Stefan Sveyg. Bir umrning zavoli.

054      Таржимондан: Юракни тилка-пора қилмоқ учун тақдири азал дабдурустдан кўкракка найза санчмайди. Пайт пойлайди. Бунга у устаси фаранг. Биз тақдири азалнинг ҳукмини “баҳонаи сабаб” деб қўя қоламиз, сўнг… бу бетайин иборамизни ҳукмнинг бешафқат оқибатига таажжуб билан қиёслашга тушамиз; аслида дард ошкор бўлмасидан анча илгари бошланади. Инсон тақдири ҳам шунақа. У узоқ вақт вужудимиз қаърида, етмиш икки томиримизда яшириниб ётади, сиртга чиққанида эса негадир исён кўтарамиз, аммо фойдаси бўлмайди.

Стефан Цвейг
БИР УМРНИНГ ЗАВОЛИ

Низом Комил таржимаси
08

032    Стефан Цвейг (Stefan Zweig) 1881 йилнинг 28 ноярида Вена шаҳридаги бадавлат хонадонда, тўқимачи корхона эгаси Мориц Цвейг оиласида дунёга келди.1900 йилда гимназияни тамомлаб,Вена университетининг фалсафа факультетига таҳсил ола бошлади.Талабалик чоғидаёқ “Кумуш торлар” деб номланган илк шеърий китобчасини нашр эттирди ва уни почта орқали таниқли шоир Райнер Мария Рилькега юборди.Мана шу илк китобчадан бошлаб Стефвн Цвейг билан Райнер Мария Рильке ўртасида жуда узоқ давом этган дўстлик ришталари боғланди.

Университетни тамомлаган Стефан Цвейг дунё бўйлаб саёҳатга отланди.Дастлаб Европа шаҳарларини,кейинчалик Осиё ва Америка қитъасидаги кўплаб шаҳарларни томоша қилди.Биринчи жаҳон уруши охирлаб қолган 1917 йилдан бошлаб у Швейцарияда истиқомат қилади.Айни шу пайтлари у буюк француз адиби Ромен Роллан билан дўстлашади.

1922 йилдан бошлаб Стефан Цвейг номини машҳур қилган китоблар бирин-кетин нашр этилди.Айниқса, адибнинг тарихий-биографик йўналишда ёзилган “Эразм Роттердамуснинг шукуҳи ва фожиаси” (1934),”Мария Стюарт” (1935) асарлари янгиланаётган Европа адабиётида катта ўзгариш ясади.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши Стефан Цвейгни Европадан Америка қитъасига бош олиб кетишга мажбур қилди.Фашизмнинг ашаддий душмани бўлган адиб нацистларнинг Европа бўйлаб ғолибона юришларига тоқат қилолмади ва руҳий тушкунлик натижасида 1942 йилнинг 22 февралида ўз жонига қасд қилиб,ҳаётдан кўз юмди. Стефан Цвейгнинг фожиали ўлими ҳақида Эрих Мария Ремарк ўзининг “Жаннатдаги соялар” романида шундай сатрларни битган эди: “Агар олис Бразилияда ўз жонларига қасд қилган Стефан Цвейг ва унинг хотини ўша фожиали оқшом бирор бир кишига ўз ҳис-туйғуларини тўкиб солиш имконига эга бўлганларида эди,бу даҳшатли ўлим юз бермаган бўларди.Афсуски Цвейг бегона юртда ва бегона одамлар орасида яшаётган эди”.

08

06Умри тижорат билан ўтган Соломон бобо кунлардан бир кун Гард кўли соҳилидаги меҳмонхонада ярим кечаси қорин оғриғидан уйғониб кетди. Бу ерга у оиласи билан бирга дам олгани келган эди. Қараса, аҳвол чатоқ: ичини биров бурғу билан пармалаётгандай, нафас оляптими, йўқми – ўзи ҳам билмайди. Қариянинг капалаги учиб кетди. Тўғри, кўпдан буён жигаридан нолиб юрарди, аммо бунақаси… У шифтга тикилганча дўппайган қорнини, сўнг кўкраги ва елкаларини аста сийпалаб чиқди. Оғриқ пасаяй демасди. Қаёқдан илашди бу касофат? Балки бирор овқат ёқмагандир? Италияга келган сайёҳлар орасида бунақа шикоятлар қулоққа кўп чалинади. Ҳаракат қилсам оғриқ тарқалар, деган хаёл билан инқиллаб-син-қиллаб ўрнидан турди. Ростдан ҳам уч-тўрт қадам босиши билан сал енгил тортгандай бўлди. Аммо хона тор эди, бунинг устига, ёнма-ён қўйилган каравотда ухлаб ётган хотинини уй-ғотиб юборишдан чўчиди. Бекорга ваҳима кўтаришнинг нима кераги бор? Ана шу андиша билан елкасига халатини ташлаб, шиппагини сарпойчан кийди-да, секин йўлакка чиқди.

Узундан-узун, нимқоронғи йўлак ҳувиллаб ётарди. Қария қадамини авайлаб босиб, йўлакнинг бу бошидан у бошигача уч-тўрт қур бориб келди. Буни қарангки, нияти холис-да, дард чекиниб, руҳи анча тетиклашди, оғриқ ҳам аввалги шаштидан қайтди. Хонасига эндигина кирмоқчи бўлиб турган эди, бирдан аллақандай шитирлаган сас уни тақа-тақ тўхтатди. Шу яқин-ўртада нимадир ғийчиллади, сўнг сал наридаги эшик қия очилиб, пичир-пичир овозлар эшитилди, оралиқдан тушган нур йўлакни лип этиб бир ёритдию яна сўнди. Нима гап ўзи? Қария беихтиёр бурчакка қапишди – синчковлигидан эмас, йўқ – жиннига ўхшаб ярим кечаси йўлакда тентираб юрганини биров кўриб қолишидан ийманди. Аммо тасмадай нур йўлакни бир сония ёритган пайтда қия очилган эшикдан оқ халат кийган бир аёл чиқиб, зипиллаганча йўлак адоғига қараб кетганини илғади. Ё унга шундай туюлганмикан? Йўқ, йўқ, аниқ кўрди. Ана, йўлак охиридаги эшик тутқичи шиқ этди. Кейин ҳаммаёқни қайтадан сукунат босди.

Қария, худди чақмоқ ургандай, гандираклаб кетди. Ё парвардигор! Ахир, йўлак охиридаги ҳозиргина тутқичи маккорона овоз чиқарган ўша эшикдан… ахир, ўша эшикдан ўзи оиласи билан ижарага олган учта хонага кирилади-ку! Хотини ухлаб ётибди. Демак, ҳалиги аёл, – йўқ, янглишиши мумкинмас, – хиёл олдин бегона эркакнинг хонасидан яшириқча чиққан ўша аёл – қизи, ўн тўққизга тўлиб-тўлмаган қизалоғи Эрна экан-да!

Қариянинг аъзойи бадани титраб кетди. Эҳ, болагинам, жигарбандим… наҳотки? Йўқ, бўлиши мумкинмас, у хато қиляпти! Унда бегона эркакнинг хонасида нима қилиб юрибди?! Қария бу фикрни миясидан юлиб ташламоқчи бўларди-ю, аммо бир кўриниб ғойиб бўлган аёлнинг кўланкаси кўз ўнгидан нари кетмасди. Бу кўланкадан қутулиб бўлмайди, уни юлиб ташлашнинг иложи йўқ. У ҳақиқатнинг тагига етиши керак! Нафасини ичига ютиб, деворни пайпаслаганча қизи яшаётган хона эшигига яқинлашди. Қай кўз билан кўрсинки, эшик тирқишидан, фақатгина шу эшик тирқишидан ингичка, оппоқ нур сизиб чиқмоқда эди. Кечаси соат тўртда хонасида чироқ ёниб турибди! Тағин нима керак?! Мана, яна битта исботи: электр тугмачаси ширқ этди, нур чилвирини тун қоронғиси ютиб юборди – йўқ, йўқ, ўзини алдаб нима қилади – бегона эркакнинг хонасидан чиқиб, ўз хонасига бебилиска кириб олган аёл – ўз қизи, Эрна!

Қария, безгак тутгандай, ҳамон қалтирар, танасидан совуқ тер қуйилар эди. Бир кўнгли, эшикни бузиб кириб, беҳаё қизини роса дўппосламоқчи бўлди. Аммо оёқлари итоат этмади. Хонасига судралиб кириб, яраланган жонивордай ўзини каравотга ташлади.

Соломон бобо алламаҳалгача қимир этмай, қоронғиликка термилиб ётди. Мияси ғовлаб кетган эди. Ёнгинасида хотини пишиллаб ухлаб ётарди. Нима қилсин? Уни уйғотиб, заҳрини сочсинми? Қизининг кирдикорини ошкор этиб, гўрига ғишт қаласинми? Жиллақурса, кўнглини бўшатиб олади-ку, ахир. Ҳай-ҳай-ҳай! Бу шармисорликни қайси тил билан гапиради? Йўқ, айтолмайди, айтолмайди. Хўш, унда нима қилиш керак? Нима қилиш керак!

У фикрини жамлашга уринар, аммо уддасидан чиқолмасди. Қандай даҳшат! Унинг қизалоғи, эркатойи, кўзлари мусаффо, нигоҳи мулойим арзандаси… Э, фалак! Алифбони олдига қўйиб, пуштиранг бармоқчасини нотаниш ҳарфларга биттама-битта теккизиб, савод чиқазгани куни кеча эмасмиди, ахир! Уни олиб кетишга мактабга борганида ҳаворанг кўйлагининг этакларини ҳилпиратиб чопиб чиққанлари, йўл-йўлакай унга ширинликлар олиб бергани, бунга жавобан қизчаси унинг бўйнидан қучоқлаб, шира лаблари билан юзидан чўлп-чўлп ўпганлари… Э воҳ… кечагина эмасмиди! Мана энди, икки қадам нарида, ўша қиз бегона эркакнинг қўйнига кириб чиқиб, ҳеч нарса кўрмагандай сулайиб ухлаб ётибди!

“Ё алҳазар, ё алҳазар! – Қария инграб юборди. – Қандай шармандалик, қандай шармандалик! Менинг қизим, бокира қизалоғим аллақандай эркак билан… Ким ўша эркак? Келганларига атиги уч кун бўлди, анави олифталардан бирортасини ҳам Эрна илгари танимасди – на граф Убальдини, на итальян зобитини, на мекленбурглик баронни. Улар билан келган кунларининг эртасига рақс пайтида танишишган, аллақачон ўшалардан биттаси… Хўш, қизи қайси бири билан… Балки у биринчи эркакмасдир, балки Эрна бунақа ишни анча илгари, уйдалигидаёқ бошлаворгандир… мен аҳмоқ ҳеч нарсани пайқамай юравергандирман?.. Вой лақма-ей, вой мияси айниган чол-эй… Дарвоқе, хотиним билан қизим ҳақида нималарни биламан? Уззукун ўшалар учун ишлайман, идорада ўн тўрт соатлаб ўтираман, илгари-ку умрим поездда ўтарди, қўлимда – хилма-хил матоларнинг лахтаклари солинган чамадон… пул учун… азбаройи қизим билан хотиним ҳеч нарсадан зориқмасин, хоҳлаганларини еб, хоҳлаганларини кийишсин деб шундай қилардим. Кечқурун ҳориб-чарчаб ишдан қайтганимда уйда ҳеч ким йўқ: улар ё театрга, ё рақс майдонига, ёки меҳмондорчиликка кетган бўлади. Кунни қандай ўтказишади – билмайман. Энди шуни билиб турибманки, қизим, худди кўчадаги фоҳишалардай, тунлари покиза танасини бегона эркакларга бахшида этаркан. Ё раббий, бу қандай разолат!”

Қария яна ингради. Ҳар бир янги тахмин, янги шубҳа-гумон ярасини туз сепгандай ловуллатарди; назарида мия-си қоқ иккига бўлингану ана шу иккита косадаги бўтқа ичида сон-саноқсиз қурт-қумурсқа ғужғон ўйнаётгандай…

“Нега шу пайтгача чидаб келдим?.. Нима учун мен бу ерда тўлғаниб ётибман-у, анови суюқоёқ бемалол хурракни отяпти? Изидан хонасига бостириб кириб, қовурғаларини майда-майда қилиб ташласам бўлмасмиди? Йўқ, бўлмайди… Чунки мен заифман, мен қўрқоқман… Ҳамма вақт уларга ён босиб келганман. Ўзим итдай ишласам ҳам, қизим билан хотинимни яйратиб қўйганимдан фахрланардим, бир тийинни етти жойидан тугиб, топганимни уйга таширдим. Мана, оқибати… Қоринлари тўйдию мендан ор қиладиган бўлиб қолишди… Ҳа-да… мен – қолоқман, мен – чаласаводман… Тавба, менда савод нима қилсин? Ўн икки ёшимда мактабдан чиқариб олганлар. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаганман, лахтак кўтариб қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар изғиганман. То бир ишнинг бошини тутиб, қаддимни ростлаб олгунимча тортмаган азобим, чекмаган уқубатим қолмаган. Ҳозир бировдан кам ерим йўқ, уй-жо-йим бадастир, мол-мулким, давлатим етарли. Аммо барибир тилим қисиқ. Баъзан ҳакалак отган нафсларини сал ти-йиб қўймоқчи бўлсам, осмонга сапчишади; раҳматли онам фақат оилам деб, рўзғорим деб яшарди десам, бурунларини жийиришади. Хўп, мен – қолоқман, ўқимаганман. Аммо қолоқсиз деб мендан ор қиладиган қизим негадир бегона эркакнинг қўйнига кириб ётишдан ор қилмайди. Биттаю битта қизим, кўзимнинг оқу қораси… Ё тангрим, қандай бедодлик бу!”

Қария қаттиқ уҳ тортган эди, хотини уйғониб кетди. “Ҳа-а, нега пишқиряпсан?” деб сўради у уйқусираб. Соломон бобо миқ этмади. Шу ётганча эрталабгача мижжа қоқмади.

Нонуштага ҳаммадан барвақт келди. Оғир хўрсиниб стол ёнига чўкди-ю, аммо дастурхондан юзини четга бурди.

“Яна ёлғизман, – деб ўйлади у, – ҳар доим ёлғизман. Эрталаб ишга кетаётганимда булар ухлаб ётган бўлади. Театрми, бирор зиёфатми, аллақайси гўрдан тинкалари қуриб келишади-да. Кечқурун уйга қайтганимда яна ҳеч ким йўқ – ким билади қандай давранинг гули бўлиб ўтиришган экан? Эҳ, пул ўлсин-а, пул ўлсин! Уларни пул бузди… пул бизни бир-биримиздан айирди. Мен аҳмоқ пулнинг кетидан қувиб юриб- ман-а! Мана оқибати – пул мени шип-шийдон қилди, уларни эса ёмон йўлдан етаклаб кетди. Эллик йил ҳўкиздай ишлаб, ҳордиқ нималигини билмай орттирганим шу бўлдими! Мана, бир ўзим сўппайиб ўтирибман…”

Хотини билан қизидан ҳамон дарак йўқ. “Нега Эрна келмаяпти? Очиқчасига гаплашмасам бўлмайди… Ҳаммасини юзига шартта-шартта айтаман… Кетамиз, дейман… шу бугуноқ жўнаймиз, дейман… Нега келмаяпти? Ҳа-а, уйқуга тўймаган-да, сабаби маълум… Онаси-чи?.. Э-э, тошойнанинг олдида ўтирган сочини тараб. Кейин тирноқларини бўяйди, сартарошхонага киради, упа-элик дегандай… Соат ўн бирсиз қўли бўшамайди. Онаси шу бўлгандан кейин – қизи нима бўларди? Ҳэ-э, пулни ўйлаб топганни!..”

