Iroda Umarova. She’rlar

08 Фориш туманидаги машҳур Гараша қишлоғидан бир қатор ижодкорлар етишиб чиққан. Ирода ҳам Гарашанинг фарзанди.

Ирода УМАРОВА
ШЕЪРЛАР
05

ЖАННАТ СОҒИНЧИ
07
Куз, қиш, баҳору ёз – бари бирдайин,
Шунчаки совуқ ё иссиқ фасллар.
Қўйдим ўхшашини бошқа кўрмайин,
Ўтмишимда қолиб кетди асллар.
Оҳ, қани у кузлар – рангталош ўлим,
Йўллар эриб кетган ёмғирларида?
Камалак оқарди беармон тўлиб,
Япроқларнинг бўртиқ томирларида.
Қизариб-сарғариб ёнар эди боғ,
Хазонлар тизгача оларди кўлам.
Салласи тумандан, қояси кулоҳ
Тоғлар хотиримда абадий кўклам.
У қишлар йўқ энди, қор устига қор
Ёғмайди, қасдлашиб девор бўйига.
Китоб ўқишмайди сандалда бедор,
Йиғилишиб бурни оққан уйига…
Дўнгликдан сирғаниб тушмас яхмалак,
Чанғилик завқидан холи калишлар.
Фонусли тунларда тингламас эртак,
Исириқ ҳидига тўлган болишлар.
Баҳорни кўрмадим анчадан бери,
Кўнглимни чаймадим фараҳларида.
Қизғалдоқ термадим, шабнамлар териб
Туннинг юқи қолган қадаҳларида…
Оҳ, у гулдираклар, оҳ у жолалар!
Чорбоғ-чорбоғ гуллар, қир-қир чечаклар!
Харсангларни юлиб ўтган селлару
Довчаларни кафтда қисган куртаклар!
У ёзлар ёз эди, йиғлоқ жарликда
Мол боқиб юрарди ялангоёқ бахт.
Ялпизлар балиқча тутган ариқда
Меваларин чайиб ўтирарди дарахт.
Саратон қуёши отган найзадан
Айланиб-ўргилиб тўсарди шамол.
Уялиб, тўғонда сузган қизлардан,
Жийданинг пинжига тиқиларди тол.
Қандай яхши эди, қандай бедард-а?
Жон қадар илинган нон-тузларини.
Жуда соғинаман кулранг шаҳарда
Гарашанинг тоза юлдузларини.
Бораман, излайман, қани энди у?
Интиқ нигоҳимни парчалар завол.
Кўнглимга киради бесўз, нимқайғу,
Бу саркаш, бу чангкаш, нотаниш шамол.
Ўша тоғ, ўша йўл, ўша адирлар…
Ва лекин мен суйган у гўша эмас…
Ё мен ўзгардимми юрагим қадар,
Гараша аввалги Гараша эмас…
Қишлоғу шаҳарлар бирдайин бари,
Фарқи йўқ сочимдан битта толалик.
Асл қишлоғимни, кўзи сингари,
Покиза қалбида асрар болалик…
Келганда дунёдан покланар чоғим,
Бир буюк орзуйим айланса чинга:
Гарашани жаннат қилган Аллоҳим,
Жаннатни Гараша қилиб бер менга!..

ГЎДАК

Кулгучларин лолаларига
Ҳали ҳаёт доғи инмаган.
Киприкларин толаларига
Дарднинг ғуборлари қўнмаган…
Бегонадир турмуш ғалваси,
Шуҳрат, мансаб, бойлик, иморат…
Она бағри, сути, алласи –
Унинг бахти шундан иборат.
Термулади ҳайрати чексиз,
Нигоҳлари бокира савол.
Фариштага ҳомиладорсиз! –
Унутмасин биронта Аёл.

ХУШЛИК

Шомнинг этагида бодроқ юлдузлар,
Болалик сирпанар кўча-кўйларда.
Ҳаёт қўшиқ бўлиб бермоқда саслар,
Қор этини туртиб чиққан уйларда.

Йўлда қадамларим хаёлдай чуқур,
Изғирин кўксига урилар бошим.
Уйга қайтаяпман ишдан шу довур,
Хўжамни, боламни кўргани шошиб.

Эшик очилади, суюк дийдорлар
Жонини олгандай саботларимнинг,
Чопаман беш онлик йўлда, кенг ёзиб
Қўллар шаклидаги қанотларимни:
Хуш келдингиз!..

КЎНГЛИМ

Сўнар яна бир-икки орзу,
Ўттизинчи йилим олдида.
Армонлардан ўсмай қолган бу
Кўнглим ёши ҳамон олтида.

Ўйнар даври тақдирга ўйин,
Ёшлик деса ёшлари мўртдир.
Гуллагану туймаган бўйин,
Кўнглим ёши ўн уч-ўн тўртдир.

Ҳеч тушмаган бахт очган фолга,
Ҳижрон билан эгизак, шаксиз.
Муҳаббати тушида қолган,
Кўнглим ёши ҳамон ўн саккиз.

Кузатяпман бу дунёни жим,
Нигоҳимга яролар тошди.
Гоҳ кулгу, кўп қайғудан ғижим
Кўнглим ёши етмишдан ошди.

Яшаяпман, гўё лаҳзада
Кезган каби нечов ўлкани.
Шукр, Раббим, нима бўлса-да,
Кўнглим тирик бўлса бўлгани.

ТАВБА

Кўнглимнинг тоатга ғарқ кўчасидан
Ким ўтди сўйланиб ишқ лаҳжасида?..
Тавба, мен кимнидир севаман чоғи,
Йўқса куярмидим чўғ-лағчасида.

