Rajab Xolbek. Ikki esse-xotira: Men qanday aldayin endi o’zimni…& O’tar dunyo

047Маҳмуд Абулфайз ва Шафоат Раҳматулло Термизий.Улар Сурхон воҳасида яшаб ижод этганлари билан, нафақат Сурхон воҳасида балки Республика миқёсида ҳам таниқли ва довруқли эдилар.Журналист ва шоирнинг битиклари Республика миқёсидаги таниқли ижодкорларнинг битиклари билан беллашадиган имкониятга эга эди.Ҳар иккала ижодкорнинг ҳам охиратлари обод бўлсин.

Ражаб ХОЛБЕК
ИККИ ЭССЕ


МЕН ҚАНДАЙ АЛДАЙИН ЭНДИ ЎЗИМНИ…

1

Нима ҳам дердим…
Яшаш осон бўлмади.
Яшаш муайян курашлардан иборат бўлди.
Мен зиёга талпиндим, лекин ўз оғирлигимга ботавердим.
Оғирлигим эса, киноларда кўрганим ботқоқдай гап эди.
Ҳамма ўз ташвиши билан овора бўлганда, сенга ёрдам учун қўл чўзадиган одамнинг ўзи бўлмайди.
Бундай одамни қидириб ҳам топиш қийин.
Шунда, ёнимга келиб қолган Маҳмуд Абулфайз: -Шоир, ботқоққа ботиб қолибсиз.Мен сизга ёрдамлашаман, лекин кетаётган йўлингизни унутинг.
Бу йўл сизни қутлуғ томонга бошлаб боролмайди. Шундай эканлигини ўзингиз ҳам англаб турган бўлсангиз керак.Ё сизда бошқача фикрлар ҳам борми? Мен фақат сизни қийналиб, хор-зор бўлиб юришингизни истамасдим-деди.
Мен анграйдим…
Кўзларим нуқта терди.
Кўзларим ёшланган бўлса ҳам ажабмас.(Ҳозир яхши эслолмайман.)
Маҳмуд Абулфайз менга ёрдам қўлини чўзди.
Мен ботқоқдан чиқиб олгандай бўлдим.
Қанчалик қийинчиликлар бўлмасин, мен Маҳмуд Абулфайз кўрсатган йўлдан кетишга шайландим.
Бу йўллар ёруғ эди.
Бу йўллар қоронғу эди.
Бу йўллар ғамгин ва шодумон эди.
Бу йўлларга тунлари ой нурлари тушиб турарди.

2

Иқтидор ҳаммада ҳам бўлади.
Кимдир уни кўрсата олади, кимдир кўрсатолмайди.
Бунда энди ортиқча гапнинг кераги йўқ.
Қисқа қилиб ҳаммаси меҳнатга боғлиқ дейиш мумкин.
091Маҳмуд Абулфайз эса, Худо берган иқтидор билан бирга меҳнаткаш ҳам бўлди.Меҳнаткашлик тўғрисида ўйларканман, Абдулла Қаҳорнинг:-Мен каби меҳнат қилганда маймун ҳам ёзувчи бўлиб кетарди,-деган ибораси ёдимга тушиб кетаверади.
Журналистлик касби эса, кўпроқ меҳнат талаб қилишини бугун кўпчилик билади.Мен ҳам ўн-ўн икки йиллар журналист сифатида фаолият кўрсатдим. Номдор журналистлар беписандлик билан қаршилик кўрсатганда ҳам,”Янги аср” радиосини ташкил қилишга ва оёқланишига баҳоли-қудрат ўз ҳиссамни қўшдим.Мен буни нима учун айтаяпман.Ўша кезларда ҳам мени Маҳмуд Абулфайз руҳан қўллаб-қувватлаганди. Тажрибали журналист сифатида йўл-йўриқлар кўрсатар, англамаганларимни англатишга уринарди.
Шунда:-Сендан икки дунёда ҳам журналист чиқмайди,- деганлар хато қилди.Мен ўз олдимдаги вазифамни шараф билан адо этдим.
Бунга вақтнинг ўзи гувоҳлик бериб турибди.

3

Бир собиқ раҳбар менга: -Биламан,Маҳмуд Абулфайз сизнинг устозингиз.Кечирасиз-у, мен бу одамни шунчалик ёмон кўраманки,агар қўйиб берса, унинг бурнини остидаги мўйлабларини битталаб юлгим келади,-деганди.
Албатта, бўйсунувчанлик ёмон.
Бировга қарамлик ёмон.
Бировга қарши гапириш учун ҳам кишида журъат бўлиши керак.
Менда ўшанда журъат бўлмаган.
Мен собиқ раҳбарга қарши ўша вақтда бирор нарса дея олмаганман.Ҳатто, Маҳмуд Абулфайз сизга нима ёмонлик қилганки, сиз ундан бунчалик нафратланасиз ҳам дея олмаганман.
Лекин бу гапни Маҳмуд Абулфайзга етказишдан ҳам истиҳола қилганман.Чунки, Маҳмуд Абулфайз газетага ҳақиқатни ёзишдан бошқа, бировга ёмонлик қилмаслигини яхши билардим.Фалакнинг гардишини қарангки, ўша раҳбар кўп йиллардан сўнг, ўзи Маҳмуд Абулфайздан ёрдам сўрашга ботиниб, қўнғироқ қилганини эшитганман.Маҳмуд Абулфайз унга ёрдам кўрсатдими ёки йўқми, бу томони менга қоронғу.Лекин одамларнинг жойи келганда буқаламун бўлишига кўп бор дуч келдим.

4

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Маҳмуд Абулфайзнинг бир ҳикоясига ёзган сўзбошисида уни “донишманд” деб атаганди.
Биз шогирдлар унинг атрофида жипслашган эдик десам муболаға бўлмайди.Ҳар қандай ёруғликнинг бир шуъласи бўлади.Шу шуъла
ёруғликка ташна кўзларни ўзига тортиб, ўзига жалб қилиб туради.
Маҳмуд Абулфайз ижодга ташна кўзларда шундай шуъла эди.
Чин, у ҳеч кимдан омонлик кутмади.
Ҳеч кимдан яхшилик ҳам кутмади.
Ачиқроқ бўлса-да, айтиш керакки, баъзан яхшилик қилиб ҳам ёмонлик топган пайтлари бўлди.
Шундай пайтларда ҳам, ўша одамларни ёзғириб ўтирмади.
Ҳаммаси яратганга аён. Ҳаммаси ўткинчи деб қўярди.
У ҳақни севди.Умрининг сўнгигача ҳақпараст бўлиб ўтди.

5

Маҳмуд Абулфайз дарахт экишни хуш кўрарди.
Боғ яратишни хуш кўрарди.
Термиз шаҳридаги каталакдек ҳовлисида ҳам, дарахтларнинг кўплаб турини учратиш мумкин эди.
Табобат билан ошно эди.
Кўплаб касалликларга халқ табобатининг афзал даволарини тўплаб юрар, кези келганда бошқаларга ҳам уларни тавсия қилиб туришдан эринмасди.
Туғилган юртидаги ҳовлисида ҳам ҳар баҳор бориб, дарахт экиб келишни канда қилмас,бу борада гап кетиб қолса,ўзини айрича ҳис этар,бу борада ва кейинги режалар тўғрисида узоқ гурунг беришдан зерикмасди.

