Abdumajid Azim. Yangi she’rlar

38    Таниқли шоир Абдумажид Азимни яқинлашиб келаётган 65 ёши билан «Хуршид Даврон кутубхонаси» муштарийлари ва шеърият ихлосмандлари номидан самимий қутлаймиз, шоирга узоқ умр ва баракали ижод тилаймиз

Абдумажид АЗИМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


08 Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида фаолиятини бошлаб, кейинчалик “Олтинсой тонги”, “Тошкент ҳақиқати” газеталарида ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маънавият” таҳририяти бўлим мудири, “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош муҳаррири, “Моҳият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатган. Айни пайтда Республика Маънавият ва маърифат марказида хизмат қилмоқда.

Шу пайтгача Абдумажид Азимнинг “Ўтаётган йиллар”(1986), “Қалбимнинг ватани” (1990), “Қуёш боласи” (1991), “Ёруғлик одами” (2007), “Руҳи равоним” (2013), “Ошиқ дилим” (2015), “Умид беланчаги” (2016), “Қадр кечаси”(2018), “Тонг табассуми”(2020) каби шеърий китоблари эълон қилинган. Таржимон сифатида Мексика, Испания ҳамда рус шоирларидан Алексанр Блок, Осип Манделштам, Евгений Евтушенко, Белла Ахмадулина шеърларидан намуналарни она тилимизга ўгирди.


ЎЗБЕКЛАРИМ

Қарлиқдирсан, ўғуздирсан ёхуд дўрман,
оға-ини, бир отанинг боласисан.
Олам кўрар ўчоғингда ёнса гулхан,
туркийдирсан, Осиёнинг лоласисан.

Тарихларда боболаринг келди ғолиб,
от чопдилар Оймакондан Эдил сари.
Европани танг этдилар, урҳо солиб,
Ай ёронлар, гапирайин қайси бирин!

Томирингда Жалолиддин, Темур қони,
аждодларинг Ҳазар, Бойкўл сувин ичган.
Майли, бўлсин Мирзо Бобур ё Шайбоний,
иккиси ҳам миллат учун жондан кечган.

Манғит, қипчоқ, қўнғиротим, айла кенглик,
тингла бир зум соқов ўтмиш сукутини.
Тўқсон икки бовли ўзбек, айла тенглик —
тумор қилиб тақ Фароғий ўгитини.

Зинҳор дема, ўтган бари ўтди- кетди,
сен миллатинг эртасини кўр, бугунда.
Учта хонлик ўзбекман, деб нима ютди,
адо бўлди ё ҳижратда ё сургунда…

Залолату иллатларга ботганингда,
ўғил бўлиб, жигар-бағрим ўртанмасми?
Усмонлару,Чўлпонларни отганингда,
осмонларим қоп-қорайиб тутамасми?

Бухороми, Фарғонами ёхуд Сурхон,
гапиради биров боғдан, биров тоғдан.
Бўлинмасдир боболардан қолган макон,
боримиз ҳам, йўғимиз ҳам шу тупроқда.

Ўжар феълинг панд берди-ку неча даъфа,
қувонч-ғамда бирга кулиб, йиғла, ўзбек.
Бўлинма бас, кўча-кўча, даҳа-даҳа,
бир тан бўлиб бир тўшакда ухла, ўзбек.

Йўқдир бирор ичкуярим сендан бўлак,
сени кўрдим, кўзим очиб бу жаҳонда.
Гуллаб-яшна , шу тупроқда ёзиб палак,
мен ер бўлай, элим, майли, бўл осмонда!

Чигирткалар базми

Соддагина ўсмир эдим унда ҳали,
кўнгил оппоқ қоғоз эди — ёзилмаган.
Чирилларди чигирткалар тун маҳали,
бир ёқларга чорлар эди, мен билмаган.

Саратонда инмас эди кўзга уйқу,
Нозбўйларнинг ифоридан бўлардим маст.
Чигирткалар қўшиғини тинглардиму
қўпорардим Фарҳоддайин тоғларни даст.

Кезар эдим саҳроларда мисли Мажнун,
учар эдим осмонларга қанот боғлаб.
Яшар эдим достонларнинг ичида мен,
юрар эдим Алпомишга ўзим чоғлаб.

Кўзларимда юлдузларнинг жимжимаси,
тегай-тегай, дерди бошим осмонларга.
Ҳилол мисли уммондаги Нуҳ кемаси,
элтар эди мени қадим замонларга.

Эсар эди Боботоғдан ҳур шаббода,
пардаларни силкиб-силкиб дарчаларда.
Ситоралар узатарди менга бода,
чигирткалар базм қурган кечаларда.

Чўғланарди кўксимдаги орзуларим,
энтикардим, қийналардим, севинардим,
Унда ҳали шўху шатанг ўсмир эдим,
наҳорларда шудрингларда ювинардим.

ОНА ТИЛИМ

Мавжланасан уммондек дилда,
Боболардан мангу баётсан.
Сувсизликдан жон берсам чўлда,
Тирилтирган обиҳаётсан.

Сен бўлмасанг мен бир хору хас,
Очун эди ғариб, бенаво.
Не бўлардим сенсиз бир нафас,
Сен кўксимни тўлдирган ҳаво.

Бир ўғлингман, қайсар ва эрка,
Бўларманми супрангда урпоқ?
Бардавомсан боламда эрта,
Мен кўкарган қадимий тупроқ.

Сен борсанки, доим кўнглим тўқ.
Хор бўлмагин номард, пасткашга.
Навоийдан олганман ҳуқуқ,
Гард юқтирмай сени асрашга.

Она тилим жонажон,суюк,
Мингта ҳикмат ҳар мисқолингда.
“Қарр-қарр” этиб қарға урар дўқ,
Булбул сайрар булбул ҳолинда.

Ўзбек номи ўчмас жаҳонда,
Аму каби жўшиб тошарсан.
Қуёш каби кулиб ҳар тонгда,
Замонларни ҳатлаб ошарсан.

НЕ ГУНОҲ

Бировнинг молини этарсан талон,
Қўлинг эгри бўлса, қўлда не гуноҳ.
Кетяпсан атрофинг чўлу биёбон,
Чанқасанг баччағар, чўлда не гуноҳ.

Тишларинг тилингни турибди қўриб,
Тилингни тиймасанг, тилда не гуноҳ.
Ёмон келди дейсан, йилни ёзғириб,
Қисматинг шу бўлса, йилда не гуноҳ.

Иккита елкангда икки фаришта,
Ўнги хато қилса, сўлда не гуноҳ.
Топганингни сарфлаб ҳаром ҳаришга,
Қадрини билмасанг, пулда не гуноҳ.

