Umid Bekmuhammad. Ogahiyning ogohligi

065

Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 205 йиллиги олдидан

Зийрак нигоҳ билан теварак-атрофни кузатувчи Ҳерман Вамбери 1863 йили Хоразмга келганида Огаҳий билан танишгани ҳақида ёзганди.У ўзининг «Ўрта Осиёга саёҳат» асарида , » Мен Хивада икки оға-ини билан танишдим.Бири Мунис — аъло поэмалар ёзган. Иккинчиси—мироб..Огаҳийдир», дея таъкидлайди. Аслида Вамбери Огаҳий билан учрашиб, Муниснинг асарлари билан танишганди.

03
ОГАҲИЙНИНГ ОГОҲЛИГИ
Умид Бекмуҳаммад
011

07ийрак нигоҳ билан теварак-атрофни кузатувчи Ҳерман Вамбери 1863 йили Хоразмга келганида Огаҳий билан танишгани ҳақида ёзганди.У ўзининг «Ўрта Осиёга саёҳат» асарида , » Мен Хивада икки оға-ини билан танишдим.Бири Мунис — аъло поэмалар ёзган. Иккинчиси—мироб..Огаҳийдир», дея таъкидлайди. Аслида Вамбери Огаҳий билан учрашиб, Муниснинг асарлари билан танишганди. Табийки, Огаҳий ҳақида сўз кетаркан, дастлаб унинг тоғаси Мунис тўғрисида сўз юритиш жоиз…

ТИЛЛОДАН ВОЗ КЕЧГАН МИРОБ

—Мана бу китоб зўр экан-у, аммо форсча битилгани учун тушуниш қийин бўлаяпти.Агар таржима қилиб берсангиз, беҳисоб тиллолар берар эдим. Ахир сиз арабча-ю, форсийни мукаммал биласиз.Бу ишга қўл урсангиз, ақчангиз кўпайиб, мендек кишининг кўнглини кўтарган бўлардингиз,— деди хотин устига хотин олувчи, яқиндагина ёшгина қизни никоҳига олган Юсуф меҳтар.
-Таржима қилиш-ку, осон иш менга.Аммо беандиша, айш-ишрат, бузуқчиликни тарғиб қилувчи китобни ўгириб бераолмайман.Тиллоларингиз ҳам ўзингизга буюрсин, узр, меҳтар жаноблари,-дея таклифни рад қилди Шермуҳаммад.
Тиллолардан воз кечган, инсофу ҳаёли инсон мироб Шермуҳаммад Авазбий ўғли эди…

Бу инсон номини кўпчилик Мунис тахаллуси орқали танийди.Бироқ шоир, таржимон, ҳаттот ул инсоннинг асл касби мироблик бўлиб, Хива хонлигида мазкур лавозим энг нуфузли мансаб ҳисобланарди. Сунъий суғоришга асосланган воҳа шароитида давлатнинг нафақат деҳқончилиги ва иқтисоди, балки ҳаёт-мамоти ҳам сувга, миробга боғлиқ эди. Муниснинг бобоси Жиянбий 1694 йилда хонликнинг бош мироби қилиб тайинланган.Унинг мироблик пайтида воҳадаги суғориш тизимлари тўғри йўлга қўйилиб, янги ариқ, ёплар қазилган.Жиянбийнинг Эрниёзбий ва Авазбий исмли икки ўғли бўлиб, вафотидан сўнг Авазбий мироб,Эрниёзбек бош мироб бўлди.

Авазбий олти йил фаолият кўрсатиб, 1800 йили вафот қилгач, Шермуҳаммад Хива хонлигининг қазув-қачув(сув хўжалиги) бўйича сарой фармоннавис котиби этиб тайинланди.Эрниёзбек 1812 йили ҳаётдан кўз юмгач,Шермуҳаммад Мунис Хоразмнинг бош мироби этиб тасдиқланди.У аждодлари ишини давом этдириб, ҳар йили ариқ-арналар, ёпларни тозалаш, янги сув йўллари қазиш ишларига бош-қош бўларди.Айни пайтда она қишлоғи Қиётдаги мактаб,Хивадаги мадрасада таҳсил олди.Араб ва форс тилларини, мумтоз адабиётни, сув хўжалигини мукаммал эгаллаган, тарихни яхши билувчи Шермуҳаммад Мунис тахаллуси билан шеърлар битарди.

