Jo’ra Fozil. Urushning so’nggi ertagi

09

Жўра Фозил
УРУШНИНГ СЎНГГИ ЭРТАГИ

Олис-олисларда уруш борар, унинг совуқ нафаси Бухоройи Шарифга ҳам етиб келган эди. Бу машъум нафас энг аввало инсонлар кўнглини жунжиктириб, сўнгра чеҳраларига соя солган, мухорабанинг бехосият кўланкаси жанггоҳларда қўли ёки оёғидан айрилиб қайтган, энди собиқ саналадиган аскарларнинг мунгли нигоҳларида айниқса яққол кўзга ташланарди.

Кимошди бозори дарвозаси ёнида нари-бери ясалган аравачада ўтириб тиланчилик қиладиган икки қўли ҳамда икки оёғидан ажралган ногирон собиқ жангчининг ялиниб-ёлворишлари дарвозадан кириб-чиқиб турган кишиларнинг дийдаларида ёш қалқитарди.

-Биродарлар, мусулмонлар! Москва остоналаридаги жангда мен бир танкни портлатиб, қаҳрамонлик кўрсатдим, портлаш оқибатида ҳам қўлларим, ҳам оёқларимдан ажрадим, лекин менинг бу жасоратимга ҳеч ким баҳо бермади, бир йил госпиталда даволандим. Мен қаҳрамон бўлишим керак эди, аммо мукофотни окопда биқиниб ўтирганлар олди, мен эсам майиб, мубталоман, ҳеч кимга керагим йўқ.

Ногирон жангчининг бошида ислиғи чиққан пилотка, эгнида бўм-бўш енглари осилиб турган, тўзиб кетган гимнастёрка, оёқларининг ўрни увада билан ёпиб қўйилган, унга нигоҳи тушган инсоннинг юраги эзилмай иложи йўқ. Бояқиш собиқ аскар бозор дарвозаси ёнида уч кеча-кундуз йиғлаб-сиқтади, меҳр-шафқат сўраб илтижо қилди. Немисларнинг танклари жуда кўп, уларни енгиш жуда мушкул… дея жаврарди у.

Шундан сўнг у бирданига ғойиб бўлиб қолди. Бозор кунда-шундаларининг қўрқа-писа шивир-шивир қилишларига қараганда, НКВДчилар уни шўроларга қарши ташвиқот қилишда айблаб, аллақаёққа олиб кетишган эмиш.

Бу сирли йўқолиш жанггоҳлардан яраланиб қайтган аскарларни хийла қўрқитиб қўйди. Улар кўча-кўйда кўринмай қолдилар.
Кўҳна шаҳарнинг сокин кўчалари янада жимжитроқ бўлиб қолди.

Аммо она табиат ҳеч нарсани ўйламас, ҳеч нимадан қўрқмай ўзининг абадий-азалий қўшиғини куйлар, бир вақтлар жуда гавжум бўлиб, энди одамлар хийла сийраклашган Лабиҳовузда минг йиллик бобо тутлар ҳосили ғарқ пишиб қолганди. Турли ёшлардаги болалар узу-кун тутлар тагидан худди чумчуқлардек чуғурлашиб, йирик-йирик марваридларга монанд меваларни териб ейишар, шу тахлит очлик, мухтожлик балоси сал чекингандек бўларди.

Табиат янглиғ яна бир сирли олам – Севги аталмиш буюк туйғу ҳам уруш қабоҳатларини назар-писанд этмас, инсонларни юксак-юксакларга парвоз этишга ундар, очлик, мухтожлик, турмушнинг жамиики икир-чикирларидан баландроқ бўлишга даъват этарди.

Лабиҳовузнинг кўм-кўк сувида бир жуфт ўрдак уёқ-буёққа сузиб юришар, улар ҳам қий-чув қилаётган болакайларга ўхшаб, сув юзида қалқиб юрган тут меваларидан баҳраманд бўлишарди.

Сув сатҳида Девонбеги мадрасасининг акси ўйнар, қари тутнинг бир қисми қуриб қолган, энг баланд шохида макон тутган икки лайлак ҳар замон-ҳар замонда “так-так”лаб пастдагиларга кибрли назар ташлаб қўйишарди.

Бир жуфт ўрдак ва бир жуфт лайлак… Бу жониворларнинг ўзларини жуда хотиржам тутишлари умр ўткинчи, ҳаёт абадийлигини эслатгандай бўларди. Шоҳруддаги Зарафшон суви эса тоқу гумбазлар остидан узоқ-узоқларга оқиб кетарди. Жавзо ойининг хийла иссиқ чошгоҳи. Лабиҳовузнинг салқин эпкини иссиқдан беҳузур бўлган кўнгилларга андак енгил нафас олиш имконини беради.

Ўрдаклар бирин-кетин сувга шўнғийди, беш-олти ёшлар чамасидаги бола етаклаб юрган йигит ва қиз ўзларини улкан тут соясига олдилар, йигит – 20-21 ёшлар чамасида, ҳарбий либос кийган. Пилоткасида бешқиррали юлдуз ярқирайди, текис ёқасида “лейтенант” ҳарбий унвонини билдирувчи белгилар бор. Шу белгилардан унинг пиёда қўшинда хизмат қилишини билиб олса ҳам бўлади.

Қиз – 17-18 ёшлар чамасида. Эгнида ёқаси ва этагига кашта тикилган оқ шоҳи кўйлак. У хотин-қизлар Пед билим юрти талабаси. Йигитнинг исми Арслон, қизнинг исми – Соҳира.

Йигит эртага фронтга жўнаб кетиши керак. Севишганлар қанча чўзилиши номаълум бўлган айрилиқ олдидан хайр-хўш учун учрашишган, улар билан бирга юрган болакай барчанинг нигоҳи йигит-қизга қадалмаслиги учун қўлланилган бир чора эди.

Яҳёжон исмли бола ёшига ярашмаган ҳолда камгап ва ўйчан, онда-сонда бир савол бериб қўяр, диққат-эътибори лейтенантнинг чиройли ҳарбий либосида бўлиб, қизнинг каштали кўйлагига ҳам баъзи-баъзида назар ташлаб қўярди.

-Яҳёжон амакимнинг ўғли, жуда ақлли йигит,- таништирди лейтенант. Амаким ҳам фронтда. Сингилларим кун бўйи ўқишда, бугина отам ва онамга бир овунчоқда.

Йигит ва қизнинг суҳбати ҳадеганда қовушавермади. Олдинда кутилаётган айрилиқ онлари ҳар иккисининг кўнглига беҳад ғулғула соларди.
Она-Бухоро ҳам худди уларнинг хавотири, андуҳига шерик бўлгандай сукут сақлар, бу жимжитлик улуғвор маҳобат ва маҳзунлик касб этганди.
Йигит қизга узоқ термилиб турди. Сўнгра унинг тилидан шундай мисралар учди:

Юрагим дардининг давоси йўқдур,
Кўнглим танбурининг навоси йўқдур.

Байт жуда секин, худди шивирлагандай ўқилди, лекин мисралар қизнинг қулоқлари остида худда момоқалдироқдек акс-садо берди. Ҳатто қари тутлар ҳам бир сесканиб тушгандек бўлишди. Девонбеги мадрасаси кипригидаги асрий уйқу учиб кетди гўё. Чунки бу сўзлар ошиқ-машуқларнинг айни пайтдаги ҳолатларини тўла-тўкис ифодаларди.

Яҳёжон бир қарашда сув юзидаги ўрдакларни кузатаётган бўлсада, ҳамроҳлари чеҳрасидаги хавотирни, бесаранжомликни сезиб турарди.
Соҳира киприкларини хам қилиб, шундай деди:

-Бу байтингиз шунчалар ғамгинки, юрак-бағримни тилка пора қилиб юборди.
-Начора, хўрсинди, Арслон! –Биз улкан синовлар олдида турибмиз…

Лейтенант тутнинг сувга эгилган шохини ўзига яқинлаштириб, кафтини мевага тўлдирди. Сўнгра Соҳирани тут ейишга ундади. Соҳира уч-тўрт дона мевадан олиб, уни Яҳёжонга узатди.

Яҳёжон тут еяётган бўлсада, тийрак кўзларини баланд шохдаги лайлак уясидан узмасди. Соҳира унга яна кафтида тут узатганида, болакай бошини сарак-сарак қилди:
-Мен тўйдим, ўзингиз енг опажон! Қиз меваларни Арслонга илинган эди, у ҳам “Мана мен ўзим териб еяпман-ку!”-дея рад этди.

Қиз меваларни ейишни ҳам, емасликни ҳам билмай тараддудланар экан, Яҳёжон сўз қотди:
-Амаки, лайлак нега нуқул бир оёғини кўтариб туради?

-Оббо сеней, шуни ҳам билмайсанми?-қувлик билан кўз қисди Арслон. –Ахир иккала оёғини ҳам кўтарса, йиқилиб тушади-да!

