Ozod Sharafiddinov. Fikr erkinligi — zarur ehtiyoj. Ibrohim Haqqulga ochiq xat & Ibrohim Haqqul kitoblari

75Таниқли адабиётшунос олим, замонавий шеъриятимизнинг зукко мунаққиди Иброҳим Ҳаққул  (1949-2022) таваллудининг 75 йиллиги олдидан

Аввало шуни айтмоғим керакки, мен биринчи қадамларингизданоқ ижодингизни жуда катта қизиқиш билан кузатиб келаман. Мени мақолаларингиз ва китобларингиздаги теранлик, мулоҳазалар ҳамда хулосаларнинг чуқур билимга асосланганлиги, фикрдаги, илмий тафаккурдаги дадиллик ва ниҳоят, ҳар бир саҳифадан барқ уриб турадиган самимият ўзига жалб қиларди. Айниқса, Алишер Навоий ҳақидаги тадқиқотларингиз, унинг бир қатор ғазалларига берган таҳлилларингиз, тасаввуф борасидаги изланишларингиз сизни адабиётшунослигимиз соҳасида олдинги ўринларга олиб чиқди. Сиз халқимиз ўртасида мумтоз адабиётимизнинг етук ва баркамол тадқиқотчиси ҳамда тарғиботчиси сифатида танилдингиз.

Озод ШАРАФИДДИНОВ
ФИКР ЭРКИНЛИГИ – ЗАРУР ЭҲТИЁЖ
Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулга очиқ хат
077

Муҳтарам Иброҳимжон!

Мен ҳамиша вақтим тиғиз бўлгани учунми ёки бошқа сабабданми, одамларга хат ёзишни унча хуш кўрмаганман ва жуда кам ҳолларда мактуб жанрига мурожаат қилганман. Лекин бўлмади – “Тафаккур” журналидаги “Абдулла Қаҳҳор жасорати” деган мақолангизни ўқидиму қандайдир бир ички тазйиқ таъсирида ҳамма ишимни вақтинча йиғиштириб, сизга мактуб ёзишга ўтирдим.

Аввало шуни айтмоғим керакки, мен биринчи қадамларингизданоқ ижодингизни жуда катта қизиқиш билан кузатиб келаман. Мени мақолаларингиз ва китобларингиздаги теранлик, мулоҳазалар ҳамда хулосаларнинг чуқур билимга асосланганлиги, фикрдаги, илмий тафаккурдаги дадиллик ва ниҳоят, ҳар бир саҳифадан барқ уриб турадиган самимият ўзига жалб қиларди. Айниқса, Алишер Навоий ҳақидаги тадқиқотларингиз, унинг бир қатор ғазалларига берган таҳлилларингиз, тасаввуф борасидаги изланишларингиз сизни адабиётшунослигимиз соҳасида олдинги ўринларга олиб чиқди. Сиз халқимиз ўртасида мумтоз адабиётимизнинг етук ва баркамол тадқиқотчиси ҳамда тарғиботчиси сифатида танилдингиз.

Ва ниҳоят, мана “Тафаккур”даги янги мақолангиз Абдулла Қаҳҳор тўғрисида. Унинг ижодий жасорати ҳақида. Ростини айтсам, мақолангизни жиндай ғашлик билан ўқий бошладим – ҳа энди, туппа-тузук олим ўзининг ишини қилиб юраверса бўлмасмиди, янги давр адабиётига аралашиб нима қиларди? Бунинг устига, Абдулла Қаҳҳор ижоди аллақачон узунасига ҳам, кўндаланггига ҳам ўрганиб бўлинган бўлса? Шу жумладан, унинг жасорати тўғрисида ҳам кўпдан-кўп фикр-мулоҳазалар айтилган бўлса? Шундай дедиму яна дарҳол ўзимга ўзим қарши чиқдим – бу фикринг беҳуда. Янги давр адабиёти фақат муайян адабиётшуноснинг маҳрига тушган, бу ҳудудга ундан бошқа ҳеч кимнинг қадам қўйиши мумкин эмас деган қоида борми? Ахир, аксинча, ҳар қандай адабиётшунос ҳам мумтоз адабиётимизни, ҳам замонавий адабиётни, ҳам Ғарб, ҳам Шарқ адабиётини пухта билмоғи фазилат эмасми? Фақат шу йўл билангина адабиётшунос янги назарий уфқларни кашф этмайдими? Унинг фикрлари тор маҳаллий ҳудудларни ёриб чиқиб, ёруғ жаҳон бўйлаб таралмайдими? Абдулла Қаҳҳор мухтасар қилиб айтганидек, шундагина адабиётимизнинг донғи “Тўйтепадан нариларга” ҳам ўтмайдими?

Мақолангизни ўқиб бўлишим биланоқ, кўнглимдаги шубҳа-гумонлар елдек тарқаб кетди. Ва айтиш мумкинки, анча ҳажмдор мақолани бир ўтиришда ўқиб чиқдим эмас, ўқитиб, эшитиб чиқдим. Мақолада сизнинг адабиётшунос олим сифатидаги ҳамма фазилатларингиз муҳайё эди. Катта баҳра олдим. Янги ижодий муваффақият билан чин дилдан табриклайман.

