Nodira Afoqova. Qalb & Nodira Afoqova. Jadid g’azaliyoti

12Қалб: биз уни ҳис этамизми? – бир қарашда савол жуда оддий, унга жавоб бериш ҳам осондай. Лекин астойдил ўйлаб қарасак, жавобимиз анчагина мавҳум, бизгача айтилганларнинг такрори, сийқаси чиққанроқ мулоҳазалардан иборат бўлишини иқрор этишга тўғри келади…

Нодира АФОҚОВА
ҚАЛБ


14 Нодира Афоқова 1966 йилда Бухорода туғилган. Бухоро университетида таҳсил олган. “Баҳорнинг бошланиши”, “Аросат фасли”, “Кўнгил шеваси”, “Сўз айвони”, “Қора наво”, “Ватан дарслари” каби тўпламлари нашр этилган. “Фитратнинг тушлари”, “Жазо” достони; “Муҳаммад (с.а.в) дедилар…”, “Хайём чодиринда”, “Муҳаббатнома”, “Фақат Сен билурсан”, “Ҳазрат Навоийнинг етти гўзали” шеърий туркумлари муаллифи. Алишер Навоийнинг “Руҳ ул-қудс” қасидасини форсийдан; Леонид Андреевнинг “Яҳудо Искариот” қиссаси, Ги де Мопассан, Константин Паустовский ҳикоялари ҳам Михаил Лермонтов, Марина Цветаева шеърларини рус тилидан ўзбек тилига ўгирган.


Қалб: биз уни ҳис этамизми? – бир қарашда савол жуда оддий, унга жавоб бериш ҳам осондай. Лекин астойдил ўйлаб қарасак, жавобимиз анчагина мавҳум, бизгача айтилганларнинг такрори, сийқаси чиққанроқ мулоҳазалардан иборат бўлишини иқрор этишга тўғри келади. Ўзимиз эса бошқалардан ҳамиша аниқ-ёрқин, бетакрор жавоблар кутамиз. Ҳар қандай мавҳум тушунча тасаввуримизда образли жилваланиб туришини хоҳлаймиз. Қалбга оид бу савол мени анчадан буён беором қилган ўй-хаёллар сари етаклади…

Сўз санъатига бефарқ бўлмаган ҳар биримиз “Ўткан кунлар”ни бирда тўкилиб, бирда парвоз қилиб ўқиб чиққанмиз. Неча карралаб ўқиганмиз. Юсуфбек ҳожини, Отабекни, Кумушни хаёлан қанча ардоқлаганмиз! Менда шундайки, гоҳо недир сабаб билан романнинг зарур саҳифасини очаману, Қодирий “жоду”сига ғарқ бўлиб, ўзимни тўхтатолмайман: мақсадимни унутиб, китобни яна охиригача ўқиб кетаман. Ҳозир ҳам мақсадимдан узоқлашаётгандекман…

Бир гал дарсми, илмий тадқиқми сабаб Отабек образини атрофлича мушоҳада қилишга тўғри келиб қолди-ю, ғалати ҳолга тушдим.

Отабекка ҳар биримиз ҳеч истисносиз муносиб бир ўрнак, юксак инсоний фазилатларнинг мужассами ўлароқ қараб келамиз. Бу борада адабиётшунослик ҳам биз китобхонлар билан якдил. Аслида ҳамма замонларнинг шак-шубҳасиз қаҳрамонидек қабул қилинадиган Отабек сиймосида бизни мафтун айлаган нарса нима ўзи? Агар адиб тасвир этган воқеаларни бирма-бир ақл кўзгусига солиб қарасак, бошқача ҳолларнинг гувоҳи бўлмаймизми? Отабек қилган ишларнинг анча-мунчаси инсонийлик арконидан йироқ эканлигига иқрор бўлишга тўғри келмайдими?

