Mirtemir domla xotirasiga bag’ishlov

4ba6e_orig.png30 май — Ўзбекистон халқ шоири, устоз Миртемир таваллуд топган кун

  Устоз Миртемир  ўзбекнинг ўзидек содда, жайдари ва донишманд эди. У кишининг ҳалимдек юмшоқ кўнгли, тўпорилиги ҳақида қалам аҳли орасида турли латифалар юрарди…

УСТОЗ  МИРТЕМИРГА
БАҒИШЛОВ
009

Эркин ВОҲИДОВ
КЎНГИЛЧАНЛИК

0-10M.jpgМиртемир домла ўта кўнгилчан инсон эдилар. Бир куни нашриётнинг узун йўлагидан бир одам домлага қараб, “Э, бормисиз, сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку”, дея қучоқ очиб кела бошлади. Домла у билан хуш кайфиятда қадрдонларча қучоқлашиб кўришдилар. Обдон чақчақлашиб бўлишгач, яна қучоқлашиб хайрлашдилар. Эшиккача кузатиб қайтгач, биздан сўрадилар:
— У одам ким?

Ҳаммамиз ҳайрон бўлдик:
— Ажабо, ўзингиз қучоқлашиб кўришдингиз, узоқ отамлашдингиз. Қадрдонингиз эмасми?
— Умримда кўрган бўлсам, ўлай.
— Унда нега энди…
— Ай, бўталарим-а! Узоқдан қучоқ очиб келган одамга, кимсан, деб бўладими? Андиша бор-ку, ўзбекмиз-ку! — дея бироз сукут қилгач, қўшиб қўйдилар: — Бир элнинг болалари туғишган бўладилар. Оғамдир, инимдир, битта қадрдоним кўпайса кўпайибди-да!

Етмишинчи йилларда шеърият ҳам, отахон шоиримиз Ғафур Ғулом номи билан аталган нашриёт ҳам гуркираган, лекин ана шу нашриётнинг айни шеърият бўлимида ишлар пачава эди. Бўлимда Миртемир домла, Абдулла Ориф ва камина ишлар эдик. Домла шогирдлардан, Абдуллажон мухлислардан, мен шахматдан ортмас эдик. Қўлёзмалар вақтида топширилмаган, корректуралар ўқилмаган, план бажарилмаган, ҳамма иш ўлда-жўлда. Нашриёт директори бир мажлисда ¬зарда билан, шеърият бўлимини ёпиш, тарқатиш керак, деган. Ўшанда эўр жавоб айтилган эди:
— Тарқатиш учун аввал йиғиш керак. Уч ходимни тўплаб бўлмаса, қандай тарқатасиз?
— Тўплайман, тарқатаман, — деди, директор ва айтганини қилди. Яъни учовимизни ўз хонасида йиғди.

Ажойиб инсон эди директоримиз Тўлқин Рустамов. Миртемир домла билан тенгдош, эски қадрдон, сенсирашиб гаплашадиган ўртоқ эди.
Раҳбар узоқ гапирди. Партия сиёсати, давлат олдидаги масъулият, нашриёт плани, интизом нима эканини бизга яхшилаб уқтирди. Миртемир домла унинг ҳар гапига бош ирғаб маъқуллаб ўтирдилар. Охири маълум бўлдики, бирор сўз домланинг том битган қулоғига кирмабди. Директор:
— Миртемир, қани айт, гапларим тўғрими? — деганда устоз:
— Тўғри айтасан, Тўлқин, библиотекани тартибга солмаса бўлмайди, — дедилар.

Ташқарига чиққач, домлани ўртага олдик. Устоз:
— Ўлай агар, бир оғиз сўзини ҳам эшитмадим, уят бўлди, жуда уят бўлди, — дердилар.
— Қаттиқроқ гапир, десангиз бўлмасмиди, ахир ўз қадрдонингиз-ку!
— Ошнам бўлса ҳам хўжайиним. Раҳбарга индаб бўладими! Каттаконнинг гапини бўлиш одобдан эмас, бўталарим.

