Shermuhammad Munis. G’azallar, hikmatlar

003Тийрак нигоҳ билан теварак-атрофни кузатувчи Ҳерман Вамбери 1863 йили Хоразмга келганида Огаҳий билан танишгани ҳақида ёзганди.У ўзининг «Ўрта Осиёга саёҳат» асарида , » Мен Хивада икки оға-ини билан танишдим.Бири Мунис — аъло поэмалар ёзган. Иккинчиси—мироб..Огаҳийдир», дея таъкидлайди. Аслида Вамбери Огаҳий билан учрашиб, Муниснинг асарлари билан танишганди (Умид Бекмуҳаммаднинг «Огаҳийнинг огоҳлиги» мақоласидан. Мақолани мана саҳифада ўқишингиз мумкин).

ШЕРМУҲАММАД МУНИС
ҒАЗАЛЛАР
009

034Шермуҳаммад Авазбий ўғли Мунис 1778 йили Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида Мироб оиласида дунёга келди. Мунис унинг адабий тахаллуси бўлиб, луғавий маъноси “улфат”, “ҳамдам”, “дўст” демакдир. У дастлабки маълумотни туғилган қишлоғида олган, кейинчалик Хива мадрасаларида ўқишни давом эттирган. Мунис мадраса таълимидан сўнг мустақил ўқишга берилди, тез фурсатда араб, форс тилларини билиб олиб, Шарқ мумтоз адабиётини изчил ўрганишга киришди. Низомийдан тортиб, то ўзи яшаган даврга қадар ўтган сўз санъаткорларининг ижоди билан танишиб чиқди. Ёш Мунисниниг илм олиш йўлидаги бундай жиддий қадамлари, шубҳасиз, унинг келгусида буюк талант эгаси бўлиб чиқишидан дарак берар эди. 1800 йилда отаси вафот этгач, Аваз Муҳаммад Иноқ Мунисни саройнинг фармоннавис котиби қилиб тайинлаган. Мунис замонасининг машҳур олим, шоир ва санъаткорлари билан яқин алоқада бўлиб, билими, салоҳияти ва куч-қувватини шеъриятга, илм-фан ва маърифатга бағишлаган.

У 1804 йилда биринчи шеърлар девони – “Девони Мунис”ни яратган.

У ўзбек адабиётида Навоий анъаналарини ижодий давом эттирган катта истеъдод эгасидир. Мунис ўзбек тилида ажойиб адабий ва тарихий асарлар яратди ва форс тилидаги кўпгина тарихий ва адабий асарларни бошқа тиллардан ўзбек тилига таржима этишда ташаббус кўрсатган ва ҳуснихат мактабини яратган олимдир. У “Мунисул-ушшоқ” девони, маърифий-тарбиявий “Саводи-таълим” рисоласи, “Фирдавс-ул-иқбол” салномаси ҳамда ўзбек тилига ўгирган “Равзат-ус-сафо” (Мирхонд) асари билан ўзбек халқи маданияти тарихи хазинасига муносиб ҳисса қўшди.

Шермуҳаммад Мунис томонидан юксак маҳорат билан ёзилган тарихий асарлар ўз мазмуни, келтирилган маълумотларнинг кўплиги ва ранг-баранглиги билан алоҳида ўринни эгаллайди.

У маърифатпарварлик ғояларини илгари сурди, халқни онгли билимли бўлишга даъват этди. Мунис Хоразмий тарихшунос сифатида 1806 йилдан бошлаб Хива хонлиги тарихига оид “Фирдавс ул-иқбол” (“Бахт боғи”) номли тарихий асар ҳам ёза бошлади. Бу асарнинг 1812 йилгача бўлган қисмини Мунис Хоразмий ёзиб, 1812 йилдан кейинги воқеаларни Мунис Хоразмийнинг жияни Муҳаммад Ризо Огаҳий давом эттиради.

Мунис Хоразмий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, ва Муҳаммад Юсуф Баёний каби тарихчилар бир-бирларининг ишини давом эттириб, Хива хонлиги ҳудудида XVII аср иккинчи ярмидан то XX аср бошларигача рўй берган тарихий воқеаларни ўз ичига олувчи “Риёз-уд давла”, “Зубдатут таворих”, “Жомиъл воқеоти султоний”, “Гулшани давлат”, “Шоҳиди иқбол” асарларини ёзиб қолдирганлар. Бу асарларда XVII-XIX асрлар тарихи, айниқса Хоразмда Қўнғирот сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилгандан кейинги давр тарихи жуда муфассал баён этилади. Мунис томонидан ёзилган Хива тарихига оид манбалар, шубҳасиз, алоҳида ўрин эгаллайди.

Мунис асарлари билан танишган рус шарқшуноси академик В.В.Бартольд: “Муниснинг муфассал хроникалари Хоразмнинг охирги уч аср тарихига оид маълумотларимизнинг асоси сифатида кўп замонларгача сақланиб қолса керак”, – деб, бу асарларнинг илмий қийматига юксак баҳо берган эди.

Мунис XIX аср Хоразм адабий муҳитида раҳнамо ижодкор сифатида фаолият кўрсатди. У гарчи қисқа умр кўрган бўлса-да, катта адабий меррос қолдирди. Огаҳий, Комил, Аваз, Табибий, Баёний каби ўнлаб шоирлар Мунис изидан бордилар ва йирик санъаткор сифатида танилдилар.

009

* * *

Керакмас жон манга жонондан айру,
Киши нетсун баданни жондин айру.

Лабидур чашмаи ҳайвон, эмас Хизр,
Тирик ул чашмаи ҳайвондин айру.

Эрур равшан анинг ҳуснида они,
Ки кўнглум шод бўлмас ондин айру.

Нигорим боргали кўнглум бузулди,
Ки вайрон мулк ўлур султондин айру.

Булоғда йер пари тутғондек эрмас,
Хаёли дидаи гирёндин айру.

Вуҳуш ўлған каби Мажнунға дамсоз,
Ғами эрмас бу саргардондин айру.

Недин васлиға йеткурмас мени ким,
Эмас гул булбули ноладин айру,

Эмасман ишқидин айруки бўлмас.
Самандар отоши сўзондин айру.

Кўнгул кўйингдин айру беноводур,
Наво булбулда йўқ бўстондин айру.

На нашъа ҳосил айлар шайхи нодон,
Шароби соғари ирфондин айру.

Ёлиқтилар жаҳон аҳли, ва лекин,
Дами Мунис эмас афғондин айру.

* * *

Кўюнгда қилай десам гадолиғ,
Дерлар санга борму подшолиғ.

Тарк айладинг аҳли ошнони,
Бегонага айлаб ошнолиғ.

Ҳарна ситам ўлса қилғил, эй чарх,
Солма ароға вале жудолиғ.

Ботинда риёдур этса зоҳид,
Зоҳирда агарчи порсолиғ.

Мунис нега нукта кўп сурарсен.
Кам бўлса, матў ўлур баҳолиғ.

* * *

Қайси гулнинг мен киби бир андалиби зори бор?
Қайси булбулнинг сенингден бир гули бехори бор?

Қайси раъно сарвқадға қумрие бор мен киби?
Қайси қумрини қадингдек сарви хушрафтори бор?

Қайси лайливаш пари мажнуни бор мен телбадек?
Қайси мажнуннинг менингдек бир парирухсори бор?

Қайси ёр оллида мендек ошиқи жонбоз эрур?
Қайси ошиқнинг сенингдек нозанин дилдори бор?

Қайси бир айёрнинг бор мен киби саргаштаси?
Қайси бир саргаштанинг сендек бути айёри бор?

Қайси шоҳнинг Муниси маҳзун киби бордур қули?
Қайси гулнинг сен киби шоҳи фалакмиқдори бор?

* * *

Дўстлар, менсиз даме оҳанги ишрат қилмангиз,
Сиз ичиб саҳбо, мени хунхори ҳасрат қилмангиз.

Гар муяссар бўлса бир маҳбуб ила базми нишот,
Менсизиз суҳбат тузарга майлу рағбат қилмангиз.

Топсангиз базми висоле, анда ёд этмай мени,
Зор кўнглумни асири доғИ фурқат қилмангиз.

Мен киби йўқдур арода, манкубу махмури айш,
Кимсага мендин зиёда бода шафқа қилмангиз.

Аҳли дониш бирла ҳар дам айлангиз базми китоб,
ЖамЪИ нодонлар била изҳори улфат қилмангиз.

Дўст улдурким, ёмон кун юз эвурмас дўстидин,
Мунис аҳволин кўруб тарки муҳаббат қилмангиз.

* * *

Давлатинг борида бордур аҳли олам ошно,
Қайтғач давлат, жаҳонда топилур кам ошно.

Уйла бекаслик мени маҳзунға топмиш дастким,
Бир киши йўқдур манго жуз кулфату ғам ошно.

Баски, даврон хоҳиши бегоналиқ солмоқдурур,
Бир-бирига бўла олмас икки ҳамдам ошно.

Кимки бўлди ошно, бот айлади бегоналиғ,
Топмадим бу давр аро бир аҳди маҳкам ошно.

Гар вафо бўлса, парида бўлғай эрди, кўрмадим,
Бўлдилар ҳар нечаким авлоди одам ошно.

Ҳажр ранжидин ўларга етмишамким, кўрсалар,
Ҳолима тутғай азо бегона, мотам ошно.

Ишқ аро ул навъ эрур ваҳшат мен мажнунғаким,
Ўзгани демай, бўла олмас кўнгул ҳам ошно.

Дард чекмак, ашк тўкмак ишқ элига хосдур,
Ҳар кўнгулга дард, ҳар кўзга эмас нам ошно.

Мунис, даврон ғами бегона бўлса тонг эмас
Ким, сенга бўлмиш бийик донишвар Акрам ошно.

* * *

Басе ғам боридин чекмиш оғирни,
Ёғир бўлмиш ҳазин кўнглим ёғирни.

Фалак ғам юкларин солғонда элга,
Ёғирнимға менинг қўймиш оғирни.

Билурсан ғам юкин кўп чекканимни
Ёғирним устида кўрсанг ёғирни.

Итинг кўрсам, манга унс айласун деб,
Берурман гаҳ кўнгулн, гаҳ боғирни.

Рақиб оллингда бўлмоқдин ҳазинман,
Тиларман кўрмасам ул бўлмоғирни.

Замон аҳлиға бўлмиш шиква ойин,
Нетонг, севсам агар гунгу соғирни.

Нажоте истасанг Мунисға ғамдин,
Аёқчи, тут анга ҳар дам чоғирни.

* * *

Ваҳки, ул золим мени мазлумга қотил ҳануз,
Яъни ағёримға юз минг меҳр ила мойил ҳануз.

Ёшурун сирримни демай, халқ англаб, войким,
Айтиб англатмоқ била ҳолимни ул ғофил ҳануз.

Ваҳ, нечук баҳр эрди ҳижронким, миниб ғам заврақин,
Ҳар неча қатъ айларам, мавжуд эмас соҳил ҳануз.

Кўзу кўнглумдин балоға қолдим, оре, кимсага
Суд еткурган эмас аҳбоби ноқобил ҳануз.

Нафйи илми ишқ этиб, қилмоқ недур исботи вавқ,
Келмамиш, зоҳид, жаҳонға сен киби жоҳил ҳануз.

Мунисо, ҳушинг бор эрса, даҳри дун таркини тут
Ким, онинг бўлғон эмастур мойили оқил ҳануз.

* * *

Кўнглума бир гул ғамидин сончлибдур хорлар,
Оҳким, ҳар хоридин жонимдадур озорлар.

Айламиш кўнлумни мажнун жилвайи лайливаши
Ким, асири ғамзасидурлар парирухсорлар.

Турфа айёреки, дин нақдин олурда турраси,
Ўрганурлар андин ўғрилиқ ишин таррорлар.

Гардиши чашмидадур кайфияти даври қадаҳ,
Мен билибдурманки, билмаслар ани ҳушёрлар.

Мунисо, ағёр гар ҳамсуҳбат ўлса ёр ила,
Бўлма маҳзун, ҳамдами гул бўлғусидур хорлар.

* * *

Истадинг, эй дил, кўзин, жонинг керакмасму санга?
Куфри зулфин севдинг, имонинг керакмасму санга?

Дарду ғам сели била буздинг кўнгил кошонасин,
Эй малоҳат ганжи, вайронинг керакмасму санга?

Жамъ этиб, ўтлуғ кўнгулларни муқайяд айладинг,
Ҳалқайи зулфи паришонинг керакмасму санга?

Тийри ғамзанг муддаий кўнглига зоеъ қилмаким,
Ул хадафдур хора, пайконинг керакмасму санга?

Сарсари оҳимни, эй гардун, қилурсан тунду тез,
Машъали хуршеди рахшонинг керакмасму санга?

Эй гул, айларсан жафо хорин уруб, Мунисга жавр,
Андалиби дилкаш илҳоминг керакмасму санга?

* * *

Табассумда кўруб рангин лабингни ногиҳон ғунча,
Қилиб дилтанглик зоҳир, ичидин бўлди қон ғунча.

Сабо таҳрикидин, йўқ, балки оғзинг шармидин бошин
Қуйи солмоққа мойил бўлғусидур ҳар замон ғунча.

Очиқ чеҳрангни то кўрди дема, эй, гул очилмишдур,
Хижолат ғоятидин айламиш кулгу аён ғунча.

Кўнгул тор оғзинга бир ҳандада олдурдим, эй гулрух,
Киши кўрганму эркан бу сифат бир дилситон ғунча?

Омонлик истасанг бу боғ аро, хомуш бўл доим
Ки, офатдин омондур сиррин айтар то ниҳон ғунча.

Сенинг оғзинг хаёлидин қилур кўнглум қуши нола,
Эрур боис чу булбул қилса фарёду фиғон ғунча.

Кўнгул жамъияти топса халал эрмас, таажжубким,
Эмас бу боғ аро ошуфта бўлмоқдин омон ғунча.

Недур бу размгоҳ ичра бошингга истамаклик худ
Ки, эл хайли ўқиға бордур аввалроқ нишон ғунча.

Шитобон бўлма, рифъат қулласиға то кун эрмассен,
Камин айлаб ётибдур йўлда шери осмон, ғунча.

Фиғонким, барча бу гулшан видоидин эмас эмин
Ки, гаҳ гул узмак этмиш даъб, гоҳи, боғбон ғунча.

Анинг руҳсору лаъли ўйла рангиндурки, эй Мунис,
Агар кўрса, бўлур афсурда гул ҳам нотавон ғунча.

* * *

Қилурлар бир-бирининг суҳбатин гарчи ҳавас аҳбоб,
Эмаслар лек даврон гардишидин дастрас аҳбоб.

Фалак мундоғки душманкомлиғ зоҳир қилур ҳар дам,
Эмаслар ҳеч фориғ ғам чекардин бир нафас аҳбоб.

Муҳаббат расмидин огоҳ этиб, миннат тутуб бергил,
Агар жон нақдини сендин қилурлар мултамас аҳбоб.

Замона аҳлининг манзуридур чун моли жамъият,
Қачон топғай менингдек бир ғариб бе ҳечкас аҳбоб.

Эрурмен ўйла бекаским, борурға боғласам маҳмил,
Топилмас айламакка нола андоқким жарас, аҳбоб.

Тутай кимдин умиди марҳаматким, ёқғали жоним –
Урарлар оташ аъдову солурлар хору хас аҳбоб.

Десанг, аъдо шикасти давлатимға топмасунлар даст,
Йиғ атрофингға, эй шоҳ, адл бирла пешу пас аҳбоб.

Шакар янглиғ жаҳон аҳлиға ширинкомлиқ еткур,
Ҳужум этсун десанг устингда андоқким магас аҳбоб.

Эрур бир гул ҳавоси билра Мунис кўнгли болафшон,
Нечук сақларлар айлаб они маҳбуси қафас аҳбоб.

* * *

Бўлмаса жинси жамолингга харидор офтоб,
Не учун зарпошлиғлар айлар изҳор офтоб?

Сенки шоҳи ҳуснсен, ҳар кун қилиб қуллуқ санга,
Сажда айларга қўяр туфроққа рухсор офтоб.

Чиқ жамолингни очиб, то элга ҳуснин сотғали,
Қилмасун олам аро кўп арзи дийдор офтоб.

Хокбўсинг ҳусн элига мужиби иззатдурур,
Чарх уза чиқмас йўлингда бўлмайин хор офтоб…

ШамЪИ васлингдин агар етса фуруғе басдурур,
Андин ўзга шоми ҳажримға не даркор офтоб.

Даври рухсорингда мушкин зулф эмастур гўёё,
Қилди фош ойинаси гирдида зангор офтоб.

Не учун шому саҳар бошинг уза айланмасун,
Кўрмамиш ҳуснинг киби бу чархи даввор офтоб.

Рутбайи олий тиларсен, соф қил кўнглингниким,
Иртифў айларға мундиндур сазовор офтоб.

Юрутур яхши амал қабрингни, йўқса, суд эмас,
Тожинг узра бўлса гар ҳар дурри шаҳвор офтоб.

Бўл тафаррудпеша, Муниским, Масиҳоға мақом
Бўлди бу ишдин сипеҳр авжида то бор офтоб.

* * *

Кулбам сари жононим келмасму экин оё,
Ҳажрида ёмон ҳолим, билмасму экин оё?

Сўрмоққа борур ёрим ошиқлари аҳволин,
Деб ул мени ҳам ошиқ, келмасму экин оё?

Ҳажрида қолиб йиллар, олмас хабаре мандин,
Оллида киши ёдим қилмасму экин оё?

Сўрғай эди ҳолимни, ошиқларидин билса,
Гар билса, доғИ кўзга илмасму экин оё?

Ханжар чекиб эл бағрин тилмакдин этар эҳсон,
Бағримни менинг ёраб, тилмасму экин оё?

Баским тўладур ёшдин, кўзни оча олмасман,
Бир лутф илиги они силмасму экин оё?

Гулзори висолиға Мунис ета олмас ҳеч,
Айлаб талабин елдек елмасму экин оё?

* * *

Узорингда нуре аёндур, аён
Ки, андин куну ой нишондур, нишон.

Бало ўқларин отғали жонима,
Ики эгма қошинг камондур, камон.

Рақибингдин ўлмас аён яхшилик,
Ки, қавли-ю феъли ёмондур, ёмон.

Ҳаётимға зикри лабингдур сабаб,
Йўқ эрса, тириклик гумондур, гумон.

Манга суд эрур суди ишқинг ғами,
Анинг ҳарна ғайри зиёндур, зиён.

Эрурсан гаҳи кўз, гаҳи жон аро,
Сенга бу ики ер макондур, макон.

Нечук эл эрур оҳи сардим менинг,
Жаҳон боғИ андин хазондур, хазон.

Жигар бирла кўнглум қилиб қон ғаминг,
Ики кўз йўлидин равондур, равон.

Улус келса мендин фиғонга, нетонг,
Ишим кеча-кундуз фиғондур, фиғон.

Нетонг чиқмаса Мунис ул кўйдин,
Ки, ул анда ғамдин омондур, омон.

* * *

Ашк хун, рухсор зарду дил ҳазинг, толеъ қаро,
Дард гуногун, фалак дун, аҳли даврон бевафо.

Жон гаъмин, хотир мушавваш, ақл мажқудул – асар,
Ҳажр қотил, ёр ғофил, ишқ ғолиб борҳо.

Захм муҳлик, тири ғам паррон эрур, роми фалак,
Заъф муставли, бадан мажруҳ эрур, марҳам фано.

Дўст бепарво, кўнгул ошуфтаву душман қавий,
Муддаий кўп, таъна бисёру жафокор ошно.

Ҳам ҳаво бордур самуми оҳу ҳам ҳар сўз ашк,
Мазраъ офат, шоҳи нахли умр бенашъу намо.

Ёр ҳамсуҳбатлигидин токи айрилдим, эрур
Ҳамдамим ранжу ано, ҳамроз ғам, маҳрам бало.

Кишвари меҳнат шаҳименким, манга бордур мудом,
Бошға сочқан хок тожу тахт-эски бўрё.

Масканим хоки мазаллат, бистарим хори тааб,
Тўмам андуҳи надомат, ишратим тутмоқ азо.

Мажлисим қайғу, майим хуни жигар, жомим фироқ,
Лекин, эй Мунис, бу ҳангом ичрадур соқий қазо.

* * *

Ғунчалар очилди-ю, кўнглум очилмайдур ҳануз,
Булбулосо хотирим гул майли қилмайдур ҳануз.

Заъф аро ушшоқға ибрат бўлубман, оҳким,
Кўзга аҳволи низорим ёр илмайдур ҳануз.

Ваъдайи васл айлаб эрди, айлади таъхир кўп,
Ё ибо қилди-ю, ё ёдиға келмайдур ҳануз.

Пеша айлаб чарх золи тинмайин тун-кун даме
Дилбаримча жавр ойинини билмайдур ҳануз.

Ерни ашким ғарқ этиб, зўр этти оҳим сарсари,
Недин эркандур фалак тоқи йиқилмайдур ҳануз?

Юз надомат бирла эмди ўзни ўлтурсам, нетонг,
Сажда қилмоқлиқға бошим бир эгилмайдур ҳануз.

Ихтиёр этса агар Мунис яна саргашталик,
Панд қилмангким, жунунидин ойилмайдур ҳануз.

* * *

Ваҳки, мендин ишқ аро озурдажонроқ йўқ киши,
Ҳусн аро сендек доғИ номеҳрибонроқ йўқ киши.

Кимга заъфим шиддатин зоҳир қилурмен мунглашиб,
Чу ўзумдек ғам чекардин нотавонроқ йўқ киши.

Сели ашку ғам йиқибдур жисм ила кўнглум уйин,
Мен киби ушшоқ аро бехонумонроқ йўқ киши.

Жонлар исоринг қилиб кўрдум жафо, ваҳким, санга,
Неча қилсам яхшилик, мендин ёмонроқ йўқ киши.

Узв-узвимдин фиғонлар бош чекибтур тил киби,
Ишқ асрориға мендин таржимонроқ йўқ киши.

Ишқ ўти Мунис вужудин куйдурубдур ўйлаким,
Эмди андин ўзга беному нишонроқ йўқ киши.

* * *

Кимниким дўст дедум, душмани жон топдим они,
Неки андин тиладим суд, зиён топдим они.

Ёр меҳрин тилаб, ағёр жафосин кўрдум,
Майки гулгун талаб эттим, қаро қон топдим они.

Ғунчайи хотирим очмоқға насиме тиладим,
Гоҳ ўтлиғ елу гоҳ боди хазон топдим они.

Некхоҳим деганим барча бор эркан бадхоҳ,
Ониким англар эдим яхши, ёмон топдим они.

Ишқ андуҳи ниҳон қолмоқи имкон эрмас,
Менки ёшурмоқ ишим эрди, аён топдим они…

Вақтдур, дилбариға топса нишоне Мунис
Ким, ғами ишқ аро беному нишон топдим они.

* * *

Бордим сари кўйингғаву ҳирмон била ёндим,
Васлингни тилаб, меҳнати ҳижрон била ёндим.

Бордим лаби хандон била тавфи ҳарамингға,
Ғамгин кўнгулу дийдайи гирён била ёндим.

Оғзингни тилаб, зулфинга жон бўлди гирифтор,
Дилжамъ бориб, ҳоли паришон била ёндим.

Мендан асаре истамангиз жуз бир овуч кул
Ким, ишқ киби оташи сўзон била ёндим.

Мунис киби васлинг тилаб, топмадим охир,
Мақсудима бир етмадим, армон била ёндим.

* * *

Бало кўҳсорининг фарҳоди мен-мен,
Жунун тасвирининг беҳзоди мен-мен.

Жаҳонда ҳар қачонким бўлса пайдо
Агар шўре, анинг бунёди мен-мен.

Ғаму меҳнатга бор эрса арўсе,
Билингларким, анинг домоди мен-мен.

Нетонг Мажнун менинг шогирдим ўлса,
Ки, ишқ атфолининг устоди мен-мен.

Кўнгулда захмлардурким, фалакнинг
Нишони новаки бедоди мен-мен.

Менинг ноламға худ шўхе сабабдур,
Вале эл боиси фарёди мен-мен.

Қуруб ҳижрон тузоқини ҳамиша,
Балолар сайдининг сайёди мен-мен.

Вафода муддаийлардур мутеи,
Жафо айлар чоғИ мунқоди мен-мен.

Жунунда, Мунисо, муршидлиғ этсанг,
Анинг шойистаи иршоди мен-мен.

ҲИКМАТЛАРИДАН

Мунис, талаб эт камол – эрурсен чу йигит,
Ким яхшидур этса фазл учун қайғу йигит.
Ўқ қилғон ишни ёй қила билмас ҳаргиз,
Қарилар ила баробар улғайму йигит.

* * *

Жаҳолат шоми, ғафлат уйқусидин бўлдим афсурда,
Мани огоҳлиғ субҳи насими бирла бедор эт.

* * *

Хеваки, назокатда гулистони жаҳондур,
Ҳур каби ҳар тарафда юз офати жондур.

* * *

Халойиққа эйки ғолиблик тиларсен,
Бурунроқ айла ўз нафсингни мағлуб.

* * *

Адолатдин бўлди эл осойиши,
Эл осойиши – мулк оройиши.

* * *

Йиқитмасун мазлумлар кўз ёши бинойи давлатинг,
Қилма зулм, эй шоҳқи, бордур офати девор сув.

* * *

Ғубори нафс руҳ ойнасини доим қилур хира
Они даф айлабон мундин умрга сайқал падидор эт.

* * *

Сабрсизлик таркин тутуб, Мунис, мақом эт дунёдаким,
Фароғат куни бўлғай то сенга оҳиста-оҳиста.

077

SHERMUHAMMAD MUNIS
G’AZALLAR
009

034Shermuhammad Avazbiy o’g’li Munis 1778 yili Xiva yaqinidagi Qiyot qishlog’ida Mirob oilasida dunyoga keldi. Munis uning adabiy taxallusi bo’lib, lug’aviy ma’nosi “ulfat”, “hamdam”, “do’st” demakdir. U dastlabki ma’lumotni tug’ilgan qishlog’ida olgan, keyinchalik Xiva madrasalarida o’qishni davom ettirgan. Munis madrasa ta’limidan so’ng mustaqil o’qishga berildi, tez fursatda arab, fors tillarini bilib olib, Sharq mumtoz adabiyotini izchil o’rganishga kirishdi. Nizomiydan tortib, to o’zi yashagan davrga qadar o’tgan so’z san’atkorlarining ijodi bilan tanishib chiqdi. Yosh Munisninig ilm olish yo’lidagi bunday jiddiy qadamlari, shubhasiz, uning kelgusida buyuk talant egasi bo’lib chiqishidan darak berar edi. 1800 yilda otasi vafot etgach, Avaz Muhammad Inoq Munisni saroyning farmonnavis kotibi qilib tayinlagan. Munis zamonasining mashhur olim, shoir va san’atkorlari bilan yaqin aloqada bo’lib, bilimi, salohiyati va kuch-quvvatini she’riyatga, ilm-fan va ma’rifatga bag’ishlagan.

U 1804 yilda birinchi she’rlar devoni – “Devoni Munis”ni yaratgan.

U o’zbek adabiyotida Navoiy an’analarini ijodiy davom ettirgan katta iste’dod egasidir. Munis o’zbek tilida ajoyib adabiy va tarixiy asarlar yaratdi va fors tilidagi ko’pgina tarixiy va adabiy asarlarni boshqa tillardan o’zbek tiliga tarjima etishda tashabbus ko’rsatgan va husnixat maktabini yaratgan olimdir. U “Munisul-ushshoq” devoni, ma’rifiy-tarbiyaviy “Savodi-ta’lim” risolasi, “Firdavs-ul-iqbol” salnomasi hamda o’zbek tiliga o’girgan “Ravzat-us-safo” (Mirxond) asari bilan o’zbek xalqi madaniyati tarixi xazinasiga munosib hissa qo’shdi.

Shermuhammad Munis tomonidan yuksak mahorat bilan yozilgan tarixiy asarlar o’z mazmuni, keltirilgan ma’lumotlarning ko’pligi va rang-barangligi bilan alohida o’rinni egallaydi.

U ma’rifatparvarlik g’oyalarini ilgari surdi, xalqni ongli bilimli bo’lishga da’vat etdi. Munis Xorazmiy tarixshunos sifatida 1806 yildan boshlab Xiva xonligi tarixiga oid “Firdavs ul-iqbol” (“Baxt bog’i”) nomli tarixiy asar ham yoza boshladi. Bu asarning 1812 yilgacha bo’lgan qismini Munis Xorazmiy yozib, 1812 yildan keyingi voqealarni Munis Xorazmiyning jiyani Muhammad Rizo Ogahiy davom ettiradi.

Munis Xorazmiy, Muhammad Rizo Ogahiy, va Muhammad Yusuf Bayoniy kabi tarixchilar bir-birlarining ishini davom ettirib, Xiva xonligi hududida XVII asr ikkinchi yarmidan to XX asr boshlarigacha ro’y bergan tarixiy voqealarni o’z ichiga oluvchi “Riyoz-ud davla”, “Zubdatut tavorix”, “Jomi’l voqeoti sultoniy”, “Gulshani davlat”, “Shohidi iqbol” asarlarini yozib qoldirganlar. Bu asarlarda XVII-XIX asrlar tarixi, ayniqsa Xorazmda Qo’ng’irot sulolasi hukmronligi o’rnatilgandan keyingi davr tarixi juda mufassal bayon etiladi. Munis tomonidan yozilgan Xiva tarixiga oid manbalar, shubhasiz, alohida o’rin egallaydi.

Munis asarlari bilan tanishgan rus sharqshunosi akademik V.V.Bartol`d: “Munisning mufassal xronikalari Xorazmning oxirgi uch asr tarixiga oid ma’lumotlarimizning asosi sifatida ko’p zamonlargacha saqlanib qolsa kerak”, – deb, bu asarlarning ilmiy qiymatiga yuksak baho bergan edi.

Munis XIX asr Xorazm adabiy muhitida rahnamo ijodkor sifatida faoliyat ko’rsatdi. U garchi qisqa umr ko’rgan bo’lsa-da, katta adabiy merros qoldirdi. Ogahiy, Komil, Avaz, Tabibiy, Bayoniy kabi o’nlab shoirlar Munis izidan bordilar va yirik san’atkor sifatida tanildilar.

009

* * *

Kеrakmas jon manga jonondvn ayru,
Kishi nеtsun badanni jondin ayru.

Labidur chashmai hayvon, emas Xizr,
Tirik ul chashmai hayvondin ayru.

Erur ravshan aning husnida oni,
Ki ko’nglum shod bo’lmas ondin ayru.

Nigorim borgali ko’nglum buzuldi,
Ki vayron mulk o’lur sultondin ayru.

Bulog’da yеr pari tutg’ondеk ermas,
Xayoli didai giryondin ayru.

Vuhush o’lg’an kabi Majnung’a damsoz,
G’ami ermas bu sargardondin ayru.

Nеdin vaslig’a yеtkurmas mеni kim,
Emas gul bulbuli noladin ayru,

Emasman ishqidin ayruki bo’lmas.
Samandar otoshi so’zondin ayru.

Ko’ngul ko’yingdin ayru bеnovodur,
Navo bulbulda yo’q bo’stondin ayru.

Na nash’a hosil aylar shayxi nodon,
Sharobi sog’ari irfondin ayru.

Yoliqtilar jahon ahli, va lеkin,
Dami Munis emas afg’ondin ayru.

* * *

Ko’yungda qilay dеsam gadolig’,
Dеrlar sanga bormu podsholig’.

Tark aylading ahli oshnoni,
Bеgonaga aylab oshnolig’.

Harna sitam o’lsa qilg’il, ey charx,
Solma arog’a valе judolig’.

Botinda riyodur etsa zohid,
Zohirda agarchi porsolig’.

Munis nеga nukta ko’p surarsеn.
Kam bo’lsa, mato’ o’lur baholig’.

* * *

Qaysi gulning men kibi bir andalibi zori bor?
Qaysi bulbulning seningden bir guli bexori bor?

Qaysi ra’no sarvqadg’a qumriye bor men kibi?
Qaysi qumrini qadingdek sarvi xushraftori bor?

Qaysi laylivash pari majnuni bor men telbadek?
Qaysi majnunning meningdek bir pariruxsori bor?

Qaysi yor ollida mendek oshiqi jonboz erur?
Qaysi oshiqning seningdek nozanin dildori bor?

Qaysi bir ayyorning bor men kibi sargashtasi?
Qaysi bir sargashtaning sendek buti ayyori bor?

Qaysi shohning Munisi mahzun kibi bordur quli?
Qaysi gulning sen kibi shohi falakmiqdori bor?

* * *

Do’stlar, mensiz dame ohangi ishrat qilmangiz,
Siz ichib sahbo, meni xunxori hasrat qilmangiz.

Gar muyassar bo’lsa bir mahbub ila bazmi nishot,
Mensiziz suhbat tuzarga maylu rag’bat qilmangiz.

Topsangiz bazmi visole, anda yod etmay meni,
Zor ko’nglumni asiri dog’I furqat qilmangiz.

Men kibi yo’qdur aroda, mankubu maxmuri aysh,
Kimsaga mendin ziyoda boda shafqa qilmangiz.

Ahli donish birla har dam aylangiz bazmi kitob,
Jam’I nodonlar bila izhori ulfat qilmangiz.

Do’st uldurkim, yomon kun yuz evurmas do’stidin,
Munis ahvolin ko’rub tarki muhabbat qilmangiz.

* * *

Davlating borida bordur ahli olam oshno,
Qaytg’ach davlat, jahonda topilur kam oshno.

Uyla bekaslik meni mahzung’a topmish dastkim,
Bir kishi yo’qdur mango juz kulfatu g’am oshno.

Baski, davron xohishi begonaliq solmoqdurur,
Bir-biriga bo’la olmas ikki hamdam oshno.

Kimki bo’ldi oshno, bot ayladi begonalig’,
Topmadim bu davr aro bir ahdi mahkam oshno.

Gar vafo bo’lsa, parida bo’lg’ay erdi, ko’rmadim,
Bo’ldilar har nechakim avlodi odam oshno.

Hajr ranjidin o’larga yetmishamkim, ko’rsalar,
Holima tutg’ay azo begona, motam oshno.

Ishq aro ul nav’ erur vahshat men majnung’akim,
O’zgani demay, bo’la olmas ko’ngul ham oshno.

Dard chekmak, ashk to’kmak ishq eliga xosdur,
Har ko’ngulga dard, har ko’zga emas nam oshno.

Munis, davron g’ami begona bo’lsa tong emas
Kim, senga bo’lmish biyik donishvar Akram oshno.

* * *

Base g’am boridin chekmish og’irni,
Yog’ir bo’lmish hazin ko’nglim yog’irni.

Falak g’am yuklarin solg’onda elga,
Yog’irnimg’a mening qo’ymish og’irni.

Bilursan g’am yukin ko’p chekkanimni
Yog’irnim ustida ko’rsang yog’irni.

Iting ko’rsam, manga uns aylasun deb,
Berurman gah ko’nguln, gah bog’irni.

Raqib ollingda bo’lmoqdin hazinman,
Tilarman ko’rmasam ul bo’lmog’irni.

Zamon ahlig’a bo’lmish shikva oyin,
Netong, sevsam agar gungu sog’irni.

Najote istasang Munisg’a g’amdin,
Ayoqchi, tut anga har dam chog’irni.

* * *

Vahki, ul zolim meni mazlumga qotil hanuz,
Ya’ni ag’yorimg’a yuz ming mehr ila moyil hanuz.

Yoshurun sirrimni demay, xalq anglab, voykim,
Aytib anglatmoq bila holimni ul g’ofil hanuz.

Vah, nechuk bahr erdi hijronkim, minib g’am zavraqin,
Har necha qat’ aylaram, mavjud emas sohil hanuz.

Ko’zu ko’nglumdin balog’a qoldim, ore, kimsaga
Sud yetkurgan emas ahbobi noqobil hanuz.

Nafyi ilmi ishq etib, qilmoq nedur isboti vavq,
Kelmamish, zohid, jahong’a sen kibi johil hanuz.

Muniso, hushing bor ersa, dahri dun tarkini tut
Kim, oning bo’lg’on emastur moyili oqil hanuz.

* * *

Ko’ngluma bir gul g’amidin sonchlibdur xorlar,
Ohkim, har xoridin jonimdadur ozorlar.

Aylamish ko’nlumni majnun jilvayi laylivashi
Kim, asiri g’amzasidurlar pariruxsorlar.

Turfa ayyoreki, din naqdin olurda turrasi,
O’rganurlar andin o’g’riliq ishin tarrorlar.

Gardishi chashmidadur kayfiyati davri qadah,
Men bilibdurmanki, bilmaslar ani hushyorlar.

Muniso, ag’yor gar hamsuhbat o’lsa yor ila,
Bo’lma mahzun, hamdami gul bo’lg’usidur xorlar.

* * *

Istading, ey dil, ko’zin, joning kerakmasmu sanga?
Kufri zulfin sevding, imoning kerakmasmu sanga?

Dardu g’am seli bila buzding ko’ngil koshonasin,
Ey malohat ganji, vayroning kerakmasmu sanga?

Jam’ etib, o’tlug’ ko’ngullarni muqayyad aylading,
Halqayi zulfi parishoning kerakmasmu sanga?

Tiyri g’amzang muddaiy ko’ngliga zoye’ qilmakim,
Ul xadafdur xora, paykoning kerakmasmu sanga?

Sarsari ohimni, ey gardun, qilursan tundu tez,
Mash’ali xurshedi raxshoning kerakmasmu sanga?

Ey gul, aylarsan jafo xorin urub, Munisga javr,
Andalibi dilkash ilhoming kerakmasmu sanga?

* * *

Tabassumda ko’rub rangin labingni nogihon g’uncha,
Qilib diltanglik zohir, ichidin bo’ldi qon g’uncha.

Sabo tahrikidin, yo’q, balki og’zing sharmidin boshin
Quyi solmoqqa moyil bo’lg’usidur har zamon g’uncha.

Ochiq chehrangni to ko’rdi dema, ey, gul ochilmishdur,
Xijolat g’oyatidin aylamish kulgu ayon g’uncha.

Ko’ngul tor og’zinga bir handada oldurdim, ey gulrux,
Kishi ko’rganmu erkan bu sifat bir dilsiton g’uncha?

Omonlik istasang bu bog’ aro, xomush bo’l doim
Ki, ofatdin omondur sirrin aytar to nihon g’uncha.

Sening og’zing xayolidin qilur ko’nglum qushi nola,
Erur bois chu bulbul qilsa faryodu fig’on g’uncha.

Ko’ngul jam’iyati topsa xalal ermas, taajjubkim,
Emas bu bog’ aro oshufta bo’lmoqdin omon g’uncha.

Nedur bu razmgoh ichra boshingga istamaklik xud
Ki, el xayli o’qig’a bordur avvalroq nishon g’uncha.

Shitobon bo’lma, rif’at qullasig’a to kun ermassen,
Kamin aylab yotibdur yo’lda sheri osmon, g’uncha.

Fig’onkim, barcha bu gulshan vidoidin emas emin
Ki, gah gul uzmak etmish da’b, gohi, bog’bon g’uncha.

Aning ruhsoru la’li o’yla rangindurki, ey Munis,
Agar ko’rsa, bo’lur afsurda gul ham notavon g’uncha.

* * *

Qilurlar bir-birining suhbatin garchi havas ahbob,
Emaslar lek davron gardishidin dastras ahbob.

Falak mundog’ki dushmankomlig’ zohir qilur har dam,
Emaslar hech forig’ g’am chekardin bir nafas ahbob.

Muhabbat rasmidin ogoh etib, minnat tutub bergil,
Agar jon naqdini sendin qilurlar multamas ahbob.

Zamona ahlining manzuridur chun moli jam’iyat,
Qachon topg’ay meningdek bir g’arib be hechkas ahbob.

Erurmen o’yla bekaskim, borurg’a bog’lasam mahmil,
Topilmas aylamakka nola andoqkim jaras, ahbob.

Tutay kimdin umidi marhamatkim, yoqg’ali jonim –
Urarlar otash a’dovu solurlar xoru xas ahbob.

Desang, a’do shikasti davlatimg’a topmasunlar dast,
Yig’ atrofingg’a, ey shoh, adl birla peshu pas ahbob.

Shakar yanglig’ jahon ahlig’a shirinkomliq yetkur,
Hujum etsun desang ustingda andoqkim magas ahbob.

Erur bir gul havosi bilra Munis ko’ngli bolafshon,
Nechuk saqlarlar aylab oni mahbusi qafas ahbob.

* * *

Bo’lmasa jinsi jamolingga xaridor oftob,
Ne uchun zarposhlig’lar aylar izhor oftob?

Senki shohi husnsen, har kun qilib qulluq sanga,
Sajda aylarga qo’yar tufroqqa ruxsor oftob.

Chiq jamolingni ochib, to elga husnin sotg’ali,
Qilmasun olam aro ko’p arzi diydor oftob.

Xokbo’sing husn eliga mujibi izzatdurur,
Charx uza chiqmas yo’lingda bo’lmayin xor oftob…

Sham’I vaslingdin agar yetsa furug’e basdurur,
Andin o’zga shomi hajrimg’a ne darkor oftob.

Davri ruxsoringda mushkin zulf emastur go’yoyo,
Qildi fosh oyinasi girdida zangor oftob.

Ne uchun shomu sahar boshing uza aylanmasun,
Ko’rmamish husning kibi bu charxi davvor oftob.

Rutbayi oliy tilarsen, sof qil ko’nglingnikim,
Irtifo’ aylarg’a mundindur sazovor oftob.

Yurutur yaxshi amal qabringni, yo’qsa, sud emas,
Tojing uzra bo’lsa gar har durri shahvor oftob.

Bo’l tafarrudpesha, Muniskim, Masihog’a maqom
Bo’ldi bu ishdin sipehr avjida to bor oftob.

* * *

Kulbam sari jononim kelmasmu ekin oyo,
Hajrida yomon holim, bilmasmu ekin oyo?

So’rmoqqa borur yorim oshiqlari ahvolin,
Deb ul meni ham oshiq, kelmasmu ekin oyo?

Hajrida qolib yillar, olmas xabare mandin,
Ollida kishi yodim qilmasmu ekin oyo?

So’rg’ay edi holimni, oshiqlaridin bilsa,
Gar bilsa, dog’I ko’zga ilmasmu ekin oyo?

Xanjar chekib el bag’rin tilmakdin etar ehson,
Bag’rimni mening yorab, tilmasmu ekin oyo?

Baskim to’ladur yoshdin, ko’zni ocha olmasman,
Bir lutf iligi oni silmasmu ekin oyo?

Gulzori visolig’a Munis yeta olmas hech,
Aylab talabin yeldek yelmasmu ekin oyo?

* * *

Uzoringda nure ayondur, ayon
Ki, andin kunu oy nishondur, nishon.

Balo o’qlarin otg’ali jonima,
Iki egma qoshing kamondur, kamon.

Raqibingdin o’lmas ayon yaxshilik,
Ki, qavli-yu fe’li yomondur, yomon.

Hayotimg’a zikri labingdur sabab,
Yo’q ersa, tiriklik gumondur, gumon.

Manga sud erur sudi ishqing g’ami,
Aning harna g’ayri ziyondur, ziyon.

Erursan gahi ko’z, gahi jon aro,
Senga bu iki yer makondur, makon.

Nechuk el erur ohi sardim mening,
Jahon bog’I andin xazondur, xazon.

Jigar birla ko’nglum qilib qon g’aming,
Iki ko’z yo’lidin ravondur, ravon.

Ulus kelsa mendin fig’onga, netong,
Ishim kecha-kunduz fig’ondur, fig’on.

Netong chiqmasa Munis ul ko’ydin,
Ki, ul anda g’amdin omondur, omon.

* * *

Ashk xun, ruxsor zardu dil hazing, tole’ qaro,
Dard gunogun, falak dun, ahli davron bevafo.

Jon ga’min, xotir mushavvash, aql majqudul – asar,
Hajr qotil, yor g’ofil, ishq g’olib borho.

Zaxm muhlik, tiri g’am parron erur, romi falak,
Za’f mustavli, badan majruh erur, marham fano.

Do’st beparvo, ko’ngul oshuftavu dushman qaviy,
Muddaiy ko’p, ta’na bisyoru jafokor oshno.

Ham havo bordur samumi ohu ham har so’z ashk,
Mazra’ ofat, shohi naxli umr benash’u namo.

Yor hamsuhbatligidin toki ayrildim, erur
Hamdamim ranju ano, hamroz g’am, mahram balo.

Kishvari mehnat shahimenkim, manga bordur mudom,
Boshg’a sochqan xok toju taxt-eski bo’ryo.

Maskanim xoki mazallat, bistarim xori taab,
To’mam anduhi nadomat, ishratim tutmoq azo.

Majlisim qayg’u, mayim xuni jigar, jomim firoq,
Lekin, ey Munis, bu hangom ichradur soqiy qazo.

* * *

G’unchalar ochildi-yu, ko’nglum ochilmaydur hanuz,
Bulbuloso xotirim gul mayli qilmaydur hanuz.

Za’f aro ushshoqg’a ibrat bo’lubman, ohkim,
Ko’zga ahvoli nizorim yor ilmaydur hanuz.

Va’dayi vasl aylab erdi, ayladi ta’xir ko’p,
Yo ibo qildi-yu, yo yodig’a kelmaydur hanuz.

Pesha aylab charx zoli tinmayin tun-kun dame
Dilbarimcha javr oyinini bilmaydur hanuz.

Yerni ashkim g’arq etib, zo’r etti ohim sarsari,
Nedin erkandur falak toqi yiqilmaydur hanuz?

Yuz nadomat birla emdi o’zni o’ltursam, netong,
Sajda qilmoqliqg’a boshim bir egilmaydur hanuz.

Ixtiyor etsa agar Munis yana sargashtalik,
Pand qilmangkim, jununidin oyilmaydur hanuz.

* * *

Vahki, mendin ishq aro ozurdajonroq yo’q kishi,
Husn aro sendek dog’I nomehribonroq yo’q kishi.

Kimga za’fim shiddatin zohir qilurmen munglashib,
Chu o’zumdek g’am chekardin notavonroq yo’q kishi.

Seli ashku g’am yiqibdur jism ila ko’nglum uyin,
Men kibi ushshoq aro bexonumonroq yo’q kishi.

Jonlar isoring qilib ko’rdum jafo, vahkim, sanga,
Necha qilsam yaxshilik, mendin yomonroq yo’q kishi.

Uzv-uzvimdin fig’onlar bosh chekibtur til kibi,
Ishq asrorig’a mendin tarjimonroq yo’q kishi.

Ishq o’ti Munis vujudin kuydurubdur o’ylakim,
Emdi andin o’zga benomu nishonroq yo’q kishi.

* * *

Kimnikim do’st dedum, dushmani jon topdim oni,
Neki andin tiladim sud, ziyon topdim oni.

Yor mehrin tilab, ag’yor jafosin ko’rdum,
Mayki gulgun talab ettim, qaro qon topdim oni.

G’unchayi xotirim ochmoqg’a nasime tiladim,
Goh o’tlig’ yelu goh bodi xazon topdim oni.

Nekxohim deganim barcha bor erkan badxoh,
Onikim anglar edim yaxshi, yomon topdim oni.

Ishq anduhi nihon qolmoqi imkon ermas,
Menki yoshurmoq ishim erdi, ayon topdim oni…

Vaqtdur, dilbarig’a topsa nishone Munis
Kim, g’ami ishq aro benomu nishon topdim oni.

* * *

Bordim sari ko’yingg’avu hirmon bila yondim,
Vaslingni tilab, mehnati hijron bila yondim.

Bordim labi xandon bila tavfi haramingg’a,
G’amgin ko’ngulu diydayi giryon bila yondim.

Og’zingni tilab, zulfinga jon bo’ldi giriftor,
Diljam’ borib, holi parishon bila yondim.

Mendan asare istamangiz juz bir ovuch kul
Kim, ishq kibi otashi so’zon bila yondim.

Munis kibi vasling tilab, topmadim oxir,
Maqsudima bir yetmadim, armon bila yondim.

* * *

Balo ko’hsorining farhodi men-men,
Junun tasvirining behzodi men-men.

Jahonda har qachonkim bo’lsa paydo
Agar sho’re, aning bunyodi men-men.

G’amu mehnatga bor ersa aro’se,
Bilinglarkim, aning domodi men-men.

Netong Majnun mening shogirdim o’lsa,
Ki, ishq atfolining ustodi men-men.

Ko’ngulda zaxmlardurkim, falakning
Nishoni novaki bedodi men-men.
Mening nolamg’a xud sho’xe sababdur,
Vale el boisi faryodi men-men.

Qurub hijron tuzoqini hamisha,
Balolar saydining sayyodi men-men.

Vafoda muddaiylardur mutei,
Jafo aylar chog’I munqodi men-men.

Jununda, Muniso, murshidlig’ etsang,
Aning shoyistai irshodi men-men.

HIKMATLARIDAN

Munis, talab et kamol – erursen chu yigit,
Kim yaxshidur etsa fazl uchun qayg’u yigit.
O’q qilg’on ishni yoy qila bilmas hargiz,
Qarilar ila barobar ulg’aymu yigit.

* * *

Jaholat shomi, g’aflat uyqusidin bo’ldim afsurda,
Mani ogohlig’ subhi nasimi birla bedor et.

* * *

Xevaki, nazokatda gulistoni jahondur,
Hur kabi har tarafda yuz ofati jondur.

* * *

Xaloyiqqa eyki g’oliblik tilarsen,
Burunroq ayla o’z nafsingni mag’lub.

* * *

Adolatdin bo’ldi el osoyishi,
El osoyishi – mulk oroyishi.

* * *

Yiqitmasun mazlumlar ko’z yoshi binoyi davlating,
Qilma zulm, ey shohqi, bordur ofati devor suv.

* * *

G’ubori nafs ruh oynasini doim qilur xira
Oni daf aylabon mundin umrga sayqal padidor et.

* * *

Sabrsizlik tarkin tutub, Munis, maqom et dunyodakim,
Farog’at kuni bo’lg’ay to senga ohista-ohista.

Мунис чамани. Мунис Хоразмий таваллудининг 230 йиллигига

004

(Tashriflar: umumiy 15 183, bugungi 19)

1 izoh

Izoh qoldiring