Mahmud Abulfayz. Odamni armonlar ulg’aytiradi

1212 апрел — инсоннинг илк марта космосга парвоз қилган куни

   … Биз ғоятда хурсанд эдик. Лекин нега хурсанд эдик, ҳали тўла англаб етмагандик. Агар шунда биров тўхтатиб, бу чегарасиз севинчимизнинг сабабини сўраса, балки жўялироқ жавоб айтолмаслигимиз ҳам турган гап эди. Сизга ҳозир нима деб тушунтирсам экан? Яъни хурсандчилигимизнинг миқёси шу қадар чуқур ва баҳайбат эдики, мана, орадан қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, 1961 йилнинг 12 апрелидаги эҳтиросли ва ҳаяжон бўғзимга тиқилган ҳолатимни асло унутолмайман.

Маҳмуд Абулфайз
ОДАМНИ АРМОНЛАР УЛҒАЙТИРАДИ
Ёхуд акамнинг рўёбга чиқмаган буюк орзулари
ҳақида ёруғ ва лекин бироз маъюс ҳикоя

02

… 1961 йилнинг 12 апрели ҳеч ёдимдан чиқмайди. Балки ёдимдан чиқмаса ҳам керак. Балки шу куни инсоният ақли яна бир қобиқни ёриб чиққанлиги учундир, балки инсон боласининг яна бир ақл бовар қилмас жасорати сабаблидир. Ҳар қалай, бу кунни инсоният унутмаса керак. Назаримда унутмагани ҳам яхши.

Олтмишинчи йиллари, дунёдаги баъзи бир янгиликлар, воқеалардан хабардор қилиб турувчи кичкинагина радиодан ҳар бир хонадонда бўларди. Худди шундай радиодан бизнинг уйимизда ҳам бор эди. Машҳур 12 апрелда эса барча уйлардаги радиолар ер юзида биринчи марта Юрий Гагарин деган жасур космонавтнинг фазога парвоз қилганлиги ҳақидаги хабарни тантанали равишда тарқатди. Аслида ҳам бу воқеа тантанали оҳангларда айтишга жудаям арзирди.

Юрий Гагарин самога парвоз қилган дастлабки дақиқалардан бошлаб сухандонлар буткул ҳис-ҳаяжон, завқ-шавққа тўлиб, қайта ва қайта дунёга хабар қилардилар. Акам билан иккаламиз ҳам радиога қулоқ тутиб ўтирардик. Сухандоннинг ҳаяжонли гапларидан билдик ва ишонч ҳосил қилдик-ки, фавқулодда жаҳоншумул воқеа юз берибди. Ўшанда акам учинчи ёки тўртинчи синфда ўқирди. Мен эса ҳали мактабга бормаган эдим.

Радиодан берилаётган хабарнинг таъсир қуввати шунчалик эдики, акам ирғиб ўрнидан турди. Сўнг эса кутилмаганда шиддат билан қўча томон отилди. Мен ҳам изидан югура кетдим.

Ҳовлимизнинг этагида Кушхонажар деган жарлик бор эди. Шу жарлик бўйидаги сўқмоқ орқали кўзимизга қарамасдан чопиб борардик. Айтганча, кечалари бу ердан юришга одам қўрқарди. Аслида ҳам қўрқинчли эди. Баъзилар бу жарликда ажина, алвасти борлигини айтишарди. Ҳангоматалаб ёки ёлғонни сувга қўшиб ичадиган айрим болалар эса «бир кечаси шу ерда ажина кўрдим, ўт ёқиб ўтирган экан», қабилидаги гапларни ҳам айтиб юрарди. Ёлғоннинг нима кераги бор: мен Кушхонажарда ажина ҳам, алвасти ҳам кўрган эмасман. Фақат унинг кечалари фавқулодда қўрқинчли тус олишини билардим, холос.

Кушхонажардаги сўқмоқнинг икки тарафида банггидевона, шўра, яна аллақандай иси ёқимсиз, бунинг устига тиканакли ўсимликлар барқ  уриб ўсиб ётарди. Улар юз-қўзларимни тирнагани боис ҳам қўлларимни олдинга узатиб, йўлни ёриб юрардим. Яна денг, бу ўсимликларнинг авжи шу қадар баланд эдики, кетаётсам, бўйим гоҳи кўринса, гоҳида кўринмас ҳам эди. Ҳозир бу жарликни одамлар ажиналари-ю алвастилари билан бирга, ҳаттоки талашиб-тортишиб ҳовли-жойларига қўшиб олишган.