09Лекин, Иброҳимжон, мен сизга бир жуфт ширин гап айтиб, яна бир бора “баракалла” дейиш учун мазкур мактубни ёзаётганим йўқ. Агар мақсад шунинг ўзи бўлса, телефонда қулоғингизга айтиб қўяқолсам ҳам бўларди. Мақолангиз бир қатор масалаларда менда жиддий ўйлар қўзғади, адабиётшунослигимиз босиб ўтган йўллар ҳақида, унинг бугуни ва келажаги тўғрисида, айниқса, бугунги баландпарвоз тилда айтадиган бўлсак, “истиқлол адабиётшунослиги” ҳақида айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашишга ундади.

Аввало, мақолангизни ўқиб мен яна бир карра Абдулла Қаҳҳорнинг Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом каби ижодкорларимиз қатори том маънода улуғ санъаткор бўлганига қаноат ҳосил қилдим. Улуғ санъаткорларнинг бир сифати бўлади – уларнинг асарлари, яна устознинг ибораси билан айтганда, “эски қазига ўхшайди – чайнаганинг сари мазаси чиқаверади”. Замонлар янгиланиб, ўзгаргани сари, уларнинг асарлари янги-янги қирралари билан жилоланади. Китобхонга янги туйғулар, янги фикрлар уйғотаверади. Мана, масалан, “Сароб”ни олайлик – у босилиб чиққандан бери, яъни етмиш йилдан бери унинг теварагида гоҳ дўстона, гоҳ шиддатли баҳслар тўхтамайди – уни нималар деб камситишмади, нималар деб мақташмади, роман туфайли адибга қандай тошлар отилмади, қандай унвону тортиқлар инъом этилмади! Мана, энди бугун – юртимиз мустақиллик йўлидан дастлабки қадамларини қўяётган бир шароитда бу роман ўтган асрдаги ўзбек романларининг энг яхшисигина эмас, энг замонавийи экани, истиқлол ғоялари билан ич-ичидан нурланиб турган асар экани аён бўлиб бораяпти. Фақат бунга амин бўлмоқ учун асарни янги кўз, янги нигоҳ билан ўқиб чиқмоқ керак. Бугун сизнинг мақолангиз туфайли ҳам аён бўлмоқдаки, 1930 йилда 23 ёшли адиб бу роман саҳифалари устида қалам тебрата бошлаганда у турли қолипларни ёриб чиқа олган, инсон руҳиятининг тубсиз қатламларига дадил кира олган. Инсон деган олий мавжудот зинҳор-базинҳор икки рангли ёки бир ўлчамли махлуқ бўлиши мумкин эмаслигини англаб етган экан. Ва буни роман образлари тизимида “салбий” ёки “ижобий” деган қолиплар эмас, балки уларни ичдан инкор қилган ҳолда кўрсатиб бера олган экан.

Яна такрор айтаман – шундай хулосага келмоқ учун, романда яратилган бадиий дунёнинг ҳамма ранг-баранглигини кўра билмоқ учун янгича кўз керак.

Сизнинг мақолангиз кўпгина янги фикрлар уйғотади. Қизиғи шундаки, янги кўз билан қаралганда Абдулла Қаҳҳорнинг энг машҳур, ҳаммамизга ёд бўлиб кетган кичкина асарлари, “шапалоқдек” ҳикоялари ҳам бутунлай бошқача тус касб этади. Мана, “Ўғри”ни олайлик. Бу ҳикоя тўғрисида мен ҳам бир неча марта ёзганман. Лекин бугун ўйланиб қолдим – наҳотки, Абдулла Қаҳҳордай забардаст, мутафаккир адиб ҳикояни “ўтмишда амалдорлар золим эди, Қобил боболар эзилган, хор, муте эди, мана, шўро замони қандай гўзал, қашшоқ халқ бахтиёр яшамоқда” деган ўта жўн, ялтоқликка ўхшаган фикр айтиш учун ёзган бўлса?! Биз – адабиётшунослар юзлаб мақола ва китобларимизда Қобил бобо образининг моҳиятини очиб бера олганмизми? Унинг тимсолида, у билан бирга яна кўпгина бошқа образлар талқинида мутелик, тақдирга қулларча бўйсуниш, ўз-ўзини танишга ноқобиллик бутун бир миллатнинг ҳалокатли сифати экани тўғрисидаги ғоя – катта фикр, бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган умумлашма ифодаланган эмасмикан? Ва айни шундай қарашлари билан бу адиб бугунги ҳаётимизга боғланиб кетмасмикан?

Абдулла Қаҳҳор ватанини жуда севарди, халқини, миллатини жуда яхши кўрарди. Арманистонда ўзбек адабиёти декадаси ёпилаётган кунда унинг минбардан туриб айтган ва бутун зални гулдурос қарсаклар чалишга ундаган бир ибораси эсингиздами? “Мен Арманистонда ўз юртимни арман ўз юртини яхши кўрганидек яхши кўришни ўргандим”, – деган эди адиб. Бу иқтибос айнан эмасдир, лекин мазмунан тўғри. Билмадим, Абдулла Қаҳҳор ватанига муҳаббатини, одатда, минбарлардан эълон қилмас эди. Назаримда, у авваллари ҳам ўз юртини “арман ўз юртини яхши кўрганидек” севган, фақат бу севгисини асарларида ифодалаган бўлиши керак. Бироқ у – мутафаккир одам шуни ҳам яхши билганки, юрт севгиси, ватан севгиси фақат уни мадҳ этишдан, унинг шаънига мадҳиялар эшитишдан иборат эмас, баъзан юрт ҳақидаги қайғули кайфиятларни, танқидий мулоҳазаларини айтишни ҳам тақозо қилади. Ватанини чин юракдан, астойдил яхши кўрган одамгина уни ҳар қандай қусурлардан, ҳар турли кемтиклардан холи кўришни истайди. Бунга эса фақат мақтов билан эришиб бўлмайди. Абдулла Қаҳҳорнинг жасорати ёки ибрати деганимизда биз унинг ана шу жиҳатларини ҳам ўзимизга сингдириб олмоғимиз керак эмасми?

