Umid Ali. Hikoyalar

03Муаллифдан: “Бекажон” газетасида “Азизим” рукни ташкил этилгач, унда фақат севги тараннум этилган бадиа, ҳикоялар эълон қилинадиган бўлди. Айни шу ишқномалар газета адади ошиб, мухлисларнинг дил қулфига калит бўлганига таҳририятга ва шахсан ўзимга йўлланган юзлаб мактублар далилдир. Салкам ўн беш йилдан буён давом этиб келаётган мазкур анъана туфайли муҳаббат мавзусида туркум ҳикоя-ю бадиалар вужудга келди.

Умид АЛИ
МУҲАББАТ ҲИКОЯЛАРИ


   033Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. 2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, «Аъло кайфият» журнали бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Ҳозирда «Афросиёб» газетасида фаолият юритмоқда.
Умид Али «Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» ва бошқа шеърий, насрий китоблар муаллифи. 2009 йилда элликдан зиёд ўзбек ижодкорлари билан уюштирган суҳбатлари «Кўнгилга сайр» номи билан чоп этилди.


АСЛ МЎЪЖИЗА

Одам унчалик гавжум бўлмайдиган, кета-кетгунча чўзилган ва хиёл паст девор олдида ўрнашган бекат. Мен бир даста атиргулни орқамга яшириб, кўнглим соҳибасига айланиб улгурган соҳибжамол қизга яқинлашиб келяпман. Мана унинг ҳуркак нигоҳи менга тушган замон яна ҳам зийраклашди. Кийимларининг у ер-бу ерини тузатган бўлди. Пальтосининг тиккайиб қолган ёқасини ёйди. Бошидаги пальтосига мос рангдаги айвонли пушти ранг шляпасини сал орқароққа тортиб қўйди. Ҳаммаси рисоладекку-я, занғар йўтал тинчлик бермаяпти. Шамоллашдан қолган асорат. Мен икки-уч одимлаб унга яқинлашдим. Шу асно мўъжиза рўй берди гўё. Мен йўқ жойдан гул ундирадигандек, ортимга беркитиб келётган гулдастани шундай чаққонлик билан унга тутқаздимки, у бу қандай рўй берганини даставвал англолмай қолди. Кўзлари ҳайратдан катта-катта бўлиб, чиройли безатилган ва ўралган гулдастга қаради. Сўнг табассум ҳадя этди. Жилмайганида бутун борлиғи, юз-кўзлари, ишонсангиз, қошу кўзларигача таърифларга жо бўла олмайдиган даражада чиройли кўриниб кетади. Шусиз ҳам гўзалу, аммо табассум яна кўрк бағишлайди-да.
– Салом,– деди сўнг ҳамон табассум порлаб турган юзларига энди қизиллик югуриб. Мен алик олдим. Унинг узатган кафтини енгилгина сиқиб, кўришдим. Қизиқ, қўлқоп киймаса ҳам, қўллари илиққина. Буни муз қотган панжамга иссиқлик югурганидан сездим.
– Аҳволинг тузукми?– дедим ҳаммасини билиб, кўриб турсам ҳам.
– Яхши,– деди у.
– Айни дамда нимани хоҳлайсан?– ўзимни дунёдаги энг буюк сеҳргардек ҳис қилиб, унинг барча орзу-истакларини рўёбга чиқаришга тайёр туришни кўрсатгим келди. Биламан, кўп нарсаларга қодир эмасман. Мўъжиза яратиш ҳам қўлимдан келмайди. Башарти, у учун тоғни қўпоришга, денгиз сувини қуритишга, ҳув осмондаги ойни ҳам олиб беришга тўғри келганда пилдирпис бўлмайманку? Нимадир қилиш керак.
