Munis Hakimov. Haqiqat yuki va ogohlik fojiasi

02Дунёда энг оғир юк нима? Тоғми, тошми ёки темир? Йўқ, буюк мутафаккирлар ва чинакам ижодкорлар учун энг оғир юк Ҳақиқат ва Сўз юкидир!..

ҲАҚИҚАТ ЮКИ ВА ОГОҲЛИК ФОЖИАСИ
(Алишер Навоий ва Абдулла Орипов ижодида тафаккур ва дард уйғунлиги)
Мунисжон ҲАКИМОВ — филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Дунёда энг оғир юк нима? Тоғми, тошми ёки темир? Йўқ, буюк мутафаккирлар ва чинакам ижодкорлар учун энг оғир юк Ҳақиқат ва Сўз юкидир! Одамлар ижод деганда кўпинча илҳом нашидасини, қандайдир енгил завқ-шавқни тушунадилар. Авомнинг назарида шоир – шуҳрат ва мақтов ичида яйраб яшайдиган бахтиёр бир зот. Ҳолбуки, асл ҳақиқат бунинг тамомила аксидир. Чин даҳоларнинг фитратида шундай бир илоҳий зиддият борки, уни ғафлат аҳли ҳеч қачон тушуна олмайди. Бу – Огоҳлик фожиаси, яъни Ҳақиқатни кўриб-билиб туришдан туғиладиган буюк изтиробдир.
Алишер Навоий ҳазратларининг «Назм ул-жавоҳир» асарида шундай мисралар бор:

Истар эсанг осудлиқ иш тажрид эт,
Фақр ичра ўзунгни мойили тафрид эт.
Кўнглунгни замон баҳрасидин навмид эт,
Нафсингға бу ишни роҳиби жовид эт.
(254-ҳикмат)

(Мазмуни: Агар хотиржамлик истасанг, ишингни тажрид қилишдан (дунёвий боғлиқликлардан узилишдан бошла. Фақр (маънавий эҳтиёжсизлик) йўлида ўзингни тафридга (ёлғизликка, фақат Оллоҳ билан бўлишга) мойил қил. Кўнглингни бу замоннинг ўткинчи лаззатлари ва фойдаларидан (баҳрасидан) умидсиз қил. Нафсинг учун бу дунёдан воз кечишни (тажридни) абадий роҳиблик (таркидунёчилик) қоидасига айлантир.)

Зикр этилган туркий мисралар Ҳазрати Алига тегиш «Қалб маъюслиги – жон роҳатидир» ўгитнинг назмга солинган ифодасидир.
Хўш, бу нима дегани? Қалбнинг маъюслиги, ғамгинлиги ва хуноблиги қандоқ қилиб жонга (руҳга) роҳат бериши мумкин? Одамзот табиатан қувончга, шодликка интилади-ку! Йўқ, Навоий назарда тутаётган роҳат нафснинг ёки жисмнинг ҳузур-ҳаловати эмас. Бунинг моҳиятини фақатгина фитратида илоҳий нур порлаган даҳоларгина фаҳмлайди. Дунёвий шодлик, сохта кулгу ва ғафлатдан кўра, Буюк Ҳақиқатни англашдан туғилган Огоҳлик ғами (маъюслиги) руҳни поклайди ва жонга асл оромни – Яратганга яқинлик мақомини беради. Мутафаккир учун энг катта азоб маъюслик эмас, балки ғафлат ва нодонликдир!

Орадан қарийб беш юз йил ўтиб, асл навоиёна дард тилсимини англаган мутафаккир шоир Абдулла Орипов ижод ва сўз азоби ҳақида ёзаркан, Навоий ҳикматини мутлақо янги, ХХ аср тафаккури даражасида қайта кашф қилади: «Дарҳақиқат, шеър инсон руҳининг бирмунча ғайритабиий, айрича ҳолатидан туғилади… Фақат ижод дардига чалинган одамда бу туйғу чексиз армонга, гўзал изтиробга айланади» («Эҳтиёз фарзанди»дан).

Эътибор қилинса, шоир ижодни ва сўз айтишни шунчаки қофия тизиш ёки мукофот илинжида эрмак қилиш эмас, балки «гўзал изтироб» деб атамоқда! Навоийдаги «қалб маъюслиги» Абдулла Орипов тафаккурида «гўзал изтироб»га эврилмоқда. Ахир изтироб ҳам гўзал бўладими? Ҳа, агар у миллатнинг, башариятнинг ва руҳиятнинг уйғонишига хизмат қилса, ундан гўзалроқ ва улуғворроқ ҳодиса йўқ. Ижод – қўлтиқтаёққа суяниб қофия тизиш ёки амалдорларга ялтоқланиш эмас. Асл шеърият руҳий ташналик, дунёнинг қалтис томошаларидан огоҳ бўлган дардчил қалбнинг чексиз эҳтиёжидир.

Ҳар икки улуғ ижодкорнинг фитратида дард ва изтироб жазо эмас, балки танланганлик белгиси, юксак мақом сифатида намоён бўлади. Улар оломонга ўхшаб беғам ва бедард яшай олмаганликлари учунгина сўз майдонига кирдилар. Уларнинг юрагидаги бу илоҳий ғам ва «гўзал изтироб» кейинчалик бутун бошли миллатнинг томирларида уйғониш қони бўлиб оқа бошлади.

Сўз нима ўзи? У шунчаки товушлар йиғиндисими ёки қоғозни қорайтирадиган воситами? Чин истеъдод эгалари учун сўз илоҳий омонатдир. Оддий ҳаваскор сўзнинг фақат уст-бошига, ярашиқли либосига (жарангдор қофияси ва вазнига) учади, унинг зоҳирий жилвасига алданади. Аммо даҳолар сўзнинг юрагига, унинг қон томирига кириб борадилар. Чунки сўзнинг моҳиятини фаҳмламасдан туриб фикр айтиш миллат руҳиятига қилинган энг катта хиёнатдир.
Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида туркий тилнинг беқиёс қудратини исботлар экан, инсоннинг руҳий ҳолатига кўра йиғлашнинг қанчалар нозик ва теран даражалари борлигини кўрсатиб беради: бўзламоқ, ўкрамоқ, инграмоқ, сиқтамоқ ва ҳоказо. Бу шунчаки тилшунослик ёки луғат таҳлили эмас, бу – инсон қалбини, унинг фожиасини рентген нуридек ёритишдир!

Абдулла Орипов буюк мутафаккирнинг мана шу нодир кашфиётини орадан асрлар ўтиб «Эҳтиёж фарзанди»да (мақола, 1977) яна кун тартибига чиқарди. У бугунги куннинг айрим дидсиз ва номукаммал қаламкашларини аёвсиз фош этиб, шундай ёзади: «Бизнинг шоирларимизнинг қаҳрамони йиғлаяпти дейлик. Аммо у қайси сабабга кўра ва қандай ҳолатда кўзёш тўкмоқда? Узоқроқ изланишга тоқати қолмаган ёки дид номукаммал шоир қаҳрамоним умуман йиғлаяпти деб қўя қолади… Ҳолбуки, ҳалигига ўхшаш синонимлар шоирга бундай ўринда жуда қўл келиши мумкин. Масалан, тасаввуримча, боласи ўлган она бўзлайди, ота ўкрайди».

Қандай даҳшатли ва айни пайтда ўта ҳаққоний манзара! Онанинг бўзлаши билан отанинг ўкраши ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Сўзни ўз ўрнида, ўз мақомида ишлатмаслик – ҳис-туйғуни ўлдириш ва ўқувчини алдаш демакдир. Шоир ўзининг «Юзинчи маъно» (1977) мақоласида Бедил ҳақидаги ривоятни бежиз келтирмайди. Бир мисранинг тўқсон тўққиз маъносини топиш мумкин, аммо унинг энг асл, илоҳий «юзинчи маъносини» фақат даҳонинг ўзигина билади. Сўзнинг ўша юзинчи маъносини топиш учун эса шоирдан қон ютиш, машаққат чекиш талаб этилади.