Муҳтарам Иброҳимжон! Мақолангиз туфайли менда туғилган яна бир фикр – истиқлол адабиётшунослигини яратиш билан боғлиқ. Албатта, XX асрда бизда катта адабиётшунослик вужудга келди. Мен бу ўринда қилинган ишларни санаб ўтирмоқчи эмасман. Лекин шуниси ҳам аёнки, биз, яъни мен қатори адабиётга аср ўрталарида кириб келган, ёш нуқтаи назаридан эмас, адабиётга кириб келган йиллари нуқтаи назаридан “олтмишбойлар” (“шестидесятник”) деган фахрли ном билан аташга муносиб авлод ўз соҳасида қўлидан келган ишларни қилди, лекин бу авлод бошидан оша сакрай олмас эди. У ҳар қанча ҳурфикрликка интилмасин, бутун умр қафасда яшашга мажбур бўлган эди. Бу ўринда яна Абдулла Қаҳҳорнинг фил ҳақидаги масали эсга тушади – фил икки юз йил қафасда яшабди, ҳар куни ўн марталаб симтўр олдига бориб, боши билан унга урилиб орқасига қайтар экан. 200 йилда симтўр занглаб, уқаланиб тушиб кетган бўлса-да, фил ҳамон ўша тўсиқ ўрнатилган жойдан бир қарич ҳам ўтолмас, яна орқага қайтаверар экан. Билмадим, менинг дўстларим, эҳтимол, бу фикрга қўшилмас, лекин симтўрдан орқага қайтиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган эди. Бундан эса осонликча қутулиб бўлмайди.

Сизнинг мақолангиз туфайли яна бир карра ишонч ҳосил қилдим – бугун бизнинг жамиятимизда янги, истиқлол адабиётшунослигига эҳтиёж катта. Унинг олдида нафақат мумтоз адабиёт, балки XX аср адабиётини янгидан идрок этиш вазифаси турибди. Фақат бир мисол келтираман. Авваллари биз ёзувчи сиймосига ёндашишни билмас эдик, ҳарчанд ҳаракат қилмайлик, бизнинг тасвиримизда ёзувчи пардозланган, тарашланган “бинойи қушдек” бўлиб чиқарди. Ундан жонли одамнинг муаттар ҳиди келиб турмас, жонли характери турли ранглари билан товланиб турмас – эскириб кетган мурданинг қўланса ҳиди келарди, холос. Бугун итиқлол адабиётшунослигида биз ёзувчига нафақат катта мутафаккир сифатида, балки жонли одам сифатида “бир тери ичида неча семириб, неча озиши” мумкин бўлган инсон сифатида қарашни ўрганяпмиз. Ўйлайманки, буюкларимиз ҳақидаги монографияларни шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак. Ва умуман, адабиётшунослигимизни бутунлай янгилаш керак. Бироқ бунинг учун, албатта, икки нарса зарур. Биринчидан, мутахассисларимизнинг интеллектуал даражасини кўтариш керак. Албатта, бир вақтлар Абдулла Қаҳҳор истеҳзо билан айтганидек, бирон шоирнинг ижодидан топиб олинган “шафтоли данаги” ҳам кимнингдир диссертацияси учун кифоя қилар, лекин бизга ўзининг юксак савияси билан халқни ортидан эргаштира оладиган, унда юксак сифатлар ва фазилатлар шаклланишига йўл очадиган, ўзини теранроқ танишга, бу борада юксакликка кўтарилишга ва бутун ҳаётини шу юксаклик ўлчамлари билан қайта қуриб чиқишга сафарбар қиладиган адабиётшунослик керак. Бундай юксак интеллектуал савияга эришмоқ учун бугун кўпгина шароит бор – фақат бу соҳага қадам қўяётган ёшларимиз мақсад йўлида астойдил бел боғласалар кифоя.

Истиқлол адабиётшунослигини яратиш ва ривожлантириш учун зарур бўлган иккинчи шарт – ижод эркинлигидир. Эски ва янги қолиплар исканжасида ботиб ётган олим симтўрнинг олдига келиб кетаверади-ю, ундан қадам қўйиб ташқарига одимлай олмайди. Бошқача қилиб айтганда, янги умумлашмалар, янги кашфиётлар қилишга, адабиётнинг моҳиятини, ижодкор шахсиятини, ижод психологиясини янгича идрок этишга журъат қила олмайди. Баъзан ҳаётда сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, ижод эркинлиги мавжуддай кўринади – цензура бекор қилинган, идораси ёпилиб, цензор нафақага чиқариб юборилган. Лекин ҳали ҳам, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, ҳовуз бўйига ўтириб олиб сувга келган ижодкорларга “ботир пақирингни, торт пақирингни” деб буйруқ бериб турмаса, куни ўтмайдиганлар бор. Афсуски, уларнинг айримлари фақат ҳовуз бўйидагина фармонбардорлик қилмайди. Мен бу тўғрида гапираётган бўлсам, тор доирадаги аҳволнигина назарда тутаётганим йўқ. Ҳар хил йўллар билан ҳамон адабиётга билиб-билмай раҳнамолик қилиб келаётганлари шунақа бир ҳадик муҳитини яратганки, унда ижодкор одам бирор дадил фикр айтишга, бирор янги концепцияни олға суришга юраги бетламайди. Бир мисол келтираман: назарияда “санъат воқеликнинг образли инъикосидир” деган қоида бор. Санъатнинг ҳамма турларининг ҳам назарий, ҳам амалий фаолияти шу қонун асосига қурилган. Хўш, нима деб ўйлайсиз, бу қонунни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш мумкинми? У санъатнинг энг муҳим жиҳатларини қамраб ола биладими? Бу қонун амал қилаётганига қанча бўлди? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – бу қоидага икки ярим минг йил бўлди. Аслида, бу қоидани биринчи марта Арасту “Поэтика” асарида баён қилган. У санъат ёки бадиий образ табиатга тақлиддан ўзга нарса эмас, деган эди. Биз ҳозирга қадар образнинг моҳиятини аниқлашда шу қоидадан узоқ кетган эмасмиз. Ҳолбуки, санъатнинг амалиёти, айниқса, сўнгги икки аср мобайнидаги жаҳон санъатининг тажрибаси шундан далолат берадики, санъат, яъни бадиий образ ҳаётнинг ўзи каби битмас-туганмас даражада турфа хилдир. Бундай умумлашмани илмий асосламоқ учун олим тафаккури эски қарашлар асоратидан холи бўлмоғи, ундан юқорироқ турмоғи, ҳодиса моҳиятига теран кириб бормоғи лозим. Илмий жасорат учун том маънодаги ижод эркинлиги, фикр эркинлиги керак. Лекин шу ўринда бир нарсани айтиб қўяй – мен фикр эркинлиги деганда фисқу фасод эркинлигини, калтабинлик ва фаросатсизлик эркинлигини, масъулиятсизлик ва дидсизлик эркинлигини англаётганим йўқ. Биз – инсонлармиз, инсон бўлганда ҳам олий инсонлармиз. Олий инсон, юксак санъаткор эса – яна Абдулла Қаҳҳорга мурожаат қилайлик – нима дейиш кераклигинигина эмас, нима демаслик кераклигини ҳам билиши лозим, сиз Иброҳимжон, яхши эслатиб турганингиздек, нафақат истеъдод эгаси бўлмоғи, балки “инсофли инсон” бўлмоғи, яъни ёзган нарсасини ўчира билмоғи керак. Ёки Маяковский айтганидек, керагида ўз “қўшиғининг бўғзига оёқ босишни ҳам” билиши зарур. Хуллас, эркинлик, айни чоғда, масъулият дегани ҳамдир. Шу маънода сизнинг Абдулла Қаҳҳор ҳозир яшаётган кўпгина одамлардан, ижодкорлардан эркинроқ бўлган эди, деган фикрингиз жуда самарали ва фойдалидир.

Укам Иброҳимжон! Мен бир ҳақиқатга жуда қаттиқ ишонаман – Президентимиз ўзбек халқининг келажаги буюк бўлади, деган фикрни қайта-қайта уқтиради. Абдулла Қаҳҳор ҳам ўзбек адабиётининг келажаги буюк бўлади, деб башорат қилган эди. Мен бутун умрини адабиётга хизмат қилишга бағишлаган бир кекса ижодкор сифатида ана шу буюкларимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда, танқидчилигимиз ва адабиётшунослигимиз ҳам том маънода буюк бўлса, деб орзу қиламан. Ва ишонаманки, бу буюк вазифани тарих сизнинг авлодингиз зиммасига юклаган. Бизнинг авлодимиз эришган марралар сизлар учун янги парвозларингизга старт майдончаси бўлса, бағоят мамнун бўлардим.

Муҳтарам Иброҳимжон! Менинг бу гапларимни насиҳат деб қабул қилманг. Лекин насиҳат деб билсангиз ҳам майли – ёзиб-ёзиб умримда бир марта насиҳатгўйликка шахт қилган эканман – нима бўпти? Фақат масаланинг бошқа бир чатоғи бор: ҳар қанча мухтасар қилишга ҳаракат қилмай, мақола чўзилиб кетди. Назаримда, мухтасарлик фақат улуғларгагина Чехову Қаҳҳорларгагина насиб қиладиган ноёб фазилатга ўхшайди. Бутун умрим лоақал шу жиҳатдан улуғ устозга ўхшай, сийқа, баландпарвоз гаплардан қутулай, деб ҳаракат қилдим –бўлмади. Бунинг устига одам қариганда сал эзмароқ ҳам бўлиб қолар экан.

Хуллас, мактуб чўзилиб кетгани учун мени маъзур тутарсиз.

Сизга соғлиқ, янги ижодий парвозлар, фикрда янги кашфиётлар тилайман. Бу хайрли ишда сизга ва сизнинг сафдошларингизга Абдулла Қаҳҳор каби буюкларимизнинг ўлмас руҳи мададкор бўлсин.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2004 йил 14 май

Taniqli adabiyotshunos olim, zamonaviy she’riyatimizning zukko munaqqidi Ibrohim Haqqul (1949-2022) tavalludining 75 yilligi oldidan

Avvalo shuni aytmog‘im kerakki, men birinchi qadamlaringizdanoq ijodingizni juda katta qiziqish bilan kuzatib kelaman. Meni maqolalaringiz va kitoblaringizdagi teranlik, mulohazalar hamda xulosalarning chuqur bilimga asoslanganligi, fikrdagi, ilmiy tafakkurdagi dadillik va nihoyat, har bir sahifadan barq urib turadigan samimiyat o‘ziga jalb qilardi. Ayniqsa, Alisher Navoiy haqidagi tadqiqotlaringiz, uning bir qator g‘azallariga bergan tahlillaringiz, tasavvuf borasidagi izlanishlaringiz sizni adabiyotshunosligimiz sohasida oldingi o‘rinlarga olib chiqdi. Siz xalqimiz o‘rtasida mumtoz adabiyotimizning yetuk va barkamol tadqiqotchisi hamda targ‘ibotchisi sifatida tanildingiz.

