Abdulla Qahhor. Hayot va adabiyot haqida.

00317 сентябрь — Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган куннинг 115 йиллиги

   Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли эканига боғлиқ. Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак, лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзи кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

Абдулла Қаҳҳор
ҲАЁТ ВА АДАБИЁТ ҲАҚИДА

007

Чуқур билим, ҳақиқий талант эгаси ўз кучига, олдинда кетаётганларга етиб олишига, бир сафда кетаётиб, ҳеч қачон орқада қолмаслигига ишонади. Маърифатсиз, талантсиз ёзувчи (ёзувчи эмас) эса, бировга етиб олишга ожизлик қилади-ю, уни чалиб йиқитишга, лоақал бўйнига кир латта илиб таъбини хира қилишга, юргани халал беришга уринади. Ҳақиқий талант эгаси бир-бирига ҳасад эмас, ҳавас қилади, бир-бирининг ғайратини келтиради. Булар орасида рақобат эмас, жамиятимизни олға силжитадиган куч-мусобақа бўлади.

Танқид ёмон асар билан китобхон орасида далол, ширинкомага виждонини сотадиган далол бўлмаслиги керак.

Шундай ёзувчилар бор: умрининг биринчи ярмида ном чиқаради. У номини боқади. Умрининг иккинчи ярмида номи уни боқади. Адабиётда бундай бўлмаслиги керак. Катта ёзувчини катта ёзувчи, ёш ёзувчини ёш ёзувчи, деб тўғри айтавериш керак.

Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди.

Иллатларга қарши курашар эканмиз, бир томондан, иллатни баҳона қилиб ҳаётимизни қоралашга уринадиган кишиларга йўл бермаслигимиз, аввалда димиқиб қолган ва энди очиқ ҳавода хурсандлигидан ўйноқлаб «полизни бузадиган» кишиларни танқид қилишимиз, иккинчи томондан, иллатларга қарши курашда бизга халал берадиган кишиларга зарба беришимиз керак…

Классикларда ҳам, халқ адабиётида ҳам одатан йигитлар яхши кўрган қизларини мақташар эди: кўзинг ундоқ, ўзинг бундоқ дейишар эди, ҳозирги кўп ашуллаларда қизлар ўзларини мақташади: у ёғим бундоқ, бу ёғим бундоқ дейишади.

«Эй шоир, ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди-ку!» дейдиган одам йўқ.

Олтмишга кириб билдим: умрим бекорга ўтмапти, одамларга керакли эканман, ҳаётда из қолдирибман.

Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли эканига боғлиқ.

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак, лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзи кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

Кўпгина ҳунармандлар қариганда суйган ҳунаридан маҳрум бўлади: улоқчи от чополмайди, сурнайчи яхши пуфлолмайди, ўйинчи оёғини кўтаролмай қолади. Ёзувчи дутор ёки винога ўхшайди — эскирган сайин очилади, қуввати ошади.

Эсон-омон олтмишга кирганимга хурсандман. Бу тўғрида бирдан-бир хурсанд бўладиган жойим бор: ёзувчиликда қирқ йиллик тажриба орттирдим. Бу тажриба умримнинг қолган қисмини самарали ўтказишимда менга жуда қўл келади.

Минг кетмон уришга, тоғни қўпориб ташлашга қодир одам бир кетмон уриб қўйиб керилмайди, ўзини елпимайди, таҳсин ва офарин кутмайди. Бир кетмон уриб, таҳсин ва офарин умидида атрофга қараган одам шу билан иккинчи кетмонни уришга ожизлигини кўрсатади.

Ёзувчи ёшлигида ёшлигига риоя талаб қилса талантига шира тушади, эрта қарийди, кейин қарилигига риоя талаб қилади-ю, умумадабиёт газини кўрганда қунишади, инқиллайди…

Ёзувчи адабиётга икки хил киради: биринчи асари билан тутаб. биринчи асари билан яшнаб киради.

Одам ўзининг гуноҳини бошқа бировнинг гуноҳи билан ювмоқчи бўлиши чакки, чунки гуноҳни гуноҳ билан ҳеч қачон юва олмайди.

Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнгилдан чиқариб эмас, қориндан чиқариб асар ёзади, ёзувчилик умрининг охиригача тутайди, ҳеч қачон ёруғлик чиқариб, ҳеч кимнинг диққатини жалб қилмайди. Ёзувчиликка чўғдай яшнаб кирган ёзувчи асардан асарга яшнай беради (қорнидан чиқариб эмас, кўнглининг розига айланган нарсалар ҳақида ёниб асар ёза беради), бундай ёзувчилар биринчи асари биланоқ адабиёт муҳибининг диққатини жалб қилади. Ниҳоят, охирида абадий сўнмас ўтга айланади. Мен адабиёт муҳибиман. шунинг учун адабиётга яшнаб кирган ёшларни кўриб, қувониб кетаман, қувончимни ўша ёшнинг ўзига миннатдорлик изҳор қилиб айтаман. Бу яшнаган чўғни елпиш демакдир…

Адабиётда умр бўйи тутаб юрган ёзувчилар ҳеч қачон ўз маҳалласи доирасидан ташқарига чиқмайди, лекин ўзини классик ҳисоблайди. Шунинг учун буларни маҳалла классиклари деб аташ мумкин.

1. Танқид адабиётимизга катта адабиёт чўққисидан қарамаётир. Маҳаллий классиклар пайдо бўлаётипти. Бу классиклар асарларини рус тилига таржима қилинмаслигидан манфаатдор.

2. Ғалати-ғалати «назария»ларўзи кўкариб, ўзи қуриб ётипти. Бир вақтлар ижобий қаҳрамонсиз асар бўлиши мумкин эмас деган «назария» чиққан эди, ҳозир комедияда ижобий қаҳрамон шарт деган «назария» ўрмалаб юрипти. Бунақа ҳодисалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

3. Танқидчиларимиз иттифоқ доирасига чиққани уринмаётипти, «шу ернинг ўзи тинч» дейишади.

4. Аруз соҳасида тайинли бир гап йўқ, аруз ҳозирги поезиямизнинг асосий йўлларидан бўла оладими? Аруз кўпинча формализмга хизмат қилаётипти-ку!

Болалигимда бир картина кўрган эдим. Бош ролни Чарли Чаплин ўйнаган эди, шекилли. Қаҳрамон ношуд, нотавон — ҳеч ишга ярамайди. Ниҳоят, бир қариндоши уни ўт ўчириш командасига ишга олади.

— Бу ерда нима иш қиламан ? — деб сўрайди қаҳрамон.
— Мана бу шланг,— дейишади унга,— қаерда ўт ё тутунни кўриб қолсанг, дод солиб сув сепаверасан.

Қаҳрамон шу ишга ярайди, лекин унинг олдида на чироғ ёқиб бўлади, на папирос чекиб—дод солиб сув сепаверади.

Фаросатда шунга тенг келадиган танқидчидан худо сақласин!

Ёзувчини ҳеч қачон ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлар кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи ҳам билмай қолади.

Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши виждони бўлса одамларнинг юзига қаролмайди, виждонли бўлмаса оғзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак, лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолди-риш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

Болалар ёзувчиси, шубҳасиз, талантли, билимли педагог бўлииш керак, лекин буларнинг устига ўзи одамохун бўлмаса қадри бир пул.

Заруратсиз, ички дардсиз, эҳтироссиз ёзилган асар ўлик бўлади. Бундоқ асарга ҳеч қанақа ғоя, муҳим мавзу жон кирита олмайди.

Адабиётга ўғри мушукдай туйнукдан тушадиган одамлар ҳам бўлади. Булар адабиётни ҳунардан касбга, яъни сабаби тирикчиликка айлантириб олишади. Бунақа одамлар қадим замонда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлса.

Ҳаёт магнит — ўзига тортади, ёзувчи шу магнитни ўзига юқтира олсагина китобхонни ўзига торта олади.

Бошқа ишга ярамай адабиётда танқидчилик қилиб кун кўриб юрган танқидчи қўрқоқ қоровулдай ҳар шарпадан чўчиб шақилдоқ чалаверади.

Асар қовоғари чаққандай семиз…

Семиз китобнинг юраги яхши тепмайди…

Хомсемиз асар устидан асфалт қиладиган машина ўтка-зиш керак.

Ёзувчиликнинг бошқа ҳунарлардан фарқи — ёзувчи ўзини ўзи операция қилади: ёзганини қисқартириб ташлай олади.

Бунга ўхшаган ёзувчининг олдидан илхом париси паранжи ёпиниб ўтади…

Бу китобингиздан, сиз адабиёт фонди берган пулга яраша ҳаётни ўрганганингиз шундоқ кўриниб турибди…

Ҳа, ўқидим, лекин ҳазм қилиб бўлмайдиган асар экан. Палағда тухумга мурч сепиб берган билан уни еб бўлмайди-ку?!

Асар агар катта адабиётга кирмаса асар эмас. Бордию бўйнидан бойлаб олиб кирилса, у оёқости бўлади.

Ёзувчининг маҳорати шундаки, бутун баҳорни атиги чигитдек келадиган ғўза ичига қамаб бера билади…

Муҳаббат дутор, эҳтиёт қилиб тутмасанг, тоб ташлайди.

Бошқа ишга ярамай адабиётда танқидчилик қилиб кун кўриб юргаи танқидчи қўрқоқ қоровулдай, ҳар шарпадан чўчиб шақилдоқ чалаверади.

Бу одам ёзувчилик меҳнатини фақат ёзишдан иборат деб ўйлайди.

Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас.

Адабиёт ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.

Гап қанча яхши бўлса, у шунча қисқа бўлади.

Шундай танқидчилар ҳам борки, бир ёзувчининг бир асарини танқид қилиб қўяди-да, кейин шу авторнинг янги асарини кутади. У тўғрида «яхши гап айтиб, аввалгисини ювмоқчи», бўлади.

Фаррух Жабборов тайёрлаган

17 sentyabr — Abdulla Qahhor tavallud topgan kunning 115 yilligi  

   Agar yozuvchining axloq kodeksi tuziladigan bo’lsa, men halollik bilan shijoatni birinchi modda qilib qo’yar edim, chunki yozuvchining boshqa hamma xislatlari uning qay darajada halol, naqadar shijoatli ekaniga bog’liq. Adabiy asar yozish uchun, hech shubhasiz, talant kerak, lekin yozilgan narsani o’chirish, kitobxonga zarur gaplarnigina qoldirish uchun talantning o’zi kifoya qilmaydi, insof ham kerak.

Abdulla Qahhor
HAYOT VA ADABIYOT HAQIDA
007

¦

Chuqur bilim, haqiqiy talant egasi o’z kuchiga, oldinda ketayotganlarga yetib olishiga, bir safda ketayotib, hech qachon orqada qolmasligiga ishonadi. Ma’rifatsiz, talantsiz yozuvchi (yozuvchi emas) esa, birovga yetib olishga ojizlik qiladi-yu, uni chalib yiqitishga, loaqal bo’yniga kir latta ilib ta’bini xira qilishga, yurgani xalal berishga urinadi. Haqiqiy talant egasi bir-biriga hasad emas, havas qiladi, bir-birining g’ayratini keltiradi. Bular orasida raqobat emas, jamiyatimizni olg’a siljitadigan kuch-musobaqa bo’ladi.

Tanqid yomon asar bilan kitobxon orasida dalol, shirinkomaga vijdonini sotadigan dalol bo’lmasligi kerak.

Shunday yozuvchilar bor: umrining birinchi yarmida nom chiqaradi. U nomini boqadi. Umrining ikkinchi yarmida nomi uni boqadi. Adabiyotda bunday bo’lmasligi kerak. Katta yozuvchini katta yozuvchi, yosh yozuvchini yosh yozuvchi, deb to’g’ri aytaverish kerak.

Nima uchun ko’cha harakati qoidasini buzgan kishiga militsiya hushtak chaladi-yu, butun bir tilni buzayotgan odamlarga hech kim hushtak chalmaydi.

Illatlarga qarshi kurashar ekanmiz, bir tomondan, illatni bahona qilib hayotimizni qoralashga urinadigan kishilarga yo’l bermasligimiz, avvalda dimiqib qolgan va endi ochiq havoda xursandligidan o’ynoqlab «polizni buzadigan» kishilarni tanqid qilishimiz, ikkinchi tomondan, illatlarga qarshi kurashda bizga xalal beradigan kishilarga zarba berishimiz kerak…

Klassiklarda ham, xalq adabiyotida ham odatan yigitlar yaxshi ko’rgan qizlarini maqtashar edi: ko’zing undoq, o’zing bundoq deyishar edi, hozirgi ko’p ashullalarda qizlar o’zlarini maqtashadi: u yog’im bundoq, bu yog’im bundoq deyishadi.
«Ey shoir, tashabbus erkakdan bo’lishi kerak, bulbulning ham erkagi sayraydi-ku!» deydigan odam yo’q.

Oltmishga kirib bildim: umrim bekorga o’tmapti, odamlarga kerakli ekanman, hayotda iz qoldiribman.

