Turnalar qaytadi. Matnazar Abdulhakim bilan suhbat & Shoirning o’zi o’qigan she’rlari

Ashampoo_Snap_2017.12.15_16h19m26s_002_.png  Эътиқод изланиши инсоният тарихида энг оғир изланиш, энг уқубатли саодатдир. Шунинг учун ҳам бу йўлда эришилган маънавий қадриятлардек бебаҳо мулк ҳам, бу йўлда йўқотилган, бой берилган маслаклар каби мудҳиш жудоликлар ҳам йўқ…

ТУРНАЛАР ҚАЙТАДИ
Матназар Абдулҳаким билан суҳбат
009

 Ashampoo_Snap_2017.12.15_16h20m08s_004_.png Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилояти Урганч туманида туғилган. Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти иститутини тамомлаган. “Тиниқ тонглар” (1982), “Фасллар қўшиғи” (1984), “Қор қўшиғи” (1990), “Ёнимдаги дарёлар” (1993), “Қорачиқдаги дунё” (1994), “Бир қужоқ гул”, “Ойдинлик” (1997), “Сўнгги япроқ” (1999), “Жавзо ташрифи”, “Кўприк”(2009) номли китоблари чоп қилинган.
Шунингдек, М. Абдулҳакимнинг Бедил, П.Маҳмуд, Н.Кубро, Ш.Мажидиддин Бағдодий, Х.Абулвафо Хоразмий, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Рожий, Аҳмад Табибийдан қилинган “Табаррук ташриф”, “Ким агар озоддур”, “Жамолинг менга бас”, “Такаллум”, “Кўнгил кўзлари”, “Ой кетди, офтоб келди”, “Мангулик жамоали”, “Азизлар анжумани”, “”Ишқ ёғдуси”, “Ҳумо парвози” таржима китоблари, “Иймон ёғдуси”, “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” номли илмий асарлари чоп қилинган. Матназар Абдулҳаким 1998 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган.

009

– Матназар оға! Мабодо тоғ билан тоғ учрашса албатта, тошлар ҳақида гапиришган бўлишарди. Тоғнинг бор бисоти тош бўлса, шоирники – шеърлари. Келинг, суҳбатни шеъриятдан бошласак.

– Гапни мунозарадан бошласак ҳам бўлавераркан. Негаки, тоғнинг тошлардан бошқа бисоти ҳам кўп. Масалан – ёнбағирларда ўсган ўрмонлар, чўққилардаги қорлар, оҳулар, лочинлар, лолазорлар… Тоғларнинг қаъриларидаги лаълу жавоҳирларни айтмайсизми. Фарҳод ва Ширинларни ҳам тоғнинг «бисоти» деворсам, нима дейсмз? Хуллас тоғнинг тошлардан бошқа бойлиги кўп бўлгани каби, шоирнинг маънавиятида ҳам шеърдан бошқа қадриятлар бисёр бўлади. Бироқ, худди, тоғнинг бор бойликлари у ёки бу тарзда тошлар билан боғлиқ бўлгани каби, шоирнинг руҳиятидаги гўзалликлар ҳам у ёки бу даражада шеъриятга даҳлдордир. Ана шу маънода мен Сизнинг фикрингизга қўшиламан ва суҳбатимизни шеъриятдан бошлашга розиман.

Биласизми, шеъриятнинг қирралари кўп. Мен шартли бир тарзда «шеърият ва замондошларимиз» деган мавзуда жавоб бера қолай. Мен ўз шеърларимдан бирида минора билан завод мўрисини муқояса қилиб, гарчи ҳар иккаласида муштараклик бўлса-да, вазифалари бошқа-бошқа. Биттасига чиқиб ибодатга даъват этилади, иккинчиси осмонга заҳарли тутунларни чиқариб юборади, деган маънода фикр билдирган эдим. Шу дегандек, шеърда ҳам шеър бор. Шеърга муносабат, асосан у ёки бу шеърнинг қандай шеърлиги ва бу шеърнинг ким томонидан ўқилаётганлигидадир.

Менинг назаримда, ҳар бир шоир, истеъдоди қай даражада бўлишидан қатъий назар битилмаган бир қонунга амал қилмоғи керак, шундай қилса у, ҳеч бўлмаса бир балодан – ўз имкониятидан пасг даражада шеър ёзиб қўйишдан эмин бўлади. Шоир ўз ўқувчисини ўзидан, эҳтимол, донороқ, бироқ бор-йўғи шеър ёзмайдигангина бир одам деб ўйлаб ижод қилса, бу ҳурматни шеърхон дарров пайқаб олади ва унда шоирга нисбатан жавоб эҳтиром эса ўқилаётган шеърга эътибордан иборатдир. Ўзингиздан қолар гап йўқ, бу – шоир учун улкан муваффақият.

Агар шоир эзмалик қилса, шеърхонни ўзидан нодонроқ деб ўйлаб шеър битса саломга яраша алик, деганларидек, бундай шеър ўқувчи юрагида ғашликка дуч келади. Албатта, бундай калондимоғликни фаҳм этмайдиган шеърхонлар тоифаси ҳам бор. Бундай фаросатсизларнинг жазоси эса худди мана шу қабилдаги шеърлар ва шоирлардир.

Мана шу ўринда мен болалар шоир ва ёзувчилари зиммасидаги масъулиятни алоҳида уқтириб ўтмоқчи эдим. Чунки диднинг шаклланиши болаликдаги адабий тарбияга боғлиқ. Бироқ болалардан ёмон китобхон чиқмайди. Улар ҳамиша «тан олинмаган даҳолар»дирлар, бу даҳоларни биринчи навбатда болалар учун ёзадиган адиблар тан олишлари керак. Акс ҳолда улар тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўядилар, болаларнинг потенциал жиҳатдан юксак бўлган дидларини бузадилар.

Хизмат вазифам тақозо қилганидан, ўқувчилар оммаси билан тез-тез мулоқотда бўлишимга тўғри келади, шунда таассуф билан шундай кўнгилсиз синоатнинг гувоҳи бўламан – бизнинг ёши улкан китобхонларда инфантилизм деб аталадиган иллат мавжуд.

– Узр, инфантилизмга изоҳ бериб ўтсангиз.

– Бу – руҳий ҳолат. Бу ҳолат ёши катта одамларда болалик қилиқларининг содир бўлиши тарзида кечади. Дейлик, Сиз қамиш от чоптириб кўчада шаталоқ отиб юрган эллик яшар кишини тасаввур қилинг – ўша шўрлик инфантилизм билан оғриган тентакдир. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, инфантилизм отнинг емини еб туриб тойнинг қилиғини қилишдир. Шеърхонликда кечадиган инфантилизм эса – ёши улғайганда ҳам шақилдоқ, жиддий фикрлардан ҳоли эрмак шеърларни ўқишга ружу қўйиш орқали ёхуд шундай шеърларни тинглаб завқланиш тарзида рўй беради. Бундай иллатнинг баравжлигида уқувсиз болалар шоири ва ёзувчиларининг ҳиссалари бордир.

Катталар учун ёмон асар яратган ижодкор бир гуноҳкор бўлса, кичиклар учун ёмон асар яратган қаламкаш чандон ортиқ гуноҳкордир. Ўзбек болалар адабиётининг иқтидорли намояндаси Рустам Назарнинг бир фикри яхши эсимда. «Болалар адиблари шундай асарлар яратмоқлари керакки, бу асарни ўқиган болалар бирмунча катта ёшлик ва катта ёшлилар бирмунча болакай бўлиб қолсинлар». Бу – бошқа гап. Бу «руҳ-лар алмашинуви»нинг инфантилизмга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу алмашинув овқатга солинган туздек ўз меъёрида бўлса, болаларни улғайтириб, улканларни ёшартириб туради.

– Хўш, болалар адабиётимизда бундай камчилик-ку бор экан, болаларимизни бундай асарлардан ким ҳимоя қилади?