1805 йилда Хива хони тахтига чиққан Элтузархон Муниснинг тоғаси бўлиб, у жиянига ўзигача бўлган хонлар тарихини ёзишни топширди.Элтузархоннинг Хоразмдаги бошқа тарихчилар туриб, миробга тарих ёзишни топширишига сабаб,у Муниснинг ўтмишни холис ва ҳаққоний ёритишига ишонган эди.Зеро, Мунис саройда ишлар экан, бошқа амалдорлардек мулозамату лаганбардорлик қилавермас, қисқа ва тўғри гапириб, шуҳрат топганди.Айниқса, унинг айш-ишратни тарғиб қилувчи китобни катта пулга таржима қилишдан бош тортгани хонликда машҳур бўлиб кетди.

Мунис Элтузархон топшириғига кўра, хонлар тарихига оид «Фирдавс-ул-иқбол» номли асарини ёза бошлади.Шунингдек, «Мунис-ул ушшоқ» номли ўз ижодидан таркиб топган девон, араб ёзувини ўрганувчилар учун «Саводи таълим» номли алифбо-қўлланма, суғориш, сув илмига бағишланган «Арналар» асарини ҳам яратди.Кейин Мирхонднинг форсийча китобини таржима қилди.Бу ишларни у асосий касби—мироблик ишларидан ортганида, вақт топиб бажарганди.Мунис саройга келиб, сув хўжалигига тааллуқли муаммо бўлса, ечимини излар, бўлмаса ҳар куни ариқ-арна, ёпларни айланиб, кўздан кечирарди.
Шу тариқа кундузи давлат иши, шундан вақт топиб ижод билан машғул бўлган Мунис вабо касаллигига чалинди ва 1829 йилда 51 ёшида вафот этди.Унинг бош мироблик ишини жияни Огаҳий давом эттирди.

МИРОБЛИК МАШАҚҚАТИ ВА МАЪСУЛИЯТИ

Саройга кириб келган ул кишини аъёнларнинг ҳаммаси эъзозлаб қарши олишди.Кейин эса навбатсиз хон ҳузурига киритиб юборишди.Ҳатто, қўшни давлат ҳақида муҳим хабар олиб келган айғоқчи—шиғовул ҳам ташқарида қолди.Шунингдек, хориждан хон ҳазратлари буюртмасини келтирган бозиргон—савдогар, фуқаролар арз-додини бевосита ҳукмдор билан кенгашиб, ҳал этувчи қозикалон жаноблари ҳам унинг бу ҳаракатига монъелик қилмади.Оқсоқ кишининг хон ҳузурига кириб кетганига ҳеч ким эътироз билдирмаганининг сабаби, бу инсон давлатнинг энг эътиборли кишиси—мироб Муҳаммадризо эди…

Қуйи Амударё бўйларидаги Қизилқум ва Қорақум оралиғида жойлашган воҳада сув ҳаёт манбаи эди.Мироблик шу боис ҳамХоразмда энг юқори амал саналарди. Бу касб юрт ободонлиги, давлат иқтисодиёти, деҳқончилик билан боғлиқ бўлган.Ҳатто, Хива хонлигида махсус «бегор» солиғи ҳам қўлланилгани тарихдан маълум.Ушбу солиқ сувдан фойдаланадиган ҳар бир хонадон учун мажбурий эди.Ариқ ва каналларни тозалашга йилнинг куз фаслида барча жалб этиларди.Қазувни бевосита хон, кейин мироб бошлаб, халқ давом этдирарди.Ўша даврларда сув сатҳи ер юзасидан паст бўлгани учун мироблар сувни юқорига кўтарадиган қурилма—чиқирдан фойдаланган.Натижада ариқ, канал(ёп) сувлари анча баландга кўтарилиб, керакли жойларга чиқарилар эди.

