Жасурбек Эсановнинг шеърларини ўқиш жараёнида хаёлимдан шу гаплар ўтди: Шоирликнинг кори-бори – машаққат. Агар ёзишни танлайдиган бўлсанг, ҳамма қатори, одамдек киройи яшашни унутишга тўғри келади…
ШЕЪРГА ОШУФТАЛИКНИ ҚУТЛАЙМАН
Нодира АФОҚОВА — филология фанлари доктори,
“Тафаккур” журнали адабий муҳаррири
Бухоролик Жасурбек Эсановнинг шеърларини ўқиш жараёнида хаёлимдан шу гаплар ўтди: Шоирликнинг кори-бори – машаққат. Агар ёзишни танлайдиган бўлсанг, ҳамма қатори, одамдек киройи яшашни унутишга тўғри келади. Қандай тушунсанг тушун: ўз ҳаётингни эмас, шеър ҳаётини яшайсан. Рўзғору бозорни қўйиб, битта мисрани ойлаб ўйлаб юриш мумкин. Тўкис яшаш орзуга айланиши эҳтимол. Бип-бинойи одамларнинг кўзига тентак бўлиб кўринишинг, яқинларингни инжиқлик билан қийнаб қўйишинг ҳам бор гап. Шон-шуҳрат деганлариям ҳаммага келавермайди. ХХI аср бу – шуҳрат чўққиларига, сарват-у давлат саройига олиб борадиган йўллар кўп. Шуларни билиб туриб ШЕЪРни танлаган инсонни фақат қутлагинг келади! Юракдаги шеърга ошуфталикнинг ўзини қутлагинг келади!
Навқирон юртдошимнинг шеърларида одамга умид берадиган муҳим жиҳат бор: оламни образли кўриш!
Яна маъқул томони шуки, топган образлари кўпинча тақозодорлик-алоқадорлик деган қонуниятга мос экан. “Эркимни эркалар шамоллар тинмай”. Бу мисрада “эрк”нинг “шамол” билан ёнма-ён келишида мантиқ бор: эрк, ҳуррият тушунчаси шууримизга тайёр ҳолда, шамол тимсолида яшайди. Кимдир эркни денгизга таққосан олса, чиройли образга ўхшаб кўриниши мумкин. Лекин унда боя айтганимиз – тақозодорлик-алоқадорлик қонуни, ҳаёт мантиғи бузилади. Чунки денгиз қирғоқларга “бойлаб” қўйилган. Ҳар қанча тошса, пишқирса ҳам, ўша соҳилларининг маҳкуми у. Адабиёт мантиғи ҳамиша ҳаёт мантиғига бўйсуниши шарт. Қачондир келиб кўпларга ўта гўзал кўринган образу ташбеҳ Сизга таъсирсиз, қовушмаганроқ бўлиб туюлса, бунинг сабабини шу жойлардан ахтарсангиз ҳам бўлади.
Жасурбекнинг мана бу мисраларида ҳам адабиётга хос ўша мантиқ бор: “Паризода – тушимдаги гул, // Ушлолмайман, қўлларим боғлиқ”. Бу ерда тушнинг ғаройиб хусуси муҳаббат туйғусига инжалик билан пайвандланган. Яна: “Ҳилол шуъласига бўялган тундай, // Оппоқ сут мисоли – саҳар соғилган” – Жасурбек шундай сўзларни қидиряпти (“Қидирувдаги сўз” шеъри). Сигирлар фақат тонгда соғилмайди, лекин шоир оқлик маъносини кучайтириш учун матнга “саҳар”ни олиб киради. Хуллас, шеърда ҳаммаси шунақа қурч, зич, узилмас даражада бир-бирига алоқадор бўлса, дейсан.
Сиз эса Шеър бунча мулоҳаза қилиб ёзиладиган нарса эмас-ку, дерсиз. “Албатта!” дейман мен ҳам. Аммо ҳақиқий шоирда – қаламида истеъдод, савқи табиий ва кўп-кўп билимлар омухталашган асл ижодкорда ўша мантиқ онгу шуурда булоқдай отилишга тайёр туради, баҳор қуёшида эриб, тоғдан оқиб тушган жилғадай табиий шаклда воқеаланади. Онгу шуурда, тахайюл тубларида тайёр турган “хом ашё” ташқи олам турткиси қалбни уйғотганда, илоҳий илҳом онларида тошдан сирқираб чиққан сувдек ўзи йўл топиб сирқираб чиқади.
Жасурбекнинг қалбимга яқин туюлган мисраларига Сиз ҳам бир назар солинг, азиз ўқувчи:
* Ўшал зебо ёр кулгичида
Яралгандай жаннат мукаммал.
* Атайин маст бўлиб сенинг тўйингда,
Ичсам, ичаверсам, тугамаса май.
Буларда айрича бир самимият бор.
* Водариғ, мавжудман илоҳий ҳисдан.
* Бу тунни менга атай
Тангрим ато қилгандай!..
* Нуқтада жамланса мингта Қуёш ҳам,
Рухсоринг нурига тенглаша олмас.
Буларда алланечук самовийлик, махсус бир руҳ бор.
* Олд-ортга қарамай, шошилар чунон,
Симтордан кирларин олмоққа аёл.
Бунда оддий турмуш ҳодисасини шеърга айлантиришдай бир сеҳргарлик бор.
Жасурбек тарихчи экан.
Менга тил-адабиётга махсус ўқувларда таҳсил кўрмаганлардан яхши ижодкор чиқадигандек туюлаверади. Уларда “профессионализм” камроқдек. Улар кўпинча тепадан келганини ёзади, деб ўйлайвераман. Лермонтов, Толстой, Диккенс, Чехов, Лондон, Булгаков, Айтматов… Ўзимиздаям бундай “номахсус”лар бор. Шодмонқул Саломни олайлик, кимёчи, айни чоқда баланд шоир. Жасурбек ҳам адабиётнинг оғир юкини зиммасига олиб, юқоридагилар қаторини тўлдиришидан умидвормиз, албатта. У, эҳтимол, ёшлик туйғуларининг самовий кучи билан қалам тутгандир. Ва ёким қўлимиздаги шеърлар катта шоирнинг илк машқларидир. Биз буни билмаймиз. Башоратлардан сақланамиз. Лекин бир нарсани аниқ биламиз: шеърга ошно одам албатта яхши одам бўлади.
Жасурбек ЭСАНОВ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
Жасурбек Эсанов 1998-йил Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган. 2017–2021-йилларда Бухоро давлат университетининг архившунослик, 2021–2025-йилларда Навоий давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишини тамомлаган. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари иштирокчиси (2020).
ТУН
Хайёмнинг руҳи гувоҳ:
Сипқориб ишқ бодасин,
Тунлардан топдим паноҳ,
Олиб ҳилол далдасин.
Жимликдан борлиқ, ана,
Бошига ўрар салла.
Фаттон насимлар – она,
Япроққа айтар алла.
Чигирткалар, чалинг куй,
Махмур руҳим рақс тушсин.
Кўкда юлдузлар хушрўй
Бахтимни кўзлаб учсин.
Дил алағда ғулувдан,
Муҳаббат сочди чақин.
Қўйнимдаги сулувдан
Кўнглимдаги ёр яқин.
Маҳбубамни ўйлашга
Савқ айлайди оқшомлар.
Барҳам бериб ташвишга,
Туҳфа этар пайғомлар.
Ойнинг лабидан, бай-бай,
Булут бўса олгандай.
Бу тунни менга атай
Тангрим ато қилгандай!..
КУЗ ТАСВИРИ
1.
Дарахт тўлаб тупроққа қарзин,
Кўмиб ташлар минглаб зарига.
Бажармоқ-чун мўминлик фарзин,
Қушлар кетмиш ҳаж сафарига.
Уфқ ортидан илкис биз томон
Чопиб келар ул қорабайир.
Фалакларни қолдириб ҳайрон,
Шеър айтади чақмоқлар – шоир.
Соқийликдан сабоқ олган кўк,
Ерга аста шароб улашар.
Ва туну кун бахтни туйгандек,
Сархушликдан чайқалади шар.
Куз – юраги уйғоқ шоирнинг
Хомасидан томаётган қон.
Меҳнатини эъзозлаб Ернинг,
Кийдирилган унга зар чопон.
Куз – мункайган момом кўзида,
Сўнаётган умр шуъласи.
Куз – шалаббо замин юзида
Унаётган софлик боласи.
Кўкда сузар ул қора доғлар,
Ёғдиришиб садоларини.
“Бойидим”, деб бу кекса боғлар,
Қучиб ётар тиллоларини.
2.
Ёзни этган шум ғоратидан
Яшилликка келтириб қирон,
Фаслларнинг салтанатида
Куз аёвсиз бўлди ҳукмрон.
Барглар титрар қўрқувдан дир-дир…
Наҳот келмас кузакнинг раҳми?!
Кузги еллар ҳирсга бандидир,
Ўз ҳолига қўймас дарахтни.
Охири не бу мудҳиш чоғнинг?
(Мовий осмон хўрсинар оғир.)
Ор-номуси топталган боғнинг
Шерик бўлар дардига ёмғир.
Шамолларнинг гуноҳларидан,
Тортар бутун табиат маъюс.
Дарахтларнинг нигоҳларидан,
Тўкилади саноқсиз афсус.
ОТАМ ЕЛКАСИ
Отамнинг тоғ мисол елкаларидан,
Тушмасдим, толдириб, эҳ, ўша дамлар…
Ютқазсам-да, сира олмас эдим тан,
Нелигин билмасдим ҳасратлар, ғамлар…
Вақт ёвуз, кексалик қилар тантана,
Малҳам йўқ қалбимнинг тилкаларига.
Опичлаб осилгим келади яна,
Отамнинг бақувват елкаларига.
ҲОЛАТ
Устозим Суҳроб Ҳамроевга
Ҳаловатсиз бойлардан кўра,
Кетмон тутган деҳқон бахтиёр.
Номуси хор “ой”лардан кўра,
Иймони бут инсон бахтиёр.
Оқшомлари сомон йўлини,
Супуради нигоҳим ҳар гал –
Қуруқ қўймас мискин қўлини,
Чўзганида Ҳаққа таваккал.
Мен – муаттар ҳислар сарвари,
Сўз майидан сархушман, мастман.
Юрагимда шеърнинг ханжари –
Суғурсалар – фанога дўстман.
Шоир боқар ўнгу сўлига,
Эл дардини бегона демас.
Шунинг учун халқнинг дилига
Шоир сиғар, подшолар эмас.
Тириклик гоҳ – шоирга малол.
Йўқликка гоҳ жони хумордир.
Ёлғонлардан қадди мажнунтол,
Ростини-чи, топмоқ душвордир…
Яхшиям бор – кемамда елкан,
“Уйғон!” – илҳом тутгувчи булоқ.
Ҳаққа чорлар юрак бор улкан,
Тафаккурим илкида – қармоқ!
ОШИҚ ОҲИ
Кўкка боқсам, покланар кўз ҳам –
Дилим ишқдан таҳорат олиб.
Дунёдаги энг хунук қиз ҳам,
Кўринади париваш бўлиб.
Йўлим – ҳеч ким тўсолмайдиган,
Чумолининг изидай пишиқ.
Ҳовурини босолмайдиган,
Ичимда бир яшайди ошиқ.
Дурдай ноёб, тансиқ сўзимнинг,
Парвозини пойлаб турурлар.
Шамсдан олов ичган кўзимнинг,
Гулханида исинар ҳурлар.
Юрагимнинг далли жойидан,
Жаннатнафас шеър силқиб чиқар.
Ясалганман ишқнинг лойидан,
Шижоатим Фарҳодни йиқар.
Боққа муштоқ, ўч нигоҳларим,
Сархуш кезар нафислик овлаб.
Тонгдан зуҳур ҳайрат, воҳларим,
Тутиб олди кечани, қувлаб.
Оқшомларнинг забони-чи, лол,
Хайрихоҳдир хуморлигимга.
Самодаги бўлиққан ҳилол,
“Қўл кўтарар” бедорлигимга.
Макон қурар онгимда хулё,
Этилганман ўзимдан сургун.
Қай кулбанинг гадосиман, ё
Қай салтанат шоҳиман бугун?
Қадам боссам, шўрлаган тупроқ,
Серҳосил гил – қумга айланар.
Гоҳ тунлари момақалдироқ,
Баётим-ла баҳсга шайланар.
Нафасимдан дув-дув томар чўғ,
Ўт олдириб юборар тошни.
Ёнишимни кузатиб борлиқ,
Жуфтмикан, деб ўйлар Қуёшни.
Ўлар бўлсам Бақо соғинчдан,
Жоним айтар фанога қуллуқ.
Кирсам, лаҳад яшнар севинчдан,
Дўнар ҳатто фирдавсга тамуғ.
Парвоз этар меърожда руҳим,
(Кийсин ҳавас жомасин муртад.)
О, ўзингга мени, Оллоҳим,
Мафтун айла абадул-абад!
ДАРДИ ҲОЛ
Қўлингни қўлимга боғласанг маҳкам,
Кўнглимда андуҳлар кенглаша олмас.
Нуқтада жамланса мингта Қуёш ҳам,
Рухсоринг нурига тенглаша олмас.
Ҳусну латофатинг кўркам, бежирим,
Кўзларим таҳайюр васлига нойил.
Золим кулгиларинг ошёнида жим,
Чалғисини чархлаб турар Азроил.
Сочингдан таралар фирдавс ифори,
Сармаст бўлар шамол ўтса сийпалаб.
Бардош тўнин кийгум, ҳажринг озори,
Баъзан ташласа ҳам қалбим пийпалаб.
Ишқ чашмаси оқар замри дилингда,
Ҳавас мусалласин ичар парилар.
Сўзинг – жаҳонафзо, тотли тилингда
Уя қурганми ё асаларилар?
Ғамзанг юрагимга бўлолмайди ғов,
Яшайман муҳаббат жунунларидай.
Зимдан боқишларинг жонга беаёв –
Гўё Ҳаммурапи қонунларидай!
***
Кел, дўстгинам, елкамга суян,
Эзмасидан дунёнинг ғами.
Минг азобни кўтарган елкам
Сени суяб туролмайдими?
Бу аёвсиз андуҳларга гоҳ
Ҳаёт бизни айласа нишон,
Сенга отса дардларин ногоҳ,
Юрагимни тутаман, ишон.
Нега бунча найрангбоз очун?
Бу қалбаки ишлари сароб.
Ташвишларин унутмоқ учун
Симирайлик гоҳида шароб…
Кўнглимиз бир, феълимиз ўхшаш,
Изимиз ҳам айри из эмас.
Бизларга хос дарвешдек яшаш,
Биз ҳаммамас, ҳамма биз эмас.
Порлаб турса қуёшдек тилак,
Ойдин йўлим, ойдиндир йўлинг.
Қуласа ҳам заминга фалак,
Тушмасин ҳеч елкамдан қўлинг.
Кел, дўстгинам, елкамга суян…
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Ямоғин ямадим йигирма тўртнинг,
Гоҳ сергак, гоҳида савдойимонанд.
Ёнига йўламай виждони мўртнинг,
Яшадим ғурурим уйида хурсанд.
Ғофиллар сафида бўлмадим пайдо,
Тотмадим миннатли тузу нонидан.
Ким юртим шаънини топтаса аммо,
Бўғмоққа тайёрман гирибонидан!
Азалдан жўмардлик – феълимга хоқон,
Жайдари руҳимга чанг солмас алам.
Йўлларда учратса мени, ногаҳон,
Қўллари қалтирар Азроилнинг ҳам.
Орини сотганни суймайди жиним,
Ўзини топган ҳар инсонга дўстман.
Кимларнинг кўнглида топганман қўним,
Кимларнинг тонига тушмаган сасман.
Айбим шу – ҳақ сўзни айтаман дангал,
Мен – ўзин Оллоҳга асраётган кас.
Яшайман эшигим қоққунча ажал,
Азоблар устидан кулиб қасдма-қасд.
2022
ТАШРИФ
Гуллар сочар этак-этаклаб –
Барокати бисёр баҳорнинг.
Сулув келар тонгни етаклаб,
Қадамига ҳасанот ёрнинг.
Кулгичида уйғонар офтоб,
Нурга яксон бўлгандек зулмат.
Поклаганча кўнглини шу топ,
Шудрингларга сочар муҳаббат.
Қароғида ин қурган оташ
Заррасига нишондир юрак.
Ҳавас ила, боғлаганча шашт,
Орқасидан қувар капалак.
Кокиллари шамол тилида,
Жиловланиб шеър ўқир – узун.
Пари шундай нозик ҳолида,
Не алпларни айлагай мафтун…
Шаршарадай тўлғонар сочи,
Юрагимда муҳаббат ўсар.
Киприклари – Али қиличи–
Тушларимни аёвсиз кесар.
Бахт рубобин чалар дилимда,
Қалбга ёдин битгандир Худо.
Изламанг ҳеч, етти иқлимда
Топилмайди бундай ҳурлиқо.
Қадамига ҳасанот ёрнинг!..
ХАВОТИР
Зарур пайт бўлмас топиб,
Бемаҳал дарак чиқар.
Фақирнинг лаҳм гўшт, деб,
Олгани суяк чиқар.
Баъзилар сени алқаб,
Ўзгага тиргак чиқар.
Ниқоблар қўнган, сохта
Юзлар кўпайса, э воҳ!
Лутф гўзал, амал чиркин,
Фатво қилар “эшон”лар.
Жойнамозда виждонин,
Савдо қилар “эшон”лар.
Юзингга раҳмат айтиб,
Оёғингни нишонлар.
Дўзахга элтгувчи йўл,
Излар кўпайса, э воҳ!
Дилга қўндириб кибр,
Фоний ўйга чўмарлар.
Ғариблар чекса жабр,
Жимгина кўз юмарлар.
Ёлғондан қазиб қабр,
Ҳақиқатни кўмарлар.
Қалб луғатида иғво
Сўзлар кўпайса, э воҳ!
Мум солишар лунжингга,
Дор тайёр – кўтарсанг “бош”.
Кўз тикарлар ганжингга,
Бўлиб ҳар дам “кўзу қош”.
Кириб олиб пинжингга,
Асроринг этишар фош.
Тиллодай товлангувчи
Мислар кўпайса, э воҳ!
Бошлардан рўмолни ҳам,
Сургун қилар залолат.
Юрагингга тутиб ғам,
Тугун қилар залолат.
Ҳаёси – топган барҳам –
Қиёматдан далолат.
Номусин кафанлаган,
Қизлар кўпайса, э воҳ!
Кўрмагандек, гоҳ инсон
Қўлдаги матоҳини,
Англамайди ногаҳон,
Йўлдаги гуноҳини.
Камбағал қолиб гирён,
Тинглашар бой оҳини.
Сўзи илиқ, юраги
Музлар кўпайса, э воҳ!
Яхшиям яхшилар бор,
Илҳомим униб борар.
Амалидан дил қонар,
Кўрганга кўниб борар.
Ким яхшини ёмон дер,
Юрагим йўниб борар…
Наҳотки, нодонларга
Тизлар кўпайса, э воҳ!..
ТАСВИР
Замин узра кеча ва кундуз
Қувлашмачоқ ўйнар бетиним.
Ҳайрат ила кўзим терар сўз,
Термулганча табиатга жим.
Куз йўлида учраса қашшоқ,
Тиллоларин этгайдир инъом.
Най чалади қамишлар – машшоқ,
Балиқлари айлайди хиром.
Золим шамол қўлида секин,
Жон беради шўрлик япроқлар.
Ҳалим осмон сақламайди кин,
Ёмғир бериб ерни ардоқлар.
Парвоз айлаб бургутлар баланд,
Чўққиларни кўзлайди дарҳол.
Сойни кўзгу этиб хаёлан,
Тунда сочин тарайди ҳилол.
