Iroda Umarova. Yangi she’rlar

044Бугунги шеъриятимизнинг иқтидорли шоираларидан бири Ирода Умарованинг янги шеърий туркумини тақдим этамиз.

Ирода УМАРОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


Ирода Умарова 1987 йили Жиззах вилояти Фориш тумани Гараша қишлоғида туғилган. Низомий номидаги ТДПУда таҳсил олган. “Баҳор висоли”, “Учинчи дунё”, “Эгасиз соғинч”, “Сиз учун” ва бошқа шеърий ва  насрий китоблари нашр этилган.


* * *
032
“Кетинг!
Сизни ёмон кўраман” –
Ғазабланар юзи, қўллари.
Овозига чўчийди эпкин
…йўлга сочиб парда гулларин…

“Кетди” –
Боқар изидан лоқайд,
Ақл-у кўнгил аро ҳарб билан.
Кўзларини оҳиста юмди
Ва эшикни ёпди зарб билан.

Оқшом сўнгги тугмасин ечди,
Тиниқ-тиниқ кўринар туман.
Юракдан тош кўчди (кечикди):
“Кетманг…
Сизни яхши кўраман…”

* * *

Дарахтмисол бир най бор эди
Ҳовлимизда,
Ёдимга тушар…

Шамол чалса, ғовакларидан
Учар эди ноталар – қушлар.
Дўстим эди, жулдур соясин
Кун, ёғинда доим илинчак.
Дуррасидан сирғалиб қочган
Икки тола оқ соч – ҳалинчак.
Тебранардим, учардим беғам,
Тебранарди пойимда боғлар.
Жўр бўлганда, қуёш ипларин
Чертиб-чертиб нохин япроқлар.
Энди бари ўтмиш, хаёл, туш,
Улаб турар соғинч жунуни.
Билмай суйдим у шаммисолнинг
Туғилган ва ўлган кунини!
Энди ҳаёт оёқдан чалар,
Тебратади маромда карвон.
Энди ўзим дарахт,
Илдизим
Сочларидан босган бир довон.
Энди ўзим найман,
Куйларим
Кимларгадир кетган хослашиб.
Энди ўзим қушман,
Қанотим
Паналашга қолган мослашиб…
Энди-энди ҳамма нарсам бор,
Ҳар кимим бор, лекин камдайман.
Юрагида бундоқ кўкарган
Одамлари йўқ одамдайман.
Қабрларда ётган дарахтлар
Мевалари доим бозорда.
Капалаклар – қанотли хатлар,
Сўрайман шу бахтни озурда.
Учгим келар ўшандай ҳануз,
Нурни елпиб гул-чечакларга.
Лекин энди шу руҳим билан
Ярашмайман ҳалинчакларга…
Ярашмайман бу дунёга ҳам,
Ортган сайин дилнинг гуноҳи.
Бари оддий – таом, либос, ғам…
…Киприкларим қонайди гоҳи…
То бор экан шу ҳарирранг хун,
То Ажални нажотдай жўнат –
Бола бўлиб учмоғим учун
Энди ёлғиз умидим жаннат.
Энди ёлғиз умидим жаннат!

***

Чексиз, ташвишлардай чексиз коинот,
Ва унинг ичида курраи замин.
Ва унинг ичида бир одамобод,
Ва унинг ичида бир уй бор рангин.
Ва унинг ичида бир аёл ухлар,
Ва унинг ичида бир кўнгил уйғоқ.
Ва унинг ичида бир севги тўла,
Ва унинг ичида бир исм мутлоқ.
Ва унинг ичида… ҳеч кимсизлик бор,
Эгаси йўқ исм, ташланди исм.
Ойлаб тақиб юриб, ечолмай, ночор
Ҳануз тақиб юрган узукдай асранди исм…
Бағрини қучоқлаб ухлайди аёл,
Уйнинг кўзёшидай титраб қўяр у.
Бахтдан қўрқар, домга, чўққа йўяр у,
Ўзи айбдор, ҳануз Уни суяр у…
Чексиз, кутишлардай чексиз коинот
Ичра яшар экан шундай мунглуғлар,
Севаман дейишга ҳаққингиз борми?
Севилдим дейишга ҳаққингиз борми? –
Исмидан бошқа ҳеч нарсаси йўқлар?

***

Ўргимчак тўрига илинган ойни
бармоғин учида ўйнаб тераклар,
ногоҳон булутга тегиб кетдими –
томчилар авжланди ерни чертмаклаб
Деразани ёпган бир сиқим нурпўш –
гуллаган пардалар четга сурилди.
Қарадим, ёмғирга урилди ёғду,
эҳтимол ёғдуга ёмғир урилди.
Қарадим оқшомнинг туб-тубларига,
юракда уйғонди ёқимли азоб.
Биламан, аллаким мактубларига
жавобан қалбимни туш кўрар шу тоб.
Биламан, кимнингдир ёмғириман мен,
кўрган-у танимай ўтган балки-да…
Биламан, дераза ёнида ҳар йил
олча гул ёзади бўса шаклида.

