Shavkat Rahmon. Intilishi sof va mustaqil & Eshqobil Shukur. Yurakni uyg’otib yuboring. She’rlar.

Ashampoo_Snap_2017.08.05_12h41m37s_002_.png  Сизга тақдим этилаётган Эшқобил Шукурнинг шеърлари ва уларга муносабат билдирган, аниқроғи, Эшқобил Шукурнинг шеърлари баҳона шоир қисмати ҳақида ёзган атоқли шоир Шавкат Раҳмоннинг сўзи бундан 30 йилдан зиёд аввал «Шарқ юлдузи» журналида (12/1986) босилган эди. Орада ўтган вақт Шавкат Раҳмоннинг ёш ижодкор дўстининг интилишнинг софлиги ва мустақиллигини маъқуллаб, унга билдирган ишончи асосли бўлганини кўрсатди.

Эсимда, 1995 йили чоп этилган бир суҳбатда Шавкат Раҳмон  бизга изма-из  келаётган,  Эшқобил Шукур авлодига мансуб ва улардан кейин адабиётга кирган 5 шоир ҳақида гапириб, уларга ишонишини айтар экан, шундай деган эди: «Истардимки, бу беғараз авлод ўзлари сиғинган ғояларини, байроқларини нопокларга бериб қўймасин! Акс ҳолда, ҳар қандай баланд ғоя, ҳар қандай муқаддас байроқ кирланиб, инсонларни яхши амаллар йўлида бирлаштиришдай буюк қувватдан маҳрум бўлади. Бундан эса Худо асрасин!»

Бугун шеърият ва шоирликнинг асл мақсадига хизмат қилган, ёлғончи ғоялару ўткинчи ҳавасларга алданмаган Эшқобил Шукур ўзбек шеърияти боғида азим дарахт бўлиб юксалганини кўриб турибмиз. 28 йил аввал шоир ва унинг қисмати ҳақида ёзилган Шавкат Раҳмон сўзлари бугун адабиётимизга кириб келаётган ёш ижодкорларга ҳам қаратилган деб ўйладим ва уларни сизга тақдим этишни маъқул кўрдим.

Хуршид ДАВРОН

Шавкат РАҲМОН
ИНТИЛИШИ СОФ ВА МУСТАҚИЛ
088

e172e34073be2deb1416b674cdb9d023-300x238.jpgШоир тиргович сўзларга, оний мақтовларга муҳтож эмас. Шоир ҳар куни ўзлигини инсоният пойига гулдай ташлайдиган фидойи кимса. Агар мақтовга муҳтож бўлса, демак шоир фидойилиги сохта, руҳи ёлғон ва зулмат қоришмасидан тўралган тошларга банд. Қадимги ҳинд файласуфлари: «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар. Демак, асосий фактор интилишда, интилишнинг қай даражада жиддийлиги ва давомийлигида экан-да. Қадимги ҳинд файласуфлари яна: «Ҳар бир болада даҳо яшайди», демишлар. Мен бу ҳикматга қаттиқ ишонаман. Камдан-кам одамдагина бу даҳо узоқроқ яшайди. Аксарият ҳолларда, бу даҳо, йиллар ўтган сайин ёлғон ва таъмалар ботқоғига ботиб бораётган оғир вужудлардан соф ва қушдай енгил вужудларга кўчиб ўтади. Демак, даҳолар фақат болаларда ва ёки бола табиатли одамларда яшайди. Демак, биз улуғлардан эмас, болалардан ўрганишимиз керак экан.

Қадимги афсоналардан бирида айтилишича, шоҳ вазирига мамлакатимда нечта шоир борлигини бил, деб буюрибди. Вазир аниқлаб, «Шоҳим, мамлакатингизда 1101 шоир бор экан», дебди. Шоҳ шоирларни зиндонбанд қилишни буюрибди. Йил ўткариб вазир, «Шоҳим, бир йилдан буён 1101 шоир зиндонда амрингизга мунтазир», дебди. Шоҳ эса, «Бориб билгин-чи, улар ҳалиям шеър ёзяптимикан!» дебди. Вазир зиндондан хабар олиб, «Шоҳим, мингта шоир шеър ёзишни ташлаган, қолган бир юз биттаси зиндон деворларига ёзиб, шеърни давом эттиришмоқда», дебди. Шунда шоҳ, «Мингта шоирни озод қил, бир юз бир шоирни эса боғимга кўчириб, фақат менга билдириладиган иззат-ҳурматни кўрсат, кўнгиллари тусаган нарсани муҳайё қилгин», деб буйруқ берибди. Яна йил ўткариб шоҳ вазирига, «Қани энди шоирлардан шеър эшитсак», дебди. Бир юз бир шоир шоҳ ҳузурида ҳозир бўлибди, аммо юзта шоирнинг боши эгилганмиш… Фақат битта шоиргина шоҳнинг кўзларига тик қараб имонсиз кимсаларнинг риёкорлиги, фуқаронинг оғир аҳволи ҳақида, ҳаёт ва муҳаббатнинг боқийлиги ҳақида ёниб шеър айтибди. Шоирнинг овозидан сарой равоқлари титраб кетибди.

«Мана, кўриб қўй, — дебди шоҳ вазирига, — сен мамлакатда бир минг бир юз битта шоир бор деб, хато айтган эдинг. Мен, сенга, мамлакатда битта шоҳу битта шоир борлигини исбот қилдим. Мингта шоир эрмак учун шеър ёзарди, бир йилги машаққатга чидолмай шеър ёзишни бас қилди. Юзта шоир тақдирдан нолиб шеър ёзарди, шоҳона шароитга етишгандан кейин; улар ҳам, шеърдан қайтдилар. Фақат бир шоир гадолигида ҳам, зиндондалигида ҳам, шоҳ саройида ҳам шоирлигича қолаверди».

Мен ёдимга муҳрланиб кетган ушбу афсонани, бекор эслаганим йўқ. Катта мақсад билан яшаган ижодкор, бу ибратли афсонани, ҳар гал шеър ёзишдан аввал, бир эслаб қўйиши керак деб ўйлайман.

Ёш ижодкор дўстларимдан бири Эшқобил Шукурдаги интилишнинг софлиги ва мустақиллиги менга ёқди. Бу интилишнинг собитлиги ва давомийлиги кўп жиҳатдан Эшқобил Шукурнинг меҳнатига боғлиқ. Ахир, «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар-ку қадимги ҳинд файласуфлари.

Эшқобил Шукур
ЮРАКНИ УЙҒОТИБ ЮБОРИНГ
088

ЁРИТҚИЧЛАР  ҲАДЯСИ

Юлдузлар бир тилни ўргатди —
Синиб-синиб сувдай сочилгувчи тил.
Ой шафақ қонига ийланиб ботди —
Севги тандирида қизарган кўнгил.

Август кечаларин ягонасида,
Мен сенга дардимни айтаман… Кутгил.

Кўнглимни бешикдай тебратди,
Шафақнинг сувига чўмилган оқ гул.
Юлдузлар бир тилни ўргатди —
Юракдай-юракдай сўзлари бор тил.

Август кечаларин ягонасида,
Мен сенга дардимни айтаман… Кутгил.

* * *

О, уятчан намозшомгуллар —
Шеърнинг дилбар сингилчалари.
Қалбни суянг хайрихоҳ қўллар,
Шом гуллари — тун дарчалари.

О, уятчан намозшомгуллар,
Қўшиқ айтай шом чоғи сизга.
Дардларимни қўярсиз йўллаб,
Олисларда қолган у қизга.

О, уятчан намозшомгуллар —
Қизчалари Бибихонимнинг.
Ўлимгамас, шом чоғи йиллаб
Мен севгига бердим жонимни.

О, уятчан намозшомгуллар,
Қалбим, умрим шом каби оғир.
Одамларда сўзлашган тиллар,
Сизникидай якдилмас, ахир!

О, уятчан намозшомгуллар —
Гўзалликнинг пок қизчалари.
Супурмоқда кўксимдан еллар
Синиб қолган юлдузчаларни.

О, уятчан намозшомгуллар,
Қўшиқ айтай шом чоғи сизга.
Дардларимни қўярсиз йўллаб,
Олисларда қолган у қизга.

