Nasiba Jo’raqulova. «Shams ila Mavlono» sog’inchi & Mavlono Rumiy hikmatlari (I-II qism)

46bМаъруфжон Йўлдошевнинг “Шамс ила Мавлоно” қиссаси ҳажман йирик асар ҳисобланмаса-да, ундаги ирфоний мазмун-моҳият ва сирли ҳикматлар, ҳар бир мулоҳаза ортида яширин ҳақиқатлар сўфийлик маслаги моҳияти томон бошлайди, сокин хаёллар ва сўнгсиз туйғуларни ҳосил қилади.

“ШАМС ИЛА МАВЛОНО” СОҒИНЧИ
Насиба ЖЎРАҚУЛОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори


09Истеъдодли ижодкор Маъруфжон Йўлдошевнинг “Шамс ила Мавлоно” қиссаси нашр этилди. Асар улуғ валийлар Мавлоно Жалолиддин Румий ҳамда Шамсиддин Табризийнинг мусоҳиб ва ҳамҳоллиги хусусида тасаввур ёйинки фикр пайдо қилиши билан эътиборга молик. Қисса ҳажман йирик асар ҳисобланмаса-да, ундаги ирфоний мазмун-моҳият ва сирли ҳикматлар, ҳар бир мулоҳаза ортида яширин ҳақиқатлар сўфийлик маслаги моҳияти томон бошлайди, сокин хаёллар ва сўнгсиз туйғуларни ҳосил қилади. Қисса воқеалари “дин ва ҳақиқат қуёши” дея улуғланган Мавлоно Шамсиддин Табризийнинг ўсмирлик йиллари ва мактабдаги сабоқ онлари билан бошланган. Табризийнинг ўз муаллими билан комиллик йўли ҳақидаги суҳбати алоҳида аҳамиятга эга. Аён бўладики, асарни ўқиш учун махсус тайёргарлик керак, яъни китобхон ирфоний илм ҳамда руҳоний мақомлардан хабардор бўлиши лозим. Зеро, ёзувчи ҳам мазкур асарни ёзиш учун нафақат Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий муносабатлари ҳақидаги тарихий ва маноқибий асарларни, балки тасаввуф, тариқат илмига доир кўплаб китобларни ўқиган, асар маслагини ёритишда улардан унумли фойдаланган. Ёш Шамсиддин руҳий етуклик йўлининг шариат, тариқат, маърифат ҳамда ҳақиқат босқичлари ҳақида шундай дейди: “Шариат дерки, сендаги – сеники, мендаги – меники. Тариқат айтур: сендаги – сеники, мендаги ҳам сеники. Маърифат дерки, на меники бор, на сеники. Ҳақиқат айтур: на сен борсан, на мен”. Хожа Бектоши Валий “Мақолот” рисоласида мазкур тўрт йўлни уларга мансуб одамлар мисолида изоҳлайди. Шариат аҳлини обидлар деб, уларнинг тоат-ибодатда собит эканликларини айтади. Унга кўра, дунёдаги пок-нопоклик, барча қоидалар шариат ила маълум бўлади. Валий зот тариқат вакилларини зоҳидлар деб, уларнинг асли оташдан эканини, тун-у кун ёниб яшаш улар маслаги бўлишини ёзади. Зоҳидлар охират умидида умр кечириб, дунё ҳавасларини тарк этадилар. Тариқатда “мендаги ҳам сеники” дейилишининг моҳияти ана шунда. Учинчи мақом маърифат бўлиб, орифлар йўлидир. Улар тафаккур ила икки оламни ҳам тарк этиб, Аллоҳ таолога етиш умиди билан яшайдилар. Ҳақиқат даражаси аҳлини Хожа Бектоши Валий муҳиблар деб атаб, улар таслимият ва ризо билан ҳар нарсадан воз кечишлари ҳақида гапиради. Улуғ валий Нажмиддин Кубро муҳаббат даражалари мисолида бу босқичларни шундай изоҳлайди: “Муҳаббатдаги илк одим нафс учун маҳбубнинг орзу этилмоғи, сўнгра нафснинг ўзига фидо қилинишидир. Ундан кейин иккиликнинг унутилиши бўлса, энг охирги марҳала ваҳдониятда фано топмоқликдир”. Ҳақиқат йўлидаги зотларда на менлик, на сенлик бор. Ҳазрат Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” асарида бу мақомни фано деб атаб, уларнинг “васл нузҳатгоҳиға дохиллар” эканлигини айтади. Ёзувчи қиссадаги бу ҳикмат орқали етуклик мақомларини баён этиб, не улуғ зотлар ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлаётганини аён этади.

Шамсиддин Табризий бу суҳбатдан кейин ўзга манзилга сафар қилиш истаги борлигини айтади, боиси у “Нур ан-нур”га толиб. Аллоҳ таолонинг муборак исмларидан бири бўлган Ан-Нур номи маълум. Қуръони Каримда 24-сура шундай аталиб, унинг 35-оятида “Аллоҳ осмонлар-у ернинг нуридир” дейилади. Демак, Табризий Парвардигор нурига илҳақ. Асар воқеалари индаллосида бу муроднинг келтирилиши бежиз эмас. Қисса давомида муборак нурга интилиш, шу йўлда ўзлигини тарбия этиш билан алоқадор сирли суҳбатлар баён қилинган.

Қиссада сўфийлар даргоҳи – муҳаббат маскани деб аталган. Табризий сўфийлар синовидан ўтар экан, илм, ишқ ва ахлоқ хусусидаги уч саволга жавоб қайтаради. Илм зикр, шукр ва сабр асосида бунёд бўлиши, ишқ эса инсонни ҳур ва етук қилиши Табризий тилидан айтилган фикрларда аён бўлади. Шайх Нажмиддин Кубро “Тасаввуфий ҳаёт” асарида муҳаббат маърифатнинг меваси эканлигини айтиб, “билмаган сева олмас” дейди. Ишқ ҳақидаги сўроқнинг маърифатдан кейин келиши шу моҳият билан боғлиқ. Одам аввал Аллоҳ таолонинг сифатларини идрок этади, сўнгра ошиққа айланади. Табризий шу воқеадан кейин авлиёлар сафига қўшилади. Бу ҳолатни муаллиф сўфийлар тилидан “ўттиз тўққиз эдик, қирқ бўлдик” жумласи орқали ифода этади. Маълумки, валий зотларнинг қутб, ғавс, абдол, автод, нужабо, нуқабо сингари табақалари мавжуд бўлиб, манбаларга кўра, абдоллар қирқ нафар бўлишади, улар орасидан кимдир вафот этса, ўрнига янги валий тайинланади. Ёзувчи томонидан Шамс Табризийнинг сўфийлар қаторига қўшилгани, жумладан, маънавий даражасининг баёнчилик билан эмас, воқеалар ва истилоҳлар ёрдамида кўрсатилиши ҳам салоҳиятни намоён қилади. Бу каби ифода ва тасвир усули муаллифнинг маърифатуллоҳга яқинлигидандир, китобхонни ҳам мушоҳада қилиш савиясига кўтариши эса алоҳида таҳсинга лойиқ.

Қиссада Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасидаги икки валий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлардан унумли фойдаланилган. Жумладан, муршид ва мурид муносабати хусусидаги ўринларда ҳам буни кузатиш мумкин. Тазкирада Табризий ва Авҳодуддин Кирмоний учрашуви қуйидаги жумлаларда акс этган: “…Шайх Авҳадуддин Кирмонийни кўрди ва деди: не иштасен? Ул деди: тошлиғ сувда ой аксин кўрадурмен. Ул деди: агар бўйнугға чибон чиқмайдур, ойни не учун осмонда кўрмайсен?” Қиссада эса бу учрашув моҳияти бадиий тўқималар асосида тўлиқ очиқланади. Авҳадуддин Кирмонийнинг Табризийга мурид тушиш нияти бор, аммо толиблик синовларсиз бўлмас. Шайхнинг шароб келтириш ва бирга ўтириб ичиш ҳақидаги талабига Кирмоний “ҳаромга яқин йўламайман”, деб жавоб беради. Табризий “ишқ аҳли ичмай туриб, маст бўл”ишини таъкидлаб, унга шайхлик қилолмаслигини айтади. Шайх, муршидларнинг ўз муридлари ихлосини синаб кўришлари сўфийлик тарбиясининг асосий жиҳатларидан ҳисобланган. Шу боис илмий манбаларда муридлик одоблари қаторида қалбан бўлса ҳам шайхига эътироз қилмаслик, муршидда гуноҳ бўлса аралашмасдан, ўз ишида давом этиш каби вазифалар ҳам асосий ўринга қўйилган. Табризий Авҳадуддин Кирмонийнинг ҳолини маломат қилар экан, “бу майдон эранлар майдони, унда заифларга ўрин йўқ”лиги ҳақида гапиради. Маълумки, эран – эрлар маъносини англатиб, Аллоҳ розилигига етган валий зотлар, дея изоҳланган. Аҳамиятлиси, бу ном туркий истилоҳ бўлиб, мумтоз адабиёт намуналарида ахлоқан етук инсони комилларга нисбат берилади. Шу билан бирга эрнинг ҳурлиги ва ёлғиз Яратганга қуллиги эътироф қилинади. Эрларнинг қўрқоқ бўлиши асло тасаввур этилмайди. Ёзувчи бу моҳиятни чуқур англаган ҳолда, эр, эран номини қўллайдики, мазкур ўринларда уларга хос улуғворлик ва маънавий озодлик яққол акс этади.

