Farog’at Kamolova. She’rlar.

01127 март — таниқли шоира Фароғат Камолова таваллуд топган кун. Чин дилдан қутлаймиз!

   Фароғат Камолова 1959 йилнинг 27 мартида Жиззах туманидаги Мўлканлик кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981). Дастлабки шеърий тўплами — «Осмон парчаси» (1982). Шундан кейин шоиранинг «Узоқ сафарлар», «Баргизуб» (1990), «Ҳолатлар китоби» (2000) ва бир қатор бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.

Фароғат Камолова
ШЕЪРЛАР
09

КЎКЛАМ КУНИДА

Қўл ушлашиб шамоллар билан,
Кезиб чиқдим дала-қирларни,
Майсаларда қолди изларим.
Шивирлашиб дарахтлар билан,
Такрор қилдим мен ҳам сирларни,
Қувончларни топди сўзларим.

Оппоқ-оппоқ булутлар каби
Кўнглим менинг юксалди енгил,
Мовийликпи танидим шунда.
Юрагимда оғриқ йўқ эди,
«Бахт изласанг, қуш бўлиб туғил»,
Деган сўзни ўқидим унда.

* * *

Чоғим йўқ ўзимни тарк этган чоғим,
Жисми урёнимда ўсган пучмоғим,
Руҳим дарахтидан тўкиб япроғим,
Сени сўраб борсам, остонанг қани?

Гулхан ўчган бўлса, кўнглим кулмасми,
Йўлинг кесган бўлсам, севгим йўлмасми,
Илкингда сўлдирган мендай гулмасми,
Гавҳар экай десам, гулхонанг қани?

Изимни изласа, топгай изтироб,
Кулбамга бир бора боқмайди офтоб…
Ранжим кўп, умидим ундан беҳисоб,
Севмоқни ўргансам, дарсхонанг қани?

Жонимда бир жондай кечди малолим,
Кўнгил вайронида дардим — жалолим,
Нечун номинг айтсам, йиғлар хаёлим,
Яшаб ўтай десам, кошонанг кани?

* * *

Соҳир кўзларингда ғайр хаёли,
Рашк ила тўлғаниб қон бўлди гуллар.
Телбаланиб ўтди гулшан шамоли,
Бағри сўзон бўлди, боши нигунлар,
Пайқамадингиз.

Кўкнинг равоқидан тўкилди саслар,
Сизни ойдин нурлар жим ёрлақади.
Туннинг қароғидек қаро наргислар,
Бошингизга тўккан нурни алқади,
Алқамадингиз.

Дарди бегоналар бегона бўлди,
Кўзнинг кўзгусида розлар балқиди.
Умид дилимизга афсона бўлди,
Ёр, дедик саҳрою замин қалқиди,
Қалқимадингиз…

Соҳир кўзингизда ғайр хаёли,
Ҳажрингиз мотами жонларга етди.
Сизни севганларнинг бевақт заволи
То саҳар бу даҳр гулшанин тутди.
Ёр, демадингиз…

ХОТИРА

Мен биламан, хотирамга ишониб бўлмас,
Менми унга ёки холос ўхшаган Бека?
Баъзан ўзим тушунмайман унинг феълига –
Гўё пинҳон ўзгартирар кечмишим кам-кам.

Билинтирмай алдар ўтган йилларимни ҳам,
Кеча олар нохуш кечган воқеалардан.
Мен сезаман, мени жуда аяр негадир,
Қутқаради дилни оғир хотиралардан.

У ҳақ! Балки шундай битар номуносиб дўст,
Дилга берган жароҳати, оғир дарслари.
Балки шундай сингиб кетар олис-олисда, —
Юрагимни эзиб ўтган қадам саслари…

* * *

Табиат, сен менинг дугонам каби,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан.
Сукунат бағрида жуда ўзгача
Гўзалсан, сокинсан, ишонарлисан.

Бунда ҳамма нарса ойга интилар,
Севгига интилар аёл сингари.
Ердаги тўкилган оппоқ инжулар —
Севгига бўй берган ойнинг сингани.

Дарахтлар дарахтга ўхшамас ҳозир,
Сени тингламоқда бир тўп аёллар.
Уларни бахтиёр қиласан охир
Бахш этиб осуда, сирли хаёллар.