Ёришади юзи тоғ-тошнинг,
Вақт зулматдан кечганида воз.
Ибодатга чорлар Қуёшни,
Ҳар эрталаб муаззин хўроз.
КЕМТИК
Нафсга қарши эмланмадик,
Ҳижронларда ғамланмадик.
Бўлинганмиз зарраларга,
Ишқ уйида жамланмадик.
Бир сўздирмиз, тингланмадик,
Бир ҳикматмиз, англанмадик.
Тўрамайди биздан севги,
Муҳаббатга чангланмадик.
Муҳаббатга чангланмадик…
ЁМҒИР
Ёмғирларда йиғламоқ гўзал,
Унда биров кўрмайди ёшинг.
Дардларингга у гувоҳ азал,
Ундан бўлак йўқдир сирдошинг.
Ёмғирларда куйламоқ гўзал,
Шитирлари жўр бўлар куйга.
Эркни туяр қалбинг ҳар маҳал,
Гўё сармаст бўлгандек майга.
Ёмғирларда қувонмоқ гўзал,
Телбалардек чиқариб тилинг.
Булутлардан тингласанг ғазал,
Чақмоқларга ҳамоҳанг дилинг.
Ёмғирларда саёҳат гўзал,
Соябонинг остида ёр-ла.
Боғларни кез, кўнгилда ял-ял
Туйғуларни сайрга чорлаб.
Ёмғирларда севмоқ гўзалки,
(Кўкнинг ерга ишқий каломи.)
Ёғаётган ёмғирлар балки,
Муҳаббатнинг иккинчи номи.
ОНАЖОН
Онажон, бошингда оқарар фурсат,
Вақт тиғи умрни соғ қўймас бир зум.
Кексалик битдими манглайингга хат?
О, уни ўқишга дош бермас кўзим.
Саботинг янчилмас қайғу тиғида,
Сабрингга харсанглар йўллар тасанно.
Бечора қўлларинг қавариғида
Бахтимни бутлаган заҳматларинг жо.
Елкамга рафиқдир сафар хуржуни,
Бир жойда муаллақ турмоқ менга ёт…
Ёлғизлик домига тортиб ҳар куни,
Қалбингни хавотир айлагайдир мот…
ҲУРЛИҚО
Шаббодалар ўйнар сочида,
Нигоҳларим – ҳуснига қамал.
Ўшал зебо ёр кулгичида
Яралгандай жаннат мукаммал.
Кокилида товланар ҳаёт,
Қадамидан тўкилар оҳанг.
Армонимдек қашшоқ самовот
Кўзларидан харид қилар ранг.
Ибтидоси иқболга доир,
Интиҳоси нафис эртагим.
Сўзларидан тўқибон чодир,
Тунаб қолар унда юрагим.
Хаёлимга ёди қадрдон,
Кипригида жон олмоқ – касби.
Тинчим йўқдир, билмайман қачон,
Юрагимни тўлдирар васли?!
Бўлмаяпти эплаб юракни –
Кўнгилга ишқ мангу паноҳдир.
Дудоқлари дилбар малакни
Севмасликнинг ўзи гуноҳдир!
МАКТУБ
Исмингни такрорлаб чиқди саводим,
Қомадинг кўзларим танир олисдан.
Хотиранг меҳмонга чорлайди ёдим,
Водариғ, мавжудман илоҳий ҳисдан.
Сочларинг Жайҳундир, ҳайратим – ғаввос,
Дудоғинг – беҳиштнинг ноёб меваси.
Висолинг – ҳув, учқур кийикларга хос,
Кокилинг – шамоллар Мона Лизаси.
Бахтга буркаганча оламларимни,
Тасалли берарми дардимга ашкинг?
Изларинг танийди қадамларимни,
Оҳ! Нечун танимас кўнглимни ишқинг?!
ГУНОҲ
Рўзадорман, ишққа рўзадор,
Кўзларингни ёдламоқ – гуноҳ.
Хаёлимда – тунлари бедор –
Сунбулларинг ҳидламоқ – гуноҳ.
Нафис қалбинг ғамзаларига
Кишанланган сайёҳ ҳушларим.
Киприкларинг найзаларига
Нишон бўлган шаффоф тушларим.
Сипқораман сукунат майин,
Қароғимга ўгай –эҳтирос.
Ташналигим ошар кун сайин,
Гуллашга шай кўзларим қийғос.
Шамолники ҳозирча сочинг,
Ҳуснинг – кўзгу қарамоғида.
Ой измида – шаддод кулгичинг,
Димоғларинг – гул ардоғида…
ЖАЛЛОД ҚОР
Чорасиз осмонлар булутга тутқун,
Заминни мўлжалга олиб ёғар қор.
Фасллар тахтини эгалламоқ-чун
Жанг қилар тинимсиз қиш ила баҳор.
Сотиб қўйиб қишга баҳор сирларин,
Ўриклар гуллади боғда бемаҳал.
Изғиринда хоин ўрикгулларнинг
Жаллод қор умрини чопар галма-гал.
Урушда қаҳратон қиш чиқди ғолиб,
Оқ байроқ ушлади баҳор қўлига.
Булутлар бағридан оҳиста келиб,
Қорлар кафан бўлди ўрик гулига.
ТОМЧИ
Томчи ирмоққа айланди.
Ирмоқдан сойга,
Сойдан дарёга,
Дарёдан денгизга,
Денгиздан уммонга…
Сўнг чексиз, улканман, деб
Ўйлар ўзини –
Бир вақтлар томчи бўлганин
Унутган уммон.
СКРИПКАЧИ ҚИЗ
Скрипка чалади бир қиз,
Рақс тушгандек майин қўллари.
Буткул ўзин ҳис қилиб ёлғиз,
Яратганни суйиб диллари…
Скрипка чалади бир қиз,
Юрагимни чалгани каби.
Дилни титроқ қамрайди илкис,
Титрар ҳисга тутқун лабларим.
Скрипка чалади бир қиз,
Гоҳ парчалаб армоннинг кўксин.
Лаҳза сайин ҳайрат шимар кўз,
Хаёлларим ёғдирар таҳсин.
Скрипка чалади бир қиз,
Жаннат билан қоришгай дўзах.
Еру осмон, табиат ҳануз
Соҳир куйдан саргашта, карахт.
Скрипка чалади бир қиз,
Тинглаб ётгум, жимгина гунгдай.
Туюлади дунёнинг ожиз
Ҳолатини англаётгандай.
Скрипка чалади бир қиз…
УРБАНИЗАЦИЯ
Жамил табиатни айлашиб хароб,
Дарахтлар нафасин бўғиб қўйдилар.
Табиий манзаранинг умри бўлгач соб,
Бинолар бўшлиқда томир ёйдилар.
Кесик дарахтларнинг тахир ёшидан,
Тупроқ шўрлаётир кун ўтган сари.
Сира тарк этолмас қушлар тушидан,
Баҳорда бетакрор гуллаганлари.
Дарахт қарғишига қолган одамлар,
Пайқамас гуноҳга ботишларини.
Минбаъд билмасларки, охирги дамлар,
Асога суяниб ўтишларини.
НАДОМАТ
Сен мени кечиргин, қалбинг тахтини
Эгаллаган нафрат топсин интиҳо.
Чекимизга тушган ҳижрон дардини
Зиғирча қолдирмай ямласин юҳо.
Сен мени кечиргин, Яратган қадар,
Кафорат ёғилсин гуноҳларимга.
Шодлик болтасида чопилсин кадар,
Алвидолар айтай ғам-оҳларимга.
Сен мени кечиргин, барча хатойим
Хазондек тўпла-ю, ўт қўйиб юбор.
Кечиргувчи қулин суяр Худойим,
Унга асраб қўйган туҳфаси бисёр.
Сен мени кечиргин, оқла айбимни,
Садоқат илкидан тутганим ҳаққи.
Қайноқ меҳринг билан сийла қалбимни,
Тунлари заққумлар ютганим ҳаққи.
Сен мени кечиргин, кечиргин абад…
ТИЛАНЧИ
Қисматимга йўллаб синовларин Раб,
Тиланчига айлар рўбарў илкис.
Мен-чи, ўтавердим беписанд қараб,
(Гуноҳим ювмоққа ғассол ҳам ожиз.)
Тиланчилик қилса фақир, ногирон,
Аҳволига кулдим, жиркандим ногоҳ.
“Бахтингдан очай”, деб фолбин келган он
Уч-тўрт сўм ақчамни бағишладим гоҳ.
Шайтонга эргашсам, савобдан қочиб,
Тангрим сўроғига қандай чидайман?!
Аслида, ўзим ҳам қўлларин очиб,
Ҳеч вақо олмаган тиланчидайман.
ИШҚ ТАСВИРИ
Қароқларинг енгилар унсиз,
Нигоҳимиз тўқнашувида.
Юрагимиз покланар – нафис
Ишқимизнинг зам-зам сувида.
Жон тасаддуқ сунбулларингга,
Руҳиятим телбавор, саркаш.
Маҳин-маҳин кокилларингга
Икки кўзим бойланар, маҳваш.
Лабингга лаб қўйсам, ўлимнинг
Туйгандайман завқини, ҳайҳот!
Киприкларинг – қилич, дилимни
Янчар қиё боққанинг заҳот.
Оламга зеб – беғуборлигинг,
Сен – мафтункор учаётган қуш.
Ҳаёт майин сунса борлигинг,
Ажал менга ўқталолмас мушт.
ТУШДА
Тун. Қабристон. Ҳукмрон – зулмат,
Алағда руҳ кўринар элас:
Тиригида топмаган ҳурмат,
Ўлигида эъзозланган кас.
У кимларга етгазган зиён
Ва ё кимга этган мурувват?
Савоблари қайда, ноаён,
Гуноҳига йўқми кафорат?
Балки унинг, бу зиқна очун,
Бахтин қийиб, қилган масхара.
Адолат, деб куйгани учун
Ўтмишини босгандир яра.
Балки ҳали тўймай тақдирга,
Эрта олган қаърига тупроқ.