Ozod SHARAFIDDINOV
FIKR ERKINLIGI – ZARUR EHTIYOJ
Adabiyotshunos Ibrohim Haqqulga ochiq xat
077

Muhtaram Ibrohimjon!

Men hamisha vaqtim tigʻiz boʻlgani uchunmi yoki boshqa sababdanmi, odamlarga xat yozishni uncha xush koʻrmaganman va juda kam hollarda maktub janriga murojaat qilganman. Lekin boʻlmadi – “Tafakkur” jurnalidagi “Abdulla Qahhor jasorati” degan maqolangizni oʻqidimu qandaydir bir ichki tazyiq taʼsirida hamma ishimni vaqtincha yigʻishtirib, sizga maktub yozishga oʻtirdim.

Avvalo shuni aytmogʻim kerakki, men birinchi qadamlaringizdanoq ijodingizni juda katta qiziqish bilan kuzatib kelaman. Meni maqolalaringiz va kitoblaringizdagi teranlik, mulohazalar hamda xulosalarning chuqur bilimga asoslanganligi, fikrdagi, ilmiy tafakkurdagi dadillik va nihoyat, har bir sahifadan barq urib turadigan samimiyat oʻziga jalb qilardi. Ayniqsa, Alisher Navoiy haqidagi tadqiqotlaringiz, uning bir qator gʻazallariga bergan tahlillaringiz, tasavvuf borasidagi izlanishlaringiz sizni adabiyotshunosligimiz sohasida oldingi oʻrinlarga olib chiqdi. Siz xalqimiz oʻrtasida mumtoz adabiyotimizning yetuk va barkamol tadqiqotchisi hamda targʻibotchisi sifatida tanildingiz.

Va nihoyat, mana “Tafakkur”dagi yangi maqolangiz Abdulla Qahhor toʻgʻrisida. Uning ijodiy jasorati haqida. Rostini aytsam, maqolangizni jinday gʻashlik bilan oʻqiy boshladim – ha endi, tuppa-tuzuk olim oʻzining ishini qilib yuraversa boʻlmasmidi, yangi davr adabiyotiga aralashib nima qilardi? Buning ustiga, Abdulla Qahhor ijodi allaqachon uzunasiga ham, koʻndalanggiga ham oʻrganib boʻlingan boʻlsa? Shu jumladan, uning jasorati toʻgʻrisida ham koʻpdan-koʻp fikr-mulohazalar aytilgan boʻlsa? Shunday dedimu yana darhol oʻzimga oʻzim qarshi chiqdim – bu fikring behuda. Yangi davr adabiyoti faqat muayyan adabiyotshunosning mahriga tushgan, bu hududga undan boshqa hech kimning qadam qoʻyishi mumkin emas degan qoida bormi? Axir, aksincha, har qanday adabiyotshunos ham mumtoz adabiyotimizni, ham zamonaviy adabiyotni, ham Gʻarb, ham Sharq adabiyotini puxta bilmogʻi fazilat emasmi? Faqat shu yoʻl bilangina adabiyotshunos yangi nazariy ufqlarni kashf etmaydimi? Uning fikrlari tor mahalliy hududlarni yorib chiqib, yorugʻ jahon boʻylab taralmaydimi? Abdulla Qahhor muxtasar qilib aytganidek, shundagina adabiyotimizning dongʻi “Toʻytepadan narilarga” ham oʻtmaydimi?

Maqolangizni oʻqib boʻlishim bilanoq, koʻnglimdagi shubha-gumonlar yeldek tarqab ketdi. Va aytish mumkinki, ancha hajmdor maqolani bir oʻtirishda oʻqib chiqdim emas, oʻqitib, eshitib chiqdim. Maqolada sizning adabiyotshunos olim sifatidagi hamma fazilatlaringiz muhayyo edi. Katta bahra oldim. Yangi ijodiy muvaffaqiyat bilan chin dildan tabriklayman.

Lekin, Ibrohimjon, men sizga bir juft shirin gap aytib, yana bir bora “barakalla” deyish uchun mazkur maktubni yozayotganim yoʻq. Agar maqsad shuning oʻzi boʻlsa, telefonda qulogʻingizga aytib qoʻyaqolsam ham boʻlardi. Maqolangiz bir qator masalalarda menda jiddiy oʻylar qoʻzgʻadi, adabiyotshunosligimiz bosib oʻtgan yoʻllar haqida, uning buguni va kelajagi toʻgʻrisida, ayniqsa, bugungi balandparvoz tilda aytadigan boʻlsak, “istiqlol adabiyotshunosligi” haqida ayrim mulohazalar bilan oʻrtoqlashishga undadi.

