Abu Ali Ibn Sino. «Zafarnoma»dan hikmatlar. Xurshid Davron tarjimasi

   16 АВГУСТ — УЛУҒ ВАТАНДОШИМИЗ АБУ АЛИ ИБН СИНО ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Тарихий манбаларда қайд этилишича, «Зафарнома» аслида подшо Ануширвони одил учун унинг вазири Бузургмеҳр томонидан  битилган ҳикматлар мажмуасидир. Абу Али ибн Сино Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур Сомоний кўрсатмаси билан уни милодий 997 йилда қадимда қўлланилган паҳлавий тилидан форсийга ўгирган. Бу рисола асрлар мобайнида Ибн Сино асарлари қаторида авайлаб-асраб келинган.

АБУ АЛИ ИБН СИНО
“ЗАФАРНОМА” АСАРИДАН ҲИКМАТЛАР
Хуршид Даврон таржимаси

09

sina.png ИБН СИНО (980.8, Бухоро — 1037.18.6, Ҳамадон ш., Эрон) — жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўртаосиёлик буюк қомусий олим. Бухоронинг Афшона қишлоғида туғилиб ўсган ва номи бутун жаҳонга машҳур бўлган олимлнинг тўлиқ номи Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Бухорий.
Ибн Сино ёшлигиданоқ истеъдодли, хотираси кучли ва ўткир зеҳнли сифатлари билан ном қозонган эди. Унинг зеҳни шу даражада кучли бўлиб, у 10 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд олган. Ёшлигиданоқ табиат илмини чуқир ўрганади, юнон олимларининг илмий меросига қизиқади. Буқрот ва Жолинус асарларини ўрганиб, табиблик билан шуғинланади. Бинобарин у 16-17 ёшидаёқ Бухорода машҳур табиб бўлиб ном қозонади. Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ II ибн Мансур касал бўлиб қолганда кўп табиблар унинг дардига шифо топа олмайдилар. Шунда ёш Ибн Сино довруғини эшитган подшо аёнлари уни Афшона қишлоғидан олиб келади. Натижада унинг муолажасидан шифо топган подшо унга Бухорода машҳур бўлган Сомоний подшоларининг кутубхонасидан фойдаланишга руҳсат беради. Ибн Сино бир йил давомида кутубхонанинг турли фан соҳаларига доир асарларидан бахра олган аллома жаҳонга машхур олим, ҳам шифокор, файласуф, шоир, ислом илмининг етук олими бўлиб танилади.
Буюк қомусий олимдан бизга жуда катта илмий мерос қолган бўлиб, турли манбаларда улуғ мутафаккирнинг фалсафа, мантиқ, рухшунослик, адабиётшунослик, шеърият, мусиқа, геология, минералогия, физика, математика, тиббиёт, фалакиёт ва фаннинг бошқа соҳаларига оид 450 дан ортиқ илмий асарлари қайт этилади. Бироқ бизгача Ибн Синонинг фақат 242 та асари етиб келган. Шундан 80 таси фалсафа, илоҳиёт ва тасаввуфга, 43 таси табобатга, 19 мантиққа, 26 таси руҳшуносликка, 23 таси тиббиёт илмига, 7 таси фалакиётга, 1 таси риёзиётга, 1 таси мусиқага, 2 таси кимёга, 9 таси одоб илмига, 4 таси адабиётга, 8 таси бошқа олимлар билан бўлган ёзишмаларга тегишлидир.

09

06   Анушервони Одил замонида бирон бир нарса йўқ эдиким, ҳикматдан азиз ҳисобланган бўлса. Ва ўша аср донишмандларининг барчаси мутаққий ва тақводор эдилар.
Кунлардан бир кун Анушервон вазири бўлмиш Абузаржмеҳрни ҳузурига чорлади ва айтдиким:
— Шундай қисқа бир китоб тузгинки, унда дунё ва уқбо (охират)нинг ҳар бир ишида фойда бергувчи маънолар жам бўлсин.
Абузаржмеҳр бир йиллик муддат тилади, жуда кўп ҳикматларни жамлади ва унга «Зафарнома» деб ном берди. Сўнг уни Анушервон ҳузурига келтирди ва бу китоб подшоҳга жуда маъқул келди. Подшоҳ буюрдиким: «Бу китобдаги ҳикматларни зар (кумуш) суви билан ёзинглар ва мен қаерда бўлмай, ҳар доим ёнимда сақланглар». Анушервони Одил шу китобни мутолаа қилиш билан вақт ўтказа бошлади.

Абузаржмеҳр (бу китоб қандай ёзилгани ҳақида) оғиз очиб айтдиким: «Мен устозимга савол берардим ва у киши менга жавоб қилардилар.

Устозимдан сўрадимки:
— Эй, устод, мен Худои азза ва жалладан нимани тилайки, барча яхшиликларни тилаган бўлай?
Устодим айтдиларки:
— Уч нарсани: — соғу саломатликни, эмин-хотиржамликни ва давлатмандликни!

Сўрадимки:
— Ишимни қандай кишига ишониб топширсам бўлади?
Айтдиларким:
— Шундай кишига топширки, ўзингга муносиб бўлсин.

Сўрадимки:
— Кимдан хотиржам бўлай?
Айтдиларким:
— Ҳасадгўй бўлмаган дўстингдан.

Яна сўрадимки:
— Қандай иш инсонни жаннатга сазовор этади?
Айтдиларким:
— Илм олмоқ ва ёшликдан бошлаб Ҳақ йўлидан юрмоқ.

Сўрадимки:
— Одамлар олдида қадрингни туширадиган айб иш нима?
Устодим айтдиларки:
— Қилган ишни пеш қилмоқ, миннат қилмоқ.

Сўрадимки:
— Агар дўст тутинган кишинг муносиб эмаслигини билиб қолсанг, қандай қилиб ундан узоқлашмоқ мумкин?
Айтдиларким:
— Уч йўл билан— у билан камроқ учрашмоқ, ҳол-аҳвол суриштирмаслик ва ундан бирон иш ҳожатини тиламаслик билан узоқлашмоқ даркор.

Сўрадимки:
— Ёшлар учун қандай иш яхшию, қарилар учун қандай иш муносиброқ?
Айтдиларким:
— Ёшларга уят билан ғайрат, шижоат билан жасурлик; қарияларга донишмандлик ва оҳисталик ярашади.

Яна устоддан сўрадимки:
— Кимлардан ҳазар қилмоқ лозим?
Айтдиларким:
— Тилёғлама фирибгардан ва ўзи давлатманду хасис бўлган кишидан.

Сўрадимки:
— Эй устод, сахий кимдур?
Айтдиларким:
— Сахий улдирким, саховат кўрсатса- ю, ўзи қилган ишидан қувонса.

Сўрадимки:
— У нимадирки, ҳамма тилайдию, ҳамма ҳам етишолмайди?
Устод жавоб бердиларки:
— Уч нарсани — соғлиқ, қувонч ва содиқ дўстни ҳамма тилайди, аммо
ҳамма ҳам етолмайди.

Сўрадимки:
— Яхшилик яхшими ёки ёмонлиқдан узоқ юрмоқми?
Айтдиларким:
— Ёмонликдан узоқ юрмоқ яхшиликларнинг энг яхшисидир!

Сўрадимки:
—Айб саналган бирон ҳунар борми?
Устод айтдиларким:
— Миннат билан қилинган саховат.

Яна сўрадимки:
— Донишмандликни орттирадиган нарса нима?
Айтдиларким:
— Ростгуйлик!

Сўрадимки:
— Мардликнинг нишона-си нима?
Айтдиларким:
— Авф этишга қодирлик!

Сўрадимки:
— Оқиллар қилган ишнинг энг аълоси нима?
Устод айтдиларким:
— Ёмонларни ёмонликдан сақламоқ!

Яна сўрадимки:
— Одамлар қилган ишларнинг энг зиёни қайси?
Айтдиларким:
— Ҳамма кўриб турган айб ишни қилмоқ!

Сўрадимки:
— Инсон ҳаётининг қандай соати зое кетади?
Айтдиларким:
— Бировга қилиши мумкин эзгу ишни қилмаган соат зоедур!

Яна сўрадимки:
— Фармонлардан қайсиларини хор қилмаслик лозим?
Айтдиларким:
— Учта фармонни — аввал — Худо, иккинчи — оқиллар, учинчи — ота-она буюрганини хор қилмагин!

Сўрадимки:
— Энг яхши ҳаёт нима?
Айтдиларким:
— Фароғат ва эминликдур!

Сўрадимки:
— Ўлимдан ҳам ёмон нарса борми?
Устод айтдиларким:
— Бор! Бу муфлислик,яъни қашшоқликдур!

Сўрадимки:
— Нима яхшидур?
Айтдиларким:
— Ҳақнинг розилиги!

Сўрадимки:
— Дўстликни хароб этувчи нима?
Айтдиларким:
— Тўрт нарса борким, дўстликни хароб этгувчидир — бойларнинг бахиллиги; донишмандларнинг такаббурлиги; аёлларнинг ҳаёсизлиги ва эркакларнинг ёлғон сўзламоғи.

Яна сўрадимки:
— Мардумлар (кишилар) ишини хароб этгувчи нимадир?
Айтдиларким:
— Тилёғламалик, золимларни мақтамоқ!

Устоддан сўрадимки:
— Дунё нимадан равнақ топади?
Айтдиларким:
— Донишмандларни эҳтиром қилишдан!

Сўрадимки:
— Қандай ишдан табибга ҳожат бўлмайди?
Айтидарким:
— Кам емоғу кам ухламоғу кам гапирмоқдан!

Яна сўрадим-ки:
— Ким оқилдур?
Устод айтдиларким:
— Кам гапирган, аммо кўп тинглаган ва кўп билган оқилдур!

Сўрадимки:
— Хорлик нимадан бўлади?
Айтдиларким:
— Дангасалигу ахлоқсизликдан!

Сўрадимки:
— Умр офати нимадан?
Айтдиларким:
— Ёлғизлиқдан!

Сўрадимки:
— Номус-ор пардасини кеткизгувчи нима?
Айтиларким:
— Таъма!

Яна сўрадимки:
— Яхши иш нима?
Айтдиларким:
— Беминнат тавозе ва сахийлик!

Сўрадимки:
— Энг ёмон иш нима?
Айтдиларким:
— Икки нарсадир: подшоҳнинг қаҳру ғазаб ва давлатманднинг бахиллиги.

Сўрадимки:
— Қандай кишидан маслаҳат олай?
Устод айтдиларким:
— Шундай кишидан маслаҳат олгинки, уч фазилатга: поклик, яхшилар ҳурматига сазоворлик ва донишмандликка эга бўлсин

Сўрадимки:
— Яхшилик белгиси нима?
Айтдиларким:
— Хоксорлик, беминнат саховат ва холисона хизмат.

Сўрадимки:
— Одамлар нимани дўст тутсинлар?
Айтдиларким:
— Уч нарсани — муомалада ситам қилмаслик, ёлғон айтмаслик ва тил билан бировни ранжитмасликни!

Сўрадимки:
— Агар илм ўргансам нима топаман?
Айтдиларким:
— Агар оддий киши бўлсанг, улуғ ва номдор бўласан; агар камбағал бўлсанг, бадавлат бўласан ва агар машҳур бўлсанг, ундан-да зиёда машҳур бўласан!

Сўрадимки:
— Бойлик ниманинг эвазига келади?
Айтдиларким:
— Бўйнингдаги одамлар қарзидан қутилсанг, ота-онангга фароғат келтирсанг, душманни дўстга айлантирсанг ва дўсту душманга муросалик бўлсанг!

Сўрадимки:
— У нимадирки, емайдилару баданга манфаат етади?
Устод айтдиларким:
— Яхшилар суҳбати ва ёр дийдорию юмшоқ либос, мўътадил ҳаммому хушбўй ис!”

Манба: «Ватан» газетаси,1996 йил. 17-сон

Абу Али ибн Сино ҳаёти ва фаолияти «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида


Қуйидаги видео ҳақида маълумот: Абу Али Ибн Сино. «Буюк аждодларимиз» туркумидан ҳужжатли филм. “O’zbekiston” телеканали маҳсулоти. Сценарий муаллифи: Ботирали Имомом. Режиссёр: Зафар Хўжақулов. Тасвирчилар: Алишер Қоратоев, Шерзод Эргашев. Маслаҳатчи: Профессор Жуманазар Бекназаров. Муҳаррир: Назар Эшонқул. Бадиий раҳбар: Хуршид Даврон

Abu Ali Ibn Sino. «Buyuk ajdodlarimiz» turkumidan hujjatli film. “O’zbekiston” telekanali mahsuloti. Stsenariy muallifi: Botirali Imomom. Rejissyor: Zafar Xo’jaqulov. Tasvirchilar: Alisher Qoratoyev, Sherzod Ergashev. Maslahatchi: Professor Jumanazar Beknazarov. Muharrir: Nazar Eshonqul. Badiiy rahbar: Xurshid Davron

16 AVGUST — ULUG’ VATANDOShIMIZ ABU ALI IBN SINO TAVALLUD TOPGAN KUN 

Tarixiy manbalarda qayd etilishicha, «Zafarnoma» aslida podsho Anushirvoni odil uchun uning vaziri Buzurgmehr tomonidan bitilgan hikmatlar majmuasidir. Abu Ali ibn Sino Buxoro amiri Nuh ibn Mansur Somoniy ko’rsatmasi bilan uni milodiy 997 yilda qadimda qo’llanilgan pahlaviy tilidan forsiyga o’girgan. Bu risola asrlar mobaynida Ibn Sino asarlari qatorida avaylab-asrab kelingan.

ABU ALI IBN SINO
“ZAFARNOMA” ASARIDAN HIKMATLAR
Xurshid Davron tarjimasi

09

54912e7f549c8.PNGIBN SINO (980.8, Buxoro — 1037.18.6, Hamadon sh., Eron) — jahon fani taraqqiyotiga ulkan hissa qo’shgan o’rtaosiyolik buyuk qomusiy olim. Buxoroning Afshona qishlog’ida tug’ilib o’sgan va nomi butun jahonga mashhur bo’lgan olimlning to’liq nomi Abu Ali al-Husayn ibn Abdulloh Buxoriy.
Ibn Sino yoshligidanoq iste’dodli, xotirasi kuchli va o’tkir zehnli sifatlari bilan nom qozongan edi. Uning zehni shu darajada kuchli bo’lib, u 10 yoshidayoq Qur’oni karimni yod olgan. Yoshligidanoq tabiat ilmini chuqir o’rganadi, yunon olimlarining ilmiy merosiga qiziqadi. Buqrot va Jolinus asarlarini o’rganib, tabiblik bilan shug’inlanadi. Binobarin u 16-17 yoshidayoq Buxoroda mashhur tabib bo’lib nom qozonadi. Somoniylar hukmdori Nuh II ibn Mansur kasal bo’lib qolganda ko’p tabiblar uning dardiga shifo topa olmaydilar. Shunda yosh Ibn Sino dovrug’ini eshitgan podsho ayonlari uni Afshona qishlog’idan olib keladi. Natijada uning muolajasidan shifo topgan podsho unga Buxoroda mashhur bo’lgan Somoniy podsholarining kutubxonasidan foydalanishga ruhsat beradi. Ibn Sino bir yil davomida kutubxonaning turli fan sohalariga doir asarlaridan baxra olgan alloma jahonga mashxur olim, ham shifokor, faylasuf, shoir, islom ilmining yetuk olimi bo’lib taniladi.
Buyuk qomusiy olimdan bizga juda katta ilmiy meros qolgan bo’lib, turli manbalarda ulug’ mutafakkirning falsafa, mantiq, ruxshunoslik, adabiyotshunoslik, she’riyat, musiqa, geologiya, mineralogiya, fizika, matematika, tibbiyot, falakiyot va fanning boshqa sohalariga oid 450 dan ortiq ilmiy asarlari qayt etiladi. Biroq bizgacha Ibn Sinoning faqat 242 ta asari yetib kelgan. Shundan 80 tasi falsafa, ilohiyot va tasavvufga, 43 tasi tabobatga, 19 mantiqqa, 26 tasi ruhshunoslikka, 23 tasi tibbiyot ilmiga, 7 tasi falakiyotga, 1 tasi riyoziyotga, 1 tasi musiqaga, 2 tasi kimyoga, 9 tasi odob ilmiga, 4 tasi adabiyotga, 8 tasi boshqa olimlar bilan bo’lgan yozishmalarga tegishlidir.

09

07   Anushervoni Odil zamonida biron bir narsa yo’q edikim, hikmatdan aziz hisoblangan bo’lsa. Va o’sha asr donishmandlarining barchasi mutaqqiy va taqvodor edilar.Kunlardan bir kun Anushervon vaziri bo’lmish Abuzarjmehrni huzuriga chorladi va aytdikim:
— Shunday qisqa bir kitob tuzginki, unda dunyo va uqbo (oxirat)ning har bir ishida foyda berguvchi ma’nolar jam bo’lsin.
Abuzarjmehr bir yillik muddat tiladi, juda ko’p hikmatlarni jamladi va unga «Zafarnoma» deb nom berdi. So’ng uni Anushervon huzuriga keltirdi va bu kitob podshohga juda ma’qul keldi. Podshoh buyurdikim: «Bu kitobdagi hikmatlarni zar suvi bilan yozinglar va men qaerda bo’lmay, har doim yonimda saqlanglar». Anushervoni Odil shu kitobni mutolaa qilish bilan vaqt o’tkaza boshladi.
Abuzarjmehr (bu kitob qanday yozilgani haqida) og’iz ochib aytdikim: «Men ustozimga savol berardim va u kishi menga javob qilardilar.

Ustozimdan so’radimki:
— Ey, ustod, men Xudoi azza va jalladan nimani tilayki, barcha yaxshiliklarni tilagan bo’lay?
Ustodim aytdilarki:
— Uch narsani: — sog’u salomatlikni, emin-xotirjamlikni va davlatmandlikni!

So’radimki:
— Ishimni qanday kishiga ishonib topshirsam bo’ladi?
Aytdilarkim:
— Shunday kishiga topshirki, o’zingga munosib bo’lsin.

So’radimki:
— Kimdan xotirjam bo’lay?
Aytdilarkim:
— Hasadgo’y bo’lmagan do’stingdan.

Yana so’radimki:
— Qanday ish insonni jannatga sazovor etadi?
Aytdilarkim:
— Ilm olmoq va yoshlikdan boshlab Haq yo’lidan yurmoq.

So’radimki:
— Odamlar oldida qadringni tushiradigan ayb ish nima?
Ustodim aytdilarki:
— Qilgan ishni pesh qilmoq, minnat qilmoq.

So’radimki:
— Agar do’st tutingan kishing munosib emasligini bilib qolsang, qanday qilib undan uzoqlashmoq mumkin?
Aytdilarkim:
— Uch yo’l bilan— u bilan kamroq uchrashmoq, hol-ahvol surishtirmaslik va undan biron ish hojatini tilamaslik bilan uzoqlashmoq darkor.

So’radimki:
— Yoshlar uchun qanday ish yaxshiyu, qarilar uchun qanday ish munosibroq?
Aytdilarkim:
— Yoshlarga uyat bilan g’ayrat, shijoat bilan jasurlik; qariyalarga donishmandlik va ohistalik yarashadi.

Yana ustoddan so’radimki:
— Kimlardan hazar qilmoq lozim?
Aytdilarkim:
— Tilyog’lama firibgardan va o’zi davlatmandu xasis bo’lgan kishidan.

So’radimki:
— Ey ustod, saxiy kimdur?
Aytdilarkim:
— Saxiy uldirkim, saxovat ko’rsatsa- yu, o’zi qilgan ishidan quvonsa.

So’radimki:
— U nimadirki, hamma tilaydiyu, hamma ham yetisholmaydi?
Ustod javob berdilarki:
— Uch narsani — sog’liq, quvonch va sodiq do’stni hamma tilaydi, ammo
hamma ham yetolmaydi.

So’radimki:
— Yaxshilik yaxshimi yoki yomonliqdan uzoq yurmoqmi?
Aytdilarkim:
— Yomonlikdan uzoq yurmoq yaxshiliklarning eng yaxshisidir!

So’radimki:
—Ayb sanalgan biron hunar bormi?
Ustod aytdilarkim:
— Minnat bilan qilingan saxovat.

Yana so’radimki:
— Donishmandlikni orttiradigan narsa nima?
Aytdilarkim:
— Rostguylik!

So’radimki:
— Mardlikning nishona-si nima?
Aytdilarkim:
— Avf etishga qodirlik!

So’radimki:
— Oqillar qilgan ishning eng a’losi nima?
Ustod aytdilarkim:
— Yomonlarni yomonlikdan saqlamoq!

Yana so’radimki:
— Odamlar qilgan ishlarning eng ziyoni qaysi?
Aytdilarkim:
— Hamma ko’rib turgan ayb ishni qilmoq!

So’radimki:
— Inson hayotining qanday soati zoe ketadi?
Aytdilarkim:
— Birovga qilishi mumkin ezgu ishni qilmagan soat zoedur!

Yana so’radimki:
— Farmonlardan qaysilarini xor qilmaslik lozim?
Aytdilarkim:
— Uchta farmonni — avval — Xudo, ikkinchi — oqillar, uchinchi — ota-ona buyurganini xor qilmagin!

So’radimki:
— Eng yaxshi haet nima?
Aytdilarkim:
— Farog’at va eminlikdur!

So’radimki:
— O’limdan ham yomon narsa bormi?
Ustod aytdilarkim:
— Bor! Bu muflislik,ya’ni qashshoqlikdur!

So’radimki:
— Nima yaxshidur?
Aytdilarkim:
— Haqning roziligi!

So’radimki:
— Do’stlikni xarob etuvchi nima?
Aytdilarkim:
— To’rt narsa borkim, do’stlikni xarob etguvchidir — boylarning baxilligi; donishmandlarning takabburligi; ayollarning hayosizligi va erkaklarning yolg’on so’zlamog’i.

Yana so’radimki:
— Mardumlar (kishilar) ishini xarob etguvchi nimadir?
Aytdilarkim:
— Tilyog’lamalik, zolimlarni maqtamoq!

Ustoddan so’radimki:
— Dunyo nimadan ravnaq topadi?
Aytdilarkim:
— Donishmandlarni ehtirom qilishdan!

So’radimki:
— Qanday ishdan tabibga hojat bo’lmaydi?
Aytidarkim:
— Kam yemog’u kam uxlamog’u kam gapirmoqdan!

Yana so’radim-ki:
— Kim oqildur?
Ustod aytdilarkim:
— Kam gapirgan, ammo ko’p tinglagan va ko’p bilgan oqildur!

So’radimki:
— Xorlik nimadan bo’ladi?
Aytdilarkim:
— Dangasaligu axloqsizlikdan!

So’radimki:
— Umr ofati nimadan?
Aytdilarkim:
— Yolg’izliqdan!

So’radimki:
— Nomus-or pardasini ketkizguvchi nima?
Aytilarkim:
— Ta’ma!

Yana so’radimki:
— Yaxshi ish nima?
Aytdilarkim:
— Beminnat tavoze va saxiylik!

So’radimki:
— Eng yomon ish nima?
Aytdilarkim:
— Ikki narsadir: podshohning qahru g’azab va davlatmandning baxilligi.

So’radimki:
— Qanday kishidan maslahat olay?
Ustod aytdilarkim:
— Shunday kishidan maslahat olginki, uch fazilatga: poklik, yaxshilar hurmatiga sazovorlik va donishmandlikka ega bo’lsin.

So’radimki:
— Yaxshilik belgis nima?
Aytdilarkim:
— Xoksorlik, beminnat saxovat va xolisona xizmat.

So’radimki:
— Odamlar nimani do’st tutsinlar?
Aytdilarkim:
— Uch narsani — muomalada sitam qilmaslik, yolg’on aytmaslik va til bilan birovni ranjitmaslikni!

So’radimki:
— Agar ilm o’rgansam nima topaman?
Aytdilarkim:
— Agar oddiy kishi bo’lsang, ulug’ va nomdor bo’lasan; agar kambag’al bo’lsang, badavlat bo’lasan va agar mashhur bo’lsang, undan-da ziyoda mashhur bo’lasan!

So’radimki:
— Boylik nimaning evaziga keladi?
Aytdilarkim:
— Bo’yningdagi odamlar qarzidan qutilsang, ota-onangga farog’at keltirsang, dushmanni do’stga aylantirsang va do’stu dushmanga murosalik bo’lsang!

So’radimki:
— U nimadirki, yemaydilaru badanga manfaat yetadi?
Ustod aytdilarkim:
— Yaxshilar suhbati va yor diydoriyu yumshoq libos, mo»tadil hammomu xushbo’y is!”

Manba: «Vatan» gazetasi,1996 yil. 17-son

04

(Tashriflar: umumiy 3 830, bugungi 1)

Izoh qoldiring