Матназар Абдулҳаким шеър истаган юракларга гўзал қўним айлайди. Фақат юрак чорласа бас, кўнгил соғинса бас… Шоир қўнган юраклар яшнаган, ёшарган чаманзордир. Бу чаманзор чечакларини гўзал, меҳрли сўзлар ёмғири ювади…
УСТОЗНИ ЭСЛАБ
Шоира Шамс
Шоира Шамс (Қаландарова) 1978 йил 10 декабрда Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғида туғилган. 11-сон ўрта мактабни тугатиб, 1997 -2001 йилларда УрДУнинг “Ўзбек филологияси” факултетида таҳсил олган. Биринчи шеърий тўплами “Орзулар қояси” номи билан 2003 йилда нашр этилган. 2012 йилда “Навқирон наволар” жамоа тўпламида шеърлари нашр этилган. Янгиариқ туманининг “Янгиариқ овози”, вилоятнинг “Хоразм зиёкори”,’’Хоразм маърифати’’ республиканинг “Туркистон” ва”Маърифат” газеталарида шеърлари чоп этилган. Қаландарова Шоира Янгиариқ туман 11 –сон мактабда она тили ва адабиёти фанидан ёшларга таълим бериб келмоқда.
Гўзал оламнинг буюк Яратувчиси инсонга тенгсиз қудратли ва жуда инжа, нафис неъматини — Сўзни инъом этди. Тинимсиз туйғулар қайновида қолган сўз кўнгилнинг сайраётган жон қуши нутқига ҳарорат улашади. Бу ҳарорат ўзга қалбларга баҳорни бошлаб боради. Унда алвон чечаклар ўстиради, бениҳоя хушбўй гуллатади, идрокининг туб-тубигача туйғуларининг таъмини ҳис қилдиради. Дунё азиятларидан хира тортган дилда оппоқ тонг оттириб, унда муаттар насим эсдиради. Бу оламда Ишқ куйларини янгратади.
Оллоҳга беадад ҳамдлар бўлсинки, илҳом соҳибларини шоир қилди, носир қилди. Уларни ишқталаб мухлислар ичра эъзозли қилди. Илҳоми беназир зотларни муҳаббат ила абадиятга дохил қилди. Ана шундай самимий сатрлари ила қалбларга кўкламнинг ҳузурбахш нафасини олиб кирган, ҳикматлар сарчашмаси ила озиқ улашган юксак мақомли шоирлардан бири — устоз Матназар Абдулҳакимдир. Устознинг ёрқин хотираларини, сўз неъматидан қолдирган муҳташам боғларини зиёрат этмоқлик шогирдларга шараф бағишлайди.Зеро, асл шоирнинг изига издошлик фахрдир, сатрларини ёдламоқ эса савобдир. Устоз сатрлари туйғулар қайновидан отилади, “Жавзо”лардан юракларга сачрайди:
Бу тун алангалар совутар
Менинг ловуллаган қонимни.
Йўлларга ҳайратда боқар Самарқанд
Бир лаҳза унутиб Бибихонимни…
( “Жавзо ташрифи”. 259 –бет.)
Мана бу икки сатрда шоир мисраларида инсоний ҳаётбахшлик, шоир ўзлигини акс эттирган маслак намоён бўлади:
Тарих учун эмаслар, зотан,
Қўшиқларим ёнмоқ учундир…
( “Таъна” шеъри. 148 –бет.)
Матназар ака қаламидан тўкилган оташин сатрлар кўнгилга Ишқни чорлайди. Ишқ келар йўлларда гулзор яратади:
Сен келсанг бас, майсалар тугул
Бу йўлларда гуллар унарлар.
Сўнгра… сўнгра… ҳар бир унган гул
Кўрсатади минг –минг ҳунарлар...
(Сен келсанг бас.. 261 –бет.)
Устознинг шеър дафтарида сўзлар, сатрлар, бандлар яралиб борар экан, руҳият ичра жилваланаётган маржон топилмаларини намоён эта бошлайди. Ҳикматлар мужассамлигида шоирни моҳиятан “таний” бошлайсан. Ижодкорнинг яширин оламини қалб кўзи орқали кўра бошлайсан:
Осмон – абадийдир, ошён – муваққат,
Озодлик шарафим, эрк эса – шоним.
Қўлингга эмас, йўқ, “гаҳ” десанг фақат
Юрагингга қўниб ўтаман, жоним.
( “Эрк қўшиғи”шеъри. 225 –бет)
Матназар Абдулҳаким шеър истаган юракларга гўзал қўним айлайди. Фақат юрак чорласа бас, кўнгил соғинса бас… Шоир қўнган юраклар яшнаган, ёшарган чаманзордир. Бу чаманзор чечакларини гўзал, меҳрли сўзлар ёмғири ювади. Бу шеърларда оддий туюлган нарсалар азиз ва қадрли бўла бошлайди:
Шаррос жалаларни куйлайман
Дабдабасиз, ғариб шеърларда.
Ақлим етмас, қандай севарлар
Ёмғир ёғмайдиган ерларда…”
(“Ёмғир” шеъри. 229 –бет.)
Ёмғир ризқ – насиба, ёмғир қут – барака, поклик, тиниқлик, шаффоф ёруғлик, майинлик, илиқлик рамзидир. Бу тимсол устоз Матназар Абдулҳаким ижодида ўзининг барча сифатларини топган. Бу шеърларни пичирлар экансан, оддий ҳодисотда мужассам илоҳий гўзалликни кўра билмаган ожиз қалбларга ачинасан:
Сочилади ҳар бир томчидан
Сон минг шуъла, сон мингта зар руҳ,
Ёғар туйғу, ёғар эҳтирос,
Ёғар тавба, ёғар тазарру…
(“Ёмғир” шеъри. 229 –бет.)
Ҳаётнинг бешафқат қонунини эслатгувчи “Қарз” ҳар ўқиганимда юрагим титрайди:
Болакай минг раҳмат одобинг учун,
Илтифотинг учун минг –минг ташаккур.
Азалдан абадга мерос бўлаётир
Камёб бир холислик, тансиқ тиниқ нур.
Шунга муносибдир. Бу эзгу қарзни
Жон билан узаман бир кун, ҳойнаҳой.
Менга автобусда ўрнингни бердинг,
Сенга ер юзидан бўшатаман жой…
(64 –бет)
Устоз шеърияти қалбларни нафис оҳанглари-ю инжа туйғулари, нафосати ила тозалайди:
Фақат эзгуликлар, фақат покликлар
Мангу бўстонингда ўса олади.
…Гулга ниш урмайди асалари ҳеч,
Асалари гулдан бўса олади.
(“Табиат! Мен сени севаман” шеъри. 229 –бет.)
Асл ижодкор умри руҳиятни камол топтириш хизматига сафарбар этилган фаолиятдир. Бу фаолият баҳордай яратувчан. Бу фаолият ҳайратдай беназир.Бу фаолият сенга фақат муҳаббат улашади:
Мен сенга аталган шундай меваман,
Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.
Сендан аямайман, сени севаман.
Мен узиб бераман сенга ўзимни.
(“Бир сўз” шеъри. 18 –бет.)
Шеъриятимиз бўстонидаги ҳаётдай ям-яшил ва тириклик шовуллаган боғлардан бирини Матназар Абдулҳаким яратган. Бу боғда шоир шеърларининг ҳар бири дарахт қад кўтарган. Уларнинг сони минглабдир. Уларнинг ҳар бири юрагимга мева беради, кўзларимга рангин нур улашади.
Устоз шоир Матназар Абдулҳаким руҳларига Оллоҳнинг раҳматлари беадад бўлсин! Зеро ўзлари айтганлар:
Мени ҳалок этган азобларингдан,
Бораман тобора барҳаётлашиб…
Матназар АБДУЛҲАКИМ
«ЖАВЗО ТАШРИФИ» КИТОБИДАН
ШЕЪРЛАР ВА ДОСТОН
Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февральда Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2000). Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаган. «Тиниқ тонглар» (1982), «Фасллар қўшиғи» (1984), «Қор қўшиғи» (1990), «Ёнимдаги дарёлар» (1993), «Қорачикдаги дунё» (1994), «Бир кучоқ гул», «Ойдинлик» (1997), «Сўнгги япроқ» (1999) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган. Шоир 2010 йилда вафот этган.
ОДАМ
Ҳожи Ортиқ шеъри
Қаноат қил, нури дийдангдан
Худо ногоҳ бир кун айирса.
Таҳликага тушма, қўлларинг —
Қанотингни қисмат қайирса.
Эмасдир бу мудҳиш оқибат,
Эмасдир бу мислсиз жазо —
Вужудингда қилса тақчиллик
Бори-йўғи бирон-бир аъзо.
Нуқсонларга сабр бу, зотан,
Мўминликдир, шижоат — шахддир.
Фақатгина битта аъзодан
Иборат бўлмоқ бу — даҳшатдир.
Одамлар бор — кўздир оч, қаттиқ,
Бақрайган ва чақчайган соққа.
Тил одам бор, алжирайвериб
Айланган югурук оёққа.
Бурун одам бордир — осмонда,
Бармоқ одам шай ковламакка.
Қўл одам бор, ёқангдан олиб,
Машғул умринг эговламакка.
Одамлар бор, ҳар бир шарпага
Ҳар дам сергак, ҳар дақиқа — динг.
Бу одамлар одаммас, қулоқ.
Қулоқ бўлганда ҳам, бирмас — минг.
Бордир ияк одам — ғирт қайсар,
Нафсга бергич орин одам бор.
Фақат томоқ одам бор, афсус,
Афсус, фақат қорин одам бор.
Бир одам бор — тирсак. Йўл бермас.
Унинг даҳшатлари кўпга тан.
Безор бўлдим калла одамдан,
Зада бўлдим одам — ўпкадан.
Яна қандай одам бор? Айтмай.
Ўзинг зимдан пайқагандирсан.
Фахрланиб мағрурликдан гоҳ,
Ғамдан гоҳ бош чайқагандирсан.
Мардлар билан ҳамроҳ бўлдим гоҳ,
Қуён эдим шер одам бўлдим.
Номардларга дуч этди Худо,
Осмон эдим, ер одам бўлдим.
Сарғаяман гоҳида сўлиб,
Кўз илғамас андуҳлар чекин.
Уқубатлар мингоёқ бўлиб
Юрагимни чангаллар секин.