Учовлон бараварига кулиб юборишди. Эрталабдан бери ҳар иккала ёшни қийнаётган аллақандай маҳзун бир кайфият тарқагандек бўлди. Ўтиб-қайтиб турган кишиларнинг чеҳрасидаги андуҳ излари самимий суҳбатга раҳна солмоқчи бўлсада, севишганлар юрагида жунбушга келаётган муҳаббат туйғуси ғалаба қиларди.

Қуёш тикка келиб қолган, хайрлашиш вақти яқинлашган бўлсада, икки ёш ҳамон бир-бирларидан тўймас эдилар, айрилиқ онларини имкон қадар орқага сурмоқчи бўлардилар. Ниҳоят хайрлашиш фурсати етди. Арслон гимнастёркаси кўкрак чўнтагидан бир китобча олиб, уни қизга узатди, китоб жуда мўъжаз, кафтга сиққудек эди.

-Мана бу сизга, мени эслаганингизда ўқирсиз…

Арслон уруш бошлангунга қадар педагогика институтининг учинчи босқичини тугатиб улгурганди. Уруш бошланганда у пиёда қўшин командирлари билим юртининг қисқартирилган босқичини тугаллаб, жангга кирганди. Бадиий адабиёт унинг жону дили бўлиб, кўп китоб ўқирди.
Қиз китобчани авайлаб қўлига олди. Китобча Шарқ мумтоз дурдоналаридан бўлиб, “Қизил гул ва булбул қиссаси” дея номланган экан.

-Ташаккур!-мени жуда хурсанд қилдингиз.
-Ажойиб китобга ўхшайди.

Лейтенант гапни илиб кетди:
-Ахир ажойиб қизга, ажойиб китоб совға қилинади-да.

Арслон ва Яҳёжон қизни Лабиҳовузга туташ кўчалардан бирининг бошигача кузатиб қўйишди.
-Тез-тез хат ёзиб туринг! –деди Соҳира қўл силкиб хайрлашар экан.
-Қисмга етиб боришим биланоқ, албатта хат ёзаман!-деди Арслон.

Қиз тез юриб, улардан узоқлашди, муюлишга етгунича, бир неча маротаба ўгирилиб, қўл силкиди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди.
Йигит болани етаклаб уйи томон кетар экан, кўнгли жуда бузилди. Москва остоналаридаги оғир мудофаа жангларини эслади. У жанг қилаётган ўқчи полк қуршовга тушиб қолди. Қуршовни ёриб ўтиш учун бўлган оғир жангларда полк жангчилари деярли қирилиб кетди.

Арслон командирлик қилаётган взводдан ҳам саноқли жангчиларгина омон қолди.Взвод командири қаттиқ яраланди. Мамлакат ичкарисидаги госпиталлардан бирида 6 ой даволанди, сўнгра унга уйга бориб-келиш учун ўн кунга рухсат беришди. Аммо бу кунларнинг ярмидан кўпроғи йўлда ўтди, ота уйида икки кунгина “меҳмон” бўлди.
***
Уруш ҳаракатлари энди ғарбий Европага кўчган, ҳар қарич ер, ҳар бир тепалик, ҳар бир шаҳар-қишлоқ учун неча минглаб қурбонлар берилар, серсув дарёлар аскарлар қонидан қип-қизил тус оларди.

Бу вақтга келиб, Арслон рота командири даражасига кўтарилган, кўкрагини бир неча орден ва медаллар безаб турарди. Погонларида тўрттадан кичик юлдузча ярқирарди.

Кунларнинг бирида тушдан сўнг фронт чизиғида қандайдир сокинлик вужудга келди. Чор-атроф шунақанги жимжитлик қўйнига ғарқ бўлдики, кўпни кўрган жангчилар бундан хавотирга тушдилар. “Тиқ” этган овоз йўқ, ўқлар чийиллаши, бомба-снарядлар портлаши эшитилмайди. Бу сукунат катта бир бахтсизликнинг бошланиши бўлмасин яна? Ахир жанг майдони ҳам қабристондай сокин бўладими?

Тўғри, оғир жанглардан сўнг чор-атрофда турли аскарий қабристонлар кўпайиб кетди, аммо улар тинч аҳоли тасаввуридаги мозорларга мутлақо ўхшамайди. Бу қабристонлар исталган дақиқада артиллерия, авиация зарбасига дучор бўлиши, оғир танклар гусиницалари остида топталиши мумкин. Шаҳид ўғлонлар ҳатто сўнгги манзилларда ҳам тинч ётаолмайдилар. Уруш қабоҳатлари уларнинг руҳини безовта қилиб туради.

Маълумингизким, аскар халқи жуда қув ва топқир бўлади. Фронт чизиғидаги кутилмаган сокинликка ҳам улар дарҳол кўника қолдилар. Рота командири Арслон ертўласига кириб олиб, мактуб ёзишга тутинди. Рандаланмаган ёғочдан нари-бери барпо этилган ўтирғичга чўкиб, қўл бола столга тирсакларини тирадида, хаёлларга эрк берди. Биринчи мактубни у ота-онасига ёзди. Ўзининг соғ-саломатлигини маълум қилди.

Иккинчи мактуб Соҳирага аталган эди. Йигит бирин-кетин қаторларни битар экан, ҳаяжондан кўкси жунбушга келаётганини ҳам сезмасди. Сирасини айтганда эса у битаётган мактубни ҳам ҳаяжонсиз ўқиб бўлмасди, чамаси… “Ассалому-алайкум, Соҳира! Сиз ҳақиқатдан ҳам Соҳирасиз! Кейингги мактубингиз мени даб-дурустдан сеҳрлаб қўйди. Ўзимни яна Лабиҳовузда кўм-кўк сув бўйида ҳис этдим. Қанчалар лаззатланганимни таърифлаб бера олмайман. Чунки қон кечиб, лой кечиб юрган жангчи, ўзини Лабиҳовуздай сўлим жойда ҳис этса, бу боғи Эрамга тушиб қолишдай бир гап экан. Сизга ташаккур, азизам!

Энди мендан икки оғиз сўз: “Ҳозир фронтда Константин Сеймоновнинг “Мени кутгил…” шеъри жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳамма уни ўзича такрорлаб юрибди. Шу шеърнинг икки мисрасини сизга илиндим:

Мени кутгил ва мен қайтарман, ўлимларни қолдириб доғда,
Иши ўнгдан кепти десинлар, кутмаганлар мени у чоғда…

Хуллас, мен ҳам шу тахлит уйга кириб бораман, Худо хоҳласа… Унгача сиз ўқишни тугаллайсиз, мен эса давом эттираман. Эҳ-ҳе, урушдан сўнг шундай замонлар келадики, биз бахтли оила қурамиз. Мен ҳозир ўша кунларни тушимга кўряпман…”

Арслон бўлажак адабиёт ўқитувчиси эмасми, Соҳирага жуда ажойиб-ғаройиб мактублар битар, қиз уларни ўқиб, дам хурсанд бўлар, дам юм-юм йиғлар эди.

Ҳаракатдаги армия ва Бухоро ўртасида бу мактублар тўхтовсиз парвоз этар, севишганлар кўнгил розларидан ҳатто қозоз ҳам ларзага тушарди.
Мактубларни қойиллатиб ёзишда Соҳира ҳам худди Арслон эътироф этганидек, ҳақиқий Соҳира бўлиб кетар, уларни ўқиган ошиқ йигит, жангу жадаллар беҳад ҳоридганига қарамай тунлари мижжа қоқмай чиқарди. Қиз мактубларнинг ҳар сатридан кўҳна ва навқирон Бухоро нафаси уфуриб турарди. Қадрдон шаҳарини беҳад соғинган капитан ўзини қўярга жой толполмай қоларди.

… Яна “уруш худоси”- артиллерия тилга кирди. Атроф жавониб, танклар гулдуросидан ларзага келди. “Ура-а-а!” садолари ўрмонлар кипригидаги “Қуш уйқусини” учирди. Пиёда аскарлар танклар ортидан олдинга ташландилар… Урушнинг, аскарнинг “Оддий иш кунлари” шу тахлид давом этаверади.

Капитан Арслон Абдураҳим ўғли ротаси сафлари ҳар бир ҳужумдан сўнг,хийла сийраклашар, жангдан сўнг янги аскарлар билан тўлдирилар, сўнгра яна “Вперёд!” ҳайқириғи янграрди.

Пулемёт, миномёт ва замбараклардан отилаётган ўқлар ёмғири остида атакага бориш, жуда оғир, окопларда дўст-душман аскарлари сафлари қўшилиб кетганда, даҳшатли қўл жанглари пайтида, кучли чинқириқ, оҳ-воҳлар ва сўкинишлардан еру кўк ларзага келар, она-табиат кўксида юз бераётган бу қабоҳатга чидаёлмай, кўз ёши тўкар ва нола чекарди.

Шунга қарамай жанглар оралиғида, озгина нафас ростлаш имкони туғилганда, аскарлар ҳазил-мутойибага зўр бериб, уйга қайтгач амалга оширажак ишлари ҳақида бир-бирларига сўзлаб берардилар.

