Sanobar Mehmonova. She’rlar

045    «Бунча оз севасиз, ёмон севасиз»,-деб ўксинади Марина Цветаева. «Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,икки жаҳон демаки жон бўлмасин»,- деганча кўкка юзланиб муножот қилади Ҳазрат Навоий. «Фақат муҳаббатга дахлдор сўзларгина яшнатгувчидир»,- дейди беназир ёзувчи Эрих Мария Ремарк. «Дунёнинг асосида ишқ туради», — дея бу ғофил одамзодни уйғотмоқчи бўлади мавлоно Жалолиддин Румий. «Тушунинг, мен бугун бошқача яшашим керак, жуда бошқача, юрагим нодир ҳисларга тўла,ҳамма мудҳиш хотираларимни унутдим,қалбимда мудроқ туйғуларга ўрин йўқ, мен ахир севиб қолганман. Энди мени ёмон бўлишга,ўзгаларга зарар етказишга кўндиролмайсиз»,- дея ҳайқиради Хулио Кортасарнинг қаҳрамонларидан бири. «Кел,кўр мани Ишқ найлади»,-дея орифона жунун билан хитоб қилади Юнус Эмро. Ўзини қидираётган моҳият асрорига талпиниб,яратгандан бир нур истаётган жамийки ошиқларнинг индаллоси битта. ИШҚ…

Дунёнинг ҳар бир қитъасида,дунёнинг тўрт тарафида шу туйғу, ҳеч қачон ўлмайдиган,қаримайдиган туйғу бу. Бу одамиятнинг руҳи қадар қадим ва боқий туйғудир. Ишқдан,яъни ишқи илоҳийдан,яна ишқи илоҳийга қараб кетаётган бир йўловчилармиз.Дунё эса бир тўхтаб нафас ростлаб,ўтиб кетиладиган манзил…Шу манзилни обод қиладиган нарса бу бизнинг муҳаббатимиз, бу бизнинг гўзал туйғуларимиздир. Қалбингизни пайпаслаб кўринг,унда зарра бўлсин, муҳаббат борми, ўзингиздан кечиб, ўзгаларга эзгулик соғинишга қодирмисиз, демак, сиз яшаяпсиз….. Демак,сиз яшашга лойиқ сиз,қалбингиздаги муҳаббат ҳаққи,муҳаббатга муносибсиз. Дуолар ижобат бўладиган шу покиза кунда барчангизни Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари билан дуо қиламан: «Ҳар на қилсанг ошиқ қилгин Парвардигор!» (Санобар Меҳмонованинг фейсбукдаги саҳифасидан)

Санобар МЕҲМОНОВА
ШЕЪРЛАР
044

Санобар Меҳмонова 1981 йил 6 январда Бухоро вилояти Жондор туманидаги Чорзона қишлоғида таваллуд топган. 2004 йилда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Шеърлари республика матбуотида эълон қилинган. “Яшил ибодатлар” шеърий тўплами муаллифи. “Хайёмона ҳўрсиниқлар” китоби нашрга тайёрланмоқда.

044

«ФАНО САРҲАДЛАРИ» ТУРКУМИДАН

Айромиз, лек дил зоримиз бирлашадур,
Дийдорида дийдоримиз бирлашадур.05
Ер устида Сени топмай, куйдим бироқ,
Ер остида мозоримиз бирлашадур.

***

Севдимми ё ишкдан аломат бўлди,
Улусдан минг карра маломат бўлди.
Қайдан оқиб келдинг дарё кўнглима –
Қиёмат бўлди-ей, қиёмат бўлди!

***

Қанийди дилда бир зор бўлса эди,
Дилимни куйласам, тор бўлса эди.
Улардим бегумон, ўлардим бешак,
Шу лаҳза ёнимда Ёр бўлса эди!

***

Япроқ ўзи титраб турса, Кузда не айб?
Юрак ўзи қайнаб турса,  сўзда не айб?
Момо Ҳаво, хато ўтса,  сиздан ўтган,
Ахир, айтинг, бизда не айб,  бизда не айб?

“РИНДОНА ХИРГОЙИ” ТУРКУМИДАН

***

Нигоҳлар пичирлар бир қадим зорни,
Эй, менинг балокаш ошуфта кезим.
Бизга бу савдолар муборак энди,
Ошиқлиқ муборак, Шамс Табризим.

Дунёни аланга ичига олдик,
На ақл қолдию, на бирор сезим.
Оламга шўришу ғавғолар солдик,
Маъшуқлик муборак, Шамс Табризим.

Кимлардан қолмаган бу қадим жунун,
Бунча жовдирайсан кўкларга, кўзим.
Муборак бўлсин бу ҳол отлиқ фунун,
Қўшиқлик муборак, Шамс Табризим.

Биздан қолиб кетар дунёга алам,
Художон, бер унга биз учун тўзим.
Тиз чўк пойимизга, эй муқаддас ғам,
Ошиқлик муборак, Шамс Табризим.

Қонларимга ташна қилди бу фироқ,
Келар бўлсанг, келгин энди, хунрезим.
Бунчалар гўзалсан, эй, гўзал қийноқ,
Маъшуқлик муборак, Шамс Табризим.

Ҳол билан савдони никохлаб қўйдим,
Жунуним бошимга чиққан шу кезим,
Ишқ билан ғавғони никохлаб қўйдим,
Ошиқлик муборак, Шамс Табризим.

***

Қай манзилни кўзладим,манзил йироқ билмайман
Қай соридан юракка тушди фироқ билмайман,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ билмайман —
Жон ипларини узмиш жонон бу ҳузун ичра
Кўнглим,қаён кетармиз энди бу жунун ичра.

Бухорода бандим йўқ Самарқандда қандим йўқ,
ҚАРШИ азалдан «қарши», ҳеч унга монандим йўқ,
Зорим кўпу зўрим йўқ, ҳеч кимсага пандим йўқ —
Жон ипини уздику,жонон бу ҳузун ичра,
Энди қайга борамиз,кўнглим бу жунун ичра?

«Осмон», дедим осмонга: «Куйга сол бу зоримни»,-
Ёмғирингга айт, ювсин дилда бор ғуборимни
Қай манзилга боғловдинг«ЖОН»имдаги«ДОР»имни —
Ахир,жон ипин узди,жонон бу ҳузун ичра
Қайга юрайлик энди,кўнглим,бу жунун ичра?

Айтинг,магар тугарму,чархнинг бу афсонаси,
Ҳар боби жон офати биз анинг девонаси
Ҳар кимсанинг борарға бўлсин бир остонаси
Йўқса,бир умр сарсон ку ндуз ичра,тун ичра
Бизлар қаён кетармиз,ё раб бу жунун ичра?!

Ҳаллож ҳам кетиб бўлди, Машраб ҳам кетиб бўлди,
Биздан кейин чиққанлар манзилга етиб бўлди,
Фурсат ҳам тугаб бўлди,умр ҳам ўтиб бўлди —
Наҳотки, бор нақдимиз насядир бугун ичра,
Айтгин,қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра?!?

Ҳаволаниб кетди дил,ҳавоий бўлмоқчими?
Саболар атрин ҳўплаб,сабоий бўлмоқчими?
Руҳларимиз топишгач, Навоий бўлмоқчими?
Унгача Санобармиз ҳол отлиғ фунун ичра,
Бошла,қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра.

Қай манзилни кўзловдим-а,манзил йироқ билмасам
Қай соридан юракка тушган фироқ билмасам
Эй, юрак, кимнинг йўлида бунча муштоқ билмасам —
Жон ипин шарт уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Кўнглим, қаён кетурмиз, энди бу жунун ичра?!?…

***

«Қаро кўзим»ни чорлаб, бахтимни қаро қилдим,
Қаро қошлар заҳмидан бағримни яро қилдим,
Севмасам бўлар экан, бошимга бало қилдим,
Энди шу балоларни аритгувчим,қайдасиз?
Ёш жонимни ҳижронда қаритгувчим,қайдасиз?

Келинг, қайда бўлсангиз, жабримгача севарман,
Йўлингизга энтиккан сабримгача севарман,
Ҳаргиз кўнгил узмоқ йўқ; қабримгача севарман —
Шунча Ишқни кўнглимдан аритгувчим, қайдасиз?
Мани муҳаббат билан қаритгувчим,қайдасиз?

Самолар паст бўлдилар тушкун-тушкун байт айтсам,
Саболар маст бўлдилар мушкин-мушкин байт айтсам,
Гоҳ вақтида,гоҳида бемаҳал,бевақт айтсам —
Жами йўқловларимни аритгувчим бир келинг!
Битта дийдори учун қаритгувчим бир келинг!

Не бахт кўзларингизда кўзим қолса,ўлмасман,
Ортимдан бир ўғлиму-қизим қолса,ўлмасман,
Мани шоир яратди, сўзим қолса ўлмасман,
Сўзларнинг жамолидан қондиргувчим,қайдасиз
Қабримдаям Ишқ билан ёндиргувчим,қайдасиз?

Йўқ,кетманг, изингиздан ўртанган жоним кетар,
Вовайло, жон надурки, дину иймоним кетар,
Айтинг, қайга борурман, еру осмоним кетар,
Еру-осмонларимни бор этмоққа бир келинг,
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!

Келинг қайда бўлсангиз…
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!!

2002 йил,феврал

ХОТИМА ЁКИ СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

“Ва бу менман…”
Фурўғ Фаррухзод

Ва бу менман…
Юрагининг қарочўғини
Юлдузларнинг тафтларига едирган жонман.
Ва бу менман, ишонмасанг, бор — борлиғини
Юрагингга қурбонликка келтирган онман.

Ва бу менман…
Мендан кейин келган фасллар
Ғам ва шодлик орасида қолган таҳлика.
Мен биламан: тирикликнинг тахтида бир кун
Бу дунёни енгган ажал бўлар малика.

Ва бу менман. ..
Барча гўзал қўрқувларини
Яшилликнинг паноҳига яширган сўфий.
Оллоҳ, Оллоҳ, менинг яшил туйғуларимни
Мен кетгандан кейин асраб осмонингга қўй.

Ва бу менман…
Ўзга сўзга ҳожат қолмади.
Бору йўғим бир ўлимнинг бағрида маҳкум.
Сўз қолмади, сўзларимни сўзга солмадим
Ва мен учун эртага Сўз ўқийди ҳукм.

Ва бу менман…
Мендан кейин айтилган сўзлар,
Тангрим, сенинг даргоҳингга борганда етиб,
Ўлим мени сўз шаклида тортиқ этади,
Мен кетурман юракларда янграмоқ учун.

2002-2004 йиллар

***

Бир ғурубда дил этгач хато,
Бир қутбда адашди осмон.
Энди ишқман, ўлгунимча то
Ўлгунимча бир ишқдан мастман.

Мен — кунларга етмаган бир тун,
Кечаларда кун кечган хатар.
Ёлғизгина ошиқ кўнглимни
Енгмоққа йўқ бир маъшуқ Кадар.

Соғинчларим соғинди сени,
Соғинчларга асир тушганман.
Ёмғирларнинг илигидан еб,
Дарахтларнинг қонин ичганман.

Шундан дилбар кўринар олам,
Чўкиб маъсум тароватига.
Шундан ҳар тонг сомеъман мен ҳам
Майсаларнинг ибодатига.

Шундан буён кенгаяди ер,
Шундан буён тораяр осмон.
Эҳ, юлдузлар нима деса дер,
Мен тупроқнинг ҳидидан мастман.

1998

***

Мен билдим, билғулик кор энди йўқдир,
Унингдек ошиқу зор энди йўқдир.
Фидо бўлмоқликка бошим шай, аммо
Бошимга арзирли дор энди йўқдир.

***

Ҳеч бўлмаса бир ғунчачалик
Сукут сақлашни билганимдайди
Аллақачон очилиб кетмасмидим…

«ДЕВОНАВОР БИТИКЛАР» ТУРКУМИДАН

Бағрим тўла ташна хунлар,
Ҳалок этгай бу жунунлар,
Жонни ичманг, эй ҳузунлар,
Кўнгил майхона истайди.

Қорачўғи мани дорим,
Шу ишқ йўғим, шу ишқ борим,
Кел, энди ташна хуморим,
Кўнгил майхона истайди.

Бу ғам шаҳрин бузинг энди,
Бир офат кўргузинг энди,
Аё устоз, сузинг энди,
Кўнгил майхона истайди!

Сиз Хайёмсиз, ман — Санобар,
Дил уйинда хор саросар
Қаники жом?
Қани соғар?-
Кўнгил майхона истайди.

Не кўрдик бу хор дунёда
Мажруҳ,дилафгор дунёда
Бода,бода дағи бода-
Кўнгил майхона истайди!

Не бахтки,бир зорлиғдамиз
Йўқлиғдамиз,борлиғдамиз
Шоир деган хорлиғдамиз —
Кўнгил майхона истайди !

Дил қальасин бузиб айтдим,
Сўздан лашкар тузиб айтдим,
Қаранг, Жонни сузиб айтдим —
Кўнгил майхона истайди !

Сўз подишоҳ,ман ғуломман,
Анинг куйида мудомман,
Буткул тамоммман,тамомман-
Дод,кўнгил майхона истайди!

Кўйида гарди роҳим бор,
Мастман вале; огоҳим бор
Манинг қандай гуноҳим бор —
Бот кўнгил майхона истайди.

Чархни ишқдан тузинг энди,
Тараҳҳум кўргузинг энди
Сузинг энди,
Сузинг энди-
Эй,кўнгил майхона истайди!

Ман Хайёмман, сиз — Санобар,
Юракда ишқ отлиғ кадар.
Олиб келинг манга соғар-
Кўнгил майхона истайди !

Баробармиз обу-гилга,
Нечун афсонамиз элга,
Боқинг Румию Бедилга-
Недан, майхона истайди !

Бу дард бирла адо бўлдик,
Маст бўлдик, ҳар бало бўлдик,
Айтинг,кимга фидо бўлдик
Кўнгил майхона истайди !

Заминман ман,самоман ман,
Ҳаққа етган дуоман ман,
Ишқпараст бир баломан мен-
Кўнгил майхона истайди!

Аё устоз, сузинг энди…

2000,сентябрь

***

Осмонни қўй,ахтарни қўй,
Уммонни қўй,гавҳарни қўй,
Ҳатто оби кавсарни қўй-
Кел,сан мани ишқимни ич!!!

Бир ишқки қотили жондир,
Магар йўқ хавфи иймондир
У кофирдир,мусулмондир-
Олгин,мани ишқимни ич!

Буз оламнинг комларини,
Рад эт, бор аҳкомларини,
Синдир ҳамма жомларини —
Ол,сан мани ишқимни ич!

Токим паймона тўлгунча,
Азал ҳукми ўқилгунча,
То тошиб,то тўкилгунча —
Кел,сан мани ишқимни ич!

Уммон эсанг, дур бўлгайсан
Зулмат эсанг, нур бўлгайсан
Ҳур бўлурсан,ҳур бўлгайсан-
Ол! Сан мани ишқимни ич!

Кел,сан мани ишқимни ич!

2002 йил,январь

***

«Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи…»
Фахриёр.

Бу қайғуни мен битганим йўқ
Мен тузмадим, йўқ сени тақвим,
Жоним,сени унутганим йўқ —
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Энди бу ғам ифода излар,
Ўзни дилга этаркан тақдим.
Қандоқ гўзал эди у ҳислар-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

У кунларнинг гарди ҳам гўзал,
Хотирадан келаркан балқиб,
Оғриқлари,дарди ҳам гўзал-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Кўзларимга чўкмиш нигоҳинг,
Ҳасратларинг бунчалар талхдир.
Худо кечсин барча гуноҳинг-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Кетганинг йўқ,кўнглимдан йироқ
Оқаяпсан руҳимда қалқиб.
Учраштирар бизни бу фироқ —
Худо
ҳаққи,
Муҳаббат
ҳаққи!

2004йил,май

РОЗ

Дарахтлар ям-яшил розлари билан,
Ғунчалар гулоби нозлари билан,
Сувлар шивир-шивир созлари билан —
Мени севмоқдалар,
Қизғонмайсанми?!

Осмондан ёғилган ғамлар энтикиб,
Кўнглим хилватида шамлар энтикиб,
Шундай севгинавоз дамлар энтикиб  —
Мени севмоқдалар,
Қизғонмайсанми?!

Шамол ўз ишқини қилмоқда такбир,
Гуллар сепмоқдалар самовий атр,
Бу тоғлар мени деб қариди ахир —
Қизғонмайсанми?!?

Пойимгача етмай, гул бўлди қуриб,
Сен сабаб келмадим, бахтга улгуриб,
Лек,шунча севгининг ичида туриб-
СЕНИ СОҒИНЯПМАН БАРИБИР,
СЕНИ ҚЎМСАЯПМАН БАРИБИР,
СЕНИ ЎЙЛАЯПМАН БАРИБИР,
Ўйламайсанми?!

2013 йил,июнь

ИЗҲОР

Ахир,шу соғинчга тўла дунёда
Айтгин,,сандан бўлак кимим бор мани
Кел, жоним, кетайлик пойи-пиёда
Висолга етгани, бахтга етгани.

Билмайсан, ёмғирдай маҳзунлигимни,
Сезмадинг, шабнамдай бокиралигим.
Бир кун кўзларингга шеър битиб кетсам-
Балки эслармисан,шоиралигим.

Буям бир зор бўлди, буям бир фиғон,
Боқдинг, кўзим ёши сочилиб кетди.
Айбга буюрмайсан,энди ёрижон —
Дилнинг қулфи сенга очилиб кетди.

Наҳот,изтироблар ёлғон бўлсалар,
Ростмасми,Тангримга арз этмаганим.
Уммондай қаҳрини сочиб туриб ҳам —
Бир томчи соғинчга арзитмаганим.

Ахир шу видога тўлган дунёда
Айтгин,сандан бўлак кимим бор мани.
Шу
Гўзал
Ҳавода
Оппоқ
Ҳавода
Кетайлик,дил қадар ишққа етгани.
Кетайлик,кетайлик қалбга етгани…..

ЎКИНЧ

Гоҳида беҳудман, валек гоҳида-
Ҳушёрлиғ ўтида қоврилар дилим.
Қисматнинг бу янглиғ ўйинларида-
Андак таассуф бор,андак табассум.

Гоҳ дўст иғво этар,гоҳ фалак ғавғо —
Гоҳ кўзни куйдириб,гоҳ сўнар шамим.
Корингдан ўргилдим, эй маккор дунё —
Андак таассуф бор,андак табассум.

Билмам нима қолар,Севгидан кейин,
Балким пушаймонлиғ:«Негаям севдим»
Нима бўлганда ҳам қолмишлар аро-
Андак таассуф бор,андак табассум.

Манам,анча йўлни босдим,чамамда
Юр,энди кетмасак бўлмайди,Ўлим.
Ҳеч нарса қолмади.
Фақат дилимда —
Андак таассуф бор,андак табассум…

1999 йил.февраль

БИЛАМАН…

Биламан, биламан —
Бир куни келиб,
Шамоллардай эсиб,қайтажакман боз.
Маъюс кўзларингга,маъюс тикилиб —
Кўзларим тубида йиғлайди бир ноз —
Ўша мен бўламан,
Буни биламан.

Биламан қайғунинг қайғучил ёди
Юрагимни ўртаб,қилади найранг.
Аммо,ҳаётимнинг барча буржидан
Қор каби ёғади дилбар қиёфанг —
Мен унга термулиб,сенга тўламан,
Буни-да биламан.

Биламан,ошиқлар вақтдай бевафо,
Хушторлар тилида ўйиндир видо.
Севги деганлари оний кайфият-
Биламан,сен мангу ёрдирсан Худо!
Бошимда абадий бордирсан Худо!

Биламан,ошиғлик бандага эса
Исёнли бир ҳолдир, Ҳақнинг ҳукмига.
Нечун,юрагимга етмайди кучим —
Билсам ҳам ошиғман не учун,нега?!?
Гоҳ кулиб йиғлайман,
Гоҳ тўлиб йиғлайман.
Пушаймон бўлмайман
Эҳ, буни билмайман,
Билмайман!

2012 йил,июнь

ЎЛМАСМАН…

Дилимга Ишқингни ёпсанг,ўлмасман,
Шу ишқдан ўзингни топсанг,ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!

Бу гулгун туйғудан маст бўлиб келсанг,
Пойимга ерданам паст бўлиб келсанг,
Мен билан ўлмоққа қасд бўлиб келсанг-
Бағримга жон каби тўлсанг ўлмасман!

Самолар азмига сени чорласам,
Саболар назмига сени чорласам,
Лайлолар базмига сени чорласам,
Бормай. кўзларимда қолсанг ўлмасман.

Умр ўтар,ёзу, қишли қировли,
Ҳол борми?
Ҳолинг не?,-дея сўровли,
Кўкcимда бир тафт бор ўтдан оловли —
Шу тафтдан бир хикмат топсанг ўлмасман!

Қарорим қолмади тўзимга ҳайда,
Бир сўз айтиб борсам, сўзимга ҳайда,
Ўзимга келайин, ўзимга ҳайда —
Кейин шу жонимни олсанг ўлмасман.

Минг йилки тўкилар,ёшим дув мени
Жин чалдими ёки пари дев мени,
Сев мени, сев мени, яна сев мани —
Сўнг қанча фироққа солсанг ўлмасман!

Кўксимга ҳажрингни ёпсанг ўлмасман,
Унга ажал атрин сепсанг ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб,кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!!!
Руҳимга ишқингни ёпсанг ўлмасман….
Шу ишқдан Худони топсанг ўлмасман..

***

Тили бўлганида сўзлай олганида
Энг зўр шоир бўларди Дарахт

Агар билганида —
Ҳаводан ҳам ўзга дафтар борлигини
Осмондан ҳам оғир залвор борлигини
Қўли бўлганида чизарди дарахт
Йиғлаб ҳаволарга ёзарди Дарахт
Дили бўлганида
Гулламоқ ва хазон бўлмоқнинг оралиғида
Бир улкан муҳаббат улкан айрилиқ
Борлигини билганида билганида эди
Воҳ ақлидан озарди Дарахт
Ҳар бир япроғига ёзарди дарахт
Мен каби тўкилиб,тонарди дарахт
Бу ишқда гуриллаб ёнарди Дарахт
Яхшиям,
Дарахт эмас
Одам этганингга шукр
Худойим!

2000 йил,август

МУНОЖОТ

Васлингдан мосуво кунларни кечдим,
Э бир хор,бир расво кунларни кечдим,
Ўлимдай бедаво кунларни кечдим,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо?

Фалак найрангидан руҳим ичмади,
Кўнглимни қуш қилдим барбир учмади,
Бир қошиқ қонимдан дунё кечмади,
Кечиб ўтарманми ишқингни, Эгам?

Фано боғларидан япроқ тўкилар,
Ҳар япроқ бандида бир оҳ тўкилар,
Боқ, жоним шу лаҳза Оллоҳ тўкилар —
Кечиб ўтарманми нурингни, Худо?

Нигоҳ солсам кўзим йўлларга тушди,
Дилин тополмаган, дилларга тушди,
Занжирларга тушди, ғулларга тушди
Кечиб ўтарманми эркингни, Худо —
Ки қандоқ васф этай кўркингни, Худо?

Санобар эдим ман, азал озорлиғ,
Жунун пешонамга битилган ёрлиғ
Буткул девонаман, буткул хумморлиғ —
Қучиб ўтарманми аршингни, Эгам?

Дардимни шеър қилдим кўксимга ёзиб,
Сўрма ҳеч, бир севдим ақлимдан озиб,
Сен берган умрни ошуфта кезиб,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо,
Сен кечгил мен каби додингни, Худо!

1999 йил,октябрь

***

Қўҳна дунё,йўл бермадинг бурилиб ўтдик
Бир бўлмағур савдоларга берилиб ўтдик
Яссавийдай зот бош эгиб жим ўтганида-
Бизлар қайси коримизга керилиб ўтдик

2001 йил февраль

09

 «Buncha oz sevasiz, yomon sevasiz»,-deb  o’ksinadi Marina Svetaeva. «Bo’lmasa ishq ikki jahon bo’lmasin,ikki jahon demaki jon bo’lmasin»,- degancha ko’kka yuzlanib munojot qiladi Hazrat Navoiy. «Faqat muhabbatga daxldor so’zlargina yashnatguvchidir»,- deydi benazir yozuvchi Erix Mariya Remark. «Dunyoning asosida ishq turadi»,-deya bu g’ofil odamzodni uyg’otmoqchi bo’ladi mavlono Jaloliddin Rumiy. «Tushuning, men bugun boshqacha yashashim kerak, juda boshqacha, yuragim nodir hislarga to’la, hamma mudhish xotiralarimni unutdim,qalbimda mudroq tuyg’ularga o’rin yo’q,men axir sevib qolganman.Endi meni yomon bo’lishga,o’zgalarga zarar yetkazishga ko’ndirolmaysiz»,- deya hayqiradi Xulio Kоrtasarning qahramonlaridan biri. «Kel,ko’r mani Ishq nayladi»,-deya orifona junun bilan xitob qiladi Yunus Emro. O’zini qidirayotgan mohiyat asroriga talpinib,yaratgandan bir nur istayotgan jamiyki oshiqlarning indallosi bitta. ISHQ…

Dunyoning har bir qit’asida,dunyoning to’rt tarafida shu tuyg’u, hech qachon o’lmaydigan,qarimaydigan tuyg’u bu. Bu odamiyatning ruhi qadar qadim va boqiy tuyg’udir. Ishqdan,ya’ni ishqi ilohiydan,yana ishqi ilohiyga qarab ketayotgan bir yo’lovchilarmiz.Dunyo esa bir to’xtab nafas rostlab,o’tib ketiladigan manzil…Shu manzilni obod qiladigan narsa bu bizning muhabbatimiz, bu bizning go’zal tuyg’ularimizdir. Qalbingizni paypaslab ko’ring,unda zarra bo’lsin, muhabbat bormi, o’zingizdan kechib, o’zgalarga ezgulik sog’inishga qodirmisiz, demak, siz yashayapsiz….. Demak,siz yashashga loyiq siz,qalbingizdagi muhabbat haqqi,muhabbatga munosibsiz. Duolar ijobat bo’ladigan shu pokiza kunda barchangizni Ahmad Yassaviyning hikmatlari bilan duo qilaman: «Har na qilsang oshiq qilgin Parvardigor!» (Sanobar Mehmonovaning feysbukdagi sahifasidan)

Sanobar MEHMONOVA
SHE’RLAR
044

Sanobar Mehmonova 1981 yil 6 yanvarda Buxoro viloyati Jondor tumaniga qarashli Chorzona qishlog’ida tavallud topgan. 2004 yilda O’zbekiston Davlat jahon tillari universitetining Xalqaro jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. She’rlari respublika matbuotida e’lon qilingan. “Yashil ibodatlar” she’riy to’plami muallifi. “Xayyomona ho’rsiniqlar” kitobi nashrga tayyorlanmoqda.

044

«FANO SARHADLARI» TURKUMIDAN

Ayromiz, lek dil zorimiz birlashadur,
Diydorida diydorimiz birlashadur.05
Yer ustida Seni topmay, kuydim biroq,
Yer ostida mozorimiz birlashadur.

***

Sevdimmi yo ishkdan alomat bo’ldi,
Ulusdan ming karra malomat bo’ldi.
Qaydan oqib kelding daryo ko’nglima –
Qiyomat bo’ldi-yey, qiyomat bo’ldi!

***

Qaniydi dilda bir zor bo’lsa edi,
Dilimni kuylasam, tor bo’lsa edi.
Ulardim begumon, o’lardim beshak,
Shu lahza yonimda Yor bo’lsa edi!

***

Yaproq o’zi titrab tursa, Kuzda ne ayb?
Yurak o’zi qaynab tursa, so’zda ne ayb?
Momo Havo, xato o’tsa, sizdan o’tgan,
Axir, ayting, bizda ne ayb, bizda ne ayb?

“RINDONA XIRGOYI” TURKUMIDAN

***

Nigohlar pichirlar bir qadim zorni,
Ey, mening balokash oshufta kezim.
Bizga bu savdolar muborak endi,
Oshiqliq muborak, Shams Tabrizim.

Dunyoni alanga ichiga oldik,
Na aql qoldiyu, na biror sezim.
Olamga sho’rishu g’avg’olar soldik,
Ma’shuqlik muborak, Shams Tabrizim.

Kimlardan qolmagan bu qadim junun,
Buncha jovdiraysan ko’klarga, ko’zim.
Muborak bo’lsin bu hol otliq funun,
Qo’shiqlik muborak, Shams Tabrizim.

Bizdan qolib ketar dunyoga alam,
Xudojon, ber unga biz uchun to’zim.
Tiz cho’k poyimizga, ey muqaddas g’am,
Oshiqlik muborak, Shams Tabrizim.

Qonlarimga tashna qildi bu firoq,
Kelar bo’lsang, kelgin endi, xunrezim.
Bunchalar go’zalsan, ey, go’zal qiynoq,
Ma’shuqlik muborak, Shams Tabrizim.

Hol bilan savdoni nikoxlab qo’ydim,
Jununim boshimga chiqqan shu kezim,
Ishq bilan g’avg’oni nikoxlab qo’ydim,
Oshiqlik muborak, Shams Tabrizim.

***

Qay manzilni ko’zladim,manzil yiroq bilmayman
Qay soridan yurakka tushdi firoq bilmayman,
Yurak kimning yo’lida buncha mushtoq bilmayman —
Jon iplarini uzmish jonon bu huzun ichra
Ko’nglim,qayon ketarmiz endi bu junun ichra.

Buxoroda bandim yo’q Samarqandda qandim yo’q,
QARSHI azaldan «qarshi», hech unga monandim yo’q,
Zorim ko’pu zo’rim yo’q, hech kimsaga pandim yo’q —
Jon ipini uzdiku,jonon bu huzun ichra,
Endi qayga boramiz,ko’nglim bu junun ichra?

«Osmon», dedim osmonga: «Kuyga sol bu zorimni»,-
Yomg’iringga ayt, yuvsin dilda bor g’uborimni
Qay manzilga bog’lovding«JON»imdagi«DOR»imni —
Axir,jon ipin uzdi,jonon bu huzun ichra
Qayga yuraylik endi,ko’nglim,bu junun ichra?

Ayting,magar tugarmu,charxning bu afsonasi,
Har bobi jon ofati biz aning devonasi
Har kimsaning borarg’a bo’lsin bir ostonasi
Yo’qsa,bir umr sarson ku nduz ichra,tun ichra
Bizlar qayon ketarmiz,yo rab bu junun ichra?!

Halloj ham ketib bo’ldi, Mashrab ham ketib bo’ldi,
Bizdan keyin chiqqanlar manzilga yetib bo’ldi,
Fursat ham tugab bo’ldi,umr ham o’tib bo’ldi —
Nahotki, bor naqdimiz nasyadir bugun ichra,
Aytgin,qayon ketarmiz, ko’nglim, bu junun ichra?!?

Havolanib ketdi dil,havoiy bo’lmoqchimi?
Sabolar atrin ho’plab,saboiy bo’lmoqchimi?
Ruhlarimiz topishgach, Navoiy bo’lmoqchimi?
Ungacha Sanobarmiz hol otlig’ funun ichra,
Boshla,qayon ketarmiz, ko’nglim, bu junun ichra.

Qay manzilni ko’zlovdim-a,manzil yiroq bilmasam
Qay soridan yurakka tushgan firoq bilmasam
Ey, yurak, kimning yo’lida buncha mushtoq bilmasam —
Jon ipin shart uzdiku, jonon bu huzun ichra,
Ko’nglim, qayon keturmiz, endi bu junun ichra?!?…

***

«Qaro ko’zim»ni chorlab, baxtimni qaro qildim,
Qaro qoshlar zahmidan bag’rimni yaro qildim,
Sevmasam bo’lar ekan, boshimga balo qildim,
Endi shu balolarni aritguvchim,qaydasiz?
Yosh jonimni hijronda qaritguvchim,qaydasiz?

Keling, qayda bo’lsangiz, jabrimgacha sevarman,
Yo’lingizga entikkan sabrimgacha sevarman,
Hargiz ko’ngil uzmoq yo’q; qabrimgacha sevarman —
Shuncha Ishqni ko’nglimdan aritguvchim, qaydasiz?
Mani muhabbat bilan qaritguvchim,qaydasiz?

Samolar past bo’ldilar tushkun-tushkun bayt aytsam,
Sabolar mast bo’ldilar mushkin-mushkin bayt aytsam,
Goh vaqtida,gohida bemahal,bevaqt aytsam —
Jami yo’qlovlarimni aritguvchim bir keling!
Bitta diydori uchun qaritguvchim bir keling!

Ne baxt ko’zlaringizda ko’zim qolsa,o’lmasman,
Ortimdan bir o’g’limu-qizim qolsa,o’lmasman,
Mani shoir yaratdi, so’zim qolsa o’lmasman,
So’zlarning jamolidan qondirguvchim,qaydasiz
Qabrimdayam Ishq bilan yondirguvchim,qaydasiz?

Yo’q,ketmang, izingizdan o’rtangan jonim ketar,
Vovaylo, jon nadurki, dinu iymonim ketar,
Ayting, qayga borurman, yeru osmonim ketar,
Yeru-osmonlarimni bor etmoqqa bir keling,
Diydoringiz ko’rsatib qaritmoqqa bir keling!

Keling qayda bo’lsangiz…
Diydoringiz ko’rsatib qaritmoqqa bir keling!!

2002 yil,fevral

XOTIMA YOKI SO’NGSO’Z O’RNIDA

“Va bu menman…”
Furo’g’ Farruxzod

Va bu menman…
Yuragining qarocho’g’ini
Yulduzlarning taftlariga yedirgan jonman.
Va bu menman, ishonmasang, bor — borlig’ini
Yuragingga qurbonlikka keltirgan onman.

Va bu menman…
Mendan keyin kelgan fasllar
G’am va shodlik orasida qolgan tahlika.
Men bilaman: tiriklikning taxtida bir kun
Bu dunyoni yenggan ajal bo’lar malika.

Va bu menman. ..
Barcha go’zal qo’rquvlarini
Yashillikning panohiga yashirgan so’fiy.
Olloh, Olloh, mening yashil tuyg’ularimni
Men ketgandan keyin asrab osmoningga qo’y.

Va bu menman…
O’zga so’zga hojat qolmadi.
Boru yo’g’im bir o’limning bag’rida mahkum.
So’z qolmadi, so’zlarimni so’zga solmadim
Va men uchun ertaga So’z o’qiydi hukm.

Va bu menman…
Mendan keyin aytilgan so’zlar,
Tangrim, sening dargohingga borganda yetib,
O’lim meni so’z shaklida tortiq etadi,
Men keturman yuraklarda yangramoq uchun.

2002-2004 yillar

***

Bir g’urubda dil etgach xato,
Bir qutbda adashdi osmon.
Endi ishqman, o’lgunimcha to
O’lgunimcha bir ishqdan mastman.

Men — kunlarga yetmagan bir tun,
Kechalarda kun kechgan xatar.
Yolg’izgina oshiq ko’nglimni
Yengmoqqa yo’q bir ma’shuq Kadar.

Sog’inchlarim sog’indi seni,
Sog’inchlarga asir tushganman.
Yomg’irlarning iligidan yeb,
Daraxtlarning qonin ichganman.

Shundan dilbar ko’rinar olam,
Cho’kib ma’sum tarovatiga.
Shundan har tong some’man men ham
Maysalarning ibodatiga.

Shundan buyon kengayadi yer,
Shundan buyon torayar osmon.
Eh, yulduzlar nima desa der,
Men tuproqning hididan mastman.

1998

***

Men bildim, bilg’ulik kor endi yo’qdir,
Uningdek oshiqu zor endi yo’qdir.
Fido bo’lmoqlikka boshim shay, ammo
Boshimga arzirli dor endi yo’qdir.

***

Hech bo’lmasa bir g’unchachalik
Sukut saqlashni bilganimdaydi
Allaqachon ochilib ketmasmidim…

«DEVONAVOR BITIKLAR» TURKUMIDAN

Bag’rim to’la tashna xunlar,
Halok etgay bu jununlar,
Jonni ichmang, ey huzunlar,
Ko’ngil mayxona istaydi.

Qoracho’g’i mani dorim,
Shu ishq yo’g’im, shu ishq borim,
Kel, endi tashna xumorim,
Ko’ngil mayxona istaydi.

Bu g’am shahrin buzing endi,
Bir ofat ko’rguzing endi,
Ayo ustoz, suzing endi,
Ko’ngil mayxona istaydi!

Siz Xayyomsiz, man — Sanobar,
Dil uyinda xor sarosar
Qaniki jom?
Qani sog’ar?-
Ko’ngil mayxona istaydi.

Ne ko’rdik bu xor dunyoda
Majruh,dilafgor dunyoda
Boda,boda dag’i boda-
Ko’ngil mayxona istaydi!

Ne baxtki,bir zorlig’damiz
Yo’qlig’damiz,borlig’damiz
Shoir degan xorlig’damiz —
Ko’ngil mayxona istaydi !

Dil qal`asin buzib aytdim,
So’zdan lashkar tuzib aytdim,
Qarang, Jonni suzib aytdim —
Ko’ngil mayxona istaydi !

So’z podishoh,man g’ulomman,
Aning kuyida mudomman,
Butkul tamommman,tamomman-
Dod,ko’ngil mayxona istaydi!

Ko’yida gardi rohim bor,
Mastman vale; ogohim bor
Maning qanday gunohim bor —
Bot ko’ngil mayxona istaydi.

Charxni ishqdan tuzing endi,
Tarahhum ko’rguzing endi
Suzing endi,
Suzing endi-
Ey,ko’ngil mayxona istaydi!

Man Xayyomman, siz — Sanobar,
Yurakda ishq otlig’ kadar.
Olib keling manga sog’ar-
Ko’ngil mayxona istaydi !

Barobarmiz obu-gilga,
Nechun afsonamiz elga,
Boqing Rumiyu Bedilga-
Nedan, mayxona istaydi !

Bu dard birla ado bo’ldik,
Mast bo’ldik, har balo bo’ldik,
Ayting,kimga fido bo’ldik
Ko’ngil mayxona istaydi !

Zaminman man,samoman man,
Haqqa yetgan duoman man,
Ishqparast bir baloman men-
Ko’ngil mayxona istaydi!

Ayo ustoz, suzing endi…

2000,sentyabr

***

Osmonni qo’y,axtarni qo’y,
Ummonni qo’y,gavharni qo’y,
Hatto obi kavsarni qo’y-
Kel,san mani ishqimni ich!!!

Bir ishqki qotili jondir,
Magar yo’q xavfi iymondir
U kofirdir,musulmondir-
Olgin,mani ishqimni ich!

Buz olamning komlarini,
Rad et, bor ahkomlarini,
Sindir hamma jomlarini —
Ol,san mani ishqimni ich!

Tokim paymona to’lguncha,
Azal hukmi o’qilguncha,
To toshib,to to’kilguncha —
Kel,san mani ishqimni ich!

Ummon esang, dur bo’lgaysan
Zulmat esang, nur bo’lgaysan
Hur bo’lursan,hur bo’lgaysan-
Ol! San mani ishqimni ich!

Kel,san mani ishqimni ich!

2002 yil,yanvar`

***

«Xudo haqqi,muhabbat haqqi…»
Faxriyor.

Bu qayg’uni men bitganim yo’q
Men tuzmadim, yo’q seni taqvim,
Jonim,seni unutganim yo’q —
Xudo haqqi,muhabbat haqqi.

Endi bu g’am ifoda izlar,
O’zni dilga etarkan taqdim.
Qandoq go’zal edi u hislar-
Xudo haqqi,muhabbat haqqi.

U kunlarning gardi ham go’zal,
Xotiradan kelarkan balqib,
Og’riqlari,dardi ham go’zal-
Xudo haqqi,muhabbat haqqi.

Ko’zlarimga cho’kmish nigohing,
Hasratlaring bunchalar talxdir.
Xudo kechsin barcha gunohing-
Xudo haqqi,muhabbat haqqi.

Ketganing yo’q,ko’nglimdan yiroq
Oqayapsan ruhimda qalqib.
Uchrashtirar bizni bu firoq —
Xudo
haqqi,
Muhabbat
haqqi!

2004yil,may

ROZ

Daraxtlar yam-yashil rozlari bilan,
G’unchalar gulobi nozlari bilan,
Suvlar shivir-shivir sozlari bilan —
Meni sevmoqdalar,
Qizg’onmaysanmi?!

Osmondan yog’ilgan g’amlar entikib,
Ko’nglim xilvatida shamlar entikib,
Shunday sevginavoz damlar entikib —
Meni sevmoqdalar,
Qizg’onmaysanmi?!

Shamol o’z ishqini qilmoqda takbir,
Gullar sepmoqdalar samoviy atr,
Bu tog’lar meni deb qaridi axir —
Qizg’onmaysanmi?!?

Poyimgacha yetmay, gul bo’ldi qurib,
Sen sabab kelmadim, baxtga ulgurib,
Lek,shuncha sevgining ichida turib-
SENI SOG’INYAPMAN BARIBIR,
SENI QO’MSAYAPMAN BARIBIR,
SENI O’YLAYAPMAN BARIBIR,
O’ylamaysanmi?!

2013 yil,iyun

IZHOR

Axir,shu sog’inchga to’la dunyoda
Aytgin,,sandan bo’lak kimim bor mani
Kel, jonim, ketaylik poyi-piyoda
Visolga yetgani, baxtga yetgani.

Bilmaysan, yomg’irday mahzunligimni,
Sezmading, shabnamday bokiraligim.
Bir kun ko’zlaringga she’r bitib ketsam-
Balki eslarmisan,shoiraligim.

Buyam bir zor bo’ldi, buyam bir fig’on,
Boqding, ko’zim yoshi sochilib ketdi.
Aybga buyurmaysan,endi yorijon —
Dilning qulfi senga ochilib ketdi.

Nahot,iztiroblar yolg’on bo’lsalar,
Rostmasmi,Tangrimga arz etmaganim.
Ummonday qahrini sochib turib ham —
Bir tomchi sog’inchga arzitmaganim.

Axir shu vidoga to’lgan dunyoda
Aytgin,sandan bo’lak kimim bor mani.
Shu
Go’zal
Havoda
Oppoq
Havoda
Ketaylik,dil qadar ishqqa yetgani.
Ketaylik,ketaylik qalbga yetgani…..

O’KINCH

Gohida behudman, valek gohida-
Hushyorlig’ o’tida qovrilar dilim.
Qismatning bu yanglig’ o’yinlarida-
Andak taassuf bor,andak tabassum.

Goh do’st ig’vo etar,goh falak g’avg’o —
Goh ko’zni kuydirib,goh so’nar shamim.
Koringdan o’rgildim, ey makkor dunyo —
Andak taassuf bor,andak tabassum.

Bilmam nima qolar,Sevgidan keyin,
Balkim pushaymonlig’:«Negayam sevdim»
Nima bo’lganda ham qolmishlar aro-
Andak taassuf bor,andak tabassum.

Manam,ancha yo’lni bosdim,chamamda
Yur,endi ketmasak bo’lmaydi,O’lim.
Hech narsa qolmadi.
Faqat dilimda —
Andak taassuf bor,andak tabassum…

1999 yil.fevral

BILAMAN…

Bilaman, bilaman —
Bir kuni kelib,
Shamollarday esib,qaytajakman boz.
Ma’yus ko’zlaringga,ma’yus tikilib —
Ko’zlarim tubida yig’laydi bir noz —
O’sha men bo’laman,
Buni bilaman.

Bilaman qayg’uning qayg’uchil yodi
Yuragimni o’rtab,qiladi nayrang.
Ammo,hayotimning barcha burjidan
Qor kabi yog’adi dilbar qiyofang —
Men unga termulib,senga to’laman,
Buni-da bilaman.

Bilaman,oshiqlar vaqtday bevafo,
Xushtorlar tilida o’yindir vido.
Sevgi deganlari oniy kayfiyat-
Bilaman,sen mangu yordirsan Xudo!
Boshimda abadiy bordirsan Xudo!

Bilaman,oshig’lik bandaga esa
Isyonli bir holdir, Haqning hukmiga.
Nechun,yuragimga yetmaydi kuchim —
Bilsam ham oshig’man ne uchun,nega?!?
Goh kulib yig’layman,
Goh to’lib yig’layman.
Pushaymon bo’lmayman
Eh, buni bilmayman,
Bilmayman!

2012 yil,iyun

O’LMASMAN…

Dilimga Ishqingni yopsang,o’lmasman,
Shu ishqdan o’zingni topsang,o’lmasman,
O’larman va agar o’lar chog’imda —
Kelib ko’zlarimdan o’psang o’lmasman!

Bu gulgun tuyg’udan mast bo’lib kelsang,
Poyimga yerdanam past bo’lib kelsang,
Men bilan o’lmoqqa qasd bo’lib kelsang-
Bag’rimga jon kabi to’lsang o’lmasman!

Samolar azmiga seni chorlasam,
Sabolar nazmiga seni chorlasam,
Laylolar bazmiga seni chorlasam,
Bormay. ko’zlarimda qolsang o’lmasman.

Umr o’tar,yozu, qishli qirovli,
Hol bormi?
Holing ne?,-deya so’rovli,
Ko’kcimda bir taft bor o’tdan olovli —
Shu taftdan bir xikmat topsang o’lmasman!

Qarorim qolmadi to’zimga hayda,
Bir so’z aytib borsam, so’zimga hayda,
O’zimga kelayin, o’zimga hayda —
Keyin shu jonimni olsang o’lmasman.

Ming yilki to’kilar,yoshim duv meni
Jin chaldimi yoki pari dev meni,
Sev meni, sev meni, yana sev mani —
So’ng qancha firoqqa solsang o’lmasman!

Ko’ksimga hajringni yopsang o’lmasman,
Unga ajal atrin sepsang o’lmasman,
O’larman va agar o’lar chog’imda —
Kelib,ko’zlarimdan o’psang o’lmasman!!!
Ruhimga ishqingni yopsang o’lmasman….
Shu ishqdan Xudoni topsang o’lmasman..

***

Tili bo’lganida so’zlay olganida
Eng zo’r shoir bo’lardi Daraxt

Agar bilganida —
Havodan ham o’zga daftar borligini
Osmondan ham og’ir zalvor borligini
Qo’li bo’lganida chizardi daraxt
Yig’lab havolarga yozardi Daraxt
Dili bo’lganida
Gullamoq va xazon bo’lmoqning oralig’ida
Bir ulkan muhabbat ulkan ayriliq
Borligini bilganida bilganida edi
Voh aqlidan ozardi Daraxt
Har bir yaprog’iga yozardi daraxt
Men kabi to’kilib,tonardi daraxt
Bu ishqda gurillab yonardi Daraxt
Yaxshiyam,
Daraxt emas
Odam etganingga shukr
Xudoyim!

2000 yil,avgust

MUNOJOT

Vaslingdan mosuvo kunlarni kechdim,
E bir xor,bir rasvo kunlarni kechdim,
O’limday bedavo kunlarni kechdim,
Kechib o’tarmanmi yodingni, Xudo?

Falak nayrangidan ruhim ichmadi,
Ko’nglimni qush qildim barbir uchmadi,
Bir qoshiq qonimdan dunyo kechmadi,
Kechib o’tarmanmi ishqingni, Egam?

Fano bog’laridan yaproq to’kilar,
Har yaproq bandida bir oh to’kilar,
Boq, jonim shu lahza Olloh to’kilar —
Kechib o’tarmanmi nuringni, Xudo?

Nigoh solsam ko’zim yo’llarga tushdi,
Dilin topolmagan, dillarga tushdi,
Zanjirlarga tushdi, g’ullarga tushdi
Kechib o’tarmanmi erkingni, Xudo —
Ki qandoq vasf etay ko’rkingni, Xudo?

Sanobar edim man, azal ozorlig’,
Junun peshonamga bitilgan yorlig’
Butkul devonaman, butkul xummorlig’ —
Quchib o’tarmanmi arshingni, Egam?

Dardimni she’r qildim ko’ksimga yozib,
So’rma hech, bir sevdim aqlimdan ozib,
Sen bergan umrni oshufta kezib,
Kechib o’tarmanmi yodingni, Xudo,
Sen kechgil men kabi dodingni, Xudo!

1999 yil,oktyabr

***

Qo’hna dunyo,yo’l bermading burilib o’tdik
Bir bo’lmag’ur savdolarga berilib o’tdik
Yassaviyday zot bosh egib jim o’tganida-
Bizlar qaysi korimizga kerilib o’tdik

2001 yil fevral

09

(Tashriflar: umumiy 2 141, bugungi 1)

16 izoh

  1. Ассалому-алайкум,азиз Хуршид ака!!!Эътиборингиздан бошим кўкка етди.Шунчалик суюндим,тўғриси нима дейишниям билмайман,раҳмат,шу самимиятингиз,шу маърифатингиз,шу ҳайратингиз ҳеч қачон камаймасин.Илоҳим умрингиздан,ижодингиздан,самимий руҳингизу-покиза қалбингиздан баракат топинг!!!Худойимдан сўрайман,илоҳим бизгаям СИЗнинг йўлингизни берсин!!!Ҳамиша сиздай нурли,маърифатли бўлиб юрайлик,дуо қилинг,УСТОЗ!
    Фақат,охирги «КУЗ КЕЛСА-Да »,-деган шеьр меники эмас.ФБ.даги шеьримнинг тагига қилинган коментарий эди.Уни тузатса бўлса керак-а,Хуршид ака,мен шу йигирма кун бўлдиФБ.га кирганимга шунга унчалик тушунмайман

  2. Санобарнинг шеърлари машрабона,хайёмга ўхшаш, аммо замонавий, яна аёлга хос рухияти билан ҳаммани мафтун қиляпти.Санобар ҳали ёш,лекин биз учун кашфиёт.У мафтун қилган мухлислари бундан-да сермаҳсул ва баркамолликни кутадилар ва яна юз йилдан кейин Машраб билан бирга Санобар Меҳмон ижодини ўрганишса ажаб эмас.

  3. Ё Раббим, бу не нола, бу не фарёд бўлди? Ҳақиқат каби аччиқ, «ёлғони» ҳам мафтункор. Ҳар сатри қалбингизга сингади, ҳар Ашкида ИШҚ кўринади. Аллоҳдан инъом этилган истеъдодингизга кўз тегмасин, Санобархон!

  4. Агар сизни ўқимаганимда тилимизнинг бу қадар гўзаллигини, унинг инсоний туйғуларни худди мусиқа каби бу қадар равшан ифода эта олишини, билмай ўтиб кетарканман. Қалбимда шундай латиф туйғулар бор экан-у, ҳис этломай, ҳис этсамда отини билолмай, ғафлат ичра кечибман! Во ажабоо! Бу қандайин тонг эди-ки нетонг, дўстим,
    Кўз очибоқ чаманзорга ороладим.
    Қйда лола, қайда наргиз, қайда райхон,
    Сеҳр-у жоду, суманзорга ороладим…

  5. Шубҳасиз,Санобар Меҳмон буюк шоира!Чинакам илоҳий ишқ шоираси!!!Шеъриятининг тиниқлиги,асллиги одамнинг қалбига инган барча дарду-ғуборларини худди шифобахш оби-ҳаёт каби ювиб юборади!Ҳа,Абдуғофир Сатимов шубҳасиз Ҳақ,яна юз йилдан кейин мактабларда Машраб ижоди билан бирга ИЛОҲИЙ шоира Санобар Меҳмон ижоди ҳам дарслик сифатида ўтилади,бунга заррача шубҳаси бўлганлар бу шифобахш Шеърларни такрор-такрор ўқиб кўрсин!!!

  6. Қачонки бирор шеьр менга жудаям ёқиб қолса…бунданда ортиқ ёзиб бӯлмайди дейман…Санобар Мехмоннинг гавҳар сатрлари асири бӯлдим…лол бӯлдим…Бундан ортиқ инсонни лол қолдирадиган шеьр ёзилмаса керак…

  7. Мени мафтун қилган ва ҳақиқий шеър аслида қандай бўлишлигини мана деб исботлаб қўйган бу азиз сатрларга таъзим қиламан!
    Санобар опанинг телеграмдаги расмий каналини мунтазам кузатиб бораман:«Эй Худо дейман,ўқийверсанг тугамаса,уқаверсанг тугамаса!»
    Телеграмдаги юзлаб каналлар ичида фақат шу каналгина одамни ўзидан бездирмайди.Сохталик йўқ,аъзо йиғиш учун қилинадиган ёлғон найранглар йўқ,олди-қочди рекламалар йўқ,фақат ҳақиқий шеър ва Санобар опанинг камтарин қалби бор!
    Мен Санобар опанинг қиёфасида ҳақиқий шоиранинг,чинакам шоиранинг асл моҳиятини кўраман!
    Ва ич-ичимдан ҳис қиламанки йиллар ўтиб фақат Санобар опанинг покиза ва ҳалол сатрлари яшаб қолади!
    Чунки,опанинг зинҳор ўзини кўз-кўз қилмайдиган камтарин феъли ва маъсум қалби ҳақиқийилҳом булоғидир!
    Санобар опа!
    Биламан ва билганлардан жуда кўп эшитганман сиз жудаям камтар ва фавқулодда самимийсиз,сиз мени танимайсиз,лекин мен Сизнинг ҳар бир сўзингизни танийман!
    Ва ҳаммадан кўп яхши кўраман,қаттиқ муҳаббатим ва меҳрим бор!
    Чунки,Сиз буларнинг ҳамма-ҳаммасига минг чандон арзийсиз!
    Сизни менга танитгани учун шоира Нодира Афоқовага ва
    муҳтарам Хуршид Даврон Устозга чин кўнглимдан раҳмат айтаман

  8. Сиз мен қидирган энг,энг,энг гўзал шеърсиз Опа!
    Бошқа таъриф топишга имконим йўқ!
    Сизнинг шеърларингиздаги қалбни яхши кўраман.

  9. Ажойиб! Дунени янги рангларда менга тақдим этди Санобар шеьрларидаги ақл ва ҳис уйғунлиги камдан- кам учрайдиган ҳолатлардан биридир! Унинг сатрларида мунг ва буюклик, муҳаббат ва ҳақиқат уйғунлиги бор

  10. Қай манзилни кўзладим,манзил йироқ билмайман
    Қай соридан юракка тушди фироқ билмайман,
    Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ билмайман —
    Жон ипларини узмиш жонон бу ҳузун ичра
    Кўнглим,қаён кетармиз энди бу жунун ичра.

  11. Санобар Меҳмон шеърияти ҳозирги адабиётимиз учун ноёб ҳодиса.Санобар ўз ижоди орқали ўтмиш тасаввуф адабиёти билан бугунги кун адабиёти ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда.Унинг ҳар бир тасаввуфона шеъри юксак санъаткорлик билан яратилган.
    Филолог олимлар Санобар Меҳмон шеъриятини тадқиқ қилишга эътибор қаратишлари керак.Чунки шоираижоди илмий тадқиқотлар учун етарлича материал беради.Бундан ташқари,шоира ижодий лабораториясини бевосита муаллиф билан мулоқатда ўрганиш ишнинг илмийлик даражасини оширади.

  12. Санобар Раҳмон ижодини тадқиқ қилиш учун юз йилни кутиб ўтириш шартмас.Чунки Санобарнинг шу кунгача бўлган ижоди ҳам илмий тадқиқот ишилари учун етарлича материал бўла олади.
    Санобар тасаввуф йўналишида ижод қилаётган ижодкорлардан.Унинг ҳар бир шеъри санъаткорлик билан яратилган.
    Муҳтарам адабиётшуносларимиз бирор шогирдига Санобар Меҳмон ижодини мавзу қилиб берса яхши бўларди.

  13. Офарин! Шеърҳо мазмунан олӣ.
    Тарҷумаи ашъори Фурӯғи Фаррухзод низ бисёр ҷолиб баромадааст.
    Дар эҷод ба Шумо тавфиқ ёр бод, Санобар!

  14. … Санобар Меҳмон ўзбек шеъриятига сокинлик билан кириб келиб, ўз қалб ёғдуси билан ўзгалар қалбини ёлқинлантириб юборган ҳақиқий истеъдод соҳибаси. Шоиранинг шеърларида улуғларимиз Ҳазрат Навоийнинг, Яссавий ва Машраб бобомизнинг, Умар Хайёмдай файласуф сўз усталаримизнинг нафаси уфуриб туради.
    Яқинда,, Ўзбекистон «радиоканалидаги бир суҳбатда адабиётшунос олим ва шоир устозимиз Ғафуржон Тожибоев таъкидлаганидек, Санобар Меҳмоннинг ижоди ўз тадқиқодчиларини кутиб турган кашфиётлардан.
    Омад ёр бўлсин, Санобар Хонимга!

  15. Санобар Меҳмонда савқи табиийлик ва маърифат,ҳамда сўзнинг ботиний жилоси яхлит ҳолда қоришиб, улкан бир орифона шеъриятни ташкил қилибдир.
    Санобар Меҳмон ҳақиқий ориф ва ҳақиқий шоирдир!
    Шоираю-орифа!
    Орифаю-шоира!
    Ҳақиқий орифона шеърият ва маърифат ташналарига Санобар Меҳмон шеърлари ЭНГ нодир туҳфадир!

  16. Бу шеърларни ўқиган ҳар бир инсон шоира билан бирга телба, девона бўлади Ўзбек шеъриятида Санобар Меҳмонга тенг келадиган шоиранинг ўзи йўқ, ҳали анча пайт бўлмаса керак, руҳий ва маънавий озуқа учун минг ташаккур Санобаржон, умрингиз узоқ бўлсин илохим

Izoh qoldiring