Shinichiro Nakamura. Qo’rg’onga yo’l

090Япон адибининг бу ҳикоясини илк бор 1987 йилда ўқиган эдим. Ўқиб тугатган онимдан то шу кунгача уни ҳар замон соғиниб-соғиниб ўқийман. Ҳикояни ўзбекчага ўгирган Жаббор Эшонқулдан миннатдорман…

ШИНИЧИРО НАКАМУРА
ҚЎРҒОНГА ЙЎЛ
Жаббор Эшонқул таржимаси


 318 Шиничиро Накамура ( японча 中村真一郎, 1918 — 1997 ) — япон ёзувчиси, адабиётшуноси, француз ва классик япон адабиёти тадқиқотчиси. Урушдан кейинги биринчи авлод ёзувчиларининг кўзга кўринган вакили. Шаклнинг дадиллиги ва чуқур психологизми билан ажралиб турадиган асарларида у классик япон анъаналарини Европа адабий модернизми (Пруст ва бошқалар) билан синтез қилишга ҳаракат қилди.


– Ойижон, қаёққа боряпмиз? – сўради қизча онасига чўчинқираб қараб.

– Отанг бошлаб боряпти бизни, – жавоб берди онаси.

– Ота биз қаёққа боряпмиз? – сўради қизча отасидан.

– Бир яхши жойга. Ҳали сен тушунмайсан, – узуқ-юлуқ жавоб қилди отаси қизчанинг қўлидан ушлаб олдинга бошларкан.

– Айта қолинг, қаёққа?! – тинчимади қизча.

– Жуда ажойиб жойга, – деди онаси қайсар қизини тинчлантириш ва эрининг жаҳлини чиқармаслик учун юмшоқ оҳангда. Қизча иккала қўлидан ушлаганча гавжум кўчадан етаклаб бораётган ота-онасига ортиқча қаршилик қилмай қўйди. Уни ҳеч қачон бунчалик кеч уйдан етаклаб чиқишмаганди. Булар ҳаммаси қизча учун янгилик эди ва ота-онаси етовида расталари ойдин қилиб ёритилган дўконларни томоша қилганча кетиб борар, мабодо, бирор йўловчи ёруғликни тўсиб қўйса, у расталардаги манзарага бўйнини чўзиб қарарди. Орадан сал ўтиб у яна гапира кетди.

– Ойижон, қорним очди.

Отаси қизчага зарда аралаш қараб қўйди. “Қизни жуда талтайтириб юбординг, ўзини ҳеч тутолмаяпти”, деган тўнғиллашни эшитгач, “бироз чидаб тур”, деди онаси аччиқлангандек. Қизча отасининг норози бўлаётганини сезиб, онасига ачиниб кетди. У юзини маъюс бужмайтириб онасига қаради, онаси эса ҳозир қизча очликдан йиғлаб юборади, деб ўйлади.

– Болани овқатлантириш керак, жуда очқаб кетди, бечора, – деди аёл эрига журъатсизгина кўз ташлаб.

– Бўпти. Ана, бўғирсоқ дўкони, бирон нима олиб бера қол,– отаси йўл четида тўхтади ва жимгина қўшиб қўйди: – Ҳа, айтгандай, сўраб кўр-чи, балки улар Қўрғон йўлини билар?

У шундай дея қизчага маънодор кўз ташлади, чунки у қизим “қўрғон” сўзини эшитиб қолди, деб қўрққанди. Қизча қандайдир қўрғонга кетишаётганини англади, бироқ ота-онасининг гапини эшитмаганга олиб, ўзини кўчани берилиб томоша қилаётгандек тутди.

Улар уч киши бўлиб бўғирсоқ дўконига киришди. Онаси бўғирсоқ танлаётганида отаси паст овозда сотувчи аёлдан нимадир сўради. Қизча отасининг лаблари «Қўрғон» сўзини талаффуз қилганини сезди.

– Бу қизнинг қўғирчоқдек ясаниб олганини қаранг, – эркалади сотувчи аёл. – Нечага кирдинг, дўндиқча?

– Бешга, – деди қизча ва унинг эркалашига эътибор ҳам бермай, онасининг ёнига бориб турди.

Ташқарига чиқишди.

– Оз-моз ойдинлашди, – деди отаси йўлакнинг ўртасида тўхтаб, – ҳозир тўғрига юриш керак, йўлчироқдан сўнг чапга буриламиз.

– Шошилмасак бўлмайди, қоронғи тушиб қолди.

– Қаёққа шошардик, буёғи бир қадам, – деди отаси одатдагидай инжиқ товушда.

– Ойи, сув ичгим келяпти, – деди қизча.

– Муйилишда хиёбон бор, фаввораси ҳам бўлса керак, ўша ерда ичасан, – онаси ўрнига жавоб берди отаси. Улар унча катта бўлмаган хиёбонга кириб, узун курсилардан бирига ўтирдилар. Қизчанинг ҳеч нима егиси келмади, аммо онасини ташвишга солмаслик учун бўғирсоқни шошиб чайнай бошлади.

– Тез чайнама, одобли қизлар бундай қилмайди, – жеркиб берди уни отаси, лекин айни пайтда унинг хаёли мутлақо бошқа ёқда эди.

– Болани ўзимиз билан олиб бекор қилибмиз чоғи, – деди онаси ҳорғин овозда.
– Сенга уни бувиси биан қолдирайлик, деб айтгандим, – аччиғланиб деди отаси. Бироз жим тургач, паст овозда қўшиб қўйди:

– Ўзинг қара, кеч тушди. Чироқлар ёна бошлади.
– Агар у жойни бугун тополмасак, нима қиламиз? – сўради онаси.

– Тун бўйи излаб чиқамиз, – деди қатъий қилиб отаси.
– Бола билан-а?

Онасининг ўзи ҳақида ўйлаётганини эшитган қизча яна хархаша қилди:

– Ойижон, мен чарчадим.
– У эрталаб олтидан бери тик оёқда. Уйқу элитяпти.

Онаси қизини тиззасига ўтқизиб, қучоқлаб олди. Қизча кўзларини юмди. Тунги чироқлардан таралаётган шуълалар қизил, оқ, яшил рангда киприкларида жилва қиларди.

– Билмадим, биз нега уйни ташлаб чиқдик, – шивирлади ўзича онаси.
– Жин урсин ўша уйни. Биз энди унга қайтмаймиз, – жеркиб ташлади отаси.

– Менинг тўқиш асбобларим меҳмонхонада ўша ҳолича қолиб кетди, – эрининг гапини эшитмагандай давом этди онаси.

– Ийе, бу нима? Буни қара, чўнтагимда эшикнинг калити келибди. Чўнтагим лаш-луш солинган ахлат ўрасига ўхшаб қолибди. Бу нарсалар билан биз ҳеч қачон Қўрғонни тополмаймиз.

Калит фавворага шалоплаб тушди. Қиз сувсагани ёдидан кўтарилганини эслади. Бироқ кўзини очиши мумкин эмас, ота-онасининг гапини бўлиб қўйиши мумкин. У яна ўзини ухлаганга солди. Кўзларини юмиб ётдида, охири ростакамига ухлаб қолди.

Қиз кўзларини очганда оқиш нурга чулғанган хонада ётарди.

– Қўрғон шуми? – сўради у.

– Нима-а? – тутақиб кетди отаси. – Катталарнинг гапига қулоқ солишга қандай ҳаддинг сиғди?

– Ахир у ёш бола эмас-ку. – Қизчанинг ёнини олди онаси, – яхшиси ҳаммасини унга очиқ айтиш керак.