Орқадан қадам товушлари эшитилди. “Яхши ётиб турдингизми, дадажон?” – шу саволдан кейин аёл кишининг мўъжазгина боши елкаси оша энгашиб, нафис лаблар хиёлгина чаккасига тегди. Қария беихтиёр бошини четга торт-ди: қандайдир атирнинг чучмал ҳиди унга ёқмаган эди.

– Нима бўлди, дадажон? Нега авзойингиз бузуқ? Ухлолмадингизми ёки ёмон туш кўрдингизми?

Соломон бобо ғазабини ичига ютди. Бошини қуйи эгиб, қизининг саволига “Йўқ, ҳаммаси жойида!” дея ғудраниб жавоб қайтарди. Кейин унга қарамаслик ниятида апил-тапил газетани очиб, юзини тўсди. Қўллари бетўхтов қалтирарди. “Ҳозир, онаси йўқлигида ҳамма гапни гапиришим керак. Ҳозир айни пайти!” дерди у ичида, бироқ тили калимага келмасди, ҳатто қизининг кўзларига қарашга ҳам журъат этолмаётган эди.

Бирдан у шартта ўрнидан турди-да, боғ томонга қараб кетди. Юзидан оқаётган қайноқ кўзёшларини қизи кўриб қолишидан андиша қилди.

Оёқлари калта, пак-пакана қария боғ ичида узоқ айланиб юрди, теварак-атрофни томоша қилди. Ёш пардаси қорачиқларини тўсиб турган бўлса-да, гўзал манзарадан баҳраманд бўлишига монелик қилолмади: кўл сатҳидаги кумушранг туман ортида кўм-кўк буталар билан қопланган ўркач-ўркач тепаликлар, уларнинг орқасида эса баланд тоғ, гўё у ҳам кўл жамолига маҳлиё бўлгандай чуқур сукутга ботган. Яшнаб турган табиат бепоён қучоғини очиб, ҳаммага бахт ва шодлик улашаётганга ўхшайди.

“Во дариғ!.. – дея қария алам билан бош чайқади. – Умримнинг эллик йилини чўт қоқиш, ҳисоб-китоб, савдо-сотиқ билан ўтказиб, биринчи марта ўзимга мана шундай кунларни раво кўрган эдим-а!.. Буям ҳаромга чиқди. Олтмиш бешга кирибман. Бу ёғи қанча қолди – ёлғиз худога аён. Ҳар ҳолда тўримдан гўрим яқин. Азроил эшик қоқиб турганда на пул, на бойлик, на дўхтир орага туша олади. Гўрга кирмасимдан олдин мен ҳам одамга ўхшаб бир дам олай деган эдим-да. Э, аттанг, аттанг! Раҳматли отам айтарди-я: “Бизнинг пешонамизга ҳузур-ҳаловат битилмаган, сен меҳнатга туғилгансан, ўлгунингча меҳнат хуржунини елкангдан ташлама!” дерди-я! Мен гумроҳ отамнинг ўгитини унутибман. Лекин кечагина бахтиёр эдим-ку… Чиройли, хушчақчақ қизимга ҳавас билан тикилардим, қувончига ҳар дақиқа шерик бўлардим-ку. Мана, худо мени жазолади. Ҳамма нарсадан мосуво бўлдим. Энди ўз қизим билан гаплашолмайман, кўзларига тик қаролмайман. Энди қаерда бўлмайин – уйдами, ишхонадами, кечасими, кундузими – ҳозир қизим қаердайкин, қаерга бориб келдийкин, нима иш қилдийкин, деган саволлар таъқиб қилаверади мени. Энди уйга хотиржам қайтолмайман. Бир маҳаллар қизим чопиб келиб бўйнимдан қучганида яйраб кетардим. Энди эса ўпгудай бўлса, бу лаблар кеча қайси лабга босилган эди, деган ўй кечади кўнглимдан дарров. Йўқлигида ташвишга тушсанг, борлигида кўзига қарай олмасанг – шу ҳам ҳаёт бўлдими? Йўқ, бундай яшагандан ўлган яхши!”

Соломон бобо боғдан чиқиб, алламаҳалгача шаҳар кўчаларида бемақсад тентираб юрди. Бир дўконнинг кўргазмаси олдида негадир тўхтаб қолди. Ойна ортида сайёҳларга керакли турли-туман буюмлар осиғлиқ турарди: соябони кенг енгил бош кийимлари, яктаксимон оппоқ кўйлаклар, спорт анжомлари, галстуклар, қармоқлар… Аммо қария ана шу нарсалар орасига пала-партиш ташлаб қўйилган, бир учига темир пойнак ўрнатилган ғадир-будир таёқдан кўзини узолмасди; агар шу таёқ билан қулочкашлаб битта-яримтанинг бошига солсанг борми!..

“Ўлдираман… Ўлдираман аблаҳни!” – Қўққисдан миясига келган бу фикр-дан типирчилаб қолган қария шошиб дўконга кирди-да, ҳалиги таёқни арзимаган пулга сотиб олди. ўаройиб қуролни қўлига ушлаши билан билагига куч кирганини ҳис этди. Ҳар қандай қурол нимжон одамни ҳам ботир қилиб юборади-да. У таёқни қаттиқроқ қисди, шу заҳоти қўлининг мушаклари таранглашганини сезди. Дўкондан чиқиб, кўл бўйидаги йўлкада тез-тез у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ҳадемай жиққа терга ботиб кетди, аммо бу тер тез юрганидан эмас, вужудини забт этган қаҳр-ғазабнинг зўрлигидан қуйилмоқда эди. Тилида фақат бояги гап айланарди: “Ўлдираман… Ўлдираман аблаҳни!”

Шу алфозда, номаълум душманни қидириб, сал наридаги улкан дарахт остига қурилган пастак шийпонга қараб юрди. У янглишмаган эди: шийпоннинг бир бурчагида тўқима креслоларга ястанганча, похол найчалардан ора-сира виски симириб, қизи билан хотини ва, албатта, ҳалиги уч нафар киндиги бир олифталар валақлашиб ўтиришарди. “Қайси бири экан? – деб ўйларди чол таёқни маҳкам қисганча. – Қайси бирининг бошини ёрай?!” Аммо шу пайт Эрна отасини кўриб қолиб, сапчиб ўрнидан турди-да, чопиб олдига келди.

– Қаерда юрибсиз, дадажон? Қидирмаган еримиз қолмади. Биласизми, жаноб фон Медвис бизни мошинасида кўл атрофини айлантирмоқчи, кейин соҳил бўйлаб Дезенцаногача олиб бораман, деяпти. – Эрна отасини столча ёнига судраб келди.

Эркаклар сўрашиш учун ўринларидан туришди. Қария титраб кетди. Ёнида қизи турганидан ноилож ҳалигиларга бирма-бир қўл узатди, кейин чўнтагидан сигара чиқазиб, жаҳл билан оғзига тиқди. Сал ўтмай, француз тилида кечаётган баланд пардали суҳбат шаршара мисол яна ўз ўзанига қайтди.

Соломон бобонинг иродаси букилган эди. Оғзидаги сигарани чайнаганча ич-этини еб ўтираверди. “Тўғри қилишади… Улар ҳақ… – деб ўйларди у. – Юзимга тупирса ҳам арзийди. Ўзим қўл бердим-ку. Аммо шулардан биттаси қизимни йўлдан ургани аниқ. Мен эшшак индамай ўтирибман-а! Ҳеч кимни ўлдирганим йўқ, ҳатто чертмадим ҳам… Аксинча, сўлжайиб қўлимни узатдим. Баттар бўл, қария! Устимдан ҳар қанча кулишса ҳам кам. Мен борманми, йўқманми – ким эътибор беряпти? Улар учун мен тирик мурдадай бир нарсаман. Ахир, қизим билан хотиним француз тилини тушунмаслигимни билишади-ку. Билиб туриб, ҳар замонда мен томонга бир кўз ташлаб ҳам қўйишмайди. Яқинларим учун ҳам мен йўқман-да! Уларга фақат менинг пулим керак. О, пул, пул! Ҳаммани йўлдан оздирадиган ғаддор! Хотиним билан қизим менга ҳам бир-икки оғиз луқма ташлаб қўйишса нима қиларкан? Кўзлари фақат анови эркакларда! Мен бўлсам тоқат қилиб ўтирибман. Урмайманми, ўлдирмайманми! Эҳ, қўрқоқ, қўрқоқ…”

– Мумкинми? – деди бузуқ немис тилида итальян зобити ва зажигалкага қўл узатди.

Хаёлга чўмган қария сесканиб кетди ва ҳеч нарсадан бехабар зобитга еб юборгудай кўзини қадади. Жони ҳал-қумига келиб, қўлидаги таёқни жазава билан қисди. Аммо шу заҳоти лаблари қийшайиб, маъносиз тиржайди.

– О, мумкин, мумкин, – деди у овози титраб. – Сизга ҳамма нарса мумкин, ҳе-ҳе… кўнглингиз нимани тусаса қилаверасиз, ҳе-ҳе… менда нимаики бўлса, сизнинг хизматингизда… Мен нима дея олардим…

Зобит қарияга таажжубланиб қаради. Тилни яхши билмагани учун кесатиқнинг тагига етолмади. Аммо чолнинг юзидаги ифода уни довдиратиб қўйди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетди, иккала аёлнинг юзи докадай оқарди – орага зилдай сукунат чўкди.

Қария яна аввалги ҳолатига қайтди, юзидаги истеҳзо бир зумда ғойиб бўлди, залворли таёқ қўлидан сирғалиб чиқиб, тиззалари орасига қисилиб қолди. У сувга бўккан мушукдай ғужанак бўлиб, ҳозиргина намойиш этган жасоратидан хижолат чеккандек секин йўталиб қўйди. Эрна нохуш вазиятни юмшатиш мақсадида бир нималар деб бидирлай кетди, зобитнинг чеҳраси тағин ёришди, ҳаял ўтмай узилиб қолган суҳбат яна қозондай қайнай бошлади.

Соломон бобо шод-хуррам чақчақлашаётган одамлар орасида мум тишлаб ўтирар, боши ҳалигидан ҳам қуйироқ эгилган эди. Аммо энди унга ҳеч ким эътибор бермас, унинг мунгли сукути узра сўз пўртанаси авжга чиқар, ора-сира қийқириқ ва қаҳқаҳа кўпиги осмонга сапчир, шўрлик қария эса алам ва номуснинг бепоён зулумоти қаърига ғарқ бўлиб кетган эди.

Эркаклар ўринларидан туришди, Эрна шошиб уларга эргашди, сал ўтказиб онаси ҳам қўзғалди. Улар тўдалашиб меҳмонхонага қараб кетишди, аммо мудраб ўтирган чолни таклиф этиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Қария атрофида қўққисдан ҳосил бўлган бўшлиқни сезиб, кўзларини очди, бўшаб қолган креслоларга лоқайд назар ташлади, шу пайт қулоғига меҳмонхонада чалинаётган рояль овози, аёлу эркакларнинг шодон қийқириқлари эшитилди. Рақсга тушишяпти! Ҳа, сулайиб қолгунча рақсга тушиш қўлларидан келади. Қонлари кўпиради, бир-бирларининг бағирларига баттарроқ ёпишишади, кейин қарабсизки…

У жаҳл билан таёқни яна қўлига олиб, ўша томонга юрди. Эшик олдида таққа тўхтаб қолди. Барон рояль ёнида ярим ўгирилиб ўтирар, тусмоллаб американча бир куйни тинғиллатарди. Эрна зобит билан, онаси граф Убальди билан рақсга тушаётган эди. Аммо қария фақат Эрна ва зобитдан кўз узмасди. Вой ярамас-эй! Худди маҳрига тушгандай қизининг белидан маҳкам қучоқлаб олибди-я! Қизи-чи, қизи, намунча канадай ёпишмаса! Бир-бирига қапишиб кетибди-ку! Ҳа, шу, шу. Уларнинг ҳар бир ҳаракати дон олишганидан далолат бериб турибди. Ҳа, қизини йўлдан урган мана шу аблаҳ! Ярим юмуқ кўзларидан бундан-да кучлироқ лаззат хотираси учқун сачратяпти. Қиз ўғриси – шу зобит! Қария қизини унинг бағридан тортиб олиш учун бир қадам олдинга ташлади. Лекин Эрна отасига қайрилиб ҳам қарамади. У бутун борлиғи билан рақс оҳангига берилиб кетган, шу тобда қиз куй оқими узра парвоз қилар, на замонни, на маконни, на безгак тутгандай қалтираб турган аламзада отасини пайқар эди. Ҳозир Эрна фақат оҳанг гирдобида чирпираётган дуркун гавдасини, кўзлари ҳирсга тўла эркакнинг иссиқ нафасини, унинг бақувват қўлларини ҳис этар, ўзини буткул зобит ихтиёрига топшириб қўйишдан чўчир, аллақандай бир тизгинсиз хоҳиш васвасасига қарши курашар эди. Буларнинг барини қария адоқсиз бир азоб билан сезиб турарди. Ҳар гал Эрна отасининг олдидан чир-чир айланиб узоқлашганда қария қизидан бир умрга жудо бўлаётгандай инг-раб юборарди.

Бирдан, бамисоли узилган тордай, мусиқа таққа тўхтади. Барон сапчиб туриб, “Бўлди, чалмайман. Мен ҳам рақсга тушаман”, деди французчалаб. Ҳаммалари қийқириб кулишди, рақс-га тушаётганлар ажралишиб, бир ҳовуч жамоа меҳмонхона бўйлаб таралиб кетди.

Қария ҳушига келди: нимадир қилиш керак, нимадир дейиш керак! Бунақа, тўнкага ўхшаб туриш, бу қадар шалвираш ярамайди! Шу пайт рўпарасидан хотини ўтиб қолди: хиёл ҳансираган, ўзида йўқ хурсанд. Бирдан йўлини тўсди.

– Юр, – деди у кескин оҳангда, – айтадиган гапим бор!

Аёл эрига ажабланиб қаради. Қариянинг рангпар юзи тер билан қопланган, кўзлари ола-кула. Нима демоқчи бу? Шу пайтда орага суқилиш шартмиди? Гапни чалғитишга оғиз жуфтлади-ю, бироқ эрининг авзойидан ҳайиқди, яқингинада кўрсатган жазавасини эслаб, ноилож унга эргашди.

– Кечирасизлар, жаноблар, ҳозир келаман, – деди у эркакларга юзланиб.

“Булардан кечирим сўрайди, – деб ўйлади чол алам билан, – боя столдан туриб кетишганда мендан кечирим сўрашгани йўқ. Мен улар учун итман, оёқ артадиган латтаман. Тўғри қилишади, ўзим чидаганимдан кейин, баттар бўлай!”

– Нима дейсан? – деб сўради хотини ниҳоят тоқати тоқ бўлиб.
– Хоҳламайман… хоҳламайман… – дея ғудранди у титроқ овоз билан, – анув одамлар билан ош-қатиқ бўлишларингни хоҳламайман.
– Қайси одамлар билан? – дея қайта сўради хотини ўзини гўлликка солиб.

– Анувлар-да… – У боши билан меҳмонхона томонга ишора қилди. – Менга ёқмайди… йўқ.
– Нима учун?

“Доим ўсмоқчилагани ўсмоқчилаган, – деди чол ичида ғижиниб, – худди мен унинг қулиман”. Кейин ҳаяжондан тутила-тутила давом этди:

– Сабаби бор… Жиддий сабаблари бор… Менга ёқмаяпти. Эрна ўшалардан узоқроқ юрсин… Тушунтириб ўтиришим шарт эмас.
– Ундай бўлса, минг афсус, – деди хотини калондимоғлик билан. – Учови ҳам бамаъни, маданиятли одамлар, уйимизга келиб-кетадиган пандавақилардан минг марта олижаноброқ йигитлар.

– Олижаноб йигитлар эмиш!.. ғирт ишёқмас, такасалтанг уларинг! – Қариянинг жони ҳалқумига келди. – Тақиқлайман. Тушундингми?
– Йўқ, тушунмадим, – деб жавоб берди аёл пинагини бузмай. – Ҳеч нарсага тушунмадим. Тавба, нима учун қизимни ҳузур-ҳаловатдан маҳрум қилишим керак?

– Ҳузур-ҳаловат!.. – Қариянинг юзи бўғриқиб кетди, пешонасидан совуқ тер чиқди, қўли беихтиёр таёққа чўзилди – суянмоқчи бўлдими, хотинини урмоқчи бўлдими – ким билсин! Лекин таёқ йўқ эди. Шу ҳол уни ўзига келтирди, кўнгли андак юмшади, хотинининг тирсагидан ушламоқчи бўлгандай бир қадам олдинга талпинди.

– Менга қара… – деди ялинчоқ товушда, – тушунсанг-чи, ўзимга ҳеч нарса сўрамаяпман-ку. Ўн йиллардан бери биринчи марта илтимос қиляпман: кетайлик бу ердан… Флоренциягами, Римгами… майли, қаёққа бўлса ҳам кетайлик… мен розиман… Сизлар нима десанглар – шу. Кетсак – бўлди. Илтимос, кетайлик… шу бугуноқ… ортиқ чидаёлмайман!

– Шу бугуноқ? – Аёл эрига анграйиб қараб, қошини чимирди. – Шу бугуноқ кетайликми? Эсинг жойидами? Фақат кимдир сенга ёқмагани учун-а? Ёқмаса – яқинлашма.

Чол турган жойидан жилмади, яна ялинишга тушди:
– Чидаёлмайман… Эшитяпсанми… чидаёлмайман. Сабабини сўрама… илтимос… умрингда бир марта гапимга кир, бир мартагина…

Меҳмонхонадан яна рояль овози эшитилди. Аёл эрига ачингандай қаради: нақадар ночор, нақадар абгор, нақадар ношуд! Эркак ҳам шунақа бўладими?!
– Иложи йўқ! – деди у чўрт кесиб. – Улар билан сайрга чиқишга ваъда бериб қўйганмиз. Хоналарни уч ҳафтага ижарага олиб, эртага жўнаворсак устимиздан кулишмайдими! Кетишга ҳеч қандай сабаб йўқ… Мен шу ерда қоламан, Эрна ҳам қолади.

– Ўзим кетаверайми, а? Бу ерда ҳаловатингизни бузаман-да, а! – Қария йиғлаворай деди. Кейин кескин қаддини ростлади, бармоқлари мушт бўлиб тугилди, бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб чиқди. Афтидан, нимадир демоқчи ёки нимадир қилмоқчи эди. Аммо бундай бўлмади: шартта бурилди-да, зинапоя томонга йўл олди, худди ортидан биров қувиб келаётгандай тез-тез юриб тепага кўтарила бошлади.

Соломон бобо ҳансирар, тезроқ хонасига етиб олиб, ёлғиз қолишни ўйларди. Мана, юқори қаватга ҳам чиқди, чиқдию бирдан кимнингдир ўткир тирноқлари ичини аёвсиз тимдалаётгандай бўлди. Ранги оқариб, деворга суяниб қолди. Ё раббим! Додлаб юбормаслик учун тишини тишига босди, санчиқнинг зўридан ғужанак бўлиб олди.

Билдики, яна жигар хуружи, кейинги пайтларда тез-тез такрорланиб турадиган хуружларнинг навбатдагиси. Аммо бу гал қаттиқ ушлади. Кўринмас тирноқлар жигарини тилка-пора қилмоқда эди. Хонасига судралиб кириб, ўзини диванга ташлади-да, юзини ёстиққа босди. Ётганидан кейин оғриқ сал пасайди. “Иссиқ нарса қўйиш керак, – деди у ичида, – кейин томизғи дори ичиш зарур”. Аммо унинг жонига ора кирадиган ҳеч ким йўқ эди, ҳеч ким. Ўзининг эса қўшни хонага чиқишга ёки лоақал қўнғироқ тугмачасигача етиб боришга ҳам чоғи келмасди.

“Ҳеч ким йўқ, – дея ўйларди у алам билан, – бир кунмас-бир кун ёлғизликда итдай ўлиб кетаман… Сезиб турибман-ку, жигарим оғриётгани йўқ, ўлим писиб келмоқда… Энди менга на профессор, на дори-дармон ёрдам бера олади. Олтмиш беш ёшда соғайиб кетиш қийин. Биламан, ичимни кемираётган оғриқ, бу – ўлим, қолган икки-уч йиллик умр – умр эмас, секин-секин жон таслим қилиш… Дарвоқе, қачон яшаганман, қачон ўзим учун яшаганман? Шу ҳам ҳаёт бўлдими? Нуқул пул дедим, пулнинг кетидан югурдим, ўзим учун эмас, бошқаларни деб югурдим, мана, энди ўша пуллар коримга ярайдими? Хотиним бор эди: бокиралигида уйланганман, севганман, у менга фарзанд ҳадя этди. Шунча йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келдик, бир ҳаводан нафас олдик. Пировардида уни нима жин урди? Еттиёт бегонага айланди-қолди. Мен билан иши йўқ, менинг туйғуларим, ўйларим, изтиробларим уни қизиқтирмайди. Олдинги меҳр-оқибат қаёққа кетди? Қизим-чи, қизим? Уни папалаб катта қилган эдим, ҳаётимиз энди яна ҳам сермазмун, яна ҳам хушнуд кечади, мабодо куним битса умрим қизим вужудида давом этади, деб ўйлагандим. У бўлса кечаси бағрингдан чиқиб кетиб, бегона эркакларнинг тўшагига киради. Ё алҳазар! Алҳазар!”

Даҳшатли оғриқ ҳануз ўқтин-ўқтин жигарига чанг солар, бу оғриқ сал пасайиши билан ундан-да шафқатсизроқ бошқа бир оғриқ – зил-замбил, адоғи йўқ ўй-хаёллари бамисоли чўғдай қизиган серқирра чақмоқтошдай бош чаноғини тарс ёрвораман дерди. Қария камзулининг тугмаларини ечган эди, бесўнақай қорни кўйлагини қанордай шишириб тепага кўпчиб чиқди. У оғриётган жойига оҳиста бармоғини теккизди. “Фақат мана шу – менман, – дея яна ўй суриб кетди чол, – иссиқ тери остидаги оғриққина менинг ўзимман, менга ҳозирча фақат шугина тегишли. Энди тижоратчи Соломон ҳам, савдо-сотиқ ҳам, ишхона ҳам, пул ҳам, уй-жой ҳам, қизиму хотиним ҳам йўқ… Ҳозир менга фақат бармоқларим сезиб турган нарса – қорниму оғриқ қолган. Бошқа ҳаммаси – пуч бир сафсата, энди уларнинг аҳамияти йўқ. Қизим билан хотиним мени тушунмайди, мен ҳам уларни тушунмайман. Буткул танҳоман – буни ҳеч қачон ҳозиргидай яққол ҳис этмаган эдим. Энди, ўлим ичимга ин қураётган пайтда, бехато англаб турибман… жудаям кеч, олтмиш бешга кирганда. Ҳадемай ўламан… анови уятсизлар рақсга тушишади, кайф-сафо қилишади… Э, аттанг, аттанг… бутун умримни ўша кўрнамакларга бағишлабман-у, ўзим учун бирор кун ҳам яшамабман…”

Қария кўл томондан келаётган соат зангини эшитмади, қош қораяётганини пайқамади. Тун яқинлашаётган, хонадаги буюмлар узра оқшом аста-секин қора парда тутмоқда эди; ана, деразадан хиёл оқариб кўриниб турган осмон шамчироғи ҳам сўнди. Соломон бобо ўзини қуршовга олаётган қоронғиликни сезмасди: у фақат танаси қаъридаги зулматга термилар, фақат танаси қаъридаги бўшлиққа қулоқ соларди.

Бирдан ёнидаги хонага шўх-шодон кулги ёпирилиб кирди, эшик тирқишида чироқ шуъласи ялтиллади. Қария қўрқа-писа бошини кўтарди: қизи билан хотини! Ҳозир диванда ётганини кўришади, хўжакўрсинга сўроққа тутишади. Чол шоша-пиша камзулининг тугмаларини қадади: касали хуруж қилганини билиб нима қилишади, бунақа ташвишнинг уларга нима кераги бор?

Аммо хотини ҳам, қизи ҳам уни қидирмади. Иккови ҳам типирчилаб турарди. Бонг зарби учинчи марта кечки овқатга чорламоқда эди. Кийимларини алмаштиришяпти шекилли, тиқ этган товуш эшитилиб турарди. Ана, жавон ғаладонларини тортишди; ана, ювинадиган хонада тилла узуклар жиринглади, улоқтирилган туфлилар тарақлади, шу орада ўзларининг чакаклари ҳам тинмади. Бари қариянинг қулоғига баралла эшитилмоқда эди. Аввалига йигитлари тўғрисида гаплашишди, сўнг сайр чоғидаги қизиқ-қизиқ воқеаларни эслаб, роса кулишди. Ювинаётган, соч тараётган, юзларига упа-элик сураётган пайтларида ҳам бир-бирларига луқма ташлаб туришди. Ниҳоят, гал ўзига келди.

– Дадам қани? – дея бирдан эслаб қолди Эрна.
– Қаёқдан биламан? – деб жавоб берди онаси энсаси қотиб. – Эҳтимол, пастда ўтиргандир, Франкфурт газетасидаги биржа хабарларини юзинчи марта ўқиётгандир – бошқа қиладиган иши йўқ-да. Лоақал бирор марта кўлга назар ташлаганмикан? Ўлай агар, қайрилиб ҳам қарамаган. Бугун нима дейди, дегин. Бу ер менга ёқмаяпти, кетамиз, шу бугуноқ кетамиз, дейди.

– Шу бугуноқ? Нега энди?
– Билмасам. Итфеъл-да! Атрофдаги одамлар, биз танишган улфатлар асабига тегаётганмиш. Балки уларнинг орасида ўзини олақарғадай сезяптими, ким билади… Қачон қарасанг, эгнида ғижим костюм, кўйлаги ёқавайрон. Айт-санг бўлмайдими – ҳеч бўлмаса кечқурунлари тузукроқ кийинса ўладими! – сенинг гапингга киради. Бугун эрталаб лейтенантга ташланиб қолганини кўрдингми? Ер ёрилмадию ерга кириб кетмадим!

Ҳа, ҳа… Нега унақа қилди? Сиздан сўрайман дейман-у, нуқул эсимдан чиқади. Нима қилиқ бу? Ҳеч қачон уни бунақа кайфиятда кўрмаган эдим. Оғзим очилиб қолди.
– Парво қилма. Дадангнинг феъли ўзингга маълум. Балки биржадаги нарх тушиб кетгандир ёки французча гапирганимиз ёқмагандир. Бошқаларнинг хурсандчилигини кўролмайди. Пайқадингми: рақсга тушаётганимизда эшик олдида қўриқчидай қаққайиб турволди. Кетармишмиз! Вой, кўнглинг-нинг кўчасидан ўргилдим! Сенга ёқмаса – бировларнинг ҳаловатини бузишинг керакми! Билганини қилсин – кетадими, қоладими – ихтиёр ўзида.

Суҳбат узилиб қолди. Афтидан, кўчага югуришга тайёрланиб бўлишди. Худди шуни кутиб тургандай, йўлакдаги эшик тиқиллади, қадам товушлари эшитилди, электр тугмачаси ширқ этди, чироқ ўчди.
Қария диванда миқ этмай ўтирарди. Энг қизиғи, энди у оғриқни сезмас, қалбида нафрат ҳам, ғазаб ҳам… ҳеч нарса, ҳеч қандай ҳиссиёт йўқ эди. У шошмасдан костюмини кийди, зинапояни битта-битта босиб ресторанга тушди-да, гўё еттиёт бегона одамлар қаторига қўшилгандай, хотини билан қизининг ёнига чўкди.

Тамадди пайтида у бир оғиз ҳам гапирмади, аёллар эса қўрғошиндай зил-замбил сукунатга эътибор беришмади. Қария индамай, гап-сўзсиз ўз хонасига кўтарилди, каравотига чўзилиб, чироқни ўчирди. Алламаҳалда, кўнгилхушликка обдон мириққанидан сўнг хотини келди; қоронғида ечиниб, ўз ўрнига ётди. Кўп ўтмай унинг вазмин, бир текис нафас олаётгани эшитилди.
Қария ўз ёғига ўзи қоврилганча, кўзларини катта-катта очиб, тун уммонига унсиз тикилиб ётарди. Ёнгинасида эса кимдир пишиллаб ухларди. Қария ўзи билан бир ҳаводан нафас олаётган бу аёлнинг қачонлардир покиза ва эҳтиросли навжувон бўлганини, унга ардоқли фарзанд ҳадя этганини, ўшанда булар аллақандай сирли-сеҳрли ришталар билан бир-бирига чамбарчас боғланиб кетганини эслашга уринди. Ўша дамлар бу жувоннинг таранг ва қайноқ баданини энтика-энтика силаб-сийпаганига зўр бериб ўзини ишонтирмоқчи бўлди. Аммо ўтмиш хотиралари унда ҳеч қандай ҳиссиёт қўзғамади. Шу тобда у хотинининг нафас олишини худди қирғоққа урилаётган кўл мавжининг шалоп-шулупини эшитгандай лоқайдлик билан эшитиб ётар эди. Бари ўтди, бари тугади, фақат тасодифий ва ёт қўшнилик қолди, холос.

Уни яна бир марта сескантирган нарса шу бўлдики, қизининг эшиги оҳиста, гўё инграгандай, хиёл ғийчиллаб очилди. “Бугун ҳам шу аҳвол!” деб ўйлади чол ва шундоқ ҳам илвираб турган юрагига игна санчилгандай бўлди. Лекин бу ҳолат ҳам тезгина ўтди: “Билганини қилмайдими! Менга нима!”

Қария яна ёстиққа суянди. Тун ели пешонасини силади, қайнаб турган қони сал совиди. У уйқуга кетди.

Хотин эрталаб кўзини очганида эрини пальто ва шляпада кўрди.
– Қаёққа? – деб сўради у уйқу-сираб.

Соломон бобо қайрилиб қарамади ҳам. Индамай тунги кўйлагини чамадонга ташлади.
– Биласан-ку, уйга қайтяпман. Зарур нарсаларнигина опкетяпман, қолганларини жўнатиб юборарсизлар.

Хотинининг капалаги учиб кетди. Нима бўляпти? Бунақа совуқ, дағал овозни биринчи эшитиши. Сапчиб ўрнидан турди.
– Наҳотки кетсанг? Шошма… биз ҳам кетамиз, Эрнага айтганман.

Қария бепарво бош чайқади.

– Йўқ… йўқ… қолаверинглар… – шундай деб эшик томон юрди, тутқични босиш учун чамадонни ерга қўйиш керак эди.

Мана шу бир лаҳзалик фурсат ичида кўнглидан нималар ўтмади дейсиз! Мато намуналари – лахтаклар солинган молтопар чамадонини бировларнинг эшиги олдига минг марталаб қўйгандир-ов! Хайрлашатуриб мижозларига ялтоқлангани, ҳамиша хизматингиздаман, дея қайта-қайта қуллуқ қилганлари-чи! Аммо бу ерда хизмати тугади, қуллуқ қилиш шарт эмас. Қария бирор оғиз сўз айтмай, ҳатто нигоҳи орқали бўлса-да хайрлашмай, шартта чамадонни кўтарди ва ўзи билан ўтмиши ўртасидаги эшикни қарсиллатиб ёпди.

Нима ҳодиса рўй берганини на она англади, на фарзанд. Бундай ногоҳоний ва қатъий хатти-ҳаракат уларни карахт қилиб қўйган эди. Зудлик билан Германиянинг жанубидаги ўзлари яшайдиган шаҳарчага, падари бузруквор номига хат йўллашди. Хатда англашилмовчилик содир бўлгани ёзилган, “яхши етиб олдингизми, соғлигингиз дурустми, биз ҳам орқангиздан етиб борамиз” каби узр-маъзурлар изҳор этилган эди. Соломон бобо хатга жавоб қайтармади. Улар яна ёзишди, телеграммалар жўнатишди – фойдаси бўлмади. Фақат Соломон бобо раҳбарлик қиладиган фирмадан хатлардан бирида сўралган пулни олишди, холос. На салом бор, на алик.

Воқеанинг бундай тус олиб кетиши уларни иссиқ жойидан қўзғатди. Гарчи қайтадиган кунларини олдиндан хабар қилган бўлсалар-да, вокзалда она-болани ҳеч ким кутиб олмади, уйда ҳам бирон-бир тараддуд кўрилгани сезилмасди: хизматкор аёл, хўжайин телеграммани стол устига ташладию индамай чиқиб кетди, ҳеч қандай юмуш буюргани йўқ, деди. Кечқурун, она-бола овқатланиб ўтирганда, ниҳоят, кўча эшиги тарақлади, икковлари сапчиб туриб, валинеъматнинг истиқболига югуришди; қария буларга таажжубланиб қаради-ю, юзида бирон бир ифода акс этмади, қизи қучоқлаганида кетмон сопидай қотиб тураверди, биргалашиб ошхонага кирди, уларнинг гап-сўзларини лоқайдлик билан эшитди. Ҳеч нарсани сўраб-суриштирмади, чурқ этмай сигарасини сўриб ўтираверди. Гўё кўзлари очиқ ҳолда ухлаётганга ўхшарди. Кейин вазминлик билан ўрнидан туриб, хонасига қараб кетди.

Кейинги кунлар ҳам шундай ўтди. Хотини минг ялтоқланмасин, пинагини бузмади. У ўз қобиғига ўралиб олган, ташқи дунё билан буткул алоқани узган эди. Тўғри, ҳамон оила аъзолари билан бирга овқатланар, меҳмон келганда ноилож кутиб олар, аммо суҳбатга қўшилмас эди. Унинг кўзларига қараган одам сесканиб кетиши аниқ эди, чунки бўшлиққа тикилган бу жонсиз нигоҳдан ҳеч қандай маънони уқиб бўлмасди.

Қариянинг юриш-туришидаги ғалатилик бошқаларнинг ҳам эътиборини торта бошлади. Таниш-билишлари уни кўчада учратиб қолса, яширинча бир-бирини туртиб қўярди: қара-я, шаҳарнинг энг бадавлат кишиларидан бўлмиш Соломон бобо шундоқ аҳволга тушиб қопти-я! Уст-боши тиланчиникидан фарқ қилмайди, шляпаси қийшайган, юриши ҳам соғ одамникига ўхшамайди, нуқул ўзи билан ўзи гаплашади. Биров салом берса, чўчиб тушади, ким гапга тутса, кўзини олиб қочади. Баъзилар, қария гаранг бўпқолган, деб ўйлаб, овозини кўтариб гапирарди. Лекин у гаранг эмасди. У пароканда хаёллар оғушида яшарди. Шу боисдан ҳеч кимни йўқламас, уйида эса на хотинининг унсиз ҳасратини, на қизининг ажабтовур паришонлигини пайқар эди. Бора-бора бутун умрини бағишлаган ишидан ҳам йироқлашди. Идорасига аҳён-аҳёнда бир кўриниш берар, шунда ҳам кабинетига кирволиб, столи устидаги ечимини кутаётган сон-саноқсиз ҳужжату мактубларга маъносиз тикилганча ўтира-ўтира, бирорта қоғозга қўлини ҳам теккизмай қайтиб кетар эди. Пировард-оқибат бу ерда ўзининг ортиқча эканини англаб, бутунлай келмай қўйди.

Бир куни она шаҳри кўчаларида дарбадар одамдай тентираб, қоронғи тушганда уйига қайтаётган эди, шаррос ёмғир қуйиб берди. Ҳаял ўтмай эзилган шляпасининг тепаси жажжи ҳовузчага айланди, этак ва енгларидан ёмғир суви чакиллаб эмас, жилғадай оқа бошлади. Аммо қария бунга эътибор бермас, бўм-бўш кўчада бир ўзи шошмасдан қадам ташларди. Шалаббо ҳолда манзилига яқинлашганда ҳашаматли бир мошина ёнидан лой сачратиб ўтди-да, унинг данғиллама уйи олдида тўхтади. Мошинадан хотини билан пўрим кийинган бир жаноб тушди. Яна бир йигит ҳам бор эди. Шу орада қария ҳам етиб келди. Хотини уни бу аҳволда кўриб, юзини четга бурди. Қария хотинининг меҳмонлар олдида ундан ор қилганини дарров сезди. Тез-тез юриб орқа эшикдан ичкарига кириб кетди. Шу кундан бошлаб у ўз уйига мазкур эшикдан кириб-чиқадиган бўлди. Биладики, шундай қилса бирорта ёт эркакка дуч келмайди. Овқатга ҳам чиқмай қўйди – хизматкор аёл таомни хонасига келтириб берарди. Хотиними, қизими олдига кирмоқчи бўлса, эшикни очмас эди. Ахийри улар ҳам чолни ўз ҳолига қўйишди. Гоҳи-гоҳида қўшни хоналардан – энди унинг учун бегона хоналардан – мусиқа садолари ва жўшқин қаҳқаҳалар девор оралаб сизиб чиқар, кечасилари уйига келиб-кетаётган мошиналарнинг шовқини эшитиларди. Аммо Соломон бобо парво қилмас, ҳатто деразадан кўчага бир назар ташлаб ҳам қўймасди – неччи пуллик иши бор? Фақат вафодор итигина ҳамма унутиб юборган хўжайинининг каравоти олдидан куну тун жилмас эди.

У абгор бўлган юрагида оғриқ сезмасди-ю, аммо қора мушук қонталаш жигарини тирноқлашда давом этар эди. Дард хуружи тез-тез такрорланавергани сабабли дўхтирнинг қистови билан қария тиббий кўрикдан ўтишга рози бўлди. Профессорнинг авзойи бузилди. У операция қилиш лозимлигини чолга ётиғи билан тушунтирди. Соломон бобо хафа бўлиш ўрнига суюниб кетди: хайрият-э, қутуладиган кун ҳам бор экан-ку! Ҳар куни ўлгандан кўра бирйўла ўлган яхши эмасми! Дўхтирдан оиласига билдирмасликни илтимос қилиб, операцияга тайёрлана бошлади. Охирги марта ишхонасига борди (келишини ҳеч ким кутмаган экан, бегона одамдай қарши олишди), ўзи ўттиз йил ўтирган қора чарм креслога сўнгги бор ўтириб, чек дафтарчасини келтиришни буюрди, дафтарчадан бир варағини тўлдириб, иш бошқарувчисига узатди. Бошқарувчи анграйиб қолди. Чекда катта пул қайд этилган эди. Бу пул хайру эҳсонга ва ўзининг қабри парваришига аталган эди. Қария ишини битказиб, кабинетдан тез чиқиб кетди, шошганидан шляпаси ерга учиб тушди, лекин Соломон бобо энгашиб уни олиб ўтирмади. Шу алфозда – бошяланг, сочларини тўзғитиб қабристонга равона бўлди (ўткинчилар унинг изидан ёқа ушлаб қолишди). Қария ота-онасининг қабртошлари билан узоқ гаплашди. Нималар деди – ёлғиз ўзига аён. Балки, ҳадемай ёнларингга келаман, дегандир – ким билсин. Қабристон дарвозаси олдида уни бир тўда тиланчи қуршаб олди. Соломон бобо шоша-пиша чўнтагидаги тангаларни чиқариб, ҳаммага улашди. Энг охирида мункиллаб қолган бир кампир қўлини чўзди. Пули қолмаган эди. Фақат бармоғини оғир ва кераксиз бир нарса – тилла никоҳ узуги қисиб турарди, унга кўз қирини ташладию хаёлида олис ва мубҳам бир хотира йилт этгандай бўлди. Узукни шартта ечди-да, ҳангу манг бўлиб қолган кампирнинг кафтига қўйди.

Хулласи калом, жамики ортиқча даҳмазалардан қутулган, қашшоқ ва танҳо қария ўзини жарроҳ ихтиёрига топширди.

Соломон бобо ҳушига келгач, аҳволининг оғирлигини ҳисобга олиб, дўхтирлар хотини билан қизини чақиртиришди.

Қизи қонсиз чеҳра узра мулойим энгашди. Шунда мўъжиза рўй берди: қариянинг сўнган нигоҳидан учқун сачради. Ана қизалоғи, суюкли эркатойи… тепасида турибди… Эрна, Эрна! Таранг қимтилган лаблар аста-секин ёзилиб, оғизнинг икки бурчида сезилар-сезилмас, кўпдан буён унутилган табассум ғимирлай бошлади. Қувончнинг ана шу заиф, ночор ифодасидан таъсирланган қиз отасининг юзидан ўпиш учун яна ҳам пастроқ эгилди.

Аммо бирдан – ғалати атирнинг чучмал ҳиди эски, изтиробли хотираларини қўзғатиб юбордими – беморнинг ҳозиргина ёришиб турган чеҳраси бужмайди, кўкарган лаблари қаттиқ қимтилди, аъзойи баданига титроқ кирди, адёл остидаги қўллари гўё жирканч бир нарсани ўзидан нарига итармоқчи бўлгандай типирчилай бошлади. “Даф бўл!.. Даф бўл!” Унинг бу сўзлари оғзидан аранг чиққан бўлса-да, ҳаммага эшитилди. Дўхтирлар она-боладан беморни холи қўйишни сўрашди.

Хотини билан қизи чиқиб кетганидан сўнг беморнинг юзига яна аввалги ором ва ҳорғинлик ифодаси қайтди. У ҳамон нафас оларди. Аммо бу ҳолат узоқ давом этмади. Кўп ўтмай қария энтикиб бир “пуф” дедию жим бўлиб қолди. Беморнинг кўкрагига қулоғини босган дўхтир юракнинг муддатсиз ҳордиққа кетганини англади.

СТЕФАН ЦВЕЙГ ҲАЁТИДАН БИР ЛАВҲА

Бахтсиз бир ёш йигит ўз жонига қасд қилишни ўйлаб қолди, аниқроғи, ўзини отишга қарор қилди. Бу ўсмир нафақат шу қадар бахтсиз, балки бунинг устига ўта уятчан ҳам эди. Шунинг учун, ҳеч кимни овора қилмаслик ва ўзгалар эътиборини тортмаслик мақсадида у худкушлик қилишга энг маъқул жой сифатида шаҳар қабристонини танлади. Ўзини ўлдирадиган сана ва вақтни ҳам белгилаб қўйди: тўлин ой кечаси, ярим тунда.

Шу тариқа, йигитча ой нурига чўмган тинч қабристонга кираркан, ўтириб олиб, шум тақдир билан хотиржам ҳисоб-китоб қилиб олиш учун мос ўриндиқ излади. Бахтга қарши (балки аксинча — бахтигадир), ҳеч қаерда скамейка йўқ эди. Бир неча ўнлаб қабрлар орасидан ўтаркан, йигит кутилмаган бир ҳолатдан бақириб юборди: унинг рўпарасида, ой ёруғида, қоп-қора ки¬йинган ва… қанотли бир қиз турарди! Фақат яхшилаб қарагандан кейингина бахтсиз йигит хотиржам нафас ростлади: бу оддий ҳайкал экан. Ғарбда кўпинча бевақт ҳаётдан кўз юмган болалар ва ёш қизларнинг қабрлари устига шунақа фаришта ҳайкалини ўрнатишади. Бироқ бу ҳолатда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган йигитчанинг эътиборини бошқа нарса ўзига жалб этди. Ҳайкалчанинг пойига, марҳума қизнинг исми, туғилган ва вафот этган санасидан ташқари, лотин тилида қуйидаги матн ёзилганди: «Heus tu, viator lasse, qui me praetereis. Veni hoc et queiesce pusilu. Cum diu ambulareis, tamen hoc veniundum est tibi. Bene vive, propera…»

Йигит лотинчани биларди, шу сабабли янада ҳайратга тушди. Матн мазмуни бундай эди: «Ҳой йўловчи, кўриниб турибдики, сен юришдан чарчагансан. Бу ерда бирпас нафас ростлаб ол. Сенинг йўлинг узоқ, гарчи барибир шу ерда тугаса ҳам. Йўлингда давом эт ва тириклик чоғингда бахтли бўл…»

Бу сўзлар ўзини ўлдириш ниятида келган йигитчага шунчалик мўъжизавий таъсир кўрсатдики, у қора фаришта ҳайкалидан сал орқага тисарилиб, тўсиқлар ва буталар орасидан ўтиб, чўнтагидан тўппончани чиқарди-да, узоқларга ирғитиб юборди. Кейин ортига ўгирилиб, югурганча қочишга тушди.

Шу тариқа, номаълум эпитафия Стефан Цвейгнинг — бўлажак австриялик буюк ёзувчининг ҳаётини сақлаб қолди…

055  Tarjimondan: Yurakni tilka-pora qilmoq uchun taqdiri azal dabdurustdan ko‘krakka nayza sanchmaydi. Payt poylaydi. Bunga u ustasi farang. Biz taqdiri azalning hukmini “bahonai sabab” deb qo‘ya qolamiz, so‘ng… bu betayin iboramizni hukmning beshafqat oqibatiga taajjub bilan qiyoslashga tushamiz; aslida dard oshkor bo‘lmasidan ancha ilgari boshlanadi. Inson taqdiri ham shunaqa. U uzoq vaqt vujudimiz qa’rida, yetmish ikki tomirimizda yashirinib yotadi, sirtga chiqqanida esa negadir isyon ko‘taramiz, ammo foydasi bo‘lmaydi.

Stefan Sveyg
BIR UMRNING ZAVOLI

Nizom Komil  tarjimasi
08

032    Stefan Sveyg (Stefan Zweig) 1881 yilning 28 noyarida Vena shahridagi badavlat xonadonda, to’qimachi korxona egasi Morits Sveyg oilasida dunyoga keldi.1900 yilda gimnaziyani tamomlab,Vena universitetining falsafa fakul`tetiga tahsil ola boshladi.Talabalik chog’idayoq “Kumush torlar” deb nomlangan ilk she’riy kitobchasini nashr ettirdi va uni pochta orqali taniqli shoir Rayner Mariya Ril`kega yubordi.Mana shu ilk kitobchadan boshlab Stefvn Sveyg bilan Rayner Mariya Ril`ke o’rtasida juda uzoq davom etgan do’stlik rishtalari bog’landi.Universitetni tamomlagan Stefan Sveyg dunyo bo’ylab sayohatga otlandi.Dastlab Yevropa shaharlarini,keyinchalik Osiyo va Amerika qit’asidagi ko’plab shaharlarni tomosha qildi.Birinchi jahon urushi oxirlab qolgan 1917 yildan boshlab u Shveytsariyada istiqomat qiladi.Ayni shu paytlari u buyuk frantsuz adibi Romen Rollan bilan do’stlashadi.

1922 yildan boshlab Stefan Sveyg nomini mashhur qilgan kitoblar birin-ketin nashr etildi.Ayniqsa, adibning tarixiy-biografik yo’nalishda yozilgan “Erazm Rotterdamusning shukuhi va fojiasi” (1934),”Mariya Styuart” (1935) asarlari yangilanayotgan Yevropa adabiyotida katta o’zgarish yasadi.Ikkinchi jahon urushining boshlanishi Stefan Sveygni Yevropadan Amerika qit’asiga bosh olib ketishga majbur qildi.Fashizmning ashaddiy dushmani bo’lgan adib natsistlarning Yevropa bo’ylab g’olibona yurishlariga toqat qilolmadi va ruhiy tushkunlik natijasida 1942 yilning 22 fevralida o’z joniga qasd qilib,hayotdan ko’z yumdi. Stefan Sveygning fojiali o’limi haqida Erix Mariya Remark o’zining “Jannatdagi soyalar” romanida shunday satrlarni bitgan edi: “Agar olis Braziliyada o’z jonlariga qasd qilgan Stefan Sveyg va uning xotini o’sha fojiali oqshom biror bir kishiga o’z his-tuyg’ularini to’kib solish imkoniga ega bo’lganlarida edi,bu dahshatli o’lim yuz bermagan bo’lardi.Afsuski Sveyg begona yurtda va begona odamlar orasida yashayotgan edi”.

08

Umri tijorat bilan o‘tgan Solomon bobo kunlardan bir kun Gard ko‘li sohilidagi mehmonxonada yarim kechasi qorin og‘rig‘idan uyg‘onib ketdi. Bu yerga u oilasi bilan birga dam olgani kelgan edi. Qarasa, ahvol chatoq: ichini birov burg‘u bilan parmalayotganday, nafas olyaptimi, yo‘qmi – o‘zi ham bilmaydi. Qariyaning kapalagi uchib ketdi. To‘g‘ri, ko‘pdan buyon jigaridan nolib yurardi, ammo bunaqasi… U shiftga tikilgancha do‘ppaygan qornini, so‘ng ko‘kragi va yelkalarini asta siypalab chiqdi. Og‘riq pasayay demasdi. Qayoqdan ilashdi bu kasofat? Balki biror ovqat yoqmagandir? Italiyaga kelgan sayyohlar orasida bunaqa shikoyatlar quloqqa ko‘p chalinadi. Harakat qilsam og‘riq tarqalar, degan xayol bilan inqillab-sin-qillab o‘rnidan turdi. Rostdan ham uch-to‘rt qadam bosishi bilan sal yengil tortganday bo‘ldi. Ammo xona tor edi, buning ustiga, yonma-yon qo‘yilgan karavotda uxlab yotgan xotinini uy-g‘otib yuborishdan cho‘chidi. Bekorga vahima ko‘tarishning nima keragi bor? Ana shu andisha bilan yelkasiga xalatini tashlab, shippagini sarpoychan kiydi-da, sekin yo‘lakka chiqdi.

Uzundan-uzun, nimqorong‘i yo‘lak huvillab yotardi. Qariya qadamini avaylab bosib, yo‘lakning bu boshidan u boshigacha uch-to‘rt qur borib keldi. Buni qarangki, niyati xolis-da, dard chekinib, ruhi ancha tetiklashdi, og‘riq ham avvalgi shashtidan qaytdi. Xonasiga endigina kirmoqchi bo‘lib turgan edi, birdan allaqanday shitirlagan sas uni taqa-taq to‘xtatdi. Shu yaqin-o‘rtada nimadir g‘iychilladi, so‘ng sal naridagi eshik qiya ochilib, pichir-pichir ovozlar eshitildi, oraliqdan tushgan nur yo‘lakni lip etib bir yoritdiyu yana so‘ndi. Nima gap o‘zi? Qariya beixtiyor burchakka qapishdi – sinchkovligidan emas, yo‘q – jinniga o‘xshab yarim kechasi yo‘lakda tentirab yurganini birov ko‘rib qolishidan iymandi. Ammo tasmaday nur yo‘lakni bir soniya yoritgan paytda qiya ochilgan eshikdan oq xalat kiygan bir ayol chiqib, zipillagancha yo‘lak adog‘iga qarab ketganini ilg‘adi. Yo unga shunday tuyulganmikan? Yo‘q, yo‘q, aniq ko‘rdi. Ana, yo‘lak oxiridagi eshik tutqichi shiq etdi. Keyin hammayoqni qaytadan sukunat bosdi.

Qariya, xuddi chaqmoq urganday, gandiraklab ketdi. Yo parvardigor! Axir, yo‘lak oxiridagi hozirgina tutqichi makkorona ovoz chiqargan o‘sha eshikdan… axir, o‘sha eshikdan o‘zi oilasi bilan ijaraga olgan uchta xonaga kiriladi-ku! Xotini uxlab yotibdi. Demak, haligi ayol, – yo‘q, yanglishishi mumkinmas, – xiyol oldin begona erkakning xonasidan yashiriqcha chiqqan o‘sha ayol – qizi, o‘n to‘qqizga to‘lib-to‘lmagan qizalog‘i Erna ekan-da!

Qariyaning a’zoyi badani titrab ketdi. Eh, bolaginam, jigarbandim… nahotki? Yo‘q, bo‘lishi mumkinmas, u xato qilyapti! Unda begona erkakning xonasida nima qilib yuribdi?! Qariya bu fikrni miyasidan yulib tashlamoqchi bo‘lardi-yu, ammo bir ko‘rinib g‘oyib bo‘lgan ayolning ko‘lankasi ko‘z o‘ngidan nari ketmasdi. Bu ko‘lankadan qutulib bo‘lmaydi, uni yulib tashlashning iloji yo‘q. U haqiqatning tagiga yetishi kerak! Nafasini ichiga yutib, devorni paypaslagancha qizi yashayotgan xona eshigiga yaqinlashdi. Qay ko‘z bilan ko‘rsinki, eshik tirqishidan, faqatgina shu eshik tirqishidan ingichka, oppoq nur sizib chiqmoqda edi. Kechasi soat to‘rtda xonasida chiroq yonib turibdi! Tag‘in nima kerak?! Mana, yana bitta isboti: elektr tugmachasi shirq etdi, nur chilvirini tun qorong‘isi yutib yubordi – yo‘q, yo‘q, o‘zini aldab nima qiladi – begona erkakning xonasidan chiqib, o‘z xonasiga bebiliska kirib olgan ayol – o‘z qizi, Erna!

Qariya, bezgak tutganday, hamon qaltirar, tanasidan sovuq ter quyilar edi. Bir ko‘ngli, eshikni buzib kirib, behayo qizini rosa do‘pposlamoqchi bo‘ldi. Ammo oyoqlari itoat etmadi. Xonasiga sudralib kirib, yaralangan jonivorday o‘zini karavotga tashladi.

Solomon bobo allamahalgacha qimir etmay, qorong‘ilikka termilib yotdi. Miyasi g‘ovlab ketgan edi. Yonginasida xotini pishillab uxlab yotardi. Nima qilsin? Uni uyg‘otib, zahrini sochsinmi? Qizining kirdikorini oshkor etib, go‘riga g‘isht qalasinmi? Jillaqursa, ko‘nglini bo‘shatib oladi-ku, axir. Hay-hay-hay! Bu sharmisorlikni qaysi til bilan gapiradi? Yo‘q, aytolmaydi, aytolmaydi. Xo‘sh, unda nima qilish kerak? Nima qilish kerak!
U fikrini jamlashga urinar, ammo uddasidan chiqolmasdi. Qanday dahshat! Uning qizalog‘i, erkatoyi, ko‘zlari musaffo, nigohi muloyim arzandasi… E, falak! Alifboni oldiga qo‘yib, pushtirang barmoqchasini notanish harflarga bittama-bitta tekkizib, savod chiqazgani kuni kecha emasmidi, axir! Uni olib ketishga maktabga borganida havorang ko‘ylagining etaklarini hilpiratib chopib chiqqanlari, yo‘l-yo‘lakay unga shirinliklar olib bergani, bunga javoban qizchasi uning bo‘ynidan quchoqlab, shira lablari bilan yuzidan cho‘lp-cho‘lp o‘pganlari… E voh… kechagina emasmidi! Mana endi, ikki qadam narida, o‘sha qiz begona erkakning qo‘yniga kirib chiqib, hech narsa ko‘rmaganday sulayib uxlab yotibdi!

“Yo alhazar, yo alhazar! – Qariya ingrab yubordi. – Qanday sharmandalik, qanday sharmandalik! Mening qizim, bokira qizalog‘im allaqanday erkak bilan… Kim o‘sha erkak? Kelganlariga atigi uch kun bo‘ldi, anavi oliftalardan birortasini ham Erna ilgari tanimasdi – na graf Ubaldini, na italyan zobitini, na meklenburglik baronni. Ular bilan kelgan kunlarining ertasiga raqs paytida tanishishgan, allaqachon o‘shalardan bittasi… Xo‘sh, qizi qaysi biri bilan… Balki u birinchi erkakmasdir, balki Erna bunaqa ishni ancha ilgari, uydaligidayoq boshlavorgandir… men ahmoq hech narsani payqamay yuravergandirman?.. Voy laqma-ey, voy miyasi aynigan chol-ey… Darvoqe, xotinim bilan qizim haqida nimalarni bilaman? Uzzukun o‘shalar uchun ishlayman, idorada o‘n to‘rt soatlab o‘tiraman, ilgari-ku umrim poezdda o‘tardi, qo‘limda – xilma-xil matolarning laxtaklari solingan chamadon… pul uchun… azbaroyi qizim bilan xotinim hech narsadan zoriqmasin, xohlaganlarini yeb, xohlaganlarini kiyishsin deb shunday qilardim. Kechqurun horib-charchab ishdan qaytganimda uyda hech kim yo‘q: ular yo teatrga, yo raqs maydoniga, yoki mehmondorchilikka ketgan bo‘ladi. Kunni qanday o‘tkazishadi – bilmayman. Endi shuni bilib turibmanki, qizim, xuddi ko‘chadagi fohishalarday, tunlari pokiza tanasini begona erkaklarga baxshida etarkan. Yo rabbiy, bu qanday razolat!”

Qariya yana ingradi. Har bir yangi taxmin, yangi shubha-gumon yarasini tuz sepganday lovullatardi; nazarida miya-si qoq ikkiga bo‘linganu ana shu ikkita kosadagi bo‘tqa ichida son-sanoqsiz qurt-qumursqa g‘ujg‘on o‘ynayotganday…

“Nega shu paytgacha chidab keldim?.. Nima uchun men bu yerda to‘lg‘anib yotibman-u, anovi suyuqoyoq bemalol xurrakni otyapti? Izidan xonasiga bostirib kirib, qovurg‘alarini mayda-mayda qilib tashlasam bo‘lmasmidi? Yo‘q, bo‘lmaydi… Chunki men zaifman, men qo‘rqoqman… Hamma vaqt ularga yon bosib kelganman. O‘zim itday ishlasam ham, qizim bilan xotinimni yayratib qo‘yganimdan faxrlanardim, bir tiyinni yetti joyidan tugib, topganimni uyga tashirdim. Mana, oqibati… Qorinlari to‘ydiyu mendan or qiladigan bo‘lib qolishdi… Ha-da… men – qoloqman, men – chalasavodman… Tavba, menda savod nima qilsin? O‘n ikki yoshimda maktabdan chiqarib olganlar. Kechani kecha, kunduzni kunduz demay ishlaganman, laxtak ko‘tarib qishloqma-qishloq, shaharma-shahar izg‘iganman. To bir ishning boshini tutib, qaddimni rostlab olgunimcha tortmagan azobim, chekmagan uqubatim qolmagan. Hozir birovdan kam yerim yo‘q, uy-jo-yim badastir, mol-mulkim, davlatim yetarli. Ammo baribir tilim qisiq. Ba’zan hakalak otgan nafslarini sal ti-yib qo‘ymoqchi bo‘lsam, osmonga sapchishadi; rahmatli onam faqat oilam deb, ro‘zg‘orim deb yashardi desam, burunlarini jiyirishadi. Xo‘p, men – qoloqman, o‘qimaganman. Ammo qoloqsiz deb mendan or qiladigan qizim negadir begona erkakning qo‘yniga kirib yotishdan or qilmaydi. Bittayu bitta qizim, ko‘zimning oqu qorasi… Yo tangrim, qanday bedodlik bu!”

Qariya qattiq uh tortgan edi, xotini uyg‘onib ketdi. “Ha-a, nega pishqiryapsan?” deb so‘radi u uyqusirab. Solomon bobo miq etmadi. Shu yotgancha ertalabgacha mijja qoqmadi.

Nonushtaga hammadan barvaqt keldi. Og‘ir xo‘rsinib stol yoniga cho‘kdi-yu, ammo dasturxondan yuzini chetga burdi.

“Yana yolg‘izman, – deb o‘yladi u, – har doim yolg‘izman. Ertalab ishga ketayotganimda bular uxlab yotgan bo‘ladi. Teatrmi, biror ziyofatmi, allaqaysi go‘rdan tinkalari qurib kelishadi-da. Kechqurun uyga qaytganimda yana hech kim yo‘q – kim biladi qanday davraning guli bo‘lib o‘tirishgan ekan? Eh, pul o‘lsin-a, pul o‘lsin! Ularni pul buzdi… pul bizni bir-birimizdan ayirdi. Men ahmoq pulning ketidan quvib yurib- man-a! Mana oqibati – pul meni ship-shiydon qildi, ularni esa yomon yo‘ldan yetaklab ketdi. Ellik yil ho‘kizday ishlab, hordiq nimaligini bilmay orttirganim shu bo‘ldimi! Mana, bir o‘zim so‘ppayib o‘tiribman…”

Xotini bilan qizidan hamon darak yo‘q. “Nega Erna kelmayapti? Ochiqchasiga gaplashmasam bo‘lmaydi… Hammasini yuziga shartta-shartta aytaman… Ketamiz, deyman… shu bugunoq jo‘naymiz, deyman… Nega kelmayapti? Ha-a, uyquga to‘ymagan-da, sababi ma’lum… Onasi-chi?.. E-e, toshoynaning oldida o‘tirgan sochini tarab. Keyin tirnoqlarini bo‘yaydi, sartaroshxonaga kiradi, upa-elik deganday… Soat o‘n birsiz qo‘li bo‘shamaydi. Onasi shu bo‘lgandan keyin – qizi nima bo‘lardi? He-e, pulni o‘ylab topganni!..”

Orqadan qadam tovushlari eshitildi. “Yaxshi yotib turdingizmi, dadajon?” – shu savoldan keyin ayol kishining mo‘‘jazgina boshi yelkasi osha engashib, nafis lablar xiyolgina chakkasiga tegdi. Qariya beixtiyor boshini chetga tort-di: qandaydir atirning chuchmal hidi unga yoqmagan edi.
– Nima bo‘ldi, dadajon? Nega avzoyingiz buzuq? Uxlolmadingizmi yoki yomon tush ko‘rdingizmi?

Solomon bobo g‘azabini ichiga yutdi. Boshini quyi egib, qizining savoliga “Yo‘q, hammasi joyida!” deya g‘udranib javob qaytardi. Keyin unga qaramaslik niyatida apil-tapil gazetani ochib, yuzini to‘sdi. Qo‘llari beto‘xtov qaltirardi. “Hozir, onasi yo‘qligida hamma gapni gapirishim kerak. Hozir ayni payti!” derdi u ichida, biroq tili kalimaga kelmasdi, hatto qizining ko‘zlariga qarashga ham jur’at etolmayotgan edi.
Birdan u shartta o‘rnidan turdi-da, bog‘ tomonga qarab ketdi. Yuzidan oqayotgan qaynoq ko‘zyoshlarini qizi ko‘rib qolishidan andisha qildi.

Oyoqlari kalta, pak-pakana qariya bog‘ ichida uzoq aylanib yurdi, tevarak-atrofni tomosha qildi. Yosh pardasi qorachiqlarini to‘sib turgan bo‘lsa-da, go‘zal manzaradan bahramand bo‘lishiga monelik qilolmadi: ko‘l sathidagi kumushrang tuman ortida ko‘m-ko‘k butalar bilan qoplangan o‘rkach-o‘rkach tepaliklar, ularning orqasida esa baland tog‘, go‘yo u ham ko‘l jamoliga mahliyo bo‘lganday chuqur sukutga botgan. Yashnab turgan tabiat bepoyon quchog‘ini ochib, hammaga baxt va shodlik ulashayotganga o‘xshaydi.

“Vo darig‘!.. – deya qariya alam bilan bosh chayqadi. – Umrimning ellik yilini cho‘t qoqish, hisob-kitob, savdo-sotiq bilan o‘tkazib, birinchi marta o‘zimga mana shunday kunlarni ravo ko‘rgan edim-a!.. Buyam haromga chiqdi. Oltmish beshga kiribman. Bu yog‘i qancha qoldi – yolg‘iz xudoga ayon. Har holda to‘rimdan go‘rim yaqin. Azroil eshik qoqib turganda na pul, na boylik, na do‘xtir oraga tusha oladi. Go‘rga kirmasimdan oldin men ham odamga o‘xshab bir dam olay degan edim-da. E, attang, attang! Rahmatli otam aytardi-ya: “Bizning peshonamizga huzur-halovat bitilmagan, sen mehnatga tug‘ilgansan, o‘lguningcha mehnat xurjunini yelkangdan tashlama!” derdi-ya! Men gumroh otamning o‘gitini unutibman. Lekin kechagina baxtiyor edim-ku… Chiroyli, xushchaqchaq qizimga havas bilan tikilardim, quvonchiga har daqiqa sherik bo‘lardim-ku. Mana, xudo meni jazoladi. Hamma narsadan mosuvo bo‘ldim. Endi o‘z qizim bilan gaplasholmayman, ko‘zlariga tik qarolmayman. Endi qaerda bo‘lmayin – uydami, ishxonadami, kechasimi, kunduzimi – hozir qizim qaerdaykin, qaerga borib keldiykin, nima ish qildiykin, degan savollar ta’qib qilaveradi meni. Endi uyga xotirjam qaytolmayman. Bir mahallar qizim chopib kelib bo‘ynimdan quchganida yayrab ketardim. Endi esa o‘pguday bo‘lsa, bu lablar kecha qaysi labga bosilgan edi, degan o‘y kechadi ko‘nglimdan darrov. Yo‘qligida tashvishga tushsang, borligida ko‘ziga qaray olmasang – shu ham hayot bo‘ldimi? Yo‘q, bunday yashagandan o‘lgan yaxshi!”

Solomon bobo bog‘dan chiqib, allamahalgacha shahar ko‘chalarida bemaqsad tentirab yurdi. Bir do‘konning ko‘rgazmasi oldida negadir to‘xtab qoldi. Oyna ortida sayyohlarga kerakli turli-tuman buyumlar osig‘liq turardi: soyaboni keng yengil bosh kiyimlari, yaktaksimon oppoq ko‘ylaklar, sport anjomlari, galstuklar, qarmoqlar… Ammo qariya ana shu narsalar orasiga pala-partish tashlab qo‘yilgan, bir uchiga temir poynak o‘rnatilgan g‘adir-budir tayoqdan ko‘zini uzolmasdi; agar shu tayoq bilan qulochkashlab bitta-yarimtaning boshiga solsang bormi!..

“O‘ldiraman… O‘ldiraman ablahni!” – Qo‘qqisdan miyasiga kelgan bu fikr-dan tipirchilab qolgan qariya shoshib do‘konga kirdi-da, haligi tayoqni arzimagan pulga sotib oldi. o‘aroyib qurolni qo‘liga ushlashi bilan bilagiga kuch kirganini his etdi. Har qanday qurol nimjon odamni ham botir qilib yuboradi-da. U tayoqni qattiqroq qisdi, shu zahoti qo‘lining mushaklari taranglashganini sezdi. Do‘kondan chiqib, ko‘l bo‘yidagi yo‘lkada tez-tez u yoqdan-bu yoqqa yura boshladi. Hademay jiqqa terga botib ketdi, ammo bu ter tez yurganidan emas, vujudini zabt etgan qahr-g‘azabning zo‘rligidan quyilmoqda edi. Tilida faqat boyagi gap aylanardi: “O‘ldiraman… O‘ldiraman ablahni!”

Shu alfozda, noma’lum dushmanni qidirib, sal naridagi ulkan daraxt ostiga qurilgan pastak shiyponga qarab yurdi. U yanglishmagan edi: shiyponning bir burchagida to‘qima kreslolarga yastangancha, poxol naychalardan ora-sira viski simirib, qizi bilan xotini va, albatta, haligi uch nafar kindigi bir oliftalar valaqlashib o‘tirishardi. “Qaysi biri ekan? – deb o‘ylardi chol tayoqni mahkam qisgancha. – Qaysi birining boshini yoray?!” Ammo shu payt Erna otasini ko‘rib qolib, sapchib o‘rnidan turdi-da, chopib oldiga keldi.
– Qaerda yuribsiz, dadajon? Qidirmagan yerimiz qolmadi. Bilasizmi, janob fon Medvis bizni moshinasida ko‘l atrofini aylantirmoqchi, keyin sohil bo‘ylab Dezentsanogacha olib boraman, deyapti. – Erna otasini stolcha yoniga sudrab keldi.

Erkaklar so‘rashish uchun o‘rinlaridan turishdi. Qariya titrab ketdi. Yonida qizi turganidan noiloj haligilarga birma-bir qo‘l uzatdi, keyin cho‘ntagidan sigara chiqazib, jahl bilan og‘ziga tiqdi. Sal o‘tmay, frantsuz tilida kechayotgan baland pardali suhbat sharshara misol yana o‘z o‘zaniga qaytdi.

Solomon boboning irodasi bukilgan edi. Og‘zidagi sigarani chaynagancha ich-etini yeb o‘tiraverdi. “To‘g‘ri qilishadi… Ular haq… – deb o‘ylardi u. – Yuzimga tupirsa ham arziydi. O‘zim qo‘l berdim-ku. Ammo shulardan bittasi qizimni yo‘ldan urgani aniq. Men eshshak indamay o‘tiribman-a! Hech kimni o‘ldirganim yo‘q, hatto chertmadim ham… Aksincha, so‘ljayib qo‘limni uzatdim. Battar bo‘l, qariya! Ustimdan har qancha kulishsa ham kam. Men bormanmi, yo‘qmanmi – kim e’tibor beryapti? Ular uchun men tirik murdaday bir narsaman. Axir, qizim bilan xotinim frantsuz tilini tushunmasligimni bilishadi-ku. Bilib turib, har zamonda men tomonga bir ko‘z tashlab ham qo‘yishmaydi. Yaqinlarim uchun ham men yo‘qman-da! Ularga faqat mening pulim kerak. O, pul, pul! Hammani yo‘ldan ozdiradigan g‘addor! Xotinim bilan qizim menga ham bir-ikki og‘iz luqma tashlab qo‘yishsa nima qilarkan? Ko‘zlari faqat anovi erkaklarda! Men bo‘lsam toqat qilib o‘tiribman. Urmaymanmi, o‘ldirmaymanmi! Eh, qo‘rqoq, qo‘rqoq…”
– Mumkinmi? – dedi buzuq nemis tilida italyan zobiti va zajigalkaga qo‘l uzatdi.

Xayolga cho‘mgan qariya seskanib ketdi va hech narsadan bexabar zobitga yeb yuborguday ko‘zini qadadi. Joni hal-qumiga kelib, qo‘lidagi tayoqni jazava bilan qisdi. Ammo shu zahoti lablari qiyshayib, ma’nosiz tirjaydi.
– O, mumkin, mumkin, – dedi u ovozi titrab. – Sizga hamma narsa mumkin, he-he… ko‘nglingiz nimani tusasa qilaverasiz, he-he… menda nimaiki bo‘lsa, sizning xizmatingizda… Men nima deya olardim…

Zobit qariyaga taajjublanib qaradi. Tilni yaxshi bilmagani uchun kesatiqning tagiga yetolmadi. Ammo cholning yuzidagi ifoda uni dovdiratib qo‘ydi. Beixtiyor o‘rnidan turib ketdi, ikkala ayolning yuzi dokaday oqardi – oraga zilday sukunat cho‘kdi.

Qariya yana avvalgi holatiga qaytdi, yuzidagi istehzo bir zumda g‘oyib bo‘ldi, zalvorli tayoq qo‘lidan sirg‘alib chiqib, tizzalari orasiga qisilib qoldi. U suvga bo‘kkan mushukday g‘ujanak bo‘lib, hozirgina namoyish etgan jasoratidan xijolat chekkandek sekin yo‘talib qo‘ydi. Erna noxush vaziyatni yumshatish maqsadida bir nimalar deb bidirlay ketdi, zobitning chehrasi tag‘in yorishdi, hayal o‘tmay uzilib qolgan suhbat yana qozonday qaynay boshladi.

Solomon bobo shod-xurram chaqchaqlashayotgan odamlar orasida mum tishlab o‘tirar, boshi haligidan ham quyiroq egilgan edi. Ammo endi unga hech kim e’tibor bermas, uning mungli sukuti uzra so‘z po‘rtanasi avjga chiqar, ora-sira qiyqiriq va qahqaha ko‘pigi osmonga sapchir, sho‘rlik qariya esa alam va nomusning bepoyon zulumoti qa’riga g‘arq bo‘lib ketgan edi.

Erkaklar o‘rinlaridan turishdi, Erna shoshib ularga ergashdi, sal o‘tkazib onasi ham qo‘zg‘aldi. Ular to‘dalashib mehmonxonaga qarab ketishdi, ammo mudrab o‘tirgan cholni taklif etish hech kimning xayoliga kelmadi. Qariya atrofida qo‘qqisdan hosil bo‘lgan bo‘shliqni sezib, ko‘zlarini ochdi, bo‘shab qolgan kreslolarga loqayd nazar tashladi, shu payt qulog‘iga mehmonxonada chalinayotgan royal ovozi, ayolu erkaklarning shodon qiyqiriqlari eshitildi. Raqsga tushishyapti! Ha, sulayib qolguncha raqsga tushish qo‘llaridan keladi. Qonlari ko‘piradi, bir-birlarining bag‘irlariga battarroq yopishishadi, keyin qarabsizki…

U jahl bilan tayoqni yana qo‘liga olib, o‘sha tomonga yurdi. Eshik oldida taqqa to‘xtab qoldi. Baron royal yonida yarim o‘girilib o‘tirar, tusmollab amerikancha bir kuyni ting‘illatardi. Erna zobit bilan, onasi graf Ubaldi bilan raqsga tushayotgan edi. Ammo qariya faqat Erna va zobitdan ko‘z uzmasdi. Voy yaramas-ey! Xuddi mahriga tushganday qizining belidan mahkam quchoqlab olibdi-ya! Qizi-chi, qizi, namuncha kanaday yopishmasa! Bir-biriga qapishib ketibdi-ku! Ha, shu, shu. Ularning har bir harakati don olishganidan dalolat berib turibdi. Ha, qizini yo‘ldan urgan mana shu ablah! Yarim yumuq ko‘zlaridan bundan-da kuchliroq lazzat xotirasi uchqun sachratyapti. Qiz o‘g‘risi – shu zobit! Qariya qizini uning bag‘ridan tortib olish uchun bir qadam oldinga tashladi. Lekin Erna otasiga qayrilib ham qaramadi. U butun borlig‘i bilan raqs ohangiga berilib ketgan, shu tobda qiz kuy oqimi uzra parvoz qilar, na zamonni, na makonni, na bezgak tutganday qaltirab turgan alamzada otasini payqar edi. Hozir Erna faqat ohang girdobida chirpirayotgan durkun gavdasini, ko‘zlari hirsga to‘la erkakning issiq nafasini, uning baquvvat qo‘llarini his etar, o‘zini butkul zobit ixtiyoriga topshirib qo‘yishdan cho‘chir, allaqanday bir tizginsiz xohish vasvasasiga qarshi kurashar edi. Bularning barini qariya adoqsiz bir azob bilan sezib turardi. Har gal Erna otasining oldidan chir-chir aylanib uzoqlashganda qariya qizidan bir umrga judo bo‘layotganday ing-rab yuborardi.
Birdan, bamisoli uzilgan torday, musiqa taqqa to‘xtadi. Baron sapchib turib, “Bo‘ldi, chalmayman. Men ham raqsga tushaman”, dedi frantsuzchalab. Hammalari qiyqirib kulishdi, raqs-ga tushayotganlar ajralishib, bir hovuch jamoa mehmonxona bo‘ylab taralib ketdi.

Qariya hushiga keldi: nimadir qilish kerak, nimadir deyish kerak! Bunaqa, to‘nkaga o‘xshab turish, bu qadar shalvirash yaramaydi! Shu payt ro‘parasidan xotini o‘tib qoldi: xiyol hansiragan, o‘zida yo‘q xursand. Birdan yo‘lini to‘sdi.
– Yur, – dedi u keskin ohangda, – aytadigan gapim bor!
Ayol eriga ajablanib qaradi. Qariyaning rangpar yuzi ter bilan qoplangan, ko‘zlari ola-kula. Nima demoqchi bu? Shu paytda oraga suqilish shartmidi? Gapni chalg‘itishga og‘iz juftladi-yu, biroq erining avzoyidan hayiqdi, yaqinginada ko‘rsatgan jazavasini eslab, noiloj unga ergashdi.
– Kechirasizlar, janoblar, hozir kelaman, – dedi u erkaklarga yuzlanib.
“Bulardan kechirim so‘raydi, – deb o‘yladi chol alam bilan, – boya stoldan turib ketishganda mendan kechirim so‘rashgani yo‘q. Men ular uchun itman, oyoq artadigan lattaman. To‘g‘ri qilishadi, o‘zim chidaganimdan keyin, battar bo‘lay!”
– Nima deysan? – deb so‘radi xotini nihoyat toqati toq bo‘lib.
– Xohlamayman… xohlamayman… – deya g‘udrandi u titroq ovoz bilan, – anuv odamlar bilan osh-qatiq bo‘lishlaringni xohlamayman.
– Qaysi odamlar bilan? – deya qayta so‘radi xotini o‘zini go‘llikka solib.
– Anuvlar-da… – U boshi bilan mehmonxona tomonga ishora qildi. – Menga yoqmaydi… yo‘q.
– Nima uchun?
“Doim o‘smoqchilagani o‘smoqchilagan, – dedi chol ichida g‘ijinib, – xuddi men uning quliman”. Keyin hayajondan tutila-tutila davom etdi:
– Sababi bor… Jiddiy sabablari bor… Menga yoqmayapti. Erna o‘shalardan uzoqroq yursin… Tushuntirib o‘tirishim shart emas.
– Unday bo‘lsa, ming afsus, – dedi xotini kalondimog‘lik bilan. – Uchovi ham bama’ni, madaniyatli odamlar, uyimizga kelib-ketadigan pandavaqilardan ming marta olijanobroq yigitlar.
– Olijanob yigitlar emish!.. g‘irt ishyoqmas, takasaltang ularing! – Qariyaning joni halqumiga keldi. – Taqiqlayman. Tushundingmi?
– Yo‘q, tushunmadim, – deb javob berdi ayol pinagini buzmay. – Hech narsaga tushunmadim. Tavba, nima uchun qizimni huzur-halovatdan mahrum qilishim kerak?
– Huzur-halovat!.. – Qariyaning yuzi bo‘g‘riqib ketdi, peshonasidan sovuq ter chiqdi, qo‘li beixtiyor tayoqqa cho‘zildi – suyanmoqchi bo‘ldimi, xotinini urmoqchi bo‘ldimi – kim bilsin! Lekin tayoq yo‘q edi. Shu hol uni o‘ziga keltirdi, ko‘ngli andak yumshadi, xotinining tirsagidan ushlamoqchi bo‘lganday bir qadam oldinga talpindi.
– Menga qara… – dedi yalinchoq tovushda, – tushunsang-chi, o‘zimga hech narsa so‘ramayapman-ku. O‘n yillardan beri birinchi marta iltimos qilyapman: ketaylik bu yerdan… Florentsiyagami, Rimgami… mayli, qayoqqa bo‘lsa ham ketaylik… men roziman… Sizlar nima desanglar – shu. Ketsak – bo‘ldi. Iltimos, ketaylik… shu bugunoq… ortiq chidayolmayman!
– Shu bugunoq? – Ayol eriga angrayib qarab, qoshini chimirdi. – Shu bugunoq ketaylikmi? Esing joyidami? Faqat kimdir senga yoqmagani uchun-a? Yoqmasa – yaqinlashma.
Chol turgan joyidan jilmadi, yana yalinishga tushdi:
– Chidayolmayman… Eshityapsanmi… chidayolmayman. Sababini so‘rama… iltimos… umringda bir marta gapimga kir, bir martagina…
Mehmonxonadan yana royal ovozi eshitildi. Ayol eriga achinganday qaradi: naqadar nochor, naqadar abgor, naqadar noshud! Erkak ham shunaqa bo‘ladimi?!
– Iloji yo‘q! – dedi u cho‘rt kesib. – Ular bilan sayrga chiqishga va’da berib qo‘yganmiz. Xonalarni uch haftaga ijaraga olib, ertaga jo‘navorsak ustimizdan kulishmaydimi! Ketishga hech qanday sabab yo‘q… Men shu yerda qolaman, Erna ham qoladi.
– O‘zim ketaveraymi, a? Bu yerda halovatingizni buzaman-da, a! – Qariya yig‘lavoray dedi. Keyin keskin qaddini rostladi, barmoqlari musht bo‘lib tugildi, bo‘yin tomirlari o‘qlog‘day bo‘rtib chiqdi. Aftidan, nimadir demoqchi yoki nimadir qilmoqchi edi. Ammo bunday bo‘lmadi: shartta burildi-da, zinapoya tomonga yo‘l oldi, xuddi ortidan birov quvib kelayotganday tez-tez yurib tepaga ko‘tarila boshladi.
Solomon bobo hansirar, tezroq xonasiga yetib olib, yolg‘iz qolishni o‘ylardi. Mana, yuqori qavatga ham chiqdi, chiqdiyu birdan kimningdir o‘tkir tirnoqlari ichini ayovsiz timdalayotganday bo‘ldi. Rangi oqarib, devorga suyanib qoldi. Yo rabbim! Dodlab yubormaslik uchun tishini tishiga bosdi, sanchiqning zo‘ridan g‘ujanak bo‘lib oldi.
Bildiki, yana jigar xuruji, keyingi paytlarda tez-tez takrorlanib turadigan xurujlarning navbatdagisi. Ammo bu gal qattiq ushladi. Ko‘rinmas tirnoqlar jigarini tilka-pora qilmoqda edi. Xonasiga sudralib kirib, o‘zini divanga tashladi-da, yuzini yostiqqa bosdi. Yotganidan keyin og‘riq sal pasaydi. “Issiq narsa qo‘yish kerak, – dedi u ichida, – keyin tomizg‘i dori ichish zarur”. Ammo uning joniga ora kiradigan hech kim yo‘q edi, hech kim. O‘zining esa qo‘shni xonaga chiqishga yoki loaqal qo‘ng‘iroq tugmachasigacha yetib borishga ham chog‘i kelmasdi.
“Hech kim yo‘q, – deya o‘ylardi u alam bilan, – bir kunmas-bir kun yolg‘izlikda itday o‘lib ketaman… Sezib turibman-ku, jigarim og‘riyotgani yo‘q, o‘lim pisib kelmoqda… Endi menga na professor, na dori-darmon yordam bera oladi. Oltmish besh yoshda sog‘ayib ketish qiyin. Bilaman, ichimni kemirayotgan og‘riq, bu – o‘lim, qolgan ikki-uch yillik umr – umr emas, sekin-sekin jon taslim qilish… Darvoqe, qachon yashaganman, qachon o‘zim uchun yashaganman? Shu ham hayot bo‘ldimi? Nuqul pul dedim, pulning ketidan yugurdim, o‘zim uchun emas, boshqalarni deb yugurdim, mana, endi o‘sha pullar korimga yaraydimi? Xotinim bor edi: bokiraligida uylanganman, sevganman, u menga farzand hadya etdi. Shuncha yildan beri bir yostiqqa bosh qo‘yib keldik, bir havodan nafas oldik. Pirovardida uni nima jin urdi? Yettiyot begonaga aylandi-qoldi. Men bilan ishi yo‘q, mening tuyg‘ularim, o‘ylarim, iztiroblarim uni qiziqtirmaydi. Oldingi mehr-oqibat qayoqqa ketdi? Qizim-chi, qizim? Uni papalab katta qilgan edim, hayotimiz endi yana ham sermazmun, yana ham xushnud kechadi, mabodo kunim bitsa umrim qizim vujudida davom etadi, deb o‘ylagandim. U bo‘lsa kechasi bag‘ringdan chiqib ketib, begona erkaklarning to‘shagiga kiradi. Yo alhazar! Alhazar!”
Dahshatli og‘riq hanuz o‘qtin-o‘qtin jigariga chang solar, bu og‘riq sal pasayishi bilan undan-da shafqatsizroq boshqa bir og‘riq – zil-zambil, adog‘i yo‘q o‘y-xayollari bamisoli cho‘g‘day qizigan serqirra chaqmoqtoshday bosh chanog‘ini tars yorvoraman derdi. Qariya kamzulining tugmalarini yechgan edi, beso‘naqay qorni ko‘ylagini qanorday shishirib tepaga ko‘pchib chiqdi. U og‘riyotgan joyiga ohista barmog‘ini tekkizdi. “Faqat mana shu – menman, – deya yana o‘y surib ketdi chol, – issiq teri ostidagi og‘riqqina mening o‘zimman, menga hozircha faqat shugina tegishli. Endi tijoratchi Solomon ham, savdo-sotiq ham, ishxona ham, pul ham, uy-joy ham, qizimu xotinim ham yo‘q… Hozir menga faqat barmoqlarim sezib turgan narsa – qornimu og‘riq qolgan. Boshqa hammasi – puch bir safsata, endi ularning ahamiyati yo‘q. Qizim bilan xotinim meni tushunmaydi, men ham ularni tushunmayman. Butkul tanhoman – buni hech qachon hozirgiday yaqqol his etmagan edim. Endi, o‘lim ichimga in qurayotgan paytda, bexato anglab turibman… judayam kech, oltmish beshga kirganda. Hademay o‘laman… anovi uyatsizlar raqsga tushishadi, kayf-safo qilishadi… E, attang, attang… butun umrimni o‘sha ko‘rnamaklarga bag‘ishlabman-u, o‘zim uchun biror kun ham yashamabman…”
Qariya ko‘l tomondan kelayotgan soat zangini eshitmadi, qosh qorayayotganini payqamadi. Tun yaqinlashayotgan, xonadagi buyumlar uzra oqshom asta-sekin qora parda tutmoqda edi; ana, derazadan xiyol oqarib ko‘rinib turgan osmon shamchirog‘i ham so‘ndi. Solomon bobo o‘zini qurshovga olayotgan qorong‘ilikni sezmasdi: u faqat tanasi qa’ridagi zulmatga termilar, faqat tanasi qa’ridagi bo‘shliqqa quloq solardi.
Birdan yonidagi xonaga sho‘x-shodon kulgi yopirilib kirdi, eshik tirqishida chiroq shu’lasi yaltilladi. Qariya qo‘rqa-pisa boshini ko‘tardi: qizi bilan xotini! Hozir divanda yotganini ko‘rishadi, xo‘jako‘rsinga so‘roqqa tutishadi. Chol shosha-pisha kamzulining tugmalarini qadadi: kasali xuruj qilganini bilib nima qilishadi, bunaqa tashvishning ularga nima keragi bor?
Ammo xotini ham, qizi ham uni qidirmadi. Ikkovi ham tipirchilab turardi. Bong zarbi uchinchi marta kechki ovqatga chorlamoqda edi. Kiyimlarini almashtirishyapti shekilli, tiq etgan tovush eshitilib turardi. Ana, javon g‘aladonlarini tortishdi; ana, yuvinadigan xonada tilla uzuklar jiringladi, uloqtirilgan tuflilar taraqladi, shu orada o‘zlarining chakaklari ham tinmadi. Bari qariyaning qulog‘iga baralla eshitilmoqda edi. Avvaliga yigitlari to‘g‘risida gaplashishdi, so‘ng sayr chog‘idagi qiziq-qiziq voqealarni eslab, rosa kulishdi. Yuvinayotgan, soch tarayotgan, yuzlariga upa-elik surayotgan paytlarida ham bir-birlariga luqma tashlab turishdi. Nihoyat, gal o‘ziga keldi.
– Dadam qani? – deya birdan eslab qoldi Erna.
– Qayoqdan bilaman? – deb javob berdi onasi ensasi qotib. – Ehtimol, pastda o‘tirgandir, Frankfurt gazetasidagi birja xabarlarini yuzinchi marta o‘qiyotgandir – boshqa qiladigan ishi yo‘q-da. Loaqal biror marta ko‘lga nazar tashlaganmikan? O‘lay agar, qayrilib ham qaramagan. Bugun nima deydi, degin. Bu yer menga yoqmayapti, ketamiz, shu bugunoq ketamiz, deydi.
– Shu bugunoq? Nega endi?
– Bilmasam. Itfe’l-da! Atrofdagi odamlar, biz tanishgan ulfatlar asabiga tegayotganmish. Balki ularning orasida o‘zini olaqarg‘aday sezyaptimi, kim biladi… Qachon qarasang, egnida g‘ijim kostyum, ko‘ylagi yoqavayron. Ayt-sang bo‘lmaydimi – hech bo‘lmasa kechqurunlari tuzukroq kiyinsa o‘ladimi! – sening gapingga kiradi. Bugun ertalab leytenantga tashlanib qolganini ko‘rdingmi? Yer yorilmadiyu yerga kirib ketmadim!
– Ha, ha… Nega unaqa qildi? Sizdan so‘rayman deyman-u, nuqul esimdan chiqadi. Nima qiliq bu? Hech qachon uni bunaqa kayfiyatda ko‘rmagan edim. Og‘zim ochilib qoldi.
– Parvo qilma. Dadangning fe’li o‘zingga ma’lum. Balki birjadagi narx tushib ketgandir yoki frantsuzcha gapirganimiz yoqmagandir. Boshqalarning xursandchiligini ko‘rolmaydi. Payqadingmi: raqsga tushayotganimizda eshik oldida qo‘riqchiday qaqqayib turvoldi. Ketarmishmiz! Voy, ko‘ngling-ning ko‘chasidan o‘rgildim! Senga yoqmasa – birovlarning halovatini buzishing kerakmi! Bilganini qilsin – ketadimi, qoladimi – ixtiyor o‘zida.
Suhbat uzilib qoldi. Aftidan, ko‘chaga yugurishga tayyorlanib bo‘lishdi. Xuddi shuni kutib turganday, yo‘lakdagi eshik tiqilladi, qadam tovushlari eshitildi, elektr tugmachasi shirq etdi, chiroq o‘chdi.
Qariya divanda miq etmay o‘tirardi. Eng qizig‘i, endi u og‘riqni sezmas, qalbida nafrat ham, g‘azab ham… hech narsa, hech qanday hissiyot yo‘q edi. U shoshmasdan kostyumini kiydi, zinapoyani bitta-bitta bosib restoranga tushdi-da, go‘yo yettiyot begona odamlar qatoriga qo‘shilganday, xotini bilan qizining yoniga cho‘kdi.
Tamaddi paytida u bir og‘iz ham gapirmadi, ayollar esa qo‘rg‘oshinday zil-zambil sukunatga e’tibor berishmadi. Qariya indamay, gap-so‘zsiz o‘z xonasiga ko‘tarildi, karavotiga cho‘zilib, chiroqni o‘chirdi. Allamahalda, ko‘ngilxushlikka obdon miriqqanidan so‘ng xotini keldi; qorong‘ida yechinib, o‘z o‘rniga yotdi. Ko‘p o‘tmay uning vazmin, bir tekis nafas olayotgani eshitildi.
Qariya o‘z yog‘iga o‘zi qovrilgancha, ko‘zlarini katta-katta ochib, tun ummoniga unsiz tikilib yotardi. Yonginasida esa kimdir pishillab uxlardi. Qariya o‘zi bilan bir havodan nafas olayotgan bu ayolning qachonlardir pokiza va ehtirosli navjuvon bo‘lganini, unga ardoqli farzand hadya etganini, o‘shanda bular allaqanday sirli-sehrli rishtalar bilan bir-biriga chambarchas bog‘lanib ketganini eslashga urindi. O‘sha damlar bu juvonning tarang va qaynoq badanini entika-entika silab-siypaganiga zo‘r berib o‘zini ishontirmoqchi bo‘ldi. Ammo o‘tmish xotiralari unda hech qanday hissiyot qo‘zg‘amadi. Shu tobda u xotinining nafas olishini xuddi qirg‘oqqa urilayotgan ko‘l mavjining shalop-shulupini eshitganday loqaydlik bilan eshitib yotar edi. Bari o‘tdi, bari tugadi, faqat tasodifiy va yot qo‘shnilik qoldi, xolos.
Uni yana bir marta seskantirgan narsa shu bo‘ldiki, qizining eshigi ohista, go‘yo ingraganday, xiyol g‘iychillab ochildi. “Bugun ham shu ahvol!” deb o‘yladi chol va shundoq ham ilvirab turgan yuragiga igna sanchilganday bo‘ldi. Lekin bu holat ham tezgina o‘tdi: “Bilganini qilmaydimi! Menga nima!”
Qariya yana yostiqqa suyandi. Tun yeli peshonasini siladi, qaynab turgan qoni sal sovidi. U uyquga ketdi.
Xotin ertalab ko‘zini ochganida erini palto va shlyapada ko‘rdi.
– Qayoqqa? – deb so‘radi u uyqu-sirab.
Solomon bobo qayrilib qaramadi ham. Indamay tungi ko‘ylagini chamadonga tashladi.
– Bilasan-ku, uyga qaytyapman. Zarur narsalarnigina opketyapman, qolganlarini jo‘natib yuborarsizlar.
Xotinining kapalagi uchib ketdi. Nima bo‘lyapti? Bunaqa sovuq, dag‘al ovozni birinchi eshitishi. Sapchib o‘rnidan turdi.
– Nahotki ketsang? Shoshma… biz ham ketamiz, Ernaga aytganman.
Qariya beparvo bosh chayqadi.
– Yo‘q… yo‘q… qolaveringlar… – shunday deb eshik tomon yurdi, tutqichni bosish uchun chamadonni yerga qo‘yish kerak edi.
Mana shu bir lahzalik fursat ichida ko‘nglidan nimalar o‘tmadi deysiz! Mato namunalari – laxtaklar solingan moltopar chamadonini birovlarning eshigi oldiga ming martalab qo‘ygandir-ov! Xayrlashaturib mijozlariga yaltoqlangani, hamisha xizmatingizdaman, deya qayta-qayta qulluq qilganlari-chi! Ammo bu yerda xizmati tugadi, qulluq qilish shart emas. Qariya biror og‘iz so‘z aytmay, hatto nigohi orqali bo‘lsa-da xayrlashmay, shartta chamadonni ko‘tardi va o‘zi bilan o‘tmishi o‘rtasidagi eshikni qarsillatib yopdi.
Nima hodisa ro‘y berganini na ona angladi, na farzand. Bunday nogohoniy va qat’iy xatti-harakat ularni karaxt qilib qo‘ygan edi. Zudlik bilan Germaniyaning janubidagi o‘zlari yashaydigan shaharchaga, padari buzrukvor nomiga xat yo‘llashdi. Xatda anglashilmovchilik sodir bo‘lgani yozilgan, “yaxshi yetib oldingizmi, sog‘ligingiz durustmi, biz ham orqangizdan yetib boramiz” kabi uzr-ma’zurlar izhor etilgan edi. Solomon bobo xatga javob qaytarmadi. Ular yana yozishdi, telegrammalar jo‘natishdi – foydasi bo‘lmadi. Faqat Solomon bobo rahbarlik qiladigan firmadan xatlardan birida so‘ralgan pulni olishdi, xolos. Na salom bor, na alik.
Voqeaning bunday tus olib ketishi ularni issiq joyidan qo‘zg‘atdi. Garchi qaytadigan kunlarini oldindan xabar qilgan bo‘lsalar-da, vokzalda ona-bolani hech kim kutib olmadi, uyda ham biron-bir taraddud ko‘rilgani sezilmasdi: xizmatkor ayol, xo‘jayin telegrammani stol ustiga tashladiyu indamay chiqib ketdi, hech qanday yumush buyurgani yo‘q, dedi. Kechqurun, ona-bola ovqatlanib o‘tirganda, nihoyat, ko‘cha eshigi taraqladi, ikkovlari sapchib turib, valine’matning istiqboliga yugurishdi; qariya bularga taajjublanib qaradi-yu, yuzida biron bir ifoda aks etmadi, qizi quchoqlaganida ketmon sopiday qotib turaverdi, birgalashib oshxonaga kirdi, ularning gap-so‘zlarini loqaydlik bilan eshitdi. Hech narsani so‘rab-surishtirmadi, churq etmay sigarasini so‘rib o‘tiraverdi. Go‘yo ko‘zlari ochiq holda uxlayotganga o‘xshardi. Keyin vazminlik bilan o‘rnidan turib, xonasiga qarab ketdi.
Keyingi kunlar ham shunday o‘tdi. Xotini ming yaltoqlanmasin, pinagini buzmadi. U o‘z qobig‘iga o‘ralib olgan, tashqi dunyo bilan butkul aloqani uzgan edi. To‘g‘ri, hamon oila a’zolari bilan birga ovqatlanar, mehmon kelganda noiloj kutib olar, ammo suhbatga qo‘shilmas edi. Uning ko‘zlariga qaragan odam seskanib ketishi aniq edi, chunki bo‘shliqqa tikilgan bu jonsiz nigohdan hech qanday ma’noni uqib bo‘lmasdi.
Qariyaning yurish-turishidagi g‘alatilik boshqalarning ham e’tiborini torta boshladi. Tanish-bilishlari uni ko‘chada uchratib qolsa, yashirincha bir-birini turtib qo‘yardi: qara-ya, shaharning eng badavlat kishilaridan bo‘lmish Solomon bobo shundoq ahvolga tushib qopti-ya! Ust-boshi tilanchinikidan farq qilmaydi, shlyapasi qiyshaygan, yurishi ham sog‘ odamnikiga o‘xshamaydi, nuqul o‘zi bilan o‘zi gaplashadi. Birov salom bersa, cho‘chib tushadi, kim gapga tutsa, ko‘zini olib qochadi. Ba’zilar, qariya garang bo‘pqolgan, deb o‘ylab, ovozini ko‘tarib gapirardi. Lekin u garang emasdi. U parokanda xayollar og‘ushida yashardi. Shu boisdan hech kimni yo‘qlamas, uyida esa na xotinining unsiz hasratini, na qizining ajabtovur parishonligini payqar edi. Bora-bora butun umrini bag‘ishlagan ishidan ham yiroqlashdi. Idorasiga ahyon-ahyonda bir ko‘rinish berar, shunda ham kabinetiga kirvolib, stoli ustidagi yechimini kutayotgan son-sanoqsiz hujjatu maktublarga ma’nosiz tikilgancha o‘tira-o‘tira, birorta qog‘ozga qo‘lini ham tekkizmay qaytib ketar edi. Pirovard-oqibat bu yerda o‘zining ortiqcha ekanini anglab, butunlay kelmay qo‘ydi.
Bir kuni ona shahri ko‘chalarida darbadar odamday tentirab, qorong‘i tushganda uyiga qaytayotgan edi, sharros yomg‘ir quyib berdi. Hayal o‘tmay ezilgan shlyapasining tepasi jajji hovuzchaga aylandi, etak va yenglaridan yomg‘ir suvi chakillab emas, jilg‘aday oqa boshladi. Ammo qariya bunga e’tibor bermas, bo‘m-bo‘sh ko‘chada bir o‘zi shoshmasdan qadam tashlardi. Shalabbo holda manziliga yaqinlashganda hashamatli bir moshina yonidan loy sachratib o‘tdi-da, uning dang‘illama uyi oldida to‘xtadi. Moshinadan xotini bilan po‘rim kiyingan bir janob tushdi. Yana bir yigit ham bor edi. Shu orada qariya ham yetib keldi. Xotini uni bu ahvolda ko‘rib, yuzini chetga burdi. Qariya xotinining mehmonlar oldida undan or qilganini darrov sezdi. Tez-tez yurib orqa eshikdan ichkariga kirib ketdi. Shu kundan boshlab u o‘z uyiga mazkur eshikdan kirib-chiqadigan bo‘ldi. Biladiki, shunday qilsa birorta yot erkakka duch kelmaydi. Ovqatga ham chiqmay qo‘ydi – xizmatkor ayol taomni xonasiga keltirib berardi. Xotinimi, qizimi oldiga kirmoqchi bo‘lsa, eshikni ochmas edi. Axiyri ular ham cholni o‘z holiga qo‘yishdi. Gohi-gohida qo‘shni xonalardan – endi uning uchun begona xonalardan – musiqa sadolari va jo‘shqin qahqahalar devor oralab sizib chiqar, kechasilari uyiga kelib-ketayotgan moshinalarning shovqini eshitilardi. Ammo Solomon bobo parvo qilmas, hatto derazadan ko‘chaga bir nazar tashlab ham qo‘ymasdi – nechchi pullik ishi bor? Faqat vafodor itigina hamma unutib yuborgan xo‘jayinining karavoti oldidan kunu tun jilmas edi.
U abgor bo‘lgan yuragida og‘riq sezmasdi-yu, ammo qora mushuk qontalash jigarini tirnoqlashda davom etar edi. Dard xuruji tez-tez takrorlanavergani sababli do‘xtirning qistovi bilan qariya tibbiy ko‘rikdan o‘tishga rozi bo‘ldi. Professorning avzoyi buzildi. U operatsiya qilish lozimligini cholga yotig‘i bilan tushuntirdi. Solomon bobo xafa bo‘lish o‘rniga suyunib ketdi: xayriyat-e, qutuladigan kun ham bor ekan-ku! Har kuni o‘lgandan ko‘ra biryo‘la o‘lgan yaxshi emasmi! Do‘xtirdan oilasiga bildirmaslikni iltimos qilib, operatsiyaga tayyorlana boshladi. Oxirgi marta ishxonasiga bordi (kelishini hech kim kutmagan ekan, begona odamday qarshi olishdi), o‘zi o‘ttiz yil o‘tirgan qora charm kresloga so‘nggi bor o‘tirib, chek daftarchasini keltirishni buyurdi, daftarchadan bir varag‘ini to‘ldirib, ish boshqaruvchisiga uzatdi. Boshqaruvchi angrayib qoldi. Chekda katta pul qayd etilgan edi. Bu pul xayru ehsonga va o‘zining qabri parvarishiga atalgan edi. Qariya ishini bitkazib, kabinetdan tez chiqib ketdi, shoshganidan shlyapasi yerga uchib tushdi, lekin Solomon bobo engashib uni olib o‘tirmadi. Shu alfozda – boshyalang, sochlarini to‘zg‘itib qabristonga ravona bo‘ldi (o‘tkinchilar uning izidan yoqa ushlab qolishdi). Qariya ota-onasining qabrtoshlari bilan uzoq gaplashdi. Nimalar dedi – yolg‘iz o‘ziga ayon. Balki, hademay yonlaringga kelaman, degandir – kim bilsin. Qabriston darvozasi oldida uni bir to‘da tilanchi qurshab oldi. Solomon bobo shosha-pisha cho‘ntagidagi tangalarni chiqarib, hammaga ulashdi. Eng oxirida munkillab qolgan bir kampir qo‘lini cho‘zdi. Puli qolmagan edi. Faqat barmog‘ini og‘ir va keraksiz bir narsa – tilla nikoh uzugi qisib turardi, unga ko‘z qirini tashladiyu xayolida olis va mubham bir xotira yilt etganday bo‘ldi. Uzukni shartta yechdi-da, hangu mang bo‘lib qolgan kampirning kaftiga qo‘ydi.

Xullasi kalom, jamiki ortiqcha dahmazalardan qutulgan, qashshoq va tanho qariya o‘zini jarroh ixtiyoriga topshirdi.

Solomon bobo hushiga kelgach, ahvolining og‘irligini hisobga olib, do‘xtirlar xotini bilan qizini chaqirtirishdi.

Qizi qonsiz chehra uzra muloyim engashdi. Shunda mo‘‘jiza ro‘y berdi: qariyaning so‘ngan nigohidan uchqun sachradi. Ana qizalog‘i, suyukli erkatoyi… tepasida turibdi… Erna, Erna! Tarang qimtilgan lablar asta-sekin yozilib, og‘izning ikki burchida sezilar-sezilmas, ko‘pdan buyon unutilgan tabassum g‘imirlay boshladi. Quvonchning ana shu zaif, nochor ifodasidan ta’sirlangan qiz otasining yuzidan o‘pish uchun yana ham pastroq egildi.

Ammo birdan – g‘alati atirning chuchmal hidi eski, iztirobli xotiralarini qo‘zg‘atib yubordimi – bemorning hozirgina yorishib turgan chehrasi bujmaydi, ko‘kargan lablari qattiq qimtildi, a’zoyi badaniga titroq kirdi, adyol ostidagi qo‘llari go‘yo jirkanch bir narsani o‘zidan nariga itarmoqchi bo‘lganday tipirchilay boshladi. “Daf bo‘l!.. Daf bo‘l!” Uning bu so‘zlari og‘zidan arang chiqqan bo‘lsa-da, hammaga eshitildi. Do‘xtirlar ona-boladan bemorni xoli qo‘yishni so‘rashdi.

Xotini bilan qizi chiqib ketganidan so‘ng bemorning yuziga yana avvalgi orom va horg‘inlik ifodasi qaytdi. U hamon nafas olardi. Ammo bu holat uzoq davom etmadi. Ko‘p o‘tmay qariya entikib bir “puf” dediyu jim bo‘lib qoldi. Bemorning ko‘kragiga qulog‘ini bosgan do‘xtir yurakning muddatsiz hordiqqa ketganini angladi.

STEFAN SVEYG HAYOTIDAN BIR LAVHA

Baxtsiz bir yosh yigit o‘z joniga qasd qilishni o‘ylab qoldi, aniqrog‘i, o‘zini otishga qaror qildi. Bu o‘smir nafaqat shu qadar baxtsiz, balki buning ustiga o‘ta uyatchan ham edi. Shuning uchun, hech kimni ovora qilmaslik va o‘zgalar e’tiborini tortmaslik maqsadida u xudkushlik qilishga eng ma’qul joy sifatida shahar qabristonini tanladi. O‘zini o‘ldiradigan sana va vaqtni ham belgilab qo‘ydi: to‘lin oy kechasi, yarim tunda.
Shu tariqa, yigitcha oy nuriga cho‘mgan tinch qabristonga kirarkan, o‘tirib olib, shum taqdir bilan xotirjam hisob-kitob qilib olish uchun mos o‘rindiq izladi. Baxtga qarshi (balki aksincha — baxtigadir), hech qaerda skameyka yo‘q edi. Bir necha o‘nlab qabrlar orasidan o‘tarkan, yigit kutilmagan bir holatdan baqirib yubordi: uning ro‘parasida, oy yorug‘ida, qop-qora kiyingan va… qanotli bir qiz turardi! Faqat yaxshilab qaragandan keyingina baxtsiz yigit xotirjam nafas rostladi: bu oddiy haykal ekan. G‘arbda ko‘pincha bevaqt hayotdan ko‘z yumgan bolalar va yosh qizlarning qabrlari ustiga shunaqa farishta haykalini o‘rnatishadi. Biroq bu holatda o‘z joniga qasd qilmoqchi bo‘lgan yigitchaning e’tiborini boshqa narsa o‘ziga jalb etdi. Haykalchaning poyiga, marhuma qizning ismi, tug‘ilgan va vafot etgan sanasidan tashqari, lotin tilida quyidagi matn yozilgandi: «Heus tu, viator lasse, qui me praetereis. Veni hoc et queiesce pusilu. Cum diu ambulareis, tamen hoc veniundum est tibi. Bene vive, propera…»
Yigit lotinchani bilardi, shu sababli yanada hayratga tushdi. Matn mazmuni bunday edi: «Hoy yo‘lovchi, ko‘rinib turibdiki, sen yurishdan charchagansan. Bu yerda birpas nafas rostlab ol. Sening yo‘ling uzoq, garchi baribir shu yerda tugasa ham. Yo‘lingda davom et va tiriklik chog‘ingda baxtli bo‘l…»
Bu so‘zlar o‘zini o‘ldirish niyatida kelgan yigitchaga shunchalik mo‘‘jizaviy ta’sir ko‘rsatdiki, u qora farishta haykalidan sal orqaga tisarilib, to‘siqlar va butalar orasidan o‘tib, cho‘ntagidan to‘pponchani chiqardi-da, uzoqlarga irg‘itib yubordi. Keyin ortiga o‘girilib, yugurgancha qochishga tushdi.
Shu tariqa, noma’lum epitafiya Stefan Sveygning — bo‘lajak avstriyalik buyuk yozuvchining hayotini saqlab qoldi…

034

(Tashriflar: umumiy 566, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ha juda ayanchli hikoya bunda kimni ayblashga ham hayronsan lekin nima bulganda ham qars ikki quldan chiqadi

  2. « Аслида дард ошкор бўлмасидан анча илгари бошланади. Инсон тақдири ҳам шунақа… »

Izoh qoldiring