Avvalo, maqolangizni oʻqib men yana bir karra Abdulla Qahhorning Choʻlpon, Oybek, Abdulla Qodiriy, Gʻafur Gʻulom kabi ijodkorlarimiz qatori tom maʼnoda ulugʻ sanʼatkor boʻlganiga qanoat hosil qildim. Ulugʻ sanʼatkorlarning bir sifati boʻladi – ularning asarlari, yana ustozning iborasi bilan aytganda, “eski qaziga oʻxshaydi – chaynaganing sari mazasi chiqaveradi”. Zamonlar yangilanib, oʻzgargani sari, ularning asarlari yangi-yangi qirralari bilan jilolanadi. Kitobxonga yangi tuygʻular, yangi fikrlar uygʻotaveradi. Mana, masalan, “Sarob”ni olaylik – u bosilib chiqqandan beri, yaʼni yetmish yildan beri uning tevaragida goh doʻstona, goh shiddatli bahslar toʻxtamaydi – uni nimalar deb kamsitishmadi, nimalar deb maqtashmadi, roman tufayli adibga qanday toshlar otilmadi, qanday unvonu tortiqlar inʼom etilmadi! Mana, endi bugun – yurtimiz mustaqillik yoʻlidan dastlabki qadamlarini qoʻyayotgan bir sharoitda bu roman oʻtgan asrdagi oʻzbek romanlarining eng yaxshisigina emas, eng zamonaviyi ekani, istiqlol gʻoyalari bilan ich-ichidan nurlanib turgan asar ekani ayon boʻlib borayapti. Faqat bunga amin boʻlmoq uchun asarni yangi koʻz, yangi nigoh bilan oʻqib chiqmoq kerak. Bugun sizning maqolangiz tufayli ham ayon boʻlmoqdaki, 1930 yilda 23 yoshli adib bu roman sahifalari ustida qalam tebrata boshlaganda u turli qoliplarni yorib chiqa olgan, inson ruhiyatining tubsiz qatlamlariga dadil kira olgan. Inson degan oliy mavjudot zinhor-bazinhor ikki rangli yoki bir oʻlchamli maxluq boʻlishi mumkin emasligini anglab yetgan ekan. Va buni roman obrazlari tizimida “salbiy” yoki “ijobiy” degan qoliplar emas, balki ularni ichdan inkor qilgan holda koʻrsatib bera olgan ekan.

Yana takror aytaman – shunday xulosaga kelmoq uchun, romanda yaratilgan badiiy dunyoning hamma rang-barangligini koʻra bilmoq uchun yangicha koʻz kerak.

Sizning maqolangiz koʻpgina yangi fikrlar uygʻotadi. Qizigʻi shundaki, yangi koʻz bilan qaralganda Abdulla Qahhorning eng mashhur, hammamizga yod boʻlib ketgan kichkina asarlari, “shapaloqdek” hikoyalari ham butunlay boshqacha tus kasb etadi. Mana, “Oʻgʻri”ni olaylik. Bu hikoya toʻgʻrisida men ham bir necha marta yozganman. Lekin bugun oʻylanib qoldim – nahotki, Abdulla Qahhorday zabardast, mutafakkir adib hikoyani “oʻtmishda amaldorlar zolim edi, Qobil bobolar ezilgan, xor, mute edi, mana, shoʻro zamoni qanday goʻzal, qashshoq xalq baxtiyor yashamoqda” degan oʻta joʻn, yaltoqlikka oʻxshagan fikr aytish uchun yozgan boʻlsa?! Biz – adabiyotshunoslar yuzlab maqola va kitoblarimizda Qobil bobo obrazining mohiyatini ochib bera olganmizmi? Uning timsolida, u bilan birga yana koʻpgina boshqa obrazlar talqinida mutelik, taqdirga qullarcha boʻysunish, oʻz-oʻzini tanishga noqobillik butun bir millatning halokatli sifati ekani toʻgʻrisidagi gʻoya – katta fikr, bugun ham ahamiyatini yoʻqotmagan umumlashma ifodalangan emasmikan? Va ayni shunday qarashlari bilan bu adib bugungi hayotimizga bogʻlanib ketmasmikan?

Abdulla Qahhor vatanini juda sevardi, xalqini, millatini juda yaxshi koʻrardi. Armanistonda oʻzbek adabiyoti dekadasi yopilayotgan kunda uning minbardan turib aytgan va butun zalni gulduros qarsaklar chalishga undagan bir iborasi esingizdami? “Men Armanistonda oʻz yurtimni arman oʻz yurtini yaxshi koʻrganidek yaxshi koʻrishni oʻrgandim”, – degan edi adib. Bu iqtibos aynan emasdir, lekin mazmunan toʻgʻri. Bilmadim, Abdulla Qahhor vataniga muhabbatini, odatda, minbarlardan eʼlon qilmas edi. Nazarimda, u avvallari ham oʻz yurtini “arman oʻz yurtini yaxshi koʻrganidek” sevgan, faqat bu sevgisini asarlarida ifodalagan boʻlishi kerak. Biroq u – mutafakkir odam shuni ham yaxshi bilganki, yurt sevgisi, vatan sevgisi faqat uni madh etishdan, uning shaʼniga madhiyalar eshitishdan iborat emas, baʼzan yurt haqidagi qaygʻuli kayfiyatlarni, tanqidiy mulohazalarini aytishni ham taqozo qiladi. Vatanini chin yurakdan, astoydil yaxshi koʻrgan odamgina uni har qanday qusurlardan, har turli kemtiklardan xoli koʻrishni istaydi. Bunga esa faqat maqtov bilan erishib boʻlmaydi. Abdulla Qahhorning jasorati yoki ibrati deganimizda biz uning ana shu jihatlarini ham oʻzimizga singdirib olmogʻimiz kerak emasmi?

Muhtaram Ibrohimjon! Maqolangiz tufayli menda tugʻilgan yana bir fikr – istiqlol adabiyotshunosligini yaratish bilan bogʻliq. Albatta, XX asrda bizda katta adabiyotshunoslik vujudga keldi. Men bu oʻrinda qilingan ishlarni sanab oʻtirmoqchi emasman. Lekin shunisi ham ayonki, biz, yaʼni men qatori adabiyotga asr oʻrtalarida kirib kelgan, yosh nuqtai nazaridan emas, adabiyotga kirib kelgan yillari nuqtai nazaridan “oltmishboylar” (“shestidesyatnik”) degan faxrli nom bilan atashga munosib avlod oʻz sohasida qoʻlidan kelgan ishlarni qildi, lekin bu avlod boshidan osha sakray olmas edi. U har qancha hurfikrlikka intilmasin, butun umr qafasda yashashga majbur boʻlgan edi. Bu oʻrinda yana Abdulla Qahhorning fil haqidagi masali esga tushadi – fil ikki yuz yil qafasda yashabdi, har kuni oʻn martalab simtoʻr oldiga borib, boshi bilan unga urilib orqasiga qaytar ekan. 200 yilda simtoʻr zanglab, uqalanib tushib ketgan boʻlsa-da, fil hamon oʻsha toʻsiq oʻrnatilgan joydan bir qarich ham oʻtolmas, yana orqaga qaytaverar ekan. Bilmadim, mening doʻstlarim, ehtimol, bu fikrga qoʻshilmas, lekin simtoʻrdan orqaga qaytish bizning qon-qonimizga singib ketgan edi. Bundan esa osonlikcha qutulib boʻlmaydi.

Sizning maqolangiz tufayli yana bir karra ishonch hosil qildim – bugun bizning jamiyatimizda yangi, istiqlol adabiyotshunosligiga ehtiyoj katta. Uning oldida nafaqat mumtoz adabiyot, balki XX asr adabiyotini yangidan idrok etish vazifasi turibdi. Faqat bir misol keltiraman. Avvallari biz yozuvchi siymosiga yondashishni bilmas edik, harchand harakat qilmaylik, bizning tasvirimizda yozuvchi pardozlangan, tarashlangan “binoyi qushdek” boʻlib chiqardi. Undan jonli odamning muattar hidi kelib turmas, jonli xarakteri turli ranglari bilan tovlanib turmas – eskirib ketgan murdaning qoʻlansa hidi kelardi, xolos. Bugun itiqlol adabiyotshunosligida biz yozuvchiga nafaqat katta mutafakkir sifatida, balki jonli odam sifatida “bir teri ichida necha semirib, necha ozishi” mumkin boʻlgan inson sifatida qarashni oʻrganyapmiz. Oʻylaymanki, buyuklarimiz haqidagi monografiyalarni shu nuqtai nazardan qayta koʻrib chiqish kerak. Va umuman, adabiyotshunosligimizni butunlay yangilash kerak. Biroq buning uchun, albatta, ikki narsa zarur. Birinchidan, mutaxassislarimizning intellektual darajasini koʻtarish kerak. Albatta, bir vaqtlar Abdulla Qahhor istehzo bilan aytganidek, biron shoirning ijodidan topib olingan “shaftoli danagi” ham kimningdir dissertatsiyasi uchun kifoya qilar, lekin bizga oʻzining yuksak saviyasi bilan xalqni ortidan ergashtira oladigan, unda yuksak sifatlar va fazilatlar shakllanishiga yoʻl ochadigan, oʻzini teranroq tanishga, bu borada yuksaklikka koʻtarilishga va butun hayotini shu yuksaklik oʻlchamlari bilan qayta qurib chiqishga safarbar qiladigan adabiyotshunoslik kerak. Bunday yuksak intellektual saviyaga erishmoq uchun bugun koʻpgina sharoit bor – faqat bu sohaga qadam qoʻyayotgan yoshlarimiz maqsad yoʻlida astoydil bel bogʻlasalar kifoya.

Istiqlol adabiyotshunosligini yaratish va rivojlantirish uchun zarur boʻlgan ikkinchi shart – ijod erkinligidir. Eski va yangi qoliplar iskanjasida botib yotgan olim simtoʻrning oldiga kelib ketaveradi-yu, undan qadam qoʻyib tashqariga odimlay olmaydi. Boshqacha qilib aytganda, yangi umumlashmalar, yangi kashfiyotlar qilishga, adabiyotning mohiyatini, ijodkor shaxsiyatini, ijod psixologiyasini yangicha idrok etishga jurʼat qila olmaydi. Baʼzan hayotda soʻz erkinligi, matbuot erkinligi, ijod erkinligi mavjudday koʻrinadi – senzura bekor qilingan, idorasi yopilib, senzor nafaqaga chiqarib yuborilgan. Lekin hali ham, Abdulla Qahhor iborasi bilan aytganda, hovuz boʻyiga oʻtirib olib suvga kelgan ijodkorlarga “botir paqiringni, tort paqiringni” deb buyruq berib turmasa, kuni oʻtmaydiganlar bor. Afsuski, ularning ayrimlari faqat hovuz boʻyidagina farmonbardorlik qilmaydi. Men bu toʻgʻrida gapirayotgan boʻlsam, tor doiradagi ahvolnigina nazarda tutayotganim yoʻq. Har xil yoʻllar bilan hamon adabiyotga bilib-bilmay rahnamolik qilib kelayotganlari shunaqa bir hadik muhitini yaratganki, unda ijodkor odam biror dadil fikr aytishga, biror yangi konsepsiyani olgʻa surishga yuragi betlamaydi. Bir misol keltiraman: nazariyada “sanʼat voqelikning obrazli inʼikosidir” degan qoida bor. Sanʼatning hamma turlarining ham nazariy, ham amaliy faoliyati shu qonun asosiga qurilgan. Xoʻsh, nima deb oʻylaysiz, bu qonunni mutlaq haqiqat deb qabul qilish mumkinmi? U sanʼatning eng muhim jihatlarini qamrab ola biladimi? Bu qonun amal qilayotganiga qancha boʻldi? Xoh ishoning, xoh ishonmang – bu qoidaga ikki yarim ming yil boʻldi. Aslida, bu qoidani birinchi marta Arastu “Poetika” asarida bayon qilgan. U sanʼat yoki badiiy obraz tabiatga taqliddan oʻzga narsa emas, degan edi. Biz hozirga qadar obrazning mohiyatini aniqlashda shu qoidadan uzoq ketgan emasmiz. Holbuki, sanʼatning amaliyoti, ayniqsa, soʻnggi ikki asr mobaynidagi jahon sanʼatining tajribasi shundan dalolat beradiki, sanʼat, yaʼni badiiy obraz hayotning oʻzi kabi bitmas-tuganmas darajada turfa xildir. Bunday umumlashmani ilmiy asoslamoq uchun olim tafakkuri eski qarashlar asoratidan xoli boʻlmogʻi, undan yuqoriroq turmogʻi, hodisa mohiyatiga teran kirib bormogʻi lozim. Ilmiy jasorat uchun tom maʼnodagi ijod erkinligi, fikr erkinligi kerak. Lekin shu oʻrinda bir narsani aytib qoʻyay – men fikr erkinligi deganda fisqu fasod erkinligini, kaltabinlik va farosatsizlik erkinligini, masʼuliyatsizlik va didsizlik erkinligini anglayotganim yoʻq. Biz – insonlarmiz, inson boʻlganda ham oliy insonlarmiz. Oliy inson, yuksak sanʼatkor esa – yana Abdulla Qahhorga murojaat qilaylik – nima deyish kerakliginigina emas, nima demaslik kerakligini ham bilishi lozim, siz Ibrohimjon, yaxshi eslatib turganingizdek, nafaqat isteʼdod egasi boʻlmogʻi, balki “insofli inson” boʻlmogʻi, yaʼni yozgan narsasini oʻchira bilmogʻi kerak. Yoki Mayakovskiy aytganidek, keragida oʻz “qoʻshigʻining boʻgʻziga oyoq bosishni ham” bilishi zarur. Xullas, erkinlik, ayni chogʻda, masʼuliyat degani hamdir. Shu maʼnoda sizning Abdulla Qahhor hozir yashayotgan koʻpgina odamlardan, ijodkorlardan erkinroq boʻlgan edi, degan fikringiz juda samarali va foydalidir.

Ukam Ibrohimjon! Men bir haqiqatga juda qattiq ishonaman – Prezidentimiz oʻzbek xalqining kelajagi buyuk boʻladi, degan fikrni qayta-qayta uqtiradi. Abdulla Qahhor ham oʻzbek adabiyotining kelajagi buyuk boʻladi, deb bashorat qilgan edi. Men butun umrini adabiyotga xizmat qilishga bagʻishlagan bir keksa ijodkor sifatida ana shu buyuklarimizni qoʻllab-quvvatlagan holda, tanqidchiligimiz va adabiyotshunosligimiz ham tom maʼnoda buyuk boʻlsa, deb orzu qilaman. Va ishonamanki, bu buyuk vazifani tarix sizning avlodingiz zimmasiga yuklagan. Bizning avlodimiz erishgan marralar sizlar uchun yangi parvozlaringizga start maydonchasi boʻlsa, bagʻoyat mamnun boʻlardim.

Muhtaram Ibrohimjon! Mening bu gaplarimni nasihat deb qabul qilmang. Lekin nasihat deb bilsangiz ham mayli – yozib-yozib umrimda bir marta nasihatgoʻylikka shaxt qilgan ekanman – nima boʻpti? Faqat masalaning boshqa bir chatogʻi bor: har qancha muxtasar qilishga harakat qilmay, maqola choʻzilib ketdi. Nazarimda, muxtasarlik faqat ulugʻlargagina Chexovu Qahhorlargagina nasib qiladigan noyob fazilatga oʻxshaydi. Butun umrim loaqal shu jihatdan ulugʻ ustozga oʻxshay, siyqa, balandparvoz gaplardan qutulay, deb harakat qildim –boʻlmadi. Buning ustiga odam qariganda sal ezmaroq ham boʻlib qolar ekan.

Xullas, maktub choʻzilib ketgani uchun meni maʼzur tutarsiz.

Sizga sogʻliq, yangi ijodiy parvozlar, fikrda yangi kashfiyotlar tilayman. Bu xayrli ishda sizga va sizning safdoshlaringizga Abdulla Qahhor kabi buyuklarimizning oʻlmas ruhi madadkor boʻlsin.

M: “Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati”, 2004 yil 14 may

Ibrohim Haqqul kitoblaridan






08

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring