Muhtarama Ulug’ova. She’rlar

25 Таниқли шоира Муҳтарама Улуғованинг икки аср оралиғидаги ўзбек шеърияти тарихида ўзига хос ўрни бор. Бугунги саҳифамизда шоиранинг турли йилларда ёзилган шеърларини тақдим этаётганимиздан мамнунмиз.

Муҳтарама Улуғова
ШЕЪРЛАР


23Муҳтарама Улуғова 1952 йили Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган. Отаси Муҳаммадхон Улуғхўжа ўғли косиб ишчи, онаси уй бекаси бўлган.
1968 йили Марғилон шаҳридаги 8-ўрта мактабни олтин медаль билан, 1972 йили Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги университет) ўзбек тили ва адабиёти факультетини имтиёзли диплом билан битирган. Иш фаолиятини Марғилон шаҳридаги мактабгача тарбия билим юртида ўқитувчиликдан бошлаган.
Шеърий машқлари мактаб даврларидан Марғилон шаҳар ҳамда Фарғона вилоят газеталарида, талабалик йилларида республика ёшлар газетасида босила бошлаган. Ижоди “Саодат” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхонимнинг эътиборига тушади. Муҳтарама Улуғова 1977 йилда Зулфияхонимнинг таклифи билан Тошкентга келади ва “Саодат” журналида иш бошлайди.
Фаолияти давомида “Саодат” журнали бўлим бошлиғи, масъул котиби; “Халқ сўзи” газетаси бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари; Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston” телерадиоканалининг катта муҳарири, бош муҳаррир ўринбосари; Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг нашри бўлган “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси муҳарририяти масъул котиби; Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг Давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозимларида меҳнат қилди.
М.Улуғованинг “Бойчечакнинг тушлари” деб номланган биринчи шеърий тўплами 1983 йилда босилган. Шундан сўнг “Муҳаббатга тўймасман сира”, “Кунларнинг бағри кенг”, “Эй дилим”, “Олтин фасл остонаси” шеърий тўпламлари, “Нур соғинчи” номли ҳикоялар тўплами, “Изтироблар ҳаловати” деб номланган бадиий-публицистик китоблари нашр этилган.
Муҳтарама Улуғова “Саодат” журналида қарийб ўн беш йил (1977-1990 йиллар) бош муҳаррир Зулфияхоним раҳбарлигида ишлади, кейинчалик ҳам устоз шоира ҳаётининг охирги йилларигача унинг яқин шогирди, ҳамфикрларидан бўлди. М.Улуғованинг “Муҳаббат саройида мангу қолганлар”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Муҳаббат саройида қолганлар” бадиий-публицистик китоблари “покиза руҳида муаззам Шарқ намоён бўлган” (Ғафур Ғулом ташбеҳи) Зулфияхоним шахси, шоиранинг Ҳамид Олимжон билан кечган йиллари билан боғлиқ айрим хотираларга бағишланган.


ВАТАННИ СЕВИШ ҲАҚИДА

Умринг қатра-қатра сингарми
Далаларга, боғлар, гулларга?
Юрагингда йўқми тош – гина
Илтифотсиз кетган кунларга?

Қутламоққа етарми қудрат
Ғолиб бўлса ҳар ким ўзингдан?
Қочиб, қўрқиб юрганинг йўқми
Кеча айтган ҳукминг, сўзингдан?

Бугун сени кимлар кечирган,
Кимлар оқлаб, кимлар тушунган…
Тик боқмоққа бўларми ҳақинг
Ҳукми қаттиқ эртанги кунга?

Етгайми жонфидойилигинг
Ўз “мен”ингдан ғолиб яшашга?
“Севаман”, деб айтмоқлик осон,
Осон ҳатто оддий нафасдан.

ДАРАХТЛАРДАН ЎРГАНГАНИМ

Яланғоч қўлларин узатганича
Дарахтлар осмонга интилиб қолди.
Юлдузлар жунжикиб турган бу кеча
Турналар шошилинч қайга йўл олди?

Яланғоч қўлларин узатганича
Дарахтлар олисга интилиб қолди,
Ойни тунд булутлар қийнаган кеча
Йўловчи қушлар ҳам қайга йўл солди?

Яланғоч қўлларини узатганича
Дарахтлар йўлларга термилиб қолди…
Тупроқни шамоллар совутган кеча
Анвойи чечаклар қайга йўқолди?

Яланғоч қўлларини узатганича
Дарахтлар ҳайратга айланиб қолди:
“Ватаннинг қуёшли кунлари суюк,
Изғирин тунлари, наҳот, малолдир?”

Яланғоч қўлларин осмонга чўзиб,
Фалака илтижо қилди дарахтлар:
“Муқаддас онадан жисмимни узиб,
Мақсадсиз, самарсиз кезмоқдан сақла”,

Яланғоч қўлларин кенг ёйиб охир
Дарахтлар айланиб қолди бардошга:
“Қуёш-ку, Ватанга қайтар барибир,
Эргашиб кетмайди Ватан қуёшга”.

ФАРҒОНА

Тупроқни ўпмоққа эгилар мажнунтол,
Орзусин тўсади қизғанчиқ майсалар.
Майсани эркалаб алдайди қув шамол,
Қўллари тупроқнинг юзларин сийпалар.
Нигоҳим бир дона оқ гулга бойланиб,
Анҳорда қалқийди ораста, ораста…
Мажнунтол қўлидан ўтаркан айланиб
Оқ гулим бағримдан узилар оҳиста, оҳиста…
Тепада – чинорлар қаърига
Офтобми шўнғийди, билмайман…
Онажон, қизғаниб бос мени бағрингга,
Ҳар зарра тупроқдан шукрона тинглай ман.

БИР АЗИЗ УМРНИНГ ЭНГ УЛУҒ БАХТИ

Тақдирда неки бор, ҳукми азалдир,
Орзулар кўкига тик учар кўнгил.
Агарчи юлдузлар сенга маҳталдир,
Ватан тупроғига бошингни қўйгил.

Ким айтар, маъжиза эмас бу ҳаёт,
Ҳар дамни ғойибдан муждага йўйгил,
Агарчи, шон-шуҳрат бўлганда қанот.
Ватан тупроғига бошингни қўйгил.

Ҳеч кетгинг келмайди соҳир одамдан,
Эзгулик саҳфига калима ўйгил,
Агарчи, устозсан бани одамга,
Ватан тупроғига бошингни қўйгил.

Беармон гулласин умринг дарахти,
Сўнгги япроқнинг ҳам камолин кўргил.
Бир азиз умрнинг энг улуғ бахти
Ватан тупроғига бошингни қўйгил.

БОЙЧЕЧАКНИНГ ТУШЛАРИ

Ҳув, қирлардан чопиб келар, пириллайди этаги,
Бермоқ учун водийларга навбаҳорнинг дарагин.
Тунд булутлар орқасидан йўлга тушадир ҳуррам,
Шу митти жон изларида эрир сўнгги қорлар ҳам.
Пой етгач, анҳорларнинг музи чил-чил синади,
Бир чайқалган лойқа сувлар аста-аста тинади.
Қирғоқлардан ялпиз узиб, ҳидламасдан келади,
Қизғалдоққа бағри тўлиб ҳаяжонли елади.
Куртакларни уйғотади новдаларга бош уриб,
Жадаллайди этагига лолаларни тўлдириб.
Этагида ёноқлари ним пушти ранг ғунчалар,
Этагида бодом гули мудраган тугунчалар.
Бирам ҳушнуд чопар эди этакка гул тўлдириб,
Эҳ, кўйлаги тўкилди-ку чоки бир-бир сўкилиб…
Ғам чўкди-ю юзларига, қалқиб очди кўзини,
Унга кулиб турган олам ичра кўрди ўзини,
“Баҳор!” дедилар уни.

ТОҒЛАР

Бағрин кўкка очиб ётар,
Салобатли тоғлар бу.
Қуёш фақат шунда ботар,
Шунда ором топар у.

Бунда ўсган ҳар дарахтда
Вазмин, мағрур салобат.
Изҳор этар дарё пастда
Боботоққа садоқат.

Жилғалар ҳам дарё куйин
Куйлаш учун қўшилар.
Бу тоғларга ярашмайди
Чулдираган қўшиқлар.

ХИЁБОН

Бу ерда дарахтлар шунчалар ювош,
Сочу сумбатлари ораста, текис.
Мажнунтол ҳовузда тош бўлиб қотган
Оққушнинг бошини силаётган қиз.

Асов қайсарлиги қайда тутларнинг,
Қайрилган қўллари шартта қирқилган.
Шунданми, қувончсиз қолган вужуди,
Улар атрофига совуқ тикилган.

Тўмтоқ бошларига омонлик тилаб
Буталар яшайди тонглардан қўрқиб,
Умиддек бўй чўзган новдаларини
Ҳар тонгда текислаб кетишар қирқиб.

Ҳаммаси қолипга кирган толлар ҳам
Қанийди, ўзлигин қилса намоён.
Ҳали ёш, шикаста ниҳолларнинг-да
Жисмида улғаяр бир оғриқ, исён:

“Бешафқат қайчилар дамида сўниб
Қуёшга интилган орзу, титроқлар,
Наслсизлар ўйлаб топган шамойил,
Наҳотки, қисматга айланиб қолар?!”

Бу тўмтоқ қўлларда армондек қотган
Қанотли шамоллар соғинч, шукуҳи.
Бу ерда дарахтлар шунчалар ювош…
Нотавон жисмида увиллар руҳи…

КУЗ

1
Беҳиларнинг юзида кундан
Тўкилишиб қолган кундузлар.
Момиқ нурли шафтолиларга
Аралашиб кетар юлдузлар.
Шаҳардаги фарзандларидан
Қишлоқ олар бир хил номалар:
“Тушларимда шаршаралардан
Қалқиб тошар қирмиз олмалар”.

2
Бу йил яна бошқача
Кўнглимдаги титроқлар…
Алдагани мени куз
Ўйнаб сочар япроқлар.
Билмасликка олсам гар
Шивирлашин ҳазонлар,
Кўзларимга тик келиб:
“Куз – куз”, дейди мезонлар.

ҚИШ ОСТОНАСИ

Мунча яхши учрашганимиз!
Дилингниям сезиб турибман,
Сенга кулиб тикилганимча,
Ўзимниям севиб турибман.
Бир кечада қушлар кўчдими?
Баҳор қадрин кузаклар англар.
Наздимда, ёз чилласидаям
Бунча жўшқин бўлмаган ранглар.
Очилдингми мен учун бугун?
Жисминг карахт, эгнингда қорлар.
Видо шунча гўзал таскинми,
Атиргулим, юзларинг порлар.

ЙЎЛГА ТЕРМИЛИБ

Ой йўл қарар хаёлкаш,
Синиқибди ранглари.
Нигоҳидан ёғарми
Соғинчнинг оҳанглари.
Бир-бирини юпатиб
Учган зарҳал япроқлар
Дилим осмонларига
Кўчган маъюс сўроқлар.
Ювош тортган сувлар ҳам
Тушунганга шивирлар.
Умрим ўзанларида
Муҳаббатим имиллар.
Она, бугун англадим
Заъфар кийганда боғлар,
Муҳаббатингиз шарҳлаб
Куйиб кетмиш япроқлар.
Кетгум хотиржамликнинг
Бузиб қафасларини!
Она, жоним қўмсайди
Жаннат нафасларингиз.
Йўл олис, йўлим яқин,
Икки юрак ораси.
Булут ортида қуёш
Куйган юрак пораси.
Ёлбораман Худога,
(Йўлим унмайди мунча?!):
“Қор босмасин боғларни,
Ишқилиб, мен боргунча…”

БЕШ СОАТЛИК ЙЎЛ ЭДИ

Беш соатлик йўл эди
Мағилоннинг ораси.
Ўралашдим Тошканда
Марғилоннинг боласи.
Марғилонда яшарди
Оналарнинг онаси,
Райҳон нафасли, қадди
Жаннатларнинг лоласи.
Насимларни таратган
Сочларининг толаси,
Кундузлардан ёруғроқ
Кўзларининг қораси.
Соғинчи – гул, дуоси –
Баҳорий кўк жоласи,
Сўзлари – ойнур, дили –
Муҳаббат сайёраси.
Эшитарди ҳаттоки
Тушларимнинг ноласин…
Не ҳам қилдим Тошканда
Шу онанинг боласи?
Шитоб кечди ой, йиллар,
Дедим: “Бандман, чорасиз”,
Манзил бўлди онамга
Соғинч тоғин қояси.
Беш соатлик йўл эди
Марғилоннинг ораси,
Қўл узатсам етгулик,
Қошу қабоқ ораси…
Ундан ҳам яқин экан
Икки дунё ораси…
Суйди, кутди ва кетди
Оналарнинг онаси,
Бу дунёда йўқ энди
Сочиниям толаси.