Дейлик, ҳаммасини бир бошдан хаёлдан кечирсак, шундай манзара намоён бўлади:

  •  Отабек аввал-бошлаб ота-она ризолигисиз Кумушга, кейин эса ўша ризоликка эришмак учун Зайнабга уйланади. Пировардида ўзининг ҳам, ота-онасию суюкли Кумушдан тортиб гўдак ўғлию Зайнабгача – барча яқинларининг ҳам ҳаётига айнан шу ҳаракатлари сабаб бахтсизликнинг қора муҳри босилади.
  •  Шом сафари чоғида дунё тараққиёти манзараларидан қалбида ҳайрат ва ҳавас туяди. Шу ишларни Ватанда ҳам жорий этмакка шошади… аммо тезда бунга ҳам қўл силтайди. Орзу орзулигича қолиб кетади. Сабаби китобхонга маълум, албатта.
  •  Ҳасад ва фитна аралашиб, ёр эшигидан “уятсиз” деган тамға остида ҳайдалгач, айрилиқ ва аламни енголмай, бўзахўрликка берилади. Буям майли. Биз ўрнак бир қаҳрамон деб билганимиз Отабек қотилликка-да қўл уради! Ҳаёти ўзи билмаган ҳолда ҳамиша таҳлика остида бўлганини қалтис лаҳзада сезиб қолган Отабек, албатта, одамкушликнинг ташаббускори эмас. Унинг ҳаракати фитнага қарши жавоб эди ва Отабек бу ҳаракатида чандон ҳақли эди. Аммо қутидорнинг “Мендан ўзи хафа бўлған бўлса, ораға киши қўйса ҳам бўлар эди” деган сўзлари билан Қодирий масаланинг бошқачароқ, тинчроқ ечими ҳам бўлганлигига ишорат этади.
  •  Давом этиб яна кўрамизки, қипчоқ қирғини манзараларидан даҳшатга тушган Отабек ўйламай-нетмай отасининг юзига чопади. Шусиз ҳам юраги қонга тўлиб ўтирган Юсуфбек ҳожини шошқалоқлик билан қатлиом ташкилотчиларидан бири сифатида маломат қилади.
  •  Совуқ ақл мантиғи билан ҳукм қилганда, турмушидаги аёллардан бирининг қотил ва бирининг мақтулга айланишига ҳам сабабчи унинг ўзи эмасми?
  •  Мусибатзада ота ва онани дарду изтироблар гирдобига ташлаб, изоҳсиз-несиз Тошкентни тарк этгани-чи?
  •  Кумушнинг иккинчи бор узатилишига оид жонсўз бир хабар қаршисида “Кишининг хотинини талоқсиз чиқариб ол-да, бу кун эрга бер” деган киноя ила масалани ислом рукнлари асосида ўз фойдасига ҳукм қилмоқчи бўлган кимсанинг охирги қарори-чи? Унинг кўнгилли бўлиб урушга кетишини ўз ҳаётига зимдан суиқасд десак-да, ҳақсиз бўлмасмиз эҳтимол?

Хўш, шуларнинг баридан кейин ҳам Отабек ҳақидаги тасаввурларимизда қатъий қола биламизми? Биз қайси далил-асосга таяниб Отабекни асл инсон тимсоли ўлароқ қабул қиламиз, тақдим этамиз?

Ана шундай таҳлилу иштибоҳлар айланасида бир сўз хаёлимга чақиндай урилади: ҚАЛБ!

Биз Отабекни қалбидаги эзгуликлар, гўзалликлар, қалбидаги улуғвор муҳаббат туфайли асл инсон санаймиз. Бу эзгуликлар зулмат муҳитининг қаттол зарбасига урилиб чил-чил синади, албатта. Аммо Отабек сиймосида бизни ўзига чорлаган жозиб куч ҚАЛБдир.

  • Бу қалбда ота-онага ҳурмат – ўз бахтини қурбон қилиш даражасида муҳташамдир.
    Бу қалбда муҳаббат – ота-она ризолигини унутар даражада мужаннин ва жодулидир .
    Бу қалбда Зайнабга ачиниш бор; хизматида бўлган Ҳасанали отага айрича меҳру эътибор, уста Олимдай тоза туйғулар соҳибига инжа яқинлик бор.
    Бу қалбда биргина “уятсиз” деган сўздан бутун олами вайрон бўлиш даражасидаги нозиктабълик бор.

Фақат Яратганга ва ўзига таянишдай мукаррам ақида бор.
Ўлим ҳукми қаршисига виждонни шоҳид қўйиш даражасидаги фавқулодда собит иймон бор.
Юксак инсоний жасорат ва кутилмаган қўрқинчли-гўзал қарорлар бор.

