Xurshid Davron. Navoiynoma. XVII. So’nggi kunlar. Motam & Xondamir. «Makorimul-axloq»dan & Umid Bekmuhammad. Navoiy qanday kasallikdan vafot etgan?

Ashampoo_Snap_2017.01.01_01h12m32s_001_a.png    Ҳазрат Мир Алишер Навоий умрининг охирги йиллари оғир касалликка учрагани замондош муаррихлар асарларида,шунингдек,бобомиз ўзлари томонидан «Хазойин ул-маоний» дебочасида аниқ ва равшан қайд этилган. Манбаларга қараганда,Султон Ҳусайн Бойқаро шаддод ва бетамиз фарзандларининг навбатдаги исёнини даф этиб Астрободдан Ҳиротга қайтаётганидан хабар топган Алишер Навоий кутиб олишга чиқади…

    Алишер Навоий вафотига оид илк маълумотлар,асосан,муаррих Хондамир қаламига мансуб. У Навоий ўлими тафсилотларини «Макорим ул-ахлоқ» ҳамда «Ҳабиб ус-сият» асарларида етарлича ҳаққоний ва аниқ ифодалаб берган. Бу ҳақда тарихшунос олим Убайдулла Каримовнинг тадқиқоти мавжуд.

Сўнгги йилларда Ҳазрат Навоий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ чуқур ва машаққатли тадқиқотлар олиб борган Шуҳрат Сирожиддиновнинг таъкидлашича, улуғ шоир вафоти билан боғлиқ энг аниқ сана Хондамирга тегишлидир. У Навоий ҳижрий 906 йили,жумод ул-охир ойининг ўн иккинчиси,якшанба куни вафот этганлигини ёзиб қолдирган.

Айни 3 январ улуғ бобомиз хотирасини ёд этиш куни тарзида бугунги авлодлар учун анъанага айланишини жуда жуда истардим. Оиласи ва фарзанди бўлмаган Алишер Навоийнинг меросчилари, ҳар қадамда мақтаниб юрганимиздек, маълум маънода, унинг фарзандлари эканмиз, бобомиз хотирасини ёд этиш ва авайлаш бизнинг маънавий бурчимиз ва буюк ватандошимиз олдидаги қарзимиздир.

Хуршид Даврон

ХОНДАМИР
«МАКОРИМУЛ-АХЛОҚ»ДАН
Олижаноб ҳазрати султон дўстининг
бу дунёйи фонийдан
мангулик жаҳонига кўчиши баёнида
07

0 64.jpg Гуфтам, ки зи қиссаи мушкиле бинависам,
В-аз дарди фироқ ҳосиле бинависам.

Кў ақл, ки бад-он ҳоли ғаме шарҳ диҳам,
Кў даст, к-аз он дарди диле бинависам.

(«Айтдимки мушкил қиссани ёзай,
Фироқ дардининг ҳосилини ёзай,
Дил қани: у билан қайғуларимни шарҳласам,
Қўл қани: у билан дил дардини ёзсам!»)

Ақл эгаларига маълумдирки, зулмкор замона инсонларга жафо маошини узлуксиз орттириб борди. Фозиллар гуруҳига аниқдирки, жанжалкаш фалак вафо аҳлларини тинч ва барқарор қолдирмайди…

Аммо сўзнинг шарҳи шуки, 906 йил жумодил-аввал охирларида адолатли Соҳибқироннинг муборак байроғи Астробод юришидан салтанат тахтининг қароргоҳига юзланади. Бу шодлик хабари кетма-кет Ҳирот аҳолисига етишиб турди. Ҳидоят насабли, баланд даражали, хоқоний давлатининг суянчиғи, султон ҳазратларининг дўсти Олий ҳазрат истиқбол учун еттинчи жумодил-охирида сешанба куни Кўсавия (Ҳирот билан Астробод ўртасидаги бир қишлоқ) қасабасига жўнаб, Париён работини муборак юзининг нури билан жаннат боғига айлантирди. У кеча ўша жойда тўхтаб, чоршанба куни эрталаб, бирор очиқ сабабсиз, работнинг эшик ва деворларига ҳар ким томонидан ёзилган байтларни ўқимоқ мақсадида унинг бир томонидан кирди, тўсатдан ул ҳазратнинг муборак кўзи шу қитъага тушди:
.
Қ и т ъ а:
Дар ин дақиқа бимонданд жумлаи ҳукамо,
Ки одами чи кунад бо қазои кун фаякун.

Фуруғи набз чу шуд мунҳариф зи жумбиши асл,
Ба лои ажз фуру рафт пои Афлотун,

Салоҳи табъ чу сўи фасод рўй ниҳод,
Бимонд беҳуда дар дасти Бу-Али «Қонун».

( Шу (ўлим) дақиқаларда барча ҳукамо (ожиз) қолди, одам тангри қазосига қарши нима ҳам қила олади. Томир уриши асл ҳаракатдан четланганда, Афлотун оёғи ожизлик лойига ботиб қолди. Табъ дурустлиги фасодга юз қўйганда, Абу Али Сино қўлида «Қонун» беҳуда нарса бўлиб қолди.)

Бинобарин, таассуф ва ачиниш изҳор қилиб, илҳом тили билан айтдики: тўғри, ҳамма одам келгуси оламга юз ўгириши керак. Ўлим ва ҳаёт яратгувчисининг истагини ҳеч ким қайтара олмайди.

Шу пайтда у жойдан кўчиб, Поёб работига борди. Панжшанба кечаси бу жойга лашкаргоҳдан Мавлоно Вайс келиб, аъло ҳазрат бу кечаси Амир Шоҳ Малик работига ташриф қилдилар, у жойдан эрталаб юриш қиладилар, деган хабарни етказди…

Б а й т:
Манзили васл чун шавад наздик,
Оташи шавқ тезтар гардад.

(Васл манзили яқинлашиб қолгач, шавқ ўти тезлашади»),

байтига мувофиқ, мақтовли Соҳибқиронга етишиш давлати билан шавқ суви аркон ва унсурларини бирлаштирган у (Амир) шу сувни кўзидан равон қилиб, бомдод намозини эртароқ адо қилиб, дарҳол отга миниб, Амир Шоҳ Малик работига қараб йўлланди. Йўл асносида ҳар дам муборак пешонасидан шодлик ва хурсандлик нурлари порлади. Подшоҳнинг етишиб келган ҳар бир мулозими аҳвол сўраш ва кўнгил овлаш билан қувонтириларди. Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам миҳаффаси* кўринди.

Шу фурсатда, худонинг тақдири билан у зотнинг муборак боши айланиб қолди. Олийжаноб Амир Хожа Шиҳобиддин Абдуллони ўз яқинига чақириб, «Мени сақлашдан ғофил бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди», деди. Шу пайтда аъло ҳазратнинг қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан етишган касалликнинг оғирлиги охирги чекка бориб қолгани ва юришга мадор қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолиддин Қосим қўлтиқларига кириб, шу йўсинда илгари юриб, бошини баланд даражали подшо қучоғига қўя олди. Ул буюклик ва дабдаба доирасининг маркази аҳволида ўзгариш кўриб, аъло ҳазрат ғоятда қайғули ва ғамгин бўлди. Бу ер тўхташ ўрни бўлмаганликдан, аҳвол сўраш ва илтифот маросимларидан кейин ўтиб кетди. Шу онда бу касал сактага* айланиб, олий насабли Амирда қайтиб ҳаракат қилиш ва сўзлашга мажол қолмади.

Амир хизматида бўлган барча улуғларнинг маслаҳати билан хизматчи ва мулозимлар ул ҳазратни миҳаффага ётқизиб шаҳарга жўнашди…

Йўл асносида, Мавлоно Низомиддин Абдулҳай ва Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Гилоний ҳакимларнинг мувофиқ топиши билан, у зотнинг томиридан қон олдилар, бироқ бундан ҳеч қандай фойда ҳосил бўлмади.

Бар хез, эй табиб, ки бигузашт кор аз он!

(Эй табиб, уринма, иш вақтидан ўтган!»)

Ноилож, қайғули кўнгил ва ёшли кўз билан у ҳазрат ғам-андуҳ корвони бирлигида шаҳарга йўлландилар.

Қ и т ъ а:
Дило, чу нест сукун дар ниҳоди чархи нигун,
Дар ў чигуна касеро бувад мажоли сукун.

(Эй дил, тўнтарилган осмон негизида тўхташ бўлмагач, унда киши қандай тура олади).

Қисқаси, жума кечаси ярим кечада хайрли бинолар қурувчисини ўз уйига етказдилар. Эрта билан шаҳар табибларининг кўпчилигини ул ҳазратнинг бошига тўпладилар.

Бу гуруҳ ҳар қанча муолажа ва даволашга саъй ва ҳаракат қилиб, турли дори-дармонни ишга солсалар ҳам, тузалиш юз бермади, балки соатма-соат ҳоли оғирлашиб, касал орта борди.

«Ажал келгач, даволашдан нима фойда?»

Ўша куни Султони соҳибқирон шаҳарга етишиб, ул ҳазратга бўлган чексиз муҳаббати орқасида, Боғи Жаҳонорога бормай, тўғри ҳашаматли Амир ҳузурига ташриф буюрди. Ул ҳазратнинг касалини йиҳоятда оғир сезиб, кўп ёшлар тўкди ва қаттиқ қайғу ва ҳасрат билан боғига кетди. Аммо ҳар дамда киши юбориб, аҳвол сўраш маросимини бажо келтириб турар ва ғам, изтиробнинг беҳад оғирлигидан, бир он бўлса-да, истироҳат тўшагида фароғат билан ором олмасди. Шанба куни ҳам яхши хислатли Амирнинг ҳоли шу хилда борарди, балки борган сари заифлик кучая бориб, касаллик шиддати орта бормоқда эди. Натижада мазкур ойнинг ўн иккинчисида якшанба (906 ҳ. йил, жумодил-охир ойнинг ўн иккинчиси, якшанба куни, ҳозирги тақвим ҳисобимизча 1501 йил, 3 январь.) куни эрта билан ҳақ чақириғини «лаббайка» деб қабул қилиб, боқилик нақдини руҳ олувчига топширди ва ҳаёт гулшани булбулини олий чаманга жўнатди,

Б а й т:
Та жаҳонаст чунин буду чунин хоҳад буд,
Ҳамаро оҳибати кор ҳамин хоҳад буд.

(То жаҳон бор шундай эди, шундай бўлаверади, ҳамманинг иш оқибати шундай бўлади).