Лекин… лекин… битта одам бор,
Тасаллодир толган вақтимда.
Умидлардан бўлиб мосуво,
Андуҳ ичра қолган вақтимда.
Бошдан-оёқ қуёш бир одам,
Бошдан-оёқ ой бир одам у.
Жамолини лаҳза кўрмасам,
Аҳволимга вой бир одам у.
Кўз чақнатса, юлдузга дўниб,
Кулса, дурри яманлар бўлдим.
У боғ одам, у бўстон одам
Келса, мен ҳам чаманлар бўлдим.
Уни қаттиқ соғина бериб
Юрак ва кўзёш одамдирман.
Ўйлайвериб ва сўйлайбериб
Сир одам ва фош одамдирман.
Руҳинг бутун бўлсин, аё дўст,
Руҳ — мардликдир, руҳ — жиҳод, руҳ — жанг.
Мажруҳ бўлма ҳеч вақт, илоҳим,
Бутун бўлсин қутлуғ тўрт мучанг.
Қўрқоқ бўлсанг, бир кун ботир бўл.
Хасис бўлсанг, дўнгил Хотамга.
Дардсиз бўлсанг, ҳамдардга айлан,
Бахтсиз бўлсанг, бахтли одамга.
Тўй одам бўл тантаналарда,
Мусибатда мотам одам бўл.
Ўзлигингни унутма, хуллас,
Хуллас калом, одам одам бўл.
* * *
Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дунёлар чиқар.
Нола тортиб юборажаксиз
Қорачиқдан чақнаб зиёлар.
«Ер остига нега кетдингиз,
Азиз дарё, азиз дунёлар?»
Шундай жавоб бўлгайдир сизга:
«Йўқ! Кетмакчи эмас эрдик биз.
Сизларнинг кўп кирдикорлардан
Ер ёрилди, ерга кирдик биз.
Ҳали бир авлодлар келгайдир,
Номингиздан тавбалар айтиб.
Шунда, иншооллоҳ, ҳаммамиз
Ер юзига чиқурмиз қайтиб!»
* * *
Бутун бир орқайин тин олар Тошкент,
Тонгда бир хотиржам керишади.
Сен кеча Тошкентга жўнаб кетиб эдинг,
Тошкент дийдорингга эришади.
Энди мижжаларим қилт этмас,
Балки неча кунлаб, балки ҳафталаб.
Келгунингча Урганч — вайрона,
Келгунингча Урганч — дабдала.
Кетасан, қишлоқлар зийнатланса ҳам,
Шаҳарлар берса ҳам ўзига оро.
Исмингни хутбага қўшади
Бу тун армон билан Бухоро.
Бу тун алангалар совутар
Менинг ловуллаган қонимни.
Йўлларга ҳайратда боқар Самарқанд
Бир лаҳза унутиб Бибихонимни.
Қайтгунингча Урганч дили ғам ўрам
Қайтгунингча Урганч кўзлари ёш кент.
Қайтгунингча энди, тан олмоқ керак,
Чиндан пойтахт бўлиб туради Тошкент.
* * *
Бугун келадирсан сен куй, сен наво,
Синдириб жудолик қафасларини.
Иккимизни кутган пинҳон ул маъво
Ичига ютадир нафасларини.
Бугун сен келасан, не-не ғурурларинг
Аста-аста ерга тегар юзлари.
Бир-бирига қизғанар сен чиққан вагонни
Темир йўлнинг пўлат излари.
Ўрмонни соғинмай қўярлар ногоҳ
Шпаллар такдирдан бўлиб минг рози.
Элни дийдорингдан этади огоҳ
Поезднинг чинқирган овози.
Тақвимларнинг совуқ варақларида
Пусиб ётар неки байрам, тантана.
Ташриф буюрасан сен ўзинг бугун,
Қорақош, қоракўз салтанат.
Артиб қўйиб севинч ёшларимизни,
Айланиб ўргилар бизлардан сабо.
Қўшиб қўйиб ғариб бошларимизни
Бугун бир тинч ухлар Тошқинжон бобо.
* * *
Кузатиб қўйишга чиқаман,
Ботаётган қуёш руҳга муштарак.
Исканжадек қисиб келар тўрт томон,
Серқатнов йўл берар ҳижрондан дарак.
Рўмолинг кифтингга тушар сирғалиб,
Қаддимни дол қилиб эгади…
Жим турар меҳрибон жилғали
Дўрмоннинг шафқатсиз бекати.
Гоҳ андуҳни қилиб тилка ва пора,
Ишқнинг бахтга тиккан кўзидир бу йўл.
Бугун эса минг-минг оғиздан иборат
Аждаҳонинг худди ўзидир бу йўл.
Увиллар — тўлғанар дийдорхўр, бедард
Бу йиртқич, бу ваҳший, бу ёвуз,
Ямлаб олиб сени ютар-да кетар
Ҳозир навбатдаги автобус.
Йўлингга минг ҳасрат билан қараб, оҳ
Исмингни такрорлаб ҳар нафасида
У ёкда Хоразм, Ганжиқорабоғ
Энтикади дийдор арафасида.
Бу ёкдарда эса руҳимга ҳакам,
Мени андуҳ қилиб чекади.
Бунёд бўлиб сендек сулув кўрмаган
Дўрмон бекати…
* * *
Сен келсанг бас, майсалар тугул
Бу йўлларда гуллар унарлар.
Сўнгра… сўнгра… ҳар бир унган гул
Кўрсатади минг-минг ҳунарлар.
Чалинади алвон дардларга
Салқинлари, ҳовурлари ҳам.
Исминг билан тўлиб тошади
Шовқин, ғала-ғовурлари ҳам.
Келсанг минг хил, минг бир турланиб
Бу йўлларнинг ҳар бир бекати
Лолаланиб, атиргулланиб
Фақатгина сенга тегади.
Бу йўлларда ҳар бир муюлиш,
Бу йўлларда ҳар бир чорраҳа
Сенсиз борлиғимни тилкалар,
Юрагимга солар жароҳат.
Ҳозир эса сенинг хаёлинг
Мана шундай қутлуғ наводир.
Тахминларим кечиккан бир бахт,
Ҳаяллаган ғамгин хавотир
Гул не қилсин сенсиз бу ерда
Онда-сонда қовжироқ ажриқ
Айрилиқни кесатиб қўяр,
Йўклигимни қилар қочириқ.
Типирчилар кўксимда юрак
Бекор қанот қоқишлар билан
Кетгандирсан, сен, гулим, ахир,
Йиғлаб-йиғлаб оққушлар билан…
* * *
Азанинг устидан чиқиб қолдингиз,
Дуч келди сизга бир ғаройиб мотам.
Қаердадир тинмай сукут сакдайди
Қорақош, қоракўз гўзал бир одам.
Сирли қўнғирокдар ёдидан чикди,
Интиқ жирингларни унут этди сим.
Бир ҳафта бўлди-ки телефоним ўлди,
Бугун телефонимнинг еттиси.
* * *
Жудолик юракхўр, ёвуз аждаҳо
Мавжланди иштаҳа жирканч қонида.
Билмай қолдик бизлар кўрганимизни
Ўзимизни унинг ошқозонида.
Сал тегиб қўйгандик кўз очди дарров
Очликка бир лаҳза билмади чидаб.
Кўзёшлар ҳидидан топиб келди у
Қочсак ҳамки оёқ учида.
Ҳисларимни тафтиш қилаберди сўнг:
«Қийналиб кетдингиз. Етар, э, бўлди!
Лайли нима бўлди вафоли бўлиб,
Садоқатли бўлиб Мажнун не бўлди?»
Ахийри синдирди қайсарлигимни
Дилда лахта қондек қотиб қолган ҳис…
«Мен сизни севаман, жоним ёлғизлик,
Сиз ҳаддан ташқари гўзалсиз».
* * *
Тунларим тонг бўлар сени ўйланиб,
Сени ўйлаб, менинг бўлар кеч куним.
Сенинг мендан бошқа ҳаммаларинг бор,
Менинг сендан бошқа йўкдир ҳеч кимим.
Дарвоқе, сеним ҳам йўқсан-ку менинг,
Сени ҳеч меники демаслар энди.
Юрак мавҳум бир бахт… юракдан бошқа
Ҳеч биров меники эмаслар энди.
Оёқларим менга бош эгмас сира,
Оёқларим мени сенга судрайди.
Жудолик либосин устимга ўртиб
Руҳимда садоқат мудрайди.
Юракда сайрайди мажруҳ бир булбул,
Беҳуда ахтариб қийғос ҳисларни.
Гулим… дилим… шу ҳам ҳаёт бўлдими,
Худо раҳмат қилган бўлсин бизларни.
КУЗ
Кўрдим юрар далада шу чоқ
Отам билан хирмон совуриб.
Отабек Исмоилов
Офтоб аҳён-аҳён мўралаб қўяр,
Топиб унда-бунда булутлар чокин.
Ҳансираган тупроқ салқинга тўяр,
Хоразм ерида хазонрез ҳоким.
Сариққа чалиниб, чекиб ётар ғам
Ҳар дарахт, ҳар майса, ҳар қир ва ҳар рош.
Баҳор маликаси боди сабо ҳам
Қариб шамол бўлган, бўлган бир фаррош.
Ҳурпайтирар шохга қўнган қушда пар,
Йўлакдаги чангни кетар уфуриб.
Гоҳ унда, гоҳ бунда юрар муштипар
Байроқ ҳилпиратиб, кўча супуриб.
Боғларда хўрсинса — тўкилиб мева,
Далада оҳ тортса, чаноқ чарақлар.
Олтин япроқларни сева ва сева
Кўҳна китоб қилиб бир-бир варақлар.
Борлиқ кўп сермаҳсул хаёлга толган
Дард кўп ҳорғин кеча-кундузларида.
Соғлом умид ухлар қурт тушмай қолган
Юксак дарахтларнинг илдизларида…
СЕРҚИБЛА ОДАМ
Мен ҳеч кимга ташвиш орттиролмайман,
Негаким, ташвишим ўзимдан ортмас.
Ҳеч ким қулоғимдан тортмайди менинг,
Оёғимдан эса — бешбаттар тортмас.
Худбин бир одамман. Қилмас безовта
Ҳеч кимни яхшими-ёмон бир ишим.
Олти ёғим қибла. Истасам мумкин —
Осмонга учишим, ерга киришим.
