Jaloliddin Rumiy. Ma’naviy Masnaviy. Birinchi kitobdan hikoyatlar & Nodira Afoqova. Insoniyatning so’z osmonidagi me’roji

78Агарда инсоният тарихида яратилган шу каби жамийки улуғвор китобларни бир халққа қиёсласак, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си уларнинг султони;
– уларни султонга қиёсласак, “Маснавий” – шу султоннинг тожи;
– уларни тожга қиёсласак, “Маснавий” – шу тожнинг гуҳари шарифидир.

ИНСОНИЯТНИНГ СЎЗ ОСМОНИДАГИ МЕЪРОЖИ
Нодира АФОҚОВА
филология фанлари доктори


07Биз тарихий ҳодиса ила рўбарў турибмиз. Бу тарихий ҳодиса – муҳташам Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”сининг ўзбек тилидаги таржимасидир. “Маснавий”дай муаззам бадиий обидани бу гал бетакрор шоир ва мутаржим Одил Икром таржимасида ўз тилимизда мутолаа қилиш арафасидамиз.
Одатда ҳозир Сиз ўқиётганингиз каби сўзбошиларда аввал-бошлаб асари таржима қилинган ижодкор ҳақида обзор тариқасидаги маълумотлар тақдим этилади.
Маъзур тутинг, азиз румийхон. Биз бу гал маърифатга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга маълуму оламоро машҳур бўлган улуғвор Жалолиддин Румий ҳақида турли манбалардан – чоп этилган китоблардан ташқари, мушкулимизни анча осон қилган интернет ялангликларидан топиш, ўқиб-ўрганиш мумкин бўлган факт ва маълумотлар баёнидан сақланамиз. Зеро, китобхонлик ҳам ижоддир, машаққатдир. Биз аминмизки, Сиз Румий ҳақидаги маълумотлардан яхшигина хабардорсиз; биз-да бу ҳақда Сиздан ортиқ билмаймиз, эҳтимол. Аминмизки, Сиз “Маснавий” мутолаасига руҳан тайёрсиз. Алалхусус, тасаввуф ҳақидаги зерикарли маърузалар, мавҳум ишқ ҳақидаги фалсафалар, узуқ-юлуқ иқтибослар билан бошингизни қотирмасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг англовимиздаги Румий кимдир – шуни ўртоқлашамиз.
Жалолиддин Румий маҳобатли Шарқнинг қудсий руҳини ўзида жамлагандир. Румий – бутун Шарқдир.
Румий еттинчи осмондадир.
Маълумингизким, Инсоният маънавий-маърифий ҳаётининг, Бадиий Сўз дунёсининг Одам Ато Ерга тушгандан то шу кунга қадар яшаб ўтган, яшаётган султонлари бор. Улар катта-катта даврлар руҳини ўзларида мужассамлаштирадилар.
Улуғвор Гомер биз ҳозирча инсон руҳий уйғонишининг илк босқичи ҳисоблаган антик дунё кишисининг юксак руҳий парвозини, шу инсон ҳаётининг жамиики томонларини бадиий сўзда муҳрлаб қолдирди. У антик дунё донишманд файласуфлари ва санъаткорларининг мужассамидир.
Данте қўрқинчли ишга қўл урди. У ўзини Инсоният ҳакамидай, икки дунё қозисидай тутди. Хабарини ҳали-ҳозирга қадар бу ёруғ оламни тарк этган ҳеч бир инсон етказмаган, қандайлиги одамизодга илоҳий пайғомлар орқалигина маълум бўлган боқий дунёни ўзи кезиб чиққан каби жонли тасвир этди. Данте – зиддиятли ҳодисадир. Унинг “Илоҳий комедия”сини нимадир бизнинг зеҳниятимиздан итаради. Бунинг сабаби доно китобхонга маълум, албатта. Аммо бу – дунёдаги тафаккур соҳибларини чуқур-чуқур ўйларга толдирадиган Дантени инкор қилишга тўла ҳақлимиз, дегани ҳам эмас. У биз кўрмаган дунёда кезибдими, уни шундай тасвир этибдими, бу ўз-ўзидан содир бўлган эмас. Бунда ҳам илоҳий, биз билмаган нимадир бор.
Абулқосим Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида Аллоҳнинг ердаги сояси саналмиш шоҳу султонлар мавзуси баҳонасида буюк бир халқнинг тарихини ёзиб қолдирди. “Шоҳнома”ни халқ эпосларига менгзашади – бу Фирдавсий бадиий тафаккурининг миқёсларини тасаввур қилиш имконини берадиган қиёсдир. Бу эътирофдир. Бутун бир халқнинг илоҳий борлиқ ва тарихий замонларни идрок этиш босқичлари Фирдавсий шуури-зеҳниятида бир бутун ҳолда инъикос этди.
Шарқ “Хамса”лари ўзига хос алоҳида ҳодиса. Фақат мана шу бешликлар яхлит ҳолда ўз руҳи ва кўлами ила Румий “Маснавий”сига яқин келади.
Шарқ Уйғониш адабиёти – чегараларини илғаш мумкин бўлмаган даражадаги кўламли ҳодисадир. Уни ёлғиз ҳолда идрок этиш мушкул. Уни бутун авлод бўлиб, бошқаларнинг кўмагидагина идрок этиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, имкон даражасида ўқиганларимиз ҳамда улар ҳақида ёзилган шарҳу илмий тадқиқлардан келиб чиқиб, тахминийроқ тарзда деймизми, умумий руҳиятидан келиб чиқиб деймизми – бу “Хамса”ларда ҳам, бизнингча, муқаддас Ислом руҳидан ташқаридаги бирор сўз йўқ, дейиш мумкин.
Уильям Шекспирнинг асарлари яхлит ҳолда икки маънавий давр чегарасида турган Инсонни бутун эришганлари-топганлари, иштибоҳлари, адашишлари, мавҳумиятлари ила тарихлантирди. Нафақат қаҳрамонлари орқали, шахсияти ёзганларидан улуғвор Толстой инкор этган жиҳатлари билан ҳам. Нега Толстой Шекспирни инкор этди? Нега сирли Шекспирнинг жаҳоний шуҳрати кечикиб келди? – бу каби саволлар азим эпопея сингари қизиқ.
Буюк, дея эътироф этилган кишиларда бутун инсоният руҳида етилиб келган ҳодисалар яхлит, йиғилган ҳолда инъикос этади. Шунинг учун ҳам буюк инсонлар ҳар кун эмас, вақт-вақти билан туғиладилар. Ҳар қандай буюк инсон маълум даврларнинг йиғиндисидир, мужассамидир. Улкан баҳри муҳитлардан учган сувлар айлана-айлана пировардида мўъжизавий чақмоқларни зоҳир этгани каби; вулқонлар узоқ муддатларда куч йиғиб отилгани сингари Инсонлик руҳиятида, бутун-бутун халқлар руҳиятида даврлар оша пишиб келган ҳодисалар муайян Шахсда чақмоқланади, портлайди. Негаки инсоният руҳияти ҳам узоқ фурсат давомида ташқи тарихий ҳодисалардан ва уларнинг ички таҳлил-талқинидан, ўз-ўзини узоқ муддатларда тафтиш этишдан куч йиғади.
Уруш ва тинчлик инсоният дорулфанодаги ҳаётининг ўзак масаласидир. Уруш ва тинчлик бутун-бутун халқлар учун ҳам¸ алоҳида инсон учун ҳам ҳаёт ва мамот масаласидир. Инсоният тарихи – урушлар тарихидир, десак-да унчалик ошириб юбормаган бўламиз. Бу уруш ташқи ҳаётдаги каби инсоннинг ёки халқнинг ички дунёсида ҳам кечади. Униси бунисини, буниси унисини туғдиради.
Муболағалироқ қилиб, беназир Лев Толстой ўзидан олдинги ва кейинги инсониятнинг уруш ва тинчлик ҳақидаги ўйларини, хулосаларини жамлаб берди, дейишимиз мумкин. “Уруш ва тинчлик”нинг забт этиш сири – унда урушларнинг маънисиз ҳодиса эканлиги, уруш маъниси ҳатто қўлига қурол тутиб одам ўлдираётганларнинг ўзларига ҳам маълум эмаслиги, урушларни нафс ва даъво туғдириши, Инсон фитратига яратувчилик муҳрлангани, одам фарзандлари ўлдириш учун эмас, ўзига ўхшаганларни дунёга келтириш ва Инсоният ҳаётини бардавом қилиш учун халқ этилгани ҳақидаги ҳақиқатларидадир.
Донишманд Гёте Мағрибу Машриқ девонини яратди. Бу – дунё китобидир. У Машриқ ва Мағрибни бир бутуннинг икки томони каби идрок этди, кўрсатди. Гёте оламшумуллигининг, даҳосининг сири мана шунда.
Агарда инсоният тарихида яратилган шу каби жамийки улуғвор китобларни бир халққа қиёсласак, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си уларнинг султони;
– уларни султонга қиёсласак, “Маснавий” – шу султоннинг тожи;
– уларни тожга қиёсласак, “Маснавий” – шу тожнинг гуҳари шарифидир.
Негаки, ҳадемай Сиз мутолаа қилишни бошлайдиган бу китоб ҳақда:

Маснавии маънавии мавлавӣ,
Ҳаст Қуръон дар забони паҳлавӣ, – демишлар.

Одам Ато фарзандларига самовот қаватларининг аршидан ирсол этилганидан ҳам улуғроқ калом бўлиши мумкинми?
Қатъий жавобимиз шуки: Йўқ!
Қуръони Карим эса пайғом қилинган ана шундай илоҳий китобларнинг сўнггисидир.
Йўқолмаслиги, ўзгармаслиги Ҳақ Таолонинг ўзи томонидан кафолатланган Каломдир.
Ҳар бир сўзида Қуръони мажид руҳини жо этган, ўз воситаси ила ўша Каломни одамзод болалари зеҳниятига чуқурроқ ўрнаштириш муддаоси ила битилган “Маснавий” ҳам то ўзигача ва ўзидан кейин айтилажак Бадиий Сўзнинг, шак-шубҳасиз, шоҳонасидир. Оддийроқ қилиб айтсак, жамиики бадиий асарларнинг пешравидир.
Инсоният тарихида Буюк кўтарилишлар бор. Алоҳида инсоннинг Кўтарилиши ҳам маълум бир халқники, бутун инсониятникидир. Одамзод маълум одам сиймосида парвоз қилажак. “Маснавий” – одамзоднинг Румий сиймосида Сўз осмонидаги меърожидир.
Бу китоб дарду аламлар китоби, изтиробу қайғулар, ўгитлар китобидир. Бу гапдаги “дарду алам, изтироб” асло тушкунлик ёки бадбинлик деб талқин қилинмаслиги керак. Негаки, маъноси ниҳоятда кенг ва чуқур бўлган дарду алам, изтироб руҳан тозариш воситасидир. Изтироб, ғам-қайғу – инсоний қалб атрибутидир.
Аллоҳ махфий бир хазина эди. У танилиш, билиниш учун оламни ва ундагиларни яратди (“Кунту канзан махфиян”). Ўша махфий хазинани сақлаш масъулиятини инсондан бўлак махлуқотлар ўз зиммаларига олишга журъат этолмадилар. Бу олиймақом вазифани Инсон ўз масъулиятига олди. Аллоҳ олдида Инсоннинг рутбаси, мақоми барча мавжудотларникидан баланд бўлди. Шунинг учун ҳам сўз гуҳари Инсонга берилди. Инсон аталмиш хилқат ўз парвардигорининг назарида шу қадар мукаррамдир. Биз ўз фарзандимизни қанчалар яхши кўрамиз, уни асраймиз, йўл кўрсатамиз, хато қилса кечирамиз. Буларнинг бари инсонийлик арконларидандир. Аллоҳнинг ўз бандасига меҳри, марҳамати ҳам худди шундай. Аммо бу муҳаббат раббонийдир, илоҳийдир. Борлиқнинг асосида муҳаббат ётади. Инсон жамиики иллатларию гуноҳлари, хато ва адашишларига қарамасдан, “коинот гултожи”дир (Абдулла Орипов). Шунинг учун икки дунё саодати ваъда қилинган муқаддас китобларда ҳам инсонлар фақат ва фақат бир-бирини севишга, бир-бирини суяшга, қўллашга, кечиришга, жамоа бўлиб яшашга даъват этилган.
Инсонни севингиз. Инсоният тарихида бунёд бўлган жамиики Сўз дурдоналарининг мағзи-моҳияти ҳам шу. Инсонни севмоқ – у яшаётган илоҳий борлиқни ҳамда Инсон ва унинг ҳаёт макони бўлмиш икки жаҳоннинг Парвардигорини севиш демакдир. Аллоҳни севиш Инсонни севмай туриб содир бўлмайди. Зеро, Аллоҳни Инсонсиз идрок этиб бўлмайди.
Инсонни севингиз. Шунда Аллоҳни севган бўларсиз – Румий маънавий-адабий дастурининг ҳам асл моҳияти мана шу. Шоир барча интилишлари, ёзганлари, шиорлари, бонглари, қалбининг туб-тублари билан шуни истади, шунга интилди, шунга даъват этди. Аллоҳга муҳаббат йўллари инсонга муҳаббат устидан ўтади. Мажоз ҳақиқат кўпригидир, деганларининг маъноси шу. У Инсонни севди, унга комиллик соғинди, хатоларидан изтироб чекди.
“Маснавий” шеърда, арузда бунёд бўлди. Бунда ҳам чуқур мазмун бор. Шеър ўзини шеър қилган асосий унсурлар – вазн, қофия, рамз ва образлиликни илоҳий китоблардан олди. Шеърда илоҳийлик бор. Аруз унсурлари эса Қуръони Карим ва ҳадисларда мавжудлигини бевосита мисоллар билан исбот этган Алишер Навоий шунинг учун ҳам “Мезон ул-авзон”да арузни “шариф фан” дейди. Шунинг учун ҳам Румий руҳининг парвозини, самоъ мажлисисиз, шеърсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умуман, шу хил ёндашувда муаззам Шарқда бадиий сўзнинг шеър шаклидаги равнақи асрори ҳам бир қадар ойдинлашгандек.
Инсон айтган Бадиий Сўз тожидаги гуҳари шариф бўлмиш “Маснавий” шу лаҳза ўзида туркий ва форс-тожик каби икки улуғвор халқ руҳий қадриятларини мужассам этган нозиктаъб шоир Одил Икром таржимасида бизнинг қўлимизда турибди.
Одатда, таржима ишига ижодкорлар ҳам, мустақил ижод қилмайдиганлар ҳам қўл уришади. Таржимонларни мана шундай шартли икки тоифага ажратиш мумкин. Дунё таржимачилиги тарихида ҳам, миллий адабиётимизда ҳам бадиий ижод билан шуғулланмаса-да, таржима ишини санъат даражасида эплаганлар оз эмас. Бу ерда тасодиф йўқ. Бизнингча, ижодкор бўлмай туриб, таржимон бўлиб бўлмайди. Аслида иккинчи тоифадагиларнинг фитратида ҳам реаллашмаган ижодкор ётади. Қандайдир объектив ва субъектив сабабларга кўра реаллаша олмаган потенциал таржима шаклида воқеланади. Бу потенциал баъзан бадиий сўз тадқиқотчисига айлантиради ўз соҳибини. Кўпгина адабиётшунос олимларнинг бадиий ижод билан шуғуланниши фактлари ҳам маълум.
Шуниси ҳам борки, таржимон руҳи ўзи асарини танлаган ижодкор руҳий дунёси ила уйғун бўлмоғи лозим. Таржиманинг бош шарти шу, эҳтимол. Яна эҳтимолки, бу уйғунлик фақат таржимоннинг интилишларигагина боғлиқ бўлмай, субъектив омилдан ташқари – ато этилган бўлиши ҳам керак.
Мен “Ўқувчи китобни эмас, китоб ўқувчини танлайди” деган гапимни шу ерда ҳам такрорлашдан истиҳола қилмайман. Таржима асар ҳам қанча-қанча йўллар юриб, қанча-қанча ижодкор инсонлар қошидан ўтиб ўз таржимонининг ҳузурига келади. Қанча-қанча йўллар юриб деганимиз Вақтга дахлдор эмас. Буни бугун яратилиб, бугун таржима қилинган асар ҳақида ҳам айтса бўлади. Баъзан ўша йўлларда у бегона қўлларга тушиб қолиши ҳам мумкин. Бу қўлларда у ўз асрорини очмай тураверади. Токи ўз танлаганини топгунига қадар.
“Маснавий” Одил Икромни танлади. Одил Икромни топди. Бу ҳодисалар шундай яратилган. Муболаға, дерсиз. Майли, “Маснавий” ва унинг таржимаси ҳар қандай муболағага арзийди.
Одил Икром бу таржимага етиб келди. У шунгача бўлган йўлни босиб ўтди. Одил Икром моддий борлиқ тўқнаштирган зиддиятлар, руҳий изланишлар, синов ва тобланишлар йўли орқали; ва ниҳоят, гоҳо анжуман ичра ўртаган маҳзун ёлғизлик орқали ўз руҳиятини Румий руҳияти ила уйғунлаштирди. Одил Икром унданам аввалроқ Румий ила бир руҳий иқлимда яратилган эди. Шу иккисисиз бу таржима майдонга келмасди.
“Маснавий” шу даража муҳташамки, биз каби оддийроқ ўқувчи қўлга олиш тугул, унга яқинроқ боришга ҳам ҳайиқиб турамиз. Мана шу хаёллар, мана шу ҳадиксираш фонида Ҳазрати Румий илоҳий илҳом шавқи ила ёзиб ташлаган “Маснавий”ни бошқа тилга ўгириш учун қўлга олиш ҳам, умуман, бу ҳақда ўйлаш ҳам жасоратдир, десак, Сўзга унча-мунча дахли бўлмаган одам ҳам инкор қилолмаса керак.
“Маснавий”нинг мазкур таржимаси – тарих тақозоси, эҳтиёж, халқимиз жамияти тараққиётининг қонуний бекати бўлди. Бу таржима босқинлару истилолар, шу истилоларга қарши ўқтин-ўқтин кўтарилган исёнларга мубаддал тарихимиз, хусусан, даҳрийликни байроқ қилган шўро империяси даврида юрак-бағримизни ўртаган аччиқ соғинчдир.
“Маснавий” таржимаси – тарихан қисқа бўлса-да; аслиятини, асл руҳий мезонларни ихтиёрсиз қўмсагани боис халқимиз учун узоқдай, жудаям узоқдай туюлган давр мобайнида – исломий бошланғичимизга ичкин қаттиқ интилувнинг ниҳоятидир.
Жалолидин Румий еттинчи осмондадир, дедик.
Одил Икром бизни Румийнинг еттинчи осмонига, илоҳий парвоз йўлига олиб чиқиб қўйди. Негаки, ҳар қандай таржима муайян асарнинг, муайян даҳо руҳининг юксак тоқларига чиқиш йўлкўрсаткичидир. Таржимон йўллаб қўяди. Еттинчи осмонга чиқиш ўқувчининг ўз қўлида. У ўз руҳини ўқиётган Сўзнинг руҳи билан уйғунлаштира билиши керак.
Яна озгина чекиниш қилиб айтиш мумкинки, таржима аслиятни жамиики жиҳатлари ила тўла воқелантира олмайди. Бу мумкин бўлмаган иш. Негаки, бир замон айтилган Бадиий Сўз бошқа бир инсоннинг қалб призмасидан ўтади. Иккинчи бир инсоннинг, қолаверса, бўлак бир халқнинг борлиққа муносабати, руҳияти, босиб ўтган тарихий йўли ила қўшилиб-қорилади. Муносиб таржимон идрокида, эҳтимол, янги жилваларини намоён қилади. Ўзимиз мисолимизда айтадиган бўлсак, Абдураҳмон Жомийнинг “Арбаъин”и, Хожа Аҳрорнинг “Маснавий”си, Алигьери Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Иоганн Вольфганг Гётенинг “Фауст”и, Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”си каби бирмунча сўз дурдоналари ўзбек тилида ана шундай янги жилваларда қайта туғилди.
Таржимон муайян даҳо кўтарилган осмоннинг қайсидир қаватларига олиб чиқади бизни. Шунинг ўзи етарли аслида. Таржиманинг вазифаси – ўқувчи руҳий идрокини ҳаракатга келтиришдир.
Яна бир гап: Ҳазрат Алишер Навоий “Лайлию Мажнун”нинг хотимасида асарнинг ёзилиши боисидан сўз очиб, ўзидан олдин форсий алфоз ила достон этилган ишқнинг бу мунглиғу ўтлиғ афсонасидан соф идрок ва хуштаъб туркийзабон халқ ҳам баҳра олишини мақсад қилдим, дейдилар:

Чун форси эрди нукта шавқи,
Озроқ эди анда турк завқи,

Ул тил била назм бўлди малфуз.
Ким, форси англар ўлди маҳзуз.

Мен туркча бошлабон ривоят,
Қилдим бу фасонани ҳикоят

Ким, шуҳрати чун жаҳонға тўлғай,
Турк элига доғи баҳра бўлғай.

Невчунки букун жаҳонда атрок.
Кўптур хуштабъу софи идрок.

…Мен доғи бу майниким сузубмен,
Туркона суруд анга тузубмен.

Нозикаъб ўқувчига бу қиёс, балки, том эмас каби туюлар. Аммо моҳият яқин: Одил Икром ҳам биз ўзбеклар ҳам шу улуғ маънавий обидадан тўла-тўкис баҳраманд бўлишимизни астойдил истади, шу беғараз мақсад йўлида заҳмат чекди. У “Маснавий”нинг таржимони деган мақомга интилмади; қаламини унвонлар тамасида йўнмади. Агар шундай бўлмаганда, “Маснавий”нинг ҳар бир сўзу жумласи зимнида ётган, уларни ичдан нурлантириб турган Қуръону ҳадисга оид ишораларни излаш, топиш, қиёслаш, ўз ўрнига қўйиш каби машаққатлардан ўзини озод қилган, таржима бундан бир неча йиллар олдинроқ нашр қилинган бўларди.
Бундан бир муддатроқ аввал Рауф Парфи – Навоий, Бобур, Машраб, Фитрат-Қодирий-Чўлпондан кейин руҳи бирмунча чўккан миллий адабиётимизда туркчилик руҳи янги Сўзни майдонга қўяжагини башорат қилган эди. Шоир тўла-тўкис ҳақ. Майдонга қўйилажак бу янги адабиёт Озодлик ва Эрк қайғуси ила уйғунлашиб, Рауф Парфининг ўз ижодида илк нафасини олди.
Бизнингча, туғилиб келаётган порлоқ миллий адабиётимизда туркчилик ва ҳуррият тараннуми – шўро даврида ҳам йўқолиб-битмаган, Истиқлолдан кейин яккам-дуккам ҳолда намоён бўлаётган исломий руҳ ила мубаддал бўлғуси. Исломий руҳ – бу инсондўстлик; дини ва бошқа тафовутларидан қатъи назар, одамга тамасиз муҳаббатдир. Исломий руҳ – комиллик сари интилувдир.
Туркчилик, Эрк ва Исломий руҳ уйғунлашиб, яхлитлашиб кучли адабиёт дунёга юзланажак.
Турк дунёси узоқ даврлар Ўрхун-Энасой муножотларию, “Ирқ битиг” фолларидан, балки унданам аввалроқлардан бошлаб Навоийга замин ҳозирлагани каби бизда ҳозир тайёргарлик даври кечмоқда. “Маснавий” таржимаси – уч асосга эга шу кучли адабиётнинг туғилиб келаётгани хушхабаридир. Ўзига хос ибтидодир. Бу хушхабарнинг хабарчиси Одил Икром бўлдилар.
Одил Икромга қадар ҳам “Маснавий” таржимасига, шу руҳдаги бошқа мўътабар асарларга-да қўл урилди. Ул ҳаракатларда ҳам хосият, хайр бор, албатта.
Аммо “Маснавий”нинг буюк исломчилик руҳи – асл моҳияти Одил Икромнинг тасаввур қилиб бўлмас даражадаги заҳматли меҳнати орқасидан кенг кўламларда юз очди. “Маснавий” илгари воқеа тарзида қабул қилинган бўлса, Одил Икром таржимаси туфайли биз уни моҳият ўлароқ идрок эта бошлаймиз. Бу моҳият асарнинг ҳар бир жумлаю сўзларига Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларга берилган ҳаволалар воситасида бизга тўла намоён бўлди. Аниқроқ қилиб айтсак, ”Маснавий”нинг маҳобати, илоҳий гўзаллик асрори биз оддий ўзбекзабон ўқувчисига Одил Икром машаққатлари туфайли маълум бўлди.
Бизнинг вазифамиз китобхонни “Маснавий” мутолаасига йўллаш эди. Шунинг учун ҳам биз Сиз ҳозироқ бошингиз билан шўнғиб кетажак “Маснавий” таржимасининг илмий таҳлилидан сақланамиз. Бунинг ўрни ҳам эмас. Негаки, Сиз “Маснавий” мутолаасига шошилиб турибсиз. Бу таржима келажакда катта-катта илмий тадқиқотларнинг мавзуси бўлишига шубҳа йўқ.
“Маснавий”га олиб келган йўл иқрори, Румий даҳоси ила юзма-юз қолиш саодати, кулли ҳайрат, ул муҳтарам берган қанот ила самовотнинг илоҳий қаватларида чарх уриш ҳавоси, шу ҳавони ўзгаларга ҳам етказиш истаги ва машаққатлари, ҳадик ва жасорат, мўъжиза ва кўнгил тўлмаслик, ожизлик қўрқуви ва яратиш завқи, маҳрумият ва муяссарият… – азиз таржимонимиз, ўзига хос бетакрор шоир, ўзбек ва форс-тожик тилининг дақиқ билимдони Одил Икром буларнинг бариси ҳақида баёнот берадилар. Асл тадқиқотчилар ўз илмий таҳлилларида шу баёнотга таянадилар, дея умидланамиз.
Қушлар олис манзилларга етиш учун улкан океанлар устидан ойлаб ерга қўнмай танафуссиз баланд-баланд парвоз қилгани сингари, Жалолиддин Румий ҳам “Маснавий”да мана шундай осмонидан тушмай қанот қоқди. Одил Икром ҳам Румийнинг кўкдаги парвозини изма-из такрорлади, йилларча ерга қўнмади. Бу парвоз, эҳтимол, ҳалиям давом этаётгандир… Румийнинг самовий йўлларида уча-уча, унинг таржимони ўз йўлларига чиқиб кетгандир ва ҳамон учаётгандир, эҳтимол… Бор гапки, биз мухлислари Одил Икромдан Румийнинг илоҳий гулшанидаги гулгаштлар акси-садоси ўлароқ қоғозга тушган шеърларни ҳам кутаётирмиз.
Ҳозирча эса деймизки: “Ўзбекча “Маснавий” барчамизга муборак бўлсин!”
Тарихий ҳодиса иштирокчисига айланишга шошилинг, азиз ўқувчи!

05ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан ҳикоятлар
Форсийдан Одил Икром таржимаси

ТИЖОРАТГА БОРАЁТГАН ЧОFИДА ТУТҚУН ТЎТИСИ ҲИНДИСТОН ТЎТИЛАРИГА САЛОМ ЙЎЛЛАГАН САВДОГАР ҚИССАСИ

Бор эди тожир ва дилдор тўтиси,
Тор қафасда тутқуну зор тўтиси.

Кўрди савдогар тадорик шул замон,
Ул сафар қилмоқчи бўлди Ҳинд томон.

Ҳар каниз, хизматчисин чорлаб шу пайт
Сўрди: “Мен не келтирай сенларга, айт?”

Барчаси ўз истагин билдирди шод,
Ваъда берди барчага ҳимматли зот. 1550

Тўтидан сўрмиш: “Гапир, сенга бу он,
Келтирай Ҳинд элидан не армуғон?”

Деди: “Ногоҳ тўтилар дуч келса гар,
Ушбу ҳолим тарзидан бергин хабар.

Де: фалон бир тўти сизга интизор,
Бизга тақдир улни этмиш банди, ёр.

Йўллагай сизларга пайғом оташин,
Истагай сиздан бирор йўл чорасин.

Балки дўст дийдорига муштоғу зор,
Жон берарман бунда мен девонавор. 1555

Менга тутқунлик раводир жилвасиз,
Гуллаган боғу чаманзор ичрасиз.

Шулмикан дўстдан вафолар, оҳ, наҳот?
Мен асир, сизлар гулистон ичра шод.

Ёдда сақланг мендайин зор қушни ҳам,
Бир саҳар бўлгач чаманзор ичра жам.

Дўстини дўст эсласа, мамнун эрур,
Дўст эса чин – Лайлию Мажнун эрур.

Ёр қучиб, сиз унда топгайсиз фараҳ,
Мен ичарман бунда қоним лиқ қадаҳ. 1560

Бир қадаҳ май бирла бўл ёдимга ёр,
Келмагай бергинг агар додимни зор.

Ёки бир шўрликни ёд айлаб ҳазин
Ерга тўк, ичсанг, у жомдан қатрасин.

Воажаб, қайларда ул аҳду қасам?
Ҳам шакар лаб ваъдаси, лутфу карам?1

Фарқ қани, қул гар ёмондир – ҳоли танг,
Гар ёмонга сен ёмонлик айласанг?

Эйки, қаҳринг келса, берсанг гар жазо,
Бил, самоъ, чанг бонгидан хуш ул наво. 1565

Эй жафоси мулку молдан яхшироқ,
Интиқоминг жондан афзал дўст, иноқ.

Оташинг бул бўлса, қандоқ сенда нур?
Мотаминг бул бўлса, қандоқ ул сурур?

Ҳар жафо-жабринг ҳаловат бахш этар,
Айласанг лутф, айт, тубингга ким етар.

Қўрқаман, менга ишонгай, нолисам,
Раҳми келгач, жабрин айлар деб У кам.

Айладим Ул қаҳри-ю раҳмин талаб,
Икки зиднинг ошиғиман, воажаб! 1570

Бўлса боғ, валлоҳ, тикондан сўнг макон,
Шул сабаб, булбулдайин қилгум фиғон.

Бир ажиб булбулки, оғзин очса ул,
Луқмадир унга тиконлар бирла гул.

Бул не булбул? Бул – оловнинг аждари,
Унга хушдир ишқ ила нохуш бари.

Кулл ўзи, ҳам куллга ошиқ, беқарор,
Ўзига ошиқдир, ўз ишқига зор”.

————————-
1 – “Эй мўминлар, битимларга (Оллоҳ таоло билан ўрталарингиздаги битимларга – У Зотга бандалик қилиш ҳақида берган аҳд-паймонларингизга ҳам, ўзаро бир-бирларингиз билан келишиб олган битимларингизга ҳам) вафо қилингиз!” (“Моида” сураси, 1-оят).

(Биринчи китоб, 1547-1574-байтлар)

САВДОГАРНИНГ САҲРОДА ҲИНДИСТОН ТЎТИЛАРИНИ УЧРАТГАНИ ВА ЎЗ ТЎТИСИДАН ХАБАР ЕТКАЗГАНИ

Етди Ҳиндистонга савдогарки то
Кўрди бир тўп тўтиларни чўл аро.

Отини тўхтатди, чорлаб барчасин
Сўйламиш қушнинг омонат гапларин.

Тўпдаги бир тўти шул дам ногаҳон,
Қалтираб, ҳолсиз йиқилди, берди жон.

Сўзидан тожир пушаймон, қолди лол,
Деди: “Бир қуш жонига бўлдим завол. 1590

Бул, наҳот ул тўти бирлан қони бир?
Бул, наҳот икки вужуд, лек жони бир?

Оҳ, нечун мен унга келтирдим салом?
Хом гапимдан куйди бу шўрлик тамом”.

Тил мисоли темир-у тошдай эрур,
Неки тилдан чиққай, оташдай эрур.

Тош-темирни беҳуда қилма хилоф,
Сўйласанг гоҳ қисса, гоҳ урганда лоф.

Қоп-қоронғу, ҳар тараф гар пахтазор,
Пахта ичра учқуну ўтга не бор? 1595

Улки золим қавмдир, кўр кўзлари,
Куйдирар оламни буткул сўзлари.

Битта сўз дунёни вайрон айлагай,
Ҳам ўлик тулкини қоплон айлагай.

Барча жон Ийсо даминда жам эрур,
Гоҳ жароҳат, гоҳида малҳам эрур.

Гар ҳижобдан айри эрса барча жон,
Эрди ҳар жон лафзи ҳам Ийсосимон.

Гар ширин сўз истасанг шаккарсимон,
Ема ҳирсинг ҳолвасин, сабр айлабон. 1600

Сабру тоқатдир закийлар ёғдуси,
Ҳолвадир барча гўдаклар орзуси.

Кимда бор сабри агар, кўкка етар,
Ким егай ҳолва, тубанликка кетар.

(Биринчи китоб, 1587-1602-байтлар)

САВДОГАР ЎЗ ТЎТИСИГА ҲИНДИСТОН ТЎТИЛАРИ БИЛАН ҚАНДАЙ КЎРИШГАНИНИ СЎЙЛАБ БЕРГАНИ

Қилди савдогар тижоратни тамом,
Ўз уйига қайтди сўнг, элтиб паём.

Олди ундан совғасин ҳар битта қул,
Ҳар канизга бир матоҳ келтирди ул. 1650

Тўти сўрмиш: “Мен учун ҳадянг надир?
Неки кўрдинг, сўйладинг, де бирма-бир”.

Деди: “Мен афсус-надомат айларам,
Энди бармоғимни тишлайман бу дам.

Қайданам элтдим хабар хом, фойдасиз,
Бул маним нодонлигимдан, шубҳасиз”.

Деди: “Сен беҳад пушаймон, дарғазаб,
Айт, ахир, қаҳру ғамингга не сабаб?”

Деди: “Учраб тўтиларга ногаҳон,
Айладим бор арзу зорингни баён. 1655

Ғамларинг бир тўти ҳис этди чунон
Сўнг ўти ёрилди, титраб берди жон.

Дедим аттанг, не учун бердим хабар?
Энди бул пушмонлигимдан не самар?”

Қай калом учгай тилингдан ногаҳон,
Ўқ эрур, учган камондан бегумон.

Ортига қайтарми ўқ, ўғлон, тағин?
Бошидан тўсмоқ керак сел йўлларин.

Тўсмасанг бошдан, жаҳон сел ичрадир,
Не ажаб, дунёни босса бирма-бир. 1660

Неки ғойибдандир, ундан қолгай из,
Оқибат рўй бергай одам ҳукмисиз.

Неки бор, ёлғиз яратмишдир Эгам,
Не яралмиш, бизга дахли бўлса ҳам.

Зайд Амирга ўқ узаркан ногаҳон,
Ўқ Амирга солди чанг йўлбарссимон.

Дард бир йилда яралмиш, ҳар нафас
Дардни Ҳақ келтирар, одам эмас.

Қўрқиб ўлса шунда гар отгувчи Зайд,
Токи ўлгунча туғилгай унда дард. 1665

Оқибатда ўлдирар дарди, лекин
Зайдни аввал сабаб қаттол дегин.

Унга мансуб барча дард ундан эрур,
Гарчи барча ҳодиса Ҳақдан келур.

Ҳам зироат, ҳам нафас, дому жимо
Бўлди Ҳақнинг қудратин туйгач бино.1

Авлиё олгай Илоҳдан қудратин,
Учган ўқни қайтарар кетга тағин.

Бил, сабабдан оқибат эшик ёпар,
Авлиё Ҳақ илкидан пушмон агар. 1670

Очиқ эшикдан баёни ўша тоб
Бебаён – куйгуси на сих, на кабоб.

Қайси дилда берса ул фикри садо,
Ўша сўзни этди пинҳон, бебақо.

Гар далил қилсанг талаб, бергай жило,
Ўқигин: “Мин оятин ав нунсиҳо”.2

Англа, “Ансавкуму зикри” оятин,
Бил унуттирмоқ кучин ва қудратин.3

Гоҳ унуттиргай улар, гоҳ эслатар,
Бор яралмиш қалбини ишғол этар. 1675

Боғлагач ғафлат нигоҳнинг йўлларин,
Иш қилар ким, боғласанг гар қўлларин?

“Хилтуму сухриййатан аҳл-ас-суму”,
Сен Китобдан тингла то “ансавкуму”.4

Кимки мулкка эга, тан султонидир,
Кимки дилга эга, дил хоқонидир.

Ҳар амал унса назардан ҳар нафас,
Баски, одамзод – қароғдан ўзгамас.

Айта олмам мен бу сўзлар ҳаммасин,
Бунга йўл бермайди асло Қутби дин. 1680

Не унутгай халқу нени ёд этар,
Унга боғлиқ, барча додга ул етар.

Дилда не яхши-ёмон бор, бегумон
Бўшатар ҳар кечада ул нурга кон.

Кундузи дилни тўла нур айлагай,
Ул садафдан энг асил дур айлагай.

Воқиф ул ўтган ва кетган фикридан,
Ҳам танир ҳар тўғри йўлни зикридан.

Илм-амаллар сенга бўлсин мангу ёр,
То сабаб эшикларин очсин қатор. 1685

Бўлмагай темирчи заргар ҳеч қачон,
Хулқи соз бўлмайди, мункир бўлса жон.

Ҳар амал, жонлар жиҳоздай, сўнгги он
Келгуси ўз соҳибига бегумон.

Уйқудан сўнг кўз очиб бор жон, амал
Қайтадир ўз соҳиби ёнга жадал.

Ўй-амаллар қайтадир, отганда тонг,
Қайтадир, ҳар неки бор яхши-ёмон.

Худди каптарлар мисол, кезгач шаҳар,
Келтирар юртига ёзмишдан хабар. 1690

————————
1 – “Сизлар (хотинларингизнинг бачадонига) тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар (комил инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?!” (“Воқеа” сураси, 58-59-оятлар).

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Оллоҳ ҳар нарсага Қодир зот эканини билмадингизми?” (“Бақара” сураси, 106-оят).

“Мин оятин ав нунсиҳо” – “Бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак”.

3-4 – “Сизлар эса уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унуттирди. Сизлар улардан кулган эдингиз” (“Мўминун” сураси, 110-оят).

“Авсавкуму зикри” – “Мени эслашни унуттирди”.

“Хилтуму сухриййатан аҳл-ас-суму” – “Сизлар уларни масхара қилдингиз”.

“Ансавкуму” – “Сизларни унуттирди”.

УЛ ТЎТИЛАРНИНГ ҲАРАКАТИНИ ЭШИТИБ, БУ ТЎТИНИНГ ҚАФАСДА ЖОН БЕРГАНИ ВА САВДОГАРНИНГ УНГА НОЛА-ФАРЁДИ

Тўтининг не қилганин тинглаб шу он
Қалтираб, бул тўти ҳам топширди жон.

Хожа лол қолди бу ҳолдан, қўзғалиб
Ерга урди сўнг кулоҳин ўртаниб.

Хожа бул ҳолдан бутун бўлмиш адо,
Турди сапчиб ўрнидан, юлди яқо.

Деди: “Оҳ, бийрон қушим, эй беназир,
Сенга не бўлди, нечун ҳолинг ҳақир?!

Водариғ, оҳ, хушнаво, дилдош қушим!
Водариғ, оҳ, ҳамдамим, сирдош қушим! 1695

Водариғ, хушхону армоним маним!
Руҳга ёрим, равза-райҳоним маним!

Бўлса сендай қуш Сулаймонда у пайт,
Бошқа қушга қайрилиб боққайми, айт?

Водариғ, арзонга топгандим, бироқ
Тўймадим дийдорига, кетмиш йироқ!”.

Эй тилим, кони зарарсан бетиним
Ҳамда гўё… сенга не ҳам дер эдим?

Эй тилим, оташ ўзинг, хирмон ўзинг,
Токай ул хирмонга ўт қўйгай сўзинг? 1700

Сен сабаб жон ўртаниб, чеккай жафо,
Не десанг де, барчасин айлар бажо.

Эй тилим, поёни йўқ ганжим ўзинг!
Эй тилим, дармони йўқ ранжим ўзинг!

Гоҳи қушларга тузоқ, маккор ўзинг!
Айрилиқ дардига ҳам гаҳ ёр ўзинг!

Гоҳ омонлик келтириб, эй беомон,
Қасд этиб, жонимга тортарсан камон!

Боқ, қушим қўлдан учиб кетмиш бу дам,
Сен ситам саҳросига дон ташла кам! 1705

Бер жавобим ёки бергин бир мадад,
Шодлигимга ё сабаб бер беадад.

Водариғ, нурим маним тунлар аро,
Водариғ, тонгим маним кунлар аро!

Водариғ, оҳ, кўкка парвоз қилганим,
Охиримдан аввалимга келганим!”

Fамга ошиқ ўлгуси нодон абад,
Англа “ло уқсим”ни сен то “фиӣ кабад”.1

Шод эдим нурли юзингнинг васлидан,
Пок эдим жўшгувчи сойин мавжидан. 1710

Оҳларим соғинч ўйи, ингроқ эрур,
Ўз танимни бирма-бир тилмоқ эрур.

Ҳаққа чора йўқ, бу Ҳақнинг азми, бас,
Борми дил, Ҳақ ишқидан садпорамас?

Рашки шулким, ўзгадир Ул ҳаммадан,
Ҳам баланд турфа баёну ғалвадан.

Водариғ, кўз ёшларим, дарё эдинг,
Менга ёримдан ато, савғо эдинг!

Оҳ, қушим, зийракҳушим, оҳ тўтижон!
Барча сир-асрорларимга таржимон! 1715

Менга келмиш неки эзгу, неки дод,
Сўйламиш аввалда Улки, айла ёд.

Қайси бир қуш гар ваҳий-ла берса ун,
Ул вужуди ибтидодан ҳам бурун.2

Ўша тўти сенда, сен ичра ниҳон,
Кўрдинг ул-булларда ундан бир нишон.

Шод эрурсан, шодлигинг гар элтар ул,
Зулмини инъомдай этгайсан қабул.

Эйки, жонни тан учун ёқдинг у дам,
Жонни ёққан дам ёритдинг танни ҳам. 1720

Ўзни ёқдим, ким қалов истар бу дам?
Токи ёқсин мен билан хасларни ҳам!

Гар қалов бўлгай аланга бирла бир,
Ол қаловни, ул олов элтар, ахир!

Водариғ-эй, водариғ-эй, водариғ!
Ой булут остинда қолмиш ноаниқ!

Мен олай қандоқ нафас? Ёнмоқда жон,
Беқарор ҳижрон шери тўкканда қон.

Улки ҳушёр эрди, масту дарғазаб,
Не бўлар, қўлга қадаҳ олса, ажаб? 1725

Маст шер сиғмас баёнга, лим тўлар,
Ул чаман кенглигидан ҳам кенг бўлар.

Қофия ҳаққинда гар ўйлай десам,
“Ўйла дийдоримни” дер Дилдор бу дам.3

Шод ўтир, эй қофия фикрида банд,
Қофия мулки ўзингсан, дилписанд!

Сўз надирки, ўйларинг ул сорида?
Сўз тикондир токзор деворида.

Ҳарфу савту сўзга мен барҳам берай,
То учовсиз сен билан суҳбат қурай. 1730

Айладим бул сўзни Одамдан ниҳон,4
Сенга, эй сир олами, қилгум баён!

Демадим бул сўзни Иброҳимга ҳам,
Жабраил ҳам билмаган ғамдир бу ғам.

Шундайин сўзки, Исо ул сўзга лаб
Очмади “мо”сиз, Худо азми сабаб.

“Мо” надир? Исботу инкор эрди, бас,
Зоти йўқ инкорману исбот эмас.

Топдим ул касликни нокасликда мен,
Алмашиб касликни нокасликка мен”. 1735

Барча шоҳлар бандасидир бандасин,
Барча махлуқ мурдасидир мурдасин.

Пастликлар барча шоҳни паст этар,
Мастликлар барча элни маст этар.

Ўлжадир қушларга сайёд, аслида,
Бир куни қушларни овлаш қасдида.

Излагай бедилни дилбар жон аро,
Бўлгай ошиқларга маъшуқ мубтало.

Кимки ошиқ, бил уни маъшуқ мудом,
Чунки хосдир унга ҳар икки мақом.5 1740

Гар жаҳондан ташналар сув ахтарар,
Сув ҳам излар қайда бор деб ташналар.

Ошиқ эрса ул агар, жим тур у чоқ,
Тингламоғинг истаса ул, бўл қулоқ.

Йўлни тўс дарҳол, қутургай сел агар,
Йўқса, кетгай қолдириб вайроналар.

Нега вайронлик аро чекдим фиғон?
Тубдадир бир салтанат ганжи ниҳон.

Ҳаққа ғарқ истайди чўктирмоқ ўзин,
Остин-устин мавжидек жон денгизин. 1745

Денгиз усти ёки ости хуш мудом?
Дилни айлар ўқи ё қалқони ром?

Тилка-пора айлар, эй дил, васвасанг,
Не сурур, недир бало – фарқ айласанг!

Гар муродингда шакарнинг таъми бор,
Бемуродликдан мурод топмасми ёр?

Қон тўкар ҳар юлдузин деб юз ҳилол,
Унга олам қонини тўкмоқ ҳалол.

Қадримиз, қон эвазин топгувчимиз,
Жон гаров қўймоқ сари чопгувчимиз.6 1750

Эй ўлик ҳолда яшовчи ишқ аро,
Дил топилмас, бўлмасанг гар мубтало!

Кўнглин ахтардим қилиб юз ишва-ноз,
Айламиш менга баҳона, эътироз.

Унга айтдим: “Ақлу жоним сенга ғарқ”,
Ул демиш: “Бор, айла бул афсунни тарк”.

Нега билмай, не хаёлинг ичра бор?
Эй ғилай, қандоқ кўрингай сенга Ёр?

Эй хасис, сен арзимас билдинг уни,
Чунки арзонга харид қилдинг уни. 1755

Кимки арзон олса, арзон топширар,
Бурда нон деб, бола бергай сийму зар.

Ғарқ эрурман ишққаким, бул ишқ аро
Илк-у сўнгги ишқлар ғарқу адо.

Қисқа айтдим, этмадим борин баён,
Йўқса, куйгай ҳам баён-у ҳам забон.

“Лаб” десам, дарё лаби иншо эрур,
“Ло” дейишдан мақсадим “илло” эрур.7

Лаззатим боис маним тунддир юзим,
Жим эрурман, гарчи кўп айтар сўзим. 1760

Икки олам лаззати то бенишон,
Тунд чеҳра пардаси ичра ниҳон.

Деб бу сўз то ҳар қулоққа кирмасин,
Ғайб сиррин сўйладим юздан бирин.
——————————
1 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шу шаҳарга – ҳолбуки, Сиз ҳам мана шу шаҳарда яшарсиз – ҳамда Ота ва ундан бўлган болаларга (яъни, Одам алайҳис-салом ва унинг барча зурриётларига) қасамёд қилурманки; Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик” (“Балад” сураси, 1-4-оятлар).

“Ло уқсим” – “Қасамёд қилурманки”.

“Фий кабад” – “Меҳнат, машаққатга яратдик”.

2 – “Қуш” – Бу ерда “жон” назарда тутилмоқда.

3 – “Оллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг!” (“Бақара” сураси, 223-оят).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Албатта Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан инсон Яратувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!” деганида;” (“Ҳижр” сураси, 28-29-оятлар).

5 – “…Оллоҳ уларни яхши кўрур, улар Оллоҳни яхши кўрурлар…” (“Моида” сураси, 54-оят).

6 – Оллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) айтади: “Агар бандам Мени нафсида зикр қилса, Мен ҳам уни нафсимда зикр қиламан. Агар Мени бир ўзи зикр қилса, уни Мен ҳам бир ўзим зикр қиламан ва агар жамоат ичида Мени зикр қилса, Мен уни ундан яхшироқ ва ҳурматлироқ жамоат ичида зикр қиламан” (Муттафақун алайҳ).

7 – “Ла илаҳа илла-л-Лоҳу” – “Оллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ”.

“Илло” – “Ўзга”.

(Биринчи китоб, 1649-1762-байтлар)

ХОЖА САВДОГАР ҲИКОЯСИГА ҚАЙТИШ

Кўп узундир ушбу тожир нақли, де:
Кечди ул ҳимматли зотнинг ҳоли не?

Ўртаниб Хожа қиларди оҳу вой,
Тинмайин сўйларди мужмал, пойма-пой. 1815

Сўйлади гоҳ ноз этиб, гоҳ эътироз,
Гоҳ умидсиз, гоҳида қўллаб мажоз.

Кимки сувга бўлса ғарқ, излайди йўл,
Сўнгра чўзгай ваҳм ила ҳар хасга қўл.

Бир нажот кутгай, хатар сезганда жон,
Қўл-оёқ силкиб, тутар бошин омон.

Бул паришонлик ёқар Ёрга, бироқ
Уйқудан бефойда ғайрат яхшироқ.

Улки шоҳдир, ҳеч қачон бекор эмас,
Бул ажаб – ким нолигай, бемор эмас. 1820

Шул сабаб амр этди Раҳмон, эй ўғил!
“Кулли явмин ҳува фй шаън”, эй ўғил!1

Тентираб бул йўлда тез қўйгин қадам,
Бўлма фориғ бир нафас то сўнгги дам.2

Сўнгги дам гар сенга бўлса сўнгги дам,
Меҳрибонлик маҳрамисан, муҳтарам.3

Қилса ғайрат хоҳ эркак, хоҳ аёл,
Дарчадан жон Шоҳи кўргай бемалол.4

———————-
1 – “Ясъалуҳу ма фис самавати вал арз. Кулла явмин ҳува фи шаън” – “Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У Зот ҳар куни иш-амалдадир” (“Раҳмон” сураси, 29-оят).

2-3 – “Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур” (“Ва-н-Нажм” сураси, 39-40-оятлар).

4 – “Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман…” (“Ол-и-Имрон” сураси, 195-оят).

САВДОГАРНИНГ ТЎТИ ЎЛИГИНИ ҚАФАСДАН ОЛИБ УЛОҚТИРГАНИ ВА ТЎТИНИНГ ПАРВОЗ ЭТГАНИ

Сўнг олиб отгач қафасдан, учди тез,
Қўнди бир шох узра ул тўти шу кез. 1825

Учди “ўлган” тўти дарҳол чарх уриб,
Чиқди Машриқдан қуёш, нур йўғириб.

Қуш ишиндан Хожа бир зум қотди лол,
Эрди қуш асрор-сирин билмоқ маҳол.

Анграйиб сўнг деди: “Айтгил, эй қушим!
Кўрганим, бул ҳодиса ўнг ё тушим?

Не эди ўрганганинг унданки то
Макр этиб ёқдинг мени ўтлар аро?”

Деди қуш: “Ақлимни ул қилмиш расо,
Бўл дея овозу нутқингдан жудо. 1830

Деб: “Асир этмиш садойинг бегумон,
“Ўлди” шул йўсин қилиб менга аён”.

Эй авом-у хосга бўлган нағма, соз,
Мендайин ўлсанг, кишандан сен халос.

Дона бўлсанг, сени қушлар чўқигай,
Ғунча бўлсанг гар, гўдаклар юлқигай.

Сен яшир донингни доминг ичра мўл,
Сен яшир ғунчангни, томда майса бўл.

Ким чиройин солса бозор ичра зор,
Бўлгуси юзлаб фалокатга дучор. 1835

Не нигоҳлар, не ғазаблар, қанча кин
Дўлдайин тинмай ёғилгай бошидин.

Сўнг ғайир душманлари янчиб кетар,
Дўсту ёри дилга тиғ санчиб кетар.

Ким йироқ кўклам, зироат атридан,
Ҳеч хабар топгайми айём қадридан?

Ҳаққа қоч, Ҳақдан қидир доим нажот,
Қилди Ул руҳларга минглаб илтифот.

Топ паноҳ, гар амру фармон айлагай,
Ўт ва сувни сенга қалқон айлагай. 1840

Бўлди сув, денгиз Мусою Нуҳга ёр,
Ёвларин қилдик фалокатга дучор.1

Оташ Иброҳимга қалъа бўлдиким,
Тўлди дуд Намруд дилига бетиним.2

Чорламиш Яҳёни тоғ ўз қошига,
Тошларин ёғдирди ёвлар бошига.

Деди: “Эй Яҳё, югургил мен томон,
Асрайин токи сени тиғдан омон!”.

———————
1 – “Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Оллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни, сиғинган бут-санамлари уларни Оллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар)” (“Нуҳ” сураси, 25-оят).

2 – “(Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мункирлар) дедилар: “Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар”. Биз айтдик: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (“Анбиё” сураси, 68-69-оятлар).

ТЎТИНИНГ ХОЖА БИЛАН ВИДОЛАШГАНИ ВА УЧИБ КЕТГАНИ

Неча ўгитлар бериб чин, бериё,
Хожага тўти демиш сўнг: “Алвидо”. 1845

Деди Хожа: “Бўлсин Оллоҳ сенга ёр,
Айладинг янги, чароғон йўл нисор”.

Деди Хожа ўзича: “Бундан буён
Нурли шул йўлдан юрарман бегумон.

Тўтидан ҳам камми жоним? Энди бас,
Толеин ахтармаган жон жон эмас”.

(Биринчи китоб, 1814-1848-байтлар)

ЙЎҚЧИЛИК, ҚАШШОҚЛИК ТУФАЙЛИ ХОТИНИ ЖАНЖАЛ КЎТАРГАН САҲРОЙИ ДАРВИШ АРАБ ҚИССАСИ

Тунда бир чўллик аёл эри билан
Қилди жанжал, ошди беҳад ҳаддидан:

“Йўқчилик жабрин, фақат биз тортамиз,
Ҳамма шод, биз ғам аро бечорамиз.

Нонимиз йўқ, дард, алам – нон-ошимиз,
Кўзамиз йўқ, бизга сув – кўзёшимиз.

Кундузи бизга қуёш тафти либос,
Тунда ой кўрпа-тўшак бўлгай бироз. 2255

Тўлса гар ой, ойни нон айлаб гумон,
Кўкка қўл чўзмоқдамиз бизлар ҳамон.

Ор қилар бизнинг гадоликдан гадо,
Бурда нон ўйинда кун бўлгай адо.

Кетди бизлардан йироқ ёт-ақрабо,
Сомирий1 бўлгандайин элдан жудо.2

Кимга “мош бер бир сиқим” дей мен агар,
Ул мани ўлдиргудай қарғаб, талар.

Гар араб фахри эрур эҳсон, ғазо,
Сен – араб ичра ёзувда бир хато. 2260

Не ғазо? Хордир усиз ҳам лошимиз,
Йўқчилик тийғи кесаркан бошимиз.

Не ато? Бизлар гадодирмиз абад,
Пашшага урдик ҳавода тиғ, фақат.3

Келса меҳмон, тунда ухлаб олса тин,
Мен ечиб олгум танидан жандасин”.

—————————-
1 – Сомирий – Мусо Зафар, Мусо пайғамбарнинг укаси, Мусога қарши чиқиб, гапирадиган олтин бузоқ ясаб, шу билан кишиларни ўзига қаратишга уринган киши.

2 – “(Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): “Бу нима қилганинг, эй Сомирий?”, деди. У айтди: “Мен улар (яъни, бани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим. (Яъни, Жаброил сенинг олдингга келганда ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ қандай жонсиз нарсага тегса дарҳол унга жон кирарди, мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган бани Исроил қавмидан бўлган одамлар у бузоққа сиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”. (Мусо) деди: “Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “(Менга) тегинманглар” дейишгина бордир (яъни, умрингнинг охиригача якка мохов бўлиб қолурсан. Охиратда эса) сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳингнинг” (ҳолини) кўриб қўй. Биз албатта уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз” (“Тоҳа” сураси, 95-97-оятлар).

3– Кам ва қўлга илинган нарсани емоқ маъносида.

(Биринчи китоб, 2252-2263-байтлар)

САҲРОЙИ АРАБ ХОТИНИНИ САБРГА ЧОРЛАГАНИ, УНГА САБР ВА ҚАШШОҚЛИК ФАЗИЛАТЛАРИНИ БАЁН ЭТГАНИ

Эр деди: “Наф деб қиларсан эътироз,
Умримизнинг кўпи кетмиш, қолди оз.

Кўп-у кам тийран назарлардан йироқ,
Селдайин иккови ҳам ўтгай, бироқ.

Хоҳ тиниқ бўлсин у сел, хоҳ лойқа ул,
Қўй, агар турмас кутиб бир жойда ул. 2290

Ушбу олам ичра не жонзотки бор,
Хуш яшар, сўл-ўнгга қилмай эътибор.

Қумри Ҳаққа шох уза шукр айлагай,
Тун учун хўрак ўзига ғамлагай.

Ҳаққа булбул сўйлагай ҳамду сано:
“Ризқ умидин бори сенда, эй Паноҳ!”1

Муждага дўндирди лочин шоҳ қўлин,
Ҳар ўлимтикдан йироқ айлаб йўлин.

Пашшадан тортиб, шунингдек, токи фил
Бил, “иёлуллоҳу ҳақ неъма-л-муъил”.2 2295

Дилда не қайғу-алам топмиш қарор,
Буғ ва ел чанги эрур, не бизда бор.

Ғам ўроқ янглиғ ўрар бардошимиз,
“Ундоғ-у бундоқ” эрур васвосимиз.

Бил, азоб, ғамлар – ўлимнинг пораси,
Бўл йироқ ундан, топилса чораси!

Гар ажал қисмига бўлсанг сен қарам,
Англагин, бошдан тўкилгай Кулли ҳам.

Қилса гар лаззат, ажал қисми ато,
Куллни ҳам лаззатли айлайди Худо. 2300

Дард ажалдан элчидир, эй хийра жон!
Элчидан бурдирма юз сен ҳеч қачон!

Ўлгай аччиқ, ким яшар лаззат аро,
Танга ким тиз чўкса, ул жондан жудо.

Келтириб қўйларни саҳродан шу он,
Қай бири семиз, сўйилгай бегумон.

Тун тугаб, тонг отди, эй дилга яқин!
Айтасан токайгача зар чўпчагин?

Эрди оз ёшликда сендан ҳар талаб,
Зар эдинг сен, сўнгра бўлдинг зарталаб. 2305

Боғ эдинг сермева, қолдинг беривож,
Етилар чоғ айнидингми ноилож?

Гар десанг, меванг ширин бўлсин чунон,
Кетма ортингга қараб арқонсимон.

Жуфт эрурсан, бўл сифатда менга ёр,
Маслаҳат бирлан топар ҳар иш барор.

Жуфт эрур не, келтирар буткул самар,
Жуфт этик, туфлига солгин сен назар.

Икки кавшинг биттаси гар келса тор,
Иккиси ҳам бермагайдир сенга кор. 2310

Катта-майда жуфт эшиклар қайда бор?
Ҳеч бўларми шер-у бўри жуфту ёр?

Тева узра икки қоп нобоп турар,
Гар бири бўш, биттаси тўла улар.

Мен дадил борсам қаноатга томон,
Сен нечун юрдинг қабоҳатга томон?”

Тонггача ўздан қониб, оқлаб ўзин,
Эр хотинга сўйламишдир шул йўсин.

———————————
1 – Умар (р.а.)дан: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар сизлар Аллоҳга таваккал қилсаларингиз эди, У зот сизларни қушни ризқлантиргани каби ризқлантириб қўяр эди. У қушлар қорни оч кeтиб, қорни тўқ бўлиб қайтиб кeлади”, дeдилар (Имом Тeрмизий ривоятлари).

2 – “Иёллуллоҳи ҳақ неъма-л-муъил” – “Барча яралмиш Оллоҳнинг қарамоғидадир”.

“Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Оллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”. (“Ҳуд” сураси, 6-оят).

ХОТИННИНГ: “ЎЗ ЙЎЛИНГ ВА ЎЗ МАҚОМИНГДАН ОШИРИБ ГАПИРМА, ЯЪНИ, “ЛИМА ТАҚУЛУНА МО ЛО ТАФЪАЛУНА?”1 ГАПЛАРИНГ РОСТ, АММО, СЕН УМИД ВА ИШОНЧ МАҚОМИДА ЭМАССАН. МАҚОМИНГ ВА ХУЛҚИНГДАН ОШИРИБ СЎЗЛАШ СЕНГА ЗАРАР КЕЛТИРАДИ, ЯЪНИ, “КАБУРА МАҚТАН ИНДАЛЛОҲА”2ДИР” – ДЕБ ЭРИГА НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ

Сўнг хотин бонг урди: “Эй ор айламас!
Менга ҳеч афсунларинг кор айламас. 2315

Беҳуда даъвою даъват айлама,
Сафсата кибру ғурурдан сўйлама!

Тумтароқ сўз-ла битарми иш-амал?
Боқ ишинг, ҳолингга, энди сал уял!

Йўқ гадонинг кибридай нохуш, зиён,
Қор, совуқда ҳўл кийим кийгансимон.

Бунча кўп даъвою худбинлик ўйинг?
Худди ўргимчак уйидир, боқ, уйинг.3

Ҳеч қаноат бердими жонингга нур?
Билганинг ундан, фақат бир ном эрур. 2320

Деди Пайғамбар: “Қаноат не? Бу – ганж”,4
Фарқи йўқдир сен учун ганж ила ранж.

Бул қаноат бўлгуси жон ганжи чин,
Эй ғаму жон ранжи, кўп лоф урмагин!

Мени жуфт этма, қанот ҳам қоқма, бас,5
Менга инсоф жуфту жуфтим нуқс эмас.

Бек, амирлар йўлидан нетдинг юриб?
Чун малах “овлаб” – ҳавода тиғ уриб.

Бир суяк деб ит билан қилдинг уруш,
Бир қамишдай нолигайсан – қорни бўш!6 2325

Солма менга жирканиб, сўлғин назар,
То демай мен, томирингда не оқар.

Ўзни, ҳам ақлингни билдинг кўп расо,
Ақли ноқис деб мени билдингми ё?

Мисли ғофил бўри, қилма қасду кин,
Ақли йўқлик афзал ақлинг оридин!

Халқ учун йўл бўлса ақлинг бегумон,
Ақл эмас ул, ул – илон бирла чаён.

Зулму макрингга Худо бўлсин тўсиқ,
Фазлу ақлинг етмасин бизга тўлиқ! 2330

Ҳам илон, ҳам жодугардирсан бу чоғ,
Ҳам илонбоз, эй араб шаънига доғ!

Қарға ўз расволигин қолса сезиб,
Қор каби эриб кетарди, ғам эзиб.

Гар ўқир афсун илонга ёвсимон,
Айлар афсунгарни ҳам афсун илон.

Бўлмасайди гар илон афсуни дом,
Ҳеч илон сеҳри уни қилгайми ром?

Жодугар зот касбу корин ҳирсидан,
Бехабар қолгай илон афсунидан. 2335

Дер илон: “Эй жодугар, кўрдинг бу чоқ
Афсунинг, энди менинг сеҳримга боқ!

Сен мени Ҳақ номи бирлан аврадинг,
Фитна-ю шарманда қилмоқ – мақсадинг.

Хоҳишингмас, айламиш Ҳақ номи ром,
Вой сенинг ҳолингга, қилдинг номни дом!

Олгуси Ҳақ номи ўч адлим учун,
Жон, таним топширдим ул ном деб бутун.

Қирқадир жон томиринг зарбим-ла ё,
Ё сени мендай тиқар зиндон аро”. 2340

Бор дағал гапларни айтиб шулсимон,
Вайсамиш ёш эрга тинмай ул жувон.

———————————
1-2 – “Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Оллоҳ наздида ўта манфур (ишдир) (“Саф” сураси, 2-3-оятлар).

“Лима тақулуна мо ло тафъалуна” – “Нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?”

“Кабура мақтан индаллоҳа” – “Оллоҳнинг наздида ўта манфур ишдир”.

3 – “Оллоҳдан ўзга “дўстлар”ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси ожиз бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар) (“Анкабут” сураси, 41-оят).

4 –Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан: “Пайғамбар (с.а.в.): “Қаноат – тугаб битмайдиган хазинадир”, дедилар”.

5 – Икки каптар қўшилганда азбаройи шодлик ва сархушликдан эмас, аслида бир-бирини ушлаб қолиш мақсадида қанот қоқмоғига ишора.

6 – “Мўмин мисоли бир бурғудир, унинг ичида бўшлиқ бўлмаса, хуш садо бермайди” (Мавлоно Румий “Улуғ девон”да ушбу ҳикматни “ҳадис” деб ишора қилган. Лекин муҳаққиқлар фикрига кўра, ушбу ҳикмат бир оз ўзгариш билан буюк донишмандлардан бўлмиш Абутолиб Муҳаммад бинни Али бинни Атияи Маккий (ваф. 386 ҳ.)га мансубдир).

ЭРНИНГ ХОТИНИГА: “ҚАШШОҚЛАРГА ПАСТ НАЗАР, ҲАҚ ИШИГА ШУБҲА БИЛАН ҚАРАМА, ОЖИЗ ФИКР, ХОМ ХАЁЛЛАРИНГГА БЕРИЛИБ ҚАШШОҚЛИК ВА ҚАШШОҚЛАРГА ТАЪНА ҚИЛМАГИН”, – ДЕБ НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ

Деди: “Сен хотинми ё ғамхона, сил?
Йўқчилик – фахрим маним, теккизма тил.

Худди бош узра кулоҳдай молу зар,
Ким паноҳ билгай кулоҳни – кал улар.

Жингалак ҳам кўп қалин ким сочи гар,
Бошидан учса кулоҳи, хуш ёқар.

Ҳаққа ёр кўргувчига монанд агар,
Бил, яланғоч яхши, берк ўлса назар. 2345

Қулфурушлар қулни тақдим этса гар,
Айб ёпгич тўнни ул қулдан ечар.

Айби бўлса, қандоқ урён айлагай?
Тўн билан, аксинча, авраб-алдагай.

Дейди: “Бул яхши-ёмондан ор қилар,
Тўнни ечмоқликка сендан тортинар”.

Хожа бошдан то оёқ айб ичра гар,
Хожанинг бор моли, айбин беркитар.

Таъмадин айбин кўролмас таъмагир,
Таъмаси ҳам дилга сарпо, пардадир. 2350

Гар гадо сўзлар, сўзи – зар кон аро,
Моли йўл топмас бирор дўкон аро.

Сенга йўл бўлсин у дарвишлик қадар,
Солма дарвишлар томон сўлғин назар.

Мулку мол ташвиши йўқ дарвишда ҳеч,
Зулжалол бергуси ризқин эрта-кеч.

Ҳақ эрур Одил, адолат кимда жам,
Ҳеч қачон айларми бедилга ситам?1

Кимгадир айлайди ноз-неъмат ато,
Ким бировни ёндирар оташ аро. 2355

Ёндирар гулханда, ким икки жаҳон
Холиқи Ҳаққа агар қилгай гумон.

Айт, “фақирлик фахри”масми Ҳаққа ёр?
Не латофат, иззат-икром унда бор!

Сен лақаб қўйдинг ичинг-этингни еб,
Ёрни ҳам, морларни ҳам овловчи деб.

Мен тишин узгум, илон тутсам агар,
Бошга то келтирмасин зарби зарар.

Бил, илоннинг жонига тишдир ғаним,
Ёвни дўст айлар маним бул қилганим. 2360

Таъмадан ҳаргиз қидирмасман фусун,
Таъма бошин мен букиб кетгум бутун.

Қилмадим элдан тамаъ, асра Худо!
Бор қаноат олами кўнглим аро.

Олмурут устинда не кўрсанг бу он,
Тушгин ундан, қолмасин то бир гумон.2

Тушганингда айланар бош, кўз тиниб,
Айланар уй демагил, сен айланиб.

—————————
1 – “Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Оллоҳ (Ўз) қулларига зулм қилгувчи эмасдир” (“Ол-и-Имрон” сураси, 182-оят).

2 – “Маснавий”нинг тўртинчи китобида келтирилган бир ҳикоятга ишора: Бир хотин олмурут дарахти устига чиқиб, пастда турган эрига: “Ёнингдаги хотин ким? Нега у билан ўпишасан?” – деб дод-вой солади. Кейин эрини дарахтга чиқариб, ўзи ўйнаши билан айш қилади. Эри дод-вой солса, айбни дарахтга тўнкайди.

(Биринчи китоб, 2288-2364-байтлар)

ХОТИН ЭРИГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИБ, АЙТГАН ГАПЛАРИ УЧУН ТАВБА ҚИЛГАНИ

Кўрди хотин, чиқмиш эрнинг аччиғи,
Йиғламиш, чунки аёл доми – йиғи.

“Шулми кутган сўзларим сендан,–деди, –
Бошқа уммид, ўйларим ҳам бор эди”. 2395

Ўтди ожизлик йўлига шул нафас,
Деди: “Пойинг хокиман, ожизамас.

Жисм-у жоним, борлиғим сенга нисор,
Ҳукму фармоним сенинг ҳукмингга зор.

Йўқчиликдан тўлса ҳам сабрим бутун,
Лек ўзиммас, қайғурарман сен учун.

Иллату дардимга сен эрдинг даво,
Бенаволик кўрмагум сенга раво.

Ўзни ўйлаб ушбу ўйга бормадим,
Сен учундир барча нола-зорларим! 2400

Борлиғинг-чун борлиғим, валлоҳ, бу он,
Ҳар нафас берсамми дер қошингда жон!

Жонни мен қилган фидо жонинг агар,
Кошки, жоним қаъридан топса хабар!

Сен агар мендан қилар бўлсанг гумон,
Менга даркормас бу тан бирла бу жон!

Хокка қоргум сийму зарни шул замон,
Қарши бўлсанг менга, эй оромижон!

Жон-дилимдан жой олиб сен шунчалар,
Беҳуда мендан безарсан бунчалар? 2405

Майли, безгин, сенда бор имкону йўл,
Безганим-чун жоним узрин эт қабул.

Эсла, эрдинг бир маҳал қошимда маст,
Мисли бут эрдим ва эрдинг бутпараст.

Жўр эдим, сен бирла доим ғам еган,
Нени гар “пишди” десанг, “куйди” деган.

Исмалоғингман, пиширсанг гар ғизо,
Хоҳи шўр қил, хоҳ ширин, сенга раво.

Ношукур эрдим, олиб иймонни тан,
Бош букиб келдим, букун ҳукмингдаман. 2410

Англамай шоҳона хулқинг, ҳар маҳал,
Сендан олдда сурдим эшшак мен дағал.

Ёндириб кўнгилда афвинг бир чироқ,
Тавба қилдим, эътироз қилмай, бироқ.

Сенга тутгайман кафан, шамшир бу кез,
Майли, қурбонман букун, бўйнимни кес!

Сўйладинг аччиқ фироқнинг нелигин,
Қил, на қилсанг, урма, лек ҳижрон тиғин!

Сенда мендан узрини сўргувчи бор,
Сен билан менсиз мудом бўлгуси ёр. 2415

Хулқинг ичра бор маним узр истарим,
Шул ишончим боис айб излар дилим.

Раҳм қил, ўздан ниҳон, эй қаҳри тез,
Эйки, хулқи беҳисоб болдан лазиз!”

Лутф ила сўйларди ошкор шул йўсин,
Йиғламиш бирдан, тутолмасдан ўзин.

Ҳаддидан ортиқча ёш тўкмиш ҳазин,
Бейиғи ҳам дилрабо эрди тағин.

Шунда ёмғирлар аро нур чақнамиш,
Ёлғиз эр қалбига учқун сачрамиш. 2420

Гул юзин шайдоси эрди эр мудом,
Не эрур, гулюз ўзи бўлса ғулом?

Кибридан эрнинг дили титрарди зор,
Энди эр қошинда ул йиғларди зор.

Улки ноз қилса, юрак қон эрди лол,
Келса айлаб илтижо, недир бу ҳол?

Улки, бизга дом – жафоси, жабри ҳам,
Узримиз не, узрин ул сўрса бу дам?

“Зуййина ли-н-нос”1 гар Ҳақдан садо,
Улки, Ҳақ йўллар, надир ўзга паноҳ? 2425

Эрга гар “яскун илайҳа”2 деб билар,
Де, нечук Одам Ҳаводан айрилар?

Рустами Зол3 Ҳамза4дан гар каттадир,
Амр аро оқсочлигига ул асир.5

Қилди улки – сўзига олам фидо,
“Каллимина ё Ҳумайро”6 деб нидо.

Ўтни мағлуб этди сув, туйгач хатар,
Қайнагай ўтдан, ҳижобда бўлса гар.

Иккисин қамраб қозон, бўлганда ғов,
Сувни йўқ айлаб, ҳаво этмиш олов. 2430

Гарчи сувдай сиртда эр ғолиб эрур,
Ичда мағлуб, жуфтига толиб эрур.

Ушбу хислатлар, фақат одамда жам,
Йўқчиликдан меҳр эрур ҳайвонда кам.
——————————-
1 – “Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. (Ҳолбуки), бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Оллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ, унга интилмоқ лозим)” (“Ол-и-Имрон” сураси, 14-оят).

“Зуййина-ли-н-нос” – “Одамлар учун чиройли қилинди”.

2 – “(Оллоҳ) шундай Зотдирки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин, деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. (Одам) Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юклик бўлиб, ўша (юк) билан юрди” (“Аъроф” сураси, 189-оят).

“Яскун илайҳа” – “Ором-осойиш топсин деб”.

3 – Рустами Зол – Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги афсонавий қаҳрамон.

4 – Ҳамза – Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакилари исми.

5 – Зол – Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги афсонавий қаҳрамон Рустамнинг отаси, уни Золи Зар деб ҳам аташади, оқ сочли бўлиб туғилганига ишора.

6 –“Каллимина ё Ҳумайро” – “Менга сўйла, эй Ҳумайро”.

(Биринчи китоб, 2394-2432-байтлар)

ЭРНИНГ ХОТИН ИЛТИЖОСИНИ ТИРИКЧИЛИК ТАЛАБИ ДЕБ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ ВА ХОТИН ЭЪТИРОЗИНИ ҲАҚНИНГ ИШОРАТИ ДЕБ БИЛГАНИ:

Не бир ақл ичра бор доим билувчи,
Не даввор, бор уни айлантирувчи.

Сўзларидан чекди афсус эр чунон,
Қатл этилмоқ фурсати келгансимон.

Деди: “Жон жонига жабр этдим нечун?
Тепкилаб, жон бошини эздим нечун?”

Кўз юмилгайдир Қазо келганда, бас,
Қайда қўл, қайда оёқ, ақл англамас. 2440

Гар Қазо ўтгач, ўзин қилгай адо,
Парда йиртиб, чок-чок айлар яқо.

Эр деди: “Эй ёр, этарман тавбалар,
То бўлай мўмин, эсам кофир агар.

Мен гуноҳкоринг, суяб раҳминг ила,
Илдизим бирлан қўпорма бир йўла!

Кекса кофир гар пушаймон қилгуси,
Тавба айлаб, сўнг мусулмон бўлгуси”.

Меҳру шафқат манбаи Холиқ эрур,
Бор-у йўқлик унга чин ошиқ эрур. 2445

Куфру иймон ошиқ Ул сиймо учун,
Мис, кумуш ҳам бандадир кимё учун.

(Биринчи китоб, 2438-2446-байтлар)

АРАБ ВА УНИНГ ХОТИНИ МОЖАРОСИНИНГ ОХИРИ

Сўнги не бўлди хотин-эр жанжалин,
Деб сўрар бир бериё қалби тағин.

Эр-хотиннинг можароси битта нақл:
Улни бил нафсинг мисоли ҳамда ақл.

Эр ила хотинки, ақл-у нафс эрур,
Ҳар ёмон-у яхшига бўлгай зарур.

Бул зарурат иккиси олам аро,
Кеча-кун айлайди жангу можаро.

Хотин истар уй учун анжом мудом,
Яъни, обрўй, ҳам жиҳозу нону ном. 2620

Нафс аёлдир, чора излар доимо,
Гоҳ хоксор, гоҳи бўлгай раҳнамо.

Ақл эмас бу ўй-хаёллар ҳамдами,
Фикрида бордир, фақат Оллоҳ ғами.

Гарчи бул қисса сири дон бирла дом,
Энди қисса сувратин тингла тамом.

Гар кифоя эрса маъни нақли то,
Олам аҳли боридан эрди жудо.

Гар ҳавас ўй-фикру маъно ичра жам,
Йўқ эди савму намознинг шакли ҳам. 2625

Бир-бирига дўсту ёр совға берур, –
Ёрлик ичра ул фақат суврат эрур.

Ҳадялар берсин гувоҳлик токи сир,
Дилдаги пинҳон ҳавасдан бирма-бир.

Чунки ошкор армуғон шоҳид у дам,
Ҳар ниҳон майлу ҳавасга, муҳтарам!

Гоҳи ёлғон шоҳидинг, гоҳ ҳақпараст,
Гоҳи айрон бирла, гоҳ май бирла маст.

Айрон ичган маст одам янглиғ турар,
Ҳою ҳуй айлаб, ўзин ҳар ён урар. 2630

Ул мунофиқ савму тоат ичрадир,
То десинлар масту ишқи бирладир.1

Ўзгадир ҳар зоҳирий феълу амал,
То кўрингай неки пинҳон ҳар маҳал.

Бизга бергин, эй Худо, бошқа тамиз,
То қилайлик рост ила ёлғонни ҳис.

Гар тамиз деб ҳисни билсанг не бўлур?
Улки, ҳис “янзур бинуриллоҳ”2 эрур.

Гар нишон йўқдир, сабаб бўлгай аён,
Ақрабодай, майлини этгай баён. 2635

Кимга Оллоҳ нури имом ҳар нафас,
Ул нишон ҳамда сабабга қул эмас.3

Дилга майлу ишқидан шуъла етар,
Ҳар нишондан, куч тўлиб, фориғ этар.

Меҳрини сўйлашга ҳожат қолмагай,
Гар ҳавас нури фалакда порлагай.

Тафсилот бор айламакка то тамом,
Ушбу сўзни, лек қидир сен, вассалом!

Гарчи суврат ичра маъни бор, бироқ
Маънидан суврат яқиндир ҳам йироқ. 2640

Гар далолатда ниҳол, сувдек улар,
Аслига етсанг, жуда олис турар.

Кет сифат ҳам моҳиятлар ёнидан,
Қил баён ул икки ойюз ҳолидан.

———————————-
1 – “Албатта мунофиқлар Оллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ уларни “алдаб” қўйгувчидир. Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Оллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Оллоҳ йўлдан оздирса, Сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Оллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизларми? Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Қуръони карим, “Нисо”, 142-145-оятлар).

2 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳнинг нури билан кўргувчи”.

Ҳазрати Абу Саъид (р.а.)дан: “Мўъминнинг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар! Чунки у Оллоҳнинг нури билан боқур” (Имом Бухорий, Термизий, Ибнус-Сано, Абу Нуъайм, Табароний, ал-Хатиб ривоятлари).

3 – Бу байт Қуниё нусхасида учрамайди, Николсон томонидан тайёрланган матнда мавжуд бўлиб, рақамлар тартибини сақлаш учун киритилди.

АРАБНИНГ ЎЗ МАҲБУБАСИ ХОҲИШИГА КЎНГАНИ ҲАМДА: “БУ ИТОАТИМДА ҲИЙЛА ВА СИНОВ ЙЎҚ”, – ДЕБ ҚАСАМЁД ҚИЛГАНИ

Эр деди: “Мен энди зидмасман, буюр,
Айтганинг – айтган, тиғинг қиндан суғур!

Не десанг, амрингга шайман бегумон,
Боқмагум, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон.

Борлиғинг ичра йитарман энди жим,
Гар муҳибман, “ҳуббу юъми ва юсим”.1 2645

Деди хотин: “Илтифотдан муддао
Бор сирим билмоқми, макр айлаб раво?”

Деди эр: “Билгувчи Оллоҳ2га қасам,
Айламиш хокдан бино Одамни ҳам!

Қилди уч газ қолип ичра ошкор,
Неки ул алвоҳда ҳам арвоҳда бор.

Тоабад, ҳар неки бор, бир бошидан
Олди таълим “аллама-л-асмо”3сидан.

Ҳар малак ул дарсидан бўлганча лол,
Поклигиндан топди поклик безавол. 4 2650

Улки, Одамдан улар топмиш наво,
Йўқ эди осмонларин сатҳи аро:

Пок у жон кенглигин олдида қатор
Етти осмон кенглиги ҳам келди тор.

Деди Пайғамбарки, амр этмиш Худо:
Бўлмагайман юксаг-у пастликка жо.

Ерга ҳам, осмонга ҳам, Арш ичра ҳам
Сиғмагайман, сен ишон, эй муҳтарам!

Мўмин аҳлин қалбига сиғгум, ажаб!
Изласанг, қилгин у диллардан талаб! 2655

Деди: “Удхул фй ибоди, талтақий,
Жаннатан мин руъяти ё муттақий”.5

Арш ўзин чексиз ва пок нури билан
Улни кўргач, силжиди ўз ўрнидан.

Гарчи Арш улкан ва бепоён эрур,
Лек надир суврат, агар маъно келур?

Ҳар малак дер: “Бизга аввал эрди ёр,
Ер юзига майлу рағбат, ихтиёр.

Ерга эҳсон тухмини экдик тиғиз,
Бул яқинликдан эдик ҳайратда биз. 2660

Не учун тупроққа ёрмиз ҳар қадам,
Аслимиз осмон-фалакдан бўлса ҳам?

Нурмиз-у зулматга ҳамроҳлик надир?
Нур ила зулмат нечук бўлгуси бир?

Одамо, атринг қилар бизни яқин,
Чунки жисмингга асос эрди замин.

Хок танингни ушбу ердан қордилар,
Нури покингни шу ердан топдилар.6

Неки жонингдан бизим руҳ ичрадир,
Илгари балқирди хокдан бирма-бир. 2665

Ғофил эрдик ерда ернинг бағридан,
Ғофил эрдик ул хазина ганжидан.

Қўзғалиб қилдик сафар, етгач амр,
Ушбу ҳолдан оғзимиз бўлмиш тахир.

Не далиллар келтириб қилдик нидо:
“Ўрнимизни ким эгаллар, эй Худо?”

Таҳлил7у тасбиҳ8 эрур нур – кеча-кун,
Қийл-у қол9га сен кетарсан не учун?”

Қўйди Ҳақ ҳукми тўшаб бизга гилам:
“Неки бор, ошкор-аён сўйланг бу дам. 2670

Тилга не келгай, қилинг изҳор дадил,
Сўйлагандай отага ёлғиз ўғил.

Борини сўйланг, эрур гарчи дағал,
Раҳматим қаҳримдан устун ҳар маҳал.10

Ўша ҳол изҳори боис, эй малак,
Сенда пайдо айлагайман шубҳа-шак.

То ўзинг айт, олмайин сендан юлиб,
Ҳилмим инкори турар жим, кўз юмиб!

Неча юз ота-она бул ҳилм аро,
Ҳар нафас пайдо бўлиб, топгай фано! 2675

Ҳилми ҳилмим денгизин кўпиги, бас,
Кетса кўпик, қолгай уммон ҳар нафас”.11

Не дейин? Эрсам садаф, Ул эса дур,
Борлигим кўпик, фақат кўпик эрур.

Ул кўпик ва ўша Уммон ҳаққи соф,
Имтиҳонмас ушбу сўзлар, ушбу лоф!

Бил, улар меҳр аввали, софлик, хушуъ,12
Кимга қайтарман, Ўшалнинг ҳаққи бу!13

Гар сенингча имтиҳондир бул ҳавас,
Имтиҳонни имтиҳон қил бир нафас. 2680

Сирни ёпма, ошкор бўлсин сирим,
Йўллагин, ҳар ишда кўр қодирлигим.

Оч дилингни, то дилим бўлсин аён,
Неки мақбулдир, қабул айлай бу он.

Не қилай, менда, ахир не чора бор?
Боқ, бу жоним қай юмушда барқарор?”
——————————
1 – “Ҳуббу юъми ва юсим” – “Кўр ва кар қилиб қўяди”.

Абу Дардо (р.а.)дан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нарсага бўлган муҳаббатинг сени кўр ва кар қилиб қўюр», дедилар» (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

2 – “Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур” (“Тоҳа” сураси, 7-оят).

3 – “Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар (халифаликка биз ҳақдирмиз деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!” (“Бақара” сураси, 31-оят).

“Аллама-л-асмо” – “Ва У Зот барча нарсаларнинг исмларини ўргатди”.

4 –“(Оллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Оллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен Еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?”. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат, иблис кибр ва ор қилиб – кофирлардан бўлди” (“Бақара” сураси, 33-34-оятлар).

5 – “У Кунда ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, имон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб дейилур: “Эй (Оллоҳнинг зикри билан) хотиржам – сокин нафс; Сен (Оллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Оллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (Солиҳ) бандаларим қаторига киргин; Ва менинг жаннатимга киргин!” (“Вал-Фажр” сураси, 27-30-оятлар).

“Удхул фй ибоди, талтақий, жаннатан мин руъяти ё маттақий” – “Эй қўрқувни ҳис қилган, бандаларим (қаторига) киргин, жаннатимга киргин”.

6 – (Оллоҳнинг қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) – У Зот сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб (Ер юзига) таралишларингиздир (“Рум” сураси, 20-оят).

7 – Таҳлил – “Ло илаҳа иллаллоҳ” (“Оллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ”) дейиш.

8 – Тасбиҳ – “Субҳоноллоҳ, субҳоноллоҳ”, деб Оллоҳни зикр этиш.

9 – Қийлу қол – суҳбат, баҳс.

10 – Абу Ҳурайра (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Оллоҳ таоло (бутун борлиқни) яратишни адо қилгач, Арш устидаги, Ўзининг ҳузуридаги Китобига: “Менинг Раҳматим ғазабимдан ғолибдир”, деб битиб қўйди (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

11 – “(Эй, Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман”, деганида, улар айтдилар: “У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номинги мудом) пок тутамиз”. (Оллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан” (“Бақара” сураси, 30-оят).

12 – Хушуъ – ўзни паст тутиб ёлвориш.

13 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: “Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!” (“Бақара” сураси, 156-оят).

ХОТИННИНГ ЭРИГА РИЗҚ ТАЛАБИ ЙЎЛИНИ ТАЙИНЛАГАНИ ВА ЭРИ УНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ

Деди хотин: “Бир қуёш кўк узрадур,
Бахш этар, аммо бутун оламга нур.

Улки Раҳмон ноибидир, Ҳаққа ёр,
Бўлди Бағдод ўлкаси ундан баҳор. 2685

Шоҳ-ла эрсанг, шоҳ эрурсан бегумон,
Элтадир токай йўлинг кулфат томон?

Шоҳга ёрлик кимиё янглиғ агар,
Борми кимё, айлагандек шоҳ назар.

Гар Абу Бакр эрди, Аҳмад кўз қадаб,
Сўнгра Сиддиқ бўлди бир тасдиқ1 сабаб!

Эр деди: “Шоҳ олдига қандоқ кирай?
Топмасам бир важ, баҳона, не қилай?

Ё яқинлик, ё бирор ҳийла раво,
Қай амал бевосита бўлгай бажо? 2690

Худди Мажнунга хабар етган маҳал,
Бўлди деб Лайли бироз бетоб, касал,

Деди: “Эй воҳ, бесабаб қандоқ борай?
Сўрмасам ҳол, сўнгра не куйга қолай?

Лайтани кунту табибан ҳозиқан,
Кунту амши наҳва лайло собиқан”.2

“Қул таъолав” деди Ҳақким, ул замон
То уят синмоғига бўлсин нишон.3

Шабпаракда бўлса тадбир ё назар,
Кундузи жавлон урарди қанчалар”. 2695

Деди: “Ҳиммат шоҳи майдон орадир, –
Чорасизлик манбаи ҳам чорадир.

Восита то – борлигу даъво қилиш,
Бўлса иш бевосита, ул – хўрланиш”.

Деди: “Тадбирсиз нечук савдо қилай?
Мен нечук йўқ чорани пайдо қилай?

Бас, зарур йўқсиллигим-чун бир гувоҳ,
Менга то раҳм айласин ҳимматли шоҳ.

Сен гувоҳ топ ҳийласиз, сўзсиз, фақат
Муҳтарам шоҳ айласин то марҳамат. 2700

Қай гувоҳда сўзу найранг қатма-қат,
Қозиларга Қози4 улни қилди рад.

Ҳол гувоҳин сидқ ўзига чорлагай,
Токи сўзсиз ҳам у нури порлагай”.

———————————
1 – Тасдиқ – Абу Бакр Муҳаммад (с.а.в.) даъватлари билан исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган. Исломга киришдан олдин исми Абулкаъба эди. Сиддиқ деб аталишига сабаб шуки, исро ва Меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаган. Муҳаммад пайғамбар унга Сиддиқ, яъни, имони кучли деб лақаб берганлар.

2 – “Лайтани кунту табибан ҳозиқан, кунту амши наҳва лайло собиқан” – “Эй, кошки ҳозиқ табиб бўлардим, Лайли томонга ҳаммадан олдин борардим”.

3 – “Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай…” (“Анъом” сураси, 151-оят).

“Қул таъолав” – “Келинглар”.

4 – Яъни, қозиюл қуззот, барча халифаликнинг Бош Қозиси. Бу унвон машҳур халифа Хорун ар-Рашид даврида жорий қилинган. Бу ерда Оллоҳ таоло маъносида келтирилган.

АРАБНИНГ БИЁБОН ОРАЛАБ БАFДОДГА БОРГАНИ, У ЕРДА ҲАМ СУВ ТАНҚИС ДЕБ ЎЙЛАБ, БИР КЎЗАДА ЁМFИР СУВИНИ АМИРАЛМЎМИНИНГА СОВFА ҚИЛИШ УЧУН ЭЛТГАНИ

Деди хотин: “Сидқ эрур буткул кечиш
Борлиғингдан ҳамда азму жаҳд этиш.

Кўзамиз ёмғир-ла лиммо-лим нуқул,
Мулку бойлик ҳамда анжом бизга ул.

Ўша сувнинг кўзасин олгин-да бор,
Шоҳга қил ҳадя ва бўлгин унга ёр. 2705

Сен дегил, йўқ бунда ўзга ҳеч вақо,
Сувдин аъло, яхшиси йўқ чўл аро.

Гарчи ғазна лиқ тўла зар, серҳашам,
Бундайин сув бўлмаса, камёб бу ҳам”.

Кўза недир? Кўза – тутқун боримиз,
Ундаги сув – изтиробу зоримиз.

Бул хуму кўзамни, эй Қодир Худо,
Эт қабул лутфинг-ла “Аллоҳ аштаро”. 1

Беш оғизли кўзада беш туйғу-ҳис,
Ул сувин асра ҳаромдан пок, азиз. 2710

Токи қолсин кўзадан денгизга из,
Токи денгиз хулқин олсин кўзамиз.

Берганинг чоғ Шоҳга сен ҳадя қилиб,
Унга Шоҳ бўлсин харидор, пок билиб.

Унда сув билмай ниҳоя шул замон,
Тўлгуси бул кўзадин юзлаб жаҳон!

Тўлдириб хумдан, унинг оғзини юм,
Деди: “Fуззу ъан ҳаво абсоракум”.2

Тўлди эрнинг кўнгли, кимга ҳадя бул?
Ростданам шоҳга муносиб дерди ул! 2715

Лек аёл билмасди ул ён шом-саҳар,
Дажла оқгайдир, суви мисли шакар.

Ул шаҳар қоқ белидан дарё равон,
Беҳисоб кема, балиқларга макон.

Бор у Султон олдига, кўр не раво?
Кўр, не “тажри таҳтаҳа-л-анҳор” аро?3

Неки идрок бирла ҳис бизлардадир,
Ул сафо дарёсидан бир қатрадир.

—————————
1 – “Албатта Оллоҳ мўминларниг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Оллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари хам Оллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Оллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Оллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз! Мана шу ҳақиқатан, буюк саодатдир” (“Тавба” сураси, 111-оят).

“Аллоҳ аштаро” – “Оллоҳ сотиб олди”.

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!.. Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Оллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир” (“Нур” сураси, 30-оят).

“Ғуззу ъан ҳаво абсоракум” – “Кўзингизни ҳою ҳаваслардан тўсинг”.

3 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” “Муҳаммад” сураси, 15-оят).

“…улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор…” (“Бақара” сураси, 25-оят).

“Тажри таҳтаҳа-л-анҳор” – “Остларидан дарёлар оқиб ўтгувчи”.

АРАБНИНГ ХОТИНИ ЁМFИР СУВИ ТЎЛА КЎЗАНИ АРАБЛАРГА ХОС ТАРЗДА КИГИЗГА ЎРАБ ТИККАНИ ВА ЯНАДА ИШОНЧЛИРОҚ БЎЛИШИ УЧУН СУРҒУЧЛАГАНИ

Эр деди: “Ҳа, кўза оғзин боғлагин,
Биз кўрармиз ушбу ҳадя фойдасин. 2720

Сен кигиз бирла ўра, бу кўзадин
Сув ичиб шоҳ, токи очсин рўзасин.

Бундайин сув олам ичра қайдадир?
Бори софлик, таъму завққа манбадир”.1

Чунки ичган сувлари аччиқ ва шўр,
Шул сабаб, иллатлидирмиз, ёрти кўр.

Қайси қуш шўр сувни гар маскан билар,
Соф, тиниқ сув жойини қайдан билар?

Шўр булоқдан сув ичар бўлсанг, фақат
Сен учун қайда Фирот, Жайҳун ва Шат? 2725

Сенга, эй ўз қобиғи ичра ниҳон,
Завқу кенглик, покланиш қайдан аён?

Ота-бобонг нақли фикринг банд этур
Сенга номлар мисли бир абжад2 эрур.

“Абжаду ҳавваз”3ни гўдак ҳам билар,
Лек улардан олис унда маънилар.

Эр-араб, хуллас кўтарганча юкин,
Чиқди йўлга, кўза элтиб кеча-кун.

Ваҳм ила четларди тақдир ҳамласин,
Чўлдан элтарди шаҳарга, найласин! 2730

Жойнамоз ёзди у, Ҳақ ўй-фикрида,
“Рабби саллим” дерди тоат зикрида.4

“Сувимиз асра ёмонлардан бу кез,
Дурни еткур, эй Худо, денгизга тез!

Гарчи ҳушёру закий эрим маним,
Дурру гавҳарда бўлар минглаб ғаним.

Не ўзи гавҳар? У кавсар сувидур,
Унда ҳар қатра асил гавҳар эрур”.

Ул хотин қилган дуо, зорлар етиб,
Юк билан эр ҳам машаққатлар чекиб, 2735

Ўғрию тош зарбидан сақлаб омон,
Сувни элтарди йирик пойтахт томон.

Кўрди бир даргоҳки, инъом эрди жам,
Ҳожат аҳли қўйган ул домларни ҳам.

Ҳожат аҳли эрди сероб қанчалар,
Бунда топмиш кўп либосу ҳадялар.

Ўтпараст, мўмин, қабиҳ, зебо учун
Эрди ёмғир ё қуёш, жаннат бутун.

Бир гуруҳ эрди безангандай қатор,
Бошқа бир қавм эрди интиқ, интизор. 2740

Ҳам Сулаймон, ҳам чумоли, хос-авом,
Сур чалингач, ер тирилгандай тамом.5

Олди суврат аҳли жавҳар ичра тин,
Маъни аҳли топди маъно денгизин.

Кимки ҳимматсиз, бўлиб ҳимматга ёр!
Кимки ҳимматлик, бўлиб неъматга ёр!

(Биринчи китоб, 2616-2743-байтлар)
—————————
1 – “Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки; У (май)нинг муҳри мушк бўлур…” (“Мутаффифун” сураси, 25-оят).

2 – Абжад – Араб алифбосининг сирасини кўрсатувчи саккизта уйдирма сўзнинг биринчиси ва шу уйдирма сўзлар мажмуининг номи (бундаги ҳар бир ҳарф маълум бир сон қийматига ҳам эгадир): Абжад тартиби, абжад ҳисоби каби.

3 – “Абжаду ҳавваз” – “Ҳарфлар ва номи”.

4 – “ Рабби саллим” – “Ўзинг омон асрагил!”. Ғаззолийнинг “Иҳёу улум ид-дин” асарида келтирилган ҳадисга ишора: “Сирот – қиличнинг дамидай ёки ингичка соч толасидай. Дарҳақиқат, фаришталар мўмин эркак-аёлларни қутқаради, Жабройил (а.с.) эса менинг белимдан тутади ва мен айтаман: “Эй Раббим, Ўзинг асра, Ўзинг асра!”

5 – “То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди” (“Намл” сураси, 18-оят).

ХАЛИФАНИНГ МУЛОЗИМЛАРИ ВА ЭШИК СОҚЧИЛАРИ ЭҲТИРОМ ЮЗАСИДАН САҲРОЙИ АРАБГА ПЕШВОЗ ЧИҚҚАНИ ВА УНИНГ СОВFАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ

Ул араб олис биёбонни кезиб,
Сўнгра султон қасрига келмиш етиб.

Кўрсатиб нозирлар унга илтифот,
Сепдилар лутфий гулоблар шул заҳот.

Ҳожати эрди аён бе қийлу қол,
Одат эрди аввал эҳсон, сўнг савол. 2775

Дедилар сўнг унга: “Ё важҳа-л-араб!1
Сен қаердан? Толмадингми тентираб?”

Деди: “Борман, бор десангиз мен бу чоқ,
Юз ўгирсангиз, қиёфам йўқ, бироқ.

Эй юзингизда улуғликдир далил,
Гардишингиз жаъфарий зар2дан асил!

Сиздаги дийдорда дийдор акси бор,
Эйки, дийнингизга соқчи зар, динор!

Эйки, сиз “янзур бинуриллаҳ” букун,
Шоҳимиздан армуғон этмоқ учун,3 2780

То назар кимёси буткул қамрасин
Одамий танлар аро мавжуд мисин!

Мен – ғариб, келдим биёбон юртидан,
Ҳам умид қилганча султон лутфидан.

Лутфининг атри таралмиш чўл томон,
Чўлда ҳар қум зарраси ҳам олди жон.

Бунга келгандим динорнинг ортидин,
Англадим келгач, экан дийдор ширин”.

Аллаким нонвойга бормиш нон сўраб,
Берди жон, нонвой жамол-ҳуснин кўриб. 2785

Боққа кирди кимдир ором олгани,
Олди боғбон ҳуснидан дам жон-тани.

Чоҳ тубидан бир арабдай тортди сув,
Чун Юсуфдан оби ҳайвон тотди у.4

Борди Мусо оташу лахча сўриб,
Бўлди оташдан халос, оташ кўриб.5

Қочди Ийсо жаҳди ёвдан бехатар,
Элтди то тўртинчи осмонга қадар.6

Бўлди буғдой дони Одамга тузоқ,
Борлиғи бўлсин дея халққа бошоқ. 7 2790

Луқма деб лочин борар қопқон томон,
Сўнгра шоҳнинг илкида топгуси шон.

Касб учун гўдак борар мактабга тез,
Қуш олиб бергум дегач ота у кез.

Сўнг тугаб мактаб, улуғ, комил бўлар,
Ойлигин бергай ва ой янглиғ тўлар.

Қилди жанг Аббос,8 дилин қоплаб ғараз,
Қилди Аҳмад жонига, ҳам динга қасд.

То Қиёмат қайтар иймон, дин сари,
Бул Халифатда ўзи, зурёдлари. 2795

Бунга келгандим, қилиб нарса талаб,
Топдим иззат, даҳлиз ичра чўккалаб.

Туҳфа билдим сувни, нон деб мен бу кез,
Нон ҳиди элтар мени жаннатга тез.

Қилди жаннатдан нари Одамни нон,
Сўнгра нон қилмиш мени жаннатмакон.

Нон-у сувдан айриман, гўё малак,
Беғаразман бунда мен мисли фалак.

Беғаразмас, неки бор, то бор жаҳон,
Беғараз – ишқ аҳли, унда жисм-у жон. 2800

—————————
1 – “Ё важҳа-л-араб!” – “Эй арабсиёқ!”

2 – Жаъфарий зар – соф олтин. Жаъфар Яҳё Бармакий – халифа Хорун ар-Рашиднинг вазири, машҳур араб кимёгари зарб этган олтинлар шундай деб аталган.

3 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳнинг нури билан кўргувчи”.

Ҳазрати Абу Саъид (р.а.)дан: “Мўъминнинг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар! Чунки у Оллоҳнинг нури билан боқур” (Имом Бухорий, Термизий, Ибнус-Сано, Абу Нуъайм, Табароний, ал-Хатиб ривоятлари).

4 – “(Юсуф алайҳис-салом қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига) челакка осилиб Юсуф чиқди” (“Юсуф” сураси, 19-оят).

5 – “Энди қачонки Мусо (келишилган ўн йил) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: “Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга ундан бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам”, деди (“Қасас” сураси, 29-оят).

6 – “Ҳолбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Оллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир” (“Нисо” сураси, 157-158-оятлар).

7 – “Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”, деди” (“Аъроф” сураси, 20-оят).

8 – Аббос – Абдуллоҳ ибн Аббос (619-686), Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччалари, ниҳоятда илмли бўлганлиги туфайли “ҳабр ал-умма” (“жамоа донишманди”) лақабига сазовор бўлган (“Ислом энциклопедияси”, Тошкент, 2004).

(Биринчи китоб, 2773-2800-байтлар)

АРАБ ЎЗ ҲАДЯСИНИ, ЯЪНИ, КЎЗАНИ ХАЛИФАНИНГ ХИЗМАТКОРЛАРИГА ТОПШИРГАНИ

Кўзасин илкинда тутганча ҳамон,
Ул ҳузурга айламиш сидқин аён. 2815

Деди: “Элтинг, ҳадя бул султон учун,
Шоҳ гадоси ҳожатин айланг бутун.

Сув ширин, янги, яшил1дир кўза ҳам,
Айладик ёмғир сувин чоҳ ичра жам”.

Барча нозир кулгисин келтирди бул,
Қилдилар, лек ҳадясин жон деб қабул.

Чунки шоҳнинг лутфу меҳри, бохабар
Бор сарой аҳлига этганди асар.

Шоҳ хулқи халққа ибрат ҳар қадам,
Кўм-кўк осмон кўм-кўк айлар ерни ҳам. 2820

Шоҳ ҳовуз эрса, мулозимлар – қувур,
Сув қувурдан кўзага етгусидур.

Пок ҳовуздан бўлса гар ул сув раво,
Ҳар қувур қилгай ширин, соф сув ато.

Шўру ифлос сув ҳовузда бўлса жам,
Булғанар сув ул қувурлар ичра ҳам.

Чунки, пайванддир ҳовузга ҳар қувур,
Сен бу сўз маъносига етгин чуқур.2

Таъсир ўтказганди буткул тан аро,
Бул Ватансиз руҳ шоҳидан ато. 2825

Хушнасаб ақл илтифоти қанчалаб
Танни одобга нечук айлайди жалб!

Ишқ агар шўх, беқарордир, бесукун,
Келтирар жунбушга танни кеча-кун!

Лутфи ҳар уммон сувин Кавсар этур,
Ҳар шағал, тоши дуру гавҳар эрур.

Ҳар ҳунар устози гар шуҳратга ёр,
Барча толиб жонида ул васфи бор.

Ул усул устозидан не-не усул
Ўрганар эпчил, закий шогирд нуқул. 2830

Барча толиблар фақиҳдан ҳар нафас
Фиқҳ ўргангай, усул нақлин эмас.

Бўлса имло олими устоз агар,
Ул сабаб шогирд дили тил ўрганар.

Йўлда маҳв этса ўзин устоз, у дам,
Шоҳда маҳв этгай ўзин шогирди ҳам.

Сўнгги кунда ҳар билимдан ортиғи,
Лек, фақирлик илмидир – йўл озиғи.
————————
1 – Халқда қизил идишдан кўра яшил идишда сув яхши сақланади, деган тасаввур мавжуд.

2 – Абу Ҳурайра (р.а.)дан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Киши ким билан қалин дўст бўлса, у ўшанинг динида бўлади. Ҳар бирингиз ким билан қалин дўст бўлаётганингизга назар солинг” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

(Биринчи китоб, 2815-2834-байтлар)

ХАЛИФАНИНГ ҲАДЯГА, ЯЪНИ, КЎЗАГА ЭҲТИЁЖИ БЎЛМАСА-ДА, УНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ ВА АРАБГА ИНЪОМ БЕРИШНИ БУЮРГАНИ

Кўрди ул ҳолин халифа, тинглабон,
Кўзани тўлдирди зарга шул замон.

Берди қанча ҳадялар, ҳар хил либос,
Сўнг араб бўлмиш фақирликдан халос.

“Топширинг олтин тўла ул кўзани,
Кетса қайтиб, Дажлага элтинг ани. 2855

Ул сафар қилмиш, кезиб саҳрою чўл,
Дажладан бўлгай яқинроқ унга йўл”.

Кемага тушганда дарёни кўриб,
Мукка тушди юзтубан, изза бўлиб:

“Воажаб, лутф этди шоҳ, бахш этгач ул,
Қилди лол баттар, этиб сувни қабул.

Ул сахо уммони шоҳ мендан, наҳот
Арзимас совғамни олмиш шул заҳот?”

Буткул олам, эй ўғил, бир кўзадир,
Илму ирфон, эзгуликка тўладир. 2860

Қатрасин Ул эзгулик денгизидан
Сиғдиролмас тан – тўлиқ, кенглигидан.

Ганж эди махфий ва тўлгач бўлди чок,
Бўлди осмондан-да нурли еру хок.

Ганж эди махфий, тўлиб кетмиш тошиб,
Ерни султон айламиш, атлас ёпиб.

Кўрса гар Ҳақ Дажласиндан қатра то,
Кўзасин айларди буткул бебақо.

Кимни кўрмиш, кетди ўздан доимо, 2865
Кўзага тош урди бехудлик аро.

Кўзага тош отган, эй қилгувчи кин,
Кўза бўлгайдир бутун, синган сайин!

Сув тўкилмас, гарчи хум кетгай синиб,
Юз бутунлик дарзидан чиққай сизиб.

Рақс этар хум жузви, ҳол айлаб жунун,
Улни кўрмаклик маҳол жузв ақл учун.

Кўза ҳам, сув ҳам кўринмайди шу тоб,
Яхши боқ, “валлоҳу аълам би-с-савоб”.1

Маъни очгай эшигин, қоқ шул заҳот,2
Сен-ку лочин, фикратинг ёйсин қанот. 2870

Лой эрур фикринг пати, оғир чунон,
Чунки лойхўрсан, эрур лой сенга нон.

Гўшт ила нон лой эрур, камроқ егин,
Лойдайин ерда қолиб кетма, лекин.

Сен агар оч қолсанг, итдирсан чунон,
Дарғазаб, насли бузуқ, асли ёмон.

Сен қорин тўйганда мурдор ҳар сафар,
Мисли деворсан, оёқсиз, бехабар.3

Гоҳида мурдору итсан гоҳи пайт
Нега шерлар йўлида чопгайсан, айт? 2875

Восита йўқ овда итдан яхшироқ,
Унга сен камроқ суяк ташла, бироқ.4

Чунки ит саркаш бўлар тўйган ҳамон,
Сўнг нечук чопгуси тез ўлжа томон?

Ул араб эрди ҳақиру бенаво,
Давлату даргоҳ томон етгунча то.

Сўйладик, эҳсон ато қилганда шоҳ,
Топганин бир бенаво қандай паноҳ.

Не деса ошиқ, у ишқ атрин тарар,
Ишқ кўйига оғиздан тарқалар. 2880

Деса фиқҳ ул, йўқчилик келгуси, бас,
Тарқатар фақр атрин ул хушбўй нафас.

Деса куфр ул, қамрагайдир дин ҳидин,
Ҳақ ҳиди келгай бу янглиғ куфридин.5

Кўпик эгри, қўзғалар тикликни деб,
Берди соф илдиз ўшал шохларга зеб.

Ул кўпикни росту соф деб англагин,
Бил уни – дашномидай маъшуқ лабин.

Гарчи ул дашноми эрди нораво,
Айлагай маҳбуб юзин хуш, бебаҳо. 2885

Эгри сўйлар, лек кўрингай тўғри, тик,
Тўғрини пардозлаган, эй эгрилик!

Сен шакардан айласанг нон шаклини,
Гар есанг, нонмас, берар қанд таъмини.

Тилла бут топса бирор мўмин агар,
Улни ҳар шомон6га қолдиргай магар?

Қиздириб ўтга солар бутни, лекин
Синдирар у сўнг омонат сувратин.

Бўлмасин бут шаклида то тилла, зар,
Чунки суврат ғов эрур, йўлдан урар. 2890

Зар аро Раббониятнинг адли жам,
Ҳам омонат – зарда бутнинг шакли ҳам.

Бурга деб жаҳл ичра кўрпа ёқма ҳеч,
Пашша деб оғритма бошни эрта-кеч.

Бутпарастсан, қилса суврат банд агар,
Сувратин қўй, маънига солгин назар.

Ҳожи эрсанг, ҳожини қилгин талаб,
Хоҳи ҳинди, хоҳи турк-у хоҳ араб.

Рангу тус, сувратга боқма бул қадар,
Мақсаду азмингга боқ, боқсанг агар. 2895

Сен-ла бирдир фикри гар, гарчи қаро,
Бил уни оқ, рангдош деб доимо.

Биз ҳикоят сўйладик, чап-ўнги йўқ,
Худди ошиқ ўйидай бош-сўнги йўқ.

Боши йўқ, чунки азалдан ул азал,
Сўнги йўқ, чунки абад ёр ҳар маҳал.

Лек у мисли сув эрур, ҳар қатраси
Ҳам оёқ, ҳам бош-у ҳам йўқ барчаси.

Ҳошалиллоҳ,7 бул ҳикоятмас, бироқ
Сену бизнинг ҳолимиз, боқ яхшироқ. 2900

Чунки сўфий шон-шукуҳпарвар эрур,
Неки ўтмиш бўлса “ло юзкар”8 эрур.

Барчамиз ҳам кўзадирмиз, ҳам малик,
Ҳам арабмиз. “Юъфак анҳу ман уфик”.9

Эрни бил ақл-у аёлни нафсу таъм,
Нафсу таъм мункир, қаро, ақл эса – шам.

Қайда инкор асли? Энди тинглагил,
Чунки куллнинг жузви бордир хилма-хил.

Кулл жузви жузв эмасдир Кулл учун,
Гул иси жузв ўлганидек гул учун. 2905

Майса лутфи жузвидир гул лутфининг,
Жузв эрур булбулга бонги қумрининг.

Банд эсам шарҳу жавоб бирлан бу он,
Сув берурман ташнага, сўйла, қачон?

Келса гар буткул малол қийноғу ранж,
Сабр қил: “Ас-сабру мифтоҳу-л-фараж”.10

Ўй-хаёлдан ўзни тийгин бемалол,
Дил – тўқай, ёввойи эшшак, шер – хаёл.

Дориларга сарвару бош ҳар тийиқ,11
Қашланишдан ортадир қўтир, қичиқ. 2910

Ўзни тиймоқ доридир шак-шубҳасиз,
Ўзни тийгач, айла жон қурбини ҳис.

Ол бу сўзларни қулоқдай, тинглагин,
То ясай мен сенга сирға тилладин.

Сирға тақсанг заргар ойсан ҳар сафар,
Юксаларсан то Сурайё, ой қадар.

Тингла аввал, хилма-хилдир эл чунон,
Хилма-хил жони “алиф”дан “йо”симон.

Хилма-хил ҳарф ичра бор шубҳа, нифоқ,
Гарчи бир хилдай улар бошдан-аёқ. 2915

Гоҳи бирдай, гоҳида зиддий эрур,
Гоҳ ҳазилдай, гоҳида жиддий эрур.

Ул Қиёмат кун улуғ изҳор эрур,
Истагай то унда бўлсин кўрку нур.

Ҳиндудай кимнинг агар кўнгли қаро,
Ўша кун – шармандаликка мубтало.12

Порламас гар чеҳраси чун офтоб,
Хоҳламас тундин бўлак ҳеч бир ниқоб.13

Гар тикон гул баргига бўлмайди ёр,
Бўлгай ул асрор-сирига ёв баҳор. 2920

Ким гулу савсан бўлиб топгай қарор,
Икки равшан кўз эрур унга баҳор.

Кузни истар маънидан айри тикон,
То гулистон бирла турсин ёнма-ён.

Беркитар ул ҳуснию бул айбини,
Кўрма то ул рангию бул зангини.

Унга куз умру баҳор инъом қилар,
Тош билан ёқутни бир хил деб билар.14

Кузда боғбон топгуси ундан хабар,
Бор жаҳон кўргандан афзал бир назар. 2925

Бул жаҳон ул битта одам, бешуур,
Кўк аро ҳар юлдуз – ой жузви эрур.

Сўнгра ҳар нақшу нигор айтар яна:
“Хушхабар! Қувнанг, баҳор келмиш, мана!”

Токи барқ ургувчи ул қалқонсимон,
Мевалар бунда тугун боғлар қачон?

Гул тўкилгач, мевалар бошлар ҳаёт,
Йитса тан, жон бош кўтаргай шул заҳот.

Мева мазмун эрса, гул суврат эрур,
Муждадир гул, мева бир неъмат эрур. 2930

Гул тўкилгач, мева кўзга ташланар,
Ортадир бул, ул камайгач ҳар сафар.

Куч берарми ҳеч, агар нон синмагай?
Гар эзилмайди бошоқ, бергайми май?

Гар туйилмайди ҳалийла, дори то,
Дардга бўлгай ўзи қандай даво?
——————————
1 – “Валлоҳу аълам би-с-савоб” – “Оллоҳ савоб(Ҳақ)ни билгувчи Донодир”.

2 – Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан: “Кишининг намозда бардавом бўлиши, худди подшоҳ эшигини тақиллатганга ўхшайди. Чунки ким подшоҳ эшигини тақиллатса, эшик очилиши шубҳасиз. Кечаси ўқилган намознинг кундузда ўқилган намоздан ортиқлиги яширин садақанинг ошкор садақадан афзаллиги кабидир” (Табароний ривояти, заиф).

3 – Шориҳларнинг фикрига кўра, бу байтга Амир ибн Абдул Кайснинг сўзлари асос қилиб олинган, яъни, ундан сўрашади: “Инсон ҳақида нима дея оласан?” У деди: “Оч қолса бўйсунадиган, тўқ бўлса бебошлик қиладиган мавжудот ҳақида нима ҳам дея олардим?”.

4 – “Итингни оч ҳолатда сақлагин, токи у сенга бўйинсунсин” деган араб мақолига ишора.

5 – “Ким Оллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олган ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, Диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Оллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун улуғ азоб бордир” (“Наҳл” сураси, 106-оят).

6 – Шомон – бутпараст.

7 – Ҳошалиллоҳ – Оллоҳ асрасин!

8 – “Ло юзкар” – “Ёдга келтирмаслик”.

9 –“(Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки, албатта сизлар (ушбу пайғамбарлар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар. Ундан (яъни, Қуръондан, Пайғамбардан Оллоҳнинг илми азалийсида Ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур” (“Ваз-Зариёт” сураси, 7-10-оятлар).

“Юъфак анҳу ман уфик” – “Ундан бурилган кимса бурилиб кетур”.

10 – “Ас-сабру мифтоҳу-л-фараж” – “Сабр кушойишлар калитидир”.

11 – “Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Оллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар – сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас” (“Ал-Ҳааққа” сураси, 18-оят).

12-13 – “Улар қўллари (яъни, ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни, Тавротда Ҳақ Пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Оллоҳ бундай золим кимсаларни Билгувчидир” (“Жумъа” сураси, 7-оят).

14 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Оллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар – агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар – ўлимни орзу қилинглар-чи?!” (“Жумъа” сураси, 6-оят).

(Биринчи китоб, 2853-2933-байтлар)

БИР ҚАЗВИНЛИК КИШИ ЕЛКАСИГА ШЕР СУВРАТИНИ ЧИЗДИРГАНИ, ИГНА ЗАХМИДАН УНГА ОЗОР ЕТИБ, СЎНГ ПУШАЙМОН БЎЛГАНИ

Бир ҳикоят тингла изҳор аҳлидан,
Қазвинийлар одати ҳам тарзидан.

Қўл, бадан ҳам елка узра ҳар сафар
Игна санчиб нақш ўярди безарар.

Қазвиний наққошга учраб бир маҳал
Деди: “Жисмим узра суврат сол гўзал”.

Деди: “Эй шунқор, чизилсин қайси шакл?”
Деди: “Бир шер чиз ёвузу баджаҳл.

Шер эрур буржим, уни нақш айлагин,
Жаҳд этиб, кўк рангни кўпроқ чаплагин”. 2985

Деди: “Қайга нақш этай шер рамзини?”
Деди: “Сол елкамга шернинг расмини”.

Уста игна санчганда шул замон,
Дард қўзғаб, елкадан қурмиш макон.

Паҳлавон инграрди: “Эй олийжаноб!
Ул нечук нақш? Айладинг ҳолим хароб!”

Деди: “Шер шаклин буюрдинг-ку, ахир!”
Деди: “Сен чизмоқчи ул аъзо надир?”

Деди: “Дум қисмин тилишдан бошладим”,
Деди: “Қўй думни, тамомдир тоқатим! 2990

Шер думи бўғзимдан олди, энди бас,
Қуйруғи олдиргани қўймас нафас.

Шерни думсиз айла нақш, эй шерясар!
Игнанинг озоридан кўнглим озар”.

Бошқа қисмин чизгали сўнг бўлди шай,
Бемуросо, раҳму шафқат айламай.

Солди дод: “Қай қисми бул?” – деб қазвиний,
Деди: “Бул шернинг қулоғи, эй закий”.

Деди: “Шер бўлсин қулоқсиз, эй ҳаким!
Қўй қулоқни, калта қил, айлаб раҳм”. 2995

Санчди ул бошқа жойга игнасин,
Қазвиний инграб, фиғон чекмиш тағин:

“Бул учинчи нақш эрур қай қисми, айт?”
Деди: “Шер қорнига гал етмиш бу пайт”.

Деди: “Майли, бўлмасин шер қорни ҳам!
Оғриқ ортар, айлагин захмингни кам!”

Солди кўп ҳайратга ходимни бу ҳол,
Тишламиш бармоғини, қолганча лол.

Отди ходим игнасин, айлаб ғазаб:
“Борми олам ичра бул янглиғ талаб? 3000

Борми шер бош, дум, қоринсиз мутлақо?
Шундайин шерни яратганми Худо?”

Эй биродар, ботса ниш, сабр эт бироз,
Ўтсевар нафс игнасиндан бўл халос.

Ул гуруҳким, жисмидан бўлмиш жудо,
Ой, қуёш, осмон этар таъзим бажо.

Ўтсевар нафсин агар ўлдирса ким,
Амрига офтоб, булут бош эгди жим.

Билса шам ёқмоқни қай дил, қайси жон,
Улни офтоб куйдиролмас ҳеч қачон. 3005

Порлагич офтобни Ҳақ зикр этдиким,
Деди: “Таззовар казо ан каҳфиҳим”.1

Бўлгуси буткул тикон хуш, мисли гул,
Кулл томон боргувчи жузв олдида ул.

Не эрур Ҳақни улуғвор айламоқ?
Ўзни хору хоксор деб англамоқ.

Ҳақ таоло тавҳидин билмоқ недур?
Ўзни Воҳид олдида ёқмоқ эрур.

Кундайин порлаб, жило сочмоқ учун,
Тунсимон ўз борлиғинг ёндир бутун. 3010

Борлиғинг Ул борлиғинда айла ҳис,
Сен эрит, кимё ичинда, худди мис.

“Мен”-у “Биз”ни икки қўллаб тутма ҳеч,
“Икки борлик”дир ҳалокат эрта-кеч.

———————————
1 – “Қуёш – чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса уларнинг сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини кўрурсан. Бу ҳам Оллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон Тўғри Йўлга йўллагувчи дўст топа олмассан” (“Каҳф” сураси, 17-оят).

“Таззовар казо ан каҳфиҳим” – “Қуёш уларнинг ғорларидан оғиб кетди”.

(Биринчи китоб, 2981-3012-байтлар)

БИР КАРНИНГ БЕМОР ЁТГАН ҚЎШНИСИДАН ҲОЛ СЎРАГАНИ

Кар кишига деди кимдир бир маҳал:
“Ол хабар, ётган эмиш қўшнинг касал”. 3360

Ўзича кар деди: “Кар бўлсам, ахир
Мен нечук англай, гапирса ул надир?

Шашти қайтиб, ҳам овози эрса паст.
Бошқа йўл йўқ, бормасам бўлмайди, бас.

Кўрсам, ул қандай қимирлатса лабин,
Айлагум тахмин ўзимча ҳар гапин.

Сўрсам: Эй меҳнаткашим, ҳолинг нечук?
Ул дегай: “Мен яхшиман” ёхуд “тузук”.

Мен дегум: Шукр, эй, единг не? Дер тағин:
“Мошли шулла” ёки “дори шарбатин”. 3365

Дейман: Ош бўлсин танингга. Ҳар замон
Қай табиб олдингга келгай? Дер: Фалон.

Мен дегайман: Ул эрур қутлуғқадам,
Келса гар, сенга азоб бермайди ғам.

Кўп синаб кўрганмиз эзгу чорасин,
Ҳал қилар ҳожатни, қайга бормасин”.

Шундайин суҳбатга айлаб ўзни ўнг,
Кар касал кўрмоққа дарҳол кирди сўнг.

Деди: “Қандайсан?” Деди: “Ўлдим-ку”. “Шукр”,
Бўлди бундан хаста кўнгли беҳузур: 3370

“Нега шукр айлайди? Суймасми жини?”
Тескари чиққанди карнинг тахмини.

Сўрди кар сўнг: “Не единг?” Деди: “Заҳар!”
Деди: “Ош бўлсин!” Тағин ранжитди кар.

Сўнг деди кар: “Ким эрур ҳозиқ, ҳабиб,
Иллатинг даф айлагувчи ул табиб?”

Деди: “Азройил келар! Даф бўл шу он!”
Деди: “Ул қутлуғқадам ғоят. Қувон!”

Кар чиқаркан, ўз-ўзича дерди шод,
Шукр этиб: “Қилдим касалга илтифот!” 3375

Дерди бемор: “Жонга бул душмон экан,
Билмаган эрдим, жафога кон экан!”

Хаста таҳқирловчи сўз изларди жим,
Йўлласин кар шаънига то бетиним.

Ҳазми бад овқат еса кимки агар,
Кўнгли айнир, токи қусгунга қадар.

Ют ғазабни, қусма, улни қайтариб,
Ўрнига топгин ширин сўз ахтариб.1

Депсиниб дерди, тугаб сабри ани:
“Ул ювуқсиз ҳамда безбет ит қани? 3380

Токи айтай унга, менга не деди,
Ул маҳал жонимда шер ухлар эди.

Хаста дилга ҳол сўраш ором берур,
Ҳол сўрашмас бул, фақат ёвлик эрур”.

Душманин то кўрсин ожиз ҳар қадам,
Токи ором олсин ул кир кўнгли ҳам!

Кўп эрур тоатни тарк этгувчилар,
Ҳам савоб, лаззат сари кетгувчилар.

Аслида не-не гуноҳ пинҳон яшар,
Кўп эрур сен тоза билган лойқалар. 3385

Худди ул кар – ўзича не қилди, лек
Яхшилик деб билди, чиқди аксидек.2

Кар эди шод: “Айладим хизмат бажо
Ҳамда қилдим қўшнилик ҳаққин адо”.3

Ўзи-чун ўт ёқди, шод қилмоққа то
Хаста кўнглин, куйди ўз ўти аро.

“Фаттақу-н-нора-л-лати ав қадтуму,
Иннакум фи-л-маъсия из дадтуму”.4

Деди Пайғамбар, мурид қилгач риё:
“Салла иннак лам тусалла ё фато!”5 3390

Бул хатардан асрагай чин илтижо,
Ҳар намоз вақтинда дерлар: “Иҳдино”.6

Эй Худо, гумроҳ, мунофиқдан адо
Ул намоздан бул намозим қил жудо.7

Ўйламасдан қилди кар тахмин-фараз,
Тушди ўн йиллик яқинлик ичра дарз.

Ул ваҳий бирлан тубан ҳиссин қиёс
Этмак, эй хожа, келолмас ҳадга мос.

Ҳис қулоғинг токи сўзпарвар эрур,
Ғайб овозига қулоғинг кар эрур. 3395

————————————
1 – “(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Оллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” (“Ол-и-Имрон” сураси, 134-оят).

2 – (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар ( кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли –яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!” (“Каҳф” сураси, 103-104-оятлар).

3 – “Оллоҳга бандалик қилинглар ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” (“Нисо” сураси, 36-оят).

4 – “Энди агар бундай қилолмасангизлар ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қуйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир” (“Бақара” сураси, 24-оят).

“Фаттақу-н-нора-л-лати ав қадтуму, иннакум фи-л-маъсия из дадтуму” – “Ўзингиз ёққан оловдан сақланинг! Чиндан ҳам гуноҳларни орттирдингиз!”

“Эй, мўминлар, ўзларингизни ва аҳли аёлларингизни ёнадиган ўтини (ёқилғиси) одамлардан ва бутлардан иборат (бўлган) дўзахдан сақланглар” (“Таҳрим” сураси, 6-оят).

5 – “Салли иннак лам тусалли ё фато” –“Намозни қайтадан ўқи, эй йигит, сен ҳали намозни адо этмадинг!”

Рафоъа ибн Рофеъ ибн Холиддан: “Биз Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларида эдик, шу вақт бир киши келиб, қиблага юзланиб намоз ўқиди. Кейин намозини тугатиб, Пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб у зотга ва қавмга салом берди. Пайғамбар (с.а.в.): “Қайтиб намозингни бошқатдан ўқи, сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Ҳалиги киши қайтиб, яна намоз ўқиди. Пайғамбар (с.а.в.) яна: “Намозингни қайтадан ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Шундай деб икки ёки уч марта буюрдилар. У киши: “Имкониятим борича ўқидим, аммо намозимнинг айбини билмаяпман”, деди. Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Таҳоратни Оллоҳ буюрганидек мукаммал қилолмасаларингиз, намозларингиз комил бўлмайди. Таҳоратда юзини, сўнг икки қўлини тирсагигача ювади ва бошига масҳ тортади, кейин икки оёғини тўпиғигача ювади. Кейин Оллоҳга такбир ва ҳамд айтади, сўнг Қуръондан қодир бўлганича ўқийди, сўнгра такбир айтади ва рукуъ қилади, қўлини тиззасига қўйиб, бўғинларини хотиржам ушлайди, озгина тургандан кейин бошини кўтараётиб, “самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деб қоматини тик қилади ва озгина туриб, сўнг такбир айтиб саждага кетади”. Шундай қилиб, тўрт ракъат намознинг ўқилишини тушунтирдилар. Сўнг: “Ана шундай қилмасангизлар, ҳеч бирингизнинг намозингиз тўлиқ бўлмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

6 – “Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина мадад сўраймиз. Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин” (“Фотиҳа” сураси, 5-6-оятлар).

“Иҳдино” – “Бизни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилгин”.

7 – “(Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (Тўғри Йўлни) инъом қилгансан – улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар – адашмаганлар” (“Фотиҳа” сураси, 7-оят).

(Биринчи китоб, 3360-3395-байтлар)

АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУНИНГ ЮЗИГА ЁВ ТУПУРГАЧ, АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ ҚЎЛИДАГИ ҚИЛИЧНИ УЛОҚТИРГАНИ

Сен Алийдан ўрганиб сидқу амал,
Ҳақ шери – пок ҳийладин, бил ҳар маҳал.

Бир жасурни жанг аро енгиб шу кез,
Шамширин қиндан суғурган чоғда тез,

Ул тупурмиш сўнг Алийнинг афтига, –
Ҳар набий, ҳар авлиёнинг фахрига.

Ул тупурмиш юзгаким, ойнинг юзи
Саждагоҳда қошида тиз чўккуси.

Сўнг Али шамширни ерга ташлади,
Сўнди шиддат, жанг этишга рағбати. 3725

Жангчин ҳайратга солмиш бул амал,
Ҳам бу афву раҳму шафқат, бемаҳал.

Деди: “Бошим устида тиғ қайрадинг,
Тиғни ташлаб, нега шафқат айладинг?

Мен-ла жангдан кўрганинг афзал надир?
Тиғни урмоққа нечун қилдинг сабр?

Ул надир, қаҳрингни этгувчи ниҳон?
Сўнди қаҳринг, ярқ этиб чақмоқсимон.

Ул надир, акси дилимни қамраган,
Жоним ичра шуъла пайдо айлаган? 3730

Ул надир, бул давру даврондан азиз?
Менга жон бахш этгулик, жондан азиз?

Сен-ки Ҳақ шери – шижоат бобида,
Ким билар, кимсан мурувват бобида?

Ҳимматинг – чўлда Мусо ёйган булут,
Армуғон этгувчи тенгсиз ризқу қут.1

Ул булут дон берса, жаҳд айлаб чунон,
Эл пиширгай тотли айлаб болсимон.

Ул Мусо ёйган булут ёзмиш қанот,
Берди заҳматсиз, ширин ризқу нажот. 3735

Ҳар текинхўрга карам-ла ҳиммати
Ушбу олам узра байроқ тиклади.

Қирқ йилда ёғди ҳар кун беадо,2
Ҳар умидворлар учун ризқу ато,

Зиқналар сўргунча айлаб оҳу дод,
Кўкпиёз, турфа кўкатлар, сабзавот.3

Сиз агар Аҳмадга умматсиз мудом,4
То Қиёмат сизга етгай бул таом.5

Гар “абиту инда Раббий” ошкор,
“Ютъиму юсқий”да озиқ рамзи бор.6 3740

Иккиланмай булни сен айла қабул,
То асал, сутдай томоқдан ўтсин ул.

Иккиланмоқдан кетар қайтиб ато,
Чунки ул кўргай ҳақиқатни хато.

Ким хато кўргай, заиф унда тамиз,
Жузв ақли пўсту кулл ақли – мағиз.

Сен ўзингни айла шарҳ, ахборнимас,
Сен мағизни бил ёмон, гулзорнимас.

Эй Али, сен – буткул ақл-у кўз ахир,
Кўрганинг бир қисмини менга гапир. 3745

Жонимизни қилди ҳилминг тийғи чок,
Хокимизни қилди илминг суви пок.

Айт, ахир, Ҳақдан бу асрору бу иш
Ҳаққа хос, зеро, қиличсиз ўлдириш.

Улки, асбобсиз вужудлар Косиби,
Наф берувчи туҳфаларнинг Соҳиби.

Ҳушни сийлар май бериб Ул ҳар сафар,
Кўз, қулоқ қолгай бу ҳолдан бехабар.

Сўйла, эй Арш узра лочин, бирма-бир,
Кирдигордан кўрганинг ул дам надир? 3750

Кўзларинг ғайб оламин идрок қилар,
Бунда борларнинг нигоҳи беркилар.

Кимдир ойни кўргуси ошкор-аён,
Кимгадир буткул қоронғу кенг жаҳон.

Ким биров бирдан кўрар уч ойни ҳам,7
Худди бўлмиш уч нафар бир жойда жам.

Уч нафарда кўз, қулоқ очиқ турар,
Талпинар сенга, қочиб мендан улар.

Бул нигоҳ сеҳри ажиб пинҳона лутф:
Сенга – бўри суврати, менга Юсуф. 3755

Ўн сакиз мингдан зиёд олам агар,
Кўрмагай улки заиф, хор ҳар назар.

Сирни очгил, эй Алийи Муртазо,
Бошда эй “суъу-л” ва сўнг “ҳусну-л-қазо!”8

Сўйлагин ақлинг нима топганларин
Ёки сўйлай менда не товланганин.

Ёғди нур сендан, нечук тутдинг ниҳон?
Ёғдирарсан шуъла сўзсиз, ойсимон.

Кирса ойнинг гардиши тилга агар,
Тунда кезганларга тез йўл кўрсатар. 3760

Бор хатодан юз бурар, кезмас шошиб,
Бонги шайтон бонгини кетгай босиб.

Эрса ой гар раҳнамо сўзсиз ва жим,
Тилга кирса ёғдирар нур бетиним.

Сен билим шаҳрига гар дарвозасан,
Ҳилм шамси сингари нур сочасан.9

Бўлгин уй, дарвоза, ким – дарвозасиз,
Пўст ўтиб сен орқали, топсин мағиз.

Кенг очил, раҳм эшиги, сен тоабад
Унга даргоҳ, “мо лаҳу куфван аҳад”.10 3765

Дарчадир ҳар зарра, ҳар қандай ҳаво,
Ким билар эшиклигин, очгунча то?

То эшикни очмагайдир посбон,
Дил аро қўзғалмагайдир бул гумон.

Лол қолар эшик очилса, шул заҳот
Ҳам умид, орзу қуши қоққай қанот.

Ганж олар вайронадан ғофил, чунон
Чопди ҳар вайронага шундан буён.

Топмасанг дарвишдан излаб инжуни,
Бошқа дарвишдан қидирмайсан уни. 3770

Чопса ҳам йиллаб гумонлар илгари,
Ўтмагай бурнин ковогиндан нари.

Етмагай бурнингга Ғайб атри, ахир,
Сен бурундан ўзга не кўрдинг? Гапир!
———————————
1 – “Ва булутни устингизга соябон қилдик ҳамда (осмондан) устингизга ширинлик ва беданалар ёғдириб, “Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”, (дедик). (Бани Исроил Бизнинг неъматларимизга шукр қилмасликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар” (“Бақара” сураси, 57-оят).

2 – “(Оллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳамроҳдир. Улар Ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин” (“Моида” сураси, 26-оят).

3 – “Эсланг: “Эй Мусо, Биз бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин”, деганингизда у: “Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?”, деди…” (“Бақара” сураси, 61-оят).

4 – “(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалга буюрасиз, исён – гуноҳдан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир” (“Ол-и-имрон” сураси, 110-оят).

5 – Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Умматим раҳм кўрган умматдир. Оллоҳ ихлослари, дуолари, намозлари ва заифлари сабаб улардан балони даф қилади” (Ровийларидан иккитаси заиф).

6 – “Абиту инда Раббий” – “Парвардигорим ҳузурида ухлайман”.

“Ютъиму юсқий” – “У мени едириб-ичиради”.

7 – “Оллоҳ – Учтанинг (яъни, Оллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар. Чунки Ягона Илоҳдан (Оллоҳдан) бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди” (“Моида” сураси, 73-оят).

8 – “Суъу-л” – нохуш. “Ҳусну-л-қазо” – “Хуш қазо”.

9 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир. Албатта Сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (“Қалам” сураси, 3-4-оятлар).

10 – “Ва лам якул лаҳу куфуван аҳад” — “Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир” (“Ихлос” сураси, 4-оят).

УЛ КОФИРНИНГ АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУДАН: “МЕНДАН FОЛИБ КЕЛСАНГ-ДА, НЕГА ҚИЛИЧИНГНИ ҚЎЛДАН ТАШЛАДИНГ?” – ДЕБ СЎРАГАНИ

Ул валий, янги мусулмон деди то 3772/1
Сўнг Алига, мастлик, лаззат аро:1

“Эй Амирулмўминин, сўйлай бу он,
Ҳомила янглиғ тирилсин танда жон!”.

Етти юлдуз бир нафас рағбат билан,
Зурриёт-чун доядир навбат билан.

Токи олсин ҳомила дам етса жон,
Токи ёр бўлсин қуёш ҳам ул замон. 3775

Офтоб жунбуш соларкан пушт аро,
Шул заҳоти унга жон айлар ато.

Топди юлдузлардан ул суврат, фақат
То қуёш бўлгунча бош узра мадад.

Пушт она қорнида қандай чоғланиб
Ҳурлиқо офтобга қолмиш боғланиб?

Ёширин йўл бор, бизим ҳисдан йироқ,
Ул фалак офтобига йўл кўп, бироқ:

Йўлки, ундан зар топар қут бегумон,
Йўлки, ундан тош бўлар ёқутсимон. 3780

Йўлки, қирмиз тусга киргай унда лаъл,
Йўлки, порлаб, ярқирар унда нағал.

Йўлки, унда мевалар пишган бўлар,
Йўлки, ҳар бир дил аро таскин тўлар.

“Сўйла, эй лочин, қанот ёзган бу чоқ,
Шоҳу шоҳнинг илкидан олган сабоқ!

Сўйла, эй овловчи анқо, шоҳга ёр,
Беқўшин қўшинни қилгич тору мор!

Сен бутун бошли жамоат, неча минг,2
Сўйла, эйки, ўлжа этмиш лочининг. 3785

Бул нечук раҳматки, қаҳри келадир?
Аждаҳога қўл берувчи йўл надир?”
—————————
1 – Бу байт, фақат Қуниё нусхасида учрайди.

2 – “Албатта Иброҳим Оллоҳга итоат қилгувчи, Ҳақ Йўлдан тойилмаган бир пешво – имом эди. У мушриклардан эмас эди” ( “Наҳл” сураси, 120-оят).

ҚЎЛИДАГИ ҚИЛИЧНИ ЎША ҲОЛАТДА НИМА УЧУН
УЛОҚТИРГАНИГА АМИРУЛМЎМИНИН ЖАВОБИ

Деди: “Тиғ ургум, агар – Ҳақ раҳнамо,
Тан эмас, Ҳақ амрини этгум бажо.

Шериман Ҳақнинг, ҳаваслар шеримас,
Бил, гувоҳ – дийнимга феълим ҳар нафас.

“Мо рамайта из рамайт”1 ул жанг аро,
Мен – қилич, этгай қуёш зарбин раво.

“Ўз”лигим лош-лушлари – йўлдан нари,
Ҳақдан ўзга неки бор, йўқлик бари. 3790

Соядирман, бошқарувчим – офтоб,
Мен – ҳижоблик, бўлмагум унга ҳижоб.

Тиғман-у қилгум висол дуррин ато,
Жон бериб, қатл этмагум қирғин аро.

Қон яширмайди тиғимнинг гавҳарин,
Силжитар еллар булутим қандайин?

Адлу тоқат тоғидирман, хас эмас,
Тоғни довул элтажакми мисли хас?

Кимни ел қўзғатса, ул хас, чўп эрур,
Чунки қарши, зид шамоллар кўп эрур. 3795

Кин ели, қаҳру ғазаб, шаҳват ели
Элтадир, ким гар эмас тоат эли.2

Тоғ эрурман, борлиғим унга асос,
Ел – Унинг ёди, эсам гар хасга хос.

Қўзғатар майлимни Ул ели, фақат
Йўқ Аҳаднинг ишқидай пешво, мадад.

Шоҳ учун шоҳдир ғазаб, бизга – қарам,
Мен жилов солдим ғазаб бўйнига ҳам.

Бўлди ҳилмим тийғига қаҳрим дучор,
Менга Ҳақ қаҳрида бўлмиш лутфи ёр. 3800

Нурга чўмдим, бўлса ҳам шифтим хароб,
Боғга дўндим, гарчи эрдим Бу Туроб.

Бир сабаб пайдо эса қирғин аро,
Тиғ яширмоқликни билдим мен раво.

То “аҳабба лиллаҳ3 ул номим маним,
Токи “абғаз лиллаҳ”4 ул комим маним,

Токи “аъто лиллаҳ”5 эҳсоним маним,
Токи “амсак лиллаҳ”6и борим маним,

Мендаги бор зиқналик, бор армуғон
Ҳақ учундир, мен юрарман Ул томон.7 3805

“Лиллаҳ”8имда йўқ гумон, шак ҳар нафас,
Бул аён кўрмоқдан ўзга нарсамас.

Ижтиҳоду изланишга боқмадим,9
Енгни Ҳақ этагига боғладим.

Кўрдим ул парвозни ҳар дам мен учиб,
Ғилдиракни ҳам кўрарман чарх уриб.

Юк ташир эрсам – аён қайга қадар,
Ойман-у менга қуёш йўл кўрсатар.

Бундан ортиқ сўйламоғим лек гумон,
Сиғмагай дарёга уммон ҳеч қачон. 3810

Сўйлагум сиғдирса неки ақлу ҳуш,
Айб эмас, хосдир Расулга бул юмуш.10

Тингла, эркин бир гувоҳман, беғараз,
Қул далили икки пулга арзимас.

Бор шариатда – эрур гар қул гувоҳ,
Ҳукм этар чоғ ўтмагай ул иддао.

Берса-да минг қул гувоҳлик кеча-кун,
Қадри йўқ бир хасчалик Қонун учун.

Эрса ким Ҳақ олдида шаҳватга қул,
Қул ва тутқун бандалардан баттар ул. 3815

Хожанинг бир сўзидан озод бўлар,
Гар яшар тотлиғ, тахир ғамдан ўлар.

Бўлмагай шаҳват қули ҳурликка мос,
Токи ёғмас унга Ҳақ инъоми хос.

Чоҳдадир ул, чоҳки, чоҳнинг қаъри йўқ,
Айби бор унда, жафою жабри йўқ.

Чоҳ сари отмиш ўзин ул мисли ўқ,
Қаърига етгувчи арқон менда йўқ.

Гар узун бўлса, қилай то гапни кам,
Боқ, жигар не бўпти? Қон – тош бағри ҳам! 3820

Қай жигар қонмас, – чидамли жон эмас
Банду ғофил, хорлиги-чун қон эмас.

Қон бўлар бир кун, бироқ, ул – фойдасиз,
Бўл у дам дилхунки, гар эрса азиз.

Гар гувоҳлик берса қул, бўлмас қабул,
Ақл эрур улки, эмас шайтонга қул.

Бўлди “арсалнока шоҳид”11лик қабул,
Чунки ҳур олам аро ҳур ўғли ул.

Ҳур эсам, қаҳр айлагай қандоқ асир?
Бундан олмиш жой фақат Ҳақ васфи, кир! 3825

Кир, сени ҳур айламиш фазли Унинг,
Келди устун қаҳридан раҳми Унинг. 12

Энди кир, бунда чекинмиш хавф-хатар,
Тош эдинг, кимё сени этмиш гуҳар.

Куфру ул хорзоридан сен юз буриб,
Яшна Ҳу бўстонида гулдай униб.

Сен бу – мен, мен эса – сен, эй муҳтарам!
Сен – Али, айт, ўлдирай қандоқ бу дам?

Бунда сен тоатдан афзал айб этиб,
Бир нафасда кўкни ҳам ўтдинг кесиб. 3830

Хуш эрур айбу гуноҳким, қилди мард,
Айт, тикондан унмагайми гулда барг?

Қилди қасд Уммар Расулга, бул гуноҳ
Сўнг қабул даргоҳига кўрсатди роҳ.13

Сеҳр ила соҳирни Фиръавн этди жалб,
Этди сўнг мол-мулкидан ёрдам талаб.

Бўлмаганда сеҳр ила куфри агар,
Келтирар Фиръавн учун ким ҳар сафар?

Айт, улар кўргаймиди сеҳру асо?
Эй гуноҳ аҳли, гуноҳ – тоат аро? 3835

Ноумидликдан Худо айлар жудо,
Бўлса гар тоатга ўхшаш ҳар гуноҳ.14

Гар ёмон аъмолни қилгайдир У соф,
Қилгуси бул ишни ғийбатга хилоф.15

Шул сабаб, лаънатланиб шайтону шак,
Сўнг ҳасаддан ёрилар икки бўлак.16

Асрагай ҳар бир гуноҳни ул лаъин,
То гуноҳдан бизни чоҳга ташласин.

Қай гуноҳни кўрса гар тоат аро,
Шул заҳот кўрган куни бўлгай қаро. 3840

Марҳамат, бағримни кердим сенга мен,
Сен тупурдинг, совға бердим сенга мен.

Гар жафо қилганга лутф этдим бу пайт,
Чап оёғингга нечук бош қўйгум, айт?

Бас, вафо қилганга инъомим надир?
Англа, боқий мулк ила ганж унгадир.
——————————-
1 – “Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Оллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, Сиз отмадингиз, балки Оллоҳ отди. Ва (бу ғалабани Оллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир” (“Анфол” сураси, 17-оят).

“Мо рамайта из рамайт” – “Отган пайтингда сен отмадинг”.

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур” (“Анкабут” сураси, 45-оят).

3 – “Аҳабба лиллаҳ” – “Оллоҳ учун суюкли”.

4 – “Абғаз лиллаҳ” – “Оллоҳнинг қаҳрини келтирувчи”.

5 – “Ато лиллаҳ” – “Оллоҳ йўлида берилган”.

6 – “Ман лиллаҳ” – “Оллоҳ учун тўхтатилган”.

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Албатта намозим, ибодатларим (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир” (“Анъом” сураси, 162-оят).

8 – “Лиллаҳ” – “Оллоҳ учун”.

9 – Ижтиҳод – (ғайрат қилиш, интилиш), фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Пайғамбар (с.а.в.) тириклигида у зотдан бошқа одам ижтиҳод қилмаган.

10 – “Биз ҳар бир пайғамбарни (Бизнинг ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз.. Сўнгра Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Қудратли, Ҳикматли Зотдир” (“Иброҳим” сураси, 4-оят).

11 – “Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Оллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга (яъни, Унинг Динига) даъват қилгувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни курсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз” (“Аҳзоб” сураси, 45-46-оятлар).

“Арсалнока шоҳид” – “Биз Сизни гувоҳлик бергувчи қилиб юборганмиз”.

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз” (“Фатҳ” сураси, 8-оят).

12 – Абу Ҳурайра (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Оллоҳ таоло (бутун борлиқни) яратишни адо қилгач, Арш устидаги, Ўзининг ҳузуридаги Китобига: “Менинг Раҳматим ғазабимдан ғолибдир”, деб битиб қўйди (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

13 – Ривоят қилишларича, дастлаб Умар Муҳаммад (с.а.в.)ни ўлдириш мақсадида у зотнинг уйига йўл олади. Йўлда синглисининг исломни қабул қилганини эшитгач, синглисиникига ҳам ўша ёвуз мақсадда боради. Аммо, унинг уйида Қуръон тиловатини эшитади ва бу ҳолдан шу қадар таъсирланадики, беихтиёр ёвуз мақсадидан воз кечади ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурига бориб мусулмон бўлади.

14-15 – Қаранг: 3252-3253-байтлар изоҳи.

“Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Оллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик – гуноҳларини яхшилик – савобга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Қуръони карим, “Фурқон”, 69- 70-оятлар).

16 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир” (“Зумар” сураси, 53-оят).

(Биринчи китоб, 3721-3843-байтлар)

АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУ ҲИКОЯСИГА ҚАЙТИШ ВА УНИНГ ЎЗ ҚОНХЎРИГА МУРУВВАТ КЎРСАТГАНИ

Қайт Али ва қотилига бул замон,
Ҳамда ул қонхўрига лутфи томон.

Деди: “Ёвни ўз кўзим-ла ҳар қадам
Мен кўрарман, сочмагум қаҳримни ҳам. 3925

Чунки болдай хуш ёқар менга ажал,
Ул Қиёматга ёпишган ҳар маҳал.

Беажалликда ажал бизга ҳалол,
Мулку молсиз – биздаги бор мулку мол.

Гар ўлим – сирти, ичинда бор ҳаёт,
Сирти – қисқа, лек ичи билмас мамот.

Пушт агар раҳм ичрадир – кетмоқ эрур,
Яшнаб, ўзни барқарор этмоқ эрур.

Гар ажалга майлу истак менда бор,
Менга “лотулқу биайдикум”дир ор.1 3930

Чунки таъқиқ донлари бўлгай ширин,
Ҳожати бор кимга аччиқ таъқиқин.

Донки, мағз-у пўсти гар аччиқ эрур,
Макруҳу аччиқлиги таъқиқ эрур.

Жоним ўлмоқ донидан яйрайди то,
“Бал ҳум эҳёун” эрур менга раво.2

“Уқтулуний ё сиқоти ло йимо,
Инна фий қатли ҳаёти доимо.3

Инна фий мавти ҳаёти, ё фато!
Кам уфориқ мавтиний ҳатто мато? 4 3935

Фурқати лам лав такун фий зассукун,
Лам яқул инно илайҳи рожиъун”. 5

Ул эрур қайтувчи, шаҳр ичра тағин,
Келса ваҳдатга бўлинган давридин.
———————————
1 – “Оллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Оллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади! (“Бақара” сураси, 195-оят).

“Лотулқу биайдикум” – “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”.

2 – “Ва Оллоҳ йўлида ҳалок бўлган (шаҳид)лар ҳақида: “(Булар) ўликлар”, демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар” (“Бақара” сураси, 154-оят).

“Бал ҳум эҳёун” – “Йўқ, улар тириклардир!”

3 – “Уқтулуний ё сиқоти лойимо, Инна фий қатли ҳаёти доимо” – “Мени маломат қилиб ўлдиринг, эй, улуғлар, чиндан ҳам менинг ўлимим боқий ҳаётимдир!”( Бу сатрлар Мансур Ҳалложга тегишли).

4 – “Инна фий мавти ҳаёти, ё фато! Кам уфориқ мавтиний ҳатто мато?” – “Чиндан ҳам ўлимим ичра ҳаётим бор, эй, йигит! Қачонгача ўз Ватанимдан жудодирман!?”

5 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: «Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!” (“Бақара” сураси, 156-оят).

“Фурқати лам лав такун фий зассукун, Лам яқул инно илайҳи рожиъун” – “Бу оламда борлигим айрилиқ бўлмаганда эди, Ул “чиндан биз У Зотга қайтгувчилармиз!” – деб айтмасди.

(Биринчи китоб, 3924-3937-байтлар)

АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУНИНГ ЎЗ СУҲБАТДОШИГА: “СЕН ЮЗИМГА ТУПУРГАН ЧОFИНГДА, ИЗЗАТ-НАФСИМ ҚЎЗFАЛИБ, АМАЛГА ИХЛОСИМ ҚОЛМАДИ, СЕНИ ЎЛДИРИШИМГА ХАЛАЛ БЕРГАН НАРСА ШУ ЭДИ”, – ДЕГАНИ

Ул амирулмўминин унга шу он,
Дедики: “Жанг онида, эй паҳлавон, 3975

Сен юзимга туфлагач, нафсим чунон
Қўзғалиб, хулқимни бузди ногаҳон.

Ярми эрди Ҳақ учун, ярми ҳаво,
Ҳақ ишига иштирокдир нораво.

Ҳақ яратган нақш эрурсан ҳар нафас,
Ҳаққа сен буткул қарашли, менгамас.

Синдир Оллоҳ нақшин, амр этса У Зот,
Сен У Ёр биллурига Ёр тошин от”.

Габр эшитгач булни, ул кўнгли шу дам
Нурга тўлди, кесди сўнг зуннорни ҳам. 3980

Деди: “Мен экдим жафо тухмин чунон,
Бошқа одам деб сени қилдим гумон.

Сен Аҳадхўйлик тарозу, бу – тайин,
Бор тарозулар учун, ҳатто шайин.

Сен яқин дўстим экансан, ақрабо,
Шам экансан ёғдулик – дийним аро.

Мен ўшал нурли чироққа банда, қул,
Айладим Ҳақ ёғдусин сендан қабул.

Қул эрурман нурли уммон мавжига,
Қаъридан чиққувчи дурру ганжига. 3985

Бил раво оғир ўлим менга букун,
То замоннинг фахридирсан мен учун”.

Шунда эллик чоғли қавму ёрлари,
Ошиқона бурдилар юз дин сари.

Қилди ҳилмин тийғи-ла нечоғли зид,
Тийғу халқларни балолардан харид!

Тийғи ҳам ўткир пўлат тиғдан нечоғ,
Балки юз қўшиндан ҳам қудратлироқ.

Лек надоматким, бир-икки луқма еб,
Ўй-хаёлинг қайнаши қолмиш тиниб. 3990

Битта дон Одам қуёшин тутди тез,
Дум каби ой нурларин ютмиш у кез.1

Лутфини кўр бир сиқим лойдан, мана,
Тўзғимиш ойи Сурайёдай яна.

Эрди нон маъни, емоқлик фойдадек,
Бўлса суврат, ундагай инкорга, лек.

Худди кўк янтоқни еркан тевалар,
Бул емишдан топгуси лаззат, самар.

Ям-яшиллик кетса гар, қолса қуриб,
Тевалар еркан уни чўлда юриб. 3995

Йиртилар бўғзи ва лунжи, эй дариғ!
Бўлди ул ардоқлаган гул мисли тиғ.

Нон эди маъни, яшил мисли тикон,
Қурғагай, бўлгай дағал шакл олган он.

Одатинг бирлан уни сен бемалол
Еган эрдинг аввал, эй нозикниҳол!

Бул қуруқ атрин туйиб ейсан ҳамон,
Маъни зах ер-ла бириккач ҳар замон.

Қоришиб хокка, тилар бўғзингни, бил,
Ул гиёҳдан, эй туя, энди тийил! 4000

Кетди буткул қоришиб тупроққа сўз,
Бўлди сув лойқа, қудуқ оғзини тўс.

Токи Ҳақ сувни тиниқ, соф айласин,
Улки, лойқа айламиш, поклар тағин.

Сабр этар орзу ато, этмас шитоб,
Сабр қил, “валлоҳу аълам би-с-савоб!”2 4003

———————————-
1 – Ўрта аср астрологиясида ой орбитаси тугунлари “Аждаҳо нуқтаси”, юқорига йўналган қисми “бош”, пастга йўналган қисми эса “аждаҳо думи”, деб номланган. Қуёш ва ой шу нуқталарга яқинлашса, қуёш ва ой тутилиши рўй беради, афсоналарга кўра, нурларни тутилиш жараёнида аждаҳо ютади.

2 – “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг! Чунки улар У (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!” (“Маориж” сураси, 5-7-оятлар).

(Биринчи китоб, 3975-4003-байтлар)

Форсийдан Одил Икром таржимаси

Agarda insoniyat tarixida yaratilgan shu kabi jamiyki ulug’vor kitoblarni bir xalqqa qiyoslasak, Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy”si ularning sultoni;
– ularni sultonga qiyoslasak, “Masnaviy” – shu sultonning toji;
– ularni tojga qiyoslasak, “Masnaviy” – shu tojning guhari sharifidir.

INSONIYATNING SO’Z OSMONIDAGI ME’ROJI
Nodira AFOQOVA
filologiya fanlari doktori


Biz tarixiy hodisa ila ro’baro’ turibmiz. Bu tarixiy hodisa – muhtasham Jaloliddin Rumiy “Masnaviyi ma’naviy”sining o’zbek tilidagi tarjimasidir. “Masnaviy”day muazzam badiiy obidani bu gal betakror shoir va mutarjim Odil Ikrom tarjimasida o’z tilimizda mutolaa qilish arafasidamiz.
Odatda hozir Siz o’qiyotganingiz kabi so’zboshilarda avval-boshlab asari tarjima qilingan ijodkor haqida obzor tariqasidagi ma’lumotlar taqdim etiladi.
Ma’zur tuting, aziz rumiyxon. Biz bu gal ma’rifatga befarq bo’lmagan har bir insonga ma’lumu olamoro mashhur bo’lgan ulug’vor Jaloliddin Rumiy haqida turli manbalardan – chop etilgan kitoblardan tashqari, mushkulimizni ancha oson qilgan internet yalangliklaridan topish, o’qib-o’rganish mumkin bo’lgan fakt va ma’lumotlar bayonidan saqlanamiz. Zero, kitobxonlik ham ijoddir, mashaqqatdir. Biz aminmizki, Siz Rumiy haqidagi ma’lumotlardan yaxshigina xabardorsiz; biz-da bu haqda Sizdan ortiq bilmaymiz, ehtimol. Aminmizki, Siz “Masnaviy” mutolaasiga ruhan tayyorsiz. Alalxusus, tasavvuf haqidagi zerikarli ma’ruzalar, mavhum ishq haqidagi falsafalar, uzuq-yuluq iqtiboslar bilan boshingizni qotirmaslikka harakat qilamiz. Bizning anglovimizdagi Rumiy kimdir – shuni o’rtoqlashamiz.
Jaloliddin Rumiy mahobatli Sharqning qudsiy ruhini o’zida jamlagandir. Rumiy – butun Sharqdir.
Rumiy yettinchi osmondadir.
Ma’lumingizkim, Insoniyat ma’naviy-ma’rifiy hayotining, Badiiy So’z dunyosining Odam Ato Yerga tushgandan to shu kunga qadar yashab o’tgan, yashayotgan sultonlari bor. Ular katta-katta davrlar ruhini o’zlarida mujassamlashtiradilar.
Ulug’vor Gomer biz hozircha inson ruhiy uyg’onishining ilk bosqichi hisoblagan antik dunyo kishisining yuksak ruhiy parvozini, shu inson hayotining jamiiki tomonlarini badiiy so’zda muhrlab qoldirdi. U antik dunyo donishmand faylasuflari va san’atkorlarining mujassamidir.
Dante qo’rqinchli ishga qo’l urdi. U o’zini Insoniyat hakamiday, ikki dunyo qozisiday tutdi. Xabarini hali-hozirga qadar bu yorug’ olamni tark etgan hech bir inson yetkazmagan, qandayligi odamizodga ilohiy payg’omlar orqaligina ma’lum bo’lgan boqiy dunyoni o’zi kezib chiqqan kabi jonli tasvir etdi. Dante – ziddiyatli hodisadir. Uning “Ilohiy komediya”sini nimadir bizning zehniyatimizdan itaradi. Buning sababi dono kitobxonga ma’lum, albatta. Ammo bu – dunyodagi tafakkur sohiblarini chuqur-chuqur o’ylarga toldiradigan Danteni inkor qilishga to’la haqlimiz, degani ham emas. U biz ko’rmagan dunyoda kezibdimi, uni shunday tasvir etibdimi, bu o’z-o’zidan sodir bo’lgan emas. Bunda ham ilohiy, biz bilmagan nimadir bor.
Abulqosim Firdavsiy o’z “Shohnoma”sida Allohning yerdagi soyasi sanalmish shohu sultonlar mavzusi bahonasida buyuk bir xalqning tarixini yozib qoldirdi. “Shohnoma”ni xalq eposlariga mengzashadi – bu Firdavsiy badiiy tafakkurining miqyoslarini tasavvur qilish imkonini beradigan qiyosdir. Bu e’tirofdir. Butun bir xalqning ilohiy borliq va tarixiy zamonlarni idrok etish bosqichlari Firdavsiy shuuri-zehniyatida bir butun holda in’ikos etdi.
Sharq “Xamsa”lari o’ziga xos alohida hodisa. Faqat mana shu beshliklar yaxlit holda o’z ruhi va ko’lami ila Rumiy “Masnaviy”siga yaqin keladi.
Sharq Uyg’onish adabiyoti – chegaralarini ilg’ash mumkin bo’lmagan darajadagi ko’lamli hodisadir. Uni yolg’iz holda idrok etish mushkul. Uni butun avlod bo’lib, boshqalarning ko’magidagina idrok etish mumkin. Shundan kelib chiqib, imkon darajasida o’qiganlarimiz hamda ular haqida yozilgan sharhu ilmiy tadqiqlardan kelib chiqib, taxminiyroq tarzda deymizmi, umumiy ruhiyatidan kelib chiqib deymizmi – bu “Xamsa”larda ham, bizningcha, muqaddas Islom ruhidan tashqaridagi biror so’z yo’q, deyish mumkin.
Uilьyam Shekspirning asarlari yaxlit holda ikki ma’naviy davr chegarasida turgan Insonni butun erishganlari-topganlari, ishtibohlari, adashishlari, mavhumiyatlari ila tarixlantirdi. Nafaqat qahramonlari orqali, shaxsiyati yozganlaridan ulug’vor Tolstoy inkor etgan jihatlari bilan ham. Nega Tolstoy Shekspirni inkor etdi? Nega sirli Shekspirning jahoniy shuhrati kechikib keldi? – bu kabi savollar azim epopeya singari qiziq.
Buyuk, deya e’tirof etilgan kishilarda butun insoniyat ruhida yetilib kelgan hodisalar yaxlit, yig’ilgan holda in’ikos etadi. Shuning uchun ham buyuk insonlar har kun emas, vaqt-vaqti bilan tug’iladilar. Har qanday buyuk inson ma’lum davrlarning yig’indisidir, mujassamidir. Ulkan bahri muhitlardan uchgan suvlar aylana-aylana pirovardida mo»jizaviy chaqmoqlarni zohir etgani kabi; vulqonlar uzoq muddatlarda kuch yig’ib otilgani singari Insonlik ruhiyatida, butun-butun xalqlar ruhiyatida davrlar osha pishib kelgan hodisalar muayyan Shaxsda chaqmoqlanadi, portlaydi. Negaki insoniyat ruhiyati ham uzoq fursat davomida tashqi tarixiy hodisalardan va ularning ichki tahlil-talqinidan, o’z-o’zini uzoq muddatlarda taftish etishdan kuch yig’adi.
Urush va tinchlik insoniyat dorulfanodagi hayotining o’zak masalasidir. Urush va tinchlik butun-butun xalqlar uchun ham¸ alohida inson uchun ham hayot va mamot masalasidir. Insoniyat tarixi – urushlar tarixidir, desak-da unchalik oshirib yubormagan bo’lamiz. Bu urush tashqi hayotdagi kabi insonning yoki xalqning ichki dunyosida ham kechadi. Unisi bunisini, bunisi unisini tug’diradi.
Mubolag’aliroq qilib, benazir Lev Tolstoy o’zidan oldingi va keyingi insoniyatning urush va tinchlik haqidagi o’ylarini, xulosalarini jamlab berdi, deyishimiz mumkin. “Urush va tinchlik”ning zabt etish siri – unda urushlarning ma’nisiz hodisa ekanligi, urush ma’nisi hatto qo’liga qurol tutib odam o’ldirayotganlarning o’zlariga ham ma’lum emasligi, urushlarni nafs va da’vo tug’dirishi, Inson fitratiga yaratuvchilik muhrlangani, odam farzandlari o’ldirish uchun emas, o’ziga o’xshaganlarni dunyoga keltirish va Insoniyat hayotini bardavom qilish uchun xalq etilgani haqidagi haqiqatlaridadir.
Donishmand Gyote Mag’ribu Mashriq devonini yaratdi. Bu – dunyo kitobidir. U Mashriq va Mag’ribni bir butunning ikki tomoni kabi idrok etdi, ko’rsatdi. Gyote olamshumulligining, dahosining siri mana shunda.
Agarda insoniyat tarixida yaratilgan shu kabi jamiyki ulug’vor kitoblarni bir xalqqa qiyoslasak, Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy”si ularning sultoni;
– ularni sultonga qiyoslasak, “Masnaviy” – shu sultonning toji;
– ularni tojga qiyoslasak, “Masnaviy” – shu tojning guhari sharifidir.
Negaki, hademay Siz mutolaa qilishni boshlaydigan bu kitob haqda:

Masnavii ma’navii mavlavӣ,
Hast Qur’on dar zaboni pahlavӣ, – demishlar.

Odam Ato farzandlariga samovot qavatlarining arshidan irsol etilganidan ham ulug’roq kalom bo’lishi mumkinmi?
Qat’iy javobimiz shuki: Yo’q!
Qur’oni Karim esa payg’om qilingan ana shunday ilohiy kitoblarning so’nggisidir.
Yo’qolmasligi, o’zgarmasligi Haq Taoloning o’zi tomonidan kafolatlangan Kalomdir.
Har bir so’zida Qur’oni majid ruhini jo etgan, o’z vositasi ila o’sha Kalomni odamzod bolalari zehniyatiga chuqurroq o’rnashtirish muddaosi ila bitilgan “Masnaviy” ham to o’zigacha va o’zidan keyin aytilajak Badiiy So’zning, shak-shubhasiz, shohonasidir. Oddiyroq qilib aytsak, jamiiki badiiy asarlarning peshravidir.
Insoniyat tarixida Buyuk ko’tarilishlar bor. Alohida insonning Ko’tarilishi ham ma’lum bir xalqniki, butun insoniyatnikidir. Odamzod ma’lum odam siymosida parvoz qilajak. “Masnaviy” – odamzodning Rumiy siymosida So’z osmonidagi me’rojidir.
Bu kitob dardu alamlar kitobi, iztirobu qayg’ular, o’gitlar kitobidir. Bu gapdagi “dardu alam, iztirob” aslo tushkunlik yoki badbinlik deb talqin qilinmasligi kerak. Negaki, ma’nosi nihoyatda keng va chuqur bo’lgan dardu alam, iztirob ruhan tozarish vositasidir. Iztirob, g’am-qayg’u – insoniy qalb atributidir.
Alloh maxfiy bir xazina edi. U tanilish, bilinish uchun olamni va undagilarni yaratdi (“Kuntu kanzan maxfiyan”). O’sha maxfiy xazinani saqlash mas’uliyatini insondan bo’lak maxluqotlar o’z zimmalariga olishga jur’at etolmadilar. Bu oliymaqom vazifani Inson o’z mas’uliyatiga oldi. Alloh oldida Insonning rutbasi, maqomi barcha mavjudotlarnikidan baland bo’ldi. Shuning uchun ham so’z guhari Insonga berildi. Inson atalmish xilqat o’z parvardigorining nazarida shu qadar mukarramdir. Biz o’z farzandimizni qanchalar yaxshi ko’ramiz, uni asraymiz, yo’l ko’rsatamiz, xato qilsa kechiramiz. Bularning bari insoniylik arkonlaridandir. Allohning o’z bandasiga mehri, marhamati ham xuddi shunday. Ammo bu muhabbat rabboniydir, ilohiydir. Borliqning asosida muhabbat yotadi. Inson jamiiki illatlariyu gunohlari, xato va adashishlariga qaramasdan, “koinot gultoji”dir (Abdulla Oripov). Shuning uchun ikki dunyo saodati va’da qilingan muqaddas kitoblarda ham insonlar faqat va faqat bir-birini sevishga, bir-birini suyashga, qo’llashga, kechirishga, jamoa bo’lib yashashga da’vat etilgan.
Insonni sevingiz. Insoniyat tarixida bunyod bo’lgan jamiiki So’z durdonalarining mag’zi-mohiyati ham shu. Insonni sevmoq – u yashayotgan ilohiy borliqni hamda Inson va uning hayot makoni bo’lmish ikki jahonning Parvardigorini sevish demakdir. Allohni sevish Insonni sevmay turib sodir bo’lmaydi. Zero, Allohni Insonsiz idrok etib bo’lmaydi.
Insonni sevingiz. Shunda Allohni sevgan bo’larsiz – Rumiy ma’naviy-adabiy dasturining ham asl mohiyati mana shu. Shoir barcha intilishlari, yozganlari, shiorlari, bonglari, qalbining tub-tublari bilan shuni istadi, shunga intildi, shunga da’vat etdi. Allohga muhabbat yo’llari insonga muhabbat ustidan o’tadi. Majoz haqiqat ko’prigidir, deganlarining ma’nosi shu. U Insonni sevdi, unga komillik sog’indi, xatolaridan iztirob chekdi.
“Masnaviy” she’rda, aruzda bunyod bo’ldi. Bunda ham chuqur mazmun bor. She’r o’zini she’r qilgan asosiy unsurlar – vazn, qofiya, ramz va obrazlilikni ilohiy kitoblardan oldi. She’rda ilohiylik bor. Aruz unsurlari esa Qur’oni Karim va hadislarda mavjudligini bevosita misollar bilan isbot etgan Alisher Navoiy shuning uchun ham “Mezon ul-avzon”da aruzni “sharif fan” deydi. Shuning uchun ham Rumiy ruhining parvozini, samo’ majlisisiz, she’rsiz tasavvur qilib bo’lmaydi. Umuman, shu xil yondashuvda muazzam Sharqda badiiy so’zning she’r shaklidagi ravnaqi asrori ham bir qadar oydinlashgandek.
Inson aytgan Badiiy So’z tojidagi guhari sharif bo’lmish “Masnaviy” shu lahza o’zida turkiy va fors-tojik kabi ikki ulug’vor xalq ruhiy qadriyatlarini mujassam etgan nozikta’b shoir Odil Ikrom tarjimasida bizning qo’limizda turibdi.
Odatda, tarjima ishiga ijodkorlar ham, mustaqil ijod qilmaydiganlar ham qo’l urishadi. Tarjimonlarni mana shunday shartli ikki toifaga ajratish mumkin. Dunyo tarjimachiligi tarixida ham, milliy adabiyotimizda ham badiiy ijod bilan shug’ullanmasa-da, tarjima ishini san’at darajasida eplaganlar oz emas. Bu yerda tasodif yo’q. Bizningcha, ijodkor bo’lmay turib, tarjimon bo’lib bo’lmaydi. Aslida ikkinchi toifadagilarning fitratida ham reallashmagan ijodkor yotadi. Qandaydir ob’ektiv va sub’ektiv sabablarga ko’ra reallasha olmagan potentsial tarjima shaklida voqelanadi. Bu potentsial ba’zan badiiy so’z tadqiqotchisiga aylantiradi o’z sohibini. Ko’pgina adabiyotshunos olimlarning badiiy ijod bilan shug’ulannishi faktlari ham ma’lum.
Shunisi ham borki, tarjimon ruhi o’zi asarini tanlagan ijodkor ruhiy dunyosi ila uyg’un bo’lmog’i lozim. Tarjimaning bosh sharti shu, ehtimol. Yana ehtimolki, bu uyg’unlik faqat tarjimonning intilishlarigagina bog’liq bo’lmay, sub’ektiv omildan tashqari – ato etilgan bo’lishi ham kerak.
Men “O’quvchi kitobni emas, kitob o’quvchini tanlaydi” degan gapimni shu yerda ham takrorlashdan istihola qilmayman. Tarjima asar ham qancha-qancha yo’llar yurib, qancha-qancha ijodkor insonlar qoshidan o’tib o’z tarjimonining huzuriga keladi. Qancha-qancha yo’llar yurib deganimiz Vaqtga daxldor emas. Buni bugun yaratilib, bugun tarjima qilingan asar haqida ham aytsa bo’ladi. Ba’zan o’sha yo’llarda u begona qo’llarga tushib qolishi ham mumkin. Bu qo’llarda u o’z asrorini ochmay turaveradi. Toki o’z tanlaganini topguniga qadar.
“Masnaviy” Odil Ikromni tanladi. Odil Ikromni topdi. Bu hodisalar shunday yaratilgan. Mubolag’a, dersiz. Mayli, “Masnaviy” va uning tarjimasi har qanday mubolag’aga arziydi.
Odil Ikrom bu tarjimaga yetib keldi. U shungacha bo’lgan yo’lni bosib o’tdi. Odil Ikrom moddiy borliq to’qnashtirgan ziddiyatlar, ruhiy izlanishlar, sinov va toblanishlar yo’li orqali; va nihoyat, goho anjuman ichra o’rtagan mahzun yolg’izlik orqali o’z ruhiyatini Rumiy ruhiyati ila uyg’unlashtirdi. Odil Ikrom undanam avvalroq Rumiy ila bir ruhiy iqlimda yaratilgan edi. Shu ikkisisiz bu tarjima maydonga kelmasdi.
“Masnaviy” shu daraja muhtashamki, biz kabi oddiyroq o’quvchi qo’lga olish tugul, unga yaqinroq borishga ham hayiqib turamiz. Mana shu xayollar, mana shu hadiksirash fonida Hazrati Rumiy ilohiy ilhom shavqi ila yozib tashlagan “Masnaviy”ni boshqa tilga o’girish uchun qo’lga olish ham, umuman, bu haqda o’ylash ham jasoratdir, desak, So’zga uncha-muncha daxli bo’lmagan odam ham inkor qilolmasa kerak.
“Masnaviy”ning mazkur tarjimasi – tarix taqozosi, ehtiyoj, xalqimiz jamiyati taraqqiyotining qonuniy bekati bo’ldi. Bu tarjima bosqinlaru istilolar, shu istilolarga qarshi o’qtin-o’qtin ko’tarilgan isyonlarga mubaddal tariximiz, xususan, dahriylikni bayroq qilgan sho’ro imperiyasi davrida yurak-bag’rimizni o’rtagan achchiq sog’inchdir.
“Masnaviy” tarjimasi – tarixan qisqa bo’lsa-da; asliyatini, asl ruhiy mezonlarni ixtiyorsiz qo’msagani bois xalqimiz uchun uzoqday, judayam uzoqday tuyulgan davr mobaynida – islomiy boshlang’ichimizga ichkin qattiq intiluvning nihoyatidir.
Jalolidin Rumiy yettinchi osmondadir, dedik.
Odil Ikrom bizni Rumiyning yettinchi osmoniga, ilohiy parvoz yo’liga olib chiqib qo’ydi. Negaki, har qanday tarjima muayyan asarning, muayyan daho ruhining yuksak toqlariga chiqish yo’lko’rsatkichidir. Tarjimon yo’llab qo’yadi. Yettinchi osmonga chiqish o’quvchining o’z qo’lida. U o’z ruhini o’qiyotgan So’zning ruhi bilan uyg’unlashtira bilishi kerak.
Yana ozgina chekinish qilib aytish mumkinki, tarjima asliyatni jamiiki jihatlari ila to’la voqelantira olmaydi. Bu mumkin bo’lmagan ish. Negaki, bir zamon aytilgan Badiiy So’z boshqa bir insonning qalb prizmasidan o’tadi. Ikkinchi bir insonning, qolaversa, bo’lak bir xalqning borliqqa munosabati, ruhiyati, bosib o’tgan tarixiy yo’li ila qo’shilib-qoriladi. Munosib tarjimon idrokida, ehtimol, yangi jilvalarini namoyon qiladi. O’zimiz misolimizda aytadigan bo’lsak, Abdurahmon Jomiyning “Arba’in”i, Xoja Ahrorning “Masnaviy”si, Aligьeri Dantening “Ilohiy komediya”si, Iogann Volьfgang Gyotening “Faust”i, Fyodor Dostoyevskiyning “Jinoyat va jazo”si kabi birmuncha so’z durdonalari o’zbek tilida ana shunday yangi jilvalarda qayta tug’ildi.
Tarjimon muayyan daho ko’tarilgan osmonning qaysidir qavatlariga olib chiqadi bizni. Shuning o’zi yetarli aslida. Tarjimaning vazifasi – o’quvchi ruhiy idrokini harakatga keltirishdir.
Yana bir gap: Hazrat Alisher Navoiy “Layliyu Majnun”ning xotimasida asarning yozilishi boisidan so’z ochib, o’zidan oldin forsiy alfoz ila doston etilgan ishqning bu munglig’u o’tlig’ afsonasidan sof idrok va xushta’b turkiyzabon xalq ham bahra olishini maqsad qildim, deydilar:

Chun forsi erdi nukta shavqi,
Ozroq edi anda turk zavqi,

Ul til bila nazm bo’ldi malfuz.
Kim, forsi anglar o’ldi mahzuz.

Men turkcha boshlabon rivoyat,
Qildim bu fasonani hikoyat

Kim, shuhrati chun jahong’a to’lg’ay,
Turk eliga dog’i bahra bo’lg’ay.

Nevchunki bukun jahonda atrok.
Ko’ptur xushtab’u sofi idrok.

…Men dog’i bu maynikim suzubmen,
Turkona surud anga tuzubmen.

Nozika’b o’quvchiga bu qiyos, balki, tom emas kabi tuyular. Ammo mohiyat yaqin: Odil Ikrom ham biz o’zbeklar ham shu ulug’ ma’naviy obidadan to’la-to’kis bahramand bo’lishimizni astoydil istadi, shu beg’araz maqsad yo’lida zahmat chekdi. U “Masnaviy”ning tarjimoni degan maqomga intilmadi; qalamini unvonlar tamasida yo’nmadi. Agar shunday bo’lmaganda, “Masnaviy”ning har bir so’zu jumlasi zimnida yotgan, ularni ichdan nurlantirib turgan Qur’onu hadisga oid ishoralarni izlash, topish, qiyoslash, o’z o’rniga qo’yish kabi mashaqqatlardan o’zini ozod qilgan, tarjima bundan bir necha yillar oldinroq nashr qilingan bo’lardi.
Bundan bir muddatroq avval Rauf Parfi – Navoiy, Bobur, Mashrab, Fitrat-Qodiriy-Cho’lpondan keyin ruhi birmuncha cho’kkan milliy adabiyotimizda turkchilik ruhi yangi So’zni maydonga qo’yajagini bashorat qilgan edi. Shoir to’la-to’kis haq. Maydonga qo’yilajak bu yangi adabiyot Ozodlik va Erk qayg’usi ila uyg’unlashib, Rauf Parfining o’z ijodida ilk nafasini oldi.
Bizningcha, tug’ilib kelayotgan porloq milliy adabiyotimizda turkchilik va hurriyat tarannumi – sho’ro davrida ham yo’qolib-bitmagan, Istiqloldan keyin yakkam-dukkam holda namoyon bo’layotgan islomiy ruh ila mubaddal bo’lg’usi. Islomiy ruh – bu insondo’stlik; dini va boshqa tafovutlaridan qat’i nazar, odamga tamasiz muhabbatdir. Islomiy ruh – komillik sari intiluvdir.
Turkchilik, Erk va Islomiy ruh uyg’unlashib, yaxlitlashib kuchli adabiyot dunyoga yuzlanajak.
Turk dunyosi uzoq davrlar O’rxun-Enasoy munojotlariyu, “Irq bitig” follaridan, balki undanam avvalroqlardan boshlab Navoiyga zamin hozirlagani kabi bizda hozir tayyorgarlik davri kechmoqda. “Masnaviy” tarjimasi – uch asosga ega shu kuchli adabiyotning tug’ilib kelayotgani xushxabaridir. O’ziga xos ibtidodir. Bu xushxabarning xabarchisi Odil Ikrom bo’ldilar.
Odil Ikromga qadar ham “Masnaviy” tarjimasiga, shu ruhdagi boshqa mo»tabar asarlarga-da qo’l urildi. Ul harakatlarda ham xosiyat, xayr bor, albatta.
Ammo “Masnaviy”ning buyuk islomchilik ruhi – asl mohiyati Odil Ikromning tasavvur qilib bo’lmas darajadagi zahmatli mehnati orqasidan keng ko’lamlarda yuz ochdi. “Masnaviy” ilgari voqea tarzida qabul qilingan bo’lsa, Odil Ikrom tarjimasi tufayli biz uni mohiyat o’laroq idrok eta boshlaymiz. Bu mohiyat asarning har bir jumlayu so’zlariga Qur’oni Karim va Hadisi shariflarga berilgan havolalar vositasida bizga to’la namoyon bo’ldi. Aniqroq qilib aytsak, ”Masnaviy”ning mahobati, ilohiy go’zallik asrori biz oddiy o’zbekzabon o’quvchisiga Odil Ikrom mashaqqatlari tufayli ma’lum bo’ldi.
Bizning vazifamiz kitobxonni “Masnaviy” mutolaasiga yo’llash edi. Shuning uchun ham biz Siz hoziroq boshingiz bilan sho’ng’ib ketajak “Masnaviy” tarjimasining ilmiy tahlilidan saqlanamiz. Buning o’rni ham emas. Negaki, Siz “Masnaviy” mutolaasiga shoshilib turibsiz. Bu tarjima kelajakda katta-katta ilmiy tadqiqotlarning mavzusi bo’lishiga shubha yo’q.
“Masnaviy”ga olib kelgan yo’l iqrori, Rumiy dahosi ila yuzma-yuz qolish saodati, kulli hayrat, ul muhtaram bergan qanot ila samovotning ilohiy qavatlarida charx urish havosi, shu havoni o’zgalarga ham yetkazish istagi va mashaqqatlari, hadik va jasorat, mo»jiza va ko’ngil to’lmaslik, ojizlik qo’rquvi va yaratish zavqi, mahrumiyat va muyassariyat… – aziz tarjimonimiz, o’ziga xos betakror shoir, o’zbek va fors-tojik tilining daqiq bilimdoni Odil Ikrom bularning barisi haqida bayonot beradilar. Asl tadqiqotchilar o’z ilmiy tahlillarida shu bayonotga tayanadilar, deya umidlanamiz.
Qushlar olis manzillarga yetish uchun ulkan okeanlar ustidan oylab yerga qo’nmay tanafussiz baland-baland parvoz qilgani singari, Jaloliddin Rumiy ham “Masnaviy”da mana shunday osmonidan tushmay qanot qoqdi. Odil Ikrom ham Rumiyning ko’kdagi parvozini izma-iz takrorladi, yillarcha yerga qo’nmadi. Bu parvoz, ehtimol, haliyam davom etayotgandir… Rumiyning samoviy yo’llarida ucha-ucha, uning tarjimoni o’z yo’llariga chiqib ketgandir va hamon uchayotgandir, ehtimol… Bor gapki, biz muxlislari Odil Ikromdan Rumiyning ilohiy gulshanidagi gulgashtlar aksi-sadosi o’laroq qog’ozga tushgan she’rlarni ham kutayotirmiz.
Hozircha esa deymizki: “O’zbekcha “Masnaviy” barchamizga muborak bo’lsin!”
Tarixiy hodisa ishtirokchisiga aylanishga shoshiling, aziz o’quvchi!

09JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan hikoyatlar
Forsiydan Odil Ikrom tarjimasi


TIJORATGA BORAYoTGAN CHOG’IDA TUTQUN TO’TISI HINDISTON TO’TILARIGA SALOM YO’LLAGAN SAVDOGAR QISSASI

Bor edi tojir va dildor to’tisi,
Tor qafasda tutqunu zor to’tisi.

Ko’rdi savdogar tadorik shul zamon,
Ul safar qilmoqchi bo’ldi Hind tomon.

Har kaniz, xizmatchisin chorlab shu payt
So’rdi: “Men ne keltiray senlarga, ayt?”

Barchasi o’z istagin bildirdi shod,
Va’da berdi barchaga himmatli zot. 1550

To’tidan so’rmish: “Gapir, senga bu on,
Keltiray Hind elidan ne armug’on?”

Dedi: “Nogoh to’tilar duch kelsa gar,
Ushbu holim tarzidan bergin xabar.

De: falon bir to’ti sizga intizor,
Bizga taqdir ulni etmish bandi, yor.

Yo’llagay sizlarga payg’om otashin,
Istagay sizdan biror yo’l chorasin.

Balki do’st diydoriga mushtog’u zor,
Jon berarman bunda men devonavor. 1555

Menga tutqunlik ravodir jilvasiz,
Gullagan bog’u chamanzor ichrasiz.

Shulmikan do’stdan vafolar, oh, nahot?
Men asir, sizlar guliston ichra shod.

Yodda saqlang mendayin zor qushni ham,
Bir sahar bo’lgach chamanzor ichra jam.

Do’stini do’st eslasa, mamnun erur,
Do’st esa chin – Layliyu Majnun erur.

Yor quchib, siz unda topgaysiz farah,
Men icharman bunda qonim liq qadah. 1560

Bir qadah may birla bo’l yodimga yor,
Kelmagay berging agar dodimni zor.

Yoki bir sho’rlikni yod aylab hazin
Yerga to’k, ichsang, u jomdan qatrasin.

Voajab, qaylarda ul ahdu qasam?
Ham shakar lab va’dasi, lutfu karam?1

Farq qani, qul gar yomondir – holi tang,
Gar yomonga sen yomonlik aylasang?

Eyki, qahring kelsa, bersang gar jazo,
Bil, samo’, chang bongidan xush ul navo. 1565

Ey jafosi mulku moldan yaxshiroq,
Intiqoming jondan afzal do’st, inoq.

Otashing bul bo’lsa, qandoq senda nur?
Motaming bul bo’lsa, qandoq ul surur?

Har jafo-jabring halovat baxsh etar,
Aylasang lutf, ayt, tubingga kim yetar.

Qo’rqaman, menga ishongay, nolisam,
Rahmi kelgach, jabrin aylar deb U kam.

Ayladim Ul qahri-yu rahmin talab,
Ikki zidning oshig’iman, voajab! 1570

Bo’lsa bog’, valloh, tikondan so’ng makon,
Shul sabab, bulbuldayin qilgum fig’on.

Bir ajib bulbulki, og’zin ochsa ul,
Luqmadir unga tikonlar birla gul.

Bul ne bulbul? Bul – olovning ajdari,
Unga xushdir ishq ila noxush bari.

Kull o’zi, ham kullga oshiq, beqaror,
O’ziga oshiqdir, o’z ishqiga zor”.

————————-
1 – “Ey mo’minlar, bitimlarga (Olloh taolo bilan o’rtalaringizdagi bitimlarga – U Zotga bandalik qilish haqida bergan ahd-paymonlaringizga ham, o’zaro bir-birlaringiz bilan kelishib olgan bitimlaringizga ham) vafo qilingiz!” (“Moida” surasi, 1-oyat).

(Birinchi kitob, 1547-1574-baytlar)

SAVDOGARNING SAHRODA HINDISTON TO’TILARINI UChRATGANI VA O’Z TO’TISIDAN XABAR YeTKAZGANI

Yetdi Hindistonga savdogarki to
Ko’rdi bir to’p to’tilarni cho’l aro.

Otini to’xtatdi, chorlab barchasin
So’ylamish qushning omonat gaplarin.

To’pdagi bir to’ti shul dam nogahon,
Qaltirab, holsiz yiqildi, berdi jon.

So’zidan tojir pushaymon, qoldi lol,
Dedi: “Bir qush joniga bo’ldim zavol. 1590

Bul, nahot ul to’ti birlan qoni bir?
Bul, nahot ikki vujud, lek joni bir?

Oh, nechun men unga keltirdim salom?
Xom gapimdan kuydi bu sho’rlik tamom”.

Til misoli temir-u toshday erur,
Neki tildan chiqqay, otashday erur.

Tosh-temirni behuda qilma xilof,
So’ylasang goh qissa, goh urganda lof.

Qop-qorong’u, har taraf gar paxtazor,
Paxta ichra uchqunu o’tga ne bor? 1595

Ulki zolim qavmdir, ko’r ko’zlari,
Kuydirar olamni butkul so’zlari.

Bitta so’z dunyoni vayron aylagay,
Ham o’lik tulkini qoplon aylagay.

Barcha jon Iyso daminda jam erur,
Goh jarohat, gohida malham erur.

Gar hijobdan ayri ersa barcha jon,
Erdi har jon lafzi ham Iysosimon.

Gar shirin so’z istasang shakkarsimon,
Yema hirsing holvasin, sabr aylabon. 1600

Sabru toqatdir zakiylar yog’dusi,
Holvadir barcha go’daklar orzusi.

Kimda bor sabri agar, ko’kka yetar,
Kim yegay holva, tubanlikka ketar.

(Birinchi kitob, 1587-1602-baytlar)

SAVDOGAR O’Z TO’TISIGA HINDISTON TO’TILARI BILAN QANDAY KO’RIShGANINI SO’YLAB BERGANI

Qildi savdogar tijoratni tamom,
O’z uyiga qaytdi so’ng, eltib payom.

Oldi undan sovg’asin har bitta qul,
Har kanizga bir matoh keltirdi ul. 1650

To’ti so’rmish: “Men uchun hadyang nadir?
Neki ko’rding, so’ylading, de birma-bir”.

Dedi: “Men afsus-nadomat aylaram,
Endi barmog’imni tishlayman bu dam.

Qaydanam eltdim xabar xom, foydasiz,
Bul manim nodonligimdan, shubhasiz”.

Dedi: “Sen behad pushaymon, darg’azab,
Ayt, axir, qahru g’amingga ne sabab?”

Dedi: “Uchrab to’tilarga nogahon,
Ayladim bor arzu zoringni bayon. 1655

G’amlaring bir to’ti his etdi chunon
So’ng o’ti yorildi, titrab berdi jon.

Dedim attang, ne uchun berdim xabar?
Endi bul pushmonligimdan ne samar?”

Qay kalom uchgay tilingdan nogahon,
O’q erur, uchgan kamondan begumon.

Ortiga qaytarmi o’q, o’g’lon, tag’in?
Boshidan to’smoq kerak sel yo’llarin.

To’smasang boshdan, jahon sel ichradir,
Ne ajab, dunyoni bossa birma-bir. 1660

Neki g’oyibdandir, undan qolgay iz,
Oqibat ro’y bergay odam hukmisiz.

Neki bor, yolg’iz yaratmishdir Egam,
Ne yaralmish, bizga daxli bo’lsa ham.

Zayd Amirga o’q uzarkan nogahon,
O’q Amirga soldi chang yo’lbarssimon.

Dard bir yilda yaralmish, har nafas
Dardni Haq keltirar, odam emas.

Qo’rqib o’lsa shunda gar otguvchi Zayd,
Toki o’lguncha tug’ilgay unda dard. 1665

Oqibatda o’ldirar dardi, lekin
Zaydni avval sabab qattol degin.

Unga mansub barcha dard undan erur,
Garchi barcha hodisa Haqdan kelur.

Ham ziroat, ham nafas, domu jimo
Bo’ldi Haqning qudratin tuygach bino.1

Avliyo olgay Ilohdan qudratin,
Uchgan o’qni qaytarar ketga tag’in.

Bil, sababdan oqibat eshik yopar,
Avliyo Haq ilkidan pushmon agar. 1670

Ochiq eshikdan bayoni o’sha tob
Bebayon – kuygusi na six, na kabob.

Qaysi dilda bersa ul fikri sado,
O’sha so’zni etdi pinhon, bebaqo.

Gar dalil qilsang talab, bergay jilo,
O’qigin: “Min oyatin av nunsiho”.2

Angla, “Ansavkumu zikri” oyatin,
Bil unuttirmoq kuchin va qudratin.3

Goh unuttirgay ular, goh eslatar,
Bor yaralmish qalbini ishg’ol etar. 1675

Bog’lagach g’aflat nigohning yo’llarin,
Ish qilar kim, bog’lasang gar qo’llarin?

“Xiltumu suxriyyatan ahl-as-sumu”,
Sen Kitobdan tingla to “ansavkumu”.4

Kimki mulkka ega, tan sultonidir,
Kimki dilga ega, dil xoqonidir.

Har amal unsa nazardan har nafas,
Baski, odamzod – qarog’dan o’zgamas.

Ayta olmam men bu so’zlar hammasin,
Bunga yo’l bermaydi aslo Qutbi din. 1680

Ne unutgay xalqu neni yod etar,
Unga bog’liq, barcha dodga ul yetar.

Dilda ne yaxshi-yomon bor, begumon
Bo’shatar har kechada ul nurga kon.

Kunduzi dilni to’la nur aylagay,
Ul sadafdan eng asil dur aylagay.

Voqif ul o’tgan va ketgan fikridan,
Ham tanir har to’g’ri yo’lni zikridan.

Ilm-amallar senga bo’lsin mangu yor,
To sabab eshiklarin ochsin qator. 1685

Bo’lmagay temirchi zargar hech qachon,
Xulqi soz bo’lmaydi, munkir bo’lsa jon.

Har amal, jonlar jihozday, so’nggi on
Kelgusi o’z sohibiga begumon.

Uyqudan so’ng ko’z ochib bor jon, amal
Qaytadir o’z sohibi yonga jadal.

O’y-amallar qaytadir, otganda tong,
Qaytadir, har neki bor yaxshi-yomon.

Xuddi kaptarlar misol, kezgach shahar,
Keltirar yurtiga yozmishdan xabar. 1690

————————
1 – “Sizlar (xotinlaringizning bachadoniga) to’kadigan maniy-urug’ haqida hech o’ylab ko’rdinglarmi? Uni sizlar (komil inson qilib) yaraturmisizlar yoki Biz yaratguvchimizmi?!” (“Voqea” surasi, 58-59-oyatlar).

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Biz biron oyatni bekor qilsak yoki yodingizdan chiqarsak, albatta undan yaxshirog’ini yoki o’shaning mislini keltiramiz. Olloh har narsaga Qodir zot ekanini bilmadingizmi?” (“Baqara” surasi, 106-oyat).

“Min oyatin av nunsiho” – “Biror oyatni bekor qilsak yoki yodingizdan chiqarsak”.

3-4 – “Sizlar esa ularni masxara qildingiz, hatto ular(ning ustidan kulish) sizlarga Meni eslashni unuttirdi. Sizlar ulardan kulgan edingiz” (“Mo’minun” surasi, 110-oyat).

“Avsavkumu zikri” – “Meni eslashni unuttirdi”.

“Xiltumu suxriyyatan ahl-as-sumu” – “Sizlar ularni masxara qildingiz”.

“Ansavkumu” – “Sizlarni unuttirdi”.

UL TO’TILARNING HARAKATINI EShITIB, BU TO’TINING QAFASDA JON BERGANI VA SAVDOGARNING UNGA NOLA-FARYoDI

To’tining ne qilganin tinglab shu on
Qaltirab, bul to’ti ham topshirdi jon.

Xoja lol qoldi bu holdan, qo’zg’alib
Yerga urdi so’ng kulohin o’rtanib.

Xoja bul holdan butun bo’lmish ado,
Turdi sapchib o’rnidan, yuldi yaqo.

Dedi: “Oh, biyron qushim, ey benazir,
Senga ne bo’ldi, nechun holing haqir?!

Vodarig’, oh, xushnavo, dildosh qushim!
Vodarig’, oh, hamdamim, sirdosh qushim! 1695

Vodarig’, xushxonu armonim manim!
Ruhga yorim, ravza-rayhonim manim!

Bo’lsa senday qush Sulaymonda u payt,
Boshqa qushga qayrilib boqqaymi, ayt?

Vodarig’, arzonga topgandim, biroq
To’ymadim diydoriga, ketmish yiroq!”.

Ey tilim, koni zararsan betinim
Hamda go’yo… senga ne ham der edim?

Ey tilim, otash o’zing, xirmon o’zing,
Tokay ul xirmonga o’t qo’ygay so’zing? 1700

Sen sabab jon o’rtanib, chekkay jafo,
Ne desang de, barchasin aylar bajo.

Ey tilim, poyoni yo’q ganjim o’zing!
Ey tilim, darmoni yo’q ranjim o’zing!

Gohi qushlarga tuzoq, makkor o’zing!
Ayriliq dardiga ham gah yor o’zing!

Goh omonlik keltirib, ey beomon,
Qasd etib, jonimga tortarsan kamon!

Boq, qushim qo’ldan uchib ketmish bu dam,
Sen sitam sahrosiga don tashla kam! 1705

Ber javobim yoki bergin bir madad,
Shodligimga yo sabab ber beadad.

Vodarig’, nurim manim tunlar aro,
Vodarig’, tongim manim kunlar aro!

Vodarig’, oh, ko’kka parvoz qilganim,
Oxirimdan avvalimga kelganim!”

Famga oshiq o’lgusi nodon abad,
Angla “lo uqsim”ni sen to “fiӣ kabad”.1

Shod edim nurli yuzingning vaslidan,
Pok edim jo’shguvchi soyin mavjidan. 1710

Ohlarim sog’inch o’yi, ingroq erur,
O’z tanimni birma-bir tilmoq erur.

Haqqa chora yo’q, bu Haqning azmi, bas,
Bormi dil, Haq ishqidan sadporamas?

Rashki shulkim, o’zgadir Ul hammadan,
Ham baland turfa bayonu g’alvadan.

Vodarig’, ko’z yoshlarim, daryo eding,
Menga yorimdan ato, savg’o eding!

Oh, qushim, ziyrakhushim, oh to’tijon!
Barcha sir-asrorlarimga tarjimon! 1715

Menga kelmish neki ezgu, neki dod,
So’ylamish avvalda Ulki, ayla yod.

Qaysi bir qush gar vahiy-la bersa un,
Ul vujudi ibtidodan ham burun.2

O’sha to’ti senda, sen ichra nihon,
Ko’rding ul-bullarda undan bir nishon.

Shod erursan, shodliging gar eltar ul,
Zulmini in’omday etgaysan qabul.

Eyki, jonni tan uchun yoqding u dam,
Jonni yoqqan dam yoritding tanni ham. 1720

O’zni yoqdim, kim qalov istar bu dam?
Toki yoqsin men bilan xaslarni ham!

Gar qalov bo’lgay alanga birla bir,
Ol qalovni, ul olov eltar, axir!

Vodarig’-ey, vodarig’-ey, vodarig’!
Oy bulut ostinda qolmish noaniq!

Men olay qandoq nafas? Yonmoqda jon,
Beqaror hijron sheri to’kkanda qon.

Ulki hushyor erdi, mastu darg’azab,
Ne bo’lar, qo’lga qadah olsa, ajab? 1725

Mast sher sig’mas bayonga, lim to’lar,
Ul chaman kengligidan ham keng bo’lar.

Qofiya haqqinda gar o’ylay desam,
“O’yla diydorimni” der Dildor bu dam.3

Shod o’tir, ey qofiya fikrida band,
Qofiya mulki o’zingsan, dilpisand!

So’z nadirki, o’ylaring ul sorida?
So’z tikondir tokzor devorida.

Harfu savtu so’zga men barham beray,
To uchovsiz sen bilan suhbat quray. 1730

Ayladim bul so’zni Odamdan nihon,4
Senga, ey sir olami, qilgum bayon!

Demadim bul so’zni Ibrohimga ham,
Jabrail ham bilmagan g’amdir bu g’am.

Shundayin so’zki, Iso ul so’zga lab
Ochmadi “mo”siz, Xudo azmi sabab.

“Mo” nadir? Isbotu inkor erdi, bas,
Zoti yo’q inkormanu isbot emas.

Topdim ul kaslikni nokaslikda men,
Almashib kaslikni nokaslikka men”. 1735

Barcha shohlar bandasidir bandasin,
Barcha maxluq murdasidir murdasin.

Pastliklar barcha shohni past etar,
Mastliklar barcha elni mast etar.

O’ljadir qushlarga sayyod, aslida,
Bir kuni qushlarni ovlash qasdida.

Izlagay bedilni dilbar jon aro,
Bo’lgay oshiqlarga ma’shuq mubtalo.

Kimki oshiq, bil uni ma’shuq mudom,
Chunki xosdir unga har ikki maqom.5 1740

Gar jahondan tashnalar suv axtarar,
Suv ham izlar qayda bor deb tashnalar.

Oshiq ersa ul agar, jim tur u choq,
Tinglamog’ing istasa ul, bo’l quloq.

Yo’lni to’s darhol, quturgay sel agar,
Yo’qsa, ketgay qoldirib vayronalar.

Nega vayronlik aro chekdim fig’on?
Tubdadir bir saltanat ganji nihon.

Haqqa g’arq istaydi cho’ktirmoq o’zin,
Ostin-ustin mavjidek jon dengizin. 1745

Dengiz usti yoki osti xush mudom?
Dilni aylar o’qi yo qalqoni rom?

Tilka-pora aylar, ey dil, vasvasang,
Ne surur, nedir balo – farq aylasang!

Gar murodingda shakarning ta’mi bor,
Bemurodlikdan murod topmasmi yor?

Qon to’kar har yulduzin deb yuz hilol,
Unga olam qonini to’kmoq halol.

Qadrimiz, qon evazin topguvchimiz,
Jon garov qo’ymoq sari chopguvchimiz.6 1750

Ey o’lik holda yashovchi ishq aro,
Dil topilmas, bo’lmasang gar mubtalo!

Ko’nglin axtardim qilib yuz ishva-noz,
Aylamish menga bahona, e’tiroz.

Unga aytdim: “Aqlu jonim senga g’arq”,
Ul demish: “Bor, ayla bul afsunni tark”.

Nega bilmay, ne xayoling ichra bor?
Ey g’ilay, qandoq ko’ringay senga Yor?

Ey xasis, sen arzimas bilding uni,
Chunki arzonga xarid qilding uni. 1755

Kimki arzon olsa, arzon topshirar,
Burda non deb, bola bergay siymu zar.

G’arq erurman ishqqakim, bul ishq aro
Ilk-u so’nggi ishqlar g’arqu ado.

Qisqa aytdim, etmadim borin bayon,
Yo’qsa, kuygay ham bayon-u ham zabon.

“Lab” desam, daryo labi insho erur,
“Lo” deyishdan maqsadim “illo” erur.7

Lazzatim bois manim tunddir yuzim,
Jim erurman, garchi ko’p aytar so’zim. 1760

Ikki olam lazzati to benishon,
Tund chehra pardasi ichra nihon.

Deb bu so’z to har quloqqa kirmasin,
G’ayb sirrin so’yladim yuzdan birin.
——————————
1 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), mana shu shaharga – holbuki, Siz ham mana shu shaharda yasharsiz – hamda Ota va undan bo’lgan bolalarga (ya’ni, Odam alayhis-salom va uning barcha zurriyotlariga) qasamyod qilurmanki; Darhaqiqat, Biz insonni mehnat-mashaqqatga yaratdik” (“Balad” surasi, 1-4-oyatlar).

“Lo uqsim” – “Qasamyod qilurmanki”.

“Fiy kabad” – “Mehnat, mashaqqatga yaratdik”.

2 – “Qush” – Bu yerda “jon” nazarda tutilmoqda.

3 – “Ollohdan qo’rqingiz va bilingizkim, sizlar Unga ro’baro’ bo’lguvchisiz. (Ey Muhammad alayhis-salom), iymonli kishilarga (jannat) xushxabarini yetkazing!” (“Baqara” surasi, 223-oyat).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), eslang, Parvardigoringiz farishtalarga: “Albatta Men (asli) qora botqoqdan (bo’lib odam surati berilgach), quritilgan loydan inson Yaratuvchiman. Bas, qachon uni tiklab, ichiga O’z (dargohimdagi) jondan kiritganimda, sizlar unga sajda qilgan holingizda yiqilingiz!” deganida;” (“Hijr” surasi, 28-29-oyatlar).

5 – “…Olloh ularni yaxshi ko’rur, ular Ollohni yaxshi ko’rurlar…” (“Moida” surasi, 54-oyat).

6 – Olloh taolo (hadisi qudsiyda) aytadi: “Agar bandam Meni nafsida zikr qilsa, Men ham uni nafsimda zikr qilaman. Agar Meni bir o’zi zikr qilsa, uni Men ham bir o’zim zikr qilaman va agar jamoat ichida Meni zikr qilsa, Men uni undan yaxshiroq va hurmatliroq jamoat ichida zikr qilaman” (Muttafaqun alayh).

7 – “La ilaha illa-l-Lohu” – “Ollohdan o’zga Iloh yo’q”.

“Illo” – “O’zga”.

(Birinchi kitob, 1649-1762-baytlar)

XOJA SAVDOGAR HIKOYaSIGA QAYTISh

Ko’p uzundir ushbu tojir naqli, de:
Kechdi ul himmatli zotning holi ne?

O’rtanib Xoja qilardi ohu voy,
Tinmayin so’ylardi mujmal, poyma-poy. 1815

So’yladi goh noz etib, goh e’tiroz,
Goh umidsiz, gohida qo’llab majoz.

Kimki suvga bo’lsa g’arq, izlaydi yo’l,
So’ngra cho’zgay vahm ila har xasga qo’l.

Bir najot kutgay, xatar sezganda jon,
Qo’l-oyoq silkib, tutar boshin omon.

Bul parishonlik yoqar Yorga, biroq
Uyqudan befoyda g’ayrat yaxshiroq.

Ulki shohdir, hech qachon bekor emas,
Bul ajab – kim noligay, bemor emas. 1820

Shul sabab amr etdi Rahmon, ey o’g’il!
“Kulli yavmin huva fy sha’n”, ey o’g’il!1

Tentirab bul yo’lda tez qo’ygin qadam,
Bo’lma forig’ bir nafas to so’nggi dam.2

So’nggi dam gar senga bo’lsa so’nggi dam,
Mehribonlik mahramisan, muhtaram.3

Qilsa g’ayrat xoh erkak, xoh ayol,
Darchadan jon Shohi ko’rgay bemalol.4

———————-
1 – “Yas’aluhu ma fis samavati val arz. Kulla yavmin huva fi sha’n” – “Osmonlar va Yerdagi (barcha) jonzot (Unga muhtojdir va bor tilak-maqsadlarini yolg’iz) Undan so’rar. U Zot har kuni ish-amaldadir” (“Rahmon” surasi, 29-oyat).

2-3 – “Va inson uchun faqat o’zi qilgan harakatigina bo’lur (ya’ni, o’zgalarning qilgan yaxshi amallaridan unga biron foyda yetmas). Uning qilgan sa’y-harakati esa yaqinda (Qiyomat Kunida) ko’rinur” (“Va-n-Najm” surasi, 39-40-oyatlar).

4 – “Bas, Parvardigorlari ularning duolarini ijobat qilib (dedi): «Albatta Men sizlardan biron amal qilguvchi erkak yo ayolning amalini zoye qilmagayman…” (“Ol-i-Imron” surasi, 195-oyat).

SAVDOGARNING TO’TI O’LIGINI QAFASDAN OLIB ULOQTIRGANI VA TO’TINING PARVOZ ETGANI

So’ng olib otgach qafasdan, uchdi tez,
Qo’ndi bir shox uzra ul to’ti shu kez. 1825

Uchdi “o’lgan” to’ti darhol charx urib,
Chiqdi Mashriqdan quyosh, nur yo’g’irib.

Qush ishindan Xoja bir zum qotdi lol,
Erdi qush asror-sirin bilmoq mahol.

Angrayib so’ng dedi: “Aytgil, ey qushim!
Ko’rganim, bul hodisa o’ng yo tushim?

Ne edi o’rganganing undanki to
Makr etib yoqding meni o’tlar aro?”

Dedi qush: “Aqlimni ul qilmish raso,
Bo’l deya ovozu nutqingdan judo. 1830

Deb: “Asir etmish sadoying begumon,
“O’ldi” shul yo’sin qilib menga ayon”.

Ey avom-u xosga bo’lgan nag’ma, soz,
Mendayin o’lsang, kishandan sen xalos.

Dona bo’lsang, seni qushlar cho’qigay,
G’uncha bo’lsang gar, go’daklar yulqigay.

Sen yashir doningni doming ichra mo’l,
Sen yashir g’unchangni, tomda maysa bo’l.

Kim chiroyin solsa bozor ichra zor,
Bo’lgusi yuzlab falokatga duchor. 1835

Ne nigohlar, ne g’azablar, qancha kin
Do’ldayin tinmay yog’ilgay boshidin.

So’ng g’ayir dushmanlari yanchib ketar,
Do’stu yori dilga tig’ sanchib ketar.

Kim yiroq ko’klam, ziroat atridan,
Hech xabar topgaymi ayyom qadridan?

Haqqa qoch, Haqdan qidir doim najot,
Qildi Ul ruhlarga minglab iltifot.

Top panoh, gar amru farmon aylagay,
O’t va suvni senga qalqon aylagay. 1840

Bo’ldi suv, dengiz Musoyu Nuhga yor,
Yovlarin qildik falokatga duchor.1

Otash Ibrohimga qal’a bo’ldikim,
To’ldi dud Namrud diliga betinim.2

Chorlamish Yahyoni tog’ o’z qoshiga,
Toshlarin yog’dirdi yovlar boshiga.

Dedi: “Ey Yahyo, yugurgil men tomon,
Asrayin toki seni tig’dan omon!”.

———————
1 – “Ular o’z xato-gunohlari sababli g’arq qilinib, do’zaxga kiritildilar. Bas, o’zlari uchun Ollohdan o’zga yordam berguvchilarni topmadilar (ya’ni, sig’ingan but-sanamlari ularni Ollohning azobidan qutqara olmadilar)” (“Nuh” surasi, 25-oyat).

2 – “(Ibrohimning haq ta’na va dashnomlariga biron javob topa olmay qolgan podshoh Namrud boshchiligidagi munkirlar) dedilar: “Uni yoqib yuboringlar! Agar uddalay olsanglar (mana shu ish bilan) o’z xudolaringizga yordam qilinglar”. Biz aytdik: “Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!” (“Anbiyo” surasi, 68-69-oyatlar).

TO’TINING XOJA BILAN VIDOLAShGANI VA UChIB KETGANI

Necha o’gitlar berib chin, beriyo,
Xojaga to’ti demish so’ng: “Alvido”. 1845

Dedi Xoja: “Bo’lsin Olloh senga yor,
Aylading yangi, charog’on yo’l nisor”.

Dedi Xoja o’zicha: “Bundan buyon
Nurli shul yo’ldan yurarman begumon.

To’tidan ham kammi jonim? Endi bas,
Tolein axtarmagan jon jon emas”.

(Birinchi kitob, 1814-1848-baytlar)

YO’QChILIK, QAShShOQLIK TUFAYLI XOTINI JANJAL KO’TARGAN SAHROYI DARVISh ARAB QISSASI

Tunda bir cho’llik ayol eri bilan
Qildi janjal, oshdi behad haddidan:

“Yo’qchilik jabrin, faqat biz tortamiz,
Hamma shod, biz g’am aro bechoramiz.

Nonimiz yo’q, dard, alam – non-oshimiz,
Ko’zamiz yo’q, bizga suv – ko’zyoshimiz.

Kunduzi bizga quyosh tafti libos,
Tunda oy ko’rpa-to’shak bo’lgay biroz. 2255

To’lsa gar oy, oyni non aylab gumon,
Ko’kka qo’l cho’zmoqdamiz bizlar hamon.

Or qilar bizning gadolikdan gado,
Burda non o’yinda kun bo’lgay ado.

Ketdi bizlardan yiroq yot-aqrabo,
Somiriy1 bo’lgandayin eldan judo.2

Kimga “mosh ber bir siqim” dey men agar,
Ul mani o’ldirguday qarg’ab, talar.

Gar arab faxri erur ehson, g’azo,
Sen – arab ichra yozuvda bir xato. 2260

Ne g’azo? Xordir usiz ham loshimiz,
Yo’qchilik tiyg’i kesarkan boshimiz.

Ne ato? Bizlar gadodirmiz abad,
Pashshaga urdik havoda tig’, faqat.3

Kelsa mehmon, tunda uxlab olsa tin,
Men yechib olgum tanidan jandasin”.

—————————-
1 – Somiriy – Muso Zafar, Muso payg’ambarning ukasi, Musoga qarshi chiqib, gapiradigan oltin buzoq yasab, shu bilan kishilarni o’ziga qaratishga uringan kishi.

2 – “(So’ngra Muso Somiriyga qarab): “Bu nima qilganing, ey Somiriy?”, dedi. U aytdi: “Men ular (ya’ni, bani Isroil) ko’rmagan narsani ko’rdim. (Ya’ni, Jabroil sening oldingga kelganda hayot otiga minib kelgan edi. Uning tuyog’i tekkan tuproq qanday jonsiz narsaga tegsa darhol unga jon kirardi, men shuni ko’rib qolgan edim), bas, elchi – Jabroilning bosgan izidan bir siqim olib, uni (buzoqning haykaliga) sochgan edim (undan tirik buzoq kabi ovoz chiqdi. Buni ko’rgan bani Isroil qavmidan bo’lgan odamlar u buzoqqa sig’ina boshladilar). Menga nafsim ana shunday qilishni chiroyli ko’rsatdi”. (Muso) dedi: “Bas, yo’qol! Endi sen uchun hayotda “(Menga) teginmanglar” deyishgina bordir (ya’ni, umringning oxirigacha yakka moxov bo’lib qolursan. Oxiratda esa) sen uchun hargiz xilof qilinmaydigan bir va’da – azob bordir. Sen ustidan jilmay ibodat qilgan “ilohingning” (holini) ko’rib qo’y. Biz albatta uni yondirib, so’ngra (kulini) dengizga sochib yuborurmiz” (“Toha” surasi, 95-97-oyatlar).

3– Kam va qo’lga ilingan narsani yemoq ma’nosida.

(Birinchi kitob, 2252-2263-baytlar)

SAHROYI ARAB XOTININI SABRGA ChORLAGANI, UNGA SABR VA QAShShOQLIK FAZILATLARINI BAYoN ETGANI

Er dedi: “Naf deb qilarsan e’tiroz,
Umrimizning ko’pi ketmish, qoldi oz.

Ko’p-u kam tiyran nazarlardan yiroq,
Seldayin ikkovi ham o’tgay, biroq.

Xoh tiniq bo’lsin u sel, xoh loyqa ul,
Qo’y, agar turmas kutib bir joyda ul. 2290

Ushbu olam ichra ne jonzotki bor,
Xush yashar, so’l-o’ngga qilmay e’tibor.

Qumri Haqqa shox uza shukr aylagay,
Tun uchun xo’rak o’ziga g’amlagay.

Haqqa bulbul so’ylagay hamdu sano:
“Rizq umidin bori senda, ey Panoh!”1

Mujdaga do’ndirdi lochin shoh qo’lin,
Har o’limtikdan yiroq aylab yo’lin.

Pashshadan tortib, shuningdek, toki fil
Bil, “iyolullohu haq ne’ma-l-mu’il”.2 2295

Dilda ne qayg’u-alam topmish qaror,
Bug’ va yel changi erur, ne bizda bor.

G’am o’roq yanglig’ o’rar bardoshimiz,
“Undog’-u bundoq” erur vasvosimiz.

Bil, azob, g’amlar – o’limning porasi,
Bo’l yiroq undan, topilsa chorasi!

Gar ajal qismiga bo’lsang sen qaram,
Anglagin, boshdan to’kilgay Kulli ham.

Qilsa gar lazzat, ajal qismi ato,
Kullni ham lazzatli aylaydi Xudo. 2300

Dard ajaldan elchidir, ey xiyra jon!
Elchidan burdirma yuz sen hech qachon!

O’lgay achchiq, kim yashar lazzat aro,
Tanga kim tiz cho’ksa, ul jondan judo.

Keltirib qo’ylarni sahrodan shu on,
Qay biri semiz, so’yilgay begumon.

Tun tugab, tong otdi, ey dilga yaqin!
Aytasan tokaygacha zar cho’pchagin?

Erdi oz yoshlikda sendan har talab,
Zar eding sen, so’ngra bo’lding zartalab. 2305

Bog’ eding sermeva, qolding berivoj,
Yetilar chog’ aynidingmi noiloj?

Gar desang, mevang shirin bo’lsin chunon,
Ketma ortingga qarab arqonsimon.

Juft erursan, bo’l sifatda menga yor,
Maslahat birlan topar har ish baror.

Juft erur ne, keltirar butkul samar,
Juft etik, tufliga solgin sen nazar.

Ikki kavshing bittasi gar kelsa tor,
Ikkisi ham bermagaydir senga kor. 2310

Katta-mayda juft eshiklar qayda bor?
Hech bo’larmi sher-u bo’ri juftu yor?

Teva uzra ikki qop nobop turar,
Gar biri bo’sh, bittasi to’la ular.

Men dadil borsam qanoatga tomon,
Sen nechun yurding qabohatga tomon?”

Tonggacha o’zdan qonib, oqlab o’zin,
Er xotinga so’ylamishdir shul yo’sin.

———————————
1 – Umar (r.a.)dan: Rasululloh (s.a.v.): “Agar sizlar Allohga tavakkal qilsalaringiz edi, U zot sizlarni qushni rizqlantirgani kabi rizqlantirib qo’yar edi. U qushlar qorni och ketib, qorni to’q bo’lib qaytib keladi”, dedilar (Imom Termiziy rivoyatlari).

2 – “Iyollullohi haq ne’ma-l-mu’il” – “Barcha yaralmish Ollohning qaramog’idadir”.

“Erda o’rmalagan narsa borki, barchasining rizqi Ollohning zimmasidadir. U Zot ularning turar joylarini ham, borar joylarini ham bilur. Hamma narsa ochiq-ravshan Kitobda bordir”. (“Hud” surasi, 6-oyat).

XOTINNING: “O’Z YO’LING VA O’Z MAQOMINGDAN OShIRIB GAPIRMA, YaЪNI, “LIMA TAQULUNA MO LO TAFЪALUNA?”1 GAPLARING ROST, AMMO, SEN UMID VA IShONCh MAQOMIDA EMASSAN. MAQOMING VA XULQINGDAN OShIRIB SO’ZLASh SENGA ZARAR KELTIRADI, YaЪNI, “KABURA MAQTAN INDALLOHA”2DIR” – DEB ERIGA NASIHAT QILGANI

So’ng xotin bong urdi: “Ey or aylamas!
Menga hech afsunlaring kor aylamas. 2315

Behuda da’voyu da’vat aylama,
Safsata kibru g’ururdan so’ylama!

Tumtaroq so’z-la bitarmi ish-amal?
Boq ishing, holingga, endi sal uyal!

Yo’q gadoning kibriday noxush, ziyon,
Qor, sovuqda ho’l kiyim kiygansimon.

Buncha ko’p da’voyu xudbinlik o’ying?
Xuddi o’rgimchak uyidir, boq, uying.3

Hech qanoat berdimi joningga nur?
Bilganing undan, faqat bir nom erur. 2320

Dedi Payg’ambar: “Qanoat ne? Bu – ganj”,4
Farqi yo’qdir sen uchun ganj ila ranj.

Bul qanoat bo’lgusi jon ganji chin,
Ey g’amu jon ranji, ko’p lof urmagin!

Meni juft etma, qanot ham qoqma, bas,5
Menga insof juftu juftim nuqs emas.

Bek, amirlar yo’lidan netding yurib?
Chun malax “ovlab” – havoda tig’ urib.

Bir suyak deb it bilan qilding urush,
Bir qamishday noligaysan – qorni bo’sh!6 2325

Solma menga jirkanib, so’lg’in nazar,
To demay men, tomiringda ne oqar.

O’zni, ham aqlingni bilding ko’p raso,
Aqli noqis deb meni bildingmi yo?

Misli g’ofil bo’ri, qilma qasdu kin,
Aqli yo’qlik afzal aqling oridin!

Xalq uchun yo’l bo’lsa aqling begumon,
Aql emas ul, ul – ilon birla chayon.

Zulmu makringga Xudo bo’lsin to’siq,
Fazlu aqling yetmasin bizga to’liq! 2330

Ham ilon, ham jodugardirsan bu chog’,
Ham ilonboz, ey arab sha’niga dog’!

Qarg’a o’z rasvoligin qolsa sezib,
Qor kabi erib ketardi, g’am ezib.

Gar o’qir afsun ilonga yovsimon,
Aylar afsungarni ham afsun ilon.

Bo’lmasaydi gar ilon afsuni dom,
Hech ilon sehri uni qilgaymi rom?

Jodugar zot kasbu korin hirsidan,
Bexabar qolgay ilon afsunidan. 2335

Der ilon: “Ey jodugar, ko’rding bu choq
Afsuning, endi mening sehrimga boq!

Sen meni Haq nomi birlan avrading,
Fitna-yu sharmanda qilmoq – maqsading.

Xohishingmas, aylamish Haq nomi rom,
Voy sening holingga, qilding nomni dom!

Olgusi Haq nomi o’ch adlim uchun,
Jon, tanim topshirdim ul nom deb butun.

Qirqadir jon tomiring zarbim-la yo,
Yo seni menday tiqar zindon aro”. 2340

Bor dag’al gaplarni aytib shulsimon,
Vaysamish yosh erga tinmay ul juvon.

———————————
1-2 – “Ey mo’minlar, nega sizlar o’zlaringiz qilmaydigan narsani (qilamiz deb) aytursizlar?! Sizlarning o’zlaringiz qilmaydigan ishni (qilamiz deb) aytishlaringiz Olloh nazdida o’ta manfur (ishdir) (“Saf” surasi, 2-3-oyatlar).

“Lima taquluna mo lo taf’aluna” – “Nega sizlar o’zlaringiz qilmaydigan narsani aytursizlar?”

“Kabura maqtan indalloha” – “Ollohning nazdida o’ta manfur ishdir”.

3 – “Ollohdan o’zga “do’stlar”ni ushlagan kimsalarning misoli xuddi (o’zi uchun) uy qurib olib, (o’sha uyidan panoh istagan) o’rgimchakka o’xshaydi. Albatta uylarning eng nimjoni o’rgimchak uyasidir. Agar ular bilsalar edi, (o’rgimchak uyasi ojiz butlardan panoh istamagan bo’lur edilar) (“Ankabut” surasi, 41-oyat).

4 –Jobir ibn Abdulloh (r.a.)dan: “Payg’ambar (s.a.v.): “Qanoat – tugab bitmaydigan xazinadir”, dedilar”.

5 – Ikki kaptar qo’shilganda azbaroyi shodlik va sarxushlikdan emas, aslida bir-birini ushlab qolish maqsadida qanot qoqmog’iga ishora.

6 – “Mo’min misoli bir burg’udir, uning ichida bo’shliq bo’lmasa, xush sado bermaydi” (Mavlono Rumiy “Ulug’ devon”da ushbu hikmatni “hadis” deb ishora qilgan. Lekin muhaqqiqlar fikriga ko’ra, ushbu hikmat bir oz o’zgarish bilan buyuk donishmandlardan bo’lmish Abutolib Muhammad binni Ali binni Atiyai Makkiy (vaf. 386 h.)ga mansubdir).

ERNING XOTINIGA: “QAShShOQLARGA PAST NAZAR, HAQ IShIGA ShUBHA BILAN QARAMA, OJIZ FIKR, XOM XAYoLLARINGGA BERILIB QAShShOQLIK VA QAShShOQLARGA TAЪNA QILMAGIN”, – DEB NASIHAT QILGANI

Dedi: “Sen xotinmi yo g’amxona, sil?
Yo’qchilik – faxrim manim, tekkizma til.

Xuddi bosh uzra kulohday molu zar,
Kim panoh bilgay kulohni – kal ular.

Jingalak ham ko’p qalin kim sochi gar,
Boshidan uchsa kulohi, xush yoqar.

Haqqa yor ko’rguvchiga monand agar,
Bil, yalang’och yaxshi, berk o’lsa nazar. 2345

Qulfurushlar qulni taqdim etsa gar,
Ayb yopgich to’nni ul quldan yechar.

Aybi bo’lsa, qandoq uryon aylagay?
To’n bilan, aksincha, avrab-aldagay.

Deydi: “Bul yaxshi-yomondan or qilar,
To’nni yechmoqlikka sendan tortinar”.

Xoja boshdan to oyoq ayb ichra gar,
Xojaning bor moli, aybin berkitar.

Ta’madin aybin ko’rolmas ta’magir,
Ta’masi ham dilga sarpo, pardadir. 2350

Gar gado so’zlar, so’zi – zar kon aro,
Moli yo’l topmas biror do’kon aro.

Senga yo’l bo’lsin u darvishlik qadar,
Solma darvishlar tomon so’lg’in nazar.

Mulku mol tashvishi yo’q darvishda hech,
Zuljalol bergusi rizqin erta-kech.

Haq erur Odil, adolat kimda jam,
Hech qachon aylarmi bedilga sitam?1

Kimgadir aylaydi noz-ne’mat ato,
Kim birovni yondirar otash aro. 2355

Yondirar gulxanda, kim ikki jahon
Xoliqi Haqqa agar qilgay gumon.

Ayt, “faqirlik faxri”masmi Haqqa yor?
Ne latofat, izzat-ikrom unda bor!

Sen laqab qo’yding iching-etingni yeb,
Yorni ham, morlarni ham ovlovchi deb.

Men tishin uzgum, ilon tutsam agar,
Boshga to keltirmasin zarbi zarar.

Bil, ilonning joniga tishdir g’anim,
Yovni do’st aylar manim bul qilganim. 2360

Ta’madan hargiz qidirmasman fusun,
Ta’ma boshin men bukib ketgum butun.

Qilmadim eldan tama’, asra Xudo!
Bor qanoat olami ko’nglim aro.

Olmurut ustinda ne ko’rsang bu on,
Tushgin undan, qolmasin to bir gumon.2

Tushganingda aylanar bosh, ko’z tinib,
Aylanar uy demagil, sen aylanib.

—————————
1 – “Bu (azob) o’zlaringiz qilgan gunohlaringiz sabablidir. Albatta Olloh (O’z) qullariga zulm qilguvchi emasdir” (“Ol-i-Imron” surasi, 182-oyat).

2 – “Masnaviy”ning to’rtinchi kitobida keltirilgan bir hikoyatga ishora: Bir xotin olmurut daraxti ustiga chiqib, pastda turgan eriga: “Yoningdagi xotin kim? Nega u bilan o’pishasan?” – deb dod-voy soladi. Keyin erini daraxtga chiqarib, o’zi o’ynashi bilan aysh qiladi. Eri dod-voy solsa, aybni daraxtga to’nkaydi.

(Birinchi kitob, 2288-2364-baytlar)

XOTIN ERIGA EЪTIBORINI QARATIB, AYTGAN GAPLARI UChUN TAVBA QILGANI

Ko’rdi xotin, chiqmish erning achchig’i,
Yig’lamish, chunki ayol domi – yig’i.

“Shulmi kutgan so’zlarim sendan,–dedi, –
Boshqa ummid, o’ylarim ham bor edi”. 2395

O’tdi ojizlik yo’liga shul nafas,
Dedi: “Poying xokiman, ojizamas.

Jism-u jonim, borlig’im senga nisor,
Hukmu farmonim sening hukmingga zor.

Yo’qchilikdan to’lsa ham sabrim butun,
Lek o’zimmas, qayg’urarman sen uchun.

Illatu dardimga sen erding davo,
Benavolik ko’rmagum senga ravo.

O’zni o’ylab ushbu o’yga bormadim,
Sen uchundir barcha nola-zorlarim! 2400

Borlig’ing-chun borlig’im, valloh, bu on,
Har nafas bersammi der qoshingda jon!

Jonni men qilgan fido joning agar,
Koshki, jonim qa’ridan topsa xabar!

Sen agar mendan qilar bo’lsang gumon,
Menga darkormas bu tan birla bu jon!

Xokka qorgum siymu zarni shul zamon,
Qarshi bo’lsang menga, ey oromijon!

Jon-dilimdan joy olib sen shunchalar,
Behuda mendan bezarsan bunchalar? 2405

Mayli, bezgin, senda bor imkonu yo’l,
Bezganim-chun jonim uzrin et qabul.

Esla, erding bir mahal qoshimda mast,
Misli but erdim va erding butparast.

Jo’r edim, sen birla doim g’am yegan,
Neni gar “pishdi” desang, “kuydi” degan.

Ismalog’ingman, pishirsang gar g’izo,
Xohi sho’r qil, xoh shirin, senga ravo.

Noshukur erdim, olib iymonni tan,
Bosh bukib keldim, bukun hukmingdaman. 2410

Anglamay shohona xulqing, har mahal,
Sendan oldda surdim eshshak men dag’al.

Yondirib ko’ngilda afving bir chiroq,
Tavba qildim, e’tiroz qilmay, biroq.

Senga tutgayman kafan, shamshir bu kez,
Mayli, qurbonman bukun, bo’ynimni kes!

So’ylading achchiq firoqning neligin,
Qil, na qilsang, urma, lek hijron tig’in!

Senda mendan uzrini so’rguvchi bor,
Sen bilan mensiz mudom bo’lgusi yor. 2415

Xulqing ichra bor manim uzr istarim,
Shul ishonchim bois ayb izlar dilim.

Rahm qil, o’zdan nihon, ey qahri tez,
Eyki, xulqi behisob boldan laziz!”

Lutf ila so’ylardi oshkor shul yo’sin,
Yig’lamish birdan, tutolmasdan o’zin.

Haddidan ortiqcha yosh to’kmish hazin,
Beyig’i ham dilrabo erdi tag’in.

Shunda yomg’irlar aro nur chaqnamish,
Yolg’iz er qalbiga uchqun sachramish. 2420

Gul yuzin shaydosi erdi er mudom,
Ne erur, gulyuz o’zi bo’lsa g’ulom?

Kibridan erning dili titrardi zor,
Endi er qoshinda ul yig’lardi zor.

Ulki noz qilsa, yurak qon erdi lol,
Kelsa aylab iltijo, nedir bu hol?

Ulki, bizga dom – jafosi, jabri ham,
Uzrimiz ne, uzrin ul so’rsa bu dam?

“Zuyyina li-n-nos”1 gar Haqdan sado,
Ulki, Haq yo’llar, nadir o’zga panoh? 2425

Erga gar “yaskun ilayha”2 deb bilar,
De, nechuk Odam Havodan ayrilar?

Rustami Zol3 Hamza4dan gar kattadir,
Amr aro oqsochligiga ul asir.5

Qildi ulki – so’ziga olam fido,
“Kallimina yo Humayro”6 deb nido.

O’tni mag’lub etdi suv, tuygach xatar,
Qaynagay o’tdan, hijobda bo’lsa gar.

Ikkisin qamrab qozon, bo’lganda g’ov,
Suvni yo’q aylab, havo etmish olov. 2430

Garchi suvday sirtda er g’olib erur,
Ichda mag’lub, juftiga tolib erur.

Ushbu xislatlar, faqat odamda jam,
Yo’qchilikdan mehr erur hayvonda kam.
——————————-
1 – “Odamlarga ayollar, bolalar, tuganmas oltin-kumush boyliklar, (qimmat) baholi otlar, chorva va ekin-tikinlar kabi istak-xohishlarga ko’ngil qo’yish chiroyli qilindi. (Holbuki), bu narsalar hayoti dunyoning (o’tkinchi) narsalaridir. Ollohning huzurida esa eng go’zal qaytadigan joy – jannat bordir. (Ya’ni, o’tkinchi narsalarga ko’ngil bermay, haqiqiy go’zallikni sevmoq, unga intilmoq lozim)” (“Ol-i-Imron” surasi, 14-oyat).

“Zuyyina-li-n-nos” – “Odamlar uchun chiroyli qilindi”.

2 – “(Olloh) shunday Zotdirki, sizlarni bir jondan (Odamdan) yaratdi va u orom-osoyish topsin, deb uning o’zidan juftini vujudga keltirdi. (Odam) Unga qo’shilganidan keyin u (Havvo) yengil yuk (homila) bilan yuklik bo’lib, o’sha (yuk) bilan yurdi” (“A’rof” surasi, 189-oyat).

“Yaskun ilayha” – “Orom-osoyish topsin deb”.

3 – Rustami Zol – Abulqosim Firdavsiyning “Shohnoma” asaridagi afsonaviy qahramon.

4 – Hamza – Muhammad (s.a.v.)ning amakilari ismi.

5 – Zol – Abulqosim Firdavsiyning “Shohnoma” asaridagi afsonaviy qahramon Rustamning otasi, uni Zoli Zar deb ham atashadi, oq sochli bo’lib tug’ilganiga ishora.

6 –“Kallimina yo Humayro” – “Menga so’yla, ey Humayro”.

(Birinchi kitob, 2394-2432-baytlar)

ERNING XOTIN ILTIJOSINI TIRIKChILIK TALABI DEB QABUL QILGANI VA XOTIN EЪTIROZINI HAQNING IShORATI DEB BILGANI:

Ne bir aql ichra bor doim biluvchi,
Ne davvor, bor uni aylantiruvchi.

So’zlaridan chekdi afsus er chunon,
Qatl etilmoq fursati kelgansimon.

Dedi: “Jon joniga jabr etdim nechun?
Tepkilab, jon boshini ezdim nechun?”

Ko’z yumilgaydir Qazo kelganda, bas,
Qayda qo’l, qayda oyoq, aql anglamas. 2440

Gar Qazo o’tgach, o’zin qilgay ado,
Parda yirtib, chok-chok aylar yaqo.

Er dedi: “Ey yor, etarman tavbalar,
To bo’lay mo’min, esam kofir agar.

Men gunohkoring, suyab rahming ila,
Ildizim birlan qo’porma bir yo’la!

Keksa kofir gar pushaymon qilgusi,
Tavba aylab, so’ng musulmon bo’lgusi”.

Mehru shafqat manbai Xoliq erur,
Bor-u yo’qlik unga chin oshiq erur. 2445

Kufru iymon oshiq Ul siymo uchun,
Mis, kumush ham bandadir kimyo uchun.

(Birinchi kitob, 2438-2446-baytlar)

ARAB VA UNING XOTINI MOJAROSINING OXIRI

So’ngi ne bo’ldi xotin-er janjalin,
Deb so’rar bir beriyo qalbi tag’in.

Er-xotinning mojarosi bitta naql:
Ulni bil nafsing misoli hamda aql.

Er ila xotinki, aql-u nafs erur,
Har yomon-u yaxshiga bo’lgay zarur.

Bul zarurat ikkisi olam aro,
Kecha-kun aylaydi jangu mojaro.

Xotin istar uy uchun anjom mudom,
Ya’ni, obro’y, ham jihozu nonu nom. 2620

Nafs ayoldir, chora izlar doimo,
Goh xoksor, gohi bo’lgay rahnamo.

Aql emas bu o’y-xayollar hamdami,
Fikrida bordir, faqat Olloh g’ami.

Garchi bul qissa siri don birla dom,
Endi qissa suvratin tingla tamom.

Gar kifoya ersa ma’ni naqli to,
Olam ahli boridan erdi judo.

Gar havas o’y-fikru ma’no ichra jam,
Yo’q edi savmu namozning shakli ham. 2625

Bir-biriga do’stu yor sovg’a berur, –
Yorlik ichra ul faqat suvrat erur.

Hadyalar bersin guvohlik toki sir,
Dildagi pinhon havasdan birma-bir.

Chunki oshkor armug’on shohid u dam,
Har nihon maylu havasga, muhtaram!

Gohi yolg’on shohiding, goh haqparast,
Gohi ayron birla, goh may birla mast.

Ayron ichgan mast odam yanglig’ turar,
Hoyu huy aylab, o’zin har yon urar. 2630

Ul munofiq savmu toat ichradir,
To desinlar mastu ishqi birladir.1

O’zgadir har zohiriy fe’lu amal,
To ko’ringay neki pinhon har mahal.

Bizga bergin, ey Xudo, boshqa tamiz,
To qilaylik rost ila yolg’onni his.

Gar tamiz deb hisni bilsang ne bo’lur?
Ulki, his “yanzur binurilloh”2 erur.

Gar nishon yo’qdir, sabab bo’lgay ayon,
Aqraboday, maylini etgay bayon. 2635

Kimga Olloh nuri imom har nafas,
Ul nishon hamda sababga qul emas.3

Dilga maylu ishqidan shu’la yetar,
Har nishondan, kuch to’lib, forig’ etar.

Mehrini so’ylashga hojat qolmagay,
Gar havas nuri falakda porlagay.

Tafsilot bor aylamakka to tamom,
Ushbu so’zni, lek qidir sen, vassalom!

Garchi suvrat ichra ma’ni bor, biroq
Ma’nidan suvrat yaqindir ham yiroq. 2640

Gar dalolatda nihol, suvdek ular,
Asliga yetsang, juda olis turar.

Ket sifat ham mohiyatlar yonidan,
Qil bayon ul ikki oyyuz holidan.

———————————-
1 – “Albatta munofiqlar Ollohni aldamoqchi bo’ladilar. Holbuki, Olloh ularni “aldab” qo’yguvchidir. Va ular qachon namozga tursalar dangasalik bilan, odamlar ko’rsin, deb turadilar va Ollohni kamdan-kam yodga oladilar. Ular na uyoqlik, na buyoqlik bo’lmay ikki orada sarson holda qolganlar. Kimniki Olloh yo’ldan ozdirsa, Siz unga biron yo’l topib bera olmaysiz. Ey mo’minlar, mo’minlarni qo’yib, kofirlarni do’st tutmanglar! Olloh uchun o’z zararlaringizga ochiq hujjat qilib berishni istaysizlarmi? Albatta munofiqlar do’zaxning eng tuban joyida bo’lurlar. Va ular uchun biron madadkor topa olmaysiz!” (Qur’oni karim, “Niso”, 142-145-oyatlar).

2 – “Yanzur binurillah” – “Ollohning nuri bilan ko’rguvchi”.

Hazrati Abu Sa’id (r.a.)dan: “Mo»minning farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar! Chunki u Ollohning nuri bilan boqur” (Imom Buxoriy, Termiziy, Ibnus-Sano, Abu Nu’aym, Tabaroniy, al-Xatib rivoyatlari).

3 – Bu bayt Quniyo nusxasida uchramaydi, Nikolson tomonidan tayyorlangan matnda mavjud bo’lib, raqamlar tartibini saqlash uchun kiritildi.

ARABNING O’Z MAHBUBASI XOHIShIGA KO’NGANI HAMDA: “BU ITOATIMDA HIYLA VA SINOV YO’Q”, – DEB QASAMYoD QILGANI

Er dedi: “Men endi zidmasman, buyur,
Aytganing – aytgan, tig’ing qindan sug’ur!

Ne desang, amringga shayman begumon,
Boqmagum, xoh yaxshi bo’lsin, xoh yomon.

Borlig’ing ichra yitarman endi jim,
Gar muhibman, “hubbu yu’mi va yusim”.1 2645

Dedi xotin: “Iltifotdan muddao
Bor sirim bilmoqmi, makr aylab ravo?”

Dedi er: “Bilguvchi Olloh2ga qasam,
Aylamish xokdan bino Odamni ham!

Qildi uch gaz qolip ichra oshkor,
Neki ul alvohda ham arvohda bor.

Toabad, har neki bor, bir boshidan
Oldi ta’lim “allama-l-asmo”3sidan.

Har malak ul darsidan bo’lgancha lol,
Pokligindan topdi poklik bezavol. 4 2650

Ulki, Odamdan ular topmish navo,
Yo’q edi osmonlarin sathi aro:

Pok u jon kengligin oldida qator
Yetti osmon kengligi ham keldi tor.

Dedi Payg’ambarki, amr etmish Xudo:
Bo’lmagayman yuksag-u pastlikka jo.

Yerga ham, osmonga ham, Arsh ichra ham
Sig’magayman, sen ishon, ey muhtaram!

Mo’min ahlin qalbiga sig’gum, ajab!
Izlasang, qilgin u dillardan talab! 2655

Dedi: “Udxul fy ibodi, taltaqiy,
Jannatan min ru’yati yo muttaqiy”.5

Arsh o’zin cheksiz va pok nuri bilan
Ulni ko’rgach, siljidi o’z o’rnidan.

Garchi Arsh ulkan va bepoyon erur,
Lek nadir suvrat, agar ma’no kelur?

Har malak der: “Bizga avval erdi yor,
Yer yuziga maylu rag’bat, ixtiyor.

Yerga ehson tuxmini ekdik tig’iz,
Bul yaqinlikdan edik hayratda biz. 2660

Ne uchun tuproqqa yormiz har qadam,
Aslimiz osmon-falakdan bo’lsa ham?

Nurmiz-u zulmatga hamrohlik nadir?
Nur ila zulmat nechuk bo’lgusi bir?

Odamo, atring qilar bizni yaqin,
Chunki jismingga asos erdi zamin.

Xok taningni ushbu yerdan qordilar,
Nuri pokingni shu yerdan topdilar.6

Neki joningdan bizim ruh ichradir,
Ilgari balqirdi xokdan birma-bir. 2665

G’ofil erdik yerda yerning bag’ridan,
G’ofil erdik ul xazina ganjidan.

Qo’zg’alib qildik safar, yetgach amr,
Ushbu holdan og’zimiz bo’lmish taxir.

Ne dalillar keltirib qildik nido:
“O’rnimizni kim egallar, ey Xudo?”

Tahlil7u tasbih8 erur nur – kecha-kun,
Qiyl-u qol9ga sen ketarsan ne uchun?”

Qo’ydi Haq hukmi to’shab bizga gilam:
“Neki bor, oshkor-ayon so’ylang bu dam. 2670

Tilga ne kelgay, qiling izhor dadil,
So’ylaganday otaga yolg’iz o’g’il.

Borini so’ylang, erur garchi dag’al,
Rahmatim qahrimdan ustun har mahal.10

O’sha hol izhori bois, ey malak,
Senda paydo aylagayman shubha-shak.

To o’zing ayt, olmayin sendan yulib,
Hilmim inkori turar jim, ko’z yumib!

Necha yuz ota-ona bul hilm aro,
Har nafas paydo bo’lib, topgay fano! 2675

Hilmi hilmim dengizin ko’pigi, bas,
Ketsa ko’pik, qolgay ummon har nafas”.11

Ne deyin? Ersam sadaf, Ul esa dur,
Borligim ko’pik, faqat ko’pik erur.

Ul ko’pik va o’sha Ummon haqqi sof,
Imtihonmas ushbu so’zlar, ushbu lof!

Bil, ular mehr avvali, soflik, xushu’,12
Kimga qaytarman, O’shalning haqqi bu!13

Gar seningcha imtihondir bul havas,
Imtihonni imtihon qil bir nafas. 2680

Sirni yopma, oshkor bo’lsin sirim,
Yo’llagin, har ishda ko’r qodirligim.

Och dilingni, to dilim bo’lsin ayon,
Neki maqbuldir, qabul aylay bu on.

Ne qilay, menda, axir ne chora bor?
Boq, bu jonim qay yumushda barqaror?”
——————————
1 – “Hubbu yu’mi va yusim” – “Ko’r va kar qilib qo’yadi”.

Abu Dardo (r.a.)dan: «Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Bir narsaga bo’lgan muhabbating seni ko’r va kar qilib qo’yur», dedilar» (Abu Dovud va Ahmad rivoyati).

2 – “Agar siz oshkora gapirsangiz ham (va yoki xufyona gapirsangiz ham U Zotga barobardir). Zero, U sirni ham, eng maxfiy narsalarni ham bilur” (“Toha” surasi, 7-oyat).

3 – “Va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ngra ularni farishtalarga ro’baro’ qilib dedi: “Agar (xalifalikka biz haqdirmiz degan) so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini Menga bildiringlar!” (“Baqara” surasi, 31-oyat).

“Allama-l-asmo” – “Va U Zot barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi”.

4 –“(Olloh): “Ey Odam, bularga u narsalarning ismlarini bildir”, dedi. (Odam) ularga barcha narsalarning ismlarini bildirganidan keyin (Olloh) aytdi: “Sizlarga, Men Yeru osmonlarning sirlarini va sizlar oshkor qilgan va yashirgan narsalarni bilaman, demaganmidim?”. (Ey Muhammad alayhis-salom), eslang, Biz farishtalarga Odamga ta’zim qiling deyishimiz bilan ular sajdaga egildilar. Faqat, iblis kibr va or qilib – kofirlardan bo’ldi” (“Baqara” surasi, 33-34-oyatlar).

5 – “U Kunda hayoti dunyodan Olloh taoloning va’dasiga ishonib, imon va ezgu amallar bilan o’tgan mo’minlarga xitob qilinib deyilur: “Ey (Ollohning zikri bilan) xotirjam – sokin nafs; Sen (Olloh ato etgan ne’matlardan) rozi bo’lgan (va Olloh taolo tomonidan sening amallaringdan) rozi bo’lingan holda Parvardigoring (huzuri)ga qayt! Bas, (Solih) bandalarim qatoriga kirgin; Va mening jannatimga kirgin!” (“Val-Fajr” surasi, 27-30-oyatlar).

“Udxul fy ibodi, taltaqiy, jannatan min ru’yati yo mattaqiy” – “Ey qo’rquvni his qilgan, bandalarim (qatoriga) kirgin, jannatimga kirgin”.

6 – (Ollohning qudrati Ilohiyyasiga dalolat qiladigan) oyat-alomatlaridan (biri) – U Zot sizlarni (ya’ni, otangiz Odamni) tuproqdan yaratgani, so’ngra sizlar basharga aylanib (Er yuziga) taralishlaringizdir (“Rum” surasi, 20-oyat).

7 – Tahlil – “Lo ilaha illalloh” (“Ollohdan o’zga Iloh yo’q”) deyish.

8 – Tasbih – “Subhonolloh, subhonolloh”, deb Ollohni zikr etish.

9 – Qiylu qol – suhbat, bahs.

10 – Abu Hurayra (r.a.)dan: “Rasululloh (s.a.v.) aytdilar: “Olloh taolo (butun borliqni) yaratishni ado qilgach, Arsh ustidagi, O’zining huzuridagi Kitobiga: “Mening Rahmatim g’azabimdan g’olibdir”, deb bitib qo’ydi (Buxoriy, Muslim va Termiziy rivoyatlari).

11 – “(Ey, Muhammad alayhis-salom), eslang, Parvardigoringiz farishtalarga: “Men Yerda (Odamni) xalifa qilmoqchiman”, deganida, ular aytdilar: “U Yerda buzg’unchilik qiladigan, qonlar to’kadigan kimsani (xalifa) qilasanmi? Holbuki, biz hamdu sano aytish bilan Seni ulug’laymiz va Seni(ng nomingi mudom) pok tutamiz”. (Olloh) aytdi: “Men sizlar bilmagan narsalarni bilaman” (“Baqara” surasi, 30-oyat).

12 – Xushu’ – o’zni past tutib yolvorish.

13 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: “Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz”, deydigan sabrli kishilarga xushxabar bering!” (“Baqara” surasi, 156-oyat).

XOTINNING ERIGA RIZQ TALABI YO’LINI TAYINLAGANI VA ERI UNI QABUL QILGANI

Dedi xotin: “Bir quyosh ko’k uzradur,
Baxsh etar, ammo butun olamga nur.

Ulki Rahmon noibidir, Haqqa yor,
Bo’ldi Bag’dod o’lkasi undan bahor. 2685

Shoh-la ersang, shoh erursan begumon,
Eltadir tokay yo’ling kulfat tomon?

Shohga yorlik kimiyo yanglig’ agar,
Bormi kimyo, aylagandek shoh nazar.

Gar Abu Bakr erdi, Ahmad ko’z qadab,
So’ngra Siddiq bo’ldi bir tasdiq1 sabab!

Er dedi: “Shoh oldiga qandoq kiray?
Topmasam bir vaj, bahona, ne qilay?

Yo yaqinlik, yo biror hiyla ravo,
Qay amal bevosita bo’lgay bajo? 2690

Xuddi Majnunga xabar yetgan mahal,
Bo’ldi deb Layli biroz betob, kasal,

Dedi: “Ey voh, besabab qandoq boray?
So’rmasam hol, so’ngra ne kuyga qolay?

Laytani kuntu tabiban hoziqan,
Kuntu amshi nahva laylo sobiqan”.2

“Qul ta’olav” dedi Haqkim, ul zamon
To uyat sinmog’iga bo’lsin nishon.3

Shabparakda bo’lsa tadbir yo nazar,
Kunduzi javlon urardi qanchalar”. 2695

Dedi: “Himmat shohi maydon oradir, –
Chorasizlik manbai ham choradir.

Vosita to – borligu da’vo qilish,
Bo’lsa ish bevosita, ul – xo’rlanish”.

Dedi: “Tadbirsiz nechuk savdo qilay?
Men nechuk yo’q chorani paydo qilay?

Bas, zarur yo’qsilligim-chun bir guvoh,
Menga to rahm aylasin himmatli shoh.

Sen guvoh top hiylasiz, so’zsiz, faqat
Muhtaram shoh aylasin to marhamat. 2700

Qay guvohda so’zu nayrang qatma-qat,
Qozilarga Qozi4 ulni qildi rad.

Hol guvohin sidq o’ziga chorlagay,
Toki so’zsiz ham u nuri porlagay”.

———————————
1 – Tasdiq – Abu Bakr Muhammad (s.a.v.) da’vatlari bilan islomni birinchilardan bo’lib qabul qilgan. Islomga kirishdan oldin ismi Abulka’ba edi. Siddiq deb atalishiga sabab shuki, isro va Me’roj hodisasini eng birinchi bo’lib tasdiqlagan. Muhammad payg’ambar unga Siddiq, ya’ni, imoni kuchli deb laqab berganlar.

2 – “Laytani kuntu tabiban hoziqan, kuntu amshi nahva laylo sobiqan” – “Ey, koshki hoziq tabib bo’lardim, Layli tomonga hammadan oldin borardim”.

3 – “Ayting: “Kelinglar, Parvardigoringiz sizlarga harom qilgan narsalarni tilovat qilib beray…” (“An’om” surasi, 151-oyat).

“Qul ta’olav” – “Kelinglar”.

4 – Ya’ni, qoziyul quzzot, barcha xalifalikning Bosh Qozisi. Bu unvon mashhur xalifa Xorun ar-Rashid davrida joriy qilingan. Bu yerda Olloh taolo ma’nosida keltirilgan.

ARABNING BIYoBON ORALAB BAFDODGA BORGANI, U YeRDA HAM SUV TANQIS DEB O’YLAB, BIR KO’ZADA YoMFIR SUVINI AMIRALMO’MININGA SOVFA QILISh UChUN ELTGANI

Dedi xotin: “Sidq erur butkul kechish
Borlig’ingdan hamda azmu jahd etish.

Ko’zamiz yomg’ir-la limmo-lim nuqul,
Mulku boylik hamda anjom bizga ul.

O’sha suvning ko’zasin olgin-da bor,
Shohga qil hadya va bo’lgin unga yor. 2705

Sen degil, yo’q bunda o’zga hech vaqo,
Suvdin a’lo, yaxshisi yo’q cho’l aro.

Garchi g’azna liq to’la zar, serhasham,
Bundayin suv bo’lmasa, kamyob bu ham”.

Ko’za nedir? Ko’za – tutqun borimiz,
Undagi suv – iztirobu zorimiz.

Bul xumu ko’zamni, ey Qodir Xudo,
Et qabul lutfing-la “Alloh ashtaro”. 1

Besh og’izli ko’zada besh tuyg’u-his,
Ul suvin asra haromdan pok, aziz. 2710

Toki qolsin ko’zadan dengizga iz,
Toki dengiz xulqin olsin ko’zamiz.

Berganing chog’ Shohga sen hadya qilib,
Unga Shoh bo’lsin xaridor, pok bilib.

Unda suv bilmay nihoya shul zamon,
To’lgusi bul ko’zadin yuzlab jahon!

To’ldirib xumdan, uning og’zini yum,
Dedi: “Fuzzu ‘an havo absorakum”.2

To’ldi erning ko’ngli, kimga hadya bul?
Rostdanam shohga munosib derdi ul! 2715

Lek ayol bilmasdi ul yon shom-sahar,
Dajla oqgaydir, suvi misli shakar.

Ul shahar qoq belidan daryo ravon,
Behisob kema, baliqlarga makon.

Bor u Sulton oldiga, ko’r ne ravo?
Ko’r, ne “tajri tahtaha-l-anhor” aro?3

Neki idrok birla his bizlardadir,
Ul safo daryosidan bir qatradir.

—————————
1 – “Albatta Olloh mo’minlarnig jonlarini va mollarini ulardan jannat barobariga sotib oldi – ular Olloh yo’lida jang qilishib (kofirlarni) o’ldiradilar va (o’zlari xam Olloh uchun shahid bo’lib) o’ldiriladilar. (Bunday mo’minlarga jannat berilishiga) Olloh Tavrot, Injil va Qur’onda O’zining haq va’dasini bergandir. Ollohdan ham ahdiga vafodorroq kim bor? Bas, (ey mo’minlar), qilgan bu savdolaringizdan shod bo’lingiz! Mana shu haqiqatan, buyuk saodatdir” (“Tavba” surasi, 111-oyat).

“Alloh ashtaro” – “Olloh sotib oldi”.

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), mo’minlarga ayting, ko’zlarini (nomahram ayollarga tikishdan) to’ssinlar va avratlarini (haromdan) saqlasinlar!.. Mana shu ular uchun eng toza (yo’ldir). Albatta Olloh ular qilayotgan hunarlardan xabardordir” (“Nur” surasi, 30-oyat).

“G’uzzu ‘an havo absorakum” – “Ko’zingizni hoyu havaslardan to’sing”.

3 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): «Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir. Ular uchun u joyda barcha mevalardan bordir va (ular uchun u joyda) Parvardigorlari tomonidan mag’firat bordir. (Ana shunday jannat ahli bo’lgan taqvo egalari) do’zaxda mangu qoladigan va (u joyda) qaynoq suv bilan sug’orilib, u (suv) ichaklarini bo’lak-bo’lak qilib tashlagan (kofir) kimsalar kabi bo’lurmi?!” “Muhammad” surasi, 15-oyat).

“…ular uchun ostlaridan daryolar oqib turuvchi jannatlar bor…” (“Baqara” surasi, 25-oyat).

“Tajri tahtaha-l-anhor” – “Ostlaridan daryolar oqib o’tguvchi”.

ARABNING XOTINI YoMFIR SUVI TO’LA KO’ZANI ARABLARGA XOS TARZDA KIGIZGA O’RAB TIKKANI VA YaNADA IShONChLIROQ BO’LIShI UChUN SURG’UChLAGANI

Er dedi: “Ha, ko’za og’zin bog’lagin,
Biz ko’rarmiz ushbu hadya foydasin. 2720

Sen kigiz birla o’ra, bu ko’zadin
Suv ichib shoh, toki ochsin ro’zasin.

Bundayin suv olam ichra qaydadir?
Bori soflik, ta’mu zavqqa manbadir”.1

Chunki ichgan suvlari achchiq va sho’r,
Shul sabab, illatlidirmiz, yorti ko’r.

Qaysi qush sho’r suvni gar maskan bilar,
Sof, tiniq suv joyini qaydan bilar?

Sho’r buloqdan suv ichar bo’lsang, faqat
Sen uchun qayda Firot, Jayhun va Shat? 2725

Senga, ey o’z qobig’i ichra nihon,
Zavqu kenglik, poklanish qaydan ayon?

Ota-bobong naqli fikring band etur
Senga nomlar misli bir abjad2 erur.

“Abjadu havvaz”3ni go’dak ham bilar,
Lek ulardan olis unda ma’nilar.

Er-arab, xullas ko’targancha yukin,
Chiqdi yo’lga, ko’za eltib kecha-kun.

Vahm ila chetlardi taqdir hamlasin,
Cho’ldan eltardi shaharga, naylasin! 2730

Joynamoz yozdi u, Haq o’y-fikrida,
“Rabbi sallim” derdi toat zikrida.4

“Suvimiz asra yomonlardan bu kez,
Durni yetkur, ey Xudo, dengizga tez!

Garchi hushyoru zakiy erim manim,
Durru gavharda bo’lar minglab g’anim.

Ne o’zi gavhar? U kavsar suvidur,
Unda har qatra asil gavhar erur”.

Ul xotin qilgan duo, zorlar yetib,
Yuk bilan er ham mashaqqatlar chekib, 2735

O’g’riyu tosh zarbidan saqlab omon,
Suvni eltardi yirik poytaxt tomon.

Ko’rdi bir dargohki, in’om erdi jam,
Hojat ahli qo’ygan ul domlarni ham.

Hojat ahli erdi serob qanchalar,
Bunda topmish ko’p libosu hadyalar.

O’tparast, mo’min, qabih, zebo uchun
Erdi yomg’ir yo quyosh, jannat butun.

Bir guruh erdi bezanganday qator,
Boshqa bir qavm erdi intiq, intizor. 2740

Ham Sulaymon, ham chumoli, xos-avom,
Sur chalingach, yer tirilganday tamom.5

Oldi suvrat ahli javhar ichra tin,
Ma’ni ahli topdi ma’no dengizin.

Kimki himmatsiz, bo’lib himmatga yor!
Kimki himmatlik, bo’lib ne’matga yor!

(Birinchi kitob, 2616-2743-baytlar)
—————————
1 – “Ular (jannatda) muhrlangan maydan sug’orilurlarki; U (may)ning muhri mushk bo’lur…” (“Mutaffifun” surasi, 25-oyat).

2 – Abjad – Arab alifbosining sirasini ko’rsatuvchi sakkizta uydirma so’zning birinchisi va shu uydirma so’zlar majmuining nomi (bundagi har bir harf ma’lum bir son qiymatiga ham egadir): Abjad tartibi, abjad hisobi kabi.

3 – “Abjadu havvaz” – “Harflar va nomi”.

4 – “ Rabbi sallim” – “O’zing omon asragil!”. G’azzoliyning “Ihyou ulum id-din” asarida keltirilgan hadisga ishora: “Sirot – qilichning damiday yoki ingichka soch tolasiday. Darhaqiqat, farishtalar mo’min erkak-ayollarni qutqaradi, Jabroyil (a.s.) esa mening belimdan tutadi va men aytaman: “Ey Rabbim, O’zing asra, O’zing asra!”

5 – “To ular chumolilar vodiysiga yetgan vaqtlarida, bir chumoli: “Ey chumolilar, uyalaringizga kiringlar, yana Sulaymon va uning lashkarlari o’zlari sezmagan hollarida sizlarni bosib-yanchib ketmasinlar”, degan edi” (“Naml” surasi, 18-oyat).

XALIFANING MULOZIMLARI VA EShIK SOQChILARI EHTIROM YuZASIDAN SAHROYI ARABGA PEShVOZ ChIQQANI VA UNING SOVFASINI QABUL QILGANI

Ul arab olis biyobonni kezib,
So’ngra sulton qasriga kelmish yetib.

Ko’rsatib nozirlar unga iltifot,
Sepdilar lutfiy guloblar shul zahot.

Hojati erdi ayon be qiylu qol,
Odat erdi avval ehson, so’ng savol. 2775

Dedilar so’ng unga: “Yo vajha-l-arab!1
Sen qayerdan? Tolmadingmi tentirab?”

Dedi: “Borman, bor desangiz men bu choq,
Yuz o’girsangiz, qiyofam yo’q, biroq.

Ey yuzingizda ulug’likdir dalil,
Gardishingiz ja’fariy zar2dan asil!

Sizdagi diydorda diydor aksi bor,
Eyki, diyningizga soqchi zar, dinor!

Eyki, siz “yanzur binurillah” bukun,
Shohimizdan armug’on etmoq uchun,3 2780

To nazar kimyosi butkul qamrasin
Odamiy tanlar aro mavjud misin!

Men – g’arib, keldim biyobon yurtidan,
Ham umid qilgancha sulton lutfidan.

Lutfining atri taralmish cho’l tomon,
Cho’lda har qum zarrasi ham oldi jon.

Bunga kelgandim dinorning ortidin,
Angladim kelgach, ekan diydor shirin”.

Allakim nonvoyga bormish non so’rab,
Berdi jon, nonvoy jamol-husnin ko’rib. 2785

Boqqa kirdi kimdir orom olgani,
Oldi bog’bon husnidan dam jon-tani.

Choh tubidan bir arabday tortdi suv,
Chun Yusufdan obi hayvon totdi u.4

Bordi Muso otashu laxcha so’rib,
Bo’ldi otashdan xalos, otash ko’rib.5

Qochdi Iyso jahdi yovdan bexatar,
Eltdi to to’rtinchi osmonga qadar.6

Bo’ldi bug’doy doni Odamga tuzoq,
Borlig’i bo’lsin deya xalqqa boshoq. 7 2790

Luqma deb lochin borar qopqon tomon,
So’ngra shohning ilkida topgusi shon.

Kasb uchun go’dak borar maktabga tez,
Qush olib bergum degach ota u kez.

So’ng tugab maktab, ulug’, komil bo’lar,
Oyligin bergay va oy yanglig’ to’lar.

Qildi jang Abbos,8 dilin qoplab g’araz,
Qildi Ahmad joniga, ham dinga qasd.

To Qiyomat qaytar iymon, din sari,
Bul Xalifatda o’zi, zuryodlari. 2795

Bunga kelgandim, qilib narsa talab,
Topdim izzat, dahliz ichra cho’kkalab.

Tuhfa bildim suvni, non deb men bu kez,
Non hidi eltar meni jannatga tez.

Qildi jannatdan nari Odamni non,
So’ngra non qilmish meni jannatmakon.

Non-u suvdan ayriman, go’yo malak,
Beg’arazman bunda men misli falak.

Beg’arazmas, neki bor, to bor jahon,
Beg’araz – ishq ahli, unda jism-u jon. 2800

—————————
1 – “Yo vajha-l-arab!” – “Ey arabsiyoq!”

2 – Ja’fariy zar – sof oltin. Ja’far Yahyo Barmakiy – xalifa Xorun ar-Rashidning vaziri, mashhur arab kimyogari zarb etgan oltinlar shunday deb atalgan.

3 – “Yanzur binurillah” – “Ollohning nuri bilan ko’rguvchi”.

Hazrati Abu Sa’id (r.a.)dan: “Mo»minning farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar! Chunki u Ollohning nuri bilan boqur” (Imom Buxoriy, Termiziy, Ibnus-Sano, Abu Nu’aym, Tabaroniy, al-Xatib rivoyatlari).

4 – “(Yusuf alayhis-salom quduqqa tashlanganining uchinchi kuni, u ochlikdan azoblanib yotganida) bir karvon kelib, o’zlarining suv izlovchilarini (suv keltirgani) yuborganlarida, u chelakni (quduqqa) tashlagan edi, (suvning o’rniga) chelakka osilib Yusuf chiqdi” (“Yusuf” surasi, 19-oyat).

5 – “Endi qachonki Muso (kelishilgan o’n yil) muddatni o’tab, ahli-oilasi bilan (Misr tomon) yo’lga tushgach, Tur (tog’i) tarafdan bir olovni ko’rib qoldi. U ahli-oilasiga: “Sizlar kutib turinglar. Aniqki, men bir olovni ko’rib qoldim. Shoyad sizlarga undan biron xabar yoki isinib olishlaringiz uchun u olovdan cho’g’ olib kelsam”, dedi (“Qasas” surasi, 29-oyat).

6 – “Holbuki, ular (Iysoni) o’ldirganlari ham, osganlari ham yo’q. Faqat ular uchun (boshqa birov Iysoga) o’xshatib qo’yildi, xolos. Albatta (Iyso) haqida talashib-tortishgan kimsalar uning (o’ldirilgan-o’ldirilmagani) haqida shubhada qolganlar. U haqda hech qanday bilimlari yo’q, faqat gumonlarga beriladilar, xolos. Uni o’ldirmaganlari aniqdir. Balki uni Olloh O’z huzuriga ko’targandir. Olloh qudrat va hikmat Egasi bo’lgan Zotdir” (“Niso” surasi, 157-158-oyatlar).

7 – “So’ng shayton ularni berkitilgan avratlarini ochib yuborish uchun vasvasaga soldi va: “Parvardigoringiz faqat farishtalarga aylanmasligingiz yoki (jannatda) abadiy yashab qolmasligingiz uchungina sizlarni bu daraxtdan qaytardi”, dedi” (“A’rof” surasi, 20-oyat).

8 – Abbos – Abdulloh ibn Abbos (619-686), Muhammad (s.a.v.)ning amakivachchalari, nihoyatda ilmli bo’lganligi tufayli “habr al-umma” (“jamoa donishmandi”) laqabiga sazovor bo’lgan (“Islom entsiklopediyasi”, Toshkent, 2004).

(Birinchi kitob, 2773-2800-baytlar)

ARAB O’Z HADYaSINI, YaЪNI, KO’ZANI XALIFANING XIZMATKORLARIGA TOPShIRGANI

Ko’zasin ilkinda tutgancha hamon,
Ul huzurga aylamish sidqin ayon. 2815

Dedi: “Elting, hadya bul sulton uchun,
Shoh gadosi hojatin aylang butun.

Suv shirin, yangi, yashil1dir ko’za ham,
Ayladik yomg’ir suvin choh ichra jam”.

Barcha nozir kulgisin keltirdi bul,
Qildilar, lek hadyasin jon deb qabul.

Chunki shohning lutfu mehri, boxabar
Bor saroy ahliga etgandi asar.

Shoh xulqi xalqqa ibrat har qadam,
Ko’m-ko’k osmon ko’m-ko’k aylar yerni ham. 2820

Shoh hovuz ersa, mulozimlar – quvur,
Suv quvurdan ko’zaga yetgusidur.

Pok hovuzdan bo’lsa gar ul suv ravo,
Har quvur qilgay shirin, sof suv ato.

Sho’ru iflos suv hovuzda bo’lsa jam,
Bulg’anar suv ul quvurlar ichra ham.

Chunki, payvanddir hovuzga har quvur,
Sen bu so’z ma’nosiga yetgin chuqur.2

Ta’sir o’tkazgandi butkul tan aro,
Bul Vatansiz ruh shohidan ato. 2825

Xushnasab aql iltifoti qanchalab
Tanni odobga nechuk aylaydi jalb!

Ishq agar sho’x, beqarordir, besukun,
Keltirar junbushga tanni kecha-kun!

Lutfi har ummon suvin Kavsar etur,
Har shag’al, toshi duru gavhar erur.

Har hunar ustozi gar shuhratga yor,
Barcha tolib jonida ul vasfi bor.

Ul usul ustozidan ne-ne usul
O’rganar epchil, zakiy shogird nuqul. 2830

Barcha toliblar faqihdan har nafas
Fiqh o’rgangay, usul naqlin emas.

Bo’lsa imlo olimi ustoz agar,
Ul sabab shogird dili til o’rganar.

Yo’lda mahv etsa o’zin ustoz, u dam,
Shohda mahv etgay o’zin shogirdi ham.

So’nggi kunda har bilimdan ortig’i,
Lek, faqirlik ilmidir – yo’l ozig’i.
————————
1 – Xalqda qizil idishdan ko’ra yashil idishda suv yaxshi saqlanadi, degan tasavvur mavjud.

2 – Abu Hurayra (r.a.)dan: Nabiy sollallohu alayhi vasallam bunday marhamat qilganlar: “Kishi kim bilan qalin do’st bo’lsa, u o’shaning dinida bo’ladi. Har biringiz kim bilan qalin do’st bo’layotganingizga nazar soling” (Abu Dovud va Termiziy rivoyati).

(Birinchi kitob, 2815-2834-baytlar)

XALIFANING HADYaGA, YaЪNI, KO’ZAGA EHTIYoJI BO’LMASA-DA, UNI QABUL QILGANI VA ARABGA INЪOM BERIShNI BUYuRGANI

Ko’rdi ul holin xalifa, tinglabon,
Ko’zani to’ldirdi zarga shul zamon.

Berdi qancha hadyalar, har xil libos,
So’ng arab bo’lmish faqirlikdan xalos.

“Topshiring oltin to’la ul ko’zani,
Ketsa qaytib, Dajlaga elting ani. 2855

Ul safar qilmish, kezib sahroyu cho’l,
Dajladan bo’lgay yaqinroq unga yo’l”.

Kemaga tushganda daryoni ko’rib,
Mukka tushdi yuztuban, izza bo’lib:

“Voajab, lutf etdi shoh, baxsh etgach ul,
Qildi lol battar, etib suvni qabul.

Ul saxo ummoni shoh mendan, nahot
Arzimas sovg’amni olmish shul zahot?”

Butkul olam, ey o’g’il, bir ko’zadir,
Ilmu irfon, ezgulikka to’ladir. 2860

Qatrasin Ul ezgulik dengizidan
Sig’dirolmas tan – to’liq, kengligidan.

Ganj edi maxfiy va to’lgach bo’ldi chok,
Bo’ldi osmondan-da nurli yeru xok.

Ganj edi maxfiy, to’lib ketmish toshib,
Yerni sulton aylamish, atlas yopib.

Ko’rsa gar Haq Dajlasindan qatra to,
Ko’zasin aylardi butkul bebaqo.

Kimni ko’rmish, ketdi o’zdan doimo, 2865
Ko’zaga tosh urdi bexudlik aro.

Ko’zaga tosh otgan, ey qilguvchi kin,
Ko’za bo’lgaydir butun, singan sayin!

Suv to’kilmas, garchi xum ketgay sinib,
Yuz butunlik darzidan chiqqay sizib.

Raqs etar xum juzvi, hol aylab junun,
Ulni ko’rmaklik mahol juzv aql uchun.

Ko’za ham, suv ham ko’rinmaydi shu tob,
Yaxshi boq, “vallohu a’lam bi-s-savob”.1

Ma’ni ochgay eshigin, qoq shul zahot,2
Sen-ku lochin, fikrating yoysin qanot. 2870

Loy erur fikring pati, og’ir chunon,
Chunki loyxo’rsan, erur loy senga non.

Go’sht ila non loy erur, kamroq yegin,
Loydayin yerda qolib ketma, lekin.

Sen agar och qolsang, itdirsan chunon,
Darg’azab, nasli buzuq, asli yomon.

Sen qorin to’yganda murdor har safar,
Misli devorsan, oyoqsiz, bexabar.3

Gohida murdoru itsan gohi payt
Nega sherlar yo’lida chopgaysan, ayt? 2875

Vosita yo’q ovda itdan yaxshiroq,
Unga sen kamroq suyak tashla, biroq.4

Chunki it sarkash bo’lar to’ygan hamon,
So’ng nechuk chopgusi tez o’lja tomon?

Ul arab erdi haqiru benavo,
Davlatu dargoh tomon yetguncha to.

So’yladik, ehson ato qilganda shoh,
Topganin bir benavo qanday panoh.

Ne desa oshiq, u ishq atrin tarar,
Ishq ko’yiga og’izdan tarqalar. 2880

Desa fiqh ul, yo’qchilik kelgusi, bas,
Tarqatar faqr atrin ul xushbo’y nafas.

Desa kufr ul, qamragaydir din hidin,
Haq hidi kelgay bu yanglig’ kufridin.5

Ko’pik egri, qo’zg’alar tiklikni deb,
Berdi sof ildiz o’shal shoxlarga zeb.

Ul ko’pikni rostu sof deb anglagin,
Bil uni – dashnomiday ma’shuq labin.

Garchi ul dashnomi erdi noravo,
Aylagay mahbub yuzin xush, bebaho. 2885

Egri so’ylar, lek ko’ringay to’g’ri, tik,
To’g’rini pardozlagan, ey egrilik!

Sen shakardan aylasang non shaklini,
Gar yesang, nonmas, berar qand ta’mini.

Tilla but topsa biror mo’min agar,
Ulni har shomon6ga qoldirgay magar?

Qizdirib o’tga solar butni, lekin
Sindirar u so’ng omonat suvratin.

Bo’lmasin but shaklida to tilla, zar,
Chunki suvrat g’ov erur, yo’ldan urar. 2890

Zar aro Rabboniyatning adli jam,
Ham omonat – zarda butning shakli ham.

Burga deb jahl ichra ko’rpa yoqma hech,
Pashsha deb og’ritma boshni erta-kech.

Butparastsan, qilsa suvrat band agar,
Suvratin qo’y, ma’niga solgin nazar.

Hoji ersang, hojini qilgin talab,
Xohi hindi, xohi turk-u xoh arab.

Rangu tus, suvratga boqma bul qadar,
Maqsadu azmingga boq, boqsang agar. 2895

Sen-la birdir fikri gar, garchi qaro,
Bil uni oq, rangdosh deb doimo.

Biz hikoyat so’yladik, chap-o’ngi yo’q,
Xuddi oshiq o’yiday bosh-so’ngi yo’q.

Boshi yo’q, chunki azaldan ul azal,
So’ngi yo’q, chunki abad yor har mahal.

Lek u misli suv erur, har qatrasi
Ham oyoq, ham bosh-u ham yo’q barchasi.

Hoshalilloh,7 bul hikoyatmas, biroq
Senu bizning holimiz, boq yaxshiroq. 2900

Chunki so’fiy shon-shukuhparvar erur,
Neki o’tmish bo’lsa “lo yuzkar”8 erur.

Barchamiz ham ko’zadirmiz, ham malik,
Ham arabmiz. “Yu’fak anhu man ufik”.9

Erni bil aql-u ayolni nafsu ta’m,
Nafsu ta’m munkir, qaro, aql esa – sham.

Qayda inkor asli? Endi tinglagil,
Chunki kullning juzvi bordir xilma-xil.

Kull juzvi juzv emasdir Kull uchun,
Gul isi juzv o’lganidek gul uchun. 2905

Maysa lutfi juzvidir gul lutfining,
Juzv erur bulbulga bongi qumrining.

Band esam sharhu javob birlan bu on,
Suv berurman tashnaga, so’yla, qachon?

Kelsa gar butkul malol qiynog’u ranj,
Sabr qil: “As-sabru miftohu-l-faraj”.10

O’y-xayoldan o’zni tiygin bemalol,
Dil – to’qay, yovvoyi eshshak, sher – xayol.

Dorilarga sarvaru bosh har tiyiq,11
Qashlanishdan ortadir qo’tir, qichiq. 2910

O’zni tiymoq doridir shak-shubhasiz,
O’zni tiygach, ayla jon qurbini his.

Ol bu so’zlarni quloqday, tinglagin,
To yasay men senga sirg’a tilladin.

Sirg’a taqsang zargar oysan har safar,
Yuksalarsan to Surayyo, oy qadar.

Tingla avval, xilma-xildir el chunon,
Xilma-xil joni “alif”dan “yo”simon.

Xilma-xil harf ichra bor shubha, nifoq,
Garchi bir xilday ular boshdan-ayoq. 2915

Gohi birday, gohida ziddiy erur,
Goh hazilday, gohida jiddiy erur.

Ul Qiyomat kun ulug’ izhor erur,
Istagay to unda bo’lsin ko’rku nur.

Hinduday kimning agar ko’ngli qaro,
O’sha kun – sharmandalikka mubtalo.12

Porlamas gar chehrasi chun oftob,
Xohlamas tundin bo’lak hech bir niqob.13

Gar tikon gul bargiga bo’lmaydi yor,
Bo’lgay ul asror-siriga yov bahor. 2920

Kim gulu savsan bo’lib topgay qaror,
Ikki ravshan ko’z erur unga bahor.

Kuzni istar ma’nidan ayri tikon,
To guliston birla tursin yonma-yon.

Berkitar ul husniyu bul aybini,
Ko’rma to ul rangiyu bul zangini.

Unga kuz umru bahor in’om qilar,
Tosh bilan yoqutni bir xil deb bilar.14

Kuzda bog’bon topgusi undan xabar,
Bor jahon ko’rgandan afzal bir nazar. 2925

Bul jahon ul bitta odam, beshuur,
Ko’k aro har yulduz – oy juzvi erur.

So’ngra har naqshu nigor aytar yana:
“Xushxabar! Quvnang, bahor kelmish, mana!”

Toki barq urguvchi ul qalqonsimon,
Mevalar bunda tugun bog’lar qachon?

Gul to’kilgach, mevalar boshlar hayot,
Yitsa tan, jon bosh ko’targay shul zahot.

Meva mazmun ersa, gul suvrat erur,
Mujdadir gul, meva bir ne’mat erur. 2930

Gul to’kilgach, meva ko’zga tashlanar,
Ortadir bul, ul kamaygach har safar.

Kuch berarmi hech, agar non sinmagay?
Gar ezilmaydi boshoq, bergaymi may?

Gar tuyilmaydi haliyla, dori to,
Dardga bo’lgay o’zi qanday davo?
——————————
1 – “Vallohu a’lam bi-s-savob” – “Olloh savob(Haq)ni bilguvchi Donodir”.

2 – Abdulloh ibn Mas’ud (r.a.)dan: “Kishining namozda bardavom bo’lishi, xuddi podshoh eshigini taqillatganga o’xshaydi. Chunki kim podshoh eshigini taqillatsa, eshik ochilishi shubhasiz. Kechasi o’qilgan namozning kunduzda o’qilgan namozdan ortiqligi yashirin sadaqaning oshkor sadaqadan afzalligi kabidir” (Tabaroniy rivoyati, zaif).

3 – Shorihlarning fikriga ko’ra, bu baytga Amir ibn Abdul Kaysning so’zlari asos qilib olingan, ya’ni, undan so’rashadi: “Inson haqida nima deya olasan?” U dedi: “Och qolsa bo’ysunadigan, to’q bo’lsa beboshlik qiladigan mavjudot haqida nima ham deya olardim?”.

4 – “Itingni och holatda saqlagin, toki u senga bo’yinsunsin” degan arab maqoliga ishora.

5 – “Kim Ollohga iymon keltirganidan keyin (yana qaytib) kofir bo’lsa, (Ollohning g’azabiga duchor bo’lur). Lekin kim qalbi iymon bilan orom olgan holda (kufr kalimasini aytishga) majbur qilinsa, (uning iymoniga ziyon yetmas). Ammo kimning ko’ngli kufr bilan (ya’ni, Dindan chiqib, kofir bo’lish bilan) yoziladigan bo’lsa, bas, unday kimsalarga Olloh tomonidan g’azab va ular uchun ulug’ azob bordir” (“Nahl” surasi, 106-oyat).

6 – Shomon – butparast.

7 – Hoshalilloh – Olloh asrasin!

8 – “Lo yuzkar” – “Yodga keltirmaslik”.

9 –“(Samodagi yulduzlar harakat qiladigan) yo’llar egasi bo’lgan osmonga qasamki, albatta sizlar (ushbu payg’ambarlar xususida) xilma-xil so’z ustidadirsizlar. Undan (ya’ni, Qur’ondan, Payg’ambardan Ollohning ilmi azaliysida Hidoyat yo’lidan) burilgan (va saodatdan mahrum qilingan) kimsa burilib (yuz o’girib) ketur” (“Vaz-Zariyot” surasi, 7-10-oyatlar).

“Yu’fak anhu man ufik” – “Undan burilgan kimsa burilib ketur”.

10 – “As-sabru miftohu-l-faraj” – “Sabr kushoyishlar kalitidir”.

11 – “O’sha Kunda sizlar (hisob-kitob uchun Ollohga) ko’ndalang qilinursizlar – sizlarning biron siringiz maxfiy qolmas” (“Al-Haaqqa” surasi, 18-oyat).

12-13 – “Ular qo’llari (ya’ni, o’zlari) qilib qo’ygan ishlari (ya’ni, Tavrotda Haq Payg’ambar ekanliklari zikr qilingan Muhammad alayhis-salomni yolg’onchi qilganlari) sababli hech qachon (o’limni) orzu qila olmaslar. Olloh bunday zolim kimsalarni Bilguvchidir” (“Jum’a” surasi, 7-oyat).

14 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: «Ey yahudiylar, agar sizlar (boshqa) odamlarni emas, faqat o’zlaringizni Ollohning do’stlari deb da’vo qilsangizlar – agar (mana shu da’volaringizda) rostgo’y bo’lsangizlar – o’limni orzu qilinglar-chi?!” (“Jum’a” surasi, 6-oyat).

(Birinchi kitob, 2853-2933-baytlar)

BIR QAZVINLIK KIShI YeLKASIGA ShER SUVRATINI ChIZDIRGANI, IGNA ZAXMIDAN UNGA OZOR YeTIB, SO’NG PUShAYMON BO’LGANI

Bir hikoyat tingla izhor ahlidan,
Qazviniylar odati ham tarzidan.

Qo’l, badan ham yelka uzra har safar
Igna sanchib naqsh o’yardi bezarar.

Qazviniy naqqoshga uchrab bir mahal
Dedi: “Jismim uzra suvrat sol go’zal”.

Dedi: “Ey shunqor, chizilsin qaysi shakl?”
Dedi: “Bir sher chiz yovuzu badjahl.

Sher erur burjim, uni naqsh aylagin,
Jahd etib, ko’k rangni ko’proq chaplagin”. 2985

Dedi: “Qayga naqsh etay sher ramzini?”
Dedi: “Sol yelkamga sherning rasmini”.

Usta igna sanchganda shul zamon,
Dard qo’zg’ab, yelkadan qurmish makon.

Pahlavon ingrardi: “Ey oliyjanob!
Ul nechuk naqsh? Aylading holim xarob!”

Dedi: “Sher shaklin buyurding-ku, axir!”
Dedi: “Sen chizmoqchi ul a’zo nadir?”

Dedi: “Dum qismin tilishdan boshladim”,
Dedi: “Qo’y dumni, tamomdir toqatim! 2990

Sher dumi bo’g’zimdan oldi, endi bas,
Quyrug’i oldirgani qo’ymas nafas.

Sherni dumsiz ayla naqsh, ey sheryasar!
Ignaning ozoridan ko’nglim ozar”.

Boshqa qismin chizgali so’ng bo’ldi shay,
Bemuroso, rahmu shafqat aylamay.

Soldi dod: “Qay qismi bul?” – deb qazviniy,
Dedi: “Bul sherning qulog’i, ey zakiy”.

Dedi: “Sher bo’lsin quloqsiz, ey hakim!
Qo’y quloqni, kalta qil, aylab rahm”. 2995

Sanchdi ul boshqa joyga ignasin,
Qazviniy ingrab, fig’on chekmish tag’in:

“Bul uchinchi naqsh erur qay qismi, ayt?”
Dedi: “Sher qorniga gal yetmish bu payt”.

Dedi: “Mayli, bo’lmasin sher qorni ham!
Og’riq ortar, aylagin zaxmingni kam!”

Soldi ko’p hayratga xodimni bu hol,
Tishlamish barmog’ini, qolgancha lol.

Otdi xodim ignasin, aylab g’azab:
“Bormi olam ichra bul yanglig’ talab? 3000

Bormi sher bosh, dum, qorinsiz mutlaqo?
Shundayin sherni yaratganmi Xudo?”

Ey birodar, botsa nish, sabr et biroz,
O’tsevar nafs ignasindan bo’l xalos.

Ul guruhkim, jismidan bo’lmish judo,
Oy, quyosh, osmon etar ta’zim bajo.

O’tsevar nafsin agar o’ldirsa kim,
Amriga oftob, bulut bosh egdi jim.

Bilsa sham yoqmoqni qay dil, qaysi jon,
Ulni oftob kuydirolmas hech qachon. 3005

Porlagich oftobni Haq zikr etdikim,
Dedi: “Tazzovar kazo an kahfihim”.1

Bo’lgusi butkul tikon xush, misli gul,
Kull tomon borguvchi juzv oldida ul.

Ne erur Haqni ulug’vor aylamoq?
O’zni xoru xoksor deb anglamoq.

Haq taolo tavhidin bilmoq nedur?
O’zni Vohid oldida yoqmoq erur.

Kundayin porlab, jilo sochmoq uchun,
Tunsimon o’z borlig’ing yondir butun. 3010

Borlig’ing Ul borlig’inda ayla his,
Sen erit, kimyo ichinda, xuddi mis.

“Men”-u “Biz”ni ikki qo’llab tutma hech,
“Ikki borlik”dir halokat erta-kech.

———————————
1 – “Quyosh – chiqishda ularning g’orlaridan o’ng tarafdan o’tib ketganini, botishda esa ularning so’l tomonga yiroqlashib ketganini (chiqishda ham, botishda ham ularni qizdirib, uyqu-oromlarini buzmaganini), ular esa (g’or)ning to’rida ekanliklarini ko’rursan. Bu ham Ollohning oyat-mo»jizalaridan (biridir). Kimni Olloh hidoyat qilsa, bas, o’shagina hidoyat topguvchidir. Kimni yo’ldan ozdirsa, bas, uning uchun biron To’g’ri Yo’lga yo’llaguvchi do’st topa olmassan” (“Kahf” surasi, 17-oyat).

“Tazzovar kazo an kahfihim” – “Quyosh ularning g’orlaridan og’ib ketdi”.

(Birinchi kitob, 2981-3012-baytlar)

BIR KARNING BEMOR YoTGAN QO’ShNISIDAN HOL SO’RAGANI

Kar kishiga dedi kimdir bir mahal:
“Ol xabar, yotgan emish qo’shning kasal”. 3360

O’zicha kar dedi: “Kar bo’lsam, axir
Men nechuk anglay, gapirsa ul nadir?

Shashti qaytib, ham ovozi ersa past.
Boshqa yo’l yo’q, bormasam bo’lmaydi, bas.

Ko’rsam, ul qanday qimirlatsa labin,
Aylagum taxmin o’zimcha har gapin.

So’rsam: Ey mehnatkashim, holing nechuk?
Ul degay: “Men yaxshiman” yoxud “tuzuk”.

Men degum: Shukr, ey, yeding ne? Der tag’in:
“Moshli shulla” yoki “dori sharbatin”. 3365

Deyman: Osh bo’lsin taningga. Har zamon
Qay tabib oldingga kelgay? Der: Falon.

Men degayman: Ul erur qutlug’qadam,
Kelsa gar, senga azob bermaydi g’am.

Ko’p sinab ko’rganmiz ezgu chorasin,
Hal qilar hojatni, qayga bormasin”.

Shundayin suhbatga aylab o’zni o’ng,
Kar kasal ko’rmoqqa darhol kirdi so’ng.

Dedi: “Qandaysan?” Dedi: “O’ldim-ku”. “Shukr”,
Bo’ldi bundan xasta ko’ngli behuzur: 3370

“Nega shukr aylaydi? Suymasmi jini?”
Teskari chiqqandi karning taxmini.

So’rdi kar so’ng: “Ne yeding?” Dedi: “Zahar!”
Dedi: “Osh bo’lsin!” Tag’in ranjitdi kar.

So’ng dedi kar: “Kim erur hoziq, habib,
Illating daf aylaguvchi ul tabib?”

Dedi: “Azroyil kelar! Daf bo’l shu on!”
Dedi: “Ul qutlug’qadam g’oyat. Quvon!”

Kar chiqarkan, o’z-o’zicha derdi shod,
Shukr etib: “Qildim kasalga iltifot!” 3375

Derdi bemor: “Jonga bul dushmon ekan,
Bilmagan erdim, jafoga kon ekan!”

Xasta tahqirlovchi so’z izlardi jim,
Yo’llasin kar sha’niga to betinim.

Hazmi bad ovqat yesa kimki agar,
Ko’ngli aynir, toki qusgunga qadar.

Yut g’azabni, qusma, ulni qaytarib,
O’rniga topgin shirin so’z axtarib.1

Depsinib derdi, tugab sabri ani:
“Ul yuvuqsiz hamda bezbet it qani? 3380

Toki aytay unga, menga ne dedi,
Ul mahal jonimda sher uxlar edi.

Xasta dilga hol so’rash orom berur,
Hol so’rashmas bul, faqat yovlik erur”.

Dushmanin to ko’rsin ojiz har qadam,
Toki orom olsin ul kir ko’ngli ham!

Ko’p erur toatni tark etguvchilar,
Ham savob, lazzat sari ketguvchilar.

Aslida ne-ne gunoh pinhon yashar,
Ko’p erur sen toza bilgan loyqalar. 3385

Xuddi ul kar – o’zicha ne qildi, lek
Yaxshilik deb bildi, chiqdi aksidek.2

Kar edi shod: “Ayladim xizmat bajo
Hamda qildim qo’shnilik haqqin ado”.3

O’zi-chun o’t yoqdi, shod qilmoqqa to
Xasta ko’nglin, kuydi o’z o’ti aro.

“Fattaqu-n-nora-l-lati av qadtumu,
Innakum fi-l-ma’siya iz dadtumu”.4

Dedi Payg’ambar, murid qilgach riyo:
“Salla innak lam tusalla yo fato!”5 3390

Bul xatardan asragay chin iltijo,
Har namoz vaqtinda derlar: “Ihdino”.6

Ey Xudo, gumroh, munofiqdan ado
Ul namozdan bul namozim qil judo.7

O’ylamasdan qildi kar taxmin-faraz,
Tushdi o’n yillik yaqinlik ichra darz.

Ul vahiy birlan tuban hissin qiyos
Etmak, ey xoja, kelolmas hadga mos.

His qulog’ing toki so’zparvar erur,
G’ayb ovoziga qulog’ing kar erur. 3395

————————————
1 – “(U taqvodor zotlar) yaxshi-yomon kunlarda infoq-ehson qiladigan, g’azablarini ichlariga yutadigan, odamlarning (xato-kamchiliklarini) afv etadigan kishilardir. Olloh bunday yaxshilik qiluvchilarni sevadi” (“Ol-i-Imron” surasi, 134-oyat).

2 – (Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “Sizlarga qilgan ish-amallaridan eng ko’p ziyon ko’rguvchi kimsalarning xabarini beraylikmi?! Ular ( kofir bo’lganlari sababli) qilgan sa’y-harakatlari hayoti dunyodayoq yo’q bo’lib ketganu, ammo (nodonliklari sababli) o’zlarini chiroyli –yaxshi amal qilayotgan kishilar, deb hisoblaydigan kimsalardir!” (“Kahf” surasi, 103-104-oyatlar).

3 – “Ollohga bandalik qilinglar va unga hech narsani sherik qilmanglar! Ota-onangizga hamda qarindosh-urug’, yetim va miskinlarga, qarindosh qo’shni va begona qo’shniga, yoningizdagi hamrohingizga, yo’lovchi musofirga va qo’llaringizdagi qullaringizga yaxshilik qilingiz!” (“Niso” surasi, 36-oyat).

4 – “Endi agar bunday qilolmasangizlar hargiz qilolmaysizlar ham – u holda kofirlar uchun tayyorlab quyilgan do’zaxdan qo’rqinglarki, uning o’tini odamlar va toshlardir” (“Baqara” surasi, 24-oyat).

“Fattaqu-n-nora-l-lati av qadtumu, innakum fi-l-ma’siya iz dadtumu” – “O’zingiz yoqqan olovdan saqlaning! Chindan ham gunohlarni orttirdingiz!”

“Ey, mo’minlar, o’zlaringizni va ahli ayollaringizni yonadigan o’tini (yoqilg’isi) odamlardan va butlardan iborat (bo’lgan) do’zaxdan saqlanglar” (“Tahrim” surasi, 6-oyat).

5 – “Salli innak lam tusalli yo fato” –“Namozni qaytadan o’qi, ey yigit, sen hali namozni ado etmading!”

Rafo’a ibn Rofe’ ibn Xoliddan: “Biz Payg’ambar (s.a.v.) huzurlarida edik, shu vaqt bir kishi kelib, qiblaga yuzlanib namoz o’qidi. Keyin namozini tugatib, Payg’ambar (s.a.v.) oldilariga kelib u zotga va qavmga salom berdi. Payg’ambar (s.a.v.): “Qaytib namozingni boshqatdan o’qi, sen namoz o’qimading”, dedilar. Haligi kishi qaytib, yana namoz o’qidi. Payg’ambar (s.a.v.) yana: “Namozingni qaytadan o’qi, chunki sen namoz o’qimading”, dedilar. Shunday deb ikki yoki uch marta buyurdilar. U kishi: “Imkoniyatim boricha o’qidim, ammo namozimning aybini bilmayapman”, dedi. Payg’ambar (s.a.v.) aytdilar: “Tahoratni Olloh buyurganidek mukammal qilolmasalaringiz, namozlaringiz komil bo’lmaydi. Tahoratda yuzini, so’ng ikki qo’lini tirsagigacha yuvadi va boshiga mash tortadi, keyin ikki oyog’ini to’pig’igacha yuvadi. Keyin Ollohga takbir va hamd aytadi, so’ng Qur’ondan qodir bo’lganicha o’qiydi, so’ngra takbir aytadi va ruku’ qiladi, qo’lini tizzasiga qo’yib, bo’g’inlarini xotirjam ushlaydi, ozgina turgandan keyin boshini ko’tarayotib, “sami’allohu liman hamidah”, deb qomatini tik qiladi va ozgina turib, so’ng takbir aytib sajdaga ketadi”. Shunday qilib, to’rt rak’at namozning o’qilishini tushuntirdilar. So’ng: “Ana shunday qilmasangizlar, hech biringizning namozingiz to’liq bo’lmaydi”, dedilar (Buxoriy rivoyati).

6 – “Sengagina ibodat qilamiz va sendangina madad so’raymiz. O’zing bizni To’g’ri Yo’lga hidoyat qilgin” (“Fotiha” surasi, 5-6-oyatlar).

“Ihdino” – “Bizni (To’g’ri Yo’lga) hidoyat qilgin”.

7 – “(Bizlarni) shunday zotlarning yo’liga (boshlagin)ki, Sen O’zing ularga (To’g’ri Yo’lni) in’om qilgansan – ular (Sen tomondan) g’azabga duchor bo’lmaganlar va zalolatga ketmaganlar – adashmaganlar” (“Fotiha” surasi, 7-oyat).

(Birinchi kitob, 3360-3395-baytlar)

AMIRULMO’MININ ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUNING YuZIGA YoV TUPURGACh, AMIRULMO’MININ ALI QO’LIDAGI QILIChNI ULOQTIRGANI

Sen Aliydan o’rganib sidqu amal,
Haq sheri – pok hiyladin, bil har mahal.

Bir jasurni jang aro yengib shu kez,
Shamshirin qindan sug’urgan chog’da tez,

Ul tupurmish so’ng Aliyning aftiga, –
Har nabiy, har avliyoning faxriga.

Ul tupurmish yuzgakim, oyning yuzi
Sajdagohda qoshida tiz cho’kkusi.

So’ng Ali shamshirni yerga tashladi,
So’ndi shiddat, jang etishga rag’bati. 3725

Jangchin hayratga solmish bul amal,
Ham bu afvu rahmu shafqat, bemahal.

Dedi: “Boshim ustida tig’ qayrading,
Tig’ni tashlab, nega shafqat aylading?

Men-la jangdan ko’rganing afzal nadir?
Tig’ni urmoqqa nechun qilding sabr?

Ul nadir, qahringni etguvchi nihon?
So’ndi qahring, yarq etib chaqmoqsimon.

Ul nadir, aksi dilimni qamragan,
Jonim ichra shu’la paydo aylagan? 3730

Ul nadir, bul davru davrondan aziz?
Menga jon baxsh etgulik, jondan aziz?

Sen-ki Haq sheri – shijoat bobida,
Kim bilar, kimsan muruvvat bobida?

Himmating – cho’lda Muso yoygan bulut,
Armug’on etguvchi tengsiz rizqu qut.1

Ul bulut don bersa, jahd aylab chunon,
El pishirgay totli aylab bolsimon.

Ul Muso yoygan bulut yozmish qanot,
Berdi zahmatsiz, shirin rizqu najot. 3735

Har tekinxo’rga karam-la himmati
Ushbu olam uzra bayroq tikladi.

Qirq yilda yog’di har kun beado,2
Har umidvorlar uchun rizqu ato,

Ziqnalar so’rguncha aylab ohu dod,
Ko’kpiyoz, turfa ko’katlar, sabzavot.3

Siz agar Ahmadga ummatsiz mudom,4
To Qiyomat sizga yetgay bul taom.5

Gar “abitu inda Rabbiy” oshkor,
“Yut’imu yusqiy”da oziq ramzi bor.6 3740

Ikkilanmay bulni sen ayla qabul,
To asal, sutday tomoqdan o’tsin ul.

Ikkilanmoqdan ketar qaytib ato,
Chunki ul ko’rgay haqiqatni xato.

Kim xato ko’rgay, zaif unda tamiz,
Juzv aqli po’stu kull aqli – mag’iz.

Sen o’zingni ayla sharh, axbornimas,
Sen mag’izni bil yomon, gulzornimas.

Ey Ali, sen – butkul aql-u ko’z axir,
Ko’rganing bir qismini menga gapir. 3745

Jonimizni qildi hilming tiyg’i chok,
Xokimizni qildi ilming suvi pok.

Ayt, axir, Haqdan bu asroru bu ish
Haqqa xos, zero, qilichsiz o’ldirish.

Ulki, asbobsiz vujudlar Kosibi,
Naf beruvchi tuhfalarning Sohibi.

Hushni siylar may berib Ul har safar,
Ko’z, quloq qolgay bu holdan bexabar.

So’yla, ey Arsh uzra lochin, birma-bir,
Kirdigordan ko’rganing ul dam nadir? 3750

Ko’zlaring g’ayb olamin idrok qilar,
Bunda borlarning nigohi berkilar.

Kimdir oyni ko’rgusi oshkor-ayon,
Kimgadir butkul qorong’u keng jahon.

Kim birov birdan ko’rar uch oyni ham,7
Xuddi bo’lmish uch nafar bir joyda jam.

Uch nafarda ko’z, quloq ochiq turar,
Talpinar senga, qochib mendan ular.

Bul nigoh sehri ajib pinhona lutf:
Senga – bo’ri suvrati, menga Yusuf. 3755

O’n sakiz mingdan ziyod olam agar,
Ko’rmagay ulki zaif, xor har nazar.

Sirni ochgil, ey Aliyi Murtazo,
Boshda ey “su’u-l” va so’ng “husnu-l-qazo!”8

So’ylagin aqling nima topganlarin
Yoki so’ylay menda ne tovlanganin.

Yog’di nur sendan, nechuk tutding nihon?
Yog’dirarsan shu’la so’zsiz, oysimon.

Kirsa oyning gardishi tilga agar,
Tunda kezganlarga tez yo’l ko’rsatar. 3760

Bor xatodan yuz burar, kezmas shoshib,
Bongi shayton bongini ketgay bosib.

Ersa oy gar rahnamo so’zsiz va jim,
Tilga kirsa yog’dirar nur betinim.

Sen bilim shahriga gar darvozasan,
Hilm shamsi singari nur sochasan.9

Bo’lgin uy, darvoza, kim – darvozasiz,
Po’st o’tib sen orqali, topsin mag’iz.

Keng ochil, rahm eshigi, sen toabad
Unga dargoh, “mo lahu kufvan ahad”.10 3765

Darchadir har zarra, har qanday havo,
Kim bilar eshikligin, ochguncha to?

To eshikni ochmagaydir posbon,
Dil aro qo’zg’almagaydir bul gumon.

Lol qolar eshik ochilsa, shul zahot
Ham umid, orzu qushi qoqqay qanot.

Ganj olar vayronadan g’ofil, chunon
Chopdi har vayronaga shundan buyon.

Topmasang darvishdan izlab injuni,
Boshqa darvishdan qidirmaysan uni. 3770

Chopsa ham yillab gumonlar ilgari,
O’tmagay burnin kovogindan nari.

Yetmagay burningga G’ayb atri, axir,
Sen burundan o’zga ne ko’rding? Gapir!
———————————
1 – “Va bulutni ustingizga soyabon qildik hamda (osmondan) ustingizga shirinlik va bedanalar yog’dirib, “Sizlarga rizq qilib bergan pok narsalardan yenglar”, (dedik). (Bani Isroil Bizning ne’matlarimizga shukr qilmasliklari bilan) Bizga zulm qilmadilar, balki o’zlariga zulm qilguvchi bo’ldilar” (“Baqara” surasi, 57-oyat).

2 – “(Olloh) dedi: “Endi qirq yil mobaynida bu yer ular uchun hamrohdir. Ular Yerda (sahrolarda) adashib-uloqib yururlar. Sen bu itoatsiz qavm (qilmishi)dan mahzun bo’lmagin” (“Moida” surasi, 26-oyat).

3 – “Eslang: “Ey Muso, Biz bir xil taomga hech qanoat qila olmayapmiz. Parvardigoringga duo qil, bizga Yerda unib-o’sadigan sabzavotlardan, bodring, sarimsoq, mosh, piyozga o’xshagan o’simliklardan chiqarib bersin”, deganingizda u: “Yaxshi narsani past narsaga almashtirishni istaysizlarmi? Shaharga tushsangizlar so’ragan narsalaringiz turibdi-ku?”, dedi…” (“Baqara” surasi, 61-oyat).

4 – “(Ey ummati Muhammad), sizlar odamlar uchun chiqarilgan millatlarning eng yaxshisi bo’ldingiz. Zero, sizlar yaxshi amalga buyurasiz, isyon – gunohdan qaytarasiz va Ollohga iymon keltirasiz. Agar ahli Kitob ham iymon keltirganda edi, o’zlari uchun yaxshi bo’lardi. Ulardan (Muhammad alayhis-salomning haq Payg’ambar ekanliklariga iymon keltirgan) mo’minlari ham bor va (lekin) ularning ko’plari itoatsiz kimsalardir” (“Ol-i-imron” surasi, 110-oyat).

5 – Payg’ambar (s.a.v.) aytadilar: “Ummatim rahm ko’rgan ummatdir. Olloh ixloslari, duolari, namozlari va zaiflari sabab ulardan baloni daf qiladi” (Roviylaridan ikkitasi zaif).

6 – “Abitu inda Rabbiy” – “Parvardigorim huzurida uxlayman”.

“Yut’imu yusqiy” – “U meni yedirib-ichiradi”.

7 – “Olloh – Uchtaning (ya’ni, Olloh, Maryam, Iysoning) biridir, degan kimsalar ham aniq kofir bo’ldilar. Chunki Yagona Ilohdan (Ollohdan) boshqa biron iloh yo’qdir. Agar ular aytayotgan gaplaridan to’xtamasalar, albatta ulardan kofir bo’lgan kimsalarni alamli azob ushlaydi” (“Moida” surasi, 73-oyat).

8 – “Su’u-l” – noxush. “Husnu-l-qazo” – “Xush qazo”.

9 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), albatta Siz uchun (kofirlarning bunday ozorlariga sabr-toqat qilganingiz sababli) bitmas-tuganmas ajr mukofot bordir. Albatta Siz ulug’ Xulq ustidadirsiz” (“Qalam” surasi, 3-4-oyatlar).

10 – “Va lam yakul lahu kufuvan ahad” — “Va hech kim U Zotga teng emasdir” (“Ixlos” surasi, 4-oyat).

UL KOFIRNING ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUDAN: “MENDAN FOLIB KELSANG-DA, NEGA QILIChINGNI QO’LDAN TAShLADING?” – DEB SO’RAGANI

Ul valiy, yangi musulmon dedi to 3772/1
So’ng Aliga, mastlik, lazzat aro:1

“Ey Amirulmo’minin, so’ylay bu on,
Homila yanglig’ tirilsin tanda jon!”.

Yetti yulduz bir nafas rag’bat bilan,
Zurriyot-chun doyadir navbat bilan.

Toki olsin homila dam yetsa jon,
Toki yor bo’lsin quyosh ham ul zamon. 3775

Oftob junbush solarkan pusht aro,
Shul zahoti unga jon aylar ato.

Topdi yulduzlardan ul suvrat, faqat
To quyosh bo’lguncha bosh uzra madad.

Pusht ona qornida qanday chog’lanib
Hurliqo oftobga qolmish bog’lanib?

Yoshirin yo’l bor, bizim hisdan yiroq,
Ul falak oftobiga yo’l ko’p, biroq:

Yo’lki, undan zar topar qut begumon,
Yo’lki, undan tosh bo’lar yoqutsimon. 3780

Yo’lki, qirmiz tusga kirgay unda la’l,
Yo’lki, porlab, yarqirar unda nag’al.

Yo’lki, unda mevalar pishgan bo’lar,
Yo’lki, har bir dil aro taskin to’lar.

“So’yla, ey lochin, qanot yozgan bu choq,
Shohu shohning ilkidan olgan saboq!

So’yla, ey ovlovchi anqo, shohga yor,
Beqo’shin qo’shinni qilgich toru mor!

Sen butun boshli jamoat, necha ming,2
So’yla, eyki, o’lja etmish lochining. 3785

Bul nechuk rahmatki, qahri keladir?
Ajdahoga qo’l beruvchi yo’l nadir?”
—————————
1 – Bu bayt, faqat Quniyo nusxasida uchraydi.

2 – “Albatta Ibrohim Ollohga itoat qilguvchi, Haq Yo’ldan toyilmagan bir peshvo – imom edi. U mushriklardan emas edi” ( “Nahl” surasi, 120-oyat).

QO’LIDAGI QILIChNI O’ShA HOLATDA NIMA UChUN
ULOQTIRGANIGA AMIRULMO’MININ JAVOBI

Dedi: “Tig’ urgum, agar – Haq rahnamo,
Tan emas, Haq amrini etgum bajo.

Sheriman Haqning, havaslar sherimas,
Bil, guvoh – diynimga fe’lim har nafas.

“Mo ramayta iz ramayt”1 ul jang aro,
Men – qilich, etgay quyosh zarbin ravo.

“O’z”ligim losh-lushlari – yo’ldan nari,
Haqdan o’zga neki bor, yo’qlik bari. 3790

Soyadirman, boshqaruvchim – oftob,
Men – hijoblik, bo’lmagum unga hijob.

Tig’man-u qilgum visol durrin ato,
Jon berib, qatl etmagum qirg’in aro.

Qon yashirmaydi tig’imning gavharin,
Siljitar yellar bulutim qandayin?

Adlu toqat tog’idirman, xas emas,
Tog’ni dovul eltajakmi misli xas?

Kimni yel qo’zg’atsa, ul xas, cho’p erur,
Chunki qarshi, zid shamollar ko’p erur. 3795

Kin yeli, qahru g’azab, shahvat yeli
Eltadir, kim gar emas toat eli.2

Tog’ erurman, borlig’im unga asos,
Yel – Uning yodi, esam gar xasga xos.

Qo’zg’atar maylimni Ul yeli, faqat
Yo’q Ahadning ishqiday peshvo, madad.

Shoh uchun shohdir g’azab, bizga – qaram,
Men jilov soldim g’azab bo’yniga ham.

Bo’ldi hilmim tiyg’iga qahrim duchor,
Menga Haq qahrida bo’lmish lutfi yor. 3800

Nurga cho’mdim, bo’lsa ham shiftim xarob,
Bog’ga do’ndim, garchi erdim Bu Turob.

Bir sabab paydo esa qirg’in aro,
Tig’ yashirmoqlikni bildim men ravo.

To “ahabba lillah3 ul nomim manim,
Toki “abg’az lillah”4 ul komim manim,

Toki “a’to lillah”5 ehsonim manim,
Toki “amsak lillah”6i borim manim,

Mendagi bor ziqnalik, bor armug’on
Haq uchundir, men yurarman Ul tomon.7 3805

“Lillah”8imda yo’q gumon, shak har nafas,
Bul ayon ko’rmoqdan o’zga narsamas.

Ijtihodu izlanishga boqmadim,9
Yengni Haq etagiga bog’ladim.

Ko’rdim ul parvozni har dam men uchib,
G’ildirakni ham ko’rarman charx urib.

Yuk tashir ersam – ayon qayga qadar,
Oyman-u menga quyosh yo’l ko’rsatar.

Bundan ortiq so’ylamog’im lek gumon,
Sig’magay daryoga ummon hech qachon. 3810

So’ylagum sig’dirsa neki aqlu hush,
Ayb emas, xosdir Rasulga bul yumush.10

Tingla, erkin bir guvohman, beg’araz,
Qul dalili ikki pulga arzimas.

Bor shariatda – erur gar qul guvoh,
Hukm etar chog’ o’tmagay ul iddao.

Bersa-da ming qul guvohlik kecha-kun,
Qadri yo’q bir xaschalik Qonun uchun.

Ersa kim Haq oldida shahvatga qul,
Qul va tutqun bandalardan battar ul. 3815

Xojaning bir so’zidan ozod bo’lar,
Gar yashar totlig’, taxir g’amdan o’lar.

Bo’lmagay shahvat quli hurlikka mos,
Toki yog’mas unga Haq in’omi xos.

Chohdadir ul, chohki, chohning qa’ri yo’q,
Aybi bor unda, jafoyu jabri yo’q.

Choh sari otmish o’zin ul misli o’q,
Qa’riga yetguvchi arqon menda yo’q.

Gar uzun bo’lsa, qilay to gapni kam,
Boq, jigar ne bo’pti? Qon – tosh bag’ri ham! 3820

Qay jigar qonmas, – chidamli jon emas
Bandu g’ofil, xorligi-chun qon emas.

Qon bo’lar bir kun, biroq, ul – foydasiz,
Bo’l u dam dilxunki, gar ersa aziz.

Gar guvohlik bersa qul, bo’lmas qabul,
Aql erur ulki, emas shaytonga qul.

Bo’ldi “arsalnoka shohid”11lik qabul,
Chunki hur olam aro hur o’g’li ul.

Hur esam, qahr aylagay qandoq asir?
Bundan olmish joy faqat Haq vasfi, kir! 3825

Kir, seni hur aylamish fazli Uning,
Keldi ustun qahridan rahmi Uning. 12

Endi kir, bunda chekinmish xavf-xatar,
Tosh eding, kimyo seni etmish guhar.

Kufru ul xorzoridan sen yuz burib,
Yashna Hu bo’stonida gulday unib.

Sen bu – men, men esa – sen, ey muhtaram!
Sen – Ali, ayt, o’ldiray qandoq bu dam?

Bunda sen toatdan afzal ayb etib,
Bir nafasda ko’kni ham o’tding kesib. 3830

Xush erur aybu gunohkim, qildi mard,
Ayt, tikondan unmagaymi gulda barg?

Qildi qasd Ummar Rasulga, bul gunoh
So’ng qabul dargohiga ko’rsatdi roh.13

Sehr ila sohirni Fir’avn etdi jalb,
Etdi so’ng mol-mulkidan yordam talab.

Bo’lmaganda sehr ila kufri agar,
Keltirar Fir’avn uchun kim har safar?

Ayt, ular ko’rgaymidi sehru aso?
Ey gunoh ahli, gunoh – toat aro? 3835

Noumidlikdan Xudo aylar judo,
Bo’lsa gar toatga o’xshash har gunoh.14

Gar yomon a’molni qilgaydir U sof,
Qilgusi bul ishni g’iybatga xilof.15

Shul sabab, la’natlanib shaytonu shak,
So’ng hasaddan yorilar ikki bo’lak.16

Asragay har bir gunohni ul la’in,
To gunohdan bizni chohga tashlasin.

Qay gunohni ko’rsa gar toat aro,
Shul zahot ko’rgan kuni bo’lgay qaro. 3840

Marhamat, bag’rimni kerdim senga men,
Sen tupurding, sovg’a berdim senga men.

Gar jafo qilganga lutf etdim bu payt,
Chap oyog’ingga nechuk bosh qo’ygum, ayt?

Bas, vafo qilganga in’omim nadir?
Angla, boqiy mulk ila ganj ungadir.
——————————-
1 – “Bas, (ey musulmonlar), ularni sizlar o’ldirmadingiz, balki Olloh o’ldirdi. (Ey Muhammad alayhis-salom, ularning yuziga qo’lingizdagi bir siqim tuproqni) otgan paytingizda, Siz otmadingiz, balki Olloh otdi. Va (bu g’alabani Olloh) O’z tomonidan mo’minlarga chiroyli in’om bo’lsin, deb qildi. Albatta Olloh Eshitguvchi, Bilguvchidir” (“Anfol” surasi, 17-oyat).

“Mo ramayta iz ramayt” – “Otgan paytingda sen otmading”.

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Siz o’zingizga vahiy qilingan Kitob – Qur’ondan bo’lgan (oyatlar)ni tilovat qiling va namozni to’kis ado qiling! Albatta namoz buzuqlik va yomonlikdan to’sur. Aniqki, Ollohni zikr qilmoq (barcha narsadan) ulug’roqdir. Olloh qilayotgan ishlaringizni bilib turur” (“Ankabut” surasi, 45-oyat).

3 – “Ahabba lillah” – “Olloh uchun suyukli”.

4 – “Abg’az lillah” – “Ollohning qahrini keltiruvchi”.

5 – “Ato lillah” – “Olloh yo’lida berilgan”.

6 – “Man lillah” – “Olloh uchun to’xtatilgan”.

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “Albatta namozim, ibodatlarim (ya’ni, qiladigan qurbonliklarim), hayotu mamotim butun olamlarning Parvardigori bo’lmish Olloh uchundir. U Zotning bironta sherigi yo’qdir” (“An’om” surasi, 162-oyat).

8 – “Lillah” – “Olloh uchun”.

9 – Ijtihod – (g’ayrat qilish, intilish), faqih tomonidan shar’iy hukmni hosil qilish uchun barcha bilim va toqatini ishga solish. Payg’ambar (s.a.v.) tirikligida u zotdan boshqa odam ijtihod qilmagan.

10 – “Biz har bir payg’ambarni (Bizning hukmlarimizni) bayon qilib berishi uchun o’z qavmining tili bilan (so’zlaydigan qilib) yuborganmiz.. So’ngra Olloh O’zi xohlagan kimsani yo’ldan ozdirur va O’zi xohlagan kishini hidoyat qilur. U Qudratli, Hikmatli Zotdir” (“Ibrohim” surasi, 4-oyat).

11 – “Ey Payg’ambar (alayhis-salom), darhaqiqat, Biz Sizni (Qiyomat Kunida barcha ummatlar ustida) guvohlik berguvchi, (mo’minlarga jannat haqida) xushxabar eltguvchi va (kofirlarni do’zax azobidan) ogohlantirguvchi hamda Ollohning izni-irodasi bilan U Zotga (ya’ni, Uning Diniga) da’vat qilguvchi qilib va (Haq Yo’lni kursatuvchi) nurli chiroq qilib yuborgandirmiz” (“Ahzob” surasi, 45-46-oyatlar).

“Arsalnoka shohid” – “Biz Sizni guvohlik berguvchi qilib yuborganmiz”.

“(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Biz Sizni (Qiyomat Kunida barcha ummatlar ustida) guvohlik berguvchi, (mo’minlarga jannat haqida) xushxabar eltguvchi va (u kofirlarni do’zax azobidan) ogohlantirguvchi qilib yuborgandirmiz” (“Fath” surasi, 8-oyat).

12 – Abu Hurayra (r.a.)dan: “Rasululloh (s.a.v.) aytdilar: “Olloh taolo (butun borliqni) yaratishni ado qilgach, Arsh ustidagi, O’zining huzuridagi Kitobiga: “Mening Rahmatim g’azabimdan g’olibdir”, deb bitib qo’ydi (Buxoriy, Muslim va Termiziy rivoyatlari).

13 – Rivoyat qilishlaricha, dastlab Umar Muhammad (s.a.v.)ni o’ldirish maqsadida u zotning uyiga yo’l oladi. Yo’lda singlisining islomni qabul qilganini eshitgach, singlisinikiga ham o’sha yovuz maqsadda boradi. Ammo, uning uyida Qur’on tilovatini eshitadi va bu holdan shu qadar ta’sirlanadiki, beixtiyor yovuz maqsadidan voz kechadi va Payg’ambar (s.a.v.) huzuriga borib musulmon bo’ladi.

14-15 – Qarang: 3252-3253-baytlar izohi.

“Qiyomat kunida uning uchun azob bir necha barobar qilinur va u joyda xorlangan holida mangu qolur. Magar kim tavba qilsa va iymon keltirib yaxshi amallar qilsa, bas, Olloh ana o’shalarning yomonlik – gunohlarini yaxshilik – savobga aylantirib qo’yur. Olloh Mag’firatli, Mehribon bo’lgan Zotdir”. (Qur’oni karim, “Furqon”, 69- 70-oyatlar).

16 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening (turli gunoh-ma’siyatlar qilish bilan) o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarimga ayting: “Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz! Albatta Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur. Albatta Uning O’zigina Mag’firatli, Mehribondir” (“Zumar” surasi, 53-oyat).

(Birinchi kitob, 3721-3843-baytlar)

ALI KARRAMALLOHU VAJHAHU HIKOYaSIGA QAYTISh VA UNING O’Z QONXO’RIGA MURUVVAT KO’RSATGANI

Qayt Ali va qotiliga bul zamon,
Hamda ul qonxo’riga lutfi tomon.

Dedi: “Yovni o’z ko’zim-la har qadam
Men ko’rarman, sochmagum qahrimni ham. 3925

Chunki bolday xush yoqar menga ajal,
Ul Qiyomatga yopishgan har mahal.

Beajallikda ajal bizga halol,
Mulku molsiz – bizdagi bor mulku mol.

Gar o’lim – sirti, ichinda bor hayot,
Sirti – qisqa, lek ichi bilmas mamot.

Pusht agar rahm ichradir – ketmoq erur,
Yashnab, o’zni barqaror etmoq erur.

Gar ajalga maylu istak menda bor,
Menga “lotulqu biaydikum”dir or.1 3930

Chunki ta’qiq donlari bo’lgay shirin,
Hojati bor kimga achchiq ta’qiqin.

Donki, mag’z-u po’sti gar achchiq erur,
Makruhu achchiqligi ta’qiq erur.

Jonim o’lmoq donidan yayraydi to,
“Bal hum ehyoun” erur menga ravo.2

“Uqtuluniy yo siqoti lo yimo,
Inna fiy qatli hayoti doimo.3

Inna fiy mavti hayoti, yo fato!
Kam uforiq mavtiniy hatto mato? 4 3935

Furqati lam lav takun fiy zassukun,
Lam yaqul inno ilayhi roji’un”. 5

Ul erur qaytuvchi, shahr ichra tag’in,
Kelsa vahdatga bo’lingan davridin.
———————————
1 – “Olloh yo’lidagi (kurash uchun mollaringizni) sarflanglar! Va (baxillik qilish bilan) o’zingizni halokatga tashlamang! Yaxshilik qiling! Albatta Olloh yaxshilik qilguvchilarni sevadi! (“Baqara” surasi, 195-oyat).

“Lotulqu biaydikum” – “O’zingizni halokatga tashlamang!”.

2 – “Va Olloh yo’lida halok bo’lgan (shahid)lar haqida: “(Bular) o’liklar”, demangiz! Yo’q, ular tiriklardir, lekin sizlar sezmaysizlar” (“Baqara” surasi, 154-oyat).

“Bal hum ehyoun” – “Yo’q, ular tiriklardir!”

3 – “Uqtuluniy yo siqoti loyimo, Inna fiy qatli hayoti doimo” – “Meni malomat qilib o’ldiring, ey, ulug’lar, chindan ham mening o’limim boqiy hayotimdir!”( Bu satrlar Mansur Hallojga tegishli).

4 – “Inna fiy mavti hayoti, yo fato! Kam uforiq mavtiniy hatto mato?” – “Chindan ham o’limim ichra hayotim bor, ey, yigit! Qachongacha o’z Vatanimdan judodirman!?”

5 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: «Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz», deydigan sabrli kishilarga xushxabar bering!” (“Baqara” surasi, 156-oyat).

“Furqati lam lav takun fiy zassukun, Lam yaqul inno ilayhi roji’un” – “Bu olamda borligim ayriliq bo’lmaganda edi, Ul “chindan biz U Zotga qaytguvchilarmiz!” – deb aytmasdi.

(Birinchi kitob, 3924-3937-baytlar)

AMIRULMO’MININ ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUNING O’Z SUHBATDOShIGA: “SEN YuZIMGA TUPURGAN ChOFINGDA, IZZAT-NAFSIM QO’ZFALIB, AMALGA IXLOSIM QOLMADI, SENI O’LDIRIShIMGA XALAL BERGAN NARSA ShU EDI”, – DEGANI

Ul amirulmo’minin unga shu on,
Dediki: “Jang onida, ey pahlavon, 3975

Sen yuzimga tuflagach, nafsim chunon
Qo’zg’alib, xulqimni buzdi nogahon.

Yarmi erdi Haq uchun, yarmi havo,
Haq ishiga ishtirokdir noravo.

Haq yaratgan naqsh erursan har nafas,
Haqqa sen butkul qarashli, mengamas.

Sindir Olloh naqshin, amr etsa U Zot,
Sen U Yor billuriga Yor toshin ot”.

Gabr eshitgach bulni, ul ko’ngli shu dam
Nurga to’ldi, kesdi so’ng zunnorni ham. 3980

Dedi: “Men ekdim jafo tuxmin chunon,
Boshqa odam deb seni qildim gumon.

Sen Ahadxo’ylik tarozu, bu – tayin,
Bor tarozular uchun, hatto shayin.

Sen yaqin do’stim ekansan, aqrabo,
Sham ekansan yog’dulik – diynim aro.

Men o’shal nurli chiroqqa banda, qul,
Ayladim Haq yog’dusin sendan qabul.

Qul erurman nurli ummon mavjiga,
Qa’ridan chiqquvchi durru ganjiga. 3985

Bil ravo og’ir o’lim menga bukun,
To zamonning faxridirsan men uchun”.

Shunda ellik chog’li qavmu yorlari,
Oshiqona burdilar yuz din sari.

Qildi hilmin tiyg’i-la nechog’li zid,
Tiyg’u xalqlarni balolardan xarid!

Tiyg’i ham o’tkir po’lat tig’dan nechog’,
Balki yuz qo’shindan ham qudratliroq.

Lek nadomatkim, bir-ikki luqma yeb,
O’y-xayoling qaynashi qolmish tinib. 3990

Bitta don Odam quyoshin tutdi tez,
Dum kabi oy nurlarin yutmish u kez.1

Lutfini ko’r bir siqim loydan, mana,
To’zg’imish oyi Surayyoday yana.

Erdi non ma’ni, yemoqlik foydadek,
Bo’lsa suvrat, undagay inkorga, lek.

Xuddi ko’k yantoqni yerkan tevalar,
Bul yemishdan topgusi lazzat, samar.

Yam-yashillik ketsa gar, qolsa qurib,
Tevalar yerkan uni cho’lda yurib. 3995

Yirtilar bo’g’zi va lunji, ey darig’!
Bo’ldi ul ardoqlagan gul misli tig’.

Non edi ma’ni, yashil misli tikon,
Qurg’agay, bo’lgay dag’al shakl olgan on.

Odating birlan uni sen bemalol
Yegan erding avval, ey noziknihol!

Bul quruq atrin tuyib yeysan hamon,
Ma’ni zax yer-la birikkach har zamon.

Qorishib xokka, tilar bo’g’zingni, bil,
Ul giyohdan, ey tuya, endi tiyil! 4000

Ketdi butkul qorishib tuproqqa so’z,
Bo’ldi suv loyqa, quduq og’zini to’s.

Toki Haq suvni tiniq, sof aylasin,
Ulki, loyqa aylamish, poklar tag’in.

Sabr etar orzu ato, etmas shitob,
Sabr qil, “vallohu a’lam bi-s-savob!”2 4003

———————————-
1 – O’rta asr astrologiyasida oy orbitasi tugunlari “Ajdaho nuqtasi”, yuqoriga yo’nalgan qismi “bosh”, pastga yo’nalgan qismi esa “ajdaho dumi”, deb nomlangan. Quyosh va oy shu nuqtalarga yaqinlashsa, quyosh va oy tutilishi ro’y beradi, afsonalarga ko’ra, nurlarni tutilish jarayonida ajdaho yutadi.

2 – “Bas, (ey Muhammad alayhis-salom, kofirlarning ozor-aziyyatlariga) chiroyli sabr bilan sabr-toqat qiling! Chunki ular U (Kun)ni uzoq deb bilurlar, Biz esa uning yaqinligini bilurmiz!” (“Maorij” surasi, 5-7-oyatlar).

(Birinchi kitob, 3975-4003-baytlar)

Forsiydan Odil Ikrom tarjimasi

:

(Tashriflar: umumiy 5 145, bugungi 1)

2 izoh

  1. zo’r kitob ekan tarbiyaviy ahamiyati biz yoshlarga katta foydasi tegyapti katta raxmat tarjima qilganlar sog’ salomat bo’lishsin

  2. Ассаломуалайкум Ажойиб …Аллох рози булсин ……Рахмат.

Izoh qoldiring