Арслоннинг ўй-хаёллари Бухорога кўчганига анча бўлганди, у нуқул бўш вақтини мактуб ёзиш ва келган номаларни ўқиш билан ўтказарди.
Кунларнинг бирида унга яна Соҳирадан мактуб келди. Йигит қиздан ҳар гал хат олганида беҳад шодланар, ҳаяжонга тушарди. Аммо бу галгиси ҳаммасидан ошиб тушди. У билинар-билинмас титраётган бармоқлари билан мактубни очар экан, ич-ичидан қандайдир бўронга монанд бир ларза қўзғалиб келаётганини аниқ-тиниқ ҳис этди. “Ё тавба, қудратингдан Худо! Нега мен бунча қалтираяпман, ахир ундан биринчи бор мактуб олаётганим йўқ-ку! Унинг ҳар бир хати жонимга азоб эмас, ором олиб киради-ку!

Ошиқ йигит бекорга безовталанмаган экан. Мактубнинг салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашдан кейинги сатрларини ўқир экан, Арслоннинг юраги увишиб кетди. Бошимизга оғир мусибат тушди, Арслон ака-деб ёзарди қиз. – Отамдан ўтган куни “Қора хат” олдик. Бу ғам онам иккимизни жуда букиб қўйди. Онам туну кун йиғлайдилар. Сира юпата олмайман, ўзим ҳам бу оғир йўқотишдан бошимни қаерга урушни билмайман”.

Мактубнинг бир неча жойида нофармон сиёҳ чапланиб кетган, афтидан, қоғозга қизнинг кўз ёшлари томган эди.

Капитаннинг ички титроғи энди бироз босилган бўлсада, дарду дунёси ҳамон қоронғу, унинг дийдалари олдида Соҳиранинг ёш тўла кўзлари намоён эди.
Соҳира ақлли, босиқ-вазмин қиз эди. Шу боисдан у ўзини анча ўнглаб олгани мактуб ўрталарида сезилиб қолди. “Ҳа, биз оғир жудоликка учрадик, аммо тинимсиз кўзёш тўкишга, кўксимизни заҳга бериб ётишга ҳақимиз йўқ! Онам аза очмадилар, биз ҳамон умид қиламиз. Мен ўқишга, онам ишга қатнаяптилар.

Сиз ёзган хатларимдан биласизки, онам иккимиз Ленинграддан олиб келинган етим болалардан саккиз нафар ўғил-қизни асраб олган эдик. Болакайлар эсли-хушли экан, бизга сўзсиз қулоқ солишади.Мен ўқишдан қайтганимча, болакайлар ўзларини бемалол эплашади. Сўнг онам ҳам ишдан қайтадилар. Икковлон улар билан банд бўламиз. Ҳаммаси жойида, аммо баъзи-баъзида уч-тўрт яшар болаларнинг айримлари тунда уйқудан уйғониб, онасини сўраб йиғлаганда, юрагим эзилиб кетади. Ўзим ҳам отамни эслаб юм-юм йиғлайман, лекин йиғимни онамга билдирмайман…

Дарвове, “Заборный карточка” билан болалар учун ҳам нон беришади. Қишлоқлик қариндошларимиз баҳоли-қудрат тут майиз, туршак, жўхори, ошқовоқ келтириб беришади. Амаллаб жужуқларнинг қорнини тўйғизяпмиз.

Қиз ўзини тетик кўрсатишга ҳар чан уринмасин, хат сўнгидаги унинг кўксидан отилиб чиққан бир нидо ўқигувчининг юрагини ёндириб юбораёзганди. “Арслон ака! Қачон қайтасиз, тезроқ келинг, юракларим қон бўлиб кетди-ку!”.

Арслон юрагида пасайган бўрон қизнинг илтижоли сўзларидан сўнг, тағин ҳам кучайгандек бўлди. Бироқ у ўзини куч билан қўлга олиб, ларзага солган мактубни кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Бас! Бўлди! У командир, рота тақдири учун жавобгар, демак ҳис-ҳаяжонга берилишга, ортиқча андуҳ чекишга ҳақи йўқ, вассалом!

Сирасини айтганда эса, мана, тўрт йилдан ошибдики, бутун инсоният ғам-андуҳ чексада, уруш аталмиш қабоҳат туфайли юзага келган барча муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиляпти. Демак ҳар бир жангчи, ҳар бир офицер душманни енгишга ҳам, ўз-ўзини енгишга ҳам куч топа билиши керак. Уруш – оҳ-воҳ, кўз ёшларини писанд қилмайди, ҳисобга олмайди. У ўзидан кучли бўлган инсон иродаси билангина ҳисоблашишга мажбур!

Шуларни ўйлаган рота командирининг кўнгли бироз таскин топгандай бўлди. У ўзининг хизмат вазифасини бажаришга киришди, кечки овқат пайти бўлиб қолган эди…

***

Урушнинг ҳар бир қадамидан қон, оҳ-воҳ, ўлим изи қолар, инсон, аскар аталмиш мавжудод тутдай тўкилар, гулдек шаҳар-қишлоқлар кул тепага, вайронага айланиб борарди. Ҳазрати инсон қўли билан бунёд этилган, асрлар оша яшаган тарихий обидалар, жаннатга монанд боғлар, серҳосил экинзорлар вайрон этилар, урушнинг қонли “дасхати” ҳеч нимани, ҳеч кимни аямасди.

Фаол ва тезкор жанговар ҳаракатлар туфайли Арслон хизмат қилаётган полк, ўз манзилини тез-тез ўзгартириб турар, шунинг оқибатида фронт ва Бухоро оралиғида бориб келаётган хатлар ўз эгаларига етмай қолаётган эди. Шунга қарамай 1945 йил 2 май куни Арслон Соҳирага яна нома ёзди. Бу мактуб сўнги эканини Аллоҳдан бошқа биров билмасди. Худди шу куни фашистлар Германияси таслим бўлишини ҳам ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди.

Ўқчи полк Берлинда шиддатли кўча жанглари олиб борар, ҳар бир ертўла, чордоқ, уй учун жон олиб, жон бериларди. Аммо капитаннинг мактуби жуда кўтаринки руҳда сатрлар ғолиблик, ғалаба сурури билан суғорилган эди.

“Гўзал Соҳирам! Дийдор онлари тобора яқинлашаётир. Фашистлар бугун-эрта таслим бўлишади! Шундоқ Рехстак деворига имзо чекаман-у, сиз томонга учаман… Лабиҳовузда учрашгунча!”.

Арслон хатни ёзиб тугатганидан сўнг, рота шошилинч буйруқ олди:
-Кўча бошидаги уч қаватли бинога жойлашиб олган фашистлар қаттиқ ўқ ёғдириб, полк олға силжишига йўл беришмаяпти. Газандалар дарҳол йўқ қилинсин!

Ана шу лаънати бино учун бўлган жанг, худди сал олдинроқ ёзилган мактуб сингари Арслон қисматида сўнггиси бўлди. Уй танклар ва артиллерия снарядларидан бутунлай вайронага айланган бўлсада, уни ишғол қилиш жуда қимматга тушди. Бу машъум бино Арслон ва унинг ўнлаб қуролдошлари учун энг сўнгги манзилга айланди…

Оғир яраланган фидойи офицер юраги урушдан тўхтади. Лекин у ёзган сўнгги мактуб бир ерда тўхтаб қолмади, Бухоро сари узундан-узоқ йўлга чиқди. Бу хат йўлга тушгач, орадан бир кун ўтиб, ўқчи полк командири Арслоннинг отаси Абдураҳим ака номига ёзган мактуб ҳам манзил сари ошиқди. Унинг мазмуни сўнгги мактубга қарама-қарши ўлароқ жуда машъум эди. Фронтчилар уни “Похоронка” дейишарди, ўзбеклар тилида “қора хат” деб аталарди.

Ҳар икки нома олдинма-кейин Бухорога етиб келди. Арслоннинг Берлиндан битган мактуби Соҳиранинг кўнглига чексиз умид ва қувонч бағишлаган бўлса, қисм командирининг Абдураҳим Фозил эшон ўғлига йўллаган номаси хонадон сокинларини ғам-қайғуга ботирди.

Соҳира ёрининг хатини қайта-қайта ўқир, кўзларига суртар, кўксига босар, дийдаларидан севинч ёшлари оқарди. Арслон акам билан эрта-индин учрашамиз, деган бир ўй унинг кўнглига чироқ ёқиб турарди.

Абдураҳим ака хонадонида эса ота-она, икки сингил ноласи иморат пойдеворидаги харсангтошларни ҳам ларзага солди.
Табиийки, бу хабар икки кўча нарида турадиган Соҳиранинг ҳам қулоғига етмай қолмади. Берлиндан келган, Арслоннинг ўз қўли билан ёзган хатни кўзларига суртиб, қанчалар ширин орзулар қилган қиз бояқиш даҳшатли хабар таъсиридан дон қотди, кўз ёшларига ғарқ бўлаёзганди.
Маъшуқанинг йигитга бўлган илк муҳаббати шунчалар кучли эканки, бечоранинг тим қора сочлари бир кечада қор янглиғ оқариб қолди. Тонгда қизини шундай афтода қиёфада кўрган она, чидаёлмади, уни бағрига босиб, йиғлаб юборди.

Тезда не кўйга тушганини қизнинг ўзи ҳам сезиб қолди-ю, онасини юпатган бўлди:
-Йиғламанг онажон, энди менинг қора сочларим кимга ҳам керак бўларди?
-Ундай дема, болажоним! Ҳали ўн гулингдан бир гулинг очилгани йўқ-ку!
-Менинг гулларим очилмай, хазон бўлдилар!..

Лабиҳовузга туташ икки хонадон бошига тушган ғам юки қанчалар оғирлигини тасвирлашга қалам ожизлик қилади. Ўша машъум кунларда отаси, ака-укаси, фарзандидан ажралиб кўз ёш тўкаётганлар сон мингта эди…

Ўша қора кунлар тарихи эсга олинар экан, шуни айтиш керакки, Абдураҳим ака ва Солиҳа опалар ёлғиз ўғил доғида куйиб адо бўлишди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида аввал Солиҳа опа кейин Абдураҳим ака боқий дунёга рихлат қилишди.

Абдураҳим ака яқинлари билан видолашаётиб, кичик қизини ёнига имлаб, йиллар залворидан сарғайиб кетган хат жилдни унга топширар экан, шундай деди:
-Мана буни авайлаб асра қизим. Бу мактуб бизга машъум хабар олиб келган эсада, унда қисм командири аканг 2 май куни Берлинда қаҳрамонларча ҳалок бўлганини эътироф этган… Шунча йиллар давомида бу мактуб, ёлғизимдан ёдгорим эди…

Соҳира хазон бўлган умри гуллари ҳақида айта ётиб, башорат қилган экан. У турмуш қурмади. Ҳақиқатдан ҳам арслон келбатли Арслон акасининг доимо кулиб турувчи сиймоси ўрнида бошқа ҳеч бир йигитни сира-сира тасаввур этаолмади.

Совчилар уйнинг турумини бузишар, онаси зору таваллолар қилар, лекин қиз ўз сўзида қатъий эди. Унинг ёстиғи тагида ўша сўнгги мактуб ва “Қизил гул ва булбул” қиссаси саҳифаларига қанчалар аччиқ кўз ёшлари томгани, қизга ва ёлғиз Аллоҳгагина маълум эди.

Соҳира билим юртини тугаллагач, бутун умрини ўқитувчиликка бағишлади. Онаси билан биргаликда урушнинг оғир кунларида асраб олинган саккиз ўғил-қизни оқ ювиб, оқ таради. Уларни вояга етказди. Болалар бирин-кетин учирма полапонлардек хонадонни тарк этдилар. Фақат биргина йигитча белоруссиялик Гаврила ҳеч қаёққа кетмаслигини маълум қилди. Ўзига меҳр берган икки муштипар аёлга суянч бўлди. Уйланди, бола-чақа орттирди.

Соҳира қариганда унинг болалари билан машғул бўлди, ўзини якка-ёлғиз ҳис этмади.

Ҳар бир инсон тақдири – қаёққа олиб бориши номаълум бўлган йўлдир. Лабиҳовузда Арслон ва Соҳира билан сайр этиб, тутхўрлик қилган Яҳёжон журналист бўлиб етишди. У яхшигина шеърлар ҳам ёзарди.

Тушларимнинг ранги нофармон,
Эрта тушган изғирин каби:
Чаманларга чанг солди хазон,
Жангга кетди юрт ботирлари…

Тушларимнинг ранги нофармон,
Қонли уруш тунлари каби.
Сизни қайдан излаб топарман,
Жанггоҳларда қолган амаким?

Тушларимнинг ранги нофармон,
Унда Сиз ва маъсума Пари…
Сизни қайдан излаб топарман,
Болалигим гул безаклари?

Тушларимнинг ранги нофармон,
Шафтолининг гуллари каби.
Ухлаяпман – бир ёстиқ армон,
Қўлда янгам олган хатлари.*

*Яҳё Ваҳобов шеъри

Ушбу шеърни Яҳёжоннинг ўспирин укаси ўқиди. У акаси билан ҳамкасб бўлишни орзу қиларди, ўз оилаларига тааллуқли севги тарихи билан қизиқди. Ака ушбу тарихни сўзлаб берди.

Фожиали якун топган севги қиссаси бўлажак ижодкор юрагига ўтли бир оғриқ олиб кирди. Ва бу оғриқ қаламни қисмат деб билган инсон кўнглида қарийб олтмиш йил яшади. Ниҳоят 2018 йил жавзо ойи ўрталарида минг бир алам, оғриқ, кўринмас кўз ёшлари аро қоғозга тўкилди…

***

Лабиҳовузда авжи тут пишиғи… Минг йиллик бобо тутлар ҳамон мева беради, соясидан инсонлар баҳраманд бўлади. Ҳовуз кўм-кўк сувга тўла. Унинг садҳи енгил шабада таъсирида тўқсон яшар чоллар юзига ўхшаб кетади.

Шоҳрудда энди Зарафшон эмас, Амударёнинг лоёқа суви сим-сим оқади. Оби ҳаёт ўзининг азалий неча асрлар давомида такрорланаётган мунгли қўшиғини, ҳазин товушда куйлаб, тоқу гумбазлар остидан олис-олисларга кетиб боради.

Тутлар Шоҳруд томондан эсган салқин шабадада баргларини шитирлатиб, аллақандай олис тарихни сўзлагандай бўладилар. Ахир минг йиллар мобайнида улар не-не яхши-ёмон воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлмадилар дейсиз?

Ким билади, балки улар шаҳид ўғлон Арслон ва илк севгиси дея дунёдан тоқ ўтган ҳур қиз Соҳиранинг ишқ достонини куйлашаётгандир? Ёинки, яхши кўрган қизига дил розини айтаётган Яҳёжоннинг шивирлашими –бу? Эҳтимол амакисининг муҳаббати тарихини қалбида олтмиш йил авайлаб-асраган ёзувчи дўстимиз ҳам худди шу ерда маъшуқасига ишқ изҳор этгандир?..

… Лабиҳовузда жавзо чошгоҳи. Одамлар ўзларини тутлар панасига олишган. Сувда неча асрлар аввалгидек Девонбеги хонақоси акси ўйнайди. Чор атрофда худди ҳеч нарса ўзгармагандек. Бироқ, синчиклаб кузатган киши, барибир қандайдир ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишлар, ўзгаришлар содир бўлганини англаб етади.

Маҳобатли тут дарахтлари ҳамон мева бераётган эсаларда, улар йиллар шамолидан қадди дол бўлган кексаларга ўхшаб кетадилар, қуриган таналари, шох шаббалари янада кўпайган… Ҳовуз ва Шоҳруд оралиғида тарвақайлаб ўсган ёши энг улуғ тутнинг қуриб қолган баланд шохида уя бўлиб, унда бир жуфт лайлак доимо “так-так”лаб Бухоройи шарифни муҳофаза қилиб туришарди, гўё.

Энди эса ана шу лайлаклар йўқ… “Бухорога лайлаклар қайтди”-дея ашъор ёзилиб, қўшиқлар куйланган бўлсада, улар Лабиҳовузга қайтишмади. Энди Лабиҳовузда Арслонни ҳам, Соҳирани ҳам учратиш мумкин эмас.

Лабиҳовузга лайлаклар қайтмаган бўлсада, кўнгилни бир нур ёритиб турибди. Бу ҳовуз бўйида доимо эшитилиб турадиган болажонларнинг шўх-шодон кулгусидир. Уларнинг кулгуси – ҳаёт абадийлигидан нишона.

Зеро, кун келиб, ҳозир қий-чув билан бир-бирига сув сепаётган гўдаклар кимлардир айтиб улгурмаган ишқ достонини баралла куйлайдилар!..

2019 йил феврал

P.S: Таниқли адиб Жўра Фозилнинг ушбу ҳикояси тарихий далиллар асосида ёзилган.
Ҳикоя бош қаҳрамони Арслон Жўра Фозилнинг амакиси Абдураҳим қори Фозил эшон ўғлининг яккаю ягона ўғли, капитан, Бўри Абдураҳимов таржимаи ҳоли ва тақдири асосида яратилган.
Б.Абдураҳимов 1945 йил 2 майда Берлинда фашистлар Германияси тўла ва узил-кесил таслим бўлган кунда кўча жангларининг бирида ҳалок бўлган.
Урушнинг сўнгги эртаги ҳикояси 2020 йилда ўтказилган “Ғалаба-75” Республика танловида ғолиб деб топилиб, 1-ўринни эгаллаган.

9 may Xotira va qadrlash kuni

Joʻra Fozil
URUShNING SOʻNGGI ERTAGI


Olis-olislarda urush borar, uning sovuq nafasi Buxoroyi Sharifga ham yetib kelgan edi. Bu mash’um nafas eng avvalo insonlar koʻnglini junjiktirib, soʻngra chehralariga soya solgan, muxorabaning bexosiyat koʻlankasi janggohlarda qoʻli yoki oyogʻidan ayrilib qaytgan, endi sobiq sanaladigan askarlarning mungli nigohlarida ayniqsa yaqqol koʻzga tashlanardi.