Шамсиддин Табризийнинг Мавлоно Жалолиддин билан илк суҳбати тасвирланган ўринда ҳам “Насойим”даги воқеалар асос қилиб олинган. Мазкур воқеани тушунишдан аввал улуғ сўфийлар асослаб берган бир масалани англамоқ керак. Шайх Нажмиддин Кубронинг “Аллоҳга элтувчи йўлларнинг адади махлуқотнинг нафаслари қадар беҳисоб” деган таъкиди валийлар ҳол-амалининг асоси ҳисобланади. Манбаларда шарҳланишича, “ҳар ким умр бўйи олган нафасича Ҳаққа боргувчи йўл имкониятига соҳибдир”. Аслида йўл ягона, аммо ундан ўтиш ҳоллари турлича. Нажмиддин Кубро ўз рисоласида сайр-у сулук йўлчилари тарзини уч гуруҳда жамлаб кўрсатади: тариқи ахёр, тариқи аброр, тариқи шуттор. Табризийнинг мана бу гапи уч йўлнинг қисқа таърифига ўхшайди: “Олим эдинг, ориф бўлдинг, ошиқ бўлишга мажолинг борми?” Тариқи аҳёр ибодат ва амал соҳибларининг йўли, тариқи аброр мужоҳада ва риёзат, тариқи шуттор эса ишқ ва жазба маслагидир. Аммо бу ифода бироз баҳсли. Сабаби улуғ валийлар бир ўринда “Маърифат қаноти доимо муҳаббат қанотидан баланддир”, деб ёзишади. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Лисон ут-тайр” достонидаги етти водийнинг иккинчисини ишқ, учинчисини маърифат деб номлайди. Хожа Бектоши Валий эса маърифат дарахтининг беш бутоғи борлигини айтиб, улардан бирини муҳаббат дейди, яъни маърифат натижасида ишқ пайдо бўлиши ҳақида ёзади. Шунингдек, тариқат асосчиси одамдаги тўртинчи жонни маърифат, бешинчисини ишқ деб номлайди. Ориф – илоҳий маърифат соҳиби, унинг Яратганга таваккули том, ризоси батамомдир. Бундай мартабага кўтарилиш, албатта, ишқсиз бўлмайди. Муҳаббатсиз ҳаракат, ихлос, ғайрат, жидду жаҳд йўқ. Ёзувчи орифлик ва ошиқлик ҳолларини англайди, идрок этади. Ошиқликнинг орифликдан кейин келиши эса бирини-бошқасидан ажратиш эмас, икки мақомнинг соя янглиғ яқин эканлигини ифодалаш учун, дейиш мумкин. Асарда ким аброр, ким шуттор, қай бирлари муршид, қайсилари мурид, англаб бўлмайди. Саккиз асрлик китоблар мутолаасини адо қилиб, илму баҳрга айланган Мавлоно, китобларни сувдан қуруқ чиқариб, кашфу каромат кўрсатган Табризий ҳоли илоҳий маърифат ва ишқнинг туташувидек кўринади. Балки шу боис ҳам қиссага икки баҳр туташуви, дея изоҳ берилган.

Дунё – синов майдони. Одам (а.с.) бу оламга қилган биргина хатосининг бадалини тўлаш, яъни жазосини тортиш учун юборилди, 300 йил тавба қилиб, афв этишни Яратгандан ёлвориб сўради. Биз Одам Ато авлодлари асл моҳиятни ёдда тутиб, имтиҳон масканида роҳат-фароғатга қул бўлмаслигимиз керак. Инсон нимага туғилиб, не учун яшаётганини идрок этиши лозим. Зотан, тирикликнинг моҳияти иймон-эътиқод ва ахлоқий камолотдир. Асарда Мавлононинг муридларига айтган ҳикматларида шу маъно акс этади. Ул ҳазрат илмни арқонга қиёс этиб, унинг ҳосиласи зулматдан қутулмоқ, илдиз қаерда эканлигини англамоқ бўлишини айтади.

