Iroda Umarova. She’rlar

Ashampoo_Snap_2016.10.22_17h41m07s_001_.png     Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева Ироданинг “Учинчи дунё” китоби сўзбошиси шундай ёзади: Мен яна бир найга дуч келдим. Унинг нолалари тугамагунча (тайёрланган китоб охирига етмагунча) кўнглимнинг титроқлари тугамади. То тугамагунча юрагим сел бўлиб эшитиб ўтиравердим.

Ирода қачон шеър ёза бошлаганини билмайман, аммо “Худоники эдим” шеъридаги “Илдизимда сўзнинг мазасини сездим” сатри кўп нарсани айтади. Мен шу ерда яна бир марта ўша “Сўз – илоҳий” эканлигига амин бўлдим. Чунки умри Сўз билан, Сўзни суйиб, Сўздан куйиб ўтган юзлаб, минглаб шоирлар, ёзувчилар бордир. Сўз борасида улар ҳам турли хил фикрлар билдиргандир. Лекин мен ҳали мана шундай “Илдизида сўзнинг мазасини сезганини” уларнинг ҳеч бирида ўқимагандим…”

Мамнуният билан шоиранинг шеърларини сизга тақдим этар эканман, Ирода Умарова кўнглининг нақадар пок, гўзал ва ёруғ эканига ишонишингизга ва юрагингизда унга нисбатан катта ҳурмат, муҳаббат уйғонишига аминман».

Ирода УМАРОВА
ШЕЪРЛАР
09

   Ирода Умарова 1987 йили Жиззах вилояти Фориш тумани Гараша қишлоғида туғилган. Низомий номидаги ТДПУда таҳсил олган. “Зомин – 2007” ёш ижоклорлар семинарининг олий ўрин соҳибаси. “Баҳор висоли”, “Учинчи дунё”, “Сиз учун”, каби шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Унинг “Учинчи осмон” шеърий тўпламига Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳомийлик қилган. Бу эзгу ишда шоира Шаҳло Аҳророванинг ҳам хизмати сингганини айтиш лозим. Айни дамда Ирода Умарова “Бекажон” газетасида фаолият юритмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» веб-саҳифаси шоира шеърларини таниқли шоир Одил Икром тавсияси билан эълон қилмоқда.

09

ЎҚ
iroda_umarova.jpg
1. Ўзбекистон

Хаёлим айланди Ернинг ўқида,
Топмадим Ватандан аъло маконни.
Тумор боғлаб берай қорачўғидан—
Кўзимга яширинг Ўзбекистонни!

Мижжамда сузади мовий соғинчлар,
Хаёл бўлса ўзга юртнинг меҳмони.
Соғинаман, деган бир оғизгина
Сўзимга ширинг Ўзбекистонни!

Суқ нигоҳлар ўқи тегмоғи тайин—
Қобиғига ўраб қўймасам жоннинг.
Ўлсам юрагимга босиб ўлайин —
Кўксимга яширин Ўзбекистонни!

2. Умр

Ўқдай айланади вақт миллари,
Тўхтамас бир лаҳза довдираб, ҳориб.
Асабий югурар асрв йилларим,
Чангидан кунларим кетяпти қариб.

Санчиқларга тўлиб боради паймон,
Яна бир садоғи бўшар дунёнинг.
Умр жанггоҳидан боқият томон
Отган ўқларимиз қодир Худонинг…

3. Хиёнат

Хотиримда оқ-қора ранглар—
Ўтган умрим баёнотлари.
Қалбдабир ўқ ётибди занглаб —
Дўстларимнинг хиёнатлари…

Тариқдай-ку ўқнинг бўй-эни,
Оғриғига тенгласам нени?..
Ҳали-ҳануз йиғлатар мени
Дўстларимнинг хиёнатлари…

Ўртасидан нишон бўлса қош,
Ўқ ваҳмига берар эдим дош.
Курагимдан тешганлиги рост
Дўстларимнинг хиёнатлари…

Изларингга ғийбат экаркан,
Ўлгунингча руҳинг сиқаркан.
Ўқилондан баттар чақаркан
Дўстларингнинг хиёнатлари…

ДЎППИ

Қийиқчани боғланг белга дўндириб,
Яктакнинг пахтадек оқи ярашар.
Чаккангизга олинг қия қўндириб—
Йигитнинг бўзига дўппи ярашар.