Бизни Отабекка мафтуну мубтало қилган ҳодиса қалб – моҳият, фитрат, асос-негиз бўлмиш қалбдир.

Ва Отабек мисолида инсон ботиний дунёсининг ташқи хатти-ҳаракатларига номувофиқ, қарама-қарши келиб қолиши; аниқроғи, бу аянчли ҳолларнинг шахс инон-ихтиёрига зид равишда содир бўлиши, “айбсиз айбдор” қабилидаги мудҳиш воқелик бизни ларзага солади. Шу ларза – биз ўз қалбимизни ҳис эта бошлаганимиз нишонидир. Ташқи воқеаларнинг, инсонликка номувофиқ бўлиб кўринган хатти-ҳаракатларнинг барчаси биз учун Отабекнинг ёруғ-ёруғ туйғуларга тўла ҚАЛБи олдида ҳечга айланади. ҚАЛБдаги асл қадриятлар қаршисида туссизланиб қолади. Қалбимизнинг парвозидан; гўзаликка, эзгуликка, муҳаббатга талпинишидан – бу эзгулик, гўзаллик ва муҳаббатлар фожиаларга эш бўлса-да! – шавққа тўламиз.

“Отабек асл инсондир” деган хулоса адабиётшуносликнинг қуруқ талқинларига таянган совуқ ақлимизнинг эмас, қалбимизнинг, қалбимиз меъёрларининг баҳосидир. Ботинимиздаги савқи табиийнинг баҳосидир! Айнан ҚАЛБ тушунчаси Отабекнинг аҳли зоҳирбинлар бизга писанда қилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларини оқлашга ҳуқуқ беради.

Бирор-бир табақа вакиллари бахтли бўлолмаган муҳитда Отабек қалбининг моҳиятини ташкил қилган юксак қадриятлар ташқи воқеликка айлана олмади. Айлана олмас ҳам эди. Аммо улар имкон ҳолида сиқилиб қолгани учун, мазмунига мос шаклда намоён бўла олмаганидан ўз соҳибининг ҳаётини ҳалокатга маҳкум этди. Оддийроқ қилиб айтганда, Отабек ўзи яшаётган жамиятга мослашиб кетолмади. У зиддиятли қаҳрамонга айланди ва охир-оқибатда ўз қалбидаги кучли энергиядан ҳалок бўлди.

Ҳатто айтиш мумкинки, эзгуликларга тўла ҚАЛБ нобоп жамиятга ўз соҳибини ҳалок этиш шаклида қаршилик кўрсатди. Қодирий, эҳтимол, ҚАЛБнинг қудратини кўрсатиш мақсадида айнан шу хил парадоксга куч бергандир?
Шундай мазмундаги ҳадис бор: “Зулмни қўл билан, имкони бўлмаса тил билан қайтаринглар. Агар ҳаётингиз таҳлика остида қоладиган бўлса, унга дил билан қарши туринглар”. Албатта, гап бу ерда зулмга кўнмаслик ҳақида. Лекин яна бир нозик нуқта бор: одам учун энг охирги таянч – қалбдир. Ундан кейин чекинишга жой йўқ. Қодирий Отабек қиссасида буни аниқ ҳаётий саҳналарда кўрсатиб берган.

Илоҳий ва тасаввуфий манбаларда қалб инсон ўз Парвардигори билан мулоқот қилиб турадиган жой сифатида; бу борада ақл, илм ё меҳнатдан мутлақ устунликка эга бўлган восита сифатида талқин этилади. Оламни таниш фақатгина иймонли, покиза қалбларгагина муяссар этилган. Дунё ҳаётининг давомати ана шундай маърифатли қалбларнинг мавжудлиги билан шартлангандир.

Дунёвий манбаларда ҳам яхши фазилатларни ўзида мужассам этган қалблар ҳаёт барқарорлигининг асоси, инсонлик жамиятининг зийнати саналади.

Яратилган мавжудотлар ичида ўз йўлини танлаш ихтиёри фақат инсонгагина берилган. Танланган йўл ва қалб тушунчалари ўзаро қаттиқ дахлдордир. Қачонки инсон кўрсатиб қўйилган тўғри йўлдан адашса ёхуд ундан атайин юз ўгирса, қалби ношойиста иллатларга тўлади.