Най ҳақидаги нақл қиссанинг энг асосий ўринларидан ҳисобланади. Маълумки, “Маснавийи маънавий” китобининг муқаддимаси най ҳикояси билан бошланиб, унинг асл ватандан йироқ тушиб, бор дард-у фироқи сир-у асрорга айлангани баён қилинган. “Шамс ила Мавлоно”да най ҳақидаги нақл Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Меърожга қилган сафарлари билан боғлаб ҳикоя этилган. Найнинг ошиқлар сирини нолага жо этиб куйлаши мумтоз намуналарда бот-бот тилга олинган, лекин қиссадаги пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “бу қамиш қиёматга қадар менинг сиримни тараннум қилади, аммо қалби очиқ, пок ва комил инсонларгина бу сирни англагайлар”, деган таърифи мазкур ҳикоят моҳиятини китобхонга тўлиқ англата олади.

Асарда фарзанд тарбияси ҳам асосий ўринга қўйилган. Жумладан, сўфийларнинг улуғ сўзи бўлган “Ҳу” зикри аллаларда акс этган:

Ҳу, ҳу, ҳу, Оллоҳ ҳу,
Бу сенга осон, ҳу,
Бизга шифо бер ўзинг,
Катта бўлсин бу қулинг.

Алланинг бундай ижро қилиниши тириклик моҳияти иймон-эътиқод эканлигини, ҳар бир тирик жон бу ҳақиқатни англаб вояга етиши лозимлигини англатади. Шу ўринда бир фикр туғилади. Азалдан момоларимиз айтган аллаларда “ҳу” оҳангининг борлиги, сўзлар якунида “ҳу-ҳу-ҳу” дея бир маромда ижро мавжудлиги балки шу зикр билан ҳам боғлиқдир.

Мавлононинг “ғайб олами сокинлари” берган ўгитларини доимо ёдда сақлагани ва Киро хотундан фарзандларига ҳам шу ҳикматлар асосида тарбия беришни сўрагани бежиз эмас. Ҳикматларни эслаймиз: “Ҳамма билан дўст бўл, ҳеч кимга ҳасад қилма, ҳеч кимни муҳокама этма, одамлар суратини безатса, сен сийратни безат, одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла, яраларга малҳам бўл, шифо бўл, асло зиён бўлма, ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади, гўзал ўйла, гўзал яша”. Ҳар бир ёзувчи қайси давр ҳақида ёзмасин, асар моҳиятида жамият муҳити ва муаммолари акс этиб туради. Зоҳирбинлик, фитна-фасод, иккиюзламачилик ва шуҳратпарастлик илдиз отган бугунги кунимизда Мавлононинг бу ҳикматларини англаш жуда муҳим.

Асар якунида Мавлоно ва Шамснинг ҳужрадаги уч ойлик суҳбати ва оломоннинг маломати тасвирланади. Мавлононинг ҳужрадан чиқиб, зоҳирбинлар наздида, май билан қайтиши одамларни ғазабга солади. Улар бостириб кириб, идишни синдирганларида, шишадан гул шарбати тўкилади. Кўринадики, валий зотлар пиру мурид бўлиб, Аллоҳ ишқидан сархуш эдилар. Табризий орзу қилган ҳам муршиди, ҳам муридини топган, уларнинг суҳбатлари эса эранлар мажлиси янглиғ файзу футуҳга тўла эди.

“Шамс ила Мавлоно” қиссаси алоҳида тайёргарлик, кўп йиллик изланиш ва англашлар натижасида пайдо бўлган асар. Ёзувчи қисқа ҳажмдаги китобни ёзиш учун юзлаб саҳифа илмий ва ирфоний адабиётлар билан танишган, энг муҳими, ҳазрат Алишер Навоий асарларини мутолаа қилган, воқеалардан таъсирланиб, шу асарга қўл урган. Ижодкор пок ният, хайрли мурод ила бадиий ҳамда адабий мақсадларини тўла адо эта олган. Бадиий адабиёт доимий ривожланишда, жанрлар такомили, фикрлар ўзгариши тайин. Адабиёт қандай йўналишда ривож топмасин, мазмун-моҳиятда илдизидан узилмаслиги, ҳар қадамда улуғ мутафаккир ижодкорлар меросидан таъсирланиб, одим отмоғи шарт. Зеро, бизнинг муҳташам адабиётимиз комил инсон тарбиясининг ахлоқий тамойилларини тўла кўрсата олган меросдир.


Ma’rufjon Yo‘ldoshevning “Shams ila Mavlono” qissasi hajman yirik asar hisoblanmasa-da, undagi irfoniy mazmun-mohiyat va sirli hikmatlar, har bir mulohaza ortida yashirin haqiqatlar so‘fiylik maslagi mohiyati tomon boshlaydi, sokin xayollar va so‘ngsiz tuyg‘ularni hosil qiladi.

“SHAMS ILA MAVLONO” SOG‘INCHI
Nasiba JO‘RAQULOVA,
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori


09Iste’dodli ijodkor Ma’rufjon Yo‘ldoshevning “Shams ila Mavlono” qissasi nashr etildi. Asar ulug‘ valiylar Mavlono Jaloliddin Rumiy hamda Shamsiddin Tabriziyning musohib va hamholligi xususida tasavvur yoyinki fikr paydo qilishi bilan e’tiborga molik. Qissa hajman yirik asar hisoblanmasa-da, undagi irfoniy mazmun-mohiyat va sirli hikmatlar, har bir mulohaza ortida yashirin haqiqatlar so‘fiylik maslagi mohiyati tomon boshlaydi, sokin xayollar va so‘ngsiz tuyg‘ularni hosil qiladi. Qissa voqealari “din va haqiqat quyoshi” deya ulug‘langan Mavlono Shamsiddin Tabriziyning o‘smirlik yillari va maktabdagi saboq onlari bilan boshlangan. Tabriziyning o‘z muallimi bilan komillik yo‘li haqidagi suhbati alohida ahamiyatga ega. Ayon bo‘ladiki, asarni o‘qish uchun maxsus tayyorgarlik kerak, ya’ni kitobxon irfoniy ilm hamda ruhoniy maqomlardan xabardor bo‘lishi lozim. Zero, yozuvchi ham mazkur asarni yozish uchun nafaqat Jaloliddin Rumiy va Shams Tabriziy munosabatlari haqidagi tarixiy va manoqibiy asarlarni, balki tasavvuf, tariqat ilmiga doir ko‘plab kitoblarni o‘qigan, asar maslagini yoritishda ulardan unumli foydalangan. Yosh Shamsiddin ruhiy yetuklik yo‘lining shariat, tariqat, ma’rifat hamda haqiqat bosqichlari haqida shunday deydi: “Shariat derki, sendagi – seniki, mendagi – meniki. Tariqat aytur: sendagi – seniki, mendagi ham seniki. Ma’rifat derki, na meniki bor, na seniki. Haqiqat aytur: na sen borsan, na men”. Xoja Bektoshi Valiy “Maqolot” risolasida mazkur to‘rt yo‘lni ularga mansub odamlar misolida izohlaydi. Shariat ahlini obidlar deb, ularning toat-ibodatda sobit ekanliklarini aytadi. Unga ko‘ra, dunyodagi pok-nopoklik, barcha qoidalar shariat ila ma’lum bo‘ladi. Valiy zot tariqat vakillarini zohidlar deb, ularning asli otashdan ekanini, tun-u kun yonib yashash ular maslagi bo‘lishini yozadi. Zohidlar oxirat umidida umr kechirib, dunyo havaslarini tark etadilar. Tariqatda “mendagi ham seniki” deyilishining mohiyati ana shunda. Uchinchi maqom ma’rifat bo‘lib, oriflar yo‘lidir. Ular tafakkur ila ikki olamni ham tark etib, Alloh taologa yetish umidi bilan yashaydilar. Haqiqat darajasi ahlini Xoja Bektoshi Valiy muhiblar deb atab, ular taslimiyat va rizo bilan har narsadan voz kechishlari haqida gapiradi. Ulug‘ valiy Najmiddin Kubro muhabbat darajalari misolida bu bosqichlarni shunday izohlaydi: “Muhabbatdagi ilk odim nafs uchun mahbubning orzu etilmog‘i, so‘ngra nafsning o‘ziga fido qilinishidir. Undan keyin ikkilikning unutilishi bo‘lsa, eng oxirgi marhala vahdoniyatda fano topmoqlikdir”. Haqiqat yo‘lidagi zotlarda na menlik, na senlik bor. Hazrat Alisher Navoiy “Lison ut-tayr” asarida bu maqomni fano deb atab, ularning “vasl nuzhatgohig‘a doxillar” ekanligini aytadi. Yozuvchi qissadagi bu hikmat orqali yetuklik maqomlarini bayon etib, ne ulug‘ zotlar haqida hikoya qilmoqchi bo‘layotganini ayon etadi.

Shamsiddin Tabriziy bu suhbatdan keyin o‘zga manzilga safar qilish istagi borligini aytadi, boisi u “Nur an-nur”ga tolib. Alloh taoloning muborak ismlaridan biri bo‘lgan An-Nur nomi ma’lum. Qur’oni Karimda 24-sura shunday atalib, uning 35-oyatida “Alloh osmonlar-u yerning nuridir” deyiladi. Demak, Tabriziy Parvardigor nuriga ilhaq. Asar voqealari indallosida bu murodning keltirilishi bejiz emas. Qissa davomida muborak nurga intilish, shu yo‘lda o‘zligini tarbiya etish bilan aloqador sirli suhbatlar bayon qilingan.

Qissada so‘fiylar dargohi – muhabbat maskani deb atalgan. Tabriziy so‘fiylar sinovidan o‘tar ekan, ilm, ishq va axloq xususidagi uch savolga javob qaytaradi. Ilm zikr, shukr va sabr asosida bunyod bo‘lishi, ishq esa insonni hur va yetuk qilishi Tabriziy tilidan aytilgan fikrlarda ayon bo‘ladi. Shayx Najmiddin Kubro “Tasavvufiy hayot” asarida muhabbat ma’rifatning mevasi ekanligini aytib, “bilmagan seva olmas” deydi. Ishq haqidagi so‘roqning ma’rifatdan keyin kelishi shu mohiyat bilan bog‘liq. Odam avval Alloh taoloning sifatlarini idrok etadi, so‘ngra oshiqqa aylanadi. Tabriziy shu voqeadan keyin avliyolar safiga qo‘shiladi. Bu holatni muallif so‘fiylar tilidan “o‘ttiz to‘qqiz edik, qirq bo‘ldik” jumlasi orqali ifoda etadi. Ma’lumki, valiy zotlarning qutb, g‘avs, abdol, avtod, nujabo, nuqabo singari tabaqalari mavjud bo‘lib, manbalarga ko‘ra, abdollar qirq nafar bo‘lishadi, ular orasidan kimdir vafot etsa, o‘rniga yangi valiy tayinlanadi. Yozuvchi tomonidan Shams Tabriziyning so‘fiylar qatoriga qo‘shilgani, jumladan, ma’naviy darajasining bayonchilik bilan emas, voqealar va istilohlar yordamida ko‘rsatilishi ham salohiyatni namoyon qiladi. Bu kabi ifoda va tasvir usuli muallifning ma’rifatullohga yaqinligidandir, kitobxonni ham mushohada qilish saviyasiga ko‘tarishi esa alohida tahsinga loyiq.

Qissada Alisher Navoiyning “Nasoyim ul-muhabbat” tazkirasidagi ikki valiy hayoti bilan bog‘liq ma’lumotlardan unumli foydalanilgan. Jumladan, murshid va murid munosabati xususidagi o‘rinlarda ham buni kuzatish mumkin. Tazkirada Tabriziy va Avhoduddin Kirmoniy uchrashuvi quyidagi jumlalarda aks etgan: “…Shayx Avhaduddin Kirmoniyni ko‘rdi va dedi: ne ishtasen? Ul dedi: toshlig‘ suvda oy aksin ko‘radurmen. Ul dedi: agar bo‘ynugg‘a chibon chiqmaydur, oyni ne uchun osmonda ko‘rmaysen?” Qissada esa bu uchrashuv mohiyati badiiy to‘qimalar asosida to‘liq ochiqlanadi. Avhaduddin Kirmoniyning Tabriziyga murid tushish niyati bor, ammo toliblik sinovlarsiz bo‘lmas. Shayxning sharob keltirish va birga o‘tirib ichish haqidagi talabiga Kirmoniy “haromga yaqin yo‘lamayman”, deb javob beradi. Tabriziy “ishq ahli ichmay turib, mast bo‘l”ishini ta’kidlab, unga shayxlik qilolmasligini aytadi. Shayx, murshidlarning o‘z muridlari ixlosini sinab ko‘rishlari so‘fiylik tarbiyasining asosiy jihatlaridan hisoblangan. Shu bois ilmiy manbalarda muridlik odoblari qatorida qalban bo‘lsa ham shayxiga e’tiroz qilmaslik, murshidda gunoh bo‘lsa aralashmasdan, o‘z ishida davom etish kabi vazifalar ham asosiy o‘ringa qo‘yilgan. Tabriziy Avhaduddin Kirmoniyning holini malomat qilar ekan, “bu maydon eranlar maydoni, unda zaiflarga o‘rin yo‘q”ligi haqida gapiradi. Ma’lumki, eran – erlar ma’nosini anglatib, Alloh roziligiga yetgan valiy zotlar, deya izohlangan. Ahamiyatlisi, bu nom turkiy istiloh bo‘lib, mumtoz adabiyot namunalarida axloqan yetuk insoni komillarga nisbat beriladi. Shu bilan birga erning hurligi va yolg‘iz Yaratganga qulligi e’tirof qilinadi. Erlarning qo‘rqoq bo‘lishi aslo tasavvur etilmaydi. Yozuvchi bu mohiyatni chuqur anglagan holda, er, eran nomini qo‘llaydiki, mazkur o‘rinlarda ularga xos ulug‘vorlik va ma’naviy ozodlik yaqqol aks etadi.

Shamsiddin Tabriziyning Mavlono Jaloliddin bilan ilk suhbati tasvirlangan o‘rinda ham “Nasoyim”dagi voqealar asos qilib olingan. Mazkur voqeani tushunishdan avval ulug‘ so‘fiylar asoslab bergan bir masalani anglamoq kerak. Shayx Najmiddin Kubroning “Allohga eltuvchi yo‘llarning adadi maxluqotning nafaslari qadar behisob” degan ta’kidi valiylar hol-amalining asosi hisoblanadi. Manbalarda sharhlanishicha, “har kim umr bo‘yi olgan nafasicha Haqqa borguvchi yo‘l imkoniyatiga sohibdir”. Aslida yo‘l yagona, ammo undan o‘tish hollari turlicha. Najmiddin Kubro o‘z risolasida sayr-u suluk yo‘lchilari tarzini uch guruhda jamlab ko‘rsatadi: tariqi axyor, tariqi abror, tariqi shuttor. Tabriziyning mana bu gapi uch yo‘lning qisqa ta’rifiga o‘xshaydi: “Olim eding, orif bo‘lding, oshiq bo‘lishga majoling bormi?” Tariqi ahyor ibodat va amal sohiblarining yo‘li, tariqi abror mujohada va riyozat, tariqi shuttor esa ishq va jazba maslagidir. Ammo bu ifoda biroz bahsli. Sababi ulug‘ valiylar bir o‘rinda “Ma’rifat qanoti doimo muhabbat qanotidan balanddir”, deb yozishadi. Hazrat Alisher Navoiy ham “Lison ut-tayr” dostonidagi yetti vodiyning ikkinchisini ishq, uchinchisini ma’rifat deb nomlaydi. Xoja Bektoshi Valiy esa ma’rifat daraxtining besh butog‘i borligini aytib, ulardan birini muhabbat deydi, ya’ni ma’rifat natijasida ishq paydo bo‘lishi haqida yozadi. Shuningdek, tariqat asoschisi odamdagi to‘rtinchi jonni ma’rifat, beshinchisini ishq deb nomlaydi. Orif – ilohiy ma’rifat sohibi, uning Yaratganga tavakkuli tom, rizosi batamomdir. Bunday martabaga ko‘tarilish, albatta, ishqsiz bo‘lmaydi. Muhabbatsiz harakat, ixlos, g‘ayrat, jiddu jahd yo‘q. Yozuvchi oriflik va oshiqlik hollarini anglaydi, idrok etadi. Oshiqlikning oriflikdan keyin kelishi esa birini-boshqasidan ajratish emas, ikki maqomning soya yanglig‘ yaqin ekanligini ifodalash uchun, deyish mumkin. Asarda kim abror, kim shuttor, qay birlari murshid, qaysilari murid, anglab bo‘lmaydi. Sakkiz asrlik kitoblar mutolaasini ado qilib, ilmu bahrga aylangan Mavlono, kitoblarni suvdan quruq chiqarib, kashfu karomat ko‘rsatgan Tabriziy holi ilohiy ma’rifat va ishqning tutashuvidek ko‘rinadi. Balki shu bois ham qissaga ikki bahr tutashuvi, deya izoh berilgan.

Dunyo – sinov maydoni. Odam (a.s.) bu olamga qilgan birgina xatosining badalini to‘lash, ya’ni jazosini tortish uchun yuborildi, 300 yil tavba qilib, afv etishni Yaratgandan yolvorib so‘radi. Biz Odam Ato avlodlari asl mohiyatni yodda tutib, imtihon maskanida rohat-farog‘atga qul bo‘lmasligimiz kerak. Inson nimaga tug‘ilib, ne uchun yashayotganini idrok etishi lozim. Zotan, tiriklikning mohiyati iymon-e’tiqod va axloqiy kamolotdir. Asarda Mavlononing muridlariga aytgan hikmatlarida shu ma’no aks etadi. Ul hazrat ilmni arqonga qiyos etib, uning hosilasi zulmatdan qutulmoq, ildiz qayerda ekanligini anglamoq bo‘lishini aytadi.

Nay haqidagi naql qissaning eng asosiy o‘rinlaridan hisoblanadi. Ma’lumki, “Masnaviyi ma’naviy” kitobining muqaddimasi nay hikoyasi bilan boshlanib, uning asl vatandan yiroq tushib, bor dard-u firoqi sir-u asrorga aylangani bayon qilingan. “Shams ila Mavlono”da nay haqidagi naql Rasululloh (s.a.v.)ning Me’rojga qilgan safarlari bilan bog‘lab hikoya etilgan. Nayning oshiqlar sirini nolaga jo etib kuylashi mumtoz namunalarda bot-bot tilga olingan, lekin qissadagi payg‘ambarimiz alayhissalomning “bu qamish qiyomatga qadar mening sirimni tarannum qiladi, ammo qalbi ochiq, pok va komil insonlargina bu sirni anglagaylar”, degan ta’rifi mazkur hikoyat mohiyatini kitobxonga to‘liq anglata oladi.

Asarda farzand tarbiyasi ham asosiy o‘ringa qo‘yilgan. Jumladan, so‘fiylarning ulug‘ so‘zi bo‘lgan “Hu” zikri allalarda aks etgan:

Hu, hu, hu, Olloh hu,
Bu senga oson, hu,
Bizga shifo ber o‘zing,
Katta bo‘lsin bu quling.

Allaning bunday ijro qilinishi tiriklik mohiyati iymon-e’tiqod ekanligini, har bir tirik jon bu haqiqatni anglab voyaga yetishi lozimligini anglatadi. Shu o‘rinda bir fikr tug‘iladi. Azaldan momolarimiz aytgan allalarda “hu” ohangining borligi, so‘zlar yakunida “hu-hu-hu” deya bir maromda ijro mavjudligi balki shu zikr bilan ham bog‘liqdir.

Mavlononing “g‘ayb olami sokinlari” bergan o‘gitlarini doimo yodda saqlagani va Kiro xotundan farzandlariga ham shu hikmatlar asosida tarbiya berishni so‘ragani bejiz emas. Hikmatlarni eslaymiz: “Hamma bilan do‘st bo‘l, hech kimga hasad qilma, hech kimni muhokama etma, odamlar suratini bezatsa, sen siyratni bezat, odamlar boshqalar aybidan so‘z ochsa, sen o‘z qusuringni o‘yla, yaralarga malham bo‘l, shifo bo‘l, aslo ziyon bo‘lma, o‘ylaring so‘zlaringga, so‘zlaring fe’lingga, fe’ling taqdiringga nuqs etadi, go‘zal o‘yla, go‘zal yasha”. Har bir yozuvchi qaysi davr haqida yozmasin, asar mohiyatida jamiyat muhiti va muammolari aks etib turadi. Zohirbinlik, fitna-fasod, ikkiyuzlamachilik va shuhratparastlik ildiz otgan bugungi kunimizda Mavlononing bu hikmatlarini anglash juda muhim.

Asar yakunida Mavlono va Shamsning hujradagi uch oylik suhbati va olomonning malomati tasvirlanadi. Mavlononing hujradan chiqib, zohirbinlar nazdida, may bilan qaytishi odamlarni g‘azabga soladi. Ular bostirib kirib, idishni sindirganlarida, shishadan gul sharbati to‘kiladi. Ko‘rinadiki, valiy zotlar piru murid bo‘lib, Alloh ishqidan sarxush edilar. Tabriziy orzu qilgan ham murshidi, ham muridini topgan, ularning suhbatlari esa eranlar majlisi yanglig‘ fayzu futuhga to‘la edi.

“Shams ila Mavlono” qissasi alohida tayyorgarlik, ko‘p yillik izlanish va anglashlar natijasida paydo bo‘lgan asar. Yozuvchi qisqa hajmdagi kitobni yozish uchun yuzlab sahifa ilmiy va irfoniy adabiyotlar bilan tanishgan, eng muhimi, hazrat Alisher Navoiy asarlarini mutolaa qilgan, voqealardan ta’sirlanib, shu asarga qo‘l urgan. Ijodkor pok niyat, xayrli murod ila badiiy hamda adabiy maqsadlarini to‘la ado eta olgan. Badiiy adabiyot doimiy rivojlanishda, janrlar takomili, fikrlar o‘zgarishi tayin. Adabiyot qanday yo‘nalishda rivoj topmasin, mazmun-mohiyatda ildizidan uzilmasligi, har qadamda ulug‘ mutafakkir ijodkorlar merosidan ta’sirlanib, odim otmog‘i shart. Zero, bizning muhtasham adabiyotimiz komil inson tarbiyasining axloqiy tamoyillarini to‘la ko‘rsata olgan merosdir.

09

(Tashriflar: umumiy 77, bugungi 1)

Izoh qoldiring