Shodmonqul Salom. Yangi she’rlar & Shoir Shodmonqul Salom «Azizim, Hayot!» teleloyihasida (2019)

04 Асл шоир ҳамиша ўзгаришда яшайди. Ҳаёт тажрибалари, қувончу аламлар, миллат ва она юрт ташвишлари шоир табиатида ўзгаришлар ясайди. Шодмонқул Саломнинг янги шеърларида ана шу ҳақиқатни кўрасиз.

Шодмонқул САЛОМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


034 Шодмонқул Салом 1980 йилда Қумқўрғон туманида туғилган. 2003 йилда Термиз Давлат университетининг “Кимё” факультетини, 2005 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Чағониён”, “Туркистон”, «Китоб дунёси» газеталари, “Саодат” журналида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар” шеърий тўпламлари ва “Оққапчиғай тўлқинлари” насрий китоби чоп этилган. «Маънавий ҳаёт» журнали ходими.


***

Юриб кир қилдимми, дунёнгни, Тангрим,
Ҳурлар ювмаганми оёқларимни?
Дайдиб кир бўлдимми дунёнгда, Раббим?
Эшитиб турарсан сўроқларимни…
Айтмаганинг яхши жавобларингни…

Шоирга

Қўлларинг бунча совуқ,
Бир лаҳза тинасанми?
Дунё – бир тоғора чўғ,
Шунга исинасанми?
Липиллаб ўчиб борар,
Кўксимга кўчиб борар,
Тўнғиб қолган оламда
Сўнгги бор ёнасанми?

Эй, дўст, бошингни тик тут,
Сотилмасни сотмагин.
Бедиллар кемасида
У соҳилга кетмагин.
Яшаш ҳам зўр иш эмас,
Қаҳрамонликмас ўлим,
Кўп қатори бўлдингми,
Шунга қувонасанми?

Чумолининг инидан
Дон ўғирлаб бой бўлган.
Сенинг гулдай кўнглингга
Кир қўллари узалган.
Қуёшга тил чиқариб,
Шамолни шалоқ қилган,
Кўп худоли касларни
Қайғуриб ёнасанми?

Танишинг йўқми Марсда,
Қуёшга йўқми улов?
Муз нигоҳлар тафтидан
Кўксимга кетган олов.
Қанотинг борлигини
Сезгани йўқми биров.
Ўзинг ҳам билмагайсан,
Билмоқни истамайсан,
Истамоқни билмайсан,
Ёлғонми, тонасанми?

Менинг оёғим толди,
Куйиб битди қанотим.
Юрак деворларига
Урилиб қайтар додим.
Суваракка шеър айтиб
Тугаб борар саботим.
Яшаш дегани шуми,
Наҳот шуми ҳаётим?!
Ўлмай туриб ўлишга
Наҳотки кўнасанми?

Арзимади бу дунё,
Билганимда келмасдим.
Уйқу дори бер, Худо,
То руҳим уйғонмасин.
Елкамдаги кўзларим
Ловуллаб бораётир.
Ёндим ўчолмаяпман,
Куйдим, ишонасанми?

Юрак деган тулпорда
Жиловни узиб келдим.
Майхона! Хўжанг қани?
Аҳдимни бузиб келдим.
Доғулилар даврасин
Кўзин шамғалат этиб,
Қўлим муз, ўзим эса
Ўт бўлиб қизиб келдим.
Тангрим, қарамай тургил,
Шуни ичиб юборай,
Пули Сиротда тойсам,
Ушлаб қололасанми?
Дунёнг ўчиб қолган чўғ,
Шунга ишонасанми?!

***

Мен маст эдим, онагинам рўза эди,
Ер ёнарди, саратон ё жавзо эди.

Қуёш тегиб ўтар эди қирларимга,
Тер ёмғирдай ёғар эди шўрларимга.

Жума куни, пешиндан сўнг, аср чоғи,
Липилларди ҳаётимнинг шамчироғи.

Акам келди, отдан тушди — даштда эди,
Лаби қотган, лек аламнок шаштда эди.

Ўрма қамчи елкам узра чизди йўллар,
Бу йўлларни ювиб кетди тентак селлар.

Қамчиларнинг оғриқларин сезмасдим мен,
Кўзларимни онажондан узмасдим мен:

“Сени кўриб кулган кўзим тўлмасмиди,
Қайроқтошдай бир тош туғсам бўлмасмиди?!

Бундай одам бўлгунингча ўлгин, болам,
Ўлма болам, ортгинамда қолгин, болам!”

“Бундай одам” дегани у қандай одам?”
Саволимни такрорлашга қўймас оғам.

“Одам нима? Қандай нарса, қаерда бор?”
Томоғимдан бўғар Дунё — кўп ичи тор.

Одам недир? Билмай ўтиб кетсин дейди,
Шу такаббур рафтор бир кун бошин ейди.

Одам — ният! Яратганнинг оқ нияти,
Одам — номус! Табиатнинг ҳамияти.

Одам — дуо! Гоҳ-гоҳида ижобатдир.
Одам баъзан таҳоратсиз ибодатдир!

Одам ҳали битмай турган иморатдир,
Одам гоҳо ибодатсиз таҳоратдир.

Бу туришда Одам уйи битмагайдир,
Ибодатлар ижобатга етмагайдир.

Одам йўлдир, ундан омон ўтиш керак!
Бошқа йўл йўқ, аждаҳо бор, нетиш керак?

Одам гўдак чоғларида учар эди,
Ўлгунича кир дунёни қучар энди.

Одам — тандир, Тангрим ўтин қалаб қўйган,
Одам нафсдир! Талх жаҳонни ялаб тўйган.

Бу тандирда қандай қилиб нон пишади?
Олов керак! Қачон ҳасрат етишади?

Одам олов излаб юрган мусофирдир,
Совуқ қотган, қорни очган, йўли тордир.

Бир кечага жой сўрайди, бера кўрма,
Уйингга ўт қўйиб кетса, йиғлаб юрма.

Одам — идиш! Ичи тўла хомашёдир!
Ул пишгунча ёлғон дунё — чин дунёдир!

Одам овоз, қоронғуда жаранглаган!
Кун ботишдан кун чиқишга аланглаган.

Одам нима? Одам кимдир, қаердадир?
Масжид ёки майхонада, қабрдадир!

Одам — савол! Жавоби дил тубидадир!
Ул уммонни билмаган ранж хобидадир.

Одам қулфдир! Кимдир уни очиш керак!
Олмосдай қурч, олмосдай мўрт калит керак!

Ул калитни ютиб қўйган ўғрибоши,
Шундан кейин мохов бўлган юзу қоши.

Одам бунда жуда кўпдир, жуда камдир!
Ҳам қўрқувдир, ҳам умиддир, ҳам аламдир!

Мен одамлар оролида мусофирман,
Гоҳ ўғриман, гоҳ даллолман, гоҳ тожирман!”

Шул сўзларни айтиб бўлдим, шом етишди,
Акам, онам, ҳаммаси ҳам ҳовридан тушди.

…Кўп йил ўтди… инсоф эли мени кутди,
Мен азобни, сабр мени жим овутди.

Рўза эдим. Онагинам бемор эди.
Қуёш эса зўр ҳижронга хумор эди.

“Рамазонда омонатин олсин, дерди,
Қозоқларда юрганларим келсин”, дерди.

Мана, бўлди. Биродарлар йиғлаб олдим!
Ишқсиз умр — кесак экан, шуни билдим!

Денгиз сари фақат сув деб бормоқ ҳайфдир,
Изтироб ва соғинч ҳаққи, яшаш кайфдир!

***

Эй, баднафс, табаррук жомни булғадинг,
Маъно майин тўкдинг — комни булғадинг.

Аввал ғофил бўлдинг, шом сирларидан,
Тун бўйи алаҳсиб, тонгни булғадинг.

Кўзёшмас, иддао қилдинг фалакка,
Ибодат қилмадинг — онни булғадинг.

Ташрифингдан жаҳон қувонган эди,
Кетмай туриб номи инсонни булғадинг.

Эй, нокас, эгнингда мазлум либоси,
Қилмишинг-ла ҳалол деҳқонни булғадинг.

Даъвонг олимлигу, амалинг риё,
Одамийлик деган фанни булғадинг.

Гоҳ жубба, гоҳ ридо, гоҳи бўйинбоғ,
Кийиб неча аср-у замонни булғадинг.

Бекорга булбуллар бағри қон эмас,
Қутлуғ қоғоз, қаламу рангдонни булғадинг.

Шоирдан инжима, ғўр машқи учун,
Ҳайфки, умр отлиғ достонни булғадинг.

Қуш ташлаган нажас денгизга ҳечдир,
Аммо парвоз деган шонни булғадинг.

Сўнгагинг ўтини дўзахга етгай,
Билмассан, билишдек имконни булғадинг.

***

Бу руҳ — бир мусофир, даргоҳингда, Раб,
Бир қоп гўшт кўтариб, юрар тентираб.

Қирқ йилки бир кулба излади сарсон,
Ҳеч ким эшигини очмади, Раҳмон.

Елкадаги юки омонат эди,
Омонатга дахл қилмасман дейди.

Сув ҳам ичолмайди шошқин дарёдан,
Ҳали хом молини асрар балодан.

Дарёга ғарқ бўлиб кетмасин, дейди,
Сўнг тилсиз балиқлар сотмасин, дейди.

Саҳрода туш каби бир яшил дарахт,
Бу руҳни чорлади ўзига бир вақт.

Суяги қизиган, чанқаган, ҳақир,
Дарахтга талпинди, шошди мусофир.

Бир дам ором олмоқ орзу қиларди,
Дунё беоромдир — қайдин биларди.

Омади озмиди, бахти йўқмиди,
Қаршисида яшил бир калхат эди.

Мусофир қопида эт айниганди,
Шум калхат димоғи шуни билганди.

Чопди ғам елини ортда қолдириб,
Алам ғажиридан қочарди ҳориб.

Дарё сув бермади, саҳро бир соя,
Улуғ тоғ қошига етди ниҳоят.

“Тоғлар — ер қозиғи, собит ва ростдир,
Эй, ғариб, шу тоғлар вафодор дўстдир.”

Таскин дарасига етгандай бўлди,
Қирқ йиллик азоби кетгандай бўлди.

Аммо ҳануз ғўрдир, содда мусофир,
Бул дарада қўрқув аждари бордир.

Лаллайиб қопини елкадан олиб,
Шу сирли манзилда қолмоққа толиб.

Турган палласида аждар уйғонди,
Морнинг кўзи, руҳнинг ҳаёти ёнди.

Ортига қарамай қочди саросар,
Қўрқув вишилларди изидан баттар…

…Мен қирқ йил шу руҳни қилдим томоша,
Юракнинг дарз кетган дарчаси оша.

Магар мен кел десам, ё келармиди,
Тоққа ишонмаган… ишонармиди?

Аммо чорладим мен ул мусофирни,
Елкаси яғирни, юки оғирни.