****
Дарахтларни суриб қарар чироқлар,
Санайман: оқ, қизил, сариқ, зангори…
Орқа ўриндиқда ўтирибман жим,
Қалқиниб бир томчи кўзёш сингари.
Биламан, кўпларнинг йиғилариман,
Ундан ҳам кўпларга ҳеч кимман бироқ.
Санайман: оқ, қизил, сариқ, зангори…
Кўнглим… кўнглимда ҳеч ёнмайди чироқ.
Ажаб, тирикликни сездиради дард,
Бахт – орада малҳам каби тотганим.
Хижолат бўламан, эриш туйилар
Ўзимни сал кўпроқ ўйлаётганим…

* * *

Қийқириб куласан, уялмай, ҳуркмай,
Кулгинг моддийлашар – учади қушлар.
Бир дона ширинлик – бир дунё қувонч,
Энг яхши паноҳдир иссиқ оғушлар.
Суясан эскирган ўйинчоқларнг,
Гўё ўйинлардан иборат олам.
Кузатиб шу о-оддий бахтиёрлигинг,
Негадир йиғлагим келяпти, болам…

***

Яхши кўраман сизни,
Фарида,
Табассуми ғунча,
Нигоҳи кумуш.
Кундузлар чаҳ-чаҳлаб юриб,
Кечалар
Хатларига кўзёш нуқта бўлган қуш.
Кафтларим лавҳида кафт очар китоб,
Ҳовучида боғлар, йўллар ва денгиз.
Мавжларни варақлаб югурар шўхтоб,
Рўмоли сочини эплолмаган қиз –
Сиз…
Кўзларим қадамлар сатрма-сатр,
Дилимда қадамлар ҳислар қўшини.
Сиз бўлиб, мен бўлиб, маҳзун бўлиб
Бир
Чолиқуши ўқир “Чолиқуши”ни.
Ҳижрон – руҳимизнинг чуқур нафаси,
Ҳаёт ўтар экан зиқна ва тезоб.
Севги бу – ўзингни синамоқ асли,
Севги бу – шунчаки оғирроқ азоб!
Хоинни кечириб қўйишдан қўрқиб,
Хиёнатдан кетдик ҳарчанд бадарға.
Бир буюм мисоли, бир юк қатори
Муҳаббат жўнади Гулбашакарда…
Бунчалар аламли, ёдга келганда
Нураса унутиб шунча юрганинг.
Бунчалар аччиқли, битта одамда
Ёмон кўрганинг ва яхши кўрганинг.
Бунчалар санчиқли, нафратланган у
Исмини тушингда айтиб қўйишинг.
Ёлғизликдан таскин излаб кетсанг-у
Теранроқ англасанг уни суйишинг…
Ҳолвайтардай қуюқ тортиб борар тун,
Мен сизни ўқийман дарча рахида.
Фидолик етишмас эркак ҳақида…
Фидолиги зиёд Аёл ҳақида…
Сўнгги саҳифада йўқ сариқ гуллар,
Қуш кўксида қафас кетади синиб.
Комронлисиз, гарчи таслим ва ночор,
Бахтлисиз…
Китобни ёпдим хўрсиниб.
…Яхши кўраман сизни, Фарида.

***

Сочимни кестириб ташладим бугун,
Сизнинг нигоҳингиз уламоқчийдим.
Меҳрга умид йўқ, ачиниш билан
Қалбингизга бир бор йўламоқчийдим.

Қарадингиз, лекин кўрмадингиз сиз,
Кўрдингиз, кўринмай зарра эътибор.
Ҳозир койийсиз деб қувондим унсиз,
Олдингиздан ўтдим олти-етти бор.

Кўрдингиз, шунчаки жонсиз буюмдай!
Жонсиз буюмдайин тўнгди юрагим!
Наҳот севгим эмас, менинг сиз учун
Қўлларим, қўлларим бўлса кераги?

Эсиз, бисотимнинг сўнги – сочларим!
Эсиз, бир бедилга кетди уволга!
…Балки кўнгил бермай тўғри қиласиз,
Қадримас, сочига куйган аёлга…

***

Хиёбонда сурат чизар мусаввир,
Ҳам суюк машғулот, ҳам баҳарнав пул.
Сокин ўтар эди сидирға кунлар,
Графика узра унгунча бир гул.

У гул ўтираркан рўбарўсида,
Лайли кокиллари қаламдан қочиб,
Бехабар, кулгичин пиёласида
Сайёд кўзларга ишқ юборди сочиб.

Термилиб ва бундан хижолат бўлиб
Чизаркан, қоғоздай титрарди қалби.
Кўзларни, қошларни тўқирди майин,
Қалам – бармоқларин бирови каби.

Сурат битди, афсус…
Мамнун кулимсиб
Пулин узатди гул, жим олди маҳзун.
Шундай савдо бўлди – ким пулга сурат,
Ким суратга олди бармоқлар ҳидин.

Гул кетди, суратин кўтариб хуррам,
Ортидан интизор қолди бир сурат.
Ҳарир этакларин насимларидан
Гуриллаб-гуриллаб ёнди муҳаббат.

Кунлар ўтаётир ҳануз сидирға,
Йиллар чиғаноғи ичра митти сир –
Хиёбонда ишлар, кўриб қолай деб
Қалбига чизилган гулни мусаввир.

***

Гарчи жувонмаргдир бодом гуллари…
Ҳали адирларнинг сочи чиқмаган…
Исиб улгурмаган қуёш нурлари…
Шамол йилқисини йиғмаган…
Ҳануз қаттиқдир ҳаво дегани…
Майса томирида қон оқар ҳали…
Ювуқсиз яктакдай заминнинг ранги…
Барибир арзийди севгали!
Барибир дилларда кўкламнинг гашти,
Февраль – қишнинг эмас, баҳоролди ой.
Тақвимдан ҳам ўзгир соғинчнинг шашти,
Илдамлар, кунларни ташлаб пойма-пой.
Илк гуллар туғруғи нигоҳимизда…
Ўзгариб келади ҳар наҳор…
Жийда ҳидин уриб димоғимизга,
Баҳор деган сўздан бошланар баҳор.

***

Оҳиста-оҳиста ўтиб борар тонг,
Қушларга қоқиниб кетиб йўлакай.
Қабристон,
Ёпиниб намчил шамолни,
Қабрни паналаб ухлар болакай.
Ухлайди,
Беором, бероҳ, беорзу,
Муштчалари – кунлик емакка тугун.
Кулгичида қалқиб қўяди кўзёш,
Ўнгидан тушига сизаверар хун.
Отасини қатл этишар такрор,
Онаси чинқирар ҳар кун тушида.
Қўғирчоқдай гўдак укаси ўлган
Катталарнинг ўйин бу урушида.
Мина парчалари – ўйинчоқлари,
Кўнглин еб бўлмаган ҳали жудолик.
Балки… бир қуролдай ўстирмоқдадир
Ватаннинг ичида ватангадолик?!
Ҳозирча
Куч йиғиб ухлар болакай,
Хуркитманг, жой таклиф этиб ҳам тинчроқ.
Қабристонда тунаш қўрқинчдир, аммо
Қабристондан чиқиш унга қўрқинчроқ.

***

Сен келасан…
Ана, кўриндинг…
Кўча тўла улов-пиёда
Қайларгадир йитди, суринди,
Фақат икков қолдик дунёда.
Фақат сенга тўлгайдир нигоҳ,
Қадамингга тўкиб мужгонлар.
Узун йўлак сароб, иштибоҳ,
Ёнингдаман аллақачонлар.
Ёнингдаман
Ва келмоқдамиз
Гулдалага, кўкка, уммонга.
Қувончларга енгилиб, ҳолсиз
Туриб қолган ўзим томонга.
Нимагадир забоним карахт,
Туйғуларим сўз талашганда.
Юрагимда айланади бахт,
Қўлларимиз дийдорлашганда.
Туманлар из олади ердай!
Бошимизда соябон қуёш!
Узук қўлда бўртар томирдай,
Воҳ, кўзида бир томчи кўзёш!
Сувойнага барг отар оғоч,
Сўзларимда аксланар қалқим!
Шамол сарвни бир сермаб чизган
Етти рангнинг эшиги – қалбим!
Қарсиллайди момиқ булутлар,
“Ёмғир. Рухсат!” тортади қалам!
Дилларимиз хотирга битар
Бир лаҳзада келганин кўклам!
Бир лаҳзада бўлганин кўклам!
Сўнг кетасан…
Сен кетасан…
Жим термуламан кузатганча,
Қор
Бўз чимилдиқ тортган йўлакка
Сингиб борар бир Одамбаҳор…

***

Қўлларинг – ўсишдан қолган қанотлар,
Силкийсан – ўйнайди шамол бегидир.
Куласан – сибизға чалар фарёдлар,
Тўзғин сочларингда гулларнинг ҳиди.

Кўксингдан суғуриб ташлай бошлайсан
Бир… олти… ўн… ўттиз… қирқ… юракларни.
Бошингдан сочасан, тутиб яшнайсан
Жон битган чечаклар – капалакларни.

Шундай тўкиласан, завққа тўласан,
Қайлардадир қолиб кетади қайғу.
Ўйлама, барибир қидириб келиб,
Ўлгинг келган бахтдан қутқаради у…

***

Қор ёғмоқда бизнинг дунёда,
Сиз томонда гул ёғсин, онам.
Шамол оқар бизнинг кўчада,
Сиз томонга нур оқсин, онам.
Ўранаман момиқ кўрпага,
Хаёлларим жунжикар бедор:
Руҳлар совуқ қотмасмиканлар?
Қабрингизда қанча қалин қор?
Шу қорларни севиб боряпман,
Эгнингизнинг гардидай татир.
Озғин майса – сиз ёмғир билан
Куй танлашган онлардан хотир.
Сиз томонда тугилмоқдами
Бойчечакнинг илк шокиласи?
Қабристонда дунёга келар
Қизғалдоқнинг илк ҳомиласи.
Сиз томондан қор ёғар, онам,
Биз томондан ёғилмайди из.
Эҳ, ўрнидан силжиши қийин
Палахмоннинг тоши бўлган қиз.
Яхшиямки хаёл бор, туш бор,
Дийдорлашмоқ мумкин рўёда.
Шивирлайман ўзимга:
“Онам,
Қор ёғмоқда бизнинг дунёда!..”

***

Шошиб қуёш иссиқ ўлкалар томон,
Қушлар ростлар экан қўшпар елканин.
Муз ичра ақиқдай юрагим омон –
Мен қайтиб келаман сизни севгани.

