Rajab Xolbek. Bir yaydoqlik qoldi qirlarda…& Tog’ay Murod xotirasiga bag’ishlangan «Unitilmas siymolar» teledasturi

011
3 феврал — Атоқли адиб Тоғай Мурод туғилган куннинг 75 йиллиги олдидан

Ўтди-ўтди, бу дунёдан-оқиллар-у, фозиллар ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-шоҳлар-да, гадолар-да, ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-номдорлар-да, номсизлар-да, ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-Тоғай Мурод деган ёзувчи-да, ўтди.

Ражаб ХОЛБЕК
БИР ЯЙДОҚЛИК ҚОЛДИ ҚИРЛАРДА…
Эссе


1

Ўтди-ўтди, бу дунёдан-оқиллар-у, фозиллар ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-шоҳлар-да, гадолар-да, ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-номдорлар-да, номсизлар-да, ўтди.
Ўтди-ўтди, бу дунёдан-Тоғай Мурод деган ёзувчи-да, ўтди.
Назаримда, ўзбекнинг қалами бир қалққандай бўлди.
Ўзбекнинг қалами бир инграгандай бўлди.
Дунё чархпалак бўлди, дунё қаттол бўлди.
Ҳеч кимга дунёни боғлаб бермади.
Ҳеч ким-да, дунёда устун бўлмади.лекин буюклик қошида юраклар тўкилиб-тўкилиб турди.
Буюклик қошида юраклар сўтилиб-сўтилиб турди.

2

Тоғай Мурод буюк эди…
Тоғай Мурод суюк эди…
Буюклиги шунда эдики,Тоғай Мурод эл дардида ёнди.
Суюклиги шунда эдики, унинг насрий асарлари бамисоли қўшиқ бўлди.
Кетмон чопаётган деҳқоннинг, от миниб кетаётган чавандознинг, оғир тин олган замондошимизнинг бир хиргойиси бўлди.
Мени-да, бу қўшиқлар ўртагани рост.
Мени-да, бу қўшиқлар куйлатгани рост.
Лекин ҳеч қачон Армон қўшиғини куйлайман деб ўйламасдим.
Тоғай Мурод ҳақида марсия айтаман деб ўйламасдим.

3. Биринчи марсия

Ҳар гал туғилган қишлоқ Вахшиворга йўл олсам, Сайрак адирларидан йўлим ўтади.
Сайрак адирларини оралаб-оралаб ўтаман.
Эндиликда ярми боғ-роғларга бурканиб кетган адирлар сирли-сирли ривоятлар, ҳикоялар айтаётгандек бўлаверади.Баҳордан бермағон сув кўрмаган қирлар сарғариб-сарғариб тураверади.
— Кошки, бу адирларда, мен-да, пиёдалаб кезмаган бўлсам,-дейман.
Шунда автобус тўла одам бўлади.Автобуслар тўлиб-тўлиб йўлдан одам ўтади.
Ҳаммасининг-да, ўз дарди бўлади,ҳаммасининг-да, ўз хаёли бўлади.
Менинг дардим адирлар қўшиғи бўлади.
Менинг хаёлим Тоғай Мурод бўлади.

4. Иккинчи марсия

Катта Вахшивор қишлоғида Саттор човоғон демиш бир одам бор.Дуторни бир эшилиб чертади,дуторни бир эшиб чертади.Тоғай Мурод китобида шу одамни бир илдириб кетган жойи бор.Олтмишдан ошиб, етмишни қоралаб кетаётган Саттор човоғон от тўғрисида қуюқ-қуюқ гурунг беради.Тоғай Мурод ҳақида-да, суйиб-суйиб гапиради.Тўйлар, қўшхоналар, чавандозлар ҳақида тўлиб-тўлиб гурунг беради. Бу гурунгларга қоғозллар камлик қилади.Бу гурунгларнинг ҳаммасини ҳам қоғозга туширишнинг иложи йўқ. Боиси, бу гурунгларга синчков-синчков кириб борадиган юрак керак.
Чавандозларни куйлатадиган, отларни сўйлатадиган, бу тоифа одамларга жондош бўлган Тоғай Мурод йўқ.
Энди орамизда Тоғай Мурод йўқ.

5.Учинчи марсия

Хўжасоат қишлоғида Бўри полвон деган кимса бўларди.
Гаплари-да, бўридай шиддаткор бўларди,сифати-да, бўридай қасоскор бўларди.
Уккағарнинг улини Бўри полвон деганча бор эди.
Яқинда суриштирсам вафот этибди.(Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.) Касби-коримиз бир бўлгани боис, Бўри полвоннинг суҳбатини олишга кўп марта муяссар бўлганман.
Бўри полвонда мардлик-да, бор эди, номардлик-да, бор эди.Лекин мардлиги номардлигидан устунроқ эди.
— Шаир бола,-дерди Бўри полвон,-Тоғай Мурод менинг тўғримда ёзди.Кам бўлмади,Кимсан Тоғай Мурод бўлди.Эл таниди.
Сен ҳам ўлганимдан кейин бир нарса қоралайсан-да, дерди.
Тоғай Мурод ёзган бўлса бордир.Лекин мен сиз тўғрингизда ёзмайман дейман, ҳазиллашиб.
— Воҳ, уккағарнинг у-ули,ёзмайман дейди-я, ёзмайман дейди.
Манов каналингдан сувингни тортиб олиб қўйсам, ёзмасдан қаерга ҳам борардинг, ёзасан-да, дерди кулиб.
Ҳайрондара оралаб ўтаман:
Чилмироб канали оқиб-оқиб ётади.
Ойбарак канали оқиб-оқиб ётади.

Хаёлим Тоғай Мурод қиссаларига боради.
Бўри полвон оғир тин олганча тасбеҳ ўгиради.
Тасбеҳ тошлари думалайди, шиқ-Тоғай Мурод йўқ.
Тасбеҳ тошлари думалайди, шиқ-Тоғай Мурод йўқ.

6. Тўртинчи марсия

Катта Вахшиворда тоғ бағрини ёқалаб оқиб ўтадиган Питов ариғи бор.
Вахшиворсой суви Питов ариқ орқали Вахшивор,Бодҳова, Чинор қишлоқларига сув беради.
Тоғай Мурод асарларининг ёзилишига ана шу Питов ариқ бўйлари, Вахшиворсой ёқалаб қурилган оромгоҳлар кўп гувоҳ.Шундоққина Керагатоғ бағрига туташиб кетган бу жойлар Тоғай Мурод илҳомига айланди.Тоғай Мурод осмону заминига айланди.
Боиси, Тоғай Мурод ерлик халқ тилида “Новвойди лагери”дан қўналға топди. “Новвойди лагери”да яшади.
“Новвойди лагери”да яшаш унга ҳавасмиди?
“Новвойди лагери” Том тоғанинг кулбасимиди?
Тўғри, бу ерда яшашнинг ҳам ўзгача бир гаштлари бордир, лекин қийналиб, дарвешона кун кечиришнинг баҳоси неча пул?
Тоғай Мурод эса, шу ҳаётга кўникди.
Шу дарвешона ҳаётдан ўзлигини излади.
Орадан кўп йиллар ўтгандан сўнг, бу тўғрида ўйларканман, кўнглимга нимадир таскин бергандек бўлади.Нималардир кўнглимни аллалагандек бўлади.
Ахир, Тоғай Мурод қиссаларини шу ерда яшаб ёзди-ку! Бу-қиссалар Тоғай Муроднинг ўзлиги эмасми, дея сўрайман, ўзимдан-ўзим.
Бу-қиссалар Тоғай Мурод кечирган азоблар, иноятлар эмасми,-дейман ўзимга-ўзим.
Тун чироғини ўчираверади, тонг чироғини ёқаверади.
Кун чироғини ўчираверади,шом чироғини ёқаверади.
Мен-да, йўлим тушса,Питов ариқ ёқалаб юраман.
Пиов ариқ ёқалаб ўтмишга қайтаман.
Питов ариқ ёқалаб келажакка от соламан.
Тоғай Мурод менга устозлик қилади.
Тоғай Муродннг руҳи менга ёр бўлади.

7. Бешинчи марсия

Хўжасоат қишлоғидан Катта Вахшивор қишлоғигача ўн-ўн беш километр масофа.Бу икки қишлоқни битта йўл бирлаштириб туради.
Гўёки икки қишлоқнинг:
Дарди битта.
Ҳасрати битта.
Келажаги битта.
Бошқа йўллар дарахт шохларидек, шу катта йўлга келиб туташади.
Узун кунлар, узун тунлар хаёлим тортқилайди.
Ёзнинг илим-иссиқ кунларида ҳам, эгнида тўн, оёғида-кирза этик билан пиёда-пиёдалаб, катта йўлдан бир йўловчи гоҳ юқорилайди, гоҳ пастлайди.
Бу-йўлчи бир дарвеш.
Бу-йўлчи бир телба.
Бу-йўлчи бир буюк…
У автобусларга осилмайди, машиналарга осилмайди.
Пиёда-пиёдалаб юқорилайди…
Юқорида Керага тоғлари салобат беради.Йўлчининг хаёлини юксак-юксакларга чорлайди.Йўлчининг кўзларини юксакликлар тўйдиради.Йўлчига қанот бағишлайди.
Пиёда-пиёдалаб пастлайди…
Пастликда улкан воҳа ястаниб ётади.Сайрак адирлари туя ўркачидек чўзилиб-чўзилиб ётади.Адирларнинг ҳар бир ўнгири бир ҳикоя айтади,бир қисса айтади.
Йўлчининг хаёли беқиёс бўлади.
Йўлчининг хаёли чақмоқ бўлади.
Мошинда кетаётган одамлар қўллари билан дераза нуқийди.
-Ана, Тоғай Мурод…
Автобусларда кетаётган одамлар бармоқ кўрсатишади.
-Ана, ёзувчи…
Ана, Тоғай Мурод…
Тоғай Муроднинг ҳеч ким билан иши бўлмайди.
Ҳеч кимнинг Тоғай Мурод билан иши бўлмайди.
Тоғай Мурод ўзининг хаёли билан маст бўлади.
Тоғай Мурод лавҳалар чизади…
Тоғай Мурод қўшиқлар битади…
Тоғай Мурод ялло қилади…
Тоғай Мурод телба бўлади…

8. Олтинчи марсия

Абдулла Қодирийдан Тоғай Муродгача бўлган даврда давр чархпалаги неча бор айланди.
Катта-катта ёзувчилар бўй кўрсатдилар.
Қалин-қалин китоблар битдилар.Довруқ солиб- довруқ солиб юрдилар.
Лекин ҳаммаси ҳам Қодирий бўлолмади.
Ҳаммаси ҳам Тоғай Мурод бўлолмади.
Эл дардини кўтармоқ оғир бўлди.
Қўшиқ айтган товушлар суякдек оқарди.
Қўшиқ айтган товушлар зардоб-зардоб заҳарга айланди.
Истеъдодлар-да, ўйлаб-ўйлаб қадам босди.
Истеъдодлар куйлаб-куйлаб қадам босди.
Бирларининг қалами синди.
Бирларининг тиллари куйди.
Сиёсат ҳаромзода бўлди.
Сиёсат “изм” зода бўлди.
Сиёсатнинг қаттол қўллари эса, ҳатто Ойбекдайин истеъдодларни тилдан қолдирди.
Улардан фарқли ўлароқ,Тоғай Мурод бахтлироқ бўлди.
Тоғай Мурод эркинроқ бўлди.
Тоғай Мурод Мустақил Ўзбекистон фуқароси бўлди.Мустақил Ўзбекистон фарзанди бўлди.

9. Еттинчи марсия

08Тоғай Мурод асрлари гуриллаган кезлар, Тоғай Мурод асарлари адабиёт осмонида момақалдироқ бўлган кезлар оқсоқол адибимиз Саид Ахмад ойнаи жаҳонда бир суҳбатда-Тоғай Мурод ҳақида шундай деди: -Бугун насримиз улоғи Тоғай Муродда кетди.
Суҳбатдошлардан бири сўради: — Тоғай Мурод насрнависликда мактаб яратди, десак бўладими?
-Бўлади, бўлади… Фақат унинг йўлини кимлардир давом эттирса,-деди, Саид Ахмад домла.
Бу-Устознинг шогирдига берган баҳоси эди.
Тоғай Муроднинг ёзувчиси сифатида тан олиниши эди.
Назаримда, Тоғай Муроднинг ўлими, нафақат, ёру-биродарларининг, балки ўзбек адабиётининг, ўзбек халқининг ҳам, катта йўқотиши бўлди,-деганда Маъсума опамиз нақадар ҳақ эди.
Гарчи ўлим ҳақ,ҳаёт барҳақ.
Вахшивор қирларида Тоғай Муроднинг руҳи кезиб юрибди.
Тоғай Муроднинг қўшиқлари-сарин саболар каби, бутун Ўзбекистон бўйлаб таралмоқда.
Тоғай Мурод яшади.
Тоғай Мурод яшаяпти.
Тоғай Мурод яшайверади.

10.Саккизинчи марсия

Ўшанда Вахшивор тоғларида ям-яшил баҳор эди.қуёш баҳорий илиқликдан дарак берарди.Тоғай Мурод билан учрашув ҳали менга нима беришини билмасдим.
Гарчи, Тоғай Мурод каби номдор ёзувчи, шоирлар билан кўп марта учрашган бўлсам-да, номуносиб ҳаяжонда эдим…
Мендаги ҳаяжонни Тоғай Мурод сездими, сезмадими, билмадим.
Лекин у хушнуд кайфиятда эди.
-Мен ҳеч қачон шеър ёзмаганман,-деди Тоғай Мурод шеърларимни ўқиб кўраркан.
Мен негадир бўшашиб кетдим.
-Лекин сиз қўрқманг, шеърларингиз бинойи.Озроқ ишлов берилса, бас.
Кўнгилга жой топиб кетади.
Биргина Сўз-менга қанот бўлади.
Биргина Сўз-менга журъат бўлади.
… Орадан ўн йиллар ўтгандан сўнг, Тоғай Мурод назари тушган ўша шеърларимни қайта-қайта ўқидим.
Қаноатлангандек бўлдим, лекин….
Кўнглимга бир маъюслик инди.
Кўнглим ғалати бўлиб кетаверди.
Сукунат юрагимни парчалаб-парчалаб юборгандек бўлди.
Сукунат кўзларимни қўшиққа тўлдиргандек бўлди.
Кўзларимдан марсиялар юмма-юмма тўкилаверди.

11. Тўққизинчи марсия

Мен-да, бир от боқдим…
Тойлигидан ўзим боқиб катта қилдим.
Болаларим ёш эди, той-да, ёш эди.
От жийрон қашқа бўлди. Отга меҳрим бошқа бўлди.
Оқшомлари фарзандларимни миндириб-миндириб ҳовли айлантирдим.
Оқшомлари улғаяётган отнинг қадам олишларини кузатдим.
Фарзандларимнинг отда ўтиришини кузатдим.
Кўнгилда бир ғурур туйдим.
Кўнгилда бир рағбат туйдим.
Ўша пайтлар Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом қиссасини-да, ўқидим.
Қисса менга таъсир қилди, қисса мени гангитиб қўйди.
Отга меҳрим, отга қизиқишим ортгандан ортди.
Оқшомлар:
От билан сўйлашдим.
От билан бўйлашдим.
От билан куйлашдим.
… Иттифоқо, бир куни от билан хайрлашар бўлдим.
От эгалик бўлди.
От мендан кетар бўлди.
От уйдан кетар чоғи… ўзим-да, ўнгланмадим.
Жийрон қашқа юзларимга –юзини суртди.
Юзларимга ёлларини суртди.
Менинг-да, кўзларимга ёш келди.Жийроннинг-да, кўзларида ёш кўрдим.
Титрандим.
Эмрандим.
Отнинг кўзларига қаролмадим.Қўлим билан ишора бердим:
-Олиб кетинглар…
Энди эса… энди эса, от кўрсам, суқланиб-суқланиб қарайман.Адирлар оралаб, кўпкарилар оралаб йўқланиб-йўқланиб қарайман.
Кўз ўнгимда- отлар кишнаб-кишнаб қўяди.
Чавандозни куйлатган, чавандозни сўйлатган, дўмбиралари билан гуриллаган қўшхоналар гурунгини элга етказган –
Тоғай Мурод йўқ.
Тоғай Мурод йўқ.

12.Ўнинчи марсия

Лоқайдлик-оёққа тушов.
Бепарволик-изтироб.
Мени-да, бир изтироб, бир армон қийнайди.
Тошкентга неча бор йўлим тушди.Не-не улуғлар билан учрашдим.
Уларнинг суҳбатини олдим. Лекин Тоғай Мурод билан учрашишга журъат қилмадим.
Тоғай Муродга кўрсатадиган бирор нарса ёзайин дедим.
Шу боис, ҳар гал Тоғай Мурод билан учрашмасдан Тошкентдан қайтавердим.
Мен бепарво бўлдим.
Мен лоқайдроқ бўлдим.
Мен ғофил бўлдим.
Ҳали умр узундан-узун деб, ўзимни алдадим.
Бугун дийдор ғанимат бўлди.
Дийдор охиратга қолди…

13. Туташ кунлар ёки кейинги гаплар

Замин барчани сийлайди.Қуёш нурини борлиққа баробар сочади.
Истеъдодлар эса, ҳар кун туғилавермайди.
Шоир бўлиб туғилмайдилар.
Шоир бўлиб ўладилар.
Балки, бу улгу уларга тонглардан юққандир, балки шамоллардан юққандир.
Лекин ҳеч қачон илоҳий эмас. Инсон зот ҳеч қачон илоҳий бўлолмайди.
Инсон –шодликларга ошно.
Инсон-ғамларга ошно.
Инсон-шуҳратга ошно.
Инсон-ғурурга ошно.
Инсон-кўнгилга ошно.
Кўнгилннг кўчаси эса, ҳудудсиз ва бепоёндир.
Бу ҳудудда кўнгил куртак ёзади, барг чиқаради ва бир куни хазон бўлади.
Шу боис ҳам, бу кўнгил-менинг кўнглимга ўхшамайди.
Бу кўнгил-сенинг кўнглингга ўхшамайди.
Унинг олами бир эртак.
Унинг олами сирли ва сеҳрли.
Кўнгил олами бир улкан дарахт.Бу улкан дарахтнинг шохлари ва мевалари тугал афсунли.
Бу дарахт шохларига тош отган билан тегмайди.
Бу улкан дарахтнинг шохлари елвизак шамолларда силкинмайди.
Уни забт этш учун, дарахтнинг энг улкан шохларига чиқиш керак.
Дарахт шохларидан туриб оламни бўйлаш керак.
Тоғай Муроднинг кўнгил дарахти-тўртта.
Тоғай Муроднинг кўнгил дарахти-битта.

14. Кўнгил одами

Ижодкор — кўнгил одами.
Ижодкор-да, бамисоли деҳқон.
Деҳқон йўқдан бор қилади. Ижодкорнинг-да, хизмати шундай.
Бундай бахт эса, ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Тоғай Мурод кўнгил одами бўлди.
Унинг қўшиқлари кўнгилга яқин бўлди.
Унинг қўшиқлари халқчил бўлди.
Тоғай Мурод қўшиқлари ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ.
Тоғай Мурод яшаган ҳудуд, Тоғай Мурод туғилган юрт бу қўшиқларга замин бўлди.
Керага тоғлари ҳамон салобат босиб туради.
Керага тоғлари кўнгилни шоир қилади.
Ҳилол какликларнинг тонгларда тоғ оралаб какирдаган овозлари, бу беназир юртга нисбатан ҳар қандай кишида Меҳр уйғотиши табиийдир.
Тоғай Мурод эса, шу юртда туғилди.
Тоғликларнинг тўпори, дангалчи, мардлик ва ғурурларига ошино бўлиб улғайди.
Унинг битмишларида-да, шу юрт фарзандларининг овозлари ҳамоҳанг янгради.
Тоғай Мурод чақин бўлди.
Тоғай Мурод момогулдирак бўлди.
У ўзига-да, ўзбек халқига-да, ҳайкал қўйиб кетди.

15. Руҳият ва қўшиқ

Инсоннинг руҳият дунёси нақадар ҳадсиз ва чексиз.
Юлдузлар олис кўкдан қанчалар милтиллаб кўринса, инсон руҳияти ҳам ўзининг сирли оламини шунчалик йироқлардн намоён этгандек бўлаверади.
Менинг-да, Тоғай Мурод руҳияти ҳақида нималардир айтгим келади.
Нималарнидир элга тортиқ қилгим келади. Лекин узун ўйларимда, чегарасиз хаёлларимда, Тоғай Мурод руҳияти ҳақида ҳеч нарса билмаслигимни тан олишга мажбур бўламан.
Назаримда, катта бир уммонда бир кема сузиб боряпти.
У кеманинг елканлари оқ. У кеманинг йўллари оппоқ.
Шунда, хаёлим эрта баҳорда тоғлар кўринишига бориб туташади.
Тоғларда бодомлар оппоқ бўлиб гуллайди.
Бодомлар пуштиранг бўлиб гуллайди.
Бодомдан –бодомга, ўнгирдан-ўнгирга, гулдан –гулга сакраётган какликлар какирдаб сайрайди.
Жайдари тўн ва кирза этик кийиб олган бир йўлчи, бир саёҳатчи, бир дарбадар-да, бодомзорлар оралаб кезинади.
Олам Ҳайрат бўлади.
Борлиқ беминнат гўзалликни улашади.
Йўлчининг лаблари пичирлайди.
Йўлчининг кўзлари атрофга суқланиб-суқланиб боқади.
Бу-йўлчи Тоғай Мурод бўлади.
Бўри полвон бўлади.Зиёдулла чавандоз бўлади,оғир-оғир тин олган Қоплонбек бўлади.
Мени-да, Тоғай Мурод руҳи чорлайверади.
-Адабиёт қасрига кирмоқчи бўлган кишининг бир қўлида Кафка, бир қўлида Камю бўлиши керак,-дейди Тоғай Мурод.
Менинг қўлларимда эса, Кафка-да, бўлмади, Камю-да, бўлмади.
Менинг нигоҳимда Вахшивор қирлари бўлди.
Менинг нигоҳимда Вахшивор тоғлари бўлди.
Подаётоқдаги сирпанчиқ тош оқшомлари эртагим бўлди.
Ўнқир-чўнқир сўқмоқ йўллар азалий қўшиғим бўлди.
Ўзимча шеърлар тўқидим.
Холи-холи жойларда, ҳайқириб-ҳайқириб ўқидим.
Давраларда ўқишдан иймандим. Газеталарга беришга иймандим.
Кўнглимга Муҳаббат оралади.
Бийрон-бийрон шеърлар битдим.
Ҳайрон-ҳайрон шеърлар битдим.
Унинг кўзлари-да, қора бўлди, сочлари-да, сунбул бўлди.
Бодомқовоқ, лаблари писта хандон бўлди.
Ишқида телбаландим.
Ишқида куймаландим.
Журъатимни тўплаб, кўнглим кетганини ўзига-да, айтдим.
Назокатдан юзлари қизариб-қизариб кетди.Нафосатдан уялиб-уялиб кетди.
Лекин муҳаббатимни рад этмади.
Менинг баҳорларим бошланди…
Баҳор-майсалари хазон бўлаверади.
Баҳор-ёшлик-алдаб кетаверади.
Бу хазонлиғ сенга-да, менга-да, насиб этди.
Биз ҳижронлар оралаб кетдик.
Менинг шоирлигим тугамади.
Менинг қўшиқларим тугамади.
Армон бўлиб келаберди.Ҳижрон бўлиб келаберди.
Омадсиз кунлар-да, кўп бўлди. Маҳзун-маҳзун мисралар берди.
Мен эса, қўшиқларимни битавердим.
Кимдир ошкора устимдан кулиб ўтди, кимдир пана-панадан туриб тошлар отди…
Қишлоқда Нарзулло Ҳотам деган бир устоз, бир файласуф, бир дарвеш бўлди.
Нарзулло Ҳотам деган бир буюк бўлди.
Ўзи-да, нималардир қоралаб юрган бўлди.
Менинг-да, битикларимни тинглаган бўлди.
Биз руҳан яқин бўлдик.
Дунёнинг бир чеккасида-икки савдойи, бир-биримизга эртаклар айтдик:
Бу- эртакларда дард бор эди.
Бу-эртакларда жозиба бор эди.

…. Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, 1990 йилнинг баҳор ойларида юртдошимиз, машҳур ёзувчи Тоғай Мурод билан биринчи ва сўнгги марта учрашишга тўғри келди.
Вахшивор қирларига кўкламлик инганди.
Тоғлар таровати ҳали ўзига унчалик жалб қилмаса-да, тоғлардан эсаётган майин-майин баҳорий шабадалар кўнгилда илиқлик уйғотарди.
Кимдир менга: Ёзувчи Тоғай Мурод “Мироб” оромгоҳининг ёнидаги Хайробод пахта тозалаш корхонасига қарашли дам олиш уйига келиб, қарийб бир ойдан буён шу ерда яшаб ижод қилаётганлигини айтди.

Бу хабарни эшитиб, менда ёзувчи Тоғай Мурод билан бир учрашиш истаги туғилди.
Кечга яқин бир даста шеърларимни қўлтиқлаб, дам олиш маскани томон йўл олдим.
Мен борган пайтда Тоғай Мурод қайгадир чиқиб кетган экан.
Қоровулнинг ўғли-кутиб турсам, келиб қолишини айтди.
Мен катта ёнғоқ остига қўйилган ўриндиққа бориб ўтириб, Тоғай Муродни кута бошладим.
Бошимда турли хаёллар ғужғон ўйнарди.
Ҳар-ҳар замонда ўз-ўзимга:-Қабул қилармикин,-деб қўярдим.
Орадан қарийб бир соатлар вақт ўтди.
Ниҳоят, Тоғай Мурод келди.менимча, қўлида иккита нон бор эди.
Узоқроқда ўтирганлигим боис, менга қараб-қараб, ўзига ажратилган хонага кириб кетди.
Шу пайт, қоровулнинг ўғли ёнимга келиб, гаплаша олдингизми, деб сўради.
Мен йўқ,-дедим.
Қоровулнинг ўғли сўраб кўрайинчи?-деди-да, Тоғай Мурод турган хонага кириб кетди.
Мен атрофни кузатиб, кутиб туравердим.
Бироздан кейин қоровулнинг ўғли чиқиб,кираверишим мумкинлигини айтди.
Тоғай Мурод мени илқ кутиб олди.
Менинг хаёлларимни банд этган фикрлар унга мутлақо ёт эди.
Тоғай Мурод қанчалик машҳур бўлмасин, оддийлик унинг ҳамроҳи эди.
Мен шеърлар ёзиб туришимни, иложи бўлса, бир кўриб беришини сўрадим.
Ва унга қўлимдаги шеърлар солинган жилдни тутдим.Тоғай Мурод шеърларни қўлимдан олиб, ўқий бошлади.Шеърлардан беш-олтитасини ўқигандан сўнг, унинг юзи жиддийлашди.
Мен жимгина кузатиб ўтирардим.
У баъзи шеърларимни қайта-қайта варақлаб ўқиди.
Мени қандайдир ҳаяжон босиб турарди. Ҳаяжоним шунда эдики, ажойиб асарлар битаётган ёзувчи дабдурустдан шеърларингиз мени қаноатлантирмади, ўзингизни сарсон қилиб юрмай, бошқа иш билан шуғулланинг, деб қолса, нима бўлади дея ўйлардим.
Тоғай Мурод шеърларимни узоқ титкилади, ўқиди.Кейин шеърларни қайта жилдга солиб менинг кўзларимга тикилиб сўради:
-Қайси қишлоқдансиз?
-Катта Вахшиворнинг ўзиданман,-дедим.
Тоғай Мурод менга ҳайрат билан тикилди.
-Нега, биз олдин учрашмаганмиз-а? — қайта сўради Тоғай Мурод.
-Мен икки йилдан буён бу ерда яшамаслигим,яқинда кўчиб келганимни айтдим.
Тоғай Мурод бош ирғади…
Шундан сўнг, гурунгимиз қовушиб кетди.
Биз адабиёт, ҳаёт тўғрисида узоқ суҳбатлашдик.Суҳбатимиз икки соатларга чўзилиб кетди-ёв.
Тоғай Мурод шеърларим унга маъқул келганини, лекин ҳали камчиликлари ҳам йўқ эмаслигини айтди. – Тўғри,мен ҳеч қачон шеър ёзган эмасман.Лекин шеъриятда ҳам айтилиши керак бўлган фикр менинг тасаввурларимни алдамайди,-деди у.
Мен жилмайган бўлдим.
Сўнгра, Тоғай Мурод Мелиқул Ханжаровнинг битиклари билан менинг шеърларимни таққослаган бўлди.
Кўпроқ кимларнинг асарларини ўқиб боришимни сўради.
Мен бирма-бир санаган бўлдим.
Сўнгра, суҳбат айланиб, қишлоқнинг қайси томонида яшашимни сўради.
Мен ҳовлимнинг қайси томондалиги тасвирлаб берганимда, Тоғай Муроднинг кўзлари чақнаб кетгандек бўлди.
-Э-э-э, ўша ҳовлининг эгаси сиз экансиз-да,-деди.
Мен у ҳовлида кўп бўлганман, қанчадан-қанча тонгларни шу ҳовлида кутганман.
Тўғри, мен борган пайтларимда бу ҳовлида ҳеч ким яшамасди.Ҳовли эгасини сўрасам, кўчиб кетган дейишарди.Шу боис, бу ҳовлига мен истаган пайтимда эркин кириб бориб, булбулнинг,какликларнинг сайрашини кузатардим. Ва тинглардим.
“Ёввойи йўрға” асарини таржима қилаётганимда какликнинг қандай сайрашини шу ҳовлида кашф этганман.
Биласизми, қишлоқда фақат шу ҳовлида какликлар тонг пайти келиб, катта тошнинг устида туриб сайрайди,-деди у.
-Бўлмаса, яна бир меҳмон бўларкансиз-да,-дедим унинг суҳбатидан қувватланиб.
-Фақат, бу марта эмас, бошқа пайт. Эртага Тошкентга кетишим керак.
Шунга бироз чала ишларим бор. Тугаллаб олишим ҳамда кетишга тайёргарлик кўришим керак,-деди.
Мен секин ўрнимдан қўзғалдим.
-Биласизми,-деди Тоғай Мурод,- сизда ўз-ўзини такрорлаш бор экан.
Буни йўқотиш керак.
Мен ўзимни ёзганимни таҳрир қилолмаслигимни тан олдим.
-Ижодкор ўз-ўзини таҳрир қилабилиши керак.Сиз учун биров меҳнат қилмайди.
Мана мен янги асаримни ёзиб тугатдим.Назаримда, жуда зўр чиқди.
Лекин Тошкентга боргандан кейин бунинг патларини юлиб ташлашади,қарабсизки, биздан ҳеч қачон Абдулла Қодирий чиқмайди.Бундан кейин ҳам Абдулла Қодирий ягона деб юраверамиз.Ваҳоланки, жаҳон адабиёти биздан жуда илгарилаб кетди.Биз ҳам улар билан тенглашадиган асарлар яратишимиз керак,-деди жиддий ўйланиб.
Кейинчалик билсам, бу унинг “Отамдан қолган далалар” асари экан.
Мен уйга қайтишга чоғланар эканман, мени кузатиб чиққан Тоғай ака шеърларимни олиб Тошкентга боришимни, чоп этилишида ёрдам кўрсатишини бот-бот такрорлади.
Афсуски,кейинчалик мен Тошкентга борсам-да, Тоғай Мурод билан учрашишга эътиборсизлик қилдим.Бу менинг Тоғай Мурод билан биринчи ва сўнгги учрашувим эди.
Шундан сўнг,менинг изланишларимда қандайдир юксалиш бўлаётганини ўзим-да, сездим.Бошқалар-да, сездилар.
Мен шодумон эдим. Руҳан ёлқин эдим.Руҳан эркин эдим.
Ўша йиллар ўзимга маъқул келадиган бир туркум шеърлар ёздим.
Бу шеърлар вақтли матбуотда босилди. Буни мен нима учун айтаяпман, ижодкорга рағбат керак.
Менга бу рағбатни Тоғай Мурод берди.Бу рағбат менинг юрагимни оловлатгандан-оловлатди.Мен шеъриятга, шеърият менга қайтгандек бўлди.
Буни мен орадан ўн йиллар ўтиб кетгандан сўнг, тушунгандек бўлаяпман.
Унга эргашиб наср битдим.Ундан рағбатланиб шеърлар битдим.
Ундан илҳомланиб қўшиқлар битдим.
Тоғай Муроднинг ўзи эмас,қиссалари менга устозлик қилди.
Насрга-да, қўл урдим.
Наср билан-да, ошноландим.
“Олис йиллар ораси”,“От ўғриси”, “Кетиб бораётган одам”,”Менинг Лайло севгилим”,”Вахшиворлик Жонқобил”, “Энагул”,”Қариётган уч юз йил”,”Ёлғизликнинг етти кулчаси”, “Руҳайдо” “Вахшиворликлар”, “Қора йўрға”деб номланган насрий асарлар битдим.
Аммо менга Тоғай Мурод билан қайта учрашув насиб этмади.
Юракда бир армон қолди.
Юракда бир хижиллик қолди.
Энди армонларим қоғозга тўкилади.
Хижилликларим қоғозларда ёзилади.
Вахшивор қирлари сукунатга чўмгандек бўлади.
Керага тоғлари марсиялар айтаётгандек бўлади…

2004 йил.

62Муаллиф ҳақида: Ражаб Холбек (Мамаражаб Холов) — 1956 йил Сурхондарё вилоят, Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган.Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини 1982 йилда тамомлаган. “Қора атиргул”, “Энг гўзал йиғи” шеърлар тўпламлари ва “Вахшиворликлар”насрий асари нашр этилган.

3 fevral — Atoqli adib Tog’ay Murod tug’ilgan kunning 75 yilligi oldidan

O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-oqillar-u, fozillar o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-shohlar-da, gadolar-da, o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-nomdorlar-da, nomsizlar-da, o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-Tog’ay Murod degan yozuvchi-da, o’tdi.

Rajab XOLBEK
BIR YaYDOQLIK QOLDI QIRLARDA…
Esse


1

O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-oqillar-u, fozillar o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-shohlar-da, gadolar-da, o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-nomdorlar-da, nomsizlar-da, o’tdi.
O’tdi-o’tdi, bu dunyodan-Tog’ay Murod degan yozuvchi-da, o’tdi.
Nazarimda, o’zbekning qalami bir qalqqanday bo’ldi.
O’zbekning qalami bir ingraganday bo’ldi.
Dunyo charxpalak bo’ldi, dunyo qattol bo’ldi.
Hech kimga dunyoni bog’lab bermadi.
Hech kim-da, dunyoda ustun bo’lmadi.lekin buyuklik qoshida yuraklar to’kilib-to’kilib turdi.
Buyuklik qoshida yuraklar so’tilib-so’tilib turdi.

2

Tog’ay Murod buyuk edi…
Tog’ay Murod suyuk edi…
Buyukligi shunda ediki,Tog’ay Murod el dardida yondi.
Suyukligi shunda ediki, uning nasriy asarlari bamisoli qo’shiq bo’ldi.
Ketmon chopayotgan dehqonning, ot minib ketayotgan chavandozning, og’ir tin olgan zamondoshimizning bir xirgoyisi bo’ldi.
Meni-da, bu qo’shiqlar o’rtagani rost.
Meni-da, bu qo’shiqlar kuylatgani rost.
Lekin hech qachon Armon qo’shig’ini kuylayman deb o’ylamasdim.
Tog’ay Murod haqida marsiya aytaman deb o’ylamasdim.

3. Birinchi marsiya

Har gal tug’ilgan qishloq Vaxshivorga yo’l olsam, Sayrak adirlaridan yo’lim o’tadi.
Sayrak adirlarini oralab-oralab o’taman.
Endilikda yarmi bog’-rog’larga burkanib ketgan adirlar sirli-sirli rivoyatlar, hikoyalar aytayotgandek bo’laveradi.Bahordan bermag’on suv ko’rmagan qirlar sarg’arib-sarg’arib turaveradi.
— Koshki, bu adirlarda, men-da, piyodalab kezmagan bo’lsam,-deyman.
Shunda avtobus to’la odam bo’ladi.Avtobuslar to’lib-to’lib yo’ldan odam o’tadi.
Hammasining-da, o’z dardi bo’ladi,hammasining-da, o’z xayoli bo’ladi.
Mening dardim adirlar qo’shig’i bo’ladi.
Mening xayolim Tog’ay Murod bo’ladi.

4. Ikkinchi marsiya

Katta Vaxshivor qishlog’ida Sattor chovog’on demish bir odam bor.Dutorni bir eshilib chertadi,dutorni bir eshib chertadi.Tog’ay Murod kitobida shu odamni bir ildirib ketgan joyi bor.Oltmishdan oshib, yetmishni qoralab ketayotgan Sattor chovog’on ot to’g’risida quyuq-quyuq gurung beradi.Tog’ay Murod haqida-da, suyib-suyib gapiradi.To’ylar, qo’shxonalar, chavandozlar haqida to’lib-to’lib gurung beradi. Bu gurunglarga qog’ozllar kamlik qiladi.Bu gurunglarning hammasini ham qog’ozga tushirishning iloji yo’q. Boisi, bu gurunglarga sinchkov-sinchkov kirib boradigan yurak kerak.
Chavandozlarni kuylatadigan, otlarni so’ylatadigan, bu toifa odamlarga jondosh bo’lgan Tog’ay Murod yo’q.
Endi oramizda Tog’ay Murod yo’q.

5.Uchinchi marsiya

Xo’jasoat qishlog’ida Bo’ri polvon degan kimsa bo’lardi.
Gaplari-da, bo’riday shiddatkor bo’lardi,sifati-da, bo’riday qasoskor bo’lardi.
Ukkag’arning ulini Bo’ri polvon degancha bor edi.
Yaqinda surishtirsam vafot etibdi.(Olloh rahmatiga olgan bo’lsin.) Kasbi-korimiz bir bo’lgani bois, Bo’ri polvonning suhbatini olishga ko’p marta muyassar bo’lganman.
Bo’ri polvonda mardlik-da, bor edi, nomardlik-da, bor edi.Lekin mardligi nomardligidan ustunroq edi.
— Shair bola,-derdi Bo’ri polvon,-Tog’ay Murod mening to’g’rimda yozdi.Kam bo’lmadi,Kimsan Tog’ay Murod bo’ldi.El tanidi.
Sen ham o’lganimdan keyin bir narsa qoralaysan-da, derdi.
Tog’ay Murod yozgan bo’lsa bordir.Lekin men siz to’g’ringizda yozmayman deyman, hazillashib.
— Voh, ukkag’arning u-uli,yozmayman deydi-ya, yozmayman deydi.
Manov kanalingdan suvingni tortib olib qo’ysam, yozmasdan qayerga ham borarding, yozasan-da, derdi kulib.
Hayrondara oralab o’taman:
Chilmirob kanali oqib-oqib yotadi.
Oybarak kanali oqib-oqib yotadi.

Xayolim Tog’ay Murod qissalariga boradi.
Bo’ri polvon og’ir tin olgancha tasbeh o’giradi.
Tasbeh toshlari dumalaydi, shiq-Tog’ay Murod yo’q.
Tasbeh toshlari dumalaydi, shiq-Tog’ay Murod yo’q.

6. To’rtinchi marsiya

Katta Vaxshivorda tog’ bag’rini yoqalab oqib o’tadigan Pitov arig’i bor.
Vaxshivorsoy suvi Pitov ariq orqali Vaxshivor,Bodhova, Chinor qishloqlariga suv beradi.
Tog’ay Murod asarlarining yozilishiga ana shu Pitov ariq bo’ylari, Vaxshivorsoy yoqalab qurilgan oromgohlar ko’p guvoh.Shundoqqina Keragatog’ bag’riga tutashib ketgan bu joylar Tog’ay Murod ilhomiga aylandi.Tog’ay Murod osmonu zaminiga aylandi.
Boisi, Tog’ay Murod yerlik xalq tilida “Novvoydi lageri”dan qo’nalg’a topdi. “Novvoydi lageri”da yashadi.
“Novvoydi lageri”da yashash unga havasmidi?
“Novvoydi lageri” Tom tog’aning kulbasimidi?
To’g’ri, bu yerda yashashning ham o’zgacha bir gashtlari bordir, lekin qiynalib, darveshona kun kechirishning bahosi necha pul?
Tog’ay Murod esa, shu hayotga ko’nikdi.
Shu darveshona hayotdan o’zligini izladi.
Oradan ko’p yillar o’tgandan so’ng, bu to’g’rida o’ylarkanman, ko’nglimga nimadir taskin bergandek bo’ladi.Nimalardir ko’nglimni allalagandek bo’ladi.
Axir, Tog’ay Murod qissalarini shu yerda yashab yozdi-ku! Bu-qissalar Tog’ay Murodning o’zligi emasmi, deya so’rayman, o’zimdan-o’zim.
Bu-qissalar Tog’ay Murod kechirgan azoblar, inoyatlar emasmi,-deyman o’zimga-o’zim.
Tun chirog’ini o’chiraveradi, tong chirog’ini yoqaveradi.
Kun chirog’ini o’chiraveradi,shom chirog’ini yoqaveradi.
Men-da, yo’lim tushsa,Pitov ariq yoqalab yuraman.
Piov ariq yoqalab o’tmishga qaytaman.
Pitov ariq yoqalab kelajakka ot solaman.
Tog’ay Murod menga ustozlik qiladi.
Tog’ay Murodnng ruhi menga yor bo’ladi.

7. Beshinchi marsiya

Xo’jasoat qishlog’idan Katta Vaxshivor qishlog’igacha o’n-o’n besh kilometr masofa.Bu ikki qishloqni bitta yo’l birlashtirib turadi.
Go’yoki ikki qishloqning:
Dardi bitta.
Hasrati bitta.
Kelajagi bitta.
Boshqa yo’llar daraxt shoxlaridek, shu katta yo’lga kelib tutashadi.
Uzun kunlar, uzun tunlar xayolim tortqilaydi.
Yozning ilim-issiq kunlarida ham, egnida to’n, oyog’ida-kirza etik bilan piyoda-piyodalab, katta yo’ldan bir yo’lovchi goh yuqorilaydi, goh pastlaydi.
Bu-yo’lchi bir darvesh.
Bu-yo’lchi bir telba.
Bu-yo’lchi bir buyuk…
U avtobuslarga osilmaydi, mashinalarga osilmaydi.
Piyoda-piyodalab yuqorilaydi…
Yuqorida Keraga tog’lari salobat beradi.Yo’lchining xayolini yuksak-yuksaklarga chorlaydi.Yo’lchining ko’zlarini yuksakliklar to’ydiradi.Yo’lchiga qanot bag’ishlaydi.
Piyoda-piyodalab pastlaydi…
Pastlikda ulkan voha yastanib yotadi.Sayrak adirlari tuya o’rkachidek cho’zilib-cho’zilib yotadi.Adirlarning har bir o’ngiri bir hikoya aytadi,bir qissa aytadi.
Yo’lchining xayoli beqiyos bo’ladi.
Yo’lchining xayoli chaqmoq bo’ladi.
Moshinda ketayotgan odamlar qo’llari bilan deraza nuqiydi.
-Ana, Tog’ay Murod…
Avtobuslarda ketayotgan odamlar barmoq ko’rsatishadi.
-Ana, yozuvchi…
Ana, Tog’ay Murod…
Tog’ay Murodning hech kim bilan ishi bo’lmaydi.
Hech kimning Tog’ay Murod bilan ishi bo’lmaydi.
Tog’ay Murod o’zining xayoli bilan mast bo’ladi.
Tog’ay Murod lavhalar chizadi…
Tog’ay Murod qo’shiqlar bitadi…
Tog’ay Murod yallo qiladi…
Tog’ay Murod telba bo’ladi…

8. Oltinchi marsiya

Abdulla Qodiriydan Tog’ay Murodgacha bo’lgan davrda davr charxpalagi necha bor aylandi.
Katta-katta yozuvchilar bo’y ko’rsatdilar.
Qalin-qalin kitoblar bitdilar.Dovruq solib- dovruq solib yurdilar.
Lekin hammasi ham Qodiriy bo’lolmadi.
Hammasi ham Tog’ay Murod bo’lolmadi.
El dardini ko’tarmoq og’ir bo’ldi.
Qo’shiq aytgan tovushlar suyakdek oqardi.
Qo’shiq aytgan tovushlar zardob-zardob zaharga aylandi.
Iste’dodlar-da, o’ylab-o’ylab qadam bosdi.
Iste’dodlar kuylab-kuylab qadam bosdi.
Birlarining qalami sindi.
Birlarining tillari kuydi.
Siyosat haromzoda bo’ldi.
Siyosat “izm” zoda bo’ldi.
Siyosatning qattol qo’llari esa, hatto Oybekdayin iste’dodlarni tildan qoldirdi.
Ulardan farqli o’laroq,Tog’ay Murod baxtliroq bo’ldi.
Tog’ay Murod erkinroq bo’ldi.
Tog’ay Murod Mustaqil O’zbekiston fuqarosi bo’ldi.Mustaqil O’zbekiston farzandi bo’ldi.

9. Yettinchi marsiya

08Tog’ay Murod asrlari gurillagan kezlar, Tog’ay Murod asarlari adabiyot osmonida momaqaldiroq bo’lgan kezlar oqsoqol adibimiz Said Axmad oynai jahonda bir suhbatda-Tog’ay Murod haqida shunday dedi: -Bugun nasrimiz ulog’i Tog’ay Murodda ketdi.
Suhbatdoshlardan biri so’radi: — Tog’ay Murod nasrnavislikda maktab yaratdi, desak bo’ladimi?
-Bo’ladi, bo’ladi… Faqat uning yo’lini kimlardir davom ettirsa,-dedi, Said Axmad domla.
Bu-Ustozning shogirdiga bergan bahosi edi.
Tog’ay Murodning yozuvchisi sifatida tan olinishi edi.
Nazarimda, Tog’ay Murodning o’limi, nafaqat, yoru-birodarlarining, balki o’zbek adabiyotining, o’zbek xalqining ham, katta yo’qotishi bo’ldi,-deganda Ma’suma opamiz naqadar haq edi.
Garchi o’lim haq,hayot barhaq.
Vaxshivor qirlarida Tog’ay Murodning ruhi kezib yuribdi.
Tog’ay Murodning qo’shiqlari-sarin sabolar kabi, butun O’zbekiston bo’ylab taralmoqda.
Tog’ay Murod yashadi.
Tog’ay Murod yashayapti.
Tog’ay Murod yashayveradi.

10.Sakkizinchi marsiya

O’shanda Vaxshivor tog’larida yam-yashil bahor edi.quyosh bahoriy iliqlikdan darak berardi.Tog’ay Murod bilan uchrashuv hali menga nima berishini bilmasdim.
Garchi, Tog’ay Murod kabi nomdor yozuvchi, shoirlar bilan ko’p marta uchrashgan bo’lsam-da, nomunosib hayajonda edim…
Mendagi hayajonni Tog’ay Murod sezdimi, sezmadimi, bilmadim.
Lekin u xushnud kayfiyatda edi.
-Men hech qachon she’r yozmaganman,-dedi Tog’ay Murod she’rlarimni o’qib ko’rarkan.
Men negadir bo’shashib ketdim.
-Lekin siz qo’rqmang, she’rlaringiz binoyi.Ozroq ishlov berilsa, bas.
Ko’ngilga joy topib ketadi.
Birgina So’z-menga qanot bo’ladi.
Birgina So’z-menga jur’at bo’ladi.
… Oradan o’n yillar o’tgandan so’ng, Tog’ay Murod nazari tushgan o’sha she’rlarimni qayta-qayta o’qidim.
Qanoatlangandek bo’ldim, lekin….
Ko’nglimga bir ma’yuslik indi.
Ko’nglim g’alati bo’lib ketaverdi.
Sukunat yuragimni parchalab-parchalab yuborgandek bo’ldi.
Sukunat ko’zlarimni qo’shiqqa to’ldirgandek bo’ldi.
Ko’zlarimdan marsiyalar yumma-yumma to’kilaverdi.

11. To’qqizinchi marsiya

Men-da, bir ot boqdim…
Toyligidan o’zim boqib katta qildim.
Bolalarim yosh edi, toy-da, yosh edi.
Ot jiyron qashqa bo’ldi. Otga mehrim boshqa bo’ldi.
Oqshomlari farzandlarimni mindirib-mindirib hovli aylantirdim.
Oqshomlari ulg’ayayotgan otning qadam olishlarini kuzatdim.
Farzandlarimning otda o’tirishini kuzatdim.
Ko’ngilda bir g’urur tuydim.
Ko’ngilda bir rag’bat tuydim.
O’sha paytlar Tog’ay Murodning “Ot kishnagan oqshom qissasini-da, o’qidim.
Qissa menga ta’sir qildi, qissa meni gangitib qo’ydi.
Otga mehrim, otga qiziqishim ortgandan ortdi.
Oqshomlar:
Ot bilan so’ylashdim.
Ot bilan bo’ylashdim.
Ot bilan kuylashdim.
… Ittifoqo, bir kuni ot bilan xayrlashar bo’ldim.
Ot egalik bo’ldi.
Ot mendan ketar bo’ldi.
Ot uydan ketar chog’i… o’zim-da, o’nglanmadim.
Jiyron qashqa yuzlarimga –yuzini surtdi.
Yuzlarimga yollarini surtdi.
Mening-da, ko’zlarimga yosh keldi.Jiyronning-da, ko’zlarida yosh ko’rdim.
Titrandim.
Emrandim.
Otning ko’zlariga qarolmadim.Qo’lim bilan ishora berdim:
-Olib ketinglar…
Endi esa… endi esa, ot ko’rsam, suqlanib-suqlanib qarayman.Adirlar oralab, ko’pkarilar oralab yo’qlanib-yo’qlanib qarayman.
Ko’z o’ngimda- otlar kishnab-kishnab qo’yadi.
Chavandozni kuylatgan, chavandozni so’ylatgan, do’mbiralari bilan gurillagan qo’shxonalar gurungini elga yetkazgan –
Tog’ay Murod yo’q.
Tog’ay Murod yo’q.

12.O’ninchi marsiya

Loqaydlik-oyoqqa tushov.
Beparvolik-iztirob.
Meni-da, bir iztirob, bir armon qiynaydi.
Toshkentga necha bor yo’lim tushdi.Ne-ne ulug’lar bilan uchrashdim.
Ularning suhbatini oldim. Lekin Tog’ay Murod bilan uchrashishga jur’at qilmadim.
Tog’ay Murodga ko’rsatadigan biror narsa yozayin dedim.
Shu bois, har gal Tog’ay Murod bilan uchrashmasdan Toshkentdan qaytaverdim.
Men beparvo bo’ldim.
Men loqaydroq bo’ldim.
Men g’ofil bo’ldim.
Hali umr uzundan-uzun deb, o’zimni aldadim.
Bugun diydor g’animat bo’ldi.
Diydor oxiratga qoldi…

13. Tutash kunlar yoki keyingi gaplar

Zamin barchani siylaydi.Quyosh nurini borliqqa barobar sochadi.
Iste’dodlar esa, har kun tug’ilavermaydi.
Shoir bo’lib tug’ilmaydilar.
Shoir bo’lib o’ladilar.
Balki, bu ulgu ularga tonglardan yuqqandir, balki shamollardan yuqqandir.
Lekin hech qachon ilohiy emas. Inson zot hech qachon ilohiy bo’lolmaydi.
Inson –shodliklarga oshno.
Inson-g’amlarga oshno.
Inson-shuhratga oshno.
Inson-g’ururga oshno.
Inson-ko’ngilga oshno.
Ko’ngilnng ko’chasi esa, hududsiz va bepoyondir.
Bu hududda ko’ngil kurtak yozadi, barg chiqaradi va bir kuni xazon bo’ladi.
Shu bois ham, bu ko’ngil-mening ko’nglimga o’xshamaydi.
Bu ko’ngil-sening ko’nglingga o’xshamaydi.
Uning olami bir ertak.
Uning olami sirli va sehrli.
Ko’ngil olami bir ulkan daraxt.Bu ulkan daraxtning shoxlari va mevalari tugal afsunli.
Bu daraxt shoxlariga tosh otgan bilan tegmaydi.
Bu ulkan daraxtning shoxlari yelvizak shamollarda silkinmaydi.
Uni zabt etsh uchun, daraxtning eng ulkan shoxlariga chiqish kerak.
Daraxt shoxlaridan turib olamni bo’ylash kerak.
Tog’ay Murodning ko’ngil daraxti-to’rtta.
Tog’ay Murodning ko’ngil daraxti-bitta.

14. Ko’ngil odami

Ijodkor — ko’ngil odami.
Ijodkor-da, bamisoli dehqon.
Dehqon yo’qdan bor qiladi. Ijodkorning-da, xizmati shunday.
Bunday baxt esa, har kimga ham nasib etavermaydi.
Tog’ay Murod ko’ngil odami bo’ldi.
Uning qo’shiqlari ko’ngilga yaqin bo’ldi.
Uning qo’shiqlari xalqchil bo’ldi.
Tog’ay Murod qo’shiqlari o’z-o’zidan paydo bo’lgani yo’q.
Tog’ay Murod yashagan hudud, Tog’ay Murod tug’ilgan yurt bu qo’shiqlarga zamin bo’ldi.
Keraga tog’lari hamon salobat bosib turadi.
Keraga tog’lari ko’ngilni shoir qiladi.
Hilol kakliklarning tonglarda tog’ oralab kakirdagan ovozlari, bu benazir yurtga nisbatan har qanday kishida Mehr uyg’otishi tabiiydir.
Tog’ay Murod esa, shu yurtda tug’ildi.
Tog’liklarning to’pori, dangalchi, mardlik va g’ururlariga oshino bo’lib ulg’aydi.
Uning bitmishlarida-da, shu yurt farzandlarining ovozlari hamohang yangradi.
Tog’ay Murod chaqin bo’ldi.
Tog’ay Murod momoguldirak bo’ldi.
U o’ziga-da, o’zbek xalqiga-da, haykal qo’yib ketdi.

15. Ruhiyat va qo’shiq

Insonning ruhiyat dunyosi naqadar hadsiz va cheksiz.
Yulduzlar olis ko’kdan qanchalar miltillab ko’rinsa, inson ruhiyati ham o’zining sirli olamini shunchalik yiroqlardn namoyon etgandek bo’laveradi.
Mening-da, Tog’ay Murod ruhiyati haqida nimalardir aytgim keladi.
Nimalarnidir elga tortiq qilgim keladi. Lekin uzun o’ylarimda, chegarasiz xayollarimda, Tog’ay Murod ruhiyati haqida hech narsa bilmasligimni tan olishga majbur bo’laman.
Nazarimda, katta bir ummonda bir kema suzib boryapti.
U kemaning yelkanlari oq. U kemaning yo’llari oppoq.
Shunda, xayolim erta bahorda tog’lar ko’rinishiga borib tutashadi.
Tog’larda bodomlar oppoq bo’lib gullaydi.
Bodomlar pushtirang bo’lib gullaydi.
Bodomdan –bodomga, o’ngirdan-o’ngirga, guldan –gulga sakrayotgan kakliklar kakirdab sayraydi.
Jaydari to’n va kirza etik kiyib olgan bir yo’lchi, bir sayohatchi, bir darbadar-da, bodomzorlar oralab kezinadi.
Olam Hayrat bo’ladi.
Borliq beminnat go’zallikni ulashadi.
Yo’lchining lablari pichirlaydi.
Yo’lchining ko’zlari atrofga suqlanib-suqlanib boqadi.
Bu-yo’lchi Tog’ay Murod bo’ladi.
Bo’ri polvon bo’ladi.Ziyodulla chavandoz bo’ladi,og’ir-og’ir tin olgan Qoplonbek bo’ladi.
Meni-da, Tog’ay Murod ruhi chorlayveradi.
-Adabiyot qasriga kirmoqchi bo’lgan kishining bir qo’lida Kafka, bir qo’lida Kamyu bo’lishi kerak,-deydi Tog’ay Murod.
Mening qo’llarimda esa, Kafka-da, bo’lmadi, Kamyu-da, bo’lmadi.
Mening nigohimda Vaxshivor qirlari bo’ldi.
Mening nigohimda Vaxshivor tog’lari bo’ldi.
Podayotoqdagi sirpanchiq tosh oqshomlari ertagim bo’ldi.
O’nqir-cho’nqir so’qmoq yo’llar azaliy qo’shig’im bo’ldi.
O’zimcha she’rlar to’qidim.
Xoli-xoli joylarda, hayqirib-hayqirib o’qidim.
Davralarda o’qishdan iymandim. Gazetalarga berishga iymandim.
Ko’nglimga Muhabbat oraladi.
Biyron-biyron she’rlar bitdim.
Hayron-hayron she’rlar bitdim.
Uning ko’zlari-da, qora bo’ldi, sochlari-da, sunbul bo’ldi.
Bodomqovoq, lablari pista xandon bo’ldi.
Ishqida telbalandim.
Ishqida kuymalandim.
Jur’atimni to’plab, ko’nglim ketganini o’ziga-da, aytdim.
Nazokatdan yuzlari qizarib-qizarib ketdi.Nafosatdan uyalib-uyalib ketdi.
Lekin muhabbatimni rad etmadi.
Mening bahorlarim boshlandi…
Bahor-maysalari xazon bo’laveradi.
Bahor-yoshlik-aldab ketaveradi.
Bu xazonlig’ senga-da, menga-da, nasib etdi.
Biz hijronlar oralab ketdik.
Mening shoirligim tugamadi.
Mening qo’shiqlarim tugamadi.
Armon bo’lib kelaberdi.Hijron bo’lib kelaberdi.
Omadsiz kunlar-da, ko’p bo’ldi. Mahzun-mahzun misralar berdi.
Men esa, qo’shiqlarimni bitaverdim.
Kimdir oshkora ustimdan kulib o’tdi, kimdir pana-panadan turib toshlar otdi…
Qishloqda Narzullo Hotam degan bir ustoz, bir faylasuf, bir darvesh bo’ldi.
Narzullo Hotam degan bir buyuk bo’ldi.
O’zi-da, nimalardir qoralab yurgan bo’ldi.
Mening-da, bitiklarimni tinglagan bo’ldi.
Biz ruhan yaqin bo’ldik.
Dunyoning bir chekkasida-ikki savdoyi, bir-birimizga ertaklar aytdik:
Bu- ertaklarda dard bor edi.
Bu-ertaklarda joziba bor edi.

…. Shunday kunlarning birida, aniqrog’i, 1990 yilning bahor oylarida yurtdoshimiz, mashhur yozuvchi Tog’ay Murod bilan birinchi va so’nggi marta uchrashishga to’g’ri keldi.
Vaxshivor qirlariga ko’klamlik ingandi.
Tog’lar tarovati hali o’ziga unchalik jalb qilmasa-da, tog’lardan esayotgan mayin-mayin bahoriy shabadalar ko’ngilda iliqlik uyg’otardi.
Kimdir menga: Yozuvchi Tog’ay Murod “Mirob” oromgohining yonidagi Xayrobod paxta tozalash korxonasiga qarashli dam olish uyiga kelib, qariyb bir oydan buyon shu yerda yashab ijod qilayotganligini aytdi.

Bu xabarni eshitib, menda yozuvchi Tog’ay Murod bilan bir uchrashish istagi tug’ildi.
Kechga yaqin bir dasta she’rlarimni qo’ltiqlab, dam olish maskani tomon yo’l oldim.
Men borgan paytda Tog’ay Murod qaygadir chiqib ketgan ekan.
Qorovulning o’g’li-kutib tursam, kelib qolishini aytdi.
Men katta yong’oq ostiga qo’yilgan o’rindiqqa borib o’tirib, Tog’ay Murodni kuta boshladim.
Boshimda turli xayollar g’ujg’on o’ynardi.
Har-har zamonda o’z-o’zimga:-Qabul qilarmikin,-deb qo’yardim.
Oradan qariyb bir soatlar vaqt o’tdi.
Nihoyat, Tog’ay Murod keldi.menimcha, qo’lida ikkita non bor edi.
Uzoqroqda o’tirganligim bois, menga qarab-qarab, o’ziga ajratilgan xonaga kirib ketdi.
Shu payt, qorovulning o’g’li yonimga kelib, gaplasha oldingizmi, deb so’radi.
Men yo’q,-dedim.
Qorovulning o’g’li so’rab ko’rayinchi?-dedi-da, Tog’ay Murod turgan xonaga kirib ketdi.
Men atrofni kuzatib, kutib turaverdim.
Birozdan keyin qorovulning o’g’li chiqib,kiraverishim mumkinligini aytdi.
Tog’ay Murod meni ilq kutib oldi.
Mening xayollarimni band etgan fikrlar unga mutlaqo yot edi.
Tog’ay Murod qanchalik mashhur bo’lmasin, oddiylik uning hamrohi edi.
Men she’rlar yozib turishimni, iloji bo’lsa, bir ko’rib berishini so’radim.
Va unga qo’limdagi she’rlar solingan jildni tutdim.Tog’ay Murod she’rlarni qo’limdan olib, o’qiy boshladi.She’rlardan besh-oltitasini o’qigandan so’ng, uning yuzi jiddiylashdi.
Men jimgina kuzatib o’tirardim.
U ba’zi she’rlarimni qayta-qayta varaqlab o’qidi.
Meni qandaydir hayajon bosib turardi. Hayajonim shunda ediki, ajoyib asarlar bitayotgan yozuvchi dabdurustdan she’rlaringiz meni qanoatlantirmadi, o’zingizni sarson qilib yurmay, boshqa ish bilan shug’ullaning, deb qolsa, nima bo’ladi deya o’ylardim.
Tog’ay Murod she’rlarimni uzoq titkiladi, o’qidi.Keyin she’rlarni qayta jildga solib mening ko’zlarimga tikilib so’radi:
-Qaysi qishloqdansiz?
-Katta Vaxshivorning o’zidanman,-dedim.
Tog’ay Murod menga hayrat bilan tikildi.
-Nega, biz oldin uchrashmaganmiz-a? — qayta so’radi Tog’ay Murod.
-Men ikki yildan buyon bu yerda yashamasligim,yaqinda ko’chib kelganimni aytdim.
Tog’ay Murod bosh irg’adi…
Shundan so’ng, gurungimiz qovushib ketdi.
Biz adabiyot, hayot to’g’risida uzoq suhbatlashdik.Suhbatimiz ikki soatlarga cho’zilib ketdi-yov.
Tog’ay Murod she’rlarim unga ma’qul kelganini, lekin hali kamchiliklari ham yo’q emasligini aytdi. – To’g’ri,men hech qachon she’r yozgan emasman.Lekin she’riyatda ham aytilishi kerak bo’lgan fikr mening tasavvurlarimni aldamaydi,-dedi u.
Men jilmaygan bo’ldim.
So’ngra, Tog’ay Murod Meliqul Xanjarovning bitiklari bilan mening she’rlarimni taqqoslagan bo’ldi.
Ko’proq kimlarning asarlarini o’qib borishimni so’radi.
Men birma-bir sanagan bo’ldim.
So’ngra, suhbat aylanib, qishloqning qaysi tomonida yashashimni so’radi.
Men hovlimning qaysi tomondaligi tasvirlab berganimda, Tog’ay Murodning ko’zlari chaqnab ketgandek bo’ldi.
-E-e-e, o’sha hovlining egasi siz ekansiz-da,-dedi.
Men u hovlida ko’p bo’lganman, qanchadan-qancha tonglarni shu hovlida kutganman.
To’g’ri, men borgan paytlarimda bu hovlida hech kim yashamasdi.Hovli egasini so’rasam, ko’chib ketgan deyishardi.Shu bois, bu hovliga men istagan paytimda erkin kirib borib, bulbulning,kakliklarning sayrashini kuzatardim. Va tinglardim.
“Yovvoyi yo’rg’a” asarini tarjima qilayotganimda kaklikning qanday sayrashini shu hovlida kashf etganman.
Bilasizmi, qishloqda faqat shu hovlida kakliklar tong payti kelib, katta toshning ustida turib sayraydi,-dedi u.
-Bo’lmasa, yana bir mehmon bo’larkansiz-da,-dedim uning suhbatidan quvvatlanib.
-Faqat, bu marta emas, boshqa payt. Ertaga Toshkentga ketishim kerak.
Shunga biroz chala ishlarim bor. Tugallab olishim hamda ketishga tayyorgarlik ko’rishim kerak,-dedi.
Men sekin o’rnimdan qo’zg’aldim.
-Bilasizmi,-dedi Tog’ay Murod,- sizda o’z-o’zini takrorlash bor ekan.
Buni yo’qotish kerak.
Men o’zimni yozganimni tahrir qilolmasligimni tan oldim.
-Ijodkor o’z-o’zini tahrir qilabilishi kerak.Siz uchun birov mehnat qilmaydi.
Mana men yangi asarimni yozib tugatdim.Nazarimda, juda zo’r chiqdi.
Lekin Toshkentga borgandan keyin buning patlarini yulib tashlashadi,qarabsizki, bizdan hech qachon Abdulla Qodiriy chiqmaydi.Bundan keyin ham Abdulla Qodiriy yagona deb yuraveramiz.Vaholanki, jahon adabiyoti bizdan juda ilgarilab ketdi.Biz ham ular bilan tenglashadigan asarlar yaratishimiz kerak,-dedi jiddiy o’ylanib.
Keyinchalik bilsam, bu uning “Otamdan qolgan dalalar” asari ekan.
Men uyga qaytishga chog’lanar ekanman, meni kuzatib chiqqan Tog’ay aka she’rlarimni olib Toshkentga borishimni, chop etilishida yordam ko’rsatishini bot-bot takrorladi.
Afsuski,keyinchalik men Toshkentga borsam-da, Tog’ay Murod bilan uchrashishga e’tiborsizlik qildim.Bu mening Tog’ay Murod bilan birinchi va so’nggi uchrashuvim edi.
Shundan so’ng,mening izlanishlarimda qandaydir yuksalish bo’layotganini o’zim-da, sezdim.Boshqalar-da, sezdilar.
Men shodumon edim. Ruhan yolqin edim.Ruhan erkin edim.
O’sha yillar o’zimga ma’qul keladigan bir turkum she’rlar yozdim.
Bu she’rlar vaqtli matbuotda bosildi. Buni men nima uchun aytayapman, ijodkorga rag’bat kerak.
Menga bu rag’batni Tog’ay Murod berdi.Bu rag’bat mening yuragimni olovlatgandan-olovlatdi.Men she’riyatga, she’riyat menga qaytgandek bo’ldi.
Buni men oradan o’n yillar o’tib ketgandan so’ng, tushungandek bo’layapman.
Unga ergashib nasr bitdim.Undan rag’batlanib she’rlar bitdim.
Undan ilhomlanib qo’shiqlar bitdim.
Tog’ay Murodning o’zi emas,qissalari menga ustozlik qildi.
Nasrga-da, qo’l urdim.
Nasr bilan-da, oshnolandim.
“Olis yillar orasi”,“Ot o’g’risi”, “Ketib borayotgan odam”,”Mening Laylo sevgilim”,”Vaxshivorlik Jonqobil”, “Enagul”,”Qariyotgan uch yuz yil”,”Yolg’izlikning yetti kulchasi”, “Ruhaydo” “Vaxshivorliklar”, “Qora yo’rg’a”deb nomlangan nasriy asarlar bitdim.
Ammo menga Tog’ay Murod bilan qayta uchrashuv nasib etmadi.
Yurakda bir armon qoldi.
Yurakda bir xijillik qoldi.
Endi armonlarim qog’ozga to’kiladi.
Xijilliklarim qog’ozlarda yoziladi.
Vaxshivor qirlari sukunatga cho’mgandek bo’ladi.
Keraga tog’lari marsiyalar aytayotgandek bo’ladi…

2004 yil.

Muallif haqida: Rajab Xolbek (Mamarajab Xolov) — 1956 yil Surxondaryo viloyat, Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog’ida tug’ilgan.Toshkent Irrigatsiya va qishloq xo’jaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutini 1982 yilda tamomlagan. “Qora atirgul”, “Eng go’zal yig’i” she’rlar to’plamlari va “Vaxshivorliklar”nasriy asari nashr etilgan.

034

(Tashriflar: umumiy 3 599, bugungi 1)

Izoh qoldiring