Маҳшар куни ғавғо ва тўполони бутун ер юзини қоплаб олди. Амир ва вазирларнинг йиғи-сиғиси, катта-кичикнинг фарёду фиғони осмоннинг энг юқори чўққисидан ҳам ўтиб кетди. Султони соҳибқирон ва подшо хонадонининг баъзилари ўша замондаёқ ул ҳазрат манзилига ташриф қилдилар ва иззат тахтидан мотам палосига тушиб, нола-зори ва йиғига бошладилар. Пайғамбар суннатига мувофиқ ювиш, кафанлаш маросимларини бажардилар. Зафарли соҳибқирон, ҳашаматли амирлар, ислом машойихлари, буюк сайидлар, олим ва фозиллар ва умумхалқ раҳмат эгаси ҳамроҳлигида хиёбонга қараб силжишди. Барча ғамгинлар оҳининг тутуни янгидан давлатга эришган хасисларнинг кибр-ҳавоси каби осмонга етишди ва юрак хуноблари бахти кетган сахийлар ёш гавҳари каби кўз йўлидан дам-бадам тупроққа тўкиларди.

Маснавий:
Зи мужгон дам-бадам хуноб мерехт,
Бигў хуноб чун бо об мерехт
Зи пас боло гирифт он рўз фаръёд,
Садо дар гунбази фирўза афтод,

(Киприкдан дам-бадам хуноб тўкиларди,
Айт, хуноб қони сувга тўкиларди.
Уша куни фарёд авжига чиқди,
Садо фируза ранг гунбазга чиқди).

Бу пайтда ҳаво жавҳари шоҳ ва гадога қўшилиб, чексиз ёш қатраларини ёғдирди, балки руҳ ва райҳон булути томчилари аршдек муаззам тобути теварагига иниб турди.

Р у б о и й:
Хуни шафақ аз дидаи гардун бичакид,
Маҳ рўй биканду Зуҳра гисў бибурид.
Шаб жома сияҳ кард дар-ин мотаму, субҳ
Барзад нафаси сарду гирибон бидарид,

(Осмон дийдасидан шафақ қони томди,
Ой юз юлди-ю, Зуҳра (юлдузи) соч қирқди.
Тун бу мотамда тўнини қора қилди,
тонг (эса) совуқ оҳ тортиб, ёқасин йиртди).

Ҳирот ийдгоҳида жаноза ўқилди. Кейин ўзининг масжиди жомеи ёнидаги, илгаридан шу ҳодиса учун ясаб қўйилган гумбазга олиб келиб дафн қилдилар.

«Эй тупроқ, бағрингда нима борлигини қайдан биласан?»

У кечаси буюк сайидлар ва олимларнинг кўпчилиги файзли қабри тепасида тунадилар ва қорилар тонггача тиловат билан шуғулланиб, мижжа қоқмадилар. Эртасига қуёш жамшиди мотамли кишилар каби, осмоннинг кўк тўнини кийди ва юлдузлар тўдаси халқнинг кўз ёши каби, ерга тўкилди. Вафоли Соқибқирон ҳам раҳматга сазовор Амир манзилида мотам мақомига ўтирди. Ҳирот пойтахтининг улуғлари ҳам хизматга етишиб, кўнгил сўраш маросимларини бажо келтирдилар. Шу куни Ҳирот шаҳрининг кўп масжидларида халқ мотам палосида ўтириб, улуғ мартабали зотнинг руҳини шод қилиш учун хатми Қуръон билан машғул бўлдилар.

Қ и т ъ а:

Аз мавти ў нашаст ба ҳар хона мотаме,
В-аз фавти ў бихост зи ҳар гўша шеване,
3-ин заҳмгин мусибату, з-ин саҳмнок марг,
Оташ фитод дар дили ҳар сангу оҳане.

(Унинг ўлими сабабли ҳар уйда мотам ўрнашди.
Унинг вафоти жиҳатидан ҳар бурчакда нола қўзғалди.
Бу фожиали мусибатдан ва қайғули ўлимдан
ҳар бир тош ва темир қалбга ўт тушди).

Султони Соҳибқирон учинчи кунгача ул аҳли диллар бошлиғининг уйида турди. Худойи ва хатм буюрди. Шунинг билан нур сочувчи зотнинг мазори бошига бориб, зиёрат шартларини бажо келтирди. Олий насаб Амирнинг улуғ биродари Амир Низомиддин Шайх Баҳлул ва у жанобнинг ўғилхони Амир Камолиддин Султон Ҳусайнга ва олий ҳазратнинг бошқа яқинлари ва мулозимларига меҳрибонлик кўрсатди. Ҳамда шу куни, Султони Соҳибҳироннинг буйруғига биноан, олий қадрли Амир Муборизиддин Муҳаммад Баҳодир ва жаноби Амир Хожа Афзалиддин Муҳаммад ва олий даргоҳ амирларининг зубдаси Хожа Шиҳобиддин Абдулло раҳмат эгасининг уйига Ҳирот шаҳрининг машойих, сайид, олим ва фозилларини чақириб, турли-туман таом тортдилар. У мажлисда қорилар ҳам йиғилиб, Қуръон хатм қилдилар. Бироқ саодатли Соҳибқирон баланд ҳиммати бунинг ила қаноатланмади. Бениҳоят катта бир чақириқ ўтказиш унинг равшан хотиридан ўтди. Улуғ амирлар маросимга керак нарсаларни тайёрла- дилар. Нарсалар жумласидан, икки юз эллик бош қўй, етмиш бош от ва ҳўкиз сарф қилди- лар. Мазкур ойнинг 23 ида панжшанба куни улуғ машойихлар, баланд даражали сайидлар, олимлар, фозиллар, улуғлар, аъён ва ашрофларни, катталарни Сарихиёбон* даласига чақирдилар.

Султони Соҳибқирон ҳам ташриф буюриб мажлисни мунаввар қилди. Мўл-жўл овқатлар тортилиб, Қуръон ўқилгандан кейин, олий мартабали подшонинг мулозимлари жаннат боқчасида ётган зотнинг қариндошлари, яқин дўстлари ва ходимларига қимматли кийимлар кийгизиб, уларни азадорлик кийимларидан чиқардилар ва уларни Соҳибқирон ўз олдига чақириб, подшоҳона илтифотлар ва хусҳровона иноятлар билан умидвор қилди. У изҳзат ва буюклик доираси марказининг вафотиҳдан қирқ кун ўтгандан кейин, яна бир маърака ўтказиш фикрига келди. Амир Камолиддин Султон Ҳусайн ва Хожа Жалолиддин Муҳаммад бу ишни бошқаришга киришиб, юзга яқин қўй, икки тўққиз от сўйдириб, хаёлга нима келган бўлса, ундан ҳам зиёдроқ қилиб, Олий ҳазратнинг муборак манзилида турли овқатлар ҳозирладилар. Ражаб ойининг 29 ида панжшанба куни (1501 йилнинг 18 феврали) вафодор Соҳибқирон у жойга ташриф буюрди, улуғлар ва буюк зотлар яна жамъ бўлдилар. Буюк амирлар ош тортишга киришиб, Қуръон ўқувчи қорилар оятлар қироат қилишга тил очдилар. Ўша пайтда, ўз замонининг Хадичаси* «Маҳди улъё»*нинг мулозимлари мусибат аҳлларига қиммат баҳо кийимлар кийгиздилар.

Олийжаноб мударрис Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий қирқ йилга яқин Олий ҳазрат мусоҳабатида бўлган, ул ҳазрат кўпинча расмий дарс китобларини у жаноб ҳузурида мутолаа қилган, у кишини Охунд деб атарди, ўша киши бу катта воқеанинг таърихи тўғрисида шу рубоийни айтган:

Р у б о и й:
Он қутби замона чун бирафт аз олам,
Таърих шуд он ки қутби ақтоб бирафт.

(Замона валиси оламдан кетгач,
«Қутби ақтоб бирафт» таърих бўлди».
(«Абжад» ҳисоби билан 906 чиқади.)

Олий мартабали Амир Камолиддин Султон Ҳусайн ул ҳазратнинг фарзанди ўрнида эдики, у мана бу қитъани айтган:

Қ и т ъ а:
Он мағфиратпаноҳ ки рафт аз фазои хок,
Фи равзатин муқаддастин тоба ҳолуҳу,
Чун ёфт ин камол зи хайрот дар ҳаёт,
Таърихи фавт гашт «хайрун камолуҳу.

(Маърифат эгаси ер фазосидан кетгач,
муқаддас равзада ҳоли яхши бўлди.
Бу камолни ҳаёт чоғида хайрот ишлари орқали олганлигидан,
вафот таърихи, «хайрун камолуҳу» бўлди (906).

Фасоҳат эгаси ва балоғат манбаи жаноби Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоро, табъининг нозиклиги билан ул ҳазрат мулозимлари ичида мумтоз ва мустаснолик шарафига эга эди, у киши бу таърихни айтган:

Афсус зи мири осмон қадр,
К-афтод ниҳоли умраш аз бех,
Дар Мотами ў чу дида хун мерехт,
«Хунрезии дида» гашт таърих.

(Афсуски, осмон қадрли ,
Амир умрининг дарахти томири билан йиқилди.
Унинг мотамида кўз қон тўкканидан
«Хунрезии дийда» таърих бўлди (906).

Ул ҳазратнинг ўз тенгқурлари орасида ортиқ даражада яқинлик билан мумтоз бўлган табиблар зубдаси Мавлоно Дарвишали бу назмни айтган:

Р у 6 о и й:
Дар мотами он қидваи арбоби вусул
Абнои замон шоҳу гадо гашта малул,
Ҳижрат ба расул кард он сайиди қавм,
Таърихи вафоти ўст «Ҳижрат ба расул».

(У ҳаққа етишганлар пешвоси мотами билан
шоҳдан тортиб гадогача, барча одамлар хафаланди.
У қавм сайиди пайғамбар олдига ҳижрат қилди.
Шунинг учун «Ҳижрат ба расул» вафоти таърихи бўлди (906).

Фозиллар пешвоси Мир Мунший лақабли Сайид Раҳматулло у хайрот ишлари эгасининг ёшлари сони қадар олтмиш иккита таърих топган…

Яширин қолмасинки, давлатли Олий ҳазратнинг таърихи ва марсияси ҳақида замон шоирлари ва фозиллар томонидан жуда кўп қитъа ва қасидалар айтилган. Аммо бу фақир сўз узайиб кетишдан андиша қилиб, улардан фақат шу қадаринигина келтириш билан кифояланиб, китобни қисқартирдим…

* билан белгиланган сўзлар изоҳи

Миҳаффа — подшо ва унинг хонадонига хос кажава бўлиб, унга ўтирғизиб, от-улов билан олиб юрадилар.
Сакта — ҳис ва ҳаракатнинг тўхтаб қолиш касали.
Сарихиёбон — катта ва кўпчилик зиёфати учун қурилган подшолик боғ.
Хадича — Ҳусайн Бойқаронинг хотини, ҳамда пайғамбарнинг катта хотини ҳам шу номда бўлгани учун, буни ўшанга тенглаштирилган.
Маҳди улъё — подшонинг бош хотини шу лақаб билан аталган.