Қарашлари ўхшар шоирга –
Севинчидан қайғуси кўпроқ.
Қўрқув қамраб олар кўзимни,
Мудҳиш тусга кирар жавониб.
Ўшал руҳда кўриб ўзимни,
Шу заҳоти кетдим уйғониб.
ҲАЙРАТ
Севинч Жўрақуловага
Шеър айтарсан мардона, дадил,
Шеър айтарсан ёғилиб нурдай.
Сени тинглаб ҳалимгина дил,
Ҳис айлайди ўзни жасурдай.
Шеър айтарсан, томирларимга
Кийик мисол югурар титроқ.
Қалб бўйсунмас амрларимга,
Сўзларингга тутқун бўлибоқ.
Шеър айтарсан, сенда Нодира,
Увайсийлар тирикдай ҳамон.
Нолаларинг ўктам, бокира –
Вужудимда таҳайюр меҳмон.
Шеър айтарсан, денгиз тўлқини
Кўкайингдан келгандай тошиб.
Ҳисларимнинг порлар ёлқини,
Таҳайюлим қолгайдир шошиб.
Шеър айтарсан чақмоқдай чақиб,
Тоғ-тошларни этгудек талқон…
Кўнглимни сўз ўтида ёқиб,
Қийна, ғафлат бўлмасин қалқон.
Шеър айтарсан, журъат сўндирмай,
Адолатнинг бўлиб жангчиси.
Савалайсан сукутни тинмай,
Юрагингда – исён қамчиси.
Шеър айтарсан, о, остин-устун
Қилиб бўлдинг руҳни шу нафас.
Мудроқ дунни уйғотмоқ учун
Исрофилнинг сури шарт эмас.
Шеър айтарсан, қалбим жилови
Оҳангларинг қўлида, зотан.
Топиб олдинг унинг қаловин,
Шеър-ла ёндир мени тамоман.
ИНЪОМ
Тангрининг энг гўзал яратиғисан,
Оразинг олдида хижолат – кўклам.
Қалбимга санчилган ҳайрат тиғисан,
Истамам суғириб олмоқни, эркам.
Бу дунё беҳиштдир – қўйсанг жилмайиб,
Ёмғирлар васлига етишгай чўллар.
Қадаминг зарбидан бўлса ҳам майиб,
Завқланар ҳаттоки сен юрган йўллар.
Нигоҳинг кўзларга ҳуснингни тўшар,
Жамики хислатинг – дилингга безак.
Хушбўй зулфларингни қучмоққа шошар,
Ҳаваси қўзғалиб далли елвизак.
Кун қочгач мағрибга, ҳайиқиб вақтдан,
Кўкка чиқар ҳилол дарагинг йўқлаб.
О, сендай сулувни чексиз зулматдан
Тунлар Ой, юлдузлар ётар қўриқлаб.
Ёдинг– хаёлимнинг ҳалинчагида…
Ишқимга айласанг юрагинг пойтахт,
Беғубор муҳаббат беланчагида
Гўдакдай кўнглингда йўргаклайди бахт.
Тангрининг энг гўзал яратиғисан!..
АЙРИЛИҚ
Юрагимни айлади шудгор,
Айрилиқнинг ўткир омочи.
Унда соғинч ниш уриб, нигор,
Унда ёзар армон қулочин.
Қалб қулайди видо жарига,
Оҳ, соямдан соянг йироқлар.
Сўнгги бора кўзлар қаърига
Имзо чекиб ўтди нигоҳлар.
Бахтимизга тўғоноқ бўлиб,
Ким ирғитди муҳаббатга тош?
Ё шум қисмат келдими ғолиб,
Синовига биз беролмай дош?
Ботинимда маъюслик ҳосил,
Дилим – бева қолган келинчак.
Энди ҳасрат ёши муттасил
Кипригимда учар ҳалинчак.
Қолдимикин тушларда висол?
Ўч оламан йиғлаб ўзимдан.
Асаблари таранг ит мисол
Чорасизлик қувар изимдан.
Сенсизликка кўникмоқ – нажот,
Сен бор кунлар – ёдимга эҳсон.
Мусаффо ишқ жангида наҳот,
Мағлуб бўлдик иккимиз осон?
СЎЗГА МУҲТОЖЛИК
1
Нозик исён саросимада,
Отилолмай зўриқар вулқон.
Кўнглим кадар номли кемада
Сузиб борар мавҳумлик томон.
Сукут қўлга тутдими ялов?
Дилим ланжлаб қўйдими дунё?
Пасайдими иштиёқ – олов?
Ўрнин кулга бўшатдими ё?
Алла тинглаб мудрайди чақмоқ,
Ёш кўролмай улғаяр кўзлар.
Тахайюлим наҳрига қармоқ
Ташлаганман, илинмас сўзлар.
Банди этар эркимни турмуш,
Соб бўлдими қалбдан нур ариб?
Руҳиятим ўрмонида хуш
Шеър овлолмай ўйларим ғариб.
Силолмайин эҳтирос сочин,
Кўнгил куяр афсус тафтида.
Ёмғир бўлиб, дардларим нечун
Тўкилмайди қоғоз кафтига?
Тушовланган – туйғулар тили,
Ғайб юракка туширгандек мушт.
Қовжираган ҳайратим гули,
Қалбда қазо топган янглиғ шашт.
Шамдай эрир қалбимда ҳавас,
Муза чорлаб яшайман ғамнок.
Ё Раб, қутқар, этмасидан нафс
Ичимдаги шоирни ҳалок.
2
Қароғимда ўт оралаган,
Кунларимни излай қаердан?
Тушларимда шеър қоралаган,
Тунларимни излай қаердан?
Қай лаҳзада сўнди юлдузлар?
Қай оқшомда Ой бўлди ғойиб?
Балки қалбда муҳаббат кузлар,
Ҳисларга ўқ уздим улғайиб.
Шижоатим топдими завол,
Дил истаги бўлмай мустажоб?
Коинотга саноқсиз савол
Йўллаганман, келмас бир жавоб.
Шеър истайман, замин юзида
Мағрур турган мисли Кўҳи Қоф.
Шеър истайман, гўдак кўзида
Ўйноқлаган табассумдай соф.
Ҳушёрликнинг чўнг зиндонида,
Бир бандиман, ҳур этмас мастлик.
О, найлайин, сўз майдонида
Ишғол қилар юракни сустлик.
Ҳақ-ла мени боғлаган, ҳайҳот,
Илоҳий ишқ ипи узиқми?!
Чалинишдан дарак йўқ наҳот,
Исрофилнинг сури бузиқми?
ОҒРИҚ
Шоирга
Ўтказасан кунни, водариғ,
Золим соат “чиқ-чиқ”ин санаб.
Оғриқларни енгар ҳайқириқ,
Бақир, бўғзинг кетгунча қонаб.
Томирларинг зирқираган он,
Кўзларингда андуҳ най чалар.
Тумтарақай қочар тўрт томон,
Қарашингдан ҳуркиб “лайчалар”.
Обидийданг тўкиб бўшатган
Аламларинг топмаса барҳам,
Муршидидан танбеҳ эшитган
Муридлардек яшайсан мулзам.
Вужудингни қилгунча адо,
Дард эзғилаб айлайди мазах.
Азобларинг қудратига, о,
Ип эшолмай ҳалакдир дўзах.
Чеккинг келар юз бурса ёринг,
Чеккинг келар ноҳақлик кўрсанг.
Базм қилар дилда озоринг,
Буғдой экиб, гар арпа ўрсанг.
Сочин сила саботнинг доим,
Қалбда қуриб сабрдан ҳайкал.
Нолимагин, сени Худойим
Оғриқ бериб, топтирар сайқал.
МУҲАББАТ
Кулгичинг қаърида жон сақлар ажал,
Қўрқаман лабларинг табассумидан.
Оташин нигоҳим чўмилар ҳар гал,
Чиқмасдан муаттар сочинг гумидан.
Дунёни унут, қўл силтаб барига,
Не дардинг бўлса, кел, дилимга кўчир.
Чанқаган хотирам зарраларига
Далли ёшлигимиз ёдини ичир.
Юлдузлар севгимиз олқишлаётир,
Тим қора қошингдан тўралган оқшом.
Бахтлардан кўнгилда қурайлик чодир,
Унда ишқ яшасин топиб эҳтиром.
Сен борки, роҳатга айланар қийноқ,
О, меҳринг тафтидан юрагим қизир.
Бизни ром этгувчи Қуёшдай қайноқ
Лаҳзалар қўлида жон берсак арзир.
Хаёлан жаннатда кездим телбаҳол,
Фараҳбахш нафасинг туйиб ҳар сафар.
Нур ила қалбимиз этганча ишғол,
Муҳаббат абадий қозонсин зафар.
АРОСАТ
Сочига гулчамбар кийдирай, десам,
Ёзига беркиниб олди париваш.
Ҳуснидан қароғим тўйдирай, десам,
Нозига беркиниб олди париваш.
Шамоллар саргашта нафасларидан,
Пойидан ўпган қум қилар тантана.
Чиқмасдан аразин қафасларидан,
Бир ширин сўзимга сочар минг таъна.
Самога термилса, шикастланар Ой,
Кипригин учлари санчилиб ногоҳ.
Тушларин зиёрат этар, ҳойнаҳой,
Васлидан умидвор ошиқлари гоҳ.
Йўлларин тўсмоққа чоғлансам агар,
Қочмоққа қадами йўл топар ўзга.
Ғамзасин илкидан тутганча бадар,
Кетмоқда ҳеч қулоқ илмасдан сўзга.