– Қани, тур ўрнингдан. Ойинг сени кийинтирсин. Отаси хонанинг бурчида жойлашган ювиниш жойига бориб соқолини ола бошлади. Онаси уни оёққа турғазиб, кийимининг тугмаларини қадаркан, тушунтирди:

– Бу ҳали Қўрғон эмас. Қўрғонни энди излаймиз. Қизча хурсанд эди, унга ўзининг яхши кўрган кийимларини кийгизишди, устига-устак, ота-онасининг қўлидан ушлаб сайр қилиш қандай яхши.

Улар қўрғонни узоқроқ излашса янаям кўнгилдагидай бўларди.

Тушдан сўнг улар изма-из ўтаётган юк ташувчи машиналарнинг шовқинига тўлган катта йўлга чиқдилар. Бу атрофда йўловчилар деярли кўринмасди.

– Жонгинам, ахир бу ер шаҳар чеккаси-ку, – деди хавотирланиб онаси.
– Тўғри. Қўрғон шаҳарнинг ўртасида жойлашган, деб айтишганди.

– Кеча бўғирсоқфуруш сенга чапга буриласизлар, деб айтмаганмиди?
– Ҳа, шундай деганди. Балки биз у айтган йўлчироқдан ўтиб кетгандирмиз?

Отаси ташвишли қиёфада қўлларини кўкрагига чалиштирганча узоқ ўйлади. Қизча, ўзининг қизил бошмоғига қаради ва бирдан йиғлагиси келди – бошмоқлари қуюқ чангга беланганди.

– Ҳа, адашибмиз. Орқага қайтамиз, – қарор қилди отаси ва ортга бурилди.

Қизчанинг қўлидан ушлаганча онаси эрининг изидан эргашди. Отаси зарда билан тез-тез юриб борар, ўзича нимадир деб тўнғилларди. Онаси ҳам қаттиқ ўйга чўмган, шу билан бирга орқада қолмасликка ҳаракат қиларди. Қизча анча жойгача унинг қистовига бўйсуниб, деярли югуриб борди, сўнг бирдан тўхтаб, баланд товушда:

– Бошқа юришни истамайман, – деди.
– Бу ёққа қара! – Онаси отасини ёрдамга чақирди. Отаси тўхтаб, изига бурилди:
– Нима дейсан?

Унинг овози одатига хилоф равишда сокин ва қуруқ эди: бу товуш қизчага ёқмади…
“Ундан кўра уришиб бергани яхши эди”, деб ўйлади қизча.

– Кўтариб ол! – буюрди отаси: онаси қизчани қўлига кўтарганча эрининг изидан югурди. Улар бир-бирига бир оғиз ҳам гапирмай, анча жойгача ёнма-ён боришди. Аёл орқада қолиб кетар, шунда эркак қизчани ўз елкасига оларди.

– “Қўрғон уфқнинг қизғиш нурларига кўмилиб ётади”, деб айтишганди. Чамаси, ғарбга қараб юришга тўғри келади, – деди эркак нохуш жимликни бузиб ва кўчалардан бирига бурилди. Қизчанинг кўз олдида ловуллаб ёнаётган улкан шар пайдо бўлди ва ундан таралаётган ёғдуга дош беролмай кўзларини қисиб олди. Кейин отасининг елкасида ўтирганча уйқуга кетди, кўзларини очганда эса онасининг қучоғида кетар, кеч кириб қолганди. Отаси қулфланган эшикка олиб борадиган тош зинага беҳол чўкди.

– Яна омадсизлик, – у олдида тик турган аёлга мунгли қаради. – Тўғри йўлдан кетяпмиз, деб шунчалар ишонган эдим. Яна боши берк кўчага кириб қолдик.

– Ҳечқиси йўқ, – аёл эрига тасалли берди. – Биз барибир Қўрғонни топамиз, бизнинг, ахир, ундан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку!

– Сени ҳам қийнаб юбордим, – тўнғиллади эркак.

– Қўй, буни ўйлама. Ке, яхшиси ҳаммасини бир бошдан ўйлаб кўрамиз. Биз ҳаддан ташқари ишонувчан бўлган эканмиз.

Эркак секин ўрнидан турди ва йўлакка қараб тупурди.

– Бизнинг харитамиз йўқ, – деди у худди товуш чиқариб мулоҳаза қилаётгандай. – Барибир Қўрғон харитада ҳам кўрсатилмаган бўлса керак.

– Бироқ бизда ният бор! Чинакам киришсанг, ҳар қандай истак, бутун умринг сарф бўлса ҳам, албатта, амалга ошади, – эрига таскин беришда давом этди аёл.

– Тўғри. Тўғри-ю…
– Эслаб кўр, оила қуришга аҳд қилганимизда ҳам худди шундай бўлганди…

Шунда қизча ҳам суҳбатга қўшилди:

– Оила қурмасларингдан олдин ҳам дадам ва ойим эдингизларми?

Эр-хотин қизчага қараб кулиб юборишди:

– Биз унда бола эдик, – деди отаси.
– Унда мен ким эдим? – яна сўради қизча.

– Сен ҳали туғилмагандинг.
– Туғилмасдан олдин ким эдим?

Отаси нима деб жавоб беришни билмай, онасига қаради.

Шу пайт кичкина эшик очилиб, қўлида чироқ тутган ёшгина эркак пайдо бўлди. У отасининг олдига келиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Онаси ҳавотир аралаш қизчани қучоғига тортди.

Отасининг юзи ёришиб кетди, номаълум киши билан бўлаётган суҳбат қизғин тус олди. Сўнг отаси ички чўнтагидан қалин конверт олиб, ичидан бир тахлам қоғоз чиқарди-да, йигитга узатди. У чироқни кўтариб, қоғозни санай бошлади, отаси эса онаси ёнига келиб, қувноқ товушда деди:

– Бу одам бизни Қўрғонга бошлаб боради.

– Ростданми?– ишонқирамай сўради онаси ва ёш йигитга хавотирли кўзларини тикди; ёш йигит аёлга ўгирилиб жилмайди.

– Ҳеч хавотир олманг, хоним. Мен у ерга сизга ўхшаган кўплаб кишиларни бошлаб борганман. Мендан ҳали миннатдор ҳам бўласиз. Бу нарсаларни пул учун қилаётганим йўқ.
Йигит уларни эргаштириб жўнади. Улар тор, кимсасиз кўчаларни узоқ ораладилар, қоронғи жойларда йўл бошловчи қўл чироғини ёқарди.

– У ерга йилнинг айни шу пайти ташриф буюриш керак. Ҳозир энг қулай фасл, жой ҳам етарлича топилади. Қўрғон ҳақида жуда кам одам билади, реклама билан шуғулланишмайди. Мендай йўл бошловчисиз сизларга жуда қийин бўларди…

Йўл бўйи йигитнинг жағи тинмади, унинг қувноқ, қатъиятли товушидан аёл бироз хотиржам тортди.

– Кўринишим бир ҳолатда, жуда ноқулай-ку менга, – деди аёл йўл бошловчига.

– Ҳечқиси йўқ. У ерда ҳеч ким кийимга эътибор бермайди. Кейин эса сизларни худди яқин кишиларимдай таништираман. Мен у ердаги ҳаммани танийман, ўйлайманки, бу сизларга жуда қўл келади. Мен каби йўлбошчи бўлмаганида сизлар бу йўлни ҳеч қачон топа олмасдиларинг, – мақтанарди йигит. – Мана, деярли етиб келдик. Мени шу ерда кутиб туринглар. Мен бориб, хабарлашиб келаман, – деди йўлбошловчи шивирлаб. Улар қандайдир тепаликнинг олдида туришарди. Тепаликнинг юқори қисмини қоп-қора зулмат қоплаганди. Қизча ва ота-онаси тепаликка кўтарилаётган йўлбошловчига зимдан қараб турардилар. Анча юргач, йўлбошловчи бирдан тўхтаб, пастга тушиб кела бошлади. – Бундай қилсак, яхшиси мен сизларга ўзимнинг қўлчироғимни қолдирсам. Юқорида чироқ ёнса, бу сизларга ишора бўлади, ўзларингиз чиқаверасизлар. Мен сизларни ўша ерда кутиб тураман. Ўзим чироқсиз ҳам кўтарилсам бўлади, йўл таниш. – йигитча қичқирганча тушиб келарди. Эркак унинг олдига бориб, қўлидан чироқчани олди.

Сўнг зулмат қўйнида узоқ кутишга тўғри келди. Қулоқларининг остида жаранглаб турган йўлбошчиларининг жавраши ва ўзларига бўлган ишончлари зулмат қўйнида сўниб, ўрнини нохуш туйғулар эгаллай бошлади.

– Ҳаммаси жойидамикин? – сўради қўрқа-писа аёл.

– Билмадим… Яна бироз кутайлик-чи, – жавоб берди эркак тун зулматига маъюс нигоҳ ташлаб. – Мен унга пулимнинг ярмидан кўпини бериб юборгандим.

– О, худойим, – алам билан инграб юборди аёл. Бурнини кавлаб ўтирган қизча аёлнинг ингроғидан чўчиб йиғлаб юборди.

– Болани қўрқитиб юбординг! – ўшқирди отаси жаҳли чиқиб. Онаси қизчани қучоғига тортди.

Улар чироқ ёруғида тепаликка кўтарила бошлашди узоқ ўтирганларидан ва кўнгилларида пайдо бўлган нохушликдан оёқлари худди латтадай бўшашиб қолган, ўрлик эса ҳеч тугай демасди. Онасининг иссиқ елкасида кетаётган қизчанинг кўзлари юмилиб-юмилиб кетарди.

Икки кунлик таассуротлар ва ҳаяжон шунчалик чарчатиб қўйгандики, у ҳатто ўз танасини ҳам ҳис қилмасди.

– Азизим, ниҳоят чиқдик-а, – шивирлади аёл ҳорғин. Унинг оёғи остида текис йўл тўшалиб ётар, тик сўқмоқ тугаганди.

– Шундайга ўхшайди, – тасдиқлади паст товушда отаси, унинг овози худди тун зулматига сингиб кетгандек туюлди.

– Чироғинг билан атрофини ёритиб кўр-чи, – яна ҳолсиз шивирлади онаси.
– Ҳозир.

Отаси қоронғуликни чироқ нурлари билан тилимлаб чиқди. Ён-берларида ҳеч нарса кўзга ташланмасди.

– Қандайдир дала, шекилли.
– Ҳа. Дала.

Бинога ўхшайдиган нарсанинг қораси ҳам кўринмасди. Кўзлари илғамаётган бўлиши мумкин эмас, чунки оёқлари тагида олис-олисларга чўзилиб кетган йўл аниқ кўриниб турарди.

– Наҳотки, у бизни алдаган бўлса? – сўради онаси, овози умидсизликдан қалтираб кетди.

Улар оёқларини зўрға босганларича далани кесиб ўтишди. Бу худди тушга ўхшарди. Оёқларини қанчалик кўтариб босишмасин, жойларидан силжимасди. Гоҳида отаси чироқ билан атрофни ёритар, бироқ ундан чиқаётган ёруғликни зулмат ютиб юборарди. Ниҳоят, у тилга кирди:

– Юриш фойдасиз, эрталабгача бирон ерда тунамасак бўлмайди.

Улар далада тунаш учун шундоқ йўл ёқасига чўкишди. Совуқ суякни қақшатар, фақат онасининг қучоғига ёпишиб ухлаб қолган қизчагина буни сезмасди. Аёл ва эркак паст овозда узоқ суҳбатлашиб ётдилар. Қизча уйқу аралаш бир марта ёнбошига ағдарилганда онаси унинг юзини ўзининг сочлари билан ёпди. Шунда қизча отасининг шивирлаб айтаётган гапини эшитди:

– Сенга мен билан жуда оғир. Сенсиз мен адо бўлардим…

Орадан анча вақт ўтди, юзига ёруғлик тушиб, қизча бирдан уйғониб кетди. У кенг далани қоплаб олган майса ичида ётар, тепасида эса отаси унга тикилиб турарди.

– Ойим қани?

Отаси меҳр билан қизчани қучоқлади ва паст овозда деди:

– Қани бўл, кетдик.
– Ойим-чи?

Отаси индамай бошини чайқади, қизча шунда энди онаси ҳақида сўраш мумкин эмаслигини англади. Унга отаси бир кечада мункайиб, қариб қолгандек туюлди. Демак, менга икки киши учун ҳам қувонишга тўғри келади, қарор қилди қизча.

Шу куни йўлда кетишаркан, отаси унга кўп нарсалар ҳақида гапириб берди. Бош мақсад қандай бўлмасин Қўрғонни излаб топиш, бу жуда муҳим, бироқ шу мақсадга олиб борадиган йўлни топиш ундан ҳам муҳимроқ. Қизча отаси ўзига худди ғойиб бўлган онасига қилаётгандай муносабатда бўлаётганини сезди. Яна унга ўзи ҳам аввалгига қараганда анча каттариб қолгандай туйилди. У онаси ҳақида бошқа сўрамади, у бу дунёда гапирилмайдиган нарсалар ҳам борлигини тушунганди.

– Отажон, бу ўша кўча-ку! – хитоб қилди қизча отасининг қўлидан силтаб тортар экан. Отаси ён-верига кўз югуртирди:

– Шундайми? Негадир эслай омаяпман.

Қизча отасининг хотираси заифлашганидан унинг қанчалар кексайиб қолганини сезди. Ва отасига тасалли бериш учун баланд товушда гапира бошлади.

– Ана, сен йўлни сўраган ўша бўғирсоқ дўкони, эслаяпсанми?
– Бўғирсоқ дўкони? – такрорлади отаси.

– Ўша, ана қарагин. – Қизча қўли билан ишора қилди. Дўкон ойнасидан қизча ўзини “қўғирчоқ қизча” деб мақтаган сотувчи аёлни кўриб қолди.

– Ассалому-алайкум, холажон, – қичқирди у дўконга кирар экан.
– Ассалому-алайкум, – жавоб берди сотувчи.

– Эсингиздами, биз сиздан бўғирсоқ сотиб олган эдик? – сўради қизча.
– Ростданми? Бу қачон бўлганди? – ажабланди аёл.

– Эсингизда йўқми? Мен мана бу ерда онам билан ёнма-ён тургандим, – тушунтира бошлади қизча.

– Э-ҳа, сен ўша қизчамисан? – ҳайратга тушди аёл. – Катта қиз бўлиб қолибсан! Ўшанда сенинг ёшинг… бешда эди, шекилли? Онанг қани?!

Қизча нима деб жавоб беришини билмай, отасига қаради, отаси индамай унинг қўлидан ушлаганча кўчага етаклади. У ўзининг эшик ойнасидаги аксига чўчиб кўз ташлади ва кўзгудан ўзига ўн ёшлардаги қизча термулиб турганини кўрди. “Ажабланадиган жойи йўқ, – ўйланди, у, – ахир отам ҳам анча кексайиб қолган”. Шунингдек, онаси ҳақидаги хотира ҳам уни энди қийнамас, секин-секин узоқлашиб кетаётган эди. У отаси билан кўча бўйлаб юриб кетди, энди ким-кимнинг – эркак қизалоқнингми ёки қизалоқ эркакнингми қўлидан етаклаб бораётганини аниқлаб бўлмасди.