Ориповнинг мантиғи қатъий ва муросасиздир: «Қозонда бори чўмичга чиқади. Таржимон (ёхуд ижодкор) қозонда йўқ нарсани бор қилса, бу ёмон. Лекин қозонда борини чиқара олмаслик минг чандон ёмонроқдир». Яъни, кўнглингдаги илоҳий дардни, миллий фожиани сўз орқали тўлиқ чиқариб бера олмаслик истеъдодсизлик ва маънавий ожизликдир.
Навоий ва Орипов ижодидаги муштараклик нафақат қалб дардида, балки Сўз олдидаги буюк, титратгувчи масъулиятда ҳам намоён бўлади. Улар сўзни шунчаки яратмадилар, балки сўз орқали миллатнинг ботиний дунёсини қайта кашф этдилар. Сўзнинг асл моҳиятини излаш машаққати даҳолар чекидаги яна бир оғир ва шарафли қисматдир.
Адабиёт тарихида ишқ инсонни кашф қилишнинг энг олий воситаси бўлиб келган. Бироқ даҳолар учун ишқ шунчаки ҳиссий кечинма эмас, балки руҳнинг нафс қафасидан қутулиб, юксак маънолар сари парвоз қилишидир. Навоий ва Орипов ижодида ишқ тушунчаси таннинг муваққат лаззатларидан руҳнинг боқий камолотига ўтиш кўприги сифатида намоён бўлади.
Ҳазрат Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» дебочасида инсонни бошқа маҳлуқотлардан афзал қилган неъмат «нутқ шарафи» ва «назм» эканини алоҳида таъкидлайди. Мутафаккир ижодида ишқ инсонни поклайдиган илоҳий оловдир. Девоннинг илк ғазали – «Ашрақат…» даёқ «Ёр аксин майда кўр» деб нидо қилинаркан, бу ердаги «май» ошиқнинг кўнгил ойнасини зангдан тозаловчи илоҳий маърифат шароби сифатида талқин этилади. Шоир ташбеҳларида ишқ ошиқни «ўзлуги»дан, яъни нафс зулматидан халос этади. Девондаги ғазаллардан биринг машҳур матлаъси бунга ёрқин далилдир:

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Бу ердаги «бало» – нафснинг қийналиши, лекин руҳнинг аслиятга «ошно» бўлишидир. Навоий ташбеҳларида ошиқнинг ҳоли «сиймобдек титраш» ёки «ўт ичида куйиш» орқали тасвирланади. Бу жисмоний азоб эмас, балки руҳнинг илоҳий нур ичида қайта яралишидир.
Орадан асрлар ўтиб Абдулла Орипов бу илоҳий ишқ ва изтироб концепциясини миллий руҳ ва ижтимоий дарёларга олиб тушди. Шоир ижодида ишқ – инсонни «ҳайвонийликдан», яъни нафс бандалигидан қутқарадиган ягона нажоткор куч. У «Муножотни тинглаб…» шеърида Навоий ва Хайёмларнинг дардини эсларкан, бу оҳанглар инсонни ғафлатдан уйғотишини, уни руҳий сергакликка чорлашини ёзади:

Асрлар ғамини сўйлар муножот,
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!

Шоирнинг «Руҳим» шеъри Навоийдаги «фано» фалсафасининг энг аниқ замонавий ифодаси бўлиб хизмат қилади:

Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.

Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужуднинг ғамини ема.

Орипов учун ҳам ишқ ва руҳ камолоти – тан (кема) заволидан қўрқмаслик, балки руҳнинг мангулигига ишонишдир. Навоий «Ғаройиб ус-сиғар»да ишқни нур деб билса, Орипов уни инсонни одам қилган муқаддас азоб сифатида талқин этади.
Хуллас, Навоий ва Ориповда ишқ инсоннинг нафс зулматидан руҳ ёғдусига ўтиш босқичидир. Таннинг азоблари орқали руҳнинг камолотга етиши икки даҳо ижодини бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий занжирдир. Улар учун ишқ – шунчаки ҳис эмас, балки инсонни «юзинчи маъно»ни излашга мажбур қилувчи руҳий бедорликдир.
Буюк зотларнинг, чинакам Истеъдод эгаларининг бу дунёдаги энг катта фожиаси ўзларини мутлақо тушунмайдиган, моҳиятдан йироқ ва нафс ботқоғига ботган оломон ичида яшашга маҳкумлигидир. Даҳо халқнинг руҳидан яралади ва шу руҳни юксалтиради, аммо у ҳар қадамда жаҳолатга суянган оломоннинг шафқатсиз ҳукмига дуч келади.
Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг «Маҳбуб ул-қулуб» асарида жамиятнинг ботиний қиёфасига шафқатсиз нур туширади. Ундаги риёкор зоҳидлар, порахўр қозилар ва фирибгар кимсалар тавсифи даҳо шоирнинг бу тубанликларни кўриб қанчалар изтироб чекканини кўрсатади. Навоий наздида оломон – ҳақиқат кўзгусини чилпарчин қилишни афзал билувчи мудроқ бир куч. Шоирнинг мана бу байти оломоннинг истеъдодга бўлган муносабатини яққол ифодалайди:

Жунун бу бўлсаким ёғди парийваш тифллар тоши,
Муносибдур бу тошлар ақл эшигин қилғали масдуд.

Мазмуни: Агар ишқ туфайли жиннилик (жунун) шу бўлсаки, устимга париваш гўдаклар тош ёғдирсалар, бу тошлар ақл эшигини ёпиб (тўсиб) қўйиш учун энг муносиб воситадир.
Бу ерда «ақл эшигини ёпишга уринаётган тошлар» – оломоннинг Огоҳликка ва Ҳақиқатга қарши исёнидир.
Вақт довонлари оша Абдулла Орипов бу ижтимоий ва руҳий фожиани ХХ аср шеъриятининг энг ўткир нуқтасига олиб чиқди. У машҳур «Оломонга» шеърида гўё маҳкамага тортилган Ҳақиқатдек тўғридан-тўғри оломоннинг кўзига боқиб, исёнкор саволларни ўртага ташлайди:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Шоирнинг мантиғи шафқатсиз ва қатъий: Машрабдек илоҳий ишқ куйчисини ёки Чўлпон каби миллат фидойисини фақатгина жаллодлар эмас, балки уларнинг қатлига томошабин бўлиб турган, жаҳолат ва муросасозликка ўралашиб қолган бефарқ оломон ўлдирган. Шоирнинг «Ранжком» достонидаги «ранжитувчилар комитети» аъзолари айнан мана шу оломончиликнинг, истеъдодсизликнинг рамзидир. Улар ҳаётда ҳеч нарсага эришмаган, аммо Истеъдоднинг қулашини кутиб яшовчи аламзадалар сифатида тасвирланади.
Абдулла Орипов «Мўмин Мирзо» шеърида Ҳазрат Навоий қалбини тирнаган тарихий адолатсизликка – бегуноҳ шаҳзоданинг қатлига тўхталади. Бу ерда ҳам оломоннинг энг юқори қатлами бўлган «мудҳиш амирлар» ва «нафси бузуқлар» фош этилади:

Укам, ёвузларнинг топганлари шу,
Ўз ўғлин ит бўлиб қопганлари шу.

Истеъдод оломонни уйғотмоқчи бўлади, унинг кўзини Буюк Ҳақиқатга буришни истайди. Аммо ғафлатга мубтало бўлган оломон бу Истеъдодга маломат тошларини отади. Навоий ва Орипов ижодидаги муштараклик шундаки, улар оломоннинг бу шафқатсиз ҳукмидан қўрқмадилар.
Одамзот фитратидаги энг мудҳиш ва кечириб бўлмас иллат кўрнамакликдир. Даҳо ўз умрини, қалб қонини ва ақл заковатини миллатнинг руҳий уйғониши учун сарфлайди, аммо эвазига кўпинча ношукурлик ва маломат тошларини қабул қилади. Бу – руҳий таназзулга юз тутган жамиятнинг ўз халоскорига берган «мукофоти»дир.
Ҳазрат Алишер Навоий ўз ғазалиётида одамларнинг мана шу нокаслигидан қон ютганини бадиий ифода этган. Мутафаккирнинг юрагини эзган энг оғир дард ҳукмдорнинг ғазаби эмас, балки атрофидаги кимсаларнинг қилинган яхшиликни қадрламаслиги эди. Абдулла Орипов ўзининг «Навоийни англаш» мақоласида донишманднинг мана бу байтига алоҳида тўхталади:

Турфа, кўрким, халқ коми бирла умрум бўлди сарф,
Турфароқ буким, биравга ёқмади бир хизматим.

Абдулла Орипов бу байтни шунчаки адабиётшунос сифатида эмас, балки ХХ асрда Навоий чеккан изтиробни ўз танасида ҳис қилган шоир сифатида шарҳлайди. Унинг талқинича, инсон боласи яхшиликдан фойдаланишга ғоят уста, лекин уни қадрлашга келганда «нафс» деган девга асир бўлади. Шоир бу ҳолатни халқона ибора билан «Қўчқорни бердинг-у, арқонини бермадинг» деб маломат қилувчилар қисматига ўхшатади. Бу ерда «арқон» – кўрнамакликнинг баҳонасидир.
Мутафаккир шоирлар ижодидаги бу фожиавий муштараклик бизга даврлар ва тузумлар ўзгарса-да, одамзот фитратидаги «яхшиликни билмаслик» иллати ўз-ўзидан йўқолиб кетмайди, деган аччиқ ҳақиқатни уқтиради. Орипов «Яхшилик ва ёмонлик» тўртлигида буни янада кескинроқ ифодалайди:

Яхшилик қилсанг-чи сен, бироқ,
Қайтарми у сенга? Бу мубҳам…
Бошини силасанг гоҳи чоқ
Қўлингни тишлайди итинг ҳам.

Итнинг қўл тишлаши шунчаки ташбеҳ эмас, балки руҳий соқовлик ва кўрнамакликнинг энг юқори нуқтасидир. Чинакам ижодкор учун миллат виждонининг ўлаётганидан дарак берувчи хатарли белги ўлароқ кўрнамаклик фақат шахсий алам эмас.
Шун маънода, Навоий ҳам, Орипов ҳам инсониятдан юз ўгирмадилар. Уларнинг буюклиги шундаки, «биравга ёқмаган» хизматларини Ҳақ йўлидаги ибодат деб билдилар. Даҳонинг вазифаси – оломондан ташаккур кутиш эмас, балки ўша мудроқ ва кўрнамак қалбларда иймон шуъласини қайта уйғотишдан иборатдир.
Инсониятнинг энг ашаддий душмани ташқарида эмас, балки унинг ўз ботинида нафс ва жаҳолат қиёфасида яшайди. Ҳазрат Алишер Навоийга кўра Аллоҳнинг илми бепоёни қаршисида одамзот «жаҳлга қойил» бир мавжудотдир. Бироқ, бу жаҳолатнинг энг мудҳиш кўриниши Истеъдодга, нурга ва маърифатга бўлган нафратда намоён бўлади.
Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да инсонларни тоифаларга ажратаркан, жаҳолатни руҳий соқовлик деб билади. Унинг наздида, нафс – иймон қасрини бузувчи куч. Муаллифнинг «Бир овуч тупроқни хилофат тахтига ўлтирмоқ» ҳақидаги фикри инсоннинг асл моҳияти фақат руҳий камолотда эканини англатади. Нафсга енгилган кимса эса «ўз оғзига ёмонлик тупроғини тўлдирган» нодондир.
Абдулла Орипов бу ирфоний ҳақиқатни ХХ асрнинг ижтимоий фожиаси даражасига кўтаради. Унинг «Дорбоз» шеърида Ҳақиқат ва Истеъдоднинг жамиятдаги фожиавий ҳолати юксак ташбеҳлар билан чизилган:

Булутларга ёндош, осмон остида,
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.

Бу ердаги «дорбоз» – Ҳаким ёки Ижодкор тимсоли бўлиб, у ўлим билан юзма-юз туриб бўлса-да, баландликка талпинади. Пастда эса «эплаб юролмайдиган катта йўлда ҳам» мудроқ оломон унинг хато қилишини, қулашини кутиб туради. Энг даҳшатли жаҳолат ўз тубанлигини англамаган нафс бандаларининг маърифат аҳлига солаётган «ҳукми»дир.
«Ҳаким ва Ажал» достонида бу тўқнашув энг юқори нуқтасига кўтарилади. Достонда Ибн Сино образи орқали маърифат ва жаҳолат ўртасидаги аёвсиз жанг тасвирланади. Сино одамларнинг танасини даволай олади, бироқ уларнинг руҳидаги «ҳасад», «жоҳиллик» ва «кўрнамаклик» марази қошида ожиз қолади. Достоннинг фалсафий тугуни Мирзо образида намоён бўлади. Мирзо – шунчаки шахс эмас, у Ижодкорнинг изидан соя каби таъқиб қилиб юрувчи жаҳолатнинг тимсолидир. У Бухорода кутубхонага ўт қўйиб, Ҳакимни ватанидан жудо қилган бўлса, Ҳамадонда унинг сўнгги нажоти – ҳаёт дорисини чил-чил синдиради.
Достоннинг энг оғриқли нуқтаси – Ҳакимнинг ўлими олдида Мирзонинг айтган иқроридир:

Мен – иблисман, одамларнинг ўзидан чиққан,
Сен – закосан, йўқдир сени кўрарга кўзим.

Мана шу сатрларда истеъдод ва жаҳолат зиддиятининг асл моҳияти ётибди. Жаҳолат Ҳақиқатнинг кўзига тик боқа олмайди, шунинг учун ҳам у зиё масканларига ўт қўйишни истайди. Навоийнинг «Фосиқ олим донишваредур ўз нафсиға золим…» деган ташхиси Орипов достонида Ибн Синонинг жисмоний заволи ва руҳий мангулиги ўртасидаги диалектика орқали очиб берилади.
Навоийда ҳам, Орипов ижодида ҳам дунёни Ажал эмас, балки инсон қалбини емирган Нафс ва Жаҳолат хароб қилади, деган умумий хулоса мавжуд. Ҳакимнинг ўлими жисмоний фанодир, аммо жаҳолатнинг ғолиблиги – бутун башариятнинг руҳий ўлимидир.
Инсон умрининг, хусусан, чинакам ижодкор руҳиятининг энг олий мақоми қаерда? Унинг ибтидоси исён ва дунёвий эҳтирос бўлса, интиҳоси дунёнинг моҳиятини англаш, яъни Фано (ўткинчилик) ва Бақо (мангулик) ҳақиқатига юзма-юз келишдир. Даҳоларнинг қалб тадрижида шундай бир муқаддас нуқта борки, у ерда дунёнинг барча ғавғолари, мансабу тожу тахтлари саробга айланиб, руҳ фақат ва фақат Илоҳий Ҳақиқатга талпиниб қолади.
Алишер Навоий муаззам куллиётини тўрт фаслга (ёш даврларига) бўлгани шунчаки шеърларни тахлаш усули эмас, балки руҳ тадрижининг тирик ва фожиавий тарихидир. Навоий лирик қаҳрамони дунёвий матолардан юз ўгириб, ваҳдат (бирлик) майидан нажот излайди. «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») девонининг биринчи ғазалидаёқ шоир бу дунёдаги барча нарсанинг фонийлигини, фақат Яратганнинг бақосигина мутлақ эканини ирфоний бир теранлик билан баён қилади:

Эй, етти манзар тарҳиға меъмори сунъунгдин бино,
Маснуълар фоний, вале маслуби сониъдин фано.

(Мазмуни: Барча яратилган нарсалар ўз табиатига кўра ўткинчидир, аммо уларнинг йўқ бўлиши (фано топиши) Яратувчининг иродаси билан, яъни У берган борлиқни қайтариб олиши билан содир бўлади.)
Шоир лирик қаҳрамони кексалик палласида зоҳирий гўзаллик ва дунёвий мартабалардан бутунлай воз кечиб, ботиний покланишга юзланади. Навоий учун энди тожу тахт эмас, балки руҳий эркинлик – «фақр» мақоми афзалдир. Девоннинг иккинчи ғазали мақтаъсида шоир ўз-ўзига хитоб қилиб, мақсадга етишнинг ягона йўли нафс қафасидан қутулиш эканини таъкидлайди:
Ўздин қутул, Навоию мақсадға етки, қуш
Етмас чаманға, бўлса қафас ичра мубтало.

(Мазмуни: Қафасга банд бўлган қуш ҳеч қачон озод чаманга ета олмаганидек, нафс ва жисм бандлигида қолган руҳ ҳам илоҳий юксакликка кўтарила олмайди.)
Беш асрлик вақт масофасини босиб ўтиб Абдулла Ориповнинг ижодий тадрижида ҳам биз айнан мана шу илоҳий қонуниятнинг гувоҳи бўламиз. Шоир «Дунё» шеърида Навоий сингари дунёнинг ўткинчилигини ва инсоннинг сўнгги манзили олдидаги ожизлигини теран тасвирлайди:

Бир куни ба ҳукми тақдири азал,
Шамширин кўтариб келди-ку ажал.

Энди на сийму зар қутқара олур,
На бино, на лашкар қутқара олур.

Йигитлик ғурури билан дунёни забт этмоқчи бўлган инсоннинг, умр охирида «Шу экан, дунё шу экан» дея иқрор қилиши чинакам даҳоларга хос бўлган тавба мақомидир. Навоийдаги «ўздин қутулиб» мақсадга етиш ҳақиқати билан Абдулла Ориповдаги мол-дунё ва куч-қудратнинг бефойдалиги ҳақидаги мушоҳада битта нуқтада бирлашади. Икки даҳо ҳам ҳаётнинг аччиқ синовларидан ўтиб, якунда битта хулосага келади: Моддият, нафс ва амал Фанодир, фақатгина руҳий покланиш ва эзгулик – Бақодир.
Одамзот учун энг катта азоб нима? Жисмнинг хасталигими ёки фақирликми? Йўқ. Чинакам даҳолар учун энг мудҳиш фожиа – ўзи кашф қилган Илоҳий Ҳақиқатни, юрагидаги бебаҳо нурни бошқаларга кўрсата олмаслик, уни жоҳил оломондан яшириб яшашга маҳкумликдир! Даҳо қалбидаги буюк дард ва ҳақиқатни кўтаришга жамиятнинг, муҳитнинг тоқати етмайди. Шунинг учун мутафаккир ўз дардини ичига ютади, уни сир тутади.
Абдулла Орипов ҳазрат Навоий байтларини таҳлил қилар экан, дафъатан энг фожиали ва энг сирли бир байтга тўхталиб ўтади:

Дард туфроққа ниҳон қилди Навоий жисмини,
Топибон бир шиша олтин, дафн қилгандек гадо.