САВДО
Сотмоқчи бўларлар сени, азизим,
Баҳолар қўярлар юксак, қўлетмас.
Маҳлиё бўларлар, мафтун бўларлар,
Харидорлар сира тегрангдан кетмас.
Ниҳоят, на илож тарқайди бозор.
Энсасини қашиб, умидин узиб.
Шалвираб кетарлар харидорларинг
Бир-бир қўлтиғидан тушиб тарвузи.
Кўп айёр, кўп маккор сотғувчиларга
Шу тарвузлар керак, холос, гуллолам.
Ғуж-ғуж уруғ эмас, улар ичидан
Тиллолар тўкилар, фақат тиллолар..
МАНЗАРА
Андуҳ қамал қилар юракни,
Тун-кун аро йўкдек тафовут.
Борлиқ қуюқ, қаро булутдан
Кийиб олган омонат совут.
Осмон ёмон қаттиқ хўмрайган,
Чек қўйилган унинг айшига.
Ўхшаб кетар йилт этган ёғду
Жаҳонгирнинг жилмайишига.
* * *
Қоматинг оқтеракдек адл,
Сўзинг руҳни қонга белади.
Шундайин бир жаллод бўлсанг ҳам,
Лабингдан сут ҳиди келади.
Келажагинг — қаср. Қулатма.
Гарчи ҳаёт бир буз-бузалоқ.
Бўсани ким қўйибди сенга,
Қизалоқ!..
* * *
Қайдасан. Юрагим саргардон.
Ғойиб дийдорингга тўяйин.
Шундай топайинки мен сени,
Ўзимни йўқотиб қўяйин.
Шундай йўқотайки ўзимни
Кўзингга ёш тўлиб, бўлиб лол,
Қўймай буткул ғойиб бўлишга,
Топиб ол… топиб ол… топиб ол…
ЗАРДУШТ
Нималарни кечинаётир
Тарк этаркан танимни руҳим.
Гоҳ бадарға бўлгиси келар,
Гоҳ бўлгиси келади қувғин.
Ёки унга осмонми қутлуғ,
Юз ўгирмиш невчун бадандан.
Ватанига кетмакдами руҳ,
Кетмакдами ёки ватандан.
Қандай англай жону дилимни,
Зирқиратган мунглиғ садони.
Юртсеварни олқишлайми ё
Жазолайми ватангадони.
* * *
Руҳим, поксан таним қошида,
Ожиздурман тафтиш қилурдан.
Турибсан қутлуғ йўл бошида
Минг бор мусаффороқ биллурдан.
Ҳаётимнинг тонги сен эдинг,
Мана, энди умрим шомисан.
Яратганнинг олдига етиб,
Боргудек бир мусаффомисан?
* * *
Қаламимнинг чаҳ-чаҳларидан
Дудуқландим. Бўлдим гунг. Лол. Жим.
Икки қатра қалкди мижжамга
Келганида ошиғим олчи.
Куралайкўз, жингалакжун бир
Қўзичоқни ёдлабми кўзёш?
Юрагимга уқубат солди
Қайси оғоч, қайси қоратош?
* * *
Гарчи қорни тўкдир уларнинг,
Оч кўзлари ўкдир уларнинг.
Олгувчи минг қасослари бор,
Асослари йўқдир уларнинг.
* * *
Шайтонга ҳур бўлиб гап уқтир,
Харсангга дур бўлиб гап уқтир.
Ё — индама. Ёки, азизим,
Зулматга нур бўлиб гап уқтир.
* * *
Оловлар ҳам бир куни сўнгай,
Юрак, кўксим қафасга кўнгай.
Тиканларим айлангай гулга,
Гуноҳларим савобга дўнгай.
Мукаммаллик касб этгай борлиқ,
Эзгу якун истаб ҳар ишда.
Итларим бор — учгай қуш бўлиб,
Иблисларим бўлғай фаришта.
* * *
Риёзат чек, майли озгина,
Тирноқча бўл мен учун ҳалак.
Эвазига тўлайман осмон,
Бадалига бераман фалак.
Бир лаҳзадан кечсанг мени деб,
Бахтдан кўзим ёшлаяжакман.
Мангуликни оёқ остингга
Келтириблар ташлаяжакман.
* * *
Кўп йиллар бор ҳали мўйсафидликка,
Сўлмоққа кўп йиллар бордир, о, қарийб.
Лекин… сен келмаган ҳар бир кун ботса,
Борадир бир тола сочим оқариб.
Мен ҳолига қаттиқ ачинадирман
Чорасиз охирги тола сочимнинг.
Урушнинг энг сўнгги қатнашчисидек
Чекадиган ёлғиз нола сочимнинг…
ДЎСТ
Оташфеъллар келган дунёга
Юрагингни ёқмоқ учун, дўст.
Келган янглиғ баҳор булути
Гулдурак ва чақмоқ учун, дўст.
Нопокликдан чиққан тишлари,
Фасодга ғарқ ёзу қишлари.
Тил учида нокас нишлари
Юрагингни чақмоқ учун, дўст.
Макрга ёт бўлабергин сен
Жонбахш баёт бўлабергин сен.
Обиҳаёт бўлабергин сен
Юракларда оқмоқ учун, дўст.
Бўлғил доно, бўлғил мардона,
Жаҳл — заққум, ақл — дурдона..
Минг бир боғни ўйла, бир дона
Данак мағзин чақмоқ учун, дўст.
Менинг Куним, менинг Қуёшим,
Ё офтобим, нурафшон бошим,
Равшан қилар кўзимни ёшим
Сенга ҳар кун боқмоқ учун, дўст.
* * *
Кетганингдан сўнг ҳам яшаётирман,
Қаттиқ бўлар экан одамнинг жони.
Ҳамон оқаётир Жайхун тўлғаниб,
Ҳамон тип-тиникдир Урганч осмони.
Ҳамон ғазаллар бор, қўшиқ бор ҳамон,
Шовуллаб турибди сен тарк этган боғ.
Гуллар очилмокда, ҳамон, ё пир-ай,
Булбул сайраётир, астағфуриллоҳ.
Барибир ишонгим келмайди сира.
Сен ҳакда сурганим бари хаёл — хом.
Ёки — тириклигим ёлғондир менинг,
Ёки сенинг мени севганинг — ёлғон.
ҒАЗАЛЛАР
Бахш этай, жонимни ол, шул бору йўқ божим, гулим,
Сенга муҳтожинг тикандан, менга муҳтожим гулим.
Жой олибдур кўзларингнинг устидан бир қаллавоч,
Кўзи қиймас талпиниб учмоққа қийғочим, гулим.
Ҳеч қачон бошим эгилмас то хаёлинг бирла банд,
Подшоҳман, бошда пинҳондир, ажаб, тожим гулим.
Навбаҳор тонг елларин кўп соғинарлар майсалар
Қўлларингни қўмсагай васл олдидан сочим, гулим
Не учун барглар шивирлар, сой шовуллар не сабаб,
Сенга ҳайратдан нега бўлмайди дунё жим, гулим
Келмагингдан гарчи кўнглим тинч, кўзим йўлингдадир,
Бир-биридан бехабардир тўқ билан очим, гулим
Мен-ку сақларман сукут, чаҳчаҳлагай дил булбулим,
Мен соқовдирман, дудукдир ишқда тилмочим гулим.
* * *
Тўйинг дийдорига, кўзлар, нигорим энди келмасмиш,
Қошидан ҳам қорайтиб рўзигорим энди келмасмиш.
Қуёш ботган каби тонглар фироғида қоронғудир,
Чарақлаб кулса тунлар лолазорим энди келмасмиш.
Гулимни минг қучиб тўймас қўлим, сен не муаллақсан,
Дилимни гул каби юл, гулузорим энди келмасмиш.
Менинг зорим эди шодлик, менинг зорим эди андуҳ,
Бу зорим энди кетмасмиш, у зорим энди келмасмиш.
Менинг устимдан, эй кулфат, бўлурму бунча ҳам кулмак,
Кўзидан ёш мени деб шашқаторим энди келмасмиш.
Нигоҳ ташлаб қиё, дилни дилига кўмдию кетди,
Нетиб ўзни тавоф айлай, мозорим энди келмасмиш.
Нечун кўксимда саргардон, сағирдир бу яшил ҳислар,
Увилла, қаҳратоним, навбаҳорим энди келмасмиш.
* * *
Ёр хиром этмак билан қалбни қилиб ларзон ўтар,
Не қилайлик, умримиз ҳижрон аро сарсон ўтар.
Аҳли ишқ ёр васлига етмиш, бериб жон накдини,
Бу не бозор, бебаҳо мулк унда кўп арзон ўтар.
Макр эли мақсад-муродига етишса ошкор,
Бу юракдан минг алам ҳар лаҳзада пинҳон ўтар.
Шул қадар юксакда маҳваш, нисбатини ўйласам,
Кўзларимнинг олдидан, воҳ, ер билан осмон ўтар.
Чарх ураркан то фалак, айт нега ўзни ўртамак,
Васл ўтар, сен бўлма шод, сен чекма ғам, ҳижрон ўтар.
Дилни жон, жон дилни қурбон бергуси ишқ йўлида,
Бир-бирин баҳридан охир бу икки қурбон ўтар…
* * *
Йўлида зорман, жонон кечикди,
Юракда айланишдан қон кечикди.
Бўлурму, айтингиз, бундан зиёд ғам,
Ки, инсон қошига инсон кечикди.
Отар вақтинда гўё отмади тонг,
Юзин кўрмак учун осмон кечикди.
Фироқ маҳбусиман, эрк вақти етди,
Очилмасдан бироқ зиндон кечикди.
Гулим, айб этмагил, сен журъатимни,
Ғарибингман, дедим султон кечикди.
Жудолик тортди, оҳ, бошимга шамшир,
Ҳимоятга бу дам қалқон кечикди.
Ўлардим шодлигимдан, ёр, келсанг,
Мени маъзур тут, қурбон кечикди.
* * *
Соғинурман, изтиробим дил деган шайдога юк,
Бўлмасинлар дардларим лекин сира барнога юк.
Таъна қилди минг, кўнгил кўрдим демас мингдан бирин,
Бўлмагай, минг тош улоқтирсанг, азим дарёга юк.
Тушмагайдир ҳеч қачон ишқ мулкига оғирлигим,
Бўлмагай сўз ҳеч ўзи билдиргучи маънога юк.