Қаранг-а, мен қаёқларга чалғиб кетаяпман? Тушунинг, айни шу лаҳзаларда мендан  ихтиёр кетиб бормоқда. Хотиралар қўлларимдан судраб тортқилаяптилар-да, ахир! Хуллас, акам олдинда шиддат билан олға томон югурар, мен эса ортида қолиб кетмаслик учун жон-жахдим билан чопиб борардим. Иккаламиз ҳам шошиб-пишиб ва ўпкамиз тўлиб  чопиб борардик. Қаёққа югураётган эдик, нега югураётган эдик, қаергача борардик, буни асло билмасдик. Бизни йигирманчи асрнинг фавқулодда ва катта воқеаси номаълум томонларга қанотида олиб учаётган эди, чамаси.

Биз ғоятда хурсанд эдик. Лекин нега хурсанд эдик, ҳали тўла англаб етмагандик. Агар шунда биров тўхтатиб, бу чегарасиз севинчимизнинг сабабини сўраса, балки жўялироқ жавоб айтолмаслигимиз ҳам турган гап эди. Сизга ҳозир нима деб тушунтирсам экан? Яъни хурсандчилигимизнинг миқёси шу қадар чуқур ва баҳайбат эдики, мана, орадан қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, 1961 йилнинг 12 апрелидаги эҳтиросли ва ҳаяжон бўғзимга тиқилган ҳолатимни асло унутолмайман.

Худди ёш бола тилининг тагига тансиқ ширинлик ташлаб қўйгани ва тамшаниб юргани каби мен ҳам бу воқеани хотирамнинг қаватларида ҳанузгача асраб юраман.

Мавзудан кўп чалғимадимми ўзи? Алқисса, шу куни башариятнинг Юрий Гагарин деган жасур фарзанди космосга парвоз қилган эди. Биз ака-укалар ерда, бор куч билан олға чопиб борардик. Фазода эса абадий сукунатнинг кўксини тилиб Юрий Гагарин учарди.

Шунда баногоҳ рўпарамиздан қишлокдошимиз, бизга яқинроқ ҳовлилардан бирида яшайдиган Дўстқора полвон Холиёров (раҳматли) чиқиб қолди. У ҳам худди биз каби уйидан отилиб чиққан ва қаёққадир ҳаяжон, шавқ билан югуриб кетаётган эди. У бизга яқинлашгач, акам шошиб-пишиб айтди:
— Дўстқора ака, эшитдингизми, Гагарин осмонга учди!..

Эҳтирос ва ҳаяжонга лиммо-лим тўлган Дўстқора полвон ҳам ўз навбатида шошиб деди:
— Юрий Гагарин осмонга учди!.. Ҳозир радиодан эшитдим…

Бу ердаги қизиқ бир ҳолат шундаки, акам ҳам, Дўстқора полвон ҳам тезкорлик билан ўзаро гап алмашишар, аниқроғи, янгилик, ахборотни баҳам қўришар эканлар, деярли тўхташмади. Фақат янгилик алмашув чоғида қадамларини салгина секинлатдилар, холос.

Акам тезликни яна оширди. Изидан мен ҳам чопа кетдим. Айни бир пайтда Дўстқора полвон ҳам қаёққадир, аниқроғи, бизга қарама-қарши тарафга шаҳд билан югуриб кетди.

Биз бошқа бир миллатнинг фарзанди эмас, балки ўз туғишган акаси ёки ақлли, жасур тоғаси фазога парвоз қилгандек фавқулодда хурсанд, вақти хуш эдик. Гўё бу воқеани биздан бошқалар эшитмагандек, бошқаларга ҳам шу хабарни етказишга илҳақлик билан югурардик.

Биз шу югуришда қаергача бордик денг, қишлоқ ўртасидаги дўконнинг олдигача бордик ва у ерда бир муддат тўхтаб, яна кўча айланиб чопа кетдик. Қизиғи, биздан бошқа ҳам Гагарин учган қундан ўзини қўярга жой тополмай кўча-кўйда ҳовлиқиб юрганлар, югураётганлар, «Гагарин учди!» деб севинч би- лан хабар тарқатаётганлар бор экан. Чамаси, йигирманчи асрнинг воқеаси уларни ҳам уйларидан қўчага «улоқтириб» юборган эди.