Ишониб, ишонмай яқинлаб келди,
Қопдан келган бўйдан нафас бўғилди.

“Қопни ташлаб юбор, жой бор ўзингга”,
Десам, таққа тўхтаб боқди кўзимга.

Унинг кўзларига қараб бўлмасди,
Аммо не ажабки, кўз узолмасдим.

Мана, юк ҳидини сезмай бошладим,
Ўла бошладим ё яшай бошладим.

Шундоқ остонада иккимиз ҳам тик,
Мен — мезбон, меҳмоним елкасида юк.

Кўп аср тик турдим, оёғим толди,
Мусофирлар сезгир бўлади… билди.

Шу дам маконимга сизди бир нима,
Нимами ё кимми, недандир шаъма?

Мубҳам кўланканинг номсиз нафаси,
Овоз шуъласими ё шуъла саси.

Қисмат лочинининг шамолимиди,
Ё дийдор тонггининг жамолимиди?

Сезмасдим, нимадир бўларди содир,
Мусофир ҳам ҳайрон, гўё кўрган сир.

Балки, куй нағмаси қанотсиз елган,
Сурнайчи қўшнимнинг чалгиси келган.

Ишқилиб, турибмиз юзма-юз ҳақир,
Меҳмонимнинг эса елкаси яғир.

***

Жоним мушкул сафардадир, йўл билмас содда роҳим бор,
Айланиб ўтиб бўлмайди – ўзим қазиган чоҳим бор.

Бошим хамдир, лойим хомдир, бенаводин бенавоман,
Овоз берсам, кўзи ёнгай – бир-икки хайрихоҳим бор.

Ёмғирни санар фаришта, адашгай субҳ савобидин,
Ул малак ҳисобдан йитгай ¬– санаб бўлмас гуноҳим бор.

Бад нафасим теккан дунё, қатрон қилмай тоза бўлмас,
Юзтубан йиғлагайдурмен, кўкка етгудай оҳим бор.

Ичимга бир қуюн кирган, чиқиб кетмоққа излар йўл,
Анинг телба исёнидан вайрона бўлган боғим бор.

Ичимга зўр яшин тушган, ёқиб ёқмас, ўчиб ўчмас,
Куюклари бўғзимдадир, шундан кўзимда доғим бор.

Қирқ йил хазинабон бўлдим – сўрган, сўрмаганга бердим,
Охир қуруқ қўл-ла чиқдим – шундай шармисор чоғим бор.

Самода банди руҳлари, заминга етмас оҳлари,
Чирқираб турган бир ожиз, мунис, меҳрибон моҳим бор.

Аё, одам Меҳрибони, аё, оламлар Посбони!
Ўзинг раҳм эт, ёбонингда гуноҳдан бино тоғим бор.

Аё, фалаклар Сарбони, фалакларни Яратгоним!
Ўзинг азм эт: яхш бўл, деб, ҳамонки ёмон чоғим бор.

БОРНИНГ ЙЎҚҚА САХОВАТИ КЎРИЛАДИ

Одамзоддан ўтар бўлса, зироатга,
Зироат ҳам шукр этмаса, ҳайвонзотга,
Ҳайвон тилов қилолмаса, ҳашоратга,
Бу тилсизлар ҳад билмаса, қадим Додга,
Ва ё энди туғилажак зурриёдга,
Ризқ-насиба ҳикмат учун берилади,
Одамзодни иззат қилиб турилади.

Ўсаётган, донлаётган, шоналаган,
Пар чиқарган, тухум ёрган, болалаган,
Она ерни ўз тарҳида хоналаган,
Қурсоғини довуллардан паналаган,
Худо амр қилган тилда аллалаган,
Яралмишга қанча имдод берилади.
Борнинг йўққа саховати кўрилади.

Мен кўргандим: қишда қорли қирдан ошиб,
Отам гоҳо кетар эди буғдой ташиб,
Парранданинг, чумолининг донга шошиб,
Келганини кўриб, кўздан меҳр тошиб,
Қайтар эди, мамнун-мамнун эгиб бошин,
Саховатки, сўрмаганга берилади,
Бандасига фалаклардан буйрилади.

Она ерга уруғ эмас, ният қарор,
Хайр билан бани одам олмиш барор.
Бухорийнинг айтганлари этар бедор:
Саховатда бермоқ бор-у йўқмиш сўрор,
Ёмғирни ҳам санайдиган фаришта бор,
Бул ҳисобдан аршда мезон юрилади,
Саховатлар саховатга берилади.

Бойсундаги Чоштепада шундай бўлган,
Бир хасиснинг хирмонига Хизр келган.
“Бободеҳқон, хайр қил!” деб имо қилган,
Ул хасиснинг тор хуржуни тошга тўлган –
Шул оқшомда хирмон тупроқ бўлиб қолган,
Банда боши ўз тошидан ёрилади,
Минорамиз қўлимиз-ла терилади.

Ҳисоб шундай: мисқол берган, олар ботмон,
Она халқим, муаллимим, умри достон.
Бағри кенгим, тўқ назарим, тоза имон,
Элга берсин, эл қатори менга ҳам шон,
Дея ният қилиб турган беминнат жон,
Олиб-сотар бу оламда танти деҳқон,
Нон-туз берган, илм берган – берилади,
Шараф деган қўрғон қийин қурилади.
Саховатлар саховатга берилади.

***

“Исботим йўқ, аммо барин билурман!”
Гунг ва кўр бир тутқун бўзлаб турадир.
Бўйнидаги ғулнинг шиқирлашидан,
Юрак тубигача музлаб борадир.
(Шу ҳолида нени кўзлаб борадир!?)

Сайёралар — тасбеҳ Тангри қўлида,
Яшамоқ — ғўр ташбеҳ тақдир тилида.
Ўзича мақсаду манзил йўлида,
Адоғи кўринмас қисмат чўлида,
Чумоли ҳам шошиб, тезлаб борадир.

Вақт тўфони бору йўқни қучганда,
Асрлар кемадай илкис кўчганда,
Бир-бирига тегиб лаби учганда,
Не-не маънолардан маъно ўчганда,
Одам… ҳақиқатни излаб борадир.

Сезаман — заминга келгандир ярмим,
Ярмимни қайгадир яширган Раббим.
Бўлмаса, серсавол бўлмасди қалбим,
Уйғонай дейману етмайди қурбим,
Руҳим тўзонларда бўзлаб турадир.

Умрим — туш. Уйғонгум — мавжудман, чинман.
Тушимда одамман, уйғонсам кимман?
Қирқ йил ухладингиз десалар, жимман,
Аммо тош эмасман, руҳдан қисмман,
Ерга маъно бўлган битта исмман,
Ҳали менга мени сўзлаб берадир,
Кўнгил шу суҳбатни излаб борадир.

***

Декабрнинг тугаши қизиқ,
Декабрнинг тугаши қийин.
Кўкрагимда уйғонган оғриқ
Ҳаётимни қилмоқда ўйин.

Тун умримдан узунга ўхшар,
Фалак амри кўп ишга қодир.
Изтиробу қувонч аралаш
Ёмғир ва қор берди декабр.

Йил — деҳқондир, ҳосил кўтарган,
Кутганидек бўлдимимкан чош.
Юрагимга туйғу жамғарган
Сал нарида турибди қирқ ёш.

Айиқ, бўри, қуён ва буғу —
Ниқобларни ташиб келаман.
Ўғлим, қизим кетар севиниб
Қорбобога ўхшаб қоламан.

Уйдан ишга, ишдан сўнг ўйга,
Борлиғимни ташлаб кетаман.
Севги кесиб ўтар йўлимни
Худойим, нетаман, нетаман?

Бойсундаги азиз даштларда
Бир заҳматкаш сафарларим бор.
Қумқўрғонда отамга ўхшаб
Кутаётган сабрлар бисёр.

Декабрдан умидим кўпдир,
Кечаларни юриб ўтаман.
Юрагим чўғ, вужудим чўпдир,
Мен фақат яхшилик кутаман.
Мен фақат яхшилик кутаман.

***

Бугун — девор, тирмашаяпман,
Қўлингни чўз, меҳрибон Жаббор!
Тиззаларим қонади, толдим,
Товонимдан кўтариб юбор!

ХХI АСРГА АЙТАРИМ

Замин бекор айланмас экан,
Вақт фазода фитна тугади.
Юлдузларнинг гоҳи гоҳида
Ер шарига кўзи тегади.

Йўқ, шунчаки нур сочмас қуёш,
Тутқун сингил – Ой тўлмас бекор.
Товонимга кирган тиканнинг
Юпитерда ҳисоботи бор.

Тили бўлса айтсин денгизлар,
Эси бўлса тушунсин одам.
Юпанч учун келмас кундузлар,
Қўрқув учун туғилмас тун ҳам.

Йўқ, бекорга айланмайди Арз,
Ғам, шодликда мувозанат бор.
Фақат қайтиб қутилинар қарз,
Катта, жуда катта ҳисоб бор.

Жуда катта даргоҳ бор – бешак,
Жуда улуғ нигоҳни кўрдим.
Бобом отган она Мамонтнинг
Гуноҳига мен қўрқиб турдим.

Томирдаги қоним кўп қадим,
Гарчи кўп бор тиғ урди риё.
Бухорийнинг таҳоратидан
Қолган сувга юз чайгил, Дунё.

Эй, сен, кўкка бир бор боқмаган,
Руҳи – банди, мудраган юрак.
Боланг “нон” деб қўл чўзган пайти,
Сенга Қуддус нимага керак!?

Панамангни ечгин бошингдан,
Мен дўппимни олай қўлимга.
Маҳатмани отган қотил ҳам
Кимга ўхшар, сенгами, менга?

Бунда чекма – димиқди олам,
Руҳиятни тутунлар қучди.
Уйғонолмай чирпанар болам,
Оёқлари Озонни тешди.

Брунони ёқиб, сўнг унинг
Ёруғида ўқ йўнган, эй, кин,
Шарқ кўтарган машъала томон
Етсин дея айланар замин.

Бир карвонда кетаётирмиз,
Кетаяпмиз, йўлдошим, ишон.
Нечун совуқ зерикишингга
Пайғамбарлар бўлсинлар нишон?

Айтмай десам, айтмоқ – менга фарз,
Ёзмай десам, юрак тўла шеър.
Боққил, қандай кенгдир бу олам,
Қара қандай айланади ер,
Бешик каби чайқалади ер.

***

Аста-аста оқаради тонг,
Аста-аста бўйлайди қуёш.
Аста-аста соч йиғар хаёл,
Аста-аста кўтарилар бош.

Аста-аста ташланар қадам,
Аста-аста бошланар кураш.
Аста-аста хўрсинар одам,
Аста-аста чарчайди яшаш.

Аста-аста силтанади қўл,
Аста-аста кемтилар юрак.
Аста-аста уйдан қочар йўл,
Аста-аста маст бўлар эркак.

Аста-аста зулфга оқ инар,
Аста-аста ёқалари ҳўл.
Аёл юзи тонгдай оқарар
Яноғида музлаб ётар сел.

Аста-аста эснайди юрак,
Аста-аста зўраяр шамол.
Изоҳлолмас, жим юрар эркак,
Изоҳ сўрмас жим юрар аёл.
Аста-аста…

ҲОЛИМ

I

Қадаҳни ҳижроннинг гарди-ла артди,
Ўзига тўлдириб қуйди Шодмонқул.

Жон деди – юраги бўғзига келди,
Жонидан бунчалар тўйди Шодмонқул.

Фақат вафо топди Беминнатидан,
Бевафони бунча суйди Шодмонқул.

Ўзи ўтин ташиб, чўғлар келтирди,
Сўнгги бандигача куйди Шодмонқул.

Бўталоғи ўлган мояни соғди,
Ичмади – қисматин чайди Шодмонқул.

II

Бемурод оламнинг молини урдинг,
Беқора шу қалбинг бойдир, Шодмонқул.

Кўзёшинг лой этди тўрт томон йўлни,
Шу йўлда ёлғонни тойдир, Шодмонқул.

Кимнинг мотам куйи кимларга тўйдир,
Очкўз туйғуларни тўйдир, Шодмонқул.

Отанг айтолмаган сўзларни тингла,
Бу нидо – энг мунис куйдир, Шодмонқул.

Воҳ! Шуни увуллаб айтиб юрибди –
– Одам шаклидаги найдир Шодмонқул.

***

“Бўлмасайди, бу оламда бари ўткинчи!”
Бўлмасайди, муҳаббатга айролиқ жавоб.
Бўлмасайди, қарилик, хасталик, ўлим,
Келмасайди азобларнинг ортидан азоб.

Юрмасайди соясига эргашиб одам,
Дарахтларнинг сўзлашганин тушунса равон.
Бўлмасайди, ибодатда риё ва макр,
Таҳрир этилавермаса ҳақ чеккан фармон.

Деразадан қараб турган қизалоқ каби
Ё ёмғирда титраётган ёлғиз барг мисол,
Нигоҳларда ниҳон бўлган туйғулар ҳаққи!
Юрак ва йўл ўртасида бўлмаса даллол.

Шодон қайтгач эҳромларнинг зиёратидан,
Ўз қабрига гул кўтариб боролса эди.
Маймунними томоша қип қафас ортидан
Аслида ким қафасбанддир – билолса эди.

Чуқур-чуқур хўрсинишни ўрганса эди,
Кўзёшлари юрагига етиб боролса.
Фақатгина онажони ўлмаса эди!
Болаликнинг тушларини қайта кўролса.

Қўрқмасайди ўзи билан ёлғиз қолишга,
Тангрисидан хабар олиб туролса эди.
Йўқлигидан надоматлар келса ортидан,
Борлигидан гоҳ-гоҳида уялса эди.

Ва кўнсайди… (кўнган билан кошки иш битса?)
Йўқ, кўнмаса… (кўнмаганга яна ҳам оғир.)
Ҳа, тушунса, яшаш – азоб, ҳеч роҳат эмас!
Ҳа, англаса – таскин майи зарур ва тахир.
Анчагина бахтли бўлар эди одамзод.

***

Тангрим, мени “йўқ” де сўраганларга,
Манзилимни ўчир юракларидан.
Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз,
Сира кўринмайин истакларида.

Йўқ, қўл силтамадим, тушундим холос,
Асли эрта чиқди менинг саводим.
Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан!
Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим.

Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин,
Одам бўйи етмас жойларинг борку.
Қушларнинг тушига мени яширгин,
Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам борку!

Юрагим совқотди, назар қил, Эгам,
Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ!
Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб,
Биласан – устимни очгилиги йўқ!

***
Сезмаган эканман, соғинган эканман,
Оғриб юрган экан кўксимдаги дил,
Сира ҳам битмаган экансан, ярам,
Нигоҳингга тегиб қонади кўнгил…

Сезмаган эканман, ўлмаган эканман,
Кўзларингга қараб англадим бирдан.
Ўлиб кетганман деб юрар эканман,
Яна… нима кутай тақдирдан!

Сен салом бердингми, исминг айтдимми,
Эшитолмай қолдим, қулоғим батанг.
Юрагимда шундай бир шовқин турди
Нималар дейишдик, эслолмайман ҳам.

Эй, Худо! Сен борсан, ҳақсан – шубҳасиз!
Ё, Раббим, кўнглимни қара – бор экан.
Қачон кўзёш қилсам, куларди бу дил,
Унинг муддаоси бор экан.

Нима қилса бўлар бул бедавони,
Сотиб ё ўлдириб қутулиб бўлмас.
Менинг азобимнинг ҳисоби билан
Яшаб келяптию тан олмас.

…Ҳа, энди, яшасам бўлар бехижил,
Соғинишни билар эканман ҳатто.
Унинг кўзларининг сўзлашин тинглаб
Эсдан оғиб қолсам, йиғиб кет, Оллоҳ!

Масрур кетаяпман ёмғир оралаб,
Ёмғир-ла қутладинг, сезяпман, Раббим!
Дил ва соғинч ҳаққи, кенг даргоҳингда,
Яшагим келяпти, жуда яшагим…

***

Бу дунёда шоирлар – чаппа келган қўзидир,
Туғилмоқ, ўлмоқ аро оламларга сиғмайди.
Унинг онаси – Армон, Соғинч унинг қизидир,
Муҳтожлиги – юқумли, истеъдоди юқмайди.

Изтироби юқмайди, палак отмас қайғуси,
Қувончи ўртададир, ўртададир ўзи ҳам.
Гўзаллик – муҳаббатнинг бахтиқаро чўриси,
Шу бахтсизнинг беадоқ ғамига улар малҳам.

Шоир бир бор туғилар, бир бор ўлади шоир,
Ранглар, оҳанглар аро силқиб турар ёлғиз жон.
Ватанни қалбда бунёд этмоқлик унга тақдир,
Сени яхши кўраман, Юрак – Ватан – Онажон!

***

Ўз ярасин бўри ялаб тузатади,
Овчи дунё, изим пойлаб кузатади.

Дилим томган сўқмоқлардан келар пусиб,
Кўнгил деган камаримга қадам босиб.

Мен кўнгилнинг энг қоронғи бурчагида,
Ғингшимасдан, жим чидайман, бермай садо.

Оғриқларим бўғзимгача етиб келди,
Менинг бунда пинҳонлигим овчи билди.

Тишларимда ғижирлайди алам ва ўч,
Овчи дунё, яқинимга келмагин ҳеч.

Овчи билан кўп асрки рўбарўман,
Мен ярадор, унинг битта ўқи қолган.

Отса, тегмай қолишидан қўрқаётир,
Мени эса ерга босиб турар тақдир.

Молингни мен урганим йўқ, ахир ишон,
Қари сайёд, оч кўзларинг тўяр қачон?

Бўримасман, ярам ялаб тузатгали,
Одаммасман, таслим бўлиб кузатгали.

Мен шоирман, суйган, куйган, лек жим турган,
Худойимнинг қизил китобига кирган.

Мен шоирман, ўз дорига эшган арқон,
Одам ва ҳур ўртасидан чиққан исён.

Мен шоирман, кулиб туриб бўзлаётган,
Сувга туфлаб, чумолини “сиз”лаётган.

Мен шоирман, толбешикдан тушмай туриб,
Кўзмунчоққа термулганча кетган қариб.

Мен шоирман, суратимга қарамагин,
Қай манзилдан келдинг, дея сўрамагин.

Сен-чи терим шилиб, бозор элтсам дейсан,
Бор орзуйинг — бирдан бойиб кетсам дейсан.

Билмайсанки, менда фақат бордир юрак,
У Худога ва ўзимга жуда керак!

ЎЗБЕКИСТОН

Жаҳон харитасининг ранги минг бор алмашди,
Тарих мундарижасин керак жойлари куйган.
Қай замонда аждодим орият деб талашди,
Шунда у қадаган туғ – ерни тўхтатиб қўйган.
Юлдузларни музлатган заминдан сачраган қон,
Ўзи пайдо бўлганмас биз суйган Ўзбекистон!

Ер сўфийдир, ер марддир – ҳаммасини айтмайди,
Тинглаб, англаб олмоққа гоҳ сабримиз етмайди.
Отангга ўхшар Ватан, сен ундан тўрагансан,
Кечирар, кек сақламас, шунингдек, унутмайди.
Лочиннинг тухумидан бойқуш чиқмас ҳеч қачон,
Ўзи пайдо бўлганмас биз билган Ўзбекистон!

Тақдир тарозисини адолат узра қурган,
Ер остига олтинлар ернинг устидан борган.
Бобомнинг орзулари армонларга айлангач,
Шул армон ганжга дўниб, насибамни жамғарган.
Бир жилғамда ўн тўрт минг кўзи очиқ қатағон*,
Уларнинг нидосидир заҳматкаш Ўзбекистон.

Ҳа, ернинг остидадир тиллоларим, зарларим,
Тарбиячи пирларим, ушлаб турган зўрларим.
Тағин шунда ботиндир, шу Ватан остидадир,
Пешонаси торларим, пешонаси шўрларим.
Бул тупроқни сев, болам, тавоф қилгин ҳар қачон,
Бу оддий тупроқ эмас – табаррук Ўзбекистон.

Оломон эмас, халқ бўл, дея битмиш шоирлар,
Элининг бахтин кўрса – руҳлари шод ётирлар.
Улуғ тоғларга қара – юракларинг улғайсин,
Отаси ботир бўлмай туғилмас баҳодирлар.
Орзу ҳам суяк сурар, умидинг бўлсин омон,
Шу халқнинг орзусидир безавол Ўзбекистон!

Кошки, шу шеърим билан аждод руҳин шодладим,
Хотираси панд берган замонларни ёдладим.
Шом қирғоғида эдим, тонг соҳили кўринди,
Бу тун кулдим, йиғладим, қувониблар додладим.
Қандай ширин ухлайсан, болам, кўзинг оч, уйғон,
Сени йўргаклаётир оппоқ тонг – Ўзбекистон!

Ватан, меҳрингни узма, меҳрингдан тўймагунча,
Кимлигинг билмас эдим, фарзандни суймагунча.
“Она тупроқ” дейишни бир оқшомда ўргандим,
Бунча азиз эмасдинг, онамни қўймагунча.
Кун сайин томирларим ботиб боргувчи бўстон,
Шундай бино бўлгандир она юрт – Ўзбекистон!

БИЛМАБМАН

Жонимни беҳуда қийнабманда мен,
Занжирни тиш билан чайнабманда мен.
Эркалаб, елкамни тутиб турибман,
Дунёни онам деб ўйлабманда мен.

Кулса, қувонибман, йиғласа ўксиб,
Бағрига тортганда, бағримга босиб.
Гўё қарздорни судхўрдан тўсиб,
Елкамни кўзларга шайлабманда мен.

Йўлга чиққан йўллар йўлдан адашиб,
Бари юрагимда кетди туташиб.
Ҳовлиқиб, қувониб, кўзларим тошиб
Ўзимни Алпомиш бўйлабманда мен.

Майсани ўссин, деб гулни юлибман,
Ҳамма йиққанимга совға олибман.
Бу ҳали машқлигин қайдан билибман,
Бугун сўнгги кун деб ўйлабманда мен.

Майли, дунё ўтсин, мендан ўтмасин,
Майли, унда кетсин, менда кетмасин.
Худойим, менинг шу ярам битмасин,
Ўйнасам, бир марта ўйнабманда мен,
Девор оша бир бор бўйлабманда мен.

* * *

Ҳали сенинг юзларингдан доғлар кетар,
Кетар менинг кўксимдаги ғуборлар ҳам.
Ҳали сенинг тушларингни ой ёритар,
Оқ турнадек учиб келар хабарлар ҳам.

Ахир ҳали осмон борин айтгани йўқ,
Замин ҳали бергани йўқ бор меҳрини.
Ҳали офтоб ўз сўзидан қайтгани йўқ,
Шоир ҳали ёзолмади зўр шеърини.

Ҳали дунё киприк қоқмай жим турибди,
Ҳали меҳмон бўлолмаган туйғулар бор.
Болаликнинг тушларида яшаётган,
Адолатли кўзёшлар бор, кулгулар бор.

Жангга кетган ботир каби бўз тўлқинлар,
Дарё гувоҳ соҳилига қайтгани йўқ.
Соғинч ҳали бу дийдорга тайёр эмас,
Интиқ кутган лекин буни кутгани йўқ.

Ҳали умид йўл четида ўлтирибди,
Мен бу йўлнинг ҳар бир тошин шарҳлаганман.
Ғаму шодлик тенглашганда кўкка учган,
Юлдузларни юрагимда чархлаганман.

Кўрдим, сенинг кипригингнинг соясида,
Қирқта малак кокил тарар нигоҳи чўғ.
Шеър келяпти изтироблар воясида
Энди ёнгин, яшамоқнинг иложи йўқ.

Зўр сукунат Парвардигор ҳузурида,
Юрак вулқон еру само бир титрайди.
Англаб қолдим, шу лаҳзада англаб қолдим,
Қиёматда шоирлардан шеър сўрайди.

САФАР

1

Кўз очдим, бир ўзим ва қари бедов,
Чор тараф оппоқ қор, кўринмас биров.

Куннинг қай маҳали, билиб бўлмайди,
Қор кўмган кенгликдан сўраб бўлмайди.

Манзил қай тарафда, қаёқдан келдим,
Қачон ухлагандим, қачон уйғондим?

Гўё оппоқ қоғоз ўртасидаман,
Ношуд қиморбознинг қартасидаман.

Лек туриб бўлмайди, атроф қор, қиров,
Кўксимда бир банди ёқмоқда олов.

Қай томон юрамиз, сўрайман отдан,
У нажот кутади мендек шоҳ – мотдан.

От-ку зийрак жонивор, қайга бошласин,
Ўттиз йиллик йўлни қандай эсласин.

Осмонда булутлар гумон рангида,
Офтобу юлдузлар йиллар чангида.

Офтоб адашмагай ўзин йўлидан,
Лек у менинг эмас, офтоб йўлида.

Ичимда телбавор ёнғин бўляпти,
Теграмда оппоқ қор – кўзни оляпти.

Кўз ўнгимда бирдек сайҳон, даралар,
Дилни қаро қилди оппоқ ўралар.

Ичимга қарайман, кимдир сўз кутиб,
Ўлтирар гулханга қўлларин тутиб.

Қайдадир увуллар ўлжасиз шоқол,
Шоқолмас, йўлсизлар берётган савол.

Бундай туриб бўлмас, қор, совуқ ахир,
Қор кетгач уйғотсанг бўлмасми тақдир?

Ҳиндистонга борган филни кўради,
Бу фил кенг дунёни бормай кўради.

Ҳамма адашганлар азоб йўлида,
Тулпорин жилови Тангри қўлида.

2

“Ҳайт” дедим, таваккал қор кечиб кетдим,
Ўзимча қайгадир яқинлаб етдим.

Ўнг оппоқ, сўл оппоқ, йўлсиз йўл аро,
Из излаб кетмоқда бир кўнгли қаро.

Қари от терлади, узоқ йўл юрди,
Қайдадир юрилган эски из кўрдим.

Ё, Раб! Шодлигимнинг чеки йўқ эди,
Шул ёқда манзил бор, кўнгил тўқ энди.

Қийқириб юборди ичимда банди,
Унинг ҳам ўтини тугаб қолганди.

Лек қувонч қадаҳи ғуссага тўлди,
Таъмини билмасдан ичиб ҳам бўлдим.

Кўнглим кундузига чўкди ғам шоми,
Қорга сачраб кетди офтобнинг қони.

Кулманг, тақдир мендан қаттиқ кулганди,
Бу от кетган жойга қайтиб келганди.

3

Қисмат ёзиғини қорга-да битгай,
Ўзи йиғлатганни ўзи юпатгай.

Манзил шу! Мен эса тингловсиз куйман,
Чўпон қор остида йўқотган найман.

Тақдир, сенга энди даъво – савол йўқ,
Шоқол, теграм очиқ, келсанг девол йўқ.

Эй, сен ичимдаги ўтинсиз қолган,
Мени ёқ, шу таним сенга аталган.

Эй, йўлсиз бедовим, юрак-камарга,
Киргин, сен етарсан балки баҳорга.

Манзил шу! Фалокат, паноҳ шу ерда,
Қиёмат шу ерда, Оллоҳ шу ерда!

Бошқа изламасман, ҳолим йўқ, баҳор,
Истасанг, бутунлай кўмиб ташла қор.

Фақат бир ранж бордир, бу балки ганждир,
Бу ганж ёлғон умр ва рост юпанчдир.

***

Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Ўртамиздан ўтолмас сабо.
Зулфингизни хаёлдай эшар,
Мартнинг кўксин тўлдирган ҳаво.

Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Жон борича кўкарар яшил.
Дарахтларнинг учлари билан
Шивирлашиб қувонар фасл.

Сиз фаслга кирасиз, фасл
Кириб келар оламга ёниб.
Қалдирғочдай вижирлар тошлар.
Йўл четига қушлардай қўниб.

“Эй, Гул, қайдан ва қандай қилиб,
Бунча латиф, бунча сирлисиз?”
Сўралмасдан ўлар саволлар,
Ҳам қуёшли, ҳам ёмғирлисиз.

Бундай озод, ихтиёрлисиз,
Бундай титраб оласиз нафас.
Бармоғингиз бир қўшиқ бошлар,
Бармоқларим қиляпти ҳавас.

Вужудимга чопар бир шовқин,
Туйғу селдай кўпирар қонда.
Кўкрагимга Тангри осган қулф,
Калитлари сизда эканда.

Бундай боқманг, нигоҳларингиз,
Ҳаётимни бесас қамчилар.
Елкангизга қўнмоқлик учун
Кўкдан тушмай турар томчилар.

Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Шамол эрка, кўзлар беқарор.
Кўнгил каби тозарган йўлда,
Иккаламиз. Муҳаббат. Баҳор.

* * *

Эй, кулгуси шаклланмаган,
Эй, кўзёшга эҳтиёжи йўқ.
Эй, умрига бўёқ тегмаган,
Ва қайғудан бошқа ками йўқ.

Эй, тунини тушларга берган,
Хаёл ўпган ёноқларидан.
Кўзин очса, қушдай потирлаб,
Тушлар учган қабоқларидан.

Эй, лабида ошиқлар қони,
Шафақ ютган қуёшдир, чўғдир.
Эй, зулфлари олам исёни –
Даф этмоқнинг чораси йўқдир.

Эй, дунёдан кўзи қўрқмаган,
Эй, пойида дунёлар маҳтал.
Эй, нигоҳи тушгач абрлар
Майсаларга айтгучи масал.

Эй, оламнинг тошқинларидан
Киприк қоқмай ҳатлаб ўтгучи.
Юрагининг шовқинларидан
Ўзи истаб, ўзи қўрққувчи.

Эй, кўзлари қиёматдай сир,
Эй, нигоҳи абадий савол.
Кузги олам ҳайрону асир,
Дунё сенга, сен унга увол.

Эй, нени ҳам айтаолурман,
Менинг умрим – ошиқ отган ўқ.
Фатво берсанг яшаб қолурман,
Йўқ, яшашга бошқа чорам йўқ.

***

Ўқ тешган ҳавонинг ўрни тўлдими,
Сўнги хўрсиниқдан, оғир нафасдан?
Биз тенги ҳислардан кимдир қолдими:
Сўнги қор, атиргул, бир бекат пастда…

Айтгил, юрагингнинг тақдиридан айт,
Ул туйғулар ҳолинг сўраяптими?
Артгил кўзгудаги кўзёшларни арт,
Тушларингда музлар эрияптими?

Туннинг ҳисобидан қолган қувончлар,
Ҳануз сочларингни тараяптими?
Менинг юрагимга тўлган севинчлар
Кўзгуда аксингни кўраяптими?

Ҳалиям уйингда дераза борми,
Йўл, уйлар, одамлар юраяптими?
Ташқарида ёмғир қайси фасл бу,
Деразангдан Оллоҳ қараяптими?

Тонга яқин тинган ёмғирдан кейин,
Деразани қалбдай очоласанми?
Хонангда севгидай бепоён ҳаво,
Уни борлиғинг-ла қучоласанми?

Менинг бўшлиғимни тўлдиролдингми,
Деразада ёмғир, қалбингда қорми?
Бир бекат нарида қўл силкияпман,
Дунёда ҳалиям атиргул борми?

Аsl shoir hamisha oʼzgarishda yashaydi. Hayot tajribalari, quvonchu alamlar, millat va ona yurt tashvishlari shoir tabiatida oʼzgarishlar yasaydi. Shodmonqul Salomning yangi sheʼrlarida ana shu haqiqatni koʼrasiz.

Shodmonqul SАLOM
YANGI SHE’RLАR


05Shodmonqul Salom 1980 yilda Qumqoʼrgʼon tumanida tugʼilgan. 2003 yilda Termiz Davlat universitetining “Kimyo” fakulьtetini, 2005 yilda Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasining Oliy adabiyot kursini tamomlagan. “Chagʼoniyon”, “Turkiston”, «Kitob dunyosi» gazetalari, “Saodat” jurnalida faoliyat koʼrsatgan. Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. “Yurak iqlimi”, “Koʼngil kitobi”, “Borligini bilganlar” sheʼriy toʼplamlari va “Oqqapchigʼay toʼlqinlari” nasriy kitobi chop etilgan. «Maʼnaviy hayot» jurnali xodimi.


***

Yurib kir qildimmi, dunyongni, Tangrim,
Hurlar yuvmaganmi oyoqlarimni?
Daydib kir boʼldimmi dunyongda, Rabbim?
Eshitib turarsan soʼroqlarimni…
Аytmaganing yaxshi javoblaringni…

Shoirga

Qoʼllaring buncha sovuq,
Bir lahza tinasanmi?
Dunyo – bir togʼora choʼgʼ,
Shunga isinasanmi?
Lipillab oʼchib borar,
Koʼksimga koʼchib borar,
Toʼngʼib qolgan olamda
Soʼnggi bor yonasanmi?

Ey, doʼst, boshingni tik tut,
Sotilmasni sotmagin.
Bedillar kemasida
U sohilga ketmagin.
Yashash ham zoʼr ish emas,
Qahramonlikmas oʼlim,
Koʼp qatori boʼldingmi,
Shunga quvonasanmi?

Chumolining inidan
Don oʼgʼirlab boy boʼlgan.
Sening gulday koʼnglingga
Kir qoʼllari uzalgan.
Quyoshga til chiqarib,
Shamolni shaloq qilgan,
Koʼp xudoli kaslarni
Qaygʼurib yonasanmi?

Tanishing yoʼqmi Marsda,
Quyoshga yoʼqmi ulov?
Muz nigohlar taftidan
Koʼksimga ketgan olov.
Qanoting borligini
Sezgani yoʼqmi birov.
Oʼzing ham bilmagaysan,
Bilmoqni istamaysan,
Istamoqni bilmaysan,
Yolgʼonmi, tonasanmi?

Mening oyogʼim toldi,
Kuyib bitdi qanotim.
Yurak devorlariga
Urilib qaytar dodim.
Suvarakka sheʼr aytib
Tugab borar sabotim.
Yashash degani shumi,
Nahot shumi hayotim?!
Oʼlmay turib oʼlishga
Nahotki koʼnasanmi?

Аrzimadi bu dunyo,
Bilganimda kelmasdim.
Uyqu dori ber, Xudo,
To ruhim uygʼonmasin.
Yelkamdagi koʼzlarim
Lovullab borayotir.
Yondim oʼcholmayapman,
Kuydim, ishonasanmi?

Yurak degan tulporda
Jilovni uzib keldim.
Mayxona! Xoʼjang qani?
Аhdimni buzib keldim.
Dogʼulilar davrasin
Koʼzin shamgʼalat etib,
Qoʼlim muz, oʼzim esa
Oʼt boʼlib qizib keldim.
Tangrim, qaramay turgil,
Shuni ichib yuboray,
Puli Sirotda toysam,
Ushlab qololasanmi?
Dunyong oʼchib qolgan choʼgʼ,
Shunga ishonasanmi?!

***

Men mast edim, onaginam roʼza edi,
Yer yonardi, saraton yo javzo edi.

Quyosh tegib oʼtar edi qirlarimga,
Ter yomgʼirday yogʼar edi shoʼrlarimga.

Juma kuni, peshindan soʼng, asr chogʼi,
Lipillardi hayotimning shamchirogʼi.

Аkam keldi, otdan tushdi — dashtda edi,
Labi qotgan, lek alamnok shashtda edi.

Oʼrma qamchi yelkam uzra chizdi yoʼllar,
Bu yoʼllarni yuvib ketdi tentak sellar.

Qamchilarning ogʼriqlarin sezmasdim men,
Koʼzlarimni onajondan uzmasdim men:

“Seni koʼrib kulgan koʼzim toʼlmasmidi,
Qayroqtoshday bir tosh tugʼsam boʼlmasmidi?!

Bunday odam boʼlguningcha oʼlgin, bolam,
Oʼlma bolam, ortginamda qolgin, bolam!”

“Bunday odam” degani u qanday odam?”
Savolimni takrorlashga qoʼymas ogʼam.

“Odam nima? Qanday narsa, qaerda bor?”
Tomogʼimdan boʼgʼar Dunyo — koʼp ichi tor.

Odam nedir? Bilmay oʼtib ketsin deydi,
Shu takabbur raftor bir kun boshin yeydi.

Odam — niyat! Yaratganning oq niyati,
Odam — nomus! Tabiatning hamiyati.

Odam — duo! Goh-gohida ijobatdir.
Odam baʼzan tahoratsiz ibodatdir!

Odam hali bitmay turgan imoratdir,
Odam goho ibodatsiz tahoratdir.

Bu turishda Odam uyi bitmagaydir,
Ibodatlar ijobatga yetmagaydir.

Odam yoʼldir, undan omon oʼtish kerak!
Boshqa yoʼl yoʼq, ajdaho bor, netish kerak?

Odam goʼdak chogʼlarida uchar edi,
Oʼlgunicha kir dunyoni quchar endi.

Odam — tandir, Tangrim oʼtin qalab qoʼygan,
Odam nafsdir! Talx jahonni yalab toʼygan.

Bu tandirda qanday qilib non pishadi?
Olov kerak! Qachon hasrat yetishadi?

Odam olov izlab yurgan musofirdir,
Sovuq qotgan, qorni ochgan, yoʼli tordir.

Bir kechaga joy soʼraydi, bera koʼrma,
Uyingga oʼt qoʼyib ketsa, yigʼlab yurma.

Odam — idish! Ichi toʼla xomashyodir!
Ul pishguncha yolgʼon dunyo — chin dunyodir!

Odam ovoz, qorongʼuda jaranglagan!
Kun botishdan kun chiqishga alanglagan.

Odam nima? Odam kimdir, qaerdadir?
Masjid yoki mayxonada, qabrdadir!

Odam — savol! Javobi dil tubidadir!
Ul ummonni bilmagan ranj xobidadir.

Odam qulfdir! Kimdir uni ochish kerak!
Olmosday qurch, olmosday moʼrt kalit kerak!

Ul kalitni yutib qoʼygan oʼgʼriboshi,
Shundan keyin moxov boʼlgan yuzu qoshi.

Odam bunda juda koʼpdir, juda kamdir!
Ham qoʼrquvdir, ham umiddir, ham alamdir!

Men odamlar orolida musofirman,
Goh oʼgʼriman, goh dallolman, goh tojirman!”

Shul soʼzlarni aytib boʼldim, shom yetishdi,
Аkam, onam, hammasi ham hovridan tushdi.

…Koʼp yil oʼtdi… insof eli meni kutdi,
Men azobni, sabr meni jim ovutdi.

Roʼza edim. Onaginam bemor edi.
Quyosh esa zoʼr hijronga xumor edi.

“Ramazonda omonatin olsin, derdi,
Qozoqlarda yurganlarim kelsin”, derdi.

Mana, boʼldi. Birodarlar yigʼlab oldim!
Ishqsiz umr — kesak ekan, shuni bildim!

Dengiz sari faqat suv deb bormoq hayfdir,
Iztirob va sogʼinch haqqi, yashash kayfdir!

***

Ey, badnafs, tabarruk jomni bulgʼading,
Maʼno mayin toʼkding — komni bulgʼading.

Аvval gʼofil boʼlding, shom sirlaridan,
Tun boʼyi alahsib, tongni bulgʼading.

Koʼzyoshmas, iddao qilding falakka,
Ibodat qilmading — onni bulgʼading.

Tashrifingdan jahon quvongan edi,
Ketmay turib nomi insonni bulgʼading.

Ey, nokas, egningda mazlum libosi,
Qilmishing-la halol dehqonni bulgʼading.

Daʼvong olimligu, amaling riyo,
Odamiylik degan fanni bulgʼading.

Goh jubba, goh rido, gohi boʼyinbogʼ,
Kiyib necha asr-u zamonni bulgʼading.

Bekorga bulbullar bagʼri qon emas,
Qutlugʼ qogʼoz, qalamu rangdonni bulgʼading.

Shoirdan injima, gʼoʼr mashqi uchun,
Hayfki, umr otligʼ dostonni bulgʼading.

Qush tashlagan najas dengizga hechdir,
Аmmo parvoz degan shonni bulgʼading.

Soʼngaging oʼtini doʼzaxga yetgay,
Bilmassan, bilishdek imkonni bulgʼading.

***

Bu ruh — bir musofir, dargohingda, Rab,
Bir qop goʼsht koʼtarib, yurar tentirab.

Qirq yilki bir kulba izladi sarson,
Hech kim eshigini ochmadi, Rahmon.

Yelkadagi yuki omonat edi,
Omonatga daxl qilmasman deydi.

Suv ham icholmaydi shoshqin daryodan,
Hali xom molini asrar balodan.

Daryoga gʼarq boʼlib ketmasin, deydi,
Soʼng tilsiz baliqlar sotmasin, deydi.

Sahroda tush kabi bir yashil daraxt,
Bu ruhni chorladi oʼziga bir vaqt.

Suyagi qizigan, chanqagan, haqir,
Daraxtga talpindi, shoshdi musofir.

Bir dam orom olmoq orzu qilardi,
Dunyo beoromdir — qaydin bilardi.

Omadi ozmidi, baxti yoʼqmidi,
Qarshisida yashil bir kalxat edi.

Musofir qopida et aynigandi,
Shum kalxat dimogʼi shuni bilgandi.

Chopdi gʼam yelini ortda qoldirib,
Аlam gʼajiridan qochardi horib.

Daryo suv bermadi, sahro bir soya,
Ulugʼ togʼ qoshiga yetdi nihoyat.

“Togʼlar — yer qozigʼi, sobit va rostdir,
Ey, gʼarib, shu togʼlar vafodor doʼstdir.”

Taskin darasiga yetganday boʼldi,
Qirq yillik azobi ketganday boʼldi.

Аmmo hanuz gʼoʼrdir, sodda musofir,
Bul darada qoʼrquv ajdari bordir.

Lallayib qopini yelkadan olib,
Shu sirli manzilda qolmoqqa tolib.

Turgan pallasida ajdar uygʼondi,
Morning koʼzi, ruhning hayoti yondi.

Ortiga qaramay qochdi sarosar,
Qoʼrquv vishillardi izidan battar…

…Men qirq yil shu ruhni qildim tomosha,
Yurakning darz ketgan darchasi osha.

Magar men kel desam, yo kelarmidi,
Toqqa ishonmagan… ishonarmidi?

Аmmo chorladim men ul musofirni,
Yelkasi yagʼirni, yuki ogʼirni.

Ishonib, ishonmay yaqinlab keldi,
Qopdan kelgan boʼydan nafas boʼgʼildi.

“Qopni tashlab yubor, joy bor oʼzingga”,
Desam, taqqa toʼxtab boqdi koʼzimga.

Uning koʼzlariga qarab boʼlmasdi,
Аmmo ne ajabki, koʼz uzolmasdim.

Mana, yuk hidini sezmay boshladim,
Oʼla boshladim yo yashay boshladim.

Shundoq ostonada ikkimiz ham tik,
Men — mezbon, mehmonim yelkasida yuk.

Koʼp asr tik turdim, oyogʼim toldi,
Musofirlar sezgir boʼladi… bildi.

Shu dam makonimga sizdi bir nima,
Nimami yo kimmi, nedandir shaʼma?

Mubham koʼlankaning nomsiz nafasi,
Ovoz shuʼlasimi yo shuʼla sasi.

Qismat lochinining shamolimidi,
Yo diydor tonggining jamolimidi?

Sezmasdim, nimadir boʼlardi sodir,
Musofir ham hayron, goʼyo koʼrgan sir.

Balki, kuy nagʼmasi qanotsiz yelgan,
Surnaychi qoʼshnimning chalgisi kelgan.

Ishqilib, turibmiz yuzma-yuz haqir,
Mehmonimning esa yelkasi yagʼir.

***

Jonim mushkul safardadir, yoʼl bilmas sodda rohim bor,
Аylanib oʼtib boʼlmaydi – oʼzim qazigan chohim bor.

Boshim xamdir, loyim xomdir, benavodin benavoman,
Ovoz bersam, koʼzi yongay – bir-ikki xayrixohim bor.

Yomgʼirni sanar farishta, adashgay subh savobidin,
Ul malak hisobdan yitgay ¬– sanab boʼlmas gunohim bor.

Bad nafasim tekkan dunyo, qatron qilmay toza boʼlmas,
Yuztuban yigʼlagaydurmen, koʼkka yetguday ohim bor.

Ichimga bir quyun kirgan, chiqib ketmoqqa izlar yoʼl,
Аning telba isyonidan vayrona boʼlgan bogʼim bor.

Ichimga zoʼr yashin tushgan, yoqib yoqmas, oʼchib oʼchmas,
Kuyuklari boʼgʼzimdadir, shundan koʼzimda dogʼim bor.

Qirq yil xazinabon boʼldim – soʼrgan, soʼrmaganga berdim,
Oxir quruq qoʼl-la chiqdim – shunday sharmisor chogʼim bor.

Samoda bandi ruhlari, zaminga yetmas ohlari,
Chirqirab turgan bir ojiz, munis, mehribon mohim bor.

Аyo, odam Mehriboni, ayo, olamlar Posboni!
Oʼzing rahm et, yoboningda gunohdan bino togʼim bor.

Аyo, falaklar Sarboni, falaklarni Yaratgonim!
Oʼzing azm et: yaxsh boʼl, deb, hamonki yomon chogʼim bor.

BORNING YOʼQQА SАXOVАTI KOʼRILАDI

Odamzoddan oʼtar boʼlsa, ziroatga,
Ziroat ham shukr etmasa, hayvonzotga,
Hayvon tilov qilolmasa, hashoratga,
Bu tilsizlar had bilmasa, qadim Dodga,
Va yo endi tugʼilajak zurriyodga,
Rizq-nasiba hikmat uchun beriladi,
Odamzodni izzat qilib turiladi.

Oʼsayotgan, donlayotgan, shonalagan,
Par chiqargan, tuxum yorgan, bolalagan,
Ona yerni oʼz tarhida xonalagan,
Qursogʼini dovullardan panalagan,
Xudo amr qilgan tilda allalagan,
Yaralmishga qancha imdod beriladi.
Borning yoʼqqa saxovati koʼriladi.

Men koʼrgandim: qishda qorli qirdan oshib,
Otam goho ketar edi bugʼdoy tashib,
Parrandaning, chumolining donga shoshib,
Kelganini koʼrib, koʼzdan mehr toshib,
Qaytar edi, mamnun-mamnun egib boshin,
Saxovatki, soʼrmaganga beriladi,
Bandasiga falaklardan buyriladi.

Ona yerga urugʼ emas, niyat qaror,
Xayr bilan bani odam olmish baror.
Buxoriyning aytganlari etar bedor:
Saxovatda bermoq bor-u yoʼqmish soʼror,
Yomgʼirni ham sanaydigan farishta bor,
Bul hisobdan arshda mezon yuriladi,
Saxovatlar saxovatga beriladi.

Boysundagi Choshtepada shunday boʼlgan,
Bir xasisning xirmoniga Xizr kelgan.
“Bobodehqon, xayr qil!” deb imo qilgan,
Ul xasisning tor xurjuni toshga toʼlgan –
Shul oqshomda xirmon tuproq boʼlib qolgan,
Banda boshi oʼz toshidan yoriladi,
Minoramiz qoʼlimiz-la teriladi.

Hisob shunday: misqol bergan, olar botmon,
Ona xalqim, muallimim, umri doston.
Bagʼri kengim, toʼq nazarim, toza imon,
Elga bersin, el qatori menga ham shon,
Deya niyat qilib turgan beminnat jon,
Olib-sotar bu olamda tanti dehqon,
Non-tuz bergan, ilm bergan – beriladi,
Sharaf degan qoʼrgʼon qiyin quriladi.
Saxovatlar saxovatga beriladi.

***

“Isbotim yoʼq, ammo barin bilurman!”
Gung va koʼr bir tutqun boʼzlab turadir.
Boʼynidagi gʼulning shiqirlashidan,
Yurak tubigacha muzlab boradir.
(Shu holida neni koʼzlab boradir!?)

Sayyoralar — tasbeh Tangri qoʼlida,
Yashamoq — gʼoʼr tashbeh taqdir tilida.
Oʼzicha maqsadu manzil yoʼlida,
Аdogʼi koʼrinmas qismat choʼlida,
Chumoli ham shoshib, tezlab boradir.

Vaqt toʼfoni boru yoʼqni quchganda,
Аsrlar kemaday ilkis koʼchganda,
Bir-biriga tegib labi uchganda,
Ne-ne maʼnolardan maʼno oʼchganda,
Odam… haqiqatni izlab boradir.

Sezaman — zaminga kelgandir yarmim,
Yarmimni qaygadir yashirgan Rabbim.
Boʼlmasa, sersavol boʼlmasdi qalbim,
Uygʼonay deymanu yetmaydi qurbim,
Ruhim toʼzonlarda boʼzlab turadir.

Umrim — tush. Uygʼongum — mavjudman, chinman.
Tushimda odamman, uygʼonsam kimman?
Qirq yil uxladingiz desalar, jimman,
Аmmo tosh emasman, ruhdan qismman,
Yerga maʼno boʼlgan bitta ismman,
Hali menga meni soʼzlab beradir,
Koʼngil shu suhbatni izlab boradir.

***

Dekabrning tugashi qiziq,
Dekabrning tugashi qiyin.
Koʼkragimda uygʼongan ogʼriq
Hayotimni qilmoqda oʼyin.

Tun umrimdan uzunga oʼxshar,
Falak amri koʼp ishga qodir.
Iztirobu quvonch aralash
Yomgʼir va qor berdi dekabr.

Yil — dehqondir, hosil koʼtargan,
Kutganidek boʼldimimkan chosh.
Yuragimga tuygʼu jamgʼargan
Sal narida turibdi qirq yosh.

Аyiq, boʼri, quyon va bugʼu —
Niqoblarni tashib kelaman.
Oʼgʼlim, qizim ketar sevinib
Qorboboga oʼxshab qolaman.

Uydan ishga, ishdan soʼng oʼyga,
Borligʼimni tashlab ketaman.
Sevgi kesib oʼtar yoʼlimni
Xudoyim, netaman, netaman?

Boysundagi aziz dashtlarda
Bir zahmatkash safarlarim bor.
Qumqoʼrgʼonda otamga oʼxshab
Kutayotgan sabrlar bisyor.

Dekabrdan umidim koʼpdir,
Kechalarni yurib oʼtaman.
Yuragim choʼgʼ, vujudim choʼpdir,
Men faqat yaxshilik kutaman.
Men faqat yaxshilik kutaman.

***

Bugun — devor, tirmashayapman,
Qoʼlingni choʼz, mehribon Jabbor!
Tizzalarim qonadi, toldim,
Tovonimdan koʼtarib yubor!

XXI АSRGА АYTАRIM

Zamin bekor aylanmas ekan,
Vaqt fazoda fitna tugadi.
Yulduzlarning gohi gohida
Yer shariga koʼzi tegadi.

Yoʼq, shunchaki nur sochmas quyosh,
Tutqun singil – Oy toʼlmas bekor.
Tovonimga kirgan tikanning
Yupiterda hisoboti bor.

Tili boʼlsa aytsin dengizlar,
Esi boʼlsa tushunsin odam.
Yupanch uchun kelmas kunduzlar,
Qoʼrquv uchun tugʼilmas tun ham.

Yoʼq, bekorga aylanmaydi Аrz,
Gʼam, shodlikda muvozanat bor.
Faqat qaytib qutilinar qarz,
Katta, juda katta hisob bor.

Juda katta dargoh bor – beshak,
Juda ulugʼ nigohni koʼrdim.
Bobom otgan ona Mamontning
Gunohiga men qoʼrqib turdim.

Tomirdagi qonim koʼp qadim,
Garchi koʼp bor tigʼ urdi riyo.
Buxoriyning tahoratidan
Qolgan suvga yuz chaygil, Dunyo.

Ey, sen, koʼkka bir bor boqmagan,
Ruhi – bandi, mudragan yurak.
Bolang “non” deb qoʼl choʼzgan payti,
Senga Quddus nimaga kerak!?

Panamangni yechgin boshingdan,
Men doʼppimni olay qoʼlimga.
Mahatmani otgan qotil ham
Kimga oʼxshar, sengami, menga?

Bunda chekma – dimiqdi olam,
Ruhiyatni tutunlar quchdi.
Uygʼonolmay chirpanar bolam,
Oyoqlari Ozonni teshdi.

Brunoni yoqib, soʼng uning
Yorugʼida oʼq yoʼngan, ey, kin,
Sharq koʼtargan mashʼala tomon
Yetsin deya aylanar zamin.

Bir karvonda ketayotirmiz,
Ketayapmiz, yoʼldoshim, ishon.
Nechun sovuq zerikishingga
Paygʼambarlar boʼlsinlar nishon?

Аytmay desam, aytmoq – menga farz,
Yozmay desam, yurak toʼla sheʼr.
Boqqil, qanday kengdir bu olam,
Qara qanday aylanadi yer,
Beshik kabi chayqaladi yer.

***

Аsta-asta oqaradi tong,
Аsta-asta boʼylaydi quyosh.
Аsta-asta soch yigʼar xayol,
Аsta-asta koʼtarilar bosh.

Аsta-asta tashlanar qadam,
Аsta-asta boshlanar kurash.
Аsta-asta xoʼrsinar odam,
Аsta-asta charchaydi yashash.

Аsta-asta siltanadi qoʼl,
Аsta-asta kemtilar yurak.
Аsta-asta uydan qochar yoʼl,
Аsta-asta mast boʼlar erkak.

Аsta-asta zulfga oq inar,
Аsta-asta yoqalari hoʼl.
Аyol yuzi tongday oqarar
Yanogʼida muzlab yotar sel.

Аsta-asta esnaydi yurak,
Аsta-asta zoʼrayar shamol.
Izohlolmas, jim yurar erkak,
Izoh soʼrmas jim yurar ayol.
Аsta-asta…

HOLIM

I

Qadahni hijronning gardi-la artdi,
Oʼziga toʼldirib quydi Shodmonqul.

Jon dedi – yuragi boʼgʼziga keldi,
Jonidan bunchalar toʼydi Shodmonqul.

Faqat vafo topdi Beminnatidan,
Bevafoni buncha suydi Shodmonqul.

Oʼzi oʼtin tashib, choʼgʼlar keltirdi,
Soʼnggi bandigacha kuydi Shodmonqul.

Boʼtalogʼi oʼlgan moyani sogʼdi,
Ichmadi – qismatin chaydi Shodmonqul.

II

Bemurod olamning molini urding,
Beqora shu qalbing boydir, Shodmonqul.

Koʼzyoshing loy etdi toʼrt tomon yoʼlni,
Shu yoʼlda yolgʼonni toydir, Shodmonqul.

Kimning motam kuyi kimlarga toʼydir,
Ochkoʼz tuygʼularni toʼydir, Shodmonqul.

Otang aytolmagan soʼzlarni tingla,
Bu nido – eng munis kuydir, Shodmonqul.

Voh! Shuni uvullab aytib yuribdi –
– Odam shaklidagi naydir Shodmonqul.

***

“Boʼlmasaydi, bu olamda bari oʼtkinchi!”
Boʼlmasaydi, muhabbatga ayroliq javob.
Boʼlmasaydi, qarilik, xastalik, oʼlim,
Kelmasaydi azoblarning ortidan azob.

Yurmasaydi soyasiga ergashib odam,
Daraxtlarning soʼzlashganin tushunsa ravon.
Boʼlmasaydi, ibodatda riyo va makr,
Tahrir etilavermasa haq chekkan farmon.

Derazadan qarab turgan qizaloq kabi
Yo yomgʼirda titrayotgan yolgʼiz barg misol,
Nigohlarda nihon boʼlgan tuygʼular haqqi!
Yurak va yoʼl oʼrtasida boʼlmasa dallol.

Shodon qaytgach ehromlarning ziyoratidan,
Oʼz qabriga gul koʼtarib borolsa edi.
Maymunnimi tomosha qip qafas ortidan
Аslida kim qafasbanddir – bilolsa edi.

Chuqur-chuqur xoʼrsinishni oʼrgansa edi,
Koʼzyoshlari yuragiga yetib borolsa.
Faqatgina onajoni oʼlmasa edi!
Bolalikning tushlarini qayta koʼrolsa.

Qoʼrqmasaydi oʼzi bilan yolgʼiz qolishga,
Tangrisidan xabar olib turolsa edi.
Yoʼqligidan nadomatlar kelsa ortidan,
Borligidan goh-gohida uyalsa edi.

Va koʼnsaydi… (koʼngan bilan koshki ish bitsa?)
Yoʼq, koʼnmasa… (koʼnmaganga yana ham ogʼir.)
Ha, tushunsa, yashash – azob, hech rohat emas!
Ha, anglasa – taskin mayi zarur va taxir.
Аnchagina baxtli boʼlar edi odamzod.

***

Tangrim, meni “yoʼq” de soʼraganlarga,
Manzilimni oʼchir yuraklaridan.
Tush koʼrganday boʼlsin bul qari morboz,
Sira koʼrinmayin istaklarida.

Yoʼq, qoʼl siltamadim, tushundim xolos,
Аsli erta chiqdi mening savodim.
Buncha koʼngli nozik koʼngil bergansan!
Ruhimning taqvosin buzdi hayotim.

Tangrim, karaming keng, qattiq yashirgin,
Odam boʼyi yetmas joylaring borku.
Qushlarning tushiga meni yashirgin,
Vaʼdangda tugʼilmay yashash ham borku!

Yuragim sovqotdi, nazar qil, Egam,
Soʼraganimni ber, soʼrmagandan qoʼrq!
Ustimni yopib qoʼy, ochilmas qilib,
Bilasan – ustimni ochgiligi yoʼq!

***
Sezmagan ekanman, sogʼingan ekanman,
Ogʼrib yurgan ekan koʼksimdagi dil,
Sira ham bitmagan ekansan, yaram,
Nigohingga tegib qonadi koʼngil…

Sezmagan ekanman, oʼlmagan ekanman,
Koʼzlaringga qarab angladim birdan.
Oʼlib ketganman deb yurar ekanman,
Yana… nima kutay taqdirdan!

Sen salom berdingmi, isming aytdimmi,
Eshitolmay qoldim, qulogʼim batang.
Yuragimda shunday bir shovqin turdi
Nimalar deyishdik, eslolmayman ham.

Ey, Xudo! Sen borsan, haqsan – shubhasiz!
Yo, Rabbim, koʼnglimni qara – bor ekan.
Qachon koʼzyosh qilsam, kulardi bu dil,
Uning muddaosi bor ekan.

Nima qilsa boʼlar bul bedavoni,
Sotib yo oʼldirib qutulib boʼlmas.
Mening azobimning hisobi bilan
Yashab kelyaptiyu tan olmas.

…Ha, endi, yashasam boʼlar bexijil,
Sogʼinishni bilar ekanman hatto.
Uning koʼzlarining soʼzlashin tinglab
Esdan ogʼib qolsam, yigʼib ket, Olloh!

Masrur ketayapman yomgʼir oralab,
Yomgʼir-la qutlading, sezyapman, Rabbim!
Dil va sogʼinch haqqi, keng dargohingda,
Yashagim kelyapti, juda yashagim…

***

Bu dunyoda shoirlar – chappa kelgan qoʼzidir,
Tugʼilmoq, oʼlmoq aro olamlarga sigʼmaydi.
Uning onasi – Аrmon, Sogʼinch uning qizidir,
Muhtojligi – yuqumli, isteʼdodi yuqmaydi.

Iztirobi yuqmaydi, palak otmas qaygʼusi,
Quvonchi oʼrtadadir, oʼrtadadir oʼzi ham.
Goʼzallik – muhabbatning baxtiqaro choʼrisi,
Shu baxtsizning beadoq gʼamiga ular malham.

Shoir bir bor tugʼilar, bir bor oʼladi shoir,
Ranglar, ohanglar aro silqib turar yolgʼiz jon.
Vatanni qalbda bunyod etmoqlik unga taqdir,
Seni yaxshi koʼraman, Yurak – Vatan – Onajon!

***

Oʼz yarasin boʼri yalab tuzatadi,
Ovchi dunyo, izim poylab kuzatadi.

Dilim tomgan soʼqmoqlardan kelar pusib,
Koʼngil degan kamarimga qadam bosib.

Men koʼngilning eng qorongʼi burchagida,
Gʼingshimasdan, jim chidayman, bermay sado.

Ogʼriqlarim boʼgʼzimgacha yetib keldi,
Mening bunda pinhonligim ovchi bildi.

Tishlarimda gʼijirlaydi alam va oʼch,
Ovchi dunyo, yaqinimga kelmagin hech.

Ovchi bilan koʼp asrki roʼbaroʼman,
Men yarador, uning bitta oʼqi qolgan.

Otsa, tegmay qolishidan qoʼrqayotir,
Meni esa yerga bosib turar taqdir.

Molingni men urganim yoʼq, axir ishon,
Qari sayyod, och koʼzlaring toʼyar qachon?

Boʼrimasman, yaram yalab tuzatgali,
Odammasman, taslim boʼlib kuzatgali.

Men shoirman, suygan, kuygan, lek jim turgan,
Xudoyimning qizil kitobiga kirgan.

Men shoirman, oʼz doriga eshgan arqon,
Odam va hur oʼrtasidan chiqqan isyon.

Men shoirman, kulib turib boʼzlayotgan,
Suvga tuflab, chumolini “siz”layotgan.

Men shoirman, tolbeshikdan tushmay turib,
Koʼzmunchoqqa termulgancha ketgan qarib.

Men shoirman, suratimga qaramagin,
Qay manzildan kelding, deya soʼramagin.

Sen-chi terim shilib, bozor eltsam deysan,
Bor orzuying — birdan boyib ketsam deysan.

Bilmaysanki, menda faqat bordir yurak,
U Xudoga va oʼzimga juda kerak!

OʼZBEKISTON

Jahon xaritasining rangi ming bor almashdi,
Tarix mundarijasin kerak joylari kuygan.
Qay zamonda ajdodim oriyat deb talashdi,
Shunda u qadagan tugʼ – yerni toʼxtatib qoʼygan.
Yulduzlarni muzlatgan zamindan sachragan qon,
Oʼzi paydo boʼlganmas biz suygan Oʼzbekiston!

Yer soʼfiydir, yer marddir – hammasini aytmaydi,
Tinglab, anglab olmoqqa goh sabrimiz yetmaydi.
Otangga oʼxshar Vatan, sen undan toʼragansan,
Kechirar, kek saqlamas, shuningdek, unutmaydi.
Lochinning tuxumidan boyqush chiqmas hech qachon,
Oʼzi paydo boʼlganmas biz bilgan Oʼzbekiston!

Taqdir tarozisini adolat uzra qurgan,
Yer ostiga oltinlar yerning ustidan borgan.
Bobomning orzulari armonlarga aylangach,
Shul armon ganjga doʼnib, nasibamni jamgʼargan.
Bir jilgʼamda oʼn toʼrt ming koʼzi ochiq qatagʼon*,
Ularning nidosidir zahmatkash Oʼzbekiston.

Ha, yerning ostidadir tillolarim, zarlarim,
Tarbiyachi pirlarim, ushlab turgan zoʼrlarim.
Tagʼin shunda botindir, shu Vatan ostidadir,
Peshonasi torlarim, peshonasi shoʼrlarim.
Bul tuproqni sev, bolam, tavof qilgin har qachon,
Bu oddiy tuproq emas – tabarruk Oʼzbekiston.

Olomon emas, xalq boʼl, deya bitmish shoirlar,
Elining baxtin koʼrsa – ruhlari shod yotirlar.
Ulugʼ togʼlarga qara – yuraklaring ulgʼaysin,
Otasi botir boʼlmay tugʼilmas bahodirlar.
Orzu ham suyak surar, umiding boʼlsin omon,
Shu xalqning orzusidir bezavol Oʼzbekiston!

Koshki, shu sheʼrim bilan ajdod ruhin shodladim,
Xotirasi pand bergan zamonlarni yodladim.
Shom qirgʼogʼida edim, tong sohili koʼrindi,
Bu tun kuldim, yigʼladim, quvoniblar dodladim.
Qanday shirin uxlaysan, bolam, koʼzing och, uygʼon,
Seni yoʼrgaklayotir oppoq tong – Oʼzbekiston!

Vatan, mehringni uzma, mehringdan toʼymaguncha,
Kimliging bilmas edim, farzandni suymaguncha.
“Ona tuproq” deyishni bir oqshomda oʼrgandim,
Buncha aziz emasding, onamni qoʼymaguncha.
Kun sayin tomirlarim botib borguvchi boʼston,
Shunday bino boʼlgandir ona yurt – Oʼzbekiston!

BILMАBMАN

Jonimni behuda qiynabmanda men,
Zanjirni tish bilan chaynabmanda men.
Erkalab, yelkamni tutib turibman,
Dunyoni onam deb oʼylabmanda men.

Kulsa, quvonibman, yigʼlasa oʼksib,
Bagʼriga tortganda, bagʼrimga bosib.
Goʼyo qarzdorni sudxoʼrdan toʼsib,
Yelkamni koʼzlarga shaylabmanda men.

Yoʼlga chiqqan yoʼllar yoʼldan adashib,
Bari yuragimda ketdi tutashib.
Hovliqib, quvonib, koʼzlarim toshib
Oʼzimni Аlpomish boʼylabmanda men.

Maysani oʼssin, deb gulni yulibman,
Hamma yiqqanimga sovgʼa olibman.
Bu hali mashqligin qaydan bilibman,
Bugun soʼnggi kun deb oʼylabmanda men.

Mayli, dunyo oʼtsin, mendan oʼtmasin,
Mayli, unda ketsin, menda ketmasin.
Xudoyim, mening shu yaram bitmasin,
Oʼynasam, bir marta oʼynabmanda men,
Devor osha bir bor boʼylabmanda men.

* * *

Hali sening yuzlaringdan dogʼlar ketar,
Ketar mening koʼksimdagi gʼuborlar ham.
Hali sening tushlaringni oy yoritar,
Oq turnadek uchib kelar xabarlar ham.

Аxir hali osmon borin aytgani yoʼq,
Zamin hali bergani yoʼq bor mehrini.
Hali oftob oʼz soʼzidan qaytgani yoʼq,
Shoir hali yozolmadi zoʼr sheʼrini.

Hali dunyo kiprik qoqmay jim turibdi,
Hali mehmon boʼlolmagan tuygʼular bor.
Bolalikning tushlarida yashayotgan,
Аdolatli koʼzyoshlar bor, kulgular bor.

Jangga ketgan botir kabi boʼz toʼlqinlar,
Daryo guvoh sohiliga qaytgani yoʼq.
Sogʼinch hali bu diydorga tayyor emas,
Intiq kutgan lekin buni kutgani yoʼq.

Hali umid yoʼl chetida oʼltiribdi,
Men bu yoʼlning har bir toshin sharhlaganman.
Gʼamu shodlik tenglashganda koʼkka uchgan,
Yulduzlarni yuragimda charxlaganman.

Koʼrdim, sening kiprigingning soyasida,
Qirqta malak kokil tarar nigohi choʼgʼ.
Sheʼr kelyapti iztiroblar voyasida
Endi yongin, yashamoqning iloji yoʼq.

Zoʼr sukunat Parvardigor huzurida,
Yurak vulqon yeru samo bir titraydi.
Аnglab qoldim, shu lahzada anglab qoldim,
Qiyomatda shoirlardan sheʼr soʼraydi.

SАFАR

1

Koʼz ochdim, bir oʼzim va qari bedov,
Chor taraf oppoq qor, koʼrinmas birov.

Kunning qay mahali, bilib boʼlmaydi,
Qor koʼmgan kenglikdan soʼrab boʼlmaydi.

Manzil qay tarafda, qayoqdan keldim,
Qachon uxlagandim, qachon uygʼondim?

Goʼyo oppoq qogʼoz oʼrtasidaman,
Noshud qimorbozning qartasidaman.

Lek turib boʼlmaydi, atrof qor, qirov,
Koʼksimda bir bandi yoqmoqda olov.

Qay tomon yuramiz, soʼrayman otdan,
U najot kutadi mendek shoh – motdan.

Ot-ku ziyrak jonivor, qayga boshlasin,
Oʼttiz yillik yoʼlni qanday eslasin.

Osmonda bulutlar gumon rangida,
Oftobu yulduzlar yillar changida.

Oftob adashmagay oʼzin yoʼlidan,
Lek u mening emas, oftob yoʼlida.

Ichimda telbavor yongʼin boʼlyapti,
Tegramda oppoq qor – koʼzni olyapti.

Koʼz oʼngimda birdek sayhon, daralar,
Dilni qaro qildi oppoq oʼralar.

Ichimga qarayman, kimdir soʼz kutib,
Oʼltirar gulxanga qoʼllarin tutib.

Qaydadir uvullar oʼljasiz shoqol,
Shoqolmas, yoʼlsizlar beryotgan savol.

Bunday turib boʼlmas, qor, sovuq axir,
Qor ketgach uygʼotsang boʼlmasmi taqdir?

Hindistonga borgan filni koʼradi,
Bu fil keng dunyoni bormay koʼradi.

Hamma adashganlar azob yoʼlida,
Tulporin jilovi Tangri qoʼlida.

2

“Hayt” dedim, tavakkal qor kechib ketdim,
Oʼzimcha qaygadir yaqinlab yetdim.

Oʼng oppoq, soʼl oppoq, yoʼlsiz yoʼl aro,
Iz izlab ketmoqda bir koʼngli qaro.

Qari ot terladi, uzoq yoʼl yurdi,
Qaydadir yurilgan eski iz koʼrdim.

Yo, Rab! Shodligimning cheki yoʼq edi,
Shul yoqda manzil bor, koʼngil toʼq endi.

Qiyqirib yubordi ichimda bandi,
Uning ham oʼtini tugab qolgandi.

Lek quvonch qadahi gʼussaga toʼldi,
Taʼmini bilmasdan ichib ham boʼldim.

Koʼnglim kunduziga choʼkdi gʼam shomi,
Qorga sachrab ketdi oftobning qoni.

Kulmang, taqdir mendan qattiq kulgandi,
Bu ot ketgan joyga qaytib kelgandi.

3

Qismat yozigʼini qorga-da bitgay,
Oʼzi yigʼlatganni oʼzi yupatgay.

Manzil shu! Men esa tinglovsiz kuyman,
Choʼpon qor ostida yoʼqotgan nayman.

Taqdir, senga endi daʼvo – savol yoʼq,
Shoqol, tegram ochiq, kelsang devol yoʼq.

Ey, sen ichimdagi oʼtinsiz qolgan,
Meni yoq, shu tanim senga atalgan.

Ey, yoʼlsiz bedovim, yurak-kamarga,
Kirgin, sen yetarsan balki bahorga.

Manzil shu! Falokat, panoh shu yerda,
Qiyomat shu yerda, Olloh shu yerda!

Boshqa izlamasman, holim yoʼq, bahor,
Istasang, butunlay koʼmib tashla qor.

Faqat bir ranj bordir, bu balki ganjdir,
Bu ganj yolgʼon umr va rost yupanchdir.

***

Ketayapsiz, men ham ketyapman,
Oʼrtamizdan oʼtolmas sabo.
Zulfingizni xayolday eshar,
Martning koʼksin toʼldirgan havo.

Ketayapsiz, men ham ketyapman,
Jon boricha koʼkarar yashil.
Daraxtlarning uchlari bilan
Shivirlashib quvonar fasl.

Siz faslga kirasiz, fasl
Kirib kelar olamga yonib.
Qaldirgʼochday vijirlar toshlar.
Yoʼl chetiga qushlarday qoʼnib.

“Ey, Gul, qaydan va qanday qilib,
Buncha latif, buncha sirlisiz?”
Soʼralmasdan oʼlar savollar,
Ham quyoshli, ham yomgʼirlisiz.

Bunday ozod, ixtiyorlisiz,
Bunday titrab olasiz nafas.
Barmogʼingiz bir qoʼshiq boshlar,
Barmoqlarim qilyapti havas.

Vujudimga chopar bir shovqin,
Tuygʼu selday koʼpirar qonda.
Koʼkragimga Tangri osgan qulf,
Kalitlari sizda ekanda.

Bunday boqmang, nigohlaringiz,
Hayotimni besas qamchilar.
Yelkangizga qoʼnmoqlik uchun
Koʼkdan tushmay turar tomchilar.

Ketayapsiz, men ham ketyapman,
Shamol erka, koʼzlar beqaror.
Koʼngil kabi tozargan yoʼlda,
Ikkalamiz. Muhabbat. Bahor.

* * *

Ey, kulgusi shakllanmagan,
Ey, koʼzyoshga ehtiyoji yoʼq.
Ey, umriga boʼyoq tegmagan,
Va qaygʼudan boshqa kami yoʼq.

Ey, tunini tushlarga bergan,
Xayol oʼpgan yonoqlaridan.
Koʼzin ochsa, qushday potirlab,
Tushlar uchgan qaboqlaridan.

Ey, labida oshiqlar qoni,
Shafaq yutgan quyoshdir, choʼgʼdir.
Ey, zulflari olam isyoni –
Daf etmoqning chorasi yoʼqdir.

Ey, dunyodan koʼzi qoʼrqmagan,
Ey, poyida dunyolar mahtal.
Ey, nigohi tushgach abrlar
Maysalarga aytguchi masal.

Ey, olamning toshqinlaridan
Kiprik qoqmay hatlab oʼtguchi.
Yuragining shovqinlaridan
Oʼzi istab, oʼzi qoʼrqquvchi.

Ey, koʼzlari qiyomatday sir,
Ey, nigohi abadiy savol.
Kuzgi olam hayronu asir,
Dunyo senga, sen unga uvol.

Ey, neni ham aytaolurman,
Mening umrim – oshiq otgan oʼq.
Fatvo bersang yashab qolurman,
Yoʼq, yashashga boshqa choram yoʼq.

***

Oʼq teshgan havoning oʼrni toʼldimi,
Soʼngi xoʼrsiniqdan, ogʼir nafasdan?
Biz tengi hislardan kimdir qoldimi:
Soʼngi qor, atirgul, bir bekat pastda…

Аytgil, yuragingning taqdiridan ayt,
Ul tuygʼular holing soʼrayaptimi?
Аrtgil koʼzgudagi koʼzyoshlarni art,
Tushlaringda muzlar eriyaptimi?

Tunning hisobidan qolgan quvonchlar,
Hanuz sochlaringni tarayaptimi?
Mening yuragimga toʼlgan sevinchlar
Koʼzguda aksingni koʼrayaptimi?

Haliyam uyingda deraza bormi,
Yoʼl, uylar, odamlar yurayaptimi?
Tashqarida yomgʼir qaysi fasl bu,
Derazangdan Olloh qarayaptimi?

Tonga yaqin tingan yomgʼirdan keyin,
Derazani qalbday ocholasanmi?
Xonangda sevgiday bepoyon havo,
Uni borligʼing-la qucholasanmi?

Mening boʼshligʼimni toʼldiroldingmi,
Derazada yomgʼir, qalbingda qormi?
Bir bekat narida qoʼl silkiyapman,
Dunyoda haliyam atirgul bormi?

02

(Tashriflar: umumiy 6 070, bugungi 1)

3 izoh

  1. She’rlaringiz chindan ajoyib…Kelgusi ijodingizga omad tilab qolaman.

Izoh qoldiring