Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Ikkinchi qism.

777      Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддод отлар гурсиллаб айланади… Безовта отларнинг туёқларидан ўт чақнаб ўтмиш билан келажак зулматини ёритар, ер гурсиллаб силкинар, ўлимини бўйнига олган чавандозлар эгинидаги жавшанлар, қўлларидаги қиличу қалқонлар жаранги Мовароуннаҳру Хуросон фуқароларини қўрқувга солар, ҳукмдорларнинг нотинч кўнгилларида ҳавас ғунчаларини очар ва хазон қиларди.

Хуршид Даврон
САМАРҚАНД ХАЁЛИ
Иккинчи қисм
004

 078   Бобур мирзо раҳбарлигида қўшин жадал юриб, бир ҳафта деганда Хўжандга етди. Шаҳар остонасида мирзо “ана кетди – мана, кетди” бўлиб ётганидан воқиф кўп ишонган одамлари мухолифлари томонига ўтганидан хабар топиб ўкинди. Бу ўкинч аччиқ эди.  Самарқандни олай деб Андижонни қўлдан берса, Андижонни олай деб Самарқандни иликдан чиқарса, охир-оқибат иккаласидан ҳам айрилиб саргардон юрса – бундан ортиқроқ ўкинчи бўларми?! Бу ўкинч унинг юрагини ўртар, бу ночорликдан қутилиш йўлларини излашга мажбур қиларди. Бобур мирзо ўша пайтдаги аҳволини “Бормоққа не маскан муяссар, турмоққа не давлат муқаррар”, — деб ифодалаганди.

У Тошкентдан – Султон Маҳмудхондан кўмак сўради. Тез орада Ахсига яқин ерда Тошкент қўшини унга бориб қўшилди. Ёш мирзога қарши фитна бошлаганлар ҳам пайсалламай Ахсига етиб келдилар. Дастлабки, майда тўқнашувлар бошланди. Бобур мирзо тарафдорлари Поп қўрғонини қўлга киритдилар. Бироқ, иттифоқдоши Султон Маҳмудхоннинг суст ҳаракати сабабли мухолифлар Попни қайтиб олдилар. «Бобурнома»да қайд этилганидек,“Хоннинг агарчи ўзга аҳлоқ ва атфори хўб эрди, вале сипоҳилик билан сардорлиқдин бисёр бебаҳра эди”. Қолаверса, Султон Маҳмудхон жангга кирмасдан ишни тинч ҳал қилишни истарди. Шунинг учун ҳам рақиб тарафдан сулҳ тузиш баҳонасида келганларни хон хурсандчилик билан қаршилади. Боз устига, элчилар қуруқ келмаганлиги, хон кўнглини равшан қилди. У ҳатто элчиларнинг нима сабабдан сулҳ тузмоққа бунчалик шошаётганлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Ҳолбуки, яна бир зўр берилганда, Андижон қўлга кириши аён бўлиб қолган эди.

Қўлдан чиққан ғалаба алами Бобур мирзо ичини ўртади, ўзини тутолмай, кўзи ёшланди. Сулҳ тузилган куниёқ Андижонни олиб, у ердаги бола-чақаларини кўриш иштиёҳида у билан жанг қилган беклару, аскар йигитлардан саккиз юзга яқини ундан айрилиб кетди.

Султон Маҳмудхоннинг вафосизлигидан хомуш тортган Бобур мирзо Хўжандга қайтди. Тез орада, сулҳ шартига биноан, у ерга онаси билан бувиси етиб келди. Андижонни қўлдан чиқарган Бобур мирзо Самарқандни қайта эгалламоқ учун ҳаракат бошлади. У яна, номусдан бўзариб-қизариб, Султон Маҳмудхондан кўмак сўрайди. Бошқа суянадигани бўлмаса, нима қилсин? Хон беш мингга яқин аскарга ўғлини бош қилиб, Самарқанд сари йўллади. Туйқусдан ўзиям йўлга чиқди. Нияти омади юришса, жиянини четга суриб, Самарқандни эгаллаш эди. Бобур мирзо Темур қопқадан ўтиб, Сангзорга етганида унга Самарқанд атрофида кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Шайбонийхоннинг от суриб юрганини эшитган Тошкент қўшини пайсалламай, ярим йўлда орқага қайтганини айтдилар. Буни эшитиб, тарвузи қўлтиғидан тушди. Ўз кучи билан Самарқандни олишга кўзи етмаган Бобур мирзо қайтиб, Андижон устига юришни ўйлади. Яна қўрқоқ тоғасидан ёрдам сўраб, Тошкентга борди. Хон истар-истамас саккиз юзга яқин аскарни ажратди. Кўмак билан Хўжандга қайтар экан, у йўлни буриб мухолифлар қўлидаги қўрғонларнинг бири – Носухни қўлга киритди. Аммо хатти-ҳаракати бекор кетди. Бир кеча тунади, холос, тошкентлик мўғуллар “Кучимиз оз, қўрғонни сақламоқ оғир” деганларидан сўнг Хўжандга йўл олди. Бобур мирзо янги тўққиз юз тўртинчи (1489-1499) йилнинг бошигача гоҳ Самарқандни, гоҳ Андижонни қайта олиш хаёлидан кечмади. Шу мақсадда, Самарқанд истагида у Ўратепада қишни ўтказаётган Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон дуғлат қошига одамларини юборди. Уни қишловни Самарқанд яқинида, Хўжа Аҳрор авлодларининг мулки бўлмиш Пашоғарда ўтказишни таклиф қилди. Муҳаммад Ҳусайн дуғлат рози бўлди.

Ўрни келгани учун, Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон дуғлат ҳақидаям маълумот бериб ўтайлик.

Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон дуғлат Бобур мирзонинг холаси Хўб Нигорхонимга уйланган эди. У Султон Маҳмудхон номидан Ўратепани бошқарарди. Унинг ота авлоди Қошғарнинг ворисий ҳукмдорлари эдилар. Сўнгги ҳукмдор Амир Саид Али дуғлат унинг отаси эди. Қошғар қўлдан кетгач, Юнусхон хизматига кирган эди. Энг диққатлиси, у жуда қимматли тарихий манба – “Тарихи Рашидий”нинг муаллифи Мирза Муҳаммад дуғлат, ёки қисқача айтганда, Мирзо Ҳайдарнинг отаси эди. Бу ота-боланинг умр йўллари Бобур умр йўли билан бир неча бор яхши-ёмон тарзда кесишгани маълум. Ҳозир ҳикоя қилинаётган воқеаларни шу ерда ҳозирча тўхтатиб, бу ҳақда қисқача гапирсак.

Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон дуғлат ўз хукмдори Султон Маҳмудхон қўшини Шайбонийхон аскарлари билан тўқнашувда мағлубиятга юз тутгандан сўнг, Ўратепани ташлаб, аввал Қоратегинга, кейин Кобулга – Бобур мирзо паноҳига боради. Аммо у ерда Бобурга қарши уюштирилган фитнага аралашиб, яна Фарғонага қочади. Тўққиз юз ўн бешинчи (1508-1509) йилда Шайбонийхон қўлидан ўлим топади. Кичкина мирза Ҳайдарнинг ҳам бошига отасининг қисмати тушишига бир баҳя қолди. Аммо меҳрибон кишилар ёрдами билан Бадахшонга қочишга муваффақ бўлади. Ундан ўтиб, Кобулга – Бобур мирзо ҳузурига борди. Уч йилдан сўнг, яъни ўн беш ёшида яна Андижонга қайтиб, Султон Саидхон хизматига киради. Унинг кейинги тақдири яна Бобур авлодлари билан тўқнашади. Бу тақдир қизиқарли ва алоҳида бир ҳикояни талаб қилгани учун биз яна ўзимиз кузатаётган воқеаларга қайтганимиз маъқул.

Шундай қилиб, Самарқанд тахтини қўлга киритиш фикридан қайтмаган ўн олти яшар Бобур мирзо Ўратепа ҳукмдори Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон дуғлатга одам юбориб, уни Самарқанд устига юришга кўмакка чақирди. Уни қишни Самарқанд яқинида, Хўжа Аҳрор авлодларининг мулки бўлмиш Пашоғарда ўтказишни таклиф қилди. Ўратепа ҳокими рози бўлди.

Самарқандга бораркан, Бобурга яна хасталик ёпишди. Зоминда иситмаси чиқиб, бадани чўғ бўлиб ёнди. Аммо бу гал иситма аралаш йўлини давом эттиришга аҳд қилиб, Зомин тоғларидан ошиб, Роботи Хожа қўрғонини қўлга киритишга уриниб кўриб, муваффақиятга эришмади. Яна иситма аралаш йўл юриб манзил – Пашоғарга етди. Қиш давомида Самарқандга яқин Ёряйлоқ учун тез-тез жанг қилиб турилди. Ниҳоят қўрғонлар ўз ихтиёри билан, баъзилари жангда мағлуб бўлиб, яна бошқалари дағдағадан қўрқиб, Бобур мирзо ихтиёрига ўтди. Ёш мирзо ўз атрофида йиғилган одамлар билан Самарқандни олишга кўзи етмагани учун ҳам Султон Али мирзо томонидан сулҳ сўзи билан юборилган Хожа Яҳъё таклифига кўнди.

Яна тоғ ошиб, дашт кезиб, минг азобу-уқубат чекиб Хўжандга қайтдилар. Роса бир йилга яқин Бобур мирзо шу ерда турди. Самарқанд хаёли азобу-изтиробга айланиб дилини сув қилиб юборди. Бунинг устига ночор аҳволи – гўё ҳамма ундан юз ўгиргандек, на Андижондан на Тошкентдан, на бошқа ердан унинг амрига бош эгиш ниятида эмас, шунчаки,бир оғиз ширин сўз айтиб, кўнгил сўраб бирор бек, бирор дўст келди. На турк, на мўғул, на ўзбек келди.

Охири Ўратепанинг жануб тарафидаги яйловлар томонга, хасталигу-бечораликдан сус тортган соғлиғини тиклаш ниятида йўлга чиқди. Ўша саргардонлик кунларида уни яна бир саргардон сўраб келди. Бу тархонлар фитнаси пайтида Бойсунғур мирзога ёрдам бориб, Самарқандни Султон Али мирзо олгандан сўнг у ердан чиқиб қочишга мажбур бўлган шайхулислом Хожа Абдулмакорим эди. У дастурхон устида Бобур мирзонинг бу бечора аҳволига худодан иноят тилаб, фотиҳа ўқиган эди, ёш мирзонинг кўзидан ёш тирқираб кетди. Ўзини тутолмай бўзлади.
— То ўзумни билиб эдим, бу йўсунлуқ ранж ва машаққатли бўлмайдур эдим, хожам.

Хожа Абдулмакорим ёш мирзони узоқ овутди.
— Тангримдан бошқа ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди, мирзом. Шуни унутмангки, ўз подшоҳи била дунё умидида аҳдлашган, аммо аҳдига вафо қилмай хиёнат йўлига ўтган кимсаларнинг гуноҳини тангри асло кечмайди, балки уларга қаттиқ азоблар беради. Сабр қилинг, мирзом, сабр.

Шайхулисломнинг дуоси қабул бўлдими, икки-уч кундан сўнг Бобур мирзо ҳузурига Марғилонда ўтирган Али Дўст тоғойининг бир навкари келиб, эгасининг сўзини етказади. Али Дўст тоғойи: “Не гуноҳ иш қилдим, афв этсалар, у кишига Марғилонни топшириб хизматларида юрсам” – деб юборибди. Бу хабарни эшитган Бобур мирзо кеч тушаётганига қарамай, Марғилонга отланди. Эртаси куни қуёш оғиб, манзилга бир оғочча йўл қолганда, Бобур мирзонинг йўлдошлари Али Дўст тоғойининг ҳузурига бир-икки одамни юбориб, унинг ниятини дилидан тилига чиқариб, аҳду-шартни пишитиб бўлгандагина шаҳарга кириш мумкин деб маслаҳат солдилар. Бобур мирзо: “Бу кенгашни олдинроқ қилиш лозим эрди, энди йигирма беш оғоч йўл босиб келганда, на отларда, на кишиларда мажол қолмаганда соласизми? Келгандан кейин бормоқ керак. Тангрининг иродасидан бўлак иш бўлмас?” – деди.

Яна отларга эрк берилди. Ниҳоят, Марғилон дарвозасига етиб келдилар. Али Дўст тоғойи дарвозанинг орқасидан туриб, дарвозани очмай аҳд илтимос қилди. Бобур мирзо аҳд этди. У билан келган икки юз қирқ киши шаҳарга кирди.

Шундан кейин Бобур мирзо ва унинг одамлари бир тарафда, бир тарафда эса Жаҳонгир мирзо, Узун Ҳасан, Султон Аҳмад Танбал одамлари ўртасида Андижон тахти учун кураш бошланди. Бу кураш охир-оқибатда оға-ини ўртасида сулҳ тузилиши билан тугади. “Бу йўсинлиқ сулҳ бўлдиким, Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятлар Жаҳонгир мирзога тааллуқли бўлғай, Андижон тарафи вилоятлар манга бўлғай… Вилоятлар қарор топгандан сўнг мен ва Жаҳонгир мирзо иттифоқ қилиб, Самарқанд устига юргаймиз. Самарқанд тахти муяссар ва мусуаххир бўлғоч, Андижонни Жаҳонгир мирзога берилгай. Сўзни мунга қарор берилди”, — деб ёзади Бобур мирзо.

“Самарқанд тахти муяссар ва мусаххир” бўлиши истагида яшаган Умаршайх фарзанди Мовароуннаҳр полйтахтида кечаётган воқеаларни зийрак кўз билан кузатиб турди. Сулҳ тузилиб, вилоятда осойишталик қарор топаётган бир пайтда Самарқанддан яна юракни ҳовлиқтирадиган хабарлар кела бошлади. Султон Али мирзо билан Муҳаммад Мазид тархоннинг ораси бузилибди эмиш.

Султон Али мирзо тахтга ўтиргани билан бутун вилоятларда Муҳаммад Мазид тархоннинг ўғиллари-ю, хешлари ҳукмронлик қилардилар. Тархонийлар шу қадар ўзларидан кетган эдиларки, улар ўз хоҳиш-истакларини чегараламай, ўз билганларича, тахт эгаси бўлмиш мирзога ҳисобот ҳам бермай иш кўрардилар. Султон Али мирзо нонкўр тархонийларнинг бу ножўя ишларига лоқайд қараб туролмади. У ўзига яқин кишилари билан Муҳаммад Мазид тархонга қарши пинҳона фитна тайёрлашга киришди. Тархон буни сезиб қолиб, ўз одамлари билан шаҳардан қочди.

Бу воқеалардан фақат Бобур мирзо эмас, шунингдек, бошқа ҳукмдорлар: Тошкент хони Султон Маҳмудхон, кўчманчи ўзбеклар хони Муҳаммад Шайбонийхон ҳам огоҳ эдилар. Самарқанддаги нотинчликдан воқиф бўлиши билан дастлаб Султон Маҳмудхон ҳаракат бошлади. У ишни пайсалга солмай, Муҳаммад Ҳусайн дуҳлот ва иниси Султон Аҳмадбекни, яна бир қанча мўғул бекларини Самарқанд устига юриш учун тайёрлади. Муҳаммад Мазид тархон ҳам хон ҳузурига одам юбориб, унинг қўшинига қўшилиш истагини билдирди. Тошкент қўшини Самарқанд атрофидаги Шовдор туманига келгач, тархонийлар хон аскарларига пешвоз чиқдилар, мўғул беклари билан мулоқатга киришдилар.

Мўғул беклари Самарқандда қўлга киритажак ўлжаларини қўлларида ушлаб тургандек, уларни Муҳаммад Мазид тархон билан баҳам кўришни истамадилар, ҳатто тархонни пинҳона қўлга олиш қасдида бўлдилар. Ўзига нисбатан қилинажак ҳар бир фитнани олдиндан сезиш қобилиятига эга тархон бу гал ҳам сергак тортиб, бир баҳона билан мўғул беклари қароргоҳидан чиқиб жуфтакни ростлади. Тархон ва унинг одамлари кетгандан кейин Султон Али мирзо қўрқмасдан Тошкент қўшинига қарши чиқди. Аммо ўртада уруш бўлмади. Ҳар иккала қўшин бир-бирига яқинлашиб келди-да, тўсатдан барварига орқага қайтди.

Бу воқеадан хабар топган Бобур мирзо Самарқанд устига қўшин тортишга аҳд қилди. Дарҳол иниси Жаҳонгир мирзога одам юбориб, уни юришга чорлади. Андижон қўшини йўлга чиқиши билан Султон Аҳмад Танбалнинг иниси Халил Ўш қўрғонини босиб олди. Бобур мирзо бу хабарни эшитсаям, йўлидан қайтмади, шитоб билан бораверди. Қолаверса, Муҳаммад Мазид тархон бошлиқ айрим самарқандлик беклар унинг ҳузурига чопар юбориб, унга ўз кўмакларини ваъда қилганлариям Бобур мирзо учун қулай шароит яратганди. У олдинга юргани сайин орқадан хиёнаткор Султон Аҳмад Танбалнинг бадкирона қилмишлари ҳақида бири-биридан ташвишли хабарлар етиб кела бошлади. Аммо, Бобур мирзо “Самарқанддек пойтахт тургунча, не киройи ул қилғайким, Андижондек ер учун киши авқот зоеъ қилғай”, деб тўхтамай отини қамчилаверди.

Андижон лашкари Ўратепага етганда Шайбонийхон Самарқанд билан Бухоро оралиғидаги ҳарбий-сиёсий жиҳатдан муҳим таянч нуқтаси ҳисобланган Дабусия қалъасини эгаллаб, энди “ислом қуввати” деб таърифланган шаҳар устига юргани ҳақида хабар етди. Бу хабар Бобур мирзони янада тезроқ юришга ва таваккал қилишга ундади. Самарқанднинг кунчиқаридаги Хон юртига етиб, чодир тикилганда, Муҳаммад Мазид тархон бошлиқ самарқандлик беклар келиб, Бобур мирзога мулозимат билдирдилар.

Ўша оқшом кенгаш бўлди. Самарқанд ичидаги аҳволни яхши билган тархон одамлари батафсил ахборот бердилар. Улар “Агар Хожа Яҳъёга сўзимиз ўтса, Самарқанд бежангу-жидол осонлиқ била муяссар бўлур”, деб айтдилар. Кенгаш сўнггида, Бобур мирзо ҳеч кимга билдирмай, Хожа Яҳъё қошига ўз одамни юборди. Аммо у қуруқ қайтди. Хожа Яҳъё на шаҳарга қўшин киритишга ёрдам бераман, на бунга тўсқинлик қиламан деб ҳам айтмабди. Эртаси куни Хон юртидан Дарғам ариғи ёқасига кўчдилар… Самарқандни жангсиз, ҳеч бўлмаганда оз талофат эвазига забт этиш умидидан қайтмаган Бобур мирзо бу сафар Хожа Яҳъё ҳузурига Хожа Муҳаммад Али китобдорни йўллади. Бу галги элчи яхши хабар олиб қайтди. Хожа Яҳъё “Кечаси келсалар, дарвозани очармиз, шаҳарни берурмиз” деб айтиб юборибди. Оқшоми билан тайёрланиб, қоронғи тушиши билан шаҳарга қараб шовқинсиз юрилди.

Аммо ичкаридагилар бундан хабар топиб, режа амалга ошмади. Қўшин яна Дарғом суви ёқасига келиб ўрнашди. Ишнинг чаппа кетаётганини кўрган Али Дўст тоғайи ўзи ва ўғли Муҳаммад Дўстга рухсат сўради. Бобур мирзо азалдан табъига ёқмаган бу кўрнамакка жавоб берди. Ҳар гал Самарқанд юришидан сўнг бўлганидек, бу бек ҳам борасолиб Бобур мирзо йўқлигидан фойдаланиб, Андижон вилоятини талаб юрган Султон Аҳмад Танбалга қўшилди. Ота-боланинг кейинги тақдири ҳақида ёзар экан, Бобур мирзо нафратини яширмайди. Али Дўст тоғойи қорақурт чақиб ўлди. Ўғли эса Танбалдан кейин ўзбекларга қўшилди. Сўнг уларнинг тузлиғига тупуриб, яна айрилди, гоҳ унга, гоҳ бунга қўшилиб талончилик қилиб юрди. Охири Андижон Шайбонийхон қўл остига ўтгач, қўлга тушиб, кўзига мил тортилди. Худди мана шуни назарда тутиб, Бобур мирзо: “Кўзларини туз тутди”ни бу маъноси бор эмиш”, — деб ёзади.

Иши юришмаган Бобур мирзо тезда Ғури барлосни бир неча йигитлар билан Бухорога хабаргирликка юборди. Улар тезда қайтиб, Шайбонийхон Бухорони забт этиб, энди Самарқанд устига келаётганидан хабар бердилар. Бобур мирзо катта ғалаба нашъаси билан маст бўлган улкан ўзбек қўшинига ўзининг анчадан буён жанг кўрмаган бир ҳовуч аскарларини рўпара қилишдан чўчиб, Кешга қараб жўнади. Кешга кетишининг сабаби Султон Али мирзо хизматидан чиққан бекларнинг кўпчилиги бориб ўша ерда ўрнашган эдилар. Икки ҳафтага яқин вақт ўтгач, Султон Али мирзо Самарқандни Шайбонийхонга берибди, деган хабар келди. Сана тўққиз юешинчи (1499-1500) эди. Бу воқеа тафсилотини эшитиб, Бобур мирзо оғир “уҳ” тортди. Бу сафар ҳам орада хиёнат тургани уни чуқур изтиробга солди. Умиди сўниб, илк марта тўйиб чоғир ичди.

Бу сафар хиёнат Бўстонсарой аҳли ўртасида мавқеи кучли Абу Юсуф арғун томонидан бўлган эди. Бу ғаддор кимсанинг тахт эгаси бўлмиш мирзо волидаси Зуҳрабеги оғага таъсири ғоят зўр эди. Зуҳрабеги оға Султон Маҳмуднинг мўътабар ғумаъси эди. Султон Маҳмуд уни ҳали отаси тириклигида, қирчиллама йигитлигида олган эди. Абу Юсуф арғун бу хотиннинг вазиятни билмагани ва нодонлигидан фойдаланиб, уни Шайбонийхон ҳузурига хуфя одам юбориб, “мен ҳам ўзбек уруғиданман, агар сиз мани никоҳингизга олсангиз ўғлим билан сизнинг ҳукмингизни тан олиб, Самарқандни сиз хон ҳазратларига топширурмиз”, деб нома юборишга кўндирди. Шу билан бирга, нодон хотин Шайбонийхон олдига у бир пайтлар эри Султон Маҳмуд мирзо тасарруфида бўлган Термиз, Чағаниён, Ҳисор, Хатлон, Қундуз ва Бадахшон забт этилгандан сўнг, ўғли Султон Али мирзога берилса, деган талаб ҳам қўйди.

Машҳур можор олими ва сайёҳи Герман Вамбери ўзининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида бу воқеалар хусусида шундай ёзади. “…Давлат бошида қолган Султон Али номигагина ҳаким эди. Улуғ боболари 400 йилдан буён Самарқандда шайхулисломлик қилиб келаётган Хожа Абулмакорим (асли номи Хожа Яҳъё) ҳақиқий ҳоким эди”. Вамбери бу ўринда Самарқанд шайхулисломи Хожа Абулмакорим билан Султон Али мирзонинг пири, Хожа Аҳрорнинг кичик ўғли Хожа Муҳаммад Яҳъёни бир киши сифатида кўрсатиб, хато қилади. Ҳолбуки юқоридаги ҳикоямиздан маълумки, тархонлар фитнаси даврида Хожа Абулмакорим Бойсунғур мирзо тарафида, Хожа Яҳъё эса Султон Али мирзо тарафида эдилар. Яқинда “Шарқ юлдузи” жаридасида чоп этилган Г.Вамбери асарини нашрга тайёрлаганлар шу масалада ойдинлик киритмаганлари сабабли буни ўз бўйнимга олдим.

Герман Вамбери воқеалар давомида ёзади: “Самарқанд янгидан (Шайбонийхон томонидан) қамалга олинди. Шаҳардагилар тўққиз ой қаршилик кўрсатди. Агар амалпараст Хожа Абулмакорим (аслида Хожа Муҳаммад Яҳъё – Х.Д.) билан хон Султон Али орасидаги ихтилоф очиқдан-очиқ душманликка ўтмаса, эҳтимол, мустаҳкам бу қалъани эгаллаш муддати яна бир оз орқага сурилиши мумкин эди. Бу зиддиятли аҳволдан яхшигина воқиф бўлган Шайбоний Самарқанд ҳукмдори Султон Алига: “Хўжа васийлигида яшашдан ҳали тўймадингми, Абулхайр хонадонидан инояти раббония билан туғилмиш юлдузни табриклаб, ҳаётингни у билан дўстлик йўлида излашга ҳалиям вақт етмадими?” – мазмунида мактуб ёзди. Шайбоний ўзининг бу дўстлик таклифи яхши ниятда ёзилганини кўрсатмоқ учун Султон Алининг онасини ўзига хотинликка сўради. Султон Алининг онаси бунга розилик берди. Бу ишлар шу даражада махфий қилиндики, бир жума куни Шайбоний Муҳаммадхон қамалдаги Самарқанд шаҳрига бир тарафдан кириб келди. Бундан мутлақо хабарсиз Хожа Абулмакорим (Хожа Яҳъё) шаҳарнинг иккинчи тарафидаги масжидда ўтирарди.

Дарҳақиқат, агар воқеаларнинг кечишини диққат билан кузатсак, Абу Юсуф арғун билан Зуҳрабеги оға ниятидан Султон Али мирзоям хабардор бўлган, деган хулосага келишимиз мумкин. Султон Али мирзо бу пайт чуқур таҳликага тушган, ўзига бир пайтлар паноҳ берган меҳрибони Хожа Муҳаммад Яҳъёга эътиқоди суст тортган эди. Шоир ва тарихчи Камолиддин Биноийнинг ёзишича, Султон Али мирзо бу даврда Хожа Яҳъё Самарқандни Бобур мирзога олиб бермоҳчи, деган қатъий хулосага келган эди. Шу сабабдан у давлат пойтахтини ўзбек хонига топшириб, унинг ҳукмронлигини тан олмоқчи ва Муҳаммад Яҳъёга панд бермоқчи бўлди.

Самарқанддек буюк ва шавкатли шаҳарни жанг-жадалсиз, бор-йўғи бир аҳмоқ хотинни лақиллатиб, “сени никоҳимга оламан” деган бир оғиз сўз эвазига қўлга киритиши мумкинлигини ўйлаб, Шайбонийхоннинг гоҳ кулгуси, гоҳ ғазаби қўзғарди. Кулгисига сабаб, у улуғ орзусига шундай енгил етиши етти ухлаб тушига кирмагани бўлса, ғазабини қўзғатгани, бу хотин Султон Маҳмуд мирзодан бир ўғилу бир қиз кўриб, неваралик бўлиб қолганига қарамай уни эрликка тилагани… Қолаверса, хон енгиллик билан қўлга киритилган ҳамма нарса, шу жумладан, салтанат тахти ҳам худди шундай енгиллик билан қўлдан чиқиб кетиши мумкинлигини, фақат қаттол жангу-жадал, аскар йигитлар қони эвазига қилинган ғалаба, шу қон билан қорилиб, тикланган салтанат юксак ва умрзоқ бўлишини яхши биларди.

Муҳаммад Шайбонийхон тарихда кўчманчи ўзбеклар давлати асосчиси деб аталган, Тура (Ғарбий Сибир) хони Абулхайрхоннинг фарзанди Будоқ султоннинг ўғли эди. Абулхайхон эса Чингизхон ўғли Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон наслидан, Абулхайрхон 1462 йили Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегимни никоҳлаб олган эди. Кейинроқ бу ҳақда яна гапириб ўтамиз. Ҳозир эса диққатимизни унинг жанговар невараси Муҳаммад Шайбонийхонга қаратайлик.

Шайбонийхон бир қатор тарихий асарларда Шоҳибек номи билан тилга олинади. Биринчи қисми форсий, иккинчи қисми туркий сўздан ясалган бу исм “шоҳлар беки”, “шоҳларга тенг бек” маъносини билдиради.

Бу воқеалардан уч асрча бутун Мағрибу-Машриқни ваҳимада тутган жаҳонгир Чингизхон фарзандларидан бири – Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон (Шабон) наслига мансуб бўлганидан тарих қоғозига Шайбоний (Шабоний) номи билан қолган ўзбек хони феъл-атвори узоқ йиллар Мўғулистонни тарк этиб, Дашти Қипчоқ, Туркистонга ўрнашган барча кўчманчилар каби мўғуллардан кўра кўпроқ туркий хусусиятларга эга эди. Агар мўғуллар туркийлар ерини эгаллашга урунган бўлсалар, туркийлар уларнинг феъл-атворини, турмуш тарзларини ўзгартириб, уларни ичларига ютган эдилар. Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон саройида ҳам туркийлар одатига кўра туғилган гўдакка икки исм қўйиш урф бўлганди. Бу исмларнинг биринчиси ҳамиша туркий, иккинчиси, албатта, ислом ақидаларидан келиб чиқиб, арабча бўларди. Буюк туркий ҳукмдор Амир Темурнинг машҳур невараси туғилганидан расмий “Муҳаммад” номини, яқин кишилари учун эса туркийча “Улуғбек” номини олганини эслашимиз кифоя.

Ёки ундан олдинроқ ўтганлардан Хоразмшоҳ фарзандларидан исми ҳам Муҳаммад, ҳам Мангуберди (Менгбурни) эди. Бу одат, юқорида айтганимиздек, туркийлашган кўчманчилар томонидан ҳам қабул қилинган эди. Масалан, Шайбонийхон бошлиқ кўчманчи халққа номи ўтган Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг расмий номи Маҳмуд бўлган. Олтин Ўрда хоналаридан Жонибек билан Бердибекларнинг иккинчи исмлари Муҳаммад бўлган. Аммо муҳаммадлар кўп бўлгани учун Улуғбек ҳам, Жонибеку-Бердибеклар ҳам туркий исмлари билан тарихда қолишди. Туғилганда Муҳаммад деб ном олган Шайбонийхон ҳам ўзининг иккинчи исми билан кўпроқ тилга олинганининг сабаби шу бўлса керак.

Аммо Шайбонийхоннинг иккинчи исмини бошқача изоҳловчилар ҳам бор. Жумладан, бу қараш форс тарихчиси Муҳаммад Козимнинг “Тарихи оламоройи Нодири” (“Дунёни безовчи Нодир тарихи”) асарида ўз аксини топган. Муҳаммад Козим ўз асарида ўзбеклар ҳукмдори исмини кўпчиликка эргашиб, “Шоҳибек” деб эмас, балки “Шойибек” тарзида келтиради. Қадимий туркийда эса “шой” (“шай”) сўзи “куч-қудрат” маъносини билирган. В.Радлов эса бу сўзни “кучли”, “жасур” сифатида изоҳлаган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Шоҳибек” аслида туркийча “Шойибек” исмининг форс тилида бузилган шакли, аниқроғи туркийча исмга форсий мазмун берилганидир. Ушбу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун “Бобурнома”да хоннинг исмини “Шайбоқхон” тарзида келтирилганини эслатамиз. Мана шуларга асосланиб, Шоҳибек аслида Шойбек бўлиб, у “куч-қудрат эгаси” маъносида ишлатилган деб айтишимих мумкин. Бу икки исмнинг талаффузда деярли фарқланмагани эса кўпчиликни чалғитиб келган.

Ривоят қилинишича, Шайбоний отаси Будоқ Султон билан онаси Қўзибегимдан ёшлигида етим қолиб, укаси билан бирга отасининг содиқ хизматкори Қорачабек оиласида тарбияланди. Қорачабек бу шаҳзодадан меҳр-шафқатини аямади, унга садоқат билан хизмат қилди. Балоғатга етган Шайбоний Абулхайрхон ўрдусининг турли тарафларга тарқалиб кетган кишиларини атрофига тўплаб, бобосининг султанаттини тиклашни орзу қилади. Жиддий тайёргарликдан сўнг, сулоланинг йўқолган шон-шавкатини қайтармоққа киришади.

Дастлаб, ёш Муҳаммад Шайбонийхон парчаланган Темур давлатининг шимолий чегарасида ноиблик қилаётган Кушлиқхон ўғли Мажид тархондан (Муҳаммад Мазид тархон бўлса керак) уни ўз хизматига олишни сўрайди. Мажид тархон розилик беради. Аммо, тез орада ўз ҳокимиятига хавф солаётган ўзбеклардан, энг аввал Шайбонийхондан қўрққан Мажид тархон уларни Бухоро ҳокими Абдулали тархон (Бу Самарқанддаги тархонлар фитнасини уюштирган Дарвиш Муҳаммад тархон эди, уни Абдулали деб ҳам атардилар) ҳузурига жўнатиб қутулишга қарор қилади. Бухоро ҳокими ўзбекларни яхши кутиб олди ва улардан унумли фойдаланиш чораларини топди.

Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тархи”да бу ҳақда шундай маълумот берилган: “Туркистоннинг шимолий вилоятларидаги имтиёзли ҳокимлар (тобелар) исён кўтарган пайтда, Абулхайрнинг ворисларидан исённи бостириш учун фойдаланилди. Лекин ўзбек шаҳзодалари бу ерни ўзларининг она Ватанларидек ҳис этганлари учунми ёки тўплаган кучлари таъсири биланми, хуллас, ҳар қандай қуролли хизмат учун тўланган оддий маошга қаноатсизлик қила бошладилар. Шу боис Ўтрор, Соврон, Сиғноқ шаҳарларини уларга бериб, рози қилиш лозим кўрилди. Кейинчалик ғоятда кенгайиб кетган Шайбоний давлати шу тарзда таъсис этилди.

Шайх Мансур Шайбонийнинг пири эди. У пирининг: “Ўртадан эмас, четларидан бошламоқ лозим” деган рамзий сўзларига мувофиқ мамлакатларни истило қилиш фикрига тушди. Аввало, у атрофдаги турк бекларига мурожаатнома юбориб, уларни темурийлар ҳокимиятини бутунлай тугатишга даъват этди. Бунга айни фурсат келганини англатди”.
Мана энди, у Амир Темур давлати пойтахти дарвозалари олдида турарди. Бу дарвозаларнинг очилишига ишончи комил эди.

“Шайбонийнома” деган буюк китоб битаман деб хизматига кирган Муҳаммад Солиҳ бу аҳмоқ хотин можаросини қандай тасвирлаши мумкинлигини ўйлаб, хоннинг юзига табассум ёйилди. Ёйилди-ю, ўчди – хон ўйга чўмди. У ўзига ўғил бўлай деб турган Султон Али мирзони деб нобуд бўлган Абдулали тархон номи билан машҳур Дарвиш Муҳаммад тархоннинг ўғли, Бухоро ҳукмдори – Боқи тархонни Дабусия қалъаси ёнида шармандасини чиқариб қувганини эслаганди. Бечора Боқи тархон Бухорога кириб олиб, уч кунгина жанг қилишга чидади.

Асли хоразмлик Муҳаммад Солиҳ, темурийларда алами бўлгани учун, Шайбонийхоннинг темурийлар ва уларнинг ҳукмдорлари устидан қилган бу кичик ғалабасиниям бўрттириб кўрсатишга уринарди. Шайбонийхон бу иқтидорли шоирнинг мана шу заифлигини билиб турса-да, ич-ичида Шарафиддин Али Яздий достони билан баҳс қилгулик китоб ёзилишини, бу китоб ўзи ҳақида бўлишини жуда-жуда истарди. Лоф бўлса, лоф бўлаверсин, бунақа лофлар кишилар кўнглини тўлқинлантиради холос. Бухорода таҳсил олиб юрганида у “Зафарнома”ни қайта-қайта ўқиган, “Темур тузукоти”ни эса бош-охир ёдлаганди. Бироқ, буни на устозлари, на талаба дўстлар биларди.

У ҳозир буюк жаҳонгир тиклаган иморатнинг дарвозаси олдида турарди. Гарчи аллақачонлар бу олий иморат деворлари қийшайган бшлса-да, фақат шу дарвозадан киргандагина шону-шавкат тахтини кўриш, унга жгалик қилиш мумкинлигини хон чуқур англарди. Бу дарвозани очиш учун нодон хотинга “Ўғлим ва сизнинг доғингизда ёниб юрибман. Сиз ёрим бўлсангиз, ўғлингиз ўғлим бўлар”, — деган сўзларни айтишгина кифоя эди ва хон шу сўзни айтди. Ўзи эса илдам бориб, Боғи Майдонда чодир тикди.

Аксарият қисми ўз аждодлари тарихидан бехабар замондошларимиз ушбу тарихий  эссе-қиссани ўқиш давомида “туркийлар”, “турклар”, “ўзбеклар” атамалари устида чалғишларини истамай, ўша тарихий даврдаги шароитни ҳисоблаб, бу атамаларга изоҳ беришни маъқул кўрдим.

Биз яшаётган тупроқда қадим  замонларда Сўғдиёна, Бохтар (Бақтрия), Фарғона (Паркона), Парфия, Хоразм, Чоч деб аталган қатор маданий-хўжалик марказлашиши асосида қурилган давлатлар ташкил топган. У Кушонлар даври деб аталган катта бир салтанат таркибига ҳам кирган эди. Ўша олис даврлардан қолган Болаликтепа, Варахша, Афросиёб, Пайкант, Қува, Ахсикент, Ёрқўрғон каби ёдгорликларни ўрганиш жараёнида очилган амалий ва тасвирий санъат обидалари, бой маданий мерос Ўрта Осиё халқларининг ўтмиш тарихи инсоният маданияти ривожида жуда муҳим ўрин тутганини исботлайди.

Энеолит ва бронза даврида (милоддан аввалги VIII минг йиллик) бу тупроқда яшаган аҳоли қандай номлар билан аталгани бизгача етиб келмаган. Аммо бронза даврининг охирларида, тахминан милоддан аввалги иккинчи минг йиллик охирида Ўрта Осиё, шу жумладан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаган аҳоли суғдлар, бақтрияликлар, хоразмийлар, чочликлар деб, атрофдаги дашту-саҳроларда яшаган кўчманчи қабилалар эса саклар, массагетлар деб юритила бошланган.

Массагетлар Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида, саклар (шаклар) эса Амударё ва Сирдарёнинг ўрта оқими теварагида то Сибирия ҳудудигача бўлган чексиз кенгликларда кўчиб юрганлар.

Суғдийлар Зарафшон водийсида, хоразмийлар Амударёнинг Қуйи оқимида, яъни массагетлар билан қўшни, бақтрияликлар Ҳисор ва Сурхон воҳасида, чочликлар Чирчиқ дарёси воҳасида, парканаликлар Фарғона водийсида яшаганлар.

Шуни қайд қилиш лозимки, ўтган асрларда кўҳна Шарқ тарихини ўрганиш билан асосан овруполик олимлар кўпроқ шуғулланишди. Бу энг аввало қаддини тиклаб олган Оврупо ўзининг оч назарини Осиё қитъаси мулкларига тикиши билан, фақат шундан кейингина илм-фан фидойиларининг ўрганишга ташналиги билан изоҳланади. Шу сабабдан, Шарқ тарихини асосан овруполиклар тадқиқ қилгани учун бу қадимий ҳудудда яшаб ўтган халқлар, элатларнинг номи маъноси, келиб чиқиши асосан Оврупо (эроний) тиллари нуқтаи-назаридан чиқиб ўрганилган. Ўша даврда туркий тилларни ўрганиш суст бўлгани сабабли, бу тилларга деярли мурожаат қилинмаган. Бунинг оқибатида бир томонлама фикрлар пайдо бўлди. Шу сабабдан ҳам жуда кўп овруполик тилчилар Ўрта Осиёда яшаган қадимий халқлар, элатлар шарқий эрон тиллари гуруҳига мансуб Суғд ва Хоразм тилларида гаплашганлар деганлари гумонлидир. Саклар ва массагетлар Оролбўйи, Еттисув, Тангритоғ (Тянь-Шань) ва Олтой этакларида яшаган туркий тилли хунлар, сэньбийлар, уйғурлар билан ёнма-ён яшаганини ҳисобга олиб, Н.Аристов, Г.Грумм-Гржимайло, А.Кононов, С.Малов Пелько, А.Габен каби тадқиқотчилар бу кўчманчи халқларнинг эрон тилли гуруҳга киришига шубҳа билан қарайдилар. Юнон муаррихи Ҳеродотнинг “Тарих” асарини таржима қилган И.Пьянов: “Массагетлар деганда фақат туркийларни назарда тутиш керак”, — деб ёзади.
Энди воҳаларда яшовчи халқларга назаримизни қаратайлик. Назаримиз уларнинг ҳаммасини қамраб ололмаслиги туфайли, фақат асрлар оша Амир Темур салтанатининг марказига асос бўлган воҳа – қадимий Суғд мулкида яшаган халққа эътибор берайлик. Суғд мулкини араблар томонидан босиб олиш воқеаларини баён қилган муаррих ат-Табарий, Суғд ҳокимлари ва лашкарбошилари турклар эди, деб маълумот беради. Қадимий Суғд маданият ўчоқларидан бири – Панжакентда топилган суғдий тангачаларга зарб қилинган сўзларни ўрганган тадқиқотчи О.И.Смирнова, суғдликлар турк тилида сўзлашганлар, деган хулосага келади. Олиманинг бу хулосага келишига Суғд тангачаларида зарбланган “жабғу” сўзи бўлиб, бу сўз фонетик ва морфологик тузилишига кўра туркийчадир. “Девонул луғатит-турк”да изоҳланишича, “йабғу”, “йафғу” сўзи “хондан икки даража паст бўлган мансаб ёки мансабдор” маъносини билдиради.

Бу қадимий этник гуруҳлар орасида бохтарликлар (бақтрияликлар) билан суғдийлар жуда юксак маданият эгалари бўлгани кўҳна Юнон, Рум, Эрон, Хитой, Ҳинд ва араб манбаъларидан маълум.

Икки дарё оралиғида яшаган туркий халқларнинг шаклланишига хизмат қилган жараёнга бу ҳудудга мелоддан аввалги III-II асрларда кўчиб келган кушонлар ёки қадимий Хитой манбаъларига кўра “юечжилар”, мелоддан аввалги II асрдан то мелодий IV аср давомида бу ўлкани ҳарбий йўл билан эгаллаган хунлар, мелодий V-VI асрларда эфталитлар (ҳойталийлар) томонидан асос солинди. Уларнинг ҳаммаси туркий гуруҳга мансуб бўлиб, улар тарихда кушонлар ва эфталитлар (ҳойталийлар) давлати деб ном қолдиргани давлатларни ташкил этганлар.

Атоқли туркшунос олим Лев Гумилёв шундай ёзади: “Ҳар бир халқ тарихи илдизлари жуда олис мозийга бориб тақалсада, ҳамма замонларда муаррихлар муайян халқ тарихини ёзаётганларида маълум бир санадан, яъни мазкур халқ пайдо бўлган ёзаётганларида маълум бир санадан, яъни мазкур халқ пайдо бўлган санадан бошлайдилар. Туркийлар учун бу сана  545 йил эди”.

Хўш, ўша йили нима юз берган эди?  Янги эранинг VI асри ярмида Олой тоғларининг ғарбий қисмида яшаган “ашина” уруғи кучайиб, теварак-атрофдаги уруғларни ўзига бўйсундира бошлади. 545 йилдан бошлаб, ашина уруғи атрофида бирлашган қабилалар “турк”, “туркийлар” номини олди. VI асрнинг ўрталарига (562 йил) келиб, бу қабилаларнинг юз минглик қўшини Ила, Талас, Сир, Аму ўзанлари оралиғи, Помир тоғининг ҳам ғарбий, ҳам шарқий тарафларида ўрнашиб ҳукмронлик қилаётган эфталитлар – ҳайталийларнинг ерини босиб олди. Мана шу санадан бошлаб, Ўрта Осиё ҳудудида аввалдан мавжуд туркий уруғлар янада  барқарор бўла бошладилар.

Мелодий VIII асрда содир бўлган араб босқини бу жараённи тўхтатолмади ва VIII- Х асрлар мобайнида бу ҳудудда туркий гуруҳга мансуб элат ва уруғлар шаклланиши, аниқроғи бирлашишга интилиш жараёни кучайди. Бу жараён бохтарлар, суғдлар, хоразмийларни ўз ичига олди ва натижада кичик уруғлар бирлашиб, йирик туркий бирлашмалар ташкил топди. Бу йирик туркий бирлашмалар орасида қарлуқ ва ўғуз бирлашмалари алоҳида ажралиб турарди. IX-X асрларда Тянь-Шань (Тангритоғ) ва Фарғона водийсини шимолида уларнинг йирик давлати юзага чиқди. Худди шу даврда икки дарё оралиғи ва теварагида Сомонийлар давлати барпо бўлди. Сомонийлар давлатида расмий тил форс-тожик тили бўлса-да, унда сиёсат юргизган давлат ва қўшин бошлиқларининг кўпчилиги асосан туркийлардан бўлгани (Алптегин, Сабуктегин ва бошқалар) бу давлатнинг айрим совет тарихчилари ёзганидек, том маънодаги тожик давлати деб аташга йўл қўймайди. Зеро, тил давлатнинг ёлғиз бир белгисидир. Сомонийлар давлати соф туркий давлат бўлмиш қорахонийлар давлати томонидан деярли жангу-жадалсиз забт этилгани бизнинг фикримизни яна бир карра исботлайди. Зеро, ўзаро туркий яқинлик бу қўшиб олиниш учун хизмат қилди. Биз бу фикрни Сомонийлар давлатининг пайдо бўлиши қардошимиз бўлмиш тожик миллати шаклланиши учун ғоятда катта хизмат қилганини тан олган ҳолда айтаётганимизни қайд этамиз.

Биз ҳикоя қилаётган даврга келиб, бир замонлар турлича номлар билан аталган уруғлар замирида турк деб аталган (бугун Туркия турклари дебгина тушунмаслик учун туркийлар деб қабул қилинган) ягона халқ, ягона улус аллақачонлар шаклланиб улгурган эди. Бу халқ шаклланиши қачон тугаган эди, деган сўроққа эса олимлар турлича жавоб беришади. Баъзилар бу жараён мўғул босқини арафасида, яъни XII аср охирига келиб, икки дарё оралиғида бунёд бўлган йирик давлатлар тузилиши билан якунланди деса, баъзилар бу шаклланиш IX-X асрларда – Қорахитой давлати тузилганда, бошқалар XI-XII асрда – Қорахитойлар билан Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги оралиғида, айримлар эса XV-XVI асрда тугаган деб кўрсатадилар. Яна баъзилар бу жараён XI-XIV асрлар орасида рўй берган деб таъкидлайдилар. Аммо биз бу жараён XII аср охирида, мўғул босқини арафасида, Хоразмшоҳлар давлати даврида рўй берди деб ҳисоблаймиз. Босқиндан сўнг бу ҳудудда ўрнашган мўғуллар ҳам кўп вақт ўтмай, мана шу шаклланиб улгурган туркийлар таркибига сингиб кетдилар. Зеро, мўғул қўшинининг асосини ҳам туркий уруғлар ташкил этгани учун бу жараёён жуда осон кечади.  Шу ўринда мўғул босқинидан сўнг Амир Темурнинг пароканда ўлкани ягона ҳокимиятга бўйсундириши билан боғлиқ фаолияти маҳаллий халқ бирлигини кучайтиришга бирламчи  асос бўлганини унутмаслигимиз керак. Бу пайтга келиб давлат ҳужжатларини ягона туркий тилда ёзиш расмий тус олди.  Бобур мирзо яшаган даврга келиб, “туркийлар” деганда Амударёнинг жанубий қирғоғи теварагида, икки дарё оралиғида, Дашти Қипчоқнинг жанубида яшовчи маҳаллий аҳолининг асосий қисми англанарди. Бобур мирзо ва бошқа темурийлар шу халққа мансуб эдилар.

Ўша даврдаги ўзбеклар эса  мўғуллар босқинидан сўнг Дашти Қипчоқ ва Олтин Ўрдада яшаган туркий уруғларидан  иборат бирлашма эди.  Уларнинг номини кўпчилик тадқиқотчилар Олтин Ўрда хони Ўзбек (1312-1342) номи билан боғлашади. Бу албатта, ғирт асоссиз бир гапдир.

Хўш, “ўзбек” сўзининг этимологияси, “ўзбек” атамаси қачон ва қандай пайдо бўлган. Бу ҳақда турлича қарашлар мавжуд. Менинг ўйлашимча, бу атама қадимий аждодимиз Ўғизхон номи билан боғлиқ бўлиб, “Ўғизбек” сўзининг “ўзбек” бўлиб кетган шакли бўлса, ажабмас. Нима бўлгандаям, “ўзбек” атамаси жуда қадимий даврларга бориб тақалади. Милоддан олдинги XII асрга тааллуқли Аш-Шира (Ассирия) битиклари Осиёнинг бепоён даштларидан бостриб кирган скифлар босқини ҳақида хабар берар экан, бу жанговар кўчманчи қабилалар номини ишгауз, уларнинг бошлиғининг исмини Испак деб маълум қилади. Туркий халқлар тарихи билан жуда яхши таниш бўлган одам “ишгауз” деган ном аслида “ўғиз” ном билан боғлиқлигини тезда пайқайди. Маълумки, йигирма тўрт уруғдан иборат бу туркий қабила икки йирик гуруҳдан иборат бўлиб, бири “ичўғиз” (“ички ўғиз”), иккинчиси “ташўғиз” (“ташқи ўғиз”) деб номланган. “Ичўғиз” номининг Аш-Шира битикларидаги  “ишгауз” сўзига нақадар ўхшашига эътибор бергандирсиз. Ўша қадимий битиклардаги Испак исмига келсак, аш-шираликлар босқинчиларнинг ўзларига бегона, номаълум исмларини бузиб ёзишлари табиий. Аслида эса скифлар бошлиғининг исми Ўғизбек ёки шу исмнинг қисқарган шакли – “Ўзбек” бўлганига шубҳа йўқ (қолаверса, ён-атрофлардаги бошқа халқлар ҳам ўзбекларни “ўзбак” деб аташини эътиборга олсак, бу фикримиз қатъийлашади). Тарихда бундай бузилишлар жуда кўп учрайди. Аждодларимиз – саклар, массагетлар ва уларга мансуб қаҳрамонлар номи юнон муаррихлари асарлари орқали бузилиб етиб келган. Бу исмларнинг аслида қандайлигини билмаймиз. Қолаверса, муаррих нотаниш тилда ишлатган исмларнинг баъзан нақадар бузилишини жуда яқин ўтмишимиздан мисол келтириш билан исботламоқчиман. Хоразмлик буюк муаррих Баёний русларнинг Хива шаҳрини босиб олиш билан боғлиқ воқеалар баёнида Чор Россияси қўшини бошлиқларининг номларини, жумладан Головачёвни Кулачов, Верёвкинни  Веруфкин шаклида тилга олади. Худди шу бузилиш оқибатида   “Ўзбек” (“Ўзбак”)  Аш-Шира битикларида “Испак” бўлиб кетганига аминман.

Яна Самарқанд атрофида бўлаётган воқеаларга қайтайлик.

Муҳаммад Шайбонийхон Боғи Майдонга чодир тиккан куни Султон Али мирзо онасининг гапига кириб, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, ҳеч кимга хабар қилмай, ўзига яқин бир тўп киши билан хон ҳузурига келди. Шайбонийхон “бўлажак ўғли”ни жуда совуқ қарши олиб, ўз одамларидан пастроқда жой кўрсатди. Муҳаммад Солиҳ эса бу учрашувни бошқача тасвирлайди. Шайбонийхон Султон Али мирзонинг келганини кўриб, “Мирзо, келинг, ота-бола бўлиб кўришайлик”, дейди ва мирзони қучиб ўпади. Сўнг “Онангиз келсалар, ўртада никоҳ ўқитурмиз, токи бу менинг онангизу сизга бўлган аҳдим бўлсин”, дейди.

Менимча, Муҳаммад Солиҳ бу воқеаларни ўз кўзи билан кўриб тургани учун ҳам ишонарлироқ ёзади. Зеро, Шайбонийхон Самарқанд дарвозасини очадиган ўйинни ҳали тугатмаган эди.

Ҳадемай Султон Али мирзонинг ёнидагилардан бири Зуҳрабеги оғага хоннинг сўзини етказди. Хон сўзини эшитиши билан бу хотин қиздек ясаниб, Боғи Майдонга ўз канизлари билан етиб келди. Уни хон чодирига эмас, бошқа бир чет чодирга киритиб, шу ердан чиқмай ўтиришга мажбур қилдилар. Бу орада Султон Али ва унинг онаси Шайбонийхон олдига чиқиб кетганини эшитган Самарқанд казо-казолари нима қилишларини билмай қолдилар. Ҳукмдорлар ёғийга бош эгиб чиққани учун, охири бошқа бир чора тополмай, мулхам бўлиб, Хожа Яҳъё бошчилигида хон ҳузурига келиб, мулозимат қилишга мажбур бўлдилар. Шайбонийхон Хожа Яҳъёга таънали гаплар қилса-да, ҳурмат кўрсатди.

Шундан кейин Шайбонийхон дарвоза очилганига ишониб, ўйинни тўхтатди ва сафдошлари билан кенгаш қилди. Кенгаш давом этар экан, Султон Али мирзо қандай ночор аҳволга тушиб қолганини англаб, ранг-рўйи оқариб, кўзларидан ёш тирқираб оқди. Мирзо яқинлари унинг бу ҳолатини кўриб, вазият нақадар даҳшатли эканлигини англаб қолдилар ва ғариб ҳукмдорларини олиб қочмоқни хаёл қилдилар. Аммо Султон Али мирзо бундан бир иш чиқмаслигини сезиб, пешонамда битилганини кўраман, деб кўнмади. Аммо пешонасига ўлим битилганидан бехабар эди.

Кенгаш қилаётганлар “Султон Али мирзо тирик экан, ғавғо бўлади” деб айтганларии шу ўлимнинг қарори бўлди. Тўрт кундан сўнг Темур Султон Қўлба даласида мирзонинг бошини танасидан жудо қилди. Бобур мирзо бу ҳақда алам билан ёзади. “Бу беш кунлик ўлар жон учун ямон от ила борди. Хотин сўзига кириб, ўзини некномлар чаграсидан чиқарди. Мундоқ кишининг воқеани мундин ортуқ битиб бўлмас. Бу йўсунлиқ шанеъ ҳаракатни мундин ортуқ эшитиб бўлмас”.

Шайбонийхон Зуҳрабеги оғага ҳатто бир қайрилиб ҳам қарамади. Фақат: “Унга шундай бир эр топингларки, қайтиб эр қилишдан қўрқсин”, деб буюрди. Шундай кишини топиб, унга никоҳлаб бердилар. Муҳаммад Солиҳ бу ҳақда шундай ёзади:

Оносин бир кишига бердилар,
Иш сўзин дер кишига бердилар,

Ул мунинг эвида манзил қилди,
Бу онинг комини ҳосил қилди.

Лаънат ул навъ онаға, ким ул
Нафси учун ўлима берди ўғул!

Боғи Майдондаги кенгаш тугаши билан, саҳродан ўтатуриб дарёга йўлиққан одамлар сувга ташлангандек, кўчманчилар лашкари Самарқандга ёприлиб кирди. Шаҳар ичида қирғин-барот бошланди. Шаҳарга ҳоким этиб, Жонвафобий тайинланди. У икки-уч кундан кейин шаҳарда зўрға тартиб ўрнатди. Асли бунга шоир Мулла Шодининг бир оғиз гапи Шайбонийхон қулоғига етиб боргани сабаб бўлди. Мулла Шоди хоннинг яқинларидан бирига: “Агар ҳазрат Шоҳбахт (яъни Шайбонийхон) Самарқандни талотум қилсалар, қаерни пойтахт қиладурлар?” – дея қилган пичинги Шайбонийхон эс-ҳушини йиғиштиришга туртки берди.

Шаҳарда сал осойишталик чўккан кунларнинг бирида Шайбонийхон Хожа Муҳаммад Яҳъёни чақириб: “Сиз Султон Али мирзога кўп номаъқул гапларни айтгансиз, қолаверса, унга мусаҳийлиғ қилгансиз. Мирзоям сизга муносиб эмас эди. Энди сизга жавоб, Хуросонга боринг… Токи сиз бунда экансиз, тинчлик бўлмайдур”, — дея аччиқ-аччиқ гап қилди. Кейин унга ўз отини инъом қилиб шундай деди:  “Бу от сиздан уч кунгача на бир чимдим ўт, на бир ҳовуч сув тилайди. Қамчи урмасангиз ҳам йўртиб бораверади. Мана шу от сизни Хуросонга етказиб қўяди…”

Ўша куни Хожа Яҳъёнинг ер-суви, турар жойи мусодара қилинди. Эртаси куни саҳар пайти хожа ўз ўғиллари Хожа Муҳаммад Закариё ва Хожа Боқи билан шаҳар дарвозасидан узилди. Шаҳарда қирғинбаротдан омон қолган одамларнинг деярли барчаси хожа оиласининг кузатиб чиқди. Хожа Яҳъё бутун кўч-кўронини, бойлигини олиб чиққанини кўз остига ботириб қўйган Қанбарбий билан Кўпакбий уч юзга яқин навкар воситасида Самарқанд билан Кармана оралиғидаги бир қишлоқда турган карвонни таладилар ва Хожа Яҳъёни, бегуноҳ ўғилларни шаҳид қилдилар. Бу воқеа Самарқанддан тўққиз тошлик йўлдаги қишлоқда, тўққиз юз олтинчи йил муҳаррам ойининг ўн бешинчисида (1500 йилнинг 13 августида) рўй берди. Муҳаммад Солиҳ бу ҳақда шундай ёзади:

Кўргач ул молу яроғини қозоқ,
Тамаъ этди анго ва борди жоқ.

Борибон сўнггига ўлтурдилар,
Мрлини қўш топа келтурдилар.

Хоннинг ондин хабари йўқ эрди,
Молиға ҳам назари йўқ эрди.

Бобур мирзо эса бу иш Шайбонийхон розилиги билан қилинганлигини айтиб, шундай ёзади: “Мундоқ ишларни беклар ўз боши била хонидин ва подшоҳидин бевуқуф қила бошласа, бас хонлиғига не эътибор?”

Шу ерда, ушбу воқеага бевосита тегишли Хондамирнинг “Макоримул “аҳлоқ” асаридан бир ҳикоятни келтириб ўтиш ўринли.

“Тўққиз юз бешинчи йилда Мовароуннаҳр томонидан, Хожа Насириддин Убайдуллоҳ ўғли Хожа Яҳъё ғоятда шавкат ва азамат билан яшайди ва Султон Али мирзо бу жанобнинг фикрисиз ҳеч бир ишга киришмайди, балки ҳар куни у кишининг мулозиматига боради, деган гаплар аниқ равишда ва кетма-кет етишиб турарди.

Бу гапдан мақсад шуки, мазкур йилнинг охирларида, бир куни Олий ҳазрат (яъни Алишер Навоий) Сайид Юсуф доғлоқчига илҳом тили билан хитоб қилди. “Хожа Яҳъёнинг тутган йўли дарвишларнинг феъл-атвори учун муносиб эмас. Шу нарса муқаррарки, кимки ўз ота-бобоси хулқидан четга оғишса, унга катта зарар етишади. Чунончи, Мавлоно Хурдаки Бухорий ва Абубакир наддоф Амир Ҳусайн замонида Самарқандда аҳолини ўз томонларига олиб, байроқ кўтариб (Бу ерда Хондамир Самарқанддаги сарбадорлар ҳаракатини назарда тутмоқда – Х.Д.), лашкарга (яъни мўғулларга) қарши чиқиб, шаҳарни мазкур амир ва ҳазрати Соҳибқирон (яъни Темур) учун сақладилар, мана буларга ана шундай зарар етишди. Булардан бири Амир Ҳусайн қўлида ўлдирилди, бириси ўзбек диёри тарафларида саргардон юрди. Бунинг тафсили “Зафарнома”да ёзилган…”

Бу гап-сўзлар бўлиб ўтгандан бир оз кейин, Самарқанд томонидан ўзбек подшоҳи Шоҳбахт Мовароуннаҳрни қўлга олиб, Хожа Яҳъёни икки ўғли билан бирга, у мамлакатда мустақиллик қозонгани учун шаҳид қилди, деган хабар етишди”.

Шундай қилиб, Самарқанд тахти – деярли бир ярим аср давомида темурийлар ўтирган тахт кўчманчи ўзбеклар хони Шайбонийхонга ўтди. Бу воқеа юз берган кунлар Бобур мирзо Кешда эди. У ўша заҳот отланиб, Ҳисорга қараб йўлга чиқди. Самарқанд қўлдан чиққанидан воқиф самарқандлик беклар ҳам у билан бирга Чағаниённинг Чилбу ўлангигача йўлдош бўлиб, ўша ерда айрилиб Хусравшоҳ ҳузурига бориб паноҳ сўрадилар.

Қочоқ аҳволига тушиб қолган Бобур мирзо кейинги пайтда унга душман бўлиб қолган Хусравшоҳга қарашли ерлардан штишга мажбур эди. Бошқа илоҳи ҳам йўқ эди-да! У аввал Қоратегин орқали ўтиб, тоғаси – Султон Маҳмудхоннинг иниси Олачахон ҳузурига боришни ўйлади. Олачахон бир пайтлар қалмоқлар билан бўлган урушда роса кўп одамни қиргани учун шу номни олган эди. “Олачанинг важҳи тасмияси муни дерларким, қалмоқ ва мўғул тили билан ўлтургучини “олачи” дерлар. Олачахоннинг асл исми Султон Аҳмад эди”.

Аммо Бобур мирзонинг умиди ушалмади. У довонма-довон ошиб, ютаман деб турган тоғ жарлари оғзидан ўлим таҳликаси билан ўтиб, тоғма-тоғ сарсон юрганида Иброҳим тархон Шероз қўрғонини Шайбонийларга бермай, сақлаб турибди деган хабар келди. Бобур мирзо ўша заҳот отини орқага бурди. Фан орқали ўтиб, аввал Кашдуд қўрғонига, сўнг Кўҳак дарёсининг ёқасига қўнди. Ўша куни Қосимбек бошлиқ бекларни Роботи қўрғонини олишга жўнатди, ўзи бўлса Самарқандга яна яқинроқ Ёряйлоққа жўнади. Манзилга етганда қўрғонни олишга юборган одамлари зафарсиз қайтдилар. Бобур мирзо Ёряйлоқдаги Асфидак қўрғонига ўрнашди. Шу ерда туриб жўнатган хуфя одами Самарқанддан анча гап олиб келди.

Эмишким, Шайбонийхон Самарқанд шаҳрини бошқаришни Жонвафобийга бергач, унга олти юзга яқин навкар қолдириб, ўзи шаҳар атрофидаги боғлардан бирида ором олаётганмиш. Ёнида етти-саккиз мингга яқин навкар ҳам бор эмиш. Бир пайтлар ўзига хизмат қилган, энди бўлса хоннинг энг салоқатли аскарбошиларига айланган – Ҳамза Султон билан Маҳди Султон ўз қўшинлари билан Самарқанд яқинидаги Бўдана даштини қўналға қилибмишлар.

Қолаверса, бу ғайритабиатли кўчманчи ва саҳройи халқнинг ҳокимияти самарқандликлар ва ён-атрофидаги туманларда яшовчи эллар учун жуда малол келган эди. Шу боис улар ҳар турли йўллар билан кўчманчилар асоратидан қутулиш чорасини излай бошладилар ва биринчи навбатда Бобур мирзони ўз бобоси пойтахтини озод қилишга даъват этдилар.

“Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”дан: “…Ўз сулоласи манфаатига ғоят содиқ Бобур бу даврда ўзининг бир неча садоқатли тарафдорлари билан Зарафшоннинг юқори жойларида қўшин тўпламоқда ва Хожа Абулмакорим (Бу ерда Вамбери хато қилмайди, дарҳақиқат Хожа Абулмакорим (Хожа Яҳъё эмас) Бобур билан бирга эди – Х.Д.) ҳам унинг ёнида эди. Тўққиз юз олтинчи (1500) йилнинг куз фаслида, қоронғи бир кечада ҳўқандликлар Самарқанд дарвозаларига яқинлашуви билан халқ уларга қўл узатди. Шайбоний Самарқандни қанчалик осон олган бўлса, шунча енгил бой берди. Чунки унинг одамларининг аксари Қоракўл чўлидаги қароргоҳда эдилар. Шу боис бирликда ҳаракат қилишга сира имкон йўқ эди.

Биринчи жангда 400 тача аскардан айрилгач, эртаси куни ўз аҳволини фалокат билан тугашини сезган Шайбоний тез қутулиш учун барча чора-тадбирларни кўриб, Бухорога чекинишдан бошқа чора топмади”.

Биз бу мухтасар ҳикоя билан чекланмай, бўлиб ўтган воқеалар хусусида батафсилроқ тўхталишни истардик.

Бобур мирзо хуфяси олиб келган маълумотдан сўнг, Самарқандни қайта эгаллаш учун қулай пайт етганини англади. Энг муҳими, шаҳарда кўчманчи қўшин жуда оз эди. У шошилинч кенгаш чақирди.

Муҳаммад Солиҳ ҳам “Шайбонийнома”да хон яна аскар тўплаш мақсадида лашкарнинг бир қисмини Туркистон томонга Маҳди Султон билан Севинчак Султонни бош қилиб юборганини, Маҳмуд Султон эса қўшиннинг бир қисми билан Бухорога кетганини, хон олдида Ҳамза Султон билан Темур Султон қолганини ёзади.

Асфидак қўрғонидаги кенгашда Бобур мирзо тарафдорлари ўзларининг жуда оз – бор-йўғи икки юз киши бўлишларига қарамай, Самарқандни ҳозир олсак, оламиз, кейинга сурсак, оломаймиз, халқ хонга кўникиб қолди, деган қарорга келишди. Икки юз қирқ киши улуғ бир шаҳарни қандай қўлга киритишлари мумкин эди? Бунинг учун ягона йўл шаҳарга кечаси, эл ётган пайтда, хуфёна кириб олиш эди. Фақат бу ҳужум кутилмаган ва шиддатли бўлиши шарт. Шаҳар ичидаги тўрт юз-беш юз одамни енгиш осон бўлмас, бироқ энг муҳими уларга шаҳар фуқаролари ёрдам бермаслиги тайин-ку! Шаҳар олинса у ёғи бир гап бўлар. Шу қарордан сўнг, кун оғиши билан улар Ёряйлоқдан йўлга чиқиб, ярим кечада Хонюртига етиб келдилар. Аммо олдинга юборилган хабаргирлар: “Шаҳардагилар бу режамиздан хабардор бўлмиш”, — деган гапни олиб келгандан кейин Бобур мирзо ўз аскарларини ўша заҳоти ортга – яна Ёряйлоққа бошлаб қайтди.

Душманни ғафлат уйқусида босиш учун яна Асфидак қўрғонидан бош чиқармай кутиш бошланди. Ана шундай сўлғин куз оқшомларининг бирида қизиқ гап бўлди. Бобур мирзо ҳар оқшом атрофига яқинларини тўплаб, уёқ-буёқдан суҳбатлашиб ўтирарди. Лекин гап ҳар гал барибир Самарқандни олишга келиб тақаларди. Мана шундай қизғин суҳбатларнинг бирида Бобур мирзо: “Келинг, айтингким, тангри рост келтурса, Самарқандни қачон олғаймиз?” – деган сўроқни ўртага ташлади. Ҳамма жимиб қолди. Бироздан сўнг даврадагиларнинг бири: “Ёзда олғайбиз!”, иккинчиси: “Бир ой-қирқ кунда”, бошқаси: “Йигирма кунда олғайбиз!” – деган гап қилди. Даврада ўтирганлар ичида сухандонликдан кўра, қилич чопишни маъқул кўрган камгап Нўён Кўкалтош бўлса, оғзидаги носи билан ғулдиради: “Худо рост келтурса, ўн тўрт кунда олурбиз!”

Даврадагилар: “Нега айнан ўн тўрт кунда, а, Кўкалтош, айтинг?” – деб Нўён Кўкалтош устидан кулдилар. Бобур мирзо ҳам бошқалардан кўра бирмунча меҳр қўйган бу содиқ навкарининг сўзини эшитиб, мийиғида кулиб қўйди. Фақат ичида “кошки” деган гап, юрагини ачиштириб, ғимирлади.

Бобур мирзо ўша тун ғалати туш кўрди. У ўтирган хонага Хожа Убайдуллоҳ кириб келганмиш. У ҳазрат истиқболларига югуриб чиқиб, қуллуқ қилган эмиш. Хожа рўпарасида оҳиста ўтирибдилар. Хизматчилар Хожа олдига бетакллуфлик ила дастурхон солибди. Хожа ҳайрон қолиб, “Нима гап?” деган маънода унга ишорат қилибдилар. У ҳам имо ила “Сабабини мен ҳам билмайман, бу ишни дастурхончи қилибдур”, дегандек ишорат қилибдимиш. “Тушундим” дегандек бош силкибдилар. Хожа ўринларидан туришлари билан у ҳам кузатиб чиқибди. Уйдан чиққач ўнг қўлиданми, ё чап қўлиданми, аниқ эсида йўқ, бир кўтарсалар, оёғи ердан узилибди. Шу алфозда “Шайх маслаҳат берди”, деб туркийча сўйлабдилар.

Оёғи ердан узилганидан ваҳимага тушиб, уйғониб кетди. Ўша заҳот таҳорат олди-да, Самарқандга қараб отланишга буюрди. У икки кун Самарқанд атрофида айланиб юрди. Шайхулислом Хожа Абулмакорим шаҳардан чиқиб унга қўшилди. Шайбонийхон Самарқандни қўлга киритганда, Султон Али мирзо ва унинг яқинлари ўлдирилганда, шайхулислом афв этилиб тирик қолганди.

Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома”да Хожа Абулмакорим Бобур мирзони Самарқандга чақириб қуйидагича мактуб ёзган, деб маълумот беради:

Жонвафо оз киши бирла ҳосил,
Шаҳр ичинда турубтур ғофил.

Кел фалон кеча, фалон кўча сори,
Ким санинг сори келур халқ бори…

Совуқ ва бахмалдек тимқора куз кечаларининг бирида улар Пули Мағокига етиб, шовқин-суронсиз етмиш-саксон эпчил йигитлар Ғори Ошиқон тарафга юборилди. Токи улар чиқиб, Феруза дарвозасини қўриқлаб турганларни бошқа дунёга рихлат қилгач, ташқаридагиларни ичкарига киритишлари керак эди. Бу сафар Бобур мирзо йигитларининг омади юришди. Шаҳар деворига чиқиб олган навкарлар Феруза дарвозасини қўриқлаётганларни чопқилаб ташлаб, дарвозани очдилар. Бу иш шовқин-суронсиз бўлди. Шаҳар уйқуси бузилмади. Фақат азондан дўконларини саранжом-саришта қилиш учун келган дўкондорларгина уларни таниб, олқишлаб, қичқира бошлагандан кейин бу жимлик бузилди. Янгиликдан хабар топган фуқаро кўчалару-майдонларга ёприлиб чиқиб, дуч келган кўчманчиларни ўлдира бошладилар.

Шаҳар ҳокими Жонвафобий шаҳид кетган Хожа Муҳаммад Яҳъёнинг мусодара қилинган ҳовлисида истиқомат қилишини эшитган Бобур мирзо “Бийни тутиб келинглар!” деб одам юборди. Аммо, Жонвафобий аллақачон жуфтакни ростлаб, Оҳанин дарвозаси орқали Хўжа Дийдорга – Шайбонийхон ҳузурига қочиб кетганди.

Тонг отганда Хожа Яҳъё хонақоси тоқи устида ўрнашиб олган Бобур мирзо Шоҳизинда қабристони яқинидаги Оҳанин дарвозасида қолган-қутган ёғий аскарлари икки дарвоза орасини бекитиб олиб қаршиликни даавом эттираётганини эшитиб, ўша ёққа от бошини бурди. Ўн тўққиз яшар йигитнинг дилидаги ғайратни сезгандек от ҳам ўқдек учди. Аммо мирзо етиб боргунча самарқандликларнинг ўзлари – биров тош-кесак отиб, биров бобосидан қолган қиличу-найзасини пешлаб шайбонийларни шаҳардан суриб чиқаргандилар.

Аммо бу ерга келгани яхши бўлди. Шайбонийхонни кўрди. Шаҳарга қилинган тунги ҳужумдан хабар топган хон темир ниқобини ҳам киймай, тўшакда қандай ётган бўлса, ўша ҳолда, фақат елкасига жун чакмонини ташлаб, қиличини яланғочлаб юз элликка яқин аскари билан етиб келганди. Хонни кўрган Бобур мирзо шаҳар ичида туриб рақибни кузатиш қанчалар ҳузурбахш эканини туйди. Хон шаҳардаги аскарлари суриб чиқарилиб, дарвоза яна тамбаланганини кўриб, ҳеч нарса қила олмаслигини сезгач, отини бобосидан қолган қиличининг терси билан бир урди-да, ғафлаткаш Жонвафобийни лаънатлаб, Хўжа Дийдорга қайтди: “Лашкар оз эди-ю, қўрғон маҳкам эди-ю, эли бепоён!”

Бобур Мирзо Аркдаги Бўстонсаройни манзил тутгач, шаҳар улуғлари уни муборакбод қилишга кела бошладилар. Ўша куни Нўён Кўкалтошнинг: “Тангри рост келтурса, ўн тўрт кунда олурбиз!” – деган башоратини эслаб (шаҳар ҳақиқатан ўн тўрт кундан сўнг илигига ўтган эди), Кўкалтошнинг елкасига зарбоф тўн ёпди. Ўша-ўша шу йигитга нисбатан дилида илиқ меҳр уйғонганини сезди.

Бобур мирзо Самарқандни олиш тафсилотини битар экан, бу иш билан 1470 йили Ҳирот қалъасининг Султон Ҳусайн Бойқаро томонидан иккинчи марта забт этилишини қиёслаб шундай ёзади: “Султон Ҳусайн мирзо ҳам Ҳирийни ушбу йўсунлуқ ғофилликда олибтур. Вале иш билур киши олида равшан ва инсофлиқ эл қошида мубайяндурким, бу иш била ул иш орасида кўп фарқ бордур. Аввал буким, Султон Ҳусайн мирзо кўп ишлар кўрган, бисёр тажрибалар кечурган улуғ ёшлиқ подшоҳ эди. Иккинчи буким, ғаними Ёдгор Муҳаммад Носир эди, ўн етти-ўн саккиз ёшлиқ бетажриба ўғлон эди. Учинчи буким, ғанимнинг ичидан кайфиёт ва ҳолотни билган киши Мир Али мурохур мирзога кишилар йибориб, ғофилликда ғаним устига келтурди. Тўртинчи буким, ғаними қўрғонда эмас эди. Боғи Ҳаҳонда эди. Султон Ҳусайн мирзо олғон маҳалда Ёдгор Муҳаммад мирзо ва тавобеи андоқ ичкулукка тушган экандурларким, ул кеча Ёдгор Муҳаммад мирзонинг эшигида уч киши экандур, алар ҳам маст. Бешинчи буким, ул мартаба ғофилликда – ўқ келди ва олди.

Мен Самарқанд олғонда ўн тўққўз ёшта эдим. Не кўп иш кўриб эдим, не тажриба бўлуб эди. Иккинчи буким, менинг ғанимим Шайбоқхондек пур тажриба ва кўп иш кўрган ва улуғ ёшлиқ киши эди. Учинчи буким, бизга Самарқанддин ҳеч киши келмайдур эди. Агарчи шаҳр эли манга кўнгуллук эди, вале Шайбоқхоннинг қўрқунчидин ҳеч киши бу хаёлни қила олмас эди. Тўртинчи буким, менинг ғанимим қўрғонда эди, ҳам қўрғонни олилди, ҳам ғанимимни қочирулди. Бешинчи буким, бир мартаба Самарқанд қасдиға келиб, ғанимни туйдуруб, иккинчи марта келганда тангри рост келтурди, Самарқанд фатҳ бўлди.

Бу дегонлардин ғараз элга санги кам урмоқ эмас, баёни воқеи бу эдиким, мазкур бўлди. Бу битилганлардин мақсуд ўзини орттурмоқ эмас, рости бу эдиким, мастур бўлди. Бу фатҳда шуаро тарихлар айтиб эдилар. Ул жумладин бир байт хотирда қолибтур.
Байт:

Боз гуфто хирад ки тарихаш
Фатҳи Бобур Баҳодур аст, бидон.

Байтнинг мазмуни: “Ақл яна айтдики, билгил: унинг тарихи “фатҳи Бобур баҳодур” бўлур”.  Бундан тўққиз юз бешинчи (1499-1500) йил келиб чиқади.

Самарқанд қўлга киргач, тез орада шаҳар атрофидаги қўрғонларда ҳам одамлар бош кўтариб, шайбонийларни қува бошладилар. Шу ғалаба сабаб бўлиб, Шовдор, Суғд туманларидаги қўрғонлар, Миёнкол, Қарши, Ҳузор, Кеш туркий беклар қўлига ўтгани ҳақида хабарлар етди. Ҳатто олис Қоракзл ҳам Марвдан қўшин тортиб келган Абулмуҳсин мирзо томонилан забт этилди, деган хушхабар ҳам келган эди.
Кўнгли бир оз тинчиган Бобур мирзо Ўратепада қолган оиласининг кўч-кўронини олиб келишга одам жўнатди. Оиласи шаҳарга етиб келган кундан озмунча вақт ўтмай хотини – Султон Аҳмаднинг қизи бўлмиш Ойша Султонбегимдан бир қиз туғилди. Бу қизалоқ Бобур мирзонинг тўнғич фарзанди эди. Аммо, пешонасига қора кунлар битилганининг илк огоҳи бўлиб, гўдак чилласи чиқмай оламдан кўз юмди.

Худди шу кунлар Шайбонийхон ҳузурида Муҳаммад Солиҳ билан хон кўнглини овлаб юрган Мулло Камолиддин Биноий Бобур мирзога бош уриб келди. Қочоқ шоирга раҳм қилган мирзо уни кечирди. Аммо Қосимбек “Шайбоқхоннинг шоири бекорга келмаган, бир нияти борки, келган. Ҳар қалай узоқроқ тутайлик”, — деб туриб олгандадан сўнг, шаҳарни олишда жонбозлик кўрсатган бегининг сўзини ерда қолдирмай, Мулло Биноийни Шаҳрисабзга юборди. Аммо, озмунча вақт ўтмай, шоҳ Бобур қаҳрини шоир Бобур меҳри енгган бўлса керак, Биноий яна Самарқандга чақирилди. Биноий Самарқанд қамалини Бобур мирзо билан ўтказди. У Самарқандга қайтиб келгач, ҳаял ўтмай Бобурга “На егулик ғалла, на кийгулик кийим бор, ейдиган, киядиган нарсаси бўлмаган киши илм билан ҳунарга қандай урина олсин”, деган мазмунли бир форсий рубоий узатди.

Бобур мирзо унга бир туркий рубоий билан жавоб қилди:

Ишлар бори кўнглунгдағидек бўлғусидур,
Инъому вазифа бори буйрулғусидур.

Ул ғаллау муҳмалки дер эдинг, бердим,
Муҳмалға бўю ғалладин уй тўлғусидур.

Аммо кейинги воқеаларнинг кечиши “ишларнинг бори кўнгулдағидек” бўлишига йўл бермади. Биноий “на егулик ғалла бор” деб рубоий битганда кўнгли бир хатарни сезган эканми, билмадик, ҳар қалай тез орада бу қисмат Самарқанд фуқаросининг бошига тушдики, бу ҳақда кейинда ҳикоя қиламиз.

Камолиддин Биноийнинг тақдири орадан ўн икки йил ўтгач, 1512 йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий Шайбонийхонни Марв ёнида мағлуб қилгач, эронийлар кўмагида бобоси тахтини олиш ҳаракатида юрган Бобур мирзо тақдири билан яна бир бор – бу сафар охирги марта кесишадиким, бу ҳақдаям ўша воқеалар ҳақида ҳикоя қилганда эслаймиз.

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддот отлар гурсиллаб айланади. Отларнинг тўёқларидан ўт чақнаб ўтмишу-келажак зулматини ёритади, ер гувлаб силкинади, чавандозлар эгнидаги жавшанлар, қўлларидаги қиличу-қалқон жарангги Хуросон ва Мовароуннаҳр фуқароларини қўрқувга солади, ҳукмдорларнинг кўнглида ҳавас гулларини очтиради ва хазон қилади.
Отлар гурсиллаб айланади… Бу жангари отлар жилову-кишанни тан олмайди, лекин, чавандозлар дили кўринмас иплар билан бу олтин қозиққа маҳкам боғланган эди. Бу кўринмас ипларни фақат ҳаёт ришталарини кесгувчи бешавқат ўлим тиғигина уза оларди…

Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд атрофида шаддот отлару-баҳодур чавандозлар билан бирга хиёнат ва садоқат, ҳавас ва ҳасад, муҳаббат ва қаҳр, меҳр ва ғазаб, жаҳолат ва ризолат айланарди…

Тўққиз юз бешинчи (1500) йилнинг қишини Шайбонийхон уруш ҳозирлиги билан ўтказди. У қиш ичида Қоракўл қалъасини Абулмуҳсин мирзодан тортиб олди. Хузор ва Қаршини қамал қилиб, олишга улгурмади. Вабо бошлангач, у ердан қочди. Тез орада Дабусия қалъаси хон қўлига ўтди. Шу ерда кўҳна тарих битикларида жуда кўп тилға олинган қалъа ҳақида ёзган бир шеъримни келтиришни мақбул топдим. Зеро, унга ўша олис кунлар сасини сингдиришга уринган.

ДАБУСИЯ

Кўҳна қалъа осмонига
Сузиб чиқди тўлин ой
Ва босқинчи ўз лашкарин
Бошлар ўлим жангига.

Балқир эди кўкда ҳаёт,
Ёғдирарди кўк чирой,
Аммо ерда бўяларди
Ўт-ўлан қон рангига.

Тошлар узра мудраб ётар
Қузғунларнинг тўдаси,
Бўкканидан, ердан кўкка
Кўтаролмай лошини.

Ётар эди тўда-тўда
Босқинчилар мурдаси,
Мангу билмай ўзга юртда
Шундай хор бўлишини.

Қалъадаям тирик жон йўқ,
Фақат ғувлар кўр шамол,
Ўчирай деб ғўсноғора,
Қиличлар овозини.

Елар тунлар қора бўрон
Ўчиролмай, лол-ҳайрон
Жангчиларнинг лабларида,
Қотиб қолган сўзини.

…Кейин йиллар, ойлар чанги
Кўмиб ташлар уларни,
Мангу тинар Дабусия
Қалъасининг булоғи.

Лекин баҳор келганида
Бўйлаб алвон гулларни,
Эшитади ул сўзларни
Шоирларнинг қулоғи…

Бобур мирзо ҳам қиш бўйи бўлажак урушга жиддий тайёргарлик кўрди. Мана шундай нотинч кунларнинг бирида ҳиротдан унга тенги йўқ бир совға келтирдилар. Ҳазрат Мир Алишер унга бир китобат бериб юборибдилар. Ўн тўққиз яшар шоирнинг кўнгил ёзиб қувонишгаям имкони йўқ эди. У ғазаллари битилган дафтардан шошилинч бир нусха кўчирди-да, охирида Алишербекка бағишлаб, бир туркий байт қўшди ва тортиқ қилиб, Ҳиротга жўнатди. Чопар кетиши билан кўкка учиб чиққан юраги яна қайтиб ерга қўнди. Бу галги уруш жиддий ва узоқ бўлишини билиб, у энг аввало Андижон, Тошкент, Ҳисор, Ҳирот ва бош ерларга одам юбориб, кўмак сўрашни ўйлади. Тошкентдан тўрт юз-беш юз мўғул, Андижондан иниси Жаҳонгир мирзо жўнатган Султон Аҳмад Танбалнинг иниси Халил бошлиқ икки юзга яқин киши, Қарши, Ҳузор ва теварак-атрофдаги қўрғонлардан одам йиғилди. Аммо на Султон Ҳусайн Бойқародек улуғ подшоҳдан, ва унинг ўғли Бадиуззамон мирзодан, на Ҳусравшоҳдан бир одам келгани Бобур мирзони таажжубга солди, дили хуфтон этди. Ахир, улар темурийлар салтанатининг илиниб турган илдизига сўнгги зарбани беришга қодир киши шу Шайбонийхон бўлишини наҳотки тушунмасалар? Самарқанд қўлдан чиқса, Шайбонийхон ўз қўшинини улоқ чоптириб олиб ўтирмайди-ку! У жаҳонгирлик даъвосини қилиб турган бўлса, эртага Тошкент, Ҳисор, Ҳирот, қолаверса, бутун Мовароуннаҳру-Хуросон унинг оёғи остида ётиши мумкин-ку!

Хуллас, тўққиз юз олтинчи (1500-1501) йилнинг наввол ойида Бобур мирзо Боғи Навга келиб, бўлажак уруш маслаҳатини қилди. Беш-олти кундан сўнг қўшин йўлга тушиб, бир ярим кунлик масофада жойлашган Сарипулдан ўтиб тўхтади. Қўналгоҳ атрофи хандақ билан ўралди. Бухородан йўлга чиққан ҳақидаги хабари етган Шайбонийхон қўшини хам Хожа Яҳъё ва ўғиллари ўлдирилган Хожа Кордзан деган ерга келиб тўхтади. Икки қўшин ораси бир оғочча келарди. Эртаси куни қуёш чиқиши билан жанг бошланди. Бу уруш деярли ҳар куни саҳардан бошланиб, гоҳ у томон, гоҳ бу томоннинг чекиниши билан, асосан қоронғи тушиб қолганида тугарди. Лекин қисиб келганлар ҳам, чекинганларни маълум масофагача, аниқроғи ҳар иккала қўналға атрофидаги хандақларгача қувиб келиб, ортга қайтардилар. Ўзаро тенг рақобатга барҳам бериш учун кўчманчилар шабихун (тунги ҳужум) уюштирдилар. Лекин бундан бир иш чиқмади. Бобур мирзо қароргоҳининг атрофи мустаҳкам эди.

Аммо охир-оқибатда тажрибасизлиги ва ёшлиги Бобур мирзога панд берди. У Ҳузордан икки мингга яқин йигитни Боқи Тархон, Тошкентдан мингдан ортиқ мўғулни Сайид Муҳаммад дўғлат бошлаб келаётганини билган ҳолда, уларни тишни-тишга босиб кутиш ўрнига, ўйламай-нетмай жангга чиқаверди. Охир-оқибатда Тошкент қўшини яқинлашай деб қолган куни мағлубиятга учради.
“Менинг эҳтимолимнинг жиҳати бу эдиким, — деб ёзади Бобур мирхо, — уруш куни саккиз юлдуз оралиқда эди, агар ул кундан ўтса, ўн уч-ўн тўрт кунгача саккиз юлдуз ғаним орқаси сори бўлур эди”. Аммо бу ўйлагани ўша сўнгги жангда тескари бўлди, саккиз юлдуз унинг ортида турса-да, мағлуб бўлди.

Сўнгги жанг жуда қисқа, аммо бағоят даҳшатли бўлди. Икки қўшин бир-бирига жадал яқинлашиб келаётиб, кутилмаганда Шайбоний буронғорининг учи Бобур мирзо аскарларини айланиб ўтиб, орқадан сиқувга ола бошлади. Бобур мирзо ўша заҳоти аскарларини орқага юз ўгиртди. Бунинг оқибатида шундай бўлдиким, жанг кўрган йигитлардан тузилган ҳировул ўнг қўлда – жанг марказида четда қолиб кетди. Бобур мирзо қўшини жонҳолатда жанг қилиб, ғаним буронғорини ғулга тиқа бошлади. Буни кўриб, Шайбонийхоннинг тажрибали саркардалари “Ҳужумни кучайтириш керак, тўхтаб эмас, чопиб жанг қилиш керак”, — деб хонга маслаҳат беришди. Хоннинг ўзиям буни ўйлаб турган эди, ўша заҳотиёқ унинг амри билан кўчманчилар буронғори рақиб жувонғорини босиб, орқага қайтганда Бобур мирзо қўшини ўртада қолиб талваса бошланди.

Ўлганнинг устига чиқиб тепгандай, худди Андижон воқеаларида бўлганидек, қўшиндаги мўғуллар урушмоқни қўйиб, саросимага тушган аскарларга мадад бериш ўрнига уларни ўлдириб, талай бошладилар. Бу ҳақда Бобурга хабар етганда, у бўзлаб юборди.

Бадбахт мўғул! Бир бу эмас, ҳамиша одати ушундоқдир! Босса ҳам ўлжа олур, бостирса ҳам ўз элини талаб ўлжа олур!

Камолиддин Биноийнинг “Шайбонийнома”да ёзишича, Шайбнийхон Самарқандни Султон Али мирзо онасининг “муҳаббати” туфайли қўлга киритган пайтда унинг қўшинида Тошкент хони Султон Маҳмудхон юборган беш минг мўғул аскари бор эди. Ўшанда шаҳарни талаб бу аскарлар Тошкентга катта ўлжа олиб қайтган эдилар. Бобур мирзо кўмак сўраганида Султон Маҳмудхон худди ўша беш минглик қўшиндан беш юзга яқин одамнигина ажратиб юборди. Уларнинг жанг пайтидаги хиёнати балки махсус тайёрланган бўлиши ҳам мумкин. Бир неча ой аввал бирга жанг қилган кўчманчи ўзбек ва мўғул беклари тил топиши ҳақиқатга яқин эмасми?! Мен айнан шундай бўлган фикрни таъкидлашдан йироқман. Аммо гумон қилишга ҳақлиман.

Икки тарафдан сиқувга олинган Бобур мирзо аскарлари тутдай тўкила бошладилар. Кўчманчиларнинг темурийлар қўшинини енгишда жуда қўл келган жанг услуби бор эдиким, Шайбонийхон уни бу жангда ҳам усталик билан қўллади. Бу тўлғама эди. Тўлғама ичида қолганларнинг омон чиқиши қийин эди.

Бу жанглар арафаси ва давомида Бобур мирзо жаҳонгир бобосининг тузукларида жанг қилиш баҳосида айтилган маслаҳатларига амал қилмади. Жумладан, “Тузукот”даги қуйидаги маслаҳатни унутди: “Сардор лашкар назоратчиси билан бирга душман сипоҳининг озми-кўплигини мулоҳаза этсинлар, саркардаларини ғаним лашкарбошилари билан солиштирсинлар”. Бобур мирзо бўлса, ўзининг жангу-жадалда синашта бўлмаган турлича беклари ва йигитлардан иборат қўшинини, юқорида ёзилганидек, ёрдамга келаётган кучларни кутмасдан, Бухоро, Қоракўл каби кучли қўрғонларни заб этган, урушдан чиқиб келаётган, чиниққан ва тажрибали аскарларга ва лашкарбошиларга юзма-юз турганини ўйламади.

Фалакдаги юлдузлар Бобур мирзо ортида тургани билан қора қисмат юлдузлари унинг пешонасини ёритиб турарди. Мана шу юлдузларнинг совуқ нури остида Бобур мирзо қўшини ортига чекинди.

Хуллас:

Бобур ўз туғини ташлаб қочти,
Бобурийларға не гуллар очти.

Чун ғазаб ўти фуркзон бўлди,
Ул икки сон киши яксон бўлди…

Бобур мирзонинг ўзи бошқа бир сабаб баҳона ёзганидек, “мағлуб ҳарифқа ҳўй басдур” – Самарқанд қўшини бирпасда баҳор туманидек ғойиб бўлди.

Ўн тўққиз ёшлик омадсиз саркарда ўн-ўн икки йигити билан Зарафшоннинг совуқ тўлқинларига от солди. Орқада қолганларни хиёнаткор мўғуллар аямай ўлдиришар, отларию анжомларини ўзларига олардилар. Мўғул аскарларининг бундай бемалол иш тутиши юқорида уларнинг шайбонийлар билан тил бириктиргани ҳақидаги гумонимизни яна бир карра тасдиқламайдими?

Пешина етмай уруш майдонида фақат ўликлар қолди, Бобур мирзо ёнида жанг қилган Иброҳим тархон, Иброҳим сору, Иброҳим жоний, Абулқосим қўҳбўр, Худойберди туғчи, Худойберди барлос, Султон Аҳмад Танбалнинг иниси Халил ҳам жанг майдонида қолди. Омон қолган бекларнинг баъзилари ўз юртларига, баъзилари бошқа ҳукмдорлар паноҳига қочдилар. Муҳаммад Солиҳ битганидек:

Тўзуб эрди навкари Бобурнинг,
Эриб эрди жигари Бобурнинг…

Қуёш нури сўнай-сўнай деб турган шом маҳали Бобур мирзо Шайхзода дарвозасидан Самарқандга кирди.

Бу воқеалар тасвирида Герман Вамбери шундай ёзади: “Унинг (Бобур мирзонинг) бу ердаги ҳокимияти баҳоргача, яъни ҳормай-толмай турган ўзбек хонининг етарли даражада аскар тўплаб, янгидан ҳужум бошлаш давригача етди. Онгсиз, шиддатли ҳужумлар ва шу пайтда ҳар икки тараф намойиш қилган ҳамда ҳайратга соладиган қаҳрамонликлар тўла умумий урушлар Бухоро-Самарқанд орасида, Сарипул ёнида содир бўлди. Бутун ғайратлари зое кетиб, Бобур бу урушда енгилди. Кўп қийинчиликлар билан Самарқанд қалъасига мажбурий қочиб кириб, омонсиз таҳдиддан қутилди.

Бобур бу ҳарбдаги фалокатнинг асосий сабабини ёрдамчи мўғул аскарларининг хиёнатларида кўрса-да, бундан бошқа сабаблар борлиги ҳам инкор қилинмаслиги лозим. Ҳиндистондан кейинчалик  Бобурийлар мамлакатини барпо этган Бобур ва саркардаларининг мана шу буюк жангда кўрсатган матонат ва қаҳрамонликлари ҳар жиҳатдан тақдирга лойиқ, албатта. Аммо Бобур лашкарининг сони, “Шайбонийнома” муаллифининг ривоятига кўра, 40 мингга етса-да, Мовароуннаҳрда ва Андижонда тинч ҳаёт кечирган аскарларнинг жанговар ва шафқатсиз даштликларнинг тажовузига қарши туришлари учун имконият йўқ эди. Қолаверса, муаррих Ибн Холдун ёзиб кетганидек, ўтроқлашган қавм охир-оқибат заифлашади ва кўчманчи қавмлар томонидан осонликча забт этилади.

Бу урушда Бобур катта зиён кўрди. Зобитлари орасида уч Иброҳим (Иброҳим тархон, Иброҳим сори, Иброҳим жоний) ҳалок бўлдилар. Ҳар қанча мунаффар фикрли эса-да, кейинчалик ҳам хурофотга ишонишдан ҳалос бўла олмаган Бобур учун бу машъум воқеа бир фол сифатида ҳар вақт кўз олдида турарди. У муҳорабани аввалги ғайрати билан ҳар қанча давом эттириш учун Самарқандда тайёргарлик кўрса-да, Мовароуннаҳрда темурийлар ҳокимиятининг бундан кейин қайтариб бўлмаслик фикрига афсус ила қаноат ҳосил қилишга мажбур эди”.

Бесаранжом ўтган тун ёришиб, бўлган воқеалар тош-тарозига қўйилгач, Хожа Абулмакорим, Қосимбек ва бошқа беклар шаҳар дарвозаларини бекитиб, душман билан қўрғонда туриб жанг қилишга Бобур мирзони кўндирдилар. Шаҳар ташқарисидаги ҳаракатларни назорат қилиш мақсадида Бобур мирзо Улуғбек мадрасаси томида оқ уй тикилди. Шаҳар мудофаасига тайёргарлик бошланди. Ҳар бир дарвоза бек ва йигитларга бўлиб берилди.

Икки кундан кейин узоқдан кўтарилган чангу-тўзонга ваҳима билан қараган шаҳар фуқароси пешин деганда шаҳардан бир фарсаҳлик масофада келиб тўхтаган ғаним қўшинини кўрди. Уларнинг шаҳарга яқинлашмай узоқда тўхтагани оддий фуқарони бир қадар чалғитди. Душман келасолиб шаҳарга ташланмаганидан алданган, бақириқ-чақириқларни эшитмаган тўпори йигитлар тўда-тўда бўлиб, бири найза, бири чўқмор, яна бири чалғи кўтариб, шаҳардан чиқавердилар. Кўчманчи ўзбеклар билан жанг қилган аскарлар уларни бу йўлдан қайтаришга уринганда, шаҳарликлар аскарларни мазаҳ ҳам қила бошладилар. Шайбонийхон қўшини бу ола-қуроқ “лашкар”нинг қаттиқ таъзирини берди. Худога минг шукурким, ўзбеклар уларни шаҳар дарвозасигача қувиб келиб, жангни давом эттирмай ортга қайтдилар.

Биринчи жиддий жанг Ҳазрати Шоҳ (Шоҳизинда) мозори ёқасида юксалиб турган Хўжа Хизр масжиди яқинида бўлди. Шайбонийхоннинг иниси Музаффариддин Султон Маҳмуд бошлиқ ўзбеклар яна шаҳар остонасига етгач, жангни тўхтатиб, орқага қайтдилар. Шаҳарга яқинлашган айрим даштликларни шаҳар деворларидан ёғдирилган ўқлар тўхташга мажбур қилди. Бобур мирзо ҳам чочий камондан ўқ узиб, икки-уч ғанимни ер тишлатди.

Бу жанг ўзбек қўшини учун ҳам сабоқ бўлди. Улар шаҳар атрофидаги хандақлардан ўтиш ва деворга чиқиб олиш учун махсус мослама қуролларсиз жиддий ҳужум, қолаверса, ғалабанинг мушкуллигини англадилао. Ўша кундан бошлаб бу ишга жиддий киришдилар, тут оғочлари кесилиб, тўра ва шотилар тайёрладилар.

Бу баҳона била чархи гардон,
Асру кўп боғни қилди вайрон.

Шотиву тўра фаровон бўлди,
Шаҳр ағлиға намоён бўлди.

Бир тўра бўлди киши бошиға,
Тўра ўқулди киши бошиға.

Тегди бир ўнга басе ўн шоту...

Кечалари ҳам шаҳар девори устидаги йўлаклар одамлардан бўшамасди. Феруза дарвозасидан Шайхзода дарвозасигача ҳатто от миниб бориш мумкин эди. Халқ деворининг ёйсимон бурилган бу қисмини Шутургардон, яъни Туя бўйни деб атарди. Шомда йўлга чиқиб, шаҳар деворини бир айлангунча тонг отарди. Мана шу деворлар ичида “юз минглик уйлук киши” яшар эди.

Яқинлашиб қолган кўклам нафасидан илиқлашган кечаларнинг бирида Шайбонийхон Оҳанин дарвозаси билан Сўзангарон дарвозаси оралиғида ҳужум уюштирди. Бу икки дарвозани қўриқловчи навкарлар “жанг бошқа ёқда-ку” деган ғофил ўй билан бемалол ўз уйларида, бозор-ўчарда юрардилар. Улар яшаган Муҳаммад Мазид тархон ҳовлисида (бу ҳовли икки дарвоза орақлиғида эди) соқчи навкарларга бошлиқ Қўчбек, Муҳаммадқули қавчин билан бир неча хизматкор қолган эди. Душманлар ҳужуми шу ҳовлига тўғри келди.

Кутилмаган ҳужум даставвал уларни гангиратиб қўйди. Қўчбек, Муҳаммадқули қавчин, Шоҳ Сўфи ва яна бир йигит – тўртовлон шаҳар деворига чиқиб олишга улгурган ғаним билан қатъият билан қилич чопишиб, шотидан тепага ўрлаётганларни камондан ўққа тутдилар. Айниқса, Қўчбек яхши уришди. Матонатли тўртовлон душманни чекинишга мажбур қилдилар.

Сўзангарон дарвозасида ҳам йигитларсиз қолган Қаро барлос астойдил туриб берди. Гозуристон дарвозасини қўриқлаган Қутлуқхўжа Кўкалтош ва Кулназар мирзоям озгина киши билан душман ҳужумини қайтардилар. Ҳатто йигитлари етиб келган Қосимбек Сўзангарон дарвозасидан чиқиб ўзбекларни Хожа Кафшаргача қувиб бориб, жуда кўп душманлар жонига қасд қилдилар.

Ўйлагани амалга ошмаганидан сўнг, Муҳаммад Солиҳнинг маълумотига қараганда, Шайбонийхон ўзбекларига қарата: “Чопқиллашиб овора бўлмайлук, қабамоқдин яхши иш йўқтур. Мана буёғи ёз бўлғай, меваю ошиқилар бисёр бўлур. Шаҳарни қамаб тураверайлик. Ҳарнаким келса худодан кўрайлик. Эвлук эл эвуни келтурсин, боғларни манзил қилсин”, деб айтди.

Хоннинг бу ҳукмидан кейин лашкарнинг бир қисми қамал билан, бошқаси боғу-роғларда ўрнашиш билан машғул бўлди. Тез орада кўпчиликнинг оиласи кўчиб келди. Орадан бир ойча муддат ўтди.

Ёз бошланиб, шаҳардан ташқаридаги боғларда мевалар ғарқ пишди. Бир муддат фожиали воқеалар ҳақидаги ҳикоямизни тўхтатиб, Муҳаммад Солиҳнинг Самарқанд мевалари борасида қилган таърифини эшитайлик:

Мевалар етти-ю, ғам кетти бори,
Бир-бири сўнгидан етти бори.

Тут бисёр номоён бўлди,
Ўрику-олма фаровон бўлди.

Бўлди бисёр узум бирла қовун,
Ҳар бири дейки: “Манинг бирла овун”.

Бўлди осуда “баҳоваддини”,
Борча оғзида анинг таҳсини.

Узкмидин ҳам ўлай нутагузор,
Ки они ҳам демак эрур ночор.

“Сурхак” отлик узуми дилкаш эди,
“Лаъли якдона”си асру хуш эди.

…Яна бир узуми “белона” эди,
Суйи бисёр ҳакимона эди…

Ташқарида мана шундай тўкин-сочинлик ҳукм сурган пайтда шаҳар ичида очлик бошланди:

Нор ранг олғоч нористонға,
Тушти ўт ғуссадин қўрғонға.

Ташқари “оби”лар ўлғоч хушбўй,
Бўлдилар шаҳр эли оби рўй.

Ташқари боғлар ичра анҳор,
Ичкари сувсиз улус йиғлаб зор.

Шаҳар фуқароси шу даражага етдики, ит демай, эашк демай сўйиб қозонга босдилар. Аскарлар қилтириқ бўлиб қолган отларига дарахтларнинг баргларини бера бошладилар. “Анда тажриба бўлдиким, бори яфроқлардин тут яфроғи ва қаро йиғоч яфроғи отга сазоворроқ эмиш. Баъзи – қуруқ йиғочларни ранда қилиб, тарашасини сувга ибитиб отга берурлар эди”.

Қамалдагилар ҳар тарафга одам юбориб, жанговар куч, моддий ёрдам тиладилар. Аммо вақт ўтиб, мадад келишидан умидларини уздилар. Боз устига Бобур мирзо ва унинг одамлари кайфиятини яна бир нохуш хабар қора қилди, Султон Ҳусайн Бойародек мардона ва тажрибали подшоҳ қони бир инисига назар қилмай, ҳатто руҳан қўллай деган ниятда ҳам одам юбормай, Темур давлатининг қийшайган деворлари пойдеворига сув қуяётган Шайбонийхондек ғаним ҳузурига Султон Ҳусайн мирзо отиға битилган “Мажоли сул-ушисон” номлик тасниф битган мутасаввуф Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳийни элчиликка юбориб, ҳол-аҳвол суриштирди.

Гарчи Ҳирот ҳукмдори Самарқанд аҳлини, Бобур мирзони ўйламай, ўзини ўйлаётганини, Шайбонийхоннинг кейинги ниятларидан воқиф бўлишни истаётганини Бобур мирзо жуда яхши англаган бўлса-да, бу хабар унга ғоят қаттиқ ботди ва дилида қиш кулбасида зўрға ёниб турган шамчироқдек заиф умид чироғи совуқ хабар нафасидан ўчди. Мирзо буёғи жуда қийин бўлишини англаб, алам билан шайхулислом Хожа Абулмакоримга дилини ёрди. “Бурунгилар дебтурларким, қўрғон беркитмакликка бош керак, икки қўл керак, икки бут керак”.

Шайхулислом йигирмага чиқа бошлаган бу мирзо кўпни кўрган саркардадек вазмин ва тадбиркор мулоҳаза қила бошлаганига эътибор қилган бўлса-да, бу сафар унинг гапини яхши илғамади. Хожанинг ҳолатини сезган Бобур мирзо сўзида давом этди: “Бош сардор бўлғай, икки қўл икки тарафдин келур кўмак ва мадад бўлғай, икки бут қўрғоннинг суйи билан заҳираси бўлғай”.

Сўнг ёш мирзо бир оз сукут қилди-да, Ҳусайн Бойқаро юборган элчи ҳақидаги хабарга ишора қилиб айтди: “Биз бу атроф ва жавонибдағилардин кўмак ва мадад кўз тутарбизу, булар худ ҳар қайси бир ўзга хаёлда. Бизни мана шу ўзга ҳаёлдалиғ хароб қилмасайди.”

Ҳиротлик мутасаввуфнинг элчи бўлиб келгани мирзо ёдига Алишербекни ва унинг мактуботини солди. Бундан бир неча муддат аввал тонгласи, шаҳар ҳам, лашкар ҳам ғафлат уйқусида ётганида андижонлик содиқ бир йигитини қошига чақириб, жавоб мактуботни унга топширгани, сўнг шахсий соқчиларидан олти нафарини ёнига чорлаб, бу йигитни билинтирмай шаҳардан чиқариб юборишни тайинлагани шундоқ кўз ўнгида турибди. Эгар остига усталик билан яширилган омонат оғирлигини сезмаган тулпор Сўзангарон дарвозасидан чиқиб, зулматга сингди. “Алишербек мактуботимни олдимикин?” – дея ўйлади мирзо. Аммо Самарқанд қамали бошланишидан бир неча вақт аввал Алишербек дунёдан тамом кўз юмганидан у бехабар эди.

Очлик азобига дош беролмаган шаҳарликларнинг айримлари кечалари пинҳона девор ошиб ташқаридаги чорбоғлардан у-бу олиб кела бошладилар. Аммо бундан огоҳ бўлган ўзбеклар деворошарларнинг анчасини ушлаб олиб, қулоқ-бурнини кесиб қўйиб юбордилар. Шундан кейин девор ошадиган мард топилмай қолди. Шу можаролар орасида куз осмонини тўлдирган қора булутлар ичидан ялт этиб чиққан хира нурдек, бир хабар етиб, Бобур мирзонинг дилидаги сўнган чироқ пилиги яна чўғлана бошлади. Эмишким, Андижондан Султон Аҳмад Танбал қўшин етаклаб, Пискентга етиб қолибдимиш, Эмишким , Султон Маҳмудхон ҳам Тошкентдан қўшин чиқарганмиш, Дизакка етиб келган эмиш…

Бу хабарни Шайбонийхон ҳам эшитди. Аммо хон парвойини бузмади. “Келишаверсин-чи… – деди у ёнида Ҳирот саройи ҳангомалари билан ўзини зериктирмай ўтирган Муҳаммад Солиҳга. – Бир қилич чопқилайлик, токи кўнгил ёзилсин”.

Бари бир Шайбонийхон аскарларига яшаш тарзини ўзгартирмаган ҳолда зимдан урушга тайёргарлик кўришни буюрди. Токи кўмакка шошиқич келаётганлар ўзларини назарга илишмаётганини пайқашсин, дилларига шубҳа ва қўрқув тушсин. Қўрққанга қўша кўринар, дейдилар. Қўрққан лашкар жангга ярамайди. Қолаверса, Султон Маҳмудхон қанақа саркарда эканини хон яхши биларди. Султон Маҳмудхон уруш кишиси эмаслигини Бобур мирзоям биларди. Биларди-ю, умид қилишдан ўзга чораси йўқ эди. Аммо унинг сўнгги умидиям баҳор қатқалоғидек осон синди. Ёрдамга келганлар Шайбонийхон қўшинига рўпара бўлдилару, уруш қилмай орқага қайтдилар. Шайбонийхон ўйлаган режаси иш берганидан қувонди. Бобур мирзо эса қора қисматидан нола чекди: “Ҳаҳ аҳволинғ шу эркан, мунча дағдаға ва тараддуд тортдингиз. Агар кўзингиз қўрқса, кўзингизни боғлаб юриб рўпара бўлалинг”.

Ёрдамга келган қўшин бошлиқларининг кўзига эмас, дилига қўрқув тушган эди. Дилни эса боғлаб бўлмас, шижоатга чорлаб бўлмас…

Шайбонийхон ҳадемай совуқ тушиши, боғларда мева тугаб, қўшини қийналиб қолишини англаб, шаҳарни қандай бўлмасин, қўлга киритиш чорасини излай бошлади. Энг аввало, Тошкент билан Андижон қўшинини қочирган қўрқувни қамалдагилар дилига солиш тадбирини қидирди. Шу мақсадда у аскарларига вақт ярим тундан ошгандан сўнг ҳар кеча шаҳар дарвозаларига яқин бориб ноғора чалиб, шовқин-сурон кўтаришни буюрди. Токи бу тўс-тўпалон ичкаридагиларни ухлатмасин, оромини ўғирласин. Шундан кейин ҳам ярим кеча бориб ноғора чалиб, сурон кўтариб, ғавғо қила бошладилар.

Қамалнинг тўртинчи ойи тугаб, бешинчи ойи бошланди. Шайбонийхон қўшинининг бир тўдаси Карманаю Бухорога, бир тўдаси Қарши билан Кеш тарафга йўл олди. Қамални давом эттириш учун катта ўлжа, кўп заҳира керак эди. Хон қошида жуда оз аскарлар қолганидан хабар топган шайхулислом одамлари Бобур мирзони ғанимга тўсатдан ҳужум қилиш имкониятини қўлдан чиқармасликка даъват қилдилар. Бундай қулай вазиятдан фойдаланмоқ заруратини Бобур мирзоям тушунарди. Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, минг кишига яқин одам қуролланиб, ташқарига чиқдилар.

Бироқ, очарчиликдан силласи қуриган минг кишининг ҳужуми бир боғлам қуруқ қамишнинг ёнганидек бўлди. Лов этди-ю, сўнди. Кўчманчилар уларга қаттиқ зарба бердилар. Султон Ҳамза билан Султон Баҳодир Маҳмуд, Темур Султон бошлиқ аскарлар отлари остида қамалдагиларнинг энг сўнгги илинжи яксон бўлди.

Шу кундан қамалдагиларнинг руҳи тушиб, шаҳардан қоча бошладилар. Улар тўп-тўп бўлиб, Шайбонийхон аскарларига бош эгиб, боришдан ўзга илинж топмадилар. Шундан кейин шайхулислом Абулмакоримнинг гапи билан шаҳардаги барча емиши қолмаган оилалар ҳам ташқарига чиқарилди.

Чиқтилар барчаси булжор била,
Йиғлошиб дидаи хунбор била.

Борчаси қўл тутушиб чиқтилар,
Жон берурга ёвушуб чиқтилар.

Борча зиндон аро ётқон кишидек,
Балки зор ўлгону қотқон кишидек.

Заъфарон бўлубон чеҳралари,
Қуруқ ўтдек бўлўбон сабзалари.

Йўл юрурча йўл аларга қувват,
Туз турурға йўқ аларға қувват.

…Чиқти бир ойча бу таври қурон,
Ким борисини босиб эрди сўрон.

Ўн минг эвлук киши чиқти бўлғой,
Шарғлар шояд алордин тўлғой.

Чун бу сўздин яна ўтти бир ой,
Бўлдилар борлиқ эл бори гадой.

Олти ой чекти бу қўрғон қабали,
Бўлмади ҳеч тарафдин ҳалали.

Ишлари етти анго ким дедилар,
Бошда деган нималарни едилар…

Олтинчи ой охирида кетма-кет уюштирилган ҳужумлар, айниқса шабихун қилишлар оқибатида яна бир зўр берилса, шаҳар дарвозалари очилиши, ичкаридагиларнинг жанг қилиш учун на мажоли, на қуввати қолгани ойдинлашди.

Ҳеч қаердан мадад келмаганидан, шунча қилган хатти-ҳаракатлари зое кетганидан дилларда норозилик туғилиб, бундай ғариб аҳволари сабаби ва сабабкорини қидириш бошланди. Шаҳар аҳолиси ва ҳатто айрим беклар орасида “Бобур мирзо шаҳарни ташлаб чиқиб кетса, бу ночорлик барҳам топгай”, — деган фикр оралади. Дилларни безовталаган бу гумон тилларга кўчди. Шивир-шивир Бобур мирзо қулоғига етгач, у олдида маъюс бош эгиб ўтирган шайхулислом Хожа Абулмакоримга қараб: “Нима қилай, энди бўйнимга қиличу-садоғимни илиб чиқайму?” – деди. Шайхулислом бошини баттароқ эгди. У нима дейишни билмасди.

Шайбонийхон шаҳарга яқинроқ – Ғори Ошиқонга келиб манзил қурди. Бобур мирзоям Ғори Ошиқон рўпарасидаги Малик Муҳаммад мирзо хонадонига келиб қўнди.

Кунлардан бир кун Феруза дарвозасини қўриқлаб турганлардан бири Бобур мирзони (уларнинг ораси бир неча қадам эди) Шайбонийхондан элчи келганидан огоҳ этди. Бобур мирзо хон элчисини Малик Муҳаммад мирзонинг уйида қабул қилди. Элчи Бобур мирзога: “Ҳазрати Имом аз-замон Халифатур раҳмаон Муҳаммад Шайбонийхон сулҳ сўзини ораға солдилар”, — деди. “Сулҳ” сўзини эшитиб, мирзонинг кўнгли ёришгандек бўлди. Амо дам ўтмай, сулҳ шартларини эшитгач, кўз ўнгини гўё зулмат тўсди. Ғазабдан қўллари титраб кетганини сезди. Бироқ, номус кучлилик қилиб, зўрға ўзини босди.

Шайбонийхон бир онадан туғилган эгачиси йигирма тўрт яшар Хонзодабегимни хотинликка сўраган эди. Сулҳнинг биринчи талаби шу эди. Иккинчи талабга кўра, Бобур мирзо шаҳарни тез тарк этмоғи лозим. Шайбонийхон: “Мирзонинг бошидан бир мўй тушмаслигига кафолат бераман”, — деб айтибди.

Муҳаммад Солиҳ Шайбонийхон Хонзодабегим номига нома юборганини, номада унга ошиқлигини изҳор этиб, агар никоҳига ўтса, иниси Бобурга зарар етказмаслигини айтганини ҳам маълум қилади.

Айлайин шарт сенинг бошинг учун,
Бўлма ғамнок қариндошинг учун.

Ҳеч ямонлик анго ёвутмоғоли,
Сени тулмуртуб ани тутмоғоли.

Ҳар қаён хотири истар борсун,
Борсун, ончаки юрурдан ҳорсун…

Элчи оғзидан сулҳ шартларини эшитиб, изтиробга тушган Бобур мирзо бундоқ қора қисмат пешонасига битилганидан онасига арзу-дод қилди. Қутлуғ Нигорхоним ёлғиз ўғлини қутқариш ўйида хоннинг талабини бажаришга уни кўндирди. Бечора онаизор йигирма яшар фарзандининг қоп-қора сочларини силар экан, ногоҳ бир дона оқарган соч толасини кўриб, ўкириб йиғлаб юборди. Ўғил ҳам овутаман деб қучар экан, волидасининг оқариб кетган сочларии ичида қорасини кўрмай ўз қисматини лаънатлади. Улар бир-бирини овутиб учинчи шўр-пешона – Хоназодабегимни ҳузурларига чорадилар.

Аллақачон сулҳ шартларидан хабар топган шаҳарнинг кабирлари ҳам Бобур мирзога хон қўйган талабларга кўниш зарурлигини айтиб ялиниб-ёлвордилар. Бир дарвишни топиб, унга ризолик сўзини Шайбонийхонга етказишни топширишди. Дарвиш хон қароргоҳига – Ғори Ошиқонга бориб, шаҳардагилар сўзини айтди. Хон, дарвишнинг кашкулини тиллага тўлдиринг, деб буюрди. Сўнг сўзида қатъий эканини тасдиқлаш учун қўлига муқаддас китобни олиб, Бобур мирзо ва у билан чиқажак кишиларга мутлақо зиён етказмасликка онт ичди. Ўша куниёқ оқшом яқинлашганда, Хонзодабегимни тахтиравонли аравада шаҳардан чиқардилар ва Шайбонийхон пайсалга солмай, уни никоҳига қабул қилди. Муҳаммад Солиҳ ёзганидек:

Ёр чун хон қошига ёвушти,
Қўйди Бобурни, анго ёпушти…

Бу қора кунлардан чорак асрдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин, улар шарҳини қоғозга туширган Бобур мирзо бу воқеани четлаб ўтиб, шундай ёзади: “Зарурат бўлди, сулҳгуна қилиб, кечадин икки пакр бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидан чиқилди. Волидаи хонимни олиб чиқтим. Яна икки хотун киши чиқти, бири Бечка халифа эди, яна бири Минглик Кўкалтош эди. Менинг эгачим Хонзодабегим ушбу чиққонда Шайбоқхоннинг илигига тушти”.

Ўз асарини ёзишда асосан шарқ қўлёзмаларига суянган, шу жумладан “Бобурнома” маълумотларидан унумли фойдаланган Герман Вамбери “Бухоро ва Мовароуннаҳр тарихи” асарида бўлиб ўтган воқеаларни Бобур мирзо асарида қайд этилгандек кўрсатади: “Шайбоний… Самарқандни қаттиқ қамал қилди. Тўрт ой чўзилган бу қамал Темур пойтахти тарихидаги энг оғир дамлардан эди. Қамал қилувчилар гўзал пойтахт атрофидаги бойлик ва неъматлардан ўзлари хоҳлаганча фойдаландилар. Аммо қамалдаги чиғатойлилар эса, озиқ-овқат етишмаслигидан мусулмонлар қошида фавқулодда ёмон саналган от ва эшак гўштлари, ҳатто ўсимлик илдизларини тановул қилишга мажбур бўлдилаор, отларига эса пайраҳа бердилар. Бунинг устига тартибсизлик ва итоатсизликлар қўшилди.

Ниҳоят, Бобур бўм-бўш қалъа ичида ўзининг ёлғиз қолганини кўриб, минг турли таҳлика ва қўрқувлар орасида, ҳечқурса ўз ҳаётини сақлаб қолиш қасдида, бир кечада Шайхзода дарвозасидан чиқиб, қалъани тарк этди. Катта опаси Хонзодабегим эса асир тушди. Шайбоний уни никоҳига олди”.

Бобур мирзо Самарқанддан қочиш тафсилотини баён қилар экан, асл воқеани очиқ ёзмайди, ёзишга юзи чидамайди. Кимдир буни ёлғон, ҳақиқатни яшириш деб айтар, лекин ёлғон билан номуснинг фарқлай оладиганлар Бобур мирзонинг юқоридаги сатрларни битаётгандаги ҳолатини дил-дилдан англасалар керак, деб ўйлайман.

Мардлиги билан дунёга машҳур отаси номус қилиб айтолмаган ҳақиқатни унинг қизи Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да битади. “Отам ҳазратлари олти ой давомида Самарқандни олмоққа уриндилар, лекин мақсадларига ета олмадилар. Хуросондаги амакилари Султон Ҳусайн мирзо Бойқаро киби, Қошқардаги тоғалари Султон Маҳмудхон ҳам ёрдам юбормадилар, ҳеч жойдан мадад ва ёрдам келмагач, маъюс бўлдилар.

Ана шундай вақтда Шоҳибекхон (Шайбонийхон) “Агар ўз синглингиз Хонзодабегимни менга берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва иттифоқлик алоқалари ўрнатилади”, деб айтгизиб юборди. Охир Хонзодабегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишлари зарур бўлди”.

Ўрни келгани учун айтиш керак, “Ҳумоюннома”ни ўзбек тилига ўғирган мутаржим Хонзодабегимни Бобур мирзонинг синглиси деб хатога йўл қўяди. Бобур мирзонинг ўзи “Бобурнома”да шундай ёзган эди. “Бори қизларидин улуғ Хонзодабегим эди, менинг бирла бир туққон эрди, мендин беш ёш улуғ эди”.

Юқорида номи тилга олинган муаррих Мирза Муҳаммад Ҳайдар ҳам “Тарихи Рашидий”да Гулбаданбегимнинг Самарқанд воқеалари ҳақидаги сўзларини тасдиқлаб ёзади: “Унинг (Бобурнинг) қаршилик кўрсатишга ҳеч чораси қолмай, Шоҳибек билан сулҳ тузиб, ўз эгачиси Хонзодани унга берди”.

Шундай қилиб, Бобур мирзо Самарқандни ташлаб чиқади. “Икки юз киши пиёда, елкаларида чопон, оёқларида чориқ, қўлларида таёқ бўлгани ҳолда, беяроқ, худога таваккал қилиб, Бадахшон ва Кобилга қараб йўл олдилар”.

Мана шу воқеани кўз олдимга келтириб, бундан тўққиз йил бурун бир шеър ёзган эдим:

Отлар елар шиддатдан терлаб,
Янграр хатар тўла тақалар.

Ҳуркиб кўкка сапчир патирлаб,
Тун уйқуси – қора қарғалар.

Отлар елар, тилларанг хазон
Суворийлар узра сочилар.

Элас-элас янграйди азон –
Тоғлар узра осмон очилар.

Отлар елар, елар кўпириб,
Уйғотганча мудроқ йўлларни.

Гўё тўғон бандин ўпириб,
Тошқин қувиб келар уларни.

“Мирзо Бобур, қайга борурсан,
Бобонг тахтин, юртингни ташлаб?!

Қора тақдир сани қул каби
Қаёнларга кетмоқда бошлаб?!

Мирзо Бобур, бу қандай савдо,
Қора ҳижрат сари юз тутмоқ?!

Юрагингни этар-ку адо –
Тирик туриб Ватандан кетмоқ?!

Мирзо Бобур, ортга бир қара,
Ортга бир боқ, токи сен омон –

Ахир, кейин тушларингда ҳам
Бу тупроқни кўрмоғинг гумон!

От пишқириб тўхтар, чавандоз
Узангига тирар оёғин.

Ва бўғзига тўплар беовоз,
Вужудига тўлган инроғин.

Алам билан юраги урар,
Шивирлайди титроқ лаблари:

“Ҳамма ердан кўриниб турар
Самарқанднинг миноралари”.

Давоми бор

Xurshid Davron- Samarqand xayoli — 2 qism — Lotin alifbosida — Yuklab oling

XDK

(Tashriflar: umumiy 152, bugungi 1)

Izoh qoldiring