Биз Миртемир домлага айтардик:
– Биз ёшлар давлат хизматини қилишга мажбурмиз. Сиз улуғ шоирсиз. Шу арзимас ойликнинг баҳридан ўтиб, ҳар йил бир китоб чиқарсангиз, кўнглингиз хотиржам, қулоғингиз тинч, чўнтагингиз ўн карра бақувват ¬бўлади-ку.

Домла жавоб берар эдилар:
— Шундайликка шундай. Лекин мен кетаман, десам директоринг хафа бўлади-да. Дўстимни ранжитсам бўлмас.

Биз устознинг бу сўзини директорга айтиб, домлага рухсат беринг, пенсия ёшидалар, чарчаганлар, десак, директор: “Домланг ўзи сўрамаса, ариза бермаса, мен қандай қилиб кет, дейман”, дерди.

Бу ўзаро кўнгилчанлик яна бир йилча давом этди. Сўнг олдинма-кейин учовлон ҳам “ўз аризамизга кўра” нашриётни тарк этдик. Манас, Данте, Гёте мушкулимизни осон қилди. Уч буюк шоҳ асар таржимасини зиммамизга олиб нашриёт билан хайрлашдик.

Абдулла ОРИПОВ
КАРВОН

Сизга ташланмади, оҳ, не-не зотлар,
Улар ҳам мўминга ташланар эди.
Ташланмаса дили ғашланар эди,
Улар пучак жонлар, аҳли бедодлар.

Жиндеккина нозик феълингиз билан
Сокин бир қўнғироқ чалиб ўтдингиз.
Ёруғлик кунларни бедор кутдингиз,
Дардлашдингиз фақат элингиз билан.

Нечоғлик ҳокисор эдингиз, устоз,
Ялангтўш, меҳнаткаш, қалам деҳқони.
Қадим Туркистоннинг танти ўғлони,
Покиза эдингиз мисли оқ қоғоз.

Не-не ўлкаларнинг не даҳолари
Сиз боис ўзбекча сўйлаган эди.
Сизнинг лафзингизда куйлаган эди,
Қошғарийдан қолган тил садолари.

Шеърингиз учқуру ўзингиз карвон,
Манзилга шошилмай келар эдингиз.
Оҳ, устоз,ҳолбуки билар эдингиз-
Югурик даврондир асли бу даврон.

Сизнинг армонингиз яшар қароғда,
Балки у бўйлагай асрларни ҳам.
Во дариғ, мана шу сатрларни ҳам
Ёзсам бўлмасмиди сиз тирик чоғда.

1977

Эркин Воҳидов
ШОИРЛИК

Устоз Миртемирни излаб

Шоирлик — бу ширин жондан кечмакдир,
Лиммо-лим фидолик майин ичмакдир.
Шоирлик — жигарни минг пора этмак,
Бағир қони билан сатрлар битмак.

Ўзни томчи-томчи, зарра ва зарра
Элга қурбон қилиб, энг сўнгги карра
Армон билан демак: «Эй она юртим,
Кечир, хизматингни қилолмай ўтдим».

Шундоқ яшар асли соҳиби ижод,
Шундоқ яшаб ўтди Миртемир устод.

1980

Саъдулла Сиёев.
АНОЙИ ЭМАС ЭКАН

3_6.jpgМиртемир ака ўзбекнинг ўзидек содда, жайдари ва донишманд эди. У кишининг ҳалимдек юмшоқ кўнгли, тўпорилиги ҳақида қалам аҳли орасида турли латифалар юрарди. Шулардан бирини эшитинг.

Домла шаҳардаги катта бир идорага бошлиқ бўлиб қолибди. Юзлаб одамларнинг тақдири унинг қўлида эмиш. Бир куни у киши ўзлари хуш кўрадиган “Краснопреснинская” деган сигаретни тутатиб ўтирса, ҳузурига бир аёл кирибди. Миртемир ака азалдан ниҳоятда илтифотли эди, хусусан аёлларнинг иззатини жойига қўя биларди. Домла ҳалиги аёлга тўрдан жой кўрсатибди, чой қуйиб узатибди ва ҳол сўрабди. Аёл эридан шикоят қилибди. Унинг эри Миртемир ака раҳбарлик қилаётган ташкилотда ишлар экан.
– Хўжайин кунига, кунора ичиб келадилар. Рўзғордан барака қочди, болаларга тинчлик йўқ, қўни- қўшнидан уялиб ўладиган бўлдим. Куёвингизни бир тартибга чақириб қўйсангиз, домла.

