Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Birinchi qism.

 777      14 ФЕВРАЛ — ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТУҒИЛГАН КУН

    Жасурлиги учун “Бобур” номи билан кўпроқ машҳур бўлган Заҳириддин Муҳаммад Умаршайх мирзонинг суюкли хотини Қутлуғ Нигорхонимдан саккиз юз саксон саккизда, муҳаррам ойининг олтинчи куни (1483 йилнинг 14 феврали) дунёга келди.

Хуршид Даврон
САМАРҚАНД ХАЁЛИ
Биринчи қисм
021

Самарқанд хаёли бошга тушубтур…
Бобур мирзо. “Бобурнома”.

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади…

Безовта отларнинг туёқларидан ўт чақнаб ўтмиш билан келажак зулматини ёритар, ер гурсиллаб силкинар, ўлимини бўйнига олган чавандозлар эгинидаги жавшанлар, қўлларидаги қиличу қалқонлар жаранги Мовароуннаҳру Хуросон фуқароларини қўрқувга солар, ҳукмдорларнинг нотинч кўнгилларида ҳавас ғунчаларини очар ва хазон қиларди.

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади…

Бу жангари отлар жилову кишанни тан олмайди, лекин чавандозлар дили кўринмас иплар билан олтин қозиққа маҳкам боғланган. Бу кўринмас ипларни фақат ҳаёт ришталарини кесгувчи бешафқат ўлим тиғигина узишга қодир…

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлару, баҳодир ва номард чавандозлар билан бирга ҳавас ва ҳасад, муҳаббат ва қаҳр, донолик ва жаҳолат, тантилик ва номардлик, садоқат ва хиёнат айланади…

* * *

045“Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар. Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба билан мунга даст топмоғи учун б а л д а и   м а ҳ ф у з а дерлар. Самарқанд ҳазрати амирул-мўъминин Усмон замонида мусулмон бўлғондур. Саҳобадин Қусам ибн Аббос анда борғондур. Қабри Оҳанин дарвозасининг тошидадур. Ҳоло мозори Шоҳга машҳурдир. Самарқандни Искандар бино қилғондур. Мўғул ва турк улуси Семиканд (бошқа нусхада “Семизқанд”) дерлар. Темурбек пойтахт қилиб эрди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур. Қўрғонини фаслнинг устидан буюрдимким, қадам урдилар. Ўн минг олти юз қадам чиқти.

Эли тамом сунний ва пок мазҳаб ва муташарриъ ва мутадаййин элдур. Ҳазрати рисолат замонидан бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлубтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай… Шарқи Фарғона ва Қошғар, ғарби Бухоро ва Хоразм, шимоли Тошкенд ва Шоҳрухияким, Шош ва Банокат битирлар, жануби Балх ва Тирмиз, Кўҳак суйи шимолидин оқар, Самарқанддин икки қуруҳ бўлғай. Бу сув била Самарқанд орасида бир пушта тушубтур, Кўҳак дерлар. Бу руд мунинг тубидин оқар учун Кўҳак суйи дерлар. Бу сувдин бир улуғ руд айирибтурлар, балки дарёчадур, Дарғам суйи дерлар. Самарқанднинг жанубидин оқар, Самарқанддин бир шаръий бўлҳой. Самарқанднинг боғот ва маҳаллоти ва яна неча тумоноти бу сув била маъмурдур. Бухоро ва Қоракўлгачаким, ўттуз-қирқ йиғоч йўлға ёвуқлашур, Кўҳак суйи била маъмур ва мазруъдур. Мундоқ улуғ дарё асло зироаттин ва имораттин ортмас, балки ёзлар уч-тўрт ой Бухорога сув етмас. Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жамиъ меваси хўб бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдир: себи Самарқанд ва соҳибийи Самарқанд. Қиши маҳкам совуқтур, қори агарчи Кобул қорича тушмас. Ёзлар яхши ҳавоси бор, агарчи Кобулча йўқтур.

Темурбекнинг ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўк саройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур. Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумаъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндустондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар. Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни “Ва из ярфау Иброҳимал-қавоида (ило охириҳи)” андоқ улуғ хат била битибтурларким, бир куруҳ ёвуқ ердин ўқуса бўлур. Бу ҳам бисёр олий имораттур. Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодур. Андин Феруза дарвозасиға хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктурубтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкда Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтурлар. Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида Конигилнинг қора суйининг устидаким, бу сувни Обираҳмат дерлар, бир боғ солибтур. Нақши жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди. Яна Самарқанднинг жанубида Боғи Чанордур, қалъаға ёвуқтур. Яна Самарқанднинг қуйи ёнида Боғи Шамол ва Боғи Биҳишттур. Темурбекнинг набираси, Жаҳонгир мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон мирзо Самарқанднинг тош қўрғонида – Чақарда бир мадраса солибтур. Темурбекнинг қабри ва авлодидин ҳар кимки Самарқандда подшоҳлик қилибтур, аларнинг қабри ул мадрасададур.

Улуғбек мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гунбази бисёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ деб нишон берурлар. Яна ушбу мадраса ва хонақоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур. Мирзо ҳаммомиға машҳурдур, ҳар навъ тошлардан фаршлар қилибтур. Хуросон ва Самарқандта онча ҳаммом маълум эмаским, бўлғай. Яна бу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, масжиди Муқаттаъ дерлар. Бу жиҳаттин Муқаттаъ дерларким, қитъа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солибтурлар, тамом деворлари ва сақфи ушбу йўсунлуқтур. Бу масжиднинг қибласи била мадраса қибласининг орасида бисёр тафовуттур. Ғолибо бу масжид қибласининг самти мунажжим тарийқи била амал қилибтурлар. Яна бир олий иморати Пуштаи Кўҳак доманасида расаддурким, зич битмакнинг олатидур. Уч ошёнлиқдур. Улуғбек мирзо бу расад била Зичи Кўрагонийни битибтурким, оламда ҳоло бу зич мустаъмалдур. Ўзга зич била кам амал қилурлар…

Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида ғарб сари боғе солибтур, Боғи Майдонға мавсум. Бу боғнинг ўртасида бир олий иморат қилибтур. Чилсутун дерлар, ду ошёна, сутунлари тамом тошдин. Бу иморатнинг тўрт бурчида тўрт манордек буржлар қўпорибтурларким, юққориға чиқар йўллар бу тўрт бурждиндур. Ўзга тамом ерларда тошдин сутунлардур. Баъзини морпеч хиёра қилибтурлар. Юққориғи ошъёнининг тўрт тарафи айвондур, сутунлари тошдин. Ўртаси чордара уйдур. Иморат курсисини тамом тошдин фарш қилибтурлар. Бу имораттин Пуштаи Кўҳак сари доманада яна бир боғча солибтур, анда бир улуғ айвон иморат қилибтур, айвоннинг ичида бир улуғ тош тахт қўюбтур, тули тахминан ўн тўрт-ўн беш қари бўлғой, арзи етти-саккиз қари, умқи бир қари. Мундоқ улуғ тошни хейли йироқ йўлдин келтурубтурлар. Ўртасида дарз бўлубтур. Дерларким, ушбу ерда келтиргандин сўнг бу дарз бўлғондур. Ушбу боғчада яна бир чордара солибтур, изораси тамом чиний, Чинийхона дерлар. Хитойдин киши йибориб келтурубтур.

Самарқанднинг қалъасининг ичида яна бир қадимий имораттур, масжиди Лақлақа дерлар. Ул гумбазнинг ўртасида ерга тепсалар тамом гунбаздин лақ-лақ ун келур, ғариб амердур, ҳеч ким мунинг сиррини билмас…

Самарқанд шаҳри ажаб ороста шаҳредур, бу шаҳрда бир хусусияти борким, ўзга кам шаҳрда андоқ бўлғай. Ҳар ҳирфагарнинг бир бошқа бозори бор, бир-бирларига махлут эмастур, тавр расмедур. Хўб нонволиқлари ва ошпазлиқлари бордур. Оламда яхши қоғаз Самарқанддин чиқар. Жувози қоғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат ҳам дерлар. Самарқанднинг яна бир матои қирмизи маҳмалдурким, атроф ва жавонибқа элтарлар.

Гирдо-гирдида яхши ўланглари бор. Бир машҳур ўланг Конигил ўлангидир. Самарқанд шаҳридин шарқ тарафидур, бир нима шимолға мойил, бир шаръий бўлғой. Қора сувким, Обираҳмат ҳам дерлар, Конигилнинг ўртасидин оқар, етти-саккиз тегирмон суйи бўлғой. Бу сувнинг атрофи тамомо обгирдур. Баъзи дерларким, бу ўлангнинг асли оти Кони обгир экандур, вале тарихларда тамом Конигил битирлар, хейли яхши ўлангдур. Самарқанднинг салотини ҳамиша бу ўлангни қуруқ қилурлар. Ҳар йил бу ўлангга қуруқ қилурлар. Ҳар йил бу ўлангга чиқиб бир ой, икки ой ўлтурурлар. Бу ўлангдин юқорроқ шарқи жануб сари яна бир ўланг воқе бўлубтур. Хон юртиға мавсум, Самарқанднинг шарқидур, Самарқандтин бир йиғоч бўлғай. Бу қора сув анинг ораси била ўтуб, Конигил борур. Хон юртида бу қора сув андоқ юққоридин эврулуб келибтурким, ичида бир ўрду тушгунча ер бўлғай. Чиқар ери хейли тор воқе бўлубтур. Бу ернинг сирфасини кўзлаб, Самарқанд муҳосарасида неча маҳал мунда ўлтурулуб эди. Яна бир ўланг Бўдана қўруғидур, Дилкушо боғи била Самарқанд орасида воқе бўлубтур. Яна бир Кўли мағоқ ўлангидур, Самарқандтин икки шаъриға ёвушқай, қарб саридур, бир нима шимолға мойил. Бу ҳам тавр ўлангедур. Бир ёнида бир улуғ кўл воқе бўлубтур, бу жиҳаттин кўли Мағоқ ўланги дерлар. Самарқанд муҳосарасида мен хон юртида ўлтурғонда бу ўлангда Султон Али мирзо ўлтуруб эди. Яна бир Қулба ўлангидур, бу мухтасарроқ ўлангдур. Шимоли Қулба кенти ва Кўҳак дарёси, жануби Боғи Майжон ва Дарвеш Муҳаммад тархоннинг чорбоғи, шарқи Пуштаи Кўҳак.
Темурбек Самарқанднинг ҳукуматини Жаҳонгир мирзоға бериб эди. Жаҳонгир мирзонинг фавтидин сўнг, улуғ ўғли Муҳаммад Султони Жаҳонгирга берди. Шоҳруҳ мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек мирзога бериб эди”

Бу сатрларни улуғ жаҳонгир Амир Темур салтанатини тилаб, тенгсиз давлатнинг абадул-абад барқарор бўлиб туюлган тахти истагида Самарқандга бир неча бор қўшин тортиб борган, гоҳ ололмай умидсиз қайтган, охир забт этгач қамал азобига дош беролмай кечаси шаҳарни ташлаб қочган, кейинги сафар эса босқинчилар кўмагида бошқа босқинчилардан бобоси тахтини олмоқни хаёл қилган, аммо оғир хатога йўл қўйганини англаб бир умр азоб чеккан, аммо умрининг охиригача Самарқанд хаёлида яшаган темурийзода битган. Бу сатрларни битаётганда сочларига оқ тушиб, салтанат ҳавасига қўл силтаган, кўпроқ шеър ишқида ёнишни истаган ёшда эди. Аградаги ўзи Зарафшон деб ном берган боғда ўтириб, умр дафтарини қораларкан, кўз ўнгидан ўша аламли ва ширин, умидсиз ва саодатли кунлар ўтар, хаёлида гоҳ мовий осмонга сингиб кетай деб турган Гўри Мир сағанасининг нилий гумбази, гоҳ Конигил ялангликлари, гоҳ Кўҳак сувларининг мавжларида танга сочаётган ой – Самарқанд ойи – Мовароуннаҳр ойи – Туркистон ойи жонланарди.

Бу сатрлар фақат жангу-жадал, жангоҳлардаги лахта-лахта оққан қонлар, ёру-дўстларнинг ўлими, душманни қувган кезда дилда жўшган сурур, душман қувганда бечоралиғ туйғуларигина эмас, бу сатрлар йироқда қолган она ҳақидаги ташвиш, илк туғилган гўдак ўлими изтироби, хасталанган фарзанди учун жонини садақа қилишга тайёр ота ҳолати, она юртдан қувғин юрак фиғонлари ҳам эди.
У бу сатрларни битаётганда ўз умрини бошқатдан, хатолиғларни такрорламай, душманлар фитнасига учмай, дўстлар қаҳридан ранжимай, уларни алқаб яшашга тайёр эди – фақат Самарқанд нонини Обираҳмат сувига бир бор бўктириб еса, чўғдек порлаб турган Қува анорини ўзи узиб, Қорасув пичоғи билан тилимласа бўлди. Аммо, умр қайтмас, умр шамол эканини билгани учун ҳам қаламидан тўкилган ҳар бир сатр соғинч изтироби билан йўғриларди, холос…

БИРИНЧИ ҚИСМ

067Тарих саккиз юз тўқсон тўққизда, рамазон ойининг бошида (1494 йилнинг июн ойи) Фарғона вилоятида ўн икки ёшли бола подшоҳ бўлди. У темурий зотдан, Турон султонининг учинчи ўғли Мироншоҳ наслидан бўлиб, Султон Умаршайх мирзонинг фарзанди эди. Умаршайхдан уч ўғил: Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жаҳонгир мирзо, Носир мирзо; беш қиз: Хонзодабегим, Меҳрбонубегим, Шаҳрбонбегим, Ёдгор Султонбегим, Руқия Султонбегим қолди. Бола подшоҳ мана шу фарзандларнинг энг каттаси Заҳириддин Муҳаммад мирзо эди.

Ровийларнинг хабар беришича, бола туғилганида “ул зот бобарокатиға ҳазрат Хожа Аҳрори Валий, қуддуси сирраҳ, Мирзо Заҳириддин (деб) ном қўйғон эканлар. Ва бул исм баъзи авом халқнинг тиллариға кирғон келди. Эрса ҳазрат Хожа Аҳрори Валий Мирзо Бобур исмиға хитоб қилдилар. Хутбада хатиблар Муҳаммад Заҳириддин Бобур ўқир эрдилар”.

Кейинроқ жасурлиги учун айни шу “Бобур” номи билан кўпроқ машҳур бўлган Заҳириддин Муҳаммад Умаршайх мирзонинг суюкли хотини Қутлуғ Нигорхонимдан саккиз юз саксон саккизда, муҳаррам ойининг олтинчи куни (1483 йилнинг 14 феврали) дунёга келди. Қутлуғ Нигорхоним Тошкент хони Юнсухоннинг иккинчи қизи бўлиб, Бобур мирзо тахтга ўлтирган эгачиси эди. Демак, Бобур мирзонинг отаси туркий, онаси мўғул наслидан бўлган. Отасининг шажараси қуйидагича: Умаршайх мирзо – Султон Абусаид мирзо – Султон Муҳаммад мирзо – Мироншоҳ – Темур; онасининг шажараси эса қуйидагича эди: Юнусхон-Вайсхон-Шерали ўғлон – Муҳаммадхон-Хизрхўжахон – Туғлуқ Темурхон-Эсон Буғахон – Дувахон – Бароқхон-Есун Тува-Мўватугон – Чиғатойхон-Чингизхон. Шу билан бирга, Бобур мирзо онасининг томирида қипчоқ қониям бор эди. Юнусхоннинг онаси туркистонлик қипчоқ бекларидан, Темур ҳурмат кўрсатган Шайх Нуриддинбекнинг зурриёди бўлганлиги ҳақида кўҳна китоблар хабар беради.

“Паст бўйлуқ, тегирма соқоллик, кўба юзлук” Умаршайх мирзо бобокалони Амир Темурга тақлид қилиб аксар мўғулий бўрк киярди. Яхши кўрган машғулоти “Шоҳнома”ни мутолаа қилиш эди. Қиличидан кўра, муштининг зарби кучлироқ бўлиб, урса, йиқитарди. Йигитлигида кўп чоғир ичарди, ичгандаям, хушсуҳбат улфатлар даврасида ичишни ёқтирарди. Ёшлик чоғларида дурустгина ғазаллар битганига қарамай, кейинчалик машқини давом эттирмади. Темурийлар анъанасига кўра каптар сақларди, жангу-жадал ва шикордан бўш вақтларини тикка жар лабида тикланган Ахси қўрғонидаги каптархонасида ўтқазарди. Саккиз юз тўқсон тўққизинчи йил (1493) рамазон ойининг тўртида, душанба куни Умаршайх мирзо ўттиз тўққиз ёшда кутилмаганда, каптархона билан жарга учиб ҳалок бўлди.

“Бу воқеа даст берганида ман Андижон чаҳорбоғида эдим, — деб ёзади Бобур мирзо “Бобунома”да. – Сешанба куни, рамазон ойининг бошида бу хабар Андижонга келди. Изтироб била отланиб, қошимдаги навкар ва савдар била қўрғон азимати қилдим”.

Бироқ, йўлга отланган шаҳзода ҳали шаҳардан чиқмай, отасига содиқ беклардан бири Ширим Тоғойи Бобур мирзо ҳузурига етиб келди ва унга тезда Ўзган тарафга кетиш зарурлигини айтди. Тоғойининг айтишича, биродарининг ўлимидан хабар топган Самарқанд тахтида ўтирган Султон Аҳмад мирзо Андижон устига қўшин тортиб келаётган эмиш. “Бу хабар етса, айрим беклар сизни ва вилоятни ул мирзоға топширғуларидур”, — деди Ширим тоғойи Ўзганга кетиш ҳақидаги таклифининг тасдиғи сифатида. Ёш мирзонинг бир оз тараддудланганини кўрган Ширим тоғойи уни кўндириш учун яна шундай деди: “Мабодо алар вилоятни берсалар, сиз иликка тушмай, тоғойингиз Олачахон ё Султон Маҳмудхон ҳузуриға борғайсиз”. Бобур мирзо ночор Ўзганга қараб кетишга рози бўлди.

Аммо Андижоннинг эътиборли казо-казоларидан бири бўлган Хожа Мавлонойи Қози ва беклар бундан огоҳ бўлгач, унинг қошига шошиғич етиб келдилар ва шубҳа қилишга ўрин йўқлигини айтдилар. Уларга ишонган шаҳзода Аркка келиб тушди. Хожа Мавлонойи қози ва беклар унинг қошига келиб янги тахт эгасига содиқ эканликларини айтиб, Қуръон устида қасам ичдилар. Сўнг кенгаш тузилди ва қўрғон ҳимоясига тайёргарлик маслаҳати бўлди.

Султон Аҳмад мирзо қўшини Андижондан тўрт йиғоч масофадаги Қубо (Қува) кентига қўнгани ҳақида хабар етгач, Бобур мирзо кўпчиликнинг маслаҳати билан амакиси ҳузурига элчи жўнатди. Элчи Султон Аҳмад мирзога Бобур мирзонинг мактубини топширди. Мактубни ўқиб, Султон Аҳмад мирзонинг пешонаси тиришди. Мактубдаги “Вилоятта мулозимлардин бир кишини худ қўюлғусидур. Мен ҳам мулозим ва ҳам фарзанд, агар бу хизматни манга уҳда қилсалар яхшироқ ва осонроқ файсал топқисидур”, деган жумлаларни ўқиб, жиянининг муштдек боши билан катта кишидек мушоҳада юргизганига ичида таҳсин ўқиди.

Бобур мирзо ўз амакисига бўйсунишдан бошқа иложи йўқлиги учун ҳам ўзини унга мулозим деб аташга мажбур эди. Бу билан отаси тахтига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолишга интиларди.

Аммо, Султон Аҳмад мирзо жиянининг иноятталаб сўзлариги парво қилмай юришини давом эттирди. Бироқ, Самарқанд қўшини Қувасой кўпригига етганда фалокат юз берди. Лашкар тиқилиб, тор кўприк оғирликни кўтаролмай бир томонга қийшайиб ағанади, кўп кишилар, отлар ва тевалар тез оқар сув дастидан нобуд бўлди. Бундан беш йил бурун (Бобур мирзо уч-тўрт йил деб хато қилади) мўғуллар билан жангда мағлубиятга учраб, чорасиз қолганида, Чирчиқ сувида кўп одами қурбон бўлганини эслаган Султон Аҳмад мирзо таҳликага тушди, қолаверса, ўша мудҳиш воқеани унутмаган лашкар ичида ваҳима бошланди. Бунинг устига от ўлати бошланиб, отлар таппа-таппа йиқилиб, типирчилаб жон бераётгпнини кўрган лашкар дилидаги ваҳима ўрнини қўрқув эгаллади. Шу сабабдан ҳам Султон Аҳмад мирзо ўз жияни билан сулҳ тузиб, ортига қайтишга мажбур бўлди.

Амакисининг ортга қайтганидан қувонган Бобур мирзонинг шодлиги узоққа бормади. Энди тошкентлик тоғаси Султон Маҳмудхон бошлиқ мўғуллар қўшини ҳам Андижон ерига кўз олайтириб йўлга чиққани, келиб Ахси қўрғонини қаттиқ қамал қилгани ҳақидаги хабар етди. Бобур мирзо ҳуқуқини парвардигорнинг ўзи ҳимоя қилдими, Султон Маҳмудхоннинг ҳам омади юришмади. Қанчалик уринмасин, Ахсини олишга қурби етмади. Ахсилик ҳимоячиларнинг матонат билан жанг қилишини кўрган Тошкент ҳукмдори ўз манзилига қайтишни маъқул кўрди.

Бундай бошбошдоқликларни кўриб, бир-икки беклар ҳам қасамни бузиб, ёш мирзога қарата душманлик йўлига ўтдилар. Бироқ, Умаршайх мирзонинг содиқ беклари уларни тез орада тинчитдилар. Фақат мана шундан кейингина Бобур мирзо бевақт шаҳид бўлган отаси азасини бажо келтириб, элга ош тарқатиш имконига мушарраф бўлди.

Андижон юришидан қайтаётган омадсиз Султон Аҳмад мирзо Ўратепа қўрғони яқинидаги Оқсув деган жойга етганда тўсатдан оламдан кўз юмди. Кетма-кет фано топган Султон Абусаид мирзонинг ўғиллари бўлмиш Султон Аҳмад мирзо билан Умаршайх мирзонинг тахти узоқ бўш турмади. Андижон тахтига Бобур мирзо, Самарқанд тахтига Султон Аҳмад мирзонинг ўрнини оладиган ўғли бўлмаганидан, Ҳисор, Қундуз, Хатлон ва Бадахшоннинг ҳокими бўлган иниси Султон Маҳмуд мирзо ўтирди. Аммо Султон Маҳмуд мирзонинг тахтдорлиги узоққа бормади, орадан кўп вақт ўтмай, у ҳам икки биродари кетидан чин дунёга равона бўлди. Бизнинг мақсадимиз Бобур мирзонинг бобокалони Амир Темур тахтини эгаллаш йўлида Самарқандни уч марта қўлга киритиши ҳақида ҳикоя қилиш экан, шу ўринда Умаршайх мирзо фарзандининг шу мақсаддаги кураши асосан мана шу Султон Маҳмуд мирзонинг ўғиллари Бойсунқур мирзо ҳамда Султон Али мирзо билан бўлганини айтиш фойдадан холи эмас.

Хуллас, биз кўз тиккан даврда Андижонда Бобур мирзо Самарқандда отаси вафотидан сўнг тахтни эгаллаган Бойсунқур мирзо, Тошкентда мўғул Султон Маҳмудхон, Ҳиротда ўша давр темурий ҳукмдорларининг энг кучлиси Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмрон эдилар.

Темур давлати таркибига кирган, сўнгги пайтларда Умаршайх мирзо тасарруфида бўлган Тошкент қандай қилиб мўғул хонлари қўлига ўтди? Бу воқеа тарихини билиш учун ортга қайтамиз. Темур ўлими билан бошланган ўзаро низолар давомида Тошкент гоҳ Самарқанд, гоҳ Бухоро, гоҳ Фарғонага бўйсунди. Султон Абусаид мирзо ҳукмронлиги даврида (1451-1469) Тошкент кўчманчи ўзбеклар хони Абулхайрхон (1428-1468) томонидан забт этилади. Аммо бир оз вақтдан сўнг яна темурийлар ихтиёрига ўтади. Юқорида айтганимиздек, у Умаршайх мирзо ҳукми остида бўлади. Умаршайх мирзо мунтазам равишда қўшни вилоятларга ҳужум қилар, янги ерларни босиб олиш иштиёқида тез-тез тинчликни урушга ва дўстликни душманликка алмаштирарди. Умаршайх мирзо ҳарбий юришлари муваффақиятини таъминлаш учун қайнотаси мўғул хони, Қошғар ҳукмдори Юнусхондан кўп марта кўмак сўрайди. Айнан мана шу ёрдами эвазига Умаршайх, ўзининг кабутархонаси билан бирга жарга қулаб ҳалок бўлишидан бир неча муддат аввал, Тошкентни Юнусхоннинг ўрнига тахтга ўтирган Султон Маҳмудхонга инъом этади. “Ўшал фурсатдин тарих тўқққиз юз саккизгача Тошкент ва Шоҳруҳия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида эди. Бу фурсатда мўғул улусининг хон ва султонлиғи Юнусхоннинг улуғ ўғли – менинг тоғойим Султон Маҳмудхонда эди”.

Бу воқеалар “Абдулланома”да қуйидагича тасвирланади: “Юнусхон ўзининг Нигорхоним (Асл исми Меҳр Нигорхоним) исмли катта қизини унинг (Султон Абусаид мирзонинг – Х.Д.) тўнғич ўғли Султон Аҳмад мирзога берди ва дедики, “унинг отаси душманликни дўстлик билан алмаштирди, мен дўстликни қариндошликка айлантираман”. Яна бир қизи Қутлуғ Нигорхонимни Султон Абусаид мирзонинг бошқа ўғли Умаршайх мирзоға берди ва ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ундан туғилди. Султон Нигорхонимни Султон Абусаид мирзонинг яна бир ўғли Султон Маъсуд мирзога юборди… Юнусхон бу уч куёвидан Умаршайх мирзога муҳаббати ортиқроқ эди. Чунончи, Юнусхон ҳамиша Андижонга келиб, икки-уч ой турарди ва Умаршайх мирзо ҳам ўз навбатида Мўғулистонга бориб бир неча кун у ерда туриб қоларди. Бир гал Умаршайх мирзо Юнусхонни Мўғулистондан чақириб, Марғилонни иноят қилди, илгари унга Ўшни берган эди.

(Султон Абдусаид мирзо томонидан Тошкентга ҳоким қилиб қўйилган) шайх Жамол ҳар… ўлдирилгач, Умаршайх мирзо Тошкент билан Шоҳруҳияни ўзига қаратиб олди… Султон Аҳмад мирзо Умаршайх мирзога пўписа ва тажовуз қилишгача етди ва Умаршайх мирзо ваҳимага тушиб, Юнусхонга одам юборди ва Тошкентни унинг мулозимларига беришга ваъда қилди”.

Султон Аҳмад мирзо Тошкентни инисидан тортиб олиш учун йўлга чиққандан кейин, Умаршайх ҳам қайнотаси кўмагига ишониб, қўшин бошлаб Сирдарё ёқасига келиб қўнди. Сайрамдан йўлга отланган мўғуллар лашкари Умаршайхнинг қайноғаси Султон Маҳмудхон раҳбарлигида унга келиб қўшилди. Бир-бирларига қилич пешлаб турган бу уч лашкар жанг бошлай деб турган бир вазиятда орага ўша даврнинг энг нуфузли дин арбоби Хожа Насриддин Убайдуллоҳ (Хўжа Аҳрор номи билан машҳур бу шахс ҳақида қиссамиз давомида ҳали ҳикоя қиламиз) тушиб, қон тўкилишига йўл қўймади. “Ул ҳазрат ўша тўплаганлар ҳузурида ҳозир бўлиб, ҳар уччалла подшоҳни бир гиламга ўтқиздилар ва сулҳ масаласини ўртага қўйиб, бир-бирлари билан яраштириб қўйдилар”. Бобур мирзонинг ҳам Хўжа Аҳрорга ихлоси баланд эди. Бу воқеалардан бир неча йиллар ўтгач, у Хўжа Аҳрорнинг тасаввуф таълимоти баён қилинган “Рисолаи Волидия” асарини туркий тилда шеърга солгани мана шу ихлос оқибати эди.

Султон Аҳмад мирзо мураббий ва муқаввий деб қўл берган Хожа Убайдуллоҳ сўзига кириб, низодан кечгандан сўнг, Султон Маҳмудхон сулҳ шартига биноан ўзига теккан Тошкентга қараб жўнади ва уни эгаллади. Бир-бирига тиғ кўтарган икки ини эса ўз юртларига умидсиз қайтдилар. Орада Султон Маҳмудхон ютди. Бу сулҳнинг битилиши ва Султон Маҳмудхоннинг Тошкентни эгаллаши саккиз юз тўқсонинчи йилда (1485) юз берди. Орадан анча вақт ўтмай, Юнусхон Самарқандга – Султон Аҳмад мирзо қошига совчи жўнатиб, мирзонинг гўзал қизи Қоракўзбегимни ўғли Султон Маҳмудхонга олиб берди.

Аммо, машойихлар, бир гиламда ўн дарвиш сиғса-сиғар, аммо икки (бизнинг вазиятда уч) подшоҳ бир иқлимга сиғиши қийин деганларидек, Сирдарё ёқасида бир гиламга ўтқизилган уч подшоҳ ўртасидаги сулҳ узоқ чўзилмади.

Ҳафиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Юнусхон вафот топиб, чин дунёга кетгач ва бу воқеанинг содир бўлганлиги ҳамма ерга тарқалгач, ўша йили Мўғулистоннинг ҳамма улуси Султон Маҳмудхонга тобе бўлиб, уни хонлик маснадига ўтқиздилар ва мўғул расми билан коса кўтардилар. У тахтга ўлтиргандан кейин Умаршайх мирзо ва Султон Аҳмад мирзо ҳар тарафдан низо ва уруш бошладилар. Даставвал Умаршайх мирзо жангчилари билан Тошкентга юрди.

Умаршайх мирзо жадал юриб, Ховос қалъасини эгаллади. Аммо дастлаб Султон Маҳмудхондан, кейин иниси Султон Аҳмад мирзодан қаттиқ зарбага учраб, Андижонга қайтиб кетишдан бошқа иложи қолмади. Бу саккиз юз тўқсон иккинчи (1487) йилда юз берди. Роппа-роса бир йил ўтгач, Султон Аҳмад мирзо яна Тошкент устига юрди. У дил раҳбари Хўжа Аҳрорнинг “Ул вилоятни биз тузғон сулҳ юзасидан Султон Маҳмудхонга берганмиз. Бу сулҳга қадам қўйиш қоидадан ғоят йироқдур. Муқаррарки, аҳдни бузиш ёмон иш, бунга ташаббускор бўлғонлар чин саодатдан маҳрумдир”, — деб берган ўгитига қарамай икки шаҳар орасидаги 30 тошлик масофани жадал босиб ўтиб, Тошкентни келиб қамади. Аммо уч кунча шаҳар ичидагилар билан ташқаридагилар ниманидир кутгандек жанг бошламай бир-бирларига муқобил турдилар. Улар Хўжа Аҳрорни кутган бўлсалар, ажабмас.

Камолиддин Биноий “Шайбонийнома”да ҳикоя қилишича, Бобур мирзонинг бўлажак рақиби Муҳаммад Шайбонийхон бу юришда Султон Аҳмад мирзонинг лашкари билан бирга эди. Бироқ, бундан бирмунча вақт аввал Султон Аҳмад мирзонинг амирлари унга қарши бир неча бор фитна уюштириб, ҳатто суиқасд қилишгача етганлари учун у Самарқанд ҳукмдоридан ранжиб, Шоҳруҳияга етганда, темурийлар лашкарини тарк этди ва мўғуллар томонга ўтиб, Султон Маҳмудхон билан иттифоқ тузди.

Камолиддин Биноий сўзига шак келтирмаган ҳолда, Шайбонийхоннинг Султон Аҳмад мирзо қўшинини тарк этиши ва Султон Маҳмудхон билан иттифоқ тузиши, Тошкентни қамал қилганлар билан ичкаридаги мўғуллар орасида жанг бўлмаган уч кун ичида юз бергани бизда айрим гумонлар қилишга имкон беради. Фитна-ю, суиқасдга учраган Шайбонийхон нима учун Тошкентга қараб отланмагунча Самарқанд қўшинини тарк этмади? Менинг ўйлашимча, мана шу уч кунда Султон Маҳмудхон Шайбонийхон билан яширин алоқа ўрнатган бўлиши мумкин. Ҳар иккаласи ҳам темурийларга қарши бўлган бу шахслар ўзаро тил бириктириш фойдадан холи эмаслигини яхши англардилар.

Нима бўлгандаям, мана шу қамал кунларида Шайбонийхон билан Султон Маҳмудхон ўртасида ишонч аҳди тузилди. Уч кундан кейин улар учрашдилар. Оқибатда бу иттифоқ туфайли зўрайган Султон Маҳмудхон Самарқанд қўшинига жиддий шикаст етказди. Султон Аҳмад мирзо жуда кўп одамини йўқотиб, қочишга мажбур бўлди. Юқорида бир қур тилга олиб ўтганимиздек, навкарларнинг кўпчилиги Чирчиқ дарёсининг ёввойи тўлқинларини кечаётиб, таҳликаю-қўрқувдан мадорсизланиб, сувга оқиб нобуд бўлдилар.

Хуллас, мана шу воқеадан сўнг Бобур мирзонинг отаси Умаршайх мирзо ўз қайноғасига тобора кўпроқ бўйсунди. Отасининг фожиали ўлимидан сўнг тахтга ўтирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам тоғаси Султон Маҳмудхонга тобеликни бўйнига олишга мажбур эди.

Султон Маҳмудхон барча мўғул хонлари каби ўз бобкалони Чингизхон шуҳрати, Чиғатой давлати шукуҳини қшмсар эди. У темурийлар билан қариндошлик қилса-да, суюклик хотини Қоракўзбегимдан дунёга келган фарзандлари томирида темурийлар қони оқиб турсада, ичида уларни – Чингизхон давлати қудратини кунпаякун этиб, шамолга совурган буюк жаҳонгир Амир Темур , даҳшатли Темурланг авлодларини хуш кўрмасди. Шунинг учун ҳам боболари шер бўлганини унутиб, мушукларга айланган темурийзодаларнинг бир-бири билан олишиб, кучсизланганидан фойдаланиб, ўз ер-сувини кенгайтириш билан шуғулланарди. Шу мақсадда темурийлар тарқоқлигини яна ҳам кучайтириш учун уларни бир-бирига қайрарди. Султон Маҳмудхон Бобур мирзонинг бобоси Султон Абусаид мирзо бир пайтлар бу усулни мўғулларга қўллаганидан яхши хабардор эди.

Султон Маҳмудхоннинг бобоси Вайсхоннинг икки ўғли бор эди. Бири унинг отаси Юнусхон, иккинчиси Эсон Буғахон. Вайсхон вафот этгач, унинг амирлари боболар одатига тескари иш тутиб, Юнусхондан ёш бўлган Эсон Буғахонни хон қилиб кўтардилар. Шу сабабдан Юнусхон ота юртидан кетишга мажбур бўлди. У Самарқандга – Мирзо Улуғбек Кўрагон ҳузурига борди. Улуғбек мирзо уни илтифотсизлик билан кутиб олиб, асир сифатида Ҳиротга – отаси Шоҳруҳ мирзо қошига йўллади. Шоҳруҳ мирзо ўғлининг бу номақбул ишидан хафаланиб, Юнусхонга кўп марҳаматлар кўрсатди. Сўнг уни Яздга – Шарафиддин Али Яздий ҳузурига “фазлу камол касб қилсин” деб жўнатди. Юнусхон йигирма тўрт ёшидан қирқ ёшигача ўша манзилда яшади. Бу орада Шоҳруҳ мирзо ҳам, Улуғбек мирзо ҳам оламдан ўтдилар. Юнусхонни эса ҳамма унутгандек эди. Аммо шундай воқеалар содир бўлдики, унинг борлигини эслаб қолишди.

Ўша пайтларда Султон Абусаид мирзо бутун Мовароуннаҳрни бўйсундириш мақсадида куйиб-пишиб ёнарди. Мирзо барча темурийзодалар каби Амир Темурнинг буюк салтанатини қайта тикшлашни орзу қиларди.

Саккиз юз ўн олтинчи (1456) йили Хуросон тахтида ўтирган Абулқосим ибн Мирзо Бойсунқур бин Мирзо Шоҳруҳ вафот этди. Бундан фойдаланган Султон Абусаид мирзо тўхтовсиз Жайхундан ўтиб, Хуросон вилоятини бўйсундириш ҳаракатини бошлаб юборди. Ана шунда Эсон Буғахон Султон Абусаид мирзонинг Мовароуннаҳрдан чиқиб кетганидан фойдаланиб, Андижон вилоятига бостириб кирди. Султон Абусаид мирзо бундан хабар топиши билан жадаллик билан Мовароуннаҳрга қайтди ва жангу-жадал билан Эсон Буғахонни мамлакати сарҳадларидан суриб чиқарди.

Султон Абусаид мирзо Хуросону-Мовароуннаҳрни қўлга олганидан илҳомланиб, энди бобоси каби янги-янги ерларни забт этишни ният қиларди. Анчадан бери Шому-Ироқ томонларга юриш режасини ўйлаб қўйган бўлса-да, аммо Эсон Буғахоннинг яна ҳужум қилишидан хавотирланиб, бу ниятни амалга оширишдан ўзини тийиб турарди. Бобосидан мерос “Тузуки Темурий”да мамлакатларни забт этиш хусусида айтилган гаплар, хусусан жаҳонгирликка киришилганда, хатога йўл қўймаслик учун ҳар бир ишни кўп ўйлаб, сергаклик ва эҳтиёткорлик билан эплаш кераклиги ҳақидаги маслаҳатлар ҳамиша унинг ёдида эди. Бобоси айтганидек, жаҳонгирлик фақат қилич чопқилаш эмас. Балки юмшоқлик қилиш тўғри келса, мулойимлик қилиш, қаттиққўллик вақти етса, қатъий чоралар кўриш, шошмаслик керак ерда ҳовлиқмаслик, шошиларли ишларда кечикмаслик, энг муҳими, қайси бир ишни чораю-тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмай уддалаш ҳамдир.

Шунинг учун ҳам Султон Абусаид мирзо бўлажак режаларини амалга ошириш учун мамлакат ҳудудларини тинч сақлашни таъминлайдиган бир чора топмоғи кераклигини англарди. Ана шунда унинг эсига Юнусхон келди. Мирзо шошилинч Яздга (баъзи манбаларда Шерозга) одамларини юбориб, Юнусхонни Ҳиротга олиб келишни буюрди. Бу амри бажарилгач, Юнусхонга ҳокимият белгилари бўлмиш – ноғора, байроқ бериб, лашкар ажратиб, Эсон Буғахонга қарши жўнатди. Бу воқеалар ҳақида ёзган муаррих ушбу тадбирни қуйидагича изоҳлайди. “Токи биродарлар “Мамлакат бир қасрдир” ҳадиси бўйича қариндошлик пайвандларини узиб, бир-бирлари билан талашсинлар ва ҳар лаҳза ва ҳар замонда фитна қўзғатсинлар”.

Мамлакати сарҳадлари хатардан йироқ бўлганидан кўнгли тўқ Султон Абусаид мирзо шундан кейин Ироқ томонга юриш қилди. Орадан кўп йиллар ўтиб, энди Султон Маҳмудхон ҳам Бобур мирзо бобосининг амалини темурийларга қўлларди.

Темур давлатига энг кучли ва энг сўнгги зарбани берган одамга, у ҳали на саркардалик, на ҳукмдорлик истеъдодини кўрсатишга улгурмаган даврлардаёқ биринчи ёрдамниям шу Султон Маҳмудхон берган эди. “Таворихи гузидаи нусратнома”да ёзилишича, Султон Маҳмудхон Тошкентдаги ғалабадан кейин тасарруфидаги Ўтрорни ўз сиёсий фаолиятини эндигина бошлаган Муҳаммад Шайбонийхонга инъом этган. Бу билан унинг нияти темурийларга қарши курашда яна бир иттифоқдош орттириш эди, холос. У бир қўли билан темурийларга панд берар, иккинчи қўли билан уларга қарши чиққанларни кучайтирарди. Камолиддин Биноий ўз “Шайбонийнома”сида Муҳаммад Шайбоний 1500 йили Самарқандга қараб юрганда, Султон Маҳмудхон ўзбек хонига беш минг аскар юборгани ёзади. Муҳаммад Ҳайдар эса “Тарихи Рашидий”да Шайбонийхон Самарқанду-Бухорони Султон Маҳмудхон кўмагида забт этганини айтади. Самарқандни Бобур мирзо олганда эса хон ўз жиянига Шайбонийхонга қарши курашида кўмак деб бор-йўғи беш юз навкар жўнатади. Жўнатган аскарлари аҳолини талашдан ўзга иш қилмайди. Аммо олдинда шундай кун бор эдики, ўша кун темурийлар давлатини таслим қилдирган Шайбонийхон тез орада Султон Маҳмудхонга уруш очди ва 1502 йилда Тошкентни забт этди. Бу воқеалар кейинроқ бўлар, ҳозир эса не ҳолким, на Бобур мирзо, на Шайбонийхон, на Султон Маҳмудхон олдинда нималар кутаётганидан хабардор эдилар.

Мовароуннаҳр нотинчлиги Улуғбек мирзонинг фожиали ҳалокатидан сўнг (1450) кучайди. Падаркуш Абдуллатиф ҳам олти ой ўтмай ўлдирилди. Ундан кейин тахтга Шоҳруҳ мирзонинг набираси, Иброҳим мирзонинг ўғли, Улуғбекнинг куёви Абдулла мирзо ўтирди. Унинг подшоҳлиги икки йилдан ошмади. Навбат Бобурнинг бобоси Абусаид мирзога етди. У тириклигидаёқ тахтни катта ўғли Султон Аҳмад мирзога топширди. Султон Аҳмад мирзо вафотидан сўнг Самарқанд тахтига Султон Маҳмуд мирзо кўтарилди.

Бу ярим асрлик давр темурий мирзоларнинг бир-бирига уруш очиб, бирини бири суйиб, бирининг кўзи иккинчиси ўйиб, бири қуёндек қочиб, иккинчиси унга қора лочин каби ташланиб боболари тиклаган салтанат иморатини талон-тарож қилишлари билан хосдир. Заргар Темур томонидан ясалган тенги йўқ узукнинг кўзи бўлган Самарқанд ҳам кўпкари ўртасида ташланган улоқдек – гоҳ бу мирзо гоҳ у мирзо қўлига ўтарди. Темур қурдирган Кўксаройда деярли ҳар йили бирон бир мирзо оқ кигизга ўтқизилиб, кўктошга чиқарилар ва тахт ҳукмдори деб эълон қилинарди.

Кўксарой “ажаб хосиятлик иморатдур. Темурбек авлодидан ҳар ким бош кўтариб тахтга ўтурса ҳам, мунда ўлтурур. Ҳар ким тахт доияси билан била бош қўйса ҳам мунда қўяр, ҳаттоким, кинояти бўлуб эдиким, фалон подшоҳзодани Кўксаройға чиқардилар, яъни ўлтурдилар”. (“Бобурнома”дан).

Тўққиз юз биринчи (1495-1496) йилда Самарқанд тахтида, юқорида айтиб ўтганимиздек, Бобурнинг амакиси Султон Маҳмуд мирзонинг ўғли Бойсунғур мирзо ўтирар эди. “Султон Маҳмуд мирзо ҳаётида улуғ ўғли Султон Масъуд мирзоға Ҳисорни бериб, Бойсунғур мирзоға Бухорони бериб, ўғлонларига рухсат бериб эди. Бу воқеада (яъни Султон Маҳмуд мирзо ўлимида) ҳеч қайси ҳозир эмасди… Самарқанд ва Ҳисор беклари иттифоқ била Бухороға Бойсунғур мирзоға киши йибориб ва келтуруб, Самарқанд тахтиға ўлтурғуздилар. Бойсунғур мирзо подшоҳ бўлғонда ўн саккиз яшар эди”.
Ўша йилнинг рамазон ойида тархонийлар фитнаси юз берди. Бу фитна самарқандлик беклар ва сипоҳийлар томонидан бўлиб, улар Бойсунғур мирзонинг адолатсизлигидан, яъни подшоҳ улардан кўра ҳисорлик беклару-сипоҳийларга кўпроқ эътибор ва ихтилот қилишидан норозиликдан бошланди.

Айниқса, улар Бойсунғур мирзонинг марҳум отаси умароси бўлмиш шайх Абдулла барлос авлодларига бўлган муносабати – бек ўғлонлари маишатга ва бузуқчиликка ҳаддан берилиб кетганларини кўрмаганга олаётганидан қаттиқ норози эдилар. Самарқанд беклари билан алоқа боғлаган Дарвиш Муҳаммад тархон Қаршига бориб, Бойсунғур мирзонинг укаси, Султон Маҳмуд мирзонинг бошқа хотини Зуҳрабеги оғадан туғилган Султон Али Мирзони тахтга ўтиришга, салтанат ишини қўлга олишга кўндирди. У Султон Али мирзони подшоҳ кўтариб, Бойсунғур мирзо турган Боғи Навга келди. Дарвиш Муҳаммад тархон бошчилигидаги самарқандлик тархонийлар Бойсунғур мирзони тутқун қилиб, уч-тўрт яқин кишиси билан Аркка келтирдилар. Ниятлари тахтдан туширилган Бойсунғур мирзони одатга биноан Кўксаройда ўлдириш эди. Бироқ, режа амалга ошмади. Туйқусдан Бойсунғур мирзо кечқурун бомдод номозини ўқиш учун таҳорат олиш баҳонаси билан Бўстонсаройнинг шарқи-шимол тарафидаги бир уйга киришга рухсат сўради. Тархонийлардан қўйилган соқчилар Бойсунғур мирзо кириб кетган уй эшиги олдига бориб турдилар.

Бойсунғур мирзо бу уйни танлагани бежиз эмасди. Уйнинг орқа деворида яширин эшик ўрни бор эди. Бойсунғур мирзо билан бирга кирган Ҳасан шарбатчи исмлик киши эшик ўрнини бузиб, ҳовлига йўналдилар. Сўнг Аркдан ташқарига чиқадиган сув қувурлари орқали кўчага ўтиб тутқинликдан халос бўлдилар. Эшик олдида ўтирган соқчилар бу ишдан воқиф бўлиб шовқин кўтарганларида, қочоқлар аллақачон шом қоронғисига сингиб кетган эдилар. Улар Номозгоҳ дарвозасидан ўтиб, шаҳар ташқарисига – тўғри Хожа Кафшар маҳалласига йўл олдилар.

Хожа Кафшарда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг катта ўғли, Хожаго Хожа, Хожа Калонхожа номлари билан машҳур бўлмиш Хожа Муҳаммад Абдуллоҳ отасидан мерос қолган ҳовлида яшар эди. Асли Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидан бўлган Хўжа Аҳрор Султон Абусаиднинг истаги ва илтимоси билан Самарқандга кўчиб келиб, Хожа Кафшар маҳалласида ўрнашган эди. “Хожа Кафшар шаҳарнинг жануб томонида ва бир тошнинг учдан бир улуши (тўрт минг қадам) чамаси олисроқдадир” (Абу Тоҳирхўжа Самарқандий. “Самария”).

Хўжа Аҳрорнинг мозори ҳам шу маҳаллада эди. “Хонлар, бошларида хонлик жиғаси ва белларида подшоҳлик камари бўлган ҳолда, унинг узангисида яёв югурган”. “Хожаи Хожагони коргоҳ, қиблаи муқобилон Убайдуллоҳ” 895 (1489) йилда ражаб кечасининг биринчи кечасида, жумаъдан қайтишли шанба оқшоми ғурубдан бир ярим соат чамаси ўтган вақт… Самарқанднинг жанубий тоғи этагида бўлган Камаргарон қишлоғида ўлди” (“Самария”).

Фитначи тархонийлар қочоқ мирзони ким қўрқмай яшириши мумкинлигини билгандек, тонг-саҳарлаб тўғри Хожа Муҳаммад Убайдуллоҳ уйига келиб, ундан Бойсунғур мирзони қўлларига топширишни талаб қилдилар. Хожа: “Йўқ” деб жавоб берди. Хожанинг уйига бостириб кириб, қочқин мирзони қўлга олиш учун эса тархонийлар журъат қилолмадилар. Зеро, “Хожаи Хожагони коргоҳ, қиблаи муқобилон Убайдуллоҳ” хонадонига Самарқанд, нафақат Самарқанд, бутун Мовароуннаҳру-Хуросон аҳолисининг ихлоси ғоят баланд эдики, бу билан келишмай иш тутиш бошларида фақат фалокат келтиришини улар жуда яхши тушунардилар.
Эртаси куни Бойсунғур мирзога содиқ қолган одамлардан – Хожа Абулмакорим ва Аҳмад Ҳожибек бошлиқ жуда кўп беклар билан сипоҳилар Хожанинг хонадони атрофида тўпландилар. Уларга шаҳар фуқароларининг кўпчилиги келиб қўшилди. Улар Бойсунғур мирзони ўзларига раҳнамо кўтариб, янги подшоҳ, аслида эса тархоний беклар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган Султон Али мирзонинг тарафдорлари қўнган Аркни қамал қилдилар. Қаттиқ жанг бўлди. Султон Али мирзо тарафдорлари Аркни бир кун ҳам қўриқлай олмадилар. Кечаси Муҳаммад Мазид тархон Аркдан қочиб, Чорраҳа дарвозаси орқали Бухорога от сурди. Султон Али мирзо билан Дарвиш Муҳаммад тархон ўзларини узоқ ҳимоя қилолмасликларини англаб, Аркдан чиқиб таслим бўлдилар.

Бу ишларнинг бошида турган икки шахс – Хожа Абулмакорим билан Аҳмад Ҳожибек ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик.

Хуштаъб ва мардона киши бўлган Аҳмад Хожибек “Вафоий” тахаллуси билан ғазал машқ қиларди. Девони Самарқанд аҳли ичида ҳийла машҳур эди. Алишер Навоий Самарқандда яшаганида Аҳмад Ҳожибек билан дўст тутинган, унинг паноғида бўлган. Биз бу икки буюк инсон дўстлиги ҳақида алоҳида тўхталиш ниятимиз борлиги учун гапни мухтасар қиламиз.

Мавлоно Хожа Абулмакорим ҳақида “Самария” асарида шундай маълумотлар бор: “У “Мухтасари виқоя”га шарҳ ёзганлардан бўлиб, Муҳаммад Шайбонийхон шоҳ Будоқ султон замонида фиқҳ илмида замонанинг биринчи олимларидан эди. Шайбонийхон у кишидан қийин масала тўғрисида фатво сўраганда, у жавоб ёзмади. Шунинг учун Шайбонийхон тажрибасизликдан буюриб, у кишини арра билан шаҳид этдилар. Дерларким, ўзи ҳам бир неча кундан кейин Марвда, шоҳ Исмоил Сафавий билан бўлган урушда қилич дами билан боши кесилиб, шаҳид бўлди”.

Атоқли ўзбек олими Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, бу ҳикоятнинг пайдо бўлиши хусусида Абу Тоҳирхўжа ривоятида хатолик мавжуд. Ўша давр воқеалари тасвирланган тарихий асарларда Шайбонийхон билан шайхулислом Абулмакорим орасида бўлган можароларнинг манбаъида “фатво” масаласида ҳеч гап йўқ. Бу воқеаларни тасвирлаб ёзган Муҳаммад Солиҳ, Камолиддин Биноий асарлари ҳам шулар жумласига киради.

Муҳаммад Солиҳ ривоятича, Шайбонийхон Самарқандни биринчи марта олиб, Султон Али мирзо ва унинг яқин кишиларини ўлдирганда, бир қатор самарқандлик нуфузли одамлар қаторида Хожа Абулмакорим ҳам авф этилган. Аммо кейинчалик қулай вазиятдан фойдаланиб, шаҳарнинг Бобур мирзо томонидан қўлга киритилишига кўмаклашган. Унинг бевосита ташвиқоти билан Самарқанд шаҳрининг кўчманчи ўзбекларга қарши олти ойлик мудофааси олиб борилди. Мана шундай “хиёнаткор” кишини ўлдириш учун жаҳонгирлик дағдағасини қилиб турган Шайбонийхон баҳона ахтариб юрмаса керак. Герман Вамбери ҳам Хожа Абулмакоримнинг ўлими ҳақида ёзганда, фатво масаласи тўғрисида сўйламайди. Фақат мажор олими шайхулислом Абулмакорим билан Хожа Яҳъёни бир киши санаб хатога йўл қўяди. Бу ҳақда кейинчалик ўз ўрнида яна бир бор гапириш ниятимиз бор.

Бойсунғур мирзо Аҳмад Ҳожибек уйида қўниб, Мир Алишер Навоий байтлари битилган ўн икки устунли кенг айвонда Арк қамали натижасини кутарди.

“Катта-катта кўзли, қўба юзлик, ўрта бўйли Бойсунғур мирзо адолатпеша ва фазилатлиғ подшоҳзода эди. Бухорони бошқарганда устози Сайид сўзига кириб, матъун – шиа бўлди. Самарқандга келиши билан яна пок эътиқодга қайтди. Лекин чоғир ичишни ташламади”. Ҳозир ҳам Ҳасан шарбатчи билан басма-бас чоғир симрарди. Косани бўшатиб, ҳазрат Алишербек байтларини пичирлаб, қайта-қайта ўқиб, таҳсин ифода қилиб бош чайқарди. Ҳамма темурийзодалар каби у ҳам ғазал машқ қиларди. Тахаллуси “Одилий” эди. Самарқандликлар унинг ғазалларини суярдилар. Бобур “кам уй бўлғай эдиким, мирзонинг ашхори ул уйда бўлмағай эди”, деб ёзади.

Таслим бўлган Дарвиш Муҳаммад тархонни Бойсунғур мирзонинг олдига, айвон супасидан пастда тиз чўктирдилар.
— Нега бундоқ ишга қўл ўрдинг, ит?! – деди овозини кўтармай ғазаб билан сармаст мирзо.

Дарвиш Муҳаммад тархон бошини ҳам кўтармади. У балки, тиз чўккан кўйи, тиззасига оғзидан оқиб тушаётган томчиларига қараб, “Нега бундоқ ишга қўл урдинг, ит?!” деган сўроққа жавоб тополмасди.
— Вафодорлиғни унутиб, бошимға шамшир кўтариб келғонингда не ишга бош суққанингни англамадингму?

Дарвиш Муҳаммад тархон индамасди.
— Ўз подшоҳи жонига қасд қилғонни жазоси недур? – деди дона-дона қилиб мирзо.

Бир дамлик сукутдан сўнг ўзи жавоб қилди.
— Ўлим эмасму?

Бу сўзни эшитиши билан фитначи тархон бошини кўтарди-да:
— Ҳа, подшоҳим, ўлим! – деди.

Тархоннинг икки ёнида турган сипоҳийлар бандини ташқарига судрадилар. Ҳовлисида қон тўкилишидан қўрқиб ўтирган Аҳмад Ҳожибекнинг елкасидан тош кўчгандек бўлди. Ҳозиргина ўзига ҳукм “ўлим” эканини тан олган Дарвиш Муҳаммад тархон дарвозага етганда, оёғини остонага тираб, жон аччиғида ёндарига ёпишди. Аммо сипоҳийлар унинг қўлларини қайириб олиб чиқдилар. Бир неча лаҳзадан сўнг унинг кесилган бошини товоққа солиб, Бойсунғур мирзога кўрсатдилар ва Арк дарвозасидаги қозиқлардан бирига илиб қўйдилар.

Бойсунғур мирзо ўз биродари бўлмиш Султон Али мирзони Кўксаройга олиб бориб, кўзларига мил тортишни буюрди. Бу ҳукмни айтганда, нафис ғазалларни яратган юраги “жиз” этмади. Фақат атрофида ўтирган бекларга қараб: “Ўз соҳибига вафодорлиғ қилмаган кимсаларга қўшилишдан олдин, ҳеч бўлмаса, улар манга вафодорлиғ қилармикан, деб ўйлаши керак эмасмиди?” – деб қўйди.

“Султон Али мирзони Кўксаройга чиқариб, кўзлариға мил тортдилар. Жарроҳнинг ихтиёри била ё бехост милидан Султон Али мирзонинг кўзларига осибе (зарар) етмади” Жаллод бу ишни атайин қилгани ҳақиқатга кўпроқ яқин. Зеро, у подшоҳзодага, гарчи у тутқун ва жиноятчи бўлган тақдирдаям, қўл кўтаришнинг охири бахайр бўлмаслигини тушунгандир. Балки…

Султон Али мирзо бу ҳолни ҳеч кимга билдирмади. Кўксаройдан чиқиб, ўзини Хўжа Аҳрорнинг кичик ўғли Хожа Муҳаммад Яҳё уйига олиб боришларини сўради. У ерда икки-уч кун яшади. Учинчи куни тунда яширинча қочиб, Бухорога – қатл қилинган Дарвиш Муҳаммад тархоннинг иниси Муҳаммад Мазид тархон ҳузурига йўл олди. Бу ишдан воқиф бўлган Самарқанд аҳли ҳайрон қолди. Улар орасида, Султон Али мирзо ўз оғасининг жонига қасд қилганда қочоқ ака Хўжа Аҳрорнинг тўнғич ўғли хонадонида, қочоқ ака ўз ғолиб укасини мағлуб қилиб, унинг кўзига мил торттиргач, кўзи “кўр” мирзо Хўжа Аҳрорнинг кичик ўғли хонадонида бошпана топганини, “улуғи улуғига мураббий бўлди, кичиги кичигига муқаввий” бўлганини турлича шарҳлардилар. Бу воқеа Хўжа Аҳрорнинг икки фарзанди орасидаям бир оз совуқчилик тушишига сабаб бўлди. Аммо султон Али мирзо Хожа Муҳаммад Яҳёнинг уйидан Бухорога қочиб кетгач, бу совуқчилик адоватга ўтди.

Шунинг учун ҳам бир неча кундан сўнг Хожа Яҳё ҳам Бухорога кетишга мажбур бўлди. Балки бу ишни у олдиндан Султон Али мирзо билан келишиб қилгандир? Ким билади тағин?.. Тарих фақат қадимий китобларда битилган сўзларни тан олади. Аммо биз тарих асарини битмаётганимиз сабабли гумон қилишга ҳаққимиз бор. Қолаверса, гумон қилишдан қўрққан тарихчи тарихчи эмас. Тарихчи ҳам фақат битиклардаги сўзларгагина суянмасдан, озгина бўлса-да гумон билан хаёл қилмоқ ҳуқуқига эгалигини англамоғи лозим.

Воқеанинг бу тарзда кечаётганидан ташвишга тушган, энг аввало, Самарқанддаги ғалабасидан кўнгли маст Бойсунғур мирзо Бухорога қўшин тортди. Бухорога яқин ерда Самарқанд қўшинини Султон Али мирзо ва тархон беклари бошчилигидаги Бухоро қўшини қарши олди. Ўртада қақашатгич уруш кечди. Бухороликлар ўз юртларини мардона ҳимоя қилганлари учун ҳам ғолиб чиқдилар. Бу талотасирда Аҳмад Ҳожибек ва бир неча самарқандликлар рақиблар қўлига асир тушдилар. Асир сипоҳийлар ўша заҳот ўлдирилди. Аммо тархонийларнинг бутун қаҳрини бечора Вафоий – Аҳмад Ҳожибек чекди. “Аҳмад Ҳожибекни Дарвиш Муҳаммад тархон қонининг туҳмати билан беиззатона ўлдирдилар”.

Султон Али мирзо орқага қочган акаси кетидан қувиб Самарқандга қараб юрди. Бойсунғур шаҳарга кириб, дарвозаларни бекитди. Оға-ини можаросидан хабар топган бошқа темурийзодалар ва бошқа ҳукмдорлар ҳам Самарқанд тахтини сўраб, шу воқеаларни яқинроқдан кузатиш, қулай пайтни қўлдан чиқармаслик истагида Туроннинг кўҳна пойтахти томонга отландилар. Бобур мирзо Андижондан, Султон Ҳусайн мирзо Ҳисор ва Қундуздан чиқдилар. Султон Масъуд мирзо ҳам тайсалламай, Шаҳрисабзга келиб қўнди.

Бобур “Бобурнома”да ёзади: “Уч-тўрт ой бу уч тарафдин Самарқандни муҳосара қилдук. Хожа Яҳъё Султон Али мирзо қошидин келиб иттифоқ ва якжиҳатлик сўзини орага солди. Сўзни кўришмакка қўюб, Самарканддин икки-уч шаърий қуйироқ Суғд тарафидин мен чериким била бордим. Ул тарафдин Султон Али мирзо черики била келди. Наридин тўрт-беш киши била Султон Али мирзо, беридин тўрт-беш киши билан мен Кўҳак суйининг оралиғига кечиб, от устида – ўқ қўришиб, сўрушиб алар ул тараф бордилар, мен бу тараф келдим.

Мулла Биноийни ва Муҳаммад Солиҳни анда Хожа хизматида кўрдим. Муҳаммад Солиҳни ўшал бир қатла кўрдум. Мулла Биноий худ сўнгралар хейли менинг хизматимда бўлди”.

Бобур мирзо ўша учрашувда Султон Али мирзо билан биргаликда ҳаракат қилишга қўнган бўлса-да, уларнинг режаси қиш яқинлашгани сабабли амалга ошмади. Самарқанд аҳли ҳам қишга тўқ кираётгани маълум эди. Бобур мирзо ота юрти Андижонда, Султон Али мирзо эса Бухорода қишлаш учун қайтдилар.

*  *  *

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади…

Отларнинг туёқларидан ўт чақнаб, ўтмишу-келажак зулматини ёритар, ер гурсиллаб силкинар, чавандозлар эгнидаги жавшанлар, қўлларидаги қиличу-қалқонлар жаранги Хуросону-Мовароуннаҳр фуқароларини қўрқувга солар, ҳукмдорларнинг кўнглида ҳавас гулларини очар ва хазон қиларди.

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади…

Бу жангари отлар жилову-кишанни тан олмайди, лекин, чавандозлар дили кўринмас иплар билан бу олтин қозиққа маҳкам боғланган эди. Бу кўринмас ипларни фақат ҳаёт ришталарини кесгувчи бешафқат ўлим тиғигина уза оларди…

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар, баҳодир ва номард чавандозлар билан бирга ҳавас ва ҳасад, муҳаббат ва қаҳр, меҳр ва ғазаб, жаҳолат ва хиёнат айланарди.

*  *  *

099Андижонга қайтаётганда бундан бир неча ой илгари Ҳисордан келиб, Бобур мирзога юкунган Султон Масъуд мирзо мўғул аскарлари билан Самарқандга – Бойсунғур мирзо паноҳига қочди. Зоминга етганда, Ҳамза Султон ҳам ўз аскарлари билан кетишга ижозат сўради. Унинг ҳа нияти Самарқандга бориш эканини билган Бобур, ичидан зил кетсада, рози бўлди. Қолаверса, Бобур мирзонинг ўйига жаҳонгир бобосининг қонунлари битилган “Тузуки Темурий”даги пурҳикмат сўзлар келди. “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим… Менинг душманим бўлган Тўхтамишхон берган туз ҳақини унутиб, вафодорлик ва ҳақиқатни бир чеккага йиғиштириб, менинг олдимга келганлари учун уларни лаънатладим. “Булар ўз соҳибига вафодорлик қилмагач, менга қилармиди?” – дедим”.

Бобур мирзо ўзини ташлаб кетганларидан кўра, уларни хизматига олиши тайин бўлган Бойсунғур мирзога ачинди. Ҳали пишмаган елкасида подшоҳлик залворини кўтариш истагида юрган ўн тўрт яшар бола жаҳонгир бобосининг китобини эслар экан, келажакда ўзиям шундай бир китоб тузишини, бироқ, бобосидек бошқаларга ёздириб эмас, ўзи ёзишини кўнглига тугиб қўйган бўлса ажабмас…
Тўққиз юз иккинчи (1496-1497) йилнинг қишини Бойсунғур мирзо кўклам келиши билан бошланиши тайин жангларга тайёргарлик билан ўтказди. Аммо тинчлик бўлмади. Султон Али мирзо юборган Абдулкарим ашрит бошчилигидаги қўшин Самарқандга яқинлашганидан хабар топиб, унга қарши Маҳди Султон Бойсунғур мирзонинг илғорини шаҳардан олиб чиқди. Аммо бу жангда тағин самарқандликларнинг омади юришмади. Боз устига бир пайтлар Бобур мирзо паноҳидан ҳузурига қочиб келган Маҳди Султон билан Ҳамза Султон вафосизлик қилиб жанг майдонини ташлаб, олтин қозиқ атрофида тинмай айланаётган чавандозлар даврасига ёриб киришни мўлжаллаб турган Шайбонийхон ҳузурига қочдилар. Самарқанд яқинидаги жанг тафсилотини эшитган Бобур мирзонинг юраги яна бир карра рақиби бўлмиш Бойсунғур мирзога ачишди. “Бобосин ҳикматини унутган неваранинг ҳоли ушмундоқ бўлур!” – деди ўзига-ўзи.

Хиёнаткор султонларнинг қочиши Бойсунғур мирзо лашкарининг сонига унчалик таъсир қилмаган бўлса-да, руҳига жиддий зарар етказгани шак-шубҳасиз эди. Аммо баҳор келиши билан қорлар эриб, ёмғир ёғиши табиий ҳол бўлгани учун Бойсунғур мирзо Самарқанддан яна қўшини билан ташқарига чиқди. Султон Али Мирзо шуни кутиб турарди. Илдам юриб, Самарқанд яқинидаги Ҳожаи Кордзан деган жойга келиб қўнди. Бу вазиятдан фойдаланган Хожа Абдулмакорим, андижонлик беклардан Вайс Лоғарий ва Муҳаммад Бокир, Қосим дўлдой, шунингдек, Бойсунғур мирзога яқин анчагина киши Султон Али мирзодан яширин Бухорони бориб босмоқ ниятида отландилар. Аммо уларнинг режасидан бухороликлар воқиф бўлдилар ва бу ният амалга ошмади.

Ўтган йилнинг кузида келишилган битим бўйинча Бобур мирзо Андижондан, Султон Али мирзо Бухородан чиқиши керак эди. Бухоро қўшинининг Самарқандга отланиб чиққанини эшитган Бобур мирзо шошилинч йўл босиб, Самарқандга яқин Ёряйлоқ деган жойга қўнди. Бир-икки кундан кейин у Шероз қўрғонини қўлга киритиб, Самарқандга яна яқинроқ Ийпор даштига кўчиб ўтди. Ўша куни Бобур мирзо қошига Бойсунғур мирзо тарафида турган бекларнинг бир нечаси келиб юкунди. “Сўзлари бу эдиким, Бойсунғур мирзо кўчуб, биз (ундан) айрилиб, подшоҳ қуллуғига келдук. Охир маълум бўлдиким, булар даъво билан Бойсунғур мирзодан айрилиб, Шерозни сақлағали келган экандурлар. Шероз иши мундоғ бўлгач, бечора бўлуб келубтурлар”. Бобур мирзо ичидан қуюлиб келаётган бобосининг сўзларини эшитмаганга олди ва ўз аҳволи Бойсунғур мирзо ҳолидан асло фарқ қилмаслигини тан олди. “Бобосин ҳикматини унутган неваралар ҳоли қандоқ бўлур?” – деди алам билан ўзига-ўзи.
Қўшин Шероздан чиқиб Қорабулоққа, ундан сўнг сув кечиб Ём тўғрисига келиб тушди. Ўша куннинг ўзиёқ баъзи беклар Хиёбонга яқин жойда Бойсунғур мирзонинг навкарлари билан қилич уриштирдилар.

Сўнг қўшин Самарқанднинг шарқий тарафидаги, шаҳардан уч қуруҳ масофадаги Хонюрти деган ерга кўчди. Қирқ-эллик кун давомида Бобур мирзо шу ерда манзил қурди, аскарлари гоҳ-гоҳ Хиёбонга чиқиб жанг қилиб турди.

Темур тиклаган буюк хилқат шарпасига айланиб қолган салтанатнинг ҳамма ерида нотинчлик ҳукм сурар, ҳатто Мовароуннаҳрга нисбатан бир оз тинчроқ туюлган Хуросондаям ур-сур бошланган эди. Агар Самарқанд атрофида темурийзодалар бир-бирига қилиқ пешлаб чиққан бўлса, Хуросон тупроғида ота ўғлига тиғ кўтарган эди. Аммо ота билан ўғил низоси бегуноҳ гўдак – Султон Ҳусайн мирзонинг набираси ва Бадиуззамоннинг ўғли Муҳаммад Мўмин мирзонинг алвон қони тўкилишига сабаб бўлди. Бу золим давр даҳшатини англаш учун буюк Алишер Навоийнинг форс тилида битилган ғазалидан тўрт байтни эслатиб ўтмоқчиман.

Олами хоҳам, ки набад мардуми олами дар ў,
К-аз жафои мардуми олам набошад ғам дар ў.

Не ба рўз ашки асронаш намояд сели қатл,
Не ба шаб з-оҳи ғарибон кисвати мотам дар ў.

Не зи бедоди фалак дар вай дили бо сад олам,
Не зи шамшери ситам сад захми бемарҳам дар ў.

Н-аз парируён дар ў хейли ҳама ноодамий,
Не ҳазорон дев аз жинси бани одам дар ў…

Мазмуни:

Бир одам истайманким, унда давримизнинг одамлари бўлмасин,
бу оламда одамнинг жафосидан ғам бўлмасин.

На унинг кундузида кўз ёшидин ўлим сели кўринсин
ва на кечасида ғариблар оҳидан мотам либоси бўлсин.

На унда фалак зулмидан юз аламли бир кўнгил
ва на ситам қиличидан марҳамсиз чорасиз дил яраси бўлсин.

На унда одамгарчилиги йўқ парилардан бир тўда
ва на олам жинсидан чиққан мингларча деб бўлсин…

Энди ўзимиз кузатаётган воқеаларга қайтайлик.

Бобур қўшини Хонюртидан кўчиб, Боғи майдоннинг орқасидаги Қўлба ўлангига келиб қўниши билан жанглар баттар авж олди. Деярли ҳар кун жанг бўларди. Бир савашда Самарқандда қамалганлар, бир жангда уларни қамаганларнинг қўли баланд келарди. Шундай жангларнинг бирида Бобур мирзо аскарлари ташқарига чиққан жуда кўп бек ва фуқароларни қўлга туширдилар. Уларни бир неча кун олдин шаҳарликлар ҳийласига учиб, Ғори Ошиқон томондан ичкарига киришга уруниб нобуд бўлганлар қони қасосида ўша машҳур ғор олдида қатл этдилар.

Ғори Ошиқон деган жой тасаввуфнинг Кубравия силсиласи атоқли шайхларидан бири бўлмиш Маъдуми Хоразмий Самарқандга ташриф буюрганда асос солинган. Бу ҳақда “Самария”да шундай ёзилган.

“… Бу ғор Самарқанд шаҳрининг қалъаси кунчиқарида ва қалъа хандақига яқин ердадир. Бу ғорни Ҳазрати Махдуми Хоразмий кавлатиб сўфийлар учун жой қилган, қатор ҳужралари бўлган. Ҳазрати Махдумнинг вафотидан сўнг бирмунча вақт Самарқанд шаҳрининг қаландархонаси бўлиб турган”.

Ғори Ошиқон ўрни бу воқеалардан бир неча аср аввал Қутурон (Қатвон) даласи деб аталган. Самарқанд кунчиқаридаги бу майдонда Султон Санжар билан Қорахонийлар орасида катта уруш бўлган. Султон Санжар давлатининг инқирози шу жангда бошланди. Темур давлатининг тақдири ҳам худди мана шу майдонда ҳал қилинаётган эди.

Шундай қилиб қўлга тушган самарқандликлар Ғори Ошиқонда нобуд бўлган Бобур аскарлари қасосида ўлдирилди. Мана шу воқеадан сўнг қамалдагилар шаҳардан бош чиқармай қўйдилар. Бироқ, бу гал ҳам яқинлашиб қолган қишнинг совуқ нафасидан қамалда турганларнинг кўнглига ташвиш тушди. Шунга қарамай, улар гапни бир жойга қўйиб кутишга аҳдландилар. Улар шаҳар ичида бошланган оғир аҳволдан яхши хабардор бўлганлари учун ҳам “тангри инояти билан бу кун ҳам бўлса олурсиз, тонгла ҳам бўлса олурсиз”, — дердилар. Аммо кун совигани туфайли Бобур қўшини Хўжа Дийдор қўрғони яқинида қишлов учун уйлар тиклашга қарор бердилар.

Қамалчилар аҳди қаттиқ эканини билиб, Бойсунғур мирзо шаҳардан хуфя одам чиқариб, Туркистонга – Шайбонийхон қошига юбориб, ундан кўмак тилади. Бобур мирзо билан Султон Али мирзо қўшини янги қурилган уйларга кирган кунларнинг бирида Шайбонийхон бошлиқ кўчманчи ўзбеклар қўшини етиб келиб жуда яқинда тургани ҳайидаги хабар етди. Қамал бошчилари ваҳимага тушдилар. Чунки, уларнинг аскарлари совуқдан қочиб ён атрофидаги қишлоғу-қўрғонларга тарқалиб кетган эдилар. Хўжа Дийдордаги озчилик одам билан эса Шайбонийхонга рўпара бўлиш нодонлик бўларди. Аммо илож йўқ – душман яқин, жанггоҳ тайёр эди.

Бобур мирзо бор одами билан душманга қарши чиқди. Ҳеч кутилмаганда Шайбонийхон жанг қилишдан қочиб, Самарқандга қараб чекинди. Ўйлаган режаси амалга ошмаганидан Бойсунғур мирзо туркистонликларни нохуш кутиб олди. Совуқ муомаладан ранжиган Шайбонийхон бир неча кундан сўнг юртига қайтди. Аммо бу келиши Шайбонийхон учун бекор кетмади. У бу шаҳарга яна қайтишни, қайтганда қандай куч билан қайтиш мумкинлигини мўлжалланган бўлса, ажабмас. Қолаверса, у рақибларининг аҳволи нақадар ночор эканини ўз кўзи билан кўрган эди.

Самарқанд қамали етти ойдан зиёд давом этди. Сўнгги умиди – кўчманчилар нажотидан айрилган Бойсунғур мирзо озгина лашкари ва яқинлари билан Қундуз тарафга қочди. У ерда отасининг яхшиликларини кўп кўрган Хусравшоҳ ҳукмрон эди. Йўлда, Термизга яқин ерда Амуни кечиб ўтаётганда Термиз ҳокими Сайид Ҳусайн Акбарнинг қўлига тушишига сал қолди. Хусравшоҳ Бойсунғур мирзони яхши кутиб олди.

Бойсунғур мирзо қочганини эшитган Бобур мирзо Самарқандни эгаллади. Бу рабиулаввал ойининг охирларида содир бўлди. Тарих тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил эди.

Етти ой шаҳарни қамаган қўшин Самарқандда ўз қорни ва ҳуржунини тўлдирадиган ўлжа топилмади. Шаҳар жуда хароб аҳволда эди. Қолаверса, етти ой шаҳарни оламиз деган умидда яшаган аскарлар юрагига бу ниятлари амалга ошиши билан она-юрт, бола-чақа соғинчи ўрмалаб кирди. Рақиб тиғи кирмаган дилга соғинч ханжари ботди. Улар бирин-кетин шаҳарни ташлаб қоча бошладилар. Бобур мирзо қочоқларни қайтариш, уларга муносиб жазо бериш учун содиқ одами Узун Ҳасан Хожани Андижон томонга жўнатди.

Бобур мирзо шаҳарга кирганда, унинг ҳукмини бўйнига олиб пешвоз чиққан Самарқанд бекларини кечириб, уларга иноят қилди. Ўзи билан шаҳарни қамаган бекларни ҳам сийлади. Султон Аҳмад Танбални улуғ беклик даражасига кўтарди. Алам қилгани, улуғ бек ҳам тез орада ўз аскарлари билан Андижонга қочди.

Аммо бу алам кейингиси олдида урвоқ ҳам эмасди. Қочоқларни жазолаш учун Андижонга юборилган Узун Ҳасаннинг сотқинлиги ҳамасидан ўтиб тушди. У бора солиб, Султон Аҳмад Танбал билан тил бириктириб хиёнат йўлига ўтди. Икки хиёнатчи бек Самарқандда ўлжа тополмай қочган ҳамма бекларни, шунингдек, қочқин мўғул аскарларини ҳам ўзлари томонга оғдириб, Бобур мирзонинг иниси Жаҳонгир мирзога Андижон тахтини олиб бермоққа қасдландилар. Уларнинг бу нияти амалга ошадиган бўлса, Бобур мирзо жуда қийин аҳволда қоларди. Чунки Самарқандни эгаллашда мўғуллар билан кўмаклашган тоғаваччаси Султон Маҳмудхон бу ёрдами эвазига Андижонни тилаб турган эди. “Хон тилаб туриб, Жаҳонгир мирзога берилса, хон билан тамом якрў бўлмоқ керак эди”.

Бобур мирзо ёнида минг кишига яқин одам қолганди. Уларнинг ҳам дили бежо эди. Чунки қочқин беклар юборган хуфя чопарлар уларни Жаҳонгир мирзо тарафига ўтишга чорладилар. Бобур мирзо қочоқ бекларини инсофга чақириш учун Андижонга энг содиқ йигитларидан Тўлуғ Хожани юборди. Узун Ҳасан билан Султон Аҳмад Танбал уни ўлдирдилар. Бу воқеалар Жаҳонгир мирзонинг Андижонга кириши билан якунланди.

Тез орада Бобур онасидан мактуб олди. Мактубда, дуои саломдан сўнг, Андижонда ҳаромнамак беклар томонидан қилинаётган ишлар қисқача айтиб ўтилган эди. У: “агар келиб фарёдимизға етмасаниз, иш вубол бўлғусидир. Самарқанд Андижон кучи билан олиниб эди. Агар Андижон иликта бўлса, яна тангри рост келтурса, Самарқандни иликласа бўлур”, деган яширин илинжу-ўтинч билан тугаган эди.
Ёлғиз қолишдан қўрқувми ёки бошқа бир номаълум сабабданми, Бобур мирзонинг аҳволи оғирлашиб, тўшакда ётиб қолди. Қолаверса, она кўкси исини унутишга улгурмаган ёш йигит волидасининг тақдиридан ҳам чўчиб қолган эди. Нима қилгандаям, иниси бўлса-да, Жаҳонгир мирзонинг онаси бошқа – Фотима Султон Оталиқ эди. Шундай экан, зулм йўли очиқ турарди.

Биз, бу нотинч воқеалардан роппа-роса беш юз йилдан ортиқ вақт ўтгандан сўнг яшаётган одамлар Бобур мирзони ҳам саркардалик, ҳам шоирлик истеъдодига қойил қолган ҳолда, кўпинча уни дийдаси қаттиқ киши сифатида тасаввур қиламиз. Гоҳо унинг нафис ғазалларини ўқир эканмиз, бу фазилатни саргардон подшоҳзоданинг бир ҳовуч йигитлар билан улкан бир салтанат тузишда шаксиз хизмат қилган қаттиққўллик ва раҳмсизлик билан боғлолмай эсанкираймиз. Унинг бу икки қарама-қарши хислати ўртасида эса ҳар қандай хиёнат, сотқинлик билан келишолмаслик ҳисси туради. Хусравшоҳ ўзи тарбиялаган, кичиклигида ўзи оталиқ бўлган Султон Маъсуд мирзонинг кўзларига ништар солиб, кўр қилганини эшитган Бобур мирзо ғазаб билан ёзади: “Ҳар кимким, мундоғ шан ҳаракатга иқдом қилгай ва ул кишигаким бу нав ишга эҳтимол қилғай, юз минг лаънатдур, қиёматқача ким ҳар ким Хусравшоҳнинг бу афъолини эшитиб, лаънат қилмоғон ҳам сазовори лаънат бўлсун”.

Ҳа, бир вужудда ҳам тенгсиз меҳр туйғуси, ҳам чексиз қаҳр қудрати жо эди. У мағлуб бўлган шаҳар аҳолисини қатли ом қилади. У ўғли Ҳумоюн бемор бўлганини эшитиб, ўз жонини садақа қилишга тайёр туради. Шунинг учун ҳам Самарқандда дилидаги меҳр оғриғи уни йиқитган бўлса, қаҳр қудрати уни дарддан халос этди.

Нима бўлгандаям, йигит вужуди дардни енгди. Аммо Андижон дарди дилда қолди. Шу сабабдан у Самарқанд тахтига ўтирганига роса юз кун бўлганда, шаҳарни тарк этиб, Андижонга қараб отланди. Бобур қўшини шаҳардан чиқиши билан ҳаялламай Самарқандга Султон Али мирзо кириб олди.

Xurshid Davron- Samarqand xayoli — Birinchi qism — Lotin alifbosida — Yuklab oling

Давоми мана бу ерда мутолаа қилишингиз мумкин:

Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Иккинчи қисм.
Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Учинчи қисм.

011

(Tashriflar: umumiy 6 143, bugungi 1)

Izoh qoldiring