Огаҳий Хива хонлиги тарихида узоқ йиллар мироблик шажарасини давом этдирган сулола вакилидир.Унинг бобоси Жиянбий 1694 йилда Хоразмнинг бош мироби этиб кўтарилган.Оила хонлар сулоласига қариндошлиги боис нуфузли саналарди.Жиянбийнинг вафотидан сўнг ундан Авазбий ва Эрниёзбек исмли иккита ўғил қолди.Улар ҳам хонликда мироблик сулоласини давом қилдиришди.Дастлаб Эрниёзбек, унинг вафотидан сўнг Шермуҳаммад Авазбий, яъни Мунис Хоразмий бош мироб қилиб тайинланди.

Мунис 1809 йил 17 декабрда туғилган жияни Муҳаммадризо-Хоразмчасига айтганда Матризога оталиқ қилган, деса ҳам бўлади.Чунки кейинчалик Огаҳий тахаллусини танлаган шоирнинг уч ёшида отаси вафот этгач, тоғаси—мироб Мунис уни асраб олганди.Шоир тоғасининг таълими боис Огаҳий ҳам ижодга ихлос қўйди.Араб , форс, турк тилларини ўрганди, мадрасада таҳсил олди. Унинг оғаси Муҳаммад Карим 1855 йилдаги урушда вафот этганди…

“Таъвиз ул-ошиқин” девонида Огаҳий ўзи ҳақида шундай ёзганди: “фақир абан анжад Хоразм мамлакати султонларининг давлатҳоҳ умароси зубдаларидин ва ўзбекия тавоифидин юз дудамони умдаларидин мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва садрнишинлик мартабаи мубталосиға мансубдурман”. Яъни шоирнинг аждодлари амирлар (хонлар) сулоласидан ва ўзбеклар тоифасининг юзлар уруғидан, мироблиғ мансаби олийсиға мансуб ва улуғ мансабдорлик мартабасиға боғлиқ, деганидир.

Муҳаммадризонинг таваллуд топган уйи Ичан Қаъладан тахминан 5-6 чақирим узоқ масофадаги Қиёт қишлоғида (ҳозирги Хива Қўшкўпир йўлининг чап тарафида) бўлган.
Огаҳий тоғаси Муниснинг 1829 йилдаги вафотидан сўнг хонликнинг бош мироби сифатида 1857 йилгача фаолият кўрсатди.У мироб ёрдамчиси, бош мироб сифатида ишлаган даврларда Хоразмдаги бутун ариқ, ёпларни тозалатиш, янги сув йўлларини қаздириш билан шуғулланди.

Маълуми, ўша даврлардаям Хоразмнинг ерлари шўрангиз, уч-тўрт марталаб кеч куздан эрта баҳоргача шўри ювилмагунча ҳосил олиш қийин бўлган.Ерларга дарёдан арна (анҳор)га, ундан ёплар орқали далага сув чиқаришнинг ўзи бўлмаган.Бундай ғоятда маъсул ишларга эса мироблар бошчилик қилган.Хонликдаги мироблик ишлари, умуман сув муаммосини бартараф этиш эса бош мироб Огаҳийнинг зиммасидаги юксак вазифа эди.Табиийки, бош мироблик вазифасига ишбилармон, ер ҳолатини, сув йўлларини яхши биладиган, мудомо дала-сув йўлларида юришга лаёқатли, соғлом инсон тайинланган.

Сунъий суғоришга мўлжалланган арна, ёпларни қаздириш, ҳар йили куз ва эрта баҳорда Амударёнинг лойқа сувидан каналларни тубига ўрнашиб қолган чўкиндиларни тозалатиш ундан-да катта машаққат, наинки экин майдонларини, балки хонлик ҳудудини дарё тошқинидан сақлашга ҳаракат қилиш бош миробнинг зиммасида эди.

Хоразмда дагиш дея дарёнинг тошқинидан содир бўладиган ўпирилиш, катта офат назарда тутилган. Баъзида жўшқин Жайҳун дарё қирғоғини тагидан ўпириб, 30-40 метрлаб жойини ютиб кетади.Натижада атиги бир лаҳзагина олдин экилиб турган ер бўтанага айланади, ҳудудни сув босади. Айнан ана шундай ўпирилиш-тошқинларнинг олдини олиш учун дарё қирғоғини дамбалар кўтариб (бу Хоразмчасига “қочи” дейилади) мустаҳкамлаш қадимдан ўта маъсулиятли вазифа бўлиб, бу ишга бош мироб бошчилик қилган.Дамбаларни кўтарганда назорат қаттиқ бўлиб, тупроққа бирорта чўп-ўтин аралашмаслигига эътибор қаратилган.Чунки, сичқон изидай тирқишдан небир қочиларнинг ўпирилиб кетиши фожиани-сув тошқинини келтириб чиқарган.

Дамбалар дарё қирғоғи бўйлаб, бир неча қаторлаб, миробларнинг аниқ ҳисоб-китоблари асосида олиб борилган.Дамбанинг пастдан юқоригача кенглиги 15-18 метр, усти бўлса 8 метгача , дарё сатҳидан 3-4 метр баланд қурилган.Дамба кўтариш, арна, ёпларни қазишга хонликдаги барча эркаклар жалб этилган.Дастлаб хон, сўнгра бош мироб арна ёки ёпга кеч кузда тушиб, аҳоли кўз ўнгида белкурак билан тозалашни бошлаб берган.Сўнг қолган ишни омма давом қилдираверган.

Огаҳий ҳазратлари 36 ёшида-1845 йили хонликдаги қазув ҳаракати авж олган пайтда отдан йиқилиб, оёғи сингани боис бироз оқсоқланиб юрган.Қолаверса, мироблик иши ғоят қийин вазифа бўлиб, сув муаммоси, низо-жанжалларни бартараф этиш ҳам унга боғлиқ эди. Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ана шундай серғалва, айни пайтда савобли ва нуфузли амалда ишласа-да, ҳамиша ижод билан шуғулланишга вақт топди.Авлодларга ўн саккиз минг мисра ғазал, йигирмага яқин тарихий ва таржима асарлар ёзиб, мерос қолди. «Гулшани давлат», «Риёз-уд давла», «Зубдат ул-таворих», «Жомеъ ул воқеоти Султоний» каби тарихий асарлари Хоразм тарихининг кўплаб ноаниқ бўлиб келаётган даврларидаги воқеаларни ойдинлаштиради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур асарларда халқ ҳаётидан кўра, кўпроқ ижтимоий-сиёсий воқеалар, хоннинг қаерга борганию нима деганлари ёритилган.Буни ўша замон таомилидан келиб чиқиб қабул қилмоқ лозим.Зеро, мудом хон ёнида юрган миробнинг асарида шу ҳолат учраши одатий ҳол. Огаҳий умри давомида саккиз нафар хон Хивага ҳукмронлик қилган даврларда яшади.Табиийки, 8 хил бошқарув, 8 хил муҳитда яшаш, ижод қилиш Муҳаммадризо учун осон эмасди. Умуман айтганда, Огаҳий асарлари Хоразм тарихнавислигидаги энг катта салоҳиятли манбалардир.

1863 йили хонликка келган Ҳерман Вамбери ҳам шахсан Огаҳий билан танишиб, унинг ва тоғаси Муниснинг асарларини Европага олиб кетган эди.
Огаҳий асарларининг Шарқ давлатларидан ташқарига ҳам тарқалиши 1873 йилдаги чор ҳукумати истилоси билан боғлиқ.Хонлик мағлублик аламини чеккан пайтда Огаҳий ҳаёт эди.Истилодан сўнг хонликка келган рус шарқшуноси А.Н.Кун Огаҳий асарларини «Туркестанская ведомости» газетаси саҳифаларида ёритган.Кейин бир неча асарларини тадқиқ этиш учун Москва, Петербург шаҳарларига олиб кетди.

