…фольклор намуналари таҳлил ва талқинига киришишда журъат ва жасорат керак. Зеро, “Унда миллат яшар, унда халқ яшар”. Жаббор Эшонқулдаги халқона самимият ва қатъият, туркона шиддат ва журъат, моҳиятга интилиш катта авлод олимларида сўнмас умид ҳамда ишонч уйғотган. Бугун ўша умид ва ишонч дарахти юксалиб, Жаббор Эшонқулнинг одамийлик ҳамда олимлик сиймосига чуқур эҳтиром пайдо бўлди.
МУНОСИБ ИЗДОШ
Зулайҳо АБДУРАҲМОН,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
катта илмий ходим
Бугун адабиётшуносликда муаллиф шахси, адабий шахсият каби тушунчаларга кўп урғу берилмоқда. Асарлар маълум маънода шу нуқтаи назардан баҳоланмоқда. Аммо муаллифи халқ бўлган асарларнинг маслак, моҳиятига етиш учун бутун бошли халқ тафаккури, эътиқоди, қадриятлари, бир сўз билан айтганда, халқ, инсоният тарихини тўла-тўкис билиш талаб қилинади. Шу боис халқ оғзаки ижодини ўрганиш учун кенг билим ва ҳаётий тажриба, энг асосийси миллий ҳассосият зарур. Ҳақиқатан, фольклор намуналари таҳлил ва талқинига киришишда журъат ва жасорат керак. Зеро, “Унда миллат яшар, унда халқ яшар”. Жаббор Эшонқулдаги халқона самимият ва қатъият, туркона шиддат ва журъат, моҳиятга интилиш катта авлод олимларида сўнмас умид ҳамда ишонч уйғотган. Бугун ўша умид ва ишонч дарахти юксалиб, Жаббор Эшонқулнинг одамийлик ҳамда олимлик сиймосига чуқур эҳтиром пайдо бўлди.
Ўзбек фольклоршунослиги Ҳоди Зариф, Музайяна Алавия, Т.Мирзаев, К.Имомов, З.Ҳусаинова, Б.Саримсоқов, О.Сафаров каби дунё тан олган олимларига эга. Уларнинг китоблари орқали халқ оғзаки ижоди мазмун ва шаклда ўз сирларини ошкор этади. Бугун фольклоршунослик йўналишида қатор тадқиқотлар амалга оширилди. Ичи номаълум, аммо сонда китоблар ҳам кўпайди. Вақт эса югурик, умр соати гўё ҳар доимгидан янада тезлашди. Истамасак ҳам, бугун китобларни саралаб ўқишга мажбурмиз. Мана шундай мумтоз асарлар орасида Ж.Эшонқулнинг тадқиқотлари, жумладан, ибтидоий хаёллардан тортиб, замонавий тасаввурларгача жамланган, хусусан, девлар макон қилган “Фольклор: образ ва талқин” китоби ҳам бор.
Маълумки, фольклор ўзига хос образлар оламига эга. Улар орасида девнинг муҳим ўрни мавжуд. Аслида инсон Абадият ватани сари йўлга отланган йўловчи, ҳаёт бир йўлдир. Фольклор асарлари деганда менинг кўз ўнгимда Нажот излаб чиқилган бир йўл келади: у балки “Борса келар”, балки “Борса хатар”, балки “Борса келмас”дир. Барибир, ҳар кори ҳолда Ҳақ ила мардона босилажак узоооқ йўл бор. Бу йўлларда гоҳ зоҳирий, гоҳ ботиний девлар билан тўқнашиш тайин. Улар билан баъзан қилич, баъзан ақл ила жанг қиласан. Баъзан ҳатто имон ва ишқ тўла қалб билан девларни асир этасан. Уларни енгиш, аввало, уларни танишдан бошланади. Ж.Эшонқулнинг ушбу асари нотаниш йўлларда муҳаббат ва маърифатни қанот қилган кўнгилга “девлар”ни танитади, қўрқув ва ишонч билан босилаётган қадамларга мадад беради. Халқ қаҳрамонларининг эзгу сафарида дев ила кечган саргузаштларидан баҳс этган ушбу монография, аввало, маълум бир образни қандай мезонлар асосида ўрганиш режасини аниқлаштиради. Образларни дунёга келиш сабабларини турли асосларга кўра изоҳлашни кўрсатади. Бани башар моҳияти ислом бўлган саҳифалар, илоҳий китоблар орқали ўзини, бутун коинотни, жумладан, Яратувчини таниди. Аммо нафсига қул, лаин шайтонга шерик бўлган инсон ўзича турли фикрий оқимлар, ноқис фалсафалар, сувратда фарқланган “измлар” яратди.
Одам авлодлари ҳар гал Аллоҳнинг лутфи марҳамати, фитратий бир ҳис ила бу ёд тушунчаларни тафаккур ва кўнгил тарозисида сараласа-да, аммо йўлдан адаштирувчи ушбу қарашлар халқ ҳаёти ва ушбу ҳаётнинг инъикоси бўлган санъатда бир кўланка ўлароқ яшаб қолди. Шу боис адабиётшуносликда, хусусан, инсоният тарихи жамланган қомус халқ оғзаки ижоди таҳлилларида ушбу жиҳатни фаромуш қилмаслик, жуда эҳтиёткорлик зарур. Нафақат мавзу ва ғоялар, ҳатто образлар ҳам маълум мақсаднинг тамсили тарзда пайдо бўлганлигини ёдда тутмоқ лозим. Жаббор Эшонқул ҳам дев образи асослари ва бадиий талқинининг илдизларини атрофлича ўрганади. Хулосаларини асослашда кўплаб манбаларни кўздан кечиради. Мифологиядан бошланган асослар исломий қарашлар билан якунланади.
Хуллас, олим фольклордаги мавзу, ғоя, бадиият, образ, рамз, тимсоллар фақат мифларга бориб тақаладиган аксар ишлардан фарқланадиган бир тадқиқотни юзага келтиради. Унда халқ оғзаки ижоди маълум даврларда қотиб қолган, аниқ замонларга мансуб эмас, билъакс барча замонларни қамраган жонли санъат эканлиги урғуланади. Шунингдек, мумтоз адабиёт ва халқ оғзаки ижоди ўртасидаги маънавий бир ришта, тарбиявий бир маслак ҳам муштарак таҳлил этилган. Китобдаги “Ёзма адабиётдаги фалсафий қарашлар асоси, аввало, халқ оғзаки ижодида пайдо бўлган.
… Тасаввуф бизнинг мумтоз адабиётда тўсатдан пайдо бўлиб қолмаган, аксинча, у халқ тафаккурида халқ оғзаки ижоди орқали шаклланган ва маълум фалсафий тус олган. Халққа тасаввуф деган атама номаълум бўлса-да, ўз моҳияти билан унга яқинлашиб қолган қарашлар туркий афсоналарда кўп учрайди” каби қарашлар бугунги фольклоршунослик учун давом эттирилиши керак бўлган долзарб мавзулардан ҳисобланади. Мутафаккир шоир Алишер Навоий асарларидаги дев образига мурожаат қилинган, халқ достонларидаги девлар билан қиёсланган ўринлар ҳам олимнинг салоҳиятини белгилайди. Ҳар қандай тадқиқотнинг салмоғи замонаси учун керакли аҳамияти билан белгиланади. Олим ўз даврининг йўлбошчисидир. Ҳар бир тадқиқот мамлакатнинг тинчлиги, халқнинг фаровонлиги, миллатнинг тарбиясига хизмат қилиши керак. Мана шу жиҳатларни ҳам Жаббор Эшонқул хотирда тутган ҳолда ёзади: “Инсониятнинг бир-бирига душманлиги масаласи жаҳондаги барча мутафаккирлар асарларининг туб мағзини ташкил этади. Бу масала ХХ аср руҳшуносларининг бош масаласига айланди. Инсон онги ривожланган сари зўрлик ҳам ўз қиёфсини ўзгартирди. Энди у ошкора эмас, балки гуманистик ғоялар ниқобида ҳаракат қила бошлади. Тил ва дил ўртасидаги фарқ кучайди. Ибтидоий одам бир нарсани айтиб, бошқа иш қилишни ҳеч қачон тасаввур қила олган эмас. Бу унинг, биз уни қанчалик қолоқ демайлик, энг буюк инсоният мангу асраши лозим бўлган фазилати эди. Бизнинг асримизга келиб зўрлик ўзини энг илғор, инсонпарварлик ғоялари билан яширди” . Бу каби китобхонни сергаклантирувчи мулоҳазалар китобда талайгина.
Жаббор Эшонқулдаги фикрий журъат, фавқулодда мушоҳада, сўзда тўғрилик, ўзига мустаҳкам ишонч тадқиқотда яққол кўзга ташланади. У ўзининг ҳар қандай хулосаларини бемалол ўртага ташлай оладиган ҳаётдагидек эркин одам, озод олим. Жаббор Эшонқул билан суҳбатдошлик қанча мароқли бўлса, шунча қийин ҳам. У кишининг ўз ҳақиқати учун бировни аямайдиган кескинлиги, мавзуга хаёлга келмайдиган бир нуқтадан баҳо бериши обрўсини билган мусоҳибдан самимият ва чуқур билимни талаб қилади. Мана шу шахсият китоб саҳифаларида ҳам гавдаланади. Натижада, ўқувчи қатъиятли бир муаллиф, оёғини заминдан узмаган фолъклоршунос билан юзлашади. Таъкидлаш ўринлики, китобдаги қизиқиш билан ўқиладиган “Туш ва тимсол” боби кейинчалик олим томонидан катта тадқиқот қилиниши ҳам инсон руҳининг қувватини очиб беришга хизмат қилди. Жаббор Эшонқул адабиётдан руҳият манзараларини излайдиган ва уни таҳлил қиладиган кўнгил олими. “Руҳий таҳлил методи” ҳақидаги изланишлари ҳам бежиз эмас. Жаббор Эшонқул бугун олим ёшига етди. Унинг билим тажрибаси ва бошлиқлик қобилиятига ишонган ҳолда умид қиламанки, энди фольклор асарларини Қуръони карим ва ҳадислар асосида ўрганадиган ёш авлодни жамлаб, катта лойиҳалар тузади, янги йўналишдаги фольклоршунослик мактабини яратади. Шундагина инсониятнинг имтиҳон дунёсидаги йўлчилик изтиробини, турк халқининг руҳ парвозини англаш мумкин бўлади.
Жаббор Эшонқул мен учун устоз мақомидадир. Халқимизнинг Умр — оқар сув ҳикмати бежиз эмаслигини тан олишга мажбур бўламиз. Мен аспирантурага кирганимда, раҳматли устозимиз Тўра Мирзаев Жабборга учраш, таниш. Саволларинг бўлса ундан ҳам сўрайвер, мақолаларингни кўрсатиб, маслаҳат ол, дегандилар. Бунга ҳам 25 йил бўлибди. Биз унда фақат тадқиқотларини ўқиган, Назар Эшонқулнинг укаси, «Девларни занжирбанд қилган» Жаббор Эшонқул деган бир таърифларни эшитган олимни билардик. Устоз Иброҳим Ҳаққул ҳам олим ва шахс сифатида Жаббор акани ўрнак қилардилар. Катта авлод улуғ устозлар фаолият юритган институтнинг излар кўмилмайдиган истиқболи, тақдирини Жаббор Эшонқулда кўрганлари ҳам сир эмас. Бугун Жаббор Эшонқулов – биз баъзиларини таърифини эшитган, баъзиларини кўриш бахтига мушарраф бўлган катта авлоддан, умуман, олимлардан мерос туйғуларга соҳиб камёб олимлардан. Ҳали ҳануз олимликда, одамийликда саволларимизга жавоб сўраймиз, ибрат оламиз. Жаббор ака ҳамиша ёрдамга елка тута оладиган, достон қаҳрамонларидаги ҳиммат, мардликни сингдирган алп замондош. Олимлик улуғ шарафдир. Пири Туркистон Аҳмад Яссавий бу шарафни шундай баён қилган эди:
Биҳишт, дўзах талошур, талошмоқда баён бор,
Дўзах айтур: “Ман ортуқ – манда Фиръавн, Ҳомон бор”.
Биҳишт айтур: “На дерсан, сўзни билмай айтурсан,
Санда Фиръавн бўлса, манда Юсуфи Канъон бор”.
…Биҳишт айтур: “Ман ортуқ – олим қуллар манда бор,
Олимларнинг кўнглида оят, ҳадис, Қуръон бор”.
Устоз! Олимлик шарафи Сизга муборак бўлсин, Парвардигор умрингизни узун ва хайрли қилсин. Барчамизга Биҳишт мақтанадиган олим номига лойиқ бўлиш насиб этсин!
…folklor namunalari tahlil va talqiniga kirishishda jur’at va jasorat kerak. Zero, “Unda millat yashar, unda xalq yashar”. Jabbor Eshonquldagi xalqona samimiyat va qat’iyat, turkona shiddat va jur’at, mohiyatga intilish katta avlod olimlarida so‘nmas umid hamda ishonch uyg‘otgan. Bugun o‘sha umid va ishonch daraxti yuksalib, Jabbor Eshonqulning odamiylik hamda olimlik siymosiga chuqur ehtirom paydo bo‘ldi.
MUNOSIB IZDOSH
Zulayho ABDURAHMON,
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori,
katta ilmiy xodim
Bugun adabiyotshunoslikda muallif shaxsi, adabiy shaxsiyat kabi tushunchalarga ko‘p urg‘u berilmoqda. Asarlar ma’lum ma’noda shu nuqtayi nazardan baholanmoqda. Ammo muallifi xalq bo‘lgan asarlarning maslak, mohiyatiga yetish uchun butun boshli xalq tafakkuri, e’tiqodi, qadriyatlari, bir so‘z bilan aytganda, xalq, insoniyat tarixini to‘la-to‘kis bilish talab qilinadi. Shu bois xalq og‘zaki ijodini o‘rganish uchun keng bilim va hayotiy tajriba, eng asosiysi milliy hassosiyat zarur. Haqiqatan, folklor namunalari tahlil va talqiniga kirishishda jur’at va jasorat kerak. Zero, “Unda millat yashar, unda xalq yashar”. Jabbor Eshonquldagi xalqona samimiyat va qat’iyat, turkona shiddat va jur’at, mohiyatga intilish katta avlod olimlarida so‘nmas umid hamda ishonch uyg‘otgan. Bugun o‘sha umid va ishonch daraxti yuksalib, Jabbor Eshonqulning odamiylik hamda olimlik siymosiga chuqur ehtirom paydo bo‘ldi.
O‘zbek folklorshunosligi Hodi Zarif, Muzayyana Alaviya, T.Mirzayev, K.Imomov, Z.Husainova, B.Sarimsoqov, O.Safarov kabi dunyo tan olgan olimlariga ega. Ularning kitoblari orqali xalq og‘zaki ijodi mazmun va shaklda o‘z sirlarini oshkor etadi. Bugun folklorshunoslik yo‘nalishida qator tadqiqotlar amalga oshirildi. Ichi noma’lum, ammo sonda kitoblar ham ko‘paydi. Vaqt esa yugurik, umr soati go‘yo har doimgidan yanada tezlashdi. Istamasak ham, bugun kitoblarni saralab o‘qishga majburmiz. Mana shunday mumtoz asarlar orasida J.Eshonqulning tadqiqotlari, jumladan, ibtidoiy xayollardan tortib, zamonaviy tasavvurlargacha jamlangan, xususan, devlar makon qilgan “Folklor: obraz va talqin” kitobi ham bor.
Ma’lumki, folklor o‘ziga xos obrazlar olamiga ega. Ular orasida devning muhim o‘rni mavjud. Aslida inson Abadiyat vatani sari yo‘lga otlangan yo‘lovchi, hayot bir yo‘ldir. Folklor asarlari deganda mening ko‘z o‘ngimda Najot izlab chiqilgan bir yo‘l keladi: u balki “Borsa kelar”, balki “Borsa xatar”, balki “Borsa kelmas”dir. Baribir, har kori holda Haq ila mardona bosilajak uzoooq yo‘l bor. Bu yo‘llarda goh zohiriy, goh botiniy devlar bilan to‘qnashish tayin. Ular bilan ba’zan qilich, ba’zan aql ila jang qilasan. Ba’zan hatto imon va ishq to‘la qalb bilan devlarni asir etasan. Ularni yengish, avvalo, ularni tanishdan boshlanadi. J.Eshonqulning ushbu asari notanish yo‘llarda muhabbat va ma’rifatni qanot qilgan ko‘ngilga “devlar”ni tanitadi, qo‘rquv va ishonch bilan bosilayotgan qadamlarga madad beradi. Xalq qahramonlarining ezgu safarida dev ila kechgan sarguzashtlaridan bahs etgan ushbu monografiya, avvalo, ma’lum bir obrazni qanday mezonlar asosida o‘rganish rejasini aniqlashtiradi. Obrazlarni dunyoga kelish sabablarini turli asoslarga ko‘ra izohlashni ko‘rsatadi. Bani bashar mohiyati islom bo‘lgan sahifalar, ilohiy kitoblar orqali o‘zini, butun koinotni, jumladan, Yaratuvchini tanidi. Ammo nafsiga qul, lain shaytonga sherik bo‘lgan inson o‘zicha turli fikriy oqimlar, noqis falsafalar, suvratda farqlangan “izmlar” yaratdi.
Odam avlodlari har gal Allohning lutfi marhamati, fitratiy bir his ila bu yod tushunchalarni tafakkur va ko‘ngil tarozisida saralasa-da, ammo yo‘ldan adashtiruvchi ushbu qarashlar xalq hayoti va ushbu hayotning in’ikosi bo‘lgan san’atda bir ko‘lanka o‘laroq yashab qoldi. Shu bois adabiyotshunoslikda, xususan, insoniyat tarixi jamlangan qomus xalq og‘zaki ijodi tahlillarida ushbu jihatni faromush qilmaslik, juda ehtiyotkorlik zarur. Nafaqat mavzu va g‘oyalar, hatto obrazlar ham ma’lum maqsadning tamsili tarzda paydo bo‘lganligini yodda tutmoq lozim. Jabbor Eshonqul ham dev obrazi asoslari va badiiy talqinining ildizlarini atroflicha o‘rganadi. Xulosalarini asoslashda ko‘plab manbalarni ko‘zdan kechiradi. Mifologiyadan boshlangan asoslar islomiy qarashlar bilan yakunlanadi.
Xullas, olim folklordagi mavzu, g‘oya, badiiyat, obraz, ramz, timsollar faqat miflarga borib taqaladigan aksar ishlardan farqlanadigan bir tadqiqotni yuzaga keltiradi. Unda xalq og‘zaki ijodi ma’lum davrlarda qotib qolgan, aniq zamonlarga mansub emas, bil’aks barcha zamonlarni qamragan jonli san’at ekanligi urg‘ulanadi. Shuningdek, mumtoz adabiyot va xalq og‘zaki ijodi o‘rtasidagi ma’naviy bir rishta, tarbiyaviy bir maslak ham mushtarak tahlil etilgan. Kitobdagi “Yozma adabiyotdagi falsafiy qarashlar asosi, avvalo, xalq og‘zaki ijodida paydo bo‘lgan.
… Tasavvuf bizning mumtoz adabiyotda to‘satdan paydo bo‘lib qolmagan, aksincha, u xalq tafakkurida xalq og‘zaki ijodi orqali shakllangan va ma’lum falsafiy tus olgan. Xalqqa tasavvuf degan atama noma’lum bo‘lsa-da, o‘z mohiyati bilan unga yaqinlashib qolgan qarashlar turkiy afsonalarda ko‘p uchraydi” kabi qarashlar bugungi folklorshunoslik uchun davom ettirilishi kerak bo‘lgan dolzarb mavzulardan hisoblanadi. Mutafakkir shoir Alisher Navoiy asarlaridagi dev obraziga murojaat qilingan, xalq dostonlaridagi devlar bilan qiyoslangan o‘rinlar ham olimning salohiyatini belgilaydi. Har qanday tadqiqotning salmog‘i zamonasi uchun kerakli ahamiyati bilan belgilanadi. Olim o‘z davrining yo‘lboshchisidir. Har bir tadqiqot mamlakatning tinchligi, xalqning farovonligi, millatning tarbiyasiga xizmat qilishi kerak. Mana shu jihatlarni ham Jabbor Eshonqul xotirda tutgan holda yozadi: “Insoniyatning bir-biriga dushmanligi masalasi jahondagi barcha mutafakkirlar asarlarining tub mag‘zini tashkil etadi. Bu masala XX asr ruhshunoslarining bosh masalasiga aylandi. Inson ongi rivojlangan sari zo‘rlik ham o‘z qiyofsini o‘zgartirdi. Endi u oshkora emas, balki gumanistik g‘oyalar niqobida harakat qila boshladi. Til va dil o‘rtasidagi farq kuchaydi. Ibtidoiy odam bir narsani aytib, boshqa ish qilishni hech qachon tasavvur qila olgan emas. Bu uning, biz uni qanchalik qoloq demaylik, eng buyuk insoniyat mangu asrashi lozim bo‘lgan fazilati edi. Bizning asrimizga kelib zo‘rlik o‘zini eng ilg‘or, insonparvarlik g‘oyalari bilan yashirdi” . Bu kabi kitobxonni sergaklantiruvchi mulohazalar kitobda talaygina.
Jabbor Eshonquldagi fikriy jur’at, favqulodda mushohada, so‘zda to‘g‘rilik, o‘ziga mustahkam ishonch tadqiqotda yaqqol ko‘zga tashlanadi. U o‘zining har qanday xulosalarini bemalol o‘rtaga tashlay oladigan hayotdagidek erkin odam, ozod olim. Jabbor Eshonqul bilan suhbatdoshlik qancha maroqli bo‘lsa, shuncha qiyin ham. U kishining o‘z haqiqati uchun birovni ayamaydigan keskinligi, mavzuga xayolga kelmaydigan bir nuqtadan baho berishi obro‘sini bilgan musohibdan samimiyat va chuqur bilimni talab qiladi. Mana shu shaxsiyat kitob sahifalarida ham gavdalanadi. Natijada, o‘quvchi qat’iyatli bir muallif, oyog‘ini zamindan uzmagan fol’klorshunos bilan yuzlashadi. Ta’kidlash o‘rinliki, kitobdagi qiziqish bilan o‘qiladigan “Tush va timsol” bobi keyinchalik olim tomonidan katta tadqiqot qilinishi ham inson ruhining quvvatini ochib berishga xizmat qildi. Jabbor Eshonqul adabiyotdan ruhiyat manzaralarini izlaydigan va uni tahlil qiladigan ko‘ngil olimi. “Ruhiy tahlil metodi” haqidagi izlanishlari ham bejiz emas. Jabbor Eshonqul bugun olim yoshiga yetdi. Uning bilim tajribasi va boshliqlik qobiliyatiga ishongan holda umid qilamanki, endi folklor asarlarini Qur’oni karim va hadislar asosida o‘rganadigan yosh avlodni jamlab, katta loyihalar tuzadi, yangi yo‘nalishdagi folklorshunoslik maktabini yaratadi. Shundagina insoniyatning imtihon dunyosidagi yo‘lchilik iztirobini, turk xalqining ruh parvozini anglash mumkin bo‘ladi.
Jabbor Eshonqul men uchun ustoz maqomidadir. Xalqimizning Umr — oqar suv hikmati bejiz emasligini tan olishga majbur bo‘lamiz. Men aspiranturaga kirganimda, rahmatli ustozimiz To‘ra Mirzayev Jabborga uchrash, tanish. Savollaring bo‘lsa undan ham so‘rayver, maqolalaringni ko‘rsatib, maslahat ol, degandilar. Bunga ham 25 yil bo‘libdi. Biz unda faqat tadqiqotlarini o‘qigan, Nazar Eshonqulning ukasi, «Devlarni zanjirband qilgan» Jabbor Eshonqul degan bir ta’riflarni eshitgan olimni bilardik. Ustoz Ibrohim Haqqul ham olim va shaxs sifatida Jabbor akani o‘rnak qilardilar. Katta avlod ulug‘ ustozlar faoliyat yuritgan institutning izlar ko‘milmaydigan istiqboli, taqdirini Jabbor Eshonqulda ko‘rganlari ham sir emas. Bugun Jabbor Eshonqulov – biz ba’zilarini ta’rifini eshitgan, ba’zilarini ko‘rish baxtiga musharraf bo‘lgan katta avloddan, umuman, olimlardan meros tuyg‘ularga sohib kamyob olimlardan. Hali hanuz olimlikda, odamiylikda savollarimizga javob so‘raymiz, ibrat olamiz. Jabbor aka hamisha yordamga yelka tuta oladigan, doston qahramonlaridagi himmat, mardlikni singdirgan alp zamondosh. Olimlik ulug‘ sharafdir. Piri Turkiston Ahmad Yassaviy bu sharafni shunday bayon qilgan edi:
Bihisht, do‘zax taloshur, taloshmoqda bayon bor,
Do‘zax aytur: “Man ortuq – manda Fir’avn, Homon bor”.
Bihisht aytur: “Na dersan, so‘zni bilmay aytursan,
Sanda Fir’avn bo‘lsa, manda Yusufi Kan’on bor”.
…Bihisht aytur: “Man ortuq – olim qullar manda bor,
Olimlarning ko‘nglida oyat, hadis, Qur’on bor”.
Ustoz! Olimlik sharafi Sizga muborak bo‘lsin, Parvardigor umringizni uzun va xayrli qilsin. Barchamizga Bihisht maqtanadigan olim nomiga loyiq bo‘lish nasib etsin!