– Ўқитувчи. Шунга мен қаттиқ ишонаманки, ҳозир халқимизга яхши шоирлардан ҳам кўра яхши ўқитувчилар керак. Улар дидли, норасидаларимизни хом-хатала асарлар балосидан муҳофаза қилиб биладиган даражада маънавий баркамол бўлмоқлари лозим. Шу маънода уларнинг энг яхшиларига ҳатто дарсликларга муте бўлиб қолмайдиган даражада ўқитиш эркинлигини бериш зарур.

– Илмнинг қадри ҳақида нима дейсиз? Яқин-яқинларгача ҳатто сотувчилар ҳам махсус ўқув юртини битказишар эди. Энди эса бир думалаб ҳамма савдогар бўлиб кетяпти…

– …ва бинойидек савдо қилишяпти. Мен бу ўринда, албатта, ҳозирги иқтисодий муаммолар ҳақида муҳокама юргизмоқчи эмасман. Бироқ шуни айтмоқчиманки, сохта илмдан, майли бундайроқ бўлса ҳам, самимий амал яхши. Илгариги ва баъзан ҳозирги давлат дўконларида харидорга худди ота душманидек қўрслик билан муомала қиладиган дипломли сотувчилар қаёкдаю, ҳозирги ўзининг аллақайлардандир минг машаққат билан топиб келган молини сотишдан жон-дили билан манфаатдор бўлган савдогарларимизнинг одоб-икроми қайда.

Кейинги ярим асрда савдо одамларни бир-бирига, юмшоқроқ қилиб айтсам, лоқайд қилиб қўйди. Сотувчи ўз меҳнатининг қонуний натижасидан илгари жуда кам манфаат кўрар эди, шу сабаб молини сота олмаслик унинг учун улкан фожеа эмас, бинобарин у харидордўст эмас эди. Шунинг учун уни нўноқ савдогар бўлиш балосидан ҳеч қандай диплом ҳам халос қила олмасди.

Умуман, бизда узоқ йиллардан бери профессионализм ҳурмат қилинмай келинади. Хоҳ у врач бўлсин, хоҳ инженер ва ҳоказо касб эгаси бўлсин, ўз ўқиш муддатининг ярмидан кўпроғини касбига алоқадор бўлмаган «изм»ларни ўрганишга исроф қилишга мажбур эди.

Оқибатда мамлакатимизда чала мутахассислар армияси улғайди, гарчи аҳолининг фалон проценти «олий маълумотли» бўлса ҳам, бизда ҳозир жаҳон стандартларига жавоб берадиган мутахассислар кам. Собиқ СССР мамлакатларидан ривожланган мамлакатларга кетиб ишлаётгай, илгари бу ерда юқори малакали ҳисобланган кишиларнинг аксари ўз мутахассислиги даражасидан анча паст бўлган ишларда ишлашга мажбур бўлмоқдалар.

Илмнинг биздаги анча шиширилган обрўсидан воз кечиш, дипломталаблик эмас, илм-амалталаблик дастурлари устивор қилинмас экан, «илм» ҳаётни, ҳаёт «илм»ни орқага тортиб бораверади. Ҳамма мамлакатлар ҳам буҳронлардан фақат бир йўл билан – мактаб ва маориф ишини соғломлаштириш орқали чиқиб кетганлар. Биз ҳам ҳозир ана шу синалган йўлдан бормоғимиз керак ва шу томонга бурилиш сезилаётир ҳам.

– Эътиқод тушунчасига қандай қарайсиз? Бир донишманд дорда осилиб турган ўғрининг оёғини ўпибди. Сабабини сўрашса: «Ўз ғояси, эътиқоди йўлида бошини дорга қадар юксалтирибди. Бу – эътиқодга садоқат» деб жавоб берибди.

– Ўғирлик билан эътиқоднинг фарқига бормайдиган файласуфга суф. Мансур ибн Халложни эътиқоди учун аввал дорга осиб, кейин товонидан бошлаб терисини шилишган деб айтадилар. Ана шундай кишининг оёғини ўпса, ҳалиги файласуфни тушунган бўлур эдим.