Висолга отланган қиз бола монанд,
Минг хил турланасан, минг ҳунарлисан.
Сен менинг дугонам каби, Табиат,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан…

* * *

Тун чўкар бўйсуниб ул ақидага,
Чор атроф қораяр овозсиз зикри.
Менинг ожиз фикрим Тун ҳақидаги
Кундузга кўниккан одамнинг фикри.

Ой нуридан эшар ўргамчиклар ҳам
Дорларин, илинар шамол фарёди.
Бу туннинг бағрида менинг хотирам
Йўқотар нарсаси йўқ одам ёди.

Нимани кутаман?
Билолмадим, йўқ.
Бироқ ишонаман ёлғиз фикрга.
Мен учун бу кеча омонат қайиқ,
Мангулик кўлида чайқалиб турган.

БОЛАЛИК

Сен ҳам майсамидинг баҳор қўйнида,
Яйраб ўсган эдинг дарё бўйида.
Билмадим, қай орзу, армон ўйида
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Бошимга турналар тўкканда хаёл,
Берк эшик кибридек дунёда малол.
Кўкларга боқдиму бепарво, беҳол,
Сени тўлқинларга оқиздим ўйнаб.

Энди умрим уммон сари елдими,
Баҳор ўтиб яна баҳор келдими?
Бағрида дур оқди, дунё билдими?
Сени тўлкинларга оқиздим ўйнаб…

* * *

Ошиқману, лекин ошкор эмасман,
Ўзимдан ўзгага ағёр эмасман.
Сенинг дардинг дилу жоним ўртади,
Бемор эмасману бедор эмасман.

Ул туйғу қадахдан тўкилган майдек
Жонимни куйдирар, ҳушёр эмасман.
Билмайман, ўзимни излайин қайдан,
Менам ишқ, савдода такрор эмасман.

Кетдинг мендан, кўзи нигорим менинг,
Бари беҳуда-ку, иқрор эмасман.
Сен менинг ишқ фаслим экансан билсам,
Хазон эмасману баҳор эмасман.

Хазон эмасману баҳор эмасман…

* * *

Яна шундай бўлар, ҳар сафар шундай,
Мен кутган рангларда келаверар Куз.
Боғлар қисматига қанча куюнмай,
Баргрезон фаслини севаман ҳануз.

Мангулик олдида юраги очиқ,
Сокин кенгликлардай озод ва беғам,
Ҳеч кимга боғланмай яшайди бир Ишқ,
Тўкилиб яшайди хазонлар билан

Ва мафтун этади менинг кўнглимни,
Дунёни унутиб руҳим сархуш, жим…
Тинглайман ҳар сафар кетмоқ куйини,
Сўнгги япроқ каби титраб юрагим.

* * *

Қушлар учиб кетди, қисқарди кунлар,
Дединг: юрагимга сиғмас ҳеч нима.
Кўзларингни олдинг ғамгин кунлардан.

Кўнглинг даричасин беркитдинг шундай,
На қувонч, на ҳасрат бўлмади меҳмон.
Сезмадинг, ўзгарар тегрангда дунё.

Мен сенинг номингни айтиб чақирдим.
Менга жавоб қилди кенг бир сукунат,
Менга жавоб қилди сенсиз кунларим.

Сен айланган эдинг Вақтнинг ўзига…

*  *  *

Ёмғир, ёмғир, кўклам ёмғири,
Ёғиб кўнглим тубларига оқ.
Сени жуда соғиндп кўнгил,
Ҳидларини сочсин қалдироқ.

Севишганлар тилаклари бир:
Куртакларнинг гуллаши лозим.
Дунё жуда бахтга яқиндир,
Эшиттиргин унинг овозин.

Булутларнинг кўчиб бағридан,
Ҳаёт берсанг тошқин сойларга,
Қизғалдоқлар улашар замин
Юрагимга яқин жойларга.