КЎНГИЛ БОРА-БОРА

Тушимда онамни кўрдим, тонггача.
Муҳаббат нигоҳин туйиб ухладим.
Кўнгил бора-бора қўмсайвераркан
Тиллардан ҳам кўпроқ кўзлар суҳбатин.

Билмадим, қай куни эшик ёпди дил
Яланғоч овознинг даъватларига,
Кўнгил бора-бора ташна бўларкан
Осуда гурунглар ҳикматларига.

Кутганинг бошқа-ю… Ҳазор ташаккур
Жилмайиб ҳол сўраб тўхтаганларга,
Боғланиб бораркан кўнгил тобора
Атойи Худо – чин йўқлаганларга.

Бағримда соғиниб ибтидоларни
Довондан водийга учаётган най,
Кўнгил бора-бора ўхшаб қоларкан
Ипакдан тўқилган шойиларга-ей…

БИР ГАП

Қаттиқ боқманг дилимга,
Гарчи сизга ҳечкимман,
Маликахон ойимнинг
Жонидан сув ичганман.
Парими, ҳурмиди ул,
Нафаси жамбил эди,
Бойлиги бир ҳовли гул,
Бахти содда дил эди.
Сарой этиб қалбимни
Товланарди товуши,
Ғуборгаям босмасди
Ялтиллаган кавушин.
Ҳар томчи, ҳар гиёҳдан
Топиб минг завқу маъно,
Кумушдайин биттайди
Шаҳри Марғилон аро.
“Ўтган ўтди”, дейсизми,
Кимни аябди замон?
Лекин менинг руҳимда
Исми йўқ недир омон.
Кўпдан ортда қолмай, деб,
Кимлар ҳалак, елади…
Мен ҳар тонгда гулбаргдан
Шабнам ичгим келади.

ҲУШИМДАГИ ТУШИМ

Тонг отиб, кун ботар – фарқи йўқ,
Ҳафталар, ой ўтар – уйқу йўқ,
Йўлдаман, шодлигим шарҳи йўқ,
Онамни кўргани кетяпман.

Тоғ – довон йўлидан пиёда,
Райҳонлар қучоқлаб бир шода,
Юрганим сайин куч зиёда,
Онамни кўргани кетяпман.

Йўлим тик жар узра сўқмоқдир,
Тошлари мисоли пичоқдир…
Шукрона қушларим сайроқдир,
Онамни кўргани кетяпман.

Саратон оташи қовурар,
Борлиқнинг тоқатин совурар,
Теграмда бир майин ҳовурлар,
Онамни кўргани кетяпман.

Воҳ, ногоҳ бу нечук талотўп?
Ҳас каби учади тоғу чўп…
Беозор, осуда, кўнглим тўқ,
Онамни кўргани кетяпман.

Қаҳратон, зимистон очунда
Дунё кўрк либосин ечинди…
Нур, ҳарир ҳарорат ичинда
Онамни кўргани кетяпман.

Қайда кун, юлдузи самонинг?
Мағриби, машриқи дунёнинг?
Кўксимда ой, қуёш меҳмоним,
Онамни кўргани кетяпман.

Теграмда тўрт фасл базмидир,
Дунё: “Бу тутганим озми?” дер…
Тилагим чин дийдор фаслидир,
Онамни кўргани кетяпман.

Тўхта, деб имлайди… омадми,
Кафтида ҳумча мол-давлатми…
Пойидан сўроқлаб жаннатни
Онамни кўргани кетяпман.

Ортади ўнгу сўл жилваси,
Сароб ё дунёнинг ҳийласи…
Каъбалар каъбаси сийнаси
Онамни кўргани кетяпман.

Аразлаб ишқ кўнглим юмдалар,
Қайтгин, деб юзларин тимдалар…
Волидам олдида ким улар?!
Онамни кўргани кетяпман.

Қалбимдан яқинроқ кишим йўқ,
Мансаб, шон, давлатга ҳушим йўқ…
Бунданам зарурроқ ишим йўқ,
Онамни кўргани кетяпман.

Дунё бир томон, у – чин томон,
Омонат, ғанимат икки жон…
Ғафлатда қолдим деб: “Отди тонг”.
Онамни кўргани кетяпман.

Э-воҳ, бор экан-ку шиддатим,
Қасд этсам, қўллагич қудратим!
Кўкларда шуъладек бир қатим
Онамни кўргани кетяпман.

“Соғиндим” сўзига сиғмасам,
Дил ўтин босарми йиғласам!?
Қабрига тўкилсам, тингласам…
Онамни кўргани кетяпман.

ОҚ АТИРГУЛ

Қип-қизил гулларнинг ичинда
Хаёлкаш, расида, мулойим…
Гулбарглар бу қат-қат кўнгилми,
Тонглардан яратмиш Худойим.
Боғ тўла оловранг гуллар…
Бир-
Биридан гўзаллик талашар.
Яшиллик тахтига оқ чеҳра,
Оқ сурур қанчалар ярашар!
Тўрт тараф алвон гул, иши йўқ
Не туғён, не гирён кўксимда.
Оқ гулим оҳиста сўзлади:
“Ҳаммадан яхшимсан, ўксима.
Ҳаммадан кераксан ўзима!”
Бир нурки, жисмимга элади…
Тўймасман, оқ атиргуллардан
Онамнинг нафаси келади.

БИР КУНИ…

Агар бир кун уйда йўқ бўлса онанг,
Ҳувиллаб, нурсизга ўхшар хонадон.
Шундан йўл тўсишга кўпдир баҳонанг:
“Иссиқ…” “Совуқ…” Уйдан чиқманг, онажон…”
Онанг меҳри тушган дастурхон файзли,
Ҳар анжом ярақлаб, кулиб туради.
Эшик, деразалар офтоб қарашли,
Хоналар меҳрга тўлиб туради.
Чиннилардан келар болнинг мазаси,
Бошқача эркалар кўрпа, тўшаклар.
Ҳатто пайпоқларинг ҳушбўй нафасли,
Оппоқ рўмолчали ички чўнтаклар.
Тиндириб дунёча ишни, чарчамас –
Сенга ой, қуёшдек парвоналикдан,
Лекин… у қоямас, чайир арчамас,
Тақдирга таслим бу мардоналик ҳам.
Бир кун, эй-й!… Тасаввур этмайсан бугун,
Жим қулар бу кунлар бахт, салтанати…
Ишқилиб, қалбингда очиқ қолмасин
“Қадрингиз билмабман, она…” – дард хати,
“Дунёга келмабман, она…” – дод хати.

***

Саҳарлар тушми ё ҳушдек ҳарир чоғлардаму дийдор?
Топилмас тўрт тарафдан, ҳур кўнгил ёқлардаму дийдор?
Таним йўқликка маҳкумдир, вале соғинч илоҳий нур,
Сифотига тилим ожиз ўшал Боғлардаму дийдор?

 

ЛА-А ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ

Бугун бошқача ранглар,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.
Нурлар тошиб жаранглар,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.

Яқиндан, йироқлардан,
Йўллардан, ирмоқлардан
Ризқ келар боғ, тоғлардан,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.

Жамбилларнинг ифори
Балким, онам изҳори…
Ҳаволар – малҳам, дори,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.

Умрим уммонми, чимдим,
Мен – банда қайдан билдим?
Бугун яна очилдим!
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.

Юрак уриб турибди,
Қалбим тўлиб турибди,
Нажот сўраб турибди,
Халлоқ кўриб турибди,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ,
Ла-а илаҳа иллаллоҳ.

ҒАНИМАТМИЗ, ОМОНАТ

Тириксан, шукри Аллоҳдан иморат қил,
Анга ҳар дамда ғишт қўймоқни одат қил.
Ҳазон фаслидаям яшнар боғи, токи –
Мақоми сабру тоқатдан зироат қил.
Шикоят, тама, нолиш растасин босма,
Ғуборсиз туйғулар бирла саховат қил.
Ғаниматмиз, омонат – ким билар, билмас,
Ки қалбларга ишорат қил, ҳикоят қил.
Кўзу қалбингда токи тола нур бордир,
Шукр! Шукрона кўшкингни саломат қил.

НАФС ЗАВОЛИДА КАМОЛИНГ
Агар илкингда мисқол ҳадду ҳолинг бор,
Агар кафтингда тишлам нон – ҳалолинг бор,
Аган бир “оҳ” қадар нафъи шамолинг бор
Ва гар, ҳеч йўқса, измингда хаёлинг бор:
Кишини баҳраманд этмоқни одат қил,
Саодатманд этмоқни саодат бил.
Сахо боғига айлан – шукри роҳат қил,
Демишлар: “Нафс заволида камолинг бор”,

ҲЕЧ КИМ БИЛМАС

Агар битта ноҳақ гумон ўйимдадир,
Билмам: ундан не қаролик кўнглимдадир,
Не бадбинлик сўзим, феълу хўйимдадир,
Балки урчиб ётган илон қўйнимдадир?!
Ҳеч ким билмас: қанча гуноҳ бўйнимдадир.

РАЖОГА ЧИРМАШАР ҚАЛБИМ

Сўзим кўп тилда, дилда жўяли мақсад, қарорим йўқ,
Тизарман панду ҳикмат, лек ўзим ундан борарим йўқ.
Биларман, шу сабаб чин сўз дегувчи дўсту ёрим йўқ,
Билиб қайтмам бу йўлдан, ваҳки, дилда номус-орим йўқ!

Илоҳо, хавфга ғарқ қалбим! Ражога чирмашар лекин,
Билиб ҳар кун тикан босмоқ азобидан нажот бергин,
Дилимга сўздан аввал азми имон тухмини эккин,
Ўзингдан бошқадан минбаъд паноҳим йўқ, сўрорим йўқ.

СЎЗГА БОҚДИНГ

Сўзга боқдинг: ким яхши, ким ёмон бўлди,
Кимга меҳринг, кимга қаҳринг уммон бўлди.
Қошингда ким мазлуму ким султон бўлди
Ва оқибат ким ўнг, ким чап томон бўлди.
Сўзга боқдинг: диллар билан диллашмоққа
Фурсат, тоқат топмадинг, кў-ўп замон бўлди…
Турланди сўз қулоғингда эриб сенинг,
Ким билар, ким қалбан Аллоҳ томон бўлди?..

АСЛИ…

“Қаҳр – бўрон, юзимизга юздан ўтди”.
“Жола – нолон, кўзимизга кўздан ўтди”.
“Тиғ – беомон, сўзимизга сўздан ўтди”.
“Туздан, бўздан, ҳисдан, ўғил-қиздан ўтди…”–
Ёришмас дил гар сабаблар юздан ўтди.
Асли, ҳато энг аввало биздан ўтди.

ТАВБАМ МИНГ КАМДИР

Мен қайдан биламан: ким кимдир?
Зоҳири ичинда не сирдир?
Хулоса айтмоққа доим шай –
Қалбимда ҳукмрондир кибр…

Шукронам кўксида тавбамдир,
Дунё – биркам, тавбам минг камдир.
Гуноҳу савоб ҳамқадамдир…

Давра йўқ дил гумон суқмаган,
Тилим… дод! Гуноҳдан қўрқмаган,
Очиқ кўз қалб кўзим қулфлаган.

Паст, баланд, демоққа не ҳаддим?
Хулоса айтмоққа не ҳаққим?!
Ўзимга раҳм этса-чи қалбим.

Елкамда умрмас, ғафлаттоғ,
Қаровсиз, мевасиз, нурсиз боғ…
Ё Раҳим, ё Раҳмон, ё Аллоҳ, –

Қайтдим, мен буларни айтмадим,
Тилимдан нарига ўтмадим.
Сўрайман: нурлантир матлабим.

КУН-ТУН БЕХАЛОВАТ

Кўз юмиб очгунча…
Дилу жон истаги – фароғат,
Тариқча ҳимматим – овоза,
Чин ҳожатталабга меҳримнинг –
Остона, равоқи кў-ўп баланд.

Кўз юмиб очгунча…
Кунларга нафсимнинг амри – шоҳ
Ва пойи-патак ҳис – вазири,
Бўйнимда тарангдир илинжнинг
Кўрингич кўринмас занжири.

Кўз юмиб очгунча…
Тугамас ҳеч қорним ташвиши,
На кунда қўним бор, на тунда ҳаловат.
Сочга оқ тушди, лек қайдадир
Қалбимга фасли нур – балоғат?

Кўз юмиб очгунча…
Улгурармиканман
Кўзим
Очишга?
48Тўртликлар

***

Азобда жонинг-у, дармон табиблардан сўраб кўрдинг.
Жигарлар, дониш устозу ҳабиблардан сўраб кўрдинг.
Хабарлаб машриқу мағриблардан ҳам сўраб кўрдинг,
Нечундир беписанд ўтдинг – ғариблардан сўраб кўргин.

***

Насиб этса, муҳаббатинг этасан изҳор,
Насиб этса, изҳорларинг қиласан инкор.
Икки қутб ўртасидан оғмоққа шошма,
Насиб этса, бош кўтариб юрмоқлик ҳам бор.

***

Хафа бўлма агар сени тушунмасалар,
Қалбинг англаб, ҳолатингга тушолмасалар.
Ахир ўзинг – гумон қули,
Ишонмагансан,
Қаричингдан бошқасига тушолмагансан.

***

Умидга қоришсин ибодатларинг,
Ишончдан ёришсин муножотларинг.
Истиғфорга томган кўз ёшинг – юлдуз,
Ҳар тунинг Қадр ўлсин – қалбингда кундуз.

***

Ҳар баҳски, меъёри сўкилиб кетмаса, бас,
Ҳақ қошида ҳақликка даъво этмаса, бас.
Қалб ёш боладир, йўлга солармиз, зинҳор –
Биздан сизга озору зиён етмаса, бас.

***

Мунис жисминг ҳарорат –
Ичра ёнди, чечагим.
Гуноҳларимданмикин
Кечаги ё… эртанги…

ЁЗ

Оби раҳмат тақсимида тоғлар,
Интилар ташна сари ирмоқлар,
Шарбату дармон улашгай боғлар,
Шода гуллар оғушида роҳлар.
Гавҳаристон бўлди-ку тупроқлар!
Ҳадемай бергай хабар япроқлар:
“Келди ғалвирни кўтармоқ чоғлар”.
Қалбим, уйғон, дафтари аъмолда
Бўлмасин ғафлат балоси доғлар.

ЙЎЛДА

Гуллардан ҳол-аҳвол сўрдингми,
Ҳар рангда бир ҳикмат, кўрдингми?
Кафтингга ўхшайди барглари,
Артдингми, йўқми гард, дардлари?
Қалбингга етдими ифори?
Сездингми ер меҳрин, изҳорин?

ОРЗУЛАР – БЕОР ГУЛ

Қоқилмай, қийналмай яшасанг,
Ниятлар мевасин тишласанг.
Орзулар – беор гул, тўрт фасл
Шохласа, чаманда яшнасанг.
Ҳосили ларзон ризқ боғингда
Қишдаям куз каби қишласанг…
Гар кимса ҳақига таъмагир –
Томиринг шарт узиб ташласанг.

КУНЛАР

“Соғиндим, кўргим келар, иш – иш-да, оворамиз…
Тўйиб-тўйиб диллашсак бўлса фурсат, чорамиз…
Бу ҳафта… келгувси ой… учрашамиз… борамиз…” –
Шундай, кун ора симлар орқали дил ёрамиз.
Меҳрга тўймоқ учун,
Бахтиёр бўлмоқ учун,
Ҳо-озир насиб онларни
Савобга кўммоқ учун –
Қуёшданам олисдай иккимизнинг орамиз…

ТИЛАК

Мисоли қирдаги қизғалдоқ
Титраниб турибман омонат…
Чумоли йўлин ҳам бузмайман.

Юзларим нур бўлса!.. Қалбимга–
Тўр ташлар нафсу кин, ҳиёнат…
Қоғозга ҳам соя чизмайман.

Мен – суюк банда, ҳар заррада–
Фазлидан мўъжиза, каромат.
Ҳар жондан фазилат излайман.

Тилагим – даргоҳи олийда –
Ҳешларим энг олий жамоат.
Тупроқни ҳам энди сизлайман.

ДИЛ ОҒРИҒИ

Умр йўлларида барча-барчамиз
Бахт излаб тамшаниб кетиб борамиз.
Кўпроқ, хўброқ бўлиб кўринса гоҳи,
Кимни туртиб, кимни чертиб борамиз.
Осон, арзондайин туюлган бахтга
Жондош, қондошлардан ўтиб борамиз.
Чўққи, денгизда “йилт” этса, ҳамроҳнинг –
Қулашин, чўкишин кутиб борамиз.
Қанотлар қайрилиб, нафсни улов,
Йўлбошчи, қадрдон этиб борамиз.
Оқибат юртида… сўппайиб, балки
Бахтмас, бахтсизликка етиб борамиз.

ЎЗИМГА

Руҳингдаги зангор ранг қонли
Кўр илонни зинҳор уйғотма.
Бандасидан илтифотталаб
Илинж тутма, гуноҳга ботма.

Сўнгги имкон бармоқларингдан
Силқиб кетса мисоли ёмғир,
Қалбга суян, кўзларингни юм,
Макр – олғир,
Истеҳзо – оғир.

Саҳрдаги адашган гиёҳ
Янглиғ қолсанг яккаю ёлғиз,
Зинҳор шафқат қатрасин тилаб
Кимсалардан тушмагин ожиз.

Алҳамдуллиллаҳки, бу қисмат
Муҳаббати энг Меҳрибоннинг!
Руҳу жонинг поклаб олмоққа
Бўлмас бундан ортиқ имконинг.

Ишон қалбинг осмонларига,
Унда Ҳақдан қутлуғ нурлар бор.
Оғир синов бўлса бу дамлар,
Демак, олдда яхши кунлар бор.

СЎРАЙМАН

Саҳарларда юзин очиб
Ердан дуо сўрайман.
Сувлар қуйиб дарахтлардан
Яшил дунё сўрайман.
Қаддин тиклаб боши эгик
Гуллардан дил сўрайман,
Кўнгил бериб ҳар саргардон
Кўнгилдан йўл сўрайман.
Топганларим кўп бўлсин, деб
Умримни мўл сўрайман.
Банда ўлмас – ризқ узилмас,
Етса басдир йиққаним –
Бу дунёнинг туйнугидан
Ҳур оламга чиққани.

БОМДОДНИ КУТИБ

I
Ой – кўнгли бутун дилбар,
Юлдузлар тундан хабар.
Ой, юлдузлар самодан
Юксалар қалбим қадар.
Атрофим – сокин, мудроқ,
Кўз юмсам, кўнгил уйғоқ.
Бағримда шуълаи Тоқ,
Осмон яқин, ер йироқ…

II
Муяссар бўлдилар дилимга
Осойиш туйғулар насимдек.
Не ғубор, не ташвиш ювилди
Қумларга чизилган расмдек.
Ажаб, тун кундуздан чароғон,
Дил мени қизғонар уйқудан.
Ул қайсар шамоллар йиқитган
Гуллар бош кўтарар руҳимда.

III
Бомдод бу – етти қат осмондан
Шуълалар ёғилар сим-симлаб.
Нигоҳинг тушган тўрт тарафдан
Янгидан очилар тилсимлар.
Гар огоҳ, гар уйғоқ – энг қутлуғ
Мўъжиза, эврилиш кўксингда.
Тилайвер ҳидоят, шояд нур
Қалбингга осмонлаб тўкилса.

ҚАЛБЛАР ЮЗЛАШМАГУНЧА…

Ажаб, гоҳ сўз баҳоси
Бўлмас маънига боғлиқ.
Пойгакники – илмоқли,
Тўрдан чиқса – чиройли…
Тоғ, боғда кимдир боғдан,
Кимлар тоғдан айтмади…
Қалблар юзлашмагунча
Сўз муродга етмади.

КУЗГИ ЛАҲЗАЛАР

Кузги гуллар мунчалар турфа,
Бунча қуюқ ранглари – жўшқин.
Мунча хушёр кузги япроқлар,
Улар энди чўғ юрак – ёлқин.

Сувлар кузда мунчалар теран,
Тубларида тошлар ҳикматгўй,
Қанча юрди, қайдадир манзил…
Ўзанларда оқар ибрат, ўй.

Тансиқ ризқдай кузак тонглари,
Қаршилайди насиби борлар,
Шукронанинг нафасларидан
Айланади малҳамга хорлар.

Мунча ўктам кузги дарахтлар,
Қишни ҳатлар умид – баҳорга…
Мунча азиз кузги лаҳзалар,
Узун нурлар бошлар Ғаффорга.

ИЛТИЖО

Поку ҳақ кўзига қаролмадим тик,
Дилим бир бошқа, тил ёлғончи тилмоч.
Фанойим бақодек жоним югурик,
Илоҳи, қалбимнинг кўзларини оч.

Кундузим мисоли унут оролдир,
Тунлари бошимда ғафлат тоғи тож,
Руҳимга савоб ҳам заҳмат, малолдир,
Илоҳи, қалбимнинг кўзларини оч.

Дунёга устунлик даъвойим борми,
Бир сўзни тишласам, ҳукмим таранг, кож…
Воҳ, менинг кўксим энг қоронғу ғорми?
Илоҳи, қалбимнинг кўзларини оч.

Равшан кўз, очиқ қўл билан тўларман
Кунларим гуноҳга пора-пора бож,
Қолдими бир қатра умрим… сўрарман,
Илоҳи, қалбимнинг кўзларини оч.

Таним тош қўрғонми, бир тола нурсиз,
Ҳарки ноиложга Ўзингдан илож,
Дил қулфин Ўзинг оч, кибр уйин буз,
Илоҳи, қалбимнинг кўзларини оч.

ТАВБА

Гапирдим қаттиғу тикка
Неча жим ориятликка,
Сукут кўзгусида кўрдим:
Дилим – қул худпарастликка.

Кибрнинг тош қўрғонин
Ватанми айлаган жоним,
Нафс тик, суст имоним,
Дилим – қул худпарастликка.

Баробар тўрию пойи
“Мен”у “мен”лар яшар жойи,
Куйиб кун, чиқмаган ойи
Дилим – қул худпарастликка.

На ҳушёрман, на савдойи,
Ўзимдандир ғамим доим,
Яна покликка даъвойим,
Дилим –қул худпарастликка.

Мисоли бир қатим нурча
Ёруғлик тушмаган бурчак,
Жаҳолат чирмаган кунжак…
Дилим – қул худпарастликка.

Илоҳи, битта армоним:
Синов эт дону сомоним,
Тозарсин руҳ ила жоним…
Дилим – қул худпарастликка.