Биз ака-укалар югура-югура яна уйимизга қайтиб келдик.

Мен бу ерда айтмоқчи бўлган бор гап шу. Хўш, нима бўпти дерсиз? Нима бўларди, юз берган шу воқеа инсоният хотирасида маҳкам ўрнашиб қолди. Кейинчалик, аниқроғи, университетда ўқиб юрган пайтларимда билдимки, қозоқларнинг машҳур шоири Ўлжас Сулаймонов Юрий Гагарин фазога парвоз қилган куни шавқи ичига сиғмасдан «Инсонга таъзим қил, Замин!» деб номланган ажойиб достонини бошлаган.  Шу куни ер юзида туғилган кўплаб чақалоқларга ота-оналари умид ва ҳавас билан Юрий деб исм ҳам қўйишган. Борингки, ана шу унутилмас, машҳур 12 апрелда яна кўплаб унутилмас воқеа ҳамда ўзгаришлар юз берган. Айтдим-ку, инсоният ақли ва жасорати яна бир қобиқни ёриб чиқди деб. Шу-да.

Балки шу воқеа кучли таъсир этгандир, барча ўй-фикрларини остин-устун қилгандирки, тоғнинг чекка бир қишлоғида туғилиб ўсган ва сокин, осойишта яшаб юрган акам кутилмаганда учувчи бўлишни орзу қилди. Токи ўрта мактабни битиргунга қадар ҳам «Мен учувчи бўлишим керак!» деб юрарди. Ўзини чиниқтириш учун ҳар хил жисмоний машқларни тинимсиз бажарарди. Эсимда қолганлари: эрталабки бадантарбия, кундузлари тош кўтариш, қўлбола турникда тортилиш, ерга энгашган кўйи битта қулоғини қўлининг кафти билан бекитиб бир жойда узоқ вақт айланиш ва бошқа қатор машқларни бетиним бажарарди.

Москва вилоятига қарашли шаҳарлардан бирида, ҳарбий хизмат бурчини ўтаб юрган кезларида ҳам, акам учувчи бўлиш ниятидан қайтмаган эди. Аниқроғи, нияти, фикри янада мустаҳкамланган, авиация билим юртига ҳужжатларини топширишни хаёлида пишитиб юрарди. Акамнинг бу ниятини сезиб қолган отам раҳматли ҳаргиз розилик бермадилар. «У ўқишни битириб келгунча бу дунёда менинг суягим ҳам қолмайди. Елкамда чим кўкаради!» дедилар у киши кесиб. Қарангки, у замонларнинг одамлари ўлимни ҳозиру нозир билиб, ўлимни қошу қабоқдан-да яқинроқ билиб яшашаркан. Шу гаплардан сўнг ҳам отам раҳматли ернинг бетида яна кўп йиллар яшадилар…

«Хўш, аканг учувчи бўлдими?» деб сўранг-да, энди. Йўқ, акам учувчи бўлмади, бўлолмади. Насиб қилмаган экан. Учувчи бўлиш акамнинг буюк хаёлида, орзу-умидларида ечилмас тугун, бир умрлик армон бўлиб қолди. Ўғилларидан кутганди. Улар ҳам чамаси, акамнинг ишончини оқлашмади. Қарангки, учувчи бўлиш, ҳаттоки уларнинг хаёлига меҳмон ҳам бўлмади. Улар атиги… базўр рўзғор тебратадиган бўлишди. Акам шунчасига ҳам шукрона айтади. Лекин гоҳи-гоҳи пайтларда надомат ҳам қилади: «Мен бу болалардан қандай баланд нарсаларни умид қилган эдим. Ақалли уларнинг нияти ҳам ердан баланд кўтарила олмади…»

Мен шундай ўйлайманки, агар отам раҳматли розилик билдирганларида эди, акам, албатта, учувчи бўларди. Қишлоқнинг, балки бутун тоғли қишлоқларнинг ягона учувчиси бўларди. Чунки ўша замонлардан бери баланд тоғлар пойида ҳалқаланиб ётган қишлоқларда қанчалаб йигитлар улғайиб, камолга етишди. Лекин ҳалигача улардан бирон учувчи чиққанини эшитмадим. Ҳатто, «Учувчи бўлмоқчиман!» дея ният қилган ўсмирни ҳам учратмадим… Агар ҳар уч ўсмирдан келажакда қандай касб эгаси бўлмоқчи эканлигини сўрасангиз, ҳеч бўлмаса иккови ё проқурор бўламан дейди, ёки солиқчи, иқтисодчи бўламан, дейди.

Негадир ҳали-ҳамон акамнинг учувчи бўлолмаганига афсус қиламан. Нафақат афсус, балки армон ҳам қиламан. Одам боласи яхши бир мақсад йўлида интилса-ю бироқ етолмаса армон бўлади-да! Шундай пайтлар-да гоҳи-гоҳи алам билан ўйлайман ва дейман: «Агар бола, ўсмир буюк ва баланд хаёллар оғушида ўртанаётган, талпинаётган бўлса, борингки, изланаётган бўлса, индаманг, ҳалақит берманг, аксинча, уни рағбатлантиринг. Баландлаб кетаверсин. Токи у кўзлаган баланд манзилларига ета олсин. Токи унинг кўксида ҳеч бир армони қолмасин. Айтардимки, ҳеч бир боланинг, ўсмирнинг баланд-баланд хаёллари, поёнсиз орзу-умидлари ҳеч қачон тизгинланмасин! Болага, ўсмирга ҳаргиз ўрани, чуқурликни ёки бўлмаса майда тепачаларни мақсад қилиб кўрсатманг. Болага жуда баланд тоғларни, қорли  чўққиларни кўрсатинг. Токи у шу юксакликларни мўлжаллаб, шу баландликларни қоралаб дадил бораверсин».

Акам учувчи бўлолмади. Шоирликни хаёл қилди. Аслида акам машҳур бир одам бўлишни, катта жасоратлар содир этишни хаёл қиларди. Агар адашмасам, шеърий машқлари бир бошқача эди. Акам наинки ўзбек тилида, балки форс, араб, рус тилларида ҳам шеърлар машқ қилиб юрарди. Ҳали-ҳамон афсус қиламанки, ана шу машқларидан биронтаси ҳам сақланиб қолмаган. Юқорида саналган уч тилдагиси қандай эди билмадим-у лекин она тилида ёзган шеърлари бир бошқача эди. Ҳар қалай, уларнинг бадиий қуввати, савияси менга жуда маъқул тушарди.

Кейин… кейинчалик эса… акамнинг учувчиликдан ҳам, шоирликдан ҳам буткул кўнгли қолди. Кейин эса… кейин йиллар, бешафқат вақт акамни буюк ва баланд, ёруғдан-да ёруғроқ хаёллар, умидлар оғушидан юлиб, юлқиб олди. Кейин эса… акам  кўп қатори, оддий одамлар қатори рўзғор тебратиш қайғуси билан яшай бошлади. Ҳаттоки, кейинчалик учувчи бўлиш, шоирлик қилиш каби хаёллари, умидлари ўзига ҳам кулгули туюла бошлади…

Сўнг у рўзғор деб аталган оғир араванинг бўйинтуруқларини бўйнига илди. Бу залворли ва қадимий аравада дастлаб акамнинг оғир карвон аёли бор эди. Сўнгра бу аравада уларнинг ўн нафарга яқин ўғил-қизлари ҳам бирин-кетин пайдо бўлди. Арава анча оғир эди.

Кейинчалик акам тирикчилик деб аталган тубсиз чоҳ қаъридан туриб, гоҳи-гоҳи, шунда ҳам кайфияти бироз жойига тушган чоғларда менга гурунг берадиган бўлди.

Кейин эса… акам қалби ёруғланса ва шаффоф мискинликка ошно бўлган чоғлари ёки бирон нарсадан ранж тортса, Машраби Сонийнинг қоғозлари сарғайиб кетган, мудом қандайдир хушбўй ҳид таралиб турадиган «Мабдаи нур» китобини ички бир дард ва шавқ билан ўқийдиган бўлди. Бу китобнинг мутолааси  авж нуқтага етганида ўзи эмас, ҳаттоки даврада эшитаётганлар ҳам кўзда ёш билан ўтирадиган бўлдилар. Акамнинг армонга қоришиқ маъюс қўнглини, чамаси, «Мабдаи нур»нинг дилбар байтлари ёритадиган, даволайдиган бўлди.