Муҳташамроқ тушунчаларни бир четга суриб қўйиб, оддийроқ мулоҳазда қилинганда ҳам, қалбида ёмонликларни жамлаганлар табиатни ҳам, яхши инсонларни ҳам, охир-оқибатда бир-бирлари ва ўзларини ҳам хароб этишлари аён бўлади.

Кирланган қалб соҳиблари инсонни хўрлайдиган нобоп жамиятларни пайдо қиладилар. Шу хил кимсаларнинг кўплиги, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва ўз ёмонликларини қонунлар билан мустаҳкамлаб олиб, кучайиб кетишлари аввал иймонли қалб соҳибларини, алалоқибатда эса бутун жамиятни ҳалокатга йўлиқтиради. Мана шу занжирдан туриб қарасак, одам ва унинг жамияти ҳалокатининг, пировардида эса дунё таназзули бўлмиш қиёматнинг ҳам боиси, алҳазарким, Яратганнинг кўрсатмаларидан қалблардир!

Шундай бир тасаввурлар ҳам борки, гўё бизнинг қалбимиз Аллоҳнинг измида; ниятларимиз, гуноҳ ёки савоб амалларимиз ҳам унинг инон-ихтиёрида. Гуноҳ қилсак-да, гуноҳкор эмасмиз… Асло! Бу – ўзини осийларча оқлашдан бошқа нарса эмас. Агар шундай бўлганда, жаннат ва жаҳаннам яратилишининг маъноси қолмасди. Парвардигори олам барча мавжудотлар ичида Инсонни мукаррам халқ қилди, фақат унгагина и х т и ё р берди. Унгагина қ а л б берди! Қалбларни қотиб қолган бир матоҳ қилмади. Қалбларга ғафлатдан уйғониш, жаҳлдан халос бўлиш, кирлардан покланиш имконини, саодатини берди. Покиза қалбларни адашиш хавфидан огоҳ этди. Шариф ҳадислардан бирида айтилганидек:

Албатта жасадда бир эт борки, агар у тўғри бўлса жасаднинг барчаси тўғри бўлади. Агар у бузуқ бўлса, жасаднинг барчаси бузуқ бўлади. Огоҳ бўлинг, у Қалбдир!

21Qalb: biz uni his etamizmi? – bir qarashda savol juda oddiy, unga javob berish ham osonday. Lekin astoydil o’ylab qarasak, javobimiz anchagina mavhum, bizgacha aytilganlarning takrori, siyqasi chiqqanroq mulohazalardan iborat bo’lishini iqror etishga to’g’ri keladi.

Nodira AFOQOVA
QALB


Nodira Afoqova 1966 yilda Buxoroda tug’ilgan. Buxoro universitetida tahsil olgan. “Bahorning boshlanishi”, “Arosat fasli”, “Ko’ngil shevasi”, “So’z ayvoni”, “Qora navo”, “Vatan darslari” kabi to’plamlari nashr etilgan. “Fitratning tushlari”, “Jazo” dostoni; “Muhammad (s.a.v) dedilar…”, “Xayyom chodirinda”, “Muhabbatnoma”, “Faqat Sen bilursan”, “Hazrat Navoiyning yetti go’zali” she’riy turkumlari muallifi. Alisher Navoiyning “Ruh ul-quds” qasidasini forsiydan; Leonid Andreyevning “Yahudo Iskariot” qissasi, Gi de Mopassan, Konstantin Paustovskiy hikoyalari ham Mixail Lermontov, Marina Svetayeva she’rlarini rus tilidan o’zbek tiliga o’girgan.