6

Сиз ижод қилишга лойиқсиз…
Сиз ижод қилишга мажбурсиз.Бу майдонга кирмоқ бор-у, чиқмоқ йўқдир,-дерди Маҳмуд Абулфайз менга.
Мен буни ўша вақтларда бир рағбатлантириш-да, деб ҳисоблаган бўлсам-да,кейинчалик, айниқса, шу кунлара буни чуқур ҳис қилаяпман.Бу гапларнинг тагига етгандай бўлаяпман.
Вақт ҳамма нарсани кўрсатади деган гапга ҳам ишониб бораяпман.
Боиси, мен ҳозир нафақадаман.Мени кўриб қолган таниш-билишлар:-Уйда ўтиравериш ҳам зерикарли бўлса керак,-деб кўнгил билдиришган бўлишади.
Менда эса, аксинча…
Зерикишга вақтим ҳам бўлмайди.
Аксарият вақтда,мўлжаллаган ишларимни амалга оширишга ҳам вақт етмай туради.
Шунда мен Маҳмуд Абулфайз тўғрисида “донишманд” сўзи бекорга айтилмаганининг гувоҳи бўлгандай бўламан.
Маҳмуд Абулфайзнинг дунёни кўра билганига ишонавераман.
Ижод столига ўтирдим дегунча, хаёлларим узоқ-яқинга тортқилайверади.Хаёлларим парвозга шайланаверади.
Шундай пайтларда Саид Аҳмад домланинг:-Мен ёзишга ўтирганимда сюжет излаб кўпам овора бўлавермайман.Чунки мен ёзмоқчи бўлган нарсаларимни ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман.Кўрган-билган нарсаларимни ёзишда менга ҳеч бир нарса тихирлик қилмайди,-деб айтган сўзлари ёдимга тушаверади.
Маҳмуд Абулфайзда ҳам худди шундай ҳолат бор эди.
Ёзув машинкасиқаршисига ўтириб, нималар тўғрисида ёзсам экан деган фикрда хаёл суриб ўтирмасди.Ёзув машинкасига ўтирди дегунча, тез ва равон ёзаверарди.Баъзида биз ёнида ўтириб ҳам, қисқа вақт оралиғида бир ажойиб мақола тайёрлаб қўйганини ҳам сезмай қолардик.

7

Маҳмуд Абулфайз нафақат мени, балки кўплаб ижодкорларни ҳамиша руҳан рағбатлантириб турарди..
Маҳмуд Абулфайз рағбати билан кўплаб шеърларим дунёга келганлигини қайд этмасам хатолик бўлади.У бугун ва эртанинг, Фонийлик ва Боқийлик ўртасида яшарди.Лекин Маҳмуд Абулфайз қанчалик иродали, қанчалик қатъий бўлмасин, ўзи ҳаётда хокисор одам эди.
Ёзганларида киноя, ташбеҳлар барқ уриб турса-да,буни ёзиш услуби деб баҳоласа бўлади.Балким ўша енгил киноя ва ташбеҳлар унинг ёзганларини анчайин ўқимишли бўлишига сабаб бўлган бўлса ҳам ажабмас.У ўша саксончи йиллардан умрининг охиригача вилоятда биринчи рақамли журналист бўлиб келди десам муболаға бўлмас.Кўплаб нуфузли танловларда ғолибликни қўлга киритди.
Бу борада менга ва бошқа шогирдларига ҳам чорловлари кўп бўлган.Лекин мен танловларда фаол иштирок этадиган қурбга эга эмасдим.Юқорида айтиб ўтилгандек, мендан икки дунёда ҳам журналист чиқмади.

8

-Шоир, қалбингизни асранг,-дерди Маҳмуд Абулфайз.
Мен кўп нарсалар қалбимни синдиролмаслигини таъкидлаб турсам-да,бу лекин мен тўқиган ёлғон эди.
Қалбим жуда нафис эди…
Қалбим жуда қаттол эди.
Баъзида зиғирдай таъсирдан эзилсам, баъзида анча-мунча гаплар парвойимга ҳам келмасди.
Чин,баъзан устознинг қалтис ҳазиллларидан ҳам кўнглим нам тортиб, оғриниб қолгандек бўларди.
Лекин буни ҳеч кимга сездирмасдим.
Менинг шоир кўнглим жуда нозик эди.
Бегоналардан оғринсам,иккинчи марта унинг юзига ҳам қарамасдим.
Бу тўғримиди ё нотўғримиди, буни-да, билмадим.Билолмадим.
Ҳар ҳолда қандайдир, кечиримли эмасдим.
Лекин Маҳмуд Абулфайзнинг анча-мунча қалтис ҳазиллари-да, киноя тарзида айтилган сўзлари-да, мени бундай ҳолга олиб келолмасди.
Эсимда, бир гурунгда ҳазил-мутойиба билан менинг ижодимни Нобел мукофоти билан сийлаб қўйишди.
Ўша гурунгда Маҳмуд Абулфайз ташаббускор бўлди.
Гурунгда менинг ёзганларимда йўқ хислатлар юзага қалқиб чиқди.
Мендан зўр шоир бўлмади.
Мендан зўр ёзувчи бўлмади.
Хайриятки, журналист сифатида ёзган мақолаларим тилга олинмади.
Мен хижолатдан қизардим.
Қорачадан келганим ёрдам бериб, қизарганимни гурунгбозлар сезишмади.
Шу кечаси уйга бориб,бўлиб ўтган гурунг тўғрисида бир шеър қораладим.
Қоралаган шеъримни устознинг кенжа шогирдларидан -Сирожиддин Иброҳим ўқиб қолди.
Ўқиди-ю,ҳеч нарса демасдан бир жимирайиб қўйди.
Анча вақт ўтгандан кейин, яна бир гурунгда Сирожиддин устозга:-Шоирга кўп ҳам ҳазил қилаверманг,Нобел мукофоти тўғрисидаги ҳазилларингиз аллақачон шеърга тушган. Яна шоирнинг шеърига тушиб қолманг,-деди кулиб.
Маҳмуд Абулфайз мен ёзган шеърдан хабардор бўлмаса-да, менга қараб кулиб қўйди.Маҳмуд Абулфайз мени қандай рағбатлантиришни, менга қандай туртки беришни яхши биларди десам, хато кетмаган бўламан.

9

Таниқли журналист Соатмурод Жўрақуловнинг саксон ёшлик юбилейига менга ҳам таклифнома беришди.
Юбилейдан икки кун олдин Маҳмуд Абулфайз билан учрашиб қолганимизда:-Шоир, менимча, Соатмурод бобонинг юбилейига энг катта тўёнани сиз олиб борсангиз керак.Менинг туйғуларим шундай деяпти.Чин, менга шундай туйилаяпти.
Энди бизлар сизнинг олдингизда анчайин ғариб-у, ғубаромиз.Бориб, дастурхонга қўйилган ноз-неъматлардан тановул қилиб қайтсак ҳам катта гап.Сиз энди анча бақувватсиз.Бобога маъқул келадиган бирор тўёна қилинг.Одамларнинг тилидан анча вақтгача тушмай қолсин.Ҳатто Шафоат Раҳматилло Термизий, Болта Ёриевлар ҳам хижолат бўлиб қолсин,-деди.
Ниҳоят, тўёна тўғрисидаги ҳазиллар менга ҳам етиб бориб, Соатмурод Жўрақулов юбилейидан олдин “Ошноларимга”
деб аталган бир шеър қораладим.
Маҳмуд Абулфайз таъкидлагандек белим бақувват бўлди.
Минг афсуски, тўй туш маҳали чақирилган бўлди.
Менинг вақтим белгиланган бўлди.
Вақтга бефарқ бўлолмадим.Менга навбат етгунча, тўйхонадан кетишга мажбур бўлдим.Саксон ёшли кекса журналист Соатмурод Жўрақуловга менинг тўёнам топширилмайин қолди.
Эртаси куни Маҳмуд Абулфайзга тўёнани топширолмаганимни айтиб, шеърни ўқиб бердим.Маҳмуд Абулфайз шеърни қўлимдан олиб, ўзи ўқиб чиқди.
Бир зум ўйланиб туриб:-Шундай тўёнани эгасига топширмайин хато қилибсиз.Саксон ёшли Соатмурод бобо сизга ошно тутиниб-ди-ю, бошқа ишни йиғиштириб, тўёнани топшириб қайтмайсизми?-деб, койиган бўлди.
Мен,-Соатмурод ака келиб қолса, бериб қўйсангиз,-деб шеърни Маҳмуд акага бериб қайтдим.
Шеър эгасига бориб тегдими, йўқми, кейин суриштирмадим.

10

“Сурхон ёшлари” газетасининг бош муҳаррири Исроил Шомиров яхши шоир, яхши дўст, камсуқум одам.
У билан Маҳмуд Абулфайз хизмат қилаётган хонада кўп гурунглашиб ўтирган бўлсак-да, Шомиров тўғрисида ҳеч нарса билмасдим.
Яна бир кун гурунглашиб ўтириб, Шомиров иши борлигини айтиб, хонадан чиқиб кетди.
Мен дабдурустдан Маҳмуд Абулфайздан Шомиров неча ёшларда эканлигини сўрадим.Маҳмуд ака ҳеч нарса тушунмагандай менга узоқ тикилиб турди.Сўнг, кулиб-кулиб:-Шомиров жаноблари неча ёшда эканлигини билмадим-у,лекин сиз билан мендан ёши ан-н-ча катта,-деди.Ҳа-ҳа, ишонаверинг.Жаноблари ўзи шундай ёш кўринади.Тоғда туғилиб ўсган.Суяги пишиқ ва бақувват.
Мен ишонқирамай, Маҳмуд Абулфайзга қарадим.
Менинг ҳолатимни сезиб турган эканми, Маҳмуд Абулфайз:-Мана сиз олтмишни қораладингиз, мен олтмишдан ўтиб кетдим.Сизнинг ва менинг бошимда оқ сочлар билан бирга биров-ярим қоралари ҳам кўриниб турибди.Шомиров жанобларининг бошида бирорта ҳам қора соч қолган эмас.Ҳамма сочлари фариштадай оппоқ.Демак,Шомиров деганлари сиз билан мендан ёши каттароқ бўлса керак.
-Жуда муболаға қиласиз-да, гап сочда эмас.Соч деганлари бировда эрта оқаради, бировда кечроқ, кимдадир умуман оқармаслиги ҳам мумкин,-дедим мен.
-Йўқ,муболаға қилаётганим йўқ.Сиз менинг гапимга киринг ва ишонинг-да,ёшини суриштирмайин кўрганда, ака деяверинг.Ука деб мурожаат қилсангиз,ким билсин, кўнгил-да, хафа бўлса ҳам ажабмас.
Жаноблари журналист.Лекин шоирликлари ҳам бор.
Ўзингиз ҳам шоирсиз.Шоир зоти бироз инжиқ, бироз нозик таъб келади,-деди кулиб.
Мен бош қашлаган бўлдим…
Мен ер сингалдаган бўлдим.
Гапимиз қовушмаганини сезиб турсам-да,Маҳмуд Абулфайзга бошқа ҳеч нарса демадим.
Маҳмуд Абулфайз мендан узр сўради-да, газетанинг навбатдаги сонини таҳрир қилишга уриниб кетди.

11

Назаримда, Маҳмуд Абулфайздан тирикликнинг таъми келиб турарди.Боиси, ҳар бир айтган сўзида яшаш учун даъват,ўз қурбини чамалаш,ўзига ишонч туйғулари балқиб турарди.
Бу ҳолатни кимлардир сезмаган ҳам бўлиши мумкин.Лекин бу ҳолатга мен кўп бора дуч келганман.
Балки Маҳмуд Абулфайзнинг донишмандлиги ҳам шундадир.
Маҳмуд Абулфайзнинг хизмат хонаси доимо гавжум эди.
Унинг хонасида ёши катталардан тортиб,эндигина матбуот билан ошно бўлганларгача йиғилиб турарди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, “Сурхон тонги” газетасининг бошқа хоналарида бундай гавжумликни камдан-кам учратиш мумкин бўларди.Маҳмуд Абулфайз каттами-кичикми, эндигина бошловчи ижодкорми ҳаммасининг кўнглини қолдирмайдиган қилиб, жавоб айтишини ҳисобга олганда, бу одамда нақадар кенглик ва туганмас қурб борлигини инкор этиб бўлмайди.
Мен-да, шу сатрларни қоралар эканман, беихтиёр ўйга толаман:
-Маҳмуд Абулфайз ким эди? Журналистми, шоирми ёки ёзувчими?
Жавоб тайёр.У оламшумул довруқ солмаган бўлса-да, беш-ўн кишини ўзининг ортидан эргаштира оладиган оддий инсон эди.

12

Эссэни қоралаш учун, мўлжалдан ортиқроқ вақт кетди.
Гап ҳафсаласизлик ёки тайёргарсизликда эмас.
Гап Маҳмуд Абулфайз тўғрисида чин гапни айтишда бўлди.
Боиси, устоз мақолалардаги жимжимадорлик ёки беўхшовликни кўриб қолса, келиб қолган жойида ўқишни тўхтатиб, ўйланиб турарди.Бу ҳақда ёнида ўтирганларга бирор демаса-да, унинг ҳолатидан кўп нарса сезиш мумкин бўларди.
Бугун Маҳмуд Абулфайз орамизда йўқ.
Лекин унинг руҳи биз билан бирга кезиб юрганини ҳис этиб тураман.
Ҳаётнинг бешафқат ҳукми мавжуд.
Бу ҳукмдан ҳеч ким қочиб қутулолмайди.
Фақат, ёшини яшаб улгурмаганларга нисбатан ўзимда қандайдир ачиниш ҳисларини сезаман.
Лекин менинг ачинишим қаёққа борарди.
Зеро яратгандандан бошқага ачиниш,раҳмдиллик асло хос эмас.

ЎТАР ДУНЁ

1.Ўтар дунё,ўтди дўсти ғайир ўтди.
Ўтаётган дунёга боқдим.Рости, кўнглим-да, шувиллаб кетди.
Хаёлларим-да, зувиллаб кетди.Нима кўрдим, нима кўрмадим, бу ёғи ўзимга маълум.Шоир бўлсам-да, кўрганларимни сўзда ифодалай олмадим.Тилимда сўз танқис бўлди.Тилимга сўз ғаним бўлди.
Кўзларимга ёш келди десам ишонманг.
Юрагим-да, тош бўлди десам ишонманг.
Руҳим-да, ғалат бўлди.Руҳимда баҳор бўлди.Баҳор гуллари очилиб турди.Бир Эзгулик йўлларидан сўзлаб-сўзлаб тургандек бўлди.
Табиийки, мен шеър изладим.Кўнглимга яқин келадиган шеърий мисралар изладим.Бундай мисраларни дарёдил қалблар айтди.
Кўнгли ҳақир ва нолон бир шоир айтди.
09Мен шоирни изладим.Шафоат Раҳматулло Термизий деган шоирни изладим.Дунёнинг энг камтар, энг содда, Жануб тупроғида жону-тан бўлган шоирини изладим. Кўнглим ғариб бўлди.Кўнглим бечора бўлди.
Изладим… изладим… Тириклар орасидан шоирни топмадим.Тополмадим.Кўнглим алланечук ўртангандек бўлди.
Кўзларим мўлтираб-мўлтираб атрофга боқди.
Ўтар дунё экан…
Дийдор қиёматга қолди…
Ҳаммамиз ҳам, бу ўтар дунёда ўтаримизни биламиз.
Лекин тирик руҳда ташналик бўларкан.
Тирик руҳда ошнолик бўларкан
Тирик руҳда омонлик бўларкан.
Тирик руҳда рўшнолик-да, бўларкан.
Рўшнолик-тирик кимса, ҳеч бўлмаса,бошқалар тўғрисида ўтар гапини айта оларкан.
(Дунёдан ўтганларга бундай имконият йўқ.)
Менинг назаримда тупроқ туғ кўтаради.Туғки, бир уюм тупроқ бўлади.Бу туғдан ўтган одамнинг кимлигини билиб бўлмайди.
Шу сабаб, тупроқ-хомуш,қабрлар хомуш бўлади.Бағрида бир сукутни, бир жимликни аллалаб туради.Тупроқ мозий бўлади.
Тупроқ осий бўлади.Ўтганларни тупроқ яширади.

2.Ҳар ўтарнинг хос қисмати, кўрари бор.
Шоир ўтди.Бу дунёдан шоир ўтди.Ватан деган, элим деган кабир ўтди.Шафоатдек бахши овоз, Жанубга хос,айтмишга мос, ўз элига доир ўтди.Кўнгил шеърга талпинади.
Қанча ўқисанг-да,зерикмайсан.Руҳидан-руҳ олаверасан.Қайта-қайта дунёга келгандек бўлаверасан.Эзгулик сари бораверасан.
Унинг ҳар бир сатри халқчил.Ҳар бир сатрида тириклик ифори уфуриб тургандек бўлаверади.
Нималардир демоқчи бўламан.Бўғзимга аллақандай жимлик тиқилгандек бўлади.Дилимда борини айтолмайман.Мўлтирайман.
Оқ қоғоз қоғозлигича қолаверади.Фикрларим чарх ураётган бўлса-да, оқ қоғозда бирор нарса қоралай олмайман.Дилимда борини қоғозга туширолмайман.

3.Сўрари бор:- фалончидан нима қолди?
Ўтганлар ўтиб кетаверади.Ўтган одамдан нима қолди,- деган тириклар сўрови бор.Шоирдан нима қолади.Шоирдан шеър қолади.
Мен ушбу эссени бошқачароқ тарзда ҳам ёзишим мумкин эди.
Лекин шоир шеърларидан юз ўгириб кетолмадим.Шоир шеърларидан кечолмадим.Чин, ўзбекнинг Шафоат Раҳматулло Термизийга ўхшаган қанчалаб шоирлари бор.Лекин шу шоирлар орасида Шафоат аканинг ўз ўрни бор десам янглишмаган бўламан.
Юқорида айтиб ўтганимиздек унинг камтарлиги ўзи бир дунё эди.
Эсимда бор.Шафоат Раҳматулло Термизийнинг олтмиш йиллигида иштирок этган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим:-Мен ҳозиргача Шафоат Раҳматулло Термизийга,-Шафоат,-деб мурожаат қилиб келганман.Ҳолбуки, Шафоат Раҳматулло Термизий мендан ўн ёшлар катта эканлигини мана шу даврада иштирок этиб, билиб турибман.Камтарлик ва камсуқумликни қарангки, у бирор марта мендан ҳурмат талаб бўлиб, ўз ёшига ишора берган эмас,-деган эди.

4.Нима қолди?-Бойларингми, бойинг қани?
Шафоат Раҳматулло Термизий бойлардан бойроқ эди.Ўзи билан Боқий дунёга олиб кетадиган дунёси бўлмаса-да, ўзидан сўнг қолдирадиган дунёси бор эди.Ҳолбуки бу дунё ҳам, бошқаларга юк бўладиган даражада эмас, балки тўрт-беш китобдан иборат бўлди.Чин, ҳали нашр этилишга улгурилмаган шоирнинг бойликлари кўп бўлиши мумкин.Лекин бу қоронғуликка тикилган кўзнинг қўшиқларидай бир гап.Вақт-энг улуғ ҳакам.Қачонлардир унинг чоп этилмайин қолган битиклар ўз ўқувчиларини топса ажабмас.

5.Қани деса,юртим шу деб суялсанг-а.
Шоирда ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин.Лекин унинг юрагида Ватан деган сўзи бордир.Шоирдан ҳамма нарсани тортиб олиш мумкин, лекин Ватан деган сўзни, элим деган сўзни,эрк деган сўзни ҳеч кимса тортиб ололмайди.Шоирнинг тилига сўз келади.Шоирнинг дилига соғинч киради.Худди шу соғинч-шоир тилида сўз бўлиб жаранглайди.Бу Сўзни ундан ҳеч кимса тортиб ололмайди.У шу сўз орқали тарих зарварақларига кириб бораверади.Агар шундай бўлмаганда,Усмон Носир, Пабло Неруда, Федирико Гарсиа Лорка, Мусо Жалил каби овозлар бизгача етиб келолмасди.

6.Шоир ўтди, кунлари йўқ, шомлари йўқ.
Бугун шоир кетган дунёнинг эшиги ҳам, туйнуги ҳам йўқ.
Демак, унда тонг ҳам, кун ҳам шом ҳам йўқ.
Инчинун, тўрт фасл ҳам бундан мустасно эмас.
Бугун шоирнинг макони тор ва қоронғу.Унда биз тилимизда зикр этган абадият бор.Унда сукут бор.Унда жимлик бор.Яшаётган тириклар эса, ўз кунларини кўраверадилар.Шоирдан қолган шеърлар кимнидир Руҳият боғларига чорлаб туради.Кимнидир қулоқларида Эзгуликдан қўшиқлар айтади.Эзгуликдан сирлар айтади.
Шоирнинг ишқдан бўлак ғами йўқ, ишқдан бўлак ками йўқ.
Шоир қўлига қалам олгандан буён ишқни куйлади, ишқни тараннум этди.Бу ишқ қачонлардир соғинчга айланди.Бу ишқ биз ўрганиб қолганимиздек, бир кўнгилнинг иккинчи кўнгилга эмас, балки унинг қутб кенгликлари заррадан коинотга қадар юксалиб бораверди.
Шоирнинг сўздан бўлак шони йўқ, сўздан бўлак жони йўқ.
Унинг айтмиши сўз, яшамоғи сўз бўлди.
Унинг бошқаларга ўхшамаган бир дарди бўлди.Бу дард- эл дарди бўлди.

7.Йўқ-йўқ, йўқлик Шафоатга доир ўтди.
Қўлимда “Китоб дунёси” газетасининг “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган сони турибди.Газета саҳифасида 46 нафар ўзбек шоирларининг ижодидан намуналар берилган.
Ўқиб кўрсангиз ҳар бир шоир бир дунё.Бу шоирларнинг ижод бўстонида бир-биридан қолишадиган томонларини кўрмайсиз.
Лекин Шафоат Раҳматулло Термизийнинг ўзи билан шахсан таниш бўлганим учунми,унинг шеърини қайта-қайта ўқидим.Шеър баҳонасида Шафоат Раҳматулло Термизийни қайта кашф этгандек бўлдим.Яхши биласиз, таниқли одамлар тўғрисида турли гап-сўзлар юради.Бундай пайтларда одамларнинг гап-сўзлари фикрингизга қалқиб келаверади.Шафоат ака тўғрисида ёмон гаплар хотирамизга сингишмаган бўлса-да,бошқа ижодкорларни тан олиш, бошқа ижодкорлар ижодига бефарқ бўлмаслик шоирга хос хислат эди.У қанчалаб шеърларни ёддан айта олса-да, жойи келганда,камтарликни йўлга қўйиб, ёдимда қолгани шу деб изоҳларди.
Нима ҳам дер эдик.Ўтар дунё экан…
Кимдир ғофил ўтди.Кимдир олчоқ ўтди.Кимдир уддабурро ўтди.
Шафоат Раҳматулло Термизий уддабурро бўлмади.Олчоқ-да, бўлмади.Шундоқ улкан шоирнинг ўктам овози қадимий Жайҳун қирғоқларидан йироқ кетолмади.Севимли шоиримиз Абдулло Орипов ўзига нисбатан айтганидек, икки дарё оралиғида овози қолиб кетди.Ҳолбуки, ундаги овоз салоҳияти жаҳонга йўл олишга қодир эди.
Биродарлар, Шафоат Раҳматулло Термизийдек шоир ўтди.
Ўз сўзига, ўз созига доир ўтди.
Қайси бир маънода йўқликларга қайир ўтди.

Муаллиф ҳақида:   Ражаб Холбек (Мамаражаб Холов)- 1956 йил 10 март куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг гидромелорация факультетини тугатган. Қишлоқ хўжилигининг турли соҳаларида, вилоят телерадиокомпанияси радиоэшиттиришлар бўлимида ишлаган. Айни вақтда ЎзЛиДеПнинг Термиз туман Кенгаши аппарат раҳбари вазифасида ишламоқда.

Mahmud Abulfayz va Shafoat Rahmatullo Termiziy.Ular Surxon vohasida yashab ijod etganlari bilan, nafaqat Surxon vohasida balki Respublika miqyosida ham taniqli va dovruqli edilar.Jurnalist va shoirning bitiklari Respublika miqyosidagi taniqli ijodkorlarning bitiklari bilan bellashadigan imkoniyatga ega edi.Har ikkala ijodkorning ham oxiratlari obod bo’lsin.

Rajab XOLBEK
IKKI ESSE


MEN QANDAY ALDAYIN ENDI O’ZIMNI…

1

Nima ham derdim…
Yashash oson bo’lmadi.
Yashash muayyan kurashlardan iborat bo’ldi.
Men ziyoga talpindim, lekin o’z og’irligimga botaverdim.
Og’irligim esa, kinolarda ko’rganim botqoqday gap edi.
Hamma o’z tashvishi bilan ovora bo’lganda, senga yordam uchun qo’l cho’zadigan odamning o’zi bo’lmaydi.
Bunday odamni qidirib ham topish qiyin.
Shunda, yonimga kelib qolgan Mahmud Abulfayz: -Shoir, botqoqqa botib qolibsiz.Men sizga yordamlashaman, lekin ketayotgan yo’lingizni unuting.
Bu yo’l sizni qutlug’ tomonga boshlab borolmaydi. Shunday ekanligini o’zingiz ham anglab turgan bo’lsangiz kerak.Yo sizda boshqacha fikrlar ham bormi? Men faqat sizni qiynalib, xor-zor bo’lib yurishingizni istamasdim-dedi.
Men angraydim…
Ko’zlarim nuqta terdi.
Ko’zlarim yoshlangan bo’lsa ham ajabmas.(Hozir yaxshi eslolmayman.)
Mahmud Abulfayz menga yordam qo’lini cho’zdi.
Men botqoqdan chiqib olganday bo’ldim.
Qanchalik qiyinchiliklar bo’lmasin, men Mahmud Abulfayz ko’rsatgan yo’ldan ketishga shaylandim.
Bu yo’llar yorug’ edi.
Bu yo’llar qorong’u edi.
Bu yo’llar g’amgin va shodumon edi.
Bu yo’llarga tunlari oy nurlari tushib turardi.

2

Iqtidor hammada ham bo’ladi.
Kimdir uni ko’rsata oladi, kimdir ko’rsatolmaydi.
Bunda endi ortiqcha gapning keragi yo’q.
Qisqa qilib hammasi mehnatga bog’liq deyish mumkin.
Mahmud Abulfayz esa, Xudo bergan iqtidor bilan birga mehnatkash ham bo’ldi.Mehnatkashlik to’g’risida o’ylarkanman, Abdulla Qahorning:-Men kabi mehnat qilganda maymun ham yozuvchi bo’lib ketardi,-degan iborasi yodimga tushib ketaveradi.
Jurnalistlik kasbi esa, ko’proq mehnat talab qilishini bugun ko’pchilik biladi.Men ham o’n-o’n ikki yillar jurnalist sifatida faoliyat ko’rsatdim. Nomdor jurnalistlar bepisandlik bilan qarshilik ko’rsatganda ham,”Yangi asr” radiosini tashkil qilishga va oyoqlanishiga baholi-qudrat o’z hissamni qo’shdim.Men buni nima uchun aytayapman.O’sha kezlarda ham meni Mahmud Abulfayz ruhan qo’llab-quvvatlagandi. Tajribali jurnalist sifatida yo’l-yo’riqlar ko’rsatar, anglamaganlarimni anglatishga urinardi.
Shunda:-Sendan ikki dunyoda ham jurnalist chiqmaydi,- deganlar xato qildi.Men o’z oldimdagi vazifamni sharaf bilan ado etdim.
Bunga vaqtning o’zi guvohlik berib turibdi.

3

Bir sobiq rahbar menga: -Bilaman,Mahmud Abulfayz sizning ustozingiz.Kechirasiz-u, men bu odamni shunchalik yomon ko’ramanki,agar qo’yib bersa, uning burnini ostidagi mo’ylablarini bittalab yulgim keladi,-degandi.
Albatta, bo’ysunuvchanlik yomon.
Birovga qaramlik yomon.
Birovga qarshi gapirish uchun ham kishida jur’at bo’lishi kerak.
Menda o’shanda jur’at bo’lmagan.
Men sobiq rahbarga qarshi o’sha vaqtda biror narsa deya olmaganman.Hatto, Mahmud Abulfayz sizga nima yomonlik qilganki, siz undan bunchalik nafratlanasiz ham deya olmaganman.
Lekin bu gapni Mahmud Abulfayzga yetkazishdan ham istihola qilganman.Chunki, Mahmud Abulfayz gazetaga haqiqatni yozishdan boshqa, birovga yomonlik qilmasligini yaxshi bilardim.Falakning gardishini qarangki, o’sha rahbar ko’p yillardan so’ng, o’zi Mahmud Abulfayzdan yordam so’rashga botinib, qo’ng’iroq qilganini eshitganman.Mahmud Abulfayz unga yordam ko’rsatdimi yoki yo’qmi, bu tomoni menga qorong’u.Lekin odamlarning joyi kelganda buqalamun bo’lishiga ko’p bor duch keldim.

4

O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron Mahmud Abulfayzning bir hikoyasiga yozgan so’zboshisida uni “donishmand” deb atagandi.
Biz shogirdlar uning atrofida jipslashgan edik desam mubolag’a bo’lmaydi.Har qanday yorug’likning bir shu’lasi bo’ladi.Shu shu’la
yorug’likka tashna ko’zlarni o’ziga tortib, o’ziga jalb qilib turadi.
Mahmud Abulfayz ijodga tashna ko’zlarda shunday shu’la edi.
Chin, u hech kimdan omonlik kutmadi.
Hech kimdan yaxshilik ham kutmadi.
Achiqroq bo’lsa-da, aytish kerakki, ba’zan yaxshilik qilib ham yomonlik topgan paytlari bo’ldi.
Shunday paytlarda ham, o’sha odamlarni yozg’irib o’tirmadi.
Hammasi yaratganga ayon. Hammasi o’tkinchi deb qo’yardi.
U haqni sevdi.Umrining so’ngigacha haqparast bo’lib o’tdi.

335

Mahmud Abulfayz daraxt ekishni xush ko’rardi.
Bog’ yaratishni xush ko’rardi.
Termiz shahridagi katalakdek hovlisida ham, daraxtlarning ko’plab turini uchratish mumkin edi.
Tabobat bilan oshno edi.
Ko’plab kasalliklarga xalq tabobatining afzal davolarini to’plab yurar, kezi kelganda boshqalarga ham ularni tavsiya qilib turishdan erinmasdi.
Tug’ilgan yurtidagi hovlisida ham har bahor borib, daraxt ekib kelishni kanda qilmas,bu borada gap ketib qolsa,o’zini ayricha his etar,bu borada va keyingi rejalar to’g’risida uzoq gurung berishdan zerikmasdi.

6

Siz ijod qilishga loyiqsiz…
Siz ijod qilishga majbursiz.Bu maydonga kirmoq bor-u, chiqmoq yo’qdir,-derdi Mahmud Abulfayz menga.
Men buni o’sha vaqtlarda bir rag’batlantirish-da, deb hisoblagan bo’lsam-da,keyinchalik, ayniqsa, shu kunlara buni chuqur his qilayapman.Bu gaplarning tagiga yetganday bo’layapman.
Vaqt hamma narsani ko’rsatadi degan gapga ham ishonib borayapman.
Boisi, men hozir nafaqadaman.Meni ko’rib qolgan tanish-bilishlar:-Uyda o’tiraverish ham zerikarli bo’lsa kerak,-deb ko’ngil bildirishgan bo’lishadi.
Menda esa, aksincha…
Zerikishga vaqtim ham bo’lmaydi.
Aksariyat vaqtda,mo’ljallagan ishlarimni amalga oshirishga ham vaqt yetmay turadi.
Shunda men Mahmud Abulfayz to’g’risida “donishmand” so’zi bekorga aytilmaganining guvohi bo’lganday bo’laman.
Mahmud Abulfayzning dunyoni ko’ra bilganiga ishonaveraman.
Ijod stoliga o’tirdim deguncha, xayollarim uzoq-yaqinga tortqilayveradi.Xayollarim parvozga shaylanaveradi.
Shunday paytlarda Said Ahmad domlaning:-Men yozishga o’tirganimda syujet izlab ko’pam ovora bo’lavermayman.Chunki men yozmoqchi bo’lgan narsalarimni hammasini o’z ko’zim bilan ko’rganman.Ko’rgan-bilgan narsalarimni yozishda menga hech bir narsa tixirlik qilmaydi,-deb aytgan so’zlari yodimga tushaveradi.
Mahmud Abulfayzda ham xuddi shunday holat bor edi.
Yozuv mashinkasiqarshisiga o’tirib, nimalar to’g’risida yozsam ekan degan fikrda xayol surib o’tirmasdi.Yozuv mashinkasiga o’tirdi deguncha, tez va ravon yozaverardi.Ba’zida biz yonida o’tirib ham, qisqa vaqt oralig’ida bir ajoyib maqola tayyorlab qo’yganini ham sezmay qolardik.

7

Mahmud Abulfayz nafaqat meni, balki ko’plab ijodkorlarni hamisha ruhan rag’batlantirib turardi..
Mahmud Abulfayz rag’bati bilan ko’plab she’rlarim dunyoga kelganligini qayd etmasam xatolik bo’ladi.U bugun va ertaning, Foniylik va Boqiylik o’rtasida yashardi.Lekin Mahmud Abulfayz qanchalik irodali, qanchalik qat’iy bo’lmasin, o’zi hayotda xokisor odam edi.
Yozganlarida kinoya, tashbehlar barq urib tursa-da,buni yozish uslubi deb baholasa bo’ladi.Balkim o’sha yengil kinoya va tashbehlar uning yozganlarini anchayin o’qimishli bo’lishiga sabab bo’lgan bo’lsa ham ajabmas.U o’sha saksonchi yillardan umrining oxirigacha viloyatda birinchi raqamli jurnalist bo’lib keldi desam mubolag’a bo’lmas.Ko’plab nufuzli tanlovlarda g’oliblikni qo’lga kiritdi.
Bu borada menga va boshqa shogirdlariga ham chorlovlari ko’p bo’lgan.Lekin men tanlovlarda faol ishtirok etadigan qurbga ega emasdim.Yuqorida aytib o’tilgandek, mendan ikki dunyoda ham jurnalist chiqmadi.

8

-Shoir, qalbingizni asrang,-derdi Mahmud Abulfayz.
Men ko’p narsalar qalbimni sindirolmasligini ta’kidlab tursam-da,bu lekin men to’qigan yolg’on edi.
Qalbim juda nafis edi…
Qalbim juda qattol edi.
Ba’zida zig’irday ta’sirdan ezilsam, ba’zida ancha-muncha gaplar parvoyimga ham kelmasdi.
Chin,ba’zan ustozning qaltis hazilllaridan ham ko’nglim nam tortib, og’rinib qolgandek bo’lardi.
Lekin buni hech kimga sezdirmasdim.
Mening shoir ko’nglim juda nozik edi.
Begonalardan og’rinsam,ikkinchi marta uning yuziga ham qaramasdim.
Bu to’g’rimidi yo noto’g’rimidi, buni-da, bilmadim.Bilolmadim.
Har holda qandaydir, kechirimli emasdim.
Lekin Mahmud Abulfayzning ancha-muncha qaltis hazillari-da, kinoya tarzida aytilgan so’zlari-da, meni bunday holga olib kelolmasdi.
Esimda, bir gurungda hazil-mutoyiba bilan mening ijodimni Nobel mukofoti bilan siylab qo’yishdi.
O’sha gurungda Mahmud Abulfayz tashabbuskor bo’ldi.
Gurungda mening yozganlarimda yo’q xislatlar yuzaga qalqib chiqdi.
Mendan zo’r shoir bo’lmadi.
Mendan zo’r yozuvchi bo’lmadi.
Xayriyatki, jurnalist sifatida yozgan maqolalarim tilga olinmadi.
Men xijolatdan qizardim.
Qorachadan kelganim yordam berib, qizarganimni gurungbozlar sezishmadi.
Shu kechasi uyga borib,bo’lib o’tgan gurung to’g’risida bir she’r qoraladim.
Qoralagan she’rimni ustozning kenja shogirdlaridan -Sirojiddin Ibrohim o’qib qoldi.
O’qidi-yu,hech narsa demasdan bir jimirayib qo’ydi.
Ancha vaqt o’tgandan keyin, yana bir gurungda Sirojiddin ustozga:-Shoirga ko’p ham hazil qilavermang,Nobel mukofoti to’g’risidagi hazillaringiz allaqachon she’rga tushgan. Yana shoirning she’riga tushib qolmang,-dedi kulib.
Mahmud Abulfayz men yozgan she’rdan xabardor bo’lmasa-da, menga qarab kulib qo’ydi.Mahmud Abulfayz meni qanday rag’batlantirishni, menga qanday turtki berishni yaxshi bilardi desam, xato ketmagan bo’laman.

9

Taniqli jurnalist Soatmurod Jo’raqulovning sakson yoshlik yubileyiga menga ham taklifnoma berishdi.
Yubileydan ikki kun oldin Mahmud Abulfayz bilan uchrashib qolganimizda:-Shoir, menimcha, Soatmurod boboning yubileyiga eng katta to’yonani siz olib borsangiz kerak.Mening tuyg’ularim shunday deyapti.Chin, menga shunday tuyilayapti.
Endi bizlar sizning oldingizda anchayin g’arib-u, g’ubaromiz.Borib, dasturxonga qo’yilgan noz-ne’matlardan tanovul qilib qaytsak ham katta gap.Siz endi ancha baquvvatsiz.Boboga ma’qul keladigan biror to’yona qiling.Odamlarning tilidan ancha vaqtgacha tushmay qolsin.Hatto Shafoat Rahmatillo Termiziy, Bolta Yoriyevlar ham xijolat bo’lib qolsin,-dedi.
Nihoyat, to’yona to’g’risidagi hazillar menga ham yetib borib, Soatmurod Jo’raqulov yubileyidan oldin “Oshnolarimga”
deb atalgan bir she’r qoraladim.
Mahmud Abulfayz ta’kidlagandek belim baquvvat bo’ldi.
Ming afsuski, to’y tush mahali chaqirilgan bo’ldi.
Mening vaqtim belgilangan bo’ldi.
Vaqtga befarq bo’lolmadim.Menga navbat yetguncha, to’yxonadan ketishga majbur bo’ldim.Sakson yoshli keksa jurnalist Soatmurod Jo’raqulovga mening to’yonam topshirilmayin qoldi.
Ertasi kuni Mahmud Abulfayzga to’yonani topshirolmaganimni aytib, she’rni o’qib berdim.Mahmud Abulfayz she’rni qo’limdan olib, o’zi o’qib chiqdi.
Bir zum o’ylanib turib:-Shunday to’yonani egasiga topshirmayin xato qilibsiz.Sakson yoshli Soatmurod bobo sizga oshno tutinib-di-yu, boshqa ishni yig’ishtirib, to’yonani topshirib qaytmaysizmi?-deb, koyigan bo’ldi.
Men,-Soatmurod aka kelib qolsa, berib qo’ysangiz,-deb she’rni Mahmud akaga berib qaytdim.
She’r egasiga borib tegdimi, yo’qmi, keyin surishtirmadim.

