Rajab Xolbek. Ko’ngilochar gurunglar-13

77Ушбу шеърларни кутубхонамизга йўллаган Ражаб Холбек мана бу гапларни илова қилибди: «Хуршид ака,менинг бу ёзганларим танка ҳам эмас, хокку ҳам эмас. Ёзганларим менинг руҳий ҳолатимдир. Баҳо бериш шеърият мухлисларига ҳавола. Ҳурмат билан Ражаб Холбек. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри…»

Ражаб ХОЛБЕК
КЎНГИЛОЧАР  ГУРУНГЛАР


***

Шеърларимни,
Қолдириб сенга
Дунёдан ўтиб бораяпман.
Вахшивор тоғлари
Тарашлаб турар қалбим.

***

Қанчалар бахтиёр,
Қанчалар камсуқум
Эдим мен бағрингизда
Тоғлар менинг эртагим эди
Айлангунча ўзим эртакка.

***

Ёлғиз эдим сўқмоқда,
Тоғлар юксакда эди
Ҳушми-тушми билмайман
Шамоллар эсгандайин
Кўриб қолдим Такубокуни.

Кимонони
Ёпиниб олган,
Чўққиларда эди кўзлари.
Нималардир пичирлар эди
Эшитилмас эди сўзлари.

***

Ҳар тонг туриб,
Йўлга қарасам
Хаёлимни чўлғайди қушлар.
Ботгандайин кўксимга тошлар
Қолиб кетгим келмас Термизда.

***

Тиниқлашмас,
Энди ўйларим
Борган сари бораман ботиб
Супураман қандай бу тонгни
Оларманми ўзим уйғотиб.

***

Ярим тунда,
Тинчимни кўзлаб
Шовқинларни қўйдим ухлатиб
Деразадан қараб ўтирсам
Битта чивин қўйди уйғотиб.

***

Сим-сим ёғар,
Бўралаб ёғар
Излар кўмиб ташқарида қор.
Тонгда қандай йўлга чиқаман
Кетган бўлса мендан ихтиёр.

***

Вахшиворда,
Тоғнинг ярмида
Жилдирашин сездим ирмоқлар.
Бир жимликка сингиб кетарди
Жимирлаган қайноқ булоқлар.

***

Майса бўлса,
Майсазор бўлса
Сузиб юрса кўкда булутлар.
Ёнгинангда сой оқиб ётса
Қийналмаса оппоқ сукутлар.

***

Унутиб бўлмайди,
Қанча истасам
Сенинг ҳайрат кўчиришларинг.
Ва дам-бадам кўзинг ўйнатиб
Қошлар кериб, учиришларинг.

***

Туни билан,
Ойга боқиб
Синдиргандек кўнгил розини
Тонгга яқин тинглай бошладим
Сой сувининг шовуллашини.

***

Уйдан чиқиб,
Тоғларга боқдим
Адашгандек бўлди кўзларим.
Бир кечада гуллабди оппоқ
Тоғдаги ёввойи бодомлар.

***

Ҳар йилгидек,
Қизғалдоқзорлар
Безаб турар қирларни гўзал.
Тикиламан, кўзларим олар
Изларимга бўлгандек маҳтал.

***

Кетаяпман,
Қишлоқ йўлидан
Ёмғирдан сўнг ялтирар тошлар.
Кўзларимга думалаб келар
Бирам қайноқ армонли ёшлар.

***

Ўзимча,
Ўзгармадим
Қандай бўлсам шундайман.
Ичим ой ёритгандир
Рангим қора тундайман.

***

Кўп нарсани,
Кечирдим
Ориятим бўлди ор.
Ориятсиз қолган кун
Ўзимдан бўлдим бемор.

***

Озор берди,
Азият чекдим
Сичқон инин санаб минг танга.
Ва эсимдан чиқди деганда
Кўришмоқчи бўлди мен билан.

***

Эсдан чиқди,
Дегандим хато
Унутгандим ҳатто юзларин.
Тасодифан қай кун кўчада
Кўриб қолдим мен яна уни.

***

Унутмайман,
Унутолмайман
Қоронғулик солиб дилимга
Юзларингни мендан яшириб
Оқ либослар кийган кунингни.

***

Бўлмаса ҳам,
Ўзимнинг йўлим
Ўша куни — тўйинг кунида
Тўйкўзларни ҳайратга солиб
Қаторлатиб бешлик ўқидим.

Ўзгармади,
Бироқ юзларинг
Тинглайвердинг ўзгалар каби
Менинг эса юрагим бўм-бўш
Шеърларимдан кетдим уялиб.

1.10.2023 й.

***

Тоғда,
Тошнинг устида
Ўтирибман хаёллар чўлғаб.
Табиатни тинглаяпман мен
Ололмайман ўзимни ўнглаб.

***

Сўқмоқ излар,
Борар юксалиб
Тоғ ҳавоси қандайин тоза.
Қўйса бўлар ични тозалаб
Табиатдан олиб андоза.

***

Юрагимни,
Берибман сенга
Олиб кетдинг мендан сўрамай.
Не гуноҳим бор эди менинг
Кетдинг… Кетдинг, сўнгра қарамай.

***

Қачонлардир,
Севишган эдик
Ва айрилдик бир-биримиздан.
Нега, энди учрашиб қолсак
Терс қараймиз бир-биримизга.

***

Ҳар баҳорда,
Апрель сўнгида
Боққа кирсам қари жийдалар
Қизғангандек гулларин мендан
Чирмаштириб олар шохларин.

***

Ўзинг билан,
Сўзлашмоқ гаштли
Сўзларингни бўлмайди ҳеч ким.
Атрофингда саф-саф дарахтлар
Ғичирлайди эрингандайин.

***

Вахшивор тоғлари,
Тўрт фасл кўркам
Ва беҳад гўзал
Тоза нафас, гаплашган пайтим
Кетгим келмай қолар тоғлардан.

***

Вахшиворда,
Масжид ҳовлисида
Бир қари тут бор
Сўфи Оллоёр эккан ё эктирган.
(Уч-тўрт аср яшаб келар у)
Гаплашгим келади қари тут билан.

***

Бешликларда,
Руҳ берса бўлар
Ва лаҳзалар топиб олар у.
Бироқ сўнгсиз ишқ оташлари
Мисраларда кетар адашиб.

***

Ҳар кеча,
Чиқади ой
Сенинг юзинг кўрсатар.
Энди ойсиз тунлар ҳам
Юзларинг топар лабим.

***

Йўл ҳоритди,
Жуда чарчадим
Бошим қўйдим болишга бирров
Чоғлангандим ойни кўришга.
Донг қотганча қолибман ухлаб.

***

Қадрдон тоғ,
Тўрт томон яшил
Шамолларин сийлар саратон.
Бу тун энди то тонгга қадар
Ухлаш мумкин жуда мириқиб.

***

Нетайин сен,
Бўлдинг соғинчим
Мусаввир бўлмасам-да,
Кўзларимда чизиб расмингни
Бутун умр термулиб ўтдим.

***

(Ишикава Такубоку хотирасига.)

Истамасдим,
Сенинг ҳаётинг
Яшаш тарзинг тариқатига.
Ўтирибман бир тош устида
Дунёларга боққанча ғариб.

***

Қанча яшаган бўлсам,
Шу пайтгача
Уйғонмаган каби уйқудан
Осмон қаерда бошланиб
Қаерда тугашини билмайман.

***

Баҳор якшанбаси,
Лолазорни
Топгаймиз деб адашдик яна.
Тентидик, изладик кун бўйи
Қилолмади шомлар тантана.

***
Ҳақиқатни,
Айтгим келди
Башаранг буришди қаршимда.
Айтолмасдим бундан-да, ортиқ
Бисотимда йўқ нордон гапим.

***
Не қилсам ҳам,
Қурбим етмади
Қайтавердим йўлимга такрор.
Бирор нарса ўзгармади-ю,
Бўлолмадим мен ҳам бахтиёр.

***
Қариб боряпман,
Лаҳза ғанимат
Хотиржамлик керакдир менга.
Юрагимни очайин десам
Қолмагандек яқин одамим.

***
Ҳеч шарпасиз,
Қора булут чўзилди кўкда
Совуқ шамол юзни сийпалаб
Ўтиб кетди йўлларин излаб
Қолиб кетдим тезёмғир йўлда.

***
Қўлларингни,
Ушлашим мумкин
Сочларингда бармоғим ўйнар.
Кундузми ё ой ёруғида
Сенга етмас узанган лабим.

***
Силжиб борар,
Қумли ғаладон
Ариқларда оқаётир сув.
Қилолмайман фолбинлик лекин
Умидларим куйлар фараҳбахш.

***
Қадамларинг,
Шарафли сенинг
Худди сени кутиб тургандай.
Куз ёмғири ёғиб бошлади
Томчи, томчи яна томчилаб.

***
Тоғу-тошга,
Сўз айтдим
Сўзга айланди тошлар.
Айланмадим тошларга
Томчилаб қотди кўзёш.

***
Узоқ кутдим,
Бермади рўйхуш
Чопиб ўтди ҳар гал ёнимдан.
Бурилганда менинг йўлларим
Ва йиғлади ёнимга келиб.

2.10.2023 й.

Алам билан,
Титрадим
Қайғулар дунёсида
Бошқа чорам йўқ эди
Бошимни қолдим эгиб.

***
Кунни ёпдим,
Кўзларим билан
Ҳеч нарсага қарай олмадим.
Бир ғалати товушлар келди
Кўзим очсам қорайибди кун.

3.10.2023 й.

***
Лаҳзани симирдим,
Лаҳзани едим
Кўзларимда порлади лаҳза.
Қорачиғим кетди қорайиб
Еб бошлади мени ҳам лаҳза.

***
Сени чақиришга,
Товшим етмади
Қолиб кетди қадам депсиниб.
Керак эдинг менга шу лаҳза
Ўраб олди кўксимни бир ғам.

***
Ўтган кунларимни,
Ҳикоя этсам
Балки сизга қизиқ туйилар.
Келавермас бироқ сўйлагим
Сўнг ўзимни босар изтироб.

***
Изтироблар,
Менинг қувончим
Янги дунё бошлайман шундай.
Изтироблар бўлмаса магар
Ҳеч нарсага етмас журъатим.

***
Вахшиворни,
Ўйлаб туриб
Шодликларим чўзилар чексиз.
Ва ўзимни ўнглаб олганда
Изтироблар келар бостириб.

***
Кузги боғлар,
Нақадар сўлим
Ораласанг сийлар мевалар.
Нафсинг қониб атрофга боқсанг
Нималардир ёдингга тушар.

***
Тоғларни қуршади,
Қалин бир туман
Балки кузнинг ҳазилидир бу.
Чўкиб борар тобора чуқур
Кўринмайин қолди қишлоқ ҳам.

***
Тўрт деворга,
Қамалган
Бу менинг ёлғизлигим
Чиқиб кетолмайди тун
Чиқиб кетолмас жимлик.

***
Пишираяпман,
Тасаввурларим
Пишраяпман хаёлларимни.
Баҳорини олқишлар тоғлар
Жилғаларда ўйнайди сувлар.

***
Борарканман,
Сойни ёқалаб
Йўл бермайди мажнуна толлар.
Кўтарилиб бораркан сўқмоқ
Муздек сувга бошим ботирдим.

***
Чўққиларда,
Кўринади қор
Музлаб ётар оппоқ ярақлаб.
Бир қарашда кўринар яқин
Бир қарасанг кўринар узоқ.

3.10.2023 й.

***
Ардоқлайин,
Десам сукунат
Тортиб кетар ўтмишга томон.
Қайтолмайди ўтмишга бироқ
Ярим йўлдан қайтарар мени.

***
Англаб етгунимча,
Кўп нарсалар
Алмаштириб қўяр ўрнини.
Ҳайронликлар ўртасидаман
Мени эса қийнайди жимлик.

***
Соғинаман,
Тоғли қишлоқни
Харсангтошлар айтар ҳикоя.
Қайтай десам тонглар йўл бермас
Кетаверар мендан олислаб.

***
Ёзаверсанг,
Юрак бўшатиб
Кўнгилда ҳеч қолмаса гина.
Вақти келиб ўқиганда ҳам
Синамаса сабрингни ҳеч ҳам.

***
Осон бўлмас,
Бошлаган йўлим
Тўрт фаслни турибман кўриб.
Ярим йўлда қолгим йўқ лекин
Турганим йўқ йўлимдан қўрқиб.

5.10.2023 й.

***
Сен билан,
Тўлин ой чиққанида
Гурунглашамиз
Унгача
Ширин тушлар кўргин хотиржам.

1.11.2023 й.

***
Қамишчайлага
Беркинган болалигим
Топиб олдим
Ойнинг нурида
Келарканман пайкал оралаб.

1.11.2023 й.

***
Куз ёмғири,
Ёғди майдалаб
Айлангандек борлиқ рақсига.
Қирлардаги тошлар, харсанглар
Чўмилгандек қолди намланиб.

9.11.2023 й.

***
Жоҳилият билан,
Учрашдим
Манглайимни жуда шўр кўрди.
Кўп ўтмади: икки ё уч ой
Худо унинг ўзини урди.

***
Узилиш,
Ё чўзилиш ҳолатига
Тушмоқ жуда мушкул мен учун.
Уринаман қийналсам бир бор
Доғда қолар кунлар сен учун.

***
Қуёш кетди,
Чўққидан ошиб
Соялар ҳам қолди мунғайиб.
Кучи етмас сакраб ўтишга
Тош деворда ўйнайди ғариб.

18.12.2023 й.

***
Қишлоқдан,
Шаҳарга келдим
Қизиқмади мен билан шаҳар.
Уйим-жойим бўлмади менинг
Шовқин билан уйғотди саҳар.

21.12.2023 й.

***
Қайтар эдим,
Катта шаҳардан
Бўйинбоғим бўйнимни қучди.
Ўтарканман тарвузпоядан
Болалигим эсимга тушди.

***
Осиб қўйди,
Акамни акам
Бир ғазабга тўлгани учун.
Қўшни қизни шалтоқ сўз билан
Ҳақоротлар қилгани учун.

***
Туман эди,
Баҳор тумани
Бир гўзал қиз ўтди ёнимдан.
Яна кўрмоқ учун қайрилдим
Туман ичра кўрмадим уни.

***
Бирга эдик,
Ўн йил синфда
Севишимни айтолмадим мен.
Журъатимни жамлаган пайтим
Бироқ ортга қайтолмадинг сен.
***
Сўраш шартмас,
Ҳаммаси аён
Жавобларга мулзамдир сўзим
Кўзларингга тик боқмоқ учун
Тортинаман ўзимдан-ўзим.

***
Маконсиз
Ва замонсиз
Келаётганга ўхшайман.
Етганимда оқ шомларга
Титроқлардан қақшайман.

***
Яшаб ўтаяпман,
Сўзда майдалаб
Яшолмаган кунларимни ҳам.
Фақат мени титратиб қўяр
Ўқтин-ўқтин келаётган ғам.

***
Учаяпсан,
Балки фалакда
Қўйгим келмас қанотинг кесиб.
Бузолмадим уйқунгни, нетай
Ёруғликни тургандек тўсиб.

***
Ташлаб кетолмайман,
Ўзимни
Виқор керган қорли тоғларда.
Қолдирсам ҳам, қолдирмасам ҳам
Асир айлар сокин чоғларда.

21.12.2023 й.

***
Истайсанми,
Истамайсанми
Келавердим қайтиб ва қайтиб.
Мен шунчаки қайтмадим сенга
Дилда борин келяпман айтиб.

***
Табассум айладинг,
Ишқнинг роҳидан
Кўзларингни узмадинг мендан.
Ўртандим мен тафтсиз нурларда
Қийнамоқлик сенга роҳатми?

21.12.2023 й.

***
Сен гул эдинг,
Кўзим тушмасдан аввал
Кўзим тушди
Қалбимга индинг
Кетолмасман мен сендан йироқ.

***
Қўрқитолмас,
Мени ҳеч нарса
Идроким-ла, турдим ёнма-ён.
Тўрт томонга борайин десам
Эрким менинг бергайдир имкон.

***
Ҳаракатда,
Лоқайд бўлмасам
Боражакман сувдайин оқиб.
Ерда ёки юлдуз остида
Ўзимга ҳам турарман боқиб.

***
Осмон тубсиз,
Қалб эса кўзгу
Етдим дея асло тўлмайман
Туб-тубида осмон ва қалбим
Нелар бордир ўзим билмайман.

***
Чорлар мени,
Август оқшоми
Бир жимликни аллалар қишлоқ.
Жуда сокин тоғли кенгликда
Босиб турар атрофни мудроқ.
***
Қулаб тушар,
Ерга кўк осмон
Менинг жонсиз ўлимим билан.
Мендан кейин дунё тугайди
Ва тирилар кулгулар билан.
***
Унутасан,
Балки бир куни
Оқшомларинг мунғаяр менсиз.
Чуқур-чуқур нафас оламан
Қаршилайман оқшомни сенсиз.
***
Борарканман,
Тошлоқ кўчадан
Бир хаёллар чўлғади яна.
Ўтиб кетдинг учқур хаёлдек
Кўзларингни сузиб мастона.
***
Туйғуларда,
Сузиб юрсам-да,
Олтин балиқ эмасман зинҳор.
Зоғора ҳам эмасман бироқ.
Адаштириб юборди уммон.
22.12.2023 й.
***
Қайлардадир,
Йиғлади жоним
Қайлардадир кетдим адашиб.
Тирикликнинг ҳар бир зарраси
Келаётир йўллар талашиб.

***
Уйғонаман,
Қўшиқ товшидан
Олиб кетар руҳим этиб ёд.
Келаётган ғамгин роҳлардан
Қутқазгандек бўлади ҳаёт.

***
Кузги оқшом,
Тебранади жим
Олиб кетар хаёлим олис.
Олис йўлнинг таноби узун
Бўлолмайман ҳамиша холис.

***
Тунги осмон,
Аста жимирлаб
Афсоналар сўйлайди менга.
Дала, тоғлар кесиб ўтаман
Дуч келмайман, негадир сенга.

***
Серфайз туннинг,
Чироқлари жим
Кўринмайди деразалардан.
Мен уйғониб кетаман беҳос
Ой нурининг овозасидан.

***
Қўмсагайман:
Ўша ток сўри
Май оқшомин сўрган дилимиз.
Жуда олис олиб кетганди
Юлдузларга етган йўлимиз.

***
Қуладими,
Шу кўм-кўк осмон
Ё тоғларим жойдан кўчдими?
Боболарим ёққан чироқлар
Битта-битта шамдек ўчдими?

***
Қайғу,
Кириб келган бу уйга
Киролмадик бизлар нотавон.
Қора парда тортган бу уйга
Кириш учун топмадик имкон.

***
Тонгда туриб,
Нелардан тондим
Тун чаплади барига сиёҳ.
Тун кўрсатган барча нағмалар
Ёзилдилар бўлганча гуноҳ.

***
Қолдирмайман,
Бунда ўзимни
Кўрганларим бари ўткинчи.
Гўзалликдан тонмоқ ҳам асли
Менинг учун жуда қўрқинчли.

***
Бир сўз топсам,
Бир сўз бўлса бас
Топар эдим бироз енгиллик.
Ё баридан кечиб кетардим
Ё ишқимдан айтардим эртак.

***
Қўлларимни,
Белимга қўйиб
Айланаман оқшом, дарахтзор
Ҳеч нарсадан хабари йўқдай
Боқиб турар хомуш ва карахт.

***
Шеър ҳақида,
Ўйламай қўйдим
Ва ачиндим ўз ҳаётимга.
Кечиккандим, йўлимдан чиқиб
Бошқа йўлга бурилди журъат.

***
Сен ҳақингда,
Энг гўзал шеърни
Айтмоқчийдим сира шошилмай.
Мен ўзимни йиғиб олгунча
Тонг нурлари жуда шошилди.
***
Шомлар мени,
Азобга солар
Юрагимга томар кўзёшим.
Неча йилки бу ҳолат такрор
Тилаяпман ўзимга бардош.
24.12.2023 й.
***
Кун,
Қадам етаклаб
Кетаяпман уфқни излаб.
Уфқ эса, тоғлардан юксак
Сўқмоқларда юрибман бўзлаб.

***
Минг битта бўлакка,
Бўлдим болалик
Сўнгра аста чақиравердим.
Шеър бўлмаган кунларинг эслаб
Ҳайратимдан бақиравердим.

***
Қичқиради,
Кўзларим баъзан
Айланмайди ҳаққа рўёлар.
Мендан жуда олислаб борар
Мен ҳақ деган азиз дунёлар.

***
Кўзларимдан,
Отилар ранглар
Айтолмайман ёвқур сўзимни.
Севишимни жимгина айтдим
Танитмадим бироқ ўзимни.

***
Кетолмайман,
Бошимни олиб
Бу кечанинг ғазаблари кўп.
Ой нурини ёритмас кеча
Бул кўксимда қилар талотўп.

***
Туғилмоқлик учун,
Мен қайта
Кўзим юмдим, бир қоронғу нур.
Энди мени қайларга элтар
Қоронғулик ёки тасаввур.

***
Сизни кўраяпман,
Ернинг устида
Тишлаяпман ҳайратларимни.
Лекин қурбим етмай турибди
Тишлай десам нафратларимни.

***
Мен,
Сенсиз қолган кеча
Ой нурларин кўрсатмади тун.
Тун зимистон қоронғу эди
Тоғлар тошдек кўринди бутун.

***
Ачинарлиси,
Кўнглингга қарамай
Яна қуёш чиқди эрталаб.
Ол қуёшнинг зарин нурлари
Ва кўксингни борар нимталаб.
***
Қоронғулик,
Босган Заминда
Кўринмайди туннинг чироғи.
Ва қайлардан инграниб келар
Ухлолмаган туннинг фироғи.

***
Бир замонлар,
Бор эдик бизлар
Ялар эдик ойнинг нурини.
Энди эса қарилик титар
Ўчган кулнинг совуқ қўрини.

***
Ҳайдаб бўлмас,
Бу тунни сира
Юрагимга ботади оғриқ.
То тонггача ҳали анча бор
Бу ҳаммаси вақтга боғлиқ.

***
Унутаман,
Тассодифларни
Кўзларимга чўкаркан жимлик.
Ва танимни тебрата бошлар
Мени маҳкум этган ёлғизлик.

***
На мақтов,
На танқид эшитмадим мен
Оқар сувдек келяпман оқиб.
Ажаб эмас, бир куни келиб
Қай кўнгилга қолсам мен ёқиб.

***
Чақалоқ,
Овозини эшитдим
Бошқалардан фарқли эди у.
Қичқирса ҳам бор овоз билан
Овозига тахтли эди у.

***
Қароғингга,
Чўкдим шу кеча
Ой нурида кўзларим толди.
Сен сезмадинг ой нури кетиб
Мен ўзимга келолмай қолдим.

***
Кун келар,
Яна кун келар
Кўрсатмайди насибасини.
Мен танамга сиғдиролмайман
Бу кунларнинг силсиласини.

***
Кеч кирар,
Уфқ ҳам сўнар
Ва яширар ожизлигини.
Менинг кўнглим яширган каби
Оқшомдаги ёлғизлигини.
***
Қаршиладим,
Мен яна тунни
Неларнидир етказар менга.
Ўйлаб-ўйлаб ўйим сўнгида
Дуч келаман барибир сенга.

***
Ўйларим чексиздир,
Ўйларим бесас
Не мурувват кўрсатади кун.
Топарманми мен ундан толе
Ё бўғзимдан ўрлайди тутун.

***
Сенинг учун,
Бўлдим гуноҳкор
Жиловлолмай қолдим ҳисларим.
Томиримда қонларим оқди
Лабларимдан чиқмай сасларим.

***
Сайрагандир,
Сайроқи қушлар
Орзулар ҳам балки ёнгандир.
Эслолмайман у кунларни мен
У кунлардан ёдим тонгандир.

***
Ёмғирлар шивирлар,
Мен жим яшайман
Қайга қўйдим ёшлик шавқимни.
Юрагимга солиб сен назар
Олиб кетдинг буткул завқимни.

***
Кенгайиб боради,
Дунёқарашлар
Жоҳилликдан тамом тонаман.
Уйғотгани каби шудринглар
Руҳ уйғоқдир… Мен уйғонаман.

***
Ҳар сўзимда,
Битта сўз бўлди
Тутиб олдим мен улардан шеър.
Қайта-қайта дунёга келдим
Еру-кўкка бўйлаб тасаввур.

***
Ўтмиш,
Ва бугун тасаввурида
Менга нелар бўлмади пеша.
Она ерга сажда қиламан
Келажакни ўйлаб ҳамиша.

***
Қариндошмас,
Дўст ҳам эмасмиз
Аммо душман эмасмиз зинҳор.
Бироқ сенинг ташрифларингдан
Кириб келар уйимга баҳор.
***
Вақт менга,
Ғанимдир, холос
Етмагандек ҳеч сиримизга.
Олислардан қараган каби
Тушунмадик бир-биримизни.

***
Мени жазолади,
Ишқнинг Худоси
Тўсиқларин қўйди йўлимда.
Севганимга етдим деганда
Тортиб олиб қўйди қўлимдан.

***
Минг йил ёки,
Ундан ҳам кўпроқ
Сувлар ювмас сўқмоқларини.
Оқ қорларни бошда кўтариб
Юксалар Вахшивор тоғлари.

***
Хаёлан,
Чизаман бир суврат
Безак берар дарахт қаламқош.
Қурбим етмас давом этишга
Кўзларимдан қуйилади ёш.

***
Ва ниҳоят,
Тушунди онам
Қилмай қўйди менга ҳам қаҳр.
Ўлимидан олдинроқ айтди:
-“Ташлаб кетдинг, мени тошбағир”.

25.12.2023 й.

***
Ҳамма нарса,
Гувоҳлик берар
Менинг қандай яшаганимдан.
Баҳорини берган қирларга
Тонгларимни бошлаганимдан.

***

Чизаяпман,
Бир буюкликни
Юксак тоғлар қаршисида жим.
Чумолилар тиним билмайди
Чумолида бўлмайди тиним.

***
Бармоқ тишлаб,
Қоларди Гоген
Бу тоғларга етса қадами.
Денгиз сувин шопириб туриб
Келар эди бирдан алами.

***
Қиёматгача,
Яшамас балки
Ёмғир, дўлга дучор Зараут.
Лек ҳозирча яшаб турибди
Рангларини қилмайин нобуд.

***
Бу мактаб,
Ўқи, ёз, ўрган
Кўзларимда ёшлар қалқиди.
Ўқидим, ёздим ва ўргандим
Пешонамда қуёш балқиди.

***
Ўтаяпман
Катта кўчадан
Менинг қайғум англамас ҳеч ким.
Қайғуларга ботиб қолмаган
Шодликларим билмайди тиним.

***
Бахт сасини,
Сезмоқлик яхши
Аммо бахтнинг ўзи қаерда?
Изламагин уни олисдан
Бораяпти кўзингга ботиб.

***
Парчалайди,
Вужудим тенгсиз
Руҳиятим кўтарган исён.
Осмон чексиз, Замин ҳам чексиз
Бераверар мен учун имкон.
***
Бу дунёда,
Улкан кенгликлар
Олиб кетар менинг овозим.
Бир рубобий куйдайин янграр
Тонгларимдан бошланган созим.

***
Дунё очиқ,
Кўзларинг очиқ
Бу дунёни кўриб турасан.
Кўриб туриб ноқис дунёни
Бефарқликка юзинг бурасан.

***
Мен ғарибман,
Жуда ғарибман
Лекин руҳим учаётган қуш.
Ва кўнгилнинг салтанатида
Уйғонади титраган товуш.

26.12.2023 й.

***
Афсуслар бор,
Армонларим бор
Кечирилган ҳаётдан эмас.
Бўм-бўш ҳаёт менга бу ҳақда
Жон куйдириб ҳеч нарса демас.

***
Орзуландим,
Кўп нарсаларга
Лек орзуга тугал етмадим.
Етсам-да, етмасам-да, бироқ
Орзулардан буткул кетмадим.

***
Қушларда қанот бор,
Биламан
Қўнарлар ва учиб кетарлар.
Қўлларим силкитдим минг бора
Йўл бермади учишга Замин.

29.12.2023 й.

***
Кунлар,
Олис ва яқин кунлар
Хотиралар билан тирикдир.
Ва уларни еб борган сари
Сезилади кичик ва йирик.

***
Ғимирлаб,
Юрса-да, вужуд
Сочиляпман учқунлар бўлиб.
Йиғиб ололмайман уларни
Хотиралар кетмоқда тўлиб.

***
Эътибордан,
Четда қолгандай
Ё кўрмади уни бир кўзлар.
Бораверар туйғуларин еб
Севилмоқдан йироқ турган қиз.

***
Судрамаса,
Одамлар мени
Дуч келгандай тун қорасига.
Киражакман суқилиб тамом
Ўзим одамлар орасига.

***
Энг саҳиҳ,
Кунларни кечирдим
Бирор сўз қўшмадим ўзимдан.
Ўнг бўлди, сўл бўлди, дур бўлди
Оловлар чақнади кўзимдан.

***
Ғижимлайман,
Ўзим ҳар лаҳза
Бўлинаман туйғуларимга.
Тарки одат, амри маҳолдай
Безовтаман уйқуларимда.

30.12.2023 й.

***
Улгурасан,
Ўрганишга ҳам
Ҳеч бир нарса қолмас бетартиб.
Улгурганда мени ўрганиб
Кетмасанг бас, оёғинг артиб.

***
Майли, йиғла
Кўнглинг овунар
Телба кўнгил меҳр қоришар.
Мен ўзимни йиғиб олганда
Сенинг кўнглинг бирдан ёришар.

***
Чизаяпман,
Барча ёзувим
Келмади-да, қолдиргим уни.
Кутолмасдим ортиқча бироқ
Мен уятга қолган у кунни.

***
Сен сезмадинг,
Умримни узайтирдим
Бир ҳаяжон турибман кутиб.
Сенга эзгу битта сўз айтдим
Нафратимни ичимга ютиб.

***
Билмайсиз,
Ўзимнинг дунёларимда
Нималардир юрибман олиб.
Ё айтаман сизга бир куни
Ё ёндиргум оловга солиб.

***
Дунё меҳрибон,
Ё шунчалар бешафқат
Ювиб турар тонгда товоним.
Ва шомларга етай деганда
Кўрсатади барча ёмонин.

***
Минг йил ўтди,
Мен ҳам эскирдим
Танимайди туғилган гўша.
Қараб турсам қай кун ортингдан
Дил ёқасан: — Сен ўша-ўша…

***

Мажбурдирман,
Ёлғон айтишга
Руҳан ўлдим, руҳан ўқ отдим.
Ва кўрганда сени ҳамиша
Мен ўзимни қайта уйғотдим.

***
Оғринган дунёга,
Оғриниб боқдим
Чўколмади бир қатра ҳам ер.
Ва ўзимдан хижолат бўлиб
Пешонамдан артавердим тер.

31.12.2023 й.

***
Илондан қўрқдим,
Чаёндан қўрқдим
Ҳар иккиси жоним пойлади.
Қўрқинчлиси икки оёқли
Газандалар йўлим бойлади.

***
Унутдимми,
Бирор кун сени
Бу албатта қоронғу сенга.
Қайғуларим йиғилганда ҳам
Бир рўшнолик бермади менга.

***
Қоғоз ёзиб,
Оловга отдим
Олов ёниб кўкка ўрлади.
Ёнаётган оловга қараб
Кўзларимда недир шўрлади.

***
Чизай дедим,
Денгиз сувратин
Бу қўлимдан келмади, аттанг.
Ёзай десам денгиз ҳақида
Яна ҳолим бўлаверди танг.
Кўрмагандим,
Денгиз долғасин.

***
Экаяпман,
Кечаю-кундуз
Шамолларга айтиб баллада.
Қай маҳалда дуч келдим сенга
Тонг чоғими ё шом паллада?

***

Эҳтимол,
Тарихда мисоллар кўпдир
Қай бирини айтайин сизга.
Ўз йўлида тураркан ғаним
Дўст деган ҳам чўп тиқди кўзга.

***
Рухсат сўрамадим,
Бирор кимсадан
Яшайвердим ўзим билганча.
Қаршилади кексалик бир кун
Йилларнинг устидан кулганча.

***
Болаликнинг,
Кўчалари оқ
Тушларимда ҳатто яйрадим.
Тош кўчалар товон кесганда
Ой нурида тунлар қайрадим.
***
Тушунмайман,
Мен сени ҳамон
Кипригингдан думалайди тош.
Қанча тошлар отганинг билан
Кўзларимдан чиқмас томчи ёш.

***
Ҳавасландим,
(Орзуга айб йўқ)
Теравердим ўзимча юлдуз.
Ва терганим, бир кун қарасам
Жуда оддий, бозордаги сўз.

***
Узоқ қолдим,
Балки дунёда
Бунинг учун қилолмайман арз.
Мени қийнар кечаю-кундуз
Бўйнимдаги қотиб қолган қарз.

***
Менинг фалсафам,
Ўзимдай содда
Нима десам кўнаверади.
Қариганда суянчиғим деб
Толдан ҳасса йўнаверади.

***
Минг бора алдандим,
Минг бора қотдим
Гоҳ ўзимни қўйдим йўқотиб.
Бир кимсадан мадад кутмадим
Бораяпман ўзим уйғотиб.

2.01.2024 й.

***
Эркинлигим,
Ўзимда аммо
Танияпман буткул рўёни.
Мен ўзимни урмай қанчалар
Куйлолмасман ёлғиз дунёни.

***
Рухсат бердим,
Сен ҳам куйлагил
О, қанчалар ҳақлисан ҳақли.
Борлиқ ўзин этар навозиш
Айтмаганим айтарсан балки.

***
Ўзим чизган,
Сувратдан тониб
Туйғуларим қайта уйғониб.
Бир бор, юз бор, минг бор қарайман
Бу сувратга хаёлан ёниб.

***
Ўйноқлаган,
Баҳорлар ўтди
Қирмизи май тутди гулларин.
У қиз мени ташлади кетди
Тошлоқ йўлдан буриб йўлларин.

***
Нигоҳингиз,
Нигоҳга тушди
Бир гулдайин ёниб турдингиз.
Сезсангиз ҳам туйғуларимни
Сиз бир ишқдан тониб турдингиз.

3.01.2024 й.

***
Аввал ҳам бор эди,
Таниш кўчалар
Ўзгарибди, ўзгармай қолмас.
Кузатаман ҳар бир қадамни
Кузатишдан кўзларим толмас.

***
Бу кекса балх тутга,
Ҳавасим келар
Саҳийлик кўрсатар эринмай.
Йилдиримдир йилларнинг ёши
Саҳийлиги борар кўринмай.

***
Иккита йўл,
Кетар икки ён
Иккиси ҳам ўхшар озорга.
Бир йўл бошлар бозорга томон
Олиб борар бир йўл мозорга.

***
Яна маъюс,
Тортдим ўзимга
Маъюслигим ҳеч ким билмади.
Унутайин дея ўзимни
Кунлар кулди, қалбим кулмади.

***
Чайналади,
Тилим ғўлдираб
Аниқ сўзни айтолмас тилим.
Ношудлигим учун кечиргил
Қийнамагил энди севгилим.

***
Гуллаб ётар,
Ҳою-ҳаваслар
Ҳар кун тонгда отилади ўқ.
Майса бўлиб унмоқлик учун
На-да, ёмғир, на-да, журъат йўқ.

***
Кетаяпман,
Япроқдек тўзиб
Осмон ўйнар, учирмас мудом.
Ерга тушсам, ер тепкилайди
Ё тергилаб отар оловга.

***
Қўрқмай яшаш,
Мумкиндир балки
Эрта кундан бўлмаса умид.
Мен ўзимни роса қийнадим
Ва сўнгида сақладим сукут.

***
Қўрқмай яшаяпман,
Кўзларим ботир
Еган, ичган мойдайин татир.
Ва сўнг қадар турайин десам
Дилимда бор озроқ хавотир.

***
Қўрқмай яшамоқни,
Қиляпман орзу
Оқ булутлар юрибди сузиб.
Лек нимадир, нимадир билмам
Кетаяпти юрагим узиб.

***
Соғиндикми,
Ҳа, соғинмаслик
Биласанми, қанчалар даҳшат.
Бепарволик кимларгадир хос
Бу учун ҳам керакдир журъат.

4.01.2024 й.

***

Инкор қилдим,
Ўзимни минг бор
Жоҳилликни минг бор ташладим.
Бир юмшоқлик мўминлик дея
Яшамоқни қайта бошладим.

***
Сўрамадим,
Шоирликни мен
Буни шамол, дарахтлар билди.
Дилим қонаб кетган лаҳзалар
Ул илоҳий тилимга келди.

***
Шеърлар ёздим,
Мазах қилдилар
Дўст-биродар ва яқинларим.
Лекин шеърда отилиб турди
Исёнларим ҳам чақинларим.

***
Бу кунлар ўтади,
(Ўтмаган кун йўқ)
Бироқ мени юборди эзиб.
Қийналсам-да,катта шаҳд билан
Бораяпман умрни чўзиб.

***
Йиғиб олдим,
Ҳар кун ўзимни
Йиғламадим бўлар-бўлмасга.
Шу туришда кулиб юбордим
Ўхшагандек гўё ўлмасга.

***
Йўлимдаги,
Ҳар битта тошга
Сенинг исминг қўйганман битиб.
Унутсанг ҳам сен мени бир кун
Яшринмайди тошлар унутиб.

***
Ёзаяпман,
Оппоқ қоғозга
Туни билан тинмади қўлим.
Лекин манзил жуда олисдир
Тонгга қадар унмади йўлим.

***
Сенсизликка,
Кўндим охир
Дард кўзларим емирди.
Фақат кўзмас, юрагим
Туб-тубидан кемирди.

5.01.2024 й.

***
Баҳодир сўзларни,
Ботир сўзларни
Излаш менга жуда ёқарди.
Ва уларни топгунга қадар
Шу сўзлар деб сочим оқарди.

***
Қарайман,
Бу тупроқ кўринар рангин
Ҳайратимдан ушлайман ёқа.
Тўрт фаслни кўравераман
Кўзларимни тиксам ҳар ёққа.

***
Сизни кўрсам,
Рангим ўзгарар
Ва ўзимга тополмайман жой.
Энди сизга айтмасам бўлмас
Севиб қолдим сизни, ҳойнаҳой.

***
Ўқисанг,
Ўқимасанг
Сенга совға бир китоб.
Унда она қишлоғинг
Жаранглаган саҳифа.

6.01.2024 й.

***
Тун гулидай,
Қорайди юзинг
Кўкда ой ҳам кўринди ўсал.
Ёнгинамда бўлсайдинг агар
Кўринмасдинг бунчалар гўзал.

***
Сен ўласан,
Мен-да, ўламан
Ва бағрига олади тупроқ.
Муҳаббатдан толган чақинлар
Илдизларга айланар мудроқ.

***
Ҳали бери,
Ўтмади шамол
Кўзим тикдим турфа оламга.
Ва дунёнинг ишлари билан
Хат ёзмадим ҳатто онамга.

Дунё қийғир,
Дунё хотиржам
Ўзгартирар лаҳза тусини.
Менинг каби ношуд банданинг
Киритгандек бўлиб эсини.

Менинг эса,
Хаёлим банди
Бир қоракўз олган ҳушимни.
Ой тагида минг бор айтаман
Ҳушларимда кўрган тушимни.

О, ишқ мени
Айлади телба
Қандай асрай нозик гулимни.
Ва ақлимдан адашиб кетдим
Тополмайман борар йўлимни.

***
Қаридим деб,
Айтаоламан
Бироқ асло қаригим келмас.
Ҳаракатда ҳаракатдаман
Буни мендан айириб бўлмас.

***
Кўрдим дунё,
Мақомларини
Ҳеч бирига бўйсунгим келмас.
Ўлаяпман дейман-у, ҳар гал
Лек ўлимим ҳақиқий эмас.

***
Етти бора,
Йиқилдим бироқ
Саккиз бора ўрнимдан турдим.
Гўзал экан аслида яшаш
Мен ҳаётда минг бора кўрдим.

7.01.2024 й

***
Тўкилади,
Шам каби умр
Югураман турли томонга.
Бироқ яхши демади ҳечким
Чиқармади ҳатто ёмонга.

***
Ўйинқароқ,
Эканман билсам
Бироз жиддий тутмабман ўзим.
Умр ўтгач-йиллар ортида
Кўзёшларга қоришиқ кўзим.

***
Ёз кунида,
Тонгги боғ айландим
Андалибмас, лекин сайронман.
Юрагим ҳаприқди, юрагим
Ёрилиб кетмади, ҳайронман.

***
Мен енгилдим,
Армон талотўп
Тун кўксида милтирар юлдуз.
Олиб кетди мени қайларга
Мен билмаган кечаю-кундуз.

***
Ҳеч ким,
Эшитмайди йиғимни
Ҳуд-беҳуд йиғлашни тиғлайман.
Кўрмагайсиз кўзда ёшимни
Йиғласам юракдан йиғлайман.

***
Ўзим севдим,
Ўзим йиғладим
Балки бу ҳам оддий тушунча.
Сочларимни қировлар босди
Сенсизликка кўникунимча.

***
Ҳовуз бўйи,
Турибман сармаст
Сен келасан тошлоқ йўл босиб.
Қулоғингга ой ёруғида
Бир жуфтгина ялпизни осиб.

***
Сен келасан,
Ой нурин босиб
Бир нурларга бойланаман мен.
Кутдирмайсан, хиёл ўтмайин
Қучоғимга айланасан сен.

***
Саргузаштдир,
Энди у чоғлар
Лек бировга айтиб бўлмайди.
Саргузаштни эслайман аммо
Кўз ёшланар, юрак кулмайди.

***
Ҳамма нарса,
Бунда эскидай
Пастқамгина ўша тош девор.
Тош девор-а, қора тош девор
Мени тутма, сен қўйиб юбор.

8.01.2024 й.

***
Яшаб улгурдимми,
Ё яшолмадим
Томирларим тортар хомуза.
Юракда дард, юракда афсус
Орзуларим қилар овоза.

9.01.2024 й.

***
Ўтиб кетар,
Ўтар дунё
Безагандек тунларни ҳилол.
Лекин дунё биздан-да, қолар
Қуёш, ҳаво, булоқлар зилол.

***
Тушуна бошладим,
Шеъримни ёзиб
Адашгандек нечоғ моддийлик.
Туйғуларнинг заволи бордир
Алдамайди бироқ оддийлик.

***
Очиб қўйдим,
Юрагимга йўл
Бугун, ўтмиш кўрсатади бўй.
Бироқ юрак қийналиб турар
Ишқим менинг ҳасратли бир куй.

Бу куйларда ўламан саттор
О, юрагим сен қўйиб юбор.

***
Уч кунлик умримга,
Ҳузурлар бердим
Ҳеч нарсада ишим бўлмади.
Баҳор ўтди, ёз, кузим ўтди
Тоза ҳаво қишим бўлмади.

10.01.2024 й.

***
Исиб кетди,
Бу кунлар жуда
Кўзларимда ёшларим қотди.
Тоғ ортига беркинган қуёш
Беҳол-беҳол шомни уйғотди.

***
Асраганим,
Ва илинганим
Ёниб турар ҳамон дилимда
Айтай десам юрак дов бермас
Учавермас ҳар пок тилимдан.

11.01.2024 й.

***
Ҳар лаҳзада,
Ўлиб тирилдим
Яратишни ўйладим бироқ.
Эзгуликдан нималар қилдим
Тарк этмади мени бу сўроқ.

***
Еёлмайсан,
Ҳайратларингни
Гунг ва соқов каби тутасан.
Ё ҳайратни битта-битталаб
Ўзинг сезмай ичга ютасан.

***
Қўлим калта,
Нигоҳим узун
Кетолмайсан ҳатто ўзингдан.
Яшринишинг мумкиндир бироқ
Қочолмайсан икки кўзингдан.

***
Кўп эмас,
Беш дақиқа
Тинчгина ўйладим ўзимни.
Пичирлади лабларим унсиз
Ва бўғзимга ютдим сўзимни.

***
Ҳисларимни,
Тушунмоқ истадим
Бир сокинлик тутди бошимни.
Нималардир ўйладим бироқ
Кўзёшларим кетди шовуллаб.

***
Бу кўзлардан,
Қутулмоқ қийин
Иштиёқни бўлмас сўндириб.
Оқаётган нозик ҳисларни
Бўлмагандек бирдан ўлдириб.

***
Мен кучлиман,
Ҳис этсанг, агар
Юбораман кўзинг кулдириб.
Кучсизларни ҳаётнинг ўзи
Ҳар қадамда турар ўлдириб.

***
Очлик,
Мажақлайди ғурурни
Ундан қочиш анчайин гумон.
Қолган бўлса ғуруринг агар
Бир самовий кўринар осмон.

***
Сени,
Севмасдан олдин
Қанчалар ҳам мағрур эдим мен.
Эгилмасдим оппоқ гулларга
Хароб қилди бунчалар кўнгил.

12.01.2024 й.

***
Сўз излаб,
Сўз излаб
Саришта бўлди.
Юз тутиб тупроққа
Фаришта бўлди.

***
Мен эсладим,
Ёнаётган шам.Елвизак
Бошқа нарса эсда қолмаган.
Сенинг ўша ҳолатинг, бироқ
Хотирамдан асло толмаган.

***
… Ва баъзида,
Қайтгим келар
Болалаликнинг кўчаларига.
Сирли-сирли кетиб бораман
Ойли-ойсиз кечаларимда.

***
Нутқим равон,
Оддий нарса ҳам
Монологдай ўқилар менда.
Кўзим илғаб қолган нарсалар
Бир эртакдай тўқилар менда.

***
Улуғворлик,
Кўриш истадим
Кўз-кўзлаган ҳар битта қалбда.
Лекин мени синдириб қўйди
Кулаётган истеҳзо лабда.

***
Эътиборан,
Йўқдир таъқиблар
Туйғуларим келмоқда оқиб.
Мен ўзимга-ўзим ғанимман
Икки кўзим этади таъқиб.

***
Тараққиёт,
Йўқ ҳайвонларда
Тирикчилик уларда ҳам бор.
Одамларда улардан холи
Онг ва шуур ўсади такрор.

***
Мен ғарибман,
Ҳаёт ҳам ғариб
Қайлардадир балки шодондир.
Кечинмалар сезилмаслиги
Қалблар ичра қалбан нодондир.

***
Чўкаяпсан,
Қоғозлар ичра
Интиласан йўл топайин деб.
Лекин баъзан сезмай қоласан
Шу қоғозлар юборганин еб.

***
Муҳтожлик бор,
Ҳамон танамда
Кўринмайман қуёшдек балқиб.
Ва йиллардан ўтган қусурлар
Келаверар ҳар қадам қалқиб.

***
Сочлари паришон,
Сочлари патти
Тўлқинланган шамоллар урар.
Шу жайдари кўнгил қатига
Ўзи сезмай муҳаббат кирар.

***

Бигизланган,
Бармоқ учида
Бош эгилди беҳос кулмадим.
Ҳаммасини биламан ўзим
Яшашни билмадим, билмадим.

***
Келаверар,
Хотиралар жим
Минг йилларга кетаман қайтиб.
Қоп-қорайган нуқта устида
Дардларимни оламан айтиб.

***
Мақтанмангиз,
Зўр шоирман деб
Сўзлар кўпдир кўнгилга доир.
Менинг эса тасаввуримда
Зўр шоирдир ёғётган ёмғир.

14.01.2024 й.

***
Камсуқумман,
Нисбатан анча
Беҳуд бошим эгмасам дейман.
Ёзаётган битикларимда
Ғашингизга тегмасам дейман.

***
Қапишиб турибман,
Кичик танамга
Ўз-ўзимдан кетяпман қўрқиб.
Айтмадингиз ҳали бирор сўз
Кетмадингиз шунчаки ўқиб.

***
Ўқиб кўринг,
Балки сиз мени
Туйғуларга қўймайсиз сотиб.
Сўз сўнгида ёруғ сукут бор
Қўймагайсиз ҳеч не йўқотиб.

***
Кунлар,
Қуёш кўрсатар менга
Нурларида зарҳал кўрибман.
Худбинлигим, қаноат қилмай
Мен қуёшим излаб юрибман.

***
Баҳор,
Эриётган қор каби
Дилдан оқар шўх мисраларим.
Туйғуларим йўллар излаган
Титраб турган асираларим.

15.01.2024 й.

***
Эриб борар,
Кўнгилдан доғлар
Унутгандек бари-барини.
Лекин кўнгил ёполмас сира
Озорларнинг сардафтарини.

***
Юрагимни кўмдим,
Тупроқ қаърига
Лек руҳимда бир видо қолди.
Сенинг масъум кўзларинг эслаб
Бир ғуборли ҳасратлар толди.

***
Ожиз сездим,
Лаҳза ўзимни
Қилгандайин каттакон гуноҳ.
Тутиш учун ўзим хотиржам
Бир жимликдан тополдим паноҳ.

***
… Ва ўйларим,
Чўзилиб кетди
Ўйларимдан шўхдай эдим мен.
Ечим топмас сўроқларимда
Бу дунёда йўқдай эдим мен.

16.01.2024 й.

***
Шеър ўқимай,
Қўйган одамлар
Узилгандек бир гўзалликдан.
Ўзларини тутиб туришар
Чанг солса ҳам қалбга ўсаллик.

***
Оқар экан,
Туйғулар тиниқ
Мен ҳам шеърим ўқий оламан.
Кўнглингизни билмадим лекин
Ўз кўнглимга ғавғо соламан.

***
Кучим етмас,
Оқ гуллар каби
Қалбингизни кўрсатай десам.
Лабимдан дур сочилар маржон
Кўзёш келар беҳосдан кулсам.

***
О, мушкулдир,
Қалбимни бериб
Ўртанади туйғулар сафи.
Қурбим етмас, тафтларим етмас
Қучай десам бир гўдак каби.

***
Англамоққа,
Кучим етмади
Мисраларга айланганда сўз.
Такрор-такрор ўқидим, аммо
Мен ўзимча қилдим талаффуз.

***
Узоқлашиб,
Кетганман жуда
Ўша ёрқин, ёруғ кунлардан.
Хотирамда қолганларидан
Кечмоқлик ҳам мен учун қийин.

***
Юзакидек,
Кўринар ҳаёт
Ололмайман ўзимни ўнглаб.
Гўёки мен йиллар оралаб
Ҳар қадамда қолганман тўнглаб.

***
Судралиб юрибмиз,
Гўёки ерда
Биздан жуда олисдир осмон.
Учолмаймиз-қанотимиз йўқ
Фикримизда йўқдайин имкон.

***
Йўқолгандек,
Кўринар йўллар
Тугаб борар метиндек бардош.
Ўсаётган майса оралаб
Ялтирайди чағирлаган тош.

***
Мен қолмасман,
Шеърим ҳам қолмас
Тугаб битар қораламалар.
Қолса қолар мендан сўнг, шаксиз
Туйғуларим, ўлмаган руҳим.
***
Санъат,
Ҳаётдан кўчирма эмас
У кўнгилни айлар ихтиёр.
У сув, ҳаво каби зарурдир
Шундан унда улуғ ҳиммат бор.

17.01.2024 й.

***
Мен ўзимни,
Бахтли этиш учун
Мусиқалар тингладим.
Кўнглимни очиб қўйиб
Бир жимликда йиғладим.

***
Нима бўпти,
Шону-шуҳрат
Шамол каби йитадир.
Машаққатлар ва меҳнат
Билмам қайга кетадир.

***
Илк шеърим,
Газетада босилган каби
Ва газетанинг ўзи каби
Йиллар тушовида
Йўқ бўлиб кетди.

Ёдимда қолмаган менинг ҳам.
***
Жимлик,
Сукунат
Жуда қўрқинчли.Уларда-
Ёруғ куннинг нурлари бордир
Қора туннинг жимликлари бор.

***
Сенга топинаман,
Сени аввайлаб
Бичимларинг ўзгарса, шодман.
Чунки сенинг бағрингда бу дам
Яшаётир бир тирик Худо.

***
Тиниқлашиб,
Боряпти осмон
Тиниқлашиб боряпман мен ҳам.
Энди мени алдаб бўлмайди
Юрагимга киролмайди ғам.

***
Яшаш учун,
Кун кўриш учун
Табиатга юзландим яна.
Яшилланди беғубор олам
Кўзларимда қилиб тантана.

***
Бир ҳамла билан,
Яксон этиш
Балки менинг қўлимдан келмас.
Гўдак каби аллаладим мен
Гўдак каби қошимдан кетмас.

***
Англаяпман,
Бу кун нени яратдим
Нималардан ортда қолдим мен.
Ва курашлар тик замирида
Бўйим қадар ўйга толдим мен.

***
Майда гаплар,
Фитналар холос
Бўй эгмаслик керак уларга.
Бўйин эгсак, бизлар қандайин
Етажакмиз ёруғ кунларга.

***
Бахтли эмас,
Ҳар битта кун ҳам
Тахтли эмас ҳар битта тун ҳам.
Кечмишларни ғижимлаб кўрсанг
Битта шамдир қора тутун ҳам.

***
Қўрқиб турдим,
Ғаму-ғуссадан
Тополмадим ўзимда журъат.
Худойимга ёлбордим минг бор
Бергин дея менга ҳам қудрат.
***
Иродамга,
Ишондим бироқ
Тортаверди ожиз томоним.
Ожизликнинг ғафлатларида
Пасайгандан пасайди осмон.

***
Ўлмас эмас,
Абадий эмас
Бир кун тугар менинг ҳаётим.
Лек тугашнинг чизгиларида
Қолса дейман менинг ҳам ёдим.

***
Лабларингнинг,
Илиқ ҳароратини
Сезаяпман тоза ҳаводай.
Кўзларимда жаранглаб турар
Бир хиргойи ёрқин наводай.

***
Йилларга қарамай,
Ёшга қарамай
Имконларим кўринар чексиз.
Шеър айтиб боряпман эринмай
Мен рангларни қилиб талаффуз.

***
Сочларингни,
Қорайтиришга
Қурбим етмас, мени кечиргин.
Барча ранглар сохта кўринар
Оқ рангларин бўяйин десам.

***
Кўриндимми,
Шунчалар ношуд
Уринарлар мени алдашга.
Менинг эса ичимда исён
Ичолмайман нафратим қайтиб.

***
Кўникишга,
Ўрганган сайин
Вужудимни босади мудроқ.
Шу туришда билмадим мени
Ё ўзига тортарми тупроқ?

***
Жим турдим,
Айлангандек ҳавода
Кўп гапларни айтди кўзларим.
Бироқ сенга етиб бормади
Менинг айтган “нордон” сўзларим.

***
Ҳали ҳамон,
Суръатим ёшлик
Таралади тоғларга сасим.
Дараларни келади бўйлаб
Ҳаяжонга тўлган овозим.
***
У пайтлар,
Йиғлашни билмасдик
Кулар эдик бир-биримиздан.
Ҳатто қуёш воқиф эмасди
Айтолмаган бир сиримиздан.

18.01.2024 й.

***
На мақтов,
На танқид эшитмай
Юравердим бу кўчаларда.
Кундузлар қуёшдек қизардим
Ғамлар топдим кечаларимдан.

***
Югурдим,
Йўллар чекинди
Шамол нафаси кўринмади хуш.
Йиллар ўтди жуда орзиқиб
Мен-чи, ҳамон кўраяпман туш.

***
Ўтаётир тун,
Кетаётир тун
Ишонмагин, сен олға интил.
Боқиб турар кўзинг хотиржам
Ўтмасин-да, тунларинг бедил.

***
Югурикдир,
Йиллар, шамоллар
Бироқ менинг эмасдир баҳсим.
Бир жимликнинг қучоқларида
Юзларимни силайди насим.

***
Нимадир келади,
Нимадир кетар
Қай бирига урғу берай мен.
Хаёлимда япроқ ёзайми?
Ё хаёлдан мева терай мен.

***
Жуда юввош бўлдим,
Жуда гўл бўлдим
Титраб турдим бир ниҳол каби.
Ҳаводан ҳаволар симирдим
Ўзгармади ғамларнинг сафи.

***
Тафтим олди,
Дарахтлар сафи
Мен ўзимни дарахтдай сездим.
Учаётган мезон толасин
Ўз танамда ипдайин уздим.

***
Бу тоғлар виқорли,
Шамоллар майин
Гиёҳлардан таралар ифор.
Қор тагида жилғалар ўйнар
Берган каби ёзга ихтиёр.

***
Эҳтимол яхшидир,
Эҳтимол ёмон
Бизнинг бирга бўлмаганимиз.
Истамасдим қийналишингни
Тарк этмасин сени кулгулар.

***
Энди кечдир,
Ҳаммаси ўтган
Тизиб қўйма саволларингни.
Муҳаббатга қайтолмайсан сен
Ўчиргансан оловларингни.

***
Ҳаёт гўзал,
Ҳаёт бешафқат
Уни илғаб турмоқлик керак.
Ҳис этсанг-да, гўзалликларни
Телбаланмай яшагин юрак.

***
Ҳар лаҳза шириндир,
Ҳар лаҳза оғу
Кунларимни бораман санаб.
Муҳаббатнинг йўли қоронғу
Бораётир юрагим қонаб…
***
Йиллар ўтди,
Йиллар оралаб
Сочларим ҳам кетди оқариб.
Муҳаббатга ташна юрагим
Кексаликдан кўринар ғариб.

***
Бир сандиқ бор,
Сенинг қўлингда
Очолмайман мен уни сенсиз.
Бу муҳаббат сандиғи эрур
Яширмоқчи бўласан менсиз.

***
Тортаяпман,
Азобимни мен
Тинч қўймайди мени изтироб.
Бир ойдинлик киритай десам
Йўлга чиқмоқ ундан ҳам азоб.

***
Кунлар каби,
Ўзгарар кўнглим
Телба ёки шодон юраман.
Ердай чўкиб қолсам баъзида
Баъзан кўнглим осмон кўраман.

***
Сенга берар,
Гулларимни ҳам
Нигоҳим-ла, этаман тақдим.
Токи гуллар сенга етганда
Менинг асло қолмасин ҳаққим.

***
Ўлдириб бўлмайди,
Рост сўзни
Сидирсанг-да, уни юзлардан.
Кессанг агар унинг шохларин
Кўкаради илдизларидан.

***
Телбага,
Йўйдилар йўлимни
Мен Мажнундан ҳазар қилдилар.
Фитна гаплар ташиб ортимдан
Тириклайин терим шилдилар.

***
Мен гўзаллик,
Шайдоси эдим
Баҳоримни ёзга йўйдилар.
Нафис гулим қўлимдан юлиб
Ва ханжарсиз мени сўйдилар.

***
Жаҳолатни,
Бўлмайди ёқлаб
Тушунишга уриндим, бироқ.
Ким қанчадир зарарлар кўрди
Менинг эса олганим кўпроқ.
***
Ҳис қиламан,
Тортишиш кучин
Баъзан хаёл кетар учириб.
Ер мувозанат туради сақлаб
Пастга тортиб қўяр тушириб.

***
Ҳар кун,
Турфа кўринар
Ва қанчалар чекмайлик афсус.
Билганидан қолмайди сира
Ҳаммага таниш Даққиюнус.

***
Бу дунё товланар,
Товланар аммо
Сезмагандай буюк қудратни.
Агар қуёш бўлмаса эди
Олар эди қайдан журъатни.

19.01.2024 й.

***
Хабарсизман,
Ситамларингдан
Ёнармишсан ҳамон мен учун.
Ва тонгларда эсган шамолдан
Тонармишсан ҳамон мен учун.

***
Бир ҳайрат,
Ичида яшайман
Товон ўпар оппоқ шудринглар.
Бу ҳайратни қучай десангиз
Сиз ҳам бирга-бирга юринглар.

***
Ҳамиша топилар,
Кемтиклар
Мақтов билан иш ҳам битмайди.
Муҳаббатдан бошланар Ватан
Ватан дарди дилдан кетмайди.

***
Мукаммал эмасдир,
Ҳеч инсон зоти
Тотиб тургай Изтироб таъмин.
Шу боисми, инсон қадами
Жаннатдан йироқдир бу Замин.

***
Кимгадир меҳрини,
Кимга зарбини
Бераверар ҳаёт дегани.
Кимлар бўкиб, итга берганда
Кимлардир зор ҳатто егани.

***
Воқифдирман,
Кун борлиғидан
Ва зарралар кўксимга ботар.
Бир ҳарорат ичидадирман
Бу ҳарорат мени уйғотар.

***
Қачондир,
Нимадир
Кўтарилиб кетди ёдимдан.
Ва бир саҳар уйғондим, хато
Ёддан чиққан ўша додимдан.

***
Имиллайди,
Ё шошади вақт
Бориб-келар деворда бир тош.
Тошга томон термулган сайин
Чиқиб келар кўзларимдан ёш.

***
Ютмадингми,
Баҳор ҳавосин
Ёки энди йўллар кутмассан.
Чин, қаридик ишқнинг йўлида
Сен гулларни унутмадингми?

***
Бақирмайсан,
Бақиролмайсан
Чунки бунда бариси сохта.
Ачишганда сенинг ҳам жонинг
Бақирардинг:- Ҳой, бўлди, тўхта.
***
Кетаяпман,
Балки мен учун
Қўл силкитмас ҳатто тошлар ҳам.
Юраккинам тошга айланар
Кўздан сизмас ҳатто ёшлар ҳам.

20.01.2024 й.

***
Эслатади,
Ёмғирлар сени
Баҳор-гулга боқаман муштоқ.
Кўзёшларим артиб кафтларим
Ва айланар бўйнимга сиртмоқ.

***
Ортимга қарайман,
Ҳеч ким кузатмас
Кетаяпман кимсасиз йўлда.
Ҳаммаси… ҳаммаси тугаган
Қолгандайман тап-тақир чўлда.

***
Сўраяпман,
Ишқ деган азоб
Кўзларимга борадир чўкиб.
Ўйларимнинг маржон дастида
Ва йилларни бораман тўқиб.

21.01.2024 й.

54Ушбу шеърларни кутубхонамизга йўллаган Ражаб Холбек мана бу гапларни илова қилибди: «Хуршид ака,менинг бу ёзганларим танка ҳам эмас, хокку ҳам эмас. Ёзганларим менинг руҳий ҳолатимдир. Баҳо бериш шеърият мухлисларига ҳавола. Ҳурмат билан Ражаб Холбек. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри…»

Ражаб ХОЛБЕК
КЎНГИЛОЧАР ГУРУНГЛАР
***

Шеърларимни,
Қолдириб сенга
Дунёдан ўтиб бораяпман.
Вахшивор тоғлари
Тарашлаб турар қалбим.

***

Қанчалар бахтиёр,
Қанчалар камсуқум
Эдим мен бағрингизда
Тоғлар менинг эртагим эди
Айлангунча ўзим эртакка.

***

Ёлғиз эдим сўқмоқда,
Тоғлар юксакда эди
Ҳушми-тушми билмайман
Шамоллар эсгандайин
Кўриб қолдим Такубокуни.

Кимонони
Ёпиниб олган,
Чўққиларда эди кўзлари.
Нималардир пичирлар эди
Эшитилмас эди сўзлари.

***

Ҳар тонг туриб,
Йўлга қарасам
Хаёлимни чўлғайди қушлар.
Ботгандайин кўксимга тошлар
Қолиб кетгим келмас Термизда.

***

Тиниқлашмас,
Энди ўйларим
Борган сари бораман ботиб
Супураман қандай бу тонгни
Оларманми ўзим уйғотиб.

***

Ярим тунда,
Тинчимни кўзлаб
Шовқинларни қўйдим ухлатиб
Деразадан қараб ўтирсам
Битта чивин қўйди уйғотиб.

***

Сим-сим ёғар,
Бўралаб ёғар
Излар кўмиб ташқарида қор.
Тонгда қандай йўлга чиқаман
Кетган бўлса мендан ихтиёр.

***

Вахшиворда,
Тоғнинг ярмида
Жилдирашин сездим ирмоқлар.
Бир жимликка сингиб кетарди
Жимирлаган қайноқ булоқлар.

***

Майса бўлса,
Майсазор бўлса
Сузиб юрса кўкда булутлар.
Ёнгинангда сой оқиб ётса
Қийналмаса оппоқ сукутлар.

***

Унутиб бўлмайди,
Қанча истасам
Сенинг ҳайрат кўчиришларинг.
Ва дам-бадам кўзинг ўйнатиб
Қошлар кериб, учиришларинг.

***

Туни билан,
Ойга боқиб
Синдиргандек кўнгил розини
Тонгга яқин тинглай бошладим
Сой сувининг шовуллашини.

***

Уйдан чиқиб,
Тоғларга боқдим
Адашгандек бўлди кўзларим.
Бир кечада гуллабди оппоқ
Тоғдаги ёввойи бодомлар.

***

Ҳар йилгидек,
Қизғалдоқзорлар
Безаб турар қирларни гўзал.
Тикиламан, кўзларим олар
Изларимга бўлгандек маҳтал.

***

Кетаяпман,
Қишлоқ йўлидан
Ёмғирдан сўнг ялтирар тошлар.
Кўзларимга думалаб келар
Бирам қайноқ армонли ёшлар.

***

Ўзимча,
Ўзгармадим
Қандай бўлсам шундайман.
Ичим ой ёритгандир
Рангим қора тундайман.

***

Кўп нарсани,
Кечирдим
Ориятим бўлди ор.
Ориятсиз қолган кун
Ўзимдан бўлдим бемор.

***

Озор берди,
Азият чекдим
Сичқон инин санаб минг танга.
Ва эсимдан чиқди деганда
Кўришмоқчи бўлди мен билан.

***

Эсдан чиқди,
Дегандим хато
Унутгандим ҳатто юзларин.
Тасодифан қай кун кўчада
Кўриб қолдим мен яна уни.

***

Унутмайман,
Унутолмайман
Қоронғулик солиб дилимга
Юзларингни мендан яшириб
Оқ либослар кийган кунингни.

***

Бўлмаса ҳам,
Ўзимнинг йўлим
Ўша куни — тўйинг кунида
Тўйкўзларни ҳайратга солиб
Қаторлатиб бешлик ўқидим.

Ўзгармади,
Бироқ юзларинг
Тинглайвердинг ўзгалар каби
Менинг эса юрагим бўм-бўш
Шеърларимдан кетдим уялиб.

1.10.2023 й.

***

Тоғда,
Тошнинг устида
Ўтирибман хаёллар чўлғаб.
Табиатни тинглаяпман мен
Ололмайман ўзимни ўнглаб.

***

Сўқмоқ излар,
Борар юксалиб
Тоғ ҳавоси қандайин тоза.
Қўйса бўлар ични тозалаб
Табиатдан олиб андоза.

***

Юрагимни,
Берибман сенга
Олиб кетдинг мендан сўрамай.
Не гуноҳим бор эди менинг
Кетдинг… Кетдинг, сўнгра қарамай.

***

Қачонлардир,
Севишган эдик
Ва айрилдик бир-биримиздан.
Нега, энди учрашиб қолсак
Терс қараймиз бир-биримизга.

***

Ҳар баҳорда,
Апрель сўнгида
Боққа кирсам қари жийдалар
Қизғангандек гулларин мендан
Чирмаштириб олар шохларин.

***

Ўзинг билан,
Сўзлашмоқ гаштли
Сўзларингни бўлмайди ҳеч ким.
Атрофингда саф-саф дарахтлар
Ғичирлайди эрингандайин.

***

Вахшивор тоғлари,
Тўрт фасл кўркам
Ва беҳад гўзал
Тоза нафас, гаплашган пайтим
Кетгим келмай қолар тоғлардан.

***

Вахшиворда,
Масжид ҳовлисида
Бир қари тут бор
Сўфи Оллоёр эккан ё эктирган.
(Уч-тўрт аср яшаб келар у)
Гаплашгим келади қари тут билан.

***

Бешликларда,
Руҳ берса бўлар
Ва лаҳзалар топиб олар у.
Бироқ сўнгсиз ишқ оташлари
Мисраларда кетар адашиб.

***

Ҳар кеча,
Чиқади ой
Сенинг юзинг кўрсатар.
Энди ойсиз тунлар ҳам
Юзларинг топар лабим.

***

Йўл ҳоритди,
Жуда чарчадим
Бошим қўйдим болишга бирров
Чоғлангандим ойни кўришга.
Донг қотганча қолибман ухлаб.

***

Қадрдон тоғ,
Тўрт томон яшил
Шамолларин сийлар саратон.
Бу тун энди то тонгга қадар
Ухлаш мумкин жуда мириқиб.

***

Нетайин сен,
Бўлдинг соғинчим
Мусаввир бўлмасам-да,
Кўзларимда чизиб расмингни
Бутун умр термулиб ўтдим.

***

(Ишикава Такубоку хотирасига.)

Истамасдим,
Сенинг ҳаётинг
Яшаш тарзинг тариқатига.
Ўтирибман бир тош устида
Дунёларга боққанча ғариб.

***

Қанча яшаган бўлсам,
Шу пайтгача
Уйғонмаган каби уйқудан
Осмон қаерда бошланиб
Қаерда тугашини билмайман.

***

Баҳор якшанбаси,
Лолазорни
Топгаймиз деб адашдик яна.
Тентидик, изладик кун бўйи
Қилолмади шомлар тантана.

***
Ҳақиқатни,
Айтгим келди
Башаранг буришди қаршимда.
Айтолмасдим бундан-да, ортиқ
Бисотимда йўқ нордон гапим.

***
Не қилсам ҳам,
Қурбим етмади
Қайтавердим йўлимга такрор.
Бирор нарса ўзгармади-ю,
Бўлолмадим мен ҳам бахтиёр.

***
Қариб боряпман,
Лаҳза ғанимат
Хотиржамлик керакдир менга.
Юрагимни очайин десам
Қолмагандек яқин одамим.

***
Ҳеч шарпасиз,
Қора булут чўзилди кўкда
Совуқ шамол юзни сийпалаб
Ўтиб кетди йўлларин излаб
Қолиб кетдим тезёмғир йўлда.

***
Қўлларингни,
Ушлашим мумкин
Сочларингда бармоғим ўйнар.
Кундузми ё ой ёруғида
Сенга етмас узанган лабим.

***
Силжиб борар,
Қумли ғаладон
Ариқларда оқаётир сув.
Қилолмайман фолбинлик лекин
Умидларим куйлар фараҳбахш.

***
Қадамларинг,
Шарафли сенинг
Худди сени кутиб тургандай.
Куз ёмғири ёғиб бошлади
Томчи, томчи яна томчилаб.

***
Тоғу-тошга,
Сўз айтдим
Сўзга айланди тошлар.
Айланмадим тошларга
Томчилаб қотди кўзёш.

***
Узоқ кутдим,
Бермади рўйхуш
Чопиб ўтди ҳар гал ёнимдан.
Бурилганда менинг йўлларим
Ва йиғлади ёнимга келиб.

2.10.2023 й.

Алам билан,
Титрадим
Қайғулар дунёсида
Бошқа чорам йўқ эди
Бошимни қолдим эгиб.

***
Кунни ёпдим,
Кўзларим билан
Ҳеч нарсага қарай олмадим.
Бир ғалати товушлар келди
Кўзим очсам қорайибди кун.

3.10.2023 й.

***
Лаҳзани симирдим,
Лаҳзани едим
Кўзларимда порлади лаҳза.
Қорачиғим кетди қорайиб
Еб бошлади мени ҳам лаҳза.

***
Сени чақиришга,
Товшим етмади
Қолиб кетди қадам депсиниб.
Керак эдинг менга шу лаҳза
Ўраб олди кўксимни бир ғам.

***
Ўтган кунларимни,
Ҳикоя этсам
Балки сизга қизиқ туйилар.
Келавермас бироқ сўйлагим
Сўнг ўзимни босар изтироб.

***
Изтироблар,
Менинг қувончим
Янги дунё бошлайман шундай.
Изтироблар бўлмаса магар
Ҳеч нарсага етмас журъатим.

***
Вахшиворни,
Ўйлаб туриб
Шодликларим чўзилар чексиз.
Ва ўзимни ўнглаб олганда
Изтироблар келар бостириб.

***
Кузги боғлар,
Нақадар сўлим
Ораласанг сийлар мевалар.
Нафсинг қониб атрофга боқсанг
Нималардир ёдингга тушар.

***
Тоғларни қуршади,
Қалин бир туман
Балки кузнинг ҳазилидир бу.
Чўкиб борар тобора чуқур
Кўринмайин қолди қишлоқ ҳам.

***
Тўрт деворга,
Қамалган
Бу менинг ёлғизлигим
Чиқиб кетолмайди тун
Чиқиб кетолмас жимлик.

***
Пишираяпман,
Тасаввурларим
Пишраяпман хаёлларимни.
Баҳорини олқишлар тоғлар
Жилғаларда ўйнайди сувлар.

***
Борарканман,
Сойни ёқалаб
Йўл бермайди мажнуна толлар.
Кўтарилиб бораркан сўқмоқ
Муздек сувга бошим ботирдим.

***
Чўққиларда,
Кўринади қор
Музлаб ётар оппоқ ярақлаб.
Бир қарашда кўринар яқин
Бир қарасанг кўринар узоқ.

3.10.2023 й.

***
Ардоқлайин,
Десам сукунат
Тортиб кетар ўтмишга томон.
Қайтолмайди ўтмишга бироқ
Ярим йўлдан қайтарар мени.

***
Англаб етгунимча,
Кўп нарсалар
Алмаштириб қўяр ўрнини.
Ҳайронликлар ўртасидаман
Мени эса қийнайди жимлик.

***
Соғинаман,
Тоғли қишлоқни
Харсангтошлар айтар ҳикоя.
Қайтай десам тонглар йўл бермас
Кетаверар мендан олислаб.

***
Ёзаверсанг,
Юрак бўшатиб
Кўнгилда ҳеч қолмаса гина.
Вақти келиб ўқиганда ҳам
Синамаса сабрингни ҳеч ҳам.

***
Осон бўлмас,
Бошлаган йўлим
Тўрт фаслни турибман кўриб.
Ярим йўлда қолгим йўқ лекин
Турганим йўқ йўлимдан қўрқиб.

5.10.2023 й.

***
Сен билан,
Тўлин ой чиққанида
Гурунглашамиз
Унгача
Ширин тушлар кўргин хотиржам.

1.11.2023 й.

***
Қамишчайлага
Беркинган болалигим
Топиб олдим
Ойнинг нурида
Келарканман пайкал оралаб.

1.11.2023 й.

***
Куз ёмғири,
Ёғди майдалаб
Айлангандек борлиқ рақсига.
Қирлардаги тошлар, харсанглар
Чўмилгандек қолди намланиб.

9.11.2023 й.

***
Жоҳилият билан,
Учрашдим
Манглайимни жуда шўр кўрди.
Кўп ўтмади: икки ё уч ой
Худо унинг ўзини урди.

***
Узилиш,
Ё чўзилиш ҳолатига
Тушмоқ жуда мушкул мен учун.
Уринаман қийналсам бир бор
Доғда қолар кунлар сен учун.

***
Қуёш кетди,
Чўққидан ошиб
Соялар ҳам қолди мунғайиб.
Кучи етмас сакраб ўтишга
Тош деворда ўйнайди ғариб.

18.12.2023 й.

***
Қишлоқдан,
Шаҳарга келдим
Қизиқмади мен билан шаҳар.
Уйим-жойим бўлмади менинг
Шовқин билан уйғотди саҳар.

21.12.2023 й.

***
Қайтар эдим,
Катта шаҳардан
Бўйинбоғим бўйнимни қучди.
Ўтарканман тарвузпоядан
Болалигим эсимга тушди.

***
Осиб қўйди,
Акамни акам
Бир ғазабга тўлгани учун.
Қўшни қизни шалтоқ сўз билан
Ҳақоротлар қилгани учун.

***
Туман эди,
Баҳор тумани
Бир гўзал қиз ўтди ёнимдан.
Яна кўрмоқ учун қайрилдим
Туман ичра кўрмадим уни.

***
Бирга эдик,
Ўн йил синфда
Севишимни айтолмадим мен.
Журъатимни жамлаган пайтим
Бироқ ортга қайтолмадинг сен.
***
Сўраш шартмас,
Ҳаммаси аён
Жавобларга мулзамдир сўзим
Кўзларингга тик боқмоқ учун
Тортинаман ўзимдан-ўзим.

***
Маконсиз
Ва замонсиз
Келаётганга ўхшайман.
Етганимда оқ шомларга
Титроқлардан қақшайман.

***
Яшаб ўтаяпман,
Сўзда майдалаб
Яшолмаган кунларимни ҳам.
Фақат мени титратиб қўяр
Ўқтин-ўқтин келаётган ғам.

***
Учаяпсан,
Балки фалакда
Қўйгим келмас қанотинг кесиб.
Бузолмадим уйқунгни, нетай
Ёруғликни тургандек тўсиб.

***
Ташлаб кетолмайман,
Ўзимни
Виқор керган қорли тоғларда.
Қолдирсам ҳам, қолдирмасам ҳам
Асир айлар сокин чоғларда.

21.12.2023 й.

***
Истайсанми,
Истамайсанми
Келавердим қайтиб ва қайтиб.
Мен шунчаки қайтмадим сенга
Дилда борин келяпман айтиб.

***
Табассум айладинг,
Ишқнинг роҳидан
Кўзларингни узмадинг мендан.
Ўртандим мен тафтсиз нурларда
Қийнамоқлик сенга роҳатми?

21.12.2023 й.

***
Сен гул эдинг,
Кўзим тушмасдан аввал
Кўзим тушди
Қалбимга индинг
Кетолмасман мен сендан йироқ.

***
Қўрқитолмас,
Мени ҳеч нарса
Идроким-ла, турдим ёнма-ён.
Тўрт томонга борайин десам
Эрким менинг бергайдир имкон.

***
Ҳаракатда,
Лоқайд бўлмасам
Боражакман сувдайин оқиб.
Ерда ёки юлдуз остида
Ўзимга ҳам турарман боқиб.

***
Осмон тубсиз,
Қалб эса кўзгу
Етдим дея асло тўлмайман
Туб-тубида осмон ва қалбим
Нелар бордир ўзим билмайман.

***
Чорлар мени,
Август оқшоми
Бир жимликни аллалар қишлоқ.
Жуда сокин тоғли кенгликда
Босиб турар атрофни мудроқ.
***
Қулаб тушар,
Ерга кўк осмон
Менинг жонсиз ўлимим билан.
Мендан кейин дунё тугайди
Ва тирилар кулгулар билан.
***
Унутасан,
Балки бир куни
Оқшомларинг мунғаяр менсиз.
Чуқур-чуқур нафас оламан
Қаршилайман оқшомни сенсиз.
***
Борарканман,
Тошлоқ кўчадан
Бир хаёллар чўлғади яна.
Ўтиб кетдинг учқур хаёлдек
Кўзларингни сузиб мастона.
***
Туйғуларда,
Сузиб юрсам-да,
Олтин балиқ эмасман зинҳор.
Зоғора ҳам эмасман бироқ.
Адаштириб юборди уммон.
22.12.2023 й.
***
Қайлардадир,
Йиғлади жоним
Қайлардадир кетдим адашиб.
Тирикликнинг ҳар бир зарраси
Келаётир йўллар талашиб.

***
Уйғонаман,
Қўшиқ товшидан
Олиб кетар руҳим этиб ёд.
Келаётган ғамгин роҳлардан
Қутқазгандек бўлади ҳаёт.

***
Кузги оқшом,
Тебранади жим
Олиб кетар хаёлим олис.
Олис йўлнинг таноби узун
Бўлолмайман ҳамиша холис.

***
Тунги осмон,
Аста жимирлаб
Афсоналар сўйлайди менга.
Дала, тоғлар кесиб ўтаман
Дуч келмайман, негадир сенга.

***
Серфайз туннинг,
Чироқлари жим
Кўринмайди деразалардан.
Мен уйғониб кетаман беҳос
Ой нурининг овозасидан.

***
Қўмсагайман:
Ўша ток сўри
Май оқшомин сўрган дилимиз.
Жуда олис олиб кетганди
Юлдузларга етган йўлимиз.

***
Қуладими,
Шу кўм-кўк осмон
Ё тоғларим жойдан кўчдими?
Боболарим ёққан чироқлар
Битта-битта шамдек ўчдими?

***
Қайғу,
Кириб келган бу уйга
Киролмадик бизлар нотавон.
Қора парда тортган бу уйга
Кириш учун топмадик имкон.

***
Тонгда туриб,
Нелардан тондим
Тун чаплади барига сиёҳ.
Тун кўрсатган барча нағмалар
Ёзилдилар бўлганча гуноҳ.

***
Қолдирмайман,
Бунда ўзимни
Кўрганларим бари ўткинчи.
Гўзалликдан тонмоқ ҳам асли
Менинг учун жуда қўрқинчли.

***
Бир сўз топсам,
Бир сўз бўлса бас
Топар эдим бироз енгиллик.
Ё баридан кечиб кетардим
Ё ишқимдан айтардим эртак.

***
Қўлларимни,
Белимга қўйиб
Айланаман оқшом, дарахтзор
Ҳеч нарсадан хабари йўқдай
Боқиб турар хомуш ва карахт.

***
Шеър ҳақида,
Ўйламай қўйдим
Ва ачиндим ўз ҳаётимга.
Кечиккандим, йўлимдан чиқиб
Бошқа йўлга бурилди журъат.

***
Сен ҳақингда,
Энг гўзал шеърни
Айтмоқчийдим сира шошилмай.
Мен ўзимни йиғиб олгунча
Тонг нурлари жуда шошилди.
***
Шомлар мени,
Азобга солар
Юрагимга томар кўзёшим.
Неча йилки бу ҳолат такрор
Тилаяпман ўзимга бардош.
24.12.2023 й.
***
Кун,
Қадам етаклаб
Кетаяпман уфқни излаб.
Уфқ эса, тоғлардан юксак
Сўқмоқларда юрибман бўзлаб.

***
Минг битта бўлакка,
Бўлдим болалик
Сўнгра аста чақиравердим.
Шеър бўлмаган кунларинг эслаб
Ҳайратимдан бақиравердим.

***
Қичқиради,
Кўзларим баъзан
Айланмайди ҳаққа рўёлар.
Мендан жуда олислаб борар
Мен ҳақ деган азиз дунёлар.

***
Кўзларимдан,
Отилар ранглар
Айтолмайман ёвқур сўзимни.
Севишимни жимгина айтдим
Танитмадим бироқ ўзимни.

***
Кетолмайман,
Бошимни олиб
Бу кечанинг ғазаблари кўп.
Ой нурини ёритмас кеча
Бул кўксимда қилар талотўп.

***
Туғилмоқлик учун,
Мен қайта
Кўзим юмдим, бир қоронғу нур.
Энди мени қайларга элтар
Қоронғулик ёки тасаввур.

***
Сизни кўраяпман,
Ернинг устида
Тишлаяпман ҳайратларимни.
Лекин қурбим етмай турибди
Тишлай десам нафратларимни.

***
Мен,
Сенсиз қолган кеча
Ой нурларин кўрсатмади тун.
Тун зимистон қоронғу эди
Тоғлар тошдек кўринди бутун.

***
Ачинарлиси,
Кўнглингга қарамай
Яна қуёш чиқди эрталаб.
Ол қуёшнинг зарин нурлари
Ва кўксингни борар нимталаб.
***
Қоронғулик,
Босган Заминда
Кўринмайди туннинг чироғи.
Ва қайлардан инграниб келар
Ухлолмаган туннинг фироғи.

***
Бир замонлар,
Бор эдик бизлар
Ялар эдик ойнинг нурини.
Энди эса қарилик титар
Ўчган кулнинг совуқ қўрини.

***
Ҳайдаб бўлмас,
Бу тунни сира
Юрагимга ботади оғриқ.
То тонггача ҳали анча бор
Бу ҳаммаси вақтга боғлиқ.

***
Унутаман,
Тассодифларни
Кўзларимга чўкаркан жимлик.
Ва танимни тебрата бошлар
Мени маҳкум этган ёлғизлик.

***
На мақтов,
На танқид эшитмадим мен
Оқар сувдек келяпман оқиб.
Ажаб эмас, бир куни келиб
Қай кўнгилга қолсам мен ёқиб.

***
Чақалоқ,
Овозини эшитдим
Бошқалардан фарқли эди у.
Қичқирса ҳам бор овоз билан
Овозига тахтли эди у.

***
Қароғингга,
Чўкдим шу кеча
Ой нурида кўзларим толди.
Сен сезмадинг ой нури кетиб
Мен ўзимга келолмай қолдим.

***
Кун келар,
Яна кун келар
Кўрсатмайди насибасини.
Мен танамга сиғдиролмайман
Бу кунларнинг силсиласини.

***
Кеч кирар,
Уфқ ҳам сўнар
Ва яширар ожизлигини.
Менинг кўнглим яширган каби
Оқшомдаги ёлғизлигини.
***
Қаршиладим,
Мен яна тунни
Неларнидир етказар менга.
Ўйлаб-ўйлаб ўйим сўнгида
Дуч келаман барибир сенга.

***
Ўйларим чексиздир,
Ўйларим бесас
Не мурувват кўрсатади кун.
Топарманми мен ундан толе
Ё бўғзимдан ўрлайди тутун.

***
Сенинг учун,
Бўлдим гуноҳкор
Жиловлолмай қолдим ҳисларим.
Томиримда қонларим оқди
Лабларимдан чиқмай сасларим.

***
Сайрагандир,
Сайроқи қушлар
Орзулар ҳам балки ёнгандир.
Эслолмайман у кунларни мен
У кунлардан ёдим тонгандир.

***
Ёмғирлар шивирлар,
Мен жим яшайман
Қайга қўйдим ёшлик шавқимни.
Юрагимга солиб сен назар
Олиб кетдинг буткул завқимни.

***
Кенгайиб боради,
Дунёқарашлар
Жоҳилликдан тамом тонаман.
Уйғотгани каби шудринглар
Руҳ уйғоқдир… Мен уйғонаман.

***
Ҳар сўзимда,
Битта сўз бўлди
Тутиб олдим мен улардан шеър.
Қайта-қайта дунёга келдим
Еру-кўкка бўйлаб тасаввур.

***
Ўтмиш,
Ва бугун тасаввурида
Менга нелар бўлмади пеша.
Она ерга сажда қиламан
Келажакни ўйлаб ҳамиша.

***
Қариндошмас,
Дўст ҳам эмасмиз
Аммо душман эмасмиз зинҳор.
Бироқ сенинг ташрифларингдан
Кириб келар уйимга баҳор.
***
Вақт менга,
Ғанимдир, холос
Етмагандек ҳеч сиримизга.
Олислардан қараган каби
Тушунмадик бир-биримизни.

***
Мени жазолади,
Ишқнинг Худоси
Тўсиқларин қўйди йўлимда.
Севганимга етдим деганда
Тортиб олиб қўйди қўлимдан.

***
Минг йил ёки,
Ундан ҳам кўпроқ
Сувлар ювмас сўқмоқларини.
Оқ қорларни бошда кўтариб
Юксалар Вахшивор тоғлари.

***
Хаёлан,
Чизаман бир суврат
Безак берар дарахт қаламқош.
Қурбим етмас давом этишга
Кўзларимдан қуйилади ёш.

***
Ва ниҳоят,
Тушунди онам
Қилмай қўйди менга ҳам қаҳр.
Ўлимидан олдинроқ айтди:
-“Ташлаб кетдинг, мени тошбағир”.

25.12.2023 й.

***
Ҳамма нарса,
Гувоҳлик берар
Менинг қандай яшаганимдан.
Баҳорини берган қирларга
Тонгларимни бошлаганимдан.

***

Чизаяпман,
Бир буюкликни
Юксак тоғлар қаршисида жим.
Чумолилар тиним билмайди
Чумолида бўлмайди тиним.

***
Бармоқ тишлаб,
Қоларди Гоген
Бу тоғларга етса қадами.
Денгиз сувин шопириб туриб
Келар эди бирдан алами.

***
Қиёматгача,
Яшамас балки
Ёмғир, дўлга дучор Зараут.
Лек ҳозирча яшаб турибди
Рангларини қилмайин нобуд.

***
Бу мактаб,
Ўқи, ёз, ўрган
Кўзларимда ёшлар қалқиди.
Ўқидим, ёздим ва ўргандим
Пешонамда қуёш балқиди.

***
Ўтаяпман
Катта кўчадан
Менинг қайғум англамас ҳеч ким.
Қайғуларга ботиб қолмаган
Шодликларим билмайди тиним.

***
Бахт сасини,
Сезмоқлик яхши
Аммо бахтнинг ўзи қаерда?
Изламагин уни олисдан
Бораяпти кўзингга ботиб.

***
Парчалайди,
Вужудим тенгсиз
Руҳиятим кўтарган исён.
Осмон чексиз, Замин ҳам чексиз
Бераверар мен учун имкон.
***
Бу дунёда,
Улкан кенгликлар
Олиб кетар менинг овозим.
Бир рубобий куйдайин янграр
Тонгларимдан бошланган созим.

***
Дунё очиқ,
Кўзларинг очиқ
Бу дунёни кўриб турасан.
Кўриб туриб ноқис дунёни
Бефарқликка юзинг бурасан.

***
Мен ғарибман,
Жуда ғарибман
Лекин руҳим учаётган қуш.
Ва кўнгилнинг салтанатида
Уйғонади титраган товуш.

26.12.2023 й.

***
Афсуслар бор,
Армонларим бор
Кечирилган ҳаётдан эмас.
Бўм-бўш ҳаёт менга бу ҳақда
Жон куйдириб ҳеч нарса демас.

***
Орзуландим,
Кўп нарсаларга
Лек орзуга тугал етмадим.
Етсам-да, етмасам-да, бироқ
Орзулардан буткул кетмадим.

***
Қушларда қанот бор,
Биламан
Қўнарлар ва учиб кетарлар.
Қўлларим силкитдим минг бора
Йўл бермади учишга Замин.

29.12.2023 й.

***
Кунлар,
Олис ва яқин кунлар
Хотиралар билан тирикдир.
Ва уларни еб борган сари
Сезилади кичик ва йирик.

***
Ғимирлаб,
Юрса-да, вужуд
Сочиляпман учқунлар бўлиб.
Йиғиб ололмайман уларни
Хотиралар кетмоқда тўлиб.

***
Эътибордан,
Четда қолгандай
Ё кўрмади уни бир кўзлар.
Бораверар туйғуларин еб
Севилмоқдан йироқ турган қиз.

***
Судрамаса,
Одамлар мени
Дуч келгандай тун қорасига.
Киражакман суқилиб тамом
Ўзим одамлар орасига.

***
Энг саҳиҳ,
Кунларни кечирдим
Бирор сўз қўшмадим ўзимдан.
Ўнг бўлди, сўл бўлди, дур бўлди
Оловлар чақнади кўзимдан.

***
Ғижимлайман,
Ўзим ҳар лаҳза
Бўлинаман туйғуларимга.
Тарки одат, амри маҳолдай
Безовтаман уйқуларимда.

30.12.2023 й.

***
Улгурасан,
Ўрганишга ҳам
Ҳеч бир нарса қолмас бетартиб.
Улгурганда мени ўрганиб
Кетмасанг бас, оёғинг артиб.

***
Майли, йиғла
Кўнглинг овунар
Телба кўнгил меҳр қоришар.
Мен ўзимни йиғиб олганда
Сенинг кўнглинг бирдан ёришар.

***
Чизаяпман,
Барча ёзувим
Келмади-да, қолдиргим уни.
Кутолмасдим ортиқча бироқ
Мен уятга қолган у кунни.

***
Сен сезмадинг,
Умримни узайтирдим
Бир ҳаяжон турибман кутиб.
Сенга эзгу битта сўз айтдим
Нафратимни ичимга ютиб.

***
Билмайсиз,
Ўзимнинг дунёларимда
Нималардир юрибман олиб.
Ё айтаман сизга бир куни
Ё ёндиргум оловга солиб.

***
Дунё меҳрибон,
Ё шунчалар бешафқат
Ювиб турар тонгда товоним.
Ва шомларга етай деганда
Кўрсатади барча ёмонин.

***
Минг йил ўтди,
Мен ҳам эскирдим
Танимайди туғилган гўша.
Қараб турсам қай кун ортингдан
Дил ёқасан: — Сен ўша-ўша…

***

Мажбурдирман,
Ёлғон айтишга
Руҳан ўлдим, руҳан ўқ отдим.
Ва кўрганда сени ҳамиша
Мен ўзимни қайта уйғотдим.

***
Оғринган дунёга,
Оғриниб боқдим
Чўколмади бир қатра ҳам ер.
Ва ўзимдан хижолат бўлиб
Пешонамдан артавердим тер.

31.12.2023 й.

***
Илондан қўрқдим,
Чаёндан қўрқдим
Ҳар иккиси жоним пойлади.
Қўрқинчлиси икки оёқли
Газандалар йўлим бойлади.

***
Унутдимми,
Бирор кун сени
Бу албатта қоронғу сенга.
Қайғуларим йиғилганда ҳам
Бир рўшнолик бермади менга.

***
Қоғоз ёзиб,
Оловга отдим
Олов ёниб кўкка ўрлади.
Ёнаётган оловга қараб
Кўзларимда недир шўрлади.

***
Чизай дедим,
Денгиз сувратин
Бу қўлимдан келмади, аттанг.
Ёзай десам денгиз ҳақида
Яна ҳолим бўлаверди танг.
Кўрмагандим,
Денгиз долғасин.

***
Экаяпман,
Кечаю-кундуз
Шамолларга айтиб баллада.
Қай маҳалда дуч келдим сенга
Тонг чоғими ё шом паллада?

***

Эҳтимол,
Тарихда мисоллар кўпдир
Қай бирини айтайин сизга.
Ўз йўлида тураркан ғаним
Дўст деган ҳам чўп тиқди кўзга.

***
Рухсат сўрамадим,
Бирор кимсадан
Яшайвердим ўзим билганча.
Қаршилади кексалик бир кун
Йилларнинг устидан кулганча.

***
Болаликнинг,
Кўчалари оқ
Тушларимда ҳатто яйрадим.
Тош кўчалар товон кесганда
Ой нурида тунлар қайрадим.
***
Тушунмайман,
Мен сени ҳамон
Кипригингдан думалайди тош.
Қанча тошлар отганинг билан
Кўзларимдан чиқмас томчи ёш.

***
Ҳавасландим,
(Орзуга айб йўқ)
Теравердим ўзимча юлдуз.
Ва терганим, бир кун қарасам
Жуда оддий, бозордаги сўз.

***
Узоқ қолдим,
Балки дунёда
Бунинг учун қилолмайман арз.
Мени қийнар кечаю-кундуз
Бўйнимдаги қотиб қолган қарз.

***
Менинг фалсафам,
Ўзимдай содда
Нима десам кўнаверади.
Қариганда суянчиғим деб
Толдан ҳасса йўнаверади.

***
Минг бора алдандим,
Минг бора қотдим
Гоҳ ўзимни қўйдим йўқотиб.
Бир кимсадан мадад кутмадим
Бораяпман ўзим уйғотиб.

2.01.2024 й.

***
Эркинлигим,
Ўзимда аммо
Танияпман буткул рўёни.
Мен ўзимни урмай қанчалар
Куйлолмасман ёлғиз дунёни.

***
Рухсат бердим,
Сен ҳам куйлагил
О, қанчалар ҳақлисан ҳақли.
Борлиқ ўзин этар навозиш
Айтмаганим айтарсан балки.

***
Ўзим чизган,
Сувратдан тониб
Туйғуларим қайта уйғониб.
Бир бор, юз бор, минг бор қарайман
Бу сувратга хаёлан ёниб.

***
Ўйноқлаган,
Баҳорлар ўтди
Қирмизи май тутди гулларин.
У қиз мени ташлади кетди
Тошлоқ йўлдан буриб йўлларин.

***
Нигоҳингиз,
Нигоҳга тушди
Бир гулдайин ёниб турдингиз.
Сезсангиз ҳам туйғуларимни
Сиз бир ишқдан тониб турдингиз.

3.01.2024 й.

***
Аввал ҳам бор эди,
Таниш кўчалар
Ўзгарибди, ўзгармай қолмас.
Кузатаман ҳар бир қадамни
Кузатишдан кўзларим толмас.

***
Бу кекса балх тутга,
Ҳавасим келар
Саҳийлик кўрсатар эринмай.
Йилдиримдир йилларнинг ёши
Саҳийлиги борар кўринмай.

***
Иккита йўл,
Кетар икки ён
Иккиси ҳам ўхшар озорга.
Бир йўл бошлар бозорга томон
Олиб борар бир йўл мозорга.

***
Яна маъюс,
Тортдим ўзимга
Маъюслигим ҳеч ким билмади.
Унутайин дея ўзимни
Кунлар кулди, қалбим кулмади.

***
Чайналади,
Тилим ғўлдираб
Аниқ сўзни айтолмас тилим.
Ношудлигим учун кечиргил
Қийнамагил энди севгилим.

***
Гуллаб ётар,
Ҳою-ҳаваслар
Ҳар кун тонгда отилади ўқ.
Майса бўлиб унмоқлик учун
На-да, ёмғир, на-да, журъат йўқ.

***
Кетаяпман,
Япроқдек тўзиб
Осмон ўйнар, учирмас мудом.
Ерга тушсам, ер тепкилайди
Ё тергилаб отар оловга.

***
Қўрқмай яшаш,
Мумкиндир балки
Эрта кундан бўлмаса умид.
Мен ўзимни роса қийнадим
Ва сўнгида сақладим сукут.

***
Қўрқмай яшаяпман,
Кўзларим ботир
Еган, ичган мойдайин татир.
Ва сўнг қадар турайин десам
Дилимда бор озроқ хавотир.

***
Қўрқмай яшамоқни,
Қиляпман орзу
Оқ булутлар юрибди сузиб.
Лек нимадир, нимадир билмам
Кетаяпти юрагим узиб.

***
Соғиндикми,
Ҳа, соғинмаслик
Биласанми, қанчалар даҳшат.
Бепарволик кимларгадир хос
Бу учун ҳам керакдир журъат.

4.01.2024 й.

***

Инкор қилдим,
Ўзимни минг бор
Жоҳилликни минг бор ташладим.
Бир юмшоқлик мўминлик дея
Яшамоқни қайта бошладим.

***
Сўрамадим,
Шоирликни мен
Буни шамол, дарахтлар билди.
Дилим қонаб кетган лаҳзалар
Ул илоҳий тилимга келди.

***
Шеърлар ёздим,
Мазах қилдилар
Дўст-биродар ва яқинларим.
Лекин шеърда отилиб турди
Исёнларим ҳам чақинларим.

***
Бу кунлар ўтади,
(Ўтмаган кун йўқ)
Бироқ мени юборди эзиб.
Қийналсам-да,катта шаҳд билан
Бораяпман умрни чўзиб.

***
Йиғиб олдим,
Ҳар кун ўзимни
Йиғламадим бўлар-бўлмасга.
Шу туришда кулиб юбордим
Ўхшагандек гўё ўлмасга.

***
Йўлимдаги,
Ҳар битта тошга
Сенинг исминг қўйганман битиб.
Унутсанг ҳам сен мени бир кун
Яшринмайди тошлар унутиб.

***
Ёзаяпман,
Оппоқ қоғозга
Туни билан тинмади қўлим.
Лекин манзил жуда олисдир
Тонгга қадар унмади йўлим.

***
Сенсизликка,
Кўндим охир
Дард кўзларим емирди.
Фақат кўзмас, юрагим
Туб-тубидан кемирди.

5.01.2024 й.

***
Баҳодир сўзларни,
Ботир сўзларни
Излаш менга жуда ёқарди.
Ва уларни топгунга қадар
Шу сўзлар деб сочим оқарди.

***
Қарайман,
Бу тупроқ кўринар рангин
Ҳайратимдан ушлайман ёқа.
Тўрт фаслни кўравераман
Кўзларимни тиксам ҳар ёққа.

***
Сизни кўрсам,
Рангим ўзгарар
Ва ўзимга тополмайман жой.
Энди сизга айтмасам бўлмас
Севиб қолдим сизни, ҳойнаҳой.

***
Ўқисанг,
Ўқимасанг
Сенга совға бир китоб.
Унда она қишлоғинг
Жаранглаган саҳифа.

6.01.2024 й.

***
Тун гулидай,
Қорайди юзинг
Кўкда ой ҳам кўринди ўсал.
Ёнгинамда бўлсайдинг агар
Кўринмасдинг бунчалар гўзал.

***
Сен ўласан,
Мен-да, ўламан
Ва бағрига олади тупроқ.
Муҳаббатдан толган чақинлар
Илдизларга айланар мудроқ.

***
Ҳали бери,
Ўтмади шамол
Кўзим тикдим турфа оламга.
Ва дунёнинг ишлари билан
Хат ёзмадим ҳатто онамга.

Дунё қийғир,
Дунё хотиржам
Ўзгартирар лаҳза тусини.
Менинг каби ношуд банданинг
Киритгандек бўлиб эсини.

Менинг эса,
Хаёлим банди
Бир қоракўз олган ҳушимни.
Ой тагида минг бор айтаман
Ҳушларимда кўрган тушимни.

О, ишқ мени
Айлади телба
Қандай асрай нозик гулимни.
Ва ақлимдан адашиб кетдим
Тополмайман борар йўлимни.

***
Қаридим деб,
Айтаоламан
Бироқ асло қаригим келмас.
Ҳаракатда ҳаракатдаман
Буни мендан айириб бўлмас.

***
Кўрдим дунё,
Мақомларини
Ҳеч бирига бўйсунгим келмас.
Ўлаяпман дейман-у, ҳар гал
Лек ўлимим ҳақиқий эмас.

***
Етти бора,
Йиқилдим бироқ
Саккиз бора ўрнимдан турдим.
Гўзал экан аслида яшаш
Мен ҳаётда минг бора кўрдим.

7.01.2024 й

***
Тўкилади,
Шам каби умр
Югураман турли томонга.
Бироқ яхши демади ҳечким
Чиқармади ҳатто ёмонга.

***
Ўйинқароқ,
Эканман билсам
Бироз жиддий тутмабман ўзим.
Умр ўтгач-йиллар ортида
Кўзёшларга қоришиқ кўзим.

***
Ёз кунида,
Тонгги боғ айландим
Андалибмас, лекин сайронман.
Юрагим ҳаприқди, юрагим
Ёрилиб кетмади, ҳайронман.

***
Мен енгилдим,
Армон талотўп
Тун кўксида милтирар юлдуз.
Олиб кетди мени қайларга
Мен билмаган кечаю-кундуз.

***
Ҳеч ким,
Эшитмайди йиғимни
Ҳуд-беҳуд йиғлашни тиғлайман.
Кўрмагайсиз кўзда ёшимни
Йиғласам юракдан йиғлайман.

***
Ўзим севдим,
Ўзим йиғладим
Балки бу ҳам оддий тушунча.
Сочларимни қировлар босди
Сенсизликка кўникунимча.

***
Ҳовуз бўйи,
Турибман сармаст
Сен келасан тошлоқ йўл босиб.
Қулоғингга ой ёруғида
Бир жуфтгина ялпизни осиб.

***
Сен келасан,
Ой нурин босиб
Бир нурларга бойланаман мен.
Кутдирмайсан, хиёл ўтмайин
Қучоғимга айланасан сен.

***
Саргузаштдир,
Энди у чоғлар
Лек бировга айтиб бўлмайди.
Саргузаштни эслайман аммо
Кўз ёшланар, юрак кулмайди.

***
Ҳамма нарса,
Бунда эскидай
Пастқамгина ўша тош девор.
Тош девор-а, қора тош девор
Мени тутма, сен қўйиб юбор.

8.01.2024 й.

***
Яшаб улгурдимми,
Ё яшолмадим
Томирларим тортар хомуза.
Юракда дард, юракда афсус
Орзуларим қилар овоза.

9.01.2024 й.

***
Ўтиб кетар,
Ўтар дунё
Безагандек тунларни ҳилол.
Лекин дунё биздан-да, қолар
Қуёш, ҳаво, булоқлар зилол.

***
Тушуна бошладим,
Шеъримни ёзиб
Адашгандек нечоғ моддийлик.
Туйғуларнинг заволи бордир
Алдамайди бироқ оддийлик.

***
Очиб қўйдим,
Юрагимга йўл
Бугун, ўтмиш кўрсатади бўй.
Бироқ юрак қийналиб турар
Ишқим менинг ҳасратли бир куй.

Бу куйларда ўламан саттор
О, юрагим сен қўйиб юбор.

***
Уч кунлик умримга,
Ҳузурлар бердим
Ҳеч нарсада ишим бўлмади.
Баҳор ўтди, ёз, кузим ўтди
Тоза ҳаво қишим бўлмади.

10.01.2024 й.

***
Исиб кетди,
Бу кунлар жуда
Кўзларимда ёшларим қотди.
Тоғ ортига беркинган қуёш
Беҳол-беҳол шомни уйғотди.

***
Асраганим,
Ва илинганим
Ёниб турар ҳамон дилимда
Айтай десам юрак дов бермас
Учавермас ҳар пок тилимдан.

11.01.2024 й.

***
Ҳар лаҳзада,
Ўлиб тирилдим
Яратишни ўйладим бироқ.
Эзгуликдан нималар қилдим
Тарк этмади мени бу сўроқ.

***
Еёлмайсан,
Ҳайратларингни
Гунг ва соқов каби тутасан.
Ё ҳайратни битта-битталаб
Ўзинг сезмай ичга ютасан.

***
Қўлим калта,
Нигоҳим узун
Кетолмайсан ҳатто ўзингдан.
Яшринишинг мумкиндир бироқ
Қочолмайсан икки кўзингдан.

***
Кўп эмас,
Беш дақиқа
Тинчгина ўйладим ўзимни.
Пичирлади лабларим унсиз
Ва бўғзимга ютдим сўзимни.

***
Ҳисларимни,
Тушунмоқ истадим
Бир сокинлик тутди бошимни.
Нималардир ўйладим бироқ
Кўзёшларим кетди шовуллаб.

***
Бу кўзлардан,
Қутулмоқ қийин
Иштиёқни бўлмас сўндириб.
Оқаётган нозик ҳисларни
Бўлмагандек бирдан ўлдириб.

***
Мен кучлиман,
Ҳис этсанг, агар
Юбораман кўзинг кулдириб.
Кучсизларни ҳаётнинг ўзи
Ҳар қадамда турар ўлдириб.

***
Очлик,
Мажақлайди ғурурни
Ундан қочиш анчайин гумон.
Қолган бўлса ғуруринг агар
Бир самовий кўринар осмон.

***
Сени,
Севмасдан олдин
Қанчалар ҳам мағрур эдим мен.
Эгилмасдим оппоқ гулларга
Хароб қилди бунчалар кўнгил.

12.01.2024 й.

***
Сўз излаб,
Сўз излаб
Саришта бўлди.
Юз тутиб тупроққа
Фаришта бўлди.

***
Мен эсладим,
Ёнаётган шам.Елвизак
Бошқа нарса эсда қолмаган.
Сенинг ўша ҳолатинг, бироқ
Хотирамдан асло толмаган.

***
… Ва баъзида,
Қайтгим келар
Болалаликнинг кўчаларига.
Сирли-сирли кетиб бораман
Ойли-ойсиз кечаларимда.

***
Нутқим равон,
Оддий нарса ҳам
Монологдай ўқилар менда.
Кўзим илғаб қолган нарсалар
Бир эртакдай тўқилар менда.

***
Улуғворлик,
Кўриш истадим
Кўз-кўзлаган ҳар битта қалбда.
Лекин мени синдириб қўйди
Кулаётган истеҳзо лабда.

***
Эътиборан,
Йўқдир таъқиблар
Туйғуларим келмоқда оқиб.
Мен ўзимга-ўзим ғанимман
Икки кўзим этади таъқиб.

***
Тараққиёт,
Йўқ ҳайвонларда
Тирикчилик уларда ҳам бор.
Одамларда улардан холи
Онг ва шуур ўсади такрор.

***
Мен ғарибман,
Ҳаёт ҳам ғариб
Қайлардадир балки шодондир.
Кечинмалар сезилмаслиги
Қалблар ичра қалбан нодондир.

***
Чўкаяпсан,
Қоғозлар ичра
Интиласан йўл топайин деб.
Лекин баъзан сезмай қоласан
Шу қоғозлар юборганин еб.

***
Муҳтожлик бор,
Ҳамон танамда
Кўринмайман қуёшдек балқиб.
Ва йиллардан ўтган қусурлар
Келаверар ҳар қадам қалқиб.

***
Сочлари паришон,
Сочлари патти
Тўлқинланган шамоллар урар.
Шу жайдари кўнгил қатига
Ўзи сезмай муҳаббат кирар.

***

Бигизланган,
Бармоқ учида
Бош эгилди беҳос кулмадим.
Ҳаммасини биламан ўзим
Яшашни билмадим, билмадим.

***
Келаверар,
Хотиралар жим
Минг йилларга кетаман қайтиб.
Қоп-қорайган нуқта устида
Дардларимни оламан айтиб.

***
Мақтанмангиз,
Зўр шоирман деб
Сўзлар кўпдир кўнгилга доир.
Менинг эса тасаввуримда
Зўр шоирдир ёғётган ёмғир.

14.01.2024 й.

***
Камсуқумман,
Нисбатан анча
Беҳуд бошим эгмасам дейман.
Ёзаётган битикларимда
Ғашингизга тегмасам дейман.

***
Қапишиб турибман,
Кичик танамга
Ўз-ўзимдан кетяпман қўрқиб.
Айтмадингиз ҳали бирор сўз
Кетмадингиз шунчаки ўқиб.

***
Ўқиб кўринг,
Балки сиз мени
Туйғуларга қўймайсиз сотиб.
Сўз сўнгида ёруғ сукут бор
Қўймагайсиз ҳеч не йўқотиб.

***
Кунлар,
Қуёш кўрсатар менга
Нурларида зарҳал кўрибман.
Худбинлигим, қаноат қилмай
Мен қуёшим излаб юрибман.

***
Баҳор,
Эриётган қор каби
Дилдан оқар шўх мисраларим.
Туйғуларим йўллар излаган
Титраб турган асираларим.

15.01.2024 й.

***
Эриб борар,
Кўнгилдан доғлар
Унутгандек бари-барини.
Лекин кўнгил ёполмас сира
Озорларнинг сардафтарини.

***
Юрагимни кўмдим,
Тупроқ қаърига
Лек руҳимда бир видо қолди.
Сенинг масъум кўзларинг эслаб
Бир ғуборли ҳасратлар толди.

***
Ожиз сездим,
Лаҳза ўзимни
Қилгандайин каттакон гуноҳ.
Тутиш учун ўзим хотиржам
Бир жимликдан тополдим паноҳ.

***
… Ва ўйларим,
Чўзилиб кетди
Ўйларимдан шўхдай эдим мен.
Ечим топмас сўроқларимда
Бу дунёда йўқдай эдим мен.

16.01.2024 й.

***
Шеър ўқимай,
Қўйган одамлар
Узилгандек бир гўзалликдан.
Ўзларини тутиб туришар
Чанг солса ҳам қалбга ўсаллик.

***
Оқар экан,
Туйғулар тиниқ
Мен ҳам шеърим ўқий оламан.
Кўнглингизни билмадим лекин
Ўз кўнглимга ғавғо соламан.

***
Кучим етмас,
Оқ гуллар каби
Қалбингизни кўрсатай десам.
Лабимдан дур сочилар маржон
Кўзёш келар беҳосдан кулсам.

***
О, мушкулдир,
Қалбимни бериб
Ўртанади туйғулар сафи.
Қурбим етмас, тафтларим етмас
Қучай десам бир гўдак каби.

***
Англамоққа,
Кучим етмади
Мисраларга айланганда сўз.
Такрор-такрор ўқидим, аммо
Мен ўзимча қилдим талаффуз.

***
Узоқлашиб,
Кетганман жуда
Ўша ёрқин, ёруғ кунлардан.
Хотирамда қолганларидан
Кечмоқлик ҳам мен учун қийин.

***
Юзакидек,
Кўринар ҳаёт
Ололмайман ўзимни ўнглаб.
Гўёки мен йиллар оралаб
Ҳар қадамда қолганман тўнглаб.

***
Судралиб юрибмиз,
Гўёки ерда
Биздан жуда олисдир осмон.
Учолмаймиз-қанотимиз йўқ
Фикримизда йўқдайин имкон.

***
Йўқолгандек,
Кўринар йўллар
Тугаб борар метиндек бардош.
Ўсаётган майса оралаб
Ялтирайди чағирлаган тош.

***
Мен қолмасман,
Шеърим ҳам қолмас
Тугаб битар қораламалар.
Қолса қолар мендан сўнг, шаксиз
Туйғуларим, ўлмаган руҳим.
***
Санъат,
Ҳаётдан кўчирма эмас
У кўнгилни айлар ихтиёр.
У сув, ҳаво каби зарурдир
Шундан унда улуғ ҳиммат бор.

17.01.2024 й.

***
Мен ўзимни,
Бахтли этиш учун
Мусиқалар тингладим.
Кўнглимни очиб қўйиб
Бир жимликда йиғладим.

***
Нима бўпти,
Шону-шуҳрат
Шамол каби йитадир.
Машаққатлар ва меҳнат
Билмам қайга кетадир.

***
Илк шеърим,
Газетада босилган каби
Ва газетанинг ўзи каби
Йиллар тушовида
Йўқ бўлиб кетди.

Ёдимда қолмаган менинг ҳам.
***
Жимлик,
Сукунат
Жуда қўрқинчли.Уларда-
Ёруғ куннинг нурлари бордир
Қора туннинг жимликлари бор.

***
Сенга топинаман,
Сени аввайлаб
Бичимларинг ўзгарса, шодман.
Чунки сенинг бағрингда бу дам
Яшаётир бир тирик Худо.

***
Тиниқлашиб,
Боряпти осмон
Тиниқлашиб боряпман мен ҳам.
Энди мени алдаб бўлмайди
Юрагимга киролмайди ғам.

***
Яшаш учун,
Кун кўриш учун
Табиатга юзландим яна.
Яшилланди беғубор олам
Кўзларимда қилиб тантана.

***
Бир ҳамла билан,
Яксон этиш
Балки менинг қўлимдан келмас.
Гўдак каби аллаладим мен
Гўдак каби қошимдан кетмас.

***
Англаяпман,
Бу кун нени яратдим
Нималардан ортда қолдим мен.
Ва курашлар тик замирида
Бўйим қадар ўйга толдим мен.

***
Майда гаплар,
Фитналар холос
Бўй эгмаслик керак уларга.
Бўйин эгсак, бизлар қандайин
Етажакмиз ёруғ кунларга.

***
Бахтли эмас,
Ҳар битта кун ҳам
Тахтли эмас ҳар битта тун ҳам.
Кечмишларни ғижимлаб кўрсанг
Битта шамдир қора тутун ҳам.

***
Қўрқиб турдим,
Ғаму-ғуссадан
Тополмадим ўзимда журъат.
Худойимга ёлбордим минг бор
Бергин дея менга ҳам қудрат.
***
Иродамга,
Ишондим бироқ
Тортаверди ожиз томоним.
Ожизликнинг ғафлатларида
Пасайгандан пасайди осмон.

***
Ўлмас эмас,
Абадий эмас
Бир кун тугар менинг ҳаётим.
Лек тугашнинг чизгиларида
Қолса дейман менинг ҳам ёдим.

***
Лабларингнинг,
Илиқ ҳароратини
Сезаяпман тоза ҳаводай.
Кўзларимда жаранглаб турар
Бир хиргойи ёрқин наводай.

***
Йилларга қарамай,
Ёшга қарамай
Имконларим кўринар чексиз.
Шеър айтиб боряпман эринмай
Мен рангларни қилиб талаффуз.

***
Сочларингни,
Қорайтиришга
Қурбим етмас, мени кечиргин.
Барча ранглар сохта кўринар
Оқ рангларин бўяйин десам.

***
Кўриндимми,
Шунчалар ношуд
Уринарлар мени алдашга.
Менинг эса ичимда исён
Ичолмайман нафратим қайтиб.

***
Кўникишга,
Ўрганган сайин
Вужудимни босади мудроқ.
Шу туришда билмадим мени
Ё ўзига тортарми тупроқ?

***
Жим турдим,
Айлангандек ҳавода
Кўп гапларни айтди кўзларим.
Бироқ сенга етиб бормади
Менинг айтган “нордон” сўзларим.

***
Ҳали ҳамон,
Суръатим ёшлик
Таралади тоғларга сасим.
Дараларни келади бўйлаб
Ҳаяжонга тўлган овозим.
***
У пайтлар,
Йиғлашни билмасдик
Кулар эдик бир-биримиздан.
Ҳатто қуёш воқиф эмасди
Айтолмаган бир сиримиздан.

18.01.2024 й.

***
На мақтов,
На танқид эшитмай
Юравердим бу кўчаларда.
Кундузлар қуёшдек қизардим
Ғамлар топдим кечаларимдан.

***
Югурдим,
Йўллар чекинди
Шамол нафаси кўринмади хуш.
Йиллар ўтди жуда орзиқиб
Мен-чи, ҳамон кўраяпман туш.

***
Ўтаётир тун,
Кетаётир тун
Ишонмагин, сен олға интил.
Боқиб турар кўзинг хотиржам
Ўтмасин-да, тунларинг бедил.

***
Югурикдир,
Йиллар, шамоллар
Бироқ менинг эмасдир баҳсим.
Бир жимликнинг қучоқларида
Юзларимни силайди насим.

***
Нимадир келади,
Нимадир кетар
Қай бирига урғу берай мен.
Хаёлимда япроқ ёзайми?
Ё хаёлдан мева терай мен.

***
Жуда юввош бўлдим,
Жуда гўл бўлдим
Титраб турдим бир ниҳол каби.
Ҳаводан ҳаволар симирдим
Ўзгармади ғамларнинг сафи.

***
Тафтим олди,
Дарахтлар сафи
Мен ўзимни дарахтдай сездим.
Учаётган мезон толасин
Ўз танамда ипдайин уздим.

***
Бу тоғлар виқорли,
Шамоллар майин
Гиёҳлардан таралар ифор.
Қор тагида жилғалар ўйнар
Берган каби ёзга ихтиёр.

***
Эҳтимол яхшидир,
Эҳтимол ёмон
Бизнинг бирга бўлмаганимиз.
Истамасдим қийналишингни
Тарк этмасин сени кулгулар.

***
Энди кечдир,
Ҳаммаси ўтган
Тизиб қўйма саволларингни.
Муҳаббатга қайтолмайсан сен
Ўчиргансан оловларингни.

***
Ҳаёт гўзал,
Ҳаёт бешафқат
Уни илғаб турмоқлик керак.
Ҳис этсанг-да, гўзалликларни
Телбаланмай яшагин юрак.

***
Ҳар лаҳза шириндир,
Ҳар лаҳза оғу
Кунларимни бораман санаб.
Муҳаббатнинг йўли қоронғу
Бораётир юрагим қонаб…
***
Йиллар ўтди,
Йиллар оралаб
Сочларим ҳам кетди оқариб.
Муҳаббатга ташна юрагим
Кексаликдан кўринар ғариб.

***
Бир сандиқ бор,
Сенинг қўлингда
Очолмайман мен уни сенсиз.
Бу муҳаббат сандиғи эрур
Яширмоқчи бўласан менсиз.

***
Тортаяпман,
Азобимни мен
Тинч қўймайди мени изтироб.
Бир ойдинлик киритай десам
Йўлга чиқмоқ ундан ҳам азоб.

***
Кунлар каби,
Ўзгарар кўнглим
Телба ёки шодон юраман.
Ердай чўкиб қолсам баъзида
Баъзан кўнглим осмон кўраман.

***
Сенга берар,
Гулларимни ҳам
Нигоҳим-ла, этаман тақдим.
Токи гуллар сенга етганда
Менинг асло қолмасин ҳаққим.

***
Ўлдириб бўлмайди,
Рост сўзни
Сидирсанг-да, уни юзлардан.
Кессанг агар унинг шохларин
Кўкаради илдизларидан.

***
Телбага,
Йўйдилар йўлимни
Мен Мажнундан ҳазар қилдилар.
Фитна гаплар ташиб ортимдан
Тириклайин терим шилдилар.

***
Мен гўзаллик,
Шайдоси эдим
Баҳоримни ёзга йўйдилар.
Нафис гулим қўлимдан юлиб
Ва ханжарсиз мени сўйдилар.

***
Жаҳолатни,
Бўлмайди ёқлаб
Тушунишга уриндим, бироқ.
Ким қанчадир зарарлар кўрди
Менинг эса олганим кўпроқ.
***
Ҳис қиламан,
Тортишиш кучин
Баъзан хаёл кетар учириб.
Ер мувозанат туради сақлаб
Пастга тортиб қўяр тушириб.

***
Ҳар кун,
Турфа кўринар
Ва қанчалар чекмайлик афсус.
Билганидан қолмайди сира
Ҳаммага таниш Даққиюнус.

***
Бу дунё товланар,
Товланар аммо
Сезмагандай буюк қудратни.
Агар қуёш бўлмаса эди
Олар эди қайдан журъатни.

19.01.2024 й.

***
Хабарсизман,
Ситамларингдан
Ёнармишсан ҳамон мен учун.
Ва тонгларда эсган шамолдан
Тонармишсан ҳамон мен учун.

***
Бир ҳайрат,
Ичида яшайман
Товон ўпар оппоқ шудринглар.
Бу ҳайратни қучай десангиз
Сиз ҳам бирга-бирга юринглар.

***
Ҳамиша топилар,
Кемтиклар
Мақтов билан иш ҳам битмайди.
Муҳаббатдан бошланар Ватан
Ватан дарди дилдан кетмайди.

***
Мукаммал эмасдир,
Ҳеч инсон зоти
Тотиб тургай Изтироб таъмин.
Шу боисми, инсон қадами
Жаннатдан йироқдир бу Замин.

***
Кимгадир меҳрини,
Кимга зарбини
Бераверар ҳаёт дегани.
Кимлар бўкиб, итга берганда
Кимлардир зор ҳатто егани.

***
Воқифдирман,
Кун борлиғидан
Ва зарралар кўксимга ботар.
Бир ҳарорат ичидадирман
Бу ҳарорат мени уйғотар.

***
Қачондир,
Нимадир
Кўтарилиб кетди ёдимдан.
Ва бир саҳар уйғондим, хато
Ёддан чиққан ўша додимдан.

***
Имиллайди,
Ё шошади вақт
Бориб-келар деворда бир тош.
Тошга томон термулган сайин
Чиқиб келар кўзларимдан ёш.

***
Ютмадингми,
Баҳор ҳавосин
Ёки энди йўллар кутмассан.
Чин, қаридик ишқнинг йўлида
Сен гулларни унутмадингми?

***
Бақирмайсан,
Бақиролмайсан
Чунки бунда бариси сохта.
Ачишганда сенинг ҳам жонинг
Бақирардинг:- Ҳой, бўлди, тўхта.
***
Кетаяпман,
Балки мен учун
Қўл силкитмас ҳатто тошлар ҳам.
Юраккинам тошга айланар
Кўздан сизмас ҳатто ёшлар ҳам.

20.01.2024 й.

***
Эслатади,
Ёмғирлар сени
Баҳор-гулга боқаман муштоқ.
Кўзёшларим артиб кафтларим
Ва айланар бўйнимга сиртмоқ.

***
Ортимга қарайман,
Ҳеч ким кузатмас
Кетаяпман кимсасиз йўлда.
Ҳаммаси… ҳаммаси тугаган
Қолгандайман тап-тақир чўлда.

***
Сўраяпман,
Ишқ деган азоб
Кўзларимга борадир чўкиб.
Ўйларимнинг маржон дастида
Ва йилларни бораман тўқиб.

21.01.2024 й.

08Ushbu she’rlarni kutubxonamizga yo‘llagan Rajab Xolbek mana bu gaplarni ilova qilibdi: «Xurshid aka,mening bu yozganlarim tanka ham emas, xokku ham emas. Yozganlarim mening ruhiy holatimdir. Baho berish she’riyat muxlislariga havola. Hurmat bilan Rajab Xolbek. Surxondaryo viloyati Termiz shahri…»

Rajab XOLBЕK
KO‘NGILOCHAR GURUNGLAR


***

She’rlarimni,
Qoldirib senga
Dunyodan o‘tib borayapman.
Vaxshivor tog‘lari
Tarashlab turar qalbim.

***

Qanchalar baxtiyor,
Qanchalar kamsuqum
Edim men bag‘ringizda
Tog‘lar mening ertagim edi
Aylanguncha o‘zim ertakka.

***

Yolg‘iz edim so‘qmoqda,
Tog‘lar yuksakda edi
Hushmi-tushmi bilmayman
Shamollar esgandayin
Ko‘rib qoldim Takubokuni.

Kimononi
Yopinib olgan,
Cho‘qqilarda edi ko‘zlari.
Nimalardir pichirlar edi
Eshitilmas edi so‘zlari.

***

Har tong turib,
Yo‘lga qarasam
Xayolimni cho‘lg‘aydi qushlar.
Botgandayin ko‘ksimga toshlar
Qolib ketgim kelmas Termizda.

***

Tiniqlashmas,
Endi o‘ylarim
Borgan sari boraman botib
Supuraman qanday bu tongni
Olarmanmi o‘zim uyg‘otib.

***
65
Yarim tunda,
Tinchimni ko‘zlab
Shovqinlarni qo‘ydim uxlatib
Derazadan qarab o‘tirsam
Bitta chivin qo‘ydi uyg‘otib.

***

Sim-sim yog‘ar,
Bo‘ralab yog‘ar
Izlar ko‘mib tashqarida qor.
Tongda qanday yo‘lga chiqaman
Ketgan bo‘lsa mendan ixtiyor.

***

Vaxshivorda,
Tog‘ning yarmida
Jildirashin sezdim irmoqlar.
Bir jimlikka singib ketardi
Jimirlagan qaynoq buloqlar.

***

Maysa bo‘lsa,
Maysazor bo‘lsa
Suzib yursa ko‘kda bulutlar.
Yonginangda soy oqib yotsa
Qiynalmasa oppoq sukutlar.

***

Unutib bo‘lmaydi,
Qancha istasam
Sening hayrat ko‘chirishlaring.
Va dam-badam ko‘zing o‘ynatib
Qoshlar kerib, uchirishlaring.

***

Tuni bilan,
Oyga boqib
Sindirgandek ko‘ngil rozini
Tongga yaqin tinglay boshladim
Soy suvining shovullashini.

***

Uydan chiqib,
Tog‘larga boqdim
Adashgandek bo‘ldi ko‘zlarim.
Bir kechada gullabdi oppoq
Tog‘dagi yovvoyi bodomlar.

***

Har yilgidek,
Qizg‘aldoqzorlar
Bezab turar qirlarni go‘zal.
Tikilaman, ko‘zlarim olar
Izlarimga bo‘lgandek mahtal.

***

Ketayapman,
Qishloq yo‘lidan
Yomg‘irdan so‘ng yaltirar toshlar.
Ko‘zlarimga dumalab kelar
Biram qaynoq armonli yoshlar.

***

O‘zimcha,
O‘zgarmadim
Qanday bo‘lsam shundayman.
Ichim oy yoritgandir
Rangim qora tundayman.

***

Ko‘p narsani,
Kechirdim
Oriyatim bo‘ldi or.
Oriyatsiz qolgan kun
O‘zimdan bo‘ldim bemor.

***

Ozor berdi,
Aziyat chekdim
Sichqon inin sanab ming tanga.
Va esimdan chiqdi deganda
Ko‘rishmoqchi bo‘ldi men bilan.

***

Esdan chiqdi,
Degandim xato
Unutgandim hatto yuzlarin.
Tasodifan qay kun ko‘chada
Ko‘rib qoldim men yana uni.

***

Unutmayman,
Unutolmayman
Qorong‘ulik solib dilimga
Yuzlaringni mendan yashirib
Oq liboslar kiygan kuningni.

***

Bo‘lmasa ham,
O‘zimning yo‘lim
O‘sha kuni — to‘ying kunida
To‘yko‘zlarni hayratga solib
Qatorlatib beshlik o‘qidim.

O‘zgarmadi,
Biroq yuzlaring
Tinglayverding o‘zgalar kabi
Mening esa yuragim bo‘m-bo‘sh
She’rlarimdan ketdim uyalib.

1.10.2023 y.

***

Tog‘da,
Toshning ustida
O‘tiribman xayollar cho‘lg‘ab.
Tabiatni tinglayapman men
Ololmayman o‘zimni o‘nglab.

***

So‘qmoq izlar,
Borar yuksalib
Tog‘ havosi qandayin toza.
Qo‘ysa bo‘lar ichni tozalab
Tabiatdan olib andoza.

***

Yuragimni,
Beribman senga
Olib ketding mendan so‘ramay.
Ne gunohim bor edi mening
Ketding… Ketding, so‘ngra qaramay.

***

Qachonlardir,
Sevishgan edik
Va ayrildik bir-birimizdan.
Nega, endi uchrashib qolsak
Ters qaraymiz bir-birimizga.

***

Har bahorda,
Aprel so‘ngida
Boqqa kirsam qari jiydalar
Qizg‘angandek gullarin mendan
Chirmashtirib olar shoxlarin.

***

O‘zing bilan,
So‘zlashmoq gashtli
So‘zlaringni bo‘lmaydi hech kim.
Atrofingda saf-saf daraxtlar
G‘ichirlaydi eringandayin.

***

Vaxshivor tog‘lari,
To‘rt fasl ko‘rkam
Va behad go‘zal
Toza nafas, gaplashgan paytim
Ketgim kelmay qolar tog‘lardan.

***

Vaxshivorda,
Masjid hovlisida
Bir qari tut bor
So‘fi Olloyor ekkan yo ektirgan.
(Uch-to‘rt asr yashab kelar u)
Gaplashgim keladi qari tut bilan.

***

Beshliklarda,
Ruh bersa bo‘lar
Va lahzalar topib olar u.
Biroq so‘ngsiz ishq otashlari
Misralarda ketar adashib.

***

Har kecha,
Chiqadi oy
Sening yuzing ko‘rsatar.
Endi oysiz tunlar ham
Yuzlaring topar labim.

***

Yo‘l horitdi,
Juda charchadim
Boshim qo‘ydim bolishga birrov
Chog‘langandim oyni ko‘rishga.
Dong qotgancha qolibman uxlab.

***

Qadrdon tog‘,
To‘rt tomon yashil
Shamollarin siylar saraton.
Bu tun endi to tongga qadar
Uxlash mumkin juda miriqib.

***

Netayin sen,
Bo‘lding sog‘inchim
Musavvir bo‘lmasam-da,
Ko‘zlarimda chizib rasmingni
Butun umr termulib o‘tdim.

***

(Ishikava Takuboku xotirasiga.)

Istamasdim,
Sening hayoting
Yashash tarzing tariqatiga.
O‘tiribman bir tosh ustida
Dunyolarga boqqancha g‘arib.

***

Qancha yashagan bo‘lsam,
Shu paytgacha
Uyg‘onmagan kabi uyqudan
Osmon qayerda boshlanib
Qayerda tugashini bilmayman.

***

Bahor yakshanbasi,
Lolazorni
Topgaymiz deb adashdik yana.
Tentidik, izladik kun bo‘yi
Qilolmadi shomlar tantana.

***
Haqiqatni,
Aytgim keldi
Basharang burishdi qarshimda.
Aytolmasdim bundan-da, ortiq
Bisotimda yo‘q nordon gapim.

***
Ne qilsam ham,
Qurbim yetmadi
Qaytaverdim yo‘limga takror.
Biror narsa o‘zgarmadi-yu,
Bo‘lolmadim men ham baxtiyor.

***
Qarib boryapman,
Lahza g‘animat
Xotirjamlik kerakdir menga.
Yuragimni ochayin desam
Qolmagandek yaqin odamim.

***
Hech sharpasiz,
Qora bulut cho‘zildi ko‘kda
Sovuq shamol yuzni siypalab
O‘tib ketdi yo‘llarin izlab
Qolib ketdim tezyomg‘ir yo‘lda.

***
Qo‘llaringni,
Ushlashim mumkin
Sochlaringda barmog‘im o‘ynar.
Kunduzmi yo oy yorug‘ida
Senga yetmas uzangan labim.

***
Siljib borar,
Qumli g‘aladon
Ariqlarda oqayotir suv.
Qilolmayman folbinlik lekin
Umidlarim kuylar farahbaxsh.

***
Qadamlaring,
Sharafli sening
Xuddi seni kutib turganday.
Kuz yomg‘iri yog‘ib boshladi
Tomchi, tomchi yana tomchilab.

***
Tog‘u-toshga,
So‘z aytdim
So‘zga aylandi toshlar.
Aylanmadim toshlarga
Tomchilab qotdi ko‘zyosh.

***
Uzoq kutdim,
Bermadi ro‘yxush
Chopib o‘tdi har gal yonimdan.
Burilganda mening yo‘llarim
Va yig‘ladi yonimga kelib.

2.10.2023 y.

Alam bilan,
Titradim
Qayg‘ular dunyosida
Boshqa choram yo‘q edi
Boshimni qoldim egib.

***
Kunni yopdim,
Ko‘zlarim bilan
Hech narsaga qaray olmadim.
Bir g‘alati tovushlar keldi
Ko‘zim ochsam qorayibdi kun.

3.10.2023 y.

***
Lahzani simirdim,
Lahzani yedim
Ko‘zlarimda porladi lahza.
Qorachig‘im ketdi qorayib
Yeb boshladi meni ham lahza.

***
Seni chaqirishga,
Tovshim yetmadi
Qolib ketdi qadam depsinib.
Kerak eding menga shu lahza
O‘rab oldi ko‘ksimni bir g‘am.

***
O‘tgan kunlarimni,
Hikoya etsam
Balki sizga qiziq tuyilar.
Kelavermas biroq so‘ylagim
So‘ng o‘zimni bosar iztirob.

***
Iztiroblar,
Mening quvonchim
Yangi dunyo boshlayman shunday.
Iztiroblar bo‘lmasa magar
Hech narsaga yetmas jur’atim.

***
Vaxshivorni,
O‘ylab turib
Shodliklarim cho‘zilar cheksiz.
Va o‘zimni o‘nglab olganda
Iztiroblar kelar bostirib.

***
Kuzgi bog‘lar,
Naqadar so‘lim
Oralasang siylar mevalar.
Nafsing qonib atrofga boqsang
Nimalardir yodingga tushar.

***
Tog‘larni qurshadi,
Qalin bir tuman
Balki kuzning hazilidir bu.
Cho‘kib borar tobora chuqur
Ko‘rinmayin qoldi qishloq ham.

***
To‘rt devorga,
Qamalgan
Bu mening yolg‘izligim
Chiqib ketolmaydi tun
Chiqib ketolmas jimlik.

***
Pishirayapman,
Tasavvurlarim
Pishrayapman xayollarimni.
Bahorini olqishlar tog‘lar
Jilg‘alarda o‘ynaydi suvlar.

***
Borarkanman,
Soyni yoqalab
Yo‘l bermaydi majnuna tollar.
Ko‘tarilib borarkan so‘qmoq
Muzdek suvga boshim botirdim.

***
Cho‘qqilarda,
Ko‘rinadi qor
Muzlab yotar oppoq yaraqlab.
Bir qarashda ko‘rinar yaqin
Bir qarasang ko‘rinar uzoq.

3.10.2023 y.

***
Ardoqlayin,
Desam sukunat
Tortib ketar o‘tmishga tomon.
Qaytolmaydi o‘tmishga biroq
Yarim yo‘ldan qaytarar meni.

***
Anglab yetgunimcha,
Ko‘p narsalar
Almashtirib qo‘yar o‘rnini.
Hayronliklar o‘rtasidaman
Meni esa qiynaydi jimlik.

***
Sog‘inaman,
Tog‘li qishloqni
Xarsangtoshlar aytar hikoya.
Qaytay desam tonglar yo‘l bermas
Ketaverar mendan olislab.

***
Yozaversang,
Yurak bo‘shatib
Ko‘ngilda hech qolmasa gina.
Vaqti kelib o‘qiganda ham
Sinamasa sabringni hech ham.

***
Oson bo‘lmas,
Boshlagan yo‘lim
To‘rt faslni turibman ko‘rib.
Yarim yo‘lda qolgim yo‘q lekin
Turganim yo‘q yo‘limdan qo‘rqib.

5.10.2023 y.

***
Sen bilan,
To‘lin oy chiqqanida
Gurunglashamiz
Ungacha
Shirin tushlar ko‘rgin xotirjam.

1.11.2023 y.

***
Qamishchaylaga
Berkingan bolaligim
Topib oldim
Oyning nurida
Kelarkanman paykal oralab.

1.11.2023 y.

***
Kuz yomg‘iri,
Yog‘di maydalab
Aylangandek borliq raqsiga.
Qirlardagi toshlar, xarsanglar
Cho‘milgandek qoldi namlanib.

9.11.2023 y.

***
Johiliyat bilan,
Uchrashdim
Manglayimni juda sho‘r ko‘rdi.
Ko‘p o‘tmadi: ikki yo uch oy
Xudo uning o‘zini urdi.

***
Uzilish,
Yo cho‘zilish holatiga
Tushmoq juda mushkul men uchun.
Urinaman qiynalsam bir bor
Dog‘da qolar kunlar sen uchun.

***
Quyosh ketdi,
Cho‘qqidan oshib
Soyalar ham qoldi mung‘ayib.
Kuchi yetmas sakrab o‘tishga
Tosh devorda o‘ynaydi g‘arib.

18.12.2023 y.

***
Qishloqdan,
Shaharga keldim
Qiziqmadi men bilan shahar.
Uyim-joyim bo‘lmadi mening
Shovqin bilan uyg‘otdi sahar.

21.12.2023 y.

***
Qaytar edim,
Katta shahardan
Bo‘yinbog‘im bo‘ynimni quchdi.
O‘tarkanman tarvuzpoyadan
Bolaligim esimga tushdi.

***
Osib qo‘ydi,
Akamni akam
Bir g‘azabga to‘lgani uchun.
Qo‘shni qizni shaltoq so‘z bilan
Haqorotlar qilgani uchun.

***
Tuman edi,
Bahor tumani
Bir go‘zal qiz o‘tdi yonimdan.
Yana ko‘rmoq uchun qayrildim
Tuman ichra ko‘rmadim uni.

***
Birga edik,
O‘n yil sinfda
Sevishimni aytolmadim men.
Jur’atimni jamlagan paytim
Biroq ortga qaytolmading sen.
***
So‘rash shartmas,
Hammasi ayon
Javoblarga mulzamdir so‘zim
Ko‘zlaringga tik boqmoq uchun
Tortinaman o‘zimdan-o‘zim.

***
Makonsiz
Va zamonsiz
Kelayotganga o‘xshayman.
Yetganimda oq shomlarga
Titroqlardan qaqshayman.

***
Yashab o‘tayapman,
So‘zda maydalab
Yasholmagan kunlarimni ham.
Faqat meni titratib qo‘yar
O‘qtin-o‘qtin kelayotgan g‘am.

***
Uchayapsan,
Balki falakda
Qo‘ygim kelmas qanoting kesib.
Buzolmadim uyqungni, netay
Yorug‘likni turgandek to‘sib.

***
Tashlab ketolmayman,
O‘zimni
Viqor kergan qorli tog‘larda.
Qoldirsam ham, qoldirmasam ham
Asir aylar sokin chog‘larda.

21.12.2023 y.

***
Istaysanmi,
Istamaysanmi
Kelaverdim qaytib va qaytib.
Men shunchaki qaytmadim senga
Dilda borin kelyapman aytib.

***
Tabassum aylading,
Ishqning rohidan
Ko‘zlaringni uzmading mendan.
O‘rtandim men taftsiz nurlarda
Qiynamoqlik senga rohatmi?

21.12.2023 y.

***
Sen gul eding,
Ko‘zim tushmasdan avval
Ko‘zim tushdi
Qalbimga inding
Ketolmasman men sendan yiroq.

***
Qo‘rqitolmas,
Meni hech narsa
Idrokim-la, turdim yonma-yon.
To‘rt tomonga borayin desam
Erkim mening bergaydir imkon.

***
Harakatda,
Loqayd bo‘lmasam
Borajakman suvdayin oqib.
Yerda yoki yulduz ostida
O‘zimga ham turarman boqib.

***
Osmon tubsiz,
Qalb esa ko‘zgu
Yetdim deya aslo to‘lmayman
Tub-tubida osmon va qalbim
Nelar bordir o‘zim bilmayman.

***
Chorlar meni,
Avgust oqshomi
Bir jimlikni allalar qishloq.
Juda sokin tog‘li kenglikda
Bosib turar atrofni mudroq.
***
Qulab tushar,
Yerga ko‘k osmon
Mening jonsiz o‘limim bilan.
Mendan keyin dunyo tugaydi
Va tirilar kulgular bilan.
***
Unutasan,
Balki bir kuni
Oqshomlaring mung‘ayar mensiz.
Chuqur-chuqur nafas olaman
Qarshilayman oqshomni sensiz.
***
Borarkanman,
Toshloq ko‘chadan
Bir xayollar cho‘lg‘adi yana.
O‘tib ketding uchqur xayoldek
Ko‘zlaringni suzib mastona.
***
Tuyg‘ularda,
Suzib yursam-da,
Oltin baliq emasman zinhor.
Zog‘ora ham emasman biroq.
Adashtirib yubordi ummon.
22.12.2023 y.
***
Qaylardadir,
Yig‘ladi jonim
Qaylardadir ketdim adashib.
Tiriklikning har bir zarrasi
Kelayotir yo‘llar talashib.

***
Uyg‘onaman,
Qo‘shiq tovshidan
Olib ketar ruhim etib yod.
Kelayotgan g‘amgin rohlardan
Qutqazgandek bo‘ladi hayot.

***
Kuzgi oqshom,
Tebranadi jim
Olib ketar xayolim olis.
Olis yo‘lning tanobi uzun
Bo‘lolmayman hamisha xolis.

***
Tungi osmon,
Asta jimirlab
Afsonalar so‘ylaydi menga.
Dala, tog‘lar kesib o‘taman
Duch kelmayman, negadir senga.

***
Serfayz tunning,
Chiroqlari jim
Ko‘rinmaydi derazalardan.
Men uyg‘onib ketaman behos
Oy nurining ovozasidan.

***
Qo‘msagayman:
O‘sha tok so‘ri
May oqshomin so‘rgan dilimiz.
Juda olis olib ketgandi
Yulduzlarga yetgan yo‘limiz.

***
Quladimi,
Shu ko‘m-ko‘k osmon
Yo tog‘larim joydan ko‘chdimi?
Bobolarim yoqqan chiroqlar
Bitta-bitta shamdek o‘chdimi?

***
Qayg‘u,
Kirib kelgan bu uyga
Kirolmadik bizlar notavon.
Qora parda tortgan bu uyga
Kirish uchun topmadik imkon.

***
Tongda turib,
Nelardan tondim
Tun chapladi bariga siyoh.
Tun ko‘rsatgan barcha nag‘malar
Yozildilar bo‘lgancha gunoh.

***
Qoldirmayman,
Bunda o‘zimni
Ko‘rganlarim bari o‘tkinchi.
Go‘zallikdan tonmoq ham asli
Mening uchun juda qo‘rqinchli.

***
Bir so‘z topsam,
Bir so‘z bo‘lsa bas
Topar edim biroz yengillik.
Yo baridan kechib ketardim
Yo ishqimdan aytardim ertak.

***
Qo‘llarimni,
Belimga qo‘yib
Aylanaman oqshom, daraxtzor
Hech narsadan xabari yo‘qday
Boqib turar xomush va karaxt.

***
She’r haqida,
O‘ylamay qo‘ydim
Va achindim o‘z hayotimga.
Kechikkandim, yo‘limdan chiqib
Boshqa yo‘lga burildi jur’at.

***
Sen haqingda,
Eng go‘zal she’rni
Aytmoqchiydim sira shoshilmay.
Men o‘zimni yig‘ib olguncha
Tong nurlari juda shoshildi.
***
Shomlar meni,
Azobga solar
Yuragimga tomar ko‘zyoshim.
Necha yilki bu holat takror
Tilayapman o‘zimga bardosh.
24.12.2023 y.
***
Kun,
Qadam yetaklab
Ketayapman ufqni izlab.
Ufq esa, tog‘lardan yuksak
So‘qmoqlarda yuribman bo‘zlab.

***
Ming bitta bo‘lakka,
Bo‘ldim bolalik
So‘ngra asta chaqiraverdim.
She’r bo‘lmagan kunlaring eslab
Hayratimdan baqiraverdim.

***
Qichqiradi,
Ko‘zlarim ba’zan
Aylanmaydi haqqa ro‘yolar.
Mendan juda olislab borar
Men haq degan aziz dunyolar.

***
Ko‘zlarimdan,
Otilar ranglar
Aytolmayman yovqur so‘zimni.
Sevishimni jimgina aytdim
Tanitmadim biroq o‘zimni.

***
Ketolmayman,
Boshimni olib
Bu kechaning g‘azablari ko‘p.
Oy nurini yoritmas kecha
Bul ko‘ksimda qilar taloto‘p.

***
Tug‘ilmoqlik uchun,
Men qayta
Ko‘zim yumdim, bir qorong‘u nur.
Endi meni qaylarga eltar
Qorong‘ulik yoki tasavvur.

***
Sizni ko‘rayapman,
Yerning ustida
Tishlayapman hayratlarimni.
Lekin qurbim yetmay turibdi
Tishlay desam nafratlarimni.

***
Men,
Sensiz qolgan kecha
Oy nurlarin ko‘rsatmadi tun.
Tun zimiston qorong‘u edi
Tog‘lar toshdek ko‘rindi butun.

***
Achinarlisi,
Ko‘nglingga qaramay
Yana quyosh chiqdi ertalab.
Ol quyoshning zarin nurlari
Va ko‘ksingni borar nimtalab.
***
Qorong‘ulik,
Bosgan Zaminda
Ko‘rinmaydi tunning chirog‘i.
Va qaylardan ingranib kelar
Uxlolmagan tunning firog‘i.

***
Bir zamonlar,
Bor edik bizlar
Yalar edik oyning nurini.
Endi esa qarilik titar
O‘chgan kulning sovuq qo‘rini.

***
Haydab bo‘lmas,
Bu tunni sira
Yuragimga botadi og‘riq.
To tonggacha hali ancha bor
Bu hammasi vaqtga bog‘liq.

***
Unutaman,
Tassodiflarni
Ko‘zlarimga cho‘karkan jimlik.
Va tanimni tebrata boshlar
Meni mahkum etgan yolg‘izlik.

***
Na maqtov,
Na tanqid eshitmadim men
Oqar suvdek kelyapman oqib.
Ajab emas, bir kuni kelib
Qay ko‘ngilga qolsam men yoqib.

***
Chaqaloq,
Ovozini eshitdim
Boshqalardan farqli edi u.
Qichqirsa ham bor ovoz bilan
Ovoziga taxtli edi u.

***
Qarog‘ingga,
Cho‘kdim shu kecha
Oy nurida ko‘zlarim toldi.
Sen sezmading oy nuri ketib
Men o‘zimga kelolmay qoldim.

***
Kun kelar,
Yana kun kelar
Ko‘rsatmaydi nasibasini.
Men tanamga sig‘dirolmayman
Bu kunlarning silsilasini.

***
Kech kirar,
Ufq ham so‘nar
Va yashirar ojizligini.
Mening ko‘nglim yashirgan kabi
Oqshomdagi yolg‘izligini.
***
Qarshiladim,
Men yana tunni
Nelarnidir yetkazar menga.
O‘ylab-o‘ylab o‘yim so‘ngida
Duch kelaman baribir senga.

***
O‘ylarim cheksizdir,
O‘ylarim besas
Ne muruvvat ko‘rsatadi kun.
Toparmanmi men undan tole
Yo bo‘g‘zimdan o‘rlaydi tutun.

***
Sening uchun,
Bo‘ldim gunohkor
Jilovlolmay qoldim hislarim.
Tomirimda qonlarim oqdi
Lablarimdan chiqmay saslarim.

***
Sayragandir,
Sayroqi qushlar
Orzular ham balki yongandir.
Eslolmayman u kunlarni men
U kunlardan yodim tongandir.

***
Yomg‘irlar shivirlar,
Men jim yashayman
Qayga qo‘ydim yoshlik shavqimni.
Yuragimga solib sen nazar
Olib ketding butkul zavqimni.

***
Kengayib boradi,
Dunyoqarashlar
Johillikdan tamom tonaman.
Uyg‘otgani kabi shudringlar
Ruh uyg‘oqdir… Men uyg‘onaman.

***
Har so‘zimda,
Bitta so‘z bo‘ldi
Tutib oldim men ulardan she’r.
Qayta-qayta dunyoga keldim
Yeru-ko‘kka bo‘ylab tasavvur.

***
O‘tmish,
Va bugun tasavvurida
Menga nelar bo‘lmadi pesha.
Ona yerga sajda qilaman
Kelajakni o‘ylab hamisha.

***
Qarindoshmas,
Do‘st ham emasmiz
Ammo dushman emasmiz zinhor.
Biroq sening tashriflaringdan
Kirib kelar uyimga bahor.
***
Vaqt menga,
G‘animdir, xolos
Yetmagandek hech sirimizga.
Olislardan qaragan kabi
Tushunmadik bir-birimizni.

***
Meni jazoladi,
Ishqning Xudosi
To‘siqlarin qo‘ydi yo‘limda.
Sevganimga yetdim deganda
Tortib olib qo‘ydi qo‘limdan.

***
Ming yil yoki,
Undan ham ko‘proq
Suvlar yuvmas so‘qmoqlarini.
Oq qorlarni boshda ko‘tarib
Yuksalar Vaxshivor tog‘lari.

***
Xayolan,
Chizaman bir suvrat
Bezak berar daraxt qalamqosh.
Qurbim yetmas davom etishga
Ko‘zlarimdan quyiladi yosh.

***
Va nihoyat,
Tushundi onam
Qilmay qo‘ydi menga ham qahr.
O‘limidan oldinroq aytdi:
-“Tashlab ketding, meni toshbag‘ir”.

25.12.2023 y.

***
Hamma narsa,
Guvohlik berar
Mening qanday yashaganimdan.
Bahorini bergan qirlarga
Tonglarimni boshlaganimdan.

***

Chizayapman,
Bir buyuklikni
Yuksak tog‘lar qarshisida jim.
Chumolilar tinim bilmaydi
Chumolida bo‘lmaydi tinim.

***
Barmoq tishlab,
Qolardi Gogen
Bu tog‘larga yetsa qadami.
Dengiz suvin shopirib turib
Kelar edi birdan alami.

***
Qiyomatgacha,
Yashamas balki
Yomg‘ir, do‘lga duchor Zaraut.
Lek hozircha yashab turibdi
Ranglarini qilmayin nobud.

***
Bu maktab,
O‘qi, yoz, o‘rgan
Ko‘zlarimda yoshlar qalqidi.
O‘qidim, yozdim va o‘rgandim
Peshonamda quyosh balqidi.

***
O‘tayapman
Katta ko‘chadan
Mening qayg‘um anglamas hech kim.
Qayg‘ularga botib qolmagan
Shodliklarim bilmaydi tinim.

***
Baxt sasini,
Sezmoqlik yaxshi
Ammo baxtning o‘zi qayerda?
Izlamagin uni olisdan
Borayapti ko‘zingga botib.

***
Parchalaydi,
Vujudim tengsiz
Ruhiyatim ko‘targan isyon.
Osmon cheksiz, Zamin ham cheksiz
Beraverar men uchun imkon.
***
Bu dunyoda,
Ulkan kengliklar
Olib ketar mening ovozim.
Bir rubobiy kuydayin yangrar
Tonglarimdan boshlangan sozim.

***
Dunyo ochiq,
Ko‘zlaring ochiq
Bu dunyoni ko‘rib turasan.
Ko‘rib turib noqis dunyoni
Befarqlikka yuzing burasan.

***
Men g‘aribman,
Juda g‘aribman
Lekin ruhim uchayotgan qush.
Va ko‘ngilning saltanatida
Uyg‘onadi titragan tovush.

26.12.2023 y.

***
Afsuslar bor,
Armonlarim bor
Kechirilgan hayotdan emas.
Bo‘m-bo‘sh hayot menga bu haqda
Jon kuydirib hech narsa demas.

***
Orzulandim,
Ko‘p narsalarga
Lek orzuga tugal yetmadim.
Yetsam-da, yetmasam-da, biroq
Orzulardan butkul ketmadim.

***
Qushlarda qanot bor,
Bilaman
Qo‘narlar va uchib ketarlar.
Qo‘llarim silkitdim ming bora
Yo‘l bermadi uchishga Zamin.

29.12.2023 y.

***
Kunlar,
Olis va yaqin kunlar
Xotiralar bilan tirikdir.
Va ularni yeb borgan sari
Seziladi kichik va yirik.

***
G‘imirlab,
Yursa-da, vujud
Sochilyapman uchqunlar bo‘lib.
Yig‘ib ololmayman ularni
Xotiralar ketmoqda to‘lib.

***
E’tibordan,
Chetda qolganday
Yo ko‘rmadi uni bir ko‘zlar.
Boraverar tuyg‘ularin yeb
Sevilmoqdan yiroq turgan qiz.

***
Sudramasa,
Odamlar meni
Duch kelganday tun qorasiga.
Kirajakman suqilib tamom
O‘zim odamlar orasiga.

***
Eng sahih,
Kunlarni kechirdim
Biror so‘z qo‘shmadim o‘zimdan.
O‘ng bo‘ldi, so‘l bo‘ldi, dur bo‘ldi
Olovlar chaqnadi ko‘zimdan.

***
G‘ijimlayman,
O‘zim har lahza
Bo‘linaman tuyg‘ularimga.
Tarki odat, amri maholday
Bezovtaman uyqularimda.

30.12.2023 y.

***
Ulgurasan,
O‘rganishga ham
Hech bir narsa qolmas betartib.
Ulgurganda meni o‘rganib
Ketmasang bas, oyog‘ing artib.

***
Mayli, yig‘la
Ko‘ngling ovunar
Telba ko‘ngil mehr qorishar.
Men o‘zimni yig‘ib olganda
Sening ko‘ngling birdan yorishar.

***
Chizayapman,
Barcha yozuvim
Kelmadi-da, qoldirgim uni.
Kutolmasdim ortiqcha biroq
Men uyatga qolgan u kunni.

***
Sen sezmading,
Umrimni uzaytirdim
Bir hayajon turibman kutib.
Senga ezgu bitta so‘z aytdim
Nafratimni ichimga yutib.

***
Bilmaysiz,
O‘zimning dunyolarimda
Nimalardir yuribman olib.
Yo aytaman sizga bir kuni
Yo yondirgum olovga solib.

***
Dunyo mehribon,
Yo shunchalar beshafqat
Yuvib turar tongda tovonim.
Va shomlarga yetay deganda
Ko‘rsatadi barcha yomonin.

***
Ming yil o‘tdi,
Men ham eskirdim
Tanimaydi tug‘ilgan go‘sha.
Qarab tursam qay kun ortingdan
Dil yoqasan: — Sen o‘sha-o‘sha…

***

Majburdirman,
Yolg‘on aytishga
Ruhan o‘ldim, ruhan o‘q otdim.
Va ko‘rganda seni hamisha
Men o‘zimni qayta uyg‘otdim.

***
Og‘ringan dunyoga,
Og‘rinib boqdim
Cho‘kolmadi bir qatra ham yer.
Va o‘zimdan xijolat bo‘lib
Peshonamdan artaverdim ter.

31.12.2023 y.

***
Ilondan qo‘rqdim,
Chayondan qo‘rqdim
Har ikkisi jonim poyladi.
Qo‘rqinchlisi ikki oyoqli
Gazandalar yo‘lim boyladi.

***
Unutdimmi,
Biror kun seni
Bu albatta qorong‘u senga.
Qayg‘ularim yig‘ilganda ham
Bir ro‘shnolik bermadi menga.

***
Qog‘oz yozib,
Olovga otdim
Olov yonib ko‘kka o‘rladi.
Yonayotgan olovga qarab
Ko‘zlarimda nedir sho‘rladi.

***
Chizay dedim,
Dengiz suvratin
Bu qo‘limdan kelmadi, attang.
Yozay desam dengiz haqida
Yana holim bo‘laverdi tang.
Ko‘rmagandim,
Dengiz dolg‘asin.

***
Ekayapman,
Kechayu-kunduz
Shamollarga aytib ballada.
Qay mahalda duch keldim senga
Tong chog‘imi yo shom pallada?

***

Ehtimol,
Tarixda misollar ko‘pdir
Qay birini aytayin sizga.
O‘z yo‘lida turarkan g‘anim
Do‘st degan ham cho‘p tiqdi ko‘zga.

***
Ruxsat so‘ramadim,
Biror kimsadan
Yashayverdim o‘zim bilgancha.
Qarshiladi keksalik bir kun
Yillarning ustidan kulgancha.

***
Bolalikning,
Ko‘chalari oq
Tushlarimda hatto yayradim.
Tosh ko‘chalar tovon kesganda
Oy nurida tunlar qayradim.
***
Tushunmayman,
Men seni hamon
Kiprigingdan dumalaydi tosh.
Qancha toshlar otganing bilan
Ko‘zlarimdan chiqmas tomchi yosh.

***
Havaslandim,
(Orzuga ayb yo‘q)
Teraverdim o‘zimcha yulduz.
Va terganim, bir kun qarasam
Juda oddiy, bozordagi so‘z.

***
Uzoq qoldim,
Balki dunyoda
Buning uchun qilolmayman arz.
Meni qiynar kechayu-kunduz
Bo‘ynimdagi qotib qolgan qarz.

***
Mening falsafam,
O‘zimday sodda
Nima desam ko‘naveradi.
Qariganda suyanchig‘im deb
Toldan hassa yo‘naveradi.

***
Ming bora aldandim,
Ming bora qotdim
Goh o‘zimni qo‘ydim yo‘qotib.
Bir kimsadan madad kutmadim
Borayapman o‘zim uyg‘otib.

2.01.2024 y.

***
Erkinligim,
O‘zimda ammo
Taniyapman butkul ro‘yoni.
Men o‘zimni urmay qanchalar
Kuylolmasman yolg‘iz dunyoni.

***
Ruxsat berdim,
Sen ham kuylagil
O, qanchalar haqlisan haqli.
Borliq o‘zin etar navozish
Aytmaganim aytarsan balki.

***
O‘zim chizgan,
Suvratdan tonib
Tuyg‘ularim qayta uyg‘onib.
Bir bor, yuz bor, ming bor qarayman
Bu suvratga xayolan yonib.

***
O‘ynoqlagan,
Bahorlar o‘tdi
Qirmizi may tutdi gullarin.
U qiz meni tashladi ketdi
Toshloq yo‘ldan burib yo‘llarin.

***
Nigohingiz,
Nigohga tushdi
Bir guldayin yonib turdingiz.
Sezsangiz ham tuyg‘ularimni
Siz bir ishqdan tonib turdingiz.

3.01.2024 y.

***
Avval ham bor edi,
Tanish ko‘chalar
O‘zgaribdi, o‘zgarmay qolmas.
Kuzataman har bir qadamni
Kuzatishdan ko‘zlarim tolmas.

***
Bu keksa balx tutga,
Havasim kelar
Sahiylik ko‘rsatar erinmay.
Yildirimdir yillarning yoshi
Sahiyligi borar ko‘rinmay.

***
Ikkita yo‘l,
Ketar ikki yon
Ikkisi ham o‘xshar ozorga.
Bir yo‘l boshlar bozorga tomon
Olib borar bir yo‘l mozorga.

***
Yana ma’yus,
Tortdim o‘zimga
Ma’yusligim hech kim bilmadi.
Unutayin deya o‘zimni
Kunlar kuldi, qalbim kulmadi.

***
Chaynaladi,
Tilim g‘o‘ldirab
Aniq so‘zni aytolmas tilim.
Noshudligim uchun kechirgil
Qiynamagil endi sevgilim.

***
Gullab yotar,
Hoyu-havaslar
Har kun tongda otiladi o‘q.
Maysa bo‘lib unmoqlik uchun
Na-da, yomg‘ir, na-da, jur’at yo‘q.

***
Ketayapman,
Yaproqdek to‘zib
Osmon o‘ynar, uchirmas mudom.
Yerga tushsam, yer tepkilaydi
Yo tergilab otar olovga.

***
Qo‘rqmay yashash,
Mumkindir balki
Erta kundan bo‘lmasa umid.
Men o‘zimni rosa qiynadim
Va so‘ngida saqladim sukut.

***
Qo‘rqmay yashayapman,
Ko‘zlarim botir
Yegan, ichgan moydayin tatir.
Va so‘ng qadar turayin desam
Dilimda bor ozroq xavotir.

***
Qo‘rqmay yashamoqni,
Qilyapman orzu
Oq bulutlar yuribdi suzib.
Lek nimadir, nimadir bilmam
Ketayapti yuragim uzib.

***
Sog‘indikmi,
Ha, sog‘inmaslik
Bilasanmi, qanchalar dahshat.
Beparvolik kimlargadir xos
Bu uchun ham kerakdir jur’at.

4.01.2024 y.

***

Inkor qildim,
O‘zimni ming bor
Johillikni ming bor tashladim.
Bir yumshoqlik mo‘minlik deya
Yashamoqni qayta boshladim.

***
So‘ramadim,
Shoirlikni men
Buni shamol, daraxtlar bildi.
Dilim qonab ketgan lahzalar
Ul ilohiy tilimga keldi.

***
She’rlar yozdim,
Mazax qildilar
Do‘st-birodar va yaqinlarim.
Lekin she’rda otilib turdi
Isyonlarim ham chaqinlarim.

***
Bu kunlar o‘tadi,
(O‘tmagan kun yo‘q)
Biroq meni yubordi ezib.
Qiynalsam-da,katta shahd bilan
Borayapman umrni cho‘zib.

***
Yig‘ib oldim,
Har kun o‘zimni
Yig‘lamadim bo‘lar-bo‘lmasga.
Shu turishda kulib yubordim
O‘xshagandek go‘yo o‘lmasga.

***
Yo‘limdagi,
Har bitta toshga
Sening isming qo‘yganman bitib.
Unutsang ham sen meni bir kun
Yashrinmaydi toshlar unutib.

***
Yozayapman,
Oppoq qog‘ozga
Tuni bilan tinmadi qo‘lim.
Lekin manzil juda olisdir
Tongga qadar unmadi yo‘lim.

***
Sensizlikka,
Ko‘ndim oxir
Dard ko‘zlarim yemirdi.
Faqat ko‘zmas, yuragim
Tub-tubidan kemirdi.

5.01.2024 y.

***
Bahodir so‘zlarni,
Botir so‘zlarni
Izlash menga juda yoqardi.
Va ularni topgunga qadar
Shu so‘zlar deb sochim oqardi.

***
Qarayman,
Bu tuproq ko‘rinar rangin
Hayratimdan ushlayman yoqa.
To‘rt faslni ko‘raveraman
Ko‘zlarimni tiksam har yoqqa.

***
Sizni ko‘rsam,
Rangim o‘zgarar
Va o‘zimga topolmayman joy.
Endi sizga aytmasam bo‘lmas
Sevib qoldim sizni, hoynahoy.

***
O‘qisang,
O‘qimasang
Senga sovg‘a bir kitob.
Unda ona qishlog‘ing
Jaranglagan sahifa.

6.01.2024 y.

***
Tun guliday,
Qoraydi yuzing
Ko‘kda oy ham ko‘rindi o‘sal.
Yonginamda bo‘lsayding agar
Ko‘rinmasding bunchalar go‘zal.

***
Sen o‘lasan,
Men-da, o‘laman
Va bag‘riga oladi tuproq.
Muhabbatdan tolgan chaqinlar
Ildizlarga aylanar mudroq.

***
Hali beri,
O‘tmadi shamol
Ko‘zim tikdim turfa olamga.
Va dunyoning ishlari bilan
Xat yozmadim hatto onamga.

Dunyo qiyg‘ir,
Dunyo xotirjam
O‘zgartirar lahza tusini.
Mening kabi noshud bandaning
Kiritgandek bo‘lib esini.

Mening esa,
Xayolim bandi
Bir qorako‘z olgan hushimni.
Oy tagida ming bor aytaman
Hushlarimda ko‘rgan tushimni.

O, ishq meni
Ayladi telba
Qanday asray nozik gulimni.
Va aqlimdan adashib ketdim
Topolmayman borar yo‘limni.

***
Qaridim deb,
Aytaolaman
Biroq aslo qarigim kelmas.
Harakatda harakatdaman
Buni mendan ayirib bo‘lmas.

***
Ko‘rdim dunyo,
Maqomlarini
Hech biriga bo‘ysungim kelmas.
O‘layapman deyman-u, har gal
Lek o‘limim haqiqiy emas.

***
Yetti bora,
Yiqildim biroq
Sakkiz bora o‘rnimdan turdim.
Go‘zal ekan aslida yashash
Men hayotda ming bora ko‘rdim.

7.01.2024 y

***
To‘kiladi,
Sham kabi umr
Yuguraman turli tomonga.
Biroq yaxshi demadi hechkim
Chiqarmadi hatto yomonga.

***
O‘yinqaroq,
Ekanman bilsam
Biroz jiddiy tutmabman o‘zim.
Umr o‘tgach-yillar ortida
Ko‘zyoshlarga qorishiq ko‘zim.

***
Yoz kunida,
Tonggi bog‘ aylandim
Andalibmas, lekin sayronman.
Yuragim hapriqdi, yuragim
Yorilib ketmadi, hayronman.

***
Men yengildim,
Armon taloto‘p
Tun ko‘ksida miltirar yulduz.
Olib ketdi meni qaylarga
Men bilmagan kechayu-kunduz.

***
Hech kim,
Eshitmaydi yig‘imni
Hud-behud yig‘lashni tig‘layman.
Ko‘rmagaysiz ko‘zda yoshimni
Yig‘lasam yurakdan yig‘layman.

***
O‘zim sevdim,
O‘zim yig‘ladim
Balki bu ham oddiy tushuncha.
Sochlarimni qirovlar bosdi
Sensizlikka ko‘nikunimcha.

***
Hovuz bo‘yi,
Turibman sarmast
Sen kelasan toshloq yo‘l bosib.
Qulog‘ingga oy yorug‘ida
Bir juftgina yalpizni osib.

***
Sen kelasan,
Oy nurin bosib
Bir nurlarga boylanaman men.
Kutdirmaysan, xiyol o‘tmayin
Quchog‘imga aylanasan sen.

***
Sarguzashtdir,
Endi u chog‘lar
Lek birovga aytib bo‘lmaydi.
Sarguzashtni eslayman ammo
Ko‘z yoshlanar, yurak kulmaydi.

***
Hamma narsa,
Bunda eskiday
Pastqamgina o‘sha tosh devor.
Tosh devor-a, qora tosh devor
Meni tutma, sen qo‘yib yubor.

8.01.2024 y.

***
Yashab ulgurdimmi,
Yo yasholmadim
Tomirlarim tortar xomuza.
Yurakda dard, yurakda afsus
Orzularim qilar ovoza.

9.01.2024 y.

***
O‘tib ketar,
O‘tar dunyo
Bezagandek tunlarni hilol.
Lekin dunyo bizdan-da, qolar
Quyosh, havo, buloqlar zilol.

***
Tushuna boshladim,
She’rimni yozib
Adashgandek nechog‘ moddiylik.
Tuyg‘ularning zavoli bordir
Aldamaydi biroq oddiylik.

***
Ochib qo‘ydim,
Yuragimga yo‘l
Bugun, o‘tmish ko‘rsatadi bo‘y.
Biroq yurak qiynalib turar
Ishqim mening hasratli bir kuy.

Bu kuylarda o‘laman sattor
O, yuragim sen qo‘yib yubor.

***
Uch kunlik umrimga,
Huzurlar berdim
Hech narsada ishim bo‘lmadi.
Bahor o‘tdi, yoz, kuzim o‘tdi
Toza havo qishim bo‘lmadi.

10.01.2024 y.

***
Isib ketdi,
Bu kunlar juda
Ko‘zlarimda yoshlarim qotdi.
Tog‘ ortiga berkingan quyosh
Behol-behol shomni uyg‘otdi.

***
Asraganim,
Va ilinganim
Yonib turar hamon dilimda
Aytay desam yurak dov bermas
Uchavermas har pok tilimdan.

11.01.2024 y.

***
Har lahzada,
O‘lib tirildim
Yaratishni o‘yladim biroq.
Ezgulikdan nimalar qildim
Tark etmadi meni bu so‘roq.

***
Yeyolmaysan,
Hayratlaringni
Gung va soqov kabi tutasan.
Yo hayratni bitta-bittalab
O‘zing sezmay ichga yutasan.

***
Qo‘lim kalta,
Nigohim uzun
Ketolmaysan hatto o‘zingdan.
Yashrinishing mumkindir biroq
Qocholmaysan ikki ko‘zingdan.

***
Ko‘p emas,
Besh daqiqa
Tinchgina o‘yladim o‘zimni.
Pichirladi lablarim unsiz
Va bo‘g‘zimga yutdim so‘zimni.

***
Hislarimni,
Tushunmoq istadim
Bir sokinlik tutdi boshimni.
Nimalardir o‘yladim biroq
Ko‘zyoshlarim ketdi shovullab.

***
Bu ko‘zlardan,
Qutulmoq qiyin
Ishtiyoqni bo‘lmas so‘ndirib.
Oqayotgan nozik hislarni
Bo‘lmagandek birdan o‘ldirib.

***
Men kuchliman,
His etsang, agar
Yuboraman ko‘zing kuldirib.
Kuchsizlarni hayotning o‘zi
Har qadamda turar o‘ldirib.

***
Ochlik,
Majaqlaydi g‘ururni
Undan qochish anchayin gumon.
Qolgan bo‘lsa g‘ururing agar
Bir samoviy ko‘rinar osmon.

***
Seni,
Sevmasdan oldin
Qanchalar ham mag‘rur edim men.
Egilmasdim oppoq gullarga
Xarob qildi bunchalar ko‘ngil.

12.01.2024 y.

***
So‘z izlab,
So‘z izlab
Sarishta bo‘ldi.
Yuz tutib tuproqqa
Farishta bo‘ldi.

***
Men esladim,
Yonayotgan sham.Yelvizak
Boshqa narsa esda qolmagan.
Sening o‘sha holating, biroq
Xotiramdan aslo tolmagan.

***
… Va ba’zida,
Qaytgim kelar
Bolalalikning ko‘chalariga.
Sirli-sirli ketib boraman
Oyli-oysiz kechalarimda.

***
Nutqim ravon,
Oddiy narsa ham
Monologday o‘qilar menda.
Ko‘zim ilg‘ab qolgan narsalar
Bir ertakday to‘qilar menda.

***
Ulug‘vorlik,
Ko‘rish istadim
Ko‘z-ko‘zlagan har bitta qalbda.
Lekin meni sindirib qo‘ydi
Kulayotgan istehzo labda.

***
E’tiboran,
Yo‘qdir ta’qiblar
Tuyg‘ularim kelmoqda oqib.
Men o‘zimga-o‘zim g‘animman
Ikki ko‘zim etadi ta’qib.

***
Taraqqiyot,
Yo‘q hayvonlarda
Tirikchilik ularda ham bor.
Odamlarda ulardan xoli
Ong va shuur o‘sadi takror.

***
Men g‘aribman,
Hayot ham g‘arib
Qaylardadir balki shodondir.
Kechinmalar sezilmasligi
Qalblar ichra qalban nodondir.

***
Cho‘kayapsan,
Qog‘ozlar ichra
Intilasan yo‘l topayin deb.
Lekin ba’zan sezmay qolasan
Shu qog‘ozlar yuborganin yeb.

***
Muhtojlik bor,
Hamon tanamda
Ko‘rinmayman quyoshdek balqib.
Va yillardan o‘tgan qusurlar
Kelaverar har qadam qalqib.

***
Sochlari parishon,
Sochlari patti
To‘lqinlangan shamollar urar.
Shu jaydari ko‘ngil qatiga
O‘zi sezmay muhabbat kirar.

***

Bigizlangan,
Barmoq uchida
Bosh egildi behos kulmadim.
Hammasini bilaman o‘zim
Yashashni bilmadim, bilmadim.

***
Kelaverar,
Xotiralar jim
Ming yillarga ketaman qaytib.
Qop-qoraygan nuqta ustida
Dardlarimni olaman aytib.

***
Maqtanmangiz,
Zo‘r shoirman deb
So‘zlar ko‘pdir ko‘ngilga doir.
Mening esa tasavvurimda
Zo‘r shoirdir yog‘yotgan yomg‘ir.

14.01.2024 y.

***
Kamsuqumman,
Nisbatan ancha
Behud boshim egmasam deyman.
Yozayotgan bitiklarimda
G‘ashingizga tegmasam deyman.

***
Qapishib turibman,
Kichik tanamga
O‘z-o‘zimdan ketyapman qo‘rqib.
Aytmadingiz hali biror so‘z
Ketmadingiz shunchaki o‘qib.

***
O‘qib ko‘ring,
Balki siz meni
Tuyg‘ularga qo‘ymaysiz sotib.
So‘z so‘ngida yorug‘ sukut bor
Qo‘ymagaysiz hech ne yo‘qotib.

***
Kunlar,
Quyosh ko‘rsatar menga
Nurlarida zarhal ko‘ribman.
Xudbinligim, qanoat qilmay
Men quyoshim izlab yuribman.

***
Bahor,
Eriyotgan qor kabi
Dildan oqar sho‘x misralarim.
Tuyg‘ularim yo‘llar izlagan
Titrab turgan asiralarim.

15.01.2024 y.

***
Erib borar,
Ko‘ngildan dog‘lar
Unutgandek bari-barini.
Lekin ko‘ngil yopolmas sira
Ozorlarning sardaftarini.

***
Yuragimni ko‘mdim,
Tuproq qa’riga
Lek ruhimda bir vido qoldi.
Sening mas’um ko‘zlaring eslab
Bir g‘uborli hasratlar toldi.

***
Ojiz sezdim,
Lahza o‘zimni
Qilgandayin kattakon gunoh.
Tutish uchun o‘zim xotirjam
Bir jimlikdan topoldim panoh.

***
… Va o‘ylarim,
Cho‘zilib ketdi
O‘ylarimdan sho‘xday edim men.
Yechim topmas so‘roqlarimda
Bu dunyoda yo‘qday edim men.

16.01.2024 y.

***
She’r o‘qimay,
Qo‘ygan odamlar
Uzilgandek bir go‘zallikdan.
O‘zlarini tutib turishar
Chang solsa ham qalbga o‘sallik.

***
Oqar ekan,
Tuyg‘ular tiniq
Men ham she’rim o‘qiy olaman.
Ko‘nglingizni bilmadim lekin
O‘z ko‘nglimga g‘avg‘o solaman.

***
Kuchim yetmas,
Oq gullar kabi
Qalbingizni ko‘rsatay desam.
Labimdan dur sochilar marjon
Ko‘zyosh kelar behosdan kulsam.

***
O, mushkuldir,
Qalbimni berib
O‘rtanadi tuyg‘ular safi.
Qurbim yetmas, taftlarim yetmas
Quchay desam bir go‘dak kabi.

***
Anglamoqqa,
Kuchim yetmadi
Misralarga aylanganda so‘z.
Takror-takror o‘qidim, ammo
Men o‘zimcha qildim talaffuz.

***
Uzoqlashib,
Ketganman juda
O‘sha yorqin, yorug‘ kunlardan.
Xotiramda qolganlaridan
Kechmoqlik ham men uchun qiyin.

***
Yuzakidek,
Ko‘rinar hayot
Ololmayman o‘zimni o‘nglab.
Go‘yoki men yillar oralab
Har qadamda qolganman to‘nglab.

***
Sudralib yuribmiz,
Go‘yoki yerda
Bizdan juda olisdir osmon.
Ucholmaymiz-qanotimiz yo‘q
Fikrimizda yo‘qdayin imkon.

***
Yo‘qolgandek,
Ko‘rinar yo‘llar
Tugab borar metindek bardosh.
O‘sayotgan maysa oralab
Yaltiraydi chag‘irlagan tosh.

***
Men qolmasman,
She’rim ham qolmas
Tugab bitar qoralamalar.
Qolsa qolar mendan so‘ng, shaksiz
Tuyg‘ularim, o‘lmagan ruhim.
***
San’at,
Hayotdan ko‘chirma emas
U ko‘ngilni aylar ixtiyor.
U suv, havo kabi zarurdir
Shundan unda ulug‘ himmat bor.

17.01.2024 y.

***
Men o‘zimni,
Baxtli etish uchun
Musiqalar tingladim.
Ko‘nglimni ochib qo‘yib
Bir jimlikda yig‘ladim.

***
Nima bo‘pti,
Shonu-shuhrat
Shamol kabi yitadir.
Mashaqqatlar va mehnat
Bilmam qayga ketadir.

***
Ilk she’rim,
Gazetada bosilgan kabi
Va gazetaning o‘zi kabi
Yillar tushovida
Yo‘q bo‘lib ketdi.

Yodimda qolmagan mening ham.
***
Jimlik,
Sukunat
Juda qo‘rqinchli.Ularda-
Yorug‘ kunning nurlari bordir
Qora tunning jimliklari bor.

***
Senga topinaman,
Seni avvaylab
Bichimlaring o‘zgarsa, shodman.
Chunki sening bag‘ringda bu dam
Yashayotir bir tirik Xudo.

***
Tiniqlashib,
Boryapti osmon
Tiniqlashib boryapman men ham.
Endi meni aldab bo‘lmaydi
Yuragimga kirolmaydi g‘am.

***
Yashash uchun,
Kun ko‘rish uchun
Tabiatga yuzlandim yana.
Yashillandi beg‘ubor olam
Ko‘zlarimda qilib tantana.

***
Bir hamla bilan,
Yakson etish
Balki mening qo‘limdan kelmas.
Go‘dak kabi allaladim men
Go‘dak kabi qoshimdan ketmas.

***
Anglayapman,
Bu kun neni yaratdim
Nimalardan ortda qoldim men.
Va kurashlar tik zamirida
Bo‘yim qadar o‘yga toldim men.

***
Mayda gaplar,
Fitnalar xolos
Bo‘y egmaslik kerak ularga.
Bo‘yin egsak, bizlar qandayin
Yetajakmiz yorug‘ kunlarga.

***
Baxtli emas,
Har bitta kun ham
Taxtli emas har bitta tun ham.
Kechmishlarni g‘ijimlab ko‘rsang
Bitta shamdir qora tutun ham.

***
Qo‘rqib turdim,
G‘amu-g‘ussadan
Topolmadim o‘zimda jur’at.
Xudoyimga yolbordim ming bor
Bergin deya menga ham qudrat.
***
Irodamga,
Ishondim biroq
Tortaverdi ojiz tomonim.
Ojizlikning g‘aflatlarida
Pasaygandan pasaydi osmon.

***
O‘lmas emas,
Abadiy emas
Bir kun tugar mening hayotim.
Lek tugashning chizgilarida
Qolsa deyman mening ham yodim.

***
Lablaringning,
Iliq haroratini
Sezayapman toza havoday.
Ko‘zlarimda jaranglab turar
Bir xirgoyi yorqin navoday.

***
Yillarga qaramay,
Yoshga qaramay
Imkonlarim ko‘rinar cheksiz.
She’r aytib boryapman erinmay
Men ranglarni qilib talaffuz.

***
Sochlaringni,
Qoraytirishga
Qurbim yetmas, meni kechirgin.
Barcha ranglar soxta ko‘rinar
Oq ranglarin bo‘yayin desam.

***
Ko‘rindimmi,
Shunchalar noshud
Urinarlar meni aldashga.
Mening esa ichimda isyon
Icholmayman nafratim qaytib.

***
Ko‘nikishga,
O‘rgangan sayin
Vujudimni bosadi mudroq.
Shu turishda bilmadim meni
Yo o‘ziga tortarmi tuproq?

***
Jim turdim,
Aylangandek havoda
Ko‘p gaplarni aytdi ko‘zlarim.
Biroq senga yetib bormadi
Mening aytgan “nordon” so‘zlarim.

***
Hali hamon,
Sur’atim yoshlik
Taraladi tog‘larga sasim.
Daralarni keladi bo‘ylab
Hayajonga to‘lgan ovozim.
***
U paytlar,
Yig‘lashni bilmasdik
Kular edik bir-birimizdan.
Hatto quyosh voqif emasdi
Aytolmagan bir sirimizdan.

18.01.2024 y.

***
Na maqtov,
Na tanqid eshitmay
Yuraverdim bu ko‘chalarda.
Kunduzlar quyoshdek qizardim
G‘amlar topdim kechalarimdan.

***
Yugurdim,
Yo‘llar chekindi
Shamol nafasi ko‘rinmadi xush.
Yillar o‘tdi juda orziqib
Men-chi, hamon ko‘rayapman tush.

***
O‘tayotir tun,
Ketayotir tun
Ishonmagin, sen olg‘a intil.
Boqib turar ko‘zing xotirjam
O‘tmasin-da, tunlaring bedil.

***
Yugurikdir,
Yillar, shamollar
Biroq mening emasdir bahsim.
Bir jimlikning quchoqlarida
Yuzlarimni silaydi nasim.

***
Nimadir keladi,
Nimadir ketar
Qay biriga urg‘u beray men.
Xayolimda yaproq yozaymi?
Yo xayoldan meva teray men.

***
Juda yuvvosh bo‘ldim,
Juda go‘l bo‘ldim
Titrab turdim bir nihol kabi.
Havodan havolar simirdim
O‘zgarmadi g‘amlarning safi.

***
Taftim oldi,
Daraxtlar safi
Men o‘zimni daraxtday sezdim.
Uchayotgan mezon tolasin
O‘z tanamda ipdayin uzdim.

***
Bu tog‘lar viqorli,
Shamollar mayin
Giyohlardan taralar ifor.
Qor tagida jilg‘alar o‘ynar
Bergan kabi yozga ixtiyor.

***
Ehtimol yaxshidir,
Ehtimol yomon
Bizning birga bo‘lmaganimiz.
Istamasdim qiynalishingni
Tark etmasin seni kulgular.

***
Endi kechdir,
Hammasi o‘tgan
Tizib qo‘yma savollaringni.
Muhabbatga qaytolmaysan sen
O‘chirgansan olovlaringni.

***
Hayot go‘zal,
Hayot beshafqat
Uni ilg‘ab turmoqlik kerak.
His etsang-da, go‘zalliklarni
Telbalanmay yashagin yurak.

***
Har lahza shirindir,
Har lahza og‘u
Kunlarimni boraman sanab.
Muhabbatning yo‘li qorong‘u
Borayotir yuragim qonab…
***
Yillar o‘tdi,
Yillar oralab
Sochlarim ham ketdi oqarib.
Muhabbatga tashna yuragim
Keksalikdan ko‘rinar g‘arib.

***
Bir sandiq bor,
Sening qo‘lingda
Ocholmayman men uni sensiz.
Bu muhabbat sandig‘i erur
Yashirmoqchi bo‘lasan mensiz.

***
Tortayapman,
Azobimni men
Tinch qo‘ymaydi meni iztirob.
Bir oydinlik kiritay desam
Yo‘lga chiqmoq undan ham azob.

***
Kunlar kabi,
O‘zgarar ko‘nglim
Telba yoki shodon yuraman.
Yerday cho‘kib qolsam ba’zida
Ba’zan ko‘nglim osmon ko‘raman.

***
Senga berar,
Gullarimni ham
Nigohim-la, etaman taqdim.
Toki gullar senga yetganda
Mening aslo qolmasin haqqim.

***
O‘ldirib bo‘lmaydi,
Rost so‘zni
Sidirsang-da, uni yuzlardan.
Kessang agar uning shoxlarin
Ko‘karadi ildizlaridan.

***
Telbaga,
Yo‘ydilar yo‘limni
Men Majnundan hazar qildilar.
Fitna gaplar tashib ortimdan
Tiriklayin terim shildilar.

***
Men go‘zallik,
Shaydosi edim
Bahorimni yozga yo‘ydilar.
Nafis gulim qo‘limdan yulib
Va xanjarsiz meni so‘ydilar.

***
Jaholatni,
Bo‘lmaydi yoqlab
Tushunishga urindim, biroq.
Kim qanchadir zararlar ko‘rdi
Mening esa olganim ko‘proq.
***
His qilaman,
Tortishish kuchin
Ba’zan xayol ketar uchirib.
Yer muvozanat turadi saqlab
Pastga tortib qo‘yar tushirib.

***
Har kun,
Turfa ko‘rinar
Va qanchalar chekmaylik afsus.
Bilganidan qolmaydi sira
Hammaga tanish Daqqiyunus.

***
Bu dunyo tovlanar,
Tovlanar ammo
Sezmaganday buyuk qudratni.
Agar quyosh bo‘lmasa edi
Olar edi qaydan jur’atni.

19.01.2024 y.

***
Xabarsizman,
Sitamlaringdan
Yonarmishsan hamon men uchun.
Va tonglarda esgan shamoldan
Tonarmishsan hamon men uchun.

***
Bir hayrat,
Ichida yashayman
Tovon o‘par oppoq shudringlar.
Bu hayratni quchay desangiz
Siz ham birga-birga yuringlar.

***
Hamisha topilar,
Kemtiklar
Maqtov bilan ish ham bitmaydi.
Muhabbatdan boshlanar Vatan
Vatan dardi dildan ketmaydi.

***
Mukammal emasdir,
Hech inson zoti
Totib turgay Iztirob ta’min.
Shu boismi, inson qadami
Jannatdan yiroqdir bu Zamin.

***
Kimgadir mehrini,
Kimga zarbini
Beraverar hayot degani.
Kimlar bo‘kib, itga berganda
Kimlardir zor hatto yegani.

***
Voqifdirman,
Kun borlig‘idan
Va zarralar ko‘ksimga botar.
Bir harorat ichidadirman
Bu harorat meni uyg‘otar.

***
Qachondir,
Nimadir
Ko‘tarilib ketdi yodimdan.
Va bir sahar uyg‘ondim, xato
Yoddan chiqqan o‘sha dodimdan.

***
Imillaydi,
Yo shoshadi vaqt
Borib-kelar devorda bir tosh.
Toshga tomon termulgan sayin
Chiqib kelar ko‘zlarimdan yosh.

***
Yutmadingmi,
Bahor havosin
Yoki endi yo‘llar kutmassan.
Chin, qaridik ishqning yo‘lida
Sen gullarni unutmadingmi?

***
Baqirmaysan,
Baqirolmaysan
Chunki bunda barisi soxta.
Achishganda sening ham joning
Baqirarding:- Hoy, bo‘ldi, to‘xta.
***
Ketayapman,
Balki men uchun
Qo‘l silkitmas hatto toshlar ham.
Yurakkinam toshga aylanar
Ko‘zdan sizmas hatto yoshlar ham.

20.01.2024 y.

***
Eslatadi,
Yomg‘irlar seni
Bahor-gulga boqaman mushtoq.
Ko‘zyoshlarim artib kaftlarim
Va aylanar bo‘ynimga sirtmoq.

***
Ortimga qarayman,
Hech kim kuzatmas
Ketayapman kimsasiz yo‘lda.
Hammasi… hammasi tugagan
Qolgandayman tap-taqir cho‘lda.

***
So‘rayapman,
Ishq degan azob
Ko‘zlarimga boradir cho‘kib.
O‘ylarimning marjon dastida
Va yillarni boraman to‘qib.

21.01.2024 y.

44

(Tashriflar: umumiy 185, bugungi 1)

Izoh qoldiring