Қайга ҳам кетарсан буриб йўлингни,
Тўғри юролмасанг, йўлда не гуноҳ.
Шодлансанг ранжитиб аҳли элингни,
Элни севолмасанг, элда не гуноҳ.

ЕЧИМ

Аҳдимиздан қайтаролмас бизни ҳеч ким,
Даласига йўлатмаймиз деҳқонларни.
Биз биламиз шоирларни қилмоқни жим,
Аямаймиз маддоҳлардан унвонларни.

Келажакни ўйлаб сира чекманг ташвиш,
Ваҳма қилманг, денгизингиз қуриб қолса.
Нима бизга Американи қувиб ўтиш,
Тўхтатамиз Европани, керак бўлса.

Ўқитувчи, дўхтирларни алдаш осон,
ювош тортар кўпайтирсак маошини.
Аммо-лекин, аҳли қалам жуда ёмон,
Аямайди гоҳ туғишган қондошини.

Авомларга кўрсатмаймиз ўнг сўлини,
Кўтар-кўтар шартмас аҳли донишларни,
Ақли бўлса топиб кетсин ўз йўлини,
Бир гап бўлса, текислаймиз бу ишларни.

Чўпонлик ҳам эски касб,ташвиш,ғавғо,
Ёнбошласин қўйчивонлар сўриларга.
Қўйларни-чи, нима бўпти бу муаммо,
Топширамиз эсон-омон бўриларга.

* * *

Раҳм қилинг менга дўхтиржон,
Кундан-кунга қувраб кетяпман.
Қассобга гўшт, эчкига-чи, жон,
Дори эмас, заҳар ютяпман.

Кўз ўнгимдан ўтмоқда ажал,
Олам зулмат кўринар кўзга.
Идраб ётар вужудим ҳил-ҳил,
Эрмак қуён бўлдимми сизга?

Ўтинаман, мени қўйинг тинч,
Илма-тешик бўлди баданим.
Таблеткалар чеки борми ҳеч,
Заҳарларга тўлди-ку таним.

Хасталикдан ожиздир жуссам,
Ёлвораман, тўйдим доридан.
Қўлингиздан қутулиб кетсам,
Ўтар эдим минг тош наридан.

Дорингиздан кетдим-ку тўйиб,
Ўтди мендан қандай ёмонлик?
Мен ўртага Худони қўйиб,
Ёлвораман, сўраб омонлик!

Нохуш ўйлар келар ўйимга,
Кўзда ёшим тинмайди сира.
Жавоб беринг, ўлай уйимда,
Қўлингизда ўлгандан кўра.

БИЗЛАР ЭСА…

Мато тўқир ип-дастгоҳсиз тўқувчилар,
Ўлпонталаб олиқ-солиқ йиғувчилар,
Онлайнга ўтди мана, ўқувчилар,
Бизлар эса… биз игнасин суқувчилар.

Ер остига тушиб кетган шахтачилар,
Чирик молин мақтаётир сохтачилар,
Касб-корин ўзгартирган пахтачилар,
Бизлар эса.. биз бор-йўғи ахтачилар.

Жавлон урар деҳқонлару миришкорлар,
Қараб турмас бир чеккада шифокорлар,
Ҳаммаёқда қаҳрамону фидокорлар,
Бизлар эса.. биз бор-йўғи мардикорлар.

Телвизорда кўрдик,зўр-зўр чиллачилар,
Жезни олтин деб аврайди тиллачилар.
Ҳаммаёқда гуруҳ-гуруҳ, қўллачилар,
Бизлар эса … биз бор йўғи яллачилар..

Памперсини мақтаб ётар фалончилар,
Чорраҳани сотиб олган тиланчилар,
Тарозида ўлтиради талончилар,
Бизлар эса… биз бор-йўғи ёлғончилар.

Соғинч

Бир йил ўтди, эҳ яна бир йил,
Боролмадим она қошингга.
Бир йилдирки,она муттасил,
Оппоқ қорлар ёғди бошингга.

Узумларни чордоққа осдинг,
Қовунларни сўйиб емадинг,
Кўйлагимга юзларинг босдинг,
Наҳот менга бир сўз демадинг.

Эзаверар мени бу соғинч,
Ич-этимни кемириб зимдан.
Йиғлай-йиғлай ёш қолмабди ҳеч,
Нима қилай она, кўзимда.

Олағовур бу дунё ҳали,
Болаликдан йироқ, бегона.
Ҳаёт мисли Чилвирнинг чўли,
Мен саҳрода йитган девона.

Олов ўчиб ўчоқларингда,
Қисматларинг хато бўлдими?
Мадор кетиб оёқларингдан
Калишларинг адо бўлдими?

Оғриқларнинг домида мен сайд,
Алоқ-чалоқ тушлар кўрарман.
Сен ёш она, мен гўдак у пайт,
Ҳовлимизда ўйнаб юрарман.

Билмам ,умр вафо қиларми,
Турналарим видо айтмоқда.
…Қўмсаб жажжи бузоқларини,
Қирдан шошиб пода қайтмоқда.

ТАВБА

Тўрт фасл тер тўкиб далада,
ололмасанг бирор бир чақа.
Меҳр бўлмаса ота-болада,
тавба, дея ушларсан ёқа.

Агар бўлса битта тиррақи,
булғар эмиш бутун подани.
Ачишади юрагим баттар,
тиррақилар бошлар тўдани.

Қўшнинг беваж кўтарар ғавғо,
виждон борми, дейсан буларда.
Бошинг қайга урарсан, аммо,
ёлғон кезса ҳамма йўлларда.

Қўрқинчлимас,бир-икки сотқин,
тузинг еб, тузлиққа тупурса.
Уйингга ҳам сиғмайсан лекин,
айвонингда шайтон ўтирса.

Нафсни тийиб бўлмаса, эвоҳ,
қазноқлару омборлар тўлса.
Кўринмайди кўзингга тоғ-тоғ
бойликлар ҳам, қаноат ўлса!

Кечиришга ҳаттоки шайсан,
чўнтагингга биров қўл солса.
Аммо бунга қандай чидайсан,
ўз уйингда ўғрилар бўлса.

Дейсан, меҳмон атойи Худо,
Қўноқларни кутарсан яйраб.
Қайга бошинг урарсан аммо,
Уйдан ўзинг солишса ҳайдаб.

Кўрсанг агар бир-икки юпун,
тўйдиришга топарсан илож.
Ё Худойим, не кулфат букун,
шоҳу гадо юрса юпун, оч…

Жароҳат

Аямади қатағон қаттол,
Фитрат,Чўлпон бўялди қонга.
Қилмай ҳатто сўроғу савол,
Ҳукм ўқиди замон Усмонга.

Замон,замон, наҳотки кўрсан,
Калавасин учин йўқотган.
Тарихларни врақлаб кўрсам,
Эвоҳ, ҳамма бир-бирин сотган.

Бу қандайин бедаво иллат,
Бир-бирингни чўқиб, нуқасан.
Қачон миллат бўласан, миллат,
Залолатдан қачон чиқасан?

Қарор топиб адлу адолат,
Қачон кетар бу юртдан ёлғон.
Яшашига борми кафолат,
Инсон бўлиб ҳазрати инсон?!

Ит қутурса замонда не айб,
Юртни босди қутурган итлар.
Аттанг, аттанг, бегуноҳ, беайб,
Шаҳид кетди не-не йигитлар.

Шаҳид кетди Азим бобом ҳам,
Бекафану бегўр ҳижратда.
Сағирликда бечора отам,
Кун кўрмади дарду ҳасратда.

Жаҳолатга кўтариб исён,
Ҳаққи бўлди бобомнинг бир ўқ,
Олтмиш йилки, бу ўқдан қолган,
Жароҳатим тузалгани йўқ.

Ўтинч

Кетяпсанми, йўлинг бўлсин оқ,
қайда юрсанг, соғу омон бўл.
Адашсангда йўлингдан ногоҳ
йўлсизлардан сўрамагин йўл.

Ҳаёт ҳали бари олдинда,
сўнмаса бас, кўнгилдаги шахт.
Ушбу сўзим сақла ёдингда
сўрамагин бахтсизлардан бахт.

Умр асли иборат йўлдан,
Инсон боши қаттиқдир тошдан.
Ўтинаман, нокас, бахилдан,
қор сўрама қаҳратон қишда.

Инсон бўлиб яшагин чиндан,
қайда бўлсанг, ризқинг шу жойда.
Ўлар бўлсанг ҳамки очингдан,
нон сўрама очофат бойдан.

Манқурт

Манқурт онасини камон ўқи билан отди. Кўксидан ўқ еган Найман она қушга айланиб, учиб кетаётганда ўғлига нидоси*

Унуттирди наслу зотингни,
Қашқирдан ҳам ёвузлар –қотил.
Жўломон деб қўйдим отингни,
Эсла, хотирангни уйғотгил.

Тўкилмоқда юрагим ҳил-ҳил,
Ўғлим, кел бир бағримга босай!
Эсла, ортда қирқ минг уйли эл!
отанг отин эсла, Дўнанбой.

Хотирангни ковла, оч кўзинг,
туғилгансан Сариўзакда.
Танимайсан ўзингни ўзинг,
юрагинг йўқ, наҳот кўкракда?!

Танимайсан ўксик онангни,
Йўқдир менда бу ғуссага дош.
Яхши эди сенинг ўрнингда
Туққанимда агар ҳиссиз тош!

Оналар бор, тониб боладан,
ташлаб кетар ёт бир эшикка.
Ажал топсам сендай балодан,
отанг гўрда турмасми тикка?

Нима қилай, йўқ ўзга чора,
туққан онанг келмас эсингга.
Қўрқаяпман, ниятинг қора,
Жаҳолатни кўрдим кўзингда.

Хотирангдан этиб мосуво,
Айланибсан қонхўр ҳайвонга.
Ғанимларга кифоя Худо,
Битта ўлим ахир бир жонга.

Ўз тилингни йўқотиб болам,
Одамман, деб қандай айтасан?
Кул бўлмасми куйиб бу олам,
Ўз онангга ўқлар отасан!

Камон тортган қўлларинг толди,
Поралагин майли, сийнамни.
Ёмон бўлди, қолдинг лаънатга,
Ўз қўлинг-ла отиб онангни.

* Чингиз Айтматов “Асрга татигулик кун» романидаги ривоятни ўқиб  ёзилган

Муҳаббат

Ҳафсалам пир қилди ҳаёт бешафқат,
Қалбимни бир дардлар ўртади ёмон.
Йўлламай на хабар, на -да бирор хат,
Муҳаббат келдингми,
Келдингми, қачон?

Қуёшим қиёмга келиб турганда,
Ҳолимдан бир хабар
олмоқ бўлдингми?
Ошим ошаб, ёшим яшаб бўлганда,
Муҳаббат, келдингми?

Ўн саккиз ёшимда, навқирон чоғда,
Келсанг бўлмасмиди қирқ йиллар аввал.
Келсанг бўлмасмиди,
Арғувон боғда,
Оч-наҳор, тентираб юрганим маҳал.

Сени кутганимда
Интиқ, интизор,
Ёнимдан бепарво, мағрур ўтгандинг.
Мишмишу, ғийбатлар қилганда безор,
Фасли найсонларда қайга кетгандинг?

Кўз очиб кўрганим хўрлик, хақорат,
Туҳмат калтаклари синди бошимда.
Бир журъат кўрсатиб,
Қилиб жасорат,
Келсанг бўлмасмиди ўттиз ёшимда!

Қаршингдан қоялар чиқдими ўсиб,
Қайда қолиб кетдинг,
Қанча ичикдинг.
Азал қонунларин бўлмагай бузиб,
Муҳаббат, муҳаббат афсус, кечикдинг!

Бошимга ёққанда бетиним қорлар,
Келдингми, кексайиб, озиб тўзганда.
Кетганда ортига боқмай баҳорлар,
Келдингми, боғимда хазон кезганда?

Ўзбек бўлиб туғилмай

Танимайсиз бобом Широқни,
Геродотни ўқиб билмайсиз.
Андишанинг оти қўрқоқми?
Ўзбекларни кўзга илмайсиз.

Тарихларга бўйлаган маҳал,
Қулочингиз отасиз катта,
Ўзбекларга келганида гал,
Овозингиз ўчар, албатта.

Абуттуркнинг асл зурёди,
Қўлда қилич, бошида бўрки.
Ҳинддан сакраб ўтгандир оти,
Аҳли ислом, алфози туркий.

Адабини бергандир Римни,
Аттила ҳам эмас менга ёт.
Эсланг буюк Темурбегимни,
Оврупога бахш этган нажот.

Туғилгандир бу эл меҳнатга,
Унга ётдир гаплар ҳавойи.
Ҳар каломи уйқаш ҳикматга,–
Десам, гувоҳ ўтар Навоий.

Олам ичра жаннатул маъво,
Минорлари фалакка туташ.
Ҳар гўдакда яшар авлиё,
Юрагида ёнар чўғ, оташ.

Чиранмангиз кўксингиз кериб,
Бўйимга эн бўла олмайсиз.
Ўзбек бўлиб туғилмай туриб,
Ўзбекларни била олмайсиз.

Ўлмаган қул

Манзилига етмоқликка айласа жаҳд,
писанд этмас йўлчи олис ёвуғини.
Ҳаётидан азбаройи бир кун қолса,
кўраверар одам иссиқ совуғини.

Тушда кўрдим афсонавий бир қасрни,
болалигим яшнар эди унда гул-гул.
Ўтган одам қучиб ётар қаро ерни,
кўраверар ҳаммасини ўлмаган қул.

Зоҳирида мутлақ ақлу ҳушдан жудо,
умид қилса бўлар ҳатто тентакдан ҳам.
Мўъжизасин кўрсатаман деса Худо,
ўт чиқади шудгордаги кесакдан ҳам.

Тор қафасга ўхшар экан ҳаёт гоҳо,
чарх чалғиси тирикликни ўраверар.
Токи ризқи узилмаса одам аммо,
бир томирга илашиб ҳам юраверар.

Аямаса Парвардигор ҳимматини,
бандасига оппа-осон барча мушкул.
Бу бозорнинг арзонини, қимматини,
кўраверар бу дунёда ўлмаган қул.

Фаришта

Тунлари қошимга келар фаришта,
Сув тутар,
агарда ташналаб бўлсам.
У билан боғлаган мени қай ришта,
Инсми-жин ва ёхуд малакми, одам?

Тун бўйи парвона бўлиб қошимда,
ҳароратим ўлчар,
дори узатар.
Тик туриб оёқда ҳар тун бошимда,
устимга авайлаб кўрпани ёпар.

Ихлосу сеҳр бор ҳар бир ишида,
куфрдир излашим ундан бир хато.
Меҳру муҳаббат-ла ҳар боқишидан
хижолат бўламан ўзимдан ҳатто.

Хижолат бўламан, қандай синоат,
оҳларим етдими қодир Худога.
Жойнамоз устида қилсам ибодат,
У ҳам кафтларини очар дуога.

Ҳамиша ёнимда фидо,
жонҳалак,
сингиллар келди-ку кўзим ўнгига.
Бу қандай илтифот, ўзинг айт фалак,
ғаройиб тилсим бу, нечук мўъжиза?

Бошимга энгашиб туриб оҳиста,
майин қўллари-ла силар юзларим.
Чўккалаб боламдек ёнимга аста,
Авайлаб артади ёшли кўзларим.

Бирор сўз демайди, мен ҳам сукутда,
ҳайкалдек қотаман йўқотиб ўзим.
У балки оламга келгану кетган,
дунёга тўймаган ўғил ё қизим.

У балки, дийдори қиёмат қолган,
Азим бобом руҳи,
чирқираб юрган.
Бир ҳовуч тупроққа айланиб бўлган,
отамдир эҳтимол, қаршимда турган.

Ҳажрида ёнганим, азалий туйғу,
У балки қўлларим етмаган малак.
Беҳуда хотирам титарман, ёҳу,
у балки, киприкка қўнган капалак.

Эсладим хотирам кулларин титиб,
у эди на шамол, на гўзал санам.
Қаршимда турарди йиғлаб,
қон ютиб,
бир ҳовуч хазонга айланган онам.

Ҳайвонот боғида

Ҳайвонот боғида қизиқ манзара,
Оҳу ва бўрилар яшар ёнма- ён.
Битта том остида кийик, тасқара,
Тулкининг жиғига тегади қуён.

Ҳайвонлар шоҳининг феъли ғалати,
Шернинг шерлигида қолмапти асар.
Филнинг филлигидан қуруқ савлати,
Йўлбарс сувга бўккан мушукка ўхшар.

Ҳайвонот боғида қушлар тутқунда,
Бургутнинг масхара қилади ҳакка.
Лочинлик сиёғи ётдир лочинга,
Дангаса маймоқвой кетган пинакка.

Бир сўзни қайтарар тўтилар сайроқ,
Чийиллар қафасда шаллақи сиртлон.
Йўл-йўлли зебралар зерикиб узоқ,
Даштларни соғинар олис, бепоён.

Эшаклар ҳанграб отади ханда,
Жирафа бўйнини чўзади кўкка.
Имиллаб шохларда ўрмалар панда,
Кенгуру қафасда тушади чўкка.

Кўлмакдан бошини кўтариб гоҳ-гоҳ
Атрофга совуққон боқади тимсоҳ.
Ҳаммага ҳуснини қилганча кўз-кўз,
Ўзин минг оҳангга солади товус.

Маймун писта чақар, қуриб чордона,
Худдики дунёда ундан доно йўқ.
Туяқуш қушлигин қилар баҳона,
Ортамиз дейишса, елкасига юк.

Уч юз йил яшаган тошбақа хумпар,
Тош коса ичидан оламга бўйлар,
Дунё ишларидан буткул бехабар.
Охурдан бошини кўтармас қўйлар.

ШАҲАР

Шукур Қубонга

Юрар кўчаларда ғурурлар ғариб,
бирига нон керак,
бировига шон,
Бу ҳолатни қандай этишга таъриф,
негадир бўғзимда айланмас забон.

Борар кўчаларда қоринни қўйган,
нафслари йўғону, ҳиммати пастлар.
Рўзғор ўчоғида қаноти куйган,
эскириб,униқиб,тўкилган каслар.

Кимдир ишхонага, кимдир бозорга,
ҳамма ҳар тарафга шошилиб турар.
Қўлида битта нон солинган тўрва,
нотавон, ғариблар кўчада борар…

Боришар олғирлар,
ўпириб, юлиб,
ғўддайиб, худдики қўлида осмон,
Ойлик маошига қаноат қилиб,
фаррош аёллар супурар хазон.

Мардум ўз ёғига қоврилган кўйи,
ҳаловат, оромдан мосуво бўлган.
Ҳавода анқийди куйинди бўйи,
мардикор бозори одамга тўлган.

Арзон дўконларда навбатга турар,
ёғ ҳамда шакарга кампиру чоллар.
Светофор ёки
муюлишда учрар,
садақа тиланиб чўзилган қўллар.

Неча бор чайқалиб, тинади дунё,
юз йиллар ўтса-да, орадан магар.
Барини кузатар лоқайд, бепарво,
Дийдаси тош қотган,олифта шаҳар.

Нохуш бир хавотир, таҳлика дилда,
одамлар бекатда ҳурпайиб турар.
Китобларга тўла дипломат қўлда,
бир одам қайгадир шошилиб борар.

Taniqli shoir Abdumajid Azimni yaqinlashib kelayotgan 65 yoshi bilan «Xurshid Davron kutubxonasi» mushtariylari va she’riyat ixlosmandlari nomidan samimiy qutlaymiz, shoirga uzoq umr va barakali ijod tilaymiz

Abdumajid AZIM
YANGI SHE’RLAR


Abdumajid Azim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyati, Qumqo’rg’on tumanida tug’ilgan. ToshDU (hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakulьtetida tahsil olgan. G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida faoliyatini boshlab, keyinchalik “Oltinsoy tongi”, “Toshkent haqiqati” gazetalarida ishlagan. Keyinchalik O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi “Ma’naviyat” tahririyati bo’lim mudiri, “Turkiston-press” axborot agentligi bosh muharriri, “Mohiyat” ijtimoiy-siyosiy gazetasi bosh muharriri lavozimlarida faoliyat ko’rsatgan. Ayni paytda Respublika Ma’naviyat va ma’rifat markazida xizmat qilmoqda.

Shu paytgacha Abdumajid Azimning “O’tayotgan yillar”(1986), “Qalbimning vatani” (1990), “Quyosh bolasi” (1991), “Yorug’lik odami” (2007), “Ruhi ravonim” (2013), “Oshiq dilim” (2015), “Umid belanchagi” (2016), “Qadr kechasi”(2018), “Tong tabassumi”(2020) kabi she’riy kitoblari e’lon qilingan. Tarjimon sifatida Meksika, Ispaniya hamda rus shoirlaridan Aleksanr Blok, Osip Mandelshtam, Yevgeniy Yevtushenko, Bella Axmadulina she’rlaridan namunalarni ona tilimizga o’girdi.


O’ZBEKLARIM

Qarliqdirsan, o’g’uzdirsan yoxud do’rman,
og’a-ini, bir otaning bolasisan.
Olam ko’rar o’chog’ingda yonsa gulxan,
turkiydirsan, Osiyoning lolasisan.

Tarixlarda bobolaring keldi g’olib,
ot chopdilar Oymakondan Edil sari.
Yevropani tang etdilar, urho solib,
Ay yoronlar, gapirayin qaysi birin!

Tomiringda Jaloliddin, Temur qoni,
ajdodlaring Hazar, Boyko’l suvin ichgan.
Mayli, bo’lsin Mirzo Bobur yo Shayboniy,
ikkisi ham millat uchun jondan kechgan.

Mang’it, qipchoq, qo’ng’irotim, ayla kenglik,
tingla bir zum soqov o’tmish sukutini.
To’qson ikki bovli o’zbek, ayla tenglik —
tumor qilib taq Farog’iy o’gitini.

Zinhor dema, o’tgan bari o’tdi- ketdi,
sen millating ertasini ko’r, bugunda.
Uchta xonlik o’zbekman, deb nima yutdi,
ado bo’ldi yo hijratda yo surgunda…

Zalolatu illatlarga botganingda,
o’g’il bo’lib, jigar-bag’rim o’rtanmasmi?
Usmonlaru,Cho’lponlarni otganingda,
osmonlarim qop-qorayib tutamasmi?

Buxoromi, Farg’onami yoxud Surxon,
gapiradi birov bog’dan, birov tog’dan.
Bo’linmasdir bobolardan qolgan makon,
borimiz ham, yo’g’imiz ham shu tuproqda.

O’jar fe’ling pand berdi-ku necha da’fa,
quvonch-g’amda birga kulib, yig’la, o’zbek.
Bo’linma bas, ko’cha-ko’cha, daha-daha,
bir tan bo’lib bir to’shakda uxla, o’zbek.

Yo’qdir biror ichkuyarim sendan bo’lak,
seni ko’rdim, ko’zim ochib bu jahonda.
Gullab-yashna , shu tuproqda yozib palak,
men yer bo’lay, elim, mayli, bo’l osmonda!

Chigirtkalar bazmi

Soddagina o’smir edim unda hali,
ko’ngil oppoq qog’oz edi — yozilmagan.
Chirillardi chigirtkalar tun mahali,
bir yoqlarga chorlar edi, men bilmagan.

Saratonda inmas edi ko’zga uyqu,
Nozbo’ylarning iforidan bo’lardim mast.
Chigirtkalar qo’shig’ini tinglardimu
qo’porardim Farhoddayin tog’larni dast.

Kezar edim sahrolarda misli Majnun,
uchar edim osmonlarga qanot bog’lab.
Yashar edim dostonlarning ichida men,
yurar edim Alpomishga o’zim chog’lab.

Ko’zlarimda yulduzlarning jimjimasi,
tegay-tegay, derdi boshim osmonlarga.
Hilol misli ummondagi Nuh kemasi,
eltar edi meni qadim zamonlarga.

Esar edi Bobotog’dan hur shabboda,
pardalarni silkib-silkib darchalarda.
Sitoralar uzatardi menga boda,
chigirtkalar bazm qurgan kechalarda.

Cho’g’lanardi ko’ksimdagi orzularim,
entikardim, qiynalardim, sevinardim,
Unda hali sho’xu shatang o’smir edim,
nahorlarda shudringlarda yuvinardim.

ONA TILIM

Mavjlanasan ummondek dilda,
Bobolardan mangu bayotsan.
Suvsizlikdan jon bersam cho’lda,
Tiriltirgan obihayotsan.

Sen bo’lmasang men bir xoru xas,
Ochun edi g’arib, benavo.
Ne bo’lardim sensiz bir nafas,
Sen ko’ksimni to’ldirgan havo.

Bir o’g’lingman, qaysar va erka,
Bo’larmanmi suprangda urpoq?
Bardavomsan bolamda erta,
Men ko’kargan qadimiy tuproq.

Sen borsanki, doim ko’nglim to’q.
Xor bo’lmagin nomard, pastkashga.
Navoiydan olganman huquq,
Gard yuqtirmay seni asrashga.

Ona tilim jonajon,suyuk,
Mingta hikmat har misqolingda.
“Qarr-qarr” etib qarg’a urar do’q,
Bulbul sayrar bulbul holinda.

O’zbek nomi o’chmas jahonda,
Amu kabi jo’shib tosharsan.
Quyosh kabi kulib har tongda,
Zamonlarni hatlab osharsan.

NE GUNOH

Birovning molini etarsan talon,
Qo’ling egri bo’lsa, qo’lda ne gunoh.
Ketyapsan atrofing cho’lu biyobon,
Chanqasang bachchag’ar, cho’lda ne gunoh.

Tishlaring tilingni turibdi qo’rib,
Tilingni tiymasang, tilda ne gunoh.
Yomon keldi deysan, yilni yozg’irib,
Qismating shu bo’lsa, yilda ne gunoh.

Ikkita yelkangda ikki farishta,
O’ngi xato qilsa, so’lda ne gunoh.
Topganingni sarflab harom harishga,
Qadrini bilmasang, pulda ne gunoh.

Qayga ham ketarsan burib yo’lingni,
To’g’ri yurolmasang, yo’lda ne gunoh.
Shodlansang ranjitib ahli elingni,
Elni sevolmasang, elda ne gunoh.

YeChIM

Ahdimizdan qaytarolmas bizni hech kim,
Dalasiga yo’latmaymiz dehqonlarni.
Biz bilamiz shoirlarni qilmoqni jim,
Ayamaymiz maddohlardan unvonlarni.

Kelajakni o’ylab sira chekmang tashvish,
Vahma qilmang, dengizingiz qurib qolsa.
Nima bizga Amerikani quvib o’tish,
To’xtatamiz Yevropani, kerak bo’lsa.

O’qituvchi, do’xtirlarni aldash oson,
yuvosh tortar ko’paytirsak maoshini.
Ammo-lekin, ahli qalam juda yomon,
Ayamaydi goh tug’ishgan qondoshini.

Avomlarga ko’rsatmaymiz o’ng so’lini,
Ko’tar-ko’tar shartmas ahli donishlarni,
Aqli bo’lsa topib ketsin o’z yo’lini,
Bir gap bo’lsa, tekislaymiz bu ishlarni.

Cho’ponlik ham eski kasb,tashvish,g’avg’o,
Yonboshlasin qo’ychivonlar so’rilarga.
Qo’ylarni-chi, nima bo’pti bu muammo,
Topshiramiz eson-omon bo’rilarga.

* * *

Rahm qiling menga do’xtirjon,
Kundan-kunga quvrab ketyapman.
Qassobga go’sht, echkiga-chi, jon,
Dori emas, zahar yutyapman.

Ko’z o’ngimdan o’tmoqda ajal,
Olam zulmat ko’rinar ko’zga.
Idrab yotar vujudim hil-hil,
Ermak quyon bo’ldimmi sizga?

O’tinaman, meni qo’ying tinch,
Ilma-teshik bo’ldi badanim.
Tabletkalar cheki bormi hech,
Zaharlarga to’ldi-ku tanim.

Xastalikdan ojizdir jussam,
Yolvoraman, to’ydim doridan.
Qo’lingizdan qutulib ketsam,
O’tar edim ming tosh naridan.

Doringizdan ketdim-ku to’yib,
O’tdi mendan qanday yomonlik?
Men o’rtaga Xudoni qo’yib,
Yolvoraman, so’rab omonlik!

Noxush o’ylar kelar o’yimga,
Ko’zda yoshim tinmaydi sira.
Javob bering, o’lay uyimda,
Qo’lingizda o’lgandan ko’ra.

BIZLAR ESA…

Mato to’qir ip-dastgohsiz to’quvchilar,
O’lpontalab oliq-soliq yig’uvchilar,
Onlaynga o’tdi mana, o’quvchilar,
Bizlar esa… biz ignasin suquvchilar.

Yer ostiga tushib ketgan shaxtachilar,
Chirik molin maqtayotir soxtachilar,
Kasb-korin o’zgartirgan paxtachilar,
Bizlar esa.. biz bor-yo’g’i axtachilar.

Javlon urar dehqonlaru mirishkorlar,
Qarab turmas bir chekkada shifokorlar,
Hammayoqda qahramonu fidokorlar,
Bizlar esa.. biz bor-yo’g’i mardikorlar.

Telvizorda ko’rdik,zo’r-zo’r chillachilar,
Jezni oltin deb avraydi tillachilar.
Hammayoqda guruh-guruh, qo’llachilar,
Bizlar esa … biz bor yo’g’i yallachilar..

Pampersini maqtab yotar falonchilar,
Chorrahani sotib olgan tilanchilar,
Tarozida o’ltiradi talonchilar,
Bizlar esa… biz bor-yo’g’i yolg’onchilar.

Sog’inch

Bir yil o’tdi, eh yana bir yil,
Borolmadim ona qoshingga.
Bir yildirki,ona muttasil,
Oppoq qorlar yog’di boshingga.

Uzumlarni chordoqqa osding,
Qovunlarni so’yib yemading,
Ko’ylagimga yuzlaring bosding,
Nahot menga bir so’z demading.

Ezaverar meni bu sog’inch,
Ich-etimni kemirib zimdan.
Yig’lay-yig’lay yosh qolmabdi hech,
Nima qilay ona, ko’zimda.

Olag’ovur bu dunyo hali,
Bolalikdan yiroq, begona.
Hayot misli Chilvirning cho’li,
Men sahroda yitgan devona.

Olov o’chib o’choqlaringda,
Qismatlaring xato bo’ldimi?
Mador ketib oyoqlaringdan
Kalishlaring ado bo’ldimi?

Og’riqlarning domida men sayd,
Aloq-chaloq tushlar ko’rarman.
Sen yosh ona, men go’dak u payt,
Hovlimizda o’ynab yurarman.

Bilmam ,umr vafo qilarmi,
Turnalarim vido aytmoqda.
…Qo’msab jajji buzoqlarini,
Qirdan shoshib poda qaytmoqda.

TAVBA

To’rt fasl ter to’kib dalada,
ololmasang biror bir chaqa.
Mehr bo’lmasa ota-bolada,
tavba, deya ushlarsan yoqa.

Agar bo’lsa bitta tirraqi,
bulg’ar emish butun podani.
Achishadi yuragim battar,
tirraqilar boshlar to’dani.

Qo’shning bevaj ko’tarar g’avg’o,
vijdon bormi, deysan bularda.
Boshing qayga urarsan, ammo,
yolg’on kezsa hamma yo’llarda.

Qo’rqinchlimas,bir-ikki sotqin,
tuzing yeb, tuzliqqa tupursa.
Uyingga ham sig’maysan lekin,
ayvoningda shayton o’tirsa.

Nafsni tiyib bo’lmasa, evoh,
qaznoqlaru omborlar to’lsa.
Ko’rinmaydi ko’zingga tog’-tog’
boyliklar ham, qanoat o’lsa!

Kechirishga hattoki shaysan,
cho’ntagingga birov qo’l solsa.
Ammo bunga qanday chidaysan,
o’z uyingda o’g’rilar bo’lsa.

Deysan, mehmon atoyi Xudo,
Qo’noqlarni kutarsan yayrab.
Qayga boshing urarsan ammo,
Uydan o’zing solishsa haydab.

Ko’rsang agar bir-ikki yupun,
to’ydirishga toparsan iloj.
Yo Xudoyim, ne kulfat bukun,
shohu gado yursa yupun, och…

Jarohat

Ayamadi qatag’on qattol,
Fitrat,Cho’lpon bo’yaldi qonga.
Qilmay hatto so’rog’u savol,
Hukm o’qidi zamon Usmonga.

Zamon,zamon, nahotki ko’rsan,
Kalavasin uchin yo’qotgan.
Tarixlarni vraqlab ko’rsam,
Evoh, hamma bir-birin sotgan.

Bu qandayin bedavo illat,
Bir-biringni cho’qib, nuqasan.
Qachon millat bo’lasan, millat,
Zalolatdan qachon chiqasan?

Qaror topib adlu adolat,
Qachon ketar bu yurtdan yolg’on.
Yashashiga bormi kafolat,
Inson bo’lib hazrati inson?!

It qutursa zamonda ne ayb,
Yurtni bosdi quturgan itlar.
Attang, attang, begunoh, beayb,
Shahid ketdi ne-ne yigitlar.

Shahid ketdi Azim bobom ham,
Bekafanu bego’r hijratda.
Sag’irlikda bechora otam,
Kun ko’rmadi dardu hasratda.

Jaholatga ko’tarib isyon,
Haqqi bo’ldi bobomning bir o’q,
Oltmish yilki, bu o’qdan qolgan,
Jarohatim tuzalgani yo’q.

O’tinch

Ketyapsanmi, yo’ling bo’lsin oq,
qayda yursang, sog’u omon bo’l.
Adashsangda yo’lingdan nogoh
yo’lsizlardan so’ramagin yo’l.

Hayot hali bari oldinda,
so’nmasa bas, ko’ngildagi shaxt.
Ushbu so’zim saqla yodingda
so’ramagin baxtsizlardan baxt.

Umr asli iborat yo’ldan,
Inson boshi qattiqdir toshdan.
O’tinaman, nokas, baxildan,
qor so’rama qahraton qishda.

Inson bo’lib yashagin chindan,
qayda bo’lsang, rizqing shu joyda.
O’lar bo’lsang hamki ochingdan,
non so’rama ochofat boydan.

Manqurt

Manqurt onasini kamon o’qi bilan otdi. Ko’ksidan o’q yegan Nayman ona qushga aylanib, uchib ketayotganda o’g’liga nidosi*

Unuttirdi naslu zotingni,
Qashqirdan ham yovuzlar –qotil.
Jo’lomon deb qo’ydim otingni,
Esla, xotirangni uyg’otgil.

To’kilmoqda yuragim hil-hil,
O’g’lim, kel bir bag’rimga bosay!
Esla, ortda qirq ming uyli el!
otang otin esla, Do’nanboy.

Xotirangni kovla, och ko’zing,
tug’ilgansan Sario’zakda.
Tanimaysan o’zingni o’zing,
yuraging yo’q, nahot ko’krakda?!

Tanimaysan o’ksik onangni,
Yo’qdir menda bu g’ussaga dosh.
Yaxshi edi sening o’rningda
Tuqqanimda agar hissiz tosh!

Onalar bor, tonib boladan,
tashlab ketar yot bir eshikka.
Ajal topsam senday balodan,
otang go’rda turmasmi tikka?

Nima qilay, yo’q o’zga chora,
tuqqan onang kelmas esingga.
Qo’rqayapman, niyating qora,
Jaholatni ko’rdim ko’zingda.

Xotirangdan etib mosuvo,
Aylanibsan qonxo’r hayvonga.
G’animlarga kifoya Xudo,
Bitta o’lim axir bir jonga.

O’z tilingni yo’qotib bolam,
Odamman, deb qanday aytasan?
Kul bo’lmasmi kuyib bu olam,
O’z onangga o’qlar otasan!

Kamon tortgan qo’llaring toldi,
Poralagin mayli, siynamni.
Yomon bo’ldi, qolding la’natga,
O’z qo’ling-la otib onangni.

* Chingiz Aytmatov “Asrga tatigulik kun» romanidagi rivoyatni o’qib yozilgan

Muhabbat

Hafsalam pir qildi hayot beshafqat,
Qalbimni bir dardlar o’rtadi yomon.
Yo’llamay na xabar, na -da biror xat,
Muhabbat keldingmi,
Keldingmi, qachon?

Quyoshim qiyomga kelib turganda,
Holimdan bir xabar
olmoq bo’ldingmi?
Oshim oshab, yoshim yashab bo’lganda,
Muhabbat, keldingmi?

O’n sakkiz yoshimda, navqiron chog’da,
Kelsang bo’lmasmidi qirq yillar avval.
Kelsang bo’lmasmidi,
Arg’uvon bog’da,
Och-nahor, tentirab yurganim mahal.

Seni kutganimda
Intiq, intizor,
Yonimdan beparvo, mag’rur o’tganding.
Mishmishu, g’iybatlar qilganda bezor,
Fasli naysonlarda qayga ketganding?

Ko’z ochib ko’rganim xo’rlik, xaqorat,
Tuhmat kaltaklari sindi boshimda.
Bir jur’at ko’rsatib,
Qilib jasorat,
Kelsang bo’lmasmidi o’ttiz yoshimda!

Qarshingdan qoyalar chiqdimi o’sib,
Qayda qolib ketding,
Qancha ichikding.
Azal qonunlarin bo’lmagay buzib,
Muhabbat, muhabbat afsus, kechikding!

Boshimga yoqqanda betinim qorlar,
Keldingmi, keksayib, ozib to’zganda.
Ketganda ortiga boqmay bahorlar,
Keldingmi, bog’imda xazon kezganda?

O’zbek bo’lib tug’ilmay

Tanimaysiz bobom Shiroqni,
Gerodotni o’qib bilmaysiz.
Andishaning oti qo’rqoqmi?
O’zbeklarni ko’zga ilmaysiz.

Tarixlarga bo’ylagan mahal,
Qulochingiz otasiz katta,
O’zbeklarga kelganida gal,
Ovozingiz o’char, albatta.

Abutturkning asl zuryodi,
Qo’lda qilich, boshida bo’rki.
Hinddan sakrab o’tgandir oti,
Ahli islom, alfozi turkiy.

Adabini bergandir Rimni,
Attila ham emas menga yot.
Eslang buyuk Temurbegimni,
Ovrupoga baxsh etgan najot.

Tug’ilgandir bu el mehnatga,
Unga yotdir gaplar havoyi.
Har kalomi uyqash hikmatga,–
Desam, guvoh o’tar Navoiy.

Olam ichra jannatul ma’vo,
Minorlari falakka tutash.
Har go’dakda yashar avliyo,
Yuragida yonar cho’g’, otash.

Chiranmangiz ko’ksingiz kerib,
Bo’yimga en bo’la olmaysiz.
O’zbek bo’lib tug’ilmay turib,
O’zbeklarni bila olmaysiz.

O’lmagan qul

Manziliga yetmoqlikka aylasa jahd,
pisand etmas yo’lchi olis yovug’ini.
Hayotidan azbaroyi bir kun qolsa,
ko’raverar odam issiq sovug’ini.

Tushda ko’rdim afsonaviy bir qasrni,
bolaligim yashnar edi unda gul-gul.
O’tgan odam quchib yotar qaro yerni,
ko’raverar hammasini o’lmagan qul.

Zohirida mutlaq aqlu hushdan judo,
umid qilsa bo’lar hatto tentakdan ham.
Mo»jizasin ko’rsataman desa Xudo,
o’t chiqadi shudgordagi kesakdan ham.

Tor qafasga o’xshar ekan hayot goho,
charx chalg’isi tiriklikni o’raverar.
Toki rizqi uzilmasa odam ammo,
bir tomirga ilashib ham yuraverar.

Ayamasa Parvardigor himmatini,
bandasiga oppa-oson barcha mushkul.
Bu bozorning arzonini, qimmatini,
ko’raverar bu dunyoda o’lmagan qul.

Farishta

Tunlari qoshimga kelar farishta,
Suv tutar,
agarda tashnalab bo’lsam.
U bilan bog’lagan meni qay rishta,
Insmi-jin va yoxud malakmi, odam?

Tun bo’yi parvona bo’lib qoshimda,
haroratim o’lchar,
dori uzatar.
Tik turib oyoqda har tun boshimda,
ustimga avaylab ko’rpani yopar.

Ixlosu sehr bor har bir ishida,
kufrdir izlashim undan bir xato.
Mehru muhabbat-la har boqishidan
xijolat bo’laman o’zimdan hatto.

Xijolat bo’laman, qanday sinoat,
ohlarim yetdimi qodir Xudoga.
Joynamoz ustida qilsam ibodat,
U ham kaftlarini ochar duoga.

Hamisha yonimda fido,
jonhalak,
singillar keldi-ku ko’zim o’ngiga.
Bu qanday iltifot, o’zing ayt falak,
g’aroyib tilsim bu, nechuk mo»jiza?

Boshimga engashib turib ohista,
mayin qo’llari-la silar yuzlarim.
Cho’kkalab bolamdek yonimga asta,
Avaylab artadi yoshli ko’zlarim.

Biror so’z demaydi, men ham sukutda,
haykaldek qotaman yo’qotib o’zim.
U balki olamga kelganu ketgan,
dunyoga to’ymagan o’g’il yo qizim.

U balki, diydori qiyomat qolgan,
Azim bobom ruhi,
chirqirab yurgan.
Bir hovuch tuproqqa aylanib bo’lgan,
otamdir ehtimol, qarshimda turgan.

Hajrida yonganim, azaliy tuyg’u,
U balki qo’llarim yetmagan malak.
Behuda xotiram titarman, yohu,
u balki, kiprikka qo’ngan kapalak.

Esladim xotiram kullarin titib,
u edi na shamol, na go’zal sanam.
Qarshimda turardi yig’lab,
qon yutib,
bir hovuch xazonga aylangan onam.

Hayvonot bog’ida

Hayvonot bog’ida qiziq manzara,
Ohu va bo’rilar yashar yonma- yon.
Bitta tom ostida kiyik, tasqara,
Tulkining jig’iga tegadi quyon.

Hayvonlar shohining fe’li g’alati,
Sherning sherligida qolmapti asar.
Filning filligidan quruq savlati,
Yo’lbars suvga bo’kkan mushukka o’xshar.

Hayvonot bog’ida qushlar tutqunda,
Burgutning masxara qiladi hakka.
Lochinlik siyog’i yotdir lochinga,
Dangasa maymoqvoy ketgan pinakka.

Bir so’zni qaytarar to’tilar sayroq,
Chiyillar qafasda shallaqi sirtlon.
Yo’l-yo’lli zebralar zerikib uzoq,
Dashtlarni sog’inar olis, bepoyon.

Eshaklar hangrab otadi xanda,
Jirafa bo’ynini cho’zadi ko’kka.
Imillab shoxlarda o’rmalar panda,
Kenguru qafasda tushadi cho’kka.

Ko’lmakdan boshini ko’tarib goh-goh
Atrofga sovuqqon boqadi timsoh.
Hammaga husnini qilgancha ko’z-ko’z,
O’zin ming ohangga soladi tovus.

Maymun pista chaqar, qurib chordona,
Xuddiki dunyoda undan dono yo’q.
Tuyaqush qushligin qilar bahona,
Ortamiz deyishsa, yelkasiga yuk.

Uch yuz yil yashagan toshbaqa xumpar,
Tosh kosa ichidan olamga bo’ylar,
Dunyo ishlaridan butkul bexabar.
Oxurdan boshini ko’tarmas qo’ylar.

ShAHAR

Shukur Qubonga

Yurar ko’chalarda g’ururlar g’arib,
biriga non kerak,
biroviga shon,
Bu holatni qanday etishga ta’rif,
negadir bo’g’zimda aylanmas zabon.

Borar ko’chalarda qorinni qo’ygan,
nafslari yo’g’onu, himmati pastlar.
Ro’zg’or o’chog’ida qanoti kuygan,
eskirib,uniqib,to’kilgan kaslar.

Kimdir ishxonaga, kimdir bozorga,
hamma har tarafga shoshilib turar.
Qo’lida bitta non solingan to’rva,
notavon, g’ariblar ko’chada borar…

Borishar olg’irlar,
o’pirib, yulib,
g’o’ddayib, xuddiki qo’lida osmon,
Oylik maoshiga qanoat qilib,
farrosh ayollar supurar xazon.

Mardum o’z yog’iga qovrilgan ko’yi,
halovat, oromdan mosuvo bo’lgan.
Havoda anqiydi kuyindi bo’yi,
mardikor bozori odamga to’lgan.

Arzon do’konlarda navbatga turar,
yog’ hamda shakarga kampiru chollar.
Svetofor yoki
muyulishda uchrar,
sadaqa tilanib cho’zilgan qo’llar.

Necha bor chayqalib, tinadi dunyo,
yuz yillar o’tsa-da, oradan magar.
Barini kuzatar loqayd, beparvo,
Diydasi tosh qotgan,olifta shahar.

Noxush bir xavotir, tahlika dilda,
odamlar bekatda hurpayib turar.
Kitoblarga to’la diplomat qo’lda,
bir odam qaygadir shoshilib borar.

045

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring