Tog’ay Murod. Ikki hikoya & Ot yig’lagan tomonda Tog’ay Murod qissasi asosida radioteatr

0923 феврал — атоқли ўзбек адиби Тоғай Мурод (1948–2003) туғилган кун.

    Тоғай Мурод  ўз тупроғини севган, севдира олган аломат ёзувчи эди. Унинг асарлари кўз очган саналарга қарайман: илк ҳикояси «Бобоси билан набираси» 1966 йили ёзилган. Демак, айни ўн саккиз баҳорга тўғри келар экан. Сўнгги асари — «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романига 1998 йил — нақд эллик ёшнинг устида нуқта қуйилган. Ҳисобланса, ўттиз икки йиллик ҳайрат ва муҳаббат, илҳом ва меҳнатнинг ҳузури бизга қолди, завқи ва дарди ўзбекнинг, инсониятнинг мулки бўлди… Мен Тоғай Мурод хонадонида бўлмаганман, нашр этилмай ётган ёхуд бошлаб қўйган асарларидан хабарсизман. Лекин бўлиши керак. Кўнглидагисини эса эҳе-э… ҳисоблаб бўладими? Бетизгин бир ҳарислик билан асарлари, улар яратилган йиллар рўйхати кўз олдимдан ўтади. Тўртта ҳикоя. Тўрттагина-я… «Бобоси билан набираси», «Кузнинг бир кунида», «Ку-ку- ку», «Эр-хотин», (150 дан ортиқ ҳикоялар ёзган Жек Лондон бор-йўғи 40 ёшга кириб- кирмаган.)
Тоғай Мурод олами ҳикояларга сиғмади. Бахши боболарнинг қони тортди — у достонларда очилди, хусусан, достонмонанд қиссаларида ўзини тўкди (Вафo Файзуллоҳнинг «Абадият» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқинг).

Тоғай Мурод
ИККИ ҲИКОЯ
090

44Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999).Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан кюлган далалар» (1993, ушбу асар асосида бадиий филм яратилган, 2001), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.

090

БОБО БИЛАН НЕВАРАСИ
01

Оёқларига қизил ботинка, устига кўк иштон-кўйлак, бошига эски ола дўппи кийиб олган уч яшар невара, ҳаммадан олдин ўрнидан туриб, айвонга чиқади. Дастурхон атрофида ўтирганлар унга парво ҳам қилмайдилар. У даҳлизда бирпас тик туради. Тўғридан қараганда худди вақтинча ўрнатиб қўйилгандек кўринадиган катта-катта қулоқларини кўрганлар неварани тоғасига ўхшатадилар. Қуралай кўзларини, бир оз япасқидан келган бурнини, кенг ва дўнг, ҳали ғам нималигини билмаган ялтироқ пешонасини кўрганлар эса уни отасига ўхшатадилар.

Невара зинапоядан авайлаб тушади. Орқасига бир қараб қўяди. Майда-майда қадамлар билан ҳовли эшиги олдидаги мототсиклнинг ёнига бориб туради. Эсида бор, отаси билан мана шу мулойим ўриндиққа ўтирган, ўшанда бу мототсикл дегани қаттиқ овоз чиқариб юриб кетган, невара қўрққанидан отасини маҳкам қучоқлаб, кўзларини юмиб олган эди. Мана, у бугун ҳам мототсиклга минади, ўзининг минмоқчи эканлигини билдириш учун орқа ўриндиққа қўлини теккизиб туради. Ҳадемай отаси ҳам келади, сўрайди:
— Йўл бўлсин?
— Мен ҳам бораман.
— Қаёққа?
— Ишга.
— Ҳа-а. Директоримиз кеча педсоветда сени сўраётган эди, нега ишга келмаяпти, деб, — дейди отаси ҳазиллашиб.

Невара отаси айттан сўзларга деярли тушунмайди. Ҳатто айрим сўзларни биринчи эшитиши. Аммо шундай бир нарсани пайқаб қоладики, кимдир: холасими, аммасими уни келсин дебди. Боради, боради.
Шу пайт отаси бир нарсани тепади, пат-патлаган товуш чиқади. Невара бир чўчиб тушиб, киприкларини пирпиратади.

Агар олиб кетмасангиз, йиғлайман, дегандек, лабларини буради, елкасини силкиб, бораман, дейди. Отаси парво қилмай кетади. Пат-патнинг орқасидан тутун чиқади, невара тутун ичида қолади. Ана энди, у ерга ағанаб, аламидан чиққунча йиғламоқчи бўлади. Аммо… бобоси ёмон. Юмшоқ тупроққа ағанаб, мазза қилиб йиғлаб олишга қўймайди. Неварасини қўлидан етаклаб ичкари олиб кириб кетади. Ҳар қалай ёмон бўлса ҳам ўзи билган одамлар ичида бобосини яхши кўради. Шу дақиқадан бошлаб бобосини аввалгига қараганда ҳам кўпроқ яхши кўради. Сабабки, бобоси ҳозиргина унга токчадан шоколад олиб берди.

Неварасининг кўнгли ниманидир истайди. Бир куни бобоси уни қаергадир олиб борган, у ерда катта-катта уйлар бор, одамлар кўп экан, кўчаларда олма, бодрингларни одамлар ҳаммага кўрсатиб ўтирар экан. Ўшанда бобоси унга ширин сув олиб берган эди. Невараси ҳали-ҳали эслаб лабларини ялаб қўяди. У ҳозир, яна шу ерга олиб боринг дегиси келади, лекин айтолмайди, қаерга борганини ўзи ҳам билмайди. Бобосининг тиззасига ўтириб олиб хархаша қилади.
— Жим ўтир, жим. Қара, анавуни қара. Эҳ-ҳе, болаларни қара, — дейди бобоси бурчақда турган телевизорга ишора қилиб.

Невараси бу ярми шиша катта қутининг телевизор деб аталишини яқиндагина билди. Аммо ҳалигача унинг номини айтолмайди. Бобоси телевизорда қизиқ томоша кўриб кулиб юборади. Невараси нима гаплигини пайқаса-да, бобосига қўшилиб кулади. У томошага қараб ўтириб, ҳайрон бўлади: бунча кўп одамлар қандай қилиб шу кичкина қутининг ичига сиғади?..
— Бобо, бу одамлар қаерда?
— Телевизорнинг ичида-да, улим.
— Шунинг ичида уйи ҳам борми?
— Бор, улим, бор. Ҳаммаси бор.
— Уларнинг шоколадиям борми?

Миттигина невараси ўзича, кишилар учун энг ширин ва керакли нарса шоколад деб билади. Шунинг учун ҳамма нарсани аввало шоколадга таққослаб кўради. Неварасининг саволи жавобсиз қолади, телевизорда ҳеч нарса кўринмай қолгани учун бобоси уни ўчириб қўйиб, ҳовлига чиқиб кетади. Невараси қўли билан деворга суяниб ўрнидан туради. Кўрсаткич бармоғини оғзига тиқиб, бошини чапга сал қийшайтириб, телевизорга бирпас қараб туради. Сўнг аста-аста келиб, телевизорнинг орқасидан ичига қарайди — йўқ. Чаккасини телевизор ёнига теккизиб қулоқ солади — йўқ. Ҳалиги одамлар йўқ. Ҳозиргина шунинг ичида эди… Қаёққа кетди улар?..
У ҳайрон бўлиб, уй ичига назар солади. Печка олдида турган кичкина машинасини кўриб қолади. Машина олдига боради. Шу ерда турган синглисининг қўғирчоқ қизини оёғидан судраб келиб машина устига ўтирғизади. Машинанинг узун ипларидан судраб ҳовлига чиқади, чеккароқда бир нималар қилиб ўтирган бобосига қарайди. Бобоси дераза ясаяпти. Олдида усталар учун керакли асбоблар, ҳар хил ҳажмдаги ёғочлар сочилиб ётибди. Вақт-вақти билан ёғочга чизади-да, сўнгра кичкина қаламини қулоғи устига қистириб қўяди. Буни кўрган невараси завқ билан кулади ва ўзи ҳам шундай қилиш учун қалам қидиради, бироқ тополмайди. Машинасини судраб дарахтлар орасига қараб кетади.

Бобоси кўз остидан неварасига қараб қўяди. Яна ишини давом эттиради. Бобоси пенсияга чиққанига икки ойча бўлди. Ҳукумат уни тақдирлади. У пенсияга чиқмасдан олдин қачон пенсияга чиқиб мундоқ дам оларканман, деб ўйларди. Иш деганлари жонимгаям тегди, деб қўярди. Мана, орзусига етди. Аммо ўзини қўярга жой тополмай қолди. Нима иш қилишини билмайди. Ишлаб ўрганган одам — ҳадеб ётавергиси келмайди. Ҳовлини кузатиб, кўзига ёмон кўринган нарсаларни — деворнинг кўчган жойларини, бузилган деразаларни, эшикларни тузатади. Токларнинг учини кесади. Хуллас, ҳовлидаги беўхшов нарсаларни ўхшатмаса кўнгли ором олмайди. Бобоси, «Манави Исмоил… Э тавба-е, қирқ йил Совет ҳукуматига хизмат қилиб, минглаб одамлар билан тил топишдиму, икки ойдан буён шу тирмизак билан келиша олмайман-а!..»

Бугун икки кундирки, бобоси товуқ катагига эшик тайёрлайди. У қўлидаги ёғочни қаричлаб кўради, адашиб кетади. Яна қаричлаб, бу сафар қалам билан боплаб белги қўяди. Кесмоқ учун аррани олади. Бобоси: «Бекор пенсияга чиқибман. Ишдалигимда кунига камида ўн киши мени сўраб турарди. Энди эса ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ». Бобоси яна кўп нарсаларни ўйлайди… Неварасининг дарахтлар тарафга ўтиб кетганини эслайди, хабар олади. Хотиржам бўлиб, ишини давом эттиради. Неварасига ачинади: «Бунга кийин. Бирга ўйнайдиган болалар йўқ. Уйдагилар мениям ташлаб кетади, униям ташлаб кетади. Е иккаланг бирга ўйнайвер, деганларимикан бу… Йўғ-е..»

Дўмбоққина невараси ўйиндан зерикади. Машинасини судраб келаётиб, товуқ катагига қараб, ичида товуқ борлигини кўради. Чап оёғини ерга тап этиб уриб «кишт», дейди. Товуқ шунда ҳам индамай ётаверади. Невараси: «Ҳамма товуқлар ҳовлида ўйнаб юрибди, бу товуқ нега бир ўзи ўтирибди экан?..»
Қўғирчоқ қизнинг қўлини суғуриб олиб товуққа отмоқчи бўлади, лекин ололмайди. Ердан майда тош олиб отади, товуқ қоқоқлаб катакдан чиқиб кетади. Невараси товуқ ётган жойда оппоқ тухум турганини кўради. Қўлини узатади, етмайди. Урмалаб катакнинг ичига кириб кетади. Тухумни машинасига солиб, бобосининг олдига оборади.
— Бобо, товуқ туғди, мана.
— Яхши бўпти.
— Тухуми иссиқ экан.
Бобоси ва невараси қўл ушлашиб ток вайиши остига борадилар. Жажжигина невараси токда осилиб турган узумларга қарайди. Ўз қўллари билан олиб емоқчи бўлади. Худди бобосидек қўлини узумларга чўзади. Эҳ-ҳе, ҳали жуда узоқ, жуда…

Бобоси неварасига боқиб, беихтиёр ўзининг болалигини эслайди.. Кўнглида неварасига нимадир… нимадир пайдо бўлди… Неварасининг беғубор пешонаси ва тиниқ юзларига узоқ боқиб қолади…

1966

 

КУ-КУ-КУ…
01

I

У жуда ориқ, ўзи сариқ бўлгани учун сийраклашиб қолган сочлариям сарғиш. Қачонлардир яхшигина шеърлар ёзиб, энди расмий ишлар гирдобига тушиб, назмий туйғулари сўниб қолган. Сал энгашиб, оҳиста-оҳиста, нималарнидир ўйлаб, хафақон касали билан оғриб юради. Хафақон касалига йўлиққандан буён ичмайди, чекмайди. Сўзлаганда овози оғир касалларникидай нимжон, хаста чиқиб, диққат қилмаган одам яқинида бўлсаям эшитмайди. Кулганда тишлари кўринмаслиги учун лабларини лабларига шундай қаттиқ босадики, қўй кўзлари юмилай-юмилай деб, юзлари қизариб кетади…

У журналларга обуна бўлишни яхши кўради. Ҳар йили кўплаб хорижий ва ўзимизнинг журналларга обуна бўлади. Уйида журналлардаги расмларни, Рембрандт, Рафаел, Боттичеллининг нодир асарларини томоша қилиб ўтиради. У яна қушлар, уларнинг сайрашиниям яхши кўради. Ишлаб чарчаганида ўзи директор ўринбосари бўлиб ишлаётган шаҳар истироҳат боғининг хилват жойига ўтириб, Шишкиннинг расмларини томоша қилади, қушларнинг сайрашини кутади. Айниқса, Шишкиннинг «Буғдойзор»ига узоқ тикилиб қолади. У ўзича икки тоифадаги одамларга ачинади. Бири — Шишкиннинг расмлари олдидан бепарво ўтган одамга, иккинчиси — қушлар сайраётганда сўзлашган одамга. Шу одамларни тўхтатиб, дегиси келади:
«Биродар, тўхтанг, кўряпсизми Шишкиннинг қайинларини: ҳаёт гўзал, шунақа…»
«Биродар, эшитяпсизми, тоғ чумчуғи сайраяпти. Бу оҳангни Бетховен ҳам билмаса керак. Афсус, бу оҳангларнинг номи йўқ. Эшитинг, қушларни эшитинг…»

Шу пайт дарахт шохларида қўниб турган қушларнинг турли нағмадаги сайрашлари эшитилади. У «Муножот»ни тинглаётгандай бошини маъюс эгиб, эшитади. Юзларига табассум югуради. Ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўяди-да, қушларга таъзим қилади:
— Офарин, биродар, офарин. Қуллуқ!..
Хаёлан қушлар овози қанотида узоқларга — оппоқ булутлар оламига учиб кетади…
У: «Ай, биродарлар, сизлар учун ёғочдан уя ясадим, шунақа. Тоғлардаги биродарларимизгаям айтинг, боғимизга келсинлар. Мен уларгаям уя қуриб бераман, шунақа…»
У хушвақт жилмаяди…

II

У кекса ота-онасини кўриш учун қишлоққа бориб, тез қайтди. Машина баланд довондан сойга тушиб, шовуллаб оқаётан кўм-кўк сувдан ўтди. Чапга бурилиб, сув ёқасида тўхтади. У машинадан тушиб, костюмининг тугмаларини ўтказди. Теваракка қаради: йўлни икки томонидан ҳайбатли тоғ чўққилари ўраб турибди. Ботаётган қуёш тоғ чўққиси учида осилиб қолгандай… Тоғдан оқиб тушаётган сувнинг шовуллаши эшитилиб, сув оқаётган сойдан салқинлик уфуриб турибди. Тоғ қушларининг нағмалари… Бир гала ёввойи каптарлар чўққилар узра учиб юрибди. Каптарлар қўнганда, чап қўлини пешонаси устига соябон қилиб қаради. Кўрмади. Сайр учун каптарлар қўнган тарафга юрди. Катта тош остида бир нарсанинг питирлаётганини кўрди. Тўхтаб, ўша ёққа юрди. Икки тош орасидаги қизил тупроқ устида турган инни кўрди. Яқинроқ борди. Хас-хашакдан усталик билан ясалган инда қуш боласи, юмшоқ тупроқда эса яна бири… Ердагиси типирчилаб инга чиқмоқчи бўлар, аммо чиқолмас, индагиси эса бўйинларини қисиб, пусиб ётарди. У ин яқинидаги сариқ тошга ўтириб, уларни узоқ томоша қилди. Мусича болаларининг онаси йўқ… Ё улар онасизмикин?

Қуёш ботиб тоғларга оқшом чўкди. Мусичаларнинг онаси ҳамон йўқ. У кетмоқчи бўлди. Шунда, мусичалар бўйинларини чўзиб, бирам ғалати чийилладики… Унинг юраги увушиб кетди. Мусичаларни олиб уларнинг ҳўл баданини тўлиқ ёпмаган жунларини силай-силай пастга тушди. «Энг беозор қуш. Булар одамларга фақат яхшилик тилайди. Кукулашлари, таъзимлари… шунақа», деди у ўзича. Рўмолчасини машина ўтирғичига ёйиб, устига мусича болаларини қўйди. Идорага келганларида у мусича болаларини диванга қўйиб, жунини силади. Уларни ҳовлига — дарахтлар остига қўйиб юбормоқчиям бўлди. Тоғдагидай бу ерда ҳам ўз тирикчилигини ўзи қилар, деб ўйлади. Авайлаб, ҳовлига олиб чиқди. Кўм-кўк ўтлар устига қўйиб бирпас кузатиб турди. Улар жойидан қимирлайвермагач, мендан ҳайиқяпти, деб ўйлаб, хонасига қайтиб кирди. Бирпас янги журналларни титкилаб ўтириб, деразадан қаради. Мусича болалари дарахт ёнида бошларини бир-бирига тегизиб, мудраб, мунғайиб турардилар!.. У шошиб бориб, уларни олиб келди. Ҳеч қаёққа чиқармасликка аҳд қилди. Уларга жой қидира бошлади. Қоровулхона қулайдай. Айниқса бурчақтса турган шкаф тепаси. У ҳовлидан ранги кўчиб кетган эски мис товоқча топиб, унда сув олиб келди. Ер, емаса турар, деган хаёлда бозордан ярим кило тариқ олиб келди-да, бир сиқимини мусичалар олдига сепиб, уйига кетди.
Мусичалар ўз умри билан туғилган экан. Катта бўлиб қолишди.

III

Совет — Япон шартномаси имзоланиб, алоҳида моддаси бир давлатдан иккинчи давлатга учиб ўтган қушларга озор бермаслик, уларни авайлаш ҳақида эди. У газетадаги шу моддага тикилиб тўймайди. Қувончини боғ қоровулига изҳор этади:
— Эшитдиларми, отахон. Ҳукуматимиз кўп танти ҳукумат, қушлар тўғрисидаям ғамхўрлик қиляпти, шунақа. Раҳмат, ҳукумат, раҳмат. Айтгандай, қушларга уя ясанг, деб эдим, тайёр бўп қолдими?
— Энди иккита бўлди.
— Э, тезлатинг-да, отахон, мен қушларга ваъда берганман, биродарларимизни олиб келинглар деб.
Ҳали-замон келадилар, шунақа…

У қоровулхонага кирди. Мусичалар энди учадиган, хонада йўрғалаб юрадиган, бир-бирларини қувалаб столлар остига кириб кетадиган бўлган эдилар. Сарғиш жунлари қорайиб, тумшуқлари бигиздай… Чиройли! Узун қанотларининг усти сал қорайган, ости эса оппоқ. Бирининг қанотлари худди каптарларникидай ола. У пояндоз устида йўрғалаб юрган мусичаларга қараб завқланиб:
— Э-э, жуда гўзал бўпсизлар-ку, биродарлар. Яхши эмас, кўз тегиши мумкин, шунақа, — деди.
Тариқ олиб келгани бозорга борди. Сотувчи чолга:
— Илтимос, яхшироғидан беринг, яқинда мусичаларим кукулайди, шунақа, — деди.
Чиндан ҳам мусичалар оқшомда илк бор… илк бор ёнма-ён туриб, вазмин, самимий таъзимлар билан салом қилдилар:
— Ку-ку-ку-ку…

IV

У мусичалар кетиб қолмаслиги учун деразаларни ёпиб қўйди. Хонада мусичалар қўниб-учиб турадиган жой қилмоқчи бўлди. Ҳовлидаги ўрикнинг кичкина шохчасини синдириб олди-да, деворга суяб қўйди. Мусичалар қўнишига бу ноқулайдай туюлди. Идора супуриш учун ишлатиладиган пақирларнинг бирига пича лой олиб келди-да, ўрик шохчасини лойга суқиб қўйди. Пақир атрофига дон сочиб, кичкина мис идишда сув олиб келди. Мусичалар хона ичида айланиб учиб, стол устига қўндилар-да, бараварига бошларини эгиб, таъ-зим қилдилар:
— Ку-ку-ку-ку…
У ўзида йўқ қувониб, бош ирғади:
— Бали, бали…

V

.. У эрталаб ўзини ёмон сезиб, валерянка ичди. Ёнбошлаб ётганида қоровул телефон қилиб, директор курортдан қайтиб, идорага келганини айтди. У кийиниб, уйидан зўрға чиқди. Сочсиз боши юзларидай қип-қизил, қоп-қора кўзлари чиройли, лаблари гўдакларникидай жуда юпқа, қошлари сийрак директор бир сохта табассум қилди-да, яна аслига қайтди:
— Жа, янгилик кўп-у. Бизнинг ақлимиз етмабди-да шуларга. Буни қаранг-а…

Кутилмаганда директор кўзларининг оқи кўпайиб, қорачиклари қаёққадир йўқолиб қолгандай бўлди.
— Бу маданият боғи! Бу ерда паррандалар эмас, халқ ҳордиқ чиқариши керак! Тавба, ҳамма дарахтларга уя қўндириб чиқибди-я. Ҳаммаёқ мусича тезаги… Нима,бу зоопаркми?..
— Ўртоқ директор, қушлар ҳам халқ…
— Сиз раҳбарми ё каптарбоз октябрятми? Марҳамат, ёзинг ариза. Акли кириб қолар, болалигини ташлар, деб шунча сабр қилдим, етар…
У директор суриб қўйган қоғозни олди-да, ўз хонасига чиқиб, ариза ёзди. Ариза ёзганида юраги ёмонлашди. Шунда зўр соғиниш билан мусичаларини кўргиси, улар билан мулоқотда бўлгиси келди. Қоровулхонага бориб аланглаб, туриб қолди. Мусичалар йўқ. У стол, шқаф тагларини, дераза пардалари орқасини қаради. Йўқ. Қоровул ҳам йўқ. Директорнинг эшиги олдига келиб энтикиб:
— Мусичаларимни кўрмадингизми? — деди.
— Ана ҳовлида. Ўзларидан кўрсин, ҳайдадим, кет-мади… — деди директор бошини кўтармай.

У шошиб ҳовлига чиқди. Чиқиндилар қутисида му-сичалар бошлари орқасига қайрилиб ётарди… Унинг юзлари оқариб, лаблари пирпиради. Боши ғувиллаб, бутун фикру хаёллари тумандай хиралашиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Энтикиб, чуқур нафас олмоқчи бўлди-ю, аммо нафаси етмади. Юрагини худди бир махлуқ панжалари тирноқларини ботириб чангаллагандай, кейин эса бирдан… ғижимлагандай бўлди. Кўкрагини ушлаб инграб, синиқ овоз билан: а-а-а-а-а-а… деди-да, скамейкага ўтириб қолди.
У ўзига келиб, бошида унга термулиб турган қоро-вул билан директорни кўрди. Директор жилмайди:
— Айёрлик қилманг-э, қўрқитвордингиз. Ариза ёз, деб шунчаки айтдим-да…

У ёруғ оламга қаради… Худди Шишкиннинг расмларини томоша қилаётгандай ҳаётга суқланиб-суқланиб термилди. Шунда, олча шохига қўниб турган мусичага кўзлари тушди. Унинг мусичаларига жуда ўхшаркан. Мусича бир нағмада ку-кулади:
— Ку-ку-ку…
Табассум! Унинг оппоқ юзларида маъюс табассум…

3 fevral — atoqli o‘zbek adibi Tog‘ay Murod (1948–2003) tug‘ilgan kun.

Tog‘ay Murod o‘z tuprog‘ini sevgan, sevdira olgan alomat yozuvchi edi. Uning asarlari ko‘z ochgan sanalarga qarayman: ilk hikoyasi «Bobosi bilan nabirasi» 1966 yili yozilgan. Demak, ayni o‘n sakkiz bahorga to‘g‘ri kelar ekan. So‘nggi asari — «Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi» romaniga 1998 yil — naqd ellik yoshning ustida nuqta quyilgan. Hisoblansa, o‘ttiz ikki yillik hayrat va muhabbat, ilhom va mehnatning huzuri bizga qoldi, zavqi va dardi o‘zbekning, insoniyatning mulki bo‘ldi… Men Tog‘ay Murod xonadonida bo‘lmaganman, nashr etilmay yotgan yoxud boshlab qo‘ygan asarlaridan xabarsizman. Lekin bo‘lishi kerak. Ko‘nglidagisini esa ehe-e… hisoblab bo‘ladimi? Betizgin bir harislik bilan asarlari, ular yaratilgan yillar ro‘yxati ko‘z oldimdan o‘tadi. To‘rtta hikoya. To‘rttagina-ya… «Bobosi bilan nabirasi», «Kuzning bir kunida», «Ku-ku- ku», «Er-xotin», (150 dan ortiq hikoyalar yozgan Jek London bor-yo‘g‘i 40 yoshga kirib- kirmagan.)
Tog‘ay Murod olami hikoyalarga sig‘madi. Baxshi bobolarning qoni tortdi — u dostonlarda ochildi, xususan, dostonmonand qissalarida o‘zini to‘kdi (Vafo Fayzullohning «Abadiyat» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o‘qing).

Tog‘ay MUROD
IKKI HIKOYA


43Tog‘ay Murod (Mengnorov Tog‘aymurod) 1948 yil 3 fevralda Surxondaryo viloyatining Denov tumaniga qarashli Xo‘jasoat qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston xalq yozuvchisi (1999).Abdulla Qodiriy nomidagi O‘zbekiston Davlat mukofoti laureati (1994). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1972). Birinchi yirik qissasi — «Yulduzlar mangu yonadi» (1976). «Ot kishnagan oqshom» (1979), «Oydinda yurgan odamlar» (1980), «Momo Yer qo‘shig‘i» (1985) kabi qissalari nashr etilgan. «Otamdan kyulgan dalalar» (1993, ushbu asar asosida badiiy film yaratilgan, 2001), «Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi» (2001) romanlari muallifi. Jek Londonning «Boyning qizi» dramasi va hikoyalarini, E. Seton-Tompsonning «Yovvoyi yo‘rg‘a» qissasini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.
Yozuvchi 2003 yil 27 mayda Toshkent shahrida vafot etgan.


BOBO BILAN NЕVARASI

Oyoqlariga qizil botinka, ustiga ko‘k ishton-ko‘ylak, boshiga eski ola do‘ppi kiyib olgan uch yashar nevara, hammadan oldin o‘rnidan turib, ayvonga chiqadi. Dasturxon atrofida o‘tirganlar unga parvo ham qilmaydilar. U dahlizda birpas tik turadi. To‘g‘ridan qaraganda xuddi vaqtincha o‘rnatib qo‘yilgandek ko‘rinadigan katta-katta quloqlarini ko‘rganlar nevarani tog‘asiga o‘xshatadilar. Quralay ko‘zlarini, bir oz yapasqidan kelgan burnini, keng va do‘ng, hali g‘am nimaligini bilmagan yaltiroq peshonasini ko‘rganlar esa uni otasiga o‘xshatadilar.

Nevara zinapoyadan avaylab tushadi. Orqasiga bir qarab qo‘yadi. Mayda-mayda qadamlar bilan hovli eshigi oldidagi mototsiklning yoniga borib turadi. Esida bor, otasi bilan mana shu muloyim o‘rindiqqa o‘tirgan, o‘shanda bu mototsikl degani qattiq ovoz chiqarib yurib ketgan, nevara qo‘rqqanidan otasini mahkam quchoqlab, ko‘zlarini yumib olgan edi. Mana, u bugun ham mototsiklga minadi, o‘zining minmoqchi ekanligini bildirish uchun orqa o‘rindiqqa qo‘lini tekkizib turadi. Hademay otasi ham keladi, so‘raydi:
— Yo‘l bo‘lsin?
— Men ham boraman.
— Qayoqqa?
— Ishga.
— Ha-a. Direktorimiz kecha pedsovetda seni so‘rayotgan edi, nega ishga kelmayapti, deb, — deydi otasi hazillashib.

Nevara otasi ayttan so‘zlarga deyarli tushunmaydi. Hatto ayrim so‘zlarni birinchi eshitishi. Ammo shunday bir narsani payqab qoladiki, kimdir: xolasimi, ammasimi uni kelsin debdi. Boradi, boradi.
Shu payt otasi bir narsani tepadi, pat-patlagan tovush chiqadi. Nevara bir cho‘chib tushib, kipriklarini pirpiratadi.

Agar olib ketmasangiz, yig‘layman, degandek, lablarini buradi, yelkasini silkib, boraman, deydi. Otasi parvo qilmay ketadi. Pat-patning orqasidan tutun chiqadi, nevara tutun ichida qoladi. Ana endi, u yerga ag‘anab, alamidan chiqquncha yig‘lamoqchi bo‘ladi. Ammo… bobosi yomon. Yumshoq tuproqqa ag‘anab, mazza qilib yig‘lab olishga qo‘ymaydi. Nevarasini qo‘lidan yetaklab ichkari olib kirib ketadi. Har qalay yomon bo‘lsa ham o‘zi bilgan odamlar ichida bobosini yaxshi ko‘radi. Shu daqiqadan boshlab bobosini avvalgiga qaraganda ham ko‘proq yaxshi ko‘radi. Sababki, bobosi hozirgina unga tokchadan shokolad olib berdi.

Nevarasining ko‘ngli nimanidir istaydi. Bir kuni bobosi uni qayergadir olib borgan, u yerda katta-katta uylar bor, odamlar ko‘p ekan, ko‘chalarda olma, bodringlarni odamlar hammaga ko‘rsatib o‘tirar ekan. O‘shanda bobosi unga shirin suv olib bergan edi. Nevarasi hali-hali eslab lablarini yalab qo‘yadi. U hozir, yana shu yerga olib boring degisi keladi, lekin aytolmaydi, qayerga borganini o‘zi ham bilmaydi. Bobosining tizzasiga o‘tirib olib xarxasha qiladi.
— Jim o‘tir, jim. Qara, anavuni qara. Eh-he, bolalarni qara, — deydi bobosi burchaqda turgan televizorga ishora qilib.

Nevarasi bu yarmi shisha katta qutining televizor deb atalishini yaqindagina bildi. Ammo haligacha uning nomini aytolmaydi. Bobosi televizorda qiziq tomosha ko‘rib kulib yuboradi. Nevarasi nima gapligini payqasa-da, bobosiga qo‘shilib kuladi. U tomoshaga qarab o‘tirib, hayron bo‘ladi: buncha ko‘p odamlar qanday qilib shu kichkina qutining ichiga sig‘adi?..
— Bobo, bu odamlar qayerda?
— Televizorning ichida-da, ulim.
— Shuning ichida uyi ham bormi?
— Bor, ulim, bor. Hammasi bor.
— Ularning shokoladiyam bormi?

Mittigina nevarasi o‘zicha, kishilar uchun eng shirin va kerakli narsa shokolad deb biladi. Shuning uchun hamma narsani avvalo shokoladga taqqoslab ko‘radi. Nevarasining savoli javobsiz qoladi, televizorda hech narsa ko‘rinmay qolgani uchun bobosi uni o‘chirib qo‘yib, hovliga chiqib ketadi. Nevarasi qo‘li bilan devorga suyanib o‘rnidan turadi. Ko‘rsatkich barmog‘ini og‘ziga tiqib, boshini chapga sal qiyshaytirib, televizorga birpas qarab turadi. So‘ng asta-asta kelib, televizorning orqasidan ichiga qaraydi — yo‘q. Chakkasini televizor yoniga tekkizib quloq soladi — yo‘q. Haligi odamlar yo‘q. Hozirgina shuning ichida edi… Qayoqqa ketdi ular?..
U hayron bo‘lib, uy ichiga nazar soladi. Pechka oldida turgan kichkina mashinasini ko‘rib qoladi. Mashina oldiga boradi. Shu yerda turgan singlisining qo‘g‘irchoq qizini oyog‘idan sudrab kelib mashina ustiga o‘tirg‘izadi. Mashinaning uzun iplaridan sudrab hovliga chiqadi, chekkaroqda bir nimalar qilib o‘tirgan bobosiga qaraydi. Bobosi deraza yasayapti. Oldida ustalar uchun kerakli asboblar, har xil hajmdagi yog‘ochlar sochilib yotibdi. Vaqt-vaqti bilan yog‘ochga chizadi-da, so‘ngra kichkina qalamini qulog‘i ustiga qistirib qo‘yadi. Buni ko‘rgan nevarasi zavq bilan kuladi va o‘zi ham shunday qilish uchun qalam qidiradi, biroq topolmaydi. Mashinasini sudrab daraxtlar orasiga qarab ketadi.

Bobosi ko‘z ostidan nevarasiga qarab qo‘yadi. Yana ishini davom ettiradi. Bobosi pensiyaga chiqqaniga ikki oycha bo‘ldi. Hukumat uni taqdirladi. U pensiyaga chiqmasdan oldin qachon pensiyaga chiqib mundoq dam olarkanman, deb o‘ylardi. Ish deganlari jonimgayam tegdi, deb qo‘yardi. Mana, orzusiga yetdi. Ammo o‘zini qo‘yarga joy topolmay qoldi. Nima ish qilishini bilmaydi. Ishlab o‘rgangan odam — hadeb yotavergisi kelmaydi. Hovlini kuzatib, ko‘ziga yomon ko‘ringan narsalarni — devorning ko‘chgan joylarini, buzilgan derazalarni, eshiklarni tuzatadi. Toklarning uchini kesadi. Xullas, hovlidagi beo‘xshov narsalarni o‘xshatmasa ko‘ngli orom olmaydi. Bobosi, «Manavi Ismoil… E tavba-ye, qirq yil Sovet hukumatiga xizmat qilib, minglab odamlar bilan til topishdimu, ikki oydan buyon shu tirmizak bilan kelisha olmayman-a!..»

Bugun ikki kundirki, bobosi tovuq katagiga eshik tayyorlaydi. U qo‘lidagi yog‘ochni qarichlab ko‘radi, adashib ketadi. Yana qarichlab, bu safar qalam bilan boplab belgi qo‘yadi. Kesmoq uchun arrani oladi. Bobosi: «Bekor pensiyaga chiqibman. Ishdaligimda kuniga kamida o‘n kishi meni so‘rab turardi. Endi esa hech kimning men bilan ishi yo‘q». Bobosi yana ko‘p narsalarni o‘ylaydi… Nevarasining daraxtlar tarafga o‘tib ketganini eslaydi, xabar oladi. Xotirjam bo‘lib, ishini davom ettiradi. Nevarasiga achinadi: «Bunga kiyin. Birga o‘ynaydigan bolalar yo‘q. Uydagilar meniyam tashlab ketadi, uniyam tashlab ketadi. Ye ikkalang birga o‘ynayver, deganlarimikan bu… Yo‘g‘-ye..»

Do‘mboqqina nevarasi o‘yindan zerikadi. Mashinasini sudrab kelayotib, tovuq katagiga qarab, ichida tovuq borligini ko‘radi. Chap oyog‘ini yerga tap etib urib «kisht», deydi. Tovuq shunda ham indamay yotaveradi. Nevarasi: «Hamma tovuqlar hovlida o‘ynab yuribdi, bu tovuq nega bir o‘zi o‘tiribdi ekan?..»
Qo‘g‘irchoq qizning qo‘lini sug‘urib olib tovuqqa otmoqchi bo‘ladi, lekin ololmaydi. Yerdan mayda tosh olib otadi, tovuq qoqoqlab katakdan chiqib ketadi. Nevarasi tovuq yotgan joyda oppoq tuxum turganini ko‘radi. Qo‘lini uzatadi, yetmaydi. Urmalab katakning ichiga kirib ketadi. Tuxumni mashinasiga solib, bobosining oldiga oboradi.
— Bobo, tovuq tug‘di, mana.
— Yaxshi bo‘pti.
— Tuxumi issiq ekan.
Bobosi va nevarasi qo‘l ushlashib tok vayishi ostiga boradilar. Jajjigina nevarasi tokda osilib turgan uzumlarga qaraydi. O‘z qo‘llari bilan olib yemoqchi bo‘ladi. Xuddi bobosidek qo‘lini uzumlarga cho‘zadi. Eh-he, hali juda uzoq, juda…

Bobosi nevarasiga boqib, beixtiyor o‘zining bolaligini eslaydi.. Ko‘nglida nevarasiga nimadir… nimadir paydo bo‘ldi… Nevarasining beg‘ubor peshonasi va tiniq yuzlariga uzoq boqib qoladi…

1966

KU-KU-KU…

I

U juda oriq, o‘zi sariq bo‘lgani uchun siyraklashib qolgan sochlariyam sarg‘ish. Qachonlardir yaxshigina she’rlar yozib, endi rasmiy ishlar girdobiga tushib, nazmiy tuyg‘ulari so‘nib qolgan. Sal engashib, ohista-ohista, nimalarnidir o‘ylab, xafaqon kasali bilan og‘rib yuradi. Xafaqon kasaliga yo‘liqqandan buyon ichmaydi, chekmaydi. So‘zlaganda ovozi og‘ir kasallarnikiday nimjon, xasta chiqib, diqqat qilmagan odam yaqinida bo‘lsayam eshitmaydi. Kulganda tishlari ko‘rinmasligi uchun lablarini lablariga shunday qattiq bosadiki, qo‘y ko‘zlari yumilay-yumilay deb, yuzlari qizarib ketadi…

U jurnallarga obuna bo‘lishni yaxshi ko‘radi. Har yili ko‘plab xorijiy va o‘zimizning jurnallarga obuna bo‘ladi. Uyida jurnallardagi rasmlarni, Rembrandt, Rafayel, Bottichellining nodir asarlarini tomosha qilib o‘tiradi. U yana qushlar, ularning sayrashiniyam yaxshi ko‘radi. Ishlab charchaganida o‘zi direktor o‘rinbosari bo‘lib ishlayotgan shahar istirohat bog‘ining xilvat joyiga o‘tirib, Shishkinning rasmlarini tomosha qiladi, qushlarning sayrashini kutadi. Ayniqsa, Shishkinning «Bug‘doyzor»iga uzoq tikilib qoladi. U o‘zicha ikki toifadagi odamlarga achinadi. Biri — Shishkinning rasmlari oldidan beparvo o‘tgan odamga, ikkinchisi — qushlar sayrayotganda so‘zlashgan odamga. Shu odamlarni to‘xtatib, degisi keladi:
«Birodar, to‘xtang, ko‘ryapsizmi Shishkinning qayinlarini: hayot go‘zal, shunaqa…»
«Birodar, eshityapsizmi, tog‘ chumchug‘i sayrayapti. Bu ohangni Betxoven ham bilmasa kerak. Afsus, bu ohanglarning nomi yo‘q. Eshiting, qushlarni eshiting…»

Shu payt daraxt shoxlarida qo‘nib turgan qushlarning turli nag‘madagi sayrashlari eshitiladi. U «Munojot»ni tinglayotganday boshini ma’yus egib, eshitadi. Yuzlariga tabassum yuguradi. O‘rnidan turib, qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yadi-da, qushlarga ta’zim qiladi:
— Ofarin, birodar, ofarin. Qulluq!..
Xayolan qushlar ovozi qanotida uzoqlarga — oppoq bulutlar olamiga uchib ketadi…
U: «Ay, birodarlar, sizlar uchun yog‘ochdan uya yasadim, shunaqa. Tog‘lardagi birodarlarimizgayam ayting, bog‘imizga kelsinlar. Men ulargayam uya qurib beraman, shunaqa…»
U xushvaqt jilmayadi…

II

U keksa ota-onasini ko‘rish uchun qishloqqa borib, tez qaytdi. Mashina baland dovondan soyga tushib, shovullab oqayotan ko‘m-ko‘k suvdan o‘tdi. Chapga burilib, suv yoqasida to‘xtadi. U mashinadan tushib, kostyumining tugmalarini o‘tkazdi. Tevarakka qaradi: yo‘lni ikki tomonidan haybatli tog‘ cho‘qqilari o‘rab turibdi. Botayotgan quyosh tog‘ cho‘qqisi uchida osilib qolganday… Tog‘dan oqib tushayotgan suvning shovullashi eshitilib, suv oqayotgan soydan salqinlik ufurib turibdi. Tog‘ qushlarining nag‘malari… Bir gala yovvoyi kaptarlar cho‘qqilar uzra uchib yuribdi. Kaptarlar qo‘nganda, chap qo‘lini peshonasi ustiga soyabon qilib qaradi. Ko‘rmadi. Sayr uchun kaptarlar qo‘ngan tarafga yurdi. Katta tosh ostida bir narsaning pitirlayotganini ko‘rdi. To‘xtab, o‘sha yoqqa yurdi. Ikki tosh orasidagi qizil tuproq ustida turgan inni ko‘rdi. Yaqinroq bordi. Xas-xashakdan ustalik bilan yasalgan inda qush bolasi, yumshoq tuproqda esa yana biri… Yerdagisi tipirchilab inga chiqmoqchi bo‘lar, ammo chiqolmas, indagisi esa bo‘yinlarini qisib, pusib yotardi. U in yaqinidagi sariq toshga o‘tirib, ularni uzoq tomosha qildi. Musicha bolalarining onasi yo‘q… Yo ular onasizmikin?

Quyosh botib tog‘larga oqshom cho‘kdi. Musichalarning onasi hamon yo‘q. U ketmoqchi bo‘ldi. Shunda, musichalar bo‘yinlarini cho‘zib, biram g‘alati chiyilladiki… Uning yuragi uvushib ketdi. Musichalarni olib ularning ho‘l badanini to‘liq yopmagan junlarini silay-silay pastga tushdi. «Eng beozor qush. Bular odamlarga faqat yaxshilik tilaydi. Kukulashlari, ta’zimlari… shunaqa», dedi u o‘zicha. Ro‘molchasini mashina o‘tirg‘ichiga yoyib, ustiga musicha bolalarini qo‘ydi. Idoraga kelganlarida u musicha bolalarini divanga qo‘yib, junini siladi. Ularni hovliga — daraxtlar ostiga qo‘yib yubormoqchiyam bo‘ldi. Tog‘dagiday bu yerda ham o‘z tirikchiligini o‘zi qilar, deb o‘yladi. Avaylab, hovliga olib chiqdi. Ko‘m-ko‘k o‘tlar ustiga qo‘yib birpas kuzatib turdi. Ular joyidan qimirlayvermagach, mendan hayiqyapti, deb o‘ylab, xonasiga qaytib kirdi. Birpas yangi jurnallarni titkilab o‘tirib, derazadan qaradi. Musicha bolalari daraxt yonida boshlarini bir-biriga tegizib, mudrab, mung‘ayib turardilar!.. U shoshib borib, ularni olib keldi. Hech qayoqqa chiqarmaslikka ahd qildi. Ularga joy qidira boshladi. Qorovulxona qulayday. Ayniqsa burchaqtsa turgan shkaf tepasi. U hovlidan rangi ko‘chib ketgan eski mis tovoqcha topib, unda suv olib keldi. Yer, yemasa turar, degan xayolda bozordan yarim kilo tariq olib keldi-da, bir siqimini musichalar oldiga sepib, uyiga ketdi.
Musichalar o‘z umri bilan tug‘ilgan ekan. Katta bo‘lib qolishdi.

III

Sovet — Yapon shartnomasi imzolanib, alohida moddasi bir davlatdan ikkinchi davlatga uchib o‘tgan qushlarga ozor bermaslik, ularni avaylash haqida edi. U gazetadagi shu moddaga tikilib to‘ymaydi. Quvonchini bog‘ qorovuliga izhor etadi:
— Eshitdilarmi, otaxon. Hukumatimiz ko‘p tanti hukumat, qushlar to‘g‘risidayam g‘amxo‘rlik qilyapti, shunaqa. Rahmat, hukumat, rahmat. Aytganday, qushlarga uya yasang, deb edim, tayyor bo‘p qoldimi?
— Endi ikkita bo‘ldi.
— E, tezlating-da, otaxon, men qushlarga va’da berganman, birodarlarimizni olib kelinglar deb.
Hali-zamon keladilar, shunaqa…

U qorovulxonaga kirdi. Musichalar endi uchadigan, xonada yo‘rg‘alab yuradigan, bir-birlarini quvalab stollar ostiga kirib ketadigan bo‘lgan edilar. Sarg‘ish junlari qorayib, tumshuqlari bigizday… Chiroyli! Uzun qanotlarining usti sal qoraygan, osti esa oppoq. Birining qanotlari xuddi kaptarlarnikiday ola. U poyandoz ustida yo‘rg‘alab yurgan musichalarga qarab zavqlanib:
— E-e, juda go‘zal bo‘psizlar-ku, birodarlar. Yaxshi emas, ko‘z tegishi mumkin, shunaqa, — dedi.
Tariq olib kelgani bozorga bordi. Sotuvchi cholga:
— Iltimos, yaxshirog‘idan bering, yaqinda musichalarim kukulaydi, shunaqa, — dedi.
Chindan ham musichalar oqshomda ilk bor… ilk bor yonma-yon turib, vazmin, samimiy ta’zimlar bilan salom qildilar:
— Ku-ku-ku-ku…

IV

U musichalar ketib qolmasligi uchun derazalarni yopib qo‘ydi. Xonada musichalar qo‘nib-uchib turadigan joy qilmoqchi bo‘ldi. Hovlidagi o‘rikning kichkina shoxchasini sindirib oldi-da, devorga suyab qo‘ydi. Musichalar qo‘nishiga bu noqulayday tuyuldi. Idora supurish uchun ishlatiladigan paqirlarning biriga picha loy olib keldi-da, o‘rik shoxchasini loyga suqib qo‘ydi. Paqir atrofiga don sochib, kichkina mis idishda suv olib keldi. Musichalar xona ichida aylanib uchib, stol ustiga qo‘ndilar-da, baravariga boshlarini egib, ta’-zim qildilar:
— Ku-ku-ku-ku…
U o‘zida yo‘q quvonib, bosh irg‘adi:
— Bali, bali…

V

.. U ertalab o‘zini yomon sezib, valeryanka ichdi. Yonboshlab yotganida qorovul telefon qilib, direktor kurortdan qaytib, idoraga kelganini aytdi. U kiyinib, uyidan zo‘rg‘a chiqdi. Sochsiz boshi yuzlariday qip-qizil, qop-qora ko‘zlari chiroyli, lablari go‘daklarnikiday juda yupqa, qoshlari siyrak direktor bir soxta tabassum qildi-da, yana asliga qaytdi:
— Ja, yangilik ko‘p-u. Bizning aqlimiz yetmabdi-da shularga. Buni qarang-a…

Kutilmaganda direktor ko‘zlarining oqi ko‘payib, qorachiklari qayoqqadir yo‘qolib qolganday bo‘ldi.
— Bu madaniyat bog‘i! Bu yerda parrandalar emas, xalq hordiq chiqarishi kerak! Tavba, hamma daraxtlarga uya qo‘ndirib chiqibdi-ya. Hammayoq musicha tezagi… Nima,bu zooparkmi?..
— O‘rtoq direktor, qushlar ham xalq…
— Siz rahbarmi yo kaptarboz oktyabryatmi? Marhamat, yozing ariza. Akli kirib qolar, bolaligini tashlar, deb shuncha sabr qildim, yetar…
U direktor surib qo‘ygan qog‘ozni oldi-da, o‘z xonasiga chiqib, ariza yozdi. Ariza yozganida yuragi yomonlashdi. Shunda zo‘r sog‘inish bilan musichalarini ko‘rgisi, ular bilan muloqotda bo‘lgisi keldi. Qorovulxonaga borib alanglab, turib qoldi. Musichalar yo‘q. U stol, shqaf taglarini, deraza pardalari orqasini qaradi. Yo‘q. Qorovul ham yo‘q. Direktorning eshigi oldiga kelib entikib:
— Musichalarimni ko‘rmadingizmi? — dedi.
— Ana hovlida. O‘zlaridan ko‘rsin, haydadim, ket-madi… — dedi direktor boshini ko‘tarmay.

U shoshib hovliga chiqdi. Chiqindilar qutisida mu-sichalar boshlari orqasiga qayrilib yotardi… Uning yuzlari oqarib, lablari pirpiradi. Boshi g‘uvillab, butun fikru xayollari tumanday xiralashib, ko‘zlari hech narsani ko‘rmay qoldi. Entikib, chuqur nafas olmoqchi bo‘ldi-yu, ammo nafasi yetmadi. Yuragini xuddi bir maxluq panjalari tirnoqlarini botirib changallaganday, keyin esa birdan… g‘ijimlaganday bo‘ldi. Ko‘kragini ushlab ingrab, siniq ovoz bilan: a-a-a-a-a-a… dedi-da, skameykaga o‘tirib qoldi.
U o‘ziga kelib, boshida unga termulib turgan qoro-vul bilan direktorni ko‘rdi. Direktor jilmaydi:
— Ayyorlik qilmang-e, qo‘rqitvordingiz. Ariza yoz, deb shunchaki aytdim-da…

U yorug‘ olamga qaradi… Xuddi Shishkinning rasmlarini tomosha qilayotganday hayotga suqlanib-suqlanib termildi. Shunda, olcha shoxiga qo‘nib turgan musichaga ko‘zlari tushdi. Uning musichalariga juda o‘xsharkan. Musicha bir nag‘mada ku-kuladi:
— Ku-ku-ku…
Tabassum! Uning oppoq yuzlarida ma’yus tabassum…

09

(Tashriflar: umumiy 1 642, bugungi 14)

Izoh qoldiring