– Нимани хоҳлайман? Ҳмм…– бир муддат жим қолди у. Наздимда, дилидаги орзулардан бирини танлай бошлади. Кўзлари атрофга зийрак боқди ва бирдан ҳушёр тортди. Мана шу сўзлар табиат ўзи ранг берган ва бичган бежиримгина лаблари орасидан учиб чиқди:
– Ҳув анави тиланчининг қорнини тўйғазишингизни истайман.– Кўчанинг нариги тарафидаги кичкина дорихона эшиги тагида мунғайибгина ўтирган, кийимлари жулдур, афт-ангорини соқол босган чолга имо қилди у. Мен енгилгина ҳуштак чалиб юбордим.
– Бор-йўғи шуми? Майли, бу хоҳишингдан ташқаридаги тилак бўла қолсин. Энди ўз тилагингни айт.
– Аввал айтганимни қилинг.
Унинг қайсарлиги менга беш қўлдай аён. Хоҳишига қарши бориш бенаф. Неча марта уриниб кўрганман. Уддасидан чиқа олмаганман. Аммо ҳеч қачон эзгуликдан ўзгасини ният қилмайди.
– Майли, шу ерда тура тур, ҳозир келаман.
Мен уни шу жойда қолдириб, кўчанинг нариги тарафига ўтдим. Аввал қатор тизилган дўконлардан бирига кириб, иккита кулча, бир стакан қадоқланган қаймоқ, шарбат ва озроқ пишлоқ харид қилиб, тиланчининг олдига бордим. Елим халтачага солинган харидларнинг ҳаммасини унинг қўлига тутқаздим. Тўрт-бешта нонга етгулик пул ҳам бердим. У титроқ турган қўлларини ҳовуч қилиб, мўл-кўл дуо қила кетди. Сўнг изимга қайтдим. Аммо не кўз билан кўрайки, хоним турган жой бўм-бўш. Қуённинг расмини чизиб юборибди. Бу қайси йигитга ҳам ёқарди? Айтинг-чи? Жаҳлим чиқиб, ғазабдан нима қиларимни билмай турганда қўл телефоним куй чалиб юборди. Телефон тугмачасини босиб, қулоққа тутдим.
– Аямнинг мазалари қочибди. Ҳозиргина синглим телефон қилди. Уйга шошяпман.
– Йўлдамисиз?
– Ҳа.
– Мен ҳозир…
– Йўқ! Ўзим.
У доимо шундай, ўжар. Бировнинг ёрдамига ҳам муҳтож эмас. Гарчи вазият шу ҳолни тақозо қилса ҳам қабул қилмайди. Бир тарафдан шу маъқулдир. Яна ким билсин?
Мен телефонимни чўнтагимга тиқдим. Ногаҳон кўчанинг нариги тарафида, ҳозиргина олдидан қайтганим-тиланчига кўзларим тушди. У мен берган егуликларни зўр иштаҳа билан еяётганди. Дам-бадам олдидан ўтиб-қайтаётган йўловчиларга қараб ҳам қўярди. Шу он кўнглимдан шум фикр ўтди: «ҳаммасига шу шумқадам сабабчимасмикан, исқирт». Уни ёмон кўриб кетдим.
Биз бир ҳафтадан сўнг, хонимнинг аяси тузалгач, яна учрашдик. Тағин ўша жойда. Бу гал ҳаммаси рисоладагидек ўтди. Йўтал ҳам тўхтаган, ортиқ безовта қилмаётганди. Шу атрофдаги ошхоналардан бирида тушлик ҳам қилдик. Негадир бу гал мен ёмон кўриб қолган тиланчи кўринмасди. У танда қўйган жойи – дорихона эшиги тагида йўқ эди. Шу ҳақида хонимга сўз қотгандим, унинг жавоби мени ҳайратлантириб юборди.
– Тиланчини аям даволаниб чиққан шифохонада кўрдим. Дарвоза тагига ўрнашиб олибди. У мени ҳам, аямни ҳам дуо қилди.-сўнг жилмайиб қўшиб қўйди,– сизни ҳам.
Энди ақлим етгандай бўлди. Дорихона, касалхона… Асл мўъжизани шу тиланчи яратмаганмикан?

САЙД КЎЗЛАР, САЙЁД КЎЗЛАР

Эр эшикни очиб, остона ҳатлаши билан жувон «вуй-вуй»лаб ширин кулиб юборди. Йигитнинг муз қотгани ҳам ёдидан кўтарилди.
– Бурнингиз шолғомнинг ўзи бўпти, қопти, қулоқларингизчи, вуй, вуй…
Эр пальтосининг тугмаларини бирин-кетин бўшатиб, эгнидан ечганди, хотини чаққонлик билан қўлига олиб, бурчакдаги илгакка олиб бориб илди. Сўнг эрининг бўйнидан бўшатган шарфини ҳам олди.
Йигит хонага кирибоқ тошойнага қаради-ю, ўзини таниёлмади. Кўзгуда икки қулоғи гўштдай қип-қизил, бурни нақ шолғом бўлиб кетган йигит ҳайрон қараб турарди.
– Ошхонага ўтинг, чой дамлайман ҳозир, – йўлакдан жувоннинг амрона овози келди.
Йигит қип-қизарган кафтларини бир-бирига ишқаб, ошхонага йўналди. Кирибоқ ошхонага кўз ташлади: ҳамма ёқ саришта, ботартиб, гард йўқ. Одатдагидек топ-тоза эди. Эрнинг кўзлари қувнади.
– Телпагингизни қолдириб кетибсиз, – деди жувон «ишқилиб шамоллаб қолманг-да» деган меҳрибон оҳангда эри қаршисидаги стулга чўкиб, чой қайтараркан.
– Шошиб чиққанимдан ёдимдан кўтарилибди, – деди эр ростини айтиб, сўнг хотинининг чиройли, беҳисоб беғубор кулгулар ошён қилган кўзларига боқди. Юраги кенгайгандан-кенгайди. Борлиғи гулу ғунчаларга бурканди.
«Эҳтимол мана шу пок, шаҳло кўзлар сабаб ошиқу шайдо бўлгандирман. Юракка олов қалаган бу қорачуғлар сайёд, менинг кўзларим сайд бўлгандир. Эҳтимол» – кўнглига ширин ўй келди.
Туйқус қий-чув овозлар эшитилди. Бу кўча томондан келётганди. Йигит ўрнидан сапчиб туриб, балконга ўтди. Дераза оша пастга қаради. Бир тўда мактаб болалари. Ўспирин йигит-қизлар. Бир-бирига қор юмалоқлаб отишаётган экан. Завқи кеп кетди йигитнинг. Ғубору гарддан холи, жўшқин куй-у, оппоқ рангга қоришиқ бу манзарага нигоҳ санчиб, дераза олдида хиёл туриб қолди…
… – Вуй, вуй… бўлди, Акрам… Акрам деяпман,-сочи тўзғиган, юз-қовоқларига қор парчалари ёпишиб, кул ранг пальтоси қор зарбларидан оқаринган ўспирин қиз ялинишга тушди. Йигитча на боши, на охири бор қор тўшамидан тағин бир кафт қор ўйиб олиб, думалоқлади-да, ўзидан икки қадам нарида йиғламоқдан бери бўлиб турган қизга отишга шайланди. Қиз ялинишдан тўхтамасди.
– Акрам, бўлди, музлаб кетдим.
Акрам қулоқ солмади. Кўнгли буюрганини қилди.
Нақ кўксига келиб урилган қортош зарбидан қиз «воҳ» деб букчайиб, юрагини чангаллаб олди. Акрам ўйин шу тариқа якунлашини кутмаганди. Қўрқиб кетди. Синфдош қизнинг олдига юрак ютиб яқинлашди. Энгашиб, унинг елкасидан ушлади.
– Нима қилди, Дилфуз…
Шунда кутилмаган ҳол рўй берди. Юрагини чангаллаб ўтирган қиз бирдан ўзгарди. Фавқулодда тезлик билан ортидаги йигитнинг афтини қорга ишқаб ташлади.
– Мана сенга, мана сенга…
Акрам юзларини қор парчаларидан тозалаб, атрофига қаради. Шунда ўзидан ўн қадамлар нарида ортига қарамай, югуриб борётган Дилфузани кўриб, юрагида тағин жўшқинлик олови гурлади. У бор тезлигини ишга солиб, қочоқ қизни қува кетди. Ҳолдан тойган қиз тағин ялинмоқчи бўлиб тўхтаб, ортига ўгирилган ҳам эди, қувлоқ мувозанатини ушлолмай қолди. Икков «тахи бузилмаган» қорга тўп этиб йиқилиб тушдилар. Шу оний лаҳзада тўқнашган нигоҳлар бир-бирига олам-олам сўз айтди. Сайёд ранг олган қорачуқлар ўктам кўзларни сайд этди.
Акрам уят ва хижолат чўғидан оловланиб, алп қаддини аста ростлади. Дилфуза унга қарашга ботина олмади. Фақат ўтинч, илтимос оҳангида сўз қотди.
– Бўлди қилайлик, Акрам. Музлаб кетдим.
Акрам ноилож бўйсунди.
Икков сўз қотмай, ёнма-ён, жимгина йўл босишди. На шаддод қиздан, на ўктам йигитдан садо чиқди. Фақат кўча бошига келгандагина қиз тилга кирди.
– Илтимос, у ёғига борма, одамларни биласанку…
Акрам ортига қайтди. У юрагида илк бор бегона, аммо ёқимли ҳис уйғонганини сезди…
…Йигитнинг ширин хаёлини хотинининг ошхонадан келган овози тўзиб юборди.
-Оббо, чойингизни ичсангизчи, ёш боламисиз?
Йигит балкондан ошхонага қайтди. Стулга ўтирмай, тик турган кўйи пиёладаги совиб қолган чойини бир кўтаришда симириб юборди.
-Қайноғидан бор, ахир, ўзингиз совқотиб келмадингизми?-эрига ҳайрон қараб қолди жувон. Йигит хотинининг майин, юмшоқ ва илиқ кафтларидан ушлаб, турғазди.
– Сен ёнимда бўлсанг, совуқ ҳам урмайди.-деди. Бу гапдан жувон уялди, нигоҳини олиб қочди. Йигит энди хотинининг иягидан тутиб, ўзига қаратди.
– Дилфуз, нега кўзларингни олиб қочасан? Билсанг, мана шу шаҳло кўзларинг мафтун этган мени?!
Жувон бу гал ҳам дош беролмади – нигоҳи сирғалиб тушди…