Ишқи йўқлар фисқидан шаҳлоларингда қалкди ёш,
Аҳли нокас кирдикори ҳар азиз сиймога юк.
Қилгали бахтдан ишора кўз очиб юмдингми, ёр,
Бўлдиларми ё қуюқ киприкларинг иймога юк.
Дардга солди айрилиқнинг кулфати деб ўйлама,
Дил, ахир, сен ким бўлибсан, бу азоб дунёга юк.
* * *
Оҳки, мен оҳлар истарман,
Дилга, чун, доғлар истарман.
Сени мен соғинаман ҳар дам,
Мени мен гоҳлар истарман.
Борлиғим дашт ила саҳродир,
Сенмисан боғлар, истарман.
Бир қиё бокдингу, қул бўлдим,
Қулликка шоҳлар истарман.
Кулгичинг ёдида йиғларман,
Бахтима чоҳлар истарман.
Сочларим торттилар оқ фарёд,
Сени шундоғлар истарман.
Тунда йилт этмади бир юлдуз,
Гарчи минг моҳлар истарман.
Энди бош ургали тошларга,
Мен фақат тоғлар истарман.
* * *
Кўнглимга кириб, санам, сафар қил,
Саҳрода ўзингни мўътабар қил.
Эй рухсори қуёш, кўзи чўлпон,
Осмонда не янгилик, хабар қил.
Беҳудага келмадинг, азизим,
Дунёда ўзингни бир асар қил.
Кўксимга икки кўзинг ики доғ
Ўрнатди, ишонмасанг, назар қил.
Ишқ йўқ эса қай бировда, ундан
Қилмас эса ким ҳазар, ҳазар қил.
Ёр лаълини бўса бирла банд эт,
Сўзингни узатма, мухтасар қил.
ТЎРТЛИКЛАР
* * *
Бизга Орол денгиз томони етди,
Заминларнинг «дориломони» етди.
Мўйноқ тузин тотдик етмиш икки йил,
Тузлиққа тупурмак замони етди.
* * *
Хаста руҳда меҳрим соғ бўлиб ўсди,
Бир дўст топсам кўнглим тоғ бўлиб ўсди.
Бошимда чақилган данаклар эса
Менинг юрагимда боғ бўлиб ўсди.
* * *
Бундай ёвуз эмас эди, аслида,
Фақат билмас эди, Ғарби, Шарқини.
Билмас эди шўрлик фақатгина
Бош билан оёқнинг фарқини…
ЖАВЗО АРАФАСИ
Лирик достон
«Қора кўзим, деманг, қоракўзмасман»,
Қўй кўзлари сенинг кўзларинг.
Қарамасанг мотам, қарасанг
Тўй кўзлари сенинг кўзларинг.
Сенинг ўй кўзларинг илинжида
Не бир кўзлар чақнаб жовдирар,
Не бир, не бир арслонлар оҳу,
Арслоннинг қошида каби довдирар.
Даҳшатлар пинҳон бу қўй кўзларингда,
Бу кўзлар ҳам ёлғон, ҳам чининг.
Ҳар бир қорачиғинг бир олов ҳалқа,
Ҳозир қарсиллайди қамчининг.
Ва мен сакрайдирман қўй кўзларингда
Олов ҳалқаларнинг аросидан.
Мардумлиғ фан қилиб, ватан тутгайман
Кўзларинг қаросида.
Илҳақ, қаър-қаъридан муштокдир осмон
Бор офтоби, барча юлдузи билан,
Сени қаттиқ қўмсар Урганч боғлари
Ҳар япроғи, ҳар бир илдизи билан.
Биз ҳам, асли, ўзи, бир жуфт дарахтмиз
Биримиз бўлганмиз жо биримизга.
Айрилиқ — ёлғондир. Қаттиқ чирмашган
Томиримиз томиримизга.
Файз бахш этиб турар бири бирига
Япроқлар — ям-яшил аъзоларимиз.
Ҳаёт-мамотимиз муштаракдирлар,
Муштаракдир бизнинг жавзоларимиз.
Бир четда мунғайиб ўтирибман жим,
Сенсиз ҳар бир лаҳза минг бор фалокат.
Минг йил бўлди — кетдинг. Нега ҳамон ҳўл
Нақллардан машҳур муборак дока.
Минг ўлиб тирилдим мен шу минг йилда,
Минг йил бир нуқтадан силжимади ой.
Буғланиб турибди пиёлада сен
Минг йил аввал дамлаб бериб кетган чой.
Минг йил бўлди… кетдинг… зор этдинг…
Қутлуғ қадамингга шай боғларимни …
Куйлагим малакми дазмоллаб қўйди,
Фариштами ювди пайпоқларимни?..
Мен сукут сақлайман, бераман бардош,
Сенинг сўзларингдан юрак-бағрим қон.
Сенсиз ҳаёт менинг қатлимга қарор,
Эй, рашк мактабида жажжи абжадхон.
Маломатга кўмиб ўртайсан мени,
Мени қизғаниблар титрайсан гоҳо.
Рашкинг — бир чувалчанг, бир илон — майда,
Менинг рашким эса аждаҳо.
Руҳни қандай эзар, бир билсанг эди
Аччиқ таъналарнинг тошлари.
Ҳуснинг ортган сари кўпайиб борар
Мудҳиш аждаҳонинг бошлари.
Пускураркан ҳар бош бетиним олов
Маҳкум қилиб мени ўлимга,
Кўзларинг узатар истар-истамас
Олмос бир қилични қўлимга.
Бошларни узаман сапча-сапчадек
Индамай… гулрухсор, бағри тош.
Ўсиб чиқаверар бир бош ўрнига
Икки бош… икки бош… икки бош…
Мен жануб ўғлиман. Сен — шимол қизи.
Бир фаслга илҳақ. Ичиккан.
Мавридлидир сенинг бахтинг, водариғ,
Менинг бахтим сенсиз… кечиккан.
Баҳорни сен ёниб яшагинг келар,
Бергим келар менинг кузга чап.
Сени бир ўзгача йўқлайди баҳор,
Мени йўкдайди куз ўзгача.
Оғир меҳнат қилар ер бу жуфт фасл,
Анқиб тутиб кетар ерни ер ҳиди.
Очилганда маҳзун руҳимда чаман
Юрагингда энди-и… музлар эрийди.
Сен тараф отлансам қаҳринг бир дунё,
Отланмайин десам, меҳринг бир жаҳон.
Тарк этиб кўзларинг муборак зиё
Беркилиб қолмасми йўллар ногаҳон.
Борлиғимга ботдинг мисли тўлин ой,
Ғамгин ватан бўлдим маҳзун бу моҳга.
Сен билан кезганим ҳар бир қадам жой
Айланди мен учун зиёратгоҳга.
Жонда қол, бергандек сафҳага зеб байт,
Ҳар тонг дил илк севги қўшиғин айтсин.
Садоқат қуруқ бир сўз эмас деб айт,
Сочларим оқариш фикридан қайтсин.
Сен ўзингни афв эт. Ошиқлик шундай.
Девонавор эдинг. Мажнунвор эдинг.
Содаароқ айтсанг ҳам бўларди, бироқ:
«Мен сени ўлгудек севаман», — дединг.
Яшагудек севмоқ керак, аслида,
То бўлмасин дилда бахтга ниҳоя.
Ишқ — ҳаёт. Гапингга омийн демоққа
Фаришталар тили бормагай, шояд.
Ва сен яшайдирсан узоқ ва масъуд,
Бундай саодатга ҳақ бир жазо бор.
Айтсанг-айтмасанг ҳам, қанчалик севма,
Жон бор ерда ахийр бир кун қазо бор.
Шунда, о, юксак ва теран англарсан
Аршга ошиқ йўли — Сомон йўлини..
Арвоҳ капалагинг чарх уриб кўргай
Қандай мудҳиш ўлим ошиқ ўлими.
Лолалар келади шу кун азага,
Чаманлар чайқалиб тутади мотам.
Юрак-юрагининг қаъри-қаъридан
Ўкраниб йиғлайди ёлғиз бир одам.
Кўзёш қилиб тўкар заққум рашкларин,
Кўзёш қилиб тўкар озорларингни.
Нозик кифтларининг силкинишидан
Зилзила титрагай мозорларингни.
Ўрганар севгингдан муҳаббатни ишқ,
Тоқатингдан қаноатни сабрлар.
Титранган қабрингдан кўнгил сўрашга
Ташриф буюради қутлуғ қабрлар.
Ҳозир эса… нурли жилмаймокдасан,
Ҳозир эса… бунга ҳали анча бор…
Висол бахтин раво кўрмокда Роҳийм,
Маҳрум қилмай турар дийдордан Жаббор…
Узун бир уҳ тортиб олар бу лочин,
Фиғон чекиб парвоз қилар. Қоласан.
Энди мен жимгина фарёдман,
Энди сен жимгина ноласан.
Ҳар қатра кўзёшда бир уммон дарди,
Ёлғон ҳижрон борар ҳақиқатланиб.
Ой билан ўлчанмас айрилиқ,
Айрилиқ ўлчанар дақиқаланиб.
Телефон жаранги қилади чил-чил
Дамлардан тўқилган қафасларингни.
Жонимга бир зумда туташтиради
Совуқ симлар қайноқ нафасларингни.
Сўз топмай довдираб тин олишларинг
Муҳаббатнинг мангу тилсимларими?
Телефонингмикан бизни боғлаган
Дил симларими?
Кўзларингдек тиниқ толалар бўйлаб
Нолалар минг чақирим қочади.
Руҳим симёғочлар каби донг қотиб,
Сенинг йўлларингга қучоқ очади.
Matnazar Abdulhakim she’r istagan yuraklarga go‘zal qo‘nim aylaydi. Faqat yurak chorlasa bas, ko‘ngil sog‘insa bas… Shoir qo‘ngan yuraklar yashnagan, yoshargan chamanzordir. Bu chamanzor chechaklarini go‘zal, mehrli so‘zlar yomg‘iri yuvadi…
USTOZNI ESLAB
Shoira Shams
Shoira Shams (Qalandarova) 1978 yil 10 dekabrda Yangiariq tumani Chiqirchi qishlog‘ida tug‘ilgan. 11-son o‘rta maktabni tugatib, 1997 -2001 yillarda UrDUning “O‘zbek filologiyasi” fakultetida tahsil olgan. Birinchi she’riy to‘plami “Orzular qoyasi” nomi bilan 2003 yilda nashr etilgan. 2012 yilda “Navqiron navolar” jamoa to‘plamida she’rlari nashr etilgan. Yangiariq tumanining “Yangiariq ovozi”, viloyatning “Xorazm ziyokori”,’’Xorazm ma’rifati’’ respublikaning “Turkiston” va”Ma’rifat” gazetalarida she’rlari chop etilgan. Qalandarova Shoira Yangiariq tuman 11 –son maktabda ona tili va adabiyoti fanidan yoshlarga ta’lim berib kelmoqda.
Go‘zal olamning buyuk Yaratuvchisi insonga tengsiz qudratli va juda inja, nafis ne’matini — So‘zni in’om etdi. Tinimsiz tuyg‘ular qaynovida qolgan so‘z ko‘ngilning sayrayotgan jon qushi nutqiga harorat ulashadi. Bu harorat o‘zga qalblarga bahorni boshlab boradi. Unda alvon chechaklar o‘stiradi, benihoya xushbo‘y gullatadi, idrokining tub-tubigacha tuyg‘ularining ta’mini his qildiradi. Dunyo aziyatlaridan xira tortgan dilda oppoq tong ottirib, unda muattar nasim esdiradi. Bu olamda Ishq kuylarini yangratadi.
Ollohga beadad hamdlar bo‘lsinki, ilhom sohiblarini shoir qildi, nosir qildi. Ularni ishqtalab muxlislar ichra e’zozli qildi. Ilhomi benazir zotlarni muhabbat ila abadiyatga doxil qildi. Ana shunday samimiy satrlari ila qalblarga ko‘klamning huzurbaxsh nafasini olib kirgan, hikmatlar sarchashmasi ila oziq ulashgan yuksak maqomli shoirlardan biri — ustoz Matnazar Abdulhakimdir. Ustozning yorqin xotiralarini, so‘z ne’matidan qoldirgan muhtasham bog‘larini ziyorat etmoqlik shogirdlarga sharaf bag‘ishlaydi.Zero, asl shoirning iziga izdoshlik faxrdir, satrlarini yodlamoq esa savobdir. Ustoz satrlari tuyg‘ular qaynovidan otiladi, “Javzo”lardan yuraklarga sachraydi:
Bu tun alangalar sovutar
Mening lovullagan qonimni.
Yo‘llarga hayratda boqar Samarqand
Bir lahza unutib Bibixonimni…
( “Javzo tashrifi”. 259 –bet.)
Mana bu ikki satrda shoir misralarida insoniy hayotbaxshlik, shoir o‘zligini aks ettirgan maslak namoyon bo‘ladi:
Tarix uchun emaslar, zotan,
Qo‘shiqlarim yonmoq uchundir…
( “Ta’na” she’ri. 148 –bet.)
Matnazar aka qalamidan to‘kilgan otashin satrlar ko‘ngilga Ishqni chorlaydi. Ishq kelar yo‘llarda gulzor yaratadi:
Sen kelsang bas, maysalar tugul
Bu yo‘llarda gullar unarlar.
So‘ngra… so‘ngra… har bir ungan gul
Ko‘rsatadi ming –ming hunarlar...
(Sen kelsang bas.. 261 –bet.)
Ustozning she’r daftarida so‘zlar, satrlar, bandlar yaralib borar ekan, ruhiyat ichra jilvalanayotgan marjon topilmalarini namoyon eta boshlaydi. Hikmatlar mujassamligida shoirni mohiyatan “taniy” boshlaysan. Ijodkorning yashirin olamini qalb ko‘zi orqali ko‘ra boshlaysan:
Osmon – abadiydir, oshyon – muvaqqat,
Ozodlik sharafim, erk esa – shonim.
Qo‘lingga emas, yo‘q, “gah” desang faqat
Yuragingga qo‘nib o‘taman, jonim.
( “Erk qo‘shig‘i”she’ri. 225 –bet)
Matnazar Abdulhakim she’r istagan yuraklarga go‘zal qo‘nim aylaydi. Faqat yurak chorlasa bas, ko‘ngil sog‘insa bas… Shoir qo‘ngan yuraklar yashnagan, yoshargan chamanzordir. Bu chamanzor chechaklarini go‘zal, mehrli so‘zlar yomg‘iri yuvadi. Bu she’rlarda oddiy tuyulgan narsalar aziz va qadrli bo‘la boshlaydi:
Sharros jalalarni kuylayman
Dabdabasiz, g‘arib she’rlarda.
Aqlim yetmas, qanday sevarlar
Yomg‘ir yog‘maydigan yerlarda…”
(“Yomg‘ir” she’ri. 229 –bet.)
Yomg‘ir rizq – nasiba, yomg‘ir qut – baraka, poklik, tiniqlik, shaffof yorug‘lik, mayinlik, iliqlik ramzidir. Bu timsol ustoz Matnazar Abdulhakim ijodida o‘zining barcha sifatlarini topgan. Bu she’rlarni pichirlar ekansan, oddiy hodisotda mujassam ilohiy go‘zallikni ko‘ra bilmagan ojiz qalblarga achinasan:
Sochiladi har bir tomchidan
Son ming shu’la, son mingta zar ruh,
Yog‘ar tuyg‘u, yog‘ar ehtiros,
Yog‘ar tavba, yog‘ar tazarru…
(“Yomg‘ir” she’ri. 229 –bet.)
Hayotning beshafqat qonunini eslatguvchi “Qarz” har o‘qiganimda yuragim titraydi:
Bolakay ming rahmat odobing uchun,
Iltifoting uchun ming –ming tashakkur.
Azaldan abadga meros bo‘layotir
Kamyob bir xolislik, tansiq tiniq nur.
Shunga munosibdir. Bu ezgu qarzni
Jon bilan uzaman bir kun, hoynahoy.
Menga avtobusda o‘rningni berding,
Senga yer yuzidan bo‘shataman joy…
(64 –bet)
Ustoz she’riyati qalblarni nafis ohanglari-yu inja tuyg‘ulari, nafosati ila tozalaydi:
Faqat ezguliklar, faqat pokliklar
Mangu bo‘stoningda o‘sa oladi.
…Gulga nish urmaydi asalari hech,
Asalari guldan bo‘sa oladi.
(“Tabiat! Men seni sevaman” she’ri. 229 –bet.)
Asl ijodkor umri ruhiyatni kamol toptirish xizmatiga safarbar etilgan faoliyatdir. Bu faoliyat bahorday yaratuvchan. Bu faoliyat hayratday benazir.Bu faoliyat senga faqat muhabbat ulashadi:
Men senga atalgan shunday mevaman,
Yuragimni ushat, ol bir so‘zimni.
Sendan ayamayman, seni sevaman.
Men uzib beraman senga o‘zimni.
(“Bir so‘z” she’ri. 18 –bet.)
She’riyatimiz bo‘stonidagi hayotday yam-yashil va tiriklik shovullagan bog‘lardan birini Matnazar Abdulhakim yaratgan. Bu bog‘da shoir she’rlarining har biri daraxt qad ko‘targan. Ularning soni minglabdir. Ularning har biri yuragimga meva beradi, ko‘zlarimga rangin nur ulashadi.
Ustoz shoir Matnazar Abdulhakim ruhlariga Ollohning rahmatlari beadad bo‘lsin! Zero o‘zlari aytganlar:
Meni halok etgan azoblaringdan,
Boraman tobora barhayotlashib…
Matnazar ABDULHAKIM
“JAVZO TASHRIFI” KITOBIDAN
SHE’RLAR VA DOSTON
Matnazar Abdulhakim 1948 yil 20 fevralda Xorazm viloyatining Urganch tumanida tug‘ilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2000). Rossiyaning Taganrog shahridagi Rus tili va adabiyoti institutini tamomlagan. «Tiniq tonglar» (1982), «Fasllar qo‘shig‘i» (1984), «Qor qo‘shig‘i» (1990), «Yonimdagi daryolar» (1993), «Qorachikdagi dunyo» (1994), «Bir kuchoq gul», «Oydinlik» (1997), «So‘nggi yaproq» (1999) kabi kitoblari nashr qilingan. Shayx Najmiddin Kubro, Shayx Majdiddin Bag‘dodiy, Pahlavon Mahmud, Mirzo Bedil asarlarini forsiydan o‘zbek tiliga tarjima qilgan. Shoir 2010 yilda vafot etgan.
ODAM
Hoji Ortiq she’ri
Qanoat qil, nuri diydangdan
Xudo nogoh bir kun ayirsa.
Tahlikaga tushma, qo‘llaring —
Qanotingni qismat qayirsa.
Emasdir bu mudhish oqibat,
Emasdir bu mislsiz jazo —
Vujudingda qilsa taqchillik
Bori-yo‘g‘i biron-bir a’zo.
Nuqsonlarga sabr bu, zotan,
Mo‘minlikdir, shijoat — shaxddir.
Faqatgina bitta a’zodan
Iborat bo‘lmoq bu — dahshatdir.
Odamlar bor — ko‘zdir och, qattiq,
Baqraygan va chaqchaygan soqqa.
Til odam bor, aljirayverib
Aylangan yuguruk oyoqqa.
Burun odam bordir — osmonda,
Barmoq odam shay kovlamakka.
Qo‘l odam bor, yoqangdan olib,
Mashg‘ul umring egovlamakka.
Odamlar bor, har bir sharpaga
Har dam sergak, har daqiqa — ding.
Bu odamlar odammas, quloq.
Quloq bo‘lganda ham, birmas — ming.
Bordir iyak odam — g‘irt qaysar,
Nafsga bergich orin odam bor.
Faqat tomoq odam bor, afsus,
Afsus, faqat qorin odam bor.
Bir odam bor — tirsak. Yo‘l bermas.
Uning dahshatlari ko‘pga tan.
Bezor bo‘ldim kalla odamdan,
Zada bo‘ldim odam — o‘pkadan.
Yana qanday odam bor? Aytmay.
O‘zing zimdan payqagandirsan.
Faxrlanib mag‘rurlikdan goh,
G‘amdan goh bosh chayqagandirsan.
Mardlar bilan hamroh bo‘ldim goh,
Quyon edim sher odam bo‘ldim.
Nomardlarga duch etdi Xudo,
Osmon edim, yer odam bo‘ldim.
Sarg‘ayaman gohida so‘lib,
Ko‘z ilg‘amas anduhlar chekin.
Uqubatlar mingoyoq bo‘lib
Yuragimni changallar sekin.
Lekin… lekin… bitta odam bor,
Tasallodir tolgan vaqtimda.
Umidlardan bo‘lib mosuvo,
Anduh ichra qolgan vaqtimda.
Boshdan-oyoq quyosh bir odam,
Boshdan-oyoq oy bir odam u.
Jamolini lahza ko‘rmasam,
Ahvolimga voy bir odam u.
Ko‘z chaqnatsa, yulduzga do‘nib,
Kulsa, durri yamanlar bo‘ldim.
U bog‘ odam, u bo‘ston odam
Kelsa, men ham chamanlar bo‘ldim.
Uni qattiq sog‘ina berib
Yurak va ko‘zyosh odamdirman.
O‘ylayverib va so‘ylayberib
Sir odam va fosh odamdirman.
Ruhing butun bo‘lsin, ayo do‘st,
Ruh — mardlikdir, ruh — jihod, ruh — jang.
Majruh bo‘lma hech vaqt, ilohim,
Butun bo‘lsin qutlug‘ to‘rt muchang.
Qo‘rqoq bo‘lsang, bir kun botir bo‘l.
Xasis bo‘lsang, do‘ngil Xotamga.
Dardsiz bo‘lsang, hamdardga aylan,
Baxtsiz bo‘lsang, baxtli odamga.
To‘y odam bo‘l tantanalarda,
Musibatda motam odam bo‘l.
O‘zligingni unutma, xullas,
Xullas kalom, odam odam bo‘l.
* * *
Xorazmni qazsangiz agar
Yer ostidan daryolar chiqar.
Xorazmni qazsangiz agar
Yer ostidan dunyolar chiqar.
Nola tortib yuborajaksiz
Qorachiqdan chaqnab ziyolar.
«Yer ostiga nega ketdingiz,
Aziz daryo, aziz dunyolar?»
Shunday javob bo‘lgaydir sizga:
«Yo‘q! Ketmakchi emas erdik biz.
Sizlarning ko‘p kirdikorlardan
Yer yorildi, yerga kirdik biz.
Hali bir avlodlar kelgaydir,
Nomingizdan tavbalar aytib.
Shunda, inshoolloh, hammamiz
Yer yuziga chiqurmiz qaytib!»
* * *
Butun bir orqayin tin olar Toshkent,
Tongda bir xotirjam kerishadi.
Sen kecha Toshkentga jo‘nab ketib eding,
Toshkent diydoringga erishadi.
Endi mijjalarim qilt etmas,
Balki necha kunlab, balki haftalab.
Kelguningcha Urganch — vayrona,
Kelguningcha Urganch — dabdala.
Ketasan, qishloqlar ziynatlansa ham,
Shaharlar bersa ham o‘ziga oro.
Ismingni xutbaga qo‘shadi
Bu tun armon bilan Buxoro.
Bu tun alangalar sovutar
Mening lovullagan qonimni.
Yo‘llarga hayratda boqar Samarqand
Bir lahza unutib Bibixonimni.
Qaytguningcha Urganch dili g‘am o‘ram
Qaytguningcha Urganch ko‘zlari yosh kent.
Qaytguningcha endi, tan olmoq kerak,
Chindan poytaxt bo‘lib turadi Toshkent.
* * *
Bugun keladirsan sen kuy, sen navo,
Sindirib judolik qafaslarini.
Ikkimizni kutgan pinhon ul ma’vo
Ichiga yutadir nafaslarini.
Bugun sen kelasan, ne-ne g‘ururlaring
Asta-asta yerga tegar yuzlari.
Bir-biriga qizg‘anar sen chiqqan vagonni
Temir yo‘lning po‘lat izlari.
O‘rmonni sog‘inmay qo‘yarlar nogoh
Shpallar takdirdan bo‘lib ming rozi.
Elni diydoringdan etadi ogoh
Poyezdning chinqirgan ovozi.
Taqvimlarning sovuq varaqlarida
Pusib yotar neki bayram, tantana.
Tashrif buyurasan sen o‘zing bugun,
Qoraqosh, qorako‘z saltanat.
Artib qo‘yib sevinch yoshlarimizni,
Aylanib o‘rgilar bizlardan sabo.
Qo‘shib qo‘yib g‘arib boshlarimizni
Bugun bir tinch uxlar Toshqinjon bobo.
* * *
Kuzatib qo‘yishga chiqaman,
Botayotgan quyosh ruhga mushtarak.
Iskanjadek qisib kelar to‘rt tomon,
Serqatnov yo‘l berar hijrondan darak.
Ro‘moling kiftingga tushar sirg‘alib,
Qaddimni dol qilib egadi…
Jim turar mehribon jilg‘ali
Do‘rmonning shafqatsiz bekati.
Goh anduhni qilib tilka va pora,
Ishqning baxtga tikkan ko‘zidir bu yo‘l.
Bugun esa ming-ming og‘izdan iborat
Ajdahoning xuddi o‘zidir bu yo‘l.
Uvillar — to‘lg‘anar diydorxo‘r, bedard
Bu yirtqich, bu vahshiy, bu yovuz,
Yamlab olib seni yutar-da ketar
Hozir navbatdagi avtobus.
Yo‘lingga ming hasrat bilan qarab, oh
Ismingni takrorlab har nafasida
U yokda Xorazm, Ganjiqorabog‘
Entikadi diydor arafasida.
Bu yokdarda esa ruhimga hakam,
Meni anduh qilib chekadi.
Bunyod bo‘lib sendek suluv ko‘rmagan
Do‘rmon bekati…
* * *
Sen kelsang bas, maysalar tugul
Bu yo‘llarda gullar unarlar.
So‘ngra… so‘ngra… har bir ungan gul
Ko‘rsatadi ming-ming hunarlar.
Chalinadi alvon dardlarga
Salqinlari, hovurlari ham.
Isming bilan to‘lib toshadi
Shovqin, g‘ala-g‘ovurlari ham.
Kelsang ming xil, ming bir turlanib
Bu yo‘llarning har bir bekati
Lolalanib, atirgullanib
Faqatgina senga tegadi.
Bu yo‘llarda har bir muyulish,
Bu yo‘llarda har bir chorraha
Sensiz borlig‘imni tilkalar,
Yuragimga solar jarohat.
Hozir esa sening xayoling
Mana shunday qutlug‘ navodir.
Taxminlarim kechikkan bir baxt,
Hayallagan g‘amgin xavotir
Gul ne qilsin sensiz bu yerda
Onda-sonda qovjiroq ajriq
Ayriliqni kesatib qo‘yar,
Yo‘kligimni qilar qochiriq.
Tipirchilar ko‘ksimda yurak
Bekor qanot qoqishlar bilan
Ketgandirsan, sen, gulim, axir,
Yig‘lab-yig‘lab oqqushlar bilan…
* * *
Azaning ustidan chiqib qoldingiz,
Duch keldi sizga bir g‘aroyib motam.
Qayerdadir tinmay sukut sakdaydi
Qoraqosh, qorako‘z go‘zal bir odam.
Sirli qo‘ng‘irokdar yodidan chikdi,
Intiq jiringlarni unut etdi sim.
Bir hafta bo‘ldi-ki telefonim o‘ldi,
Bugun telefonimning yettisi.
* * *
Judolik yurakxo‘r, yovuz ajdaho
Mavjlandi ishtaha jirkanch qonida.
Bilmay qoldik bizlar ko‘rganimizni
O‘zimizni uning oshqozonida.
Sal tegib qo‘ygandik ko‘z ochdi darrov
Ochlikka bir lahza bilmadi chidab.
Ko‘zyoshlar hididan topib keldi u
Qochsak hamki oyoq uchida.
Hislarimni taftish qilaberdi so‘ng:
«Qiynalib ketdingiz. Yetar, e, bo‘ldi!
Layli nima bo‘ldi vafoli bo‘lib,
Sadoqatli bo‘lib Majnun ne bo‘ldi?»
Axiyri sindirdi qaysarligimni
Dilda laxta qondek qotib qolgan his…
«Men sizni sevaman, jonim yolg‘izlik,
Siz haddan tashqari go‘zalsiz».
* * *
Tunlarim tong bo‘lar seni o‘ylanib,
Seni o‘ylab, mening bo‘lar kech kunim.
Sening mendan boshqa hammalaring bor,
Mening sendan boshqa yo‘kdir hech kimim.
Darvoqe, senim ham yo‘qsan-ku mening,
Seni hech meniki demaslar endi.
Yurak mavhum bir baxt… yurakdan boshqa
Hech birov meniki emaslar endi.
Oyoqlarim menga bosh egmas sira,
Oyoqlarim meni senga sudraydi.
Judolik libosin ustimga o‘rtib
Ruhimda sadoqat mudraydi.
Yurakda sayraydi majruh bir bulbul,
Behuda axtarib qiyg‘os hislarni.
Gulim… dilim… shu ham hayot bo‘ldimi,
Xudo rahmat qilgan bo‘lsin bizlarni.
KUZ
Ko‘rdim yurar dalada shu choq
Otam bilan xirmon sovurib.
Otabek Ismoilov
Oftob ahyon-ahyon mo‘ralab qo‘yar,
Topib unda-bunda bulutlar chokin.
Hansiragan tuproq salqinga to‘yar,
Xorazm yerida xazonrez hokim.
Sariqqa chalinib, chekib yotar g‘am
Har daraxt, har maysa, har qir va har rosh.
Bahor malikasi bodi sabo ham
Qarib shamol bo‘lgan, bo‘lgan bir farrosh.
Hurpaytirar shoxga qo‘ngan qushda par,
Yo‘lakdagi changni ketar ufurib.
Goh unda, goh bunda yurar mushtipar
Bayroq hilpiratib, ko‘cha supurib.
Bog‘larda xo‘rsinsa — to‘kilib meva,
Dalada oh tortsa, chanoq charaqlar.
Oltin yaproqlarni seva va seva
Ko‘hna kitob qilib bir-bir varaqlar.
Borliq ko‘p sermahsul xayolga tolgan
Dard ko‘p horg‘in kecha-kunduzlarida.
Sog‘lom umid uxlar qurt tushmay qolgan
Yuksak daraxtlarning ildizlarida…
SЕRQIBLA ODAM
Men hech kimga tashvish orttirolmayman,
Negakim, tashvishim o‘zimdan ortmas.
Hech kim qulog‘imdan tortmaydi mening,
Oyog‘imdan esa — beshbattar tortmas.
Xudbin bir odamman. Qilmas bezovta
Hech kimni yaxshimi-yomon bir ishim.
Olti yog‘im qibla. Istasam mumkin —
Osmonga uchishim, yerga kirishim.
SAVDO
Sotmoqchi bo‘larlar seni, azizim,
Baholar qo‘yarlar yuksak, qo‘letmas.
Mahliyo bo‘larlar, maftun bo‘larlar,
Xaridorlar sira tegrangdan ketmas.
Nihoyat, na iloj tarqaydi bozor.
Ensasini qashib, umidin uzib.
Shalvirab ketarlar xaridorlaring
Bir-bir qo‘ltig‘idan tushib tarvuzi.
Ko‘p ayyor, ko‘p makkor sotg‘uvchilarga
Shu tarvuzlar kerak, xolos, gullolam.
G‘uj-g‘uj urug‘ emas, ular ichidan
Tillolar to‘kilar, faqat tillolar..
MANZARA
Anduh qamal qilar yurakni,
Tun-kun aro yo‘kdek tafovut.
Borliq quyuq, qaro bulutdan
Kiyib olgan omonat sovut.
Osmon yomon qattiq xo‘mraygan,
Chek qo‘yilgan uning ayshiga.
O‘xshab ketar yilt etgan yog‘du
Jahongirning jilmayishiga.
* * *
Qomating oqterakdek adl,
So‘zing ruhni qonga beladi.
Shundayin bir jallod bo‘lsang ham,
Labingdan sut hidi keladi.
Kelajaging — qasr. Qulatma.
Garchi hayot bir buz-buzaloq.
Bo‘sani kim qo‘yibdi senga,
Qizaloq!..
* * *
Qaydasan. Yuragim sargardon.
G‘oyib diydoringga to‘yayin.
Shunday topayinki men seni,
O‘zimni yo‘qotib qo‘yayin.
Shunday yo‘qotayki o‘zimni
Ko‘zingga yosh to‘lib, bo‘lib lol,
Qo‘ymay butkul g‘oyib bo‘lishga,
Topib ol… topib ol… topib ol…
ZARDUSHT
Nimalarni kechinayotir
Tark etarkan tanimni ruhim.
Goh badarg‘a bo‘lgisi kelar,
Goh bo‘lgisi keladi quvg‘in.
Yoki unga osmonmi qutlug‘,
Yuz o‘girmish nevchun badandan.
Vataniga ketmakdami ruh,
Ketmakdami yoki vatandan.
Qanday anglay jonu dilimni,
Zirqiratgan munglig‘ sadoni.
Yurtsevarni olqishlaymi yo
Jazolaymi vatangadoni.
* * *
Ruhim, poksan tanim qoshida,
Ojizdurman taftish qilurdan.
Turibsan qutlug‘ yo‘l boshida
Ming bor musafforoq billurdan.
Hayotimning tongi sen eding,
Mana, endi umrim shomisan.
Yaratganning oldiga yetib,
Borgudek bir musaffomisan?
* * *
Qalamimning chah-chahlaridan
Duduqlandim. Bo‘ldim gung. Lol. Jim.
Ikki qatra qalkdi mijjamga
Kelganida oshig‘im olchi.
Kuralayko‘z, jingalakjun bir
Qo‘zichoqni yodlabmi ko‘zyosh?
Yuragimga uqubat soldi
Qaysi og‘och, qaysi qoratosh?
* * *
Garchi qorni to‘kdir ularning,
Och ko‘zlari o‘kdir ularning.
Olguvchi ming qasoslari bor,
Asoslari yo‘qdir ularning.
* * *
Shaytonga hur bo‘lib gap uqtir,
Xarsangga dur bo‘lib gap uqtir.
Yo — indama. Yoki, azizim,
Zulmatga nur bo‘lib gap uqtir.
* * *
Olovlar ham bir kuni so‘ngay,
Yurak, ko‘ksim qafasga ko‘ngay.
Tikanlarim aylangay gulga,
Gunohlarim savobga do‘ngay.
Mukammallik kasb etgay borliq,
Ezgu yakun istab har ishda.
Itlarim bor — uchgay qush bo‘lib,
Iblislarim bo‘lg‘ay farishta.
* * *
Riyozat chek, mayli ozgina,
Tirnoqcha bo‘l men uchun halak.
Evaziga to‘layman osmon,
Badaliga beraman falak.
Bir lahzadan kechsang meni deb,
Baxtdan ko‘zim yoshlayajakman.
Mangulikni oyoq ostingga
Keltiriblar tashlayajakman.
* * *
Ko‘p yillar bor hali mo‘ysafidlikka,
So‘lmoqqa ko‘p yillar bordir, o, qariyb.
Lekin… sen kelmagan har bir kun botsa,
Boradir bir tola sochim oqarib.
Men holiga qattiq achinadirman
Chorasiz oxirgi tola sochimning.
Urushning eng so‘nggi qatnashchisidek
Chekadigan yolg‘iz nola sochimning…
DO‘ST
Otashfe’llar kelgan dunyoga
Yuragingni yoqmoq uchun, do‘st.
Kelgan yanglig‘ bahor buluti
Guldurak va chaqmoq uchun, do‘st.
Nopoklikdan chiqqan tishlari,
Fasodga g‘arq yozu qishlari.
Til uchida nokas nishlari
Yuragingni chaqmoq uchun, do‘st.
Makrga yot bo‘labergin sen
Jonbaxsh bayot bo‘labergin sen.
Obihayot bo‘labergin sen
Yuraklarda oqmoq uchun, do‘st.
Bo‘lg‘il dono, bo‘lg‘il mardona,
Jahl — zaqqum, aql — durdona..
Ming bir bog‘ni o‘yla, bir dona
Danak mag‘zin chaqmoq uchun, do‘st.
Mening Kunim, mening Quyoshim,
Yo oftobim, nurafshon boshim,
Ravshan qilar ko‘zimni yoshim
Senga har kun boqmoq uchun, do‘st.
* * *
Ketganingdan so‘ng ham yashayotirman,
Qattiq bo‘lar ekan odamning joni.
Hamon oqayotir Jayxun to‘lg‘anib,
Hamon tip-tinikdir Urganch osmoni.
Hamon g‘azallar bor, qo‘shiq bor hamon,
Shovullab turibdi sen tark etgan bog‘.
Gullar ochilmokda, hamon, yo pir-ay,
Bulbul sayrayotir, astag‘furilloh.
Baribir ishongim kelmaydi sira.
Sen hakda surganim bari xayol — xom.
Yoki — tirikligim yolg‘ondir mening,
Yoki sening meni sevganing — yolg‘on.
G‘AZALLAR
Baxsh etay, jonimni ol, shul boru yo‘q bojim, gulim,
Senga muhtojing tikandan, menga muhtojim gulim.
Joy olibdur ko‘zlaringning ustidan bir qallavoch,
Ko‘zi qiymas talpinib uchmoqqa qiyg‘ochim, gulim.
Hech qachon boshim egilmas to xayoling birla band,
Podshohman, boshda pinhondir, ajab, tojim gulim.
Navbahor tong yellarin ko‘p sog‘inarlar maysalar
Qo‘llaringni qo‘msagay vasl oldidan sochim, gulim
Ne uchun barglar shivirlar, soy shovullar ne sabab,
Senga hayratdan nega bo‘lmaydi dunyo jim, gulim
Kelmagingdan garchi ko‘nglim tinch, ko‘zim yo‘lingdadir,
Bir-biridan bexabardir to‘q bilan ochim, gulim
Men-ku saqlarman sukut, chahchahlagay dil bulbulim,
Men soqovdirman, dudukdir ishqda tilmochim gulim.
* * *
To‘ying diydoriga, ko‘zlar, nigorim endi kelmasmish,
Qoshidan ham qoraytib ro‘zigorim endi kelmasmish.
Quyosh botgan kabi tonglar firog‘ida qorong‘udir,
Charaqlab kulsa tunlar lolazorim endi kelmasmish.
Gulimni ming quchib to‘ymas qo‘lim, sen ne muallaqsan,
Dilimni gul kabi yul, guluzorim endi kelmasmish.
Mening zorim edi shodlik, mening zorim edi anduh,
Bu zorim endi ketmasmish, u zorim endi kelmasmish.
Mening ustimdan, ey kulfat, bo‘lurmu buncha ham kulmak,
Ko‘zidan yosh meni deb shashqatorim endi kelmasmish.
Nigoh tashlab qiyo, dilni diliga ko‘mdiyu ketdi,
Netib o‘zni tavof aylay, mozorim endi kelmasmish.
Nechun ko‘ksimda sargardon, sag‘irdir bu yashil hislar,
Uvilla, qahratonim, navbahorim endi kelmasmish.
* * *
Yor xirom etmak bilan qalbni qilib larzon o‘tar,
Ne qilaylik, umrimiz hijron aro sarson o‘tar.
Ahli ishq yor vasliga yetmish, berib jon nakdini,
Bu ne bozor, bebaho mulk unda ko‘p arzon o‘tar.
Makr eli maqsad-murodiga yetishsa oshkor,
Bu yurakdan ming alam har lahzada pinhon o‘tar.
Shul qadar yuksakda mahvash, nisbatini o‘ylasam,
Ko‘zlarimning oldidan, voh, yer bilan osmon o‘tar.
Charx urarkan to falak, ayt nega o‘zni o‘rtamak,
Vasl o‘tar, sen bo‘lma shod, sen chekma g‘am, hijron o‘tar.
Dilni jon, jon dilni qurbon bergusi ishq yo‘lida,
Bir-birin bahridan oxir bu ikki qurbon o‘tar…
* * *
Yo‘lida zorman, jonon kechikdi,
Yurakda aylanishdan qon kechikdi.
Bo‘lurmu, aytingiz, bundan ziyod g‘am,
Ki, inson qoshiga inson kechikdi.
Otar vaqtinda go‘yo otmadi tong,
Yuzin ko‘rmak uchun osmon kechikdi.
Firoq mahbusiman, erk vaqti yetdi,
Ochilmasdan biroq zindon kechikdi.
Gulim, ayb etmagil, sen jur’atimni,
G‘aribingman, dedim sulton kechikdi.
Judolik tortdi, oh, boshimga shamshir,
Himoyatga bu dam qalqon kechikdi.
O‘lardim shodligimdan, yor, kelsang,
Meni ma’zur tut, qurbon kechikdi.
* * *
Sog‘inurman, iztirobim dil degan shaydoga yuk,
Bo‘lmasinlar dardlarim lekin sira barnoga yuk.
Ta’na qildi ming, ko‘ngil ko‘rdim demas mingdan birin,
Bo‘lmagay, ming tosh uloqtirsang, azim daryoga yuk.
Tushmagaydir hech qachon ishq mulkiga og‘irligim,
Bo‘lmagay so‘z hech o‘zi bildirguchi ma’noga yuk.
Ishqi yo‘qlar fisqidan shahlolaringda qalkdi yosh,
Ahli nokas kirdikori har aziz siymoga yuk.
Qilgali baxtdan ishora ko‘z ochib yumdingmi, yor,
Bo‘ldilarmi yo quyuq kipriklaring iymoga yuk.
Dardga soldi ayriliqning kulfati deb o‘ylama,
Dil, axir, sen kim bo‘libsan, bu azob dunyoga yuk.
* * *
Ohki, men ohlar istarman,
Dilga, chun, dog‘lar istarman.
Seni men sog‘inaman har dam,
Meni men gohlar istarman.
Borlig‘im dasht ila sahrodir,
Senmisan bog‘lar, istarman.
Bir qiyo bokdingu, qul bo‘ldim,
Qullikka shohlar istarman.
Kulgiching yodida yig‘larman,
Baxtima chohlar istarman.
Sochlarim torttilar oq faryod,
Seni shundog‘lar istarman.
Tunda yilt etmadi bir yulduz,
Garchi ming mohlar istarman.
Endi bosh urgali toshlarga,
Men faqat tog‘lar istarman.
* * *
Ko‘nglimga kirib, sanam, safar qil,
Sahroda o‘zingni mo‘’tabar qil.
Ey ruxsori quyosh, ko‘zi cho‘lpon,
Osmonda ne yangilik, xabar qil.
Behudaga kelmading, azizim,
Dunyoda o‘zingni bir asar qil.
Ko‘ksimga ikki ko‘zing iki dog‘
O‘rnatdi, ishonmasang, nazar qil.
Ishq yo‘q esa qay birovda, undan
Qilmas esa kim hazar, hazar qil.
Yor la’lini bo‘sa birla band et,
So‘zingni uzatma, muxtasar qil.
TO‘RTLIKLAR
* * *
Bizga Orol dengiz tomoni yetdi,
Zaminlarning «dorilomoni» yetdi.
Mo‘ynoq tuzin totdik yetmish ikki yil,
Tuzliqqa tupurmak zamoni yetdi.
* * *
Xasta ruhda mehrim sog‘ bo‘lib o‘sdi,
Bir do‘st topsam ko‘nglim tog‘ bo‘lib o‘sdi.
Boshimda chaqilgan danaklar esa
Mening yuragimda bog‘ bo‘lib o‘sdi.
* * *
Bunday yovuz emas edi, aslida,
Faqat bilmas edi, G‘arbi, Sharqini.
Bilmas edi sho‘rlik faqatgina
Bosh bilan oyoqning farqini…
JAVZO ARAFASI
Lirik doston
«Qora ko‘zim, demang, qorako‘zmasman»,
Qo‘y ko‘zlari sening ko‘zlaring.
Qaramasang motam, qarasang
To‘y ko‘zlari sening ko‘zlaring.
Sening o‘y ko‘zlaring ilinjida
Ne bir ko‘zlar chaqnab jovdirar,
Ne bir, ne bir arslonlar ohu,
Arslonning qoshida kabi dovdirar.
Dahshatlar pinhon bu qo‘y ko‘zlaringda,
Bu ko‘zlar ham yolg‘on, ham chining.
Har bir qorachig‘ing bir olov halqa,
Hozir qarsillaydi qamchining.
Va men sakraydirman qo‘y ko‘zlaringda
Olov halqalarning arosidan.
Mardumlig‘ fan qilib, vatan tutgayman
Ko‘zlaring qarosida.
Ilhaq, qa’r-qa’ridan mushtokdir osmon
Bor oftobi, barcha yulduzi bilan,
Seni qattiq qo‘msar Urganch bog‘lari
Har yaprog‘i, har bir ildizi bilan.
Biz ham, asli, o‘zi, bir juft daraxtmiz
Birimiz bo‘lganmiz jo birimizga.
Ayriliq — yolg‘ondir. Qattiq chirmashgan
Tomirimiz tomirimizga.
Fayz baxsh etib turar biri biriga
Yaproqlar — yam-yashil a’zolarimiz.
Hayot-mamotimiz mushtarakdirlar,
Mushtarakdir bizning javzolarimiz.
Bir chetda mung‘ayib o‘tiribman jim,
Sensiz har bir lahza ming bor falokat.
Ming yil bo‘ldi — ketding. Nega hamon ho‘l
Naqllardan mashhur muborak doka.
Ming o‘lib tirildim men shu ming yilda,
Ming yil bir nuqtadan siljimadi oy.
Bug‘lanib turibdi piyolada sen
Ming yil avval damlab berib ketgan choy.
Ming yil bo‘ldi… ketding… zor etding…
Qutlug‘ qadamingga shay bog‘larimni …
Kuylagim malakmi dazmollab qo‘ydi,
Farishtami yuvdi paypoqlarimni?..
Men sukut saqlayman, beraman bardosh,
Sening so‘zlaringdan yurak-bag‘rim qon.
Sensiz hayot mening qatlimga qaror,
Ey, rashk maktabida jajji abjadxon.
Malomatga ko‘mib o‘rtaysan meni,
Meni qizg‘aniblar titraysan goho.
Rashking — bir chuvalchang, bir ilon — mayda,
Mening rashkim esa ajdaho.
Ruhni qanday ezar, bir bilsang edi
Achchiq ta’nalarning toshlari.
Husning ortgan sari ko‘payib borar
Mudhish ajdahoning boshlari.
Puskurarkan har bosh betinim olov
Mahkum qilib meni o‘limga,
Ko‘zlaring uzatar istar-istamas
Olmos bir qilichni qo‘limga.
Boshlarni uzaman sapcha-sapchadek
Indamay… gulruxsor, bag‘ri tosh.
O‘sib chiqaverar bir bosh o‘rniga
Ikki bosh… ikki bosh… ikki bosh…
Men janub o‘g‘liman. Sen — shimol qizi.
Bir faslga ilhaq. Ichikkan.
Mavridlidir sening baxting, vodarig‘,
Mening baxtim sensiz… kechikkan.
Bahorni sen yonib yashaging kelar,
Bergim kelar mening kuzga chap.
Seni bir o‘zgacha yo‘qlaydi bahor,
Meni yo‘kdaydi kuz o‘zgacha.
Og‘ir mehnat qilar yer bu juft fasl,
Anqib tutib ketar yerni yer hidi.
Ochilganda mahzun ruhimda chaman
Yuragingda endi-i… muzlar eriydi.
Sen taraf otlansam qahring bir dunyo,
Otlanmayin desam, mehring bir jahon.
Tark etib ko‘zlaring muborak ziyo
Berkilib qolmasmi yo‘llar nogahon.
Borlig‘imga botding misli to‘lin oy,
G‘amgin vatan bo‘ldim mahzun bu mohga.
Sen bilan kezganim har bir qadam joy
Aylandi men uchun ziyoratgohga.
Jonda qol, bergandek safhaga zeb bayt,
Har tong dil ilk sevgi qo‘shig‘in aytsin.
Sadoqat quruq bir so‘z emas deb ayt,
Sochlarim oqarish fikridan qaytsin.
Sen o‘zingni afv et. Oshiqlik shunday.
Devonavor eding. Majnunvor eding.
Sodaaroq aytsang ham bo‘lardi, biroq:
«Men seni o‘lgudek sevaman», — deding.
Yashagudek sevmoq kerak, aslida,
To bo‘lmasin dilda baxtga nihoya.
Ishq — hayot. Gapingga omiyn demoqqa
Farishtalar tili bormagay, shoyad.
Va sen yashaydirsan uzoq va mas’ud,
Bunday saodatga haq bir jazo bor.
Aytsang-aytmasang ham, qanchalik sevma,
Jon bor yerda axiyr bir kun qazo bor.
Shunda, o, yuksak va teran anglarsan
Arshga oshiq yo‘li — Somon yo‘lini..
Arvoh kapalaging charx urib ko‘rgay
Qanday mudhish o‘lim oshiq o‘limi.
Lolalar keladi shu kun azaga,
Chamanlar chayqalib tutadi motam.
Yurak-yuragining qa’ri-qa’ridan
O‘kranib yig‘laydi yolg‘iz bir odam.
Ko‘zyosh qilib to‘kar zaqqum rashklarin,
Ko‘zyosh qilib to‘kar ozorlaringni.
Nozik kiftlarining silkinishidan
Zilzila titragay mozorlaringni.
O‘rganar sevgingdan muhabbatni ishq,
Toqatingdan qanoatni sabrlar.
Titrangan qabringdan ko‘ngil so‘rashga
Tashrif buyuradi qutlug‘ qabrlar.
Hozir esa… nurli jilmaymokdasan,
Hozir esa… bunga hali ancha bor…
Visol baxtin ravo ko‘rmokda Rohiym,
Mahrum qilmay turar diydordan Jabbor…
Uzun bir uh tortib olar bu lochin,
Fig‘on chekib parvoz qilar. Qolasan.
Endi men jimgina faryodman,
Endi sen jimgina nolasan.
Har qatra ko‘zyoshda bir ummon dardi,
Yolg‘on hijron borar haqiqatlanib.
Oy bilan o‘lchanmas ayriliq,
Ayriliq o‘lchanar daqiqalanib.
Telefon jarangi qiladi chil-chil
Damlardan to‘qilgan qafaslaringni.
Jonimga bir zumda tutashtiradi
Sovuq simlar qaynoq nafaslaringni.
So‘z topmay dovdirab tin olishlaring
Muhabbatning mangu tilsimlarimi?
Telefoningmikan bizni bog‘lagan
Dil simlarimi?
Ko‘zlaringdek tiniq tolalar bo‘ylab
Nolalar ming chaqirim qochadi.
Ruhim simyog‘ochlar kabi dong qotib,
Sening yo‘llaringga quchoq ochadi.
Matnazar Abdulhakim. Javzo tashrifi