Лаҳза янглиғ қисқа умридан
Айтсин улар мастлигин шул дам.
Ёмғир, ёмғир, эслатиб ўтгин
Ҳеч нарсанинг қайтмаслигин ҳам

БАРГИЗУБ

Баргизуб,
мен Сизни
ҳар кўклам кутаман интиқ.
Келасиз
энг хилват жойларга.
Сиз ҳар гал янгисиз,
яна ҳам гўзал,
бир ажаб дафтарми япроқларингиз,
ёзилган ҳавонинг қўллари билан?

Баргизуб, биласиз,
Сиз ўсган қирғоқ
менинг болалигим қирғоғи эди.
Сочлари шамолда учган қизалоқ,
қувончи ариққа оққан қизалоқ,
ўша — мен, бир қадар ўзгардим энди,
Барибир,
Сиз билан суҳбат қургали,
ҳар кўклам ортимга қайтаман,
болалигимга.

Чунки шу ҳаётни севмоқлик учун,
Умрни, кўкламни билмоқлик учун,
Сизнинг ҳув болалик меҳрингиз каби
ёруғлик излайман кўнглимга жуда.
Сиз, гўё кўкламнинг митти ҳовучи,
бир қадаҳ шабнамни кўтариб турган,
Мен-чи, ўтаётган оддий йўловчи,
Сизда табиатнинг сеҳрини туйган…
Баргизуб…

ИШҚ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Чархи кўҳан юзи қоралар бўлди,
Пирпираб-пирпираб ўчди бир юлдуз.
Бағрингга энди ғам оралар бўлди,
Кўчмагин, юракда яшарсан, дилсўз.

Қайга изғиб кетди туннинг шарпаси,
Чақирсам келарми бирор-бир хабар
Билмадим, дунёда эрирми бир тош.
Тун бўйи йиғласам, йиғласам агар…

Қадимий боғда жим гуллади жийда,
Тонг чоғи гулларин тўкар, вовайло.
Бир Юсуф оҳ чекар сабуҳ пайтида,
Айтингиз, йиғласин юзта Зулайҳо…

ҲИЖРОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Узилган ипларни улайди кимдир,
Ойнинг нурларини ўрайди кимдир.

Ёнингда ўлтириб майин қўл билан
Ёйиқ сочларингни силайди кимдир.

Қўшиқ куйлай бошлар «сиз»лаб юлдузни,
Овози нур янглиғ ёритар Сўзни.

Унинг қўшиғидан йўллар уйғонар,
Кейин кунлар, ойлар, йиллар уйғонар.

Куйлагани сайин қўшиқ узаяр,
Бу қўшиқ айрилиқ ҳақида бўлар.

*  *  *

Икки кўздай икки манзил ораси,
Кўнглида ҳисларнинг нотинч сояси,
Аслини сўрадим, топмадим ўзин,
Ғойибдан ғойибга кетаётган ким?

Гарчи маълум эмас қисмат ўйини,
Кўзларда шубҳалар нотинч қуюни.
Сўрадим, тополмас бирор мунажжим,
Ғойибдан ғойибга келаётган ким?

Бирдан хабар борми, бирдан ишора,
Бирдан самар борми, биридан чора?
Дўстми у, ёрми ё ғаним, билмадим,
Ғойибдан ғойибга ўтаётган ким?

* * *

Тун ярим. Кўкда ой сирғалиб кетди,
Нафасимга юлдуз нафаси етди.
Дарахтлар йўқотиб қўйди соясин,
Дилимга ул умид сояси етди.

Ғунча ҳовучини очиб юборди,
Гулшакл хуш бўйлар сочиб юборди.
Секин шивирладим, сўзлар изладим,
Хаёл соҳибига етди сўзларим.

* * *

Туннинг қучоғидан гул ҳиди келар,
Ҳидлаб уйғонаман ёстиқларимни.
Тушларимда қолган куйни соғиниб,
Юлдузлар бағримга тўкар нурини.

Маъюс ойдинликдан энтикар девор,
Шаффоф деразада ҳаяжон изи.
Биламан, ўнгда ҳам тушларим такрор,
Юракда ишқ кечган кунларнинг иси.

06

27 mart — taniqli shoira Farog’at Kamolova tavallud topgаn kun. Chin dildan qutlaymiz!

Farog’at Kamolova 1959 yilning 27 martida Jizzax tumanidagi Mo’lkanlik kishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1981). Dastlabki she’riy to’plami — «Osmon parchasi» (1982). Shundan keyin shoiraning «Uzoq safarlar», «Bargizub» (1990), «Holatlar kitobi» (2000) va bir qator boshqa she’riy to’plamlari nashr etilgan.

Farog’at Kamolova
SHE’RLAR
09

KO’KLAM KUNIDA

Qo‘l ushlashib shamollar bilan,
Kezib chiqdim dala-qirlarni,
Maysalarda qoldi izlarim.
Shivirlashib daraxtlar bilan,
Takror qildim men ham sirlarni,
Quvonchlarni topdi so‘zlarim.
Oppoq-oppoq bulutlar kabi
Ko‘nglim mening yuksaldi yengil,
Moviylikpi tanidim shunda.
Yuragimda og‘riq yo‘q edi,
«Baxt izlasang, qush bo‘lib tug‘il»,
Degan so‘zni o‘qidim unda.

* * *

Chog’im yo’q o’zimni tark etgan chog’im,
Jismi uryonimda o’sgan puchmog’im,
Ruhim daraxtidan to’kib yaprog’im,
Seni so’rab borsam, ostonang qani?

Gulxan o’chgan bo’lsa, ko’nglim kulmasmi,
Yo’ling kesgan bo’lsam, sevgim yo’lmasmi,
Ilkingda so’ldirgan menday gulmasmi,
Gavhar ekay desam, gulxonang qani?

Izimni izlasa, topgay iztirob,
Kulbamga bir bora boqmaydi oftob…
Ranjim ko’p, umidim undan behisob,
Sevmoqni o’rgansam, darsxonang qani?

Jonimda bir jonday kechdi malolim,08
Ko’ngil vayronida dardim — jalolim,
Nechun noming aytsam, yig’lar xayolim,
Yashab o’tay desam, koshonang kani?

* * *

Sohir ko’zlaringda g’ayr xayoli,
Rashk ila to’lg’anib qon bo’ldi gullar.
Telbalanib o’tdi gulshan shamoli,
Bag’ri so’zon bo’ldi, boshi nigunlar,
Payqamadingiz.

Ko’kning ravoqidan to’kildi saslar,
Sizni oydin nurlar jim yorlaqadi.
Tunning qarog’idek qaro nargislar,
Boshingizga to’kkan nurni alqadi,
Alqamadingiz.

Dardi begonalar begona bo’ldi,
Ko’zning ko’zgusida rozlar balqidi.
Umid dilimizga afsona bo’ldi,
Yor, dedik sahroyu zamin qalqidi,
Qalqimadingiz…

Sohir ko’zingizda g’ayr xayoli,
Hajringiz motami jonlarga yetdi.
Sizni sevganlarning bevaqt zavoli
To sahar bu dahr gulshanin tutdi.
Yor, demadingiz…

XOTIRA

Men bilaman, xotiramga ishonib bo’lmas,
Menmi unga yoki xolos o’xshagan Beka?
Ba’zan o’zim tushunmayman uning fe’liga –
Go’yo pinhon o’zgartirar kechmishim kam-kam.

Bilintirmay aldar o’tgan yillarimni ham,
Kecha olar noxush kechgan voqealardan.
Men sezaman, meni juda ayar negadir,
Qutqaradi dilni og’ir xotiralardan.

U haq! Balki shunday bitar nomunosib do’st,
Dilga bergan jarohati, og’ir darslari.
Balki shunday singib ketar olis-olisda, —
Yuragimni ezib o’tgan qadam saslari…

* * *

Tabiat, sen mening dugonam kabi,
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan.
Sukunat bag’rida juda o’zgacha
Go’zalsan, sokinsan, ishonarlisan.

Bunda hamma narsa oyga intilar,
Sevgiga intilar ayol singari.
Yerdagi to’kilgan oppoq injular —
Sevgiga bo’y bergan oyning singani.

Daraxtlar daraxtga o’xshamas hozir,
Seni tinglamoqda bir to’p ayollar.
Ularni baxtiyor qilasan oxir
Baxsh etib osuda, sirli xayollar.

Visolga otlangan qiz bola monand,
Ming xil turlanasan, ming hunarlisan.
Sen mening dugonam kabi, Tabiat,
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan…

* * *

Tun cho’kar bo’ysunib ul aqidaga,
Chor atrof qorayar ovozsiz zikri.
Mening ojiz fikrim Tun haqidagi
Kunduzga ko’nikkan odamning fikri.

Oy nuridan eshar o’rgamchiklar ham
Dorlarin, ilinar shamol faryodi.
Bu tunning bag’rida mening xotiram
Yo’qotar narsasi yo’q odam yodi.

Nimani kutaman?
Bilolmadim, yo’q.
Biroq ishonaman yolg’iz fikrga.
Men uchun bu kecha omonat qayiq,
Mangulik ko’lida chayqalib turgan.

BOLALIK

Sen ham maysamiding bahor qo’ynida,
Yayrab o’sgan eding daryo bo’yida.
Bilmadim, qay orzu, armon o’yida
Seni to’lqinlarga oqizdim o’ynab.

Boshimga turnalar to’kkanda xayol,
Berk eshik kibridek dunyoda malol.
Ko’klarga boqdimu beparvo, behol,
Seni to’lqinlarga oqizdim o’ynab.

Endi umrim ummon sari yeldimi,
Bahor o’tib yana bahor keldimi?
Bag’rida dur oqdi, dunyo bildimi?
Seni to’lkinlarga oqizdim o’ynab…

* * *

Oshiqmanu, lekin oshkor emasman,
O’zimdan o’zgaga ag’yor emasman.
Sening darding dilu jonim o’rtadi,
Bemor emasmanu bedor emasman.

Ul tuyg’u qadaxdan to’kilgan maydek
Jonimni kuydirar, hushyor emasman.
Bilmayman, o’zimni izlayin qaydan,
Menam ishq, savdoda takror emasman.

Ketding mendan, ko’zi nigorim mening,
Bari behuda-ku, iqror emasman.
Sen mening ishq faslim ekansan bilsam,
Xazon emasmanu bahor emasman.

Xazon emasmanu bahor emasman…

* * *

Yana shunday bo’lar, har safar shunday,
Men kutgan ranglarda kelaverar Kuz.
Bog’lar qismatiga qancha kuyunmay,
Bargrezon faslini sevaman hanuz.

Mangulik oldida yuragi ochiq,
Sokin kengliklarday ozod va beg’am,
Hech kimga bog’lanmay yashaydi bir Ishq,
To’kilib yashaydi xazonlar bilan

Va maftun etadi mening ko’nglimni,
Dunyoni unutib ruhim sarxush, jim…
Tinglayman har safar ketmoq kuyini,
So’nggi yaproq kabi titrab yuragim.

* * *

Qushlar uchib ketdi, qisqardi kunlar,
Deding: yuragimga sig’mas hech nima.
Ko’zlaringni olding g’amgin kunlardan.

Ko’ngling darichasin berkitding shunday,
Na quvonch, na hasrat bo’lmadi mehmon.
Sezmading, o’zgarar tegrangda dunyo.

Men sening nomingni aytib chaqirdim.
Menga javob qildi keng bir sukunat,
Menga javob qildi sensiz kunlarim.

Sen aylangan eding Vaqtning o’ziga…

*  *  *

Yomg’ir, yomg’ir, ko’klam yomg’iri,
Yog’ib ko’nglim tublariga oq.
Seni juda sog’indp ko’ngil,
Hidlarini sochsin qaldiroq.

Sevishganlar tilaklari bir:
Kurtaklarning gullashi lozim.
Dunyo juda baxtga yaqindir,
Eshittirgin uning ovozin.

Bulutlarning ko’chib bag’ridan,
Hayot bersang toshqin soylarga,
Qizg’aldoqlar ulashar zamin
Yuragimga yaqin joylarga.

Lahza yanglig’ qisqa umridan
Aytsin ular mastligin shul dam.
Yomg’ir, yomg’ir, eslatib o’tgin
Hech narsaning qaytmasligin ham

BARGIZUB

Bargizub,
men Sizni
har ko‘klam kutaman intiq.
Kelasiz
eng xilvat joylarga.
Siz har gal yangisiz,
yana ham go‘zal,
bir ajab daftarmi yaproqlaringiz,
yozilgan havoning qo‘llari bilan?

Bargizub, bilasiz,
Siz o‘sgan qirg‘oq
mening bolaligim qirg‘og‘i edi.
Sochlari shamolda uchgan qizaloq,
quvonchi ariqqa oqqan qizaloq,
o‘sha — men, bir qadar o‘zgardim endi,
Baribir,
Siz bilan suhbat qurgali,
har ko‘klam ortimga qaytaman,
bolaligimga.

Chunki shu hayotni sevmoqlik uchun,
Umrni, ko‘klamni bilmoqlik uchun,
Sizning huv bolalik mehringiz kabi
yorug‘lik izlayman ko‘nglimga juda.
Siz, go‘yo ko‘klamning mitti hovuchi,
bir qadah shabnamni ko‘tarib turgan,
Men-chi, o‘tayotgan oddiy yo‘lovchi,
Sizda tabiatning sehrini tuygan…
Bargizub…

 ISHQ HAQIDA QO’SHIQ

Charxi ko‘han yuzi qoralar bo‘ldi,
Pirpirab-pirpirab o‘chdi bir yulduz.
Bag‘ringga endi g‘am oralar bo‘ldi,
Ko‘chmagin, yurakda yasharsan, dilso‘z.

Qayga izg‘ib ketdi tunning sharpasi,
Chaqirsam kelarmi biror-bir xabar
Bilmadim, dunyoda erirmi bir tosh.
Tun bo‘yi yig‘lasam, yig‘lasam agar…

Qadimiy bog‘da jim gulladi jiyda,
Tong chog‘i gullarin to‘kar, vovaylo.
Bir Yusuf oh chekar sabuh paytida,
Aytingiz, yig‘lasin yuzta Zulayho…

HIJRON HAQIDA QO’SHIQ

Uzilgan iplarni ulaydi kimdir,
Oyning nurlarini o‘raydi kimdir.

Yoningda o‘ltirib mayin qo‘l bilan
Yoyiq sochlaringni silaydi kimdir.

Qo‘shiq kuylay boshlar «siz»lab yulduzni,
Ovozi nur yanglig‘ yoritar So‘zni.

Uning qo‘shig‘idan yo‘llar uyg‘onar,
Keyin kunlar, oylar, yillar uyg‘onar.

Kuylagani sayin qo‘shiq uzayar,
Bu qo‘shiq ayriliq haqida bo‘lar.

*  *  *

Ikki ko‘zday ikki manzil orasi,
Ko‘nglida hislarning notinch soyasi,
Aslini so‘radim, topmadim o‘zin,
G’oyibdan g‘oyibga ketayotgan kim?

Garchi ma’lum emas qismat o‘yini,
Ko‘zlarda shubhalar notinch quyuni.
So‘radim, topolmas biror munajjim,
G’oyibdan g‘oyibga kelayotgan kim?

Birdan xabar bormi, birdan ishora,
Birdan samar bormi, biridan chora?
Do‘stmi u, yormi yo g‘anim, bilmadim,
G’oyibdan g‘oyibga o‘tayotgan kim?

 * * *

Tun yarim. Ko’kda oy sirg’alib ketdi,
Nafasimga yulduz nafasi yetdi.
Daraxtlar yo’qotib qo’ydi soyasin,
Dilimga ul umid soyasi yetdi.

G’uncha hovuchini ochib yubordi,
Gulshakl xush bo’ylar sochib yubordi.
Sekin shivirladim, so’zlar izladim,
Xayol sohibiga yetdi so’zlarim.

* * *

Tunning quchog’idan gul hidi kelar,
Hidlab uyg’onaman yostiqlarimni.
Tushlarimda qolgan kuyni sog’inib,
Yulduzlar bag’rimga to’kar nurini.

Ma’yus oydinlikdan entikar devor,
Shaffof derazada hayajon izi.
Bilaman, o’ngda ham tushlarim takror,
Yurakda ishq kechgan kunlarning isi.

06

(Tashriflar: umumiy 546, bugungi 1)

Izoh qoldiring