Agar yozuvchining axloq kodeksi tuziladigan bo’lsa, men halollik bilan shijoatni birinchi modda qilib qo’yar edim, chunki yozuvchining boshqa hamma xislatlari uning qay darajada halol, naqadar shijoatli ekaniga bog’liq.
Adabiy asar yozish uchun, hech shubhasiz, talant kerak, lekin yozilgan narsani o’chirish, kitobxonga zarur gaplarnigina qoldirish uchun talantning o’zi kifoya qilmaydi, insof ham kerak.

Ko’pgina hunarmandlar qariganda suygan hunaridan mahrum bo’ladi: uloqchi ot chopolmaydi, surnaychi yaxshi puflolmaydi, o’yinchi oyog’ini ko’tarolmay qoladi. Yozuvchi dutor yoki vinoga o’xshaydi — eskirgan sayin ochiladi, quvvati oshadi.

Eson-omon oltmishga kirganimga xursandman. Bu to’g’rida birdan-bir xursand bo’ladigan joyim bor: yozuvchilikda qirq yillik tajriba orttirdim. Bu tajriba umrimning qolgan qismini samarali o’tkazishimda menga juda qo’l keladi.

Ming ketmon urishga, tog’ni qo’porib tashlashga qodir odam bir ketmon urib qo’yib kerilmaydi, o’zini yelpimaydi, tahsin va ofarin kutmaydi. Bir ketmon urib, tahsin va ofarin umidida atrofga qaragan odam shu bilan ikkinchi ketmonni urishga ojizligini ko’rsatadi.

Yozuvchi yoshligida yoshligiga rioya talab qilsa talantiga shira tushadi, erta qariydi, keyin qariligiga rioya talab qiladi-yu, umumadabiyot gazini ko’rganda qunishadi, inqillaydi…

Yozuvchi adabiyotga ikki xil kiradi: birinchi asari bilan tutab. birinchi asari bilan yashnab kiradi.

Odam o’zining gunohini boshqa birovning gunohi bilan yuvmoqchi bo’lishi chakki, chunki gunohni gunoh bilan hech qachon yuva olmaydi.

Tutab kirgan yozuvchi uzoq tutaydi, ko’ngildan chiqarib emas, qorindan chiqarib asar yozadi, yozuvchilik umrining oxirigacha tutaydi, hech qachon yorug’lik chiqarib, hech kimning diqqatini jalb qilmaydi. Yozuvchilikka cho’g’day yashnab kirgan yozuvchi asardan asarga yashnay beradi (qornidan chiqarib emas, ko’nglining roziga aylangan narsalar haqida yonib asar yoza beradi), bunday yozuvchilar birinchi asari bilanoq adabiyot muhibining diqqatini jalb qiladi. Nihoyat, oxirida abadiy so’nmas o’tga aylanadi. Men adabiyot muhibiman. shuning uchun adabiyotga yashnab kirgan yoshlarni ko’rib, quvonib ketaman, quvonchimni o’sha yoshning o’ziga minnatdorlik izhor qilib aytaman. Bu yashnagan cho’g’ni yelpish demakdir…

Adabiyotda umr bo’yi tutab yurgan yozuvchilar hech qachon o’z mahallasi doirasidan tashqariga chiqmaydi, lekin o’zini klassik hisoblaydi. Shuning uchun bularni mahalla klassiklari deb atash mumkin.

1. Tanqid adabiyotimizga katta adabiyot cho’qqisidan qaramayotir. Mahalliy klassiklar paydo bo’layotipti. Bu klassiklar asarlarini rus tiliga tarjima qilinmasligidan manfaatdor.
2. G’alati-g’alati «nazariya»laro’zi ko’karib, o’zi qurib yotipti. Bir vaqtlar ijobiy qahramonsiz asar bo’lishi mumkin emas degan «nazariya» chiqqan edi, hozir komediyada ijobiy qahramon shart degan «nazariya» o’rmalab yuripti. Bunaqa hodisalar bilan hech kimning ishi yo’q.
3. Tanqidchilarimiz ittifoq doirasiga chiqqani urinmayotipti, «shu yerning o’zi tinch» deyishadi.
4. Aruz sohasida tayinli bir gap yo’q, aruz hozirgi poeziyamizning asosiy yo’llaridan bo’la oladimi? Aruz ko’pincha formalizmga xizmat qilayotipti-ku!

Bolaligimda bir kartina ko’rgan edim. Bosh rolni Charli Chaplin o’ynagan edi, shekilli. Qahramon noshud, notavon — hech ishga yaramaydi. Nihoyat, bir qarindoshi uni o’t o’chirish komandasiga ishga oladi.
— Bu yerda nima ish qilaman ? — deb so’raydi qahramon.
— Mana bu shlang,— deyishadi unga,— qaerda o’t yo tutunni ko’rib qolsang, dod solib suv sepaverasan.
Qahramon shu ishga yaraydi, lekin uning oldida na chirog’ yoqib bo’ladi, na papiros chekib—dod solib suv sepaveradi.
Farosatda shunga teng keladigan tanqidchidan xudo saqlasin!

