Zulayho Abdurahmon. Navoiy ijodiyotida Hazrati Usmon vasfi

869 феврал — Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун

“Ал ҳаёю минал имон” – “Ҳаё иймондандир” ҳадиси шарифи айтилганда, аввало, Усмон р.а.нинг сиймоси гавдаланган. Зеро, Расулуллоҳнинг ўзлари у кишининг ҳаё эгаси эканликларини кўп бора таъкидлаганлар. Навоийнинг ҳам Усмон р.а.нинг ҳаёлари ҳақидаги маълумотларга асосланган ҳадислар асосидаги ҳикояти берилади…

НАВОИЙ ИЖОДИЁТИДА ҲАЗРАТИ УСМОН ВАСФИ
Зулайҳо АБДУРАҲМОН,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
катта илмий ходим


Ислом динининг ҳар бир ўлка ва миллатга тарқалиш тарихи бор. Туркийлар VIII асрдан бошлаб ислом динини қабул қила бошладилар. XI асрга келиб, бутун туркий дунёга Ислом дини тарқалди. Туркий қавмларнинг мусулмонлашуви исломнинг кенг ва шиддат билан ёйилишига ва қалбларни фатҳ этишига олиб келди. Бу шарафли хизматда бир неча қавмлардан иборат ер юзининг турли минтақаларига сочилиб кетган турклар каби холис ходимларни топиш мушкул. Зеро, турк олимлари араб тилида диннинг турли жабҳаларини қамраб олган илмий-назарий асарлар ёзишди. Аммо халқ тилида назарий, айниқса, бадиий-ирфоний асарларнинг дунёга келиши алоҳида эътирофга лойиқ. Туркий миллатлар жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшган маърифат дарғалари, дин курашларида мардлик кўрсатган жасур эрлари билан инсоният тарихида пешқадам бўлди. Туркий тараққиёт сарҳадларини, жумладан, туркий адабиёт латофатини белгилашда Ислом динининг беқиёс ўрни мавжуд.

Турк дунёсида араб ва форс тилларини биладиган янги зиёли қатлам пайдо бўлди. Улар араб ва форс тилларини ўрганибгина қолмай, уларнинг таъсирида ҳам қолдилар. Ҳатто форсий, арабий тилларда шеър ёзишда намуна кўрсатиб, шуҳрат қозондилар. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида “Аммо туркнинг улуғдин кичигига дегинча ва навкардин бегига дегинча сорт тилидин баҳраманддурлар, андоқким ўз хўрд аҳволига кўра айта олурлар, балки баъзи фасоҳат ва балоғат била ҳам такаллум қилурлар. Ҳатто турк шуаросиким, форсий тил била рангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар. Аммо сорт улусининг арзолидин ашрофиғача ва омийсидин донишмандиғача ҳеч қайси турк тили била такаллум қила олмаслар ва такаллум қилғоннинг маънисин ҳам билмаслар. Агар юздин, балки мингдин бири бу тилни ўрганиб сўз айтса ҳам, ҳар киши эшитса билур ва анинг сорт эканин фаҳм қилур”, — дея Алишер Навоий Шарқ мумтоз адабиётининг тараққиёт такомилида туркларнинг буюк хизмати ҳамда миллат ўлароқ улуғ зеҳният ва қобилиятидан баҳс этган эди.

Шарқ мумтоз адабиётида Аллоҳга ҳамд, Муҳаммад с.а.в.га наът келгандан сўнг 4 халифага ҳам бағишлов, таъриф-тавсиф келтирилган. Бу тариқат адабиётида ҳам, девон адабиётида ҳам аксар анъана ҳолига келган. Алишер Навоий ҳам мазкур исломий адабиёт анъанасига содиқ ўлароқ қалам тебратган ва чаҳорёрларга бағишлов, васф, таъриф келтирган. Зеро, ислом оламида мазкур тўрт халифа ёдга олинар экан: “улар ҳоким эмас, ходим, яъни умматга хизматчи бўлдилар”, дейилади. Уларнинг Аллоҳга муҳаббати, расулуллоҳга садоқати, исломга хизмати тилларда достон бўлган, шарқу ғарбда бирдай ибрат саналган. Анас р.а.дан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалам Абу Бакр, Умар, Усмон билан Уҳуд тоғига чиқдилар. Шунда у қимирлади. У зот: “Ей Уҳуд, собит тур! Устингда набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди”, дедилар. Мана шу шаҳидларнинг бири Усмон (р.а) эдилар.

22Усмон (р.а) фил йилининг олтинчи санасида, яъни Расулуллоҳ ҳазратларининг туғилишларидан олти йил кейин Тоиф шаҳрида дунёга келдилар. У киши асли қурайш қабиласидан бўлиб, ҳам ота, ҳам она томонидан насаблари Расулуллоҳ насабларига бирлашади. Оталари Аффон ибни Абдул Ос ибни Умайя ибни Абду Шамс ибни Абдуманноб, оналари Арво Қурайз ибни Ҳабиб ибни Абду Шамс ибни Абдуманнобнинг қизларидурлар. Абу Бакр (р.а.) Исломни қабул қилганларидан уч кун ўтгач, Усмон (р.а)га Исломни арз этадилар. Ўшанда Усмон (р. а.) 34 ёшда эдилар. Усмон (р.а) Ҳазрати Абу Бакрнинг таклифларини қабул қилиб, динга кирган дастлабки 9 кишининг бирига айланади. Шу билан бирга Расулулллоҳнинг энг сирдош кишиларидан бири бўлди ва чаҳарёрлардан бири сифатида тарихда қолди. Алишер Навоий “Хамса”нинг илк достони “Ҳайрат ул-аброр”нинг 4-наътида пайғамбар с.а.в.нинг “асъҳоби кан-нужум”, яъни “менинг асъҳобларим юлдуз кабидир” сўзини келтириб, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али р.а.лар ҳақида тўхталади. Уларнинг ислом тарихидаги буюк бир хизматларини эслатади. Жумладан, Усмон р.а. ҳақида шундай дейди:

Буки каломуллоҳ ангадур насиб,
Ким йўқ анга муъжиза андин ғариб.

Сура дема, «қоф» ила «нун» ёки «сод»,
Яъники ҳар ҳарфиға онинг савод,

Сунбулидек борча паришон эди,
Жомиъ анга жомии Қуръон эди.

Ҳазрати Усмоннинг ислом тарихида алоҳида эътироф этиладиган хизматларидан бири Қуръони каримни жам этиб, китоб ҳолига келтирганидир. Навоий ҳам буни алоҳида эътироф этади. “Лисон ут-тайр” достонида эса халифаи рошидинларга кетма-кетликда тўхталади. Жумладан, “Амирул-мўминин Усмони зуннурайн розиоллоҳу анҳу шонида” дея махсус боб бағишлайди. Боб ҳазрати Усмоннинг энг машҳур фазилатларидан бўлмиш Ҳаё хусусидаги тавсиф билан бошланади:

Ул ҳаё коники нурул-айн эди,
Ўйлаким айнайн зун-нурайн эди.

Сидқ конию мурувват махзани,
Ҳилм баҳрию футувват маъдани.

Ислом тарихида мусулмонларга ёрдам берган футувват аҳли орасида Усмон (р.а.)нинг алоҳида ўрни бор. Ул зот бадавлат савдогар одам эдилар. Табук ғазотида мусулмонларнинг қўшинини тўлиқ қуроллантирган. Минг динор пул, 950 та туя ва 50 та от ҳадя қилган. Шунингдек, яҳудийдан Рум қудуғини ҳам сотиб олиб, Аллоҳ йўлида мусулмонларга ҳадя қилиб юборганлар. Абу Бакр Сиддиқ халифалик қилаётган вақтларида бир йил ёғингарчилик кам бўлиб очарчилик бошланади. Абу Бакр р.а. одамларга: «Бор нарсаларингни беркитмай то Аллоҳ кенглик бергунга қадар еб туринглар», деб буюрадилар. Эртасига Абу Бакр р.а.га ҳазрати Усмоннинг ҳовлиларига минг қоп буғдой ва таом келиб тушганлигини хабари етади. Эрталаб савдогарлар Усмоннинг ҳовлиларига бориб, “ўнига ўн иккидан берамиз”, дейишади. Усмон р.а. “бу камлик қилади”, деганларида улар “бўлмаса, ўн бешдан берайлик” дейишди. Усмон р.а. “яна қўшинглар”, деганларида, улар “яна қанча қўшайлик”, ахир биз Мадина савдогарларимиз-ку?” дейишди. “Ҳар тангасига ўн тангадан бера оласизми?” дедилар. Улар “йўқ” деб жавоб беришди. “Ундай бўлса гувоҳ бўлинг, эй савдо аҳли, бу буғдой Мадина камбағалларига садақа қилинади” дедилар ва ҳаммасини садақа қилиб юборганлар. Бу каби ҳимматлари ҳақида кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Шунинг учун Усмон р.а.нинг футувват аҳли эканликларига Навоий ҳам урғу беради.

Шу билан бирга Навоий ул зотнинг “Зуннурайн” лақабларига алоҳида эътибор қаратади. Усмон р.а. Расулуллоҳ қизлари Руқияга Маккада яшаган вақтларида уйлангандилар. Биргаликда Ҳабаш вилоятига ҳижрат қилганлар. Ҳабашда Абдуллоҳ исмли ўғиллари туғилган. Усмон (р.а.)ни мазкур ўғилларининг номи билан куниялаб, Абу Абдуллоҳ дея атардилар. Абдуллоҳ олти ёшга етганларида кўзларини хўроз чуқиб олганлигидан, юзлари жароҳатланиб вафот этганлар. Бадрда мусулмонлар мушриклар устидан зафар топганликларининг севинч хабари Мадинага келган куни Руқия вафот этадилар. Усмон р.а қаттиқ қайғурадилар. Расулуллоҳ у кишининг бундай қаттиқ алам чекаётганларини кўриб: “Сизга нима бўлди, мунча ҳам қаттиқ қайғурмасангиз”, деганларида Усмон р.а.: “Бирор кишига ҳануз менинг бошимга тушган каби мусибат тушганмики, Расулуллоҳнинг менинг никоҳимдаги қизлари вафот этган бўлса, энди ўртадаги қариндошлик риштаси узилган бўлса”, дея жавоб бердилар. Расулуллоҳ ҳазратлари “Жаброил келиб менга Аллоҳ таолодан сизга қизимнинг синглиси Умму Гулсумни бермоқликка фармон бўлганлигини буюраяптилар” дедилар. Усмон р.а. у киши билан олти йил умр кўрганларидан кейин вафот этадилар. Шунда Расулуллоҳ ҳазратлари: “Усмонни уйлантиринглар, агар менинг учинчи қизим бўлганида уни ҳам Усмонга берган бўлардим ва Аллоҳдан ваҳий бўлмасдан мен бу ишни қилмаганман” ,- ¬дегандилар. Зеро, у киши Расулуллоҳнинг икки покдамон муборак қизларига уйланган сабабли Зиннурайн дея шарафлангандилар.

Бу шараф басдурки то ҳоли анго,
Ашрафи уммат эрур толиъ анго.

Кимга бергай дастким Рабби Ғофур,
Кулбасиға солғай андоқ икки нур.

Шунингдек, “Лисон ут-тайр” достонида ҳам Алишер Навоий Усмон р.а.нинг кўнгиллар зиндонида сақланаётган Қуръони каримни саҳифаларга кўчиртиргани ва унда маълум бир тартибларга риоя қилгани хусусида ҳам батафсил тўхталади:

Тенгри айлаб жомии Қуръон они,
Халқ деб Усмон бин Аффон они.

Чун Каломуллоҳни руҳул-амин,
Айлаб ирсоли шафиъул-музнабин.

Ул замондин то онинг даврониға,
Ер тутиб эрди ҳафо зиндониға.

Неча оят жамъ айлаб ҳар араб,
Жамъу тартибиға ул бўлди сабаб.

Суралар ўрнини таъйин айлади,
Булажаб девонни тадвин айлади.

“Ал ҳаёю минал имон” – “Ҳаё иймондандир” ҳадиси шарифи айтилганда, аввало, Усмон р.а.нинг сиймоси гавдаланган. Зеро, Расулуллоҳнинг ўзлари у кишининг ҳаё эгаси эканликларини кўп бора таъкидлаганлар. Навоийнинг ҳам Усмон р.а.нинг ҳаёлари ҳақидаги маълумотларга асосланган ҳадислар асосидаги ҳикояти берилади. Расулуллоҳ оёғларини узатиб турган эканлар. Бир неча асъҳоблар келса ҳам ҳоллари ўзгармабди. Аммо Усмон р.а. киришлари билан оёқларини тортадилар.

Албатта, Усмон р.а.нинг хулафои рошидиннинг учинчилари бўлганликлари, тирикликларидаёқ жаннат хабарини эшитганликлари ҳам у киши ҳақида тарих китобларида махсус хабарлар берилишига сабаб бўлган. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир”, деганлар.

Усмон ибн Аффон р.а. ҳижрий 23 йил зулҳижжа ойининг охирги кунидан 35 йил 18 зулҳижжагача (мил: 644 йил 6 ноябрдан 656 йил 16 июнгача) халифа бўлганлар. Шунда қамарий 70 ёшда эдилар. Усмон (р. а.) ҳукмронлик даврларида Армания, Африка ва Кипр давлатлари фатҳ этилган. Жумладан, масжиди набавийни кенгайтириш, жума намозида биринчи азонни зиёда қилиш, қўриқхонлар ташкил этиш, муаззинларга маош белгилаш, миршабликни жорий қилиш, масжидда бошлиққа алоҳида жой қилиш каби ислоҳотлар Усмон р.а. халифалик даврида бўлган.

Ибн Асокир Зайд ибн Собитдан ривоят қилади: Расулуллоҳ с.а.в.нинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳузуримда малоикалардан бири турганда Усмон ўтиб қолди. Шунда у деди: “Ўз қавми ўлдирадиган шаҳид шу, биз ундан ҳаё қиламиз”. Дарҳақиқат, Усмон р.а. фитна ва зулм туфайли намоз ўқиётган меҳробларида ўлдирилди, шунинг учун “шаҳидул меҳроб” мартабасига эришдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ислом билан санъатда янги ғоя ҳамда мавзулар кириб келди. Мусулмон давлатларини турли тиллардаги ягона маслак ва мақсаддаги адабиёт ҳам бирлаштирди. Бадиий ижодда завқ ва ўгит уйғунлашди. Ислом гўзал ахлоқ тарғибидир. Шу боис ҳатто баъзи асарларда панд-насиҳат асосий ўрин эгаллади. Тавҳид бош мавзу бўлиб, Аллоҳ ишқи, Расулуллоҳ севгиси тарғиб ва ташвиқ қилинди. Шунингдек, адабиётда янги исломий қаҳрамонлар дунёга келди. Пайғамбарлар қиссалари, сияр китоблари ёзилди. Валий зотлар ҳаётига бағишланган маноқиблар, халқ ривоят ва ҳикоятлари пайдо бўлди. Фақат ғоялар қабул қилинмади, балки уларга уйғун шакл ва жанрлар ҳам қўлланила бошланди. Бармоқ вазни ўрнини аруз эгаллади. Басмала, ҳамд, наът, муножот, қасида ва ҳоказо жанрлар юзага келди. Исломнинг турк дунёсига ёйилиши маълум талофотлар эвазига бўлди, аммо Исломият турклар учун янги имкониятлар, муваффақиятлар эшигини очди, руҳ камолотига олиб келди. Бадиият ҳам балоғат ва фасоҳатнинг олий намунасини намоён қилди.

Бугун қалблар хаста, Мийсоқ базмини унутган руҳлар дарбадар, кажрафтор давронда инсон ғарибдир. Дунё ва охират ҳузунини ҳузурга айлантириш, байтуллоҳ кўнгилларга фараҳ бахш этиш учун дин ила бир байроқ остида бирлашган адабиёт ўзининг олий мақсадини хотирламоғи керак. Унда манфаат ва мансаб учун тузилган мунофиқ сулҳлар, қўрқоқлик соясида келишилган муттаҳам муросалар, ўтар дунё учун қалбини сотган, абадиятдан бехабар басир бечора ҳислар йўқ эди. Шарқ мумтоз адабиёти музаффарияти ғозийлик, мағлубияти шаҳидлик бўлган Имон Адабиётидир. Ҳолбуки, унинг ибрат қаҳрамонлари набийлар, сиддиқлар, аброрлар, ахёрлар, валийлар, Усмон ибн Аффонлар эди. Буни тушунмоқ учун ҳам, устоз Иброҳим Ҳаққул айтганидек, Навоийга қайтиш, Навоийни англаш лозим.

Турк миллатини якқалам этган Алишер Навоийнинг руҳи шод, макони фирдавси жаннат бўлсин.

usmonibnaffon9 fevral — Hazrat Mir Alisher Navoiy tavallud topgan kun

“Al hayoyu minal imon” – “Hayo iymondandir” hadisi sharifi aytilganda, avvalo, Usmon r.a.ning siymosi gavdalangan. Zero, Rasulullohning o‘zlari u kishining hayo egasi ekanliklarini ko‘p bora ta’kidlaganlar. Navoiyning ham Usmon r.a.ning hayolari haqidagi ma’lumotlarga asoslangan hadislar asosidagi hikoyati beriladi…

NAVOIY IJODIYOTIDA HAZRATI USMON VASFI
Zulayho ABDURAHMON,
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori,
katta ilmiy xodim

Islom dinining har bir o‘lka va millatga tarqalish tarixi bor. Turkiylar VIII asrdan boshlab islom dinini qabul qila boshladilar. XI asrga kelib, butun turkiy dunyoga Islom dini tarqaldi. Turkiy qavmlarning musulmonlashuvi islomning keng va shiddat bilan yoyilishiga va qalblarni fath etishiga olib keldi. Bu sharafli xizmatda bir necha qavmlardan iborat yer yuzining turli mintaqalariga sochilib ketgan turklar kabi xolis xodimlarni topish mushkul. Zero, turk olimlari arab tilida dinning turli jabhalarini qamrab olgan ilmiy-nazariy asarlar yozishdi. Ammo xalq tilida nazariy, ayniqsa, badiiy-irfoniy asarlarning dunyoga kelishi alohida e’tirofga loyiq. Turkiy millatlar jahon ilm-faniga munosib hissa qo‘shgan ma’rifat darg‘alari, din kurashlarida mardlik ko‘rsatgan jasur erlari bilan insoniyat tarixida peshqadam bo‘ldi. Turkiy taraqqiyot sarhadlarini, jumladan, turkiy adabiyot latofatini belgilashda Islom dinining beqiyos o‘rni mavjud.

Turk dunyosida arab va fors tillarini biladigan yangi ziyoli qatlam paydo bo‘ldi. Ular arab va fors tillarini o‘rganibgina qolmay, ularning ta’sirida ham qoldilar. Hatto forsiy, arabiy tillarda she’r yozishda namuna ko‘rsatib, shuhrat qozondilar. “Muhokamat ul-lug‘atayn” asarida “Ammo turkning ulug‘din kichigiga degincha va navkardin begiga degincha sort tilidin bahramanddurlar, andoqkim o‘z xo‘rd ahvoliga ko‘ra ayta olurlar, balki ba’zi fasohat va balog‘at bila ham takallum qilurlar. Hatto turk shuarosikim, forsiy til bila rangin ash’or va shirin guftor zohir qilurlar. Ammo sort ulusining arzolidin ashrofig‘acha va omiysidin donishmandig‘acha hech qaysi turk tili bila takallum qila olmaslar va takallum qilg‘onning ma’nisin ham bilmaslar. Agar yuzdin, balki mingdin biri bu tilni o‘rganib so‘z aytsa ham, har kishi eshitsa bilur va aning sort ekanin fahm qilur”, — deya Alisher Navoiy Sharq mumtoz adabiyotining taraqqiyot takomilida turklarning buyuk xizmati hamda millat o‘laroq ulug‘ zehniyat va qobiliyatidan bahs etgan edi.

Sharq mumtoz adabiyotida Allohga hamd, Muhammad s.a.v.ga na’t kelgandan so‘ng 4 xalifaga ham bag‘ishlov, ta’rif-tavsif keltirilgan. Bu tariqat adabiyotida ham, devon adabiyotida ham aksar an’ana holiga kelgan. Alisher Navoiy ham mazkur islomiy adabiyot an’anasiga sodiq o‘laroq qalam tebratgan va chahoryorlarga bag‘ishlov, vasf, ta’rif keltirgan. Zero, islom olamida mazkur to‘rt xalifa yodga olinar ekan: “ular hokim emas, xodim, ya’ni ummatga xizmatchi bo‘ldilar”, deyiladi. Ularning Allohga muhabbati, rasulullohga sadoqati, islomga xizmati tillarda doston bo‘lgan, sharqu g‘arbda birday ibrat sanalgan. Anas r.a.dan rivoyat qilinadi: “Nabiy sallallohu alayhi vasalam Abu Bakr, Umar, Usmon bilan Uhud tog‘iga chiqdilar. Shunda u qimirladi. U zot: “Yey Uhud, sobit tur! Ustingda nabiy, siddiq va ikki shahid turibdi”, dedilar. Mana shu shahidlarning biri Usmon (r.a) edilar.

Usmon (r.a) fil yilining oltinchi sanasida, ya’ni Rasululloh hazratlarining tug‘ilishlaridan olti yil keyin Toif shahrida dunyoga keldilar. U kishi asli quraysh qabilasidan bo‘lib, ham ota, ham ona tomonidan nasablari Rasululloh nasablariga birlashadi. Otalari Affon ibni Abdul Os ibni Umayya ibni Abdu Shams ibni Abdumannob, onalari Arvo Qurayz ibni Habib ibni Abdu Shams ibni Abdumannobning qizlaridurlar. Abu Bakr (r.a.) Islomni qabul qilganlaridan uch kun o‘tgach, Usmon (r.a)ga Islomni arz etadilar. O‘shanda Usmon (r. a.) 34 yoshda edilar. Usmon (r.a) Hazrati Abu Bakrning takliflarini qabul qilib, dinga kirgan dastlabki 9 kishining biriga aylanadi. Shu bilan birga Rasululllohning eng sirdosh kishilaridan biri bo‘ldi va chaharyorlardan biri sifatida tarixda qoldi. Alisher Navoiy “Xamsa”ning ilk dostoni “Hayrat ul-abror”ning 4-na’tida payg‘ambar s.a.v.ning “as’hobi kan-nujum”, ya’ni “mening as’hoblarim yulduz kabidir” so‘zini keltirib, hazrati Abu Bakr Siddiq, hazrati Umar, hazrat Usmon, hazrat Ali r.a.lar haqida to‘xtaladi. Ularning islom tarixidagi buyuk bir xizmatlarini eslatadi. Jumladan, Usmon r.a. haqida shunday deydi:

Buki kalomulloh angadur nasib,
Kim yo‘q anga mu’jiza andin g‘arib.

Sura dema, «qof» ila «nun» yoki «sod»,
Ya’niki har harfig‘a oning savod,

Sunbulidek borcha parishon edi,
Jomi’ anga jomii Qur’on edi.

Hazrati Usmonning islom tarixida alohida e’tirof etiladigan xizmatlaridan biri Qur’oni karimni jam etib, kitob holiga keltirganidir. Navoiy ham buni alohida e’tirof etadi. “Lison ut-tayr” dostonida esa xalifai roshidinlarga ketma-ketlikda to‘xtaladi. Jumladan, “Amirul-mo‘minin Usmoni zunnurayn roziollohu anhu shonida” deya maxsus bob bag‘ishlaydi. Bob hazrati Usmonning eng mashhur fazilatlaridan bo‘lmish Hayo xususidagi tavsif bilan boshlanadi:

Ul hayo koniki nurul-ayn edi,
O‘ylakim aynayn zun-nurayn edi.

Sidq koniyu muruvvat maxzani,
Hilm bahriyu futuvvat ma’dani.

Islom tarixida musulmonlarga yordam bergan futuvvat ahli orasida Usmon (r.a.)ning alohida o‘rni bor. Ul zot badavlat savdogar odam edilar. Tabuk g‘azotida musulmonlarning qo‘shinini to‘liq qurollantirgan. Ming dinor pul, 950 ta tuya va 50 ta ot hadya qilgan. Shuningdek, yahudiydan Rum qudug‘ini ham sotib olib, Alloh yo‘lida musulmonlarga hadya qilib yuborganlar. Abu Bakr Siddiq xalifalik qilayotgan vaqtlarida bir yil yog‘ingarchilik kam bo‘lib ocharchilik boshlanadi. Abu Bakr r.a. odamlarga: «Bor narsalaringni berkitmay to Alloh kenglik bergunga qadar yeb turinglar», deb buyuradilar. Ertasiga Abu Bakr r.a.ga hazrati Usmonning hovlilariga ming qop bug‘doy va taom kelib tushganligini xabari yetadi. Ertalab savdogarlar Usmonning hovlilariga borib, “o‘niga o‘n ikkidan beramiz”, deyishadi. Usmon r.a. “bu kamlik qiladi”, deganlarida ular “bo‘lmasa, o‘n beshdan beraylik” deyishdi. Usmon r.a. “yana qo‘shinglar”, deganlarida, ular “yana qancha qo‘shaylik”, axir biz Madina savdogarlarimiz-ku?” deyishdi. “Har tangasiga o‘n tangadan bera olasizmi?” dedilar. Ular “yo‘q” deb javob berishdi. “Unday bo‘lsa guvoh bo‘ling, ey savdo ahli, bu bug‘doy Madina kambag‘allariga sadaqa qilinadi” dedilar va hammasini sadaqa qilib yuborganlar. Bu kabi himmatlari haqida ko‘plab misollarni keltirish mumkin. Shuning uchun Usmon r.a.ning futuvvat ahli ekanliklariga Navoiy ham urg‘u beradi.

Shu bilan birga Navoiy ul zotning “Zunnurayn” laqablariga alohida e’tibor qaratadi. Usmon r.a. Rasululloh qizlari Ruqiyaga Makkada yashagan vaqtlarida uylangandilar. Birgalikda Habash viloyatiga hijrat qilganlar. Habashda Abdulloh ismli o‘g‘illari tug‘ilgan. Usmon (r.a.)ni mazkur o‘g‘illarining nomi bilan kuniyalab, Abu Abdulloh deya atardilar. Abdulloh olti yoshga yetganlarida ko‘zlarini xo‘roz chuqib olganligidan, yuzlari jarohatlanib vafot etganlar. Badrda musulmonlar mushriklar ustidan zafar topganliklarining sevinch xabari Madinaga kelgan kuni Ruqiya vafot etadilar. Usmon r.a qattiq qayg‘uradilar. Rasululloh u kishining bunday qattiq alam chekayotganlarini ko‘rib: “Sizga nima bo‘ldi, muncha ham qattiq qayg‘urmasangiz”, deganlarida Usmon r.a.: “Biror kishiga hanuz mening boshimga tushgan kabi musibat tushganmiki, Rasulullohning mening nikohimdagi qizlari vafot etgan bo‘lsa, endi o‘rtadagi qarindoshlik rishtasi uzilgan bo‘lsa”, deya javob berdilar. Rasululloh hazratlari “Jabroil kelib menga Alloh taolodan sizga qizimning singlisi Ummu Gulsumni bermoqlikka farmon bo‘lganligini buyurayaptilar” dedilar. Usmon r.a. u kishi bilan olti yil umr ko‘rganlaridan keyin vafot etadilar. Shunda Rasululloh hazratlari: “Usmonni uylantiringlar, agar mening uchinchi qizim bo‘lganida uni ham Usmonga bergan bo‘lardim va Allohdan vahiy bo‘lmasdan men bu ishni qilmaganman” ,- ¬degandilar. Zero, u kishi Rasulullohning ikki pokdamon muborak qizlariga uylangan sababli Zinnurayn deya sharaflangandilar.

Bu sharaf basdurki to holi ango,
Ashrafi ummat erur toli’ ango.

Kimga bergay dastkim Rabbi G‘ofur,
Kulbasig‘a solg‘ay andoq ikki nur.

Shuningdek, “Lison ut-tayr” dostonida ham Alisher Navoiy Usmon r.a.ning ko‘ngillar zindonida saqlanayotgan Qur’oni karimni sahifalarga ko‘chirtirgani va unda ma’lum bir tartiblarga rioya qilgani xususida ham batafsil to‘xtaladi:

Tengri aylab jomii Qur’on oni,
Xalq deb Usmon bin Affon oni.

Chun Kalomullohni ruhul-amin,
Aylab irsoli shafi’ul-muznabin.

Ul zamondin to oning davronig‘a,
Yer tutib erdi hafo zindonig‘a.

Necha oyat jam’ aylab har arab,
Jam’u tartibig‘a ul bo‘ldi sabab.

Suralar o‘rnini ta’yin ayladi,
Bulajab devonni tadvin ayladi.

“Al hayoyu minal imon” – “Hayo iymondandir” hadisi sharifi aytilganda, avvalo, Usmon r.a.ning siymosi gavdalangan. Zero, Rasulullohning o‘zlari u kishining hayo egasi ekanliklarini ko‘p bora ta’kidlaganlar. Navoiyning ham Usmon r.a.ning hayolari haqidagi ma’lumotlarga asoslangan hadislar asosidagi hikoyati beriladi. Rasululloh oyog‘larini uzatib turgan ekanlar. Bir necha as’hoblar kelsa ham hollari o‘zgarmabdi. Ammo Usmon r.a. kirishlari bilan oyoqlarini tortadilar.

Albatta, Usmon r.a.ning xulafoi roshidinning uchinchilari bo‘lganliklari, tirikliklaridayoq jannat xabarini eshitganliklari ham u kishi haqida tarix kitoblarida maxsus xabarlar berilishiga sabab bo‘lgan. Zero, Rasululloh s.a.v.: “Har bir nabiyning hamrohi bordir. Mening jannatdagi hamrohim Usmondir”, deganlar.

Usmon ibn Affon r.a. hijriy 23 yil zulhijja oyining oxirgi kunidan 35 yil 18 zulhijjagacha (mil: 644 yil 6 noyabrdan 656 yil 16 iyungacha) xalifa bo‘lganlar. Shunda qamariy 70 yoshda edilar. Usmon (r. a.) hukmronlik davrlarida Armaniya, Afrika va Kipr davlatlari fath etilgan. Jumladan, masjidi nabaviyni kengaytirish, juma namozida birinchi azonni ziyoda qilish, qo‘riqxonlar tashkil etish, muazzinlarga maosh belgilash, mirshablikni joriy qilish, masjidda boshliqqa alohida joy qilish kabi islohotlar Usmon r.a. xalifalik davrida bo‘lgan.

Ibn Asokir Zayd ibn Sobitdan rivoyat qiladi: Rasululloh s.a.v.ning shunday deganlarini eshitdim: “Huzurimda maloikalardan biri turganda Usmon o‘tib qoldi. Shunda u dedi: “O‘z qavmi o‘ldiradigan shahid shu, biz undan hayo qilamiz”. Darhaqiqat, Usmon r.a. fitna va zulm tufayli namoz o‘qiyotgan mehroblarida o‘ldirildi, shuning uchun “shahidul mehrob” martabasiga erishdilar.

Ta’kidlash joizki, Islom bilan san’atda yangi g‘oya hamda mavzular kirib keldi. Musulmon davlatlarini turli tillardagi yagona maslak va maqsaddagi adabiyot ham birlashtirdi. Badiiy ijodda zavq va o‘git uyg‘unlashdi. Islom go‘zal axloq targ‘ibidir. Shu bois hatto ba’zi asarlarda pand-nasihat asosiy o‘rin egalladi. Tavhid bosh mavzu bo‘lib, Alloh ishqi, Rasululloh sevgisi targ‘ib va tashviq qilindi. Shuningdek, adabiyotda yangi islomiy qahramonlar dunyoga keldi. Payg‘ambarlar qissalari, siyar kitoblari yozildi. Valiy zotlar hayotiga bag‘ishlangan manoqiblar, xalq rivoyat va hikoyatlari paydo bo‘ldi. Faqat g‘oyalar qabul qilinmadi, balki ularga uyg‘un shakl va janrlar ham qo‘llanila boshlandi. Barmoq vazni o‘rnini aruz egalladi. Basmala, hamd, na’t, munojot, qasida va hokazo janrlar yuzaga keldi. Islomning turk dunyosiga yoyilishi ma’lum talofotlar evaziga bo‘ldi, ammo Islomiyat turklar uchun yangi imkoniyatlar, muvaffaqiyatlar eshigini ochdi, ruh kamolotiga olib keldi. Badiiyat ham balog‘at va fasohatning oliy namunasini namoyon qildi.

Bugun qalblar xasta, Miysoq bazmini unutgan ruhlar darbadar, kajraftor davronda inson g‘aribdir. Dunyo va oxirat huzunini huzurga aylantirish, baytulloh ko‘ngillarga farah baxsh etish uchun din ila bir bayroq ostida birlashgan adabiyot o‘zining oliy maqsadini xotirlamog‘i kerak. Unda manfaat va mansab uchun tuzilgan munofiq sulhlar, qo‘rqoqlik soyasida kelishilgan muttaham murosalar, o‘tar dunyo uchun qalbini sotgan, abadiyatdan bexabar basir bechora hislar yo‘q edi. Sharq mumtoz adabiyoti muzaffariyati g‘oziylik, mag‘lubiyati shahidlik bo‘lgan Imon Adabiyotidir. Holbuki, uning ibrat qahramonlari nabiylar, siddiqlar, abrorlar, axyorlar, valiylar, Usmon ibn Affonlar edi. Buni tushunmoq uchun ham, ustoz Ibrohim Haqqul aytganidek, Navoiyga qaytish, Navoiyni anglash lozim.

Turk millatini yakqalam etgan Alisher Navoiyning ruhi shod, makoni firdavsi jannat bo‘lsin.

098

(Tashriflar: umumiy 70, bugungi 1)

Izoh qoldiring