Abdumajid Azim. She’rlar & Abdumajid Azim «Hayot va xayol yo’llarida» teleloyihasida

055Истеъдодли шоир Абдулмажид Азим қаламига мансуб янги шеърлар туркумини тақдим этамиз.

Абдумажид АЗИМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


077Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетини тамомлаган.  1990 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Республикамизнинг турли матбуот нашрларида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда «Ҳуррият» газетасида масъул котиб бўлиб ишламоқда. .
Шу пайтга қадар шоирнинг «Қалбимнинг Ватани» ,«Қуёш боласи», «Ёруғлик одами», «Руҳи равоним», “Ошиқ дилим”, ”Умид беланчаги”, «Ошиқ дилим» номли шеърий китоблари чоп этилган.

.
УЧИБ КЕТГИМ КЕЛАР

Аста той-той туриб, улғайиб бир кун,
Мен ҳам кўтарилдим нарвонларингга.
Ниҳоят ўтроқлик топдию якун,
Жўнадим қўшилиб карвонларингга.

Карвонлар сафма-саф, қаторма-қатор,
Осилдим темиртан вагонларингга.
Дуч келдим дўстини бир пулга сотар,
Одам шаклидаги шайтонларингга.

Кўникдим нотанти, нобакорга ҳам,
Тошларга бош қўйдим зиндонларингда.
Кўклам ўртасида ёққан қорга ҳам,
Гуллаб-яшнаётган бўстонларингга.

Чидолмай хўрликка, сурликка ҳатто —
Гоҳ бош олиб кетдим ёбонларингга.
Ёмонлик туққанда яхшилик аммо,
Қойил қолмадим кўп инсонларингга.

Майдонлар кичрайди,кичрайди одам,
Гоҳо тушунмадим замонларингга.
Хомсут эмган банда эканман мен ҳам,
Дон дея ишондим сомонларингга.

Экканим ўраман, келмайман мункир,
Сиғмайман гоҳида жаҳонларингга.
Ҳамма-ҳаммасини ғарамлаб бир-бир,
Ўт қўйгим келади ёлғонларингга.

Билмадим ҳақманми, ноҳақманми ё,
Учиб кетгим келар осмонларингга.
Чўғни босиб олган сўқурдек аммо,
Оёқ қўёлмайман нарвонларингга.

МЕНТАЛИТЕТ

Кўча-кўйда жилмайиб яккаш,
Уйга кирсак кўзларимиз лўқ.
Ноёбликда бизларга ўхшаш,
Айтинг борми, дунёда махлуқ?

Эл наздида бахтиёр, хандон,
Ҳасад билан дилни ўраймиз.
Кийиб чиқса дўст янги чопон,
Қайдан олдинг, дея сўраймиз.

Мос келмайди гаплар ва амал,
Дил бошқаю тилимиз бошқа.
Мансаб, бойлик замонга тамал,
Сотиламиз бир чўқим ошга.

Чўп олмадик қўй оғзидан ҳеч,
Фариштадек кўкрак керамиз.
Югурсакда тинмай эрта кеч,
Битта жойда қотиб турамиз.

Ўтган кунни яниб, ёзғириб,
Эрталарга шошамиз шитоб.
Муттаҳамни курсида кўриб,
Қувонамиз чиққандай офтоб!

Билмадим биз қандайин инсон,
Юзга мингта ниқоб тутганмиз.
Киприк қоқмай тўқишда ёлғон,
Шум боладан ўтиб кетганмиз.

Ўзимизга бўлмай ёқа, енг,
Бошқалардан кулиб юрамиз.
Шармандага деманг шаҳар кенг,
Нима эксак, шуни ўрамиз.

МИННАТНИНГ ЮКИ

Бекорга ётмайди қуйруқ шудгорда,
қул ҳам сотилмайди бозорда текин.
Уруғ қадаганинг билан баҳорда,
парвариш этмасанг ўсмайди экин.

Инсоний қадрингни қилиб бир чақа,
нон еган одамга қараб кавшанма.
Берганинг бошингдан бўлар садақа,
бировдан олганинг билан мақтанма.

Ўзинг оқлашга минг баҳона тўқи,
тиланиб олганинг албатта, миннат.
Туяни чўктирар миннатнинг юки,
инсонга ярашар саховат, ҳиммат.

Токи тирикдирсан, насибангни тер,
ҳумоюн овларсан иқболинг кулса.
Иложини топсанг бошқаларга бер,
ўзингда ортиқча битта нон бўлса.

Дема бу гапларим беҳуда, бекор,
не зотлар оғзимни пойлашиб турган.
Иш эмас , балиқни ейиш тап-тайёр,
сен уни қармоқда тутишни ўрган.

