Farog’at Kamol. «Holatlar kitobi»dan she’rlar & Sanobar Mehmonova. Mening daraxtlarim. Esse

c44e48a1bdeddac16e16b3d22dbadaef.png 27 март  — истеъдодли шоира Фароғат Камолова таваллуд топган кун

  «Мен сизнинг китобингизни ёстиғим остида авайлаб, тобутимгача олиб бораман»,- деб ёзади Марина Цветаева Анна Ахматовага мактубларида. Мен ҳам сизнинг китобингизни ўғирлатиб қўйишдан қўрқаман, Фароғат опа!

Санобархон Меҳмонова
МЕНИНГ ДАРАХТЛАРИМ
054

«Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди —
Унда нималардир ошкора эмас.
(Севган шоирам, дилбар шоира,чинакам бадиият шоираси Фароғат Камолованинг *Ҳолатлар*китобидан)

034«Мен сизнинг китобингизни ёстиғим остида авайлаб, тобутимгача олиб бораман»,- деб ёзади Марина Цветаева Анна Ахматовага мактубларида. Мен ҳам сизнинг китобингизни ўғирлатиб қўйишдан қўрқаман, Фароғат опа!

Сизни менинг шеърпараст кўнглим яхши кўради, менинг ҳокисор кўнглим баргизубга айланиб, сизнинг шеър ёзаётган лаҳзалардаги ҳолатингизга кириш учун, япроқларини дафтар қилганча ёзув столингизга кетиб қолади. Менинг девона кўнглим, менга бўйсунмайдиган шеърпараст кўнглим бошқа шоирларниям шунақа яхши кўрган, аммо яхши кўргани учун ўксиб, ўкситилиб инжиган. Аммо мен энди кўнгилни авайлаш илмини ўрганяпман. Уни сиздан ўксишига қўймайман. Чунки кўнглимдан Сизнинг дилбар ҳолатларингиз кетса, шеърга қайтишга қийналаман, ШЕЪРий руҳга қайтишга қийналаман.

Ўзим ҳам ҳайрон қоламан, менда доим бир нуқтаи-назар бор, шеър фақат ҳолатлардан иборат бўлиши керак, тамом-вассалом. Унга иддао, писанда, ҳатто амри-маьруф ва наҳйи-мункару   даъватлар ҳам бунга, айнан бу жанрнинг ичига киришига қатъиян қаршиман. Кимгадир баҳонада айтиб олинадиган гаплар, суқиб олинадиган нишлару қанчалик усталик ва поэтик маҳорат билан амалга оширилмасин, барибир шеърни, шеърдан узиб, айириб, публицистик нутққа айлантириб, шеърга зулм қилади,- деб ўйлайман. Ҳамиша адабий давраларда шу фикрда қаттиқ туриб олганман. Шунда фаросатли, шеърга нисбатан ҳамиша эҳтиромли бўлган шоир  Фахриёр хам буни қўллаб-қувватлаб: «Тўғри айтасиз,ўша бугун кўпчилик тан олаётган фалончи шоирларни шеърини ўқисанг, худди биров билан уришаётгандай таассурот қолдиради. Аммо Фароғат опада, хақиқатан шеърга ундай вазифа юклашлар йўқ, сиз айтгандай соф бадиий ҳолатларни таърифлайдилар!!!» деб меҳр билан эътироф этгандилар.

Қачонлардан бери «Менинг Дарахтларим» деган бир туркумни хаёлимда қоралаб юрибман. Унда қалбимга, руҳимга ўз сояси, меваси ва файзи билан қўр берган, файзли, нурли ва севимли инсонларим ҳақида ёзмоқчиман. Негадир илгари бунга истиҳола қилардим. Гўёки бу бошқалар наздида бир хушомад бўлиб туюларди. Аммо ҳадиси шарифда «Бир-бирларингизга бўлган меҳрларингизни билдиринг»,- деб бежизга даъват қилинмайди-ку. 2007 йилда, кўнглимда шеърдан, шаклу қофиялар ясаб, кун кўриб, тирикчилик қиладиган шоирлардан, ғийбатчию-фитначи шоиралардан жудаям қаттиқ безган вақтларимда, ўзимнинг ожизлашган адабий кайфиятимни кўтариш учун,  Хоразмга Матназар Абдулҳакимни биргина кўриб, суҳбатларини олиш ва шу файз боис,  шеърсиз яшолмайдиган бу ҳокисор кўнглимга таскин бериш учун борганман. Аммо, бир ой Хоразмда қариндошларимникида туриб ҳам у  кишини бориб кўришга ҳаддим сиғмаган. Ҳали бунга муносиб эмасман, Паҳлавон Маҳмуду  Бедил ҳазматларини таржима қилган бу том маънодаги ОРИФ зотга юзма-юз келадиган салоҳият менда йўқ,- дея, олдиларига боришга ўзимда журъат тополмаганман. Эҳтимол, туғма тортинчоқлигим бунга йўл бермагандир. Аммо Матназар Абдулҳаким бизни ташлаб, чин дунёга кетганларини эшитгач, бу суҳбат, бу дийдор  менга армон бўлиб қолди. Ким нима деса, деяверсин мен аниқ биламан,ўз вақтида қилинмаган кечиккан эътирофлар ҳам, сўралмаган узрлар каби аччиқ бўлади. Кейин одамга алам қилади. Шоир, ижодкор ҳамиша руҳан рағбатга, далдага муҳтож. Таъкидлайман, хушомадга эмас, ДАЛДАга муҳтож. Нега, шуни ўз вақтида қилмаслик керак. Ахир қанча яшашимизни билмаймиз-ку! Нега айтиш керак бўлган ХОЛИС гапни айтгани истиҳола қиламиз….

Сиз билан мени ҳеч қачон, ҲЕЧ ҚАНДАЙ МАНФААТЛАР боғламаган. Ҳатто, сизни охирги марта қачон кўрганимниям эслолмайман, аммо менинг юрагим сизнинг нозик юрагингизни ҳар кун бориб, зиёрат қилиб келади. Ҳисларим шунчалик ҳисларингизга яқинки…

Сизнинг китобингизни ҳамиша сумкасида олиб юрадиган, уни ўғирлатиб қўйишдан, ўзига ўхшаш шеърпараст дугоналарига олдириб қўйишдан қўрқиб яшайдиган, талаба қизнинг тийрак нигоҳлари уйғотди мени бу тонгда. Ўша қиздан қанчалик узоқлашиб кетганимни кўриб, жону жаҳоним силкиниб йиғладим, бу шундай йиғи эдики, ўша талаба қиз ва менинг орамга йиллар солган ҳамма деворларни кўзёши билан лой қилиб, тупроққа қориб ташлади. Бу шундай йиғи эдики, ботину зоҳиримдаги барча гарду ғуборларни тозалади. Яна ўша, «Вузгородок»даги ҳазин руҳ билан, ҳар бир дарахтидан шеър ёғилаётган боғлар, шу боғлар оралаб, «ҲОЛАТЛАР КИТОБИ»ни, хазинадай бағрига босиб, Гуландом Тоғаевага суюнчилаш учун, ҳовлиқиб-энтикиб кетиб бораётган  шеърпараст қиз ва менинг орамдаги ўнбеш йиллик масофани тамомила йўқотди. Мен яна ўша шеърга банди бўлган, сизнинг«Ҳолат»ларингизга тамомила асир бўлган, ўша ойдин кунларимга қайтдим. У кунлар шунчалик нурлики, ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Ундан узоқроққа, «Тошкентга ўқишга борсам, дунёда мендан бахтли одамнинг ўзи йўқ, ўқишга киришдан ортиқ БАХТнинг ўзи йўқ,-деб ўйлайдиган, тонггача ухламай, гоҳ «Ахбаротнома» ёдлаб, гоҳ шеър ўқиб, Худодан уйдагиларининг кўнглига ўқишга юборишлари учун раҳм сўраётган, маъсум, шаффоф кунларимга қайтдим. Ва қушдай енгил бўлдим. Бу дунёда ҳеч бир шодлик, бу покловчи йиғига тенг келолмаслигини, мен биламан. Фақат, БУНИ ЙИҒЛАБ КЎРГАНЛАР билади. Шу йиғи учун, шеърнинг борлиги учун, сўзнинг борлиги учун, Сизнинг борлигингиз учун Худойимга шукр!!! Минг бор шукр!!! Биз бошқача бўлолмаймиз, бизнинг бахтимиз ҳам, бахтсизлигимиз ҳам, фазилатимиз ҳам, нуқсонимиз ҳам ШЕЪРдир.

ШЕЪРларингиз адабиётимиз учун, халқимиз учун севикли туҳфа бўлади. Мабодо, мен ҳовлиқиб, нотўғри айтган бўлсам — энг олий ҳакам бўлмиш Вақт сокинлик ва теранлик билан ТАҲРИР қилади, ўшанда ҳам сизнинг «ҲОЛАТ»ларингиз эмас, менинг қуйилиб келаётганидан ёзишга улгуролмаётган ҳисларим тушса керак, таҳрирга, зинҳор сизнинг шеърларингизмас…

Сиз менинг шоирамсиз,Фароғат опа!!! Мен сизнинг китобингиздан юрагимни ҳеч қачон ажратиб ололмайман. Ҳисларимни ҳисларингизга ошуфталикдан жудо қилолмайман…

Зеро, қалблар бир-бирига ошуфта бўлган бу шеър отлиғ мамлакатда бизни ҳамиша СЎЗ, СЎЗ бўлгандаям қандайдир мақсадларга восита бўладиган СЎЗлармас, қалбларни қалбларга туйғулар ила боғлайдиган илоҳий СЎЗ ҳамиша бирлаштириб туради.

Аҳзарваш ҳислардан кўкарар қониб,
Кузакларда қолган маъсума хаёл.
Ям-яшил бир туғни руҳига қадаб —
Қаршиланг, келмоқда Фароғат Камол.

Юрагим тонг бўлиб уйғотажакдур,
Шабнамда қалқиган боди-сабони.
Бир ютум май янглиғ симирар дунё  —
Ишқнинг косасида Ғулом Мирзони.

«Бунда макрларга шафқат йўқ зинҳор,
Ёлғонга йўқ, дебон, заррача раҳмат.
Оламга ишқ тожин кийдирар  бедор  —
Ҳақнинг ҳур ошиғи Ҳалима Аҳмад.

Аҳли дил, аҳли дарк соғинар абад
Мукаррам дийдорни, Хуршид дийдорни.
Шариф Бухоронинг, кабир руҳлари —
Мангу қўлламасми, Усмон Қўчқорни.

Мен кимман, бу буюк туғёнлар аро —
Ўзига сиғмаган, ҳайрати урён.
Эй буюк кўнгилдош, буюк ошино  —
Сиз менга, сўз беринг, эй, Шавкат Раҳмон.

Манинг-да бир гўзал яшагим келар,
Ишқнинг ҳасратига тўлганча дийдам.
Агар шеър завқида чайқалса дунё,
Айтинг эсламасми Санобарни ҳам.

Худо дейман, бу қандай ҳузн,
Бу  қандайин поёни йўқ Ғам.
Бу туйғунинг озори учун
Ранжимагин мендан волидам.

Йиғлаётган қароқларимга,
Ранг беради, дайр-машшота,
Бухоронинг осмонидай кенг —
Кўзларингга чўкарман, ота.

Айт, қандайин жунун ичраман,
Бу паймонам ашкдан тўлмайди.
Кўтарилар минг бор фиғоним  —
Нечун кўнглим кўтарилмайди.

Ҳали шундай шеърлар айтаман —
Дунё,  эриб кетар кўзингдаги ғам.
Менинг телба-ошиғ жонимни
Юрагингга яшир, эй қалам.

Ҳали шундай шеърлар айтаман,
Яшаради бу қўҳна олам...

2016, январ

ФАРОҒАТ КАМОЛ
«ҲОЛАТЛАР КИТОБИ»ДАН
034

ҲОЛАТЛАР

033

1. УЧРАШУВ

Қайрилиб сен кетдинг.
На «салом », на «хайр»,
Сен кетдинг, ҳеч сўзга эҳтиёжинг йўқ.

Бир туман эдим мен, тарқай олмаган.
Бир туйғу эдим мен, кўзлари юмуқ…

Кетган томонингга қайрилди само,
Тўсатдан чайқалиб кетди бир дарахт,
Исмингни сўрмадим, билмадим аммо,
Қайси ой, қайси кун, на-да қайси вақт.

Титроқ нигоҳингни илғадим фақат
Ва билдим, Эгамдан бу ҳам — иноят.
Бир лаҳза қалбимни ёритди шу бахт —
Нигоҳингдан тушган титроқ бир соя…

2. ТАЪҚИБ

Елкамда қўлларинг юк бўлиб қолди,
Мудом таъқиб этар хира бир хаёл:
Гўё дардларини ташлаб бўйнимга
Ортимдан қолмайди сен севган аёл.

На қувонч изҳори, на дард сурати,
Кўнглимга ҳеч туйғу ташламас соя.
Билмайман, дилимнинг қайси ҳолати
Сенинг қиёфангдан излар ҳимоя.

3. КУЗАТИШ

Сенинг елкаларинг кичрайиб борар.
Узоқлаб кетяпсан. Қаерга? Нечун?
Кўнглингда дам олар тинган тўлқинлар,
Лабларинг шивирлар: — Ўтиб кетди кун…

Сени ўз ёдидан кузатиб қўйган
Ким эди, кўзлари бу қадар маъюс?
Қайрилиб қарайсан.
Бўм-бўш соҳилда
Шамол кезиб юрар.
Яқин эди куз.

* * *

Туннинг қучоғидан гул ҳиди келар,
Ҳидлаб уйғонаман ёстиқларимни.
Тушларимда қолган куйни соғиниб,
Юлдузлар бағримга тўкар нурини,

Маъюс ойдинликдан энтикар девор,
Шаффоф деразада ҳаяжон изи.
Биламан, ўнгда ҳам тушларим такрор,
Юракда ишқ кечган кунларнинг иси.

* * *

Мен биламан,
Хотирага ишониб бўлмас,
Унда яшар гарчи менга ўхшаган бека,
Бироқ баъзан тушунмайман унинг феълига —

Мендан пинҳон ўзгартирар кечмишим кам-кам,
Билинтирмай алдар ўтган йилларимни ҳам,
Кеча олар нохуш кечган воқеалардан.

Мен сезаман, Мени жуда аяр негадир ,
Қутқаради дилни оғир хотиралардан.
У ҳақ! Балки шундай битар номуносиб дўст
Дилга берган жароҳати, оғир дарслари,
Балки шундай сингиб кетар олис-олисда
Юрагингни босиб ўтган қадам саслари.

* * *

Ёмғир ёғар эди, дарахтлар юпун.
Дийдираб турибди жумлаи олам.
Мен ўз юрагимнн кўрмоқчя эдим,
Қуршаб ётган экан ёмғирдай туман.

Нима илинж эди ахир дунёга
Сочларимни ювиб оққан ёмғирдан:
Чечаклар илтижо этди самога,
Майсалар шошилиб келдилар қирдан.

Нима илинж эди. Сени эсладим.
Ёлғизсан бир хаёл тумани аро.
— Ёмғирдай яшайлик —  шивирлайсан жим,
Томчилар шовуллаб этарлар такрор.

Ёмғирдай яшайлик. Қийнар овозинг,
Руҳга гарчи жонбахш нафасинг тегар,
Ёлғизлик аламин тортади дилим,
Уни эслагунча яратган Эгам…

Бугун боғингизда ўрик гуллади,
Ўтлар орасида кулди мойчечак.
Уйингиз бурканди таниш бўйларга,
Бугун боғингизда Баҳор — келинчак.

Кимдир чертиб ўтди деразангизни,
Билолмай қолдингиз унинг кимлигин.
Турналар соғинди овозингизни,
Улар Сизни йўқлаб қайтдилар бугун.

Ариқлар қайгадир из солиб кетди,
Лаб буриб уйғонди ялпизлар тонгда,
Мен-ку ким бўлибман, мени унутди,
Лолалар очилди
Сизнинг томонда.

Бугун боғингизда ўрик гуллади ,
Новдада япроқлар жилмаймиш хиёл,
Мен ҳам Баҳор янглиғ қутлайин десам
Хавфим бор: овозим бормас эҳтимол…

* * *

Ёмғир, ёмғир, кўклам ёмғири,
Ёғиб кўнглим тубларига оқ.
Сени жуда соғинди кўнгил,
Ҳидларини сочсин қалдироқ.

Севишганлар тилаклари бир:
Куртакларнинг гуллаши лозим.
Дунё жуда бахтга яқиндир,
Эшиттиргин унинг овозин.

Булутларнинг кўчиб бағридан,
Ҳаёт берсанг тошқин сойларга,
Қизғалдоқлар улашар замин
Юрагимга яқин жойларга.

Лаҳза янглиғ қисқа умридан
Айтсин улар мастлигин шул дам.
Ёмғир, ёмғир, эслатиб ўтгин
Ҳеч нарсанинг қайтмаслигин ҳам

* * *

Дарахтларга насиб севилмоқ бахти,
Эҳтиросли ёрдай нотинч осмон.
Соғинч туйғусини туйган дунёда
Шамол ҳам нечундир кезади гирён.

«Сизми кўргим келди. Соғиндим Сизни».
Аланглайман, қайдан бу сирли товуш?
Ҳеч ким йўқ ёнимда. Йиғлагим келар.
Шохдан шохга кўчиб сайрайди бир қуш,

Ажиб муждаларни кутарман мен ҳам,
Сокин кунларимнинг бузилган тинчи.
Руҳимда шовуллар зангор бу олам,
Кўклам туйғулари, кўклам соғинчи.

* * *

Дилоромга

Ўхшатмадим Сизга ҳеч кимни,
Бир оз яна ўксиндим чоғи,
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи.

Жим-жит тунда йиғласа кимдир,
Йиғлаб-йиғлаб овунса ҳам сўнг,
Қолиб кетар туннинг бағрида
Ўша овоз қолдирган бир мунг.

У йиғлаган гарчи мен эмас,
Йиғлаб Сизга айтмаганман роз,
Юрагимнинг ичидан келар
Лекин ўша тундаги овоз.

Ўзим билмай маъюс тортаман
Юлдузлар жим чақнаган чоғи.
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи…

* * *

Бугун маъюс қиёфангда паришон бир хаёл кўрдим,
Юзинг маъюс этарда ул ойина хастаҳол, кўрдим.
Кўнгил бир тус, самоларда қолиб кетган ҳилол кўрдим,
Ўшал олис ҳилол янглиғ кўзингда мен савол кўрдим,
Юзинг маъюс этарда ул ойина хастаҳол кўрдим.

Сен айтдинг: боқ, нигорим, ишқ дилимизни ғариб этди,
Фано берган қаю сабоқ қаю жонни рақиб этди,
Қара, барча яшил япроқ кетарда сарғариб битди ,
Кетарда сарғарайлик, доғ, гар ишқданки, зариф этди,
Фано берган қаю сабоқ қаю жонни рақиб этди.

Сен айтдинг: йўл давоми йўқ, кетайликми туманларга,
Ғариб дилни этиб восил очилган оқ суманларга,
Кетар бўлсак, кўнгил дохил самовий анжуманларга ,
Гулу чечак қолиб ғофил, бу ишқ етсин чаманларга,
Ғариб дилни этиб восил очилган оқ суманларга…

* * *

Яна шундай бўлар, ҳар сафар шундай,
Мен кутган рангларда келаверар куз.
Боғлар қисматига қанча куюнмай,
Баргрезон фаслини севаман ҳануз.

Мангулик олдида юраги очиқ,
Сокин кенгликлардай озод ва беғам,
Ҳеч кимга боғланмай яшайди бир ишқ,
Тўкилиб яшайди хазонлар билан

Ва мафтун этади менинг кўнглимни,
Дунёни унутиб руҳим сархуш, жим.
Тингларкан ҳар сафар кетмоқ куйини,
Сўнгги япроқ каби титрар юрагим…

* * *

То тонггача ёғиб чиқди қор,
Симёғочда ўчмади чироқ.
Тонгда эса таниш йўллардан
Бир фаслга кетгандим йироқ.

Ўзга эди осмоннинг рўйи,
Мағрурмиди, балки баландроқ.
Қайтмоқ бўлдим мен ҳам кун бўйи,
Лозим йўлни топмадим бироқ.

Табиатга тушган айрилиқ
Кўчди менинг юрагимга жим.
Мени тамом унутди борлиқ,
Ё борлиққа айландим ўзим,

Ҳовучимга тўлиб қолди қор,
Руҳимга ҳам тўлди сукунат.
Юрагимда ёлғиз умид бор:
Айтолмадим ҳеч кимга фақат.

* * *

Ўзгаришлар кечди жим ,
Ой тўлди, сувлар оқди.
Дунё — қари мунажжим ,
Фол кўрди, кўкка боқди.

Бир даста қизил гулга
Ошиқ бўлди булбуллар,
Ғам тўлқини қуйилган
Денгиздай тинч кўнгиллар

Фирибгар куз қўйнида
Хазон бўлди япроқлар,
Муҳаббатнинг бўйнида
Қолиб кетди гуноҳлар.

Умид бизни алдади,
Вафо қилмади бу жон.
Дилдаги оғриқ каби
Фарёд узун, бемажол.

Ўзгаришлар кечди жим ,
Ой тўлди, сувлар оқди.
Кечикмай келди Ўлим,
Дунёнинг бағрин ёқди…

АКАМ ХОТИРАСИГА

Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан…
Чўлпон.

Дўсту ёр йиғлади ғафлатни қарғаб,
Дилни эзиб кирди умрлик бир ғам.
Гарчи биз ёлбордик: ёлғон эт, Ё Раб,
Ўшал кун биз Сиздан айрилдик, оғам.

Ғурбат тоғиними елкалаб келган
Кун эди, юракда ҳасратлари зил.
Умид офтобига бошини қўйган
Чоғида ерларга қулади кўнгил.

Ҳаёт бир тўкилди Ўлим пойига,
Оғир кишанида ингранди жон ҳам ,
Кўнгил жим йиғлади ўзин ҳолига,
Дунёнинг бири кам, кўнгилда минг кам.

Ҳижрон дудин туйиб қорайди фалак,
Термулдик Сиз юрган йўлларга бекор,
Юракка бир маъюс соғинчлар солиб,
Қайтмас бўлиб кетди қирқ икки баҳор…

ОТАМНИ ЭСЛАБ

Сизни ўйлаганда хаёлим нурли,
Меҳрингиз чайқалган самовий денгиз,
Фақат соғинганда энди бир мунгли,
Тушларимдан келар овозларингиз.

Сиз ўтиб борасиз уфқ томонга,
Фурсатингиз йўқдай қайрилмоққа ҳам.
Қўшилиб кетасиз ғалат туманга,
Қадамингиз энди ердан узилган.

Илғамай қоламан кўзларингизни,
Қай ифода ҳоким, қандай нур зоҳир,
Туманлардан излаб изларингизни,
Қадрдон далалар хўрсинар оғир.

Хазонлар, жимгина тўкилган янглиғ,
Айтилмаган сўзлар рангсиз, беқадр.
Сиз эса, қайдадир, руҳингиз ёруғ,
Сирдош одамингиз топгансиз ахир.

 

* * *

Ёр бўлса, кўнглида ардоғи бўлса,
Руҳида муҳаббат — бедоғи бўлса,
Туйғулар талоши кўнглин ўртаса,
Лаблари бир гулнинг япроғи бўлса.

Бир келса, бир йўла бахт ола келса,
Бир келса , йўлларин ювса ёмғирлар,
Ёр келса , аввало ҳаёла келса,
Ишқдан телба бўлса дўсту ёғийлар.

Ёр келса, сўргани дилу жон бўлса,
Ташна бўлиб келса меҳрга, зорга.
Ҳукмида балки юз меҳрибон бўлса,
Алмашиб келсайди ёлғиз дийдорга,

Ёр бўлса, ардоқли бўлса жон каби,
Азиз этган бўлса уни худойим.
Арзиса бир марта ўлмоғингга ҳам,
Яшасанг, сиғиниб яшасанг доим…

 

БОЛАЛИК

Сен ҳам майсамидинг баҳор қўйнида,
Яйраб ўсган эдинг дарё бўйида.
Билмадим, қай орзу, армон ўйида
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Бошимдан турналар тўкканда хаёл ,
Берк эшик кибридек дунёда малол.
Кўкларга боқдиму бепарво, беҳол
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Энди умрим уммон сари елдими,
Баҳор ўтиб яна баҳор келдими?
Бағрида дур оқди, дарё билдими?
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

* * *

Боғлар кўчиб кетди бу оқшом,
Шамолларни етаклаб кетди .
Ҳувиллаган маҳзун гўшада
Неки бўлса, йўқолди, йитди.

Юрагимга боқдим ўртаниб,
Тушиб турар туннинг сояси.
Мену дунё оралиғида
Яшар ишқнинг бир ҳикояси.

Қайларгадир тентираб кетган
Дарё каби қайтмадим ортга.
Билдим, севгим мени унутган,
Шундан дилда қайғулар ортган.

Мени олиб кетди муҳаббат
Абад йитмас саволлар билан.
То тонггача яшагим келди
Кўз ёш томган хаёллар билан.

* * *

Юлдуз тўла осмонга боқдим,
Юлдузим йўқ эди осмонда,
Мен ўйладим: унутган мени.

Сочларимни силаб қаро тун,
Вужудимдан ўтди сирғалиб,
Куйган кўйга рақс этди телба.

Чирилдоқлар овози қалқиб,
Оқиб ўтди сирли бир тўлқин.
Эпкинидан тебранди кўнглим.

Йиғладим. Жим қолди овозим,
Фақат оқиб кетди кўзимдан
Шаффоф нурга тўлган ёшлигим.

* * *

Бу кун ўхшар кечаги кунга ,
Кечагидай умрим тартиби.
Улгурмадим ўзгартирмоққа,
Маълум эмас бахтнинг таркиби.
Бу кун ўхшар кечаги кунга.

Сиз ҳам ўша, мен ҳам ўшаман:
Ҳамон ожиз туғён олдида.
Лаҳза билан яшаб ўтаман,
Лаҳзаликман Армон олдида.
Сиз ҳам ўша, мен ҳам ўшаман.

Соядекман ўз хаёлимдан.
Дардларимдак қисқа бир нафас.
Шарпа янглиғ, нотинч ҳолимдан ,
Ўз кўнглимдан кўчган ажиб сас.
Мен сояман ўз хаёлимдан.

Ойдинлари кўпдир дунёнинг,
Бисёр сўқир қоронғулари.
Соғинаман гўзал тунларнинг
Дилга тушган тинч ёғдуларин,
Ойдинлари кўпдир дунёнинг.

Саҳар туриб қарайман йўлга
Ҳамон бу йўл — Қуёшнинг йўли,
Бу кун ўхшар кечаги кунга ,
Олисларда унинг манзили.
Саҳар туриб қарайман йўлга,

АКСИЛТАШБЕҲЛАР

Ой фонусга ўхшамас гарчи,
Тун кўтарнб ўтмоқда уни.
Кўзгу эмас бу моҳрўй, унда
Ўзга баланд дунё акс этса.

Йиғлаб-йиғлаб сир айтсанг ҳамки,
Айланолмас оқ кийган қизга.
Афсус, оппоқ сандиқ эмас ой,
Чиқиб келса гўзал малика.

Тош эмас у, «ёрил, тош», десам ,
Бошимдан жим элар ойдинлик.

ИМОН

Нечун таъма билан боқасан кўкка,
Кўксингда марҳумдай чўккан-ку юрак.
Уни тирилтирмоқ, жон бермоқ учун
Исо пайғамбарнинг нафаси керак.

* * *

Ўшал кун унутдим таниш йўлларни,
Турфа сояларга тикилдим ҳайрон.
Мен йўқотиб қўйган жавоҳирлардек
Кўзимга босилди юлдузли осмон.

Ўшал кун кетолмай паришон турдим,
Хаёлингга кирдим балки сўнгги бор.
Ихтиёрсиз ерга номингни ёздим,
Номсиз ўйларимнинг тасвири мисол.

Уза олмаётган қарзларим кўпдай,
Тик боқа олмадим ўтмиш кўзига.
Елларга ишондим сирларимизни,
Ишона олмадим балки ўзимга.

Йиғладим , тушуниб-тушунмай ғамни,
Хаёлнинг беўхшов рақсини кўрдим ,
Умримнинг энг озод тўлқинларини
Бир тор дарёларга топшириб қўйдим.

* * *

Ёрим, дунё йўлларингга олов тўкар,
Сен қарасанг, ўшал нилгун само чўкар,
Етолмайин ортингда ғам қаддин букар,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Фалак ул кун кечгай юксак ғуруридан,
Манглайингни ёритгайдир Ҳақ нуридан,
Кўкка боқсанг, ой узатгай суруридан,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Соҳир кўклам кўнглим каби телба бўлгай,
Ташрифингдан не қасрлар кулба бўлгай,
Саҳролар ҳам иккимизга хулта  бўлгай,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

Ёрим, фидо бўлмоққа бир жоним етар,
Менинг мунглиғ кўнглимдан ҳам ғубор кетар
Фаришталар юрагингга хатлар битар,
Агар менинг муҳаббатим хотирласанг.

ИШҚ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Чархи кўҳан юзи қоралар бўлди,
Пирпираб-пирпираб ўчди бир юлдуз.
Бағрингга энди ғам оралар бўлди,
Кўчмагин, юракда яшарсан, дилсўз.

Қайга изғиб кетди туннинг шарпаси,
Чақирсам келарми бирор-бир хабар.
Билмадим, дунёда эрирми бир тош,
Тун бўйи йиғласам, йиғласам агар…

Қадимий боғда жим гуллади жийда,
Тонг чоғи гулларин тўкар, вовайло.
Бир Юсуф оҳ чекар сабуҳ пайтида,
Айтингиз, йиғласин юзта Зулайҳо…

* * *

Мен ҳам шу офтобдай кетарман бир кун,
Тунлар тўкилади ҳовучларингга.
Ҳарир оқ либосда мен каби маҳзун
Ёғдулар киради тунд кечларингга.

Балки кўклам янглиғ кетсам ажабмас,
Ёмғирлар ёғади эзилиб кўкдан.
Намчил далаларда мен каби дилхун
Гуллар пайдо бўлар хаёлдан, йўқдан.

Биламан, сен мени севмайсан энди,
Бир йўл кўрдим рўё тумани аро.
Кўзларим нурини тўшаб қарадим,
Кўзларим бўлдилар тундан-да қаро.

Мен ҳам энди сени соғинмай қўйдим,
Дилнинг шарпасини кўрдим йироқда.
Озода тонгларга илтижо қилдим,
Қутқаринг деб дилни бундай фироқдан.

Иккимизда эди икки йўл боши:
Бир пора ўт кўрдим, яшнаган, гўзал.
Талпиндинг, балки шу ўтни тиладинг,
Менга раво кўрди тақдири азал.

Бир пора ўт кўрдим яшнаган, гўзал…

ТУШ

Туш кўрдим, кўнглимнинг харобасида
Оловнинг тиллари сўзлади оят.
Кўрдим: ёниб битди унинг дастида
Ровийлар нақл этган барча ривоят.

Кўтариб қоп-қора тун чачвонини
Хотирлар изларин узди заминдан.
Саҳфалаб очдилар муслим жонини,
Бир имо етмади само, самоъдан.

Юлдузсиз осмондай қорайди бағрим,
Эгаси тарк этган кўкка интилиб.
Шунча поёнсизми эди ё қаҳри,
Мени дунёсидан кетдилар юлиб.

Номаьлум ғорда ҳам топмадим паноҳ ,
Жинонин унутдим, ғамларга ботдим.
Шунда кириб келди ёлғиз бир сайёҳ,
Ёнимда бир тошни туртиб уйғотди.

Менга-да боқмади, ғам бино этган
Тошни тавоб этди, секин сўзлади:
«Бу дил, хайриятки, кўрмоққа етди,
Шу кунни изладим, минг йил изладим».

Сўнг кетди, Тош қолди. Ортга қайтмади
Кўнглимда гумонлар ўсаверди жим.
Тош эса кўр эди, менга боқмади.
Гунг эди мисоли дунёи қадим.

* * *

Кунлар ҳазин эди, дарахтлар юпун,
Кўнглимга ботарди Ҳасратнинг тиғи.
Шу қадим дунёнинг ич-ичларидан
Гўё чиқиб келар ожиз бир йиғи.

Ўйладим: бу овоз— қисмат овози,
Балки мен эртароқ тингладим уни.
Балки ҳариф кунлар руҳига монанд
Соҳиб табиатдан тиладим уни.

Ўйладим: мен нечун бунда кезгайман?
Кўнглимда йўлларнинг сурати ўзга.
Бир куни , барибир, ахир безгайман,
Биламан, кўнглимнинг фитрати ўзга…

Ўйладим: бир куни кечгайлар жондан
Ишқни таниганлар диллари пора.
Аслида юракнинг туб-тубларида
Жондан кечмоқ азми — энг сўнгги чора

Аслида «бахт» сўзи ҳам бир тасалли,
Уни тилаб олган сўқир бандалар.
Дунёнинг бағрини қон қилган асли
Ишқсизлар кўнглида йиққан жандалар,

Юракда энг улуғ бахтдир эътиқод,
Унинг қудрати зўр буюк дуодай.
Кўнглим танимаса шу бахтни агар,
Мен етган манзил ҳам олис Худодан.

* * *

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Ғунчалар очилар унинг бағрида.
Товушин чиқармай бир товуш учар
Ва сўнар бу ёруғ тундан нарида.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Қарайман, дарахтлар ўсар ҳар лаҳза,
Идроким қобиғин йиртар шохлари.
Йўлнинг йўлсизлигин айтар ҳар нарса.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Дилимнинг меҳмони — бир ҳовуч юлдуз.
Тўлқинлар интилиб бузар қирғоқни
Шарпасиз, товушсиз, бир ишорасиз.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Хаёллар — қирғоғи бузилган дарё.
Маконда макон йўқ, деб айтар улар,
Маконда макон йўқ — қайтади гўё.

Ойдан-да ойдинроқ бир кеча ўтар,
Қайдадир бор эмиш бепоён манзил.
Унгача кўзларим кўргани — Ҳаёт,
Лаҳзалар давоми — умр деган йўл…

* * *

Фурсат кўчиб юрар гулдан гулларга,
Чирқираб сайрайди қушлар безовта:
Умиднинг энг гўзал нафасларида
Ҳолдан тойиб борар дунёни мақтаб.

Ғунчалар очилар — Вақтнинг тортиғи —
Эрта хазон бўлиб балки тўкилар.
Ҳасратнинг ёруғ ва пок қучоғида
Фақат Ишқ илоҳий гул каби кулар.

Бардошлар тилайди ўзига диллар,
Уларни кутмоқда самовий талъат.
Бир ухлаб руҳлар-ла қовушар улар,
Гуноҳкор дунёни севмоқлик — бидъат.

Кунларнинг қошида лол турар Идрок,
Жим ютиб самовий яшинлар қаҳрин,
Ўткинчи умрдан излайди маъно,
Фақат шу даҳрга сиғинган даҳрий…

* * *

Хаёлкаш дарахтлар руҳлардай сокин,
Ўзга бир дунёнинг сояларидай.
Мен сенинг ёнингдан келганман,Ўлим,
Бироқ Ҳаёт билан боғланган ёдим.

Оташга сиғинган телба аёлдай,
Ҳаётга бир севги пинҳон ёнади.
Биламан, қайтсам-да сенинг ёнингга,
Гардларимда менинг бу ишқ қолади…

* * *

Мудом ёруғлик бор йўлнинг сўнгида,
Армон қийнамайди овутар ёдинг.
Сочларингда ойнинг доғлари эмас,
Зулумот тинглаган пинҳон фарёдинг.

Муҳаббат — энди ул хатолар эмас,
Умринг фидолиги соғинчга, дардга…
Сени унутгайлар ер худолари,
Осмон кенг, хаёл кенг,  келар мададга.

Юрагинг қачондир банд этилган қуш ,
Илк бор эркни туяр — ишқнинг сўнг йўлин.
…Парвозга шай қушнинг қанотлари қон,
Уни қўйиб юбор, лаънати дилим…

МУҲАББАТ

Неча бор йиқилдим сенинг изингда,
Неча бор қайтадан тикланди қаддим.
Қолдирмоқ истадим балки ўзимда,
Ё балки сен билан кетмоқ истадим.

Неча бор йиқилдим сенинг изингда.

Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим,
Турсам, юзларимга тегди шамоллар.
Йиғласам, бир томчи ёшга ҳам сиғдим,
Юпансам, юпатди мени хаёллар.

Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим.

Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим,
Мен азиз номингни унга ишондим.
Уйғонсам, осойиш тонглар дафъатан
Кўнглим овозидан қалқиб уйғондим.

Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим.

Ортга қараб-қараб кетаётгандай,
Узолмай кунларнинг кўринмас ипин.
Яна бир учрашув кутаётгандай,
Мунис қиёфангни тўлдирмоқ учун…

Ортга қараб-қараб кетаётгандай.

Оловдан қутқариб олинган расминг
Ҳамон юрагимда тутаб ётибди.
Кўнглимдай қонаган уфқ яллиғига
Ҳар оқшом биттадан қуёш ботибди.

Оловдан қутқариб олинган расминг…

* * *

1

Енгил феълли ошиқлар мисол
Ўзгаради бу кунлар таъби.
Оғир сўзлар келади малол.
Гўё нохуш фол кўрган каби.

Мен қарайман ўз тақдиримга,
Улғаяди шунда дардларим,
Тушунгандай олам сирига,
Юрагимнинг косаси ярим.

Гарчи кўнглим тўла ҳаётга ,
Уни севиб тўймадим ҳали.
Мени оғир ўйларга отган —
Қисматнинг тунд бефарқ йўллари.

2

Нега келган эдинг, деб сўрмас ҳеч ким,
Қайга кетмоқдасан, деб айтмас биров.
Аслида саодат излаган эдим,
Аслида сиғинган сўзларим — Олов…

БАРГИЗУБ

Баргизуб, мен Сизни
ҳар кўклам кутаман интиқ.
Келасиз энг хилват жойларга.

Сиз ҳар гал янгисиз, яна ҳам гўзал,
бир ажаб дафтарми япроқларингиз,
ёзилган ҳавонинг қўллари бнлан?

Баргизуб, биласиз,
Сиз ўсган қирғоқ
менинг болалигим қирғоғи эди.

Сочлари шамолда учган қизалоқ,
қувончи ариққа оққан қизалоқ,
ўша — мен, бир қадар ўзгардим энди,

Барибир,
Сиз билан суҳбат қургали,
ҳар кўклам ортимга қайтаман,
болалигимга.

Чунки шу ҳаётни севмоқлик учун,
Умрни, кўкламни билмоқлик учун,
Сизнинг ҳув болалик меҳрингиз каби
ёруғлик излайман кўнглимга жуда.

Сиз, гўё кўкламнинг митти ҳовучи,
бир қадаҳ шабнамни кўтариб турган,
Мен-чи, ўтаётган оддий йўловчи,
Сизда табиатнинг сеҳрини туйган…

Баргизуб…

* * *

Гарчи шаҳарда ҳам баҳор нафаси,
Фақат кенгликларнинг сирлилиги йўқ,
Одамлар ўзича бахтли ҳар қайси,
Қувонч, ташвишининг бирликлиги йўқ.

Чиқиб кетай десанг, кўчалар ёруғ,
Хаёл сурай десанг, гавжум гўшалар.
Нотаниш кимлардир кўнглинг оғритар,
Сўнгра овутган ҳам яна ўшалар.

Фақат хиёбонда ўзга руҳ ҳоким,
Фақат хиёбонга кўнглинг интилар.
Жимгина, шу ерда, баҳорни кутиб,
Мангулик ҳақида шеър ёзгинг келар

* * *

Сукунат чўкса-да тугамас қўшиқ,
Ўтиб бораяпман бир соғинч — куйга,
Севгилим, сизми у, бунчалар тиниқ
Овоз бера олган ёлғизлигимга?

Севгилим, сизми у , мени унутган,
Бахтли бўла олган ўзга дил билан,
Сизми у, барибир, яна эслаган,
Бироқ айтолмаган уни тил билан.

Сизми у, бир куни ўзингиз сезмай,
Тақдир деб барига кўнган, кўниккан?
Ўтаётган кунлар бағридан туриб,
Сизми у, дунёга маъюс кўз тиккан?

Севгилим, сизми у, мени унутган…

КЎКЛАМ КУНИДА

Қўл ушлашиб шамоллар билан,
Кезиб чиқдим дала-қирларни,
Майсаларда қолди изларим.

Шивирлашиб дарахтлар билан,
Такрор қилдим мен ҳам сирларни,
Қувончларни топди сўзларим.

Оппоқ-оппоқ булутлар каби
Кўнглим менинг юксалди енгил,
Мовийликни танидим шунда.

Юрагимда оғриқ йўқ эди,
«Бахт изласанг, қуш бўлиб туғил»,
Деган сўзни ўқидим унда.

* * *

Қушлар учиб кетди, қисқарди кунлар,
Дединг: юрагимга сиғмас ҳеч нима.
Кўзларингни олдинг ғамгин кунлардан,
Кўнглинг даричасин беркитдинг шунда,
На қувонч, на ҳасрат бўлмади меҳмон.

Сезмадинг, ўзгарар тегрангда дунё.
Мен сенинг номингни айтиб чақирдим.
Менга жавоб қилди кенг бир сукунат,
Менга жавоб қилди сенсиз кунларим,
Сен айланган эдинг Вақтнинг ўзига.

* * *

Хайрлашув қўшиғини айтар дарахтлар,
Кетаётган нарсаларнинг номлари унут.
Ҳамма нарса айланмоқда муаллақ вақтга,
Оёғимиз қўйилган жой — пастлаган булут.

Тийрамоҳнинг сокин, тиниқ кунлари аро
Кетаётган нарсаларнинг илғаймиз шаклин.
Ана, сенинг кўзларингга ўхшайди само,
Дунёни шу баландликка кўтариш мумкин.

Қўлларимиз етган жойда тугамас умид,
Овозимиз ўтиб борар сўнгги синовдан.
Табиатнинг совиётган бағрида бу кун
Бир руҳ кезар, қолиб кетган ёнган оловдан

* * *

Интилсам, тунимда шамчироғим йўқ,
Руҳимда баҳорим, гулгун чоғим йўқ.
Дилимни тарк этмиш туғёним менинг,
Гул бирла сирлашсам, гул дудоғим йўқ.

Бир япроқ эмасман, эй шамол, афсус,
Тўкилсам, тўкилсам, тўкилсам маъюс.
Ё бағрингда учиб қайгадир кетсам,
Ўзимни унутсам, бир кун унутсам.

Фитналар тўқирмиш дунё бир томон,
Омонлик сўрайман ёлбориб ҳар он,
Суйкалиб ўтади кўнглим Ҳасратга,
Жисмимга суйкалар минг битта армон.

Титрайман, асраган япроғим — хазон,
Йиғиниб орттирган хазинам ҳам йўқ,
Юрагимда яшар ҳамон бир осмон,
Боқсам, самода мен севган олам йўқ…

* * *

Ёмғир тинди. Очилди қишлоқ.
Ҳидин сочди ялпизлар майин.
Мактабига бормай қизалоқ
Чиқиб кетди ялпиз тергани.

Болакайнинг хаёлларидай
Парвоз қилди қуёшга варрак.
Бебош бузоқ далага қочиб
Неча кунлар кетди бедарак.

Ҳар жойларда яшиллик ичра
Узилмаган лолалар ёнди.
Шивирлади гўё шаббода:
«Такрор бўлмас бу кунлар энди».

* * *

Секин ёғар кузнинг ёмғири,
Ўтирибмиз, сўзга ҳожат йўқ.
Кўзингизда азиз хотира,
Таниш меҳр, таниш ўй, гап йўқ.

Елкангизда турмуш савдоси,
Сиз бир оддий шарқнинг аёли.
Ўтинаман, ташвиш ғавғони ,
Опа, бир дам унута қолинг.

Бунда бари сиз билан боғлиқ ,
Тупроқли йўл, азиз хонадон,
Кўнглимизнинг мунис армони —
Ҳаммамизга севикли инсон.

Унинг азиз хотирасига
Маъюс тортсин кўнглимиз бир дам.
Опа, сиз ҳам унга ўхшаган
Ҳаммамизга энг азиз одам.

* * *

Юлдузлар акс этар кўл ойнасида,
Осмон чексизлиги кўлларга кўчар,
Нарсалар хаёлнинг бир соясидай,
Уларни ёнма-ён қилар бу кеча.

Жимгина туради ҳар битта дарахт,
Бир ажиб ойдинлик эзар жисмини,
Бугун табиатда кезиб юрар Бахт,
Эҳтиётлар ҳар бир ғунча исмини.

* * *

Энди фалак юлдуз тўкса жомидан,
Баҳайбат тун ичса дарё қонидан,
Атиргул жой топса Зуҳал ёнидан,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди ҳилол билан сирлашса ҳовлим,
Чарх амридан забун бўлмаса ҳолим.
Ёлғиз Сизга аён этурман долим,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди далв тугамай синса қаҳратон,
Тамуғдаи бир чимдим ўт сўрса жинон,
Узугин қайта бир тақса Сулаймон,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди барқ шуъласи тушса рўёга,
Булут соя солса меҳригиёга,
Ёмғир ёғиб ўтса даҳрий дунёга,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат.

Энди Кун ўрнида келса бир пари,
Бағрида кулса гар лаългун гуллари,
Кимман, келарман-да Сизни ахтариб,
Мен Сизга пайғомлар йўлларман албат…

* * *

Ғамобод кунларим топгай ниҳоя,
Дилни вайронликдан сақлаб ўтарман
Шу улкан даҳр аро топдим ҳимоя,
Энди бу дунёни ёқлаб кетарман.

Ойсаро хаёллар етакласа жим,
Ёруғ остонага бошим етгайдир.
Юлдузлар ошёни ул сирли анжум
Мени ҳам қайгадир олиб кетгайдир.

Мен қурган иморат тоабад йитмас,
Ғамобод кунларим топгай ниҳоя.
Лабларим шивирлаб айтса ажабмас,
«Муҳаббат, мен сени яратдим» дея.

 

* * *

Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди,
Унда нималардир ошкора эмас.

Хазон гулшанида тадорикми бу,
Титраб узилгандай гулнинг япроғи.
Фақат юракдаги қийнаган туйғу
Яна муҳаббатга дахли бор чоғи.

Кўкнинг ҳовучидан тўкилган йиллар
Қад ростлаб ортимдан эргашар бесас.
Юрагимда кечган оғриқлар монанд
Қадрдон кимимдир олади нафас.

Шамолдай ўтгандим Сизнинг йўллардан,
Шошилиб ўтгандим тонг чоғи беғам.
Энди яшайин деб бошим кўтарсам ,
Тўкилиб қолибман унда ўзим ҳам.

Дунё мангу эмас, дарёлар бир кун
Нари тушар азиз қирғоқларидан.
Ўйловдим, тўкилсам тўкиламан жим
Сездирмай кўзингиз қароқларидан.

Ўйлабман, мени-да етаклар тақдир.
Эшитиб қалбимнинг шивирларини.
Юрагимга туташ жойлабман ахир
Ишқнинг қони оққан томирларини.

Бир гул очилгунча фурсат ўтибди,
Бир ишқ ўлмоғига бу муҳлат етмас.
Фақат бир қадарли туман тушибди,
Фақат нималардир ошкора эмас…

ЁМҒИР

Ёмғир тинмай урилар деразамга,
Ёмғир чалган куйни тинглаб тураман.
Хонам ичра астагииа елкамдан
Қулаётган сукунатни кўраман.

Ёмғир эса сочилар жуфт изларга,
Оғочларнинг япроқлари ялтирар.
Хаёлларим кезар дунё, йўлларга
Астагина чақиради Хотира.

Ёмғир ёғар, эрир ғубор пардаси,
Узун-узун йўлкаларни ювади,
Учиб юрган оҳаигларнинг ҳаммасин
Бўлиб-бўлиб деразамга уради.

ТАЪСИРЧАНЛИК

Қайғу билан ёруғ қувонч чегарасида
Турибман жим, ўхшаб гўё кузги япроққа,
Бундай ажиб масъудликнинг ҳар лаҳзасида
Юракдаги нотинч шивир таралар боққа.

Қайғу билан ёруғ қувонч чегарасида
Қўшиқ гоҳи бахтли қилар, бузар кўнглимни.
Мен Ҳаётни кўрмоқдаман ранглар рақсида,
Сояларнинг шарпасида кўрдим Ўлимни.

Ҳар қандай сас қулоғингни йиртиб кетгудек,
Сокинлик ҳам вужудингга ботади қаттиқ.
Ҳар қимирлаш юрагингга бориб етгудек,
Қўрқинчлидир шамолларнинг бу ҳаракати,

БОЛАЛИК

Оқ каптарлар учар тиниқ самода,
Бир вақтлар қўнарди тутсам қўлимни.
Танимади, қўлим қолди ҳавода,
Яна олисларга солди йўлини.

Болалик — оқ каптар, учиб кетади,
Бизни оғушлайди ўзгача олам.
Юлдузлар ёнида парвоз этади,
Унга қўлимизни чўзмасмиз биз ҳам.

* * *

Ўзим ҳақда сўзларим қисқа ,
Тугал эмас умрим тасвири.
Ҳали менинг қарзим кўп Сўздан.

Юрагимнинг, баёни — қўшиқ,
Мени ташлаб кетгаН кунларнинг
Излай-излай топилган номи.

Муаллимам — ғамгин бир аёл.
Хотиротнинг кўзгусидаги
Суратига юқмаган чанглар.

ўйларимнинг давоми — Ватан.
Ҳали ҳеч бир фарзанд сезгиси
Тўла қамрай олмаган кенглик.

Мен таниган ва танимаган
Одамларга атаган сўзим,
Менинг ўтар йўлим — Муҳаббат….

* * *

Мен Сизни кузатдим.
Вақт тўхтаб қолди
Кўклам келганига ишонмади ер.
Тўлқинлар жимгина ўпган соҳилда
Энди мени кутар музлаган шуур.

Замин дийдорига тўймадим сира,
Бошимни қўяркан сархуш тупроққа,
Шивирлаб ёлбордим сирдош елларга,
«Мени олиб кетинг у кетган ёққа».

Қанотлари енгил эрка қушларнинг,
Ерга тушган жимит сояси мисол,
Бир лаҳза акс этдим Вақтнинг кўзида,
Бир лаҳза ёдимни қийнади малол.

Мен Сизни кузатдим. Оғриқлар тилаб,
Юракка сўзладим сўзларингизни,
Ойдин кечаларда ўқидим титраб,
Сирли мактуб каби, изларингизни.

Мен Сизни кузатдим…

ТУНГИ ҚУШИҚ

Тун бўйи хаёлим кезди боғларда,
Осмонда изма-из юлдузлар учди.
Дарахтлар шивирлаб бир-бирларига ,
Билмадим, неларни тушунтиришди.

Мен эса илғадим ҳар кўланкани,
Ҳар таниш овозга жим қулоқ солдим.
Юракдаги қанча умидларимни
Яна бир кечадан олиб ўтолдим.

НОМСИЗ ҚУШИҚ

Шундай яқин эди сенинг қиёфанг,
Шамоллар кўчиб ўтар энг яқин боққа.

Намхуш хазон билан қоришган ҳаво,
Осмонда юлдузлар соясиз.

Юрардим ташқари ўз хаёлимдан,
Эркни танимаган ўйламас эркни.

Мен ҳатто учардим ҳаводан енгил,
Ёқилган ҳавонинг кули — ойдинлик.

Кимдир йиғлар эди, овози таниш;
Товушдан ҳимоя сўрар одамлар,

Ҳайрон боқар эдим, дилим таланган,
Қароқчилар изи узоқлаб кетган.

ШАРҚ АЁЛИДАН СЎРОВЛАР

Сиз нола қилдингиз кўкда ойларга ,
Олиб кет, дедингиз оқар сойларга,
Сиғиниб муқаддас, азиз жойларга,
Кўзингиз кўргани қандай нур эди,
Тилаб олганингиз қандай дур эди?

Тўрт девор ичида қийналганингиз,
Тоза бир ишқ билан ёниб танингиз,
Сизни севмаганда сиз севганингиз,
Дилингиз ўртаган тўрт девормиди,
Ё ноаён ўзга сирлар бормиди?

Ёрилтош деганда ёрилмаган тош,
Маккора аёллар бўлганда кундош,
Кўнгил эрк деб ўтди, кўзлар эса — ёш.
Ё сизга берилган ҳурлик шулмиди,
Фаришталар билан бирлик шулмиди?

Дардли қўшиқ бўлган исёнларингиз,
Руҳлар парвоз қилган оқ тонгларингиз,
Учар тулпор бўлган армонларингиз.
Шундан ботирмиди ўғлонларингиз,
Шундан қўрқоқмиди душманларингиз?

Сизнинг номингиздан сўз сўзлаганлар,
Фақат қоронғуда кун излаганлар,
Сизнинг кўнглингизни тушунмаганлар,
Айтинг, дилингизни доғламайдими,
Янги туғёнларга чоғламайдими?

Кимга айтасиз дил сирларингизни,
Сирлари не эди зил дилингизнинг?

ЧЎЛПОН

Шеърингизни қарғаб отилган тошлар —
Шаъни паст, бағри пуч, дарди йўқ сўзлар.
Қон ҳидига келган қузғунлар мисол
Номингиз талади ўнлаб дардсизлар.

Кишанлар овози таъқиб қилган Шарқ,
Кўзга чалинади ғалат туманлар.
Юртимнинг энг сўнгги кунлари билан
Яшаган эдикми, деган гумонлар.

Сиз айтган қўшиқда дилингиз доди,
Сарғайган дафтарда занжирбанд нола.
Ажалга юзма-юз аёл фарёди,
Кўнгил — ихлосида алданган бола.

Сиз айтган қўшиқда тутқунлик — соя,
Дилнинг қони билан ёзилган ғамлар.
Сизнинг дардингизни тушунар фақат
Дунёга эрк излаб келган одамлар.

* * *

Ариқларда сувлар оқди шошиб, югуриб,
Тутқунликдан қутулгандай, озодлик сари,
Далаларда сархуш-сархуш чайқалиб қолди
Эркинликнинг майин ичган дала гуллари.

Кўкда булут, туман сузган ҳаволар намхуш,
Ерда барча уйғонади қиш уйқусидан.
Узоқлардан эшитилар турналар саси,
Яқинлашиб келаётган бахт туйғусидай.

САМАРҚАНД

Кўк юзидан булут кетиб кўклам кунида ,
Кўзга қувонч берганида нур зарралари,
Жим муножот қилаётган художўй мисол
Ёришади Самарқанднинг миноралари.

Шарқнинг ҳамон шаъни баланд салтанатида
Қулоқ берсанг эшитилар пинҳоний овоз:
Ё деворлар орасида, ё ер қатида
Секин-секин нола қилар энг қадимий соз.

* * *

Маъюслигим , кимимсан менинг,
Отаммисан ё онаммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Ёриммисан, дугонаммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Элиммисан, тупроғиммисан?

Маъюслигим, кимимсан менинг,
Узун ёнган чироғиммисан?

Маъюслигим , кимимсан менинг,
Ўзиммисан ё йўлиммисан?..

СУНБУЛА

Йиғлаётган аёл,
Боғлар қўйнидан
Шамол олиб қочган хазон товуши,
Узоқдаги соҳил.
Денгиз сувларининг
Сассиз чўкиши,
Осмон.
Бўм-бўш бағир.
Озода кунлар.

Сунбула сувида чайилган кунлар.
Кетаётган дунё
Ярим ой.
Ёлғиз
Сунбулада узайган оғриқ.

ЎТАЁТГАН УМР

Руҳимда ҳамиша паришонлик бор,
Қайталаб сўрайман бир саволимни.
Ўзим ҳам тушунмоқ истайман бекор,
Туманда сузгандай сархуш ҳолимни.

Ҳар лаҳза номаълум жумбоқдай келар,
Гоҳ ортга, гоҳ олдга жим интилгандай.
Кўз тушмас жойларда гўё идрокнинг
Ёниқ гавҳарлари унутилгандай.

ЁЛҒИЗЛИК

Ўзимга қолдиринг ўзимни.
Хира тортган кўзгуга боқиб
Кузатаман тун соясини.

Қулоғимда турфа товушлар,
Вақт оёғи кўнглимга ботган
Ва жимликда титрар лабларим.

Кўзим тушар дафъатан шунда
Хонадаги бирор буюмга,
Мен эслайман унинг номини.

045 27 mart — iste’dodli shoira Farog‘at Kamolova tavallud topgan kun

  “Men sizning kitobingizni yostig‘im ostida avaylab, tobutimgacha olib boraman”,- deb yozadi Marina Svetayeva Anna Axmatovaga maktublarida. Men ham sizning kitobingizni o‘g‘irlatib qo‘yishdan qo‘rqaman, Farog‘at opa!

Sanobarxon Mehmonova
MENING DARAXTLARIM
054

«Bir gul ochilguncha fursat o’tibdi,
Bir ishq o’lmog’iga bu muhlat yetmas.
Faqat bir qadarli tuman tushibdi —
Unda nimalardir oshkora emas.
(Sevgan shoiram,dilbar shoira,chinakam badiiyat shoirasi Farog’at Kamolovaning *Holatlar*kitobidan)

034«Men sizning kitobingizni yostig’im ostida avaylab, tobutimgacha olib boraman»,- deb yozadi Marina Svetaeva Anna Axmatovaga maktublarida. Men ham sizning kitobingizni o’g’irlatib qo’yishdan qo’rqaman, Farog’at opa!

Sizni mening she’rparast ko’nglim yaxshi ko’radi, mening hokisor ko’nglim bargizubga aylanib, sizning she’r yozayotgan lahzalardagi holatingizga kirish uchun, yaproqlarini daftar qilgancha yozuv stolingizga ketib qoladi. Mening devona ko’nglim, menga bo’ysunmaydigan she’rparast ko’nglim boshqa shoirlarniyam shunaqa yaxshi ko’rgan, ammo yaxshi ko’rgani uchun o’ksib, o’ksitilib injigan. Ammo men endi ko’ngilni avaylash ilmini o’rganyapman. Uni sizdan o’ksishiga qo’ymayman. Chunki ko’nglimdan Sizning dilbar holatlaringiz ketsa, she’rga qaytishga qiynalaman, SHE’Riy ruhga qaytishga qiynalaman.

O’zim ham hayron qolaman, menda doim bir nuqtai-nazar bor, she’r faqat holatlardan iborat bo’lishi kerak, tamom-vassalom. Unga iddao, pisanda, hatto amri-ma`ruf va nahyi-munkaru da’vatlar ham bunga, aynan bu janrning ichiga kirishiga qat’iyan qarshiman. Kimgadir bahonada aytib olinadigan gaplar, suqib olinadigan nishlaru qanchalik ustalik va poetik mahorat bilan amalga oshirilmasin, baribir she’rni, she’rdan uzib, ayirib, publitsistik nutqqa aylantirib, she’rga zulm qiladi,- deb o’ylayman. Hamisha adabiy davralarda shu fikrda qattiq turib olganman. Shunda farosatli, she’rga nisbatan hamisha ehtiromli bo’lgan shoir Faxriyor xam buni qo’llab-quvvatlab: «To’g’ri aytasiz,o’sha bugun ko’pchilik tan olayotgan falonchishoirlarni she’rini o’qisang, xuddi birov bilan urishayotganday taassurot qoldiradi. Ammo Farog’at opada, xaqiqatan she’rga unday vazifa yuklashlar yo’q, siz aytganday sof badiiy holatlarni ta’riflaydilar!!!» deb mehr bilan e’tirof etgandilar.

Qachonlardan beri «Mening Daraxtlarim» degan bir turkumni xayolimda qoralab yuribman. Unda qalbimga, ruhimga o’z soyasi, mevasi va fayzi bilan qo’r bergan, fayzli, nurli va sevimli insonlarim haqida yozmoqchiman. Negadir ilgari bunga istihola qilardim. Go’yoki bu boshqalar nazdida bir xushomad bo’lib tuyulardi. Ammo hadisi sharifda «Bir-birlaringizga bo’lgan mehrlaringizni bildiring»,- deb bejizga da’vat qilinmaydi-ku. 2007 yilda, ko’nglimda she’rdan, shaklu qofiyalar yasab, kun ko’rib, tirikchilik qiladigan shoirlardan, g’iybatchiyu-fitnachi shoiralardan judayam qattiq bezgan vaqtlarimda, o’zimning ojizlashgan adabiy kayfiyatimni ko’tarish uchun, Xorazmga Matnazar Abdulhakimni birgina ko’rib, suhbatlarini olish va shu fayz bois, she’rsiz yasholmaydigan bu hokisor ko’nglimga taskin berish uchun borganman. Ammo, bir oy Xorazmda qarindoshlarimnikida turib ham u kishini borib ko’rishga haddim sig’magan. Hali bunga munosib emasman, Pahlavon Mahmudu Bedil hazmatlarini tarjima qilgan bu tom ma’nodagi ORIF zotga yuzma-yuz keladigan salohiyat menda yo’q,- deya, oldilariga borishga o’zimda jur’at topolmaganman. Ehtimol, tug’ma tortinchoqligim bunga yo’l bermagandir. Ammo Matnazar Abdulhakim bizni tashlab, chin dunyoga ketganlarini eshitgach, bu suhbat, bu diydor menga armon bo’lib qoldi. Kim nima desa, deyaversin men aniq bilaman,o’z vaqtida qilinmagan kechikkan e’tiroflar ham, so’ralmagan uzrlar kabi achchiq bo’ladi. Keyin odamga alam qiladi. Shoir, ijodkor hamisha ruhan rag’batga, daldaga muhtoj. Ta’kidlayman, xushomadga emas, DALDAga muhtoj. Nega, shuni o’z vaqtida qilmaslik kerak. Axir qancha yashashimizni bilmaymiz-ku! Nega aytish kerak bo’lgan XOLIS gapni aytgani istihola qilamiz….

Siz bilan meni hech qachon, HECH QANDAY MANFAATLAR bog’lamagan. Hatto, sizni oxirgi marta qachon ko’rganimniyam eslolmayman, ammo mening yuragim sizning nozik yuragingizni har kun
borib, ziyorat qilib keladi. Hislarim shunchalik hislaringizga yaqinki…

Sizning kitobingizni hamisha sumkasida olib yuradigan, uni o’g’irlatib qo’yishdan, o’ziga o’xshash she’rparast dugonalariga oldirib qo’yishdan qo’rqib yashaydigan, talaba qizning tiyrak nigohlari uyg’otdi meni bu tongda. O’sha qizdan qanchalik uzoqlashib ketganimni ko’rib, jonu jahonim silkinib yig’ladim, bu shunday yig’i ediki, o’sha talaba qiz va mening oramga yillar solgan hamma devorlarni ko’zyoshi bilan loy qilib, tuproqqa qorib tashladi. Bu shunday yig’i ediki, botinu zohirimdagi barcha gardu g’uborlarni tozaladi. Yana o’sha, «Vuzgorodok»dagi hazin ruh bilan, har bir daraxtidan she’r yog’ilayotgan bog’lar, shu bog’lar oralab, «HOLATLAR KITOBI»ni, xazinaday bag’riga bosib, Gulandom Tog’aevaga suyunchilash uchun, hovliqib-entikib ketib borayotgan she’rparast qiz va mening oramdagi o’nbesh yillik masofani tamomila yo’qotdi. Men yana o’sha she’rga bandi bo’lgan, sizning«Holat»laringizga tamomila asir bo’lgan, o’sha oydin kunlarimga qaytdim. U kunlar shunchalik nurliki, hech narsaga almashtirib bo’lmaydi. Undan uzoqroqqa, «Toshkentga o’qishga borsam, dunyoda mendan baxtli odamning o’zi yo’q, o’qishga kirishdan ortiq BAXTning o’zi yo’q,-deb o’ylaydigan, tonggacha uxlamay, goh «Axbarotnoma» yodlab, goh she’r o’qib, Xudodan uydagilarining ko’ngliga o’qishga yuborishlari uchun rahm so’rayotgan, ma’sum, shaffof kunlarimga qaytdim. Va qushday yengil bo’ldim. Bu dunyoda hech bir shodlik, bu poklovchi yig’iga teng kelolmasligini, men bilaman. Faqat, BUNI YIG’LAB KO’RGANLAR biladi. Shu yig’i uchun, she’rning borligi uchun, so’zning borligi uchun, Sizning borligingiz uchun Xudoyimga shukr!!! Ming bor shukr!!! Biz boshqacha bo’lolmaymiz, bizning baxtimiz ham, baxtsizligimiz ham, fazilatimiz ham, nuqsonimiz ham SHE’Rdir.

SHE’Rlaringiz adabiyotimiz uchun, xalqimiz uchun sevikli tuhfa bo’ladi. Mabodo, men hovliqib, noto’g’ri aytgan bo’lsam — eng oliy hakam bo’lmish Vaqt sokinlik va teranlik bilan TAHRIR qiladi, o’shanda ham sizning «HOLAT»laringiz emas, mening quyilib kelayotganidan yozishga ulgurolmayotgan hislarim tushsa kerak, tahrirga, zinhor sizning she’rlaringizmas…

Siz mening shoiramsiz,Farog’at opa!!! Men sizning kitobingizdan yuragimni hech qachon ajratib ololmayman. Hislarimni hislaringizga oshuftalikdan judo qilolmayman…

Zero, qalblar bir-biriga oshufta bo’lgan bu she’r otlig’ mamlakatda bizni hamisha SO’Z, SO’Z bo’lgandayam qandaydir maqsadlarga vosita bo’ladigan SO’Zlarmas, qalblarni qalblarga tuyg’ular ila bog’laydigan ilohiy SO’Z hamisha birlashtirib turadi.

Ahzarvash hislardan ko’karar qonib,
Kuzaklarda qolgan ma’suma xayol.
Yam-yashil bir tug’ni ruhiga qadab —
Qarshilang, kelmoqda Farog’at Kamol.

Yuragim tong bo’lib uyg’otajakdur,
Shabnamda qalqigan bodi-saboni.
Bir yutum may yanglig’ simirar dunyo —
Ishqning kosasida G’ulom Mirzoni.

«Bunda makrlarga shafqat yo’q zinhor,
Yolg’onga yo’q, debon, zarracha rahmat.
Olamga ishq tojin kiydirar bedor —
Haqning hur oshig’i Halima Ahmad.

Ahli dil, ahli dark sog’inar abad
Mukarram diydorni, Xurshid diydorni.
Sharif Buxoroning, kabir ruhlari —
Mangu qo’llamasmi, Usmon Qo’chqorni.

Men kimman, bu buyuk tug’yonlar aro —
O’ziga sig’magan, hayrati uryon.
Ey buyuk ko’ngildosh, buyuk oshino —
Siz menga, so’z bering, ey, Shavkat Rahmon.

Maning-da bir go’zal yashagim kelar,
Ishqning hasratiga to’lgancha diydam.
Agar she’r zavqida chayqalsa dunyo,
Ayting eslamasmi Sanobarni ham.

Xudo deyman, bu qanday huzn,
Bu qandayin poyoni yo’q G’am.
Bu tuyg’uning ozori uchun
Ranjimagin mendan volidam.

Yig’layotgan qaroqlarimga,
Rang beradi, dayr-mashshota,
Buxoroning osmoniday keng —
Ko’zlaringga cho’karman, ota.

Ayt, qandayin junun ichraman,
Bu paymonam ashkdan to’lmaydi.
Ko’tarilar ming bor fig’onim —
Nechun ko’nglim ko’tarilmaydi.

Hali shunday she’rlar aytaman —
Dunyo, erib ketar ko’zingdagi g’am.
Mening telba-oshig’ jonimni
Yuragingga yashir, ey qalam.

Hali shunday she’rlar aytaman,
Yasharadi bu qo’hna olam...

2016, yanvar

FAROG’AT KAMOL
«HOLATLAR KITOBI»DAN
034

033

HOLATLAR

1. UCHRASHUV

Qayrilib sen ketding.
Na «salom », na «xayr»,
Sen ketding, hech so’zga ehtiyojing yo’q.

Bir tuman edim men, tarqay olmagan.
Bir tuyg’u edim men, ko’zlari yumuq…

Ketgan tomoningga qayrildi samo,
To’satdan chayqalib ketdi bir daraxt,
Ismingni so’rmadim, bilmadim ammo,
Qaysi oy, qaysi kun, na-da qaysi vaqt.

Titroq nigohingni ilg’adim faqat
Va bildim, Egamdan bu ham — inoyat.
Bir lahza qalbimni yoritdi shu baxt —
Nigohingdan tushgan titroq bir soya…

2. TA’QIB

Yelkamda qo’llaring yuk bo’lib qoldi,
Mudom ta’qib etar xira bir xayol:
Go’yo dardlarini tashlab bo’ynimga
Ortimdan qolmaydi sen sevgan ayol.

Na quvonch izhori, na dard surati,
Ko’nglimga hech tuyg’u tashlamas soya.
Bilmayman, dilimning qaysi holati
Sening qiyofangdan izlar himoya.

3. KUZATISH

Sening yelkalaring kichrayib borar.
Uzoqlab ketyapsan. Qaerga? Nechun?
Ko’nglingda dam olar tingan to’lqinlar,
Lablaring shivirlar: — O’tib ketdi kun…

Seni o’z yodidan kuzatib qo’ygan
Kim edi, ko’zlari bu qadar ma’yus?
Qayrilib qaraysan.
Bo’m-bo’sh sohilda
Shamol kezib yurar.
Yaqin edi kuz.

 

* * *

Tunning quchog’idan gul hidi kelar,
Hidlab uyg’onaman yostiqlarimni.
Tushlarimda qolgan kuyni sog’inib,
Yulduzlar bag’rimga to’kar nurini,

Ma’yus oydinlikdan entikar devor,
Shaffof derazada hayajon izi.
Bilaman, o’ngda ham tushlarim takror,
Yurakda ishq kechgan kunlarning isi.

* * *

Men bilaman,
Xotiraga ishonib bo’lmas,
Unda yashar garchi menga o’xshagan beka,
Biroq ba’zan tushunmayman uning fe’liga —

Mendan pinhon o’zgartirar kechmishim kam-kam,
Bilintirmay aldar o’tgan yillarimni ham,
Kecha olar noxush kechgan voqealardan.

Men sezaman, Meni juda ayar negadir ,
Qutqaradi dilni og’ir xotiralardan.
U haq! Balki shunday bitar nomunosib do’st
Dilga bergan jarohati, og’ir darslari,
Balki shunday singib ketar olis-olisda
Yuragingni bosib o’tgan qadam saslari.

* * *

Yomg’ir yog’ar edi, daraxtlar yupun.
Diydirab turibdi jumlai olam.
Men o’z yuragimnn ko’rmoqchya edim,
Qurshab yotgan ekan yomg’irday tuman.

Nima ilinj edi axir dunyoga
Sochlarimni yuvib oqqan yomg’irdan:
Chechaklar iltijo etdi samoga,
Maysalar shoshilib keldilar qirdan.

Nima ilinj edi. Seni esladim.
Yolg’izsan bir xayol tumani aro.
— Yomg’irday yashaylik — shivirlaysan jim,
Tomchilar shovullab etarlar takror.

Yomg’irday yashaylik. Qiynar ovozing,
Ruhga garchi jonbaxsh nafasing tegar,
Yolg’izlik alamin tortadi dilim,
Uni eslaguncha yaratgan Egam…

Bugun bog’ingizda o’rik gulladi,
O’tlar orasida kuldi moychechak.
Uyingiz burkandi tanish bo’ylarga,
Bugun bog’ingizda Bahor — kelinchak.

Kimdir chertib o’tdi derazangizni,
Bilolmay qoldingiz uning kimligin.
Turnalar sog’indi ovozingizni,
Ular Sizni yo’qlab qaytdilar bugun.

Ariqlar qaygadir iz solib ketdi,
Lab burib uyg’ondi yalpizlar tongda,
Men-ku kim bo’libman, meni unutdi,
Lolalar ochildi
Sizning tomonda.

Bugun bog’ingizda o’rik gulladi ,
Novdada yaproqlar jilmaymish xiyol,
Men ham Bahor yanglig’ qutlayin desam
Xavfim bor: ovozim bormas ehtimol…

* * *

Yomg’ir, yomg’ir, ko’klam yomg’iri,
Yog’ib ko’nglim tublariga oq.
Seni juda sog’indi ko’ngil,
Hidlarini sochsin qaldiroq.

Sevishganlar tilaklari bir:
Kurtaklarning gullashi lozim.
Dunyo juda baxtga yaqindir,
Eshittirgin uning ovozin.

Bulutlarning ko’chib bag’ridan,
Hayot bersang toshqin soylarga,
Qizg’aldoqlar ulashar zamin
Yuragimga yaqin joylarga.

Lahza yanglig’ qisqa umridan
Aytsin ular mastligin shul dam.
Yomg’ir, yomg’ir, eslatib o’tgin
Hech narsaning qaytmasligin ham

* * *

Daraxtlarga nasib sevilmoq baxti,
Ehtirosli yorday notinch osmon.
Sog’inch tuyg’usini tuygan dunyoda
Shamol ham nechundir kezadi giryon.

«Sizmi ko’rgim keldi. Sog’indim Sizni».
Alanglayman, qaydan bu sirli tovush?
Hech kim yo’q yonimda. Yig’lagim kelar.
Shoxdan shoxga ko’chib sayraydi bir qush,

Ajib mujdalarni kutarman men ham,
Sokin kunlarimning buzilgan tinchi.
Ruhimda shovullar zangor bu olam,
Ko’klam tuyg’ulari, ko’klam sog’inchi.

* * *

Diloromga

O’xshatmadim Sizga hech kimni,
Bir oz yana o’ksindim chog’i,
Dilda qolib ketgan tuyg’uning
Qiyin ekan endi o’chmog’i.

Jim-jit tunda yig’lasa kimdir,
Yig’lab-yig’lab ovunsa ham so’ng,
Qolib ketar tunning bag’rida
O’sha ovoz qoldirgan bir mung.

U yig’lagan garchi men emas,
Yig’lab Sizga aytmaganman roz,
Yuragimning ichidan kelar
Lekin o’sha tundagi ovoz.

O’zim bilmay ma’yus tortaman
Yulduzlar jim chaqnagan chog’i.
Dilda qolib ketgan tuyg’uning
Qiyin ekan endi o’chmog’i…

* * *

Bugun ma’yus qiyofangda parishon bir xayol ko’rdim,
Yuzing ma’yus etarda ul oyina xastahol, ko’rdim.
Ko’ngil bir tus, samolarda qolib ketgan hilol ko’rdim,
O’shal olis hilol yanglig’ ko’zingda men savol ko’rdim,
Yuzing ma’yus etarda ul oyina xastahol ko’rdim.

Sen aytding: boq, nigorim, ishq dilimizni g’arib etdi,
Fano bergan qayu saboq qayu jonni raqib etdi,
Qara, barcha yashil yaproq ketarda sarg’arib bitdi ,
Ketarda sarg’araylik, dog’, gar ishqdanki, zarif etdi,
Fano bergan qayu saboq qayu jonni raqib etdi.

Sen aytding: yo’l davomi yo’q, ketaylikmi tumanlarga,
G’arib dilni etib vosil ochilgan oq sumanlarga,
Ketar bo’lsak, ko’ngil doxil samoviy anjumanlarga ,
Gulu chechak qolib g’ofil, bu ishq yetsin chamanlarga,
G’arib dilni etib vosil ochilgan oq sumanlarga…

* * *

Yana shunday bo’lar, har safar shunday,
Men kutgan ranglarda kelaverar kuz.
Bog’lar qismatiga qancha kuyunmay,
Bargrezon faslini sevaman hanuz.

Mangulik oldida yuragi ochiq,
Sokin kengliklarday ozod va beg’am,
Hech kimga bog’lanmay yashaydi bir ishq,
To’kilib yashaydi xazonlar bilan

Va maftun etadi mening ko’nglimni,
Dunyoni unutib ruhim sarxush, jim.
Tinglarkan har safar ketmoq kuyini,
So’nggi yaproq kabi titrar yuragim…

* * *

To tonggacha yog’ib chiqdi qor,
Simyog’ochda o’chmadi chiroq.
Tongda esa tanish yo’llardan
Bir faslga ketgandim yiroq.

O’zga edi osmonning ro’yi,
Mag’rurmidi, balki balandroq.
Qaytmoq bo’ldim men ham kun bo’yi,
Lozim yo’lni topmadim biroq.

Tabiatga tushgan ayriliq
Ko’chdi mening yuragimga jim.
Meni tamom unutdi borliq,
YO borliqqa aylandim o’zim,

Hovuchimga to’lib qoldi qor,
Ruhimga ham to’ldi sukunat.
Yuragimda yolg’iz umid bor:
Aytolmadim hech kimga faqat.

* * *

O’zgarishlar kechdi jim ,
Oy to’ldi, suvlar oqdi.
Dunyo — qari munajjim ,
Fol ko’rdi, ko’kka boqdi.

Bir dasta qizil gulga
Oshiq bo’ldi bulbullar,
G’am to’lqini quyilgan
Dengizday tinch ko’ngillar

Firibgar kuz qo’ynida
Xazon bo’ldi yaproqlar,
Muhabbatning bo’ynida
Qolib ketdi gunohlar.

Umid bizni aldadi,
Vafo qilmadi bu jon.
Dildagi og’riq kabi
Faryod uzun, bemajol.

O’zgarishlar kechdi jim ,
Oy to’ldi, suvlar oqdi.
Kechikmay keldi O’lim,
Dunyoning bag’rin yoqdi…

AKAM XOTIRASIGA

Sezdim sening ketganingni ko’ngildan…
Cho’lpon.

Do’stu yor yig’ladi g’aflatni qarg’ab,
Dilni ezib kirdi umrlik bir g’am.
Garchi biz yolbordik: yolg’on et, YO Rab,
O’shal kun biz Sizdan ayrildik, og’am.

G’urbat tog’inimi yelkalab kelgan
Kun edi, yurakda hasratlari zil.
Umid oftobiga boshini qo’ygan
Chog’ida yerlarga quladi ko’ngil.

Hayot bir to’kildi O’lim poyiga,
Og’ir kishanida ingrandi jon ham ,
Ko’ngil jim yig’ladi o’zin holiga,
Dunyoning biri kam, ko’ngilda ming kam.

Hijron dudin tuyib qoraydi falak,
Termuldik Siz yurgan yo’llarga bekor,
Yurakka bir ma’yus sog’inchlar solib,
Qaytmas bo’lib ketdi qirq ikki bahor…

OTAMNI ESLAB

Sizni o’ylaganda xayolim nurli,
Mehringiz chayqalgan samoviy dengiz,
Faqat sog’inganda endi bir mungli,
Tushlarimdan kelar ovozlaringiz.

Siz o’tib borasiz ufq tomonga,
Fursatingiz yo’qday qayrilmoqqa ham.
Qo’shilib ketasiz g’alat tumanga,
Qadamingiz endi yerdan uzilgan.

Ilg’amay qolaman ko’zlaringizni,
Qay ifoda hokim, qanday nur zohir,
Tumanlardan izlab izlaringizni,
Qadrdon dalalar xo’rsinar og’ir.

Xazonlar, jimgina to’kilgan yanglig’,
Aytilmagan so’zlar rangsiz, beqadr.
Siz esa, qaydadir, ruhingiz yorug’,
Sirdosh odamingiz topgansiz axir.

 

* * *

Yor bo’lsa, ko’nglida ardog’i bo’lsa,
Ruhida muhabbat — bedog’i bo’lsa,
Tuyg’ular taloshi ko’nglin o’rtasa,
Lablari bir gulning yaprog’i bo’lsa.

Bir kelsa, bir yo’la baxt ola kelsa,
Bir kelsa , yo’llarin yuvsa yomg’irlar,
Yor kelsa , avvalo hayola kelsa,
Ishqdan telba bo’lsa do’stu yog’iylar.

Yor kelsa, so’rgani dilu jon bo’lsa,
Tashna bo’lib kelsa mehrga, zorga.
Hukmida balki yuz mehribon bo’lsa,
Almashib kelsaydi yolg’iz diydorga,

Yor bo’lsa, ardoqli bo’lsa jon kabi,
Aziz etgan bo’lsa uni xudoyim.
Arzisa bir marta o’lmog’ingga ham,
Yashasang, sig’inib yashasang doim…

* * *

Chog’im yo’q, o’zimni tark etgan chog’im,
Jismi uryonimda o’sgan puchmog’im,
Ruhim daraxtidan to’kib yaprog’im,
Seni so’rab borsam, ostonang qani?

Gulxan o’chgan bo’lsa ko’nglim kulmasmi,
Yo’ling kesgan bo’lsam, sevgim yo’lmasmi,
Ilkingda so’ldirgan menday gulmasmi,
Gavhar ekay desam, gulxonang qani?

Izimni izlasa, topgay iztirob,
Kulbamga bir bora boqmaydi oftob…
Ranjim ko’p, umidim undan behisob,
Sevmoqni o’rgansam, darsxonang qani?

Jonimda bir jonday kechdi malolim,
Ko’nglim vayronida darding — jalolim,
Nechun noming aytsam, yig’lar xayolim,
Yashab o’tay desam koshonang qani?

BOLALIK

Sen ham maysamiding bahor qo’ynida,
Yayrab o’sgan eding daryo bo’yida.
Bilmadim, qay orzu, armon o’yida
Seni to’lqinlarga oqizdim o’ynab.

Boshimdan turnalar to’kkanda xayol ,
Berk eshik kibridek dunyoda malol.
Ko’klarga boqdimu beparvo, behol
Seni to’lqinlarga oqizdim o’ynab.

Endi umrim ummon sari yeldimi,
Bahor o’tib yana bahor keldimi?
Bag’rida dur oqdi, daryo bildimi?
Seni to’lqinlarga oqizdim o’ynab.

* * *

Bog’lar ko’chib ketdi bu oqshom,
Shamollarni yetaklab ketdi .
Huvillagan mahzun go’shada
Neki bo’lsa, yo’qoldi, yitdi.

Yuragimga boqdim o’rtanib,
Tushib turar tunning soyasi.
Menu dunyo oralig’ida
Yashar ishqning bir hikoyasi.

Qaylargadir tentirab ketgan
Daryo kabi qaytmadim ortga.
Bildim, sevgim meni unutgan,
Shundan dilda qayg’ular ortgan.

Meni olib ketdi muhabbat
Abad yitmas savollar bilan.
To tonggacha yashagim keldi
Ko’z yosh tomgan xayollar bilan.

* * *

Yulduz to’la osmonga boqdim,
Yulduzim yo’q edi osmonda,
Men o’yladim: unutgan meni.

Sochlarimni silab qaro tun,
Vujudimdan o’tdi sirg’alib,
Kuygan ko’yga raqs etdi telba.

Chirildoqlar ovozi qalqib,
Oqib o’tdi sirli bir to’lqin.
Epkinidan tebrandi ko’nglim.

Yig’ladim. Jim qoldi ovozim,
Faqat oqib ketdi ko’zimdan
Shaffof nurga to’lgan yoshligim.

* * *

Bu kun o’xshar kechagi kunga ,
Kechagiday umrim tartibi.
Ulgurmadim o’zgartirmoqqa,
Ma’lum emas baxtning tarkibi.
Bu kun o’xshar kechagi kunga.

Siz ham o’sha, men ham o’shaman:
Hamon ojiz tug’yon oldida.
Lahza bilan yashab o’taman,
Lahzalikman Armon oldida.
Siz ham o’sha, men ham o’shaman.

Soyadekman o’z xayolimdan.
Dardlarimdak qisqa bir nafas.
Sharpa yanglig’, notinch holimdan ,
O’z ko’nglimdan ko’chgan ajib sas.
Men soyaman o’z xayolimdan.

Oydinlari ko’pdir dunyoning,
Bisyor so’qir qorong’ulari.
Sog’inaman go’zal tunlarning
Dilga tushgan tinch yog’dularin,
Oydinlari ko’pdir dunyoning.

Sahar turib qarayman yo’lga
Hamon bu yo’l — Quyoshning yo’li,
Bu kun o’xshar kechagi kunga ,
Olislarda uning manzili.
Sahar turib qarayman yo’lga,

AKSILTASHBEHLAR

Oy fonusga o’xshamas garchi,
Tun ko’tarnb o’tmoqda uni.
Ko’zgu emas bu mohro’y, unda
O’zga baland dunyo aks etsa.

Yig’lab-yig’lab sir aytsang hamki,
Aylanolmas oq kiygan qizga.
Afsus, oppoq sandiq emas oy,
Chiqib kelsa go’zal malika.

Tosh emas u, «yoril, tosh», desam ,
Boshimdan jim elar oydinlik.

IMON

Nechun ta’ma bilan boqasan ko’kka,
Ko’ksingda marhumday cho’kkan-ku yurak.
Uni tiriltirmoq, jon bermoq uchun
Iso payg’ambarning nafasi kerak.

* * *

O’shal kun unutdim tanish yo’llarni,
Turfa soyalarga tikildim hayron.
Men yo’qotib qo’ygan javohirlardek
Ko’zimga bosildi yulduzli osmon.

O’shal kun ketolmay parishon turdim,
Xayolingga kirdim balki so’nggi bor.
Ixtiyorsiz yerga nomingni yozdim,
Nomsiz o’ylarimning tasviri misol.

Uza olmayotgan qarzlarim ko’pday,
Tik boqa olmadim o’tmish ko’ziga.
Yellarga ishondim sirlarimizni,
Ishona olmadim balki o’zimga.

Yig’ladim , tushunib-tushunmay g’amni,
Xayolning beo’xshov raqsini ko’rdim ,
Umrimning eng ozod to’lqinlarini
Bir tor daryolarga topshirib qo’ydim.

* * *

Yorim, dunyo yo’llaringga olov to’kar,
Sen qarasang, o’shal nilgun samo cho’kar,
Yetolmayin ortingda g’am qaddin bukar,
Agar mening muhabbatim xotirlasang.

Falak ul kun kechgay yuksak g’ururidan,
Manglayingni yoritgaydir Haq nuridan,
Ko’kka boqsang, oy uzatgay sururidan,
Agar mening muhabbatim xotirlasang.

Sohir ko’klam ko’nglim kabi telba bo’lgay,
Tashrifingdan ne qasrlar kulba bo’lgay,
Sahrolar ham ikkimizga xulta bo’lgay,
Agar mening muhabbatim xotirlasang.

Yorim, fido bo’lmoqqa bir jonim yetar,
Mening munglig’ ko’nglimdan ham g’ubor ketar
Farishtalar yuragingga xatlar bitar,
Agar mening muhabbatim xotirlasang.

ISHQ HAQIDA QO’SHIQ

Charxi ko’han yuzi qoralar bo’ldi,
Pirpirab-pirpirab o’chdi bir yulduz.
Bag’ringga endi g’am oralar bo’ldi,
Ko’chmagin, yurakda yasharsan, dilso’z.

Qayga izg’ib ketdi tunning sharpasi,
Chaqirsam kelarmi biror-bir xabar.
Bilmadim, dunyoda erirmi bir tosh,
Tun bo’yi yig’lasam, yig’lasam agar…

Qadimiy bog’da jim gulladi jiyda,
Tong chog’i gullarin to’kar, vovaylo.
Bir Yusuf oh chekar sabuh paytida,
Aytingiz, yig’lasin yuzta Zulayho…

* * *

Men ham shu oftobday ketarman bir kun,
Tunlar to’kiladi hovuchlaringga.
Harir oq libosda men kabi mahzun
Yog’dular kiradi tund kechlaringga.

Balki ko’klam yanglig’ ketsam ajabmas,
Yomg’irlar yog’adi ezilib ko’kdan.
Namchil dalalarda men kabi dilxun
Gullar paydo bo’lar xayoldan, yo’qdan.

Bilaman, sen meni sevmaysan endi,
Bir yo’l ko’rdim ro’yo tumani aro.
Ko’zlarim nurini to’shab qaradim,
Ko’zlarim bo’ldilar tundan-da qaro.

Men ham endi seni sog’inmay qo’ydim,
Dilning sharpasini ko’rdim yiroqda.
Ozoda tonglarga iltijo qildim,
Qutqaring deb dilni bunday firoqdan.

Ikkimizda edi ikki yo’l boshi:
Bir pora o’t ko’rdim, yashnagan, go’zal.
Talpinding, balki shu o’tni tilading,
Menga ravo ko’rdi taqdiri azal.

Bir pora o’t ko’rdim yashnagan, go’zal…

TUSH

Tush ko’rdim, ko’nglimning xarobasida
Olovning tillari so’zladi oyat.
Ko’rdim: yonib bitdi uning dastida
Roviylar naql etgan barcha rivoyat.

Ko’tarib qop-qora tun chachvonini
Xotirlar izlarin uzdi zamindan.
Sahfalab ochdilar muslim jonini,
Bir imo yetmadi samo, samo’dan.

Yulduzsiz osmonday qoraydi bag’rim,
Egasi tark etgan ko’kka intilib.
Shuncha poyonsizmi edi yo qahri,
Meni dunyosidan ketdilar yulib.

Noma`lum g’orda ham topmadim panoh ,
Jinonin unutdim, g’amlarga botdim.
Shunda kirib keldi yolg’iz bir sayyoh,
Yonimda bir toshni turtib uyg’otdi.

Menga-da boqmadi, g’am bino etgan
Toshni tavob etdi, sekin so’zladi:
«Bu dil, xayriyatki, ko’rmoqqa yetdi,
Shu kunni izladim, ming yil izladim».

So’ng ketdi, Tosh qoldi. Ortga qaytmadi
Ko’nglimda gumonlar o’saverdi jim.
Tosh esa ko’r edi, menga boqmadi.
Gung edi misoli dunyoi qadim.

* * *

Hattoki, yonma-yon yashab turib ham,
Bir-birovin ba’zan sevolmas odam.

Hattoki, jonidan ortiq sevib ham,
Bir-birovga mehr berolmas odam.

Mehrli bo’lsa-da bir-birisiga,
Baribir, nedandir ko’ngli qisilgan.

Ko’ngil bir nimani qo’msaydi mudom,
Bu ne muhtojlikdir, bilolmas odam…

* * *

Kunlar hazin edi, daraxtlar yupun,
Ko’nglimga botardi Hasratning tig’i.
Shu qadim dunyoning ich-ichlaridan
Go’yo chiqib kelar ojiz bir yig’i.

O’yladim: bu ovoz— qismat ovozi,
Balki men ertaroq tingladim uni.
Balki harif kunlar ruhiga monand
Sohib tabiatdan tiladim uni.

O’yladim: men nechun bunda kezgayman?
Ko’nglimda yo’llarning surati o’zga.
Bir kuni , baribir, axir bezgayman,
Bilaman, ko’nglimning fitrati o’zga…

O’yladim: bir kuni kechgaylar jondan
Ishqni taniganlar dillari pora.
Aslida yurakning tub-tublarida
Jondan kechmoq azmi — eng so’nggi chora

Aslida «baxt» so’zi ham bir tasalli,
Uni tilab olgan so’qir bandalar.
Dunyoning bag’rini qon qilgan asli
Ishqsizlar ko’nglida yiqqan jandalar,

Yurakda eng ulug’ baxtdir e’tiqod,
Uning qudrati zo’r buyuk duoday.
Ko’nglim tanimasa shu baxtni agar,
Men yetgan manzil ham olis Xudodan.

* * *

Oydan-da oydinroq bir kecha o’tar,
G’unchalar ochilar uning bag’rida.
Tovushin chiqarmay bir tovush uchar
Va so’nar bu yorug’ tundan narida.

Oydan-da oydinroq bir kecha o’tar,
Qarayman, daraxtlar o’sar har lahza,
Idrokim qobig’in yirtar shoxlari.
Yo’lning yo’lsizligin aytar har narsa.

Oydan-da oydinroq bir kecha o’tar,
Dilimning mehmoni — bir hovuch yulduz.
To’lqinlar intilib buzar qirg’oqni
Sharpasiz, tovushsiz, bir ishorasiz.

Oydan-da oydinroq bir kecha o’tar,
Xayollar — qirg’og’i buzilgan daryo.
Makonda makon yo’q, deb aytar ular,
Makonda makon yo’q — qaytadi go’yo.

Oydan-da oydinroq bir kecha o’tar,
Qaydadir bor emish bepoyon manzil.
Ungacha ko’zlarim ko’rgani — Hayot,
Lahzalar davomi — umr degan yo’l…

* * *

Fursat ko’chib yurar guldan gullarga,
Chirqirab sayraydi qushlar bezovta:
Umidning eng go’zal nafaslarida
Holdan toyib borar dunyoni maqtab.

G’unchalar ochilar — Vaqtning tortig’i —
Erta xazon bo’lib balki to’kilar.
Hasratning yorug’ va pok quchog’ida
Faqat Ishq ilohiy gul kabi kular.

Bardoshlar tilaydi o’ziga dillar,
Ularni kutmoqda samoviy tal’at.
Bir uxlab ruhlar-la qovushar ular,
Gunohkor dunyoni sevmoqlik — bid’at.

Kunlarning qoshida lol turar Idrok,
Jim yutib samoviy yashinlar qahrin,
O’tkinchi umrdan izlaydi ma’no,
Faqat shu dahrga sig’ingan dahriy…

* * *

Xayolkash daraxtlar ruhlarday sokin,
O’zga bir dunyoning soyalariday.
Men sening yoningdan kelganman,O’lim,
Biroq Hayot bilan bog’langan yodim.

Otashga sig’ingan telba ayolday,
Hayotga bir sevgi pinhon yonadi.
Bilaman, qaytsam-da sening yoningga,
Gardlarimda mening bu ishq qoladi…

* * *

Mudom yorug’lik bor yo’lning so’ngida,
Armon qiynamaydi ovutar yoding.
Sochlaringda oyning dog’lari emas,
Zulumot tinglagan pinhon faryoding.

Muhabbat — endi ul xatolar emas,
Umring fidoligi sog’inchga, dardga…
Seni unutgaylar yer xudolari,
Osmon keng, xayol keng, kelar madadga.

Yuraging qachondir band etilgan qush ,
Ilk bor erkni tuyar — ishqning so’ng yo’lin.
…Parvozga shay qushning qanotlari qon,
Uni qo’yib yubor, la’nati dilim…

MUHABBAT

Necha bor yiqildim sening izingda,
Necha bor qaytadan tiklandi qaddim.
Qoldirmoq istadim balki o’zimda,
YO balki sen bilan ketmoq istadim.

Necha bor yiqildim sening izingda.

Yiqilsam, yo’llarning g’uborin yig’dim,
Tursam, yuzlarimga tegdi shamollar.
Yig’lasam, bir tomchi yoshga ham sig’dim,
Yupansam, yupatdi meni xayollar.

Yiqilsam, yo’llarning g’uborin yig’dim.

Menga sirdosh bo’ldi o’zimning ko’nglim,
Men aziz nomingni unga ishondim.
Uyg’onsam, osoyish tonglar daf’atan
Ko’nglim ovozidan qalqib uyg’ondim.

Menga sirdosh bo’ldi o’zimning ko’nglim.

Ortga qarab-qarab ketayotganday,
Uzolmay kunlarning ko’rinmas ipin.
Yana bir uchrashuv kutayotganday,
Munis qiyofangni to’ldirmoq uchun…

Ortga qarab-qarab ketayotganday.

Olovdan qutqarib olingan rasming
Hamon yuragimda tutab yotibdi.
Ko’nglimday qonagan ufq yallig’iga
Har oqshom bittadan quyosh botibdi.

Olovdan qutqarib olingan rasming…

* * *

1

Yengil fe’lli oshiqlar misol
O’zgaradi bu kunlar ta’bi.
Og’ir so’zlar keladi malol.
Go’yo noxush fol ko’rgan kabi.

Men qarayman o’z taqdirimga,
Ulg’ayadi shunda dardlarim,
Tushunganday olam siriga,
Yuragimning kosasi yarim.

Garchi ko’nglim to’la hayotga ,
Uni sevib to’ymadim hali.
Meni og’ir o’ylarga otgan —
Qismatning tund befarq yo’llari.

2

Nega kelgan eding, deb so’rmas hech kim,
Qayga ketmoqdasan, deb aytmas birov.
Aslida saodat izlagan edim,
Aslida sig’ingan so’zlarim — Olov…

BARGIZUB

Bargizub, men Sizni
har ko’klam kutaman intiq.
Kelasiz eng xilvat joylarga.

Siz har gal yangisiz, yana ham go’zal,
bir ajab daftarmi yaproqlaringiz,
yozilgan havoning qo’llari bnlan?

Bargizub, bilasiz,
Siz o’sgan qirg’oq
mening bolaligim qirg’og’i edi.

Sochlari shamolda uchgan qizaloq,
quvonchi ariqqa oqqan qizaloq,
o’sha — men, bir qadar o’zgardim endi,

Baribir,
Siz bilan suhbat qurgali,
har ko’klam ortimga qaytaman,
bolaligimga.

Chunki shu hayotni sevmoqlik uchun,
Umrni, ko’klamni bilmoqlik uchun,
Sizning huv bolalik mehringiz kabi
yorug’lik izlayman ko’nglimga juda.

Siz, go’yo ko’klamning mitti hovuchi,
bir qadah shabnamni ko’tarib turgan,
Men-chi, o’tayotgan oddiy yo’lovchi,
Sizda tabiatning sehrini tuygan…

Bargizub…

* * *

Garchi shaharda ham bahor nafasi,
Faqat kengliklarning sirliligi yo’q,
Odamlar o’zicha baxtli har qaysi,
Quvonch, tashvishining birlikligi yo’q.

Chiqib ketay desang, ko’chalar yorug’,
Xayol suray desang, gavjum go’shalar.
Notanish kimlardir ko’ngling og’ritar,
So’ngra ovutgan ham yana o’shalar.

Faqat xiyobonda o’zga ruh hokim,
Faqat xiyobonga ko’ngling intilar.
Jimgina, shu yerda, bahorni kutib,
Mangulik haqida she’r yozging kelar

* * *

Sukunat cho’ksa-da tugamas qo’shiq,
O’tib borayapman bir sog’inch — kuyga,
Sevgilim, sizmi u, bunchalar tiniq
Ovoz bera olgan yolg’izligimga?

Sevgilim, sizmi u , meni unutgan,
Baxtli bo’la olgan o’zga dil bilan,
Sizmi u, baribir, yana eslagan,
Biroq aytolmagan uni til bilan.

Sizmi u, bir kuni o’zingiz sezmay,
Taqdir deb bariga ko’ngan, ko’nikkan?
O’tayotgan kunlar bag’ridan turib,
Sizmi u, dunyoga ma’yus ko’z tikkan?

Sevgilim, sizmi u, meni unutgan…

KO’KLAM KUNIDA

Qo’l ushlashib shamollar bilan,
Kezib chiqdim dala-qirlarni,
Maysalarda qoldi izlarim.

Shivirlashib daraxtlar bilan,
Takror qildim men ham sirlarni,
Quvonchlarni topdi so’zlarim.

Oppoq-oppoq bulutlar kabi
Ko’nglim mening yuksaldi yengil,
Moviylikni tanidim shunda.

Yuragimda og’riq yo’q edi,
«Baxt izlasang, qush bo’lib tug’il»,
Degan so’zni o’qidim unda.

* * *

Qushlar uchib ketdi, qisqardi kunlar,
Deding: yuragimga sig’mas hech nima.
Ko’zlaringni olding g’amgin kunlardan,
Ko’ngling darichasin berkitding shunda,
Na quvonch, na hasrat bo’lmadi mehmon.

Sezmading, o’zgarar tegrangda dunyo.
Men sening nomingni aytib chaqirdim.
Menga javob qildi keng bir sukunat,
Menga javob qildi sensiz kunlarim,
Sen aylangan eding Vaqtning o’ziga.

* * *

Xayrlashuv qo’shig’ini aytar daraxtlar,
Ketayotgan narsalarning nomlari unut.
Hamma narsa aylanmoqda muallaq vaqtga,
Oyog’imiz qo’yilgan joy — pastlagan bulut.

Tiyramohning sokin, tiniq kunlari aro
Ketayotgan narsalarning ilg’aymiz shaklin.
Ana, sening ko’zlaringga o’xshaydi samo,
Dunyoni shu balandlikka ko’tarish mumkin.

Qo’llarimiz yetgan joyda tugamas umid,
Ovozimiz o’tib borar so’nggi sinovdan.
Tabiatning soviyotgan bag’rida bu kun
Bir ruh kezar, qolib ketgan yongan olovdan

* * *

Intilsam, tunimda shamchirog’im yo’q,
Ruhimda bahorim, gulgun chog’im yo’q.
Dilimni tark etmish tug’yonim mening,
Gul birla sirlashsam, gul dudog’im yo’q.

Bir yaproq emasman, ey shamol, afsus,
To’kilsam, to’kilsam, to’kilsam ma’yus.
YO bag’ringda uchib qaygadir ketsam,
O’zimni unutsam, bir kun unutsam.

Fitnalar to’qirmish dunyo bir tomon,
Omonlik so’rayman yolborib har on,
Suykalib o’tadi ko’nglim Hasratga,
Jismimga suykalar ming bitta armon.

Titrayman, asragan yaprog’im — xazon,
Yig’inib orttirgan xazinam ham yo’q,
Yuragimda yashar hamon bir osmon,
Boqsam, samoda men sevgan olam yo’q…

* * *

Yomg’ir tindi. Ochildi qishloq.
Hidin sochdi yalpizlar mayin.
Maktabiga bormay qizaloq
Chiqib ketdi yalpiz tergani.

Bolakayning xayollariday
Parvoz qildi quyoshga varrak.
Bebosh buzoq dalaga qochib
Necha kunlar ketdi bedarak.

Har joylarda yashillik ichra
Uzilmagan lolalar yondi.
Shivirladi go’yo shabboda:
«Takror bo’lmas bu kunlar endi».

* * *

Sekin yog’ar kuzning yomg’iri,
O’tiribmiz, so’zga hojat yo’q.
Ko’zingizda aziz xotira,
Tanish mehr, tanish o’y, gap yo’q.

Yelkangizda turmush savdosi,
Siz bir oddiy sharqning ayoli.
O’tinaman, tashvish g’avg’oni ,
Opa, bir dam unuta qoling.

Bunda bari siz bilan bog’liq ,
Tuproqli yo’l, aziz xonadon,
Ko’nglimizning munis armoni —
Hammamizga sevikli inson.

Uning aziz xotirasiga
Ma’yus tortsin ko’nglimiz bir dam.
Opa, siz ham unga o’xshagan
Hammamizga eng aziz odam.

* * *

Yulduzlar aks etar ko’l oynasida,
Osmon cheksizligi ko’llarga ko’char,
Narsalar xayolning bir soyasiday,
Ularni yonma-yon qilar bu kecha.

Jimgina turadi har bitta daraxt,
Bir ajib oydinlik ezar jismini,
Bugun tabiatda kezib yurar Baxt,
Ehtiyotlar har bir g’uncha ismini.

* * *

Endi falak yulduz to’ksa jomidan,
Bahaybat tun ichsa daryo qonidan,
Atirgul joy topsa Zuhal yonidan,
Men Sizga payg’omlar yo’llarman albat.

Endi hilol bilan sirlashsa hovlim,
Charx amridan zabun bo’lmasa holim.
Yolg’iz Sizga ayon eturman dolim,
Men Sizga payg’omlar yo’llarman albat.

Endi dalv tugamay sinsa qahraton,
Tamug’dai bir chimdim o’t so’rsa jinon,
Uzugin qayta bir taqsa Sulaymon,
Men Sizga payg’omlar yo’llarman albat.

Endi barq shu’lasi tushsa ro’yoga,
Bulut soya solsa mehrigiyoga,
Yomg’ir yog’ib o’tsa dahriy dunyoga,
Men Sizga payg’omlar yo’llarman albat.

Endi Kun o’rnida kelsa bir pari,
Bag’rida kulsa gar la’lgun gullari,
Kimman, kelarman-da Sizni axtarib,
Men Sizga payg’omlar yo’llarman albat…

* * *

G’amobod kunlarim topgay nihoya,
Dilni vayronlikdan saqlab o’tarman
Shu ulkan dahr aro topdim himoya,
Endi bu dunyoni yoqlab ketarman.

Oysaro xayollar yetaklasa jim,
Yorug’ ostonaga boshim yetgaydir.
Yulduzlar oshyoni ul sirli anjum
Meni ham qaygadir olib ketgaydir.

Men qurgan imorat toabad yitmas,
G’amobod kunlarim topgay nihoya.
Lablarim shivirlab aytsa ajabmas,
«Muhabbat, men seni yaratdim» deya.

 

* * *

Bir gul ochilguncha fursat o’tibdi,
Bir ishq o’lmog’iga bu muhlat yetmas.
Faqat bir qadarli tuman tushibdi,
Unda nimalardir oshkora emas.

Xazon gulshanida tadorikmi bu,
Titrab uzilganday gulning yaprog’i.
Faqat yurakdagi qiynagan tuyg’u
Yana muhabbatga daxli bor chog’i.

Ko’kning hovuchidan to’kilgan yillar
Qad rostlab ortimdan ergashar besas.
Yuragimda kechgan og’riqlar monand
Qadrdon kimimdir oladi nafas.

Shamolday o’tgandim Sizning yo’llardan,
Shoshilib o’tgandim tong chog’i beg’am.
Endi yashayin deb boshim ko’tarsam ,
To’kilib qolibman unda o’zim ham.

Dunyo mangu emas, daryolar bir kun
Nari tushar aziz qirg’oqlaridan.
O’ylovdim, to’kilsam to’kilaman jim
Sezdirmay ko’zingiz qaroqlaridan.

O’ylabman, meni-da yetaklar taqdir.
Eshitib qalbimning shivirlarini.
Yuragimga tutash joylabman axir
Ishqning qoni oqqan tomirlarini.

Bir gul ochilguncha fursat o’tibdi,
Bir ishq o’lmog’iga bu muhlat yetmas.
Faqat bir qadarli tuman tushibdi,
Faqat nimalardir oshkora emas…

YOMG’IR

Yomg’ir tinmay urilar derazamga,
Yomg’ir chalgan kuyni tinglab turaman.
Xonam ichra astagiia yelkamdan
Qulayotgan sukunatni ko’raman.

Yomg’ir esa sochilar juft izlarga,
Og’ochlarning yaproqlari yaltirar.
Xayollarim kezar dunyo, yo’llarga
Astagina chaqiradi Xotira.

Yomg’ir yog’ar, erir g’ubor pardasi,
Uzun-uzun yo’lkalarni yuvadi,
Uchib yurgan ohaiglarning hammasin
Bo’lib-bo’lib derazamga uradi.

TA’SIRCHANLIK

Qayg’u bilan yorug’ quvonch chegarasida
Turibman jim, o’xshab go’yo kuzgi yaproqqa,
Bunday ajib mas’udlikning har lahzasida
Yurakdagi notinch shivir taralar boqqa.

Qayg’u bilan yorug’ quvonch chegarasida
Qo’shiq gohi baxtli qilar, buzar ko’nglimni.
Men Hayotni ko’rmoqdaman ranglar raqsida,
Soyalarning sharpasida ko’rdim O’limni.

Har qanday sas qulog’ingni yirtib ketgudek,
Sokinlik ham vujudingga botadi qattiq.
Har qimirlash yuragingga borib yetgudek,
Qo’rqinchlidir shamollarning bu harakati,

BOLALIK

Oq kaptarlar uchar tiniq samoda,
Bir vaqtlar qo’nardi tutsam qo’limni.
Tanimadi, qo’lim qoldi havoda,
Yana olislarga soldi yo’lini.

Bolalik — oq kaptar, uchib ketadi,
Bizni og’ushlaydi o’zgacha olam.
Yulduzlar yonida parvoz etadi,
Unga qo’limizni cho’zmasmiz biz ham.

* * *

O’zim haqda so’zlarim qisqa ,
Tugal emas umrim tasviri.
Hali mening qarzim ko’p So’zdan.

Yuragimning, bayoni — qo’shiq,
Meni tashlab ketgaN kunlarning
Izlay-izlay topilgan nomi.

Muallimam — g’amgin bir ayol.
Xotirotning ko’zgusidagi
Suratiga yuqmagan changlar.

o’ylarimning davomi — Vatan.
Hali hech bir farzand sezgisi
To’la qamray olmagan kenglik.

Men tanigan va tanimagan
Odamlarga atagan so’zim,
Mening o’tar yo’lim — Muhabbat….

* * *

Men Sizni kuzatdim.
Vaqt to’xtab qoldi
Ko’klam kelganiga ishonmadi yer.
To’lqinlar jimgina o’pgan sohilda
Endi meni kutar muzlagan shuur.

Zamin diydoriga to’ymadim sira,
Boshimni qo’yarkan sarxush tuproqqa,
Shivirlab yolbordim sirdosh yellarga,
«Meni olib keting u ketgan yoqqa».

Qanotlari yengil erka qushlarning,
Yerga tushgan jimit soyasi misol,
Bir lahza aks etdim Vaqtning ko’zida,
Bir lahza yodimni qiynadi malol.

Men Sizni kuzatdim. Og’riqlar tilab,
Yurakka so’zladim so’zlaringizni,
Oydin kechalarda o’qidim titrab,
Sirli maktub kabi, izlaringizni.

Men Sizni kuzatdim…

TUNGI QUSHIQ

Tun bo’yi xayolim kezdi bog’larda,
Osmonda izma-iz yulduzlar uchdi.
Daraxtlar shivirlab bir-birlariga ,
Bilmadim, nelarni tushuntirishdi.

Men esa ilg’adim har ko’lankani,
Har tanish ovozga jim quloq soldim.
Yurakdagi qancha umidlarimni
Yana bir kechadan olib o’toldim.

NOMSIZ QUSHIQ

Shunday yaqin edi sening qiyofang,
Shamollar ko’chib o’tar eng yaqin boqqa.

Namxush xazon bilan qorishgan havo,
Osmonda yulduzlar soyasiz.

Yurardim tashqari o’z xayolimdan,
Erkni tanimagan o’ylamas erkni.

Men hatto uchardim havodan yengil,
Yoqilgan havoning kuli — oydinlik.

Kimdir yig’lar edi, ovozi tanish;
Tovushdan himoya so’rar odamlar,

Hayron boqar edim, dilim talangan,
Qaroqchilar izi uzoqlab ketgan.

SHARQ AYOLIDAN SO’ROVLAR

Siz nola qildingiz ko’kda oylarga ,
Olib ket, dedingiz oqar soylarga,
Sig’inib muqaddas, aziz joylarga,
Ko’zingiz ko’rgani qanday nur edi,
Tilab olganingiz qanday dur edi?

To’rt devor ichida qiynalganingiz,
Toza bir ishq bilan yonib taningiz,
Sizni sevmaganda siz sevganingiz,
Dilingiz o’rtagan to’rt devormidi,
YO noayon o’zga sirlar bormidi?

Yoriltosh deganda yorilmagan tosh,
Makkora ayollar bo’lganda kundosh,
Ko’ngil erk deb o’tdi, ko’zlar esa — yosh.
YO sizga berilgan hurlik shulmidi,
Farishtalar bilan birlik shulmidi?

Dardli qo’shiq bo’lgan isyonlaringiz,
Ruhlar parvoz qilgan oq tonglaringiz,
Uchar tulpor bo’lgan armonlaringiz.
Shundan botirmidi o’g’lonlaringiz,
Shundan qo’rqoqmidi dushmanlaringiz?

Sizning nomingizdan so’z so’zlaganlar,
Faqat qorong’uda kun izlaganlar,
Sizning ko’nglingizni tushunmaganlar,
Ayting, dilingizni dog’lamaydimi,
Yangi tug’yonlarga chog’lamaydimi?

Kimga aytasiz dil sirlaringizni,
Sirlari ne edi zil dilingizning?

CHO’LPON

She’ringizni qarg’ab otilgan toshlar —
Sha’ni past, bag’ri puch, dardi yo’q so’zlar.
Qon hidiga kelgan quzg’unlar misol
Nomingiz taladi o’nlab dardsizlar.

Kishanlar ovozi ta’qib qilgan Sharq,
Ko’zga chalinadi g’alat tumanlar.
Yurtimning eng so’nggi kunlari bilan
Yashagan edikmi, degan gumonlar.

Siz aytgan qo’shiqda dilingiz dodi,
Sarg’aygan daftarda zanjirband nola.
Ajalga yuzma-yuz ayol faryodi,
Ko’ngil — ixlosida aldangan bola.

Siz aytgan qo’shiqda tutqunlik — soya,
Dilning qoni bilan yozilgan g’amlar.
Sizning dardingizni tushunar faqat
Dunyoga erk izlab kelgan odamlar.

* * *

Ariqlarda suvlar oqdi shoshib, yugurib,
Tutqunlikdan qutulganday, ozodlik sari,
Dalalarda sarxush-sarxush chayqalib qoldi
Erkinlikning mayin ichgan dala gullari.

Ko’kda bulut, tuman suzgan havolar namxush,
Yerda barcha uyg’onadi qish uyqusidan.
Uzoqlardan eshitilar turnalar sasi,
Yaqinlashib kelayotgan baxt tuyg’usiday.

SAMARQAND

Ko’k yuzidan bulut ketib ko’klam kunida ,
Ko’zga quvonch berganida nur zarralari,
Jim munojot qilayotgan xudojo’y misol
Yorishadi Samarqandning minoralari.

Sharqning hamon sha’ni baland saltanatida
Quloq bersang eshitilar pinhoniy ovoz:
YO devorlar orasida, yo yer qatida
Sekin-sekin nola qilar eng qadimiy soz.

* * *

Ma’yusligim , kimimsan mening,
Otammisan yo onammisan?

Ma’yusligim, kimimsan mening,
Yorimmisan, dugonammisan?

Ma’yusligim, kimimsan mening,
Elimmisan, tuprog’immisan?

Ma’yusligim, kimimsan mening,
Uzun yongan chirog’immisan?

Ma’yusligim , kimimsan mening,
O’zimmisan yo yo’limmisan?..

SUNBULA

Yig’layotgan ayol,
Bog’lar qo’ynidan
Shamol olib qochgan xazon tovushi,
Uzoqdagi sohil.
Dengiz suvlarining
Sassiz cho’kishi,
Osmon.
Bo’m-bo’sh bag’ir.
Ozoda kunlar.

Sunbula suvida chayilgan kunlar.
Ketayotgan dunyo
Yarim oy.
Yolg’iz
Sunbulada uzaygan og’riq.

O’TAYOTGAN UMR

Ruhimda hamisha parishonlik bor,
Qaytalab so’rayman bir savolimni.
O’zim ham tushunmoq istayman bekor,
Tumanda suzganday sarxush holimni.

Har lahza noma’lum jumboqday kelar,
Goh ortga, goh oldga jim intilganday.
Ko’z tushmas joylarda go’yo idrokning
Yoniq gavharlari unutilganday.

YOLG’IZLIK

O’zimga qoldiring o’zimni.
Xira tortgan ko’zguga boqib
Kuzataman tun soyasini.

Qulog’imda turfa tovushlar,
Vaqt oyog’i ko’nglimga botgan
Va jimlikda titrar lablarim.

Ko’zim tushar daf’atan shunda
Xonadagi biror buyumga,
Men eslayman uning nomini.

021

(Tashriflar: umumiy 1 048, bugungi 1)

Izoh qoldiring