Бунчалар теран ва юракни ларзага солувчи ташбеҳ! Хўш, гадо (тиланчи) қаердандир бир шиша (кўза) олтин топиб олса, нима қилади? Уни бозорга олиб чиқиб мақтанадими? Одамларга кўрсатадими? Йўқ! Агар кўрсатса, муттаҳам оломон «буни ўғирлабсан» деб олтинни тортиб олади ёки гадони ўлдиради. Шунинг учун бечора гадо ўз жонини ва олтинни асраш учун уни тупроққа кўмиб, яшириб қўйишга мажбурдир.
Навоий бу ўринда ўзини дунё кўзида фақир бир «гадо»га, қалбидаги илоҳий ишқни, даҳоликни ва ҳақиқатни эса «бир шиша олтин»га ўхшатмоқда. Мутафаккир шоир ўз дардини (олтинни) ўз жисмига (тупроққа) кўмиб яшади. Чунки Ҳиротдаги ҳасадгўй аъёнлар, кўзини шира босган кимсалар бу «олтин»ни кўришга, англашга тайёр эмасди!
Абдулла Орипов Навоийнинг бу байтини тасодифан танлагани йўқ. Улуғ шоир бу сатрлар қатларида АСЛИДА ЎЗИНИНГ ҚИСМАТИНИ, ўзининг фожиасини кўриб турарди. Ахир ХХ асрнинг мустабид, қонхўр ва сохта тузумида шоир қалбида порлаган миллий ғурур, ирфоний огоҳлик ва истеъдод ҳам худди ўша «бир шиша олтин» эмасмиди? Агар Орипов бу «олтин»ни (ҳақиқатни) очиқ-ошкор кўрсатганида, Қодирий ва Чўлпонларни маҳв этган қизил тузум (ва унинг малайи бўлган оломон) шоирни аяб ўтирармиди?
Шу боис, Абдулла Орипов ҳам ўзининг бебаҳо «олтинларини» тупроққа (яъни турли хил мажозларга, тимсолларга, «Дорбоз» ёки «Баҳор шамоли» каби шеърлар қатига) яшириб, кўмиб яшашга мажбур бўлди. Шоирнинг бу мажбурий Ёлғизлиги, нокаслар орасидаги ҳасрати ўзининг «Шоирнинг бахти» (2007) мақоласида келтирилган мана бу ўтли сатрларда бутун фожиаси билан намоён бўлади:

Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.
Жами тирикликка таниш бу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

Қаранг, «бир шиша олтин»ни яширган Навоийнинг фарёди билан, юксакликка (Арслон қошига) интилган, аммо йўлда «қумурсқалар»га (яъни майдакаш ҳасадгўйларга, жоҳил оломонга) сафардош бўлиб қон ютган Ориповнинг дарди қанчалар муштарак!
Даҳоларнинг энг оғир юки ўзларининг буюклигини жисм тупроғи ичида пинҳон сақлашдир. Кўрлар карвонида кўзи очиқ одамнинг яшаши қанчалар азоб бўлса, нокаслар ва қумурсқалар орасида «олтин» кўтариб юриш ундан-да минг чандон хатарлироқдир. Абдулла Орипов Навоийнинг мазкур байти орқали ўзбек мутафаккирларининг беш юз йиллик сукут ва фарёдини бирлаштириб берди.
Даврлар, сиёсатлар ва тузумлар ўткинчи, аммо Сўз ва Ҳақиқат мангудир! Алишер Навоий ва Абдулла Орипов ижодидаги руҳий ворисийлик шуни кўрсатадики, чинакам даҳолар бир-бирларини асрлар оша мукаммал эшита оладилар. Уларнинг дардлари битта нуқтада туташиб, миллат тафаккурининг ягона ва муаззам симфониясини ҳосил қилади.
Ҳазрат Алишер Навоий инсониятни «ғафлат уйқуси»дан уйғотиш учун бутун умрини ва ижодини сарфлади. Шоир вақтнинг бешафқат шитобидан огоҳлантириб, шундай нидо қилади:

Ел эсиб тийр чекар, оҳки, бўлма ғофил,
Ким, бу янглиғдурур айёми ҳаётингға шитоб.

Навоий талқинида ғафлат – бу шунчаки билмаслик эмас, балки одамнинг ўз аслиятини унутиб, ўткинчи маишат ва сохта мартабани бахт деб билишидир. Шоир бошқа бир байтида бу фикрни янада кескинроқ ифодалаб, «вафосиз замон аҳли»дан вафо кутган кимсани «нодон» деб атайди:

Вафосиздур замон аҳли, замонда не вафо бўлғай,
Вафо аҳли булардин гар вафо истар, эрур нодон.

Бу – Огоҳликка чақириқдир.
Худди шу ирфоний бонг ва фалсафий ҳушёрлик Абдулла Орипов ижодида ўзининг мукаммал акс-садосини топди. Шоир дунёни шунчаки томошахона деб биладиганларга қарата инсонликнинг энг олий ва шафқатсиз хулосасини айтади:

Дунё бир боладир шўх ва бетимсол,
Унинг ахтаргани шодлик ва кулгу.
Қўғирчоқ ичида қўғирчоқ мисол,
Унга эрмак бўлиб қолмасак бўлди.

Мантиқ қанчалар муштарак! Навоий «ғафлатда қолма» деяётган бўлса, Орипов бу фикрни замонавий тафаккур тилига кўчириб: «Эй инсон, дунёнинг алдамчи ўйинларига алданиб, унинг қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолма!» – дея хитоб қилади. Навоийнинг юқорида зикр этганимиз «Ўздин қутул» даъвати Ориповнинг шахс эркинлиги ва руҳий мустақиллик ҳақидаги мушоҳадалари билан битта илоҳий нуқтада бирлашади.
Огоҳлик мақоми – машаққат мақоми. Бу мақомга етишган руҳ ҳеч қачон оломоннинг сохта байрамларига қўшилиб яйрай олмайди. Навоий:

Не ажаб қон йиғласам аҳли замондин дам-бадам
Ким, алардин ғам уза ғамдур, алам узра алам, –

дея замон аҳлининг зулмидан «қон йиғлашини» баён этган бўлса, Орипов ўз шеърларида худди шу маънавий ёлғизликни – «кўрлар карвонида кўзи очиқ мусофир» бўлиш қисматини яшаб ўтди:

Қайдан келганди у? Билмади кимса,
Қабрга ҳам жимжит кириб кетди у.
Менимча, дунёнинг устидан роса
Мириқиб қаҳқаҳа уриб кетди у.

Аммо бу огоҳлик фожиаси мағлубият эмас, балки руҳнинг энг олий тантанасидир. Улуғ мутафаккирлар ўзларини оловга уриб, биз учун маърифат машъаласини ёқиб кетдилар. Модомики, Навоийнинг ирфоний сукути ва Ориповнинг фалсафий бедорлиги барҳаёт экан, бу миллат ҳеч қачон тарихнинг ва нафснинг эрмак қўғирчоғига айланмайди.
Вақт масофасини ёриб ўтган ушбу Сўз ва Дард бизга дунёни Ажал эмас, Ғафлат ва Жаҳолат хароб қилади, деган ҳақиқатни уқтиради. Навоий ва Орипов тимсолида Огоҳлик мақомига кўтарилган инсон руҳияти сохта мафкуралар устидан ўзининг мангу ғалабасини қозонди. Уларнинг ижоди бугунги кун одамини ҳам нафс қафасидан озод қилиб, иймон ва ҳуррият осмонига чорлашда давом этмоқда.

Dunyoda eng ogʻir yuk nima? Togʻmi, toshmi yoki temir? Yoʻq, buyuk mutafakkirlar va chinakam ijodkorlar uchun eng ogʻir yuk Haqiqat va Soʻz yukidir!

HAQIQAT YUKI VA OGOHLIK FOJIASI
(Alisher Navoiy va Abdulla Oripov ijodida tafakkur va dard uygʻunligi)
Munisjon HAKIMOV — filologiya fanlari boʻyicha falsafa doktori

Dunyoda eng ogʻir yuk nima? Togʻmi, toshmi yoki temir? Yoʻq, buyuk mutafakkirlar va chinakam ijodkorlar uchun eng ogʻir yuk Haqiqat va Soʻz yukidir! Odamlar ijod deganda koʻpincha ilhom nashidasini, qandaydir yengil zavq-shavqni tushunadilar. Avomning nazarida shoir – shuhrat va maqtov ichida yayrab yashaydigan baxtiyor bir zot. Holbuki, asl haqiqat buning tamomila aksidir. Chin daholarning fitratida shunday bir ilohiy ziddiyat borki, uni gʻaflat ahli hech qachon tushuna olmaydi. Bu – Ogohlik fojiasi, ya’ni Haqiqatni koʻrib-bilib turishdan tugʻiladigan buyuk iztirobdir.
Alisher Navoiy hazratlarining «Nazm ul-javohir» asarida shunday misralar bor:

Istar esang osudliq ish tajrid et,
Faqr ichra oʻzungni moyili tafrid et.
Koʻnglungni zamon bahrasidin navmid et,
Nafsinggʻa bu ishni rohibi jovid et.
(254-hikmat)

(Mazmuni: Agar xotirjamlik istasang, ishingni tajrid qilishdan (dunyoviy bogʻliqliklardan uzilishdan boshla. Faqr (ma’naviy ehtiyojsizlik) yoʻlida oʻzingni tafridga (yolgʻizlikka, faqat Olloh bilan boʻlishga) moyil qil. Koʻnglingni bu zamonning oʻtkinchi lazzatlari va foydalaridan (bahrasidan) umidsiz qil. Nafsing uchun bu dunyodan voz kechishni (tajridni) abadiy rohiblik (tarkidunyochilik) qoidasiga aylantir.)

Zikr etilgan turkiy misralar Hazrati Aliga tegish «Qalb ma’yusligi – jon rohatidir» oʻgitning nazmga solingan ifodasidir.

Xoʻsh, bu nima degani? Qalbning ma’yusligi, gʻamginligi va xunobligi qandoq qilib jonga (ruhga) rohat berishi mumkin? Odamzot tabiatan quvonchga, shodlikka intiladi-ku! Yoʻq, Navoiy nazarda tutayotgan rohat nafsning yoki jismning huzur-halovati emas. Buning mohiyatini faqatgina fitratida ilohiy nur porlagan daholargina fahmlaydi. Dunyoviy shodlik, soxta kulgu va gʻaflatdan koʻra, Buyuk Haqiqatni anglashdan tugʻilgan Ogohlik gʻami (ma’yusligi) ruhni poklaydi va jonga asl oromni – Yaratganga yaqinlik maqomini beradi. Mutafakkir uchun eng katta azob ma’yuslik emas, balki gʻaflat va nodonlikdir!
Oradan qariyb besh yuz yil oʻtib, asl navoiyona dard tilsimini anglagan mutafakkir shoir Abdulla Oripov ijod va soʻz azobi haqida yozarkan, Navoiy hikmatini mutlaqo yangi, XX asr tafakkuri darajasida qayta kashf qiladi: «Darhaqiqat, she’r inson ruhining birmuncha gʻayritabiiy, ayricha holatidan tugʻiladi… Faqat ijod dardiga chalingan odamda bu tuygʻu cheksiz armonga, goʻzal iztirobga aylanadi» («Ehtiyoz farzandi»dan).
E’tibor qilinsa, shoir ijodni va soʻz aytishni shunchaki qofiya tizish yoki mukofot ilinjida ermak qilish emas, balki «goʻzal iztirob» deb atamoqda! Navoiydagi «qalb ma’yusligi» Abdulla Oripov tafakkurida «goʻzal iztirob»ga evrilmoqda. Axir iztirob ham goʻzal boʻladimi? Ha, agar u millatning, bashariyatning va ruhiyatning uygʻonishiga xizmat qilsa, undan goʻzalroq va ulugʻvorroq hodisa yoʻq. Ijod – qoʻltiqtayoqqa suyanib qofiya tizish yoki amaldorlarga yaltoqlanish emas. Asl she’riyat ruhiy tashnalik, dunyoning qaltis tomoshalaridan ogoh boʻlgan dardchil qalbning cheksiz ehtiyojidir.
Har ikki ulugʻ ijodkorning fitratida dard va iztirob jazo emas, balki tanlanganlik belgisi, yuksak maqom sifatida namoyon boʻladi. Ular olomonga oʻxshab begʻam va bedard yashay olmaganliklari uchungina soʻz maydoniga kirdilar. Ularning yuragidagi bu ilohiy gʻam va «goʻzal iztirob» keyinchalik butun boshli millatning tomirlarida uygʻonish qoni boʻlib oqa boshladi.
Soʻz nima oʻzi? U shunchaki tovushlar yigʻindisimi yoki qogʻozni qoraytiradigan vositami? Chin iste’dod egalari uchun soʻz ilohiy omonatdir. Oddiy havaskor soʻzning faqat ust-boshiga, yarashiqli libosiga (jarangdor qofiyasi va vazniga) uchadi, uning zohiriy jilvasiga aldanadi. Ammo daholar soʻzning yuragiga, uning qon tomiriga kirib boradilar. Chunki soʻzning mohiyatini fahmlamasdan turib fikr aytish millat ruhiyatiga qilingan eng katta xiyonatdir.
Hazrat Alisher Navoiy oʻzining «Muhokamat ul-lugʻatayn» asarida turkiy tilning beqiyos qudratini isbotlar ekan, insonning ruhiy holatiga koʻra yigʻlashning qanchalar nozik va teran darajalari borligini koʻrsatib beradi: boʻzlamoq, oʻkramoq, ingramoq, siqtamoq va hokazo. Bu shunchaki tilshunoslik yoki lugʻat tahlili emas, bu – inson qalbini, uning fojiasini rentgen nuridek yoritishdir!
Abdulla Oripov buyuk mutafakkirning mana shu nodir kashfiyotini oradan asrlar oʻtib «Ehtiyoj farzandi»da (maqola, 1977) yana kun tartibiga chiqardi. U bugungi kunning ayrim didsiz va nomukammal qalamkashlarini ayovsiz fosh etib, shunday yozadi: «Bizning shoirlarimizning qahramoni yigʻlayapti deylik. Ammo u qaysi sababga koʻra va qanday holatda koʻzyosh toʻkmoqda? Uzoqroq izlanishga toqati qolmagan yoki did nomukammal shoir qahramonim umuman yigʻlayapti deb qoʻya qoladi… Holbuki, haligiga oʻxshash sinonimlar shoirga bunday oʻrinda juda qoʻl kelishi mumkin. Masalan, tasavvurimcha, bolasi oʻlgan ona boʻzlaydi, ota oʻkraydi».
Qanday dahshatli va ayni paytda oʻta haqqoniy manzara! Onaning boʻzlashi bilan otaning oʻkrashi oʻrtasida osmon bilan yercha farq bor. Soʻzni oʻz oʻrnida, oʻz maqomida ishlatmaslik – his-tuygʻuni oʻldirish va oʻquvchini aldash demakdir. Shoir oʻzining «Yuzinchi ma’no» (1977) maqolasida Bedil haqidagi rivoyatni bejiz keltirmaydi. Bir misraning toʻqson toʻqqiz ma’nosini topish mumkin, ammo uning eng asl, ilohiy «yuzinchi ma’nosini» faqat dahoning oʻzigina biladi. Soʻzning oʻsha yuzinchi ma’nosini topish uchun esa shoirdan qon yutish, mashaqqat chekish talab etiladi.
Oripovning mantigʻi qat’iy va murosasizdir: «Qozonda bori choʻmichga chiqadi. Tarjimon (yoxud ijodkor) qozonda yoʻq narsani bor qilsa, bu yomon. Lekin qozonda borini chiqara olmaslik ming chandon yomonroqdir». Ya’ni, koʻnglingdagi ilohiy dardni, milliy fojiani soʻz orqali toʻliq chiqarib bera olmaslik iste’dodsizlik va ma’naviy ojizlikdir.
Navoiy va Oripov ijodidagi mushtaraklik nafaqat qalb dardida, balki Soʻz oldidagi buyuk, titratguvchi mas’uliyatda ham namoyon boʻladi. Ular soʻzni shunchaki yaratmadilar, balki soʻz orqali millatning botiniy dunyosini qayta kashf etdilar. Soʻzning asl mohiyatini izlash mashaqqati daholar chekidagi yana bir ogʻir va sharafli qismatdir.
Adabiyot tarixida ishq insonni kashf qilishning eng oliy vositasi boʻlib kelgan. Biroq daholar uchun ishq shunchaki hissiy kechinma emas, balki ruhning nafs qafasidan qutulib, yuksak ma’nolar sari parvoz qilishidir. Navoiy va Oripov ijodida ishq tushunchasi tanning muvaqqat lazzatlaridan ruhning boqiy kamolotiga oʻtish koʻprigi sifatida namoyon boʻladi.
Hazrat Alisher Navoiy «Xazoyin ul-maoniy» debochasida insonni boshqa mahluqotlardan afzal qilgan ne’mat «nutq sharafi» va «nazm» ekanini alohida ta’kidlaydi. Mutafakkir ijodida ishq insonni poklaydigan ilohiy olovdir. Devonning ilk gʻazali – «Ashraqat…» dayoq «Yor aksin mayda koʻr» deb nido qilinarkan, bu yerdagi «may» oshiqning koʻngil oynasini zangdan tozalovchi ilohiy ma’rifat sharobi sifatida talqin etiladi. Shoir tashbehlarida ishq oshiqni «oʻzlugi»dan, ya’ni nafs zulmatidan xalos etadi. Devondagi gʻazallardan biring mashhur matla’si bunga yorqin dalildir:

Koʻrgali husnungni zoru mubtalo boʻldum sanga,
Ne baloligʻ kun edikim, oshno boʻldum sanga.

Bu yerdagi «balo» – nafsning qiynalishi, lekin ruhning asliyatga «oshno» boʻlishidir. Navoiy tashbehlarida oshiqning holi «siymobdek titrash» yoki «oʻt ichida kuyish» orqali tasvirlanadi. Bu jismoniy azob emas, balki ruhning ilohiy nur ichida qayta yaralishidir.
Oradan asrlar oʻtib Abdulla Oripov bu ilohiy ishq va iztirob konsepsiyasini milliy ruh va ijtimoiy daryolarga olib tushdi. Shoir ijodida ishq – insonni «hayvoniylikdan», ya’ni nafs bandaligidan qutqaradigan yagona najotkor kuch. U «Munojotni tinglab…» she’rida Navoiy va Xayyomlarning dardini eslarkan, bu ohanglar insonni gʻaflatdan uygʻotishini, uni ruhiy sergaklikka chorlashini yozadi:

Asrlar gʻamini soʻylar munojot,
Kuyi shunday boʻlsa, gʻamning oʻziga
Qanday chiday olgan ekan odamzod!

Shoirning «Ruhim» she’ri Navoiydagi «fano» falsafasining eng aniq zamonaviy ifodasi boʻlib xizmat qiladi:

Vujud deganlari asli nimadir?
Dayr dengizida yurgan kemadir.

Bir kun bir qoyaga urilgay kema,
Ruhim, sen vujudning gʻamini yema.

Oripov uchun ham ishq va ruh kamoloti – tan (kema) zavolidan qoʻrqmaslik, balki ruhning manguligiga ishonishdir. Navoiy «Gʻaroyib us-sigʻar»da ishqni nur deb bilsa, Oripov uni insonni odam qilgan muqaddas azob sifatida talqin etadi.
Xullas, Navoiy va Oripovda ishq insonning nafs zulmatidan ruh yogʻdusiga oʻtish bosqichidir. Tanning azoblari orqali ruhning kamolotga yetishi ikki daho ijodini birlashtirib turuvchi mustahkam ma’naviy zanjirdir. Ular uchun ishq – shunchaki his emas, balki insonni «yuzinchi ma’no»ni izlashga majbur qiluvchi ruhiy bedorlikdir.
Buyuk zotlarning, chinakam Iste’dod egalarining bu dunyodagi eng katta fojiasi oʻzlarini mutlaqo tushunmaydigan, mohiyatdan yiroq va nafs botqogʻiga botgan olomon ichida yashashga mahkumligidir. Daho xalqning ruhidan yaraladi va shu ruhni yuksaltiradi, ammo u har qadamda jaholatga suyangan olomonning shafqatsiz hukmiga duch keladi.
Hazrat Alisher Navoiy oʻzining «Mahbub ul-qulub» asarida jamiyatning botiniy qiyofasiga shafqatsiz nur tushiradi. Undagi riyokor zohidlar, poraxoʻr qozilar va firibgar kimsalar tavsifi daho shoirning bu tubanliklarni koʻrib qanchalar iztirob chekkanini koʻrsatadi. Navoiy nazdida olomon – haqiqat koʻzgusini chilparchin qilishni afzal biluvchi mudroq bir kuch. Shoirning mana bu bayti olomonning iste’dodga boʻlgan munosabatini yaqqol ifodalaydi:

Junun bu boʻlsakim yogʻdi pariyvash tifllar toshi,
Munosibdur bu toshlar aql eshigin qilgʻali masdud.

Mazmuni: Agar ishq tufayli jinnilik (junun) shu boʻlsaki, ustimga parivash goʻdaklar tosh yogʻdirsalar, bu toshlar aql eshigini yopib (toʻsib) qoʻyish uchun eng munosib vositadir.
Bu yerda «aql eshigini yopishga urinayotgan toshlar» – olomonning Ogohlikka va Haqiqatga qarshi isyonidir.
Vaqt dovonlari osha Abdulla Oripov bu ijtimoiy va ruhiy fojiani XX asr she’riyatining eng oʻtkir nuqtasiga olib chiqdi. U mashhur «Olomonga» she’rida goʻyo mahkamaga tortilgan Haqiqatdek toʻgʻridan-toʻgʻri olomonning koʻziga boqib, isyonkor savollarni oʻrtaga tashlaydi:

Mashrab osilganda qayoqda eding?
Choʻlpon otilganda qayoqda eding?

Shoirning mantigʻi shafqatsiz va qat’iy: Mashrabdek ilohiy ishq kuychisini yoki Choʻlpon kabi millat fidoyisini faqatgina jallodlar emas, balki ularning qatliga tomoshabin boʻlib turgan, jaholat va murosasozlikka oʻralashib qolgan befarq olomon oʻldirgan. Shoirning «Ranjkom» dostonidagi «ranjituvchilar komiteti» a’zolari aynan mana shu olomonchilikning, iste’dodsizlikning ramzidir. Ular hayotda hech narsaga erishmagan, ammo Iste’dodning qulashini kutib yashovchi alamzadalar sifatida tasvirlanadi.
Abdulla Oripov «Moʻmin Mirzo» she’rida Hazrat Navoiy qalbini tirnagan tarixiy adolatsizlikka – begunoh shahzodaning qatliga toʻxtaladi. Bu yerda ham olomonning eng yuqori qatlami boʻlgan «mudhish amirlar» va «nafsi buzuqlar» fosh etiladi:

Ukam, yovuzlarning topganlari shu,
Oʻz oʻgʻlin it boʻlib qopganlari shu.

Iste’dod olomonni uygʻotmoqchi boʻladi, uning koʻzini Buyuk Haqiqatga burishni istaydi. Ammo gʻaflatga mubtalo boʻlgan olomon bu Iste’dodga malomat toshlarini otadi. Navoiy va Oripov ijodidagi mushtaraklik shundaki, ular olomonning bu shafqatsiz hukmidan qoʻrqmadilar.
Odamzot fitratidagi eng mudhish va kechirib boʻlmas illat koʻrnamaklikdir. Daho oʻz umrini, qalb qonini va aql zakovatini millatning ruhiy uygʻonishi uchun sarflaydi, ammo evaziga koʻpincha noshukurlik va malomat toshlarini qabul qiladi. Bu – ruhiy tanazzulga yuz tutgan jamiyatning oʻz xaloskoriga bergan «mukofoti»dir.
Hazrat Alisher Navoiy oʻz gʻazaliyotida odamlarning mana shu nokasligidan qon yutganini badiiy ifoda etgan. Mutafakkirning yuragini ezgan eng ogʻir dard hukmdorning gʻazabi emas, balki atrofidagi kimsalarning qilingan yaxshilikni qadrlamasligi edi. Abdulla Oripov oʻzining «Navoiyni anglash» maqolasida donishmandning mana bu baytiga alohida toʻxtaladi:

Turfa, koʻrkim, xalq komi birla umrum boʻldi sarf,
Turfaroq bukim, biravga yoqmadi bir xizmatim.

Abdulla Oripov bu baytni shunchaki adabiyotshunos sifatida emas, balki XX asrda Navoiy chekkan iztirobni oʻz tanasida his qilgan shoir sifatida sharhlaydi. Uning talqinicha, inson bolasi yaxshilikdan foydalanishga gʻoyat usta, lekin uni qadrlashga kelganda «nafs» degan devga asir boʻladi. Shoir bu holatni xalqona ibora bilan «Qoʻchqorni berding-u, arqonini bermading» deb malomat qiluvchilar qismatiga oʻxshatadi. Bu yerda «arqon» – koʻrnamaklikning bahonasidir.
Mutafakkir shoirlar ijodidagi bu fojiaviy mushtaraklik bizga davrlar va tuzumlar oʻzgarsa-da, odamzot fitratidagi «yaxshilikni bilmaslik» illati oʻz-oʻzidan yoʻqolib ketmaydi, degan achchiq haqiqatni uqtiradi. Oripov «Yaxshilik va yomonlik» toʻrtligida buni yanada keskinroq ifodalaydi:

Yaxshilik qilsang-chi sen, biroq,
Qaytarmi u senga? Bu mubham…
Boshini silasang gohi choq
Qoʻlingni tishlaydi iting ham.

Itning qoʻl tishlashi shunchaki tashbeh emas, balki ruhiy soqovlik va koʻrnamaklikning eng yuqori nuqtasidir. Chinakam ijodkor uchun millat vijdonining oʻlayotganidan darak beruvchi xatarli belgi oʻlaroq koʻrnamaklik faqat shaxsiy alam emas.
Shun ma’noda, Navoiy ham, Oripov ham insoniyatdan yuz oʻgirmadilar. Ularning buyukligi shundaki, «biravga yoqmagan» xizmatlarini Haq yoʻlidagi ibodat deb bildilar. Dahoning vazifasi – olomondan tashakkur kutish emas, balki oʻsha mudroq va koʻrnamak qalblarda iymon shu’lasini qayta uygʻotishdan iboratdir.
Insoniyatning eng ashaddiy dushmani tashqarida emas, balki uning oʻz botinida nafs va jaholat qiyofasida yashaydi. Hazrat Alisher Navoiyga koʻra Allohning ilmi bepoyoni qarshisida odamzot «jahlga qoyil» bir mavjudotdir. Biroq, bu jaholatning eng mudhish koʻrinishi Iste’dodga, nurga va ma’rifatga boʻlgan nafratda namoyon boʻladi.
Navoiy «Mahbub ul-qulub»da insonlarni toifalarga ajratarkan, jaholatni ruhiy soqovlik deb biladi. Uning nazdida, nafs – iymon qasrini buzuvchi kuch. Muallifning «Bir ovuch tuproqni xilofat taxtiga oʻltirmoq» haqidagi fikri insonning asl mohiyati faqat ruhiy kamolotda ekanini anglatadi. Nafsga yengilgan kimsa esa «oʻz ogʻziga yomonlik tuprogʻini toʻldirgan» nodondir.
Abdulla Oripov bu irfoniy haqiqatni XX asrning ijtimoiy fojiasi darajasiga koʻtaradi. Uning «Dorboz» she’rida Haqiqat va Iste’dodning jamiyatdagi fojiaviy holati yuksak tashbehlar bilan chizilgan:

Bulutlarga yondosh, osmon ostida,
Kiprikdagi yoshday turibdi dorboz.
Qilichning damiday arqon ustida
Koʻzlarini yumib yuribdi dorboz.

Bu yerdagi «dorboz» – Hakim yoki Ijodkor timsoli boʻlib, u oʻlim bilan yuzma-yuz turib boʻlsa-da, balandlikka talpinadi. Pastda esa «eplab yurolmaydigan katta yoʻlda ham» mudroq olomon uning xato qilishini, qulashini kutib turadi. Eng dahshatli jaholat oʻz tubanligini anglamagan nafs bandalarining ma’rifat ahliga solayotgan «hukmi»dir.
«Hakim va Ajal» dostonida bu toʻqnashuv eng yuqori nuqtasiga koʻtariladi. Dostonda Ibn Sino obrazi orqali ma’rifat va jaholat oʻrtasidagi ayovsiz jang tasvirlanadi. Sino odamlarning tanasini davolay oladi, biroq ularning ruhidagi «hasad», «johillik» va «koʻrnamaklik» marazi qoshida ojiz qoladi. Dostonning falsafiy tuguni Mirzo obrazida namoyon boʻladi. Mirzo – shunchaki shaxs emas, u Ijodkorning izidan soya kabi ta’qib qilib yuruvchi jaholatning timsolidir. U Buxoroda kutubxonaga oʻt qoʻyib, Hakimni vatanidan judo qilgan boʻlsa, Hamadonda uning soʻnggi najoti – hayot dorisini chil-chil sindiradi.
Dostonning eng ogʻriqli nuqtasi – Hakimning oʻlimi oldida Mirzoning aytgan iqroridir:

Men – iblisman, odamlarning oʻzidan chiqqan,
Sen – zakosan, yoʻqdir seni koʻrarga koʻzim.

Mana shu satrlarda iste’dod va jaholat ziddiyatining asl mohiyati yotibdi. Jaholat Haqiqatning koʻziga tik boqa olmaydi, shuning uchun ham u ziyo maskanlariga oʻt qoʻyishni istaydi. Navoiyning «Fosiq olim donishvaredur oʻz nafsigʻa zolim…» degan tashxisi Oripov dostonida Ibn Sinoning jismoniy zavoli va ruhiy manguligi oʻrtasidagi dialektika orqali ochib beriladi.
Navoiyda ham, Oripov ijodida ham dunyoni Ajal emas, balki inson qalbini yemirgan Nafs va Jaholat xarob qiladi, degan umumiy xulosa mavjud. Hakimning oʻlimi jismoniy fanodir, ammo jaholatning gʻolibligi – butun bashariyatning ruhiy oʻlimidir.
Inson umrining, xususan, chinakam ijodkor ruhiyatining eng oliy maqomi qaerda? Uning ibtidosi isyon va dunyoviy ehtiros boʻlsa, intihosi dunyoning mohiyatini anglash, ya’ni Fano (oʻtkinchilik) va Baqo (mangulik) haqiqatiga yuzma-yuz kelishdir. Daholarning qalb tadrijida shunday bir muqaddas nuqta borki, u yerda dunyoning barcha gʻavgʻolari, mansabu toju taxtlari sarobga aylanib, ruh faqat va faqat Ilohiy Haqiqatga talpinib qoladi.
Alisher Navoiy muazzam kulliyotini toʻrt faslga (yosh davrlariga) boʻlgani shunchaki she’rlarni taxlash usuli emas, balki ruh tadrijining tirik va fojiaviy tarixidir. Navoiy lirik qahramoni dunyoviy matolardan yuz oʻgirib, vahdat (birlik) mayidan najot izlaydi. «Favoyid ul-kibar» («Keksalik foydalari») devonining birinchi gʻazalidayoq shoir bu dunyodagi barcha narsaning foniyligini, faqat Yaratganning baqosigina mutlaq ekanini irfoniy bir teranlik bilan bayon qiladi:

Ey, yetti manzar tarhigʻa me’mori sun’ungdin bino,
Masnu’lar foniy, vale maslubi soni’din fano.

(Mazmuni: Barcha yaratilgan narsalar oʻz tabiatiga koʻra oʻtkinchidir, ammo ularning yoʻq boʻlishi (fano topishi) Yaratuvchining irodasi bilan, ya’ni U bergan borliqni qaytarib olishi bilan sodir boʻladi.)
Shoir lirik qahramoni keksalik pallasida zohiriy goʻzallik va dunyoviy martabalardan butunlay voz kechib, botiniy poklanishga yuzlanadi. Navoiy uchun endi toju taxt emas, balki ruhiy erkinlik – «faqr» maqomi afzaldir. Devonning ikkinchi gʻazali maqta’sida shoir oʻz-oʻziga xitob qilib, maqsadga yetishning yagona yoʻli nafs qafasidan qutulish ekanini ta’kidlaydi:
Oʻzdin qutul, Navoiyu maqsadgʻa yetki, qush
Yetmas chamangʻa, boʻlsa qafas ichra mubtalo.

(Mazmuni: Qafasga band boʻlgan qush hech qachon ozod chamanga yeta olmaganidek, nafs va jism bandligida qolgan ruh ham ilohiy yuksaklikka koʻtarila olmaydi.)
Besh asrlik vaqt masofasini bosib oʻtib Abdulla Oripovning ijodiy tadrijida ham biz aynan mana shu ilohiy qonuniyatning guvohi boʻlamiz. Shoir «Dunyo» she’rida Navoiy singari dunyoning oʻtkinchiligini va insonning soʻnggi manzili oldidagi ojizligini teran tasvirlaydi:

Bir kuni ba hukmi taqdiri azal,
Shamshirin koʻtarib keldi-ku ajal.

Endi na siymu zar qutqara olur,
Na bino, na lashkar qutqara olur.

Yigitlik gʻururi bilan dunyoni zabt etmoqchi boʻlgan insonning, umr oxirida «Shu ekan, dunyo shu ekan» deya iqror qilishi chinakam daholarga xos boʻlgan tavba maqomidir. Navoiydagi «oʻzdin qutulib» maqsadga yetish haqiqati bilan Abdulla Oripovdagi mol-dunyo va kuch-qudratning befoydaligi haqidagi mushohada bitta nuqtada birlashadi. Ikki daho ham hayotning achchiq sinovlaridan oʻtib, yakunda bitta xulosaga keladi: Moddiyat, nafs va amal Fanodir, faqatgina ruhiy poklanish va ezgulik – Baqodir.
Odamzot uchun eng katta azob nima? Jismning xastaligimi yoki faqirlikmi? Yoʻq. Chinakam daholar uchun eng mudhish fojia – oʻzi kashf qilgan Ilohiy Haqiqatni, yuragidagi bebaho nurni boshqalarga koʻrsata olmaslik, uni johil olomondan yashirib yashashga mahkumlikdir! Daho qalbidagi buyuk dard va haqiqatni koʻtarishga jamiyatning, muhitning toqati yetmaydi. Shuning uchun mutafakkir oʻz dardini ichiga yutadi, uni sir tutadi.
Abdulla Oripov hazrat Navoiy baytlarini tahlil qilar ekan, daf’atan eng fojiali va eng sirli bir baytga toʻxtalib oʻtadi:

Dard tufroqqa nihon qildi Navoiy jismini,
Topibon bir shisha oltin, dafn qilgandek gado.

Bunchalar teran va yurakni larzaga soluvchi tashbeh! Xoʻsh, gado (tilanchi) qaerdandir bir shisha (koʻza) oltin topib olsa, nima qiladi? Uni bozorga olib chiqib maqtanadimi? Odamlarga koʻrsatadimi? Yoʻq! Agar koʻrsatsa, muttaham olomon «buni oʻgʻirlabsan» deb oltinni tortib oladi yoki gadoni oʻldiradi. Shuning uchun bechora gado oʻz jonini va oltinni asrash uchun uni tuproqqa koʻmib, yashirib qoʻyishga majburdir.
Navoiy bu oʻrinda oʻzini dunyo koʻzida faqir bir «gado»ga, qalbidagi ilohiy ishqni, daholikni va haqiqatni esa «bir shisha oltin»ga oʻxshatmoqda. Mutafakkir shoir oʻz dardini (oltinni) oʻz jismiga (tuproqqa) koʻmib yashadi. Chunki Hirotdagi hasadgoʻy a’yonlar, koʻzini shira bosgan kimsalar bu «oltin»ni koʻrishga, anglashga tayyor emasdi!
Abdulla Oripov Navoiyning bu baytini tasodifan tanlagani yoʻq. Ulugʻ shoir bu satrlar qatlarida ASLIDA OʻZINING QISMATINI, oʻzining fojiasini koʻrib turardi. Axir XX asrning mustabid, qonxoʻr va soxta tuzumida shoir qalbida porlagan milliy gʻurur, irfoniy ogohlik va iste’dod ham xuddi oʻsha «bir shisha oltin» emasmidi? Agar Oripov bu «oltin»ni (haqiqatni) ochiq-oshkor koʻrsatganida, Qodiriy va Choʻlponlarni mahv etgan qizil tuzum (va uning malayi boʻlgan olomon) shoirni ayab oʻtirarmidi?
Shu bois, Abdulla Oripov ham oʻzining bebaho «oltinlarini» tuproqqa (ya’ni turli xil majozlarga, timsollarga, «Dorboz» yoki «Bahor shamoli» kabi she’rlar qatiga) yashirib, koʻmib yashashga majbur boʻldi. Shoirning bu majburiy Yolgʻizligi, nokaslar orasidagi hasrati oʻzining «Shoirning baxti» (2007) maqolasida keltirilgan mana bu oʻtli satrlarda butun fojiasi bilan namoyon boʻladi:

Biz ham yuksaklarga tikkandik koʻzni,
Bizda ham bor edi matonat, bardosh.
Arslon chorlagandi qoshiga bizni,
Lekin qumursqalar boʻldi safardosh.
Jami tiriklikka tanish bu xatar,
Qumursqa yaralgan yoppa talarga.
Doʻstim, alam qilar arslon bexabar,
Yem boʻlib ketsak shu qumursqalarga.

Qarang, «bir shisha oltin»ni yashirgan Navoiyning faryodi bilan, yuksaklikka (Arslon qoshiga) intilgan, ammo yoʻlda «qumursqalar»ga (ya’ni maydakash hasadgoʻylarga, johil olomonga) safardosh boʻlib qon yutgan Oripovning dardi qanchalar mushtarak!
Daholarning eng ogʻir yuki oʻzlarining buyukligini jism tuprogʻi ichida pinhon saqlashdir. Koʻrlar karvonida koʻzi ochiq odamning yashashi qanchalar azob boʻlsa, nokaslar va qumursqalar orasida «oltin» koʻtarib yurish undan-da ming chandon xatarliroqdir. Abdulla Oripov Navoiyning mazkur bayti orqali oʻzbek mutafakkirlarining besh yuz yillik sukut va faryodini birlashtirib berdi.
Davrlar, siyosatlar va tuzumlar oʻtkinchi, ammo Soʻz va Haqiqat mangudir! Alisher Navoiy va Abdulla Oripov ijodidagi ruhiy vorisiylik shuni koʻrsatadiki, chinakam daholar bir-birlarini asrlar osha mukammal eshita oladilar. Ularning dardlari bitta nuqtada tutashib, millat tafakkurining yagona va muazzam simfoniyasini hosil qiladi.
Hazrat Alisher Navoiy insoniyatni «gʻaflat uyqusi»dan uygʻotish uchun butun umrini va ijodini sarfladi. Shoir vaqtning beshafqat shitobidan ogohlantirib, shunday nido qiladi:

Yel esib tiyr chekar, ohki, boʻlma gʻofil,
Kim, bu yangligʻdurur ayyomi hayotinggʻa shitob.

Navoiy talqinida gʻaflat – bu shunchaki bilmaslik emas, balki odamning oʻz asliyatini unutib, oʻtkinchi maishat va soxta martabani baxt deb bilishidir. Shoir boshqa bir baytida bu fikrni yanada keskinroq ifodalab, «vafosiz zamon ahli»dan vafo kutgan kimsani «nodon» deb ataydi:

Vafosizdur zamon ahli, zamonda ne vafo boʻlgʻay,
Vafo ahli bulardin gar vafo istar, erur nodon.

Bu – Ogohlikka chaqiriqdir.
Xuddi shu irfoniy bong va falsafiy hushyorlik Abdulla Oripov ijodida oʻzining mukammal aks-sadosini topdi. Shoir dunyoni shunchaki tomoshaxona deb biladiganlarga qarata insonlikning eng oliy va shafqatsiz xulosasini aytadi:

Dunyo bir boladir shoʻx va betimsol,
Uning axtargani shodlik va kulgu.
Qoʻgʻirchoq ichida qoʻgʻirchoq misol,
Unga ermak boʻlib qolmasak boʻldi.

Mantiq qanchalar mushtarak! Navoiy «gʻaflatda qolma» deyayotgan boʻlsa, Oripov bu fikrni zamonaviy tafakkur tiliga koʻchirib: «Ey inson, dunyoning aldamchi oʻyinlariga aldanib, uning qoʻlidagi qoʻgʻirchoqqa aylanib qolma!» – deya xitob qiladi. Navoiyning yuqorida zikr etganimiz «Oʻzdin qutul» da’vati Oripovning shaxs erkinligi va ruhiy mustaqillik haqidagi mushohadalari bilan bitta ilohiy nuqtada birlashadi.
Ogohlik maqomi – mashaqqat maqomi. Bu maqomga yetishgan ruh hech qachon olomonning soxta bayramlariga qoʻshilib yayray olmaydi. Navoiy:

Ne ajab qon yigʻlasam ahli zamondin dam-badam
Kim, alardin gʻam uza gʻamdur, alam uzra alam, –

deya zamon ahlining zulmidan «qon yigʻlashini» bayon etgan boʻlsa, Oripov oʻz she’rlarida xuddi shu ma’naviy yolgʻizlikni – «koʻrlar karvonida koʻzi ochiq musofir» boʻlish qismatini yashab oʻtdi:

Qaydan kelgandi u? Bilmadi kimsa,
Qabrga ham jimjit kirib ketdi u.
Menimcha, dunyoning ustidan rosa
Miriqib qahqaha urib ketdi u.

Ammo bu ogohlik fojiasi magʻlubiyat emas, balki ruhning eng oliy tantanasidir. Ulugʻ mutafakkirlar oʻzlarini olovga urib, biz uchun ma’rifat mash’alasini yoqib ketdilar. Modomiki, Navoiyning irfoniy sukuti va Oripovning falsafiy bedorligi barhayot ekan, bu millat hech qachon tarixning va nafsning ermak qoʻgʻirchogʻiga aylanmaydi.
Vaqt masofasini yorib oʻtgan ushbu Soʻz va Dard bizga dunyoni Ajal emas, Gʻaflat va Jaholat xarob qiladi, degan haqiqatni uqtiradi. Navoiy va Oripov timsolida Ogohlik maqomiga koʻtarilgan inson ruhiyati soxta mafkuralar ustidan oʻzining mangu gʻalabasini qozondi. Ularning ijodi bugungi kun odamini ham nafs qafasidan ozod qilib, iymon va hurriyat osmoniga chorlashda davom etmoqda.

67

(Tashriflar: umumiy 14, bugungi 14)

Izoh qoldiring