Musfira Munavvar. Uyqudagi parvona. Uchliklar

077 Мусфира Мунавварнинг учликларини ўқир эканман, узоқ йиллар мумтоз япон шеъриятидан, унинг асосини ташкил қилган танка (бешлик), Хокку, хайку (учлик) йўналишидаги шеърларни қандай мароқ ва муҳаббат билан  таржима қилган  кунларимни эсладим.

    Бугунги кунда ўзбек шеъриятида   устоз Рауф Парфи бошлаб берган учликлар ёзиш анъанаси шаклланиб бормоқда. Аммо, бизда, япон шеър анъанасидаги танка ва хокку жанрларининг фалсафий моҳиятидан фарқли равишда, учлик ёзиш асосан шеърий шакл сифатида қабул қилинган тарзда давом этмоқда. Хокку ва танканинг фалсафий моҳияти, яъни асрлар мобайнида шаклланган шаклий, фалсафий моҳияти ҳақида «Денгиз япроқлари» тўпламига ёзган сўзбошида баён этган эдим. Қизиққанлар уни мана бу саҳифада ўқишлари мумкин.
   Мусфира Мунавварнинг шеърий тажрибаларини сизга тақдим этар эканман, шоира синглимга ижодий муваффақиятлар ва шу йўлда бардавом  бўлишни тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
2022, 10 сентябрь

042Мусфира МУНАВВАР
УЙҚУДАГИ ПАРВОНА
Мацуо Басё хотирасига эҳтиром ила


    Мусфира Мунаввар 1964 йилда Навоий вилояти Кармана туманида туғилган.. Ўзбекистон Миллий Университетнинг журналистика факултетида таҳсил олган. «Миллий ғоя маънавий илдизларининг адабий меросда ифодаланиши» мавзуида номзодлик ишини ҳимоя қилган (2011). «Нур қибласи», «Ота уйи»,» Бағримнинг эрк ери» шеърий китоблари чоп этилган. 2022 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Навоий давлат педагогика институти «Миллий ғоя,маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими» кафедраси ўқитувчиси.


***
1.Бу тун опоқ гулнинг
Кўксидаги хаёл-ла
Тонг оттирдим.

2.Соғинчи изи
Юрагимда
Ҳар кун янгиланади.

3.Сен йўлдасан,
Юрар йўллар менинг жонимда
То сен уйга келгунинг қадар.

4.Ёз туни бу-
Тонг каби нафис,
Ёки тонга бораётган энг қадрдон йўл

5. Қанча дарёлару, боғлар,
Ёмғиру, қорлар ўтган,
Басё ҳамон излар ҳаёт ишвасин.

6.Оҳоргир офтоб тобига
Чўкиб кетди
Қушнинг ноласи .

7.Очилмаган гуллар, очилинг,
Тўхтаб қолган дарёлар, оқинг,
Йўл излар дил одами.

8.Тонг ва соғинч сўзи
Қанчалар яқин,
Орада нафаслар бор холос.

9.Уйқудаги парвона,
Уйғондингми?
Шоир сени йўқлаётир.

10.Енгил- енгил
Сузаётган ой,
Хоккуларда юзиб юргандек.

11.Кўнгли ойнасин
Олча гулларига
Тутди тонг.

12.Яшиллик
Қалб дафтарин қучиб
Заминга шошар.

13.Ниначилар
Гул хаёлига,
Учиб,етолмаслар.

14.Оҳ, ниначижон,
Оҳиста қўнмак бўлар
Гул ифорига.

15.Капалаклар
Излаб толмаган,
Гул нурини қучгим келди жим.

16. Гул чангларини
Соғинар шамол,
Гул тушида ўзини излаб.

17. Юрагим билан
Сирпандим мен
Заминий тушларимда .

***
18. Какку овозини соғиниб
Отда елиб бораётир
Жулдур кийим шоирми, доно?

19.Тунда
Хоккуларга юрак очгандим,
Сўзимдан гул ифори келди.

20.Уммонлар ортида
Бир бедор уммон,
Сувдай тиниқ хаёлга чўмган.

21.Бир қучоқ
Гул келтирди қизим,
Гулларда дийдор бор.

22.Мойчироғи ўчган
Шоир кулбасин,
Унутмадингми, ой?

23.Нио кўли,
Олча гулин ифори-ла
Йўқлайсанми, шоирингни?

24.Бугун куни билан
Меҳмоним эди
Куй ва гул.
***
25.Тўлқинланиб
Гуллайди дарё!
Офтоб тиғин назарга илмас.

26.Тўфонларда
Тошдек
Гулладим.

27. Ишоралар ортда
Қолди,
Унутма.

28.Толе қуши,
Сўзларим оғирми,
Ёки сирларим?

29.Қиличдан кескир,
Сўз очар,
Руҳ гули.

***
30.Қуёш ёғин
Пирлардан олиб,
Сўзчироққа томизар шоир.

Йўл изласанг,
Елкасин тутар,
Кўнгил майи тиниқ дарёлар.

31.Бухорода
Ҳаволар сокин,
Тупроғида шўр кўпирса-да.

32.Кел қалдирғоч,
Ибодатли қуш!
Сўзларимга ин қўй, кетма ҳеч.

33.Кундузларнинг
Ойдин нигоҳи
Басё юрагида жилвалар очган.

34.Бағрини
Онадек очганди денгиз,
Қайиқда оҳиста қиз сузиб борар.

34.Ёз чилласи
Қовжиратар жим,
Асли ортга қайтмайди баҳор.

35.Шовуллайди ям- яшил ҳаёт!
Асир этмиш,
Ёз ойдинлиги.

36.Қайда қолдинг,
Ҳей, куйчи шамол?
Хаёлимга болари қўнмиш.

