Zulayho Abdurahmon. Ikki dengiz tutashivu

99Одам Атонинг марсияси билан бошланган адабиёт ўзининг маслак ва баёнларига рангинлик олиб кирди. Макон ва замон таъқибида идеал қаҳрамонлар яратди, замонасоз тасвирлар чизди. Аммо ҳеч қандай давр ва манзил адабиётнинг моҳиятини маҳв этолмади…

ИККИ ДЕНГИЗ ТУТАШУВИ
Зулайҳо АБДУРАҲМОН — филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Аллоҳга борар йўллар кўп, мен Муҳаббатни танладим
Жалолиддин Румий

Одам Атонинг марсияси билан бошланган адабиёт ўзининг маслак ва баёнларига рангинлик олиб кирди. Макон ва замон таъқибида идеал қаҳрамонлар яратди, замонасоз тасвирлар чизди. Аммо ҳеч қандай давр ва манзил адабиётнинг моҳиятини маҳв этолмади. Чинакам адабиёт бани башарни нима учун яратилгани, қуллигини англаши, имтиҳон диёрида эканлигини тушуниши учун уйғоқликка чорлайверди. Руҳониятга ойна бўладиган яна бир асарнинг яратилгани билан Адабиётни қутлаш ўринлидир. Бу қисса – “Шамс ила Мавлоно”, яъни “Мажмаъул-баҳрайн”дир. Каломуллоҳда бир-биридан гўзал қиссалар бор. Уларнинг тарбиявий аҳамияти, илоҳий моҳияти, илмий кашфи то ҳануз ибратлидир. Гўзал қиссаларнинг бири “Асҳоби Каҳф” сурасида келтирилган калимуллоҳ Мусо ва маънавий йўлбошчи Солиҳ Қул ҳақидаги шарқу ғарбда бирдай машҳур “Мажмаъул-баҳрайн”дир. “Мусо ва Солиҳ Қул” сайри сулукда муршид-мурид шахсиятининг муқим ўрнини белгилаб берган қисса саналади. Пири комил мақомида бўлган Хизр муршид, Мусо (а.с.) эса илм талабида устоз излаган муриднинг бетакрор намунасидир. Умуман айтиш мумкинки, мазкур қисса бошдан охир инсон қалби, руҳияти каби мавҳум, қазои қадар, тариқат илми каби сир-асрорга бурканган. Ҳадислардан маълум бўлган “Айнул-ҳаёт” деган жойда балиқ тирилиб, денгизга тушади ва ғойиб бўлади. Бу жой тафсирларда, пайғамбарлар тарихида, бадиий адабиётларда “Мажмаъул-баҳрайн” – “Икки денгиз учрашган жой” номи билан машҳур бўлди ва тасаввуфий мазмун касб этди. Икки денгиз бирлашувини мутасаввифлар шариат ва тариқат учрашуви, дея изоҳладилар. Азиз ва жалил Аллоҳ таоло билан сўзлашган, бир неча мўъжизалар ато этилган, улул-азм пайғамбар Мусо (а.с.) шариатни, “Биз унга ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”, дея сифатланган Солиҳ Қул – тариқатни тамсил этган. Мана шу зоҳир ва ботиннинг юзлашиши Ҳақиқат фатҳига олиб келди. Шу билан бирга басиратнинг очилиши сифатида валийлар ҳаётидаги муҳим воқеа тарзида қайд этилди. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин, шулардан ҳаммага таниш, афсонага айланган икки денгиз – ислом уламоларининг уламоси Мавлоно Румий ва “хизрмашраб” Шамс Табризий учрашувидир. Мазкур “Шамс ила Мавлоно” (Икки денгиз туташуви) қиссаси” ишқ учрашуви ҳамда янги бир “мен”нинг дунёга келиши, маънавий-руҳий валодат ҳақидадир. Аввало, мазкур мавзуларда ёзиш учун муҳаббат, маърифат ва жасорат қалами кераклигини таъкидлаш жоиз. Зеро, Шамс ила Мавлоно ҳикояти Аласт майидан маст кўнгилларга ҳузур бахш этиш баробарида руҳ нажоти учун дин ва тасаввуф билан бир байроқ остида бирлашган адабиётнинг шамсини тўсиш мақсадидаги баъзи фитналарга ҳам сабаб қилишган муаззам тарихдир. Адиб, таржимон, адабиётшунос, тилшунос Маъруфжон Йўлдошев тубида ганжу хазина тўла бу икки сир денгизи туташуви қиссасини кўнгилшунос сифатида тўғри тушунган ва қисқа қиссада тасвирлаган. Муаллифнинг сўзни ҳис этиши, тариқатнинг ҳақиқатини идрок қилиши, Шамс ила Мавлоно маънавий ҳамроҳлиги маърифатини мушоҳада эта олиши асар номланишиданоқ аён бўлади. “Мажмаъул-баҳрайн” – аксарият “Икки денгиз учрашган жой”, “Икки денгиз учрашуви” тарзида изоҳланади. Аммо Маъруфжон Йўлдошев “Икки денгиз туташуви” дея номлаш биланоқ Шамс ва Мавлоно қисмати мукаммал манзарасини бера олган. Учрашув – оний ҳол. Унда натижа, хотима аниқ эмас. Туташув эса мақомдир. Менимча, учрашув – висол, туташув – ваҳдатдир. Асар бошида Шамс тилидан тушунтирилган: “Шариат дерки, сендаги – сеники, мендаги – меники. Тариқат айтур: сендаги – сеники, мендаги ҳам сеники. Маърифат дерки, на меники бор, на сеники. Ҳақиқат айтур: на сен борсан, на мен!” каби маънавий йўлчиликнинг таърифидаги шариат мақоми – “учрашув”, ҳақиқат мақоми “туташув” сўзида ниҳон.

Қисса хомуш, хаёлпараст, ошиқ Муҳаммад Шамсиддиннинг таърифи, унинг сулук парвозига ташна руҳонияти тасвирлари билан бошланади. Чунки бошда муҳаббат кундасига бошини қўйиб матлуб излаб йўлга чиққан у эди. Ривоятларга кўра, Шамснинг муршиди бир куни жамики муридларига: “Рум диёрида Жалолиддин исмли бирининг иршод қилиниши ният қилинди. Қайси бирингиз вазифага толибсиз?” дея сўрайди. Шунда Ҳазрати Шамс камоли тавозе билан бир оғиз ҳам сўз айтмай, ўнг қўлини қалби устига қўяди ва бошини юраги томон эгади. Бу ҳаракати билан у: “Бошим билан бирга мен бораман”, деган маънода таклифни қабул қилган эди. Хожаси: “Сен тушундинг. Бу ишнинг сўнггида бошни бермоқ бор” дейди. Алишер Навоий “Носойим ул-муҳаббат”да: “…беш ёшидин бери ғайбе сувар ва руҳоний ашкол, яъни малойика суфраси ва хавос инсу жин пардасики, қибоби иззат мастурларидурлар, зоҳир ва мутамассил бўлурлар эрмиш” дея таърифланган Жалолиддиннинг маънавий султонликка кўтарилиш ва тайинланиш фурсати келган эди. “Учишга шунчалар тайёр бўлдимки, энди менга қанотнинг кераги йўқ” дея йўлга отланган толиб Шамс эса ҳали хом эди, даъводан маънога ўтиши учун ишқ аҳли – сўфийлар, чилтанлар, ғайб эранлари даврасида бўлди ва комил висол учун етилиб пишди. Унинг учиш, қушлик давоси ошиқликдан, шуттор тариқида эканлигидандир. Дарҳақиқат, қиссада ёзувчи бунга ўқувчини тамоман иқрор қилади. Шамснинг зоҳирбинликка қарши туриши тазкиралардаги тарихий ҳақиқатлар асосида, хусусан, Кирмоний ҳазратлари билан бўлган муносабатларида тўлақонли очиб берилади. Натижада, муносиб муршид излаган муҳаббат денгизи табризли Шамс мударрис, фақиҳ, султон ул-уламо Баҳоваддин Валаднинг ўғли, маърифат денгизи Жалолиддин билан учрашувга тайёр бўлади. Бироқ Жалолиддин Румийнинг ҳам муносиб бир ойна эканлигини тан олиш лозим: “Шамси Табризий Мавлоно Румийга ойна бўлди. Мавлоно бул ойнада ўзини, қалбидаги Оллоҳга муҳаббатнинг тажаллисини кўрди. Мавлоно очилишга тайёр ғунча эди, Шамс насим бўлиб унинг очилишига имкон яратди. Мавлоно бир ишқ шароби эди, Шамс эса унга қадаҳ”…. “Бу йўл машаққат ва муҳаббат йўли, Кирмоний афанди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳовлисида яшаган молу мулксиз асҳоби суффа мисоли бу дунёдан юз ўгирмас экансан, йўлдошим бўлолмайсан. Одамлар шароб ичиб сархуш бўлади. Ишқ аҳли эса ичмай туриб маст бўлади. Сен буни англай олмадинг!” дея риёзат йўлини танлаган Шамснинг доимий кўнгил сайру сафарига мойил табиати ва руҳоний сайёрликка ҳозирлиги достон қаҳрамонлари ҳаётида муҳим ўрин тутган солиҳ туш мотиви орқали намоён бўлади. Тушда дунёни ютиб юбораётган гирдоб, макону замоннинг йўқолиши, нур ва Мунирнинг қолиши фано манзилининг тасвирлари саналади. Муаллиф бош қаҳрамонларнинг қазои қадарини шу тушда маҳорат билан ифодалайди. Асарни ёзишда Мавлоно Румий асарлари, маноқиб, тазкира ва халқ ривоятларидан фойдаланилган. Бу икки беназир шахсият ва руҳоният соҳиблари ҳақида қанчадан-қанча тадқиқотлар яратилган. Аммо уларни саралаб, дур янглиғ териш маърифат самарасидир. Ким муршиду, ким мурид асарда аниқ берилмайди. Гўё муҳаббат ва маърифат, ошиқ ва ориф учрашади. Аммо Маъшуқ ва Маъруф Ягонадир. Шамс кўнглидаги ишқ ва Жалолиддин қалбидаги маърифат туташганда Маълумга этар йўл яна-да қисқа ва ёруғ бўлди: “Сен буларни қаердан ўргандинг, эй илм денгизининг ғаввоси? – деб сўради Шамс. – Мана булардан… Ичида саккиз аср бурун битилган китоблар ҳам бор, ҳатто шундайлари борки, ўқиб шарҳлаганим билан уни англайдиган баҳри муҳаббат йўқ. Жалолиддиннинг сўзи тугамай Шамс ёшига қараганда жарангдорроқ овоз билан деди: – Ўша баҳр менман!” Дарҳақиқат, улар бири иккинчисига Яратувчисини кўрсатувчи сир кўзгуси бўлиб, ошиқ ориф дунёга келади. Асарнинг кўплаб ўринларида улар бир-бирига ойна эканлиги равшанлашади. Жумладан, нафс ислоҳида ушбу усулнинг самараси кўрсатиб берилади. Нафс тарбиясида муршид ва мурид муносабати муҳим. Пир даргоҳи, дарвеш таккалари, умуман, йилларча муршид остонасида хизмат қилиш билан нафс покланган. Аммо баъзан қалбларнинг қулфи бир дўсти Худонинг назари ёхуд бир ёри Худонинг суҳбати билан очилган. Шамс ҳам Мавлононинг Тавҳид мақомига кўтарилишида бир пиллапоя бўлди. Унинг вазифаси бир қалбнинг қулфини очиш эди. Ўша биргина кўнгил эса асрларки бутун инсониятни Ҳақнинг раҳмат эшиклари очиқ эканлигидан огоҳлантирди, то ҳануз ўзининг сеҳрли баёни билан тавба ва умидга чорламоқда:

Майлига, ким бўлмагил, кел – бари бир,
Даҳрию оташпарастсен – бари бир,
Неча бор паймоншикастсен – бари бир.
Ноумид қўймас сени остонамиз.
Майлига, ким бўлмагил, кел бари бир…

Мана шундай шеърларнинг дунёга келиши, илҳом ато этилиши нафснинг мулҳама даражаси билан боғлиқ. Илм уммони Жалолиддин ишқ парвозига тайёр эди. Ишқ ила ирфоннинг шакл ва маънони, суврат ва сийратни, вужуд ва руҳни фарқловчи суҳбатидан сўнг Шамснинг “Олим эдинг, ориф бўлдинг. Энди ошиқ бўлишга мажолинг борми?” саволига Жалолиддин Румийнинг ҳолати билан жавоб қилиниши ҳам китобхонни маънавий бир ҳолдошликка кўтаради: “Мавлоно ўрнидан шахт ила турди. Ўнг қўлини юқори, сўл қўлини қуйи қилиб рақси самони бошлади. Само найзанлари “Фараҳфазо” куйини чалиб уни кўкларга чорлади”. Кўринадики, қол ҳолга дўнади, Мулла Жалолиддин Мавлоно Румийга айланади. Мавлоно шахсияти улуғворлиги ва у асос солган мавлавия тариқати мазмун-моҳияти Само рақси билан очилади. Рақси самода руҳ сайрини кўрсатувчи ҳаракатлар уйғунлиги мавжуд. Маъруфжон Йўлдошев биргина “Ўнг қўлини юқори, сўл қўлини қуйи қилиб” дея рақси само ва Мавлоно ҳаётидаги асосий маслакка урғу беради. Яъни, Мавлоно Ҳақдан оламан ва халққа етказаман деган муршиди комил, Ҳақ ошиғи, миллатнинг ходими эди. Аслида Шамс ила Мавлоно муносабатидаги ҳар бир тафсилот, Жаллолиддин Румий ҳаётидаги ҳар бир ҳодиса қоғозга туширилса ибрат бўла олади. Аммо кичик бир қиссада воқеаларда танлов, ифодада сиқиқлик талаб қилинади. Бунда муаллифда маҳорат, ўқувчида эса тасаввуф, бадиият илмидан хабардорлик лозимдир. Буларсиз китобхон шуурида маъносиз бир тасвирлар, моҳиятсиз бир манзаралар қолади холос. Аслида тасаввуфий ҳаёт, мумтоз адабиёт асрорини англаган муаллиф бу асарни гўё хослар учун ёзган. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон айтганидек: “Бу қиссанинг ўз китобхони бор. У оддий китобхон эмас. У тўлиқ бўлмаса-да, оз бўлса-да, тасаввуфга оид манбалардан, донишманд боболаримиз ҳикматларидан, ҳеч бўлмаса, Навоий бобонинг “Насойим ул-муҳаббат”идан хабардор китобхондир”. Аммо зоҳирий тушунилганда ҳам бу каби асарларнинг фойдаси кўплиги шубҳасиз. Зеро, асарнинг тарбиявий аҳамияти катта. Таълим ҳамда тарбияда оиланинг ўрни Киро хотуннинг алласи орқали изҳор қилинган. “Ҳу” дея алла айтган оналар алпларни дунёга келтирган, валий эрларни тарбиялаган. “Ҳу” – авлиёлар тасбеҳи”, дерди раҳматли волидам, – дея эслади Киро хотун”. Абу Наср Саррож “Ал-Лумаъ” асарида: “Исми аъзам Аллоҳ лафзидир, – дейди. Чунки унинг алифи кетса, “Лиллоҳ” (Аллоҳ учун) қолади. Илк ломи кетса, “Лаҳу” (Унга) қолиб, барибир Аллоҳга ишорат қилувчи хослик йўқолмайди. Ҳатто икки лом кетса ҳам “Ҳе” ҳарфи қолади. Барча сирлар мана шу У – “Ҳе”да яшириндир. Чунончи Унинг маъноси ҳам “Ҳу” (У)дир. Бошқа Асмои илоҳиялардан бир ҳарф олинадиган бўлса, маъно бутунлай йўқолади, унда Аллоҳга ишорат этгувчи бирор белги қолмайди. Зеро, Аллоҳ исми билан Аллоҳдан бошқаси тилга олинмайди”[ Gökbulut S. Necmеddîn-i Kübrâ (hayatı, eserleri, görüşleri).– İstanbul: İnsan yayınları, 2010. – S. 308.]. Маълумки, нафси мулҳама мақомидаги руҳ “Ҳу” зикри билан маъно оламида сайр этади. Оналикнинг улуғ мартабаси ҳамда масъулиятини унинг алласидан билиш қийин эмас:

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!
Бу сенга осон ҳу…
Бизга шифо бер ўзинг,
Катта бўлсин бу қулинг.
Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!..

Миллат оналарини етиштириш ҳар замоннинг буюк мусибатларидан бўлган. Ушбу асар ўзининг баркамол қаҳрамонлари билан улуғ қадриятлар жудолигига ҳам барҳам қўйишга ҳаракат қилган.
Асарда Мавлононинг муршиди комиллиги ва унинг муридлари билан муносабатини ҳам муаллиф унутмайди. Ва бир бўлимда илм моҳияти, тариқат одоби кўрсатиб берилади. Ёзувчи шундай сўзлар танлайдики, улар илоҳий амрларни беихтиёр ёдга солади. Масалан, асарда ўқиймиз: “Уч кунлик дунё луқмаси учун илм риёзатини чекмоқнинг маъноси борми, эй фарзанд? Сенга илм дея тақдим қилинаётгани аслида арқондир. Зулмат қудуғидан қутулмоқ истасанг, арқонни маҳкам тут”. Мазкур баёнлар Парвардигорнинг “…Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз (Оли Имрон: 3/103)” ояти каримаси сингари эшитилади. Муршид йўл сифатида “шариат суннати ва одоби”ни таржиҳ этганлигини яққол намоён қилади. Азалдан тариқатнинг дастур ул-амали муршид ва мурид муносабатлари билан очиб берилган. Бу тасаввуф назарияси, тариқат ҳаётини англатишда шарқнинг ўзига хос анъанасидир. Нафсни таниш борасидаги илк манбаларда назарий тушунтиришлардан сўнг, албатта, валийлар ҳаётидан лавҳалар берилган. Чунки тасаввуф – амалий ҳаётдир. Қуруқ даъво, ёлғон сафсата фалсафаси эмас, вужуд ва руҳ муштараклигидаги амалиёт, риёзат, яшаб ўтиладиган ҳис, ҳол ҳамда мақомлар ҳикматидир.
Асардаги маълумотлар, муносабатлар машҳур ва кўпчиликка маълум. Бироқ унинг ифодасидаги юракнинг овози ҳамда маънавий бир занжир таҳсинга лойиқ.

Асардаги хаёлга кенглик, юракка тамкин берувчи лавҳалардан бири най ноласи билан боғлиқ. Бу ҳам кўпчиликка таниш “Искандарнинг шохи бор” сирини янгилаб, кўнгил сайрини англашимизга ёрдам беради. “Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ўз такомилининг чўққиси бўлмиш Меърожга юксалганда кўплаб сирлардан огоҳ бўлган эди. Бир куни шу ҳақда тафаккур қилиб ўтирганларида ёнларига Ҳазрати Али кириб келиб, “Ё, Расулуллоҳ, бунчалик маҳзунлигингиз сабаби недир, бирор ташвишингиз борми?” деб сўрабди. Расули акрам “Йўқ, менга аён қилинган сирлар ҳақида ўйлаб ўтирган эдим” дебди. Ҳазрати Али “Менга ҳам озроқ айтиб беринг, воқиф бўлмоқ истайман” дебди. “Кўтара олмайсан, бардошинг етмайди, Али!” дебди Пайғамбар алайҳиссалом. Аммо унинг кўзларидаги иштиёқни кўриб, илоҳий ишқ сирини ҳазрати Алига айтибди. У шундай сир эканки, залварига Ҳазрати Али бардош бера олмабди”. Алалоқибат Ҳазрат Али илоҳий ишқ сиррини бир қудуққа айтадилар. Воҳ, минг воҳки, Кимам бу сирни сақлай оларди?! Энди қудуқ бағрида унган сирбон най рамзида Алабиёт ҳам уни “қалби очиқ, пок ва комил инсонларгина” англайдиган нолаи афғонда қиёматга қадар ошкор қилаверади. Мавлоно деганда, шубҳасиз, фироқдан фарёд қилаётган най эсга келади. “Мажмаъул-баҳрайн” ҳақида сўз кетганда эса тасаввуфий луғатларда, албатта, Меърож воқеаси ва “Қоба қавсайн мақоми” хотирланади. Чунки нафс тазкиясидан мурод руҳнинг меърож орзусидир. Руҳ асл ватанга интилаверади. Биргина мана шу ривоят руҳнинг парвози, найнинг асл ватан соғинчини англаш учун етарли ҳисобланади. Ғурбат диёрида фоний ва боқий – икки оламни бирлаштирадан кўнгилдир. Кўнгил меърожига эришган зотлар олами куброга айланади. Олами суғродан олами куброга айланишда маломатийликнинг ўрни катта. Мавлононинг маломатвашлиги ҳам асарда таъсирли ва жонли берилган. Китобхоннинг ҳолдошлик мақомига кўтарилиши асарнинг вазифаси, адабиётнинг кучини белгилайди. Мавлононинг маломати инсон фитратига шунчалар яқинки, ҳар бир нафс уни ўзича такрорлайди: “Товус қушига ўхшаб фақат қанот ва думингга маҳлиё бўлавермай, баъзан оёқларингга ҳам қараб тур, Жалолиддин!” демасмидим?! Тўй-ҳашамларда ясан-тусан қилган чоғим “Эй, зарбоф тўн ва олтин камар тақишга ўрганган одам, сенинг ҳам чоксиз либос киядиган кунинг келади, ҳушёр бўл!” демасмидим?! Нари борса, “Кўнглингни покламасдан, тинмай таҳорат олганинг нимаси!” демасмидим, хотун?! Эвоҳ! Мен шундай инсонларни кўрдимки, кийгани кийими йўқ; шундай кийимларни кўрдимки, ичида инсон йўқ”. Тариқат аҳли саҳобалар – аҳли суффа каби эҳсон мақомида истиқомат қилишни орзулаган зотлардир. Улар қалб таҳоратини, руҳ намозини, жон закотини, кўнгил рўзасини, дийдор ҳажини исташган. Мавлоно ҳам “Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоқ” – яъни, эҳсон мартабасига кўтарилган эди. “Денгиз соҳилигача из бор. Денгизга киргандан кейин на из қолар, на нишон. Оллоҳнинг дўстлари – авлиёлардир. Хоҳла – Уни кўр, хоҳла – мени. Эй, саволларига жавоб излаётган киши, мен – Уман, У эса мендир!” Ўлмасдан туғилиш бўлармиди?! Аммо ўлимдан ўлимнинг фарқи бор. Мавлоно “Туғилганлар! Ўлим эшик қоқаркан, нўши ноб айланг! Ўлим-ошиққа бегона. Туғилмоққа шитоб айланг!.. деган эди. Шамс эса асарда: “Бизлар учун ўлмоқ асли янгидан туғилмоқликдир! Йиқилиш – юксалиш демакдир, кошки бунинг маънисини англай олсанг! Қуёш ботса, Ой кўрингай, кўрмасмисан? Ҳеч жаҳонда шамсу қамарни тупроқ остига кўмарларми? Сенга ботмоқ бўлиб туюлса-да, отмоқдир аслида; мени лаҳадга ҳибс айласанг-да, жон омон бўлғай, маъшуқига мунтазир бўлғай. Жон Юсуфига чоҳ ичра нечун фиғон қилғай, англамасмисан?!” – дея абадият саодатини тушунтиради. Шамснинг ўгитлари унинг ёлғиз жон қотилларига эмас, бутун инсониятга тегишлидир. Бу ҳам асарнинг тарбиявий аҳамиятини оширишга ҳисса қўшган ўринлардандир. Чунки ўлим ҳикматини англамасдан ҳақиқатга етиб бўлмайди. Шамсдан жудолик дарбадарлиги оғир кечди. Аммо ушбу маҳрумиятда бир қурбат, маънавий туғилиш, руҳий валодат борлигини охири Мавлоно англади. Кўнгил шамсини излашдаги беқарорлик бир кун келиб иқрорга айланди: “Кейин… кейин эса у қалбан буюк бир таслимиятни ҳис қилди. Шамсни қаердандир эмас, ўзидан қидирмоғи кераклигини англади: – Мен уни жисман тополмадим, тополмадим пири шарифни… Аммо англадимки, у менда, унинг нури менинг руҳимда. Уни қидирганлар дашту саҳродан излаб овора бўлмасинлар. У нур менда…” Дарҳақиқат, Шамс номидан ашъорлар битилди. Шамс ойнасида қалбларни фатҳ этган, ваҳдат ва муҳаббат шоири Мавлоно дунёга келди. Аммо Жалолиддин Румий ойнасида халққа Холиқни хотирлатувчи Шамснинг адабиёт осмонига чиққанлиги ҳам ростдир.

Адабиёт самовий ҳисларга асир кўнгилларга фараҳ, таскин, умид бахш этиши лозим. Қалбда Мавлоно Румийдек “Мен кимман ўзи? Бу оламга нега келдим? Қаён кетмоғим керак? Илдизим қаердаю юзимни қай томон бурмоғим керак?” каби саволларни туғдириши ва ҳидоят йўлини кўрсатиши шарт. Ҳар бир инсон истаса, истамаса, бир йўлчидир. Йўлда енгиллик таслимият билан бўлади. Бунинг учун эса ишқ лозим. Аласт аҳдига вафо аҳли Ҳақни, ҳақиқат йўлини излайверади. Замон шунчалар тезлашди, энди юриб эмас, нажот манзилига учиб боришга мажбурмиз. Аллоҳга борар йўллар кўп, аммо парвоз учун Мавлоно айтганидек, “Сиз Муҳаббатни танланг”. Шунда мурод манзили яқин, машаққатлар енгил бўлади. Йўлсизга ойдин йўл, йўлчига ишқ ва ирфон қаноти – Адабиётдир. Менимча, яратилган ҳар бир асар зулматда ўзлигини излаш дардидаги кўнгилларга ойна тута оладиган табризли Шамс бўлиши керак. Бу ойнада ўқувчи ўз нафсини кўради, Роббини танийди, Унга ошиқ бўлади ва халқ хизматига бел боғлайди. “Шамс ила Мавлоно” (Икки денгиз туташуви)” мана шундай асарлардан биридир. Ўқинг, умид қиламанки, кўнгилларда уйғоқлик бўлиб, раббоний маърифат, раҳмоний латофат эшиклари очилади. Асарда урғуланганидек, Жоҳил нафс масту мулзам бўлиб, қадим байтуллоҳ – кўнгил уйингизни “ишқ атри – беҳиштий мушк ифори тутади”.


Odam Atoning marsiyasi bilan boshlangan adabiyot oʻzining maslak va bayonlariga ranginlik olib kirdi. Makon va zamon ta’qibida ideal qahramonlar yaratdi, zamonasoz tasvirlar chizdi. Ammo hech qanday davr va manzil adabiyotning mohiyatini mahv etolmadi…

IKKI DENGIZ TUTASHUVI
Zulayho ABDURAHMON — filologiya fanlari boʻyicha falsafa doktori

Allohga borar yoʻllar koʻp, men Muhabbatni tanladim
Jaloliddin Rumiy

Odam Atoning marsiyasi bilan boshlangan adabiyot oʻzining maslak va bayonlariga ranginlik olib kirdi. Makon va zamon ta’qibida ideal qahramonlar yaratdi, zamonasoz tasvirlar chizdi. Ammo hech qanday davr va manzil adabiyotning mohiyatini mahv etolmadi. Chinakam adabiyot bani basharni nima uchun yaratilgani, qulligini anglashi, imtihon diyorida ekanligini tushunishi uchun uygʻoqlikka chorlayverdi. Ruhoniyatga oyna boʻladigan yana bir asarning yaratilgani bilan Adabiyotni qutlash oʻrinlidir. Bu qissa – “Shams ila Mavlono”, ya’ni “Majma’ul-bahrayn”dir. Kalomullohda bir-biridan goʻzal qissalar bor. Ularning tarbiyaviy ahamiyati, ilohiy mohiyati, ilmiy kashfi to hanuz ibratlidir. Goʻzal qissalarning biri “Ashobi Kahf” surasida keltirilgan kalimulloh Muso va ma’naviy yoʻlboshchi Solih Qul haqidagi sharqu gʻarbda birday mashhur “Majma’ul-bahrayn”dir. “Muso va Solih Qul” sayri sulukda murshid-murid shaxsiyatining muqim oʻrnini belgilab bergan qissa sanaladi. Piri komil maqomida boʻlgan Xizr murshid, Muso (a.s.) esa ilm talabida ustoz izlagan muridning betakror namunasidir. Umuman aytish mumkinki, mazkur qissa boshdan oxir inson qalbi, ruhiyati kabi mavhum, qazoi qadar, tariqat ilmi kabi sir-asrorga burkangan. Hadislardan ma’lum boʻlgan “Aynul-hayot” degan joyda baliq tirilib, dengizga tushadi va gʻoyib boʻladi. Bu joy tafsirlarda, paygʻambarlar tarixida, badiiy adabiyotlarda “Majma’ul-bahrayn” – “Ikki dengiz uchrashgan joy” nomi bilan mashhur boʻldi va tasavvufiy mazmun kasb etdi. Ikki dengiz birlashuvini mutasavviflar shariat va tariqat uchrashuvi, deya izohladilar. Aziz va jalil Alloh taolo bilan soʻzlashgan, bir necha moʻ’jizalar ato etilgan, ulul-azm paygʻambar Muso (a.s.) shariatni, “Biz unga oʻz dargohimizdan rahmat ato etgan va oʻz huzurimizdan ilm bergan edik”, deya sifatlangan Solih Qul – tariqatni tamsil etgan. Mana shu zohir va botinning yuzlashishi Haqiqat fathiga olib keldi. Shu bilan birga basiratning ochilishi sifatida valiylar hayotidagi muhim voqea tarzida qayd etildi. Bunga juda koʻplab misollar keltirish mumkin, shulardan hammaga tanish, afsonaga aylangan ikki dengiz – islom ulamolarining ulamosi Mavlono Rumiy va “xizrmashrab” Shams Tabriziy uchrashuvidir. Mazkur “Shams ila Mavlono” (Ikki dengiz tutashuvi) qissasi” ishq uchrashuvi hamda yangi bir “men”ning dunyoga kelishi, ma’naviy-ruhiy valodat haqidadir. Avvalo, mazkur mavzularda yozish uchun muhabbat, ma’rifat va jasorat qalami kerakligini ta’kidlash joiz. Zero, Shams ila Mavlono hikoyati Alast mayidan mast koʻngillarga huzur baxsh etish barobarida ruh najoti uchun din va tasavvuf bilan bir bayroq ostida birlashgan adabiyotning shamsini toʻsish maqsadidagi ba’zi fitnalarga ham sabab qilishgan muazzam tarixdir. Adib, tarjimon, adabiyotshunos, tilshunos Ma’rufjon Yoʻldoshev tubida ganju xazina toʻla bu ikki sir dengizi tutashuvi qissasini koʻngilshunos sifatida toʻgʻri tushungan va qisqa qissada tasvirlagan. Muallifning soʻzni his etishi, tariqatning haqiqatini idrok qilishi, Shams ila Mavlono ma’naviy hamrohligi ma’rifatini mushohada eta olishi asar nomlanishidanoq ayon boʻladi. “Majma’ul-bahrayn” – aksariyat “Ikki dengiz uchrashgan joy”, “Ikki dengiz uchrashuvi” tarzida izohlanadi. Ammo Ma’rufjon Yoʻldoshev “Ikki dengiz tutashuvi” deya nomlash bilanoq Shams va Mavlono qismati mukammal manzarasini bera olgan. Uchrashuv – oniy hol. Unda natija, xotima aniq emas. Tutashuv esa maqomdir. Menimcha, uchrashuv – visol, tutashuv – vahdatdir. Asar boshida Shams tilidan tushuntirilgan: “Shariat derki, sendagi – seniki, mendagi – meniki. Tariqat aytur: sendagi – seniki, mendagi ham seniki. Ma’rifat derki, na meniki bor, na seniki. Haqiqat aytur: na sen borsan, na men!” kabi ma’naviy yoʻlchilikning ta’rifidagi shariat maqomi – “uchrashuv”, haqiqat maqomi “tutashuv” soʻzida nihon.

Qissa xomush, xayolparast, oshiq Muhammad Shamsiddinning ta’rifi, uning suluk parvoziga tashna ruhoniyati tasvirlari bilan boshlanadi. Chunki boshda muhabbat kundasiga boshini qoʻyib matlub izlab yoʻlga chiqqan u edi. Rivoyatlarga koʻra, Shamsning murshidi bir kuni jamiki muridlariga: “Rum diyorida Jaloliddin ismli birining irshod qilinishi niyat qilindi. Qaysi biringiz vazifaga tolibsiz?” deya soʻraydi. Shunda Hazrati Shams kamoli tavoze bilan bir ogʻiz ham soʻz aytmay, oʻng qoʻlini qalbi ustiga qoʻyadi va boshini yuragi tomon egadi. Bu harakati bilan u: “Boshim bilan birga men boraman”, degan ma’noda taklifni qabul qilgan edi. Xojasi: “Sen tushunding. Bu ishning soʻnggida boshni bermoq bor” deydi. Alisher Navoiy “Nosoyim ul-muhabbat”da: “…besh yoshidin beri gʻaybe suvar va ruhoniy ashkol, ya’ni maloyika sufrasi va xavos insu jin pardasiki, qibobi izzat masturlaridurlar, zohir va mutamassil boʻlurlar ermish” deya ta’riflangan Jaloliddinning ma’naviy sultonlikka koʻtarilish va tayinlanish fursati kelgan edi. “Uchishga shunchalar tayyor boʻldimki, endi menga qanotning keragi yoʻq” deya yoʻlga otlangan tolib Shams esa hali xom edi, da’vodan ma’noga oʻtishi uchun ishq ahli – soʻfiylar, chiltanlar, gʻayb eranlari davrasida boʻldi va komil visol uchun yetilib pishdi. Uning uchish, qushlik davosi oshiqlikdan, shuttor tariqida ekanligidandir. Darhaqiqat, qissada yozuvchi bunga oʻquvchini tamoman iqror qiladi. Shamsning zohirbinlikka qarshi turishi tazkiralardagi tarixiy haqiqatlar asosida, xususan, Kirmoniy hazratlari bilan boʻlgan munosabatlarida toʻlaqonli ochib beriladi. Natijada, munosib murshid izlagan muhabbat dengizi tabrizli Shams mudarris, faqih, sulton ul-ulamo Bahovaddin Valadning oʻgʻli, ma’rifat dengizi Jaloliddin bilan uchrashuvga tayyor boʻladi. Biroq Jaloliddin Rumiyning ham munosib bir oyna ekanligini tan olish lozim: “Shamsi Tabriziy Mavlono Rumiyga oyna boʻldi. Mavlono bul oynada oʻzini, qalbidagi Ollohga muhabbatning tajallisini koʻrdi. Mavlono ochilishga tayyor gʻuncha edi, Shams nasim boʻlib uning ochilishiga imkon yaratdi. Mavlono bir ishq sharobi edi, Shams esa unga qadah”…. “Bu yoʻl mashaqqat va muhabbat yoʻli, Kirmoniy afandi. Paygʻambar alayhissalomning hovlisida yashagan molu mulksiz ashobi suffa misoli bu dunyodan yuz oʻgirmas ekansan, yoʻldoshim boʻlolmaysan. Odamlar sharob ichib sarxush boʻladi. Ishq ahli esa ichmay turib mast boʻladi. Sen buni anglay olmading!” deya riyozat yoʻlini tanlagan Shamsning doimiy koʻngil sayru safariga moyil tabiati va ruhoniy sayyorlikka hozirligi doston qahramonlari hayotida muhim oʻrin tutgan solih tush motivi orqali namoyon boʻladi. Tushda dunyoni yutib yuborayotgan girdob, makonu zamonning yoʻqolishi, nur va Munirning qolishi fano manzilining tasvirlari sanaladi. Muallif bosh qahramonlarning qazoi qadarini shu tushda mahorat bilan ifodalaydi. Asarni yozishda Mavlono Rumiy asarlari, manoqib, tazkira va xalq rivoyatlaridan foydalanilgan. Bu ikki benazir shaxsiyat va ruhoniyat sohiblari haqida qanchadan-qancha tadqiqotlar yaratilgan. Ammo ularni saralab, dur yangligʻ terish ma’rifat samarasidir. Kim murshidu, kim murid asarda aniq berilmaydi. Goʻyo muhabbat va ma’rifat, oshiq va orif uchrashadi. Ammo Ma’shuq va Ma’ruf Yagonadir. Shams koʻnglidagi ishq va Jaloliddin qalbidagi ma’rifat tutashganda Ma’lumga etar yoʻl yana-da qisqa va yorugʻ boʻldi: “Sen bularni qaerdan oʻrganding, ey ilm dengizining gʻavvosi? – deb soʻradi Shams. – Mana bulardan… Ichida sakkiz asr burun bitilgan kitoblar ham bor, hatto shundaylari borki, oʻqib sharhlaganim bilan uni anglaydigan bahri muhabbat yoʻq. Jaloliddinning soʻzi tugamay Shams yoshiga qaraganda jarangdorroq ovoz bilan dedi: – Oʻsha bahr menman!” Darhaqiqat, ular biri ikkinchisiga Yaratuvchisini koʻrsatuvchi sir koʻzgusi boʻlib, oshiq orif dunyoga keladi. Asarning koʻplab oʻrinlarida ular bir-biriga oyna ekanligi ravshanlashadi. Jumladan, nafs islohida ushbu usulning samarasi koʻrsatib beriladi. Nafs tarbiyasida murshid va murid munosabati muhim. Pir dargohi, darvesh takkalari, umuman, yillarcha murshid ostonasida xizmat qilish bilan nafs poklangan. Ammo ba’zan qalblarning qulfi bir doʻsti Xudoning nazari yoxud bir yori Xudoning suhbati bilan ochilgan. Shams ham Mavlononing Tavhid maqomiga koʻtarilishida bir pillapoya boʻldi. Uning vazifasi bir qalbning qulfini ochish edi. Oʻsha birgina koʻngil esa asrlarki butun insoniyatni Haqning rahmat eshiklari ochiq ekanligidan ogohlantirdi, to hanuz oʻzining sehrli bayoni bilan tavba va umidga chorlamoqda:

Mayliga, kim boʻlmagil, kel – bari bir,
Dahriyu otashparastsen – bari bir,
Necha bor paymonshikastsen – bari bir.
Noumid qoʻymas seni ostonamiz.
Mayliga, kim boʻlmagil, kel bari bir…

Mana shunday she’rlarning dunyoga kelishi, ilhom ato etilishi nafsning mulhama darajasi bilan bogʻliq. Ilm ummoni Jaloliddin ishq parvoziga tayyor edi. Ishq ila irfonning shakl va ma’noni, suvrat va siyratni, vujud va ruhni farqlovchi suhbatidan soʻng Shamsning “Olim eding, orif boʻlding. Endi oshiq boʻlishga majoling bormi?” savoliga Jaloliddin Rumiyning holati bilan javob qilinishi ham kitobxonni ma’naviy bir holdoshlikka koʻtaradi: “Mavlono oʻrnidan shaxt ila turdi. Oʻng qoʻlini yuqori, soʻl qoʻlini quyi qilib raqsi samoni boshladi. Samo nayzanlari “Farahfazo” kuyini chalib uni koʻklarga chorladi”. Koʻrinadiki, qol holga doʻnadi, Mulla Jaloliddin Mavlono Rumiyga aylanadi. Mavlono shaxsiyati ulugʻvorligi va u asos solgan mavlaviya tariqati mazmun-mohiyati Samo raqsi bilan ochiladi. Raqsi samoda ruh sayrini koʻrsatuvchi harakatlar uygʻunligi mavjud. Ma’rufjon Yoʻldoshev birgina “Oʻng qoʻlini yuqori, soʻl qoʻlini quyi qilib” deya raqsi samo va Mavlono hayotidagi asosiy maslakka urgʻu beradi. Ya’ni, Mavlono Haqdan olaman va xalqqa yetkazaman degan murshidi komil, Haq oshigʻi, millatning xodimi edi. Aslida Shams ila Mavlono munosabatidagi har bir tafsilot, Jalloliddin Rumiy hayotidagi har bir hodisa qogʻozga tushirilsa ibrat boʻla oladi. Ammo kichik bir qissada voqealarda tanlov, ifodada siqiqlik talab qilinadi. Bunda muallifda mahorat, oʻquvchida esa tasavvuf, badiiyat ilmidan xabardorlik lozimdir. Bularsiz kitobxon shuurida ma’nosiz bir tasvirlar, mohiyatsiz bir manzaralar qoladi xolos. Aslida tasavvufiy hayot, mumtoz adabiyot asrorini anglagan muallif bu asarni goʻyo xoslar uchun yozgan. Oʻzbekiston xalq shoiri Xurshid Davron aytganidek: “Bu qissaning oʻz kitobxoni bor. U oddiy kitobxon emas. U toʻliq boʻlmasa-da, oz boʻlsa-da, tasavvufga oid manbalardan, donishmand bobolarimiz hikmatlaridan, hech boʻlmasa, Navoiy boboning “Nasoyim ul-muhabbat”idan xabardor kitobxondir”. Ammo zohiriy tushunilganda ham bu kabi asarlarning foydasi koʻpligi shubhasiz. Zero, asarning tarbiyaviy ahamiyati katta. Ta’lim hamda tarbiyada oilaning oʻrni Kiro xotunning allasi orqali izhor qilingan. “Hu” deya alla aytgan onalar alplarni dunyoga keltirgan, valiy erlarni tarbiyalagan. “Hu” – avliyolar tasbehi”, derdi rahmatli volidam, – deya esladi Kiro xotun”. Abu Nasr Sarroj “Al-Luma’” asarida: “Ismi a’zam Alloh lafzidir, – deydi. Chunki uning alifi ketsa, “Lilloh” (Alloh uchun) qoladi. Ilk lomi ketsa, “Lahu” (Unga) qolib, baribir Allohga ishorat qiluvchi xoslik yoʻqolmaydi. Hatto ikki lom ketsa ham “He” harfi qoladi. Barcha sirlar mana shu U – “He”da yashirindir. Chunonchi Uning ma’nosi ham “Hu” (U)dir. Boshqa Asmoi ilohiyalardan bir harf olinadigan boʻlsa, ma’no butunlay yoʻqoladi, unda Allohga ishorat etguvchi biror belgi qolmaydi. Zero, Alloh ismi bilan Allohdan boshqasi tilga olinmaydi”[ Gökbulut S. Necmeddîn-i Kübrâ (hayatı, eserleri, görüşleri).– İstanbul: İnsan yayınları, 2010. – S. 308.]. Ma’lumki, nafsi mulhama maqomidagi ruh “Hu” zikri bilan ma’no olamida sayr etadi. Onalikning ulugʻ martabasi hamda mas’uliyatini uning allasidan bilish qiyin emas:

Hu-hu-hu, Olloh hu!
Bu senga oson hu…
Bizga shifo ber oʻzing,
Katta boʻlsin bu quling.
Hu-hu-hu, Olloh hu!..

Millat onalarini yetishtirish har zamonning buyuk musibatlaridan boʻlgan. Ushbu asar oʻzining barkamol qahramonlari bilan ulugʻ qadriyatlar judoligiga ham barham qoʻyishga harakat qilgan.
Asarda Mavlononing murshidi komilligi va uning muridlari bilan munosabatini ham muallif unutmaydi. Va bir boʻlimda ilm mohiyati, tariqat odobi koʻrsatib beriladi. Yozuvchi shunday soʻzlar tanlaydiki, ular ilohiy amrlarni beixtiyor yodga soladi. Masalan, asarda oʻqiymiz: “Uch kunlik dunyo luqmasi uchun ilm riyozatini chekmoqning ma’nosi bormi, ey farzand? Senga ilm deya taqdim qilinayotgani aslida arqondir. Zulmat qudugʻidan qutulmoq istasang, arqonni mahkam tut”. Mazkur bayonlar Parvardigorning “…Barchalaringiz Allohning arqoniga (Qur’onga) bogʻlaningiz va boʻlinmangiz (Oli Imron: 3/103)” oyati karimasi singari eshitiladi. Murshid yoʻl sifatida “shariat sunnati va odobi”ni tarjih etganligini yaqqol namoyon qiladi. Azaldan tariqatning dastur ul-amali murshid va murid munosabatlari bilan ochib berilgan. Bu tasavvuf nazariyasi, tariqat hayotini anglatishda sharqning oʻziga xos an’anasidir. Nafsni tanish borasidagi ilk manbalarda nazariy tushuntirishlardan soʻng, albatta, valiylar hayotidan lavhalar berilgan. Chunki tasavvuf – amaliy hayotdir. Quruq da’vo, yolgʻon safsata falsafasi emas, vujud va ruh mushtarakligidagi amaliyot, riyozat, yashab oʻtiladigan his, hol hamda maqomlar hikmatidir.
Asardagi ma’lumotlar, munosabatlar mashhur va koʻpchilikka ma’lum. Biroq uning ifodasidagi yurakning ovozi hamda ma’naviy bir zanjir tahsinga loyiq.

Asardagi xayolga kenglik, yurakka tamkin beruvchi lavhalardan biri nay nolasi bilan bogʻliq. Bu ham koʻpchilikka tanish “Iskandarning shoxi bor” sirini yangilab, koʻngil sayrini anglashimizga yordam beradi. “Hazrati Muhammad (s.a.v.) oʻz takomilining choʻqqisi boʻlmish Me’rojga yuksalganda koʻplab sirlardan ogoh boʻlgan edi. Bir kuni shu haqda tafakkur qilib oʻtirganlarida yonlariga Hazrati Ali kirib kelib, “YO, Rasululloh, bunchalik mahzunligingiz sababi nedir, biror tashvishingiz bormi?” deb soʻrabdi. Rasuli akram “Yoʻq, menga ayon qilingan sirlar haqida oʻylab oʻtirgan edim” debdi. Hazrati Ali “Menga ham ozroq aytib bering, voqif boʻlmoq istayman” debdi. “Koʻtara olmaysan, bardoshing yetmaydi, Ali!” debdi Paygʻambar alayhissalom. Ammo uning koʻzlaridagi ishtiyoqni koʻrib, ilohiy ishq sirini hazrati Aliga aytibdi. U shunday sir ekanki, zalvariga Hazrati Ali bardosh bera olmabdi”. Alaloqibat Hazrat Ali ilohiy ishq sirrini bir quduqqa aytadilar. Voh, ming vohki, Kimam bu sirni saqlay olardi?! Endi quduq bagʻrida ungan sirbon nay ramzida Alabiyot ham uni “qalbi ochiq, pok va komil insonlargina” anglaydigan nolai afgʻonda qiyomatga qadar oshkor qilaveradi. Mavlono deganda, shubhasiz, firoqdan faryod qilayotgan nay esga keladi. “Majma’ul-bahrayn” haqida soʻz ketganda esa tasavvufiy lugʻatlarda, albatta, Me’roj voqeasi va “Qoba qavsayn maqomi” xotirlanadi. Chunki nafs tazkiyasidan murod ruhning me’roj orzusidir. Ruh asl vatanga intilaveradi. Birgina mana shu rivoyat ruhning parvozi, nayning asl vatan sogʻinchini anglash uchun yetarli hisoblanadi. Gʻurbat diyorida foniy va boqiy – ikki olamni birlashtiradan koʻngildir. Koʻngil me’rojiga erishgan zotlar olami kubroga aylanadi. Olami sugʻrodan olami kubroga aylanishda malomatiylikning oʻrni katta. Mavlononing malomatvashligi ham asarda ta’sirli va jonli berilgan. Kitobxonning holdoshlik maqomiga koʻtarilishi asarning vazifasi, adabiyotning kuchini belgilaydi. Mavlononing malomati inson fitratiga shunchalar yaqinki, har bir nafs uni oʻzicha takrorlaydi: “Tovus qushiga oʻxshab faqat qanot va dumingga mahliyo boʻlavermay, ba’zan oyoqlaringga ham qarab tur, Jaloliddin!” demasmidim?! Toʻy-hashamlarda yasan-tusan qilgan chogʻim “Ey, zarbof toʻn va oltin kamar taqishga oʻrgangan odam, sening ham choksiz libos kiyadigan kuning keladi, hushyor boʻl!” demasmidim?! Nari borsa, “Koʻnglingni poklamasdan, tinmay tahorat olganing nimasi!” demasmidim, xotun?! Evoh! Men shunday insonlarni koʻrdimki, kiygani kiyimi yoʻq; shunday kiyimlarni koʻrdimki, ichida inson yoʻq”. Tariqat ahli sahobalar – ahli suffa kabi ehson maqomida istiqomat qilishni orzulagan zotlardir. Ular qalb tahoratini, ruh namozini, jon zakotini, koʻngil roʻzasini, diydor hajini istashgan. Mavlono ham “Allohga xuddi Uni koʻrib turgandek, agar sen Uni koʻrmasang, U seni koʻrib turgandek ibodat qilmoq” – ya’ni, ehson martabasiga koʻtarilgan edi. “Dengiz sohiligacha iz bor. Dengizga kirgandan keyin na iz qolar, na nishon. Ollohning doʻstlari – avliyolardir. Xohla – Uni koʻr, xohla – meni. Ey, savollariga javob izlayotgan kishi, men – Uman, U esa mendir!” Oʻlmasdan tugʻilish boʻlarmidi?! Ammo oʻlimdan oʻlimning farqi bor. Mavlono “Tugʻilganlar! Oʻlim eshik qoqarkan, noʻshi nob aylang! Oʻlim-oshiqqa begona. Tugʻilmoqqa shitob aylang!.. degan edi. Shams esa asarda: “Bizlar uchun oʻlmoq asli yangidan tugʻilmoqlikdir! Yiqilish – yuksalish demakdir, koshki buning ma’nisini anglay olsang! Quyosh botsa, Oy koʻringay, koʻrmasmisan? Hech jahonda shamsu qamarni tuproq ostiga koʻmarlarmi? Senga botmoq boʻlib tuyulsa-da, otmoqdir aslida; meni lahadga hibs aylasang-da, jon omon boʻlgʻay, ma’shuqiga muntazir boʻlgʻay. Jon Yusufiga choh ichra nechun figʻon qilgʻay, anglamasmisan?!” – deya abadiyat saodatini tushuntiradi. Shamsning oʻgitlari uning yolgʻiz jon qotillariga emas, butun insoniyatga tegishlidir. Bu ham asarning tarbiyaviy ahamiyatini oshirishga hissa qoʻshgan oʻrinlardandir. Chunki oʻlim hikmatini anglamasdan haqiqatga yetib boʻlmaydi. Shamsdan judolik darbadarligi ogʻir kechdi. Ammo ushbu mahrumiyatda bir qurbat, ma’naviy tugʻilish, ruhiy valodat borligini oxiri Mavlono angladi. Koʻngil shamsini izlashdagi beqarorlik bir kun kelib iqrorga aylandi: “Keyin… keyin esa u qalban buyuk bir taslimiyatni his qildi. Shamsni qaerdandir emas, oʻzidan qidirmogʻi kerakligini angladi: – Men uni jisman topolmadim, topolmadim piri sharifni… Ammo angladimki, u menda, uning nuri mening ruhimda. Uni qidirganlar dashtu sahrodan izlab ovora boʻlmasinlar. U nur menda…” Darhaqiqat, Shams nomidan ash’orlar bitildi. Shams oynasida qalblarni fath etgan, vahdat va muhabbat shoiri Mavlono dunyoga keldi. Ammo Jaloliddin Rumiy oynasida xalqqa Xoliqni xotirlatuvchi Shamsning adabiyot osmoniga chiqqanligi ham rostdir.

Adabiyot samoviy hislarga asir koʻngillarga farah, taskin, umid baxsh etishi lozim. Qalbda Mavlono Rumiydek “Men kimman oʻzi? Bu olamga nega keldim? Qayon ketmogʻim kerak? Ildizim qaerdayu yuzimni qay tomon burmogʻim kerak?” kabi savollarni tugʻdirishi va hidoyat yoʻlini koʻrsatishi shart. Har bir inson istasa, istamasa, bir yoʻlchidir. Yoʻlda yengillik taslimiyat bilan boʻladi. Buning uchun esa ishq lozim. Alast ahdiga vafo ahli Haqni, haqiqat yoʻlini izlayveradi. Zamon shunchalar tezlashdi, endi yurib emas, najot manziliga uchib borishga majburmiz. Allohga borar yoʻllar koʻp, ammo parvoz uchun Mavlono aytganidek, “Siz Muhabbatni tanlang”. Shunda murod manzili yaqin, mashaqqatlar yengil boʻladi. Yoʻlsizga oydin yoʻl, yoʻlchiga ishq va irfon qanoti – Adabiyotdir. Menimcha, yaratilgan har bir asar zulmatda oʻzligini izlash dardidagi koʻngillarga oyna tuta oladigan tabrizli Shams boʻlishi kerak. Bu oynada oʻquvchi oʻz nafsini koʻradi, Robbini taniydi, Unga oshiq boʻladi va xalq xizmatiga bel bogʻlaydi. “Shams ila Mavlono” (Ikki dengiz tutashuvi)” mana shunday asarlardan biridir. Oʻqing, umid qilamanki, koʻngillarda uygʻoqlik boʻlib, rabboniy ma’rifat, rahmoniy latofat eshiklari ochiladi. Asarda urgʻulanganidek, Johil nafs mastu mulzam boʻlib, qadim baytulloh – koʻngil uyingizni “ishq atri – behishtiy mushk ifori tutadi”.

45

(Tashriflar: umumiy 49, bugungi 49)

Izoh qoldiring