Kimoshdi bozori darvozasi yonida nari-beri yasalgan aravachada oʻtirib tilanchilik qiladigan ikki qoʻli hamda ikki oyogʻidan ajralgan nogiron sobiq jangchining yalinib-yolvorishlari darvozadan kirib-chiqib turgan kishilarning diydalarida yosh qalqitardi.

-Birodarlar, musulmonlar! Moskva ostonalaridagi jangda men bir tankni portlatib, qahramonlik koʻrsatdim, portlash oqibatida ham qoʻllarim, ham oyoqlarimdan ajradim, lekin mening bu jasoratimga hech kim baho bermadi, bir yil gospitalda davolandim. Men qahramon boʻlishim kerak edi, ammo mukofotni okopda biqinib oʻtirganlar oldi, men esam mayib, mubtaloman, hech kimga keragim yoʻq.

Nogiron jangchining boshida isligʻi chiqqan pilotka, egnida boʻm-boʻsh yenglari osilib turgan, toʻzib ketgan gimnastyorka, oyoqlarining oʻrni uvada bilan yopib qoʻyilgan, unga nigohi tushgan insonning yuragi ezilmay iloji yoʻq. Boyaqish sobiq askar bozor darvozasi yonida uch kecha-kunduz yigʻlab-siqtadi, mehr-shafqat soʻrab iltijo qildi. Nemislarning tanklari juda koʻp, ularni yengish juda mushkul… deya javrardi u.

Shundan soʻng u birdaniga gʻoyib boʻlib qoldi. Bozor kunda-shundalarining qoʻrqa-pisa shivir-shivir qilishlariga qaraganda, NKVDchilar uni shoʻrolarga qarshi tashviqot qilishda ayblab, allaqayoqqa olib ketishgan emish.

Bu sirli yoʻqolish janggohlardan yaralanib qaytgan askarlarni xiyla qoʻrqitib qoʻydi. Ular koʻcha-koʻyda koʻrinmay qoldilar.
Koʻhna shaharning sokin koʻchalari yanada jimjitroq boʻlib qoldi.

Ammo ona tabiat hech narsani oʻylamas, hech nimadan qoʻrqmay oʻzining abadiy-azaliy qoʻshigʻini kuylar, bir vaqtlar juda gavjum boʻlib, endi odamlar xiyla siyraklashgan Labihovuzda ming yillik bobo tutlar hosili gʻarq pishib qolgandi. Turli yoshlardagi bolalar uzu-kun tutlar tagidan xuddi chumchuqlardek chugʻurlashib, yirik-yirik marvaridlarga monand mevalarni terib yeyishar, shu taxlit ochlik, muxtojlik balosi sal chekingandek boʻlardi.

Tabiat yangligʻ yana bir sirli olam – Sevgi atalmish buyuk tuygʻu ham urush qabohatlarini nazar-pisand etmas, insonlarni yuksak-yuksaklarga parvoz etishga undar, ochlik, muxtojlik, turmushning jamiiki ikir-chikirlaridan balandroq boʻlishga da’vat etardi.

Labihovuzning koʻm-koʻk suvida bir juft oʻrdak uyoq-buyoqqa suzib yurishar, ular ham qiy-chuv qilayotgan bolakaylarga oʻxshab, suv yuzida qalqib yurgan tut mevalaridan bahramand boʻlishardi.

Suv sathida Devonbegi madrasasining aksi oʻynar, qari tutning bir qismi qurib qolgan, eng baland shoxida makon tutgan ikki laylak har zamon-har zamonda “tak-tak”lab pastdagilarga kibrli nazar tashlab qoʻyishardi.

Bir juft oʻrdak va bir juft laylak… Bu jonivorlarning oʻzlarini juda xotirjam tutishlari umr oʻtkinchi, hayot abadiyligini eslatganday boʻlardi. Shohruddagi Zarafshon suvi esa toqu gumbazlar ostidan uzoq-uzoqlarga oqib ketardi. Javzo oyining xiyla issiq choshgohi. Labihovuzning salqin epkini issiqdan behuzur boʻlgan koʻngillarga andak yengil nafas olish imkonini beradi.

Oʻrdaklar birin-ketin suvga shoʻngʻiydi, besh-olti yoshlar chamasidagi bola yetaklab yurgan yigit va qiz oʻzlarini ulkan tut soyasiga oldilar, yigit – 20-21 yoshlar chamasida, harbiy libos kiygan. Pilotkasida beshqirrali yulduz yarqiraydi, tekis yoqasida “leytenant” harbiy unvonini bildiruvchi belgilar bor. Shu belgilardan uning piyoda qoʻshinda xizmat qilishini bilib olsa ham boʻladi.

Qiz – 17-18 yoshlar chamasida. Egnida yoqasi va etagiga kashta tikilgan oq shohi koʻylak. U xotin-qizlar Ped bilim yurti talabasi. Yigitning ismi Arslon, qizning ismi – Sohira.

Yigit ertaga frontga joʻnab ketishi kerak. Sevishganlar qancha choʻzilishi noma’lum boʻlgan ayriliq oldidan xayr-xoʻsh uchun uchrashishgan, ular bilan birga yurgan bolakay barchaning nigohi yigit-qizga qadalmasligi uchun qoʻllanilgan bir chora edi.

Yahyojon ismli bola yoshiga yarashmagan holda kamgap va oʻychan, onda-sonda bir savol berib qoʻyar, diqqat-e’tibori leytenantning chiroyli harbiy libosida boʻlib, qizning kashtali koʻylagiga ham ba’zi-ba’zida nazar tashlab qoʻyardi.

-Yahyojon amakimning oʻgʻli, juda aqlli yigit,- tanishtirdi leytenant. Amakim ham frontda. Singillarim kun boʻyi oʻqishda, bugina otam va onamga bir ovunchoqda.

Yigit va qizning suhbati hadeganda qovushavermadi. Oldinda kutilayotgan ayriliq onlari har ikkisining koʻngliga behad gʻulgʻula solardi.
Ona-Buxoro ham xuddi ularning xavotiri, anduhiga sherik boʻlganday sukut saqlar, bu jimjitlik ulugʻvor mahobat va mahzunlik kasb etgandi.
Yigit qizga uzoq termilib turdi. Soʻngra uning tilidan shunday misralar uchdi:

Yuragim dardining davosi yoʻqdur,
Koʻnglim tanburining navosi yoʻqdur.

Bayt juda sekin, xuddi shivirlaganday oʻqildi, lekin misralar qizning quloqlari ostida xudda momoqaldiroqdek aks-sado berdi. Hatto qari tutlar ham bir seskanib tushgandek boʻlishdi. Devonbegi madrasasi kiprigidagi asriy uyqu uchib ketdi goʻyo. Chunki bu soʻzlar oshiq-mashuqlarning ayni paytdagi holatlarini toʻla-toʻkis ifodalardi.

Yahyojon bir qarashda suv yuzidagi oʻrdaklarni kuzatayotgan boʻlsada, hamrohlari chehrasidagi xavotirni, besaranjomlikni sezib turardi.
Sohira kipriklarini xam qilib, shunday dedi:

-Bu baytingiz shunchalar gʻamginki, yurak-bagʻrimni tilka pora qilib yubordi.
-Nachora, xoʻrsindi, Arslon! –Biz ulkan sinovlar oldida turibmiz…

Leytenant tutning suvga egilgan shoxini oʻziga yaqinlashtirib, kaftini mevaga toʻldirdi. Soʻngra Sohirani tut yeyishga undadi. Sohira uch-toʻrt dona mevadan olib, uni Yahyojonga uzatdi.

Yahyojon tut yeyayotgan boʻlsada, tiyrak koʻzlarini baland shoxdagi laylak uyasidan uzmasdi. Sohira unga yana kaftida tut uzatganida, bolakay boshini sarak-sarak qildi:
-Men toʻydim, oʻzingiz yeng opajon! Qiz mevalarni Arslonga ilingan edi, u ham “Mana men oʻzim terib yeyapman-ku!”-deya rad etdi.

Qiz mevalarni yeyishni ham, yemaslikni ham bilmay taraddudlanar ekan, Yahyojon soʻz qotdi:
-Amaki, laylak nega nuqul bir oyogʻini koʻtarib turadi?

-Obbo seney, shuni ham bilmaysanmi?-quvlik bilan koʻz qisdi Arslon. –Axir ikkala oyogʻini ham koʻtarsa, yiqilib tushadi-da!

Uchovlon baravariga kulib yuborishdi. Ertalabdan beri har ikkala yoshni qiynayotgan allaqanday mahzun bir kayfiyat tarqagandek boʻldi. Oʻtib-qaytib turgan kishilarning chehrasidagi anduh izlari samimiy suhbatga rahna solmoqchi boʻlsada, sevishganlar yuragida junbushga kelayotgan muhabbat tuygʻusi gʻalaba qilardi.

Quyosh tikka kelib qolgan, xayrlashish vaqti yaqinlashgan boʻlsada, ikki yosh hamon bir-birlaridan toʻymas edilar, ayriliq onlarini imkon qadar orqaga surmoqchi boʻlardilar. Nihoyat xayrlashish fursati yetdi. Arslon gimnastyorkasi koʻkrak choʻntagidan bir kitobcha olib, uni qizga uzatdi, kitob juda moʻ’jaz, kaftga siqqudek edi.

-Mana bu sizga, meni eslaganingizda oʻqirsiz…

Arslon urush boshlangunga qadar pedagogika institutining uchinchi bosqichini tugatib ulgurgandi. Urush boshlanganda u piyoda qoʻshin komandirlari bilim yurtining qisqartirilgan bosqichini tugallab, jangga kirgandi. Badiiy adabiyot uning jonu dili boʻlib, koʻp kitob oʻqirdi.
Qiz kitobchani avaylab qoʻliga oldi. Kitobcha Sharq mumtoz durdonalaridan boʻlib, “Qizil gul va bulbul qissasi” deya nomlangan ekan.

-Tashakkur!-meni juda xursand qildingiz.
-Ajoyib kitobga oʻxshaydi.

Leytenant gapni ilib ketdi:
-Axir ajoyib qizga, ajoyib kitob sovgʻa qilinadi-da.

Arslon va Yahyojon qizni Labihovuzga tutash koʻchalardan birining boshigacha kuzatib qoʻyishdi.
-Tez-tez xat yozib turing! –dedi Sohira qoʻl silkib xayrlashar ekan.
-Qismga yetib borishim bilanoq, albatta xat yozaman!-dedi Arslon.

Qiz tez yurib, ulardan uzoqlashdi, muyulishga yetgunicha, bir necha marotaba oʻgirilib, qoʻl silkidi. Uning koʻzlari jiqqa yoshga toʻlgandi.
Yigit bolani yetaklab uyi tomon ketar ekan, koʻngli juda buzildi. Moskva ostonalaridagi ogʻir mudofaa janglarini esladi. U jang qilayotgan oʻqchi polk qurshovga tushib qoldi. Qurshovni yorib oʻtish uchun boʻlgan ogʻir janglarda polk jangchilari deyarli qirilib ketdi.

Arslon komandirlik qilayotgan vzvoddan ham sanoqli jangchilargina omon qoldi.Vzvod komandiri qattiq yaralandi. Mamlakat ichkarisidagi gospitallardan birida 6 oy davolandi, soʻngra unga uyga borib-kelish uchun oʻn kunga ruxsat berishdi. Ammo bu kunlarning yarmidan koʻprogʻi yoʻlda oʻtdi, ota uyida ikki kungina “mehmon” boʻldi.
***
Urush harakatlari endi gʻarbiy Yevropaga koʻchgan, har qarich yer, har bir tepalik, har bir shahar-qishloq uchun necha minglab qurbonlar berilar, sersuv daryolar askarlar qonidan qip-qizil tus olardi.

Bu vaqtga kelib, Arslon rota komandiri darajasiga koʻtarilgan, koʻkragini bir necha orden va medallar bezab turardi. Pogonlarida toʻrttadan kichik yulduzcha yarqirardi.

Kunlarning birida tushdan soʻng front chizigʻida qandaydir sokinlik vujudga keldi. Chor-atrof shunaqangi jimjitlik qoʻyniga gʻarq boʻldiki, koʻpni koʻrgan jangchilar bundan xavotirga tushdilar. “Tiq” etgan ovoz yoʻq, oʻqlar chiyillashi, bomba-snaryadlar portlashi eshitilmaydi. Bu sukunat katta bir baxtsizlikning boshlanishi boʻlmasin yana? Axir jang maydoni ham qabristonday sokin boʻladimi?

Toʻgʻri, ogʻir janglardan soʻng chor-atrofda turli askariy qabristonlar koʻpayib ketdi, ammo ular tinch aholi tasavvuridagi mozorlarga mutlaqo oʻxshamaydi. Bu qabristonlar istalgan daqiqada artilleriya, aviasiya zarbasiga duchor boʻlishi, ogʻir tanklar gusinisalari ostida toptalishi mumkin. Shahid oʻgʻlonlar hatto soʻnggi manzillarda ham tinch yotaolmaydilar. Urush qabohatlari ularning ruhini bezovta qilib turadi.

Ma’lumingizkim, askar xalqi juda quv va topqir boʻladi. Front chizigʻidagi kutilmagan sokinlikka ham ular darhol koʻnika qoldilar. Rota komandiri Arslon yertoʻlasiga kirib olib, maktub yozishga tutindi. Randalanmagan yogʻochdan nari-beri barpo etilgan oʻtirgʻichga choʻkib, qoʻl bola stolga tirsaklarini tiradida, xayollarga erk berdi. Birinchi maktubni u ota-onasiga yozdi. Oʻzining sogʻ-salomatligini ma’lum qildi.

Ikkinchi maktub Sohiraga atalgan edi. Yigit birin-ketin qatorlarni bitar ekan, hayajondan koʻksi junbushga kelayotganini ham sezmasdi. Sirasini aytganda esa u bitayotgan maktubni ham hayajonsiz oʻqib boʻlmasdi, chamasi… “Assalomu-alaykum, Sohira! Siz haqiqatdan ham Sohirasiz! Keyinggi maktubingiz meni dab-durustdan sehrlab qoʻydi. Oʻzimni yana Labihovuzda koʻm-koʻk suv boʻyida his etdim. Qanchalar lazzatlanganimni ta’riflab bera olmayman. Chunki qon kechib, loy kechib yurgan jangchi, oʻzini Labihovuzday soʻlim joyda his etsa, bu bogʻi Eramga tushib qolishday bir gap ekan. Sizga tashakkur, azizam!

Endi mendan ikki ogʻiz soʻz: “Hozir frontda Konstantin Seymonovning “Meni kutgil…” she’ri juda mashhur boʻlib ketdi. Hamma uni oʻzicha takrorlab yuribdi. Shu she’rning ikki misrasini sizga ilindim:

Meni kutgil va men qaytarman, oʻlimlarni qoldirib dogʻda,
Ishi oʻngdan kepti desinlar, kutmaganlar meni u chogʻda…

Xullas, men ham shu taxlit uyga kirib boraman, Xudo xohlasa… Ungacha siz oʻqishni tugallaysiz, men esa davom ettiraman. Eh-he, urushdan soʻng shunday zamonlar keladiki, biz baxtli oila quramiz. Men hozir oʻsha kunlarni tushimga koʻryapman…”

Arslon boʻlajak adabiyot oʻqituvchisi emasmi, Sohiraga juda ajoyib-gʻaroyib maktublar bitar, qiz ularni oʻqib, dam xursand boʻlar, dam yum-yum yigʻlar edi.

Harakatdagi armiya va Buxoro oʻrtasida bu maktublar toʻxtovsiz parvoz etar, sevishganlar koʻngil rozlaridan hatto qozoz ham larzaga tushardi.
Maktublarni qoyillatib yozishda Sohira ham xuddi Arslon e’tirof etganidek, haqiqiy Sohira boʻlib ketar, ularni oʻqigan oshiq yigit, jangu jadallar behad horidganiga qaramay tunlari mijja qoqmay chiqardi. Qiz maktublarning har satridan koʻhna va navqiron Buxoro nafasi ufurib turardi. Qadrdon shaharini behad sogʻingan kapitan oʻzini qoʻyarga joy tolpolmay qolardi.

… Yana “urush xudosi”- artilleriya tilga kirdi. Atrof javonib, tanklar guldurosidan larzaga keldi. “Ura-a-a!” sadolari oʻrmonlar kiprigidagi “Qush uyqusini” uchirdi. Piyoda askarlar tanklar ortidan oldinga tashlandilar… Urushning, askarning “Oddiy ish kunlari” shu taxlid davom etaveradi.

Kapitan Arslon Abdurahim oʻgʻli rotasi saflari har bir hujumdan soʻng,xiyla siyraklashar, jangdan soʻng yangi askarlar bilan toʻldirilar, soʻngra yana “Vperyod!” hayqirigʻi yangrardi.

Pulemyot, minomyot va zambaraklardan otilayotgan oʻqlar yomgʻiri ostida atakaga borish, juda ogʻir, okoplarda doʻst-dushman askarlari saflari qoʻshilib ketganda, dahshatli qoʻl janglari paytida, kuchli chinqiriq, oh-vohlar va soʻkinishlardan yeru koʻk larzaga kelar, ona-tabiat koʻksida yuz berayotgan bu qabohatga chidayolmay, koʻz yoshi toʻkar va nola chekardi.

Shunga qaramay janglar oraligʻida, ozgina nafas rostlash imkoni tugʻilganda, askarlar hazil-mutoyibaga zoʻr berib, uyga qaytgach amalga oshirajak ishlari haqida bir-birlariga soʻzlab berardilar.

Arslonning oʻy-xayollari Buxoroga koʻchganiga ancha boʻlgandi, u nuqul boʻsh vaqtini maktub yozish va kelgan nomalarni oʻqish bilan oʻtkazardi.
Kunlarning birida unga yana Sohiradan maktub keldi. Yigit qizdan har gal xat olganida behad shodlanar, hayajonga tushardi. Ammo bu galgisi hammasidan oshib tushdi. U bilinar-bilinmas titrayotgan barmoqlari bilan maktubni ochar ekan, ich-ichidan qandaydir boʻronga monand bir larza qoʻzgʻalib kelayotganini aniq-tiniq his etdi. “Yo tavba, qudratingdan Xudo! Nega men buncha qaltirayapman, axir undan birinchi bor maktub olayotganim yoʻq-ku! Uning har bir xati jonimga azob emas, orom olib kiradi-ku!

Oshiq yigit bekorga bezovtalanmagan ekan. Maktubning salom-alik, hol-ahvol soʻrashdan keyingi satrlarini oʻqir ekan, Arslonning yuragi uvishib ketdi. Boshimizga ogʻir musibat tushdi, Arslon aka-deb yozardi qiz. – Otamdan oʻtgan kuni “Qora xat” oldik. Bu gʻam onam ikkimizni juda bukib qoʻydi. Onam tunu kun yigʻlaydilar. Sira yupata olmayman, oʻzim ham bu ogʻir yoʻqotishdan boshimni qaerga urushni bilmayman”.

Maktubning bir necha joyida nofarmon siyoh chaplanib ketgan, aftidan, qogʻozga qizning koʻz yoshlari tomgan edi.

Kapitanning ichki titrogʻi endi biroz bosilgan boʻlsada, dardu dunyosi hamon qorongʻu, uning diydalari oldida Sohiraning yosh toʻla koʻzlari namoyon edi.
Sohira aqlli, bosiq-vazmin qiz edi. Shu boisdan u oʻzini ancha oʻnglab olgani maktub oʻrtalarida sezilib qoldi. “Ha, biz ogʻir judolikka uchradik, ammo tinimsiz koʻzyosh toʻkishga, koʻksimizni zahga berib yotishga haqimiz yoʻq! Onam aza ochmadilar, biz hamon umid qilamiz. Men oʻqishga, onam ishga qatnayaptilar.

Siz yozgan xatlarimdan bilasizki, onam ikkimiz Leningraddan olib kelingan yetim bolalardan sakkiz nafar oʻgʻil-qizni asrab olgan edik. Bolakaylar esli-xushli ekan, bizga soʻzsiz quloq solishadi.Men oʻqishdan qaytganimcha, bolakaylar oʻzlarini bemalol eplashadi. Soʻng onam ham ishdan qaytadilar. Ikkovlon ular bilan band boʻlamiz. Hammasi joyida, ammo ba’zi-ba’zida uch-toʻrt yashar bolalarning ayrimlari tunda uyqudan uygʻonib, onasini soʻrab yigʻlaganda, yuragim ezilib ketadi. Oʻzim ham otamni eslab yum-yum yigʻlayman, lekin yigʻimni onamga bildirmayman…

Darvove, “Zaborniy kartochka” bilan bolalar uchun ham non berishadi. Qishloqlik qarindoshlarimiz baholi-qudrat tut mayiz, turshak, joʻxori, oshqovoq keltirib berishadi. Amallab jujuqlarning qornini toʻygʻizyapmiz.

Qiz oʻzini tetik koʻrsatishga har chan urinmasin, xat soʻngidagi uning koʻksidan otilib chiqqan bir nido oʻqiguvchining yuragini yondirib yuborayozgandi. “Arslon aka! Qachon qaytasiz, tezroq keling, yuraklarim qon boʻlib ketdi-ku!”.

Arslon yuragida pasaygan boʻron qizning iltijoli soʻzlaridan soʻng, tagʻin ham kuchaygandek boʻldi. Biroq u oʻzini kuch bilan qoʻlga olib, larzaga solgan maktubni koʻkrak choʻntagiga solib qoʻydi. Bas! Boʻldi! U komandir, rota taqdiri uchun javobgar, demak his-hayajonga berilishga, ortiqcha anduh chekishga haqi yoʻq, vassalom!

Sirasini aytganda esa, mana, toʻrt yildan oshibdiki, butun insoniyat gʻam-anduh cheksada, urush atalmish qabohat tufayli yuzaga kelgan barcha muammolarni bartaraf etishga harakat qilyapti. Demak har bir jangchi, har bir ofiser dushmanni yengishga ham, oʻz-oʻzini yengishga ham kuch topa bilishi kerak. Urush – oh-voh, koʻz yoshlarini pisand qilmaydi, hisobga olmaydi. U oʻzidan kuchli boʻlgan inson irodasi bilangina hisoblashishga majbur!

Shularni oʻylagan rota komandirining koʻngli biroz taskin topganday boʻldi. U oʻzining xizmat vazifasini bajarishga kirishdi, kechki ovqat payti boʻlib qolgan edi…

***

Urushning har bir qadamidan qon, oh-voh, oʻlim izi qolar, inson, askar atalmish mavjudod tutday toʻkilar, guldek shahar-qishloqlar kul tepaga, vayronaga aylanib borardi. Hazrati inson qoʻli bilan bunyod etilgan, asrlar osha yashagan tarixiy obidalar, jannatga monand bogʻlar, serhosil ekinzorlar vayron etilar, urushning qonli “dasxati” hech nimani, hech kimni ayamasdi.

Faol va tezkor jangovar harakatlar tufayli Arslon xizmat qilayotgan polk, oʻz manzilini tez-tez oʻzgartirib turar, shuning oqibatida front va Buxoro oraligʻida borib kelayotgan xatlar oʻz egalariga yetmay qolayotgan edi. Shunga qaramay 1945 yil 2 may kuni Arslon Sohiraga yana noma yozdi. Bu maktub soʻngi ekanini Allohdan boshqa birov bilmasdi. Xuddi shu kuni fashistlar Germaniyasi taslim boʻlishini ham hech kim xayoliga keltirmagan edi.

Oʻqchi polk Berlinda shiddatli koʻcha janglari olib borar, har bir yertoʻla, chordoq, uy uchun jon olib, jon berilardi. Ammo kapitanning maktubi juda koʻtarinki ruhda satrlar gʻoliblik, gʻalaba sururi bilan sugʻorilgan edi.

“Goʻzal Sohiram! Diydor onlari tobora yaqinlashayotir. Fashistlar bugun-erta taslim boʻlishadi! Shundoq Rexstak devoriga imzo chekaman-u, siz tomonga uchaman… Labihovuzda uchrashguncha!”.

Arslon xatni yozib tugatganidan soʻng, rota shoshilinch buyruq oldi:
-Koʻcha boshidagi uch qavatli binoga joylashib olgan fashistlar qattiq oʻq yogʻdirib, polk olgʻa siljishiga yoʻl berishmayapti. Gazandalar darhol yoʻq qilinsin!

Ana shu la’nati bino uchun boʻlgan jang, xuddi sal oldinroq yozilgan maktub singari Arslon qismatida soʻnggisi boʻldi. Uy tanklar va artilleriya snaryadlaridan butunlay vayronaga aylangan boʻlsada, uni ishgʻol qilish juda qimmatga tushdi. Bu mash’um bino Arslon va uning oʻnlab quroldoshlari uchun eng soʻnggi manzilga aylandi…

Ogʻir yaralangan fidoyi ofiser yuragi urushdan toʻxtadi. Lekin u yozgan soʻnggi maktub bir yerda toʻxtab qolmadi, Buxoro sari uzundan-uzoq yoʻlga chiqdi. Bu xat yoʻlga tushgach, oradan bir kun oʻtib, oʻqchi polk komandiri Arslonning otasi Abdurahim aka nomiga yozgan maktub ham manzil sari oshiqdi. Uning mazmuni soʻnggi maktubga qarama-qarshi oʻlaroq juda mash’um edi. Frontchilar uni “Poxoronka” deyishardi, oʻzbeklar tilida “qora xat” deb atalardi.

Har ikki noma oldinma-keyin Buxoroga yetib keldi. Arslonning Berlindan bitgan maktubi Sohiraning koʻngliga cheksiz umid va quvonch bagʻishlagan boʻlsa, qism komandirining Abdurahim Fozil eshon oʻgʻliga yoʻllagan nomasi xonadon sokinlarini gʻam-qaygʻuga botirdi.

Sohira yorining xatini qayta-qayta oʻqir, koʻzlariga surtar, koʻksiga bosar, diydalaridan sevinch yoshlari oqardi. Arslon akam bilan erta-indin uchrashamiz, degan bir oʻy uning koʻngliga chiroq yoqib turardi.

Abdurahim aka xonadonida esa ota-ona, ikki singil nolasi imorat poydevoridagi xarsangtoshlarni ham larzaga soldi.
Tabiiyki, bu xabar ikki koʻcha narida turadigan Sohiraning ham qulogʻiga yetmay qolmadi. Berlindan kelgan, Arslonning oʻz qoʻli bilan yozgan xatni koʻzlariga surtib, qanchalar shirin orzular qilgan qiz boyaqish dahshatli xabar ta’siridan don qotdi, koʻz yoshlariga gʻarq boʻlayozgandi.
Ma’shuqaning yigitga boʻlgan ilk muhabbati shunchalar kuchli ekanki, bechoraning tim qora sochlari bir kechada qor yangligʻ oqarib qoldi. Tongda qizini shunday aftoda qiyofada koʻrgan ona, chidayolmadi, uni bagʻriga bosib, yigʻlab yubordi.

Tezda ne koʻyga tushganini qizning oʻzi ham sezib qoldi-yu, onasini yupatgan boʻldi:
-Yigʻlamang onajon, endi mening qora sochlarim kimga ham kerak boʻlardi?
-Unday dema, bolajonim! Hali oʻn gulingdan bir guling ochilgani yoʻq-ku!
-Mening gullarim ochilmay, xazon boʻldilar!..

Labihovuzga tutash ikki xonadon boshiga tushgan gʻam yuki qanchalar ogʻirligini tasvirlashga qalam ojizlik qiladi. Oʻsha mash’um kunlarda otasi, aka-ukasi, farzandidan ajralib koʻz yosh toʻkayotganlar son mingta edi…

Oʻsha qora kunlar tarixi esga olinar ekan, shuni aytish kerakki, Abdurahim aka va Soliha opalar yolgʻiz oʻgʻil dogʻida kuyib ado boʻlishdi. Oʻtgan asrning yetmishinchi yillarida avval Soliha opa keyin Abdurahim aka boqiy dunyoga rixlat qilishdi.

Abdurahim aka yaqinlari bilan vidolashayotib, kichik qizini yoniga imlab, yillar zalvoridan sargʻayib ketgan xat jildni unga topshirar ekan, shunday dedi:
-Mana buni avaylab asra qizim. Bu maktub bizga mash’um xabar olib kelgan esada, unda qism komandiri akang 2 may kuni Berlinda qahramonlarcha halok boʻlganini e’tirof etgan… Shuncha yillar davomida bu maktub, yolgʻizimdan yodgorim edi…

Sohira xazon boʻlgan umri gullari haqida ayta yotib, bashorat qilgan ekan. U turmush qurmadi. Haqiqatdan ham arslon kelbatli Arslon akasining doimo kulib turuvchi siymosi oʻrnida boshqa hech bir yigitni sira-sira tasavvur etaolmadi.

Sovchilar uyning turumini buzishar, onasi zoru tavallolar qilar, lekin qiz oʻz soʻzida qat’iy edi. Uning yostigʻi tagida oʻsha soʻnggi maktub va “Qizil gul va bulbul” qissasi sahifalariga qanchalar achchiq koʻz yoshlari tomgani, qizga va yolgʻiz Allohgagina ma’lum edi.

Sohira bilim yurtini tugallagach, butun umrini oʻqituvchilikka bagʻishladi. Onasi bilan birgalikda urushning ogʻir kunlarida asrab olingan sakkiz oʻgʻil-qizni oq yuvib, oq taradi. Ularni voyaga yetkazdi. Bolalar birin-ketin uchirma polaponlardek xonadonni tark etdilar. Faqat birgina yigitcha belorussiyalik Gavrila hech qayoqqa ketmasligini ma’lum qildi. Oʻziga mehr bergan ikki mushtipar ayolga suyanch boʻldi. Uylandi, bola-chaqa orttirdi.

Sohira qariganda uning bolalari bilan mashgʻul boʻldi, oʻzini yakka-yolgʻiz his etmadi.

Har bir inson taqdiri – qayoqqa olib borishi noma’lum boʻlgan yoʻldir. Labihovuzda Arslon va Sohira bilan sayr etib, tutxoʻrlik qilgan Yahyojon jurnalist boʻlib yetishdi. U yaxshigina she’rlar ham yozardi.

Tushlarimning rangi nofarmon,
Erta tushgan izgʻirin kabi:
Chamanlarga chang soldi xazon,
Jangga ketdi yurt botirlari…

Tushlarimning rangi nofarmon,
Qonli urush tunlari kabi.
Sizni qaydan izlab toparman,
Janggohlarda qolgan amakim?

Tushlarimning rangi nofarmon,
Unda Siz va ma’suma Pari…
Sizni qaydan izlab toparman,
Bolaligim gul bezaklari?

Tushlarimning rangi nofarmon,
Shaftolining gullari kabi.
Uxlayapman – bir yostiq armon,
Qoʻlda yangam olgan xatlari.*

*Yahyo Vahobov she’ri

Ushbu she’rni Yahyojonning oʻspirin ukasi oʻqidi. U akasi bilan hamkasb boʻlishni orzu qilardi, oʻz oilalariga taalluqli sevgi tarixi bilan qiziqdi. Aka ushbu tarixni soʻzlab berdi.

Fojiali yakun topgan sevgi qissasi boʻlajak ijodkor yuragiga oʻtli bir ogʻriq olib kirdi. Va bu ogʻriq qalamni qismat deb bilgan inson koʻnglida qariyb oltmish yil yashadi. Nihoyat 2018 yil javzo oyi oʻrtalarida ming bir alam, ogʻriq, koʻrinmas koʻz yoshlari aro qogʻozga toʻkildi…

***

Labihovuzda avji tut pishigʻi… Ming yillik bobo tutlar hamon meva beradi, soyasidan insonlar bahramand boʻladi. Hovuz koʻm-koʻk suvga toʻla. Uning sadhi yengil shabada ta’sirida toʻqson yashar chollar yuziga oʻxshab ketadi.

Shohrudda endi Zarafshon emas, Amudaryoning loyoqa suvi sim-sim oqadi. Obi hayot oʻzining azaliy necha asrlar davomida takrorlanayotgan mungli qoʻshigʻini, hazin tovushda kuylab, toqu gumbazlar ostidan olis-olislarga ketib boradi.

Tutlar Shohrud tomondan esgan salqin shabadada barglarini shitirlatib, allaqanday olis tarixni soʻzlaganday boʻladilar. Axir ming yillar mobaynida ular ne-ne yaxshi-yomon voqea-hodisalarga guvoh boʻlmadilar deysiz?

Kim biladi, balki ular shahid oʻgʻlon Arslon va ilk sevgisi deya dunyodan toq oʻtgan hur qiz Sohiraning ishq dostonini kuylashayotgandir? Yoinki, yaxshi koʻrgan qiziga dil rozini aytayotgan Yahyojonning shivirlashimi –bu? Ehtimol amakisining muhabbati tarixini qalbida oltmish yil avaylab-asragan yozuvchi doʻstimiz ham xuddi shu yerda ma’shuqasiga ishq izhor etgandir?..

… Labihovuzda javzo choshgohi. Odamlar oʻzlarini tutlar panasiga olishgan. Suvda necha asrlar avvalgidek Devonbegi xonaqosi aksi oʻynaydi. Chor atrofda xuddi hech narsa oʻzgarmagandek. Biroq, sinchiklab kuzatgan kishi, baribir qandaydir oʻrnini toʻldirib boʻlmas yoʻqotishlar, oʻzgarishlar sodir boʻlganini anglab yetadi.

Mahobatli tut daraxtlari hamon meva berayotgan esalarda, ular yillar shamolidan qaddi dol boʻlgan keksalarga oʻxshab ketadilar, qurigan tanalari, shox shabbalari yanada koʻpaygan… Hovuz va Shohrud oraligʻida tarvaqaylab oʻsgan yoshi eng ulugʻ tutning qurib qolgan baland shoxida uya boʻlib, unda bir juft laylak doimo “tak-tak”lab Buxoroyi sharifni muhofaza qilib turishardi, goʻyo.

Endi esa ana shu laylaklar yoʻq… “Buxoroga laylaklar qaytdi”-deya ash’or yozilib, qoʻshiqlar kuylangan boʻlsada, ular Labihovuzga qaytishmadi. Endi Labihovuzda Arslonni ham, Sohirani ham uchratish mumkin emas.

Labihovuzga laylaklar qaytmagan boʻlsada, koʻngilni bir nur yoritib turibdi. Bu hovuz boʻyida doimo eshitilib turadigan bolajonlarning shoʻx-shodon kulgusidir. Ularning kulgusi – hayot abadiyligidan nishona.

Zero, kun kelib, hozir qiy-chuv bilan bir-biriga suv sepayotgan goʻdaklar kimlardir aytib ulgurmagan ishq dostonini baralla kuylaydilar!..

2019 yil fevral

P.S: Taniqli adib Joʻra Fozilning ushbu hikoyasi tarixiy dalillar asosida yozilgan.
Hikoya bosh qahramoni Arslon Joʻra Fozilning amakisi Abdurahim qori Fozil eshon oʻgʻlining yakkayu yagona oʻgʻli, kapitan, Boʻri Abdurahimov tarjimai holi va taqdiri asosida yaratilgan.
B.Abdurahimov 1945 yil 2 mayda Berlinda fashistlar Germaniyasi toʻla va uzil-kesil taslim boʻlgan kunda koʻcha janglarining birida halok boʻlgan.
Urushning soʻnggi ertagi hikoyasi 2020 yilda oʻtkazilgan “Gʻalaba-75” Respublika tanlovida gʻolib deb topilib, 1-oʻrinni egallagan.

22

(Tashriflar: umumiy 1, bugungi 1)

Izoh qoldiring