Xamsaxonlik kechasi. Alisher Navoiy dostonlari asosida oratoriya.

001Алишер Навоий бобомиз битган шоҳ асар бўлмиш “Хамса” достонлари асосида тайёрланган ораторияни тақдим этамиз. Достондан парчаларни Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ўқиган.

«Хамса» достонларидан парчаларни Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ўқиган.
Оркестрга Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Анвар Эргашев дирижёрлик қилган.
«Ёшлар» телеканали маҳсулоти

099Мусулмон Шарқи эпик поэзияси тарихи хамсачилик анъанаси билан чамбарчас боғлиқ. Даставвал ХII асрда вужудга келган хамса жанри саккиз асрга яқин вақт давомида юзлаб жавоб достонларга эга бўлди. Шарқ адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” ёзган шахс буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийдир. У 1170-1204 йиллар оралиғида бирин-кетин 5 та достон яратди, бу достонлар шоир вафотидан сўнг яхлит бир тўпламга бирлаштирилиб, “Панж ганж” (“Беш хазина”) деб атала бошланди ва кейинчалик хамса номи билан машҳур бўлди.
Низомий бешлиги яратилгандан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Хусрав Деҳлавий (1253–1325) унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди. У 1299-1301- йилларда «Матлаъу-л-анвор» («Нурларнинг бошланмаси»), «Ширин ва Хусрав», «Мажнун ва Лайли», «Ҳашт беҳишт» («Саккиз жаннат»), «Ойинайи Искандарий» («Искандар ойнаси») достонларини яратиб, Низомий ишини давом эттирди ва натижада адабиётда хамсачилик анъанаси пайдо бўлди.
Деҳлавийдан кейин бу анъана бутун Шарқ дунёсига тарқалди ва жуда кўп халқларда Низомий достонлари мавзуси ва сюжети асосида асарлар пайдо бўлди.
Хамсанавислик тарихида ХV аср Ҳирот адабий муҳити алоҳида ўрин эгаллайди. Изланишлардан маълум бўлдики, айнан шу давр ва шу муҳитнинг ўзида 20 га яқин ижодкор хамсанависликда ўз кучларини синаб кўрганлар. Гар чи бу ижодкорларнинг барчаси тўлиқ хамса яратмаган бўлсалар-да, лекин бешликнинг у ёки бу достонига жавоб ёзиш билан мазкур анъанага ўз муносабатларини билдирганлар.
Бу даврдаги Низомий мавзуларига мурожаат қилган ижодкорлар ҳақида Алишер Навоийнинг “Мажолису-н-нафоис” (1498), Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (1486), Ҳумомиддин Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ” асарларида маълумотлар учрайди.
Хамсачилик тарихида форс-тожик адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдураҳмон Жомий (1414-1492) бешлиги алоҳида ўрин тутади. Жомий ижодкор бўлиш билан бирга сўфий ҳам эди, бу ҳолат у яратган асарларда ҳам намоён бўлади. Шарқшунос олим Конраднинг таъбири билан айтганда, “у – шоир, у – файласуф, у – филолог, у – мусиқашунос. Лекин шу билан бир қаторда у кўпроқ сўфий. Унинг учун борлиқни англашнинг икки кўриниши мавжуд – борлиқ сирлари ва ижод сирлари” (Конрад Н.И. Запад и Восток, 276-бет).
Адабиётшуносликда Жомийнинг “Хамса” ёзган-ёзмаганлиги билан боғлиқ баҳсли фикрлар мавжуд. Айрим адабиётшунослар Жомий достонларига “Хамса” тарзида эмас, балки еттилик –“Ҳафт авранг” (“Саломон ва Абсол” ҳамда “Силсилату-з-заҳаб” достонларини ҳам қўшган ҳолда) шаклида қараш зарурлигини таъкидлайдилар. Лекин Жомийнинг ўзи “Хирадномаи Искандарий” хотимасида ўз асарини “Панж ганж” деб атаганлиги учун Жомийни “Хамса” яратган ижодкорлар қаторига киритиш тўғрироқ бўлади.
Абдураҳмон Жомий “Хамса”сининг биринчи достони “Туҳфату-л-аҳрор” 1481 йилда яратилган. Фалсафий-ахлоқий масалаларга бағишланган бу достон Низомий “Махзану-л-асрор”ига жавоб тарзида вужудга келди. Достонлар номланишидаги оҳангдошлик, композицион қурилишдаги ўхшашлик ва қўлланилган шеърий ўлчов бу фикрни тасдиқлайди.
1482-83 йилларда “Хамса”нинг иккинчи достони “Субҳату-л-аброр” (“Яхши кишиларнинг тасбеҳи”) майдонга келди. Анъанага мувофиқ, хамсанинг иккинчи достони ишқий мавзуга бағишланиши керак эди. Лекин Жомий бу ўринда анъанадан бутунлай чекиниб, фалсафий йўналишдаги яна бир достон яратади. Лекин у биринчи достон каби 20 та мақолатдан эмас, балки 40 та бўлим – “иқд” (тасбеҳ донаси)дан иборат бўлиб, ҳар бир назарий қисмдан кейин алоҳида ҳикоят ва муножот илова қилиб борилади.
Абдураҳмон Жомий бешлигидаги учинчи достон “Юсуф ва Зулайҳо” деб аталиб, 1483 йилда яратилган. Низомий бешлигида бундай мавзу ва сюжетдаги достон учрамайди. Жомий “Хусрав ва Ширин” мавзусидаги анъанавий достон яратишдан воз кечиб, Қуръонда “аҳсан ул- қисас” – “қиссаларнинг сараси” деб таърифланган Юсуф қиссаси баёнига бағишланган “Юсуф ва Зулайҳо” достонини яратади.
Абдураҳмон Жомий “Хамса”сидаги тўртинчи достон “Лайли ва Мажнун” мавзусига бағишланган бўлиб, 1483 йилда яратилган. “Хамса”даги сўнгги – бешинчи достон “Хирадномаи Искандарий” ҳам Жомийнинг анъанага риоя этиши билан характерланади. Кўринадики, Абдураҳмон Жомий яратган маснавий-достонлар орасида фалсафий йўналишдаги достонлар етакчи ўринда туриши билан характерланар экан.
Форс адабиётида Низомий бешлигига биринчи жавоб битган ижодкор Хусрав Деҳлавий бўлса, Навоий бу вазифани туркий тилда адо этди. Навоий бешлигида хамсанависликнинг барча шартларига қатъий амал қилинганлигини кўрамиз. Чунки хамсанавислик анъанасидан бир оз бўлса-да чекиниш, туркий тилда хамсадек буюк асарни ёзиб бўлмайди деган фикрга олиб келиши мумкин эди. Навоий ўз “Хамса”си мисолида анъанавий шакл доирасида ҳам янги фикр айта олиш имкониятини, белгилаб берилган шаклларни жилвалантириш усуллари мавжудлигини кўрсатиб берди ва унинг бу асари умумжаҳон адабиётининг юксак чўққиси бўлиб қолди. Навоий «Хамса»си аждодларимиз маънавий ҳолатининг кўзгуси бўлиб, унда ўтмиш давр ижтимоий турмуши, халқ ҳаёти, урф-одатлари, дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлар ўз аксини топган. Навоий «Хамса»си бир-бири билан ич-ичидан мустаҳкам боғланган бешта достонни ўз ичига олувчи яхлит асардир. Буюк шоир унда замонасининг барча долзарб масалаларини қаламга олади. Мундарижавий достон бўлмиш «Ҳайрат ул-аброр»да шоир умр, унинг мазмуни, табиат, жамият ва инсон муносабатларига доир саволларни қўйса, кейинги достонларда муайян тақдирлар, воқеалар мисолида уларга жавоб беришга ҳаракат қилади. “Хамса” достонларидаги муқаддималар достонлар воқелигига шунчаки анъанавий кириш қисми бўлмай, балки достонлар мундарижаси учун очқич вазифасини ҳам ўтайди. Шу маънода муқаддималарда келтирилган фикрларга алоҳида эътибор бериш достонлар тагзаминида яширинган рамзий маъноларни очишга ёрдам беради. Айнан муқаддимада буюк мутафаккирнинг олам ва одам, табиат, кишилик жамияти, умр ва унинг мазмуни ҳақидаги фалсафий-ахлоқий қарашлари, ижодкор сифатидаги буюк салоҳияти у қўллаган бадиий тимсоллар, ташбеҳу тамсиллар воситасида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.
Ўзбек мумтоз адабиётининг чўққиси бўлган Алишер Навоий “Хамса”си жаҳон адабиётининг ноёб ва ўлмас дурдонасидир.

33

(Tashriflar: umumiy 3 923, bugungi 1)

Izoh qoldiring