НАВОИЙ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИКДАН ВАФОТ ЭТГАН
Умид Бекмуҳаммад
033

Ashampoo_Snap_2016.08.23_17h05m03s_018_.png Астрободадн келаётган подшоҳ ҳазратлари ( Султон Ҳусайн Бойқаро.Х.Д.к.) Хўжа Аббос мавзесига келганда тахтиравондан тушди. Негаки уни бир умрлик дўсти кутиб олаётганди. Аммо негадир дўсти подшо билан дийдорлашмоқ учун отдан тушиб келаётса-да, юришга қуввати қолмаётгандай кўринди. У бир қўлини Хўжа Абдуллонинг елкасига, иккинчи қўлини Хондамирнинг кифтига қўйиб тахтиравонга яқинлашди ва подшоҳ ҳазратларининг қўлини ўпдию, ҳолсизланиб ерга ўтириб қолди. Беҳуш бўлиб қолган киши Мир Алишер Навоий ҳазратлари эди.

Болаликдан бирга вояга етгани боис вақт ўтиб подшоҳ ва вазир даражасига чиққан Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий дўстлиги умрбод давом этди. Алишернинг оиласи ва қариндош-уруғлари темурийлар хонадонига яқин амалдорлардан бўлиб, отаси Ғиёсқадин Кичкина Абулқосим Бобурнинг сарой амалдорларидан, кейинроқ эса Сабзавор шаҳрига ҳоким ҳам бўлганди. Бу ҳолат ака-укалар Бахлулбек, Алишербек ва Дарвешалибекларнинг болаликдан темурий шаҳзодалар билан мактабда ўқишига сабаб бўлди.

Гарчи Хуросонда тожу тахт учун бўлган курашлар боис Ғиёсиддинлар оиласи Ироққа кўчса-да, Алишер ёшлигида Машҳад ва Самарқанддан Ҳиротга келиб, аввалига саройда муҳрдор, кейин вазир, Астробод ҳокими бўлиб ишлади. Навоийнинг акаси Шайх Бахлулбек ўша вақтда Хуросонга қарашли бўлган Хоразмнинг, укаси Дарвешали Балх вилоятининг ҳокими бўлиб фаолият кўрсатишганди. Ғиёсиддиннинг учала ўғли — Бахлулбек, Алишербек ва Дарвешалибекларнинг вилоятларга ҳоким бўлиши Ҳусайн Бойқаронинг уларга бўлган ишончу эътибори туфайли эди.

Аммо ҳамма даврларда бўлганидек, сарой ўйинлари туфайли баъзида ораларида келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари ҳам бўлиб турарди. Гарчи Навоий бутун умрини ижодга бахшида қилиш ниятида эгаллаб турган мансабларидан бир неча бор истеъфога чиққан бўлса-да, Ҳусайн билан болаликдан дўстлиги сабаб, салтанат ишларидан узоқлашиб кетолмасди. Унга подшоҳ инъом қилган кўплаб ер-сув, мол-мулкни ҳам турли мавзеларда 52 работ, 16 кўприк, 20 хонақоҳ, 9 ҳаммом ва 20 та ҳовуз ташкил этишга сарфлоди. Ўн саккиз минг шохрухий динордан иборат бир кунлик даромадиниям хайр-саховатга бағишлади. Ҳатго салтанат юмушлари деб ҳаж зиёратига бориш ҳам йилдан-йилга ортга суриларди.

Вақт ўтиб, Ҳусайн Бойқаро салтанати ҳам шаҳзодалар ўртасидаги жангу жадаллар туфайли беқарор ҳолатга бориб қолганди. Хусусан, Навоий Машҳадда бўлган пайти-да келгусида адолатли ҳукмдор бўлади, дея орзу қилган шаҳзода Мўмин Мирзонинг 1497 йил ўлдирилиши, Бади-уззамон ва Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги можароларни авжига чиқарди.

Шунингдек, Алишернинг фарзанди каби яқин бўлган жияни Ҳайдарбекнинг 1499 йилда давлатдан норози кайфиятдаги киши сифатида қатл этилиши, укаси Дарвешалининг Балх ҳокимлигидан бўшатилиши, малика Хадичабегимнинг турли фитна ва иғволари туфайли салтанатдаги ўзаро низоларнинг кучайиши 1500 йилга келиб Алишербекнинг соғлигига катта таъсир қилиб, декабр ойидан ўзини ёмон сезадиган, бош оғриши, қўл титроғи тез-тез безовта қиладиган бўлди. Бу пайтда даҳо шоир 59 ёшда бўлиб, касаллигига қарамай, ҳамиша мўйсафидлардек ҳушёр ва доно эди.

Шу боис Ҳусайн Бойқаронинг исён кўтарган ўғли Муҳаммад билан ярашганидан хурсанд бўлиб, 1500 йил жумодул-охир ойининг 6-санасида, хабар келган заҳоти бир гуруҳ амалдорлар билан йўлга чиқди. Жума кунида улар отда Хўжа Аббос мавзесида подшоҳни кутиб олдилар ва шу ерда Навоий ҳазратлари ҳушидан кетди.

Бундан ташвишланган Ҳусайн Бойқаро дўстини тахтга ётқизиб, Хўжа Абдуллога беморнинг ҳолидан хабардор бўлиб туришни топширди. Навоийнинг ташқи кўриниши ва томир уришида сакта аломатлари кўриниб қолганди. Сакта — инсульт ёки бошқача айтганда мияга қон қуйилиши эди. Бунинг давоси эса қон олиш бўлган.

Бир гуруҳ табиблар касалдан шу ернинг ўзида қон олишни таклиф қилишади. Аммо сарой табиби бўлган Низомаддин Абдулхай бирон хато бўлиши мумкинлигини, шоирни Ҳиротга олиб бориб, ўша ерда қон олишни афзал ҳисоблайди. Бу фикрни Ҳусайн Бойқаро бемор учун маъсул деб белгилаган Хўжа Абдулло ҳам маъқуллагач, беҳуш ҳолатдаги Навоий ҳазратларини Ҳирот томон олиб кетадилар.

Йўлда касаллик аломатлари кучайгач, Хондамир (1475-1535) Хўжа Абдуллога, агар қон олиш кечиктирилса, даволашдан фойда бўлмаслигини айтади. Шунда Хўжа Абдулло бемор ҳолини кўра туриб, Ҳусайн Бойқаро ҳузурига — Ҳиротга чопар йўллаб унинг фикрини сўрайди. Бойқаро кеч бўлсада қон олишни буюради. Аммо чопар келиб бу амрни етказгунича, қолаверса, қон олувчини йигирма чақирим олисдан олиб келгунча вақт ўтганди. Яъни қон олганларида 320 граммдан ортиқ қон чиқмайди. Шу тахлит касаллиги зўрайган Навоийни жума куни ярим кечада уй-ига олиб келишади. Эртасига шанба куни эса иккинчи бор табиблар қон олмоқчи бўладилар. Бироқ, фурсат бой берилганди. Бу пайтда дўстини кўргани етиб келган Бойқаро ҳам беморни беҳуш ҳолда кўриб, вақт ўтганини англайди. Эртасига якшанба куни тонгда эса буюк мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий мияга қон қуйилиши касаллигидан вафот этди. Бу маъшум воқеа 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда рўй беради.

Қўрқоқлик замиридаги хато

Сакта (мия инсульти) касаллигининг тўсатдан юз бериши натижасида Алишербек ҳушидан кетди. Ўша жойда бўлган Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро, бир қанча амалдорлар, табиблар ва саройнинг бош табиби Абдулхай Зиёратгоҳий Навоий ҳаётини ажал домидан сақлаб қолишга киришдилар. Аммо нафақат табибларга, балки оддий кишиларга ҳам маълум бўлган ҳолат — сакта юз берганида биринчи навбатда бемордан қон олиш кераклигига бош табиб амал қилмади. Хўш, бундай кечирилмас хатога йўл қўйган сарой бош табиби Абдулхай ким ва у нега бу мудҳиш ишни қилган?

Маълумки, Навоийнинг ҳушидан кетиши 906 йилнинг жумодил-охир ойида—милодий 1500 йил декабрида, дўсти Ҳусайн Бойқаро Астробод юришидан Ҳиротга қайтаётганида юз берган. Яъни, Навоий ҳазратлари ҳукмдор Бойқаро жанобларини кутиб олишга пешвоз чиққан эди.

Ажабланарлиси шундаки, дўсти Алишербек тўсатдан беҳуш бўлиб қолганида, подшоҳ Бойқаро уни табибларга топшириб, ўзи Париён работига йўл олган.

Хондамирнинг «Макорим-ул-ахлоқ» асарида ёзилишича, подшоҳ кетаётганида амалдор Хўжа Абдуллога Навоийнинг ҳолидан хабар олиб туришни топшириб, ўз тахти равони — михаффани қолдиради. Михаффа — ётиб кетиш ҳам мумкин бўлган кажава бўлиб, унинг икки томонига от қўшиб юриларди. Хўжа Абдулло Навоийни ана шу михаффага ётқизиб, узоқдаги Ҳиротга йўл олди. Ваҳоланки, шу ерда ҳозир бўлган табиблар биринчи ёрдам сифатида касалдан қон олишни маслаҳат бердилар. Бироқ Хўжа Абдулло бош табиб Абдулхайнинг Навоийни Ҳиротга олиб бориб, бошқа табибларни ҳам йиғиб, уларнинг ҳам фикрини тинглаб, кейин бирор даво чорасини топармиз, деган таклифига кўнди.

Ўша жойда бўлган табиблар, амалдор ва тарихчи Хондамир эса Абдулхай ва Хўжа Абдуллога Ибн Синонинг сакта касали юз берганида, биринчи навбатда қон олиш кераклигини, кейин бемор аста-секин ўзига келиб, тузала бошлашини ёзганлигини айтишади. Аммо Абдулло бош табиб Абдулхайнинг фикрига таянади ва Навоийни олиб Ҳирот томон йўлга тушди.

Хондамир «Ҳабиб ус-сияр» асарида катта хатога йўл қўйган сарой табибини «табобатдан лоф уриб юрувчи» мавлоно Абдулхай Зиёратгоҳий», деб таърифлайди. Ҳақиқатдан ҳам, наҳотки Хуросоннинг бош давлат табиби бўлмиш ул зот сакта юз берганида қон олиш кераклигидан бехабар бўлган? Табиийки, табиблик фаолиятини қишлоқда бошлаб, Хуросондек катта давлатнинг бош табиби бўлиш даражасига борган Абдулхай ўз фаолияти давомида юзлаб беморларни, шунингдек, сакта касалига учраганларни ҳам даволаган, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»ни ўқиган. Зеро, ўша вақтда табобат билан шуғулланувчи киши учун устозининг ўгитларига амал қилибгина қолмай, Ибн Сино асарларини ўқиш, ўрганиш ўзига хос қоидага айланганди. Шундай экан, Абдулхайдек сарой бош табиби сакта касали юз берганида, бемордан биринчи бўлиб қон олиш кераклигини билмасди, деб бўлмайди. Хўш, унда нега у беморни Ҳиротга олиб боргачгина даволаш керак, деб хатога йўл қўйди?!

Балки, подшоҳ дўстининг касали оғирлашса, жавобгарлик бўйнига юкланишидан чўчигандир?! Хўш, у нега иккиланиб, Ҳиротга боришни маъқул кўрди? Ваҳоланки, сактага қарши иккита чора бўлсагина бирини танлашга қийналиб, иккиланиши, масъулиятидан, подшоҳ қаҳридан қўрқиши мумкин эди. Бироқ ягона чора қон олиш шарт бўлган.

Шундай шароитда Навоий ҳазратлари михаффада Ҳирот томон олиб кетиларкан, аҳволи ғоят оғирлашди. Хондамир бемор учун подшоҳ маъсул қилган Хўжа Абдуллога агар ҳозир қон олинмаса, кейин даволашга чора қолмаслигини айтди. Хўжа Абдулло эса ўн саккиз километр узоқда бўлган Ҳусайн Бойқародан махсус буйруқ кутди. Чопар подшоҳ ҳузур бориб, қайтиб келгунича беморнинг аҳволи оғирлашиб, касаллик зўрайиб кетганди. Фурсат қўлдан кетгани ва подшоҳ розилик билдиргани боис, табиблар қон олганларида 300-350 грамдан зиёд қон чиқмади. Кечикиб қўлланилган чора ёрдам бермагач, Навоий Ҳиротга олиб келиниб, уйига ётқизилди. Ундан яна қон олишга ҳаракат қилишди. Аммо вақт ўтган эди. Шундан сўнг аҳволи оғирлашган дўстини кўргани келган Бойқаро бутунлай беҳуш ётган Навоийнинг олдида кўз ёши тўкди.

Шу ўринда саволлар туғилади. Наҳотки, Хуросон ҳукмдори учун ҳушидан кетган дўстини амалдор ва табибларга топшириб, Париён работига кетиш шунчалик зарур бўлса? Балки, ўша дамда подшоҳ Навоий ёнида бўлиб, табиблар қон олишни таклиф қилганида кўнар, эҳтимол Навоий ҳазратлари тузалиб кетармиди? Ахир Хондамир айтганидан сўнг Бойқарога чопар юборилганида, бемор дўсти билан подшоҳ турган макон орасидаги масофа атиги ўн саккиз километр экан-ку! Дўстининг ҳолидан хабар олиб, даво чоралари қўллангач, Ҳиротга бирга борсаям бўларди-ку! Умуман, фақат ўзининг айтганини афзал билиб, бошқалар фикрига таянмайдиган, қулоқ солмайдиган Абдулхайдек табиб давлатнинг бош табиби бўлиши, Навоий ўлимидан кейин ҳам «хато»си эътиборга олинмай, лавозимида қолдирилиши, файласуф шоир — Хуросон ҳукмдорининг сиёсатда мантиқсиз иш юритганини англатмайдими?

Хуллас, саволлар бисёр. Тарихга фақат бугунги кунда туғилган саволлар билан ёндашиб бўлмайди, албатта. Аммо, XVI асрдаёқ, Хондамирда шунга ўхшаш саволлар туғилган ва «Ҳабиб ус-сияр»да акс этган экан, бу «табобатдан лоф уриб юрувчи» Абдулхай Зиёратгоҳий катта хатога йўл қўйганини кўрсатади. Мудҳиш хато, қолаверса, тақдири азал сабабли, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Навоий ҳазратлари 1501 йил 3 январь куни вафот этди.


Навоий ўзига қабр тайёрлатганмиди?

Дўстининг кутилмаганда вафот этиши Байқарога шунчалик оғир таъсир қилдики, у анча вақтгача ўзигь келолмай юрди. 1501 йил 3 январдан 6 январгача дўстининг уйида аза тутиб ўтирди. Барча маъракаларга ўзи бош бўлди. Унинг учун Ҳиротдаги энг табарррук зиёратгоҳ қадамжо ҳам Сари Пули Инжил жомеъ масжиди ҳовлисидаги қабр бўлиб қолди. Зеро, бу ерга буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари дафн этилган эди.

Қадим Ҳиротнинг хушманзара мухтор тоғ ён бағрида жойлашган Мусалло (Намозгоҳ)да Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро кўплаб меъморий обидалар бунёд қилдирганди. Уларнинг аксарияти эса Мир Алишербек ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Бу жойлар Алишербек учун қадрдон гўшалигининг сабаби, Мусаффо атрофидаги Балиқли булоғи ёнида амакиси Ҳайдарбек-нинг ҳовлиси бўлиб, у ёшлигидан маърифатли амакиси билан гурунглашгани бу ерга тез-тез келиб турарди. Вақт ўтиб, Хуросон давлатида муҳрдор, вазир ва ҳоким даражасига етишгач эса, бор бойлигига қатор иншоотлар барпо эттирди.

Айниқса, Мусаллодек сўлим жойда Навоий ҳазратлари масжиди жомеъ, «Шифоия» шифохонаси, «Дор ул-хуффоз» (қорилар) мадрасаси, «Сафоия» ҳаммоми, Инжил ариғи ёқасида эса «Халосия» хонақоҳи ҳамда «Ихлосия» мадрасасини бунёд эттирганди.

Қолаверса, умри ўтгани сайин Алишербек маҳзун хаёллар оғушида юрадиган бўлди. Ўзи «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёзганидек, «Бу хоксор ва паришон рўзғор камина болаликдан то қариликка қадар, кўҳна даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитна кўзғовчи бўқала-мунлигидан, товламачилигидан, замонанинг ранг сингари гуногунлигидан кўп вақт ва узок, муддат ҳар хаёл ва тараддудлар билан овора бўлиб юрдим… «

Ана шундай «тараддуд»лардан бири иссиқ жон эмасми, қолаверса, ўлимини бўйнига олмаган мусулмон эмас, деганларидек ўзига қабр тайёрлатиш бўлди. Алишер Навоийнинг ўзига тириклигида қабр тайёрлатиши замондошларини ҳайратлантирган, бу ҳолнинг сабабини тушуна олмаганлар ҳам бўлган.

Негаки, Алишербек ўзига Ҳиротнинг Ризавия боғи ҳовлисида, Абдулла Ансорий мозорида, Саъдиддин Кошғарий мозорида ва ўзи солдирган Сари Пули Инжил масжиди жомеъ ҳовлисидан қабр тайёрлатиб қўйганди. Навоийнинг тўртта жойдан ўзига қабр тайёрлатгани, ҳатто Абдураҳмон Жомийни ҳам таажжубга солди.

Ўша даврда яшаб ижод этган Фаҳриддин Али Сафийнинг «Латоиф ут-тавоиф» асарида ёзилишича, баъзилар Жомийга Алишербекнинг қабр тайёрлатиб қўйганини айтиб беришганида, у «Мир Алишер бу қабрларнинг қайси бирида ётмоқчи экан ўзи» дея мутойиба ҳам қилган эканлар.

Табиийки, Навоийнинг қабр тайёрлатган масканлари ҳиротликлар учун энг табаррук жойлар эди. Хожа Абдулла Ансорий «Пири Ҳирот» дея довруқ таратган пешво бўлиб, кўплаб ҳиротликлар ўша масканга дафн этилишини васият қилдилар. Ризавия боғи ҳам Ҳиротдаги энг муқаддас жой ҳисобланган. Ўз вақтида нақшбандия ҳожаларининг ҳалифаси бўлган Мавлоно Саъдиддин Кошғарий мозори ҳам «табаррук» маскан эди.

Тўртинчи қабр тайёрланган жой «Сари Пули Инжил» масжиди жомеъ ҳовлиси ҳам Навоийнинг тез-тез ташриф буюриб турадиган қадамжоларидан бўлган. Умуман олганда, Навоий ҳазратлари мўмин-мусулмон банда сифатида қаерга борса, олдинига табаррук қадамжоларни зиёрат қиларди. Ҳиротдаги ўзига қабр тайёрлатган жойлар ҳам Навоий ҳазратлари мунтазам зиёрат қилиб турадиган масканлардан бўлган. Ҳатто, Алишербек ҳажга боравериши ортга сурилавериб, исломнинг бешинчи фарзи армонга айланажагини англагач, дўсти Ҳусайн Бойқародан Хожа Абдулло Ансорий зиёратгоҳининг жорубкаш (супурувчи)лигини ҳам сўраб олганди. Навоий бу қадамжога келиб, Ансорий мақбараси атрофларини супуриб кетарди. Кейинчалик эса бу ерда хонақоҳ қурдириб, теварак-атрофни яна ҳам обод қилди.

1501 йил 3 январда Алишербек мияга қон қуйилиш касаллигидан вафот этгач, қариндош-уруғлари уни Сари Пули Инжил масжиди ҳовлисидаги олдиндан ўзи тайёрлатиб қўйган қабрга дафн этишади. Кейинчалик Навоий дафн қилинган масжиди жомени ҳиротликлар «Қудсия», яъни муқаддас жой дея атайдиган бўлдилар.

Hazrat Mir Alisher Navoiy umrining oxirgi yillari og’ir kasallikka uchragani zamondosh muarrixlar asarlarida,shuningdek,bobomiz o’zlari tomonidan «Xazoyin ul-maoniy» debochasida aniq va ravshan qayd etilgan. Manbalarga qaraganda,Sulton Husayn Boyqaro shaddod va betamiz farzandlarining navbatdagi isyonini daf etib Astroboddan Hirotga qaytayotganidan xabar topgan Alisher Navoiy kutib olishga chiqadi va 1501 yilning yanvar kuni Husayn Bayqaro bilan yuzma-yuz bo’lgan bir pallada hushdan ketib yiqiladi.

Alisher Navoiy vafotiga oid ilk ma’lumotlar,asosan,muarrix Xondamir qalamiga mansub. U Navoiy o’limi tafsilotlarini «Makorim ul-axloq» hamda «Habib us-siyat» asarlarida yetarlicha haqqoniy va aniq ifodalab bergan. Bu haqda tarixshunos olim Ubaydulla Karimovning tadqiqoti mavjud.

So’nggi yillarda Hazrat Navoiy hayoti va faoliyati bilan bog’liq chuqur va mashaqqatli tadqiqotlar olib borgan Shuhrat Sirojiddinovning ta’kidlashicha, ulug’ shoir vafoti bilan bog’liq eng aniq sana Xondamirga tegishlidir. U Navoiy hijriy 906 yili,jumod ul-oxir oyining o’n ikkinchisi,yakshanba kuni vafot etganligini yozib qoldirgan.

Ayni 3 yanvar ulug’ bobomiz xotirasini yod etish kuni tarzida bugungi avlodlar uchun an’anaga aylanishini juda juda istardim. Oilasi va farzandi bo’lmagan Alisher Navoiyning meroschilari, har qadamda maqtanib yurganimizdek, ma’lum ma’noda, uning farzandlari ekanmiz, bobomiz xotirasini yod etish va avaylash bizning ma’naviy burchimiz va buyuk vatandoshimiz oldidagi qarzimizdir.

XONDAMIR
«MAKORIMUL-AXLOQ»DAN
Olijanob hazrati sulton do’stining
bu dunyoyi foniydan
mangulik jahoniga ko’chishi bayonida
07

16a.jpg Guftam, ki zi qissai mushkile binavisam,
V-az dardi firoq hosile binavisam.

Ko’ aql, ki bad-on holi g’ame sharh diham,
Ko’ dast, k-az on dardi dile binavisam.

(«Aytdimki mushkil qissani yozay,
Firoq dardining hosilini yozay,
Dil qani: u bilan qayg’ularimni sharhlasam,
Qo’l qani: u bilan dil dardini yozsam!»)

Aql egalariga ma’lumdirki, zulmkor zamona insonlarga jafo maoshini uzluksiz orttirib bordi. Fozillar guruhiga aniqdirki, janjalkash falak vafo ahllarini tinch va barqaror qoldirmaydi…

Ammo so’zning sharhi shuki, 906 yil jumodil-avval oxirlarida adolatli Sohibqironning muborak bayrog’i Astrobod yurishidan saltanat taxtining qarorgohiga yuzlanadi. Bu shodlik xabari ketma-ket Hirot aholisiga yetishib turdi. Hidoyat nasabli, baland darajali, xoqoniy davlatining suyanchig’i, sulton hazratlarining do’sti Oliy hazrat istiqbol uchun yettinchi jumodil-oxirida seshanba kuni Ko’saviya (Hirot bilan Astrobod o’rtasidagi bir qishloq) qasabasiga jo’nab, Pariyon rabotini muborak yuzining nuri bilan jannat bog’iga aylantirdi. U kecha o’sha joyda to’xtab, chorshanba kuni ertalab, biror ochiq sababsiz, rabotning eshik va devorlariga har kim tomonidan yozilgan baytlarni o’qimoq maqsadida uning bir tomonidan kirdi, to’satdan ul hazratning muborak ko’zi shu qit’aga tushdi:
.
Q i t ‘ a:
Dar in daqiqa bimondand jumlai hukamo,
Ki odami chi kunad bo qazoi kun fayakun.

Furug’i nabz chu shud munharif zi jumbishi asl,
Ba loi ajz furu raft poi Aflotun,

Salohi tab’ chu so’i fasod ro’y nihod,
Bimond behuda dar dasti Bu-Ali «Qonun».

( Shu (o’lim) daqiqalarda barcha hukamo (ojiz) qoldi, odam tangri qazosiga qarshi nima ham qila oladi. Tomir urishi asl harakatdan chetlanganda, Aflotun oyog’i ojizlik loyiga botib qoldi. Tab’ durustligi fasodga yuz qo’yganda, Abu Ali Sino qo’lida «Qonun» behuda narsa bo’lib qoldi.)

Binobarin, taassuf va achinish izhor qilib, ilhom tili bilan aytdiki: to’g’ri, hamma odam kelgusi olamga yuz o’girishi kerak. O’lim va hayot yaratguvchisining istagini hech kim qaytara olmaydi.

Shu paytda u joydan ko’chib, Poyob rabotiga bordi. Panjshanba kechasi bu joyga lashkargohdan Mavlono Vays kelib, a’lo hazrat bu kechasi Amir Shoh Malik rabotiga tashrif qildilar, u joydan ertalab yurish qiladilar, degan xabarni yetkazdi…

B a y t:
Manzili vasl chun shavad nazdik,
Otashi shavq teztar gardad.

(Vasl manzili yaqinlashib qolgach, shavq o’ti tezlashadi»),

baytiga muvofiq, maqtovli Sohibqironga yetishish davlati bilan shavq suvi arkon va unsurlarini birlashtirgan u (Amir) shu suvni ko’zidan ravon qilib, bomdod namozini ertaroq ado qilib, darhol otga minib, Amir Shoh Malik rabotiga qarab yo’llandi. Yo’l asnosida har dam muborak peshonasidan shodlik va xursandlik nurlari porladi. Podshohning yetishib kelgan har bir mulozimi ahvol so’rash va ko’ngil ovlash bilan quvontirilardi. Bir farsaxga yaqin yurganda sohibqironning dabdabali va ko’rkam mihaffasi* ko’rindi.

Shu fursatda, xudoning taqdiri bilan u zotning muborak boshi aylanib qoldi. Oliyjanob Amir Xoja Shihobiddin Abdulloni o’z yaqiniga chaqirib, «Meni saqlashdan g’ofil bo’lmang, ahvolim o’zgarib qoldi», dedi. Shu paytda a’lo hazratning qo’lini o’pishga yetishmoq uchun otdan tushdi. To’satdan yetishgan kasallikning og’irligi oxirgi chekka borib qolgani va yurishga mador qolmaganidan, mazkur amir va Mavlono Jaloliddin Qosim qo’ltiqlariga kirib, shu yo’sinda ilgari yurib, boshini baland darajali podsho quchog’iga qo’ya oldi. Ul buyuklik va dabdaba doirasining markazi ahvolida o’zgarish ko’rib, a’lo hazrat g’oyatda qayg’uli va g’amgin bo’ldi. Bu yer to’xtash o’rni bo’lmaganlikdan, ahvol so’rash va iltifot marosimlaridan keyin o’tib ketdi. Shu onda bu kasal saktaga* aylanib, oliy nasabli Amirda qaytib harakat qilish va so’zlashga majol qolmadi.

Amir xizmatida bo’lgan barcha ulug’larning maslahati bilan xizmatchi va mulozimlar ul hazratni mihaffaga yotqizib shaharga jo’nashdi…

Yo’l asnosida, Mavlono Nizomiddin Abdulhay va Mavlono Shamsiddin Muhammad Giloniy hakimlarning muvofiq topishi bilan, u zotning tomiridan qon oldilar, biroq bundan hech qanday foyda hosil bo’lmadi.

Bar xez, ey tabib, ki biguzasht kor az on!

(Ey tabib, urinma, ish vaqtidan o’tgan!»)

Noiloj, qayg’uli ko’ngil va yoshli ko’z bilan u hazrat g’am-anduh korvoni birligida shaharga yo’llandilar.

Q i t ‘ a:
Dilo, chu nest sukun dar nihodi charxi nigun,
Dar o’ chiguna kasero buvad majoli sukun.

(Ey dil, to’ntarilgan osmon negizida to’xtash bo’lmagach, unda kishi qanday tura oladi).

Qisqasi, juma kechasi yarim kechada xayrli binolar quruvchisini o’z uyiga yetkazdilar. Erta bilan shahar tabiblarining ko’pchiligini ul hazratning boshiga to’pladilar.

Bu guruh har qancha muolaja va davolashga sa’y va harakat qilib, turli dori-darmonni ishga solsalar ham, tuzalish yuz bermadi, balki soatma-soat holi og’irlashib, kasal orta bordi.

«Ajal kelgach, davolashdan nima foyda?»

O’sha kuni Sultoni sohibqiron shaharga yetishib, ul hazratga bo’lgan cheksiz muhabbati orqasida, Bog’i Jahonoroga bormay, to’g’ri hashamatli Amir huzuriga tashrif buyurdi. Ul hazratning kasalini yihoyatda og’ir sezib, ko’p yoshlar to’kdi va qattiq qayg’u va hasrat bilan bog’iga ketdi. Ammo har damda kishi yuborib, ahvol so’rash marosimini bajo keltirib turar va g’am, iztirobning behad og’irligidan, bir on bo’lsa-da, istirohat to’shagida farog’at bilan orom olmasdi. Shanba kuni ham yaxshi xislatli Amirning holi shu xilda borardi, balki borgan sari zaiflik kuchaya borib, kasallik shiddati orta bormoqda edi. Natijada mazkur oyning o’n ikkinchisida yakshanba (906 h. yil, jumodil-oxir oyning o’n ikkinchisi, yakshanba kuni, hozirgi taqvim hisobimizcha 1501 yil, 3 yanvar`.) kuni erta bilan haq chaqirig’ini «labbayka» deb qabul qilib, boqilik naqdini ruh oluvchiga topshirdi va hayot gulshani bulbulini oliy chamanga jo’natdi,

B a y t:
Ta jahonast chunin budu chunin xohad bud,
Hamaro ohibati kor hamin xohad bud.

(To jahon bor shunday edi, shunday bo’laveradi, hammaning ish oqibati shunday bo’ladi).

Mahshar kuni g’avg’o va to’poloni butun yer yuzini qoplab oldi. Amir va vazirlarning yig’i-sig’isi, katta-kichikning faryodu fig’oni osmonning eng yuqori cho’qqisidan ham o’tib ketdi. Sultoni sohibqiron va podsho xonadonining ba’zilari o’sha zamondayoq ul hazrat manziliga tashrif qildilar va izzat taxtidan motam palosiga tushib, nola-zori va yig’iga boshladilar. Payg’ambar sunnatiga muvofiq yuvish, kafanlash marosimlarini bajardilar. Zafarli sohibqiron, hashamatli amirlar, islom mashoyixlari, buyuk sayidlar, olim va fozillar va umumxalq rahmat egasi hamrohligida xiyobonga qarab siljishdi. Barcha g’amginlar ohining tutuni yangidan davlatga erishgan xasislarning kibr-havosi kabi osmonga yetishdi va yurak xunoblari baxti ketgan saxiylar yosh gavhari kabi ko’z yo’lidan dam-badam tuproqqa to’kilardi.

Masnaviy:
Zi mujgon dam-badam xunob merext,
Bigo’ xunob chun bo ob merext
Zi pas bolo girift on ro’z far’yod,
Sado dar gunbazi firo’za aftod,

(Kiprikdan dam-badam xunob to’kilardi,
Ayt, xunob qoni suvga to’kilardi.
Usha kuni faryod avjiga chiqdi,
Sado firuza rang gunbazga chiqdi).

Bu paytda havo javhari shoh va gadoga qo’shilib, cheksiz yosh qatralarini yog’dirdi, balki ruh va rayhon buluti tomchilari arshdek muazzam tobuti tevaragiga inib turdi.

R u b o i y:
Xuni shafaq az didai gardun bichakid,
Mah ro’y bikandu Zuhra giso’ biburid.
Shab joma siyah kard dar-in motamu, subh
Barzad nafasi sardu giribon bidarid,

(Osmon diydasidan shafaq qoni tomdi,
Oy yuz yuldi-yu, Zuhra (yulduzi) soch qirqdi.
Tun bu motamda to’nini qora qildi,
tong (esa) sovuq oh tortib, yoqasin yirtdi).

Hirot iydgohida janoza o’qildi. Keyin o’zining masjidi jomei yonidagi, ilgaridan shu hodisa uchun yasab qo’yilgan gumbazga olib kelib dafn qildilar.

«Ey tuproq, bag’ringda nima borligini qaydan bilasan?»

U kechasi buyuk sayidlar va olimlarning ko’pchiligi fayzli qabri tepasida tunadilar va qorilar tonggacha tilovat bilan shug’ullanib, mijja qoqmadilar. Ertasiga quyosh jamshidi motamli kishilar kabi, osmonning ko’k to’nini kiydi va yulduzlar to’dasi xalqning ko’z yoshi kabi, yerga to’kildi. Vafoli Soqibqiron ham rahmatga sazovor Amir manzilida motam maqomiga o’tirdi. Hirot poytaxtining ulug’lari ham xizmatga yetishib, ko’ngil so’rash marosimlarini bajo keltirdilar. Shu kuni Hirot shahrining ko’p masjidlarida xalq motam palosida o’tirib, ulug’ martabali zotning ruhini shod qilish uchun xatmi Qur’on bilan mashg’ul bo’ldilar.

Q i t ‘ a:

Az mavti o’ nashast ba har xona motame,
V-az favti o’ bixost zi har go’sha shevane,
3-in zahmgin musibatu, z-in sahmnok marg,
Otash fitod dar dili har sangu ohane.

(Uning o’limi sababli har uyda motam o’rnashdi.
Uning vafoti jihatidan har burchakda nola qo’zg’aldi.
Bu fojiali musibatdan va qayg’uli o’limdan
har bir tosh va temir qalbga o’t tushdi).

Sultoni Sohibqiron uchinchi kungacha ul ahli dillar boshlig’ining uyida turdi. Xudoyi va xatm buyurdi. Shuning bilan nur sochuvchi zotning mazori boshiga borib, ziyorat shartlarini bajo keltirdi. Oliy nasab Amirning ulug’ birodari Amir Nizomiddin Shayx Bahlul va u janobning o’g’ilxoni Amir Kamoliddin Sulton Husaynga va oliy hazratning boshqa yaqinlari va mulozimlariga mehribonlik ko’rsatdi. Hamda shu kuni, Sultoni Sohibhironning buyrug’iga binoan, oliy qadrli Amir Muboriziddin Muhammad Bahodir va janobi Amir Xoja Afzaliddin Muhammad va oliy dargoh amirlarining zubdasi Xoja Shihobiddin Abdullo rahmat egasining uyiga Hirot shahrining mashoyix, sayid, olim va fozillarini chaqirib, turli-tuman taom tortdilar. U majlisda qorilar ham yig’ilib, Qur’on xatm qildilar. Biroq saodatli Sohibqiron baland himmati buning ila qanoatlanmadi. Benihoyat katta bir chaqiriq o’tkazish uning ravshan xotiridan o’tdi. Ulug’ amirlar marosimga kerak narsalarni tayyorla- dilar. Narsalar jumlasidan, ikki yuz ellik bosh qo’y, yetmish bosh ot va ho’kiz sarf qildi- lar. Mazkur oyning 23 ida panjshanba kuni ulug’ mashoyixlar, baland darajali sayidlar, olimlar, fozillar, ulug’lar, a’yon va ashroflarni, kattalarni Sarixiyobon* dalasiga chaqirdilar.

Sultoni Sohibqiron ham tashrif buyurib majlisni munavvar qildi. Mo’l-jo’l ovqatlar tortilib, Qur’on o’qilgandan keyin, oliy martabali podshoning mulozimlari jannat boqchasida yotgan zotning qarindoshlari, yaqin do’stlari va xodimlariga qimmatli kiyimlar kiygizib, ularni azadorlik kiyimlaridan chiqardilar va ularni Sohibqiron o’z oldiga chaqirib, podshohona iltifotlar va xus’hrovona inoyatlar bilan umidvor qildi. U izhzat va buyuklik doirasi markazining vafotihdan qirq kun o’tgandan keyin, yana bir ma’raka o’tkazish fikriga keldi. Amir Kamoliddin Sulton Husayn va Xoja Jaloliddin Muhammad bu ishni boshqarishga kirishib, yuzga yaqin qo’y, ikki to’qqiz ot so’ydirib, xayolga nima kelgan bo’lsa, undan ham ziyodroq qilib, Oliy hazratning muborak manzilida turli ovqatlar hozirladilar. Rajab oyining 29 ida panjshanba kuni (1501 yilning 18 fevrali) vafodor Sohibqiron u joyga tashrif buyurdi, ulug’lar va buyuk zotlar yana jam’ bo’ldilar. Buyuk amirlar osh tortishga kirishib, Qur’on o’quvchi qorilar oyatlar qiroat qilishga til ochdilar. O’sha paytda, o’z zamonining Xadichasi* «Mahdi ul’yo»*ning mulozimlari musibat ahllariga qimmat baho kiyimlar kiygizdilar.

Oliyjanob mudarris Fasihiddin Muhammad Nizomiy qirq yilga yaqin Oliy hazrat musohabatida bo’lgan, ul hazrat ko’pincha rasmiy dars kitoblarini u janob huzurida mutolaa qilgan, u kishini Oxund deb atardi, o’sha kishi bu katta voqeaning ta’rixi to’g’risida shu ruboiyni aytgan:

R u b o i y:
On qutbi zamona chun biraft az olam,
Ta’rix shud on ki qutbi aqtob biraft.

(Zamona valisi olamdan ketgach,
«Qutbi aqtob biraft» ta’rix bo’ldi».
(«Abjad» hisobi bilan 906 chiqadi.)

Oliy martabali Amir Kamoliddin Sulton Husayn ul hazratning farzandi o’rnida ediki, u mana bu qit’ani aytgan:

Q i t ‘ a:
On mag’firatpanoh ki raft az fazoi xok,
Fi ravzatin muqaddastin toba holuhu,
Chun yoft in kamol zi xayrot dar hayot,
Ta’rixi favt gasht «xayrun kamoluhu.

(Ma’rifat egasi yer fazosidan ketgach,
muqaddas ravzada holi yaxshi bo’ldi.
Bu kamolni hayot chog’ida xayrot ishlari orqali olganligidan,
vafot ta’rixi, «xayrun kamoluhu» bo’ldi (906).

Fasohat egasi va balog’at manbai janobi Mavlono Fasihiddin Sohibdoro, tab’ining nozikligi bilan ul hazrat mulozimlari ichida mumtoz va mustasnolik sharafiga ega edi, u kishi bu ta’rixni aytgan:

Afsus zi miri osmon qadr,
K-aftod niholi umrash az bex,
Dar Motami o’ chu dida xun merext,
«Xunrezii dida» gasht ta’rix.

(Afsuski, osmon qadrli ,
Amir umrining daraxti tomiri bilan yiqildi.
Uning motamida ko’z qon to’kkanidan
«Xunrezii diyda» ta’rix bo’ldi (906).

Ul hazratning o’z tengqurlari orasida ortiq darajada yaqinlik bilan mumtoz bo’lgan tabiblar zubdasi Mavlono Darvishali bu nazmni aytgan:

R u 6 o i y:
Dar motami on qidvai arbobi vusul
Abnoi zamon shohu gado gashta malul,
Hijrat ba rasul kard on sayidi qavm,
Ta’rixi vafoti o’st «Hijrat ba rasul».

(U haqqa yetishganlar peshvosi motami bilan
shohdan tortib gadogacha, barcha odamlar xafalandi.
U qavm sayidi payg’ambar oldiga hijrat qildi.
Shuning uchun «Hijrat ba rasul» vafoti ta’rixi bo’ldi (906).

Fozillar peshvosi Mir Munshiy laqabli Sayid Rahmatullo u xayrot ishlari egasining yoshlari soni qadar oltmish ikkita ta’rix topgan…

Yashirin qolmasinki, davlatli Oliy hazratning ta’rixi va marsiyasi haqida zamon shoirlari va fozillar tomonidan juda ko’p qit’a va qasidalar aytilgan. Ammo bu faqir so’z uzayib ketishdan andisha qilib, ulardan faqat shu qadarinigina keltirish bilan kifoyalanib, kitobni qisqartirdim…

* bilan belgilangan so’zlar izohi

Mihaffa — podsho va uning xonadoniga xos kajava bo’lib, unga o’tirg’izib, ot-ulov bilan olib yuradilar.
Sakta — his va harakatning to’xtab qolish kasali.
Sarixiyobon — katta va ko’pchilik ziyofati uchun qurilgan podsholik bog’.
Xadicha — Husayn Boyqaroning xotini, hamda payg’ambarning katta xotini ham shu nomda bo’lgani uchun, buni o’shanga tenglashtirilgan.
Mahdi ul’yo — podshoning bosh xotini shu laqab bilan atalgan.

NAVOIY QANDAY KASALLIKDAN VAFOT ETGAN?
Umid Bekmuhammad
033

Ashampoo_Snap_2016.08.23_17h02m56s_012_.png Astrobodadn kelayotgan podshoh hazratlari ( Sulton Husayn Boyqaro.X.D.k.) Xo‘ja Abbos mavzesiga kelganda taxtiravondan tushdi. Negaki uni bir umrlik do‘sti kutib olayotgandi. Ammo negadir do‘sti podsho bilan diydorlashmoq uchun otdan tushib kelayotsa-da, yurishga quvvati qolmayotganday ko‘rindi. U bir qo‘lini Xo‘ja Abdulloning yelkasiga, ikkinchi qo‘lini Xondamirning kiftiga qo‘yib taxtiravonga yaqinlashdi va podshoh hazratlarining qo‘lini o‘pdiyu, holsizlanib yerga o‘tirib qoldi. Behush bo‘lib qolgan kishi Mir Alisher Navoiy hazratlari edi.

Bolalikdan birga voyaga yetgani bois vaqt o‘tib podshoh va vazir darajasiga chiqqan Husayn Boyqaro va Alisher Navoiy do‘stligi umrbod davom etdi. Alisherning oilasi va qarindosh-urug‘lari temuriylar xonadoniga yaqin amaldorlardan bo‘lib, otasi G‘iyosqadin Kichkina Abulqosim Boburning saroy amaldorlaridan, keyinroq esa Sabzavor shahriga hokim ham bo‘lgandi. Bu holat aka-ukalar Baxlulbek, Alisherbek va Darveshalibeklarning bolalikdan temuriy shahzodalar bilan maktabda o‘qishiga sabab bo‘ldi.

Garchi Xurosonda toju taxt uchun bo‘lgan kurashlar bois G‘iyosiddinlar oilasi Iroqqa ko‘chsa-da, Alisher yoshligida Mashhad va Samarqanddan Hirotga kelib, avvaliga saroyda muhrdor, keyin vazir, Astrobod hokimi bo‘lib ishladi. Navoiyning akasi Shayx Baxlulbek o‘sha vaqtda Xurosonga qarashli bo‘lgan Xorazmning, ukasi Darveshali Balx viloyatining hokimi bo‘lib faoliyat ko‘rsatishgandi. G‘iyosiddinning uchala o‘g‘li — Baxlulbek, Alisherbek va Darveshalibeklarning viloyatlarga hokim bo‘lishi Husayn Boyqaroning ularga bo‘lgan ishonchu e’tibori tufayli edi.

Ammo hamma davrlarda bo‘lganidek, saroy o‘yinlari tufayli ba’zida oralarida kelishmovchilik, bir-birini tushunmaslik holatlari ham bo‘lib turardi. Garchi Navoiy butun umrini ijodga baxshida qilish niyatida egallab turgan mansablaridan bir necha bor iste’foga chiqqan bo‘lsa-da, Husayn bilan bolalikdan do‘stligi sabab, saltanat ishlaridan uzoqlashib ketolmasdi. Unga podshoh in’om qilgan ko‘plab yer-suv, mol-mulkni ham turli mavzelarda 52 rabot, 16 ko‘prik, 20 xonaqoh, 9 hammom va 20 ta hovuz tashkil etishga sarflodi. O‘n sakkiz ming shoxruxiy dinordan iborat bir kunlik daromadiniyam xayr-saxovatga bag‘ishladi. Hatgo saltanat yumushlari deb haj ziyoratiga borish ham yildan-yilga ortga surilardi.

Vaqt o‘tib, Husayn Boyqaro saltanati ham shahzodalar o‘rtasidagi jangu jadallar tufayli beqaror holatga borib qolgandi. Xususan, Navoiy Mashhadda bo‘lgan payti-da kelgusida adolatli hukmdor bo‘ladi, deya orzu qilgan shahzoda Mo‘min Mirzoning 1497 yil o‘ldirilishi, Badi-uzzamon va Husayn Boyqaro o‘rtasidagi mojarolarni avjiga chiqardi.

Shuningdek, Alisherning farzandi kabi yaqin bo‘lgan jiyani Haydarbekning 1499 yilda davlatdan norozi kayfiyatdagi kishi sifatida qatl etilishi, ukasi Darveshalining Balx hokimligidan bo‘shatilishi, malika Xadichabegimning turli fitna va ig‘volari tufayli saltanatdagi o‘zaro nizolarning kuchayishi 1500 yilga kelib Alisherbekning sog‘ligiga katta ta’sir qilib, dekabr oyidan o‘zini yomon sezadigan, bosh og‘rishi, qo‘l titrog‘i tez-tez bezovta qiladigan bo‘ldi. Bu paytda daho shoir 59 yoshda bo‘lib, kasalligiga qaramay, hamisha mo‘ysafidlardek hushyor va dono edi.

Shu bois Husayn Boyqaroning isyon ko‘targan o‘g‘li Muhammad bilan yarashganidan xursand bo‘lib, 1500 yil jumodul-oxir oyining 6-sanasida, xabar kelgan zahoti bir guruh amaldorlar bilan yo‘lga chiqdi. Juma kunida ular otda Xo‘ja Abbos mavzesida podshohni kutib oldilar va shu yerda Navoiy hazratlari hushidan ketdi.

Bundan tashvishlangan Husayn Boyqaro do‘stini taxtga yotqizib, Xo‘ja Abdulloga bemorning holidan xabardor bo‘lib turishni topshirdi. Navoiyning tashqi ko‘rinishi va tomir urishida sakta alomatlari ko‘rinib qolgandi. Sakta — insult yoki boshqacha aytganda miyaga qon quyilishi edi. Buning davosi esa qon olish bo‘lgan.

Bir guruh tabiblar kasaldan shu yerning o‘zida qon olishni taklif qilishadi. Ammo saroy tabibi bo‘lgan Nizomaddin Abdulxay biron xato bo‘lishi mumkinligini, shoirni Hirotga olib borib, o‘sha yerda qon olishni afzal hisoblaydi. Bu fikrni Husayn Boyqaro bemor uchun ma’sul deb belgilagan Xo‘ja Abdullo ham ma’qullagach, behush holatdagi Navoiy hazratlarini Hirot tomon olib ketadilar.

Yo‘lda kasallik alomatlari kuchaygach, Xondamir (1475-1535) Xo‘ja Abdulloga, agar qon olish kechiktirilsa, davolashdan foyda bo‘lmasligini aytadi. Shunda Xo‘ja Abdullo bemor holini ko‘ra turib, Husayn Boyqaro huzuriga — Hirotga chopar yo‘llab uning fikrini so‘raydi. Boyqaro kech bo‘lsada qon olishni buyuradi. Ammo chopar kelib bu amrni yetkazgunicha, qolaversa, qon oluvchini yigirma chaqirim olisdan olib kelguncha vaqt o‘tgandi. Ya’ni qon olganlarida 320 grammdan ortiq qon chiqmaydi. Shu taxlit kasalligi zo‘raygan Navoiyni juma kuni yarim kechada uy-iga olib kelishadi. Ertasiga shanba kuni esa ikkinchi bor tabiblar qon olmoqchi bo‘ladilar. Biroq, fursat boy berilgandi. Bu paytda do‘stini ko‘rgani yetib kelgan Boyqaro ham bemorni behush holda ko‘rib, vaqt o‘tganini anglaydi. Ertasiga yakshanba kuni tongda esa buyuk mutafakkir va davlat arbobi Mir Alisher Navoiy miyaga qon quyilishi kasalligidan vafot etdi. Bu ma’shum voqea 1501 yil 3 yanvar kuni Hirotda ro‘y beradi.

Qo‘rqoqlik zamiridagi xato

Sakta (miya insulti) kasalligining to‘satdan yuz berishi natijasida Alisherbek hushidan ketdi. O‘sha joyda bo‘lgan Xuroson podshohi Husayn Boyqaro, bir qancha amaldorlar, tabiblar va saroyning bosh tabibi Abdulxay Ziyoratgohiy Navoiy hayotini ajal domidan saqlab qolishga kirishdilar. Ammo nafaqat tabiblarga, balki oddiy kishilarga ham ma’lum bo‘lgan holat — sakta yuz berganida birinchi navbatda bemordan qon olish kerakligiga bosh tabib amal qilmadi. Xo‘sh, bunday kechirilmas xatoga yo‘l qo‘ygan saroy bosh tabibi Abdulxay kim va u nega bu mudhish ishni qilgan?

Ma’lumki, Navoiyning hushidan ketishi 906 yilning jumodil-oxir oyida—milodiy 1500 yil dekabrida, do‘sti Husayn Boyqaro Astrobod yurishidan Hirotga qaytayotganida yuz bergan. Ya’ni, Navoiy hazratlari hukmdor Boyqaro janoblarini kutib olishga peshvoz chiqqan edi.

Ajablanarlisi shundaki, do‘sti Alisherbek to‘satdan behush bo‘lib qolganida, podshoh Boyqaro uni tabiblarga topshirib, o‘zi Pariyon rabotiga yo‘l olgan.

Xondamirning «Makorim-ul-axloq» asarida yozilishicha, podshoh ketayotganida amaldor Xo‘ja Abdulloga Navoiyning holidan xabar olib turishni topshirib, o‘z taxti ravoni — mixaffani qoldiradi. Mixaffa — yotib ketish ham mumkin bo‘lgan kajava bo‘lib, uning ikki tomoniga ot qo‘shib yurilardi. Xo‘ja Abdullo Navoiyni ana shu mixaffaga yotqizib, uzoqdagi Hirotga yo‘l oldi. Vaholanki, shu yerda hozir bo‘lgan tabiblar birinchi yordam sifatida kasaldan qon olishni maslahat berdilar. Biroq Xo‘ja Abdullo bosh tabib Abdulxayning Navoiyni Hirotga olib borib, boshqa tabiblarni ham yig‘ib, ularning ham fikrini tinglab, keyin biror davo chorasini toparmiz, degan taklifiga ko‘ndi.

O‘sha joyda bo‘lgan tabiblar, amaldor va tarixchi Xondamir esa Abdulxay va Xo‘ja Abdulloga Ibn Sinoning sakta kasali yuz berganida, birinchi navbatda qon olish kerakligini, keyin bemor asta-sekin o‘ziga kelib, tuzala boshlashini yozganligini aytishadi. Ammo Abdullo bosh tabib Abdulxayning fikriga tayanadi va Navoiyni olib Hirot tomon yo‘lga tushdi.

Xondamir «Habib us-siyar» asarida katta xatoga yo‘l qo‘ygan saroy tabibini «tabobatdan lof urib yuruvchi» mavlono Abdulxay Ziyoratgohiy», deb ta’riflaydi. Haqiqatdan ham, nahotki Xurosonning bosh davlat tabibi bo‘lmish ul zot sakta yuz berganida qon olish kerakligidan bexabar bo‘lgan? Tabiiyki, tabiblik faoliyatini qishloqda boshlab, Xurosondek katta davlatning bosh tabibi bo‘lish darajasiga borgan Abdulxay o‘z faoliyati davomida yuzlab bemorlarni, shuningdek, sakta kasaliga uchraganlarni ham davolagan, Ibn Sinoning «Tib qonunlari»ni o‘qigan. Zero, o‘sha vaqtda tabobat bilan shug‘ullanuvchi kishi uchun ustozining o‘gitlariga amal qilibgina qolmay, Ibn Sino asarlarini o‘qish, o‘rganish o‘ziga xos qoidaga aylangandi. Shunday ekan, Abdulxaydek saroy bosh tabibi sakta kasali yuz berganida, bemordan birinchi bo‘lib qon olish kerakligini bilmasdi, deb bo‘lmaydi. Xo‘sh, unda nega u bemorni Hirotga olib borgachgina davolash kerak, deb xatoga yo‘l qo‘ydi?!

Balki, podshoh do‘stining kasali og‘irlashsa, javobgarlik bo‘yniga yuklanishidan cho‘chigandir?! Xo‘sh, u nega ikkilanib, Hirotga borishni ma’qul ko‘rdi? Vaholanki, saktaga qarshi ikkita chora bo‘lsagina birini tanlashga qiynalib, ikkilanishi, mas’uliyatidan, podshoh qahridan qo‘rqishi mumkin edi. Biroq yagona chora qon olish shart bo‘lgan.

Shunday sharoitda Navoiy hazratlari mixaffada Hirot tomon olib ketilarkan, ahvoli g‘oyat og‘irlashdi. Xondamir bemor uchun podshoh ma’sul qilgan Xo‘ja Abdulloga agar hozir qon olinmasa, keyin davolashga chora qolmasligini aytdi. Xo‘ja Abdullo esa o‘n sakkiz kilometr uzoqda bo‘lgan Husayn Boyqarodan maxsus buyruq kutdi. Chopar podshoh huzur borib, qaytib kelgunicha bemorning ahvoli og‘irlashib, kasallik zo‘rayib ketgandi. Fursat qo‘ldan ketgani va podshoh rozilik bildirgani bois, tabiblar qon olganlarida 300-350 gramdan ziyod qon chiqmadi. Kechikib qo‘llanilgan chora yordam bermagach, Navoiy Hirotga olib kelinib, uyiga yotqizildi. Undan yana qon olishga harakat qilishdi. Ammo vaqt o‘tgan edi. Shundan so‘ng ahvoli og‘irlashgan do‘stini ko‘rgani kelgan Boyqaro butunlay behush yotgan Navoiyning oldida ko‘z yoshi to‘kdi.

Shu o‘rinda savollar tug‘iladi. Nahotki, Xuroson hukmdori uchun hushidan ketgan do‘stini amaldor va tabiblarga topshirib, Pariyon rabotiga ketish shunchalik zarur bo‘lsa? Balki, o‘sha damda podshoh Navoiy yonida bo‘lib, tabiblar qon olishni taklif qilganida ko‘nar, ehtimol Navoiy hazratlari tuzalib ketarmidi? Axir Xondamir aytganidan so‘ng Boyqaroga chopar yuborilganida, bemor do‘sti bilan podshoh turgan makon orasidagi masofa atigi o‘n sakkiz kilometr ekan-ku! Do‘stining holidan xabar olib, davo choralari qo‘llangach, Hirotga birga borsayam bo‘lardi-ku! Umuman, faqat o‘zining aytganini afzal bilib, boshqalar fikriga tayanmaydigan, quloq solmaydigan Abdulxaydek tabib davlatning bosh tabibi bo‘lishi, Navoiy o‘limidan keyin ham «xato»si e’tiborga olinmay, lavozimida qoldirilishi, faylasuf shoir — Xuroson hukmdorining siyosatda mantiqsiz ish yuritganini anglatmaydimi?

Xullas, savollar bisyor. Tarixga faqat bugungi kunda tug‘ilgan savollar bilan yondashib bo‘lmaydi, albatta. Ammo, XVI asrdayoq, Xondamirda shunga o‘xshash savollar tug‘ilgan va «Habib us-siyar»da aks etgan ekan, bu «tabobatdan lof urib yuruvchi» Abdulxay Ziyoratgohiy katta xatoga yo‘l qo‘yganini ko‘rsatadi. Mudhish xato, qolaversa, taqdiri azal sababli, buyuk mutafakkir va davlat arbobi Navoiy hazratlari 1501 yil 3 yanvar kuni vafot etdi.


Navoiy o‘ziga qabr tayyorlatganmidi?

Do‘stining kutilmaganda vafot etishi Bayqaroga shunchalik og‘ir ta’sir qildiki, u ancha vaqtgacha o‘zig kelolmay yurdi. 1501 yil 3 yanvardan 6 yanvargacha do‘stining uyida aza tutib o‘tirdi. Barcha ma’rakalarga o‘zi bosh bo‘ldi. Uning uchun Hirotdagi eng tabarrruk ziyoratgoh qadamjo ham Sari Puli Injil jome’ masjidi hovlisidagi qabr bo‘lib qoldi. Zero, bu yerga buyuk mutafakkir Mir Alisher Navoiy hazratlari dafn etilgan edi.

Qadim Hirotning xushmanzara muxtor tog‘ yon bag‘rida joylashgan Musallo (Namozgoh)da Xuroson hukmdori Husayn Boyqaro ko‘plab me’moriy obidalar bunyod qildirgandi. Ularning aksariyati esa Mir Alisherbek hazratlari boshchiligida barpo etilgan edi. Bu joylar Alisherbek uchun qadrdon go‘shaligining sababi, Musaffo atrofidagi Baliqli bulog‘i yonida amakisi Haydarbek-ning hovlisi bo‘lib, u yoshligidan ma’rifatli amakisi bilan gurunglashgani bu yerga tez-tez kelib turardi. Vaqt o‘tib, Xuroson davlatida muhrdor, vazir va hokim darajasiga yetishgach esa, bor boyligiga qator inshootlar barpo ettirdi.

Ayniqsa, Musallodek so‘lim joyda Navoiy hazratlari masjidi jome’, «Shifoiya» shifoxonasi, «Dor ul-xuffoz» (qorilar) madrasasi, «Safoiya» hammomi, Injil arig‘i yoqasida esa «Xalosiya» xonaqohi hamda «Ixlosiya» madrasasini bunyod ettirgandi.

Qolaversa, umri o‘tgani sayin Alisherbek mahzun xayollar og‘ushida yuradigan bo‘ldi. O‘zi «Mahbub ul-qulub» asarida yozganidek, «Bu xoksor va parishon ro‘zg‘or kamina bolalikdan to qarilikka qadar, ko‘hna davron voqealaridan, aylanuvchi osmon hodisalaridan, fitna ko‘zg‘ovchi bo‘qala-munligidan, tovlamachiligidan, zamonaning rang singari gunogunligidan ko‘p vaqt va uzok, muddat har xayol va taraddudlar bilan ovora bo‘lib yurdim… «

Ana shunday «taraddud»lardan biri issiq jon emasmi, qolaversa, o‘limini bo‘yniga olmagan musulmon emas, deganlaridek o‘ziga qabr tayyorlatish bo‘ldi. Alisher Navoiyning o‘ziga tirikligida qabr tayyorlatishi zamondoshlarini hayratlantirgan, bu holning sababini tushuna olmaganlar ham bo‘lgan.

Negaki, Alisherbek o‘ziga Hirotning Rizaviya bog‘i hovlisida, Abdulla Ansoriy mozorida, Sa’diddin Koshg‘ariy mozorida va o‘zi soldirgan Sari Puli Injil masjidi jome’ hovlisidan qabr tayyorlatib qo‘ygandi. Navoiyning to‘rtta joydan o‘ziga qabr tayyorlatgani, hatto Abdurahmon Jomiyni ham taajjubga soldi.

O‘sha davrda yashab ijod etgan Fahriddin Ali Safiyning «Latoif ut-tavoif» asarida yozilishicha, ba’zilar Jomiyga Alisherbekning qabr tayyorlatib qo‘yganini aytib berishganida, u «Mir Alisher bu qabrlarning qaysi birida yotmoqchi ekan o‘zi» deya mutoyiba ham qilgan ekanlar.

Tabiiyki, Navoiyning qabr tayyorlatgan maskanlari hirotliklar uchun eng tabarruk joylar edi. Xoja Abdulla Ansoriy «Piri Hirot» deya dovruq taratgan peshvo bo‘lib, ko‘plab hirotliklar o‘sha maskanga dafn etilishini vasiyat qildilar. Rizaviya bog‘i ham Hirotdagi eng muqaddas joy hisoblangan. O‘z vaqtida naqshbandiya hojalarining halifasi bo‘lgan Mavlono Sa’diddin Koshg‘ariy mozori ham “tabarruk” maskan edi.

To‘rtinchi qabr tayyorlangan joy «Sari Puli Injil» masjidi jome’ hovlisi ham Navoiyning tez-tez tashrif buyurib turadigan qadamjolaridan bo‘lgan. Umuman olganda, Navoiy hazratlari mo‘min-musulmon banda sifatida qayerga borsa, oldiniga tabarruk qadamjolarni ziyorat qilardi. Hirotdagi o‘ziga qabr tayyorlatgan joylar ham Navoiy hazratlari muntazam ziyorat qilib turadigan maskanlardan bo‘lgan. Hatto, Alisherbek hajga boraverishi ortga surilaverib, islomning beshinchi farzi armonga aylanajagini anglagach, do‘sti Husayn Boyqarodan Xoja Abdullo Ansoriy ziyoratgohining jorubkash (supuruvchi)ligini ham so‘rab olgandi. Navoiy bu qadamjoga kelib, Ansoriy maqbarasi atroflarini supurib ketardi. Keyinchalik esa bu yerda xonaqoh qurdirib, tevarak-atrofni yana ham obod qildi.

1501 yil 3 yanvarda Alisherbek miyaga qon quyilish kasalligidan vafot etgach, qarindosh-urug‘lari uni Sari Puli Injil masjidi hovlisidagi oldindan o‘zi tayyorlatib qo‘ygan qabrga dafn etishadi. Keyinchalik Navoiy dafn qilingan masjidi jomeni hirotliklar «Qudsiya», ya’ni muqaddas joy deya ataydigan bo‘ldilar.

055

(Tashriflar: umumiy 5 328, bugungi 1)

2 izoh

  1. Juda yaxshi yoritilgan, rahmat sayt yurutuvchilariga. Yetarlicha ma’lumot oldim

Izoh qoldiring