37.Пичан ҳидин
Ҳадя этар ёз,
Қишлоқ туни ёришиб борар.

38.Тин олади
Ёз кўчалари
Чигирткалар овозин тинглаб.

39.Ниначининг
Ташрифин кутиб,
Тўлқинланиб гул яширар сой.

40. Шамол
Қўлин қуяр елкамга,
Юлдузларга мактуб ёзаман.

41.Бунча узун,
Кўйлагинг, хаёл?
Самолардан баландда енги.

42.Ойдин тонгда,
Тонгдан-да ойдин,
Ойдин хаёлдан-да, ойдин у нима?

43.Қўлларимга
Най тутди кимдир,
Кимдир у ой ёқалаб келган?

44.Ой йўлимга
Чирой илинар,
Гулларимга парвона само.

45.Дарёларга,
Оқизиқ қилдим,
Руҳим бўйлаб очилган гулни.

46.Тун назокатидан
Ҳайратга чўммишлар,
Боғларда қушлар.

47. Ёниб учаётган,
Эй, кўнгил қушим,
Заминга қўнмасмисан?

48.Оҳу тушларида,
Покланган фарёд,
Қояларни қучар.

49.Кўнгил гуларининг
Алангасида,
Куй париси сўзлар.

50.Ёзги боғлар қалб китобини
Илоҳий мактубдек
Очар юлдузлар.

Само,
Она дегим келади сенга,
Хаёлим сўзимга сиғмай қолганда.

51.Хавотирга
Чўкиб қолма, тун,
Мен ўзимни излаб келгандим.

52.Ёз келди,
Оловли ташбеҳлар ила
Юрагинга назар ташлайди.

53.Ўтади кун
Назарини чоғлабми,
Доғлаб?

54.Унутиб бўларми,
Тол гулларига,
Куйдай басталаниб, оққан ариқни?

Нафасингда созим бор эди,
Юрагимга осиб,
Кетдингми, баҳор?

55.Оламни
Рубобдай чалганда ёмғир
Дарахтни қушларнинг қайғуси ўртар.

56.Оҳиста силайди
Сочимни шамол,
Ё мени тушида кўрдими онам?

57.Субҳ юрагида
Энг нафис хокку
Оқ атиргул тунда битганми уни?

58.Отаётган тонгнинг
Нигоҳимикан,
Кўнгил ойнасига оҳиста боққан?

Сокин уйга ботар,
Тунда кўл,
Ой ийманиб суратин йўллар..

Қамишлар тебранар,
Янги ой юз очмиш
Гул титроғидек.

Гулдон
Ногоҳ синсада, чил-чил,
Барқ уриб гуллайди, хоккуда гулим.

Отда парвоз этиб,
Борарди ,
Отдан олдин етди манзилга шоир.

59.Келди қалбим элчиси
Оҳу,
Барқ уриб, руҳ боғига, ё, ҳу.

***
Парвоздаги
Қанотим, кўнглим,
Самонинг қалб тугунларин еч.

***
60.Қанот силкитган тулпор,
Қара,
Нур қояни куйлатаётир.

***
Гул йиғини
Йиғлади,
Одам..

61. Япроқ ёзар
Соғинч дарахти,
Соясида тин олар кўнглим.

***
Эртакларга
Ишонган одам,
Кел, бағрингни шамолларга оч.
***
Тонг хаёли,
Кўнглим,
Уйида яйрар.

62.Қуёшни соғиниб
Уруғ қададинг,
Гулларингда сан-саноқсиз қуёш уруғи.

63.Ой юзида
Қолди
Соғинч нигоҳи.

64.Қийғос,
Куйлаётган Сакура,
Мацуони кўриб тургандай.

65.Набирамнинг
Эркалиги каби,
Ёқимли ўй сурар ёз тонги.

***
Буғдойзорда
Қиёс излар ой,
Пишган буғдой бошоқлардек.

66.Тебранади
Тунда буғдойзор,
Ой нури-ла қўшиқ айтади.

67. Бўронларда
Хаёл чопари
Қанотларин ёндириб учар.

68.Соғинчимнинг
Синиқларини
Кўзга сурар тун фариштаси.
***
Юрагимда
Рақс тушган қайғу,
Руҳ уйимда май каби тинар.

69.Йўл бошида
Лолақизғалдоқ,
Сафарингга руҳ бағишлайди.
***

***
Сафарларда
Сафларни бузма,
Юрагимда йитма, гул руҳи.
***
70.Кўлмакларда ҳали ёмғир нафаси тоза,
Ҳали қуёш қўл чўзишга ботинолмаган,
Лаҳзаларни қучиб йиғласанг.
***
71. Юзларини
Ғунча нурида
Чайиб олар тонг.
***
Узоқларда
Турналар сафи
Гул ярасин очиб кетади.
***
72.Сойда музлаб,
Бир мактуб оқар,
Қўлларингни тутсанг эрийди.
***
Теран уйга
Ботганича термулар тол,
Юрагининг бир бўлаги қари ялпиз..
***

***
73.Куйлагингнинг этакларига
Кўнгил ёғдусида,
Оппоқ гуллар тикиб қуйдим, тун.
***
Сен йиғласанг,
Доғлари эриб,
Яшариб кетсайди қартайган дунё.
***
Дўппимни оламан дер,
Гўдак набирам-
Ойни кўрсатиб.
***
Ҳаволарда,
Рақс тушади,
Доира саси.
***
Сўзларимга
Сиғмаган туйғу,
Худонинг уйида меҳмонми?
***
74.Ёғдулар-ла
Тиниқ суҳбат қурди шамол,
Япроқ кўксидаги ёрқин булоқда.
***