Орадан яна – балки бир неча соатдир, балки бир неча йилдир – анча вақт ўтди. Қизча ва отаси омборга ўхшаш бинонинг улкан эшиги олдида тўхтадилар.

– Мана, ниҳоят Қўрғонимизга ҳам етиб келдик, – деди отаси. – Онанг кўрганда қанчалар хурсанд бўларди. Афсуски, жуда кеч топдик.

Қизалоқ, – йўқ, балоғатга етган қиз – кўкрагини тўлдириб нафас олди ва отасининг гапига эътироз билдирди:

– Ҳаётда ҳеч нарса кечикиб келмайди, отажон. Афсус қилма.

– Ҳа, тўғри, – жавоб берди отаси. – мени шу ерда кутиб тур. Ичкарини кўриб чиқаман.

– Отажон, кел, ёқангни тўғрилаб қўяй.

Қиз отасининг кийимларини диққат билан тартибга солди, у ер-бу ерини тўғрилади, силаб-сийпади, отаси эса деворида биронта ҳам дарча бўлмаган бинога маймоқланиб кириб кетди.

У бинога кириб кетгунча қиз изидан қараб турди, сўнг юзини кўчаа буриб, ён-атрофни томоша қила бошлади. Йўлакда болалар йўлга тош отиб ўйнар, дарахт сояларида ошиқ-маъшуқлар шивирлашиб ўтирар, нарироқда, дарё бўйида эса балиқ овловчилар қармоққа ти қилиб ўтиришарди.

– Эй, сен, бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деган овоз келди изидан. Қиз бурилиб йўлакда ўзига жилмайиб қараб турган миқти жуссали, юзидан навқиронлик ёғилаётган ўсмирни кўрди. У бирдан хижолат чека бошлади, ўсмирнинг кўзлари тиниқ ва ўткир, гўё бу кўзлар худди кўнглини кўриб тургандай эди.

– Мен отамни кутяпман.
– У қаерда?

Бинонинг деворига суянганча улар суҳбатлаша бошладилар. Ўсмир овозининг борича хахолаб юборди.

– Қўрғон? Ол-а! Жуда кулгили. Дунёда ҳеч қандай Қўрғон йўқ.

– Сен отамни ҳақорат қиляпсан! – хитоб қилди қиз ва бирдан кўзларига ёш қалқди. Унга бу ўсмир шунчалар ёқиб қолгандики, энди эса у кўзига балодай кўринарди. Қизнинг кўзидаги ёшни кўриб, йигит дарров жиддийлашди:

– Илтимос, мени кечир. Ҳақорат қилишни ўйлаганим ҳам йўқ. Фақат шундай ёш бўла туриб, бошингни бўлмағур хомхаёллар билан оғритма демоқчи эдим.

– Отам бу Қўрғонни умр бўйи ахтариб ўтди. Биз уни шунчалар кўп изладикки, шунчалар изладикки…

– Бу отангнинг ҳаёти. Сен эса бошқача, ўзинг хоҳлагандай яшаш ҳуқуқига эгасан. Юр, яхшиси яхтада саёҳат қиламиз. Биз ёшлар учун денгиздан қизиқроқ нарса бўлиши мумкинми?

Қиз кўз ёшларини артиб, эътироз билдиргандай бош чайқади.

– Йўқ, отамни ёлғиз ташлаб кетолмайман.

Шундай деди-ю, тамом, энди ўсмирни бошқа ҳеч қачон кўрмайман, деб ўйлади ва юрагини қандайдир оғриқ зирқиратиб юборди. Ўсмир эса бирдан унинг қўлини қаттиқ қисиб, дўстона оҳангда таклиф қилди:

– Унда бундай қиламиз. Сен ичкарига кириб, отангни излаб кўр. Бу ерда тургандан кўра шундай қилганинг маъқул. Мен сени кутиб тураман.

Қиз бирдан енгил тортди. Унинг ёшга беланган юзи йигитга миннатдорона табассум ҳадя қилди ва ўзи ҳам йигитнинг қўлини қаттиқ қисди-да, бинонинг эшигидан югурганча кириб кетди.

Ичкари тим қоронғу эди. Кираверишда, ён тарафдаги устунда “Рўйхатга олиш” деб ёзилан лавҳа турарди, бироқ у ерда ҳеч ким йўқ эди. Юқорига зина орқали кўтариларди, қиз ёрилиб кетган тўсиққа суянганча эски ёғоч зинадан чиқа бошлади. Зина деворга тақалиб турар, шу ердан янги зина бошланарди: ундан кейин яна девор, яна нафас ротлаш жойи… Қиз шошиб юқорига кўтарилди. У ҳар қадам ташлаганда ташқарида ўзини кутиб турган йигитдан яна ҳам кўпроқ узоқлашаётганини ҳис қилади. Салдан кейин унга умуман ҳеч қандай ташқари мавжуд эмасдай туюла бошлади. Фақат мана шу туганмас зина бор, бошқа ҳеч нарса йўқ. Ниҳоят, қиз қандайдир эшикнинг рўпарасидан чиқиб қолди. У қўли билан эшикнинг сиртқи қисмини пайпаслаб кўрди, сўнг унга юзини қўйиб, қулоқ сола бошлади.
Унга ичкаридан одам товуши, тўғрироғи, фақат отасининг товуши эшитилаётгандек туюлди. Бу товуш шунчалар таниш эдики, кимгадир у ўзининг қизи ҳақида соатлаб гапириши мумкинлиги товушидан сезилиб турарди.

Қиз жилмайиб қўйди ва табақани итарди.

– Отажон, – чақирди у ва табақани кучлироқ итарди-да, остонадан ҳатлашга ҳозирланди, бироқ эшик очилиб сал бўлмаса йиқилиб тушаёзди – эпчиллик билан дастакдан ушлаб қолишга улгурди.

Эшик орқасида хона ҳам девор ҳам, осмон ҳам – ҳеч нарса йўқ эди. Бўшлиқ бор эди фақат. Қиз бўшлиққа кўз ташлади. Бўшлиқни ҳатто кўриб ҳам бўлмайди, деган фикр келди бирдан хаёлига. Ва агар ҳозир изига бурилса, ўзини бу ерга бошлаб келган зинани ҳам кўрмаслигига унинг ишончи комил эди.

099

Yapon adibining bu hikoyasini ilk bor 1987 yilda o‘qigan edim. O‘qib tugatgan onimdan to shu kungacha uni har zamon sog‘inib-sog‘inib o‘qiyman. Hikoyani o‘zbekchaga o‘girgan Jabbor Eshonquldan minnatdorman…

SHINICHIRO NAKAMURA
QO‘RG‘ONGA YO‘L
Jabbor Eshonqul tarjimasi


    Shinichiro Nakamura ( yaponcha 中村真一郎, 1918 — 1997 ) — yapon yozuvchisi, adabiyotshunosi, fransuz va klassik yapon adabiyoti tadqiqotchisi. Urushdan keyingi birinchi avlod yozuvchilarining ko‘zga ko‘ringan vakili. Shaklning dadilligi va chuqur psixologizmi bilan ajralib turadigan asarlarida u klassik yapon an’analarini Yevropa adabiy modernizmi (Prust va boshqalar) bilan sintez qilishga harakat qildi.


– Oyijon, qayoqqa boryapmiz? – so‘radi qizcha onasiga cho‘chinqirab qarab.

– Otang boshlab boryapti bizni, – javob berdi onasi.

– Ota biz qayoqqa boryapmiz? – so‘radi qizcha otasidan.

– Bir yaxshi joyga. Hali sen tushunmaysan, – uzuq-yuluq javob qildi otasi qizchaning qo‘lidan ushlab oldinga boshlarkan.

– Ayta qoling, qayoqqa?! – tinchimadi qizcha.

– Juda ajoyib joyga, – dedi onasi qaysar qizini tinchlantirish va erining jahlini chiqarmaslik uchun yumshoq ohangda. Qizcha ikkala qo‘lidan ushlagancha gavjum ko‘chadan yetaklab borayotgan ota-onasiga ortiqcha qarshilik qilmay qo‘ydi. Uni hech qachon bunchalik kech uydan yetaklab chiqishmagandi. Bular hammasi qizcha uchun yangilik edi va ota-onasi yetovida rastalari oydin qilib yoritilgan do‘konlarni tomosha qilgancha ketib borar, mabodo, biror yo‘lovchi yorug‘likni to‘sib qo‘ysa, u rastalardagi manzaraga bo‘ynini cho‘zib qarardi. Oradan sal o‘tib u yana gapira ketdi.

– Oyijon, qornim ochdi.

Otasi qizchaga zarda aralash qarab qo‘ydi. “Qizni juda taltaytirib yubording, o‘zini hech tutolmayapti”, degan to‘ng‘illashni eshitgach, “biroz chidab tur”, dedi onasi achchiqlangandek. Qizcha otasining norozi bo‘layotganini sezib, onasiga achinib ketdi. U yuzini ma’yus bujmaytirib onasiga qaradi, onasi esa hozir qizcha ochlikdan yig‘lab yuboradi, deb o‘yladi.

– Bolani ovqatlantirish kerak, juda ochqab ketdi, bechora, – dedi ayol eriga jur’atsizgina ko‘z tashlab.

– Bo‘pti. Ana, bo‘g‘irsoq do‘koni, biron nima olib bera qol,– otasi yo‘l chetida to‘xtadi va jimgina qo‘shib qo‘ydi: – Ha, aytganday, so‘rab ko‘r-chi, balki ular Qo‘rg‘on yo‘lini bilar?

U shunday deya qizchaga ma’nodor ko‘z tashladi, chunki u qizim “qo‘rg‘on” so‘zini eshitib qoldi, deb qo‘rqqandi. Qizcha qandaydir qo‘rg‘onga ketishayotganini angladi, biroq ota-onasining gapini eshitmaganga olib, o‘zini ko‘chani berilib tomosha qilayotgandek tutdi.

Ular uch kishi bo‘lib bo‘g‘irsoq do‘koniga kirishdi. Onasi bo‘g‘irsoq tanlayotganida otasi past ovozda sotuvchi ayoldan nimadir so‘radi. Qizcha otasining lablari «Qo‘rg‘on» so‘zini talaffuz qilganini sezdi.

– Bu qizning qo‘g‘irchoqdek yasanib olganini qarang, – erkaladi sotuvchi ayol. – Nechaga kirding, do‘ndiqcha?

– Beshga, – dedi qizcha va uning erkalashiga e’tibor ham bermay, onasining yoniga borib turdi.

Tashqariga chiqishdi.

– Oz-moz oydinlashdi, – dedi otasi yo‘lakning o‘rtasida to‘xtab, – hozir to‘g‘riga yurish kerak, yo‘lchiroqdan so‘ng chapga burilamiz.

– Shoshilmasak bo‘lmaydi, qorong‘i tushib qoldi.

– Qayoqqa shoshardik, buyog‘i bir qadam, – dedi otasi odatdagiday injiq tovushda.

– Oyi, suv ichgim kelyapti, – dedi qizcha.

– Muyilishda xiyobon bor, favvorasi ham bo‘lsa kerak, o‘sha yerda ichasan, – onasi o‘rniga javob berdi otasi. Ular uncha katta bo‘lmagan xiyobonga kirib, uzun kursilardan biriga o‘tirdilar. Qizchaning hech nima yegisi kelmadi, ammo onasini tashvishga solmaslik uchun bo‘g‘irsoqni shoshib chaynay boshladi.

– Tez chaynama, odobli qizlar bunday qilmaydi, – jerkib berdi uni otasi, lekin ayni paytda uning xayoli mutlaqo boshqa yoqda edi.

– Bolani o‘zimiz bilan olib bekor qilibmiz chog‘i, – dedi onasi horg‘in ovozda.
– Senga uni buvisi bian qoldiraylik, deb aytgandim, – achchig‘lanib dedi otasi. Biroz jim turgach, past ovozda qo‘shib qo‘ydi:

– O‘zing qara, kech tushdi. Chiroqlar yona boshladi.
– Agar u joyni bugun topolmasak, nima qilamiz? – so‘radi onasi.

– Tun bo‘yi izlab chiqamiz, – dedi qat’iy qilib otasi.
– Bola bilan-a?

Onasining o‘zi haqida o‘ylayotganini eshitgan qizcha yana xarxasha qildi:

– Oyijon, men charchadim.
– U ertalab oltidan beri tik oyoqda. Uyqu elityapti.

Onasi qizini tizzasiga o‘tqizib, quchoqlab oldi. Qizcha ko‘zlarini yumdi. Tungi chiroqlardan taralayotgan shu’lalar qizil, oq, yashil rangda kipriklarida jilva qilardi.

– Bilmadim, biz nega uyni tashlab chiqdik, – shivirladi o‘zicha onasi.
– Jin ursin o‘sha uyni. Biz endi unga qaytmaymiz, – jerkib tashladi otasi.

– Mening to‘qish asboblarim mehmonxonada o‘sha holicha qolib ketdi, – erining gapini eshitmaganday davom etdi onasi.

– Iye, bu nima? Buni qara, cho‘ntagimda eshikning kaliti kelibdi. Cho‘ntagim lash-lush solingan axlat o‘rasiga o‘xshab qolibdi. Bu narsalar bilan biz hech qachon Qo‘rg‘onni topolmaymiz.

Kalit favvoraga shaloplab tushdi. Qiz suvsagani yodidan ko‘tarilganini esladi. Biroq ko‘zini ochishi mumkin emas, ota-onasining gapini bo‘lib qo‘yishi mumkin. U yana o‘zini uxlaganga soldi. Ko‘zlarini yumib yotdida, oxiri rostakamiga uxlab qoldi.

Qiz ko‘zlarini ochganda oqish nurga chulg‘angan xonada yotardi.

– Qo‘rg‘on shumi? – so‘radi u.

– Nima-a? – tutaqib ketdi otasi. – Kattalarning gapiga quloq solishga qanday hadding sig‘di?

– Axir u yosh bola emas-ku. – Qizchaning yonini oldi onasi, – yaxshisi hammasini unga ochiq aytish kerak.

– Qani, tur o‘rningdan. Oying seni kiyintirsin. Otasi xonaning burchida joylashgan yuvinish joyiga borib soqolini ola boshladi. Onasi uni oyoqqa turg‘azib, kiyimining tugmalarini qadarkan, tushuntirdi:

– Bu hali Qo‘rg‘on emas. Qo‘rg‘onni endi izlaymiz. Qizcha xursand edi, unga o‘zining yaxshi ko‘rgan kiyimlarini kiygizishdi, ustiga-ustak, ota-onasining qo‘lidan ushlab sayr qilish qanday yaxshi.

Ular qo‘rg‘onni uzoqroq izlashsa yanayam ko‘ngildagiday bo‘lardi.

Tushdan so‘ng ular izma-iz o‘tayotgan yuk tashuvchi mashinalarning shovqiniga to‘lgan katta yo‘lga chiqdilar. Bu atrofda yo‘lovchilar deyarli ko‘rinmasdi.

– Jonginam, axir bu yer shahar chekkasi-ku, – dedi xavotirlanib onasi.
– To‘g‘ri. Qo‘rg‘on shaharning o‘rtasida joylashgan, deb aytishgandi.

– Kecha bo‘g‘irsoqfurush senga chapga burilasizlar, deb aytmaganmidi?
– Ha, shunday degandi. Balki biz u aytgan yo‘lchiroqdan o‘tib ketgandirmiz?

Otasi tashvishli qiyofada qo‘llarini ko‘kragiga chalishtirgancha uzoq o‘yladi. Qizcha, o‘zining qizil boshmog‘iga qaradi va birdan yig‘lagisi keldi – boshmoqlari quyuq changga belangandi.

– Ha, adashibmiz. Orqaga qaytamiz, – qaror qildi otasi va ortga burildi.

Qizchaning qo‘lidan ushlagancha onasi erining izidan ergashdi. Otasi zarda bilan tez-tez yurib borar, o‘zicha nimadir deb to‘ng‘illardi. Onasi ham qattiq o‘yga cho‘mgan, shu bilan birga orqada qolmaslikka harakat qilardi. Qizcha ancha joygacha uning qistoviga bo‘ysunib, deyarli yugurib bordi, so‘ng birdan to‘xtab, baland tovushda:

– Boshqa yurishni istamayman, – dedi.
– Bu yoqqa qara! – Onasi otasini yordamga chaqirdi. Otasi to‘xtab, iziga burildi:
– Nima deysan?

Uning ovozi odatiga xilof ravishda sokin va quruq edi: bu tovush qizchaga yoqmadi…
“Undan ko‘ra urishib bergani yaxshi edi”, deb o‘yladi qizcha.

– Ko‘tarib ol! – buyurdi otasi: onasi qizchani qo‘liga ko‘targancha erining izidan yugurdi. Ular bir-biriga bir og‘iz ham gapirmay, ancha joygacha yonma-yon borishdi. Ayol orqada qolib ketar, shunda erkak qizchani o‘z yelkasiga olardi.

– “Qo‘rg‘on ufqning qizg‘ish nurlariga ko‘milib yotadi”, deb aytishgandi. Chamasi, g‘arbga qarab yurishga to‘g‘ri keladi, – dedi erkak noxush jimlikni buzib va ko‘chalardan biriga burildi. Qizchaning ko‘z oldida lovullab yonayotgan ulkan shar paydo bo‘ldi va undan taralayotgan yog‘duga dosh berolmay ko‘zlarini qisib oldi. Keyin otasining yelkasida o‘tirgancha uyquga ketdi, ko‘zlarini ochganda esa onasining quchog‘ida ketar, kech kirib qolgandi. Otasi qulflangan eshikka olib boradigan tosh zinaga behol cho‘kdi.

– Yana omadsizlik, – u oldida tik turgan ayolga mungli qaradi. – To‘g‘ri yo‘ldan ketyapmiz, deb shunchalar ishongan edim. Yana boshi berk ko‘chaga kirib qoldik.

– Hechqisi yo‘q, – ayol eriga tasalli berdi. – Biz baribir Qo‘rg‘onni topamiz, bizning, axir, undan boshqa hech narsamiz yo‘q-ku!

– Seni ham qiynab yubordim, – to‘ng‘illadi erkak.

– Qo‘y, buni o‘ylama. Ke, yaxshisi hammasini bir boshdan o‘ylab ko‘ramiz. Biz haddan tashqari ishonuvchan bo‘lgan ekanmiz.

Erkak sekin o‘rnidan turdi va yo‘lakka qarab tupurdi.

– Bizning xaritamiz yo‘q, – dedi u xuddi tovush chiqarib mulohaza qilayotganday. – Baribir Qo‘rg‘on xaritada ham ko‘rsatilmagan bo‘lsa kerak.

– Biroq bizda niyat bor! Chinakam kirishsang, har qanday istak, butun umring sarf bo‘lsa ham, albatta, amalga oshadi, – eriga taskin berishda davom etdi ayol.

– To‘g‘ri. To‘g‘ri-yu…
– Eslab ko‘r, oila qurishga ahd qilganimizda ham xuddi shunday bo‘lgandi…

Shunda qizcha ham suhbatga qo‘shildi:

– Oila qurmaslaringdan oldin ham dadam va oyim edingizlarmi?

Er-xotin qizchaga qarab kulib yuborishdi:

– Biz unda bola edik, – dedi otasi.
– Unda men kim edim? – yana so‘radi qizcha.

– Sen hali tug‘ilmaganding.
– Tug‘ilmasdan oldin kim edim?

Otasi nima deb javob berishni bilmay, onasiga qaradi.

Shu payt kichkina eshik ochilib, qo‘lida chiroq tutgan yoshgina erkak paydo bo‘ldi. U otasining oldiga kelib, qulog‘iga nimadir deb shivirladi. Onasi havotir aralash qizchani quchog‘iga tortdi.

Otasining yuzi yorishib ketdi, noma’lum kishi bilan bo‘layotgan suhbat qizg‘in tus oldi. So‘ng otasi ichki cho‘ntagidan qalin konvert olib, ichidan bir taxlam qog‘oz chiqardi-da, yigitga uzatdi. U chiroqni ko‘tarib, qog‘ozni sanay boshladi, otasi esa onasi yoniga kelib, quvnoq tovushda dedi:

– Bu odam bizni Qo‘rg‘onga boshlab boradi.

– Rostdanmi?– ishonqiramay so‘radi onasi va yosh yigitga xavotirli ko‘zlarini tikdi; yosh yigit ayolga o‘girilib jilmaydi.

– Hech xavotir olmang, xonim. Men u yerga sizga o‘xshagan ko‘plab kishilarni boshlab borganman. Mendan hali minnatdor ham bo‘lasiz. Bu narsalarni pul uchun qilayotganim yo‘q.
Yigit ularni ergashtirib jo‘nadi. Ular tor, kimsasiz ko‘chalarni uzoq oraladilar, qorong‘i joylarda yo‘l boshlovchi qo‘l chirog‘ini yoqardi.

– U yerga yilning ayni shu payti tashrif buyurish kerak. Hozir eng qulay fasl, joy ham yetarlicha topiladi. Qo‘rg‘on haqida juda kam odam biladi, reklama bilan shug‘ullanishmaydi. Menday yo‘l boshlovchisiz sizlarga juda qiyin bo‘lardi…

Yo‘l bo‘yi yigitning jag‘i tinmadi, uning quvnoq, qat’iyatli tovushidan ayol biroz xotirjam tortdi.

– Ko‘rinishim bir holatda, juda noqulay-ku menga, – dedi ayol yo‘l boshlovchiga.

– Hechqisi yo‘q. U yerda hech kim kiyimga e’tibor bermaydi. Keyin esa sizlarni xuddi yaqin kishilarimday tanishtiraman. Men u yerdagi hammani taniyman, o‘ylaymanki, bu sizlarga juda qo‘l keladi. Men kabi yo‘lboshchi bo‘lmaganida sizlar bu yo‘lni hech qachon topa olmasdilaring, – maqtanardi yigit. – Mana, deyarli yetib keldik. Meni shu yerda kutib turinglar. Men borib, xabarlashib kelaman, – dedi yo‘lboshlovchi shivirlab. Ular qandaydir tepalikning oldida turishardi. Tepalikning yuqori qismini qop-qora zulmat qoplagandi. Qizcha va ota-onasi tepalikka ko‘tarilayotgan yo‘lboshlovchiga zimdan qarab turardilar. Ancha yurgach, yo‘lboshlovchi birdan to‘xtab, pastga tushib kela boshladi. – Bunday qilsak, yaxshisi men sizlarga o‘zimning qo‘lchirog‘imni qoldirsam. Yuqorida chiroq yonsa, bu sizlarga ishora bo‘ladi, o‘zlaringiz chiqaverasizlar. Men sizlarni o‘sha yerda kutib turaman. O‘zim chiroqsiz ham ko‘tarilsam bo‘ladi, yo‘l tanish. – yigitcha qichqirgancha tushib kelardi. Erkak uning oldiga borib, qo‘lidan chiroqchani oldi.

So‘ng zulmat qo‘ynida uzoq kutishga to‘g‘ri keldi. Quloqlarining ostida jaranglab turgan yo‘lboshchilarining javrashi va o‘zlariga bo‘lgan ishonchlari zulmat qo‘ynida so‘nib, o‘rnini noxush tuyg‘ular egallay boshladi.

– Hammasi joyidamikin? – so‘radi qo‘rqa-pisa ayol.

– Bilmadim… Yana biroz kutaylik-chi, – javob berdi erkak tun zulmatiga ma’yus nigoh tashlab. – Men unga pulimning yarmidan ko‘pini berib yuborgandim.

– O, xudoyim, – alam bilan ingrab yubordi ayol. Burnini kavlab o‘tirgan qizcha ayolning ingrog‘idan cho‘chib yig‘lab yubordi.

– Bolani qo‘rqitib yubording! – o‘shqirdi otasi jahli chiqib. Onasi qizchani quchog‘iga tortdi.

Ular chiroq yorug‘ida tepalikka ko‘tarila boshlashdi uzoq o‘tirganlaridan va ko‘ngillarida paydo bo‘lgan noxushlikdan oyoqlari xuddi lattaday bo‘shashib qolgan, o‘rlik esa hech tugay demasdi. Onasining issiq yelkasida ketayotgan qizchaning ko‘zlari yumilib-yumilib ketardi.

Ikki kunlik taassurotlar va hayajon shunchalik charchatib qo‘ygandiki, u hatto o‘z tanasini ham his qilmasdi.

– Azizim, nihoyat chiqdik-a, – shivirladi ayol horg‘in. Uning oyog‘i ostida tekis yo‘l to‘shalib yotar, tik so‘qmoq tugagandi.

– Shundayga o‘xshaydi, – tasdiqladi past tovushda otasi, uning ovozi xuddi tun zulmatiga singib ketgandek tuyuldi.

– Chirog‘ing bilan atrofini yoritib ko‘r-chi, – yana holsiz shivirladi onasi.
– Hozir.

Otasi qorong‘ulikni chiroq nurlari bilan tilimlab chiqdi. Yon-berlarida hech narsa ko‘zga tashlanmasdi.

– Qandaydir dala, shekilli.
– Ha. Dala.

Binoga o‘xshaydigan narsaning qorasi ham ko‘rinmasdi. Ko‘zlari ilg‘amayotgan bo‘lishi mumkin emas, chunki oyoqlari tagida olis-olislarga cho‘zilib ketgan yo‘l aniq ko‘rinib turardi.

– Nahotki, u bizni aldagan bo‘lsa? – so‘radi onasi, ovozi umidsizlikdan qaltirab ketdi.

Ular oyoqlarini zo‘rg‘a bosganlaricha dalani kesib o‘tishdi. Bu xuddi tushga o‘xshardi. Oyoqlarini qanchalik ko‘tarib bosishmasin, joylaridan siljimasdi. Gohida otasi chiroq bilan atrofni yoritar, biroq undan chiqayotgan yorug‘likni zulmat yutib yuborardi. Nihoyat, u tilga kirdi:

– Yurish foydasiz, ertalabgacha biron yerda tunamasak bo‘lmaydi.

Ular dalada tunash uchun shundoq yo‘l yoqasiga cho‘kishdi. Sovuq suyakni qaqshatar, faqat onasining quchog‘iga yopishib uxlab qolgan qizchagina buni sezmasdi. Ayol va erkak past ovozda uzoq suhbatlashib yotdilar. Qizcha uyqu aralash bir marta yonboshiga ag‘darilganda onasi uning yuzini o‘zining sochlari bilan yopdi. Shunda qizcha otasining shivirlab aytayotgan gapini eshitdi:

– Senga men bilan juda og‘ir. Sensiz men ado bo‘lardim…

Oradan ancha vaqt o‘tdi, yuziga yorug‘lik tushib, qizcha birdan uyg‘onib ketdi. U keng dalani qoplab olgan maysa ichida yotar, tepasida esa otasi unga tikilib turardi.

– Oyim qani?

Otasi mehr bilan qizchani quchoqladi va past ovozda dedi:

– Qani bo‘l, ketdik.
– Oyim-chi?

Otasi indamay boshini chayqadi, qizcha shunda endi onasi haqida so‘rash mumkin emasligini angladi. Unga otasi bir kechada munkayib, qarib qolgandek tuyuldi. Demak, menga ikki kishi uchun ham quvonishga to‘g‘ri keladi, qaror qildi qizcha.

Shu kuni yo‘lda ketisharkan, otasi unga ko‘p narsalar haqida gapirib berdi. Bosh maqsad qanday bo‘lmasin Qo‘rg‘onni izlab topish, bu juda muhim, biroq shu maqsadga olib boradigan yo‘lni topish undan ham muhimroq. Qizcha otasi o‘ziga xuddi g‘oyib bo‘lgan onasiga qilayotganday munosabatda bo‘layotganini sezdi. Yana unga o‘zi ham avvalgiga qaraganda ancha kattarib qolganday tuyildi. U onasi haqida boshqa so‘ramadi, u bu dunyoda gapirilmaydigan narsalar ham borligini tushungandi.

– Otajon, bu o‘sha ko‘cha-ku! – xitob qildi qizcha otasining qo‘lidan siltab tortar ekan. Otasi yon-veriga ko‘z yugurtirdi:

– Shundaymi? Negadir eslay omayapman.

Qizcha otasining xotirasi zaiflashganidan uning qanchalar keksayib qolganini sezdi. Va otasiga tasalli berish uchun baland tovushda gapira boshladi.

– Ana, sen yo‘lni so‘ragan o‘sha bo‘g‘irsoq do‘koni, eslayapsanmi?
– Bo‘g‘irsoq do‘koni? – takrorladi otasi.

– O‘sha, ana qaragin. – Qizcha qo‘li bilan ishora qildi. Do‘kon oynasidan qizcha o‘zini “qo‘g‘irchoq qizcha” deb maqtagan sotuvchi ayolni ko‘rib qoldi.

– Assalomu-alaykum, xolajon, – qichqirdi u do‘konga kirar ekan.
– Assalomu-alaykum, – javob berdi sotuvchi.

– Esingizdami, biz sizdan bo‘g‘irsoq sotib olgan edik? – so‘radi qizcha.
– Rostdanmi? Bu qachon bo‘lgandi? – ajablandi ayol.

– Esingizda yo‘qmi? Men mana bu yerda onam bilan yonma-yon turgandim, – tushuntira boshladi qizcha.

– E-ha, sen o‘sha qizchamisan? – hayratga tushdi ayol. – Katta qiz bo‘lib qolibsan! O‘shanda sening yoshing… beshda edi, shekilli? Onang qani?!

Qizcha nima deb javob berishini bilmay, otasiga qaradi, otasi indamay uning qo‘lidan ushlagancha ko‘chaga yetakladi. U o‘zining eshik oynasidagi aksiga cho‘chib ko‘z tashladi va ko‘zgudan o‘ziga o‘n yoshlardagi qizcha termulib turganini ko‘rdi. “Ajablanadigan joyi yo‘q, – o‘ylandi, u, – axir otam ham ancha keksayib qolgan”. Shuningdek, onasi haqidagi xotira ham uni endi qiynamas, sekin-sekin uzoqlashib ketayotgan edi. U otasi bilan ko‘cha bo‘ylab yurib ketdi, endi kim-kimning – erkak qizaloqningmi yoki qizaloq erkakningmi qo‘lidan yetaklab borayotganini aniqlab bo‘lmasdi.

Oradan yana – balki bir necha soatdir, balki bir necha yildir – ancha vaqt o‘tdi. Qizcha va otasi omborga o‘xshash binoning ulkan eshigi oldida to‘xtadilar.

– Mana, nihoyat Qo‘rg‘onimizga ham yetib keldik, – dedi otasi. – Onang ko‘rganda qanchalar xursand bo‘lardi. Afsuski, juda kech topdik.

Qizaloq, – yo‘q, balog‘atga yetgan qiz – ko‘kragini to‘ldirib nafas oldi va otasining gapiga e’tiroz bildirdi:

– Hayotda hech narsa kechikib kelmaydi, otajon. Afsus qilma.

– Ha, to‘g‘ri, – javob berdi otasi. – meni shu yerda kutib tur. Ichkarini ko‘rib chiqaman.

– Otajon, kel, yoqangni to‘g‘rilab qo‘yay.

Qiz otasining kiyimlarini diqqat bilan tartibga soldi, u yer-bu yerini to‘g‘riladi, silab-siypadi, otasi esa devorida bironta ham darcha bo‘lmagan binoga maymoqlanib kirib ketdi.

U binoga kirib ketguncha qiz izidan qarab turdi, so‘ng yuzini ko‘chaa burib, yon-atrofni tomosha qila boshladi. Yo‘lakda bolalar yo‘lga tosh otib o‘ynar, daraxt soyalarida oshiq-ma’shuqlar shivirlashib o‘tirar, nariroqda, daryo bo‘yida esa baliq ovlovchilar qarmoqqa ti qilib o‘tirishardi.

– Ey, sen, bu yerda nima qilib o‘tiribsan? – degan ovoz keldi izidan. Qiz burilib yo‘lakda o‘ziga jilmayib qarab turgan miqti jussali, yuzidan navqironlik yog‘ilayotgan o‘smirni ko‘rdi. U birdan xijolat cheka boshladi, o‘smirning ko‘zlari tiniq va o‘tkir, go‘yo bu ko‘zlar xuddi ko‘nglini ko‘rib turganday edi.

– Men otamni kutyapman.
– U qayerda?

Binoning devoriga suyangancha ular suhbatlasha boshladilar. O‘smir ovozining boricha xaxolab yubordi.

– Qo‘rg‘on? Ol-a! Juda kulgili. Dunyoda hech qanday Qo‘rg‘on yo‘q.

– Sen otamni haqorat qilyapsan! – xitob qildi qiz va birdan ko‘zlariga yosh qalqdi. Unga bu o‘smir shunchalar yoqib qolgandiki, endi esa u ko‘ziga baloday ko‘rinardi. Qizning ko‘zidagi yoshni ko‘rib, yigit darrov jiddiylashdi:

– Iltimos, meni kechir. Haqorat qilishni o‘ylaganim ham yo‘q. Faqat shunday yosh bo‘la turib, boshingni bo‘lmag‘ur xomxayollar bilan og‘ritma demoqchi edim.

– Otam bu Qo‘rg‘onni umr bo‘yi axtarib o‘tdi. Biz uni shunchalar ko‘p izladikki, shunchalar izladikki…

– Bu otangning hayoti. Sen esa boshqacha, o‘zing xohlaganday yashash huquqiga egasan. Yur, yaxshisi yaxtada sayohat qilamiz. Biz yoshlar uchun dengizdan qiziqroq narsa bo‘lishi mumkinmi?

Qiz ko‘z yoshlarini artib, e’tiroz bildirganday bosh chayqadi.

– Yo‘q, otamni yolg‘iz tashlab ketolmayman.

Shunday dedi-yu, tamom, endi o‘smirni boshqa hech qachon ko‘rmayman, deb o‘yladi va yuragini qandaydir og‘riq zirqiratib yubordi. O‘smir esa birdan uning qo‘lini qattiq qisib, do‘stona ohangda taklif qildi:

– Unda bunday qilamiz. Sen ichkariga kirib, otangni izlab ko‘r. Bu yerda turgandan ko‘ra shunday qilganing ma’qul. Men seni kutib turaman.

Qiz birdan yengil tortdi. Uning yoshga belangan yuzi yigitga minnatdorona tabassum hadya qildi va o‘zi ham yigitning qo‘lini qattiq qisdi-da, binoning eshigidan yugurgancha kirib ketdi.

Ichkari tim qorong‘u edi. Kiraverishda, yon tarafdagi ustunda “Ro‘yxatga olish” deb yozilan lavha turardi, biroq u yerda hech kim yo‘q edi. Yuqoriga zina orqali ko‘tarilardi, qiz yorilib ketgan to‘siqqa suyangancha eski yog‘och zinadan chiqa boshladi. Zina devorga taqalib turar, shu yerdan yangi zina boshlanardi: undan keyin yana devor, yana nafas rotlash joyi… Qiz shoshib yuqoriga ko‘tarildi. U har qadam tashlaganda tashqarida o‘zini kutib turgan yigitdan yana ham ko‘proq uzoqlashayotganini his qiladi. Saldan keyin unga umuman hech qanday tashqari mavjud emasday tuyula boshladi. Faqat mana shu tuganmas zina bor, boshqa hech narsa yo‘q. Nihoyat, qiz qandaydir eshikning ro‘parasidan chiqib qoldi. U qo‘li bilan eshikning sirtqi qismini paypaslab ko‘rdi, so‘ng unga yuzini qo‘yib, quloq sola boshladi.
Unga ichkaridan odam tovushi, to‘g‘rirog‘i, faqat otasining tovushi eshitilayotgandek tuyuldi. Bu tovush shunchalar tanish ediki, kimgadir u o‘zining qizi haqida soatlab gapirishi mumkinligi tovushidan sezilib turardi.

Qiz jilmayib qo‘ydi va tabaqani itardi.

– Otajon, – chaqirdi u va tabaqani kuchliroq itardi-da, ostonadan hatlashga hozirlandi, biroq eshik ochilib sal bo‘lmasa yiqilib tushayozdi – epchillik bilan dastakdan ushlab qolishga ulgurdi.

Eshik orqasida xona ham devor ham, osmon ham – hech narsa yo‘q edi. Bo‘shliq bor edi faqat. Qiz bo‘shliqqa ko‘z tashladi. Bo‘shliqni hatto ko‘rib ham bo‘lmaydi, degan fikr keldi birdan xayoliga. Va agar hozir iziga burilsa, o‘zini bu yerga boshlab kelgan zinani ham ko‘rmasligiga uning ishonchi komil edi.

232

(Tashriflar: umumiy 116, bugungi 1)

Izoh qoldiring