda dasta-dasta
So‘ldingiz, yosh chechaklar.
Qalbingiz endi xasta,
So‘ndimi u tilaklar?

Tog‘larda ochildingiz,
Yo‘llarga sochildingiz,
Shoirning ko‘ngli kabi
Kuldingiz, yoyildingiz.

Yuzingiz to‘la hasrat,
Boqdingiz malaklarim!
Na qilay, uzdim faqat,
Ezildi yuraklarim…

1926

BAHORNING KЕLISHI

Botdi quyosh — qiz,
Yondi uzoqda
Atlas etagi.
Ko‘kda bir yulduz
Kuldi shu choqda…

Oqshom chechagi!
Yengil shamollar
Tentirab qoldi
Ko‘cha-ko‘ylarda.
Mayin ro‘mollar
Kabi sudraldi
Oq bulut ko‘kda.

Bahorning nozik,
Ipak nafasi
Yetishdi qonga.
Tarnovdan “tik-tik”
Tomchi pardasi
Uchdi har yonga…

Ko‘zimda qotgan
Dard qanotlandi,
Yo‘qlikka uchdi.
Qalbda uxlagan;
Nash’a uyg‘ondi,
Ko‘klamni quchdi,

1929, aprel

* * *

Yana bahor keldi, yana qalb yonar,
Yana gul pallasi, yana ishq fasli,
Uzoqliklar sari ko‘ngil tolpinar.
Yana ichda jo‘shar hislarning masti…

Ufqlar imlaydi, ko‘k ham, bulut ham,
Gunafsha ko‘zida yonar jonli his,
Daraxtlarga guldan toj qo‘ygan ko‘klam,
Ishqim yupatsa-chi… yo‘q, mendan olis!

Ariqlarda lim-lim oqadi sho‘x suv,
Yo‘q, suv emas, oqar jonli, hur qo‘shiq,
Bog‘larni quchgan bir oltin uyqu
Har yonda go‘zallik, har yon baxt to‘liq.

1929, aprel

ONLAR

I

Quyosh og‘di ufqdan,
Bir to‘plam olov sochin
Ilib qoldi o‘rmonlar…

Uzoqliklarda shu on
Sekin yozdi qanotin
Moviy, mayin tumanlar.

Yengil tabassum yog‘ar,
Osmon zangori, so‘ngsiz
Koinotga boqaman.

Ko‘kda yulduzlar yonar,
Abadiyat go‘zal qiz
Kabi yotar… tolaman…

1929, aprel

II

Men yuraman asta-sekin,
Yo‘llar qumli, ipak kabi…
Uyg‘onmish tong va shamollar.

* * *

Uzun yo‘lning o‘ng va chap
Qator yuksak yashil archa
Uchlarida quyosh yonar.

* * *

Erkin qushlar va yaproqlar,
Kuylashadi uzoq-yaqin.
Bundan ko‘zni ololmayman.

* * *

Shunda bitar g‘am, firoqlar,
Mangu hayot musiqasin
Tinglab-tinglab qonolmayman…

1929, may, Yalta

YALTA KЕCHASI

1

Kumush bulutlar quchog‘ida oy
sho‘ng‘ib suzadi.
Burushiq tog‘lar, dala, qir va soy
mudrab yotadi.

Og‘ochliklarda yaproqlar kuyi
tunni allalar.
Yulduzlar to‘kar ohista quyi
oltin xandalar…

Urinmay mag‘rur yotog‘ini tinch
quchgandir dengiz,
Qalbimda o‘ynar so‘ngsiz bir sevinch,
kezarkan yolg‘iz…

1929, may.

2

Oy ko‘kda beparvo tentirar yana,
Kumush tun cheksizlik quchoqlashganlar,
Tog‘larda allakim yoqdi alanga,
Afsona devlarning ko‘zidek yonar.

Ko‘zimda belgisiz ko‘lkaning izi,
Sevgim ham ko‘ngilda tip-tinch uxlaydi,
Suyukli chechaklar, bog‘chalar qizi
Ruhimga nega nash’a taqmaydi.

Xayol kemasida sira charchamay,
Kezaman jimgina men koinotni…
Sen meni masxara qilma, go‘zal oy!
Shoirlar sevadi shunday hayotni.

1929

* * *

Ufqlar quroq tutdi.
Rang-barang bulutlardan.
Yuksak og‘ochlar uchi
Quyosh sochlari bilan
Sekin o‘ynaydi…

Sof uzoqlik,
So‘ngsizlik
Ma’sum bola kabi tinch,
Abadiyat qo‘ynida
Yotib mudraydi…

Jimgina tolaman…
Shu damda
Ko‘ngil falsafasiga
Sajda qilaman.
Ko‘ksimga sig‘maydi —
Sevgi, sevinch…

1929

KUNDUZ

Katta oq tuya kabi,
Bulutlar sekin cho‘kar
Yashil tog‘, tepalarga…

Anhor kumush lentasi
Ufqlarga cho‘zilar…
Na fusunkor manzara!

Nozli sarvlar sekin
Uzoqlarda raqs etar,
Havo tiniq, yengil, sof.

Uzun oltin bandagin
Og‘ochliklarda surgar
Ko‘klam qizi oftob…

1930, Sochi

* * *

Bulutlar sochingga ko‘z yoshim kabi
Tomchilab o‘tdilar binafshazorda,
Ko‘z yoshim aralash yuragim g‘ami
Yozilib ketgandi bir chog‘ bahorda.

Bulutlar qaldirab kechdi o‘t chaqib,
Cho‘pon uyqusiga tomchilar tomdi.
Sochlaring yomg‘irdan gavharlar taqib,
Kularding, boqishlar menga ilhomdi.

Har bahor surgaydi binafshazorga,
Gullarning ko‘zidan, nozik hididan
Yodimga tushadi eski xotira.
Binafsha yarqirar ko‘z tomchisidan…

1934

KO‘KLAM HISLARI

Boshimda olmaning xushbo‘y oq guli,
Ulug‘ yerni quchib yotibman uyg‘oq.
Qulochim yetmasa qalbim yetkusi,
Insonning qalbiga quyosh jinchiroq.

Daraxtlar ko‘tarmish gul qadahchalar
Ko‘klamning, hayotning sog‘ligi uchun…
Yasansa, quzonsa qirlar, bog‘chalar,
Nega mehnat, yerni maqtamay bugun?

Birlashgan mehnat-la texnika va fan,
Hayot oltinini shaxdam qaziydi.
Kolxozning har yog‘i tutash bir gulshan
Bu yerda ish — mehnat bir qo‘shiq kabi.

Ota-bobolarning xotiralarin
Bir sukut singari saqlaydi bu yer.
Faqat maftun etar shoir xayolin
Qo‘ynidagi ko‘klam, manglay to‘kkan ter.

1934

* * *

Bir yutum may kabi
Seva simirdim
Gilosday labingni,
Do‘ndiq, sevgilim!

Bir yutum may kabi
Seva simirdim,
U damda abadiy
Tuyuldi umrim.

Oy nurin yopingan
Chiroyli bahor…
Qani u sog‘ingan
Gilos dudoqlar?…

1934, 21 dekabr

* * *

Maysada yotarkan, o‘yladim seni,
Yosh edik, sho‘x zdik u choqlarda biz.
Quyoshdek yashardi ichda sevgimiz,
Shodlikning, kulgining bormidi cheki?

Ko‘zlar xayolchandi, bo‘salar dumbul,
Hislarga majhuldi hijronning tuni.
Dillarni to‘ldirgan baxt edi nuqul,
Maysada yotgandik bir bahor kuni…

1935

TOG‘ SAYRI

Axtarib topganimda “O‘n ikki buloq!”
Qalbimda o‘n ikki she’r birdan jo‘sh urdi,
Hammasi shivirlaydi sizdek, sho‘x, inoq…
Ko‘ksimgz ham o‘n ikki bahor yugurdi…

Porloq va sha’n o‘n ikki ko‘zning ishqida,
Ko‘zlarim xiyla zamon adashib qoldi.
Sevinch qaynar, jildirar sof kumushida…
O‘n ikki qiz izidan xayol yo‘l soldi…

Nurlardan halqachalar oqar, jimirlar…
Toshlarda yeinar mayin tabassumlari,
Oltin ipga chizilar jonli injular,
Bo‘sadan-da shirindir, ich, yutumlari!

O‘n ikki piyolaning yaltiroq mavji,
To‘kingan lablarimda qolar bir umr,
Ko‘zlari seni o‘pgan biron yo‘lovchi,
Balki bir chog‘ sevgimni hikoya qilur!

Men Epokrinni* ham unutdim hozir,
Afsona tomiridan oqa bersin u.
O‘n ikki she’r qalbi bunda toshadir,
Ilhom qadahlarining chiroylisi shu.

Har tomchisida butun quyosh bekingan,
Gullar nafis boshlarini egmish ta’zimkor
Barglarini varaqlab shamol tinmasdan
Shivirlar chashmalarga… muhabbat izhor.

Cho‘milgan yaproqlarning sassiz chapagi,
Qo‘ynida qubba-qubba yong‘oq yumalar.
Ko‘kning firuzasidan sirpanib chopar
O‘n ikki ko‘z qa’ridan quvnoq nash’asi!

1936

*Epokrin — yurakni quvvatlantiradigan dori

* * *

Yor ko‘zlarining ishqini, xumorini yod et!
Ko‘k gulshani durlar kabi porlaydi bu oqshom,
Har tog‘da-yu, qirda yotadi nozli xush orom,
Dunyodagi ko‘zlar aro shahlosini yod et!

Ko‘ksimni ezar hajrida qalbimdagi tuyg‘u,
Tepamda quyar kuyini bulbul yana sho‘x, sha’n.
Gullar qadahin kechki Shamol asta to‘karkan,
Yodimga tushar sen kabi dilbar, go‘zal orzu.

Yolg‘iz kezaman sharqiragan suv yoqasidan,
Yodingni quchib o‘ltiraman tosh kabi sokin.
Olam qochadi, sen kirasan, qalbga shu chog‘ tinch,
Shiringina ro‘yo kabi oqshom qorasinda…

Yor ko‘zlarining ishqini, xummorini yod et!
Ovozini, sho‘x sozini ham nozini yod et!

1936, iyul

* * *

Yuraman, toshadi sevinchim.
Bu sevinch qayerdan, bilmayman.
Kechaning og‘ushi latif, jim…
Yulduzlar chamani gullagan.

Toshlar ham, qushlar ham uxlaydi
Shamollar uchganda yep-yengil,
Oy nuri mavjlanib titraydi,
Barglarga kiradi shirin til.

Koinot sevgisi gul kabi
Qalbimda ochilar, qayol — hur.
To‘ladir sevinchning qadahi,
Yulduzlar tomchilar oltin nur…

1936, iyul, Chimyon

NA’MATAK

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Yuksakda, shamolning belanchagida,
Quyoshga ko‘tarib bir savat oq gul,
Viqor-la o‘shshaygan qoya labida.

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Mayin raqsiga hech qoniqmas ko‘ngil,
Vahshiy toshlarga ham u berar fusun,
So‘nmaydi yuzida yorqin tabassum.

Yanoqlarni tutib oltin bo‘sa-chun,
Quyoshga tutadi bir savat oq gul!
Poyida yig‘laydi kumush qor yum-yum…
Nafis chayqaladi bir tup na’matak…

Shamol injularni separ chashmadak
Boshida bir savat oq yulduz — chechak,
Nozik salomlari naqadar ma’sum!
Tog‘lar havosining firuzasidan
Mayin tovlanadi butun niholi.

Vahshiy qoyalarning ajib ijodi:
Yuksakda raqs etar bir tup na’matak,
Quyoshga bir savat gul tutib xursand!

1936

YOR

Ko‘ksimdagi sevinch shuncha zo‘r,
Dumalaymen maysada tanho.
Goh tentirab ketamen uzoq,
Yerni quchib o‘pamen goho…

Qir, tepalar adirlar chaman,
Ko‘klam yoygan har yerda gilam.
Oltinlangan xushyoqar havo,
Sho‘x, mast shamol tinmaydi birdam.

Turnalarning qop-qora ipi
Jilpoqlanib ko‘kda so‘nar jim.
Ot kishnashi husn dalaga,
Guvillaydi soyda suv lim-lim…

Tanho kezib, miriqib dumalab,
Sog‘inch bilan yerni o‘paman,
Deyman: ko‘p soz mehrli ona,
Quchog‘ingga bir kun qaytaman…

Shimoliy Toshkent kanali,
1942, aprel.

* * *

Bahor keldi — kumush rang kimxob,
Daraxtlar oppoq gulda — mash’al.
Bol terilur gul qadahlardan
Gul fasli — bahor fasli… oftob…

Gul fasli, nur fasli chaqnaydi,
Yangrar qo‘shiq havoda, ko‘kda.
Qirlar gulgun, lolalarga g‘arq,
Lolalardpn gilam ko‘k o‘tda.

Parcha bulut to‘kilib ketdi
Duv quyildi marvarid yomg‘ir.
“Bo‘ri tug‘di”, chaqnaydi kulgu,
Yalang oyoq bolalarga huzur.

Bog‘-qirlardan chopar shiyponga,
“Bo‘ri tug‘di” — kulib kattalar.
Zum o‘tmasdan tinadi yomg‘ir,
Achinadi chopqir bolalar.

Ariqlarda, soylarda toshqin,
Daraxtlar-da gullardan toshqin,
Bahor keldi, gul fasli keldi,
Ko‘ngillarda sevinchlar toshqin,

1965, aprel

(Tashriflar: umumiy 4 369, bugungi 1)

Izoh qoldiring