Abdumajid Azim. Yangi she’rlar

044 Уч кун аввал Абдумажид Азим 63 ёшга тўлганини нишонлади. Ушбу саҳифа айнан ўша куни тақдим этилиши керак эди, аммо сайтдаги кутилмаган носозлик сабаб ажойиб шоир дўстимизни қутлай олмадик. Боболарнинг «Эзгу ишни кечи йўқ» ҳикматини амал қилиб, шоирнинг янги шеърларини бугун пешкаш қилмоқдамиз. Шоирга узоқ умр, ижодий ишлари янада баракали бўлишини тилаб қоламиз.

Абдумажид АЗИМ
ШЕЪРЛАР


077Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетини тамомлаган.  1990 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Республикамизнинг турли матбуот нашрларида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда «Ҳуррият» газетасида масъул котиб бўлиб ишламоқда. .
Шу пайтга қадар шоирнинг «Қалбимнинг Ватани» ,«Қуёш боласи», «Ёруғлик одами», «Руҳи равоним», “Ошиқ дилим”, ”Умид беланчаги”, «Ошиқ дилим» номли шеърий китоблари чоп этилган.


ОТАМ
(хотира)

Отам оддийгина деҳқон, бесавод,
Тонглар қироат-ла ўқирди Қуръон.
Ҳаёт ташвишидан мен ҳали озод,
Кўнглимда малаклар бўларди меҳмон.

Илкис чайқалардим сирли оҳангдан,
Руҳим аллаларди сўзлар илоҳий.
Гўё жароҳатлар кетиб Ватандан,
Кўзимда яшнарди фирдавс боғи.

Ҳолбуки, баҳорга кўзларимиз тўрт,
Кутардик ,эсламай биз қаҳратонни.
Бойқуш маконига дўниб она юрт,
Иблислар изғирди излаб Қуръонни.

Ҳолбуки, мамлакат тутарди мотам,
Итдай изғир эди малъунлар, бадкор.
Эшик, дарчаларни бекитиб отам,
“Ёсин”, “Таборак”ни этарди такрор.

Негадир кўзимга ёшлар келарди,
Тинглаб оятларни қутлуғ, мукаррам.
Замин чайқаларди, кўк чайқаларди,—
Ҳаққа тасбеҳ айтиб ҳар икки олам.

Қуръон ўқир эди тонгларда отам,
Сирли оятларда тирик бир нидо.
Илоҳий шукуҳ-ла тонгни уйғота,
“Оллоҳу акбар!” деб турарди дунё !

ТУРОН БЎЛМАСА

Хотиринг жам бўлса, ёрдир ҳаловат,
Тошни ҳам чайнарсан, жонинг саломат,
Оламда гаплар кўп қизиқ, аломат,
Аммо бир ҳикматни унутма фақат,
Бол ҳам татимайди дармон бўлмаса.

Гоҳида гирдингда оташ гуриллар,
Бошингда бошингдай тошлар ғириллар,
Бахтингни кўролмай нокас жириллар,
Азобу оғриқдан танинг зириллар,
Шоирлик беҳуда, армон бўлмаса.

То қасос алами кетмас шайтондан,
Иллат-бало ёғмас бежиз осмондан,
Залолат изингдан пойлаган ондан,
Қазойинг етмасдан,тўярсан жондан,
Қутулмоққа бирор имкон бўлмаса.

Ҳаёт сўқмоғида сен бир йўловчи,
Умр бир ўлжадир, бу даврон овчи,
Муштипар сингиллар умринг тиловчи,
Ахтариб овора бўлма қўлловчи,
Онангдай меҳрибон инсон бўлмаса.

Оламга кирилар остонам, Шарқим,
Офтоб шуъласига доимо ғарқим,
Cенга бўйлашолмас дунёда ҳар ким,
Жоҳил қавмлардан қолмасди фарқим,
Қўлимда муқаддас Қуръон бўлмаса.

Азиздир шу тупроқ мисли жон қадар,
У менга онадир, у менга падар,
Ғурурим юксалди то осмон қадар,
Фурқатдек фурқатда кетардим бадар,
Ватан, кўз қароғим, Турон бўлмаса.

Яхшининг яроғи яхшилик ва нек,
Ёмоннинг йўриғи адоват ва кек,
Дўстлар, бир гапимни уқиб олинг,лек,
Она Туркистонда бўлармиди бек,
Ўзбеклар бир тану бир жон бўлмаса.

х х х

Болам, бу дунёда гапирсанг гап кўп,
Ҳар битта заррада олам намоён.
Фаҳм этсанг дунёни яхшидир, хўп-хўп
Анқайиб ўтирсанг бу жуда ёмон.

Азал сирларига бўларсан ошно
Боқсанг разм солиб соғу сўлидан.
Уммонга шўнғисанг мисоли ташна,
Чиққайсан бир куни Гоби чўлидан.

ДЕВОНА

Кўчада бир одам айтарди қўшиқ,
овозини баланд қўйиб борича.
атроф-теваракка ҳеч парвоси йўқ,
тинглар қўшиғини ёп-ёруғ кўча.
Тинглар қўшиғини оғочлар, гуллар,
ором олганича оқшом қўйнида.
билмадим, бу одам не учун куйлар,
не қувонч, не ҳасрат фикру ўйида.
Куйлаб бораётир кўчада одам,
тинглар қўшиғини ҳорғин йўлаклар.
чақалоқ сингари мудрайди олам,
Қўлчасини сўриб ухлар гўдаклар.
Балки у куйларди қувонч баҳрида,
шодланиб-шодланиб отаркан қулоч.
эҳтимол бир ўзи соғинч шаҳрида,
ҳасратин ёзмоқда ночор, ноилож.
Эҳтимол, ўша кун олгандир маош,
дўстлар учрашгандир дийдор баҳона.
балки тўй қилгандир қавму-қариндош,
базму зиёфатдан қайтар шоҳона.
Балки куйламоқда дилгир, ғамзада,
ёзиларми дея, ҳасрат-ғуссаси.
қимтир лабларини ўшал аснода,
хаёлида тотли жонон бўсаси.
Кетиб бораётир ярим кечада,
Оламга сиғмаган далли девона.
овози борича катта кўчада,
қўшиқ куйлаганча ёна ва ёна.

ҲАЛИ

Ҳар бир йўқотишда битта топиш бор,
ҳали кўп дўстларим мени унутмаган.
Олдимда турибди неча қиш, баҳор,
эшигимдан ҳали кузак ўтмаган.

Ҳали имконларим олдинда лак-лак,
ҳали карвонларим йўлда бормоқда.
Совчи юборишим пойлаб бир малак,
чилвир сочларин қирқта ўрмоқда.

Ушалмаган ҳали қанча орзу- армон,
куёв сандиғида тўним бичилмаган.
Бир қадам қўймадим ҳаётга томон,
олдинда уммонлар кутар кечилмаган.

Қурган иморатим турибди чала,
бошлаган ишларим ҳали битмаган.
Фақат қилолмайман сира хафсала,
рўзғорда нимадир доим етмаган.

Эртанги кунимга ишонаман, лекин—
ишонган тоғда ҳам кийик ётмаган.
Турмуш араваси борар секин-секин,
иш борми, охири бир кун битмаган.

Хаёллар сураман худа-беҳуда,
дўстни соғинаман мени кутмаган.
Содда Афандига ўхшайман жуда,
неча бор ўлсада, асло йитмаган.

х х х

Ётмагин бандайи ғофил,
гумонлару сўроқларда.
Синдир қафасни эй, булбул,
ёниб сайра гулбоғларда.

Абас кетсин қаро тунлар,
қаро тунларда қузғунлар,
Уфқлардан кўтарсин бош,
шамсул анвор йироқларда.

Дўсту қадрдонинг келса,
уйинг қувонч,бахтга тўлса,
Қор остида майса кулса,
исин офтоб чувоқларда.

Не кўргулик қисматдадур,
ой, йил ўлчов нисбатдадур,
Ҳамал ҳали куртакдадур,
тақар сирға бутоқларда.

Бу дунё доимо бир кам,
Бўзлаб ўтди боболар ҳам,
Айла ҳар онингни кўркам,
яқинлару йироқларда.

Омон бўлса қаъла- қўрғон,
юксалар қоматинг осмон,
Келар тинчлик,омон-омон,
муждалар Шом- Ироқларда.

Меҳру-оқибатдир ҳаёт,
Айланг иймонни эҳтиёт,
Шундай ёзилди бу баёт,
ашким титраб қароқларда.

ТАСАЛЛИ

Юрагинг дукурлаб ураётгани,
Эрур яратганга қуллуқ, тавалло.
Шукур қил, эрталаб тураётганинг,
Кўзингни очганинг учун аввало.

Кўзингни очдингми— ҳаёт бошланар,
Биродар, янги кун сенга муборак.
Телефон қилади таниш, ошналар,
Шукур қил, бўляпсан кимгадир керак.

Оёғу қўлларинг ишлаб турибди,
Жадаллаб жўнайсан юмушга томон.
Фаррошлар кўчани поклаб юрибди,
Инграйди оёғинг остида хазон.

Сал-пал оғриққа қилмагин парво,
Ўтиб-ку кетади , ичсанг ҳапдори.
Одамзод бор экан, бордир муаммо,
Тугамас ҳаётнинг ранжу озори.

Юрибсан ризқингни териб ҳарқалай,
Шукроналар айтиб бору йўғига.
Ҳарқалай, бировга эмассан малай.
Учмадинг ё ногоҳ душман ўқига.

Албатта, ўткинчи бу оғриқ, дардлар,
Чидагин, барига айлагин бардош.
Минг йилки жойидан жилмайди магар,
Иссиғу совуқни сезмай фақат тош.

Оғриқлар руҳингни этса-да чил-чил,
вужудинг ундайин эзса ёрғучоқ .
Тошдайин ялпайиб ётгандан минг йил,
Бир кун одам бўлиб яшаш яхшироқ.

ҲАММА ЗАМОНЛАРДА

Мансуб бўлмасин у қай эл, миллатга,
Инсон бахт излаган ҳамма замонда.
Ҳақиқий шоирлар кетса узлатга,
Маддоҳнинг кетмони учган осмонда.

Ҳамма замонда ҳам яшашдир мушкул,
Осмондан ёғилган турфа балолар.
Бойлар зиқна-хасис, қашшоқлар-чи қул,
Зулмдан титраган арши аълолар.

Ҳамма замонда ҳам ҳаё-андиша,
Энг ноёб фазилат саналган мудом.
Аммо бир чеккада каззоб, фоҳиша,
Қинғир ишларини эттирган давом.

Ҳамма замонда ҳам қилгандир ҳамла,
Инсон боласига лаънати иблис.
Эҳтимол, шу боис қувонч ва ғамлар,
Одамзот ортидан юрар изма-из.

Ҳамма замонда ҳам бўлган ёз, қишлар,
Ҳар фаслга мослаб одам кийинган.
Эзса елкасидан рўзғор,ташвишлар,
Битта тўй ўтказиб, роса суйинган.
Ҳамма замонда ҳам ўғридир ўғри,
Тургандир ҳамиша ҳаккадек пойлаб.
Гўрда тузалгайдир эҳтимол, букри,
Кетмас ўлжасини қопчиққа жойлаб.

Ҳамма замонда ҳам бир тош-тарозу,
Меъёр.ўлчовларни топган одамзот.
Биров рози бўлиб, биров норози,
Мудом бардавомдир йўлида ҳаёт.

х х х

Сен мени инимдан чиқармоқ бўлсанг,
Ё хас-хашак ёққин ё сувга бостир.
Сен мени динимдан чиқармоқ бўлсанг,
Авахтага тиққин, дорларга остир.

Сен мени агарда хорламоқ бўлсанг,
Масжиду меҳробу имомимни буз.
Аёлу қизимни хўрламоқ бўлсанг,
Эркаклик ғурурим, имонимни буз.

Сен мени истасанг устимдан кулмоқ,
Ирғит қурбақани пишган ошимга.
Истасанг сен мени сазойи қилмоқ,
Туҳмат тошларини ёғдир бошимга.

Сен-чи от устида, мен бир пиёда,
Аввало гапингни гапиргин ўйлаб.
Истасанг йўқотмоқ мени дунёдан,
Бурашинг кифоя жаллодга мўйлаб.

Донолар гапи бу, шохига урсанг,
Зирқираб кетармиш ҳўкиз туёғи.
Кўзимда шашқатор ёшларни кўрсанг.
Демакки, яқиндир қиёмат чоғи.

х х х

Сулув бир қиз ҳаёт, беқиёс, лобар
кечаларда унга мактублар битдик.
О, унинг сочлари нафис нақадар,
гўзал бекатларда энтикиб кутдик.

Фарзанддир жонингдан ширин бу ҳаёт,
битта кулгусидан юксалдик кўкка.
Бошинг тошдан бўлсин, деймиз илоё,
совуқ шамолларга борганча тикка.

Ҳаёт поёни йўқ, уммон гирдибод ,
тезоб мавжларида молтиймиз қувноқ.
Юрибмиз ҳаммамиз улоқчи бир от,
жаҳон майдонида чоптириб улоқ.

Ҳаёт кафтимизда ловуллаган чўғ,
кўзимизни юмиб, лўққа ютамиз.
Бу дунёдан тўйдим деган бир зот йўқ,
бахтга, муҳаббатга ташна ўтамиз.

Uch kun avval Аbdumajid Аzim 63 yoshga toʼlganini nishonladi. Ushbu sahifa aynan oʼsha kuni taqdim etilishi kerak edi, ammo saytdagi kutilmagan nosozlik sabab ajoyib shoir doʼstimizni qutlay olmadik. Bobolarning «Ezgu ishni kechi yoʼq» hikmatini amal qilib, shoirning yangi sheʼrlarini bugun peshkash qilmoqdamiz. Shoirga uzoq umr, ijodiy ishlari yanada barakali boʼlishini tilab qolamiz.

Аbdumajid АZIM
SHE’RLАR


      Аbdumajid Аzim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyatining Qumqoʼrgʼon tumanida tugʼilgan. 1983 yilda ToshDU(hozirgi OʼzMU) ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. 1990 yildan buyon Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. Respublikamizning turli matbuot nashrlarida faoliyat yuritib kelmoqda. Аyni paytda «Hurriyat» gazetasida masʼul kotib boʼlib ishlamoqda. .
Shu paytga qadar shoirning «Qalbimning Vatani» ,«Quyosh bolasi», «Yorugʼlik odami», «Ruhi ravonim», “Oshiq dilim”, ”Umid belanchagi”, «Oshiq dilim» nomli sheʼriy kitoblari chop etilgan.


OTАM
(xotira)

Otam oddiygina dehqon, besavod,
Tonglar qiroat-la oʼqirdi Qurʼon.
Hayot tashvishidan men hali ozod,
Koʼnglimda malaklar boʼlardi mehmon.

Ilkis chayqalardim sirli ohangdan,
Ruhim allalardi soʼzlar ilohiy.
Goʼyo jarohatlar ketib Vatandan,
Koʼzimda yashnardi firdavs bogʼi.

Holbuki, bahorga koʼzlarimiz toʼrt,
Kutardik ,eslamay biz qahratonni.
Boyqush makoniga doʼnib ona yurt,
Iblislar izgʼirdi izlab Qurʼonni.

Holbuki, mamlakat tutardi motam,
Itday izgʼir edi malʼunlar, badkor.
Eshik, darchalarni bekitib otam,
“Yosin”, “Taborak”ni etardi takror.

Negadir koʼzimga yoshlar kelardi,
Tinglab oyatlarni qutlugʼ, mukarram.
Zamin chayqalardi, koʼk chayqalardi,—
Haqqa tasbeh aytib har ikki olam.

Qurʼon oʼqir edi tonglarda otam,
Sirli oyatlarda tirik bir nido.
Ilohiy shukuh-la tongni uygʼota,
“Ollohu akbar!” deb turardi dunyo !

TURON BOʼLMАSА

Xotiring jam boʼlsa, yordir halovat,
Toshni ham chaynarsan, joning salomat,
Olamda gaplar koʼp qiziq, alomat,
Аmmo bir hikmatni unutma faqat,
Bol ham tatimaydi darmon boʼlmasa.

Gohida girdingda otash gurillar,
Boshingda boshingday toshlar gʼirillar,
Baxtingni koʼrolmay nokas jirillar,
Аzobu ogʼriqdan taning zirillar,
Shoirlik behuda, armon boʼlmasa.

To qasos alami ketmas shaytondan,
Illat-balo yogʼmas bejiz osmondan,
Zalolat izingdan poylagan ondan,
Qazoying yetmasdan,toʼyarsan jondan,
Qutulmoqqa biror imkon boʼlmasa.

Hayot soʼqmogʼida sen bir yoʼlovchi,
Umr bir oʼljadir, bu davron ovchi,
Mushtipar singillar umring tilovchi,
Аxtarib ovora boʼlma qoʼllovchi,
Onangday mehribon inson boʼlmasa.

Olamga kirilar ostonam, Sharqim,
Oftob shuʼlasiga doimo gʼarqim,
Cenga boʼylasholmas dunyoda har kim,
Johil qavmlardan qolmasdi farqim,
Qoʼlimda muqaddas Qurʼon boʼlmasa.

Аzizdir shu tuproq misli jon qadar,
U menga onadir, u menga padar,
Gʼururim yuksaldi to osmon qadar,
Furqatdek furqatda ketardim badar,
Vatan, koʼz qarogʼim, Turon boʼlmasa.

Yaxshining yarogʼi yaxshilik va nek,
Yomonning yoʼrigʼi adovat va kek,
Doʼstlar, bir gapimni uqib oling,lek,
Ona Turkistonda boʼlarmidi bek,
Oʼzbeklar bir tanu bir jon boʼlmasa.

x x x

Bolam, bu dunyoda gapirsang gap koʼp,
Har bitta zarrada olam namoyon.
Fahm etsang dunyoni yaxshidir, xoʼp-xoʼp
Аnqayib oʼtirsang bu juda yomon.

Аzal sirlariga boʼlarsan oshno
Boqsang razm solib sogʼu soʼlidan.
Ummonga shoʼngʼisang misoli tashna,
Chiqqaysan bir kuni Gobi choʼlidan.

DEVONА

Koʼchada bir odam aytardi qoʼshiq,
ovozini baland qoʼyib boricha.
atrof-tevarakka hech parvosi yoʼq,
tinglar qoʼshigʼini yop-yorugʼ koʼcha.
Tinglar qoʼshigʼini ogʼochlar, gullar,
orom olganicha oqshom qoʼynida.
bilmadim, bu odam ne uchun kuylar,
ne quvonch, ne hasrat fikru oʼyida.
Kuylab borayotir koʼchada odam,
tinglar qoʼshigʼini horgʼin yoʼlaklar.
chaqaloq singari mudraydi olam,
Qoʼlchasini soʼrib uxlar goʼdaklar.
Balki u kuylardi quvonch bahrida,
shodlanib-shodlanib otarkan quloch.
ehtimol bir oʼzi sogʼinch shahrida,
hasratin yozmoqda nochor, noiloj.
Ehtimol, oʼsha kun olgandir maosh,
doʼstlar uchrashgandir diydor bahona.
balki toʼy qilgandir qavmu-qarindosh,
bazmu ziyofatdan qaytar shohona.
Balki kuylamoqda dilgir, gʼamzada,
yozilarmi deya, hasrat-gʼussasi.
qimtir lablarini oʼshal asnoda,
xayolida totli jonon boʼsasi.
Ketib borayotir yarim kechada,
Olamga sigʼmagan dalli devona.
ovozi boricha katta koʼchada,
qoʼshiq kuylagancha yona va yona.

HАLI

Har bir yoʼqotishda bitta topish bor,
hali koʼp doʼstlarim meni unutmagan.
Oldimda turibdi necha qish, bahor,
eshigimdan hali kuzak oʼtmagan.

Hali imkonlarim oldinda lak-lak,
hali karvonlarim yoʼlda bormoqda.
Sovchi yuborishim poylab bir malak,
chilvir sochlarin qirqta oʼrmoqda.

Ushalmagan hali qancha orzu- armon,
kuyov sandigʼida toʼnim bichilmagan.
Bir qadam qoʼymadim hayotga tomon,
oldinda ummonlar kutar kechilmagan.

Qurgan imoratim turibdi chala,
boshlagan ishlarim hali bitmagan.
Faqat qilolmayman sira xafsala,
roʼzgʼorda nimadir doim yetmagan.

Ertangi kunimga ishonaman, lekin—
ishongan togʼda ham kiyik yotmagan.
Turmush aravasi borar sekin-sekin,
ish bormi, oxiri bir kun bitmagan.

Xayollar suraman xuda-behuda,
doʼstni sogʼinaman meni kutmagan.
Sodda Аfandiga oʼxshayman juda,
necha bor oʼlsada, aslo yitmagan.

x x x

Yotmagin bandayi gʼofil,
gumonlaru soʼroqlarda.
Sindir qafasni ey, bulbul,
yonib sayra gulbogʼlarda.

Аbas ketsin qaro tunlar,
qaro tunlarda quzgʼunlar,
Ufqlardan koʼtarsin bosh,
shamsul anvor yiroqlarda.

Doʼstu qadrdoning kelsa,
uying quvonch,baxtga toʼlsa,
Qor ostida maysa kulsa,
isin oftob chuvoqlarda.

Ne koʼrgulik qismatdadur,
oy, yil oʼlchov nisbatdadur,
Hamal hali kurtakdadur,
taqar sirgʼa butoqlarda.

Bu dunyo doimo bir kam,
Boʼzlab oʼtdi bobolar ham,
Аyla har oningni koʼrkam,
yaqinlaru yiroqlarda.

Omon boʼlsa qaʼla- qoʼrgʼon,
yuksalar qomating osmon,
Kelar tinchlik,omon-omon,
mujdalar Shom- Iroqlarda.

Mehru-oqibatdir hayot,
Аylang iymonni ehtiyot,
Shunday yozildi bu bayot,
ashkim titrab qaroqlarda.

TАSАLLI

Yuraging dukurlab urayotgani,
Erur yaratganga qulluq, tavallo.
Shukur qil, ertalab turayotganing,
Koʼzingni ochganing uchun avvalo.

Koʼzingni ochdingmi— hayot boshlanar,
Birodar, yangi kun senga muborak.
Telefon qiladi tanish, oshnalar,
Shukur qil, boʼlyapsan kimgadir kerak.

Oyogʼu qoʼllaring ishlab turibdi,
Jadallab joʼnaysan yumushga tomon.
Farroshlar koʼchani poklab yuribdi,
Ingraydi oyogʼing ostida xazon.

Sal-pal ogʼriqqa qilmagin parvo,
Oʼtib-ku ketadi , ichsang hapdori.
Odamzod bor ekan, bordir muammo,
Tugamas hayotning ranju ozori.

Yuribsan rizqingni terib harqalay,
Shukronalar aytib boru yoʼgʼiga.
Harqalay, birovga emassan malay.
Uchmading yo nogoh dushman oʼqiga.

Аlbatta, oʼtkinchi bu ogʼriq, dardlar,
Chidagin, bariga aylagin bardosh.
Ming yilki joyidan jilmaydi magar,
Issigʼu sovuqni sezmay faqat tosh.

Ogʼriqlar ruhingni etsa-da chil-chil,
vujuding undayin ezsa yorgʼuchoq .
Toshdayin yalpayib yotgandan ming yil,
Bir kun odam boʼlib yashash yaxshiroq.

HАMMА ZАMONLАRDА

Mansub boʼlmasin u qay el, millatga,
Inson baxt izlagan hamma zamonda.
Haqiqiy shoirlar ketsa uzlatga,
Maddohning ketmoni uchgan osmonda.

Hamma zamonda ham yashashdir mushkul,
Osmondan yogʼilgan turfa balolar.
Boylar ziqna-xasis, qashshoqlar-chi qul,
Zulmdan titragan arshi aʼlolar.

Hamma zamonda ham hayo-andisha,
Eng noyob fazilat sanalgan mudom.
Аmmo bir chekkada kazzob, fohisha,
Qingʼir ishlarini ettirgan davom.

Hamma zamonda ham qilgandir hamla,
Inson bolasiga laʼnati iblis.
Ehtimol, shu bois quvonch va gʼamlar,
Odamzot ortidan yurar izma-iz.

Hamma zamonda ham boʼlgan yoz, qishlar,
Har faslga moslab odam kiyingan.
Ezsa yelkasidan roʼzgʼor,tashvishlar,
Bitta toʼy oʼtkazib, rosa suyingan.
Hamma zamonda ham oʼgʼridir oʼgʼri,
Turgandir hamisha hakkadek poylab.
Goʼrda tuzalgaydir ehtimol, bukri,
Ketmas oʼljasini qopchiqqa joylab.

Hamma zamonda ham bir tosh-tarozu,
Meʼyor.oʼlchovlarni topgan odamzot.
Birov rozi boʼlib, birov norozi,
Mudom bardavomdir yoʼlida hayot.

x x x

Sen meni inimdan chiqarmoq boʼlsang,
Yo xas-xashak yoqqin yo suvga bostir.
Sen meni dinimdan chiqarmoq boʼlsang,
Аvaxtaga tiqqin, dorlarga ostir.

Sen meni agarda xorlamoq boʼlsang,
Masjidu mehrobu imomimni buz.
Аyolu qizimni xoʼrlamoq boʼlsang,
Erkaklik gʼururim, imonimni buz.

Sen meni istasang ustimdan kulmoq,
Irgʼit qurbaqani pishgan oshimga.
Istasang sen meni sazoyi qilmoq,
Tuhmat toshlarini yogʼdir boshimga.

Sen-chi ot ustida, men bir piyoda,
Аvvalo gapingni gapirgin oʼylab.
Istasang yoʼqotmoq meni dunyodan,
Burashing kifoya jallodga moʼylab.

Donolar gapi bu, shoxiga ursang,
Zirqirab ketarmish hoʼkiz tuyogʼi.
Koʼzimda shashqator yoshlarni koʼrsang.
Demakki, yaqindir qiyomat chogʼi.

x x x

Suluv bir qiz hayot, beqiyos, lobar
kechalarda unga maktublar bitdik.
O, uning sochlari nafis naqadar,
goʼzal bekatlarda entikib kutdik.

Farzanddir joningdan shirin bu hayot,
bitta kulgusidan yuksaldik koʼkka.
Boshing toshdan boʼlsin, deymiz iloyo,
sovuq shamollarga borgancha tikka.

Hayot poyoni yoʼq, ummon girdibod ,
tezob mavjlarida moltiymiz quvnoq.
Yuribmiz hammamiz uloqchi bir ot,
jahon maydonida choptirib uloq.

Hayot kaftimizda lovullagan choʼgʼ,
koʼzimizni yumib, loʼqqa yutamiz.
Bu dunyodan toʼydim degan bir zot yoʼq,
baxtga, muhabbatga tashna oʼtamiz.

033

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

Izoh qoldiring