Тақимини ўпса қирқ толим сунбул,
Товланса, нуридан нигоҳ қамашар.
Қулоққа қистирса ғунча атиргул—
Ўзбегим қизига дўппи ярашар.

Кўзнинг нурларидан тортилган қатим,
Ипаклар чокида ойдин тун яшар.
Меҳрни бошига кўтарсин халқим —
Бек бўлса ўзига,
Дўппи ярашар…

Тавба, дўппи кийсанг кўнгил сўрашар,
Боғлашса азада белбоғ боғлашар…
Ўзбекнинг ҳайиту байрамлари кўп,
Тўй қилган кезига дўппи ярашар…

ОСМОН

Тепамда—
Денгизда жимирлаб оқар.
Нигоҳим оқизоқ қилган кулча нон.
Бошимга ушалган нурларинг ёғар,
ОФТОБЖОН…

Қўрғошин рангларда бағрим совийди,
Момиқ ранг кўзимни қўяр унутиб…
Хаёл кўк қатига солиб қавийди
БУЛУТНИ…

Туннинг сочларига осилиб тушиб,
Ойдинлик ер узра ёйилар беҳол.
Ўроғида ўриб кетар дардимни
ҲИЛОЛ…

Оқшом ўчоғида тўзғиб кетар чўғ,
Уйғонар… уйғонар фаришта қизлар…
Гоҳо кўк тоқидан учиб кетар шўх
ЮЛДУЗлар…

Чўзсам қўлларимга шамол илашгай,
Узоқсан, кўзларим адашган макон.
Ол мени… бир чимдим нур бўлиб яшай,
ОСМОН…
ОСМОН!..

ХУДОНИКИ ЭДИМ…

Оққушман…
Қаноти ўғирланган қиз,
Осмон оғушидан ерга йиқилган.
Сомон йўлларда тойиниб қалтис,
Тўкилган…
Тупроққа йиғлаб тўкилган…

Ўлмадим,
Кўкариб чиқдим тол бўлиб…
Япроғимда соғинч йилтирар тўлиб…
Ариқнинг белига сочимни ўраб йиғладим….
Йиғладим энгашиб ерга.

Мен тўкилган бўлсам заминга қараб,
Менинг кўзёшларим тўкилди шеърга.
Илдизимда Сўзнинг мазасин сездим,
Сўз унди ҳар новда — куртакларимдан.

Мен… Шеър бўлиб қолдим…
Шеър бўлиб ўсдим
Юлдузларнинг ёруғ эртакларидан.
Осмон этагига тегди балдоғим,
Тун эгнига учқун сачратиб ёндим…
Кулимга кўмилиб кетди-ю “оҳ”им,
Ухладим…

Сўнг оққуш бўлиб уйғондим…
Эй, сиз! — тупроқ узра ёйилган қадим
Майсалар,
Руҳимни айламанг ҳавас.
Мен асли осмоннинг фарзанди эдим,
Худоники эдим…
Сизники эмас!..

ЁР-ЁР

Ёр-ёр…
Ёр-ёр…
Ўт чайқалиб ёнаяпти,
Муз дилингиз бугун сиздан тонаяпти.
Тўй либоси иситмаган қалбингизда
Малҳаб тилаб жароҳатлар қонаяпти…

Ўйларингиз ўланларга хор келгайдир,
Оҳ, бу кўзлар…
Бировгами зор келгайдир….
Қуроқларин армон тиккан чимилдиққа
Суюк эмас… ўгайгина ёр келгайдир…

Кўзёшингиз “шунчаки…”га ўхшамайди,
Юрагингиз арзон-гаров қақшамайди…
Ўша билан яшайверинг— кўникасиз,
Лекин…
Севги сизлар билан яшамайди…

Тўй бўляпти,
Бирам шодон, бирам шинам…
Ялтир-юлтур бахтингизга кирди киннам.
Бир шўрликка сиздан ёдгор бўлиб, қайда
Бир муҳаббат етим қолди,
Бахтсизгинам…

Бизга нима — тўй қиламиз кўнгилёзар,
Сизга нима — топсасевги топгай озор…
Кўпчиликка тик боролмай айрилишди
Икки юрак андишадан безор…
Ёр-ёр…

КЕЛИНЧАК

Кўзмунчоқ силайди билакларини
Ўн тўрт кунлик ойдай тўлин бўлган қиз.
Атлас кўйлагининг этакларини
Зар остона ўпар, келин бўлган қиз.