***
Нур кўксида
Порлаган хаёл,
Сўзларимнинг кафтида гуллар.
***
Ғамли дунё
Аравасин,
Бир оёғи йўқ.
***
75.Қўлларини силкитар кимдир,
Кимдир тушида ҳам йўлимни поклар,
Кимдир кўксин очар тонг каби.
***
Асрий эшикларни
Қоқдим ,
Нурлари поёндоз..
***
Сўз
Гулханин ёқдим,
Руҳим уийда..
***
Қалдирғоч полопонлари билан,
Қалдирғочлар бўлиб учиб кетмасдан,
Уйин таъмирлашни бошлатмас синглим.
***

***
76.Нур қоялар
Нафис энтикар,
Соғинчимнинг кенгликларида.
***
Ёруғ булутларда
Нақшлар чизиб,
Кўнгли тўлмай ўчирар кимдир..
***
Тушларимда
Онам куйлагин-
Гуллари рақс тушар киприкларимда .
***
77.Севги мактубидек
Ўрик гуллари
Хаёлим қўлларин қуйиб юбормас.
***
78.Субҳ-
Ойнасин ерга туширган гўзал,
Ойнасиз ҳам ҳуснин тамошо қилар.
***
79.Нио кўли узра,
Қуёш тиловатидан
Мактубдай очилар олча гуллари.
***

***
80.Алвон шафақларда
Қанотин ёйиб,
Лаҳзани титратиб учди капалак.
***
81.Баҳор қуёшининг
Киприкларида
Тароват мактубин очар куртаклар.
***
Ишқ китобин
Очиб қуйди юлдузлар,
Одам кўнглин ўнглаб ололмай ҳайрон..
***
82.Қоронғулик қуюқлашмай
Тун фариштаси
Япроқларни силаб аллалар.
***
Ипак нафасила
Оҳу киприкларида
Шеър ўқийди илҳом париси.
***
83.Оҳ, капалак,
Гуноҳсиз ҳилқат,
Асли исминг нимадир сенинг?..
***

***
84.Ёз ёмғири,
Япроқларнинг ғуборин ювар,
Кўлмакларда тумшуғини чайиб олар қуш.
***
85.Шаффоф хаёл денгизида,
Сузар,
Ой руҳи.
***
86.Ой юрагин
Тинглайди кўнгил
Туннинг ипак жойномозида.
***
Келдим дегим келди, онажон,
Келдим дегим келди, отажон ,
Овозимни ютди сукунат..
***
87.Таққиллатдим
Эшигингни вақт,
Қандай ниҳоя бор сенинг ортингда?
***
88.Кўнглим
Чандиқларин,
Қалб ёши-ла ямар парилар.
***

***
89.Тун
Фарёди алвонланар,
Уфқ ортида.
***
Сор бургут
Ва тулпорнинг руҳи,
Титратади қоялар ёдин..
***
Бургутни
Хуш кўрарди отам,
Бугун хотирасин безар ул қуш ҳам.
***
Заминий боғимни,
Гулдай яшнатар
Ота уйим тераклари ҳам.
***
90.Эмаклади,
Қайдадир гўдак,
Замин қароғига севинч югурди.
***
91.Дарахтнинг қартайган
Пўстлоғин силаб, шамол сўзлар,
— яшил қўшиқ айтамиз ҳали.
***

***
92.Қулун ёлин
Ўйнаркан шамол,
Нур қўлларин ўпди хаёлан.
***
93. Шом қуёши
Дарё юрагин
Мавжларига ғарқ бўлиб борар.
***
Самоларда
Рақс тушган малак,
Хаёлимни гул каби ўпар.
***
Саҳарларда,
Саҳарларни
Уйғотар азон.
***
94.Саратон чилласи,
Митти қушчалар
Гулларим пойига сув излаб қўнар.
***
95.Жим кузатиб бўлмас,
Чилла офтобин,
Яшил япроқларни қовжиратди у.
***

***
Таффот олган,
Рангпар кўчадан,
Нозбуй олиб ўтар истарали қиз.
***
Ҳосили ўрилган
Буғдойзор-
Қиз узатган онадай бедор..
***
96.Хаёл боғин
Авайлар худо,
Бола очар бўронда қушлар.
***
Садоқатни
Тушунтирар ит,
Қарсакларсиз, ҳайқириқларсиз.
***
Тонг руҳини
Табдил этар,
Қушлар кун буйи.
***
Адирларни
Сўзга тутар,
Най чалиб чўпон.
***

***
Тушларимда
Сайр этиб юрган,
Дарвеш хаёл қанотин силар.
***
97.Шаъм ёқади
Тун фариштаси
Кундузларнинг юрагида ҳам.
***
Номозшомнинг
Дилкаш нигоҳи,
Видо куйин чалар чолғусиз.
***
98.Очиб кетар,
Боғ тароватин,
Кўкси нурга туйинган кундуз.
***
Болаларнинг
Шод уйинлари,
Қайғусин аритар ёз кўчаларин.
***
Енг шимариб,
Чопмайди ариқ,
Менга дилдош дарахт кўринмас..
***

***
Ўтинаман,
Қаридим дема,
Сўзингда тур, оқ акация!
***
Тонг киприкларида,
Азон ўқиган,
Дарвешнинг нур халтаси тешик.
***
98.Онам гилам тўқирди,
Нақшлар ва гуллар,
Юрагида нафас оларди.
***
99.Чумолилар
Бунча жонсарак,
Йўл йўқолиб улар юргандек.
***
Номозшомнинг
Ўйчан қуёши,
Бир нафас тин олар кўнглим ёнида.
***
Тонг
Руҳимга қадаб қуйган гул
Худонинг бир истагиэди.
***

***
Кеча тунда бир жуфт оёқ кийими,
Кўзимга севинчлар йўллаган эди.
Бугун кун ёришиб келди набирам.
***
100.Боғ оралаб,
Уйнар ҳур шамол,
Чилла қуёшининг ҳовури тушган.
***
Сафар олди,
Сўз шаклида,
Йўл олди кўнгил.
***
101.Тасвир учун,
Рангни ва нурни
Руҳ боғида излар мусаввир.
***
102.Бош қўяди
Кундуз кўксига,
Сафар олди дилкаш номозшом.
***
Билмам, нечун,
Ортимдан қолмас,
Шаъм кўтарган тун фариштаси.
***

***
103.Чинорларни
Тебратиб нолон,
Асов тўлқинларла буйлашар шамол.
***
Қара,
Бағрим тўла харсангтош,
Уларсиз ҳеч Угам эмасдим..
***
104.Вақтдан
Оғир эди масофа,
То дарёга етиб келгунимгача.
***
105.Гулнинг
Юрак зарбларин тинглаб,
Тун қаъридан қалқиб чиқди ой .
***
Мезон
Ларзон боғлар бошида
Олтин тасбеҳини ўгирараётир.
***
Гул руҳига
Чўкиб қолган тун,
Зардушт хаёл куйидек тиниқ.

***
107.Теракларга
Дил ёрар шамол,
Тўлаётган ойга термулиб.
***
108.Мезон суратини
Чизади қуёш,
Заррин япроқ бармоқларида.
***
109.Сен
Қармоқ ташлаган дарёда,
Қувнаб ўйнар қуёш гўдакдек.
***
Аллоҳнинг
Боғида
Илҳом меваси.
***
110.Олча гули
Янграган ҳаво,
Дарвеш шоир пойига чўкар.
***
Қояларда кузнинг нафаси,
Нафис уйга толар,
Бир туп наъматак.
***

***
Майсаларни бағрига босиб,
Қаерларга кетмоқчи кўнгил,
Кузнинг қадамларини тинглаб?
***
Шамолнинг қалб торин,
Оҳиста чертади,
Куз япроқлари.
***
112.Юлдузларни
Олиб уйнасам,
Майлими, сўрайди набирам.
***
113. Боғларда,
Мажнундай
Ўйга чўмган куз.
***
“Булутлар ортида” ҳам,
Йўл юрар,
Дарвеш шоир.
***
114.Лойқаланиб,шошиб
Оқар сой,
Ой аксини тушира олмас.
***

***
115.Куз ҳазинлигида,
Қандай ҳикмат бор?
Олов кўйлак кияр япроқлар.
***
116.Иссиқ маконларга,
Кўчиб кетаётиб, қушлар галаси,
Хайру-хушлаб учар, сесканар тупроқ.
***
117.Қушнинг озод парвозларини
Мангу қўшиқ каби
Олқишлар само.
***
118.Кузда ҳам
Баҳорий шашт-ла гуллади,
Боғимдаги асл атиргулларим.
***
119.Ларзон мевалари
Олтин ранг олсин,
Беҳи шохларинисиндирма, шамол.
***
120.Куз қуёши
Ғунчалари гуллаб турган боғлар бошида,
Титрар, юрагида мактублар ёнар.

***
121.Олам ойнасини
Кўксига босиб,
Ойдин хаёлларга ботар парилар.
***
122.Тонги шудринг янглиғ
Тупроққа сингир,
Қоялар пойида тўкилган кўз ёш.
***
141.Тушларимга ойна тутади,
Ёмғир ортидаги
Сокинлик.
***
142.Тонг нафасин
Тинглар фаришта,
Ёмгирларга елкасин тутиб.
***
143.Харсангларда
Гул расмин чизар,
Юрагида қуёш рақс тушган дарё.
***
123.Тингла, кўнглим,
Қандай йиғлар,
Куз шамоли тунги боғларда.
***

***
136.Оламга термулар
Ноёб митти қуш,
Нақадар рангин у, шу қадар нафис.
***
132.Бағрин ёмғирларга
Ланг очиб қуйган,
Олам гўё ғамга харидор.
***
Қор туманига,
Сингиб кетди буғулар
Изларин бағрига босиб, ботди ой.
***
Узумзорда ойга дил ёрар,
Чап кўксида сурат
Асраган ўсмир.
***
Лойсувоқ томларни
Қизғалдоқ уруғила
Сийлаб ўтар шамол кўп бора.
***
Ҳорғин назар ташлар,
Қишлоқ аёли
Бўшаётган ун қопларига.
***

***
Сомон ғарамларин,
Бахтиёр санар,
Юзига доғ тушган қишлоқ келини.
***
Ҳувиллаб турар боғда,
Ўтган баҳор қуриган
Хурмо дарахтин ўрни.
***
Жойнамозин осон ёйди самода,
Аммо, шу ишини ўзи хуш кўрмади,
Робия Адавия.
***
Ёмғир тинаркан,
Мажнун юрагидан
Чиқиб келар боғ.
***
Ҳамон оёқ яланг
Кезар ҳур йўлчи
Тупроқда фаришта нигоҳи бор деб.
***
Гул юзли кундузнинг
Нигоҳларида
Вазнсиз чайқалар тун.
***

***
У шунчаки қария эмас,
Юрагида боғлар руҳи уйғоқ
Кексайган боғбон.

***
Баҳорий яшиллик,
Боғ қафасин очиб,
Учгиси келар.

Musfira Munavvarning uchliklarini o’qir ekanman, uzoq yillar mumtoz yapon she’riyatidan, uning asosini tashkil qilgan tanka (beshlik), Xokku, xayku (uchlik) yo’nalishidagi she’rlarni qanday maroq va muhabbat bilan tarjima qilgan kunlarimni esladim.

Bugungi kunda o’zbek she’riyatida ustoz Rauf Parfi boshlab bergan uchliklar yozish an’anasi shakllanib bormoqda. Ammo, bizda, yapon she’r an’anasidagi tanka va xokku janrlarining falsafiy mohiyatidan farqli ravishda, uchlik yozish asosan she’riy shakl sifatida qabul qilingan tarzda davom etmoqda. Xokku va tankaning falsafiy mohiyati, ya’ni asrlar mobaynida shakllangan shakliy, falsafiy mohiyati haqida «Dengiz yaproqlari» to’plamiga yozgan so’zboshida bayon etgan edim. Qiziqqanlar uni mana bu sahifada o’qishlari mumkin.
Musfira Munavvarning she’riy tajribalarini sizga taqdim etar ekanman, shoira singlimga ijodiy muvaffaqiyatlar va shu yo’lda bardavom bo’lishni tilab qolaman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri
2022, 11 sentyabr

32Musfira MUNAVVAR
UYQUDAGI PARVONA
Matsuo Basyo xotirasiga ehtirom ila


   Musfira Munavvar 1964 yilda Navoiy viloyati Karmana tumanida tug’ilgan.. O’zbekiston Milliy Universitetning jurnalistika fakultetida tahsil olgan. «Milliy g’oya ma’naviy ildizlarining adabiy merosda ifodalanishi» mavzuida nomzodlik ishini himoya qilgan (2011). «Nur qiblasi», «Ota uyi»,» Bag’rimning erk yeri» she’riy kitoblari chop etilgan. 2022 yildan O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Navoiy davlat pedagogika instituti «Milliy g’oya,ma’naviyat asoslari va huquq ta’limi» kafedrasi o’qituvchisi.


***
1.Bu tun opoq gulning
Ko’ksidagi xayol-la
Tong ottirdim.

2.Sog’inchi izi
Yuragimda
Har kun yangilanadi.

3.Sen yo’ldasan,
Yurar yo’llar mening jonimda
To sen uyga kelguning qadar.

4.Yoz tuni bu-
Tong kabi nafis,
Yoki tonga borayotgan eng qadrdon yo’l

5. Qancha daryolaru, bog’lar,
Yomg’iru, qorlar o’tgan,
Basyo hamon izlar hayot ishvasin.

6.Ohorgir oftob tobiga
Cho’kib ketdi
Qushning nolasi .

7.Ochilmagan gullar, ochiling,
To’xtab qolgan daryolar, oqing,
Yo’l izlar dil odami.

8.Tong va sog’inch so’zi
Qanchalar yaqin,
Orada nafaslar bor xolos.

9.Uyqudagi parvona,
Uyg’ondingmi?
Shoir seni yo’qlayotir.

10.Engil- yengil
Suzayotgan oy,
Xokkularda yuzib yurgandek.

11.Ko’ngli oynasin
Olcha gullariga
Tutdi tong.

12.Yashillik
Qalb daftarin quchib
Zaminga shoshar.

13.Ninachilar
Gul xayoliga,
Uchib,etolmaslar.

14.Oh, ninachijon,
Ohista qo’nmak bo’lar
Gul iforiga.

15.Kapalaklar
Izlab tolmagan,
Gul nurini quchgim keldi jim.

16. Gul changlarini
Sog’inar shamol,
Gul tushida o’zini izlab.

17. Yuragim bilan
Sirpandim men
Zaminiy tushlarimda .

***
18. Kakku ovozini sog’inib
Otda yelib borayotir
Juldur kiyim shoirmi, dono?

19.Tunda
Xokkularga yurak ochgandim,
So’zimdan gul ifori keldi.

20.Ummonlar ortida
Bir bedor ummon,
Suvday tiniq xayolga cho’mgan.

21.Bir quchoq
Gul keltirdi qizim,
Gullarda diydor bor.

22.Moychirog’i o’chgan
Shoir kulbasin,
Unutmadingmi, oy?

23.Nio ko’li,
Olcha gulin ifori-la
Yo’qlaysanmi, shoiringni?

24.Bugun kuni bilan
Mehmonim edi
Kuy va gul.
***
25.To’lqinlanib
Gullaydi daryo!
Oftob tig’in nazarga ilmas.

26.To’fonlarda
Toshdek
Gulladim.

27. Ishoralar ortda
Qoldi,
Unutma.

28.Tole qushi,
So’zlarim og’irmi,
Yoki sirlarim?

29.Qilichdan keskir,
So’z ochar,
Ruh guli.

***
30.Quyosh yog’in
Pirlardan olib,
So’zchiroqqa tomizar shoir.

Yo’l izlasang,
Yelkasin tutar,
Ko’ngil mayi tiniq daryolar.

31.Buxoroda
Havolar sokin,
Tuprog’ida sho’r ko’pirsa-da.

32.Kel qaldirg’och,
Ibodatli qush!
So’zlarimga in qo’y, ketma hech.

33.Kunduzlarning
Oydin nigohi
Basyo yuragida jilvalar ochgan.

34.Bag’rini
Onadek ochgandi dengiz,
Qayiqda ohista qiz suzib borar.

34.Yoz chillasi
Qovjiratar jim,
Asli ortga qaytmaydi bahor.

35.Shovullaydi yam- yashil hayot!
Asir etmish,
Yoz oydinligi.

36.Qayda qolding,
Hey, kuychi shamol?
Xayolimga bolari qo’nmish.

37.Pichan hidin
Hadya etar yoz,
Qishloq tuni yorishib borar.

38.Tin oladi
Yoz ko’chalari
Chigirtkalar ovozin tinglab.

39.Ninachining
Tashrifin kutib,
To’lqinlanib gul yashirar soy.

40. Shamol
Qo’lin quyar yelkamga,
Yulduzlarga maktub yozaman.

41.Buncha uzun,
Ko’ylaging, xayol?
Samolardan balandda yengi.

42.Oydin tongda,
Tongdan-da oydin,
Oydin xayoldan-da, oydin u nima?

43.Qo’llarimga
Nay tutdi kimdir,
Kimdir u oy yoqalab kelgan?

44.Oy yo’limga
Chiroy ilinar,
Gullarimga parvona samo.

45.Daryolarga,
Oqiziq qildim,
Ruhim bo’ylab ochilgan gulni.

46.Tun nazokatidan
Hayratga cho’mmishlar,
Bog’larda qushlar.

47. Yonib uchayotgan,
Ey, ko’ngil qushim,
Zaminga qo’nmasmisan?

48.Ohu tushlarida,
Poklangan faryod,
Qoyalarni quchar.

49.Ko’ngil gularining
Alangasida,
Kuy parisi so’zlar.

50.Yozgi bog’lar qalb kitobini
Ilohiy maktubdek
Ochar yulduzlar.

Samo,
Ona degim keladi senga,
Xayolim so’zimga sig’may qolganda.

51.Xavotirga
Cho’kib qolma, tun,
Men o’zimni izlab kelgandim.

52.Yoz keldi,
Olovli tashbehlar ila
Yuraginga nazar tashlaydi.

53.O’tadi kun
Nazarini chog’labmi,
Dog’lab?

54.Unutib bo’larmi,
Tol gullariga,
Kuyday bastalanib, oqqan ariqni?

Nafasingda sozim bor edi,
Yuragimga osib,
Ketdingmi, bahor?

55.Olamni
Rubobday chalganda yomg’ir
Daraxtni qushlarning qayg’usi o’rtar.

56.Ohista silaydi
Sochimni shamol,
Yo meni tushida ko’rdimi onam?

57.Subh yuragida
Eng nafis xokku
Oq atirgul tunda bitganmi uni?

58.Otayotgan tongning
Nigohimikan,
Ko’ngil oynasiga ohista boqqan?

Sokin uyga botar,
Tunda ko’l,
Oy iymanib suratin yo’llar..

Qamishlar tebranar,
Yangi oy yuz ochmish
Gul titrog’idek.

Guldon
Nogoh sinsada, chil-chil,
Barq urib gullaydi, xokkuda gulim.

Otda parvoz etib,
Borardi ,
Otdan oldin yetdi manzilga shoir.

59.Keldi qalbim elchisi
Ohu,
Barq urib, ruh bog’iga, yo, hu.

***
Parvozdagi
Qanotim, ko’nglim,
Samoning qalb tugunlarin yech.

***
60.Qanot silkitgan tulpor,
Qara,
Nur qoyani kuylatayotir.

***
Gul yig’ini
Yig’ladi,
Odam..

61. Yaproq yozar
Sog’inch daraxti,
Soyasida tin olar ko’nglim.

***
Ertaklarga
Ishongan odam,
Kel, bag’ringni shamollarga och.
***
Tong xayoli,
Ko’nglim,
Uyida yayrar.

62.Quyoshni sog’inib
Urug’ qadading,
Gullaringda san-sanoqsiz quyosh urug’i.

63.Oy yuzida
Qoldi
Sog’inch nigohi.

64.Qiyg’os,
Kuylayotgan Sakura,
Matsuoni ko’rib turganday.

65.Nabiramning
Erkaligi kabi,
Yoqimli o’y surar yoz tongi.

***
Bug’doyzorda
Qiyos izlar oy,
Pishgan bug’doy boshoqlardek.

66.Tebranadi
Tunda bug’doyzor,
Oy nuri-la qo’shiq aytadi.

67. Bo’ronlarda
Xayol chopari
Qanotlarin yondirib uchar.

68.Sog’inchimning
Siniqlarini
Ko’zga surar tun farishtasi.
***
Yuragimda
Raqs tushgan qayg’u,
Ruh uyimda may kabi tinar.

69.Yo’l boshida
Lolaqizg’aldoq,
Safaringga ruh bag’ishlaydi.
***

***
Safarlarda
Saflarni buzma,
Yuragimda yitma, gul ruhi.
***
70.Ko’lmaklarda hali yomg’ir nafasi toza,
Hali quyosh qo’l cho’zishga botinolmagan,
Lahzalarni quchib yig’lasang.
***
71. Yuzlarini
G’uncha nurida
Chayib olar tong.
***
Uzoqlarda
Turnalar safi
Gul yarasin ochib ketadi.
***
72.Soyda muzlab,
Bir maktub oqar,
Qo’llaringni tutsang eriydi.
***
Teran uyga
Botganicha termular tol,
Yuragining bir bo’lagi qari yalpiz..
***

***
73.Kuylagingning etaklariga
Ko’ngil yog’dusida,
Oppoq gullar tikib quydim, tun.
***
Sen yig’lasang,
Dog’lari erib,
Yasharib ketsaydi qartaygan dunyo.
***
Do’ppimni olaman der,
Go’dak nabiram-
Oyni ko’rsatib.
***
Havolarda,
Raqs tushadi,
Doira sasi.
***
So’zlarimga
Sig’magan tuyg’u,
Xudoning uyida mehmonmi?
***
74.Yog’dular-la
Tiniq suhbat qurdi shamol,
Yaproq ko’ksidagi yorqin buloqda.
***

***
Nur ko’ksida
Porlagan xayol,
So’zlarimning kaftida gullar.
***
G’amli dunyo
Aravasin,
Bir oyog’i yo’q.
***
75.Qo’llarini silkitar kimdir,
Kimdir tushida ham yo’limni poklar,
Kimdir ko’ksin ochar tong kabi.
***
Asriy eshiklarni
Qoqdim ,
Nurlari poyondoz..
***
So’z
Gulxanin yoqdim,
Ruhim uiyda..
***
Qaldirg’och poloponlari bilan,
Qaldirg’ochlar bo’lib uchib ketmasdan,
Uyin ta’mirlashni boshlatmas singlim.
***

***
76.Nur qoyalar
Nafis entikar,
Sog’inchimning kengliklarida.
***
Yorug’ bulutlarda
Naqshlar chizib,
Ko’ngli to’lmay o’chirar kimdir..
***
Tushlarimda
Onam kuylagin-
Gullari raqs tushar kipriklarimda .
***
77.Sevgi maktubidek
O’rik gullari
Xayolim qo’llarin quyib yubormas.
***
78.Subh-
Oynasin yerga tushirgan go’zal,
Oynasiz ham husnin tamosho qilar.
***
79.Nio ko’li uzra,
Quyosh tilovatidan
Maktubday ochilar olcha gullari.
***

***
80.Alvon shafaqlarda
Qanotin yoyib,
Lahzani titratib uchdi kapalak.
***
81.Bahor quyoshining
Kipriklarida
Tarovat maktubin ochar kurtaklar.
***
Ishq kitobin
Ochib quydi yulduzlar,
Odam ko’nglin o’nglab ololmay hayron..
***
82.Qorong’ulik quyuqlashmay
Tun farishtasi
Yaproqlarni silab allalar.
***
Ipak nafasila
Ohu kipriklarida
She’r o’qiydi ilhom parisi.
***
83.Oh, kapalak,
Gunohsiz hilqat,
Asli isming nimadir sening?..
***

***
84.Yoz yomg’iri,
Yaproqlarning g’uborin yuvar,
Ko’lmaklarda tumshug’ini chayib olar qush.
***
85.Shaffof xayol dengizida,
Suzar,
Oy ruhi.
***
86.Oy yuragin
Tinglaydi ko’ngil
Tunning ipak joynomozida.
***
Keldim degim keldi, onajon,
Keldim degim keldi, otajon ,
Ovozimni yutdi sukunat..
***
87.Taqqillatdim
Eshigingni vaqt,
Qanday nihoya bor sening ortingda?
***
88.Ko’nglim
Chandiqlarin,
Qalb yoshi-la yamar parilar.
***

***
89.Tun
Faryodi alvonlanar,
Ufq ortida.
***
Sor burgut
Va tulporning ruhi,
Titratadi qoyalar yodin..
***
Burgutni
Xush ko’rardi otam,
Bugun xotirasin bezar ul qush ham.
***
Zaminiy bog’imni,
Gulday yashnatar
Ota uyim teraklari ham.
***
90.Emakladi,
Qaydadir go’dak,
Zamin qarog’iga sevinch yugurdi.
***
91.Daraxtning qartaygan
Po’stlog’in silab, shamol so’zlar,
— yashil qo’shiq aytamiz hali.
***

***
92.Qulun yolin
O’ynarkan shamol,
Nur qo’llarin o’pdi xayolan.
***
93. Shom quyoshi
Daryo yuragin
Mavjlariga g’arq bo’lib borar.
***
Samolarda
Raqs tushgan malak,
Xayolimni gul kabi o’par.
***
Saharlarda,
Saharlarni
Uyg’otar azon.
***
94.Saraton chillasi,
Mitti qushchalar
Gullarim poyiga suv izlab qo’nar.
***
95.Jim kuzatib bo’lmas,
Chilla oftobin,
Yashil yaproqlarni qovjiratdi u.
***

***
Taffot olgan,
Rangpar ko’chadan,
Nozbuy olib o’tar istarali qiz.
***
Hosili o’rilgan
Bug’doyzor-
Qiz uzatgan onaday bedor..
***
96.Xayol bog’in
Avaylar xudo,
Bola ochar bo’ronda qushlar.
***
Sadoqatni
Tushuntirar it,
Qarsaklarsiz, hayqiriqlarsiz.
***
Tong ruhini
Tabdil etar,
Qushlar kun buyi.
***
Adirlarni
So’zga tutar,
Nay chalib cho’pon.
***

***
Tushlarimda
Sayr etib yurgan,
Darvesh xayol qanotin silar.
***
97.Sha’m yoqadi
Tun farishtasi
Kunduzlarning yuragida ham.
***
Nomozshomning
Dilkash nigohi,
Vido kuyin chalar cholg’usiz.
***
98.Ochib ketar,
Bog’ tarovatin,
Ko’ksi nurga tuyingan kunduz.
***
Bolalarning
Shod uyinlari,
Qayg’usin aritar yoz ko’chalarin.
***
Yeng shimarib,
Chopmaydi ariq,
Menga dildosh daraxt ko’rinmas..
***

***
O’tinaman,
Qaridim dema,
So’zingda tur, oq akatsiya!
***
Tong kipriklarida,
Azon o’qigan,
Darveshning nur xaltasi teshik.
***
98.Onam gilam to’qirdi,
Naqshlar va gullar,
Yuragida nafas olardi.
***
99.Chumolilar
Buncha jonsarak,
Yo’l yo’qolib ular yurgandek.
***
Nomozshomning
O’ychan quyoshi,
Bir nafas tin olar ko’nglim yonida.
***
Tong
Ruhimga qadab quygan gul
Xudoning bir istagiedi.
***

***
Kecha tunda bir juft oyoq kiyimi,
Ko’zimga sevinchlar yo’llagan edi.
Bugun kun yorishib keldi nabiram.
***
100.Bog’ oralab,
Uynar hur shamol,
Chilla quyoshining hovuri tushgan.
***
Safar oldi,
So’z shaklida,
Yo’l oldi ko’ngil.
***
101.Tasvir uchun,
Rangni va nurni
Ruh bog’ida izlar musavvir.
***
102.Bosh qo’yadi
Kunduz ko’ksiga,
Safar oldi dilkash nomozshom.
***
Bilmam, nechun,
Ortimdan qolmas,
Sha’m ko’targan tun farishtasi.
***

***
103.Chinorlarni
Tebratib nolon,
Asov to’lqinlarla buylashar shamol.
***
Qara,
Bag’rim to’la xarsangtosh,
Ularsiz hech Ugam emasdim..
***
104.Vaqtdan
Og’ir edi masofa,
To daryoga yetib kelgunimgacha.
***
105.Gulning
Yurak zarblarin tinglab,
Tun qa’ridan qalqib chiqdi oy .
***
Mezon
Larzon bog’lar boshida
Oltin tasbehini o’girarayotir.
***
Gul ruhiga
Cho’kib qolgan tun,
Zardusht xayol kuyidek tiniq.
***

***
107.Teraklarga
Dil yorar shamol,
To’layotgan oyga termulib.
***
108.Mezon suratini
Chizadi quyosh,
Zarrin yaproq barmoqlarida.
***
109.Sen
Qarmoq tashlagan daryoda,
Quvnab o’ynar quyosh go’dakdek.
***
Allohning
Bog’ida
Ilhom mevasi.
***
110.Olcha guli
Yangragan havo,
Darvesh shoir poyiga cho’kar.
***
Qoyalarda kuzning nafasi,
Nafis uyga tolar,
Bir tup na’matak.
***

***
Maysalarni bag’riga bosib,
Qayerlarga ketmoqchi ko’ngil,
Kuzning qadamlarini tinglab?
***
Shamolning qalb torin,
Ohista chertadi,
Kuz yaproqlari.
***
112.Yulduzlarni
Olib uynasam,
Maylimi, so’raydi nabiram.
***
113. Bog’larda,
Majnunday
O’yga cho’mgan kuz.
***
“Bulutlar ortida” ham,
Yo’l yurar,
Darvesh shoir.
***
114.Loyqalanib,shoshib
Oqar soy,
Oy aksini tushira olmas.
***

***
115.Kuz hazinligida,
Qanday hikmat bor?
Olov ko’ylak kiyar yaproqlar.
***
116.Issiq makonlarga,
Ko’chib ketayotib, qushlar galasi,
Xayru-xushlab uchar, seskanar tuproq.
***
117.Qushning ozod parvozlarini
Mangu qo’shiq kabi
Olqishlar samo.
***
118.Kuzda ham
Bahoriy shasht-la gulladi,
Bog’imdagi asl atirgullarim.
***
119.Larzon mevalari
Oltin rang olsin,
Behi shoxlarinisindirma, shamol.
***
120.Kuz quyoshi
G’unchalari gullab turgan bog’lar boshida,
Titrar, yuragida maktublar yonar.
***

***
121.Olam oynasini
Ko’ksiga bosib,
Oydin xayollarga botar parilar.
***
122.Tongi shudring yanglig’
Tuproqqa singir,
Qoyalar poyida to’kilgan ko’z yosh.
***
141.Tushlarimga oyna tutadi,
Yomg’ir ortidagi
Sokinlik.
***
142.Tong nafasin
Tinglar farishta,
Yomgirlarga yelkasin tutib.
***
143.Xarsanglarda
Gul rasmin chizar,
Yuragida quyosh raqs tushgan daryo.
***
123.Tingla, ko’nglim,
Qanday yig’lar,
Kuz shamoli tungi bog’larda.
***

***
136.Olamga termular
Noyob mitti qush,
Naqadar rangin u, shu qadar nafis.
***
132.Bag’rin yomg’irlarga
Lang ochib quygan,
Olam go’yo g’amga xaridor.
***
Qor tumaniga,
Singib ketdi bug’ular
Izlarin bag’riga bosib, botdi oy.
***
Uzumzorda oyga dil yorar,
Chap ko’ksida surat
Asragan o’smir.
***
Loysuvoq tomlarni
Qizg’aldoq urug’ila
Siylab o’tar shamol ko’p bora.
***
Horg’in nazar tashlar,
Qishloq ayoli
Bo’shayotgan un qoplariga.
***

***
Somon g’aramlarin,
Baxtiyor sanar,
Yuziga dog’ tushgan qishloq kelini.
***
Huvillab turar bog’da,
O’tgan bahor qurigan
Xurmo daraxtin o’rni.
***
Joynamozin oson yoydi samoda,
Ammo, shu ishini o’zi xush ko’rmadi,
Robiya Adaviya.
***
Yomg’ir tinarkan,
Majnun yuragidan
Chiqib kelar bog’.
***
Hamon oyoq yalang
Kezar hur yo’lchi
Tuproqda farishta nigohi bor deb.
***
Gul yuzli kunduzning
Nigohlarida
Vaznsiz chayqalar tun.
***

***
U shunchaki qariya emas,
Yuragida bog’lar ruhi uyg’oq
Keksaygan bog’bon.

***
Bahoriy yashillik,
Bog’ qafasin ochib,
Uchgisi kelar.

045

(Tashriflar: umumiy 420, bugungi 1)

4 izoh

  1. Zo’r menga juda yoqdi. Har bitta uchliklarda olam mano yashiringan. Qisqa va lo’nda fikrlashni, dunyoqarashni o’tiradi. Kelgusi ishlaringgizda omad, ijod qilishdan chstchamang. Rahmat

  2. Menga juda ham ma‘qul keldi.Qisqa jumlalarda olam-olam ma‘no mujassamlashgan.Ayniqsa,oddiygina tabiat hodisasidan olingan
    Daraxtning qartaygan
    Po‘stlog‘in silab,shamol so‘zlar,
    -yashil qo‘shiq aytamiz hali
    uchligi juda ham chiroyli tasvirlangan.Umuman olganda barcha keltirilgan uchliklar bir-biridan chiroyli va ma‘noga ega.Keyingi ijodiy ishlaringizga ham muvafaqqiyat tilab qolaman

Izoh qoldiring