Ҳамиша тубанда олганнинг қўли,
берганнинг моли ҳам камайиб қолмас.
Қирқ кун тўй еса ҳам нафснинг қули,
Кўзини қайнаган қозондан олмас.

* * *

Зир-зир югурасан тиним билмасдан,
ҳаётингга тағин шитоб керакдир.
Кунларинг ўтади кунинг кулмасдан
сенга ботмайдиган офтоб керакдир.

Итга тиним бору сенга тиним йўқ,
жонингга бунчалар азоб керакдир.
Билмадим нимасан, одамми, махлуқ
кўзингни оч, деган хитоб керакдир.

Ул керак, бул керак, битмас ташвишинг,
не учун бунчалар чоп-чоп керакдир?
Шу зайл ўтади неча ёз-қишинг,
пул керак, пул керак, қоп-қоп керакдир.

Улушингни балки олиб бўлдинг ҳам,
балки бир кулбаи хароб керакдир.
Аммо ўзлигингни билмайсан одам,
олтин тоғ сингари сароб керакдир.

Ҳаёт қил учида, тил учида жон,
ҳаммасига ҳисоб-китоб керакдир.
Дунёда бор-йўғи меҳмонсан, меҳмон,
бир кун охиратда жавоб керакдир.

Эҳтимол қолгандир умрингдан бир кун,
яхшилик керакдир, савоб керакдир,
Сўзимни мухтасар айласам якун,
аввало одамга инсоф керакдир.

ЙИҒЛА

Ҳар кимга йиғлама билиб билмасдан,
ростга йиғламасанг ёлғонга йиғла.
Дардингни яширгин бахил, нокасдан,
битта жони сенга қалқонга йиғла.

Тушмадинг-ку ахир Марс ёки Ойдан,
оласинг бўлмасин такаббур бойдан,
Оқизма кўз ёшинг дуч келган жойда,
йиғласанг бир кўнгли нолонга йиғла.

Кўкардинг саҳрода якка дарахтдай,
лаҳзалик қувончни англадинг бахтдай,
Бу кун ўтирибсан гунгу карахтдай,
йиғласанг онангдай инсонга йиғла.

Асрасин Худойим дилозорлардан,
бемаҳалда ёққан дўлу қорлардан,
Куйиб кул бўлдинг-ку сохта ёрлардан,
дард чексанг чин дўст- ёронга йиғла.

Жўнадинг отангнинг ота юртидан,
шеър деган бир гўзал малак ортидан,
Омон йўқ эҳтимол, унинг дардидан,
сарғайган ул барги хазонга йиғла.

Бахтиёр дўстларинг сени унутган,
ором , ҳаловатинг қайларга кетган
Ҳар манзил , бекатда сенга кўз тутган,
маҳраминг оғриғу армонга йиғла.

Эй кўнглим, ростми ё рўёлардасан,
ўзинг ҳам билмаган дунёлардасан,
Сен асли бу вақтда самолардасан,
Аршга бошинг уриб, осмонга йиғла.

МАНЗАРА

Биров қувлар, қочади биров
биров йиғар,сочади биров.
биров боғлар, узади биров
биров қурар, бузади биров.

Биров оқил,жоҳилдир биров,
биров сахий, бахилдир биров,
биров тупроқ, оловдир биров
биров оқил, меровдир биров.

Биров ювош,шаллақи биров,
Биров одам,тиррақи биров,
Биров камроқ, зиёддир биров,
Биров сайду саёддир биров.

Биров айёр, соддадир биров.
Биров эркак, латтадир биров.
Биров оқдир,қорадир биров,
Биров қулдир,тўрадир биров.

Биров кетар, қолади биров
биров берар, олади биров.
биров яшнар, сўлади биров
биров йиғлар, кулади биров.

ФЕЪЛ

Уммонга уммону осмонга осмон,
чўлларга чўлману кўлларга кўлман.
Яхшига яхшиман, ёмонга ёмон,
айёрга айёру гўлларга гўлман.

Бировга ёпиғу бировга очиқ,
бировга оёғу бировга қўлман.
Қитиқ патимга ҳеч тегмангиз қаттиқ,
тиканга тикану гулларга гулман.

Суврати чолману сийрати гўдак,
ўзим ғирт тўпори, лек инжа феълман.
Оқилга оқилу тентакка тентак,
Мустафо уммати, элимга элман.

Хазинам бўлсада мисли Ҳотамдай,
ноқисга танқису сахийга мўлман.
Бир хислат меросдир марҳум отамдан
киборга кибору қулларга қулман.

Баҳорда чечакман, тийрамоҳда хас,
кимга бебаҳоман, кимга бир пулман.
Замон карвонлари ўтиб турса,бас,
осмон манзилига узанган йўлман.

ЗУВАЛА

Ҳаёт манзараси бола-чақа,иш,
Рўзғорнинг ғар рўзида ва ғорида,
Гоҳо қувонч кечиб,
гоҳида ташвиш,
Яшашни ўргандим кўнибборига.

Ўргандим яшашга ,
Сабр тоқат-ла—
Қудуқ қазимоққа игна билан нақ.
Ёвқур шамоллрнинг кафтида ухлаб,
Эртанги бахтимни кутишга илҳақ.

Эртанги бахтим-ку насия ҳамон ,
Нақдини кутишга тоқатим етмас.
Қурбат йўқ тоғларни этишга талқон,
Бошимни ўрасам,
оёққа етмас.

Юрак ҳайқиради узун кечалар,
Гулдурос товушлар келар қулоққа.
Қўрқаман,
уммонда кемам муқаррар,
Урилиб кетмасми айсберг —тоққа?

Ўтмоқда имиллаб
омонат куним,
Сўнмоқда юракнинг тафти тобора.
Турмуш ташвишлари чиқармас уним,
Тегирмон тошида янчиб минг бора.

Ҳаёт,
кўзларингга боқолмайман тик,
Наҳотки айландим манфур,қўрқоққа.
Кечиб ташвишлардан бекин, беҳадик,
Илож тополмасман ҳеч яшамоққа!

Бесарҳад ва сўнгсиз ҳаёт даштида,
Кўпдир йўл топганлар адашиб неча.
Метиндай мустаҳкам турмуш муштида,
Зувалам муштлайман бедор ҳар кеча.

ДУНЁ БОЗОРИ

Ғалати қурилган дунё бозори,
Харидор топилмас ҳаққоний сўзга.
Ўчиб адолатнинг баъзан оҳори,
Ёлғонлар ялтираб кўринар кўзга.
Кўпдир бу бозорнинг қитмир, айёри,
Ўтирар сурбетлар кўзин қилиб лўқ.
Учрар ҳар қадамда ранжу озори,
не бўлди ҳолинг деб, сўрагувчи йўқ.
Учрар бу бозорда яхшию ёмон,
Заррача улардан шубҳа қилмайсан.
Сохталик ва асл турар ёнма-ён,
иккисининг фарқин мутлақ билмайсан.
Чорсу бозорида кекса кампирдан,
мен ҳам қаймоқ, дея қатиқ олганман.
Қиморбоз ўрдуга қўшилиб бирда—
бир халта пулимга куйиб қолганман.
Ғалати қурилган дунё бозори,
Йўқдир савдосида тутруқ ва тайин.
Эрталаб кўзингга кўринган бўри,
Қуёнга айланар пешиндан кейин.
Аламу шодликлар бу бозорда жам,
Ҳамма ўз молини мақтайди чунон.
Мабодо савдода чалғисанг бир дам,
Капангдан айрилиб қоларсан гирён!
Ғалати қурилган дунё бозори,
Бир юзи оқ бўлса, қора бир юзи.
Керакмас бировга бечора зори,
Ҳамма ўзи билан андармон ўзи.

БИЗЛАР

Шамол тегирмони ила қилиб жанг,
Ҳали ҳам эгардан тушмаяпмизда.
Биродар салга бўлаверманг танг,
Нордону думбулмиз, пишмаяпмизда.

Қалашиб ётибди бир хирмон сўзлар,
Хирмонни совуриб, чошлаяпмизда.
Отчопарда жавлон урганда дўстлар,
Шеър билан кўнгилни хушлаяпмизда.

Ишонган кишимиз инсофни еган,
Жез бўлиб чиқади, биз тилло деган,
Тилимизни гўё ҳакка чўқиган,
Соқовдай тилимиз тишлаяпмизда.

Эмасмиз шиллиққурт ва ёки панда,
Расул умматимиз, Худога банда,
Очдан ўлмаяпмиз, ҳеч бўлмаганда,
Ойликка яраша ишлаяпмизда.

Забт этиб ойни ҳам инсон оёғи,
Ўзга дунёларга отланган чоғи,
Бизда бобомерос танча ўчоғи,
Таппини тутатиб қишлаяпмизда.

Янтоғу жинғилни ея ва ея,
Орзу қилган экан ҳаммомни туя,

Эшакеми тошган бир хаста гўё,
Қичимаган жойни қашлаяпмизда.

Дангасага ҳар кун ялло,таралло,
Ёлғончига ёлғон далда, тасалло,
Қоқиб елкасига шайтоннинг илло,
Имоннинг бошига муштлаяпмизда.

Отини сўрабди гадодан гадой,
Шерик “Худой…”деса, солибди дод-вой,
Биз ҳам шу гадога авлод ҳойнаҳой,
“Бердисин” эшитмай тошлаяпмизда.

Яна баҳор келди
Осмонда тизилиб турна галаси,
мовий кенгликларга солар арғимчоқ.
Қалдироқлар чатнаб саҳар палласи,
зарҳал палакларни тикади чақмоқ.

Аллалар кўнгилни шамол— арғанун,
шошилиб ёнингдан ўтади ҳилол.
Илоҳий мўъжиза юз берар бу тун,
юлдузлар кўради толеингдан фол.

Худди бир санамни қолгандек суйиб,
сўқмоқлар кезасан тийра шомларда.
Кўксингда навқирон
ёшликни туйиб,
Ошиқиб чопасан сахий кунларга.

Наҳорлар уйғонар, чиройда бекам,
борлиқ таровати ўзгарар бирдан.
Кўзларингни очсанг айни субҳидам,
қизғалдоқлар тушиб келади қирдан.

Яна баҳор келди. Кулар ғунчалар,
талпинар ҳар гиёҳ, майса қуёшга.
Баҳорни кутмаган эдим бунчалар,
интиғу интизор кириб шу ёшга.

Осмонлар зангори,
зангор ўнгирлар,
олмалар гуллайди Сурхон томонда.
Дейман, Худойимга беҳад шукурлар,
етдим баҳорларга омон- омонда.

* * *

Абдумаликка

Эслатарсан худди қари бўрини,
Эллигу олтмиш ёш оралиғида.
Сира тўлдиролмай рўзғор ғорини,
сомон ташияпсан жавзо тиғида.
Нафасинг бўғади лоҳас, дим ҳаво,
тугатишинг зарур кечгача ишни.
Ичинг ўртанару топмайсан даво,
чилла—саратонда ўйлайсан қишни.
Сочингга бемаҳал оралар оқлар,
дунёнинг ишлари ўлганда битар…
Уммон бўйларида кимдир бу чоғлар,
Қорни тўқ, қумларга ағанаб ётар.
Олтита қизингни олти шаҳарга,
Сепу-суруқ ила узатиш керак.
Уйингни қудалар босса агарда,
иззатини қилиб кузатиш керак.
Қадрига етмайсан савил бу жонни,
ҳаёт ўзанида жим оқаверасан..
Ука, хомчўт қилгин фойда зиённи,
яшаш тадоригин қачон кўрасан?
Бола-чақа учун чопдинг куйиниб,
қизларнинг йўриғи эмасдир осон.
Қачон эл қатори пўрим кийиниб,
одамдай яшашни бошлайсан қачон?
Ёшликда неларни қилмасдик орзу,
катман қирларида боқиб осмонга.
Кўзга кечалари инмасди уйқу,
сиғмай қолган эдик гўё Сурхонга.
Эллигу олтмиш ёш оралиғида,
Не тўсиқ,ғовларни кўзга илмайсан.
Турмуш пичоғининг ўткир тиғида,
қанча югурсангда , ҳориш билмайсан.

ГОҲО

Гоҳо умрим кечар бир гўдак бўлиб,
Онам бешигимни тебратиб турар.
Гоҳо маккорона табассум қилиб,
Ҳаёт зулуклари қонимни сўрар.

Гоҳо парваришлаб гулдай ўзимни,
Гоҳо азобларга бўладирман ғарқ.
Гоҳо оқ-қорани қила олмай фарқ,
Гоҳо танимайман ўзим ўзимни.

Гоҳо телефонга бормайди қўлим,
Гоҳо йўқ дўстларни излаб қоламан.
Гоҳо сайрамоқдан тинмайди тилим,
Гоҳо оғзимга мум солиб оламан.

Гоҳо мақтовларга юраман мафтун,
Гоҳо таъналарга нишон бўламан.
Гоҳо ширин гапдан йиғлайман беун,
Гоҳо калтаклашса шодон куламан.

Гоҳо қаҳратонда кўпирар қоним,
Гоҳо саратонда ҳам ғалжирайман.
Гоҳо дорилардан зирқираб жоним,
Гоҳо телбаларга хос алжирайман!

Isteʼdodli shoir Аbdulmajid Аzim qalamiga mansub yangi sheʼrlar turkumini taqdim etamiz.

Аbdumajid АZIM
YANGI SHE’RLАR


Аbdumajid Аzim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyatining Qumqoʼrgʼon tumanida tugʼilgan. 1983 yilda ToshDU(hozirgi OʼzMU) ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. 1990 yildan buyon Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. Respublikamizning turli matbuot nashrlarida faoliyat yuritib kelmoqda. Аyni paytda «Hurriyat» gazetasida masʼul kotib boʼlib ishlamoqda. .
Shu paytga qadar shoirning «Qalbimning Vatani» ,«Quyosh bolasi», «Yorugʼlik odami», «Ruhi ravonim», “Oshiq dilim”, ”Umid belanchagi”, «Oshiq dilim» nomli sheʼriy kitoblari chop etilgan.

.
UChIB KETGIM KELАR

Аsta toy-toy turib, ulgʼayib bir kun,
Men ham koʼtarildim narvonlaringga.
Nihoyat oʼtroqlik topdiyu yakun,
Joʼnadim qoʼshilib karvonlaringga.

Karvonlar safma-saf, qatorma-qator,
Osildim temirtan vagonlaringga.
Duch keldim doʼstini bir pulga sotar,
Odam shaklidagi shaytonlaringga.

Koʼnikdim notanti, nobakorga ham,
Toshlarga bosh qoʼydim zindonlaringda.
Koʼklam oʼrtasida yoqqan qorga ham,
Gullab-yashnayotgan boʼstonlaringga.

Chidolmay xoʼrlikka, surlikka hatto —
Goh bosh olib ketdim yobonlaringga.
Yomonlik tuqqanda yaxshilik ammo,
Qoyil qolmadim koʼp insonlaringga.

Maydonlar kichraydi,kichraydi odam,
Goho tushunmadim zamonlaringga.
Xomsut emgan banda ekanman men ham,
Don deya ishondim somonlaringga.

Ekkanim oʼraman, kelmayman munkir,
Sigʼmayman gohida jahonlaringga.
Hamma-hammasini gʼaramlab bir-bir,
Oʼt qoʼygim keladi yolgʼonlaringga.

Bilmadim haqmanmi, nohaqmanmi yo,
Uchib ketgim kelar osmonlaringga.
Choʼgʼni bosib olgan soʼqurdek ammo,
Oyoq qoʼyolmayman narvonlaringga.

MENTАLITET

Koʼcha-koʼyda jilmayib yakkash,
Uyga kirsak koʼzlarimiz loʼq.
Noyoblikda bizlarga oʼxshash,
Аyting bormi, dunyoda maxluq?

El nazdida baxtiyor, xandon,
Hasad bilan dilni oʼraymiz.
Kiyib chiqsa doʼst yangi chopon,
Qaydan olding, deya soʼraymiz.

Mos kelmaydi gaplar va amal,
Dil boshqayu tilimiz boshqa.
Mansab, boylik zamonga tamal,
Sotilamiz bir choʼqim oshga.

Choʼp olmadik qoʼy ogʼzidan hech,
Farishtadek koʼkrak keramiz.
Yugursakda tinmay erta kech,
Bitta joyda qotib turamiz.

Oʼtgan kunni yanib, yozgʼirib,
Ertalarga shoshamiz shitob.
Muttahamni kursida koʼrib,
Quvonamiz chiqqanday oftob!

Bilmadim biz qandayin inson,
Yuzga mingta niqob tutganmiz.
Kiprik qoqmay toʼqishda yolgʼon,
Shum boladan oʼtib ketganmiz.

Oʼzimizga boʼlmay yoqa, yeng,
Boshqalardan kulib yuramiz.
Sharmandaga demang shahar keng,
Nima eksak, shuni oʼramiz.

MINNАTNING YuKI

Bekorga yotmaydi quyruq shudgorda,
qul ham sotilmaydi bozorda tekin.
Urugʼ qadaganing bilan bahorda,
parvarish etmasang oʼsmaydi ekin.

Insoniy qadringni qilib bir chaqa,
non yegan odamga qarab kavshanma.
Berganing boshingdan boʼlar sadaqa,
birovdan olganing bilan maqtanma.

Oʼzing oqlashga ming bahona toʼqi,
tilanib olganing albatta, minnat.
Tuyani choʼktirar minnatning yuki,
insonga yarashar saxovat, himmat.

Toki tirikdirsan, nasibangni ter,
humoyun ovlarsan iqboling kulsa.
Ilojini topsang boshqalarga ber,
oʼzingda ortiqcha bitta non boʼlsa.

Dema bu gaplarim behuda, bekor,
ne zotlar ogʼzimni poylashib turgan.
Ish emas , baliqni yeyish tap-tayyor,
sen uni qarmoqda tutishni oʼrgan.

Hamisha tubanda olganning qoʼli,
berganning moli ham kamayib qolmas.
Qirq kun toʼy yesa ham nafsning quli,
Koʼzini qaynagan qozondan olmas.

* * *

Zir-zir yugurasan tinim bilmasdan,
hayotingga tagʼin shitob kerakdir.
Kunlaring oʼtadi kuning kulmasdan
senga botmaydigan oftob kerakdir.

Itga tinim boru senga tinim yoʼq,
joningga bunchalar azob kerakdir.
Bilmadim nimasan, odammi, maxluq
koʼzingni och, degan xitob kerakdir.

Ul kerak, bul kerak, bitmas tashvishing,
ne uchun bunchalar chop-chop kerakdir?
Shu zayl oʼtadi necha yoz-qishing,
pul kerak, pul kerak, qop-qop kerakdir.

Ulushingni balki olib boʼlding ham,
balki bir kulbai xarob kerakdir.
Аmmo oʼzligingni bilmaysan odam,
oltin togʼ singari sarob kerakdir.

Hayot qil uchida, til uchida jon,
hammasiga hisob-kitob kerakdir.
Dunyoda bor-yoʼgʼi mehmonsan, mehmon,
bir kun oxiratda javob kerakdir.

Ehtimol qolgandir umringdan bir kun,
yaxshilik kerakdir, savob kerakdir,
Soʼzimni muxtasar aylasam yakun,
avvalo odamga insof kerakdir.

YIGʼLА

Har kimga yigʼlama bilib bilmasdan,
rostga yigʼlamasang yolgʼonga yigʼla.
Dardingni yashirgin baxil, nokasdan,
bitta joni senga qalqonga yigʼla.

Tushmading-ku axir Mars yoki Oydan,
olasing boʼlmasin takabbur boydan,
Oqizma koʼz yoshing duch kelgan joyda,
yigʼlasang bir koʼngli nolonga yigʼla.

Koʼkarding sahroda yakka daraxtday,
lahzalik quvonchni anglading baxtday,
Bu kun oʼtiribsan gungu karaxtday,
yigʼlasang onangday insonga yigʼla.

Аsrasin Xudoyim dilozorlardan,
bemahalda yoqqan doʼlu qorlardan,
Kuyib kul boʼlding-ku soxta yorlardan,
dard cheksang chin doʼst- yoronga yigʼla.

Joʼnading otangning ota yurtidan,
sheʼr degan bir goʼzal malak ortidan,
Omon yoʼq ehtimol, uning dardidan,
sargʼaygan ul bargi xazonga yigʼla.

Baxtiyor doʼstlaring seni unutgan,
orom , halovating qaylarga ketgan
Har manzil , bekatda senga koʼz tutgan,
mahraming ogʼrigʼu armonga yigʼla.

Ey koʼnglim, rostmi yo roʼyolardasan,
oʼzing ham bilmagan dunyolardasan,
Sen asli bu vaqtda samolardasan,
Аrshga boshing urib, osmonga yigʼla.

MАNZАRА

Birov quvlar, qochadi birov
birov yigʼar,sochadi birov.
birov bogʼlar, uzadi birov
birov qurar, buzadi birov.

Birov oqil,johildir birov,
birov saxiy, baxildir birov,
birov tuproq, olovdir birov
birov oqil, merovdir birov.

Birov yuvosh,shallaqi birov,
Birov odam,tirraqi birov,
Birov kamroq, ziyoddir birov,
Birov saydu sayoddir birov.

Birov ayyor, soddadir birov.
Birov erkak, lattadir birov.
Birov oqdir,qoradir birov,
Birov quldir,toʼradir birov.

Birov ketar, qoladi birov
birov berar, oladi birov.
birov yashnar, soʼladi birov
birov yigʼlar, kuladi birov.

FEЪL

Ummonga ummonu osmonga osmon,
choʼllarga choʼlmanu koʼllarga koʼlman.
Yaxshiga yaxshiman, yomonga yomon,
ayyorga ayyoru goʼllarga goʼlman.

Birovga yopigʼu birovga ochiq,
birovga oyogʼu birovga qoʼlman.
Qitiq patimga hech tegmangiz qattiq,
tikanga tikanu gullarga gulman.

Suvrati cholmanu siyrati goʼdak,
oʼzim gʼirt toʼpori, lek inja feʼlman.
Oqilga oqilu tentakka tentak,
Mustafo ummati, elimga elman.

Xazinam boʼlsada misli Hotamday,
noqisga tanqisu saxiyga moʼlman.
Bir xislat merosdir marhum otamdan
kiborga kiboru qullarga qulman.

Bahorda chechakman, tiyramohda xas,
kimga bebahoman, kimga bir pulman.
Zamon karvonlari oʼtib tursa,bas,
osmon manziliga uzangan yoʼlman.

ZUVАLА

Hayot manzarasi bola-chaqa,ish,
Roʼzgʼorning gʼar roʼzida va gʼorida,
Goho quvonch kechib,
gohida tashvish,
Yashashni oʼrgandim koʼnibboriga.

Oʼrgandim yashashga ,
Sabr toqat-la—
Quduq qazimoqqa igna bilan naq.
Yovqur shamollrning kaftida uxlab,
Ertangi baxtimni kutishga ilhaq.

Ertangi baxtim-ku nasiya hamon ,
Naqdini kutishga toqatim yetmas.
Qurbat yoʼq togʼlarni etishga talqon,
Boshimni oʼrasam,
oyoqqa yetmas.

Yurak hayqiradi uzun kechalar,
Gulduros tovushlar kelar quloqqa.
Qoʼrqaman,
ummonda kemam muqarrar,
Urilib ketmasmi aysberg —toqqa?

Oʼtmoqda imillab
omonat kunim,
Soʼnmoqda yurakning tafti tobora.
Turmush tashvishlari chiqarmas unim,
Tegirmon toshida yanchib ming bora.

Hayot,
koʼzlaringga boqolmayman tik,
Nahotki aylandim manfur,qoʼrqoqqa.
Kechib tashvishlardan bekin, behadik,
Iloj topolmasman hech yashamoqqa!

Besarhad va soʼngsiz hayot dashtida,
Koʼpdir yoʼl topganlar adashib necha.
Metinday mustahkam turmush mushtida,
Zuvalam mushtlayman bedor har kecha.

DUNYo BOZORI

Gʼalati qurilgan dunyo bozori,
Xaridor topilmas haqqoniy soʼzga.
Oʼchib adolatning baʼzan ohori,
Yolgʼonlar yaltirab koʼrinar koʼzga.
Koʼpdir bu bozorning qitmir, ayyori,
Oʼtirar surbetlar koʼzin qilib loʼq.
Uchrar har qadamda ranju ozori,
ne boʼldi holing deb, soʼraguvchi yoʼq.
Uchrar bu bozorda yaxshiyu yomon,
Zarracha ulardan shubha qilmaysan.
Soxtalik va asl turar yonma-yon,
ikkisining farqin mutlaq bilmaysan.
Chorsu bozorida keksa kampirdan,
men ham qaymoq, deya qatiq olganman.
Qimorboz oʼrduga qoʼshilib birda—
bir xalta pulimga kuyib qolganman.
Gʼalati qurilgan dunyo bozori,
Yoʼqdir savdosida tutruq va tayin.
Ertalab koʼzingga koʼringan boʼri,
Quyonga aylanar peshindan keyin.
Аlamu shodliklar bu bozorda jam,
Hamma oʼz molini maqtaydi chunon.
Mabodo savdoda chalgʼisang bir dam,
Kapangdan ayrilib qolarsan giryon!
Gʼalati qurilgan dunyo bozori,
Bir yuzi oq boʼlsa, qora bir yuzi.
Kerakmas birovga bechora zori,
Hamma oʼzi bilan andarmon oʼzi.

BIZLАR

Shamol tegirmoni ila qilib jang,
Hali ham egardan tushmayapmizda.
Birodar salga boʼlavermang tang,
Nordonu dumbulmiz, pishmayapmizda.

Qalashib yotibdi bir xirmon soʼzlar,
Xirmonni sovurib, choshlayapmizda.
Otchoparda javlon urganda doʼstlar,
Sheʼr bilan koʼngilni xushlayapmizda.

Ishongan kishimiz insofni yegan,
Jez boʼlib chiqadi, biz tillo degan,
Tilimizni goʼyo hakka choʼqigan,
Soqovday tilimiz tishlayapmizda.

Emasmiz shilliqqurt va yoki panda,
Rasul ummatimiz, Xudoga banda,
Ochdan oʼlmayapmiz, hech boʼlmaganda,
Oylikka yarasha ishlayapmizda.

Zabt etib oyni ham inson oyogʼi,
Oʼzga dunyolarga otlangan chogʼi,
Bizda bobomeros tancha oʼchogʼi,
Tappini tutatib qishlayapmizda.

Yantogʼu jingʼilni yeya va yeya,
Orzu qilgan ekan hammomni tuya,

Eshakemi toshgan bir xasta goʼyo,
Qichimagan joyni qashlayapmizda.

Dangasaga har kun yallo,tarallo,
Yolgʼonchiga yolgʼon dalda, tasallo,
Qoqib yelkasiga shaytonning illo,
Imonning boshiga mushtlayapmizda.

Otini soʼrabdi gadodan gadoy,
Sherik “Xudoy…”desa, solibdi dod-voy,
Biz ham shu gadoga avlod hoynahoy,
“Berdisin” eshitmay toshlayapmizda.

Yana bahor keldi
Osmonda tizilib turna galasi,
moviy kengliklarga solar argʼimchoq.
Qaldiroqlar chatnab sahar pallasi,
zarhal palaklarni tikadi chaqmoq.

Аllalar koʼngilni shamol— argʼanun,
shoshilib yoningdan oʼtadi hilol.
Ilohiy moʼʼjiza yuz berar bu tun,
yulduzlar koʼradi toleingdan fol.

Xuddi bir sanamni qolgandek suyib,
soʼqmoqlar kezasan tiyra shomlarda.
Koʼksingda navqiron
yoshlikni tuyib,
Oshiqib chopasan saxiy kunlarga.

Nahorlar uygʼonar, chiroyda bekam,
borliq tarovati oʼzgarar birdan.
Koʼzlaringni ochsang ayni subhidam,
qizgʼaldoqlar tushib keladi qirdan.

Yana bahor keldi. Kular gʼunchalar,
talpinar har giyoh, maysa quyoshga.
Bahorni kutmagan edim bunchalar,
intigʼu intizor kirib shu yoshga.

Osmonlar zangori,
zangor oʼngirlar,
olmalar gullaydi Surxon tomonda.
Deyman, Xudoyimga behad shukurlar,
yetdim bahorlarga omon- omonda.

* * *

Аbdumalikka

Eslatarsan xuddi qari boʼrini,
Elligu oltmish yosh oraligʼida.
Sira toʼldirolmay roʼzgʼor gʼorini,
somon tashiyapsan javzo tigʼida.
Nafasing boʼgʼadi lohas, dim havo,
tugatishing zarur kechgacha ishni.
Iching oʼrtanaru topmaysan davo,
chilla—saratonda oʼylaysan qishni.
Sochingga bemahal oralar oqlar,
dunyoning ishlari oʼlganda bitar…
Ummon boʼylarida kimdir bu chogʼlar,
Qorni toʼq, qumlarga agʼanab yotar.
Oltita qizingni olti shaharga,
Sepu-suruq ila uzatish kerak.
Uyingni qudalar bossa agarda,
izzatini qilib kuzatish kerak.
Qadriga yetmaysan savil bu jonni,
hayot oʼzanida jim oqaverasan..
Uka, xomchoʼt qilgin foyda ziyonni,
yashash tadorigin qachon koʼrasan?
Bola-chaqa uchun chopding kuyinib,
qizlarning yoʼrigʼi emasdir oson.
Qachon el qatori poʼrim kiyinib,
odamday yashashni boshlaysan qachon?
Yoshlikda nelarni qilmasdik orzu,
katman qirlarida boqib osmonga.
Koʼzga kechalari inmasdi uyqu,
sigʼmay qolgan edik goʼyo Surxonga.
Elligu oltmish yosh oraligʼida,
Ne toʼsiq,gʼovlarni koʼzga ilmaysan.
Turmush pichogʼining oʼtkir tigʼida,
qancha yugursangda , horish bilmaysan.

GOHO

Goho umrim kechar bir goʼdak boʼlib,
Onam beshigimni tebratib turar.
Goho makkorona tabassum qilib,
Hayot zuluklari qonimni soʼrar.

Goho parvarishlab gulday oʼzimni,
Goho azoblarga boʼladirman gʼarq.
Goho oq-qorani qila olmay farq,
Goho tanimayman oʼzim oʼzimni.

Goho telefonga bormaydi qoʼlim,
Goho yoʼq doʼstlarni izlab qolaman.
Goho sayramoqdan tinmaydi tilim,
Goho ogʼzimga mum solib olaman.

Goho maqtovlarga yuraman maftun,
Goho taʼnalarga nishon boʼlaman.
Goho shirin gapdan yigʼlayman beun,
Goho kaltaklashsa shodon kulaman.

Goho qahratonda koʼpirar qonim,
Goho saratonda ham gʼaljirayman.
Goho dorilardan zirqirab jonim,
Goho telbalarga xos aljirayman!

034

(Tashriflar: umumiy 127, bugungi 1)

Izoh qoldiring