Yozuvchini hech qachon hech kim ko’tarmaydi. Yaxshi yozuvchini yaxshi asarlar ko’taradi, yaxshi yozuvchi ko’tarilib ketganini hatto o’zi ham bilmay qoladi.

Mikrob qanchalik xavfli bo’lsa, uni shunchalik katta qilib ko’rsatadigan mikroskop kerak. Satira o’tiga uchragan kishi vijdoni bo’lsa odamlarning yuziga qarolmaydi, vijdonli bo’lmasa og’zidan ko’pik sochib, yozuvchining ketidan bolta ko’tarib yuguradi.

Adabiy asar yozish uchun, hech shubhasiz, talant kerak, lekin yozilgan narsani o’chirish, kitobxonga zarur gaplarnigina qoldi-rish uchun talantning o’zigina kifoya qilmaydi, insof ham kerak.

Bolalar yozuvchisi, shubhasiz, talantli, bilimli pedagog bo’liish kerak, lekin bularning ustiga o’zi odamoxun bo’lmasa qadri bir pul.

Zaruratsiz, ichki dardsiz, ehtirossiz yozilgan asar o’lik bo’ladi. Bundoq asarga hech qanaqa g’oya, muhim mavzu jon kirita olmaydi.

Adabiyotga o’g’ri mushukday tuynukdan tushadigan odamlar ham bo’ladi. Bular adabiyotni hunardan kasbga, ya’ni sababi tirikchilikka aylantirib olishadi. Bunaqa odamlar qadim zamonda ham bo’lgan, hozir ham bor, ehtimol, bundan keyin ham bo’lsa.

Hayot magnit — o’ziga tortadi, yozuvchi shu magnitni o’ziga yuqtira olsagina kitobxonni o’ziga torta oladi.

Boshqa ishga yaramay adabiyotda tanqidchilik qilib kun ko’rib yurgan tanqidchi qo’rqoq qorovulday har sharpadan cho’chib shaqildoq chalaveradi.

Asar qovog’ari chaqqanday semiz…

Semiz kitobning yuragi yaxshi tepmaydi…

Xomsemiz asar ustidan asfalt qiladigan mashina o’tka-zish kerak.

Yozuvchilikning boshqa hunarlardan farqi — yozuvchi o’zini o’zi operatsiya qiladi: yozganini qisqartirib tashlay oladi.

Bunga o’xshagan yozuvchining oldidan ilxom parisi paranji yopinib o’tadi…

Bu kitobingizdan, siz adabiyot fondi bergan pulga yarasha hayotni o’rganganingiz shundoq ko’rinib turibdi…

Ha, o’qidim, lekin hazm qilib bo’lmaydigan asar ekan. Palag’da tuxumga murch sepib bergan bilan uni yeb bo’lmaydi-ku?!

Asar agar katta adabiyotga kirmasa asar emas. Bordiyu bo’ynidan boylab olib kirilsa, u oyoqosti bo’ladi.

Yozuvchining mahorati shundaki, butun bahorni atigi chigitdek keladigan g’o’za ichiga qamab bera biladi…

Muhabbat dutor, ehtiyot qilib tutmasang, tob tashlaydi.

Boshqa ishga yaramay adabiyotda tanqidchilik qilib kun ko’rib yurgai tanqidchi qo’rqoq qorovulday, har sharpadan cho’chib shaqildoq chalaveradi.

Bu odam yozuvchilik mehnatini faqat yozishdan iborat deb o’ylaydi.

Adabiyot atomdan kuchli, lekin uning kuchini o’tin yorishga sarf qilish kerak emas.

Adabiyot hunar, uni kasbga aylantirib olgan yozuvchi olmaga tushgan qurtdan farq qilmaydi.

Gap qancha yaxshi bo’lsa, u shuncha qisqa bo’ladi.

Shunday tanqidchilar ham borki, bir yozuvchining bir asarini tanqid qilib qo’yadi-da, keyin shu avtorning yangi asarini kutadi. U to’g’rida «yaxshi gap aytib, avvalgisini yuvmoqchi», bo’ladi.

Farrux Jabborov tayyorlagan

063

xdk

(Tashriflar: umumiy 9 591, bugungi 2)

Izoh qoldiring