Shukur Xolmirzayev. Navro’z, navro’z… & Qora kamar. Radiospektakl & Shukur Xolmirzayevni xotirasiga bag’ishlangan teledastur (2021) & Adib kitoblaridan namunalar

Ashampoo_Snap_2017.03.07_17h08m05s_001_a.png24  март — Устоз адиб Шукур Холмирзаев (1940-2005)  таваллуд топган кун

   Султон катта-катта одим отиб борар, шундоқ ҳам эсиб турган шабада унинг кўкрагига урилар, жонсиз, узун, саноқли сочларини тўзғитар (у онда-сонда бармоқлари билан сочини силаб қўярди), у энг олий, энг одамий ниятини амалга ошириш учун бораётир, қутлуғ айём арафасида (эртага — наврўз!). У бу ниятни амалга ошириш учун илгари ҳам бир мунча хаёлларга толган эди, бироқ шу ишни амалга оширса — бачканалик қилгандек туюлган, кейин бир хўрсиниб: «Барибир, айб менда эмас-ку!» деб қўя қолган эди. Энди, наврўз арафасида…

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
НАВРЎЗ, НАВРЎЗ…
07

Султон катта-катта одим отиб борар, шундоқ ҳам эсиб турган шабада унинг кўкрагига урилар, жонсиз, узун, саноқли сочларини тўзғитар (у онда-сонда бармоқлари билан сочини силаб қўярди), кўзи олдинда — ҳув йўл бурилишида, юраги ҳам қадамига мос ҳолда гурс-гурс тепар, ёш олим (ёш бобида — ёш бўлмаса ҳам филология фанлари доктори, профессор) сийратию сиртидаги ҳолатини изчил сезиб борар ва бундан қувонар эди: ҳа, у энг олий, энг одамий ниятини амалга ошириш учун бораётир, қутлуғ айём арафасида (эртага — наврўз!). У бу ниятни амалга ошириш учун илгари ҳам бир мунча хаёлларга толган эди, бироқ шу ишни амалга оширса — бачканалик қилгандек туюлган, кейин бир хўрсиниб: «Барибир, айб менда эмас-ку!» деб қўя қолган эди. Энди, наврўз арафасида…

У баттар қувониб, оғзини катта очиб нафас олди. Тепасидан учиб ўтган қарғаларга: «Э, дўстларим! Ҳе-е, учаверинглар! Сизларнинг гўштингиз ҳеч кимга керакмас, — деб қўйди. — Қизиқ, шаҳар кўчаларида, хиёбонларда ҳеч кимдан қўрқишмайди-ю, далада, тоғда бир кунлик жойда қорангни кўрса, қорасии ўчиради…» Унинг хаёли беихтиёр олис тоғлар бағрига, қандайдир ёнғоқзорларга оғаётганини фаҳмлаб қолиб, ўша ёнғоқзорда кечган кўнгилхираликни эсламаслик учун… бошини чайқаб, яна олдинга — бурилишга қаради: энди уни бояги шодон, тошқин кайфият тарк этган эди.

Султон анча бўшашиб қолди. Бироқ бунга сари ўжарлиги тутиб, қадамни янада каттароқ боса бошлади. Энди у лўкиллаб борарди. Бора-бора плашининг олдини ёпди, кейин тугмаларини ўтказди. Бошини силаб қўйиб: «Шляпани кийсам бўларкан, — деб ўйлади. — Жуда шошиб чиқдим-да. Ишқилиб, Жониқул ака дачасида бўлсин…»

Бурилишга етганда, рўпарасидан пасайиб-ғинғиллаб келаётган оқ «Волга»ни кўрди: дачадан чиққан. Бирорта — депутатнинг машинаси-да. Ёки коммерсантнинг… Султоннинг депутатлар билан ҳам, савдогарлар билан ҳам иши йўқ — майли, бири амаллаб депутат бўпти, бири интилиб бизнесмен бўпти. Ўзи — олим: фольклорист… Ўзиям кўп интилган, лекин олимлик даражасини эгаллаш учун эмас, халқ оғзаки ижодини тўплашга интилиб, қаерларга бормаган эди…

Султон камтарона тус олиб, бошини эгди. Машина ёнига етиб келганда ҳам қарамади. «Волга» тўхтагач, ялт этиб бокди-ю, дераза ойнасини тушираётган Эртойни кўрди: юртдоши, ҳамқишлоғи, иниси. Вазирликда ишлайди: ўсадиган йигит. Ўссин! Мана, ёш бўлсаям депутат бўлди: ақлли, тадбиркор-да.

— Ассалом алайкум, Эртойжон! — деди Султон бошини эгиб ва йўлка четидаги тўсиқчадан ҳатлаб ўтиб, унга узун, сўлақмондай қўлини узатди. Эртой унинг дастпанжасини олиб:

— Салом. Совқотибсиз. Йўл бўлсин? — деди. — Мунча ғизиллаб кетаяпсиз?

— Дачага. Жониқул аканинг дачасига… Бормикан? Кўзингиз тушмадими?

Эртой азбаройи оғасининг ҳурмати — эшикни очди: чиқмоқчи… Султон чийиллаб юборди:

— Йў-йўқ-йўқ! Бемалол ўтиринг. — Эшикни оҳиста ёпди-ю, пушаймон еди: ниятини бунгаям айтса бўларди. Ахир, бу ақлли йигит…

Эртой унга қаршилик қилмай қошини чимирди. Одатдагича, нозик чеҳраси изтиробни акс эттириб.

— Кўрмадим-ов, — деди. — Биз… — Кейин бирданига шўхгина кулимсиради. — Мундай… ярашиб олдингларми? Назаримда… А? — Эртой кулиб юбор-ди. — Аломат одамсизлар. У кишиям, сиз ҳам. — Сўнг бир сония жимиб, қўшимча қилди: — Баъзан кўриб қоламан. Бечора ҳайрон бўлади: «Мен Султонжонга ҳеч бир ёмонлик қилган бўлмасам… Докторлигини ёқлаганда биринчи бўлиб овоз бердим. Мақтадим. Ҳайронман!» дейди.

Султон ҳам кулимсираганча унга тикилиб тураркан:

— Йўқ, айб ўзида, — деди. — Сезмайди-да… Йўқ, ўйламайди у аблаҳ. — Бирдан тилини тийди: «аблаҳ» деди. Ахир, мақсади…

— Ишқилиб, бошқа уришманглар, — деди Эртой катталарга хос салмоқ билан.

— Бошқа… Мутлақо! — деб юборди Султон ва азбаройи юраги яна қаттиқ тепиб кетганидан ичидаги гапи вужудини ёриб юборадигандек бўлди-ю: — Э, укажон, бир минутга чиқинг, — деди. — Кечирасиз. — У ҳайдовчига ҳам мўралаб: — Узр, узр, — деб қўйди. Ҳайдовчи хайрихоҳона табассум қилиб, машинани сал четга ола бошлади.

Султон Эртойни билагидан ушлаганча йўлкага ўтказди. Кузги буғдой тизза баравари бўлиб қолган далага қарамаёқ ундан-да илҳом олиб:

— Эртойжон, — деб шивирлади бошини эгиб. — Мен… мен яхши одам бўлмоқчиман.

— Нима?! — Эртойнинг қошлари чимирилиб кетди. Беихтиёр бўйнини чўзиб, уни ҳиддаган бўлди.

— Ичмаганман. Мутлақо, — деди Султон энди жиддий тус олиб. — Умуман, ичкиликниям ташлайман… Ташладим ҳисоб! Энди, сиздан ҳам бир кечирим…

— Хўш, бир нима «бўламан» дегандай бўлдингиз? — яна беозор, шўхгина кулимсиради Эртой.

— Мен… мен серёзни гапиряпман, — деди Султон ҳатто қовоғини сола бошлаб. — Мен… кўп ўқидим, Эртойжон. Сўфийларнинг таълимотини ҳам. Комил инсон ҳақидаги йўриғларини… — Юраги тепа бошла-ди. — О, ана улар — одамлар! Улар — инсон! Биз нима?.. Кечирасиз, мен ўзимни айтаяпман.

— Хўш, демак, — дея Эртой табассумини жиддият билан яшириб, билагидаги соатига қараб олди. — Демак, комил инсон бўлмоқчисиз? Тўғри тушундимми?

— Ҳа, — деди Султон теран бир овозда. Ва дудуқланиб қолди. — Комил эмас-у, мундайроқ…

— Яхши, яхши, — деди Эртой.

— Йўқ, сиз кулманг-да, ука.

— Султон ака… — Эртой мени ранжитманг дегандай бошини орқага солди. — Наҳотки сиздан кулсам… Биз ахир, ака-укалармиз… Ҳим, — бирдан сўраб қолди: — Айтмоқчи, янгам яхшими? Жиянларим юриптими? Иш билан бўлиб… — Султоннинг ҳамон чимирилиб тургани, «чалғитяпсиз-а? » деган ифода юзида борлигини кўриб, Эртойнинг ҳафсаласи пир бўлди, — Султон ака — деди овози ўзгариб. — Мен сизни тушунаман… Сиз аслида олижаноб одамсиз. Бу камплимент эмас… Ҳамма билади буни. Жониқул ака билмаса…

— Қўйинг ўшани! — Султон шундай деб юборди-ю, яна уялиб, қийналиб, тилини тийди. — Узр, узр… Мен ўзим… ўзимга ҳайрон бўламан, ука… У ёғини сўрасангиз, мен ўша одамдан шахсан…

— Нима?

— Ёмонлик…

— Кўрганингиз йўқ! Бўлди-да… — Эртой машинага қараб олди. — Адабий меросга муносабат эса…

— …ҳали шаклланмаган. Укажон, йўлдан қолманг. — У депутатнинг билагидан ушлаб, итаргудек бўлиб, йўлка тўсиғидан ўтказди. Эртой очиқ эшикка қўли текканда, яна қатъий тўхтади.

— Лекин мен сизнинг…

— Кейин гаплашамиз… Ке-йи-ин, — деди Султон ва унинг билагини бўшатиб, қўлини кўтарди. — Оқ йўл! Келинимни сўраб қўйинг. Жиянларни ўпинг.

— Ажойиб одамсиз-да, ака, — Эртой ичкарига кириб ўтирди. Султон эшикни оҳиста ёпди.

— Хайр. Ишлаб чарчаманг, Эртойжон.

— Мен оқшом телефон қиламан. Уйда бўласизми?

— Бўлмаса гўрда бўлармидим.

Эртой ундан яна ниманидир — афтидан, нимага бораётганини сўрамоқчи бўлди-ю, Султоннинг жила бошлаганини кўраб, олдинга боқди: шофёрига «ҳайданг» дегани. Аммо шу оннинг ўзида ҳайдовчининг билагини чап қўлида ушлаб, ўнги билан рўпарасидаги бардачок устига тарсиллатиб урди. Қаҳ-қаҳ отиб кулганича, бошини ойнадан чиқарди.

— Ҳой, Наврўз муборак!

Ҳали қадам отишга улгурмаган Султон ҳам таққа тўхтаб, хаҳолаб юборди.

— Ўзларигаям! — деди унга бурилиб. Кейинги гаплар беихтиёр оғзидан чиқиб кета бошлади. — Вой-й, муни қаранг-а, укабой… Наврўз! Ахир, ахир…

Эртой намойишкорона хўрсиниб юборди.

— Ўрганмаганмиз-да, ака! Эсимиздан чиқаришган… Э, муни қаранг. Шу масалада, ахир, шошиб кетаётибман ўзим… — Бирдан сўради Султондан: — Сизлар қаерда нишонлайсизлар? Институтдами ёки бу ерда? Бор катталаринг шу ерда…

— Уни, уни… билмайман, Эртойжон, — деди Султон. — Сўраганим йўқ… Нимадир гаплар бўлаётувди. Лекин нишонлаймиз, албатта! Э, бусиз мумкинми? — Кейин дўнг пешонасига шап этказиб шапати туширди. — Қовоқ калла…

— Яна нима бўлди?

— Ҳов, сизгаям наврўз муборак бўлсин! — деб тиржайди Султон шофёрга. У бошини эгиб, кўксига қўлини қўйди. Эртой Султонга меҳр билан тикилди-да, кўзини қисган бўлди. Султон унга таъзим қилди. Машина жилди.

2

Султон хурсанд, энди бемалол қадам ташлаб борар, гоҳ ўзича кулимсираб бошини чайқатар, кейин тиржайганча сўл томонга — ям-яшил буғдойзорга, кейин ўнг томонга — қийғос гуллаган шохлари бетон девор узра ошиб тушган олчаларга қараб қўяр, тепадан тағин қарғаларнингми, бошқа қушларнингми учиб ўтишаётганини пайқар, тағин кўкси кўтарилиб-кўтарилиб нафас олар эди.

Ёнига сурилиб одамга йўл берадиган яхлит тунука эшик қия очиқ экан: демак, Эртой чиққанидан кейин ёпилган-у, одам киргулик жой қолдирилган. Э, бира-тўла очиб қўйса бўлмайдими! Ахир, машиналилар чиқадиган вақт ҳозир. Асқар ака (дачаларнинг қоровули, бу ерда қишин-ёзин истиқомат қиладиганлар унга маош тайинлашган: халфанага пул йиққандай — йиғиб беришади) эҳтиёткор-да бечора. Жониқул ака шунгаям азоб берса керак-ов: «Нимага кечаси эшик очиқ қолган эди? Ҳозир одамларга ишониб бўладими?..»

Султон очиқ жойдан якка кифт бўлиб ўтди-ю, чап қўлдаги ҳужра эшигига қараб:

— Асқар ако-о! — деб чақирди шўхчан овозда. — Наврўз муборак бўлсиин!

Ҳамиша соқоли ўсиқ юрадиган, дардчил қоровул ичкаридан тез юриб чикди.

— Э, Султон ака… Кўринмай кетдингиз? Ўзингизгаям наврўз муборак бўлсин! — Ҳар иккала қўлини узатиб кўришди. — Кўнглимдан ўтган эди: ҳайитда кўришамиз деб…

— Э, садағаси кетай наврўзди! — деб юборди Султон. — Одамларнинг бир-бири билан дийдор кўришишигаям баҳона бўлади… Ҳа, қалай? Боғ тинчми? Учёнийлардан кимлар яшаяпти дачасида? Айтмоқчи, Обид Одилжонович уйидами?

— Ҳа, хўжайин уйда, — деди Асқар ака. — Кеча бир-иккита меҳмонлари билан келувдилар. «Меҳмонхонани тузатиб қўйганмиз», дедим. Йўқ, уйларига олиб кетдилар.

— А-а, наврўзга келишгандир-да улар?
— Шу-да. Бугун яна келишса керак, — ҳорғин давом этди қоровул. — Эртага зиёфат бермоқчилар. Қўй опкелишди… Сиз ҳам бўларсиз, Султон ака?

— Албатта, — деди Султон. Илгари ҳар хил зиёфат, ичкилик ичиладиган ўтиришлардан ўзини олиб қочарди: ичиб қўйса, кейин — бир-икки кун қийналиб юради-да, Бунинг устига, ароқ унга тез таъсир қилади, шунда ўзини… Султон яна такрорлади: — Албатта келаман, Асқар ака. Мириқиб гурунг қиламиз… Ичкилик бўлмас-а?

— Ў-ў, йў-ўқ, — деди қоровул. — Мачитдан домлалар ҳам келармиш. Гапиришаётувди… Шу атапления масаласи чатоқ бўляпти-да. Иссиқ сув келмай қўяди. Ток узилдими — тамом. Симлар занглаб кетганми, ким билсин.

Султон бу гапларни диққат билан тинглаган эса-да, қулоғининг ёнидан ўтказиб юборди.

— Жониқул ака шу ердами?

Қоровул бирдан қўлини чўзиб, ушбу йўл эллик қадамлардан кейин ёнидан ўтиб кетадиган оппоққина иморатни кўрсатди: институт директори Обид Одилжоновичнинг (яъни Султоннинг дорилфунунда бирга ўқиган дўсти, ҳазилкаш, самимий киши — Обиджоннинг) ташаббуси билан қурилган меҳмонхона, айни чоғда кичик тўй, зиёфатлар ўтадиган чойхона вазифасини ўтайдиган жой у.

— Ҳоозир кирдилар. Телефонда гаплашмоқчийканлар. Бу ердаги аппарат бузилган эди.

— Эҳ! — Султоннинг кўзи очилиб кетгандай бўлди: омадни қаранг! Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади, деганлари шу-да… «Йўқ, бундай улуғ айём арафасида ишинг ўнгидан келиши табиий, — деб кўнглидан кечирди. — Йўлларнинг ҳам таноби тортилиб қолар, ҳа… Ана, кўчага чиқишим билан автобус бўлди. Ёмғир ҳам тинди. Кеча эса… — Бўпти. Сизга раҳмат, Асқар ака. Ўша кишига айтадиган икки оғиз гапим бор эди.

— Бемалол, бемалол. Ҳали чиққанлари йўқ.

Султон шитоб билан одим отди-ю: «Эй, бу одамдан  ҳам бир кечирим сўраб қўйсам бўларди, — деб ўйлади. — Лекин орамизда ҳеч гап ўтмаган. Майли, қайтишда яхшилаб хайрлашаман».

У илдамлаб-лўкиллаб, сув сепгандай намчил асфальтда бора-бора меҳмонхонага бурилди. Бир он тўхтаб қулоқ тутди: овоз эшитилмади. Кейин бошини  эгиб, ишонч билан юриб, зиналардан кўтарилди. Ичкарига кирди-ю, шундоқ рўпарасидаги очиқ эшик ичкарисида, баланд дераза пастида — столга тирсакларини тираб, нақ ўзига тикилиб турган кичкина одамни кўрди: деразадан тушаётган нурда унинг башараси аниқ кўринмас., бироқ муштдеккина одамлигидан Жониқул ака эканига шубҳа йўқ эди.

Султон шу ердан бош эгиб, салом беришни ўйлади-ю, наздида, у ҳам ўзини аниқ кўрмаётгандек бўлди. Шаҳд ва шижоат билан юриб, эшикка етди.

— Ассалом алайкум, Жониқул ака! — деди. У сергакланиб, нимадир деб пўнғиллади. Султон бемалол бориб, эгилиб, қўл узатди. У киши ҳам калта бармоқли калтагина қўлини чўзди. Султон уни кафтига олиб (дўмбоқ, юмшоқ ва кичкина эканини энди сезди гўё), бир силкитди. Жониқул ака унга қалин, арманиники-га ўхшаш қошлари остидан ҳуркак-эҳтиёткорлик билан қараб турарди; қўлини тезгина тортиб, энди қоматини тиклаган новча йигитга пастдан боқиб сўради:

— Телефон керакми?

— Йўқ, бемалол, — деди Султон. — Мен…

Жониқул Жондор гаплашиши зарурлигини эслагандек дастакни кўтарди. Столдаги кўзойнакни тақиб, рақам тера бошлади. Султон чиқиб туришни маъқул билиб, тисланди. Хиёл бурилди. Шу кўйи бир қадам босганида, Жониқул аканинг ўзига бағоят таниш, айни чоғда кўплаб марта юрагини сиққан палағда-инжиқ овозини эшитди.

— А, электрикмисиз, ука? Сиздан сўраяпман, — деди у. — Ука, сиз қулоқ солинг: сиз билан… ҳим, филология фанлари доктори, член корреспондент Жониқул Жондоров гаплашяпти! — «Ўҳ, — деб юборди Султон ичида. — Шу ердаям… электриккаям-а? Унга сенинг членлигинг нимага керак? Ҳозир — бир пул. Э-э, садқаи…» Султон эшикдан чиқди-ю, ўйлаган ўйи ўзига кор қилиб кетди: нима, айтса айтар… Шунгаям ғашланиш керакми?

— Нима? — ичкаридан член корреспондентнинг чийиллагани эшитилди: — Ахир, пулини вақтида тўлаб турсак… Бу нима? Издеваться қиласизларми? Ўзингиз ёш йигит бўлсангиз керак… — Султон қулоқларини бекитгудек бўлиб, залдаги устун орқасига ўтди. Олимнинг овози бу ергаям етиб келди: — Батареялар музлаб ётипти. Қишнинг заҳри кетгани йўқ. Ҳозир шамоллаш…

«Ў, пишиқ-пухта одам, — деб ўйлади Султон, — Қишнинг заҳри кетмаганиниям билади бу. Ҳозир шамоллаш… Шунда унинг ҳавода сал намлик сезилдими — институтга қават-қават кийиниб, бошига сариқ итнинг терисидан тикилгандай пахмоқ телпагини бостириб, бўйнига шарфни айлантириб ўраб боришини эслади: ҳа-ҳа, ҳамма вақт шундай: «Человек в футляре». Ким айтган эди бу гапни?.. Султон силкиниб кулди: Обиджон айтган эди. Елкаси силкиниб кула-кула: «Жониқул акани кўрсам, нима учундир Чеховнинг «Ғилоф бандаси»ни эслайман, дўстим», деган эди қувлик билан. Топиб айтганди… Ҳозир қанақа кийимдайди? Эгнида нима бор эди? Костюм шекилли… Бошида телпаги. Ҳим, уйидан шошилиб чиққан бўлса керак…»

Ичкарида овоз ўчди. Султон устун ёнидан мўралаб қараб, Жониқул аканинг ўрнидан тургани, дераза пардасини суриб, боғ томонга қараётганини кўрди. Яна илдамлаб кириб борди. Член корреспондент илкис ўгирилди. Султонга совуқ-сергак тикилди-да:

— Марҳамат!.. Ё менда гапингиз борми? — деди.

— Ҳа, Жониқул ака. Гапим бор, — деди Султон сиполик ва ҳар қандай муштга елкасини тутиб беришга тайёр бир тобелик билан. — Марҳамат қилиб бир минут ўтирсангиз.

— Йўқ. Гапираверинг, — деди у тезгина ва плашини (бу ҳаворанг ёмғирпўши столнинг эшикчаси устида экан) олиб, билагига солди. Султон шошиб қолди: ахир, у не мақсадда йигирма километр жойдан келди-ю, бу одамнинг бир минут тинглашга тоқати йўқ.

— Жониқул ака, менинг сизга айтадиган муҳим гапим бор, — деди Султон.

— Гапиринг, эшитаман дедим-ку? — бирдан бўғилиб деди у.

— Хўп. Бўлмасам…

Жониқул Жондор столнинг ёнига чиқди.

— Эй, бир минут сабр қилинг! — Султоннинг оғзида чиқиб кетди. — Кечирасиз, мен атайин… — Бирдан юзи ёришди. — Авваламбор, Наврўз муборак бўлсин, Жониқул ака.

Жониқул аканинг кўзлари қисинқиради — гўёки қошлари тагига яширинди. Султоннинг назарида, унинг ҳам чеҳраси ёришиб кетиши лозим эди. Йўқ — чеҳрасида истеҳзоли кулги пайо бўлди, холос.

— Э, шундайми? — деди.

Султоннинг юраги сиқилиб кетди.

— Ҳа-да… — Уҳ тортиб, бошини эгди. — Гап шундаки, Жониқул ака, мен сиздан…

3

Жониқул аканинг тумшуғи сал кўтарилди. Султоннинг эса боши шунча эгилди.

— …мен сиздан кечирим сўрагани келдим, — шундай дебоқ, унга қараса айниб қоладигандек шошилиб, ҳатто овози ҳам ўзгариб, қалтираб айта бошлади: — Мен сизнинг дилингизни хийла… марта оғритганман, ака. Тўғри, бунинг сабаблари бор эди… Аммо мен тезоблик қилмаслигим керак экан. Пайқаб қолдим: тушундим… Шунинг учун, мана, — унининг нигоҳига ичдан бир нур югурди яна, — мана эртага — Наврўзи олам! Эртага -— ғанимлар ҳам бир-бири билан яраш-яраш бўладиган кун! Эртага айблар, гуноҳлар унутилади… Қадимдан шундай. — Тек тикрайиб турган член корреспондентга қаради. — Буни ўзингиз мендан яхшироқ биласиз! — Унинг миқ этмай турганини кўриб, гапи етмагандай — томдан тараша тушгандай қилиб айтганини туйди. Қайтадан бошлади: — Мен сиз оғамизнинг… Сиз менга кўп ёрдам бергансиз. Масалан, докторлигимни ёқлашда қўллагансиз, овоз бергансиз. Мен бу яхшилигингизни унутмайман, албатта… — Жониқул Жондорнинг томоғидан «ҳим» деган ғулдираш чиқди. — Рост, рост, — деб баттар шошилиб давом этди Султон. — Ёшингиз улуғ. Жуда-а, жафокаш олимсиз. Халқимизнинг маънавий бойликларини излаб топиш учун қанчалар машаққат чекканингизга мен ўзим гувоҳман, домла… — «Майли, «домла» дейверай. Баъзан шундай дердим-ку?» Шу ўй хаёлидан ўтиши замон гўёки унинг ўрнини баҳайбат ёввойи ёнғоқзор эгаллади, йигит хўрсиниб юборди. — Кўп қийналганларингизни кўрганман, ака…

Жониқул ака томоқ қирди. Султон унинг ҳирқирашиданоқ мутлақо нописандлик билан гапиришини укди.

— Бу гапни ким ўргатди сизга? — деди у.

— Ўргатди?.. Қайси гапни? — Султон у кишига боқди. Аммо юзидан бирон нарсани англаб ололмади.
— Кечирим сўрашни-да, узр сўрашни, — деди у бошини бироз орқага солиб.

— А-а, бу… — Султон яна шошиб қолди. — Менга биров… Нега энди. Ахир, бу ният… қалбим-да пайдо бўлди. Ишонасизми, кўнглимда! — Кейин унинг башарасига қарамасликка қасд қилди: қараса — чалғиб кетади, бунинг устига, бир нимани уқолмайди. Уққани — ҳамишаги ифодаси унинг: хавфсираш ва гумон… Султон беихтиёр ён томонига узум расмли қоғоз ёпиштирилган деворга қаради. — Мен бу ҳакда ўйлашга мажбур бўлиб қолдим, Жониқул ака. Ислом Шайхнинг «Сўфизм» китобини ўқиётган эдим. Бангладешлик сўфийнинг… Менга жуда кучли таъсир қилди…

— Шошманг, мендан узр сўрагани келдингизми?

Султон унга ялт этиб юз бурди.

— Ҳа. Мени кечиринг, жон ака. Иккинчи марта ундай… гапларни айтмайман. Сизга қарши чиқмайман!

— Тавба, — деди член корреспондент. — Қилғиликни қилиб қўйиб, кейин узр сўрайди-я одамлар… Худди мастларнинг гапи бу! — Жониқул ака баайни ҳужумга ўтди: — Сиз тоғдаям ичмаган эдингиз. Бир грамм ҳам…

— Ҳа, энди, ноиложлик, ёшлик… — деб ғўлдиради Султон ва домланинг жуда баландлаб кетаётганини дилида қайд этиб, ўзига чидашни уқтирди.

— Йўқ, сиз ёш эмассиз, — деди Жониқул Жондор пинак бузмай. — Қирқ ёшга тўлдингиз, менимча.

— Хўп, нима бўпти, — деб юборди Султон. — Олтмишга кирган одам ҳам хато қилиши мумкин.

— Сизники хато эмас!

— Бир ҳисобда…

— Онгли ҳаракат!.. Илмий ишга раҳбар бўлсам ҳам, ҳатто оппонент бўлсам ҳам, менга ҳужум қиласиз. «Меросга ҳурматсизлик. Бахшилар банги бўлмаган…» Ҳайронман! Уларнинг ғирт саводсизлигини ўзингизам яхши биласиз-ку! Сизниям мақтатиш мумкин: эгнига бир чопон ёпилса… Йўқ, сиз, умуман, айниб қоддингиз тоғ сафаридан сўнг.

— Ёнғоқзор, — деб пичирлади Султон.

— Ҳа.

— Тавба, — Султон бош чайқаб жилмайди: домладан узр сўраш учун келгани ёдидан чикди. — Ўшанда ўзингизданам ўтди-да, Жониқул ака, — деди табассум  билан. — Жуда қайсарлик қилиб туриб олдингиз, вассалом. Ахир, мен ҳам иссиқ жонман…

Жониқул Жондор унга бир он анграйиб қолди-да:

— Сиз тузалмайдиган одамсиз, — дея четга бир қадам босди. Султон дарҳол у кишининг йўлини тўсди.

— Йўқ, домлажон, мундай ажрим қилиб олайлик.

— Тинч қўйинг мени! Бошимни қотирманг, — деб бўш қўлини (бошқа қўлида плаш) силкитди. — Вақтим йўқ… Дарсликка боб ёзаяпман деб уйда ўтириб олганим йўқ… Ўшангаям қўшиб ёзинг: «Жониқул Жондор — консерватив. Бахшиларни ёмонлаш орқали позициясини…» Ажаб, мени «қайсар» дейди бу йигит. Ўзи болтадан тоймайди…

— Домла-домла, қизишманг, — Султон у кишига мутеъ эканини англатиш учун елкасини қийшайтирди. — Бир минут… Ахир, мен шунинг учун келдим! — деб бақириб юбораёзди. Сўнг яна мунғайди. — Жониқул ака, мени шаҳдимдан қайтарманг. Худо уриблар кунпаякун қилсинки, мен…

— Нима, узрингизни қабул қилдириб, кўнглимни олмоқчимисиз? Яқинда аттестация, кейин сайлов…

Султон унинг оғзига уриб юборишига оз қолди: сайлов, аттестация…

— Ҳой, сиз овоз бермасангиз ҳам  доктор бўлардим. Биласиз-ку!

— Ана, яна ўз билганидан қолмайди. Ҳой, — дея бўш қўлининг кўрсаткич бармоғи билан Султоннинг кўкрагини кўрсатди, — сизнинг одобсиз, бетга чопарлигингизни ҳамма билади. Сиртда яхшисиз: мулойимхунук…

— Ё, Худо!

— Ҳа, — сира бўш келмасди Жониқул Жондор. — Агар Обид Одилжонович бўлмаганларида…

— Ҳай-ҳай! У одамни орага қўшманг, — деди Султон. — Биз бирга ўқиганмиз, дўстмиз. Аммо… «— бунинг ичи кир, фитна, — деб кўнглидан кечирди Султон. — Тавба, тавба!» — Агар, агар шу гапни яна бир марта эшитсам, Обиджонга рўпара қиламан сизни, — деди бирдан ҳурпайиб. — Ана ўшанда ким ҳақ-ким ноҳақлиги маълум бўлади. Мен ишонаман: сиз ўсал бўласиз.

Член корреспондент мийиғида кулимсиради.

— Ҳа, энди сиз келишсангиз…
— Бўлди, — додлаб юбораёзди Султон. — Гап бунда эмас… Буни унутайлик. Унутинг, ака. Жон домлажон. Умуман, уларни аралаштирмаслик керак.

Домлага бу таклиф маъқул тушди.

— Хўп, майли, — деди одамга ўхшаб. — Нима қилдик энди?.. Сиз ўша экспедициядаги қилиғингизни тўғри деб биласизми?..

— Э, домлажон, қизиқ одамсиз-а, — деб беозорги-на кулди Султон. — Албатта. Хўш, ахир, ўзингиз кўрдингиз-ку: мен адашдим. «Нимага адашасиз?» деб туриб олдингиз. Ахир, шу — гапми? Киши адашишини билса, адашадими?

— Сиз қайсарлик қилдингиз, — деди домла тап тортмай. — Ўртоғингиз Наимжон: «Қирдан кетайлик», деди. Сиз: «Йўқ, ўрмонни оралаб ўтамиз!» деб туриб олдингиз.

— Агар ўтолганимизда икки соат ютган бўлардик… Ким билипти энди, йўлни сув олиб кетганини…

— Сиз бир гапдан қолиб, Наимжоннинг гапига кўнишингиз керак эди.

Султон ўша… ярим тунги, ёнғоқзордан чиққан ердаги қашқа йўнғичқалар белга урадиган жойда… бир-бирларига қараб турган чоғлари кўз олдига келиб, худди ўшандаги гап-сўзлар такрорланаётганини англаб қолди: «Нима қилиш керак? Бу фитна ҳамон ўша фикрида: ўзича ҳақ. Ўшанда қўл чироғимизнинг нурини тепадан кўриб, бизни арнадан қирга олиб чиқадиган йўловчи йўқ ҳозир…»

— Жониқул ака, — деди бирдан Султон жилмайиб. — Ўша воқеани ҳам унутсак-чи? У қолиб ке-етди… Ўтган ишга саловот дейдилар. Эртага яхши кун…

— Э, э, сиз ўзингиз қизиқсиз, — деди Жониқул Жондор. — Ўзингиз ажрим қилиб олайлик дейсиз-у…

— Ахир сиз муросага келмаяпсиз-ку?

— Вей, тавба-а… Мени, мени отмоқчи бўлганингиз ҳам ёлғонми, ўша ерда?

Султон донг қотди: ҳа, рост. Ўшанда Султон у деди — домла бу деди. «Домлажон, адашибмиз», — деди Султон ёнғоқзор ичидан чиққач, сўқмоқда… (сўқмоққа ёнғоқ барглари кўрпа бўлиб тўкилган, анча вақтлардан, балки кўп йиллардан бери бу ёлғизоёқ йўлдан одам юрмаганга ўхшаб турарди: аммо тун эди, куз эдики, Султон «хазонрезги маҳали»да, дея олдинга тикилганча фонар ёруғида эшакни ҳайдаб борарди). Сўқмоқдан чиқсалар, у ёкда — рўпарада себарга ўсиб ётибди, одамнинг бели баравари бўлиб: сўқмоқ йўқ, тўғрироғи, сўқмокдан ҳам йўнғичқа ўсиб кетган; демак, йўл йўқ… Шундай эса-да, Султон милтиқни ўқталиб, бедазорга оралади. Сув тошган экан. Бир амаллаб юриб, тоғолча буталари қошига етди-ю, олдинни ёритиб бераётган фонар нури… қайгадир тушиб кетди: оппоқ кўпикланиб оқаётган — қайнаб-тошиб чап тарафга ўтиб кетаётган сувни ёритди. Сув анча пастда: бутазор ортини — сайхонликнинг давомини мутлақо ювиб-ўпириб олиб кетган эди. Тоғолчаларнинг сарғиш томирлари ювилган бетдан осилиб сувга тегиб турар — қандайдир скелетга ўхшар ва шу скелет сўнгаклари тепадаги олчаларни кўтариб тургандек туюларди… Султон сўқмоқнинг давомини ўнг томондаги қирнинг бағрида кўрди: оққина поёндоздек бўлиб тепага ўрлаган эди. Ана шундан ўрлаб чиқсалар, қирларнинг охиридаги тепаликка чиқишар, ундан наридаги қишлоққача, яъни Султоннинг отасига эскидан ошна бўладиган бахши яшайдиган қишлоққа ярим соатда етиб борардилар. Энди… Жониқул Жондорнинг сўқмокда, кўзлари ўқрайиб қолганини кўрган Султон: — Ҳа, адашибмиз, Жониқул ака, — деб қайтарди гапини. — Ана, йўлни сув олиб кетипти! — Шунда чап тарафдан ёнғоқзор адоғидан оқиб ўтаётган дарёчанинг шовқини бор шиддати билан эшитила бошлади. — Шунинг учун энди…

— Нима энди, нима энди? — деб юборди Жониқул ака жазаваси тутиб.

— Нима бўларди, орқага қайтиш керак, — яна беозоргина кулимсираб деди Султон. — Ор-қа-га?! — Жониқул Жондорнинг додлаб юборишига оз қолди. — Домлажон, домлажон…

— Нима, домлажон? — чинқирди, ҳа, дабдурустдан чинқирди домла: инсоф билан айтиш — ҳа, иқрор бўлиш керакки, Жониқул Жондорнинг шу ергача етиб келиши ҳам кўп қийин бўлганди. Султон олдинда, йўлини тўсган ёнғоқ шохларини қайириб (ўтган йиллар давомида ёнғоқ шохлари пастлаб ҳам ўсиб кетган экан: биров кесмагандан кейин ўсади-да): «Эҳтиёт бўлинг, Жониқул ака», деб ўтар, Жониқул ака ғингшиб, бу ерлардан одам ўтмаганини тахминлар ва йўл четларида милтиллаган (фонар ўчганда) юлдузқуртлар  ҳам уни чўчитар, сўнгра Наимжон, бу ўрмонларда айиқлар ҳам бўлади, деган эдики, шу гап Жониқул аканинг тилидан тушмас, кейин эса ёнғоқларнинг карбонад ангидрид газини чиқариши, шунинг-чун нафаси қисилаётганини ҳар қадамда айтар, хуллас, бу себаргазорга чиқиб келгунича ҳам бўлганича бўлган эди… — Домлажон эмиш! Хўш, қаерга қайтамиз? — Домла дудуқланиб қолди: — Орқага қайтиб, демак, яна қирдан юриб… Шунақами?

— Шундай, — деди Султон ҳамон табассумини бузмай (аммо лаблари дир-дир титрарди).

— Вай-вай, — дея эшакдан оғиб йиқилишига оз қолди домланинг. — Ўрмонга кирганимизда, соат саккиз эди. Мана, бир бўляпти… Яна уч соат, йўқ… вей, беш соат юрамизми?

— Илож қанча? — деди Султон. — Хоҳласангиз, шу ерда ётамиз, гулхан қилиб…

— Гулханингиз бошингиздан қолсин, — қарийб йиғлаворди домла. — Бир тупканинг тубида… Ҳавосиз жойда… Айиқлар ичида…

— Айиқ нима қилади, домлажон, ёзнинг кунида, — деди Султон.

— Йўқ, йўқ, йўқ! — Жониқул Жондор деярли айниб қолди. — Йўлни топинг! Топинг ҳозир…»

Шундан кейин у шундай гапларни гапира бошладики, Султоннинг ўшанда тоқати қолмаган бўлса, энди эслашга қуввати етмади. Аммо у гаплар айтилган эди: масалан, сиз атай шу йўлга бошладингиз. Мени ёмон кўрасиз: менга рашк, ҳасад қиласиз… Мана, доктор бўлиб олдингиз, энди бўлимга интиляпсиз. Мени кўрарга… ва ҳоказолар. Ана шунда Султон турган ерида: «Вой-вой, Наимжон, нега тирик юрибман? Бу гапларни қара… — дегач, Жониқул акага йиғлаб ёлвора бошлади: — Акажон, менинг кўнглим тўғри. Ишимизга яхши бўлади, деб экспедицияни… — Э, онасини шундай экспедицияни… Мен чидолмайман! — Кейин бирдан домланинг қаршисида тиз чўкди. — Мени ўлдирманг, яъни ўлганнинг устига чиқиб тепманг… Ўзим биляпман ичимдан ўтганини! Эй Худо! Наҳотки мен жўрттага адаштирган бўлсам?… Ўзимгаям зиён-ку? Мен ҳам чарчадим-ку? Бунинг устига, асабландим… Сиз учун ҳам азоб чекдим. Чекяпман ҳозир…»

Жониқул ака эшакдан беихтиёр тушган, аммо бўйнидан ушлаб турарди, бирдан чекинди: «Туринг, лўлилик қилманг! Мен тушунмайман, йўқ, ишонмайман сизга!» Ана шунда Султон секин милтиқ қўндоғига тиралиб ўрнидан турган, уни очиб ўқдонни кўрган, кейин битта патрон жойлаб милтиқни тиклаган, кейин турган ерида бир айланиб, тепага ўқ бўшатган эди: гув-гувв! Кейин тепадан қизариб тушаётган тиқинни томоша қилиб, қаҳ-қаҳ отиб кулган. Шундан сўнгра милтиқни… лол қотиб турган Жониқул Жондорга тўғрилай бошлаганда, тепадан — ҳеей юқоридан бир шовқин эшитилган, Наим титраб-қақшаб бақириб юборган кўйи фонар ёруғини у ёққа қаратган эди…

4

— … А, ёлғонми отмоқчи бўлганингиз? — такрор сўради Жониқул Жондор.

— Домлажон.

— Ҳа! Ҳа!

— Ахир, жаҳл келганда ақл қочар экан-да…

— Сизда ўзи ақл йўқ.

— Менга қаранг, домла, — Султон унинг жилмоқчи эканини кўриб, жилиши мумкин бўлган томонни тўсди. — Менга қаранг… Гапнинг пўсткалласи шу: кечирасизми, йўқми?

Жониқул Жондор жим қолди. Кейин:

— Нимани? — деди паришонхотирлик билан. Сўнг мийиғида аччиққина кулиб, бошини сарак-сарак қилди. — Одамда юз бўлмагандан кейин шу экан-да.

— Вей, менда юз бор. Менда виждон ҳам бор, — деди Султон. — Ана шунинг учун сиздай… Тавба қилдим. — Кейин яна қийналиб (аммо), ялинишга тушди: — Мени шу гал афу этинг… Кейин, майли, бир умр гаплашмай кетамиз: сиз учун мен йўқман. Мен учун — сиз йўқсиз…

Член корреспондент бўш қўли билан ёқасини ушлади.

— Мен шунча ёшга кириб, одам кўриб…

— Ҳа, мендақасини кўрмагансиз.

— Ўтинг! Йўлимни тўсманг! — бақириб юборди Жониқул Жондор. — Э, жўжахўроз…

— Шундайми домла? — Султон бирданига бўшашиб қолди; ундаги бутун шиддат, шаҳд, алам энди тоғдан тушаётганда шарқираб тошдан-тошга урилиб, ниҳоят сайхонликда сокин оқаётган ирмоқнинг ҳолатига тушди; аммо ўша куч-қудрат сувости оқимига айланган эди.
— Ҳа, — деб юборди домла. — Кеча ичиб чиққанмисиз, нима бало… Ё бир жойдан текканми…

— Теккан, — деди Султон. — Сўфийлардан теккан…

— Э, садқаи сўфи…

Султон ҳорғин жилмайди.

— Шу оғзингизга уриб, ўттиз иккита тишингизни туширсамми, а? — деди. — Мен… ўзим аҳмоқман. Сиздай бир ипирисқи, жоҳил, қўрқоқ одамдан узр сўраб ўтирибман. Шунинг учун келибман… Нимага? — у бақириб юборди. — Бир покланай деб… Йўқ, сизниям бир хурсанд қилай деб келибман. Шундай улуғ айём арафасида… Одамзоднинг покланадиган куни арафасида. Ҳой, биласизми, — дея энди бемалол гапира кетди, — баҳорда ҳамма нарса янгиланади, а? Шошманг! Янгиланади. Гўёки ҳаёт қайтадан бошланади. Қадимда шундай фикр қилинаркан: наврўзнинг фалсафаси бу… Эшитинг, сиз билмайсиз: сиз уни диний байрам деб биладиган… бир ғалчасиз! Бойлар билан динчилар авомни меҳнатга жалб этиш… алангламанг… Гапимни тугатай. Кейин — катта йўл! Кетаверинг!

— Хўш, давом эт-чи, — деди Жониқул Жондор: афтидан, унинг ҳам алами, қайсарлиги — бариси тиниб, сокин бир йўлга тушган эди. — Гапир, гапир, — бемалол сенлай кетди. — Мен эскича фикрлайдиган ғалчаман. Сен — Мустақиллик меваси. Конкуренцияни ҳам жуда нозик тушунадиган бўлибсан…

— Ҳе, бадбин одам-е, — деди Султон. — Амал сизни есин… Бўлим мудирлиги бошингиздан қолсин. Тавба. Бўпти, қулоқ солинг… Бу гаплар мен айтадиган фалсафанинг олдида — уч пул… Демак, Наврўзда, ўзимизча, Йилбошида одамлар бир-бирларига меҳр изҳор қилиб, урушлар ҳам тўхтаб, ҳатто ашаддий ёвлар… Мана сизу бизга ўхшаган бетамизлар ҳам ярашиб, кўнгилларини софлашар экан. Янги йилга очиқ юз билан кирар эканлар. Қарангки, табиат ҳам шу алфозда бўларкан: уям янгиланган, гўзаллик фасли… Уф! — Бу ёғини тезгина айтиб юборди: — Ана шу кайфият куч-қувват бўлиб давом этавераркан, этавераркан. Кейин ёз келаркан, куз келаркан, қиш келаркан… Қарабсиз-ки, одамзод яна айниган: ўша аҳду паймонлар совиган, яна ўзаро урушлар бошланган, яна меҳру оқибат кўтарилган… Табиат ҳам ҳориган, ўзига хос қариган. Янгиланмаса, ўлади… Ана шунда яна баҳор, яна Наврўз келиб қолади гуркираб! Яна одамлар ҳушёр тортиб, бир-бирларини энди кўраётгандек бўлиб бир-бирларига меҳри тошиб, яқинлашадилар: Наврўз уларни оға-ини, ошиқ-маъшуқ, қадрдон қилиб қўяди… Ана шундай кун арафасида турибмиз. — Султон бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Балки мен олдинроқ, бир кун олдин ҳаракат қилиб қолгандирман. Балки… Аммо ниятим пок эди…

— Ўзингизча… — деб тўнғиллади Жониқул Жондор.

— Билмайсиз, — деди Султон ишшайиб. — Сиз мусулмон ҳам эмассиз, оташпараст ҳам… Вабше, инсонлигингизга гумоним бор. — Домла ялт этиб қараганди, Султон баттар авж олди. — Ҳа, ҳа, ҳа! Инсон, одам… шундай кунда ўйлаб кўрарди… Тўғри, менда камчиликлар кўп: ўша сафардаям нуқсон ўтган мендан… Майли, бўйнимга оламан. Ҳим, хўш, умуман, ҳаётда кўп хатоларга йўл қўйиб юраман: ҳали рост айтдингиз, институтимизда мени хуш кўрмайдиганлар йўқ эмас. Назаримда, тўғри гапириб қўйишим учун… — У бирдан хўрсинди. — Аммо Обиджон Одилжоновичдан, ҳақиқатан ҳам, миннатдорман: ғайирларнинг гапларига кулги билан қарайди. Шундай бўлмаганда, сизга ўхшаганлар…

Шунда Жониқул Жондор шундай чинқириб қолдики, Султон, ниҳоят, унинг нима деганини англади: «Йўқо-оол!» дебди экан. Майли, майли… Бундай пачакилашиб туриш ҳам яхшимас…

Демак, оралари «очди» бўлди, аммо бошқа йўриғда: у кечирмади, бу ниятига етмади.

Нима қилиш керак?

Султон кулимсираб четланди.

— Марҳамат. Катта йўл.

— Ҳе, падарингга…

 Султоннинг кўз олди айланиб кетди. Унга интилганини пайқамай қолди. Қўли плашга етгани учунми — плашни тортиб олди-ю, назарида, интилишдан мақсадига етишгандек бўлди. Жониқул Жондор унга яна анграйиб қолган эди. Султон плашни турган ерида ғижимлади. Кейин отиб юборишга жой излади: хона тор. У лапанглаб ташқарига чикди. Устунларга тикилди-ю, чап томонда — бурчакда турган эски шкафни кўриб, ўшанинг устига отворди плашни. Кейин хўп бир яхши иш қилгандай кафтларини бир-бирига ишқаб, бир он серрайди-да: «Туф-е!» дея бинодан чиқди. Ажабо, ёмғир севалай бошлаган эди. Зинадан тушди. Кейин ўз плашининг ёқасини кўтариб, бемалол юриб кетди. Бошига ёмғир томчилари тушар экан, ҳавонинг аллақандай нозик бўйларга тўла эканини туйиб, баҳри-дили очила бошлади. Дарвозага яқинлашаркан, ҳужрадан қоровул чикди.

— Ҳа, Султонжон… Овозингиз баландроқ чикдими? Домла билан…

— Ай! — деди Султон.

Асқар ака юзида одатдагича изтироб билан:

— Жуда инжиқ одам-да, ўша киши, — деди. — Академиклар ҳам мунчалик эмас. Обиджон ака саломлашиб ўтадилар… Кеча домла айтдилар: «Хомток қиласиз. Токлар ҳам соя берсин, ҳам узум қилсин», дедилар. Тавба, бу гапни қаранг.

Султон маза қилиб кулди. Тўхтаб, тағин бироз гаплашишни ўйлади-ю, тезроқ очиқ жойларга чиқиш, анави яшил буғдойзорни томоша қилиб, нафас олиш хоҳиши устун келди. Тўхтамасдан секин юриб кўчага чикди. О, ёмғир кучайди… Майли, Кўклам ёмғири бу. Раҳмат ёғаётир.

У йўл ёқасида бир муддат туриб қолди. Узоқдан бир неча қарғалар қувқ-қувқ этиб сузиб (ҳа, учибмас…) ўтишди. Улар энди Султоннинг дилида на бир ҳис, тасаввурида на бир ўй уйғотди. У қўлларини чўнтакка тиқиб — қаттиқ тираб, хиёбон бўйлаб юриб кетди. Кетаркан, бурилишга етганда, иттифоқо Эртой билан учрашганини эслаб қолди. Жониқул Жондордан (исмини эслашниям истамасди) узр сўрамоқ учун келаётганини айтмаганига мамнун бўлди: кейин сўраса, нима деб жавоб берарди?

У йўлида давом этди. Қай бир жойда ўзининг бу ёққа келаётганини, ўшанда қадамлари илдам, кўкраги очиқлиги, ғоятда хурсанд-шод эканини эслади ва ўша онларни бошидан кечирган-чун янада мамнун бўлиб, умуман, бугунги бир-икки соатлик вақти яхши, бўларини айтганда, маъноли ўтганини қайд этди.

Аммо асл нияти амалга ошмагани, бунинг устига, Жониқул ака билан энди чинакамига айри тушганига иқрор бўлди-ю, миясининг қай бир жойида: «У нима қиларкан энди?» деган савол ғивирлади. Назарида, бу гумонли…

5

Султон иттифоқо шошиб қолди: негалигини ўзи ҳам билмас эди. Тезроқ уйига бориши керак. Ивиб кетмасдан бурун. Ишқилиб, автобус бўла қолсин. Бекатга етди. Айвончада бир неча йўловчи қунишиб туришар, автобус келадиган тарафга қарашар эди. Султон ҳам секин улар ёнига борди-ю, улардан бирига айланганини ички бир туйғу билан ҳис этди: ҳали-боя бу томонга келаётганида, кўзига ҳеч нарса, жумладан, йўловчилар ҳам кўринмас эди; у еру заминдан балақдда — хаёлда, ажиб олижаноб ниятлар қанотида эди, у яхши одам бўлмоқчи эди. Комил инсон эмас… О, комиллар — суперодамлардир. Ундай бўлиш камдан-кам кишига насиб этади. Аммо улар ақидаларига, йўлларига интилишнинг ўзи кишининг кўнглини не бир чўғдек яшнаб тургувчи туйғуларга тўлдирар экан: ахир, одам бўлсанг, камида ўшаларга интилгувчи яхши одам бўлгин-да; бунинг лаззати чексиз экан… Ҳозир Султон бекатда қунишиб турган йўловчилардан биригина эканини ҳис этароқ руҳи тушди: ҳа, шундай бўлиб қолди. Ҳа-ҳа, шунинг учун бўлса керак — уйига шошилаётир: тўғри-да, санғиб, чарчаб-ҳориб, тағин ёмғирда ивиб юришнинг нима маъноси бор.

Автобус келди. Султон йўловчилар қатори чикди. Илиққина экан. Бир четга бориб, тепадаги ҳалқадан эмас — ҳалқа илинган тутқичдан ушлаб турди.

Шаҳарга етилди.

6

Султон лифтдан чиқиб, эшигигача бўлган беш-олти қадамлик масофани уч қадамда босиб, тутқичдан тортди. Хайрият, қулфланмаган экан: ўзи бўлмаганда, эшикни ичкаридан занжирлаб қўйиш одати бор хотинининг. Ичкарига — таниш, қадрдон гўшага кириб, туфлисини ечаркан, қандайдир ялтироқ учли туфлига кўзи тушди: ким келибди? Залга қарабоқ, таниш овозни эшитди.

— Ҳўв, пари, ким келди? — дея плашини ечди. Залдан чиққан хотини эрига истеҳзоли кулимсираб тураверди. Султон ичдан зил кетди: у ўз ниятини, яъни, кимга қачон бир озор етказган бўлса, кимни сал-пал ранжитган бўлса… ундан узр сўрамоққа аҳд қилганини тонгдаёқ газга чой қўяётган хотинига ҳовлиқиб айтган, унинг кинояомуз жилмайишларига жавобан бир муддат ваъзхонлик ҳам қилган, пироварди, унинг елкасидан қучиб: «Эринг комил одам бўлади энди! Хурсанд бўлмайсанми, хотинжон?» деган, кейин хотинининг «Шунисиям етарди» деганига жавоб бермай кабинетга қайтганди.

— Ҳа, ким у? — деди Султон, залда — стол ёнида кимдир ўтирганини пайқаб.

— Киринг, кўрасиз, — деди хотини. — Қанчалик комил одам бўлганингизни биласиз…

— Оҳ! — Султон юраги гуп-гуп урганча залга энгашиб кирди-ю, дераза пардаси ёнида қўлларини столга беҳол ташлаб, ўзига хўмрайиб қараб турган Эртойни кўрди. — Э! — деб юборди беихтиёр ишшайиб ва хурсанд бўлиб кетиб. — Эртойжон? Бу қанақаси… — У лўкиллаб бориб, қўлини узатди.

Эртой қўлининг учини берароқ:

— Ўтиринг, ака, — деди қаршисидаги креслога ишора қилиб. Султон қобилгина бўлиб ўтирди: кресло паст, ўзининг ҳам ярим белидан юқориси калтароқ (бу ёғи узун) эдики, Эртой тахтда ўтиргандек бўлиб қолди. Султон унга мўлтираб боқди. Тилида «Тинчликми?» деган савол. Эртой жаҳл билан деди: — Нима қилиб қўйдингиз дачага бориб? Эй, жуда аломат одамсиз-да!.. — Султон: «Н-нима қипман?» демоқчи бўлди-ю, болаларча бошини эгди. — Ахир, кап-катта одамсиз. Ёшингиз бир жойга бориб қолди. Бу нима қилиқ? — Шунда уй бекаси ҳам келиб, стол ёнидан жой олди. Эртой баттар хуруж қилди: — Жониқул Жондордан узр сўрагани борган одам шунақа қиладими? Ахир, у йиғламоқдан бери бўлиб… Худоя тавба қилдим. Мелиса чақирса, нима қилардингиз? Ҳалиям у тинч қўймайди сизни…

— Ҳе-е, — Султон карахт тортиб қолиб, биринчи марта (бугун ҳисобида) сигарета тутатди. Дераза рафидаги чиғаноқ кулдонни олиб, олдига қўйди. Кейин бирдан сўради: — А, нима? Сиз қайдан…

— Ҳм, менга телефон қилди, — деди Эртой жаҳлдан жилла тушмай. — Сизлар юртдошсизлар, бу безори акангизни йиғиштириб олсаларинг бўлмайдими, деди… Нималар қилдингиз ўзи? Унинг плаши қани?

Султон унга анграйиб қаради.

— Қанақа?.. А-а? — Бирдан қизариб кетиб столга эгилди. — Ўша ерда. — Сўнг бирдан ғазаби қўзиб кетди. — Ўша залда. Шкафнинг устига отворгандим.

— Нега отворасиз? — баттар фиғони чикди Эр-тойнинг. — Э, у одамга ўтказиб қўйган жойингиз борми? Ё акангизми, тоғангизми у одам? Ахир нормал киши…

— Ҳа, мен нинармални эканман, — деди Султон. — Шу, ука. Энди сиздан илтимос…

— Илтимос, илтимос… — Эртой бирдан хўрсиниб, Султоннинг хотинига мурожаат қилди: — Янга, бу одам ўзи, тўғрисини айтсам, яхши одам. Яхши одам… Мен ҳам ўша боғда тураман-да. Бошим оғиб ер олгандим, бир бошпана қурганман… Ўша ерда олимлар билан ҳам гаплашиб тураман. Айниқса, Обиджон ака бу одамни ҳурмат қилади… Бошқалар ҳам. Аммо бу кишининг баъзан қилиб қўядиган ишларини ёш болаям қилмайди. Хўп, сўфийликка қизиқибдилар…

— О, тилидан тушмай қолган, — деди янгаси. — Яқинда намоз ўқимоқчилар.

Султон хотинига оғир қараб қўйди.

— Шарт эмас.

— Шарт. Мен сизга айтсам, — деди Эртой, — мен ҳам унда-мунда ўқиб тураман. Ўша сўфийлар ҳам шариат талабларини бажаришган… Хўш, нима қиламиз энди? — Султон унга чақчайиб қаради. Тилида: «Ни-ма?» Эртойнинг энсаси қотди. — Ҳе, одам бўлмай… Узр, ака. Одамни хафа қиласиз-да. — У яна янгасига қаради. — Обиджон аканинг айтишича, эрингиз мажлисларда Жониқул аканинг нуқул ғашига тегаркан. «Фикри бузуқ», деб бурилиб кетаверар экан…

— Уф, — деб юборди Султон, — ахир, шунга барҳам берай деб бордим-ку, мусулмонлар. — Сўнг яна бирдан бошини хам қилди. — Бўлмади. Чиқмади.

Эртой хаҳолаб кулиб юборди.

— Чиқмади… Ахир, ётиғи билан, вазминлик билан тушунтирсангиз, чиқар эди… — У яна кулиб қўйди. — Сиз бўлса ҳужум қилгансиз…

— Йўқ-йўқ, — Султон ўрнидан қўзғалиб ўтир-ди… — Йўқ… Фақат у тушунишни истамади… Умуман, илмдаям шундай. Масалан, бой — ёмон, фақир — яхши. Вассалом! Ҳозирги бизнесменларниям ёмонлагани-ёмонлаган. Сезаман, ҳасад бор унда… Кейин жаҳолат… фикрини қитмирлик билан ўтказмоқчи бўлади.

— Хўп. Униям гапида жон бор бўлиши мумкин… Нега энди сиз нуқул инкор қиласиз?

Султон жимиб қолди.

— Уф. Башарасиёқ ғижинимни… Ай! — Столга қўлини ташлаворди: ургандек туюлди. — Бўлар иш бўлди.

— Йўқ, бўлмади.

— Нима қилай? — Султон унга яна анграйиб қара-ди. — Балки яна узр сўра дерсиз.

— Ҳа, — деди Эртой ишонч билан. — Уни, янга, сиз яхши билмайсиз, кўп кекчи одам. Мнительний… Хўп, Султон ака, энди ўзингизни босиб олиб…

Шунда йўлақда телефон жиринглаб қолди. Уй бекаси туриб бориб, дастакни кўтарди. Султон негадир қизиқиб қулоқ солар, шу тобда нега қизиқиб қолганини ўзиям билмасди: ҳолбуки, у нафақат бировларнинг, балки аёлининг ҳам телефонда гаплашувини тингламас — ундан қочар эди. Қизиқ, Эртой ҳам йўлакка қараб турар, афтидан, янгасининг тезроқ қайтишини истар, балки Султонга яна қандай тазйиқ ўтказишни ўйлар, Султон эса ана шундай зуғумдан бир дақиқа халос бўлиш учун у ёққа қараб тургандек эди.

Аксига — бека қўнғироқ қилган киши билан паст овозда гаплашди. Кулимсираб бир нималар деди, унинг гапини тасдиқлади. Кейин унинг оиласи ҳақидаям сўради. Ниҳоят, бемалол кулиб, дастакни тошойна олдига қўйди, шекилли, залга мўралади.

— Сизни сўраяпти, дадаси.

— Ким экан у?

— Гаплашинг олдин, — бека унга йўл бериб, залга кирди. Султон трубкани кўтариб, томоқ қириши билан… ғоят таниш, қадрдон, шўхчан овозни эшитди:

— Султонжо-он?

— Э, Обиджон? — деб юборди Султон. — Сизми-сиз?

— Биз-да, —деди у. —- Қани, Наврўзлар муборак бўлсин!.. Бир табриклаб қўяй дедим. — Султон ҳам бидиллаб уни қутлади. — Раҳмат, раҳма-ат, оғайни… Хўп доруломон замонлар келди-да, ўзимизнинг асл байрамларимизни нишонлаётирмиз… Айтмоқчи, эртага дачага ўтасиз албатта. Уйда ишлаётганингиз учун котибамиз етказмаган экан. Қалай — дарсликка ёзаётган…

— Бўляпти, бўп қолди, — деди Султон. — Раҳмат, Обиджон! — Йигитнинг кўнгли илиб, мутаассир бўлиб кетди: қаранг, азза-базза институт директори — нақ академик уйингга қўнғироқ қилиб, Наврўз байрами билан қутласа! У — баркамол инсон!.. Айтмоқчи, униям сўфийликдан хабари бор. Тасаввуф ҳақида «Тафаккур»да савол-жавоб ҳам қилган эди.

— Султонжо-он!

— Лаббай-лаббай, эшитяпман!

— Жим қолганингизга… Хўш, дўстим, яна бир гап бор. Бу-у, бизнинг ҳурматли домламиз, ажойиб инсон Жониқул Жондорович билан бугун учрашибсизми дейман? — «Ҳа, шу…» деб минғирлади Султон. — Жо-он дўстим, энди сиздан бир илтимос, — деди у. «Хўп-хўп!»— Хўш, Жониқул акамиздан яна битта узр сўраб қўясиз… — «А? Э, йўғ-е, узр сўраб бўлдим…» деди Султон. — Ҳов, жон дўстим, хўп денг… Оға сал ранжибдилар… — «Энди ўзлариям…» — А, раҳма-ат, улуғ айём кунида руҳан би-ир покланиб олай деб аҳд қилибсиз-у, бу ёғи унча чиқмапти-да… — Султон беихтиёр кулиб юборди: «Шундай бўлди, шундай…» — Энди, оғайни, шундай улуғ кун арафасида мундай аразлашиб юрсак, хўш, бир-биримиздан шикоят қилсак, менимча, яхшимас, а? — Султон илжайганича бош ирғади-да, Жониқул Жондорнинг унга шикоят қилгани, эҳтимол, ёнида ўтирганини тусмоллади. — Хўпми? — деди шунда Обиджон Одилжонов. — «Нима қилай?» — А-а, иложи бўлса, эртага боғда, хўш, маза қилиб ўтирганимизда, маза қилиб узр сўраб юборсангиз, олам гулистон. — Султон минғирлаб қолди. Обиджон эса: — Раҳма-ат, — деди. — Жуда хурсанд қилдингиз, дўстим. — Кейин яна ўша овозда сўради: — Бу, домланинг плашини опкетибсиз? — шундай деди-ю, ҳиринглаб кулди. — Сизга калта келади-ку барибир… — Султон воҳ-воҳлаб кула кетди ва ичи оғрий бошлади: «Вой, Обиджон, топилмай кетинг, сиз…» — Шундайми? — деди Обиджон Одилжонов. — Демак, плашниям оборасиз? — «Э, плаш ўша ерда-е, шкафнинг устида!» — деди Султон. — А-а, шундай-ми? Мен хато эшитибман, — деди Обиджон. — Ҳа, майли. Эртага кўришгунча… А-а, Эртой укамизниям табриклаб қўйинг, жиянларни ўпинг…

— Ўзингиз ҳам, ўзингиз… — Султон у ёкдан овоз ўрнига «тинг-тинг» товушларни эшитиб, дастакни аппаратга қўйди. Хўрсиниб, қоматини ростлаб, сигаретни излади. Залга тез кириб, чиғанокда тутаб турган қолдиқни олди. Лабига тегизганди, бармоғи куйди. Уни кулдонга тиқиб юбориб, бошини сарак-сарак қилди.

— Директорми? — сўради Эртой.

— Ҳа, шу киши, — Султон шундай деб яна бемалол кулиб юборди. — Жуда шўхда… Ҳе-ҳе… У фитна «плашимни ўғирлаб кетди», деган бўлса керак. «Плаш сизга барибир калта келади-ку», деди. — Эртой ҳам, келин ҳам баралла кулиб юборишди. Султон ҳатто ўрнидан туриб, турган жойида бир айланди. — Ажо-йиб инсон-а!.. — Кейин бирдан хўрсинди… — Мен ундай бўлолмайман. Ҳеч қачон! — Сўнг бармоғи-ла шифтни туртган бўлди. — Шунинг учун у — директор. — Эртойга тикилиб қолди. — Сиз ҳам жуда зукко одамсиз, ука. Йўқ деманг. Шундай… Уф. — У бирдан жойига ўтирди. — Мен узр сўрайман сизлардан, — деди. — Сендан, хотин. Сиздан, Эртойжон. Овора қилдим. Мени деб зарил ишларингизни ташлаб келибсиз…

— Обиджон акаям узр сўранг дедиларми? — ниҳоят, қўзғалишга шайланиб сўради Эртой.

— Ҳа, энди… — Султон бошини эгди. Эртой фотиҳа қилиб, йўлакка чиққанда, унинг орқасидан югурди. Шу боришда уни қучиб, чаккасидан ўпди.

— Узр. Сиз яхши инсонсиз-ку! Акангизни қўяверинг… Айтмоқчи, уйга борганда, келинимни Наврўз билан табрикланг…

— Хайр, янга. Яқинда ўзимиз нишонлаймиз Наврўзни… Борасизлар, албатта. Акам айтадилар вақтини. — У бирдан қўлини Султонга узатди. — Хайр. Чиқманг!

Султон унинг ҳукмига бўйсуниб қолди. Кейин дераза ёнига бориб, янги сигарет тутатаркан, ойнадан кўрди: Эртой узун, оппоқ «Волга»га кириб ўтирди. Машина қайрилиб кетди. «Ҳали кўрмаган эканман, — деб ўйлади. — Кўрсам ҳам…»

Хотини унга тепадан қараб турди-турди-да, яйраб кулиб юборди. Султон синиқ жилмайди.

Эртаси чошгоҳларда Султон бир нави кийинган ҳолда, бўйнидан тортиб судралаётгандай эгилиб, машина юргудек йўлкадан оппоққина иморат томонга бир-бир босиб бормокда, орқада — дарвоза ёнида Асқар ака ҳайратланиб турар, олдинда эса — иморат қошидаги майдончада столлар тузалган, ҳар столда — бозордан харид қилинган атиргуллар, ушбу боғда яшовчи олиму арбоблар, яъни қўшнилар тўп-тўп бўлиб гаплашиб-кулишиб туришар, зинапоя устида илонтери костюм кийиб олган Обиджон Одилжонов уч-тўртта меҳмонлар ва бизнесчиларга теварак-атрофни кўрсатиб, афтидан, боғни ялпи ҳаракат-ла обод қилиш режаларини сўзлар эди.

Султон шу кўйи — ғамгин, паришон юриб бораркан, қулоғига аста-секин анавиларнинг ғовур-ғувури кира бошлади, аммо сўзлар маъносини англамасди. Чап томондаги ҳамиша баҳор буталар ортидан мусиқачиларнинг асбобларини созлаётгани ҳам эшитиларкан, Султон: «Ашулачиларниям айтишибди-да», деб кўнглидан кечирди; шу алфозда бу зиёфат институт ҳисобиданми, анави коммерсантлар уюштирганми, балки ҳалфана қабилида пул жамғарилган бўлса, ўзининг текин таомга шерик бўлажагини ўйлаб, қизариб кетди: текин ошга. Унинг иттифоқо жаҳли чиқиб, баковулга пул ташлаб кетиш аҳди билан рўпарасига илкис қаради-ю, офтоб нури тушгандай кўзи қамашиб кетди: мунча одам. Ҳаммаси қараб турибдими ўзига? Йўғ-е, ким бўпти бу — Султон уларнинг олди-да?

— Ана, бизнинг дўстимиз Султонбой ҳам келдилар!

Султон шошиб қараб танҳо уни — Обиджонни кўрди: костюмининг ғалатилигини ҳам дилида қайд этди. Шунда уни яна-да суйиб кетди-да, бирдан жилмайиб илдамлади. Шу юришда зинапояга кўтарилиб, унга қўл узатди. Обиджон унинг қўлини ушлаб, ўзига тортинқиради. Султон унга қараб-қарамай ёнига ўтди. Кейин беихтиёр уялиб кетаётганидан ўзини ёмон кўриб кетди: «Вой, нимага, нимага бошимни кўтаролмайман? — деб сўради ўзидан. — Буларни хафа қил… Йўғ-е!»

— Биродарлар, — деди шунда Обиджон нари-берига қараб. (Султон сезди: у жиндек отиб олган — ҳиди келаётир). — Бугун шундай бир кунки, Ой билан Қуёш ҳам ярашади! — Султон ўша афсонани эслади: улар иккови опа-сингил бўлишган, кейин жанжаллашиб қолиб, Ой Қуёшнинг юзига бир ҳовуч игнани сочиб юборган, Қуёш эса Ойнинг афтига бир ҳовуч кул сепиб юборган. — Бу маталнинг мазмунини биларсизлар, деб ўйлайман, — дея давом эгди Обиджон Одилжонов. — Энди, гапнинг бўларини айтсам, орамизда икки зўр-зўр олимимизнинг ораларидан қора мушук ўтган экан. Буни, пайқадимки, бу ердаги кўпчилик ўртоқлар билишаркан… Шу денглар, ҳозир шулар бир-бирларига қўл беришади. Наврўзнинг энг муборак удуми шуларнинг апоқ-чапоқ бўлувидан бошланади ҳозир. Кейин биз буни бир пиёладан чой кўтариб нишонлаймиз… — У бирдан овозини кўтарди: — Яна биров-яримларингни оранглардан ҳам қора шарпа ўтган бўлса, тайёрланиб туринглар… Қани, Жониқул ака, бу ёққа чиқинг! — Султон унга қарамоқчи бўлди-ю, қаролмади. Аммо бутун вужуди билан «кўриб турарди»: тим қора костюм кийган, костюмининг ичида қалин жун жемпери ҳам бўлса керак, жуда миқти бўлиб қолган член корреспондент илдам юриб, зиналардан кўтарилди ва институт директорининг ёнида туриб олди. — Султонжон, қани, қўлни беринг, — Султон қўлини аста узатди. — Энди Жониқул ака, сиз ҳам қўлни берасиз!

— Сизга бераман-у, лекин унга… — дея чайналди-да, шиддат билан томоқ қирди Жониқул Жондор. Обиджон одатдаги шўхлик билан:

— Хўп, хўп. Ёши улуғ алломаларнинг айтгани вожиб, — дея «ёши улуғ»га урғу берди. Сўнг Султонга бокди. — Қани, дўстим, кўнглингизга тугиб қўйган гапингиз бўлса, бир эшитайлик. Биродарлар, диққат!

Султон Обиджоннинг бармоқлари зўрға тутиб турган қўлига тикилиб, бирдан елкаси силкиниб кетди.

— Йў-ўқ, йўқ, — деб олдин айтдими, йиғлаб юборганидан кейин айтдими — алҳол, ўзиям билмай қолди. — Илтимос, илтимос… — дея атрофга аланглади кейин. — Ҳаммангиздан узр сўрайман! Ҳаммадан… Анави қоровул акамиздан ҳам! — Сўнг негадир осмонга қаради. — Ҳамма нарсадан! — деди кейин. — Лекин… — У қўлини Обиджоннинг чангалидан тортиб олди-да, Жониқул ака томонга аллақандай силтаб, шартта қайрилди. Зинапоядан сакраб тушди. Ҳали ғунчалари ҳам қизармаган гулзор ёнидан ўтиб, йўлкага чикди. Елкаси яна силкинди-да, баралла ҳўнграб юборди. Шу оннинг ўзида кўнглининг туб-тубида ер ёрилса, кириб кетажагини ҳис қилди: шунчалар уят бўлди!.. У ушбу ҳисдан қочиб, яъни қадамини тезлатиб кетаркан, дод дегиси келаётганини туйди: о, бу энди жинниликка ўтади… У тезроқ қорасини ўчириш учун бинонинг орқасига бурилди. Кимсасиз… Энтикиб нафас олди-да, умуман, овлоқ — танҳоликка боп жойни излаб, йўртиб кетди. Иморат бурчагидан ўтиб, бошқа йўлкага тушди-ю, рўпарасидаги анчайин симтўр дарвоза очиқлигини, яъни табақалар икки ёнга жағ каби ажралиб ётганини кўрди. Ичкарида одам йўқлигини ҳис этиб, олға босди. Ҳа, бу — энди эпақага келаётган далаҳовли эди. Султон чала ётган бино қошига етди. Ундан ҳам бурилиб ўтганди, шундоқ рўпарада пастак бетон девор кўринди. У югуришда бориб, девор қиррасидан ушлади ва бир интилиб, ундан ярим белигача ошди. Кейин қийшайиб, у ёққа тушди. Шундоқ ёнгинасида девори маккажўхори пояларидан тикланган чайла турарди. Султон иттифоқо хурсанд бўлиб, унга кириш учун жилди-ю, оёғи остидан қочиб қолган каламушни кўриб, тек қолди. Кейин қўлларини белига тираб, атрофларга қаради: бу уям кимнингдир боғчаси эди: турли кўчатлар экилган, йириклари ҳали шип-шийдам, четан ўрнига экилган олчалар қийғос гуллаган, жиблажибоннинг ғужур-ғужури эшитиларди. Султон «во-о» дея сўриб-сўриб нафас олди. Кейин хазонга тўлган ариқдан ҳатлаб, сўқмоқлиги билиниб турган жойга тушди. Жила-жила кекса бир ўрик остига етганда, шундоқ олдида чаман бўлиб очилиб ётган сап-сариқ наргисларни кўрди. «Вой, айланиб кетай», дея чўнқайди. Узмоқ учун қўл узатди-ю, дарҳол тортди. Шунда ёнгинасида хайригулнинг узун поялари ёнбошлаб ётган тўнкани кўриб қолди. Унга астагина ўтирди. Шу пайт… тепадан — аллақайлардан юракни ўртагувчи мунгли садолар эшитилаётганини фаҳмлаб қолди. «Э, турналар-ку!» У ўрнидан туриб, холироқ жойга чикди. Осмонга тикила-тикила кўрди: қора нуқталардек бўлиб ўтишяпти: ҳа, болалигида ҳам шунақа қилиб ўтган пайтларини кўрган…

— Турналар, — деб беихтиёр шивирлади. Ва ҳушёр тортиб кетди: нега бу ерда у? Бировнинг боғида… Ҳа, у қочиб келди. Анави аблаҳдан, йўқ, ажал каби совуқдан қочиб келди… Улар Султоннинг устидан кулишяпти ҳозир: ҳе, у одамлар бунинг — Султоннинг ичидан ўтганини қайдан билсин! Кечаги ниятини…

Уларда айб йўқ.

Султон яна тўнкага ўтирди. Яна сигарет чиқариб тутатди ва анчагина ўзига келиб олди. «Шунақа, — деб ўйлади. — Улардан узр сўрашим керак. Ўшалардан. Шаккоклигим учун… — Сўнг хўрсиниб юборди. — Эй, Наврўз. Ғалати байрам экансан-да! Худога шукр… Сендан улуғ байрам йўқ. Сен одамни ўзгартиришгаям қодир экансан… Ахир, мен яқин-яқингачаям тинчгина юрган эдим-ку…

Энди нима бўлади? Менинг ғийбатим. Табиий… Балки ҳалиги қилиқларим учун жиннивойга чиқаришар… Ҳа, улар ҳақли. У — аблаҳ эса талтайиб кетади.

Мен, мен — барибир ёмон одаммасман: шундай дейишади-ку… Лекин ўйлаганимдек, ҳа, аҳд қилганимдек комил одам бўл… — Кейин бирдан кулиб юборди. — Бу оламда комил одам бўлиш ҳам қийин экан. Ҳе, — худди бир кашфиёт яратгандек бўлди. — Начора, тирик жон эканмиз, — деди ниҳоят. — Идеал яхши. Унга интилмоқ керак… Аммо ўйлаганингдек бўлолмас экансан…

Борингча қолдинг, шекилли…»

Султон ўрнидан туриб, тўғрига юрди. Тошлоқ бир кўчага чиқди. У автобус юрадиган катта йўлни тахминлаб, сўл томонга бурилди. Бир неча бурилишлардан кейин нақ ҳалиги — боғ дарвозаси биқинидан чиқди-ю, бирдан лўкиллай қолди: кетди, кетди… Бурилишдан (Эртой билан учрашган жойидан) ўтди. Кейин бироз секинлаб, бекатга етиб борди.

У йўловчилардан бири эди, холос.

1997

Шукур Холмирзаев «Хуршид Даврон Кутубхонаси»нинг ютубдаги каналида:
Ўн саккизга кирмаган ким бор. Шукур Холмирзаев қиссаси. Радиокитоб
Қора камар. Шукур Холмирзаев пьесаси асосида радиоспектакл
Қайтиш. Шукур Холмирзаев ҳикояси асосида радиоспектакл
Шукур Холмирзаев. От эгаси. Аудиоҳикоя

24 mart — Ustoz Shukur Xolmirzayev (1940-2005) tavallud topgan kun

Sulton katta-katta odim otib borar, shundoq ham esib turgan shabada uning ko‘kragiga urilar, jonsiz, uzun, sanoqli sochlarini to‘zg‘itar (u onda-sonda barmoqlari bilan sochini silab qo‘yardi), u eng oliy, eng odamiy niyatini amalga oshirish uchun borayotir, qutlug‘ ayyom arafasida (ertaga — navro‘z!). U bu niyatni amalga oshirish uchun ilgari ham bir muncha xayollarga tolgan edi, biroq shu ishni amalga oshirsa — bachkanalik qilgandek tuyulgan, keyin bir xo‘rsinib: “Baribir, ayb menda emas-ku!” deb qo‘ya qolgan edi. Endi, navro‘z arafasida..

Shukur XOLMIRZAEV
NAVRO’Z, NAVRO’Z…
07

Sulton katta-katta odim otib borar, shundoq ham esib turgan shabada uning ko’kragiga urilar, jonsiz, uzun, sanoqli sochlarini to’zg’itar (u onda-sonda barmoqlari bilan sochini silab qo’yardi), ko’zi oldinda — huv yo’l burilishida, yuragi ham qadamiga mos holda gurs-gurs tepar, yosh olim (yosh bobida — yosh bo’lmasa ham filologiya fanlari doktori, professor) siyratiyu sirtidagi holatini izchil sezib borar va bundan quvonar edi: ha, u eng oliy, eng odamiy niyatini amalga oshirish uchun borayotir, qutlug’ ayyom arafasida (ertaga — navro’z!). U bu niyatni amalga oshirish uchun ilgari ham bir muncha xayollarga tolgan edi, biroq shu ishni amalga oshirsa — bachkanalik qilgandek tuyulgan, keyin bir xo’rsinib: «Baribir, ayb menda emas-ku!» deb qo’ya qolgan edi. Endi, navro’z arafasida…

U battar quvonib, og’zini katta ochib nafas oldi. Tepasidan uchib o’tgan qarg’alarga: «E, do’stlarim! He-ye, uchaveringlar! Sizlarning go’shtingiz hech kimga kerakmas, — deb qo’ydi. — Qiziq, shahar ko’chalarida, xiyobonlarda hech kimdan qo’rqishmaydi-yu, dalada, tog’da bir kunlik joyda qorangni ko’rsa, qorasii o’chiradi…» Uning xayoli beixtiyor olis tog’lar bag’riga, qandaydir yong’oqzorlarga og’ayotganini fahmlab qolib, o’sha yong’oqzorda kechgan ko’ngilxiralikni eslamaslik uchun… boshini chayqab, yana oldinga — burilishga qaradi: endi uni boyagi shodon, toshqin kayfiyat tark etgan edi.

Sulton ancha bo’shashib qoldi. Biroq bunga sari o’jarligi tutib, qadamni yanada kattaroq bosa boshladi. Endi u lo’killab borardi. Bora-bora plashining oldini yopdi, keyin tugmalarini o’tkazdi. Boshini silab qo’yib: «Shlyapani kiysam bo’larkan, — deb o’yladi. — Juda shoshib chiqdim-da. Ishqilib, Joniqul aka dachasida bo’lsin…»

Burilishga yetganda, ro’parasidan pasayib-g’ing’illab kelayotgan oq «Volga»ni ko’rdi: dachadan chiqqan. Birorta — deputatning mashinasi-da. Yoki kommersantning… Sultonning deputatlar bilan ham, savdogarlar bilan ham ishi yo’q — mayli, biri amallab deputat bo’pti, biri intilib biznesmen bo’pti. O’zi — olim: fol`klorist… O’ziyam ko’p intilgan, lekin olimlik darajasini egallash uchun emas, xalq og’zaki ijodini to’plashga intilib, qaerlarga bormagan edi…

Sulton kamtarona tus olib, boshini egdi. Mashina yoniga yetib kelganda ham qaramadi. «Volga» to’xtagach, yalt etib bokdi-yu, deraza oynasini tushirayotgan Ertoyni ko’rdi: yurtdoshi, hamqishlog’i, inisi. Vazirlikda ishlaydi: o’sadigan yigit. O’ssin! Mana, yosh bo’lsayam deputat bo’ldi: aqlli, tadbirkor-da.

— Assalom alaykum, Ertoyjon! — dedi Sulton boshini egib va yo’lka chetidagi to’siqchadan hatlab o’tib, unga uzun, so’laqmonday qo’lini uzatdi. Ertoy uning dastpanjasini olib:

— Salom. Sovqotibsiz. Yo’l bo’lsin? — dedi. — Muncha g’izillab ketayapsiz?

— Dachaga. Joniqul akaning dachasiga… Bormikan? Ko’zingiz tushmadimi?

Ertoy azbaroyi og’asining hurmati — eshikni ochdi: chiqmoqchi… Sulton chiyillab yubordi:

— Yo’-yo’q-yo’q! Bemalol o’tiring. — Eshikni ohista yopdi-yu, pushaymon yedi: niyatini bungayam aytsa bo’lardi. Axir, bu aqlli yigit…

Ertoy unga qarshilik qilmay qoshini chimirdi. Odatdagicha, nozik chehrasi iztirobni aks ettirib.

— Ko’rmadim-ov, — dedi. — Biz… — Keyin birdaniga sho’xgina kulimsiradi. — Munday… yarashib oldinglarmi? Nazarimda… A? — Ertoy kulib yubor-di. — Alomat odamsizlar. U kishiyam, siz ham. — So’ng bir soniya jimib, qo’shimcha qildi: — Ba’zan ko’rib qolaman. Bechora hayron bo’ladi: «Men Sultonjonga hech bir yomonlik qilgan bo’lmasam… Doktorligini yoqlaganda birinchi bo’lib ovoz berdim. Maqtadim. Hayronman!» deydi.

Sulton ham kulimsiragancha unga tikilib turarkan:

— Yo’q, ayb o’zida, — dedi. — Sezmaydi-da… Yo’q, o’ylamaydi u ablah. — Birdan tilini tiydi: «ablah» dedi. Axir, maqsadi…

— Ishqilib, boshqa urishmanglar, — dedi Ertoy kattalarga xos salmoq bilan.

— Boshqa… Mutlaqo! — deb yubordi Sulton va azbaroyi yuragi yana qattiq tepib ketganidan ichidagi gapi vujudini yorib yuboradigandek bo’ldi-yu: — E, ukajon, bir minutga chiqing, — dedi. — Kechirasiz. — U haydovchiga ham mo’ralab: — Uzr, uzr, — deb qo’ydi. Haydovchi xayrixohona tabassum qilib, mashinani sal chetga ola boshladi.

Sulton Ertoyni bilagidan ushlagancha yo’lkaga o’tkazdi. Kuzgi bug’doy tizza baravari bo’lib qolgan dalaga qaramayoq undan-da ilhom olib:

— Ertoyjon, — deb shivirladi boshini egib. — Men… men yaxshi odam bo’lmoqchiman.

— Nima?! — Ertoyning qoshlari chimirilib ketdi. Beixtiyor bo’ynini cho’zib, uni hiddagan bo’ldi.

— Ichmaganman. Mutlaqo, — dedi Sulton endi jiddiy tus olib. — Umuman, ichkilikniyam tashlayman… Tashladim hisob! Endi, sizdan ham bir kechirim…

— Xo’sh, bir nima «bo’laman» deganday bo’ldingiz? — yana beozor, sho’xgina kulimsiradi Ertoy.

— Men… men seryozni gapiryapman, — dedi Sulton hatto qovog’ini sola boshlab. — Men… ko’p o’qidim, Ertoyjon. So’fiylarning ta’limotini ham. Komil inson haqidagi yo’rig’larini… — Yuragi tepa boshla-di. — O, ana ular — odamlar! Ular — inson! Biz nima?.. Kechirasiz, men o’zimni aytayapman.

— Xo’sh, demak, — deya Ertoy tabassumini jiddiyat bilan yashirib, bilagidagi soatiga qarab oldi. — Demak, komil inson bo’lmoqchisiz? To’g’ri tushundimmi?

— Ha, — dedi Sulton teran bir ovozda. Va duduqlanib qoldi. — Komil emas-u, mundayroq…

— Yaxshi, yaxshi, — dedi Ertoy.

— Yo’q, siz kulmang-da, uka.

— Sulton aka… — Ertoy meni ranjitmang deganday boshini orqaga soldi. — Nahotki sizdan kulsam… Biz axir, aka-ukalarmiz… Him, — birdan so’rab qoldi: — Aytmoqchi, yangam yaxshimi? Jiyanlarim yuriptimi? Ish bilan bo’lib… — Sultonning hamon chimirilib turgani, «chalg’ityapsiz-a? » degan ifoda yuzida borligini ko’rib, Ertoyning hafsalasi pir bo’ldi, — Sulton aka — dedi ovozi o’zgarib. — Men sizni tushunaman… Siz aslida olijanob odamsiz. Bu kampliment emas… Hamma biladi buni. Joniqul aka bilmasa…

— Qo’ying o’shani! — Sulton shunday deb yubordi-yu, yana uyalib, qiynalib, tilini tiydi. — Uzr, uzr… Men o’zim… o’zimga hayron bo’laman, uka… U yog’ini so’rasangiz, men o’sha odamdan shaxsan…

— Nima?

— Yomonlik…

— Ko’rganingiz yo’q! Bo’ldi-da… — Ertoy mashinaga qarab oldi. — Adabiy merosga munosabat esa…

— …hali shakllanmagan. Ukajon, yo’ldan qolmang. — U deputatning bilagidan ushlab, itargudek bo’lib, yo’lka to’sig’idan o’tkazdi. Ertoy ochiq eshikka qo’li tekkanda, yana qat’iy to’xtadi.

— Lekin men sizning…

— Keyin gaplashamiz… Ke-yi-in, — dedi Sulton va uning bilagini bo’shatib, qo’lini ko’tardi. — Oq yo’l! Kelinimni so’rab qo’ying. Jiyanlarni o’ping.

— Ajoyib odamsiz-da, aka, — Ertoy ichkariga kirib o’tirdi. Sulton eshikni ohista yopdi.

— Xayr. Ishlab charchamang, Ertoyjon.

— Men oqshom telefon qilaman. Uyda bo’lasizmi?

— Bo’lmasa go’rda bo’larmidim.

Ertoy undan yana nimanidir — aftidan, nimaga borayotganini so’ramoqchi bo’ldi-yu, Sultonning jila boshlaganini ko’rab, oldinga boqdi: shofyoriga «haydang» degani. Ammo shu onning o’zida haydovchining bilagini chap qo’lida ushlab, o’ngi bilan ro’parasidagi bardachok ustiga tarsillatib urdi. Qah-qah otib kulganicha, boshini oynadan chiqardi.

— Hoy, Navro’z muborak!

Hali qadam otishga ulgurmagan Sulton ham taqqa to’xtab, xaholab yubordi.

— O’zlarigayam! — dedi unga burilib. Keyingi gaplar beixtiyor og’zidan chiqib keta boshladi. — Voy-y, muni qarang-a, ukaboy… Navro’z! Axir, axir…

Ertoy namoyishkorona xo’rsinib yubordi.

— O’rganmaganmiz-da, aka! Esimizdan chiqarishgan… E, muni qarang. Shu masalada, axir, shoshib ketayotibman o’zim… — Birdan so’radi Sultondan: — Sizlar qaerda nishonlaysizlar? Institutdami yoki bu yerda? Bor kattalaring shu yerda…

— Uni, uni… bilmayman, Ertoyjon, — dedi Sulton. — So’raganim yo’q… Nimadir gaplar bo’layotuvdi. Lekin nishonlaymiz, albatta! E, busiz mumkinmi? — Keyin do’ng peshonasiga shap etkazib shapati tushirdi. — Qovoq kalla…

— Yana nima bo’ldi?

— Hov, sizgayam navro’z muborak bo’lsin! — deb tirjaydi Sulton shofyorga. U boshini egib, ko’ksiga qo’lini qo’ydi. Ertoy Sultonga mehr bilan tikildi-da, ko’zini qisgan bo’ldi. Sulton unga ta’zim qildi. Mashina jildi.

2

Sulton xursand, endi bemalol qadam tashlab borar, goh o’zicha kulimsirab boshini chayqatar, keyin tirjaygancha so’l tomonga — yam-yashil bug’doyzorga, keyin o’ng tomonga — qiyg’os gullagan shoxlari beton devor uzra oshib tushgan olchalarga qarab qo’yar, tepadan tag’in qarg’alarningmi, boshqa qushlarningmi uchib o’tishayotganini payqar, tag’in ko’ksi ko’tarilib-ko’tarilib nafas olar edi.

Yoniga surilib odamga yo’l beradigan yaxlit tunuka eshik qiya ochiq ekan: demak, Ertoy chiqqanidan keyin yopilgan-u, odam kirgulik joy qoldirilgan. E, bira-to’la ochib qo’ysa bo’lmaydimi! Axir, mashinalilar chiqadigan vaqt hozir. Asqar aka (dachalarning qorovuli, bu yerda qishin-yozin istiqomat qiladiganlar unga maosh tayinlashgan: xalfanaga pul yiqqanday — yig’ib berishadi) ehtiyotkor-da bechora. Joniqul aka shungayam azob bersa kerak-ov: «Nimaga kechasi eshik ochiq qolgan edi? Hozir odamlarga ishonib bo’ladimi?..»

Sulton ochiq joydan yakka kift bo’lib o’tdi-yu, chap qo’ldagi hujra eshigiga qarab:

— Asqar ako-o! — deb chaqirdi sho’xchan ovozda. — Navro’z muborak bo’lsiin!

Hamisha soqoli o’siq yuradigan, dardchil qorovul ichkaridan tez yurib chikdi.

— E, Sulton aka… Ko’rinmay ketdingiz? O’zingizgayam navro’z muborak bo’lsin! — Har ikkala qo’lini uzatib ko’rishdi. — Ko’nglimdan o’tgan edi: hayitda ko’rishamiz deb…

— E, sadag’asi ketay navro’zdi! — deb yubordi Sulton. — Odamlarning bir-biri bilan diydor ko’rishishigayam bahona bo’ladi… Ha, qalay? Bog’ tinchmi? Uchyoniylardan kimlar yashayapti dachasida? Aytmoqchi, Obid Odiljonovich uyidami?

— Ha, xo’jayin uyda, — dedi Asqar aka. — Kecha bir-ikkita mehmonlari bilan keluvdilar. «Mehmonxonani tuzatib qo’yganmiz», dedim. Yo’q, uylariga olib ketdilar.

— A-a, navro’zga kelishgandir-da ular?
— Shu-da. Bugun yana kelishsa kerak, — horg’in davom etdi qorovul. — Ertaga ziyofat bermoqchilar. Qo’y opkelishdi… Siz ham bo’larsiz, Sulton aka?

— Albatta, — dedi Sulton. Ilgari har xil ziyofat, ichkilik ichiladigan o’tirishlardan o’zini olib qochardi: ichib qo’ysa, keyin — bir-ikki kun qiynalib yuradi-da, Buning ustiga, aroq unga tez ta’sir qiladi, shunda o’zini… Sulton yana takrorladi: — Albatta kelaman, Asqar aka. Miriqib gurung qilamiz… Ichkilik bo’lmas-a?

— O’-o’, yo’-o’q, — dedi qorovul. — Machitdan domlalar ham kelarmish. Gapirishayotuvdi… Shu atapleniya masalasi chatoq bo’lyapti-da. Issiq suv kelmay qo’yadi. Tok uzildimi — tamom. Simlar zanglab ketganmi, kim bilsin.

Sulton bu gaplarni diqqat bilan tinglagan esa-da, qulog’ining yonidan o’tkazib yubordi.

— Joniqul aka shu yerdami?

Qorovul birdan qo’lini cho’zib, ushbu yo’l ellik qadamlardan keyin yonidan o’tib ketadigan oppoqqina imoratni ko’rsatdi: institut direktori Obid Odiljonovichning (ya’ni Sultonning dorilfununda birga o’qigan do’sti, hazilkash, samimiy kishi — Obidjonning) tashabbusi bilan qurilgan mehmonxona, ayni chog’da kichik to’y, ziyofatlar o’tadigan choyxona vazifasini o’taydigan joy u.

— Hoozir kirdilar. Telefonda gaplashmoqchiykanlar. Bu yerdagi apparat buzilgan edi.

— Eh! — Sultonning ko’zi ochilib ketganday bo’ldi: omadni qarang! Bo’rini yo’qlasang, qulog’i ko’rinadi, deganlari shu-da… «Yo’q, bunday ulug’ ayyom arafasida ishing o’ngidan kelishi tabiiy, — deb ko’nglidan kechirdi. — Yo’llarning ham tanobi tortilib qolar, ha… Ana, ko’chaga chiqishim bilan avtobus bo’ldi. Yomg’ir ham tindi. Kecha esa… — Bo’pti. Sizga rahmat, Asqar aka. O’sha kishiga aytadigan ikki og’iz gapim bor edi.

— Bemalol, bemalol. Hali chiqqanlari yo’q.

Sulton shitob bilan odim otdi-yu: «Ey, bu odamdan ham bir kechirim so’rab qo’ysam bo’lardi, — deb o’yladi. — Lekin oramizda hech gap o’tmagan. Mayli, qaytishda yaxshilab xayrlashaman».

U ildamlab-lo’killab, suv sepganday namchil asfal`tda bora-bora mehmonxonaga burildi. Bir on to’xtab quloq tutdi: ovoz eshitilmadi. Keyin boshini egib, ishonch bilan yurib, zinalardan ko’tarildi. Ichkariga kirdi-yu,
shundoq ro’parasidagi ochiq eshik ichkarisida, baland deraza pastida — stolga tirsaklarini tirab, naq o’ziga tikilib turgan kichkina odamni ko’rdi: derazadan tushayotgan nurda uning basharasi aniq ko’rinmas., biroq mushtdekkina odamligidan Joniqul aka ekaniga shubha yo’q edi.

Sulton shu yerdan bosh egib, salom berishni o’yladi-yu, nazdida, u ham o’zini aniq ko’rmayotgandek bo’ldi. Shahd va shijoat bilan yurib, eshikka yetdi.

— Assalom alaykum, Joniqul aka! — dedi. U sergaklanib, nimadir deb po’ng’illadi. Sulton bemalol borib, egilib, qo’l uzatdi. U kishi ham kalta barmoqli kaltagina qo’lini cho’zdi. Sulton uni kaftiga olib (do’mboq, yumshoq va kichkina ekanini endi sezdi go’yo), bir silkitdi. Joniqul aka unga qalin, armaniniki-ga o’xshash qoshlari ostidan hurkak-ehtiyotkorlik bilan qarab turardi; qo’lini tezgina tortib, endi qomatini tiklagan novcha yigitga pastdan boqib so’radi:

— Telefon kerakmi?

— Yo’q, bemalol, — dedi Sulton. — Men…

Joniqul Jondor gaplashishi zarurligini eslagandek dastakni ko’tardi. Stoldagi ko’zoynakni taqib, raqam tera boshladi. Sulton chiqib turishni ma’qul bilib, tislandi. Xiyol burildi. Shu ko’yi bir qadam bosganida, Joniqul akaning o’ziga bag’oyat tanish, ayni chog’da ko’plab marta yuragini siqqan palag’da-injiq ovozini eshitdi.

— A, elektrikmisiz, uka? Sizdan so’rayapman, — dedi u. — Uka, siz quloq soling: siz bilan… him, filologiya fanlari doktori, chlen korrespondent Joniqul Jondorov gaplashyapti! — «O’h, — deb yubordi Sulton ichida. — Shu yerdayam… elektrikkayam-a? Unga sening chlenliging nimaga kerak? Hozir — bir pul. E-e, sadqai…» Sulton eshikdan chiqdi-yu, o’ylagan o’yi o’ziga kor qilib ketdi: nima, aytsa aytar… Shungayam g’ashlanish kerakmi?

— Nima? — ichkaridan chlen korrespondentning chiyillagani eshitildi: — Axir, pulini vaqtida to’lab tursak… Bu nima? Izdevat`sya qilasizlarmi? O’zingiz yosh yigit bo’lsangiz kerak… — Sulton quloqlarini bekitgudek bo’lib, zaldagi ustun orqasiga o’tdi. Olimning ovozi bu yergayam yetib keldi: — Batareyalar muzlab yotipti. Qishning zahri ketgani yo’q. Hozir shamollash…

«O’, pishiq-puxta odam, — deb o’yladi Sulton, — Qishning zahri ketmaganiniyam biladi bu. Hozir shamollash… Shunda uning havoda sal namlik sezildimi — institutga qavat-qavat kiyinib, boshiga sariq itning terisidan tikilganday paxmoq telpagini bostirib, bo’yniga sharfni aylantirib o’rab borishini esladi: ha-ha, hamma vaqt shunday: «Chelovek v futlyare». Kim aytgan edi bu gapni?.. Sulton silkinib kuldi: Obidjon aytgan edi. Yelkasi silkinib kula-kula: «Joniqul akani ko’rsam, nima uchundir Chexovning «G’ilof bandasi»ni eslayman, do’stim», degan edi quvlik bilan. Topib aytgandi… Hozir qanaqa kiyimdaydi? Egnida nima bor edi? Kostyum shekilli… Boshida telpagi. Him, uyidan shoshilib chiqqan bo’lsa kerak…»

Ichkarida ovoz o’chdi. Sulton ustun yonidan mo’ralab qarab, Joniqul akaning o’rnidan turgani, deraza pardasini surib, bog’ tomonga qarayotganini ko’rdi. Yana ildamlab kirib bordi. Chlen korrespondent ilkis o’girildi. Sultonga sovuq-sergak tikildi-da:

— Marhamat!.. YO menda gapingiz bormi? — dedi.

— Ha, Joniqul aka. Gapim bor, — dedi Sulton sipolik va har qanday mushtga yelkasini tutib berishga tayyor bir tobelik bilan. — Marhamat qilib bir minut o’tirsangiz.

— Yo’q. Gapiravering, — dedi u tezgina va plashini (bu havorang yomg’irpo’shi stolning eshikchasi ustida ekan) olib, bilagiga soldi. Sulton shoshib qoldi: axir, u ne maqsadda yigirma kilometr joydan keldi-yu, bu odamning bir minut tinglashga toqati yo’q.

— Joniqul aka, mening sizga aytadigan muhim gapim bor, — dedi Sulton.

— Gapiring, eshitaman dedim-ku? — birdan bo’g’ilib dedi u.

— Xo’p. Bo’lmasam…

Joniqul Jondor stolning yoniga chiqdi.

— Ey, bir minut sabr qiling! — Sultonning og’zida chiqib ketdi. — Kechirasiz, men atayin… — Birdan yuzi yorishdi. — Avvalambor, Navro’z muborak bo’lsin, Joniqul aka.

Joniqul akaning ko’zlari qisinqiradi — go’yoki qoshlari tagiga yashirindi. Sultonning nazarida, uning ham chehrasi yorishib ketishi lozim edi. Yo’q — chehrasida istehzoli kulgi payo bo’ldi, xolos.

— E, shundaymi? — dedi.

Sultonning yuragi siqilib ketdi.

— Ha-da… — Uh tortib, boshini egdi. — Gap shundaki, Joniqul aka, men sizdan…

3

Joniqul akaning tumshug’i sal ko’tarildi. Sultonning esa boshi shuncha egildi.

— …men sizdan kechirim so’ragani keldim, — shunday deboq, unga qarasa aynib qoladigandek shoshilib, hatto ovozi ham o’zgarib, qaltirab ayta boshladi: — Men sizning dilingizni xiyla… marta og’ritganman, aka. To’g’ri, buning sabablari bor edi… Ammo men tezoblik qilmasligim kerak ekan. Payqab qoldim: tushundim… Shuning uchun, mana, — unining nigohiga ichdan bir nur yugurdi yana, — mana ertaga — Navro’zi olam! Ertaga -— g’animlar ham bir-biri bilan yarash-yarash bo’ladigan kun! Ertaga ayblar, gunohlar unutiladi… Qadimdan shunday. — Tek tikrayib turgan chlen korrespondentga qaradi. — Buni o’zingiz mendan yaxshiroq bilasiz! — Uning miq etmay turganini ko’rib, gapi yetmaganday — tomdan tarasha tushganday qilib aytganini tuydi. Qaytadan boshladi: — Men siz og’amizning… Siz menga ko’p yordam bergansiz. Masalan, doktorligimni yoqlashda qo’llagansiz, ovoz bergansiz. Men bu yaxshiligingizni unutmayman, albatta… — Joniqul Jondorning tomog’idan «him» degan g’uldirash chiqdi. — Rost, rost, — deb battar shoshilib davom etdi Sulton.
— Yoshingiz ulug’. Juda-a, jafokash olimsiz. Xalqimizning ma’naviy boyliklarini izlab topish uchun qanchalar mashaqqat chekkaningizga men o’zim guvohman, domla… — «Mayli, «domla» deyveray. Ba’zan shunday derdim-ku?» Shu o’y xayolidan o’tishi zamon go’yoki uning o’rnini bahaybat yovvoyi yong’oqzor egalladi, yigit xo’rsinib yubordi. — Ko’p qiynalganlaringizni ko’rganman, aka…

Joniqul aka tomoq qirdi. Sulton uning hirqirashidanoq mutlaqo nopisandlik bilan gapirishini uqdi.

— Bu gapni kim o’rgatdi sizga? — dedi u.

— O’rgatdi?.. Qaysi gapni? — Sulton u kishiga boqdi. Ammo yuzidan biron narsani anglab ololmadi.
— Kechirim so’rashni-da, uzr so’rashni, — dedi u boshini biroz orqaga solib.

— A-a, bu… — Sulton yana shoshib qoldi. — Menga birov… Nega endi. Axir, bu niyat… qalbim-da paydo bo’ldi. Ishonasizmi, ko’nglimda! — Keyin uning basharasiga qaramaslikka qasd qildi: qarasa — chalg’ib ketadi, buning ustiga, bir nimani uqolmaydi. Uqqani — hamishagi ifodasi uning: xavfsirash va gumon… Sulton beixtiyor yon tomoniga uzum rasmli qog’oz yopishtirilgan devorga qaradi. — Men bu hakda o’ylashga majbur bo’lib qoldim, Joniqul aka. Islom Shayxning «So’fizm» kitobini o’qiyotgan edim. Bangladeshlik so’fiyning… Menga juda kuchli ta’sir qildi…

— Shoshmang, mendan uzr so’ragani keldingizmi?

Sulton unga yalt etib yuz burdi.

— Ha. Meni kechiring, jon aka. Ikkinchi marta unday… gaplarni aytmayman. Sizga qarshi chiqmayman!

— Tavba, — dedi chlen korrespondent. — Qilg’ilikni qilib qo’yib, keyin uzr so’raydi-ya odamlar… Xuddi mastlarning gapi bu! — Joniqul aka baayni hujumga o’tdi: — Siz tog’dayam ichmagan edingiz. Bir gramm ham…

— Ha, endi, noilojlik, yoshlik… — deb g’o’ldiradi Sulton va domlaning juda balandlab ketayotganini dilida qayd etib, o’ziga chidashni uqtirdi.

— Yo’q, siz yosh emassiz, — dedi Joniqul Jondor pinak buzmay. — Qirq yoshga to’ldingiz, menimcha.

— Xo’p, nima bo’pti, — deb yubordi Sulton. — Oltmishga kirgan odam ham xato qilishi mumkin.

— Sizniki xato emas!

— Bir hisobda…

— Ongli harakat!.. Ilmiy ishga rahbar bo’lsam ham, hatto opponent bo’lsam ham, menga hujum qilasiz. «Merosga hurmatsizlik. Baxshilar bangi bo’lmagan…» Hayronman! Ularning g’irt savodsizligini o’zingizam yaxshi bilasiz-ku! Sizniyam maqtatish mumkin: egniga bir chopon yopilsa… Yo’q, siz, umuman, aynib qoddingiz tog’ safaridan so’ng.

— Yong’oqzor, — deb pichirladi Sulton.

— Ha.

— Tavba, — Sulton bosh chayqab jilmaydi: domladan uzr so’rash uchun kelgani yodidan chikdi. — O’shanda o’zingizdanam o’tdi-da, Joniqul aka, — dedi tabassum bilan. — Juda qaysarlik qilib turib oldingiz, vassalom. Axir, men ham issiq jonman…

Joniqul Jondor unga bir on angrayib qoldi-da:

— Siz tuzalmaydigan odamsiz, — deya chetga bir qadam bosdi. Sulton darhol u kishining yo’lini to’sdi.

— Yo’q, domlajon, munday ajrim qilib olaylik.

— Tinch qo’ying meni! Boshimni qotirmang, — deb bo’sh qo’lini (boshqa qo’lida plash) silkitdi. — Vaqtim yo’q… Darslikka bob yozayapman deb uyda o’tirib olganim yo’q… O’shangayam qo’shib yozing: «Joniqul Jondor — konservativ. Baxshilarni yomonlash orqali pozitsiyasini…» Ajab, meni «qaysar» deydi bu yigit. O’zi boltadan toymaydi…

— Domla-domla, qizishmang, — Sulton u kishiga mute’ ekanini anglatish uchun yelkasini qiyshaytirdi. — Bir minut… Axir, men shuning uchun keldim! — deb baqirib yuborayozdi. So’ng yana mung’aydi. — Joniqul aka, meni shahdimdan qaytarmang. Xudo uriblar kunpayakun qilsinki, men…

— Nima, uzringizni qabul qildirib, ko’nglimni olmoqchimisiz? Yaqinda attestatsiya, keyin saylov…

Sulton uning og’ziga urib yuborishiga oz qoldi: saylov, attestatsiya…

— Hoy, siz ovoz bermasangiz ham doktor bo’lardim. Bilasiz-ku!

— Ana, yana o’z bilganidan qolmaydi. Hoy, — deya bo’sh qo’lining ko’rsatkich barmog’i bilan Sultonning ko’kragini ko’rsatdi, — sizning odobsiz, betga choparligingizni hamma biladi. Sirtda yaxshisiz: muloyimxunuk…

— YO, Xudo!

— Ha, — sira bo’sh kelmasdi Joniqul Jondor. — Agar Obid Odiljonovich bo’lmaganlarida…

— Hay-hay! U odamni oraga qo’shmang, — dedi Sulton. — Biz birga o’qiganmiz, do’stmiz. Ammo… «— buning ichi kir, fitna, — deb ko’nglidan kechirdi Sulton. — Tavba, tavba!» — Agar, agar shu gapni yana bir marta eshitsam, Obidjonga ro’para qilaman sizni, — dedi birdan hurpayib. — Ana o’shanda kim haq-kim nohaqligi ma’lum bo’ladi. Men ishonaman: siz o’sal bo’lasiz.

Chlen korrespondent miyig’ida kulimsiradi.

— Ha, endi siz kelishsangiz…
— Bo’ldi, — dodlab yuborayozdi Sulton. — Gap bunda emas… Buni unutaylik. Unuting, aka. Jon domlajon. Umuman, ularni aralashtirmaslik kerak.

Domlaga bu taklif ma’qul tushdi.

— Xo’p, mayli, — dedi odamga o’xshab. — Nima qildik endi?.. Siz o’sha ekspeditsiyadagi qilig’ingizni to’g’ri deb bilasizmi?..

— E, domlajon, qiziq odamsiz-a, — deb beozorgi-na kuldi Sulton. — Albatta. Xo’sh, axir, o’zingiz ko’rdingiz-ku: men adashdim. «Nimaga adashasiz?» deb turib oldingiz. Axir, shu — gapmi? Kishi adashishini bilsa, adashadimi?

— Siz qaysarlik qildingiz, — dedi domla tap tortmay. — O’rtog’ingiz Naimjon: «Qirdan ketaylik», dedi. Siz: «Yo’q, o’rmonni oralab o’tamiz!» deb turib oldingiz.

— Agar o’tolganimizda ikki soat yutgan bo’lardik… Kim bilipti endi, yo’lni suv olib ketganini…

— Siz bir gapdan qolib, Naimjonning gapiga ko’nishingiz kerak edi.

Sulton o’sha… yarim tungi, yong’oqzordan chiqqan yerdagi qashqa yo’ng’ichqalar belga uradigan joyda… bir-birlariga qarab turgan chog’lari ko’z oldiga kelib, xuddi o’shandagi gap-so’zlar takrorlanayotganini anglab qoldi: «Nima qilish kerak? Bu fitna hamon o’sha fikrida: o’zicha haq. O’shanda qo’l chirog’imizning nurini tepadan ko’rib, bizni arnadan qirga olib chiqadigan yo’lovchi yo’q hozir…»

— Joniqul aka, — dedi birdan Sulton jilmayib. — O’sha voqeani ham unutsak-chi? U qolib ke-yetdi… O’tgan ishga salovot deydilar. Ertaga yaxshi kun…

— E, e, siz o’zingiz qiziqsiz, — dedi Joniqul Jondor. — O’zingiz ajrim qilib olaylik deysiz-u…

— Axir siz murosaga kelmayapsiz-ku?

— Vey, tavba-a… Meni, meni otmoqchi bo’lganingiz ham yolg’onmi, o’sha yerda?

Sulton dong qotdi: ha, rost. O’shanda Sulton u dedi — domla bu dedi. «Domlajon, adashibmiz», — dedi Sulton yong’oqzor ichidan chiqqach, so’qmoqda… (so’qmoqqa yong’oq barglari ko’rpa bo’lib to’kilgan, ancha vaqtlardan, balki ko’p yillardan beri bu yolg’izoyoq yo’ldan odam yurmaganga o’xshab turardi: ammo tun edi, kuz ediki, Sulton «xazonrezgi mahali»da, deya oldinga tikilgancha fonar yorug’ida eshakni haydab borardi). So’qmoqdan chiqsalar, u yokda — ro’parada sebarga o’sib yotibdi, odamning beli baravari bo’lib: so’qmoq yo’q, to’g’rirog’i, so’qmokdan ham yo’ng’ichqa o’sib ketgan; demak, yo’l yo’q… Shunday esa-da, Sulton miltiqni o’qtalib, bedazorga oraladi. Suv toshgan ekan. Bir amallab yurib, tog’olcha butalari qoshiga yetdi-yu, oldinni yoritib berayotgan fonar nuri… qaygadir tushib ketdi: oppoq ko’piklanib oqayotgan — qaynab-toshib chap tarafga o’tib ketayotgan suvni yoritdi. Suv ancha pastda: butazor ortini — sayxonlikning davomini mutlaqo yuvib-o’pirib olib ketgan edi. Tog’olchalarning sarg’ish tomirlari yuvilgan betdan osilib suvga tegib turar — qandaydir skeletga o’xshar va shu skelet so’ngaklari tepadagi olchalarni ko’tarib turgandek tuyulardi… Sulton so’qmoqning davomini o’ng tomondagi qirning bag’rida ko’rdi: oqqina poyondozdek bo’lib tepaga o’rlagan edi. Ana shundan o’rlab chiqsalar, qirlarning oxiridagi tepalikka chiqishar, undan naridagi qishloqqacha, ya’ni Sultonning otasiga eskidan oshna bo’ladigan baxshi yashaydigan qishloqqa yarim soatda yetib borardilar. Endi… Joniqul Jondorning so’qmokda, ko’zlari o’qrayib qolganini ko’rgan Sulton: — Ha, adashibmiz, Joniqul aka, — deb qaytardi gapini. — Ana, yo’lni suv olib ketipti! — Shunda chap tarafdan yong’oqzor adog’idan oqib o’tayotgan daryochaning shovqini bor shiddati bilan eshitila boshladi. — Shuning uchun endi…

— Nima endi, nima endi? — deb yubordi Joniqul aka jazavasi tutib.

— Nima bo’lardi, orqaga qaytish kerak, — yana beozorgina kulimsirab dedi Sulton. — Or-qa-ga?! — Joniqul Jondorning dodlab yuborishiga oz qoldi. — Domlajon, domlajon…

— Nima, domlajon? — chinqirdi, ha, dabdurustdan chinqirdi domla: insof bilan aytish — ha, iqror bo’lish kerakki, Joniqul Jondorning shu yergacha yetib kelishi ham ko’p qiyin bo’lgandi. Sulton oldinda, yo’lini to’sgan yong’oq shoxlarini qayirib (o’tgan yillar davomida yong’oq shoxlari pastlab ham o’sib ketgan ekan: birov kesmagandan keyin o’sadi-da): «Ehtiyot bo’ling, Joniqul aka», deb o’tar, Joniqul aka g’ingshib, bu yerlardan odam o’tmaganini taxminlar va yo’l chetlarida miltillagan (fonar o’chganda) yulduzqurtlar ham uni cho’chitar, so’ngra Naimjon, bu o’rmonlarda ayiqlar ham bo’ladi, degan ediki, shu gap Joniqul akaning tilidan tushmas, keyin esa yong’oqlarning karbonad angidrid gazini chiqarishi, shuning-chun nafasi qisilayotganini har qadamda aytar, xullas, bu sebargazorga chiqib kelgunicha ham bo’lganicha bo’lgan edi… — Domlajon emish! Xo’sh, qaerga qaytamiz? — Domla duduqlanib qoldi: — Orqaga qaytib, demak, yana qirdan yurib… Shunaqami?

— Shunday, — dedi Sulton hamon tabassumini buzmay (ammo lablari dir-dir titrardi).

— Vay-vay, — deya eshakdan og’ib yiqilishiga oz qoldi domlaning. — O’rmonga kirganimizda, soat sakkiz edi. Mana, bir bo’lyapti… Yana uch soat, yo’q… vey, besh soat yuramizmi?

— Iloj qancha? — dedi Sulton. — Xohlasangiz, shu yerda yotamiz, gulxan qilib…

— Gulxaningiz boshingizdan qolsin, — qariyb yig’lavordi domla. — Bir tupkaning tubida… Havosiz joyda… Ayiqlar ichida…

— Ayiq nima qiladi, domlajon, yozning kunida, — dedi Sulton.

— Yo’q, yo’q, yo’q! — Joniqul Jondor deyarli aynib qoldi. — Yo’lni toping! Toping hozir…»

Shundan keyin u shunday gaplarni gapira boshladiki, Sultonning o’shanda toqati qolmagan bo’lsa, endi eslashga quvvati yetmadi. Ammo u gaplar aytilgan edi: masalan, siz atay shu yo’lga boshladingiz. Meni yomon ko’rasiz: menga rashk, hasad qilasiz… Mana, doktor bo’lib oldingiz, endi bo’limga intilyapsiz. Meni ko’rarga… va hokazolar. Ana shunda Sulton turgan yerida: «Voy-voy, Naimjon, nega tirik yuribman? Bu gaplarni qara… — degach, Joniqul akaga yig’lab yolvora boshladi: — Akajon, mening ko’nglim to’g’ri. Ishimizga yaxshi bo’ladi, deb ekspeditsiyani… — E, onasini shunday ekspeditsiyani… Men chidolmayman! — Keyin birdan domlaning qarshisida tiz cho’kdi. — Meni o’ldirmang, ya’ni o’lganning ustiga chiqib tepmang… O’zim bilyapman ichimdan o’tganini! Ey Xudo! Nahotki men jo’rttaga adashtirgan bo’lsam?… O’zimgayam ziyon-ku? Men ham charchadim-ku? Buning ustiga, asablandim… Siz uchun ham azob chekdim. Chekyapman hozir…»

Joniqul aka eshakdan beixtiyor tushgan, ammo bo’ynidan ushlab turardi, birdan chekindi: «Turing, lo’lilik qilmang! Men tushunmayman, yo’q, ishonmayman sizga!» Ana shunda Sulton sekin miltiq qo’ndog’iga tiralib o’rnidan turgan, uni ochib o’qdonni ko’rgan, keyin bitta patron joylab miltiqni tiklagan, keyin turgan yerida bir aylanib, tepaga o’q bo’shatgan edi: guv-guvv! Keyin tepadan qizarib tushayotgan tiqinni tomosha qilib, qah-qah otib kulgan. Shundan so’ngra miltiqni… lol qotib turgan Joniqul Jondorga to’g’rilay boshlaganda, tepadan — heey yuqoridan bir shovqin eshitilgan, Naim titrab-qaqshab baqirib yuborgan ko’yi fonar yorug’ini u yoqqa qaratgan edi…

4

— … A, yolg’onmi otmoqchi bo’lganingiz? — takror so’radi Joniqul Jondor.

— Domlajon.

— Ha! Ha!

— Axir, jahl kelganda aql qochar ekan-da…

— Sizda o’zi aql yo’q.

— Menga qarang, domla, — Sulton uning jilmoqchi ekanini ko’rib, jilishi mumkin bo’lgan tomonni to’sdi. — Menga qarang… Gapning po’stkallasi shu: kechirasizmi, yo’qmi?

Joniqul Jondor jim qoldi. Keyin:

— Nimani? — dedi parishonxotirlik bilan. So’ng miyig’ida achchiqqina kulib, boshini sarak-sarak qildi. — Odamda yuz bo’lmagandan keyin shu ekan-da.

— Vey, menda yuz bor. Menda vijdon ham bor, — dedi Sulton. — Ana shuning uchun sizday… Tavba qildim. — Keyin yana qiynalib (ammo), yalinishga tushdi: — Meni shu gal afu eting… Keyin, mayli, bir umr gaplashmay ketamiz: siz uchun men yo’qman. Men uchun — siz yo’qsiz…

Chlen korrespondent bo’sh qo’li bilan yoqasini ushladi.

— Men shuncha yoshga kirib, odam ko’rib…

— Ha, mendaqasini ko’rmagansiz.

— O’ting! Yo’limni to’smang! — baqirib yubordi Joniqul Jondor. — E, jo’jaxo’roz…

— Shundaymi domla? — Sulton birdaniga bo’shashib qoldi; undagi butun shiddat, shahd, alam endi tog’dan tushayotganda sharqirab toshdan-toshga urilib, nihoyat sayxonlikda sokin oqayotgan irmoqning holatiga tushdi; ammo o’sha kuch-qudrat suvosti oqimiga aylangan edi.
— Ha, — deb yubordi domla. — Kecha ichib chiqqanmisiz, nima balo… YO bir joydan tekkanmi…

— Tekkan, — dedi Sulton. — So’fiylardan tekkan…

— E, sadqai so’fi…

Sulton horg’in jilmaydi.

— Shu og’zingizga urib, o’ttiz ikkita tishingizni tushirsammi, a? — dedi. — Men… o’zim ahmoqman. Sizday bir ipirisqi, johil, qo’rqoq odamdan uzr so’rab o’tiribman. Shuning uchun kelibman… Nimaga? — u baqirib yubordi. — Bir poklanay deb… Yo’q, sizniyam bir xursand qilay deb kelibman. Shunday ulug’ ayyom arafasida… Odamzodning poklanadigan kuni arafasida. Hoy, bilasizmi, — deya endi bemalol gapira ketdi, — bahorda hamma narsa yangilanadi, a? Shoshmang! Yangilanadi. Go’yoki hayot qaytadan boshlanadi. Qadimda shunday fikr qilinarkan: navro’zning falsafasi bu… Eshiting, siz bilmaysiz: siz uni diniy bayram deb biladigan… bir g’alchasiz! Boylar bilan dinchilar avomni mehnatga jalb etish… alanglamang… Gapimni tugatay. Keyin — katta yo’l! Ketavering!

— Xo’sh, davom et-chi, — dedi Joniqul Jondor: aftidan, uning ham alami, qaysarligi — barisi tinib, sokin bir yo’lga tushgan edi. — Gapir, gapir, — bemalol senlay ketdi. — Men eskicha fikrlaydigan g’alchaman. Sen — Mustaqillik mevasi. Konkurentsiyani ham juda nozik tushunadigan bo’libsan…

— He, badbin odam-ye, — dedi Sulton. — Amal sizni yesin… Bo’lim mudirligi boshingizdan qolsin. Tavba. Bo’pti, quloq soling… Bu gaplar men aytadigan falsafaning oldida — uch pul… Demak, Navro’zda, o’zimizcha, Yilboshida odamlar bir-birlariga mehr izhor qilib, urushlar ham to’xtab, hatto ashaddiy yovlar… Mana sizu bizga o’xshagan betamizlar ham yarashib, ko’ngillarini soflashar ekan. Yangi yilga ochiq yuz bilan kirar ekanlar. Qarangki, tabiat ham shu alfozda bo’larkan: uyam yangilangan, go’zallik fasli… Uf! — Bu yog’ini tezgina aytib yubordi: — Ana shu kayfiyat kuch-quvvat bo’lib davom etaverarkan, etaverarkan. Keyin yoz kelarkan, kuz kelarkan, qish kelarkan… Qarabsiz-ki, odamzod yana aynigan: o’sha ahdu paymonlar sovigan, yana o’zaro urushlar boshlangan, yana mehru oqibat ko’tarilgan… Tabiat ham horigan, o’ziga xos qarigan. Yangilanmasa, o’ladi… Ana shunda yana bahor, yana Navro’z kelib qoladi gurkirab! Yana odamlar hushyor tortib, bir-birlarini endi ko’rayotgandek bo’lib bir-birlariga mehri toshib, yaqinlashadilar: Navro’z ularni og’a-ini, oshiq-ma’shuq, qadrdon qilib qo’yadi… Ana shunday kun arafasida turibmiz. — Sulton birdan qah-qah otib kuldi. — Balki men oldinroq, bir kun oldin harakat qilib qolgandirman. Balki… Ammo niyatim pok edi…

— O’zingizcha… — deb to’ng’illadi Joniqul Jondor.

— Bilmaysiz, — dedi Sulton ishshayib. — Siz musulmon ham emassiz, otashparast ham… Vabshe, insonligingizga gumonim bor. — Domla yalt etib qaragandi, Sulton battar avj oldi. — Ha, ha, ha! Inson, odam… shunday kunda o’ylab ko’rardi… To’g’ri, menda kamchiliklar ko’p: o’sha safardayam nuqson o’tgan mendan… Mayli, bo’ynimga olaman. Him, xo’sh, umuman, hayotda ko’p xatolarga yo’l qo’yib yuraman: hali rost aytdingiz, institutimizda meni xush ko’rmaydiganlar yo’q emas. Nazarimda, to’g’ri gapirib qo’yishim uchun… — U birdan xo’rsindi. — Ammo Obidjon Odiljonovichdan, haqiqatan ham, minnatdorman: g’ayirlarning gaplariga kulgi bilan qaraydi. Shunday bo’lmaganda, sizga o’xshaganlar…

Shunda Joniqul Jondor shunday chinqirib qoldiki, Sulton, nihoyat, uning nima deganini angladi: «Yo’qo-ool!» debdi ekan. Mayli, mayli… Bunday pachakilashib turish ham yaxshimas…

Demak, oralari «ochdi» bo’ldi, ammo boshqa yo’rig’da: u kechirmadi, bu niyatiga yetmadi.

Nima qilish kerak?

Sulton kulimsirab chetlandi.

— Marhamat. Katta yo’l.

— He, padaringga…

Sultonning ko’z oldi aylanib ketdi. Unga intilganini payqamay qoldi. Qo’li plashga yetgani uchunmi — plashni tortib oldi-yu, nazarida, intilishdan maqsadiga yetishgandek bo’ldi. Joniqul Jondor unga yana angrayib qolgan edi. Sulton plashni turgan yerida g’ijimladi. Keyin otib yuborishga joy izladi: xona tor. U lapanglab tashqariga chikdi. Ustunlarga tikildi-yu, chap tomonda — burchakda turgan eski shkafni ko’rib, o’shaning ustiga otvordi plashni. Keyin xo’p bir yaxshi ish qilganday kaftlarini bir-biriga ishqab, bir on serraydi-da: «Tuf-ye!» deya binodan chiqdi. Ajabo, yomg’ir sevalay boshlagan edi. Zinadan tushdi. Keyin o’z plashining yoqasini ko’tarib, bemalol yurib ketdi. Boshiga yomg’ir tomchilari tushar ekan, havoning allaqanday nozik bo’ylarga to’la ekanini tuyib, bahri-dili ochila boshladi. Darvozaga yaqinlasharkan, hujradan qorovul chikdi.

— Ha, Sultonjon… Ovozingiz balandroq chikdimi? Domla bilan…

— Ay! — dedi Sulton.

Asqar aka yuzida odatdagicha iztirob bilan:

— Juda injiq odam-da, o’sha kishi, — dedi. — Akademiklar ham munchalik emas. Obidjon aka salomlashib o’tadilar… Kecha domla aytdilar: «Xomtok qilasiz. Toklar ham soya bersin, ham uzum qilsin», dedilar. Tavba, bu gapni qarang.

Sulton maza qilib kuldi. To’xtab, tag’in biroz gaplashishni o’yladi-yu, tezroq ochiq joylarga chiqish, anavi yashil bug’doyzorni tomosha qilib, nafas olish xohishi ustun keldi. To’xtamasdan sekin yurib ko’chaga chikdi. O, yomg’ir kuchaydi… Mayli, Ko’klam yomg’iri bu. Rahmat yog’ayotir.

U yo’l yoqasida bir muddat turib qoldi. Uzoqdan bir necha qarg’alar quvq-quvq etib suzib (ha, uchibmas…) o’tishdi. Ular endi Sultonning dilida na bir his, tasavvurida na bir o’y uyg’otdi. U qo’llarini cho’ntakka tiqib — qattiq tirab, xiyobon bo’ylab yurib ketdi. Ketarkan, burilishga yetganda, ittifoqo Ertoy bilan uchrashganini eslab qoldi. Joniqul Jondordan (ismini eslashniyam istamasdi) uzr so’ramoq uchun kelayotganini aytmaganiga mamnun bo’ldi: keyin so’rasa, nima deb javob berardi?

U yo’lida davom etdi. Qay bir joyda o’zining bu yoqqa kelayotganini, o’shanda qadamlari ildam, ko’kragi ochiqligi, g’oyatda xursand-shod ekanini esladi va o’sha onlarni boshidan kechirgan-chun yanada mamnun bo’lib, umuman, bugungi bir-ikki soatlik vaqti yaxshi, bo’larini aytganda, ma’noli o’tganini qayd etdi.

Ammo asl niyati amalga oshmagani, buning ustiga, Joniqul aka bilan endi chinakamiga ayri tushganiga iqror bo’ldi-yu, miyasining qay bir joyida: «U nima qilarkan endi?» degan savol g’ivirladi. Nazarida, bu gumonli…

5

Sulton ittifoqo shoshib qoldi: negaligini o’zi ham bilmas edi. Tezroq uyiga borishi kerak. Ivib ketmasdan burun. Ishqilib, avtobus bo’la qolsin. Bekatga yetdi. Ayvonchada bir necha yo’lovchi qunishib turishar, avtobus keladigan tarafga qarashar edi. Sulton ham sekin ular yoniga bordi-yu, ulardan biriga aylanganini ichki bir tuyg’u bilan his etdi: hali-boya bu tomonga kelayotganida, ko’ziga hech narsa, jumladan, yo’lovchilar ham ko’rinmas edi; u yeru zamindan balaqdda — xayolda, ajib olijanob niyatlar qanotida edi, u yaxshi odam bo’lmoqchi edi. Komil inson emas… O, komillar — superodamlardir. Unday bo’lish kamdan-kam kishiga nasib etadi. Ammo ular aqidalariga, yo’llariga intilishning o’zi kishining ko’nglini ne bir cho’g’dek yashnab turguvchi tuyg’ularga to’ldirar ekan: axir, odam bo’lsang, kamida o’shalarga intilguvchi yaxshi odam bo’lgin-da; buning lazzati cheksiz ekan… Hozir Sulton bekatda qunishib turgan yo’lovchilardan birigina ekanini his etaroq ruhi tushdi: ha, shunday bo’lib qoldi. Ha-ha, shuning uchun bo’lsa kerak — uyiga shoshilayotir: to’g’ri-da, sang’ib, charchab-horib, tag’in yomg’irda ivib yurishning nima ma’nosi bor.

Avtobus keldi. Sulton yo’lovchilar qatori chikdi. Iliqqina ekan. Bir chetga borib, tepadagi halqadan emas — halqa ilingan tutqichdan ushlab turdi.

Shaharga yetildi.

6

Sulton liftdan chiqib, eshigigacha bo’lgan besh-olti qadamlik masofani uch qadamda bosib, tutqichdan tortdi. Xayriyat, qulflanmagan ekan: o’zi bo’lmaganda, eshikni ichkaridan zanjirlab qo’yish odati bor xotinining. Ichkariga — tanish, qadrdon go’shaga kirib, tuflisini yecharkan, qandaydir yaltiroq uchli tufliga ko’zi tushdi: kim kelibdi? Zalga qaraboq, tanish ovozni eshitdi.

— Ho’v, pari, kim keldi? — deya plashini yechdi. Zaldan chiqqan xotini eriga istehzoli kulimsirab turaverdi. Sulton ichdan zil ketdi: u o’z niyatini, ya’ni, kimga qachon bir ozor yetkazgan bo’lsa, kimni sal-pal ranjitgan bo’lsa… undan uzr so’ramoqqa ahd qilganini tongdayoq gazga choy qo’yayotgan xotiniga hovliqib aytgan, uning kinoyaomuz jilmayishlariga javoban bir muddat va’zxonlik ham qilgan, pirovardi, uning yelkasidan quchib: «Ering komil odam bo’ladi endi! Xursand bo’lmaysanmi, xotinjon?» degan, keyin xotinining «Shunisiyam yetardi» deganiga javob bermay kabinetga qaytgandi.

— Ha, kim u? — dedi Sulton, zalda — stol yonida kimdir o’tirganini payqab.

— Kiring, ko’rasiz, — dedi xotini. — Qanchalik komil odam bo’lganingizni bilasiz…

— Oh! — Sulton yuragi gup-gup urgancha zalga engashib kirdi-yu, deraza pardasi yonida qo’llarini stolga behol tashlab, o’ziga xo’mrayib qarab turgan Ertoyni ko’rdi. — E! — deb yubordi beixtiyor ishshayib va xursand bo’lib ketib. — Ertoyjon? Bu qanaqasi… — U lo’killab borib, qo’lini uzatdi.

Ertoy qo’lining uchini beraroq:

— O’tiring, aka, — dedi qarshisidagi kresloga ishora qilib. Sulton qobilgina bo’lib o’tirdi: kreslo past, o’zining ham yarim belidan yuqorisi kaltaroq (bu yog’i uzun) ediki, Ertoy taxtda o’tirgandek bo’lib qoldi. Sulton unga mo’ltirab boqdi. Tilida «Tinchlikmi?» degan savol. Ertoy jahl bilan dedi: — Nima qilib qo’ydingiz dachaga borib? Ey, juda alomat odamsiz-da!.. — Sulton: «N-nima qipman?» demoqchi bo’ldi-yu, bolalarcha boshini egdi. — Axir, kap-katta odamsiz. Yoshingiz bir joyga borib qoldi. Bu nima qiliq? — Shunda uy bekasi ham kelib, stol yonidan joy oldi. Ertoy battar xuruj qildi: — Joniqul Jondordan uzr so’ragani borgan odam shunaqa qiladimi? Axir, u yig’lamoqdan beri bo’lib… Xudoya tavba qildim. Melisa chaqirsa, nima qilardingiz? Haliyam u tinch qo’ymaydi sizni…

— He-ye, — Sulton karaxt tortib qolib, birinchi marta (bugun hisobida) sigareta tutatdi. Deraza rafidagi chig’anoq kuldonni olib, oldiga qo’ydi. Keyin birdan so’radi: — A, nima? Siz qaydan…

— Hm, menga telefon qildi, — dedi Ertoy jahldan jilla tushmay. — Sizlar yurtdoshsizlar, bu bezori akangizni yig’ishtirib olsalaring bo’lmaydimi, dedi… Nimalar qildingiz o’zi? Uning plashi qani?

Sulton unga angrayib qaradi.

— Qanaqa?.. A-a? — Birdan qizarib ketib stolga egildi. — O’sha yerda. — So’ng birdan g’azabi qo’zib ketdi. — O’sha zalda. Shkafning ustiga otvorgandim.

— Nega otvorasiz? — battar fig’oni chikdi Er-toyning. — E, u odamga o’tkazib qo’ygan joyingiz bormi? YO akangizmi, tog’angizmi u odam? Axir normal kishi…

— Ha, men ninarmalni ekanman, — dedi Sulton. — Shu, uka. Endi sizdan iltimos…

— Iltimos, iltimos… — Ertoy birdan xo’rsinib, Sultonning xotiniga murojaat qildi: — Yanga, bu odam o’zi, to’g’risini aytsam, yaxshi odam. Yaxshi odam… Men ham o’sha bog’da turaman-da. Boshim og’ib yer olgandim, bir boshpana qurganman… O’sha yerda olimlar bilan ham gaplashib turaman. Ayniqsa, Obidjon aka bu odamni hurmat qiladi… Boshqalar ham. Ammo bu kishining ba’zan qilib qo’yadigan ishlarini yosh bolayam qilmaydi. Xo’p, so’fiylikka qiziqibdilar…

— O, tilidan tushmay qolgan, — dedi yangasi. — Yaqinda namoz o’qimoqchilar.

Sulton xotiniga og’ir qarab qo’ydi.

— Shart emas.

— Shart. Men sizga aytsam, — dedi Ertoy, — men ham unda-munda o’qib turaman. O’sha so’fiylar ham shariat talablarini bajarishgan… Xo’sh, nima qilamiz endi? — Sulton unga chaqchayib qaradi. Tilida: «Ni-ma?» Ertoyning ensasi qotdi. — He, odam bo’lmay… Uzr, aka. Odamni xafa qilasiz-da. — U yana yangasiga qaradi. — Obidjon akaning aytishicha, eringiz majlislarda Joniqul akaning nuqul g’ashiga tegarkan. «Fikri buzuq», deb burilib ketaverar ekan…

— Uf, — deb yubordi Sulton, — axir, shunga barham beray deb bordim-ku, musulmonlar. — So’ng yana birdan boshini xam qildi. — Bo’lmadi. Chiqmadi.

Ertoy xaholab kulib yubordi.

— Chiqmadi… Axir, yotig’i bilan, vazminlik bilan tushuntirsangiz, chiqar edi… — U yana kulib qo’ydi.
— Siz bo’lsa hujum qilgansiz…

— Yo’q-yo’q, — Sulton o’rnidan qo’zg’alib o’tir-di… — Yo’q… Faqat u tushunishni istamadi… Umuman, ilmdayam shunday. Masalan, boy — yomon, faqir — yaxshi. Vassalom! Hozirgi biznesmenlarniyam yomonlagani-yomonlagan. Sezaman, hasad bor unda… Keyin jaholat… fikrini qitmirlik bilan o’tkazmoqchi bo’ladi.

— Xo’p. Uniyam gapida jon bor bo’lishi mumkin… Nega endi siz nuqul inkor qilasiz?

Sulton jimib qoldi.

— Uf. Basharasiyoq g’ijinimni… Ay! — Stolga qo’lini tashlavordi: urgandek tuyuldi. — Bo’lar ish bo’ldi.

— Yo’q, bo’lmadi.

— Nima qilay? — Sulton unga yana angrayib qara-di. — Balki yana uzr so’ra dersiz.

— Ha, — dedi Ertoy ishonch bilan. — Uni, yanga, siz yaxshi bilmaysiz, ko’p kekchi odam. Mnitel`niy… Xo’p, Sulton aka, endi o’zingizni bosib olib…

Shunda yo’laqda telefon jiringlab qoldi. Uy bekasi turib borib, dastakni ko’tardi. Sulton negadir qiziqib quloq solar, shu tobda nega qiziqib qolganini o’ziyam bilmasdi: holbuki, u nafaqat birovlarning, balki ayolining ham telefonda gaplashuvini tinglamas — undan qochar edi. Qiziq, Ertoy ham yo’lakka qarab turar, aftidan, yangasining tezroq qaytishini istar, balki Sultonga yana qanday tazyiq o’tkazishni o’ylar, Sulton esa ana shunday zug’umdan bir daqiqa xalos bo’lish uchun u yoqqa qarab turgandek edi.

Aksiga — beka qo’ng’iroq qilgan kishi bilan past ovozda gaplashdi. Kulimsirab bir nimalar dedi, uning gapini tasdiqladi. Keyin uning oilasi haqidayam so’radi. Nihoyat, bemalol kulib, dastakni toshoyna oldiga qo’ydi, shekilli, zalga mo’raladi.

— Sizni so’rayapti, dadasi.

— Kim ekan u?

— Gaplashing oldin, — beka unga yo’l berib, zalga kirdi. Sulton trubkani ko’tarib, tomoq qirishi bilan… g’oyat tanish, qadrdon, sho’xchan ovozni eshitdi:

— Sultonjo-on?

— E, Obidjon? — deb yubordi Sulton. — Sizmi-siz?

— Biz-da, —dedi u. —- Qani, Navro’zlar muborak bo’lsin!.. Bir tabriklab qo’yay dedim. — Sulton ham bidillab uni qutladi. — Rahmat, rahma-at, og’ayni… Xo’p dorulomon zamonlar keldi-da, o’zimizning asl bayramlarimizni nishonlayotirmiz… Aytmoqchi, ertaga dachaga o’tasiz albatta. Uyda ishlayotganingiz uchun kotibamiz yetkazmagan ekan. Qalay — darslikka yozayotgan…

— Bo’lyapti, bo’p qoldi, — dedi Sulton. — Rahmat, Obidjon! — Yigitning ko’ngli ilib, mutaassir bo’lib ketdi: qarang, azza-bazza institut direktori — naq akademik uyingga qo’ng’iroq qilib, Navro’z bayrami bilan qutlasa! U — barkamol inson!.. Aytmoqchi, uniyam so’fiylikdan xabari bor. Tasavvuf haqida «Tafakkur»da savol-javob ham qilgan edi.

— Sultonjo-on!

— Labbay-labbay, eshityapman!

— Jim qolganingizga… Xo’sh, do’stim, yana bir gap bor. Bu-u, bizning hurmatli domlamiz, ajoyib inson Joniqul Jondorovich bilan bugun uchrashibsizmi deyman? — «Ha, shu…» deb ming’irladi Sulton. — Jo-on do’stim, endi sizdan bir iltimos, — dedi u. «Xo’p-xo’p!»— Xo’sh, Joniqul akamizdan yana bitta uzr so’rab qo’yasiz… — «A? E, yo’g’-ye, uzr so’rab bo’ldim…» dedi Sulton. — Hov, jon do’stim, xo’p deng… Og’a sal ranjibdilar… — «Endi o’zlariyam…» — A, rahma-at, ulug’ ayyom kunida ruhan bi-ir poklanib olay deb ahd qilibsiz-u, bu yog’i uncha chiqmapti-da… — Sulton beixtiyor kulib yubordi: «Shunday bo’ldi, shunday…» — Endi, og’ayni, shunday ulug’ kun arafasida munday arazlashib yursak, xo’sh, bir-birimizdan shikoyat qilsak, menimcha, yaxshimas, a? — Sulton iljayganicha bosh irg’adi-da, Joniqul Jondorning unga shikoyat qilgani, ehtimol, yonida o’tirganini tusmolladi. — Xo’pmi? — dedi shunda Obidjon Odiljonov. — «Nima qilay?» — A-a, iloji bo’lsa, ertaga bog’da, xo’sh, maza qilib o’tirganimizda, maza qilib uzr so’rab yuborsangiz, olam guliston. — Sulton ming’irlab qoldi. Obidjon esa: — Rahma-at, — dedi. — Juda xursand qildingiz, do’stim. — Keyin yana o’sha ovozda so’radi: — Bu, domlaning plashini opketibsiz? — shunday dedi-yu, hiringlab kuldi. — Sizga kalta keladi-ku baribir… — Sulton voh-vohlab kula ketdi va ichi og’riy boshladi: «Voy, Obidjon, topilmay keting, siz…» — Shundaymi? — dedi Obidjon Odiljonov. — Demak, plashniyam oborasiz? — «E, plash o’sha yerda-ye, shkafning ustida!» — dedi Sulton. — A-a, shunday-mi? Men xato eshitibman, — dedi Obidjon. — Ha, mayli. Ertaga ko’rishguncha… A-a, Ertoy ukamizniyam tabriklab qo’ying, jiyanlarni o’ping…

— O’zingiz ham, o’zingiz… — Sulton u yokdan ovoz o’rniga «ting-ting» tovushlarni eshitib, dastakni apparatga qo’ydi. Xo’rsinib, qomatini rostlab, sigaretni izladi. Zalga tez kirib, chig’anokda tutab turgan qoldiqni oldi. Labiga tegizgandi, barmog’i kuydi. Uni kuldonga tiqib yuborib, boshini sarak-sarak qildi.

— Direktormi? — so’radi Ertoy.

— Ha, shu kishi, — Sulton shunday deb yana bemalol kulib yubordi. — Juda sho’xda… He-he… U fitna «plashimni o’g’irlab ketdi», degan bo’lsa kerak. «Plash sizga baribir kalta keladi-ku», dedi. — Ertoy ham, kelin ham baralla kulib yuborishdi. Sulton hatto o’rnidan turib, turgan joyida bir aylandi. — Ajo-yib inson-a!.. — Keyin birdan xo’rsindi… — Men unday bo’lolmayman. Hech qachon! — So’ng barmog’i-la shiftni turtgan bo’ldi. — Shuning uchun u — direktor. — Ertoyga tikilib qoldi. — Siz ham juda zukko odamsiz, uka. Yo’q demang. Shunday… Uf. — U birdan joyiga o’tirdi. — Men uzr so’rayman sizlardan, — dedi. — Sendan, xotin. Sizdan, Ertoyjon. Ovora qildim. Meni deb zaril ishlaringizni tashlab kelibsiz…

— Obidjon akayam uzr so’rang dedilarmi? — nihoyat, qo’zg’alishga shaylanib so’radi Ertoy.

— Ha, endi… — Sulton boshini egdi. Ertoy fotiha qilib, yo’lakka chiqqanda, uning orqasidan yugurdi. Shu borishda uni quchib, chakkasidan o’pdi.

— Uzr. Siz yaxshi insonsiz-ku! Akangizni qo’yavering… Aytmoqchi, uyga borganda, kelinimni Navro’z bilan tabriklang…

— Xayr, yanga. Yaqinda o’zimiz nishonlaymiz Navro’zni… Borasizlar, albatta. Akam aytadilar vaqtini. — U birdan qo’lini Sultonga uzatdi. — Xayr. Chiqmang!

Sulton uning hukmiga bo’ysunib qoldi. Keyin deraza yoniga borib, yangi sigaret tutatarkan, oynadan ko’rdi: Ertoy uzun, oppoq «Volga»ga kirib o’tirdi. Mashina qayrilib ketdi. «Hali ko’rmagan ekanman, — deb o’yladi. — Ko’rsam ham…»

Xotini unga tepadan qarab turdi-turdi-da, yayrab kulib yubordi. Sulton siniq jilmaydi.

Ertasi choshgohlarda Sulton bir navi kiyingan holda, bo’ynidan tortib sudralayotganday egilib, mashina yurgudek yo’lkadan oppoqqina imorat tomonga bir-bir bosib bormokda, orqada — darvoza yonida Asqar aka hayratlanib turar, oldinda esa — imorat qoshidagi maydonchada stollar tuzalgan, har stolda — bozordan xarid qilingan atirgullar, ushbu bog’da yashovchi olimu arboblar, ya’ni qo’shnilar to’p-to’p bo’lib gaplashib-kulishib turishar, zinapoya ustida ilonteri kostyum kiyib olgan Obidjon Odiljonov uch-to’rtta mehmonlar va bizneschilarga tevarak-atrofni ko’rsatib, aftidan, bog’ni yalpi harakat-la obod qilish rejalarini so’zlar edi.

Sulton shu ko’yi — g’amgin, parishon yurib borarkan, qulog’iga asta-sekin anavilarning g’ovur-g’uvuri kira boshladi, ammo so’zlar ma’nosini anglamasdi. Chap tomondagi hamisha bahor butalar ortidan musiqachilarning asboblarini sozlayotgani ham eshitilarkan, Sulton: «Ashulachilarniyam aytishibdi-da», deb ko’nglidan kechirdi; shu alfozda bu ziyofat institut hisobidanmi, anavi kommersantlar uyushtirganmi, balki halfana qabilida pul jamg’arilgan bo’lsa, o’zining tekin taomga sherik bo’lajagini o’ylab, qizarib ketdi: tekin oshga. Uning ittifoqo jahli chiqib, bakovulga pul tashlab ketish ahdi bilan ro’parasiga ilkis qaradi-yu, oftob nuri tushganday ko’zi qamashib ketdi: muncha odam. Hammasi qarab turibdimi o’ziga? Yo’g’-ye, kim bo’pti bu — Sulton ularning oldi-da?

— Ana, bizning do’stimiz Sultonboy ham keldilar!

Sulton shoshib qarab tanho uni — Obidjonni ko’rdi: kostyumining g’alatiligini ham dilida qayd etdi. Shunda uni yana-da suyib ketdi-da, birdan jilmayib ildamladi. Shu yurishda zinapoyaga ko’tarilib, unga qo’l uzatdi. Obidjon uning qo’lini ushlab, o’ziga tortinqiradi. Sulton unga qarab-qaramay yoniga o’tdi. Keyin beixtiyor uyalib ketayotganidan o’zini yomon ko’rib ketdi: «Voy, nimaga, nimaga boshimni ko’tarolmayman? — deb so’radi o’zidan. — Bularni xafa qil… Yo’g’-ye!»

— Birodarlar, — dedi shunda Obidjon nari-beriga qarab. (Sulton sezdi: u jindek otib olgan — hidi kelayotir). — Bugun shunday bir kunki, Oy bilan Quyosh ham yarashadi! — Sulton o’sha afsonani esladi: ular ikkovi opa-singil bo’lishgan, keyin janjallashib qolib, Oy Quyoshning yuziga bir hovuch ignani sochib yuborgan, Quyosh esa Oyning aftiga bir hovuch kul sepib yuborgan. — Bu matalning mazmunini bilarsizlar, deb o’ylayman, — deya davom egdi Obidjon Odiljonov. — Endi, gapning bo’larini aytsam, oramizda ikki zo’r-zo’r olimimizning oralaridan qora mushuk o’tgan ekan. Buni, payqadimki, bu yerdagi ko’pchilik o’rtoqlar bilisharkan… Shu denglar, hozir shular bir-birlariga qo’l berishadi. Navro’zning eng muborak udumi shularning apoq-chapoq bo’luvidan boshlanadi hozir. Keyin biz buni bir piyoladan choy ko’tarib nishonlaymiz… — U birdan ovozini ko’tardi: — Yana birov-yarimlaringni oranglardan ham qora sharpa o’tgan bo’lsa, tayyorlanib turinglar… Qani, Joniqul aka, bu yoqqa chiqing! — Sulton unga qaramoqchi bo’ldi-yu, qarolmadi. Ammo butun vujudi bilan «ko’rib turardi»: tim qora kostyum kiygan, kostyumining ichida qalin jun jemperi ham bo’lsa kerak, juda miqti bo’lib qolgan chlen korrespondent ildam yurib, zinalardan ko’tarildi va institut direktorining yonida turib oldi. — Sultonjon, qani, qo’lni bering, — Sulton qo’lini asta uzatdi. — Endi Joniqul aka, siz ham qo’lni berasiz!

— Sizga beraman-u, lekin unga… — deya chaynaldi-da, shiddat bilan tomoq qirdi Joniqul Jondor. Obidjon odatdagi sho’xlik bilan:

— Xo’p, xo’p. Yoshi ulug’ allomalarning aytgani vojib, — deya «yoshi ulug’»ga urg’u berdi. So’ng Sultonga boqdi. — Qani, do’stim, ko’nglingizga tugib qo’ygan gapingiz bo’lsa, bir eshitaylik. Birodarlar, diqqat!

Sulton Obidjonning barmoqlari zo’rg’a tutib turgan qo’liga tikilib, birdan yelkasi silkinib ketdi.

— Yo’-o’q, yo’q, — deb oldin aytdimi, yig’lab yuborganidan keyin aytdimi — alhol, o’ziyam bilmay qoldi.
— Iltimos, iltimos… — deya atrofga alangladi keyin. — Hammangizdan uzr so’rayman! Hammadan… Anavi qorovul akamizdan ham! — So’ng negadir osmonga qaradi.
— Hamma narsadan! — dedi keyin. — Lekin… — U qo’lini Obidjonning changalidan tortib oldi-da, Joniqul aka tomonga allaqanday siltab, shartta qayrildi. Zinapoyadan sakrab tushdi. Hali g’unchalari ham qizarmagan gulzor yonidan o’tib, yo’lkaga chikdi. Yelkasi yana silkindi-da, baralla ho’ngrab yubordi. Shu onning o’zida ko’nglining tub-tubida yer yorilsa, kirib ketajagini his qildi: shunchalar uyat bo’ldi!.. U ushbu hisdan qochib, ya’ni qadamini tezlatib ketarkan, dod degisi kelayotganini tuydi: o, bu endi jinnilikka o’tadi… U tezroq qorasini o’chirish uchun binoning orqasiga burildi. Kimsasiz… Entikib nafas oldi-da, umuman, ovloq — tanholikka bop joyni izlab, yo’rtib ketdi. Imorat burchagidan o’tib, boshqa yo’lkaga tushdi-yu, ro’parasidagi anchayin simto’r darvoza ochiqligini, ya’ni tabaqalar ikki yonga jag’ kabi ajralib yotganini ko’rdi. Ichkarida odam yo’qligini his etib, olg’a bosdi. Ha, bu — endi epaqaga kelayotgan dalahovli edi. Sulton chala yotgan bino qoshiga yetdi. Undan ham burilib o’tgandi, shundoq ro’parada pastak beton devor ko’rindi. U yugurishda borib, devor qirrasidan ushladi va bir intilib, undan
yarim beligacha oshdi. Keyin qiyshayib, u yoqqa tushdi. Shundoq yonginasida devori makkajo’xori poyalaridan tiklangan chayla turardi. Sulton ittifoqo xursand bo’lib, unga kirish uchun jildi-yu, oyog’i ostidan qochib qolgan kalamushni ko’rib, tek qoldi. Keyin qo’llarini beliga tirab, atroflarga qaradi: bu uyam kimningdir bog’chasi edi: turli ko’chatlar ekilgan, yiriklari hali ship-shiydam, chetan o’rniga ekilgan olchalar qiyg’os gullagan, jiblajibonning g’ujur-g’ujuri eshitilardi. Sulton «vo-o» deya so’rib-so’rib nafas oldi. Keyin xazonga to’lgan ariqdan hatlab, so’qmoqligi bilinib turgan joyga tushdi. Jila-jila keksa bir o’rik ostiga yetganda, shundoq oldida chaman bo’lib ochilib yotgan sap-sariq nargislarni ko’rdi. «Voy, aylanib ketay», deya cho’nqaydi. Uzmoq uchun qo’l uzatdi-yu, darhol tortdi. Shunda yonginasida xayrigulning uzun poyalari yonboshlab yotgan to’nkani ko’rib qoldi. Unga astagina o’tirdi. Shu payt… tepadan — allaqaylardan yurakni o’rtaguvchi mungli sadolar eshitilayotganini fahmlab qoldi. «E, turnalar-ku!» U o’rnidan turib, xoliroq joyga chikdi. Osmonga tikila-tikila ko’rdi: qora nuqtalardek bo’lib o’tishyapti: ha, bolaligida ham shunaqa qilib o’tgan paytlarini ko’rgan…

— Turnalar, — deb beixtiyor shivirladi. Va hushyor tortib ketdi: nega bu yerda u? Birovning bog’ida… Ha, u qochib keldi. Anavi ablahdan, yo’q, ajal kabi sovuqdan qochib keldi… Ular Sultonning ustidan kulishyapti hozir: he, u odamlar buning — Sultonning ichidan o’tganini qaydan bilsin! Kechagi niyatini…

Ularda ayb yo’q.

Sulton yana to’nkaga o’tirdi. Yana sigaret chiqarib tutatdi va anchagina o’ziga kelib oldi. «Shunaqa, — deb o’yladi. — Ulardan uzr so’rashim kerak. O’shalardan. Shakkokligim uchun… — So’ng xo’rsinib yubordi. — Ey, Navro’z. G’alati bayram ekansan-da! Xudoga shukr… Sendan ulug’ bayram yo’q. Sen odamni o’zgartirishgayam qodir ekansan… Axir, men yaqin-yaqingachayam tinchgina yurgan edim-ku…

Endi nima bo’ladi? Mening g’iybatim. Tabiiy… Balki haligi qiliqlarim uchun jinnivoyga chiqarishar… Ha, ular haqli. U — ablah esa taltayib ketadi.

Men, men — baribir yomon odammasman: shunday deyishadi-ku… Lekin o’ylaganimdek, ha, ahd qilganimdek komil odam bo’l… — Keyin birdan kulib yubordi. — Bu olamda komil odam bo’lish ham qiyin ekan. He, — xuddi bir kashfiyot yaratgandek bo’ldi. — Nachora, tirik jon ekanmiz, — dedi nihoyat. — Ideal yaxshi. Unga intilmoq kerak… Ammo o’ylaganingdek bo’lolmas ekansan…

Boringcha qolding, shekilli…»

Sulton o’rnidan turib, to’g’riga yurdi. Toshloq bir ko’chaga chiqdi. U avtobus yuradigan katta yo’lni taxminlab, so’l tomonga burildi. Bir necha burilishlardan keyin naq haligi — bog’ darvozasi biqinidan chiqdi-yu, birdan lo’killay qoldi: ketdi, ketdi… Burilishdan (Ertoy bilan uchrashgan joyidan) o’tdi. Keyin biroz sekinlab, bekatga yetib bordi.

U yo’lovchilardan biri edi, xolos.

1997

Shukur Xolmirzayev «Xurshid Davron Kutubxonasi»ning yutubdagi kanalida:
O’n sakkizga kirmagan kim bor. Shukur Xolmirzayev asari. Radiokitob
Qora kamar. Shukur Xolmirzayev pyesasi asosida radiospektakl
Qaytish. Shukur Xolmirzayev hikoyasi asosida radiospektakl
Shukur Xolmirzayev. Ot egasi. Audiohikoya

SHUKUR XOLMIRZAYEV KITOBLARIDAN:





021

(Tashriflar: umumiy 7 214, bugungi 1)

Izoh qoldiring