Гарчи Огаҳий 1874 йилда вафот этган бўлсада, қаздирган ёп, ариқ, каналлар, яратган асарлари ва эккан тути бугун ҳам барҳаётдир.

08

OGAHIYNING OGOHLIGI
Umid Bekmuhammad
011

07iyrak nigoh bilan tevarak-atrofni kuzatuvchi Herman Vamberi 1863 yili Xorazmga kelganida Ogahiy bilan tanishgani haqida yozgandi.U o’zining «O’rta Osiyoga sayohat» asarida , » Men Xivada ikki og’a-ini bilan tanishdim.Biri Munis — a’lo poemalar yozgan. Ikkinchisi—mirob..Ogahiydir», deya ta’kidlaydi. Aslida Vamberi Ogahiy bilan uchrashib, Munisning asarlari bilan tanishgandi. Tabiyki, Ogahiy haqida so’z ketarkan, dastlab uning tog’asi Munis to’g’risida so’z yuritish joiz…

TILLODAN VOZ KECHGAN MIROB

—Mana bu kitob zo’r ekan-u, ammo forscha bitilgani uchun tushunish qiyin bo’layapti.Agar tarjima qilib bersangiz, behisob tillolar berar edim. Axir siz arabcha-yu, forsiyni mukammal bilasiz.Bu ishga qo’l ursangiz, aqchangiz ko’payib, mendek kishining ko’nglini ko’targan bo’lardingiz,— dedi xotin ustiga xotin oluvchi, yaqindagina yoshgina qizni nikohiga olgan Yusuf mehtar.
-Tarjima qilish-ku, oson ish menga.Ammo beandisha, aysh-ishrat, buzuqchilikni targ’ib qiluvchi kitobni o’girib beraolmayman.Tillolaringiz ham o’zingizga buyursin, uzr, mehtar janoblari,-deya taklifni rad qildi Shermuhammad. Tillolardan voz kechgan, insofu hayoli inson mirob Shermuhammad Avazbiy o’g’li edi…

Bu inson nomini ko’pchilik Munis taxallusi orqali taniydi.Biroq shoir, tarjimon, hattot ul insonning asl kasbi miroblik bo’lib, Xiva xonligida mazkur lavozim eng nufuzli mansab hisoblanardi. Sun’iy sug’orishga asoslangan voha sharoitida davlatning nafaqat dehqonchiligi va iqtisodi, balki hayot-mamoti ham suvga, mirobga bog’liq edi. Munisning bobosi Jiyanbiy 1694 yilda xonlikning bosh mirobi qilib tayinlangan.Uning miroblik paytida vohadagi sug’orish tizimlari to’g’ri yo’lga qo’yilib, yangi ariq, yoplar qazilgan.Jiyanbiyning Erniyozbiy va Avazbiy ismli ikki o’g’li bo’lib, vafotidan so’ng Avazbiy mirob,Erniyozbek bosh mirob bo’ldi.

Avazbiy olti yil faoliyat ko’rsatib, 1800 yili vafot qilgach, Shermuhammad Xiva xonligining qazuv-qachuv(suv xo’jaligi) bo’yicha saroy farmonnavis kotibi etib tayinlandi.Erniyozbek 1812 yili hayotdan ko’z yumgach,Shermuhammad Munis Xorazmning bosh mirobi etib tasdiqlandi.U ajdodlari ishini davom etdirib, har yili ariq-arnalar, yoplarni tozalash, yangi suv yo’llari qazish ishlariga bosh-qosh bo’lardi.Ayni paytda ona qishlog’i Qiyotdagi maktab,Xivadagi madrasada tahsil oldi.Arab va fors tillarini, mumtoz adabiyotni, suv xo’jaligini mukammal egallagan, tarixni yaxshi biluvchi Shermuhammad Munis taxallusi bilan she’rlar bitardi.

1805 yilda Xiva xoni taxtiga chiqqan Eltuzarxon Munisning tog’asi bo’lib, u jiyaniga o’zigacha bo’lgan xonlar tarixini yozishni topshirdi.Eltuzarxonning Xorazmdagi boshqa tarixchilar turib, mirobga tarix yozishni topshirishiga sabab,u Munisning o’tmishni xolis va haqqoniy yoritishiga ishongan edi.Zero, Munis saroyda ishlar ekan, boshqa amaldorlardek mulozamatu laganbardorlik qilavermas, qisqa va to’g’ri gapirib, shuhrat topgandi.Ayniqsa, uning aysh-ishratni targ’ib qiluvchi kitobni katta pulga tarjima qilishdan bosh tortgani xonlikda mashhur bo’lib ketdi.

Munis Eltuzarxon topshirig’iga ko’ra, xonlar tarixiga oid «Firdavs-ul-iqbol» nomli asarini yoza boshladi.Shuningdek, «Munis-ul ushshoq» nomli o’z ijodidan tarkib topgan devon, arab yozuvini o’rganuvchilar uchun «Savodi ta’lim» nomli alifbo-qo’llanma, sug’orish, suv ilmiga bag’ishlangan «Arnalar» asarini ham yaratdi.Keyin Mirxondning forsiycha kitobini tarjima qildi.Bu ishlarni u asosiy kasbi—miroblik ishlaridan ortganida, vaqt topib bajargandi.Munis saroyga kelib, suv xo’jaligiga taalluqli muammo bo’lsa, yechimini izlar, bo’lmasa har kuni ariq-arna, yoplarni aylanib, ko’zdan kechirardi.
Shu tariqa kunduzi davlat ishi, shundan vaqt topib ijod bilan mashg’ul bo’lgan Munis vabo kasalligiga chalindi va 1829 yilda 51 yoshida vafot etdi.Uning bosh miroblik ishini jiyani Ogahiy davom ettirdi.

MIROBLIK MASHAQQATI VA MA’SULIYATI

Saroyga kirib kelgan ul kishini a’yonlarning hammasi e’zozlab qarshi olishdi.Keyin esa navbatsiz xon huzuriga kiritib yuborishdi.Hatto, qo’shni davlat haqida muhim xabar olib kelgan ayg’oqchi—shig’ovul ham tashqarida qoldi.Shuningdek, xorijdan xon hazratlari buyurtmasini keltirgan bozirgon—savdogar, fuqarolar arz-dodini bevosita hukmdor bilan kengashib, hal etuvchi qozikalon janoblari ham uning bu harakatiga mon’elik qilmadi.Oqsoq kishining xon huzuriga kirib ketganiga hech kim e’tiroz bildirmaganining sababi, bu inson davlatning eng e’tiborli kishisi—mirob Muhammadrizo edi…

Quyi Amudaryo bo’ylaridagi Qizilqum va Qoraqum oralig’ida joylashgan vohada suv hayot manbai edi.Miroblik shu bois hamXorazmda eng yuqori amal sanalardi. Bu kasb yurt obodonligi, davlat iqtisodiyoti, dehqonchilik bilan bog’liq bo’lgan.Hatto, Xiva xonligida maxsus «begor» solig’i ham qo’llanilgani tarixdan ma’lum.Ushbu soliq suvdan foydalanadigan har bir xonadon uchun majburiy edi.Ariq va kanallarni tozalashga yilning kuz faslida barcha jalb etilardi.Qazuvni bevosita xon, keyin mirob boshlab, xalq davom etdirardi.O’sha davrlarda suv sathi yer yuzasidan past bo’lgani uchun miroblar suvni yuqoriga ko’taradigan qurilma—chiqirdan foydalangan.Natijada ariq, kanal(yop) suvlari ancha balandga ko’tarilib, kerakli joylarga chiqarilar edi.

Ogahiy Xiva xonligi tarixida uzoq yillar miroblik shajarasini davom etdirgan sulola vakilidir.Uning bobosi Jiyanbiy 1694 yilda Xorazmning bosh mirobi etib ko’tarilgan.Oila xonlar sulolasiga qarindoshligi bois nufuzli sanalardi.Jiyanbiyning vafotidan so’ng undan Avazbiy va Erniyozbek ismli ikkita o’g’il qoldi.Ular ham xonlikda miroblik sulolasini davom qildirishdi.Dastlab Erniyozbek, uning vafotidan so’ng Shermuhammad Avazbiy, ya’ni Munis Xorazmiy bosh mirob qilib tayinlandi.

Munis 1809 yil 17 dekabrda tug’ilgan jiyani Muhammadrizo-Xorazmchasiga aytganda Matrizoga otaliq qilgan, desa ham bo’ladi.Chunki keyinchalik Ogahiy taxallusini tanlagan shoirning uch yoshida otasi vafot etgach, tog’asi—mirob Munis uni asrab olgandi.Shoir tog’asining ta’limi bois Ogahiy ham ijodga ixlos qo’ydi.Arab , fors, turk tillarini o’rgandi, madrasada tahsil oldi. Uning og’asi Muhammad Karim 1855 yildagi urushda vafot etgandi…

“Ta’viz ul-oshiqin” devonida Ogahiy o’zi haqida shunday yozgandi: “faqir aban anjad Xorazm mamlakati
sultonlarining davlathoh umarosi zubdalaridin va o’zbekiya tavoifidin yuz dudamoni umdalaridin miroblig’ mansabi oliysig’a mansub va sadrnishinlik martabai mubtalosig’a mansubdurman”. Ya’ni shoirning ajdodlari amirlar (xonlar) sulolasidan va o’zbeklar toifasining yuzlar urug’idan, miroblig’ mansabi oliysig’a mansub va ulug’ mansabdorlik martabasig’a bog’liq, deganidir.

Muhammadrizoning tavallud topgan uyi Ichan Qa’ladan taxminan 5-6 chaqirim uzoq masofadagi Qiyot qishlog’ida (hozirgi Xiva Qo’shko’pir yo’lining chap tarafida) bo’lgan.  Ogahiy tog’asi Munisning 1829 yildagi vafotidan so’ng xonlikning bosh mirobi sifatida 1857 yilgacha faoliyat ko’rsatdi.U mirob yordamchisi, bosh mirob sifatida ishlagan davrlarda Xorazmdagi butun ariq, yoplarni tozalatish, yangi suv yo’llarini qazdirish bilan shug’ullandi.

Ma’lumi, o’sha davrlardayam Xorazmning yerlari sho’rangiz, uch-to’rt martalab kech kuzdan erta bahorgacha sho’ri yuvilmaguncha hosil olish qiyin bo’lgan.Yerlarga daryodan arna (anhor)ga, undan yoplar orqali dalaga suv chiqarishning o’zi bo’lmagan.Bunday g’oyatda ma’sul ishlarga esa miroblar boshchilik qilgan.Xonlikdagi miroblik ishlari, umuman suv muammosini bartaraf etish esa bosh mirob Ogahiyning zimmasidagi yuksak vazifa edi.Tabiiyki, bosh miroblik vazifasiga ishbilarmon, yer holatini, suv yo’llarini yaxshi biladigan, mudomo dala-suv yo’llarida yurishga layoqatli, sog’lom inson tayinlangan.

Sun’iy sug’orishga mo’ljallangan arna, yoplarni qazdirish, har yili kuz va erta bahorda Amudaryoning loyqa suvidan kanallarni tubiga o’rnashib qolgan cho’kindilarni tozalatish undan-da katta mashaqqat, nainki ekin maydonlarini, balki xonlik hududini daryo toshqinidan saqlashga harakat qilish bosh mirobning zimmasida edi.

Xorazmda dagish deya daryoning toshqinidan sodir bo’ladigan o’pirilish, katta ofat nazarda tutilgan. Ba’zida jo’shqin Jayhun daryo qirg’og’ini tagidan o’pirib, 30-40 metrlab joyini yutib ketadi.Natijada atigi bir lahzagina oldin ekilib turgan yer bo’tanaga aylanadi, hududni suv bosadi. Aynan ana shunday o’pirilish-toshqinlarning oldini olish uchun daryo qirg’og’ini dambalar ko’tarib (bu Xorazmchasiga “qochi” deyiladi) mustahkamlash qadimdan o’ta ma’suliyatli vazifa bo’lib, bu ishga bosh mirob boshchilik qilgan.Dambalarni ko’targanda nazorat qattiq bo’lib, tuproqqa birorta cho’p-o’tin aralashmasligiga e’tibor qaratilgan.Chunki, sichqon iziday tirqishdan nebir qochilarning o’pirilib ketishi fojiani-suv toshqinini keltirib chiqargan.

Dambalar daryo qirg’og’i bo’ylab, bir necha qatorlab, miroblarning aniq hisob-kitoblari asosida olib borilgan.Dambaning pastdan yuqorigacha kengligi 15-18 metr, usti bo’lsa 8 metgacha , daryo sathidan 3-4 metr baland qurilgan.Damba ko’tarish, arna, yoplarni qazishga xonlikdagi barcha erkaklar jalb etilgan.Dastlab xon, so’ngra bosh mirob arna yoki yopga kech kuzda tushib, aholi ko’z o’ngida belkurak bilan tozalashni boshlab bergan.So’ng qolgan ishni omma davom qildiravergan.

Ogahiy hazratlari 36 yoshida-1845 yili xonlikdagi qazuv harakati avj olgan paytda otdan yiqilib, oyog’i singani bois biroz oqsoqlanib yurgan.Qolaversa, miroblik ishi g’oyat qiyin vazifa bo’lib, suv muammosi, nizo-janjallarni bartaraf etish ham unga bog’liq edi. Muhammadrizo Erniyozbek o’g’li Ogahiy ana shunday serg’alva, ayni paytda savobli va nufuzli amalda ishlasa-da, hamisha ijod bilan shug’ullanishga vaqt topdi.Avlodlarga o’n sakkiz ming misra g’azal, yigirmaga yaqin tarixiy va tarjima asarlar yozib, meros qoldi. «Gulshani davlat», «Riyoz-ud davla», «Zubdat ul-tavorix», «Jome’ ul voqeoti Sultoniy» kabi tarixiy asarlari Xorazm tarixining ko’plab noaniq bo’lib kelayotgan davrlaridagi voqealarni oydinlashtiradi.

Ta’kidlash joizki, mazkur asarlarda xalq hayotidan ko’ra, ko’proq ijtimoiy-siyosiy voqealar, xonning qaerga borganiyu nima deganlari yoritilgan.Buni o’sha zamon taomilidan kelib chiqib qabul qilmoq lozim.Zero, mudom xon yonida yurgan mirobning asarida shu holat uchrashi odatiy hol. Ogahiy umri davomida sakkiz nafar xon Xivaga hukmronlik qilgan davrlarda yashadi.Tabiiyki, 8 xil boshqaruv, 8 xil muhitda yashash, ijod qilish Muhammadrizo uchun oson emasdi. Umuman aytganda, Ogahiy asarlari Xorazm tarixnavisligidagi eng katta salohiyatli manbalardir.

1863 yili xonlikka kelgan Herman Vamberi ham shaxsan Ogahiy bilan tanishib, uning va tog’asi Munisning asarlarini Yevropaga olib ketgan edi.

Ogahiy asarlarining Sharq davlatlaridan tashqariga ham tarqalishi 1873 yildagi chor hukumati istilosi bilan bog’liq.Xonlik mag’lublik alamini chekkan paytda Ogahiy hayot edi.Istilodan so’ng xonlikka kelgan rus sharqshunosi A.N.Kun Ogahiy asarlarini «Turkestanskaya vedomosti» gazetasi sahifalarida yoritgan.Keyin bir necha asarlarini tadqiq etish uchun Moskva, Peterburg shaharlariga olib ketdi.

Garchi Ogahiy 1874 yilda vafot etgan bo’lsada, qazdirgan yop, ariq, kanallar, yaratgan asarlari va ekkan tuti bugun ham barhayotdir.

08

(Tashriflar: umumiy 1 831, bugungi 1)

Izoh qoldiring