КАМЗУЛ ҲАНГОМАСИ

Иноятхон ойининг
Белларида боди бор,
Лек камзул бутун экан,
Оғриқнинг не ёди бор?!
Бахмал камзул, оҳ, камзул,
Пахтали, юмшоқ камзул,
Совқоттирмас, терлатмас,
Қишу ёз ўртоқ камзул.
Фасон эмас ортиқча,
Қадрдонки, минг йиллик.
Қўлда чувиб солинган
Юмшоқ пахта бир энлик.
Дунё азал бир камдир,
Рўзғор бўлар ул-булсиз,
Лек тасаввур қилмаслар
Ойижонни камзулсиз.
Гапни чўздим, хаёлим
Кетди бир оз тарқалиб,
Хуллас, бир кун бехосдан
Камзул қолди йўқолиб.
Аввалига хотиржам
Излашди ёшу қари,
Ахир, қочиб кетмас-ку
Камзул оёқ чиқариб.
Лекин камзул йўқ эди
На уйда, на айвонда,
Сандиқдан ҳам чиқмади,
На жавон, на тахмондан.
Бир кун ўтди шу тақлид:
“Ўйла”, “изла”, “топ” билан,
“Ҳой, эшикни очганда,
Деразани ёп!” билан.
Топилмагач камзулжон
Келинпошша пилдираб,
Юмшоққина жемперни
Қўйган эди кийдириб,
Лаҳза ўтмай ечилди
Замонавий бу либос,
Ойи дер: “Синтетика
Бизга ҳечам эмас мос.
Темир кўйлак кийгандек
Нафас олмас баданим.
Юрагим беҳол бўлди,
Оғирлашди қадамим…”
Оқибатда ойижон
Касал бўлиб қолдилар,
“Ўҳў”, “ҳап-чу…” ҳансираб
Оғир нафас олдилар.
Кеч кузакдек ўзгарди
Уйнинг оби ҳавоси,
Қайда қолди камзулжон,
Кўрсатмайин қаросин?!
Шомдан кейин ойижон
Ётволдилар “вой-вой”лаб,
Белга иссиқ сув қўйиб,
Бошга жун рўмол бойлаб.
Қозончада қайнади
Милтиллаб дармон шўрва,
Тўхтамади камзулни
Ахтариш, кавла-кавла.
–Отгансан бир бурчакка,
Қайда сенинг кўзларинг?
Камзулимни йўқотдинг,
Энди топ-да ўзларинг!
Кўринишдан бир ғариб-
Кўнгли ярим эдилар,

–Чолим бўлса, камзулим
Йўқолмасди, – дедилар.
Лекин келин жонидан
Ўтиб кетди битта гап:
–Қариганда қолмасин
Ҳеч ким бировга қараб!
Ичга ютиб аламин
Келинжон “Майли”, деди.
Ётар чоғи оҳиста:
“Ойижон, ойи, – деди. –
Елкангиз, белингизга
Иссиққина ёғ суртай,
Томоғингизга асал
Қўшилган сарёғ суртай…”
Бир қараш қилдиларки
Ойижон – мисоли ўқ.
Ғудрандилар: “Камзулсиз
Бу ишнинг фойдаси йўқ!”
Кейин ноилож каби
Чўзилдилар оғриниб.
Келин аста авайлаб
Кўйлакларин тортиниб
Кўтарди-ю… “Вой…” деди,
Бу чинмиди ё ҳазил:
Кенг кўйлакнинг ичидан
Кийилган эди камзул.
Икки кунки, ҳамманинг
Оромин олган камзул,
Беркинволиб, ойини
Шу куйга солган камзул.
Тивитлари тўкилган
Юмшоқ, жонажон камзул,
Лекин қадр бобида
Ўзи бир томон камзул.
Хуллас, чиқди офтоб
Ёриб қора булутни,
Хонадонни чақмоқдек
Гулдираб кулгу тутди.
Лекин ҳаммадан кўпроқ
Яшнаб юзу кўзлари
Қотиб-қотиб кулдилар
Ойижоннинг ўзлари.
Очилмади ўртада
Гина, изоҳ дафтари,
Шу заҳоти тузалди
Ойижоннинг дардлари.

Ўғил, қизлар соғинса
Раҳматли ойисини,
Дуо билан эслашар
Камзул ҳикоясини.

ЎСМИРЛИГИМ ХОТИРАСИ

Нималиги эсимда йўқ: нурсиз, эскирган
Қай биримиз кийиб юрган оқ либос эди.
Ўйлаб-ўйлаб, илож топмай, “Эпларсан”, дея
Фартукликка охир онам ўшани берди.
Бешинчида ўқир эдим, кичкинамасдим,
Меҳнат дарси ўргатарди бичиш, тикишни.
Ўн тўртинчи лампачироқ нури, дудида
Ярим тунда тугалладим фартук тикишни.
Ечдим, кийдим… қайта-қайта ўзимни солдим
Ғира-шира аксим тушган уй дарчасига.
“Тикволдим” деб онамгаям шипшитиб қўйдим,
Тонг ҳам бирам имиллади шу тун аксига.
Эртасига тайинланган жойга йиғилдик
Ҳар мактабдан бир нафардан аълочи бизлар.
Вазифамиз тушунтирди кутиб олгувчи:
“Зўр мажлисда гул тутасиз минбарга сизлар”,
Кейин бизни сафга тизди иккита-иккиталаб,
Гоҳо юзга, кўзга қараб ўйга ҳам толди.
Менга навбат етганида, эҳ, фартугимнинг
Этакдаги ямоғига тикилиб қолди.
“Сен четроққи чиқиб тур-чи!” деди ниҳоят,
Олифталар “чирт” эткизиб тупурган каби.
Бошқаларни тизди кейин бўй-бўйга қараб,
Битта бола етишмади сўнгига сафнинг.
“Ҳозир мени қўяр сафнинг шу кемтигига!” –
Аллақачон йиғлаётган қалбим овунди.
Жамоатчи ўқитувчи ўша одам-ей,
Титраб турган вужудимни янчди, совурди:
Шошилганча бошлаб кетди биркам сафни у,
Байрамона хитоб айлаб: “Олға, дўстларим!”
Бир чеккада қандай қолдим, қандоғам қолдим…
Унутдими у борим ё йўқлигим маним…
Ўша куни ҳовлимизнинг орти – боғдаги
Энг бурчакка бу дунёдан яширдим ўзни,
Ўша куни йиғлолмадим, бўзлагим келди,
Тополмадим юрагимда тош қотган сўзни.
Узоқ йиллар ўша кунга кўп қайтдим кўриб
Кун-кун ора онам тиккан йиртиқ-ямоқни,
Одат қилдим тўртта одам йиғилган жойда
Беихтиёр уст-бошимга қараб олмоқни.
Узоқ йиллар… токи отам икки одамнинг
Ишин қилиб бизга топиб келган тансиқ нон,
Токи онам оёғида бешик тебратиб
Қўлда бизга тикиб берган ул қуроқ чопон,
Токи онам қиш қорларин махсичан кечиб,
Ҳар кун ювиб кийдирган у бир кўйлак, иштон,
Токи отам ажал тутиб қон туфлатгунча
Бағрин ўтган бериб бизга тишлаб келган нон
Ҳаёт каби энг мўътабар, покиза, азиз
Эканини англагунча… узоқ йиллар, оҳ…
Болаликдан, одамлардан қочиб яшадим,
Таъқиб қилар эди мени гўё ҳар нигоҳ…

Узоқ йиллар, ҳамон ўша-ўша хонадон.
Йиллар, билмам, ёшимизга қўшдими, олди?..
Ўсмирлигим хотири уй пинжиларида
Маъюс дўппи тикаётган қиз бўлиб қолди.

ДЕЙДИЛАР

Дейдилар: Тилингга олма иқрорни,
Муҳаббат қийноқда қадрли бўлар.
Дунёда шунақа севги ҳам борми,
Эҳ, сизни билмайди, билмайди улар!

Дейдилар: Муҳаббат сеҳрли сукут,
Туганмас ҳарорат, мовий туйғулар…
Кўзимга ўт бўлиб кўринасиз, ўт,
Эҳ, сизни билмайди, билмайди улар!

Дейдилар: Кўз юмсанг нурафшон тунлар,
Тушингда севганинг кўзлари кулар…
Севгисиз кунларда қолди уйқулар,
Эҳ, сизни билмайди, билмайди улар!

Дейдилар: Саҳарлар орзулар қил жим,
Энг қутлуғ насиба тонгда туғилар…
Сизнинг дарвозангиз кунчиқар уфқим,
Эҳ, сизни билмайди, билмайди улар.

ТАҚДИРДОШИМ
Дунёдаги энг нозик гулим,
Китобларда эъзозли гулим,
Уйқуси ҳам пардозли гулим,
Ҳамма ўққа нишон эмассан.

Топиб, ташиб рўзғор ошини,
Жонга юклаб Сабр тошини,
Ғамга маҳр бериб бошингни,
Ҳамма ўққа нишон эмассан.

Агар бир кун дам олар бўлсанг,
Фарзанд, эрни босар ташвиш, чанг,
Юзларингга қачон кирар ранг?
Ҳамма ўққа нишон эмассан.

Шом, тонг аро чумоли тинар,
Кун, тун сени бирдайин синар,
Бағримда сўз ўт бўлиб ёнар,
Ҳамма ўққа нишон эмассан!

Хонадоннинг қуёши – меҳринг,
Кўнгилларнинг нон, оши меҳринг,
Оҳ, бўлмасин кундошинг меҳринг,
Ҳамма ўққа нишон эмассан.

Сен аёлсан, пойингда жаннат,
Сенсиз уйда нa ором, на бахт,
Она, бека, эгачи… фақат
Ҳамма ўққа нишон эмассан.

СЕВГИ

Кўнгил учун, армон учун, безак учун севмадим,
Ё шунчаки танҳоликда эрмак учун севмадим.

Қай кун сенга шўҳ назарим тушди, йўқдир хабарим,
Шоирона ўн саккиз ёш юрак чун севмадим.

Сўзларимга изламадим сайқал баҳор рангидан,
Кўп тинглаган афсонавий эртак учун севмадим.

Дўсту ёрсиз умрим ярим, шодликларим бесамар,
Деб бу йўлда кимдир биров керак учун севмадим.

Дунё ишқий китобларини ўқиб чиқдим нечасин,
Ундан ибрат олиб ёки ўрнак учун севмадим.

Қалбда қуёш бўлиб балқдинг, ўзга ташбеҳ на ҳожат?!
Қуёшимсан, бошқаларга бермак учун севмадим.

***

Қайда кунлар муроди?
Ёниб ўчмоқда шамлар.
Бизлар – кўз очиб юриб
Туш кўргувчи одамлар.

Мурувватли тонгларга
Кириб келаман беҳуш,
Сизни излаб топганим
Кимларга – чин, менга – туш.

Нигоҳларнинг таъбири
Ҳар гал дилда қолади,
Тушларимнинг давоми
Шовқин йўлда қолади…

Ёстиқларнинг бағрида
Ўчиб ёнмоқда шамлар…
Биз – тушларда қалбини
Дадил очган одамлар.

Тонмоқ учун кундузи –
Тушда айтган сўзимдан
Кўзларимни юмаман,
Саҳаргача ўзимман.

СУРАТГА САВОЛ

Бахтлимисиз, меҳри бутун дўст,
Қийинмасми тинглаш, гаплашиш?
Кўчаларнинг тилсизлиги бахт,
Уйга кирмоқ эмасми ташвиш?
Ороламай, шиббаламасдан
Айтамизми дил сўзин тикка?
Сал чапани гапларингизни
Йўймасмилар девоналикка?
Тушларингиз ўтмишданмасми,
“Нима кўрдим дунёга келиб?”
Менга азиз ташрифларингиз
Қадрлими ҳамон, ишқилиб?

ТУШ

Ортингиздан етмас овозим,
Талпинаман, улгуролмайман.
Шамолдаги гулкўчат каби
Юлқинаман, югуролмайман.
Деразамдан бемажол чиққан
Насимдан ой недир сўрайди.
Муздек терга ботиб вужуди
Атиргуллар босинқирайди.

НАБИРАМГА

Болажон,
Боғларга, дейсанми,
Майли, боғларга,
Кун майин нур сепган чоғларга…
Лекин энг биринчи
(Қавариб кетса ҳам оёқчаларинг,
Қонаса ҳам ипак бармоқчаларинг)
Тоғларга чиқамиз,
Тоғларга!
Тоғлардан йўллар кўп боғларга.

Taniqli shoira Muhtarama Ulug‘ovaning ikki asr oralig‘idagi o‘zbek she’riyati tarixida o‘ziga xos o‘rni bor. Bugungi sahifamizda shoiraning turli yillarda yozilgan she’rlarini taqdim etayotganimizdan mamnunmiz.

Muhtarama Ulug‘ova
SHЕ’RLAR


24Muhtarama Ulug‘ova 1952 yili Farg‘ona viloyatining Marg‘ilon shahrida tug‘ilgan. Otasi Muhammadxon Ulug‘xo‘ja o‘g‘li kosib ishchi, onasi uy bekasi bo‘lgan.
1968 yili Marg‘ilon shahridagi 8-o‘rta maktabni oltin medal bilan, 1972 yili Farg‘ona davlat pedagogika institutining (hozirgi universitet) o‘zbek tili va adabiyoti fakultetini imtiyozli diplom bilan bitirgan. Ish faoliyatini Marg‘ilon shahridagi maktabgacha tarbiya bilim yurtida o‘qituvchilikdan boshlagan.
She’riy mashqlari maktab davrlaridan Marg‘ilon shahar hamda Farg‘ona viloyat gazetalarida, talabalik yillarida respublika yoshlar gazetasida bosila boshlagan. Ijodi “Saodat” jurnali bosh muharriri, O‘zbekiston xalq shoiri Zulfiyaxonimning e’tiboriga tushadi. Muhtarama Ulug‘ova 1977 yilda Zulfiyaxonimning taklifi bilan Toshkentga keladi va “Saodat” jurnalida ish boshlaydi.
Faoliyati davomida “Saodat” jurnali bo‘lim boshlig‘i, mas’ul kotibi; “Xalq so‘zi” gazetasi bo‘lim boshlig‘i, bosh muharrir o‘rinbosari; O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi “O‘zbekiston” teleradiokanalining katta muhariri, bosh muharrir o‘rinbosari; O‘zbekiston musulmonlar idorasining nashri bo‘lgan “Hidoyat” jurnali va “Islom nuri” gazetasi muharririyati mas’ul kotibi; Respublika Ma’naviyat va ma’rifat markazi rahbarining Davlat tili bo‘yicha maslahatchisi lavozimlarida mehnat qildi.
M.Ulug‘ovaning “Boychechakning tushlari” deb nomlangan birinchi she’riy to‘plami 1983 yilda bosilgan. Shundan so‘ng “Muhabbatga to‘ymasman sira”, “Kunlarning bag‘ri keng”, “Ey dilim”, “Oltin fasl ostonasi” she’riy to‘plamlari, “Nur sog‘inchi” nomli hikoyalar to‘plami, “Iztiroblar halovati” deb nomlangan badiiy-publitsistik kitoblari nashr etilgan.
Muhtarama Ulug‘ova “Saodat” jurnalida qariyb o‘n besh yil (1977-1990 yillar) bosh muharrir Zulfiyaxonim rahbarligida ishladi, keyinchalik ham ustoz shoira hayotining oxirgi yillarigacha uning yaqin shogirdi, hamfikrlaridan bo‘ldi. M.Ulug‘ovaning “Muhabbat saroyida mangu qolganlar”, “Bahor keldi seni so‘roqlab”, “Muhabbat saroyida qolganlar” badiiy-publitsistik kitoblari “pokiza ruhida muazzam Sharq namoyon bo‘lgan” (G‘afur G‘ulom tashbehi) Zulfiyaxonim shaxsi, shoiraning Hamid Olimjon bilan kechgan yillari bilan bog‘liq ayrim xotiralarga bag‘ishlangan.


VATANNI SЕVISH HAQIDA

Umring qatra-qatra singarmi
Dalalarga, bog‘lar, gullarga?
Yuragingda yo‘qmi tosh – gina
Iltifotsiz ketgan kunlarga?

Qutlamoqqa yetarmi qudrat
G‘olib bo‘lsa har kim o‘zingdan?
Qochib, qo‘rqib yurganing yo‘qmi
Kecha aytgan hukming, so‘zingdan?

Bugun seni kimlar kechirgan,
Kimlar oqlab, kimlar tushungan…
Tik boqmoqqa bo‘larmi haqing
Hukmi qattiq ertangi kunga?

Yetgaymi jonfidoyiliging
O‘z “men”ingdan g‘olib yashashga?
“Sevaman”, deb aytmoqlik oson,
Oson hatto oddiy nafasdan.

DARAXTLARDAN O‘RGANGANIM

Yalang‘och qo‘llarin uzatganicha
Daraxtlar osmonga intilib qoldi.
Yulduzlar junjikib turgan bu kecha
Turnalar shoshilinch qayga yo‘l oldi?

Yalang‘och qo‘llarin uzatganicha
Daraxtlar olisga intilib qoldi,
Oyni tund bulutlar qiynagan kecha
Yo‘lovchi qushlar ham qayga yo‘l soldi?

Yalang‘och qo‘llarini uzatganicha
Daraxtlar yo‘llarga termilib qoldi…
Tuproqni shamollar sovutgan kecha
Anvoyi chechaklar qayga yo‘qoldi?

Yalang‘och qo‘llarini uzatganicha
Daraxtlar hayratga aylanib qoldi:
“Vatanning quyoshli kunlari suyuk,
Izg‘irin tunlari, nahot, maloldir?”

Yalang‘och qo‘llarin osmonga cho‘zib,
Falaka iltijo qildi daraxtlar:
“Muqaddas onadan jismimni uzib,
Maqsadsiz, samarsiz kezmoqdan saqla”,

Yalang‘och qo‘llarin keng yoyib oxir
Daraxtlar aylanib qoldi bardoshga:
“Quyosh-ku, Vatanga qaytar baribir,
Ergashib ketmaydi Vatan quyoshga”.

FARG‘ONA

Tuproqni o‘pmoqqa egilar majnuntol,
Orzusin to‘sadi qizg‘anchiq maysalar.
Maysani erkalab aldaydi quv shamol,
Qo‘llari tuproqning yuzlarin siypalar.
Nigohim bir dona oq gulga boylanib,
Anhorda qalqiydi orasta, orasta…
Majnuntol qo‘lidan o‘tarkan aylanib
Oq gulim bag‘rimdan uzilar ohista, ohista…
Tepada – chinorlar qa’riga
Oftobmi sho‘ng‘iydi, bilmayman…
Onajon, qizg‘anib bos meni bag‘ringga,
Har zarra tuproqdan shukrona tinglay man.

BIR AZIZ UMRNING ENG ULUG‘ BAXTI

Taqdirda neki bor, hukmi azaldir,
Orzular ko‘kiga tik uchar ko‘ngil.
Agarchi yulduzlar senga mahtaldir,
Vatan tuprog‘iga boshingni qo‘ygil.

Kim aytar, ma’jiza emas bu hayot,
Har damni g‘oyibdan mujdaga yo‘ygil,
Agarchi, shon-shuhrat bo‘lganda qanot.
Vatan tuprog‘iga boshingni qo‘ygil.

Hech ketging kelmaydi sohir odamdan,
Ezgulik sahfiga kalima o‘ygil,
Agarchi, ustozsan bani odamga,
Vatan tuprog‘iga boshingni qo‘ygil.

Bearmon gullasin umring daraxti,
So‘nggi yaproqning ham kamolin ko‘rgil.
Bir aziz umrning eng ulug‘ baxti
Vatan tuprog‘iga boshingni qo‘ygil.

BOYCHЕCHAKNING TUSHLARI

Huv, qirlardan chopib kelar, pirillaydi etagi,
Bermoq uchun vodiylarga navbahorning daragin.
Tund bulutlar orqasidan yo‘lga tushadir hurram,
Shu mitti jon izlarida erir so‘nggi qorlar ham.
Poy yetgach, anhorlarning muzi chil-chil sinadi,
Bir chayqalgan loyqa suvlar asta-asta tinadi.
Qirg‘oqlardan yalpiz uzib, hidlamasdan keladi,
Qizg‘aldoqqa bag‘ri to‘lib hayajonli yeladi.
Kurtaklarni uyg‘otadi novdalarga bosh urib,
Jadallaydi etagiga lolalarni to‘ldirib.
Etagida yonoqlari nim pushti rang g‘unchalar,
Etagida bodom guli mudragan tugunchalar.
Biram hushnud chopar edi etakka gul to‘ldirib,
Eh, ko‘ylagi to‘kildi-ku choki bir-bir so‘kilib…
G‘am cho‘kdi-yu yuzlariga, qalqib ochdi ko‘zini,
Unga kulib turgan olam ichra ko‘rdi o‘zini,
“Bahor!” dedilar uni.

TOG‘LAR

Bag‘rin ko‘kka ochib yotar,
Salobatli tog‘lar bu.
Quyosh faqat shunda botar,
Shunda orom topar u.

Bunda o‘sgan har daraxtda
Vazmin, mag‘rur salobat.
Izhor etar daryo pastda
Bobotoqqa sadoqat.

Jilg‘alar ham daryo kuyin
Kuylash uchun qo‘shilar.
Bu tog‘larga yarashmaydi
Chuldiragan qo‘shiqlar.

XIYOBON

Bu yerda daraxtlar shunchalar yuvosh,
Sochu sumbatlari orasta, tekis.
Majnuntol hovuzda tosh bo‘lib qotgan
Oqqushning boshini silayotgan qiz.

Asov qaysarligi qayda tutlarning,
Qayrilgan qo‘llari shartta qirqilgan.
Shundanmi, quvonchsiz qolgan vujudi,
Ular atrofiga sovuq tikilgan.

To‘mtoq boshlariga omonlik tilab
Butalar yashaydi tonglardan qo‘rqib,
Umiddek bo‘y cho‘zgan novdalarini
Har tongda tekislab ketishar qirqib.

Hammasi qolipga kirgan tollar ham
Qaniydi, o‘zligin qilsa namoyon.
Hali yosh, shikasta nihollarning-da
Jismida ulg‘ayar bir og‘riq, isyon:

“Beshafqat qaychilar damida so‘nib
Quyoshga intilgan orzu, titroqlar,
Naslsizlar o‘ylab topgan shamoyil,
Nahotki, qismatga aylanib qolar?!”

Bu to‘mtoq qo‘llarda armondek qotgan
Qanotli shamollar sog‘inch, shukuhi.
Bu yerda daraxtlar shunchalar yuvosh…
Notavon jismida uvillar ruhi…

KUZ

1
Behilarning yuzida kundan
To‘kilishib qolgan kunduzlar.
Momiq nurli shaftolilarga
Aralashib ketar yulduzlar.
Shahardagi farzandlaridan
Qishloq olar bir xil nomalar:
“Tushlarimda sharsharalardan
Qalqib toshar qirmiz olmalar”.

2
Bu yil yana boshqacha
Ko‘nglimdagi titroqlar…
Aldagani meni kuz
O‘ynab sochar yaproqlar.
Bilmaslikka olsam gar
Shivirlashin hazonlar,
Ko‘zlarimga tik kelib:
“Kuz – kuz”, deydi mezonlar.

QISH OSTONASI

Muncha yaxshi uchrashganimiz!
Dilingniyam sezib turibman,
Senga kulib tikilganimcha,
O‘zimniyam sevib turibman.
Bir kechada qushlar ko‘chdimi?
Bahor qadrin kuzaklar anglar.
Nazdimda, yoz chillasidayam
Buncha jo‘shqin bo‘lmagan ranglar.
Ochildingmi men uchun bugun?
Jisming karaxt, egningda qorlar.
Vido shuncha go‘zal taskinmi,
Atirgulim, yuzlaring porlar.

YO‘LGA TЕRMILIB

Oy yo‘l qarar xayolkash,
Siniqibdi ranglari.
Nigohidan yog‘armi
Sog‘inchning ohanglari.
Bir-birini yupatib
Uchgan zarhal yaproqlar
Dilim osmonlariga
Ko‘chgan ma’yus so‘roqlar.
Yuvosh tortgan suvlar ham
Tushunganga shivirlar.
Umrim o‘zanlarida
Muhabbatim imillar.
Ona, bugun angladim
Za’far kiyganda bog‘lar,
Muhabbatingiz sharhlab
Kuyib ketmish yaproqlar.
Ketgum xotirjamlikning
Buzib qafaslarini!
Ona, jonim qo‘msaydi
Jannat nafaslaringiz.
Yo‘l olis, yo‘lim yaqin,
Ikki yurak orasi.
Bulut ortida quyosh
Kuygan yurak porasi.
Yolboraman Xudoga,
(Yo‘lim unmaydi muncha?!):
“Qor bosmasin bog‘larni,
Ishqilib, men borguncha…”

BЕSh SOATLIK YO‘L EDI

Besh soatlik yo‘l edi
Mag‘ilonning orasi.
O‘ralashdim Toshkanda
Marg‘ilonning bolasi.
Marg‘ilonda yashardi
Onalarning onasi,
Rayhon nafasli, qaddi
Jannatlarning lolasi.
Nasimlarni taratgan
Sochlarining tolasi,
Kunduzlardan yorug‘roq
Ko‘zlarining qorasi.
Sog‘inchi – gul, duosi –
Bahoriy ko‘k jolasi,
So‘zlari – oynur, dili –
Muhabbat sayyorasi.
Eshitardi hattoki
Tushlarimning nolasin…
Ne ham qildim Toshkanda
Shu onaning bolasi?
Shitob kechdi oy, yillar,
Dedim: “Bandman, chorasiz”,
Manzil bo‘ldi onamga
Sog‘inch tog‘in qoyasi.
Besh soatlik yo‘l edi
Marg‘ilonning orasi,
Qo‘l uzatsam yetgulik,
Qoshu qaboq orasi…
Undan ham yaqin ekan
Ikki dunyo orasi…
Suydi, kutdi va ketdi
Onalarning onasi,
Bu dunyoda yo‘q endi
Sochiniyam tolasi.

KO‘NGIL BORA-BORA

Tushimda onamni ko‘rdim, tonggacha.
Muhabbat nigohin tuyib uxladim.
Ko‘ngil bora-bora qo‘msayverarkan
Tillardan ham ko‘proq ko‘zlar suhbatin.

Bilmadim, qay kuni eshik yopdi dil
Yalang‘och ovozning da’vatlariga,
Ko‘ngil bora-bora tashna bo‘larkan
Osuda gurunglar hikmatlariga.

Kutganing boshqa-yu… Hazor tashakkur
Jilmayib hol so‘rab to‘xtaganlarga,
Bog‘lanib borarkan ko‘ngil tobora
Atoyi Xudo – chin yo‘qlaganlarga.

Bag‘rimda sog‘inib ibtidolarni
Dovondan vodiyga uchayotgan nay,
Ko‘ngil bora-bora o‘xshab qolarkan
Ipakdan to‘qilgan shoyilarga-yey…

99

BIR GAP

Qattiq boqmang dilimga,
Garchi sizga hechkimman,
Malikaxon oyimning
Jonidan suv ichganman.
Parimi, hurmidi ul,
Nafasi jambil edi,
Boyligi bir hovli gul,
Baxti sodda dil edi.
Saroy etib qalbimni
Tovlanardi tovushi,
G‘uborgayam bosmasdi
Yaltillagan kavushin.
Har tomchi, har giyohdan
Topib ming zavqu ma’no,
Kumushdayin bittaydi
Shahri Marg‘ilon aro.
“O‘tgan o‘tdi”, deysizmi,
Kimni ayabdi zamon?
Lekin mening ruhimda
Ismi yo‘q nedir omon.
Ko‘pdan ortda qolmay, deb,
Kimlar halak, yeladi…
Men har tongda gulbargdan
Shabnam ichgim keladi.

HUSHIMDAGI TUSHIM

Tong otib, kun botar – farqi yo‘q,
Haftalar, oy o‘tar – uyqu yo‘q,
Yo‘ldaman, shodligim sharhi yo‘q,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Tog‘ – dovon yo‘lidan piyoda,
Rayhonlar quchoqlab bir shoda,
Yurganim sayin kuch ziyoda,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Yo‘lim tik jar uzra so‘qmoqdir,
Toshlari misoli pichoqdir…
Shukrona qushlarim sayroqdir,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Saraton otashi qovurar,
Borliqning toqatin sovurar,
Tegramda bir mayin hovurlar,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Voh, nogoh bu nechuk taloto‘p?
Has kabi uchadi tog‘u cho‘p…
Beozor, osuda, ko‘nglim to‘q,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Qahraton, zimiston ochunda
Dunyo ko‘rk libosin yechindi…
Nur, harir harorat ichinda
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Qayda kun, yulduzi samoning?
Mag‘ribi, mashriqi dunyoning?
Ko‘ksimda oy, quyosh mehmonim,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Tegramda to‘rt fasl bazmidir,
Dunyo: “Bu tutganim ozmi?” der…
Tilagim chin diydor faslidir,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

To‘xta, deb imlaydi… omadmi,
Kaftida humcha mol-davlatmi…
Poyidan so‘roqlab jannatni
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Ortadi o‘ngu so‘l jilvasi,
Sarob yo dunyoning hiylasi…
Ka’balar ka’basi siynasi
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Arazlab ishq ko‘nglim yumdalar,
Qaytgin, deb yuzlarin timdalar…
Volidam oldida kim ular?!
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Qalbimdan yaqinroq kishim yo‘q,
Mansab, shon, davlatga hushim yo‘q…
Bundanam zarurroq ishim yo‘q,
Onamni ko‘rgani ketyapman.

Dunyo bir tomon, u – chin tomon,
Omonat, g‘animat ikki jon…
G‘aflatda qoldim deb: “Otdi tong”.
Onamni ko‘rgani ketyapman.

E-voh, bor ekan-ku shiddatim,
Qasd etsam, qo‘llagich qudratim!
Ko‘klarda shu’ladek bir qatim
Onamni ko‘rgani ketyapman.

“Sog‘indim” so‘ziga sig‘masam,
Dil o‘tin bosarmi yig‘lasam!?
Qabriga to‘kilsam, tinglasam…
Onamni ko‘rgani ketyapman.

OQ ATIRGUL

Qip-qizil gullarning ichinda
Xayolkash, rasida, muloyim…
Gulbarglar bu qat-qat ko‘ngilmi,
Tonglardan yaratmish Xudoyim.
Bog‘ to‘la olovrang gullar…
Bir-
Biridan go‘zallik talashar.
Yashillik taxtiga oq chehra,
Oq surur qanchalar yarashar!
To‘rt taraf alvon gul, ishi yo‘q
Ne tug‘yon, ne giryon ko‘ksimda.
Oq gulim ohista so‘zladi:
“Hammadan yaxshimsan, o‘ksima.
Hammadan keraksan o‘zima!”
Bir nurki, jismimga eladi…
To‘ymasman, oq atirgullardan
Onamning nafasi keladi.

BIR KUNI…

Agar bir kun uyda yo‘q bo‘lsa onang,
Huvillab, nursizga o‘xshar xonadon.
Shundan yo‘l to‘sishga ko‘pdir bahonang:
“Issiq…” “Sovuq…” Uydan chiqmang, onajon…”
Onang mehri tushgan dasturxon fayzli,
Har anjom yaraqlab, kulib turadi.
Eshik, derazalar oftob qarashli,
Xonalar mehrga to‘lib turadi.
Chinnilardan kelar bolning mazasi,
Boshqacha erkalar ko‘rpa, to‘shaklar.
Hatto paypoqlaring hushbo‘y nafasli,
Oppoq ro‘molchali ichki cho‘ntaklar.
Tindirib dunyocha ishni, charchamas –
Senga oy, quyoshdek parvonalikdan,
Lekin… u qoyamas, chayir archamas,
Taqdirga taslim bu mardonalik ham.
Bir kun, ey-y!… Tasavvur etmaysan bugun,
Jim qular bu kunlar baxt, saltanati…
Ishqilib, qalbingda ochiq qolmasin
“Qadringiz bilmabman, ona…” – dard xati,
“Dunyoga kelmabman, ona…” – dod xati.

***

Saharlar tushmi yo hushdek harir chog‘lardamu diydor?
Topilmas to‘rt tarafdan, hur ko‘ngil yoqlardamu diydor?
Tanim yo‘qlikka mahkumdir, vale sog‘inch ilohiy nur,
Sifotiga tilim ojiz o‘shal Bog‘lardamu diydor?

LA-A ILAHA ILLALLOH

Bugun boshqacha ranglar,
La-a ilaha illalloh.
Nurlar toshib jaranglar,
La-a ilaha illalloh.

Yaqindan, yiroqlardan,
Yo‘llardan, irmoqlardan
Rizq kelar bog‘, tog‘lardan,
La-a ilaha illalloh.

Jambillarning ifori
Balkim, onam izhori…
Havolar – malham, dori,
La-a ilaha illalloh.

Umrim ummonmi, chimdim,
Men – banda qaydan bildim?
Bugun yana ochildim!
La-a ilaha illalloh.

Yurak urib turibdi,
Qalbim to‘lib turibdi,
Najot so‘rab turibdi,
Xalloq ko‘rib turibdi,
La-a ilaha illalloh,
La-a ilaha illalloh.

G‘ANIMATMIZ, OMONAT

Tiriksan, shukri Allohdan imorat qil,
Anga har damda g‘isht qo‘ymoqni odat qil.
Hazon faslidayam yashnar bog‘i, toki –
Maqomi sabru toqatdan ziroat qil.
Shikoyat, tama, nolish rastasin bosma,
G‘uborsiz tuyg‘ular birla saxovat qil.
G‘animatmiz, omonat – kim bilar, bilmas,
Ki qalblarga ishorat qil, hikoyat qil.
Ko‘zu qalbingda toki tola nur bordir,
Shukr! Shukrona ko‘shkingni salomat qil.

NAFS ZAVOLIDA KAMOLING

Agar ilkingda misqol haddu holing bor,
Agar kaftingda tishlam non – haloling bor,
Agan bir “oh” qadar naf’i shamoling bor
Va gar, hech yo‘qsa, izmingda xayoling bor:
Kishini bahramand etmoqni odat qil,
Saodatmand etmoqni saodat bil.
Saxo bog‘iga aylan – shukri rohat qil,
Demishlar: “Nafs zavolida kamoling bor”,

HЕCh KIM BILMAS

Agar bitta nohaq gumon o‘yimdadir,
Bilmam: undan ne qarolik ko‘nglimdadir,
Ne badbinlik so‘zim, fe’lu xo‘yimdadir,
Balki urchib yotgan ilon qo‘ynimdadir?!
Hech kim bilmas: qancha gunoh bo‘ynimdadir.

RAJOGA CHIRMASHAR QALBIM

So‘zim ko‘p tilda, dilda jo‘yali maqsad, qarorim yo‘q,
Tizarman pandu hikmat, lek o‘zim undan borarim yo‘q.
Bilarman, shu sabab chin so‘z deguvchi do‘stu yorim yo‘q,
Bilib qaytmam bu yo‘ldan, vahki, dilda nomus-orim yo‘q!

Iloho, xavfga g‘arq qalbim! Rajoga chirmashar lekin,
Bilib har kun tikan bosmoq azobidan najot bergin,
Dilimga so‘zdan avval azmi imon tuxmini ekkin,
O‘zingdan boshqadan minba’d panohim yo‘q, so‘rorim yo‘q.

SO‘ZGA BOQDING

So‘zga boqding: kim yaxshi, kim yomon bo‘ldi,
Kimga mehring, kimga qahring ummon bo‘ldi.
Qoshingda kim mazlumu kim sulton bo‘ldi
Va oqibat kim o‘ng, kim chap tomon bo‘ldi.
So‘zga boqding: dillar bilan dillashmoqqa
Fursat, toqat topmading, ko‘-o‘p zamon bo‘ldi…
Turlandi so‘z qulog‘ingda erib sening,
Kim bilar, kim qalban Alloh tomon bo‘ldi?..

ASLI…

“Qahr – bo‘ron, yuzimizga yuzdan o‘tdi”.
“Jola – nolon, ko‘zimizga ko‘zdan o‘tdi”.
“Tig‘ – beomon, so‘zimizga so‘zdan o‘tdi”.
“Tuzdan, bo‘zdan, hisdan, o‘g‘il-qizdan o‘tdi…”–
Yorishmas dil gar sabablar yuzdan o‘tdi.
Asli, hato eng avvalo bizdan o‘tdi.

TAVBAM MING KAMDIR

Men qaydan bilaman: kim kimdir?
Zohiri ichinda ne sirdir?
Xulosa aytmoqqa doim shay –
Qalbimda hukmrondir kibr…

Shukronam ko‘ksida tavbamdir,
Dunyo – birkam, tavbam ming kamdir.
Gunohu savob hamqadamdir…

Davra yo‘q dil gumon suqmagan,
Tilim… dod! Gunohdan qo‘rqmagan,
Ochiq ko‘z qalb ko‘zim qulflagan.

Past, baland, demoqqa ne haddim?
Xulosa aytmoqqa ne haqqim?!
O‘zimga rahm etsa-chi qalbim.

Yelkamda umrmas, g‘aflattog‘,
Qarovsiz, mevasiz, nursiz bog‘…
Yo Rahim, yo Rahmon, yo Alloh, –

Qaytdim, men bularni aytmadim,
Tilimdan nariga o‘tmadim.
So‘rayman: nurlantir matlabim.

KUN-TUN BЕXALOVAT

Ko‘z yumib ochguncha…
Dilu jon istagi – farog‘at,
Tariqcha himmatim – ovoza,
Chin hojattalabga mehrimning –
Ostona, ravoqi ko‘-o‘p baland.

Ko‘z yumib ochguncha…
Kunlarga nafsimning amri – shoh
Va poyi-patak his – vaziri,
Bo‘ynimda tarangdir ilinjning
Ko‘ringich ko‘rinmas zanjiri.

Ko‘z yumib ochguncha…
Tugamas hech qornim tashvishi,
Na kunda qo‘nim bor, na tunda halovat.
Sochga oq tushdi, lek qaydadir
Qalbimga fasli nur – balog‘at?

Ko‘z yumib ochguncha…
Ulgurarmikanman
Ko‘zim
Ochishga?

To‘rtliklar

***

Azobda joning-u, darmon tabiblardan so‘rab ko‘rding.
Jigarlar, donish ustozu habiblardan so‘rab ko‘rding.
Xabarlab mashriqu mag‘riblardan ham so‘rab ko‘rding,
Nechundir bepisand o‘tding – g‘ariblardan so‘rab ko‘rgin.

***

Nasib etsa, muhabbating etasan izhor,
Nasib etsa, izhorlaring qilasan inkor.
Ikki qutb o‘rtasidan og‘moqqa shoshma,
Nasib etsa, bosh ko‘tarib yurmoqlik ham bor.

***

Xafa bo‘lma agar seni tushunmasalar,
Qalbing anglab, holatingga tusholmasalar.
Axir o‘zing – gumon quli,
Ishonmagansan,
Qarichingdan boshqasiga tusholmagansan.

***

Umidga qorishsin ibodatlaring,
Ishonchdan yorishsin munojotlaring.
Istig‘forga tomgan ko‘z yoshing – yulduz,
Har tuning Qadr o‘lsin – qalbingda kunduz.

***

Har bahski, me’yori so‘kilib ketmasa, bas,
Haq qoshida haqlikka da’vo etmasa, bas.
Qalb yosh boladir, yo‘lga solarmiz, zinhor –
Bizdan sizga ozoru ziyon yetmasa, bas.

***

Munis jisming harorat –
Ichra yondi, chechagim.
Gunohlarimdanmikin
Kechagi yo… ertangi…

YOZ

Obi rahmat taqsimida tog‘lar,
Intilar tashna sari irmoqlar,
Sharbatu darmon ulashgay bog‘lar,
Shoda gullar og‘ushida rohlar.
Gavhariston bo‘ldi-ku tuproqlar!
Hademay bergay xabar yaproqlar:
“Keldi g‘alvirni ko‘tarmoq chog‘lar”.
Qalbim, uyg‘on, daftari a’molda
Bo‘lmasin g‘aflat balosi dog‘lar.

YO‘LDA

Gullardan hol-ahvol so‘rdingmi,
Har rangda bir hikmat, ko‘rdingmi?
Kaftingga o‘xshaydi barglari,
Artdingmi, yo‘qmi gard, dardlari?
Qalbingga yetdimi ifori?
Sezdingmi yer mehrin, izhorin?

ORZULAR – BЕOR GUL

Qoqilmay, qiynalmay yashasang,
Niyatlar mevasin tishlasang.
Orzular – beor gul, to‘rt fasl
Shoxlasa, chamanda yashnasang.
Hosili larzon rizq bog‘ingda
Qishdayam kuz kabi qishlasang…
Gar kimsa haqiga ta’magir –
Tomiring shart uzib tashlasang.

KUNLAR

“Sog‘indim, ko‘rgim kelar, ish – ish-da, ovoramiz…
To‘yib-to‘yib dillashsak bo‘lsa fursat, choramiz…
Bu hafta… kelguvsi oy… uchrashamiz… boramiz…” –
Shunday, kun ora simlar orqali dil yoramiz.
Mehrga to‘ymoq uchun,
Baxtiyor bo‘lmoq uchun,
Ho-ozir nasib onlarni
Savobga ko‘mmoq uchun –
Quyoshdanam olisday ikkimizning oramiz…

TILAK

Misoli qirdagi qizg‘aldoq
Titranib turibman omonat…
Chumoli yo‘lin ham buzmayman.

Yuzlarim nur bo‘lsa!.. Qalbimga–
To‘r tashlar nafsu kin, hiyonat…
Qog‘ozga ham soya chizmayman.

Men – suyuk banda, har zarrada–
Fazlidan mo‘jiza, karomat.
Har jondan fazilat izlayman.

Tilagim – dargohi oliyda –
Heshlarim eng oliy jamoat.
Tuproqni ham endi sizlayman.

DIL OG‘RIG‘I

Umr yo‘llarida barcha-barchamiz
Baxt izlab tamshanib ketib boramiz.
Ko‘proq, xo‘broq bo‘lib ko‘rinsa gohi,
Kimni turtib, kimni chertib boramiz.
Oson, arzondayin tuyulgan baxtga
Jondosh, qondoshlardan o‘tib boramiz.
Cho‘qqi, dengizda “yilt” etsa, hamrohning –
Qulashin, cho‘kishin kutib boramiz.
Qanotlar qayrilib, nafsni ulov,
Yo‘lboshchi, qadrdon etib boramiz.
Oqibat yurtida… so‘ppayib, balki
Baxtmas, baxtsizlikka yetib boramiz.

O‘ZIMGA

Ruhingdagi zangor rang qonli
Ko‘r ilonni zinhor uyg‘otma.
Bandasidan iltifottalab
Ilinj tutma, gunohga botma.

So‘nggi imkon barmoqlaringdan
Silqib ketsa misoli yomg‘ir,
Qalbga suyan, ko‘zlaringni yum,
Makr – olg‘ir,
Istehzo – og‘ir.

Sahrdagi adashgan giyoh
Yanglig‘ qolsang yakkayu yolg‘iz,
Zinhor shafqat qatrasin tilab
Kimsalardan tushmagin ojiz.

Alhamdullillahki, bu qismat
Muhabbati eng Mehribonning!
Ruhu joning poklab olmoqqa
Bo‘lmas bundan ortiq imkoning.

Ishon qalbing osmonlariga,
Unda Haqdan qutlug‘ nurlar bor.
Og‘ir sinov bo‘lsa bu damlar,
Demak, oldda yaxshi kunlar bor.

SO‘RAYMAN

Saharlarda yuzin ochib
Yerdan duo so‘rayman.
Suvlar quyib daraxtlardan
Yashil dunyo so‘rayman.
Qaddin tiklab boshi egik
Gullardan dil so‘rayman,
Ko‘ngil berib har sargardon
Ko‘ngildan yo‘l so‘rayman.
Topganlarim ko‘p bo‘lsin, deb
Umrimni mo‘l so‘rayman.
Banda o‘lmas – rizq uzilmas,
Yetsa basdir yiqqanim –
Bu dunyoning tuynugidan
Hur olamga chiqqani.

BOMDODNI KUTIB

I
Oy – ko‘ngli butun dilbar,
Yulduzlar tundan xabar.
Oy, yulduzlar samodan
Yuksalar qalbim qadar.
Atrofim – sokin, mudroq,
Ko‘z yumsam, ko‘ngil uyg‘oq.
Bag‘rimda shu’lai Toq,
Osmon yaqin, yer yiroq…

II
Muyassar bo‘ldilar dilimga
Osoyish tuyg‘ular nasimdek.
Ne g‘ubor, ne tashvish yuvildi
Qumlarga chizilgan rasmdek.
Ajab, tun kunduzdan charog‘on,
Dil meni qizg‘onar uyqudan.
Ul qaysar shamollar yiqitgan
Gullar bosh ko‘tarar ruhimda.

III
Bomdod bu – yetti qat osmondan
Shu’lalar yog‘ilar sim-simlab.
Nigohing tushgan to‘rt tarafdan
Yangidan ochilar tilsimlar.
Gar ogoh, gar uyg‘oq – eng qutlug‘
Mo‘jiza, evrilish ko‘ksingda.
Tilayver hidoyat, shoyad nur
Qalbingga osmonlab to‘kilsa.

QALBLAR YUZLASHMAGUNCHA…

Ajab, goh so‘z bahosi
Bo‘lmas ma’niga bog‘liq.
Poygakniki – ilmoqli,
To‘rdan chiqsa – chiroyli…
Tog‘, bog‘da kimdir bog‘dan,
Kimlar tog‘dan aytmadi…
Qalblar yuzlashmaguncha
So‘z murodga yetmadi.

KUZGI LAHZALAR

Kuzgi gullar munchalar turfa,
Buncha quyuq ranglari – jo‘shqin.
Muncha xushyor kuzgi yaproqlar,
Ular endi cho‘g‘ yurak – yolqin.

Suvlar kuzda munchalar teran,
Tublarida toshlar hikmatgo‘y,
Qancha yurdi, qaydadir manzil…
O‘zanlarda oqar ibrat, o‘y.

Tansiq rizqday kuzak tonglari,
Qarshilaydi nasibi borlar,
Shukronaning nafaslaridan
Aylanadi malhamga xorlar.

Muncha o‘ktam kuzgi daraxtlar,
Qishni hatlar umid – bahorga…
Muncha aziz kuzgi lahzalar,
Uzun nurlar boshlar G‘afforga.

ILTIJO

Poku haq ko‘ziga qarolmadim tik,
Dilim bir boshqa, til yolg‘onchi tilmoch.
Fanoyim baqodek jonim yugurik,
Ilohi, qalbimning ko‘zlarini och.

Kunduzim misoli unut oroldir,
Tunlari boshimda g‘aflat tog‘i toj,
Ruhimga savob ham zahmat, maloldir,
Ilohi, qalbimning ko‘zlarini och.

Dunyoga ustunlik da’voyim bormi,
Bir so‘zni tishlasam, hukmim tarang, koj…
Voh, mening ko‘ksim eng qorong‘u g‘ormi?
Ilohi, qalbimning ko‘zlarini och.

Ravshan ko‘z, ochiq qo‘l bilan to‘larman
Kunlarim gunohga pora-pora boj,
Qoldimi bir qatra umrim… so‘rarman,
Ilohi, qalbimning ko‘zlarini och.

Tanim tosh qo‘rg‘onmi, bir tola nursiz,
Harki noilojga O‘zingdan iloj,
Dil qulfin O‘zing och, kibr uyin buz,
Ilohi, qalbimning ko‘zlarini och.

TAVBA

Gapirdim qattig‘u tikka
Necha jim oriyatlikka,
Sukut ko‘zgusida ko‘rdim:
Dilim – qul xudparastlikka.

Kibrning tosh qo‘rg‘onin
Vatanmi aylagan jonim,
Nafs tik, sust imonim,
Dilim – qul xudparastlikka.

Barobar to‘riyu poyi
“Men”u “men”lar yashar joyi,
Kuyib kun, chiqmagan oyi
Dilim – qul xudparastlikka.

Na hushyorman, na savdoyi,
O‘zimdandir g‘amim doim,
Yana poklikka da’voyim,
Dilim –qul xudparastlikka.

Misoli bir qatim nurcha
Yorug‘lik tushmagan burchak,
Jaholat chirmagan kunjak…
Dilim – qul xudparastlikka.

Ilohi, bitta armonim:
Sinov et donu somonim,
Tozarsin ruh ila jonim…
Dilim – qul xudparastlikka.

KAMZUL HANGOMASI

Inoyatxon oyining
Bellarida bodi bor,
Lek kamzul butun ekan,
Og‘riqning ne yodi bor?!
Baxmal kamzul, oh, kamzul,
Paxtali, yumshoq kamzul,
Sovqottirmas, terlatmas,
Qishu yoz o‘rtoq kamzul.
Fason emas ortiqcha,
Qadrdonki, ming yillik.
Qo‘lda chuvib solingan
Yumshoq paxta bir enlik.
Dunyo azal bir kamdir,
Ro‘zg‘or bo‘lar ul-bulsiz,
Lek tasavvur qilmaslar
Oyijonni kamzulsiz.
Gapni cho‘zdim, xayolim
Ketdi bir oz tarqalib,
Xullas, bir kun bexosdan
Kamzul qoldi yo‘qolib.
Avvaliga xotirjam
Izlashdi yoshu qari,
Axir, qochib ketmas-ku
Kamzul oyoq chiqarib.
Lekin kamzul yo‘q edi
Na uyda, na ayvonda,
Sandiqdan ham chiqmadi,
Na javon, na taxmondan.
Bir kun o‘tdi shu taqlid:
“O‘yla”, “izla”, “top” bilan,
“Hoy, eshikni ochganda,
Derazani yop!” bilan.
Topilmagach kamzuljon
Kelinposhsha pildirab,
Yumshoqqina jemperni
Qo‘ygan edi kiydirib,
Lahza o‘tmay yechildi
Zamonaviy bu libos,
Oyi der: “Sintetika
Bizga hecham emas mos.
Temir ko‘ylak kiygandek
Nafas olmas badanim.
Yuragim behol bo‘ldi,
Og‘irlashdi qadamim…”
Oqibatda oyijon
Kasal bo‘lib qoldilar,
“O‘ho‘”, “hap-chu…” hansirab
Og‘ir nafas oldilar.
Kech kuzakdek o‘zgardi
Uyning obi havosi,
Qayda qoldi kamzuljon,
Ko‘rsatmayin qarosin?!
Shomdan keyin oyijon
Yotvoldilar “voy-voy”lab,
Belga issiq suv qo‘yib,
Boshga jun ro‘mol boylab.
Qozonchada qaynadi
Miltillab darmon sho‘rva,
To‘xtamadi kamzulni
Axtarish, kavla-kavla.
–Otgansan bir burchakka,
Qayda sening ko‘zlaring?
Kamzulimni yo‘qotding,
Endi top-da o‘zlaring!
Ko‘rinishdan bir g‘arib-
Ko‘ngli yarim edilar,
–Cholim bo‘lsa, kamzulim
Yo‘qolmasdi, – dedilar.
Lekin kelin jonidan
O‘tib ketdi bitta gap:
–Qariganda qolmasin
Hech kim birovga qarab!
Ichga yutib alamin
Kelinjon “Mayli”, dedi.
Yotar chog‘i ohista:
“Oyijon, oyi, – dedi. –
Yelkangiz, belingizga
Issiqqina yog‘ surtay,
Tomog‘ingizga asal
Qo‘shilgan saryog‘ surtay…”
Bir qarash qildilarki
Oyijon – misoli o‘q.
G‘udrandilar: “Kamzulsiz
Bu ishning foydasi yo‘q!”
Keyin noiloj kabi
Cho‘zildilar og‘rinib.
Kelin asta avaylab
Ko‘ylaklarin tortinib
Ko‘tardi-yu… “Voy…” dedi,
Bu chinmidi yo hazil:
Keng ko‘ylakning ichidan
Kiyilgan edi kamzul.
Ikki kunki, hammaning
Oromin olgan kamzul,
Berkinvolib, oyini
Shu kuyga solgan kamzul.
Tivitlari to‘kilgan
Yumshoq, jonajon kamzul,
Lekin qadr bobida
O‘zi bir tomon kamzul.
Xullas, chiqdi oftob
Yorib qora bulutni,
Xonadonni chaqmoqdek
Guldirab kulgu tutdi.
Lekin hammadan ko‘proq
Yashnab yuzu ko‘zlari
Qotib-qotib kuldilar
Oyijonning o‘zlari.
Ochilmadi o‘rtada
Gina, izoh daftari,
Shu zahoti tuzaldi
Oyijonning dardlari.

O‘g‘il, qizlar sog‘insa
Rahmatli oyisini,
Duo bilan eslashar
Kamzul hikoyasini.

O‘SMIRLIGIM XOTIRASI

Nimaligi esimda yo‘q: nursiz, eskirgan
Qay birimiz kiyib yurgan oq libos edi.
O‘ylab-o‘ylab, iloj topmay, “Eplarsan”, deya
Fartuklikka oxir onam o‘shani berdi.
Beshinchida o‘qir edim, kichkinamasdim,
Mehnat darsi o‘rgatardi bichish, tikishni.
O‘n to‘rtinchi lampachiroq nuri, dudida
Yarim tunda tugalladim fartuk tikishni.
Yechdim, kiydim… qayta-qayta o‘zimni soldim
G‘ira-shira aksim tushgan uy darchasiga.
“Tikvoldim” deb onamgayam shipshitib qo‘ydim,
Tong ham biram imilladi shu tun aksiga.
Ertasiga tayinlangan joyga yig‘ildik
Har maktabdan bir nafardan a’lochi bizlar.
Vazifamiz tushuntirdi kutib olguvchi:
“Zo‘r majlisda gul tutasiz minbarga sizlar”,
Keyin bizni safga tizdi ikkita-ikkitalab,
Goho yuzga, ko‘zga qarab o‘yga ham toldi.
Menga navbat yetganida, eh, fartugimning
Etakdagi yamog‘iga tikilib qoldi.
“Sen chetroqqi chiqib tur-chi!” dedi nihoyat,
Oliftalar “chirt” etkizib tupurgan kabi.
Boshqalarni tizdi keyin bo‘y-bo‘yga qarab,
Bitta bola yetishmadi so‘ngiga safning.
“Hozir meni qo‘yar safning shu kemtigiga!” –
Allaqachon yig‘layotgan qalbim ovundi.
Jamoatchi o‘qituvchi o‘sha odam-yey,
Titrab turgan vujudimni yanchdi, sovurdi:
Shoshilgancha boshlab ketdi birkam safni u,
Bayramona xitob aylab: “Olg‘a, do‘stlarim!”
Bir chekkada qanday qoldim, qandog‘am qoldim…
Unutdimi u borim yo yo‘qligim manim…
O‘sha kuni hovlimizning orti – bog‘dagi
Eng burchakka bu dunyodan yashirdim o‘zni,
O‘sha kuni yig‘lolmadim, bo‘zlagim keldi,
Topolmadim yuragimda tosh qotgan so‘zni.
Uzoq yillar o‘sha kunga ko‘p qaytdim ko‘rib
Kun-kun ora onam tikkan yirtiq-yamoqni,
Odat qildim to‘rtta odam yig‘ilgan joyda
Beixtiyor ust-boshimga qarab olmoqni.
Uzoq yillar… toki otam ikki odamning
Ishin qilib bizga topib kelgan tansiq non,
Toki onam oyog‘ida beshik tebratib
Qo‘lda bizga tikib bergan ul quroq chopon,
Toki onam qish qorlarin maxsichan kechib,
Har kun yuvib kiydirgan u bir ko‘ylak, ishton,
Toki otam ajal tutib qon tuflatguncha
Bag‘rin o‘tgan berib bizga tishlab kelgan non
Hayot kabi eng mo‘tabar, pokiza, aziz
Ekanini anglaguncha… uzoq yillar, oh…
Bolalikdan, odamlardan qochib yashadim,
Ta’qib qilar edi meni go‘yo har nigoh…

Uzoq yillar, hamon o‘sha-o‘sha xonadon.
Yillar, bilmam, yoshimizga qo‘shdimi, oldi?..
O‘smirligim xotiri uy pinjilarida
Ma’yus do‘ppi tikayotgan qiz bo‘lib qoldi.

DЕYDILAR

Deydilar: Tilingga olma iqrorni,
Muhabbat qiynoqda qadrli bo‘lar.
Dunyoda shunaqa sevgi ham bormi,
Eh, sizni bilmaydi, bilmaydi ular!

Deydilar: Muhabbat sehrli sukut,
Tuganmas harorat, moviy tuyg‘ular…
Ko‘zimga o‘t bo‘lib ko‘rinasiz, o‘t,
Eh, sizni bilmaydi, bilmaydi ular!

Deydilar: Ko‘z yumsang nurafshon tunlar,
Tushingda sevganing ko‘zlari kular…
Sevgisiz kunlarda qoldi uyqular,
Eh, sizni bilmaydi, bilmaydi ular!

Deydilar: Saharlar orzular qil jim,
Eng qutlug‘ nasiba tongda tug‘ilar…
Sizning darvozangiz kunchiqar ufqim,
Eh, sizni bilmaydi, bilmaydi ular.

TAQDIRDOSHIM
Dunyodagi eng nozik gulim,
Kitoblarda e’zozli gulim,
Uyqusi ham pardozli gulim,
Hamma o‘qqa nishon emassan.

Topib, tashib ro‘zg‘or oshini,
Jonga yuklab Sabr toshini,
G‘amga mahr berib boshingni,
Hamma o‘qqa nishon emassan.

Agar bir kun dam olar bo‘lsang,
Farzand, erni bosar tashvish, chang,
Yuzlaringga qachon kirar rang?
Hamma o‘qqa nishon emassan.

Shom, tong aro chumoli tinar,
Kun, tun seni birdayin sinar,
Bag‘rimda so‘z o‘t bo‘lib yonar,
Hamma o‘qqa nishon emassan!

Xonadonning quyoshi – mehring,
Ko‘ngillarning non, oshi mehring,
Oh, bo‘lmasin kundoshing mehring,
Hamma o‘qqa nishon emassan.

Sen ayolsan, poyingda jannat,
Sensiz uyda na orom, na baxt,
Ona, beka, egachi… faqat
Hamma o‘qqa nishon emassan.

SЕVGI

Ko‘ngil uchun, armon uchun, bezak uchun sevmadim,
Yo shunchaki tanholikda ermak uchun sevmadim.

Qay kun senga sho‘h nazarim tushdi, yo‘qdir xabarim,
Shoirona o‘n sakkiz yosh yurak chun sevmadim.

So‘zlarimga izlamadim sayqal bahor rangidan,
Ko‘p tinglagan afsonaviy ertak uchun sevmadim.

Do‘stu yorsiz umrim yarim, shodliklarim besamar,
Deb bu yo‘lda kimdir birov kerak uchun sevmadim.

Dunyo ishqiy kitoblarini o‘qib chiqdim nechasin,
Undan ibrat olib yoki o‘rnak uchun sevmadim.

Qalbda quyosh bo‘lib balqding, o‘zga tashbeh na hojat?!
Quyoshimsan, boshqalarga bermak uchun sevmadim.

***

Qayda kunlar murodi?
Yonib o‘chmoqda shamlar.
Bizlar – ko‘z ochib yurib
Tush ko‘rguvchi odamlar.

Muruvvatli tonglarga
Kirib kelaman behush,
Sizni izlab topganim
Kimlarga – chin, menga – tush.

Nigohlarning ta’biri
Har gal dilda qoladi,
Tushlarimning davomi
Shovqin yo‘lda qoladi…

Yostiqlarning bag‘rida
O‘chib yonmoqda shamlar…
Biz – tushlarda qalbini
Dadil ochgan odamlar.

Tonmoq uchun kunduzi –
Tushda aytgan so‘zimdan
Ko‘zlarimni yumaman,
Sahargacha o‘zimman.

SURATGA SAVOL

Baxtlimisiz, mehri butun do‘st,
Qiyinmasmi tinglash, gaplashish?
Ko‘chalarning tilsizligi baxt,
Uyga kirmoq emasmi tashvish?
Orolamay, shibbalamasdan
Aytamizmi dil so‘zin tikka?
Sal chapani gaplaringizni
Yo‘ymasmilar devonalikka?
Tushlaringiz o‘tmishdanmasmi,
“Nima ko‘rdim dunyoga kelib?”
Menga aziz tashriflaringiz
Qadrlimi hamon, ishqilib?

TUSH

Ortingizdan yetmas ovozim,
Talpinaman, ulgurolmayman.
Shamoldagi gulko‘chat kabi
Yulqinaman, yugurolmayman.
Derazamdan bemajol chiqqan
Nasimdan oy nedir so‘raydi.
Muzdek terga botib vujudi
Atirgullar bosinqiraydi.

NABIRAMGA

Bolajon,
Bog‘larga, deysanmi,
Mayli, bog‘larga,
Kun mayin nur sepgan chog‘larga…
Lekin eng birinchi
(Qavarib ketsa ham oyoqchalaring,
Qonasa ham ipak barmoqchalaring)
Tog‘larga chiqamiz,
Tog‘larga!
Tog‘lardan yo‘llar ko‘p bog‘larga.

85

(Tashriflar: umumiy 38, bugungi 3)

Izoh qoldiring