Адаштириб келди мени мақсадим,
Билдимки, беҳуда ўзлигим бисёр.
Кечиргил, кечиккан бандангни, Раббим,
Иймоним кўзларин уйғотиб юбор…

Бунчалар яхшисан, Парвардигорим,
Шафқат боғларингда пишган меваман.
Тавба, қайси банданг кўтарса корим,
Сени ҳам унутиб, уни севаман…

Ҳозир бахт исидан мастдир димоғим,
Чиройлиман, қошу кўзи қораман.
Лекин ёлғонларга қоқилган чоғим,
Уялмай ўзингга йиғлаб бораман.

Кўзимга денгизлар кетади сиғиб,
Тақдирнинг зулмидан айтсам ҳикоят.
Бандангман, лек ўзим бир четга чиқиб,
Жамики бандангдан қилдим шикоят.

Қайдан ҳидоятга келар чорловинг,
Наҳот қалбимдадир қўналғанг сенинг?..
Муҳаббат бу – асли улкан синовинг,
Умр – чин дунёга йўлланманг сенинг.

Муҳаббат ва умр… бари бўлди кир,
Кечиргил жаннатдан умидворингни.
Чап елкам ўнгидан тортмасдан оғир,
Ўлдири-и-иб қўйсанг-чи гуноҳкорингни!..

ВОЛИДАЙН ЮРТ

Коинотда порлар саноқсиз юлдуз,
Уларнинг ичида Ер бор – сайёрам.
Унинг  юрагида таянч нуқтадай
Бир юрт бор мен учун азиз, мукаррам.

У юртнинг пойида гулбадан замин.
Бошида офтобдан эриган осмон.
Бағрида фасллар ясанар рангин,
У маъвонинг номи
Ўзбекистонжон.

У жоннинг ичинда мадор мисоли
Воҳа бор – замини қадим адирлар.
Даралар қўйнидан келар шамоли,
Қуёш жизза бўлар Жиззахда дерлар.

У Жиззах юзида хол каби бўртиб,
Йўлни йигиради Фориш довони.
Уловлар борарлар тоғ сари йўртиб,
Икки чеккасида қирлар карвони.

Ногоҳ пастга қараб шўнғир манзара,
Яшил чизиқ сўнги оппоқ қор, оппоқ…
Мен учун энг гўзал, дилкаш ва сара,
Шу тошлоқ Гараша, волидайн қишлоқ.

Қаранг, бизнинг ватан яна кимда бор,
Тоғларин кўксидан булоқлар томган?
Эрта келиб, кечда кетувчи баҳор,
Кузи доимбаҳор атласдай ёнган?

Сўйласам сўзимдан таралади куй,
Ўйласам ўйимга тор келар жаҳон.
Қалбим дафтарига чизилган хушрўй
Бўйингдан айланай,
Ўзбекистонжон.

РАҲМАТ
Шаҳриёрга

Менинг ёлғизлигим озодлигимдир,
Ўзимга суяниб қўпдиму ўсдим.
Барибир… меҳрига боғларкан кимдир,
Танимасдан қилиб яхшилик, дўстим.

Яхшиям дардим бор, бахтга асқотган,
Ўртада эзгулик риштасин тортган.
Олисларда туриб кўзёшим артган
Қўлингиз Ҳақники шекилли, дўстим?

Қизғалдоқ бандидан йўнилган найман,
Илло шамолларнинг авжин чалгайман.
Заиф кафтларимда жаннат йўллайман,
Эй, кеча танишган минг йиллик дўстим.

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Китоблар совуган…
Ижодда қолип…
Ҳушим асир эди рўзғор-тушумга.
Эсламадим… балки хавотир олиб
Абдулла Қодирий кирди тушимга.

Ё Раб, чеҳрасида синар эмиш нур!
Кулса, мийиғида ғурур ийганмиш.
Оқ яктакка атлас белбоғ тортиб қур,
Устидан олача чопон кийганмиш.

Болалигим ўтган боғ ўртасидан
Кетиб борармишмиз жўяклар ҳатлаб.
Йўл топиб изларин харитасидан,
Эргашар эмишман кўзимга хатлаб.

Гоҳ ўгирар экан дўппили бошин:
«Синглим, чарчагандай бўлдинг чамаси?
Бу зилол сувларга суқланмай ошин,
Тушиб кетма, туби лойқа ҳаммаси!»

Ногоҳ қаршимизда, тақдирнинг қўли
Бир селга айланиб ташлаган бузиб,
Олис хотиримнинг энг яқин йўли –
Лойтомли азиз уй чиққанмиш ўсиб.

Устоз уй олдида чертиб ҳавони,
Менга меҳр билан боқармиш хушчоғ.
Ёнида таомга тўла қозонни
Оловли бағрига олган лой ўчоқ.

Ўчоқ ёнбошида бир дарахт бор,
Эгилмиш келиннинг саломларидай.
Шохларида ҳарир рўмоллар қатор,
Ҳовур ва тутуннинг давомларидай.

Қўлим узатибман – мунчалар майин,
Бошимга ташлабман – ислари фаранг.
Англаб борармишман, мен ҳури айн,
Мен Кумуш!
Мен Кумуш!
Бобожон, қаранг!..

Эҳ, уйғониб кетдим…
Ҳануз эди тун.
Ҳануз ўша тунни юрагим ушлар.
Қодирийни яна кўрмоқлик учун
Яна кўргим келар рўмолли тушлар…

ШИФО

«Тузалиб кетасан намоз ўқисанг»
Сарлавҳали тушни ҳамон эслайман.
Оқсоқол, нурчеҳра ва ихчамжусса
Хизр ҳазратимни ўнгда излайман.

Кўрсам айтар эдим:
«Раҳмат сизга, пир!
Гарчи тан дардларим чиқмиш хонликка,
Рўёбидан кейин англанган таъбир –
Кўнглим тузалмоқда мусулмонликка».

ИЧИНДА

Инсонфеъллар кўрдим ҳайвон ичинда,
Ҳайвонхиллар кўрдим инсон ичинда.

Кўрдим неча-неча суврати юпун,
Кўнгли гуллаб турар вайрон ичинда.

Нафси кож, кўзи оч, руҳи яланғоч,
Ғариблар кўп экан боён ичинда.

Каслар бор: ичинда яшайди шайтон,
Ичинда бор: яшар шайтон ичинда.

Забони ақли-ю кўнглидан озод,
Тақво қолмиш фақат забон ичинда.

Телба деганлари гоҳида доно,
Саводсизлар илму урфон ичинда.

Айтсанг тугамайдир, ёзсанг битмайдир,
Савдоси бисёр бу дўкон ичинда.

Дунё – охиратга тақалгувчи йўл,
Ким нақд деб, ким Ҳақ деб карвон ичинда.

Ўзингга етмайди ўзингнинг умринг,
Ҳар ким бир жаҳондир жаҳон ичинда.

ОНАМ

Кўзлари йўлимда ўтди ва охир
Шу йўлдан кўзларин юмиб ўтди у…
Қўл чўзсам етарди,
Оёқ чўзмадим,
Сабаб бўлмагунча ҳажрбахш қайғу.
«Болалиги бордир онаси борнинг», –
Билдим ҳаёт пандга тўлалигини.
Ўша кун кузатдим онам ортидан
Ўттиз ёшдан ошган болалигимни.
Кўзларин йўлимда қолдирганимнинг
Қолдирмадим бирон маъракаларин!
Бақога ҳеч несиз кетиш… ёлғондир,
Қани уйнинг файзу баракалари?
Бормасам қўймайди энди бу кўнгил,
Борсам ёзларда ҳам кутар ўша қиш.
Бу уй энди онам ёдига манзил,
Бу – онам кўйлагин кийволган болиш…
Бу кўрпа – онамнинг пахта чопони…
Онам рўмолидан чиммат дарчада…
Нимчаси куйдирмай тутар қумғонни,
Тиккан дастурхони маҳтал танчада…
Офтоба бетобдай, ўчоқ хиратаъб,
Силаб-сувашларин эслаётгандир –
Елкасин чокига қоқигул қадаб
Бурчакда мунғайиб ўтирган тандир.
Лойсувоқ деворлар, азиз деворлар
Кифтига суйкалиб, олган исларин.
Ҳув тошларга тошдай чўкиб,
Соғинган
Олисларга тушган тошлар – қизларин.
Энди у соғинчлар бизга омонат,
Бўлишсак ҳам вазни вазнимдан кўпроқ.
Бир бурда онам-а, полвон онам-а,
Қадрига етдикми етганда тупроқ?
Қадрига етдимми тириклигида,
Кўнглининг тошига ўзимни босдим.
Мактублар, қутловлар ёзмай юриб, сўнг
Қабрининг тошига ёднома ёздим…
Хизмат бажосига бўлай деб бажо,
Осилган дорларим экан баландда.
Ўлимни ҳамма ҳам кутади, аммо
У келаркан доим кутилмаганда.
Селнинг чангалига тушган хасдайман,
Онларим дуосиз, ғаш-хавотирда.
Ёруғ тушларимга солиб асрайман
Онамли кунларим йиғиб хотирда.
Энди кўп бораман армон кўйида,
Ҳалиям кутгувчи бир баҳонам бор:
Термулиб ўтгани – йўлнинг бўйида
Тупроқни ёпиниб ётган онам бор.

ЁДЛОВ

Кунлар оқиб ўтар нигоҳларимда,
Тубим – юрагимга ташлаб тош, гавҳар.
Зоҳирсан бақонинг қай роҳларида,
Дарди маҳзунрангу ёди мунаввар?

Орзунг ушалдими,
Елиб-югуриб
Юрибсанми гулдай қалқиб фазода?
Кифти қанотларга сурх бўлган ҳурқиз?
Ёнингда оқ отли ғилмон шаҳзода?

Шундай ажр берган бўлсин, собирам,
Руҳингдан арисин армон туғёни.
Илоҳий неъматлар этилса карам,
Ташлаб кетиш бахтдир кетар дунёни.

Тўйдим дейдилар гоҳ, мисқолча жондан,
Асли тўйгувчи у, сабри улкандир.
Бу худбин, миннатли, лафзхўр замонда
Вақтлироқ ўтганинг яхши бўлгандир…

Сўзингни қоғозга дарж этмиш ёруғ,
Қаламнинг кўзида қотиб қолган тун.
Дилга кўмилиш бу – ҳаётдир фаррух,
Исми тақдирига ярашган хотун.

Не-не юракларда меҳринг гуллаган,
Шоир дер эдилар у даражангда.
Кимлар югуриб ҳам ета олмаган
Бахтга сен етгансан аравачангда.

ЧИН ЎЛИМ

Орзуларим кўмилди бир-бир,
Умидларим узилди зор-зор.
Ҳаёт истаб юрган у фақир
Муҳаббатга менда нима бор?!

Жилмаяман тўкилаётиб,
Келса ҳамки довуллар сочгим.
Сўрайдилар ҳайратга ботиб:
Кўзларингни ичиб қўйди ким?

Қисматлар бор – кўнгли жон берган,
Совумаган шунчаки тани.
Ҳеч ким билмас, мени ўлдирган
Одам билан яшаётганим…

МАРДИКОР АЁЛ

Йўл бўйига чиқиб қуёшдан аввал,
Қайтишда йўлини ой ёритган гул.
Суйри елкасига юк билан, балки,
Кўзларни, сўзларни кўпроқ ортган гул.

Касбин сўрасангиз, бўлиб хижолат,
Тили оғригандай айтар: мардикор…
Оёғи қақшайди, қўли еган лат
Ва пул топиш дарди бор.

