Farog’at Kamol. Ko’kning ravoqidan to’kildi saslar

034     Ўзбекнинг чинакам бетакрор Шоираси Фароғат Камолова ҳаёт бўлганида шу кунларда 65 ёшини нишонлаган бўларди.

ХХ аср ўзбек шеъриятида Фароғат Камолнинг ўз ўрни бор. Шоира 80-йилларда адабиёт сарҳадига кириб келган авлод нафақат энг ёш вакили, шунинг баробарида ўз авлоддошлари билан мавжуд шеъриятга жиддий таъсир кўрсата олган хос овоз соҳибаси ҳамдир. Бугун айни ўша олис йилларда эълон қилган шеърлари билан таништирамиз.

ФАРОҒАТ КАМОЛ
ШЕЪРЛАР
045

Фароғат Камолова 1959 йил, 27 мартда Жиззах туманидаги Мўлканлик қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981). Дастлабки шеърий тўплами — «Осмон парчаси» (1982). Шундан кейин шоиранинг «Узоқ сафарлар», «Баргизуб» (1990), «Ҳолатлар китоби» (2000) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

045

«ОСМОН ПАРЧАСИ» (1985) ТЎПЛАМИДАН

* * *

055

Она-замин қучоғида бир гўдакман,
Атрофимда хаёл сурар юлдузлар жим.
Беланчагим тебранади — тонг отади,
Беланчагим тебранади — чўкади тун.

Шовқин солиб кезиб юрган шамоллар-ку,
Сезмоқдаман мен уларнинг ҳавасини.
Астагина уриламан шамолларга,
Шамоллар, эҳ, юлдузларнинг нафасими?

Беланчагим тебранади,
Узоқ-узоқ
Титраб қолар назаримда юлдузлар ҳам.
Коинотнинг хаёллари яна порлоқ,
Улғаймоқда, улғаймоқда улкан одам…

Астагина уриламан шамолларга…

* * *

Осмоннинг бир парчаси меникидир,
ўша ердан
менга атаб ёғилади қор,
ёғилар ёмғир.
Қуёшнинг бир парчаси меникидир,
Қуёшдан тўкилар
юрагимга ҳовуч-ҳовуч нур.
Оламдаги қўшиқларнинг
шу биттаси меникидир…
Парча осмон, парча қуёш ва қўшиқдан
яралган, деб ўйлайман
мен ўзимни ҳам…

* * *

Тилсиз само қадар сокиндир дунё,
Фақат юрагимда эзгу довуллар.
Йўлимда жимгина оқмоқда дарё,
Фақат юрагимда тўлқин шовуллар…

Жимжит қирғоқларни кездим оҳиста,
Сассиз қаршилади бош эгиб чаман.
Жимликларга кирдим нимадир истаб,
Жимликларга кирдим товушим билан…

* * *

Инсон — кенглик,
Унда
Гул ҳам ўстириш мумкин,
Тикан ҳам,
Ишқ ҳам ўстириш мумкин,
Нафрат ҳам.
Менинг юрагимда умид ўсади.
Бир кун Бу умид
Юрагимга сиғмай кетиши мумкин.

Б А Ҳ О Р

Бургутлардан, еллардан ҳам бетинчман бу он,
Янги баҳор кутаётир менинг осмоним.
Ҳислар ташна юрагимдан топаркан макон,
Олис-олис уфқларга кўз тикаман жим.

Бу ҳисларнинг шарҳига мен ожизман бир оз,
Ҳа, уларни мендан эмас, баҳордан сўранг.
Менинг қалбим шу баҳордан бир зарра, холос,
Овозларим шиддатидан олмоқда жаранг…

* * *

Қўшиқ айтиб ўтар бир гала қушлар,
Ҳавода қолади ажиб эҳтирос.
Болалар чопишар ерда олқишлаб,
Қичик қалбларида бир дунё ихлос.

Учар хаёллари қушлар ортидан,
Янги бир дунё кашф этиб қайтарлар,
Янги бир само кашф этиб қайтарлар.
Учар хаёллари қушлар ортидан.

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар,
Аста тўлдиришар осмонимизни.
Ўша қушлар юксак эътиқод бўлиб
Олис-олисларга чорлайди бизни…

Бизнинг қушлар узоқ-узоқ учарлар…

* * *

Хаёлимдек чексиздир осмон,
Хаёлимдек чексиздир замин.
Оралиқда яшар бир армон,
Яшар бетинч юрагим менинг.

Оқ булутлар ичра осуда
Ёлғиз бир қуш самода дайдир.
Шу қушчанинг тинч парвозида
Севинчларим борга ўхшайди.

Кўкда вазмин булутлар сузар, —
Ухлаб ётар самода оқ қор.
Ухлаб ётар мангулик сирлар,
Самоларда соғинчларим бор.

Фақат интиқ жоним қасдида
Юлдузлар ҳам порлайдилар жим.
Юлдузларнннг шундай остида
Жилмаяди менинг Ватаним…

Хаёлимдек чексиздир осмон,
Хаёлимдек чексиздир замин.

* * *

Йиллар масофадир,
йўллар ҳам чексиз.
Бугун юрагимда армонлар туйдим.
Қайдадир яшайди бир чиройли қиз,
Мен Сизга тамоман ишонмай қўйдим.

Йиллар олдида мен гуноҳкор, ожиз,
Йўллар менинг учун айрилиқ бўлди.
Сизга пешвоз чиқди бир чиройли қиз,
Мен учун муқаддас недир йўқ бўлди.

Қувончлар кетдилар Сиз билан бирга,
Мен гўё барчасин йўқотдим бирдан.
Барчаси тарк этди бутун умрга,
Фақат ожизлигим қолди мен билан.

***

Сенинг исминг узун,
Ўн йил, ўн беш йил
Менинг хотирамни тўлдирди.
Сенинг кўзларинг ҳам шунчалар чуқур,
Узун-узун йиллар унга ғарқ бўлди.
Сенинг шарпанг мудом кўзим ўнгида
Оғир соя каби тебраниб турди.
Сенинг исминг узун,
Ўн йил, ўн беш йил
Менинг хотирамни тўлдирди.

***

Кетар бўлсам сафарга,
Ёмғирлар қуйиб турса,
Ёғиб турган ёмғирдан
Атроф маъюс туюлса.

Кетар бўлсам сафарга,
Ён-атроф бўлса сирли,
Ҳеч кимса кўринмаса,
Бу кун бўлса ёмғирли.

Мен эса йиғлаб олсам
Кетмоқ жуда оғирдай.
Кўз ёшларим ҳам сим-сим
Ёғиб турган ёмғирдай.

Кетар бўлсам сафарга,
Ёмғирлар видо айтса.
Сафар олдидан ҳар гал
Сочим оқариб битса…

* * *

Столимда ҳали ёзилмаган қоғоз.
Гулдонда бош эгиб турар қоғоз гуллар.
Тураман — ноқулай,
Хаёл сураман,
Барибир,
Кимдир бордай туюлаверар.

Бораман,
Келаман хонам ичида,
Ёқиб ўчираман чироқларимни.
Барибир пойлайдн сурбет Тун мени,
Қўйиб деразалар — қулоқларнни.

ЎЗИМГА КИНОЯ

Қоғозга айтасан барча гапингни,
Ҳар ҳолда қоғоз оқ фариштамисол,
Садоқатли дўстдай тинглайди қоғоз,
Кейин ёқиб ташлаш имкони ҳам бор.

Қоғозга айтасан севинчларингни,
Аччиқ жилмаймас у кейин ҳар ҳолда.
Қоғознинг тили йўқ — ёймас сирингни,
Ахир у — оддий бир қоғоз-да.

* * *

Эшитинг, майсалар шивирлашмоқда,
Майин эгилишиб бири бирисига.
Эшитинг, майсалар муҳаббатини —
Бош эгиб билдирар севгилисига.

Таниш оҳанглар бор шивирлашида,
Турарлар севгисин яширган каби.
Нозик майсалариинг паст товушида
Ҳаётнинг ҳаммага яқин эртаги.

Гўё айтишади таниш гапларни,
Чарчамайди қайта-қайта айтмоқдан.
Иболи аёлдек эгик қадлари,
Эшитинг, майсалар шивирлашмоқда.

ТИЛАКЛАРИМ

Сахий бўлса қуёш яна бир қадар,
Ёритса қоронғу ғорлар ичини.
Қандайдир бошқача бўлса дарахтлар,
Ҳатто бир-биридан сўрса кечирим,

Салгина бошқароқ бўлса табиат,
Одамлар ҳам яхши бўлса бир қадар,
Бир-бирин бир кунда ўн марта кўрса,
Ўн марта янгидан салом берсалар…

СЕҲРГАР КУЗ ҲАҚИДА ТЎРТ СЎЗ

«Тила тилагингни» дейди сеҳргар.
Мен эса бир муддат қотиб тураман,
Ўйлайман,
Нимадан бошласам экан?
Шу қадар кўп унга айтар гапларим.

2

«Юр биз билан бирга»,
Куйлар турналар,
Менинг ўйларимнинг охири йўқдай.
Ўйлайман,
Ўша турналарнинг қайтар кунларин.

3

Ерга ёза бошлар нималарнидир,
Қўлдаги қаламини
Қуёшга ботирган.
Ёрда қаламининг сирли излари,
Улар нималарни солар хотирга?

4

Мен эса билмайман, нима демоқчи
Маъюс дарахтларнинг эгик шохлари.
Мен қотиб турибман.
Менга қадалган
Кекса сеҳргарнинг тинч нигоҳлари.

* * *

Табиат, сен менинг дугонам каби,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан.
Сукунат бағрида жуда ўзгача
Гўзалсан, сокинсан, ишонарлисан.

Бунда ҳамма нарса ойга интилар,
Севгига интилган аёл сингари.
Боғдаги сочилган оппоқ инжулар
Севгига бўй берган ойнинг сингани.

Дарахтлар дарахтга ўхшамас ҳозир, —
Сени тингламоқда бир тўп аёллар,
Уларни бахтиёр қиласан охир
Бахш этиб осуда, сирли хаёллар.

Висолга отланган қизбола монанд
Минг хил турланасан, минг ҳунарлисан.
Сен менинг дугонам каби, Табиат,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан.

КЎКНИНГ РАВОҚИДАН ТЎКИЛДИ САСЛАР

* * *
045
Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Рашк ила тўлғониб қон бўлди гуллар.
Телбаланиб ўтди гулшан шамоли,
Бағри сўзон бўлди боши нигунлар —
Пайқамадингиз.

Кўкнинг равоқидан тўкилди саслар,
Сизни ойдин нурлар жим ёрлақади.
Туннинг қароғидай қаро наргислар
Бошингизга тўккан нурни алқади —
Алқамадингиз.

Дарди бегоналар бегона бўлди,
Кўзнинг кўзгусида розлар балқиди.
Умид дилимизга афсона бўлди,
«Ёр» дедик, саҳрою замин қалқиди —
Қалқимадингиз.

Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Ҳажрингиз мотами жонларга етди.
Сизни севганларнинг бевақт заволи
То саҳар   бу даҳр гулшанин тутди —
«Ёр» демадингиз.

* * *

Ҳаттоки, ёнма-ён яшаб туриб ҳам,
Бир-бировин баъзан севолмас одам.
Ҳаттоки, жонидан ортиқ севиб ҳам,
Бир-бировга меҳр беролмас одам.

Меҳрли бўлса-да бир-бирисига,
Барибир, недандир кўнгли қисилган.
Кўнгил бир нимани қўмсайди мудом,
Бу не муҳтожликдир, билолмас одам…

* * *

Чоғим йўқ, ўзимни тарк этган чоғим,
Жисми урёнимда ўсган пучмоғим,
Руҳим дарахтидан тўкиб япроғим,
Сени сўраб борсам, остонанг қани?

Гулхан ўчган бўлса кўнглим кулмасми,
Йўлинг кесган бўлсам, севгим йўлмасми,
Илкингда сўлдирган мендай гулмасми,
Гавҳар экай десам, гулхонанг қани?

Изимни изласа, топгай изтироб,
Кулбамга бир бора боқмайди офтоб…
Ранжим кўп, умидим ундан беҳисоб,
Севмоқни ўргансам, дарсхонанг қани?

Жонимда бир жондай кечди малолим,
Кўнглим вайронида дардинг — жалолим,
Нечун номинг айтсам, йиғлар хаёлим,
Яшаб ўтай десам кошонанг қани?

* * *

Тун ярим. Кўкда ой сирғалиб кетди,
Нафасимга юлдуз нафаси етди.
Дарахтлар йўқотиб қўйди соясин,
Дилимга ул умид сояси етди.

Ғунча ҳовучини очиб юборди,
Гулшакл хуш бўйлар сочиб юборди.
Секин шивирладим, сўзлар изладим,
Хаёл соҳибига етди сўзларим.

* * *

Сиздан парво эмас, сўрадик ғавғо,
Илинжли дунёда баъзан аҳд раво.
Ағёр таънасидан ўксик кўнглимиз
Ва лекин васл эмас энди муддао.

Энди парилардан Сизга эътибор,
Аламларни кечсак, бизда ихтиёр
Ва лекин паришон ҳолимиз сўрманг,
Баҳри  гирдоб аро баҳри  ғам бисёр.

Не ажаб йўлингиз тушса, гашт сари,
Боғ сари, тоғ сари, балки дашт сари,
Бизга нима ташвиш, қайрилмасангиз,
Кўнглингиз шаштидан айрилмасангиз

Биз Сизни шунчаки…
Эски бу дафтар,
Умримиз қайгадир этмоқда сафар.
Фақат дилга етган жиндай озор бор,
Бевафо умрдай бевафо ёр бор.

Сиздан парво эмас, сўрадик ғавғо,
Илинжли дунёда баъзан аҳд раво.
Ағёр таънасидан ўксик кўнглимиз
Ва лекин васл эмас энди муддао.

* * *

Куй чалса гар муғанний ,
Дилда дил топилгайми ,
Ҳабибим қўшиқ айтса,
Шул куйга қотилгайми.

Ишқ базмига кечиккан
Барчага овоз етиб,
Ҳамма зулмат тарқалиб,
Жами йўл очилгайми.

Менинг боғимда ўсган
Қоп-қора тун гуллари
Сайргоҳ самоларга
Жавқу завқ сочилгайми.

Жонга тушган тийра дуд
Ерни ҳам хушманд этиб,
Ғамли куй оҳангида
Йиғлабон топингайми.

Муножотни жон қуши
Ўзи-ла олиб учса,
Вужуд ўшал кунда жим
Тунларни ёпингайми.

Ёхуд мастона куйда
Бирлашиб руҳ ила тан,
Базмга йўл олса гар,
Мангулик сотилгайми…

Куй чалса гар муғанний ,
Дилда дил топилгайми ,
Ҳабибим қўшиқ айтса,
Шул куйга қотилгайми…

НОДИРА ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Жисм аро жон хаста бўлди ёрсиз,
Ҳофизим этмас тараҳҳум, корсиз,
Зору афғон этгаймен жим, зорсиз,
Ёрнинг васли эмас озорсиз,
Гулшан ичра гул топилмас хорсиз.

Бир ишора бўлса ёхуд гарди по,
Кўзимда нури умид бўлмас адо,
Эшигинда бўлдиму минг йил гадо.
Ул париваш васлидан бўлдим жудо,
Роҳати дил қолмади дилдорсиз.

Менга эрмас, ўзгаларга кулди ул,
Шум рақибнинг олдида хор бу кўнгил,
Энди йиғлаб ювса кетмас доғи дил,
Оразин кўр, зулфидин бўлма малул,
Бу жаҳонда ганж йўқдир морсиз.

Неки андуҳ келди ул ғаддордин,
Куйдиму ком изладим шарордин,
Телба ошиқ қайтмас эрмиш дордин,
Ор қилмас таънаи ағёрдин,
Ошиқи содиқни дерлар орсиз.

Ёр, майли, энди ғайби роҳ ўлинг,
Жонда фитна еткурур титроқ ўлинг,
Дил худога туҳфа этсин , жоҳ ўлинг,
Нодира аҳволидан огоҳ ўлинг,
Эй мусоҳибларки, қолмиш ёрсиз.

* * *

Ёмғир ёғар.
Йиғлаб-йиғлаб тарқар булутлар,
Эрта, албат, бу тупроқда майса унади.
Қисмат инъом этган янги кўкламга қараб,
Бугун менинг кўзимга ҳам ёшлар келади.

Ҳали қишнинг муз нафаси йироқ кетмаган,
Яп-яланғоч новдаларда руҳ бор телбавор.
…Ташлаб келган манзилларин дил унутмаган,
Юрагимда ўтган йилги хазон расми бор.

* * *

Тан оламан:  ўрганолмадим
Ҳамон булбул куйлаган байтни.
Шеърлар ёздим, кулса омадим,
Балки топдим шунчаки пайтни.

Тутиб олмоқ насиб этмади
Бир бор ҳафтранг камалакларни.
Тан оламан: атай тутмадим
Гулга қўнган капалакларни.

Шафақ кўчган қирларга чиқиб,
Шафақ эмас, лолалар тердим.
Шоирларнинг шеърини ўқиб,
Шеър дардини юқтириб юрдим.

Бир аёлдай юрагим нолон,
Муҳаббатдан юрагим доғли.
Тан оламан, бироқ бу армон
Ҳаёт каби азиз, ардоқли.

* * *

Ошиқману, лекин ошкор эмасман,
Ўзимдан ўзгага ағёр эмасман.
Сенинг дардинг дилу жоним ўртади,
Бемор эмасману бедор эмасман.

Ул туйғу қадаҳдан тўкилган майдек
Жонимни куйдирар, ҳушёр эмасман.
Билмайман, ўзимни излайин қайдан,
Менам ишқ, савдода такрор эмасман.

Кетдинг мендан, кўзи нигорим менинг,
Бари беҳуда-ку, иқрор эмасман.
Сен менинг ишқ фаслим экансан билсам,
Хазон эмасману баҳор эмасман.

Хазон эмасману баҳор эмасман…

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 1995,№ 5-6 (Охирги шеър бу манбадан эмас)

O‘zbekning chinakam betakror Shoirasi Farog‘at Kamolova hayot bo‘lganida shu kunlarda 65 yoshini nishonlagan bo‘lardi.

XX asr o’zbek she’riyatida Farog’at Kamolning o’z o’rni bor. Shoira 80-yillarda adabiyot sarhadiga kirib kelgan avlod nafaqat eng yosh vakili, shuning barobarida o’z avloddoshlari bilan mavjud she’riyatga jiddiy ta’sir ko’rsata olgan xos ovoz sohibasi hamdir. Bugun ayni o’sha olis yillarda e’lon qilgan she’rlari bilan tanishtiramiz.

FAROG’AT KAMOL
SHE’RLAR
045

Farog’at Kamolova 1959 yil, 27 martda Jizzax tumanidagi Mo’lkanlik qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1981). Dastlabki she’riy to’plami — «Osmon parchasi» (1982). Shundan keyin shoiraning «Uzoq safarlar», «Bargizub» (1990), «Holatlar kitobi» (2000) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan.

045

«OSMON PARCHASI» (1985) TO’PLAMIDAN

* * *

055

Ona-zamin quchog’ida bir go’dakman,
Atrofimda xayol surar yulduzlar jim.
Belanchagim tebranadi — tong otadi,
Belanchagim tebranadi — cho’kadi tun.

Shovqin solib kezib yurgan shamollar-ku,
Sezmoqdaman men ularning havasini.
Astagina urilaman shamollarga,
Shamollar, eh, yulduzlarning nafasimi?

Belanchagim tebranadi,
Uzoq-uzoq
Titrab qolar nazarimda yulduzlar ham.
Koinotning xayollari yana porloq,
Ulg’aymoqda, ulg’aymoqda ulkan odam…

Astagina urilaman shamollarga…

* * *

Osmonning bir parchasi menikidir,
o’sha yerdan
menga atab yog’iladi qor,
yog’ilar yomg’ir.
Quyoshning bir parchasi menikidir,
Quyoshdan to’kilar
yuragimga hovuch-hovuch nur.
Olamdagi qo’shiqlarning
shu bittasi menikidir…
Parcha osmon, parcha quyosh va qo’shiqdan
yaralgan, deb o’ylayman
men o’zimni ham…

* * *

Tilsiz samo qadar sokindir dunyo,
Faqat yuragimda ezgu dovullar.
Yo’limda jimgina oqmoqda daryo,
Faqat yuragimda to’lqin shovullar…

Jimjit qirg’oqlarni kezdim ohista,
Sassiz qarshiladi bosh egib chaman.
Jimliklarga kirdim nimadir istab,
Jimliklarga kirdim tovushim bilan…

* * *

Inson — kenglik,
Unda
Gul ham o’stirish mumkin,
Tikan ham,
Ishq ham o’stirish mumkin,
Nafrat ham.
Mening yuragimda umid o’sadi.
Bir kun Bu umid
Yuragimga sig’may ketishi mumkin.

B A H O R

Burgutlardan, yellardan ham betinchman bu on,
Yangi bahor kutayotir mening osmonim.
Hislar tashna yuragimdan toparkan makon,
Olis-olis ufqlarga ko’z tikaman jim.

Bu hislarning sharhiga men ojizman bir oz,
Ha, ularni mendan emas, bahordan so’rang.
Mening qalbim shu bahordan bir zarra, xolos,
Ovozlarim shiddatidan olmoqda jarang…

* * *

Qo’shiq aytib o’tar bir gala qushlar,
Havoda qoladi ajib ehtiros.
Bolalar chopishar yerda olqishlab,
Qichik qalblarida bir dunyo ixlos.

Uchar xayollari qushlar ortidan,
Yangi bir dunyo kashf etib qaytarlar,
Yangi bir samo kashf etib qaytarlar.
Uchar xayollari qushlar ortidan.

Bizning qushlar uzoq-uzoq ucharlar,
Asta to’ldirishar osmonimizni.
O’sha qushlar yuksak e’tiqod bo’lib
Olis-olislarga chorlaydi bizni…

Bizning qushlar uzoq-uzoq ucharlar…

* * *

Xayolimdek cheksizdir osmon,
Xayolimdek cheksizdir zamin.
Oraliqda yashar bir armon,
Yashar betinch yuragim mening.

Oq bulutlar ichra osuda
Yolg’iz bir qush samoda daydir.
Shu qushchaning tinch parvozida
Sevinchlarim borga o’xshaydi.

Ko’kda vazmin bulutlar suzar, —
Uxlab yotar samoda oq qor.
Uxlab yotar mangulik sirlar,
Samolarda sog’inchlarim bor.

Faqat intiq jonim qasdida
Yulduzlar ham porlaydilar jim.
Yulduzlarnnng shunday ostida
Jilmayadi mening Vatanim…

Xayolimdek cheksizdir osmon,
Xayolimdek cheksizdir zamin.

* * *

Yillar masofadir,
yo’llar ham cheksiz.
Bugun yuragimda armonlar tuydim.
Qaydadir yashaydi bir chiroyli qiz,
Men Sizga tamoman ishonmay qo’ydim.

Yillar oldida men gunohkor, ojiz,
Yo’llar mening uchun ayriliq bo’ldi.
Sizga peshvoz chiqdi bir chiroyli qiz,
Men uchun muqaddas nedir yo’q bo’ldi.

Quvonchlar ketdilar Siz bilan birga,
Men go’yo barchasin yo’qotdim birdan.
Barchasi tark etdi butun umrga,
Faqat ojizligim qoldi men bilan.

***

Sening isming uzun,
O’n yil, o’n besh yil
Mening xotiramni to’ldirdi.
Sening ko’zlaring ham shunchalar chuqur,
Uzun-uzun yillar unga g’arq bo’ldi.
Sening sharpang mudom ko’zim o’ngida
Og’ir soya kabi tebranib turdi.
Sening isming uzun,
O’n yil, o’n besh yil
Mening xotiramni to’ldirdi.

***

Ketar bo’lsam safarga,
Yomg’irlar quyib tursa,
Yog’ib turgan yomg’irdan
Atrof ma’yus tuyulsa.

Ketar bo’lsam safarga,
Yon-atrof bo’lsa sirli,
Hech kimsa ko’rinmasa,
Bu kun bo’lsa yomg’irli.

Men esa yig’lab olsam
Ketmoq juda og’irday.
Ko’z yoshlarim ham sim-sim
Yog’ib turgan yomg’irday.

Ketar bo’lsam safarga,
Yomg’irlar vido aytsa.
Safar oldidan har gal
Sochim oqarib bitsa…

* * *

Stolimda hali yozilmagan qog’oz.
Guldonda bosh egib turar qog’oz gullar.
Turaman — noqulay,
Xayol suraman,
Baribir,
Kimdir borday tuyulaverar.

Boraman,
Kelaman xonam ichida,
Yoqib o’chiraman chiroqlarimni.
Baribir poylaydn surbet Tun meni,
Qo’yib derazalar — quloqlarnni.

O’ZIMGA KINOYA

Qog’ozga aytasan barcha gapingni,
Har holda qog’oz oq farishtamisol,
Sadoqatli do’stday tinglaydi qog’oz,
Keyin yoqib tashlash imkoni ham bor.

Qog’ozga aytasan sevinchlaringni,
Achchiq jilmaymas u keyin har holda.
Qog’ozning tili yo’q — yoymas siringni,
Axir u — oddiy bir qog’oz-da.

* * *

Eshiting, maysalar shivirlashmoqda,
Mayin egilishib biri birisiga.
Eshiting, maysalar muhabbatini —
Bosh egib bildirar sevgilisiga.

Tanish ohanglar bor shivirlashida,
Turarlar sevgisin yashirgan kabi.
Nozik maysalariing past tovushida
Hayotning hammaga yaqin ertagi.

Go’yo aytishadi tanish gaplarni,
Charchamaydi qayta-qayta aytmoqdan.
Iboli ayoldek egik qadlari,
Eshiting, maysalar shivirlashmoqda.

TILAKLARIM

Saxiy bo’lsa quyosh yana bir qadar,
Yoritsa qorong’u g’orlar ichini.
Qandaydir boshqacha bo’lsa daraxtlar,
Hatto bir-biridan so’rsa kechirim,

Salgina boshqaroq bo’lsa tabiat,
Odamlar ham yaxshi bo’lsa bir qadar,
Bir-birin bir kunda o’n marta ko’rsa,
O’n marta yangidan salom bersalar…

SEHRGAR KUZ HAQIDA TO’RT SO’Z

«Tila tilagingni» deydi sehrgar.
Men esa bir muddat qotib turaman,
O’ylayman,
Nimadan boshlasam ekan?
Shu qadar ko’p unga aytar gaplarim.

2

«Yur biz bilan birga»,
Kuylar turnalar,
Mening o’ylarimning oxiri yo’qday.
O’ylayman,
O’sha turnalarning qaytar kunlarin.

3

Yerga yoza boshlar nimalarnidir,
Qo’ldagi qalamini
Quyoshga botirgan.
Yorda qalamining sirli izlari,
Ular nimalarni solar xotirga?

4

Men esa bilmayman, nima demoqchi
Ma’yus daraxtlarning egik shoxlari.
Men qotib turibman.
Menga qadalgan
Keksa sehrgarning tinch nigohlari.

* * *

Tabiat, sen mening dugonam kabi,
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan.
Sukunat bag’rida juda o’zgacha
Go’zalsan, sokinsan, ishonarlisan.

Bunda hamma narsa oyga intilar,
Sevgiga intilgan ayol singari.
Bog’dagi sochilgan oppoq injular
Sevgiga bo’y bergan oyning singani.

Daraxtlar daraxtga o’xshamas hozir, —
Seni tinglamoqda bir to’p ayollar,
Ularni baxtiyor qilasan oxir
Baxsh etib osuda, sirli xayollar.

Visolga otlangan qizbola monand
Ming xil turlanasan, ming hunarlisan.
Sen mening dugonam kabi, Tabiat,
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan.

KO’KNING RAVOQIDAN TO’KILDI SASLAR

* * *
045
Sohir ko’zingizda g’ayr xayoli,
Rashk ila to’lg’onib qon bo’ldi gullar.
Telbalanib o’tdi gulshan shamoli,
Bag’ri so’zon bo’ldi boshi nigunlar —
Payqamadingiz.

Ko’kning ravoqidan to’kildi saslar,
Sizni oydin nurlar jim yorlaqadi.
Tunning qarog’iday qaro nargislar
Boshingizga to’kkan nurni alqadi —
Alqamadingiz.

Dardi begonalar begona bo’ldi,
Ko’zning ko’zgusida rozlar balqidi.
Umid dilimizga afsona bo’ldi,
«Yor» dedik, sahroyu zamin qalqidi —
Qalqimadingiz.

Sohir ko’zingizda g’ayr xayoli,
Hajringiz motami jonlarga yetdi.
Sizni sevganlarning bevaqt zavoli
To sahar bu dahr gulshanin tutdi —
«Yor» demadingiz.

* * *

Hattoki, yonma-yon yashab turib ham,
Bir-birovin ba’zan sevolmas odam.
Hattoki, jonidan ortiq sevib ham,
Bir-birovga mehr berolmas odam.

Mehrli bo’lsa-da bir-birisiga,
Baribir, nedandir ko’ngli qisilgan.
Ko’ngil bir nimani qo’msaydi mudom,
Bu ne muhtojlikdir, bilolmas odam…

* * *

Chog’im yo’q, o’zimni tark etgan chog’im,
Jismi uryonimda o’sgan puchmog’im,
Ruhim daraxtidan to’kib yaprog’im,
Seni so’rab borsam, ostonang qani?

Gulxan o’chgan bo’lsa ko’nglim kulmasmi,
Yo’ling kesgan bo’lsam, sevgim yo’lmasmi,
Ilkingda so’ldirgan menday gulmasmi,
Gavhar ekay desam, gulxonang qani?

Izimni izlasa, topgay iztirob,
Kulbamga bir bora boqmaydi oftob…
Ranjim ko’p, umidim undan behisob,
Sevmoqni o’rgansam, darsxonang qani?

Jonimda bir jonday kechdi malolim,
Ko’nglim vayronida darding — jalolim,
Nechun noming aytsam, yig’lar xayolim,
Yashab o’tay desam koshonang qani?

* * *

Tun yarim. Ko’kda oy sirg’alib ketdi,
Nafasimga yulduz nafasi yetdi.
Daraxtlar yo’qotib qo’ydi soyasin,
Dilimga ul umid soyasi yetdi.

G’uncha hovuchini ochib yubordi,
Gulshakl xush bo’ylar sochib yubordi.
Sekin shivirladim, so’zlar izladim,
Xayol sohibiga yetdi so’zlarim.

* * *

Sizdan parvo emas, so’radik g’avg’o,
Ilinjli dunyoda ba’zan ahd ravo.
Ag’yor ta’nasidan o’ksik ko’nglimiz
Va lekin vasl emas endi muddao.

Endi parilardan Sizga e’tibor,
Alamlarni kechsak, bizda ixtiyor
Va lekin parishon holimiz so’rmang,
Bahri girdob aro bahri g’am bisyor.

Ne ajab yo’lingiz tushsa, gasht sari,
Bog’ sari, tog’ sari, balki dasht sari,
Bizga nima tashvish, qayrilmasangiz,
Ko’nglingiz shashtidan ayrilmasangiz

Biz Sizni shunchaki…
Eski bu daftar,
Umrimiz qaygadir etmoqda safar.
Faqat dilga yetgan jinday ozor bor,
Bevafo umrday bevafo yor bor.

Sizdan parvo emas, so’radik g’avg’o,
Ilinjli dunyoda ba’zan ahd ravo.
Ag’yor ta’nasidan o’ksik ko’nglimiz
Va lekin vasl emas endi muddao.

* * *

Kuy chalsa gar mug’anniy ,
Dilda dil topilgaymi ,
Habibim qo’shiq aytsa,
Shul kuyga qotilgaymi.

Ishq bazmiga kechikkan
Barchaga ovoz yetib,
Hamma zulmat tarqalib,
Jami yo’l ochilgaymi.

Mening bog’imda o’sgan
Qop-qora tun gullari
Sayrgoh samolarga
Javqu zavq sochilgaymi.

Jonga tushgan tiyra dud
Yerni ham xushmand etib,
G’amli kuy ohangida
Yig’labon topingaymi.

Munojotni jon qushi
O’zi-la olib uchsa,
Vujud o’shal kunda jim
Tunlarni yopingaymi.

Yoxud mastona kuyda
Birlashib ruh ila tan,
Bazmga yo’l olsa gar,
Mangulik sotilgaymi…

Kuy chalsa gar mug’anniy ,
Dilda dil topilgaymi ,
Habibim qo’shiq aytsa,
Shul kuyga qotilgaymi…

NODIRA G’AZALIGA MUXAMMAS

Jism aro jon xasta bo’ldi yorsiz,
Hofizim etmas tarahhum, korsiz,
Zoru afg’on etgaymen jim, zorsiz,
Yorning vasli emas ozorsiz,
Gulshan ichra gul topilmas xorsiz.

Bir ishora bo’lsa yoxud gardi po,
Ko’zimda nuri umid bo’lmas ado,
Eshiginda bo’ldimu ming yil gado.
Ul parivash vaslidan bo’ldim judo,
Rohati dil qolmadi dildorsiz.

Menga ermas, o’zgalarga kuldi ul,
Shum raqibning oldida xor bu ko’ngil,
Endi yig’lab yuvsa ketmas dog’i dil,
Orazin ko’r, zulfidin bo’lma malul,
Bu jahonda ganj yo’qdir morsiz.

Neki anduh keldi ul g’addordin,
Kuydimu kom izladim sharordin,
Telba oshiq qaytmas ermish dordin,
Or qilmas ta’nai ag’yordin,
Oshiqi sodiqni derlar orsiz.

Yor, mayli, endi g’aybi roh o’ling,
Jonda fitna yetkurur titroq o’ling,
Dil xudoga tuhfa etsin , joh o’ling,
Nodira ahvolidan ogoh o’ling,
Ey musohiblarki, qolmish yorsiz.

* * *

Yomg’ir yog’ar.
Yig’lab-yig’lab tarqar bulutlar,
Erta, albat, bu tuproqda maysa unadi.
Qismat in’om etgan yangi ko’klamga qarab,
Bugun mening ko’zimga ham yoshlar keladi.

Hali qishning muz nafasi yiroq ketmagan,
Yap-yalang’och novdalarda ruh bor telbavor.
…Tashlab kelgan manzillarin dil unutmagan,
Yuragimda o’tgan yilgi xazon rasmi bor.

* * *

Tan olaman: o’rganolmadim
Hamon bulbul kuylagan baytni.
She’rlar yozdim, kulsa omadim,
Balki topdim shunchaki paytni.

Tutib olmoq nasib etmadi
Bir bor haftrang kamalaklarni.
Tan olaman: atay tutmadim
Gulga qo’ngan kapalaklarni.

Shafaq ko’chgan qirlarga chiqib,
Shafaq emas, lolalar terdim.
Shoirlarning she’rini o’qib,
She’r dardini yuqtirib yurdim.

Bir ayolday yuragim nolon,
Muhabbatdan yuragim dog’li.
Tan olaman, biroq bu armon
Hayot kabi aziz, ardoqli.

* * *

Oshiqmanu, lekin oshkor emasman,
O’zimdan o’zgaga ag’yor emasman.
Sening darding dilu jonim o’rtadi,
Bemor emasmanu bedor emasman.

Ul tuyg’u qadahdan to’kilgan maydek
Jonimni kuydirar, hushyor emasman.
Bilmayman, o’zimni izlayin qaydan,
Menam ishq, savdoda takror emasman.

Ketding mendan, ko’zi nigorim mening,
Bari behuda-ku, iqror emasman.
Sen mening ishq faslim ekansan bilsam,
Xazon emasmanu bahor emasman.

Xazon emasmanu bahor emasman…

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali, 1995,№ 5-6 (Oxirgi she’r bu manbadan emas)

05

(Tashriflar: umumiy 4 560, bugungi 1)

1 izoh

  1. Фароғат ёрқин шоираларимиздан. Гўзал шеърлар. Хуршид ака, савоб иш қилибсиз. Оллоҳ рози бўлсин.

Izoh qoldiring