10

“Surxon yoshlari” gazetasining bosh muharriri Isroil Shomirov yaxshi shoir, yaxshi do’st, kamsuqum odam.
U bilan Mahmud Abulfayz xizmat qilayotgan xonada ko’p gurunglashib o’tirgan bo’lsak-da, Shomirov to’g’risida hech narsa bilmasdim.
Yana bir kun gurunglashib o’tirib, Shomirov ishi borligini aytib, xonadan chiqib ketdi.
Men dabdurustdan Mahmud Abulfayzdan Shomirov necha yoshlarda ekanligini so’radim.Mahmud aka hech narsa tushunmaganday menga uzoq tikilib turdi.So’ng, kulib-kulib:-Shomirov janoblari necha yoshda ekanligini bilmadim-u,lekin siz bilan mendan yoshi an-n-cha katta,-dedi.Ha-ha, ishonavering.Janoblari o’zi shunday yosh ko’rinadi.Tog’da tug’ilib o’sgan.Suyagi pishiq va baquvvat.
Men ishonqiramay, Mahmud Abulfayzga qaradim.
Mening holatimni sezib turgan ekanmi, Mahmud Abulfayz:-Mana siz oltmishni qoraladingiz, men oltmishdan o’tib ketdim.Sizning va mening boshimda oq sochlar bilan birga birov-yarim qoralari ham ko’rinib turibdi.Shomirov janoblarining boshida birorta ham qora soch qolgan emas.Hamma sochlari farishtaday oppoq.Demak,Shomirov deganlari siz bilan mendan yoshi kattaroq bo’lsa kerak.
-Juda mubolag’a qilasiz-da, gap sochda emas.Soch deganlari birovda erta oqaradi, birovda kechroq, kimdadir umuman oqarmasligi ham mumkin,-dedim men.
-Yo’q,mubolag’a qilayotganim yo’q.Siz mening gapimga kiring va ishoning-da,yoshini surishtirmayin ko’rganda, aka deyavering.Uka deb murojaat qilsangiz,kim bilsin, ko’ngil-da, xafa bo’lsa ham ajabmas.
Janoblari jurnalist.Lekin shoirliklari ham bor.
O’zingiz ham shoirsiz.Shoir zoti biroz injiq, biroz nozik ta’b keladi,-dedi kulib.
Men bosh qashlagan bo’ldim…
Men yer singaldagan bo’ldim.
Gapimiz qovushmaganini sezib tursam-da,Mahmud Abulfayzga boshqa hech narsa demadim.
Mahmud Abulfayz mendan uzr so’radi-da, gazetaning navbatdagi sonini tahrir qilishga urinib ketdi.

11

Nazarimda, Mahmud Abulfayzdan tiriklikning ta’mi kelib turardi.Boisi, har bir aytgan so’zida yashash uchun da’vat,o’z qurbini chamalash,o’ziga ishonch tuyg’ulari balqib turardi.
Bu holatni kimlardir sezmagan ham bo’lishi mumkin.Lekin bu holatga men ko’p bora duch kelganman.
Balki Mahmud Abulfayzning donishmandligi ham shundadir.
Mahmud Abulfayzning xizmat xonasi doimo gavjum edi.
Uning xonasida yoshi kattalardan tortib,endigina matbuot bilan oshno bo’lganlargacha yig’ilib turardi.
Ishonch bilan aytish mumkinki, “Surxon tongi” gazetasining boshqa xonalarida bunday gavjumlikni kamdan-kam uchratish mumkin bo’lardi.Mahmud Abulfayz kattami-kichikmi, endigina boshlovchi ijodkormi hammasining ko’nglini qoldirmaydigan qilib, javob aytishini hisobga olganda, bu odamda naqadar kenglik va tuganmas qurb borligini inkor etib bo’lmaydi.
Men-da, shu satrlarni qoralar ekanman, beixtiyor o’yga tolaman:
-Mahmud Abulfayz kim edi? Jurnalistmi, shoirmi yoki yozuvchimi?
Javob tayyor.U olamshumul dovruq solmagan bo’lsa-da, besh-o’n kishini o’zining ortidan ergashtira oladigan oddiy inson edi.

12

Esseni qoralash uchun, mo’ljaldan ortiqroq vaqt ketdi.
Gap hafsalasizlik yoki tayyorgarsizlikda emas.
Gap Mahmud Abulfayz to’g’risida chin gapni aytishda bo’ldi.
Boisi, ustoz maqolalardagi jimjimadorlik yoki beo’xshovlikni ko’rib qolsa, kelib qolgan joyida o’qishni to’xtatib, o’ylanib turardi.Bu haqda yonida o’tirganlarga biror demasa-da, uning holatidan ko’p narsa sezish mumkin bo’lardi.
Bugun Mahmud Abulfayz oramizda yo’q.
Lekin uning ruhi biz bilan birga kezib yurganini his etib turaman.
Hayotning beshafqat hukmi mavjud.
Bu hukmdan hech kim qochib qutulolmaydi.
Faqat, yoshini yashab ulgurmaganlarga nisbatan o’zimda qandaydir achinish hislarini sezaman.
Lekin mening achinishim qayoqqa borardi.
Zero yaratgandandan boshqaga achinish,rahmdillik aslo xos emas.

O’TAR DUNYO

1.O’tar dunyo,o’tdi do’sti g’ayir o’tdi.
O’tayotgan dunyoga boqdim.Rosti, ko’nglim-da, shuvillab ketdi.
Xayollarim-da, zuvillab ketdi.Nima ko’rdim, nima ko’rmadim, bu yog’i o’zimga ma’lum.Shoir bo’lsam-da, ko’rganlarimni so’zda ifodalay olmadim.Tilimda so’z tanqis bo’ldi.Tilimga so’z g’anim bo’ldi.
Ko’zlarimga yosh keldi desam ishonmang.
Yuragim-da, tosh bo’ldi desam ishonmang.
Ruhim-da, g’alat bo’ldi.Ruhimda bahor bo’ldi.Bahor gullari ochilib turdi.Bir Ezgulik yo’llaridan so’zlab-so’zlab turgandek bo’ldi.
Tabiiyki, men she’r izladim.Ko’nglimga yaqin keladigan she’riy misralar izladim.Bunday misralarni daryodil qalblar aytdi.
Ko’ngli haqir va nolon bir shoir aytdi.
Men shoirni izladim.Shafoat Rahmatullo Termiziy degan shoirni
izladim.Dunyoning eng kamtar, eng sodda, Janub tuprog’ida jonu-tan bo’lgan shoirini izladim. Ko’nglim g’arib bo’ldi.Ko’nglim bechora bo’ldi.
Izladim… izladim… Tiriklar orasidan shoirni topmadim.Topolmadim.Ko’nglim allanechuk o’rtangandek bo’ldi.
Ko’zlarim mo’ltirab-mo’ltirab atrofga boqdi.
O’tar dunyo ekan…
Diydor qiyomatga qoldi…
Hammamiz ham, bu o’tar dunyoda o’tarimizni bilamiz.
Lekin tirik ruhda tashnalik bo’larkan.
Tirik ruhda oshnolik bo’larkan
Tirik ruhda omonlik bo’larkan.
Tirik ruhda ro’shnolik-da, bo’larkan.
Ro’shnolik-tirik kimsa, hech bo’lmasa,boshqalar to’g’risida o’tar gapini ayta olarkan.
(Dunyodan o’tganlarga bunday imkoniyat yo’q.)
Mening nazarimda tuproq tug’ ko’taradi.Tug’ki, bir uyum tuproq bo’ladi.Bu tug’dan o’tgan odamning kimligini bilib bo’lmaydi.
Shu sabab, tuproq-xomush,qabrlar xomush bo’ladi.Bag’rida bir sukutni, bir jimlikni allalab turadi.Tuproq moziy bo’ladi.
Tuproq osiy bo’ladi.O’tganlarni tuproq yashiradi.

2.Har o’tarning xos qismati, ko’rari bor.
Shoir o’tdi.Bu dunyodan shoir o’tdi.Vatan degan, elim degan kabir o’tdi.Shafoatdek baxshi ovoz, Janubga xos,aytmishga mos, o’z eliga doir o’tdi.Ko’ngil she’rga talpinadi.
Qancha o’qisang-da,zerikmaysan.Ruhidan-ruh olaverasan.Qayta-qayta dunyoga kelgandek bo’laverasan.Ezgulik sari boraverasan.
Uning har bir satri xalqchil.Har bir satrida tiriklik ifori ufurib turgandek bo’laveradi.
Nimalardir demoqchi bo’laman.Bo’g’zimga allaqanday jimlik tiqilgandek bo’ladi.Dilimda borini aytolmayman.Mo’ltirayman.
Oq qog’oz qog’ozligicha qolaveradi.Fikrlarim charx urayotgan bo’lsa-da, oq qog’ozda biror narsa qoralay olmayman.Dilimda borini qog’ozga tushirolmayman.

3.So’rari bor:- falonchidan nima qoldi?
O’tganlar o’tib ketaveradi.O’tgan odamdan nima qoldi,- degan tiriklar so’rovi bor.Shoirdan nima qoladi.Shoirdan she’r qoladi.
Men ushbu esseni boshqacharoq tarzda ham yozishim mumkin edi.
Lekin shoir she’rlaridan yuz o’girib ketolmadim.Shoir she’rlaridan kecholmadim.Chin, o’zbekning Shafoat Rahmatullo Termiziyga o’xshagan qanchalab shoirlari bor.Lekin shu shoirlar orasida Shafoat akaning o’z o’rni bor desam yanglishmagan bo’laman.
Yuqorida aytib o’tganimizdek uning kamtarligi o’zi bir dunyo edi.
Esimda bor.Shafoat Rahmatullo Termiziyning oltmish yilligida ishtirok etgan O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azim:-Men hozirgacha Shafoat Rahmatullo Termiziyga,-Shafoat,-deb murojaat qilib kelganman.Holbuki, Shafoat Rahmatullo Termiziy mendan o’n yoshlar katta ekanligini mana shu davrada ishtirok etib, bilib turibman.Kamtarlik va kamsuqumlikni qarangki, u biror marta mendan hurmat talab bo’lib, o’z yoshiga ishora bergan emas,-degan edi.

4.Nima qoldi?-Boylaringmi, boying qani?
Shafoat Rahmatullo Termiziy boylardan boyroq edi.O’zi bilan Boqiy dunyoga olib ketadigan dunyosi bo’lmasa-da, o’zidan so’ng qoldiradigan dunyosi bor edi.Holbuki bu dunyo ham, boshqalarga yuk bo’ladigan darajada emas, balki to’rt-besh kitobdan iborat bo’ldi.Chin, hali nashr etilishga ulgurilmagan shoirning boyliklari ko’p bo’lishi mumkin.Lekin bu qorong’ulikka tikilgan ko’zning qo’shiqlariday bir gap.Vaqt-eng ulug’ hakam.Qachonlardir uning chop etilmayin qolgan bitiklar o’z o’quvchilarini topsa ajabmas.

5.Qani desa,yurtim shu deb suyalsang-a.
Shoirda hech narsa bo’lmasligi mumkin.Lekin uning yuragida Vatan degan so’zi bordir.Shoirdan hamma narsani tortib olish mumkin, lekin Vatan degan so’zni, elim degan so’zni,erk degan so’zni hech kimsa tortib ololmaydi.Shoirning tiliga so’z keladi.Shoirning diliga sog’inch kiradi.Xuddi shu sog’inch-shoir tilida so’z bo’lib jaranglaydi.Bu So’zni undan hech kimsa tortib ololmaydi.U shu so’z orqali tarix zarvaraqlariga kirib boraveradi.Agar shunday bo’lmaganda,Usmon Nosir, Pablo Neruda, Fediriko Garsia Lorka, Muso Jalil kabi ovozlar bizgacha yetib kelolmasdi.

6.Shoir o’tdi, kunlari yo’q, shomlari yo’q.
Bugun shoir ketgan dunyoning eshigi ham, tuynugi ham yo’q.
Demak, unda tong ham, kun ham shom ham yo’q.
Inchinun, to’rt fasl ham bundan mustasno emas.
Bugun shoirning makoni tor va qorong’u.Unda biz tilimizda zikr etgan abadiyat bor.Unda sukut bor.Unda jimlik bor.Yashayotgan tiriklar esa, o’z kunlarini ko’raveradilar.Shoirdan qolgan she’rlar kimnidir Ruhiyat bog’lariga chorlab turadi.Kimnidir quloqlarida Ezgulikdan qo’shiqlar aytadi.Ezgulikdan sirlar aytadi.
Shoirning ishqdan bo’lak g’ami yo’q, ishqdan bo’lak kami yo’q.
Shoir qo’liga qalam olgandan buyon ishqni kuyladi, ishqni tarannum etdi.Bu ishq qachonlardir sog’inchga aylandi.Bu ishq biz o’rganib qolganimizdek, bir ko’ngilning ikkinchi ko’ngilga emas, balki uning qutb kengliklari zarradan koinotga qadar yuksalib boraverdi.
Shoirning so’zdan bo’lak shoni yo’q, so’zdan bo’lak joni yo’q.
Uning aytmishi so’z, yashamog’i so’z bo’ldi.
Uning boshqalarga o’xshamagan bir dardi bo’ldi.Bu dard- el dardi bo’ldi.

7.Yo’q-yo’q, yo’qlik Shafoatga doir o’tdi.
Qo’limda “Kitob dunyosi” gazetasining “Xotira va qadrlash kuni”ga bag’ishlangan soni turibdi.Gazeta sahifasida 46 nafar o’zbek shoirlarining ijodidan namunalar berilgan.
O’qib ko’rsangiz har bir shoir bir dunyo.Bu shoirlarning ijod bo’stonida bir-biridan qolishadigan tomonlarini ko’rmaysiz.
Lekin Shafoat Rahmatullo Termiziyning o’zi bilan shaxsan tanish bo’lganim uchunmi,uning she’rini qayta-qayta o’qidim.She’r bahonasida Shafoat Rahmatullo Termiziyni qayta kashf etgandek bo’ldim.Yaxshi bilasiz, taniqli odamlar to’g’risida turli gap-so’zlar yuradi.Bunday paytlarda odamlarning gap-so’zlari fikringizga qalqib kelaveradi.Shafoat aka to’g’risida yomon gaplar xotiramizga singishmagan bo’lsa-da,boshqa ijodkorlarni tan olish, boshqa ijodkorlar ijodiga befarq bo’lmaslik shoirga xos xislat edi.U qanchalab she’rlarni yoddan ayta olsa-da, joyi kelganda,kamtarlikni yo’lga qo’yib, yodimda qolgani shu deb izohlardi.
Nima ham der edik.O’tar dunyo ekan…
Kimdir g’ofil o’tdi.Kimdir olchoq o’tdi.Kimdir uddaburro o’tdi.
Shafoat Rahmatullo Termiziy uddaburro bo’lmadi.Olchoq-da, bo’lmadi.Shundoq ulkan shoirning o’ktam ovozi qadimiy Jayhun qirg’oqlaridan yiroq ketolmadi.Sevimli shoirimiz Abdullo Oripov o’ziga nisbatan aytganidek, ikki daryo oralig’ida ovozi qolib ketdi.Holbuki, undagi ovoz salohiyati jahonga yo’l olishga qodir edi.
Birodarlar, Shafoat Rahmatullo Termiziydek shoir o’tdi.
O’z so’ziga, o’z soziga doir o’tdi.
Qaysi bir ma’noda yo’qliklarga qayir o’tdi.

044Muallif haqida: Rajab Xolbek (Mamarajab Xolov)- 1956 yil 10 mart kuni Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent irrigatsiya va qishloq xo’jaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutining gidromeloratsiya fakulьtetini tugatgan. Qishloq xo’jiligining turli sohalarida, viloyat teleradiokompaniyasi radioeshittirishlar bo’limida ishlagan. Ayni vaqtda O’zLiDePning Termiz tuman Kengashi apparat rahbari vazifasida ishlamoqda.

047

(Tashriflar: umumiy 87, bugungi 1)

Izoh qoldiring