Миртемир ака ора-чора “Вой, бетавфиқ”, “Вой, ноинсоф” деб турибди. Аёлни овутган бўлибди.

Энди латифанинг охирига қулоқ солинг. Арзгўй аёл йиғлаб-сиқтаб бўлгандан кейин Миртемир ака уни қабулхонагача кузатиб чиқибди. Болаларингизга у-бу олинг, деб бир оз пул ҳам берибди ва шундай дебди:
– Кўп куйинманг, синглим. Ҳар бир аёлнинг бошида бор бу савдо. Куёв бола бир куни инсофга келиб қолар. Беш болангиз бор экан, на чора, бир амаллаб яшаб турасиз энди.

“Куёвни тартибга чақириб қўйиш” ҳақида оғиз ҳам очилмади. Аслида “Миртемир директор”, “Миртемир амалдор” деган сўзлар нечоғлик ғайритабиий туюлса, Миртемир аканинг бировга қаттиқ-қуруқ гапириши ёхуд танбеҳ бериши ҳам ақлга сиғмас эди.

Мен бу латифани шунчаки, устознинг соддалигини тасдиқлаш учун келтирганим йўқ. Латифа баҳона бир воқеа эсимга тушди.

Миртемир аканинг мухлислари орасида ёши ўтинқираган бир шоир бор. Аслида уни шоир дейишга ҳам тилингиз бормасди. Негаки, бу қофия устасининг ёзганлари икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш, кўпинча баландпарвоз чақириқлардан иборат бўларди. Масалан, бир шеърида у шундай дейди:

Қутлуғ бўлсин, пахтакорлар, хирмонингиз,
Бу дунёда ҳеч қолмасин армонингиз.

Бу чўбукқалам Миртемир акага яқинроқ ерда турарди. Шунинг учун домлага суйкаланиб келаверар, баҳонада ёзган-чизганларини Миртемирдек сўз заргарининг назаридан ўтказиб олишни ўйларди. Мен неча бор Миртемир аканинг учи ўткир қалам билан лабини буриб, бу ҳайбаракаллачи назмгўйнинг “шиғирларини” бўяб ўтирганини кўрганман.

Бир куни китоб дўконига кирдим. Қарасам, ўша шоири замоннинг китоби чиқибди. У пештахтада ярқираб турарди. Муқовасига ҳавас қилиб қўлга олдим. Варақладим. Юрагим шув этди. Китобга Миртемир ака сўзбоши ёзибди! Кўзларимга ишонмай, қайта-қайта имзога боқдим: “Миртемир, Ўзбекистон халқ шоири”. Тик турганча мухтасар сўзбошини ўқиб чиқдим. “Улуғ алломалар ҳам адашар экан-да, – дедим ичимда, – кимсан Миртемир бўлатуриб, шу халтурачига оқ йўл тилабди”.

Орадан бироз вақт ўтди. Бир куни айланиб Миртемир аканикига бордим. Анчагача миқ этмай ўтирганман шекилли, домланинг ўзи гап очди:
– Ҳм, нима гап? Бугун парвозинг пастроқ кўринадими?

– Биз сиздан хафамиз, – дедим отасидан аразлаган боладай писандалик билан.
– Э, тағин нима бўлди? Биздан бирон хатолик ўтибдими?

– Фалончиевнинг китобига сўзбоши ёзиб берибсиз-ку? Фалончиев ундоқ шоир, бундоқ шоир, деб. Миртемир акага нима бўлди, деб ҳамма ҳайрон.
– Ундай бўлса, мен ҳам сенларга ҳайронман, – деди Миртемир ака жилмайиб, – сўзбошини яхшилаб ўқиб чиқинглар. Миртемирнинг жиндай соддалиги бўлса бордир, аммо у бировлар ўйлагандек анойи эмас.

Домла токчадан ўша шоирнинг китобини келтириб, олдимга ташлади:
– Мана, қайта ўқиб чиқ-чи, шоир дебманми, йўқми?