Бу рўзғор дунёда, бозор дунёда
Фақат халал берди кўнгил дегани.
Кўнгилдан иборат бўлган маъвода
Мен қайтиб келаман сизни севгани.

Ҳолбуки, севардик бир-биримизни,
Эслаганда ёди юракни ўртар.
У ҳижронли кунлар энди азизми,
У малолли кунлар энди мўътабар?

Ёрқин гуллар билан, шўх гуллар билан
Бўядим сабрга тушган чегани.
Ҳаёт чанг солмаган туйғулар билан
Мен қайтиб келаман сизни севгани.

Ҳилолни сарёғдай ёйган денгизга
Тўлқинлар қайтгандай жонин бергани.
Бир кун ёнингиздан юрагингизга
Мен қайтиб келаман сизни севгани.

***

Менсиз ҳам бор эдинг ва бор бўласан,
Бутунсан, ўзимча битта камингман.
Ўтиб бораяпман сендан, дунёжон,
Кулсам – қувончингман, куйсам – ғамингман.

Ўтиб бораяпсан мендан, дунёжон,
Йиллар – ковушингдан қолган излар, чанг.
Ўрмалаб келмоқда сочларимга оқ,
Юрагимга эса қора-хира ранг.

Ишон, сени жуда яхши кўраман,
Ёмон кўрсатади бировлар фақат.
Ўзимники бўлган бирон кунинг йўқ,
Билдим, алдар экан ҳатто муҳаббат.

Тўйсам сендан эмас, ўзимдан тўйдим,
Армонлар тўймаган бардош ўзимман.
Ниятлари узун, имкони қисқа,
Ямоқларга тўлиб кетган тўзимман.

Яна тўлиш учун тўкдим дардларим,
Бўғзимдан қайтган у кўзёшми ё жон…
Бир бора яшамай, минг бора ўлиб,
Ўтиб бораяпман сендан, дунёжон.
Бир кўрмай, бир тўймай, бир қанот қоқмай,
Кетиб бораяпман сендан, дунёжон.

***

Бир кун…
Қаҳратоннинг қоқ ўртасида
Шиддаткор ёғаркан нафис-нафис қор,
Деразадан қараб ўтирганингда
Қалбинг деразасини чертади хабар:
Баҳор келди, баҳор!..
Эшик олдингда бўлади пайдо,
Кўзларинг атрофда югуради зор.
Бўғзингдан совқотиб чиқади нидо:
Баҳор қани, баҳор?!
Ноилож ва бўм-бўш ортга қайтасан,
Ўтирасан яна ойнадан қараб
Гуллаётган қорга,
Ўсаётган қорга…
Шивирлаб
Улкан соғинчларингни айтасан
Самога мўъжазгина хонадан қараб,
Ва бора бошлайсан
Баҳорга –
Хаёлларингга –
Баҳорга…

ПАРЧАЛАР

* * *

Мени ғалати деб ташлаб кетган дўст
Сен учун қиш чоғи гуллаган эдим.
Кечир,
Юрагимни ёрган пайтимда
Қондан қўрқишингни билмаган эдим.

* * *

Кўзни юмиб, қўлларингни очиб кетсанг,
Ғам бўлмаса, дард бўлмаса Яратганни севишдек.
Бу дунёни ечиб кетсанг,
Оёғингни қавартирган кавушдек.

* * *

Юлдузлар самога ғарқ бўлмоқдадир,
Қушлар тушларини шарҳ қилмоқдадир.
Бир бахтга куёиниб ўтирган дўст, боқ,
Ой ҳажридан қуёш туғилмоқдадир.

* * *

Жигаримни сўз билан эзиб,
Жигарчилигимда юрган инсон,
Сени қуча олмайман, гарчи қўлларим бутун, елкаларим бутун,
Меҳрим ногирон…

* * *

Гулларни бағримга босаман
Қабр устига гул қўйгандай
Ва ўзим уларнинг бир ғунчаси каби…
Бир муҳаббат яшар юрагимда
Осколка – ўқ парчаси каби…

* * *

Муҳаббат дегани тескари ўйин:
Севмоқ осон хаёлда, ҳаётда қийин.
Кечмоқ осон ҳаётда, хаёлда қийин…

* * *

Қабул қиламан келишингни, ахир севаман.
Қабул қиламан кетишингни, севаман ахир!

* * *

Бир пайтлар ёқмаган китобни
Ҳозир севиб ўқисанг,
Ўйлама: “Ўшанда дидим қисқадир?”
Дидинг ўсган эмас,
Ақлинг ўсган эмас,
Дардинг ўсгандир?

* * *

Ҳар ким ўз ҳақиқатин қаддини адл этар…
Сенинг дардингдан бошлаб ўз дардин нақл этар…
Жаллод гар шафқат қилса қийнамай қатл этар…
Тутма, тубинг калитин ҳеч кимга тутма, кўнгил!
Кутма, ҳеч кимдан сендек кўнгилни кутма, кўнгил!

045Bugungi sheʼriyatimizning iqtidorli shoiralaridan biri Iroda Umarovaning yangi sheʼriy turkumini taqdim etamiz.

Iroda UMАROVА
YANGI SHE’RLАR


     Iroda Umarova 1987 yili Jizzax viloyati Forish tumani Garasha qishlogʼida tugʼilgan. Nizomiy nomidagi TDPUda tahsil olgan. “Bahor visoli”, “Uchinchi dunyo”, “Egasiz sogʼinch”, “Siz uchun” va boshqa sheʼriy va nasriy kitoblari nashr etilgan.


* * *

“Keting!
Sizni yomon koʼraman” –
Gʼazablanar yuzi, qoʼllari.
Ovoziga choʼchiydi epkin
…yoʼlga sochib parda gullarin…

“Ketdi” –
Boqar izidan loqayd,
Аql-u koʼngil aro harb bilan.
Koʼzlarini ohista yumdi
Va eshikni yopdi zarb bilan.

Oqshom soʼnggi tugmasin yechdi,
Tiniq-tiniq koʼrinar tuman.
Yurakdan tosh koʼchdi (kechikdi):
“Ketmang…
Sizni yaxshi koʼraman…”

* * *

Daraxtmisol bir nay bor edi
Hovlimizda,
Yodimga tushar…

Shamol chalsa, gʼovaklaridan
Uchar edi notalar – qushlar.
Doʼstim edi, juldur soyasin
Kun, yogʼinda doim ilinchak.
Durrasidan sirgʼalib qochgan
Ikki tola oq soch – halinchak.
Tebranardim, uchardim begʼam,
Tebranardi poyimda bogʼlar.
Joʼr boʼlganda, quyosh iplarin
Chertib-chertib noxin yaproqlar.
Endi bari oʼtmish, xayol, tush,
Ulab turar sogʼinch jununi.
Bilmay suydim u shammisolning
Tugʼilgan va oʼlgan kunini!
Endi hayot oyoqdan chalar,
Tebratadi maromda karvon.
Endi oʼzim daraxt,
Ildizim
Sochlaridan bosgan bir dovon.
Endi oʼzim nayman,
Kuylarim
Kimlargadir ketgan xoslashib.
Endi oʼzim qushman,
Qanotim
Panalashga qolgan moslashib…
Endi-endi hamma narsam bor,
Har kimim bor, lekin kamdayman.
Yuragida bundoq koʼkargan
Odamlari yoʼq odamdayman.
Qabrlarda yotgan daraxtlar
Mevalari doim bozorda.
Kapalaklar – qanotli xatlar,
Soʼrayman shu baxtni ozurda.
Uchgim kelar oʼshanday hanuz,
Nurni yelpib gul-chechaklarga.
Lekin endi shu ruhim bilan
Yarashmayman halinchaklarga…
Yarashmayman bu dunyoga ham,
Ortgan sayin dilning gunohi.
Bari oddiy – taom, libos, gʼam…
…Kipriklarim qonaydi gohi…
To bor ekan shu harirrang xun,
To Аjalni najotday joʼnat –
Bola boʼlib uchmogʼim uchun
Endi yolgʼiz umidim jannat.
Endi yolgʼiz umidim jannat!

***

Cheksiz, tashvishlarday cheksiz koinot,
Va uning ichida kurrai zamin.
Va uning ichida bir odamobod,
Va uning ichida bir uy bor rangin.
Va uning ichida bir ayol uxlar,
Va uning ichida bir koʼngil uygʼoq.
Va uning ichida bir sevgi toʼla,
Va uning ichida bir ism mutloq.
Va uning ichida… hech kimsizlik bor,
Egasi yoʼq ism, tashlandi ism.
Oylab taqib yurib, yecholmay, nochor
Hanuz taqib yurgan uzukday asrandi ism…
Bagʼrini quchoqlab uxlaydi ayol,
Uyning koʼzyoshiday titrab qoʼyar u.
Baxtdan qoʼrqar, domga, choʼqqa yoʼyar u,
Oʼzi aybdor, hanuz Uni suyar u…
Cheksiz, kutishlarday cheksiz koinot
Ichra yashar ekan shunday munglugʼlar,
Sevaman deyishga haqqingiz bormi?
Sevildim deyishga haqqingiz bormi? –
Ismidan boshqa hech narsasi yoʼqlar?

***

Oʼrgimchak toʼriga ilingan oyni
barmogʼin uchida oʼynab teraklar,
nogohon bulutga tegib ketdimi –
tomchilar avjlandi yerni chertmaklab
Derazani yopgan bir siqim nurpoʼsh –
gullagan pardalar chetga surildi.
Qaradim, yomgʼirga urildi yogʼdu,
ehtimol yogʼduga yomgʼir urildi.
Qaradim oqshomning tub-tublariga,
yurakda uygʼondi yoqimli azob.
Bilaman, allakim maktublariga
javoban qalbimni tush koʼrar shu tob.
Bilaman, kimningdir yomgʼiriman men,
koʼrgan-u tanimay oʼtgan balki-da…
Bilaman, deraza yonida har yil
olcha gul yozadi boʼsa shaklida.

****
Daraxtlarni surib qarar chiroqlar,
Sanayman: oq, qizil, sariq, zangori…
Orqa oʼrindiqda oʼtiribman jim,
Qalqinib bir tomchi koʼzyosh singari.
Bilaman, koʼplarning yigʼilariman,
Undan ham koʼplarga hech kimman biroq.
Sanayman: oq, qizil, sariq, zangori…
Koʼnglim… koʼnglimda hech yonmaydi chiroq.
Аjab, tiriklikni sezdiradi dard,
Baxt – orada malham kabi totganim.
Xijolat boʼlaman, erish tuyilar
Oʼzimni sal koʼproq oʼylayotganim…

* * *

Qiyqirib kulasan, uyalmay, hurkmay,
Kulging moddiylashar – uchadi qushlar.
Bir dona shirinlik – bir dunyo quvonch,
Eng yaxshi panohdir issiq ogʼushlar.
Suyasan eskirgan oʼyinchoqlarng,
Goʼyo oʼyinlardan iborat olam.
Kuzatib shu o-oddiy baxtiyorliging,
Negadir yigʼlagim kelyapti, bolam…

***

Yaxshi koʼraman sizni,
Farida,
Tabassumi gʼuncha,
Nigohi kumush.
Kunduzlar chah-chahlab yurib,
Kechalar
Xatlariga koʼzyosh nuqta boʼlgan qush.
Kaftlarim lavhida kaft ochar kitob,
Hovuchida bogʼlar, yoʼllar va dengiz.
Mavjlarni varaqlab yugurar shoʼxtob,
Roʼmoli sochini eplolmagan qiz –
Siz…
Koʼzlarim qadamlar satrma-satr,
Dilimda qadamlar hislar qoʼshini.
Siz boʼlib, men boʼlib, mahzun boʼlib
Bir
Choliqushi oʼqir “Choliqushi”ni.
Hijron – ruhimizning chuqur nafasi,
Hayot oʼtar ekan ziqna va tezob.
Sevgi bu – oʼzingni sinamoq asli,
Sevgi bu – shunchaki ogʼirroq azob!
Xoinni kechirib qoʼyishdan qoʼrqib,
Xiyonatdan ketdik harchand badargʼa.
Bir buyum misoli, bir yuk qatori
Muhabbat joʼnadi Gulbashakarda…
Bunchalar alamli, yodga kelganda
Nurasa unutib shuncha yurganing.
Bunchalar achchiqli, bitta odamda
Yomon koʼrganing va yaxshi koʼrganing.
Bunchalar sanchiqli, nafratlangan u
Ismini tushingda aytib qoʼyishing.
Yolgʼizlikdan taskin izlab ketsang-u
Teranroq anglasang uni suyishing…
Holvaytarday quyuq tortib borar tun,
Men sizni oʼqiyman darcha raxida.
Fidolik yetishmas erkak haqida…
Fidoligi ziyod Аyol haqida…
Soʼnggi sahifada yoʼq sariq gullar,
Qush koʼksida qafas ketadi sinib.
Komronlisiz, garchi taslim va nochor,
Baxtlisiz…
Kitobni yopdim xoʼrsinib.
…Yaxshi koʼraman sizni, Farida.

***

Sochimni kestirib tashladim bugun,
Sizning nigohingiz ulamoqchiydim.
Mehrga umid yoʼq, achinish bilan
Qalbingizga bir bor yoʼlamoqchiydim.

Qaradingiz, lekin koʼrmadingiz siz,
Koʼrdingiz, koʼrinmay zarra eʼtibor.
Hozir koyiysiz deb quvondim unsiz,
Oldingizdan oʼtdim olti-etti bor.

Koʼrdingiz, shunchaki jonsiz buyumday!
Jonsiz buyumdayin toʼngdi yuragim!
Nahot sevgim emas, mening siz uchun
Qoʼllarim, qoʼllarim boʼlsa keragi?

Esiz, bisotimning soʼngi – sochlarim!
Esiz, bir bedilga ketdi uvolga!
…Balki koʼngil bermay toʼgʼri qilasiz,
Qadrimas, sochiga kuygan ayolga…

***

Xiyobonda surat chizar musavvir,
Ham suyuk mashgʼulot, ham baharnav pul.
Sokin oʼtar edi sidirgʼa kunlar,
Grafika uzra unguncha bir gul.

U gul oʼtirarkan roʼbaroʼsida,
Layli kokillari qalamdan qochib,
Bexabar, kulgichin piyolasida
Sayyod koʼzlarga ishq yubordi sochib.

Termilib va bundan xijolat boʼlib
Chizarkan, qogʼozday titrardi qalbi.
Koʼzlarni, qoshlarni toʼqirdi mayin,
Qalam – barmoqlarin birovi kabi.

Surat bitdi, afsus…
Mamnun kulimsib
Pulin uzatdi gul, jim oldi mahzun.
Shunday savdo boʼldi – kim pulga surat,
Kim suratga oldi barmoqlar hidin.

Gul ketdi, suratin koʼtarib xurram,
Ortidan intizor qoldi bir surat.
Harir etaklarin nasimlaridan
Gurillab-gurillab yondi muhabbat.

Kunlar oʼtayotir hanuz sidirgʼa,
Yillar chigʼanogʼi ichra mitti sir –
Xiyobonda ishlar, koʼrib qolay deb
Qalbiga chizilgan gulni musavvir.

***

Garchi juvonmargdir bodom gullari…
Hali adirlarning sochi chiqmagan…
Isib ulgurmagan quyosh nurlari…
Shamol yilqisini yigʼmagan…
Hanuz qattiqdir havo degani…
Maysa tomirida qon oqar hali…
Yuvuqsiz yaktakday zaminning rangi…
Baribir arziydi sevgali!
Baribir dillarda koʼklamning gashti,
Fevralь – qishning emas, bahoroldi oy.
Taqvimdan ham oʼzgir sogʼinchning shashti,
Ildamlar, kunlarni tashlab poyma-poy.
Ilk gullar tugʼrugʼi nigohimizda…
Oʼzgarib keladi har nahor…
Jiyda hidin urib dimogʼimizga,
Bahor degan soʼzdan boshlanar bahor.

***

Ohista-ohista oʼtib borar tong,
Qushlarga qoqinib ketib yoʼlakay.
Qabriston,
Yopinib namchil shamolni,
Qabrni panalab uxlar bolakay.
Uxlaydi,
Beorom, beroh, beorzu,
Mushtchalari – kunlik yemakka tugun.
Kulgichida qalqib qoʼyadi koʼzyosh,
Oʼngidan tushiga sizaverar xun.
Otasini qatl etishar takror,
Onasi chinqirar har kun tushida.
Qoʼgʼirchoqday goʼdak ukasi oʼlgan
Kattalarning oʼyin bu urushida.
Mina parchalari – oʼyinchoqlari,
Koʼnglin yeb boʼlmagan hali judolik.
Balki… bir qurolday oʼstirmoqdadir
Vatanning ichida vatangadolik?!
Hozircha
Kuch yigʼib uxlar bolakay,
Xurkitmang, joy taklif etib ham tinchroq.
Qabristonda tunash qoʼrqinchdir, ammo
Qabristondan chiqish unga qoʼrqinchroq.

***

Sen kelasan…
Аna, koʼrinding…
Koʼcha toʼla ulov-piyoda
Qaylargadir yitdi, surindi,
Faqat ikkov qoldik dunyoda.
Faqat senga toʼlgaydir nigoh,
Qadamingga toʼkib mujgonlar.
Uzun yoʼlak sarob, ishtiboh,
Yoningdaman allaqachonlar.
Yoningdaman
Va kelmoqdamiz
Guldalaga, koʼkka, ummonga.
Quvonchlarga yengilib, holsiz
Turib qolgan oʼzim tomonga.
Nimagadir zabonim karaxt,
Tuygʼularim soʼz talashganda.
Yuragimda aylanadi baxt,
Qoʼllarimiz diydorlashganda.
Tumanlar iz oladi yerday!
Boshimizda soyabon quyosh!
Uzuk qoʼlda boʼrtar tomirday,
Voh, koʼzida bir tomchi koʼzyosh!
Suvoynaga barg otar ogʼoch,
Soʼzlarimda akslanar qalqim!
Shamol sarvni bir sermab chizgan
Yetti rangning eshigi – qalbim!
Qarsillaydi momiq bulutlar,
“Yomgʼir. Ruxsat!” tortadi qalam!
Dillarimiz xotirga bitar
Bir lahzada kelganin koʼklam!
Bir lahzada boʼlganin koʼklam!
Soʼng ketasan…
Sen ketasan…
Jim termulaman kuzatgancha,
Qor
Boʼz chimildiq tortgan yoʼlakka
Singib borar bir Odambahor…

***

Qoʼllaring – oʼsishdan qolgan qanotlar,
Silkiysan – oʼynaydi shamol begidir.
Kulasan – sibizgʼa chalar faryodlar,
Toʼzgʼin sochlaringda gullarning hidi.

Koʼksingdan sugʼurib tashlay boshlaysan
Bir… olti… oʼn… oʼttiz… qirq… yuraklarni.
Boshingdan sochasan, tutib yashnaysan
Jon bitgan chechaklar – kapalaklarni.

Shunday toʼkilasan, zavqqa toʼlasan,
Qaylardadir qolib ketadi qaygʼu.
Oʼylama, baribir qidirib kelib,
Oʼlging kelgan baxtdan qutqaradi u…

***

Qor yogʼmoqda bizning dunyoda,
Siz tomonda gul yogʼsin, onam.
Shamol oqar bizning koʼchada,
Siz tomonga nur oqsin, onam.
Oʼranaman momiq koʼrpaga,
Xayollarim junjikar bedor:
Ruhlar sovuq qotmasmikanlar?
Qabringizda qancha qalin qor?
Shu qorlarni sevib boryapman,
Egningizning gardiday tatir.
Ozgʼin maysa – siz yomgʼir bilan
Kuy tanlashgan onlardan xotir.
Siz tomonda tugilmoqdami
Boychechakning ilk shokilasi?
Qabristonda dunyoga kelar
Qizgʼaldoqning ilk homilasi.
Siz tomondan qor yogʼar, onam,
Biz tomondan yogʼilmaydi iz.
Eh, oʼrnidan siljishi qiyin
Palaxmonning toshi boʼlgan qiz.
Yaxshiyamki xayol bor, tush bor,
Diydorlashmoq mumkin roʼyoda.
Shivirlayman oʼzimga:
“Onam,
Qor yogʼmoqda bizning dunyoda!..”

***

Shoshib quyosh issiq oʼlkalar tomon,
Qushlar rostlar ekan qoʼshpar yelkanin.
Muz ichra aqiqday yuragim omon –
Men qaytib kelaman sizni sevgani.

Bu roʼzgʼor dunyoda, bozor dunyoda
Faqat xalal berdi koʼngil degani.
Koʼngildan iborat boʼlgan maʼvoda
Men qaytib kelaman sizni sevgani.

Holbuki, sevardik bir-birimizni,
Eslaganda yodi yurakni oʼrtar.
U hijronli kunlar endi azizmi,
U malolli kunlar endi moʼʼtabar?

Yorqin gullar bilan, shoʼx gullar bilan
Boʼyadim sabrga tushgan chegani.
Hayot chang solmagan tuygʼular bilan
Men qaytib kelaman sizni sevgani.

Hilolni saryogʼday yoygan dengizga
Toʼlqinlar qaytganday jonin bergani.
Bir kun yoningizdan yuragingizga
Men qaytib kelaman sizni sevgani.

***

Mensiz ham bor eding va bor boʼlasan,
Butunsan, oʼzimcha bitta kamingman.
Oʼtib borayapman sendan, dunyojon,
Kulsam – quvonchingman, kuysam – gʼamingman.

Oʼtib borayapsan mendan, dunyojon,
Yillar – kovushingdan qolgan izlar, chang.
Oʼrmalab kelmoqda sochlarimga oq,
Yuragimga esa qora-xira rang.

Ishon, seni juda yaxshi koʼraman,
Yomon koʼrsatadi birovlar faqat.
Oʼzimniki boʼlgan biron kuning yoʼq,
Bildim, aldar ekan hatto muhabbat.

Toʼysam sendan emas, oʼzimdan toʼydim,
Аrmonlar toʼymagan bardosh oʼzimman.
Niyatlari uzun, imkoni qisqa,
Yamoqlarga toʼlib ketgan toʼzimman.

Yana toʼlish uchun toʼkdim dardlarim,
Boʼgʼzimdan qaytgan u koʼzyoshmi yo jon…
Bir bora yashamay, ming bora oʼlib,
Oʼtib borayapman sendan, dunyojon.
Bir koʼrmay, bir toʼymay, bir qanot qoqmay,
Ketib borayapman sendan, dunyojon.

***

Bir kun…
Qahratonning qoq oʼrtasida
Shiddatkor yogʼarkan nafis-nafis qor,
Derazadan qarab oʼtirganingda
Qalbing derazasini chertadi xabar:
Bahor keldi, bahor!..
Eshik oldingda boʼladi paydo,
Koʼzlaring atrofda yuguradi zor.
Boʼgʼzingdan sovqotib chiqadi nido:
Bahor qani, bahor?!
Noiloj va boʼm-boʼsh ortga qaytasan,
Oʼtirasan yana oynadan qarab
Gullayotgan qorga,
Oʼsayotgan qorga…
Shivirlab
Ulkan sogʼinchlaringni aytasan
Samoga moʼʼjazgina xonadan qarab,
Va bora boshlaysan
Bahorga –
Xayollaringga –
Bahorga…

PАRChАLАR

* * *

Meni gʼalati deb tashlab ketgan doʼst
Sen uchun qish chogʼi gullagan edim.
Kechir,
Yuragimni yorgan paytimda
Qondan qoʼrqishingni bilmagan edim.

* * *

Koʼzni yumib, qoʼllaringni ochib ketsang,
Gʼam boʼlmasa, dard boʼlmasa Yaratganni sevishdek.
Bu dunyoni yechib ketsang,
Oyogʼingni qavartirgan kavushdek.

* * *

Yulduzlar samoga gʼarq boʼlmoqdadir,
Qushlar tushlarini sharh qilmoqdadir.
Bir baxtga kuyoinib oʼtirgan doʼst, boq,
Oy hajridan quyosh tugʼilmoqdadir.

* * *

Jigarimni soʼz bilan ezib,
Jigarchiligimda yurgan inson,
Seni qucha olmayman, garchi qoʼllarim butun, yelkalarim butun,
Mehrim nogiron…

* * *

Gullarni bagʼrimga bosaman
Qabr ustiga gul qoʼyganday
Va oʼzim ularning bir gʼunchasi kabi…
Bir muhabbat yashar yuragimda
Oskolka – oʼq parchasi kabi…

* * *

Muhabbat degani teskari oʼyin:
Sevmoq oson xayolda, hayotda qiyin.
Kechmoq oson hayotda, xayolda qiyin…

* * *

Qabul qilaman kelishingni, axir sevaman.
Qabul qilaman ketishingni, sevaman axir!

* * *

Bir paytlar yoqmagan kitobni
Hozir sevib oʼqisang,
Oʼylama: “Oʼshanda didim qisqadir?”
Diding oʼsgan emas,
Аqling oʼsgan emas,
Darding oʼsgandir?

* * *

Har kim oʼz haqiqatin qaddini adl etar…
Sening dardingdan boshlab oʼz dardin naql etar…
Jallod gar shafqat qilsa qiynamay qatl etar…
Tutma, tubing kalitin hech kimga tutma, koʼngil!
Kutma, hech kimdan sendek koʼngilni kutma, koʼngil!

034

(Tashriflar: umumiy 484, bugungi 1)

Izoh qoldiring