Shukur Xolmirzaev. Arosat & Olim Toshboev. Arosatda qolgan avlod

Ashampoo_Snap_2016.10.19_17h00m51s_002_.png     Устоз Абдулла Қодирий ўзининг тўнғич ромони бўлмиш «Ўткан кунлар»ни «Модомики, биз янги даврга қадам кўйган эканмиз…» деган серандиша сўзлар билан бошлаган эдилар. Аслида, улуғ бобомиз ўшанда фақат битта ўзининг кўлидан келадиган буюк ишга қўл урган эдилар ва зиммасидаги тарихий вазифани сидқидилдан адо этганлар. Ваҳоланки, у кишига ҳеч ким «Ўткан кунлар»ни ёзиб бергайсиз, тақсир, деб буюртма бермаган эди. Зеро, ҳақиқий ёзувчи мудом виждони буюрган ишни бажаради, ижтимоий «заказ»ни эса…
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ўз виждонига, Ўзи ато этган истеъдодига содиқ қолган камёб ёзувчиларимиздан ҳисобланади. У кишининг янги ҳикояси ҳам дафъатан «янги давр буюртмаси» бўйича ёзилгандек туюлиши мумкин. Лекин «Аросат» синчиклаб мутолаа қилинса, ёзувчи ИНСОННИ ТУШУНИШга ҳаракат кцлаётганини ва биз ўқувчиларни ҳам ИНСОННИ ТУШУНИШга чорлаётганини англаш унчалик мушкул бўлмайди. Дарҳақиқат, «инсонни тушуниш керак», деб таълим берган эди Эрнест Хемингуэй. Назаримизда, ёзувчининг бирламчи вазифаси — инсонни тушунишдир. Инсонни тушунмаган ёзувчи (асар қаҳрамони эмас!) охир-оқибат Аросатда қолади.
(Ҳикояни эълон қилган «Ватан» газетасининг шарҳи)

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
АРОСАТ
09

Йўловчи3.jpgЗокир Ўрин чойхонада ўтирган эди, оёқларини сўридан осилтириб, чалиштириб, унинг қаршисидаги сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга Эсон дўхтир гап берарди, тик турганча ҳовлиқиб:

— Сизлар ҳам юрибсизлар-да, жўралар, дунёдан бехабар… Хўжамёр ахир Масковдаги хайрия пондларидаям ишлаб, ишбилармон бўлиб келди. Бу орада у икки марта, йўғ-е, уч марта Туркияда бўлди! Бир марта Амриқода!.. Бизнес ишколаниям битирган у! Нима деяпсизлар… Йўғасам, мана — милёнер бўлар эди!..

— Ҳов фельдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? — деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин.

— Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! — деб этсиз башарасини куйдирган калладай тиржайтирди Эсон. — Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Суррайиб юрарди-ку отасининг изидан?.. Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди.

— Э, шундай демайсанми, — дея жез тишларини кўрсатиб илжайди домла ва хурсандлиги шунчаки, торгина кўкраги қабариб кетди. — Ҳа, уни ўзимиз ўқитганмиз. Синфида қолганиям рост. — Кейин ўйланиб, елкасини қисди. — Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик.

— Энди ўзингизга келдингиз, домлажон, — деб бу кишига гап уқтирмоққа бошлади дўхтир. — Ҳолбуки, ўша вақтлардаям «Ўтган кунлар»даги Отабекни «миллий қаҳрамонимиз», деб мақтар эдингизлар.

— Рост, рост, — тан олди Зокир Ўрин жиддий тортиб. Сўнг яна қалбаки тишларини кўрсатиб: — Лекин савдогарчилигига ўтмас эдик-да… — деди.

Эсон дўхтир муаллимни мот қилиб бўлгандай тантанавор кулиб юборди. Унга қўшилиб домланинг ўзиям сийрак сочли хумдек бошини ирғаб куларкан, бошқалар ҳам зўр аския эшитгандай хахолай бошлади.

Кейин домла хаёлчанлик билан чойнак ёнига беш сўм ташлаб оёғини ерга қўйди. Кичкина қоринчасидан пастга силжиган қайишини тирсаклари билан қисиб — кўтариб олиб, сўри қошига кийгизиқлик сарғиш шляпасини бошига қўндирди. Сўнг жамоага зиёлича таъзим қилиб:
— Хуш қолинглар. Раҳмат, Эсонбой, сизгаям, — деб бурилиб, хиёбонга чиқди.

Ана шунда унинг калласига бир хаёл келди: «Қара-я, ўша бола одам бўпти. Милёнер тижоратчи бўпти. Қандайдир корхона очиб, элгаям нафи тегаётганмиш. Шундай кунларда…».

Домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан чойхонага кирган эди. Бинобарин, энди уйига бориши керак. Бироқ… ҳозир нечук чойни ичиб тугатмасдан ўрнидан тургани-ю, хиёбонда тўхтагани сабабини нохос англаб қолди.

— Ҳов Эсонбой, бу Хўжамёрнинг корхонаси… иш-жойи қаерда? — деб сўради ортига қайрилиб.

— Тоза ҳаётдан ортда қоп кетган экансиз-да, тақсир, — деб яна тантана қилди фельдшер. — Ахир мактабингиздан тубанда эски қуртхона бўларди-ку, Калинин колхозининг собиқ идорасида. Ҳовузиям бор…

Домла эслаб:
— Бўлди. Раҳмат, — деди.

— Ўшаққа борасизми? — сўраб қолди Эсон дўхтир.
— Бориш керак, — жавоб берди муаллим собитлик билан. — Бизнинг ўқувчимиз шундай киши бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади.

— Ҳе, отангизга раҳмат! — деди дўхтир. — Ундайлар кўпайсин деб дуо қилинг. Энди замон уларники…

Зокир Ўрин даврага тағин енгил таъзим қилиб ва кичкина, ихчам гавдасига ярашмайроқ турадиган салмоқли юриш билан чойхона олдидан ўтди.

Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди.

У Хўжамёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари-ю, «качегар бўламан» деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади. Домла учун тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирон масала ёки мисолни шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди.

«Лекин қобилият кейин ҳам юзага чиқиши мумкин, — деб ўзича тўнғиллади Зокир Ўрин ниҳоят. — Буям талантдай гап…».

Домла рўмолчаси билан манглайини артиб жиларкан, йўл бўйидаги водопровод дастагини босиб челагини сувга тўлдираётган келинчакни кўрди ва ундан манзилни суриштирмоқчи эканини фаҳмлади-ю, етиб келганини билди.

Ўнг қўлдаги яп-янги темир дарвозанинг бир табақаси очиқ, у ердан томлар узра юксалган балх тутининг эгик шохлари кўзга ташланиб турарди: ҳа, бу тут ҳам домлага таниш. Болалигида… ҳу йироқ замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди, Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди.

«Бу йил кесишмаптими?.. Э, пилла териб бўлинди-ю, «кесишмапти» эмиш…»

Домла шу ўйдан кейин Эсон дўхтир айтганидек — чиндан ҳам «ҳаётдан ортда қолгани», аниқроғи, мамлакатдаги ташқи сиёсату ҳаётдаги товланишлардан тўйгани учунми — турмушнинг бошқа йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди.

Катта чоркунж ҳовузни кўриши лозиммиди — асфальт ётқизилган йўлкада турган кўк «Волга» билан кумушранг хорижий мошинага кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. Кейин кенг йўлканинг сўлга бурилгани ва қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут… ўзини кутиб олаётгандай туюлди.

Шу ҳиснинг қувватида — бу ерда бемалол юришга ҳаққи бор каби мошиналар ёнидан бемалол ўтди-ю, баҳайбат дарахтнинг тагида стол атрофида ўтиришган уч-тўртта кишига рўпара бўлди. Улардан битгаси таниш эди: яқиндаги дўкон қоровули.

— Ассалом алайкум! — деди домла қўнғирокдек овозда.

Танимол ўрнидан сапчиб туриб, меҳмонга пешвоз чиқди.
— Валекум ассалом. Келинг, Зокир Ўринович!

Домла салмоқли юришда бориб, у билан кўришди.

— Ҳим, раҳмат… Хўш, ўзингиз қалайсиз? — деб сўради худди шу қоровулнинг аҳволини билгани келгандек.
— Шу Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон, — деб жавоб берди у илжайиб. — Ҳа, хуш кўрдик… Хўжайин керакми?

Домла тек қолди.

— Кераг-у… — деди домла. — Лекин нега «хўжайин» дейсиз? Нега Хўжамёр сизга «ака» бўлар экан?.. Шошманг-да! Тағин «афчаркаси бўлиб юрибман» эмиш… Бу нимаси?

— Энди… — «Апчарка» қийналиб-қипсиниб, лўмса юзини синиқ илжайиш қоплаган ҳолда, хўрсиниб юборди. — Бориям шу-да, домлажон.

Зокир Ўриннинг астойдил жаҳли чиқиб:
— Ажабо, мен билмай юрган эканман. Қочинг йўлдан, — деди. — Ҳов, Хўжамбой Мадиёров!

Тутнинг орқасида — томига ялтироқ тунука қопланган бинонинг ўнг тарафидаги гулзорга очилган деразаларининг биридан Хўжамёр… ҳа, ўша от юзли йигитчанинг йирик нусхаси қараб турган экан.

— Марҳамат, домла. Биз шу ердамиз… Абдибой, эшикни кўрсатинг! — деди.

Зокир Ўрин Абдининг ишора-илтифотини қўл ҳаракати билан кескин рад этиб, эшикка йўналди. Пештоқдаги ёзувга боқмай, аммо ҳўл тўшанчага пошнаси аллақачон қийшайиб кетган туфлисини артиб, чоғроқ хонага кирди. Рўпарада ялтироқ стол ортида ўтирган хушбичим қиз ўрнидан турар-турмас, сўл ёндаги ўймакор эшик очилиб, жигарранг туфли, малла кастюм кийган новча йигит четга тортилди.

— Кираверинг.

Домла остонага қоқиниб, чўғдек гиламга оёқ босди ва бўсағаданми, гиламданми узр сўраган каби ғўнғиллаб, Хўжамёрга талпинди.

Хўжамёр уни бағрига олиб ва кифтига аста-аста қоқиб:

— Домлам-е, Зокир Ўринович-е, бормисиз-е, — дер экан, домла Зокир Ўриннинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди: дами қайтиб, йироқ замонлар билангина эмас, ўзининг ёшлиги билан ҳам учрашгандек пиқиллади ва табиий, у киши ҳам қўлини тепага узатиб, шогирдининг елкасини силар эди.

Ниҳоят, Хўжамёр домлани бўшатиб, ён ёқда саф тортган ўриндиқларга ишора қилди.

— Ўтиринг, домла. — Узи эса узун столнинг бошида ўқида айлангувчи, суянчиғи баланд — тахтсимон курсига бориб ўтирди. Ва селектр тугмасини босди. — Асал, чой, — деди. Кейин ликопчадек ҳовучини очди. — Потиҳа қилиб қўямиз-да, домла? Ҳарҳолда мусулмонмиз, бунинг устига, дин модага кирди.

Зокир Ўрин кўзларини артган рўмолчасини шоша-пиша чўнтагига соларкан:
— Ҳа, албатта… Лекин дин ҳеч вақт модадан чиқмаган, — дея қўлларини фотиҳага кўтарди.

— Омин. — Хўжамёр жилмайиб юзига фотиҳа тортгач, стол четидаги хорижий сигаретдан бирини чиқарди. — Ҳалиям мунозарага ўчсиз-а, домла?

— Гап мунозарада эмас, — дея Зокир Ўрин ҳам киссасидан «Астра»сини олди. — Дин ҳамма вақт одамларнинг қалбида бўлган, Хўжамбой. Лекин бечоралар тазйиқ остида…

Хўжамёр хориж сигарет қутисини домланинг олдига суриб юборди.
— Мундан чекинг.

— Мен шунга ўрганганман… Қуръони каримда ҳам айтилар эканки, эътиқод зоҳиран ва ботинан бўлиши мумкин… — Зокир Ўрин сигаретни ўзи чаққан гугурт ўтида тутатиб, «мунозарага» киришаркан, Хўжамёр унинг сўзини яна бўлди:

— Ҳа, динни динчиларга қўяйлик, домла… Ўзингиздан сўрасак? Уй ичлари, кайфиятингиз қалай? Жиянлар… Жиянлар кўпайиб қолишгандир?

Зокир Ўриннинг кўзлари бирдан қувнаб:
— Жуда! — деди ва кулди. — Қилган ишимиз шу бўлдики, ўзбек халқининг кўпайишига ҳисса қўшдик, холос. Бошқа — на илмга, на амалга дегандай… қизиқишлар сўниб кетди. Бироқ бола тарбиялаш ҳам осон иш эмас… — Бошини кўтариб, тағин сунъий тишларини кўрсатиб жилмайди. — Мана, ўзларингиз ҳам ўзимизнинг мактабдан чиққансизлар. Бевосита тарбия беролмаган бўлсак ҳам, билвосита таъсиримиз ўтган бўлиши мумкин. Шундайки, мен сизнинг, Хўжамбой, бундай замонавий бизнес бошлиқларидан бири бўлиб келишингизни ўйламаган бўлсам ҳам, буни кўриб, ҳам эшитибоқ ғоят хурсанд бўлдим. — Сўнг ўйланиб, изоҳ берди: — Кечирасиз мени, ғафлат босиб денг, вақтлироқ келмадим қутлагани…

Хўжамёр сигарет кулини биллур кулдонга қоқиб, энди кулдонни домлага суриб қўйди.

— Парво қилманг, домла… — Сўнг яна селектр тугмасини босиб. — Асал? — деди. Ва у ёкдан дарҳол жавоб қайтди: «Лаббай, Хўжака!» — Сен анавиларга айт, бизга натуральний тери керак, хўпми? Қанча бўлсаям оламиз айтилган нархда. Уни Туркия чегарасига обориш ҳам бизнинг бўйнимизда… Улар билан ортиқча савдолашиб ўтиришга вақтим йўқ… Азиз меҳмоним бор!

Зокир Ўрин бу гапларни эшитаётган эса-да, маъносини уқишга ҳаракат қилмай турарди. «Азиз меҳмоним…» сўзини эшитгач, маъно англаш қобилияти ишлаб кетгандек чеҳраси яна ҳам ёришиб:
— Раҳмат, — деб қўйди.

— Шунақа… иш, иш, иш, — деди Хўжамёр ва хўрсиниб нафас олди. Кейин: — Хўш, домла… — дея Зокир Ўринга тикилиб қаради-да, мийиғида илжайди. — Сал қартайибсизми дейман?

Зокир Ўрин сергак тортиб:
— Ҳа, шу энди, эскилар айтганидек, олма билан ўрик бўлармидик, Хўжамбой, — деди.

Хўжамёр бемалол ҳиринглаб:
— Рост айтасиз, — деди. — Мана, биз ҳам… Сочларни қаранг. Ҳа, лекин, домла, дунёни кўриш керак экан. — Шифтларга қаради. — Туркия, Олмония, Амриқо…
Буларни кўрмасдан яшашни мен энди тасаввур қилолмайман. — Сўнгра домлага ҳасрат қилгандек деди: — Бу мамлакатларнинг ҳар биридаям ўзбеклар бор экан, қаранг-а!

— Албатта, бор, — деди Зокир Ўрин жиддий бош ирғаб. — Ҳатто, Австралияда ҳам бор эмиш…
— Лекин ҳаммаси тижорат билан шуғулланаркан, — гўё домланинг гапини давом эттирди Хўжамёр. — Яшашларини кўрсангиз! Шундай офислари борки!.. Масалан,
Истанбулда шундай бир марказга кириб қолдим, боёқишлар бирам хурсанд бўлиб денг, «Бюриниз», деб туришипти. Дарров кофе… — У ўз сўзини бўлиб, боз селектрни босди. — Асал, чой нима бўлди? — «Ток келмай қолди» деган жавоб қайтди ускунадан. — Ана шу-да аҳволимиз, — гўё сўзларига якун ясади Хўжамёр. — Биз шу қадар орқада қолиб кетганмизки, домла… — У бошини оғир чайқади. Кейин бу ҳолни, ўйлайвериб бошоғриққа йўлиққандек чаккаларини қисди.

— Ҳа, рост. На чора, биз учун ибрат — бошқалар эди… — деб ҳамсуҳбатининг фикрини маъқуллади Зокир Ўрин. — Дунёдан узилиб вокуумда яшаганмиз-да.

— Оҳ-оҳ, от-тангизга раҳмат! — деди Хўжамёр. — Вакумда яшаган эканмиз, вакумда… — Сўнг элан-қаран ўрнидан турди ва сигаретни авайлаб тутганча столни ёнлаб келаркан, домла кулдонни унга суриб қўйди-ю, у сигаретни идишга босганича Зокир Ўринга қиялаб тикилди. — Аҳвол қалай, домла?

— Аҳвол яхши, — деди домла. Кейин синиқ жилмайди. — Эл қатори. Элга келган тўй-да, бу кунлар ҳам…
— Ҳимм, сизларнинг маошларинг кўпайиб қолди-я? — Хўжамёр бурилиб, жойига қайтди.

— Анча! — дарҳол жавоб қайтарди Зокир Ўрин ва боз жилмайди. — Тўғри, пулнинг қадри тушиб кетаётган пайтда бу унчалик билинмайди. Аммо яшаса бўлади… Чидаймиз-да, Хўжамбой! Чидаш керак. — Сўнгра илҳоми тоша бошлади. — Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб-кул бўлиб ўтди улуғларимиз, алломаларимиз…

Хўжамёр тағин домланинг сўзини бўлди:
— Менга бир гапингиз нашъа қилиб кетди, ростини айтсам. Хўш, «яшаса бўлади» деганингиз. — Сўнг деразага маъноли термилиб қолди. — Яшаса бўлади… — Шу тобда ундан теран маъноли, ҳаётий мулоҳазаларга тўла ҳикматларни кутиш мумкиндек эди. У эса: — Умуман, айтганда, шундай, рост, — деб жойига ўтирди. — Демак, ҳали аҳвол ёмонмас экан.

— Ёмонмас, — деди Зокир Ўрин. — Бироқ, Хўжамбой ука, кимга қандай? Гап мана шунда… Мамлакатимиз аҳволини тушуниб, борига қаноат қилиб яшаётганлар ҳам бор. Тушунишни истамай, кечаги кунни қўмсаётганлар ҳам бор. Аммо уларниям тушуниш мумкин: ҳар кимнинг ҳам яхши яшагиси келади.

— Уҳ, ана бу — доно гап! — деб юборди Хўжамёр. — Ҳар ким ҳам яхши яшашни истайди! Хўш, биз сингари бизнесменларнинг вазифамиз эса худди мана шу аҳволни баҳоли қудрат енгиллатиш… Фикримни тушунтиролдимми, домла?

— Жуда! — деди Зокир Ўрин ҳаяжонланиб. — Лекин раҳмат сиз… сизларга! Ана, чойхонадан келдим ҳозир. Ўша ердаям сизларни… Э, раҳмат-е! Келинг, қўлингизни битта қисиб қўяй, илтимос. Юракдан!

— Ҳе, домлагинам-е.

Хўжамёр қўлини қистириб, жойига кетгач, домла баттар таъсирланиб, бош эгиб қолди-ю, кўзи соатига тушиб, бирдан ҳушёр тортиб кетди.

— Демак, ҳим, гапимнинг хулосаси шулки, — деди,— сени… кўриб, кўп хурсанд бўлдим, Хўжамбой. Йўлда… йўлакай ҳув ўқувчилик даврларинг эсимга тушиб кетди: ажиб бир даврлар экан! — дея бирдан хитоб қилди. — Пахта теримида ёш болалар азоб чекарди, бу ҳол уларни эксплуатация қилиш билан тенг эди, деб қанча ваъзхонлик қилмайлик, ўша даврлар — бизнинг кечаги кунимиз, яқин тарихимиз, ёшлигимиз бўлиб қолади. — Сўнг уҳ тортиб юборди. — Болалик бизга ҳамма вақт ажиб, жозибали туюлади… Ана шунинг учун айтаманки, кечаги йиллар — ёшлигимиз ҳам — биз учун шубҳасиз азиздир!

Хўжамёр бошини қийшайтириб, домлани тингларкан:
— Ҳа, албатта… Ўша болалик бўлмаса, бугунги кунга етармидик, — деб қўйди.

Зокир Ўрин чалғиганини фаҳмлаб, энди соатига бемалол қараб олди-да:
— Энди бизга жавоб берасиз, — деди.

Хўжамёр томоғини оҳиста қириб:
— Йўғасам, бизга бўларини айтасиз, — деди. — Бизга нима хизмат бор?

Зокир Ўрин елкасини қисди.
— Хизмат… Соғ-саломат бўлинг, шу.

— Йўқ, ундай эмас, домла.
— Яна нима дейишим мумкин?

Хўжамёр янги сигарет олиб, бармоқлари орасида сийпалар экан:
— Домла, уялманг, илтимос, — деди. — Мен умуман… аҳволни тушунаман. Бизга кундек равшан. Масков кўчаларини кўрсангиз бир! Қайси куни эрталаб меҳмонхонадан чиқиб кетаётсам, ахлат яшикни ағдариб кўришаяпти. Иккита хотин. Дуруст кийинган, интеллегентга ўхшайди… Мени кўриб денг, бири бирига нима дейди: «Моя кошка любит вот эту косточку». Иккинчиси суякни кўрсатиб: «Менинг итим бунақасини яхши кўради», дейди. Тушундингизми?

Зокир Ўрин оғзини очиб қараб турарди.

— Ё тавба!
— Хўш, домла?

— Нима, «хўш?» Тушундим: бечоралар бир-биридан ҳам уялишса керак…
— Мен сиздан бошқа нарсани сўрадим, домла. Бу гап шунчаки даромад гап.

— Нимани сўрадингиз?
— Нимани истиҳола қиляпсиз, домла?
— Тушунолмадим?

Хўжамёр билагидаги олтин соатига кўз ташлаб олди.

— Мана, салкам чорак соат ўтирибмиз… Ҳим, сиз истиҳола қилиб айтмагандан кейин мен нима қилай?
— Нимани-нимани? — зўриқиб сўради Зокир Ўрин. — Мен ҳеч нарсани истиҳола қилаётганим йўқ. Мутлақо!.. Истиҳолани ўйласам, ҳатто…

— Нима?
— Бу ерга келмас эдим.

— Кепсизми, сўранг-да энди, — деди Хўжамёр ундан кўз узмай. — Ахир, мен сизга бегонамасман, — давом этди қандайдир ранжиниб. — Ҳали ўзингиз айтдингиз, бизга бевосита таъсир ўтказмаган бўлсангиз ҳам, билвосита… Албатта, тарбиянгиз ўтган. — У сигаретни сўриб, жаҳл билан пуфлади. — Биламан, аҳволингиз ёмонмас… Умуман, Ўзбекистонда яшаса бўлади. Майли-да!

— Иншооллоҳ, яхши бўлади, — деб қўйди домла.
— Ҳа, энди, инсон орзу-истак билан яшайди, дейдилар… Буям доно гап.

— Бу — ҳақиқат, — деди Зокир Ўрин ва энди ўзи Хўжамёрга тикилди. — Ука, нима демоқчисиз? Айтинг, эшитай. Вақтингизни олдим. Кетаман.
— Йўқ, сиз учун вақт бемалол.

— Раҳмат.
— Хў-ўш, — Хўжамёр суянчиққа ястаниб, сигаретни роҳатланиб сўрди-да, ғалати кулиб юборди: кулгиси томоғидан чиқди, чунки ҳиссиз эди.

Зокир Ўриннинг эса нафсонияти оғриниб кетди. Ўзини эрмак қилинаётгандек туйиб:
—Бўпти, бизга жавоб, — дея ўрнидан турди. — Самимий суҳбат учун раҳмат. — Хўжамёр сўзини бўладигандек шошиб давом этди: — Ҳим, Туркия, Амриқо сафарларингиз ҳақидаям эшитдим… Ҳа-ҳа, уларда ҳаёт бошқача! Бизлар қолоқ…

Ўрнида миқ этмай қолган Хўжамёр:
— Домла, — дея унинг курсисини кўрсатди. — Ўтиринг жойингизга!

— Раҳмат. Лекин, лекин… инсон йўл топади! Ҳукумат ҳам! Ҳарқанча қийналиб бўлсаям. Ахир, янги йўлга тушган чақалоқ ҳам қоқилади-ку?
— Уф, агар хафа қилиб қўйган бўлсам, узр сўрайман, — деди Хўжамёр ва аста қўзғалиб, стол ёнидан юриб келаркан, Зокир Ўрин тисланди. — Оббо!

Домла беҳол тортиб кетди. Кейин:
— Хўжам, мен конкрет гапни яхши кўраман. Биласан-а? — деб сўради.

— Биламан. Шунинг учун ҳайрон бўляпман-да, — деди Хўжам.
— Қизиқ. Нимани конкрет гапирмадим?

— Гапириш… — Хўжамёр сўзини чала қолдириб, Зокир Ўринга тепадан тикилди. — Домла, сиз рости билан мени табриклагани, шунчаки қутлагани бу ерга келдингизми?

Домла унга анграйиб қолди.

— Бу қанақа савол? — деди шивирлаб. — Йўқ, бунга ишонмасликка сенда.. ҳа, сенда қандай асос бор?
— Ҳамма гап шундаки… — Хўжамёр иягини кафти билан ишқаб чайналди.

— Хўш?
— Энди… — Хўжамёр кескин бурилиб кетди. Тахт-курси қошига бориб, яна қайрилди. — Бу ерга бизнесга алоқасиз одамлар нима учун келишади? Биларсиз-а?

— Бизнесга алоқасиз… — Зокир Ўрин иттифоқо чойхонада Эсон дўхтирдан эшитган гапларини эслаб қолди: «Ундайлар кўпайсин… Энди замон уларники». Сўнгра Хўжамёрнинг Масковда қандайдир хайрия идорасида ишлагани, ҳа-ҳа, ўзининг, яъни Зокир Ўриннинг-да «Элгаям нафи тегаяпти» дегани ёдига тушиб кетди. — Ҳа, энди, ночорликдан ҳам келишар…

— Ана бу бошқа гап! — деди Хўжамёр, ниҳоят, енгил тортиб. — Ҳар куни келишади муҳтожлар… Барининг ҳожатини чиқараяпман, домла. Миннат эмас бу! — Кейин майин кулимсиради. — Тўғри, у бечоралар ҳам, албатта, мени табриклагани келишади…

— Лекин мен… — деди домла, — Онт ичаман, ука… — Кейин бирдан кўзи чарақлаб очилди-ю, портлади: — Ҳов, ҳали шунинг учун боянадан бери саволга тутаётган экансан-да?

— Ахир, бу табиий-ку, — деди Хўжамёр. — Сиз зиёли одамсиз. Маданиятли…
— Нима, «зиёли, маданиятли» одам фақат… табриклагани келмайди деб ўйлайсанми?

Хўжамёр чуқур хўрсиниб, курсига чўкди.

— Сизга жавоб, — деди.
— Э, мени ҳайдаганингми бу? Хўжамёр шартта селектр тугмасини босди.
— Асал! Абдини айт!

Зокир Ўрин каловланиб, «Астра»ни чўнтагига солди, сўнг гардиши ҳилвираган шляпасини бошига қўндирди.

Шу пайт пакана, туксиз лўмса юзи осилган Абди кириб келди.
— Бу кишини кузатиб қўй, — деди Хўжамёр ва деразага қаради.

Абди Зокир Ўринга илжайиб, таъзим билан эшикни кўрсатди. Зокир Ўрин тамшаниб:
— Бу нима қилиқ? — деди гўё ўзига ўзи. — Ҳов, Хўжам? Мени ҳайдаб чиқараяпсизми?

— Бу киши Хўжам эмас, Хўжамёр Мадёров, — деди Абди ва домланинг тирсагидан ушлади. Домла:
— Қўлингни ол! Афчарка, — дея четланиб кетди.

Абди интилиб домланинг билагидан тутди ва бурилибоқ тортганди, Зокир Ўрин ўймакор эшик оғзига бориб қолди.

— Марҳамат, домла.
— Ҳов, Хўжам? Хўжамёр қарамади.
— Абди!

Шунда Асал эшикни очди ва Абди Зокир Ўринни қучиб кўтариб ташқарига чиқарди.

— Домла, дарвозадан ҳам чиқариб қўяйми?

— Қўйвор, аблаҳ! — деди Зокир Ўрин. — Ўзимнинг… оёғим бор! Ҳозирча бор! — дея эшикка қараб бақирди. — Ҳой, бизнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукур. Сени ўқувчим деб… Бемаъни, одобсиз!.. Одамларга бундай қараш учун киши нақадар тубан бўлиши керак…

Абди жила бошлаган Зокир Ўринни яна даст кўтариб олди-да, ғизиллаб кетди. Кўчага чиқариб қўйиб, дарвозанинг очиқ табақасини беркитди.

… Хўжамёр юмшоқ курсида сўлғин тортиб ўтираркан, Асал кирди. Хўжайинга термилиб бироз сассиз тургач, сўради:
— Нима бўлди, Хўжака?

Хўжамёр ҳам котибага бироз сассиз тикилгач:
— Ўзим ҳам тушунмай қолдим, — деди

— Нимани?
— Э, сўрама.

1993

Олим ТОШБОЕВ
АРОСАТДА ҚОЛГАН АВЛОД
09

Истиқлол Ўзбекистон ҳаётида мисли кўрилмаган бир даврни бошлаб берди. Шўро истибдоди ўрнатган ва бир неча авлод учун дастуриламал бўлганмафкура тузум билан бирга маҳв бўлди. Президентимиз таъбири билан айтганда:”Шўро даврининг мафкураси, коммунистик дунёқараш… моҳият эътиборига кўра, бизнинг турмуш тарзимизга, халқимизнинг табиатига тамоман бегона эди”. Аммо жамият мафкурасиз, ғоясиз яшаши мумкин эмас.

Юртбошимиз 1993 йил бир гуруҳ зиёлилар билан қилган суҳбатда ушбу долзарб масалани кун тартибига қўяди ва шундай таъкидлайди:”Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозим”. Мустақил жамиятнинг ғоявий асосларини ва йўналишини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилиш жараёни қизғин кечди.

Тарихчи олимлар билан учрашувда Президентимиз “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” ғоясини ўртага ташлади. Бу улкан ва кенг қамровли масалалар муҳокамасида зиёлилар, олиму адиблар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари ўз таклиф-мулоҳазалари билан иштирок этди. 1991-1996 йиллар республика матбуотида истиқлолнинг илк даврлари инъикосини кўриш мумкин.

Ўша давр газета-журналларини варақласангиз, миллий қадриятлар ва маданий мерос, тарихнинг янгича талқини, миллий ғоя ва миллий онг каби долзарб мавзуларда бир-биридан қизиқ юзлаб мақолалар, баҳс-мунозаралар, давра суҳбатлари, интервьюлар, илмий тадқиқот ишлари ва рисолаларга кўзингиз тушади. Бу ўзига хос жўшқин жараёнда шоир ва ёзувчиларимизнинг аксари фаол публицист сифатида ҳам ном қозонди, десак хато қилмаган бўламиз.

Балки сўз санъаткорлари ўзларининг фуқаролик позициясини намоён қилишда тезкор йўл сифатида публицистикани маъқул кўришгандир, эҳтимол. Лекин аҳён-аҳёнда бадиий адабиётда ҳам даврнинг оғриқли нуқталари ўзига хос тарзда тасвир этилган асарлар кўриниб қолар эди.

0 b2.jpgАна шундай асарлар бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг 1993 йил “Ватан” газетасида чоп этилган “Аросат” ҳикоясидир. Аввало ҳикоянинг номланиши китобхон кўнглида талай саволларни пайдо қилиши табиий. Нега энди “Аросат”? Ким аросатда? Сўзимиз аввалида айтиб қўяйлик: ҳикоя диний мазмундаги арасот ҳақида эмас. Аммо халқ орасида бу тушунчанинг тағин бошқа маънолари ҳам борки, гап шу ҳақда. Ҳикояда ўтмиш ва ҳозирги давр кишисининг ботиний ва зоҳирий олами, қадрият ва қарашлари ажойиб тасвирланган. Бир сўз билан айтганда, “Аросат”да бозор ва маънавият тўқнашуви акс этган. Истиқлолгача бўлган тарих шундан далолат бердики, тузумлар алмашиши, дунёқараш ва эътиқодларнинг ўзгариши жамият аъзоларида анчайин бир саросималик уйғотар экан. Бу жараён ҳар кимга ҳар хил таъсир этиши мумкин. Кимларнингдир қонида мудраб ётган молимардумхўрлик аста уйғониб, ҳунар кўрсата бошлайди.

Яна кимлардир турли илинж ахтариб ҳар кўйга улоқиб кетади… Ҳурматли адибимиз ҳикоянинг бирон-бир ўрнида на қаҳрамонлар, на муаллиф тилидан маърифат, мафкура, ғоя сўзларини ишлатади. Бу сўз ва тушунчаларни образлар дунёсига сингдириб юборади. Ҳикоя қаҳрамонларидан бири Хўжамёр янги давр, янги шароитдан фойдаланиб бизнесмен бўлган: “пул – ҳамма нарса” шиори билан яшайдиган одам. Чунки отаси Мадиёр даллол ўтган. Хўжамёр эсини танибдики, кўргани бозор, даллоллик ва пул. У улғайиб ҳаётни ана шу тусда кўради. Унга инсоний қадриятлар, маърифат унутилган тушдай гап. Қорундек беҳисоб ганжинага эга бўлганларни дунё васвасаси билан ҳалок этган Зот наздида мол-мулкнинг заррача қадри йўқ, дейишади алломалар. Бор-йўғи даллолнинг боласи, мактабни зўрға битирган бола бирданига бойиб кетади-ю жаҳонгашта ва марҳаматли бизнесмен сифатида довруғ қозонади. Мактаб-маорифни устун билган, малакали мутахассис бўлган одамгина фаровон яшайди, деган ақида билан юрган одамлар кўз ўнгида бунинг акси. Ақиданинг зидди билан ҳам халқни ўзига қаратиш мумкинлиги, эл-улуснинг ҳожати “синпида қолиб юрган” болага тушиши…

Асарни тутиб турган образ – домла Зокир Ўриннинг “ҳаётдаги товланишлардан тўйгани” мана шу туфайли эмасми? Э, воҳ! “Давлат қўнса бир чибиннинг бошиға, Семурғ қушлар салом айлар қошига”. Халқимиз ўтиш даврида бу минг-минг йиллик ҳақиқатни яна қайта кашф қилди, десак янглишмаган бўламиз. Хўжамбойларнинг димоғидан қурт ёғилиб, “зиёли, маданиятли одам фақат… табриклагани келмайди” деб ўйлаши, жамиятнинг афкор қатлами ҳам қўлимга қарам, деган хулосага олиб келган. Ўтиш даври қийинчиликларидан фойдаланиб қолиш, таъбир жоиз бўлса, сувни лойқалатиб балиқ тутишни “биз сингари бизнесменларнинг вазифамиз…аҳволни баҳолиқудрат енгиллатиш” дея ниқоблаб, юртдошларини ўзларига қаратиш… Президентимиз ўз чиқишларида такрор-такрор айтган “Бизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмайди”, деган сўзларининг маъноси шу: катта сармоя эгалари, йирик тадбиркорлар албатта ҳукмфармо бўлишни истаб қолади. Давлатга айлангиси келади уларнинг. Жилови қўйиб юборилган мамлакатларда худди мана шу ҳол юз берди. Юксак маънавиятнинг бемисл ҳаётий эҳтиёжлиги, у жамиятни бамисоли ўқ томирдек тутиб туриши сира инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Шу ўринда ўқувчилик пайтимизда ўқиган бир шеър ёдга келади.

Бу Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Икки Америка” туркумидан “Югур, бизнесмен!” шеъри эди. Ҳазрат шайтон эрур сиғинган пиринг. Хуллас, фирибгарсан, йўқ пинҳон сиринг, Замонинг шул экан, югур бизнесмен. Биз шеърни ўқиб, ичимизда капиталистларнинг аҳволига кулган бўлсак-да, аммо бизнесмен ким эканлигини тушунмаганмиз. Мана энди тушуниб етдик. Нафақат англадик, унинг талаб ва тартибларига-да мослашдик. Халқимизда “Эллик йилда эл янги” деган мақол бор. Эл янгиланаётганининг бир белигисидир балки бизнес олами. Маълумки, бозор иқтисоди ўз қонуниятига кўра нотабиий тузумнинг бир хил стандарт ва мезонларга кўра яшашга кўниккан фуқаролар ҳаётини остин-устун қилиб юборди. Салкам бир асрлик мафкура истеҳкомлари вайрон бўлди. Кўпчилик саросима ва ваҳима ичида қолди. Эътиқод қўйган партия ва доҳийнинг шафқатсизликлари, қотиллигу хунрезликлари ошкор бўлгач, ўз-ўзларини яниб, айбдордек ҳис қилишди. Пул ва бойиш истаги заҳарли илондек жамият ҳаётининг маълум бир қисмини, баъзи одамларнинг бўшаб, ҳувуллаб қолган қалбларини аврай бошлади: товламачилик, фирибгарлик урчиб кетди. Ҳикояда тасвирланган Хўжамёр ана шундай одамларнинг бир вакили. У ҳатто уятни ҳам билмайди. Унга “бевосита бўлмас-да билвосита таъсир ўтказган” устози Зокир Ўрин “тоза ҳаётдан орқада қоп кетган” одам. Ана шу содда, болафеъл “Домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан чойхонага кирган эди”. Ҳикоя шундай бошланади. Эсон духтур “сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга” Хўжамёрнинг “Масковдаги хайрия пондларидаям ишлаб” ишбилармон миллионер бўлганини айтиб мақтанади. “- Ҳов фельдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? – деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин. – Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! – деб этсиз башарасини куйдирган калладай тиржайтирди Эсон. – Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Суррайиб юрарди-ку отасининг изидан?..

Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди”. Домла шогирдининг ишбилармон бўлганини эшитиб, чандон хурсанд бўлади:”хурсандлиги шунчаки, торгина кўкраги қабариб кетди”. Эсон духтурга Хўжамёрни ўқитганини, синфида қолганиям ростлигини айтиб, ўзини аллақандай ноқулай ҳам сезади:”Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик”. Бир қарашда домла ўз даврининг тушунча ва тутумлари билан қолиб кетгандай кўринади. Аслида унинг ички дунёси, ўйлари ва қатъий хулосалари шўравий эмас. Асарда сиз қизил коммунист Зокир Ўринни кўрмайсиз. Аксинча, унинг тимсолида камтар, куюнчак, ўта маданиятли ўқитувчи-зиёли образи – ҳаракат ва қарашларига масъул бўлган Шахс гавдаланади. Зокир Ўрин Эсон духтурдан шогирди корхонаси қаерда жойлашганини сўраб, йўлга тушади: “Бизнинг ўқувчимиз шундай киши бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади”. ”Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди. У Хўжамёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари-ю “качегар бўламан” деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади.

Домла учун тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирон масал ёки мисолни шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди”. Зокир Ўрин мана шундай ўй-хаёллар ила собиқ Калинин колхозининг идорасида жойлашган Хўжамбойнинг корхонасига келади. Домла “турмушнинг бошқа йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди”. Ҳовлидаги “қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут… ўзини кутиб олаётгандай туюлди”. Тут домлага таниш. “Болалигида… ҳу йироқ замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди, Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди”. Зокир Ўрин “йўлкада турган кўк “Волга” билан кумушранг хорижий мошинага кўзи тушиб, ҳайрон” бўлади. Пешвоз чиққан Абди қоровулнинг “Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон…” деган гапларидан астойдил жаҳли чиқади. Қоровул ва домланинг қизғин мунозарасига “Хўжамёр… ҳа, ўша от юзли йигитчанинг йирик нусхаси қараб турган экан”. Зокир Ўрин ялтоқи Абдибойдан ижирғаниб, “ишора-илтифотини қўл ҳаракати билан кескин рад этиб”, эшикка йўналади. Ҳўл тўшанчага “пошнаси аллақачон қийшайиб кетган туфлисини артиб”, чоғроқ хонага киради. Ёзувчи домланинг серҳаяжон лаҳзаларини қуйидагича тасвирлайди:”Домла остонага қоқиниб, чўғдек гиламга оёқ босди ва бўсағаданми, гиламданми узр сўраган каби ғўнғиллаб, Хўжамёрга талпинди”.

Домлани ҳаяжон чойхонадаёқ чулғаб олган, бу ерга – ҳовлига қадам босиши билан бу янада кучайиб, бадтар ўнғайсиз аҳволга солиб қўйган эди. Буни фарзанд муваффақиятидан шодланиб, боши осмонга етган ота ҳолига менгзаш мумкин. Шогирдларига чин меҳр қўйган, уларнинг камолидан қувонган устоз отадай азиз саналади-ку! Домла шогирдига оталарча кўнгли ийиб кетганидан довдирар эди. Мана ўша ҳолат тасвири: “Хўжамёр уни бағрига олиб ва кифтига аста-аста қоқиб: – Домлам-е, Зокир Ўринович-е, бормисиз-е, – дер экан, домла Зокир Ўринннинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди: дами қайтиб, йироқ замонлар билангина эмас, ўзининг ёшлиги билан ҳам учрашгандек пиқиллади ва табиий, у киши ҳам қўлини тепага узатиб, шогирдининг елкасини силар эди”. Мазкур психологик-руҳий манзара муайян мақомга эришган ҳар бир инсонда рўй бериши муқаррар. Ўзингиз ўйланг: орадан йиллар ўтган. Дийдор кўришганларнинг кичиги улғайган, улуғининг умр шоми кирмоқда. Бири бозорга бораяпти, бири эса бозордан қайтаяпти… Ҳаётнинг аччиқ-чучугини хўп кўрган устоз шукрона айтиб кўзёш тўкади. Ўзлари кўрмаган фаровонликни шогирди кўрганидан йиғлайди. Эккан дарахти мева берганига суюнади:”Бахтининг ёнида ғами кўринар, Ғами кўринади бахтида унинг”. Асл муаллимлар ҳар бир учирма қилган шогирдларини юракнинг бир банди билан кузатади. Яъни қалби уларда кетади. Худдики жони боласининг ичида турган онаизор каби шодумон, бахтиёр ва айни дамда ғамгин-ўйчан. Бу ғамгин-ўйчанлик ғариблик, ёлғизлик аломати эмас. Бу азбаройи кўринмас иплар билан боғланган устоз-шогирд робитасидирки, уни фақат қалб билан ҳис қилиш мумкин. Яна бир томони, Зокир Ўрин қаршисида бугуннинг олд одами – тадбиркор Хўжамбой турибди! Устознинг шогирдга муҳаббати таъмадан йироқ. Аммо Хўжамбой буни бошқача тушунади. Устознинг йўқлаб келишини азбаройи пулга муҳтожликдан, кўзёшларини мутелик белгиси деб билади. Чунки унинг қалби муҳрланган, занг босган. У инсоний муносабатларни-да пул билан баҳолашга, ўлчашга ўрганиб қолган. Бетаъма инсоний севги, меҳр унга ёт. “Потиҳа қилиб қўямиз-да домла.? Ҳарҳолда мумулмонмиз, бунинг устига, дин модага кирди”, дейди Хўжамёр ўтиришгач. Шу биргина каломдан йигитнинг кибрга берилгани, оёғи ердан узилганини англаш қийин эмас.

Устоз шогирдининг бу бемаврид гапини қабул қила олмайди ва “дин ҳеч вақт модадан чиқмаган”, дея қўлларини фотиҳага кўтаради. “- Омин. – Хўжамёр жилмайиб юзига фотиҳа тортгач, стол четидаги хорижий сигаретдан бирини чиқарди. – Ҳалиям мунозарага ўчсиз-а, домла? Гап мунозарада эмас, – дея Зокир Ўрин ҳам киссасидан “Астра” сини олди. – Дин ҳамма вақт одамларнинг қалбида бўлган, Хўжамбой. Лекин бечоралар тазйиқ остида… Шогирд домланинг гапларини бўлиб ташлайди. Ўз тили билан айтганда, “мунозарага” киришишга имкон қолдирмайди. Зокир Ўрин эса шогирдининг “замонавий бизнес бошлиқларидан бири” бўлганлигини эшитиб қувонганини, қутлашга вақтлироқ келмаганидан хижолат эканлигини таъкидлайди. Хўжамбой устознинг бу гапларига-да бепарво бўлади. Ҳатто “Сал қартайибсизми дейман?” дея масхараомуз гап қотади ва “домла, дунёни кўриш керак” деб фалсафа сўқади. Зокир Ўриннинг “Дунёдан узилиб вокуумда яшаганмиз-да” дейишидан яна қувват олиб, сигаретини кулдонга босганча устозига қиялаб тикилади:”Аҳвол қалай, домла?” Хўжамёрнинг бу саволи устозга ачиниш, унга раҳми келганидан эмас, балки уни калака қилиб, киноя оҳангида айтиладики, сўровнинг оҳангини тушунган домла аҳволи яхшилигини айтиб, “элга келган тўй-да, бу кунлар ҳам…” деб қўяди. Шогирднинг осмондан келиши, беписанд гаплари домлани яна мунозара қилишга мажбур этади. Илҳоми тошиб:” Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб-кул бўлиб ўтди улуғларимиз, алломаларимиз…” дейди. Хўжам устози айтаётган истиқлол фидойиларини, улуғларни билармиди? У ўзини, атрофидаги “апчарка”ларни, бизнесни билади, холос. Иқтисодий қийинчиликларни элга келган тўй деб қабул қилган, қаноатни маҳкам тутган зокир домлалар учун энг муҳими юртнинг мустақил бўлгани.

Бу тоифа инсонлар барча машаққат ва заҳматларни ўткинчи деб билади. Мана сизга ватанпарвар Шахс тимсоли! Ўзини ҳудуднинг якка хўжайини санаган айрим тадбиркору корчалонлар, халқнинг нонини туя қилувчи “ҳожатбарорлар” юрт номига иснод бўлганини яхши биламиз. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Бозор – маънавият кўзгуси” мақоласида айнан шулар ҳақида тўхталиб:”… фақат пулга сажда қилиш, бу дунёнинг ҳамма муаммосини ҳал қилиб берадиган қудратни фақат пулда деб билиш, бойликни, молу дунёни ҳар қандай инсоний қадриятлардан юқори деб ўйлаш ўтмишда ҳам ҳеч кимни яхшиликка олиб келмаган, бугун ҳам олиб келмайди. Молу дунё орттириш йўлига кирган ҳар бир кимса бу йўлда ўз нафсини ўзи тия билиши, бевафо дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларидан устун бўлмоғи, ўз эҳтиросларининг асоратига тушиб қолмаслиги керак”, деб ёзади. Мустақиллик имкониятидан ҳузур-ҳаловат топиб, тасодифий омаддан боши айланиб қолган Хўжамбой кимнинг боласи эканлигини, кеча ким бўлганлигини бутунлай унутган. Эслашни-да истамайди. Устозининг ватан мустақиллиги осонлик билан қўлга киритилмаганлиги ҳақидаги гапларини ҳам қулоқлари тагидан ўтказиб юборади. Миллионер шогирди ҳузурида чорак соат ўтирган устоз кетишга изн сўрайди. Хўжамёр томоғини қириб, нима хизмат бор, дейди. “Зокир Ўрин елкасини қисди.- Хизмат… Соғ-саломат бўлинг, шу. – Йўқ, ундай эмас, домла. – Яна нима дейишим мумкин?”. Хўжамёр қўлидаги тилло соатга қараб устозидан нимани истиҳола қилаётганини ижикилаб сўрайверади. Кейин ҳақоратомуз таҳдидга ўтади:”Кепсизми, сўранг-да энди!” У суянчиққа ястаниб, сигаретни роҳатланиб сўриб кулади: томоқдан чиққан ҳиссиз кулгу устознинг нафсониятига тегади.

Ниҳоят очилиб, ҳузурига муҳтожлар ҳар куни келишини, элнинг корига яраётганини айтиб миннат қилади:”у бечоралар ҳам, албатта, мени табриклагани келишади…” Бетавфиқ шогирднинг тубан гапларидан Зокир Ўрин портлайди:”Ҳов, ҳали шунинг учун боянадан бери саволга тутаётган экансан-да?” Табрик учун келган устоз ўзини тутолмайди. Чунки, шогирд уни очиқдан-очиқ хонасидан ҳайдайди. Абдибой устозга эшикни кўрсатади. Камлик қилгандай, домлани қучиб кўтариб ташқарига чиқаради. “- Қўйвор, аблаҳ! – деди Зокир Ўрин. – Ўзимнинг… оёғим бор! Ҳозирча бор! – дея эшикка қараб бақирди. – Ҳой, бизнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукур. Сени ўқувчим деб… Бемаъни, одобсиз!.. Одамларга бундай қараш учун киши нақадар тубан бўлиши керак…. Абди жила бошлаган Зокир Ўринни яна даст кўтариб олди-да, ғизиллаб кетди. Кўчага чиқариб қўйиб, дарвозанинг очиқ табақасини беркитди.” Бойлик дасти эшикни ёпди. Эзгулик ташқарида қолди мунғайиб… Котибаси Асалнинг “нима бўлди, Хўжака?” деган саволига “ўзим ҳам тушунмай қолдим”, деб жавоб беради. Гўё ҳеч нарса содир бўлмади. Беобрў қилиб қувилган устозига на ачиниш, на қилмишидан пушаймонлик бор. “Тубанлик ичра ҳам танҳо” бўлган инсон шундай қилиши мумкин. Озод домла айтмоқчи:”Тадбиркор ўз фарзандларининг, оила аъзоларининг ва ҳамма одамларнинг юзига тик қарай оладиган виждони пок одам бўлмоғи даркор. Бунга эришмоқ учун эса одам пул санаш, ишнинг кўзини билишдан ташқари, бениҳоя билимдон, савияси юксак, ниятлари пок, бир сўз билан айтганда, теран маънавият эгаси бўлмоғи лозим”. Хўжамбой учун Зокир Ўринларнинг эътиқоди, ҳаётга қараши, одамларга муносабати ва қадриятлари бир пулга қиммат. У эски давр одамларининг қаричи билан ҳаётини белгиламайди. Дарвоқе, гап аросат ҳақида эди. Ҳикояни илк бор ўқиган одам Зокир Ўринни аросатда қолган одам, деб ўйлаши тайин. Айниқса унинг эзгин ҳолатлари, афсуслари, давр хатолари учун ҳам ўзини айбдор санаши шундай хулосага олиб келади. Аммо бойвачча шогирднинг “мунозара”дан сўнг устозни шафқатсизларча қувиб солиши сизнинг аросатдаги одам ҳақидаги ўй-хулосаларингизни ҳам ўзгартириб юборади. Абди “апчарка” Зокир Ўринни кўчага улоқтириб, дарвозани ёпгандан кейин…

Ҳикоянинг кутилмаган ечимидан ҳаяжонга тушасиз. Зокир Ўрин эмас, борар манзили мавҳум, қилар ишидан янглишиб, гангиб қолган хўжамбойлар аросатда эканини тушуниб етасиз. Ана шунақа. Хотима ўрнида:“Аросат” ёзилганидан беш йил ўтиб, Шукур Холмирзаев мавзуга яна мурожаат қилади ва бу гал салмоқли, сермазмун эссе – “Жамиятнинг мақсади яъни мафкура бобида ўйлар” асарини битади. Эссе “Тафаккур” журналининг 1999 йил 1-2 сонларида эълон қилинган (Уни саҳифа сўнгида онлайн форматда ўқишингиз мумкин). Адибимизни эссе битишга нима ундади? Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Тафаккур” журнали бош муҳаррири саволларига жавоблари журналнинг 1998 йил 1-сонида эълон қилинади. “Жамиятимиз мафкураси халқни – халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат этсин” сарлавҳали ушбу суҳбат жамоатчилик орасида жуда катта қизиқиш билан кутиб олинади ва кенг ўрганилади. Барча зиёлилар қатори ёзувчи Шукур Холмирзаев ҳам мана шу суҳбат таъсирида қўлига қалам тутгани шубҳасиз. Мумтоз адибимиз мавзуга жиддий ёндашиб, инсоният илк ибтидоий давр – қабилачиликдан то бугунги кунга қадар мафкура туфайли нималар топгани-ю нималардан маҳрум бўлганлигини олимона назар ва ёзувчи қалби билан тадқиқ қилади. Ёзувчи ўтган етти йил (эссе 1998 йилда ёзилган. О.Т) мобайнида кимлигимизни англаб, тараққиёт йўлимизни белгилаганимиздан фахру ифтихор ҳиссини туяди. Ва “Бу йўлда эзгу қадриятларимиз мустаҳкам замин бўлишини теран тушуниб етдик. Миллий мафкурамиз тизимларини тиклаб, унинг умуминсоний ғоялар билан бақамти йўлда эканини кўриб, бундай жамиятнинг истиқболи порлоқ бўлишига инонасан киши. Тангри таоло ёмон кўзлардан, суқ ва ҳасадлардан асрагай! Тилагимиз шу” деб тугаллайди асарини. Сўзи ва амали бир бўлган ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг юқорида кўриб ўтилган ҳикоя ва эссеси бугун қанчалик долзарб бўлса, янги авлод ўқувчилари учун ҳам қадрли бўлишига шубҳа йўқ.

Lunnyj-svet-na-opushke-nochnogo-lesa.jpgShukur XOLMIRZAEV
AROSAT
09

    Ustoz Abdulla Qodiriy o‘zining to‘ng‘ich romoni bo‘lmish «O’tkan kunlar»ni «Modomiki, biz yangi davrga qadam ko‘ygan ekanmiz…» degan serandisha so‘zlar bilan boshlagan edilar. Aslida, ulug‘ bobomiz o‘shanda faqat bitta o‘zining ko‘lidan keladigan buyuk ishga qo‘l urgan edilar va zimmasidagi tarixiy vazifani sidqidildan ado etganlar. Vaholanki, u kishiga hech kim «O’tkan kunlar»ni yozib bergaysiz, taqsir, deb buyurtma bermagan edi. Zero, haqiqiy yozuvchi mudom vijdoni buyurgan ishni bajaradi, ijtimoiy «zakaz»ni esa…
O’zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzaev o‘z vijdoniga, O’zi ato etgan iste’dodiga sodiq qolgan kamyob yozuvchilarimizdan hisoblanadi. U kishining yangi hikoyasi ham daf’atan «yangi davr buyurtmasi» bo‘yicha yozilgandek tuyulishi mumkin. Lekin «Arosat» sinchiklab mutolaa qilinsa, yozuvchi INSONNI TUShUNIShga harakat ktslayotganini va biz o‘quvchilarni ham INSONNI TUShUNIShga chorlayotganini anglash unchalik mushkul bo‘lmaydi. Darhaqiqat, «insonni tushunish kerak», deb ta’lim bergan edi Ernest Xeminguey. Nazarimizda, yozuvchining birlamchi vazifasi — insonni tushunishdir. Insonni tushunmagan yozuvchi (asar qahramoni emas!) oxir-oqibat Arosatda qoladi.  («Vatan» gazetasi sharhi)

* * *

Zokir O’rin choyxonada o‘tirgan edi, oyoqlarini so‘ridan osiltirib, chalishtirib, uning qarshisidagi so‘ridan joy olgan ermaktalab nashavand, farrosh va sartaroshga Eson do‘xtir gap berardi, tik turgancha hovliqib:
— Sizlar ham yuribsizlar-da, jo‘ralar, dunyodan bexabar… Xo‘jamyor axir Maskovdagi xayriya pondlaridayam ishlab, ishbilarmon bo‘lib keldi. Bu orada u ikki marta, yo‘g‘-e, uch marta Turkiyada bo‘ldi! Bir marta Amriqoda!.. Biznes ishkolaniyam bitirgan u! Nima deyapsizlar… Yo‘g‘asam, mana — milyoner bo‘lar edi!..
— Hov feldsher, qaysi Xo‘jamyorni aytayapsan? — deb tuyqusdan so‘rab qoldi Zokir O’rin.
— Domla, siz ham g‘aplatda qolgan ekansiz-ku! — deb etsiz basharasini kuydirgan kalladay tirjaytirdi Eson. — Axir, o‘zingizning o‘quvchingiz-chi? Madiyor dallolning o‘g‘li! Surrayib yurardi-ku otasining izidan?.. Menimcha, bir-ikki yil sinpidayam qolgan edi.
— E, shunday demaysanmi, — deya jez tishlarini ko‘rsatib iljaydi domla va xursandligi shunchaki, torgina ko‘kragi qabarib ketdi. — Ha, uni o‘zimiz o‘qitganmiz. Sinfida qolganiyam rost. — Keyin o‘ylanib, yelkasini qisdi. — Yaxshi, unda tijoratga qobiliyat bor ekan. Biz o‘shanda tijorat ahlini o‘g‘ri-kazzob deb yomonlar edik.
— Endi o‘zingizga keldingiz, domlajon, — deb bu kishiga gap uqtirmoqqa boshladi do‘xtir. — Holbuki, o‘sha vaqtlardayam «O’tgan kunlar»dagi Otabekni «milliy qahramonimiz», deb maqtar edingizlar.
— Rost, rost, — tan oldi Zokir O’rin jiddiy tortib. So‘ng yana qalbaki tishlarini ko‘rsatib: — Lekin savdogarchiligiga o‘tmas edik-da… — dedi.
Eson do‘xtir muallimni mot qilib bo‘lganday tantanavor kulib yubordi. Unga qo‘shilib domlaning o‘ziyam siyrak sochli xumdek boshini irg‘ab kularkan, boshqalar ham zo‘r askiya eshitganday xaxolay boshladi.
Keyin domla xayolchanlik bilan choynak yoniga besh so‘m tashlab oyog‘ini yerga qo‘ydi. Kichkina qorinchasidan pastga siljigan qayishini tirsaklari bilan qisib — ko‘tarib olib, so‘ri qoshiga kiygiziqlik sarg‘ish shlyapasini boshiga qo‘ndirdi. So‘ng jamoaga ziyolicha ta’zim qilib:
— Xush qolinglar. Rahmat, Esonboy, sizgayam, — deb burilib, xiyobonga chiqdi.
Ana shunda uning kallasiga bir xayol keldi: «Qara-ya, o‘sha bola odam bo‘pti. Milyoner tijoratchi bo‘pti. Qandaydir korxona ochib, elgayam nafi tegayotganmish. Shunday kunlarda…».
Domla Zokir O’rin maktabda darslarini o‘tib bo‘lib uyiga ketayotganda, azbaroyi chanqaganidan choyxonaga kirgan edi. Binobarin, endi uyiga borishi kerak. Biroq… hozir nechuk choyni ichib tugatmasdan o‘rnidan turgani-yu, xiyobonda to‘xtagani sababini noxos anglab qoldi.
— Hov Esonboy, bu Xo‘jamyorning korxonasi… ish-joyi qaerda? — deb so‘radi ortiga qayrilib.
— Toza hayotdan ortda qop ketgan ekansiz-da, taqsir, — deb yana tantana qildi feldsher. — Axir maktabingizdan tubanda eski qurtxona bo‘lardi-ku, Kalinin kolxozining sobiq idorasida. Hovuziyam bor…
Domla eslab:
— Bo‘ldi. Rahmat, — dedi.
— O’shaqqa borasizmi? — so‘rab qoldi Eson do‘xtir.
— Borish kerak, — javob berdi muallim sobitlik bilan. — Bizning o‘quvchimiz shunday kishi bo‘pti-yu, biz bir og‘iz tabriklamasak, uyat bo‘ladi.
— He, otangizga rahmat! — dedi do‘xtir. — Undaylar ko‘paysin deb duo qiling. Endi zamon ularniki…
Zokir O’rin davraga tag‘in yengil ta’zim qilib va kichkina, ixcham gavdasiga yarashmayroq turadigan salmoqli yurish bilan choyxona oldidan o‘tdi.
Domla toliqqan edi. Ammo bu yangilik zavqidan va Xo‘jamyorni ko‘rish, ko‘rishish va himmatli ishlariga baror tilash onlarining jozibasidan charchog‘ini ham unutib, maktab qoshidan o‘tib ketdi.
U Xo‘jamyorning bolalik qiyofasini ham, paxta terim mahallarida takasaltang yurishlari-yu, «kachegar bo‘laman» deb o‘choq boshida qolishlarini ham hisob formulalari kabi eslab borar, shu asno uning oqibat tijoratchi bo‘lishida zamin izlar, chunki shu zaminni sharhlab uni shod etishni ham o‘ylardi. Biroq harchand bosh qotirmasin, otasi dallolligidan o‘zga sabab topa olmadi. Domla uchun tag‘in achinarlisi shu ediki, Xo‘jamyor naq hisobdan ham o‘rtacha o‘qir edi: ha, biron masala yoki misolni sharillatib, yechib tashlaganini eslolmaydi.
«Lekin qobiliyat keyin ham yuzaga chiqishi mumkin, — deb o‘zicha to‘ng‘illadi Zokir O’rin nihoyat. — Buyam talantday gap…».
Domla ro‘molchasi bilan manglayini artib jilarkan, yo‘l bo‘yidagi vodoprovod dastagini bosib chelagini suvga to‘ldirayotgan kelinchakni ko‘rdi va undan manzilni surishtirmoqchi ekanini fahmladi-yu, yetib kelganini bildi.
O’ng qo‘ldagi yap-yangi temir darvozaning bir tabaqasi ochiq, u yerdan tomlar uzra yuksalgan balx tutining egik shoxlari ko‘zga tashlanib turardi: ha, bu tut ham domlaga tanish. Bolaligida… hu yiroq zamonlarda uning kichkinaligini pesh qilib, daraxtning uchki novdalarini kesish uchun chiqarishar edi, Zokirboy odobli bola bo‘lganidan barg kesish bahona tutga qorin to‘ydirib tushishni ham o‘ylamasdi.
«Bu yil kesishmaptimi?.. E, pilla terib bo‘lindi-yu, «kesishmapti» emish…»
Domla shu o‘ydan keyin Eson do‘xtir aytganidek — chindan ham «hayotdan ortda qolgani», aniqrog‘i, mamlakatdagi tashqi siyosatu hayotdagi tovlanishlardan to‘ygani uchunmi — turmushning boshqa yo‘riqlariga xiyla loqayd bo‘lib qolganini tan olgani holda, darvozadan kirdi.
Katta chorkunj hovuzni ko‘rishi lozimmidi — asfalt yotqizilgan yo‘lkada turgan ko‘k «Volga» bilan kumushrang xorijiy moshinaga ko‘zi tushib, hayron bo‘ldi. Keyin keng yo‘lkaning so‘lga burilgani va qari tutning egik shoxlarini ko‘rib, mamnun tortdi: tut… o‘zini kutib olayotganday tuyuldi.
Shu hisning quvvatida — bu yerda bemalol yurishga haqqi bor kabi moshinalar yonidan bemalol o‘tdi-yu, bahaybat daraxtning tagida stol atrofida o‘tirishgan uch-to‘rtta kishiga ro‘para bo‘ldi. Ulardan bitgasi tanish edi: yaqindagi do‘kon qorovuli.
— Assalom alaykum! — dedi domla qo‘ng‘irokdek ovozda.
Tanimol o‘rnidan sapchib turib, mehmonga peshvoz chiqdi.
— Valekum assalom. Keling, Zokir O’rinovich!
Domla salmoqli yurishda borib, u bilan ko‘rishdi.
— Him, rahmat… Xo‘sh, o‘zingiz qalaysiz? — deb so‘radi xuddi shu qorovulning ahvolini bilgani kelgandek.
— Shu Xo‘jamyor akaning apcharkasi bo‘lib yurippiz, domlajon, — deb javob berdi u iljayib. — Ha, xush ko‘rdik… Xo‘jayin kerakmi?
Domla tek qoldi.
— Kerag-u… — dedi domla. — Lekin nega «xo‘jayin» deysiz? Nega Xo‘jamyor sizga «aka» bo‘lar ekan?.. Shoshmang-da! Tag‘in «afcharkasi bo‘lib yuribman» emish… Bu nimasi?
— Endi… — «Apcharka» qiynalib-qipsinib, lo‘msa yuzini siniq iljayish qoplagan holda, xo‘rsinib yubordi. — Boriyam shu-da, domlajon.
Zokir O’rinning astoydil jahli chiqib:
— Ajabo, men bilmay yurgan ekanman. Qoching yo‘ldan, — dedi. — Hov, Xo‘jamboy Madiyorov!
Tutning orqasida — tomiga yaltiroq tunuka qoplangan binoning o‘ng tarafidagi gulzorga ochilgan derazalarining biridan Xo‘jamyor… ha, o‘sha ot yuzli yigitchaning yirik nusxasi qarab turgan ekan.
— Marhamat, domla. Biz shu yerdamiz… Abdiboy, eshikni ko‘rsating! — dedi.
Zokir O’rin Abdining ishora-iltifotini qo‘l harakati bilan keskin rad etib, eshikka yo‘naldi. Peshtoqdagi yozuvga boqmay, ammo ho‘l to‘shanchaga poshnasi allaqachon qiyshayib ketgan tuflisini artib, chog‘roq xonaga kirdi. Ro‘parada yaltiroq stol ortida o‘tirgan xushbichim qiz o‘rnidan turar-turmas, so‘l yondagi o‘ymakor eshik ochilib, jigarrang tufli, malla kastyum kiygan novcha yigit chetga tortildi.
— Kiravering.
Domla ostonaga qoqinib, cho‘g‘dek gilamga oyoq bosdi va bo‘sag‘adanmi, gilamdanmi uzr so‘ragan kabi g‘o‘ng‘illab, Xo‘jamyorga talpindi.
Xo‘jamyor uni bag‘riga olib va kiftiga asta-asta qoqib:
— Domlam-e, Zokir O’rinovich-e, bormisiz-e, — der ekan, domla Zokir O’rinning ko‘zlari g‘ilq yoshga to‘ldi: dami qaytib, yiroq zamonlar bilangina emas, o‘zining yoshligi bilan ham uchrashgandek piqilladi va tabiiy, u kishi ham qo‘lini tepaga uzatib, shogirdining yelkasini silar edi.
Nihoyat, Xo‘jamyor domlani bo‘shatib, yon yoqda saf tortgan o‘rindiqlarga ishora qildi.
— O’tiring, domla. — Uzi esa uzun stolning boshida o‘qida aylanguvchi, suyanchig‘i baland — taxtsimon kursiga borib o‘tirdi. Va selektr tugmasini bosdi. — Asal, choy, — dedi. Keyin likopchadek hovuchini ochdi. — Potiha qilib qo‘yamiz-da, domla? Harholda musulmonmiz, buning ustiga, din modaga kirdi.
Zokir O’rin ko‘zlarini artgan ro‘molchasini shosha-pisha cho‘ntagiga solarkan:
— Ha, albatta… Lekin din hech vaqt modadan chiqmagan, — deya qo‘llarini fotihaga ko‘tardi.
— Omin. — Xo‘jamyor jilmayib yuziga fotiha tortgach, stol chetidagi xorijiy sigaretdan birini chiqardi. — Haliyam munozaraga o‘chsiz-a, domla?
— Gap munozarada emas, — deya Zokir O’rin ham kissasidan «Astra»sini oldi. — Din hamma vaqt odamlarning qalbida bo‘lgan, Xo‘jamboy. Lekin bechoralar tazyiq ostida…
Xo‘jamyor xorij sigaret qutisini domlaning oldiga surib yubordi.
— Mundan cheking.
— Men shunga o‘rganganman… Qur’oni karimda ham aytilar ekanki, e’tiqod zohiran va botinan bo‘lishi mumkin… — Zokir O’rin sigaretni o‘zi chaqqan gugurt o‘tida tutatib, «munozaraga» kirisharkan, Xo‘jamyor uning so‘zini yana bo‘ldi:
— Ha, dinni dinchilarga qo‘yaylik, domla… O’zingizdan so‘rasak? Uy ichlari, kayfiyatingiz qalay? Jiyanlar… Jiyanlar ko‘payib qolishgandir?
Zokir O’rinning ko‘zlari birdan quvnab:
— Juda! — dedi va kuldi. — Qilgan ishimiz shu bo‘ldiki, o‘zbek xalqining ko‘payishiga hissa qo‘shdik, xolos. Boshqa — na ilmga, na amalga deganday… qiziqishlar so‘nib ketdi. Biroq bola tarbiyalash ham oson ish emas… — Boshini ko‘tarib, tag‘in sun’iy tishlarini ko‘rsatib jilmaydi. — Mana, o‘zlaringiz ham o‘zimizning maktabdan chiqqansizlar. Bevosita tarbiya berolmagan bo‘lsak ham, bilvosita ta’sirimiz o‘tgan bo‘lishi mumkin. Shundayki, men sizning, Xo‘jamboy, bunday zamonaviy biznes boshliqlaridan biri bo‘lib kelishingizni o‘ylamagan bo‘lsam ham, buni ko‘rib, ham eshitiboq g‘oyat xursand bo‘ldim. — So‘ng o‘ylanib, izoh berdi: — Kechirasiz meni, g‘aflat bosib deng, vaqtliroq kelmadim qutlagani…
Xo‘jamyor sigaret kulini billur kuldonga qoqib, endi kuldonni domlaga surib qo‘ydi.
— Parvo qilmang, domla… — So‘ng yana selektr tugmasini bosib. — Asal? — dedi. Va u yokdan darhol javob qaytdi: «Labbay, Xo‘jaka!» — Sen anavilarga ayt, bizga naturalniy teri kerak, xo‘pmi? Qancha bo‘lsayam olamiz aytilgan narxda. Uni Turkiya chegarasiga oborish ham bizning bo‘ynimizda… Ular bilan ortiqcha savdolashib o‘tirishga vaqtim yo‘q… Aziz mehmonim bor!
Zokir O’rin bu gaplarni eshitayotgan esa-da, ma’nosini uqishga harakat qilmay turardi. «Aziz mehmonim…» so‘zini eshitgach, ma’no anglash qobiliyati ishlab ketgandek chehrasi yana ham yorishib:
— Rahmat, — deb qo‘ydi.
— Shunaqa… ish, ish, ish, — dedi Xo‘jamyor va xo‘rsinib nafas oldi. Keyin: — Xo‘sh, domla… — deya Zokir O’ringa tikilib qaradi-da, miyig‘ida iljaydi. — Sal qartayibsizmi deyman?
Zokir O’rin sergak tortib:
— Ha, shu endi, eskilar aytganidek, olma bilan o‘rik bo‘larmidik, Xo‘jamboy, — dedi.
Xo‘jamyor bemalol hiringlab:
— Rost aytasiz, — dedi. — Mana, biz ham… Sochlarni qarang. Ha, lekin, domla, dunyoni ko‘rish kerak ekan. — Shiftlarga qaradi. — Turkiya, Olmoniya, Amriqo… Bularni ko‘rmasdan yashashni men endi tasavvur qilolmayman. — So‘ngra domlaga hasrat qilgandek dedi: — Bu mamlakatlarning har biridayam o‘zbeklar bor ekan, qarang-a!
— Albatta, bor, — dedi Zokir O’rin jiddiy bosh irg‘ab. — Hatto, Avstraliyada ham bor emish…
— Lekin hammasi tijorat bilan shug‘ullanarkan, — go‘yo domlaning gapini davom ettirdi Xo‘jamyor. — Yashashlarini ko‘rsangiz! Shunday ofislari borki!.. Masalan, Istanbulda shunday bir markazga kirib qoldim, boyoqishlar biram xursand bo‘lib deng, «Byuriniz», deb turishipti. Darrov kofe… — U o‘z so‘zini bo‘lib, boz selektrni bosdi. — Asal, choy nima bo‘ldi? — «Tok kelmay qoldi» degan javob qaytdi uskunadan. — Ana shu-da ahvolimiz, — go‘yo so‘zlariga yakun yasadi Xo‘jamyor. — Biz shu qadar orqada qolib ketganmizki, domla… — U boshini og‘ir chayqadi. Keyin bu holni, o‘ylayverib boshog‘riqqa yo‘liqqandek chakkalarini qisdi.
— Ha, rost. Na chora, biz uchun ibrat — boshqalar edi… — deb hamsuhbatining fikrini ma’qulladi Zokir O’rin. — Dunyodan uzilib vokuumda yashaganmiz-da.
— Oh-oh, ot-tangizga rahmat! — dedi Xo‘jamyor. — Vakumda yashagan ekanmiz, vakumda… — So‘ng elan-qaran o‘rnidan turdi va sigaretni avaylab tutgancha stolni yonlab kelarkan, domla kuldonni unga surib qo‘ydi-yu, u sigaretni idishga bosganicha Zokir O’ringa qiyalab tikildi. — Ahvol qalay, domla?
— Ahvol yaxshi, — dedi domla. Keyin siniq jilmaydi. — El qatori. Elga kelgan to‘y-da, bu kunlar ham…
— Himm, sizlarning maoshlaring ko‘payib qoldi-ya? — Xo‘jamyor burilib, joyiga qaytdi.
— Ancha! — darhol javob qaytardi Zokir O’rin va boz jilmaydi. — To‘g‘ri, pulning qadri tushib ketayotgan paytda bu unchalik bilinmaydi. Ammo yashasa bo‘ladi… Chidaymiz-da, Xo‘jamboy! Chidash kerak. — So‘ngra ilhomi tosha boshladi. — Mustaqil bo‘lishni shuncha yil kutdik. Uni deb kuyib-kul bo‘lib o‘tdi ulug‘larimiz, allomalarimiz…
Xo‘jamyor tag‘in domlaning so‘zini bo‘ldi:
— Menga bir gapingiz nash’a qilib ketdi, rostini aytsam. Xo‘sh, «yashasa bo‘ladi» deganingiz. — So‘ng derazaga ma’noli termilib qoldi. — Yashasa bo‘ladi… — Shu tobda undan teran ma’noli, hayotiy mulohazalarga to‘la hikmatlarni kutish mumkindek edi. U esa: — Umuman, aytganda, shunday, rost, — deb joyiga o‘tirdi. — Demak, hali ahvol yomonmas ekan.
— Yomonmas, — dedi Zokir O’rin. — Biroq, Xo‘jamboy uka, kimga qanday? Gap mana shunda… Mamlakatimiz ahvolini tushunib, boriga qanoat qilib yashayotganlar ham bor. Tushunishni istamay, kechagi kunni qo‘msayotganlar ham bor. Ammo ularniyam tushunish mumkin: har kimning ham yaxshi yashagisi keladi.
— Uh, ana bu — dono gap! — deb yubordi Xo‘jamyor. — Har kim ham yaxshi yashashni istaydi! Xo‘sh, biz singari biznesmenlarning vazifamiz esa xuddi mana shu ahvolni baholi qudrat yengillatish… Fikrimni tushuntiroldimmi, domla?
— Juda! — dedi Zokir O’rin hayajonlanib. — Lekin rahmat siz… sizlarga! Ana, choyxonadan keldim hozir. O’sha yerdayam sizlarni… E, rahmat-e! Keling, qo‘lingizni bitta qisib qo‘yay, iltimos. Yurakdan!
— He, domlaginam-e.
Xo‘jamyor qo‘lini qistirib, joyiga ketgach, domla battar ta’sirlanib, bosh egib qoldi-yu, ko‘zi soatiga tushib, birdan hushyor tortib ketdi.
— Demak, him, gapimning xulosasi shulki, — dedi,— seni… ko‘rib, ko‘p xursand bo‘ldim, Xo‘jamboy. Yo‘lda… yo‘lakay huv o‘quvchilik davrlaring esimga tushib ketdi: ajib bir davrlar ekan! — deya birdan xitob qildi. — Paxta terimida yosh bolalar azob chekardi, bu hol ularni ekspluatatsiya qilish bilan teng edi, deb qancha va’zxonlik qilmaylik, o‘sha davrlar — bizning kechagi kunimiz, yaqin tariximiz, yoshligimiz bo‘lib qoladi. — So‘ng uh tortib yubordi. — Bolalik bizga hamma vaqt ajib, jozibali tuyuladi… Ana shuning uchun aytamanki, kechagi yillar — yoshligimiz ham — biz uchun shubhasiz azizdir!
Xo‘jamyor boshini qiyshaytirib, domlani tinglarkan:
— Ha, albatta… O’sha bolalik bo‘lmasa, bugungi kunga yetarmidik, — deb qo‘ydi.
Zokir O’rin chalg‘iganini fahmlab, endi soatiga bemalol qarab oldi-da:
— Endi bizga javob berasiz, — dedi.
Xo‘jamyor tomog‘ini ohista qirib:
— Yo‘g‘asam, bizga bo‘larini aytasiz, — dedi. — Bizga nima xizmat bor?
Zokir O’rin yelkasini qisdi.
— Xizmat… Sog‘-salomat bo‘ling, shu.
— Yo‘q, unday emas, domla.
— Yana nima deyishim mumkin?
Xo‘jamyor yangi sigaret olib, barmoqlari orasida siypalar ekan:
— Domla, uyalmang, iltimos, — dedi. — Men umuman… ahvolni tushunaman. Bizga kundek ravshan. Maskov ko‘chalarini ko‘rsangiz bir! Qaysi kuni ertalab mehmonxonadan chiqib ketayotsam, axlat yashikni ag‘darib ko‘rishayapti. Ikkita xotin. Durust kiyingan, intellegentga o‘xshaydi… Meni ko‘rib deng, biri biriga nima deydi: «Moya koshka lyubit vot etu kostochku». Ikkinchisi suyakni ko‘rsatib: «Mening itim bunaqasini yaxshi ko‘radi», deydi. Tushundingizmi?
Zokir O’rin og‘zini ochib qarab turardi.
— Yo tavba!
— Xo‘sh, domla?
— Nima, «xo‘sh?» Tushundim: bechoralar bir-biridan ham uyalishsa kerak…
— Men sizdan boshqa narsani so‘radim, domla. Bu gap shunchaki daromad gap.
— Nimani so‘radingiz?
— Nimani istihola qilyapsiz, domla?
— Tushunolmadim?
Xo‘jamyor bilagidagi oltin soatiga ko‘z tashlab oldi.
— Mana, salkam chorak soat o‘tiribmiz… Him, siz istihola qilib aytmagandan keyin men nima qilay?
— Nimani-nimani? — zo‘riqib so‘radi Zokir O’rin. — Men hech narsani istihola qilayotganim yo‘q. Mutlaqo!.. Istiholani o‘ylasam, hatto…
— Nima?
— Bu yerga kelmas edim.
— Kepsizmi, so‘rang-da endi, — dedi Xo‘jamyor undan ko‘z uzmay. — Axir, men sizga begonamasman, — davom etdi qandaydir ranjinib. — Hali o‘zingiz aytdingiz, bizga bevosita ta’sir o‘tkazmagan bo‘lsangiz ham, bilvosita… Albatta, tarbiyangiz o‘tgan. — U sigaretni so‘rib, jahl bilan pufladi. — Bilaman, ahvolingiz yomonmas… Umuman, O’zbekistonda yashasa bo‘ladi. Mayli-da!
— Inshoolloh, yaxshi bo‘ladi, — deb qo‘ydi domla.
— Ha, endi, inson orzu-istak bilan yashaydi, deydilar… Buyam dono gap.
— Bu — haqiqat, — dedi Zokir O’rin va endi o‘zi Xo‘jamyorga tikildi. — Uka, nima demoqchisiz? Ayting, eshitay. Vaqtingizni oldim. Ketaman.
— Yo‘q, siz uchun vaqt bemalol.
— Rahmat.
— Xo‘-o‘sh, — Xo‘jamyor suyanchiqqa yastanib, sigaretni rohatlanib so‘rdi-da, g‘alati kulib yubordi: kulgisi tomog‘idan chiqdi, chunki hissiz edi.
Zokir O’rinning esa nafsoniyati og‘rinib ketdi. O’zini ermak qilinayotgandek tuyib:
—Bo‘pti, bizga javob, — deya o‘rnidan turdi. — Samimiy suhbat uchun rahmat. — Xo‘jamyor so‘zini bo‘ladigandek shoshib davom etdi: — Him, Turkiya, Amriqo safarlaringiz haqidayam eshitdim… Ha-ha, ularda hayot boshqacha! Bizlar qoloq…
O’rnida miq etmay qolgan Xo‘jamyor:
— Domla, — deya uning kursisini ko‘rsatdi. — O’tiring joyingizga!
— Rahmat. Lekin, lekin… inson yo‘l topadi! Hukumat ham! Harqancha qiynalib bo‘lsayam. Axir, yangi yo‘lga tushgan chaqaloq ham qoqiladi-ku?
— Uf, agar xafa qilib qo‘ygan bo‘lsam, uzr so‘rayman, — dedi Xo‘jamyor va asta qo‘zg‘alib, stol yonidan yurib kelarkan, Zokir O’rin tislandi. — Obbo!
Domla behol tortib ketdi. Keyin:
— Xo‘jam, men konkret gapni yaxshi ko‘raman. Bilasan-a? — deb so‘radi.
— Bilaman. Shuning uchun hayron bo‘lyapman-da, — dedi Xo‘jam.
— Qiziq. Nimani konkret gapirmadim?
— Gapirish… — Xo‘jamyor so‘zini chala qoldirib, Zokir O’ringa tepadan tikildi. — Domla, siz rosti bilan meni tabriklagani, shunchaki qutlagani bu yerga keldingizmi?
Domla unga angrayib qoldi.
— Bu qanaqa savol? — dedi shivirlab. — Yo‘q, bunga ishonmaslikka senda.. ha, senda qanday asos bor?
— Hamma gap shundaki… — Xo‘jamyor iyagini kafti bilan ishqab chaynaldi.
— Xo‘sh?
— Endi… — Xo‘jamyor keskin burilib ketdi. Taxt-kursi qoshiga borib, yana qayrildi. — Bu yerga biznesga aloqasiz odamlar nima uchun kelishadi? Bilarsiz-a?
— Biznesga aloqasiz… — Zokir O’rin ittifoqo choyxonada Eson do‘xtirdan eshitgan gaplarini eslab qoldi: «Undaylar ko‘paysin… Endi zamon ularniki». So‘ngra Xo‘jamyorning Maskovda qandaydir xayriya idorasida ishlagani, ha-ha, o‘zining, ya’ni Zokir O’rinning-da «Elgayam nafi tegayapti» degani yodiga tushib ketdi. — Ha, endi, nochorlikdan ham kelishar…
— Ana bu boshqa gap! — dedi Xo‘jamyor, nihoyat, yengil tortib. — Har kuni kelishadi muhtojlar… Barining hojatini chiqarayapman, domla. Minnat emas bu! — Keyin mayin kulimsiradi. — To‘g‘ri, u bechoralar ham, albatta, meni tabriklagani kelishadi…
— Lekin men… — dedi domla, — Ont ichaman, uka… — Keyin birdan ko‘zi charaqlab ochildi-yu, portladi: — Hov, hali shuning uchun boyanadan beri savolga tutayotgan ekansan-da?
— Axir, bu tabiiy-ku, — dedi Xo‘jamyor. — Siz ziyoli odamsiz. Madaniyatli…
— Nima, «ziyoli, madaniyatli» odam faqat… tabriklagani kelmaydi deb o‘ylaysanmi?
Xo‘jamyor chuqur xo‘rsinib, kursiga cho‘kdi.
— Sizga javob, — dedi.
— E, meni haydaganingmi bu? Xo‘jamyor shartta selektr tugmasini bosdi.
— Asal! Abdini ayt!
Zokir O’rin kalovlanib, «Astra»ni cho‘ntagiga soldi, so‘ng gardishi hilviragan shlyapasini boshiga qo‘ndirdi.
Shu payt pakana, tuksiz lo‘msa yuzi osilgan Abdi kirib keldi.
— Bu kishini kuzatib qo‘y, — dedi Xo‘jamyor va derazaga qaradi.
Abdi Zokir O’ringa iljayib, ta’zim bilan eshikni ko‘rsatdi. Zokir O’rin tamshanib:
— Bu nima qiliq? — dedi go‘yo o‘ziga o‘zi. — Hov, Xo‘jam? Meni haydab chiqarayapsizmi?
— Bu kishi Xo‘jam emas, Xo‘jamyor Madyorov, — dedi Abdi va domlaning tirsagidan ushladi. Domla:
— Qo‘lingni ol! Afcharka, — deya chetlanib ketdi.
Abdi intilib domlaning bilagidan tutdi va buriliboq tortgandi, Zokir O’rin o‘ymakor eshik og‘ziga borib qoldi.
— Marhamat, domla.
— Hov, Xo‘jam? Xo‘jamyor qaramadi.
— Abdi!
Shunda Asal eshikni ochdi va Abdi Zokir O’rinni quchib ko‘tarib tashqariga chiqardi.
— Domla, darvozadan ham chiqarib qo‘yaymi?
— Qo‘yvor, ablah! — dedi Zokir O’rin. — O’zimning… oyog‘im bor! Hozircha bor! — deya eshikka qarab baqirdi. — Hoy, biznesmen! Tilanchi emasman, xudoga shukur. Seni o‘quvchim deb… Bema’ni, odobsiz!.. Odamlarga bunday qarash uchun kishi naqadar tuban bo‘lishi kerak…
Abdi jila boshlagan Zokir O’rinni yana dast ko‘tarib oldi-da, g‘izillab ketdi. Ko‘chaga chiqarib qo‘yib, darvozaning ochiq tabaqasini berkitdi.
… Xo‘jamyor yumshoq kursida so‘lg‘in tortib o‘tirarkan, Asal kirdi. Xo‘jayinga termilib biroz sassiz turgach, so‘radi:
— Nima bo‘ldi, Xo‘jaka?
Xo‘jamyor ham kotibaga biroz sassiz tikilgach:
— O’zim ham tushunmay qoldim, — dedi
— Nimani?
— E, so‘rama.

1993

Olim TOSHBOEV
AROSATDA QOLGAN AVLOD
09

Istiqlol O’zbekiston hayotida misli ko’rilmagan bir davrni boshlab berdi. Sho’ro istibdodi o’rnatgan va bir necha avlod uchun dasturilamal bo’lganmafkura tuzum bilan birga mahv bo’ldi. Prezidentimiz ta’biri bilan aytganda:”Sho’ro davrining mafkurasi, kommunistik dunyoqarash… mohiyat e’tiboriga ko’ra, bizning turmush tarzimizga, xalqimizning tabiatiga tamoman begona edi”. Ammo jamiyat mafkurasiz, g’oyasiz yashashi mumkin emas.

Yurtboshimiz 1993 yil bir guruh ziyolilar bilan qilgan suhbatda ushbu dolzarb masalani kun tartibiga qo’yadi va shunday ta’kidlaydi:”Milliy istiqlol mafkurasi xalqimizning azaliy an’analariga, udumlariga, tiliga, diniga, ruhiyatiga asoslanib, kelajakka ishonch, mehr-oqibat, insof, sabr-toqat, adolat, ma’rifat tuyg’ularini ongimizga singdirishga xizmat qilishi lozim”. Mustaqil jamiyatning g’oyaviy asoslarini va yo’nalishini ishlab chiqish va hayotga tatbiq qilish jarayoni qizg’in kechdi.

Tarixchi olimlar bilan uchrashuvda Prezidentimiz “Tarixiy xotirasiz kelajak yo’q” g’oyasini o’rtaga tashladi. Bu ulkan va keng qamrovli masalalar muhokamasida ziyolilar, olimu adiblar, jurnalistlar, keng jamoatchilik vakillari o’z taklif-mulohazalari bilan ishtirok etdi. 1991-1996 yillar respublika matbuotida istiqlolning ilk davrlari in’ikosini ko’rish mumkin.

O’sha davr gazeta-jurnallarini varaqlasangiz, milliy qadriyatlar va madaniy meros, tarixning yangicha talqini, milliy g’oya va milliy ong kabi dolzarb mavzularda bir-biridan qiziq yuzlab maqolalar, bahs-munozaralar, davra suhbatlari, interv`yular, ilmiy tadqiqot ishlari va risolalarga ko’zingiz tushadi. Bu o’ziga xos jo’shqin jarayonda shoir va yozuvchilarimizning aksari faol publitsist sifatida ham nom qozondi, desak xato qilmagan bo’lamiz.

Balki so’z san’atkorlari o’zlarining fuqarolik pozitsiyasini namoyon qilishda tezkor yo’l sifatida publitsistikani ma’qul ko’rishgandir, ehtimol. Lekin ahyon-ahyonda badiiy adabiyotda ham davrning og’riqli nuqtalari o’ziga xos tarzda tasvir etilgan asarlar ko’rinib qolar edi.

0-SH-Xol.jpgAna shunday asarlar biri O’zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzaevning 1993 yil “Vatan” gazetasida chop etilgan “Arosat” hikoyasidir. Avvalo hikoyaning nomlanishi kitobxon ko’nglida talay savollarni paydo qilishi tabiiy. Nega endi “Arosat”? Kim arosatda? So’zimiz avvalida aytib qo’yaylik: hikoya diniy mazmundagi arasot haqida emas. Ammo xalq orasida bu tushunchaning tag’in boshqa ma’nolari ham borki, gap shu haqda. Hikoyada o’tmish va hozirgi davr kishisining botiniy va zohiriy olami, qadriyat va qarashlari ajoyib tasvirlangan. Bir so’z bilan aytganda, “Arosat”da bozor va ma’naviyat to’qnashuvi aks etgan. Istiqlolgacha bo’lgan tarix shundan dalolat berdiki, tuzumlar almashishi, dunyoqarash va e’tiqodlarning o’zgarishi jamiyat a’zolarida anchayin bir sarosimalik uyg’otar ekan. Bu jarayon har kimga har xil ta’sir etishi mumkin. Kimlarningdir qonida mudrab yotgan molimardumxo’rlik asta uyg’onib, hunar ko’rsata boshlaydi.

Yana kimlardir turli ilinj axtarib har ko’yga uloqib ketadi… Hurmatli adibimiz hikoyaning biron-bir o’rnida na qahramonlar, na muallif tilidan ma’rifat, mafkura, g’oya so’zlarini ishlatadi. Bu so’z va tushunchalarni obrazlar dunyosiga singdirib yuboradi. Hikoya qahramonlaridan biri Xo’jamyor yangi davr, yangi sharoitdan foydalanib biznesmen bo’lgan: “pul – hamma narsa” shiori bilan yashaydigan odam. Chunki otasi Madiyor dallol o’tgan. Xo’jamyor esini tanibdiki, ko’rgani bozor, dallollik va pul. U ulg’ayib hayotni ana shu tusda ko’radi. Unga insoniy qadriyatlar, ma’rifat unutilgan tushday gap. Qorundek behisob ganjinaga ega bo’lganlarni dunyo vasvasasi bilan halok etgan Zot nazdida mol-mulkning zarracha qadri yo’q, deyishadi allomalar. Bor-yo’g’i dallolning bolasi, maktabni zo’rg’a bitirgan bola birdaniga boyib ketadi-yu jahongashta va marhamatli biznesmen sifatida dovrug’ qozonadi. Maktab-maorifni ustun bilgan, malakali mutaxassis bo’lgan odamgina farovon yashaydi, degan aqida bilan yurgan odamlar ko’z o’ngida buning aksi. Aqidaning ziddi bilan ham xalqni o’ziga qaratish mumkinligi, el-ulusning hojati “sinpida qolib yurgan” bolaga tushishi…

Asarni tutib turgan obraz – domla Zokir O’rinning “hayotdagi tovlanishlardan to’ygani” mana shu tufayli emasmi? E, voh! “Davlat qo’nsa bir chibinning boshig’a, Semurg’ qushlar salom aylar qoshiga”. Xalqimiz o’tish davrida bu ming-ming yillik haqiqatni yana qayta kashf qildi, desak yanglishmagan bo’lamiz. Xo’jamboylarning dimog’idan qurt yog’ilib, “ziyoli, madaniyatli odam faqat… tabriklagani kelmaydi” deb o’ylashi, jamiyatning afkor qatlami ham qo’limga qaram, degan xulosaga olib kelgan. O’tish davri qiyinchiliklaridan foydalanib qolish, ta’bir joiz bo’lsa, suvni loyqalatib baliq tutishni “biz singari biznesmenlarning vazifamiz…ahvolni baholiqudrat yengillatish” deya niqoblab, yurtdoshlarini o’zlariga qaratish… Prezidentimiz o’z chiqishlarida takror-takror aytgan “Bizda o’ta boylar ham, o’ta kambag’allar ham bo’lmaydi”, degan so’zlarining ma’nosi shu: katta sarmoya egalari, yirik tadbirkorlar albatta hukmfarmo bo’lishni istab qoladi. Davlatga aylangisi keladi ularning. Jilovi qo’yib yuborilgan mamlakatlarda xuddi mana shu hol yuz berdi. Yuksak ma’naviyatning bemisl hayotiy ehtiyojligi, u jamiyatni bamisoli o’q tomirdek tutib turishi sira inkor qilib bo’lmas haqiqat. Shu o’rinda o’quvchilik paytimizda o’qigan bir she’r yodga keladi.

Bu O’zbekiston xalq shoiri Abdulla Oripovning “Ikki Amerika” turkumidan “Yugur, biznesmen!” she’ri edi. Hazrat shayton erur sig’ingan piring. Xullas, firibgarsan, yo’q pinhon siring, Zamoning shul ekan, yugur biznesmen. Biz she’rni o’qib, ichimizda kapitalistlarning ahvoliga kulgan bo’lsak-da, ammo biznesmen kim ekanligini tushunmaganmiz. Mana endi tushunib yetdik. Nafaqat angladik, uning talab va tartiblariga-da moslashdik. Xalqimizda “Ellik yilda el yangi” degan maqol bor. El yangilanayotganining bir beligisidir balki biznes olami. Ma’lumki, bozor iqtisodi o’z qonuniyatiga ko’ra notabiiy tuzumning bir xil standart va mezonlarga ko’ra yashashga ko’nikkan fuqarolar hayotini ostin-ustun qilib yubordi. Salkam bir asrlik mafkura istehkomlari vayron bo’ldi. Ko’pchilik sarosima va vahima ichida qoldi. E’tiqod qo’ygan partiya va dohiyning shafqatsizliklari, qotilligu xunrezliklari oshkor bo’lgach, o’z-o’zlarini yanib, aybdordek his qilishdi. Pul va boyish istagi zaharli ilondek jamiyat hayotining ma’lum bir qismini, ba’zi odamlarning bo’shab, huvullab qolgan qalblarini avray boshladi: tovlamachilik, firibgarlik urchib ketdi. Hikoyada tasvirlangan Xo’jamyor ana shunday odamlarning bir vakili. U hatto uyatni ham bilmaydi. Unga “bevosita bo’lmas-da bilvosita ta’sir o’tkazgan” ustozi Zokir O’rin “toza hayotdan orqada qop ketgan” odam. Ana shu sodda, bolafe’l “Domla Zokir O’rin maktabda darslarini o’tib bo’lib uyiga ketayotganda, azbaroyi chanqaganidan choyxonaga kirgan edi”. Hikoya shunday boshlanadi. Eson duxtur “so’ridan joy olgan ermaktalab nashavand, farrosh va sartaroshga” Xo’jamyorning “Maskovdagi xayriya pondlaridayam ishlab” ishbilarmon millioner bo’lganini aytib maqtanadi. “- Hov fel`dsher, qaysi Xo’jamyorni aytayapsan? – deb tuyqusdan so’rab qoldi Zokir O’rin. – Domla, siz ham g’aplatda qolgan ekansiz-ku! – deb etsiz basharasini kuydirgan kalladay tirjaytirdi Eson. – Axir, o’zingizning o’quvchingiz-chi? Madiyor dallolning o’g’li! Surrayib yurardi-ku otasining izidan?..

Menimcha, bir-ikki yil sinpidayam qolgan edi”. Domla shogirdining ishbilarmon bo’lganini eshitib, chandon xursand bo’ladi:”xursandligi shunchaki, torgina ko’kragi qabarib ketdi”. Eson duxturga Xo’jamyorni o’qitganini, sinfida qolganiyam rostligini aytib, o’zini allaqanday noqulay ham sezadi:”Yaxshi, unda tijoratga qobiliyat bor ekan. Biz o’shanda tijorat ahlini o’g’ri-kazzob deb yomonlar edik”. Bir qarashda domla o’z davrining tushuncha va tutumlari bilan qolib ketganday ko’rinadi. Aslida uning ichki dunyosi, o’ylari va qat’iy xulosalari sho’raviy emas. Asarda siz qizil kommunist Zokir O’rinni ko’rmaysiz. Aksincha, uning timsolida kamtar, kuyunchak, o’ta madaniyatli o’qituvchi-ziyoli obrazi – harakat va qarashlariga mas’ul bo’lgan Shaxs gavdalanadi. Zokir O’rin Eson duxturdan shogirdi korxonasi qaerda joylashganini so’rab, yo’lga tushadi: “Bizning o’quvchimiz shunday kishi bo’pti-yu, biz bir og’iz tabriklamasak, uyat bo’ladi”. ”Domla toliqqan edi. Ammo bu yangilik zavqidan va Xo’jamyorni ko’rish, ko’rishish va himmatli ishlariga baror tilash onlarining jozibasidan charchog’ini ham unutib, maktab qoshidan o’tib ketdi. U Xo’jamyorning bolalik qiyofasini ham, paxta terim mahallarida takasaltang yurishlari-yu “kachegar bo’laman” deb o’choq boshida qolishlarini ham hisob formulalari kabi eslab borar, shu asno uning oqibat tijoratchi bo’lishida zamin izlar, chunki shu zaminni sharhlab uni shod etishni ham o’ylardi. Biroq harchand bosh qotirmasin, otasi dallolligidan o’zga sabab topa olmadi.

Domla uchun tag’in achinarlisi shu ediki, Xo’jamyor naq hisobdan ham o’rtacha o’qir edi: ha, biron masal yoki misolni sharillatib, yechib tashlaganini eslolmaydi”. Zokir O’rin mana shunday o’y-xayollar ila sobiq Kalinin kolxozining idorasida joylashgan Xo’jamboyning korxonasiga keladi. Domla “turmushning boshqa yo’riqlariga xiyla loqayd bo’lib qolganini tan olgani holda, darvozadan kirdi”. Hovlidagi “qari tutning egik shoxlarini ko’rib, mamnun tortdi: tut… o’zini kutib olayotganday tuyuldi”. Tut domlaga tanish. “Bolaligida… hu yiroq zamonlarda uning kichkinaligini pesh qilib, daraxtning uchki novdalarini kesish uchun chiqarishar edi, Zokirboy odobli bola bo’lganidan barg kesish bahona tutga qorin to’ydirib tushishni ham o’ylamasdi”. Zokir O’rin “yo’lkada turgan ko’k “Volga” bilan kumushrang xorijiy moshinaga ko’zi tushib, hayron” bo’ladi. Peshvoz chiqqan Abdi qorovulning “Xo’jamyor akaning apcharkasi bo’lib yurippiz, domlajon…” degan gaplaridan astoydil jahli chiqadi. Qorovul va domlaning qizg’in munozarasiga “Xo’jamyor… ha, o’sha ot yuzli yigitchaning yirik nusxasi qarab turgan ekan”. Zokir O’rin yaltoqi Abdiboydan ijirg’anib, “ishora-iltifotini qo’l harakati bilan keskin rad etib”, eshikka yo’naladi. Ho’l to’shanchaga “poshnasi allaqachon qiyshayib ketgan tuflisini artib”, chog’roq xonaga kiradi. Yozuvchi domlaning serhayajon lahzalarini quyidagicha tasvirlaydi:”Domla ostonaga qoqinib, cho’g’dek gilamga oyoq bosdi va bo’sag’adanmi, gilamdanmi uzr so’ragan kabi g’o’ng’illab, Xo’jamyorga talpindi”.

Domlani hayajon choyxonadayoq chulg’ab olgan, bu yerga – hovliga qadam bosishi bilan bu yanada kuchayib, badtar o’ng’aysiz ahvolga solib qo’ygan edi. Buni farzand muvaffaqiyatidan shodlanib, boshi osmonga yetgan ota holiga mengzash mumkin. Shogirdlariga chin mehr qo’ygan, ularning kamolidan quvongan ustoz otaday aziz sanaladi-ku! Domla shogirdiga otalarcha ko’ngli iyib ketganidan dovdirar edi. Mana o’sha holat tasviri: “Xo’jamyor uni bag’riga olib va kiftiga asta-asta qoqib: – Domlam-ye, Zokir O’rinovich-ye, bormisiz-ye, – der ekan, domla Zokir O’rinnning ko’zlari g’ilq yoshga to’ldi: dami qaytib, yiroq zamonlar bilangina emas, o’zining yoshligi bilan ham uchrashgandek piqilladi va tabiiy, u kishi ham qo’lini tepaga uzatib, shogirdining yelkasini silar edi”. Mazkur psixologik-ruhiy manzara muayyan maqomga erishgan har bir insonda ro’y berishi muqarrar. O’zingiz o’ylang: oradan yillar o’tgan. Diydor ko’rishganlarning kichigi ulg’aygan, ulug’ining umr shomi kirmoqda. Biri bozorga borayapti, biri esa bozordan qaytayapti… Hayotning achchiq-chuchugini xo’p ko’rgan ustoz shukrona aytib ko’zyosh to’kadi. O’zlari ko’rmagan farovonlikni shogirdi ko’rganidan yig’laydi. Ekkan daraxti meva berganiga suyunadi:”Baxtining yonida g’ami ko’rinar, G’ami ko’rinadi baxtida uning”. Asl muallimlar har bir uchirma qilgan shogirdlarini yurakning bir bandi bilan kuzatadi. Ya’ni qalbi ularda ketadi. Xuddiki joni bolasining ichida turgan onaizor kabi shodumon, baxtiyor va ayni damda g’amgin-o’ychan. Bu g’amgin-o’ychanlik g’ariblik, yolg’izlik alomati emas. Bu azbaroyi ko’rinmas iplar bilan bog’langan ustoz-shogird robitasidirki, uni faqat qalb bilan his qilish mumkin. Yana bir tomoni, Zokir O’rin qarshisida bugunning old odami – tadbirkor Xo’jamboy turibdi! Ustozning shogirdga muhabbati ta’madan yiroq. Ammo Xo’jamboy buni boshqacha tushunadi. Ustozning yo’qlab kelishini azbaroyi pulga muhtojlikdan, ko’zyoshlarini mutelik belgisi deb biladi. Chunki uning qalbi muhrlangan, zang bosgan. U insoniy munosabatlarni-da pul bilan baholashga, o’lchashga o’rganib qolgan. Beta’ma insoniy sevgi, mehr unga yot. “Potiha qilib qo’yamiz-da domla.? Harholda mumulmonmiz, buning ustiga, din modaga kirdi”, deydi Xo’jamyor o’tirishgach. Shu birgina kalomdan yigitning kibrga berilgani, oyog’i yerdan uzilganini anglash qiyin emas.

Ustoz shogirdining bu bemavrid gapini qabul qila olmaydi va “din hech vaqt modadan chiqmagan”, deya qo’llarini fotihaga ko’taradi. “- Omin. – Xo’jamyor jilmayib yuziga fotiha tortgach, stol chetidagi xorijiy sigaretdan birini chiqardi. – Haliyam munozaraga o’chsiz-a, domla? Gap munozarada emas, – deya Zokir O’rin ham kissasidan “Astra” sini oldi. – Din hamma vaqt odamlarning qalbida bo’lgan, Xo’jamboy. Lekin bechoralar tazyiq ostida… Shogird domlaning gaplarini bo’lib tashlaydi. O’z tili bilan aytganda, “munozaraga” kirishishga imkon qoldirmaydi. Zokir O’rin esa shogirdining “zamonaviy biznes boshliqlaridan biri” bo’lganligini eshitib quvonganini, qutlashga vaqtliroq kelmaganidan xijolat ekanligini ta’kidlaydi. Xo’jamboy ustozning bu gaplariga-da beparvo bo’ladi. Hatto “Sal qartayibsizmi deyman?” deya masxaraomuz gap qotadi va “domla, dunyoni ko’rish kerak” deb falsafa so’qadi. Zokir O’rinning “Dunyodan uzilib vokuumda yashaganmiz-da” deyishidan yana quvvat olib, sigaretini kuldonga bosgancha ustoziga qiyalab tikiladi:”Ahvol qalay, domla?” Xo’jamyorning bu savoli ustozga achinish, unga rahmi kelganidan emas, balki uni kalaka qilib, kinoya ohangida aytiladiki, so’rovning ohangini tushungan domla ahvoli yaxshiligini aytib, “elga kelgan to’y-da, bu kunlar ham…” deb qo’yadi. Shogirdning osmondan kelishi, bepisand gaplari domlani yana munozara qilishga majbur etadi. Ilhomi toshib:” Mustaqil bo’lishni shuncha yil kutdik. Uni deb kuyib-kul bo’lib o’tdi ulug’larimiz, allomalarimiz…” deydi. Xo’jam ustozi aytayotgan istiqlol fidoyilarini, ulug’larni bilarmidi? U o’zini, atrofidagi “apcharka”larni, biznesni biladi, xolos. Iqtisodiy qiyinchiliklarni elga kelgan to’y deb qabul qilgan, qanoatni mahkam tutgan zokir domlalar uchun eng muhimi yurtning mustaqil bo’lgani.

Bu toifa insonlar barcha mashaqqat va zahmatlarni o’tkinchi deb biladi. Mana sizga vatanparvar Shaxs timsoli! O’zini hududning yakka xo’jayini sanagan ayrim tadbirkoru korchalonlar, xalqning nonini tuya qiluvchi “hojatbarorlar” yurt nomiga isnod bo’lganini yaxshi bilamiz. O’zbekiston Qahramoni Ozod Sharafiddinov “Bozor – ma’naviyat ko’zgusi” maqolasida aynan shular haqida to’xtalib:”… faqat pulga sajda qilish, bu dunyoning hamma muammosini hal qilib beradigan qudratni faqat pulda deb bilish, boylikni, molu dunyoni har qanday insoniy qadriyatlardan yuqori deb o’ylash o’tmishda ham hech kimni yaxshilikka olib kelmagan, bugun ham olib kelmaydi. Molu dunyo orttirish yo’liga kirgan har bir kimsa bu yo’lda o’z nafsini o’zi tiya bilishi, bevafo dunyoning o’tkinchi hoyu havaslaridan ustun bo’lmog’i, o’z ehtiroslarining asoratiga tushib qolmasligi kerak”, deb yozadi. Mustaqillik imkoniyatidan huzur-halovat topib, tasodifiy omaddan boshi aylanib qolgan Xo’jamboy kimning bolasi ekanligini, kecha kim bo’lganligini butunlay unutgan. Eslashni-da istamaydi. Ustozining vatan mustaqilligi osonlik bilan qo’lga kiritilmaganligi haqidagi gaplarini ham quloqlari tagidan o’tkazib yuboradi. Millioner shogirdi huzurida chorak soat o’tirgan ustoz ketishga izn so’raydi. Xo’jamyor tomog’ini qirib, nima xizmat bor, deydi. “Zokir O’rin yelkasini qisdi.- Xizmat… Sog’-salomat bo’ling, shu. – Yo’q, unday emas, domla. – Yana nima deyishim mumkin?”. Xo’jamyor qo’lidagi tillo soatga qarab ustozidan nimani istihola qilayotganini ijikilab so’rayveradi. Keyin haqoratomuz tahdidga o’tadi:”Kepsizmi, so’rang-da endi!” U suyanchiqqa yastanib, sigaretni rohatlanib so’rib kuladi: tomoqdan chiqqan hissiz kulgu ustozning nafsoniyatiga tegadi.

Nihoyat ochilib, huzuriga muhtojlar har kuni kelishini, elning koriga yarayotganini aytib minnat qiladi:”u bechoralar ham, albatta, meni tabriklagani kelishadi…” Betavfiq shogirdning tuban gaplaridan Zokir O’rin portlaydi:”Hov, hali shuning uchun boyanadan beri savolga tutayotgan ekansan-da?” Tabrik uchun kelgan ustoz o’zini tutolmaydi. Chunki, shogird uni ochiqdan-ochiq xonasidan haydaydi. Abdiboy ustozga eshikni ko’rsatadi. Kamlik qilganday, domlani quchib ko’tarib tashqariga chiqaradi. “- Qo’yvor, ablah! – dedi Zokir O’rin. – O’zimning… oyog’im bor! Hozircha bor! – deya eshikka qarab baqirdi. – Hoy, biznesmen! Tilanchi emasman, xudoga shukur. Seni o’quvchim deb… Bema’ni, odobsiz!.. Odamlarga bunday qarash uchun kishi naqadar tuban bo’lishi kerak…. Abdi jila boshlagan Zokir O’rinni yana dast ko’tarib oldi-da, g’izillab ketdi. Ko’chaga chiqarib qo’yib, darvozaning ochiq tabaqasini berkitdi.” Boylik dasti eshikni yopdi. Ezgulik tashqarida qoldi mung’ayib… Kotibasi Asalning “nima bo’ldi, Xo’jaka?” degan savoliga “o’zim ham tushunmay qoldim”, deb javob beradi. Go’yo hech narsa sodir bo’lmadi. Beobro’ qilib quvilgan ustoziga na achinish, na qilmishidan pushaymonlik bor. “Tubanlik ichra ham tanho” bo’lgan inson shunday qilishi mumkin. Ozod domla aytmoqchi:”Tadbirkor o’z farzandlarining, oila a’zolarining va hamma odamlarning yuziga tik qaray oladigan vijdoni pok odam bo’lmog’i darkor. Bunga erishmoq uchun esa odam pul sanash, ishning ko’zini bilishdan tashqari, benihoya bilimdon, saviyasi yuksak, niyatlari pok, bir so’z bilan aytganda, teran ma’naviyat egasi bo’lmog’i lozim”. Xo’jamboy uchun Zokir O’rinlarning e’tiqodi, hayotga qarashi, odamlarga munosabati va qadriyatlari bir pulga qimmat. U eski davr odamlarining qarichi bilan hayotini belgilamaydi. Darvoqe, gap arosat haqida edi. Hikoyani ilk bor o’qigan odam Zokir O’rinni arosatda qolgan odam, deb o’ylashi tayin. Ayniqsa uning
ezgin holatlari, afsuslari, davr xatolari uchun ham o’zini aybdor sanashi shunday xulosaga olib keladi. Ammo boyvachcha shogirdning “munozara”dan so’ng ustozni shafqatsizlarcha quvib solishi sizning arosatdagi odam haqidagi o’y-xulosalaringizni ham o’zgartirib yuboradi. Abdi “apcharka” Zokir O’rinni ko’chaga uloqtirib, darvozani yopgandan keyin…

Hikoyaning kutilmagan yechimidan hayajonga tushasiz. Zokir O’rin emas, borar manzili mavhum, qilar ishidan yanglishib, gangib qolgan xo’jamboylar arosatda ekanini tushunib yetasiz. Ana shunaqa. Xotima o’rnida:“Arosat” yozilganidan besh yil o’tib, Shukur Xolmirzaev mavzuga yana murojaat qiladi va bu gal salmoqli, sermazmun esse – “Jamiyatning maqsadi ya’ni mafkura bobida o’ylar” asarini bitadi. Esse “Tafakkur” jurnalining 1999 yil 1-2 sonlarida e’lon qilingan (Uni sahifa so’ngida onlayn formatda o’qishingiz mumkin). Adibimizni esse bitishga nima undadi? O’zbekistonning birinchi Prezidenti Islom Karimovning “Tafakkur” jurnali bosh muharriri savollariga javoblari jurnalning 1998 yil 1-sonida e’lon qilinadi. “Jamiyatimiz mafkurasi xalqni – xalq, millatni – millat qilishga xizmat etsin” sarlavhali ushbu suhbat jamoatchilik orasida juda katta qiziqish bilan kutib olinadi va keng o’rganiladi. Barcha ziyolilar qatori yozuvchi Shukur Xolmirzaev ham mana shu suhbat ta’sirida qo’liga qalam tutgani shubhasiz. Mumtoz adibimiz mavzuga jiddiy yondashib, insoniyat ilk ibtidoiy davr – qabilachilikdan to bugungi kunga qadar mafkura tufayli nimalar topgani-yu nimalardan mahrum bo’lganligini olimona nazar va yozuvchi qalbi bilan tadqiq qiladi. Yozuvchi o’tgan yetti yil (esse 1998 yilda yozilgan. O.T) mobaynida kimligimizni anglab, taraqqiyot yo’limizni belgilaganimizdan faxru iftixor hissini tuyadi. Va “Bu yo’lda ezgu qadriyatlarimiz mustahkam zamin bo’lishini teran tushunib yetdik. Milliy mafkuramiz tizimlarini tiklab, uning umuminsoniy g’oyalar bilan baqamti yo’lda ekanini ko’rib, bunday jamiyatning istiqboli porloq bo’lishiga inonasan kishi. Tangri taolo yomon ko’zlardan, suq va hasadlardan asragay! Tilagimiz shu” deb tugallaydi asarini. So’zi va amali bir bo’lgan yozuvchi Shukur Xolmirzaevning yuqorida ko’rib o’tilgan hikoya va essesi bugun qanchalik dolzarb bo’lsa, yangi avlod o’quvchilari uchun ham qadrli bo’lishiga shubha yo’q.

Shukur Xolmirzaev. Jamiyatning Maqsadi Ya’Ni Mafkura Bobida o’Ylar by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 540, bugungi 1)

Izoh qoldiring