Мен эса аросат қўйнида ҳалак…
Jasurbek Esanovning she’rlarini o‘qish jarayonida xayolimdan shu gaplar o‘tdi: Shoirlikning kori-bori – mashaqqat. Agar yozishni tanlaydigan bo‘lsang, hamma qatori, odamdek kiroyi yashashni unutishga to‘g‘ri keladi…
SHЕ’RGA OSHUFTALIKNI QUTLAYMAN
Nodira AFOQOVA — filologiya fanlari doktori,
“Tafakkur” jurnali adabiy muharriri
Buxorolik Jasurbek Esanovning she’rlarini o‘qish jarayonida xayolimdan shu gaplar o‘tdi: Shoirlikning kori-bori – mashaqqat. Agar yozishni tanlaydigan bo‘lsang, hamma qatori, odamdek kiroyi yashashni unutishga to‘g‘ri keladi. Qanday tushunsang tushun: o‘z hayotingni emas, she’r hayotini yashaysan. Ro‘zg‘oru bozorni qo‘yib, bitta misrani oylab o‘ylab yurish mumkin. To‘kis yashash orzuga aylanishi ehtimol. Bip-binoyi odamlarning ko‘ziga tentak bo‘lib ko‘rinishing, yaqinlaringni injiqlik bilan qiynab qo‘yishing ham bor gap. Shon-shuhrat deganlariyam hammaga kelavermaydi. XXI asr bu – shuhrat cho‘qqilariga, sarvat-u davlat saroyiga olib boradigan yo‘llar ko‘p. Shularni bilib turib ShЕ’Rni tanlagan insonni faqat qutlaging keladi! Yurakdagi she’rga oshuftalikning o‘zini qutlaging keladi!
Navqiron yurtdoshimning she’rlarida odamga umid beradigan muhim jihat bor: olamni obrazli ko‘rish!
Yana ma’qul tomoni shuki, topgan obrazlari ko‘pincha taqozodorlik-aloqadorlik degan qonuniyatga mos ekan. “Erkimni erkalar shamollar tinmay”. Bu misrada “erk”ning “shamol” bilan yonma-yon kelishida mantiq bor: erk, hurriyat tushunchasi shuurimizga tayyor holda, shamol timsolida yashaydi. Kimdir erkni dengizga taqqosan olsa, chiroyli obrazga o‘xshab ko‘rinishi mumkin. Lekin unda boya aytganimiz – taqozodorlik-aloqadorlik qonuni, hayot mantig‘i buziladi. Chunki dengiz qirg‘oqlarga “boylab” qo‘yilgan. Har qancha toshsa, pishqirsa ham, o‘sha sohillarining mahkumi u. Adabiyot mantig‘i hamisha hayot mantig‘iga bo‘ysunishi shart. Qachondir kelib ko‘plarga o‘ta go‘zal ko‘ringan obrazu tashbeh Sizga ta’sirsiz, qovushmaganroq bo‘lib tuyulsa, buning sababini shu joylardan axtarsangiz ham bo‘ladi.
Jasurbekning mana bu misralarida ham adabiyotga xos o‘sha mantiq bor: “Parizoda – tushimdagi gul, // Ushlolmayman, qo‘llarim bog‘liq”. Bu yerda tushning g‘aroyib xususi muhabbat tuyg‘usiga injalik bilan payvandlangan. Yana: “Hilol shu’lasiga bo‘yalgan tunday, // Oppoq sut misoli – sahar sog‘ilgan” – Jasurbek shunday so‘zlarni qidiryapti (“Qidiruvdagi so‘z” she’ri). Sigirlar faqat tongda sog‘ilmaydi, lekin shoir oqlik ma’nosini kuchaytirish uchun matnga “sahar”ni olib kiradi. Xullas, she’rda hammasi shunaqa qurch, zich, uzilmas darajada bir-biriga aloqador bo‘lsa, deysan.
Siz esa She’r buncha mulohaza qilib yoziladigan narsa emas-ku, dersiz. “Albatta!” deyman men ham. Ammo haqiqiy shoirda – qalamida iste’dod, savqi tabiiy va ko‘p-ko‘p bilimlar omuxtalashgan asl ijodkorda o‘sha mantiq ongu shuurda buloqday otilishga tayyor turadi, bahor quyoshida erib, tog‘dan oqib tushgan jilg‘aday tabiiy shaklda voqealanadi. Ongu shuurda, taxayyul tublarida tayyor turgan “xom ashyo” tashqi olam turtkisi qalbni uyg‘otganda, ilohiy ilhom onlarida toshdan sirqirab chiqqan suvdek o‘zi yo‘l topib sirqirab chiqadi.
Jasurbekning qalbimga yaqin tuyulgan misralariga Siz ham bir nazar soling, aziz o‘quvchi:
* O‘shal zebo yor kulgichida
Yaralganday jannat mukammal.
* Atayin mast bo‘lib sening to‘yingda,
Ichsam, ichaversam, tugamasa may.
Bularda ayricha bir samimiyat bor.
* Vodarig‘, mavjudman ilohiy hisdan.
* Bu tunni menga atay
Tangrim ato qilganday!..
* Nuqtada jamlansa mingta Quyosh ham,
Ruxsoring nuriga tenglasha olmas.
Bularda allanechuk samoviylik, maxsus bir ruh bor.
* Old-ortga qaramay, shoshilar chunon,
Simtordan kirlarin olmoqqa ayol.
Bunda oddiy turmush hodisasini she’rga aylantirishday bir sehrgarlik bor.
Jasurbek tarixchi ekan.
Menga til-adabiyotga maxsus o‘quvlarda tahsil ko‘rmaganlardan yaxshi ijodkor chiqadigandek tuyulaveradi. Ularda “professionalizm” kamroqdek. Ular ko‘pincha tepadan kelganini yozadi, deb o‘ylayveraman. Lermontov, Tolstoy, Dikkens, Chexov, London, Bulgakov, Aytmatov… O‘zimizdayam bunday “nomaxsus”lar bor. Shodmonqul Salomni olaylik, kimyochi, ayni choqda baland shoir. Jasurbek ham adabiyotning og‘ir yukini zimmasiga olib, yuqoridagilar qatorini to‘ldirishidan umidvormiz, albatta. U, ehtimol, yoshlik tuyg‘ularining samoviy kuchi bilan qalam tutgandir. Va yokim qo‘limizdagi she’rlar katta shoirning ilk mashqlaridir. Biz buni bilmaymiz. Bashoratlardan saqlanamiz. Lekin bir narsani aniq bilamiz: she’rga oshno odam albatta yaxshi odam bo‘ladi.
Jasurbek ESANOV
YANGI SHЕ’RLAR
Jasurbek Esanov 1998-yil Buxoro viloyati Vobkent tumanida tug‘ilgan. 2017–2021-yillarda Buxoro davlat universitetining arxivshunoslik, 2021–2025-yillarda Navoiy davlat universitetining o‘zbek tili va adabiyoti yo‘nalishini tamomlagan. Respublika yosh ijodkorlarining an’anaviy Zomin seminari ishtirokchisi (2020).
TUN
Xayyomning ruhi guvoh:
Sipqorib ishq bodasin,
Tunlardan topdim panoh,
Olib hilol daldasin.
Jimlikdan borliq, ana,
Boshiga o‘rar salla.
Fatton nasimlar – ona,
Yaproqqa aytar alla.
Chigirtkalar, chaling kuy,
Maxmur ruhim raqs tushsin.
Ko‘kda yulduzlar xushro‘y
Baxtimni ko‘zlab uchsin.
Dil alag‘da g‘uluvdan,
Muhabbat sochdi chaqin.
Qo‘ynimdagi suluvdan
Ko‘nglimdagi yor yaqin.
Mahbubamni o‘ylashga
Savq aylaydi oqshomlar.
Barham berib tashvishga,
Tuhfa etar payg‘omlar.
Oyning labidan, bay-bay,
Bulut bo‘sa olganday.
Bu tunni menga atay
Tangrim ato qilganday!..
KUZ TASVIRI
1.
Daraxt to‘lab tuproqqa qarzin,
Ko‘mib tashlar minglab zariga.
Bajarmoq-chun mo‘minlik farzin,
Qushlar ketmish haj safariga.
Ufq ortidan ilkis biz tomon
Chopib kelar ul qorabayir.
Falaklarni qoldirib hayron,
She’r aytadi chaqmoqlar – shoir.
Soqiylikdan saboq olgan ko‘k,
Yerga asta sharob ulashar.
Va tunu kun baxtni tuygandek,
Sarxushlikdan chayqaladi shar.
Kuz – yuragi uyg‘oq shoirning
Xomasidan tomayotgan qon.
Mehnatini e’zozlab Yerning,
Kiydirilgan unga zar chopon.
Kuz – munkaygan momom ko‘zida,
So‘nayotgan umr shu’lasi.
Kuz – shalabbo zamin yuzida
Unayotgan soflik bolasi.
Ko‘kda suzar ul qora dog‘lar,
Yog‘dirishib sadolarini.
“Boyidim”, deb bu keksa bog‘lar,
Quchib yotar tillolarini.
2.
Yozni etgan shum g‘oratidan
Yashillikka keltirib qiron,
Fasllarning saltanatida
Kuz ayovsiz bo‘ldi hukmron.
Barglar titrar qo‘rquvdan dir-dir…
Nahot kelmas kuzakning rahmi?!
Kuzgi yellar hirsga bandidir,
O‘z holiga qo‘ymas daraxtni.
Oxiri ne bu mudhish chog‘ning?
(Moviy osmon xo‘rsinar og‘ir.)
Or-nomusi toptalgan bog‘ning
Sherik bo‘lar dardiga yomg‘ir.
Shamollarning gunohlaridan,
Tortar butun tabiat ma’yus.
Daraxtlarning nigohlaridan,
To‘kiladi sanoqsiz afsus.
OTAM YELKASI
Otamning tog‘ misol yelkalaridan,
Tushmasdim, toldirib, eh, o‘sha damlar…
Yutqazsam-da, sira olmas edim tan,
Neligin bilmasdim hasratlar, g‘amlar…
Vaqt yovuz, keksalik qilar tantana,
Malham yo‘q qalbimning tilkalariga.
Opichlab osilgim keladi yana,
Otamning baquvvat yelkalariga.
HOLAT
Ustozim Suhrob Hamroyevga
Halovatsiz boylardan ko‘ra,
Ketmon tutgan dehqon baxtiyor.
Nomusi xor “oy”lardan ko‘ra,
Iymoni but inson baxtiyor.
Oqshomlari somon yo‘lini,
Supuradi nigohim har gal –
Quruq qo‘ymas miskin qo‘lini,
Cho‘zganida Haqqa tavakkal.
Men – muattar hislar sarvari,
So‘z mayidan sarxushman, mastman.
Yuragimda she’rning xanjari –
Sug‘ursalar – fanoga do‘stman.
Shoir boqar o‘ngu so‘liga,
El dardini begona demas.
Shuning uchun xalqning diliga
Shoir sig‘ar, podsholar emas.
Tiriklik goh – shoirga malol.
Yo‘qlikka goh joni xumordir.
Yolg‘onlardan qaddi majnuntol,
Rostini-chi, topmoq dushvordir…
Yaxshiyam bor – kemamda yelkan,
“Uyg‘on!” – ilhom tutguvchi buloq.
Haqqa chorlar yurak bor ulkan,
Tafakkurim ilkida – qarmoq!
OSHIQ OHI
Ko‘kka boqsam, poklanar ko‘z ham –
Dilim ishqdan tahorat olib.
Dunyodagi eng xunuk qiz ham,
Ko‘rinadi parivash bo‘lib.
Yo‘lim – hech kim to‘solmaydigan,
Chumolining iziday pishiq.
Hovurini bosolmaydigan,
Ichimda bir yashaydi oshiq.
Durday noyob, tansiq so‘zimning,
Parvozini poylab tururlar.
Shamsdan olov ichgan ko‘zimning,
Gulxanida isinar hurlar.
Yuragimning dalli joyidan,
Jannatnafas she’r silqib chiqar.
Yasalganman ishqning loyidan,
Shijoatim Farhodni yiqar.
Boqqa mushtoq, o‘ch nigohlarim,
Sarxush kezar nafislik ovlab.
Tongdan zuhur hayrat, vohlarim,
Tutib oldi kechani, quvlab.
Oqshomlarning zaboni-chi, lol,
Xayrixohdir xumorligimga.
Samodagi bo‘liqqan hilol,
“Qo‘l ko‘tarar” bedorligimga.
Makon qurar ongimda xulyo,
Etilganman o‘zimdan surgun.
Qay kulbaning gadosiman, yo
Qay saltanat shohiman bugun?
Qadam bossam, sho‘rlagan tuproq,
Serhosil gil – qumga aylanar.
Goh tunlari momaqaldiroq,
Bayotim-la bahsga shaylanar.
Nafasimdan duv-duv tomar cho‘g‘,
O‘t oldirib yuborar toshni.
Yonishimni kuzatib borliq,
Juftmikan, deb o‘ylar Quyoshni.
O‘lar bo‘lsam Baqo sog‘inchdan,
Jonim aytar fanoga qulluq.
Kirsam, lahad yashnar sevinchdan,
Do‘nar hatto firdavsga tamug‘.
Parvoz etar me’rojda ruhim,
(Kiysin havas jomasin murtad.)
O, o‘zingga meni, Ollohim,
Maftun ayla abadul-abad!
DARDI HOL
Qo‘lingni qo‘limga bog‘lasang mahkam,
Ko‘nglimda anduhlar kenglasha olmas.
Nuqtada jamlansa mingta Quyosh ham,
Ruxsoring nuriga tenglasha olmas.
Husnu latofating ko‘rkam, bejirim,
Ko‘zlarim tahayyur vasliga noyil.
Zolim kulgilaring oshyonida jim,
Chalg‘isini charxlab turar Azroil.
Sochingdan taralar firdavs ifori,
Sarmast bo‘lar shamol o‘tsa siypalab.
Bardosh to‘nin kiygum, hajring ozori,
Ba’zan tashlasa ham qalbim piypalab.
Ishq chashmasi oqar zamri dilingda,
Havas musallasin ichar parilar.
So‘zing – jahonafzo, totli tilingda
Uya qurganmi yo asalarilar?
G‘amzang yuragimga bo‘lolmaydi g‘ov,
Yashayman muhabbat jununlariday.
Zimdan boqishlaring jonga beayov –
Go‘yo Hammurapi qonunlariday!
***
Kel, do‘stginam, yelkamga suyan,
Ezmasidan dunyoning g‘ami.
Ming azobni ko‘targan yelkam
Seni suyab turolmaydimi?
Bu ayovsiz anduhlarga goh
Hayot bizni aylasa nishon,
Senga otsa dardlarin nogoh,
Yuragimni tutaman, ishon.
Nega buncha nayrangboz ochun?
Bu qalbaki ishlari sarob.
Tashvishlarin unutmoq uchun
Simiraylik gohida sharob…
Ko‘nglimiz bir, fe’limiz o‘xshash,
Izimiz ham ayri iz emas.
Bizlarga xos darveshdek yashash,
Biz hammamas, hamma biz emas.
Porlab tursa quyoshdek tilak,
Oydin yo‘lim, oydindir yo‘ling.
Qulasa ham zaminga falak,
Tushmasin hech yelkamdan qo‘ling.
Kel, do‘stginam, yelkamga suyan…
TARJIMAYI HOL
Yamog‘in yamadim yigirma to‘rtning,
Goh sergak, gohida savdoyimonand.
Yoniga yo‘lamay vijdoni mo‘rtning,
Yashadim g‘ururim uyida xursand.
G‘ofillar safida bo‘lmadim paydo,
Totmadim minnatli tuzu nonidan.
Kim yurtim sha’nini toptasa ammo,
Bo‘g‘moqqa tayyorman giribonidan!
Azaldan jo‘mardlik – fe’limga xoqon,
Jaydari ruhimga chang solmas alam.
Yo‘llarda uchratsa meni, nogahon,
Qo‘llari qaltirar Azroilning ham.
Orini sotganni suymaydi jinim,
O‘zini topgan har insonga do‘stman.
Kimlarning ko‘nglida topganman qo‘nim,
Kimlarning toniga tushmagan sasman.
Aybim shu – haq so‘zni aytaman dangal,
Men – o‘zin Ollohga asrayotgan kas.
Yashayman eshigim qoqquncha ajal,
Azoblar ustidan kulib qasdma-qasd.
2022
TASHRIF
Gullar sochar etak-etaklab –
Barokati bisyor bahorning.
Suluv kelar tongni yetaklab,
Qadamiga hasanot yorning.
Kulgichida uyg‘onar oftob,
Nurga yakson bo‘lgandek zulmat.
Poklagancha ko‘nglini shu top,
Shudringlarga sochar muhabbat.
Qarog‘ida in qurgan otash
Zarrasiga nishondir yurak.
Havas ila, bog‘lagancha shasht,
Orqasidan quvar kapalak.
Kokillari shamol tilida,
Jilovlanib she’r o‘qir – uzun.
Pari shunday nozik holida,
Ne alplarni aylagay maftun…
Sharsharaday to‘lg‘onar sochi,
Yuragimda muhabbat o‘sar.
Kipriklari – Ali qilichi–
Tushlarimni ayovsiz kesar.
Baxt rubobin chalar dilimda,
Qalbga yodin bitgandir Xudo.
Izlamang hech, yetti iqlimda
Topilmaydi bunday hurliqo.
Qadamiga hasanot yorning!..
XAVOTIR
Zarur payt bo‘lmas topib,
Bemahal darak chiqar.
Faqirning lahm go‘sht, deb,
Olgani suyak chiqar.
Ba’zilar seni alqab,
O‘zgaga tirgak chiqar.
Niqoblar qo‘ngan, soxta
Yuzlar ko‘paysa, e voh!
Lutf go‘zal, amal chirkin,
Fatvo qilar “eshon”lar.
Joynamozda vijdonin,
Savdo qilar “eshon”lar.
Yuzingga rahmat aytib,
Oyog‘ingni nishonlar.
Do‘zaxga eltguvchi yo‘l,
Izlar ko‘paysa, e voh!
Dilga qo‘ndirib kibr,
Foniy o‘yga cho‘marlar.
G‘ariblar cheksa jabr,
Jimgina ko‘z yumarlar.
Yolg‘ondan qazib qabr,
Haqiqatni ko‘marlar.
Qalb lug‘atida ig‘vo
So‘zlar ko‘paysa, e voh!
Mum solishar lunjingga,
Dor tayyor – ko‘tarsang “bosh”.
Ko‘z tikarlar ganjingga,
Bo‘lib har dam “ko‘zu qosh”.
Kirib olib pinjingga,
Asroring etishar fosh.
Tilloday tovlanguvchi
Mislar ko‘paysa, e voh!
Boshlardan ro‘molni ham,
Surgun qilar zalolat.
Yuragingga tutib g‘am,
Tugun qilar zalolat.
Hayosi – topgan barham –
Qiyomatdan dalolat.
Nomusin kafanlagan,
Qizlar ko‘paysa, e voh!
Ko‘rmagandek, goh inson
Qo‘ldagi matohini,
Anglamaydi nogahon,
Yo‘ldagi gunohini.
Kambag‘al qolib giryon,
Tinglashar boy ohini.
So‘zi iliq, yuragi
Muzlar ko‘paysa, e voh!
Yaxshiyam yaxshilar bor,
Ilhomim unib borar.
Amalidan dil qonar,
Ko‘rganga ko‘nib borar.
Kim yaxshini yomon der,
Yuragim yo‘nib borar…
Nahotki, nodonlarga
Tizlar ko‘paysa, e voh!..
TASVIR
Zamin uzra kecha va kunduz
Quvlashmachoq o‘ynar betinim.
Hayrat ila ko‘zim terar so‘z,
Termulgancha tabiatga jim.
Kuz yo‘lida uchrasa qashshoq,
Tillolarin etgaydir in’om.
Nay chaladi qamishlar – mashshoq,
Baliqlari aylaydi xirom.
Zolim shamol qo‘lida sekin,
Jon beradi sho‘rlik yaproqlar.
Halim osmon saqlamaydi kin,
Yomg‘ir berib yerni ardoqlar.
Parvoz aylab burgutlar baland,
Cho‘qqilarni ko‘zlaydi darhol.
Soyni ko‘zgu etib xayolan,
Tunda sochin taraydi hilol.
Yorishadi yuzi tog‘-toshning,
Vaqt zulmatdan kechganida voz.
Ibodatga chorlar Quyoshni,
Har ertalab muazzin xo‘roz.
KЕMTIK
Nafsga qarshi emlanmadik,
Hijronlarda g‘amlanmadik.
Bo‘linganmiz zarralarga,
Ishq uyida jamlanmadik.
Bir so‘zdirmiz, tinglanmadik,
Bir hikmatmiz, anglanmadik.
To‘ramaydi bizdan sevgi,
Muhabbatga changlanmadik.
Muhabbatga changlanmadik…
YOMG‘IR
Yomg‘irlarda yig‘lamoq go‘zal,
Unda birov ko‘rmaydi yoshing.
Dardlaringga u guvoh azal,
Undan bo‘lak yo‘qdir sirdoshing.
Yomg‘irlarda kuylamoq go‘zal,
Shitirlari jo‘r bo‘lar kuyga.
Erkni tuyar qalbing har mahal,
Go‘yo sarmast bo‘lgandek mayga.
Yomg‘irlarda quvonmoq go‘zal,
Telbalardek chiqarib tiling.
Bulutlardan tinglasang g‘azal,
Chaqmoqlarga hamohang diling.
Yomg‘irlarda sayohat go‘zal,
Soyaboning ostida yor-la.
Bog‘larni kez, ko‘ngilda yal-yal
Tuyg‘ularni sayrga chorlab.
Yomg‘irlarda sevmoq go‘zalki,
(Ko‘kning yerga ishqiy kalomi.)
Yog‘ayotgan yomg‘irlar balki,
Muhabbatning ikkinchi nomi.
ONAJON
Onajon, boshingda oqarar fursat,
Vaqt tig‘i umrni sog‘ qo‘ymas bir zum.
Keksalik bitdimi manglayingga xat?
O, uni o‘qishga dosh bermas ko‘zim.
Saboting yanchilmas qayg‘u tig‘ida,
Sabringga xarsanglar yo‘llar tasanno.
Bechora qo‘llaring qavarig‘ida
Baxtimni butlagan zahmatlaring jo.
Yelkamga rafiqdir safar xurjuni,
Bir joyda muallaq turmoq menga yot…
Yolg‘izlik domiga tortib har kuni,
Qalbingni xavotir aylagaydir mot…
HURLIQO
Shabbodalar o‘ynar sochida,
Nigohlarim – husniga qamal.
O‘shal zebo yor kulgichida
Yaralganday jannat mukammal.
Kokilida tovlanar hayot,
Qadamidan to‘kilar ohang.
Armonimdek qashshoq samovot
Ko‘zlaridan xarid qilar rang.
Ibtidosi iqbolga doir,
Intihosi nafis ertagim.
So‘zlaridan to‘qibon chodir,
Tunab qolar unda yuragim.
Xayolimga yodi qadrdon,
Kiprigida jon olmoq – kasbi.
Tinchim yo‘qdir, bilmayman qachon,
Yuragimni to‘ldirar vasli?!
Bo‘lmayapti eplab yurakni –
Ko‘ngilga ishq mangu panohdir.
Dudoqlari dilbar malakni
Sevmaslikning o‘zi gunohdir!
MAKTUB
Ismingni takrorlab chiqdi savodim,
Qomading ko‘zlarim tanir olisdan.
Xotirang mehmonga chorlaydi yodim,
Vodarig‘, mavjudman ilohiy hisdan.
Sochlaring Jayhundir, hayratim – g‘avvos,
Dudog‘ing – behishtning noyob mevasi.
Visoling – huv, uchqur kiyiklarga xos,
Kokiling – shamollar Mona Lizasi.
Baxtga burkagancha olamlarimni,
Tasalli berarmi dardimga ashking?
Izlaring taniydi qadamlarimni,
Oh! Nechun tanimas ko‘nglimni ishqing?!
GUNOH
Ro‘zadorman, ishqqa ro‘zador,
Ko‘zlaringni yodlamoq – gunoh.
Xayolimda – tunlari bedor –
Sunbullaring hidlamoq – gunoh.
Nafis qalbing g‘amzalariga
Kishanlangan sayyoh hushlarim.
Kipriklaring nayzalariga
Nishon bo‘lgan shaffof tushlarim.
Sipqoraman sukunat mayin,
Qarog‘imga o‘gay –ehtiros.
Tashnaligim oshar kun sayin,
Gullashga shay ko‘zlarim qiyg‘os.
Shamolniki hozircha soching,
Husning – ko‘zgu qaramog‘ida.
Oy izmida – shaddod kulgiching,
Dimog‘laring – gul ardog‘ida…
JALLOD QOR
Chorasiz osmonlar bulutga tutqun,
Zaminni mo‘ljalga olib yog‘ar qor.
Fasllar taxtini egallamoq-chun
Jang qilar tinimsiz qish ila bahor.
Sotib qo‘yib qishga bahor sirlarin,
O‘riklar gulladi bog‘da bemahal.
Izg‘irinda xoin o‘rikgullarning
Jallod qor umrini chopar galma-gal.
Urushda qahraton qish chiqdi g‘olib,
Oq bayroq ushladi bahor qo‘liga.
Bulutlar bag‘ridan ohista kelib,
Qorlar kafan bo‘ldi o‘rik guliga.
TOMCHI
Tomchi irmoqqa aylandi.
Irmoqdan soyga,
Soydan daryoga,
Daryodan dengizga,
Dengizdan ummonga…
So‘ng cheksiz, ulkanman, deb
O‘ylar o‘zini –
Bir vaqtlar tomchi bo‘lganin
Unutgan ummon.
SKRIPKACHI QIZ
Skripka chaladi bir qiz,
Raqs tushgandek mayin qo‘llari.
Butkul o‘zin his qilib yolg‘iz,
Yaratganni suyib dillari…
Skripka chaladi bir qiz,
Yuragimni chalgani kabi.
Dilni titroq qamraydi ilkis,
Titrar hisga tutqun lablarim.
Skripka chaladi bir qiz,
Goh parchalab armonning ko‘ksin.
Lahza sayin hayrat shimar ko‘z,
Xayollarim yog‘dirar tahsin.
Skripka chaladi bir qiz,
Jannat bilan qorishgay do‘zax.
Yeru osmon, tabiat hanuz
Sohir kuydan sargashta, karaxt.
Skripka chaladi bir qiz,
Tinglab yotgum, jimgina gungday.
Tuyuladi dunyoning ojiz
Holatini anglayotganday.
Skripka chaladi bir qiz…
URBANIZATSIYA
Jamil tabiatni aylashib xarob,
Daraxtlar nafasin bo‘g‘ib qo‘ydilar.
Tabiiy manzaraning umri bo‘lgach sob,
Binolar bo‘shliqda tomir yoydilar.
Kesik daraxtlarning taxir yoshidan,
Tuproq sho‘rlayotir kun o‘tgan sari.
Sira tark etolmas qushlar tushidan,
Bahorda betakror gullaganlari.
Daraxt qarg‘ishiga qolgan odamlar,
Payqamas gunohga botishlarini.
Minba’d bilmaslarki, oxirgi damlar,
Asoga suyanib o‘tishlarini.
NADOMAT
Sen meni kechirgin, qalbing taxtini
Egallagan nafrat topsin intiho.
Chekimizga tushgan hijron dardini
Zig‘ircha qoldirmay yamlasin yuho.
Sen meni kechirgin, Yaratgan qadar,
Kaforat yog‘ilsin gunohlarimga.
Shodlik boltasida chopilsin kadar,
Alvidolar aytay g‘am-ohlarimga.
Sen meni kechirgin, barcha xatoyim
Xazondek to‘pla-yu, o‘t qo‘yib yubor.
Kechirguvchi qulin suyar Xudoyim,
Unga asrab qo‘ygan tuhfasi bisyor.
Sen meni kechirgin, oqla aybimni,
Sadoqat ilkidan tutganim haqqi.
Qaynoq mehring bilan siyla qalbimni,
Tunlari zaqqumlar yutganim haqqi.
Sen meni kechirgin, kechirgin abad…
TILANCHI
Qismatimga yo‘llab sinovlarin Rab,
Tilanchiga aylar ro‘baro‘ ilkis.
Men-chi, o‘taverdim bepisand qarab,
(Gunohim yuvmoqqa g‘assol ham ojiz.)
Tilanchilik qilsa faqir, nogiron,
Ahvoliga kuldim, jirkandim nogoh.
“Baxtingdan ochay”, deb folbin kelgan on
Uch-to‘rt so‘m aqchamni bag‘ishladim goh.
Shaytonga ergashsam, savobdan qochib,
Tangrim so‘rog‘iga qanday chidayman?!
Aslida, o‘zim ham qo‘llarin ochib,
Hech vaqo olmagan tilanchidayman.
ISHQ TASVIRI
Qaroqlaring yengilar unsiz,
Nigohimiz to‘qnashuvida.
Yuragimiz poklanar – nafis
Ishqimizning zam-zam suvida.
Jon tasadduq sunbullaringga,
Ruhiyatim telbavor, sarkash.
Mahin-mahin kokillaringga
Ikki ko‘zim boylanar, mahvash.
Labingga lab qo‘ysam, o‘limning
Tuygandayman zavqini, hayhot!
Kipriklaring – qilich, dilimni
Yanchar qiyo boqqaning zahot.
Olamga zeb – beg‘uborliging,
Sen – maftunkor uchayotgan qush.
Hayot mayin sunsa borliging,
Ajal menga o‘qtalolmas musht.
TUSHDA
Tun. Qabriston. Hukmron – zulmat,
Alag‘da ruh ko‘rinar elas:
Tirigida topmagan hurmat,
O‘ligida e’zozlangan kas.
U kimlarga yetgazgan ziyon
Va yo kimga etgan muruvvat?
Savoblari qayda, noayon,
Gunohiga yo‘qmi kaforat?
Balki uning, bu ziqna ochun,
Baxtin qiyib, qilgan masxara.
Adolat, deb kuygani uchun
O‘tmishini bosgandir yara.
Balki hali to‘ymay taqdirga,
Erta olgan qa’riga tuproq.
Qarashlari o‘xshar shoirga –
Sevinchidan qayg‘usi ko‘proq.
Qo‘rquv qamrab olar ko‘zimni,
Mudhish tusga kirar javonib.
O‘shal ruhda ko‘rib o‘zimni,
Shu zahoti ketdim uyg‘onib.
HAYRAT
Sevinch Jo‘raqulovaga
She’r aytarsan mardona, dadil,
She’r aytarsan yog‘ilib nurday.
Seni tinglab halimgina dil,
His aylaydi o‘zni jasurday.
She’r aytarsan, tomirlarimga
Kiyik misol yugurar titroq.
Qalb bo‘ysunmas amrlarimga,
So‘zlaringga tutqun bo‘liboq.
She’r aytarsan, senda Nodira,
Uvaysiylar tirikday hamon.
Nolalaring o‘ktam, bokira –
Vujudimda tahayyur mehmon.
She’r aytarsan, dengiz to‘lqini
Ko‘kayingdan kelganday toshib.
Hislarimning porlar yolqini,
Tahayyulim qolgaydir shoshib.
She’r aytarsan chaqmoqday chaqib,
Tog‘-toshlarni etgudek talqon…
Ko‘nglimni so‘z o‘tida yoqib,
Qiyna, g‘aflat bo‘lmasin qalqon.
She’r aytarsan, jur’at so‘ndirmay,
Adolatning bo‘lib jangchisi.
Savalaysan sukutni tinmay,
Yuragingda – isyon qamchisi.
She’r aytarsan, o, ostin-ustun
Qilib bo‘lding ruhni shu nafas.
Mudroq dunni uyg‘otmoq uchun
Isrofilning suri shart emas.
She’r aytarsan, qalbim jilovi
Ohanglaring qo‘lida, zotan.
Topib olding uning qalovin,
She’r-la yondir meni tamoman.
IN’OM
Tangrining eng go‘zal yaratig‘isan,
Orazing oldida xijolat – ko‘klam.
Qalbimga sanchilgan hayrat tig‘isan,
Istamam sug‘irib olmoqni, erkam.
Bu dunyo behishtdir – qo‘ysang jilmayib,
Yomg‘irlar vasliga yetishgay cho‘llar.
Qadaming zarbidan bo‘lsa ham mayib,
Zavqlanar hattoki sen yurgan yo‘llar.
Nigohing ko‘zlarga husningni to‘shar,
Jamiki xislating – dilingga bezak.
Xushbo‘y zulflaringni quchmoqqa shoshar,
Havasi qo‘zg‘alib dalli yelvizak.
Kun qochgach mag‘ribga, hayiqib vaqtdan,
Ko‘kka chiqar hilol daraging yo‘qlab.
O, senday suluvni cheksiz zulmatdan
Tunlar Oy, yulduzlar yotar qo‘riqlab.
Yoding– xayolimning halinchagida…
Ishqimga aylasang yuraging poytaxt,
Beg‘ubor muhabbat belanchagida
Go‘dakday ko‘nglingda yo‘rgaklaydi baxt.
Tangrining eng go‘zal yaratig‘isan!..
AYRILIQ
Yuragimni ayladi shudgor,
Ayriliqning o‘tkir omochi.
Unda sog‘inch nish urib, nigor,
Unda yozar armon qulochin.
Qalb qulaydi vido jariga,
Oh, soyamdan soyang yiroqlar.
So‘nggi bora ko‘zlar qa’riga
Imzo chekib o‘tdi nigohlar.
Baxtimizga to‘g‘onoq bo‘lib,
Kim irg‘itdi muhabbatga tosh?
Yo shum qismat keldimi g‘olib,
Sinoviga biz berolmay dosh?
Botinimda ma’yuslik hosil,
Dilim – beva qolgan kelinchak.
Endi hasrat yoshi muttasil
Kiprigimda uchar halinchak.
Qoldimikin tushlarda visol?
O‘ch olaman yig‘lab o‘zimdan.
Asablari tarang it misol
Chorasizlik quvar izimdan.
Sensizlikka ko‘nikmoq – najot,
Sen bor kunlar – yodimga ehson.
Musaffo ishq jangida nahot,
Mag‘lub bo‘ldik ikkimiz oson?
SO‘ZGA MUHTOJLIK
1
Nozik isyon sarosimada,
Otilolmay zo‘riqar vulqon.
Ko‘nglim kadar nomli kemada
Suzib borar mavhumlik tomon.
Sukut qo‘lga tutdimi yalov?
Dilim lanjlab qo‘ydimi dunyo?
Pasaydimi ishtiyoq – olov?
O‘rnin kulga bo‘shatdimi yo?
Alla tinglab mudraydi chaqmoq,
Yosh ko‘rolmay ulg‘ayar ko‘zlar.
Taxayyulim nahriga qarmoq
Tashlaganman, ilinmas so‘zlar.
Bandi etar erkimni turmush,
Sob bo‘ldimi qalbdan nur arib?
Ruhiyatim o‘rmonida xush
She’r ovlolmay o‘ylarim g‘arib.
Silolmayin ehtiros sochin,
Ko‘ngil kuyar afsus taftida.
Yomg‘ir bo‘lib, dardlarim nechun
To‘kilmaydi qog‘oz kaftiga?
Tushovlangan – tuyg‘ular tili,
G‘ayb yurakka tushirgandek musht.
Qovjiragan hayratim guli,
Qalbda qazo topgan yanglig‘ shasht.
Shamday erir qalbimda havas,
Muza chorlab yashayman g‘amnok.
Yo Rab, qutqar, etmasidan nafs
Ichimdagi shoirni halok.
2
Qarog‘imda o‘t oralagan,
Kunlarimni izlay qayerdan?
Tushlarimda she’r qoralagan,
Tunlarimni izlay qayerdan?
Qay lahzada so‘ndi yulduzlar?
Qay oqshomda Oy bo‘ldi g‘oyib?
Balki qalbda muhabbat kuzlar,
Hislarga o‘q uzdim ulg‘ayib.
Shijoatim topdimi zavol,
Dil istagi bo‘lmay mustajob?
Koinotga sanoqsiz savol
Yo‘llaganman, kelmas bir javob.
She’r istayman, zamin yuzida
Mag‘rur turgan misli Ko‘hi Qof.
She’r istayman, go‘dak ko‘zida
O‘ynoqlagan tabassumday sof.
Hushyorlikning cho‘ng zindonida,
Bir bandiman, hur etmas mastlik.
O, naylayin, so‘z maydonida
Ishg‘ol qilar yurakni sustlik.
Haq-la meni bog‘lagan, hayhot,
Ilohiy ishq ipi uziqmi?!
Chalinishdan darak yo‘q nahot,
Isrofilning suri buziqmi?
OG‘RIQ
Shoirga
O‘tkazasan kunni, vodarig‘,
Zolim soat “chiq-chiq”in sanab.
Og‘riqlarni yengar hayqiriq,
Baqir, bo‘g‘zing ketguncha qonab.
Tomirlaring zirqiragan on,
Ko‘zlaringda anduh nay chalar.
Tumtaraqay qochar to‘rt tomon,
Qarashingdan hurkib “laychalar”.
Obidiydang to‘kib bo‘shatgan
Alamlaring topmasa barham,
Murshididan tanbeh eshitgan
Muridlardek yashaysan mulzam.
Vujudingni qilguncha ado,
Dard ezg‘ilab aylaydi mazax.
Azoblaring qudratiga, o,
Ip esholmay halakdir do‘zax.
Chekking kelar yuz bursa yoring,
Chekking kelar nohaqlik ko‘rsang.
Bazm qilar dilda ozoring,
Bug‘doy ekib, gar arpa o‘rsang.
Sochin sila sabotning doim,
Qalbda qurib sabrdan haykal.
Nolimagin, seni Xudoyim
Og‘riq berib, toptirar sayqal.
MUHABBAT
Kulgiching qa’rida jon saqlar ajal,
Qo‘rqaman lablaring tabassumidan.
Otashin nigohim cho‘milar har gal,
Chiqmasdan muattar soching gumidan.
Dunyoni unut, qo‘l siltab bariga,
Ne darding bo‘lsa, kel, dilimga ko‘chir.
Chanqagan xotiram zarralariga
Dalli yoshligimiz yodini ichir.
Yulduzlar sevgimiz olqishlayotir,
Tim qora qoshingdan to‘ralgan oqshom.
Baxtlardan ko‘ngilda quraylik chodir,
Unda ishq yashasin topib ehtirom.
Sen borki, rohatga aylanar qiynoq,
O, mehring taftidan yuragim qizir.
Bizni rom etguvchi Quyoshday qaynoq
Lahzalar qo‘lida jon bersak arzir.
Xayolan jannatda kezdim telbahol,
Farahbaxsh nafasing tuyib har safar.
Nur ila qalbimiz etgancha ishg‘ol,
Muhabbat abadiy qozonsin zafar.
AROSAT
Sochiga gulchambar kiydiray, desam,
Yoziga berkinib oldi parivash.
Husnidan qarog‘im to‘ydiray, desam,
Noziga berkinib oldi parivash.
Shamollar sargashta nafaslaridan,
Poyidan o‘pgan qum qilar tantana.
Chiqmasdan arazin qafaslaridan,
Bir shirin so‘zimga sochar ming ta’na.
Samoga termilsa, shikastlanar Oy,
Kiprigin uchlari sanchilib nogoh.
Tushlarin ziyorat etar, hoynahoy,
Vaslidan umidvor oshiqlari goh.
Yo‘llarin to‘smoqqa chog‘lansam agar,
Qochmoqqa qadami yo‘l topar o‘zga.
G‘amzasin ilkidan tutgancha badar,
Ketmoqda hech quloq ilmasdan so‘zga.
Men esa arosat qo‘ynida halak…