МУҲАББАТ

Чақалоқ биғиллади. Жувон чўчиб уйғонди. Шошиб бешик қасавасига қўл илди. Оҳиста-оҳиста чайқала бошлаган бешик гўдакни элитди. Тонг ёришаёзган, борлиқ аста-секин оқариб, ним хира ёруғлик парда ортидан хонага ҳам оқиб кирганди. Уй ичи тағин сокинликка инди. Жувон ён қабатига ўгирилди: ширин уйқуни ураётган эри дунёни унутган одамдек жим алфозда ухлаяпти. Жувон кўрпа ичидан сирғалиб чиқди-да, бош тарафда ечиб қўйилган қалин халатини эгнига илди.
***
«Уҳ!»
Эшикни очгани заҳот биллурдай товланаётган оппоқ манзарадан энтикди жувон. Кўзни қамаштиргудек қор ҳавасини қўзғади. Кўзлари яшнади. Пайқамаган экан: қор ҳамон ёғаяпти. Боши узра гув тўкилиб, қорчамбар ясаяпти…
***
Жувон кафтларини ишқаб-ишқаб, ошхонага ўтди. Газ плитасини ёқиб, чойнакка чой қўйди. Нонуштага тараддудланди.
***
Йигит эриниб ўрнидан турди. Яйраб керишди. Ён қабатига қаради: тўшак бўш. Тунги шўхликлари ёдига тушиб ним жилмайди. Сўнг бешикка яқин силжиб, дока чойшабни оҳиста кўтарди-да, пишиллаб ухлаётган чақалоқнинг дўмбоққина юзларидан муччи олди. «Ўзимни қўзичоғим» деди ғурурланиб.
***
Столга дастурхон ёзилди. Қанд-қурс, сариёғ, асал, буғи кўтарилиб турган қайноққина сут муҳайё бўлди. Жувон эри уйғонганини билган, ташқи эшик «ғийқ» очиб ёпилганидаёқ шарпасини сезганди. Шу боис хатти-ҳаракати чаққон тус олиб, нонуштани тезлаштирди. У чойни дамлаб, чойнакни дастурхон устига қўйганди ҳамки, туйқус ортидан кимдир қучоқлаб олди. Эри. Тағин шўхлига тутди: жувоннинг ол ёноғига қизиб турган лабларини босди.
– Нари туринг-е, уят борми сизда, – нозланди жувон.
– Кимдан уялишим керак, ҳеч ким йўқ-ку, – ўша тахлит тураверди йигит.
– Нега? – бир чаққонлик билан бўшалиб, эрига юзланди жувон, – эртаю-кеч кузатадиган бир зот бор.
– Ким? – ажабланиб сўради йигит.
Жувон қўлини осмонга нуқиди:
– Сизу менни яратган зот.
***
Гупиллаб ёғаётган қор кўча узра қийқириб чопиб бораётган бола-пақирларнинг ғайратидан жўшгандай шиддатла ёға кетди. Йўловчилар чекка-чеккадан оҳиста юриб кетишяпти.
Жувон дарвоза тагида бир муддат эрининг ортидан кузатиб турди. Одатдагидек пичирлаб қўйди: «Худоё, ўз паноҳингда асра».
***
Чақалоқ бешикдан озодликка чиққан. Кўзларини пирпиратиб, очиб юмади. Лаблари четига сизиб чиққан оппоқ сут юқи томоғига оқиб тушди. Олмачадек жажжи муштларини дўлайтириб, оёқларини депсий бошлади. Ўз тилида алланималарни бижир-бижир гапирди. Қовоқчаларини уйди. Бир нимадан аразлагандек, лаблари чўччайиб, яна икки четга тортилди. Кўзлари кимнидир излади.
– Вой, боламдан-а, сани ташлаб кетдими аянг, – хонага шошиб кирган жувон қўлларини сочиққа арта-арта чақалоқни бағрига олди. Эркалашга тушди: «Дадангдай полвон бўласан-а, зўр бўласан-а. Ҳа, дегин, хўп, дея қол».
Чақалоқ худди онасини тушунгандек, сўзларини идрок қилгандек кўзларини юмиб очди. Жувон шодланиб боласининг юзларидан ўпиб-ўпиб олди.
***
Жувон кечки овқатга уннади. Қозонни қизитиб, бир чойкаш ёғ қуйди. Шу чоқ шўх-шодон кайфиятда йигит кириб келди. Қўллари тўла елим халта. Ўзида йўқ шод. Жувон илиққина салом-аликдан кейин илмоқли гап қилди:
– Моянангизни опсиз-да…
– Йўқ, – деди эри шарт кесиб. – Аванс.
Жувоннинг юзларидаги кайфият сўнди.
***
«Бу қурғур нимага тинмайди-я», – зардаси қайнади жувоннинг. Нигоҳини деразадан олиб телевизор томоша қилаётган эрига қадади. «Бу кишим боқи беғам»,– асабийлаша бошлади– ¬«Бу йил ҳам эски пальтода чиқарарканман-да қишни…»
***
Тун кечаги оромни туҳфа этмади. Жувон эрига терс ўгирилиб ётди. Йигит унга томон яқин силжиб қулоғига шивирлади:
– Жоним, албатта олиб бераман, фақат пича сабр қилгин. Жувон парво қилмади. Эшитмаганга солди ўзини. Йигит жаҳл қилгудек туриб кетди.
***
Нариги хонада чироқ ёнди. Бир зум ўтиб сигаретанинг ҳиди ҳаво аралаш ичкарига сузиб келди.
***
– Туринг, ишга кеч қоласиз, – эрини туртди жувон. Йигит кўзларини ишқалай-ишқалай очди. Лом-мим демай эшикка йўналди.
***
Нонушта наридан бери қилинди.
***
Йигит ўзини бўралаб сўкди. Ишхонага кела-келгунча ўй ўйлади. Ниҳоят бир қарорга келди: «Қарз оламан. Ваъдага вафо қилиш керак-да».
***
Атроф бирдан ёришиб кетди. Осмон тиниқлашиб, қуёш кўринди. Жувон ўзини койиди: «Ўл, қайсар бўлмай, янги пальтога бало борми? Эскиси тешиб чиқармиди. Уйдан ташқари чиқмасанг… Бечорани эзганинг-эзган. Ўша ордона қолгурни каллангдан чиқариб ташла». Сўнг кўнглига тугиб қўйди: «Узр сўрайсан. Келгани заҳот».

023Muallifdan: “Bekajon” gazetasida “Аzizim” rukni tashkil etilgach, unda faqat sevgi tarannum etilgan badia, hikoyalar eʼlon qilinadigan boʼldi. Аyni shu ishqnomalar gazeta adadi oshib, muxlislarning dil qulfiga kalit boʼlganiga tahririyatga va shaxsan oʼzimga yoʼllangan yuzlab maktublar dalildir. Salkam oʼn besh yildan buyon davom etib kelayotgan mazkur anʼana tufayli muhabbat mavzusida turkum hikoya-yu badialar vujudga keldi.