Гоҳ кўзига тушиб, ўтганда саваб,
Баъзи бир нафсларнинг турумсизлиги.
Ўзгалар айбига қилади тавба,
Ўзига ёқади кўримсизлиги.

Қора иш бўлса ҳам, қора юз бўлмай,
Дейди, хешлар ори керак безавол.
Айтинг-чи, кимгадир беминнат, шундай
Керагингиз борми, мардикор аёл?

Завжингиз бор экан, бинойи рўйи,
Ҳадемай кўрасиз ўғиллар тўйин.
Акангиз, тоғангиз… уларни қўйинг,
Эркагингиз борми, мардикор аёл?!

Бир гул – бошдан-оёқ тиконни кийган,
Ваҳший исёнлар бор масъум сукутда.
Худбин шерлар ўзин унутиб қўйган,
Мардикор аёллар кўпайган юртда!

МУРОЖААТ

Кўзларим шивирлар: яхши кўраман…
Афсус, оғирроқми сенинг кўзларинг?
Эшитар эдим-ку сўзламасанг ҳам,
Руҳимда ўгириб талаффузларинг.

Ичим сўзга тўлди – айтолмаганим,
У сўзлардан тузиб изҳорномасин,
Тун кундузга ёзди, ёзди бетиним,
Кўзимга ботириб олиб хомасин.

Кўнглимни беркитдим бўлганча имкон,
Изингга, исмингга очдим ҳам аза.
Қайтиб келавердинг тортиб ёдкарвон,
Нурга писандмасдай ёпиқ дераза…

Ҳолбуки, йўлларинг тушди йўлимга,
Ғамимда ҳам қилдинг салому алик.
Сенинг бу етганинг менинг кўнглимга –
Осмоннинг тубига етганингчалик!

Истадим, умрбод бўлмоқни холи,
Ҳатто кўзгуда ҳам бўлсанг кўримда.
Бахтинг, изтиробинг, ишқинг, хаёлинг…
Хуллас, яшаб келдим сени умримда.

Кунларни барг каби юлдим бешафқат,
Сароб шафқатингдан бўлиб умидвор.
«Севади… севади… севади фақат!…»
Кўнглимга қарайман – яланг хазон бор.

Севмагин энди ҳам, йиғлагим келар,
Ҳамма томонимдан тақиқлар терсам.
Гарчи бегуноҳсан, бехабар,
Йиллар
Мени кечирмайди сени кечирсам.

Дунё не? Ишқи ҳам эмас жовидон,
Гоҳо садоқатдан бўлмаскан маъни.
Кўзларим ҳайқирар: руҳан алвидо!
…Мен сенинг кўнглингман, танияпсанми?!..

ТАСВИРИ ЛАҲЗА

Деразадан қараб шамолни кўрдим,
Ҳовучида япроқ, борарди чопиб.
Ортидан кўзларим билан югурдим,
Кетди, йўлга уфқни эшикдай ёпиб.
Завқи байзо нақадар!

Остонани силаб ўтган бир дарё,
Чайқалиб қушларнинг титроқларига.
Мавжи қизил, яшил, кумуш, қаҳрабо,
Барглар сачратади қирғоқларига.
Гўзал, о, нақадар!

Этагин теракка илдирган осмон –
Арқон ташлаб шамсни йиғар беҳудлар.
Қанотин ювмишлар балки ҳур-ғилмон,
Кўпириб ётибди мунча булутлар.
Мусаффо нақадар!

Таниш манзарада ўзгача маъво,
Оҳиста тинади қушлар тажвиди.
Ҳавонинг ичига киради ҳаво,
Дарахтлардан келар тупроқнинг ҳиди.
Руҳафзо нақадар!

Бу ифор увалаб сўнгги тошларни,
Соғинч кипригимдан ўзин ташлади.
Куз – ташқари чиққан кўнглим,
Ёшлари
Дераза кўзидан оқа бошлади…
Тавалло, тасалло нақадар!

«МУРУВВАТ УЙИ»ДА

Вақт кундузу туннинг жангида ўлган,
Ғам синдирар қуёш отган долғани.
Бу даргоҳга келмас бирорта телба,
Отами, онами асраб олгани.

Бунда муқим ҳар дил ярали,
Бунда
Фақат шу ярани билмаслар тикиб.
Кунда яхшиларни дуолаб,
Кунда
Ёмон жигарларин эслар ичикиб…

Дардини ёрилмас дарддошларига,
Кўзлари – қировли тонгнинг хазони.
Боладай мўлтираб қараб эшикка,
Яшайди умидвор кутиб
Қазони.

Бу даргоҳ чиройли, қулай, меҳрибон,
Нигоҳлар заҳмидан этилган маҳфуз.
Бағрида, қафасда асрагандай жон,
Жигардан етимлар яшайди, афсус…

ДУО

«У қиз менинг онам», –
Бахтли қарайман,
Сўзимдан гул ҳидин теради шамол.
Қўлларин юзимга сайиб яйрайман,
Мусича офтобга суйканганмисол.

У қиз менинг онам,
Чиройли, дилтаъб,
Каниз юлдузларга берганча изн,
Ҳарир енгларида ёғдуни элаб
Бағрига олади мен – кекса қизин.

Ва уча бошлаймиз ногоҳ парқудай,
Олдинда бағрини очади ризвон.
…Қачондир дунёдан кетсам уйқуга,
Мени шу тушимда уйғотгил, Раҳмон.

043Forish tumanidagi mashhur Garasha qishlog’idan bir qator ijodkorlar yetishib chiqqan. Iroda ham Garashaning farzandi.

 

Iroda UMAROVA
SHE’RLAR
085

JANNAT SOG’INCHI
071
Kuz, qish, bahoru yoz – bari birdayin,
Shunchaki sovuq yo issiq fasllar.
Qo’ydim o’xshashini boshqa ko’rmayin,
O’tmishimda qolib ketdi asllar.
Oh, qani u kuzlar – rangtalosh o’lim,
Yo’llar erib ketgan yomg’irlarida?
Kamalak oqardi bearmon to’lib,
Yaproqlarning bo’rtiq tomirlarida.
Qizarib-sarg’arib yonar edi bog’,
Xazonlar tizgacha olardi ko’lam.
Sallasi tumandan, qoyasi kuloh
Tog’lar xotirimda abadiy ko’klam.
U qishlar yo’q endi, qor ustiga qor
Yog’maydi, qasdlashib devor bo’yiga.
Kitob o’qishmaydi sandalda bedor,
Yig’ilishib burni oqqan uyiga…
Do’nglikdan sirg’anib tushmas yaxmalak,
Chang’ilik zavqidan xoli kalishlar.
Fonusli tunlarda tinglamas ertak,
Isiriq hidiga to’lgan bolishlar.
Bahorni ko’rmadim anchadan beri,
Ko’nglimni chaymadim farahlarida.
Qizg’aldoq termadim, shabnamlar terib
Tunning yuqi qolgan qadahlarida…
Oh, u guldiraklar, oh u jolalar!
Chorbog’-chorbog’ gullar, qir-qir chechaklar!
Xarsanglarni yulib o’tgan sellaru
Dovchalarni kaftda qisgan kurtaklar!
U yozlar yoz edi, yig’loq jarlikda
Mol boqib yurardi yalangoyoq baxt.
Yalpizlar baliqcha tutgan ariqda
Mevalarin chayib o’tirardi daraxt.
Saraton quyoshi otgan nayzadan
Aylanib-o’rgilib to’sardi shamol.
Uyalib, to’g’onda suzgan qizlardan,
Jiydaning pinjiga tiqilardi tol.
Qanday yaxshi edi, qanday bedard-a?
Jon qadar ilingan non-tuzlarini.
Juda sog’inaman kulrang shaharda
Garashaning toza yulduzlarini.
Boraman, izlayman, qani endi u?
Intiq nigohimni parchalar zavol.
Ko’nglimga kiradi beso’z, nimqayg’u,
Bu sarkash, bu changkash, notanish shamol.
O’sha tog’, o’sha yo’l, o’sha adirlar…
Va lekin men suygan u go’sha emas…
Yo men o’zgardimmi yuragim qadar,
Garasha avvalgi Garasha emas…
Qishlog’u shaharlar birdayin bari,
Farqi yo’q sochimdan bitta tolalik.
Asl qishlog’imni, ko’zi singari,
Pokiza qalbida asrar bolalik…
Kelganda dunyodan poklanar chog’im,
Bir buyuk orzuyim aylansa chinga:
Garashani jannat qilgan Allohim,
Jannatni Garasha qilib ber menga!..

GO’DAK

Kulguchlarin lolalariga
Hali hayot dog’i inmagan.
Kipriklarin tolalariga
Dardning g’uborlari qo’nmagan…
Begonadir turmush g’alvasi,
Shuhrat, mansab, boylik, imorat…
Ona bag’ri, suti, allasi –
Uning baxti shundan iborat.
Termuladi hayrati cheksiz,
Nigohlari bokira savol.
Farishtaga homiladorsiz! –
Unutmasin bironta Ayol.

XUSHLIK

Shomning etagida bodroq yulduzlar,
Bolalik sirpanar ko’cha-ko’ylarda.
Hayot qo’shiq bo’lib bermoqda saslar,
Qor etini turtib chiqqan uylarda.

Yo’lda qadamlarim xayolday chuqur,
Izg’irin ko’ksiga urilar boshim.
Uyga qaytayapman ishdan shu dovur,
Xo’jamni, bolamni ko’rgani shoshib.

Eshik ochiladi, suyuk diydorlar
Jonini olganday sabotlarimning,
Chopaman besh onlik yo’lda, keng yozib
Qo’llar shaklidagi qanotlarimni:
Xush keldingiz!..

KO’NGLIM

So’nar yana bir-ikki orzu,
O’ttizinchi yilim oldida.
Armonlardan o’smay qolgan bu
Ko’nglim yoshi hamon oltida.

O’ynar davri taqdirga o’yin,
Yoshlik desa yoshlari mo’rtdir.
Gullaganu tuymagan bo’yin,
Ko’nglim yoshi o’n uch-o’n to’rtdir.

Hech tushmagan baxt ochgan folga,
Hijron bilan egizak, shaksiz.
Muhabbati tushida qolgan,
Ko’nglim yoshi hamon o’n sakkiz.

Kuzatyapman bu dunyoni jim,
Nigohimga yarolar toshdi.
Goh kulgu, ko’p qayg’udan g’ijim
Ko’nglim yoshi yetmishdan oshdi.

Yashayapman, go’yo lahzada
Kezgan kabi nechov o’lkani.
Shukr, Rabbim, nima bo’lsa-da,
Ko’nglim tirik bo’lsa bo’lgani.

TAVBA

Ko’nglimning toatga g’arq ko’chasidan
Kim o’tdi so’ylanib ishq lahjasida?..
Tavba, men kimnidir sevaman chog’i,
Yo’qsa kuyarmidim cho’g’-lag’chasida.

Adashtirib keldi meni maqsadim,
Bildimki, behuda o’zligim bisyor.
Kechirgil, kechikkan bandangni, Rabbim,
Iymonim ko’zlarin uyg’otib yubor…

Bunchalar yaxshisan, Parvardigorim,
Shafqat bog’laringda pishgan mevaman.
Tavba, qaysi bandang ko’tarsa korim,
Seni ham unutib, uni sevaman…

Hozir baxt isidan mastdir dimog’im,
Chiroyliman, qoshu ko’zi qoraman.
Lekin yolg’onlarga qoqilgan chog’im,
Uyalmay o’zingga yig’lab boraman.

Ko’zimga dengizlar ketadi sig’ib,
Taqdirning zulmidan aytsam hikoyat.
Bandangman, lek o’zim bir chetga chiqib,
Jamiki bandangdan qildim shikoyat.

Qaydan hidoyatga kelar chorloving,
Nahot qalbimdadir qo’nalg’ang sening?..
Muhabbat bu – asli ulkan sinoving,
Umr – chin dunyoga yo’llanmang sening.

Muhabbat va umr… bari bo’ldi kir,
Kechirgil jannatdan umidvoringni.
Chap yelkam o’ngidan tortmasdan og’ir,
O’ldiri-i-ib qo’ysang-chi gunohkoringni!..

VOLIDAYN YURT

Koinotda porlar sanoqsiz yulduz,
Ularning ichida Yer bor – sayyoram.
Uning  yuragida tayanch nuqtaday
Bir yurt bor men uchun aziz, mukarram.

U yurtning poyida gulbadan zamin.
Boshida oftobdan erigan osmon.
Bag’rida fasllar yasanar rangin,
U ma’voning nomi
O’zbekistonjon.

U jonning ichinda mador misoli
Voha bor – zamini qadim adirlar.
Daralar qo’ynidan kelar shamoli,
Quyosh jizza bo’lar Jizzaxda derlar.

U Jizzax yuzida xol kabi bo’rtib,
Yo’lni yigiradi Forish dovoni.
Ulovlar borarlar tog’ sari yo’rtib,
Ikki chekkasida qirlar karvoni.

Nogoh pastga qarab sho’ng’ir manzara,
Yashil chiziq so’ngi oppoq qor, oppoq…
Men uchun eng go’zal, dilkash va sara,
Shu toshloq Garasha, volidayn qishloq.

Qarang, bizning vatan yana kimda bor,
Tog’larin ko’ksidan buloqlar tomgan?
Erta kelib, kechda ketuvchi bahor,
Kuzi doimbahor atlasday yongan?

So’ylasam so’zimdan taraladi kuy,
O’ylasam o’yimga tor kelar jahon.
Qalbim daftariga chizilgan xushro’y
Bo’yingdan aylanay,
O’zbekistonjon.

RAHMAT

Shahriyorga

Mening yolg’izligim ozodligimdir,
O’zimga suyanib qo’pdimu o’sdim.
Baribir… mehriga bog’larkan kimdir,
Tanimasdan qilib yaxshilik, do’stim.

Yaxshiyam dardim bor, baxtga asqotgan,
O’rtada ezgulik rishtasin tortgan.
Olislarda turib ko’zyoshim artgan
Qo’lingiz Haqniki shekilli, do’stim?

Qizg’aldoq bandidan yo’nilgan nayman,
Illo shamollarning avjin chalgayman.
Zaif kaftlarimda jannat yo’llayman,
Ey, kecha tanishgan ming yillik do’stim.

ABDULLA QODIRIY

Kitoblar sovugan…
Ijodda qolip…
Hushim asir edi ro’zg’or-tushumga.
Eslamadim… balki xavotir olib
Abdulla Qodiriy kirdi tushimga.

Yo Rab, chehrasida sinar emish nur!
Kulsa, miyig’ida g’urur iyganmish.
Oq yaktakka atlas belbog’ tortib qur,
Ustidan olacha chopon kiyganmish.

Bolaligim o’tgan bog’ o’rtasidan
Ketib borarmishmiz jo’yaklar hatlab.
Yo’l topib izlarin xaritasidan,
Ergashar emishman ko’zimga xatlab.

Goh o’girar ekan do’ppili boshin:
«Singlim, charchaganday bo’lding chamasi?
Bu zilol suvlarga suqlanmay oshin,
Tushib ketma, tubi loyqa hammasi!»

Nogoh qarshimizda, taqdirning qo’li
Bir selga aylanib tashlagan buzib,
Olis xotirimning eng yaqin yo’li –
Loytomli aziz uy chiqqanmish o’sib.

Ustoz uy oldida chertib havoni,
Menga mehr bilan boqarmish xushchog’.
Yonida taomga to’la qozonni
Olovli bag’riga olgan loy o’choq.

O’choq yonboshida bir daraxt bor,
Egilmish kelinning salomlariday.
Shoxlarida harir ro’mollar qator,
Hovur va tutunning davomlariday.

Qo’lim uzatibman – munchalar mayin,
Boshimga tashlabman – islari farang.
Anglab borarmishman, men huri ayn,
Men Kumush!
Men Kumush!
Bobojon, qarang!..

Eh, uyg’onib ketdim…
Hanuz edi tun.
Hanuz o’sha tunni yuragim ushlar.
Qodiriyni yana ko’rmoqlik uchun
Yana ko’rgim kelar ro’molli tushlar…

SHIFO

«Tuzalib ketasan namoz o’qisang»
Sarlavhali tushni hamon eslayman.
Oqsoqol, nurchehra va ixchamjussa
Xizr hazratimni o’ngda izlayman.

Ko’rsam aytar edim:
«Rahmat sizga, pir!
Garchi tan dardlarim chiqmish xonlikka,
Ro’yobidan keyin anglangan ta’bir –
Ko’nglim tuzalmoqda musulmonlikka».

ICHINDA

Insonfe’llar ko’rdim hayvon ichinda,
Hayvonxillar ko’rdim inson ichinda.

Ko’rdim necha-necha suvrati yupun,
Ko’ngli gullab turar vayron ichinda.

Nafsi koj, ko’zi och, ruhi yalang’och,
G’ariblar ko’p ekan boyon ichinda.

Kaslar bor: ichinda yashaydi shayton,
Ichinda bor: yashar shayton ichinda.

Zaboni aqli-yu ko’nglidan ozod,
Taqvo qolmish faqat zabon ichinda.

Telba deganlari gohida dono,
Savodsizlar ilmu urfon ichinda.

Aytsang tugamaydir, yozsang bitmaydir,
Savdosi bisyor bu do’kon ichinda.

Dunyo – oxiratga taqalguvchi yo’l,
Kim naqd deb, kim Haq deb karvon ichinda.

O’zingga yetmaydi o’zingning umring,
Har kim bir jahondir jahon ichinda.

ONAM

Ko’zlari yo’limda o’tdi va oxir
Shu yo’ldan ko’zlarin yumib o’tdi u…
Qo’l cho’zsam yetardi,
Oyoq cho’zmadim,
Sabab bo’lmaguncha hajrbaxsh qayg’u.
«Bolaligi bordir onasi borning», –
Bildim hayot pandga to’laligini.
O’sha kun kuzatdim onam ortidan
O’ttiz yoshdan oshgan bolaligimni.
Ko’zlarin yo’limda qoldirganimning
Qoldirmadim biron ma’rakalarin!
Baqoga hech nesiz ketish… yolg’ondir,
Qani uyning fayzu barakalari?
Bormasam qo’ymaydi endi bu ko’ngil,
Borsam yozlarda ham kutar o’sha qish.
Bu uy endi onam yodiga manzil,
Bu – onam ko’ylagin kiyvolgan bolish…
Bu ko’rpa – onamning paxta choponi…
Onam ro’molidan chimmat darchada…
Nimchasi kuydirmay tutar qumg’onni,
Tikkan dasturxoni mahtal tanchada…
Oftoba betobday, o’choq xirata’b,
Silab-suvashlarin eslayotgandir –
Yelkasin chokiga qoqigul qadab
Burchakda mung’ayib o’tirgan tandir.
Loysuvoq devorlar, aziz devorlar
Kiftiga suykalib, olgan islarin.
Huv toshlarga toshday cho’kib,
Sog’ingan
Olislarga tushgan toshlar – qizlarin.
Endi u sog’inchlar bizga omonat,
Bo’lishsak ham vazni vaznimdan ko’proq.
Bir burda onam-a, polvon onam-a,
Qadriga yetdikmi yetganda tuproq?
Qadriga yetdimmi tirikligida,
Ko’nglining toshiga o’zimni bosdim.
Maktublar, qutlovlar yozmay yurib, so’ng
Qabrining toshiga yodnoma yozdim…
Xizmat bajosiga bo’lay deb bajo,
Osilgan dorlarim ekan balandda.
O’limni hamma ham kutadi, ammo
U kelarkan doim kutilmaganda.
Selning changaliga tushgan xasdayman,
Onlarim duosiz, g’ash-xavotirda.
Yorug’ tushlarimga solib asrayman
Onamli kunlarim yig’ib xotirda.
Endi ko’p boraman armon ko’yida,
Haliyam kutguvchi bir bahonam bor:
Termulib o’tgani – yo’lning bo’yida
Tuproqni yopinib yotgan onam bor.

YODLOV

Kunlar oqib o’tar nigohlarimda,
Tubim – yuragimga tashlab tosh, gavhar.
Zohirsan baqoning qay rohlarida,
Dardi mahzunrangu yodi munavvar?

Orzung ushaldimi,
Yelib-yugurib
Yuribsanmi gulday qalqib fazoda?
Kifti qanotlarga surx bo’lgan hurqiz?
Yoningda oq otli g’ilmon shahzoda?

Shunday ajr bergan bo’lsin, sobiram,
Ruhingdan arisin armon tug’yoni.
Ilohiy ne’matlar etilsa karam,
Tashlab ketish baxtdir ketar dunyoni.

To’ydim deydilar goh, misqolcha jondan,
Asli to’yguvchi u, sabri ulkandir.
Bu xudbin, minnatli, lafzxo’r zamonda
Vaqtliroq o’tganing yaxshi bo’lgandir…

So’zingni qog’ozga darj etmish yorug’,
Qalamning ko’zida qotib qolgan tun.
Dilga ko’milish bu – hayotdir farrux,
Ismi taqdiriga yarashgan xotun.

Ne-ne yuraklarda mehring gullagan,
Shoir der edilar u darajangda.
Kimlar yugurib ham yeta olmagan
Baxtga sen yetgansan aravachangda.

CHIN O’LIM

Orzularim ko’mildi bir-bir,
Umidlarim uzildi zor-zor.
Hayot istab yurgan u faqir
Muhabbatga menda nima bor?!

Jilmayaman to’kilayotib,
Kelsa hamki dovullar sochgim.
So’raydilar hayratga botib:
Ko’zlaringni ichib qo’ydi kim?

Qismatlar bor – ko’ngli jon bergan,
Sovumagan shunchaki tani.
Hech kim bilmas, meni o’ldirgan
Odam bilan yashayotganim…

MARDIKOR AYOL

Yo’l bo’yiga chiqib quyoshdan avval,
Qaytishda yo’lini oy yoritgan gul.
Suyri yelkasiga yuk bilan, balki,
Ko’zlarni, so’zlarni ko’proq ortgan gul.

Kasbin so’rasangiz, bo’lib xijolat,
Tili og’riganday aytar: mardikor…
Oyog’i qaqshaydi, qo’li yegan lat
Va pul topish dardi bor.

Goh ko’ziga tushib, o’tganda savab,
Ba’zi bir nafslarning turumsizligi.
O’zgalar aybiga qiladi tavba,
O’ziga yoqadi ko’rimsizligi.

Qora ish bo’lsa ham, qora yuz bo’lmay,
Deydi, xeshlar ori kerak bezavol.
Ayting-chi, kimgadir beminnat, shunday
Keragingiz bormi, mardikor ayol?

Zavjingiz bor ekan, binoyi ro’yi,
Hademay ko’rasiz o’g’illar to’yin.
Akangiz, tog’angiz… ularni qo’ying,
Erkagingiz bormi, mardikor ayol?!

Bir gul – boshdan-oyoq tikonni kiygan,
Vahshiy isyonlar bor mas’um sukutda.
Xudbin sherlar o’zin unutib qo’ygan,
Mardikor ayollar ko’paygan yurtda!

MUROJAAT

Ko’zlarim shivirlar: yaxshi ko’raman…
Afsus, og’irroqmi sening ko’zlaring?
Eshitar edim-ku so’zlamasang ham,
Ruhimda o’girib talaffuzlaring.

Ichim so’zga to’ldi – aytolmaganim,
U so’zlardan tuzib izhornomasin,
Tun kunduzga yozdi, yozdi betinim,
Ko’zimga botirib olib xomasin.

Ko’nglimni berkitdim bo’lgancha imkon,
Izingga, ismingga ochdim ham aza.
Qaytib kelaverding tortib yodkarvon,
Nurga pisandmasday yopiq deraza…

Holbuki, yo’llaring tushdi yo’limga,
G’amimda ham qilding salomu alik.
Sening bu yetganing mening ko’nglimga –
Osmonning tubiga yetganingchalik!

Istadim, umrbod bo’lmoqni xoli,
Hatto ko’zguda ham bo’lsang ko’rimda.
Baxting, iztirobing, ishqing, xayoling…
Xullas, yashab keldim seni umrimda.

Kunlarni barg kabi yuldim beshafqat,
Sarob shafqatingdan bo’lib umidvor.
«Sevadi… sevadi… sevadi faqat!…»
Ko’nglimga qarayman – yalang xazon bor.

Sevmagin endi ham, yig’lagim kelar,
Hamma tomonimdan taqiqlar tersam.
Garchi begunohsan, bexabar,
Yillar
Meni kechirmaydi seni kechirsam.

Dunyo ne? Ishqi ham emas jovidon,
Goho sadoqatdan bo’lmaskan ma’ni.
Ko’zlarim hayqirar: ruhan alvido!
…Men sening ko’nglingman, taniyapsanmi?!..

TASVIRI LAHZA

Derazadan qarab shamolni ko’rdim,
Hovuchida yaproq, borardi chopib.
Ortidan ko’zlarim bilan yugurdim,
Ketdi, yo’lga ufqni eshikday yopib.
Zavqi bayzo naqadar!

Ostonani silab o’tgan bir daryo,
Chayqalib qushlarning titroqlariga.
Mavji qizil, yashil, kumush, qahrabo,
Barglar sachratadi qirg’oqlariga.
Go’zal, o, naqadar!

Etagin terakka ildirgan osmon –
Arqon tashlab shamsni yig’ar behudlar.
Qanotin yuvmishlar balki hur-g’ilmon,
Ko’pirib yotibdi muncha bulutlar.
Musaffo naqadar!

Tanish manzarada o’zgacha ma’vo,
Ohista tinadi qushlar tajvidi.
Havoning ichiga kiradi havo,
Daraxtlardan kelar tuproqning hidi.
Ruhafzo naqadar!

Bu ifor uvalab so’nggi toshlarni,
Sog’inch kiprigimdan o’zin tashladi.
Kuz – tashqari chiqqan ko’nglim,
Yoshlari
Deraza ko’zidan oqa boshladi…
Tavallo, tasallo naqadar!

«MURUVVAT UYI»DA

Vaqt kunduzu tunning jangida o’lgan,
G’am sindirar quyosh otgan dolg’ani.
Bu dargohga kelmas birorta telba,
Otami, onami asrab olgani.

Bunda muqim har dil yarali,
Bunda
Faqat shu yarani bilmaslar tikib.
Kunda yaxshilarni duolab,
Kunda
Yomon jigarlarin eslar ichikib…

Dardini yorilmas darddoshlariga,
Ko’zlari – qirovli tongning xazoni.
Boladay mo’ltirab qarab eshikka,
Yashaydi umidvor kutib
Qazoni.

Bu dargoh chiroyli, qulay, mehribon,
Nigohlar zahmidan etilgan mahfuz.
Bag’rida, qafasda asraganday jon,
Jigardan yetimlar yashaydi, afsus…

DUO

«U qiz mening onam», –
Baxtli qarayman,
So’zimdan gul hidin teradi shamol.
Qo’llarin yuzimga sayib yayrayman,
Musicha oftobga suykanganmisol.

U qiz mening onam,
Chiroyli, dilta’b,
Kaniz yulduzlarga bergancha izn,
Harir yenglarida yog’duni elab
Bag’riga oladi men – keksa qizin.

Va ucha boshlaymiz nogoh parquday,
Oldinda bag’rini ochadi rizvon.
…Qachondir dunyodan ketsam uyquga,
Meni shu tushimda uyg’otgil, Rahmon.

Sahifa o’rtasida musavvir Dilmurod Yo’ldoshevning «Garasha qishlog’i» asarivjoylashtirildi.

021

(Tashriflar: umumiy 1 415, bugungi 1)

3 izoh

  1. Ассалаума алейкум Ирода опа яхшимисиз сизнинг «Жиноят кучасидаги ишқ ,» китобингизни укидим жуда ёкди рахмат,,лекин битта саволим бор эди нима учун Чарос Бекзодга кушилмади улар бир бирини севарди ,,нима сабабдан Хабибга кушилганини афзал курдингиз Хабиб яхши инсон тугри лекин охири якинлашган сари мен Бекзодга кушилса кеерак деб уйлагандим

Izoh qoldiring