… 1961 йилнинг 12 апрел куни асло эсимдан чиқмайди. Шу куни инсониятнинг ботир ўғлони, ҳудди акамдек бир фарзанди баланд фазога парвоз қилган эди. Шу куни ер юзидаги миллионлаб болалар, ўсмирлар ўзларини катта жасоратларга шайлаган бўлсалар не ажаб?!

022

Mahmud Abulfayz
ODAMNI ARMONLAR ULG’AYTIRADI
Yoxud akamning ro’yobga chiqmagan buyuk orzulari
haqida yorug’ va lekin biroz ma’yus hikoya

02

… 1961 yilning 12 apreli hech yodimdan chiqmaydi. Balki yodimdan chiqmasa ham kerak. Balki shu kuni insoniyat aqli yana bir qobiqni yorib chiqqanligi uchundir, balki inson bolasining yana bir aql bovar qilmas jasorati sabablidir. Har qalay, bu kunni insoniyat unutmasa kerak. Nazarimda unutmagani ham yaxshi.

Oltmishinchi yillari, dunyodagi ba’zi bir yangiliklar, voqealardan xabardor qilib turuvchi kichkinagina radiodan har bir xonadonda bo’lardi. Xuddi shunday radiodan bizning uyimizda ham bor edi. Mashhur 12 aprelda esa barcha uylardagi radiolar yer yuzida birinchi marta Yuriy Gagarin degan jasur kosmonavtning fazoga parvoz qilganligi haqidagi xabarni tantanali ravishda tarqatdi. Aslida ham bu voqea tantanali ohanglarda aytishga judayam arzirdi.

Yuriy Gagarin samoga parvoz qilgan dastlabki daqiqalardan boshlab suxandonlar butkul his-hayajon, zavq-shavqqa to’lib, qayta va qayta dunyoga xabar qilardilar. Akam bilan ikkalamiz ham radioga quloq tutib o’tirardik. Suxandonning hayajonli gaplaridan bildik va ishonch hosil qildik-ki, favqulodda jahonshumul voqea yuz beribdi. O’shanda akam uchinchi yoki to’rtinchi sinfda o’qirdi. Men esa hali maktabga bormagan edim.

Radiodan berilayotgan xabarning ta’sir quvvati shunchalik ediki, akam irg’ib o’rnidan turdi. So’ng esa kutilmaganda shiddat bilan qo’cha tomon otildi. Men ham izidan yugura ketdim.

Hovlimizning etagida Kushxonajar degan jarlik bor edi. Shu jarlik bo’yidagi so’qmoq orqali ko’zimizga qaramasdan chopib borardik. Aytgancha, kechalari bu yerdan yurishga odam qo’rqardi. Aslida ham qo’rqinchli edi. Ba’zilar bu jarlikda ajina, alvasti borligini aytishardi. Hangomatalab yoki yolg’onni suvga qo’shib ichadigan ayrim bolalar esa «bir kechasi shu yerda ajina ko’rdim, o’t yoqib o’tirgan ekan», qabilidagi gaplarni ham aytib yurardi. Yolg’onning nima keragi bor: men Kushxonajarda ajina ham, alvasti ham ko’rgan emasman. Faqat uning kechalari favqulodda qo’rqinchli tus olishini bilardim, xolos.

Kushxonajardagi so’qmoqning ikki tarafida banggidevona, sho’ra, yana allaqanday isi yoqimsiz, buning ustiga tikanakli o’simliklar barq urib o’sib yotardi. Ular yuz-qo’zlarimni tirnagani bois ham qo’llarimni oldinga uzatib, yo’lni yorib yurardim. Yana deng, bu o’simliklarning avji shu qadar baland ediki, ketayotsam, bo’yim gohi ko’rinsa, gohida ko’rinmas ham edi. Hozir bu jarlikni odamlar ajinalari-yu alvastilari bilan birga, hattoki talashib-tortishib hovli-joylariga qo’shib olishgan.

Qarang-a, men qayoqlarga chalg’ib ketayapman? Tushuning, ayni shu lahzalarda mendan ixtiyor ketib bormoqda. Xotiralar qo’llarimdan sudrab tortqilayaptilar-da, axir! Xullas, akam oldinda shiddat bilan olg’a tomon yugurar, men esa ortida qolib ketmaslik uchun jon-jaxdim bilan chopib borardim. Ikkalamiz ham shoshib-pishib va o’pkamiz to’lib chopib borardik. Qayoqqa yugurayotgan edik, nega yugurayotgan edik, qaergacha borardik, buni aslo bilmasdik. Bizni yigirmanchi asrning favqulodda va katta voqeasi noma’lum tomonlarga qanotida olib uchayotgan edi, chamasi.

Biz g’oyatda xursand edik. Lekin nega xursand edik, hali to’la anglab yetmagandik. Agar shunda birov to’xtatib, bu chegarasiz sevinchimizning sababini so’rasa, balki jo’yaliroq javob aytolmasligimiz ham turgan gap edi. Sizga hozir nima deb tushuntirsam ekan? Ya’ni xursandchiligimizning miqyosi shu qadar chuqur va bahaybat ediki, mana, oradan qirq yildan ko’proq vaqt o’tsa hamki, 1961 yilning 12 aprelidagi ehtirosli va hayajon bo’g’zimga tiqilgan holatimni aslo unutolmayman.

Xuddi yosh bola tilining tagiga tansiq shirinlik tashlab qo’ygani va tamshanib yurgani kabi men ham bu voqeani xotiramning qavatlarida hanuzgacha asrab yuraman.

Mavzudan ko’p chalg’imadimmi o’zi? Alqissa, shu kuni bashariyatning Yuriy Gagarin degan jasur farzandi kosmosga parvoz qilgan edi. Biz aka-ukalar yerda, bor kuch bilan olg’a chopib borardik. Fazoda esa abadiy sukunatning ko’ksini tilib Yuriy Gagarin uchardi.

Shunda banogoh ro’paramizdan qishlokdoshimiz, bizga yaqinroq hovlilardan birida yashaydigan Do’stqora polvon Xoliyorov (rahmatli) chiqib qoldi. U ham xuddi biz kabi uyidan otilib chiqqan va qayoqqadir hayajon, shavq bilan yugurib ketayotgan edi. U bizga yaqinlashgach, akam shoshib-pishib aytdi:
— Do’stqora aka, eshitdingizmi, Gagarin osmonga uchdi!..

Ehtiros va hayajonga limmo-lim to’lgan Do’stqora polvon ham o’z navbatida shoshib dedi:
— Yuriy Gagarin osmonga uchdi!.. Hozir radiodan eshitdim…

Bu yerdagi qiziq bir holat shundaki, akam ham, Do’stqora polvon ham tezkorlik bilan o’zaro gap almashishar, aniqrog’i, yangilik, axborotni baham qo’rishar ekanlar, deyarli to’xtashmadi. Faqat yangilik almashuv chog’ida qadamlarini salgina sekinlatdilar, xolos.

Akam tezlikni yana oshirdi. Izidan men ham chopa ketdim. Ayni bir paytda Do’stqora polvon ham qayoqqadir, aniqrog’i, bizga qarama-qarshi tarafga shahd bilan yugurib ketdi.

Biz boshqa bir millatning farzandi emas, balki o’z tug’ishgan akasi yoki aqlli, jasur tog’asi fazoga parvoz qilgandek favqulodda xursand, vaqti xush edik. Go’yo bu voqeani bizdan boshqalar eshitmagandek, boshqalarga ham shu xabarni yetkazishga ilhaqlik bilan yugurardik.

Biz shu yugurishda qaergacha bordik deng, qishloq o’rtasidagi do’konning oldigacha bordik va u yerda bir muddat to’xtab, yana ko’cha aylanib chopa ketdik. Qizig’i, bizdan boshqa ham Gagarin uchgan qundan o’zini qo’yarga joy topolmay ko’cha-ko’yda hovliqib yurganlar, yugurayotganlar, «Gagarin uchdi!» deb sevinch bi- lan xabar tarqatayotganlar bor ekan. Chamasi, yigirmanchi asrning voqeasi ularni ham uylaridan qo’chaga «uloqtirib» yuborgan edi.

Biz aka-ukalar yugura-yugura yana uyimizga qaytib keldik.

Men bu yerda aytmoqchi bo’lgan bor gap shu. Xo’sh, nima bo’pti dersiz? Nima bo’lardi, yuz bergan shu voqea insoniyat xotirasida mahkam o’rnashib qoldi. Keyinchalik, aniqrog’i, universitetda o’qib yurgan paytlarimda bildimki, qozoqlarning mashhur shoiri O’ljas Sulaymonov Yuriy Gagarin fazoga parvoz qilgan kuni shavqi ichiga sig’masdan «Insonga ta’zim qil, Zamin!» deb nomlangan ajoyib dostonini boshlagan. Shu kuni yer yuzida tug’ilgan ko’plab chaqaloqlarga ota-onalari umid va havas bilan Yuriy deb ism ham qo’yishgan. Boringki, ana shu unutilmas, mashhur 12 aprelda yana ko’plab unutilmas voqea hamda o’zgarishlar yuz bergan. Aytdim-ku, insoniyat aqli va jasorati yana bir qobiqni yorib chiqdi deb. Shu-da.

Balki shu voqea kuchli ta’sir etgandir, barcha o’y-fikrlarini ostin-ustun qilgandirki, tog’ning chekka bir qishlog’ida tug’ilib o’sgan va sokin, osoyishta yashab yurgan akam kutilmaganda uchuvchi bo’lishni orzu qildi. Toki o’rta maktabni bitirgunga qadar ham «Men uchuvchi bo’lishim kerak!» deb yurardi. O’zini chiniqtirish uchun har xil jismoniy mashqlarni tinimsiz bajarardi. Esimda qolganlari: ertalabki badantarbiya, kunduzlari tosh ko’tarish, qo’lbola turnikda tortilish, yerga engashgan ko’yi bitta qulog’ini qo’lining kafti bilan bekitib bir joyda uzoq vaqt aylanish va boshqa qator mashqlarni betinim bajarardi.

Moskva viloyatiga qarashli shaharlardan birida, harbiy xizmat burchini o’tab yurgan kezlarida ham, akam uchuvchi bo’lish niyatidan qaytmagan edi. Aniqrog’i, niyati, fikri yanada mustahkamlangan, aviatsiya bilim yurtiga hujjatlarini topshirishni xayolida pishitib yurardi. Akamning bu niyatini sezib qolgan otam rahmatli hargiz rozilik bermadilar. «U o’qishni bitirib kelguncha bu dunyoda mening suyagim ham qolmaydi. Yelkamda chim ko’karadi!» dedilar u kishi kesib. Qarangki, u zamonlarning odamlari o’limni hoziru nozir bilib, o’limni qoshu qaboqdan-da yaqinroq bilib yashasharkan. Shu gaplardan so’ng ham otam rahmatli yerning betida yana ko’p yillar yashadilar…

«Xo’sh, akang uchuvchi bo’ldimi?» deb so’rang-da, endi. Yo’q, akam uchuvchi bo’lmadi, bo’lolmadi. Nasib qilmagan ekan. Uchuvchi bo’lish akamning buyuk xayolida, orzu-umidlarida yechilmas tugun, bir umrlik armon bo’lib qoldi. O’g’illaridan kutgandi. Ular ham chamasi, akamning ishonchini oqlashmadi. Qarangki, uchuvchi bo’lish, hattoki ularning xayoliga mehmon ham bo’lmadi. Ular atigi… bazo’r ro’zg’or tebratadigan bo’lishdi. Akam shunchasiga ham shukrona aytadi. Lekin gohi-gohi paytlarda nadomat ham qiladi: «Men bu bolalardan qanday baland narsalarni umid qilgan edim. Aqalli ularning niyati ham yerdan baland ko’tarila olmadi…»

Men shunday o’ylaymanki, agar otam rahmatli rozilik bildirganlarida edi, akam, albatta, uchuvchi bo’lardi. Qishloqning, balki butun tog’li qishloqlarning yagona uchuvchisi bo’lardi. Chunki o’sha zamonlardan beri baland tog’lar poyida halqalanib yotgan qishloqlarda qanchalab yigitlar ulg’ayib, kamolga yetishdi. Lekin haligacha ulardan biron uchuvchi chiqqanini eshitmadim. Hatto, «Uchuvchi bo’lmoqchiman!» deya niyat qilgan o’smirni ham uchratmadim… Agar har uch o’smirdan kelajakda qanday kasb egasi bo’lmoqchi ekanligini so’rasangiz, hech bo’lmasa ikkovi yo proquror bo’laman deydi, yoki soliqchi, iqtisodchi bo’laman, deydi.

Negadir hali-hamon akamning uchuvchi bo’lolmaganiga afsus qilaman. Nafaqat afsus, balki armon ham qilaman. Odam bolasi  yaxshi bir maqsad yo’lida intilsa-yu biroq yetolmasa armon bo’ladi-da! Shunday paytlar-da gohi-gohi alam bilan o’ylayman va deyman: «Agar bola, o’smir buyuk va baland xayollar og’ushida o’rtanayotgan, talpinayotgan bo’lsa, boringki, izlanayotgan bo’lsa, indamang, halaqit bermang, aksincha, uni rag’batlantiring. Balandlab ketaversin. Toki u ko’zlagan baland manzillariga yeta olsin. Toki uning ko’ksida hech bir armoni qolmasin. Aytardimki, hech bir bolaning, o’smirning baland-baland xayollari, poyonsiz orzu-umidlari hech qachon tizginlanmasin! Bolaga, o’smirga hargiz o’rani, chuqurlikni yoki bo’lmasa mayda tepachalarni maqsad qilib ko’rsatmang. Bolaga juda baland tog’larni, qorli cho’qqilarni ko’rsating. Toki u shu yuksakliklarni mo’ljallab, shu balandliklarni qoralab dadil boraversin».

Akam uchuvchi bo’lolmadi. Shoirlikni xayol qildi. Aslida akam mashhur bir odam bo’lishni, katta jasoratlar sodir etishni xayol qilardi. Agar adashmasam, she’riy mashqlari bir boshqacha edi. Akam nainki o’zbek tilida, balki fors, arab, rus tillarida ham she’rlar mashq qilib yurardi. Hali-hamon afsus qilamanki, ana shu mashqlaridan birontasi ham saqlanib qolmagan. Yuqorida sanalgan uch tildagisi qanday edi bilmadim-u lekin ona tilida yozgan she’rlari bir boshqacha edi. Har qalay, ularning badiiy quvvati, saviyasi menga juda ma’qul tushardi.

Keyin… keyinchalik esa… akamning uchuvchilikdan ham, shoirlikdan ham butkul ko’ngli qoldi. Keyin esa… keyin yillar, beshafqat vaqt akamni buyuk va baland, yorug’dan-da yorug’roq xayollar, umidlar og’ushidan yulib, yulqib oldi. Keyin esa… akam ko’p qatori, oddiy odamlar qatori ro’zg’or tebratish qayg’usi bilan yashay boshladi. Hattoki, keyinchalik uchuvchi bo’lish, shoirlik qilish kabi xayollari, umidlari o’ziga ham kulguli tuyula boshladi…

So’ng u ro’zg’or deb atalgan og’ir aravaning bo’yinturuqlarini bo’yniga ildi. Bu zalvorli va qadimiy aravada dastlab akamning og’ir karvon ayoli bor edi. So’ngra bu aravada ularning o’n nafarga yaqin o’g’il-qizlari ham birin-ketin paydo bo’ldi. Arava ancha og’ir edi.

Keyinchalik akam tirikchilik deb atalgan tubsiz choh qa’ridan turib, gohi-gohi, shunda ham kayfiyati biroz joyiga tushgan chog’larda menga gurung beradigan bo’ldi.

Keyin esa… akam qalbi yorug’lansa va shaffof miskinlikka oshno bo’lgan chog’lari yoki biron narsadan ranj tortsa, Mashrabi Soniyning qog’ozlari sarg’ayib ketgan, mudom qandaydir xushbo’y hid taralib turadigan «Mabdai nur» kitobini ichki bir dard va shavq bilan o’qiydigan bo’ldi. Bu kitobning mutolaasi avj nuqtaga yetganida o’zi emas, hattoki davrada eshitayotganlar ham ko’zda yosh bilan o’tiradigan bo’ldilar. Akamning armonga qorishiq ma’yus qo’nglini, chamasi, «Mabdai nur»ning dilbar baytlari yoritadigan, davolaydigan bo’ldi.

… 1961 yilning 12 aprel kuni aslo esimdan chiqmaydi. Shu kuni insoniyatning botir o’g’loni, huddi akamdek bir farzandi baland fazoga parvoz qilgan edi. Shu kuni yer yuzidagi millionlab bolalar, o’smirlar o’zlarini katta jasoratlarga shaylagan bo’lsalar ne ajab?!

022

(Tashriflar: umumiy 3 974, bugungi 1)

1 izoh

  1. Булок сувидек тиник, бегубор ва содда, магрур ва уктам одамлар хакида езилган. Уларнинг орзу ва истакларида улуглик ва самимият мужассамлашган.

Izoh qoldiring