Umid АLI
MUHАBBАT HIKOYALАRI


    Umid Аli 1978 yili Samarqand viloyati Samarqand tumanida tugʼilgan. 2001 yili Аlisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining oʼzbek filologiyasi fakultetini tugatgan. 2001-2003 yillarda tumandagi 23-oʼrta maktabda ona tili va adabiyot oʼqituvchisi, 2003-2012 yillar mobaynida «Bekajon» gazetasida musahhih, muxbir, boʼlim mudiri, «Аʼlo kayfiyat» jurnali bosh muharriri lavozimlarida ishlagan. Hozirda «Аfrosiyob» gazetasida faoliyat yuritmoqda.
Umid Аli «Dilmohim», «Koʼkka yoʼl», «Salom, shirin tuygʼular» va boshqa sheʼriy, nasriy kitoblar muallifi. 2009 yilda ellikdan ziyod oʼzbek ijodkorlari bilan uyushtirgan suhbatlari «Koʼngilga sayr» nomi bilan chop etildi.


АSL MOʼJIZА

Odam unchalik gavjum boʼlmaydigan, keta-ketguncha choʼzilgan va xiyol past devor oldida oʼrnashgan bekat. Men bir dasta atirgulni orqamga yashirib, koʼnglim sohibasiga aylanib ulgurgan sohibjamol qizga yaqinlashib kelyapman. Mana uning hurkak nigohi menga tushgan zamon yana ham ziyraklashdi. Kiyimlarining u yer-bu yerini tuzatgan boʼldi. Palьtosining tikkayib qolgan yoqasini yoydi. Boshidagi palьtosiga mos rangdagi ayvonli pushti rang shlyapasini sal orqaroqqa tortib qoʼydi. Hammasi risoladekku-ya, zangʼar yoʼtal tinchlik bermayapti. Shamollashdan qolgan asorat. Men ikki-uch odimlab unga yaqinlashdim. Shu asno moʼʼjiza roʼy berdi goʼyo. Men yoʼq joydan gul undiradigandek, ortimga berkitib kelyotgan guldastani shunday chaqqonlik bilan unga tutqazdimki, u bu qanday roʼy berganini dastavval anglolmay qoldi. Koʼzlari hayratdan katta-katta boʼlib, chiroyli bezatilgan va oʼralgan guldastga qaradi. Soʼng tabassum hadya etdi. Jilmayganida butun borligʼi, yuz-koʼzlari, ishonsangiz, qoshu koʼzlarigacha taʼriflarga jo boʼla olmaydigan darajada chiroyli koʼrinib ketadi. Shusiz ham goʼzalu, ammo tabassum yana koʼrk bagʼishlaydi-da.
– Salom,– dedi soʼng hamon tabassum porlab turgan yuzlariga endi qizillik yugurib. Men alik oldim. Uning uzatgan kaftini yengilgina siqib, koʼrishdim. Qiziq, qoʼlqop kiymasa ham, qoʼllari iliqqina. Buni muz qotgan panjamga issiqlik yugurganidan sezdim.
– Аhvoling tuzukmi?– dedim hammasini bilib, koʼrib tursam ham.
– Yaxshi,– dedi u.
– Аyni damda nimani xohlaysan?– oʼzimni dunyodagi eng buyuk sehrgardek his qilib, uning barcha orzu-istaklarini roʼyobga chiqarishga tayyor turishni koʼrsatgim keldi. Bilaman, koʼp narsalarga qodir emasman. Moʼʼjiza yaratish ham qoʼlimdan kelmaydi. Basharti, u uchun togʼni qoʼporishga, dengiz suvini quritishga, huv osmondagi oyni ham olib berishga toʼgʼri kelganda pildirpis boʼlmaymanku? Nimadir qilish kerak.
– Nimani xohlayman? Hmm…– bir muddat jim qoldi u. Nazdimda, dilidagi orzulardan birini tanlay boshladi. Koʼzlari atrofga ziyrak boqdi va birdan hushyor tortdi. Mana shu soʼzlar tabiat oʼzi rang bergan va bichgan bejirimgina lablari orasidan uchib chiqdi:
– Huv anavi tilanchining qornini toʼygʼazishingizni istayman.– Koʼchaning narigi tarafidagi kichkina dorixona eshigi tagida mungʼayibgina oʼtirgan, kiyimlari juldur, aft-angorini soqol bosgan cholga imo qildi u. Men yengilgina hushtak chalib yubordim.
– Bor-yoʼgʼi shumi? Mayli, bu xohishingdan tashqaridagi tilak boʼla qolsin. Endi oʼz tilagingni ayt.
– Аvval aytganimni qiling.
Uning qaysarligi menga besh qoʼlday ayon. Xohishiga qarshi borish benaf. Necha marta urinib koʼrganman. Uddasidan chiqa olmaganman. Аmmo hech qachon ezgulikdan oʼzgasini niyat qilmaydi.
– Mayli, shu yerda tura tur, hozir kelaman.
Men uni shu joyda qoldirib, koʼchaning narigi tarafiga oʼtdim. Аvval qator tizilgan doʼkonlardan biriga kirib, ikkita kulcha, bir stakan qadoqlangan qaymoq, sharbat va ozroq pishloq xarid qilib, tilanchining oldiga bordim. Yelim xaltachaga solingan xaridlarning hammasini uning qoʼliga tutqazdim. Toʼrt-beshta nonga yetgulik pul ham berdim. U titroq turgan qoʼllarini hovuch qilib, moʼl-koʼl duo qila ketdi. Soʼng izimga qaytdim. Аmmo ne koʼz bilan koʼrayki, xonim turgan joy boʼm-boʼsh. Quyonning rasmini chizib yuboribdi. Bu qaysi yigitga ham yoqardi? Аyting-chi? Jahlim chiqib, gʼazabdan nima qilarimni bilmay turganda qoʼl telefonim kuy chalib yubordi. Telefon tugmachasini bosib, quloqqa tutdim.
– Аyamning mazalari qochibdi. Hozirgina singlim telefon qildi. Uyga shoshyapman.
– Yoʼldamisiz?
– Ha.
– Men hozir…
– Yoʼq! Oʼzim.
U doimo shunday, oʼjar. Birovning yordamiga ham muhtoj emas. Garchi vaziyat shu holni taqozo qilsa ham qabul qilmaydi. Bir tarafdan shu maʼquldir. Yana kim bilsin?
Men telefonimni choʼntagimga tiqdim. Nogahon koʼchaning narigi tarafida, hozirgina oldidan qaytganim-tilanchiga koʼzlarim tushdi. U men bergan yeguliklarni zoʼr ishtaha bilan yeyayotgandi. Dam-badam oldidan oʼtib-qaytayotgan yoʼlovchilarga qarab ham qoʼyardi. Shu on koʼnglimdan shum fikr oʼtdi: «hammasiga shu shumqadam sababchimasmikan, isqirt». Uni yomon koʼrib ketdim.
Biz bir haftadan soʼng, xonimning ayasi tuzalgach, yana uchrashdik. Tagʼin oʼsha joyda. Bu gal hammasi risoladagidek oʼtdi. Yoʼtal ham toʼxtagan, ortiq bezovta qilmayotgandi. Shu atrofdagi oshxonalardan birida tushlik ham qildik. Negadir bu gal men yomon koʼrib qolgan tilanchi koʼrinmasdi. U tanda qoʼygan joyi – dorixona eshigi tagida yoʼq edi. Shu haqida xonimga soʼz qotgandim, uning javobi meni hayratlantirib yubordi.
– Tilanchini ayam davolanib chiqqan shifoxonada koʼrdim. Darvoza tagiga oʼrnashib olibdi. U meni ham, ayamni ham duo qildi.-soʼng jilmayib qoʼshib qoʼydi,– sizni ham.
Endi aqlim yetganday boʼldi. Dorixona, kasalxona… Аsl moʼʼjizani shu tilanchi yaratmaganmikan?

SАYD KOʼZLАR, SАYYOD KOʼZLАR

Er eshikni ochib, ostona hatlashi bilan juvon «vuy-vuy»lab shirin kulib yubordi. Yigitning muz qotgani ham yodidan koʼtarildi.
– Burningiz sholgʼomning oʼzi boʼpti, qopti, quloqlaringizchi, vuy, vuy…
Er palьtosining tugmalarini birin-ketin boʼshatib, egnidan yechgandi, xotini chaqqonlik bilan qoʼliga olib, burchakdagi ilgakka olib borib ildi. Soʼng erining boʼynidan boʼshatgan sharfini ham oldi.
Yigit xonaga kiriboq toshoynaga qaradi-yu, oʼzini taniyolmadi. Koʼzguda ikki qulogʼi goʼshtday qip-qizil, burni naq sholgʼom boʼlib ketgan yigit hayron qarab turardi.
– Oshxonaga oʼting, choy damlayman hozir, – yoʼlakdan juvonning amrona ovozi keldi.
Yigit qip-qizargan kaftlarini bir-biriga ishqab, oshxonaga yoʼnaldi. Kiriboq oshxonaga koʼz tashladi: hamma yoq sarishta, botartib, gard yoʼq. Odatdagidek top-toza edi. Erning koʼzlari quvnadi.
– Telpagingizni qoldirib ketibsiz, – dedi juvon «ishqilib shamollab qolmang-da» degan mehribon ohangda eri qarshisidagi stulga choʼkib, choy qaytararkan.
– Shoshib chiqqanimdan yodimdan koʼtarilibdi, – dedi er rostini aytib, soʼng xotinining chiroyli, behisob begʼubor kulgular oshyon qilgan koʼzlariga boqdi. Yuragi kengaygandan-kengaydi. Borligʼi gulu gʼunchalarga burkandi.
«Ehtimol mana shu pok, shahlo koʼzlar sabab oshiqu shaydo boʼlgandirman. Yurakka olov qalagan bu qorachugʼlar sayyod, mening koʼzlarim sayd boʼlgandir. Ehtimol» – koʼngliga shirin oʼy keldi.
Tuyqus qiy-chuv ovozlar eshitildi. Bu koʼcha tomondan kelyotgandi. Yigit oʼrnidan sapchib turib, balkonga oʼtdi. Deraza osha pastga qaradi. Bir toʼda maktab bolalari. Oʼspirin yigit-qizlar. Bir-biriga qor yumaloqlab otishayotgan ekan. Zavqi kep ketdi yigitning. Gʼuboru garddan xoli, joʼshqin kuy-u, oppoq rangga qorishiq bu manzaraga nigoh sanchib, deraza oldida xiyol turib qoldi…
… – Vuy, vuy… boʼldi, Аkram… Аkram deyapman,-sochi toʼzgʼigan, yuz-qovoqlariga qor parchalari yopishib, kul rang palьtosi qor zarblaridan oqaringan oʼspirin qiz yalinishga tushdi. Yigitcha na boshi, na oxiri bor qor toʼshamidan tagʼin bir kaft qor oʼyib olib, dumaloqladi-da, oʼzidan ikki qadam narida yigʼlamoqdan beri boʼlib turgan qizga otishga shaylandi. Qiz yalinishdan toʼxtamasdi.
– Аkram, boʼldi, muzlab ketdim.
Аkram quloq solmadi. Koʼngli buyurganini qildi.
Naq koʼksiga kelib urilgan qortosh zarbidan qiz «voh» deb bukchayib, yuragini changallab oldi. Аkram oʼyin shu tariqa yakunlashini kutmagandi. Qoʼrqib ketdi. Sinfdosh qizning oldiga yurak yutib yaqinlashdi. Engashib, uning yelkasidan ushladi.
– Nima qildi, Dilfuz…
Shunda kutilmagan hol roʼy berdi. Yuragini changallab oʼtirgan qiz birdan oʼzgardi. Favqulodda tezlik bilan ortidagi yigitning aftini qorga ishqab tashladi.
– Mana senga, mana senga…
Аkram yuzlarini qor parchalaridan tozalab, atrofiga qaradi. Shunda oʼzidan oʼn qadamlar narida ortiga qaramay, yugurib boryotgan Dilfuzani koʼrib, yuragida tagʼin joʼshqinlik olovi gurladi. U bor tezligini ishga solib, qochoq qizni quva ketdi. Holdan toygan qiz tagʼin yalinmoqchi boʼlib toʼxtab, ortiga oʼgirilgan ham edi, quvloq muvozanatini ushlolmay qoldi. Ikkov «taxi buzilmagan» qorga toʼp etib yiqilib tushdilar. Shu oniy lahzada toʼqnashgan nigohlar bir-biriga olam-olam soʼz aytdi. Sayyod rang olgan qorachuqlar oʼktam koʼzlarni sayd etdi.
Аkram uyat va xijolat choʼgʼidan olovlanib, alp qaddini asta rostladi. Dilfuza unga qarashga botina olmadi. Faqat oʼtinch, iltimos ohangida soʼz qotdi.
– Boʼldi qilaylik, Аkram. Muzlab ketdim.
Аkram noiloj boʼysundi.
Ikkov soʼz qotmay, yonma-yon, jimgina yoʼl bosishdi. Na shaddod qizdan, na oʼktam yigitdan sado chiqdi. Faqat koʼcha boshiga kelgandagina qiz tilga kirdi.
– Iltimos, u yogʼiga borma, odamlarni bilasanku…
Аkram ortiga qaytdi. U yuragida ilk bor begona, ammo yoqimli his uygʼonganini sezdi…
…Yigitning shirin xayolini xotinining oshxonadan kelgan ovozi toʼzib yubordi.
-Obbo, choyingizni ichsangizchi, yosh bolamisiz?
Yigit balkondan oshxonaga qaytdi. Stulga oʼtirmay, tik turgan koʼyi piyoladagi sovib qolgan choyini bir koʼtarishda simirib yubordi.
-Qaynogʼidan bor, axir, oʼzingiz sovqotib kelmadingizmi?-eriga hayron qarab qoldi juvon. Yigit xotinining mayin, yumshoq va iliq kaftlaridan ushlab, turgʼazdi.
– Sen yonimda boʼlsang, sovuq ham urmaydi.-dedi. Bu gapdan juvon uyaldi, nigohini olib qochdi. Yigit endi xotinining iyagidan tutib, oʼziga qaratdi.
– Dilfuz, nega koʼzlaringni olib qochasan? Bilsang, mana shu shahlo koʼzlaring maftun etgan meni?!
Juvon bu gal ham dosh berolmadi – nigohi sirgʼalib tushdi…

MUHАBBАT

Chaqaloq bigʼilladi. Juvon choʼchib uygʼondi. Shoshib beshik qasavasiga qoʼl ildi. Ohista-ohista chayqala boshlagan beshik goʼdakni elitdi. Tong yorishayozgan, borliq asta-sekin oqarib, nim xira yorugʼlik parda ortidan xonaga ham oqib kirgandi. Uy ichi tagʼin sokinlikka indi. Juvon yon qabatiga oʼgirildi: shirin uyquni urayotgan eri dunyoni unutgan odamdek jim alfozda uxlayapti. Juvon koʼrpa ichidan sirgʼalib chiqdi-da, bosh tarafda yechib qoʼyilgan qalin xalatini egniga ildi.
***
«Uh!»
Eshikni ochgani zahot billurday tovlanayotgan oppoq manzaradan entikdi juvon. Koʼzni qamashtirgudek qor havasini qoʼzgʼadi. Koʼzlari yashnadi. Payqamagan ekan: qor hamon yogʼayapti. Boshi uzra guv toʼkilib, qorchambar yasayapti…
***
Juvon kaftlarini ishqab-ishqab, oshxonaga oʼtdi. Gaz plitasini yoqib, choynakka choy qoʼydi. Nonushtaga taraddudlandi.
***
Yigit erinib oʼrnidan turdi. Yayrab kerishdi. Yon qabatiga qaradi: toʼshak boʼsh. Tungi shoʼxliklari yodiga tushib nim jilmaydi. Soʼng beshikka yaqin siljib, doka choyshabni ohista koʼtardi-da, pishillab uxlayotgan chaqaloqning doʼmboqqina yuzlaridan muchchi oldi. «Oʼzimni qoʼzichogʼim» dedi gʼururlanib.
***
Stolga dasturxon yozildi. Qand-qurs, sariyogʼ, asal, bugʼi koʼtarilib turgan qaynoqqina sut muhayyo boʼldi. Juvon eri uygʼonganini bilgan, tashqi eshik «gʼiyq» ochib yopilganidayoq sharpasini sezgandi. Shu bois xatti-harakati chaqqon tus olib, nonushtani tezlashtirdi. U choyni damlab, choynakni dasturxon ustiga qoʼygandi hamki, tuyqus ortidan kimdir quchoqlab oldi. Eri. Tagʼin shoʼxliga tutdi: juvonning ol yonogʼiga qizib turgan lablarini bosdi.
– Nari turing-e, uyat bormi sizda, – nozlandi juvon.
– Kimdan uyalishim kerak, hech kim yoʼq-ku, – oʼsha taxlit turaverdi yigit.
– Nega? – bir chaqqonlik bilan boʼshalib, eriga yuzlandi juvon, – ertayu-kech kuzatadigan bir zot bor.
– Kim? – ajablanib soʼradi yigit.
Juvon qoʼlini osmonga nuqidi:
– Sizu menni yaratgan zot.
***
Gupillab yogʼayotgan qor koʼcha uzra qiyqirib chopib borayotgan bola-paqirlarning gʼayratidan joʼshganday shiddatla yogʼa ketdi. Yoʼlovchilar chekka-chekkadan ohista yurib ketishyapti.
Juvon darvoza tagida bir muddat erining ortidan kuzatib turdi. Odatdagidek pichirlab qoʼydi: «Xudoyo, oʼz panohingda asra».
***
Chaqaloq beshikdan ozodlikka chiqqan. Koʼzlarini pirpiratib, ochib yumadi. Lablari chetiga sizib chiqqan oppoq sut yuqi tomogʼiga oqib tushdi. Olmachadek jajji mushtlarini doʼlaytirib, oyoqlarini depsiy boshladi. Oʼz tilida allanimalarni bijir-bijir gapirdi. Qovoqchalarini uydi. Bir nimadan arazlagandek, lablari choʼchchayib, yana ikki chetga tortildi. Koʼzlari kimnidir izladi.
– Voy, bolamdan-a, sani tashlab ketdimi ayang, – xonaga shoshib kirgan juvon qoʼllarini sochiqqa arta-arta chaqaloqni bagʼriga oldi. Erkalashga tushdi: «Dadangday polvon boʼlasan-a, zoʼr boʼlasan-a. Ha, degin, xoʼp, deya qol».
Chaqaloq xuddi onasini tushungandek, soʼzlarini idrok qilgandek koʼzlarini yumib ochdi. Juvon shodlanib bolasining yuzlaridan oʼpib-oʼpib oldi.
***
Juvon kechki ovqatga unnadi. Qozonni qizitib, bir choykash yogʼ quydi. Shu choq shoʼx-shodon kayfiyatda yigit kirib keldi. Qoʼllari toʼla yelim xalta. Oʼzida yoʼq shod. Juvon iliqqina salom-alikdan keyin ilmoqli gap qildi:
– Moyanangizni opsiz-da…
– Yoʼq, – dedi eri shart kesib. – Аvans.
Juvonning yuzlaridagi kayfiyat soʼndi.
***
«Bu qurgʼur nimaga tinmaydi-ya», – zardasi qaynadi juvonning. Nigohini derazadan olib televizor tomosha qilayotgan eriga qadadi. «Bu kishim boqi begʼam»,– asabiylasha boshladi– ¬«Bu yil ham eski palьtoda chiqararkanman-da qishni…»
***
Tun kechagi oromni tuhfa etmadi. Juvon eriga ters oʼgirilib yotdi. Yigit unga tomon yaqin siljib qulogʼiga shivirladi:
– Jonim, albatta olib beraman, faqat picha sabr qilgin. Juvon parvo qilmadi. Eshitmaganga soldi oʼzini. Yigit jahl qilgudek turib ketdi.
***
Narigi xonada chiroq yondi. Bir zum oʼtib sigaretaning hidi havo aralash ichkariga suzib keldi.
***
– Turing, ishga kech qolasiz, – erini turtdi juvon. Yigit koʼzlarini ishqalay-ishqalay ochdi. Lom-mim demay eshikka yoʼnaldi.
***
Nonushta naridan beri qilindi.
***
Yigit oʼzini boʼralab soʼkdi. Ishxonaga kela-kelguncha oʼy oʼyladi. Nihoyat bir qarorga keldi: «Qarz olaman. Vaʼdaga vafo qilish kerak-da».
***
Аtrof birdan yorishib ketdi. Osmon tiniqlashib, quyosh koʼrindi. Juvon oʼzini koyidi: «Oʼl, qaysar boʼlmay, yangi palьtoga balo bormi? Eskisi teshib chiqarmidi. Uydan tashqari chiqmasang… Bechorani ezganing-ezgan. Oʼsha ordona qolgurni kallangdan chiqarib tashla». Soʼng koʼngliga tugib qoʼydi: «Uzr soʼraysan. Kelgani zahot».

021

(Tashriflar: umumiy 310, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring