Shoyim Bo’tayev. Shukur, ayt-chi, bu hayot nima? Esse

03Кўз илғамас беқиёс адирлар, юксак тоғлар, сўқмоқлар, тупроқ кўчалар,айниқса, ёшлик чоғларингизда қалбингиздан жой олган бўлса, билингки, энди умр бўйи уларнинг ёди ҳам сизни тарк этмайди. Ҳаёт ташвиш-таҳликалари аро бешик бўлиб улғайтирган қадрдон гўшаларни унутгудек бўлсангиз, энди улар тушларингизда намоён бўлиб, гоҳ ҳазин, гоҳ дилхуш ҳис-туйғуларга сизни ғарқ этади.

Шойим БЎТАЕВ
ШУКУР, АЙТ-ЧИ, БУ ҲАЁТ НИМА?
Эссе


Кўз илғамас беқиёс адирлар, юксак тоғлар, сўқмоқлар, тупроқ кўчалар,айниқса, ёшлик чоғларингизда қалбингиздан жой олган бўлса, билингки, энди умр бўйи уларнинг ёди ҳам сизни тарк этмайди. Ҳаёт ташвиш-таҳликалари аро бешик бўлиб улғайтирган қадрдон гўшаларни унутгудек бўлсангиз, энди улар тушларингизда намоён бўлиб, гоҳ ҳазин, гоҳ дилхуш ҳис-туйғуларга сизни ғарқ этади.
Бу нима бўлсайкин?
Бу саволга ҳар ким турлича, ўз бошидан кечирган ҳис-туйғуларига суянган ҳолда жавоб бергани маъқул. Фақат қиёсламоқчи бўлганим шуки, чин маънода улуғ бўла олган айрим ёзувчиларнигина асарлари ҳам сизни абадул-абад тарк этмайдиган ҳодисалар сирасига киради, уларга қайта-қайта, қайтганингиз сари қайтгингиз келаверади ва улар жозибасининг сир-синоати нимада эканлигини яна ҳар ким ўз бошидан кечирган ҳис-туйғуларга суянган ҳолда ахтариб кўради. Шунда узоқлашгандек туюлган нарсалар яна сизга яқинлашади, абадийлик касб этади…
Шукур Холмирзаев насри деганда кўз ўнгимдан ана шундай манзара ўтади. Бу ёзувчининг “Олис юлдузлар остида” деган китобини ўқиганимизда ҳали мактаб ўқувчиси эдик ва ўқиётганларимиз шундоққина дераза ортида содир бўлаётгандек туюлиб, бизни кўчага талпинтириб-ошиқтирар эди. Бу китоб саҳифаларида тасвирланаётган воқеа-ҳодисаларни мактаб партасида эмас, қандайдир тепаликларга чиқволиб, боғ-роғлар қўйнида, дарахтлар остида, шувоқ ҳиди анқиган даштлар бағрида чулдираган турғайлар навосига қулоқ тутган ҳолда мутоллаа қилиш керакдек туюлган, йўқса, увол бўлиб қоладигандек эди. Бунинг устига, мана шу ўқиётганларимиз туфайли бизга ўзимиз яшаётган муҳитнинг барча гўзалликлари энди юз кўрсата бошлаган, уларни нима учун аввалроқ кўрмаганимизга ҳайрон бўлар эдик.
У, қандайдир ўзигагина аён бўлган сеҳр билан бизга яқинлашган, ўзининг бегона эмаслигини биргина имоси билан англатиб қўйган эди.
Чунки, унинг “Тупроқ кўчалар”ида ҳар куни биз тенг-тўш болалар бир-биримизнинг қадам изларимизни ўлчаб оёқяланг юрар эдик.
Чунки, унинг “От эгаси” билан ҳар куни учрашардик, ҳикоя қаҳрамони Инод ҳам бегона эмас эди-ю…фақат, исми бўлакча, ўзи ҳақида ҳикоя яратилганини ҳам билмас, оти ҳам ўша от эди, мактаб ҳам ўша мактаб эди.
Чунки, биз ҳам турналар карвони ортида қолиб, ҳатто қулаб тушган “Чулоқ турна”нинг аҳволини кузатган эдик. Бироқ, Табиат қонуни жамият ҳақидаги тасаввурларни тўғри йўналишга солишини ҳали билмасдик. Ҳаёт курашдан иборат, деган сабоқларни тинглагандик-у, кучсизларни табиат ҳам, жамият ҳам бирдек рад қилиши ҳали бизга номаълум эди.
Энди биз ҳам унга яқинлашишни истар эдик.
04Шу сабабли, бу яқинлик талабалик йилларимиздаям, ундан кейин ҳам йўқолмади, аксинча, тобора мустаҳкамланиб, қадрдонлашди.
Шукур Холмирзаевнинг “Ҳаёт абадий” деган машҳур ҳикояси бор. Ҳикоя қаҳрамони совхознинг бош агрономи Нодир Рўзиқулов мажлисдан қаттиқ танқид еб чиқади-ю, мана шу битта кўнгилсизлик бошқа кўнгилсизликларни келтириб чиқаради: қайнанасига қаттиқ гапирган эди, у қизини олиб кетади, ўзини қопмоқчи бўлган қўшнининг кучугини ҳам аяб ўтирмай қўшнисидан гап эшитиб олади…
У, охир-оқибатда бўшашиб йиқилади…ва гуёки ўлиб қолади!
Шунда унинг теварак-атрофида нима ўзгаради? Ҳеч нима!
Ҳаёт Нодирсиз ҳам давом этаверади… “Ўша кечаги серюлдуз осмон ҳам, оппоқ юлдузлар ҳам ўз ўрнида…Дарахтлар, ёмғир…Шабада.”
Нодир чўчиб ўзига келади ва яна ўрнидан туриб кетиб бу ҳаётдаги ўз ишини давом эттиришга киришади. Ҳикоя чуқур ижтимоий мазмунни ўзида ифода этганидан ташқари, ҳар қандай ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди: ахир, кунлардан бир куни, борди-ю ўлиб-нетиб кетсанг сен билан боғлиқ бу дунёда ҳам нимадир ўзгариши керак-ку, ахир, бу дунё ҳам сени йўқотгач ниманидир йўқотиши керак-ку?! Жилла қурса, фалончи ўлибди, деган садо чиқиши керак-ку?! Ўлик-тириги билинмай яшаган инсон учунгина икки дунёнинг фарқи бўлмаслиги мумкин, лекин, ор, номус ҳикоя қаҳрамонининг шунчаки ўлиб кетишига изн бермайди.
Ёзувчининг “Қария” ҳикоясидаги Қўзивой деган касби бетайин ёлғиз чол бозор кунларидагина жарчилик қилиб кун кечиради. Шу қария бўлса ўлимлигига асраб қўйган пулини Қобил деган таниш қассобга омонат сақлаб туриш учун беради. Мободо қазом етса кўмасан, дейди. Қассоб ҳам пулни олади-ю, феъли айнийди, омонатга хиёнат қилади, кунлардан бир куни Қўзивой чол пулини сўраб қолганида у пулни олганидан тонади. Қўзивой чол бундан анча азият чекади, бироқ, у ҳам хиёнатдан ор, номус орқали қасос олади:
“У жимжит уйда, палос устида чўзилиб ётиб, шу фикрга келди: “Бу аҳволда мен қандоқ қилиб ўламан? Асти мумкин эмас, сираям…Мен яна меҳнат қилишим керак. Ҳалол пул топишим керак. Ўлимлик қилишим керак…Ундан кейин ўлсам, бошқа гап…”
У қўшни чиқарган овқатни зўрлаб еди. Ярим кечада туриб, гўшт қовурди. Саҳар уйғониб, сойга тушди. Ювинди. Тетикланиб, кўчага йўл олди…
Қўзибой чол аввалгидек бўлиб кетди.”
Бу ҳикоялар инсонни яшашга, яшагандаям ҳалол, покиза яшашга ундайди, ҳаётга кўзгу тутиб, чиркин нарсалардан нафратлантира олади.
Яшаш фақатгина шу ҳаётдами?
Шу ор, шу номус ҳам фақат бу ҳаётда яшаб қолиш учун зарурми?
Энди “Табассум” ҳикоясини ўқий бошлайсиз…
Жалил ака, одамлар айтишича, Жалил ота карахт тортиб қолган, у ўсма, яъни рак билан оғриб қопти. Бундоқ ўйлаб қараса, ўзиям ёшини яшаб бўлган, қурдошларидан ҳамма кетиб бўпти, ўзидан икки-уч ёш катта Нормат қопти, холос.
“Юраги бутун экан-да! Ҳа, унинг юраги бутун, — Жалил ота юраги ғашланиб ўйлай бошлади. – У бошқача…Ёмонга, номардга ўлим йўқ дейдилар-ку! Ҳа-е, майли…Уям яшасин. Барибир дунёга устун бўлмайди. Бировга ўлим тилагандан…
У ўзининг рак экани, яъни ўсма касалига мубтало бўлганини эслаб аянчли жилмайди.
Кунлар ўтди, ой ўтди”.
Шундай кунларнинг бирида унинг ҳовлисида югур-югур бўлиб қолади, сабаби аён – невараси Садафга совчилар келган. Уни Норматнинг неварасига беришмоқчи…Тўй бўлиши керак, ҳаммаям Жалил отанинг кўзи очиқлигида тўйни ўтказиб олсам дейди.
Буни Жалил ака истармиди?
Энди ҳикоя якунига қулоқ тутинг:
“Чол бугунги кун ҳам овқат емади. Кейинги кун ҳам. Ундан кейин…
Ўрмалаб бориб, обрезга тўкади. Қўлини ювган бўлиб, устидан сув қўяди.
У…ҳолдан тойиб, ўрнидан қимирлолмай қолди. Шунда ҳам туз тотмади. Энди, келган овқатни тўшаги ёнида нос тупуриш учун қазиб қўйилган чуқурчага ағдаради.
У карахт бўлиб қолди.
Кейин ўғли, келини ва Садаф тепасида кўзёши қилиб турганда, кетди.
Ҳаммани даҳшатга солган нарса – унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди.
Тўй қолди”.
Ҳикоя тугади.
Давоми-чи?
Ор, номус…ўқувчи қалбини ғалаёнга солган ҳис-туйғуларнинг адоғи бормикан? Ҳаётда шундай вазиятларда ким қандай йўл тутади?
Ёзувчининг шафқатсиз кўзгусидан ким ўзининг башарасини яшира олади?
Шукур Холмирзаев ўзи севган адиблардан бири Эрнст Хемингуэйнинг “Инсонни енгиб бўлмайди” деган сўзларини бот-бот такрорлаб тургувчи эди. Миллати, ирқи ва ҳаттоки динидан қатъий назар, инсон мустаҳкам ҳилқат сифатида ҳар иккала Устанинг ижодида турли кўринишларда намоён бўлар эди.
Шукур Холмирзаев Ғафур Ғуломнинг “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…” деган машҳур сатрини сарлавҳага чиқариб ажойиб бир ҳикоя ёзган эди. Бир маҳаллар, ҳали матбуот юзини кўрмасдан аввал менга ҳикоя сюжетини сўзлаб бериб, шунақа ном қўймоқчи эканлигини айтувди…
Бу ҳақда кейинроқ…
Энди эса мен Уста билан бўлиб ўтган учрашувларимизнинг айримларини хотирларканман, қулоғим остида унинг воқеликни бўямасдан-бежамасдан шундайлигича тасвирлаш ҳақидаги ўгитлари янграб тургандай бўлди.
Унинг қиёфаси кўз ўнгимдан нари кетмади.
Шукур ака, ўзига хос жиддийлик билан, “Бўларини айтинг…” деб тургандай эди…

1

Армиядан қайтиб келиб, “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”)болалар газетасига ишга кирдим-у Шукур Холмирзаев билан Ватан мавзусида суҳбат қилмоқчи бўлдим. Чунки, унинг “Ёввойи гул”, “От эгаси”, “Ота юрт” сингари кўплаб ҳикояларида бу мавзу бошқаларга ўхшамаган ҳолда, ўзига хос тарзда ифода этилган деб ҳисоблардим(бу фикр йиллар ўтган сайин янаям мустаҳкамланиб бормоқда).
Газетамиз адабиёт бўлими мудири, ажойиб болалар шоири Ҳамза Имомбердиев билан бир хонада ўтирардик. Мен Ҳамза акадан, Шукур Холмирзаевнинг телефон рақамини топиб беролмайсизми, деб сўрадим. Ҳамза ака менга ҳам ажабсиниш, ҳам ҳайрат билан қараб туриб, болаларча самимият билан:
-Ў-ҳу, сўраган одамингизни-ю…Бизда унақа катта одамларнинг телефон рақамлари қаёқдан ҳам бўлсин…У киши тирик классик-ку, тирик классик…- деди.
— Шу классик билан газетамизга Ватан ҳақида суҳбат қилиб бермоқчи эдим, — дедим.
Бу таклиф Ҳамза акага ниҳоятда маъқул келиб:
— Қанийди-ку… – деди ва у ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилиб, дарҳол Шукур акани уйининг телефон рақамини топиб берди.
Мен Шукур акага телефон қилиб, мақсадимни тушинтирган эдим, у киши:
— Уйга келинг, — деди калта қилиб ва истиқомат манзилини тушунтирди: “Болалар дунёси” магазини орқасидаги асосан ижодкорлар яшайдиган кўп қаватли уй экан.
— Хўп, — дедим-да, мен дарҳол саволлар ёзилган қоғозни олиб йўлга тушдим.
Уй эшигини Шукур аканинг ўзи очди. Салом-аликдан сўнг мен тузган саволларга анча вақт жиддийлик билан тикилиб қолиб:
— Ватан сўзини кўп ишлатиб юборибсиз, — деб қўйди.
Нима деяримни билмадим. Назаримда, мен тузган саволларга у киши шу заҳотиёқ шариллатиб жавоб айтиб юборадигандек бўлиб туюлган эди.
Лекин, аксинча бўлиб чиқди.
— Мен аввал бир ўйлаб кўрай, — деди Шукур ака ўша-ўша жиддийлик билан, — кейин хабарлашармиз…
Мен хайрлашиб, чиқиб кетдим.
Қайтиб борсам, Ҳамза ака катта қизиқиш билан нима бўлганини сўраб қолди. Бўлган воқеани айтиб бердим. У киши кўнглимни кўтармоқчи бўлгандек, уч-тўрт кун ўтиб яна бир эсларига солиб қўйинг, ҳозир бирорта жиддийроқ иш билан банд бўлсалар керак-да, деб қўйди.
Мен Ҳамза аканинг гапларини маъқулладим, лекин Шукур ака билан бошқа хабарлашмадим. Саволлар у кишига маъқул бўлмади, деган ўйда эдим.
Кунлардан бир куни ҳеч кутилмаганда ўша ҳаммага таниш бўлган машҳур шляпада Шукур ака хонамиз эшиги остонасида пайдо бўлди. Ҳамза ака мен суҳбат қурмоқчи бўлган “тирик классик”нинг ўз оёғи билан кириб келганига ишониб-ишонмай, Шукур акага илтифот кўрсатиб у киши билан қуюқ саломлашди-да, бизга шароит яратиб бериш учун бўлса керак, ўзи хонани тарк этди.
Шукур ака дераза ёнидаги курсига чўкиб, бироз кўчага қараганча нималарнидир ўйлаб хаёл суриб турди.
Кейин мен томон ўгирилиб:
— Чексам бўладими? – деб сўради.
Шундай улуғ одамнинг рухсат сўраётгани мени хижолатга солиб, зўр-базўр бош ирғаб қўйдим.
У киши сигарет тутатиб сўз бошлади:
— Яқинда Бойсунда бўлиб қайтдим…- мен томонга илкис қараб қўйиб, — сиз анави саволларингизни ташлаб кетганингиздан кейин, — дея давом этди, — тепаликнинг қир учида бир гужум бўлар эди, болалигимизда шу гужум остида ўйнар эдик, — Шукур ака хўрсиниб қўйгач, негадир менга уқдирмоқчи бўлаётгандек қаттиқроқ товушда яна улай кетди, — шу-у борганимда ҳам улфатчилиг-у меҳмондорчиликлардан қочиб ўша гужумни қидириб кетдим…Анча қарибди…Ёлғиз ўзим эдим. Қушлар ҳамон илгаригидек сайраб турипти. Сигарет тутатиб, гужум остида ўтираверибман, ён-атрофимдан чуғур-чуғур болаликдаги овоз-шовқинлар келиб тургандек бўлди. Кун пешиндан оғаётганда борган эдим, ҳамон чекиб ўтираверибман, кеч кирибди, қуёш ботиб қоронғилик чўкибди, мен эса ҳамон ўтираверибман…Бир маҳал жунжикиб кетиб мундо-оқ ўзимга келиб қарасам, ҳаммаёқ қоп-қоронғи…Беихтиёр осмонга қарадим: юлдузлар ғуж-ғуж, шу қадар яқин…билмай қолибман, кўзимдан ёш оқиб турган экан…
Шукур ака шу сўзларни айтгач, қўлидаги сигаретдан яна бир-икки чуқур-чуқур тортиб, ҳавога тутун пуркади-да, ўрнидан туриб менга қўл узатди:
— Хайр, — деди мен у кишининг кафтига кафтимни қўйганимда.
Нима дейишни ҳам билмас эдим.
Йўлаккача кузатиб чиқдим.
У киши кетаётиб, бир-икки қадамдан сўнг ортга бурилди-да:
— Кечирасиз…- деди хижолат чекаётгандек, — саволларингизни қаёққадир қўйган эдим, ёдимдан кўтарилиб йўқотиб қўйибман, — кейин оҳиста қўшиб қўйди: — Менимча, шунинг ўзи етарли бўлса керак…
Кейин кетди.
Мен Шукур ака қаторлаштириб тузган саволларимга яхлит қилиб жавоб бериб кетганини англадим.
Кейинчалик Ҳамза аканинг, суҳбат қачон тайёр бўлади, дея қанчалик қисталанг қилиб сўраб-суриштиришлари фойда бермади, бунақа энг қисқа суҳбатни болалар газетасига беришнинг ҳеч иложи йўқ эди.

2

Бир маҳаллар уй-жойдан қийналган, ижарада яшаётган ёш ижодкорлар учун ҳам Дўрмондаги ёзувчилар боғи дурустгина паноҳ бўла олар эди. Нега деганда, уюшманинг ҳар бир аъзосига бир йилда бу боққа бир ойга яқин текин йўлланма берилар, бу йўлланмадан фойдаланмайдиган “катта ижодкорлар” ёшларга уларни ҳадя қилиб юборишарди. Ўшанда ўзбек адабиётининг барча дарғаларини ўша боғда учратиш мумкин бўлар эди.
— Шу ерга келиб ёза бошласам ишларим юришади-да, — дея катта-ю кичик бирдек эътироф этишиб, бунинг бежиз эмаслигини, бу ерда улуғ ижодкорлар адабиёт тарихида белгили ўринни эгаллаган катта асарлар яратишганини, шунинг учун бу муқаддас жойда ҳамиша ижодий руҳ барқарор эканлигини гурунг қилишарди.
Биз эса ижара пулини тежаш учун иложи борича имкониятдан фойдаланиб, ўша ерда тунаб ишга қатнардик.
Шукур Холмирзаев у ернинг муқимбойларидан эди.
Ошхонада у киши ёлғиз ўзи бир столни банд қилиб ўтирарди.
Бир гал кечки овқат маҳали одатдагидек фақатгина бош ирғаб қўйганча саломлашиб кириб келди-да, жойига ўтиргач:
— Шунча йиллик меҳнатим ҳаромга чиқиб кетди, — деб қолди ўзига ўзи сўзлаётгандек.
Столларимиз ёнма-ён бўлгани учун мен у кишининг гапларини эшитиб ҳайрон бўлганимча сўрашга журъат этдим:
— Нимани айтяпсиз, Шукур ака?
— Романни…- деди. – Журналда босилгач билдим, бу менинг асарим эмас экан…
Сўз “Шарқ Юлдузи” журналида чоп этилган “Йўловчи” романи хусусида бораётган экан. Ўша маҳал мен ҳам бу асарни ўқиган эдим, гарчи муаллифнинг ўзи энди тан олгиси келмай турган бўлса-да, асар барибир заргарона ишланган, Устанинг қўли сезилиб турарди.
Бироқ, бирон нима деб у кишининг кўнглини кўтаришга сўз топа олмадим.
Ахир, нима ҳам дейиш мумкин эди?
Унақа эмас, бунақа деган билан Шукур акани ўз фикридан қайтариб бўлмайди, кейин, қолаверса, бунинг фойдаси ҳам йўқ.
Назаримда, Шукур Холмирзаев аксарият тенгқурларида бўлгани каби “ҳалол”, ”ҳаром” тушунчаларига жиддий қарар эди. Бирор бир киши ҳақида сўз кетиб, уни мақтамоқчи бўлса ҳам энг аввало:
— Ҳа, унга ҳали ҳаром аралашмаган, — деб қўярди “ҳали” сўзига алоҳида урғу берганча.
Ёки аксинча бўлиб, бировнинг олижанобликлари-ю яхши ишлар қилиши, билимдонлиги-ю ўзига хос салоҳиятларини қанчалик осмонга кўтарманг, Шукур ака иягини ушлаганича жиддий тарзда туриб:
— Унга ҳаром аралашган, — дейиши билан барча ижобий фазилатларни бир лаҳзада йўққа чиқариб юбора оларди.
У, ҳаромдан шу қадар жирканиб, уни ҳаёт-мамот масаласи даражасида кўргани учун сўнгги лаҳзага қадар ёзишни қўймади, қалам ушлаш учун ҳам қалб ва қўл тозалиги лозимлигини чуқур ҳис қилган ҳолда ижод қилди.
Мана, энди ўз асари ҳақида гапираётганда ҳам шу сўзни ишлатяптими, демак, бу ерда жиддий бир гап борлиги аниқ.
Шу чоқ:
— Ассалому алайкум, — дея залда ўтиришган ўн-ўн беш кишининг барчасига бир-бир бош ирғаганча ёзувчи Жонрид Абдуллахонов кириб келди.
Жонрид ака билан столимиз бир эди. У киши менинг қаршимга ўтиряпти-ю, икки кўзи Шукур акада. Шукур ака биз томонга илкис қараб қўйганида Жонрид ака у киши билан қуюқ сўраша кетиб қаноат ҳосил қилгач,кейин мен томонга ўгирилиб сўради:
— Қалай бўляпти энди?
Шукур ака одатда тезгина овқатланиб бўлиб, чой дамланган чойнакни кўтарганча чиқиб кетарди.
Бу гал негадир туришга шошилмасди.
Бунинг сабаби кейинроқ маълум бўлди. Шукур ака биздан иккита наридаги столга ҳаммадан кеч келиб ўтирган овчи ёзувчи Мавлон Икромдан ниманидир сўрамоқчи бўлиб, унинг овқатланиб бўлишини кутиб ўтирган экан.
Бу орада Жонрид ака овқатланиб бўлиб, бир қўлида орасига икки бўлак сариёғ солинган икки бурда нон, иккинчи қўлида бир стакан қатиқни олиб:
— Чойни хонада қўямиз, — деганича ўрнидан тура бошлади.
Менинг ҳазиллашгим келиб:
— Жонрид ака, хурданаш-ку хурданаш, бурданаш чизе, — дедим.
Жонрид ака ҳайрон бўлиб:
— Тожиклар нима деяпти? – деб сўради.
— Тожиклар еганинг-ку майли, қўлда кўтариб олиб кетганинг нимаси деяпти, — дедим.- Ўзимиздаям гап бор-ку, боргин-келгин қолиб кетма, егин-ичгин олиб кетма, деган.
Жонрид ака қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Шуни тожикчасини ёзиб берасиз, ёдлаб оламан, — деди ва ҳозиргача кўришганимизда сўзларнинг ўрнини нуқул алмаштириб ёдлолмай айтиб юради.
Мен Шукур акага институтни Хўжандда битирганимни, тожиклар билан ёнма-ён яшаганимизни, тожик филологияси факультети ҳам қўшни бўлганини, тожиклар орасида ҳар хил қизиқ-қизиқ гаплар борлигини, ҳатто, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Бобурнома” асарида бунақа теша тегмаган ибораларни жуда кўплаб қўллаганини айтиб бера бошлагандим, у киши сўзимни бўлиб:
— Биламан, — деди.
Бироз хижолат бўлганча жимидим.
Орада бироз ноқулай жимлик чўкканди, Шукур аканинг ўзи бу сукунатни бузиб:
— Пиримқул ака сизлар томондан-а? – дея сўради мендан.
— Ҳа, у кишининг қишлоқларини Кенгкўл дейишади, — дедим. — Биз ораси кўп узоқ бўлмаган қишлоқларда яшаймиз, Пиримқул аканинг Кўчкина деган қишлоқда тоғалари бор…барчаси туркий қавмлар…
— Биламан, биламан, — дея жонланиб қолди Шукур ака. – Ахир, бу Туркистон тизма тоғларининг этаклари-да…
— Шунақа.
— Қадимда у ерлар Усрушона дейилган, у ерларда истиқомат қилувчиларни усрушонлар деб аташган, — дея ўз кўзи билан кўргандек давом этди Шукур ака, — ахир,Александр Македонскийнинг ҳам ўша ерда ўлиб кетишига бир баҳя қолган-да, унинг қаттиқ қаршиликка учраган жойи айнан сиз айтаётган ҳозирги Туркистон тизмаларида яшаётган аҳолидан келган…Э, яшанг…
— Сиз буларни қаердан ўқигансиз, Шукур ака? – деганча қизиқиб сўрайман.
— Қадимги юнон тарихчилари бизнинг ўлкамиз ҳақида жуда кўп ёзишган…Геродот деймиз…унинг тўртинчи китоби бошдан-оёқ биз ҳақимизда…анави Страбон, Плиний, Плутарх…ўша замонлардаям четдагилар яхши билишган бизни… Кейин-кейин ҳар хил ишлар бўлиб кетган-да. Бухоро амирлиги деймиз, Хива хонлиги деймиз…Қўқон хонлигиниям ҳудудлари жуда улкан бўлган…э-ҳе…Чуқаев ёзган-ку Оқмачитга ўрис етиб келганда Худоёрхоннинг нималар деганини…Бурунлари остидан нарини кўришолмаган-да…
Шукур ака тарих мавзусида алоҳида иштиёқ билан қизишиб гапирарди. Бақтрия, Марғиёна ҳудудлари, қадимда ҳукмдорлик қилган шахслар, уларнинг диний эътиқодлари…барча-барчаси ҳақида Шукур акадан соатлаб сабоқ олиш мумкин бўлар эди.
Ҳозир ҳам катта қизиқиш билан сўзлаб турганида беихтиёр Мавлон аканинг ўрнидан тураётганига кўзи тушиб қолиб:
— Мавлон ака, тўхтанг, — деди.
Мавлон ака шошилмай биз томонга ўгирилди.
Залда уччаламиз қолгандик, холос.
— Сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, — деди Шукур ака.
— Сўранг, — деди Мавлон ака, бу гапдан қандайдир ғурурлангандай бўлиб.
— Чўчқанинг урғочисини нима деб аташади?
Мен ҳайрон қолдим.
Қандайдир жиддийроқ нарса бўлса керак, деб ўйлагандим.
Кейин миямда бу саволга жавоб топмоқчи бўлиб урина бошладим, қурғур ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман-а, қанча уринганим билан бу ҳаракатнинг фойдасизлигини сездим.
Мавлон ака ҳам ўзига хослик билан:
— Об-бо!.. – деди қироат қилаётгандек.
“Мавлон ака ҳам билмайди, шекилли”, деб ўйладим.
Мавлон ака яна:
— Ёввойисиними ё…- дея сўз бошлаётганида Шукур ака у кишининг нима савол бермоқчи бўлаётганини фаҳмлаб:
— Ёввойисини, ёввойисини, — дея такрорлади.
Энди Мавлон ака ҳам қизиқиб:
— Табиат ҳақида яна бирон нарса ёзяпсизми? – деб сўради.
— Ҳа-да! – деди Шукур ака. – Шунга сўраяпман-да, шунга келганда тақалиб қолди-да.
— Ҳикоями?
— Билмадим…кейин маълум бўлади.
— Ёзиб бўлганингиздан кейин менга ҳам бир ўқитиб олинг.
— Хўп, айтганингизни қиламан…
— Унда айтаман Шукурвой, ёввойи чўчқанинг урғочисини ёзсангиз урғочи деб юрманг, мегажин дея қолинг…
— Во-о! – деб юборди Шукур ака.
— Баъзилар сигирнинг боласи, эркак эшак, аёл эчки дегандай палапартиш бўлмағур сўзларни бемалол ишлатиб юборишаверади, — деди куюнгандай бўлиб Мавлон ака, — мана, сиз катта ёзувчи бўла туриб ҳам сўрашдан ор қилмайсиз. Бундан буён ҳам парранда-даррандалар ҳақида, ҳайвонотга оид бирон бир савол туғилгудек бўлса бемалол сўрайверинг Шукурвой, Сиздан гонорар талаб қилмаймиз, — дея ҳазиллашиб Мавлон ака залдан чиқа бошлади.
Биз у кишига эргашдик.

3

Бир гал ярим тунда, соат бир-иккилар бўлса керак, хонамнинг эшигини кимдир оҳиста тиқиллатди. Кўзим энди уйқуга илинган эди, туриб бориб эшикни очиб қарасам – Шукур ака!
— Ухламадингизми? – деди оҳиста жилмайиб.
Шоша-пиша кўзларимни уқалаб:
— Йўқ, — дедим.
— Менинг хонамга чиқинг.
— Хўп.
Шукур ака кетди. Мен бўлсам, турли ўйларга борганча кийиниб чиқдим. Илҳом париларининг осудалигини бузмаслик учун бўлса керак, йўлакда на тиқ этган товуш эшитилар, хоналарда на йилт этган нур кўринар, барча уйқу оғушида эди.
Шукур аканинг хонаси тепа қаватнинг энг охирида эди. Мен илҳом париларининг осудалигини бузмаслик учун оҳиста қадам босганча Шукур аканинг хонасига етдим. Хона эшиги қия очиқ эди. Секингина тиқиллатдим.
Ичкаридан Шукур аканинг:
— Кираверинг, — деган ўктам овози эшитилди.
Кириб борсам одатдагидек кўра саранжом-саришта хона ўртасидаги стол усти ораста жиҳозланган, мева-чева, егуликлар қўйилган…нима десамикан, ярмидан озроғи ичилган ароқ бутилкаси ҳам бу нозу неъматлар ўртасида кўриниб-кўринмайроқ турарди.
Шукур ака сигаретни обдон бурқсатиб ўткиридан, “Астра” деган фильтрсизидан чекарди, фильтрли сигаретларни ҳам писанд қилмаётгандек фильтрини тиши билан узиб ташлаб чекарди, бу ҳаракати билан ҳам гуёки олифтагарчиликни ёқтирмаслигини пеш қилаётгандек бўлиб туюларди. Шу сабабли бўлса керак, деразалар ланг очиқ, хонага сал-пал жунжиктирувчи бўлса-да, туннинг ёқимли ҳавоси ташқаридан уфуриб турарди.
— Ўтиринг, — деди Шукур ака менга жой кўрсатиб.
Мен унинг айтганини қилдим.
Лекин, ҳамон бу бемаврид таклифнинг сабабини билмасдим.
— Бугун Паркентдан университетда бирга ўқиган бир акамиз келувди…Асом ака деган, — сўз бошлади Шукур ака қандайдир бегона нарсалар ҳақида гапираётгандек ўта хотиржамлик билан.- Сиз у кишини танисангиз керак…болалар учун шеърлар ҳам ёзади…Шу-у…ёшлари биздан катта бўлса-да, ҳурматимизни ҳозиргача қилиб юради, оқибатли одам…Бирга ўтириб талабалик йилларимизни эслашдик, — Шукур ака столга ишора қилиб қўйиб, — қиттай-қиттай ҳам қилдик…Бир маҳал эшик тақиллаб сизларнинг қаватдаги шоир оғамиз келиб қолди-ку, — Шукур ака ўрнидан туриб дераза рафидаги гулдонни кўтариб келди, гулдонга гул ўрнига ҳар хил дашт ўтлари, бута шохчаларидан солиб қўйган, улар қуриб-қовжирай бошлагани билан ўз ифорини йўқотмаганди.
Шукур ака улар орасидан бинафшаранг баргчалари қуврай бошлаган кичкина шохчани кўрсатиб:
— Сиз шунинг номини биласизми? – деб сўради.
Бу тошлоқларда, сойларда ўсадиган абрўк деган ҳиди ўткир бутанинг шохчаси эди.
— Абрўк, — дедим.
— Яшанг, — Шукур ака суюнди, — чойга озгина гулини майдалаб қўшиб юборгандим, ҳалиги шоир оғамиз бу гулобми деб сўради, — Шукур ака қаҳ-қаҳ уриб кулди, — гулобни қаердан биларкан, ҳайронман…Кейин шу абрўкни кўрсатсам ҳайрон бўлди, ҳиди зўр экан деди, лекин абрўклигини билмади…Буни-ку қўя туринг, бир маҳал нима дейди денг…Айтадики, шу-у Қодирийни ўқияпман, айтганларича бор экан-да, зўр ёзувчи экан-да, дейди…Э, омон бўлинг-э оға, олтмишга кирганда шу нарсани кашф қилган бўлсангиз, энди Шолоховни ҳам ўқишингиз керак экан, дедим…У киши бўлса, Шукуржон мободо сизда Шолоховнинг китоблари бўлса бериб туринг, ўқиб бўлиб қайтиб бераман, дейди, киноямни тушунмабди…ана-а сизга!
— Асом ака абрўкни таниган бўлсалар керак? – деб сўрадим Шукур ака эринмай гулдонни яна ўз жойига олиб бориб қўяётганида.
— Ҳа, албатта, Паркентдаям ўсади-да, Асом ака табиатни севадиган одам, билиб юради. Шу-у…ўзи болалар шоирлари табиатга кўпроқ яқин бўлишадими дейман-да, мен Қуддус Муҳаммадийни ҳам яхши кўраман, тоза одамлар-да. Шунақа қилиб, ҳалиги шоир оғамиз Шолоховни топиб албатта ўқишим керак экан, деганича бир-икки соат ўтириб кетди, бошқа ҳеч ким безовта қилмади, Асом ака билан гурунглашиб ўтираверибмиз-да, ҳализамон кетди-да, шунча қолинг деб қистасам ҳам унамади, пастга кузатиб тушдим. Қарангки, у машинада келган экан, ҳайдовчиси кимлигини суриштириб ўтирмадим-у, аммо, унинг Асом акага содиқлигига қойил қолдим. Шунча вақт кутибди.Кейин ҳам уйқум келмади, сизни безовта қилганим шундан, — Шукур ака бутилкага ишора қилиб, — энди оз-оздан қўйсангиз, гаплашиб ўтирибмиз-да, — деди.
Эртаси дам олиш куни эди.
Шукур аканинг айтганини қилиб, ишора берган маҳалида оз-озгина қўйиб сўзлашиб ўтираверибмиз.
Бир маҳал дераза орти ёришиб келаётганини пайқадик.
Шукур ака ўрнидан туриб дераза олдига борди.
Қия очиқ деразаларнинг пардасини бир четга суриб, уларни ланг очиб юборди.
Ташқарига тикилганича гап-сўзсиз ўз ўй-хаёлларига берилиб узоқ вақт туриб қолди.
Тонгга қадар Шукур ака ҳаёт, адабиёт, кўрган-кечирганлари, сафарлари, дилига яқин одамлар…борингки, турли мавзуларда жуда қизиқарли нарсаларни айтиб берганди.
Энди бўлса дераза олдида оқаришиб келаётган тонгга чуқур ўй-хаёллар оғушида термулганича теварак-атрофни унутиб қўйгандек бир ҳолда турибди.
Балки, бугунги учрашувлар, суҳбатлар таассуротида нималардир эсига тушиб қолиб, ёзажак бирон бир асарининг ғояси туғилаётгандир?
Балки, яна бир тонг ортда қолаётганини, инсон умри югурик сувдек ўтиб кетаётгани унинг хаёлидан кечаётгандир?
Балки, у ўз ҳаётига назар ташлаётгандир?
Буни биз билмаймиз.
Аммо, биз Устанинг сермашаққат меҳнати эвазига тикланган муҳташам асарларини биламиз, бу асарларнинг қаҳрамонлари нақадар танти ва мард эканликларидан қойил қоламиз. У ўзига хос адабий аҳоли яратиб, ўзбек характерининг бетимсоллигини намоён этгани учун ғурурланамиз, у сохта шон-шуҳрат, обрў –иззат талаб қилмасдан олдига улуғвор вазифа қўйганча, мана шунақа бўлади, дея ўзлигини кўрсата олганидан, шундай фарзандни берган халқ боқийлигидан кўксимиз кўтарилади.
4
Боғда истиқомат қилаётганлар кўпинча эрталаблари спортчилардек кийиниб югуришар, спорт машқларини бажаришар, овқатдан кейин ҳам бир-бир айланиб келишни канда қилишмасди.
Шукур ака учун бунақа нарсалар ёт эди.
У киши ташқарига чиқсаям кўп ҳам узоқламай, боққа кираверишдаги улкан арғувон остига бориб тик турганча бирпас хаёл суриб сигарет чекиб турарди-да, кейин дарҳол тез-тез юриб хонасига кириб кетарди.
Арғувон гуллаган пайтда одатдагидан кўра кўпроқ чиқарди.
Бир гал кечки овқатдан кейин Шукур ака одатдагидек чой дамланган чойнакни кўтариб хонасига чиқиб кетаркан:
— Ҳозир тушаман, — деди.
Шукур ака шундай деб, индамай тепага чиқиб кетди.
Мен у кишининг гапини, кутиб туринг, мазмунида тушуниб, кута бошладим.
Шукур ака кўп куттирмай қайтиб тушди.
— Юринг, — деди.
Ўзи йўл бошлади.
Мен эргашдим.
Шукур аканинг қаерга бормоқчи бўлганини, мақсади нималигини сўраб ҳам ўтирмадим – нима бўлса кўраверамиз-да.
Шукур ака одатига хилоф равишда боғдаги алоҳида коттежлар ёнидан ўтадиган йўлдан юра бошлади.
У уч-тўрт коттеж олдидан индамай ўтди-да, ичкарида чироқ ёниб турган биттаси олдида тўхтаб:
— Иброҳим ака уйдалар, шекилли, — деди оқсоқол ёзувчи Иброҳим Раҳим ҳақида сўз бошлаб. – Сиз у кишининг асарларини ўқиганмисиз?
— Ҳа…айримларини.
— Мен ўқимаганман, тўғриси ўқиёлмаганман, — деди Шукур ака энди бу ҳақда мулоҳаза юритиб ўтирмайлик дегандек, — лекин, бу одам улуғ одам, — деб қўшиб қўйди.
— Инсон сифатида демоқчисиз-да?
— Инсон сифатида ҳам баҳоси йўқ. Мен “Гулистон” журналида шу одамнинг қўлида ишлаганман, — деди Шукур ака нималарнидир хотирлаётгандек, — бош муҳарриримиз эди…Жасоратига қойил қолганман. Мана, ҳозир ҳамма бирдек унақа жафо кўрганман, бунақа ишлар қиворгим келган деб айюҳаннос кўтаришади. Ёв қочгач ботир кўпаяди, дейишади-ку. Аммо, бу киши бир оғиз ҳам миннат қилмади-я. Йўқса, ўшанда, ҳали шўронинг тазйиқи энг кучайган кезларда Иброҳим ака қўрқмасдан шартта “Темур тузуклари”ни журналда бердиртириб юборувди, биз ҳам қанақа бўларкин деб турганмиз, ўзим жавоб бераман, тайёрланглар деган-а…Расул Гамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асариям шу кишининг далдаси билан чиқиб кетган, униям чиқаришга ўша пайтларда анча-мунча одамнинг юраги бетламасди, — Шукур ака яна уйга қараб қўйиб, — ҳозир кириб борсак жуда қувониб кетса керак, жуда меҳмондўст-да Иброҳим ака, — деб қолди.
— Эшикни тақиллатайми? – дедим.
— Йўқ, бошқа сафар…бирон кун кундуз куни келамиз…- деди Шукур ака яна йўл бошлаб.
Саранжом-саришта бир коттеж олдида тўхтаб:
— Бу ерда сизнинг ҳамшаҳарингиз Пиримқул ака яшайди, — деди.
— Биламан.
— Шу-у…Пиримқул аканинг меҳнаткашлигига қойил қоламан-да, — деди Шукур ака сўзни энди Пиримқул Қодиров томонга буриб, — мана шу коттежларда ҳаммаям ижарада туради, лекин, Пиримқул ака ҳовлига астойдил қараб, гуллатиб ўтиради, ана-а қаранг, йўл четларига ҳам бир нималарни экиб, кўкартириб қўйган, — Шукур ака сигарет тутатиб олиб, давом этди, — мен Пиримқул акани жуда мулойим, бировга қаттиқ гапирмаган одам деб ўйлаб юрардим…
— Ҳақиқатдан ҳам шунақа-да.
— Шу кишининг бир гал қаттиқ жаҳллари чиққанини кўрганман, — деди Шукур ака, — унинг “Юлдузли тунлар” романини катта бир йиғинда катта бир олим (Шукур ака унинг исм-шарифини айтган эди,айрим мулоҳазаларга борган ҳолда бу ерда келтиришни лозим топмадим) юқорининг топшириғи билан асоссиз танқид қилиб қолди-ку…Яна ўша эски гаплар, Бобур шоҳ бўлган, уни қанақа қилиб мақташ мумкин дегандай гаплар…Тепада ўтирганлар ҳам, пастда ўтирганлар ҳам – ҳамма билиб турибди у нима учун бунақа деяётганини. У олим ҳам ўзининг гапини айтаётгани йўқ. У ерда ҳар хил гаплар бўлди, майли уларни айтиб ўтирмай. Охирини эшитинг, йиғин ҳам тугади, ҳалиги олим ҳам топшириқ асосида танқидининг асоссиз эканлигини билганми, ишқилиб, ҳамма ташқарига чиқаётганда у Пиримқул аканинг қаршисига келиб кўришиш учун қўлини узатса бўладими? Вой товба, жуда ғалати халқмиз-да, а? Пиримқул ака унга ғазаб билан бир қараб қўйди-да, бор-э, дея жеркиганича яхшигина сўз айтиб сўкинди-да, унинг қўлини қайириб ташлади. Пиримқул аканинг сўкинганини шунда биринчи ва охирги марта эшитганман.Бошқа одам бўлганда пазор бўлиб ерга кириб кетарди, уям ҳеч нима бўлмагандек кетиб боряпти қарасам…Вей, қизиғ одамлар-да…Пиримқул аканинг жасоратига ўшанда қойил қолганман, ичимда мақтаб, ўзимча яшанг, деб қўйганман.
— Пиримқул аканикига кириш ниятингиз йўқми? – деб ҳазиллашдим.
— Йўқ, йўқ, юринг, — дея у яна йўл бошлади.
Шу тариқа у уйнинг олдида ҳам, бу уйнинг олдида ҳам тўхтаб Шукур ака ижодкорлар ҳақида ҳар хил бўлиб ўтган гапларни айтиб берарди. Баъзиларини ўзи ҳам танқид қилиб қўярди. Лекин, барибир, Шукур аканинг ҳикоя йўсинидан шу нарса сезилардики, у ўзи мансуб бўлган катта ўзбек адабиётининг тараққиётига ижоди биланми, ижтимоий фаолияти биланми ҳисса қўшганларни ич-ичидан ҳурмат қилар, уларнинг қадрини билар, улуғлар эди.
Биз шу тариқа айланиб юриб, бир маҳал Ўлмас Умарбеков яшаётган уйнинг олдига келиб қолдик.
Шукур ака бўйнини чўзиб ҳовлига мўралади-да:
— Умарбеков уйда, — деди.
— Кирамизми?
— Ҳа, — Шукур ака бир зум ниманидир мулоҳаза қилиб ўйланиб қолди-да, сўнгра, — сиз шу ердан қимирламай туринг, мен ҳозир, — деганича шахдам юриб кетди.
У беш-ўн дақиқадан сўнг қайтиб келди.
Қўлида қоғозга ўроғлик нимадир бор эди.
Шукур ака уни кўрсатиб:
— Умарбековда ҳар хил вискилар борлиги аниқ, — деди.- Лекин, бунақаси борми-йўқлигини билмайман…Кейин у ҳозир ичмасаям керак, ўзимиз майдалаймиз, — деди.
Ўлмас Умарбеков ташқарида стол қўйиб ўтирган экан.
Узун-қисқа бўлиб кириб бораётганимизни кўриб у дарҳол ўрнидан туриб бизга пешвоз кела бошлади.
Улар иккаласи минг йил кўришмаган қадрдонлардек бир-бирини обдон бағрига босишиб кўришишди.
Мен ҳали ҳеч Ўлмас Умарбеков билан юзма-юз бўлмаган эдим.
Шукур ака билан кўришиб бўлгач у менга ҳам қучоқ очди.
Иккаламиз қучоқлашиб кўришиб турганимизда Шукур ака бизни таништириб қўйишга ҳам улгурди.
Ўлмас ака оиласидагиларга ишора берганди, дарҳол стол устига дастурхон ёзилди.
Ўлмас ака томоғини ўраб боғлаб олган, овози чиқмас, фикрини имо-ишоралар билан англатар эди. Унинг юз-кўзларида бизнинг кириб келганимиздан ниҳоятда хурсанд бўлганлигини билдирувчи ифодалар барқ уриб турарди.
Дастурхонга чиройли каржланган тарвуз келтирилди.
— Шу бўлади, — деди Шукур ака ва кейин ўзи бутилканинг қопқоғини очиб Ўлмас акага, ичасизми, дегандек ишора қилди.
Ўлмас ака қўлини кўксига қўйганча, раҳмат, ишорасини қилди. Кейин яна имо -ишоралар билан сизлар бемалол, дегандай дастурхонга пешма-пеш келтириб қўйилаётган ноз-неъматлардан олиб ўтиришга қистади.
Шукур ака кириб келиши билан бу хонадонда ўзгача хатти-ҳаракатлар бошланиб қолганидан сездимки, Ўлмас Умарбеков ва унинг оила аъзолари Шукур Холмирзаевни ҳурматини жойига қўйишга интилишар, уни жуда эъзозлагилари келар экан.
Шукур ака баланд-баланд товушда сўзлар, Ўлмас ака майин табассум билан уни диққат билан тинглар, ўрни келганда ўзи ҳам имо-ишоралар қилар, биз унинг нима демоқчи бўлганини дарҳол фаҳмлаб олар эдик.
Шу тариқа вақт алламаҳал бўлгунча ўзига хос адабий гурунг давом этди.
Ахийри, биз кетишга изн сўрадик.
Ўлмас ака имо-ишоралар билан узоқлашиб кетманглар, мен шу ердаман, хоҳлаган вақтларингизда келаверинглар, дея бизни ташқарига кузатиб чиқди.
Шу учрашув асносида пайқадимки, Шукур Холмирзаев билан Ўлмас Умарбеков ҳавас қилгулик дўст бўлишган экан.
Улар бир-бирларининг ҳурматини жойига қўйишар экан.
Бу икки катта ижодкор дўстлигининг замирида адабиётга муҳаббат, инсоний сифатларни улуғлаш, бир авлод вакиллари сифатида бир-бирининг қадрини жуда яхши билиш, бир-бирини тўғри тушуна олиш ҳис-туйғулари бўлганлиги шубҳасиздир.
Ўлмас Умарбековнинг асарлари билан таниш эсам-да, Шукур аканинг шарофати туфайли ўшанда унинг ўзи билан илк марта юзма-юз кўришган эдим.
Афсуски, сўнггиси ҳам шу бўлган экан.
5
Ўзбекистон радиоси Бош режиссёри Раҳмат Жумаев шинаванда, адабиётни яхши биладиган, шоир-ёзувчиларни кўрса авлиёни кўргандек қувониб кетадиган ижодкорлардан эди. Ҳозирга қадар радионинг олтин захирасида Раҳмат Жумаевнинг замонавий ва мумтоз ўзбек адабиётидан, жаҳон адабиётидан ўнлаб радиоинценировкалари, радиопьесалари сақланади, вақти-вақти билан эфирга узатиб турилади. Шу кишининг ҳам Шукур акага меҳри бўлакча, унинг янги асар ёзишини кутиб юрар, ҳали буёғи қуримасдан қўлга киритар ва хурсанд ҳолда бизнинг адабиёт ва радиотеатр деб аталган муҳарририятимизга кириб келиб:
— Шукур акадан янги асар ундирдим, — деб суюнчи олар эди.
Ўшанда мен бош муҳаррир эдим. Бизга қўйиладиган ўзига хос талабларни назарда тутиб:
— Қани, аввал бир ўқиб кўрайлик, — десам, Раҳмат ака шошқалоқлик билан:
— Биласиз-ку, Шукур ака ёмон ёзолмайди, режага киритаверинг, мен ишни бошлаверай, кейин ўқийверасиз, — дерди.
Муаллиф бўлса қорасиниям кўрсатмас, Раҳмат ака унинг радиодаги мухтор вакили каби иш юритарди.
Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой” ҳикоясини ҳам Раҳмат Жумаев шу тариқа ундириб келди.
Ҳикоя барчага ёқди.
Раҳмат Жумаев ишга киришиб кетди. У актёрларни хонасига чақириб олиб, соатлаб репетиция ўтказар, овоз режиссёри борми, бастакор борми – барчасини аввалдан белгилаб, асарни ўқиб чиқишга мажбур қилар, асар ҳақида улар билан баҳслашар, кўнгли тўлгач студияга буюртма бериб магнит тасмасига ёзиб олишга киришар эди.
Раҳмат Жумаев бир куни:
— Бўлди! – деди.
Бошқа ташвишлар билан юрганим учунми, ёдимдан кўтарилган экан:
— Нима бўлди? — деб сўрадим.
— Э, омон бўлинг-э?! – деди Раҳмат ака хафалангандек. – Мен бир ойдан ортиқ кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаб ётсам-у, сиз бўлсангиз…
Миямга дарҳол “Булут тўсган ой” урилди.
— Муаллифнинг ўзиниям хабардор қилдингизми? – деб сўрадим ўзимни унинг гинасини эшитмаганга олиб.
— Шукур ака эртага келади, мени хонамда аввал уччаламиз эшитиб кўрайлиг-а, фикрлар бўлса айтарсизлар, кейин бадиий кенгашга топширамиз, — деди Раҳмат ака.
Мен унинг фикрини маъқулладим.
Раҳмат Жумаевнинг ҳамиша антиквар нарса-буюмларни йиғиб юрадиган одати бор эди. Бирон жойда шунақа нарсаларни кўрсаям беихтиёр кўзи ёнар, иложи бўлса қўлга киритиш пайида бўларди.
Айтилган вақтда унинг хонасига бордим.
Шукур ака шу ерда экан.
Кўришдик.
Раҳмат Жумаев илтифот билан антиквар чинни идишчаларга антиквар кумуш қошиқчалар солиб ҳаммамиз учун қаҳва тайёрлаб, олдимизга қўяркан:
— Хитой чиннисидан, — деб қўйди.
Шукур ака унга бир қаради-ю, индамади, лекин қаҳвага ҳам қўл узатмади.
Раҳмат ака магнитофон клавишини “бисмилло” деб босди.
Магнитофондан дикторнинг ўктам овози эшитилди: “Тошкентдан гапирамиз! “Бугун радиотеатрда” туркумидаги адабий-бадиий эшиттиришимизни бошлаймиз. Сизларни Ўзбекистон халқ ёзувчисиси Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой” ҳикояси асосида тайёрланган радиопостоновкани тинглашга таклиф этамиз…”
Шундан сўнг асар воқеалари бошланишидан олдин озгина мусиқа янграй бошлаганида Шукур ака у ёқ-бу ёққа аланглаб:
— Чексам бўладими? – деб сўради.
Раҳмат Жумаев унинг олдига антиквар биллур кулдон қўяётиб:
— Фақат сизгагина рухсат, — дея мен томонга қия қараб қўйди.
Мен ўзимни унинг сўзини эшитмаганга олдим.
Раҳмат Жумаев қимматбаҳо антиквар сигаретнинг ялтироқ қутисини очиб, қутининг ортига чертганди, икки-учта сигаретнинг бошчалари ростлан буйруғини эшитган аскарлардай қутидан чиқиб келди.
Раҳмат ака қутини Шукур ака томонга узатиб:
— Марҳамат, — деди.
Шукур ака бир Раҳмат акага, бир унинг қўлидаги сигарет қутисига қараб қўйди-да, пальтоси чўнтагидан ўзининг “Астра” сигаретининг қутисини чиқараркан:
— Раҳмат, — деди ва ўзиникидан битта хашаки сигарет чиқазиб лабига қистирди.
Антиквар сигарети рад этилган Раҳмат Жумаев энди дарҳол антиквар чақмоғини Шукур аканинг тумшуғи остида ёқишга ошиқди. Чирс этган нозиккина товуш эшитилди-ю, чақмоқдан аланга кўтарилди, хайрият, Шукур ака бу гал рад этмай ундан сигаретини тутатиб олди.
Шу маҳал мусиқа тугаб, таниқли актёрлар ижросидаги “Булут тўсган ой” ҳикояси асосидаги радиопостоновканинг асосий қисми бошланди.
Икки соат давомида Шукур ака миқ этмай иягини ушлаганича диққат билан қулоқ солиб ўтирди. У аҳён-аҳёнда стол устида ётган “Астра” қутисига қўл чўзар, шунда Раҳмат Жумаев ҳам чаққонлик билан антиквар чақмоғини Шукур аканинг тумшуғи остига келтириб нозиккина чирсиллаган овоз чиқаздириб алангалатарди.
Асар якунланаётганда Шукур ака қаҳвадан бир-икки ҳўплаб қўйди.
Ниҳоят, радиопостоновкани эшитиб бўлдик.
Раҳмат Жумаев ўзига ишонган режиссёр бўлса-да, қандайдир ҳаяжонланаётганини ҳам билдириб қўймоқда эди.
Унинг икки кўзи Шукур акада: қани, нима деркин?
Шукур ака индамай ўрнидан турди.
“Астра” қутисини оҳиста чўнтагига соларкан:
— Мен радиодаги ишларни кўпам тушунавермайман, — деди.
Ия, бу ёғи қандай бўлди?
Қанчадан-қанча асарлари радиолаштирилган ёзувчи бу билан нима демоқчи?
Раҳмат ака менга, мен Раҳмат акага қарадик.
— Телеведениенинг ишлариниям кўп тушунмайман, — деди Шукур ака.
Назаримда, у бир нима демоқчи-ю гапни узоқдан бошлаётганга ўхшаб кўринди.
— Лекин, битта нарсани биламан, — деди Шукур ака. – Антик даврда ҳам зўр асарлар саҳнада қўйилган…Булар ҳам замонавий саҳналар-да, ўзимга бунчалик таъсир қилади деб ўйламовдим, — Шукур ака Раҳмат аканинг елкасига оҳиста қўл ташлаб, — эплабсиз, — деб қўйди.
Раҳмат Жумаевга шунинг ўзи кифоя эди.
У ҳикоянинг ўзи зўр ёзилганини, унда янгича муносабатлар ифодаланганини гапира бошлаганди, Шукур ака бу гапларни ўзига яқинлаштиришни истамаётгандек қўлини чўзиб:
— Хайр, — деди.
— Э, нималар деяпсиз? – деди Раҳмат ака қўрқиб кетгандек. – Сизни кузатиб қўйишга имкон топамиз…Шундай катта ёзувчи радиога келади-ю катта режиссёр кузатиб қўймайдими?
Раҳмат аканинг бу гапидан Шукур аканинг юз-кўзига табассум югурди.
— Хўп, — деди қаршилик қилмай.
Раҳмат Жумаев ва Шукур ака билан қуйи қаватга тушиб, ташқарига чиқдим.
Улар иккаласи бир томонга кетишди.
Мениям таклиф этишганди, баъзи бир зарурроқдек кўринган юмушларимни баҳона қилиб, узр сўрадим.
Ортга қайтаётсам, радиога кираверишдаги эшик оғзида кимдир биров мени чақиргандай бўлди.
Ўгирилиб қарадим.
Уч-тўрт одим нарида Жўрабек ака деган танишимиз, шошманг, дегандек қўлини силкитиб, мен томонга тез-тез юриб келмоқда эди.
Мен тўхтадим.
Жўрабек ака етиб келди.
Қуюқ сўрашдик.
Жўрабек ака боши билан Шукур ака ва Раҳмат ака кетган томонга ишора қилиб:
— Шукур Холмирзаевмиди? – деб сўради.
— Ҳа, Шукур Холмирзаев эди.
— Сиз у кишини яхши танийсизми?
— Анча-мунча.
— Сўзингиз ўтадими?
Сал-пал ғашим келди.
— Энди у киши устоз ёзувчи бўлса, — дедим, — менинг сўзимга эмас, ўзининг фикрига суянади.
— Йўқ-йўқ, сиз нотўғри тушунманг, — деди Жўрабек ака шоша-пиша. – Мен айтмоқчийдимки…шу кишининг қўлларини бир ушласак…бир пиёла чойга таклиф қилсак.
— Э, шунақа демайсизми?
— Шу-да.
— Чойга қаерга таклиф қилмоқчисиз?
— Уйга-да…болалар ҳам кўришсин, кейин фахрланиб юришади.
— Майли, айтиб кўраман.
— У киши нима десалар шу, — деди Жўрабек ака қувонганча.
Эртаси куни қўнғироқ қилиб Жўрабек аканинг таклифини айтгандим, Шукур ака бироз ўйлаб туриб:
— Врач дедингиз-а, — дея қайталаб сўради.
— Ҳа, врач, — дедим Шукур аканинг тўсатдан, йўқ боролмайман, деган гапининг олдини олиш учун, — сизнинг астойдил мухлисингиз ҳам, — деб қўшиб қўйдим.
Назаримда, Шукур ака кейинги гапимга унчалик эътибор бермади.
— Ўзингиз ҳам борасизми? – деб сўради.
— Албатта.
— Қачонга?
— Вақтини сиз белгилайсиз.
— Индинга соат бешда, бўладими?
— Хўп.
Жўрабек акага қўнғироқ қилиб, Шукур акани рози қилганим ҳақида суюнчи сўрадим.
— Машина юборайми? – деди Жўрабек ака ҳам қувонганича. – Меҳмоннинг ёнига яна кимларни чақирай? Ўн беш-йигирма кишига жой қилсам бўладими?
— Вой-бў…тўй қиляпсизми? Кўпчиликни йиғманг, Шукур ака хокисорликни ёқтирадиган одам.
— Майли-майли, барибир беш-ўн одам йиғилади-да, — деди ҳамон ўзиникини маъқуллаб Жўрабек ака. — Демак, бешда чиқсаларингиз беш яримларда етиб келарсизлар-да. Биз Чилонзор томонда турамиз, сизларда ишлайдиган Абдуқаюм уйимизни билади, айтиб қўяман, ташкил қилиб олиб келади.
— Хўп, келишдик.
Шукур ака ваъдасини аниқ бажарадиган одам эди. Ўша куни ўн дақиқа кам бешда хонамга қўнғироқ қилиб:
— Мен келдим, — деди.
Дарҳол ишни йиғиштириб пастга тушдим.
Абдуқаюм ҳам хонанда Рустам Абдуллаевнинг “Комби” деган машинасида етиб келди.
— Рустам акага торниям олинг дедим, — деди Абдуқаюм.- Зарур бўлиб қолса бир-иккита қўшиқ ҳам даврага зеб беради-да.
— Бир ўқ билан икки қуённи урибсиз-да, — дедим Рустам аканинг ҳайдовчи ҳам бўлиб келганини назарда тутиб.
Абдуқаюм ҳиқирлаб кулди.
Шукур акани олдинга ўтқаздик.
Абдуқаюм билан мен орқада. Абдуқаюм бўйнини Рустам ака томонга чўзганча йўл кўрсатиб борди.
Жўрабек ака элбурутдан башорат қилганидек роппа-роса соат беш яримда у яшайдиган кўп қаватли уйнинг подъездига етиб келдик. У ердаги манзарани кўриб, мен бу ерда бошқа бирон тадбир ҳам бўлса керак деб ўйладим. Нега деганда подъезд олдида бир хил атлас куйлакдаги тўрт-бешта қизалоқлар нон ва туз ушлаб туришарди. Орқароқда бошқа одамлар ҳам тўдаланишган эди.
Биз машинадан тушдик.
Жўрабек ака лапанглаганича бизга пешвоз югуриб келди.
У ҳаммамиз билан бир-бир қучоқлашиб кўриша кетди. Менинг қулоғим остига эса нуқул:
— Раҳмат, раҳмат, — дер эди.
Унинг қаттиқ ҳаяжонланаётганини пайқадим.
Энди қайси томонга юрамиз, дегандек бир-биримизга қараган эдик, Жўрабек ака Шукур акани қўлтиқлаб тикка нон-туз тутиб турган атлас куйлакли қизалоқлар томон бошлади.
Улар ҳам нон-туз тутганча бир овоздан:
— Хуш келибсиз! – дейишди.
Шукур ака бироз хижолат чеккандек индамай нон-туз тотинган бўлди, ишқилиб ғаши келиб қолмасин-да, деган ховотирда менинг юрагим така-пука. Унинг ҳаракатларини биз ҳам такрорлаганимиздан кейин Жўрабек ака подъездга томон йўл бошлади, учинчими-тўртинчими қаватда турар экан, товба, чиқа-чиққунча зиналарга чўғдек гилам тўшалган эди, ўзи шунақамикан десам, кейинчалик билишимча, Шукур аканинг келишига атай поёндоз ёздирган экан.
Ана-а, ҳафсала!
Жўрабек аканинг уйига кирдик.
Кенгина зал ўртасида ёнма-ён қўйилган хонтахталарга умумий қилиб дастурхон тўшалган, дастурхон устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди, бир сўз билан айтганда, дастурхон жуда тўкис безатилган эди.
Шукур аканинг ҳурмати учун унинг ёнига чақирилган қўни-қўшни, таниш-билиш меҳмонлар сипо бўлиб туришарди.
Улар, ўтинг, ўтинг дейишиб, Шукур акани энг тўрга ўтказишди.
Шукур акани йиғилганларга таништиришнинг ҳожати бўлмади, қолганлар аста-секин бир-бирлари билан танишиб олаверишди.
Оз-оздан ароқ ҳам қўйилди.
— Айланайин, сиз Қашқадарёдан-а? – деб сўраб қолди Шукур ака бир маҳал Жўрабек акадан.
Мезбон сифатида пойгакда чўк тушиб ўтирган Жўрабек ака саволга жавоб бериш учун “дик” этиб ўрнидан тураётганди, Шукур ака қўли билан ишора қилиб:
— Э, ўтираверинг, — деди.
Жўрабек ака негадир терлаб-пишиб жойига ўтираркан:
— Ҳа, — деганича Шукур аканинг саволига калта жавоб қайтарди.
— Врачман денг?
— Шунақа…кардиология бўйича.
— Чехов ҳам врач бўлган, Булгаков ҳам врач бўлган, — деди Шукур ака нималарнидир эслагандек бўлиб. – Чехов – зўр ёзувчи. Бу беҳуда эмасдир, а? Объект барибир инсон-да. Санъат йўлида Леонарда да Винчи пластик анотомияга ҳам асос солганидан хабарингиз борми?
— Ҳа, — деди Жўрабек ака мураккаб савол тушиб қолишидан қўрққан талабадек бошини эгиб.
— У йигирма саккизта ўликни ёриб, инсон танасидаги толаларни ўрганганганидан шундай фан келиб чиққан, — давом этди Шукур ака. – Демак, санъатда ҳам аниқлик лозим экан. Толстой бобо, ҳатто, санъатда фандагидан кўра кўпроқ аниқлик керак, деб айтган. Иннайкейин, у мусиқага ҳам жиддий қараган. Қадимги Хитойда ҳар қандай одамнинг қўлига мусиқа асбобини тутқазиш ман этилган деган, санъат турлари ичида мусиқа одамни тезда йўлдан чиқаради деган…
Рустам Абдуллаев бу гапларни дарҳол ўзига олиб:
— Шукур ака, бу гапларни мумтоз мусиқага нисбатан ҳам қўллаш мумкинми? – дея илмоқли савол ташлади.
Шукур ака Рустам акага бир муддат синовчан назар ташлаб турди-да:
— “Шоҳнома”да Барбад афсонаси борлигини биласиз-а? – деб сўради.
— Биламан, — деди ишонч билан Рустам ака. – У тарихий шахс бўлган, мусиқа асбоби яратган.
— Яшанг, — уни мақтади Шукур ака. – Шу Барбад ҳам ўша ясаган асбобини ўнглаб чалса тингловчилар йиғлашган-а, тескарисини чалганда тингловчилар қаҳ-қаҳ отиб кулаверишган-а…Шунақамиди ёки тескарисимиди?
— Ишқилиб, шунақа-да, — деди Рустам ака майда-чуйдаларига эътибор бериб ўтирмайлик дегандек.
— Ҳа, яшанг, — деди Шукур ака. – Кўряпсизми, ўша Барбад деганингиз ҳам ўзи ясаган асбобини унақасига чалсаям, бунақасига чалсаям тингловчини экстаз ҳолатга олиб киряпти…Бу яхшими? Ўйлаб кўриш керак. Инсон мусиқа тинглаб калласини чайқаб ўтиргани билан унинг ёмон томони ҳам бор. Ёмон томони шуки, у ўзининг асил ҳолатини унутади. Мусиқа сеҳрлайди дейишади-ку…Бу гап ижобий эмас. Сеҳрлаб, фикрдан мосуво этади, аллалайди – халқнинг илгари юриши учун эса фикрловчи, кучли одамлар керак…
— Меъёрида бўлса-чи? – деб сўради энди Рустам ака ўзини оқламоқчи бўлгандек.
— Албатта, меъёрида бўлгани дуруст, — деди Шукур ака. – Халқ ўзига зарурини олиши керак, лекин ўзига зарурини олар экан деб унга дуч келганни тиқиштирмаслик керак. Унақада дид расво бўлади, — деганича Шукур ака энди бу гаплардан зериккандек яна Жўрабек ака томонга қараб: — Оғажон, Қашқадарёдан бўладиган бўлсангиз қайси уруғдансиз? – деб сўради.
— Мен қарлуқман, — деди ҳамон ҳаяжони босилмаган бўлса-да, фахрлангандек бўлиб Жўрабек ака.
Шукур ака антик давр одамини кўргандек Жўрабек акага бир зум ҳайрат билан тикилиб қолди.
Сўнгра ишонмагандек:
— Қарлуқман денг? – деб қайталаб сўради.
— Ҳа, қарлуқман, — деди Жўрабек ака ва Шукур ака бунақа уруғ борлигини эшитмаганмикан, деган гумонга борди чоғи, — қарлуқлар…- дея энди тушунтира бошловди, Шукур ака:
— Тўхтанг, тўхтанг! – деб хитоб қилди.
Жўрабек ака ҳайрон бўлганича жимиди.
Шукур ака ўрнидан туриб Жўрабек ака томонга қучоғини очди-да:
— Қани бир келинг-чи, бағримга босай, — деди.
Бундай илтифотни кутмаган Жўрабек аканинг икки чаккасидан тер қўйилиб Шукур акага пешвоз келди. Унинг йўғон гавдасини Шукур ака бағрига босаркан, пешонасидан ўпиб:
— Ўзимнинг қарлуғимдан айланай! – деб қолди.
Бунақа бўлишини кутмаган эканми, Жўрабек ака тили тутилганича:
— Шукур ака, сиз ҳам қарлуқми? – деб сўради йўқотган акасини топиб олгандек юз-кўзлари чексиз қувончга тўлиб.
— О, оғажон, мен қўнғиротларданман, — деди Шукур ака, — лекин қонимда барча туркий элатларнинг қони бор, — дея, яна ўз ўрнига жойлашиб олгач, қарлуқлар ҳақида сўзлай кетди. – Қарлуқлар давлат тузишган, Қарлуқ давлати, адашмасам, тўққизинчи аср ўрталаридамикан, Туркистон ерида пайдо бўлган-да…Унга қарлуқ туркийларидан бўлган Билга Қул Қодирхон асос солган, — Шукур ака нималарнидир ёдига туширмоқчи бўлгандек пешонасини тириштирди. – Ҳа, шунақа бўлган. Тарихда бу қорахонийлар аталиб кетган…”Қора” дегани “буюк”, “улуғ” маъносида келади-да, қарлуқ хонлари ўзларини “буюк ҳоқон”, “улуғ ҳоқон” номлари билан улуғлаб келганлар-да, қорахонийлар аталиб кетиши шунданмикан…Унгача, тўртинчи асрда ҳам қарлуқлар Иртиш дарёсининг юқори оқимларидан Ила дарёсининг ўрта ва қуйи оқимларигача бўлган катта ҳудудни эгаллашган, бунинг ичида Жунғория ва Тарбағатай минтақалари ҳам бўлган, қарлуқлар яна шу вақтларда Шарқий Туркистоннинг ғарбий қисмида, Фарғонада ва Тохаристонда ҳам жойлашган эдилар…Булар асли Олтой тоғларининг ғарбий минтақаларида яшаганлар…
— Демак, асли олтойликлар эканмиз-да? – дея савол ташлашга журъат этди Жўрабек ака.
Шукур ака бош ирғаб:
— Шунақа, оғажон, шунақа, — дея давом этди, — энди қолаверса, тилимиз ҳам қарлуқ-чигил диалекти асосида шаклланган. Қарлуқ-чигил диалекти саккизинчи-тўққизинчи асрларда Еттисувда, Шарқий Туркистоннинг ғарбий қисмида, Сирдарёнинг ўрта оқимларида, Мовароуннаҳрда кенг тарқалган…Хо-ош, оғажон, бу тил қорахонийлар давлатининг асосий тили бўлган. Қарлуқ-чигил, ўғуз ва қипчоқ…мана, туркий тилнинг мавжуд бўлган уч йирик диалекти…
Бу гаплар Жўрабек акани ниҳоятда фахрлантириб-ғурурлантириб юборди. Энди у боши осмонга етганча елиб-югуриб хизмат қилар, бир зум қўним топиб ўтирса ўзини гуноҳкор ҳис этадигандек эди.
Шукур Холмирзаев шунақа эди.
У туркий қавмлар тарихига оид жуда кенг маълумотларга эга бўлишига қарамай, янгиларини қидириб юрар, бу тарих изларини антропологик жиҳатдан одамларнинг юзларидан, қош-кўзларидан қидирар, чоғиштирар, ўз фикрлари тасдиғини топган чоғларда ёш болалардек қувониб кетар эди.
Мана, унинг “Кўк денгиз” ҳикоясидан тингланг:
“Унинг айтишича, топишмоқ, яъни, “табьшкак” – Олтой халқ оғзаки ижодининг “калити” экан. Чунки топишмоқларда Олтой элининг, яъни, қадимдан то яқин-яқинларгача овчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келган элнинг энг ибтидоий – “яширин тили” тўла-тўкис акс этаркан. Илло, олтойликлар атроф-муҳит – ўрмон, сув, ҳайвонлар ва паррандаларнинг шубҳасиз Руҳи бор, лекин Руҳлар кўзга кўринмайди, уларни сира-сира ғазаблантирмаслик керак, Руҳлар ранжиса – халқ оч қолади, яъни, ов барор олмайди, рўзғордан – “ўчоқ”дан файз-барака кўтарилади деб ишонишар экан. Ана шунинг учун улар қадим-қадимдан табиат бобида “эзоп тили”га ўхшаш – яширин лаҳжада гапиришиб келишар экан, бунинг маъноси шулки, биронта жониворниям асл номи билан аташмас экан…Масалан, “илон-йилон”ни – “қамчи, қайиш”, “бўри-бору”ни – “кўк ит, узун қуйруқ”, дейишаркан.
Умрзоқ ака шундай мисолларни айтар экан, менинг юрагим гурс-гурс уриб, жуда тўлқинланиб кетдим: ҳе, ёшлигимизни эслайман.
“Бўри”ни – “жондор” деб аташарди бизда. “Илон” – “арғамчи”, “айиқ”ни – “полвон”…
Айниқса, тунлари булардан бирининг ҳам номи тилга олинмас эди”.
Шу тариқа ёзувчи китобхоннинг ҳам эсига нималарнидир солиб қўяди, унинг даъвати тахминан шундай: “Ҳо-ой, эслаб кўр, сабийлигингни эсла, болалигингни эсла…яккатом уйлардаги урф-удумларни ёдингга тушар – улар сенинг кимлигингни, қерданлигингни, туб ўзагингни ёдингга солажак…сен улардан узоқлашма, маданият ҳам шу, маънавият ҳам шу, маърифат ҳам шу, узоқлашдингми ўзингни, ўзлигингни йўқотажаксан, бу чексиз оламда муаллақ қолажаксан, юзсиз қолажаксан, оламга юз кўрсатолмаяжаксан…”
У шуни айтишдан чарчамайди.
“Кўк денгиз”да яна шундай сатрларни ўқийсиз:
“Дарвоқе, Олтойда яқингача келинлар куёвдан тортиб, унинг қариндош-уруғларигача – барини ҳам номи билан чақирмас экан…
Вой, улар билан ўзимизнинг орамизда қандай яқинлик-қариндошлик бор-а!
Туркий деганлариям шудир”.
Шундай самимий, дилга яқин ҳамсуҳбат топилганидан беихтиёр суюниб кетганча бош ирғаб:
— Шу-шу, шунинг ўзгинаси! – деб юборганингизни пайқамай қоласиз.
Кейин ҳаяжонингизни босиб ўйлай-фикрлай бошлайсиз ва яна ундан миннатдор бўласиз: туркий деганлари айнан шу, турли ирмоқларда юксак тоғлардан оқиб тушган, канорасиз кенгликларда дайдибадал шамолдек кезган буюк элатнинг дунё кенгликларига сочилган уруғ-тармоқлари шу, дейсиз ич-ичингиздан бостириб келаётган қандайдир тўлқиннинг таъсирида кўзларингиз ёшланиб.
Шукур Холмирзаевнинг барча асарлари умумтурк адабиётининг энг юксак намуналари эканига шубҳа йўқ, фақат бу асарлар туркий тилда сўзлашувчи дунё халқларига ҳали етиб бормади, етиб борса, улар ёзувчи яратган қаҳрамонлар орқали ўз уруғ-қаёшларини, яқинларини, қондошларини дарҳол таниб, топиб оладилар.
Шукур Холмирзаев феномени ҳали қўриқлигича очилмай турибди.
Гап унинг асарлари ҳақида илмий ишлар ёзиш-у, илмий унвонлар ёқлаб олишда ҳам эмас.Ҳамма гап уни Шахс ва Ижодкор сифатида идрок эта олишда: шундагина уни барпо этган Муҳит ва уни мутассил тўлғоққа солган Дард сир-асрорлари намоён бўлади. Унинг нималар қилганини кўпчилик билади ёки жилла қурса, шуни биламан, деб ўйлашади, лекин, энди унинг бизга нималар берганини ўйлашимиз ва мисқол-мисқоллаб ўлчаб олаверишимиз керак, шунда у қолдирган хазинадан қўни-қўнжимиз тўлиб-тошиб кетади, бу бойлик онгу тафаккуримизни ўзгартиради, қалбимизни янгилайди, турмуш ташвишларидан эгик қаддимизни кўтаради, елкаларимизни юксалтиради – у сахий, унинг қолдирган мероси барчага етади, фақат хазина ёнидан билмай ўтиб кетиб қолмасангиз,бас.
Шукур Холмирзаев қолдирган улкан хазинанинг эшик-дарвозалари ҳам сон-саноқсиздир. Шундай эшиклардан бирининг тепасига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган “Ўзбек характери” деган ёзувни ўқидим. Эшик ортида дунёларга тенгсиз зумраду забаржадлар, олмосу ёқутлар борлигини айтишди.
Ботир чўпон бир оғиз сўз айтса улар дувва-дувва тўкилар экан.
Ботир чўпоннинг хотини бир оғиз бир нима деса улар тинимсиз ёғилар экан.
Чунки, уларнинг бағрида чексиз дунё бор экан…
Бу эшикдан кирганларнинг қулоғига гуё олис-олислардан келаётгандек туюлса-да, бироқ, яқингинадан шундай сўзлар уриларкан, уларни ҳайқириб айтса ҳам бўларкан, уларни шивирлаб айтса ҳам бўларкан.
Бу абадий барҳаёт инсоннинг сўзлари, бу Шукур аканинг овози эди:
“Хўш, бу ерда нимани кўрдинг, нима хулосага келдинг, деб сўрарсиз?
Мен бу ерда…оддий-жайдари, содда ўзбекнинг кенглиги, тўпорилигини кўрдим.
Ишонасизми, автобусга ўтирганимдан кейин совуқ ойнадан лайлакқорга қараб йиғлар эдим: ана шу ўзбекларнинг бағри кенглиги учун, не-не қийинчиликларга, фақирликка қарамай, феъли тор бўлмаган, ажиб-афсонавий меҳмондўстлиги инстинкт каби мавжуд қолгани учун…ичимда, ич-ичимдан қувониб йиғлардим”.
Инсоният олға интилмоқда.
Дунё олға интилмоқда.
“Дон Кихот”ни ҳамон фахрланиб қўлтиқлаб юрган оврўполик талаба космос орбитасига ўзининг мўъжаз кемасини юбориб, тафаккурнинг янги босқичларига кўтариларкан,бунинг учун тасаввурини бойитган боёқиш ламанчлик идальгодан чексиз миннатдор бўлаётганини яшириб ўтирмай дунёга жар солади.
Келажак уфқларига порлоқ кўзларини қадаб қувонаётган бизнинг бахтиёр талабамиз ҳам фақат олға боқмасдан, бир-бир ортга назар ташласа, Уста қолдирган хазинанинг сон-саноқсиз эшикларига нигоҳи тушади. У ҳам астойдил истаса бу эшиклар ортида идальгоникидан кам бўлмаган сир-синоатлар яширинганига гувоҳ бўлса, ажабмас.
Бу хазинанинг бошқача дафиналардан фарқи шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, ўзбек деган миллат бор экан, бугун бўлмаса эртага — йиллар ва асрлар оша ҳам унга бўлган эҳтиёж тобора ошгандан ошаверади.
Жўрабек аканикида зиёфат алламаҳалгача давом этди.
Кетар чоғимизда у Шукур аканинг елкасига тўн ёпиб, ҳали мактаб ўқувчилари бўлган паст-баланд болаларини унинг қаршисига қатор тизиб қўйди-да:
— Шукур ака, шуларнинг оғзига бир-бир тупланг, — деди.
Бу гапдан Шукур ака кулди.
Кейин рад маъносида бошини қимирлатиб, қўлини дуога очди:
— Қани, сизларга ҳамиша улуғ ота-боболаримизнинг руҳлари мададкор бўлсин, — деди.
Йиғилганлар юзларига кафт тортиб:
— Илоҳи омин! – дея ўзлари севган ёзувчининг айтганлари келишини яратгандан сидқидилдан сўрашди.
Рустам ака яна рулга ўтирди.
Шукур акани Дўрмонга олиб бориш керак эди.
Шукур аканинг кайфияти соз, қиттай-қиттай таъсирида сархуш ҳам бўлгани учун димоғида аллақандай куйни хиргойи қила бошлади.
Рустам ака биз томонга ўгирилиб:
— Акамнинг ўзлари ҳам ашулага ўтиб олдилар-ку, — дея киноя қилди.
Бу гапдан Шукур ака бошини ортга ташлаб қаҳ-қаҳ урганча куларкан:
— Э, ўлманг-э сиз! – дея Рустам аканинг тиззасига шапатиллаб уриб қўйди.
Жўрабек аканинг ёзувчидан дуо олган фарзандлари ҳозир улғайишиб, чет элларда ишлашади. Улар қаерда бўлишмасин, уйларида бўлиб ўтган ўша учрашувни, ўша кунги гап-сўзларни дилларида сақлаб, ғурур-ла айтиб юришаркан.
6
Шукур Бурҳонни касалхонага кўргани бордим.
У киши ғалати машғулот билан банд эди: стол тортмасини тортиб очиб унга бироз қараб турар, кейин яна ёпиб қўяр эди.
Кириб бориб саломлашгач:
— Нима қиляпсиз, Шукур ака? – деб сўрадим.
Шукур Бурҳон тортмани яна ўзига тортиб очди, тортмада “ТУ-34” сигарет қутиси ётар, бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
— Дўхтирлар сигарет чекишни ман қилишган, — деди у хўрсинганча тортмани яна ёпар экан, кейин сигарет ҳақидаги хаёлни чалғитмоқчи бўлгандек, — Абдулла Орипов менга “Қаландар” деган асар ёзиб бермоқчийди, — деди.
Мен индамадим.
— Бизда яхши драматурглар йўқ…Шайхзода бошқа эди, — деди-ю, тўсатдан нимадир эсига тушиб, — анави Шукур Холмирзаев деган қаерда юрибди, талантли бола эди, — деди.
Кун ўтиб, мен Шукур Бурҳоннинг гапини Шукур Холмирзаевга етказдим.
Шукур Холмирзаев нимадир эсламоқчи бўлгандек хаёл сурганча:
“ Талабаликда мен Гамлетни ўйнаганман, — деди. – Шукур Бурҳон ўйнатган…У одам ҳақида ёзганман. Кейин анча узилишиб қолдик. Бир куни Фарҳод Мусажонов иккаламиз хабар олгани борсак, Шукур Бурҳон соқол олаётган экан, салом бериб, аҳвол сўрамоқчи бўлсам, ўгирилиб:
— Шукурмисан? – деб сўради.
У кишининг салобатли овозидан юрагимга титроқ киргандай бўлиб, базўр:
— Ҳа, — дея олдим, холос.
Шукур Бурҳон соқол олишдан бир зум тўхтаб хохолоб кула бошлади-да, кейин:
— Сен сўраганингдан буён дурустман, — дея яна соқол қиртишлашди давом этди.
Фарҳод Мусажоновнинг енгидан тортдим, билдирмай чиқиб кетдик. Сўрадими-я?”
7
Ёз бошларида Максим Горький (ҳозирги “Буюк ипак йўли”) метро бекатидан Дўрмон ёзувчилар боғи томонга кетадиган автобусни мўлжаллаб ташқарига чиққан заҳотиёқ Шукур акага кузим тушди.
У эллик қадамча нарида, автобус бекатида турарди.
Унинг бошида ўша машҳур оқ шляпаси, қўлида каттакон сумка бор эди. Лекин, ҳаммадан ҳам антиқаси куйлаги эди. У аллақанақа қизғиш-сариққа мойил катта-катта катакли куйлак кийиб олган, куйлак ёқалари ҳам варрак қулоғидай узун-узун эди.
Мен Шукур акага яқинлашиб, салом бердим.
Шукур ака ўгирилиб, саломимга алик оларкан:
— Э, ўзингизмисиз? – деди юз-кўзларига табассум югуриб.
— Сизни танимабман, — дедим атай.
— Ие, нега?
— Анави итальян актёри Челентано бор-ку…ўшамикан деб ўйлабман.
Шукур ака қаттиқ-қаттиқ кулди.
Кейин куйлагига ишора қилиб:
— Қалай? – деб сўради.
— Шунга айтяпман-да.
— Олтмишинчи йилларнинг куйлаги бу, — Шукур ака бармоқлари билан енгини ушлаб қўйиб, — сифатини қаранг, — деди, — янгигина турган экан, кийиб олдим.
Куйлак Шукур акага жуда мос эди.
— Жуда ярашибди, — дедим ҳавасим келиб,кейин фикримни айтдим, — умуман сизга ҳар қанақа кийим ҳам ярашаверади,а-а, Шукур ака.
Шукур ака мени энди кўраётгандек афтимга тикилиб турди-да:
— Усмон ҳам менга шунақа дейди, — деди шоир Усмон Азимни назарда тутиб.
Кейин:
— Ҳожиакбар Шайхов Туркияга борган экан, менга бир жуфт туфли келтирибди, — деди. – Жуда пишиқ, қимматбаҳо туфлилар экан…Бир-икки кийдим-у, тағин яна ўзимнинг эски туфлимга қайтдим.
— Нега?
— Мен кийиб юрган туфлининг пошнаси баландроқ эди, шунга ўрганиб қолган эканман-да, — дея, айёрона жилмайганча қўшиб ҳам қўйди. – Ўзи биласиз-ку, пакана одамларни ҳам унчалик жиним суймайди.
— Сизга билинмасди-ку, Шукур ака.
— Биламан, лекин, барибир ҳам қандайдир чўкиб қолгандай бўлдим-да, э қўй-э, дедим.
— Бир-ярим кийиб юрсангиз, аста-секин уларгаям кўникасиз.
Шукур ака кифт қисиб қўйди.
Шу чоқ автобус келиб қолди.
Автобусга чиқдик.
Манзилга етишимизга ҳали бор эди.
Шукур ака икки-уч бекат олдин:
— Тушамиз, — деди.
Мен ҳайрон бўлиб:
— Нега? – деб сўрадим.
— Тушаверинг, гап бор, — деди Шукур ака.
Мен у кишига эргашиб автобусдан тушдим-у, нима гап экан, дегандек Шукур акага қарадим.
— Яёв кетамиз, — деди Шукур ака.
Мен у кишининг сумкасини қўлидан олмоқчи бўлган эдим, унамади.
— Қўяверинг, — деди.
Шукур ака бир-бирига ёндош қурилган ҳовлилар орасидан, девор оралаб ўтган чап томондаги йўлакчага бурилди. Пича юрганимиздан кейин буғдойзорга чиқиб қолдик. Буғдой бошоқлари етилиб қолган бўлса-да, ҳаммаёқ бирдек сариқ тусга кириб улгурмаганди.
— Мана шу буғдойзорни кесиб ўтамиз, — деди Шукур ака.
Мен иккиланиб:
— Йўл бормикан? – деб сўрадим.
— Сиз юраверинг, — деди Шукур ака. – Мен ўзимга мана шу буғдойзорнинг ўртасидан ёлғизоёқ йўл очиб олганман. Буни ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Айтганим ҳам, кўрсатганим ҳам йўқ. Мана, энди сиз билиб қўйинг. Бошқаларга айтиб юрманг, фойдаси йўқ, барибир бизнинг йўлимиздан ҳеч ким юрмайди. Юргиси келсаям, буни эплашолмайди, буғдойзорни пайҳон қилиб юборишади.
Шундай деб, Шукур ака йўл бошлади.
Буғдойзорга кираётганимизда Шукур ака:
— Сиз менинг изимдан қадамба-қадам юринг, — дея огоҳлантираркан, буғдойзор ўртасида баландроқ бўлиб ўсиб турган қандайдир ўсимликни кўрсатиб, — анави кавракни кўряпсизми, шуни мўлжал олиб борамиз, — деди.
Мен буғдой пояларини топтамаслик ташвишида эдим.
Болалик чоғларимиздан бошлаб ердан уруғ униб майсалар қийиқ тилларини чиқаришдими бас, у ерга қадам босиш ҳам, мол ҳайдаш ҳам гуноҳ эканлигини билардик. Энг кўп эшитган ривоятларимиз ҳам нон ва ризқ ҳақида бўларди. Тўғри, баъзан чек-чегарасиз туюлган буғдойзорларни оралаб ўтган йўллар ҳам бўлади. Бироқ, ҳозир Шукур ака бошлаган жойда унақа йўл йўқ эди, даланиям нариги томони кўриниб турарди.
Мен Шукур аканинг айтганини қилишга уриниб, унинг кетидан кета бошладим. Шукур ака баъзан тиканларни четлаб, баъзан ҳатлаб-ҳатлаб ўзигагина маълум бўлган ёлғизоёқ йўлдан юриб борарди. Мен томонга ўгирилиб қараб ҳам қўймасди, сўз ҳам қотмасди – ортидан эргашиб бораётганим ёдидан кўтарилиб кетгандек эди. Илло, ҳозир ҳам ўша лаҳзаларни ўйлаб тасаввур этиб ўтирарканман, ўша буғдойзор оралаб ёлғизоёқ йўл ўтганини Шукур акадан бошқа анча-мунча одам ажрим қилиб олиши ниҳоятда мушкул эканлигига қайта-қайта амин бўламан.
Унинг хатти-ҳаракатлари бадиий тафаккурига мос эди.
Унинг бадиий тафаккури ғайритабиий тарзда барча нарсани идрок этиб, қамраб ола биларди.
Унинг қалби, онги-тафаккури заррабин каби ишларди.
Унинг сергак нигоҳидан ҳеч нарса четда қолмасди.
Бироқ, у шунчаки кузатувчи эмас эди.
Унинг қалбидаги она еримизга, элимизга, урф-удумларимизга, ўтмишимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат унга нарса-предметларни сеҳрга буркаб кўрсатар эди.
Унинг нигоҳида ҳамма нарса сеҳрли эди.
Шу сабабли, у оддий кузатувчи бўлмагани каби оддий тасвирловчи ҳам эмас эди. У ҳақиқий маънодаги ижодкор эди. Унинг қалами сеҳри билан қум босган тепаликлар Кушонлар даврининг гавжум шаҳарларига айланар, қадим ғорларда йўл-йўлакай учрайдиган илон-чаёнлардан ҳам ҳайиқмай у тагкурсиларни пайпаслаб топар, бу тагкурсилар устида хаёлан азамат устунларни тиклар, устунлар оралаб юрган аждодларимизнинг шарпаларини илғай оларди… Уларнинг суҳбатларига қулоқ тутарди, уларнинг тилидаги жозиб садоларнинг маъносини илғарди. Чунки, у ўзини ўша олис ўтмишга ҳам дахлдор санарди, уни унутилиб кетмаслигига ўзини масъул санарди.
“Бу қандай ёзувлар экан? Ҳа-а, буниси қўшон ёзуви бўлса керак, ҳарфлари китобларда кўрганимдек: бир-бирига уланиб кетган “о”ларга ўхшайди. Анави ёзув санскрит бўлса керак. Униси араб ёзуви. Ўткинчилар қолдирган бу ёзувларни шубҳасиз. Ғорнинг бу тешигидан тепага чиқиб олдим. Ғалати ҳолда эдим, шод бўлиб шод эмас, ғамгин бўлиб ғамгин эмас…Чамаси, мен асрлар даомида тараққий қилган антик санъатимни оқибатда бадавий лашкарлар топтаб, йўқ даражага келтирганини ўйлаб, ғижинар эдим. Лекин айни чоқда санъатпараст халқим кейинчалик фотиҳларнинг тазйиқига ҳам қарамай ўзи яратган кошоналари, тилсиз-забонсиз геометрик чизиқлар, бўёқлар ўйинида ўз қалбини изҳор қилиб қолдиргани кўнглимга тасалли берарди.”
Шундай эса-да, у ҳамон тасалли тополмасди.
Унинг қалб замини мана шу буғдойзор ястаниб ётган замин каби саховатли эса-да, у ҳамон тасалли тополмасди. Чунки, унда истак ва талаб кучли эди. У ўзи кўраётганларини истагидаги ва талабидаги манзаралар билан чоғиштиришга-да қўрқар эди, шунинг учун изтироб чекарди, шунинг учун тонгларни бедор оқартирарди, унинг нигоҳидан: “биродарлар, бунақа бўлмайди ахир, қўйсангиз-чи, ўзингизга бир боқсангиз-чи, қандай аҳволга тушганингиз кўрмайсизми” каби маъноларни уқиб олиш қийин эмасди.
Ҳазрат Алишер Навоий:
Табиатда ҳар неки одат бўлур,
Чу эскирди одат табиат бўлур,
дея лутф этганлари ёдингиздадир?
Ёзувчи сифатида инсон характерини кўрсатишни юксак аъмолга айлантирган Шукур Холмирзаев бу характерлар орасида ўзини йўқотмас, у ёки бунисига ён босишни хаёлига келтирмас, ҳаёт ҳақиқатлари барчанинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб ташлашини теран англарди. Шу сабабли, унда ҳаёт ҳақиқатларини бўямасдан-бежамасдан кўрсата олиш санъати инстинкт каби шаклланган эдики, бу ҳақиқатларни ўйлаб топиб бўлмас, уни ҳаётнинг ичидан олишга тўғри келарди.
Бу ҳақиқатлар қанақа?
Уларни қайси пучмоқлардан излаш ижодкор учун ўнғай бўларкин?
Бу каби саволларга дабдурустдан жавоб бериш мушкул. Бу саволларнинг жавоби ижодкор ҳар лаҳзани сантимба-сантим кашф этиш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир. Ижодкор учун ҳар лаҳзанинг йўқолишида ҳамиша иккита катта йўқотиш: шу лаҳзанинг ўзини ўлими ва милён йилларнинг сўнгги нафаси ҳавога учиши хавф-хатари туради. Бу лаҳза абадиятга дахлдордир, абадиятнинг давоми, абадиятнинг барқарорлиги шу лаҳзада мужассамдир.
Бу абадиятни ижодкоргина кашф эта олади.
Бу Шукур Холмирзаевнинг сермашаққат меҳнати кашфиётидир.
Ёзувчи йигирма ёшидан бошлаб умрининг охиригача кечган бирор лаҳзани қочириб юбормади, лаҳзаларга мазмун бахш этди, уқдирди, қийнади-қистади – уларни абадиятга дахлдор қилди. Энди бу лаҳзалар абадият юксакликларида ёзувчи шаънига шоён олқишлар ёғдиришади, ўлмас руҳ шавкати абадият тонгларини мунавварлаштираётганига гувоҳ бўлишади – бошқаларга бирровгина насиб этган саодатга Уста қайта-қайта ноил бўлаётганини кўриб чапак чалишади.
Шукур ака ўзи мўлжал олган бўғдойзор ўртасидаги кавракка етиб келганда тўхтади.
Ортига ўгирилиб:
— Келяпсизми? – деб сўради.
— Ҳа.
У ҳузурланганча чуқур-чуқур нафас олиб, теварак-атрофга туймаётгандек боқди. Ҳаво тоза. Бўстонлиқ томондаги қир-адирлар ортида тоғлар яққол кўриниб турарди. Шукур ака ўша томонларга қараганча:
— Тоғ этакларидаги адирларда ўсган буғдойзорлар орасида бўтакўз кўп бўлади, — деди.
Мен теварак-атрофга аланглаб, шунчаки нимадир дейиш учун:
— Бу ерда бўтакўзга кўзим тушмади, — дедим.
— Бу ерда экин алмашлаб экилади-да, — тушунтирди Шукур ака. – Ўтган йили пахта экилган, бу йил буғдой…Айрим ўт-ўланларнинг уруғлари буғдой уруғига илашиб келиб қолмаса, пахта жониворга сепиладиган дори ҳар қандай ёввойи ўтларни илдиз-пилдизи билан қуритиб юборади… Мана, оқтикан, кўктикан деганларни бу ерларда излаб ҳам тополмайсиз…
— Каврак бор экан-ку, — дедим.
— Бу адашиб келиб, тасодифан жон сақлаб қолган, — деди Шукур ака.
Мен унга “Ёввойи гул” деган ҳикоясини эслатмоқчи эдим, лекин нимадир бўлиб чалғидим.
— Кетдик, — деди Шукур ака. – Энди ҳў-ўв анави йўл четидаги қатор тутларни кўряпсизми, ўшаларнинг ўртадагисини мўлжалга оламиз.
— Ёлғизоёқ йўлингизни тикка далабоққа олиб чиқадиган қилиб солмаган экансиз-да, — дедим буғдойзорни кесиб чиққанимиздан кейин ҳам анча йўл юришимиз кераклигини назарда тутиб.
Шукур ака менга бир қараб қўйди-да, нимадир демоқчи бўлди ва лозим топмади, шекилли, индамай йўл бошлади.
Кўп ўтмай биз буғдойзордан тутзорга чиқиб олдик. Гарчи, буғдойзор оралаб ярим соатдан ортиқ йўл юрмаган бўлсак-да, катта йўлга чиққанда мен тўсатдан бошқа дунёга келиб қолгандек бўлдим. Инсон ҳиссиётлари беқарорлиги туфайли унутишга маҳкум, озгина туртки билан Лев Толтой далада қариқиз ўсимлигини учратиб, унинг чайирлигига гувоҳ бўлганда дунёга машҳур асари “Ҳожимурод”ни ёзгани каби онг остида кўмилиб ётган нималарнидир қўзғаш учун бот-бот мана шундай ўзига хос тарздаги нарсаларни ўйлаб топиш ёзувчининг эҳтиёжига айланиб қолгандек туюлганди ўшанда менга. Кейинчалик мен ҳарчанд уринмайин, бу буғдойзорга, ўша ёлғизоёқ йўлга танҳо ўзим буғдойзорни пайхон қилиб қўйишдан қўрқиб киришга ҳайиққан эдим. Қолаверса, у йўлнинг қаердан бошланиб, қаерда тугашини ҳам билмас эдим.
Катта йўлга чиққанимизда кўндаланг тушган поезд йўлни кесиб биз томонга яқинлашиб келаётган эшакаравани кўрдик. Эшакаравада ўн-ўн икки ёшлардаги учта қора-қура болалар бор эди. Улардан бири қўлидаги хипчин билан аҳён-аҳёнда аравани тортиб бораётган эшакнинг сағрисига уриб-уриб қўяр, қолган иккитаси орқада ўтирволиб қандайдир ашулани хиргойи қилишарди.
Улардан бири Шукур акани кўриб қолиб қўлини олдинга чўзганча қандайдир фавқулодда ҳодисага дуч келгандек:
— Ана-а, ёзувчи амаки! – дея қичқириб қолди.
Олдиндагиси эшак жиловини тортиб аравани тўхтатаркан:
— Аравамизга яна минасизми, амаки? – дея сўради илтижо қилаётгандек.
Унинг сўзидан англадимки, Шукур ака уларга нотаниш эмас, қачонлардир аравага миниб танишишга, наинки танишишга, бу жужуқвойларнинг тоза қалбларидан жой олишга улгурган эди.
— Биз икки кишимиз, — деди Шукур ака ғоят муҳим нарса устида сўз кетаётгандек ўта жиддийлик билан.
— Майли, майли! – чувиллашди орқадаги болалар, — биз тушамиз, сизлар миниб олинглар.
Шундай деб, улар аравадан сакраб тушишди.
Шукур ака менга қаради.
Бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини билмаганим учун мен ўзимни бошқа ёқларни томоша қилаётгандек кўрсатдим.
— Бунақаси кетмайди, — деди Шукур ака. – Навбатма-навбат минадиган бўлсак аравага чиқишим мумкин.
Болалар “ёзувчи амаки”нинг фикридан айниб қолишидан қўрқишгандек бу таклифга дарҳол рози бўлишди.
Шукур ака аввал қўлидаги сумкасини аравага ташлади.
Сўнгра ўзи чиқиб ўтираркан, пастдаги болаларга:
— Энди бирорталарингиз бу ёққа чиқинглар, — дея ўз ёнидан жой кўрсатди.
Болалар нақд бўлиб турган бахтдан бенасиб қолмаслик учун имкониятни бой бермай аравага тирмашишди ва улардан чаққонроғи аввалроқ чиқиб, Шукур ака кўрсатган жойни ишғол қилди.
Иккинчи бола бироз мулзам бўлганча индамай пастга қайтиб тушди. Чамаси, у ҳам бунақа вазиятда Шукур аканинг олдида талашиб-тортишиш бефойда эканлигини яхши англаган бўлса керак.
Йўл ярмига етганда биз ўрин алмашдик.
Шукур ака ортиқча мулозиматни ёқтирмасди.
Дўрмон далабоғига озгина йўл қолганда болалар аравани ўнг томонга буришди, улар ўт олиб келиш учун кетишаётган экан.
Биз улар билан хайрлашиб, ижод уйи томон кетдик.
Бу ижод уйига собиқ иттифоқнинг, республикамизнинг турли бурчакларидан шоир-ёзувчилар келишар, улар орасида катта ижодкорлардан тортиб ҳаваскор қаламкашларгача бўлар эди.
Четдан келганлар Ўзбекистонда шоир-ёзувчилар учун яратиб қўйилган бундай шарт-шароитларга қойил қолишиб, мамнун бўлишар, адабиётимиз ва ундаги янгиликлар билан қизиқишиб, ўнг келганда ўз тилларига таржималар ҳам қилишарди.
Шукур ака уч қаватли ижод уйининг учинчи қаватидаги энг бурчакдаги хонада одатдаги муқимбойлигини давом эттирарди.
Назаримда, бу ерга ташриф буюрадиганларнинг кўпчилиги унинг катта ёзувчилигини билиб ҳурматини жойига қўйишар, билмасликка олганлари ҳам ичдан тан беришларини пайқаш қийин эмасди.
Айниқса, далабоғ раҳбари Сергей ака деган киши ўзи ёзармиди-ёзмасмиди, билмадим-у, қўлига қалам ушлаган зот борки, унга авлиёдек кўринарди. Боғда етиштириладиган сархил меваларни дастурхонга пешма-пеш тортиб туришидан ташқари, Шукур Холмирзаевга ўхшаган таъби инжа шоир-ёзувчиларнинг хоналарига билдирмайгина боғда ўстирилган гуллардан гулдаста саралаб гулдонга солдириб қўяр, бу ҳам ижодий ишга кўмак беришига ишонарди.
Яхши одам эди-да, Сергей ака!
Тўй-ҳашамларга бораётганда “РАФ” русумидаги машинани эшик оғзига кўндаланг қўйдирганча, бу ердагиларни ўзи бир-бир хабарлаб чиқарди.
У ҳам Шукур аканинг кайфияти-руҳиятини яхши англар, халақит бериш лозим бўлмаган вақтларда унга яқинлашмасди ҳам.
Шукур акани ўзи ҳам кўнгли биров билан ўтиришни қўмсаганида сал иккиланиб, тортингандай бўлиб, назокатни қўлдан бой бермай таклифини айтарди.
Аксинча бўлганида Шукур ака бемаврид таклифларни бир оғиз:
— Рўзаман, — деган сўз билан рад қилиб қўя қоларди.
Унга чамаси, ижод қиляпман, деб айтиш ноқулай туюлган бўлса керак.
Умуман олганда, Шукур ака ёзмаган пайтларида табиат, овчилик сингари мавзуларда кўпроқ сўзлашни ёқтирарди.
Аҳён-аҳёндагина ўз ишларидан хабардор қилмаса, аксарият ҳолларда унинг қандай асар устида ишлаётганини билиб бўлмасди. Назаримда, у профессионал сифатида то асар тугагунча ҳам нималардандир хавфсираб турганга ўхшарди. У ўзи қандай асар яхши-ю, қандай асар ундайроқлигини жуда яхши ажрим қила олгани учун ҳам ўз фикрида собит тура оларди: сохта мақтовлар-у палапартиш таҳлилларга шу сабабли у эҳтиёжманд эмасди, асар коньюктура маҳсули эмас, қалб эҳтиёжи эканлиги унга яхши маълум эди.
Ҳозир ҳам болалар билан хайрлашиб, ижод уйи томон йўл оларканмиз, у туйқусдан хаёли бошқа ёқларга кетгандек бўлиб жимиб қолди.
Ижод уйига етиб келиб, тепага кўтариладиган зинапоя олдида бир зум тўхтаб қолди-да:
— Янги асаримнинг номи “Динозавр” бўлади, — деди ўз-ўзидан.
Рости гап, ўшанда бу ном менга жуда ғалати туюлган, хаёлимдан турли-туман тахминий мавзуларнинг шарпалари изғиб ўтиб кетганди.
— Нима ҳақда? – дея сўрашга журъат этдим.
— Динозаврлар йўқолиб кетганига аллақанча замонлар бўлган, лекин, қуртлар ҳамон яшаяпти, — деди Шукур ака яшириб ўтирмай. – Инсоният ҳаётида ҳам шундай…катта ҳиссиётларга қараганда майда туйғулар яшовчан бўлади. Улкан шахслар яшаш санъатидан хабарсиз бўлганликлари учун ёлғизлик комида ўзлари билан ўзлари курашиб ҳалокатга учрайдилар, қолганлар бемалол яшайверишади еб-ичиб, уларнинг ҳеч нарса билан ишлари бўлмайди. Нега шундай?
Бу гап мени лол қолдирди.
Беихтиёр болаликда эшитган бир ривоят ёдимга тушди: эмишки, Одам Ато ва Момо Ҳаво замонларида одамлар жуда улкан гавдали бўлишган эмиш, Одам Атонинг бўйлари ҳам жуда баланд бўлган эмиш. Бора-бора одамларнинг жуссалари майдалашиб, ахийри, қиёмат-қойим замонида улар шувоқ шохларида ўтиришар эмиш.
Халқ оғзидаги бу юримсак ривоятнинг мазмун-моҳияти Шукур аканинг гапидан сўнг очиқ-ойдин аёнлашгандек бўлди. Демак, халқ бу ривоятни беҳуда тўқимаган экан-да. Унга катта рамзий маъно юклаган экан, бу тилсим экан — мана, халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев бу тилсимнинг калитини қўлда ушлаб турибди.
Бу тасодифми?
Балки, шундайдир.
Аммо бу тасодифда қонуният мавжуддир. Халқ ичидан чиққан, онгу шуурининг қат-қатларига халқ бадиий тафаккурининг шуълалари табиий тарзда йўғрилиб кетган ижодкоргина шу асно юксалади, унинг мустаҳкам илдизларидан оққан обу ҳаёт шу асно тепага интилиб мева тугади.
Шукур ака индамай зиналардан юқорилай бошлади.
У киши негадир тўғри юрмай, аввал ўнг оёғини зинага кўндаланг қўйиб ёни билан юраётгандек бўлиб тепага чиқарди.
Бир гал бунинг сабабини сўраганимда:
— Тоғ чўққисига шундай чиқилади, — деганди. – Негаки, тепага чиқаётганда бир оёғингиз ҳамиша таянч бўлиб туриши керак, қулаб кетгудай бўлсангиз у сизни суяб қолади, кейин бунақа юрганда одам чарчамайди…
Мен унга Фридрих Ницшенинг “Зардушт ўгитлари” китобидаги “Чўққининг ўзи эмас, унгача босиб ўтилган йўл муҳим” мазмунидаги гапини эслатган эдим, Шукур ака:
— Улар шунақа дейишади, — деди ўзини қандайдир ажратиб кўрсатганча.- Биз учун бошқача…Чўққи албатта муҳим. У – мақсад, йўл – восита.
9
Эшикни тақиллатиб, хонамга кириб келди.
Мен Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романини ўқиб ётардим.
Уни кўриб қўлимда китоб билан сакраб ўрнимдан турдим.
У бир менга, бир китобга қараб қўйди-да:
— Яхши…- деди.
Қўлимдаги китобнинг бетини белгилаб стол устига қўйдим.
– Толстойни ўқиш керак, — деди у хаёли бошқа ёқларда кезинаётгандек, кейин тўсатдан ёдига нимадир тушгандек бўлиб сўраб қолди:
— Нима деб ўйлайсиз, бунақа қалин китоблар қачонгача ўқиларкин, а?
Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эдим.
Кифт қисиб қўйдим.
— Юринг, ташқарига чиқамиз, — таклиф қилди у.
Дарҳол китобни йиғиштириб, бажонидил унга эргашдим.
Чиқаётиб:
— Қаҳҳор беҳуда қисқа ёзмаган, — деди ҳамон дастлабки фикрнинг давомини таҳлил қилаётгандек.
Мен бўлсам, нимадир дейиш учун йўл-йўлакай:
— Абдулла Қаҳҳорнинг сизга қайси ҳикояси ёқади? – деб сўрадим.
— “Минг бир жон” деган ҳикояси бор-а, ўқиганмисиз?
— Ҳа, албатта.
— Зўри ўша!
— Бошқалари-чи?
— Бошқалари ҳам яхши-ю… – Шукур ака йўлак ўртасида бир зум тўхтаб сигарет тутатиб олди-да, давом этди. – “Минг бир жон” жуда табиий. Қаҳҳорнинг мастерлигини кўрасиз шунда.
Мен “Минг бир жон” ҳикоясини тасаввуримда жонлантирарканман, Шукур аканинг асарни бехато баҳолай олишига ичимда тан бердим. Ахир, зар қадрини заргар билади, дея беҳуда айтишмаган-да.
Ташқарига чиқдик.
— Бизда бир ёмон қусур бор, — деди Шукур ака ҳамон қаёққадир йўл бошлаганича, — бир урадиган бўлсак ўнгламайдиган қилиб уриб юборганимиз каби бир идеаллаштирсак ҳам тамом фариштага чиқариб қўямиз…Умуман олганда, Қодирийда ҳам, Қаҳҳорда ҳам мен қўшилмайдиган ўринлар кўп, чалкашликлар учрайди – бу табиий. Уларнинг ижодини таҳлил қилиш бошқа нарса, шахсини ҳурматлаш-иззатлаш бошқа нарса…Бугун насрнинг имкониятлари кенгайиб бормоқда, пиллапоя сифатида уларнинг ижоди ҳамиша ҳурматга сазовор бўлиб қолаверади…
Рости гап, бундай гапларни айтиш нари турсин, ҳаттоки, бундай ўйлашдан ҳам негадир мен доимо ҳайиқардим.
— Қонимиз шунақа, — деб қўйди Шукур ака хаёлимдагини уққандек.
Кейин:
— Тоза вино ичганмисиз? – деб сўради.
— Портвейн ичганман.
— Э, қўйинг-э, портвейн ҳам вино бўлди-ю, — деди Шукур ака назари илмагандек.- Анави Арғин томонда бир кукэ бор, ўзи узумдан вино тайёрлайди, барибир бошқача-да, юринг ўшандан бориб олиб келамиз, бугун сиз билан би-ир ичгим келди…
Мен унга эргашдим.
Улуғ бир ёзувчининг ўзи айланиб келишга таклиф қилиб турганида “Анна Каренина”нинг мутолааси бироз ортга чўзилса Толстой хафа бўлмас ахир, деган эдим, бу гап Шукур акага ёқиб кетди шекилли, бошини ортга ташлаб қаҳ-қаҳ уриб кулди.
Шу гап баҳона бўлди-ю, Толстойнинг ғалати одатлари, ичкиликни ёқтирмагани, унинг черковга, аёлларга муносабати ва шунга ўхшаш буюк ёзувчи ҳаётига бевосита дахли бўлган бошқа мавзуларда сўз очилди.
— Толстойнинг дунёқараши қарама-қаршиликларга тўла бўлган, — деди Шукур ака жиддий тарзда. – Ёзувчи бўламан деган одам яхшиси унинг хатларини кўпроқ ўқиши керак…У подшога очиқ-ойдин гап айтишдан тоймаган, шунинг учун ҳам Николай Толстой иккаламиз битта Россияга сиғишимиз қийин, деганга ўхшаш гап айтган…Толстойнинг зўрлиги шундаки, у қўрқмаган, ўзининг устунлигини билган, ўзининг устунлигини била туриб, шуни тан ҳам олдирган-да…Рус ёзувчилари орасида биргина Толстойгина мустамлакачилик сиёсатини ёқламаган, у хатларида Николайга сени олқишлаётган одамлар фуқороча кийиниб олган жандрмлар, деган гапни айтган-а…
Шу тариқа гангур-гунгур суҳбатлашиб, Арғиндаги Шукур ака “кукэ” деб атаган кишиникига етиб бордик.
Шукур ака бир тавақаси қийшайиб турган кўк темир дарвозани ўртанча бармоғи билан уриб тақиллатаркан:
— Кукэ! – деганича овоз ҳам чиқарди.
Бу даъватга қандай акс-садо бўлишига қизиқиб мен дарвоза тирқишидан ичкарини қизиқиш билан кузатиб турардим.
Шу маҳал қаёқдандир ярми жуни тўкилиб оёқ остидаги эски пўстакдай бўлиб қолган кичкина қора кучук вакиллаганча дарвоза олдига югуриб келди. У нариги томонда турволиб тумшуғини дарвоза тирқишига тиқишга уринганча вакиллашда давом этаркан, қора мунчоқдек кўзлари безовта қилаётган одамларнинг кимлигини билишга қизиқиш билан ғилтилларди.
Унинг ортидан:
— Сигнал, қойт! – деган ҳукмпармо овоз эшитилди ва кўп ўтмай палапартиш кийинган, бақалоқ киши ҳалпиллаганча югуриб келиб дарвозани очди-ю, Шукур акани кўриб анчадан буён йўқотиб қўйган қариндошини топиб олгандек ниҳоятда севиниб кетди, бу севинч унинг юз-кўзларидаги ифодаларда алайно ошкор кўриниб турарди.
— Ой, Шукур оға! – деди у қучоқ очиб.
Шукур ака унинг хитобигаям, қучоқ очиб келаётганигаям унчалик эътибор бермай, қовоғини очмаган ҳолда қўлини узатди-да:
— Салом, кукэ, — деди.
Бундай муносабатдан кукэ бироз довдираб қолгандек бўлди.
Кейин у ҳам бошини ғалати тарзда ликиллатиб Шукур аканинг узатиб турган қўлини қўшқўллаб ушлаганча, қўйворгиси келмаётгандек силкита-силкита ҳол-аҳвол сўрай кетди.
Унинг мулозиматларига жавобан Шукур ака истамайгина бош ирғаб қўйган ҳолда қўлини тортиб олди.
Бу пайтда эгасининг буйруғи билан ичкарига қочиб кирган Сигнал яна қайтиб чиққан, энди думини ликиллатганча уларнинг кўришишларини мен каби қизиқиш билан тумшуғини кўтариб томоша қилиб турарди.
— Шукур оға, ишкари кирсангши, — деганича икки қўли билан ҳовлиси кўрсатиб, кукэ бизни астойдил таклиф қила бошлади.
Шукур ака унинг бу таклифини эшитиб, ўзини эшитмаганга олди.
Биласиз, Арғин деганлари Тошкентнинг шундоққина четида, баҳаво, ерга чўп суқиб қўйсаям униб, мева берадиган заминга эга. Бироқ, мен ташқарида туриб ҳам ичкари мўраларканман, кукэнинг ҳовлисида номига бўлса-да, бирорта дарахт кўрмай ҳайрон бўлар эдим. Кукэ вино тайёрлайдиган узумлар ишкоми ҳам ташқарида, йўл бўйида эди. Йўл бўйида гуллар ҳам экилган эди. Умуман олганда, йўл бўйининг манзараси билан кукэнинг ҳовлиси ичкарисидаги манзара бир-бирига мутлақо тескари эди. Ҳовли этагидаги гўнгтўдада пашшалар ғужғон ўйнаётгани яққол кўриниб турарди. Ҳовли саҳнида аллақандай арава гупчаклари, алмисоқдан қолган автомобил шиналари, симғалтаклар, унда-бунда бўшаган шишалар сочилиб ётарди. Чамаси, бу йўлдан ҳар хил катта-кичик мансабдаги одамлар басма-бас у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ўтиб туришгани учун уларнинг кўзларига чиройли кўринсин деб ташқарига жиддий эътибор беришган, йўл четлариги узум ишкомларининг дид билан кўтарилгани ҳам шундан, қолаверса ташқи томондан деворлар ҳам оқишу кўкиш рангларнинг қоришмасига ўхшаган аллақандай номаълум тусдаги буёқ билан бўялган ҳам эди. Ҳовлининг ичкариси кўзга ташланмагани учун кукэ кўнгли қандай тусаганича ва имконига яраша яшаб келар, у ташқаридаги ишкомнинг узумидан вино тайёрлаб сотаётганидан боши осмонда кўринарди. У ҳовлига ўзидан бўлиб дарахт-парахт экиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмаганди.
Менинг ҳовли ичкарисидан кўз узмай турганимни кўрган кукэ:
— Сен ҳам кирсангши, — дея тирсагимдан ушлаб қистади.
Мен Шукур акага қарадим.
Шукур ака жиддий қиёфада турарди.
— Бошқа сафар, кукэ, — деди Шукур ака унинг таклифини оҳисталик билан, аммо кескин рад қиларкан.
— Бошха сафар, бошха сафар, — дея такрорлаётган кукэнинг туйқусдан жаҳли чиқиб кетиб: — Қашон? – деганича кўндаланг савол ташлади.
— Ўзим айтаман, — деди Шукур ака қовоғини янаям баттарроқ уйганича.
Кукэ Шукур акага қаради-ю, негадир дарҳол пилдирпис бўлиб, қўлини кўксига қўйди.
— Хо-оп! – деди унинг гапига ишонгандек, кейин бармоқларини ёйиб кўрсатганча. – Нешта? – деб сўради.
— Битта, — деди Шукур ака тупураётгандек.
Кукэ бошини эгиб лапанглаганча ичкари кириб кетди.
Сигнал ҳам биз томонга бир қараб қўйди-ю, бу ерда туриш фойдасизлигини сезгандек эгасининг ортидан чопганича уям кетди.
У ёқ-бу ёқларга аланглаб томошалаётгандек бўлиб турган Шукур ака кукэнинг ортидан ишора қилиб:
— Кўп гапиради, — деди.
Кейин:
— Дангаса, — дея қўшиб ҳам қўйганидан у кукэни унчалик ҳам ёқтирмаслигини пайқагандек бўлдим. Чамаси, у мени бу ерга бошлаб келгани ҳам бежиз бўлмай, айнан шу ёқтирмаслиги сабабидан бўлса керак.
Кўп ўтмай кукэ бир литрлик банкада вино кўтариб чиқди. Мен уни халтага солиб олдим.
Кукэнинг қисташларига қарамай биз у ерни тезгина тарк этдик.
Қайтишда дўконга кириб ул-бул тиш босса бўладиган егулик олдик-да, яна йўлга тушдик.
Йўл-йўлакай, тутзорнинг ёнидан ўтаётганимизда Шукур ака кенг-мўл соя солиб турган бир тутнинг остини кўрсатиб:
— Анави ерга ўтира қоламиз, — деди.
Қаршилик қилмадим.
Тут остида, ўтлар устида жойлашиб ўтириб олдик.
Шукур ака узоқ-узоқларга қараб турди-турди-да, кейин:
— Қўйинг, майли, — деб қўйди.
Йўлда дўкондан битта пиёла ҳам олволгандик, шунга навбатма-навбат қўйиб ича бошладик.
Шукур ака туйқусдан тут остини танлагани бежиз бўлмай, у табиатни жон-дилдан севгувчи киши бўлгани учун, шунақа жойларни кўпроқ ёқтирарди.
Ўтиришимиз давомида шу нарса маълум бўлдики, Шукур ака айрим тутларнинг кавакларига озгина елим қоғозга ўралган туз, елим қоғозга ўралган гугурт доналари ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳам яшириб қўйган экан. Керак бўлиб қолганда у ўрнидан туриб қидириб кетиб қолар, яширган жойларидан шу нарсаларни топиб келтирганида тилла топгандек ғоятда қувониб кетарди.
— Овчиларнинг одати шунақа, — деди бир умр овчиликдан бошқа иш қилмаган кишилардек.- Ғорларнинг кавакларига, ўнгирларда шунақа нарсалардан оз-оз қолдириб кетишади…Ундан кейин келган бошқа овчилар учун бу нарсаларга зарурат туғилиб қолса топиб олиб ишлатишади ва раҳмат айтиб, ўзлариям кейин келадиганларга ул-пул нарсалар қолдириб кетишади…Улар бир-бирларини танишмаса-да, мана шу қадимий одат ўртадаги муносабатни ушлаб туради, кўрдингизми қандай яхши…
Қандай вазиятда бўлмасин, Шукур ака бежиз гапирмайди. Унинг сўзлари замирида насрга беқиёс озуқа берадиган фикрлар, тафсилотлар, манзаралар мана ман деб кўриниб туради. Мен унинг бутун вужуди билан ижодкорлик фаолиятига берилганига қаттиқ ишонаман.
11
Саид Аҳмадни водийдан йўқлаб келишди.
Йўқлаб келганларнинг барчаси хушкалом ёзувчимизнинг ўзини таъбири билан айтганда, самовордек йўғон-йўғон, улар адабиёт ихлосмандидан ҳам кўра кўпроқ чойхонанишин улфатлар таассуротини уйғотарди.
Дарҳақиқат, улар дарҳол енг шимаришиб қозон-учоққа уннаб кетишди.
Бири ёзувчининг боғи оралаб қуриган шох-шаббаларни териб келади, бири бўйинбоғини елкасидан ошириб орқага ташлаганча учоққа энкайиб ўтинни аланга олдириш учун лунжини шишириб пудайди.
Арғувон остида, сув бўйида ҳаш-паш дегунча бўлмай стол тузатилди.
Келганлар бир-бирларига ҳазул-ҳузул гаплар айтганча, қоғоз халталардаги масаллиқларни олиб товоқларга солишди. Уларнинг сабзи-ю пиёз, гўшту ёғ тўғрашдаги чаққонликлари савлатли гавдаларига номуносибдай кўринса-да, бу машғулотдан чексиз завқу шавқ олишаётгани юз-кўзларидаги ифодаларда, табассумларида, аҳён-аҳёнда қаҳ-қаҳ уриб кулишларида намоён бўлиб турарди.
Саид Аҳмад бу ишларга дахли йўқдек столнинг бир бурчагида қўнишибгина сигарет тутатиб ўтирарди.
У бу серғайрат одамларнинг нима мақсад-мудааода бу қадар шитоб ҳаракат қилишаётганининг боисини ҳам тузук-қуруқ англаб етмаётгандай ҳам кўринарди.
Қозон бошидаги бирови учоқдаги ўтин аланга олиб кетганидан мамнунлигидан бўлса керак, ўзини бир томонга олганча Саид Аҳмад томонга қараб:
— Сиз билан бир ўтирайлик дедик-да, устоз, — деди қандайдир марҳамат кўрсатгиси келаётгандек.
Саид Аҳмад бош ирғаб қўйди-ю, индамади.
Ош пишгунча ҳам арғувон остида гурунг давом этди.
Шубҳасиз, қиттай-қиттай ҳам бўлди.
Қадаҳ сўз айтиш учун кимнинг навбати келса, ўша ўрнидан турволиб Саид Аҳмадга қараганича қандайдир доно фикрларни айтишга уринар, шу тариқа четдан қараган кузатувчида ўзининг ҳам чакана одамлардан эмаслигини намойиш қилиб қўймоқчидай таассурот уйғотарди.
Йўғон бир киши ўрнидан туриб ўзининг оқибатли, дўстларга садоқатли эканлигини узундан узоқ оҳанжомали сўзлар билан тушунтирганидан сўнг:
— Саидаҳмад ака, — дея сўз устасига мурожаат қилди, — келинг, ўртамиздаги меҳр-оқибат кўтарилмасин, ахир ота-боболаримиз ҳам илгарилари бир майизни қирқ бўлиб ейишган-ку, — деганича ҳалиги киши ниҳоятда ўткир сўз топиб айтгандек қўлидаги қадаҳни баланд кўтариб сипқармоққа чоғланди.
Саид Аҳмад унга бирровгина қараб қўйиб:
— Тўғри, илгарилари ота-боболаримиз бир майизни қирқ бўлиб ейишган, — деди унинг гапини тасдиқлаб, сўнгра бунинг сабабини тушунтирмоқчи бўлгандек қўшиб қўйди. – Негаки, илгарилари майизлар ҳам ҳисор қуйларидек катта-катта бўлган-да, агар ҳозиргисига ўхшаб нўхатдек-нўхатдек бўлганида эди бўлиша олмай бизга ўхшаб жанжал қилиб юришарди, қолаверса улар ҳам жа-а аҳмоқ бўлишмаган, шунақа бўлгандайди аксинча қирқта майизни битта оғизга солиб ўзлари еб қўя қолишарди…
Даврада бир зум сукунат чўкди.
Кейин гапнинг мазмуни ҳаммага етиб борди, шекилли, гурр кулги кўтарилди.
Саид Аҳмаднинг шу сўзи баҳона бўлди-ю, давранинг расмий қисми тугаб бадиий қисми бошлангандек аскиявозликка ўтиб кетилди.
Савлатлари отни ҳуркитиб турган ҳалиги одамларнинг жиддийликларидан асар ҳам қолмади, аксинча аскиявозликлари жуда майдалашиб, бачканалашиш даражасига етди.Энди улар бўлар-бўлмас сўзларга ҳам ичаклари узилгудай қоринларини ушлаб кулишар, чамаси, коса тагидаги нимкоса маъноларни жудаям бўрттирилган тарзда илғаб олишмоқда эди.
Даврада Шукур ака йўқ эди.
Аммо, хабар топган экан, эртаси куни тасодифан шу ҳақда сўраб қолди.
Мен унга арғувон остидаги ҳангомаларни сўзлаб бердим.
Шукур ака Саид Аҳмаднинг лутфидан кулиб қўйди-ю, қолган гапларга эътибор бермай:
— Аскияни тушунмайман, — деди тан олгандек бўлиб. — Абдулла Қаҳҳор аскияни гўнгда ўсган гул, деб тўғри таърифлаган, — дея қўшиб ҳам қўйди.
12
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиниш юз берди.
Ўшанда Одил Ёқубов раис эди. Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биносида бўлиб ўтган ёзувчилар съездими, қурултойими – ишқилиб, бир анжуманида шунақа ҳодиса рўй бердики, бунинг сабаблари менга мутлақо қоронғи бўлгани учун, бу ҳақда сўз айтишдан ўзимни тияман. Фақат ўзимга алоқадор бўлган кичкинагина бир воқеа тафсилотига тўхталиб ўтишни лозим топдимки, бунинг бир учи Шукур Холмирзаевга бориб тақалгани учун уни эсга олдим.
Ўшанда нашриётда ишлардим.
Ҳамкасб биродарларимдан эшитдимки, Ёзувчилар уюшмасидан ажралиб чиққан гуруҳ адиблар иттифоқи дея расман тан олинибди. Биз билан ёнма-ён ишлайдиган кўпчилик ёшлар ҳам Ёзувчилар уюшмасини ташлаб у ерга ўтиб олишибди, негаки у ерда талантнинг, истеъдоднинг қадрига етадиган, ўзлари ҳам адабиётнинг бешигини тебратиб турган инсофли одамлар йиғилишаётган экан.
Ўша пайтда адиблар иттифоқининг раҳбарлиги даъвосида юрганлардан бири бош муҳарриримиз хонасидан чиқаётган экан, менга кўзи тушиб:
— Сиз биз томонга ўтдингизми? – дея дабдурустдан сўраб қолди.
— Қайси томонга? – саволга савол билан жавоб бердим ўзимни билмасликка олганимча.
— Адиблар иттифоқига-да.
— Мен ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганман.
— Ҳозир ўтиб олмасангиз, кейинчалик ўтиш қийин бўлади, — деди у ўта жиддийлик билан. – Ора йўлда қолиб кетманг тағин.
Шу гапни айтди-ю, у кета бошлади.
Ўз-ўзидан беихтиёр оғзимдан шу сўроқ чиқиб кетди:
— Шукур Холмирзаев ҳам ўтдими?
— Ҳа, у киши аввалдан биз томонда.
У кетди.
Менинг бошим қотди: рост-да, ўзингиз ўша даврнинг тақозоси билан ўйлаб кўринг, тенг-тўшларингизнинг аксарияти, устига устак кўпчилик устозлардан иборат талантли ижодкорлар яхши ният билан иттифоқ тузишаётган экан, бунинг нимаси ёмон, ўтиш керак бўлса ўтиш-да, деб ўйладим, бу бир томондан тўғри ҳам эди: лекин, иккинчи томондан ўйлаб қараганда, айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер, дея доно халқимиз минг йиллар мобайнида бошдан кечирган изтиробларининг самараси ўлароқ мақол ҳам тўқиган-ку, тарихан бир-бири билан келишолмаслик оқибатида қабилалараро ўзаро низолар келиб чиққан-ку, буюк боболаримиз бу офатдан эмин бўлиш учун қоғозгагина эмас, тошларга ҳам уйиб ёзиб огоҳлантириб кетишган-ку, уларнинг айтганлари асрлар мобайнида ўзининг исботини топиб келган-ку.
Бошим қотиб, нима қиларимни билмай ўзимни ёлғизланиб қолгандек ҳис этиб ўтирганимда тақдир тақозоси билан ярим соатлардан сўнг Шукур ака хонамга қўнғироқ қилиб қолди.
Салом-аликдан сўнг у:
— Сизга Исҳоқ Ўктамовнинг романи ўқиш учун берилган-а? – дея ниманидир аниқлаштириб олмоқчидек бўлиб сўради.
— Ҳа, Муҳаммад Салом берган эди.
— Қалай?
— Фикрлар бор.
— Эртага соат ўн бирда Дўрмонга етиб келинг, муҳокамаси бўлади.
— Хўп.
Исҳоқ Ўктамов деганлари ижодга ҳаваси баланд, ҳар кўришганимизда:
— Қалай, қора қозон қайнаб турибдими? – дея сўраб қўйгувчи бағри кенг кексароқ киши эди.
У узоқ йиллар катта-кичик раҳбарлик лавозимларида ишлаган, Ўзбекистон радиосида ҳам раҳбарлик қилган, радио жамоаси орасида бу одам ҳақида илиқ фикрлар у ишдан кетганидан кейин ҳам юрарди.
Айтишларича, Исҳоқ Ўктамов шахмат суришни хуш кўраркан. Радиода ишлаганида қўл остидаги ходимлар билан бот-бот шахмат ўйнаб тураркан, ютқаза бошласа аламига чидолмай шахмат доскасини ўйин адоғига етмай кўтариб бузиб юбораркан. Юта бошласа кафтларини бир-бирига ишқаб:
— Пилигини кўтаринг, пилигини кўтаринг! – дер экан, шу тариқа ҳалиги ютқазаётган ходимнинг пилиги кўтарилар, яъни, қалам ҳақи юқори даражада қўйилар экан, шунинг учун радиодагиларнинг кўпчилиги Исҳоқ Ўктамовга шахмат ўйинида ютқазиш иштиёқида бўлиб юришар экан.
Исҳоқ Ўктамов ҳақида юрадиган яхши маънодаги юримсак миш-мишлардан ташқари, аниғи шуки, у киши нафақага чиқволиб, ёзувчилик ишига ўзини бағишлаган, гап ёшда эмас бошда, дея бу йўлда Шукур Холмирзаевни ўзига устоз санаб, унинг этагидан тутганди.
Ўша даврнинг таомилига кўра йирик асарлар, хусусан романлар Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгашида муҳокама қилинар, ютуқлари эътироф этилиб камчиликлари кўрсатилар, агар лозим бўлса қайта ишлаш учун муаллифга йўл-йўриқлар кўрсатилар эди. Бу тадбирнинг ўтказилишида албатта ғоявий жиҳатлар ҳам эътибордан соқит қилинмас эди.
Исҳоқ Ўктамовнинг қўлёзмасини қайтадан варақлашга тушдим. Белгилаб қўйган жойларимни алоҳида қоғозга ҳам кўчириб олдим: эртага муҳокамада қатнашадиганлар ҳузурида жўяли бирон гап айтиш учун ҳам пухта тайёргарлик кўриш керак-да, деган хаёлга бордим.
Ҳозир аниғи эсимда йўғ-у, аммо мен ўзимча асардан анча-мунча камчиликларни топиб қўйгандим, эртага йиғилганлар ҳузурида шуни гумбирлатиб айтиб ташласам бўлди, деб ўйлардим.
Шукур акадан сўнг Муҳаммад Салом ҳам менга қўнғироқ қилиб, эртага бўладиган муҳокамадан хабарингиз борми, деб сўради. Мен аниқлаштириб олиш мақсадида Муҳаммаджон акадан муҳокаманинг қаерда ўтишини сўрадим.
— Исҳоқ Ўктамов ижод уйининг иккинчи қаватида люкс хонада тураркан, — деди Муҳаммаджон ака. – Шу ерда ўтқаза қолайлик девди, Шукур ҳам, Одил акалар ҳам рози бўлишди.
Оббо, Одил ака ҳам ўша ерда бўлар экан-да, бундай улкан адибнинг ҳузурида қанақа қилиб гапираман, деган ўйдан юрагимга ғулғула тушди.
Эртаси куни айтилган вақтда айтилган жойга бордим.
Шукур ака Исҳоқ Ўктамовнинг хонаси эшиги оғзида сигарет тутатиб турарди.
У мени кўриб жилмайганча:
— Э, келинг, — дея мезбон каби қаршилаб, кўришди.
Бироздан сўнг Машраб Бобоев келгач, Шукур ака етовида ичкарига қадам босдик.
Киришдаги хонанинг тўрида Одил ака Исҳоқ Ўктамов билан нималарнидир гаплашиб, кулишиб ўтиришарди. Муҳаммад Салом қаршисига бир столча қўйиб олиб, қоғоз-қаламини тайёрлаб турарди, кенгашнинг масъул котиби сифатида бу ерда бўладиган гап-сўзларни у ёзиб олиши керак экан. Чап томондаги хонанинг эшиги қия очиқ, хона ўртасида тўкис безатилган стол синчиклаб қараган кишининг кўзига ташланар эди.
Муҳокамани Одил ака бошлади.
— Ўртақлар, Исҳоқ Ўктамов раман язипти, — деди Одил ака ўзига хос эркинлик ва бағри кенглик билан, — шуни муҳакама қилайлик, мен Исҳоқ Ўктамовни кўпдан бери биламан, радиада ишлаганида кўп ижодкорларга ёрдам берганини биламан, пиесалар ёзганини биламан, энди раман язипти…Бу – яхши. Раманни Шукур кўриб берган экан, — Одил ака кулди.- Шукур кўрган раманни муҳакамага қўйиб ўтирсак гунаҳ бўлар-а…
Қандайдир муҳим нарсаларни ёзишга шайланган Муҳаммад Салом бу гапларни ёзишни ҳам, ёзмасликни ҳам билмай гоҳ Одил акага, гоҳ ўтирганларга қарар эди.
Исҳоқ Ўктамов Шукур ака томонга ундан фахрланаётгандек бўлиб қараб қўйди.
— Йўқ, барибир муҳокама қилиш керак, — деди Машраб Бобоев ҳушёрликни қўлдан бермай.- Биз муҳокама қилмасак Муҳаммад Салом протоколга нима деб ёзади?
Муҳаммад Салом беихтиёр бош ирғаб, Машраб Бобоевнинг гапини бажонидил қувватлади.
— Унда Шукурнинг ўзи бошласин, — деди Одил ака Шукур Холмирзаевга қараб.
— Ёмон эмас, — деди Шукур ака кифт қисгандай.
— Сен ўзи бу раманни таҳрир этганмисан? – деб сўради Одил ака Шукур Холмирзаевни гуноҳ устида қўлга туширгандай.
Шукур ака калта қилиб:
— Ҳа, — деб қўйди.
— Унда сен кейинроқ гапирсанг ҳам бўлади, — деди Одил ака даврага назар ташлаётиб, туйқусдан менга кўзи тушиб қолди-да, — ана-а, ёшлар гапирсин, — деди.
Мен ўзим ёзиб келган қоғоздаги гапларни ичимда қориёд қилиб ўтиргандим.
Ўрнимдан туриб, аввал овозим қалтираброқ, сўнгра равонлик билан адабий нутқ ирод қилиб юборсам бўладими? Қоғоздан бош кўтармасдан гапириб бўлиб мундо-оқ қарасам, Одил ака ҳам, Шукур ака ҳам бу гаплар илгаритдан ўзларига маълумдек жилмайибгина ўтиришипти.
— Яхши гаплар, – деди Одил ака.- Энди асарнинг сюжетига халақит бермаса, мана Исҳоқ Ўктамов бу гапларни эшитди, кераклисини олади-да.
Исҳоқ Ўктамов бош силкиб қўйди.
Машраб Бобоев нимадир демоқчи бўлиб қўл кўтарганди, Одил ака:
— Энди қолган гапларни ичкарида гаплашсак, — деди. – Исҳоқ Ўктамов яхши ниятда раман яратиб, яхши ниятда дастурхон язипти, вақтни ўтказмай муҳакамани ўша ерда давом эттирамиз-да…
Бу гап Шукур акага маъқул келиб:
— Яшанг, Одил ака! – дея уни мақтади.
Одил ака ўрнидан қўзғалиб:
— Қани, юринглар! – деди.
Одил ака энди муҳим фикрларни ёзишга киришган Муҳаммад Саломга:
— Сен ҳам қоғоз-қаламингни олиб юравер, — деганидан сўнг Муҳаммаджон ака ҳам столча устини йиғиштириб, папкасини қўлтиқлаганча ичкарига йўналди.
Ўзи муҳокамада Одил аканинг таклифи билан ёш бўлганим учун асосий сўзни мен айтган эдим.
Энди дастурхон устида улуғ устозлар билан ёнма-ён ўтирганим мени хижолатга солса, ҳалиги баландпарвоз сўзларимни ўйлаб, ўйлаганим сайин пешонамдан совуқ тер чиқиб кетарди: уларнинг самимияти, сўз орасида шунчаки Исҳоқ Ўктамовнинг кўнглига тегмайдиган қилиб, у жойини бундай қилсангиз бўларди, бу жойига манавинақа гап қўшиб қўйинг, деганча сўз қистириб ўтишлари туфайли нутқим бот-бот ёдимга тушиб, афсусланардим.
Шунақа қилиб айтсаям бўларкан-ку!
Исҳоқ Ўктамовга яхши тилаклар билдириб, унинг саломатлиги учун қадаҳ кўтаришаётган Одил ака ҳам, Шукур ака ҳам бу тилаклар орасида шунақа қистирма гаплар қилиб кетишардики, бу гаплар қоғоз-қоғоз адабий нутқлардан кўра қимматлироқ эканлиги яққол билиниб турарди.
Муҳаммад Салом ҳам буни илғаб, зиёфат орасидаги жиддий мулоҳазаларни дафтарга масъул котиб сифатида ёзиб қўйишдан эринмасди.
Зиёфат алламаҳалгача давом этди.
Исҳоқ Ўктамов ҳам жуда мамнун бўлди, ҳатто, менгаям яхши-яхши гаплар айтди.
Давра тугаб, пастга тушдик.
Одил ака хайрлашаётиб:
— Раманнинг увол-савоби Шукурнинг бўйнида, — деди ярим ҳазил, ярим чин қилиб.
Шукур ака қўлини кўксига қўйганча Одил Ёқубовга таъзим қилди.
— Кимни олиб кетай? – деди Одил ака машинага ўтираётиб.
Мен Шукур акага қарадим.
У, қолинг, ишорасини қилди.
Мен қолдим.
Муҳокама иштирокчиларини кузатиб бўлгач, биз арғувон остида бироз чекишиб турдик.
Исҳоқ Ўктамов:
— Сизларни ичкарида кутаман, — дея даврани давом эттиришга ундаб, кириб кетди.
Шукур Холмирзаев икаламиз қолдик.
Мен унга оқизмай-томизмай ҳалиги таклифни айтиб бердим.
Шукур ака диққат билан эшитди-да, кифт қисиб:
— Нима керак? – деди, кейин бу калта саволининг мазмун-моҳиятини англатиб қўймоқчи бўлгандек, тушунтирди. – Бу нарсаларнинг фойдаси йўқ, майли, кимларгадир керак бўлгандир… Аммо, мен битта уюшмага аъзо бўлганман, тарқаб кетса менинг аъзолигим ҳам абас топади. Қани, юринг-чи, Исҳоқ ака кутиб қолмасинлар…
Унинг ўзи йўл бошлади.
Мен эргашдим.
Олдимда турган қандайдир катта муаммони ҳал қилгандек, Шукур аканинг гапидан сўнг ўзимни қийнаган ўйлардан халос топиб, енгил тортдим.
13
Энди суҳбатимиз бошида айтганим, Шукур ака бир гал ўз боғида янги ёзган ҳикоясининг сюжетини сўзлаб бериб, уни “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди” дея номламоқчи бўлгани хусусида.
Ҳикоя адиб сайланмасининг иккинчи жилдига киритилган. Унинг остида 1992 деган ёзув турибди.
Демак, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошлари экан.
Шунча йиллар ўтибди…
Менинг назаримда, худди кечагидек.
Аввал ҳикоя якунига қулоқ тутинг:
“Хулоса шулким,азизим, дунё ўтар экан! Тузумлар ўтар экан! Шайхзода домла айтганларидек, эл-улус қолар экан. Анави содда қиз-жувон айтганидек – табиат, тун, тоғлар, ўрмонлар, борлиқ қолар экан!
Биз ҳар қанча мавҳум-мунгли хаёлларга чўмиб, руҳий тушкунликларга тушмайлик, яшашга маҳкум эканмиз ва борлиқни севиб яшашимиз керак экан!
Эртага нима бўлади? Аҳволимиз нима кечади?
Бу саволлар ўз-ўзидан ечилаверар экан. Чунки инсон минг-минг йиллардан бери яшаб ва сон-саноқсиз салтанатларнинг инқирозини кўриб, демак…
Ўшанда ҳам кўп ғамлар чекиб, кўп саволларга жавоб бера олмасдан ва Мисир айтганидек, “бир терининг ичида неча бор озиб, неча бор семириб” келаётган экан, демак, эртамас-бурускун яна янги ва мислсиз бир салтанатда яшаши аниқ: инсоннинг табиати ўзи шуни тақозо этади.
Ва унинг табиати яшашдан завқланишни ҳам, руҳий тушкунлик яхшиликка олиб бормаслигини ҳам, жуда нари борса – менга ўхшаш кишиларнинг ҳаётдан бир муддат совиб…
…қандайдир тўхтамга етиб келишини ҳам тақозо этар экан”.
Аммо биз намчил кунларнинг бирида Шукур аканинг боғчасида ёнма-ён турганимизда бу ҳикоя ҳали чоп этилмаганди.
У ўзи эккан гулларнинг очилганига, шода-шода туккан қалампирларнинг шохларини эгиб осилиб туришига маъюс боқаркан:
— Бойсунда бўлиб келдим, — деди.
Кейин ёзилажак бир ҳикоя туғилганини айтиб:
— Уни “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди” деб номлайман, — деди.
— Нега, ахир бу Ғафур Ғуломнинг сатри-ку? – дея ҳамиша оригиналикни ёқтирадиган Устага ҳайрон бўлиб қарадим.
— Ҳа, шунақа, — деди Шукур ака, бу ҳаммага маълум-ку, дегандай. – Шу маъқул тушди…
У жимиди.
Сигарет тутатди.
Кейин синиқ жилмайиб:
— Бир куни ўзимга ўзим савол бердим, — деди аллақандай қизиқарли ҳикоя айтиб бермоқчи бўлаётгандек. – Шукур, айт-чи, бу ҳаёт ўзи нима, дедим.
У менга бир муддат синовчан боқиб турди-да:
— Бу ҳаёт – иллюзия, дедим ўзимга ўзим, — деди. – Ва ўзимнинг жавобимдан қониқдим. Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди – бу ҳам иллюзия, инсон ўзига ўзи шу тариқа тасалли беради…Майли-да, ҳеч қурса, шунга ярайди-ку…
Мен индамадим.
У ҳам сукутга чўмди.
Ёмғир томчилай бошлади…

2008 

097 Ko‘z ilg‘amas bepoyon adirlar, yuksak tog‘lar, so‘qmoqlar, tuproq ko‘chalar, ayniqsa, yoshlik chog‘laringizda qalbingizdan joy olgan bo‘lsa, bilingki, endi umr bo‘yi ularning yodi ham sizni tark etmaydi. Hayot tashvish-tahlikalari aro beshik bo‘lib ulg‘aytirgan qadrdon go‘shalarni unutgudek bo‘lsangiz, endi ular tushlaringizda namoyon bo‘lib, goh hazin, goh dilxush his-tuyg‘ularga sizni g‘arq etadi.

Shoyim Bo‘tayev
SHUKUR, AYT-CHI, BU HAYOT NIMA?


Ko‘z ilg‘amas bepoyon adirlar, yuksak tog‘lar, so‘qmoqlar, tuproq ko‘chalar, ayniqsa, yoshlik chog‘laringizda qalbingizdan joy olgan bo‘lsa, bilingki, endi umr bo‘yi ularning yodi ham sizni tark etmaydi. Hayot tashvish-tahlikalari aro beshik bo‘lib ulg‘aytirgan qadrdon go‘shalarni unutgudek bo‘lsangiz, endi ular tushlaringizda namoyon bo‘lib, goh hazin, goh dilxush his-tuyg‘ularga sizni g‘arq etadi.
Bu nima bo‘lsaykin?
Bu savolga har kim turlicha, o‘z boshidan kechirgan his-tuyg‘ular asosida javob bergani ma’qul. Faqat qiyoslamoqchi bo‘lganim shuki, chin ma’noda ulug‘ bo‘la olgan ayrim yozuvchilar asarlari ham sizni abadul-abad tark etmaydigan hodisalar sirasiga kiradi, ularga qayta-qayta qaytganingiz sari qaytgingiz kelaveradi, ular jozibasining sir-sinoatini yana har kim o‘z boshidan kechirgan his-tuyg‘ularga suyangan holda axtarib ko‘radi. Shunda uzoqlashgandek tuyulgan xotiralar yana sizga yaqinlashadi, abadiylik kasb etadi…
“Shukur Xolmirzayev nasri” deganda ko‘z o‘ngimdan ana shunday manzara o‘tadi. Bu yozuvchining “Olis yulduzlar ostida” degan kitobini o‘qiganimizda hali maktab o‘quvchisi edik va o‘qiyotganlarimiz shundoqqina deraza ortida sodir bo‘layotgandek tuyulib, bizni ko‘chaga talpintirib-oshiqtirar edi. Bu kitob sahifalarida tasvirlanayotgan voqea-hodisalarni maktab partasida emas, qandaydir tepaliklarga chiqvolib, bog‘-rog‘lar qo‘ynida, daraxtlar ostida, shuvoq hidi anqigan dashtlar bag‘rida chuldiragan to‘rg‘aylar navosiga quloq tutgan holda mutolaa qilish kerakdek tuyulgan, yo‘qsa, uvol bo‘lib qoladigandek edi. Buning ustiga, mana shu o‘qiyotganlarimiz tufayli bizga o‘zimiz yashayotgan muhitning barcha go‘zalliklari endi yuz ko‘rsata boshlagan, ularni nima uchun avvalroq ko‘rmaganimizga hayron bo‘lar edik.
U qandaydir o‘zigagina ayon bo‘lgan sehr bilan bizga yaqinlashgan, o‘zining begona emasligini birgina imosi bilan anglatib qo‘ygan edi.
Chunki uning “Tuproq ko‘chalar”ida har kuni biz – teng-to‘sh bolalar bir-birimizning qadam izlarimizni o‘lchab, oyoqyalang yurar edik.
Chunki uning “Ot egasi” bilan har kuni uchrashardik, hikoya qahramoni Inod ham begona emas edi-yu… faqat, ismi bo‘lakcha, o‘zi haqida hikoya yaratilganini ham bilmas, oti ham o‘sha ot edi, maktab ham o‘sha maktab edi.
Chunki biz ham turnalar karvoni ortida qolib, hatto qulab tushgan “Cho‘loq turna”ning ahvolini kuzatgan edik. Biroq Tabiat qonuni jamiyat haqidagi tasavvurlarni to‘g‘ri yo‘nalishga solishini hali bilmasdik. “Hayot kurashdan iborat”, degan saboqlarni tinglagandigu kuchsizlarni tabiat ham, jamiyat ham birdek rad qilishi hali bizga noma’lum edi.
Endi biz ham unga yaqinlashishni istar edik.
Shu sababli, bu yaqinlik talabalik yillarimizdayam, undan keyin ham yo‘qolmadi, aksincha, tobora mustahkamlanib, qadrdonlashdi.
Shukur Xolmirzayevning “Hayot abadiy” degan mashhur hikoyasi bor. Hikoya qahramoni sovxozning bosh agronomi Nodir Ro‘ziqulov majlisdan qattiq tanqid yeb chiqadi-yu, mana shu bitta ko‘ngilsizlik boshqa ko‘ngilsizliklarni keltirib chiqaradi: qaynanasiga qattiq gapirgan edi, u qizini olib ketadi, o‘zini qopmoqchi bo‘lgan qo‘shnining kuchugini ham ayab o‘tirmay egasidan gap eshitib oladi…
U oxir-oqibatda bo‘shashib yiqiladi… va go‘yoki o‘lib qoladi!
Shunda uning tevarak-atrofida nima o‘zgaradi? Hech nima!
Hayot Nodirsiz ham davom etaveradi… “O‘sha kechagi seryulduz osmon ham, oppoq yulduzlar ham o‘z o‘rnida… Daraxtlar, yomg‘ir… Shabada”.
Nodir cho‘chib o‘ziga keladi va yana o‘rnidan turib ketib, bu hayotdagi ishini davom ettirishga kirishadi. Hikoya chuqur ijtimoiy mazmunni o‘zida ifoda etganidan tashqari, har qanday o‘quvchini o‘ylashga, fikrlashga undaydi: axir, kunlardan bir kuni, bordi-yu o‘lib-netib ketsang, sen bilan bog‘liq bu dunyoda ham nimadir o‘zgarishi kerak-ku, axir, bu dunyo ham seni yo‘qotgach, nimanidir yo‘qotishi kerak-ku?! Jilla qursa, falonchi o‘libdi, degan sado chiqishi kerak-ku?! O‘lik-tirigi bilinmay yashagan inson uchungina ikki dunyoning farqi bo‘lmasligi mumkin, lekin, or, nomus hikoya qahramonining shunchaki o‘lib ketishiga izn bermaydi.
Yozuvchining “Qariya” hikoyasidagi Qo‘zivoy degan kasbi betayin yolg‘iz chol bozor kunlaridagina jarchilik qilib kun kechiradi. U o‘limligiga asrab qo‘ygan pulini Qobil degan tanish qassobga omonat saqlab turish uchun beradi. Mabodo qazoyim yetsa ko‘masan, deydi. Qassob ham pulni oladi-yu, fe’li aynaydi, omonatga xiyonat qiladi, kunlardan bir kuni Qo‘zivoy chol pulini so‘rab qolganida u pulni olganidan tonadi. Qo‘zivoy chol bundan ancha aziyat chekadi, biroq u ham xiyonatdan or, nomus orqali qasos oladi:
“U jimjit uyda, palos ustida cho‘zilib yotib, shu fikrga keldi: “Bu ahvolda men qandoq qilib o‘laman? Asti mumkin emas, sirayam… Men yana mehnat qilishim kerak. Halol pul topishim kerak. O‘limlik qilishim kerak… Undan keyin o‘lsam, boshqa gap…”
U qo‘shni chiqargan ovqatni zo‘rlab yedi. Yarim kechada turib, go‘sht qovurdi. Sahar uyg‘onib, soyga tushdi. Yuvindi. Tetiklanib, ko‘chaga yo‘l oldi…
Qo‘zivoy chol avvalgidek bo‘lib ketdi”.
Bu hikoyalar insonni yashashga, yashagandayam halol, pokiza yashashga undaydi, hayotga ko‘zgu tutib, chirkin narsalardan nafratlantira oladi.
Yashash faqatgina shu hayotdami?
Shu or, shu nomus ham faqat bu hayotda yashab qolish uchun zarurmi?
Endi “Tabassum” hikoyasini o‘qiy boshlaysiz…
Jalil aka, odamlar aytishicha, Jalil ota karaxt tortib qolgan, u o‘sma, ya’ni rak bilan og‘rib qopti. Bundoq o‘ylab qarasa, o‘ziyam yoshini yashab bo‘lgan, qurdoshlaridan hamma ketib bo‘pti, o‘zidan ikki-uch yosh katta Normat qopti, xolos.
“Yuragi butun ekan-da! Ha, uning yuragi butun, – Jalil ota yuragi g‘ashlanib o‘ylay boshladi. – U boshqacha… Yomonga, nomardga o‘lim yo‘q deydilar-ku! Ha-e, mayli… Uyam yashasin. Baribir dunyoga ustun bo‘lmaydi. Birovga o‘lim tilagandan…”
U o‘zining rak ekani, ya’ni o‘sma kasaliga mubtalo bo‘lganini eslab, ayanchli jilmaydi.
Kunlar o‘tdi, oy o‘tdi”.
Shunday kunlarning birida uning hovlisida yugur-yugur bo‘lib qoladi, sababi ayon – nevarasi Sadafga sovchilar kelgan. Uni Normatning nevarasiga berishmoqchi… To‘y bo‘lishi kerak, hamma Jalil otaning ko‘zi ochiqligida to‘yni o‘tkazib olsam, deydi.
Buni Jalil aka istarmidi?
Endi hikoya yakuniga quloq tuting:
“Chol bugungi kun ham ovqat yemadi. Keyingi kun ham. Undan keyin…
O‘rmalab borib, obrezga to‘kadi. Qo‘lini yuvgan bo‘lib, ustidan suv quyadi.
U… holdan toyib, o‘rnidan qimirlolmay qoldi. Shunda ham tuz totmadi. Endi kelgan ovqatni to‘shagi yonida nos tupurish uchun qazib qo‘yilgan chuqurchaga ag‘daradi.
U karaxt bo‘lib qoldi.
Keyin o‘g‘li, kelini va Sadaf tepasida ko‘zyoshi qilib turganda, ketdi.
Hammani dahshatga solgan narsa – uning yuzida qotib qolgan tabassum bo‘ldi.
To‘y qoldi”.
Hikoya tugadi.
Davomi-chi?
Or, nomus… o‘quvchi qalbini g‘alayonga solgan his-tuyg‘ularning adog‘i bormikan? Hayotda shunday vaziyatlarda kim qanday yo‘l tutadi?
Yozuvchining shafqatsiz ko‘zgusidan kim o‘zining basharasini yashira oladi?
Shukur Xolmirzayev o‘zi sevgan adiblardan biri Ernest Xemingueyning “Insonni yengib bo‘lmaydi” degan so‘zlarini bot-bot takrorlab turguvchi edi. Millati, irqi va hattoki dinidan qat’i nazar, inson mustahkam xilqat sifatida har ikkala Ustaning ijodida turli ko‘rinishlarda namoyon bo‘lar edi.
Shukur Xolmirzayev G‘afur G‘ulomning “Quyosh-ku falakda kezib yuribdi…” degan mashhur satrini sarlavhaga chiqarib, ajoyib bir hikoya yozgan edi. Bir mahallar, hali matbuot yuzini ko‘rmasdan avval menga hikoya syujetini so‘zlab berib, shunaqa nom qo‘ymoqchi ekanligini aytuvdi…
Bu haqda keyinroq…
Endi esa men Usta bilan bo‘lib o‘tgan uchrashuvlarimizning ayrimlarini xotirlarkanman, qulog‘im ostida uning voqelikni bo‘yamasdan-bejamasdan shundayligicha tasvirlash haqidagi o‘gitlari yangrab turganday bo‘ldi.
Uning qiyofasi ko‘z o‘ngimdan nari ketmadi.
Shukur aka, o‘ziga xos jiddiylik bilan, “Bo‘larini ayting…” deb turganday edi…

* * *

Armiyadan qaytib kelib, hozirgi “Tong yulduzi” bolalar gazetasiga ishga kirdimu Shukur Xolmirzayev bilan Vatan mavzusida suhbat qilmoqchi bo‘ldim. Chunki uning “Yovvoyi gul”, “Ot egasi”, “Ota yurt” singari ko‘plab hikoyalarida bu mavzu boshqalarga o‘xshamagan holda, o‘ziga xos tarzda ifoda etilgan deb hisoblardim (bu fikr yillar o‘tgan sayin yanayam mustahkamlanib bormoqda).
Gazetamiz adabiyot bo‘limi mudiri, bolalar shoiri Hamza Imomberdiyev bilan bir xonada o‘tirardik. Men Hamza akadan, Shukur Xolmirzayevning telefon raqamini topib berolmaysizmi, deb so‘radim. Hamza aka menga ham ajabsinish, ham hayrat bilan qarab turib, bolalarcha samimiyat bilan:
– O‘-hu, so‘ragan odamingizni-yu… Bizda unaqa katta odamlarning telefon raqamlari qayoqdan ham bo‘lsin… U kishi tirik klassik-ku, tirik klassik… – dedi.
– Shu klassik bilan gazetamizga Vatan haqida suhbat qilib bermoqchi edim, – dedim.
Bu taklif Hamza akaga nihoyatda ma’qul kelib:
– Qaniydi-ku… – dedi va u yoq-bu yoqqa qo‘ng‘iroq qilib, Shukur akaning uyi telefoni raqamini topib berdi.
Men Shukur akaga telefon qilib, maqsadimni tushuntirgan edim, u kishi:
– Uyga keling, – dedi kalta qilib va manzilini tushuntirdi: “Bolalar dunyosi” magazini orqasidagi asosan ijodkorlar yashaydigan ko‘p qavatli uy ekan.
– Xo‘p, – dedim-da, darhol savollar yozilgan qog‘ozni olib yo‘lga tushdim.
Uy eshigini Shukur akaning o‘zi ochdi. Salom-alikdan so‘ng savollarga ancha vaqt jiddiylik bilan tikilib qolib:
– Vatan so‘zini ko‘p ishlatib yuboribsiz, –deb qo‘ydi.
Nima deyarimni bilmadim. Nazarimda, men tuzgan savollarga u kishi shu zahotiyoq sharillatib javob aytib yuboradigandek bo‘lib tuyulgan edi.
Lekin aksincha bo‘lib chiqdi.
– Men avval bir o‘ylab ko‘ray, – dedi Shukur aka o‘sha-o‘sha jiddiylik bilan, – keyin xabarlasharmiz…
Men xayrlashib, chiqib ketdim.
Qaytib borsam, Hamza aka katta qiziqish bilan nima bo‘lganini so‘rab qoldi. Bo‘lgan voqeani aytib berdim. U kishi ko‘nglimni ko‘tarmoqchi bo‘lgandek, uch-to‘rt kun o‘tib yana bir eslariga solib qo‘ying, hozir birorta jiddiyroq ish bilan band bo‘lsalar kerak-da, deb qo‘ydi.
Men Hamza akaning gaplarini ma’qulladim, lekin Shukur aka bilan boshqa xabarlashmadim. Savollar u kishiga ma’qul bo‘lmadi, degan o‘yda edim.
Kunlardan bir kuni hech kutilmaganda o‘sha hammaga tanish bo‘lgan mashhur shlyapada Shukur aka xonamiz ostonasida paydo bo‘ldi. Hamza aka men suhbat qurmoqchi bo‘lgan “tirik klassik”ning o‘z oyog‘i bilan kirib kelganiga ishonib-ishonmay, iltifot bilan quyuq salomlashdi-da, bizga sharoit yaratib berish uchun bo‘lsa kerak, o‘zi xonani tark etdi.
Shukur aka deraza yonidagi kursiga cho‘kib, biroz ko‘chaga qaragancha nimalarnidir o‘ylab xayol surib turdi.
Keyin men tomon o‘girilib:
– Cheksam bo‘ladimi? – deb so‘radi.
Shunday ulug‘ odamning ruxsat so‘rayotgani meni xijolatga solib, zo‘r-bazo‘r bosh irg‘ab qo‘ydim.
U kishi sigaret tutatib so‘z boshladi:
– Yaqinda Boysunda bo‘lib qaytdim… – men tomonga ilkis qarab qo‘yib, – Siz anavi savollaringizni tashlab ketganingizdan keyin, – deya davom etdi, – tepalikning qir uchida bir gujum bo‘lar edi, bolaligimizda shu gujum ostida o‘ynar edik, – Shukur aka xo‘rsinib qo‘ygach, negadir menga uqtirmoqchi bo‘layotgandek qattiqroq tovushda yana ulay ketdi, – shu-u borganimda ham ulfatchiligu mehmondorchiliklardan qochib o‘sha gujumni qidirib ketdim… Ancha qaribdi… Yolg‘iz o‘zim edim. Qushlar hamon ilgarigidek sayrab turipti. Sigaret tutatib, gujum ostida o‘tiraveribman, yon-atrofimdan chug‘ur-chug‘ur bolalikdagi ovoz-shovqinlar kelib turgandek bo‘ldi. Kun peshindan og‘ayotganda borgan edim, chekib o‘tiraveribman, kech kiribdi, quyosh botib qorong‘ilik cho‘kibdi, men esa hamon o‘tiraveribman… Bir mahal junjikib ketib mundo-oq o‘zimga kelib qarasam, hammayoq qop-qorong‘i… Beixtiyor osmonga qaradim: yulduzlar g‘uj-g‘uj, shu qadar yaqin… bilmay qolibman, ko‘zimdan yosh oqib turgan ekan…
Shukur aka shu so‘zlarni aytgach, qo‘lidagi sigaretdan yana bir-ikki chuqur-chuqur tortib, havoga tutun purkadi-da, o‘rnidan turib menga qo‘l uzatdi:
– Xayr, – dedi men u kishining kaftiga kaftimni qo‘yganimda.
Nima deyishni ham bilmas edim.
Yo‘lakkacha kuzatib chiqdim.
U kishi ketayotib, bir-ikki qadamdan so‘ng ortga burildi-da:
– Kechirasiz… – dedi xijolat chekayotgandek, – savollaringizni qayoqqadir qo‘ygan edim, yodimdan ko‘tarilib yo‘qotib qo‘yibman. – Keyin ohista qo‘shib qo‘ydi: – Menimcha, shuning o‘zi yetarli bo‘lsa kerak…
Keyin ketdi.
Men Shukur aka qatorlashtirib tuzgan savollarimga yaxlit qilib javob berib ketganini angladim.
Keyinchalik Hamza akaning, suhbat qachon tayyor bo‘ladi, deya qanchalik qistalang qilib so‘rab-surishtirishlari foyda bermadi, bunaqa eng qisqa suhbatni bolalar gazetasiga berishning hech iloji yo‘q edi.

* * *

Bir mahallar uy-joydan qiynalgan, ijarada yashayotgan yosh ijodkorlar uchun ham Do‘rmondagi yozuvchilar bog‘i durustgina panoh bo‘la olar edi. Nega deganda, uyushma a’zosiga bu boqqa yilda bir oyga yaqin tekin yo‘llanma berilar, undan foydalanmaydigan “katta ijodkorlar” yoshlarga hadya qilib yuborishardi. O‘shanda o‘zbek adabiyotining barcha darg‘alarini o‘sha bog‘da uchratish mumkin bo‘lar edi.
– Shu yerga kelib yoza boshlasam ishlarim yurishadi-da, – deya katta-yu kichik birdek e’tirof etishib, buning bejiz emasligini, bu yerda ulug‘ ijodkorlar adabiyot tarixida belgili o‘rinni egallagan katta asarlar yaratishganini, shuning uchun bu muqaddas joyda hamisha ijodiy ruh barqaror ekanligidan gurung qilishardi.
Biz esa ijara pulini tejash uchun iloji boricha imkoniyatdan foydalanib, o‘sha yerda tunab ishga qatnardik.
Shukur Xolmirzayev u yerning muqimboylaridan edi.
Oshxonada u kishi yolg‘iz o‘zi bir stolni band qilib o‘tirardi.
Bir gal kechki ovqat mahali, odatdagidek, faqatgina bosh irg‘ab qo‘ygancha salomlashib kirib keldi-da, joyiga o‘tirgach:
– Shuncha yillik mehnatim haromga chiqib ketdi, – deb qoldi o‘ziga o‘zi so‘zlayotgandek.
Stollarimiz yonma-yon bo‘lgani uchun men u kishining gaplarini eshitib hayron bo‘lganimcha so‘rashga jur’at etdim:
– Nimani aytyapsiz, Shukur aka?
– Romanni… – dedi. – Jurnalda bosilgach bildim, bu mening asarim emas ekan…
So‘z “Sharq yulduzi” jurnalida chop etilgan “Yo‘lovchi” romani xususida borayotgan ekan. O‘sha mahal men ham bu asarni o‘qigan edim, garchi muallifning o‘zi endi tan olgisi kelmay turgan bo‘lsa-da, asar baribir zargarona bitilgan, Ustaning qo‘li sezilib turardi.
Biroq biron nima deb u kishining ko‘nglini ko‘tarishga so‘z topa olmadim.
Axir, nima ham deyish mumkin edi?
Unaqa emas, bunaqa degan bilan Shukur akani o‘z fikridan qaytarib bo‘lmaydi, keyin, qolaversa, buning foydasi ham yo‘q.
Nazarimda, Shukur Xolmirzayev aksariyat tengqurlarida bo‘lgani kabi “halol”, ”harom” tushunchalariga jiddiy qarar edi. Biror kishi haqida so‘z ketib, uni maqtamoqchi bo‘lsa ham, eng avvalo:
– Ha, unga hali harom aralashmagan, – deb qo‘yardi “hali” so‘ziga alohida urg‘u bergancha.
Yoki aksincha bo‘lib, birovning olijanobliklari-yu yaxshi ishlar qilishi, bilimdonligi-yu o‘ziga xos salohiyatini qanchalik osmonga ko‘tarmang, Shukur aka iyagini ushlaganicha jiddiy tarzda turib:
– Unga harom aralashgan, – deyishi bilan barcha ijobiy fazilatlarni bir lahzada yo‘qqa chiqarib yubora olardi.
U haromdan shu qadar jirkanib, uni hayot-mamot masalasi darajasida ko‘rgani uchun so‘nggi lahzaga qadar yozishni qo‘ymadi, qalam ushlash uchun ham qalb va qo‘l tozaligi lozimligini chuqur tuygan holda ijod qildi.
Mana, endi o‘z asari haqida gapirayotganda ham shu so‘zni ishlatyaptimi, demak, bu yerda jiddiy bir gap borligi aniq.
Shu choq:
– Assalomu alaykum, – deya zalda o‘tirishgan o‘n-o‘n besh kishining barchasiga bir-bir bosh irg‘agancha yozuvchi Jonrid Abdullaxonov kirib keldi.
Jonrid aka bilan stolimiz bir edi. U kishi mening qarshimga o‘tiryapti-yu ikki ko‘zi Shukur akada. Shukur aka biz tomonga ilkis qarab qo‘yganida Jonrid aka u kishi bilan quyuq so‘rasha ketib qanoat hosil qilgach, keyin men tomonga o‘girilib so‘radi:
– Qalay bo‘lyapti endi?
Shukur aka odatda tezgina ovqatlanib bo‘lib, choy damlangan choynakni ko‘targancha chiqib ketardi.
Bu gal negadir turishga shoshilmasdi.
Buning sababi keyinroq ma’lum bo‘ldi. Shukur aka bizdan ikkita naridagi stolga hammadan kech kelib o‘tirgan ovchi yozuvchi Mavlon Ikromdan nimanidir so‘rash niyatida uning ovqatlanib bo‘lishini kutib o‘tirgan ekan.
Bu orada Jonrid aka ovqatlanib bo‘lib, bir qo‘lida orasiga sariyog‘ solingan ikki burda non, boshqa qo‘lida bir stakan qatiq ushlab:
– Choyni xonada qo‘yamiz, – deganicha o‘rnidan tura boshladi.
Mening hazillashgim kelib:
– Jonrid aka, xurdanash-ku xurdanash, burdanash chize? – dedim.
Jonrid aka hayron bo‘lib:
– Tojiklar nima deyapti? – deb so‘radi.
– Tojiklar yeganing-ku mayli, qo‘lda ko‘tarib olib ketganing nimasi deyapti, – dedim. – O‘zimizdayam gap bor-ku, borgin-kelgin, qolib ketma, yegin-ichgin, olib ketma, degan.
Jonrid aka qah-qah urib kuldi.
– Shuni tojikchasini yozib berasiz, yodlab olaman, – dedi va hozirgacha ko‘rishganimizda so‘zlarning o‘rnini nuqul almashtirib yodlolmay aytib yuradi.
Men Shukur akaga institutni Xo‘jandda bitirganimni, tojiklar bilan yonma-yon yashaganimizni, tojik filologiyasi fakulteti ham qo‘shni bo‘lganini, tojiklar orasida har xil qiziq-qiziq gaplar borligini, hatto Zahiriddin Muhammad Bobur ham “Boburnoma” asarida bunaqa tesha tegmagan iboralarni juda ko‘p qo‘llaganini aytib bera boshlagandim, u kishi so‘zimni bo‘lib:
– Bilaman, – dedi.
Biroz xijolat bo‘lgancha jimidim.
Oraga biroz noqulay jimlik cho‘kkandi, Shukur akaning o‘zi bu sukunatni buzib:
– Pirimqul aka sizlar tomondan-a? – deya so‘radi mendan.
– Ha, u kishining qishloqlarini Kengko‘l deyishadi, – dedim. – Biz orasi ko‘p uzoq bo‘lmagan qishloqlarda yashaymiz, Pirimqul akaning Ko‘chkina degan qishloqda tog‘alari bor… barchasi turkiy qavmlar…
– Bilaman, bilaman, – deya jonlanib qoldi Shukur aka. – Axir, bu Turkiston tizma tog‘larining etaklari-da…
– Shunaqa.
– Qadimda u yerlar Usrushona deyilgan, u yerlarda istiqomat qiluvchilarni usrushonlar deb atashgan, – deya o‘z ko‘zi bilan ko‘rgandek davom etdi Shukur aka, – axir, Aleksandr Makedonskiyning ham o‘sha yerda o‘lib ketishiga bir bahya qolgan-da, unga qattiq qarshilik ko‘rsatganlar ham aynan siz aytayotgan hozirgi Turkiston tizmalarida yashayotgan aholi bo‘lgan… E, yashang…
– Siz bularni qayerdan o‘qigansiz, Shukur aka? – degancha qiziqib so‘rayman.
– Qadimgi yunon tarixchilari bizning o‘lkamiz haqida juda ko‘p yozishgan… Gerodot deymiz… uning to‘rtinchi kitobi boshdan-oyoq biz haqimizda… anavi Strabon, Pliniy, Plutarx… o‘sha zamonlardayam chetdagilar yaxshi bilishgan bizni… Keyin-keyin har xil ishlar bo‘lib ketgan-da. Buxoro amirligi deymiz, Xiva xonligi deymiz… Xiva xonliginiyam hududlari juda ulkan bo‘lgan… e-he…Cho‘qayev yozgan-ku, Oqmachitga o‘ris yetib kelganda Xudoyorxonning nimalar deganini… Burunlari ostidan narini ko‘risholmagan-da…
Shukur aka tarix mavzusida alohida ishtiyoq bilan qizishib gapirardi. Baqtriya, Marg‘iyona hududlari, qadimda hukmdorlik qilgan shaxslar, ularning diniy e’tiqodlari… barcha-barchasi haqida Shukur akadan soatlab saboq olish mumkin edi.
Hozir ham katta qiziqish bilan so‘zlab turganida beixtiyor Mavlon akaning o‘rnidan turayotganiga ko‘zi tushib qolib:
– Mavlon aka, to‘xtang, – dedi.
Mavlon aka shoshilmay biz tomonga o‘girildi.
Zalda uchalamiz qolgandik, xolos.
– Sizdan bir narsani so‘ramoqchiydim, – dedi Shukur aka.
– So‘rang, – dedi Mavlon aka, bu gapdan qandaydir g‘ururlanganday bo‘lib.
– Cho‘chqaning urg‘ochisini nima deb atashadi?
Men hayron qoldim.
Qandaydir jiddiyroq narsa bo‘lsa kerak, deb o‘ylagandim.
Keyin miyamda bu savolga javob topmoqchi bo‘lib urina boshladim, qurg‘ur hech o‘ylab ko‘rmagan ekanman-a, qancha uringanim bilan bu harakatning foydasizligini sezdim.
Mavlon aka ham o‘ziga xoslik bilan:
– Ob-bo!.. – dedi qiroat qilayotgandek.
“Mavlon aka ham bilmaydi, shekilli”, deb o‘yladim.
Mavlon aka yana:
– Yovvoyisinimi yo… – deya so‘z boshlayotganida Shukur aka u kishining nima savol bermoqchi bo‘layotganini fahmlab:
– Yovvoyisini, yovvoyisini, – deya takrorladi.
Endi Mavlon aka ham qiziqib:
– Tabiat haqida yana biron narsa yozyapsizmi? – deb so‘radi.
– Ha-da! – dedi Shukur aka. – Shunga so‘rayapman-da, shunga kelganda taqalib qoldi-da.
– Hikoyami?
– Bilmadim… keyin ma’lum bo‘ladi.
– Yozib bo‘lganingizdan keyin menga ham bir o‘qitib oling.
– Xo‘p, aytganingizni qilaman…
– Unda aytaman, Shukurvoy, yovvoyi cho‘chqaning urg‘ochisini yozsangiz urg‘ochi deb yurmang, megajin deya qoling…
– Vo-o! – deb yubordi Shukur aka.
– Ba’zilar “sigirning bolasi”, erkak eshak, ayol echki deganday palapartish bo‘lmag‘ur so‘zlarni bemalol ishlatib yuborishaveradi, – dedi kuyunganday bo‘lib Mavlon aka, – mana, siz katta yozuvchi bo‘la turib ham so‘rashdan or qilmaysiz. Bundan buyon ham parranda-darrandalar haqida, hayvonotga oid biron-bir savol tug‘ilgudek bo‘lsa bemalol so‘rayvering, Shukurvoy, sizdan gonorar talab qilmaymiz, – deya hazillashib Mavlon aka zaldan chiqa boshladi.
Biz u kishiga ergashdik.

* * *

Bir gal yarim tunda, soat bir-ikkilar bo‘lsa kerak, xonamning eshigini kimdir ohista taqillatdi. Ko‘zim endi uyquga ilingan edi, turib borib eshikni ochib qarasam – Shukur aka!
– Uxlamadingizmi? – dedi jilmayib.
Shosha-pisha ko‘zlarimni uqalab:
– Yo‘q, – dedim.
– Mening xonamga chiqing.
– Xo‘p.
Shukur aka ketdi. Men bo‘lsam, turli o‘ylarga borgancha kiyinib chiqdim. Ilhom parilarining osudaligini buzmaslik uchun bo‘lsa kerak, yo‘lakda na tiq etgan tovush eshitilar, xonalarda na yilt etgan nur ko‘rinar, barcha orom og‘ushida edi.
Shukur akaning xonasi tepa qavatning eng oxirida edi. Men asta qadam bosgancha Shukur akaning xonasiga yetdim. Xona eshigi qiya ochiq edi. Sekingina chertdim.
Ichkaridan Shukur akaning:
– Kiravering, – degan o‘ktam ovozi eshitildi.
Kirib borsam, odatdagidek, saranjom-sarishta xona o‘rtasidagi stol usti orasta tuzalgan, meva-cheva, yeguliklar qo‘yilgan… nima desamikan, yarmidan ozrog‘i ichilgan aroq shishasi ham bu nozu ne’matlar o‘rtasida ko‘rinib-ko‘rinmayroq turardi.
Shukur aka sigaretni obdon burqsitib o‘tkiridan, “Astra” degan filtrsizidan chekardi, filtrli sigaretlarni ham pisand qilmayotgandek filtrini tishi bilan uzib tashlab chekardi, bu harakati bilan ham go‘yoki oliftagarchilikni yoqtirmasligini pesh qilayotgandek bo‘lib tuyulardi. Shu sababli bo‘lsa kerak, derazalar lang ochiq, xonaga sal-pal junjiktiruvchi bo‘lsa-da, tunning yoqimli havosi tashqaridan ufurib turardi.
– O‘tiring, – dedi Shukur aka joy ko‘rsatib.
Men uning aytganini qildim.
Lekin hamon bu bemavrid taklifning sababini bilmasdim.
– Bugun Parkentdan universitetda birga o‘qigan akamiz keluvdi… Asom aka degan, – so‘z boshladi Shukur aka qandaydir begona narsalar haqida gapirayotgandek o‘ta xotirjamlik bilan. – Siz u kishini tanisangiz kerak… bolalar uchun she’rlar ham yozadi… Shu-u… yoshlari bizdan katta bo‘lsa-da, hurmatimizni hozirgacha qilib yuradi, oqibatli odam… Birga o‘tirib talabalik yillarimizni eslashdik, – Shukur aka stolga ishora qilib qo‘yib, – qittay-qittay ham qildik… Bir mahal eshik taqillab sizlarning qavatdagi shoir og‘amiz kelib qoldi-ku, – Shukur aka o‘rnidan turib deraza rafidagi guldonni ko‘tarib keldi, guldonga gul o‘rniga har xil dasht o‘tlari, buta shoxchalaridan solib qo‘ygan, ular qurib-qovjiray boshlagani bilan o‘z iforini yo‘qotmagandi.
Shukur aka ular orasidan binafsharang bargchalari quvray boshlagan kichkina shoxchani ko‘rsatib:
– Siz shuning nomini bilasizmi? – deb so‘radi.
Bu toshloqlarda, soylarda o‘sadigan abro‘k degan hidi o‘tkir butaning shoxchasi edi.
– Abro‘k, – dedim.
– Yashang, – Shukur aka suyundi, – choyga ozgina gulini maydalab qo‘shib yuborgandim, haligi shoir og‘amiz bu gulobmi deb so‘radi, – Shukur aka qah-qah urib kuldi, – gulobni qayerdan bilarkan, hayronman… Keyin shu abro‘kni ko‘rsatsam hayron bo‘ldi, hidi zo‘r ekan dedi, lekin abro‘kligini bilmadi… Buni-ku qo‘ya turing, bir mahal nima deydi deng… Aytadiki, shu-u Qodiriyni o‘qiyapman, aytganlaricha bor ekan-da, zo‘r yozuvchi ekan-da, deydi… E, omon bo‘ling-e og‘a, oltmishga kirganda shu narsani kashf qilgan bo‘lsangiz, endi Sholoxovni ham o‘qishingiz kerak ekan, dedim… U kishi bo‘lsa, Shukurjon, mabodo sizda Sholoxovning kitoblari bo‘lsa, berib turing, o‘qib bo‘lib qaytib beraman, deydi, kinoyamni tushunmabdi…ana-a sizga!
– Asom aka abro‘kni tanigan bo‘lsalar kerak? – deb so‘radim Shukur aka erinmay guldonni yana o‘z joyiga olib borib qo‘yayotganida.
– Ha, albatta, Parkentdayam o‘sadi-da, Asom aka tabiatni sevadigan odam, bilib yuradi. Shu-u…o‘zi, bolalar shoirlari tabiatga ko‘proq yaqin bo‘lishadimi deyman-da, men Quddus Muhammadiyni ham yaxshi ko‘raman, toza odamlar-da. Shunaqa qilib, haligi shoir og‘amiz Sholoxovni topib albatta o‘qishim kerak ekan, deganicha bir-ikki soat o‘tirib ketdi, boshqa hech kim bezovta qilmadi, Asom aka bilan gurunglashib o‘tiraveribmiz-da, halizamon ketdi-da, shuncha qoling deb qistasam ham unamadi, pastga kuzatib tushdim. Qarangki, u mashinada kelgan ekan, haydovchisi kimligini surishtirib o‘tirmadim-u, ammo, uning Asom akaga sodiqligiga qoyil qoldim. Shuncha vaqt kutibdi. Keyin ham uyqum kelmadi, sizni bezovta qilganim shundan, – Shukur aka shishaga ishora qilib, – endi oz-ozdan quysangiz, gaplashib o‘tiribmiz-da, – dedi.
Ertasi dam olish kuni edi.
Shukur akaning aytganini qilib, ishora bergan mahalida oz-ozgina quyib, so‘zlashib o‘tiraveribmiz.
Bir mahal deraza orti yorishib kelayotganini payqadik.
Shukur aka o‘rnidan turib deraza oldiga bordi.
Qiya ochiq derazalarning pardasini bir chetga surib, ularni lang ochib yubordi.
Tashqariga tikilganicha gap-so‘zsiz o‘z o‘y-xayollariga berilib, uzoq vaqt turib qoldi.
Tongga qadar Shukur aka hayot, adabiyot, ko‘rgan-kechirganlari, safarlari, diliga yaqin odamlar… boringki, turli mavzularda juda qiziqarli xotiralarni aytib bergandi.
Endi bo‘lsa deraza oldida oqarib kelayotgan tongga chuqur o‘y-xayollar og‘ushida termilganicha tevarak-atrofni unutib qo‘ygandek bir holda turibdi.
Balki bugungi uchrashuvlar, suhbatlar taassurotida nimalardir esiga tushib qolib, yozajak biron bir asarining g‘oyasi tug‘ilayotgandir?
Balki yana bir tong ortda qolayotgani, inson umri yugurik suvdek o‘tib ketayotgani uning xayolidan kechayotgandir?
Balki, u o‘z hayotiga nazar tashlayotgandir?
Buni biz bilmaymiz.
Ammo biz Ustaning sermashaqqat mehnati evaziga tiklangan muhtasham asarlarini bilamiz, bu asarlarning qahramonlari naqadar tanti va mard ekanliklaridan qoyil qolamiz. U o‘ziga xos adabiy aholi yaratib, o‘zbek xarakterining betimsolligini namoyon etgani uchun g‘ururlanamiz, u soxta shon-shuhrat, obro‘-izzat talab qilmasdan oldiga ulug‘vor vazifa qo‘ygancha, mana shunaqa bo‘ladi, deya o‘zligini ko‘rsata olganidan, shunday farzandni bergan xalq boqiyligidan ko‘ksimiz ko‘tariladi.

* * *

Bog‘da istiqomat qilayotganlar ko‘pincha ertalablari sportchilardek kiyinib yugurishar, sport mashqlarini bajarishar, ovqatdan keyin ham sayr etishni kanda qilishmasdi.
Shukur aka uchun bunaqa odatlar yot edi.
U kishi tashqariga chiqsayam ko‘p uzoqlamay, boqqa kiraverishdagi ulkan arg‘uvon ostida tik turgancha birpas xayol surib sigaret chekardi-da, keyin tez-tez yurib xonasiga kirib ketardi.
Arg‘uvon gullagan paytda odatdagidan ko‘ra ko‘proq chiqardi.
Bir gal kechki ovqatdan keyin Shukur aka har doimgidek choy damlangan choynakni ko‘tarib xonasiga chiqib ketarkan:
– Hozir tushaman, – dedi.
Shukur aka shunday deb, indamay tepaga chiqib ketdi.
Men u kishining gapini, kutib turing, mazmunida tushunib, kuta boshladim.
Shukur aka ko‘p kuttirmay qaytib tushdi.
– Yuring, – dedi.
O‘zi yo‘l boshladi.
Men ergashdim.
Shukur akaning qayerga bormoqchi bo‘lganini, maqsadi nimaligini so‘rab ham o‘tirmadim – nima bo‘lsa, ko‘raveramiz-da.
Shukur aka odatiga xilof ravishda bog‘dagi alohida kottejlar yonidan o‘tadigan yo‘ldan yura boshladi.
U uch-to‘rt kottej oldidan indamay o‘tdi-da, ichkarida chiroq yonib turgan bittasi oldida to‘xtab:
– Ibrohim aka uydalar, shekilli, – dedi oqsoqol yozuvchi Ibrohim Rahim haqida so‘z boshlab. – Siz u kishining asarlarini o‘qiganmisiz?
– Ha… ayrimlarini.
– Men o‘qimaganman, to‘g‘risi, o‘qiyolmaganman, – dedi Shukur aka endi bu haqda mulohaza yuritib o‘tirmaylik degandek, – lekin bu odam ulug‘ odam, – deb qo‘shib qo‘ydi.
– Inson sifatida demoqchisiz-da?
– Inson sifatida ham bahosi yo‘q. Men “Guliston” jurnalida shu odamning qo‘lida ishlaganman, – dedi Shukur aka nimalarnidir xotirlayotgandek, – bosh muharririmiz edi… Jasoratiga qoyil qolganman. Mana, hozir hamma birdek “unaqa jafo ko‘rganman, bunaqa ishlar qivorgim kelgan” deb ayyuhannos ko‘tarishadi. Yov qochgach, botir ko‘payadi, deyishadi-ku. Ammo, bu kishi bir og‘iz ham minnat qilmadi-ya. Yo‘qsa, o‘shanda, sho‘roning tazyiqi eng kuchaygan kezlarda Ibrohim aka qo‘rqmasdan shartta “Temur tuzuklari”ni jurnalda berdirtirib yuboruvdi, biz ham qanaqa bo‘larkin deb turganmiz, o‘zim javob beraman, tayyorlanglar degan-a… Rasul Hamzatovning “Mening Dog‘istonim” asariyam shu kishining daldasi bilan chiqib ketgan, uniyam chiqarishga o‘sha paytlarda ancha-muncha odamning yuragi betlamasdi, – Shukur aka yana uyga qarab qo‘yib, – hozir kirib borsak juda quvonib ketsa kerak, juda mehmondo‘st-da Ibrohim aka, – deb qoldi.
– Eshikni taqillataymi? – dedim.
– Yo‘q, boshqa safar… biron vaqt kunduz kuni kelamiz… – dedi Shukur aka yana yo‘l boshlab.
Saranjom-sarishta bir kottej oldida to‘xtab:
– Bu yerda sizning hamshaharingiz Pirimqul aka yashaydi, – dedi.
– Bilaman.
– Shu-u… Pirimqul akaning mehnatkashligiga qoyil qolaman-da, – dedi Shukur aka so‘zni endi Pirimqul Qodirovga burib, – mana shu kottejlarda hammayam ijarada turadi, lekin Pirimqul aka hovliga astoydil qarab, gullatib o‘tiradi, ana-a, qarang, yo‘l chetlariga ham bir nimalarni ekib, ko‘kartirib qo‘ygan. – Shukur aka sigaret tutatib olib, davom etdi: – Men Pirimqul akani juda muloyim, birovga qattiq gapirmagan odam deb o‘ylab yurardim…
– Haqiqatdan ham shunaqa-da.
– Shu kishining bir gal qattiq jahli chiqqanini ko‘rganman, – dedi Shukur aka, – uning “Yulduzli tunlar” romanini katta bir yig‘inda katta bir olim (Shukur aka uning otini aytgan edi, ayrim mulohazalarga borgan holda bu yerda keltirishni lozim topmadim Sh.B.) yuqorining topshirig‘i bilan asossiz tanqid qilib qoldi-ku… Yana o‘sha eski gaplar: “ Bobur shoh bo‘lgan, uni qanaqa qilib maqtash mumkin” deganday gaplar… Tepada o‘tirganlar ham, pastda o‘tirganlar ham – hamma bilib turibdi u nima uchun bunaqa deyayotganini. U olim ham o‘zining gapini aytayotgani yo‘q. U yerda har xil gaplar bo‘ldi, mayli, ularni aytib o‘tirmay. Oxirini eshiting, yig‘in ham tugadi, haligi olim ham topshiriq asosida tanqidining asossiz ekanligini bilganmi, ishqilib, hamma tashqariga chiqayotganda Pirimqul akaning qarshisiga kelib ko‘rishish uchun qo‘lini uzatsa bo‘ladimi? Voy, tovba, juda g‘alati xalqmiz-da, a? Pirimqul aka unga g‘azab bilan bir qarab qo‘ydi-da, bor-e, deya jerkiganicha yaxshigina so‘z aytib so‘kindi-da, uning qo‘lini qayirib tashladi. Pirimqul akaning so‘kinganini shunda birinchi marta eshitganman. Boshqa odam bo‘lganda “pazor” bo‘lib yerga kirib ketardi, uyam hech nima bo‘lmagandek ketib boryapti qarasam… Vey, qizig‘ odamlar-da… Pirimqul akaning jasoratiga o‘shanda qoyil qolganman, ichimda maqtab, o‘zimcha yashang, deb qo‘yganman.
– Pirimqul akanikiga kirish niyatingiz yo‘qmi? – deb hazillashdim.
– Yo‘q, yo‘q, yuring, – deya u yana yo‘l boshladi.
Shu tariqa u uyning oldida ham, bu uyning oldida ham to‘xtab, Shukur aka ijodkorlar haqida har xil bo‘lib o‘tgan gaplarni aytib berardi. Ba’zilarini o‘zi ham tanqid qilib qo‘yardi. Lekin, baribir, Shukur akaning hikoya yo‘sinidan shu narsa sezilardiki, u o‘zi mansub bo‘lgan katta o‘zbek adabiyotining taraqqiyotiga ijodi bilanmi, ijtimoiy faoliyati bilanmi hissa qo‘shganlarni ich-ichidan hurmat qilar, ularning qadrini bilar, ulug‘lar edi.
Biz shu tariqa aylanib yurib, bir mahal O‘lmas Umarbekov yashayotgan uyning oldiga kelib qoldik.
Shukur aka bo‘ynini cho‘zib hovliga mo‘raladi-da:
– Umarbekov uyda, – dedi.
– Kiramizmi?
– Ha, – Shukur aka bir zum nimanidir mulohaza qilib o‘ylanib qoldi-da, so‘ngra, shaxdam yurdi.
O‘lmas Umarbekov tashqarida stol qo‘yib o‘tirgan ekan.
Uzun-qisqa bo‘lib kirib borayotganimizni ko‘rib u darhol o‘rnidan turib, bizga peshvoz kela boshladi.
Ular ikkalasi ming yil ko‘rishmagan qadrdonlardek bir-birini obdon bag‘riga bosishib ko‘rishishdi.
Men hali hech O‘lmas Umarbekov bilan yuzma-yuz bo‘lmagan edim.
Shukur aka bilan ko‘rishib bo‘lgach, u menga ham quchoq ochdi.
Ikkalamiz quchoqlashib ko‘rishib turganimizda Shukur aka bizni tanishtirib qo‘yishga ham ulgurdi.
O‘lmas aka oilasidagilarga ishora bergandi, darhol stol ustiga das­turxon yozildi.
O‘lmas aka tomog‘ini o‘rab bog‘lab olgan, ovozi chiqmas, fikrini imo-ishoralar bilan anglatar edi. Uning yuz-ko‘zlarida bizning kirib kelganimizdan nihoyatda xursand bo‘lganligini bildiruvchi ifodalar barq urib turardi.
Dasturxonga chiroyli karjlangan tarvuz keltirildi.
– Shu bo‘ladi, – dedi Shukur aka.
O‘lmas aka qo‘lini ko‘ksiga qo‘ygancha, rahmat, ishorasini qildi. Keyin yana imo-ishoralar bilan sizlar bemalol, deganday dasturxonga peshma-pesh keltirib qo‘yilayotgan noz-ne’matlardan olib o‘tirishga qistadi.
Shukur aka kirib kelishi bilan bu xonadonda o‘zgacha xatti-harakatlar boshlanib qolganidan sezdimki, O‘lmas Umarbekov va uning oila a’zolari Shukur Xolmirzayevni hurmatini joyiga qo‘yishga intilishar ekan.
Shukur aka baland-baland tovushda so‘zlar, O‘lmas aka mayin tabassum qilgancha uni diqqat bilan tinglar, o‘rni kelganda o‘zi ham imo-ishoralar qilar, biz uning nima demoqchi bo‘lganini darhol fahmlab olar edik.
Shu tariqa vaqt allamahal bo‘lguncha o‘ziga xos adabiy gurung davom etdi.
Axiyri, biz ketishga izn so‘radik.
O‘lmas aka imo-ishoralar bilan uzoqlashib ketmanglar, men shu yerdaman, xohlagan vaqtlaringizda kelaveringlar, deya bizni tashqariga kuzatib chiqdi.
Shu uchrashuv asnosida payqadimki, Shukur Xolmirzayev bilan O‘lmas Umarbekov havas qilgulik do‘st bo‘lishgan ekan.
Ular bir-birlarining hurmatini joyiga qo‘yishar ekan.
Bu ikki katta ijodkor do‘stligining zamirida adabiyotga muhabbat, insoniy sifatlarni ulug‘lash, bir avlod vakillari sifatida bir-birining qadrini juda yaxshi bilish, bir-birini to‘g‘ri tushuna olish his-tuyg‘ulari bo‘lganligi shubhasizdir.
O‘lmas Umarbekovning asarlari bilan tanish esam-da, Shukur akaning sharofati tufayli o‘shanda uning o‘zi bilan ilk marta yuzma-yuz ko‘rishgan edim.
Afsuski, so‘nggisi ham shu bo‘lgan ekan.

* * *

O‘zbekiston radiosi bosh rejissyori Rahmat Jumayev shinavanda, adabiyotni yaxshi biladigan, shoir-yozuvchilarni ko‘rsa, avliyoga duch kelgandek quvonib ketadigan ijodkorlardan edi. Hozirga qadar radioning oltin zaxirasida Rahmat Jumayevning zamonaviy va mumtoz o‘zbek adabiyotidan, jahon adabiyotidan o‘nlab radiointsenirovkalari, radiopesalari saqlanadi, vaqti-vaqti bilan efirga uzatib turiladi. Shu kishining ham Shukur akaga mehri bo‘lakcha, uning yangi asar yozishini kutib yurar, hali bo‘yog‘i qurimasdan qo‘lga kiritar va xursand holda bizning “Adabiyot va radioteatr” deb atalgan muharririyatimizga kirib kelib:
– Shukur akadan yangi asar undirdim, – deb suyunchi olar edi.
O‘shanda men bosh muharrir edim. Bizga qo‘yiladigan o‘ziga xos talab­larni nazarda tutib:
– Qani, avval bir o‘qib ko‘raylik, – desam, Rahmat aka shoshqaloqlik bilan:
– Bilasiz-ku, Shukur aka yomon yozolmaydi, rejaga kiritavering, men ishni boshlayveray, keyin o‘qiyverasiz, – derdi.
Muallif bo‘lsa, qorasiniyam ko‘rsatmas, Rahmat aka uning radiodagi muxtor vakili kabi ish yuritardi.
Shukur Xolmirzayevning “Bulut to‘sgan oy” hikoyasini ham Rahmat Jumayev shu tariqa undirib keldi.
Hikoya barchaga yoqdi.
Rahmat Jumayev ishga kirishib ketdi. U aktyorlarni xonasiga chaqirib olib, soatlab repetitsiya o‘tkazar, ovoz rejissyori bormi, bastakor bormi – barchasini avvaldan belgilab, asarni o‘qib chiqishga majbur qilar, asar haqida ular bilan bahslashar, ko‘ngli to‘lgach, studiyaga band qilib magnit tasmasiga yozib olishga kirishar edi.
Rahmat Jumayev bir kuni:
– Bo‘ldi! – dedi.
Boshqa tashvishlar bilan yurganim uchunmi, yodimdan ko‘tarilgan ekan:
– Nima bo‘ldi? – deb so‘radim.
– E, omon bo‘ling-e?! – dedi Rahmat aka xafalangandek. – Men bir oydan beri kechani kecha, kunduzni kunduz demay ishlab yotsamu siz bo‘lsangiz…
Miyamga darhol “Bulut to‘sgan oy” urildi.
– Muallifniyam xabardor qildingizmi? – deb so‘radim o‘zimni uning ginasini eshitmaganga olib.
– Shukur aka ertaga keladi, mening xonamda avval uchchalamiz eshitib ko‘raylig-a, fikrlar bo‘lsa aytarsizlar, keyin badiiy kengashga topshiramiz, – dedi Rahmat aka.
Men uning fikrini ma’qulladim.
Rahmat Jumayevning hamisha antikvar narsa-buyumlarni yig‘ib yuradigan odati bor edi. Biron joyda shunaqa narsalarni ko‘rsa, beixtiyor ko‘zi yonar, iloji bo‘lsa, qo‘lga kiritish payiga tushardi.
Aytilgan vaqtda uning xonasiga bordim.
Shukur aka shu yerda ekan.
Ko‘rishdik.
Rahmat Jumayev iltifot bilan antikvar chinni idishchalarga antikvar kumush qoshiqchalar solib hammamiz uchun qahva tayyorlab, oldimizga qo‘yarkan:
– Xitoy chinnisidan, – deb qo‘ydi.
Shukur aka unga bir qaradi-yu, indamadi, lekin qahvaga ham qo‘l uzatmadi.
Rahmat aka magnitofon klavishini “bismillo” deb bosdi.
Magnitofondan diktorning o‘ktam ovozi eshitildi: “Toshkentdan gapiramiz! “Bugun radioteatrda” turkumidagi adabiy-badiiy eshittirishimizni boshlaymiz. Sizlarni O‘zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzayevning “Bulut to‘sgan oy” hikoyasi asosida tayyorlangan radiopostanovkani tinglashga taklif etamiz…”
Shundan so‘ng asar voqealari boshlanishidan oldin musiqa yangraganida Shukur aka u yoq-bu yoqqa alanglab:
– Cheksam bo‘ladimi? – deb so‘radi.
Rahmat Jumayev uning oldiga antikvar billur kuldon qo‘yayotib:
– Faqat sizgagina ruxsat, – deya men tomonga qiya qarab qo‘ydi.
Men o‘zimni uning so‘zini eshitmaganga oldim.
Rahmat Jumayev qimmatbaho antikvar sigaretning yaltiroq qutisini ochib, qutining ortiga chertgandi, ikki-uchta sigaretning boshchalari “rostlan” buyrug‘ini eshitgan askarlarday qutidan chiqib keldi.
Rahmat aka qutini Shukur aka tomonga uzatib:
– Marhamat! – dedi.
Shukur aka bir Rahmat akaga, bir uning qo‘lidagi sigaret qutisiga qarab qo‘ydi-da, paltosi cho‘ntagidan “Astra” sigareti qutisini chiqararkan:
– Rahmat, – dedi va o‘zinikidan bitta xashaki sigaret chiqazib labiga qistirdi.
Antikvar sigareti rad etilgan Rahmat Jumayev endi darhol antikvar chaqmog‘ini Shukur akaning tumshug‘i ostida yoqishga oshiqdi. Chirs etgan nozikkina tovush eshitildi-yu, chaqmoqdan alanga ko‘tarildi, xayriyat, Shukur aka bu gal rad etmay undan sigaretini tutatib oldi.
Shu mahal musiqa tugab, taniqli aktyorlar ijrosida “Bulut to‘sgan oy” hikoyasi asosidagi radiopostanovkaning asosiy qismi boshlandi.
Ikki soat davomida Shukur aka miq etmay iyagini ushlaganicha diqqat bilan quloq solib o‘tirdi. U ahyon-ahyonda stol ustida yotgan “Astra” qutisiga qo‘l cho‘zar, shunda Rahmat Jumayev ham chaqqonlik bilan antikvar chaqmog‘ini nozikkina chirsillagan ovoz chiqazdirib alangalatardi.
Asar yakunlanayotganda Shukur aka qahvadan bir-ikki ho‘plab qo‘ydi.
Nihoyat, radiopostanovkani eshitib bo‘ldik.
Rahmat Jumayev o‘ziga ishongan rejissyor bo‘lsa-da, qandaydir hayajonlanayotganini ham bildirib qo‘ymoqda edi.
Uning ikki ko‘zi Shukur akada: qani, nima derkan?
Shukur aka indamay o‘rnidan turdi.
“Astra” qutisini ohista cho‘ntagiga solarkan:
– Men radiodagi ishlarni ko‘pam tushunavermayman, – dedi.
Iya, bu yog‘i qanday bo‘ldi?
Qanchadan-qancha asarlari radiolashtirilgan yozuvchi bu bilan nima demoqchi?
Rahmat aka menga, men Rahmat akaga qaradik.
– Televideniyening ishlariniyam ko‘p tushunmayman, – dedi Shukur aka.
Nazarimda, u bir nima demoqchi-yu gapni uzoqdan boshlayotganga o‘xshab ko‘rindi.
– Lekin bitta narsani bilaman, – dedi Shukur aka. – Antik davrda ham zo‘r asarlar sahnada qo‘yilgan… Bular ham zamonaviy sahnalar-da, o‘zimga bunchalik ta’sir qiladi deb o‘ylamovdim, – Shukur aka Rahmat akaning yelkasiga ohista qo‘l tashlab, – eplabsiz, – deb qo‘ydi.
Rahmat Jumayevga shuning o‘zi kifoya edi.
U hikoyaning o‘zi zo‘r yozilganini, unda yangicha munosabatlar ifodalanganini gapira boshlagandi, Shukur aka bu gaplarni o‘ziga yaqinlashtirishni istamayotgandek qo‘lini cho‘zib:
– Xayr, – dedi.
– E, nimalar deyapsiz? – dedi Rahmat aka qo‘rqib ketgandek. – Sizni kuzatib qo‘yishga imkon topamiz… Shunday katta yozuvchi radioga keladi-yu katta rejissyor kuzatib qo‘ymaydimi?
Rahmat akaning bu gapidan Shukur akaning yuz-ko‘ziga tabassum yugurdi.
– Xo‘p, – dedi qarshilik qilmay.
Rahmat Jumayev va Shukur aka bilan quyi qavatga tushib, tashqariga chiqdim.
Ular ikkalasi bir tomonga ketishdi.
Meniyam taklif etishgandi, ba’zi bir zarurroqdek ko‘ringan yumushlarimni bahona qilib, uzr so‘radim.
Ortga qaytayotsam, radioga kiraverishdagi eshik og‘zida kimdir birov meni chaqirganday bo‘ldi.
O‘girilib qaradim.
Uch-to‘rt odim narida Jo‘rabek aka degan tanishimiz, shoshmang, degandek qo‘lini silkitib, men tomonga tez-tez yurib kelmoqda edi.
Men to‘xtadim.
Jo‘rabek aka yetib keldi.
Quyuq so‘rashdik.
Jo‘rabek aka boshi bilan boyagi hamsuhbatlarim ketgan tomonga ishora qilib:
– Shukur Xolmirzayevmidi? – deb so‘radi.
– Ha, Shukur Xolmirzayev edi.
– Siz u kishini yaxshi taniysizmi?
– Ancha-muncha.
– So‘zingiz o‘tadimi?
Sal-pal g‘ashim keldi.
– Endi, u kishi ustoz yozuvchi bo‘lsa, – dedim, – mening so‘zimga emas, o‘zining fikriga suyanadi.
– Yo‘q-yo‘q, siz noto‘g‘ri tushunmang, – dedi Jo‘rabek aka shosha-pisha. – Men aytmoqchiydimki… shu kishining qo‘llarini bir ushlasak… bir piyola choyga taklif qilsak.
– E, shunaqa demaysizmi?
– Shu-da.
– Choyga qayerga taklif qilmoqchisiz?
– Uyga-da… bolalar ham ko‘rishsin, keyin faxrlanib yurishadi.
– Mayli, aytib ko‘raman.
– U kishi nima desalar shu, – dedi Jo‘rabek aka quvongancha.
Ertasi kuni qo‘ng‘iroq qilib Jo‘rabek akaning taklifini aytgandim, Shukur aka biroz o‘ylab turib:
– Vrach dedingiz-a? – deya qaytalab so‘radi.
– Ha, vrach, – dedim Shukur akaning to‘satdan, yo‘q, borolmayman, degan gapining oldini olish uchun, – sizning astoydil muxlisingiz ham, – deb qo‘shib qo‘ydim.
Nazarimda, Shukur aka keyingi gapimga unchalik e’tibor bermadi.
– O‘zingiz ham borasizmi? – deb so‘radi.
– Albatta.
– Qachonga?
– Vaqtini siz belgilaysiz.
– Indinga soat beshda, bo‘ladimi?
– Xo‘p.
Jo‘rabek akaga qo‘ng‘iroq qilib, Shukur akani rozi qilganim haqida suyunchi so‘radim.
– Mashina yuboraymi? – dedi Jo‘rabek aka ham quvonganicha. – Mehmonning yoniga yana kimlarni chaqiray? O‘n besh-yigirma kishiga joy qilsam bo‘ladimi?
– Voy-bo‘… to‘y qilyapsizmi? Ko‘pchilikni yig‘mang, Shukur aka xokisorlikni yoqtiradigan odam.
– Mayli-mayli, baribir besh-o‘n odam yig‘iladi-da, – dedi hamon o‘zinikini ma’qullab Jo‘rabek aka. – Demak, beshda chiqsalaringiz besh yarimlarda yetib kelarsizlar-da. Biz Chilonzor tomonda turamiz, sizlarda ishlaydigan Abduqayum uyimizni biladi, aytib qo‘yaman, tashkil qilib olib keladi.
– Xo‘p, kelishdik.
Shukur aka va’dasini aniq bajaradigan odam edi. O‘sha kuni o‘n daqiqa kam beshda xonamga qo‘ng‘iroq qilib:
– Men keldim, – dedi.
Darhol ishni yig‘ishtirib pastga tushdim.
Abduqayum ham xonanda Rustam Abdullayevning “Kombi” degan mashinasida yetib keldi.
– Rustam akaga torniyam oling dedim, – dedi Abduqayum. – Zarur bo‘lib qolsa bir-ikkita qo‘shiq ham davraga zeb beradi-da.
– Bir o‘q bilan ikki quyonni uribsiz-da, – dedim Rustam akaning haydovchi ham bo‘lib kelganini nazarda tutib.
Abduqayum qiqirlab kuldi.
Shukur akani oldinga o‘tqazdik.
Abduqayum bilan men orqada. Abduqayum bo‘ynini Rustam aka tomonga cho‘zgancha yo‘l ko‘rsatib bordi.
Jo‘rabek aka elburutdan bashorat qilganidek, roppa-rosa soat besh yarimda u yashaydigan ko‘p qavatli uyning pod’ezdiga yetib keldik. U yerdagi manzarani ko‘rib, men bu yerda boshqa biron tadbir ham bo‘lsa kerak deb o‘yladim. Nega deganda, pod’ezd oldida bir xil atlas ko‘ylakdagi to‘rt-besh qizaloq non va tuz ushlab turishardi. Orqaroqda boshqa odamlar ham to‘planishgan edi.
Biz mashinadan tushdik.
Jo‘rabek aka lapanglaganicha bizga peshvoz yugurib keldi.
U hammamiz bilan bir-bir quchoqlashib ko‘risha ketdi. Mening qulog‘im ostiga esa nuqul:
– Rahmat, rahmat, – der edi.
Uning qattiq hayajonlanayotganini payqadim.
Endi qaysi tomonga yuramiz, degandek bir-birimizga qaragan edik, Jo‘rabek aka Shukur akani qo‘ltiqlab tikka non-tuz tutib turgan atlas kuylakli qizaloqlar tomon boshladi.
Ular ham non-tuz tutgancha bir ovozdan:
– Xush kelibsiz! – deyishdi.
Shukur aka biroz xijolat chekkandek indamay non-tuz totingan bo‘ldi, ishqilib, g‘ashi kelib qolmasin-da, degan xavotirda mening yuragim taka-puka. Uning harakatlarini biz ham takrorlaganimizdan keyin Jo‘rabek aka pod’ezd tomon yo‘l boshladi, uchinchimi-to‘rtinchimi qavatda turar ekan, tavba, chiqa-chiqquncha zinalarga cho‘g‘dek gilam to‘shalgan edi, o‘zi shunaqamikan desam, keyinchalik bilishimcha, Shukur akaning kelishiga atay poyandoz yozdirgan ekan.
Ana-a, hafsala!
Jo‘rabek akaning uyiga kirdik.
Kenggina zal o‘rtasida yonma-yon qo‘yilgan xontaxtalarga umumiy qilib dasturxon to‘shalgan, dasturxon ustida yo‘q narsaning o‘zi yo‘q edi, bir so‘z bilan aytganda, dasturxon juda to‘kis bezatilgan edi.
Shukur akaning hurmati uchun uning yoniga chaqirilgan qo‘ni-qo‘shni, tanish-bilish mehmonlar sipo bo‘lib turishardi.
Ular, o‘ting, o‘ting deyishib, Shukur akani eng to‘rga o‘tkazishdi.
Shukur akani yig‘ilganlarga tanishtirishning hojati bo‘lmadi, qolganlar asta-sekin bir-birlari bilan tanishib olaverishdi.
Oz-ozdan araq ham qo‘yildi.
– Aylanayin, siz Qashqadaryodan-a? – deb so‘rab qoldi Shukur aka bir mahal Jo‘rabek akadan.
Mezbon sifatida poygakda cho‘k tushib o‘tirgan Jo‘rabek aka savolga javob berish uchun “dik” etib o‘rnidan turayotgandi, Shukur aka qo‘li bilan ishora qilib:
– E, o‘tiravering, – dedi.
Jo‘rabek aka negadir terlab-pishib joyiga o‘tirarkan:
– Ha, – deganicha Shukur akaning savoliga kalta javob qaytardi.
– Vrachman deng?
– Shunaqa… kardiologiya bo‘yicha.
– Chexov ham vrach bo‘lgan, Bulgakov ham, – dedi Shukur aka nimalarnidir eslagandek bo‘lib. – Chexov – zo‘r yozuvchi. Bu behuda emasdir, a? Ob’ekt baribir inson-da. San’at yo‘lida Leonardo da Vinchi plastik anatomiyaga ham asos solganidan xabaringiz bormi?
– Ha, – dedi Jo‘rabek aka murakkab savol tushib qolishidan qo‘rqqan talabadek boshini egib.
– U yigirma sakkizta o‘likni yorib, inson tanasidagi tolalarni o‘rganganidan shunday fan kelib chiqqan, – davom etdi Shukur aka. – Demak, san’atda ham aniqlik lozim ekan. Tolstoy bobo, hatto, san’atda fandagidan ko‘ra ko‘proq aniqlik kerak, deb aytgan. Innankeyin, u musiqaga ham jiddiy qaragan. Qadimgi Xitoyda har qanday odamning qo‘liga musiqa asbobini tutqazish ma’n etilgan degan, san’at turlari ichida musiqa odamni tezda yo‘ldan chiqaradi degan…
Rustam Abdullayev bu gaplarni darhol o‘ziga olib:
– Shukur aka, bu gaplarni mumtoz musiqaga nisbatan ham qo‘llash mumkinmi? – deya ilmoqli savol tashladi.
Shukur aka Rustam akaga bir muddat sinovchan tikilib turdi-da:
– “Shohnoma”da Barbad afsonasi borligini bilasiz-a? – deb so‘radi.
– Bilaman, – dedi ishonch bilan Rustam aka. – U tarixiy shaxs bo‘lgan, musiqa asbobi yaratgan.
– Yashang, – uni maqtadi Shukur aka. – Shu Barbad ham o‘sha yasagan asbobini o‘nglab chalsa tinglovchilar yig‘lashgan-a, teskarisini chalganda tinglovchilar qah-qah otib kulaverishgan-a… Shunaqamidi yoki teskarisimidi?
– Ishqilib, shunaqa-da, – dedi Rustam aka mayda-chuydalariga e’tibor berib o‘tirmaylik degandek.
– Ha, yashang, – dedi Shukur aka. – Ko‘ryapsizmi, o‘sha Barbad deganingiz ham o‘zi yasagan asbobini unaqasiga chalsayam, bunaqasiga chalsayam tinglovchini ekstaz holatga olib kiryapti… Bu yaxshimi? O‘ylab ko‘rish kerak. Inson musiqa tinglab kallasini chayqab o‘tirgani bilan uning yomon tomoni ham bor. Yomon tomoni shuki, u o‘zining asl holatini unutadi. Musiqa sehrlaydi deyishadi-ku… Bu gap ijobiy emas. Sehrlab, fikrdan mosuvo etadi, allalaydi – xalqning ilgari yurishi uchun esa fikrlovchi, kuchli odamlar kerak…
– Me’yorida bo‘lsa-chi? – deb so‘radi endi Rustam aka o‘zini oqlamoqchi bo‘lgandek.
– Albatta, me’yorida bo‘lgani durust, – dedi Shukur aka. – Xalq o‘ziga zarurini olishi kerak, lekin o‘ziga zarurini olar ekan deb unga duch kelganni tiqishtirmaslik kerak. Unaqada did rasvo bo‘ladi, – deganicha Shukur aka endi bu gaplardan zerikkandek yana Jo‘rabek aka tomonga qarab: – Og‘ajon, Qashqadaryodan bo‘ladigan bo‘lsangiz, qaysi urug‘dansiz? – deb so‘radi.
– Men qarluqman, – dedi hamon hayajoni bosilmagan bo‘lsa-da, faxr­langandek bo‘lib Jo‘rabek aka.
Shukur aka antik davr odamini ko‘rgandek Jo‘rabek akaga bir zum hayrat bilan tikilib qoldi.
So‘ngra ishonmagandek:
– Qarluqman deng? – deb qaytalab so‘radi.
– Ha, qarluqman, – dedi Jo‘rabek aka va Shukur aka bunaqa urug‘ borligini eshitmaganmikan, degan gumonga bordi, chog‘i, – qarluqlar… – deya endi tushuntira boshlovdi, Shukur aka:
– To‘xtang, to‘xtang! – deb xitob qildi.
Jo‘rabek aka hayron bo‘lganicha jimidi.
Shukur aka o‘rnidan turib, Jo‘rabek aka tomonga quchog‘ini ochdi-da:
– Qani, bir keling-chi, bag‘rimga bosay, – dedi.
Bunday iltifotni kutmagan Jo‘rabek akaning ikki chakkasidan ter quyilib Shukur akaga peshvoz keldi. Uning yo‘g‘on gavdasini Shukur aka bag‘riga bosarkan, peshonasidan o‘pib:
– O‘zimning qarlug‘imdan aylanay! – deb qoldi.
Bunaqa bo‘lishini kutmagan ekanmi, Jo‘rabek aka tili tutilganicha:
– Shukur aka, siz ham qarluqmi? – deb so‘radi yo‘qotgan akasini topib olgandek yuz-ko‘zlari cheksiz quvonchga to‘lib.
– O, og‘ajon, men qo‘ng‘irotlardanman, – dedi Shukur aka, – lekin qonimda barcha turkiy elatlarning qoni bor, – deya, yana o‘z o‘rniga joylashib olgach, qarluqlar haqida so‘zlay ketdi. – Qarluqlar davlat tuzishgan, Qarluq davlati, adashmasam, to‘qqizinchi asr o‘rtalaridamikan, Turkiston yerida paydo bo‘lgan-da… Unga qarluq turkiylaridan bo‘lgan Bilga Qul Qodirxon asos solgan, – Shukur aka nimalarnidir yodiga tushirmoqchi bo‘lgandek peshonasini tirishtirdi. – Ha, shunaqa bo‘lgan. Tarixda bu qoraxoniylar atalib ketgan… “Qora” degani “buyuk”, “ulug‘” ma’nosida keladi-da, qarluq xonlari o‘zlarini “buyuk hoqon”, “ulug‘ hoqon” nomlari bilan ulug‘lab kelganlar-da, qoraxoniylar atalib ketishi shundanmikan… Ungacha, to‘rtinchi asrda ham qarluqlar Irtish daryosining yuqori oqimlaridan Ila daryosining o‘rta va quyi oqimlarigacha bo‘lgan katta hududni egallashgan, buning ichida Jung‘oriya va Tarbag‘atay mintaqalari ham bo‘lgan, qarluqlar yana shu vaqtlarda Sharqiy Turkistonning g‘arbiy qismida, Farg‘onada va Toxaristonda ham joylashgan edilar…
– Shunaqa, og‘ajon, shunaqa, – deya davom etdi Shukur aka – endi, qolaversa, tilimiz ham qarluq-chigil dialekti asosida shakllangan. Qarluq-chigil dialekti sakkizinchi-to‘qqizinchi asrlarda Yettisuvda, Sharqiy Turkistonning g‘arbiy qismida, Sirdaryoning o‘rta oqimlarida, Movarounnahrda keng tarqalgan… Xo-osh, og‘ajon, bu til qoraxoniylar davlatining asosiy tili bo‘lgan. Qarluq-chigil, o‘g‘uz va qipchoq… mana, turkiy tilning mavjud bo‘lgan uch yirik dialekti…
Bu gaplar Jo‘rabek akani nihoyatda faxrlantirib-g‘ururlantirib yubordi. Endi u boshi osmonga yetgancha yelib-yugurib xizmat qilar, bir zum qo‘nim topib o‘tirsa, o‘zini gunohkor his etayotgandek edi.
Shukur Xolmirzayev shunaqa edi.
U turkiy qavmlar tarixiga oid juda keng ma’lumotlarga ega bo‘lishiga qaramay, yangilarini qidirib yurar, bu tarix izlarini antropologik jihatdan odamlarning yuzlaridan, qosh-ko‘zlaridan qidirar, chog‘ishtirar, o‘z fikrlari tasdig‘ini topgan chog‘larda yosh boladek quvonib ketar edi.
Mana, uning “Ko‘k dengiz” hikoyasidan tinglang:
“Uning aytishicha, topishmoq, ya’ni “tabshkak” – Oltoy xalq og‘zaki ijodining “kaliti” ekan. Chunki topishmoqlarda Oltoy elining, ya’ni, qadimdan to yaqin-yaqinlargacha ovchilik va chorvachilik bilan shug‘ullanib kelgan elning eng ibtidoiy – “yashirin tili” to‘la-to‘kis aks etarkan. Illo, oltoyliklar atrof-muhit – o‘rmon, suv, hayvonlar va parrandalarning shubhasiz Ruhi bor, lekin Ruhlar ko‘zga ko‘rinmaydi, ularni sira-sira g‘azablantirmaslik kerak, Ruhlar ranjisa – xalq och qoladi, ya’ni ov baror olmaydi, ro‘zg‘ordan – “o‘choq”dan fayz-baraka ko‘tariladi deb ishonishar ekan. Ana shuning uchun ular qadim-qadimdan tabiat bobida “ezop tili”ga o‘xshash – yashirin lahjada gapirishib kelishar ekan, buning ma’nosi shulki, bironta jonivorniyam asl nomi bilan atashmas ekan… Masalan, “ilon-yilon”ni – “qamchi, qayish”, “bo‘ri-boru”ni – “ko‘k it, uzun quyruq”, deyisharkan.
Umrzoq aka shunday misollarni aytar ekan, mening yuragim gurs-gurs urib, juda to‘lqinlanib ketdim: he, yoshligimizni eslayman.
“Bo‘ri”ni – “jondor” deb atashardi bizda. “Ilon” – “arg‘amchi”, “ayiq”ni – “polvon”…
Ayniqsa, tunlari bulardan birining ham nomi tilga olinmas edi”.
Shu tariqa yozuvchi kitobxonning ham esiga nimalarnidir solib qo‘yadi, uning da’vati taxminan shunday: “Ho-oy, eslab ko‘r, sabiyligingni esla, bolaligingni esla… yakkatom uylardagi urf-udumlarni yodingga tushir – ular sening kimligingni, qayerdanligingni, tub o‘zagingni yodingga solajak… sen ulardan uzoqlashma, madaniyat ham shu, ma’naviyat ham shu, ma’rifat ham shu, uzoqlashdingmi, o‘zingni, o‘zligingni yo‘qotajaksan, bu cheksiz olamda muallaq qolajaksan, yuzsiz qolajaksan, olamga yuz ko‘rsatolmayajaksan…”
U shuni aytishdan charchamaydi.
“Ko‘k dengiz”da yana shunday satrlarni o‘qiysiz:
“Darvoqe, Oltoyda yaqingacha kelinlar kuyovdan tortib, uning qarindosh-urug‘larigacha – barini ham nomi bilan chaqirmas ekan…
Voy, ular bilan o‘zimizning oramizda qanday yaqinlik-qarindoshlik bor-a!
Turkiy deganlariyam shudir”.
Shunday samimiy, dilga yaqin hamsuhbat topilganidan beixtiyor suyunib ketgancha bosh irg‘ab:
– Shu-shu, shuning o‘zginasi! – deb yuborganingizni payqamay qolasiz.
Keyin hayajoningizni bosib o‘ylay-fikrlay boshlaysiz va yana undan minnatdor bo‘lasiz: turkiy deganlari aynan shu, turli irmoqlarda yuksak tog‘lardan oqib tushgan, kanorasiz kengliklarda daydibadal shamoldek kezgan buyuk elatning dunyo kengliklariga sochilgan urug‘-tarmoqlari shu, deysiz ich-ichingizdan bostirib kelayotgan qandaydir to‘lqinning ta’sirida ko‘zlaringiz yoshlanib.
Shukur Xolmirzayevning barcha asarlari umumturk adabiyotining eng yuksak namunalari ekaniga shubha yo‘q, faqat bu asarlar turkiy tilda so‘zlashuvchi dunyo xalqlariga hali yetib bormadi, yetib borsa, ular yozuvchi yaratgan qahramonlar orqali o‘z urug‘-qayoshlarini, yaqinlarini, qondoshlarini darhol tanib, topib oladilar.
Shukur Xolmirzayev fenomeni hali qo‘riqligicha ochilmay turibdi.
Gap uning asarlari haqida ilmiy ishlar yozishu ilmiy unvonlar yoqlab olishda ham emas. Hamma gap uni Shaxs va Ijodkor sifatida idrok eta olishda: shundagina uni barpo etgan Muhit va uni muttasil to‘lg‘oqqa solgan Dard sir-asrorlari namoyon bo‘ladi. Uning nimalar qilganini ko‘pchilik biladi yoki jilla qursa, shuni bilaman, deb o‘ylashadi, lekin endi uning bizga nimalar berganini o‘ylashimiz va misqol-misqollab o‘lchab olaverishimiz kerak, shunda u qoldirgan xazinadan qo‘ni-qo‘njimiz to‘lib-toshib ketadi, bu boylik ongu tafakkurimizni o‘zgartiradi, qalbimizni yangilaydi, turmush tashvishlaridan egik qaddimizni ko‘taradi, yelkalarimizni yuksaltiradi – u saxiy, uning qoldirgan merosi barchaga yetadi, faqat xazina yonidan bilmay o‘tib ketib qolmasangiz bas.
Shukur Xolmirzayev qoldirgan ulkan xazinaning eshik-darvozalari ham son-sanoqsizdir. Shunday eshiklardan birining tepasiga zarhal harflar bilan yozilgan “O‘zbek xarakteri” degan yozuvni o‘qidim. Eshik ortida dunyolarga tengsiz zumradu zabarjadlar, olmosu yoqutlar borligini aytishdi.
Botir cho‘pon bir og‘iz so‘z aytsa ular duvva-duvva to‘kilar ekan.
Botir cho‘ponning xotini bir og‘iz bir nima desa ular tinimsiz yog‘ilar ekan.
Chunki, ularning bag‘rida cheksiz dunyo bor ekan…
Bu eshikdan kirganlarning qulog‘iga go‘yo olis-olislardan kelayotgandek tuyulsa-da, biroq yaqinginadan shunday so‘zlar urilarkan, ularni hayqirib aytsa ham bo‘larkan, ularni shivirlab aytsa ham bo‘larkan.
Bu abadiy barhayot insonning so‘zlari, bu Shukur akaning ovozi edi:
“Xo‘sh, bu yerda nimani ko‘rding, nima xulosaga kelding, deb so‘rarsiz?
Men bu yerda… oddiy-jaydari, sodda o‘zbekning kengligi, to‘poriligini ko‘rdim.
Ishonasizmi, avtobusga o‘tirganimdan keyin sovuq oynadan laylakqorga qarab yig‘lar edim: ana shu o‘zbeklarning bag‘ri kengligi uchun, ne-ne qiyinchiliklarga, faqirlikka qaramay, fe’li tor bo‘lmagan, ajib-afsonaviy mehmondo‘stligi instinkt kabi mavjud qolgani uchun… ichimda, ich-ichimdan quvonib yig‘lardim”.
Insoniyat olg‘a intilmoqda.
Dunyo olg‘a intilmoqda.
“Don Kixot”ni hamon faxrlanib qo‘ltiqlab yurgan ovro‘polik talaba kosmos orbitasiga o‘zining mo‘jaz kemasini yuborib, tafakkurning yangi bosqichlariga ko‘tarilarkan, buning uchun tasavvurini boyitgan boyoqish lamanchlik idalgodan cheksiz minnatdor bo‘layotganini yashirib o‘tirmay dunyoga jar soladi.
Kelajak ufqlariga porloq ko‘zlarini qadab quvonayotgan bizning baxtiyor talabamiz ham faqat olg‘a boqmasdan, bir-bir ortga nazar tashlasa, Usta qoldirgan xazinaning son-sanoqsiz eshiklariga nigohi tushadi. U ham astoydil istasa, bu eshiklar ortida idalgonikidan kam bo‘lmagan sir-sinoatlar yashiringaniga guvoh bo‘lsa, ajabmas.
Bu xazinaning boshqacha dafinalardan farqi shundaki, u hech qachon tugamaydi, o‘zbek degan millat bor ekan, bugun bo‘lmasa ertaga – yillar va asrlar osha ham unga bo‘lgan ehtiyoj tobora oshgandan- oshaveradi.
Jo‘rabek akanikida ziyofat allamahalgacha davom etdi.
Ketar chog‘imizda mezbon Shukur akaning yelkasiga to‘n yopib, hali maktab o‘quvchilari bo‘lgan past-baland bolalarini uning qarshisiga qator tizib qo‘ydi-da:
– Shukur aka, shularning og‘ziga bir-bir tuflang, – dedi.
Bu gapdan Shukur aka kuldi.
Keyin rad ma’nosida boshini qimirlatib, qo‘lini duoga ochdi:
– Qani, sizlarga hamisha ulug‘ ota-bobolarimizning ruhlari madadkor bo‘lsin, – dedi.
Yig‘ilganlar yuzlariga kaft tortib:
– Ilohi, omin! – deya o‘zlari sevgan yozuvchining aytganlari kelishini Yaratgandan sidqidildan so‘rashdi.
Rustam aka yana rulga o‘tirdi.
Shukur akani Do‘rmonga olib borish kerak edi.
Shukur akaning kayfiyati soz, qittay-qittay ta’sirida sarxush ham bo‘lgani uchun dimog‘ida allaqanday kuyni xirgoyi qila boshladi.
Rustam aka biz tomonga o‘girilib:
– Akamning o‘zlari ham ashulaga o‘tib oldilar-ku, – deya kinoya qildi.
Bu gapdan Shukur aka boshini ortga tashlab qah-qah urgancha kularkan:
– E, o‘lmang-e siz! – deya Rustam akaning tizzasiga shapatilab urib qo‘ydi.
Jo‘rabek akaning yozuvchidan duo olgan farzandlari hozir ulg‘ayishib, yaxshi joylarda ishlashadi. Ular qayerda bo‘lishmasin, uylarida bo‘lib o‘tgan o‘sha uchrashuvni, o‘sha kungi gap-so‘zlarni dillarida saqlab, g‘urur-la aytib yurisharkan.

* * *

Shukur Burxonni kasalxonaga ko‘rgani bordim.
U kishi g‘alati mashg‘ulot bilan band edi: stol tortmasini tortib ochib unga biroz qarab turar, keyin yana yopib qo‘yar edi.
Kirib borib salomlashgach:
– Nima qilyapsiz, Shukur aka? – deb so‘radim.
Shukur Burhon tortmani yana o‘ziga tortib ochdi, tortmada “TU-34” sigareta qutisi yotar, boshqa hech vaqo yo‘q edi.
– Do‘xtirlar sigaret chekishni ma’n qilishgan, – dedi u xo‘rsingancha tortmani yana yopar ekan, keyin sigaret haqidagi xayolni chalg‘itmoqchi bo‘lgandek, – Abdulla Oripov menga “Qalandar” degan asar yozib bermoqchiydi, – dedi.
Men indamadim.
– Bizda yaxshi dramaturglar yo‘q… Shayxzoda boshqa edi, – dedi-yu, to‘satdan nimadir esiga tushib, – anavi Shukur Xolmirzayev degan qayerda yuribdi, talantli bola edi, – dedi.
Kun o‘tib, men Shukur Burxonning gapini Shukur Xolmirzayevga yetkazdim.
Shukur Xolmirzayev nimadir eslamoqchi bo‘lgandek xayol surgancha:
“Talabalikda men Gamletni o‘ynaganman, – dedi. – Shukur Burxon o‘ynatgan… U odam haqida yozganman. Keyin ancha uzilishib qoldik. Bir kuni Farhod Musajonov ikkalamiz xabar olgani borsak, Shukur Burxon soqol olayotgan ekan, salom berib, ahvol so‘ramoqchi bo‘lsam, o‘girilib:
– Shukurmisan? – deb so‘radi.
U kishining salobatli ovozidan yuragimga titroq kirganday bo‘lib, bazo‘r:
– Ha, – deya oldim, xolos.
Shukur Burxon soqol olishdan bir zum to‘xtab xoxolob kula boshladi-da, keyin:
– Sen so‘raganingdan buyon durustman, – deya yana soqol qirtishlashda davom etdi.
Farhod Musajonovning yengidan tortdim, bildirmay chiqib ketdik. So‘radimi-ya?

* * *

Yoz boshlarida Maksim Gorkiy (hozirgi “Buyuk ipak yo‘li”) metro bekatidan Do‘rmon yozuvchilar bog‘i tomonga ketadigan avtobusni mo‘ljallab tashqariga chiqqan zahotiyoq Shukur akaga ko‘zim tushdi.
U ellik qadamcha narida, avtobus bekatida turardi.
Uning boshida o‘sha mashhur oq shlyapasi, qo‘lida kattakon sumka bor edi. Lekin, hammadan ham antiqasi – ko‘ylagi edi. U allaqanaqa qizg‘ish-sariqqa moyil katta-katta katakli kuylak kiyib olgan, kuylak yoqalari ham varrak qulog‘iday uzun-uzun edi.
Men Shukur akaga yaqinlashib, salom berdim.
Shukur aka o‘girilib, salomimga alik olarkan:
– E, o‘zingizmisiz? – dedi yuz-ko‘zlariga tabassum yugurib.
– Sizni tanimabman, – dedim atay.
– Ie, nega?
– Anavi italyan aktyori Chelentano bor-ku… o‘shamikan deb o‘ylabman.
Shukur aka qattiq-qattiq kuldi.
Keyin kuylagiga ishora qilib:
– Qalay? – deb so‘radi.
– Shunga aytyapman-da.
– Oltmishinchi yillarning ko‘ylagi bu, – Shukur aka barmoqlari bilan yengini ushlab qo‘yib, – sifatini qarang, – dedi, – yangigina turgan ekan, kiyib oldim.
Ko‘ylak Shukur akaga juda mos edi.
– Juda yarashibdi, – dedim havasim kelib, keyin fikrimni aytdim, – umuman sizga har qanaqa kiyim ham yarashaveradi, a, Shukur aka?
Shukur aka meni endi ko‘rayotgandek aftimga tikilib turdi-da:
– Usmon ham menga shunaqa deydi, – dedi shoir Usmon Azimni nazarda tutib.
Keyin:
– Hojiakbar Shayxov Turkiyaga borgan ekan, menga bir juft tufli keltiribdi, – dedi. – Juda pishiq, qimmatbaho tuflilar ekan… Bir-ikki kiydimu tag‘in yana o‘zimning eski tuflimga qaytdim.
– Nega?
– Men kiyib yurgan tuflining poshnasi balandroq edi, shunga o‘rganib qolgan ekanman-da, – deya ayyorona jilmaygancha qo‘shib qo‘ydi. – O‘zi, bilasiz-ku, pakana odamlarni ham unchalik jinim suymaydi.
– Sizga bilinmasdi-ku, Shukur aka.
– Bilaman, lekin baribir ham qandaydir cho‘kib qolganday bo‘ldim-da, e qo‘y-e, dedim.
– Bir-yarim kiyib yursangiz, asta-sekin ulargayam ko‘nikasiz.
Shukur aka kift qisib qo‘ydi.
Shu choq avtobus kelib qoldi.
Avtobusga chiqdik.
Manzilga yetishimizga hali bor edi.
Shukur aka ikki-uch bekat oldin:
– Tushamiz, – dedi.
Men hayron bo‘lib:
– Nega? – deb so‘radim.
– Tushavering, gap bor, – dedi Shukur aka.
Men u kishiga ergashib avtobusdan tushdim-u, nima gap ekan, degandek Shukur akaga qaradim.
– Yayov ketamiz, – dedi Shukur aka.
Men u kishining sumkasini qo‘lidan olmoqchi bo‘lgan edim, unamadi.
– Qo‘yavering, – dedi.
Shukur aka bir-biriga yondosh qurilgan hovlilar orasidan, devor oralab o‘tgan chap tomondagi yo‘lakchaga burildi. Picha yurganimizdan keyin bug‘doyzorga chiqib qoldik. Bug‘doy boshoqlari yetilgan bo‘lsa-da, hammayoq birdek sariq tusga kirib ulgurmagandi.
– Mana shu bug‘doyzorni kesib o‘tamiz, – dedi Shukur aka.
Men ikkilanib:
– Yo‘l bormikan? – deb so‘radim.
– Siz yuravering, – dedi Shukur aka. – Men o‘zimga mana shu bug‘doyzorning o‘rtasidan yolg‘izoyoq yo‘l ochib olganman. Buni o‘zimdan boshqa hech kim bilmaydi. Aytganim ham, ko‘rsatganim ham yo‘q. Mana, endi siz bilib qo‘ying. Boshqalarga aytib yurmang, foydasi yo‘q, baribir bizning yo‘limizdan hech kim yurmaydi. Yurgisi kelsayam, buni eplasholmaydi, bug‘doyzorni payxon qilib yuborishadi.
Shunday deb, Shukur aka yo‘l boshladi.
Bug‘doyzorga kirayotganimizda Shukur aka:
– Siz mening izimdan qadam-baqadam yuring, – deya ogohlantirarkan, bug‘doyzor o‘rtasida balandroq bo‘lib o‘sib turgan qandaydir o‘simlikni ko‘rsatib, – anavi kavrakni ko‘ryapsizmi, shuni mo‘ljal olib boramiz, – dedi.
Men bug‘doy poyalarini toptamaslik tashvishida edim.
Bolalik chog‘larimizdan boshlab yerdan urug‘ unib maysalar qiyiq tillarini chiqarishdimi, bas, u yerga qadam bosish ham, mol haydash ham gunoh ekanligini bilardik. Eng ko‘p eshitgan rivoyatlarimiz ham non va rizq haqida bo‘lardi. To‘g‘ri, ba’zan chek-chegarasiz tuyulgan bug‘doyzorlarni oralab o‘tgan yo‘llar ham bo‘ladi. Biroq hozir Shukur aka boshlagan joyda unaqa yo‘l yo‘q edi, dalaniyam narigi tomoni ko‘rinib turardi.
Men Shukur akaning aytganini qilishga urinib, uning ortidan keta boshladim. Shukur aka ba’zan tikanlarni chetlab, ba’zan hatlab-hatlab o‘zigagina ma’lum bo‘lgan yolg‘izoyoq yo‘ldan yurib borardi. Men tomonga o‘girilib ham qo‘ymasdi, so‘z ham qotmasdi – ortidan ergashib borayotganim yodidan ko‘tarilib ketgandek edi. Zotan, hozir ham o‘sha lahzalarni o‘ylab tasavvur etib o‘tirarkanman, o‘sha bug‘doyzor oralab yolg‘izoyoq yo‘l o‘tganini Shukur akadan boshqa ancha-muncha odam ajrim qilib olishi nihoyatda mushkul ekanligiga qayta-qayta amin bo‘laman.
Uning xatti-harakatlari badiiy tafakkuriga mos edi.
Uning badiiy tafakkuri g‘ayritabiiy tarzda barcha narsani idrok etib, qamrab ola bilardi.
Uning qalbi, ongi-tafakkuri zarrabin kabi ishlardi.
Uning sergak nigohidan hech narsa chetda qolmasdi.
Biroq u shunchaki kuzatuvchi emas edi.
Uning qalbidagi ona yerimizga, elimizga, urf-udumlarimizga, o‘tmishimizga bo‘lgan cheksiz mehr-muhabbat unga narsa-buyumlarni sehrga burkab ko‘rsatar edi.
Uning nigohida hamma narsa sehrli edi.
Shu sababli, u oddiy kuzatuvchi bo‘lmagani kabi oddiy tasvirlovchi ham emas edi. U haqiqiy ma’nodagi ijodkor edi. Uning qalami sehri bilan qum bosgan tepaliklar Kushonlar davrining gavjum shaharlariga aylanar, qadim g‘orlarda yo‘l-yo‘lakay uchraydigan ilon-chayonlardan ham hayiqmay u tagkursilarni paypaslab topar, bu tagkursilar ustida xayolan azamat ustunlarni tiklar, ustunlar oralab yurgan ajdodlarimizning sharpalarini ilg‘ay olardi… Ularning suhbatlariga quloq tutardi, ularning tilidagi jozib sadolar ma’nosini ilg‘ardi. Chunki u o‘zini o‘sha olis o‘tmishga ham daxldor sanardi, uning unutilib ketmasligiga o‘zini mas’ul sanardi.
“Bu qanday yozuvlar ekan? Ha-a, bunisi qo‘shon yozuvi bo‘lsa kerak, harflari kitoblarda ko‘rganimdek: bir-biriga ulanib ketgan “o”larga o‘xshaydi. Anavi yozuv sanskrit bo‘lsa kerak. Unisi arab yozuvi. O‘tkinchilar qoldirgan bu yozuvlarni, shubhasiz. G‘orning bu teshigidan tepaga chiqib oldim. G‘alati holda edim, shod bo‘lib shod emas, g‘amgin bo‘lib g‘amgin emas… Chamasi, men asrlar davomida taraqqiy qilgan antik san’atimni oqibatda badaviy lashkarlar toptab, yo‘q darajaga keltirganini o‘ylab, g‘ijinar edim. Lekin ayni choqda san’atparast xalqim keyinchalik fotihlarning tazyiqiga ham qaramay, o‘zi yaratgan koshonalari, tilsiz-zabonsiz geometrik chiziqlar, bo‘yoqlar o‘yinida o‘z qalbini izhor qilib qoldirgani ko‘nglimga tasalli berardi.”
Shunday esa-da, u hamon tasalli topolmasdi.
Uning qalb zamini mana shu bug‘doyzor yastanib yotgan zamin kabi saxovatli esa-da, u hamon tasalli topolmasdi. Chunki unda istak va talab kuchli edi. U o‘zi ko‘rayotganlarini istagidagi va talabidagi manzaralar bilan chog‘ishtirishga-da qo‘rqar edi, shuning uchun iztirob chekardi, shuning uchun tonglarni bedor oqartirardi, uning nigohidan: “Birodarlar, bunaqa bo‘lmaydi axir, qo‘ysangiz-chi, o‘zingizga bir boqsangiz-chi, qanday ahvolga tushganingizni ko‘rmaysizmi?” kabi ma’nolarni uqib olish qiyin emasdi.
Hazrat Alisher Navoiy:

Tabiatda har neki odat bo‘lur,
Chu eskirdi odat tabiat bo‘lur, –

deya lutf etganlari yodingizdadir?
Yozuvchi sifatida inson xarakterini ko‘rsatishni yuksak a’molga aylantirgan Shukur Xolmirzayev bu xarakterlar orasida o‘zini yo‘qotmas, u yoki bunisiga yon bosishni xayoliga keltirmas, hayot haqiqatlari barchaning saragini sarakka, puchagini puchakka ajratib tashlashini teran anglardi. Shu sababli, unda hayot haqiqatlarini bo‘yamasdan-bejamasdan ko‘rsata olish san’ati instinkt kabi shakllangan ediki, bu haqiqatlarni o‘ylab topib bo‘lmas, uni hayotning ichidan olishga to‘g‘ri kelardi.
Bu haqiqatlar qanaqa?
Ularni qaysi puchmoqlardan izlash ijodkor uchun o‘ng‘ay bo‘larkan?
Bu kabi savollarga dabdurustdan javob berish mushkul. Bu savollarning javobi ijodkor har lahzani santimba-santim kashf etish jarayoni bilan chambarchas bog‘liqdir. Ijodkor uchun har lahzaning yo‘qolishida hamisha ikkita katta yo‘qotish: shu lahzaning o‘z o‘limi va milyon yillarning so‘nggi nafasi havoga uchishi xavf-xatari turadi. Bu lahza abadiyatga daxldordir, abadiyatning davomi, abadiyatning barqarorligi shu lahzada mujassamdir.
Bu abadiyatni ijodkorgina kashf eta oladi.
Bu Shukur Xolmirzayevning sermashaqqat mehnati kashfiyotidir.
Yozuvchi yigirma yoshidan boshlab umrining oxirigacha kechgan biror lahzani qochirib yubormadi, lahzalarga mazmun baxsh etdi, uqdirdi, qiynadi-qistadi – ularni abadiyatga daxldor qildi. Endi bu lahzalar abadiyat yuksakliklarida yozuvchi sha’niga shoyon olqishlar yog‘dirishadi, o‘lmas ruh shavkati abadiyat tonglarini munavvarlashtirayotganiga guvoh bo‘lishadi – boshqalarga birrovgina nasib etgan saodatga Usta qayta-qayta noil bo‘layotganini ko‘rib chapak chalishadi.
Shukur aka o‘zi mo‘ljal olgan bug‘doyzor o‘rtasidagi kavrakka yetib kelganda to‘xtadi.
Ortiga o‘girilib:
– Kelyapsizmi? – deb so‘radi.
– Ha.
U huzurlangancha chuqur-chuqur nafas olib, tevarak-atrofga to‘ymayotgandek boqdi. Havo toza. Bo‘stonliq tomondagi qir-adirlar ortida tog‘lar yaqqol ko‘rinib turardi. Shukur aka o‘sha tomonlarga qaragancha:
– Tog‘ etaklaridagi adirlarda o‘sgan bug‘doyzorlar orasida bo‘tako‘z ko‘p bo‘ladi, – dedi.
Men tevarak-atrofga alanglab, shunchaki nimadir deyish uchun:
– Bu yerda bo‘tako‘zga ko‘zim tushmadi, – dedim.
– Bu yerda ekin almashlab ekiladi-da, – tushuntirdi Shukur aka. – O‘tgan yili paxta ekilgan, bu yil bug‘doy… Ayrim o‘t-o‘lanlarning urug‘lari bug‘doy urug‘iga ilashib kelib qolmasa, paxta jonivorga sepiladigan dori har qanday yovvoyi o‘tni ildiz-pildizi bilan quritib yuboradi… Mana, oqtikan, ko‘ktikan deganlarni bu yerlarda izlab ham topolmaysiz…
– Kavrak bor ekan-ku, – dedim.
– Bu adashib kelib, tasodifan jon saqlab qolgan, – dedi Shukur aka.
Men unga “Yovvoyi gul” degan hikoyasini eslatmoqchi edim, lekin nimadir bo‘lib chalg‘idim.
– Ketdik, – dedi Shukur aka. – Endi, ho‘-o‘v, anavi yo‘l chetidagi qator tutlarni ko‘ryapsizmi, o‘shalarning o‘rtadagisini mo‘ljalga olamiz.
– Yolg‘izoyoq yo‘lingizni tikka dalaboqqa olib chiqadigan qilib solmagan ekansiz-da, – dedim bug‘doyzorni kesib chiqqanimizdan keyin ham ancha yo‘l yurishimiz kerakligini nazarda tutib.
Shukur aka menga bir qarab qo‘ydi-da, nimadir demoqchi bo‘ldi va lozim topmadi, shekilli, indamay yo‘l boshladi.
Ko‘p o‘tmay biz bug‘doyzordan tutzorga chiqib oldik. Garchi, bug‘doyzor oralab yarim soatdan ortiq yo‘l yurmagan bo‘lsak-da, katta yo‘lga chiqqanda men to‘satdan boshqa dunyoga kelib qolgandek bo‘ldim. Inson hissiyotlari beqarorligi tufayli unutishga mahkum, ozgina turtki bilan Lev Tolstoy dalada qariqiz o‘simligini uchratib, uning chayirligiga guvoh bo‘lganda dunyoga mashhur asari “Hojimurod”ni yozgani kabi ong ostida ko‘milib yotgan nimalarnidir qo‘zg‘ash uchun bot-bot mana shunday o‘ziga xos tarzdagi narsalarni o‘ylab topish yozuvchining ehtiyojiga aylanib qolgandek tuyulgandi o‘shanda menga. Keyinchalik men harchand urinmayin, bu bug‘doyzorga, o‘sha yolg‘izoyoq yo‘lga tanho o‘zim bug‘doyzorni payxon qilib qo‘yishdan qo‘rqib kirishga hayiqqan edim. Qolaversa, u yo‘lning qayerdan boshlanib, qayerda tugashini ham bilmas edim.
Katta yo‘lga chiqqanimizda ko‘ndalang tushgan poyezd yo‘lni kesib biz tomonga yaqinlashib kelayotgan eshakaravani ko‘rdik. Eshakaravada o‘n-o‘n ikki yoshlardagi uchta qora-qura bola bor edi. Ulardan biri qo‘lidagi xipchin bilan ahyon-ahyonda aravani tortib borayotgan eshakning sag‘risiga urib-urib qo‘yar, qolgan ikkitasi orqada o‘tirvolib qandaydir ashulani xirgoyi qilishardi.
Ulardan biri Shukur akani ko‘rib qolib qo‘lini oldinga cho‘zgancha qandaydir favqulodda hodisaga duch kelgandek:
– Ana-a, yozuvchi amaki! – deya qichqirib qoldi.
Oldindagisi eshak jilovini tortib aravani to‘xtatarkan:
– Aravamizga yana minasizmi, amaki? – deya so‘radi iltijo qilayotgandek.
Uning so‘zidan angladimki, Shukur aka bolalarga notanish emas, qachonlardir aravaga minib tanishishga, nainki tanishishga, bu jujuqvoylarning toza qalblaridan joy olishga ulgurgan edi.
– Biz ikki kishimiz, – dedi Shukur aka g‘oyat muhim narsa ustida so‘z ketayotgandek o‘ta jiddiylik bilan.
– Mayli, mayli! – chuvillashdi orqadagi bolalar. – Biz tushamiz, sizlar minib olinglar.
Shunday deb, ular aravadan sakrab tushishdi.
Shukur aka menga qaradi.
Bunday vaziyatda qanday yo‘l tutish kerakligini bilmaganim uchun men o‘zimni boshqa yoqlarni tomosha qilayotgandek ko‘rsatdim.
– Bunaqasi ketmaydi, – dedi Shukur aka. – Navbatma-navbat minadigan bo‘lsak aravaga chiqishim mumkin.
Bolalar “yozuvchi amaki”ning fikridan aynib qolishidan qo‘rqishgandek, bu taklifga darhol rozi bo‘lishdi.
Shukur aka avval qo‘lidagi sumkasini aravaga tashladi.
So‘ngra o‘zi chiqib o‘tirarkan, pastdagi bolalarga:
– Endi birortalaringiz bu yoqqa chiqinglar, – deya o‘z yonidan joy ko‘rsatdi.
Bolalar naqd bo‘lib turgan baxtdan benasib qolmaslik uchun imkoniyatni boy bermay aravaga tirmashishdi va ulardan chaqqonrog‘i avvalroq chiqib, Shukur aka ko‘rsatgan joyni ishg‘ol qildi.
Ikkinchi bola biroz mulzam bo‘lgancha indamay pastga qaytib tushdi. Chamasi, u ham bunaqa vaziyatda Shukur akaning oldida talashib-tortishish befoyda ekanligini yaxshi anglagan bo‘lsa kerak.
Yo‘l yarmiga yetganda biz o‘rin almashdik.
Shukur aka ortiqcha mulozamatni yoqtirmasdi.
Do‘rmon dalabog‘iga ozgina yo‘l qolganda bolalar aravani o‘ng tomonga burishdi, ular o‘t olib kelish uchun ketishayotgan ekan.
Biz ular bilan xayrlashib, ijod uyi tomon ketdik.
Bu ijod uyiga sobiq ittifoqning, respublikamizning turli burchaklaridan shoir-yozuvchilar kelishar, ular orasida katta ijodkorlardan tortib havaskor qalamkashlargacha bo‘lar edi. Chetdan kelganlar O‘zbekistonda shoir-yozuvchilar uchun yaratib qo‘yilgan bunday shart-sharoitlarga qoyil qolishib, mamnun bo‘lishar, adabiyotimiz va undagi yangiliklar bilan qiziqishib, o‘ng kelganda o‘z tillariga tarjimalar ham qilishardi.
Shukur aka uch qavatli ijod uyining uchinchi qavatidagi eng burchakdagi xonada odatdagi muqimboyligini davom ettirardi. Nazarimda, bu yerga tashrif buyuradiganlarning ko‘pchiligi uning katta yozuvchiligini bilib hurmatini joyiga qo‘yishar, bilmaslikka olganlari ham ichdan tan berishlarini payqash qiyin emasdi.
Ayniqsa, dalabog‘ rahbari Sergey aka degan kishi, o‘zi yozarmidi-yozmasmidi, bilmadimu qo‘liga qalam ushlagan zot borki, avliyodek hurmat qilardi. Bog‘da yetishtiriladigan sarxil mevalarni dasturxonga peshma-pesh tortib turishidan tashqari, Shukur Xolmirzayevga o‘xshagan ta’bi inja shoir-yozuvchilarning xonalariga bildirmaygina bog‘da o‘stirilgan gullardan guldasta saralab guldonga soldirib qo‘yar, bu ham ijodiy ishga ko‘mak berishiga ishonardi.
Yaxshi odam edi-da, Sergey aka!
To‘y-hashamlarga borayotganda “RAF” rusumidagi mashinani eshik og‘ziga ko‘ndalang qo‘ydirgancha, bu yerdagilarni o‘zi bir-bir xabarlab chiqardi.
U ham Shukur akaning kayfiyati-ruhiyatini yaxshi anglar, xalaqit berish lozim bo‘lmagan vaqtlarda unga yaqinlashmasdi ham.
Shukur akaning o‘zi ham ko‘ngli birov bilan o‘tirishni qo‘msaganida sal ikkilanib, tortinganday bo‘lib, nazokatni qo‘ldan boy bermay taklifini aytardi.
Aksincha bo‘lganida Shukur aka bemavrid takliflarni bir og‘iz:
– Ro‘zaman! – degan so‘z bilan rad qilib qo‘ya qolardi.
Unga, chamasi, ijod qilyapman, deb aytish noqulay tuyulgan bo‘lsa kerak.
Umuman olganda, Shukur aka yozmagan paytlarida tabiat, ovchilik singari mavzularda ko‘proq so‘zlashni yoqtirardi.
Ahyon-ahyondagina o‘z ishlaridan xabardor qilmasa, aksariyat hollarda uning qanday asar ustida ishlayotganini bilib bo‘lmasdi. Nazarimda, u professional sifatida to asar tugaguncha ham nimalardandir xavfsirab turganga o‘xshardi. U o‘zi qanday asar yaxshi-yu, qanday asar mundayroqligini juda yaxshi ajrim qila olgani uchun ham o‘z fikrida sobit tura olardi: soxta maqtovlaru palapartish tahlillarga shu sababli u ehtiyojmand emasdi, asar konyuktura mahsuli emas, qalb ehtiyoji ekanligi unga yaxshi ma’lum edi.
Hozir ham bolalar bilan xayrlashib, ijod uyi tomon yo‘l olarkanmiz, u tuyqusdan xayoli boshqa yoqlarga ketgandek bo‘lib jimib qoldi.
Ijod uyiga yetib kelib, tepaga ko‘tariladigan zinapoya oldida bir zum to‘xtadi-da:
– Yangi asarimning nomi “Dinozavr” bo‘ladi, – dedi o‘z-o‘zidan.
Rosti gap, o‘shanda bu nom menga juda g‘alati tuyulgan, xayolimdan turli-tuman taxminiy mavzularning sharpalari izg‘ib o‘tib ketgandi.
– Nima haqda? – deya so‘rashga jur’at etdim.
– Dinozavrlar yo‘qolib ketganiga allaqancha zamonlar bo‘lgan, lekin qurtlar hamon yashayapti, – dedi Shukur aka yashirib o‘tirmay. – Insoniyat hayotida ham shunday… Katta hissiyotlarga qaraganda mayda tuyg‘ular yashovchan bo‘ladi. Ulkan shaxslar yashash san’atidan xabarsiz bo‘lganliklari uchun yolg‘izlik komida o‘zlari bilan o‘zlari kurashib halokatga uchraydilar, qolganlar bemalol yashayverishadi yeb-ichib, ularning hech narsa bilan ishlari bo‘lmaydi. Nega shunday?
Bu gap meni lol qoldirdi.
Beixtiyor bolalikda eshitganim bir rivoyat yodimga tushdi: emishki, Odam Ato va Momo Havo zamonlarida odamlar juda ulkan gavdali bo‘lishgan emish, Odam Atoning bo‘ylari ham juda baland bo‘lgan emish. Bora-bora odamlarning jussalari maydalashib, axiyri, qiyomat-qoyim zamonida ular shuvoq shoxlarida o‘tirishar emish.
Xalq og‘zidagi bu yurimsak rivoyatning mazmun-mohiyati Shukur akaning gapidan so‘ng ochiq-oydin ayonlashgandek bo‘ldi. Demak, xalq bu rivoyatni behuda to‘qimagan ekan-da. Unga katta ramziy ma’no yuklagan ekan, bu tilsim ekan – mana, xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzayev bu tilsimning kalitini qo‘lda ushlab turibdi.
Bu tasodifmi?
Balki shundaydir.
Ammo bu tasodifda qonuniyat mavjuddir. Xalq ichidan chiqqan, ongu shuurining qat-qatlariga xalq badiiy tafakkurining shu’lalari tabiiy tarzda yo‘g‘rilib ketgan ijodkorgina shu asno yuksaladi, uning mustahkam ildizlaridan oqqan obi hayot shu asno tepaga intilib meva tugadi.
Shukur aka indamay zinalardan yuqorilay boshladi.
U kishi negadir to‘g‘ri yurmay, avval o‘ng oyog‘ini zinaga ko‘ndalang qo‘yib yoni bilan yurayotgandek bo‘lib tepaga chiqardi.
Bir gal buning sababini so‘raganimda:
– Tog‘ cho‘qqisiga shunday chiqiladi, – degandi. – Negaki, tepaga chiqayotganda bir oyog‘ingiz hamisha tayanch bo‘lib turishi kerak, qulab ketguday bo‘lsangiz u sizni suyab qoladi, keyin bunaqa yurganda odam charchamaydi…
Men unga Fridrix Nitshening “Zardusht tavallosi” kitobidagi “Cho‘qqining o‘zi emas, ungacha bosib o‘tilgan yo‘l muhim” mazmunidagi gapini eslatgan edim, Shukur aka:
– Ular shunaqa deyishadi, – dedi o‘zini qandaydir ajratib ko‘rsatgancha. – Biz uchun boshqacha… Cho‘qqi albatta muhim. U – maqsad, yo‘l – vosita.

* * *

Eshikni taqillatib, xonamga kirib keldi.
Men bekorchilikdan zerikib Lev Tolstoyning “Anna Karenina” romanini o‘qib yotardim.
Uni ko‘rib qo‘limda kitob bilan sakrab o‘rnimdan turdim.
Usta bir menga, bir kitobga qarab qo‘ydi-da:
– Yaxshi… – dedi.
Qo‘limdagi kitobning betini belgilab stol ustiga qo‘ydim.
– Tolstoyni o‘qish kerak, – dedi u xayoli boshqa yoqlarda kezinayotgandek, keyin to‘satdan yodiga nimadir tushgandek bo‘lib so‘rab qoldi: – Nima deb o‘ylaysiz, bunaqa qalin kitoblar qachongacha o‘qilarkin, a?
Bu haqda o‘ylab ko‘rmagan edim.
Kift qisib qo‘ydim.
– Yuring, tashqariga chiqamiz, – taklif qildi u.
Darhol kitobni yig‘ishtirib, bajonidil unga ergashdim.
Chiqayotib:
– Qahhor behuda qisqa yozmagan, – dedi hamon dastlabki fikrning davomini tahlil qilayotgandek.
Men bo‘lsam, nimadir deyish uchun yo‘l-yo‘lakay:
– Abdulla Qahhorning sizga qaysi hikoyasi yoqadi? – deb so‘radim.
– “Ming bir jon” degan hikoyasi bor-a, o‘qiganmisiz?
– Ha, albatta.
– Zo‘ri o‘sha!
– Boshqalari-chi?
– Boshqalari ham yaxshi-yu… – Shukur aka yo‘lak o‘rtasida bir zum to‘xtab sigaret tutatib oldi-da, davom etdi: – “Ming bir jon” juda tabiiy. Qahhorning masterligini ko‘rasiz shunda.
Men “Ming bir jon” hikoyasini tasavvurimda jonlantirarkanman, Shukur akaning asarni bexato baholay olishiga ichimda tan berdim. Axir, zar qadrini zargar biladi, deya behuda aytishmagan-da.
Tashqariga chiqdik.
– Bizda bir yomon qusur bor, – dedi Shukur aka hamon qayoqqadir yo‘l boshlaganicha, – bir uradigan bo‘lsak o‘nglamaydigan qilib urib yuborganimiz kabi bir ideallashtirsak ham tamom farishtaga chiqarib qo‘yamiz… Umuman olganda, Qodiriyda ham, Qahhorda ham men qo‘shilmaydigan o‘rinlar ko‘p, chalkashliklar uchraydi, bu – tabiiy. Ularning ijodini tahlil qilish boshqa narsa, shaxsini hurmatlash-izzatlash boshqa narsa… Bugun nasrning imkoniyatlari kengayib bormoqda, pillapoya sifatida ularning ijodi hamisha hurmatga sazovor bo‘lib qolaveradi…
Rosti gap, bunday gaplarni aytish nari tursin, hattoki, o‘ylashdan ham negadir men doimo hayiqardim.
– Qonimiz shunaqa, – deb qo‘ydi Shukur aka xayolimdagini uqqandek.
Keyin:
– Toza vino ichganmisiz? – deb so‘radi.
– Portveyn ichganman.
– E, qo‘ying-e, portveyn ham vino bo‘ldi-yu, – dedi Shukur aka nazariga ilmagandek. – Anavi Arg‘in tomonda bir kuke bor, o‘zi uzumdan vino tayyorlaydi, baribir boshqacha-da, yuring, o‘shandan borib olib kelamiz, bugun siz bilan bi-ir ichgim keldi…
Men unga ergashdim.
Ulug‘ bir yozuvchining o‘zi aylanib kelishga taklif qilib turganida “Anna Karenina”ning mutolaasi biroz ortga cho‘zilsa, Tolstoy xafa bo‘lmas axir, degan edim, bu gap Shukur akaga yoqib ketdi, shekilli, boshini ortga tashlab qah-qah urib kuldi.
Shu gap bahona bo‘ldi-yu, Tolstoyning g‘alati odatlari, ichkilikni yoqtirmagani, uning cherkovga, ayollarga munosabati va shunga o‘xshash buyuk yozuvchi hayotiga bevosita daxli bo‘lgan boshqa mavzularda so‘z ochildi.
– Tolstoyning dunyoqarashi qarama-qarshiliklarga to‘la bo‘lgan, – dedi Shukur aka jiddiy tarzda. – Yozuvchi bo‘laman degan odam, yaxshisi, uning xatlarini ko‘proq o‘qishi kerak…U podshoga ochiq-oydin gap aytishdan toymagan, shuning uchun ham Nikolay Tolstoy ikkalamiz bitta Rossiyaga sig‘ishimiz qiyin”, deganga o‘xshash gap aytgan… “Tolstoyning zo‘rligi shundaki, u qo‘rqmagan, o‘zining ustunligini bilgan, o‘zining ustunligini bila turib, shuni tan ham oldirgan-da…Rus yozuvchilari orasida birgina Tolstoy mustamlakachilik siyosatini yoqlamagan, u xatlarida Nikolayga seni olqishlayotgan odamlar fuqarocha kiyinib olgan jandarmlar”, degan gapni aytgan-a…
Shu tariqa gangur-gungur suhbatlashib, Arg‘indagi Shukur aka “kuke” deb atagan kishinikiga yetib bordik.
Shukur aka bir tavaqasi qiyshayib turgan ko‘k temir darvozani o‘rtancha barmog‘i bilan urib taqillatarkan:
– Kuke! – deganicha ovoz ham chiqardi.
Bu da’vatga qanday aks-sado bo‘lishiga qiziqib men darvoza tirqishidan ichkarini kuzatib turardim.
Shu mahal qayoqdandir yarmi juni to‘kilib oyoq ostidagi eski po‘stakday bo‘lib qolgan kichkina qora kuchuk akillagancha darvoza oldiga yugurib keldi. U narigi tomonda turvolib tumshug‘ini darvoza tirqishiga tiqishga uringancha akillashda davom etarkan, qora munchoqdek ko‘zlari bezovta qilayotgan odamlarning kimligini bilishga diqqat bilan g‘iltillardi.
Uning ortidan:
– Signal, qayt! – degan hukmfarmo ovoz eshitildi va ko‘p o‘tmay palapartish kiyingan, baqaloq kishi halpillagancha yugurib kelib darvozani ochdi-yu, Shukur akani ko‘rib anchadan buyon yo‘qotib qo‘ygan qarindoshini topib olgandek nihoyatda sevinib ketdi, bu sevinch uning yuz-ko‘zlaridagi ifodalarda alayna- oshkor ko‘rinib turardi.
– Oy, Shukur og‘a! – dedi u quchoq ochib.
Shukur aka uning xitobigayam, quchoq ochib kelayotganigayam unchalik e’tibor bermay, qovog‘ini ochmagan holda qo‘lini uzatdi-da:
– Salom, kuke, – dedi.
Bunday munosabatdan kuke biroz dovdirab qolgandek bo‘ldi.
Keyin u ham boshini g‘alati tarzda likillatib Shukur akaning uzatib turgan qo‘lini qo‘shqo‘llab ushlagancha, qo‘yvorgisi kelmayotgandek silkita-silkita hol-ahvol so‘ray ketdi.
Uning mulozamatlariga javoban Shukur aka istamaygina bosh irg‘ab qo‘ygan holda qo‘lini tortib oldi.
Bu paytda egasining buyrug‘i bilan ichkariga qochib kirgan Signal yana qaytib chiqqan, endi dumini likillatgancha ularning ko‘rishishlarini men kabi qiziqish bilan tumshug‘ini ko‘tarib tomosha qilib turardi.
– Shukur og‘a, ishkari kirsangshi, – deganicha ikki qo‘li bilan hovlini ko‘rsatib, kuke bizni astoydil taklif qila boshladi.
Shukur aka uning bu taklifini eshitib, o‘zini eshitmaganga oldi.
Bilasiz, Arg‘in deganlari Toshkentning shundoqqina chetida, bahavo, yerga cho‘p suqib qo‘ysayam unib, meva beradigan zamin. Biroq men tashqarida turib ham ichkari mo‘ralarkanman, kukening hovlisida nomiga bo‘lsa-da, birorta daraxt ko‘rmay hayron bo‘lar edim. Kuke vino tayyorlaydigan uzumlar ishkomi ham tashqarida, yo‘l bo‘yida edi. Yo‘l bo‘yida gullar ham ekilgan edi. Umuman olganda, yo‘l bo‘yining manzarasi bilan kukening hovlisi ichidagi manzara bir-biriga mutlaqo teskari edi. Hovli etagidagi go‘ngto‘dada pashshalar g‘ujg‘on o‘ynayotgani yaqqol ko‘rinib turardi. Hovli sahnida allaqanday arava gupchaklari, almisoqdan qolgan avtomobil shinalari, simg‘altaklar, unda-bunda bo‘shagan shishalar sochilib yotardi. Chamasi, bu yo‘ldan har xil katta-kichik mansabdagi odamlar basma-bas u yoqdan-bu yoqqa, bu yoqdan-u yoqqa o‘tib turishgani uchun ularning ko‘zlariga chiroyli ko‘rinsin deb tashqariga jiddiy e’tibor berishgan, yo‘l chetlarida uzum ishkomlarining did bilan ko‘tarilgani ham shundan, qolaversa, tashqi tomondan devorlar ham oqishu ko‘kish ranglarning qorishmasiga o‘xshagan allaqanday noma’lum tusdagi bo‘yoq bilan bo‘yalgan edi. Hovlining ichkarisi ko‘zga tashlanmagani uchun kuke ko‘ngli tusaganicha va imkoniga yarasha yashab kelar, u tashqaridagi ishkomning uzumidan vino tayyorlab sotayotganidan boshi osmonda ko‘rinardi. U hovliga o‘zidan bilib daraxt-paraxt ekib qo‘yishni xayoliga ham keltirmagandi.
Mening hovli ichkarisidan ko‘z uzmay turganimni ko‘rgan kuke:
– Sen ham kirsangshi, – deya tirsagimdan ushlab qistadi.
Men Shukur akaga qaradim.
Shukur aka jiddiy qiyofada turardi.
– Boshqa safar, kuke, – dedi Shukur aka uning taklifini ohistalik bilan, ammo keskin rad qilarkan.
– Boshxa safar, boshxa safar, – deya takrorlayotgan kukening tuyqusdan jahli chiqib ketib: – Qashon? – deganicha ko‘ndalang savol tashladi.
– O‘zim aytaman, – dedi Shukur aka qovog‘ini yanayam battarroq uyganicha.
Kuke Shukur akaga qaradi-yu, negadir darhol pildirpis bo‘lib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi.
– Xo-op! – dedi uning gapiga ishongandek, keyin barmoqlarini yoyib ko‘rsatgancha: – Neshta? – deb so‘radi.
– Bitta, – dedi Shukur aka tupurayotgandek.
Kuke boshini egib lapanglagancha ichkari kirib ketdi.
Signal ham biz tomonga bir qarab qo‘ydi-yu, bu yerda turish foydasizligini sezgandek egasining ortidan chopdi.
U yoq-bu yoqlarga alanglab tomoshalayotgandek bo‘lib turgan Shukur aka kukening ortidan ishora qilib:
– Ko‘p gapiradi, – dedi.
Keyin:
– Dangasa, – deya qo‘shib qo‘yganidan u kukeni unchalik ham yoqtirmasligini payqagandek bo‘ldim. Chamasi, u meni bu yerga boshlab kelgani ham bejiz bo‘lmay, aynan shu yoqtirmasligi sababidan bo‘lsa kerak.
Ko‘p o‘tmay kuke bir litrli bankada vino ko‘tarib chiqdi. Men uni xaltaga solib oldim.
Kukening qistashlariga qaramay biz u yerni tezgina tark etdik.
Qaytishda do‘konga kirib ul-bul tish bossa bo‘ladigan yegulik oldik-da, yana yo‘lga tushdik.
Yo‘l-yo‘lakay, tutzorning yonidan o‘tayotganimizda Shukur aka keng-mo‘l soya solib turgan bir tutning ostini ko‘rsatib:
– Anavi yerga o‘tira qolamiz, – dedi.
Qarshilik qilmadim.
Tut ostida, o‘tlar ustida joylashib o‘tirib oldik.
Shukur aka uzoq-uzoqlarga qarab turdi-turdi-da, keyin:
– Quying, mayli, – deb qo‘ydi.
Yo‘lda do‘kondan bitta piyola ham olvolgandik, shunga navbatma-navbat quyib icha boshladik.
Shukur aka tuyqusdan tut ostini tanlagani bejiz bo‘lmay, u tabiatni jon-dildan sevguvchi kishi bo‘lgani uchun, shunaqa joylarni ko‘proq yoqtirardi.
O‘tirishimiz davomida shu narsa ma’lum bo‘ldiki, Shukur aka ayrim tutlarning kavaklariga ozgina yelim qog‘ozga o‘ralgan tuz, yelim qog‘ozga o‘ralgan gugurt donalari va shunga o‘xshash narsalarni ham yashirib qo‘ygan ekan. Kerak bo‘lib qolganda u o‘rnidan turib qidirib qolar, yashirgan joylaridan shu narsalarni topganida tilla topgandek g‘oyatda quvonib ketardi.
– Ovchilarning odati shunaqa, – dedi bir umr ovchilikdan boshqa ish qilmagan kishilardek. – G‘orlarning kavaklari, o‘ngirlarda shunaqa narsalardan oz-oz qoldirib ketishadi… Undan keyin kelgan boshqa ovchilar uchun bu narsalarga zarurat tug‘ilib qolsa, topib olib ishlatishadi va rahmat aytib, o‘zlariyam keyin keladiganlarga ul-bul narsa qoldirib ketishadi… Ular bir-birlarini tanishmasa-da, mana shu qadimiy odat o‘rtadagi munosabatni ushlab turadi, ko‘rdingizmi, qanday yaxshi…
Qanday vaziyatda bo‘lmasin, Shukur aka bejiz gapirmaydi. Uning so‘zlari zamirida nasrga beqiyos ozuqa beradigan fikrlar, tafsilotlar, manzaralar manaman deb ko‘rinib turadi. Men uning butun vujudi bilan ijodkorlik faoliyatiga berilganiga qattiq ishonaman.

* * *

Endi suhbatimiz boshida aytganim, Shukur aka bir gal o‘z bog‘ida yangi yozgan hikoyasining syujetini so‘zlab berib, uni “Quyosh-ku falakda kezib yuribdi” deya nomlamoqchi bo‘lgani xususida.
Hikoya adib saylanmasining ikkinchi jildiga kiritilgan. Uning ostida “1992” degan yozuv turibdi.
Demak, o‘tgan asrning to‘qsoninchi yillari boshlari ekan.
Shuncha yillar o‘tibdi…
Mening nazarimda, xuddi kechagidek.
Avval hikoya yakuniga quloq tuting:
“Xulosa shulkim, azizim, dunyo o‘tar ekan! Tuzumlar o‘tar ekan! Shayxzoda domla aytganlaridek, el-ulus qolar ekan. Anavi sodda qiz-juvon aytganidek, tabiat, tun, tog‘lar, o‘rmonlar, borliq qolar ekan!
Biz har qancha mavhum-mungli xayollarga cho‘mib, ruhiy tushkunliklarga tushmaylik, yashashga mahkum ekanmiz va borliqni sevib yashashimiz kerak ekan!
Ertaga nima bo‘ladi? Ahvolimiz nima kechadi?
Bu savollar o‘z-o‘zidan yechilaverar ekan. Chunki inson ming-ming yillardan beri yashab va son-sanoqsiz saltanatlarning inqirozini ko‘rib, demak…
O‘shanda ham ko‘p g‘amlar chekib, ko‘p savollarga javob bera olmasdan va Misir aytganidek, “bir terining ichida necha bor ozib, necha bor semirib” kelayotgan ekan, demak, ertamas-buruskun yana yangi va mislsiz bir saltanatda yashashi aniq: insonning tabiati o‘zi shuni taqozo etadi.
Va uning tabiati yashashdan zavqlanishni ham, ruhiy tushkunlik yaxshilikka olib bormasligini ham, juda nari borsa – menga o‘xshash kishilarning hayotdan bir muddat sovib…
…qandaydir to‘xtamga yetib kelishini ham taqozo etar ekan”.
Ammo biz namchil kunlarning birida Shukur akaning bog‘chasida yonma-yon turganimizda bu hikoya hali chop etilmagandi.
U o‘zi ekkan gullarning ochilganiga, shoda-shoda tukkan qalampirlarning shoxlarini egib osilib turishiga ma’yus boqarkan:
– Boysunda bo‘lib keldim, – dedi.
Keyin yozilajak bir hikoya tug‘ilganini aytib:
– Uni “Quyosh-ku falakda kezib yuribdi” deb nomlayman, – dedi.
– Nega, axir bu G‘afur G‘ulomning satri-ku? – deya hamisha originallikni yoqtiradigan Ustaga hayron bo‘lib qaradim.
– Ha, shunaqa, – dedi Shukur aka, bu hammaga ma’lum-ku, deganday. – Shu ma’qul tushdi…
U jimidi.
Sigaret tutatdi.
Keyin siniq jilmayib:
– Bir kuni o‘zimga o‘zim savol berdim, – dedi allaqanday qiziqarli hikoya aytib bermoqchi bo‘layotgandek. – Shukur, ayt-chi, bu hayot o‘zi nima, dedim.
U menga bir muddat sinovchan boqib turdi-da, davom etdi:
– Bu hayot – illyuziya, dedim o‘zimga o‘zim. Va o‘zimning javobimdan qoniqdim. Quyosh-ku falakda kezib yuribdi – bu ham illyuziya, inson o‘ziga o‘zi shu tariqa tasalli beradi… Mayli-da, hech qursa, shunga yaraydi-ku…
Men indamadim.
U ham sukutga cho‘mdi.
Yomg‘ir tomchilay boshladi…

«Jahon adabiyoti», 2014 yil, 9-son

Shukur Xolmirzayev «Xurshid Davron Kutubxonasi»ning yutubdagi kanalida:
O’n sakkizga kirmagan kim bor. Shukur Xolmirzayev asari. Radiokitob
Qora kamar. Shukur Xolmirzayev pyesasi asosida radiospektakl
Qaytish. Shukur Xolmirzayev hikoyasi asosida radiospektakl
Shukur Xolmirzayev. Ot egasi. Audiohikoya
Shukur Xolmirzayev. So’nggi bekat. Audioroman. 1-qism
Shukur Xolmirzayev. So’nggi bekat. Audioroman. 2-qism
Shukur Xolmirzayev. So’nggi bekat. Audioroman. 3-qism
Shukur Xolmirzayev. So’nggi bekat. Audioroman. 4-qism

021

(Tashriflar: umumiy 631, bugungi 2)

Izoh qoldiring