Сўзбошини синчиклаб ўқий бошладим. Икки карра ўқиб чиқдим. Тавба! Миртемир ака қўшнисини “қўшиқчи” деган, “назмгўй” деган, «шеърият ошиғи» деган, лекин бирор ерда “шоир” демаган эди! Қойил! Ёшлар китобга қараб ўқий олмайдиган нарсани кексалар сувга қараб ўқийди, деганлари рост экан-да.

Китобни қизариб столга қўйдим. Миртемир ака менга танбеҳ бермади, аксинча ўзини оқлаган бўлди:
– Кўздай қўшним, не қилай, бўтам? Кунда-кунора шеър кўтариб киравериб, безор қилиб юборди. Ўзи ёмон одам эмас. Лекин шеърларини ўқиб бўлмайди. Ахир, қўшничилик ҳақини тўлаш керак-да, а лаббай? У ёғини сўрасанг, одамнинг юзи иссиқ. Биров кўзингга мўлтираб қараб туриб, мадад сўраса йўқ деёлмас экансан. Ке, қўй, бу гапларни, чойдан қуй бўтам.

48.jpg Хуршид Даврон
МИРТЕМИР ХОТИРАСИГА

Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Йиғилишдик. Жиддий ва маҳзун –
Улғайганин сездим дўстларни.
Куй оқарди ғам каби узун
Қўзғатганча дилда ҳисларни.

Дафндан сўнг қайтдик букчайиб,
Эзар эди кўринмас тобут.
Қор сувида юзларни чайиб
Шивирладик: юрак, ёдда тут!

Шаҳар узра ёғиларди қор,
Туяр эдик муз нафасини.
Узоқларда кезарди баҳор,
Биз йўқотиб қўйганда сени.

Шунда кимдир, ким у, эсда йўқ,
Деди ғамгин эгганича бош:
“Тобутини кўтарган чоғим
Қабоғида кўрдим томчи ёш.

Оҳ, дўстларим, юрагим сезди –
У кузатар эди бизларни.
Қабоқда ёш, у йиғлар эди,
Қийнаб қўйдим, дея, сизларни”.

1978

USTOZ MIRTEMIRGA
BAG’ISHLOV
009

Erkin VOHIDOV
KO’NGILCHANLIK

011.jpgMirtemir domla o’ta ko’ngilchan inson edilar. Bir kuni nashriyotning uzun yo’lagidan bir odam domlaga qarab, “e, bormisiz, sizni ham ko’radigan kun bor ekan-ku”, deya quchoq ochib kela boshladi. Domla u bilan xush kayfiyatda qadrdonlarcha quchoqlashib ko’rishdilar. Obdon chaqchaqlashib bo’lishgach, yana quchoqlashib xayrlashdilar. Eshikkacha kuzatib qaytgach, bizdan so’radilar:
— U odam kim?

Hammamiz hayron bo’ldik:
— Ajabo, o’zingiz quchoqlashib ko’rishdingiz, uzoq otamlashdingiz. Qadrdoningiz emasmi?
— Umrimda ko’rgan bo’lsam, o’lay.
— Unda nega endi…
— Ay, bo’talarim-a! Uzoqdan quchoq ochib kelgan odamga, kimsan, deb bo’ladimi? Andisha bor-ku, o’zbekmiz-ku! — deya biroz sukut qilgach, qo’shib qo’ydilar: — Bir elning bolalari tug’ishgan bo’ladilar. Og’amdir, inimdir, bitta qadrdonim ko’paysa ko’payibdi-da!

Yetmishinchi yillarda she’riyat ham, otaxon shoirimiz G’afur G’ulom nomi bilan atalgan nashriyot ham gurkiragan, lekin ana shu nashriyotning ayni she’riyat bo’limida ishlar pachava edi. Bo’limda Mirtemir domla, Abdulla Orif va kamina ishlar edik. Domla shogirdlardan, Abdullajon muxlislardan, men shaxmatdan ortmas edik. Qo’lyozmalar vaqtida topshirilmagan, korrekturalar o’qilmagan, plan bajarilmagan, hamma ish o’lda-jo’lda. Nashriyot direktori bir majlisda ¬zarda bilan, she’riyat bo’limini yopish, tarqatish kerak, degan. O’shanda eo’r javob aytilgan edi:

— Tarqatish uchun avval yig’ish kerak. Uch xodimni to’plab bo’lmasa, qanday tarqatasiz?
— To’playman, tarqataman, — dedi, direktor va aytganini qildi. Ya’ni uchovimizni o’z xonasida yig’di.
Ajoyib inson edi direktorimiz To’lqin Rustamov. Mirtemir domla bilan tengdosh, eski qadrdon, sensirashib gaplashadigan o’rtoq edi.

Rahbar uzoq gapirdi. Partiya siyosati, davlat oldidagi mas’uliyat, nashriyot plani, intizom nima ekanini bizga yaxshilab uqtirdi. Mirtemir domla uning har gapiga bosh irg’ab ma’qullab o’tirdilar. Oxiri ma’lum bo’ldiki, biror so’z domlaning tom bitgan qulog’iga kirmabdi. Direktor:
— Mirtemir, qani ayt, gaplarim to’g’rimi? — deganda ustoz:
— To’g’ri aytasan, To’lqin, bibliotekani tartibga solmasa bo’lmaydi, — dedilar.

Tashqariga chiqqach, domlani o’rtaga oldik. Ustoz:
— O’lay agar, bir og’iz so’zini ham eshitmadim, uyat bo’ldi, juda uyat bo’ldi, — derdilar.
— Qattiqroq gapir, desangiz bo’lmasmidi, axir o’z qadrdoningiz-ku!
— Oshnam bo’lsa ham xo’jayinim. Rahbarga indab bo’ladimi! Kattakonning gapini bo’lish odobdan emas, bo’talarim.

Biz Mirtemir domlaga aytardik:
– Biz yoshlar davlat xizmatini qilishga majburmiz. Siz ulug’ shoirsiz. Shu arzimas oylikning bahridan o’tib, har yil bir kitob chiqarsangiz, ko’nglingiz xotirjam, qulog’ingiz tinch, cho’ntagingiz o’n karra baquvvat bo’ladi-ku.

Domla javob berar edilar:
— Shundaylikka shunday. Lekin men ketaman, desam direktoring xafa bo’ladi-da. Do’stimni ranjitsam bo’lmas.

Biz ustozning bu so’zini direktorga aytib, domlaga ruxsat bering, pensiya yoshidalar, charchaganlar, desak, direktor: “Domlang o’zi so’ramasa, ariza bermasa, men qanday qilib ket, deyman”, derdi.

Bu o’zaro ko’ngilchanlik yana bir yilcha davom etdi. So’ng oldinma-keyin uchovlon ham “o’z arizamizga ko’ra” nashriyotni tark etdik. Manas, Dante, Gyote mushkulimizni oson qildi. Uch buyuk shoh asar tarjimasini zimmamizga olib nashriyot bilan xayrlashdik.

Abdulla ORIPOV
KARVON

Sizga tashlanmadi, oh, ne-ne zotlar,
Ular ham mo‘minga tashlanar edi.
Tashlanmasa dili g‘ashlanar edi,
Ular puchak jonlar, ahli bedodlar.

Jindekkina nozik fe’lingiz bilan
Sokin bir qo‘ng‘iroq chalib o‘tdingiz.
Yorug‘lik kunlarni bedor kutdingiz,
Dardlashdingiz faqat elingiz bilan.

Nechog‘lik hokisor edingiz, ustoz,
Yalangto‘sh, mehnatkash, qalam dehqoni.
Qadim Turkistonning tanti o‘g‘loni,
Pokiza edingiz misli oq qog‘oz.

Ne-ne o‘lkalarning ne daholari
Siz bois o‘zbekcha so‘ylagan edi.
Sizning lafzingizda kuylagan edi,
Qoshg‘ariydan qolgan til sadolari.

She’ringiz uchquru o‘zingiz karvon,
Manzilga shoshilmay kelar edingiz.
Oh, ustoz,holbuki bilar edingiz-
Yugurik davrondir asli bu davron.

Sizning armoningiz yashar qarog‘da,
Balki u bo‘ylagay asrlarni ham.
Vo darig‘, mana shu satrlarni ham
Yozsam bo‘lmasmidi siz tirik chog‘da.

1977

Erkin VOHIDOV
SHOIRLIK

Ustoz Mirtemirni izlab

Shoirlik — bu shirin jondan kechmakdir,
Limmo-lim fidolik mayin ichmakdir.
Shoirlik — jigarni ming pora etmak,
Bag‘ir qoni bilan satrlar bitmak.

O‘zni tomchi-tomchi, zarra va zarra
Elga qurbon qilib, eng so‘nggi karra
Armon bilan demak: «Ey ona yurtim,
Kechir, xizmatingni qilolmay o‘tdim».

Shundoq yashar asli sohibi ijod,
Shundoq yashab o‘tdi Mirtemir ustod.

1980

Sa’dulla Siyoev.
ANOYI EMAS EKAN

Mirtemir aka o’zbekning o’zidek sodda, jaydari va donishmand edi. U kishining halimdek yumshoq ko’ngli, to’poriligi haqida qalam ahli orasida turli latifalar yurardi. Shulardan birini eshiting.
Domla shahardagi katta bir idoraga boshliq bo’lib qolibdi. Yuzlab odamlarning taqdiri uning qo’lida emish. Bir kuni u kishi o’zlari xush ko’radigan “Krasnopresninskaya” degan sigaretni tutatib o’tirsa, huzuriga bir ayol kiribdi. Mirtemir aka azaldan nihoyatda iltifotli edi, xususan ayollarning izzatini joyiga qo’ya bilardi. Domla haligi ayolga to’rdan joy ko’rsatibdi, choy quyib uzatibdi va hol so’rabdi. Ayol eridan shikoyat qilibdi. Uning eri Mirtemir aka rahbarlik qilayotgan tashkilotda ishlar ekan.
– Xo’jayin kuniga, kunora ichib keladilar. Ro’zg’ordan baraka qochdi, bolalarga tinchlik yo’q, qo’ni- qo’shnidan uyalib o’ladigan bo’ldim. Kuyovingizni bir tartibga chaqirib qo’ysangiz, domla.
Mirtemir aka ora-chora “Voy, betavfiq”, “Voy, noinsof” deb turibdi. Ayolni ovutgan bo’libdi.

Endi latifaning oxiriga quloq soling. Arzgo’y ayol yig’lab-siqtab bo’lgandan keyin Mirtemir aka uni qabulxonagacha kuzatib chiqibdi. Bolalaringizga u-bu oling, deb bir oz pul ham beribdi va shunday debdi:
– Ko’p kuyinmang, singlim. Har bir ayolning boshida bor bu savdo. Kuyov bola bir kuni insofga kelib qolar. Besh bolangiz bor ekan, na chora, bir amallab yashab turasiz endi.
“Kuyovni tartibga chaqirib qo’yish” haqida og’iz ham ochilmadi. Aslida “Mirtemir direktor”, “Mirtemir amaldor” degan so’zlar nechog’lik g’ayritabiiy tuyulsa, Mirtemir akaning birovga qattiq-quruq gapirishi yoxud tanbeh berishi ham aqlga sig’mas edi.

Men bu latifani shunchaki, ustozning soddaligini tasdiqlash uchun keltirganim yo’q. Latifa bahona bir voqea esimga tushdi.

Mirtemir akaning muxlislari orasida yoshi o’tinqiragan bir shoir bor. Aslida uni shoir deyishga ham tilingiz bormasdi. Negaki, bu qofiya ustasining yozganlari ikki tomchi suvdek bir-biriga o’xshash, ko’pincha balandparvoz chaqiriqlardan iborat bo’lardi. Masalan, bir she’rida u shunday deydi:

Qutlug’ bo’lsin, paxtakorlar, xirmoningiz,
Bu dunyoda hech qolmasin armoningiz.

Bu cho’bukqalam Mirtemir akaga yaqinroq yerda turardi. Shuning uchun domlaga suykalanib kelaverar, bahonada yozgan-chizganlarini Mirtemirdek so’z zargarining nazaridan o’tkazib olishni o’ylardi. Men necha bor Mirtemir akaning uchi o’tkir qalam bilan labini burib, bu haybarakallachi nazmgo’yning “shig’irlarini” bo’yab o’tirganini ko’rganman.

Bir kuni kitob do’koniga kirdim. Qarasam, o’sha shoiri zamonning kitobi chiqibdi. U peshtaxtada yarqirab turardi. Muqovasiga havas qilib qo’lga oldim. Varaqladim. Yuragim shuv etdi. Kitobga Mirtemir aka so’zboshi yozibdi! Ko’zlarimga ishonmay, qayta-qayta imzoga boqdim: “Mirtemir, O’zbekiston xalq shoiri”. Tik turgancha muxtasar so’zboshini o’qib chiqdim. “Ulug’ allomalar ham adashar ekan-da, – dedim ichimda, – kimsan Mirtemir bo’laturib, shu xalturachiga oq yo’l tilabdi”.

Oradan biroz vaqt o’tdi. Bir kuni aylanib Mirtemir akanikiga bordim. Anchagacha miq etmay o’tirganman shekilli, domlaning o’zi gap ochdi:
– Hm, nima gap? Bugun parvozing pastroq ko’rinadimi?
– Biz sizdan xafamiz, – dedim otasidan arazlagan boladay pisandalik bilan.
– E, tag’in nima bo’ldi? Bizdan biron xatolik o’tibdimi?
– Falonchievning kitobiga so’zboshi yozib beribsiz-ku? Falonchiev undoq shoir, bundoq shoir, deb. Mirtemir akaga nima bo’ldi, deb hamma hayron.
– Unday bo’lsa, men ham senlarga hayronman, – dedi Mirtemir aka jilmayib, – so’zboshini yaxshilab o’qib chiqinglar. Mirtemirning jinday soddaligi bo’lsa bordir, ammo u birovlar o’ylagandek anoyi emas.

Domla tokchadan o’sha shoirning kitobini keltirib, oldimga tashladi:
– Mana, qayta o’qib chiq-chi, shoir debmanmi, yo’qmi?

So’zboshini sinchiklab o’qiy boshladim. Ikki karra o’qib chiqdim. Tavba! Mirtemir aka qo’shnisini “qo’shiqchi” degan, “nazmgo’y” degan, «she’riyat oshig’i» degan, lekin biror yerda “shoir” demagan edi! Qoyil! Yoshlar kitobga qarab o’qiy olmaydigan narsani keksalar suvga qarab o’qiydi, deganlari rost ekan-da.

Kitobni qizarib stolga qo’ydim. Mirtemir aka menga tanbeh bermadi, aksincha o’zini oqlagan bo’ldi:
– Ko’zday qo’shnim, ne qilay, bo’tam? Kunda-kunora she’r ko’tarib kiraverib, bezor qilib yubordi. O’zi yomon odam emas. Lekin she’rlarini o’qib bo’lmaydi. Axir, qo’shnichilik haqini to’lash kerak-da, a labbay? U yog’ini so’rasang, odamning yuzi issiq. Birov ko’zingga mo’ltirab qarab turib, madad so’rasa yo’q deyolmas ekansan. Ke, qo’y, bu gaplarni, choydan quy bo’tam.

 Xurshid Davron
MIRTEMIR XOTIRASIGA
009

Shahar uzra yog’ilardi qor,
Tuyar edik muz nafasini.
Uzoqlarda kezardi bahor,
Biz yo’qotib qo’yganda seni.

Yig’ilishdik. Jiddiy va mahzun –
Ulg’ayganin sezdim do’stlarni.
Kuy oqardi g’am kabi uzun
Qo’zg’atgancha dilda hislarni.

Dafndan so’ng qaytdik bukchayib,
Ezar edi ko’rinmas tobut.
Qor suvida yuzlarni chayib
Shivirladik: yurak, yodda tut!

Shahar uzra yog’ilardi qor,
Tuyar edik muz nafasini.
Uzoqlarda kezardi bahor,
Biz yo’qotib qo’yganda seni.

Shunda kimdir, kim u, esda yo’q,
Dedi g’amgin egganicha bosh:
“Tobutini ko’targan chog’im
Qabog’ida ko’rdim tomchi yosh.

Oh, do’stlarim, yuragim sezdi –
U kuzatar edi bizlarni.
Qaboqda yosh, u yig’lar edi,
Qiynab qo’ydim, deya, sizlarni”.

1978

044

(Tashriflar: umumiy 523, bugungi 1)

Izoh qoldiring