– Инсон руҳияти қизиқ – таъқиқланган нарсага ўч бўлади. Бир пайтлари ҳаммамиз намоз ўқимоқчи, мачитга бормоқчи эдик. Энди бўлса рухсат бору иштиёқ йўқ. Биз худога ишонмасак ҳам худо бизга ишонади…

– Етмиш йил мобайнида қирғин-қатағонлар билан тафаккуримизга киритилган иблисни бир ҳа-ҳу билан ҳайдаб чиқариб бўлмайди. Бу жуда оғир жараён. Умуман, бундан олдинги саволингиз билан ҳозирги савол бири иккинчисининг узвий давоми бўлаётир, жавобни ҳам шунга яраша давом эттира қолай: Эътиқод изланиши инсоният тарихида энг оғир изланиш, энг уқубатли саодатдир. Шунинг учун ҳам бу йўлда эришилган маънавий қадриятлардек бебаҳо мулк ҳам, бу йўлда йўқотилган, бой берилган маслаклар каби мудҳиш жудоликлар ҳам йўқ.

– Бир киши эшак сотиб олибди. Аммо у йўлда ҳеч тўғри юрмас эмиш – гоҳ у уйнинг, гоҳ бу уйнинг олдига бурилаверармиш. Суриштириб билишсаки, олдин у бир тиланчиники бўлган экан. Демоқчиманки, эътиқоди ҳар кўчага бурилаверадиган одамларимиз кўпайиб бораётибдими?

– Ҳар кўчага бурилаверадиган эътиқод эътиқод эмас, балки эътиқод либосига бурканиб олган буқаламунликдир. Қолаверса… эшакни сотиб олишдан аввал, илгари у кимники бўлганлигини сўраб-суриштириб, кейин харидор бўлиш лозим. Дуч келган даллолга ишонавермаслик херак.

– Ўзингиз кутган савол?

– «Илгари ҳамма пахтакор эди, энди ҳамма савдогар. Сизга бу ҳол эриш туюлмайдими?» Бозор деб аталган аждаҳонинг жиғилдонини фақатгина четдан келтирилган моллар эвазига тўйдириб бўлмайди. Фақатгина ажнабий моллар бугунми-эрта унинг меъдасига тегади. Умид қиламанки, биз ана шу меъдага тегиш билан баробар, ўз ишлаб чиқаришимизни яна ҳам кенгроқ йўлга қўя бошлаймиз ва бу ўзининг қутлуғ самараларини беради. Бозорга кетиб қолган ўқитувчиларимиз «собиқ»ликдан қутулиб, яна мактаблар бағрига қайтадилар. Ҳозир Президентимиздан тортиб энг оддий фуқарогача бунга ишонч ва умид билдирмоқда. Бу ўзининг ҳозирча бир қадар камтарин самараларини кўрсата бошлади. Меҳнат ва сабр, сабр ва меҳнат. Менимча, ҳозирги куннинг шиори мана шундан иборат бўлмоғи зарур. Албатта, меҳнатда ҳам меҳнат, сабрда ҳам сабр бор! Бизнинг меҳнатимиз сабрни, сабримиз меҳнатни кучлантириб турмоғи, оқибати натижада Аллоҳнинг энг буюк мўъжизаси бўлмиш ИНСОНга муносиб ҳаёт, ҳаммамизга ўз сабримиз ва ўз меҳнатимиз даражасида бўлмоғи лозим.

Суҳбатдош: Исмоил Оллоберганов
Манба: “Ёш куч” журнали, 1997 йил, № 7

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан: Мазкур суҳбатни тайёрлаб бизга жўнатгани учун фаол муаллифларимиздан бўлмиш Иброҳим Саидовга миннатдорчилигимизни билдирамиз.

E’tiqod izlanishi insoniyat tarixida eng og‘ir izlanish, eng uqubatli saodatdir. Shuning uchun ham bu yo‘lda erishilgan ma’naviy qadriyatlardek bebaho mulk ham, bu yo‘lda yo‘qotilgan, boy berilgan maslaklar kabi mudhish judoliklar ham yo‘q…

TURNALAR QAYTADI
Matnazar Abdulhakim bilan suhbat
009

Ashampoo_Snap_2017.12.15_16h55m27s_005_.pngMatnazar Abdulhakim 1948 yil 20 fevralda Xorazm viloyati Urganch tumanida tug‘ilgan. Rossiyaning Taganrog shahridagi Rus tili va adabiyoti istitutini tamomlagan. “Tiniq tonglar” (1982), “Fasllar qo‘shig‘i” (1984), “Qor qo‘shig‘i” (1990), “Yonimdagi daryolar” (1993), “Qorachiqdagi dunyo” (1994), “Bir qujoq gul”, “Oydinlik” (1997), “So‘nggi yaproq” (1999), “Javzo tashrifi”, “Ko‘prik”(2009) nomli kitoblari chop qilingan.
Shuningdek, M. Abdulhakimning Bedil, P.Mahmud, N.Kubro, Sh.Majididdin Bag‘dodiy, X.Abulvafo Xorazmiy, Munis, Ogahiy, Komil Xorazmiy, Rojiy, Ahmad Tabibiydan qilingan “Tabarruk tashrif”, “Kim agar ozoddur”, “Jamoling menga bas”, “Takallum”, “Ko‘ngil ko‘zlari”, “Oy ketdi, oftob keldi”, “Mangulik jamoali”, “Azizlar anjumani”, “”Ishq yog‘dusi”, “Humo parvozi” tarjima kitoblari, “Iymon yog‘dusi”, “Yaldoni yoritgan nur”, “Ikkinchi muallim saboqlari” nomli ilmiy asarlari chop qilingan. Matnazar Abdulhakim 1998 yilda “O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi” unvoniga sazovor bo‘lgan.

009

– Matnazar og‘a! Mabodo tog‘ bilan tog‘ uchrashsa albatta, toshlar haqida gapirishgan bo‘lishardi. Tog‘ning bor bisoti tosh bo‘lsa, shoirniki – she’rlari. Keling, suhbatni she’riyatdan boshlasak.

– Gapni munozaradan boshlasak ham bo‘laverarkan. Negaki, tog‘ning toshlardan boshqa bisoti ham ko‘p. Masalan – yonbag‘irlarda o‘sgan o‘rmonlar, cho‘qqilardagi qorlar, ohular, lochinlar, lolazorlar… Tog‘larning qa’rilaridagi la’lu javohirlarni aytmaysizmi. Farhod va Shirinlarni ham tog‘ning «bisoti» devorsam, nima deysmz? Xullas tog‘ning toshlardan boshqa boyligi ko‘p bo‘lgani kabi, shoirning ma’naviyatida ham she’rdan boshqa qadriyatlar bisyor bo‘ladi. Biroq, xuddi, tog‘ning bor boyliklari u yoki bu tarzda toshlar bilan bog‘liq bo‘lgani kabi, shoirning ruhiyatidagi go‘zalliklar ham u yoki bu darajada she’riyatga dahldordir. Ana shu ma’noda men Sizning fikringizga qo‘shilaman va suhbatimizni she’riyatdan boshlashga roziman.

Bilasizmi, she’riyatning qirralari ko‘p. Men shartli bir tarzda «she’riyat va zamondoshlarimiz» degan mavzuda javob bera qolay. Men o‘z she’rlarimdan birida minora bilan zavod mo‘risini muqoyasa qilib, garchi har ikkalasida mushtaraklik bo‘lsa-da, vazifalari boshqa-boshqa. Bittasiga chiqib ibodatga da’vat etiladi, ikkinchisi osmonga zaharli tutunlarni chiqarib yuboradi, degan ma’noda fikr bildirgan edim. Shu degandek, she’rda ham she’r bor. She’rga munosabat, asosan u yoki bu she’rning qanday she’rligi va bu she’rning kim tomonidan o‘qilayotganligidadir.

Mening nazarimda, har bir shoir, iste’dodi qay darajada bo‘lishidan qat’iy nazar bitilmagan bir qonunga amal qilmog‘i kerak, shunday qilsa u, hech bo‘lmasa bir balodan – o‘z imkoniyatidan pasg darajada she’r yozib qo‘yishdan emin bo‘ladi. Shoir o‘z o‘quvchisini o‘zidan, ehtimol, donoroq, biroq bor-yo‘g‘i she’r yozmaydigangina bir odam deb o‘ylab ijod qilsa, bu hurmatni she’rxon darrov payqab oladi va unda shoirga nisbatan javob ehtirom esa o‘qilayotgan she’rga e’tibordan iboratdir. O‘zingizdan qolar gap yo‘q, bu – shoir uchun ulkan muvaffaqiyat.

Agar shoir ezmalik qilsa, she’rxonni o‘zidan nodonroq deb o‘ylab she’r bitsa salomga yarasha alik, deganlaridek, bunday she’r o‘quvchi yuragida g‘ashlikka duch keladi. Albatta, bunday kalondimog‘likni fahm etmaydigan she’rxonlar toifasi ham bor. Bunday farosatsizlarning jazosi esa xuddi mana shu qabildagi she’rlar va shoirlardir.

Mana shu o‘rinda men bolalar shoir va yozuvchilari zimmasidagi mas’uliyatni alohida uqtirib o‘tmoqchi edim. Chunki didning shakllanishi bolalikdagi adabiy tarbiyaga bog‘liq. Biroq bolalardan yomon kitobxon chiqmaydi. Ular hamisha «tan olinmagan daholar»dirlar, bu daholarni birinchi navbatda bolalar uchun yozadigan adiblar tan olishlari kerak. Aks holda ular tuzatib bo‘lmaydigan xatoga yo‘l qo‘yadilar, bolalarning potensial jihatdan yuksak bo‘lgan didlarini buzadilar.

Xizmat vazifam taqozo qilganidan, o‘quvchilar ommasi bilan tez-tez muloqotda bo‘lishimga to‘g‘ri keladi, shunda taassuf bilan shunday ko‘ngilsiz sinoatning guvohi bo‘laman – bizning yoshi ulkan kitobxonlarda infantilizm deb ataladigan illat mavjud.

– Uzr, infantilizmga izoh berib o‘tsangiz.

– Bu – ruhiy holat. Bu holat yoshi katta odamlarda bolalik qiliqlarining sodir bo‘lishi tarzida kechadi. Deylik, Siz qamish ot choptirib ko‘chada shataloq otib yurgan ellik yashar kishini tasavvur qiling – o‘sha sho‘rlik infantilizm bilan og‘rigan tentakdir. Soddaroq qilib aytadigan bo‘lsak, infantilizm otning yemini yeb turib toyning qilig‘ini qilishdir. She’rxonlikda kechadigan infantilizm esa – yoshi ulg‘ayganda ham shaqildoq, jiddiy fikrlardan holi ermak she’rlarni o‘qishga ruju qo‘yish orqali yoxud shunday she’rlarni tinglab zavqlanish tarzida ro‘y beradi. Bunday illatning baravjligida uquvsiz bolalar shoiri va yozuvchilarining hissalari bordir.

Kattalar uchun yomon asar yaratgan ijodkor bir gunohkor bo‘lsa, kichiklar uchun yomon asar yaratgan qalamkash chandon ortiq gunohkordir. O‘zbek bolalar adabiyotining iqtidorli namoyandasi Rustam Nazarning bir fikri yaxshi esimda. «Bolalar adiblari shunday asarlar yaratmoqlari kerakki, bu asarni o‘qigan bolalar birmuncha katta yoshlik va katta yoshlilar birmuncha bolakay bo‘lib qolsinlar». Bu – boshqa gap. Bu «ruh-lar almashinuvi»ning infantilizmga hech qanday aloqasi yo‘q. Bu almashinuv ovqatga solingan tuzdek o‘z me’yorida bo‘lsa, bolalarni ulg‘aytirib, ulkanlarni yoshartirib turadi.

– Xo‘sh, bolalar adabiyotimizda bunday kamchilik-ku bor ekan, bolalarimizni bunday asarlardan kim himoya qiladi?

– O‘qituvchi. Shunga men qattiq ishonamanki, hozir xalqimizga yaxshi shoirlardan ham ko‘ra yaxshi o‘qituvchilar kerak. Ular didli, norasidalarimizni xom-xatala asarlar balosidan muhofaza qilib biladigan darajada ma’naviy barkamol bo‘lmoqlari lozim. Shu ma’noda ularning eng yaxshilariga hatto darsliklarga mute bo‘lib qolmaydigan darajada o‘qitish erkinligini berish zarur.

– Ilmning qadri haqida nima deysiz? Yaqin-yaqinlargacha hatto sotuvchilar ham maxsus o‘quv yurtini bitkazishar edi. Endi esa bir dumalab hamma savdogar bo‘lib ketyapti…

– …va binoyidek savdo qilishyapti. Men bu o‘rinda, albatta, hozirgi iqtisodiy muammolar haqida muhokama yurgizmoqchi emasman. Biroq shuni aytmoqchimanki, soxta ilmdan, mayli bundayroq bo‘lsa ham, samimiy amal yaxshi. Ilgarigi va ba’zan hozirgi davlat do‘konlarida xaridorga xuddi ota dushmanidek qo‘rslik bilan muomala qiladigan diplomli sotuvchilar qayokdayu, hozirgi o‘zining allaqaylardandir ming mashaqqat bilan topib kelgan molini sotishdan jon-dili bilan manfaatdor bo‘lgan savdogarlarimizning odob-ikromi qayda.

Keyingi yarim asrda savdo odamlarni bir-biriga, yumshoqroq qilib aytsam, loqayd qilib qo‘ydi. Sotuvchi o‘z mehnatining qonuniy natijasidan ilgari juda kam manfaat ko‘rar edi, shu sabab molini sota olmaslik uning uchun ulkan fojea emas, binobarin u xaridordo‘st emas edi. Shuning uchun uni no‘noq savdogar bo‘lish balosidan hech qanday diplom ham xalos qila olmasdi.

Umuman, bizda uzoq yillardan beri professionalizm hurmat qilinmay kelinadi. Xoh u vrach bo‘lsin, xoh injener va hokazo kasb egasi bo‘lsin, o‘z o‘qish muddatining yarmidan ko‘prog‘ini kasbiga aloqador bo‘lmagan «izm»larni o‘rganishga isrof qilishga majbur edi.

Oqibatda mamlakatimizda chala mutaxassislar armiyasi ulg‘aydi, garchi aholining falon protsenti «oliy ma’lumotli» bo‘lsa ham, bizda hozir jahon standartlariga javob beradigan mutaxassislar kam. Sobiq SSSR mamlakatlaridan rivojlangan mamlakatlarga ketib ishlayotgay, ilgari bu yerda yuqori malakali hisoblangan kishilarning aksari o‘z mutaxassisligi darajasidan ancha past bo‘lgan ishlarda ishlashga majbur bo‘lmoqdalar.

Ilmning bizdagi ancha shishirilgan obro‘sidan voz kechish, diplomtalablik emas, ilm-amaltalablik dasturlari ustivor qilinmas ekan, «ilm» hayotni, hayot «ilm»ni orqaga tortib boraveradi. Hamma mamlakatlar ham buhronlardan faqat bir yo‘l bilan – maktab va maorif ishini sog‘lomlashtirish orqali chiqib ketganlar. Biz ham hozir ana shu sinalgan yo‘ldan bormog‘imiz kerak va shu tomonga burilish sezilayotir ham.

– E’tiqod tushunchasiga qanday qaraysiz? Bir donishmand dorda osilib turgan o‘g‘rining oyog‘ini o‘pibdi. Sababini so‘rashsa: «O‘z g‘oyasi, e’tiqodi yo‘lida boshini dorga qadar yuksaltiribdi. Bu – e’tiqodga sadoqat» deb javob beribdi.

– O‘g‘irlik bilan e’tiqodning farqiga bormaydigan faylasufga suf. Mansur ibn Xallojni e’tiqodi uchun avval dorga osib, keyin tovonidan boshlab terisini shilishgan deb aytadilar. Ana shunday kishining oyog‘ini o‘psa, haligi faylasufni tushungan bo‘lur edim.

– Inson ruhiyati qiziq – ta’qiqlangan narsaga o‘ch bo‘ladi. Bir paytlari hammamiz namoz o‘qimoqchi, machitga bormoqchi edik. Endi bo‘lsa ruxsat boru ishtiyoq yo‘q. Biz xudoga ishonmasak ham xudo bizga ishonadi…

– Yetmish yil mobaynida qirg‘in-qatag‘onlar bilan tafakkurimizga kiritilgan iblisni bir ha-hu bilan haydab chiqarib bo‘lmaydi. Bu juda og‘ir jarayon. Umuman, bundan oldingi savolingiz bilan hozirgi savol biri ikkinchisining uzviy davomi bo‘layotir, javobni ham shunga yarasha davom ettira qolay: E’tiqod izlanishi insoniyat tarixida eng og‘ir izlanish, eng uqubatli saodatdir. Shuning uchun ham bu yo‘lda erishilgan ma’naviy qadriyatlardek bebaho mulk ham, bu yo‘lda yo‘qotilgan, boy berilgan maslaklar kabi mudhish judoliklar ham yo‘q.

– Bir kishi eshak sotib olibdi. Ammo u yo‘lda hech to‘g‘ri yurmas emish – goh u uyning, goh bu uyning oldiga burilaverarmish. Surishtirib bilishsaki, oldin u bir tilanchiniki bo‘lgan ekan. Demoqchimanki, e’tiqodi har ko‘chaga burilaveradigan odamlarimiz ko‘payib borayotibdimi?

– Har ko‘chaga burilaveradigan e’tiqod e’tiqod emas, balki e’tiqod libosiga burkanib olgan buqalamunlikdir. Qolaversa… eshakni sotib olishdan avval, ilgari u kimniki bo‘lganligini so‘rab-surishtirib, keyin xaridor bo‘lish lozim. Duch kelgan dallolga ishonavermaslik xerak.

– O‘zingiz kutgan savol?

– «Ilgari hamma paxtakor edi, endi hamma savdogar. Sizga bu hol erish tuyulmaydimi?» Bozor deb atalgan ajdahoning jig‘ildonini faqatgina chetdan keltirilgan mollar evaziga to‘ydirib bo‘lmaydi. Faqatgina ajnabiy mollar bugunmi-erta uning me’dasiga tegadi. Umid qilamanki, biz ana shu me’daga tegish bilan barobar, o‘z ishlab chiqarishimizni yana ham kengroq yo‘lga qo‘ya boshlaymiz va bu o‘zining qutlug‘ samaralarini beradi. Bozorga ketib qolgan o‘qituvchilarimiz «sobiq»likdan qutulib, yana maktablar bag‘riga qaytadilar. Hozir Prezidentimizdan tortib eng oddiy fuqarogacha bunga ishonch va umid bildirmoqda. Bu o‘zining hozircha bir qadar kamtarin samaralarini ko‘rsata boshladi. Mehnat va sabr, sabr va mehnat. Menimcha, hozirgi kunning shiori mana shundan iborat bo‘lmog‘i zarur. Albatta, mehnatda ham mehnat, sabrda ham sabr bor! Bizning mehnatimiz sabrni, sabrimiz mehnatni kuchlantirib turmog‘i, oqibati natijada Allohning eng buyuk mo‘jizasi bo‘lmish INSONga munosib hayot, hammamizga o‘z sabrimiz va o‘z mehnatimiz darajasida bo‘lmog‘i lozim.

Suhbatdosh: Ismoil Olloberganov
Manba: “Yosh kuch” jurnali, 1997 yil, № 7

“Xurshid Davron kutubxonasi”dan: Mazkur suhbatni tayyorlab bizga jo‘natgani uchun faol mualliflarimizdan bo‘lmish Ibrohim Saidovga minnatdorchiligimizni bildiramiz.

067

(Tashriflar: umumiy 661, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум! Матназар оға устоз Маҳмуд Саъдий таъбири билан айтганда, вилоятда яшаб ижод қилган шоирларнинг энг тирик-тетиги эди.
    Хуршид ака, Сизга, Иброҳим дўстимизга шундай улуғ инсонни яна бир бор ёдимга солганингиз учун ташаккур.

Izoh qoldiring