Shukur Xolmirzayev. Bir oqshom suhbati yoki do’stim Ro’zi Choriyev

0228 август  —  таниқли мусаввир Рўзи Чориев туғилган кун

    Шукур Холмирзаевга ҳаётда ҳам, ижодда ҳам яқин маслакдош бўлган дўстларидан бири Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев эди. “Соқоли кўксига тушган, сочи гарданига етган, бақириб-чақириб, баъзан пала-партиш, баъзан чуқур хаёлчанлик билан, гоҳи бирдан пўртанадек ғалаён қилиб гапирувчи, ҳатто кўзлари тез-тез ёшланувчи”  бу жунунваш рассом бутун вужуди билан ижодга шўнғиши, илҳом отлиғ дулдул ташриф буюрган кезлари ҳар ишга этак силкиб, устахона қўйнидан чиқмаслиги, табиатан хонанишин, ёлғизликка мойиллиги ва яна қатор фазилатлари ила росмана Шукур аканинг ҳамрози, сирдоши эди. Адиб  “Бир оқшом суҳбати ёки дўстим Рўзи Чориев” номли эссесида рассом билан боғлиқ қувноқ гурунглар, дилкаш лаҳзалар, санъат, адабиёт ҳақидаги қизғин мусоҳабаю мунозараларни ёдга олади.

  “Ижод!… Уни мендан ажратиб бўлмайди!.. Ижод — бу мен! Менинг ҳаётим, қизиқишим. Дардим…” Ана шу оддий, жайдари фалсафа ҳаётнинг турфа тажаллисини суратларга муҳрлаган ижодкор учун доимо ҳамроҳ бўлди. Ундаги кучли иштиёқ, изтироб, дардмандлик кайфияти Шукур Холмирзаевни ҳам безовта қилди, алал-оқибат қалб-қалбга пайванд бўлиб, қоғозга рангсиз-туссиз, бўёқсиз, фақат сўзлардан иборат чиройли полотно чизилди. Ҳа, бу ёзувчининг полотноси эди! Аслида рассом ва адибнинг иш қуроли бир хил: қоғоз ва қалам. Фақат бири мавжуд воқеликни шундоққина кўз олдингизга келтириб қўйса, иккинчиси яратган манзарани кўрмоқ учун тасаввур ва тахайюл керак! Ҳар иккиси ҳам моҳир санъаткор, абадиятга дахлдор асарларни инкишоф этувчи, кўз илғамас, назар етмас гўзалликни шаклу шамойилга солиб, санъат муҳибига тақцим этувчи чинакам назаркарда шахслар!..

“Уни суйганимдан, унинг хатти-ҳаракатларидан завқланганимдан, унинг филдек меҳнаткашлигига тан берганимдан, у билан фахрланганимдан шавқим кепкетаверади», — дея Рўзи Чориевнинг ҳам инсоний, ҳам ижодий фазилатларига ниҳоятда содда ва аниқ тавсиф беради Шукур Холмирзаев. Адиб дилкаш суҳбатдоши билан кўп ижодий издиҳомларда бирга бўлгани, руҳияти, феълу табиати, қўйингки, бор инсоний хислатларидан чуқур хабардорлиги эссени ўқиган китобхонга шундоққина аён бўлади (Шоҳруҳ Абдурасуловнинг «Сийрат ва қисмат битиклари ёхуд Шукур Холмирзаев эсселарига бир назар» мақоласидан. «Ёшлик» журнали, 2015/06).

БИР ОҚШОМ СУҲБАТИ
ЁКИ ДЎСТИМ РЎЗИ ЧОРИЕВ*

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
045

054Рўзи Чориев… Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Рўзи Чориев 50 ёшга тўлибди. Одатда, бундай саналарни нишонлаш пайтларида ёр-дўстлар «айбдор»нинг ҳурмати учун ҳам хайрихоҳлик билан, камида: «жуда ёш кўринасиз!» дейди. Буни исботлашга ҳам уринади. Бироқ Рўзининг элликка «кирмаганини» исботлаш учун унинг афт-башарасига, қилиқларига бир он эътибор этиш кифоя қилади, деб ўйлайман.

Яқинда унинг устахонасида бўлдим. Рўзининг ҳали жуда «ёш» эканигагина эмас, балки унинг чин маънода одам, катта маънода гражданин, кенг маънода санъаткор бўлгани, ҳатто ўзига яраша «устоз» даражасига кўтарилаётганига қаноат ҳосил қилдим. Тағин унда ўзининг турмушини бир чизиққа қўйиб таҳлил этиш фазилати пайдо бўлибди.

«Рассомлар уйининг иккинчи қавати. Эшик. Тепасида ёзув: «Рўзи Чориев». Эшик тутқичига қўл узатишим билан кулгим қистай бошлади. Рўзини соқоли кўксига тушган, сочи гарданига етган ҳолда, бақириб- чақириб, баъзан пала-партиш, баъзан чуқур хаёлчанлик билан, гоҳи бирдан пўртанадек ғалаён қилиб гапириш, ҳатто кўзига ёш олиб қолишини тасаввур этишнинг ўзиёқ мени илжайтиради. Уни суйганимдан, унинг хатти-ҳаракатларидан завқланганимдан, унинг филдек меҳнаткашлигига тан берганимдан, у билан фахрланганимдан шавқим кепкетаверади.

Эшикни очдим. Рўзи устахонанинг тўрдаги очиқ деразаси томон ивирсиб, ўзича ғудуллаб бораётган экан. Ўша соч, эгнида малла жемпер, ранги ўнгиб кетган жинси шим. Ток ургандек бурилди.
— О!.. Сурхондарёдан салом! — деди.

У бундан бир ҳафта бурун эллик ёшини нишонлаш учун туғилган қишлоғи Пошхуртта кетган, ҳамқишлоқлари уни роса сийлашганини термизлик ўртоқлардан телефонда эшитган эдим.
— Қалай, яхши ўтдими! — дедим.
— О! Великолепно! — У аланг-талпанг келиб, бағрини очди. Одатдагича ўпишиб кўришдик. Шу лаҳзада мен унинг кўзларига тикилдим. Нега экани маълум… Ёш боланики каби шўх, қувноқ кўзлари чақнар, ранги ҳам тиниқ эди. «Яхши. Дам олибди». «Областнинг ҳамма шоирлари, ёзувчилари борди! — у «ҳовлиқиб» ҳикоя қила бошлади. — Облисполкомнинг раиси Нормўмин Туроповни биласанми! А-а, ўша киши! «Чориевнинг юбилейи ўтгандан кейин лично менга далажить қилинглар!» деган экан. Во, раҳбар! Санъатни тушунади! Қадрлайди! Гап шунда!.. Э, шунинг учун Сурхондарё ўсади! Ўсади! Раҳбарларга кўп нарса боғлиқ. Ҳамма борди! Эй, энг зўри шуки, музейни очдик. Санъат музейини! Сурхондарёда уже учинчи санъат музейи очилди! Это великое дело!.. Бу нарса халқни тарбия қилади! Ёшларга яхши бўлади!..

Мен сурхондарёлик рассомлар Чоршанби Маматқулов, Хушбоқ Йўлдошевларни сўрадим. Улар — Рўзи Чориевнинг шогирдлари. Тошкентда санъатшунослик институтида бу икки рассомнинг ижодий кўргазмаси ўтган, унга Рўзининг ўзи бошчилик қилган эди. Ўшанда улар билан танишгандим.
— Зўр! — деди Рўзи ҳаяжон билан. — Чоршанби Оқтошга кўчиб борди, ижод қилади… Э! Бу дунёда ижод қилиш керак! Надо творить! Вақт ўтади! Тез ўтади… Қара, элликка кирибман! Эллик ёш! — у мунғайиб креслога ўтирди. — Сухой вино ичасанми! — Бирдан кулиб юборди. — Ароқ қиммат!

— Сухой ҳам тешиб чиқмайди, — дедим. — Лекин сиз элликка кирмагансиз. Қачон туғилганингизни биласизми!
  — Нима!! Э, худо… Акам айтган, холам айтган. Железний элликка кирдим!
— Бўлмасам табриклайман, Рўзи!.. ўтиринг… Мен сиз ҳақингизда мақола ёзишим керак.
— А, Бойсун!
— Шунинг учун, ўртоқ Рўзи Чориев, шошмай гаплашишимиз керак. Мен сизнинг ёшлигингиз ҳақида кўп нарса билмайман.

— Ёшлигим… — У яна креслога ўтирди. Мунғайди. Ночорона тус олди. Кейин бирдан кўзларини катта очди. — Биласанми, мен богатий художникман. Да! Ўттизинчи йилларни ҳам кўрдим, қирқинчи йилларни ҳам кўрдим. Мана, саксонинчи йилларни ҳам кўряпман. Детдом. Сағирлик. Лекин, — Рўзи яна кўтарилди. — Мен ҳаётимдан нолимайман! Ҳа!.. Биласанми, мен нега одам бўлдим! Чунки мен ҳаётда добрий одамларни кўп учратдим. Улардан ўргандим.

— Масалан!
—  Сурхон детдомига борганимни эслайман. Эслайман!.. Ўн бир ёшда эдим. Устимда бўз кўйлак. Узун, тиззамга тушади. Иштон йўқ… Ҳа! Бордим. Болалар кўлда чўмилаётган экан. Бақириқ-қийқириқ. Сув сепишади бир-бирига. Яна, биласанми, шу сувда радуга… Камалак ўйнайди! Товланади. Бир эртак бу!.. Мен бораверибман, бораверибман. Кўлга тушиб кетибман. Кўл чуқур. Чўкибман. Иккита катта йигит мени олиб чикди… Кейин билсам, улар ўғри экан… Ўзлари детдомда тураркан. Лекин ўғирлик қилади. Мени ўшалар «укамиз» деб яхши кўриб қолишди. Мен ҳеч кимни билмас эдим! Содда-а! Ғирт аҳмоқ!.. Детдомда эвакуациядан келган Елена деган тарбиячи бор эди. Расм тўгараги ташкил этди. Биз машҳур расмлардан нусха кўчирар эдик. Васнецовнинг «Три богатыря» деган асарини кўчиришга берди. Мен олдин эплолмадим. Йиғлаб юрдим. Кейин во қилиб кўчирдим. Елена хвалила меня! Да-а!.. «Сен рассом бўласан», — деди… Мени детдомдаги катта қизлар ҳам яхши кўрарди. Бир куни бир бола мен ухлаб ётганимда, оёғимга мана… мана, шрам!.. Пахта боғлаб, ўт қўйибди. Уйғониб кетдим. Бир нима сасияпти. Пахта чўғ бўлиб кетган. Бақирдим. Қизлар ҳам чиқиб келишди. Пахтани ечиб олишди. Этим узилиб тушди. Эртаси ўша болани топиб, чуқурга итариб туширишди. Кейин калтак билан уришди. Ҳалиги иккита ўғриям у болани урди. «Рўзи рассомга ким тегса, кўрсатиб қўямиз!» деди. Во!.. Мен Еленани ҳечам унутмайман! Шунинг учун баъзи асарларимда чиройли, самимий рус аёлини тасвирласам, номини «Елена», деб юраман. Э, одамзод мураккаб!.. Ўша ўғри болаларнинг биттаси кейин урушга кетди. Қаҳрамон бўлди. Ўша менга айтар эди: «Ма, нон, ма, олма. Е, буни! Лекин ўзинг ўғирлик қилма!» дер эди. «Ўғирлик — ёмон», дер эди. Лекин мен бир марта ўғирлик қилдим. Мени детдом директори ФЗОга (Фабрика-завод таълим мактаблари) жўнатди Тошкентга. Еленага қулоқ солмади. «Биз шунча кишини жўнатишимиз керак», деб туриб олди. Мен Тошкентга кетдим. Кейин Тошкентдан қочдим. Юк поезди билан. О! Кўп қийналдим… Яна Сурхонга етиб келдим. Мени «қочоқ» деб детдомга олишмади… Бобоқул деган бир туркман бор эди. Мен уни «ака» деб юрар эдим. Термиз детдомига кираман, деб борсам, шу Бобоқулни кўриб қолдим. Унга бор нарсани айтдим. У: «Рассомлик эсингдан чиқмадими!» деди. «Йўқ! Мен рассом бўламан», — дедим. Бозорга олиб кирди. Овқат олиб берди. Бир инвалид ҳам овқат еб ўтирган эди. У промкомбинатда рассом экан. Оти Гриша. Яхши одам… Шунга мени шогирд қилиб берди. У шиор ёзар экан, плакат чизар экан. Саройда турардик. Мен бир ойда унинг билган нарсаларини ўрганиб олдим! У менга ойига етти сўм ойлик берарди. Лекин қорним тўймас эди… Бир куни қаёққадир кетди. Қорним оч. Буфетга кирдим… Столда нон бор экан. Аста ўғирладим. Кўчага чикдим. Кейин қўлимни мана шундай очдим. «Мен ўғри бўлдимми! Ўғри бўлдим!» дедим. Фотиҳа ўқимоқчиман. Кейин ўғрини эсладим. Қайтиб буфетга кирдим… «Тётя Полина, я воровал. Вот этот хлеб!» дедим. У мени уради, деб ўйлаган эдим. У бирдан йиғлаб юборди. «Ну что ты, сынок!» деб қучоқлади. Кейин, биласанми, у менга ҳар куни овқат, нон берадиган бўлди… О! Қандай одамларни кўрдим!.. Кейин Гриша келди. Термиз детдомига мени жойлаштириб қўйди. Мактабда ўқиб юрдим. Шунда «Ўлка музейи»да изостудия борлигини эшитдим… Рассомлар тўгараги-да. Попова Наталья Николаевна деган хотин раҳбар экан. Во! Музейнинг директори Гавриил Васильевич Парфёнов эди. Археолог! Зўр олим… Деловой эмас эди, бечора. Шунинг учун машҳур бўлмади… Шу ҳам мени ёқтириб қолди. У мени ўлкани ўрганиш тўтарагига қўшиб қўйди. Ўшанда бизни Зараутсойга олиб боришди. Пошхуртнинг ёни!.. Ҳа. Қояда ибтидоий одамлар чизган расмлар бор! «Мана, Сурхондарё! — деди Гавриил Васильевич. — Мана, санъатнинг бешиги! Рўзи, сен буни бил! Сев, бу тупроқни!» деди. Менинг ўлкамиз тарихига қизиқишимга ўша одам сабаб бўлган, деб ҳисоблайман! Кейин! Э-э! Бутун Ўзбекистонни пиёда айланиб чикдим, десам бўлади. Бухоро, Самарқанд, Хива, Варахша!.. Айниқса, Сурхондарё! Болаликтепа, Сополлитепа, Холчаён, Айритош. Сурхондарё — антик санъатимизнинг бешиги-ку! Лекин мен Парфёновдан миннатдорман. Ленинградда ўқиб юрганимда бир киши таъсир қилди. Зўр! Гаверкина деган ўқитувчимиз. «Юринглар! Шарқни кўрамиз!» деди… Шарқ! Беҳзод! Кўрдим… О! Бизнинг тупрокда ҳавони, қуёшли кунни «ёзиш» қийин! Мен сариқ бўёқлар билан чизишни Беҳзодд,ан ўргандим!.. «Рўзи, видишь это — твоя родина!» деди ўқитувчимиз… Бу гап ҳам одамга таъсир қилади! Сен ишон: Мен Ўзбекистонни қанча севмайин, уни Ленинградда очдим! Умуман, у ерда Ғарб билан Шарқни очдим!..

— Ўзингизга таъсир қилган самимий одамлар ҳақида…

044

Рўзи қаҳ-қаҳ отиб, туриб кетди.
— Менга ҳамма-ҳамма таъсир қилди… Мен миннатдорман!
Ёмонлардан ҳам ўргандим… Ёмон бўлмасликни ўргандим! — у хонтахта тагидан алюмин чойдиш олиб, бурчакка борди. Чой қўйиб, магнитофон тугмасини босди. Мусиқа янгради… Рўзи кафтларини бир-бирига уриб, сўнг кафтларини жуфт қилганча ҳиндларга ўхшаб, креслога қайтди. — Мана шу музика ҳам зўр! Бах, Бетховен, Гендель, Гайдн!.. О! Ўзимизнинг мақомлар! Ўламан! Эшитсам, ўлиб қоламан… Қара! Музика — ҳам миллий, ҳам интернационал! Одам ҳам шундай бўлиши керак! Одам ҳам!.. Э, одам зўр! Это великое чудо! — У жойига ўтириб, хонтахта устига тахлаб қўйилган қизил, четларига илонизи гуллар тикилган Сурхон белбоғини очди. — Аҳ, эсимдан чиқай депти!.. Мен Ленинградда, ўша санъат академиясида ўқиб юрганда Маринани топдим! Севаман!.. Уни касби — археолог! Вот! Кўрдингми! Бизнинг тарихимизни беш қўлдай билади!..

Мен Рўзидан бу гапларни илгари ҳам эшитган эсам-да, завқланиб ўтирардим. Рўзи эсига бир нарса тушдими, «ҳозир», деб чиқиб кетди. Мен хонани кўздан кечирдим. Ўнг томонга катта парда тортиб қўйилган. Орқасида расмлар, полотнолар бор. Креслонинг орқасида ҳам, сўл томонда ҳам, токчаларда ҳам — асарлар. Хонтахта ёнида диван. Бир неча ёстиқ. Рўзи кўпинча шу ерда ётиб қолади. Диваннинг бош томонида учбурчак жавон. Ичи китобга тўла. Аксари санъат ҳақидаги асарлар, альбомлар, Ғарб, Шарқ классик ёзувчиларининг китоблари. Жавон устига ип тортилган. Унда Сурхондарёда тўқилган ўн хилдан ортиқ дўппилар. Ерда кавуш, мукки. Битта устунга турли нав чопонлар ва желак илинган. Тагида ўша ёқнинг пўстаги тўшаб қўйилган.

Тавба!.. Бу ёқда олис ғарбнинг мусиқаси, бу ёқда йигирманчи аср рассомининг кишини дафъатан ҳайрон қилиб қўядиган ашқол-дашқоллари. Техника мўъжизалари. Лекин анави нарсалар туфайли мен ўзимни она юртнинг олис ва азиз гўшасида ўтиргандек туяман. Бу арзимас нарсалар фавқулодда маъно касб этади: унда халқимиз урф-одатлари, тарихи кўринади. Рўзи алюмин чойнак кўтариб кириб келди. Чой қўйди.

—Рўзи, ўзимизнинг Тошкентда Беньков номидаги санъат билим юртини битиргансиз-а?
— Ҳа!
— Қайси мамлакатларда бўлдингиз?
— Ў-ў! Ўн битта мамлакатга бордим! Морокко, Сенегал, Италия, Греция, Сьерра-Леона, Мальта, Швеция… Менга Швеция таъсир қилди. Жуда-а маданий мамлакат. Баланд!.. Нимасини айтсам! Ҳа! Да-да. Лекин бизни, бизнинг одамларни… Ватанимизни яхши билишмас экан! Вот пародокс!.. «Мальмо — Гётеборг» поездида кетаётган эдим. Таржимон йўқ. Бир ўзим!.. Гётеборгда мени кутиб олишлари керак. Биринчи класс вагонидаман! Битта хотин билан ёш бир йигит кириб келди. Хотин — жуда чиройли, яхши кийинган. Йигити ёшроқ. Жазмани бўлса керак. Майли. Уларда бу оддий ҳолат. Ўзлари билади… Мени биласан, бир нарсадан таъсирлансам, дарров «ёзаман!» Шундай бўлади. А, баъзи асарларимни беш-ўн йилда ёзаман.

— Ҳали бу тўғридаям гапириб берарсиз…
— Да. Шарт альбомни очдим. Бирпасда аёлнинг расмини чиздим. Во чикди! Кейин унга бердим… «Эсдалик», дедим. Гапимни тушунди. Расмга қараб, оғзи очилиб қолди. Расмгами, ё менинг ишимгами билмайман. Кейин сумкасини очиб, менга пул узатди. Кўп пул!.. Менга! Нима, мен пул учун ишлаб бердимми! Художникдан эсдалик бўлсин, дедим. У бўлса, пул чиқарди. Мен ҳам киссамдан пул чиқардим… «У меня есть», дедим. Пулим кўп эди! «Это я вам дарю! Я ваш гость. Я влюбился в вашу страну!» дедим. Ҳайрон бўлади!.. Кейин ўша аёл Стокгольмга ҳам келди. Ҳа! Кейин Тошкентга ўша асаримнинг фото копиясини жўнатди. Интересно! Это хорошо!.. Всё таки тушунди у! Да! Ҳа. Кейин Мальмода биз билан учрашув бўлди. Ҳар хил одамлар бор. Бир аёл келди. Таржимон орқали гаплашдик. «Менинг исмим  — Ўзбек», дейди. Ҳайрон бўп қолдим. «Как?» унинг иккита акаси 1880 йилларда Ўрта Осиёга келиб, ишлаб кетган экан. Кейин сингилларига биздан эсдалик учун «Ўзбек» деб ном қўйган экан. Қара, Швецияда Ўзбек… Ундан кейин мен хурсанд бўлиб, аёлни номерга чақирдим. Етмиш ёшларда бор. Мойбўёқ билан расмини ишладим. Совға қилдим… Лекин битта нарсадан хафа бўлдим. Тарих-археология музейига бордим. Қарасам, Ўзбекистон ҳақида битта… Битта расм турибди! 1923 йилда ишланган. Шоҳимардон. Қизлар булоқдан сув оляпти. Ориқ эшаклар юрипти. Пастида «Туземцы» деб ёзиб қўйилган. «Нега бундай! — дедим. — Ундан буён олтмиш йил ўтди. Биз ўсиб кетдик!.. Буни кўрган одамлар биз ҳақимизда нима деб ўйлайди! Биз ҳақимизда ўша йиллар таассуроти билан юришадими!» Таржимон сўзларимни консультантга айтди. У илжайиб, елкасини қисиб қўйди…

Рўзи кичкина чойнакка чой дамлаб, пиёлада узатди.

— Ижодингиз ҳақидаям мен оз нарсани биламан…
— Ижод!.. Уни мендан ажратиб бўлмайди!.. Ижод — это я! Менинг ҳаётим, қизиқишим. Дардим… Да, дардим! Вот, мана бутун-бутун менинг атрофимни ўраган нарсалар — ҳаво, ёруғлик, ана қуё-ёш! Сен…  Да. Сени шу ўтиришинг менга ёқяпти… Ҳамма нарса — бу ижод.
— Тушундим.
— Ана, менинг «Реквием»! Асарим! Ҳозир кўрасан! Э-э… Музейда у!
— Кўрганман.

Рўзи ирғиб туриб, ўнгда тутиб қўйилган пардани тортди. Бўйи икки метрдан баланд, эни ҳам шунча келадиган полотно очилди. Орқа фонда қорамтир жигар рангда ишланган мадраса, пештоқи. Эшиги, йўлаклари ҳам кўриниб турибди. Унинг олдида оломон. Чопон кийган, салла ўраган. Аксари юпун. Қўлларида белкурак, кетмон, паншаха. Йўргак кўтарган аёллар, ёш болалар. Барининг қиёфасида ғазаб, нафрат ва ўзига ишонч. Берирокда уларга қарши бир тўп одам: биттси зарчопон кийган, бошида симоби салласи бор улуғвор амалдор. У қўлини орқага қилиб турибди. Бармоқлари орасида ҳақиқ донали тасбеҳ. Унинг ёнида — алланарсани ёзаётган мулозим котиб. Улар ўртасида оппоқ форма кийган, мағрур чор офицери. Берирокда елкасига найзали милтиқ осган полициячилар.
— «Жиззах қўзғолони. 1916 йил», деб атадим. — Рўзи полотнонинг у четига ўтди. — Мен жуда социал рассомман-а! Лекин бундаги манзара… Ҳозир ҳамма ерда бор!

— Рост… Бу манзарани ҳозир миллий-озодлик ҳаракати авж олган ҳар бир мамлакатда учратса бўлади. Буларнинг уст-бошини ўзгартириб, афт-башараси қорага бўялса, Африка одамлари чиқади.
У кафтларини бир-бирига ишқаб, жойига қайтди.
— Хуллас, бу ўзи яратилмади… Ҳалиги асарларнинг хулосаси. Ўзи, менда одат бўп қолган. «Чорвоқ суви»ни биласан!! У-чи! Ўз-ўзидан бўлдими! Йўқ. Мен хотиним Марина билан Ўзбекистондаги ҳамма қурилишларда бўлганман… Чорвоққа борганимда 64-йил эди! Ўшанда у кичкинагина, чиройли қишлоқча эди. Кўп эскизлар ёздим. Портлаш ишлари бошланди. Униям кўрдим. 68-йилда «Чорвоқ водийси»ни ёздим.
— Кўрганман.
— Қурилиш битди… 70-йилда «Чорвоқ суви»ни ёздим. Во! Бу орада яна қанча ишладим… Ижод — бу турмуш, ҳаёт, э ҳаёт! Ҳаёт бой бўлса, ижод ҳам бой бўлади… Ўзингга боғлиқ.

— «Сурхондарё одамлари» деган катта полотно бошлагандингиз!
— О! У асар яна ўн йилдан кейин битади! — хитоб қилди Рўзи бепарволик ва ишонч билан. Сўнг тиззаларига шапатилаб кулди. — Эй!! Мени Сурхондарё рассом қилди!.. У — менинг онам, отам! Менинг 90 процент асарим Сурхондарё ҳақида!.. Мен уни ўзим учун кашф этдим! Тошкентда! Ленинградда! Қандай бахтлиман-а!.. Қанча асарлар ёздим… Сен яхши кўрган — «Кутиш»…

У асарни мен шеър деб атаган эдим. Орқада туманли тоғ. Тонг ёришиш олдида. Кичкина чайлада бир аёл уйқусираб, эриними, ўғлиними кутиб ўтирибди. Ёнида думалоқ, яланғоч болакай юз тубан тушиб ухлаб ётибди. Шолча четида аёлнинг калиши билан боланинг шиппаги. Шифтда осилган ёниқ лампочка сарғайиб қолган. Ҳали нур йўғрилмаган, ҳали қоронғилик сояси ҳам буткул кетмаган тоғ оқиш-бинафшаранг туман қўйнида мудраб кўринади. Бу ерда ҳамма нарса ниманидир кутади: улуғ бир нарсани, мангуликка алоқадор нарсани кутади.

Рўзи сўзида давом этиб, «Сурхондарё Мадоннаси»нинг яратилиш тарихидан, Шоймардон Қудратов портретини чизиш учун кўп урингани, изидан пахтазорларда юргани, лекин у киши совхоз директори бўлиб қолгандан кейин асар битгани, «Шерободнинг шер қизлари» туркуми, «Сайроблик чол», «Бойсунликлар», «Сўзана», «Рафаэль Тоқтош», «Ботир Зокиров», «Г. А. Пугаченкова» асарларининг яратилишигача сўзлаб берди.

Лекин ҳали кўп юришим керак! Кузатиш керак! Сен айтган полотно кейин битади…
— Элликка кирибман-а!
— Узун соқол билан алдай олмайсиз.

1981

Эссе 1981 йили Рўзи Чориевнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан ёзилган

28 avgust — taniqli musavvir Ro’zi Choriev tavallud topgan kun

Shukur Xolmirzaevga hayotda ham, ijodda ham yaqin maslakdosh bo’lgan do’stlaridan biri O’zbekiston xalq rassomi Ro’zi Choriev edi. “Soqoli ko’ksiga tushgan, sochi gardaniga yetgan, baqirib-chaqirib, ba’zan pala-partish, ba’zan chuqur xayolchanlik bilan, gohi birdan po’rtanadek g’alayon qilib gapiruvchi, hatto ko’zlari tez-tez yoshlanuvchi” bu jununvash rassom butun vujudi bilan ijodga sho’ng’ishi, ilhom otlig’ duldul tashrif buyurgan kezlari har ishga etak silkib, ustaxona qo’ynidan chiqmasligi, tabiatan xonanishin, yolg’izlikka moyilligi va yana qator fazilatlari ila rosmana Shukur akaning hamrozi, sirdoshi edi. Adib “Bir oqshom suhbati yoki do’stim Ro’zi Choriev” nomli essesida rassom bilan bog’liq quvnoq gurunglar, dilkash lahzalar, san’at, adabiyot haqidagi qizg’in musohabayu munozaralarni yodga oladi.

“Ijod!… Uni mendan ajratib bo’lmaydi!.. Ijod — bu men! Mening hayotim, qiziqishim. Dardim…” Ana shu oddiy, jaydari falsafa hayotning turfa tajallisini suratlarga muhrlagan ijodkor uchun doimo hamroh bo’ldi. Undagi kuchli ishtiyoq, iztirob, dardmandlik kayfiyati Shukur Xolmirzaevni ham bezovta qildi, alal-oqibat qalb-qalbga payvand bo’lib, qog’ozga rangsiz-tussiz, bo’yoqsiz, faqat so’zlardan iborat chiroyli polotno chizildi. Ha, bu yozuvchining polotnosi edi! Aslida rassom va adibning ish quroli bir xil: qog’oz va qalam. Faqat biri mavjud voqelikni shundoqqina ko’z oldingizga keltirib qo’ysa, ikkinchisi yaratgan manzarani ko’rmoq uchun tasavvur va taxayyul kerak! Har ikkisi ham mohir san’atkor, abadiyatga daxldor asarlarni inkishof etuvchi, ko’z ilg’amas, nazar yetmas go’zallikni shaklu shamoyilga solib, san’at muhibiga taqtsim etuvchi chinakam nazarkarda shaxslar!..

“Uni suyganimdan, uning xatti-harakatlaridan zavqlanganimdan, uning fildek mehnatkashligiga tan berganimdan, u bilan faxrlanganimdan shavqim kepketaveradi», — deya Ro’zi Chorievning ham insoniy, ham ijodiy fazilatlariga nihoyatda sodda va aniq tavsif beradi Shukur Xolmirzaev. Adib dilkash suhbatdoshi bilan ko’p ijodiy izdihomlarda birga bo’lgani, ruhiyati, fe’lu tabiati, qo’yingki, bor insoniy xislatlaridan chuqur xabardorligi esseni o’qigan kitobxonga shundoqqina ayon bo’ladi (Shohruh Abdurasulovning «Siyrat va qismat bitiklari yoxud Shukur Xolmirzaev esselariga bir nazar» maqolasidan. «Yoshlik» jurnali, 2015/06).

BIR OQSHOM SUHBATI
YOKI DO’STIM RO’ZI CHORIEV*

Shukur XOLMIRZAEV
045

0045Ro’zi Choriev… O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi Ro’zi Choriev 50 yoshga to’libdi. Odatda, bunday sanalarni nishonlash paytlarida yor-do’stlar «aybdor»ning hurmati uchun ham xayrixohlik bilan, kamida: «juda yosh ko’rinasiz!» deydi. Buni isbotlashga ham urinadi. Biroq Ro’zining ellikka «kirmaganini» isbotlash uchun uning aft-basharasiga, qiliqlariga bir on e’tibor etish kifoya qiladi, deb o’ylayman.

Yaqinda uning ustaxonasida bo’ldim. Ro’zining hali juda «yosh» ekanigagina emas, balki uning chin ma’noda odam, katta ma’noda grajdanin, keng ma’noda san’atkor bo’lgani, hatto o’ziga yarasha «ustoz» darajasiga ko’tarilayotganiga qanoat hosil qildim. Tag’in unda o’zining turmushini bir chiziqqa qo’yib tahlil etish fazilati paydo bo’libdi.

«Rassomlar uyining ikkinchi qavati. Eshik. Tepasida yozuv: «Ro’zi Choriev». Eshik tutqichiga qo’l uzatishim bilan kulgim qistay boshladi. Ro’zini soqoli ko’ksiga tushgan, sochi gardaniga yetgan holda, baqirib- chaqirib, ba’zan pala-partish, ba’zan chuqur xayolchanlik bilan, gohi birdan po’rtanadek g’alayon qilib gapirish, hatto ko’ziga yosh olib qolishini tasavvur etishning o’ziyoq meni iljaytiradi. Uni suyganimdan, uning xatti-harakatlaridan zavqlanganimdan, uning fildek mehnatkashligiga tan berganimdan, u bilan faxrlanganimdan shavqim kepketaveradi.

Eshikni ochdim. Ro’zi ustaxonaning to’rdagi ochiq derazasi tomon ivirsib, o’zicha g’udullab borayotgan ekan. O’sha soch, egnida malla jemper, rangi o’ngib ketgan jinsi shim. Tok urgandek burildi.
— O!.. Surxondaryodan salom! — dedi.

U bundan bir hafta burun ellik yoshini nishonlash uchun tug’ilgan qishlog’i Poshxurtta ketgan, hamqishloqlari uni rosa siylashganini termizlik o’rtoqlardan telefonda eshitgan edim.
— Qalay, yaxshi o’tdimi! — dedim.
— O! Velikolepno! — U alang-talpang kelib, bag’rini ochdi. Odatdagicha o’pishib ko’rishdik. Shu lahzada men uning ko’zlariga tikildim. Nega ekani ma’lum… Yosh bolaniki kabi sho’x, quvnoq ko’zlari chaqnar, rangi ham tiniq edi. «Yaxshi. Dam olibdi». «Oblastning hamma shoirlari, yozuvchilari bordi! — u «hovliqib» hikoya qila boshladi. — Oblispolkomning raisi Normo’min Turopovni bilasanmi! A-a, o’sha kishi! «Chorievning yubileyi o’tgandan keyin lichno menga dalajit` qilinglar!» degan ekan. Vo, rahbar! San’atni tushunadi! Qadrlaydi! Gap shunda!.. E, shuning uchun Surxondaryo o’sadi! O’sadi! Rahbarlarga ko’p narsa bog’liq. Hamma bordi! Ey, eng zo’ri shuki, muzeyni ochdik. San’at muzeyini! Surxondaryoda uje uchinchi san’at muzeyi ochildi! Eto velikoe delo!.. Bu narsa xalqni tarbiya qiladi! Yoshlarga yaxshi bo’ladi!..

Men surxondaryolik rassomlar Chorshanbi Mamatqulov, Xushboq Yo’ldoshevlarni so’radim. Ular — Ro’zi Chorievning shogirdlari. Toshkentda san’atshunoslik institutida bu ikki rassomning ijodiy ko’rgazmasi o’tgan, unga Ro’zining o’zi boshchilik qilgan edi. O’shanda ular bilan tanishgandim.
— Zo’r! — dedi Ro’zi hayajon bilan. — Chorshanbi Oqtoshga ko’chib bordi, ijod qiladi… E! Bu dunyoda ijod qilish kerak! Nado tvorit`! Vaqt o’tadi! Tez o’tadi… Qara, ellikka kiribman! Ellik yosh! — u mung’ayib kresloga o’tirdi. — Suxoy vino ichasanmi! — Birdan kulib yubordi. — Aroq qimmat!

— Suxoy ham teshib chiqmaydi, — dedim. — Lekin siz ellikka kirmagansiz. Qachon tug’ilganingizni bilasizmi!
— Nima!! E, xudo… Akam aytgan, xolam aytgan. Jelezniy ellikka kirdim!
— Bo’lmasam tabriklayman, Ro’zi!.. o’tiring… Men siz haqingizda maqola yozishim kerak.
— A, Boysun!
— Shuning uchun, o’rtoq Ro’zi Choriev, shoshmay gaplashishimiz kerak. Men sizning yoshligingiz haqida ko’p narsa bilmayman.

— Yoshligim… — U yana kresloga o’tirdi. Mung’aydi. Nochorona tus oldi. Keyin birdan ko’zlarini katta ochdi. — Bilasanmi, men bogatiy xudojnikman. Da! O’ttizinchi yillarni ham ko’rdim, qirqinchi yillarni ham ko’rdim. Mana, saksoninchi yillarni ham ko’ryapman. Detdom. Sag’irlik. Lekin, — Ro’zi yana ko’tarildi. — Men hayotimdan nolimayman! Ha!.. Bilasanmi, men nega odam bo’ldim! Chunki men hayotda dobriy odamlarni ko’p uchratdim. Ulardan o’rgandim.

— Masalan!
— Surxon detdomiga borganimni eslayman. Eslayman!.. O’n bir yoshda edim. Ustimda bo’z ko’ylak. Uzun, tizzamga tushadi. Ishton yo’q… Ha! Bordim. Bolalar ko’lda cho’milayotgan ekan. Baqiriq-qiyqiriq. Suv sepishadi bir-biriga. Yana, bilasanmi, shu suvda raduga… Kamalak o’ynaydi! Tovlanadi. Bir ertak bu!.. Men boraveribman, boraveribman. Ko’lga tushib ketibman. Ko’l chuqur. Cho’kibman. Ikkita katta yigit meni olib chikdi… Keyin bilsam, ular o’g’ri ekan… O’zlari detdomda turarkan. Lekin o’g’irlik qiladi. Meni o’shalar «ukamiz» deb yaxshi ko’rib qolishdi. Men hech kimni bilmas edim! Sodda-a! G’irt ahmoq!.. Detdomda evakuatsiyadan kelgan Yelena degan tarbiyachi bor edi. Rasm to’garagi tashkil etdi. Biz mashhur rasmlardan nusxa ko’chirar edik. Vasnetsovning «Tri bogatirya» degan asarini ko’chirishga berdi. Men oldin eplolmadim. Yig’lab yurdim. Keyin vo qilib ko’chirdim. Yelena xvalila menya! Da-a!.. «Sen rassom bo’lasan», — dedi… Meni detdomdagi katta qizlar ham yaxshi ko’rardi. Bir kuni bir bola men uxlab yotganimda, oyog’imga mana… mana, shram!.. Paxta bog’lab, o’t qo’yibdi. Uyg’onib ketdim. Bir nima sasiyapti. Paxta cho’g’ bo’lib ketgan. Baqirdim. Qizlar ham chiqib kelishdi. Paxtani yechib olishdi. Etim uzilib tushdi. Ertasi o’sha bolani topib, chuqurga itarib tushirishdi. Keyin kaltak bilan urishdi. Haligi ikkita o’g’riyam u bolani urdi. «Ro’zi rassomga kim tegsa, ko’rsatib qo’yamiz!» dedi. Vo!.. Men Yelenani hecham unutmayman! Shuning uchun ba’zi asarlarimda chiroyli, samimiy rus ayolini tasvirlasam, nomini «Yelena», deb yuraman. E, odamzod murakkab!.. O’sha o’g’ri bolalarning bittasi keyin urushga ketdi. Qahramon bo’ldi. O’sha menga aytar edi: «Ma, non, ma, olma. YE, buni! Lekin o’zing o’g’irlik qilma!» der edi. «O’g’irlik — yomon», der edi. Lekin men bir marta o’g’irlik qildim. Meni detdom direktori FZOga (Fabrika-zavod ta’lim maktablari) jo’natdi Toshkentga. Yelenaga quloq solmadi. «Biz shuncha kishini jo’natishimiz kerak», deb turib oldi. Men Toshkentga ketdim. Keyin Toshkentdan qochdim. Yuk poezdi bilan. O! Ko’p qiynaldim… Yana Surxonga yetib keldim. Meni «qochoq» deb detdomga olishmadi… Boboqul degan bir turkman bor edi. Men uni «aka» deb yurar edim. Termiz detdomiga kiraman, deb borsam, shu Boboqulni ko’rib qoldim. Unga bor narsani aytdim. U: «Rassomlik esingdan chiqmadimi!» dedi. «Yo’q! Men rassom bo’laman», — dedim. Bozorga olib kirdi. Ovqat olib berdi. Bir invalid ham ovqat yeb o’tirgan edi. U promkombinatda rassom ekan. Oti Grisha. Yaxshi odam… Shunga meni shogird qilib berdi. U shior yozar ekan, plakat chizar ekan. Saroyda turardik. Men bir oyda uning bilgan narsalarini o’rganib oldim! U menga oyiga yetti so’m oylik berardi. Lekin qornim to’ymas edi… Bir kuni qayoqqadir ketdi. Qornim och. Bufetga kirdim… Stolda non bor ekan. Asta o’g’irladim. Ko’chaga chikdim. Keyin qo’limni mana shunday ochdim. «Men o’g’ri bo’ldimmi! O’g’ri bo’ldim!» dedim. Fotiha o’qimoqchiman. Keyin o’g’rini esladim. Qaytib bufetga kirdim… «Tyotya Polina, ya voroval. Vot etot xleb!» dedim. U meni uradi, deb o’ylagan edim. U birdan yig’lab yubordi. «Nu chto ti, sinok!» deb quchoqladi. Keyin, bilasanmi, u menga har kuni ovqat, non beradigan bo’ldi… O! Qanday odamlarni ko’rdim!.. Keyin Grisha keldi. Termiz detdomiga meni joylashtirib qo’ydi. Maktabda o’qib yurdim. Shunda «O’lka muzeyi»da izostudiya borligini eshitdim… Rassomlar to’garagi-da. Popova Natal`ya Nikolaevna degan xotin rahbar ekan. Vo! Muzeyning direktori Gavriil Vasil`evich Parfyonov edi. Arxeolog! Zo’r olim… Delovoy emas edi, bechora. Shuning uchun mashhur bo’lmadi… Shu ham meni yoqtirib qoldi. U meni o’lkani o’rganish to’taragiga qo’shib qo’ydi. O’shanda bizni Zarautsoyga olib borishdi. Poshxurtning yoni!.. Ha. Qoyada ibtidoiy odamlar chizgan rasmlar bor! «Mana, Surxondaryo! — dedi Gavriil Vasil`evich. — Mana, san’atning beshigi! Ro’zi, sen buni bil! Sev, bu tuproqni!» dedi. Mening o’lkamiz tarixiga qiziqishimga o’sha odam sabab bo’lgan, deb hisoblayman! Keyin! E-e! Butun O’zbekistonni piyoda aylanib chikdim, desam bo’ladi. Buxoro, Samarqand, Xiva, Varaxsha!.. Ayniqsa, Surxondaryo! Bolaliktepa, Sopollitepa, Xolchayon, Ayritosh. Surxondaryo — antik san’atimizning beshigi-ku! Lekin men Parfyonovdan minnatdorman. Leningradda o’qib yurganimda bir kishi ta’sir qildi. Zo’r! Gaverkina degan o’qituvchimiz. «Yuringlar! Sharqni ko’ramiz!» dedi… Sharq! Behzod! Ko’rdim… O! Bizning tuprokda havoni, quyoshli kunni «yozish» qiyin! Men sariq bo’yoqlar bilan chizishni Behzodd,an o’rgandim!.. «Ro’zi, vidish` eto — tvoya rodina!» dedi o’qituvchimiz… Bu gap ham odamga ta’sir qiladi! Sen ishon: Men O’zbekistonni qancha sevmayin, uni Leningradda ochdim! Umuman, u yerda G’arb bilan Sharqni ochdim!..

— O’zingizga ta’sir qilgan samimiy odamlar haqida…
Ro’zi qah-qah otib, turib ketdi.
— Menga hamma-hamma ta’sir qildi… Men minnatdorman!
Yomonlardan ham o’rgandim… Yomon bo’lmaslikni o’rgandim! — u xontaxta tagidan alyumin choydish olib, burchakka bordi. Choy qo’yib, magnitofon tugmasini bosdi. Musiqa yangradi… Ro’zi kaftlarini bir-biriga urib, so’ng kaftlarini juft qilgancha hindlarga o’xshab, kresloga qaytdi. — Mana shu muzika ham zo’r! Bax, Betxoven, Gendel`, Gaydn!.. O! O’zimizning maqomlar! O’laman! Eshitsam, o’lib qolaman… Qara! Muzika — ham milliy, ham internatsional! Odam ham shunday bo’lishi kerak! Odam ham!.. E, odam zo’r! Eto velikoe chudo! — U joyiga o’tirib, xontaxta ustiga taxlab qo’yilgan qizil, chetlariga ilonizi gullar tikilgan Surxon belbog’ini ochdi. — Ah, esimdan chiqay depti!.. Men Leningradda, o’sha san’at akademiyasida o’qib yurganda Marinani topdim! Sevaman!.. Uni kasbi — arxeolog! Vot! Ko’rdingmi! Bizning tariximizni besh qo’lday biladi!..

Men Ro’zidan bu gaplarni ilgari ham eshitgan esam-da, zavqlanib o’tirardim. Ro’zi esiga bir narsa tushdimi, «hozir», deb chiqib ketdi. Men xonani ko’zdan kechirdim. O’ng tomonga katta parda tortib qo’yilgan. Orqasida rasmlar, polotnolar bor. Kresloning orqasida ham, so’l tomonda ham, tokchalarda ham — asarlar. Xontaxta yonida divan. Bir necha yostiq. Ro’zi ko’pincha shu yerda yotib qoladi. Divanning bosh tomonida uchburchak javon. Ichi kitobga to’la. Aksari san’at haqidagi asarlar, al`bomlar, G’arb, Sharq klassik yozuvchilarining kitoblari. Javon ustiga ip tortilgan. Unda Surxondaryoda to’qilgan o’n xildan ortiq do’ppilar. Yerda kavush, mukki. Bitta ustunga turli nav choponlar va jelak ilingan. Tagida o’sha yoqning po’stagi to’shab qo’yilgan.

Tavba!.. Bu yoqda olis g’arbning musiqasi, bu yoqda yigirmanchi asr rassomining kishini daf’atan hayron qilib qo’yadigan ashqol-dashqollari. Texnika mo»jizalari. Lekin anavi narsalar tufayli men o’zimni ona yurtning olis va aziz go’shasida o’tirgandek tuyaman. Bu arzimas narsalar favqulodda ma’no kasb etadi: unda xalqimiz urf-odatlari, tarixi ko’rinadi. Ro’zi alyumin choynak ko’tarib kirib keldi. Choy qo’ydi.

—Ro’zi, o’zimizning Toshkentda Ben`kov nomidagi san’at bilim yurtini bitirgansiz-a?
— Ha!
— Qaysi mamlakatlarda bo’ldingiz?
— O’-o’! O’n bitta mamlakatga bordim! Morokko, Senegal, Italiya, Gretsiya, S`erra-Leona, Mal`ta, Shvetsiya… Menga Shvetsiya ta’sir qildi. Juda-a madaniy mamlakat. Baland!.. Nimasini aytsam! Ha! Da-da. Lekin bizni, bizning odamlarni… Vatanimizni yaxshi bilishmas ekan! Vot parodoks!.. «Mal`mo — Gyoteborg» poezdida ketayotgan edim. Tarjimon yo’q. Bir o’zim!.. Gyoteborgda meni kutib olishlari kerak. Birinchi klass vagonidaman! Bitta xotin bilan yosh bir yigit kirib keldi. Xotin — juda chiroyli, yaxshi kiyingan. Yigiti yoshroq. Jazmani bo’lsa kerak. Mayli. Ularda bu oddiy holat. O’zlari biladi… Meni bilasan, bir narsadan ta’sirlansam, darrov «yozaman!» Shunday bo’ladi. A, ba’zi asarlarimni besh-o’n yilda yozaman.

— Hali bu to’g’ridayam gapirib berarsiz…
— Da. Shart al`bomni ochdim. Birpasda ayolning rasmini chizdim. Vo chikdi! Keyin unga berdim… «Esdalik», dedim. Gapimni tushundi. Rasmga qarab, og’zi ochilib qoldi. Rasmgami, yo mening ishimgami bilmayman. Keyin sumkasini ochib, menga pul uzatdi. Ko’p pul!.. Menga! Nima, men pul uchun ishlab berdimmi! Xudojnikdan esdalik bo’lsin, dedim. U bo’lsa, pul chiqardi. Men ham kissamdan pul chiqardim… «U menya yest`», dedim. Pulim ko’p edi! «Eto ya vam daryu! YA vash gost`. YA vlyubilsya v vashu stranu!» dedim. Hayron bo’ladi!.. Keyin o’sha ayol Stokgol`mga ham keldi. Ha! Keyin Toshkentga o’sha asarimning foto kopiyasini jo’natdi. Interesno! Eto xorosho!.. Vsyo taki tushundi u!
Da! Ha. Keyin Mal`moda biz bilan uchrashuv bo’ldi. Har xil odamlar bor. Bir ayol keldi. Tarjimon orqali gaplashdik. «Mening ismim — O’zbek», deydi. Hayron bo’p qoldim. «Kak?» uning ikkita akasi 1880 yillarda O’rta Osiyoga kelib, ishlab ketgan ekan. Keyin singillariga bizdan esdalik uchun «O’zbek» deb nom qo’ygan ekan. Qara, Shvetsiyada O’zbek… Undan keyin men xursand bo’lib, ayolni nomerga chaqirdim. Yetmish yoshlarda bor. Moybo’yoq bilan rasmini ishladim. Sovg’a qildim… Lekin bitta narsadan xafa bo’ldim. Tarix-arxeologiya muzeyiga bordim. Qarasam, O’zbekiston haqida bitta… Bitta rasm turibdi! 1923 yilda ishlangan. Shohimardon. Qizlar buloqdan suv olyapti. Oriq eshaklar yuripti. Pastida «Tuzemtsi» deb yozib qo’yilgan. «Nega bunday! — dedim. — Undan buyon oltmish yil o’tdi. Biz o’sib ketdik!.. Buni ko’rgan odamlar biz haqimizda nima deb o’ylaydi! Biz haqimizda o’sha yillar taassuroti bilan yurishadimi!» Tarjimon so’zlarimni konsul`tantga aytdi. U iljayib, yelkasini qisib qo’ydi…

Ro’zi kichkina choynakka choy damlab, piyolada uzatdi.

— Ijodingiz haqidayam men oz narsani bilaman…
— Ijod!.. Uni mendan ajratib bo’lmaydi!.. Ijod — eto ya! Mening hayotim, qiziqishim. Dardim… Da, dardim! Vot, mana butun-butun mening atrofimni o’ragan narsalar — havo, yorug’lik, ana quyo-yosh! Sen… Da. Seni shu o’tirishing menga yoqyapti… Hamma narsa — bu ijod.
— Tushundim.
— Ana, mening «Rekviem»! Asarim! Hozir ko’rasan! E-e… Muzeyda u!
— Ko’rganman.

Ro’zi irg’ib turib, o’ngda tutib qo’yilgan pardani tortdi. Bo’yi ikki metrdan baland, eni ham shuncha keladigan polotno ochildi. Orqa fonda qoramtir jigar rangda ishlangan madrasa, peshtoqi. Eshigi, yo’laklari ham ko’rinib turibdi. Uning oldida olomon. Chopon kiygan, salla o’ragan. Aksari yupun. Qo’llarida belkurak, ketmon, panshaxa. Yo’rgak ko’targan ayollar, yosh bolalar. Barining qiyofasida g’azab, nafrat va o’ziga ishonch. Berirokda ularga qarshi bir to’p odam: bittsi zarchopon kiygan, boshida simobi sallasi bor ulug’vor amaldor. U qo’lini orqaga qilib turibdi. Barmoqlari orasida haqiq donali tasbeh. Uning yonida — allanarsani yozayotgan mulozim kotib. Ular o’rtasida oppoq forma kiygan, mag’rur chor ofitseri. Berirokda yelkasiga nayzali miltiq osgan politsiyachilar.
— «Jizzax qo’zg’oloni. 1916 yil», deb atadim. — Ro’zi polotnoning u chetiga o’tdi. — Men juda sotsial rassomman-a! Lekin bundagi manzara… Hozir hamma yerda bor!

— Rost… Bu manzarani hozir milliy-ozodlik harakati avj olgan har bir mamlakatda uchratsa bo’ladi. Bularning ust-boshini o’zgartirib, aft-basharasi qoraga bo’yalsa, Afrika odamlari chiqadi.
U kaftlarini bir-biriga ishqab, joyiga qaytdi.
— Xullas, bu o’zi yaratilmadi… Haligi asarlarning xulosasi. O’zi, menda odat bo’p qolgan. «Chorvoq suvi»ni bilasan!! U-chi! O’z-o’zidan bo’ldimi! Yo’q. Men xotinim Marina bilan O’zbekistondagi hamma qurilishlarda bo’lganman… Chorvoqqa borganimda 64-yil edi! O’shanda u kichkinagina, chiroyli qishloqcha edi. Ko’p eskizlar yozdim. Portlash ishlari boshlandi. Uniyam ko’rdim. 68-yilda «Chorvoq vodiysi»ni yozdim.
— Ko’rganman.
— Qurilish bitdi… 70-yilda «Chorvoq suvi»ni yozdim. Vo! Bu orada yana qancha ishladim… Ijod — bu turmush, hayot, e hayot! Hayot boy bo’lsa, ijod ham boy bo’ladi… O’zingga bog’liq.

— «Surxondaryo odamlari» degan katta polotno boshlagandingiz!
— O! U asar yana o’n yildan keyin bitadi! — xitob qildi Ro’zi beparvolik va ishonch bilan. So’ng tizzalariga shapatilab kuldi. — Ey!! Meni Surxondaryo rassom qildi!.. U — mening onam, otam! Mening 90 protsent asarim Surxondaryo haqida!.. Men uni o’zim uchun kashf etdim! Toshkentda! Leningradda! Qanday baxtliman-a!.. Qancha asarlar yozdim… Sen yaxshi ko’rgan — «Kutish»…

U asarni men she’r deb atagan edim. Orqada tumanli tog’. Tong yorishish oldida. Kichkina chaylada bir ayol uyqusirab, erinimi, o’g’linimi kutib o’tiribdi. Yonida dumaloq, yalang’och bolakay yuz tuban tushib uxlab yotibdi. Sholcha chetida ayolning kalishi bilan bolaning shippagi. Shiftda osilgan yoniq lampochka sarg’ayib qolgan. Hali nur yo’g’rilmagan, hali qorong’ilik soyasi ham butkul ketmagan tog’ oqish-binafsharang tuman qo’ynida mudrab ko’rinadi. Bu yerda hamma narsa nimanidir kutadi: ulug’ bir narsani, mangulikka aloqador narsani kutadi.

Ro’zi so’zida davom etib, «Surxondaryo Madonnasi»ning yaratilish tarixidan, Shoymardon Qudratov portretini chizish uchun ko’p uringani, izidan paxtazorlarda yurgani, lekin u kishi sovxoz direktori bo’lib qolgandan keyin asar bitgani, «Sherobodning sher qizlari» turkumi, «Sayroblik chol», «Boysunliklar», «So’zana», «Rafael` Toqtosh», «Botir Zokirov», «G. A. Pugachenkova» asarlarining yaratilishigacha so’zlab berdi.

Lekin hali ko’p yurishim kerak! Kuzatish kerak! Sen aytgan polotno keyin bitadi…
— Ellikka kiribman-a!
— Uzun soqol bilan alday olmaysiz.

1981  * Esse 1981 yili Ro’zi Chorievning 50 yoshga to’lishi munosabati bilan yozilgan

08

(Tashriflar: umumiy 3 689, bugungi 1)

Izoh qoldiring