Ezop. Masallar (2)

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h45m56s_011_.png     Деразага осиб қуйилган қафасдаги Саъва кечаси билан тинмай сайраб чиқарди. Унинг хонишини эшитган Кўршапалак учиб келиб: «Нима учун кун бўйи чурқ этмайсану нуқул кечаси сайрайсан?» деб сўради.….

ЭЗОП
МАСАЛЛАР
Русчадан Қ. Мирмуҳамедов таржимаси
007

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h36m07s_008a.png    Эзоп (мил. ав. 6-аср) — юнон масалчиси. Ривоятларга қараганда, Эзоп фригиялик қул бўлиб, сўнг озод қилинган. Лидия шоҳи Крез саройида хизматда бўлган, Дельфада ўлдирилган. Антик даврда маълум бўлган деярли барча масалларнинг сюжети Эзопники деб ҳисобланган. Улар милоддан аввалги 4-3 асрлардан бошлаб тўпланган ва «Эзоп масаллари» китобига киритилган. Милодий 10-15-асрлардаги қўлёзмаларда 300 дан ортиқ шундай масал сақланиб қолган.
Эзоп масаллари ғоявий жиҳатдан тушкунлик ва умидсизлик руҳида ёзилган, персонажлари (асосан, ҳайвонлар) ўта шартли, воқеалар ихчам баён қилинган; тили содда, жонли тилга яқин. Эзоп масаллари сюжети Европа масалчилиги сюжетининг асосини ташкил этган. Лотин масалчиси Федр (1-аср) ва юнон масалчиси Бабрий (2-аср)дан тортиб француз Ж. Лафонтен ва рус Иван Криловгача Эзоп масаллари сюжетини даврга мослаб ижодий ривожлантирганлар.

007

42. ДЕҲҚОН ВА УНИНГ БОЛАЛАРИ

Вақти қазоси етиб қолганини сезган бир кекса деҳқон ўзидан кейин болаларининг яхши миришкор деҳқон бўлиб, яхши ҳаѐт кечиришларини хоҳлабди-да, уларни ўз қошига чорлаб шундай дебди: «Болаларим, боғимиздаги токларнинг тагига мен хазина кўмганман». Чол қазо қилибди, ўғиллари уни дафн этиб келиб, дарҳол белкурак ва кетмонлар билан бутун боғни кавлаб, чопиб чиқишибди, аммо ҳеч қандай хазина топмабдилар. Вале яхши ишлов берилган токлар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бемисл мўл ҳосил келтирибди.

Ушбу масал, меҳнатнинг меваси — одамлар учун хазинадир, демоқчи.

43. ҚУРБАҚАЛАР

Иккита Қурбақа ўз масканлари бўлмиш кўлмакда сув қуриб қолганидан кейин бошқа сувли ерни қидириб йўлга тушадилар. Мана, улар бир қудуқ олдига келадилар; шунда биринчи Қурбақа: «Кел, тезроқ қудуққа сакраб тушақолайлик — ўйлаб ўтирамизми?» дейди. Лекин иккинчи Қурбақа ҳамроҳига жавобан шундай дейди: «Борди-ю бу ерда ҳам сув қолмаса, унда қандай чиқамиз қудуқ ичидан?»

Бу масал бизга ҳар қандай ишга киришишимиздан олдин қилмоқчи бўлган ишимизни пухта мулоҳаза қилиб кўрмоғимиз лозимлигини ўргатади.

45. ҲЎКИЗЛАР ВА АРАВАНИНГ ЎҚИ

Бир жуфт Ҳўкиз юк ортилган аравани тортиб борарди, араванинг Ўқи эса тинмай ғижирларди. Шунда Ҳўкизлар бошларини ўгириб дедилар: «Эй Ўқ! Ахир бутун оғир юкни тортиб кетаѐтган бизлар-ку, сен нега инграйсан?»

Баъзи одамлар ҳам шунақа! Тер тўкиб ишлайдиганлар бошқа-ю, улар ўзларини ишлайвериб қийналиб кетгандек қилиб кўрсатадилар.

46. БОРЕЙ ВА ҚУЁШ

Борей (пастдаги изоҳга қаранг) билан Қуёш, қай биримиз кучлироқмиз, деб баҳслашиб қолишди ва, кимки йўловчи одамни ечинишга мажбур қила олса, ўша бу баҳсда ютади, деган қарорга келишди. Биринчи бўлиб Борей ишга киришди. У кучаниб совуқ ҳаво пуфлай бошлади, лекин одам эгнидаги кийимига ўраниб олди. Борей янада кучлироқ пуфлашга тушди, одам совуқ қотиб, бисотида бўлган ҳамма кийим-кечакларни устига ёпиб маҳкамроқ ўраниб олди. Ниҳоят Борей пуфлашдан чарчаб, навбатни Қуёшга берди. Қуёш олдинига илиқ тафти билан одамни аста-аста исита бошлади, шунда одам устидаги ортиқча кийимларни еташгатушда. Кейин Қуёш тафтини зўрайтириб, одамни чўғдай қиздира бошлади; ана шунда бу жазирама иссиққа дош бера олмаган одам қип-яланғоч бўлиб ечиниб, шу яқин ўртадаги дарё бўйига югуриб бориб ўзини сувга ташлади.

Масалнинг таъкидлашича, кўпинча куч-қудратдан кўра эътиқод салмоқли самара бераркан.

48. САЪВА

Деразага осиб қуйилган қафасдаги Саъва кечаси билан тинмай сайраб чиқарди. Унинг хонишини эшитган Кўршапалак учиб келиб: «Нима учун кун бўйи чурқ этмайсану нуқул кечаси сайрайсан?» деб сўради. Саъва унга жавоб берди: «Бунинг сабаби бор: мен илгари кундузи сайраб юрган чоғимда ногаҳон тўрга илиниб қолгандим. Шундан кейин эсим кириб, фақат кечалари сайрайдиган бўлдим». Кўршапалак унга шундай танбеҳ берди: «Сен илгари, тўрга илинмасингдан олдин шунақа эҳтиёткор бўлишинг керак эди. Эсингнинг энди кирганидан фойда йўқ».

Масал, фалокат содир бўлганидан кейинги пушаймон ҳеч кимга ҳеч қандай наф келтирмайди, демоқчи.

49. ПОДАЧИ

Подачи пода боқиб юрганида бир бузоғи йўқолиб қолди. У ҳаммаёқни қидириб чиқди, лекин тополмади. Шунда у, агар ўғрини топса, улуғ тангри Зевсга бағишлаб бир улоқ сўйишга аҳд қилади. Мана, у тасодифан бир қуюқ дарахтзорга киради-ю, йўқотган бузоғини бир Шер ғажиб еяётганини кўради. Кўради-ю, қаттиқ ваҳимага тушиб, икки қўлини кўкка чўзганча тавалло қилиб дейди: «Ё бузург Зевс! Ўғрини топсам, сен учун бир улоқни қурбон қилишга ваъда бергандим; энди агарда мен ўғридан жон сақлаб қололсам, сенга бағишлаб ҳўкиз сўйгум, албатта».

Бу масални ўзларида йўқ нарсани қидирган, топгач эса, ундан қандай қутулиш йўлини билолмай мушкул аҳволга тушган омадсиз одамларга нисбатан қўллаш мумкин.

50. СУВСАР ВА АФРОДИТА

Сувсар бир барно йигитни астойдил севиб қолади ва Афродитага (пастдаги изоҳга қаранг), мени аёл аёл кишига айлантир, деб илтижо қилади. Маъбуда ишқ алангасида лов-лов ёнаётган Сувсарга раҳми келиб, уни соҳибжамол қизга айлантиради. Йигит бир кўришдаёқ бу қизни севиб қолади, сўнг уни ўз уйига бошлаб келади. Мана, улар хобхонага киришади. Шунда Афродита, Сувсар ўз қиёфаси билан бирга туғма хулқ-атворини ҳам ўзгартирдимикин, деб уни синаб кўрмоқчи бўлади ва хобхонага бир сичқонни киритиб юборади. Ана шунда Сувсар ўзининг қаерда ва ким эканлигини унутиб қуйиб, тўшакдан сакраб турадию сичқонни тутиб ейиш учун унга ташланади. Бу ҳолни кўриб жаҳли чиқиб кетган Афродита гўзал қизга айланган Сувсарни яна аввалги қиёфасига қайтаради.

Одамлар ҳам шунақа; улар табиатан нодон бўлсалар, ташқи қиёфалари ўзгарганида ҳам феъл-атворлари ўша-ўшалигича қолади.

51. ДЕҲҚОН ВА ИЛОН

Бир Илон аста ўрмалаб келиб Деҳқоннинг ўғилчасини чақиб ўлдирди. Бу оғир мусибатдан аламдийда бўлган Деҳқон қўлига болта олиб, Илонни инидан бош чиқаргани ҳамоно чопиб ўлдирмоқчи бўлиб пойлай бошлади. Мана, Илоннинг боши кўринди, Деҳқон уни болтаси билан чопмоқчи бўлди, аммо Илон чап бериб қолди, болта эса уя оғзидаги катта тошни ёриб юборди. Шу воқеадан кейин Деҳқон юрак олдириб қўйди ва Илонга ёлвориб, кел, ярашайлик, деди. «Йўқ, — деб жавоб қилди унга Илон, — ёрилган тошни кўриб мен ҳам, ўғлингнинг қабрини кўриб сен ҳам бир- биримизга яхшилик тилай олмаймиз».

Бу масал мудҳиш адоватдан кейин битим тузиш осон бўлмаслигини билдиради.

53. ДЕҲҚОН ВА УНИНГ ЎҒИЛЛАРИ

Бир Деҳқоннинг ўғиллари доим бир-бирлари билан низолашгани-низолашган эди. Деҳқон неча-неча бор, аҳил бўлинглар, деб ўғилларига яхшиликча насиҳат қилиб кўрди, аммо улар қулоқ солишмади. Шунда чол болаларига дарахт чивиқларини бир даста қилиб йиғиб келишни буюрди. Ўғиллар буйруқни бажаришди. Деҳқон ўғилларига, шу бир даста чивиқни бир йўла синдиринглар-чи, деди. Лекин ўғиллари, қанча уринишмасин, чивиқ дастасини синдира олмадилар. Шунда ота чивиқпар боғичини ечиб, ўғилларига биттадан чивиқ улашди; ўғиллар чивиқдоналарини осонгина синдиришди. Деҳқон деди: «Сизлар ҳам, болаларим, бир- бирингиз билан аҳил бўлсангиз, ҳеч қандай ғаним сизларни енга олмайди, борди-ю ҳадеб низолашаверсангиз, ҳар қандай ожиз одам ҳам маҳв этиши мумкин сизларни».

Масалдан ҳисса шуки, аҳиллик, тотувлик нақадар қудратли бўлса, низою нифоқ шу қадар заифдир. Ахир, айрилган озар, бирлашган ўзар, деб бекорга айтмаганлар-ку.

57. КАМПИР ВА ТАБИБ

Кампирнинг кўзи оғриб қолди, у Табибни чақириб, агар кўзимни даволаб тузатсанг, яхши ҳақ тўлайман, деб ваъда қилди. Табиб муолажани бошлади. Лекин у ҳар гал келиб Кампирнинг кўзига дори суркаганида, унинг кўзини чирт юмиб ўтирганидан фойдаланиб, уйдаги буюмлардан биронтасини олиб кетаверди. Ниҳоят, у Кампир уйидаги жамики қақир-қуқур ва анжомларни олиб кетиб бўлгач, муолажа тугаганини айтиб, ваъда қилинган хизмат ҳақини талаб қилди. Кампир ҳақ тўлашдан бош тортди; шунда Табиб Кампирни ҳакамлар олдига судраб бориб, унинг устидан арз қилди. Кампир эса шундай баёнот берди: «Ҳақ рост, муҳтарам ҳакамлар, мен бу Табибга, агар кўзимни даволаб тузатса, ҳақ тўламоқчи бўлувдим. Ҳолбуки, унинг муолажасидан кейин кўзларим ҳеч нима кўрмай қолди: мен илгари ўз уйимдаги ҳамма буюмларни кўрардим, энди у ерда ҳеч нима кўрмаяпман».

Ҳаётда ҳам шундай: бадбин ва бадният кишилар кўпинча катта манфаат кетидан қувиб, ўз иллатларини ошкор қилиб қўйганларини сезмай қоладилар.

58. БЕВА АЁЛ ВА ТОВУҚ

Бир бева аёлнинг ҳар куни тухум туғадиган битта товуғи бор эди. Бева, агар унга кўпроқ дон берсам, кунига иккитадан тухум туғиб беради, деб ўйлади ва шундай қилди ҳам. Лекин Товуқ бундай боқувдан семириб кетиб, бутунлай тухум қилмай қўйди.

Масал айтмоқчики, аксар зиқна одамлар борига қаноат қилмай, тезроқ бойиб кетмоқчи бўладилар ва оқибатда бор бойликларидан ҳам жудо бўладилар.

61. ДЕҲҚОН ВА ТАҚДИР

Бир Деҳқон ўз чорбоғида ер чопиб туриб, хазина топиб олди. Шундан кейин у бу чорбоғни, ҳожатбарорим, деб эъзозлаб, ҳар куни янги-янги турфа гуллар билан безатиб турди. Деҳқоннинг бу амалини кўрган Тақдир унинг ёнига келиб шундай деди: «Биродарим, нима учун сен Ерга миннатдорчилик билдирмоқдасан? Ахир хазинани сенга Ер эмас, мен бахш этдим-ку, сенинг бой бўлишингни хоҳлаб! Борди-ю, ишларинг бехосдан чаппасига кетиб, ночор ва нотавон аҳволга тушсанг, унда яна мени — Тақдирингни қарғай бошлайсанми?»

Масалдан ҳисса шуки, ҳар бир инсон ўз валинеъматини билмоғи ва мудом унга миннатдорчилик изҳор қилиб турмоғи лозим.

65. ИККИ ЎРТОҚ ВА АЙИҚ

Икки ўртоқ ўрмондаги сўқмоқ йўлдан кетиб борарди, кутилмаганда олдиларидан бир баҳайбат Айиқ чиқиб қолди. Йигитлардан бири шу заҳоти дарахтга тирмашиб чиқиб новдалар орасига беркиниб олди, Лекин иккинчи йигит қочишга улгура олмади, шу боис ерга узала тушиб, худди ўликдай қимир этмай ётди. Айиқ унга яқин келиб, афтини ҳиддай бошлаганида, йигит нафас ҳам олмади; чунки, айтишларича, айиқлар ўлаксаларга тегмас экан. Мана, Айиқ орқасига ўгирилиб жўнаб кетди, шунда дарахтга чиқиб олган ўртоқ ерга тушди ва: «Айт-чи, Айиқ қулоғингга нималарни пичирлади?» деб сўради. Ўртоғи унга жавобан бундай деди: «Бундан кейин сафарга чиққанингда сени мушкул аҳволда ташлаб қочадиган одам билан ҳеч ҳам ҳамроҳ бўлма, деб шипшиди».

Масалдан хулоса шуки, ҳақиқий дўст бошга оғир мусибат тушганда билинади.

66. ИККИ ЙИГИТ ВА ҚАССОБ

Икки йигит қассобдан гўшт харид қила бошлади. Қассоб иш билан алаҳсиган пайтда йигитлардан бири пештахтада ётган бир бўлак гўштни олиб, ўртоғининг қўйнига солиб қўйди. Қассоб ўгирилиб гўштнинг йўқолганини сезди ва йигитларни айблай бошлади. Лекин гўштни олган йигит, худолар шоҳид, менда сизнинг гўштингиз йўқ, деб, гўшт бўлагини қўйнига яширган йигит эса, мен гўштингизни олмадим, деб қасам ича бошладилар. Уларнинг найранг ишлатаётганини фаҳмлаган қассоб деди: «Ҳай, майли, ёлғон қасам ичиб мендан қутулиб кетяпсизлар; аммо, барибир, бундай қасамхўрлик қилганингиз учун худолар ғазабидан қутулолмагайсиз».

Масалдан ҳисса шуки, сохта қасам, уни нечоғли ниқоблашга уринмасинлар, барибир ҳамиша у қабиҳдир.

68. РАҚИБЛАР

Ўзаро ёвлашиб қолган икки рақиб бир кемада сузиб борарди. Улар бир-биридан узоқроқ бўлиш мақсадида бири кеманинг қуйруғига жойлашди, иккинчиси кема тумшуғига ўтириб олди. Улар ҳамиша шу алфозда ўтиришди. Бир маҳал денгизда даҳшатли тўфон кўтарилиб, кема чўка бошлади. Шунда кема қуйруғида ўтирган одам дарғадан, кеманинг қай қисми олдин сувга чўкади, деб сўради. «Тумшуғи», деб жавоб қилди дарға. Буни эшитиб, қуйруқдаги одам деди: «Ундай бўлса ўлимимга розиман, фақат душманимнинг мендак олдин сувга ғарқ бўлишини кўрсам армоним қолмайди — кўнглим таскин топиб ўламан».

Шундай одамлар борки, ғанимининг изтироб чекишини кўриш учун ўзлари ҳам баттарроқ азобга дучор бўлишдан қайтмайдилар.

69. ҚЎШНИ ҚУРБАҚАЛАР

Бир-бирига қўшни икки Курбақа бор эди. Уларнинг бири йўлдан четроқдаги ҳовузда, иккинчиси шундоққина катта йўл бўйидаги кўлмак сувда яшарди. Ҳовузда яшовчи Курбақа қўшнисини ўзи билан бирга яшашга таклиф қилиб деди: «Келсанг яхши бўларди, эгачи, бу ерда хўрак кўп, биргаликда тинч-тотув бўлиб яшардик». Лекин йўл ёқасида яшовчи Курбақа бўлса унга: «Йўқ, қўшнижон, мен ўз кўлмагимга кўникиб қолганман, уни ташлаб кетолмайман», деб қўшнисининг ҳовузига боришга рози бўлмади ва оқибат, кунларнинг бирида йўлдан ўтиб бораётган арава ғилдираги уни мажақлаб юборди.

Одамлар орасида бетутуриқ одатга қул бўлиб яшовчилар топиладики, ундайлар орзу қилган эзгу ниятларига ета олмай дунёдан кўз юмадилар.

70. ЭМАН ДАРАХТИ ВА ҚАМИШ

Эман билан Қамиш, қай биримиз кучлироқмиз, деб баҳслаша бошладилар. Шу баҳс пайтида кучли шамол кўтарилди ва Қамиш бир сесканиб кетиб, бу шамолга бош эгиб гаъзим қилди; аммо Эман шамолга қарши кўксини қалқон қилиб тураверди, оқибатда илдизи билан қўпорилиб ерга қулади.

Ушбу маеал, кучлилар билан баҳслашмаслик керак, деб уқтиради.

71. ШЕРНИНГ ОЛТИН ҲАЙКАЛИНИ ТОПГАН ҚЎРҚОҚ БОЙ

Пулни кўрса ўзини томдан ташлайдиган бир Қўрқоқ бой тилладан қуйилган шер ҳайкалини топиб олди ва ўзича шундай мулоҳаза юрита бошлади: «Энди нима қилсам экан буни, ҳайронман. Эсим оғиб довдираб қолдим. Очкўзлигим мени бир томонга, қўрқоқлигим иккинчи томонга тортиб, ҳоли жонимга қўйишмаяпти. Қандай қисмат ёки тангри яратдийкин бу тилла шерни менга азоб бериш учун? Пароканда қалбим ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди: ўзим олтинни жонимдан ортиқ яхши кўраман, лекин мана бу олтиннинг қиёфаси мени қаттиқ ваҳимага солмоқда. Дилим бу топилмани тезроқ ўзига олишни хоҳлаяпти-ю, аммо диёнат унга қўл теккизмасликка даъват этмоқца. Эй ёвуз қисмат! Бу нима қилганинг — беришга бериб, олишга олдирмаяпсан! Эҳ, бу қандай бойликки кўнгилни қувонтирмаяпти! Эй тангрининг фалокатли саховати, нима қилсам экан сени? Қандай қилиб қўлга киритсам экан-а бу топилмани? Мен бирон найранг ишлатишим керак!.. Бўлди, топдим: ҳозир бориб бу ерга қулларимни бошлаб келаман — улар бараварига қўлда кўтаришади бу тилла шерни; мен бўлсам, уларни узоқдан кузатиб тураман».

Бу масал, ўз мол-давлатидан ҳузур қилиб, завқланиб фойдалана олмайдиган ношуд бойлар ҳақида.

72. АСАЛАРИ БОҚУВЧИ ОДАМ

Бир киши асалари уялари турган ўтлоққа эгаси йўқлигида келиб, асалари уяларидаги мумкатакларни анча-мунча асали билан ўғирлаб кетди. Хўжалик эгаси келганида уялар бўм-бўш бўлиб қолган эди; шунда асаларичи уяларни бирма-бир кўздан кечира бошлади; бу пайт даладан асаларилар учиб келишди ва уяларини титкилаётган асаларичини кўриб, уни чақа бошлашди. Бу чақувлар азобига чидай олмаган асаларичи уларга деди: «Вой, ярамаслар-е! Бу нима қилганларинг? Нега сизларни парваришлаб боқиб келаётган мени аямай чақиб ётибсиз? Ахир сизлар мумкатакларингиз билан ғамлаган асалингизни ўғирлаб кетган одамни чақишингиз керак эди-ку!»

Шундай кишилар бўладики, дўстни душмандан фарқ қила олмайдилар ва ўзларини душмандан ҳимоя қилиш ўрнига, асл дўстларини душман билиб, уларни ўзларидан қувадилар.

73. ДЕЛЬФИН БИЛАН МАЙМУН

Сайр қилгани денгиз саёҳатига чиққан одамлар, одатда, ўзлари билан маймун олишарди. Шундай сайёҳлардан бири сафарга бир маймунни етаклаб чиққан эди. Мана, сайёҳлар тушган кема Афина яқинидаги Суний буруни ёнидан ўта бошлайди; шунда бирдан кучли тўфон кўтарилиб, кема сувга чўка бошлайди ва ундаги барча одамлар, шу жумладан, маймун ҳам, жон ширин эмасми, денгизда суза бошлайдилар. Шу маҳал бир Дельфин Маймунни кўриб қолади, уни одам деб ўйлаб, яқин боради-да, чўкиб кетишдан асраб, соҳил томон ўз устида олиб кета бошлайди. Мана, улар Афинанинг Пирей лиманига яқинлашадилар. Шунда Дельфин Маймундан: «Сен ўзи афиналикмисан?» деб сўрайди. Маймун жавоб беради: «Ҳа, афиналикман. У ерда номи улуғ бообрў қариндошларим кўп». Шу жавобдан кейин Дельфин: «Пирейни кўряпсанми?» деб сўрайди. Маймун, бу Пирей биронта одам бўлса керак, деб ўйлаб: «Ҳа, кўриб тураман, у менинг яқин қариндошим», дейди. Ёлғончининг бу гапидан аччиғи чиқиб кетган Дельфин Маймунни денгиз ўртасига судраб бориб чўктириб юборади.

Масал ёлғон сўзловчи одамларни қоралайди.

74. БУҒУ ВА ШЕР

Қаттиқ сувсаган бир Буғу чанқоғини қондиргани булоқ бошига келади. У ҳузур қилиб сув ичаркан, ўзининг сувдаги аксини томоша қилади: тарвақайлаб ўсган йирик-йирик бежирим шохларига завқланиб қарайди, лекин қилтириқ, нимжон ва чўпдай ориқ оёқларини кўриб таъби хиралашади. Буғу шундай хаёлга ғарқ бўлиб турганида Шер пайдо бўлади ва уни қува бошлайди. Буғу қочаркан, Шердан анча олдинлаб кетади. (Зеро Буғунинг кучи оёқларида, Шерники — юрагидадир.) Буту очиқ далада Шерни анча орқада қолдириб кетди, лекин ўрмонга кириб борганида, шохлари дарахт навдаларига илашиб, тез югуролмайди, оқибат, Шер уни тутиб олади. Шунда Буғу ажали етганини сезиб ўзига ўзи дейди; » Шунчали бадбахт эканман! Хиёнат қилишади, деб гумонсираганим — оёқларим мени бир ўлимдан қутқардилар, аммо халоскорим деб умидвор бўлганим — шохларим мени ҳалок этдилар».

Кўпинча фалокат содир бўлаётган пайтда ёрдам қўлини чўзишларига ҳеч кўзимиз етмаган дўстларимиз бизни хатардан омон сақлаб қоладилар, вале мададкоримиз деб умид боғлаганимиз дўстларимиз нобуд бўлишимизга йўл қўйиб берадилар.

76. БУҒУ ВА АРСЛОН

Бир Буғу овчилар таъқибидан қочиб Арслон ин қурган ғор оғзига бориб қолади ва ўзини панага олиш учун шу ғорга киради. Лекин бу ерда у Арслоннинг панжасига илинади; у ўз ўлими олдидан дейди: «Э воҳ! Шўрим қуриди менинг! Ваҳший ҳайвоннинг чангалига илиниш учун қочибман-да одамлардан?»

Хулоса: баъзи кишилар кичик бир хатардан ўзларини олиб қочиб катта фалокатга рўпара бўлганларини сезмай қоладилар.

77. БУҒУ ВА УЗУМ ТОКИ

Бир Буғу овчилардан қочиб узумзорга яширинди. Овчилар уни кўрмай боғ ёнидан ўтиб кетишди. Шунда, фалокатдан қутулдим, деб кўнгли таскин топган Буғу Ток баргларини ея бошлади. Лекин овчилардан бири шу пайт тасодифан орқасига ўгирилиб, Буғуни кўриб қолди ва камонидан ўқ отиб уни яралади. Ажали етганини сезган жонивор оғир бир нола чекиб ўзига ўзи деди: «Эҳ, қандай шўрпешонаман! Қилмишимга яраша жазоимни олдим: бу Ток мени ўлимдан қутқариб қолган эди, мен бўлсам уни нобуд қилдим».

Бу масални ўз яқинларининг дилини оғритгани учун худонинг қаҳрига учраган одамларга нисбатан қўллаш мумкин.

79. МУШУК ВА СИЧҚОНЛАР

Бир хонадонда Сичқонлар кўпайиб кетган эди. Буни эшитиб қолган Мушук шу уйга келиб, Сичқонларни биттама- битта  тутиб ея бошлади. Ниҳоят, бунақада ҳаммалари қирилиб кетиши мумкинлигини ўйлаган Сичқонлар жон сақлаб ин-инларига беркиниб олдилар. Энди Мушук уларни тута олмай қолди. Ана шунда у ҳийла-найранг ишлатиб, Сичқонларни инларидан чиқармоқчи бўлди: у бир қозиққа худди ўлиб қолгандек осилиб турди. Лекин инидан бошини чиқариб мўралаган бир Сичқон осилиб турган Мушукни кўрди-да, шундай деди: «Йўқ, эгачи, ҳатто қопга айланиб осилганингда ҳам сенга яқин йўламайман».

Масал дейдики, бирон кимсанинг макру ҳийласига учраб панд еган доно одам, бир тошга икки марта қоқилмаганидек, бошқа ҳеч қачон алдовга учмайди.

80. ПАШШАЛАР

Бир омборхонада асал тўкилиб кетди; Пашшалар уни татиб кўриб, ширин эканлигини билишгач, ҳаммалари унга виж-виж бўлиб ёпирилишди. Лекин оёқлари асалга ботиб уча олмаганларидан кейин, тотли асалга ғарқ бўларканлар, дейишди: «Эҳ, аттанг, бир зумли лаззатли ҳаёт деб жонимиздан жудо бўляпмиз».

Масал дейдики, шаҳвоний лаззатга муккасидан кетган одамларнинг кўпчилиги машъум бахтсизликка учрашлари муқаррардир.

81. ЭШАК, ХЎРОЗ ВА ШЕР

Корни оч Шер бир оғилхонада Эшак турганини кўриб, уни емоқчи бўлди ва аста пусиб кела бошлади. Шу пайт уй эгасининг Хўрози қичқириб юборди (айтишларича, Шер Хўроз қичқириғидан қўрқар экан); Шер қўрқиб кетиб ерга қапишиб ётиб олди, сўнг тирақайлаб қоча бошлади. Шернинг Хўроз овозидан қўрқиб қочганини кўрган Эшакнинг ғайрати жўшиб кетди ва Шер орқасидан қува бошлади; ана шунда анча нарига бориб қолган Шер орқасига ўгирилиб, Эшакни тутиб еди.

Эшакка ўхшаган нодонлар одамлар орасида ҳам учраб туради. Рақибининг ўзини паст олаётганини кўрган бундай одам, мен зўр эканман, деб керила бошлайди ва ҳалокатга учраётганини сезмай қолади.

82. ТУЛКИ БИЛАН МАЙМУН

Ўрмонда барча ҳайвонлар катта анжуманга йиғилишиб, ўзларига подшо сайламоқчи бўлибдилар. Бу йиғинда Маймун ўйноқлаб рақс тушиб ҳаммани қойил қолдирибди; шу боис ҳайвонлар уни ўзларига подшо этиб сайлабдилар. Бироқ Тулкининг бунга ғайирлиги келибди; бир куни у ўрмонда бир бўлак гўшт илинган қопқонни кўриб қолибди ва Маймунни бу ерга бошлаб келиб, дебди: «Бу ўлжани камина топдим, вале уни ўзимга олмадим — сизга илиндим, подшоҳим, марҳамат, ўз қўлингиз билан олиб тановул қилинг». Ҳеч қандай шубҳа сезмаган ғофил Маймун қопқонга яқин бориб унга илиниб қолибди ва Тулкидан бу разил қилмиши учун ўпкалана бошлабди. Тулки эса унга жавобан: «Вой, пандавақи-е, ҳали шу фаросатинг билан барча ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилмоқчи бўлдингми?» дебди.

Бирор бир ишга бемулоҳазалик билан киришган кишилар муваффақиятсизликка учраб, эл орасида шарманда бўладилар.

87. ТИЛЛА ТУХУМ ТУҒУВЧИ ҒОЗ

Бир одам худолар муждачиси Ҳермесга астойдил сиғинар ва уни эъзозларди. Шу иззат-икроми учун Ҳермес унга тилда тухум туғувчи бир Ғоз туҳфа қилди. Лекин бу одамнинг оз- оздан бойишга сабри чидамади: у, Ғознинг ичи олтинга тўла бўлиши керак, деб ўйлаб, уни шартта сўйди. Аммо нияти пуч чиқди — Ғознинг қорнида ичак-чавақлардан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Оқибат, ношукур банда кунда топиб тургани тилла тухумдан ҳам маҳрум бўлди.

Манфаатпараст, қурумсоқ одамлар ҳам шундай: катта бойлик кетидан қувиб, бор бойликларидан айрилиб қоладилар.

92. ИККИ ИТ

Бир одамнинг иккита ити бор экан: у бир итини ов қилишга, иккинчисини — уйни қўриқлашга ўргатибди. Ҳар сафар овчи ит эгасига ўлжа тутиб келганида, эгаси ўлжанинг бир бўлагини қўриқчи итга ҳам ташлар экан. Бу ноҳақликка чидолмаган Овчи ит Кўриқчи итга миннат қилиб, дебди: «Мен ҳар куни эртадан-кечгача елиб-югуриб, ҳориб-чарчаб ов қилиб келаман, аммо сен ҳеч иш қилмай, бировнинг топганини еб, қорин қаппайтириб ётибсан». Қўриқчи ит унга шундай жавоб қилибди: «Сен бу миннатингни менга эмас, хўжайинга қил, чунки мени меҳнат қилмай, бировлар ҳисобига кун кечиришга ўша ўргатган».

Биз ҳам ишёқмас, ялқов болаларни эмас, балки уларни шундай қилиб ўстирган ота-оналарини койишимиз керак.

94. ОТА ВА УНИНГ ҚИЗЛАРИ

Бир одамнинг икки қизи бор эди. У бир қизини полизчи деҳқонга, иккинчи қизини кулолга эрга берди. Орадан вақт ўтиб, бир куни ота полизчи куёвиникига борди ва қизидан ҳол-аҳвол сўради. Қизи: «Бинойидай яшаб турибмиз, ҳамма нарсамиз етарли, — деди, — фақат тез-тез ёмғир ёғишини тангрилардан илтижо қилиб ётибмиз: эккан сабзавоту кўкатларимиз сувга қонсинлар учун». Кейин ота иккинчи қизидан хабар олгани кулол куёвиникига ҳам борди. Бу қизи ҳам: «Ҳеч нимадан камимиз йўқ, — деб жавоб қилди отасига, — фақат об-ҳаво яхши бўлса, қуёш чарақлаб қиздириб турса бўлгани: ясаган сопол идишларимиз тезроқ қурийди. Биз тангрилардан фақат шуни сўраймиз доим». Бу гапни эшитиб, ота қизига деди: «Сен об-ҳаво яхши бўлишини истасанг, опанг тез-тез ёмғир ёғишини хоҳласа, унда мен тангриларга сиғинганимда қай биринг учун мадад сўрайман?»

Масал дейдики, агар одам бир-бирига зид бўлган иккита ишга баравар киришса, унинг ҳеч қандай самарага эриша олмаслиги муқаррардир.

97. БЎРИ БИЛАН УЛОҚЧА

Подадан орқада қолган бир Улоқчани Бўри қува бошлабди. Улоқча ундан қочаркан, орқасига ўгирилиб, дебди: «Бўри, Бўри, биламан, ҳозир сен мени ейсан. Кел, ўлимим олдидан сени бир хурсанд қилай: сен сурнай чал, мен рақсга тушай». Мана, Бўри сурнай чалибди, Улоқча эса ўйнай бошлабди; шунда подани қўриқловчи итлар сурнай овозини эшитиб, Бўрини қува кетишибди. Бўри думини хода қилиб қочаркан, дебди: «Бу кунимдан баттар бўлмайманми: ахир мен қассобман-ку… Ким қўйибди менга машшоқлик қилишни?»

Одамлар ҳам шундай: агар бирон ишга бемаврид қўл урсалар, эришган ўлжаларидан ҳам қуруқ қоладилар.

98. БЎРИ ВА ТОМДАГИ УЛОҚЧА

Бўри бир уй ёнидан ўтиб бораётганида шу уй томига чиқиб олган Улоқча уни бўралаб сўка бошлади. Бўри унга қараб: «Мени сен эмас, сен турган жой сўкяпти», деди.

Масал дейдики, вазиягнинг қулайлиги ўзидан кучли бўлган одамга дағаллик қилиш учун имкон яратаркан.

100. ЗЕВС, ПРОМЕТЕЙ, АФИНА ВА МОМ

Олий тангри Зевс буқани, титан Прометей — одамни яратдилар, Зевснинг қизи маъбуда Афина — уй бунёд этди. Сўнг тангрилар бу ижодларига баҳо бериш учун Момни ҳакам этиб тайинладилар. Ичиқора Момнинг рашки келиб, илоҳий ижодларни шундай баҳолади: «Зевс хатога йўл қўйган: буқанинг кўзи шохига ўрнатилмаган, ахир бунақада буқа нимани сузаётганини кўрмайди-ку; Прометей яратган одамининг юрагини сиртга чиқариши керак эди, ҳозир бу одам яхшини ёмондан дарров фарқ қила олмайди, кимнинг кўнглида нима борлигини кўра олмайди; Афина бўлса, яратган уйини ғилдиракларга ўрнатиши керак эди, шунда бу уй эгаси агар ёмон одамга қўшни бўлиб қолса, осонгина кўчиб кетиши мумкин бўларди». Бундай тутуриқсиз, ғийбат гапдан қатгиқ ғазаби қайнаган Зевс Момни Олимпдан (Тангрилар яшайдиган тоғдан) ҳайдаб тушириб юборган экан.

101. ЗОҒЧА ВА ҚУШЛАР

Зевс қушлар устидан шоҳ тайинламоқчи бўлди ва бунинг учун жамики паррандалар йиғиладиган анжуман кунини белгилади. Ўзининг хунук қуш эканлигини яхши билган Зоғча ҳаммаёқдан ҳар турли қушларнинг патларини териб, улар билан безанди. Мана, анжуман куни келди; шунда кўзни қамаштирадиган бўлиб безанган Зоғча ўзини Зевсга кўз-кўз қила бошлади. Зевс Зоғчанинг ҳусндорлигидан мароқланиб, уни шоҳ этиб тайинламоқчи бўлди; лекин ҳамма қушлар бундан норози бўлиб чуғуллашди ва Зоғчани ўраб олиб, ҳар бир қуш унинг устидаги ўз патини юлиб ола бошлади; ана шунда яланғоч бўлиб қолган қуш яна аввалги оддий Зоғчага айланди-қолди.

Одамлар ҳам шундай: уларнинг бу фоний ҳаётда эришган бойликлари вақтинчалиқдир; ҳа, бизлар қарзга олган бойликларимиз билан керилиб яшаймиз, вале қазо қилганимизда уларнинг баридан мосуво бўламиз; бинобарин, биз орттирган мол-давлатимиз билан фахрланиш ўрнига, боқий мулкимиз бўлмиш — руҳимизни пок сақлаш ҳақида қайғурмоғимиз керак.

106. ЗЕВС ВА ТОШБАҚА

Олий тангри Зевс тўй қилмоқчи бўлибди ва жамики жониворларни бу тўйга таклиф қилибди, Тўйга ҳамма ҳайвонлар келишибди; фақат Тошбақа келмабди. Бунинг сабабини тушунмаган Зевс эртаси куни Тошбақадан, нечун тўйимга фақат сен келмадинг, деб сўрабди. «Ўз уйим — ўлан тўшагим», деб жавоб қилибди Тошбақа. Бундай жавобни эшитиб қаҳри қайнаган Зевс: «Бас, шундай экан, бундан буён ўз уйингни ўзинг билан олиб юргайсан!» дебди.

Шунингдек, кўп одамлар ҳам бировнинг шоҳона зиёфатида меҳмон бўлишдан ўз уйларида камтарона кун кечиришни афзал кўрадилар.

119. ПОЛИЗЧИ

Бир Полизчи деҳқои экинларини суғорарди. Шу маҳал бу ерга келган бир одам ундан сўради: «Нима учун бегона ўтлар дуркун ва бақувват ўсадилар-у, биз эккан ўсимликлар заиф ва қилтириқ бўлишади?» Полизчи  унга жавоб қилди: «Негаки ер уларнинг баъзилари учун — она, бошқалари учун — ўгай онадир».

Она парваришида бўлган болалар билан ўгай она қўлида ўсган болалар ҳам бир-бирларидан худди шундай фарқ қиладилар.

120. ДЕҲҚОН ВА УНИНГ ИТИ

Бир Деҳқоннинг Ити қудуққа тушиб кетади. Деҳқон уни олиб чиққани қудуққа тушади. Лекин Ит эгасининг нега олдига тушаётганини тушунмайди ва, мени сувга чўктирмоқчи деб ўйлаб, Деҳқонни тишлаб олади. Оғриққа чидай олмаган Деҳқон дейди: «Ажаб бўлди, хўб бўлди, айб  ўзимда: ҳамонки Ўзи сувга чўкмоқчи экан, нима қилардим уни қутқаришга уриниб?»

Бу масал яхшиликка ёмонлик қилувчи ношукур одам ҳақида.

122. ЎҒРИЛАР ВА ХЎРОЗ

Бир уйга ўғирликка тушган ўғрилар у ерда битта Хўроздан бошқа ҳеч вақо топмадилар ва уни тутиб олиб жўнаб қолдилар. Ўзининг сўйилишини сезган Хўроз ўғриларга ёлвориб деди: «Худо хайрингизни берсин, мени қўйиб юборинглар. Ахир менинг одамларга кўп фойдам тегади: уларни кечалари уйғотаман, ишга боришсин, деб». Ўғрилар унга дедилар: «Ана шу қилмишинг — одамларни уйғотиб, бизнинг ўғирлик қилишимизга имкон бермаганинг учун ҳам сени сўямиз».

Масалдан ҳисса шуки, яхши одамлар учун фойдали бўлган ҳар қандай амални ёвуз ниятли кишилар манфур иш деб биладилар.

123. ЗОҒЧА ВА ҚАРҒАЛАР

Бир Зоғча ўз қавмидаги бошқа зоғчалардан бўйдорроқ, бўлалироқ эди; шу боис у ўз уруғидан жирканиб, қарғалар жамоаси ҳузурига борди ва улар билан бирга яшамоқчи бўлганини айтди. Аммо Зоғчанинг турқи ҳам, овози ҳам қарғаларга ёт эди, шунинг учун бу қушга рўйхуш бермай, чўқиб-чўқиб ҳайдаб юборишди. Қувилган Зоғча ўз уруғлари олдига қайтиб келди, лекин зоғчалар бу такаббур қушдан нафратланиб, уни жамоаларига қўшмадилар.

Ўзга юртни афзал кўриб, ўз ватанини тарк этган кишилар шу Зоғчага ўхшайдилар: бегона юртда қадр-қиммат топмайдилар, ўз ватанларида эса одамлар улардан юз ўгирадилар.

124. ҚАРҒА БИЛАН ТУЛКИ

Қаердандир бир бўлак гўшт олиб қочган Қарға учиб келиб дарахт шохига қўнди. Уни Тулки кўрди ва дарахт тагига келиб, Қарға тумшуғидаги гўшт илинжида, унга: «Оҳ, Қарғажон, сен энг улуғ, энг гўзал қушсан, аслида, барча паррандаларга фақат сен шоҳ бўлишинг керак эди-ю, лекин овозинг унча жарангдор эмас-да», деб хушомад қила бошлади. Шунда Қарға ўзининг янгроқ овозини Тулкига намойиш қилиш учун тумшуғидаги гўштни тушириб юбориб, овозининг борича қағиллай бошлади. Тулки шу заҳоти гўштни илиб олди-да, Қарғага деди: «Эҳ, нодон, агар каллангда яна ақлинг ҳам бўлганида эди, бошқа ҳеч нима керак бўлмасди сенга қушларнинг шоҳи бўлишинг учун».

Масал нодон одамлар ҳақида.

129. ЗОҒЧА ВА КАПТАРЛАР

Каптархонадаги Каптарларни яхши боқишаётганини кўрган Зоғча шу қушлар жамоасида яшамоқчи бўлиб, ўзини оқ бўёққа бўяб олди. У товуш чиқармаган чоғда Каптарлар уни ўз тоифаларидан деб билишди, лекин у бир пайт ўзининг каптар эмаслигини унутиб қўйиб, бирдан қағиллаб юборди; шунда Каптарлар Зоғчани таниб қолиб, ораларидан ҳайдаб юбордилар. Каптарлар хўрагидан маҳрум бўлган Зоғча ўз ҳамжинслари ёнига қайтиб келди; лекин бу оқ патли қушни зоғчалар тан олмай, ёнларига яқин йўлатмадилар. Оқибат, икки охурдан ем ейишни кўзлаган Зоғча ҳар иккисидан ҳам қувилди.

Бинобарин, бизлар ҳам ўзимизда борига шукур қилмоғимиз ва очкўзлик туфайли бутун бор-будимиздан мосуво бўлишимиз мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

132. ИТ ВА ТУЛКИ

Бир овчи Ит шерни кўриб қолиб, уни қувишга тушди. Шер орқасига ўгирилиб бир ўкирган эди, Ит тирақайлаб қоча бошлади. Буни кўрган Тулки деди: «Вой тентак-е, шернинг фақат овозидан қўрқиб қочяпсан-у, ким қўйибди сенга унинг орқасидан қувишни?»

Шундай одамлар бўладики, улар ўзларидан бообрўроқ, қудратлироқ кишиларни ёмонлаб ғийбат қила бошлайдилар, аммо уларнинг дағдағаларини эшитиб, зумда дамлари ичларига тушиб жим бўлиб қоладилар. Масал шундай ғийбатчиларга қарши қаратилган.

133. ГЎШТ ТИШЛАГАН ИТ

Оғзида бир бўлак гўшт билан кўприкдан ўтаётган Ит сувда ўз аксини кўриб қолади. У, бошқа бир ит катта бўлак гўшт тишлаб кетяпти, деб ўйлаб, оғзидаги гўштдан воз кечади- да, сувдаги ўз аксига ташланади. Натижада, иккала гўштдан ҳам қуруқ қолади: катта гўшт бўлагини тополмайди, чунки у  йўқ эди ва ўз гўштини йўқотиб қўяди, чунки уни сув оқизиб кетган эди.

Бу масал очофат одамларга қарши қаратилган.

134. ИТ БИЛАН БЎРИ

Бир Ит ўз хўжасининг уйи олдида мудраб ётарди; Бўри уни кўриб тутиб олди ва емоқчи бўлди. Ит Бўридан бу сафар уни қўйиб юборишни илтимос қилди. «Ҳозир мен озғин, қоқсуякман, — деди у, — лекин яқинда хўжайиним тўй қилмоқчи, агар ҳозир менга тегмай, тўйдан кейин биққа семирганимда есанг роса маза қиласан». Бўри унинг гапига ишониб қўйиб юборди. Орадан бир неча кун ўтгач, Бўри яна келди. Қараса, Ит энди том бошида мудраб ётибди; Бўри Итга ўзаро тузилган битимни эслатиб, уни пастга тушишга ундай бошлади. Ит эса унга шундай жавоб қилди: «Сенга маслаҳатим шуки, азизим, агар яна менинг уй олдида ухлаб ётганимни кўрсанг, тўй бўлишини кутиб ўтирмай қўяқол!»

Доно одамлар ҳам шундай: бошларига тушган катта хатардан бир марта қутулиб омон қолсалар, кейин умрбод ҳушёр бўлиб яшайдилар; ахир кўр ҳассасини бир марта йўқотади, демаганмилар?

137. ЧИВИН ВА БУҚА

Бир Чивин учиб келиб Буқанинг шохига қўнди ва анча вақт шу ерда ўтирди; кейин учиб кетишга шайланиб, Буқадан сўради: «Балки учиб кетмаганим маъқулдир сенга?» Буқа унга жавоб қайтарди: «Эҳ азизим, келиб шохимга қўнганингни ҳам сезмаган эдим, учиб кетсанг ҳам ҳеч нима сезмайман».

Ушбу масални бор ё йўқмилигига ҳеч ким эътибор бермайдиган, ҳеч кимга ҳеч қандай нафи ҳам, зиёни ҳам тегмайдиган кишиларга нисбатан қўллаш мумкин.

138. ҚУЁНЛАР ВА ҚУРБАҚАЛАР

Ўзларининг ўлгудек қўрқоқ эканликларини тушунган Қуёнлар, бу кунимиздан кўра сувга чўкиб ўлганимиз яхши, деган қарорга келадилар ва кўл ёқасидаги жар лабига борадилар; кўлдаги Қурбақалар Қуёнларнинг оёқ товушини эшитишиб, чўчиб кетадилар ва чўлп-чўлп этиб сувга шўнғийдилар. Буни бир қуён кўриб қолади ва ҳамжинсларига: «Шошманглар, биздан ҳам батгарроқ қўрқоқлар бор экан-ку дунёда, шартмикин ўзимизни сувга ғарқ қилиш?» дейди.

Одамлар ҳам шундай: мушкул аҳволдаги кишиларни кўришганда ўз қайғу-ҳасратларини унутиб, кўнгиллари таскин топади.

140. ШЕР ВА ДЕҲҚОН

Шер бир Деҳқоннинг қизини севиб қолади ва уйига совчи бўлиб келади. Деҳқон бу ваҳший ҳайвонга қизини беришни ҳам хоҳламас, айни пайтда, унинг талабини рад этишдан ҳам қўрқарди. Мана, у ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келди: Шер қизнинг уйига ҳадеб танда қўяверганидан кейин Деҳқон унга ушбу шартни айтди: «Биламан, сен қизимга муносиб қайлиқсан, албатта, лекин қизимга уйланишингдан олдин сен тишларингни суғуриб олишинг, тирноқларингни кесиб ташлашинг керак, бўлмаса қизим сендан қўрқади». Севгидан телба бўлиб қолган Шер Деҳқоннинг шартига бажонидил рози бўлиб тишлари ва тирноқларини олдириб ташлайди. Ана шунда Деҳқон Шердан қўрқмай қўяди ва у қизга уйлангани келганида таёқ билан уриб ҳайдаб юборади.

Масал дейдики, ғанимини дағ-дағ титратган важоҳати ваҳимали одам, агар душманининг шартига ўйламай-нетмай рози бўлиб, ўзининг энг даҳшатли жиҳатларидан воз кечса, зумда ғанимининг асирига айланади-қолади.

141. ШЕР ВА ҚУРБАҚА

Қурбақанинг қуриллаганини эшитган Шер, бу қандай ваҳимали ҳайвон бўлди, деб овоз келган томонга ўгирилиб қаради. Қараб, эндигина сувдан сакраб чиққан Қурбақани кўриб, уни эзғилаб ташлади ва деди: «Овоз эмас,  важоҳат қўрқинчли бўлади».

Бу масал жаврашдан бошқа ишни билмайдиган маҳмадона одам ҳақида.

142. ШЕР БИЛАН ТУЛКИ

Шер қариб қолди; энди у ўзи ов қилиб қорнини тўйдира олмасди; шунда у айёрлик қилиб кун кечирмоқчи бўлди: у ўз ғорига кириб, гўё касал бўлгандек ётиб олди; шунда ҳайвонлар унинг ҳолидан хабар олгани кела бошладилар, Шер эса уларни тутиб еяверди. Бу орада анча-мунча ҳайвон патарат топди. Ниҳоят, Шернинг найранг ишлатаётганини Тулки сезиб қолди; мана, у ғор оғзига келиб, узоқдан туриб, Шердан ҳол-аҳвол сўради. «Аҳволим оғир, — деб жавоб қилди Шер, — ие, нега ташқарида турибсан? Кир ичкарига!» Тулки унга шундай жавоб қилди: «Кирардим-у, лекин қарасам, ғорга йўналган оёқ излари кўп бўлса ҳам ичкаридан чиққан биронта из йўқ».

Ақли бор одам айрим белги ва аломатларга қараб, хавф яқинлигини сезади ва ўзини эҳтиёт қилади.

143. ШЕР БИЛАН БУҚА

Шер баҳайбат бир Буқани ейишга чоғланиб, уни ширин сўзлар билан ўзига оғдирмоқчи бўлди. У қурбонликка қўй сўйганлигини айтиб, Буқани зиёфатга таклиф қилди. Нияти — меҳмонни дастурхон ёнига чўк тушган пайтида ейиш эди. Мана, Буқа келди; қараса, дошқозонларда сув қайнаётганмиш, бир қанча узун-узун сихлар ҳам кабоб қилишга шаймиш-у, аммо қўйдан дарак йўқмиш. Буқа бу ҳолни кўрди-ю, чурқ этмай, орқасига қайтиб кета бошлади. Шер ундан ўпкаланиб: «Нима, бирон гап билан дилингни оғритдимми, нега индамасдан орқангга қайтиб кетяпсан?» — деди. Буқа жавоб берди: «Бундай қилишимга сабаб бор: қарасам, бу ерда қурбонликка кўй эмас, буқа аталган кўринади».

Масалдан ҳисса шуки, ёвуз кишилар қанча уринишмасин, ўз найрангларини доно одамлар назаридан яшира олмайдилар.

146. СИЧҚОНДАН ЧЎЧИГАН ШЕР

Ухлаб ётган Шернинг башарасидан бир сичқон пилдираб ўтиб кетади. Шер сакраб туриб кетиб, ким юзимга тегди, дегандек атрофга аланглаб қарайди. Буни кўрган тулки: «Сени қара-ю, кимсан Шер бўлатуриб сичқондан қўрқиб кетдинг-а!» — деб Шерни мазах қилади, «Йўқ, мен сичқондан қўрққаним йўқ, — деб жавоб қилади Шер, — балки унинг сурбетлиги ғазабимни қайнатди».

Бу масал, ақлли одамлар ҳатто икир-чикир нарсаларга ҳам бефарқ қарамайдилар, демоқчи.

147. ШЕР БИЛАН АЙИҚ

Шер билан Айиқ бир ёш буғуни тутиб олишди ва уни талашиб жанг бошлашди. Улар то силлалари қуриб, кўзлари тингунча жон-жаҳдлари билан олишиб, ахийри ҳолдан тойиб йиқилиб қолишди. Шу маҳал бу ердан ўтиб кетаётган тулки буғу жасадининг икки ёнида чўзилиб ётган Шер билан Айиқни кўрди ва уларнинг беҳоллигидан фойдаланиб буғуни судраб олиб қочиб кетди. Шунда қимирлашга ҳам мадорлари қолмаган Шер билан Айиқ: «Шўримиз қурисин! Бундан чиқди, ҳали биз тулки учун тер тўкиб ҳаракат қилган эканмиз-да?» дейишди.

Ахир, югурганники эмас, буюрганники, деб бекорга айтишмаган-да!

148. ШЕР БИЛАН ҚУЁН

Бир куни Шер ухлаб ётган Қуённи гопиб олди ва уни емоқчи бўлиб, энди оғзига олиб борган эди, шу пайт кутилмаганда унинг ёнгинасидан бир буғу югуриб ўтди. Шер Қуённи ташлаб, буғу орқасидан қува кетди, лекин минг қувлагани билан унга ета олмади ва, топган Қуёнимдан қўймасин, деб орқасига қайтиб келди. Лекин Куён уйғониб, аллақачон жуфтакни ростлаб қолган эди. Шунда Шер Қуёндан ҳам айрилганини кўриб, деди: «Минг лаънат! Узоқдаги ўлжани деб, қўлимдагисини қўйвориб ўтирибман мен, аҳмоқ!»

Баъзи одамлар ҳам шундай: доимо келиб турган мўътадил даромадга қониқмай, каттароқ ўлжага кўз тикадилар ва бор бойликларидан ҳам мосуво бўладилар. Ваҳоланки элда, узоқнинг хазинасидан яқиннинг насибаси яхши, деган доно гап бор.

149. ШЕР, ЭШАК ВА ТУЛКИ

Шер, Эшак ва Тулки ҳамжиҳат бўлиб яшашга қарор қилишди ва биргаликда ов қилгани равона бўлишди. Уларнинг овлари бароридан келиб, бир талай ўлжа тўплашди. Шер ўлжани тақсимлашни Эшакка буюрди. Эшак ўлжани тенг учга бўлди ва Шерга, танла, деб айтди. Ғазаби қайнаган Шер Эшакни ғажиб еб қўйди ва энди ўлжани бўлишни Тулкига буюрди. Тулки жамики ўлжани бир тўп қилиб уйди, ўзига эса, қиттаккина нарса қолдириб Шерга, танла, деб айтди. Шунда Шер Тулкидан: «Ўлжани бундай яхши тақсимлашни кимдан ўргандинг?» деб сўради. «Марҳум Эшакдан», деб жавоб қилди Тулки.

Бинобарин, яқин кишиларининг бошига тушган бахтсизлик одамлар учун сабоқ бўлар экан.

150. ШЕР ВА СИЧҚОН

Бир Сичқон ухлаб ётган Шернинг устидан пилдираб ўта бошлади. Шер уйғониб кетиб, Сичқонни тутиб олди ва уни емоқчи бўлди. «Сен, яхшиси, мени қўйиб юбор, — деб ёлворди Сичқон, — кези келганда мен ҳам бу яхшилигинг учун сени фалокатдан қутқараман». Шер бу гапни эшитиб, хахолаб кулди ва Сичқонни қўйиб юборди. Лекин орадан бир оз вақт ўтгач, Сичқон, чиндан ҳам, Шерга берган сўзининг устидан чиқди — уни бир ўлимдан асраб қолди. Гап шундаки, Шер овчилар тузоғига илиниб қолган ва улар Шерни арқон билан дарахтга боғлаб қўйишган эди; Шернинг нола чекиб ўкирганини Сичқон эшитиб қолди ва дарҳол унинг олдига югуриб келди-да, арқонни кемириб, Шерни тузоқдан озод қилди. Сўнг деди: «У куни устимдан кулган эдинг — сенга яхшилик қилишимга гўё ишонмагандай. Мана, энди Сичқон ҳам миннатдорлик билдиришга қодир эканлигини билиб олдинг».

Бу масал, баъзида энг қудратли, забардаст одамлар ҳам, тақдир тақозоси билан, энг заиф кишилар ёрдамига муҳтож бўлишлари мумкинлигини кўрсатади.

151. ШЕР БИЛАН ЭШАК

Шер билан Эшак биргаликда яшашга қарор қилишди ва овга кетишди. Улар ёввойи тоғ эчкилари яшайдиган ғорга келишди. Шер ғор оғзида туриб ичкаридан қочиб чиқаётган эчкиларни тутиб оладиган бўлди; Эшак эса ғор ичида бор овози билан ҳанграб эчкиларни чўчитиб қува бошлади. Мана, Шер бир талай эчкини тутиб олди, шунда ғордан чиққан Эшак: «Қалай, зўр бўлдими жангим, бопладимми эчкиларни қувишни?» деб мақтанди. Шер унга жавоб қилди: «Вой, бўлмасам-чи! Ўзим ҳам ваҳимага тушиб қочган бўлардим, агар ҳанграётган сен — Эшак эканингни билмаганимда».

Мақтанчоқлик дардига учраган одам ҳам баъзида бу дардидан хабардор бўлган дўстлари олдида мақтана бошлайди ва уларга кулги бўлади, албатта.

Изоҳлар

Б о р е й — Юнон ривоятларида шимол шамоли.
А ф р о д и т а — Зевснинг қизи, муҳаббат ва гўзаллик маъбудаси.
М о м —  фисқ-фаcод тимсоли.
П л у т о с — фаровонлик тангриси.

Ashampoo_Snap_2016.10.02_16h45m02s_001_.pngEZOP
MASALLAR
Ruschadan Q. Mirmuhamedov tarjimasi
007

    Ezop (mil. av. 6-asr) — yunon masalchisi. Rivoyatlarga qaraganda, Ezop frigiyalik qul bo’lib, so’ng ozod qilingan. Lidiya shohi Krez saroyida xizmatda bo’lgan, Del`fada o’ldirilgan. Antik davrda ma’lum bo’lgan deyarli barcha masallarning syujeti Ezopniki deb hisoblangan. Ular miloddan avvalgi 4-3 asrlardan boshlab to’plangan va «Ezop masallari» kitobiga kiritilgan. Milodiy 10-15-asrlardagi qo’lyozmalarda 300 dan ortiq shunday masal saqlanib qolgan.
Ezop masallari g’oyaviy jihatdan tushkunlik va umidsizlik ruhida yozilgan, personajlari (asosan, hayvonlar) o’ta shartli, voqealar ixcham bayon qilingan; tili sodda, jonli tilga yaqin. Ezop masallari syujeti Yevropa masalchiligi syujetining asosini tashkil etgan. Lotin masalchisi Fedr (1-asr) va yunon masalchisi Babriy (2-asr)dan tortib frantsuz J. Lafonten va rus Ivan Krilovgacha Ezop masallari syujetini davrga moslab ijodiy rivojlantirganlar.

007

42. DEHQON VA UNING BOLALARI

Vaqti qazosi yetib qolganini sezgan bir keksa dehqon o’zidan keyin bolalarining yaxshi mirishkor dehqon bo’lib, yaxshi ha?t kechirishlarini xohlabdi-da, ularni o’z qoshiga chorlab shunday debdi: «Bolalarim, bog’imizdagi toklarning tagiga men xazina ko’mganman». Chol qazo qilibdi, o’g’illari uni dafn etib kelib, darhol belkurak va ketmonlar bilan butun bog’ni kavlab, chopib chiqishibdi, ammo hech qanday xazina topmabdilar. Vale yaxshi ishlov berilgan toklar ko’z ko’rib, quloq eshitmagan bemisl mo’l hosil keltiribdi.

Ushbu masal, mehnatning mevasi — odamlar uchun xazinadir, demoqchi.

43. QURBAQALAR

Ikkita Qurbaqa o’z maskanlari bo’lmish ko’lmakda suv qurib qolganidan keyin boshqa suvli yerni qidirib yo’lga tushadilar. Mana, ular bir quduq oldiga keladilar; shunda birinchi Qurbaqa: «Kel, tezroq quduqqa sakrab tushaqolaylik — o’ylab o’tiramizmi?» deydi. Lekin ikkinchi Qurbaqa hamrohiga javoban shunday deydi: «Bordi-yu bu yerda ham suv qolmasa, unda qanday chiqamiz quduq ichidan?»

Bu masal bizga har qanday ishga kirishishimizdan oldin qilmoqchi bo’lgan ishimizni puxta mulohaza qilib ko’rmog’imiz lozimligini o’rgatadi.

45. HO’KIZLAR VA ARAVANING O’QI

Bir juft Ho’kiz yuk ortilgan aravani tortib borardi, aravaning O’qi esa tinmay g’ijirlardi. Shunda Ho’kizlar boshlarini o’girib dedilar: «Ey O’q! Axir butun og’ir yukni tortib keta?tgan bizlar-ku, sen nega ingraysan?»

Ba’zi odamlar ham shunaqa! Ter to’kib ishlaydiganlar boshqa-yu, ular o’zlarini ishlayverib qiynalib ketgandek qilib ko’rsatadilar.

46. BOREY VA QUYOSH

Borey (pastdagi izohga qarang) bilan Quyosh, qay birimiz kuchliroqmiz, deb bahslashib qolishdi va, kimki yo’lovchi odamni yechinishga majbur qila olsa, o’sha bu bahsda yutadi, degan qarorga kelishdi. Birinchi bo’lib Borey ishga kirishdi. U kuchanib sovuq havo puflay boshladi, lekin odam egnidagi kiyimiga o’ranib oldi. Borey yanada kuchliroq puflashga tushdi, odam sovuq qotib, bisotida bo’lgan hamma kiyim-kechaklarni ustiga yopib mahkamroq o’ranib oldi. Nihoyat Borey puflashdan charchab, navbatni Quyoshga berdi. Quyosh oldiniga iliq tafti bilan odamni asta-asta isita boshladi, shunda odam ustidagi ortiqcha kiyimlarni yetashgatushda. Keyin Quyosh taftini zo’raytirib, odamni cho’g’day qizdira boshladi; ana shunda bu jazirama issiqqa dosh bera olmagan odam qip-yalang’och bo’lib yechinib, shu yaqin o’rtadagi daryo bo’yiga yugurib borib o’zini suvga tashladi.

Masalning ta’kidlashicha, ko’pincha kuch-qudratdan ko’ra e’tiqod salmoqli samara berarkan.

48. SA’VA

Derazaga osib quyilgan qafasdagi Sa’va kechasi bilan tinmay sayrab chiqardi. Uning xonishini eshitgan Ko’rshapalak uchib kelib: «Nima uchun kun bo’yi churq etmaysanu nuqul kechasi sayraysan?» deb so’radi. Sa’va unga javob berdi: «Buning sababi bor: men ilgari kunduzi sayrab yurgan chog’imda nogahon to’rga ilinib qolgandim. Shundan keyin esim kirib, faqat kechalari sayraydigan bo’ldim». Ko’rshapalak unga shunday tanbeh berdi: «Sen ilgari, to’rga ilinmasingdan oldin shunaqa ehtiyotkor bo’lishing kerak edi. Esingning endi kirganidan foyda yo’q».

Masal, falokat sodir bo’lganidan keyingi pushaymon hech kimga hech qanday naf keltirmaydi, demoqchi.

49. PODACHI

Podachi poda boqib yurganida bir buzog’i yo’qolib qoldi. U hammayoqni qidirib chiqdi, lekin topolmadi. Shunda u, agar o’g’rini topsa, ulug’ tangri Zevsga bag’ishlab bir uloq so’yishga ahd qiladi. Mana, u tasodifan bir quyuq daraxtzorga kiradi-yu, yo’qotgan buzog’ini bir Sher g’ajib yeyayotganini ko’radi. Ko’radi-yu, qattiq vahimaga tushib, ikki qo’lini ko’kka cho’zgancha tavallo qilib deydi: «YO buzurg Zevs! O’g’rini topsam, sen uchun bir uloqni qurbon qilishga va’da bergandim; endi agarda men o’g’ridan jon saqlab qololsam, senga bag’ishlab ho’kiz so’ygum, albatta».

Bu masalni o’zlarida yo’q narsani qidirgan, topgach esa, undan qanday qutulish yo’lini bilolmay mushkul ahvolga tushgan omadsiz odamlarga nisbatan qo’llash mumkin.

50. SUVSAR VA AFRODITA

Suvsar bir barno yigitni astoydil sevib qoladi va Afroditaga (pastdagi izohga qarang), meni ayol ayol kishiga aylantir, deb iltijo qiladi. Ma’buda ishq alangasida lov-lov yonayotgan Suvsarga rahmi kelib, uni sohibjamol qizga aylantiradi. Yigit bir ko’rishdayoq bu qizni sevib qoladi, so’ng uni o’z uyiga boshlab keladi. Mana, ular xobxonaga kirishadi. Shunda Afrodita, Suvsar o’z qiyofasi bilan birga tug’ma xulq-atvorini ham o’zgartirdimikin, deb uni sinab ko’rmoqchi bo’ladi va xobxonaga bir sichqonni kiritib yuboradi. Ana shunda Suvsar o’zining qaerda va kim ekanligini unutib quyib, to’shakdan sakrab turadiyu sichqonni tutib yeyish uchun unga tashlanadi. Bu holni ko’rib jahli chiqib ketgan Afrodita go’zal qizga aylangan Suvsarni yana avvalgi qiyofasiga qaytaradi.

Odamlar ham shunaqa; ular tabiatan nodon bo’lsalar, tashqi qiyofalari o’zgarganida ham fe’l-atvorlari o’sha-o’shaligicha qoladi.

51. DEHQON VA ILON

Bir Ilon asta o’rmalab kelib Dehqonning o’g’ilchasini chaqib o’ldirdi. Bu og’ir musibatdan alamdiyda bo’lgan Dehqon qo’liga bolta olib, Ilonni inidan bosh chiqargani hamono chopib o’ldirmoqchi bo’lib poylay boshladi. Mana, Ilonning boshi ko’rindi, Dehqon uni boltasi bilan chopmoqchi bo’ldi, ammo Ilon chap berib qoldi, bolta esa uya og’zidagi katta toshni yorib yubordi. Shu voqeadan keyin Dehqon yurak oldirib qo’ydi va Ilonga yolvorib, kel, yarashaylik, dedi. «Yo’q, — deb javob qildi unga Ilon, — yorilgan toshni ko’rib men ham, o’g’lingning qabrini ko’rib sen ham bir- birimizga yaxshilik tilay olmaymiz».

Bu masal mudhish adovatdan keyin bitim tuzish oson bo’lmasligini bildiradi.

53. DEHQON VA UNING O’G’ILLARI

Bir Dehqonning o’g’illari doim bir-birlari bilan nizolashgani-nizolashgan edi. Dehqon necha-necha bor, ahil bo’linglar, deb o’g’illariga yaxshilikcha nasihat qilib ko’rdi, ammo ular quloq solishmadi. Shunda chol bolalariga daraxt chiviqlarini bir dasta qilib yig’ib kelishni buyurdi. O’g’illar buyruqni bajarishdi. Dehqon o’g’illariga, shu bir dasta chiviqni bir yo’la sindiringlar-chi, dedi. Lekin o’g’illari, qancha urinishmasin, chiviq dastasini sindira olmadilar. Shunda ota chiviqpar bog’ichini yechib, o’g’illariga bittadan chiviq ulashdi; o’g’illar chiviqdonalarini osongina sindirishdi. Dehqon dedi: «Sizlar ham, bolalarim, bir- biringiz bilan ahil bo’lsangiz, hech qanday g’anim sizlarni yenga olmaydi, bordi-yu hadeb nizolashaversangiz, har qanday ojiz odam ham mahv etishi mumkin sizlarni».

Masaldan hissa shuki, ahillik, totuvlik naqadar qudratli bo’lsa, nizoyu nifoq shu qadar zaifdir. Axir, ayrilgan ozar, birlashgan o’zar, deb bekorga aytmaganlar-ku.

57. KAMPIR VA TABIB

Kampirning ko’zi og’rib qoldi, u Tabibni chaqirib, agar ko’zimni davolab tuzatsang, yaxshi haq to’layman, deb va’da qildi. Tabib muolajani boshladi. Lekin u har gal kelib Kampirning ko’ziga dori surkaganida, uning ko’zini chirt yumib o’tirganidan foydalanib, uydagi buyumlardan birontasini olib ketaverdi. Nihoyat, u Kampir uyidagi jamiki qaqir-ququr va anjomlarni olib ketib bo’lgach, muolaja tugaganini aytib, va’da qilingan xizmat haqini talab qildi. Kampir haq to’lashdan bosh tortdi; shunda Tabib Kampirni hakamlar oldiga sudrab borib, uning ustidan arz qildi. Kampir esa shunday bayonot berdi: «Haq rost, muhtaram hakamlar, men bu Tabibga, agar ko’zimni davolab tuzatsa, haq to’lamoqchi bo’luvdim. Holbuki, uning muolajasidan keyin ko’zlarim hech nima ko’rmay qoldi: men ilgari o’z uyimdagi hamma buyumlarni ko’rardim, endi u yerda hech nima ko’rmayapman».

Hayotda ham shunday: badbin va badniyat kishilar ko’pincha katta manfaat ketidan quvib, o’z illatlarini oshkor qilib qo’yganlarini sezmay qoladilar.

58. BEVA AYOL VA TOVUQ

Bir beva ayolning har kuni tuxum tug’adigan bitta tovug’i bor edi. Beva, agar unga ko’proq don bersam, kuniga ikkitadan tuxum tug’ib beradi, deb o’yladi va shunday qildi ham. Lekin Tovuq bunday boquvdan semirib ketib, butunlay tuxum qilmay qo’ydi.

Masal aytmoqchiki, aksar ziqna odamlar boriga qanoat qilmay, tezroq boyib ketmoqchi bo’ladilar va oqibatda bor boyliklaridan ham judo bo’ladilar.

61. DEHQON VA TAQDIR

Bir Dehqon o’z chorbog’ida yer chopib turib, xazina topib oldi. Shundan keyin u bu chorbog’ni, hojatbarorim, deb e’zozlab, har kuni yangi-yangi turfa gullar bilan bezatib turdi. Dehqonning bu amalini ko’rgan Taqdir uning yoniga kelib shunday dedi: «Birodarim, nima uchun sen Yerga minnatdorchilik bildirmoqdasan? Axir xazinani senga Yer emas, men baxsh etdim-ku, sening boy bo’lishingni xohlab! Bordi-yu, ishlaring bexosdan chappasiga ketib, nochor va notavon ahvolga tushsang, unda yana meni — Taqdiringni qarg’ay boshlaysanmi?»

Masaldan hissa shuki, har bir inson o’z valine’matini bilmog’i va mudom unga minnatdorchilik izhor qilib turmog’i lozim.

65. IKKI O’RTOQ VA AYIQ

Ikki o’rtoq o’rmondagi so’qmoq yo’ldan ketib borardi, kutilmaganda oldilaridan bir bahaybat Ayiq chiqib qoldi. Yigitlardan biri shu zahoti daraxtga tirmashib chiqib novdalar orasiga berkinib oldi, Lekin ikkinchi yigit qochishga ulgura olmadi, shu bois yerga uzala tushib, xuddi o’likday qimir etmay yotdi. Ayiq unga yaqin kelib, aftini hidday boshlaganida, yigit nafas ham olmadi; chunki, aytishlaricha, ayiqlar o’laksalarga tegmas ekan. Mana, Ayiq orqasiga o’girilib jo’nab ketdi, shunda daraxtga chiqib olgan o’rtoq yerga tushdi va: «Ayt-chi, Ayiq qulog’ingga nimalarni pichirladi?» deb so’radi. O’rtog’i unga javoban bunday dedi: «Bundan keyin safarga chiqqaningda seni mushkul ahvolda tashlab qochadigan odam bilan hech ham hamroh bo’lma, deb shipshidi».

Masaldan xulosa shuki, haqiqiy do’st boshga og’ir musibat tushganda bilinadi.

66. IKKI YIGIT VA QASSOB

Ikki yigit qassobdan go’sht xarid qila boshladi. Qassob ish bilan alahsigan paytda yigitlardan biri peshtaxtada yotgan bir bo’lak go’shtni olib, o’rtog’ining qo’yniga solib qo’ydi. Qassob o’girilib go’shtning yo’qolganini sezdi va yigitlarni ayblay boshladi. Lekin go’shtni olgan yigit, xudolar shohid, menda sizning go’shtingiz yo’q, deb, go’sht bo’lagini qo’yniga yashirgan yigit esa, men go’shtingizni olmadim, deb qasam icha boshladilar. Ularning nayrang ishlatayotganini fahmlagan qassob dedi: «Hay, mayli, yolg’on qasam ichib mendan qutulib ketyapsizlar; ammo, baribir, bunday qasamxo’rlik qilganingiz uchun xudolar g’azabidan qutulolmagaysiz».

Masaldan hissa shuki, soxta qasam, uni nechog’li niqoblashga urinmasinlar, baribir hamisha u qabihdir.

68. RAQIBLAR

O’zaro yovlashib qolgan ikki raqib bir kemada suzib borardi. Ular bir-biridan uzoqroq bo’lish maqsadida biri kemaning quyrug’iga joylashdi, ikkinchisi kema tumshug’iga o’tirib oldi. Ular hamisha shu alfozda o’tirishdi. Bir mahal dengizda dahshatli to’fon ko’tarilib, kema cho’ka boshladi. Shunda kema quyrug’ida o’tirgan odam darg’adan, kemaning qay qismi oldin suvga cho’kadi, deb so’radi. «Tumshug’i», deb javob qildi darg’a. Buni eshitib, quyruqdagi odam dedi: «Unday bo’lsa o’limimga roziman, faqat dushmanimning mendak oldin suvga g’arq bo’lishini ko’rsam armonim qolmaydi — ko’nglim taskin topib o’laman».

Shunday odamlar borki, g’animining iztirob chekishini ko’rish uchun o’zlari ham battarroq azobga duchor bo’lishdan qaytmaydilar.

69. QO’SHNI QURBAQALAR

Bir-biriga qo’shni ikki Kurbaqa bor edi. Ularning biri yo’ldan chetroqdagi hovuzda, ikkinchisi shundoqqina katta yo’l bo’yidagi ko’lmak suvda yashardi. Hovuzda yashovchi Kurbaqa qo’shnisini o’zi bilan birga yashashga taklif qilib dedi: «Kelsang yaxshi bo’lardi, egachi, bu yerda xo’rak ko’p, birgalikda tinch-totuv bo’lib yashardik». Lekin yo’l yoqasida yashovchi Kurbaqa bo’lsa unga: «Yo’q, qo’shnijon, men o’z ko’lmagimga ko’nikib qolganman, uni tashlab ketolmayman», deb qo’shnisining hovuziga borishga rozi bo’lmadi va oqibat, kunlarning birida yo’ldan o’tib borayotgan arava g’ildiragi uni majaqlab yubordi.

Odamlar orasida betuturiq odatga qul bo’lib yashovchilar topiladiki, undaylar orzu qilgan ezgu niyatlariga yeta olmay dunyodan ko’z yumadilar.

70. EMAN DARAXTI VA QAMISH

Eman bilan Qamish, qay birimiz kuchliroqmiz, deb bahslasha boshladilar. Shu bahs paytida kuchli shamol ko’tarildi va Qamish bir seskanib ketib, bu shamolga bosh egib ga’zim qildi; ammo Eman shamolga qarshi ko’ksini qalqon qilib turaverdi, oqibatda ildizi bilan qo’porilib yerga quladi.

Ushbu maeal, kuchlilar bilan bahslashmaslik kerak, deb uqtiradi.

71. SHERNING OLTIN HAYKALINI TOPGAN QO’RQOQ BOY

Pulni ko’rsa o’zini tomdan tashlaydigan bir Qo’rqoq boy tilladan quyilgan sher haykalini topib oldi va o’zicha shunday mulohaza yurita boshladi: «Endi nima qilsam ekan buni, hayronman. Esim og’ib dovdirab qoldim. Ochko’zligim meni bir tomonga, qo’rqoqligim ikkinchi tomonga tortib, holi jonimga qo’yishmayapti. Qanday qismat yoki tangri yaratdiykin bu tilla sherni menga azob berish uchun? Parokanda qalbim o’z yog’iga o’zi qovrilib yotibdi: o’zim oltinni jonimdan ortiq yaxshi ko’raman, lekin mana bu oltinning qiyofasi meni qattiq vahimaga solmoqda. Dilim bu topilmani tezroq o’ziga olishni xohlayapti-yu, ammo diyonat unga qo’l tekkizmaslikka da’vat etmoqtsa. Ey yovuz qismat! Bu nima qilganing — berishga berib, olishga oldirmayapsan! Eh, bu qanday boylikki ko’ngilni quvontirmayapti! Ey tangrining falokatli saxovati, nima qilsam ekan seni? Qanday qilib qo’lga kiritsam ekan-a bu topilmani? Men biron nayrang ishlatishim kerak!.. Bo’ldi, topdim: hozir borib bu yerga qullarimni boshlab kelaman — ular baravariga qo’lda ko’tarishadi bu tilla sherni; men bo’lsam, ularni uzoqdan kuzatib turaman».

Bu masal, o’z mol-davlatidan huzur qilib, zavqlanib foydalana olmaydigan noshud boylar haqida.

72. ASALARI BOQUVCHI ODAM

Bir kishi asalari uyalari turgan o’tloqqa egasi yo’qligida kelib, asalari uyalaridagi mumkataklarni ancha-muncha asali bilan o’g’irlab ketdi. Xo’jalik egasi kelganida uyalar bo’m-bo’sh bo’lib qolgan edi; shunda asalarichi uyalarni birma-bir ko’zdan kechira boshladi; bu payt daladan asalarilar uchib kelishdi va uyalarini titkilayotgan asalarichini ko’rib, uni chaqa boshlashdi. Bu chaquvlar azobiga chiday olmagan asalarichi ularga dedi: «Voy, yaramaslar-ye! Bu nima qilganlaring? Nega sizlarni parvarishlab boqib kelayotgan meni ayamay chaqib yotibsiz? Axir sizlar mumkataklaringiz bilan g’amlagan asalingizni o’g’irlab ketgan odamni chaqishingiz kerak edi-ku!»

Shunday kishilar bo’ladiki, do’stni dushmandan farq qila olmaydilar va o’zlarini dushmandan himoya qilish o’rniga, asl do’stlarini dushman bilib, ularni o’zlaridan quvadilar.

73. DEL`FIN BILAN MAYMUN

Sayr qilgani dengiz sayohatiga chiqqan odamlar, odatda, o’zlari bilan maymun olishardi. Shunday sayyohlardan biri safarga bir maymunni yetaklab chiqqan edi. Mana, sayyohlar tushgan kema Afina yaqinidagi Suniy buruni yonidan o’ta boshlaydi; shunda birdan kuchli to’fon ko’tarilib, kema suvga cho’ka boshlaydi va undagi barcha odamlar, shu jumladan, maymun ham, jon shirin emasmi, dengizda suza boshlaydilar. Shu mahal bir Del`fin Maymunni ko’rib qoladi, uni odam deb o’ylab, yaqin boradi-da, cho’kib ketishdan asrab, sohil tomon o’z ustida olib keta boshlaydi. Mana, ular Afinaning Pirey limaniga yaqinlashadilar. Shunda Del`fin Maymundan: «Sen o’zi afinalikmisan?» deb so’raydi. Maymun javob beradi: «Ha, afinalikman. U yerda nomi ulug’ boobro’ qarindoshlarim ko’p». Shu javobdan keyin Del`fin: «Pireyni ko’ryapsanmi?» deb so’raydi. Maymun, bu Pirey bironta odam bo’lsa kerak, deb o’ylab: «Ha, ko’rib turaman, u mening yaqin qarindoshim», deydi. Yolg’onchining bu gapidan achchig’i chiqib ketgan Del`fin Maymunni dengiz o’rtasiga sudrab borib cho’ktirib yuboradi.

Masal yolg’on so’zlovchi odamlarni qoralaydi.

74. BUG’U VA SHER

Qattiq suvsagan bir Bug’u chanqog’ini qondirgani buloq boshiga keladi. U huzur qilib suv icharkan, o’zining suvdagi aksini tomosha qiladi: tarvaqaylab o’sgan yirik-yirik bejirim shoxlariga zavqlanib qaraydi, lekin qiltiriq, nimjon va cho’pday oriq oyoqlarini ko’rib ta’bi xiralashadi. Bug’u shunday xayolga g’arq bo’lib turganida Sher paydo bo’ladi va uni quva boshlaydi. Bug’u qocharkan, Sherdan ancha oldinlab ketadi. (Zero Bug’uning kuchi oyoqlarida, Sherniki — yuragidadir.) Butu ochiq dalada Sherni ancha orqada qoldirib ketdi, lekin o’rmonga kirib borganida, shoxlari daraxt navdalariga ilashib, tez yugurolmaydi, oqibat, Sher uni tutib oladi. Shunda Bug’u ajali yetganini sezib o’ziga o’zi deydi; » Shunchali badbaxt ekanman! Xiyonat qilishadi, deb gumonsiraganim — oyoqlarim meni bir o’limdan qutqardilar, ammo xaloskorim deb umidvor bo’lganim — shoxlarim meni halok etdilar».

Ko’pincha falokat sodir bo’layotgan paytda yordam qo’lini cho’zishlariga hech ko’zimiz yetmagan do’stlarimiz bizni xatardan omon saqlab qoladilar, vale madadkorimiz deb umid bog’laganimiz do’stlarimiz nobud bo’lishimizga yo’l qo’yib beradilar.

76. BUG’U VA ARSLON

Bir Bug’u ovchilar ta’qibidan qochib Arslon in qurgan g’or og’ziga borib qoladi va o’zini panaga olish uchun shu g’orga kiradi. Lekin bu yerda u Arslonning panjasiga ilinadi; u o’z o’limi oldidan deydi: «E voh! Sho’rim quridi mening! Vahshiy hayvonning changaliga ilinish uchun qochibman-da odamlardan?»

Xulosa: ba’zi kishilar kichik bir xatardan o’zlarini olib qochib katta falokatga ro’para bo’lganlarini sezmay qoladilar.

77. BUG’U VA UZUM TOKI

Bir Bug’u ovchilardan qochib uzumzorga yashirindi. Ovchilar uni ko’rmay bog’ yonidan o’tib ketishdi. Shunda, falokatdan qutuldim, deb ko’ngli taskin topgan Bug’u Tok barglarini yeya boshladi. Lekin ovchilardan biri shu payt tasodifan orqasiga o’girilib, Bug’uni ko’rib qoldi va kamonidan o’q otib uni yaraladi. Ajali yetganini sezgan jonivor og’ir bir nola chekib o’ziga o’zi dedi: «Eh, qanday sho’rpeshonaman! Qilmishimga yarasha jazoimni oldim: bu Tok meni o’limdan qutqarib qolgan edi, men bo’lsam uni nobud qildim».

Bu masalni o’z yaqinlarining dilini og’ritgani uchun xudoning qahriga uchragan odamlarga nisbatan qo’llash mumkin.

79. MUSHUK VA SICHQONLAR

Bir xonadonda Sichqonlar ko’payib ketgan edi. Buni eshitib qolgan Mushuk shu uyga kelib, Sichqonlarni bittama- bitta tutib yeya boshladi. Nihoyat, bunaqada hammalari qirilib ketishi mumkinligini o’ylagan Sichqonlar jon saqlab in-inlariga berkinib oldilar. Endi Mushuk ularni tuta olmay qoldi. Ana shunda u hiyla-nayrang ishlatib, Sichqonlarni inlaridan chiqarmoqchi bo’ldi: u bir qoziqqa xuddi o’lib qolgandek osilib turdi. Lekin inidan boshini chiqarib mo’ralagan bir Sichqon osilib turgan Mushukni ko’rdi-da, shunday dedi: «Yo’q, egachi, hatto qopga aylanib osilganingda ham senga yaqin yo’lamayman».

Masal deydiki, biron kimsaning makru hiylasiga uchrab pand yegan dono odam, bir toshga ikki marta qoqilmaganidek, boshqa hech qachon aldovga uchmaydi.

80. PASHSHALAR

Bir omborxonada asal to’kilib ketdi; Pashshalar uni tatib ko’rib, shirin ekanligini bilishgach, hammalari unga vij-vij bo’lib yopirilishdi. Lekin oyoqlari asalga botib ucha olmaganlaridan keyin, totli asalga g’arq bo’larkanlar, deyishdi: «Eh, attang, bir zumli lazzatli hayot deb jonimizdan judo bo’lyapmiz».

Masal deydiki, shahvoniy lazzatga mukkasidan ketgan odamlarning ko’pchiligi mash’um baxtsizlikka uchrashlari muqarrardir.

81. ESHAK, XO’ROZ VA SHER

Korni och Sher bir og’ilxonada Eshak turganini ko’rib, uni yemoqchi bo’ldi va asta pusib kela boshladi. Shu payt uy egasining Xo’rozi qichqirib yubordi (aytishlaricha, Sher Xo’roz qichqirig’idan qo’rqar ekan); Sher qo’rqib ketib yerga qapishib yotib oldi, so’ng tiraqaylab qocha boshladi. Sherning Xo’roz ovozidan qo’rqib qochganini ko’rgan Eshakning g’ayrati jo’shib ketdi va Sher orqasidan quva boshladi; ana shunda ancha nariga borib qolgan Sher orqasiga o’girilib, Eshakni tutib yedi.

Eshakka o’xshagan nodonlar odamlar orasida ham uchrab turadi. Raqibining o’zini past olayotganini ko’rgan bunday odam, men zo’r ekanman, deb kerila boshlaydi va halokatga uchrayotganini sezmay qoladi.

82. TULKI BILAN MAYMUN

O’rmonda barcha hayvonlar katta anjumanga yig’ilishib, o’zlariga podsho saylamoqchi bo’libdilar. Bu yig’inda Maymun o’ynoqlab raqs tushib hammani qoyil qoldiribdi; shu bois hayvonlar uni o’zlariga podsho etib saylabdilar. Biroq Tulkining bunga g’ayirligi kelibdi; bir kuni u o’rmonda bir bo’lak go’sht ilingan qopqonni ko’rib qolibdi va Maymunni bu yerga boshlab kelib, debdi: «Bu o’ljani kamina topdim, vale uni o’zimga olmadim — sizga ilindim, podshohim, marhamat, o’z qo’lingiz bilan olib tanovul qiling». Hech qanday shubha sezmagan g’ofil Maymun qopqonga yaqin borib unga ilinib qolibdi va Tulkidan bu razil qilmishi uchun o’pkalana boshlabdi. Tulki esa unga javoban: «Voy, pandavaqi-ye, hali shu farosating bilan barcha hayvonlar ustidan hukmronlik qilmoqchi bo’ldingmi?» debdi.

Biror bir ishga bemulohazalik bilan kirishgan kishilar muvaffaqiyatsizlikka uchrab, el orasida sharmanda bo’ladilar.

87. TILLA TUXUM TUG’UVCHI G’OZ

Bir odam xudolar mujdachisi Hermesga astoydil sig’inar va uni e’zozlardi. Shu izzat-ikromi uchun Hermes unga tilda tuxum tug’uvchi bir G’oz tuhfa qildi. Lekin bu odamning oz- ozdan boyishga sabri chidamadi: u, G’ozning ichi oltinga to’la bo’lishi kerak, deb o’ylab, uni shartta so’ydi. Ammo niyati puch chiqdi — G’ozning qornida ichak-chavaqlardan bo’lak hech narsa yo’q edi. Oqibat, noshukur banda kunda topib turgani tilla tuxumdan ham mahrum bo’ldi.

Manfaatparast, qurumsoq odamlar ham shunday: katta boylik ketidan quvib, bor boyliklaridan ayrilib qoladilar.

92. IKKI IT

Bir odamning ikkita iti bor ekan: u bir itini ov qilishga, ikkinchisini — uyni qo’riqlashga o’rgatibdi. Har safar ovchi it egasiga o’lja tutib kelganida, egasi o’ljaning bir bo’lagini qo’riqchi itga ham tashlar ekan. Bu nohaqlikka chidolmagan Ovchi it Ko’riqchi itga minnat qilib, debdi: «Men har kuni ertadan-kechgacha yelib-yugurib, horib-charchab ov qilib kelaman, ammo sen hech ish qilmay, birovning topganini yeb, qorin qappaytirib yotibsan». Qo’riqchi it unga shunday javob qilibdi: «Sen bu minnatingni menga emas, xo’jayinga qil, chunki meni mehnat qilmay, birovlar hisobiga kun kechirishga o’sha o’rgatgan».

Biz ham ishyoqmas, yalqov bolalarni emas, balki ularni shunday qilib o’stirgan ota-onalarini koyishimiz kerak.

94. OTA VA UNING QIZLARI

Bir odamning ikki qizi bor edi. U bir qizini polizchi dehqonga, ikkinchi qizini kulolga erga berdi. Oradan vaqt o’tib, bir kuni ota polizchi kuyovinikiga bordi va qizidan hol-ahvol so’radi. Qizi: «Binoyiday yashab turibmiz, hamma narsamiz yetarli, — dedi, — faqat tez-tez yomg’ir yog’ishini tangrilardan iltijo qilib yotibmiz: ekkan sabzavotu ko’katlarimiz suvga qonsinlar uchun». Keyin ota ikkinchi qizidan xabar olgani kulol kuyovinikiga ham bordi. Bu qizi ham: «Hech nimadan kamimiz yo’q, — deb javob qildi otasiga, — faqat ob-havo yaxshi bo’lsa, quyosh charaqlab qizdirib tursa bo’lgani: yasagan sopol idishlarimiz tezroq quriydi. Biz tangrilardan faqat shuni so’raymiz doim». Bu gapni eshitib, ota qiziga dedi: «Sen ob-havo yaxshi bo’lishini istasang, opang tez-tez yomg’ir yog’ishini xohlasa, unda men tangrilarga sig’inganimda qay biring uchun madad so’rayman?»

Masal deydiki, agar odam bir-biriga zid bo’lgan ikkita ishga baravar kirishsa, uning hech qanday samaraga erisha olmasligi muqarrardir.

97. BO’RI BILAN ULOQCHA

Podadan orqada qolgan bir Uloqchani Bo’ri quva boshlabdi. Uloqcha undan qocharkan, orqasiga o’girilib, debdi: «Bo’ri, Bo’ri, bilaman, hozir sen meni yeysan. Kel, o’limim oldidan seni bir xursand qilay: sen surnay chal, men raqsga tushay». Mana, Bo’ri surnay chalibdi, Uloqcha esa o’ynay boshlabdi; shunda podani qo’riqlovchi itlar surnay ovozini eshitib, Bo’rini quva ketishibdi. Bo’ri dumini xoda qilib qocharkan, debdi: «Bu kunimdan battar bo’lmaymanmi: axir men qassobman-ku… Kim qo’yibdi menga mashshoqlik qilishni?»

Odamlar ham shunday: agar biron ishga bemavrid qo’l ursalar, erishgan o’ljalaridan ham quruq qoladilar.

98. BO’RI VA TOMDAGI ULOQCHA

Bo’ri bir uy yonidan o’tib borayotganida shu uy tomiga chiqib olgan Uloqcha uni bo’ralab so’ka boshladi. Bo’ri unga qarab: «Meni sen emas, sen turgan joy so’kyapti», dedi.

Masal deydiki, vaziyagning qulayligi o’zidan kuchli bo’lgan odamga dag’allik qilish uchun imkon yaratarkan.

100. ZEVS, PROMETEY, AFINA VA MOM

Oliy tangri Zevs buqani, titan Prometey — odamni yaratdilar, Zevsning qizi ma’buda Afina — uy bunyod etdi. So’ng tangrilar bu ijodlariga baho berish uchun Momni hakam etib tayinladilar. Ichiqora Momning rashki kelib, ilohiy ijodlarni shunday baholadi: «Zevs xatoga yo’l qo’ygan: buqaning ko’zi shoxiga o’rnatilmagan, axir bunaqada buqa nimani suzayotganini ko’rmaydi-ku; Prometey yaratgan odamining yuragini sirtga chiqarishi kerak edi, hozir bu odam yaxshini yomondan darrov farq qila olmaydi, kimning ko’nglida nima borligini ko’ra olmaydi; Afina bo’lsa, yaratgan uyini g’ildiraklarga o’rnatishi kerak edi, shunda bu uy egasi agar yomon odamga qo’shni bo’lib qolsa, osongina ko’chib ketishi mumkin bo’lardi». Bunday tuturiqsiz, g’iybat gapdan qatgiq g’azabi qaynagan Zevs Momni Olimpdan (Tangrilar yashaydigan tog’dan) haydab tushirib yuborgan ekan.

101. ZOG’CHA VA QUSHLAR

Zevs qushlar ustidan shoh tayinlamoqchi bo’ldi va buning uchun jamiki parrandalar yig’iladigan anjuman kunini belgiladi. O’zining xunuk qush ekanligini yaxshi bilgan Zog’cha hammayoqdan har turli qushlarning patlarini terib, ular bilan bezandi. Mana, anjuman kuni keldi; shunda ko’zni qamashtiradigan bo’lib bezangan Zog’cha o’zini Zevsga ko’z-ko’z qila boshladi. Zevs Zog’chaning husndorligidan maroqlanib, uni shoh etib tayinlamoqchi bo’ldi; lekin hamma qushlar bundan norozi bo’lib chug’ullashdi va Zog’chani o’rab olib, har bir qush uning ustidagi o’z patini yulib ola boshladi; ana shunda yalang’och bo’lib qolgan qush yana avvalgi oddiy Zog’chaga aylandi-qoldi.

Odamlar ham shunday: ularning bu foniy hayotda erishgan boyliklari vaqtinchaliqdir; ha, bizlar qarzga olgan boyliklarimiz bilan kerilib yashaymiz, vale qazo qilganimizda ularning baridan mosuvo bo’lamiz; binobarin, biz orttirgan mol-davlatimiz bilan faxrlanish o’rniga, boqiy mulkimiz bo’lmish — ruhimizni pok saqlash haqida qayg’urmog’imiz kerak.

106. ZEVS VA TOSHBAQA

Oliy tangri Zevs to’y qilmoqchi bo’libdi va jamiki jonivorlarni bu to’yga taklif qilibdi, To’yga hamma hayvonlar kelishibdi; faqat Toshbaqa kelmabdi. Buning sababini tushunmagan Zevs ertasi kuni Toshbaqadan, nechun to’yimga faqat sen kelmading, deb so’rabdi. «O’z uyim — o’lan to’shagim», deb javob qilibdi Toshbaqa. Bunday javobni eshitib qahri qaynagan Zevs: «Bas, shunday ekan, bundan buyon o’z uyingni o’zing bilan olib yurgaysan!» debdi.

Shuningdek, ko’p odamlar ham birovning shohona ziyofatida mehmon bo’lishdan o’z uylarida kamtarona kun kechirishni afzal ko’radilar.

119. POLIZCHI

Bir Polizchi dehqoi ekinlarini sug’orardi. Shu mahal bu yerga kelgan bir odam undan so’radi: «Nima uchun begona o’tlar durkun va baquvvat o’sadilar-u, biz ekkan o’simliklar zaif va qiltiriq bo’lishadi?» Polizchi unga javob qildi: «Negaki yer ularning ba’zilari uchun — ona, boshqalari uchun — o’gay onadir».

Ona parvarishida bo’lgan bolalar bilan o’gay ona qo’lida o’sgan bolalar ham bir-birlaridan xuddi shunday farq qiladilar.

120. DEHQON VA UNING ITI

Bir Dehqonning Iti quduqqa tushib ketadi. Dehqon uni olib chiqqani quduqqa tushadi. Lekin It egasining nega oldiga tushayotganini tushunmaydi va, meni suvga cho’ktirmoqchi deb o’ylab, Dehqonni tishlab oladi. Og’riqqa chiday olmagan Dehqon deydi: «Ajab bo’ldi, xo’b bo’ldi, ayb o’zimda: hamonki O’zi suvga cho’kmoqchi ekan, nima qilardim uni qutqarishga urinib?»

Bu masal yaxshilikka yomonlik qiluvchi noshukur odam haqida.

122. O’G’RILAR VA XO’ROZ

Bir uyga o’g’irlikka tushgan o’g’rilar u yerda bitta Xo’rozdan boshqa hech vaqo topmadilar va uni tutib olib jo’nab qoldilar. O’zining so’yilishini sezgan Xo’roz o’g’rilarga yolvorib dedi: «Xudo xayringizni bersin, meni qo’yib yuboringlar. Axir mening odamlarga ko’p foydam tegadi: ularni kechalari uyg’otaman, ishga borishsin, deb». O’g’rilar unga dedilar: «Ana shu qilmishing — odamlarni uyg’otib, bizning o’g’irlik qilishimizga imkon bermaganing uchun ham seni so’yamiz».

Masaldan hissa shuki, yaxshi odamlar uchun foydali bo’lgan har qanday amalni yovuz niyatli kishilar manfur ish deb biladilar.

123. ZOG’CHA VA QARG’ALAR

Bir Zog’cha o’z qavmidagi boshqa zog’chalardan bo’ydorroq, bo’laliroq edi; shu bois u o’z urug’idan jirkanib, qarg’alar jamoasi huzuriga bordi va ular bilan birga yashamoqchi bo’lganini aytdi. Ammo Zog’chaning turqi ham, ovozi ham qarg’alarga yot edi, shuning uchun bu qushga ro’yxush bermay, cho’qib-cho’qib haydab yuborishdi. Quvilgan Zog’cha o’z urug’lari oldiga qaytib keldi, lekin zog’chalar bu takabbur qushdan nafratlanib, uni jamoalariga qo’shmadilar.

O’zga yurtni afzal ko’rib, o’z vatanini tark etgan kishilar shu Zog’chaga o’xshaydilar: begona yurtda qadr-qimmat topmaydilar, o’z vatanlarida esa odamlar ulardan yuz o’giradilar.

124. QARG’A BILAN TULKI

Qaerdandir bir bo’lak go’sht olib qochgan Qarg’a uchib kelib daraxt shoxiga qo’ndi. Uni Tulki ko’rdi va daraxt tagiga kelib, Qarg’a tumshug’idagi go’sht ilinjida, unga: «Oh, Qarg’ajon, sen eng ulug’, eng go’zal qushsan, aslida, barcha parrandalarga faqat sen shoh bo’lishing kerak edi-yu, lekin ovozing uncha jarangdor emas-da», deb xushomad qila boshladi. Shunda Qarg’a o’zining yangroq ovozini Tulkiga namoyish qilish uchun tumshug’idagi go’shtni tushirib yuborib, ovozining boricha qag’illay boshladi. Tulki shu zahoti go’shtni ilib oldi-da, Qarg’aga dedi: «Eh, nodon, agar kallangda yana aqling ham bo’lganida edi, boshqa hech nima kerak bo’lmasdi senga qushlarning shohi bo’lishing uchun».

Masal nodon odamlar haqida.

129. ZOG’CHA VA KAPTARLAR

Kaptarxonadagi Kaptarlarni yaxshi boqishayotganini ko’rgan Zog’cha shu qushlar jamoasida yashamoqchi bo’lib, o’zini oq bo’yoqqa bo’yab oldi. U tovush chiqarmagan chog’da Kaptarlar uni o’z toifalaridan deb bilishdi, lekin u bir payt o’zining kaptar emasligini unutib qo’yib, birdan qag’illab yubordi; shunda Kaptarlar Zog’chani tanib qolib, oralaridan haydab yubordilar. Kaptarlar xo’ragidan mahrum bo’lgan Zog’cha o’z hamjinslari yoniga qaytib keldi; lekin bu oq patli qushni zog’chalar tan olmay, yonlariga yaqin yo’latmadilar. Oqibat, ikki oxurdan yem yeyishni ko’zlagan Zog’cha har ikkisidan ham quvildi.

Binobarin, bizlar ham o’zimizda boriga shukur qilmog’imiz va ochko’zlik tufayli butun bor-budimizdan mosuvo bo’lishimiz mumkinligini unutmasligimiz kerak.

132. IT VA TULKI

Bir ovchi It sherni ko’rib qolib, uni quvishga tushdi. Sher orqasiga o’girilib bir o’kirgan edi, It tiraqaylab qocha boshladi. Buni ko’rgan Tulki dedi: «Voy tentak-ye, sherning faqat ovozidan qo’rqib qochyapsan-u, kim qo’yibdi senga uning orqasidan quvishni?»

Shunday odamlar bo’ladiki, ular o’zlaridan boobro’roq, qudratliroq kishilarni yomonlab g’iybat qila boshlaydilar, ammo ularning dag’dag’alarini eshitib, zumda damlari ichlariga tushib jim bo’lib qoladilar. Masal shunday g’iybatchilarga qarshi qaratilgan.

133. GO’SHT TISHLAGAN IT

Og’zida bir bo’lak go’sht bilan ko’prikdan o’tayotgan It suvda o’z aksini ko’rib qoladi. U, boshqa bir it katta bo’lak go’sht tishlab ketyapti, deb o’ylab, og’zidagi go’shtdan voz kechadi- da, suvdagi o’z aksiga tashlanadi. Natijada, ikkala go’shtdan ham quruq qoladi: katta go’sht bo’lagini topolmaydi, chunki u yo’q edi va o’z go’shtini yo’qotib qo’yadi, chunki uni suv oqizib ketgan edi.

Bu masal ochofat odamlarga qarshi qaratilgan.

134. IT BILAN BO’RI

Bir It o’z xo’jasining uyi oldida mudrab yotardi; Bo’ri uni ko’rib tutib oldi va yemoqchi bo’ldi. It Bo’ridan bu safar uni qo’yib yuborishni iltimos qildi. «Hozir men ozg’in, qoqsuyakman, — dedi u, — lekin yaqinda xo’jayinim to’y qilmoqchi, agar hozir menga tegmay, to’ydan keyin biqqa semirganimda yesang rosa maza qilasan». Bo’ri uning gapiga ishonib qo’yib yubordi. Oradan bir necha kun o’tgach, Bo’ri yana keldi. Qarasa, It endi tom boshida mudrab yotibdi; Bo’ri Itga o’zaro tuzilgan bitimni eslatib, uni pastga tushishga unday boshladi. It esa unga shunday javob qildi: «Senga maslahatim shuki, azizim, agar yana mening uy oldida uxlab yotganimni ko’rsang, to’y bo’lishini kutib o’tirmay qo’yaqol!»

Dono odamlar ham shunday: boshlariga tushgan katta xatardan bir marta qutulib omon qolsalar, keyin umrbod hushyor bo’lib yashaydilar; axir ko’r hassasini bir marta yo’qotadi, demaganmilar?

137. CHIVIN VA BUQA

Bir Chivin uchib kelib Buqaning shoxiga qo’ndi va ancha vaqt shu yerda o’tirdi; keyin uchib ketishga shaylanib, Buqadan so’radi: «Balki uchib ketmaganim ma’quldir senga?» Buqa unga javob qaytardi: «Eh azizim, kelib shoximga qo’nganingni ham sezmagan edim, uchib ketsang ham hech nima sezmayman».

Ushbu masalni bor yo yo’qmiligiga hech kim e’tibor bermaydigan, hech kimga hech qanday nafi ham, ziyoni ham tegmaydigan kishilarga nisbatan qo’llash mumkin.

138. QUYONLAR VA QURBAQALAR

O’zlarining o’lgudek qo’rqoq ekanliklarini tushungan Quyonlar, bu kunimizdan ko’ra suvga cho’kib o’lganimiz yaxshi, degan qarorga keladilar va ko’l yoqasidagi jar labiga boradilar; ko’ldagi Qurbaqalar Quyonlarning oyoq tovushini eshitishib, cho’chib ketadilar va cho’lp-cho’lp etib suvga sho’ng’iydilar. Buni bir quyon ko’rib qoladi va hamjinslariga: «Shoshmanglar, bizdan ham batgarroq qo’rqoqlar bor ekan-ku dunyoda, shartmikin o’zimizni suvga g’arq qilish?» deydi.

Odamlar ham shunday: mushkul ahvoldagi kishilarni ko’rishganda o’z qayg’u-hasratlarini unutib, ko’ngillari taskin topadi.

140. SHER VA DEHQON

Sher bir Dehqonning qizini sevib qoladi va uyiga sovchi bo’lib keladi. Dehqon bu vahshiy hayvonga qizini berishni ham xohlamas, ayni paytda, uning talabini rad etishdan ham qo’rqardi. Mana, u o’ylab-o’ylab shunday qarorga keldi: Sher qizning uyiga hadeb tanda qo’yaverganidan keyin Dehqon unga ushbu shartni aytdi: «Bilaman, sen qizimga munosib qayliqsan, albatta, lekin qizimga uylanishingdan oldin sen tishlaringni sug’urib olishing, tirnoqlaringni kesib tashlashing kerak, bo’lmasa qizim sendan qo’rqadi». Sevgidan telba bo’lib qolgan Sher Dehqonning shartiga bajonidil rozi bo’lib tishlari va tirnoqlarini oldirib tashlaydi. Ana shunda Dehqon Sherdan qo’rqmay qo’yadi va u qizga uylangani kelganida tayoq bilan urib haydab yuboradi.

Masal deydiki, g’animini dag’-dag’ titratgan vajohati vahimali odam, agar dushmanining shartiga o’ylamay-netmay rozi bo’lib, o’zining eng dahshatli jihatlaridan voz kechsa, zumda g’animining asiriga aylanadi-qoladi.

141. SHER VA QURBAQA

Qurbaqaning qurillaganini eshitgan Sher, bu qanday vahimali hayvon bo’ldi, deb ovoz kelgan tomonga o’girilib qaradi. Qarab, endigina suvdan sakrab chiqqan Qurbaqani ko’rib, uni ezg’ilab tashladi va dedi: «Ovoz emas, vajohat qo’rqinchli bo’ladi».

Bu masal javrashdan boshqa ishni bilmaydigan mahmadona odam haqida.

142. SHER BILAN TULKI

Sher qarib qoldi; endi u o’zi ov qilib qornini to’ydira olmasdi; shunda u ayyorlik qilib kun kechirmoqchi bo’ldi: u o’z g’origa kirib, go’yo kasal bo’lgandek yotib oldi; shunda hayvonlar uning holidan xabar olgani kela boshladilar, Sher esa ularni tutib yeyaverdi. Bu orada ancha-muncha hayvon patarat topdi. Nihoyat, Sherning nayrang ishlatayotganini Tulki sezib qoldi; mana, u g’or og’ziga kelib, uzoqdan turib, Sherdan hol-ahvol so’radi. «Ahvolim og’ir, — deb javob qildi Sher, — ie, nega tashqarida turibsan? Kir ichkariga!» Tulki unga shunday javob qildi: «Kirardim-u, lekin qarasam, g’orga yo’nalgan oyoq izlari ko’p bo’lsa ham ichkaridan chiqqan bironta iz yo’q».

Aqli bor odam ayrim belgi va alomatlarga qarab, xavf yaqinligini sezadi va o’zini ehtiyot qiladi.

143. SHER BILAN BUQA

Sher bahaybat bir Buqani yeyishga chog’lanib, uni shirin so’zlar bilan o’ziga og’dirmoqchi bo’ldi. U qurbonlikka qo’y so’yganligini aytib, Buqani ziyofatga taklif qildi. Niyati — mehmonni dasturxon yoniga cho’k tushgan paytida yeyish edi. Mana, Buqa keldi; qarasa, doshqozonlarda suv qaynayotganmish, bir qancha uzun-uzun sixlar ham kabob qilishga shaymish-u, ammo qo’ydan darak yo’qmish. Buqa bu holni ko’rdi-yu, churq etmay, orqasiga qaytib keta boshladi. Sher undan o’pkalanib: «Nima, biron gap bilan dilingni og’ritdimmi, nega indamasdan orqangga qaytib ketyapsan?» — dedi. Buqa javob berdi: «Bunday qilishimga sabab bor: qarasam, bu yerda qurbonlikka ko’y emas, buqa atalgan ko’rinadi».

Masaldan hissa shuki, yovuz kishilar qancha urinishmasin, o’z nayranglarini dono odamlar nazaridan yashira olmaydilar.

146. SICHQONDAN CHO’CHIGAN SHER

Uxlab yotgan Sherning basharasidan bir sichqon pildirab o’tib ketadi. Sher sakrab turib ketib, kim yuzimga tegdi, degandek atrofga alanglab qaraydi. Buni ko’rgan tulki: «Seni qara-yu, kimsan Sher bo’laturib sichqondan qo’rqib ketding-a!» — deb Sherni mazax qiladi, «Yo’q, men sichqondan qo’rqqanim yo’q, — deb javob qiladi Sher, — balki uning surbetligi g’azabimni qaynatdi».

Bu masal, aqlli odamlar hatto ikir-chikir narsalarga ham befarq qaramaydilar, demoqchi.

147. SHER BILAN AYIQ

Sher bilan Ayiq bir yosh bug’uni tutib olishdi va uni talashib jang boshlashdi. Ular to sillalari qurib, ko’zlari tinguncha jon-jahdlari bilan olishib, axiyri holdan toyib yiqilib qolishdi. Shu mahal bu yerdan o’tib ketayotgan tulki bug’u jasadining ikki yonida cho’zilib yotgan Sher bilan Ayiqni ko’rdi va ularning beholligidan foydalanib bug’uni sudrab olib qochib ketdi. Shunda qimirlashga ham madorlari qolmagan Sher bilan Ayiq: «Sho’rimiz qurisin! Bundan chiqdi, hali biz tulki uchun ter to’kib harakat qilgan ekanmiz-da?» deyishdi.

Axir, yugurganniki emas, buyurganniki, deb bekorga aytishmagan-da!

148. SHER BILAN QUYON

Bir kuni Sher uxlab yotgan Quyonni gopib oldi va uni yemoqchi bo’lib, endi og’ziga olib borgan edi, shu payt kutilmaganda uning yonginasidan bir bug’u yugurib o’tdi. Sher Quyonni tashlab, bug’u
orqasidan quva ketdi, lekin ming quvlagani bilan unga yeta olmadi va, topgan Quyonimdan qo’ymasin, deb orqasiga qaytib keldi. Lekin Kuyon uyg’onib, allaqachon juftakni rostlab qolgan edi. Shunda Sher Quyondan ham ayrilganini ko’rib, dedi: «Ming la’nat! Uzoqdagi o’ljani deb, qo’limdagisini qo’yvorib o’tiribman men, ahmoq!»

Ba’zi odamlar ham shunday: doimo kelib turgan mo»tadil daromadga qoniqmay, kattaroq o’ljaga ko’z tikadilar va bor boyliklaridan ham mosuvo bo’ladilar. Vaholanki elda, uzoqning xazinasidan yaqinning nasibasi yaxshi, degan dono gap bor.

149. SHER, ESHAK VA TULKI

Sher, Eshak va Tulki hamjihat bo’lib yashashga qaror qilishdi va birgalikda ov qilgani ravona bo’lishdi. Ularning ovlari baroridan kelib, bir talay o’lja to’plashdi. Sher o’ljani taqsimlashni Eshakka buyurdi. Eshak o’ljani teng uchga bo’ldi va Sherga, tanla, deb aytdi. G’azabi qaynagan Sher Eshakni g’ajib yeb qo’ydi va endi o’ljani bo’lishni Tulkiga buyurdi. Tulki jamiki o’ljani bir to’p qilib uydi, o’ziga esa, qittakkina narsa qoldirib Sherga, tanla, deb aytdi. Shunda Sher Tulkidan: «O’ljani bunday yaxshi taqsimlashni kimdan o’rganding?» deb so’radi. «Marhum Eshakdan», deb javob qildi Tulki.

Binobarin, yaqin kishilarining boshiga tushgan baxtsizlik odamlar uchun saboq bo’lar ekan.

150. SHER VA SICHQON

Bir Sichqon uxlab yotgan Sherning ustidan pildirab o’ta boshladi. Sher uyg’onib ketib, Sichqonni tutib oldi va uni yemoqchi bo’ldi. «Sen, yaxshisi, meni qo’yib yubor, — deb yolvordi Sichqon, — kezi kelganda men ham bu yaxshiliging uchun seni falokatdan qutqaraman». Sher bu gapni eshitib, xaxolab kuldi va Sichqonni qo’yib yubordi. Lekin oradan bir oz vaqt o’tgach, Sichqon, chindan ham, Sherga bergan so’zining ustidan chiqdi — uni bir o’limdan asrab qoldi. Gap shundaki, Sher ovchilar tuzog’iga ilinib qolgan va ular Sherni arqon bilan daraxtga bog’lab qo’yishgan edi; Sherning nola chekib o’kirganini Sichqon eshitib qoldi va darhol uning oldiga yugurib keldi-da, arqonni kemirib, Sherni tuzoqdan ozod qildi. So’ng dedi: «U kuni ustimdan kulgan eding — senga yaxshilik qilishimga go’yo ishonmaganday. Mana, endi Sichqon ham minnatdorlik bildirishga qodir ekanligini bilib olding».

Bu masal, ba’zida eng qudratli, zabardast odamlar ham, taqdir taqozosi bilan, eng zaif kishilar yordamiga muhtoj bo’lishlari mumkinligini ko’rsatadi.

151. SHER BILAN ESHAK

Sher bilan Eshak birgalikda yashashga qaror qilishdi va ovga ketishdi. Ular yovvoyi tog’ echkilari yashaydigan g’orga kelishdi. Sher g’or og’zida turib ichkaridan qochib chiqayotgan echkilarni tutib oladigan bo’ldi; Eshak esa g’or ichida bor ovozi bilan hangrab echkilarni cho’chitib quva boshladi. Mana, Sher bir talay echkini tutib oldi, shunda g’ordan chiqqan Eshak: «Qalay, zo’r bo’ldimi jangim, bopladimmi echkilarni quvishni?» deb maqtandi. Sher unga javob qildi: «Voy, bo’lmasam-chi! O’zim ham vahimaga tushib qochgan bo’lardim, agar hangrayotgan sen — Eshak ekaningni bilmaganimda».

Maqtanchoqlik dardiga uchragan odam ham ba’zida bu dardidan xabardor bo’lgan do’stlari oldida maqtana boshlaydi va ularga kulgi bo’ladi, albatta.

Izohlar

B o r ye y — Yunon rivoyatlarida shimol shamoli.
A f r o d i t a — Zevsning qizi, muhabbat va go’zallik ma’budasi.
M o m — fisq-facod timsoli.
P l u t o s — farovonlik tangrisi.

003

(Tashriflar: umumiy 17 992, bugungi 26)

Izoh qoldiring