Qalb: biz uni his etamizmi? – bir qarashda savol juda oddiy, unga javob berish ham osonday. Lekin astoydil o’ylab qarasak, javobimiz anchagina mavhum, bizgacha aytilganlarning takrori, siyqasi chiqqanroq mulohazalardan iborat bo’lishini iqror etishga to’g’ri keladi. O’zimiz esa boshqalardan hamisha aniq-yorqin, betakror javoblar kutamiz. Har qanday mavhum tushuncha tasavvurimizda obrazli jilvalanib turishini xohlaymiz. Qalbga oid bu savol meni anchadan buyon beorom qilgan o’y-xayollar sari yetakladi…

So’z san’atiga befarq bo’lmagan har birimiz “O’tkan kunlar”ni birda to’kilib, birda parvoz qilib o’qib chiqqanmiz. Necha karralab o’qiganmiz. Yusufbek hojini, Otabekni, Kumushni xayolan qancha ardoqlaganmiz! Menda shundayki, goho nedir sabab bilan romanning zarur sahifasini ochamanu, Qodiriy “jodu”siga g’arq bo’lib, o’zimni to’xtatolmayman: maqsadimni unutib, kitobni yana oxirigacha o’qib ketaman. Hozir ham maqsadimdan uzoqlashayotgandekman…

Bir gal darsmi, ilmiy tadqiqmi sabab Otabek obrazini atroflicha mushohada qilishga to’g’ri kelib qoldi-yu, g’alati holga tushdim.

Otabekka har birimiz hech istisnosiz munosib bir o’rnak, yuksak insoniy fazilatlarning mujassami o’laroq qarab kelamiz. Bu borada adabiyotshunoslik ham biz kitobxonlar bilan yakdil. Aslida hamma zamonlarning shak-shubhasiz qahramonidek qabul qilinadigan Otabek siymosida bizni maftun aylagan narsa nima o’zi? Agar adib tasvir etgan voqealarni birma-bir aql ko’zgusiga solib qarasak, boshqacha hollarning guvohi bo’lmaymizmi? Otabek qilgan ishlarning ancha-munchasi insoniylik arkonidan yiroq ekanligiga iqror bo’lishga to’g’ri kelmaydimi?

Deylik, hammasini bir boshdan xayoldan kechirsak, shunday manzara namoyon bo’ladi:

  •  Otabek avval-boshlab ota-ona rizoligisiz Kumushga, keyin esa o’sha rizolikka erishmak uchun Zaynabga uylanadi. Pirovardida o’zining ham, ota-onasiyu suyukli Kumushdan tortib go’dak o’g’liyu Zaynabgacha – barcha yaqinlarining ham hayotiga aynan shu harakatlari sabab baxtsizlikning qora muhri bosiladi.
  •  Shom safari chog’ida dunyo taraqqiyoti manzaralaridan qalbida hayrat va havas tuyadi. Shu ishlarni Vatanda ham joriy etmakka shoshadi… ammo tezda bunga ham qo’l siltaydi. Orzu orzuligicha qolib ketadi. Sababi kitobxonga ma’lum, albatta.
  •  Hasad va fitna aralashib, yor eshigidan “uyatsiz” degan tamg’a ostida haydalgach, ayriliq va alamni yengolmay, bo’zaxo’rlikka beriladi. Buyam mayli. Biz o’rnak bir qahramon deb bilganimiz Otabek qotillikka-da qo’l uradi! Hayoti o’zi bilmagan holda hamisha tahlika ostida bo’lganini qaltis lahzada sezib qolgan Otabek, albatta, odamkushlikning tashabbuskori emas. Uning harakati fitnaga qarshi javob edi va Otabek bu harakatida chandon haqli edi. Ammo qutidorning “Mendan o’zi xafa bo’lg’an bo’lsa, orag’a kishi qo’ysa ham bo’lar edi” degan so’zlari bilan Qodiriy masalaning boshqacharoq, tinchroq yechimi ham bo’lganligiga ishorat etadi.
  •  Davom etib yana ko’ramizki, qipchoq qirg’ini manzaralaridan dahshatga tushgan Otabek o’ylamay-netmay otasining yuziga chopadi. Shusiz ham yuragi qonga to’lib o’tirgan Yusufbek hojini shoshqaloqlik bilan qatliom tashkilotchilaridan biri sifatida malomat qiladi.
  •  Sovuq aql mantig’i bilan hukm qilganda, turmushidagi ayollardan birining qotil va birining maqtulga aylanishiga ham sababchi uning o’zi emasmi?
  •  Musibatzada ota va onani dardu iztiroblar girdobiga tashlab, izohsiz-nesiz Toshkentni tark etgani-chi?
  •  Kumushning ikkinchi bor uzatilishiga oid jonso’z bir xabar qarshisida “Kishining xotinini taloqsiz chiqarib ol-da, bu kun erga ber” degan kinoya ila masalani islom ruknlari asosida o’z foydasiga hukm qilmoqchi bo’lgan kimsaning oxirgi qarori-chi? Uning ko’ngilli bo’lib urushga ketishini o’z hayotiga zimdan suiqasd desak-da, haqsiz bo’lmasmiz ehtimol?

Xo’sh, shularning baridan keyin ham Otabek haqidagi tasavvurlarimizda qat’iy qola bilamizmi? Biz qaysi dalil-asosga tayanib Otabekni asl inson timsoli o’laroq qabul qilamiz, taqdim etamiz?

Ana shunday tahlilu ishtibohlar aylanasida bir so’z xayolimga chaqinday uriladi: QALB!

Biz Otabekni qalbidagi ezguliklar, go’zalliklar, qalbidagi ulug’vor muhabbat tufayli asl inson sanaymiz. Bu ezguliklar zulmat muhitining qattol zarbasiga urilib chil-chil sinadi, albatta. Ammo Otabek siymosida bizni o’ziga chorlagan jozib kuch QALBdir.

  • Bu qalbda ota-onaga hurmat – o’z baxtini qurbon qilish darajasida muhtashamdir.
    Bu qalbda muhabbat – ota-ona rizoligini unutar darajada mujannin va jodulidir .
    Bu qalbda Zaynabga achinish bor; xizmatida bo’lgan Hasanali otaga ayricha mehru e’tibor, usta Olimday toza tuyg’ular sohibiga inja yaqinlik bor.
    Bu qalbda birgina “uyatsiz” degan so’zdan butun olami vayron bo’lish darajasidagi noziktab’lik bor.

Faqat Yaratganga va o’ziga tayanishday mukarram aqida bor.

O’lim hukmi qarshisiga vijdonni shohid qo’yish darajasidagi favqulodda sobit iymon bor.
Yuksak insoniy jasorat va kutilmagan qo’rqinchli-go’zal qarorlar bor.

Bizni Otabekka maftunu mubtalo qilgan hodisa qalb – mohiyat, fitrat, asos-negiz bo’lmish qalbdir.

Va Otabek misolida inson botiniy dunyosining tashqi xatti-harakatlariga nomuvofiq, qarama-qarshi kelib qolishi; aniqrog’i, bu ayanchli hollarning shaxs inon-ixtiyoriga zid ravishda sodir bo’lishi, “aybsiz aybdor” qabilidagi mudhish voqelik bizni larzaga soladi. Shu larza – biz o’z qalbimizni his eta boshlaganimiz nishonidir. Tashqi voqealarning, insonlikka nomuvofiq bo’lib ko’ringan xatti-harakatlarning barchasi biz uchun Otabekning yorug’-yorug’ tuyg’ularga to’la QALBi oldida hechga aylanadi. QALBdagi asl qadriyatlar qarshisida tussizlanib qoladi. Qalbimizning parvozidan; go’zalikka, ezgulikka, muhabbatga talpinishidan – bu ezgulik, go’zallik va muhabbatlar fojialarga esh bo’lsa-da! – shavqqa to’lamiz.

“Otabek asl insondir” degan xulosa adabiyotshunoslikning quruq talqinlariga tayangan sovuq aqlimizning emas, qalbimizning, qalbimiz me’yorlarining bahosidir. Botinimizdagi savqi tabiiyning bahosidir! Aynan QALB tushunchasi Otabekning ahli zohirbinlar bizga pisanda qilishi mumkin bo’lgan xatti-harakatlarini oqlashga huquq beradi.

Biror-bir tabaqa vakillari baxtli bo’lolmagan muhitda Otabek qalbining mohiyatini tashkil qilgan yuksak qadriyatlar tashqi voqelikka aylana olmadi. Aylana olmas ham edi. Ammo ular imkon holida siqilib qolgani uchun, mazmuniga mos shaklda namoyon bo’la olmaganidan o’z sohibining hayotini halokatga mahkum etdi. Oddiyroq qilib aytganda, Otabek o’zi yashayotgan jamiyatga moslashib ketolmadi. U ziddiyatli qahramonga aylandi va oxir-oqibatda o’z qalbidagi kuchli energiyadan halok bo’ldi.

Hatto aytish mumkinki, ezguliklarga to’la QALB nobop jamiyatga o’z sohibini halok etish shaklida qarshilik ko’rsatdi. Qodiriy, ehtimol, QALBning qudratini ko’rsatish maqsadida aynan shu xil paradoksga kuch bergandir?
Shunday mazmundagi hadis bor: “Zulmni qo’l bilan, imkoni bo’lmasa til bilan qaytaringlar. Agar hayotingiz tahlika ostida qoladigan bo’lsa, unga dil bilan qarshi turinglar”. Albatta, gap bu yerda zulmga ko’nmaslik haqida. Lekin yana bir nozik nuqta bor: odam uchun eng oxirgi tayanch – qalbdir. Undan keyin chekinishga joy yo’q. Qodiriy Otabek qissasida buni aniq hayotiy sahnalarda ko’rsatib bergan.

Ilohiy va tasavvufiy manbalarda qalb inson o’z Parvardigori bilan muloqot qilib turadigan joy sifatida; bu borada aql, ilm yo mehnatdan mutlaq ustunlikka ega bo’lgan vosita sifatida talqin etiladi. Olamni tanish faqatgina iymonli, pokiza qalblargagina muyassar etilgan. Dunyo hayotining davomati ana shunday ma’rifatli qalblarning mavjudligi bilan shartlangandir.

Dunyoviy manbalarda ham yaxshi fazilatlarni o’zida mujassam etgan qalblar hayot barqarorligining asosi, insonlik jamiyatining ziynati sanaladi.

Yaratilgan mavjudotlar ichida o’z yo’lini tanlash ixtiyori faqat insongagina berilgan. Tanlangan yo’l va qalb tushunchalari o’zaro qattiq daxldordir. Qachonki inson ko’rsatib qo’yilgan to’g’ri yo’ldan adashsa yoxud undan atayin yuz o’girsa, qalbi noshoyista illatlarga to’ladi.

Muhtashamroq tushunchalarni bir chetga surib qo’yib, oddiyroq mulohazda qilinganda ham, qalbida yomonliklarni jamlaganlar tabiatni ham, yaxshi insonlarni ham, oxir-oqibatda bir-birlari va o’zlarini ham xarob etishlari ayon bo’ladi.

Kirlangan qalb sohiblari insonni xo’rlaydigan nobop jamiyatlarni paydo qiladilar. Shu xil kimsalarning ko’pligi, bir-birini qo’llab-quvvatlashi va o’z yomonliklarini qonunlar bilan mustahkamlab olib, kuchayib ketishlari avval iymonli qalb sohiblarini, alaloqibatda esa butun jamiyatni halokatga yo’liqtiradi. Mana shu zanjirdan turib qarasak, odam va uning jamiyati halokatining, pirovardida esa dunyo tanazzuli bo’lmish qiyomatning ham boisi, alhazarkim, Yaratganning ko’rsatmalaridan qalblardir!

Shunday bir tasavvurlar ham borki, go’yo bizning qalbimiz Allohning izmida; niyatlarimiz, gunoh yoki savob amallarimiz ham uning inon-ixtiyorida. Gunoh qilsak-da, gunohkor emasmiz… Aslo! Bu – o’zini osiylarcha oqlashdan boshqa narsa emas. Agar shunday bo’lganda, jannat va jahannam yaratilishining ma’nosi qolmasdi. Parvardigori olam barcha mavjudotlar ichida Insonni mukarram xalq qildi, faqat ungagina i x t i yo r berdi. Ungagina q a l b berdi! Qalblarni qotib qolgan bir matoh qilmadi. Qalblarga g’aflatdan uyg’onish, jahldan xalos bo’lish, kirlardan poklanish imkonini, saodatini berdi. Pokiza qalblarni adashish xavfidan ogoh etdi. Sharif hadislardan birida aytilganidek:

Albatta jasadda bir et borki, agar u to’g’ri bo’lsa jasadning barchasi to’g’ri bo’ladi. Agar u buzuq bo’lsa, jasadning barchasi buzuq bo’ladi. Ogoh bo’ling, u Qalbdir!

07

(Tashriflar: umumiy 385, bugungi 1)

Izoh qoldiring