О, уятчан намозшомгуллар…

МУВОЗАНАТ

Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Юлдузларни гулдай сочмоқда шамол.
Юрагимга етиб келдингми омон,
Эшикка суяниб жилмайган аёл?!

Руҳимда олмалар гуллайди тўлиб,
Ногаҳон гуллаган эшик сингари.
Тафтли қўлларингдан тутмоқчи бўлиб,
Юлдузлар қитиғин қўзғар қўлларим.

Менинг дунёларим қанча бетартиб,
Сенинг дунёларинг шунча саришта.
Бекасиз самога бергали тартиб,
Ортингдан келмоқда қирқ минг фаришта.

Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Юлдузлар нуридан тўйинган хаёл,
Қушлар тумшуғида титраб турар тонг,
Эшикка суяниб жилмаяр аёл.

Руҳимдан булоқлар чиқади сизиб,
Ногоҳ эриётган эшик сингари.
Мадонна суратин туради чизиб,
Кўзёш рангларини териб кўзларим.

Қирқ ўрим сочининг васфига, илло,
Ҳофизлар юраги бўлди қасида.
Европани берар Микеланжело
Ўрта Осиёнинг мадоннасига.

Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Ўн беш дақиқада ой топган камол.
Олтмиш минг томирдан сачраб кетар қон,
Эшикка суяниб жилмаяр аёл.

Кўзларим руҳимга оловни қалаб,
Киприк-ла чўғларни тортадилар хўп.
Қўллари осмондан юллдузлар тилаб,
Уларнинг чангини артадилар хўп.

Пастда, шундоқ бўшлиқ макон қурибди,
Бу ерда ҳаёту у ёқда завол.
Икки жаҳонимни суяб турибди,
Эшикка суяниб жилмайган аёл.

* * *

Юракни уйғотиб юборинг…

Тинглайин юлдузлар қўнғироғини,
Майин қора ўтни кечиб ўтаркан…
Шамолларнинг сокин бир титроғини,
Тун гуллари оҳангларга қадаркан…

Юракни уйғотиб юборинг…

Қора ҳаволарда ойдин хўрсиниқ,
Суйгум келаётир куйиб-куйиб мен.
Уйқулар оқади сув каби тиниқ,
Тушларни томоша қилай тўйиб мен.

Юракни уйғотиб юборинг…

Суйгум келаётир… Гул косаларга
Қуйиб, кўзларимни ичар юлдузлар.
Парча-парча ойдай кулгулар билан,
Ўн саккизга кириб туғилган қизлар:

Юракни уйғотиб юборинг…

ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИ

Синглимга

Дон каби сепилди совуқ туманлар,
Қордан либос кийган йўллар чиройли.
Уйларнинг кўзлари — деразаларда
Очилиб-сочилган гуллар чиройли.

— Совук қотмадингми синглим — эгачим?
— Акажон, жонимдан ўтмоқда аёз.
— Сеҳр-афсунларга етмади кучим,
Қорбобо эмасман, Эшқобил, холос.

Ялдо кечасида бир йилни чекдим,
Оғир-оғир эди бу кеча кўнглим.
Онам аллаларин эслаб энтикдим,
Уларни энди сен айтиб бер, синглим.

Боладай тинглай деб келдим қошингга,
Унут қўшиқларнинг қаҳридан қақшаб.
Онам аллаларин айтган бошимда,
Эгачим, айтиб бер онамга ўхшаб.

— Янги йил келмоқда, ака, янги йил,
Пешвоз чикинг, ака, чекмангиз фироқ!
— Мени онам каби тушуниб етгил,
Ахир, ўтган йилим ўйлатар кўпроқ.

Ҳа, бир йил руҳимдан кечиб бормоқда,
Гоҳо шод, гоҳ маъюс излари билан.
Кутмоғим зарурдир ҳар янги йилни,
Онамнинг энг ширин алласи бипан.

Бу йил ҳам сўнг манзил қошига борган,
Не топиб, неларни йўқотар кўнглим.
Сендан акангга, деб, бериб юборган,
Онам аллаларин йўқотма, синглим!

eshqobil_shukur.jpgSizga taqdim etilayotgan Eshqobil Shukurning she’rlari va ularga munosabat bildirgan, aniqrog‘i, Eshqobil Shukurning she’rlari bahona shoir qismati haqida yozgan atoqli shoir Shavkat Rahmonning so‘zi bundan 30 yildan ziyod avval “Sharq yulduzi” jurnalida (12/1986) bosilgan edi.Orada o‘tgan vaqt Shavkat Rahmonning yosh ijodkor do‘stining intilishning sofligi va mustaqilligini ma’qullab, unga bildirgan ishonchi asosli bo‘lganini ko‘rsatdi.

Esimda, 1995 yili chop etilgan bir suhbatda Shavkat Rahmon bizga izma-iz kelayotgan, Eshqobil Shukur avlodiga mansub va ulardan keyin adabiyotga kirgan 5 shoir haqida gapirib, ularga ishonishini aytar ekan, shunday degan edi: “Istardimki, bu beg‘araz avlod o‘zlari sig‘ingan g‘oyalarini, bayroqlarini nopoklarga berib qo‘ymasin! Aks holda, har qanday baland g‘oya, har qanday muqaddas bayroq kirlanib, insonlarni yaxshi amallar yo‘lida birlashtirishday buyuk quvvatdan mahrum bo‘ladi. Bundan esa Xudo asrasin!”

Bugun she’riyat va shoirlikning asl maqsadiga xizmat qilgan, yolg‘onchi g‘oyalaru o‘tkinchi havaslarga aldanmagan Eshqobil Shukur o‘zbek she’riyati bog‘ida azim daraxt bo‘lib yuksalganini ko‘rib turibmiz. 28 yil avval shoir va uning qismati haqida yozilgan Shavkat Rahmon so‘zlari bugun adabiyotimizga kirib kelayotgan yosh ijodkorlarga ham qaratilgan deb o‘yladim va ularni sizga taqdim etishni ma’qul ko‘rdim.

Xurshid DAVRON

Shavkat RAHMON
INTILISHI SOF VA MUSTAQIL
088

images.jpgShoir tirgovich so‘zlarga, oniy maqtovlarga muhtoj emas. Shoir har kuni o‘zligini insoniyat poyiga gulday tashlaydigan fidoyi kimsa. Agar maqtovga muhtoj bo‘lsa, demak shoir fidoyiligi soxta, ruhi yolg‘on va zulmat qorishmasidan to‘ralgan toshlarga band. Qadimgi hind faylasuflari: «Har bir ijodkor intilgan narsasiga erishadi», demishlar. Demak, asosiy faktor intilishda, intilishning qay darajada jiddiyligi va davomiyligida ekan-da. Qadimgi hind faylasuflari yana: «Har bir bolada daho yashaydi», demishlar. Men bu hikmatga qattiq ishonaman. Kamdan-kam odamdagina bu daho uzoqroq yashaydi. Aksariyat hollarda, bu daho, yillar o‘tgan sayin yolg‘on va ta’malar botqog‘iga botib borayotgan og‘ir vujudlardan sof va qushday yengil vujudlarga ko‘chib o‘tadi. Demak, daholar faqat bolalarda va yoki bola tabiatli odamlarda yashaydi. Demak, biz ulug‘lardan emas, bolalardan o‘rganishimiz kerak ekan.

Qadimgi afsonalardan birida aytilishicha, shoh vaziriga mamlakatimda nechta shoir borligini bil, deb buyuribdi. Vazir aniqlab, «Shohim, mamlakatingizda 1101 shoir bor ekan», debdi. Shoh shoirlarni zindonband qilishni buyuribdi. Yil o‘tkarib vazir, «Shohim, bir yildan buyon 1101 shoir zindonda amringizga muntazir», debdi. Shoh esa, «Borib bilgin-chi, ular haliyam she’r yozyaptimikan!» debdi. Vazir zindondan xabar olib, «Shohim, mingta shoir she’r yozishni tashlagan, qolgan bir yuz bittasi zindon devorlariga yozib, she’rni davom ettirishmoqda», debdi. Shunda shoh, «Mingta shoirni ozod qil, bir yuz bir shoirni esa bog‘imga ko‘chirib, faqat menga bildiriladigan izzat-hurmatni ko‘rsat, ko‘ngillari tusagan narsani muhayyo qilgin», deb buyruq beribdi. Yana yil o‘tkarib shoh vaziriga, «Qani endi shoirlardan she’r eshitsak», debdi. Bir yuz bir shoir shoh huzurida hozir bo‘libdi, ammo yuzta shoirning boshi egilganmish… Faqat bitta shoirgina shohning ko‘zlariga tik qarab imonsiz kimsalarning riyokorligi, fuqaroning og‘ir ahvoli haqida, hayot va muhabbatning boqiyligi haqida yonib she’r aytibdi. Shoirning ovozidan saroy ravoqlari titrab ketibdi.

«Mana, ko‘rib qo‘y, — debdi shoh vaziriga, — sen mamlakatda bir ming bir yuz bitta shoir bor deb, xato aytgan eding. Men, senga, mamlakatda bitta shohu bitta shoir borligini isbot qildim. Mingta shoir ermak uchun she’r yozardi, bir yilgi mashaqqatga chidolmay she’r yozishni bas qildi. Yuzta shoir taqdirdan nolib she’r yozardi, shohona sharoitga yetishgandan keyin; ular ham, she’rdan qaytdilar. Faqat bir shoir gadoligida ham, zindondaligida ham, shoh saroyida ham shoirligicha qolaverdi».

Men yodimga muhrlanib ketgan ushbu afsonani, bekor eslaganim yo‘q. Katta maqsad bilan yashagan ijodkor, bu ibratli afsonani, har gal she’r yozishdan avval, bir eslab qo‘yishi kerak deb o‘ylayman.

Yosh ijodkor do‘stlarimdan biri Eshqobil Shukurdagi intilishning sofligi va mustaqilligi menga yoqdi. Bu intilishning sobitligi va davomiyligi ko‘p jihatdan Eshqobil Shukurning mehnatiga bog‘liq. Axir, «Har bir ijodkor intilgan narsasiga erishadi», demishlar-ku qadimgi hind faylasuflari.

Eshqobil Shukur
YURAKNI UYG‘OTIB YUBORING
088

YORITQICHLAR HADYASI

Yulduzlar bir tilni o‘rgatdi —
Sinib-sinib suvday sochilguvchi til.
Oy shafaq qoniga iylanib botdi —
Sevgi tandirida qizargan ko‘ngil.

Avgust kechalarin yagonasida,
Men senga dardimni aytaman… Kutgil.

Ko‘nglimni beshikday tebratdi,
Shafaqning suviga cho‘milgan oq gul.
Yulduzlar bir tilni o‘rgatdi —
Yurakday-yurakday so‘zlari bor til.

Avgust kechalarin yagonasida,
Men senga dardimni aytaman… Kutgil.

* * *

O, uyatchan namozshomgullar —
She’rning dilbar singilchalari.
Qalbni suyang xayrixoh qo‘llar,
Shom gullari — tun darchalari.

O, uyatchan namozshomgullar,
Qo‘shiq aytay shom chog‘i sizga.
Dardlarimni qo‘yarsiz yo‘llab,
Olislarda qolgan u qizga.

O, uyatchan namozshomgullar —
Qizchalari Bibixonimning.
O‘limgamas, shom chog‘i yillab
Men sevgiga berdim jonimni.

O, uyatchan namozshomgullar,
Qalbim, umrim shom kabi og‘ir.
Odamlarda so‘zlashgan tillar,
Siznikiday yakdilmas, axir!

O, uyatchan namozshomgullar —
Go‘zallikning pok qizchalari.
Supurmoqda ko‘ksimdan yellar
Sinib qolgan yulduzchalarni.

O, uyatchan namozshomgullar,
Qo‘shiq aytay shom chog‘i sizga.
Dardlarimni qo‘yarsiz yo‘llab,
Olislarda qolgan u qizga.

O, uyatchan namozshomgullar…

MUVOZANAT

Bu tor xona emas, balki bu osmon,
Yulduzlarni gulday sochmoqda shamol.
Yuragimga yetib keldingmi omon,
Eshikka suyanib jilmaygan ayol?!

Ruhimda olmalar gullaydi to‘lib,
Nogahon gullagan eshik singari.
Taftli qo‘llaringdan tutmoqchi bo‘lib,
Yulduzlar qitig‘in qo‘zg‘ar qo‘llarim.

Mening dunyolarim qancha betartib,
Sening dunyolaring shuncha sarishta.
Bekasiz samoga bergali tartib,
Ortingdan kelmoqda qirq ming farishta.

Bu tor xona emas, balki bu osmon,
Yulduzlar nuridan to‘yingan xayol,
Qushlar tumshug‘ida titrab turar tong,
Eshikka suyanib jilmayar ayol.

Ruhimdan buloqlar chiqadi sizib,
Nogoh eriyotgan eshik singari.
Madonna suratin turadi chizib,
Ko‘zyosh ranglarini terib ko‘zlarim.

Qirq o‘rim sochining vasfiga, illo,
Hofizlar yuragi bo‘ldi qasida.
Yevropani berar Mikelanjelo
O‘rta Osiyoning madonnasiga.

Bu tor xona emas, balki bu osmon,
O‘n besh daqiqada oy topgan kamol.
Oltmish ming tomirdan sachrab ketar qon,
Eshikka suyanib jilmayar ayol.

Ko‘zlarim ruhimga olovni qalab,
Kiprik-la cho‘g‘larni tortadilar xo‘p.
Qo‘llari osmondan yullduzlar tilab,
Ularning changini artadilar xo‘p.

Pastda, shundoq bo‘shliq makon quribdi,
Bu yerda hayotu u yoqda zavol.
Ikki jahonimni suyab turibdi,
Eshikka suyanib jilmaygan ayol.

* * *

Yurakni uyg‘otib yuboring…

Tinglayin yulduzlar qo‘ng‘irog‘ini,
Mayin qora o‘tni kechib o‘tarkan…
Shamollarning sokin bir titrog‘ini,
Tun gullari ohanglarga qadarkan…

Yurakni uyg‘otib yuboring…

Qora havolarda oydin xo‘rsiniq,
Suygum kelayotir kuyib-kuyib men.
Uyqular oqadi suv kabi tiniq,
Tushlarni tomosha qilay to‘yib men.

Yurakni uyg‘otib yuboring…

Suygum kelayotir… Gul kosalarga
Quyib, ko‘zlarimni ichar yulduzlar.
Parcha-parcha oyday kulgular bilan,
O‘n sakkizga kirib tug‘ilgan qizlar:

Yurakni uyg‘otib yuboring…

YANGI YIL SHE’RI

Singlimga

Don kabi sepildi sovuq tumanlar,
Qordan libos kiygan yo‘llar chiroyli.
Uylarning ko‘zlari — derazalarda
Ochilib-sochilgan gullar chiroyli.

— Sovuk qotmadingmi singlim — egachim?
— Akajon, jonimdan o‘tmoqda ayoz.
— Sehr-afsunlarga yetmadi kuchim,
Qorbobo emasman, Eshqobil, xolos.

Yaldo kechasida bir yilni chekdim,
Og‘ir-og‘ir edi bu kecha ko‘nglim.
Onam allalarin eslab entikdim,
Ularni endi sen aytib ber, singlim.

Boladay tinglay deb keldim qoshingga,
Unut qo‘shiqlarning qahridan qaqshab.
Onam allalarin aytgan boshimda,
Egachim, aytib ber onamga o‘xshab.

— Yangi yil kelmoqda, aka, yangi yil,
Peshvoz chiking, aka, chekmangiz firoq!
— Meni onam kabi tushunib yetgil,
Axir, o‘tgan yilim o‘ylatar ko‘proq.

Ha, bir yil ruhimdan kechib bormoqda,
Goho shod, goh ma’yus izlari bilan.
Kutmog‘im zarurdir har yangi yilni,
Onamning eng shirin allasi bipan.

Bu yil ham so‘ng manzil qoshiga borgan,
Ne topib, nelarni yo‘qotar ko‘nglim.
Sendan akangga, deb, berib yuborgan,

Onam allalarin yo‘qotma, singlim!

Eshqobil Shukur. Sochlari Sumbul-sumbul. «Shoirning ilk kitobi» turkumidan (1988) by Khurshid Davron on Scribd

077

(Tashriflar: umumiy 726, bugungi 1)

Izoh qoldiring