Оразин кўргали ошиққан ҳурлар
Дуо ўгиради эгик бошидан.
Ҳайрат нигоҳидан ёғилган нурлар
Нақш кўчиради тиллақошидан.

Рўмолин юзига тортар уялиб,
Ибо узатади кўз учларида.
Кокилидан шамол ўтар бўй олиб,
Офтоб чўмилади кулгичларида.

Нозлари унади юрган йўлида,
Латофат қошларин жилвасидадир.
Сўзлар ороланар ширин тилида,
Забони булбуллар шевасидадир.

Кулча юзларида бўлади зуҳур
Меҳригиё унган дил бўстонлари.
Сиз каби хилқатнинг борига шукур,
Ўзбегимнинг сулув келинжонлари!

СЕНГА

Чеки йўқ осмонга бешик қалбимда,
Қошингда замин ҳам кичик қалбимда,
Ёлғон сўзларингдан ўксик қалбимда —
Киприк соясича ўрнинг йўқ сенинг…

***

Кимга аталгани мавҳум бўлган шеър,
Ойнинг сандиғида эскиб кетган сир,
Бу — менинг бўғзимдан қайтган додимдир…
Бу — менинг ёзгану – йиртган хатимдир…
Бу — менинг бечора муҳаббатимдир!!!

МЕН ҚИЗҒОНСАМ…

Меъёридан ўтсам тутинг маъзур, жоним,
Мен қизғонсам нодон бўлиб қизғонаман.
Гулдеккина кўнглингиздан узр, жоним,
Мен қизғонсам тикон бўлиб қизғонаман.

Ҳолим бордир сиз ўзгага бир боққулик,
Аразим-да дунёларга ўт ёққулик.
Аламларни тилга қамаб лаб тишласам—
Тишларимнинг орасидан қон оққулик.
Мен қизғонсам ёмон бўлиб қизғонаман.

Ойдин тушга дўнганим бор уйқунгизда,
Бинафшалар кулганим бор кулгунгизда.
Дил дарчасин сизга очиб қўйдим қандай,
Қандай пайдо бўлдим юрак мулкингизда?
Мен қизғонсам ҳайрон бўлиб қизғонаман.

Ҳижронлар-эй, жоним аро жон сақлайди,
Йўлимизни икки ёнга тароқлайди.
Сиз оғринманг, шу куйдирги рашкимни ҳам
Бир кун келиб соғинчингиз сўроқлайди…
Мен қизғонсам армон бўлиб қизғонаман.

Гулдеккина кўнглингиздан узр, жоним,
Мен қизғонсам тикон бўлиб қизғонаман…

* * *

Ялпизни соғиндим, дунёжон…

Кел, мени дардлардан дариғ тут,
Кўнглимни авайла ёруғ тут.
Ўн бешмас, ҳар куним қоронғу,
Кундузни соғиндим, дунёжон…

Ҳаромга сочма ризқ-рўзимни,
Меҳмон деб бир сийла ўзимни.
Онамнинг сутидай беминнат
Нон-тузни соғиндим, дунёжон…

Қидирдим, шунча йил қидирдим,
Юракдан ишончни сидирдим.
Хўрсинсам, зарбидан титраган
Бир дўстни соғиндим, дунёжон…

Ҳавода жимирлаб хуш ислар,
Мени у синглимдай кўп эслар.
Қишлоқда одамлар унутган
Ялпизни соғиндим, дунёжон…

УЗР

Меҳр, қадр сўраб боқдим умидвор,
Кўзимга урилди фақат ситамлар…
Маъсум ишончимга сачратдингиз доғ,
Сизни севмай қўйдим…
Узр одамлар!

Гўё сизлар билан келишибман мард,
Асли юрагимга ққилибман жабр.
Бу дунёда йиғган бисотим менинг —
Сабр… сабр… сабр…

Ғунчанинг лабига қимтилган жоним
Узилса, йиғларсиз балки ёлғонлаб…
У пайт руҳим ухлар илк бор хотиржам,
Юлдузни ачомлаб,
Ойни ачомлаб.

Мен сизга талпиндим…
Талпинмадингиз…
Ўртамизга тушди узо-оқ оламлар.
Гарчи ёнингизда борман, мавжудман,
Мени тушунмайсиз…
Узр, одамлар!

Осмон пештоқига иламан, сизлар
Синдириб дўзахга отган йўлимни.
Фақат Худойимга кўрсатгум энди,
Жаннатнинг сояси тушган кўнглимни…

CУҲБАТ

Эҳ!
Сизга ҳавасим келади жуда,
Табиат товушда рўйланганида.
Тинглайсиз, гоҳ сокин, гоҳ авж пардада
Ёмғир ҳаёт мадҳин куйлаганида.

Балки сел бўларсиз, қушлар чуғурлаб
Дарахт кафтларидан ўқишса оят.
Эшитиб қоларсиз, бебош шамолни
Барглар шитирлашиб қилганда ғийбат.

Чақмоқ қарсилласа тушарсиз чўчиб,
Қор ғарчин басталар қадамингизга.
Тўлқинлар кулгунгга қолибди кўчиб, —
Дейсизми суюкли одамингизга?

Сўзсиз қўшиқ айтиб ўтади кунлар,
Айтинг – қадрлими ёки барибир?!
Сиз учун доимий, ҳатто жўн унлар
Мен учун соғинчли хотиралардир!

Шундай…
Жонлантириб олис хулёни,
Унут оҳангларни такрорлаб қалбан –
Бутун одамзотни, бир кам дунёни
Тинглаб яшаяпман кўзларим билан…

Эҳ, бечора, деманг, шундай чорам бор –
Сизда бундай инъом йўқдир, ранжиманг.
Қулоқ пардаларга етмоғи душвор
Сасларни ҳисларда қилгум таржима…
Қаранг –

Сув тол торин чалиб ўтади,
Балиқлар гурунгин қамраб оғуши.
Бармоғимдан кўнглим қадар етади
Хонқизининг майин қадам товуши.

Қаноти ҳавони чертиб учмоқда,
Капалак – чамандан сачраган чўғдай.
Шўридан зорланиб ётган сўқмоқда
Чумоли ҳансираб судрайди буғдой.

Садоси нолага кетар бўялиб –
Пошналарни бир-бир санар бўсаға.
Дераза ойнаси йиғлар уялиб,
Шаддод қорпарчалар олган бўсага.

Қуёш чил-чил синар шабнамзор ичра,
Туман бу – заминнинг қуюқ оҳлари.
Таралаб ётади боғлар бағрига
Гуллар – ғунчаларнинг қаҳқаҳалари…

Эшитяпсизми?!

ТИКОНЛИ ГУЛ

Менга ачингандай қараманг
Ва меҳрингиз қилманг садақа.
Билмайсизки, кулгудан кўра
Кўзёш яқин қилади Ҳаққа.

Ўйлайсизки – яримта қалбим,
Кемтигига армон тахлайман.
Йўқ! Тикон-ла тугал гул каби
Шу дардларим билан бахтлиман!

ЙЎЛБАРСМАН

Кўриб ёқангизни ушлайсиз балки,
Таниш қиёфамда нотаниш феълни?
Танимга, бу ҳаёт – бешафқат табиб,
Кўчириб қўйгандай бошқа кўнгилни.

Ўзимни эслайман ҳув ўтмишдаги,
Қандай оҳу эдим! Содда, беозор…
Афсус, яхшилигим ёмон экан, дўст,
Беозорлигимдан чекдим кўп озор.

Ҳасадгўй, дўстниқоб, шаънхўр шоқоллар
Кўзёшим ичгали тушдилар қасдга.
Бу ов жараёни эвирди мени
Ожиз ўлжагамас, озод йўлбарсга…

6kd1ynZZNa8.jpg O’zbekiston xalq shoirasi Halima Xudoyberdieva Irodaning “Uchinchi dunyo” kitobi so’zboshisi shunday yozadi: Men yana bir nayga duch keldim. Uning nolalari tugamaguncha (tayyorlangan kitob oxiriga yetmaguncha) ko’nglimning titroqlari tugamadi. To tugamaguncha yuragim sel bo’lib eshitib o’tiraverdim.

Iroda qachon she’r yoza boshlaganini bilmayman, ammo “Xudoniki edim” she’ridagi “Ildizimda so’zning mazasini sezdim” satri ko’p narsani aytadi. Men shu yerda yana bir marta o’sha “So’z – ilohiy” ekanligiga amin bo’ldim. Chunki umri So’z bilan, So’zni suyib, So’zdan kuyib o’tgan yuzlab, minglab shoirlar, yozuvchilar bordir. So’z borasida ular ham turli xil fikrlar bildirgandir. Lekin men hali mana shunday “Ildizida so’zning mazasini sezganini” ularning hech birida o’qimagandim…”

Mamnuniyat bilan shoiraning she’rlarini sizga taqdim etar ekanman, Iroda Umarova ko’nglining naqadar pok, go’zal va yorug’ ekaniga ishonishingizga va yuragingizda unga nisbatan katta hurmat, muhabbat uyg’onishiga aminman».

Iroda UMAROVA
SHE’RLAR
09

Iroda Umarova 1987 yili Jizzax viloyati Forish tumani Garasha qishlog’ida tug’ilgan. Nizomiy nomidagi TDPUda tahsil olgan. “Zomin – 2007” yosh ijoklorlar seminarining oliy o’rin sohibasi. “Bahor visoli”, “Uchinchi dunyo”, “Siz uchun”, kabi she’riy va nasriy kitoblar muallifi. Uning “Uchinchi osmon” she’riy to’plamiga Jizzax viloyati hokimligi homiylik qilgan. Bu ezgu ishda shoira Shahlo Ahrorovaning ham xizmati singganini aytish lozim. Ayni damda Iroda Umarova “Bekajon” gazetasida faoliyat yuritmoqda. «Xurshid Davron kutubxonasi» veb-sahifasi shoira she’rlarini taniqli shoir Odil Ikrom tavsiyasi bilan e’lon qilmoqda.

09

O’Q
11 Строки любви_(1).JPG
1. O’zbekiston

Xayolim aylandi Yerning o’qida,
Topmadim Vatandan a’lo makonni.
Tumor bog’lab beray qoracho’g’idan—
Ko’zimga yashiring O’zbekistonni!

Mijjamda suzadi moviy sog’inchlar,
Xayol bo’lsa o’zga yurtning mehmoni.
Sog’inaman, degan bir og’izgina
So’zimga shiring O’zbekistonni!

Suq nigohlar o’qi tegmog’i tayin—
Qobig’iga o’rab qo’ymasam jonning.
O’lsam yuragimga bosib o’layin —
Ko’ksimga yashirin O’zbekistonni!

2. Umr

O’qday aylanadi vaqt millari,
To’xtamas bir lahza dovdirab, horib.
Asabiy yugurar asrv yillarim,
Changidan kunlarim ketyapti qarib.

Sanchiqlarga to’lib boradi paymon,
Yana bir sadog’i bo’shar dunyoning.
Umr janggohidan boqiyat tomon
Otgan o’qlarimiz qodir Xudoning…

3. Xiyonat

Xotirimda oq-qora ranglar—
O’tgan umrim bayonotlari.
Qalbdabir o’q yotibdi zanglab —
Do’stlarimning xiyonatlari…

Tariqday-ku o’qning bo’y-eni,
Og’rig’iga tenglasam neni?..
Hali-hanuz yig’latar meni
Do’stlarimning xiyonatlari…

O’rtasidan nishon bo’lsa qosh,
O’q vahmiga berar edim dosh.
Kuragimdan teshganligi rost
Do’stlarimning xiyonatlari…

Izlaringga g’iybat ekarkan,
O’lguningcha ruhing siqarkan.
O’qilondan battar chaqarkan
Do’stlaringning xiyonatlari…

DO’PPI

Qiyiqchani bog’lang belga do’ndirib,
Yaktakning paxtadek oqi yarashar.
Chakkangizga oling qiya qo’ndirib—
Yigitning bo’ziga do’ppi yarashar.

Taqimini o’psa qirq tolim sunbul,
Tovlansa, nuridan nigoh qamashar.
Quloqqa qistirsa g’uncha atirgul—
O’zbegim qiziga do’ppi yarashar.

Ko’zning nurlaridan tortilgan qatim,
Ipaklar chokida oydin tun yashar.
Mehrni boshiga ko’tarsin xalqim —
Bek bo’lsa o’ziga,
Do’ppi yarashar…

Tavba, do’ppi kiysang ko’ngil so’rashar,
Bog’lashsa azada belbog’ bog’lashar…
O’zbekning hayitu bayramlari ko’p,
To’y qilgan keziga do’ppi yarashar…

OSMON

Tepamda—
Dengizda jimirlab oqar.
Nigohim oqizoq qilgan kulcha non.
Boshimga ushalgan nurlaring yog’ar,
OFTOBJON…

Qo’rg’oshin ranglarda bag’rim soviydi,
Momiq rang ko’zimni qo’yar unutib…
Xayol ko’k qatiga solib qaviydi
BULUTNI…

Tunning sochlariga osilib tushib,
Oydinlik yer uzra yoyilar behol.
O’rog’ida o’rib ketar dardimni
HILOL…

Oqshom o’chog’ida to’zg’ib ketar cho’g’,
Uyg’onar… uyg’onar farishta qizlar…
Goho ko’k toqidan uchib ketar sho’x
YULDUZlar…

Cho’zsam qo’llarimga shamol ilashgay,
Uzoqsan, ko’zlarim adashgan makon.
Ol meni… bir chimdim nur bo’lib yashay,
OSMON…
OSMON!..

XUDONIKI EDIM…

Oqqushman…
Qanoti o’g’irlangan qiz,
Osmon og’ushidan yerga yiqilgan.
Somon yo’llarda toyinib qaltis,
To’kilgan…
Tuproqqa yig’lab to’kilgan…

O’lmadim,
Ko’karib chiqdim tol bo’lib…
Yaprog’imda sog’inch yiltirar to’lib…
Ariqning beliga sochimni o’rab yig’ladim….
Yig’ladim engashib yerga.

Men to’kilgan bo’lsam zaminga qarab,
Mening ko’zyoshlarim to’kildi she’rga.
Ildizimda So’zning mazasin sezdim,
So’z undi har novda — kurtaklarimdan.

Men… She’r bo’lib qoldim…
She’r bo’lib o’sdim
Yulduzlarning yorug’ ertaklaridan.
Osmon etagiga tegdi baldog’im,
Tun egniga uchqun sachratib yondim…
Kulimga ko’milib ketdi-yu “oh”im,
Uxladim…

So’ng oqqush bo’lib uyg’ondim…
Ey, siz! — tuproq uzra yoyilgan qadim
Maysalar,
Ruhimni aylamang havas.
Men asli osmonning farzandi edim,
Xudoniki edim…
Sizniki emas!..

YOR-YOR

Yor-yor…
Yor-yor…
O’t chayqalib yonayapti,
Muz dilingiz bugun sizdan tonayapti.
To’y libosi isitmagan qalbingizda
Malhab tilab jarohatlar qonayapti…

O’ylaringiz o’lanlarga xor kelgaydir,
Oh, bu ko’zlar…
Birovgami zor kelgaydir….
Quroqlarin armon tikkan chimildiqqa
Suyuk emas… o’gaygina yor kelgaydir…

Ko’zyoshingiz “shunchaki…”ga o’xshamaydi,
Yuragingiz arzon-garov qaqshamaydi…
O’sha bilan yashayvering— ko’nikasiz,
Lekin…
Sevgi sizlar bilan yashamaydi…

To’y bo’lyapti,
Biram shodon, biram shinam…
Yaltir-yultur baxtingizga kirdi kinnam.
Bir sho’rlikka sizdan yodgor bo’lib, qayda
Bir muhabbat yetim qoldi,
Baxtsizginam…

Bizga nima — to’y qilamiz ko’ngilyozar,
Sizga nima — topsasevgi topgay ozor…
Ko’pchilikka tik borolmay ayrilishdi
Ikki yurak andishadan bezor…
Yor-yor…

KELINCHAK

Ko’zmunchoq silaydi bilaklarini
O’n to’rt kunlik oyday to’lin bo’lgan qiz.
Atlas ko’ylagining etaklarini
Zar ostona o’par, kelin bo’lgan qiz.

Orazin ko’rgali oshiqqan hurlar
Duo o’giradi egik boshidan.
Hayrat nigohidan yog’ilgan nurlar
Naqsh ko’chiradi tillaqoshidan.

Ro’molin yuziga tortar uyalib,
Ibo uzatadi ko’z uchlarida.
Kokilidan shamol o’tar bo’y olib,
Oftob cho’miladi kulgichlarida.

Nozlari unadi yurgan yo’lida,
Latofat qoshlarin jilvasidadir.
So’zlar orolanar shirin tilida,
Zaboni bulbullar shevasidadir.

Kulcha yuzlarida bo’ladi zuhur
Mehrigiyo ungan dil bo’stonlari.
Siz kabi xilqatning boriga shukur,
O’zbegimning suluv kelinjonlari!

SENGA

Cheki yo’q osmonga beshik qalbimda,
Qoshingda zamin ham kichik qalbimda,
Yolg’on so’zlaringdan o’ksik qalbimda —
Kiprik soyasicha o’rning yo’q sening…

***

Kimga atalgani mavhum bo’lgan she’r,
Oyning sandig’ida eskib ketgan sir,
Bu — mening bo’g’zimdan qaytgan dodimdir…
Bu — mening yozganu – yirtgan xatimdir…
Bu — mening bechora muhabbatimdir!!!

MEN QIZG’ONSAM…

Me’yoridan o’tsam tuting ma’zur, jonim,
Men qizg’onsam nodon bo’lib qizg’onaman.
Guldekkina ko’nglingizdan uzr, jonim,
Men qizg’onsam tikon bo’lib qizg’onaman.

Holim bordir siz o’zgaga bir boqqulik,
Arazim-da dunyolarga o’t yoqqulik.
Alamlarni tilga qamab lab tishlasam—
Tishlarimning orasidan qon oqqulik.
Men qizg’onsam yomon bo’lib qizg’onaman.

Oydin tushga do’nganim bor uyqungizda,
Binafshalar kulganim bor kulgungizda.
Dil darchasin sizga ochib qo’ydim qanday,
Qanday paydo bo’ldim yurak mulkingizda?
Men qizg’onsam hayron bo’lib qizg’onaman.

Hijronlar-ey, jonim aro jon saqlaydi,
Yo’limizni ikki yonga taroqlaydi.
Siz og’rinmang, shu kuydirgi rashkimni ham
Bir kun kelib sog’inchingiz so’roqlaydi…
Men qizg’onsam armon bo’lib qizg’onaman.

Guldekkina ko’nglingizdan uzr, jonim,
Men qizg’onsam tikon bo’lib qizg’onaman…

* * *

Yalpizni sog’indim, dunyojon…

Kel, meni dardlardan darig’ tut,
Ko’nglimni avayla yorug’ tut.
O’n beshmas, har kunim qorong’u,
Kunduzni sog’indim, dunyojon…

Haromga sochma rizq-ro’zimni,
Mehmon deb bir siyla o’zimni.
Onamning sutiday beminnat
Non-tuzni sog’indim, dunyojon…

Qidirdim, shuncha yil qidirdim,
Yurakdan ishonchni sidirdim.
Xo’rsinsam, zarbidan titragan
Bir do’stni sog’indim, dunyojon…

Havoda jimirlab xush islar,
Meni u singlimday ko’p eslar.
Qishloqda odamlar unutgan
Yalpizni sog’indim, dunyojon…

UZR

Mehr, qadr so’rab boqdim umidvor,
Ko’zimga urildi faqat sitamlar…
Ma’sum ishonchimga sachratdingiz dog’,
Sizni sevmay qo’ydim…
Uzr odamlar!

Go’yo sizlar bilan kelishibman mard,
Asli yuragimga qqilibman jabr.
Bu dunyoda yig’gan bisotim mening —
Sabr… sabr… sabr…

G’unchaning labiga qimtilgan jonim
Uzilsa, yig’larsiz balki yolg’onlab…
U payt ruhim uxlar ilk bor xotirjam,
Yulduzni achomlab,
Oyni achomlab.

Men sizga talpindim…
Talpinmadingiz…
O’rtamizga tushdi uzo-oq olamlar.
Garchi yoningizda borman, mavjudman,
Meni tushunmaysiz…
Uzr, odamlar!

Osmon peshtoqiga ilaman, sizlar
Sindirib do’zaxga otgan yo’limni.
Faqat Xudoyimga ko’rsatgum endi,
Jannatning soyasi tushgan ko’nglimni…

CUHBAT

Eh!
Sizga havasim keladi juda,
Tabiat tovushda ro’ylanganida.
Tinglaysiz, goh sokin, goh avj pardada
Yomg’ir hayot madhin kuylaganida.

Balki sel bo’larsiz, qushlar chug’urlab
Daraxt kaftlaridan o’qishsa oyat.
Eshitib qolarsiz, bebosh shamolni
Barglar shitirlashib qilganda g’iybat.

Chaqmoq qarsillasa tusharsiz cho’chib,
Qor g’archin bastalar qadamingizga.
To’lqinlar kulgungga qolibdi ko’chib, —
Deysizmi suyukli odamingizga?

So’zsiz qo’shiq aytib o’tadi kunlar,
Ayting – qadrlimi yoki baribir?!
Siz uchun doimiy, hatto jo’n unlar
Men uchun sog’inchli xotiralardir!

Shunday…
Jonlantirib olis xulyoni,
Unut ohanglarni takrorlab qalban –
Butun odamzotni, bir kam dunyoni
Tinglab yashayapman ko’zlarim bilan…

Eh, bechora, demang, shunday choram bor –
Sizda bunday in’om yo’qdir, ranjimang.
Quloq pardalarga yetmog’i dushvor
Saslarni hislarda qilgum tarjima…
Qarang –

Suv tol torin chalib o’tadi,
Baliqlar gurungin qamrab og’ushi.
Barmog’imdan ko’nglim qadar yetadi
Xonqizining mayin qadam tovushi.

Qanoti havoni chertib uchmoqda,
Kapalak – chamandan sachragan cho’g’day.
Sho’ridan zorlanib yotgan so’qmoqda
Chumoli hansirab sudraydi bug’doy.

Sadosi nolaga ketar bo’yalib –
Poshnalarni bir-bir sanar bo’sag’a.
Deraza oynasi yig’lar uyalib,
Shaddod qorparchalar olgan bo’saga.

Quyosh chil-chil sinar shabnamzor ichra,
Tuman bu – zaminning quyuq ohlari.
Taralab yotadi bog’lar bag’riga
Gullar – g’unchalarning qahqahalari…

Eshityapsizmi?!

TIKONLI GUL

Menga achinganday qaramang
Va mehringiz qilmang sadaqa.
Bilmaysizki, kulgudan ko’ra
Ko’zyosh yaqin qiladi Haqqa.

O’ylaysizki – yarimta qalbim,
Kemtigiga armon taxlayman.
Yo’q! Tikon-la tugal gul kabi
Shu dardlarim bilan baxtliman!

YO’LBARSMAN

Ko’rib yoqangizni ushlaysiz balki,
Tanish qiyofamda notanish fe’lni?
Tanimga, bu hayot – beshafqat tabib,
Ko’chirib qo’yganday boshqa ko’ngilni.

O’zimni eslayman huv o’tmishdagi,
Qanday ohu edim! Sodda, beozor…
Afsus, yaxshiligim yomon ekan, do’st,
Beozorligimdan chekdim ko’p ozor.

Hasadgo’y, do’stniqob, sha’nxo’r shoqollar
Ko’zyoshim ichgali tushdilar qasdga.
Bu ov jarayoni evirdi meni
Ojiz o’ljagamas, ozod yo’lbarsga…

0044

(Tashriflar: umumiy 3 046, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring